Шоирнинг шеър ҳақидаги тасаввури, тушунчаси, билими ҳам кўп нарсани белгилаб беришини ёдда тутишимиз лозим. Лекин, нима бўлганда ҳам, ҳар қандай шеърнинг асоси ҳаётга муҳаббат бўлиши керак, деб ўйлайман. Шеър шоирнинг ҳаётдан, атрофдагилардан ёзғириши ёки ҳасрати эмас, балки энг покиза туйғу ва фикр, кечинма, сезимларининг бадиий инъикоси ҳисобланади.
БОТИНИЙ МАЪНОЛАР ЖОЗИБАСИ
Таниқли шоир Авлиёхон Эшон билан суҳбат
Суҳбатдош — Бобомурод Раҳматуллаев
– Ҳурматли устоз, суҳбатимизни бир қарашда оддий туюлган савол билан бошламоқчиман: Сизнингча шеър нима? «Шеърда ҳикмат бор» деган гапни қандай тушунасиз? Қандай шеърларни севиб ўқийсиз?
– Аслида, сўраганларингиз унчалик ҳам жўн саволлар сирасига кирмайди. Жавоб тариқасида барчага маълум ва машҳур таърифларни келтиришим мумкин, лекин бундан кўнгил қониқмайди, чунки шеър ҳақида айтилган фикрларда доимо нимадир етишмаётгандек бўлаверади.
Билганим шуки, шеърга санъат намунаси сифатида қараш ва уни шу нуқтаи назар асосида баҳолаш лозим. Албатта, қўшиқ ва ашуланинг фарқи жуда катта бўлгани каби кимнингдир шеърида публисистик руҳ кучли бўлса, бошқа шоирнинг ёзганларида воқеа-ҳодисаларнинг баёни, тавсифи, яна бирида эса чинакам таҳлил устунлик қилади. Шу боис, баъзи шеърларни ўқисангиз, кўксингизга баҳор ҳавоси урилгандай, дилингиз яйрайди, завқ-шавққа тўлади, бошқаси эса нўноқ машшоқнинг оҳанглари сингари зериктириб юборади. Яна бир шоирнинг шеърлари ўқувчини фикрлашга, мулоҳаза ва мушоҳадага, бир сўз билан айтганда, таҳлилга ўргатади. Бу ўринда шоирнинг шеър ҳақидаги тасаввури, тушунчаси, билими ҳам кўп нарсани белгилаб беришини ёдда тутишимиз лозим. Лекин, нима бўлганда ҳам, ҳар қандай шеърнинг асоси ҳаётга муҳаббат бўлиши керак, деб ўйлайман. Шеър шоирнинг ҳаётдан, атрофдагилардан ёзғириши ёки ҳасрати эмас, балки энг покиза туйғу ва фикр, кечинма, сезимларининг бадиий инъикоси ҳисобланади.
Адабий-танқидий мақолаларда «Шеърда ҳикмат бор» деган гап кўп такрорланади. Аслида, бу Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг «Баъзи шеърларда ҳикмат ҳам бўлади», дейилган ҳадиси шарифларидан олинган. Биз ундан фойдаланар эканмиз, «баъзи» деган сўзни тушириб қолдиришга ўрганиб қолганмиз. Ҳолбуки, ҳамма шеърда эмас, фақат айримларида ҳикмат бўлар экан. Бу ерда инсонни эзгуликка, покликка, иймон-эътиқодга, тўғрилик, ҳалоллик, яхши одоб ва ахлоққа ундовчи шеърлар назарда тутилаётгани сир эмас. Шеър ёмонлик, ёвузлик, ахлоқсизлик учун хизмат қилмаслиги керак.
Буюк муҳаддис Имом ат-Термизий «Шамоили Муҳаммадийя» асарида шундай ривоят келтирадилар: «Ҳазрат Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳу дебдурлар: Жаноби Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларки, шоир тилидан сўзланган сўзнинг ниҳоятда рости ва тўғриси Лабиднинг бу сўзидурки, дебдур: Дунё хабардор бўлсинки, худодан бошқа ҳар бир нарса ботил ва бекордур, эътимодға лойиқ эмасдур».
Бу мисолни бежиз келтирмадим. Чунки Қуръони Каримнинг «Шуаро» сурасидаги «Шоирларга йўлдан озганлар эргашур» (шайх Алоуддин Мансурнинг маъно таржимаси) оятини тўғри тушунмаганларнинг «Шеър ёзиш дуруст эмас», қабилидаги сўзларининг ножоиз эканини яна бир марта таъкидлаш, холос.
Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг Ибн Равоҳа шеърларидан мисол келтирганлари, Ҳассон розиёллоҳу анҳу учун масжидга минбар қўйдириб, шеър тинглаганлари, Асвад ибн Сарийъга шеърда Роббингни мадҳ қилганинг яхши бўлибди, деган мазмунда гапирганлари чинакам шоир ва унинг шеърига яхши муносабат ҳеч қачон ўзгармаслигидан далолат беради.
Саволингизнинг охирги қисмига келсак, мен кўпроқ полифоник (кўпмаъноли), рамз ва истиора, ташбеҳларга бой шеърларни ёқтираман. Чунки яхши шеър фақат зоҳирий эмас, балки ботиний маънодан ҳам иборат бўлиши керак, деб ўйлайман. Ҳар гал шеър ўқиганимда, сатрлар орасида яшириниб турган ички маъноларни излай бошлайман. Баъзан, эҳтимол, ҳатто шоир назарда тутмаган маъноларни топганимда, кўнглим яйраб кетади.
Мумтоз адабиётимизнинг энг гўзал намуналари шеърхонни фикрлашга ўргатади. Бунинг учун Навоий, Ҳофиз, Румий, Бедилни кўпроқ ўқишимиз керак. Замонавий ўзбек адабиётида Рауф Парфи ва Абдували Қутбиддин каби шоирларнинг шеърлари ҳам серқатлам, кўпмаъноли. Баъзилар «меҳнат»дан қочиб, Рауф Парфининг шеърларини «мавҳум» ва «мураккаб» деб баҳолашган эди. Аслида, мавҳум ва мураккаб нарса йўқ, шоир шеърларида ҳамма ҳам осон тушуниши мумкин бўлмаган рамзлар, истиоралар, ташбеҳлар бор. Уларни англаб етмоқ учун алоҳида билим, тайёргарлик талаб қилинади.
– Суҳбатимиз ўз-ўзидан тасаввуфга бориб тақалмоқда. Бу борада фикрингиз қандай?
– Тасаввуфни адабиётнинг ўзаги, шеъриятнинг мағизи, деб ҳисоблайман. Биз яхши шеърларнинг дунёвий маъносини билиш билан бирга, ирфоний маъноларини ҳам ўрганмоғимиз зарур, чунки мумтоз адабиётимиз кўпроқ тасаввуфий таълимот ва сўфиёна маъноларга қурилган. Бугунги кунда ўрта мактабларда тасаввуф ҳақидаги дастлабки маълумотлар ўргатилаётгани боис, Лутфий, Атойи, Саккокий, Навоий, Бобур каби улуғ шоирларимизнинг асарлари фақат дунёвий эмас, балки ирфоний нуқтаи-назардан ҳам таҳлил қилиниб, ўқувчиларга тушунтирилмоқда.
ХХ-аср ўзбек шеъриятининг пешқадам вакили Шавкат Раҳмоннинг «Бахтли дақиқа» сарлавҳали шеъри бор. Унда айтилишича, таъмирлов пайтида бир суврат остидан бошқа бир суврат намоён бўлади. Шоир ана шу воқеадан кутилмаган хулоса чиқаради:
…чинданам берилиб таъмирчиликка,
не-не музейларга келтириб ғорат,
бошқа суврат излаб суврат тагидан,
қанча шоҳ асарни бузмоқ на ҳожат?
Бугун замондош шоирларимизнинг айрим дунёвий, заминий шеърларидан ҳам тасаввуфий маънолар изланаётганини кўрсам, Шавкат Раҳмоннинг юқоридаги сатрлари ёдимга тушади. Албатта, шеърларни талқин ва таҳлил қилиш, шарҳлаш, изоҳлаш яхши. Лекин бунда меъёрни унутмаслик зарурга ўхшайди. Авваллари ҳам ғазалларга шарҳлар кўп ёзилган. Хусусан, Ҳофиз ижоди олимларнинг жуда кўплаб тадқиқотлари мавзуси бўлгани барчага аён. Шу боис, улуғ шоирнинг деярли ҳамма шеърларидан илоҳий мазмун изланган. Ҳатто Ҳофизга «лисон-ул-ғайб» деб таъриф берилган. Ҳозир ҳам баъзи адабиётшунослар ушбу иборани тез-тез такрорлаб туришади. Аслида, ғайб илми фақат ягона Аллоҳга аён. Чунки банда ўз қисматини, олам ва одам тақдирини, бошқача айтганда, Оқибатни ҳеч қачон била олмайди. Шунинг учун Ҳофиз ўзига берилган нисбатдан рози бўлмай, шундай ёзган эди:
Зи сирри ғайб кас огоҳ нест, қисса махон,
Кадом маҳрами дил раҳ дар ин ҳарам дорад?
мазмуни:
Ҳеч ким ғайб асроридан огоҳ эмас, қисса (афсона) тўқима,
Қайси дил маҳрами бу ҳарамга йўл топади?
Айрим илмий манбалардан маълум бўлишича, дастлаб Ибн Арабий «Эҳтирослар таржимони» китобидаги ишқий шеърларига ўзи тасаввуфий шарҳлар ёзиб, адабиётда янги йўналишни бошлаб берган экан. «Бироз кейинроқ фаолият кўрсатган сўфийлар, – деб ёзади машҳур олмон исломшунос олимаси Аннемарие Шиммел, – ўзларининг май, ишқ, ҳижрон тўғрисидаги дунёвийлиги яққол кўриниб турган шеърларига ҳам шунақа шарҳлар ёзиб, уларни ўқимишли қилишни лозим топдилар ёинки энди ишқ, май ва ҳижронларнинг маъноси кенгайиб Аллоҳ таолога нисбатан бўлган ишқни англата бошлади. (Афсуски, кўпгина ҳолларда бунақа шарҳлар ўта чўзилиб кетганлиги сабабли, табиий, тасаввурга сиғадиган ҳолатлар билан нотабиий, тасаввурга сиғмайдиган ҳолатлар ўртасидаги мувозанатни барбод этиб, капалакдек нозик ниҳол шеърларни метафизик таълимотнинг қисқача қўлланмасига айлантириб қўйган)».
– «Тавба эшиги» китобингизга сўзбоши ёзган таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Абдусалом Абдуқодиров шеърларингизнинг тасаввуфий-фалсафий талқинларга, ирфоний маъноларга йўғрилганини таъкидлаганлар. Шунингдек, ўрта мактаблар ўқув дастурига кирган шеърларингизда тасаввуфий оҳанглар сезилади. Мен «Бир куни» шеърингизни шоирнинг орзуси, деб тушундим.
– Устознинг фозил адабиётшунос олим экани барчага аён. У киши мумтоз адабиётни, тасаввуфни жуда яхши биладилар. Китобга ёзилган «Тасаввуфий маънолар олами» сарлавҳали сўзбоши, яширмайман, мени ғоят хурсанд қилди. Муҳими шундаки, мақолани ўқиб, кўпгина китобхонлар ҳам Абдусалом аканинг мухлисига айланишди. У киши билан танишиб, суҳбатлашмоқ орзусида юрганларнинг сон-саноғи йўқ. Бу, таниқли олимнинг таҳлил ва талқинга салоҳияти юксак эканлигидан далолат беради.
Одатда, шоирлар ўзларининг шеърларини шарҳламайдилар. Шундай бўлса-да, эслатиб ўтганингиз учун «Бир куни»даги дастлабки учликни қисқача изоҳлашга уриниб кўраман.
Бир куни
Фариштадан ҳам,
Ҳурдан ҳам покиза бўлади одам.
Қуръони Каримда ҳам, Ҳадисларда ҳам одам ўзидаги ҳайвоний сифатларини итоатда тутиб, иймон, ибодат, яхши хулқ ва амаллар билан яшаса, фаришталардан ҳам устун бўлиши мумкинлиги, лекин ўз нафсига қул бўлиб, ёмон амаллардан ўзини тиймаса, ҳайвонлардан ҳам тубан бўлиши айтилган. Чунки фаришталар нурдан яратилгани боис, уларда нафс йўқ. Ҳайвон эса умрини қорин тўйдириш билан ўтказади. Шу боис, одамнинг фаришталардан баланд ёки ҳайвондан паст бўлиши ўзининг қўлида экан. Бу ҳақда жуда бисёр ривоятларни келтириш мумкин. Шеърда ана нуқтага урғу берилмоқда.
Баъзан у ёки бу шоирни тасаввуфни ўрганмай туриб, ирфоний шеърлар ёзишга уринаётгани ҳақида жуда маъқул гаплар айтилади. Бу фикрларга қўшиламан. Лекин Имом Fаззолий «Иҳйо ал-улум-ад-дин» (Дин илмларининг тирилиши) асарида айтганларидек, барча инсонлар руҳи аввал яратилиб, улар Аллоҳга «Сенга иймон келтирамиз, ҳақиқат ва эзгулик йўлида яшаймиз, бизни ҳақ йўлға ҳидоят қил, бизни адашганлардан, ғазабингга учрайдиганлардан қилмагин, биз фақат Сенга ибодат қиламиз, фақат Сендан нажот тилаймиз,» – деб ваъда берган ал-Мисоқ кунини унутмаслигимиз керак. Демак, Аҳдлашув кунида тавҳид асосида яшаш туйғуси руҳимизга, қонимизга сингдирилган.
– Баъзан яхши китоб ёки шеър мутолаа қилганимда, қаттиқ таъсирланиб, бир неча кун қисса ёки роман қаҳрамонлари билан ёнма-ён, ҳамнафас бўлиб яшайман. Сизда ҳам шундай ҳолатлар бўладими, умуман, кейинги пайтларда қандай китобларни ўқияпсиз?
– Кейинги йилларда китобхонлар сони озайиб бораётгани ҳақида кўп гапирилмоқда. Менимча, бундай эмас. Яхши асарларни топиб ўқийдиган, у ёки бу китоб ҳақида ўз мулоҳаза ва хулосаларига эга бўлган, айни чоғда, асарларни яхшигина таҳлил эта оладиган турли касб эгаларини биламан.
Шу ўринда бир воқеа ёдимга тушди. Бир куни ёши бизга нисбатан анча улуғ бўлган бир уста уйимизга келиб, бор бўлса, янги китоблардан бериб туришимни сўради. Жавонга ишора қилиб, ўзига маъқулини танлашини айтдим. Ҳалиги уста китобларни варақлаб, беш-олтитасини ажратиб олгач, аёли ҳам китоб ўқишни ёқтиришини айтиб, столим устида турган, лекин мен мутолаа қилиб улгурмаган янги журнални сўради. Йўқ деёлмадим. Бир пиёла чойга таклиф қилсам, ташқарида такси машинаси кутиб турганини айтди. Билсам, уста йигирма беш-ўттиз километр йироқдаги қишлоқдан улов ёллаб келган экан. Меҳмон билан кўчага чиқсак, ҳайдовчи мижозини узоқ кутиб қолганидан норози бўлиб ўтирган экан, нимадир деб тўнғиллаб қўйди. Уста куттириб қўйгани учун узр сўради. Машинага ўтираётиб, йўл ҳақини ортиғи билан тўлашини айтди-да, қўлидаги китобларга ишора қилиб, «Пул топилади, ука, манови хазинани топиш қийин», деб қўшиб қўйди.
Уста акага ўхшаб китобни хазина деб биладиган кишилар ҳали ҳам жуда кўп.
Мен деярли ҳар куни китоб ўқийман. Яқинда Имом ал-Бухорийнинг «Ал-адаб ал-муфрад» асарига ёзилган шарҳлар китоби ва Имом Fаззолийнинг «Кимиёи саодат» (Руҳ ҳақиқати) асарини (таржимон Муҳаммад Исо) икки-уч қайта ўқидим. Бундан илгари Имом Fаззолий ҳақида оз маълумотга эга бўлиб, айрим илмий мақолаларда бу улуғ мутафаккир асарларидан келтирилган иқтибосларнигина ўқиб кўргандим. Жуда кўплаб олиму фузало, файласуфлар учун устоз саналган Fаззолий асарларининг таъсир кучидан ҳайратга тушдим. Гегел «Шарқона буюк ақл эгаси» деб атаган Имом Fаззолий Абул Фазойил Ҳамадоний, Зиёуддин Суҳравардий, Рўзбеҳон Мисрий, Нажмиддин Кубро, Айнул-қуззат Ҳамадоний каби олимларнинг устози ҳисобланган экан. Имом Fаззолий асарларининг таъсири туфайли бўлса керак, «Жалолиддин Румийнинг «Маснавийи маънавий» асаридаги кўпчилик ҳикоялар «Иҳйо»дан олинган». («Абу Ҳомид Муҳаммад Fаззолий ва унинг мероси» мақоласи, муаллиф Маҳкам Маҳмуд Андижоний).
Мени ҳайратда қолдирган жиҳатлардан бири шундаки, Имом Fаззолий ўзининг фалсафий-ирфоний қарашларини чиройли ташбеҳ ва қиёслар билан ифодалаган. Бу мутафаккир илгари сурган ғоя ва фикрларнинг ўқувчи хотирасида узоқ сақланишини таъминлаш билан бирга, тасаввури ва тахайюлини ҳам кенгайтиради. Масалан, мана бу қиёсларга эътибор беринг: «Дил бу олам кўҳна работидан охират дорил нажотига қайтмоққа келибдир. Ул гўшт пора (юрак) подшоҳ дилнинг маркаби (улови) ва асбоби суфраидур. Ва ҳамма азои бадан дилнинг лашкаридур. Ва жумлаи баданнинг подшоҳи дил – қалбдур».
Имом Fаззолий мунажжимлар, табиийунларнинг фикрларини келтирар экан, улар томонидан олға сурилган айрим ғояларни қиёслаш усулидан фойдаланган ҳолда инкор этади. Масалан, файласуф оламни фақат моддий деб билувчиларнинг ожизликларини айтар экан, шундай ёзади: «…ҳаммалари рост айтурлар, ва лекин баъзилари кўрмай, кўрган ва билганнинг даъвосини қилурлар. Бас, буларнинг мисоли бир гуруҳ кўрларга ўхшашдур». Буюк олим кўзи ожиз кишилардан бирининг шаҳарга келган филнинг оёғини силаб, филни устунга ўхшатгани, бошқаси филнинг қулоғини ушлаб, гиламга қиёслагани, яна бири унинг тишини силаб, фил ҳақида бошқа кўзи ожизларга хабар бергани ҳақида ривоят келтириб, «мунажжим ва табиийун ҳам Ҳазрати Ҳақ субҳоноҳу ва таолонинг чокарларидан баъзисини таниб, унинг салтанати ва ғолиблигидан тааажжуб қилиб», уни подшоҳдир, дейишлари хато эканини айтади. Шундан сўнг Имом Fаззолий ўзининг хулосасини баён этади: «Ва ҳар нимарсаким, бошқаға тобеъ ва мусаххардур, худо эмасдур».
Хуллас, ҳазрат Алишер Навоий томонидан ҳам «Ҳужжат-ул-ислом» деб улуғланган Имом Fаззолийнинг бу асаридан жуда яхши маънавий озуқа олдим. Мутафаккирнинг «Илми зоҳир тасаввуф йўлида тўсиқдур», «Зоҳир илми – пўст, ҳақиқат илми – мағиздур», «Соҳиби кимёнинг соҳиби зардин филжумла афзаллиги бор», «Руҳ одам вужудининг аслидур», «Ҳамма аъмол Ҳақ таолога ибодатдан афзал эмас», деган ҳикматлари ҳар қандай китобхоннинг ёдидан ҳеч қачон кўтарилмайди.
Китобни ўқир эканман, бутун бошли шеърий тўпламида бирорта эпитет, қиёс ёки ташбеҳ қўлламаган, ёзганлари шунчаки баёндан иборат бўлган замонавий шоирларимиз насрий асарни ҳам шоирона тил билан ёзган буюк бобомиздан ўрганишса эди, деб орзу қилдим.
Яна бир воқеа. Бир куни Бобожон Fафуров ноҳияси бош имом-хатиби, ноҳия диний уламолар Шўроси раиси Муҳаммаджон ҳожи Ортиқов билан суҳбат чоғида, у киши томонидан ўқилган қуйидаги байтни тинглаб, ҳайратга тушдим:
Дар ду олам нест моро бо касе гарди ғубор,
Ҳар кй моро ранча дорад, роҳаташ бисёр бод.
мазмуни:
Икки оламда бизнинг ўзгага заррача ғуборимиз (ғаразимиз) йўқ,
Ким бизни ранжитса, роҳати мўл бўлсин.
Моҳиятан Аҳмад Яссавийнинг «Золим сенга жафо қилса Олло дегил, Илкинг очиб, зоре қилиб, бўйин сунғил» ва «Туфроқ бўлғил, олам сани босиб ўтсин» сатрларига яқин бўлган бу ғазал муаллифи Мир Саййид Али Ҳамадоний эканини билгач, ўзимнинг билимсизлигимдан хижолат чекдим. Аслида, мазкур ғазал жуда машҳур бўлиб, ҳатто пул қоғозига ҳам қайд этилган экан. Эртасига уни айрим шоир дўстларимга ўқиб бердим, бошқаларига қўнғироқ қилиб, уларни ғазал мазмунидан воқиф қилдим. Афсуски, мен каби улар ҳам шундай орифона ғазал мутолаасидан баҳрасиз қолишган экан.
Fийбат ва ҳасад, бахиллик ва бадхулқлик, золимлик ва иккиюзламачилик, бадгумонлик ва ёлғончилик, чақимчилик ва кишига озор беришнинг гуноҳи кабира эканлиги ҳақида ҳадислар бор. Кечиримлилик, озор етганида сабр қилиш, ғазаб келганда сукут сақлаш каби хислатларнинг афзал жиҳатлари ҳақида ал-Бухорий, Имом Муслим, ат-Термизий жамлаган ҳадислар китобларида баён этилгани барчага аён. Зеро, кимдир сенга ҳасад қилса, озор етказса, унинг бор савоблари сенга ўтиб, сен қилган гуноҳлар ўша ҳасадчи ва дилозорнинг гуноҳларига қўшиб берилар экан. Шунинг учун айрим саҳобаи киромлар гуноҳларимдан фориғ бўлдим деб, ўзини ғийбат қилган кишига совғалар юборишган.
Аллома Мир Саййид Али Ҳамадонийнинг ушбу ғазали мени ғоят тўлқинлантиргани боис, бир сатрини ўзбек тилига ўгириб, салоҳиятимга яраша, ғазалга тазмин ҳам боғладим.
– Бугунги шеърият ҳақида ҳам фикрингизни билмоқчи эдим.
– Бағрида қизғин жараёнлар кечаётган ўзбек назми бугун жаҳон шеърияти билан беллаша оладиган даражага етди. Немис шоири Бертолд Брехт «Ортимиздан келар бошқалар, кўпроқ бўлар сабри уларнинг, эпчиллиги ва қатъияти…» деб ёзганидек, адабиётга кираётган ёшлар ижоди ҳайрат ва ҳавасга, таҳсинга сазовор бўлмоқда. Замоннинг шиддати шеъриятга ҳам таъсирини кўрсатаётгани сир эмас. Кеча янгилик ҳисобланган модерн шеърлар бугун замонавий бўлмай қолаётир, бугунги постмодернизм эса эртагаёқ эскирмоқда, чунки янги-янги йўналишлар, оқимлар пайдо бўлиб, шеъриятнинг имкониятлари жуда ҳам кенг эканидан далолат бермоқда.
Шундай бўлса-да, самимият, образлилик, бадиийлик ва ниҳоят, теранлик шеъриятнинг муҳим фазилати бўлиб қолаверади, деб ўйлайман.
Ана шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Мирзо Кенжабек, Асқар Маҳкам, Муғанний (Fанижон Холматов), Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим каби ориф шоирларимизнинг сўфиёна руҳга йўғрилган шеърларидаги ички маънолар эътиборни тортади.
Лекин фақат китоб ўқиб тасаввуфни ўрганиб бўлмаганидек, икки-уч ирфоний истилоҳ қўллангани билан шеър орифона бўлиб қолмагани каби, тасаввуфий шеърлар таҳлили ҳам барчага насиб этавермайди.
Умуман, Шарқ шеърияти рамз ва ишоралар, тасаввуфий-фалсафий маъноларга бойлиги боис, дунёнинг қайси бурчида бўлмасин, адабиёт ихлосмандлари орасида қизиқиш уйғотади. Эндиликда, воқеа-ҳодисаларнинг тавсифидан иборат, хулосалари тайёр, фақат зоҳирий маънодангина иборат бўлган, санъатга дахли бўлмаган шеърлар билан ўқувчи эътиборини қозониб бўлмайди.
Афсуски, баъзида жўн шеърлар ҳам ўқувчига тақдим этилмоқда, муаллифларига рағбат билдирилмоқда. Буни кўриб, Х.Борхеснинг қуйидаги гаплари ёдга тушади: «Истеъдодсизликни истеъдод ўлароқ қабул қилган адабиёт ўқувчини адабиётдан бездиради. Шуни унутмангки, адабиётнинг кушандаси адабиётдир».
– Ёшларга нимани ўргатиш керак, деб ҳисоблайсиз?
– Мантиқ илмини. Тавсиф ва таҳлил фарқини. Ниҳоят, шеърий санъатлар ҳақида ҳам кўпроқ маълумот бериб, шеърнинг санъат экани тинмай уқтириб турилса, нур устига аъло нур бўларди.
– Устоз, мазмунли суҳбатингиз учун Сизга миннатдорчилик билдираман.
1 izoh