Ortiqboy Abdullayev. Shoir yuragining qaldiroqlari (Shavkat Rahmon suratiga chizgilar) & Shavkat Rahmon. Ikki she’r & Shavkat Rahmon. Videofilm

07Шоирнинг чексиз, канорасиз дард ва нафратларидан ранг олган бу чизгиларда унинг ўжар феъл- атвори, курашчан руҳи, жўмард табиати яққол намоён бўлади. Шеърнинг бошқа бандларини ўқимасдан туриб ҳам гап нима ҳақида кетаётганини шоир нақадар кучли изтироб, алам ичида яшаганини бемалол англаш мумкин. Бу мисралар Шавкат ижодида, руҳиятида тинимсиз ўзгариб, ривожланиб турган тадрижий ҳолатни ҳам яққол кўрсатадилар. Ўз туйғуларини, кечинмаларини, гапларини очиқ айта олмаган шоир бу вазифани табиат манзаралари, ҳодисаларига, фаслларга юклайди…

 

ШОИР ЮРАГИНИНГ ҚАЛДИРОҚЛАРИ
(Шавкат Раҳмон суратига чизгилар)
Ортиқбой АБДУЛЛАЕВ — филология фанлари номзоди


«Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир!»

Раҳматли Шавкат Раҳмон билан жудаям қалин бўлмаганмиз. Тўғри, муносабатимиз ҳар доим илиқ, самимий эди. Бир-икки давраларда бирга ўтирганмиз, адабиёт, ҳаёт ташвишлари хақида суҳбатлашиб, қизғин баҳслашганмиз эсимда. Мен ўша йилларда «Шарқ юлдузи» бўлимини бошқарардим. Шеърият хақида ёзган бир-икки мақолам ҳамда “Шеъриятнинг тиниқ осмони» китобчам тилга тушиб, яхши баҳоланганди. Шунинг учунми ёки журналда масъул вазифани бажарганим туфайлими, ҳар ҳолда кўплаб ижодкорлар, айниқса ёш шоирлар дил сўзлари битилган китобларини тез-тез тақдим этиб туришарди. Табиийки, Шавкат Раҳмон ҳам бир қанча китобларини менга совға қилган эди. Уларни ўқиб чиқиб, шеър тилини тушунадиган, адабий диди, завқи бор адабиётшунослар, аспирантлар, тадқиқотчилар ва илмий ходимларга тақриз ёзиш учун буюртмалар берардим. 03Яхши китобларни назардан қочимрмасликка, муносиб баҳосини бериб, муаллифни рағбатлантиришга имкон борича ҳаракат қилардим. Ўзим ишлаётганим учун журналга ҳадеб мақолаю тақризларимни тиқиштиришни ёқтирмасдим. Мирмуҳсин ака бизни шунга ўргатганди. Шавкатнинг ҳам, ўша пайтларда адабиётга дадил кириб келаётган истеъдодли ёшларнинг тўпламларига ҳам тақриз ёздириб, журналда эълон қилинишига ҳисса қўшганимни бугун фаҳр билан айта оламан. “Шарқ юлдузи” журнали ҳамиша адабиётимизнинг кўзгуси, йўлчи-юлдузи бўлиб келган. Ҳозир ҳам шундай. Биз журнал ходимлари, зиммамиздаги юксак вазифани дилдан ҳис этиб, ҳар бир асарни, мақола ва тақризларни қаттиқ таҳрир қилар эдик. Бу маъсулятли иш кўп қўлимиздан ўтган, юрак ҳароратимиз қўшилган асар босилиб чиқиб ўқувчига манзур бўлганда бир қувонсак, у адабий жамоатчилик томонидан муносиб баҳо олганда бошимиз осмонга етиб, икки қувонар эдик. Шавкат ҳақида шу пайтда ўзим бевосита ҳеч нарса ёзмаган бўлсам ҳам журналнинг унга ҳайриҳоҳлиги туфайли ўртамизда самимият пайдо бўлган эди. Мен тоғ бағрида жойлашган гўзал табиатли Хумсон қишлоғида вояга етганман. Бу қишлоқ тоза ҳавоси, шарқирама зилол булоқлари, ўйноқи Ўгам дарёси билан машҳур. Тошкентга яқин бўлгани учун бу ердан ёз фаслида Шавкат Раҳмон ҳам бир гуруҳ дўстлари – ёш шоирлар билан бизникига меҳмон бўлиб келган эди. Шавкат Москва шаҳрида тахсил олганини билардик. Иккита рус курсдоши – биттаси таржимони, Ўзбекистонга меҳмон бўлиб келган эди. Уларни Хусонга олиб бориб, тоғда сайр қилиб келсак, вақтингиз бўладими? Ҳамма ҳаражатларни ўзим кўтараман, деб янглишмасам, Усмон Азим, Дадахон Ҳасан, Ёқибжон Хўжамбердиев ва яна бошқа дўстлар бор эди. Хонадонимизда ётиб қолишди. Эртаси кун тоғ сўқмоқларида сайр қилдик, Ўгамда чўмилдик. Тоғ манзаралари, ям-яшил дарахталр, арчалар меҳмонларни маҳлиё этгани, уларга беқиёс завқ-шавқ бахш этганини кўриб, ўзим ҳам хурсанд бўлдим. Тоғдан қайтишимизда Шавкат: “Кийикўт топиладими? Олиб кетсак бўларди”, – деб сўради. Баланд тоғ ёнбағирларида – шундоққина биздан 15-20 метр нарида кийикўти беҳисоб ўсиб ётар эди. Уларни кўрсатдим.

– Мана, хоҳлаганингизча олиб кетимшингиз мумкин.

– Йўғе, – у ишонмай менга қаради – наҳотки ҳаммаси кийикўт бўлса?

– Юринг, териб бераман, – дедим. Қумлоқ тепаликка чиқдик. Икки-уч кийикўтини узиб қўлимга бердим. У ҳидлаб кўриб, ниҳоятда қувониб кетди.

– Ие, ҳақийқий кийикўти-ку! – ҳайратини яширмади у.

Шундай деб, энгашиб бир кийикўтини тортган эди, илдизи билан қўпорилиб чиқди. Шоир хижолат бўлди, юзида ачиниш ифодаси кўринди.

– Тўхтанг, уни тортиб олиб бўлмайди. Ер юмшоқ. Ушлаб туриб авайлаб синдириш керак, – дедим ва ўсимликнинг илдизига шикаст етказмасдан бир қучоқ узиб бердим. Шавкат ниҳоятда мамнун бўлган эди шу куни. Ҳовлига қайтгач, жияним Машраб ҳаммамизни суратга олди. Шу пайтларда ёши саксондан ошган отамни ҳам таклиф қилдик. Бу сурат ҳозир мен учун ниҳоятда азиз ёдгорлик бўлиб қолган. Кейинчалик, ошкоралик йилларида Шавкат оташин шеърлар билан чиқа бошлади. Уларни ўқиб шоирнинг жасоратига, образларининг жозибадорлигига қойил қолар, ҳайратга тушар эдим. Ана шу кезда шоир ҳақида нимадир ёзиш истаги туғилган эди. Аммо шу кезларда мен истакни ўз вақтида бажара олмадим. Орадан бир неча йил ўтгач, минг афсуски, “Шавкат оғир бетоб”, деган совуқ ҳабарни эшитдик. Дастлаб кўпчилик ўтиб кетади, иссиқ жон, оғрийди, тузалади-да деган хаёлда эди. Кейинчалик жиддий дардга чалингани маълум бўлди. Бир куни шоирлар Мирзо Кенжабек билан Турсун Али “Шавкатни кўргани кетяпмиз. Хоҳласангиз юринг” – деб таклиф қилишди. Эски шаҳар бозоридан нон, мева-чева олиб, касалхонага борганмиз, докторлар билан гаплашиб, палатага кирганимиз кечагидек кўз олдимда турибди. Озиб-тўзиб, қоқсуяк бўлиб қолган Шавкат… ўзи не аҳволда-ю, бизни кўриб, севинганидан боши осмонга етди.

Юқоридаги шоирлар уни кўргани тез-тез келиб-кетиб туришар экан, уларга мулойим борди-ю мени кўрганлигидан хурсандлигини қайта-қайта таъкидлаб, ҳол сўраб, келганимдан миннатдорлигини изҳор қилди. Самимий, кўнгли очиқ, дилидаги гапини айтишга ўрганган йигит эди у. Бир оз гаплашиб кўнгил сўраб ўтирдик. Биз кирганимизда қўлидаги китобчани қутичанинг устига қўйган эди. Беихтиёр нигоҳим тушди. Машҳур тарихчи Лев Гумилев ёзган шоҳ асар “Қадимги турклар”нинг кейинги нашрларидан бири эди у. Шоирнинг иродасига, билимга ташналигига қойил қолдим.

– “Қадимги турклар”ни ўқияпсизми? – сўрадим атайлаб гапни чалғитиш учун. Шавкатнинг кайфияти бирдан ўзгариб кетгандек бўлди.

– Яқинда топдим. Олдин қўлимга тушмаган эди, зўр асар экан, – деди хижолат тортагандек…

Бу китобни аввал ўқимагани учун гуноҳкордек гапираётганидан қаттиқ таъсирландим. Кўнглим вайрон бўлди. Беруний бобомизнинг дақиқалари ҳақидаги ривоятни эсладим шунда. Улуғ олим оғир хасталигига қарамай, бир масалани ечиш устида бош қотиради ва шунга боғлиқ бир китобни ўқишга киришади. Буни кўрган шогирдларидан бири:

– устоз, ўзингизни қийнаб нима қиласиз?.. бу ёғи оз қолди-ку, – дейди нодонлигига бориб.

Олим хотиржам жавоб беради:

– Агар бу масала моҳиятини ҳозир билиб олмасам вақт ўтган бўлади…

Шу куни Шавкат Раҳмон шеърлари ҳақида мақола ё тақриз ёзиб, матбуотда фикримни билдирмаганимдан қаттиқ пушаймон бўлдим. Ҳар бир ижодкор ёзган асарини ўқувчига тақдим этар экан, икки оғиз яхши гап эшитишни, самимий фикрни, илиқ рағбатни илҳақлик билан кутади-ку. Шавкат ҳам дўстлари, яқин кишиларининг илиқ сўзларига, далдасига илинж билан қараган-ку! Шуларни алам билан ўйлар эканман, устоз Мақсуд Шайхзода рубойисидаги:

Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг,
Салом! – деган сўзнинг салмоғин оқланг,
Ўлганга юз соат йиғлаб тургунча
Уни тиригида бир соат ёқланг!..

– деган мисралари беихтиёр хаёлимга келди. Ундаги теран маъноларни қайтадан такрор-такрор ҳис қилгандек бўлдим.

Мана, орадан янги йиллар ўтди. Раҳматли Шавкатни эсласам ёки гурунгларда у ҳақда гап бўлиб қолса, мана шу кунги вазият, шоирнинг қўлидаги қизил муқовали “Қадимги турк”лар китоби кўз олдимга келаверади.

Шавкат Раҳмон вафот этгандан кейин “Шарқ” нашриёти сайланмаси нашрдан чиқди. Бу тўпламни шоир ҳаётлигида ўзи дасталаб, энг сара асарлари ва таржималарини, янги шеърларини киритган экан. Китоб қўлимга тушгач, уни ҳаяжон ва бир изтироб ичида ўқир эканман, энди маънавий қарзимни узиш, шоирнинг руҳи, хотираси олдидаги бурчимни бажаришга имкон туғилаганини дил-дилдан ҳис этдим. Қисқа фурсат ичида “Ўткир сўз қолмаса, ҳеч нарса қолмас…” деб номланган тақризимни ёзиб битқаздим. У қўлёзма ўттиз бир бет бўлиб, ниҳоятда зич ёзилган эди. “Жаҳон адабиёти” журналининг бош муҳаррири, устозим Озод Шарофиддиновдан қўлёзмани ўқиб фикр билдиришини илтимос қилдим. У киши жуда тез ўқиб чиқди ва “Дуруст, аммо катта бўлиб кетибди, ихчамлаштиринг. Навбатдаги сонда туширамиз”, – деди. Қанчалик нохуш бўлмасин қисқартириб бердим. Тайёрланган нусха биронта сўзи ўзгартирилмасдан журналда (1998, 4 сон) босилиб чиқди. Яхши фикрлар эшитдим.

Яқинда “Жаҳон адабиёти”ни варақлаб ўтириб, ана шу тақриз-мақолани қайта ўқигим келиб қолди. Ёд бўлиб кетган мисралару таҳлил этилган шеърий парчаларга кўз югуртирар эканман, мана шу тақриз-мақолани салгина кенгайтириб, тўла-тўкис чиқарсам бўлади-ку деган фикр ярқ этиб ўтди. Ана шу фикр баҳона бўлиб, қўлингиздаги мақолани таҳририятга элтиб бердим…

Шавкат илк шеърларини не-не умид ва мулоҳазалар билан эълон қилишга журъат этган йилларда “турғунлик” даври айни авжида эди. Бу йилларда жамиятда маълум сокинлик, осойишталик ҳукм сурганига қарамай, ишлаб чиқаришнинг ҳамма соҳаларида “қўшиб ёзишлар”, халқ мулкини хуфёна ўмариш, порахўрлик, қаллоблик сингари кўплаб иллатлар болалай бошлаган эди. Кейинчалик тузумнинг инқирози ва ҳалокатига сабаб бўлган бундай иллатлар ҳақида расман гапириш ёки ёзиш мумкин эмасди. Аммо ойни этак билан ёпиб бўлмайди деганларидек, уларни халқ яққол кўриб, билиб туради. Омманинг маълум қатламларида, айниқса фидойи зиёлилар орасида тузум туғдираётган қабоҳатлардан норозилик мавжуд бўлса-да, улар қалқиб юзага чиқа олмасди. Тўғри гапни айтишга журъат этганлар таъқибига учраб, сохта мадҳиябозлик ҳар жиҳатдан рағбатлантирилаётган бундай шароитда ижод қилиш қийин эди. Лекин, шунга қарамай, жамиятдаги нопокликларни танқид қилувчи асарлар ҳам ёзилиб туради. Шунингдек, тузумнинг ўткинчилигини, келажакда халқимизнинг манглайига ёруғ кунлар битажаги ҳақидаги умид-орзуларни гоҳ рамзлар, гоҳ имо-ишоралар тарзида шеърлар, сатрлар бағрига сингдириб юборишга урунувчи ижодкорлар ҳам бор эди.

Масалан, мақсуд Шайхзоданинг ғирт “қип-қизил” кўринадиган “Партбилет” (1962 йил) шеъридаги мана бу “қалтис” сўз ўйинларига разм солинг. Шоир инсон ирқининг ҳамма хилини; оқ ва қора, сариқ ва қизилини бирдек севиш, дунёмизнинг шу эски хонадонини ранг-баранг инсон зоти билан безатиш лозим, деб қайд этади. Бу – инсонпарварлик билан битилган эзгу орзулар ифодаси. Шеър мисралари худди тўппончадан отилаётган ўқдек эшитила бошлайди:

Фақат, фақа, фақат
Ва фақат диққат!
Кўнгли қора фасодлардан ўзга,
Феъли сариқ сотқинлардан бошқа,
Қўллари қондан ҚИЗИЛ ЖАЛЛОДЛАР дан ўзга,
Модаркуш оқ қочқинлардан бошқа…

Шоир яширин тарзда “қизил” сўзига қандай кучли маъно юклаётганини энди сеза бошлагандирсиз? Бу ерда умуман қўли қонга бўялган ва дунёнинг хоҳлаган бурчагида учратиш мумкин бўлган жаллод кўзда тутилмаган. Йўқ! Шоир алоҳида урғу берган ҳолда қизил жаллодлар ҳақида гапираяпти. Шуни махсус таъкидлаяпти. Бу ҚИЗИЛ ЖАЛЛОДЛАР олдида бошқа ҳар қандай жиноятчилар; “кўнгли қора фасодлар” ҳам, “феъли сариқ сотқинлар” ҳам, “модаркуш оқ қочқинлар” ҳам ип ечолмайди.

Шеърият ҳам замон зарбаларини заррама-зарра ўзига сингдириб бораверади. Биз уйғониб, ўз ҳаққини таниган, ўтмиш фожиаларини англаган сари кўзи очилиб, ҳақиқат излаётган замондошларимизнинг кечинмалари, ўй-хасратлари турли тарзда Рауф Парфи, Гулчеҳра Нуриллаева, Ойдин Хожиева, Омон Мухтор, Омон Матжон, Миразиз Аъзам, Маъруф Жалил, Машраб Бобоев, Абдулла Шер, Асқар Қосимов, Ҳалима Худойбердиева, Шарифа Салимова каби ўнлаб кейинги авлод шоирлари ижодида акс этганини кўрамиз.

Зилдек оғир ўйлар елкамиздан босиб, эзиб ташлаётганга ўхшайди. Ҳаво етишмаётгандек, бўғилиб кетаётганимизни ҳис эта бошлаймиз. Нега “қор қоп- қора?” Шоир “зулмат ичинда кетаётирман” , деб нимага шаъма қиляпти? Нима учун унинг қўлидаги машъала ёғду сочмайди? У тасвирлаётган манзара шундайки, бу ерда зулмат билан қора машъала бир- бирига сингиб кетган. Бу ерда нур йўқ. Шеърдаги рамзий образлар ўз моҳият эътибори билан мавжуд тузумни инкор этадилар. (Шекспирнинг “Хамлет”идаги “Дониё – зиндон” нисбатини эсланг.) Шеърни кейинги бора ўқиганимда бу рамзлар менга зулмат дунёсида яшаётганини ўзи англамайдиган, ҳатто уни хаёлига ҳам келтира олмайдиган, асл ҳақиқатни билдирмоқчи бўлсангиз, тўғри гапга қулоқ солишни истамайдиган ва энг ёмони, шунга уриниб кўрганларни душман санайдиган, тузумнинг кўп йиллик меваси – кўр ва кар замондошларимизнинг (улар миллионлар эди!) умумлашма тимсоли бўлиб туюлди. Тузумдан норозилик ва уни бадиий воситалар билан таъкидлаш ҳисси Рауф Парфининг кейинги шеърларида очиқдан- очиқ инкор, ҳатто Она юртим, элим, топталган тупроқ шаъни- шавкатини тиклаш учукн исёнкорлик даражасигача кўтарила боради. Улуғ ҳинд шоири Муктибодх тилидан ёзилган (1981) шеъридан у ҳинд тангриларидан мадад тилаб, нидо қилар экан, алам билан фарёд солади:

О Шива! Халоскор, Шива, мадад бер,
Токай шундоқ қолур муқаддас бу ер?
Охири бормидир ахир бу туннинг?..
Қачон тонг отади менинг юртимда,
Қачон адо бўлур ғамга ботган ғам?!

Бу ўринда шоир қайси диорни назарда тутаётганини англаб олиш қийин эмас. Бу юртда ғамнинг ўзи ғамга ботиб кетган. Унинг ҳам тоқати тоқ бўлган… Шеърият оламига 70- йилларнинг охири, 80- йилларнинг бошида кириб келган Хуршид Даврон, Усмон Азим, Азим Суюн, Тоҳир Қаҳҳор, Икром Отрамурод, Шукур Қурбон, Саъдулла Ҳаким, Сирожиддин Сайид, Мирзо Кенжабек, Салим Ашур сингари ўнлаб навқирон шоирлар ижодида юрт тақдирига масъуллик, келажак учун қайғуриш, эркинлик руҳи анча дадил овозда куйланганини кўрамиз. Бу туйғулар айниқса 1985- йилда кенг қулоч ёйган ошкоралик давридан бошлаб кучайди ва шиддатли тўлқинга айлана борди. Шавкат раҳмон мана шу улкан оқимнинг иштирокчиларидан бири эди. Бу йилларда унинг овози чинакам маънода жанговарлик, курашчанлик касб этди. У ҳам барча ҳалол юракли, пок ниятли, юксак инсонпарвар ижодкорлар каби рангин орзулар ичида яшади, ўз халқини, Ватанини озод, бахтиёр, эркин кўришни истади, бу эзгу армонларига эришиш учун ўзини сафарбар жангчи деб ҳисоблади. Тутқинлик гирдобига тушиб қолган, мустамлакачилар ва маҳаллий югурдак амалдорлар томонидан таланаётган оломон қисматига мадад беришни, унга асл ҳақиқатни етказишни дилига тугди. Аммо бу оғир вазифа эди. Разолатга қарши курашиш, темир қафасларни синдириш учун замондошларнинг кўзини очиш, руҳини кўтариш зарур эди-ки, буни осонликча бажариб бўлмасди. Шу жиҳатдан шоирнинг ижодий йўлига назар ташлайлик. 1972 йилда эълон қилинган илк шеърларидаёқ рамзлар тилига катта эътибор бериб, ўзи яшаётган муҳит, ўзи ҳис қилаётган ҳақиқатларга образли муносабат билдиришга, образли мушоҳада юритишга интилади. Масалан, “Шимол куни” шеърида “Қовжираган куз тепасида айланади қора қарғалар” мисралари бор. Халқ қора қарғалар тимсолида ёвузлик кучларини ифодалаб келган. Шоирнинг такидлашича, улар шунчалар кўпки, ҳатто қуёшнинг юзини тўсиб қўйишга қодир.

Тўлиб кетди қарғага осмон,
Ҳатто аранг кўринади нур.

Шоир нимага шаъма қилаётгани аниқ: қора қарғалар жавлон ураётган — ҳукм сураётган салтанатда нур йўли бекилади, ҳақиқат ва адолат йўқолади. Буни англаб етган ва зулмат кучларига қарши туришдан, разолатнинг олдини олишдан ожиз куйчининг ҳолати, қиёфаси табиий чизгиларда намоён бўла боради. Уларда биз ночор қолса-да тиз чўкмаган, иродаси букилмаган, мард, бардошли инсон тимсолини кўрамиз. Шоир қатор шеърларида ўз исёнкор юрагини, ўз характерини суратлантиради. Бу юрак иллатларга муросасиз, ноҳақликни, адолатсизликни кўрганда тинчини йўқотади, лоқайдликни, турғунликни ҳазм қилолмайди. У гоҳ қафасдаги булбулга (бу ерда ҳам кучли мажоз бор, ҳатто булбул ҳам қафасда), гоҳ ваҳший йўлбарсга ўхшайди, ўзини қўйишга жой тополмайди. Мана, унинг шоир талқинидаги ўзини темир қафасларга уриб ночор тўлғонишлари:

Кўзларинг қуриган ўзанлар каби,
Муштларинг оғрийди чўнтакларингда.
Кенгликларни қўмсаган шоир юрагим
Шоқолдай увлади бу кенгликларда.
Шунда айланасан сирли ҳалқада
Қафасда қутурган йўлбарс каби жим.
Чўнқайиб ўтирдим, ёлғиз бўридай
ишқимни ғажиган бўридир қаҳрим.
Мана шу лаҳзада полапонларин
Суйибмас, чўқилаб улғайтаётган
Бир йиртқич,
Бир ваҳший қушга ўхшайман.

Шоирнинг чексиз, канорасиз дард ва нафратларидан ранг олган бу чизгиларда унинг ўжар феъл- атвори, курашчан руҳи, жўмард табиати яққол намоён бўлади. Шеърнинг бошқа бандларини ўқимасдан туриб ҳам гап нима ҳақида кетаётганини шоир нақадар кучли изтироб, алам ичида яшаганини бемалол англаш мумкин. Бу мисралар Шавкат ижодида, руҳиятида тинимсиз ўзгариб, ривожланиб турган тадрижий ҳолатни ҳам яққол кўрсатадилар. Ўз туйғуларини, кечинмаларини, гапларини очиқ айта олмаган шоир бу вазифани табиат манзаралари, ҳодисаларига, фаслларга юклайди. Масалан, у “Ҳамал” шеърида чиройли шоирона ташбеҳлар яратади. Оппоқ бўлиб гуллаган ўрикларга қарар экан, “Оқ булутлар ерга қўндими? Мўжизалар бўлдими содир?” деб тажоҳили орифона усулида саволлар беради. Ана шу тасвир ипидан ушлаб олиб, яна янги ташбеҳлар кашф этади, фикрни, манзарани чуқурлаштиради: “Оҳ, нақадар ажойиб тунда оқ машъала экилган водий”. Оқ машъала тимсолида ҳам теран мазмун бор. У ўқувчини беихтиёр фикрга чорлайди, ёруғ хаёлларга етаклайди. Сўнг дарахтлар ҳам, баҳор ҳам эврилиб, инсоний қиёфага кира бошлайди. Улар уйғонадилар. Оқ машъалалар кўтариб, водий узра кезиб юрадилар. Шоир дилидаги ҳаётбахш, порлоқ орзуларини эҳтиёткорлик билан қоғозга туширади: ахир у халқининг сокин уйғонишини, ўз ҳаққи- ҳуқуқи учун оёққа қалқишини жуда хоҳлайди- ку! (“Машқ” шеърида айтилганидек, “сукунатнинг улкан қаърида уйғонмоқда саслар қалтираб”. Албатта, бу ерда ҳолат бошқа, аммо мантиқан уйғунлик бор.), шавкат мана шу топилдиқ тимсол билан шеърни тугатиши мумкин эди, лекин унда асл муддао очилмай қоларди. Асосий фикр эса мана бу ерда:

Энди сафсар кечаларда оқ,
Машъалалар тутиб, улуғвор.
Кенгликларда сузар чиройли
Кундузларни ахтариб баҳор.

Коинотда фасллар тинимсиз алмашиниб турибди. Кеча ва кундуз муттасил ўз муддатида келаяпти. Бу – азалий табиат қонуни. Шавкат эса унга басма- бас фикр юритмоқда. Сабаби, ҳаётда шоир орзу қилган, кўришни истаган кундузнинг ўзи йўқ. Аввало, уни реалликка олиб келиш керак. Баҳор шунинг учун кундузларни қидириб юради! Шоирнинг кўз ўнгидаги одамлар, жумладан, ўзи ҳам ҳали бу ишни амалга оширишга қодир эмас. Баҳорга, оқ машъалага урғу берилишининг сабаби ҳам шунда. Шоир чинакам кундузлар бир куни келишига қаттиқ ишонади. (“Тобора яқиндир жасорат они”.) Шунинг учун у кўҳна ернинг бағрига “ўлмас ғояларнинг уруғларини” тинмай сепади. Ҳали тутқунлик, қуллик исканжасидаги одамлар уйғониши, ўз аслига қайтиши керак. “Остонангдан кетмайди баҳор сен аслингга қайтмагунча то”. (Абдулла Ориповнинг “Сен баҳорни соғинмадингми?” хитобини эсланг)

Умуман, табиат манзаралари воситасида даврдан норозиликни рамзий ифодалаш усулини жаҳондаги барча улуғ шоирлар ижодида кўриш мумкин. Ўзбек мумтоз адабиётида бунинг ажойиб намуналари мавжуд. Айниқса, Чўлпон шеъриятида бу анъана юксак маҳорат билан баланд бир чўққига олиб чиқилган.

Шавкат Раҳмон мазкур тажрибаларга қаттиқ суянади ва уни ўзига хос тарзда муваффақиятли давом эттиради. Унинг шеърларида жамиятда ҳукм сураётган тенгсизлик, адолатсизликларни кўриб, одамларгина эмас, “жинни толлар” йиғлайдилар, “зангор водийдан” уларнинг “кўз ёшлари бир дарё бўлиб” оқади. “оқ сочли”, “нуроний тоғ” ҳам чидай олмайди, у ҳам ўксиб кўз ёш тўкади. Унинг атрофида “қачонлардир юртим деб ўлган қаҳрамонлар ётган қабрлар” сон- саноқсиз. Ҳозир эса “жимлик босган воҳада беғам ухлар ботирлар узоқ”. Улар қачон уйғонадилар? “Нима бўлган уларга ахир?” деб безовта саволга тутади шоир. Ботирлар жим. Эл- юрт оғир сукутда. Аммо тоғлар, дарахтлар уйғоқ. Улар ўз норозиликларини очиқ билдира оладилар. Фақат уларни тингламоқ ва англамоқ зарур:

Ана… қулоқ солинг…
Эшитяпсизми,
Куйлар шоир шамол, куйлар шоир қор,
Шоир қоронғилик, шоир тоғларда
Шоир дарёларнинг шовуллаши бор.

Булар эса оддий шовуллашлар эмас. Табиат ҳодисалари мана шу тарзда шоир очиқ айта олмаган фикрлар, кечинмаларни сўзлайдилар. Ҳатто Шавкат талқинида қафасдаги қуш ҳам ўз дардини эмас, ўзгалар (яъни одамлар) дардини айтиб йиғлайди (“Ўзгалар дарди”).

Айни замонда Шавкат ғамлар гирдобида ўралиб қолган йиғлоқи, бадбин шоир эмас. У гарчи ҳозир дил армонларини куйлай олмаётган бўлса ҳам (“Куйлолмадим япроқлар каби, қуруқ шохдай титрар овозим…”) келажакка катта умид, ишонч билан қарайди. “Шоирлик – жасорат сўзининг таржимаси” эканини яхши билади. Илк шеърларидаги ҳазин туйғулар (“Кўнгил ташна… Қондирай десам қайнаб турар ғамлар булоғи”) секин- аста жиддий фикрлар билан алмашина боради. Аммо бу жараён осонлик билан эмас, қарама- қарши туйғулар, зиддиятларнинг оғир кураши тарзида рўй беради. У юракларга сепган ўлмас ғояларнинг униб чиқиб, кутилган ҳосил беришига ҳали анча вақт бор. Ҳақиқат излаётган шоир адоқсиз ўйларга берилади, изтироб чекади, хасратли саволлар олдида лол қолади:

Мен севган дарёлар шундоқ қолурми,
Мени ўйлатган йўл қолурми шундоқ?
Мен суянгган тоғлар шундоқ қолурми,
Шундоқ қолурмикан юракларда доғ?

Ёки:

Наҳот, бекор ўтди
Гулдай умримнинг
Минг йилга татирлик олтин чоқлари,
Наҳот бирор дилни
Уйғотолмади
Шоир юрагимнинг қалдироқлари?!

Бу парчадаги саволлар, хитоблар дардли бўлса-да, мажруҳ кўнгилнинг ожиз фарёдлари каби эшитилмайди. Уларда қатъият бир. Армон, умид, ишонч қоришиб, омухта бўлиб кетган бу хассос мисраларда. Бўлажак учқуннинг тафти сезилиб туради. Шоир айтганидек, “Чарақлайди йилдирим, тўқнашгандай пичоқлар”. Шавкат дил дардларини, жароҳатларини баён этар экан, Чўлпоннинг оташин шеърларига монанд мисралар тизишга эришади:

Отим ўлган, қиличим синган,
Мажақланган совут, қалқоним.
Ким ташлади мени бу чоҳга,
Қайда қолди ёруғ осмоним?!

Адолатсизликларни, хўрликларини кўравериб қийналиб кетган, тинимсиз йўл излаб, ҳеч қаердан нажот топа олмаётган маънавий етук замондошларимизнинг дил изҳори сифатида жаранглайди бу кескин мисралар. Шавкатнинг 80- йиллардаги шеърларида карахтлик, ғафлат уйқусига ботган юрт қиёфасининг турли- туман манзаралари шафқатсиз ҳаққоният билан чизила бошлайди. Шоир дилидаги оғир кишанларнинг қулфларини секин- аста оча бошлайди.

Шоирнинг шикаста дили ўзи тушиб қолган шароитга, муҳитга мардона баҳо бера олади:

Жудо бўлдинг тариқатингдан,
Энди тинчиб қафасда ўлтир.

Нима гап ўзи? Шоир кўникишга, тақдирга тан бериб, шукур қилиб яшашга чорлаяптими? Йўқ, асло! Шоирнинг ўжар юраги қаттиқ депсиб турибди. Халқимизнинг иш юришмай қолганда, алам билан қасдма- қасдига айтиладиган “Ўл, бу кунингдан баттар бўл!” деган аччиқ кинояси бор. Шавкат худди шу тарзда фикрлайди. Ўзлигидан жудо бўлган ўзига (айни замонда тилсиз, забонсиз тутқун оломонга) ойна орқали разм солади, унинг қафасга қамалган қулдан фарқи йўқлигини очиқ айтади. Ахир юрт бошига тушаётган саноқсиз кулфатлар учун аслида ўзимизнинг тобеликка моил табиатимиз, ўта ишонувчанлигимиз, “ўзига бек”лигимиз сабаб эмасми? Катта мамлакат оёқ остида топталмоқда, саноқсиз бойликларнинг ҳисоб- китобию қаёққа кетаётганини ҳеч ким билмайди. Порахўр амалдорлар ўргимчаксимон тўри билан ҳамма ёқни ўраб- чирмаб ташлади. Адолат, ҳақиқат мавҳ бўлди. Хўш, бу аҳвол қачонгача давом этади?

Оломоннинг хаёли нима билан банд? Октябрь тўнтариши рўй берган пайтда ўн яшар бўлган кишиларнинг ёши саксонга етди! Улар халқимизнинг бир зарраси бўлса, бу шўрпешоналарнинг кўрган куни қурсин. Шавкат бундай одамларнинг қиёфасини аччиқма- аччиқ шундай истеҳзо билан чизади:

Чолу кампир
Шошилмай салкам
Бир асрни яшаб қўйишди.
Кунжарага, зоғара, патир,
Томошага роса тўйишди.

Улкан мамлакатда аҳвол мана шундай. “Уруш бўлмаса бас, қотган нон бўлсаям майли…” бундай гаплар ҳар бир гўшада эшитилади. Шоир юртнинг ана шундай асл қиёфасини янги- янги ташбеҳлар, лавҳалар билан чизиб беришда давом этади:

Бу гўл ердир,
Ҳамма ёғига
Фақат қизил шиор осилган,
Ҳеч очилмас милярд оғзига
Босқинчилар муҳри босилган.

Шеър охирида бу одамларнинг қул эканлиги, ҳақсиз- ҳуқуқсизлиги, меҳнат заҳматидан бошқа нарсани билмай яшашга маҳкум этилганлиги очиқ айтилади: “Кўрай десанг жисму рангини, шошилмасдан суратин чизгин терга ботган миллион занжининг”.

Юртимизнинг ҳар бир бурчагида улар бизга дуч келадилар. Биров ачинади, биров бепарво, шу аснода шоир бахт ҳақидаги ҳазин мисраларини яратади:

Бахтиёрман деган биргина сўзни
Айтиш учун керак қангча куч- чидам,
Гарчи бахт сўзларнинг энг ёқимлиси,
Гарчи турса ҳамки тилнинг учида.

Оғир ботмасмикан бу сўз кимгадир,
Тегиб кетмасмикан оҳ- воҳларига,
Қандоқ бардош бериб яшайман кейин
Бахтсиз кимсаларнинг нигоҳларига…

Бу оғир, аммо ростгўй мисралар Шавкат ижодига фаол гуманизмни, теран инсонпарварликни ёрқин мужассамлаштиради. Халқнинг дарди билан яшаган, унинг шодлиги, ғамига ўзини шерик деб билган, элниинг бахти учун умрини тиккан, жўмард одамгина шундай деб очиқчасига ёза олади. Шавкат қисқа умрида бу кучли эътиқодига хиёнат қилмади. У ўта ҳалоллик билан:

Бу сўзни бир умр айтмай яшадим,
Ҳар шодлик келганда юрдим секинроқ,
Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,
Бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ. –

деб ёзганида ўз қалб туйғуларини ҳам, ижодий дастурини ҳам яққол намоён этган эди.

Shoirning cheksiz, kanorasiz dard va nafratlaridan rang olgan bu chizgilarda uning o’jar fe’l- atvori, kurashchan ruhi, jo’mard tabiati yaqqol namoyon bo’ladi. She’rning boshqa bandlarini o’qimasdan turib ham gap nima haqida ketayotganini shoir naqadar kuchli iztirob, alam ichida yashaganini bemalol anglash mumkin. Bu misralar Shavkat ijodida, ruhiyatida tinimsiz o’zgarib, rivojlanib turgan tadrijiy holatni ham yaqqol ko’rsatadilar. O’z tuyg’ularini, kechinmalarini, gaplarini ochiq ayta olmagan shoir bu vazifani tabiat manzaralari, hodisalariga, fasllarga yuklaydi..

SHOIR YURAGINING QALDIROQLARI
(Shavkat Rahmon suratiga chizgilar)
Ortiqboy ABDULLAEV — filologiya fanlari nomzodi


«O’ldir, ichingdagi xoinni o’ldir!»

Rahmatli Shavkat Rahmon bilan judayam qalin bo’lmaganmiz. To’g’ri, munosabatimiz har doim iliq, samimiy edi. Bir-ikki davralarda birga o’tirganmiz, adabiyot, hayot tashvishlari xaqida suhbatlashib, qizg’in bahslashganmiz esimda. Men o’sha yillarda «Sharq yulduzi» bo’limini boshqarardim. She’riyat xaqida yozgan bir-ikki maqolam hamda “She’riyatning tiniq osmoni» kitobcham tilga tushib, yaxshi baholangandi. Shuning uchunmi yoki jurnalda mas’ul vazifani bajarganim tufaylimi, har holda ko’plab ijodkorlar, ayniqsa yosh shoirlar dil so’zlari bitilgan kitoblarini tez-tez taqdim etib turishardi. 09Tabiiyki, Shavkat Rahmon ham bir qancha kitoblarini menga sovg’a qilgan edi. Ularni o’qib chiqib, she’r tilini tushunadigan, adabiy didi, zavqi bor adabiyotshunoslar, aspirantlar, tadqiqotchilar va ilmiy xodimlarga taqriz yozish uchun buyurtmalar berardim. Yaxshi kitoblarni nazardan qochimrmaslikka, munosib bahosini berib, muallifni rag’batlantirishga imkon boricha harakat qilardim. O’zim ishlayotganim uchun jurnalga hadeb maqolayu taqrizlarimni tiqishtirishni yoqtirmasdim. Mirmuhsin aka bizni shunga o’rgatgandi. Shavkatning ham, o’sha paytlarda adabiyotga dadil kirib kelayotgan iste’dodli yoshlarning to’plamlariga ham taqriz yozdirib, jurnalda e’lon qilinishiga hissa qo’shganimni bugun fahr bilan ayta olaman. “Sharq yulduzi” jurnali hamisha adabiyotimizning ko’zgusi, yo’lchi-yulduzi bo’lib kelgan. Hozir ham shunday. Biz jurnal xodimlari, zimmamizdagi yuksak vazifani dildan his etib, har bir asarni, maqola va taqrizlarni qattiq tahrir qilar edik. Bu ma’sulyatli ish ko’p qo’limizdan o’tgan, yurak haroratimiz qo’shilgan asar bosilib chiqib o’quvchiga manzur bo’lganda bir quvonsak, u adabiy jamoatchilik tomonidan munosib baho olganda boshimiz osmonga yetib, ikki quvonar edik. Shavkat haqida shu paytda o’zim bevosita hech narsa yozmagan bo’lsam ham jurnalning unga hayrihohligi tufayli o’rtamizda samimiyat paydo bo’lgan edi. Men tog’ bag’rida joylashgan go’zal tabiatli Xumson qishlog’ida voyaga yetganman. Bu qishloq toza havosi, sharqirama zilol buloqlari, o’ynoqi O’gam daryosi bilan mashhur. Toshkentga yaqin bo’lgani uchun bu yerdan yoz faslida Shavkat Rahmon ham bir guruh do’stlari – yosh shoirlar bilan biznikiga mehmon bo’lib kelgan edi. Shavkat Moskva shahrida taxsil olganini bilardik. Ikkita rus kursdoshi – bittasi tarjimoni, O’zbekistonga mehmon bo’lib kelgan edi. Ularni Xusonga olib borib, tog’da sayr qilib kelsak, vaqtingiz bo’ladimi? Hamma harajatlarni o’zim ko’taraman, deb yanglishmasam, Usmon Azim, Dadaxon Hasan, Yoqibjon Xo’jamberdiyev va yana boshqa do’stlar bor edi. Xonadonimizda yotib qolishdi. Ertasi kun tog’ so’qmoqlarida sayr qildik, O’gamda cho’mildik. Tog’ manzaralari, yam-yashil daraxtalr, archalar mehmonlarni mahliyo etgani, ularga beqiyos zavq-shavq baxsh etganini ko’rib, o’zim ham xursand bo’ldim. Tog’dan qaytishimizda Shavkat: “Kiyiko’t topiladimi? Olib ketsak bo’lardi”, – deb so’radi. Baland tog’ yonbag’irlarida – shundoqqina bizdan 15-20 metr narida kiyiko’ti behisob o’sib yotar edi. Ularni ko’rsatdim.

– Mana, xohlaganingizcha olib ketimshingiz mumkin.

– Yo’g’e, – u ishonmay menga qaradi – nahotki hammasi kiyiko’t bo’lsa?

– Yuring, terib beraman, – dedim. Qumloq tepalikka chiqdik. Ikki-uch kiyiko’tini uzib qo’limga berdim. U hidlab ko’rib, nihoyatda quvonib ketdi.

– Ie, haqiyqiy kiyiko’ti-ku! – hayratini yashirmadi u.

Shunday deb, engashib bir kiyiko’tini tortgan edi, ildizi bilan qo’porilib chiqdi. Shoir xijolat bo’ldi, yuzida achinish ifodasi ko’rindi.

– To’xtang, uni tortib olib bo’lmaydi. Yer yumshoq. Ushlab turib avaylab sindirish kerak, – dedim va o’simlikning ildiziga shikast yetkazmasdan bir quchoq uzib berdim. Shavkat nihoyatda mamnun bo’lgan edi shu kuni. Hovliga qaytgach, jiyanim Mashrab hammamizni suratga oldi. Shu paytlarda yoshi saksondan oshgan otamni ham taklif qildik. Bu surat hozir men uchun nihoyatda aziz yodgorlik bo’lib qolgan. Keyinchalik, oshkoralik yillarida Shavkat otashin she’rlar bilan chiqa boshladi. Ularni o’qib shoirning jasoratiga, obrazlarining jozibadorligiga qoyil qolar, hayratga tushar edim. Ana shu kezda shoir haqida nimadir yozish istagi tug’ilgan edi. Ammo shu kezlarda men istakni o’z vaqtida bajara olmadim. Oradan bir necha yil o’tgach, ming afsuski, “Shavkat og’ir betob”, degan sovuq habarni eshitdik. Dastlab ko’pchilik o’tib ketadi, issiq jon, og’riydi, tuzaladi-da degan xayolda edi. Keyinchalik jiddiy dardga chalingani ma’lum bo’ldi. Bir kuni shoirlar Mirzo Kenjabek bilan Tursun Ali “Shavkatni ko’rgani ketyapmiz. Xohlasangiz yuring” – deb taklif qilishdi. Eski shahar bozoridan non, meva-cheva olib, kasalxonaga borganmiz, doktorlar bilan gaplashib, palataga kirganimiz kechagidek ko’z oldimda turibdi. Ozib-to’zib, qoqsuyak bo’lib qolgan Shavkat… o’zi ne ahvolda-yu, bizni ko’rib, sevinganidan boshi osmonga yetdi.

Yuqoridagi shoirlar uni ko’rgani tez-tez kelib-ketib turishar ekan, ularga muloyim bordi-yu meni ko’rganligidan xursandligini qayta-qayta ta’kidlab, hol so’rab, kelganimdan minnatdorligini izhor qildi. Samimiy, ko’ngli ochiq, dilidagi gapini aytishga o’rgangan yigit edi u. Bir oz gaplashib ko’ngil so’rab o’tirdik. Biz kirganimizda qo’lidagi kitobchani qutichaning ustiga qo’ygan edi. Beixtiyor nigohim tushdi. Mashhur tarixchi Lev Gumilev yozgan shoh asar “Qadimgi turklar”ning keyingi nashrlaridan biri edi u. Shoirning irodasiga, bilimga tashnaligiga qoyil qoldim.

– “Qadimgi turklar”ni o’qiyapsizmi? – so’radim ataylab gapni chalg’itish uchun. Shavkatning kayfiyati birdan o’zgarib ketgandek bo’ldi.

– Yaqinda topdim. Oldin qo’limga tushmagan edi, zo’r asar ekan, – dedi xijolat tortagandek…

Bu kitobni avval o’qimagani uchun gunohkordek gapirayotganidan qattiq ta’sirlandim. Ko’nglim vayron bo’ldi. Beruniy bobomizning daqiqalari haqidagi rivoyatni esladim shunda. Ulug’ olim og’ir xastaligiga qaramay, bir masalani yechish ustida bosh qotiradi va shunga bog’liq bir kitobni o’qishga kirishadi. Buni ko’rgan shogirdlaridan biri:

– ustoz, o’zingizni qiynab nima qilasiz?.. bu yog’i oz qoldi-ku, – deydi nodonligiga borib.

Olim xotirjam javob beradi:

– Agar bu masala mohiyatini hozir bilib olmasam vaqt o’tgan bo’ladi…

Shu kuni Shavkat Rahmon she’rlari haqida maqola yo taqriz yozib, matbuotda fikrimni bildirmaganimdan qattiq pushaymon bo’ldim. Har bir ijodkor yozgan asarini o’quvchiga taqdim etar ekan, ikki og’iz yaxshi gap eshitishni, samimiy fikrni, iliq rag’batni ilhaqlik bilan kutadi-ku. Shavkat ham do’stlari, yaqin kishilarining iliq so’zlariga, daldasiga ilinj bilan qaragan-ku! Shularni alam bilan o’ylar ekanman, ustoz Maqsud Shayxzoda ruboyisidagi:

Do’stlar, yaxshilarni avaylab saqlang,
Salom! – degan so’zning salmog’in oqlang,
O’lganga yuz soat yig’lab turguncha
Uni tirigida bir soat yoqlang!..

– degan misralari beixtiyor xayolimga keldi. Undagi teran ma’nolarni qaytadan takror-takror his qilgandek bo’ldim.

Mana, oradan yangi yillar o’tdi. Rahmatli Shavkatni eslasam yoki gurunglarda u haqda gap bo’lib qolsa, mana shu kungi vaziyat, shoirning qo’lidagi qizil muqovali “Qadimgi turk”lar kitobi ko’z oldimga kelaveradi.

Shavkat Rahmon vafot etgandan keyin “Sharq” nashriyoti saylanmasi nashrdan chiqdi. Bu to’plamni shoir hayotligida o’zi dastalab, eng sara asarlari va tarjimalarini, yangi she’rlarini kiritgan ekan. Kitob qo’limga tushgach, uni hayajon va bir iztirob ichida o’qir ekanman, endi ma’naviy qarzimni uzish, shoirning ruhi, xotirasi oldidagi burchimni bajarishga imkon tug’ilaganini dil-dildan his etdim. Qisqa fursat ichida “O’tkir so’z qolmasa, hech narsa qolmas…” deb nomlangan taqrizimni yozib bitqazdim. U qo’lyozma o’ttiz bir bet bo’lib, nihoyatda zich yozilgan edi. “Jahon adabiyoti” jurnalining bosh muharriri, ustozim Ozod Sharofiddinovdan qo’lyozmani o’qib fikr bildirishini iltimos qildim. U kishi juda tez o’qib chiqdi va “Durust, ammo katta bo’lib ketibdi, ixchamlashtiring. Navbatdagi sonda tushiramiz”, – dedi. Qanchalik noxush bo’lmasin qisqartirib berdim. Tayyorlangan nusxa bironta so’zi o’zgartirilmasdan jurnalda (1998, 4 son) bosilib chiqdi. Yaxshi fikrlar eshitdim.

Yaqinda “Jahon adabiyoti”ni varaqlab o’tirib, ana shu taqriz-maqolani qayta o’qigim kelib qoldi. Yod bo’lib ketgan misralaru tahlil etilgan she’riy parchalarga ko’z yugurtirar ekanman, mana shu taqriz-maqolani salgina kengaytirib, to’la-to’kis chiqarsam bo’ladi-ku degan fikr yarq etib o’tdi. Ana shu fikr bahona bo’lib, qo’lingizdagi maqolani tahririyatga eltib berdim…

Shavkat ilk she’rlarini ne-ne umid va mulohazalar bilan e’lon qilishga jur’at etgan yillarda “turg’unlik” davri ayni avjida edi. Bu yillarda jamiyatda ma’lum sokinlik, osoyishtalik hukm surganiga qaramay, ishlab chiqarishning hamma sohalarida “qo’shib yozishlar”, xalq mulkini xufyona o’marish, poraxo’rlik, qalloblik singari ko’plab illatlar bolalay boshlagan edi. Keyinchalik tuzumning inqirozi va halokatiga sabab bo’lgan bunday illatlar haqida rasman gapirish yoki yozish mumkin emasdi. Ammo oyni etak bilan yopib bo’lmaydi deganlaridek, ularni xalq yaqqol ko’rib, bilib turadi. Ommaning ma’lum qatlamlarida, ayniqsa fidoyi ziyolilar orasida tuzum tug’dirayotgan qabohatlardan norozilik mavjud bo’lsa-da, ular qalqib yuzaga chiqa olmasdi. To’g’ri gapni aytishga jur’at etganlar ta’qibiga uchrab, soxta madhiyabozlik har jihatdan rag’batlantirilayotgan bunday sharoitda ijod qilish qiyin edi. Lekin, shunga qaramay, jamiyatdagi nopokliklarni tanqid qiluvchi asarlar ham yozilib turadi. Shuningdek, tuzumning o’tkinchiligini, kelajakda xalqimizning manglayiga yorug’ kunlar bitajagi haqidagi umid-orzularni goh ramzlar, goh imo-ishoralar tarzida she’rlar, satrlar bag’riga singdirib yuborishga urunuvchi ijodkorlar ham bor edi.

Masalan, maqsud Shayxzodaning g’irt “qip-qizil” ko’rinadigan “Partbilet” (1962 yil) she’ridagi mana bu “qaltis” so’z o’yinlariga razm soling. Shoir inson irqining hamma xilini; oq va qora, sariq va qizilini birdek sevish, dunyomizning shu eski xonadonini rang-barang inson zoti bilan bezatish lozim, deb qayd etadi. Bu – insonparvarlik bilan bitilgan ezgu orzular ifodasi. She’r misralari xuddi to’pponchadan otilayotgan o’qdek eshitila boshlaydi:

Faqat, faqa, faqat
Va faqat diqqat!
Ko’ngli qora fasodlardan o’zga,
Fe’li sariq sotqinlardan boshqa,
Qo’llari qondan QIZIL JALLODLAR dan o’zga,
Modarkush oq qochqinlardan boshqa…

Shoir yashirin tarzda “qizil” so’ziga qanday kuchli ma’no yuklayotganini endi seza boshlagandirsiz? Bu yerda umuman qo’li qonga bo’yalgan va dunyoning xohlagan burchagida uchratish mumkin bo’lgan jallod ko’zda tutilmagan. Yo’q! Shoir alohida urg’u bergan holda qizil jallodlar haqida gapirayapti. Shuni maxsus ta’kidlayapti. Bu QIZIL JALLODLAR oldida boshqa har qanday jinoyatchilar; “ko’ngli qora fasodlar” ham, “fe’li sariq sotqinlar” ham, “modarkush oq qochqinlar” ham ip yecholmaydi.

She’riyat ham zamon zarbalarini zarrama-zarra o’ziga singdirib boraveradi. Biz uyg’onib, o’z haqqini tanigan, o’tmish fojialarini anglagan sari ko’zi ochilib, haqiqat izlayotgan zamondoshlarimizning kechinmalari, o’y-xasratlari turli tarzda Rauf Parfi, Gulchehra Nurillayeva, Oydin Xojiyeva, Omon Muxtor, Omon Matjon, Miraziz A’zam, Ma’ruf Jalil, Mashrab Boboyev, Abdulla Sher, Asqar Qosimov, Halima Xudoyberdiyeva, Sharifa Salimova kabi o’nlab keyingi avlod shoirlari ijodida aks etganini ko’ramiz.

Zildek og’ir o’ylar yelkamizdan bosib, ezib tashlayotganga o’xshaydi. Havo yetishmayotgandek, bo’g’ilib ketayotganimizni his eta boshlaymiz. Nega “qor qop- qora?” Shoir “zulmat ichinda ketayotirman” , deb nimaga sha’ma qilyapti? Nima uchun uning qo’lidagi mash’ala yog’du sochmaydi? U tasvirlayotgan manzara shundayki, bu yerda zulmat bilan qora mash’ala bir- biriga singib ketgan. Bu yerda nur yo’q. She’rdagi ramziy obrazlar o’z mohiyat e’tibori bilan mavjud tuzumni inkor etadilar. (Shekspirning “Xamlet”idagi “Doniyo – zindon” nisbatini eslang.) She’rni keyingi bora o’qiganimda bu ramzlar menga zulmat dunyosida yashayotganini o’zi anglamaydigan, hatto uni xayoliga ham keltira olmaydigan, asl haqiqatni bildirmoqchi bo’lsangiz, to’g’ri gapga quloq solishni istamaydigan va eng yomoni, shunga urinib ko’rganlarni dushman sanaydigan, tuzumning ko’p yillik mevasi – ko’r va kar zamondoshlarimizning (ular millionlar edi!) umumlashma timsoli bo’lib tuyuldi. Tuzumdan norozilik va uni badiiy vositalar bilan ta’kidlash hissi Rauf Parfining keyingi she’rlarida ochiqdan- ochiq inkor, hatto Ona yurtim, elim, toptalgan tuproq sha’ni- shavkatini tiklash uchukn isyonkorlik darajasigacha ko’tarila boradi. Ulug’ hind shoiri Muktibodx tilidan yozilgan (1981) she’ridan u hind tangrilaridan madad tilab, nido qilar ekan, alam bilan faryod soladi:

O Shiva! Xaloskor, Shiva, madad ber,
Tokay shundoq qolur muqaddas bu yer?
Oxiri bormidir axir bu tunning?..
Qachon tong otadi mening yurtimda,
Qachon ado bo’lur g’amga botgan g’am?!

Bu o’rinda shoir qaysi diorni nazarda tutayotganini anglab olish qiyin emas. Bu yurtda g’amning o’zi g’amga botib ketgan. Uning ham toqati toq bo’lgan… She’riyat olamiga 70- yillarning oxiri, 80- yillarning boshida kirib kelgan Xurshid Davron, Usmon Azim, Azim Suyun, Tohir Qahhor, Ikrom Otramurod, Shukur Qurbon, Sa’dulla Hakim, Sirojiddin Sayid, Mirzo Kenjabek, Salim Ashur singari o’nlab navqiron shoirlar ijodida yurt taqdiriga mas’ullik, kelajak uchun qayg’urish, erkinlik ruhi ancha dadil ovozda kuylanganini ko’ramiz. Bu tuyg’ular ayniqsa 1985- yilda keng quloch yoygan oshkoralik davridan boshlab kuchaydi va shiddatli to’lqinga aylana bordi. Shavkat rahmon mana shu ulkan oqimning ishtirokchilaridan biri edi. Bu yillarda uning ovozi chinakam ma’noda jangovarlik, kurashchanlik kasb etdi. U ham barcha halol yurakli, pok niyatli, yuksak insonparvar ijodkorlar kabi rangin orzular ichida yashadi, o’z xalqini, Vatanini ozod, baxtiyor, erkin ko’rishni istadi, bu ezgu armonlariga erishish uchun o’zini safarbar jangchi deb hisobladi. Tutqinlik girdobiga tushib qolgan, mustamlakachilar va mahalliy yugurdak amaldorlar tomonidan talanayotgan olomon qismatiga madad berishni, unga asl haqiqatni yetkazishni diliga tugdi. Ammo bu og’ir vazifa edi. Razolatga qarshi kurashish, temir qafaslarni sindirish uchun zamondoshlarning ko’zini ochish, ruhini ko’tarish zarur edi-ki, buni osonlikcha bajarib bo’lmasdi. Shu jihatdan shoirning ijodiy yo’liga nazar tashlaylik. 1972 yilda e’lon qilingan ilk she’rlaridayoq ramzlar tiliga katta e’tibor berib, o’zi yashayotgan muhit, o’zi his qilayotgan haqiqatlarga obrazli munosabat bildirishga, obrazli mushohada yuritishga intiladi. Masalan, “Shimol kuni” she’rida “Qovjiragan kuz tepasida aylanadi qora qarg’alar” misralari bor. Xalq qora qarg’alar timsolida yovuzlik kuchlarini ifodalab kelgan. Shoirning takidlashicha, ular shunchalar ko’pki, hatto quyoshning yuzini to’sib qo’yishga qodir.

To’lib ketdi qarg’aga osmon,
Hatto arang ko’rinadi nur.

Shoir nimaga sha’ma qilayotgani aniq: qora qarg’alar javlon urayotgan — hukm surayotgan saltanatda nur yo’li bekiladi, haqiqat va adolat yo’qoladi. Buni anglab yetgan va zulmat kuchlariga qarshi turishdan, razolatning oldini olishdan ojiz kuychining holati, qiyofasi tabiiy chizgilarda namoyon bo’la boradi. Ularda biz nochor qolsa-da tiz cho’kmagan, irodasi bukilmagan, mard, bardoshli inson timsolini ko’ramiz. Shoir qator she’rlarida o’z isyonkor yuragini, o’z xarakterini suratlantiradi. Bu yurak illatlarga murosasiz, nohaqlikni, adolatsizlikni ko’rganda tinchini yo’qotadi, loqaydlikni, turg’unlikni hazm qilolmaydi. U goh qafasdagi bulbulga (bu yerda ham kuchli majoz bor, hatto bulbul ham qafasda), goh vahshiy yo’lbarsga o’xshaydi, o’zini qo’yishga joy topolmaydi. Mana, uning shoir talqinidagi o’zini temir qafaslarga urib nochor to’lg’onishlari:

Ko’zlaring qurigan o’zanlar kabi,
Mushtlaring og’riydi cho’ntaklaringda.
Kengliklarni qo’msagan shoir yuragim
Shoqolday uvladi bu kengliklarda.
Shunda aylanasan sirli halqada
Qafasda quturgan yo’lbars kabi jim.
Cho’nqayib o’tirdim, yolg’iz bo’riday
ishqimni g’ajigan bo’ridir qahrim.
Mana shu lahzada polaponlarin
Suyibmas, cho’qilab ulg’aytayotgan
Bir yirtqich,
Bir vahshiy qushga o’xshayman.

Shoirning cheksiz, kanorasiz dard va nafratlaridan rang olgan bu chizgilarda uning o’jar fe’l- atvori, kurashchan ruhi, jo’mard tabiati yaqqol namoyon bo’ladi. She’rning boshqa bandlarini o’qimasdan turib ham gap nima haqida ketayotganini shoir naqadar kuchli iztirob, alam ichida yashaganini bemalol anglash mumkin. Bu misralar Shavkat ijodida, ruhiyatida tinimsiz o’zgarib, rivojlanib turgan tadrijiy holatni ham yaqqol ko’rsatadilar. O’z tuyg’ularini, kechinmalarini, gaplarini ochiq ayta olmagan shoir bu vazifani tabiat manzaralari, hodisalariga, fasllarga yuklaydi. Masalan, u “Hamal” she’rida chiroyli shoirona tashbehlar yaratadi. Oppoq bo’lib gullagan o’riklarga qarar ekan, “Oq bulutlar yerga qo’ndimi? Mo’jizalar bo’ldimi sodir?” deb tajohili orifona usulida savollar beradi. Ana shu tasvir ipidan ushlab olib, yana yangi tashbehlar kashf etadi, fikrni, manzarani chuqurlashtiradi: “Oh, naqadar ajoyib tunda oq mash’ala ekilgan vodiy”. Oq mash’ala timsolida ham teran mazmun bor. U o’quvchini beixtiyor fikrga chorlaydi, yorug’ xayollarga yetaklaydi. So’ng daraxtlar ham, bahor ham evrilib, insoniy qiyofaga kira boshlaydi. Ular uyg’onadilar. Oq mash’alalar ko’tarib, vodiy uzra kezib yuradilar. Shoir dilidagi hayotbaxsh, porloq orzularini ehtiyotkorlik bilan qog’ozga tushiradi: axir u xalqining sokin uyg’onishini, o’z haqqi- huquqi uchun oyoqqa qalqishini juda xohlaydi- ku! (“Mashq” she’rida aytilganidek, “sukunatning ulkan qa’rida uyg’onmoqda saslar qaltirab”. Albatta, bu yerda holat boshqa, ammo mantiqan uyg’unlik bor.), shavkat mana shu topildiq timsol bilan she’rni tugatishi mumkin edi, lekin unda asl muddao ochilmay qolardi. Asosiy fikr esa mana bu yerda:

Endi safsar kechalarda oq,
Mash’alalar tutib, ulug’vor.
Kengliklarda suzar chiroyli
Kunduzlarni axtarib bahor.

Koinotda fasllar tinimsiz almashinib turibdi. Kecha va kunduz muttasil o’z muddatida kelayapti. Bu – azaliy tabiat qonuni. Shavkat esa unga basma- bas fikr yuritmoqda. Sababi, hayotda shoir orzu qilgan, ko’rishni istagan kunduzning o’zi yo’q. Avvalo, uni reallikka olib kelish kerak. Bahor shuning uchun kunduzlarni qidirib yuradi! Shoirning ko’z o’ngidagi odamlar, jumladan, o’zi ham hali bu ishni amalga oshirishga qodir emas. Bahorga, oq mash’alaga urg’u berilishining sababi ham shunda. Shoir chinakam kunduzlar bir kuni kelishiga qattiq ishonadi. (“Tobora yaqindir jasorat oni”.) Shuning uchun u ko’hna yerning bag’riga “o’lmas g’oyalarning urug’larini” tinmay sepadi. Hali tutqunlik, qullik iskanjasidagi odamlar uyg’onishi, o’z asliga qaytishi kerak. “Ostonangdan ketmaydi bahor sen aslingga qaytmaguncha to”. (Abdulla Oripovning “Sen bahorni sog’inmadingmi?” xitobini eslang)

Umuman, tabiat manzaralari vositasida davrdan norozilikni ramziy ifodalash usulini jahondagi barcha ulug’ shoirlar ijodida ko’rish mumkin. O’zbek mumtoz adabiyotida buning ajoyib namunalari mavjud. Ayniqsa, Cho’lpon she’riyatida bu an’ana yuksak mahorat bilan baland bir cho’qqiga olib chiqilgan.

Shavkat Rahmon mazkur tajribalarga qattiq suyanadi va uni o’ziga xos tarzda muvaffaqiyatli davom ettiradi. Uning she’rlarida jamiyatda hukm surayotgan tengsizlik, adolatsizliklarni ko’rib, odamlargina emas, “jinni tollar” yig’laydilar, “zangor vodiydan” ularning “ko’z yoshlari bir daryo bo’lib” oqadi. “oq sochli”, “nuroniy tog’” ham chiday olmaydi, u ham o’ksib ko’z yosh to’kadi. Uning atrofida “qachonlardir yurtim deb o’lgan qahramonlar yotgan qabrlar” son- sanoqsiz. Hozir esa “jimlik bosgan vohada beg’am uxlar botirlar uzoq”. Ular qachon uyg’onadilar? “Nima bo’lgan ularga axir?” deb bezovta savolga tutadi shoir. Botirlar jim. El- yurt og’ir sukutda. Ammo tog’lar, daraxtlar uyg’oq. Ular o’z noroziliklarini ochiq bildira oladilar. Faqat ularni tinglamoq va anglamoq zarur:

Ana… quloq soling…
Eshityapsizmi,
Kuylar shoir shamol, kuylar shoir qor,
Shoir qorong’ilik, shoir tog’larda
Shoir daryolarning shovullashi bor.

Bular esa oddiy shovullashlar emas. Tabiat hodisalari mana shu tarzda shoir ochiq ayta olmagan fikrlar, kechinmalarni so’zlaydilar. Hatto Shavkat talqinida qafasdagi qush ham o’z dardini emas, o’zgalar (ya’ni odamlar) dardini aytib yig’laydi (“O’zgalar dardi”).

Ayni zamonda Shavkat g’amlar girdobida o’ralib qolgan yig’loqi, badbin shoir emas. U garchi hozir dil armonlarini kuylay olmayotgan bo’lsa ham (“Kuylolmadim yaproqlar kabi, quruq shoxday titrar ovozim…”) kelajakka katta umid, ishonch bilan qaraydi. “Shoirlik – jasorat so’zining tarjimasi” ekanini yaxshi biladi. Ilk she’rlaridagi hazin tuyg’ular (“Ko’ngil tashna… Qondiray desam qaynab turar g’amlar bulog’i”) sekin- asta jiddiy fikrlar bilan almashina boradi. Ammo bu jarayon osonlik bilan emas, qarama- qarshi tuyg’ular, ziddiyatlarning og’ir kurashi tarzida ro’y beradi. U yuraklarga sepgan o’lmas g’oyalarning unib chiqib, kutilgan hosil berishiga hali ancha vaqt bor. Haqiqat izlayotgan shoir adoqsiz o’ylarga beriladi, iztirob chekadi, xasratli savollar oldida lol qoladi:

Men sevgan daryolar shundoq qolurmi,
Meni o’ylatgan yo’l qolurmi shundoq?
Men suyanggan tog’lar shundoq qolurmi,
Shundoq qolurmikan yuraklarda dog’?

Yoki:

Nahot, bekor o’tdi
Gulday umrimning
Ming yilga tatirlik oltin choqlari,
Nahot biror dilni
Uyg’otolmadi
Shoir yuragimning qaldiroqlari?!

Bu parchadagi savollar, xitoblar dardli bo’lsa-da, majruh ko’ngilning ojiz faryodlari kabi eshitilmaydi. Ularda qat’iyat bir. Armon, umid, ishonch qorishib, omuxta bo’lib ketgan bu xassos misralarda. Bo’lajak uchqunning tafti sezilib turadi. Shoir aytganidek, “Charaqlaydi yildirim, to’qnashganday pichoqlar”. Shavkat dil dardlarini, jarohatlarini bayon etar ekan, Cho’lponning otashin she’rlariga monand misralar tizishga erishadi:

Otim o’lgan, qilichim singan,
Majaqlangan sovut, qalqonim.
Kim tashladi meni bu chohga,
Qayda qoldi yorug’ osmonim?!

Adolatsizliklarni, xo’rliklarini ko’raverib qiynalib ketgan, tinimsiz yo’l izlab, hech qayerdan najot topa olmayotgan ma’naviy yetuk zamondoshlarimizning dil izhori sifatida jaranglaydi bu keskin misralar. Shavkatning 80- yillardagi she’rlarida karaxtlik, g’aflat uyqusiga botgan yurt qiyofasining turli- tuman manzaralari shafqatsiz haqqoniyat bilan chizila boshlaydi. Shoir dilidagi og’ir kishanlarning qulflarini sekin- asta ocha boshlaydi.

Shoirning shikasta dili o’zi tushib qolgan sharoitga, muhitga mardona baho bera oladi:

Judo bo’lding tariqatingdan,
Endi tinchib qafasda o’ltir.

Nima gap o’zi? Shoir ko’nikishga, taqdirga tan berib, shukur qilib yashashga chorlayaptimi? Yo’q, aslo! Shoirning o’jar yuragi qattiq depsib turibdi. Xalqimizning ish yurishmay qolganda, alam bilan qasdma- qasdiga aytiladigan “O’l, bu kuningdan battar bo’l!” degan achchiq kinoyasi bor. Shavkat xuddi shu tarzda fikrlaydi. O’zligidan judo bo’lgan o’ziga (ayni zamonda tilsiz, zabonsiz tutqun olomonga) oyna orqali razm soladi, uning qafasga qamalgan quldan farqi yo’qligini ochiq aytadi. Axir yurt boshiga tushayotgan sanoqsiz kulfatlar uchun aslida o’zimizning tobelikka moil tabiatimiz, o’ta ishonuvchanligimiz, “o’ziga bek”ligimiz sabab emasmi? Katta mamlakat oyoq ostida toptalmoqda, sanoqsiz boyliklarning hisob- kitobiyu qayoqqa ketayotganini hech kim bilmaydi. Poraxo’r amaldorlar o’rgimchaksimon to’ri bilan hamma yoqni o’rab- chirmab tashladi. Adolat, haqiqat mavh bo’ldi. Xo’sh, bu ahvol qachongacha davom etadi?

Olomonning xayoli nima bilan band? Oktyabrь to’ntarishi ro’y bergan paytda o’n yashar bo’lgan kishilarning yoshi saksonga yetdi! Ular xalqimizning bir zarrasi bo’lsa, bu sho’rpeshonalarning ko’rgan kuni qursin. Shavkat bunday odamlarning qiyofasini achchiqma- achchiq shunday istehzo bilan chizadi:

Cholu kampir
Shoshilmay salkam
Bir asrni yashab qo’yishdi.
Kunjaraga, zog’ara, patir,
Tomoshaga rosa to’yishdi.

Ulkan mamlakatda ahvol mana shunday. “Urush bo’lmasa bas, qotgan non bo’lsayam mayli…” bunday gaplar har bir go’shada eshitiladi. Shoir yurtning ana shunday asl qiyofasini yangi- yangi tashbehlar, lavhalar bilan chizib berishda davom etadi:

Bu go’l yerdir,
Hamma yog’iga
Faqat qizil shior osilgan,
Hech ochilmas milyard og’ziga
Bosqinchilar muhri bosilgan.

She’r oxirida bu odamlarning qul ekanligi, haqsiz- huquqsizligi, mehnat zahmatidan boshqa narsani bilmay yashashga mahkum etilganligi ochiq aytiladi: “Ko’ray desang jismu rangini, shoshilmasdan suratin chizgin terga botgan million zanjining”.

Yurtimizning har bir burchagida ular bizga duch keladilar. Birov achinadi, birov beparvo, shu asnoda shoir baxt haqidagi hazin misralarini yaratadi:

Baxtiyorman degan birgina so’zni
Aytish uchun kerak qangcha kuch- chidam,
Garchi baxt so’zlarning eng yoqimlisi,
Garchi tursa hamki tilning uchida.

Og’ir botmasmikan bu so’z kimgadir,
Tegib ketmasmikan oh- vohlariga,
Qandoq bardosh berib yashayman keyin
Baxtsiz kimsalarning nigohlariga…

Bu og’ir, ammo rostgo’y misralar Shavkat ijodiga faol gumanizmni, teran insonparvarlikni yorqin mujassamlashtiradi. Xalqning dardi bilan yashagan, uning shodligi, g’amiga o’zini sherik deb bilgan, elniing baxti uchun umrini tikkan, jo’mard odamgina shunday deb ochiqchasiga yoza oladi. Shavkat qisqa umrida bu kuchli e’tiqodiga xiyonat qilmadi. U o’ta halollik bilan:

Bu so’zni bir umr aytmay yashadim,
Har shodlik kelganda yurdim sekinroq,
G’am so’zin elimdan avvalroq aytdim,
Baxt so’zin aytaman eldan keyinroq. –

deb yozganida o’z qalb tuyg’ularini ham, ijodiy dasturini ham yaqqol namoyon etgan edi.

SHAVKAT RAHMON KITOBLARINI MUTOLAA QILING VA YUKLAB OLING:

03

(Tashriflar: umumiy 1 172, bugungi 1)

Izoh qoldiring