Avliyoxon Eshon. Bedorlikka chorlov. Shavkat Rahmonni eslab

09    Ҳозиргача  Озод Шарафиддиновнинг адабиёт ҳақидаги мулоҳазаларини, Иброҳим аканинг ёшлар шеърияти борасидаги сўзлари-ю, Рауф Парфи ва Усмон Азимнинг самимий, дилкаш суҳбатларини эслаб, бир-биримизга гапириб юрамиз.

Авлиёхон Эшон
БЕДОРЛИККА ЧОРЛОВ
Шавкат Раҳмонни эслаб

07

    Хўжанд давлат педагогика институтида ўқиб юрган кезларимизда, биз – икки уч нафар талаба ижарада турадиган уй «Панжшанбе» бозори яқинида бўлгани учун шундоққина йўлимиздаги китоб дўконига тез-тез кириб турардик. Бир куни дарсдан чиқиб, доимо харидорлар билан гавжум бўладиган дўконга кирсак, «Авторнинг илк китоби» сериясида нашр этилган янги китоблар келтирилган экан. Дарҳол шундай тўпламлардан сотиб олиб, йўлдаёқ уларни варақлаб кўра бошладик. Дўстларимиздан бири Шавкат Раҳмоннинг «Рангин лаҳзалар» номли тўпламининг илк саҳифасидан ўрин олган «Ватан» номли шеърни овоз чиқазиб ўқиди:

Жойлашгансан шунчалар чуқур…
Ўз тубига яширган юрак.
Сенга етиб бормаклик учун
Узун умрим етмаса керак.

Шу пайтгача Ватан ҳақида кўпчилик кўникиб қолган, мазмунан бир-бирига яқин, бунинг устига, бироз баландпарвоз шеърларни ўқиб юрганимиз учунми, атиги тўрт сатрдан иборат самимий ва содда, айни чоғда, мулоҳаза ва мушоҳадага ундовчи бу шеър бизга жуда ёқди. Ҳамсабоқларимиздан бири уни «Ватан ҳақида энг гўзал шеър», деб атади. Ҳеч иккиланмай, унинг фикрига қўшилдик. Хонамизга келиб, китобни тўлиқ ўқиб чиққанимиздан кейин ўзимиз учун Шавкат Раҳмон номли шоирни кашф этдик. Туйғуларни ўзига хос, табиий, теран ифодалай олган шоир шеърларидаги лавҳалар, тасвирлар, юракка тиғдай тегадиган сатрлар бизни янги бир оламга олиб киргандек бўлди. Ўша куни китоб мутолаасидан сўнг баҳслашиб, бир-биримизнинг фикримизга гоҳ қўшилиб, гоҳ эътироз билдириб, алламаҳалгача ухламай ўтирганимиз ёдимдан чиқмайди.

Китобчани дам олиш куни уйига кетмай шаҳарда қолган ҳамхоналаримдан қизғаниб, қишлоққа – уйимизга олиб кетдим. Ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс берадиган отам Шукруллохон Авлиёзода (яхшигина шоир ҳам эдилар) Шавкат Раҳмоннинг китобини ўқиб, жуда қаттиқ таъсирланганлари ёдимдан чиқмайди.

Отамни бундан илгари фақат бир марта шундай руҳиятда кўрган эдим. Ўшанда Рауф Парфининг «Кўзлар» номли тўпламини ўқиб, негадир бир неча кун бироз маъюс ва ўйчан бўлиб юргандилар. Бу гал эса Шавкат Раҳмоннинг мўъжазгина китобчаси отамнинг ҳайратига, ҳурматига, эътирофига сазовор бўлганди.

Кейинроқ шоирнинг бошқа китобларини ҳам отам билан бирга ўқиб чиққанмиз. «Шавкат Раҳмоннинг шеърларини фақат ўқиш эмас, балки мусаввирнинг сувратидек «томоша» қилиш мумкин. Китобларини ўқиётганимда, ўзим туғилиб-ўсган Андархам қишлоғининг одамлари, қир-адирлари, сой ва тупроқли кўчалари шундоққина кўз ўнгимдан ўтади. Ҳар гал қишлоққа бориб келгандек бўламан», деганларини ҳозир яхши эслайман. Мен шоирнинг охирги йилларда ёзилган шеърларини мақтай бошласам, отам эътироз билдирар эдилар: «Менга Шавкат Раҳмоннинг аввал ёзган шеърлари кўпроқ ёқади, ўша пайтдаёқ у зўр шоир эди».

Ўтган асрнинг 70-йилларида адабиётга кириб келган Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон каби шоирлар замонавий ўзбек шеъриятини бир поғона юқори кўтариб қўйдилар. Таъбир жоиз бўлса, шеъриятда тозариш, янгиланиш, муҳими, руҳият ва моҳият сари қадам юз берди.

Биз – ҳаваскор шоирлар машқларимизни юқорида номи тилга олинган устозлар назаридан ўтказишни орзу қилардик. Лекин рўпара бўлишга ҳаддимиз сиғмай, қўлёзмаларимизни қўлтиқлаб қайтган пайтларимиз кўп бўлган. Истеъдодли шоирлардан ўз шеърлари ҳақида илиқ сўзлар эшитиб, боши осмонга етиб юрган тенгдошларимизга ҳавас қилардик.

Бир гал ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбатлашиб ўтириб, «Ёш гвардия» нашриётига топширган тўпламим режага киритилганини айтдим.
– Ғафур Ғулом нашриётига ҳам қўлёзмангизни топшириб қўйинг, – деди Хуршид ака маслаҳат бериб, – Бу гал Тошкентга келишингизда албатта, кейинги китобингизни тайёрлаб келинг.
– Шавкат Раҳмондек шоирга шеърларимни қандай кўрсатаман? – дедим бирданига шошилиб, – У киши жуда катта шоир-ку!

Ўша кезларда Шавкат Раҳмон Ғафур Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриётида ишлаётган эди. Нашриёт ёш шоирларнинг китобини чоп этаётганини билсам-да, тўпламимни кўтариб боришга юрагим дов бермасди.
– Бундай тортиниб юрсангиз бўлмайди, – деди Хуршид ака менга далда бериб, – Шавкат Раҳмон жуда самимий, яхши инсон. Ёшларни қўллаб-қувватлаяпти. Шунинг учун унинг олдига дадил кириб бораверинг.

Хуллас, Хуршид аканинг гапи билан Ғафур Ғулом номли нашриётга топшириш учун китобимни тайёрладим. Тошкентга борганимдан кейин шеърларим солинган папка негадир ўзимга ёқмай, дўконларнинг биридан яшил тусдаги қалин жилдли, боғичлари чиройли папка сотиб олиб, қўлёзмамни жойладим. Шеърият бўлимига кирсам, Шавкат ака самарқандлик шоир Жамол Сирожиддин билан суҳбатлашиб ўтирган экан. Бироздан сўнг Ленинободдан келганимни айтиб, қўлёзмамни узатдим.
– Тўпламингизнинг папкаси жуда чиройли экан, – деди Шавкат ака бироз жилмайиб, – Кўрайлик-чи, ичидаги шеърлар қандай экан?

Пешонамдан муздек тер чиқиб кетди. Индамай ўтиравердим.

Шавкат Раҳмон шеърларнинг анчасини ўқиб, менга юзланди:
– Тўплам тайёр бўлиб қолибди. Ҳозир нашриёт икки муаллифнинг китобини бир муқова ичида чиқаряпти. Сизнинг китобингизни ҳам шундай чоп қилсак бўлади.

Нима дейишимни билмай дераза томондаги стулда ўтирган йигитга қарадим, у негадир «рози бўлманг», дегандек бошини қимирлатиб қўйди. (Кейинроқ билсам, у шоир Абдували Қутбиддин экан, танишиб, дўстлашиб кетдик).

– Китобим алоҳида чиқмаса нима кераги бор, – деб юборибман бир томондан Хуршид аканинг гапи ёдимга тушиб, бошқа томондан рўпарамдаги йигитнинг ишорасидан руҳланиб.

Шавкат ака юзимга бир тикилиб қаради-да, ҳеч нима демай, мийиғида кулиб қўйди.

Бу воқеани батафсил келтиришимнинг сабаби бор, Шавкат Раҳмон чиндан ҳам самимий, оддий инсон эди. Бундай иддаоларни кўп эшитганиданми, қаттиқ гапиришни истамадими, ҳар ҳолда, мен каби ҳаваскор шоирнинг сўзларидан ранжимади. Аксинча, аввалига баланддан келиб, сўнгра хижолат чекиб, пешонамдаги терни тез-тез артиб, лом-мим демай ўтирганимни кўриб, мени гапга тутди. Тўплам ичидан айрим шеърларни ажратиб, газета-журналларга олиб боришимни маслаҳат берди. Қайтаётган пайтимда нашриёт чоп этган янги китоблардан бериб, кузатиб қўйди.

Орадан ўн йиллардан кўпроқ вақт ўтиб, 2000-йили таниқли шоир, устоз Хуршид Даврон қуйидагиларни қайд этганини ҳозир ички ғурур билан эслайман: «…Таниқли шоиримиз, раҳматли Шавкат Раҳмон ёш шоир ижодининг дастлабки палласиданоқ, унинг ижодини кузатиб келгани ва унинг қаламига тегишли шеърлар хусусида ижобий фикрлар айтганидан ҳам яхши хабардорман». Шу боис, ҳар гал қўлимга қалам олсам, шоирнинг ўткир нигоҳлари мени кузатиб тургандай бўлаверади. Ўзимда масъуллик сеза бошлайман…

1986-йилнинг 16-май куни атоқли олим Озод Шарафиддинов, устоз шоирлар Рауф Парфи, Усмон Азим ва таниқли мунаққид Иброҳим Ҳаққул Ленинободга (ҳозирги Хўжанд шаҳри) келишди. Шеърият мухлислари учун чинакам байрамга айланган бу учрашувга Шавкат Раҳмон сабабчи эканини ҳамма ҳам билмаса керак.

… Бир гал Тошкентга борганимда шоир дўстларим Асқар Маҳкам ва Одил Икромга Шавкат аканинг уйига борсак, деган мазмунда гап қилдим. Асқар «Шавкат ака Испанияга бориб келибди. Баҳонада устозни зиёрат қилиб келамиз», деб таклифимни маъқуллади. Шу куни уччовимиз Шавкат Раҳмоннинг меҳмони бўлдик. Асқар Шавкат ака билан анча қадрдон экан, шоир ҳузурида ҳам ўзини эркин тутиб, бемалол гаплашиб ўтирди. Мен ҳар замонда бош ирғаб, суҳбатга қўшилгандек бўлиб турдим. Кўринишидан жиддий, босиқ ва бироз ўйчан шоир ҳузурида нималарнидир гапириб ўтиришга ҳаддим сиғмади. Сафар таассуротлари, улуғ испан шоирлари Хуан Рамон Хименес, Федерико Гарсия Лорка ҳаёти ва ижоди, Андалузия ҳақида сўзлаётган Шавкат Раҳмонга ҳавас қилиб ўтирдим. Фақат қайтаётганимизда устозни Ленинободга таклиф этишга журъат қилдим.

– Ленинобод орқали Ўшга кўп ўтганман, лекин шаҳарда тўхтамаганмиз, – деди Шавкат ака таклифимга рози бўлиб, – Насиб қилса, борамиз.

Шоирнинг розилигини олиб Хўжандга қайтгач, бу янгиликни энг аввало, ўзим ишлаётган «Ҳақиқати Ленинобод» вилоят газетасининг ўзбек бўлимидаги ҳамкасбларимга етказдим. Навоийшунос олим Эргашали Шодиев билан Тожикистон Ёзувчилар Иттифоқи вилоят бўлими масъул котиби, ёзувчи Раҳим Жалил ҳузурига бориб ниятимизни айтдик. Ҳамкасбимиз, таниқли тожик шоири Аҳмаджон Раҳматзод Шавкат аканинг «Гуллаётган тош» китобидаги шеърларидан бир туркумини таржима қилиб, газетамизда чоп эттирди.

Бу орада телефон орқали Шавкат Раҳмон билан гаплашиб, маслаҳатлашиб турдим. Шундай суҳбатларимизнинг бирида Шавкат ака Озод Шарафиддинов ҳамроҳлигида Хўжандга келишини айтганида, менинг хушхабаримдан сўнг қаламкашлар эмас, педагогика институтининг тарих-филология факултети ўзбек бўлими олимлари ҳам тараддудланиб қолишди. Устоз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтдаги раиси Ўлмас Умарбеков номига бирорта ижодий ташкилот номидан мактуб юборишимизни сўради. Дарҳол вилоят китобсеварлар жамиятининг раиси И. Абдураҳмоновга мурожат қилдим. У киши бундай янгиликдан ҳурсанд бўлиб, жамият номидан телеграмма жўнатди. (Ҳозирга қадар ўша телеграмма, таклифномалар нусхасини архивимда сақлаб келаман).

Шавкат Раҳмон ташаббуси билан хўжандликлар меҳмони бўлган таниқли олим ва шоирлар иштирокида Ленинобод давлат педагогика институти, Пролетар туманидаги 17-ўрта мактаб ва Қўрғонча қишлоғида бўлиб ўтган учрашувлар шеърият мухлислари, ижодкорлар учун жуда мазмунли, айни чоғда, фойдали бўлди. Ҳозир ҳам Озод Шарафиддиновнинг адабиёт ҳақидаги мулоҳазаларини, Иброҳим аканинг ёшлар шеърияти борасидаги сўзлари-ю, Рауф Парфи ва Усмон Азимнинг самимий, дилкаш суҳбатларини эслаб, бир-биримизга гапириб юрамиз.

Афсуски, ўшанда нашриёт ишлари билан банд бўлгани боис, Шавкат ака Хўжандга кела олмади. Шундай бўлса-да, Шавкат Раҳмон хўжандлик олимлар, ижодкорлар, мухлислар учун жуда катта хизмат қилди, чунки устознинг саъй-ҳаракати бўлмаганида, эҳтимол, бу учрашув амалга ошмаган бўларди. Бошқа гал Тошкентга борганимда, Шавкат ака ижодкор дўстларининг Хўжандда бўлган уч кунлик ижодий сафари тафсилотларини эшитиб, учрашувларда қатнаша олмаганидан афсусланган эди.

1992-йили Душанба шаҳрида жумҳурият ўзбеклар маданий марказининг биринчи қурултойи кунларида Шавкат Раҳмон билан яна учрашиш бахтига муяссар бўлдим. Устоз ўшанда «Эл» халқаро уюшмаси раиси котиби сифатида қурултой меҳмони бўлган эди. Маърузалар чоғида Шавкат акага навбат берилганида, устоз ўқиган шеър ҳали ҳам қулоғим остида жаранглаб турибди. Шоир шеър ўқияпти-ю, муҳташам сарой залида тиқ этган товуш эшитилмайди. Назаримда, фақат шоир юраги зарблари сукунатни бузиб тургандай…

Танаффус чоғида Шавкат Раҳмон билан икки оғиз гаплашмоққа улгурдим, холос. Чунки унинг атрофини тожик ва ўзбек олимлари, шоирлар, мухлислари қуршаб олишди, бафуржа сўзлашмоқнинг иложи бўлмади.

Кейинроқ Ўш ва Тошкент шаҳарларида устознинг суҳбатидан баҳраманд бўлиб, тенгдошларим қатори бу улуғ инсондан ҳаётий сабоқлар олдим, десам хато бўлмас. Шавкат Раҳмон шунчалик катта истеъдод эгаси бўлишига қарамай, ғоят андишали, камтарин, мулоҳазали инсон эди.

Турсунбой ака Адашбоев хўжандлик қаламкашларни фарзанди Муроджоннинг уйланиш тўйига таклиф этганларида, у кишининг хонадонида бўлиб, кечқурун меҳмонларга ёзилган дастурхон атрофида Шавкат ака билан ёнма-ён ўтириб қолдим. Даврада ҳазил-мутойиба бошланиб, ёзувчи Тоҳир Малик, Анвар Обиджон чиройли лутф, аскиялари билан ҳаммани роса кулдиришди. Шавкат ака бошқаларнинг гапини тинглаб, умумий кулгига қўшилиб ўтирди, холос. Унинг юзида андиша, камсуқумлик, ўзгаларга ҳурмат ифодаси зоҳир эди.

Ҳолбуки, Шавкат Раҳмон халқ дардини баланд пардаларда куйлаётган юксак истеъдодли, улуғ шоир эди.

Кейинчалик ҳам устоздан бир марта бўлса-да, мана бундай шеър ёздим, фалон шоирни қойиллатиб таржима қилдим, қабилидаги гапларни эшитмадик. 1986-йили бўлса керак, Шавкат ака Испанияга бориб, буюк испан ёзувчиси Валье Инклан ижодига бағишланган конгрессда қатнашиб қайтганидан сўнг «Сафар таассуротларини шеър қилиб ёзасизми?» деб сўраганимизда ҳам «Баъзи фикрларни ўйлаб юрибман», деб камтарона жавоб қайтарган эди.

Йиллар ўтгани сайин тобора дилга яқин бўлиб, тафаккуримизни ёритаётган Шавкат Раҳмон шеърияти мангуликка дахлдор экани бугун кўпчиликка аён. Шоир шеърлари барчамизни бедорликка чорлаб, ҳаётга пок, тийран нигоҳ билан қарашга ўргатади.

Мен Шавкат Раҳмон ҳақидаги баъзи хотираларни ёздим. Аслида, шоирнинг қандай инсон эканини унинг шеърларигина аниқ айтиб бера олади.

Шоир умри узайгани муборак бўлсин.

2013

Манба: http://ijodkor.com

044

Avliyoxon Eshon
BEDORLIKKA CHORLOV
Shavkat Rahmonni eslab

07

Xo’jand davlat pedagogika institutida o’qib yurgan kezlarimizda, biz – ikki uch nafar talaba ijarada turadigan uy «Panjshanbe» bozori yaqinida bo’lgani uchun shundoqqina yo’limizdagi kitob do’koniga tez-tez kirib turardik. Bir kuni darsdan chiqib, doimo xaridorlar bilan gavjum bo’ladigan do’konga kirsak, «Avtorning ilk kitobi» seriyasida nashr etilgan yangi kitoblar keltirilgan ekan. Darhol shunday to’plamlardan sotib olib, yo’ldayoq ularni varaqlab ko’ra boshladik. Do’stlarimizdan biri Shavkat Rahmonning «Rangin lahzalar» nomli to’plamining ilk sahifasidan o’rin olgan «Vatan» nomli she’rni ovoz chiqazib o’qidi:

Joylashgansan shunchalar chuqur…
O’z tubiga yashirgan yurak.
Senga yetib bormaklik uchun
Uzun umrim yetmasa kerak.

Shu paytgacha Vatan haqida ko’pchilik ko’nikib qolgan, mazmunan bir-biriga yaqin, buning ustiga, biroz balandparvoz she’rlarni o’qib yurganimiz uchunmi, atigi to’rt satrdan iborat samimiy va sodda, ayni chog’da, mulohaza va mushohadaga undovchi bu she’r bizga juda yoqdi. Hamsaboqlarimizdan biri uni «Vatan haqida eng go’zal she’r», deb atadi. Hech ikkilanmay, uning fikriga qo’shildik. Xonamizga kelib, kitobni to’liq o’qib chiqqanimizdan keyin o’zimiz uchun Shavkat Rahmon nomli shoirni kashf etdik. Tuyg’ularni o’ziga xos, tabiiy, teran ifodalay olgan shoir she’rlaridagi lavhalar, tasvirlar, yurakka tig’day tegadigan satrlar bizni yangi bir olamga olib kirgandek bo’ldi. O’sha kuni kitob mutolaasidan so’ng bahslashib, bir-birimizning fikrimizga goh qo’shilib, goh e’tiroz bildirib, allamahalgacha uxlamay o’tirganimiz yodimdan chiqmaydi.

Kitobchani dam olish kuni uyiga ketmay shaharda qolgan hamxonalarimdan qizg’anib, qishloqqa – uyimizga olib ketdim. O’rta maktabda o’zbek tili va adabiyoti fanidan dars beradigan otam Shukrulloxon Avliyozoda (yaxshigina shoir ham edilar) Shavkat Rahmonning kitobini o’qib, juda qattiq ta’sirlanganlari yodimdan chiqmaydi.

Otamni bundan ilgari faqat bir marta shunday ruhiyatda ko’rgan edim. O’shanda Rauf Parfining «Ko’zlar» nomli to’plamini o’qib, negadir bir necha kun biroz ma’yus va o’ychan bo’lib yurgandilar. Bu gal esa Shavkat Rahmonning mo»jazgina kitobchasi otamning hayratiga, hurmatiga, e’tirofiga sazovor bo’lgandi.

Keyinroq shoirning boshqa kitoblarini ham otam bilan birga o’qib chiqqanmiz. «Shavkat Rahmonning she’rlarini faqat o’qish emas, balki musavvirning suvratidek «tomosha» qilish mumkin. Kitoblarini o’qiyotganimda, o’zim tug’ilib-o’sgan Andarxam qishlog’ining odamlari, qir-adirlari, soy va tuproqli ko’chalari shundoqqina ko’z o’ngimdan o’tadi. Har gal qishloqqa borib kelgandek bo’laman», deganlarini hozir yaxshi eslayman. Men shoirning oxirgi yillarda yozilgan she’rlarini maqtay boshlasam, otam e’tiroz bildirar edilar: «Menga Shavkat Rahmonning avval yozgan she’rlari ko’proq yoqadi, o’sha paytdayoq u zo’r shoir edi».

O’tgan asrning 70-yillarida adabiyotga kirib kelgan Shavkat Rahmon, Usmon Azim, Xurshid Davron kabi shoirlar zamonaviy o’zbek she’riyatini bir pog’ona yuqori ko’tarib qo’ydilar. Ta’bir joiz bo’lsa, she’riyatda tozarish, yangilanish, muhimi, ruhiyat va mohiyat sari qadam yuz berdi.

Biz – havaskor shoirlar mashqlarimizni yuqorida nomi tilga olingan ustozlar nazaridan o’tkazishni orzu qilardik. Lekin ro’para bo’lishga haddimiz sig’may, qo’lyozmalarimizni qo’ltiqlab qaytgan paytlarimiz ko’p bo’lgan. Iste’dodli shoirlardan o’z she’rlari haqida iliq so’zlar eshitib, boshi osmonga yetib yurgan tengdoshlarimizga havas qilardik.

Bir gal yozuvchi Xurshid Do’stmuhammad bilan suhbatlashib o’tirib, «Yosh gvardiya» nashriyotiga topshirgan to’plamim rejaga kiritilganini aytdim.
– G’afur G’ulom nashriyotiga ham qo’lyozmangizni topshirib qo’ying, – dedi Xurshid aka maslahat berib, – Bu gal Toshkentga kelishingizda albatta, keyingi kitobingizni tayyorlab keling.
– Shavkat Rahmondek shoirga she’rlarimni qanday ko’rsataman? – dedim birdaniga shoshilib, – U kishi juda katta shoir-ku!

O’sha kezlarda Shavkat Rahmon G’afur G’ulom nomli Adabiyot va san’at nashriyotida ishlayotgan edi. Nashriyot yosh shoirlarning kitobini chop etayotganini bilsam-da, to’plamimni ko’tarib borishga yuragim dov bermasdi.
– Bunday tortinib yursangiz bo’lmaydi, – dedi Xurshid aka menga dalda berib, – Shavkat Rahmon juda samimiy, yaxshi inson. Yoshlarni qo’llab-quvvatlayapti. Shuning uchun uning oldiga dadil kirib boravering.

Xullas, Xurshid akaning gapi bilan G’afur G’ulom nomli nashriyotga topshirish uchun kitobimni tayyorladim. Toshkentga borganimdan keyin she’rlarim solingan papka negadir o’zimga yoqmay, do’konlarning biridan yashil tusdagi qalin jildli, bog’ichlari chiroyli papka sotib olib, qo’lyozmamni joyladim. She’riyat bo’limiga kirsam, Shavkat aka samarqandlik shoir Jamol Sirojiddin bilan suhbatlashib o’tirgan ekan. Birozdan so’ng Leninoboddan kelganimni aytib, qo’lyozmamni uzatdim.
– To’plamingizning papkasi juda chiroyli ekan, – dedi Shavkat aka biroz jilmayib, – Ko’raylik-chi, ichidagi she’rlar qanday ekan?

Peshonamdan muzdek ter chiqib ketdi. Indamay o’tiraverdim.

Shavkat Rahmon she’rlarning anchasini o’qib, menga yuzlandi:
– To’plam tayyor bo’lib qolibdi. Hozir nashriyot ikki muallifning kitobini bir muqova ichida chiqaryapti. Sizning kitobingizni ham shunday chop qilsak bo’ladi.

Nima deyishimni bilmay deraza tomondagi stulda o’tirgan yigitga qaradim, u negadir «rozi bo’lmang», degandek boshini qimirlatib qo’ydi. (Keyinroq bilsam, u shoir Abduvali Qutbiddin ekan, tanishib, do’stlashib ketdik).
– Kitobim alohida chiqmasa nima keragi bor, – deb yuboribman bir tomondan Xurshid akaning gapi yodimga tushib, boshqa tomondan ro’paramdagi yigitning ishorasidan ruhlanib.

Shavkat aka yuzimga bir tikilib qaradi-da, hech nima demay, miyig’ida kulib qo’ydi.

Bu voqeani batafsil keltirishimning sababi bor, Shavkat Rahmon chindan ham samimiy, oddiy inson edi. Bunday iddaolarni ko’p eshitganidanmi, qattiq gapirishni istamadimi, har holda, men kabi havaskor shoirning so’zlaridan ranjimadi. Aksincha, avvaliga balanddan kelib, so’ngra xijolat chekib, peshonamdagi terni tez-tez artib, lom-mim demay o’tirganimni ko’rib, meni gapga tutdi. To’plam ichidan ayrim she’rlarni ajratib, gazeta-jurnallarga olib borishimni maslahat berdi. Qaytayotgan paytimda nashriyot chop etgan yangi kitoblardan berib, kuzatib qo’ydi.

Oradan o’n yillardan ko’proq vaqt o’tib, 2000-yili taniqli shoir, ustoz Xurshid Davron quyidagilarni qayd etganini hozir ichki g’urur bilan eslayman: «…Taniqli shoirimiz, rahmatli Shavkat Rahmon yosh shoir ijodining dastlabki pallasidanoq, uning ijodini kuzatib kelgani va uning qalamiga tegishli she’rlar xususida ijobiy fikrlar aytganidan ham yaxshi xabardorman». Shu bois, har gal qo’limga qalam olsam, shoirning o’tkir nigohlari meni kuzatib turganday bo’laveradi. O’zimda mas’ullik seza boshlayman…

1986-yilning 16-may kuni atoqli olim Ozod Sharafiddinov, ustoz shoirlar Rauf Parfi, Usmon Azim va taniqli munaqqid Ibrohim Haqqul Leninobodga (hozirgi Xo’jand shahri) kelishdi. She’riyat muxlislari uchun chinakam bayramga aylangan bu uchrashuvga Shavkat Rahmon sababchi ekanini hamma ham bilmasa kerak.

… Bir gal Toshkentga borganimda shoir do’stlarim Asqar Mahkam va Odil Ikromga Shavkat akaning uyiga borsak, degan mazmunda gap qildim. Asqar «Shavkat aka Ispaniyaga borib kelibdi. Bahonada ustozni ziyorat qilib kelamiz», deb taklifimni ma’qulladi. Shu kuni uchchovimiz Shavkat Rahmonning mehmoni bo’ldik. Asqar Shavkat aka bilan ancha qadrdon ekan, shoir huzurida ham o’zini erkin tutib, bemalol gaplashib o’tirdi. Men har zamonda bosh irg’ab, suhbatga qo’shilgandek bo’lib turdim. Ko’rinishidan jiddiy, bosiq va biroz o’ychan shoir huzurida nimalarnidir gapirib o’tirishga haddim sig’madi. Safar taassurotlari, ulug’ ispan shoirlari Xuan Ramon Ximenes, Federiko Garsiya Lorka hayoti va ijodi, Andaluziya haqida so’zlayotgan Shavkat Rahmonga havas qilib o’tirdim. Faqat qaytayotganimizda ustozni Leninobodga taklif etishga jur’at qildim.

– Leninobod orqali O’shga ko’p o’tganman, lekin shaharda to’xtamaganmiz, – dedi Shavkat aka taklifimga rozi bo’lib, – Nasib qilsa, boramiz.

Shoirning roziligini olib Xo’jandga qaytgach, bu yangilikni eng avvalo, o’zim ishlayotgan «Haqiqati Leninobod» viloyat gazetasining o’zbek bo’limidagi hamkasblarimga yetkazdim. Navoiyshunos olim Ergashali Shodiev bilan Tojikiston Yozuvchilar Ittifoqi viloyat bo’limi mas’ul kotibi, yozuvchi Rahim Jalil huzuriga borib niyatimizni aytdik. Hamkasbimiz, taniqli tojik shoiri Ahmadjon Rahmatzod Shavkat akaning «Gullayotgan tosh» kitobidagi she’rlaridan bir turkumini tarjima qilib, gazetamizda chop ettirdi.

Bu orada telefon orqali Shavkat Rahmon bilan gaplashib, maslahatlashib turdim. Shunday suhbatlarimizning birida Shavkat aka Ozod Sharafiddinov hamrohligida Xo’jandga kelishini aytganida, mening xushxabarimdan so’ng qalamkashlar emas, pedagogika institutining tarix-filologiya fakulteti o’zbek bo’limi olimlari ham taraddudlanib qolishdi. Ustoz O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining o’sha paytdagi raisi O’lmas Umarbekov nomiga birorta ijodiy tashkilot nomidan maktub yuborishimizni so’radi. Darhol viloyat kitobsevarlar jamiyatining raisi I. Abdurahmonovga murojat qildim. U kishi bunday yangilikdan hursand bo’lib, jamiyat nomidan telegramma jo’natdi. (Hozirga qadar o’sha telegramma, taklifnomalar nusxasini arxivimda saqlab kelaman).

Shavkat Rahmon tashabbusi bilan xo’jandliklar mehmoni bo’lgan taniqli olim va shoirlar ishtirokida Leninobod davlat pedagogika instituti, Proletar tumanidagi 17-o’rta maktab va Qo’rg’oncha qishlog’ida bo’lib o’tgan uchrashuvlar she’riyat muxlislari, ijodkorlar uchun juda mazmunli, ayni chog’da, foydali bo’ldi. Hozir ham Ozod Sharafiddinovning adabiyot haqidagi mulohazalarini, Ibrohim akaning yoshlar she’riyati borasidagi so’zlari-yu, Rauf Parfi va Usmon Azimning samimiy, dilkash suhbatlarini eslab, bir-birimizga gapirib yuramiz.

Afsuski, o’shanda nashriyot ishlari bilan band bo’lgani bois, Shavkat aka Xo’jandga kela olmadi. Shunday bo’lsa-da, Shavkat Rahmon xo’jandlik olimlar, ijodkorlar, muxlislar uchun juda katta xizmat qildi, chunki ustozning sa’y-harakati bo’lmaganida, ehtimol, bu uchrashuv amalga oshmagan bo’lardi. Boshqa gal Toshkentga borganimda, Shavkat aka ijodkor do’stlarining Xo’jandda bo’lgan uch kunlik ijodiy safari tafsilotlarini eshitib, uchrashuvlarda qatnasha olmaganidan afsuslangan edi.

1992-yili Dushanba shahrida jumhuriyat o’zbeklar madaniy markazining birinchi qurultoyi kunlarida Shavkat Rahmon bilan yana uchrashish baxtiga muyassar bo’ldim. Ustoz o’shanda «El» xalqaro uyushmasi raisi kotibi sifatida qurultoy mehmoni bo’lgan edi. Ma’ruzalar chog’ida Shavkat akaga navbat berilganida, ustoz o’qigan she’r hali ham qulog’im ostida jaranglab turibdi. Shoir she’r o’qiyapti-yu, muhtasham saroy zalida tiq etgan tovush eshitilmaydi. Nazarimda, faqat shoir yuragi zarblari sukunatni buzib turganday…

Tanaffus chog’ida Shavkat Rahmon bilan ikki og’iz gaplashmoqqa ulgurdim, xolos. Chunki uning atrofini tojik va o’zbek olimlari, shoirlar, muxlislari qurshab olishdi, bafurja so’zlashmoqning iloji bo’lmadi.

Keyinroq O’sh va Toshkent shaharlarida ustozning suhbatidan bahramand bo’lib, tengdoshlarim qatori bu ulug’ insondan hayotiy saboqlar oldim, desam xato bo’lmas. Shavkat Rahmon shunchalik katta iste’dod egasi bo’lishiga qaramay, g’oyat andishali, kamtarin, mulohazali inson edi.

Tursunboy aka Adashboev xo’jandlik qalamkashlarni farzandi Murodjonning uylanish to’yiga taklif etganlarida, u kishining xonadonida bo’lib, kechqurun mehmonlarga yozilgan dasturxon
atrofida Shavkat aka bilan yonma-yon o’tirib qoldim. Davrada hazil-mutoyiba boshlanib, yozuvchi Tohir Malik, Anvar Obidjon chiroyli lutf, askiyalari bilan hammani rosa kuldirishdi. Shavkat aka boshqalarning gapini tinglab, umumiy kulgiga
qo’shilib o’tirdi, xolos. Uning yuzida andisha, kamsuqumlik, o’zgalarga hurmat ifodasi zohir edi.

Holbuki, Shavkat Rahmon xalq dardini baland pardalarda kuylayotgan yuksak iste’dodli, ulug’ shoir edi.

Keyinchalik ham ustozdan bir marta bo’lsa-da, mana bunday she’r yozdim, falon shoirni qoyillatib tarjima qildim, qabilidagi gaplarni eshitmadik. 1986-yili bo’lsa kerak, Shavkat aka Ispaniyaga borib, buyuk ispan yozuvchisi Val`e Inklan ijodiga bag’ishlangan kongressda qatnashib qaytganidan so’ng «Safar taassurotlarini she’r qilib yozasizmi?» deb so’raganimizda ham «Ba’zi fikrlarni o’ylab yuribman», deb kamtarona javob qaytargan edi.

Yillar o’tgani sayin tobora dilga yaqin bo’lib, tafakkurimizni yoritayotgan Shavkat Rahmon she’riyati mangulikka daxldor ekani bugun ko’pchilikka ayon. Shoir she’rlari barchamizni bedorlikka chorlab, hayotga pok, tiyran nigoh bilan qarashga o’rgatadi.

Men Shavkat Rahmon haqidagi ba’zi xotiralarni yozdim. Aslida, shoirning qanday inson ekanini uning she’rlarigina aniq aytib bera oladi.

Shoir umri uzaygani muborak bo’lsin.

2013

Manba: http://ijodkor.com

044

(Tashriflar: umumiy 361, bugungi 1)

2 izoh

  1. Кимлар Шавкат Раҳмонни бадном қилиш учун тўдалашишиб хат ёзишган эди? Шуни билишни истардим.

Izoh qoldiring