Umid Bekmuhammad. Muhtojlikdagi Muqumiy.

0100
    Муқимий чиройли ҳуснихат эгаси бўлганидан хаттотлик қилиб пул топар, келган оз-моз чақага, ўғли иккаласи учун кундалик емиш харажат қиларди.Бунинг устига ярақон, сариқ касаллигига, қулоқ оғригига чалинганидан, табиблар унга ҳаво алмаштиришни маслаҳат бергач, ўғлини сингилларига топшириб, топган озгина пулига Исфара,Конибодом,Тошкентнинг баҳаво жойларига саёҳат қилди.Айнан ана шу саёҳатида у ўзбек шеъриятида машҳур бўлган «Саёҳатнома» асарини ёзиб қолдирди…

033

Умид Бекмуҳаммад
МУҲТОЖЛИКДАГИ МУҚИМИЙ

   1907 йилда “Туркистон вилоятининг газети” муҳаррири Н.Остроумов Тошкентда “ Девони Муқимий” номли тўпламни нашр этдириши билан кенг жамоатчилик ҳажвчи шоир шеърлари билан таниша бошлади.Афсуски, бу пайтда шоир муҳтожликда ҳаёт кечириб, касалликдан вафот этиб кетганди.

1903 йил, май.Қўқонлик 53 ёшли Муҳаммад Аминнинг ҳар йили қайталаб турган » ярақон»(жигар хасталиги), қулоқ оғриғи касаллиги анча кучайгач, умри оилавий низолар, камбағаллик, кимлар биландир келишмовчиликлар билан ўтгани натижасида орттирилган хасталиги уни тўшакка ётқизиб қўйган эди.Бироқ хасталигига қарамай, руҳияти тетиклиги учун шоир ўтган кунларини сарҳисоб қилиб, ўзидан ҳам кўра Москвалик жияни Рўзимуҳаммад ҳақида ўйлар, ёзган мактубларига жавоб келишини интизорлик билан кутарди.Муҳаммад Амин шу тариқа хасталаниб ётганича 25 май, душанба куни Қўқоннинг Бегвачча маҳалласидаги ҳужрасида вафот этади..

Асли Тошкентлик бўлиб, 1836 йилда Қўқонга келганича новвойлик қилиб турғун бўлиб қолган Мирзахўжа Ойшабиби исмли қизга уйланади.Келиннинг отаси Саидолим Нодиршоҳ ўғли ҳам асли Хўжандлик бўлиб, у ҳам Қўқонга келиб турғун бўлимб қолган эди.Вақт ўтиб янги оилада ёлғиз ўғил ва тўрт қиз-Тожинисо,Улу-биби,Сайдинисо,Меҳринисо вояга етади.Оиладаги ва маҳалладагилар Мирзахўжанинг ўғлини Мадаминхўжа деб чақиришар, онасининг болаликда илмга ҳавас руҳида тарбиялангани боис, шеърлар ҳам ёза бошлаган шоир эса, Муҳаммад Аминхўжа Муқимий, дея ёзганларига имзо қўярди.

Мадаминхўжанинг онаси Бибиойша адабиёт ва санъатга ошно аёл бўлиб, маҳалладагилар уни Хуморбиби дея аташар,ўғли ҳам онаси таъсирида илмга, ижодга ҳасав билан вояга етади.Отаси эса новвойлиги ортидан 7 та жондан иборат оилани қийналиб боқди.Шунга қарамай, илм ва ижодга ҳавас руҳи уйғонган болам ўксинмасин, деб бор тўплаган маблағига Мадаминни аввал маҳалладаги Абдухалил домланинг мактабида, кейин эса Қўқондаги “Ҳоким ойим” ва Бухородаги “Меҳтар анбар” мадрасаларида ўқитдирди.Муқимий таҳсил давомида араб ва форс тилларини ўрганади.

Мадрасалар таҳсилини тугатгач, Қўқонга қайтган Муқимий, бироз муддат ер қурилиш маҳкамасида мирзалик, дарё қирғоғидаги Оқжарда кемачиларга паттачилик қилиб юрди.Аммо баъзи ноинсоф танобчилар, кемачилар билан келишаолмай, ҳар иккала ишни ташлаб уйига қайтиб келди.Табиатан адолатгўй бўлган Муқимий паром ва танобчилар мавзусини ўз шеърларида акс этдириб ҳам ўтган:

Келганим ушбу маконга қиладур манга алам,
Лойиқи табъ йўқ одамки,десам ҳасрату ғам,
Гаплашурға киши йўқ эртадин оқшомғача ҳам,
Кун совуқ, қора чироқ, гўрдек ую, ўтин кам.
Чиқсам эшикка қилур тўрғайи чулдир-чулдир.

ёки танобчиларнинг қинғирликларини ҳажв қиларкан, шеър охирида шоир шундай хулоса чиқаради:

Тағи булар яхшию бизлар ямон,
Эл тамизидин ҳазар эт, алъамон.

Ҳаётда шундай қинғирликларни кўриб юрган вақтда онасининг касалликдан вафот этади ва отаси Зиёдабиби деган бева аёлга уйланади.Унинг Санамбиби исмли қизи ҳам бор эди.Отаси иши юришмай уйга қайтиб келган Мадаминни 1878 йилда ана шу ўгай қизига уйлантириб қўйди.

Гарчи орадан бир йил ўтиб, ўғли Акбар туғилган бўлса-да,Мадамин Санамбиби билан отаси ва сингилларига, қолаверса, баъзида ўзига ҳам бўлган ҳурматсизлиги сабабли келишаолмай, 1881 йили ажрашишга мажбур бўлди.У шу тариқа уй-жойини отаси, ўгай онаси ва сингилларига ташлаб, ўғлини олганича мадраса ҳужрасига бош олиб кетди.1886 йилда отаси ҳам вафот этади.

Муқимий мадраса мударриси сифатида ҳужрада яшаркан, мадраса пешвоси Соҳибзода Ҳазратнинг ёрдамини айтмаса, қийин ҳаёт кечирган.Унинг ҳужрадаги бор-йўқ бисоти оддий бир намат, бир шолча, ўғли Акбар учун бир сидра кўрпа-ёстиқ, кўза, қумғон, декча ва чойнак-пиёладан иборат эди.Бироқ шунга қарамай, шоир яхши ижод қилдики, унинг ёзганларида қийналиб яшаганидан нолиш, замонасининг тараққиётидан орқада қолганидан куйиниш каби жиҳатлар яққол акс этиб турарди:

Кетардим бош олиб, гар бўлса эрди, рўзғорим йўқ,
Нетай безоду тўша, йўлга юрмакка мадорим йўқ,
Турарга қолмади тоқат, кўнгулда ихтиёрим йўқ,
Ўзингдан ўзга, ё раб, раҳбари лайлу наҳорим йўқ,
Ҳидоят айлагайму деб Муиминг интизор ўлмиш..

Ёки бошқа бир шеърида:

Ҳайфким, аҳли тамиз ушбу маҳалда хор экан,
Олдилар ҳар ерда булбул ошёнин зоғлар,

деган сатрлар бор.
Бошқа бир ашъорида бўлса:

Ранж-меҳнат соғарин кимдурки даврон ютдурур,
Толеим ҳам нечаким ортуқча пинҳон ютдурур,
Чарх селисиз Муқимийға қачон нон ютдурур,
Алмаийға баски бахти дам-бадам қон ютдурур,
Маргдур ширин қотида заҳридин аччиқ ҳаёт…

дея дардларини қоғозга тўкади шоир.

Ҳа, давр қийинчиликлари нафақат Муиқимий,балки Алмаий,Маҳмудхўжа, Ғарибий, Камий каби ижодкор дўстларига ҳам катта таъсир ўтказганди.
Муқимий чиройли ҳуснихат эгаси бўлганидан хаттотлик қилиб пул топар, келган оз-моз чақага, ўғли иккаласи учун кундалик емиш харажат қиларди.Бунинг устига ярақон, сариқ касаллигига, қулоқ оғригига чалинганидан, табиблар унга ҳаво алмаштиришни маслаҳат бергач, ўғлини сингилларига топшириб, топган озгина пулига Исфара,Конибодом,Тошкентнинг баҳаво жойларига саёҳат қилди.Айнан ана шу саёҳатида у ўзбек шеъриятида машҳур бўлган «Саёҳатнома» асарини ёзиб қолдирди…

Фарёдким, гардуни дун,
Айлар юрак-бағримни хун.
Кўрдики бир аҳли фунун-
Чарх анга кажрафтор экан…

Шоир саёҳати давомидаги қувончнию, давр жафоларини ҳам шу тариқа қаламга олиб ўтади.Умуман олганда Муқимий ижодида ҳажв катта ўринни эгаллайди.Унинг “Танобчилар”, “Тўйи Иқонбачча”, “Масковчи бой таърифида”, “Воқеаи Виктор”, “Сайлов”, “Дар шикояти Лахтин” ҳажвияларида замондошларнинг ва жамиятнинг кирдикорлари фош этилган.”Воқеаи кўр Ашурбой ҳожи” сингари ҳажвияларда эса ҳажга бориб келган ахлоқий бузуқ кимсанинг ишратбозлиги тасвир этилган.

Муқимий ўзининг турмуши ночорлиги, оилавий ишлари юришмаганлиги, соғлиғининг ёмонлиги, қолаверса, замонасидаги мутаасибона қарашлар иқтидорли инсонлар парвозига тўғаноқ бўлаётганлиги боис, ўз жияни ва ўғлидан умидвор эди.Уларнинг камолини кўриб, армонга айланган орзулари улар орқали ушалишини,»Саёҳатнома» туркумига кирувчи шеърларини олис Москва-ю Петербургга бориб ҳам ёзишни истарди.Ўғли Акбарнинг ҳали бола бўлганлиги сабабли, жияни Рўзимуҳаммаддан кўпроқ умид қилар, жияни ортидан эргашиб, ўғлининг ҳам олис Москвага бориб яшаши, ўқишини орзу қиларди.Ахир бу манаман деган бойваччага ҳам насиб қилавермасди-да!

Хўш, Рўзимуҳамад қандай қилиб Россияга бориб қолган? Муқимийнинг жияни бўлмиш Рўзимуҳаммад, болалигидан онадан эрта етим қолгани сабабли, мешкобчи отасининг ночор турмуш шароитида Қўқонда вояга етаётганди.Отаси Дўстмат ака уни еру кўкка ишонмай, доимо бирга олиб юрган.Фалакнинг гардишини қарангки, отаси ҳам касалликдан вафот этди.Тоғаси Муқимий Рўзимуҳаммадни боқиб олай деса, ўзи мадраса ҳужрасида зўрға кунини ўтказаяпти.Бироқ тоға жиянининг иқтидоридан хабардорлиги учун унга кўпинча ёзиш ва ўқишдан сабоқ берди.Шундай фожиали кунларнинг бирида етим қолиб, гоҳ у, гоҳ бу қариндошлариникида юрган Рўзимуҳаммадни Қўқонга иш билан келган петербурглик Зинаида Алексеева исмли хоним кўриб, у билан танишиб қолди.

Зеҳни ўткир, қолаверса, уддабурон ва кўчада турли юмушларни қилиб, рус тилини чала-чулпа ўрганиб олган Рўзимуҳаммад Зинаиданинг ишончини оқлагач, петербурглик хоним уни Россияга олиб кетди.Шу тариқа қўқонлик мешкобчининг зеҳнли, етим қолган ўғли Петербурга бориб, Зинаида хонимникида, унинг онаси Мария Васильевна тарбиясида ўсди.11 ёшли болакайнинг рус тилини ўрганишга, турли касбларга қизиқишини кўрган петербурглик хонимлар уни Москвага келтириб, дворянларнинг мактабига ўқишга киргиздилар.

Шу тариқа Рўзимуҳаммад 8-9 йилча Москвада таҳсил олиб, қариндошларини кўргани 1898 йилнинг май ойида Қўқонга келди.Қўқонда бу пайтда унинг энг яқин одами, дастлабки, ўқув-ёзувни ўргатган, баъзи қариндошлари Рўзимуҳаммадни Россияга юборишга қарши турганида ҳам унга оқ йўл тилаб қолган тоғаси Муқимий эди.Кўп йиллик ҳижрондан сўнг мадраса ҳужрасида дийдорлашган тоға-жиян Петербург ва Москвада кўрганлари, тараққиёт намуналари ҳақида суҳбатлашдилар.

Таътилга келган жияни икки ой тоғаси ёнида бўлиб, унинг ижод намуналари билан танишди.Август охирларида эса баъзи қариндошлари яна аввалгидек » кофир» бўлиб кетасан, дея Рўзимуҳаммадни олиб қолмоқчи бўлганида, тоғаси Муқимий можарони тинчитиб, рус мактаби формасидаги жиянини шахсан ўзи поездга чиқариб қўйди.Пули камлигидан атиги битта рўмол ва дўппинигина жиянига совға сифатида бериб юбора олди, холос.
Орадан кўп ўтмай, Москвадан Рўзимуҳаммад тоғасига хат ёзиб жўнатди.Хат орасидаги бошида фуражка, эгнида пиджак, шим, пальто, оёғида ботинка кийган жиянининг расмини кўрган Муқимий севиниб, тор ҳужрасига офтоб киргандек бўлди.У шундан кейин фотосуратни ҳужрасига осиб қўйди.Ўша вақтда мутаассиблар ҳатто, суратга тушишга ҳам қарши турган пайтда мадраса ҳужрасида расм осиб қўйиш жасорат эди.
Бундан ташқари, Муқимий Рўзимуҳаммаднинг Москвадаги манзилига кўплаб хатлар ёзиб, маслаҳатлар бериб турди.Рўзимуҳаммадга бағишлаб шеър битди.Мактуб орқали Муқимийнинг Москвадаги жияни билан алоқаси 1903 йилнинг май ойигача, яъни шоирнинг вафотигача давом этган.Ҳатто, оғир касал ётган тоға мадраса ҳужрасида осиғлиқ турган москвалик жиянининг суратига орзу билан термулганигача вафот этган экан.Шоир Қўқондаги “Шайхон” қабристонига дафн этилган.
Шоирнинг жияни Рўзимуҳаммад Дўстматов тоғаси меросини излаш, уни келгуси авлодларга авайлаб сақлаш бўйича кўпгина ишлар қилиб, 1965 йили оламдан ўтади.

01 Муаллиф ҳақида

Умид Бекмуҳаммад 1975 йилда Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилган.1997 йилда Урганч Давлат Университетининг тарих факультетини тугатган.Унинг Ўзбекистон ва хориждаги 55 та газета ва журналларда 600 га яқин мақолалари, “Хоразм тарихидан саҳифалар”,“Навоийнинг армонлари”, “Қатағон қурбонлари-5 китоб”, “Қатағон қурбонлари.Хотира.Хоразм вилояти”, “Гурлан тарихи”, “Амударё”, “Мозийнинг қора кунлари”, “Ҳарбий ҳийлалар”, “Тарихимизнинг теран тадқиқотчилари”, “Хоразмга ошуфта кўнгил”, “Тарихга боғланган тақдирлар” каби 30 дан ортиқ китоби, «Пушкиннинг армонлари» роман-эссеси нашр этилган.

Мақолани кўчириб босишда муаллиф ҳақида маълумот бериш ва «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайтидан олингани кўрсатилиши шарт.

012

090

012

Абдуллатиф Турдиалиев
ХАЛҚНИНГ РОСТГЎЙ ШОИРИ
Муқимий таваллудига 160 йил тўлиши муносабати билан 2010  йилда  нашр этилган «Боғ аро» китобига ёзилган сўзбошидан

   XIX асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларидаги ўзбек адабиётининг энг йирик вакилларидан бири Муқимийдир. У яратган асарлар халқимизнинг чор мустамлакаси давридаги оғир ҳаёти манзараларини ўзида мужассам этган. Муқимийнинг асл исми Муҳаммад Аминхўжа бўлиб, у 1850 йилда Қўқон шаҳрининг Беквачча маҳалласи (ҳозирги Муқимий кўчаси)да дунёга келган. Отаси Мирзахўжа Мирфозил ўғли новвойлик касби билан шуғулланган. Онаси Бибиойша Сайидолим Нодиршайх қизидир. Мирзахўжа билан Бибиойша оиласида бешта фарзанд бўлиб, Муҳаммад Аминхўжа учинчиси эди. Муҳаммад Аминхўжа хат-саводини маҳалласидаги Абдухалил домланинг мактабида чиқарган. Сўнгра, баъзи маълумотларга қараганда, Қўқондаги Ҳокимойим мадрасасида ва Бухоро мадрасаларида таҳсил олиб, араб, форс тилларини чуқур ўзлаштирди. У хаттотликка ҳам қизиқиб, қўқонлик машҳур хаттот Муҳаммад Юсуф қилқаламдан ҳуснихатни ўрганди.

Муҳаммад Аминхўжа 15 – 16 ёшларидан бошлаб “Муқимий” тахаллусида шеърлар ёза бошлади. Муқимий йигирма беш, йигирма олти ёшларидаёқ Қўқон ва унинг атрофларида таниқли шоир сифатида эл оғзига тушди. Афсуски, айни шу даврда юртимиз чор мустамлакаси асоратига тушиб қолди. Сиёсий-ижтимоий ҳаётдаги бу таназзул, шубҳасиз, маънавий ҳаётга ҳам катта таъсир кўрсатди. Кишиларнинг ўз дину шариатидан тобора узоқлашиши оқибатида жамиятда мунофиқлик, юлғичлик ва порахўрлик каби иллатлар урчиди. Камбағал одамнинг гапи ҳеч кимга ўтмайдиган замонда Муқимий яшашга, ижод қилишга мажбур бўлди. Муқимий бир неча муддат Қўқондаги ер ўлчаш бошқармасида ишлаган вақтида бу аҳволни ўз кўзи билан кўрди. Бу унинг “Танобчилар” шеърида ҳам акс этган. Атрофда юз бераётган ноҳақликлар, фожиалар шоир қаламининг янада ўткирроқ, кескинроқ бўлишига олиб келди.

Муқимий халқ дарду қувончларини ўз асарларида ифода эта олгани учун ҳам эл ўртасида машҳур бўлиб кетди. Бир мухаммасида шоир шундай деб ёзганди: Кеттилар ҳасрат билан мардум йиғиб дунё, дариғ, Ҳирсу ғафлат пардаси босиб, бўлиб аъмо, дариғ, Даҳрдин бир олиҳиммат бўлмади пайдо, дариғ, Жоҳу қудрат бирла хок ўлди ғанийлар, во дариғ, Хайру эҳсонин кўролмай бенаволардин бири. Муқимийнинг ҳаёти доимо муҳтожликда ўтди. У 1890 йилда ўз ҳовлисини сотиб, пулини ўгай онаси ва сингилларига бўлиб бергач, маҳалласидаги Соҳибзода Ҳазрат мадрасасининг бир ҳужрасига кўчиб ўтиб, ўша ерда умрбод яшаб қолди. Муқимий ўз даврининг машҳур шоирлари бўлмиш Муҳйи, Нисбатий, Фурқат, Завқий, Муҳаййирлар билан шу ерда учрашиб, дўстлашди, улар билан адабий мажлислар, мушоиралар ўтказди. Бу адабий ҳамкорлик самараларини биз мазкур шоирларнинг ижодий меросидаги бир хил мавзу, бир хил радиф ва қофиядаги кўплаб шеърларда кўришимиз мумкин. Жумладан, Муқимий, Муҳйи, Фурқат, Завқий, Нусрат, Нисбатийларнинг биргаликда Ғозий ғазалига боғлаган мухаммаслари, “Гул”, “Сандали” радифли ғазаллар, “Виктор” циклидаги сатиралар, “Фонус”, “Кўсамен” сингари юмористик шеърлар фикримизга далил бўла олади.

Муқимий мадрасада тургани учун илм аҳли сифатида унга ҳам вақф даромадидан бир улуш бериб туриларди. Лекин мадраса вақфларини подшолик олиб қўйганлиги учун ундан ҳам маҳрум бўлган. Бу ҳақда Муқимий жияни Рўзимуҳаммадга ёзган хатида шундай дейди: “Ҳар дафъа хат берамиз – савғосиз, сизга муносиб юборғудек бир нимарса юборолмай хатларимиз қуруқдин-қуруқ бориб, ниҳоятда ёзган хатларимиздин хижолат ва шарманда бўламиз. Бечорачилик, подшолик мадрасаларни вақфини олиб қўйган, ҳеч бир тарафдин даромад-дахл йўқ, қашшоқлиғ”.1 Лекин халқ ўз севимли шоирини доимо қўллаб турган.

Муқимийни шахсан таниганлардан бири: “Қишлоқлардан йигитлар, ашулачилар совға-салом билан Мадаминхўжанинг ҳужрасига келишиб, унинг ғазалларидан олиб кетишар эди”, – деб эслайди. Деҳқонлар шоирни ўз қишлоқларига чорлаб ҳам турганлар. Муқимий шеърияти халққа жуда яқинлиги билан ҳам алоҳида ажралиб туради. XIX асрда ижоди халқ ўртасида бунчалар машҳур бўлган ўзбек шоирлари бармоқ билан санарли. Шунинг учун унинг юзлаб шеърлари халқ қўшиқларига айланиб кетганлиги бежиз эмас. “Якка бу Фарғонада”, “Мунча ҳам”, “Кўзларинг”, “Ким десун?”, “Айрилмасун”, “Ёдимга тушди”, “Ёлғуз”, “Бири” ва бошқа назм намуналари фикримиз далилидир. Шоирнинг ўзи ҳам бир шеърида бу ҳақда фахрланиб шундай ёзади: Муқимий сўзидин бўйи муҳаббат келгай, эй аҳбоб, Тараннум қилса маҳфилларда ҳофизларнинг хушхони. Унинг “Баччағар”, “Авлиё”, “Танобчилар”, “Ҳажви Виктор” каби ҳажвиялари, “Бурун”, “Лой”, “Кўсаман”, “Пашшалар”, “Безгак”, “Отим” сингари юмористик шеърлари, ўзбек адабиётида янгилик бўлган шеърий “Сайёҳатнома”лари шоир ижодининг абадиятини таъминлаб турувчи асарлардир.

Муқимий 1903 йил 25 май, душанба куни 53 ёшида ўз ҳужрасида вафот этди. Шоир Қўқондаги Шайхон қабристонига дафн этилган. Унинг вафотига бағишлаб ўша даврнинг пешқадам шоирлари бўлмиш Мавлавий Йўлдош ва Сулаймонқул Рожий марсия-таърихлар ёзиб қолдирганлар.

* * *

Муқимий ҳаёти ва ижодини илмий ўрганиш ХХ асрнинг 30-йилларидан бошланди. Шоир Ғафур Ғулом 1938 йили “Муқимий баёзи”ни тайёрлаб, мухтасар сўзбоши билан нашр эттирди. Уйғун, Ҳ.Олимжон каби шоирларимиз ҳам Муқимий ҳаёти ва ижоди ҳақида мақолалар ёздилар. Кейинроқ эса Абдулла Олимжон, Ҳоди Зарифов сингари олимлар шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида махсус тадқиқотлар яратиб, асарларини нашр эттирдилар. Бу борада таниқли адабиётшунос олим Ғулом Каримовнинг хизматлари каттадир. У Муқимий ҳаёти ва ижоди ҳақида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1960 йилда Муқимийнинг икки томлик асарлар тўпламини, 1974 йилда бир томлик салмоқли асарлар тўпламини луғат, изоҳлар билан нашр эттирди. 1970 йили шоир ҳаёти ва ижоди ҳақидаги “Муқимий” номли монографиясини эълон қилди.
Шоир ҳаёти ва ижодини оммалаштиришда шоир ва драматург Собир Абдулланинг ҳам хизматлари катта бўлди. У “Муқимий” номли мусиқали драма яратди. Шоир ҳаёти ва ижодига оид бадиий лавҳалардан иборат “Мавлоно Муқимий” асарини эълон қилди. Бу асарлар ўз даврида катта шуҳрат қозонди. Аммо, шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Муқимий ҳаёти ва ижодига доир мазкур асарлар шўролар даврида яратилганлиги сабабли уларда коммунистик мафкуранинг кучли тазйиқи сезилиб туради, яъни ўша давр адабиётини сунъий равишда демократик ва реакцион адабиётга ажратиш, Муқимий ва Муҳйи ўртасидаги ихтилофларни бўрттириб кўрсатиш, Муқимийга Абдуллажон Насимий ва Ҳазинийни қарама-қарши қўйиш шулар жумласидандир.

Истиқлол йилларида адабий меросимизни холис ва ҳаққоний ўрганиш йўлида кенг имкониятлар очилди. Илгари ноҳақ қораланган ёки бир ёқлама ўрганилган ижодкорлар ҳақида холис илмий тадқиқотлар яратилиб, уларнинг асарлари чоп этилди. Шу ўринда Пўлатжон домла Қаюмовнинг 1998 йилда чоп этилган уч жилдлик “Тазкираи Қайюмий” асари муҳим воқеа бўлди. Бу тазкира адабиётимиз тарихидаги бир қанча баҳсли масалаларга ойдинлик киритди. Тазкирадаги Муқимий ва Муҳйига оид фикрлар, шунингдек, профессор Ш.Юсуповнинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1996 йил 21 июнь сонида эълон қилинган “Муқимий ва Муҳйи” сарлавҳали мақоласи адабиётшунослигимиздаги янгича фикрлашнинг маҳсулидир. Бу жараён давом этмоқда.

ЭЙ, ЁРИ ЖОНИМ

Ошиқ бўлибман, эй ёри жоним,
Васлингни излаб, йўқдур мажолим.

Бир йўқламайсан куйган қулингни,
Кўзлари жаллод, нозик ниҳолим.

Раҳм айла манга, эй бағри қаттиқ,
Дийдам тўла қон, эй шўхи золим.

Лаб ташналарга айла назора,
Қадди чу шамшод қоши ҳилолим.

Олдинг кўнгулни бир-икки сўзлаб,
Девона бўлдим, тўти мақолим.

Ҳар дам куярман, ёдимга тушсанг,
Бир кўрмагунча йўқдур мажолим.

Неча замондур, кўздин ниҳондур,
Ошиқ Муқимий, эй хаста ҳолим.

КИМ ДЕСУН

Ул тағофулпешаға ҳоли харобим ким десун?
Ҳажрида мундоғ мени кўрган азобим, ким десун?

Кундузи бир ерда бир дам олмай орому қарор,
Лаҳзае йўқ кечалар кўзларда хобим, ким десун?

Ўз кўмочиға, масалким, тортадур кул ҳар киши,
Бас, куюб ишқида чеккан изтиробим, ким десун?

Куймаган бўлса биров меҳру муҳаббат ўтиға,
Шамъдек то субҳ ўртаб табу тобим, ким десун?

Ҳамнишиндурлар улуғларга хушомадгўйлар,
Йўлида жононими хайру савобим ким десун?

Гар қилич бошимға ҳам келса, дегайман ростин,
Сўзки ҳақ бўлса, саволимға жавобим, ким десун?

Дўстлар, сўрсанг ғизосидин Муқимий, эрта-кеч,
Қон шароб ичсам, жигарлардур кабобим, ким десун?

ЗУЛМ ИЛА ҚАҲРУ ҒАЗАБ

Зулм ила қаҳру ғазаб изҳор қилмоқ шунчалар,
Ошиқи бечорага озор қилмоқ шунчалар.

Гул дебон севгон кишининг кўкрагига ниш уриб,
Хаста-ю маъюс этиб, афгор қилмоқ шунчалар.

Тўтиё ширинсухан ағёрларнинг базмида,
Бизга келганда гапирмай, зор қилмоқ шунчалар.

Сизга ким айди: муҳаббат аҳлини қил иҳтисоб,
Қўрқутиб ўз айбига иқрор қилмоқ шунчалар.

Гарчи келса, эски тўн, биздек дуогўйи фақир,
Камбағалнинг хирқасидан ор қилмоқ шунчалар.

Ҳар бало-ю, жабр келса, ёнмагай ҳаргиз, Муқим,
Ошиқ аҳлини урубон хор қилмоқ шунчалар.

ТОЛЕИМ

Оҳким, афсус, эмас ҳар ишда раҳбар толеим,
Вожгундур, имтиҳон қилдимки, аксар толеим.

Юз тарафдин еткуруб гарди кудурат, занги ғам,
Айлагай оинайи табъим мукаддар толеим.

Ҳар неча қилсам тавалло — зори қилмас, илтифот,
Рўйигардон тескари, тобора бадтар толеим.

Рўзгорим тийра, иқболим забун, бахтим қаро,
Бўлса равшан, бормукин тадбири дигар толеим?

Ногаҳон берсам, Муқимий, бир мусулмонга салом,
Дафъатан икки қулоғини қилур кар, толеим.

xdk

(Tashriflar: umumiy 232, bugungi 1)

Izoh qoldiring