Abdulhamid Cho’lpon. Yo’l esdaliklari & Sirojiddin Ahmad. Cho’lpon impressionizmi

09 Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон таваллудининг 120 йиллигига

   Буюк Чўлпон кўнглидаги ҳаёт ҳақиқатини қоғозга тўккан. Ўша ҳақиқатни «Йўл эсдаликлари»да Жиззахдан Самарқандга етгунча кўрган анвойи гўзаллик сайқалига жо этган «Кўнгилсиз чиқиш», «Кетиш», «Тенгизлар», «Капалаклар», «Зар афшон», «Қуёшми, умидми, севгими?», «Чин бирлик» фаслларини шунчаки оддий ҳикоялар десак, тўғри бўлмайди. Улар юрак қаъридан фавворадек отилиб чиқаётган руҳий азоблар, дардлар, сўниши исталмаган орзу-амаллар ҳақидаги мухтасар роман.

ЧЎЛПОН ИМПРЕССИОНИЗМИ
Сирожиддин АҲМАД
07

09XIX аср охири, XX аср бошларида Европа рассомлик санъатида мутлақо янги йўналиш бўлган импрессионизм  йўналиши дунёга келди. Бунинг етакчи намояндаларидан бири машҳур рассом Эдуард Мане эди. Унинг асарлари нозик дидли санъат ихлосмандлари ҳамда санъатшуносларда катта қизиқиш уйғоибгина қолмай, балки ҳаётга мутлақо янгича назар ташлашга ундади. Мане асарларида ишлатилган ранглар жозибаси, ҳамда бадиий ҳақиқат кафтидаги ҳаёт ҳақиқати зийрак кўзларни ҳам баъзан адаштираёзди. Аммо бадииятнинг қуввати шундаки, у ҳар қандай инжиқ табиатларни ҳам ўзига ром эта олади. Хўш, ранглар жозибаси, жилваси, сайқали сўзга кўчса-чи? Умуман, табиатнинг ранго-ранг оламини  сўзда рассом тафтидек бера олиш мумкинми?

Менимча, буюк Чўлпон бу ҳакда кўп ўйлаган, ва анча машаққат чекиб кўнглидаги ҳаёт ҳақиқатини қоғозга тўккан. Ўша ҳақиқатни «Йўл эсдаликлари»да Жиззахдан Самарқандга етгунча кўрган анвойи гўзаллик сайқалига жо этган «Кўнгилсиз чиқиш», «Кетиш», «Тенгизлар», «Капалаклар», «Зар афшон», «Қуёшми, умидми, севгими?», «Чин бирлик» фаслларини шунчаки оддий ҳикоялар десак, тўғри бўлмайди. Улар юрак қаъридан фавворадек отилиб чиқаётган руҳий азоблар, дардлар, сўниши исталмаган орзу-амаллар ҳақидаги мухтасар роман. 1921 йил бир ёқда ҳарбий коммунизм, иккинчи ёкда мустамлакачиликнинг саксон минг шиорлар қучоғидаги янги кўриниши, яна бир ёкда ҳайқириб, бўкириб, ингичка, қилтириқ билакли тирноқлари ўсиб кетган еб тўймас очлик чангали Туркистонга аёвсиз жароҳат етказиб турган бир палла. Йўқсулларнинг темир тирноқлари жамият ҳалқумига қаттиқ ботаётган вақт. Шу боис шоир «Хаёл, хаёл, ёлғиз хаёл гўзалдир, Ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқаман» дейди.

Айтилган шароит, аҳвол ҳеч кимнинг бошини силамаган, фақат шоир бошини қизларнинг ипак рўмолидек юмшоқ хаёл, хаёл бўлганда ҳам келажакда, истиқболда юз бериши, ҳақиқатга эврилиши мумкин бўлган хаёл. Шу боис, Чўлпон тап тортмай йўқсул келажагини башорат қилади:

Милтираган, хира чироқ сен — йўқсул,
Ел қаттиғроқ келиб урса ўчарсен.
Ёр олдағон севгучининг руҳидай,
Бир «лип» этиб йўқликларға кўчарсен.

Адиб бутун дунёга жар солиниб, қутқу ташлаб овоза қилинаётган ҳаёт тарих саҳифасида атиги «лип» этганча эканини сўзлар экан, «Менда бутун истагим, бутун амалларим билан «севгимнинг исмини» айтдим ва қоронғуликнинг чуқур қучоғига отилдим» дейди.

Севгилисини топган шоир табиат гўзаллигига, лола «тенгизи»га шўнғийди.

Шоир аччиқ ҳаётдан чўлга, тоғ ёнбағирларига назар ташлайди. Гуллар орасидан хурсанд бир-бирини қувлаётган капалакларга тўймай боқади. Улар келиб шоирнинг деразаси ёнидаги ипга қўнадилар. Чунки «ортиқ биз икки дард бирлашган эди». Ушбу романтик ҳолатда гўзаллик чин ошиқ шоир ишқи билан уйғунлашиб кетади: мен-да, ўзимнинг қизил лоламни тушунган, унинг юмшоқ юзларига иссиғ иринларимни югуртган, тополмағонлиғимдан капалакдан уёлиб бошимни эгкан эдим».

Бўёқлар… мойбўёқлар, сувбўёқлар… ранглар… Қаранг, ер юзидаги гулзор сўз бўёғида қандай жилваланади, жозиба кашф этади: «Кўкдаги булут, оқ булут парчалари устида қизил лолалар очилғон эди. Қизил лолаларнинг қизил туслари кун ботиш ёкда кўк юзига сочилғонлар эди». Бу ахир импрессионизм-ку!

Шоир «Капалаклар» эртагини тинглайди, Зар афшон (Зарафшон дарёси) билан тиллашади, дардлашади, ҳасратлашади, бир-бирига кўнгил ёзади: «Ошиқ йиғлар, ошиқ излар, ошиқ оқар, ошиқ чопар, ошиқ югурар».

Адиб миллий адабиётга тоғнинг янги талқинини олиб киради. Бу тоғ унум, гўзаллик, абадий сукут қалбидан порлаган гўзалликкина эмас, балки миллатимизнинг салобати, сабр-бардоши, чидами, келажакка улкан ишончи.

Замондошлари шоирга нисбатан турли айбловлар қўйишди. Аммо у: «Йўқ, бу қуёш, бу кун ботар, яна эрта билан бош кўтариб чиқар» деди. Истиқлол туфайли ўша Қуёш чиқиб, бутун юртимиз бошини йигирма беш йилдан буён силамокда. Ватанимиз кўрки энди у ўзгача жозиба касб эта бошлади.

Абдулҳамид ЧЎЛПОН
ЙЎЛ ЭСДАЛИКЛАРИ
07

1921 йил 7 май

Кўнгилсиз чиқиш

067Тўғридан-да, уйдан чиқишим кўп кўнгилсиз бўлди.

Ўзим бу кезувимнинг қандай тотли умидлар орқасида бўлғонлиғини билганим ҳолда, негадир, чиқишим кўп совуқ ва тушунки бўлди.

Узотғувчи йўқ…
Ўзим ёлғиз…

Энг яқин дўстим деб ишониб юрган кишиларим «Хайр»дан бошқани билмадилар; узотиб қўйишнинг керак эканлиги тўғрисида ўйлариға тариқча бир нарса келтирмаганларга ўхшади.

Кўнгилсиз, тушунки руҳ билан чиқиб кетдим.

Ёлғизлиқ, ўрганган ердан айрилиш оғирлиғи бир озғага мени эзиб борди, бир озғача қийналдим. Бир оздан сўнг эски тонишим «Хаёл» кўмагимга етди; ўзим унинг билан кенг кўкнинг юмшоқ кўрпалари устида ағанаган чоқда гавдам чарчаш, толиқишни сезмасдан илгари отилар эди.

Хаёл, хаёл, ёлғиз хаёл гўзалдир,
Ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқамен.
Хаёлдағи юлдузларким, амалдир,
Оловимни олар учун боқамен.
Гўзал хаёл, кел, бошимда гул ўйнат,
Мени исрик тилагимни
Эркалат!..

Меним бу ўйларим хаёл тўғрисида кўп тўғри эди. Ул мени энг умидсиз, энг қийнағон, энг эзилган чоқларимда келиб бошимдан силар, сийпар, юпатар, эркалатар эди.

Ул борида меним ёлғизлиғим билинмас, кўзимнинг ёқут ёшларини сосиқ япроқлар силамас, етилган қизларнинг ипак ёғлиқлари (рўмоллари) каби юмшоқ бўлғон хаёлнинг қўллари силарлар эди.

Уйдан кўнгилсиз чиқғон эдим.
Кўнглимни ёлғизлиқ, ётлиқ туйғуси айлантириб олғон эди.
Хаёл келди ва мени бу қийинлиқлардан ҳам қутқазди!

Кетиш

033Биз кетиб борар эдик.

Қулоқларимға отсиз аробанинг такр-тукри эшитилар эди.

Теваракни ёруқ қилиб турғон ер юлдузлари — чироғлар йирокдан йилтиллаб кўрунар эдилар.

Биз қоронғулиқға кириб борар эдик. Ёрукдан қоронгғилиқға чиқиш биздек тентаклар иши бўлмаса, бошқа кимнинг иши?

Икки ёғимизда зўр боғлар қаторлашиб чизилиб кетканлар эди. Уларнинг хипчабеллик, тўғри бўйлиқ, кўп бутоқлиқ  таналари қоронгғида бир тўплам «хаёл — ваҳм» каби кўринарлар эди. Олачуқ ва капалакларда ёниб турғон ёғдусиз, хира чироғларнинг оловлари мени умидсиз чокдағи кўзларимға ўхшаб милтирар эдилар.

Милтираган, хира чироғ сен — йўқсул,
Ел қаттиғроқ келиб урса ўчарсен.
Ер олдағон севгучининг руҳидай,
Бир «лип» этиб йўкликарға кўчарсен.

Қоронгғидан қўрқиб, ғужум бўлиб —бекиниб ётқон дарахтлар бизнинг аробамизнинг ели билан қўрқа- қўрқа қимирлаб қўйиб, тағин тик қолалар эди.
Чоғ-чоғ у ердан, бу ердан эшитилган қуш товушлари варамнинг йўталгани каби туюлар эди.

Қоронгғилиқ, маним умид билан порлаб турғон кўнглимни ўзининг қўрқунч қучоғлари орасиға олиб учрамаги бўладур, кўнглим эса «хаёл»нинг кўкидан тушгуси келмай қоронгғилиқға саноқсиз қарғишлар юборар эди.

Қизил гулдан ясолғон чамбарак малика — қизнинг бошиға тож бўлғусидай,  кўнглининг аччиғ, ёмон қарғишлари қоронгғилиқнинг бошиға «даҳшат тожи» бўлуб ўлтирар; қоронгғилиқнинг «ваҳм»ларини тағинда кучайтириб, унинг «азаматини» тағинда орттирар эди.

Ортиқ меним танам бутунлай қоронгғилиқнинг қучоғиға кирган, кўнглим ҳам хаёл кўкидан тушуб шунда йўқолур каби эди. Бутун кучимни бир нуқтаға йиғиб курашуб турар эдим. Борғон сари ўйлов қуролларимнинг кучсизлангани сезила, танларимда ҳам бир хил қалтироқ сезар эдим, бутун борлиғим бир безгак ҳоли келтирар эди.

«Мўъминлар» ётар чоқларида, ўзларини уйқуға борар чоқларида «Оллоҳ» исмини айтиб ёталар, ўзларини уйқунинг кучлик қўллари орасиға кўмар эдилар.

Мен-да бутун истагим, бутун амалларим билан «севганимнинг исмини «айтдим ва қоронгғилиқнинг чуқур қучоғиға отилдим…

Тенгизлар

044Тоғ бошида, кўкмак супада, қизил лоладан кўрпа ёпиниб ётқон «сабо»нинг турганига сочларини ёзиб учганига, далаларда ёввойи гул, боғлар ва чаманларда эгма гулларнинг исларини эснаб, ашула қилиб, қўшиқ айтиб ўтганига аллақанча чоғ бўлғон эди.

Мен қоронгғилиқнинг кучоғидағи исриклик, ҳушсизликдан энди ўзимга келган, кўзларимни очғон эдим.

Қизарғувчи қуёш йўқ, қора заҳар булутлар ҳам йўқ. Кўк аллақандай чучмал бир тусда турар эди.

Отсиз аробамиз йўқ қанотлари билан секингина учуб борар эди.

Хаёл аралаш томошаға толғон кўзларим олдида учмох манзараси очилди: тенгиз!

Қипқизил лола — қизғалдоқ тенгизи!

Кенг толада, кўк майсалар ичида,
Лола гулнинг кенг тенгизи кўринди.
Қизил туси хаёлимдай йиғилиб
Таналаримга ипак янглиғ бурунди.

Кўзларимга қизил тусдан ингичка,
Юмшоқ парда секингина тортилди.
Ўшал чоқда кенг кўргувчи кўзларим,
Кўрмак бўлғон истагимга тор келди…

Қизил лолалардан бириккан тенгиз кенг эди.

Бутун борлиғимни ўзига ўраб, чулғаб тортар эди

Қизил тенгиз — севги йўлинда учраши севгимнинг умидди, соф, оппоқ эканлигини кўрсатар эди

Оҳ, агар бир булбул бўлса эди-да, гул тенгизининг қизил тўлқинлариға қўниб ишқнинг бир нағмасини сайраса эди.

Унинг орқасидан кўк гулларнинг тенгизлари, сариқ, зангор гулларнинг тенгизлари, яна тоғин қизил лола тенгизлари қатор-қатор эди.

Тенгизлар, гўзал гул тенгизлари!
Тоғлар ва уларнинг гўзаллик ва хунукликлари.

Вафо кўрмаган ошиқнинг кўнглидай бузғунлиқға учрағон Жиззах шаҳридан чиқғонимиздан кейин «тўқкўк» тусидаги тасбиҳдона қатор-қатор тоғлар кўринмакка бошлади.

Меним севгим каби йироқдан чиройлиқ бўлиб кўринган ва бу кичкинагина деб ўйланган тоғлар, яқин етгач, дев гавдасидай кенгайган, ваҳмдай ўсган эди. Кўкимтил қора баданлариға чиқиб қолғон майсалар тенгизига тушган ой ёғдуларидай кўринар эди. Тоғлар сарв (кипарис)дай бир тўқтамай юксалмоқ, кўтарилмак истаганларда, кўзни ўйнатур қадар кўтарилганлар эди. Бироқ, сарвнинг бўйини Шарқ шоирлари «ёр»нинг бўйига ўхшатар эдилар, тоғлар. Тоғларнинг бўйини на Шарқ, на Ғарб шоири ундай ингичка тушунчалик нарсага ўхшата олмайдир. Бир Шарқ шоири: «Тоғлар, гўзал юртимни сақлағувчи деворлар каби» деган эди, мен эсам:

Юксак тоғлар меним баъзан алдонғон
Хаёлимдай юксакларга ўсмишлар;
Хаёлимни «ҳақиқатлар» тўсмишди,

Бироқ, тоғнинг юксалишин қандай кучлар тўсмишлар? — дедим…

Бу бир савол, бунинг жавобини кўнглим бера олғани йўқ.

Буюк табиат, товушингни чиқор, бир наъра тортким, сўроғимға жавоб бўлсун! Тоғларнинг энг бошиға олбости ўлтуришидек бир ўлтуриш билан қуп-қуруқ — қора тошлар ўлтурғонлар, уларни кўрганда гўё, бу қора нарса кўкдаги энг юзи қора олбостиларнинг бири бўлғондир, маликалар, фаришталарни ўзининг хунукликлари билан тўйдирғоч улар кўтарганларда тоғ устига тошлағонлардир; бу эса тоғ устига юқори кўкдан торвойиб тушуб ўлтуруб қолғондир; ёни- беридаги, теграсидаги, писталардаги майда-қора тошлар унинг суюқ гавдасидан синиб тушган синиқлардир, демак мумкин.

Олбостиларнинг пастида ва балатида қора лочин, юзи қора сор, йиртғувчи чузаҳот юрадир. Кучлик қанотлари билан ҳавони ёриб, ўткур кўзлари билан «қурбон» этиб борадир. Тавфиқ Фикратнинг

«Дин шаҳид истар, осмон қурбон,
Ҳар замон, ҳар тарафда қон, қон, қон!»

дегани бошқа нарсага бўлса-да, мен шунга ҳам ўхшатмоқчи бўлдим.

Тоғлар, мени қўрқутолар, юрагимни тўлқунлантиралар, титраталар эди.

Сорлар.чузаҳотлар ва лочинлардан пастдирак гуруллаб учғон бир гўзал қушқина меним қўрқғон кўнглимни озроқ юпатар эди…

Капалаклар

07Севгига йўлуқғон кишининг бир «Кўнгил оча турғон «ағланчаси» капалак! Бу қандай гўзал, қандай чиройлиқ махлуқ!

Тоғнинг ёнидан ўтуб борғонимизда кўкатлар орасидан визиллаб учуб чикди. Худди меним ошиқлиғимни билгандай меним теразамга қараб уча бошлади. Биз-да секин борамиз, ул-да секин учуб келадир.

Ортиқ биз икки дардли бирлашган эдик; ул меним теразамнинг ёнидағи ип устига қўнғон эди. Ул сўйлагандай бўлди, тиллангандай, сайрағандай бўлди. Чиндан-да, ул менга гуллар билан ўпишганлиги тўғрисидағи ўйноқи эртагини айтиб борар эди:

Турдим уйқудан,
Енгил силкиндим,
Тоғ устларидан
Толоға индим.
Учдим бир талай:
— Қурбонинг бўлай,
Кел бир ўпайин,
Тотли иринингдан
Сўриб ўтайин!»
Дедим лолага,
Уёлди лола,
Қизарди лола,
Ҳам зўрға- зўрға:
«Хўб» деди менга.
Ўпдим лолани, очдим лолани…

Бошқа гуллар-да юзларини менга тутдилар,
Ўпуб бўлғочдин уёлиб кўзни менга тикдилар…

Мен ошиқман, мен,
Мен содиқман, мен,
Севгидан бошқа
Истама мендин!..

Лола ошиқи капалак ўзининг кичкинагина эртагисини битирган, жим бўлғон эди.

Зар афшон

04Унинг ўзи шу ўйноқи қилиғи,
Шу ҳовлиқма одатила кўп қўрқунч,
Сувларининг нозли қиздай силлиғи
Кўп танларни ағдарарлиқ улуғ куч!

Зарафшоннинг севгига тегишли боғи бордир, мана қандайдир у:

Юқори томондағи улуғ ва ҳайбатлик тоғлар ошикдир. Куёш, унинг севган кўзларидир. Қачонким куёш кулиб қараса ошиқ тоғ чидай олмайдир, кўз ёшларини оқиза бошлайдир; шул кўз ёшлари пастда биргалашиб зар афшон деган дарё бўлурлар. «Зар» тоғ ошиқнинг кўз ёшларидир, дарё ўшал «зар» кўз ёшларини «сочғучи»дир.

Кўз ёшлари ўзлари ҳам ошиқдирлар. Уларнинг суйганлари зўр тенгиздир. Улардан бахтли бўлғонлари тенгизнинг қучоғиға тушарлар, бахтсизлари долаларда ерга сингиб йўқ бўлуб кетарлар.

Зар афшон ошиқдир…
Тоғлар, юксак тоғлар ошиқдирлар…
Қуёш, зўр тенгизлар — маъшуқалардир…
Маъшуқа кулар, маъшуқа мағрур.

Ошиқ йиғлар, ошиқ излар, ошиқ оқар, ошиқ чопар, ошиқ югурар,

Дарё ошиқ, тоғлар ошиқ, қуёш ишқ
Қорлар ошиқ, сувлар ошиқ, тенгиз ишқ.
Маъшуқалар кула-кула қочарлар,
Ошиқлари йиғлай-йиғлай чопарлар.
Ўзларини ҳалокатга отарлар,
Баъзилари тилакларга етарлар,
Кўпларида ерга сингиб кетарлар…

Мен-да қочқин маъшуқамни қувуб борамен, етайинми, қучоғига кирайинми, ё ерга, йўқлиққа сингиб битайинми?

Қуёшми, умидми, севгими?

055Кўкдаги булут, оқ булут парчалари устида қизил лолалар очилғон эди.
Қизил лолаларнинг қизил туслари кун ботишёкда кўк юзига сочилғонлар эди.

Қуёш ботар эди.
Унинг сўнг тиғлари юксакликларда лола бўлиб очилғонлар эди.

Қуёшми, ботадир?
Меним умидим кетадир?
Севгимми битадир?
Меним умидим ҳам шу қуёш кабими ботар?
Меним севгим ҳам шу қуёш кабими битар?
Қўрқамен…

Йўқ, бу қуёш бу кун ботар, яна эртага эрта билан бош кўтариб чиқар.
Бироқ, дунё шу дунё, табиат шу табиат. Борлиқ шу борликдир.
Меним умидим ҳам шу чоғда қуёш билан биргами ботар?

Йўқ, ул баъзан ботар, унинг ҳам шундай кечи бор: яна тонгги келгач бош кўтариб чиқар.

Бироқ севги ўшал севги, ишқ шул ишқ, муҳаббат шул муҳаббатдир: ул мангуга ботмас!
Унинг дунё каби кеча-кундузи, ёруғлиқ-қоронглиғиғина бордир.
Бироқ ўзи мангудир, абадийдир, битмасдир, туганмасдир.

Маним севгим — абад билан тутошқон,
Азал билан қучоғлашқон, урашқон,
Унинг бордир: кундузлари, тунлари,
Ёруғлиғи, қоронгғуси: булари —
Барчаси-да ўта турғон нарсадир,
Бироқ, ўзи манги бўлғон нарсадир!

Меним севгим ҳам қалбимда қизғалдоқ — лола бўлуб очилмиш, танимга қиз ғалат тусларини торқата бошламиш эди. Қуёшнинг қизиллиғи билан мунинг қизиллиғи, капалак билан лоланинг бирлашганидек бирлашиб кетган эди.

Тинлиқ… кўкдаги қизиллиқ билан меним кўнглимдаги қизиллиқ битгунча тинлиқ…

Сўнгра: аччиғ бир «оҳ» билан кечанинг сирлик қучоғиға кўмилмиш…

Чин бирлик

05— Мен йироқ йўлдан келдим, сизнинг учун келдим.
— Кўп яхши, нима истайсиз?
— Айта олмайман !
— Нима учун?
— Меним тилим айтишдан ожиздир, меним қаламим айтгандир.
— Онгламадим.
— Эзасиз.
— Ҳеч…
— Қийнайсиз!
— Асло!
— Шафқат!
— Нима демакчисиз?
— Ўқинг!
— Нимани?
— Меним достонларимни, «Олтун дафтар»ни.
— Берингиз!

Ўйноқи кўзлар ортиқ бир нарсани кутарлар эди. Қалтирағон бармоқлар, қўллар «Олтун дафтар»ни топширди.

Бутун тилагим, истагим шунда ёзилмишдир.
Ўткур, олос кўзлар йўллар устида эди:

«Қоронгғи кечада кўкка кўз тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан сени сўрайман:
Ул юлдуз уёлиб, бошини букуб
Айтади: «Мен уни тушда кўраман:
Тушимда кўраман: шунчалар гўзал,
Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!»
(«Олтун дафтар»дан)

— Шеърлар кучсиздирлар, тилакни онглата олмайлар…
— Онглатадирлар.
— Онглағонингизни кўрмаймен!

Ул ҳамма ҳолни онглағонини кўрсатмак учун қучоғимға отилғон эди. Иринларим иссиғ ва тотли иринларига тегиб, бири-биримизнинг севгимиз ичида кўмулган, ботқон чоғимизда «чин бирлик» шудир деб ўйладим…

Манба: «Гулистон» журнали, 2015/6

025   Buyuk Cho‘lpon ko‘nglidagi hayot haqiqatini qog‘ozga to‘kkan. O‘sha haqiqatni «Yo‘l esdaliklari»da Jizzaxdan Samarqandga yetguncha ko‘rgan anvoyi go‘zallik sayqaliga jo etgan «Ko‘ngilsiz chiqish», «Ketish», «Tengizlar», «Kapalaklar», «Zar afshon», «Quyoshmi, umidmi, sevgimi?», «Chin birlik» fasllarini shunchaki oddiy hikoyalar desak, to‘g‘ri bo‘lmaydi. Ular yurak qa’ridan favvoradek otilib chiqayotgan ruhiy azoblar, dardlar, so‘nishi istalmagan orzu-amallar haqidagi muxtasar roman.

CHO’LPON IMPRESSIONIZMI
Sirojiddin AHMAD
07

09XIX asr oxiri, XX asr boshlarida Yevropa rassomlik san’atida mutlaqo yangi yo’nalish bo’lgan impressionizm yo’nalishi dunyoga keldi. Buning yetakchi namoyandalaridan biri mashhur rassom Eduard Mane edi. Uning asarlari nozik didli san’at ixlosmandlari hamda san’atshunoslarda katta qiziqish uyg’oibgina qolmay, balki hayotga mutlaqo yangicha nazar tashlashga undadi. Mane asarlarida ishlatilgan ranglar jozibasi, hamda badiiy haqiqat kaftidagi hayot haqiqati ziyrak ko’zlarni ham ba’zan adashtirayozdi. Ammo badiiyatning quvvati shundaki, u har qanday injiq tabiatlarni ham o’ziga rom eta oladi. Xo’sh, ranglar jozibasi, jilvasi, sayqali so’zga ko’chsa-chi? Umuman, tabiatning rango-rang olamini so’zda rassom taftidek bera olish mumkinmi?

Menimcha, buyuk Cho’lpon bu hakda ko’p o’ylagan, va ancha mashaqqat chekib ko’nglidagi hayot haqiqatini qog’ozga to’kkan. O’sha haqiqatni «Yo’l esdaliklari»da Jizzaxdan Samarqandga yetguncha ko’rgan anvoyi go’zallik sayqaliga jo etgan «Ko’ngilsiz chiqish», «Ketish», «Tengizlar», «Kapalaklar», «Zar afshon», «Quyoshmi, umidmi, sevgimi?», «Chin birlik» fasllarini shunchaki oddiy hikoyalar desak, to’g’ri bo’lmaydi. Ular yurak qa’ridan favvoradek otilib chiqayotgan ruhiy azoblar, dardlar, so’nishi istalmagan orzu-amallar haqidagi muxtasar roman. 1921 yil bir yoqda harbiy kommunizm, ikkinchi yokda mustamlakachilikning sakson ming shiorlar quchog’idagi yangi ko’rinishi, yana bir yokda hayqirib, bo’kirib, ingichka, qiltiriq bilakli tirnoqlari o’sib ketgan yeb to’ymas ochlik changali Turkistonga ayovsiz jarohat yetkazib turgan bir palla. Yo’qsullarning temir tirnoqlari jamiyat halqumiga qattiq botayotgan vaqt. Shu bois shoir «Xayol, xayol, yolg’iz xayol go’zaldir, Haqiqatning ko’zlaridan qo’rqaman» deydi.

Aytilgan sharoit, ahvol hech kimning boshini silamagan, faqat shoir boshini qizlarning ipak ro’molidek yumshoq xayol, xayol bo’lganda ham kelajakda, istiqbolda yuz berishi, haqiqatga evrilishi mumkin bo’lgan xayol. Shu bois, Cho’lpon tap tortmay yo’qsul kelajagini bashorat qiladi:

Miltiragan, xira chiroq sen — yo’qsul,
Yel qattig’roq kelib ursa o’charsen.
Yor oldag’on sevguchining ruhiday,
Bir «lip» etib yo’qliklarg’a ko’charsen.

Adib butun dunyoga jar solinib, qutqu tashlab ovoza qilinayotgan hayot tarix sahifasida atigi «lip» etgancha ekanini so’zlar ekan, «Menda butun istagim, butun amallarim bilan «sevgimning ismini»aytdim va qorong’ulikning chuqur quchog’iga otildim» deydi.

Sevgilisini topgan shoir tabiat go’zalligiga, lola «tengizi»ga sho’ng’iydi.

Shoir achchiq hayotdan cho’lga, tog’ yonbag’irlariga nazar tashlaydi. Gullar orasidan xursand bir-birini quvlayotgan kapalaklarga to’ymay boqadi. Ular kelib shoirning derazasi yonidagi ipga qo’nadilar. Chunki «ortiq biz ikki dard birlashgan edi». Ushbu romantik holatda go’zallik chin oshiq shoir ishqi bilan uyg’unlashib ketadi: men-da, o’zimning qizil lolamni tushungan, uning yumshoq yuzlariga issig’ irinlarimni yugurtgan, topolmag’onlig’imdan kapalakdan uyolib boshimni egkan edim».

Bo’yoqlar… moybo’yoqlar, suvbo’yoqlar… ranglar… Qarang, yer yuzidagi gulzor so’z bo’yog’ida qanday jilvalanadi, joziba kashf etadi: «Ko’kdagi bulut, oq bulut parchalari ustida qizil lolalar ochilg’on edi. Qizil lolalarning qizil tuslari kun botish yokda ko’k yuziga sochilg’onlar edi». Bu axir impressionizm-ku!

Shoir «Kapalaklar» ertagini tinglaydi, Zar afshon (Zarafshon daryosi) bilan tillashadi, dardlashadi, hasratlashadi, bir-biriga ko’ngil yozadi: «Oshiq yig’lar, oshiq izlar, oshiq oqar, oshiq chopar, oshiq yugurar».

Adib milliy adabiyotga tog’ning yangi talqinini olib kiradi. Bu tog’ unum, go’zallik, abadiy sukut qalbidan porlagan go’zallikkina emas, balki millatimizning salobati, sabr-bardoshi, chidami, kelajakka ulkan ishonchi.

Zamondoshlari shoirga nisbatan turli ayblovlar qo’yishdi. Ammo u: «Yo’q, bu quyosh, bu kun botar, yana erta bilan bosh ko’tarib chiqar» dedi. Istiqlol tufayli o’sha Quyosh chiqib, butun yurtimiz boshini yigirma besh yildan buyon silamokda. Vatanimiz ko’rki endi u o’zgacha joziba kasb eta boshladi.

Abdulhamid CHO’LPON
YO’L ESDALIKLARI
07

1921 yil 7 may

Ko’ngilsiz chiqish

067To’g’ridan-da, uydan chiqishim ko’p ko’ngilsiz bo’ldi.

O’zim bu kezuvimning qanday totli umidlar orqasida bo’lg’onlig’ini bilganim holda, negadir, chiqishim ko’p sovuq va tushunki bo’ldi.

Uzotg’uvchi yo’q…
O’zim yolg’iz…

Eng yaqin do’stim deb ishonib yurgan kishilarim «Xayr»dan boshqani bilmadilar; uzotib qo’yishning kerak ekanligi to’g’risida o’ylarig’a tariqcha bir narsa keltirmaganlarga o’xshadi.

Ko’ngilsiz, tushunki ruh bilan chiqib ketdim.

Yolg’izliq, o’rgangan yerdan ayrilish og’irlig’i bir ozg’aga meni ezib bordi, bir ozg’acha qiynaldim. Bir ozdan so’ng eski tonishim «Xayol» ko’magimga yetdi; o’zim uning bilan keng ko’kning yumshoq
ko’rpalari ustida ag’anagan choqda gavdam charchash, toliqishni sezmasdan ilgari otilar edi.

Xayol, xayol, yolg’iz xayol go’zaldir,
Haqiqatning ko’zlaridan qo’rqamen.
Xayoldag’i yulduzlarkim, amaldir,
Olovimni olar uchun boqamen.
Go’zal xayol, kel, boshimda gul o’ynat,
Meni isrik tilagimni
Erkalat!..

Menim bu o’ylarim xayol to’g’risida ko’p to’g’ri edi. Ul meni eng umidsiz, eng qiynag’on, eng ezilgan choqlarimda kelib boshimdan silar, siypar, yupatar, erkalatar edi.

Ul borida menim yolg’izlig’im bilinmas, ko’zimning yoqut yoshlarini sosiq yaproqlar silamas, yetilgan qizlarning ipak yog’liqlari (ro’mollari) kabi yumshoq bo’lg’on xayolning qo’llari silarlar edi.

Uydan ko’ngilsiz chiqg’on edim.
Ko’nglimni yolg’izliq, yotliq tuyg’usi aylantirib olg’on edi.
Xayol keldi va meni bu qiyinliqlardan ham qutqazdi!

Ketish

033Biz ketib borar edik.

Quloqlarimg’a otsiz arobaning takr-tukri eshitilar edi.

Tevarakni yoruq qilib turg’on yer yulduzlari — chirog’lar yirokdan yiltillab ko’runar edilar.

Biz qorong’uliqg’a kirib borar edik. Yorukdan qorongg’iliqg’a chiqish bizdek tentaklar ishi bo’lmasa, boshqa kimning ishi?

Ikki yog’imizda zo’r bog’lar qatorlashib chizilib ketkanlar edi. Ularning xipchabellik, to’g’ri bo’yliq, ko’p butoqliq tanalari qorongg’ida bir to’plam «xayol — vahm» kabi ko’rinarlar edi. Olachuq va kapalaklarda yonib turg’on yog’dusiz, xira chirog’larning olovlari meni umidsiz chokdag’i ko’zlarimg’a o’xshab miltirar edilar.

Miltiragan, xira chirog’ sen — yo’qsul,
Yel qattig’roq kelib ursa o’charsen.
Yer oldag’on sevguchining ruhiday,
Bir «lip» etib yo’klikarg’a ko’charsen.

Qorongg’idan qo’rqib, g’ujum bo’lib —bekinib yotqon daraxtlar bizning arobamizning yeli bilan qo’rqa- qo’rqa qimirlab qo’yib, tag’in tik qolalar edi.
Chog’-chog’ u yerdan, bu yerdan eshitilgan qush tovushlari varamning yo’talgani kabi tuyular edi.

Qorongg’iliq, manim umid bilan porlab turg’on ko’nglimni o’zining qo’rqunch quchog’lari orasig’a olib uchramagi bo’ladur, ko’nglim esa «xayol»ning ko’kidan tushgusi kelmay qorongg’iliqg’a sanoqsiz qarg’ishlar yuborar edi.

Qizil guldan yasolg’on chambarak malika — qizning boshig’a toj bo’lg’usiday, ko’nglining achchig’, yomon qarg’ishlari qorongg’iliqning boshig’a «dahshat toji» bo’lub o’ltirar; qorongg’iliqning «vahm»larini tag’inda kuchaytirib, uning «azamatini» tag’inda orttirar edi.

Ortiq menim tanam butunlay qorongg’iliqning quchog’ig’a kirgan, ko’nglim ham xayol ko’kidan tushub shunda yo’qolur kabi edi. Butun kuchimni bir nuqtag’a yig’ib kurashub turar edim. Borg’on sari o’ylov qurollarimning kuchsizlangani sezila, tanlarimda ham bir xil qaltiroq sezar edim, butun borlig’im bir bezgak holi keltirar edi.

«Mo»minlar» yotar choqlarida, o’zlarini uyqug’a borar choqlarida «Olloh» ismini aytib yotalar, o’zlarini uyquning kuchlik qo’llari orasig’a ko’mar edilar.

Men-da butun istagim, butun amallarim bilan «sevganimning ismini «aytdim va qorongg’iliqning chuqur quchog’ig’a otildim…

Tengizlar

044Tog’ boshida, ko’kmak supada, qizil loladan ko’rpa yopinib
yotqon «sabo»ning turganiga sochlarini yozib uchganiga, dalalarda yovvoyi gul, bog’lar va chamanlarda egma gullarning islarini esnab, ashula qilib, qo’shiq aytib o’tganiga allaqancha chog’ bo’lg’on edi.

Men qorongg’iliqning kuchog’idag’i isriklik, hushsizlikdan endi o’zimga kelgan, ko’zlarimni ochg’on edim.

Qizarg’uvchi quyosh yo’q, qora zahar bulutlar ham yo’q. Ko’k allaqanday chuchmal bir tusda turar edi.

Otsiz arobamiz yo’q qanotlari bilan sekingina uchub borar edi.

Xayol aralash tomoshag’a tolg’on ko’zlarim oldida uchmox manzarasi ochildi: tengiz!

Qipqizil lola — qizg’aldoq tengizi!

Keng tolada, ko’k maysalar ichida,
Lola gulning keng tengizi ko’rindi.
Qizil tusi xayolimday yig’ilib
Tanalarimga ipak yanglig’ burundi.

Ko’zlarimga qizil tusdan ingichka,
Yumshoq parda sekingina tortildi.
O’shal choqda keng ko’rguvchi ko’zlarim,
Ko’rmak bo’lg’on istagimga tor keldi…

Qizil lolalardan birikkan tengiz keng edi.

Butun borlig’imni o’ziga o’rab, chulg’ab tortar edi

Qizil tengiz — sevgi yo’linda uchrashi sevgimning umiddi, sof, oppoq ekanligini ko’rsatar edi

Oh, agar bir bulbul bo’lsa edi-da, gul tengizining qizil to’lqinlarig’a qo’nib ishqning bir nag’masini sayrasa edi.

Uning orqasidan ko’k gullarning tengizlari, sariq, zangor gullarning tengizlari, yana tog’in qizil lola tengizlari qator-qator edi.

Tengizlar, go’zal gul tengizlari!
Tog’lar va ularning go’zallik va xunukliklari.

Vafo ko’rmagan oshiqning ko’ngliday buzg’unliqg’a uchrag’on Jizzax shahridan chiqg’onimizdan keyin «to’qko’k» tusidagi tasbihdona qator-qator tog’lar ko’rinmakka boshladi.

Menim sevgim kabi yiroqdan chiroyliq bo’lib ko’ringan va bu kichkinagina deb o’ylangan tog’lar, yaqin yetgach, dev gavdasiday kengaygan, vahmday o’sgan edi. Ko’kimtil qora badanlarig’a chiqib qolg’on maysalar tengiziga tushgan oy yog’dulariday ko’rinar edi. Tog’lar sarv (kiparis)day bir to’qtamay yuksalmoq, ko’tarilmak istaganlarda, ko’zni o’ynatur qadar ko’tarilganlar edi. Biroq, sarvning bo’yini Sharq shoirlari «yor»ning bo’yiga o’xshatar edilar, tog’lar. Tog’larning bo’yini na Sharq, na G’arb shoiri unday ingichka tushunchalik narsaga o’xshata olmaydir. Bir Sharq shoiri: «Tog’lar, go’zal yurtimni saqlag’uvchi devorlar kabi» degan edi, men esam:

Yuksak tog’lar menim ba’zan aldong’on
Xayolimday yuksaklarga o’smishlar;
Xayolimni «haqiqatlar» to’smishdi,

Biroq, tog’ning yuksalishin qanday kuchlar to’smishlar? — dedim…

Bu bir savol, buning javobini ko’nglim bera olg’ani yo’q.

Buyuk tabiat, tovushingni chiqor, bir na’ra tortkim, so’rog’img’a javob bo’lsun! Tog’larning eng boshig’a olbosti o’lturishidek bir o’lturish bilan qup-quruq — qora toshlar o’lturg’onlar, ularni ko’rganda go’yo, bu qora narsa ko’kdagi eng yuzi qora olbostilarning biri bo’lg’ondir, malikalar, farishtalarni o’zining xunukliklari bilan to’ydirg’och ular ko’targanlarda tog’ ustiga toshlag’onlardir; bu esa tog’ ustiga yuqori ko’kdan torvoyib tushub o’lturub qolg’ondir; yoni- beridagi, tegrasidagi, pistalardagi mayda-qora toshlar uning suyuq gavdasidan sinib tushgan siniqlardir, demak mumkin.

Olbostilarning pastida va balatida qora lochin, yuzi qora sor, yirtg’uvchi chuzahot yuradir. Kuchlik qanotlari bilan havoni yorib, o’tkur ko’zlari bilan «qurbon» etib boradir. Tavfiq Fikratning

«Din shahid istar, osmon qurbon,
Har zamon, har tarafda qon, qon, qon!»

degani boshqa narsaga bo’lsa-da, men shunga ham o’xshatmoqchi bo’ldim.

Tog’lar, meni qo’rqutolar, yuragimni to’lqunlantiralar, titratalar edi.

Sorlar.chuzahotlar va lochinlardan pastdirak gurullab uchg’on bir go’zal qushqina menim qo’rqg’on ko’nglimni ozroq yupatar edi…

Kapalaklar

07Sevgiga yo’luqg’on kishining bir «Ko’ngil ocha
turg’on «ag’lanchasi» kapalak! Bu qanday go’zal, qanday chiroyliq maxluq!

Tog’ning yonidan o’tub borg’onimizda ko’katlar orasidan vizillab uchub chikdi. Xuddi menim oshiqlig’imni bilganday menim terazamga qarab ucha boshladi. Biz-da sekin boramiz, ul-da sekin uchub keladir.

Ortiq biz ikki dardli birlashgan edik; ul menim terazamning yonidag’i ip ustiga qo’ng’on edi. Ul so’ylaganday bo’ldi, tillanganday, sayrag’anday bo’ldi. Chindan-da, ul menga gullar bilan o’pishganligi to’g’risidag’i o’ynoqi ertagini aytib borar edi:

Turdim uyqudan,
Yengil silkindim,
Tog’ ustlaridan
Tolog’a indim.
Uchdim bir talay:
— Qurboning bo’lay,
Kel bir o’payin,
Totli iriningdan
So’rib o’tayin!»
Dedim lolaga,
Uyoldi lola,
Qizardi lola,
Ham zo’rg’a- zo’rg’a:
«Xo’b» dedi menga.
O’pdim lolani, ochdim lolani…

Boshqa gullar-da yuzlarini menga tutdilar,
O’pub bo’lg’ochdin uyolib ko’zni menga tikdilar…

Men oshiqman, men,
Men sodiqman, men,
Sevgidan boshqa
Istama mendin!..

Lola oshiqi kapalak o’zining kichkinagina ertagisini bitirgan, jim bo’lg’on edi.

Zar afshon

04Uning o’zi shu o’ynoqi qilig’i,
Shu hovliqma odatila ko’p qo’rqunch,
Suvlarining nozli qizday sillig’i
Ko’p tanlarni ag’dararliq ulug’ kuch!

Zarafshonning sevgiga tegishli bog’i bordir, mana qandaydir u:

Yuqori tomondag’i ulug’ va haybatlik tog’lar oshikdir. Kuyosh, uning sevgan ko’zlaridir. Qachonkim kuyosh kulib qarasa oshiq tog’ chiday olmaydir, ko’z yoshlarini oqiza boshlaydir; shul ko’z yoshlari pastda birgalashib zar afshon degan daryo bo’lurlar. «Zar» tog’ oshiqning ko’z yoshlaridir, daryo o’shal «zar» ko’z yoshlarini «sochg’uchi»dir.

Ko’z yoshlari o’zlari ham oshiqdirlar. Ularning suyganlari zo’r tengizdir. Ulardan baxtli bo’lg’onlari tengizning quchog’ig’a tusharlar, baxtsizlari dolalarda yerga singib yo’q bo’lub ketarlar.

Zar afshon oshiqdir…
Tog’lar, yuksak tog’lar oshiqdirlar…
Quyosh, zo’r tengizlar — ma’shuqalardir…
Ma’shuqa kular, ma’shuqa mag’rur.

Oshiq yig’lar, oshiq izlar, oshiq oqar, oshiq chopar, oshiq yugurar,

Daryo oshiq, tog’lar oshiq, quyosh ishq
Qorlar oshiq, suvlar oshiq, tengiz ishq.
Ma’shuqalar kula-kula qocharlar,
Oshiqlari yig’lay-yig’lay choparlar.
O’zlarini halokatga otarlar,
Ba’zilari tilaklarga yetarlar,
Ko’plarida yerga singib ketarlar…

Men-da qochqin ma’shuqamni quvub boramen, yetayinmi, quchog’iga kirayinmi, yo yerga, yo’qliqqa singib bitayinmi?

Quyoshmi, umidmi, sevgimi?

055Ko’kdagi bulut, oq bulut parchalari ustida qizil lolalar ochilg’on edi.
Qizil lolalarning qizil tuslari kun botishyokda ko’k yuziga sochilg’onlar edi.

Quyosh botar edi.
Uning so’ng tig’lari yuksakliklarda lola bo’lib ochilg’onlar edi.

Quyoshmi, botadir?
Menim umidim ketadir?
Sevgimmi bitadir?
Menim umidim ham shu quyosh kabimi botar?
Menim sevgim ham shu quyosh kabimi bitar?
Qo’rqamen…

Yo’q, bu quyosh bu kun botar, yana ertaga erta bilan bosh ko’tarib chiqar.
Biroq, dunyo shu dunyo, tabiat shu tabiat. Borliq shu borlikdir.
Menim umidim ham shu chog’da quyosh bilan birgami botar?

Yo’q, ul ba’zan botar, uning ham shunday kechi bor: yana tonggi kelgach bosh ko’tarib chiqar.

Biroq sevgi o’shal sevgi, ishq shul ishq, muhabbat shul muhabbatdir: ul manguga botmas!
Uning dunyo kabi kecha-kunduzi, yorug’liq-qoronglig’ig’ina bordir.
Biroq o’zi mangudir, abadiydir, bitmasdir, tuganmasdir.

Manim sevgim — abad bilan tutoshqon,
Azal bilan quchog’lashqon, urashqon,
Uning bordir: kunduzlari, tunlari,
Yorug’lig’i, qorongg’usi: bulari —
Barchasi-da o’ta turg’on narsadir,
Biroq, o’zi mangi bo’lg’on narsadir!

Menim sevgim ham qalbimda qizg’aldoq — lola bo’lub ochilmish, tanimga qiz g’alat tuslarini torqata boshlamish edi. Quyoshning qizillig’i bilan muning qizillig’i, kapalak bilan lolaning birlashganidek birlashib ketgan edi.

Tinliq… ko’kdagi qizilliq bilan menim ko’nglimdagi qizilliq bitguncha tinliq…

So’ngra: achchig’ bir «oh» bilan kechaning sirlik quchog’ig’a ko’milmish…

Chin birlik

05— Men yiroq yo’ldan keldim, sizning uchun keldim.
— Ko’p yaxshi, nima istaysiz?
— Ayta olmayman !
— Nima uchun?
— Menim tilim aytishdan ojizdir, menim qalamim aytgandir.
— Onglamadim.
— Ezasiz.
— Hech…
— Qiynaysiz!
— Aslo!
— Shafqat!
— Nima demakchisiz?
— O’qing!
— Nimani?
— Menim dostonlarimni, «Oltun daftar»ni.
— Beringiz!

O’ynoqi ko’zlar ortiq bir narsani kutarlar edi. Qaltirag’on barmoqlar, qo’llar «Oltun daftar»ni topshirdi.

— Butun tilagim, istagim shunda yozilmishdir.
O’tkur, olos ko’zlar yo’llar ustida edi:

«Qorongg’i kechada ko’kka ko’z tikib,
Eng yorug’ yulduzdan seni so’rayman:
Ul yulduz uyolib, boshini bukub
Aytadi: «Men uni tushda ko’raman:
Tushimda ko’raman: shunchalar go’zal,
Bizdan-da go’zaldir, oydan-da go’zal!»
(«Oltun daftar»dan)

— She’rlar kuchsizdirlar, tilakni onglata olmaylar…
— Onglatadirlar.
— Onglag’oningizni ko’rmaymen!

Ul hamma holni onglag’onini ko’rsatmak uchun quchog’img’a otilg’on edi. Irinlarim issig’ va totli irinlariga tegib, biri-birimizning sevgimiz ichida ko’mulgan, botqon chog’imizda «chin birlik» shudir deb o’yladim…

Manba: «Guliston» jurnali, 2015/6

025

(Tashriflar: umumiy 729, bugungi 4)

1 izoh

Izoh qoldiring