Oydinniso. Serenada

Ashampoo_Snap_2017.11.08_20h16m26s_004_a.png      Истеъдодли шоира ва таржимон Ойдиннисони туғилган куни билан сайтимиз номидан чин  юракдан қутлаймиз. Шоирага  янги ижодий ютуқлар тилаб тақдим этилаётган  туркумдагидай ҳаяжонли шеърлар кутиб қоламиз.

ОЙДИННИСО
СЕРЕНАДА
07

***

Мен сени соғиндим!Ashampoo_Snap_2017.11.13_14h58m35s_001_.png
Сен кимсан ўзи –
Кўнгилни муттасил зориқтирганим?
Мен сени севаман!
Сен кимсан ўзи –
Эй, мени ўзимга йўлиқтирганим?
Сен кимсан?
Ҳар лаҳза кутаман сени,
Қамишман – най бўлмоқ менга қаноат.

Сен эса
кифтимга ортиб дунёни,
Дунёлар устида қоқтирдинг қанот.
Юрсам, сенга юрдим шахдам одимлаб,
Дилимда хиргойи,
кўзда ҳайқириқ.
Ҳар лаҳза бир орзу чорлади имлаб,
Ҳар лаҳза ўртади
мумтоз айрилиқ.

Чорласам,
ёнимга довонлар келди,
Нафасим дунёни тебратди, эссам.
Яна сени эслаб
борлигим билдим,
Яна сени қўмсаб йиғладим –
Кимсан?!

***

Не тўзғитди бу сокин боғни,
Қай манзилдан не шамол эсди?
Минг аср жим кексайган тоғни
Шовқин солиб бир жимлик эзди.

Гарчи кўкда булут кезар тинч,
Қароғимга қуёш қадалган.
Юрагимда бир буюк соғинч,
Билмам кимга, кимга аталган.

***

Билмасман сендан не истарим,
Сен менинг кимимсан, билмасман.
Изингда гул очар изларим,
Ё йўлсиз йўлимсан, билмасман.

Бўғзимда янчилар гапларим,
Айтарим нелигин билмасман.
Дилимга санчилар дардларим,
Дардларим нелигин билмасман.

Билганим — сен менга кераксан!
Не учун, не учун билмасман.
Вужудимда ёнган юраксан,
Ўчирмоққа ечим билмасман.

***

Йўқ, сени севмайман, хомхаёл бари,
Ёлғизлик туғдирган бемаъни ҳавас
Бўйлаб кўраётир юрагим сари.
Йўқ, сени севмайман, жой йўқ кўксимда,

Неча бор уйғонар бу юрак ахир
Бор-йўғи бир бор тонг отган умримда.
Йўқ, сени севмайман, куз ҳоким бунда,
Куз кўнгли куйлаши керак хазонни,
Ҳаққим йўқ бўйлашга куртакдан гулга.

Йўқ, сени севмайман, мумкинмас ахир
Вақт сидириб олган келар йўлларинг,
Борар йўлларимни обқочган тақдир.

“Йўқ, сени севмайман!” – бу дониш ўйга
Ишонтира билдим ҳамма-ҳаммани
Фақат юрагимдан, ўзимдан ўзга.

***

Дунёга ўт кетар
қалбимни очсам,
Дарёга сакрасам,
қайнайди суви.
Не олов?
Мен нетиб ўзимдан қочсам?
Ёнар!
Қалбим ёнар!
Ёнар вужудим!

Наҳот жаннатнинг ҳам
ўз ўти бордир,
Не бу
юрагимда адашган жавзо?
Нега бунча оғир?
Оҳ бунча оғир
Гуноҳсизлик учун
берилган жазо.

***

Бир фарах ичинда титрар қўлларинг,
Бир нозик телбалик ичинда титрар.
Шовқинга чўмганча йўғу борлари
Сукунатин ҳимоя этар.

Тинмай қаҳ-қаҳ отар умрида бир бор
Дуркун баҳор билан сийланган юрак.
“Тинчлан!” деб ўзини овутар такрор
Нафосатни қувмаслик керак.

Ҳали изҳоргача йўл хийла узоқ,
Умрлик вақт сўрар балки бу сафар.
То йўл тугагунча яшасин кўпроқ,
Тўкилиб кетмасин оҳор.

***

Қисматнинг айби йўқ бу ишда сира,
Кўнгил ҳам кўнгиллик қилгандир, майли.
Баҳор ҳам йўқ эди бу кўнгил ичра,
Йўқ эди гул сайли, муҳаббат сайли.

Йўқ жойдан бошлади тушлар барини,
Ёпиқ эшикларин очиб юборди.
Келганингдан сен ҳам бехабар эдинг,
Билмам, кутганимдан хабарим борми.

Бу ишнинг яхши ё ёмонлигини
Англамоққа ҳатто топмадим ҳушим.
Ҳамон билмам бизни гуноҳларгами
Ва ёки бахтларга ботирди тушим.

***

Жуда қалтис бошланди ўйин,
Ўртага шаън, ғурур тикилди.
Сипқорганча баҳорнинг куйин,
Шарт ўқилди, кўнгил ўқилди.

Ютиб олдим барини бир-бир —
Эгдим ногоҳ мағрур бошингни,
Тортиб олдим юрагингдан сир,
Ютдим ҳатто ўт қарошингни.

Титроғингни, зорингни ютдим,
Нафратингни, интиқомингни,
Йўғингнию борингни ютдим,
Ютдим энг қимматли — онингни.

Сипқорганча баҳорнинг куйин,
Масту аласт ютдим ва куйдим:
Жуда қиммат тушди бу ўйин,
Мен юракни бой бериб қўйдим.

***

Шаробдирман минг йилдирки ҳеч ким ичмаган.
Ҳалима Аҳмедова

Менга нима бўлди, худойим,
Вужудим — шаробга лим шиша.
Не эди гунойим, хатойим —
Ямалмас йиртилган андиша.

Ирғитилган ғижимлаб қадр —
Текисланмас, изсиз тикланмас.
Топталмаган не қолди ахир
Синдирилган ғурур бутланмас.

Бирор заррам қолмади менда —
Ўттиз беш йил кун кўрган кимса.
Шунча хўрлик камдайин нега
Шароб мастдир мени симирса.

Мен-да мастман ўзимни ичиб,
Менга нима бўлди, айт шуни.
Севаяпман ўзимдан кечиб,
Ундан кечиб севяпман уни.

Менга нима бўлди, худойим!

***

Дунёдаги ҳамма гиёҳга, тошга,
Истеҳзога, табассумга, кўзёшга,
Борлиққа, тўрт эмас, олти томонга
Ва ҳар бир инсонга, ҳатто инсонга
Сени севишимни айтгим келяпти —
Айтгим келаяпти
ҳайқириб, тўйиб.

Дунёдаги ҳамма гиёҳдан, тошдан,
Истеҳзодан, табассумдан, кўзёшдан,
Борлиқдан, тўрт эмас, олти томондан,
Ва ҳар бир инсондан, ҳатто инсондан
Йиқилиб кечирим сўргим келяпти
Сени севишимни
айтиб қўйиб.

***

Сен қайларда эдинг, бахт қуши,
Ахтардингми иссиқ ўлкани?
Иссиқ-совуқ қоришиқ тушди –
Титрадингми бунга келгани?

Дон тердингми, кўнгил йиғдингми?
Овландингми бирор сайёдга?
Орзуларга кириб-чиқдингми,
Қамалдингми бирор-бир ёдга?

Шунча узоқ учдингми, ғариб,
Шунча узоқ кечиккунингча.
Келгунингча мени ахтариб,
Ямоқ юрагимга қўнгунча.

Сен қайларда эдинг, бахт қуши!

***

“Зўр шоирсан”, дединг,
“яхши дўст” дединг.
Ва яна келтирдинг талай таърифлар.
Мен тарсаки тортгим келди тилингга,
Фақат дил илғар бу ҳақорат учун.
Кошкийди,
кошкийди гапирганингда
Сен менинг бир оддий аёллигимни,
Бошқалардан ортиқ ерим йўқлигин,
Ҳаттоки ёмонроқ эканимнию
Ва лекин…
Негадир мени севишинг…

***

Шундай бўладими одам ҳам,
Шунча хўрлайдими юракни?
Дўндирарми шунчалар осон
Бир умр тиланган тилакни.

Узр сўраб устига устак,
Тортадими дилга тарсаки.
Олқишмиди ёки ҳақорат
Иккисига ўхшар қарсаги.

Хира тортган қалб кўзларининг
Кўзойнагин оларми тортиб,
Кўзёшига ғарқ этиб уни
Сўнгра ўзи қўярми артиб.

Шундай бўладими одам ҳам,
Шунча хўрлайдими юракни?
Тугатарми бошланмасидан
Умрбод ишонган эртакни.

***

Йиғлаяпман, табрикланг мени,
Йиғлаяпман, овутманг ортиқ.
Кўзёшимни йиғинг ва уни
Ҳайкалларга айлангиз тортиқ.

Ишонинг, у энг камёб ҳадя,
Гарчи дунё кўзёшга ғарқдир.
Ўз устингдан кулмоқ – фожиа,
Ўз устингдан йиғламоқ – бахтдир.

***

Бу осмон – саҳнадир,
ётмас панада,
Бу осмон – ҳаётдир,
тутмас ҳеч кимни.
Қуёшни ўйнайсан
сен бу саҳнада,
Ой бўлиб яшайман
мен ҳаётимни.

Кел, бирга кетайлик,
бергил қўлларинг,
Кетайлик
йўлга йўл бошламоқ учун.
Ижро айлагани
сен ўз ролларинг,
Мен ўз ҳаётимни
яшамоқ учун.

***

Юрагимни дорга осаман юлиб,
Кўтармоққа дорнинг кучи етмайди.
Билмадим, нимадан тўқилган умид,
Сира узилмайди, сира йитмайди.

Ҳидламоққа шайсан ҳар битта гулни,
Чаманда гулларнинг бегонаси йўқ —
Бахту бахтсизликдан қўримай дилни
Кимингдир бўлолган бир донаси йўқ.

Оғирлик қилади бўм-бўш қўлларим,
Лоақал бегонанг бўлгим келади.
Қирғоғимдан тошсам, сенга урилиб,
Яна сенинг билан тўлгим келади.

Сендан юз бураман, сенга юраман,
Сира ўзгармайди дарднинг мазмуни.
Сени яхшигина ёмон кўраман,
Юрагимга таниш бегонам мени.

***

Ёки кўтарайми оқ байроқ,
Қўл кўтариб таслим бўлайми?
Дардим билан курашдим узоқ,
Бахтли бўлиш учун ўлайми?

Ўлиб бахтга тўлайми, жоним,
Шундай тушайинми тилингга?
Вужудимни тупроққа қориб,
Кўмилайми ўзим дилингга?

Яна ўлайинми исмингни
Исмим ила босмоққа муҳр —
Сенинг учун жон берганимни
Ҳамма гуллаб юрсин бир умр.

Сени ташлаб ўлайми, сени
Ҳеч кимсага бермайми шундай?
Сендан сени ўғирлаб, “мен”ни
Қолдирайми ўрнига атай?

Қучоғингга қандайлар тўлсам,
Хаёлингга шундай тўлайми?
Жуда узоқ яшаб ҳар лаҳза,
Ҳар лаҳзада минг бор ўлайми?

Чекинайми, шундай қилайми
Юрагингда яшамоқ учун?
Ҳаётимга нуқта қўяйми,
Яшамоқни бошламоқ учун?

***

Ҳувиллаган хона, қақраётган дил,
Учиб-қўниб толган, кўниккан нигоҳ.
Ичкарида бир ҳис эсар мисли ел,
Чирпирак – недандир этгудай огоҳ.

Прометей сингари занжиринг – қафас,
Гарчи ўғирлашга бир олов йўқдир.
Бунда юрагингни қузғунлар эмас,
Сен аяб севганинг – хотирлар чўқир.

Муттасил яшамоқ азоби тушган,
Еб бўлмас чўқилган юракни юлиб.
Не ҳол бу, қўрқасан орзу қилишга,
Умид эса кетмас буткул узилиб.

***

Кўзларингни юмиб ҳуш-беҳуш
Чўкмакдасан не учун пастга?
О юрагим – ярадор оққуш,
Овландингми ўшал сайёдга?

Сен ўзингни ўққа тутдингми,
Истакларга бўлдингми эрмак?
Муддаонг не эди? Етдингми?
– Қўлларида бахтиёр ўлмак?

Чўкиш мумкин яна қанча, айт,
Қачонгача карахт бедорлик?
Ортга йўл йўқ, олдинда фақат
Фақат жарлик, туби йўқ жарлик.

Нега меҳринг иймади менга,
Қаҳринг келмас нега ҳеч қачон?
Чўкиш мумкин яна айт, қанча,
Қанча яшаш мумкин чалажон?

***

Зулматини йўқотган чироқ,
Жимиридан айрилган мавждай.
Кўзёшини бой берган фироқ,
Пардалари узилган авждай.

Кўзда ёш – унутган ғамини,
Қувончлари йитган табассум,
Хаёл – чобуклиги, таъмини,
Ҳисларини бой берган кўнглим.

Таниш мумкин ўзингни лекин,
Яшаш мумкин ҳатто бир ажиб –
Ҳайронлик бор эски ғам берган,
Эски қувонч берган таажжуб.

***

Қорайиб ёнарсен зулмат йўлинда,
Юрагимда ёниб битган севгилим.
Рауф Парфи

Еллар бўйламади ёпиқ кўксимга,
Совуриб бўлмади кўкка кулингни,
Юрагимда ёниб битган севгилим.
Оғирлик қилмоқда кул босган юрак.

Гул экиб кўрайми бу кулга энди,
Дарахт бўлармикан ниҳол ўтқазсам,
Қушлар сайрармикан шохига қўниб,
Юрагимга баҳор чақирармикан?

Ё кўнгилнинг сендан қолган доғини
Сенинг кулинг билан ишқаб ювайми?
Тозаланармикан, янгорармикан,
Кетармикан ундан куюклар иси?

Оғирлик қилмоқда кул босган юрак,
Юрагимда ёниб битган севгилим…

***

Мен тузалмас дардингман, дунё,
Яшамадим, оғридим фақат.
Аямагин, бўлмагин адо,
Суғуриб от мени бешафқат.

Ҳароратман минг бир даража,
Вужудингда узлуксиз ёндим.
Тушмай, узоқ қилдим хархаша,
Мени ўчир, сен мендан тонгин.

Кўзёшингман ҳайқириб томган,
Артиб ташла мени бегумон.
Ғурурингман топталиб толган,
Воз кечақол, янчгин беомон.

Алағ-жалағ мунгли тушингман,
Алаҳсираб юрдим тонгу шом.
Бошингни кўтар болишингдан,
Уйғон, дунё, сен мендан уйғон!

***

Шеър ёзаман, десанг сенга бағишлаб,
Бу – денгиз, деб очсанг олов бағрингни.
Шеър ёзаман, дея дунёни алдаб,
Тўксанг юрагингнинг оғриқларини.

Сенинг оғриғингга ғарқ бўлса қоғоз,
Сенинг дардинг билан оғриса дунё.
Ва сени олқишлаб берсалар овоз,
Шеър ўқиган каби бўлсалар гўё.

Қўшиқ қилиб айтса, хўп кулиб айтса,
Рақсга тушсалар тутиб барингни.
Камига, бахтли деб сени кўрсатса,
Бахт деб таништирса оғриқларингни.

***

Аразлашни билсайдим мен ҳам,
Билсам эди тушунмасликни.
Алдовлардан нажот тополсам,
Тарк этолсам эди ростликни.
Қани эди журъатим етса,
“Сени севмайман!” деб айтишга.
Ғурур ила тўғонлар қурсам
Йўлимга – ёнингга қайтишга.
Ёпиқ турса саҳифаларим,
Очиб ўқиб, сўнг яна ёпсанг.
Шундай китоб бўлсам, шундайин,
Ҳар ўқишда нимадир топсанг.
Ул сабргул – куманжирдайин
Минг йилда бир гуллаб ҳам қўйсам.
Кўчиб ўтса дилингга осмон,
Қуёшли ой, юлдузлар кулса.
Ишонаман, яхши кўрардинг,
Шунда яхши кўрардинг мени.
Қани эди қўлимдан келса,
Қани эди севмасам сени.

***

Кетиб бораяпман, билмам қаёққа,
Кетиб бораяпман, мен кетмоғим шарт.
Тортиб бораётир юрагим ортга,
Тортиб бораётир бир давосиз дард.

Фақат туйғу бордир, йўқ бунда маъни,
Фақат кўзда ёш бор, топилмас сабаб.
Алдоқчи ростлик бор – бирор кимсани
Пичоқлаган каби кулиб ва аяб.

Бир совуқ ўртаниш, бир қайноқ таскин
Бирга кетаётир титроғу шафқат.
Кетиб бораётир тежамкор мискин
Ҳамда тежаб бўлмас муҳаббат.

Баҳорнинг кетмоғи муқаррар каби
Билмагани каби борар манзилин,
Кетиб бораяпман, ким кутар мени,
Кўзёшимни артиб қўяр ким?

***

Мана, қара, кўзимда ёш йўқ,
Отилгани тош йўқ тилимда.
Сўниб бўлди сўнгги лаҳча чўғ,
Сўниб бўлди бари дилимда.

Мана, қара, кўксингда яра,
Юрагимдан қувилган, эй дўст.
Ўша яра менман-ку, қара,
Юлиб олсанг қонайман, эссиз…

***

Эшкакдан воз кечди қўлларим, қара,
Шамолнинг измида сузар қайиғим.
Тўлқинлар тебратиб, чайқатиб, яйраб,
Қай томон ирғитса, шудир манзилим.

Жуда узо-оқ суздим оқимга қарши,
Елкаларим ҳорди, одамман ахир.
Қай томон сузмайин, барибир шу-шу,
Чиқмоққа соҳил йўқ, чўкмоққа охир.

***

Ботса, нури билан ботди-ку қуёш,
Мушк йўқолса, йитди ўз бўйи билан.
Дарди, қувончи-ла қуриди кўзёш,
Сен олиб кетмадинг ёдингни мендан.

Қулоғимни ёпдим гулдурак йўқ, деб,
Чақмоқни қуёш, деб юмдим кўзимни.
Булутни сезмай деб, ёмғирдан қочиб,
Ўзимга бекитдим ўзимни.

Тупроқ остидаги илдизнинг ҳолин
Ошкор айлагандек бутоқ, япроқлар.
Ошкор айлайверди юрагим зорин
Рангиму нафасим ҳамда титроқлар.

Зангорча судрадим рангпар кунларни,
Сендан олисларда сендан айрилмай.
Ҳеч кимга ўхшатмай қолдирди мени,
Кетишинг ҳеч кимга ўхшамай…

***

Гарчи юриш мумкин ҳали илдамроқ,
Қўлингни узатсанг, осмонлар пастлар.
Энгашсанг, қаддини кўтарар тупроқ,
Суянсанг, ҳассага айланар хаслар.

Гарчи гул тутмоқда баҳор беминнат,
Гарчи шўх кўз қисар юлдузлар ҳамон,
Гарчи ҳали қадринг бинойи қиммат,
Ҳаммаси тугади, ҳаммаси тамом.

Борлигинг дунёга келмасдан малол,
Сўнгги журъатингни йиғиб бир фурсат,
Оёқ узатишинг мумкин бемалол –
Ахир юрагингда қолмади қувват…

***

Юрагимни шабнамга ювдим,
Яна нега ювиб оқлайин?
Ҳаёт суви – малҳамга ювдим,
Мен ўзимни қандай поклайин?

Қайдан келди бу қуюн – нафрат?
Қора доғ гуркирар, гуркирар.
Ташлаб қайга кетди муҳаббат –
Қайга учиб кетди қовжираб?

Қирқ ёмғирдан сидирдим ғамни,
Қирқ ёмғирим қувончга дўнди.
Юракдаги бу аччиқ таъмни
Кетмас қилиб қайси лой қўйди?

Кўзёшга-да чўмилдим, бироқ,
Тозармади юракда доғим.
Сенга қандай кираман, тупроқ,
Қай дил билан йўқлай, Оллоҳим.

914.jpg   Iste’dodli shoira va tarjimon Oydinnisoni tug‘ilgan kuni bilan saytimiz nomidan chin yurakdan qutlaymiz. Shoiraga yangi ijodiy yutuqlar tilab taqdim etilayotgan turkumdagiday hayajonli she’rlar kutib qolamiz.

OYDINNISO
SЕRЕNADA
07

***

Men seni sog‘indim!Ashampoo_Snap_2017.11.13_15h06m24s_002_.png
Sen kimsan o‘zi –
Ko‘ngilni muttasil zoriqtirganim?
Men seni sevaman!
Sen kimsan o‘zi –
Ey, meni o‘zimga yo‘liqtirganim?
Sen kimsan?
Har lahza kutaman seni,
Qamishman – nay bo‘lmoq menga qanoat.

Sen esa
kiftimga ortib dunyoni,
Dunyolar ustida qoqtirding qanot.
Yursam, senga yurdim shaxdam odimlab,
Dilimda xirgoyi,
ko‘zda hayqiriq.
Har lahza bir orzu chorladi imlab,
Har lahza o‘rtadi
mumtoz ayriliq.

Chorlasam,
yonimga dovonlar keldi,
Nafasim dunyoni tebratdi, essam.
Yana seni eslab
borligim bildim,
Yana seni qo‘msab yig‘ladim –
Kimsan?!

***

Ne to‘zg‘itdi bu sokin bog‘ni,
Qay manzildan ne shamol esdi?
Ming asr jim keksaygan tog‘ni
Shovqin solib bir jimlik ezdi.

Garchi ko‘kda bulut kezar tinch,
Qarog‘imga quyosh qadalgan.
Yuragimda bir buyuk sog‘inch,
Bilmam kimga, kimga atalgan.

***

Bilmasman sendan ne istarim,
Sen mening kimimsan, bilmasman.
Izingda gul ochar izlarim,
Yo yo‘lsiz yo‘limsan, bilmasman.

Bo‘g‘zimda yanchilar gaplarim,
Aytarim neligin bilmasman.
Dilimga sanchilar dardlarim,
Dardlarim neligin bilmasman.

Bilganim — sen menga keraksan!
Ne uchun, ne uchun bilmasman.
Vujudimda yongan yuraksan,
O‘chirmoqqa yechim bilmasman.

***

Yo‘q, seni sevmayman, xomxayol bari,
Yolg‘izlik tug‘dirgan bema’ni havas
Bo‘ylab ko‘rayotir yuragim sari.
Yo‘q, seni sevmayman, joy yo‘q ko‘ksimda,

Necha bor uyg‘onar bu yurak axir
Bor-yo‘g‘i bir bor tong otgan umrimda.
Yo‘q, seni sevmayman, kuz hokim bunda,
Kuz ko‘ngli kuylashi kerak xazonni,
Haqqim yo‘q bo‘ylashga kurtakdan gulga.

Yo‘q, seni sevmayman, mumkinmas axir
Vaqt sidirib olgan kelar yo‘llaring,
Borar yo‘llarimni obqochgan taqdir.

“Yo‘q, seni sevmayman!” – bu donish o‘yga
Ishontira bildim hamma-hammani
Faqat yuragimdan, o‘zimdan o‘zga.

***

Dunyoga o‘t ketar
qalbimni ochsam,
Daryoga sakrasam,
qaynaydi suvi.
Ne olov?
Men netib o‘zimdan qochsam?
Yonar!
Qalbim yonar!
Yonar vujudim!

Nahot jannatning ham
o‘z o‘ti bordir,
Ne bu
yuragimda adashgan javzo?
Nega buncha og‘ir?
Oh buncha og‘ir
Gunohsizlik uchun
berilgan jazo.

***

Bir farax ichinda titrar qo‘llaring,
Bir nozik telbalik ichinda titrar.
Shovqinga cho‘mgancha yo‘g‘u borlari
Sukunatin himoya etar.

Tinmay qah-qah otar umrida bir bor
Durkun bahor bilan siylangan yurak.
“Tinchlan!” deb o‘zini ovutar takror
Nafosatni quvmaslik kerak.

Hali izhorgacha yo‘l xiyla uzoq,
Umrlik vaqt so‘rar balki bu safar.
To yo‘l tugaguncha yashasin ko‘proq,
To‘kilib ketmasin ohor.

***

Qismatning aybi yo‘q bu ishda sira,
Ko‘ngil ham ko‘ngillik qilgandir, mayli.
Bahor ham yo‘q edi bu ko‘ngil ichra,
Yo‘q edi gul sayli, muhabbat sayli.

Yo‘q joydan boshladi tushlar barini,
Yopiq eshiklarin ochib yubordi.
Kelganingdan sen ham bexabar eding,
Bilmam, kutganimdan xabarim bormi.

Bu ishning yaxshi yo yomonligini
Anglamoqqa hatto topmadim hushim.
Hamon bilmam bizni gunohlargami
Va yoki baxtlarga botirdi tushim.

***

Juda qaltis boshlandi o‘yin,
O‘rtaga sha’n, g‘urur tikildi.
Sipqorgancha bahorning kuyin,
Shart o‘qildi, ko‘ngil o‘qildi.

Yutib oldim barini bir-bir —
Egdim nogoh mag‘rur boshingni,
Tortib oldim yuragingdan sir,
Yutdim hatto o‘t qaroshingni.

Titrog‘ingni, zoringni yutdim,
Nafratingni, intiqomingni,
Yo‘g‘ingniyu boringni yutdim,
Yutdim eng qimmatli — oningni.

Sipqorgancha bahorning kuyin,
Mastu alast yutdim va kuydim:
Juda qimmat tushdi bu o‘yin,
Men yurakni boy berib qo‘ydim.

***

Sharobdirman ming yildirki hech kim ichmagan.
Halima Ahmedova

Menga nima bo‘ldi, xudoyim,
Vujudim — sharobga lim shisha.
Ne edi gunoyim, xatoyim —
Yamalmas yirtilgan andisha.

Irg‘itilgan g‘ijimlab qadr —
Tekislanmas, izsiz tiklanmas.
Toptalmagan ne qoldi axir
Sindirilgan g‘urur butlanmas.

Biror zarram qolmadi menda —
O‘ttiz besh yil kun ko‘rgan kimsa.
Shuncha xo‘rlik kamdayin nega
Sharob mastdir meni simirsa.

Men-da mastman o‘zimni ichib,
Menga nima bo‘ldi, ayt shuni.
Sevayapman o‘zimdan kechib,
Undan kechib sevyapman uni.

Menga nima bo‘ldi, xudoyim!

***

Dunyodagi hamma giyohga, toshga,
Istehzoga, tabassumga, ko‘zyoshga,
Borliqqa, to‘rt emas, olti tomonga
Va har bir insonga, hatto insonga
Seni sevishimni aytgim kelyapti —
Aytgim kelayapti
hayqirib, to‘yib.

Dunyodagi hamma giyohdan, toshdan,
Istehzodan, tabassumdan, ko‘zyoshdan,
Borliqdan, to‘rt emas, olti tomondan,
Va har bir insondan, hatto insondan
Yiqilib kechirim so‘rgim kelyapti
Seni sevishimni
aytib qo‘yib.

***

Sen qaylarda eding, baxt qushi,
Axtardingmi issiq o‘lkani?
Issiq-sovuq qorishiq tushdi –
Titradingmi bunga kelgani?

Don terdingmi, ko‘ngil yig‘dingmi?
Ovlandingmi biror sayyodga?
Orzularga kirib-chiqdingmi,
Qamaldingmi biror-bir yodga?

Shuncha uzoq uchdingmi, g‘arib,
Shuncha uzoq kechikkuningcha.
Kelguningcha meni axtarib,
Yamoq yuragimga qo‘nguncha.

Sen qaylarda eding, baxt qushi!

***

“Zo‘r shoirsan”, deding,
“yaxshi do‘st” deding.
Va yana keltirding talay ta’riflar.
Men tarsaki tortgim keldi tilingga,
Faqat dil ilg‘ar bu haqorat uchun.
Koshkiydi,
koshkiydi gapirganingda
Sen mening bir oddiy ayolligimni,
Boshqalardan ortiq yerim yo‘qligin,
Hattoki yomonroq ekanimniyu
Va lekin…
Negadir meni sevishing…

***

Shunday bo‘ladimi odam ham,
Shuncha xo‘rlaydimi yurakni?
Do‘ndirarmi shunchalar oson
Bir umr tilangan tilakni.

Uzr so‘rab ustiga ustak,
Tortadimi dilga tarsaki.
Olqishmidi yoki haqorat
Ikkisiga o‘xshar qarsagi.

Xira tortgan qalb ko‘zlarining
Ko‘zoynagin olarmi tortib,
Ko‘zyoshiga g‘arq etib uni
So‘ngra o‘zi qo‘yarmi artib.

Shunday bo‘ladimi odam ham,
Shuncha xo‘rlaydimi yurakni?
Tugatarmi boshlanmasidan
Umrbod ishongan ertakni.

***

Yig‘layapman, tabriklang meni,
Yig‘layapman, ovutmang ortiq.
Ko‘zyoshimni yig‘ing va uni
Haykallarga aylangiz tortiq.

Ishoning, u eng kamyob hadya,
Garchi dunyo ko‘zyoshga g‘arqdir.
O‘z ustingdan kulmoq – fojia,
O‘z ustingdan yig‘lamoq – baxtdir.

***

Bu osmon – sahnadir,
yotmas panada,
Bu osmon – hayotdir,
tutmas hech kimni.
Quyoshni o‘ynaysan
sen bu sahnada,
Oy bo‘lib yashayman
men hayotimni.

Kel, birga ketaylik,
bergil qo‘llaring,
Ketaylik
yo‘lga yo‘l boshlamoq uchun.
Ijro aylagani
sen o‘z rollaring,
Men o‘z hayotimni
yashamoq uchun.

***

Yuragimni dorga osaman yulib,
Ko‘tarmoqqa dorning kuchi yetmaydi.
Bilmadim, nimadan to‘qilgan umid,
Sira uzilmaydi, sira yitmaydi.

Hidlamoqqa shaysan har bitta gulni,
Chamanda gullarning begonasi yo‘q —
Baxtu baxtsizlikdan qo‘rimay dilni
Kimingdir bo‘lolgan bir donasi yo‘q.

Og‘irlik qiladi bo‘m-bo‘sh qo‘llarim,
Loaqal begonang bo‘lgim keladi.
Qirg‘og‘imdan toshsam, senga urilib,
Yana sening bilan to‘lgim keladi.

Sendan yuz buraman, senga yuraman,
Sira o‘zgarmaydi dardning mazmuni.
Seni yaxshigina yomon ko‘raman,
Yuragimga tanish begonam meni.

***

Yoki ko‘taraymi oq bayroq,
Qo‘l ko‘tarib taslim bo‘laymi?
Dardim bilan kurashdim uzoq,
Baxtli bo‘lish uchun o‘laymi?

O‘lib baxtga to‘laymi, jonim,
Shunday tushayinmi tilingga?
Vujudimni tuproqqa qorib,
Ko‘milaymi o‘zim dilingga?

Yana o‘layinmi ismingni
Ismim ila bosmoqqa muhr —
Sening uchun jon berganimni
Hamma gullab yursin bir umr.

Seni tashlab o‘laymi, seni
Hech kimsaga bermaymi shunday?
Sendan seni o‘g‘irlab, “men”ni
Qoldiraymi o‘rniga atay?

Quchog‘ingga qandaylar to‘lsam,
Xayolingga shunday to‘laymi?
Juda uzoq yashab har lahza,
Har lahzada ming bor o‘laymi?

Chekinaymi, shunday qilaymi
Yuragingda yashamoq uchun?
Hayotimga nuqta qo‘yaymi,
Yashamoqni boshlamoq uchun?

***

Huvillagan xona, qaqrayotgan dil,
Uchib-qo‘nib tolgan, ko‘nikkan nigoh.
Ichkarida bir his esar misli yel,
Chirpirak – nedandir etguday ogoh.

Prometey singari zanjiring – qafas,
Garchi o‘g‘irlashga bir olov yo‘qdir.
Bunda yuragingni quzg‘unlar emas,
Sen ayab sevganing – xotirlar cho‘qir.

Muttasil yashamoq azobi tushgan,
Yeb bo‘lmas cho‘qilgan yurakni yulib.
Ne hol bu, qo‘rqasan orzu qilishga,
Umid esa ketmas butkul uzilib.

***

Ko‘zlaringni yumib hush-behush
Cho‘kmakdasan ne uchun pastga?
O yuragim – yarador oqqush,
Ovlandingmi o‘shal sayyodga?

Sen o‘zingni o‘qqa tutdingmi,
Istaklarga bo‘ldingmi ermak?
Muddaong ne edi? Yetdingmi?
– Qo‘llarida baxtiyor o‘lmak?

Cho‘kish mumkin yana qancha, ayt,
Qachongacha karaxt bedorlik?
Ortga yo‘l yo‘q, oldinda faqat
Faqat jarlik, tubi yo‘q jarlik.

Nega mehring iymadi menga,
Qahring kelmas nega hech qachon?
Cho‘kish mumkin yana ayt, qancha,
Qancha yashash mumkin chalajon?

***

Zulmatini yo‘qotgan chiroq,
Jimiridan ayrilgan mavjday.
Ko‘zyoshini boy bergan firoq,
Pardalari uzilgan avjday.

Ko‘zda yosh – unutgan g‘amini,
Quvonchlari yitgan tabassum,
Xayol – chobukligi, ta’mini,
Hislarini boy bergan ko‘nglim.

Tanish mumkin o‘zingni lekin,
Yashash mumkin hatto bir ajib –
Hayronlik bor eski g‘am bergan,
Eski quvonch bergan taajjub.

***

Qorayib yonarsen zulmat yo‘linda,
Yuragimda yonib bitgan sevgilim.
Rauf Parfi

Yellar bo‘ylamadi yopiq ko‘ksimga,
Sovurib bo‘lmadi ko‘kka kulingni,
Yuragimda yonib bitgan sevgilim.
Og‘irlik qilmoqda kul bosgan yurak.

Gul ekib ko‘raymi bu kulga endi,
Daraxt bo‘larmikan nihol o‘tqazsam,
Qushlar sayrarmikan shoxiga qo‘nib,
Yuragimga bahor chaqirarmikan?

Yo ko‘ngilning sendan qolgan dog‘ini
Sening kuling bilan ishqab yuvaymi?
Tozalanarmikan, yangorarmikan,
Ketarmikan undan kuyuklar isi?

Og‘irlik qilmoqda kul bosgan yurak,
Yuragimda yonib bitgan sevgilim…

***

Men tuzalmas dardingman, dunyo,
Yashamadim, og‘ridim faqat.
Ayamagin, bo‘lmagin ado,
Sug‘urib ot meni beshafqat.

Haroratman ming bir daraja,
Vujudingda uzluksiz yondim.
Tushmay, uzoq qildim xarxasha,
Meni o‘chir, sen mendan tongin.

Ko‘zyoshingman hayqirib tomgan,
Artib tashla meni begumon.
G‘ururingman toptalib tolgan,
Voz kechaqol, yanchgin beomon.

Alag‘-jalag‘ mungli tushingman,
Alahsirab yurdim tongu shom.
Boshingni ko‘tar bolishingdan,
Uyg‘on, dunyo, sen mendan uyg‘on!

***

She’r yozaman, desang senga bag‘ishlab,
Bu – dengiz, deb ochsang olov bag‘ringni.
She’r yozaman, deya dunyoni aldab,
To‘ksang yuragingning og‘riqlarini.

Sening og‘rig‘ingga g‘arq bo‘lsa qog‘oz,
Sening darding bilan og‘risa dunyo.
Va seni olqishlab bersalar ovoz,
She’r o‘qigan kabi bo‘lsalar go‘yo.

Qo‘shiq qilib aytsa, xo‘p kulib aytsa,
Raqsga tushsalar tutib baringni.
Kamiga, baxtli deb seni ko‘rsatsa,
Baxt deb tanishtirsa og‘riqlaringni.

***

Arazlashni bilsaydim men ham,
Bilsam edi tushunmaslikni.
Aldovlardan najot topolsam,
Tark etolsam edi rostlikni.
Qani edi jur’atim yetsa,
“Seni sevmayman!” deb aytishga.
G‘urur ila to‘g‘onlar qursam
Yo‘limga – yoningga qaytishga.
Yopiq tursa sahifalarim,
Ochib o‘qib, so‘ng yana yopsang.
Shunday kitob bo‘lsam, shundayin,
Har o‘qishda nimadir topsang.
Ul sabrgul – kumanjirdayin
Ming yilda bir gullab ham qo‘ysam.
Ko‘chib o‘tsa dilingga osmon,
Quyoshli oy, yulduzlar kulsa.
Ishonaman, yaxshi ko‘rarding,
Shunda yaxshi ko‘rarding meni.
Qani edi qo‘limdan kelsa,
Qani edi sevmasam seni.

***

Ketib borayapman, bilmam qayoqqa,
Ketib borayapman, men ketmog‘im shart.
Tortib borayotir yuragim ortga,
Tortib borayotir bir davosiz dard.

Faqat tuyg‘u bordir, yo‘q bunda ma’ni,
Faqat ko‘zda yosh bor, topilmas sabab.
Aldoqchi rostlik bor – biror kimsani
Pichoqlagan kabi kulib va ayab.

Bir sovuq o‘rtanish, bir qaynoq taskin
Birga ketayotir titrog‘u shafqat.
Ketib borayotir tejamkor miskin
Hamda tejab bo‘lmas muhabbat.

Bahorning ketmog‘i muqarrar kabi
Bilmagani kabi borar manzilin,
Ketib borayapman, kim kutar meni,
Ko‘zyoshimni artib qo‘yar kim?

***

Mana, qara, ko‘zimda yosh yo‘q,
Otilgani tosh yo‘q tilimda.
So‘nib bo‘ldi so‘nggi lahcha cho‘g‘,
So‘nib bo‘ldi bari dilimda.

Mana, qara, ko‘ksingda yara,
Yuragimdan quvilgan, ey do‘st.
O‘sha yara menman-ku, qara,
Yulib olsang qonayman, essiz…

***

Eshkakdan voz kechdi qo‘llarim, qara,
Shamolning izmida suzar qayig‘im.
To‘lqinlar tebratib, chayqatib, yayrab,
Qay tomon irg‘itsa, shudir manzilim.

Juda uzo-oq suzdim oqimga qarshi,
Yelkalarim hordi, odamman axir.
Qay tomon suzmayin, baribir shu-shu,
Chiqmoqqa sohil yo‘q, cho‘kmoqqa oxir.

***

Botsa, nuri bilan botdi-ku quyosh,
Mushk yo‘qolsa, yitdi o‘z bo‘yi bilan.
Dardi, quvonchi-la quridi ko‘zyosh,
Sen olib ketmading yodingni mendan.

Qulog‘imni yopdim guldurak yo‘q, deb,
Chaqmoqni quyosh, deb yumdim ko‘zimni.
Bulutni sezmay deb, yomg‘irdan qochib,
O‘zimga bekitdim o‘zimni.

Tuproq ostidagi ildizning holin
Oshkor aylagandek butoq, yaproqlar.
Oshkor aylayverdi yuragim zorin
Rangimu nafasim hamda titroqlar.

Zangorcha sudradim rangpar kunlarni,
Sendan olislarda sendan ayrilmay.
Hech kimga o‘xshatmay qoldirdi meni,
Ketishing hech kimga o‘xshamay…

***

Garchi yurish mumkin hali ildamroq,
Qo‘lingni uzatsang, osmonlar pastlar.
Engashsang, qaddini ko‘tarar tuproq,
Suyansang, hassaga aylanar xaslar.

Garchi gul tutmoqda bahor beminnat,
Garchi sho‘x ko‘z qisar yulduzlar hamon,
Garchi hali qadring binoyi qimmat,
Hammasi tugadi, hammasi tamom.

Borliging dunyoga kelmasdan malol,
So‘nggi jur’atingni yig‘ib bir fursat,
Oyoq uzatishing mumkin bemalol –
Axir yuragingda qolmadi quvvat…

***

Yuragimni shabnamga yuvdim,
Yana nega yuvib oqlayin?
Hayot suvi – malhamga yuvdim,
Men o‘zimni qanday poklayin?

Qaydan keldi bu quyun – nafrat?
Qora dog‘ gurkirar, gurkirar.
Tashlab qayga ketdi muhabbat –
Qayga uchib ketdi qovjirab?

Qirq yomg‘irdan sidirdim g‘amni,
Qirq yomg‘irim quvonchga do‘ndi.
Yurakdagi bu achchiq ta’mni
Ketmas qilib qaysi loy qo‘ydi?

Ko‘zyoshga-da cho‘mildim, biroq,
Tozarmadi yurakda dog‘im.
Senga qanday kiraman, tuproq,
Qay dil bilan yo‘qlay, Ollohim.

09

(Tashriflar: umumiy 311, bugungi 1)

Izoh qoldiring