Elke Haydenrayx (Elke Heidenreich). Erika yoxud hayotning sirli ma’nosi.


Эльке Ҳайденрайх – фақат  адиба ва адабиётшунос эмас, шу билан бирга машҳур актриса и  тележурналист ҳамдир. Германиянинг гўзал шаҳарларидан бири Кёльнда яшайди.
Ижодининг дастлабки палласида асосан  катталар ва болалар учун кулгуга бой  ҳикоялар билан танилган бўлса,сўнгги йилларда кўпроқ радиопьесалар,телевизион фильмлар сценарийлари ёзишни маъқул кўрмоқда. Унинг асарлари бир неча марта эътиборли адабий мукофотлар билан тақдирланган.

Эльке Ҳайденрайх
ЭРИКА
ёхуд ҳаётнинг сирли маъноси

   Бутун йил бўйи итдек тиним билмадим, куну тун ишладим ва мана Рождество байрами арафасида энди бўларим бўлиб, калтакланган одамдек шалвираб ўтирибман. Тўғри, яхшигина пул топдим, лекин…ҳаётим буткул издан чиқиб кетди… Дўстларимни ҳам унутдим, таътилга ҳам чиқмадим, йўл- йўлакай овқатланадиган одат чиқардим, салат, пицца ёки уйдалигимда бир-иккита тухум қовуриб телевизор олдида наридан бери еб олардим. Баъзида кун бўйи туз тотмасдан, фақатгина вино, кофе ёки чой ичиб, худди сувга тушган мушукдек шалпайиб қолардим. Номимга келган хатларни ҳатто очиб қарамасдим, телефон қўнғироқларига жавоб бермасдим: ҳаммаси малол келарди. Навбатдаги ўн олти соатлик иш кунидан кейин уйга қайтиб, уст-бошимни ечиб-ечмай каравотимга чўзиларканман тўсатдан телефон жиринглади. Бу худди тирикликнинг ташқаридан менга англатиши мумкин бўлган энг сўнгги ишорасидек эди. Ётган еримда гўшакни кўтариб, “эшитаман” дедим малолланиб.

Бу Франц эди, у менга Лугано шаҳридан қўнғироқ қилаётганди. Франц билан ўн йиллар бурун қанчадир муддат бирга яшагандик, кейин эса худди ҳеч нарса бўлмагандек ажралишиб, иккаламиз ҳам бошқа оила қурдик. Лекин иккимизнинг ҳам турмушимиз бўлмади, у Луганода, мен эса Берлинда яшаб қолдим.

Франц Луганода мухандис бўлиб ишлай бошлади, биз бир-биримизга откриткалар жўнатиб турдик.

– “Салом, Бетти,” деди Франц қувноқ оҳангда. Мени “Бетти” деб чақирадиган ягона одам ҳам у эди. Исмим Элизабет, аммо асл исмим билан фақат онам чақиради. Отам Лиза деб, мактабдагилар Элли, эрим эса Лилли деб атарди. Баъзида ўзим ҳам асл исмим нима эканлигини билмай чалкашиб қоламан ва ўзимни ўзим иккинчи исмим Вероника деб атайман. Фақат Франц учунгина мен Бетти бўлиб қолгандим…Ўрнимга туриб ўтирдим-да, бир қўллаб этигимни ечарканман, “Эҳ, Франц” дедим.
– Овозинг яхши эмас, – деди у. – Тинчликми?
– Ўлганман, деб ўйлаган эдим. Чимчилаб кўр-чи?!
– Бунинг учун яқинроқ келишинг керак,– деди Франц, – айнан шунинг учун қўнғироқ қилаяпман аслида…
Кўзларимни юмдим-да, иккаламиз бирга яшаган болохонадаги уйимизни эсладим. У ерда Франц саҳна учун расмлар чизар, мен эса мақолалар ёзардим. Донна Анна арияси ёзилган пластинка қўйиғлиқ турар ва бу бизга илҳом берарди. Ва яна… иш давомида шунчалик кўп турли хилдаги спиртли ичимликларни, масалан арча уруғи солинган ароқ, вино, текилла ичар эдикки, ҳозир ўйлаб ҳайратга тушаман.
– Рождество байрамига меникига – Луганога келсангчи, – деди Франц.
– Нега энди боришим керак экан? – дедим у, ичимдан хурсанд бўлдим, аммо буни сездирмасликка ҳаракат қилдим. – Нима, менсиз кунинг ўтмай қолдими?
– Сенсизам яшай оламан, – деди Франц, – қайтиб кетганингдан кейин қанчалик хурсанд бўлишимни билсанг эди…
– Мен ҳали бирор марта Луганода бўлмадим-ку? Лугано қанақа жой ўзи? – сўрадим ундан.
– Қўрқинчли, – жавоб берди Франц. – Печакгуллар чирмашиб ётган, олдида палмалар бор эски уйлар, сиренларнинг, самбитгулларнинг бад бўйи анқиб ётади! Даҳшатли кўл ўртасида қўрқинчли тепаликлар… Лекин барибир кўриб қўйсанг ёмон бўлмайди.
– Бўпти. Борганим бўлсин, фақат мен билан олдингидек тортишишга ваъда беришинг керак.

– Чин сўзим, шундай қиламан.

– Ажойиб, – дедим мен, – аммо мен аллақачон ўлганимни унутма. Луганогача етиб боришимга ишонмайман, ўз уйимнинг ошхонасигача етиб боролмаяпман-ку.
– Милангача самолётда келасан, кейин бир соат поездда Луганогача. Мен сени кутиб оламан.
– Йўқ, мени кутиб олма. Бахтимга самолёт қулаб тушса… кутганинг зое кетади.
– Яхши фикр,– деди Франц. – Мен поезд рельслари устига катта бир дарахтни қулатаман, сен ўтирган поезд йўлидан чиқиб кетади, бунга нима дейсан?
– Зўр… – дедим-да, хўрлигим келиб, овозим бўғилди. Биз у билан номигагина бирга яшагандик. Бир-биримизга беадаблик қилардик, пичинг билан гаплашардик. Албатта бундан иккимиз ҳам қийналардик, лекин бошқача бўлишга қурбимиз етмасди…
– Борсам, сен мени танимайсан, – дедим мен бир оз ўзимга келиб. – Жуда қариб қолганман сочларим оқариб кетган.

Каравотдан аранг турдим-да, мувозанатимни йўқотмаслик учун дарҳол креслога чўкдим.
– Ўзи илгаритдан хунук эдинг, фақат сенга айтгим келмас эди. Мен бўлсам, ҳамон ўша сен билган келишган йигитман.
– Яхши. Рождестводан бир кун олдин борсам керак. Агар бирор нима учса.
У хурсанд бўлгандек туюлди ва мен ҳам ўзимни бир оғир юкдан халос бўлгандек сездим.
24 декабр куни эрта тонгданоқ бир — иккита иссиқ кийимларимни, кўзойнагимни олдим. Бир жуфт мустаҳкам пойафзал, ранги униққанроқ атиргул нусхали эски қора кўйлагимни, бир- иккита китоб ва ҳар гал саёҳатга чиқсам менга ҳамроҳлик қилувчи будильнигимни сумкамга жойлаб, Франц учун Эльзас ханталини харид қилиш истагида энг яхши дўконлардан бирига йўл олдим. У ердаги бир бўлимда ханталларнинг юздан ортиқ турлари мавжуд: шиша идишларда ҳам, кичикроқ пластик идишларда ҳам, ўткирлари, нордонлари, ширинроқ таъмлилари, оч сариқ рангдан тўқ жигар ранглиларигача, кремли ҳамда қумоқланганлари. Ғарбнинг жами иллатларини ўзида жамлаган шаҳарликлар ханталнинг юзлаб тури сотиладиган шу савдо марказига оқиб кираётган эди. Дунё олов ичида қолган бир пайтда, заминнинг қайсидир жойларида уруш авжга минган, одамлар оч ва бир-бирларининг қонини тўкаётган, миллионлаб одамлар қочоқликда, бошпанасиз юрганларида, қанчадан- қанча болалар кўчаларда ўлиб кетишаётган бир пайтда, Берлин юзлаб хантал турлари ичидан ўзига маъқулини танлаш билан овора эди…

Мен хантал танлаш учун лифтдан юқорига кўтарилиб, нуқул беадаб кесатиқ билан гапирадиган, умримнинг бемазмун кунларию, тунларини бирга ўтказган одам учун Элзаснинг кичик идишларда сотиладиган ханталини танлаб-танлаб сотиб олган бўлар эдим, агарда биринчи қаватда турган чўчқачага ногоҳ кўзим тушиб қолмаганида. Кўзим тушдию, ёнидан жилолмай қолдим. Яна қизиғи, негадир уни “Эрика” деб атагим келди, миямга келган дастлабки фикр шу бўлди: Эрика. Қўғирчоқ чўчқача каттагина, оч пушти юнгли, тўқ пушти оёқлари, бир оз очилган оғзи, юмшоқ қулоқлари… ва тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада ишонч тўла кўзларида сахийлик, қизиқувчанлик, айни чоқда бир оз қувлик балқиб турарди. Гўёки у менга, кўп сиқилма, ташвиш қилма, мендан ўрнак ол. Мен бор-йўғи бир пушти юнгли чўчқачаман, бироқ аминманки, Ҳаётнинг сирли маъноси менда, деётгандек тангадеккина мовий кўзларини тикиб турарди. Кейин нима бўлди, денг: ҳеч иккиланмасдан кредит карта орқали қўғирчоқ учун 678 марка тўладим. Сумкамни орқамга осиб, Эрикани эса икки қўллаб ушлаб, қорнимга тираб кўтариб олишимга тўғри келди. У ҳайрон қоларли даражада енгил эди, бироқ беҳад семиз ва юмшоқ эди. Эриканинг олд оёқларини елкамга осилтириб, орқа оёқларини белимнинг ўнг ва чап томонларига ўтказиб олдим. Унинг боши кўм-кўк кўзлари билан чап елкам оша боқиб турарди, сотувчи аёл менга яқинлашиб: “Яна битта силасам майлими?” деди-да, Эриканинг қулоқларини авайлаб силаб қўйди.
Кўчада одамлар бизни кўришган заҳоти бир текис бўлиб, йўл беришар, ортимиздан ҳавасланиб қараб қолишарди. Рождестводан олдин харид қилишнинг сўнгги соатлари бўлгани боис, одамлар хариддан тўйган, чарчаган, шу билан бирга кўпчилигини байрамдан кейинги бўладиган оилавий бюджет инқирози хавфидан қўрқув чулғаб олгани сезилиб турарди. Шунга қарамай ким Эрикани кўрса табассум қиларди. Савдо маркази эшиги олдида туриб, ичкаридан эсиб турган ҳовурда исинаётган гадой бир қўли билан яширинча Эриканинг орқасини силаб қўйди.
Кўчага чиқиб такси бекатига келдим. “Эй худойим, бунча чиройли, болангиз хурсанд бўладиган бўпти!” деди бир қари аёл ва ўта эҳтиёткорлик билан Эрикани “эркалаб” силаб қўйди. Мен бўлсам, ўттиз саккиз ёшли Франц исмли “болакай” нинг совғалар столидан Эриканинг жой олишини кўз олдимга келтириб кулиб қўйдим. Эрикани ҳайдовчининг ёнига ўтқазиб қўйдим. У кўк кўзлари билан Берлиннинг жонсарак кўчаларида ким ўзарига пойга қўяётган машиналарни жимгина кузатиб борарди. Эриканинг орқасида негадир ўзимни хотиржам ҳамда ҳимояланган сеза бошладим.

Машина чорраҳа қизил чироқларида тўхташи лозим бўлганда, ёнма-ён кетаётган ҳайдовчилар устимиздан кулиб, бизга қараб сигнал беришар, кулишар, қўл силкитишар, узоқдан бўса ҳадя этишарди. Бу ҳолат менинг ҳайдовчимга ҳам завқ бағишлар, ҳамкасбларига жавобан сигнал берар, бош ирғаб қўяр. Одамлар диққатини ўзига тортаётганидан мароқланарди. “Бу қанча тураркан?” деди у таксидан тушаётганимда. “Билмайман, бу менга байрам совғаси”, деб алдаб қўя қолдим, негадир нархини айтишга уялдим.
Одатда сумкамни ўзим билан самолёт бортига олардим, энди эса икковини – Эрика ва сумкам билан бортга чиқишга рухсат этилмайди. Шунинг учун сумкамни самолёт юкхонасига топширдим. Эрика самолёт бортидаги юкхоналарга сиғмади, шунинг учун биринчи марта ажралишимизга тўғри келди. Стюардесса уни 1-классдаги бўш ўринга ўтқазиб қўйди, камарларни тақди ва мени “огоҳлантириб” ҳам қўйди: “Жаноб” ўзини яхши ҳис этаяпти”. “У – жанобмас, хоним. Исми Эрика”, дедим. Стюардесса қиз менга мулойим ва маъносиз боқиб қўйди ва тез одимлаб нари кетди. Менга эса Эриканинг юмшоқ юнги, мулойим нигоҳи етишмасди. 1- ва 2-классни ажратиб турувчи пардалар туширилганда, Эрикани кўра олмаётганимдан нақ саросимага тушдим.

Кўзларимни юмиб болалигим, болалар уйидаги дастлабки кунларим ҳақида ўйладим. Касал ўпка туфайли мен Боркумга жўнатилгандим. Ўшанда тўққиз ёшда эдим, поезд ойнаси олдида туриб йиғлаётганимда онамнинг охирги сўзини эшитгандим: “Аҳмоқлик қилмагин, бошқа болалар бақириб йиғлашмайди, ахир”.
Отам менга тўқ сариқ юнгли, жигарранг шиша кўзли айиқ жўнатганди. Уни Фритц деб атагандим ҳамда юзларимга маҳкам босиб, тўйиб-тўйиб йиғлар, унинг юнгларига кўз ёшларим ва мишиғимни оқизардим.
Эрика билан ҳам худди шундай қилмоқчи бўлгандим, бироқ Эрика 1-классда ўтириб кетаяпти. Онам билан бирор марта бўлса-да хайрлашганимни, унга бирор марта ҳам байрамларда хуш кайфият тилаганимни эслай олмайман. Шундай қилсам, онам бунга эътибор бермаган ҳам бўлармиди. Майли, ҳали ҳам бўлса, онаизоримга Луганодан қўнғироқ қилишим мумкин.

Франкфуртда Эрикани яна ўзим қабул қилиб олдим, Миланга учаётган самолётнинг чет элликлар рўйхатдан ўтадиган залига кираётганимда уни маҳкам бағримга босдим.

Чарм қопламали ўриндиқларда, хромли стулларда, жомадонларда, полларда, хуллас ҳамма жойда навбатдаги учиш рейсини кутаётган чарчаган одамлар жойлашиб олган эдилар: улар орасида саллали ҳиндлар, юпқа, ҳарир рўмолли аёллар, оппоқ кийимли қора танлилар, ҳарбий японлар, текис бошли кореяликлар, озғин, мўйнали камзул кийган кекса ҳамда гротеск услубида соч турмаклаган америкалик аёллар, алланималар егулик тановул қилиб ўтирган, ўқиётган, йиғлаётган, ухлаётган, оналари тиззасидаги, оталари қўлидаги, қўғирчоқ ёки кичкина жомадонлар билан куймалашаётган болалар, соқовдек жим ва Рождество уларга ҳеч нима ваъда қилмаётганидан ғамгин болалар ҳам бор.
Ҳаво илиқ ва бўғиқ эди, вагон йўлаги шовқин билан тўлиб кетди, ҳеч ким хушчақчақ ёки бахтиёр кўринмасди. Илоҳий тун арафасида қалб тубидаги туйғулар юзага чиқади ва айни шу дамда ҳаётимда Эрика пайдо бўлди. Одамлар унинг оч пушти қорнини кўришлари учун мен уни орқа томонидан ушлаб олдим, шу тариқа унинг тўртта оёғи ҳавода муаллақ қолди. Унинг қувноқ кўм-кўк шиша кўзлари бутун зални бир-неча дақиқа ёритиб юборгандай бўлди. Шивир-шивирлар, ҳиринг-ҳиринглар тинчигандек бўлди. Болалар ўринларидан туриб олишди, ота-оналари эса уларни туртардилар, бир-неча бола мен томонга югуриб келди. Гўё ҳавога жон кирди, мен тушунмайдиган дунёнинг ҳамма тилида жажжи болакайлар, қизалоқлар: “Майлими ушлаб кўрсам?” дейишарди чуғурлаб. Мен бош ирғардим. Эриканинг оёқлари, юмалоқ тумшуғи, қулоқларини авайлаб силаб-сийпай бошладилар. Бир қўнғир сочли бола Эриканинг шиша кўзларидан бирини авайлаб артиб қўйди, қўнғироқ сочли қора танли қизалоқ Эрикани секингина ўпди ва югурганича ортига қайтиб, ўзини онасининг панасига олди.

Агар мен бу ердаги одамларга назокат-ла муҳаббат, уйғунлик ҳамда соғинч, эркинлик ва тотувлик ҳақида гапирсам, ҳеч ким мени эшитмасди ҳам. Ҳаттоки, уларга ёқмаган ҳам бўлардим. Лекин, Эрика… Унинг бу ерда мавжудлиги ҳаммани сеҳрлаб қўйганди гўё. Улкан чўчқача ўз нигоҳи ва юмшоқ пахмоқлари билан одамларга хуш кайфият, илиқлик, бир-бирларига нисбатан хайрхоҳлик улашаётган эди.

Миланга учадиган охирги самолёт кичик ва қулай бўлиб, Эрика ҳаво кемаси капитани ва унинг жамоаси томонидан бортда қизғин кутиб олинди, йўловчилар чапак чалиб юборишди. Эрика ёнимдалиги учунми, секин-аста мени тушкун кайфият тарк этиб борарди. Бор-йўғи бир неча соат ичида у ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди, агар Эрика бўлмаганда, ҳеч қачон бутунлай нотаниш одамлар билан, шунингдек, такси ҳайдовчиси билан ҳам гаплашмаган бўлардим. Энди эса менга нотаниш одамлар менга жон бағишлашмоқда, юзларимга табассум қайтди.

Мен ўзим ва Эрика учун ҳам қизил вино келтиришларини айтдим, ҳеч қандай шарҳсиз буюртма келтирилди ва хушкайфият ила хизмат кўрсатилди. Алп тоғлари устидан ўтаётиб бошимни Эриканинг елкасига қўйдим-у ўзимни шундай яхши ҳис этдимки, қани энди парвоз давом этаверса, этаверса… деб ўйладим.
Миланда аэропорт хизматчилари иш ташлашибди. Самолётдан тушиш учун зиналар ҳам ўрнатилмади, автобус ҳам юборилмади, самолётдан сакраб тушишимизга тўғри келди. Навбатим келганда ўйланиб қолдим: аввал ўзим сакраб, Эрикани бирор йўловчига ишониб қолдирсаммикан ёки уни аввал пастга ташлаб, кетидан ўзим сакрасаммикан? Қарасам, пастда мендан олдин тушган йўловчилар қулочларини кенг очиб кутиб туришибди. Эрика кенг очилган қулочларга бориб тушди, уни маҳкам тутиб олишди, боз устига ўпиб ҳам қўйишди ва ҳатто мақташди ҳам. Браво, браво! Мен ҳам сакрадим-да, уни ҳаммадан қизғаниб тезда қайтариб олдим. Ўзимни боласининг эътиборига тушганидан талтайган онадек тутаётгандим. Юкларимизни самолёт юкхонасидан ўзимиз олиб, божхона биносигача анчагина пиёда боришимиз шарт эди. Ёнимдаги барваста хабаш йигит ўзининг каттакон жомадони билан бирга менинг сумкамни ҳам кўтариб олди. Кичкинагина сумкачасини эса қўлимга тутқазди. Ўртамизда Эрика, йигит унинг чап қўлидан, мен эса ўнгидан тутиб олгандик. Шу тариқа биз қоп-қора, ҳўл асфальтдан ҳамманинг ҳавасини келтириб юриб борардик. Ахир Эрика билан юришни ҳар бир одам истаётган эди-да, бироқ бу барваста йигит уларнинг ичидан энг дадили бўлди. Шу пайт негадир умримнинг қолган қисмини шу қора танли йигит билан ўтказгим келди. Эрика ўртада бўларди ҳозиргидек… У менга исми-шарифи жаноб Вилсон эканлигини, Рождествони опасиникида – Миланда ўтказишини айтиб қолди. “Зўр совға олибсиз!” — деди у Эрикани кўрсатиб, мен бўлсам уни кимгадир совға қилиш ҳақида ўйлаб, даҳшатга тушдим.

Вакзал биноси катта, баланд ва жуда эски, шу билан бирга ўта чиройли, ўймакор ёғочли, мустаҳкам қадимий ойнавандлари замонавий услуб билан уйғунлашиб кетган эди. Барча катта шаҳарлар сингари бу ерда ҳам одамлар оқими катта, ҳар қадамда уларнинг бирортасига ё қоқилиб ёки урилиб кетиш мумкин. Эрика кўм-кўк кўзлари билан менга йўл очиб борар, бир оз юриб, ортимга қарасам одамлар оқими яна қўшилиб кетарди.
Поезд тирбанд эди, овқатланиш вагони ҳам. У ёқ-бу ёққа ўтишнинг ҳам ҳеч иложи йўқ эди. Туриб кетишимга тўғри келди, сумкам эса оёқларим тагида қолиб кетганди. Олти кишилик купедан кимдир менга имлади: “Чўчқангизни беринг, ушлаб кетаман!” Эрика кекса аёлнинг тиззасидан жой олди, аёл Эрикага бошдан — оёқ разм солиб бўлгач, у тиззадан тиззага, қўлдан қўлга ўта бошлади. Уни жуда ҳам қизғаниб, ишонмасдан кузатиб турардим.

Уйларнинг айвонларида ранг-баранг Рождество чироқлари осилиб турибди. Негадир руҳим тушиб кетди, гўё ташландиқ бечорадек, бу дунёнинг ифлосгарчиликлари ва бедаволиги ҳолдан тойдиргандек ҳис этдим ўзимни. Эрикани қўлимга тутқазишгач, унинг юмшоқ, дўмбоқ гарданига юзимни босдим.
Болалигимда Рождество байрамини нишонламасдик, чунки онам черков ва диний байрамларни хушламас эди. Рождество, арча дарахти, совғалар биз учун бегона эди. Буларни тушуниш бола учун осон кечмайди. Уйда, дераза олдида ўтириб кўчада дарахтларга осилган ранг-баранг чироқларни кузатиб хўрлигим келарди.
Франц билан эса ҳар доим арча ясатардик, арчага турли хил бўлмағур ашқол-дашқолларни: ошхона анжомларини, санчқилар, шиша очқичларни осиб ташлардик, бироқ албатта шамлар ёқардик, совғалар ҳам бўларди. Бугун кечқурун-чи?! Франц иккимиз нима қиламиз? У балки нимадир пиширар, менда эса унинг учун Эрика бор.
Ҳеч бўлмаса шу бугун кинояли ҳазилларимиздан воз кечиб турармиз? Биз ҳақиқатдан ҳам ҳамма нарса ҳақида, ўртамизда нима чин, нима ёлғон бўлганини, келажакдаги режаларимиз ҳамда орзу-умидларимиз ҳақида гаплаша олармиканмиз? Мен унга отам вафот этганини, ўзимни ўта ғамгин ва ташландиқдек ҳис этаётганимни айта олсам эди. Касал эканлигимни, жарроҳлик столига ётишим лозимлигини, бундан ниҳоятда қўрқаётганлигимни айтгим келарди. У ҳам менга ўз иши ҳақида, нима учун шунчалик узоқларга қочиб кетганлиги ҳақида айтганда эди.

Суюкли аёли бормикин? Францнинг ҳаётида аёллар ҳамиша бўлган, ҳатто мен билан бирга яшаган кезларида ҳам. Бироқ мен рашкчилар хилидан эмасдим, уруш-жанжал қилмасдим. Беш кунлик ҳаётда турли машмашаларнинг нима кераги бор? Шуларни ўйлар эканман, тўсатдан Францнинг юзидаги ажинлар, мени тушуниши-ю, ўткир нигоҳини кўз олдимга келтириб қўрқиб кетдим.

Поезд узоқроқ тўхтаб қолди, демак, навбатдаги божхона назорати. Бу – Хиассо бекати экан, кейингиси – Лугано, пешонамдан совуқ тер чиқиб кетди. Эрика билан видолашувимга тўғри келади, Франц учун шундай қилмишим керак, аммо у Эрикани қадрлармикан? Бугун тунда у билан бўлишимни ўйлаб даҳшатга тушдим. Бирга яшаган сўнгги кунлардаги ишқий муносабатларимиз мажбурий муносабатлар эди. Натижада бундай зўрма-зўракиликдан чарчадик ва шу тариқа дўстларча ажралишдик.

Францни бошқа кўрмадим. Буни хоҳламадим ҳам, биз ҳатто дўст ҳам бўлиб қололмадик. Эй Худо, шунча йўл босиб бу ерга келмаслигим керак эди, яна илоҳий тунда, лиқ тўла поездда. Ўзим билмаган шаҳарга, истеҳзою киноялари билан жонимга теккан бир одам олдига кетаяпман-а?

Ҳозирги аҳволимда унинг пичингларини кўтара олармиканман. Эрика-чи? Бўйим баравар тилла берса ҳам Эрикани келиб-келиб Францга бериб қўя олмайман.
Поезд Луганода тўхтаганида, уни дарров кўрдим. У лампа остида, эгнида башанг пальто, чекиб турарди. Кўзларини юмиб олган, юзи олдингидан ҳам ингичка туюлди менга. Бир муддат унга талпиндим, аммо унинг қаршисига боришимни, у мени бағрига олишини, уни ўпишим ҳақида ўйлаганимда, нафасим сиқди, ҳаво етишмагандек бўлди. Турган жойимда қотиб қолдим, юзимни Эриканинг мўйнасига босиб олгандим, бекатда тушувчиларга йўл бердим. Купе деярли бўшаб қолди. Франц перронда у ёқдан бу ёққа юриб мени изларди. Мен ўтирган купе ойнаси ёнига келиб, шунчаки қараб қўйди-да, яна перронни кузата бошлади. Қўллари чўнтагида, тамаки чекиб турибди.
“Франц!– ўйладим мен, – эсингдами? Илгарилари биз суюклигинг ёнингдалигини сезиш мумкин, дердик. Кичкинагина қаҳвахонада танишгандик, мен охирги семестрга пул топиш учун дам олиш кунлари ўша ерда ёрдамчи официант бўлиб ишлардим. Шундай кунларнинг бирида сен келдинг ва менюга узоқ термулиб қолдинг. Ниҳоят, мен ёнингга келиб: “Мен Лизаман, пишлоқли пирог ўтган ҳафтаники, аммо олмалисини сизга тавсия эта оламан”, дедим. Сен менга ажабланиб қарадинг-да, кутилмаганда: “Яхши, мен пишлоқлисидан ейман“, – дединг. Иккаламиз ҳам кулиб юбордик, сен эса: “Бу орадаги ғуборни ювиш учун бир усул-да”, – дединг. Мен: “Пишлоқли пирог ҳақидаги гапимни бир кинода эшитган эдим, менга ёқувди, шунинг учун шундай дедим”, деб қўйдим.

“Сен эса менга ёқдинг”, – деган эдинг ўшанда. Ўша тундаёқ оғушингда бўлдим – муносабатларимиз жуда тез ва ҳеч қандай қийинчиликсиз бошланганди”.
Ва ҳозир ҳам худди ўша пайтдагидек кескин қарор қилдим: поезддан тушмайман. Францни кўргим келмаяпти. Ўтмишимизга қайтадан илиқлик киритишдан маъно йўқлигини, бундан иккаламиз ҳам фақатгина азият чекишимизни истамадим, шунингдек Эрикадан жудо бўлишни ҳам… Поезд йўлида давом этди, Лугано вокзалидан қўзғолиб қоронғи туннелга кирди, ўзимча пичирладим: “Байрам муборак!”
Мен Францнинг жаҳли чиқиб вокзал қаҳвахонасида эспрессо ичиб ўтирганини тасаввур қилдим. Кейин у балки Миланга қўнғироқ қилиб самолётнинг ўз вақтида Миланга қўнган — қўнмаганини сўрар, яна бир-иккита поездни кутар, кейин эса денгиз бўйидаги ҳашаматли уйига қайтади-да, қўнғироқ бўлишини ёки телеграмма келишини кутади, ростбиф қовурмасини якка ўзи ейишига тўғри келади, ёлғиз ўзи ичади, сўкиниб деразадан ташқарига қарайди ва ўйлайди: “Бетти мени алдаши мумкин эмас”.

Мени нима жин урганини билмайман. Яна қанча юришимни, қаерда тунаб қолишимни ҳам билмасдим, бироқ менда Эрика бор эди, мен уни ёнимда бўш қолган ўриндиққа ўтқазиб қўйгандим. Поезд кичик-кичик бекатлардан тўхтамасдан ўтиб борарди. Балки у мўъжизали бирор ўлкада тўхтар, ўша ерда тушиб ўз бахтимни топарман. Франц энди мендан гўё асрларчалик узоқда эди.

Поезд соат еттидан кейин Белинзона шаҳрида тўхтади. Бекатда тушиб, Эрика билан деярли одам йўқ перронда турардим. Ҳаво совуқ, кўз олдимда бир кабутар ердан увоқни тумшуғига илиб олишга уринарди-ю, бунинг уддасидан чиқа олмасди, чунки тумшуғига сақич ёпишиб қолганди. Вокзални тарк этарканман, вокзал рўпарасида жойлашган катта пушти рангли меҳмонхонага кўзим тушди, “Алберго интернационале”. Деразалари ёпилган, эшигида эса: “ишламайди”, деган ёзув осиғлиқ эди. Сумкамни елкамдан олиб, Эрикани маҳкам бағримга босиб, вокзал кўчаси бўйлаб юра бошладим, худди бошқа вокзаллар сингари бу ерда ҳам бутиклар, савдо уйлари, жинси сотадиган дўконлар, саёҳат бюролари, қўл соатлари, тамаки ва газета-журналлар сотиладиган дўконлар кўзга ташланади. Кўчаларни бирма-бир кўздан кечириб, тунаш учун жой ахтарардим, учинчи кўчага кирганимда бахтим кулиб боқди: “Монталбино пансиони”. Эшикда: “Ишламайди”, дегани ёзув осиғлиқ эди, бироқ пардалар ортида чироқ милтиллар эди. Эшикни тақиллатдим, Эрика туфайли менга эшикни очишларига ишончим комил эди.

Дарпардалардан бири эҳтиёткорона кўтарилди, дераза олдида бир эркакнинг семиз афти кўринди. Думалоқ кўзлари билан менга қаради-да, кўрсаткич бармоғи билан “Ишламайди” деган ёзувга ишора қилди. Мен унга маъноли қараб, қўлимдаги Эрикани баланд кўтардим. Эрикага ўқрайиб қараб қўйди-да, пардани туширди. Ичкаридан унинг ниманидир хўриллаб ичаётгани эшитилиб турарди. Бир оздан кейин эшик очилди. Олдимда бўйи меникидан унчалик баланд бўлмаган, лекин ҳаддан зиёд семиз киши турарди. Думалоқ калласи билан елкалари ўртасида бўйин шўрлик кўринмасди ҳам, оёқларини эса бечора анча йиллардан буён юмалоқ қорни сабабли кўрмаган бўлса керак, семиз қўллари эса танаси ёнида айлангандек гўё.
“Ёпилган”, деди у. Эрикага қараб “Бу нима ўзи?” деб сўради. “ Эрика, биз бир кунга хона ва кечки овқат излаяпмиз”, дедим унга жавобан. “Эрика”, минғиллади у, силаш учун қўлларини узатди. “Унинг исми шунақа”, – дедим дадиллик билан, семиз одам бошини ирғаб, худди дунёда бундан бошқа нарса йўқдек, меҳр билан: “Эрика” деди. Илтимос, бизни ичкарига киритинг, – дедим. – Мени ҳамда Эрикани. Қаерга боришни билмаймиз”. Шундай дедим-у, хона учун пул тўлай олишимга ишора қилдим. “Бунақаси кетмайди. Пансионат 15 январгача ёпилган, мен эса бор-йўғи ошпазман. Бошқа ҳеч ким йўқ”. “Илтимос!” Бу сўзни шунчалик ялинганнамо айтдимки, негалигини ўзим ҳам билмай қолдим. Вокзалга қайтиб бориб, у ердан Цюрихга жўнаб кетсам ҳам бўларди, аммо ҳолдан тойгандим, бунинг устига совқотдим.
Киши бир муддат термулиб қолди, биламан айни дамда унинг қалбида фикрлар туғён урмоқда, буни унинг юзидан уқиб олса бўларди. Юзининг ранги пуштидан тўқ қизилга айланди, қулоқлари худди бинафшарангдек эди. Ниҳоят, қўлларини кўтариб, бошини ирғади, оёқлари билан эшикни кенгроқ очди-да, ичкарига киришга ижозат берди. Эшик ёпилиши билан қоронғи даҳлизда қўлимда Эрика билан туриб қолдим ва бу янги йилда яна нималар содир бўлишини кута бошладим.

Семиз одам “чиройли” оёқлари билан ерни тепиб рақсга тушди-да, ҳайрон қоларли даражада каттакон ошхонанинг эшигини очди. Каминга қаланган ўт гуриллаб ёнарди. Катта газ плитаси, турли идиш-товоқлар, ашқол-дашқоллар қўйилган жовонлар – бир томонда, бошқа томонда – рандаланган улкан ёғоч стол-скамейкаси билан ва бир нечта стуллар. Стол устида Салями пиццаси солинган ликоп, бир шиша вино ҳамда Рикардо Сосианте куйлаётган кўтариб юрса бўладиган радио бор эди.
Семиз одам стол олдидан жой кўрсатди ва тараддуд билан туриб олди. Эрикани ёнимга қўйиб, ўтирдим. Ошпазнинг ҳам қорни тўққа ўхшамасди. “Эрика”, деди у яна ва қўшиб қўйди: “Бунақасини умримда кўрмаганман”.
У деярли бўшаб қолган ликобчасини олиб, пиццанинг охирги бўлагини оғзига солди. “Энди эса чиндан овқат пиширамиз”, деди у ва фартугини тақди. Қозонга сув солиб, шкафдан макарон олди. Товага соус қуйди, тахтакачда кўкатларни майда қилиб тўғради, оқ нонни бўлаклади. Ишига шундай берилиб кетган эдики, борлигимни унутгандай гўё . Фақат баъзида Эрикага нигоҳ ташлаб қўяр ва унинг исмини минғиллаб такрорларди. Ишининг ўртасида менга стакан тутқазди ва вино узатди. Ўзимга винодан қуйдим, унга ҳам. Стаканимни баланд кўтариб, “Салют” дедим мен. У ўгирилиб менга қаради, жилмайиб кичкина оппоқ тишларини кўрсатди. Стаканини қўлига олиб, меники билан уриштирди ва “Франко” – деди. “Вероника”, дедим мен, у эса қайтарди: “Вероника.

Э-Эрика”.

Оёқларимни чалиштириб, иссиқдан баҳра олганча, кўзларимни юмдим. Франконинг усталик билан овқат сузаётганини эшитиб турардим, ҳозир эса радиодан Франческо Де Грегорий Америкага йўл олган кемадаги италиялик болакай ҳақидаги қўшиғини куйлаяпти. Бироқ у италиялик Американи кўрмайди, чунки у ўт қаловчи, вазифаси кеманинг ичида бўлишдир. Ўзимни ҳимояланган, хатарсиз ва жуда яхши ҳис қилдим. “Алвидо Франц! Салом, Франко!”
Франко олдимга санчқи билан ликопни қўйди. Буғ чиқиб турган идишни олиб келиб, сўради: “Эрика овқат емайдими?” Йўқ, дедим мен. Итдек оч қолган одамдек овқатга ўзимизни урдик. “Раҳмат, Франко”, дедим. Худди эски дўстлардек қўлимни бир лаҳза унинг қўлига қўйдим. У бунга эътибор бермади ҳам. Эрика мен билан Франконинг ўртасида ўтирарди. Вино бутилкасини Эриканинг у ёқ-бу ёғидан олишимизга тўғри келарди. Иккинчи шишага ҳам навбат келди. У бир оз немисча гапирар, мен эса итальянча, биз бир-биримизга байрам тунида нега шу ошхонагача келиб қолганимизни тушунтиришга уринардик. Мен самолётдан қолиб кетганим ҳақида айтиб уни алдадим, у эса пансионат эгалари таътилга кетишганини, уйига боришни хоҳламаслиги боис шу ерга қараб туришга рози бўлганини айтди. Бунинг сабабини сўрадим, оиласи борми, қаерда яшайди ўзи? Бир оз танаффусдан сўнг Франко қайғули ўтмишини бошлади. У асли қишлоқдан бўлиб, швейцариялик эмаслигини, Кузинодан келгани, бу Италиянинг чекка бир қишлоғи эканлиги, ҳар куни бу ерга қатнаб ишлагани, кейин уйланиб рафиқаси ҳамда қизи билан бирга яшаганини, хотини уни ташлаб кетганини, янги йил оқшомидан бир неча кун олдин хотини бир сартарошникига боласи билан кўчиб ўтганини, уйда ёлғиз қолгиси келмаганидан шу ерда эканлигини гапириб берди. У Эрикага иккиланиб тикилар экан, қичқириб юборди: “Хотиним ҳам худди шундай дўмбоқ, ранги ҳам шу каби пушти, шундай гўзал, мулойим эди!” деб Эрикани силаб қўйди. Кўзларидан тиркираб ёш оқарди. Мен эса турмушимдан ажрашганимни, бутунлай ёлғиз яшашимни, Луганода ҳеч кимим йўқлигини, агар бу ерда қолишга изн бермаганида, уйимга қайтиб кетишимни гапирардим.

“Сиси, – дея бақирди у ва яна бир шиша ичимлик билан стакан келтирди. – У осонгина кетиб қолди-я. Ҳатто унга овқат пишириб бера олмайдиган сартарош билан кетиб қолди-я!”
У кейин капучино тайёрлади. Мен радиони бураб, яхши бир қўшиқ топдим. Франко қўшиқдан таъсирланиб кетди, фартуги билан кўз-ёшларини артиб, Эрикани тиззасига олди.
“Худди шундай юмшоқ эди у! – бақирди ошпаз, – қандоқ юмшоқ эди-я… У билан яхши муносабатда эдим-ку. Келиб-келиб сартарош билан-а!” Семиз ошпаз яна йиғини бошлади, юзини Эриканинг қулоқларига босди. Жуда чарчаганимдан стулимни каминга яқинроқ сурдим. Вино тўлдирилган рюмкамни ўзим билан олдим ва гулхан учқунларига тикилдим, ўша пайтда жон деб арчанинг шох-шаббаларидан оловга ташлаган бўлардим, шунда Рождествонинг ҳиди келган бўлармиди.

“Даҳшатли байрам бўлди-да”, дедим ва бир бўлак ёғочни оловга отдим, Франко эса: “Эрика” деди-да, бошини унинг қорнига қўйиб ёнбошлади…

Кўзимни очсам, тонгга яқинлашиб қолган, каминдаги гулхан ҳам ўчиб бўлган эди. Рюмка чил-чил синиб ерда ётар, ўзим эса стулга осилиб қолган эканман. Кун ёруғи деразалардан мўралай бошлабди, семиз одам эса стол устига узала тушиб ётиб олган, бошини Эрикага қўйиб ухлаб ётарди.
Секин, сассиз ўрнимдан туриб, сумкамни олдим. Калитни эшик оғзида қолдирдим. Кўча осуда ҳам бўм-бўш эди, пансионатга нигоҳ ташлар эканман, “Хайр, Эрика, сен уни овут, буни эплай оласан!” дедим-да, вокзал томонга йўл олдим.
Уйга, Берлинга етиб келдим. Францдан телеграмма келган экан: “Нима бўлди?” Мен ҳам унга телеграмма жўнатдим: “Ҳеч нарса. Хайр”. Онамга қўнғироқ қилдим, у ҳатто уйда бўлмаганимни ҳам ва бугун байрам эканлигини ҳам билмабди.

Олмон тилидан Ҳафиза Қўчқорова таржимаси

(Tashriflar: umumiy 129, bugungi 1)

Izoh qoldiring