Olima Nabizoda. Eski daftardan.

08

Шеърларингизни қайта-қайта ўқидим. Ҳар ўқиганимда янги маънолар топдим. Улар мен учун чиндан ҳам янгилик эди. Олдинги мактубимда белгилаганларим, аксарият шеърларингизнинг ҳар сатри – бутун шеър. Мен ҳзим бу услубда ёзмаганим эмас, ёзолмаганим учун ҳам, рамзу ишоралар билан руҳ манзарасини яратгувчи шоирларни қадрлайман. Шеърда ниманидир баён қилишга вақт, ҳафсала ҳамда шеър техникасидан хабардорлик – кифоя. Шеърда ҳолат, кайфият, қалб манзарасини яратиш учун эса Худо берган илм, истеъдод керак. Санъатга қиёслайдиган бeлсак, Сизнинг услубингиз – оғир ашула. Буни ҳар ким ҳам айтолмайди. Сиз жуда истеъдодлисиз, Сиздай зиёли ижодкорлар кам (Одил Икромнинг Олима Набизодага ёзган мактубидан).

011
Олима Набизода
ЭСКИ ДАФТАРДАН
Шеърлар
022

СОҒИНЧ

Мени олиб кетинг ўз диёримга…
Абдулла Орипов

Бир куни
мовий денгизлар,
ям-яшил ўрмонлар
ортда қолади.
Бир куни
касалманд онангни,
камбағал отангни,
бир этак
мазлум болаларингни
кўргали
Сен келасан.
Биламан,
бир куни
сочлари паришон севгилинг —
Туркистон тупроқларида
яшайдурган бир нафас
туғилажак.
Ўшанда
узоқларда
мовий денгизлар,
ям-яшил ўрмонлар
ҳавас қиладурган
бир ғариб оғоч
гуллай бошлайди
Туркистон тупроқларида.

1999

___________

Ботиним ёлғиз.
Ҳовлидаги ёлғиз намозшом гул
Ўз тупроғига
ғамгин термулар.
Боғбон нарвонга чиқиб
Ток баргларидан
тонгни ҳовлига
олиб тушар.
Ёп-ёруғ ҳовли,
шаффоф деворларда
ғамгин чеҳрам
нурдек жилваланар
замонга ўхшаб.
Совуқ урган қоқбош райҳонлар
сассиқўтларга
салом беришар.
Ботиним ёлғиз —
ичиккан капалакдек
нурни қаршилар.
Боғбон,
қўлида токқайчи,
тонгни қайчилар
бепарво.

1999

___________

Узоқ йўлдан ҳориб,
Ҳовлига қайтдим.
Дўстим — намозшомгуллар,
Севгилим — қари сўри
Мунғайиб кутиб олишди.
Тонгда кўзлари қизарган
намозшомгуллар
намозшомда
қайта кўз очмайди.
Тўшаги — хазон устига
шувиллаб тўкилди
кўзёш — қора уруғлар.
Қари сўри
инқиллаб нарироққа чўзилди:
Алвидо, келгуси баҳоргача!
Узоқ йўл,
чарчоқ,
дўстим ўлими —
баҳордайин йироқ висол.
Алвидо!

 1999

___________

БОҒ

Дарахтлари,
шохлари,
барглари,
гуллари
вужудимдан сирғалиб
қорачиққа кўмилди.
Киприкларим — гултиканлар
Тикилиб қаради боққа:
дилтанг дераза очилди.
Хира таъбимга
хира ёруғлик олиб кирди
бу дераза.
Гулбарглар хомушгина жипслашди.
Барглар қимтиниб
қовушди гул бандига.
Боғ эса бепарво —
ўз атрини томоша қиларди кўзгуда.
Томиримда сувсиз ирмоқлар
суғорарди илдизларини.
Еллар —
унсиз ҳисларим эсди.
Кўзларим тубида бир боғ гуллади.
Ёлғизланмиш нигоҳ садоси…

 

ХАСТА БУЛБУЛ НОЛАСИ

Сен энди йўқсан.
Овози ўктам,*
Шан инсон.
Сенсиз Ўзбекистон
Кунлари —
Очиқ ярадай қонли
Тунлари —
Ойдин харобазор.*
Сен —
Гўёки мудҳиш бир манзилга келиб,
Мунис бир
Мангуга кетган мусофир меҳмон.
Бу Ерда
Осмон тўла ҳаволар
Фақат сенга етмади.
Кўзингда бир томчи ёш
Сойлар ювса кетмади.
Қорли тоғлар бағрида
Бегинг султон кўринди.
Худонинг ҳовлисида*
Шавкат Раҳмон кўринди…

* Шавкат Раҳмон мисралари

Manba: Olima Nabiyevaning  facebookdagi sahifasi  

03

(Tashriflar: umumiy 117, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring