Avliyoxon Eshon. She’rlar & Avliyoxon Eshon «She’r sehri» teleloyihasida & Mahjub. She’rlar kitobi

77Шоир Авлиёхон Эшон Шукуруллоҳни туғилган куни чин бракдан қутлаймиз!

Шеър ҳис-туйғуларимизга таъсир ўтказиши билан бирга, бизни мулоҳаза ва мушоҳадага ҳам чорлаши лозим. Ана шунда шеърнинг кашфиёт эканини англаб етамиз (Авлиёхон Эшоннинг «Хань Фу тақдири» бадиасидан).

Авлиёхон Эшон ШУКРУЛЛОҲ
ШЕЪРЛАР


    1957 йилда Ўш (Боткен) вилоятининг Лайлак туманидаги Андархам қишлоғида туғилган. 1978 йил Ленинобод давлат педагогика институтининг тарих-филология факултетини битирган.
«Тунги тиловатлар», «Қайғу гули», «Кўзгу ичида», «Сирли пардалар», «Райҳоний рангли сувратлар», «Тавба эшиги», «Маҳжуб», «Ботиний ёруғлик» номли китоблари чоп этилган.
Қирғиз ва тожик ёзувчиларининг ҳикоя ва қиссаларини таржима қилган. Қирғизистон Миллий Ёзувчилар Иттифоқи аъзоси.


КУЗ. СУНБУЛА

Тош ўчоқда ёқилган ўт
Тафти бироз сўндими?

Япроқ териб юрган шамол
Бир югуриб, тиндими?

Йилтир-йилтир мезон ипи
Бўш чаноққа индими?

Ўроқ кўрмай ўсган қамиш
Най бўлмасдан синдими?

Сойни кечиб музлаган тош
Қирғоқда исиндими?

Шитирлаган ёмғирда дил
Майсадай ювиндими?

Жар бошида тикангулнинг
Шохига ой қўндими?

Қор исини туйган кузак
Оҳиста хўрсиндими?

2009

МУҲАББАТ

Кўксимга сездирмай кирган оққушлар
Кўзлар косасида элтадилар сув.
Оппоқ булутларни кийган юрагим,
Соғинч дарёсида юзларингни юв,
– Муҳаббат келмоқда,
муҳаббат – сулув.

Шафақранг қадаҳга чўмилган булбул
Оқшомгул баргидан ёзар дастурхон.
Шамоллар силкитган кўк дарахтининг
Тилло сандиғидан тўкилади дон,
– Муҳаббат келмоқда,
муҳаббат – дармон.

Суви қочиб кетган қудуқлар ичра
Эрийди гуркираб ўсаётган тош.
Туннинг шохларига ўзини осар,
Fамзада армонлар кўзларида ёш,
– Муҳаббат келмоқда,
муҳаббат – бардош.

Меҳрибон парилар тегрангда учар,
Гул сочиб самовий сурмаранг тахтдан.
Кўзимда чақинлар юклаган кема –
Умид соҳилида кўтарар елкан,
– Муҳаббат келмоқда,
муҳаббат – Ватан!

1987

РУМИЙ

Улкан Кўзгу, улкан Кўзгу,
Кўзларингда акс этай.
Руҳимда Ишқ гулхан ёқур,
Теграсида рақс этай.

Бу қасрни куйдирган ул
Ўт ичинда чўмилдим.
Улкан Кўзгу, қорачиғинг
Уммонига кўмилдим.

Ишқ туғилди – Мен йўқолдим,
Гулим, сендан «оҳ» қолур.
Қалб ўрнида бизни ютган
Осмон каби чоҳ қолур.

Улкан Кўзгу, соя бўлдим –
Очун йўқдур – Очун бор.
Дил кўзига тошлар отган
Ўз танамда ўчим бор.

Юз йил кутай, очилгунча
Дарчаларнинг кўзлари.
Улкан Кўзгу, юзларингда
Қолди қайғум излари…

1997

СЕВГИ

Ёмғирларда ивиган
Тўн ва этикни ечиб,
Олти йигит сепоя
Боғлашади сой кечиб.
Қирғоқда барваста чол
Қўлларин пахса қилар.
Олис осмонда чақмоқ
Тошга тегиб чақилар.
Ҳовлиқиб, ҳаяжонин
Сиғдиролмай ичига,
Тўлқин урилиб қайтар
Сепоя ёғочига.
Шамоллар ҳайдаб келар,
Лойқа сувлар исини.
Сой ювар соҳилдаги
Қайрағоч илдизини.
Сел тушмоқда тоғлардан,
Йироқда баланд саси.
Қишлоқда олти қизнинг
Ёрилар ўтакаси…

1985

ОЧУН

Бу аёлнинг манглайин силаб,
Тақдир битмиш сирли ёзиғни.
Сузгун кўзлар узра қаламда
Чизган қийғоч икки чизиқни.
Бирам нозик бармоқлар билан
Эшилган тун – қора сочлари.
Чиройини лафзида шарҳлаб,
Учар кўклам қалдирғочлари.
Юзларидан улги ўғирлаб,
Тўлишади осмонда ойлар.
Кўзларида аксим кўрай деб,
Кўзгу тутиб оқади сойлар.
Офтоб ҳар кун ёлғиз уни деб,
Ер-фалакка улашар ҳусн.
Бу аёлнинг қорачиғида
Уйғонади қадимий афсун.
Юрагимни сеҳрлайди ишқ –
Мулкдан кечар ҳижрон қўшини.
Қафасидан айро жон қуши
Ҳар сорига урар тўшини.
Кўзларимдан қора боғични
Ечиб бўлмас – аёл талаби.
Унга таслим бўлурман, бирдан
Бузилади юрак қолаби.
Бармоғига жонимни ўраб,
Етаклайди, унинг қулиман.
Кўкрагимни тўлдирган ҳаво
Жисмим ердан узар, куламан.
Бу аёлга кўнглимни боғлаб,
Тортилади саноқсиз ришта.
Бу ҳам энди мағлуб бўлди деб,
Учиб кетар етти фаришта.
Энди аёл – ғолиб малика,
Ёйиб ташлар сарват, сепини.
Сувга шўнғиб тошлар тераман,
Маҳкам тишлаб қармоқ ипини.

2
Бу аёл дор остида
Ўйнаб, тизади маржон.
Маржон тоши тош эмас –
Ип тишлаган қирқта жон.
Борми малҳам истаган
Юрагин ямоғига,
Келсин, хино қўймоқчи,
Бу аёл бармоғига.
Бўлса агар харидор
Толим-толим сочига,
Дил қонин суртиб қўйсин,
Аввал дор оғочига.
Кимдир боқиб кўзига,
Қолмоқ бўлса ёдида,
Икки қабоғин ситиб,
Майдаласин жодида.
Бор бўлса талаб аҳли,
Кирмасин олов-ўтга –
Жисмин кафанга ўраб,
Солиб келсин тобутга.

2009

КУЙ

Тилло тумор кўкрагимнинг
Деворига қоқилган.

Дил ёришар – жон иплари
Шам мисоли ёқилган.

Сир қолмади – кўзларимнинг
Иншолари ўқилган.

Куй томчилар – мусиқанинг
Қўшиқлари тўқилган.

Ой – сиймтан, қулоғига
Исирғалар тақилган.

Нур тўкилар – юлдузларнинг
Чаноқлари чақилган.

1995

СЎНГГИ ҚИШ

Қорашом. Изғирин…
Муштдайин кампир
Сандали четида мудраган чолнинг
Кўрпасин оҳиста қўяди тортиб.
Сўниб бораётган эрини кўриб,
Кун сайин
қайғуси боради ортиб…
Токчага солинган эски газетнинг
Биринчи бетига ёзилган: «Баҳор…»
Тахмоннинг устида сарғайган суврат –
Ундан ўктам йигит жилмайиб боқар.
Уйнинг бир бурчида ётибди ғужжак,
Кампирнинг ўзидай ювош мушуги.
Ташқаридан эсган шамол ҳамласин
Зўрға қайтаради кулба эшиги.
Мўридан тушган қор зумда ўчиргай,
Нам тортган ўчоқнинг олов-ўтини.
Даричани хиёл очиб,
ёпади –
Кампир ҳайдамоқчи бўлиб тутунни.
Чол кўзин очади…
Иштаҳаси йўқ –
Татиб ҳам кўрмайди оби-овқатни.
Дарвоза қаноти тинмай тарақлаб,
Синаб кўрмоқ бўлар сабр-тоқатни.
Момо кўпни кўрди,
яхши билади –
Бу хаста чолининг охирги қиши.
Юрагини тинмай эзади,
унинг
Ёлғиз кампирига вазмин боқиши.
Ташқарида эса қор ёғар тинмай,
Поёнсиз туюлар қиш кечалари.
Бўғотдан йиқилар тош каби музлаб,
Чол-кампирнинг маъсум мусичалари.
Чироқ мойи тугар…
Момо хўрсиниб,
Чолнинг манглайига босар кафтини.
Сандали ичида совқотган оёқ
Оғрийди,
сезмасдан чўғнинг тафтини.
Чол ўйга ботади: «Худога шукур,
Кампирим меҳрибон, содда, мулойим.
Кетсам… қийналмасин…
Келаси йили…
Қиш жуда ҳам иссиқ келсин, илойим…»
Ташқарида қор ёғади, қор…

1987

ТИЛАНЧИ

Юрагимни йўлакка ёзиб,
Ўлтираман.
Қайғум етарли.
Бирор киши меҳр кўргазиб,
Рўпарамдан маъюс ўтарми?

Кун ботади.
Шомдай тугайман.
Кўрганим ўнг, эҳтимол, тушдир –
Юрагимни тугиб жўнайман,
Кечагидай бугун ҳам бўшдир.

1993

ИШҚ

Тунда гулхан кўрсам ушлайман
Азиз Саид

Сен учун бахш этиб бори-йўғини,
Аёл келтиради кўнгил чўғини.

Ул чўғни дур каби териб етти ҳур,
Юрак риштасига тизиб ўтказур.

Бир қатим нур тишлаб мулойим қушча,
Ишқин изҳор айлар бор товушича.

Бармоғинг тегади, фалак чилтори
Чалинар – эрийди уфқлар қори.

Фаришталар ёқиб тун чироғини,
Гулга тўлдиради ой қучоғини…

Ошиқсан, ишқ мулкин чин фуқароси,
Йўлинг тупроқ ила кўкнинг ароси.

Ботининг пок бўлғай, бир озода руҳ –
Дил кафтдай очилиб, тўкилар андуҳ.

Кўнгил учиб борар, оғриқни туймас,
Оловни ушласанг, қўлларинг куймас.

2009

ҚИШ. ДАЛВ

Замҳарир қиш қорларга кўмиб,
Еру осмон, йироқ-ёвуқни,
Ҳар бир уйнинг остонасига
Бошлаб келди қора совуқни.
Дарахт кеча қуёшга тутиб,
Ол-қирмизи ёноқларини,
Уқалайди бугун сирқираб
Оғриётган бармоқларини.
Пода чимдиб кетган майсанинг
Эшитмасдан шивир-шивирин,
Қордан чиқиб турган туғларин
Синдиради аччиқ изғирин.
Одам юрмас овлоқ йўлларда
Чарх уради қорлар қуюни.
Отхонанинг туйнугидан от
Чўзиб-чўзиб қўяр бўйнини.
Қирга туташ боғларга қарши
Бошланади шамол ҳамласи.
Оқшомлари чўғдай чисирлаб,
Ёрилади тутлар танаси.
Ўчоқларда ёнган ҳўл ўтин
Тутунлари қоплар хонани.
Қизлар нозик бармоқларига
Қўндиради ангишвонани.
Пешайвонга сепилган донни
Чўқиб юрар чумчуқлар – инсиз.
Эшик совуқ, молхоналарда
Қолар бўлди сигир соғинсиз…

2009

ЮК

Отам кетди…
Бир фақр банда –
муҳтож эди ёлғиз Эгамга…
Ўша куни
дунё бор юкин
ортиб қўйди чўккан елкамга.

Эй афаллоҳ,
нур кетди қайтиб –
қоп-қорайди олам чеҳраси.
Тинмай тегди бошимга,
қабр
қазиётган теша муҳраси…

Елкамдаги қоп билан кездим
даҳри дунни – етди озори.
Кўмиб ташлай десам,
кўринмас –
ҳеч қаерда дилнинг мозори.

Гоҳи арқон узилмасин деб,
юрагимга тушгай
таҳлика.
Тош остида эзилган майса
каби қаддим тутмадим тикка.

Қоп оғирдир,
кўринмайди нур –
олисдадир уфқ чизиғи…
Отам кетди,
елкасида юк –
охиратнинг тотли озиғи.

2010

БАҲОР. ЁМFИРДАН СЎНГ

Бошдан-оёқ ҳўл бўлган дарахт
Новдасида гул тошар бўртиб.
Майсаларнинг устидан офтоб
Бармоқларин олар югуртиб.

Йилқиларнинг нафаси теккан
Дашт чечаги очар тўшини.
Боши узра кўтариб турар,
Нимжон ғўза ёмғирпўшини.

Ел ўпмаган қизлардай сулув
Оқ атиргул ечар нимчасин.
Ўйнаб юрган шамол шивирлаб,
Уйғотади ток қаламчасин.

Боғ устига ҳовуч ва ҳовуч
Нур ёғилар оқшомга довур.
Жилдираган булоқ бошидан
Кўтарилар осмонга ҳовур.

1989

БИР ҲОВУЧ ЧЎҒ

Ҳаёт – гулхан, юзларимга
Тушди иссиқ сояси.
Вужудимни чирмаб-чирмаб,
Ўйнади ўт толаси.

Олов босиб кечди умрим,
Fам келди кул титгани.
Бир ҳовуч чўғ топилмади,
Кўнглимни иситгани.

2008

БОЗОР

Оёғимни бердим ёлғиз дарахтга –
Ҳар оғочга айтар дил қувончини.
Сайҳонда болалар билан югуриб,
Бузадир мудраган еллар тинчини.

Ҳовучимдан тўйиб сув ичган қумри
Қўлимни сўроқлаб келгай қошимга.
Тилим узиб берсам, парий балиқлар
Ишқ, дея тўш ургай дийдам ёшига.

Шоҳона либосин ечган илонлар
Теримни ёпиниб ухлар ойдинда.
Ҳали сархушлигим тарқамай туриб,
Савдойи бошимни соғинди кунда.

Кўзларим – марварид, дурри бебаҳо,
Тақдир чақиб кўрди уни майдалаб.
Томирим ип қилиб эшар созанда,
Танбур қобирғасин ўт ичра қалаб.

Ўзганинг ёдига тушмаган кўнглим
Кўча тупроғидай ётибди қизиб.
Ҳеч ким сўрамайди…
Кимдир устидан
Бозор аравасин ўтар юргизиб.

1995

ВАЗИФА

Мен ўзимни енгишим керак!
Бунинг учун етарли асос –
Бу ёруғ дунёга
Ўзгани эмас,
Ўзимни енгмоққа
Келганман,
Холос.

1997

БУ АЁЛ ИЙМАНИБ…

Рафиқамга

Теграмда югуриб ҳориган аёл
Сир тутгай
мени деб куйиб-ёнмоғин.
Ўзимга сездирмай тикиб қўядир,
Ҳар куни
ситилган кўнглим ямоғин.

Бу аёл ийманиб,
дил изҳор этмас,
Бироқ содиқ қолган ёлғиз аҳдида –
Жонимни авайлаб кўтариб юргай,
Дуога очилган қадоқ кафтида.

Умри ўтиб борар…
Кўрмадим унинг
Меҳр-муҳаббатин ҳеч поёнини…
Бир подшоҳ кўнглимга
хизматга келар,
Қўлидан етаклаб қирқта жонини.

1997

* * *

Мен кимман?
Лаҳзага тенгми ҳаётим,
Ўзимни нимага айирбош этай?
Юрагимга етиб борсин деб додим,
Ёқамданми тутиб, қаттиқ силкитай?

Ё гулхан ичида терисин ташлаб,
Рақс тушган илондай қутқазай жонни?
Юрак бўғзидаги тошни тарашлаб,
Бузиб чиқайинми қадим зиндонни?

Илдиздай пармалаб борайми ерни,
Бўлайми қушларнинг ширин озиғи?
Ҳовучимда олиб келиб ёмғирни
Тўкайми, кўкарсин ернинг қозиғи?

Хазон ҳиди келса еру осмондан,
Совуриб олайми елга ўзимни?
Фалакка қочайми тийра жаҳондан,
Тупроқдан суғуриб икки тизимни?..

Мен кимман?

2005

* * *

Ишқ наҳрига ғарқ бўлурмиз,
Сув юзида ғуссамиз.
Елда учган барг бўлурмиз,
Хазон ичра жуссамиз.

Чиғаноқдай ёмғир кутиб,
Ташна бўлиб ётурмиз.
Ҳовуч-ҳовуч сувлар ютиб,
Юракни уйғотурмиз.

Дил тубидан дур-жавоҳир
Териб чиқар қўлимиз.
Ўзимиздан кечдик охир,
Шу эмасми йўлимиз?

Руҳ учади, ерга эса
Тушмайди оғиримиз.
Ишқ наҳрида бўлдик тоза –
Кўринмас зоҳиримиз.

2006

МАҲКУМ

Ўзимдан воз кечиб,
ёлғиз сени деб
яшаётган бахтли одамман.
Кўнгилнинг жомида сув тутиб,
ўзи
илтифотга муҳтож –
ташна ҳотамман.

Сен эса осмоний гулсан,
илдизинг
юрагимни тишлаб олгайдир нафас.
Учиб кетолмасман –
қошинг – дом ипи,
нигоҳинг – қўриқчи,
юрагинг – қафас…

Мен қисмат ҳукмини этгайман адо –
(йўқса, ҳеч кимман) –
Чўкиб кетмасин деб,
тоғдай кўнглингни
кўтариб юришга мангу маҳкумман.

2001

ЛАВҲА

Сайҳонликда от димоғига
Урилади беда ислари.
Милдираган булоқ бошида
Пайдо бўлар туёқ излари.
Пичанзорда ўроқчи қизлар
Бошлайдилар ёзги ўримни.
Офтоб тонгдан ернинг юзига
Ташлаб қўяр нурли тўрини.
Дала чорлар парча булутни,
Ҳўлламоқчи томоқларини.
Кун тиғида ишчан болалар
Ямар ернинг ямоқларини.
Оқшом келиб, катта қишлоқни
Кўмиб ташлар қуюқ сояга.
Совуқ сувлар киради оқиб,
Илиб ётган шолипояга.
Шамол келмас, кетган югуриб,
Куйиб ётган адирдан нари.
Уфқ қизарар янги келиннинг
Қўлидаги хино сингари…
Беланчакни боғлар аёллар,
Айвондаги ёғоч тўсинга.
Дарвозалар олдида ўсган
Гуллар тўлиб борар ҳуснга.

2003

МАЪВО

«Сен биздан эмассан,
ўзга юртдансан…» –
Бу калом бўғзингдан ситилди ногоҳ.
Қадим сирни очдинг, энди халойиқ
Маъво-манзилимдан бўладир огоҳ.
Кўнглим ўз уйидан қочиб,
қирларда
Чақмоқларни ушлаб югурган чоғи,
Бу дилнинг кўксимда яшамоғига
Ўзим ҳам ишонмай қоламан гоҳи.
Ул исён кўтариб, юракка қарши
Ҳамлага шайланса билмай ҳаддини,
Мен ҳам ғамга ботиб,
кўнглим кўзига
Кўрсатиб қўяман сарҳад хатини.
Тунлари фалакка юзланиб руҳим,
Томоша айласа нур жилвасини,
Биламан –
соғиниб ўртанади ул,
Илоҳий манзиллар ифор-исини.
Сўнгги япроқларин тўккан оғочлар
Бағрин очганида кириб исинсам,
Ахир, нима қилай,
дарахт оғушин
Бу ўзимнинг уйим, дея тушунсам.
Кўнглимга осмондан баланд гўшада
Фаришталар чалиб берганида най,
Сархуш қушлар каби учиб ўтаман,
Тупроқда сен чизган чизиқни кўрмай.
Мен сиздан эмасман…
Бир жуфт қалдирғоч
Қуш тилин ўргатди айвон тоқида.
Қизғалдоқ сасини эшитдим,
нозик
Бармоғидан тутиб дашт қучоғида.
Шамол деразамни очиб,
гулларнинг
Ошкор айлаганда асрор-ҳолини,
Тушундим –
райҳонлар ўз атрин мақтаб,
Бошига кўтариб чопди ҳовлини.
Бир латиф шевада ёрил, тошим, деб,
Ёлвориб,
силасам муздай юзини,
Ҳамма эшикларин очиб Ёрилтош,
Бағридан бўшатди қирқта қизини.
Лабимни тегизсам,
қамиш най бўлиб,
Куйлади манглайин битикларини.
Мен билан тиллашиб,
турналар изҳор
Айлади қувонч ва ҳадикларини.
Мен сиздан эмасман…
Бир банда каби
Кўникдим тақдирнинг синоатига.
Берган дардини ҳам боламдай суйиб,
Умид қилдим Аллоҳ иноятига.
Кўксимдаги тўфон ичра ғарқ этиб,
Ҳар лаҳза синовдан ўтказса Тангри,
Азобинг қутлуғ деб,
шодон бўламан,
Аллоҳ зикрин қилган куртак сингари.
Қўлим савағичга ўхшаб,
мўлжалга
Олса ҳам юракнинг кўз-қошларини,
Тасбеҳдай ўгириб,
ўпарман жоним –
Ипига тизилган ғам тошларини.
Бўғзимда истиғфор,
Кўксимда умид…
Зикр озиқ бўлсин дейман дилимга.
Орзуйим –
дунёдан узилар чоғда,
Ёлғиз Ҳақнинг исми келсин тилимга.
Ҳануз ҳолим забун,
ўзимдай ожиз
Одамлар ичинда талон-торожман.
Шафоат кутмасман ҳеч кимдан,
фақат
Меҳрибон Аллоҳга муҳтожман.
Гоҳи қаршингиздан чиқсам,
ўпкалаб,
Мен фақат ўзимдан излайман қусур.
Ортимга бир қадам ташлаб дегайман:
«Мен сиздан эмасман…
худога шукур!»

2012

* * *

Ким ёмонлик қилди,
Уни кечирдим –
Тинди кўксим ичра ғамлар қуюни.
Дуога қўл очдим,
Рақибим тағин
Тўлдириб олгунча тошга қўйнини.
Раббим, мени кечир,
Гумроҳ бандани
Уйғота олмадим ғафлат хобидан.
Билмади –
Бўйнига гуноҳим олиб,
Айрилиб қолганин
Бор савобидан.
Ул ҳануз йиғмайди қўлин ёқамдан,
Ҳамон бузолмайди ёмон аҳдини.
Мен дейман –
Юрагим бир умр туйсин,
Кимнидир кечириб яшаш бахтини.
Худойим,
Ул ожиз банда кўксида
Ёнаётган самум оловин ўчир.
Унга
Бор қилмиши учун қайтарган
Шунча яхшилигим оз бўлса,
Кечир…

2010

* * *

Юракни ёмғирдай савала, қамчи,
Илоҳий парвозин чиқазди ёддан.
Кўзин боғлаб дорга судра, арғамчи,
Бир титраб,
уйғонсин мангу ғафлатдан.

Ўти сўниб боргай…
Ожизимдир ул –
Бир жондай туймади бахтнинг тотини.
Тўрт томонга боқиб тополмади йўл,
Ҳар лаҳза ғуссага тўлди ботини.

Хазондай соврилиб куз адоғида,
Исмини унутди –
ким эди ул кун?
Куймади бесамар кунлар доғида,
Ҳар эсган шамолга тутқазди мулкин.

Ул қачон қаддини кўтаргай ердан,
Қай куни бағримда ёқар аланга.
Огоҳ этиб ҳеч ким билмаган сирдан,
Мени олиб чиқар дордан баландга.

2006

ТУН. ЁЛҒИЗ ОДАМ

1
Шамол дағал қўли билан сидириб,
савағич қилади –
барглари сарғимтил тут новдасини.

Чайла қулоғида осиғлиқ ойбалдоқ –
тошчироқнинг
пирпираган ожиз шуъласи
хитойи елпиғичдай,
тунни ҳайдамоқчи бўлар одам юзидан.

Тонгга қадар
ёлғиз одамнинг
ёқасини қўйвормас шамол.

2
Юраги
жар қушларининг уясига ўхшайди –
тўзғиб учган қушчалар тўпи сингари,
ғусса ўз инидан олислаб кетмай,
тағин қайтиб келар
қош қорайганда.

Илиқ-иссиқ кафт орасида
полапон каби
қанот чиқаради ғусса боласи.

Дон талашган қушлар тонггача
тинмай чўқиб чиқар
одам кўксини.

3
Ёлғиз одам
танҳолик нималигини билмас –
қамиш чайлага ўхшаган
илма-тешик бағрини тупроққа бериб,
тун бўйи
гаплашиб чиқади ўзи билан ўзи.

Суҳбатдошнинг борлиги –
ердан
кўкка кўтаради унинг кўнглини.

Кўзлари илғамас,
теграсида юрган
садоқатли муҳофиз фаришталарни.

4
Борлиқ – симсиёҳ…
Ой қора чачвонини
кўтармади юзидан ҳануз.

Тун
ўлжасини пойлаган қашқир сингари
нафасини ичига ютиб,
тинмай кузатади ёлғиз одамни.

Одам кафтини дуога очади –
лафзи жалола
ҳарорат бағишлар унинг қалбига.

Тун ортига чекинар,
ҳадиксирайди –
одам кўксида ёнган дил ёруғидан…

2016

* * *

Руҳ қуши эдими – ҳур ва хушсуврат,
Балки тайр эди жинон боғидан,
Тумшуғида тишлаб руҳим ипини,
Учиб,
ерга тушди фалак тоқидан.

Аслида хок эдим – бир ҳовуч тупроқ,
Ҳар битта заррамда ғуссанинг доғи…
Ҳақнинг изни ила
ожиз танамга
Боғланди илоҳий олам арқоғи.

Ул нурли толани чертиб малаклар,
Мени воқиф этди ишқ оҳангидан.
Руҳимнинг чўғлари сачраб,
вужудим
Пок бўлди ғубори – тупроқ зангидан.

Ҳақ мукаррам этди, унутмагай дил –
Ал-Мийсоқ кунида берган аҳдини.
Шароби таҳурдан татиб,
ҳар лаҳза
Унинг зикрин қилиб топгай бахтини.

Масту мустағриқман…
Дайр бошимдан
Сув қуйиб келтирмоқ бўлар ҳушимга.
Ҳар икки ёқамдан тутиб,
бир умр –
Тиззасини босиб турар тўшимга.

Ул ғолиб санайдир ўзини,
ҳаргиз
Билмагай дилимда завқ ва ҳузурни –
Кўксим ичра асраб юргайман,
ипи
Кўкка туташ руҳим – бадри мунирни*…

2016

*Бадри мунир – тўлин ой


ТЎРТЛИКЛАР

1
Ғуссани қулатдик, юракни очиб,
Совға-салом билан чиқдик ташқари.
Чопарлар етмади ёки адашди –
Ҳамон кўринмайди қувонч лашкари.

2
Суврат аҳли билмас, руҳим сафарда –
Шеър битдим пок дилни тутиб назарда.
Ботинни англамас нигоҳдан чўчиб,
Ҳур маъно юзига туширдим парда.

3
Умр зое ўтди… қалбим бўм-бўшдай,
Тутганим ботилдир, кўрганим тушдай.
Тинмай қанот қоқиб тўзғитдим тупроқ,
Сайёднинг домида чорасиз қушдай.

4
Ҳаёт – чексиз уммон, эзгулик – ёмғур,
Ул найсон сувидан руҳим покланур.
Муҳаббат наҳрига ғарқ айла, Раббим,
Таним садаф бўлсин, қалбим – тоза дур.

5
Дўст феълида қусур, нуқсонни кўриб,
Сўз айтдим, унутиб ширин лаҳжани.
Тирноқ олмоқ учун болтани чархлаб,
Ҳеч кимса кундага қўймас панжани.

Дунё маним деди, нафси қўпганлар,
Дунё ғаним деди, қўрқиб чопганлар.
Биз-ку, аросатда юрибмиз ҳамон,
Бу дунёдан кетди ақл топганлар.

7
Нафсга ғулом бўлдим, ихтиёрим йўқ,
Ишқ аҳли ичинда интизорим йўқ.
Жонимни бозорга солгайман, аммо
Ўзимдан ўзга ҳеч харидорим йўқ.

8
Шеъримда гавҳар оз, тупроғи кўпдир,
Бузилган вазнию туроғи кўпдир.
Ям-яшил дарахтга қараб тушундим,
Унинг мевасидан япроғи кўпдир.

9
Аллоҳ бандам деса, даҳри дун ичра
Ҳаётим кечгай ҳифз, ҳимоясида.
Зокирлар сафида охиратда ҳам,
Кошки, бир зум турсам Арш соясида.

10
Дунё, тонглар олис… Қоронғиликда
Етаклаб юрасан мени уйғотиб.
Бошим узра фонус осиб, не учун,
Ўзинг синдирасан тошларни отиб…

11
Аҳли дунё сархуш, ғафлат ичинда,
Нафсини тизгинлаб солмагай изга.
Ўз ҳолини билмас – гўдак сингари
Қўлига не тутса, солар оғизга.

12
Эй дўст, ғусса бўлди дайр эҳсони,
Адл илки мағлуб этмади они.
Ёлғон даъво мажруҳ айламиш бизни,
Қачон бир сўз дегай гўдак лисони.

13
Дайр мунофиқдир… Илкимга тутган
Гул ичра неча тиғ – чаён нишидай.
Руҳимдан ўзгасин кетарман ташлаб,
Ўт тушган уйидан қочган кишидай.

14
Дил – нуроний жавҳар, эмас обу гил,
Илоҳий асрорга махзандир, манзил.
Ул хомуш бўлса ҳам, фақат тинимсиз
Аллоҳ зикри билан гўё бўлур дил.

15
Иккига ажралдим, ўнгим йўқ менинг,
Гуноҳ эли ичра тенгим йўқ менинг.
Йиғлаб йўл босгайман маҳшарга қадар,
Кўз ёшим артмоққа енгим йўқ менинг.

16
Руҳим – ипак арқон, тан-вужудимни
Маҳкам боғлаб, тутиб тургай, узилмай.
Куну тун қайнатиб турсанг ҳам, шакар –
Новвотга эврилмас ипга тизилмай.

17
Дилни гоҳи ўтга солиб тобладим,
Гоҳ сувда совутдим – келмиш ўзига.
Тандир ичра чўғда пишар маҳали,
Сув сепиб тургандай ноннинг юзига.

18
Нафси балодир ул, итоб айламиш,
Бизни ғулом билиб, азоб айламиш.
Оламга бир назар солмоқчи эдик,
Дил кўзига ўзин ҳижоб айламиш.

2007-2014

Авлиёхон Эшон ижоди  «ХуршидДаврон кутубхонаси» саҳифаларида:
Авлиёхон Эшон. Бедорликка чорлов. Шавкат Раҳмонни эслаб.
Ботиний маънолар жозибаси. Таниқли шоир Авлиёхон Эшон билан суҳбат.
Авлиёхон Эшон. Шеърлар.
Авлиёхон Эшон. Одам ҳақиқати — маънои ботин. Шеърий туркум.
Авлиёхон Эшон. Хань Фу тақдири.

Sheʼr his-tuygʼularimizga taʼsir oʼtkazishi bilan birga, bizni mulohaza va mushohadaga ham chorlashi lozim. Аna shunda sheʼrning kashfiyot ekanini anglab yetamiz (Аvliyoxon Eshonning «Xan Fu taqdiri» badiasidan).

Аvliyoxon Eshon SHUKRULLOH
SHE’RLАR


051957 yilda Oʼsh (Botken) viloyatining Laylak tumanidagi Аndarxam qishlogʼida tugʼilgan. 1978 yil Leninobod davlat pedagogika institutining tarix-filologiya fakultetini bitirgan.
«Tungi tilovatlar», «Qaygʼu guli», «Koʼzgu ichida», «Sirli pardalar», «Rayhoniy rangli suvratlar», «Tavba eshigi», «Mahjub», «Botiniy yorugʼlik» nomli kitoblari chop etilgan.
Qirgʼiz va tojik yozuvchilarining hikoya va qissalarini tarjima qilgan. Qirgʼiziston Milliy Yozuvchilar Ittifoqi aʼzosi.


KUZ. SUNBULА

Tosh oʼchoqda yoqilgan oʼt
Tafti biroz soʼndimi?

Yaproq terib yurgan shamol
Bir yugurib, tindimi?

Yiltir-yiltir mezon ipi
Boʼsh chanoqqa indimi?

Oʼroq koʼrmay oʼsgan qamish
Nay boʼlmasdan sindimi?

Soyni kechib muzlagan tosh
Qirgʼoqda isindimi?

Shitirlagan yomgʼirda dil
Maysaday yuvindimi?

Jar boshida tikangulning
Shoxiga oy qoʼndimi?

Qor isini tuygan kuzak
Ohista xoʼrsindimi?

2009

MUHАBBАT

Koʼksimga sezdirmay kirgan oqqushlar
Koʼzlar kosasida eltadilar suv.
Oppoq bulutlarni kiygan yuragim,
Sogʼinch daryosida yuzlaringni yuv,
– Muhabbat kelmoqda,
muhabbat – suluv.

Shafaqrang qadahga choʼmilgan bulbul
Oqshomgul bargidan yozar dasturxon.
Shamollar silkitgan koʼk daraxtining
Tillo sandigʼidan toʼkiladi don,
– Muhabbat kelmoqda,
muhabbat – darmon.

Suvi qochib ketgan quduqlar ichra
Eriydi gurkirab oʼsayotgan tosh.
Tunning shoxlariga oʼzini osar,
Famzada armonlar koʼzlarida yosh,
– Muhabbat kelmoqda,
muhabbat – bardosh.

Mehribon parilar tegrangda uchar,
Gul sochib samoviy surmarang taxtdan.
Koʼzimda chaqinlar yuklagan kema –
Umid sohilida koʼtarar yelkan,
– Muhabbat kelmoqda,
muhabbat – Vatan!

1987

RUMIY

Ulkan Koʼzgu, ulkan Koʼzgu,
Koʼzlaringda aks etay.
Ruhimda Ishq gulxan yoqur,
Tegrasida raqs etay.

Bu qasrni kuydirgan ul
Oʼt ichinda choʼmildim.
Ulkan Koʼzgu, qorachigʼing
Ummoniga koʼmildim.

Ishq tugʼildi – Men yoʼqoldim,
Gulim, sendan «oh» qolur.
Qalb oʼrnida bizni yutgan
Osmon kabi choh qolur.

Ulkan Koʼzgu, soya boʼldim –
Ochun yoʼqdur – Ochun bor.
Dil koʼziga toshlar otgan
Oʼz tanamda oʼchim bor.

Yuz yil kutay, ochilguncha
Darchalarning koʼzlari.
Ulkan Koʼzgu, yuzlaringda
Qoldi qaygʼum izlari…

1997

SEVGI

Yomgʼirlarda ivigan
Toʼn va etikni yechib,
Olti yigit sepoya
Bogʼlashadi soy kechib.
Qirgʼoqda barvasta chol
Qoʼllarin paxsa qilar.
Olis osmonda chaqmoq
Toshga tegib chaqilar.
Hovliqib, hayajonin
Sigʼdirolmay ichiga,
Toʼlqin urilib qaytar
Sepoya yogʼochiga.
Shamollar haydab kelar,
Loyqa suvlar isini.
Soy yuvar sohildagi
Qayragʼoch ildizini.
Sel tushmoqda togʼlardan,
Yiroqda baland sasi.
Qishloqda olti qizning
Yorilar oʼtakasi…

1985

OChUN

Bu ayolning manglayin silab,
Taqdir bitmish sirli yozigʼni.
Suzgun koʼzlar uzra qalamda
Chizgan qiygʼoch ikki chiziqni.
Biram nozik barmoqlar bilan
Eshilgan tun – qora sochlari.
Chiroyini lafzida sharhlab,
Uchar koʼklam qaldirgʼochlari.
Yuzlaridan ulgi oʼgʼirlab,
Toʼlishadi osmonda oylar.
Koʼzlarida aksim koʼray deb,
Koʼzgu tutib oqadi soylar.
Oftob har kun yolgʼiz uni deb,
Yer-falakka ulashar husn.
Bu ayolning qorachigʼida
Uygʼonadi qadimiy afsun.
Yuragimni sehrlaydi ishq –
Mulkdan kechar hijron qoʼshini.
Qafasidan ayro jon qushi
Har soriga urar toʼshini.
Koʼzlarimdan qora bogʼichni
Yechib boʼlmas – ayol talabi.
Unga taslim boʼlurman, birdan
Buziladi yurak qolabi.
Barmogʼiga jonimni oʼrab,
Yetaklaydi, uning quliman.
Koʼkragimni toʼldirgan havo
Jismim yerdan uzar, kulaman.
Bu ayolga koʼnglimni bogʼlab,
Tortiladi sanoqsiz rishta.
Bu ham endi magʼlub boʼldi deb,
Uchib ketar yetti farishta.
Endi ayol – gʼolib malika,
Yoyib tashlar sarvat, sepini.
Suvga shoʼngʼib toshlar teraman,
Mahkam tishlab qarmoq ipini.

2
Bu ayol dor ostida
Oʼynab, tizadi marjon.
Marjon toshi tosh emas –
Ip tishlagan qirqta jon.
Bormi malham istagan
Yuragin yamogʼiga,
Kelsin, xino qoʼymoqchi,
Bu ayol barmogʼiga.
Boʼlsa agar xaridor
Tolim-tolim sochiga,
Dil qonin surtib qoʼysin,
Аvval dor ogʼochiga.
Kimdir boqib koʼziga,
Qolmoq boʼlsa yodida,
Ikki qabogʼin sitib,
Maydalasin jodida.
Bor boʼlsa talab ahli,
Kirmasin olov-oʼtga –
Jismin kafanga oʼrab,
Solib kelsin tobutga.

2009

KUY

Tillo tumor koʼkragimning
Devoriga qoqilgan.

Dil yorishar – jon iplari
Sham misoli yoqilgan.

Sir qolmadi – koʼzlarimning
Insholari oʼqilgan.

Kuy tomchilar – musiqaning
Qoʼshiqlari toʼqilgan.

Oy – siymtan, qulogʼiga
Isirgʼalar taqilgan.

Nur toʼkilar – yulduzlarning
Chanoqlari chaqilgan.

1995

SOʼNGGI QISh

Qorashom. Izgʼirin…
Mushtdayin kampir
Sandali chetida mudragan cholning
Koʼrpasin ohista qoʼyadi tortib.
Soʼnib borayotgan erini koʼrib,
Kun sayin
qaygʼusi boradi ortib…
Tokchaga solingan eski gazetning
Birinchi betiga yozilgan: «Bahor…»
Taxmonning ustida sargʼaygan suvrat –
Undan oʼktam yigit jilmayib boqar.
Uyning bir burchida yotibdi gʼujjak,
Kampirning oʼziday yuvosh mushugi.
Tashqaridan esgan shamol hamlasin
Zoʼrgʼa qaytaradi kulba eshigi.
Moʼridan tushgan qor zumda oʼchirgay,
Nam tortgan oʼchoqning olov-oʼtini.
Darichani xiyol ochib,
yopadi –
Kampir haydamoqchi boʼlib tutunni.
Chol koʼzin ochadi…
Ishtahasi yoʼq –
Tatib ham koʼrmaydi obi-ovqatni.
Darvoza qanoti tinmay taraqlab,
Sinab koʼrmoq boʼlar sabr-toqatni.
Momo koʼpni koʼrdi,
yaxshi biladi –
Bu xasta cholining oxirgi qishi.
Yuragini tinmay ezadi,
uning
Yolgʼiz kampiriga vazmin boqishi.
Tashqarida esa qor yogʼar tinmay,
Poyonsiz tuyular qish kechalari.
Boʼgʼotdan yiqilar tosh kabi muzlab,
Chol-kampirning maʼsum musichalari.
Chiroq moyi tugar…
Momo xoʼrsinib,
Cholning manglayiga bosar kaftini.
Sandali ichida sovqotgan oyoq
Ogʼriydi,
sezmasdan choʼgʼning taftini.
Chol oʼyga botadi: «Xudoga shukur,
Kampirim mehribon, sodda, muloyim.
Ketsam… qiynalmasin…
Kelasi yili…
Qish juda ham issiq kelsin, iloyim…»
Tashqarida qor yogʼadi, qor…

1987

TILАNChI

Yuragimni yoʼlakka yozib,
Oʼltiraman.
Qaygʼum yetarli.
Biror kishi mehr koʼrgazib,
Roʼparamdan maʼyus oʼtarmi?

Kun botadi.
Shomday tugayman.
Koʼrganim oʼng, ehtimol, tushdir –
Yuragimni tugib joʼnayman,
Kechagiday bugun ham boʼshdir.

1993

IShQ

Tunda gulxan koʼrsam ushlayman
Аziz Said

Sen uchun baxsh etib bori-yoʼgʼini,
Аyol keltiradi koʼngil choʼgʼini.

Ul choʼgʼni dur kabi terib yetti hur,
Yurak rishtasiga tizib oʼtkazur.

Bir qatim nur tishlab muloyim qushcha,
Ishqin izhor aylar bor tovushicha.

Barmogʼing tegadi, falak chiltori
Chalinar – eriydi ufqlar qori.

Farishtalar yoqib tun chirogʼini,
Gulga toʼldiradi oy quchogʼini…

Oshiqsan, ishq mulkin chin fuqarosi,
Yoʼling tuproq ila koʼkning arosi.

Botining pok boʼlgʼay, bir ozoda ruh –
Dil kaftday ochilib, toʼkilar anduh.

Koʼngil uchib borar, ogʼriqni tuymas,
Olovni ushlasang, qoʼllaring kuymas.

2009

QISh. DАLV

Zamharir qish qorlarga koʼmib,
Yeru osmon, yiroq-yovuqni,
Har bir uyning ostonasiga
Boshlab keldi qora sovuqni.
Daraxt kecha quyoshga tutib,
Ol-qirmizi yonoqlarini,
Uqalaydi bugun sirqirab
Ogʼriyotgan barmoqlarini.
Poda chimdib ketgan maysaning
Eshitmasdan shivir-shivirin,
Qordan chiqib turgan tugʼlarin
Sindiradi achchiq izgʼirin.
Odam yurmas ovloq yoʼllarda
Charx uradi qorlar quyuni.
Otxonaning tuynugidan ot
Choʼzib-choʼzib qoʼyar boʼynini.
Qirga tutash bogʼlarga qarshi
Boshlanadi shamol hamlasi.
Oqshomlari choʼgʼday chisirlab,
Yoriladi tutlar tanasi.
Oʼchoqlarda yongan hoʼl oʼtin
Tutunlari qoplar xonani.
Qizlar nozik barmoqlariga
Qoʼndiradi angishvonani.
Peshayvonga sepilgan donni
Choʼqib yurar chumchuqlar – insiz.
Eshik sovuq, molxonalarda
Qolar boʼldi sigir sogʼinsiz…

2009

YuK

Otam ketdi…
Bir faqr banda –
muhtoj edi yolgʼiz Egamga…
Oʼsha kuni
dunyo bor yukin
ortib qoʼydi choʼkkan yelkamga.

Ey afalloh,
nur ketdi qaytib –
qop-qoraydi olam chehrasi.
Tinmay tegdi boshimga,
qabr
qaziyotgan tesha muhrasi…

Yelkamdagi qop bilan kezdim
dahri dunni – yetdi ozori.
Koʼmib tashlay desam,
koʼrinmas –
hech qaerda dilning mozori.

Gohi arqon uzilmasin deb,
yuragimga tushgay
tahlika.
Tosh ostida ezilgan maysa
kabi qaddim tutmadim tikka.

Qop ogʼirdir,
koʼrinmaydi nur –
olisdadir ufq chizigʼi…
Otam ketdi,
yelkasida yuk –
oxiratning totli ozigʼi.

2010

BАHOR. YoMFIRDАN SOʼNG

Boshdan-oyoq hoʼl boʼlgan daraxt
Novdasida gul toshar boʼrtib.
Maysalarning ustidan oftob
Barmoqlarin olar yugurtib.

Yilqilarning nafasi tekkan
Dasht chechagi ochar toʼshini.
Boshi uzra koʼtarib turar,
Nimjon gʼoʼza yomgʼirpoʼshini.

Yel oʼpmagan qizlarday suluv
Oq atirgul yechar nimchasin.
Oʼynab yurgan shamol shivirlab,
Uygʼotadi tok qalamchasin.

Bogʼ ustiga hovuch va hovuch
Nur yogʼilar oqshomga dovur.
Jildiragan buloq boshidan
Koʼtarilar osmonga hovur.

1989

BIR HOVUCh ChOʼG’

Hayot – gulxan, yuzlarimga
Tushdi issiq soyasi.
Vujudimni chirmab-chirmab,
Oʼynadi oʼt tolasi.

Olov bosib kechdi umrim,
Fam keldi kul titgani.
Bir hovuch choʼgʼ topilmadi,
Koʼnglimni isitgani.

2008

BOZOR

Oyogʼimni berdim yolgʼiz daraxtga –
Har ogʼochga aytar dil quvonchini.
Sayhonda bolalar bilan yugurib,
Buzadir mudragan yellar tinchini.

Hovuchimdan toʼyib suv ichgan qumri
Qoʼlimni soʼroqlab kelgay qoshimga.
Tilim uzib bersam, pariy baliqlar
Ishq, deya toʼsh urgay diydam yoshiga.

Shohona libosin yechgan ilonlar
Terimni yopinib uxlar oydinda.
Hali sarxushligim tarqamay turib,
Savdoyi boshimni sogʼindi kunda.

Koʼzlarim – marvarid, durri bebaho,
Taqdir chaqib koʼrdi uni maydalab.
Tomirim ip qilib eshar sozanda,
Tanbur qobirgʼasin oʼt ichra qalab.

Oʼzganing yodiga tushmagan koʼnglim
Koʼcha tuprogʼiday yotibdi qizib.
Hech kim soʼramaydi…
Kimdir ustidan
Bozor aravasin oʼtar yurgizib.

1995

VАZIFА

Men oʼzimni yengishim kerak!
Buning uchun yetarli asos –
Bu yorugʼ dunyoga
Oʼzgani emas,
Oʼzimni yengmoqqa
Kelganman,
Xolos.

1997

BU АYoL IYMАNIB…

Rafiqamga

Tegramda yugurib horigan ayol
Sir tutgay
meni deb kuyib-yonmogʼin.
Oʼzimga sezdirmay tikib qoʼyadir,
Har kuni
sitilgan koʼnglim yamogʼin.

Bu ayol iymanib,
dil izhor etmas,
Biroq sodiq qolgan yolgʼiz ahdida –
Jonimni avaylab koʼtarib yurgay,
Duoga ochilgan qadoq kaftida.

Umri oʼtib borar…
Koʼrmadim uning
Mehr-muhabbatin hech poyonini…
Bir podshoh koʼnglimga
xizmatga kelar,
Qoʼlidan yetaklab qirqta jonini.

1997

* * *

Men kimman?
Lahzaga tengmi hayotim,
Oʼzimni nimaga ayirbosh etay?
Yuragimga yetib borsin deb dodim,
Yoqamdanmi tutib, qattiq silkitay?

Yo gulxan ichida terisin tashlab,
Raqs tushgan ilonday qutqazay jonni?
Yurak boʼgʼzidagi toshni tarashlab,
Buzib chiqayinmi qadim zindonni?

Ildizday parmalab boraymi yerni,
Boʼlaymi qushlarning shirin ozigʼi?
Hovuchimda olib kelib yomgʼirni
Toʼkaymi, koʼkarsin yerning qozigʼi?

Xazon hidi kelsa yeru osmondan,
Sovurib olaymi yelga oʼzimni?
Falakka qochaymi tiyra jahondan,
Tuproqdan sugʼurib ikki tizimni?..

Men kimman?

2005

* * *

Ishq nahriga gʼarq boʼlurmiz,
Suv yuzida gʼussamiz.
Yelda uchgan barg boʼlurmiz,
Xazon ichra jussamiz.

Chigʼanoqday yomgʼir kutib,
Tashna boʼlib yoturmiz.
Hovuch-hovuch suvlar yutib,
Yurakni uygʼoturmiz.

Dil tubidan dur-javohir
Terib chiqar qoʼlimiz.
Oʼzimizdan kechdik oxir,
Shu emasmi yoʼlimiz?

Ruh uchadi, yerga esa
Tushmaydi ogʼirimiz.
Ishq nahrida boʼldik toza –
Koʼrinmas zohirimiz.

2006

MАHKUM

Oʼzimdan voz kechib,
yolgʼiz seni deb
yashayotgan baxtli odamman.
Koʼngilning jomida suv tutib,
oʼzi
iltifotga muhtoj –
tashna hotamman.

Sen esa osmoniy gulsan,
ildizing
yuragimni tishlab olgaydir nafas.
Uchib ketolmasman –
qoshing – dom ipi,
nigohing – qoʼriqchi,
yuraging – qafas…

Men qismat hukmini etgayman ado –
(yoʼqsa, hech kimman) –
Choʼkib ketmasin deb,
togʼday koʼnglingni
koʼtarib yurishga mangu mahkumman.

2001

LАVHА

Sayhonlikda ot dimogʼiga
Uriladi beda islari.
Mildiragan buloq boshida
Paydo boʼlar tuyoq izlari.
Pichanzorda oʼroqchi qizlar
Boshlaydilar yozgi oʼrimni.
Oftob tongdan yerning yuziga
Tashlab qoʼyar nurli toʼrini.
Dala chorlar parcha bulutni,
Hoʼllamoqchi tomoqlarini.
Kun tigʼida ishchan bolalar
Yamar yerning yamoqlarini.
Oqshom kelib, katta qishloqni
Koʼmib tashlar quyuq soyaga.
Sovuq suvlar kiradi oqib,
Ilib yotgan sholipoyaga.
Shamol kelmas, ketgan yugurib,
Kuyib yotgan adirdan nari.
Ufq qizarar yangi kelinning
Qoʼlidagi xino singari…
Belanchakni bogʼlar ayollar,
Аyvondagi yogʼoch toʼsinga.
Darvozalar oldida oʼsgan
Gullar toʼlib borar husnga.

2003

MАЪVO

«Sen bizdan emassan,
oʼzga yurtdansan…» –
Bu kalom boʼgʼzingdan sitildi nogoh.
Qadim sirni ochding, endi xaloyiq
Maʼvo-manzilimdan boʼladir ogoh.
Koʼnglim oʼz uyidan qochib,
qirlarda
Chaqmoqlarni ushlab yugurgan chogʼi,
Bu dilning koʼksimda yashamogʼiga
Oʼzim ham ishonmay qolaman gohi.
Ul isyon koʼtarib, yurakka qarshi
Hamlaga shaylansa bilmay haddini,
Men ham gʼamga botib,
koʼnglim koʼziga
Koʼrsatib qoʼyaman sarhad xatini.
Tunlari falakka yuzlanib ruhim,
Tomosha aylasa nur jilvasini,
Bilaman –
sogʼinib oʼrtanadi ul,
Ilohiy manzillar ifor-isini.
Soʼnggi yaproqlarin toʼkkan ogʼochlar
Bagʼrin ochganida kirib isinsam,
Аxir, nima qilay,
daraxt ogʼushin
Bu oʼzimning uyim, deya tushunsam.
Koʼnglimga osmondan baland goʼshada
Farishtalar chalib berganida nay,
Sarxush qushlar kabi uchib oʼtaman,
Tuproqda sen chizgan chiziqni koʼrmay.
Men sizdan emasman…
Bir juft qaldirgʼoch
Qush tilin oʼrgatdi ayvon toqida.
Qizgʼaldoq sasini eshitdim,
nozik
Barmogʼidan tutib dasht quchogʼida.
Shamol derazamni ochib,
gullarning
Oshkor aylaganda asror-holini,
Tushundim –
rayhonlar oʼz atrin maqtab,
Boshiga koʼtarib chopdi hovlini.
Bir latif shevada yoril, toshim, deb,
Yolvorib,
silasam muzday yuzini,
Hamma eshiklarin ochib Yoriltosh,
Bagʼridan boʼshatdi qirqta qizini.
Labimni tegizsam,
qamish nay boʼlib,
Kuyladi manglayin bitiklarini.
Men bilan tillashib,
turnalar izhor
Аyladi quvonch va hadiklarini.
Men sizdan emasman…
Bir banda kabi
Koʼnikdim taqdirning sinoatiga.
Bergan dardini ham bolamday suyib,
Umid qildim Аlloh inoyatiga.
Koʼksimdagi toʼfon ichra gʼarq etib,
Har lahza sinovdan oʼtkazsa Tangri,
Аzobing qutlugʼ deb,
shodon boʼlaman,
Аlloh zikrin qilgan kurtak singari.
Qoʼlim savagʼichga oʼxshab,
moʼljalga
Olsa ham yurakning koʼz-qoshlarini,
Tasbehday oʼgirib,
oʼparman jonim –
Ipiga tizilgan gʼam toshlarini.
Boʼgʼzimda istigʼfor,
Koʼksimda umid…
Zikr oziq boʼlsin deyman dilimga.
Orzuyim –
dunyodan uzilar chogʼda,
Yolgʼiz Haqning ismi kelsin tilimga.
Hanuz holim zabun,
oʼzimday ojiz
Odamlar ichinda talon-torojman.
Shafoat kutmasman hech kimdan,
faqat
Mehribon Аllohga muhtojman.
Gohi qarshingizdan chiqsam,
oʼpkalab,
Men faqat oʼzimdan izlayman qusur.
Ortimga bir qadam tashlab degayman:
«Men sizdan emasman…
xudoga shukur!»

2012

* * *

Kim yomonlik qildi,
Uni kechirdim –
Tindi koʼksim ichra gʼamlar quyuni.
Duoga qoʼl ochdim,
Raqibim tagʼin
Toʼldirib olguncha toshga qoʼynini.
Rabbim, meni kechir,
Gumroh bandani
Uygʼota olmadim gʼaflat xobidan.
Bilmadi –
Boʼyniga gunohim olib,
Аyrilib qolganin
Bor savobidan.
Ul hanuz yigʼmaydi qoʼlin yoqamdan,
Hamon buzolmaydi yomon ahdini.
Men deyman –
Yuragim bir umr tuysin,
Kimnidir kechirib yashash baxtini.
Xudoyim,
Ul ojiz banda koʼksida
Yonayotgan samum olovin oʼchir.
Unga
Bor qilmishi uchun qaytargan
Shuncha yaxshiligim oz boʼlsa,
Kechir…

2010

* * *

Yurakni yomgʼirday savala, qamchi,
Ilohiy parvozin chiqazdi yoddan.
Koʼzin bogʼlab dorga sudra, argʼamchi,
Bir titrab,
uygʼonsin mangu gʼaflatdan.

Oʼti soʼnib borgay…
Ojizimdir ul –
Bir jonday tuymadi baxtning totini.
Toʼrt tomonga boqib topolmadi yoʼl,
Har lahza gʼussaga toʼldi botini.

Xazonday sovrilib kuz adogʼida,
Ismini unutdi –
kim edi ul kun?
Kuymadi besamar kunlar dogʼida,
Har esgan shamolga tutqazdi mulkin.

Ul qachon qaddini koʼtargay yerdan,
Qay kuni bagʼrimda yoqar alanga.
Ogoh etib hech kim bilmagan sirdan,
Meni olib chiqar dordan balandga.

2006

TUN. YoLGʼIZ ODАM

1
Shamol dagʼal qoʼli bilan sidirib,
savagʼich qiladi –
barglari sargʼimtil tut novdasini.

Chayla qulogʼida osigʼliq oybaldoq –
toshchiroqning
pirpiragan ojiz shuʼlasi
xitoyi yelpigʼichday,
tunni haydamoqchi boʼlar odam yuzidan.

Tongga qadar
yolgʼiz odamning
yoqasini qoʼyvormas shamol.

2
Yuragi
jar qushlarining uyasiga oʼxshaydi –
toʼzgʼib uchgan qushchalar toʼpi singari,
gʼussa oʼz inidan olislab ketmay,
tagʼin qaytib kelar
qosh qorayganda.

Iliq-issiq kaft orasida
polapon kabi
qanot chiqaradi gʼussa bolasi.

Don talashgan qushlar tonggacha
tinmay choʼqib chiqar
odam koʼksini.

3
Yolgʼiz odam
tanholik nimaligini bilmas –
qamish chaylaga oʼxshagan
ilma-teshik bagʼrini tuproqqa berib,
tun boʼyi
gaplashib chiqadi oʼzi bilan oʼzi.

Suhbatdoshning borligi –
yerdan
koʼkka koʼtaradi uning koʼnglini.

Koʼzlari ilgʼamas,
tegrasida yurgan
sadoqatli muhofiz farishtalarni.

4
Borliq – simsiyoh…
Oy qora chachvonini
koʼtarmadi yuzidan hanuz.

Tun
oʼljasini poylagan qashqir singari
nafasini ichiga yutib,
tinmay kuzatadi yolgʼiz odamni.

Odam kaftini duoga ochadi –
lafzi jalola
harorat bagʼishlar uning qalbiga.

Tun ortiga chekinar,
hadiksiraydi –
odam koʼksida yongan dil yorugʼidan…

2016

* * *

Ruh qushi edimi – hur va xushsuvrat,
Balki tayr edi jinon bogʼidan,
Tumshugʼida tishlab ruhim ipini,
Uchib,
yerga tushdi falak toqidan.

Аslida xok edim – bir hovuch tuproq,
Har bitta zarramda gʼussaning dogʼi…
Haqning izni ila
ojiz tanamga
Bogʼlandi ilohiy olam arqogʼi.

Ul nurli tolani chertib malaklar,
Meni voqif etdi ishq ohangidan.
Ruhimning choʼgʼlari sachrab,
vujudim
Pok boʼldi gʼubori – tuproq zangidan.

Haq mukarram etdi, unutmagay dil –
Аl-Miysoq kunida bergan ahdini.
Sharobi tahurdan tatib,
har lahza
Uning zikrin qilib topgay baxtini.

Mastu mustagʼriqman…
Dayr boshimdan
Suv quyib keltirmoq boʼlar hushimga.
Har ikki yoqamdan tutib,
bir umr –
Tizzasini bosib turar toʼshimga.

Ul gʼolib sanaydir oʼzini,
hargiz
Bilmagay dilimda zavq va huzurni –
Koʼksim ichra asrab yurgayman,
ipi
Koʼkka tutash ruhim – badri munirni*…

2016

*Badri munir – toʼlin oy


TOʼRTLIKLАR

1
Gʼussani qulatdik, yurakni ochib,
Sovgʼa-salom bilan chiqdik tashqari.
Choparlar yetmadi yoki adashdi –
Hamon koʼrinmaydi quvonch lashkari.

2
Suvrat ahli bilmas, ruhim safarda –
Sheʼr bitdim pok dilni tutib nazarda.
Botinni anglamas nigohdan choʼchib,
Hur maʼno yuziga tushirdim parda.

3
Umr zoe oʼtdi… qalbim boʼm-boʼshday,
Tutganim botildir, koʼrganim tushday.
Tinmay qanot qoqib toʼzgʼitdim tuproq,
Sayyodning domida chorasiz qushday.

4
Hayot – cheksiz ummon, ezgulik – yomgʼur,
Ul nayson suvidan ruhim poklanur.
Muhabbat nahriga gʼarq ayla, Rabbim,
Tanim sadaf boʼlsin, qalbim – toza dur.

5
Doʼst feʼlida qusur, nuqsonni koʼrib,
Soʼz aytdim, unutib shirin lahjani.
Tirnoq olmoq uchun boltani charxlab,
Hech kimsa kundaga qoʼymas panjani.

Dunyo manim dedi, nafsi qoʼpganlar,
Dunyo gʼanim dedi, qoʼrqib chopganlar.
Biz-ku, arosatda yuribmiz hamon,
Bu dunyodan ketdi aql topganlar.

7
Nafsga gʼulom boʼldim, ixtiyorim yoʼq,
Ishq ahli ichinda intizorim yoʼq.
Jonimni bozorga solgayman, ammo
Oʼzimdan oʼzga hech xaridorim yoʼq.

8
Sheʼrimda gavhar oz, tuprogʼi koʼpdir,
Buzilgan vazniyu turogʼi koʼpdir.
Yam-yashil daraxtga qarab tushundim,
Uning mevasidan yaprogʼi koʼpdir.

9
Аlloh bandam desa, dahri dun ichra
Hayotim kechgay hifz, himoyasida.
Zokirlar safida oxiratda ham,
Koshki, bir zum tursam Аrsh soyasida.

10
Dunyo, tonglar olis… Qorongʼilikda
Yetaklab yurasan meni uygʼotib.
Boshim uzra fonus osib, ne uchun,
Oʼzing sindirasan toshlarni otib…

11
Аhli dunyo sarxush, gʼaflat ichinda,
Nafsini tizginlab solmagay izga.
Oʼz holini bilmas – goʼdak singari
Qoʼliga ne tutsa, solar ogʼizga.

12
Ey doʼst, gʼussa boʼldi dayr ehsoni,
Аdl ilki magʼlub etmadi oni.
Yolgʼon daʼvo majruh aylamish bizni,
Qachon bir soʼz degay goʼdak lisoni.

13
Dayr munofiqdir… Ilkimga tutgan
Gul ichra necha tigʼ – chayon nishiday.
Ruhimdan oʼzgasin ketarman tashlab,
Oʼt tushgan uyidan qochgan kishiday.

14
Dil – nuroniy javhar, emas obu gil,
Ilohiy asrorga maxzandir, manzil.
Ul xomush boʼlsa ham, faqat tinimsiz
Аlloh zikri bilan goʼyo boʼlur dil.

15
Ikkiga ajraldim, oʼngim yoʼq mening,
Gunoh eli ichra tengim yoʼq mening.
Yigʼlab yoʼl bosgayman mahsharga qadar,
Koʼz yoshim artmoqqa yengim yoʼq mening.

16
Ruhim – ipak arqon, tan-vujudimni
Mahkam bogʼlab, tutib turgay, uzilmay.
Kunu tun qaynatib tursang ham, shakar –
Novvotga evrilmas ipga tizilmay.

17
Dilni gohi oʼtga solib tobladim,
Goh suvda sovutdim – kelmish oʼziga.
Tandir ichra choʼgʼda pishar mahali,
Suv sepib turganday nonning yuziga.

18
Nafsi balodir ul, itob aylamish,
Bizni gʼulom bilib, azob aylamish.
Olamga bir nazar solmoqchi edik,
Dil koʼziga oʼzin hijob aylamish.

2007-2014

Аvliyoxon Eshon ijodi «XurshidDavron kutubxonasi» sahifalarida:
Аvliyoxon Eshon. Bedorlikka chorlov. Shavkat Rahmonni eslab.
Botiniy maʼnolar jozibasi. Taniqli shoir Аvliyoxon Eshon bilan suhbat.
Аvliyoxon Eshon. Sheʼrlar.
Аvliyoxon Eshon. Odam haqiqati — maʼnoi botin. Sheʼriy turkum.
Аvliyoxon Eshon. Xan Fu taqdiri.

064

(Tashriflar: umumiy 605, bugungi 1)

1 izoh

  1. Мушкил, лекин ўзбек адабиётига чексиз фойдалик ишни бажариетган инсон
    Х. Давронга рахмат.

Izoh qoldiring