Oydinniso. Hayot daraxti.

08

Мен бу дарахт ниҳолини тушларимдан ўғирлаб олган эдим…Ўша кезлари қайсидир бир китобда “ҳаёт дарахти”, деган иборани ўқиган эдим. “Ҳаёт дарахтининг ниҳоли” деб номладим топилдиғимни. Келинг, ҳозирча шундай бўлақолсин. Униб кетса, эҳтимол, номини ўзгартирарман.

Ойдиннисо
ҲАЁТ ДАРАХТИ
Қисса
01

Ушбу ёзилмани юрагимда болаликни уйғотган ўғлим Солиҳга бағишлайман.

ТУШЛАРИНГНИ ДАВОЛАТАМИЗ

Мен бу дарахт ниҳолини тушларимдан ўғирлаб олган эдим…
Онамга айтганимда ишонмаган. Ўзи катталар шунақа, рост гапирсанг устингдан кулишади.
Майли, онам ишонмаса ишонмас. Майли, ниҳолни оқшом қўлимда ушлаб ётганман-у, эсимдан чиқиб кетган, дея қолай… Лекин қаерданам топганман бу антиқа ниҳолни?.. Уни кўтариб тушдан тушга, тушдан ўнгга югурганим-чи?!
– Бу ниҳол эмас, чўп, – деди онам.
– Ниҳол! – дея сўзимда туриб олдим. – Дарахт ниҳоли!
Ўша кезлари қайсидир бир китобда “ҳаёт дарахти”, деган иборани ўқиган эдим. “Ҳаёт дарахтининг ниҳоли” деб номладим топилдиғимни. Келинг, ҳозирча шундай бўлақолсин. Униб кетса, эҳтимол, номини ўзгартирарман.
Уйимизда гултувак кўп эди. Энг бежиримини танлаб, ичини юмшоққина тупроққа тўлдирдим. Ҳовлининг баҳаво ерига қўйиб, унга ниҳолни экдим, кейин ҳар куни суғориб парваришлай бошладим. “Бу чўп эмас, ниҳол!” дердим ишончимни мустаҳкамлаб, ўзимга тасалли бериб. Ахир, ниҳол вужудидаги дарахт билан тушимда гаплашганман! У ёруғ дунёга чиқишни, томир ёйиб бўй чўзишни қанчалар исташини айтган. “Менга эгалик қил”, деган. У мендан ёрдам кутган илк мавжудот. Модомики, менинг эгалик қилишимдан унга наф бор экан, нега кўнмайин?
Орадан ҳафталар ўтиб…
– Ойи, ойи, – дея югурдим ўпкамни қўлтиқлаб, – ниҳолим олибди!!!
Онам уйқули кўзларини ишқалаб, сўради:
— Қанақа ниҳолинг?
– Ҳаёт дарахтим!
Онам кулимсиради:
– Юр-чи, кўрайлик қани.
– Сиз кўролмайсиз уни, ойи. У тушимда, кўл бўйида барг ёйиб турибди.
Онам ташвишланиб, мени бағрига босди:
– Сени дўхтирга олиб бормасам бўлмайди.
– Дўхтирда нима қиламан, соппа-соғман-ку!
– Тушларингни даволатамиз.

БОРЛИГИНГ – БАХТИМ

Хайрият, онам рўзғор юмушлари билан бўлиб унутдими, туппа-тузук чопқилаб юрганимни кўриб кўнгли жойига тушдими, “тушларимни даволатиш”га олиб бормади. Мен эса ҳар куни ўнгимда ухлаб, тушларимда уйғонардим. Бироқ бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмасдим.
Чиндан бахтли эдим! Бахтли бўлиш учун менга тушларимнинг ўзи кифоя. Тушларимда дарахтимни кўраман. Ҳаёт бахш этганим – ҳаёт дарахтимни! Уни парваришлайман, асраб-авайлайман.
Ҳавонинг авзойи бузилган кунлари дарахтимни туваги билан хонамга олиб кираман. У ҳали жудаям мўрт, нозик, изғиринда қолмасин, дейман. Офтоб чарақлагач, яна ҳовлига олиб чиқаман: дарахтим қуёш нуридан баҳра олсин. У ҳали ўсиши керак, дейман.
Бу ғамхўрлигим учун тунда “раҳмат” эшитаман. Содда дарахтчам билмайдики, унинг борлиги – менинг бахтим! У менга яхшилик қилиш имконини берди. Ахир, дунёда кимгадир кераклигинг, яхшилик қилишинг мумкинлигини ҳис этиб яшашдан ортиқ бахт борми!
– Нима қиляпсан? – деб сўраб қолади баъзан онам гултувак атрофида тимирскиланиб юрганимни кўриб.
– Гул экмоқчиман, – дейман.
Катталарнинг рост гапга ишониши қийин, бироқ ёлғонга осон ишонадилар.

ҚАЙСИСИ КИМНИНГ ЮЛДУЗИ?

Ниҳолим бўй чўзиб қолди, энди ҳимоямга муҳтож эмас. Фақат парваришласам бас. Кундузлари тупроғини юмшатаман, вақт-вақти билан ўғит соламан, суғораман. Кечалари эса тушларимда уйғониб, у билан дардлашаман. Унга шеърлар тўқийман:

Сен — ҳар кеча кўзимга чўккан
ширин тушсан.
Тушлар — менинг умрим.
Ўнгда ухлаб,
тушда уйғонаман мен
борлигинг учун.

Ҳаёт дарахтимни топгунча ёлғиз эдим. Энди ундан бўлак ҳеч кимим йўқ. Очиғи, ундан бўлак ҳеч ким мени тушунмайди, мен – ҳеч кимни. Мен қизиққан нарсаларга катталарнинг кулгиси қистайди, катталарнинг елиб-югуришлари эса менга қизиқмас.
Дарахтим ва мен осмонга – юлдузлари бодроқдай порлоқ нофармон гумбазга қараймиз. Юлдузлар чамани оралаб юлдузимизни излаймиз. Ҳамма юлдуз порлоқ, ҳаммаси яшноқ. Бироқ улардан биттаси, ҳа, фақат биттаси юракка яқин. Иккаламиз битта юлдузни танлаймиз.
– Майли, сеники бўлақолсин, – дейди дарахтим. – Менга ҳаёт бахш этганинг, парвариш қилганинг учун шу юлдуз сенга совға.
– Йўқ, – дейман, – қарздорман, деб ўйлама. Сени яхши кўрганим учун мени яхши кўришга, тушунишга маҳкум эмассан. Сен борсан – мен дунёда соғингувчи, орзиқиб ошиқувчи ҳилқат бор! Демоқчиманки, мен учун ҳаёт бор! Ҳеч кимни кутмай, яхши кўрмай, эъзозламай яшаб бўларканми, ахир?!
Тонготарда шабада эсади, кўл сатҳи оҳиста чайқалади, мавжларида ботаётган ой ўйнайди. Дарахтимнинг тўрт фаслда бирдай очилиб тургувчи гуллари жилмайиб кўз қисади. Гуркираган ям-яшил барглари қўл силкиб, мен билан хайрлашади.
Кўзларимни очгим келмайди. Бироқ тонг отади, юрагимда эса кун ботади. Ҳамма уйғонади, мен кўзларимни очиб, уйқуга кетаман. Дарахтимдан олислашган лаҳзада ҳаёт тўхтаб қолади. Кундузлари яшамайман, фақат унинг ёди билан бандман. Яшаш учун тунни, тушларимни кутаман.

ТУШЛАРИМНИ ЙЎҚОТИБ ҚЎЙДИМ

Бир оқшом дарахтим ёнида иккита шарпа пайдо бўлди. Бири бўйчан, кенг елкали, иккинчиси нозик, узун сочлари шамолда ҳилпирайди. Улар мени кўришмасди.
– Укам кундузи сени кўрганини айтди, – деди бўйчан шарпа. – Унинг сени кўрган кўзларига тўйиб-тўйиб термилдим.
Дўриллаган овозда айтилган эса-да, ҳислар нозиклигидан юрагим дарёдай тебраниб тошди. Дарахтим илдизигача титраб кетди.
Кўп ўтмай шарпалар хайрлашди. Чирмашиб кетган кўнгилларини бир-бирларидан узолмай ажралишди. Дарахтим билан тонггача оғиз очмадик. Завқдан-да завқлироқ бир ҳисдан юрагимиз сармаст эди. Завқли воқеа якун топган, бироқ у юрагимизда энди бошлангандай эди.
Шундан сўнг шарпалар ҳар оқшом келарди. Энди биз юлдузлар қолиб, уларни томоша қилардик.
– Кеча кун бўйи тушган суратимизни томоша қилдим. Қўлингга тегиб тургани учун расмдаги қўлимга ҳавасим келди. Қанийди, лаҳзаларни қотириб қўйишнинг иложи бўлганида…
– Иложи бўлганида, мана шу лаҳзалардан на ўтмишга, на келажакка силжимаган бўлардим. Умрбод шу… ҳа, фақат шу лаҳза ичида яшашга рози эдим…
Шарпаларнинг шаффоф хаёллари, орзу-умидлари, ҳис-туйғуларию сирларини асраб-авайлашни дарахтим иккимиз ўзимизга бурч, деб билардик.
– Ҳаммаси тугади, – деб қолди бир туни дарахтим.
Негадир унинг овози ғамгин эди. Уйғондимми? Тушларимнинг терсидан чиқдимми, деб ўйладим.
– Тушунмадим, нима тугади, – деб сўрадим.
– Уларнинг орзу-умидлари.
Гап ким ҳақида кетаётганини пайқадим. Юрагим орқага тортди. Ўзимни босишга уриндим. Дарахтимни юпатиш учун хотиржамроқ бўлишим керак эди. Унга таскинли сўз айтиш илинжида қучоқ очган эдим… кўксидан тирқираб оқаётган қонни кўриб қолдим!
– Сенга нима бўлди?! – дедим ўтакам ёрилиб.
– Тегма! – дея шохлари билан ярасини яширишга уринди. – Улардан эсдалик бўлиб қолсин бу.
– Йўқ, сени бу аҳволда ташлаб қўёлмайман! Сен ҳаётимсан! Ҳаётимга бир гап бўлса…
Ўнгимга қараб югурдим. Дарахтимга ёрдам беришим шарт! Қандай бўлмасин, қонни тўхтатаман!
– Болам, болажоним, қўрқма, мен ёнингдаман!..
Кўзимни очсам, онам бошимни силаб ўтирибди. Аъзои баданим терга ботган. Онамнинг қўлини манглайимдан олиб, ўрнимдан сапчиб турмоқчи бўлдим. Аммо мажолим етмай, ётиб қолдим.
– Ойи, менга ҳўл латта беринг, уни қутқаришим керак! – дедим ҳовлиқиб.
– Кимни? – ҳайрон бўлди онам.
– Ҳаёт дарахтимни!
Онам мени опичлаб, шу заҳотиёқ дўхтирга олиб кетди. “Мен тушларимга қайтишим керак!” дея хархаша қилдим. Дўхтир нордон суюқ дори ичирди. Шундан сўнггина ухлашимга рухсат берди.
Тушларимни йўқотиб қўйдим! Уларни топай деб эртаю кеч кўзимни юмиб ётаман, бироқ тушларим йўқ! Изиллаб тун бағрида изғийман, йўқ! Энди қандай яшайма-ан?!
Йиғлашга қўрқаман: тушим кўзларимнинг тўрига илиниб турган бўлса кўзёшларим ювиб юбормасин! Ҳаёт дарахтим экилган тувакни келтиринг, дея олмайман: у ярадор, йўлда уриниб қолади. Бироқ сувсизликда қуриб қолса-чи?!
Бир оқшом пайт пойлаб шифохонадан қочдим…

ЖИДДИЙ ИШ

Кунлар ҳасса таяниб ўтди. Кунлар кетидан ҳафталар судралиб ўтди. Фақат мен ўтмадим! Чунки яйдоқ саҳродек кўнглимни сағир илинж тарк этмаган. Тушларимни, албатта, топаман! Ҳаётимни топаман!
Ва… топдим! Бир кеча яна тушларимда уйғондим! Ҳаётимни – ҳаёт дарахтимни топдим! У тирик! Умидим оқланди, тирик! Уни бағримга босдим. Бағримга босиб, кўзларимни юмиб чуқур-чуқур нафас олдим – у қон-қонимга сингиб кетди. Энди томирларимда оқиб турса-да, уни соғинавердим, соғинавердим…
Ҳа, соғинавердим! Чунки ундан аслини – бир пайтлар завқи мўл ҳаёт дарахтимни топа олмадим. У кўксига, нақд юрагига ўйиб, қонларини тирқиратиб ёзилган “А + Д = С” ёзувини кўз-кўзлаётгандек қилт этмай турарди.
– Ҳалиям ўша шарпаларни эслаб турибсанми? Мени ҳеч соғинмадингми? – сўрадим кўзларига мўлтираб қараб.
– Биласанми, мен жиддий ишлар билан шуғулланишим керак, – жавоб берди у.
Қотиб қолдим: наҳот унинг катталардан фарқи қолмаган бўлса?
– Қанақа жиддий иш? – сўрадим бир муддатдан сўнг бўшашиб.
– Ўзим ҳам билмайман. Шу пайтгача ҳаётда бурчим бордай эди. Кечалари сен билан ширин хаёл суриш, шарпаларнинг орзу-умидларини асраш… Кундузлари болалар бошига соябон бўлиш, уларнинг бошидаги беғубор ўй-хаёлларини офтоб тиғидан сақлаш… Табиат гўзаллигини ҳис этиш ҳам менинг бурчим эди. Ахир, у ҳис этилиш учун яралган-ку! Бу ишларнинг жиддийлигига ишонардим. Борлиқни ўзимнинг борлигимга ўргатиб қўйдим, энди ҳамма-ҳаммасининг тақдири учун жавобгарман, деб ўйлардим.
– Ҳозир-чи? Ҳозир ҳам шундай эмасми?
– Афсуски… Ҳаётимнинг мазмунли ўтаётганига шубҳам бор.
Ўша туни дарахтим тинмай савол берди: “Жиддий иш деганлари қанақа бўлади ўзи? Одамлар ҳаёт гўзаллигидан завқ олиш ўрнига вақтини қизғаниб, бунча қаерга шошади?” Ўзим ҳам ўйлаб ўйимга етолмайман, бу саволларга жавобни қаердан излайин?
Кейин билсам, уни йўқлаб келмаган кунларимнинг бирида шамол дарахтимнинг қулоғига гап солиб кетибди: “Беҳуда хаёл сургунча жиддий ишлар билан шуғуллансанг бўлмайдими, телба хаёлпараст!”
Дарахтим мен каби ўйларди. Ширин хаёлларгина ҳақиқий ҳаётдир, дер эдик биз. Бироқ ишонч билан янграган шамолнинг гапидан унинг кўнглига гумон оралабди.
Сўнг… ўша мудҳиш тунда – тушимга қайтишимдан бир оз олдин шарпалар видолашишган. Йигит: “Кўзинг тушса, мени эслайсан”, деб дарахтимнинг кўксига ёзув ёзган. У қизга ҳали жиддий ишлар билан шуғулланиб, бойиб кетажагини айтибди.
“Бир-бирини соғиниб яшайдиган икки дил учун дийдордан ортиқ жиддий иш бормикан дунёда?”
Яна бир кундуз дарахтим соясида бештош ўйнаб ўтирган қизалоқни онаси койибди: “Теракдай бўйинг билан эртадан кечгача ўйин ўйнашга уялмайсанми? Сал жиддийроқ бўлсанг-чи энди. Уйга кириб дарсингни қил!”
– Дунё кезгим келяпти! – деб қолди дарахтим. – Қанийди оёқларим бўлганида, илдизимни тупроқдан узиб, саёҳат қилардим! Кўрмаганларимни кўриб ўрганардим, жиддий ишлар билан шуғулланардим!
– Сенинг бу дунёда борлигинг – энг жиддий иш! – дедим мен.
У инкор этди:
– Заррин нурларидан баҳрамандлар бўлмаса, Қуёшнинг нур сочишидан не фойда?
– Бироқ бундан Қуёшга не зарар?
Орага жимлик чўкди. Қарасам, дарахтим сўлғин. Яна тушунтиришга уриндим:
– Мен учун сен борсан, сен учун мен! Биз биргаликда бахтиёрмиз. Сенга менинг, менга сенинг мавжудлигимиз кифоя. Яна қандай жиддий иш керак сенга?
– Мени ҳаёт дарахти, дейсан-а, – ўйчан жавоб берди у. – Лекин кеча ҳақиқий ҳаёт дарахти ҳақида эшитдим. Унинг шохларида зангор ва олтин тусли мевалар етиларкан. Олтин ранглилари “яхшилик мевалари”, зангорилари эса “ёмонлик мевалари”, деб аталаркан. Менинг ҳатто мевам ҳам йўқ.
– Ахир, сен тўрт фаслда бирдай гуллаб турасан-ку. Ҳамманинг баҳри дилини очасан. Кўксингдаги ёзув-чи. Уни, у билан бирга ўша шарпаларнинг энг гўзал хотираларини асраётганинг жиддий иш эмасми? Шохингдаги ҳаёт қушига қара! Унга яшаш учун бағрингдан жой берганинг-чи, буям фойдали иш эмасми?
Гапириб турганимда йўлдан бир тўпори ўткинчи боласини эргаштириб ўтиб қолди. Болакай ҳаёт дарахтимни кўрсатиб, ҳаяжон билан қичқириб юборди:
– Дада, дада, анави дарахтни қаранг, ям-яшил! Қишда ҳам гуллаб тураркан-а, бу!
– Мен жиддий одамман, бунақа майда-чуйдаларга қайрилиб қарашга вақтим йўқ! – деди тўпори ўткинчи йўлдан кўзини узмай. – Сенгаям жиддийроқ бўлишни маслаҳат бераман!

КЎЗЁШ ТЎКИБ БОЙ БЎЛАМАН

Дарахтим йиллар карвонини маъюс кузатди. Энди унинг олдига шарпалар келмай қўйганди. Йўқ, тўғрироғи, уларнинг ўрнини энди бошқалари эгаллаганди. Бештош ўйнаётганлар ҳам аввалги болалар эмас. Ўткинчилар ҳам бегона. Дарахтим Тангрига илтижо қилиб яшарди: “Менга оёқ ато эт, дунё кезай. Шарпа, бола, ўткинчи танишларим ва бошқалар қандай жиддий ишлар билан шуғулланаётганини кўриб келай!”
Ниҳоят, кун етиб осмону фалакдан амру фармон келди:
– Ҳаёт дарахти! Чин дилдан сўралган орзу ушалмай қолмагай. Мен орзуингни ушалтираман. Бугундан бошлаб жисминг ҳар лаҳза тепага ўсади. Яъни, фалакка саёҳат қиласан. Дунё кезишинг учун имкон – учқир хаёл бераман. Ҳар гал шамолни юборганимда у хаёлларингни олиб учиб, истаган манзилингга етказади. Хаёлларингни биров кўрмайди, бироқ сен ҳаммани кўрасан. Кўнгилларга, ўй-фикр, орзу-умидларга дохил бўлиб, одамларни ўрганишинг мумкин. Бўйинг лаҳза сайин ўсаверади. Қачонки излаганингни топсанг, шунда ўсишдан тўхтайсан.
Дарахтим рози бўлди ва шу лаҳзанинг ўзидаёқ бўйи етмиш қулоч ўсди. У бўйнини чўзиб, бир пайтлар жиддий иш билан шуғулланмай хаёл сургани учун катталардан гап эшитган бўйчан, кенг елкали шарпани қидирди. Топди! Дарахтимнинг хаёллари танасидан сирғалиб чиқдию, шамолнинг қанотига илашиб ўша томон учиб кетди.
Шарпа сон-саноқсиз кўлмакчаларда кўз очган бир-биридан гўзал нилуфаргулларга термилиб, юм-юм йиғларди.
– Нега йиғлаяпсан? – сўради дарахтим унинг хаёлларидан.
– Кўзёшимдан кўлмак ҳосил бўлсин, дейман.
– Кўлмакни нима қиласан?
– Нилуфаргул ўстираман.
– Нилуфаргулни нима қиласан?
–Сотиб пул топаман. Бой бўламан! Манавиларни қара, – нилуфаргулларни кўрсатди шарпа, – ҳаммаси менинг кўзёшларимдан униб-ўсяпти.
– Кўзёш тўкиб бойимоқчимисан?
– Нима бўпти? Мен энди жиддий одамман! Ишнинг кўзини биладиган одамларнинг ҳаммаси шундай қилади. Вақтини бекор сарфламайди, хас-чўпдан, ҳатто кўзёшдан ҳам фойда топишни билади.
– Лекин… қандай қилиб йиғлаяпсан? Йиғлаш учун ё изтироб чекиш ё хурсанд бўлиш керак-ку…
– Бу қийин эмас. Мен йиғлашга одатланиб қолганман, йиғисиз яшолмайман. Кўзёш ҳам менга ўрганиб қолган, шекилли, чорласам, қуйилиб келаверади.
– Қандай чорлайсан?
– Эслайман.
– Нимани?
– Ўтган кунларимни. Ҳув ўша… сен гувоҳ бўлган хушвақт оқшомларни. Кейин эса… дайди итдай ҳайдалган кунимни. “Неча марта айтдим сенга одам бўлмайсан деб! Рўзғор тутиш тугул, кунингни кўришга ҳам ярамайсан, сен хаёлпараст! Кет! Сенга қизини берадиган аҳмоқ йўқ!” деган гаплар қулоқларим остида жаранглайди. Сўнг кўзларимга қуйилиб йиғи келади. Энди кет, халал берма, мен йиғлаб олай. Ҳали кўзёшларимда кўп нилуфаргуллар ўстираман. Бу кўлмакларда балиқ боқиш режам ҳам бор. Кўриб қўйишади ҳали, қандай жиддий одамлигимни! Бойиб кетай, ёнларидан салом бериб ўтаман!
Шундай деб шарпа ҳўнг-ҳўнг йиғлашга тушди. Дарахтимнинг хаёли жойидан жилмади. Бироқ халал бермаслик учун нафасини ичига ютди. Кўзёшлардан бирпасда кўлмак ҳосил бўлди. Йиғидан тингач, шарпанинг юз-кўзида табассум жилваланди.
– Зўр иш бўпти-ку, жўра! – деди у дарахтимнинг хаёлига. – Кейинги пайтларда бундай катта кўлмак ҳосил қилолмагандим. Қийналиб йиғлаётувдим. Сен дардимни янгилаб бердинг, ҳар куни келиб тур. Айтиб-айтиб йиғласам, тезроқ бойиб кетарканман.
– Лекин… бундай яшашга уялмайсанми?
Шарпа жиддий тортди.
– Бундай яшашим уятлигини унутиш учун ҳам кўпроқ йиғлайман, – деди у ва кўзларига ёш қуйилиб келди.
Ҳаёт дарахтимнинг хаёли шарпани холи қолдириб, танасига қайтди. Тўйиб-тўйиб термилмоқчи эдим, у кўзларимга сиғмади. Ҳа, кўзларимга сиғмади у! Жуда-жуда юксалиб кетибди! Узундан-узун бўйига ярашмаган алфозда баттар ўйчан бўлиб қолибди.
– Наҳот шарпанинг жиддий иши ҳаётдан завқланиб яшашдан афзалроқ бўлса?! – сўради у мендан.
Жавоб излаб топишга улгурмадим – тонг отиб қолди. Ўнгимга қайтишга мажбур эдим.

СОЯМГА САЛОМ БЕРДИНГ

Эртасига яна шамол келди. Дарахтимнинг хаёли тўпори ўткинчини қидириб йўлга тушди. Ҳув ўша, дарахтимга қайрилиб қарашдан вақтини қизғанган жиддий тўпорини. Қани, у қандай жиддий иш билан банд экан?
Ана, кўрди! Тўпори ўткинчи бир қутичани қўлтиқлаб, илдизсиз шамолдай у ёқдан бу ёққа елиб-югурарди. Уни тутиш осон бўлмади. Кўп уриниб, ниҳоят этагидан ушлаб олди ва сўроққа тутди:
– Бу қутингда нима бор?
– Фикрлар, – жавоб берди ўткинчи.
– Уни нима қилмоқчисан?
– Халққа ошкор қиламан.
– Кейин нима бўлади?
– Мени дунёни ўзгартирди, деб тан олишади.
– Дунё ўзгарадими?
– Э-э, дунёни ўзгартириб бўлармиди! Менга нима иш қилаётганим эмас, одамларнинг мен ҳақимда нима деб ўйлаши муҳим.
– Бу билан нимага эришасан?
– Мени ҳаммадан ақлли, деб ўйлашади. Соямга салом беришади.
Тўпори ўткинчи яна шамолдай елиб кетди. Хаёл оғиз жуфтлаганди, саволи бўғзида қолди: “Фикрларни қутига солиш шартми? Миянгда кўтариб юрсанг бўлмайдими?”
Хаёл ўткинчидан уни тутиш учун яна кўп уринди. Охири қулоғидан ушлаб, саволини сўради.
– Ие, қутига солиб қўймасам, фикрлар тарқаб кетади-да, – жавоб берди ўткинчи. – Кейин уни бошқалар олиб қўяди.
У кейинги гапини негадир ҳадиксираброқ гапирди. Дарахтнинг кўнглида шубҳа уйғонди.
– Ишқилиб, фикрлар ўзингникими? – сўради у.
– Нима фарқи бор? Гап кимникилиги эмас, кимники деб ўйлашда. Асли улар ҳамманики. Қоч энди, мени тинч қўй! Шошиб турибман. Бирортаси эгаллаб қўймасидан мен уларни ўзимники қилиб олишим керак.
Хаёл ҳафсаласи пир бўлиб дарахт танасига қайтди. Эртаси дарахтимнинг кўзи яна ўша тўпори ўткинчига тушди. Тўпори ўзидан мамнундек эди. Фикрларни эгаллаб улгурган кўринади. Қўлида кечагидан-да каттароқ қути, қулфига калит солиб бураш билан овора.
– Салом! – деди хаёл унинг ёнига бориб.
– Кўрдингми, сенам соямга салом бердинг! – деди ўткинчи илк бор юзига табассум югуриб.
– Мен соянгга эмас, ўзингга салом бердим.
– Қўйсанг-чи, орқасида одами бўлса, сояга ҳам биринчи бўлиб салом беришади. Соямнинг орқасида мен турибман-да.
Дарахтим ҳеч нимага тушунмади. Елка қисиб қўйди-да, ўзини қизиқтирган саволни берди:
– Қутингда нима бор?
– Истакларим.
– Нега уни очаяпсан?
– Буйруқ чиқармоқчиман!
– Қанақа буйруқ?
– Бундан буён одамлар мени ҳурмат қилиши, мендан қўрқиши лозимлиги тўғрисида.
– Сени севишларини-чи, истамайсанми?
Ўткинчининг тўпори башараси бўзариб, лаблари титраб кетди. Бир лаҳза ҳаракатдан тўхтаб, жим қолди-да, сўнг деди:
– Бу… бу бошқа масала. Ортиқча истакларни кўтариб юриш оғирлик қилади.

ЎЛИМНИ ЎЛДИРАМАН!

Дарахтим хаёли саёҳатга чиқмоқчи эмас, муҳим нарсаларни ўйлаб олиши керак эди. Лекин нимани ўйлашни билмади. Лаҳза сайин бўйи ўсар, бўйи ўсгани сайин шамол унинг хаёлларини бир жойларга олиб қочиб кетаверарди. Бир неча муддат у хаёлини ғорга бекитди. Ғорда бир одам тинимсиз бақирар, ора-сира тошларни муштлаб қўярди.
– Нега ғорга кириб бақиряпсан? – сўради ундан хаёл.
– Бу ерда биринчи бўлиб гапириш имконим бор. Мана, эшитиб кўр: “Мен истасам, оламни гулистон қиламан!”
“Гулистон қиламан… гулистон қиламан…” Ғорда акс садо янгради.
– Кўрдингми, у мендан кейин гулистон қилади, мен эса ундан олдин! – тиржайди ҳалиги одам.
Сўнг тошни муштлай кетди: “Ўчир овозингни! Мен сендан олдин гапирдим!”
Дарахтим хаёли ғордан чиқиб, ўйчан кезиб юрди. Биринчи бўлиб гапиришни истаган одамнинг бўғриққан юзи кўз ўнгидан кетмади. Бир неча соат ўтиб, яна ундан хабар олгани ғорга тушди. Ғорда ҳеч ким йўқ эди. Уни дарё бўйида учратди. Ёнида бир йигит ҳам бор. Йигитдан ўзиб кетишга уринаётгандай, бор кучини оёғига бериб, югургилаб боряпти. Ёнидаги йигит бамайлихотир қадам ташлаяптию, бироқ ундан қолаётгани йўқ.
Улар юра-юра кўприкка етишди. Биринчи бўлиб гапиришни истовчи одам кўприкни кўрибоқ биринчи бўлиб ундан ўтиш мақсадида илдамлади. Йигитча эса, мийиғида кулиб, дарё бўйига чўкди-да, уни ортидан томоша қилиб ўтирди. Шериги кўздан йўқолгач, хуржунидан кўза чиқариб сув ҳўплаганча қўшиқ хиргойи қила бошлади.
– Қаёққа кетяпсизлар? – сўради хаёл унинг ёнига бориб.
– Ўлимни ўлдиришга!
– Мангу яшамоқчимисизлар?
– Ҳа, кимки илдамроқ юриб ўлимни ўлдиришга улгурса, ўша мангу яшайди.
– Унда нега кўприкдан аввалроқ ўтишга ҳаракат қилмадинг?
– Ўртамиёналарга йўл бериш керак, истеъдодлилар йўлларини ўзлари топиб оладилар.
– Шундайми? Лекин барибир йўлингни топишинг учун йўлга чиқишинг керак-ку! Нега ўтирибсан?
– Ҳозир яшашим керак бўлган ҳаётимни йигирма дақиқа олдин яшаб қўйганман. Ҳозир юришим керак бўлган йўлни уч йил аввал юрган эдим. Биласанми, мен бор-йўғи йигирма йил кун кўрдим, бироқ эллик ёшдаман. Анави кўприкдан ўтиб кетган одам эса эллик йил кун кўрди, ҳали ўн саккизга киргани йўқ.
– Одам тезроқ яшаса, аввалроқ ўлмайдими?!
– Айтдим-ку, ўлимни ўлдиргани кетаяпмиз, деб. Шу ишнинг уддасидан чиқсам бас, одамларнинг ёдида мангу яшайман.

САҲРО – УМИД ҚИЛИШ ИМКОНИ

Кўпдан бери биринчи марта у мендан ёрдам сўради: “Шамолни ёнимга яқин йўлатмай тургин, ўйлаб олишим керак”. Оҳ, юракка яқининг сендан ёрдам сўраганда оғирини енгиллатиш қандай ёқимли иш! Эҳтимол, дунёдаги энг жиддий иш – яқинларингга кўмак беришдир?
Бироқ бу гал қўлим калталик қилди. Дарахтимнинг тиззасидан ҳам келмасам, қандай қилиб уни шамолдан тўсай? Ўсганинг сайин бировга суянишинг қийин кечаркан-да. Сенга суянишади, бироқ сен ҳеч кимга суяна олмайсан.
Қаршилигимга қарамай, шамол дарахтимнинг хаёлларини саҳро томон учириб кетди. Бўм-бўш саҳрода бир одам елкасига тўрва осиб, тимирскиланиб юрарди.
– Нима излаяпсан? – сўради хаёл ундан.
– Гиёҳ излаяпман.
– Бирор яқининг бетобми?
– Мен гиёҳ териб сотаман. Чўлнинг гиёҳи қиммат туради.
Дарахт тўпори ўткинчининг гапини эслади: “Менга нима қилаётганим эмас, одамлар нима деб ўйлашаётгани муҳим”.
– Қақраган саҳродан гиёҳ топишинг амримаҳол-ку. Тоғдан терган гиёҳингни чўлники деб сотсанг бўлмайдими? Беморлар ихлос қўйса бас, тузалаверади.
– У ҳолда қачон умид қиламан? – жавоб берди гиёҳчи. – Биласанми, саҳрода умид қилиш имкони бор. Бўм-бўш кенгликда, жазирамада, оч, ташна юриб излаётганингни излайсан, излайверасан… Мабодо бир гиёҳ топилиб қолса, бунинг роҳати нечоғли тотли эканини тасаввур этиб кўр! Тоғдаги мўл-кўл гиёҳлар орасидан топиб бўлмайди бундайин шифобахшини! Бу гиёҳ фақат беморлар танини эмас, менинг роҳатга ташна дилимни ҳам даволайди. Беҳисоб лаззатлар ичидан тополмаганимни мана шу саҳрода топаман. Мабодо саҳрони гиёҳзорга айлантиришса, қаттиқ хафа бўлардим.
Саҳродан дарахтим хаёли хушнуд бўлиб қайтди.
– Мен бир нималарни тушунгандайман, – деди у. – Дунёдаги энг мушкул ва энг осон иш – ўзингни ўзинг алдаш. Эҳтимол, энг жиддий иш ҳам шудир?! Ахир, шуни уддаласанггина ўзингдан мамнун бўласан. Ўзингдан мамнун бўла олсанггина бахтиёр яшайсан.
– Тўғри, – дедим унинг кўнгил ёраётганидан мамнун бўлиб, – бошқаларга ёқиш илинжида бирор иш қилган кимса тентакдир. Катталар айни шу истакда бойлик ва обрў орттиришга чиранади. Бойлиги ошиб-тошгани сари қашшоқлашиб боришини билмайди.
Дарахтим индамади. У мени яна яхши кўриб қолишини, бурунгидай менинг хаёлим билан яшашини истардим. Бир оз ён босганини кўриб, яна давом этдим:
– Асли бу дунёда кутиб, кутилиб, соғиниб, соғинилиб, бир-бирининг кўнглини кўтариб яшашдан муҳимроқ иш йўқ.
У шохларини силкиб деди:
– Одамзод мавжудотлар орасида энг ақллиси. У бир нимани билмаса, гапирмайди. Дунёда биз билмаган бирор жиддий иш бўлса керак…
– Ахир, нега тушунмайсан? Мен ҳам одамман-ку! – қизишдим. – Билиб қўй, кўп ўйланганда ҳамма нарса шубҳали бўлиб чиқаверади.
– Сен ҳали ёш боласан, кўп нарсани билмайсан. Ҳатто меҳрингни кимга беришни-да билмайсан. Елим ўйинчоқни ҳам бор меҳрингни бериб яхши кўрасан. Унга бунинг қизиғи йўқ. Назаримда, бажараётган ишингнинг кимларгадир қизиғи бўлиши керакдай… Бунинг устига, жуда тийраксан, кичик жароҳатлардан ҳам қаттиқ азоб чекасан…
Уни фикрларимга ишонтириш учун катта одам бўлиб қолгим келди.

ЛАҲЗАНИ ҚОТИРИБ ҚЎЙДИМ

– Ҳорманг! – деди Ҳаёт дарахти.
– Бор бўлинг! – деди нозик шарпа.
Унинг қомати энди анча йўғон тортиб қолганди. Узун сочларига оқ оралаган. Сандиққа кириб олибди.
– Бу ерда нима қиляпсиз?
– Тис-с! Секинроқ гапиринг, биров эшитиб қолмасин!
– Хўп. Нима қиляпсиз бу ерда?
– Бу сандиққа кечамни яшириб қўйганман. Ҳамма ухлаган пайтда кириб, кечаги кун билан яшайман. Буни эрим, болаларим билиб қолса, яхши бўлмайди.
– Ниҳоят, лаҳзани қотириб қўйишнинг йўлини топибсиз-да?
– Топдим. Лекин фақат… умуман олганда, умрбод бир лаҳзада яшаб ўтишдан кўра шуниси қизиқроққа ўхшайди. Кундузи бугунни, кечаси кечани яшайман. Кечани яшаш лаҳзаларини кутиб, бугунни ўтказаман. Турмушим ёмон эмас.
Шамол дарахт хаёлларини олиб кетаётиб, бир парча қоғозни унинг ёнига учириб келди. Хаёл шошиб қоғозга кўз югуртирди:
“Кундузи порлаган юлдузлар, тунда чарақлаган қуёш тўғрисида эшитганмисан? Улар қадри борлиқ олдида нечоғли – тасаввур қила оласанми? Сен ҳамиша ҳаётимга улар каби кириб келасан ва қуёшлик, юлдузлик вазифасини ўтаб қўйгандек ҳис қиласан ўзингни. Ёниб кутганимда ҳовуримни босгувчи бир нажот топмайман. Ўз ўтимни ўзим кўзёшларим билан ўчирганимда, сенинг кераклигингни ҳис қилмай қўйганимда ёниб кириб келасан. Сен худди оҳанрабодек ўзингга тортасан, бироқ бутунлай тортиб олишга ожизлик қиласан.
Очиғи, юзи қора тунларни, хижолатдан қизарган кунларни орқалаб яшашдан чарчадим. Менинг ҳам осмоним ҳамманикига ўхшашини истаяпман. Хайр, омон бўл!”
Бу – нозик шарпанинг бўйчан шарпага жўнатмаган мактубидан бир парча эди.

ТУЙҒУЛАРИНГНИ ТАРБИЯЛАБ ОЛ

– Ойи, ойижоним, у ноҳақлик қиляпти!
– Ким у, сени қийнаётган? – меҳрибонлик билан бошимни силади онам. – Бунча озиб кетдинг, болам? Нималар бўляпти ўзи?
– Кимлигини айтмайман, ойи. Унингсиз яшай олмайман! У эса мени на ёқтиради, на ёқтирмайди. У мени ўзининг борлигига ўргатиб қўйди, энди эса мен билан иши йўқ.
Онам жилмайди.
– Ёшликда ҳамма қийналади. Сен ҳеч қачон меҳр берган кишингнинг ортидан қарз бергандай эргашиб юрмагин. Ундан меҳринг ажрини кутмагин. Ана шунда қийналмайсан.
– Буни биламан, ойи. Мен бундай қилаётганим йўқ. Лекин… лекин биласизми… туйғуларим тийиқсиз! Туйғуларим устидан куламан, лекин барибир уларга ихтиёр беравераман. Фақат унгагина топинаман, хаёлимда фақат у кезади, ҳамма нарсани фақат унинг билан уйғун кўраман. Унингсиз дунёда бор-йўқлигимни ҳам унутиб қўяман. Энг ёмони, ойи, уни йўқотиб қўйдим! Агар бутунлай йўқотганимда, изсиз йўқотганимда бошқа гап эди. У бор! Ҳар кеча уни кўргани бораман. Бироқ у ўзида йўқ! Фақат танаси, улкан танаси бор, холос. Айтинг, ойи, уни топиш учун нима қилайин? Уни аввалгидай авайлаб-асраш, унга авайлаб-асралганидан мамнун бўлиш ҳиссини қайтариш учун нима қилай?
Онам саволимга жавоб бермади. Назаримда, у гапларимни тушунмади ё ҳис этмади. Менга – яккаю ёлғиз фарзандининг чўзилиб қолган бўй-бастига меҳр билан тикилиб, пешонамдан ўпди-да, бутунлай бошқа бир гапни айтди:
– Машойихлар дейдиларки, муҳаббат уқубатли ёлғизликдан қочмоқ учун бир бошпанадир, холос. Сен ақлинг кўзи билан қара, туйғуларингни тарбиялаб ол, шунда бошингга тушгани кўргилик эмаслигини англаб етасан. Қолгани ўтиб кетади…

ЧИН ҲАЁТ

Ҳаёт дарахтимнинг бўйи осмон билан бўйлашиб қолганди. У энди фақат ерни эмас, осмонни ҳам кўра олади. Атрофига қараб, бир қизга кўзи тушди. У ҳавога чирмашиб, осмонга чиқаётган экан. Эгнида ял-ял либос, руҳи терга ботган.
У қизни таниди: бу ўша – жиддий иш билан шуғулланмай, бештош ўйнагани учун онасидан койиш эшитган қизалоқ.
– Осмонга нега чиқаяпсан? – сўради ундан.
– Юлдуз бўлмоқчиман.
– Юлдуз бўлиб нима топасан?
– Излаганимни.
– Излаганинг нима?
– Билмайман. Топганимда биларман.
Дарахтим бир пайтлар осмону фалакдан келган амру фармонни эслади: “Қачонки излаганингни топсанг – ўсишдан тўхтайсан”. У ўсишдан тўхтай олмади. Яралганида тушунганидан ортиқ яна ниманидир тушуниш, топиш илинжида кўкка қараб бўй чўзаверди, чўзаверди, чўзаверди… охири осмон гумбазини ёриб, нариги тарафига ўтиб кетди…
Шохида ин қурган ҳаёт қушининг қаноти Қуёшга тегиб кетди. У ёна бошлади. Жон талвасасида чирпирак бўлиб учди. Тушларимга ўт тушди! Ёнғин ичида бир ўспирин ҳам бор эди. Қаёққа қочарини билмай, уям ёниб кетди! Ёнаётиб қичқириш тугул ҳатто инграмади, бир томчи кўзёш тўкмади. Жилмайди. Худди ҳозир, ёнаётиб, катта ҳаётга қадам қўяжак одамдай, жиддий ишларнинг бошини тутажак одамдай жилмайди…
Кўзларимни очиб, гултувагим турган жойга қараб югурдим. Тувак чил-чил синиб, тўкилган тупроқ устида қуриб қолган чўп ётарди.

* * *

Ўша ўсмир мен эдим, ойи. Тушларимда ёниб кетган ўсмир мен эдим. Мана, айтганингиздай, ҳаммаси ўтди. Ўтди ва кетди. Бироқ ўтгани эмас, ўтмагани чин ҳаёт экан. Бугун мен йўқман! Қаршингизда сочи оқарган донишманд туйғулари билан бўм-бўш жилд турибди, холос.

Сиз дунёдаги энг яхши ойисиз, ойижон! Тушларимни даволатмоқчи эдингиз, даволатиб беринг! Парваришлаб беринг бемор тушларимни. Тарбияли туйғуларимни тарбиясизга айлантиринг, қулоқсиз тушларимни тарбиялаб беринг, ойи! Ўша тушларда ёниб кетган ўсмирни, унинг телба, тийиқсиз, бироқ рост туйғуларини тирилтиринг. Ҳаётимга – тўрт фаслда бирдай гуллаб турувчи ҳаётимга, зангор фаслимга қайтаринг мени!

2011

Maнба: “Шарқ юлдузи” журнали 2012 йил 3-сон

liny

Oydinniso
HAYOT DARAXTI
Qissa
02

Ushbu yozilmani yuragimda bolalikni uyg’otgan o’g’lim Solihga bag’ishlayman.

Tushlaringni davolatamiz

Men bu daraxt niholini tushlarimdan o’g’irlab olgan edim…
Onamga aytganimda ishonmagan. O’zi kattalar shunaqa, rost gapirsang ustingdan kulishadi.
Mayli, onam ishonmasa ishonmas. Mayli, niholni oqshom qo’limda ushlab yotganman-u, esimdan
chiqib ketgan, deya qolay… Lekin qaerdanam topganman bu antiqa niholni?.. Uni ko’tarib  tushdan tushga, tushdan o’ngga yugurganim-chi?!
– Bu nihol emas, cho’p, – dedi onam.
– Nihol! – deya so’zimda turib oldim. – Daraxt niholi!
O’sha kezlari qaysidir bir kitobda “hayot daraxti”, degan iborani o’qigan edim. “Hayot  daraxtining niholi” deb nomladim topildig’imni. Keling, hozircha shunday bo’laqolsin. Unib  ketsa, ehtimol, nomini o’zgartirarman.
Uyimizda gultuvak ko’p edi. Eng bejirimini tanlab, ichini yumshoqqina tuproqqa to’ldirdim. Hovlining bahavo yeriga qo’yib, unga niholni ekdim, keyin har kuni sug’orib parvarishlay  boshladim. “Bu cho’p emas, nihol!” derdim ishonchimni mustahkamlab, o’zimga tasalli berib. Axir, nihol vujudidagi daraxt bilan tushimda gaplashganman! U yorug’ dunyoga chiqishni, tomir yoyib bo’y  cho’zishni qanchalar istashini aytgan. “Menga egalik qil”, degan. U mendan yordam kutgan ilk   mavjudot. Modomiki, mening egalik qilishimdan unga naf bor ekan, nega ko’nmayin?  Oradan haftalar o’tib…
– Oyi, oyi, – deya yugurdim o’pkamni qo’ltiqlab, – niholim olibdi!!!
Onam uyquli ko’zlarini ishqalab, so’radi:
—  Qanaqa niholing?
– Hayot daraxtim!
Onam kulimsiradi:
– Yur-chi, ko’raylik qani.
– Siz ko’rolmaysiz uni, oyi. U tushimda, ko’l bo’yida barg yoyib turibdi.
Onam tashvishlanib, meni bag’riga bosdi:
– Seni do’xtirga olib bormasam bo’lmaydi.
– Do’xtirda nima qilaman, soppa-sog’man-ku!
– Tushlaringni davolatamiz.

Borliging – baxtim

Xayriyat, onam ro’zg’or yumushlari bilan bo’lib unutdimi, tuppa-tuzuk chopqilab yurganimni ko’rib  ko’ngli joyiga tushdimi, “tushlarimni davolatish”ga olib bormadi. Men esa har kuni o’ngimda  uxlab, tushlarimda uyg’onardim. Biroq bu haqda hech kimga og’iz ochmasdim.
Chindan baxtli edim! Baxtli bo’lish uchun menga tushlarimning o’zi kifoya. Tushlarimda  daraxtimni ko’raman. Hayot baxsh etganim – hayot daraxtimni! Uni parvarishlayman,  asrab-avaylayman.
Havoning avzoyi buzilgan kunlari daraxtimni tuvagi bilan xonamga olib kiraman. U hali
judayam mo’rt, nozik, izg’irinda qolmasin, deyman. Oftob charaqlagach, yana hovliga olib  chiqaman: daraxtim quyosh nuridan bahra olsin. U hali o’sishi kerak, deyman.
Bu g’amxo’rligim uchun tunda “rahmat” eshitaman. Sodda daraxtcham bilmaydiki, uning borligi – mening baxtim! U menga yaxshilik qilish imkonini berdi. Axir, dunyoda kimgadir kerakliging, yaxshilik qilishing mumkinligini his etib yashashdan ortiq baxt bormi!
– Nima qilyapsan? – deb so’rab qoladi ba’zan onam gultuvak atrofida timirskilanib  yurganimni ko’rib.
– Gul ekmoqchiman, – deyman.
Kattalarning rost gapga ishonishi qiyin, biroq yolg’onga oson ishonadilar.

Qaysisi kimning yulduzi?

Niholim bo’y cho’zib qoldi, endi himoyamga muhtoj emas. Faqat parvarishlasam bas. Kunduzlari  tuprog’ini yumshataman, vaqt-vaqti bilan o’g’it solaman, sug’oraman. Kechalari esa tushlarimda  uyg’onib, u bilan dardlashaman. Unga she’rlar to’qiyman:

Sen — har kecha ko’zimga cho’kkan
shirin tushsan.
Tushlar — mening umrim.
O’ngda uxlab,
tushda uyg’onaman men
borliging uchun.

Hayot daraxtimni topguncha yolg’iz edim. Endi undan bo’lak hech kimim yo’q. Ochig’i, undan bo’lak hech  kim meni tushunmaydi, men – hech kimni. Men qiziqqan narsalarga kattalarning kulgisi  qistaydi, kattalarning yelib-yugurishlari esa menga qiziqmas.
Daraxtim va men osmonga – yulduzlari bodroqday porloq nofarmon gumbazga qaraymiz.
Yulduzlar chamani oralab yulduzimizni izlaymiz. Hamma yulduz porloq, hammasi yashnoq. Biroq, ulardan bittasi, ha, faqat bittasi yurakka yaqin. Ikkalamiz bitta yulduzni tanlaymiz.
– Mayli, seniki bo’laqolsin, – deydi daraxtim. – Menga hayot baxsh etganing, parvarish  qilganing uchun shu yulduz senga sovg’a.
– Yo’q, – deyman, – qarzdorman, deb o’ylama. Seni yaxshi ko’rganim uchun meni yaxshi ko’rishga,tushunishga mahkum emassan. Sen borsan – men dunyoda sog’inguvchi, orziqib oshiquvchi hilqat bor!
Demoqchimanki, men uchun hayot bor! Hech kimni kutmay, yaxshi ko’rmay, e’zozlamay yashab  bo’larkanmi, axir?!
Tongotarda shabada esadi, ko’l sathi ohista chayqaladi, mavjlarida botayotgan oy o’ynaydi.
Daraxtimning to’rt faslda birday ochilib turguvchi gullari jilmayib ko’z qisadi. Gurkiragan  yam-yashil barglari qo’l silkib, men bilan xayrlashadi.
Ko’zlarimni ochgim kelmaydi. Biroq tong otadi, yuragimda esa kun botadi. Hamma uyg’onadi, men  ko’zlarimni ochib, uyquga ketaman. Daraxtimdan olislashgan lahzada hayot to’xtab qoladi.
Kunduzlari yashamayman, faqat uning yodi bilan bandman. Yashash uchun tunni, tushlarimni  kutaman.

Tushlarimni yo’qotib qo’ydim

Bir oqshom daraxtim yonida ikkita sharpa paydo bo’ldi. Biri bo’ychan, keng yelkali, ikkinchisi  nozik, uzun sochlari shamolda hilpiraydi. Ular meni ko’rishmasdi.
– Ukam kunduzi seni ko’rganini aytdi, – dedi bo’ychan sharpa. – Uning seni ko’rgan ko’zlariga  to’yib-to’yib termildim.
Do’rillagan ovozda aytilgan esa-da, hislar nozikligidan yuragim daryoday tebranib toshdi.
Daraxtim ildizigacha titrab ketdi.
Ko’p o’tmay sharpalar xayrlashdi. Chirmashib ketgan ko’ngillarini bir-birlaridan uzolmay  ajralishdi. Daraxtim bilan tonggacha og’iz ochmadik. Zavqdan-da zavqliroq bir hisdan yuragimiz  sarmast edi. Zavqli voqea yakun topgan, biroq u yuragimizda endi boshlanganday edi.  Shundan so’ng sharpalar har oqshom kelardi. Endi biz yulduzlar qolib, ularni tomosha qilardik.
– Kecha kun bo’yi tushgan suratimizni tomosha qildim. Qo’lingga tegib turgani uchun rasmdagi
qo’limga havasim keldi. Qaniydi, lahzalarni qotirib qo’yishning iloji bo’lganida…
– Iloji bo’lganida, mana shu lahzalardan na o’tmishga, na kelajakka siljimagan bo’lardim.
Umrbod shu… ha, faqat shu lahza ichida yashashga rozi edim…
Sharpalarning shaffof xayollari, orzu-umidlari, his-tuyg’ulariyu sirlarini asrab-avaylashni  daraxtim ikkimiz o’zimizga burch, deb bilardik.
– Hammasi tugadi, – deb qoldi bir tuni daraxtim.
Negadir uning ovozi g’amgin edi. Uyg’ondimmi? Tushlarimning tersidan chiqdimmi, deb o’yladim.
– Tushunmadim, nima tugadi, – deb so’radim.
– Ularning orzu-umidlari.
Gap kim haqida ketayotganini payqadim. Yuragim orqaga tortdi. O’zimni bosishga urindim.
Daraxtimni yupatish uchun xotirjamroq bo’lishim kerak edi. Unga taskinli so’z aytish ilinjida  quchoq ochgan edim… ko’ksidan tirqirab oqayotgan qonni ko’rib qoldim!
– Senga nima bo’ldi?! – dedim o’takam yorilib.
– Tegma! – deya shoxlari bilan yarasini yashirishga urindi. – Ulardan esdalik bo’lib qolsin bu.
– Yo’q, seni bu ahvolda tashlab qo’yolmayman! Sen hayotimsan! Hayotimga bir gap bo’lsa…
O’ngimga qarab yugurdim. Daraxtimga yordam berishim shart! Qanday bo’lmasin, qonni to’xtataman!
– Bolam, bolajonim, qo’rqma, men yoningdaman!..
Ko’zimni ochsam, onam boshimni silab o’tiribdi. A’zoi badanim terga botgan. Onamning qo’lini  manglayimdan olib, o’rnimdan sapchib turmoqchi bo’ldim. Ammo majolim yetmay, yotib qoldim.
– Oyi, menga ho’l latta bering, uni qutqarishim kerak! – dedim hovliqib.
– Kimni? – hayron bo’ldi onam.
– Hayot daraxtimni!
Onam meni opichlab, shu zahotiyoq do’xtirga olib ketdi. “Men tushlarimga qaytishim kerak!” deya   xarxasha qildim. Do’xtir nordon suyuq dori ichirdi. Shundan so’nggina uxlashimga ruxsat berdi.
Tushlarimni yo’qotib qo’ydim! Ularni topay deb ertayu kech ko’zimni yumib yotaman, biroq  tushlarim yo’q! Izillab tun bag’rida izg’iyman, yo’q! Endi qanday yashayma-an?!
Yig’lashga qo’rqaman: tushim ko’zlarimning to’riga ilinib turgan bo’lsa ko’zyoshlarim yuvib  yubormasin! Hayot daraxtim ekilgan tuvakni keltiring, deya olmayman: u yarador, yo’lda urinib  qoladi. Biroq suvsizlikda qurib qolsa-chi?!
Bir oqshom payt poylab shifoxonadan qochdim…

Jiddiy ish

Kunlar hassa tayanib o’tdi. Kunlar ketidan haftalar sudralib o’tdi. Faqat men o’tmadim! Chunki  yaydoq sahrodek ko’nglimni sag’ir ilinj tark etmagan. Tushlarimni, albatta, topaman! Hayotimni  topaman!
Va… topdim! Bir kecha yana tushlarimda uyg’ondim! Hayotimni – hayot daraxtimni topdim! U tirik!
Umidim oqlandi, tirik! Uni bag’rimga bosdim. Bag’rimga bosib, ko’zlarimni yumib chuqur-chuqur  nafas oldim – u qon-qonimga singib ketdi. Endi tomirlarimda oqib tursa-da, uni  sog’inaverdim, sog’inaverdim…
Ha, sog’inaverdim! Chunki undan aslini – bir paytlar zavqi mo’l hayot daraxtimni topa olmadim.
U ko’ksiga, naqd yuragiga o’yib, qonlarini tirqiratib yozilgan “A + D = S” yozuvini  ko’z-ko’zlayotgandek qilt etmay turardi.
– Haliyam o’sha sharpalarni eslab turibsanmi? Meni hech sog’inmadingmi? – so’radim ko’zlariga  mo’ltirab qarab.
– Bilasanmi, men jiddiy ishlar bilan shug’ullanishim kerak, – javob berdi u.
Qotib qoldim: nahot uning kattalardan farqi qolmagan bo’lsa?
– Qanaqa jiddiy ish? – so’radim bir muddatdan so’ng bo’shashib.
– O’zim ham bilmayman. Shu paytgacha hayotda burchim borday edi. Kechalari sen bilan shirin xayol  surish, sharpalarning orzu-umidlarini asrash… Kunduzlari bolalar boshiga soyabon bo’lish,
ularning boshidagi beg’ubor o’y-xayollarini oftob tig’idan saqlash… Tabiat go’zalligini his  etish ham mening burchim edi. Axir, u his etilish uchun yaralgan-ku! Bu ishlarning jiddiyligiga  ishonardim. Borliqni o’zimning borligimga o’rgatib qo’ydim, endi hamma-hammasining taqdiri  uchun javobgarman, deb o’ylardim.
– Hozir-chi? Hozir ham shunday emasmi?
– Afsuski… Hayotimning mazmunli o’tayotganiga shubham bor.
O’sha tuni daraxtim tinmay savol berdi: “Jiddiy ish deganlari qanaqa bo’ladi o’zi? Odamlar  hayot go’zalligidan zavq olish o’rniga vaqtini qizg’anib, buncha qaerga shoshadi?” O’zim ham o’ylab  o’yimga yetolmayman, bu savollarga javobni qaerdan izlayin?
Keyin bilsam, uni yo’qlab kelmagan kunlarimning birida shamol daraxtimning qulog’iga gap  solib ketibdi: “Behuda xayol surguncha jiddiy ishlar bilan shug’ullansang bo’lmaydimi, telba  xayolparast!”
Daraxtim men kabi o’ylardi. Shirin xayollargina haqiqiy hayotdir, der edik biz. Biroq ishonch  bilan yangragan shamolning gapidan uning ko’ngliga gumon oralabdi.
So’ng… o’sha mudhish tunda – tushimga qaytishimdan bir oz oldin sharpalar vidolashishgan.
Yigit: “Ko’zing tushsa, meni eslaysan”, deb daraxtimning ko’ksiga yozuv yozgan. U qizga hali  jiddiy ishlar bilan shug’ullanib, boyib ketajagini aytibdi.
“Bir-birini sog’inib yashaydigan ikki dil uchun diydordan ortiq jiddiy ish bormikan dunyoda?”
Yana bir kunduz daraxtim soyasida beshtosh o’ynab o’tirgan qizaloqni onasi koyibdi: “Terakday  bo’ying bilan ertadan kechgacha o’yin o’ynashga uyalmaysanmi? Sal jiddiyroq bo’lsang-chi endi.
Uyga kirib darsingni qil!”
– Dunyo kezgim kelyapti! – deb qoldi daraxtim. – Qaniydi oyoqlarim bo’lganida, ildizimni  tuproqdan uzib, sayohat qilardim! Ko’rmaganlarimni ko’rib o’rganardim, jiddiy ishlar bilan  shug’ullanardim!
– Sening bu dunyoda borliging – eng jiddiy ish! – dedim men.
U inkor etdi:
– Zarrin nurlaridan bahramandlar bo’lmasa, Quyoshning nur sochishidan ne foyda?
– Biroq bundan Quyoshga ne zarar?
Oraga jimlik cho’kdi. Qarasam, daraxtim so’lg’in. Yana tushuntirishga urindim:
– Men uchun sen borsan, sen uchun men! Biz birgalikda baxtiyormiz. Senga mening, menga sening  mavjudligimiz kifoya. Yana qanday jiddiy ish kerak senga?
– Meni hayot daraxti, deysan-a, – o’ychan javob berdi u. – Lekin kecha haqiqiy hayot daraxti  haqida eshitdim. Uning shoxlarida zangor va oltin tusli mevalar yetilarkan. Oltin ranglilari  “yaxshilik mevalari”, zangorilari esa “yomonlik mevalari”, deb atalarkan. Mening hatto mevam  ham yo’q.
– Axir, sen to’rt faslda birday gullab turasan-ku. Hammaning bahri dilini ochasan.
Ko’ksingdagi yozuv-chi. Uni, u bilan birga o’sha sharpalarning eng go’zal xotiralarini  asrayotganing jiddiy ish emasmi? Shoxingdagi hayot qushiga qara! Unga yashash uchun bag’ringdan  joy berganing-chi, buyam foydali ish emasmi?
Gapirib turganimda yo’ldan bir to’pori o’tkinchi bolasini ergashtirib o’tib qoldi. Bolakay hayot  daraxtimni ko’rsatib, hayajon bilan qichqirib yubordi:
– Dada, dada, anavi daraxtni qarang, yam-yashil! Qishda ham gullab turarkan-a, bu!
– Men jiddiy odamman, bunaqa mayda-chuydalarga qayrilib qarashga vaqtim yo’q! – dedi to’pori  o’tkinchi yo’ldan ko’zini uzmay. – Sengayam jiddiyroq bo’lishni maslahat beraman!

Ko’zyosh to’kib boy bo’laman

Daraxtim yillar karvonini ma’yus kuzatdi. Endi uning oldiga sharpalar kelmay qo’ygandi. Yo’q,to’g’rirog’i, ularning o’rnini endi boshqalari egallagandi. Beshtosh o’ynayotganlar ham avvalgi  bolalar emas. O’tkinchilar ham begona. Daraxtim Tangriga iltijo qilib yashardi: “Menga oyoq  ato et, dunyo kezay. Sharpa, bola, o’tkinchi tanishlarim va boshqalar qanday jiddiy ishlar bilan  shug’ullanayotganini ko’rib kelay!”
Nihoyat, kun yetib osmonu falakdan amru farmon keldi:
– Hayot daraxti! Chin dildan so’ralgan orzu ushalmay qolmagay. Men orzuingni ushaltiraman.
Bugundan boshlab jisming har lahza tepaga o’sadi. Ya’ni, falakka sayohat qilasan. Dunyo kezishing  uchun imkon – uchqir xayol beraman. Har gal shamolni yuborganimda u xayollaringni olib uchib,
istagan manzilingga yetkazadi. Xayollaringni birov ko’rmaydi, biroq sen hammani ko’rasan.
Ko’ngillarga, o’y-fikr, orzu-umidlarga doxil bo’lib, odamlarni o’rganishing mumkin. Bo’ying  lahza sayin o’saveradi. Qachonki izlaganingni topsang, shunda o’sishdan to’xtaysan.
Daraxtim rozi bo’ldi va shu lahzaning o’zidayoq bo’yi yetmish quloch o’sdi. U bo’ynini cho’zib, bir  paytlar jiddiy ish bilan shug’ullanmay xayol surgani uchun kattalardan gap eshitgan bo’ychan,  keng yelkali sharpani qidirdi. Topdi! Daraxtimning xayollari tanasidan sirg’alib chiqdiyu,  shamolning qanotiga ilashib o’sha tomon uchib ketdi.
Sharpa son-sanoqsiz ko’lmakchalarda ko’z ochgan bir-biridan go’zal nilufargullarga termilib,  yum-yum yig’lardi.
– Nega yig’layapsan? – so’radi daraxtim uning xayollaridan.
– Ko’zyoshimdan ko’lmak hosil bo’lsin, deyman.
– Ko’lmakni nima qilasan?
– Nilufargul o’stiraman.
– Nilufargulni nima qilasan?
–Sotib pul topaman. Boy bo’laman! Manavilarni qara, – nilufargullarni ko’rsatdi sharpa, – hammasi mening ko’zyoshlarimdan unib-o’syapti.
– Ko’zyosh to’kib boyimoqchimisan?
– Nima bo’pti? Men endi jiddiy odamman! Ishning ko’zini biladigan odamlarning hammasi  shunday qiladi. Vaqtini bekor sarflamaydi, xas-cho’pdan, hatto ko’zyoshdan ham foyda topishni  biladi.
– Lekin… qanday qilib yig’layapsan? Yig’lash uchun yo iztirob chekish yo xursand bo’lish kerak-ku…
– Bu qiyin emas. Men yig’lashga odatlanib qolganman, yig’isiz yasholmayman. Ko’zyosh ham menga  o’rganib qolgan, shekilli, chorlasam, quyilib kelaveradi.
– Qanday chorlaysan?
– Eslayman.
– Nimani?
– O’tgan kunlarimni. Huv o’sha… sen guvoh bo’lgan xushvaqt oqshomlarni. Keyin esa… daydi itday  haydalgan kunimni. “Necha marta aytdim senga odam bo’lmaysan deb! Ro’zg’or tutish tugul,  kuningni ko’rishga ham yaramaysan, sen xayolparast! Ket! Senga qizini beradigan ahmoq yo’q!” degan  gaplar quloqlarim ostida jaranglaydi. So’ng ko’zlarimga quyilib yig’i keladi. Endi ket, xalal  berma, men yig’lab olay. Hali ko’zyoshlarimda ko’p nilufargullar o’stiraman. Bu ko’lmaklarda  baliq boqish rejam ham bor. Ko’rib qo’yishadi hali, qanday jiddiy odamligimni! Boyib ketay, yonlaridan salom berib o’taman!
Shunday deb sharpa ho’ng-ho’ng yig’lashga tushdi. Daraxtimning xayoli joyidan jilmadi. Biroq   xalal bermaslik uchun nafasini ichiga yutdi. Ko’zyoshlardan birpasda ko’lmak hosil bo’ldi.
Yig’idan tingach, sharpaning yuz-ko’zida tabassum jilvalandi.
– Zo’r ish bo’pti-ku, jo’ra! – dedi u daraxtimning xayoliga. – Keyingi paytlarda bunday katta  ko’lmak hosil qilolmagandim. Qiynalib yig’layotuvdim. Sen dardimni yangilab berding, har kuni  kelib tur. Aytib-aytib yig’lasam, tezroq boyib ketarkanman.
– Lekin… bunday yashashga uyalmaysanmi?
Sharpa jiddiy tortdi.
– Bunday yashashim uyatligini unutish uchun ham ko’proq yig’layman, – dedi u va ko’zlariga yosh  quyilib keldi.
Hayot daraxtimning xayoli sharpani xoli qoldirib, tanasiga qaytdi. To’yib-to’yib termilmoqchi  edim, u ko’zlarimga sig’madi. Ha, ko’zlarimga sig’madi u! Juda-juda yuksalib ketibdi!
Uzundan-uzun bo’yiga yarashmagan alfozda battar o’ychan bo’lib qolibdi.
– Nahot sharpaning jiddiy ishi hayotdan zavqlanib yashashdan afzalroq bo’lsa?! – so’radi u  mendan.
Javob izlab topishga ulgurmadim – tong otib qoldi. O’ngimga qaytishga majbur edim.

Soyamga salom berding

Ertasiga yana shamol keldi. Daraxtimning xayoli to’pori o’tkinchini qidirib yo’lga tushdi. Huv  o’sha, daraxtimga qayrilib qarashdan vaqtini qizg’angan jiddiy to’porini. Qani, u qanday  jiddiy ish bilan band ekan?
Ana, ko’rdi! To’pori o’tkinchi bir qutichani qo’ltiqlab, ildizsiz shamolday u yoqdan bu yoqqa  yelib-yugurardi. Uni tutish oson bo’lmadi. Ko’p urinib, nihoyat etagidan ushlab oldi va so’roqqa  tutdi:
– Bu qutingda nima bor?
– Fikrlar, – javob berdi o’tkinchi.
– Uni nima qilmoqchisan?
– Xalqqa oshkor qilaman.
– Keyin nima bo’ladi?
– Meni dunyoni o’zgartirdi, deb tan olishadi.
– Dunyo o’zgaradimi?
– E-e, dunyoni o’zgartirib bo’larmidi! Menga nima ish qilayotganim emas, odamlarning men  haqimda nima deb o’ylashi muhim.
– Bu bilan nimaga erishasan?
– Meni hammadan aqlli, deb o’ylashadi. Soyamga salom berishadi.
To’pori o’tkinchi yana shamolday yelib ketdi. Xayol og’iz juftlagandi, savoli bo’g’zida qoldi:
“Fikrlarni qutiga solish shartmi? Miyangda ko’tarib yursang bo’lmaydimi?”
Xayol o’tkinchidan uni tutish uchun yana ko’p urindi. Oxiri qulog’idan ushlab, savolini so’radi.
– Ie, qutiga solib qo’ymasam, fikrlar tarqab ketadi-da, – javob berdi o’tkinchi. – Keyin uni  boshqalar olib qo’yadi.
U keyingi gapini negadir hadiksirabroq gapirdi. Daraxtning ko’nglida shubha uyg’ondi.
– Ishqilib, fikrlar o’zingnikimi? – so’radi u.
– Nima farqi bor? Gap kimnikiligi emas, kimniki deb o’ylashda. Asli ular hammaniki. Qoch  endi, meni tinch qo’y! Shoshib turibman. Birortasi egallab qo’ymasidan men ularni o’zimniki  qilib olishim kerak.
Xayol hafsalasi pir bo’lib daraxt tanasiga qaytdi. Ertasi daraxtimning ko’zi yana o’sha to’pori  o’tkinchiga tushdi. To’pori o’zidan mamnundek edi. Fikrlarni egallab ulgurgan ko’rinadi. Qo’lida  kechagidan-da kattaroq quti, qulfiga kalit solib burash bilan ovora.
– Salom! – dedi xayol uning yoniga borib.
– Ko’rdingmi, senam soyamga salom berding! – dedi o’tkinchi ilk bor yuziga tabassum yugurib.
– Men soyangga emas, o’zingga salom berdim.
– Qo’ysang-chi, orqasida odami bo’lsa, soyaga ham birinchi bo’lib salom berishadi. Soyamning  orqasida men turibman-da.
Daraxtim hech nimaga tushunmadi. Yelka qisib qo’ydi-da, o’zini qiziqtirgan savolni berdi:
– Qutingda nima bor?
– Istaklarim.
– Nega uni ochayapsan?
– Buyruq chiqarmoqchiman!
– Qanaqa buyruq?
– Bundan buyon odamlar meni hurmat qilishi, mendan qo’rqishi lozimligi to’g’risida.
– Seni sevishlarini-chi, istamaysanmi?
O’tkinchining to’pori basharasi bo’zarib, lablari titrab ketdi. Bir lahza harakatdan to’xtab,  jim qoldi-da, so’ng dedi:
– Bu… bu boshqa masala. Ortiqcha istaklarni ko’tarib yurish og’irlik qiladi.

O’limni o’ldiraman!

Daraxtim xayoli sayohatga chiqmoqchi emas, muhim narsalarni o’ylab olishi kerak edi. Lekin  nimani o’ylashni bilmadi. Lahza sayin bo’yi o’sar, bo’yi o’sgani sayin shamol uning xayollarini  bir joylarga olib qochib ketaverardi. Bir necha muddat u xayolini g’orga bekitdi. G’orda bir  odam tinimsiz baqirar, ora-sira toshlarni mushtlab qo’yardi.
– Nega g’orga kirib baqiryapsan? – so’radi undan xayol.
– Bu yerda birinchi bo’lib gapirish imkonim bor. Mana, eshitib ko’r: “Men istasam, olamni  guliston qilaman!”
“Guliston qilaman… guliston qilaman…” G’orda aks sado yangradi.
– Ko’rdingmi, u mendan keyin guliston qiladi, men esa undan oldin! – tirjaydi haligi odam.
So’ng toshni mushtlay ketdi: “O’chir ovozingni! Men sendan oldin gapirdim!”
Daraxtim xayoli g’ordan chiqib, o’ychan kezib yurdi. Birinchi bo’lib gapirishni istagan odamning  bo’g’riqqan yuzi ko’z o’ngidan ketmadi. Bir necha soat o’tib, yana undan xabar olgani g’orga tushdi.
G’orda hech kim yo’q edi. Uni daryo bo’yida uchratdi. Yonida bir yigit ham bor. Yigitdan o’zib  ketishga urinayotganday, bor kuchini oyog’iga berib, yugurgilab boryapti. Yonidagi yigit  bamaylixotir qadam tashlayaptiyu, biroq undan qolayotgani yo’q.
Ular yura-yura ko’prikka yetishdi. Birinchi bo’lib gapirishni istovchi odam ko’prikni ko’riboq birinchi bo’lib undan o’tish maqsadida ildamladi. Yigitcha esa, miyig’ida kulib, daryo bo’yiga   cho’kdi-da, uni ortidan tomosha qilib o’tirdi. Sherigi ko’zdan yo’qolgach, xurjunidan ko’za  chiqarib suv ho’plagancha qo’shiq xirgoyi qila boshladi.
– Qayoqqa ketyapsizlar? – so’radi xayol uning yoniga borib.
– O’limni o’ldirishga!
– Mangu yashamoqchimisizlar?
– Ha, kimki ildamroq yurib o’limni o’ldirishga ulgursa, o’sha mangu yashaydi.
– Unda nega ko’prikdan avvalroq o’tishga harakat qilmading?
– O’rtamiyonalarga yo’l berish kerak, iste’dodlilar yo’llarini o’zlari topib oladilar.
– Shundaymi? Lekin baribir yo’lingni topishing uchun yo’lga chiqishing kerak-ku! Nega   o’tiribsan?
– Hozir yashashim kerak bo’lgan hayotimni yigirma daqiqa oldin yashab qo’yganman. Hozir yurishim  kerak bo’lgan yo’lni uch yil avval yurgan edim. Bilasanmi, men bor-yo’g’i yigirma yil kun ko’rdim, biroq ellik yoshdaman. Anavi ko’prikdan o’tib ketgan odam esa ellik yil kun ko’rdi, hali o’n sakkizga kirgani yo’q.
– Odam tezroq yashasa, avvalroq o’lmaydimi?!
– Aytdim-ku, o’limni o’ldirgani ketayapmiz, deb. Shu ishning uddasidan chiqsam bas, odamlarning  yodida mangu yashayman.

Sahro – umid qilish imkoni

Ko’pdan beri birinchi marta u mendan yordam so’radi: “Shamolni yonimga yaqin yo’latmay turgin,  o’ylab olishim kerak”. Oh, yurakka yaqining sendan yordam so’raganda og’irini yengillatish qanday  yoqimli ish! Ehtimol, dunyodagi eng jiddiy ish – yaqinlaringga ko’mak berishdir?
Biroq bu gal qo’lim kaltalik qildi. Daraxtimning tizzasidan ham kelmasam, qanday qilib uni  shamoldan to’say? O’sganing sayin birovga suyanishing qiyin kecharkan-da. Senga suyanishadi, biroq  sen hech kimga suyana olmaysan.
Qarshiligimga qaramay, shamol daraxtimning xayollarini sahro tomon uchirib ketdi. Bo’m-bo’sh  sahroda bir odam yelkasiga to’rva osib, timirskilanib yurardi.
– Nima izlayapsan? – so’radi xayol undan.
– Giyoh izlayapman.
– Biror yaqining betobmi?
– Men giyoh terib sotaman. Cho’lning giyohi qimmat turadi.
Daraxt to’pori o’tkinchining gapini esladi: “Menga nima qilayotganim emas, odamlar nima deb  o’ylashayotgani muhim”.
– Qaqragan sahrodan giyoh topishing amrimahol-ku. Tog’dan tergan giyohingni cho’lniki deb  sotsang bo’lmaydimi? Bemorlar ixlos qo’ysa bas, tuzalaveradi.
– U holda qachon umid qilaman? – javob berdi giyohchi. – Bilasanmi, sahroda umid qilish imkoni  bor. Bo’m-bo’sh kenglikda, jaziramada, och, tashna yurib izlayotganingni izlaysan, izlayverasan…
Mabodo bir giyoh topilib qolsa, buning rohati nechog’li totli ekanini tasavvur etib ko’r!
Tog’dagi mo’l-ko’l giyohlar orasidan topib bo’lmaydi bundayin shifobaxshini! Bu giyoh faqat  bemorlar tanini emas, mening rohatga tashna dilimni ham davolaydi. Behisob lazzatlar  ichidan topolmaganimni mana shu sahroda topaman. Mabodo sahroni giyohzorga aylantirishsa,
qattiq xafa bo’lardim.
Sahrodan daraxtim xayoli xushnud bo’lib qaytdi.
– Men bir nimalarni tushungandayman, – dedi u. – Dunyodagi eng mushkul va eng oson ish – o’zingni o’zing aldash. Ehtimol, eng jiddiy ish ham shudir?! Axir, shuni uddalasanggina o’zingdan  mamnun bo’lasan. O’zingdan mamnun bo’la olsanggina baxtiyor yashaysan.
– To’g’ri, – dedim uning ko’ngil yorayotganidan mamnun bo’lib, – boshqalarga yoqish ilinjida biror  ish qilgan kimsa tentakdir. Kattalar ayni shu istakda boylik va obro’ orttirishga chiranadi.
Boyligi oshib-toshgani sari qashshoqlashib borishini bilmaydi.
Daraxtim indamadi. U meni yana yaxshi ko’rib qolishini, burungiday mening xayolim bilan  yashashini istardim. Bir oz yon bosganini ko’rib, yana davom etdim:
– Asli bu dunyoda kutib, kutilib, sog’inib, sog’inilib, bir-birining ko’nglini ko’tarib yashashdan  muhimroq ish yo’q.
U shoxlarini silkib dedi:
– Odamzod mavjudotlar orasida eng aqllisi. U bir nimani bilmasa, gapirmaydi. Dunyoda biz  bilmagan biror jiddiy ish bo’lsa kerak…
– Axir, nega tushunmaysan? Men ham odamman-ku! – qizishdim. – Bilib qo’y, ko’p o’ylanganda hamma  narsa shubhali bo’lib chiqaveradi.
– Sen hali yosh bolasan, ko’p narsani bilmaysan. Hatto mehringni kimga berishni-da bilmaysan.
Yelim o’yinchoqni ham bor mehringni berib yaxshi ko’rasan. Unga buning qizig’i yo’q. Nazarimda,  bajarayotgan ishingning kimlargadir qizig’i bo’lishi kerakday… Buning ustiga, juda tiyraksan,  kichik jarohatlardan ham qattiq azob chekasan…
Uni fikrlarimga ishontirish uchun katta odam bo’lib qolgim keldi.

Lahzani qotirib qo’ydim

– Hormang! – dedi Hayot daraxti.
– Bor bo’ling! – dedi nozik sharpa.
Uning qomati endi ancha yo’g’on tortib qolgandi. Uzun sochlariga oq oralagan. Sandiqqa kirib  olibdi.
– Bu yerda nima qilyapsiz?
– Tis-s! Sekinroq gapiring, birov eshitib qolmasin!
– Xo’p. Nima qilyapsiz bu yerda?
– Bu sandiqqa kechamni yashirib qo’yganman. Hamma uxlagan paytda kirib, kechagi kun bilan  yashayman. Buni erim, bolalarim bilib qolsa, yaxshi bo’lmaydi.
– Nihoyat, lahzani qotirib qo’yishning yo’lini topibsiz-da?
– Topdim. Lekin faqat… umuman olganda, umrbod bir lahzada yashab o’tishdan ko’ra shunisi  qiziqroqqa o’xshaydi. Kunduzi bugunni, kechasi kechani yashayman. Kechani yashash lahzalarini  kutib, bugunni o’tkazaman. Turmushim yomon emas.
Shamol daraxt xayollarini olib ketayotib, bir parcha qog’ozni uning yoniga uchirib keldi. Xayol  shoshib qog’ozga ko’z yugurtirdi:
“Kunduzi porlagan yulduzlar, tunda charaqlagan quyosh to’g’risida eshitganmisan? Ular qadri  borliq oldida nechog’li – tasavvur qila olasanmi? Sen hamisha hayotimga ular kabi kirib  kelasan va quyoshlik, yulduzlik vazifasini o’tab qo’ygandek his qilasan o’zingni. Yonib kutganimda  hovurimni bosguvchi bir najot topmayman. O’z o’timni o’zim ko’zyoshlarim bilan o’chirganimda,  sening kerakligingni his qilmay qo’yganimda yonib kirib kelasan. Sen xuddi ohanrabodek   o’zingga tortasan, biroq butunlay tortib olishga ojizlik qilasan.
Ochig’i, yuzi qora tunlarni, xijolatdan qizargan kunlarni orqalab yashashdan charchadim. Mening  ham osmonim hammanikiga o’xshashini istayapman. Xayr, omon bo’l!”
Bu – nozik sharpaning bo’ychan sharpaga jo’natmagan maktubidan bir parcha edi.

Tuyg’ularingni tarbiyalab ol

– Oyi, oyijonim, u nohaqlik qilyapti!
– Kim u, seni qiynayotgan? – mehribonlik bilan boshimni siladi onam. – Buncha ozib ketding, bolam? Nimalar bo’lyapti o’zi?
– Kimligini aytmayman, oyi. Uningsiz yashay olmayman! U esa meni na yoqtiradi, na yoqtirmaydi.
U meni o’zining borligiga o’rgatib qo’ydi, endi esa men bilan ishi yo’q.
Onam jilmaydi.
– Yoshlikda hamma qiynaladi. Sen hech qachon mehr bergan kishingning ortidan qarz berganday  ergashib yurmagin. Undan mehring ajrini kutmagin. Ana shunda qiynalmaysan.
– Buni bilaman, oyi. Men bunday qilayotganim yo’q. Lekin… lekin bilasizmi… tuyg’ularim  tiyiqsiz! Tuyg’ularim ustidan kulaman, lekin baribir ularga ixtiyor beraveraman. Faqat  ungagina topinaman, xayolimda faqat u kezadi, hamma narsani faqat uning bilan uyg’un ko’raman.
Uningsiz dunyoda bor-yo’qligimni ham unutib qo’yaman. Eng yomoni, oyi, uni yo’qotib qo’ydim! Agar  butunlay yo’qotganimda, izsiz yo’qotganimda boshqa gap edi. U bor! Har kecha uni ko’rgani  boraman. Biroq u o’zida yo’q! Faqat tanasi, ulkan tanasi bor, xolos. Ayting, oyi, uni topish  uchun nima qilayin? Uni avvalgiday avaylab-asrash, unga avaylab-asralganidan mamnun bo’lish  hissini qaytarish uchun nima qilay?
Onam savolimga javob bermadi. Nazarimda, u gaplarimni tushunmadi yo his etmadi. Menga –  yakkayu yolg’iz farzandining cho’zilib qolgan bo’y-bastiga mehr bilan tikilib, peshonamdan  o’pdi-da, butunlay boshqa bir gapni aytdi:
– Mashoyixlar deydilarki, muhabbat uqubatli yolg’izlikdan qochmoq uchun bir boshpanadir, xolos. Sen aqling ko’zi bilan qara, tuyg’ularingni tarbiyalab ol, shunda boshingga tushgani  ko’rgilik emasligini anglab yetasan. Qolgani o’tib ketadi…

Chin hayot

Hayot daraxtimning bo’yi osmon bilan bo’ylashib qolgandi. U endi faqat yerni emas, osmonni ham ko’ra oladi. Atrofiga qarab, bir qizga ko’zi tushdi. U havoga chirmashib, osmonga chiqayotgan ekan.
Egnida yal-yal libos, ruhi terga botgan.
U qizni tanidi: bu o’sha – jiddiy ish bilan shug’ullanmay, beshtosh o’ynagani uchun onasidan koyish eshitgan qizaloq.
– Osmonga nega chiqayapsan? – so’radi undan.
– Yulduz bo’lmoqchiman.
– Yulduz bo’lib nima topasan?
– Izlaganimni.
– Izlaganing nima?
– Bilmayman. Topganimda bilarman.
Daraxtim bir paytlar osmonu falakdan kelgan amru farmonni esladi: “Qachonki izlaganingni  topsang – o’sishdan to’xtaysan”. U o’sishdan to’xtay olmadi. Yaralganida tushunganidan ortiq yana  nimanidir tushunish, topish ilinjida ko’kka qarab bo’y cho’zaverdi, cho’zaverdi, cho’zaverdi… oxiri  osmon gumbazini yorib, narigi tarafiga o’tib ketdi…
Shoxida in qurgan hayot qushining qanoti Quyoshga tegib ketdi. U yona boshladi. Jon talvasasida  chirpirak bo’lib uchdi. Tushlarimga o’t tushdi! Yong’in ichida bir o’spirin ham bor edi. Qayoqqa   qocharini bilmay, uyam yonib ketdi! Yonayotib qichqirish tugul hatto ingramadi, bir tomchi ko’zyosh  to’kmadi. Jilmaydi. Xuddi hozir, yonayotib, katta hayotga qadam qo’yajak odamday, jiddiy  ishlarning boshini tutajak odamday jilmaydi…
Ko’zlarimni ochib, gultuvagim turgan joyga qarab yugurdim. Tuvak chil-chil sinib, to’kilgan  tuproq ustida qurib qolgan cho’p yotardi.

***

O’sha o’smir men edim, oyi. Tushlarimda yonib ketgan o’smir men edim. Mana, aytganingizday,hammasi o’tdi. O’tdi va ketdi. Biroq o’tgani emas, o’tmagani chin hayot ekan. Bugun men yo’qman! Qarshingizda sochi oqargan donishmand tuyg’ulari bilan bo’m-bo’sh jild turibdi, xolos. Siz dunyodagi eng yaxshi oyisiz, oyijon! Tushlarimni davolatmoqchi edingiz, davolatib bering!
Parvarishlab bering bemor tushlarimni. Tarbiyali tuyg’ularimni tarbiyasizga aylantiring,  quloqsiz tushlarimni tarbiyalab bering, oyi! O’sha tushlarda yonib ketgan o’smirni, uning telba,  tiyiqsiz, biroq rost tuyg’ularini tiriltiring. Hayotimga – to’rt faslda birday gullab turuvchi
hayotimga, zangor faslimga qaytaring meni!

Manba: “Sharq yulduzi” jurnali 2012 yil 3-son

Муаллиф ҳақида — Muallif haqida
——————-
07  Ойдиннисо (Йўлдошева) 1980 йили Самарқанд вилоятида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Айни пайтда Ғафур Ғулом нашриётида ишламоқда.
  Oydinniso (Yo’ldosheva) 1980 yili Samarqand viloyatida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy universitetini tamomlagan. Ayni paytda G’afur G’ulom nashriyotida ishlamoqda.

22

(Tashriflar: umumiy 416, bugungi 1)

Izoh qoldiring