Muhammad Yunus Toib. Tarixi Aliquli (Alimquli) amirlashkar. 5-7 fasllar

044   16-17 июнь куни миллий тарихимизнинг энг фожиали воқеаларидан бири — рус қўшинлари томонидан Тошкентнинг босиб олинганига 150 йил бўлади. Сайтимиз шу муносабат билан Тошкентни забт этилиши воқеалари аксини топган тарихий асарлар ва мақолалар туркумини тақдим этишни бошлайди. Бугун ана шундай қимматли тарихий манбалардан бири бўлмиш Муҳаммад Юнус бин Муҳаммад Амин (Муҳаммад Юнус Тоиб) қаламига мансуб «Тарихи Алиқули (Алимқули) амирлашкар» асарининг 1-4 фасллари билан танишинг.

005
Муҳаммад Юнус Толиб
ТАРИХИ АЛИҚУЛИ (АЛИМҚУЛИ) АМИРЛАШКАР
04

V. АМИРЛАШКАРИ МАРҲУМНИНГ ЧИМКЕНТ УСТИГА ЎРУСИЯ МУҲОРАБАСИГА ОТЛАНГОНЛАРИНИНГ БАЁНИ

090Симғар йўли билан юриб, Тошканд борғондан сўнг, каминани пул олиб бормоқ учун Тошкандга ташлаб, ўзлари тамоми қўшин ва тўпхона билан Чимкентга қўндилар. Камина амирлашкардан сўнг икки кун туриб, орқаларидан Чимкентга борсам, Амирлашкар муҳориба учун ўрус тарафига кетган эканлар. Камина ҳам у мавзега бордим. Тамоми Фарғона аскари саф тортганда, Русия ҳам бир жойда тўпланиб, мусулмонларни тўп ўқи билан музтариб ва паришон айлабди. Амирлашкар бир тепаликда ёлғуз ўтирган эканлар. Камина чиқиб, салом ва дуо қилиб, шарафи дастбўс ҳосил айладим. Ўзларидаги икки кўзли дурбинни бериб, “Бу турғон Русия аскаридур, кўринг!” деб марҳамат қилдилар. Камина дурбин билан қараб: “Уч юздан зиёдароқ маълум бўладур”, дедим. Илтифот қилдиларки: “Сиз боғлаган оқ юкларни ҳам одам гумон қилибсиз, улар икки юздан зиёдроқдур. Аммо, бул ажабки, шул миқдор қўшин бу икки юз ўрусга баробар бўлолмади”. Фақир арз қилдимки: “Тўпу милтиқ ғолиб бўлмоқға қўймайдур. Бизлар ҳам тўп олибкелсак, қандўғ бўлур экан”.

Дарҳол Амирлашкар тўпга одам буюриб, ҳозир қилиб, Ўрусия қўшинига қараб, беш-олти жилав тўп отилди. Фақир ундоғ ақида қилурманким, тўп ўқи билан Русия хейла изтиробга тушган эди. Аммо, вақт танглик қилиб, аср намози вақти бўлиб, Амирлашкар: “Русия кечаси ҳаракат қилса, тўпга офат етмасун”, деб тўпларни қайтариб жойига олиб бордилар. Ул кеча Русия ва мусулмон жой-жойимизда ҳушёрлик билан ётдик.

Субҳу содиқ: “Удайчилар шаҳид ва ярадор бўлғони сабабли дасталарни ростланг”, деб менга амр қилдилар. Камина дастани ўз жойига қарор бериб, ўнг-сўлини тайёр қилғондан сўнг, каминага буюрдиларки: “Сиз шитоб билан Чимкент бориб, Жомадор ноибни Хўқанд тўпхонаси ва Хўқанд сарбози билан дарҳол бу тарафга юборинг. Хайр Муҳаммадхон ёвар Тошканд тўпхонаси ва сарбози билан қўшинни муҳофизат қилсун. Ул ерда ҳар қанча мутафариқа ва пароканда аскардан бўлса, ҳаммасини жамғариб, Мингбой парвоначига топширинки, Манқат тарафидан Туркбоши йўлини тоссун, на учунким, Авлиё отадаги Ўрусия мадад учун келмоқчи экан. Улар келиб қўшилса, иш яхши бўлмайдур. Мингбой парвоначи уларни ўтиб қўшулмоғига монэъ бўлгай”.

Камина Жондор ноибни жўнатиб, Мингбой парвоначига одамларни топшириб, сипоришларни етказиб, ўзим Амирлашкар тарафларига жўнадим. Аммо, қўшинларга барча, ақли қисқа ва андишасиз амирлар ва сардорлар, то Жондор ноиб ва тўпхона боргунча сабру тоқат қилмай, Амирлашкарга: “Ўрусия аскари оз, агар ҳужум қилсак, ҳаммасини босиб олармиз”, деб арз қилдилар. Амирлашкар ҳам ниҳоят ғайрат ва шижоатдан буларнинг ҳол сўзлариға кириб, тамоми аскарни Русия устига югуртирибди. Русиянинг низомлик ўқи бирла кўп шаҳид ва кўп ярадор бўлиб, ҳавли машҳар зуҳур қилибди.

Амирлашкари марҳум аввалги тепада ғамгин ва маҳзун ўтирғон экан, камина салом ва дуо қилиб: “Бу тариқа ишлар жаноби пайғамбарлар ва катта подшоҳлару салотинларга воқеъ бўлғон, мунга ғамгин ва маҳзун бўлмоқ лозим эрмас, сабру тоқат даркордур. Оллоҳ таоло мунинг бадалига кўп зафар ва нусрат бермоғи мумкиндур”, деб ба қадри ҳол тасалли бердим.

Авлиё отадан келадурғон Русия ҳам Мингбой парвоначини олдиға сурибди. Мингбой парвоначи йўлдан қочибди ва Ўрусия йўл билан келиб, бу ердаги ўрусга қошилди. Яна Ўрусия сардори одам юбориб, хабар бердики: “Майдонда ўликларинг ё тирикларинг бўлса, топиб олинглар. Бизлар дахл ва таарруз қилмасмиз”.

Бинобарин он, ўлик ва ярадорларни топиб, саришта қилдик. Ул кеча ётиб, эртаси у ердан кўчмоқчи бўлғонимизда, Русия тўпу ўқи кўп бесаранжом қилиб, ночор қир орқали юриб, бир-икки кун таваққуф қилдик. Камина жаноби Амирлашкарга: “Бирор одамни Русияга элчи қилиб борсак, бу орада бир-икки кун ўтиб, ишимиз андак саранжом топар эди”, деб арз қилдим, маъқул бўлди. Ўратепалик Авлиё отанинг эски ҳокими Мир Собирбекни элчи қилиб юбордилар. Русия сардори иззат қилиб, ул ҳам бир тўрани қўшиб юборибди. Жаноби Амирлашкар келган элчини камина чодаримда кўрдилар. Хати ва тили, сўзи андоғ экан: “Мусолиҳа ва яраш ҳаммага мақбул ишдур. Аммо мен бу вилоятларни буйруққа биноан очиб, фатҳ қилиб импротури аъзам хизматларига маълум қилғонман. Энди менда ихтиёр қолғон емас, аммо сиз импротури аъзам хизматларига хат ёзиб, ҳар на мурод ва мақсудингиз бўлса, қолдурмай дарж қилиб борадурғон элчини менга топширинг, мен йўл харожотин тамоман ўзимдан тўлаб, импротури аъзам ҳазратларига юборай. Агар импротури аъзам Оқмасжидни ҳам беринглар, деб ҳукм қилсалар, мен Оқмасжидни бузилган деворларигача ростлаб топшурай, агар ўрусни уези мусулмонларга ва бул уези Русияга бўлсунлар, мунга амал қилайлук”, деб эркан.

Бу иш ниҳоятда яхши ва ғанимат иш эрди. Аммо Амирлашкари марҳум мабодо раоёи Туркистон тарафига Ўрусияга тобеъ бўлса, беш тамғалик жамоаси қўлдан чиқадур, деб мулоҳаза айлаб, мундоғ ғанимат ишни қўлдан бердилар.

Ҳосил ул-калом, ул ердан кўчиб, Чимкентга яқин бир майдонга қўндик. Удайчилар йўқлиғидан ясавул дастасини иккига бўлиб, ярмини каминага, ярмини Аҳрорхон тўра шиғовул топширдилар. Ҳар куни икковлон Русия тарафига қаровулликка машғул бўлдик.

Ҳосил ул-калом, бир куни саломга йиғилғон вақтида, Бадавлат қўлида бир кимхоб тўн, Мирзо Аҳмад қушбеги қўлида ҳам бир кимхоб тўн олиб чиқдилар. Бадавлат каминага кимхоб тўнни кийдуриб, тош уққоғон тилло асони “сиз шиғовул”, деб қўлимга топширдилар. Мирзо Аҳмад қушбеги тўнни Аҳрорхон тўрага кийдуриб, яна бир тилло асони “сиз удайчи”, деб ани қўлига топширди. Ҳосил ул-калом, Аҳрорхон тўра бағоят ғамгин ва маҳзун бўлиб, хижолату инфиол тортиб, ночор ғаму ғусса бирла ўзини сабрга олди.

Бир куни Ўрусия аскари тамоми тўпу тўпхона билан Чимкентга яқин бир тепада уруш бошладилар. Бу тарафдан Жомадор ноиб ҳам тўпхоналарини ростлаб, ул тепа атрофига қорақундўг мерганларни жойлади. Русия тўпи мусулмонларни безовта қилди, аммо мусулмонлар тўпхонаси ва қорақундоғ мерган ўқи ҳам Ўрусияни хўб бесаранжом айлаб, рус аскарларини мазкур тепадан суришиб, пастга тушиб, ўрус тарафига юриб, бир ерда тўпландилар. Мусулмон аскари уларнинг орқасидан тушганда, улар милтиқлари билан даф қилдилар. Мингбой парвоначига милтиқ ўқи тегиб шаҳид бўлганда, икки аскар бир-биридан ажради.

Ул кеча ётиб эрта билан хабардор бўлсак, Ўрусия тамоми Арасдан ўтиб кетибди. Бинобарин он, Бадавлатни (Ёқуббекни) бир мунча аскар билан ўрус орқасидан буюриб, Нормуҳаммад парвоначи, Ниёз Али додхоҳ, Темур понсад, Муҳаммад Юнус понсадларни: “Авлиё отага боринглар, у ердан келган ўруслар Авлиё отага киролмасун”, деб юборди. Аммо Бадавлат Ўрусияга ба таъжид борган экан, деб етолмай қайтиб келди. Аммо Нормуҳаммад парвоначилар Тулкибош ва Қулондан ўтиб, Тезсувга бормай, “Ўрусия Авлиё отага бориб қолибдур”, деб ёлғон айтиб келдилар. Ҳол онки, Авлиё ота русияси сувсизлик, узоқлик важҳидан ниҳоят танглик ва азоб тортиб, Нормуҳаммад парвоначилар Чимкент келганларидан сўнг, бир-иккилаб Авлиё отага етубдилар. Бу сабабдан, Амирлашкар буларни беғайратлик ва бежуръатлик қилғон важҳидан ғазабнок бўлиб, Байзоқ додхоҳ, қирғиз, қозоқ, Мулло Зариф понсад, Темур понсад ва Муҳаммад понсадларни Чимкентдан ташқари чиқориб, мазкур Байзоқни тўп оғзига боғлаб, оттириб, бошқаларини сарбоз милтиқи бирла отиб ўлдирди. Нормуҳаммад парвоначини Тошканд ҳукуматидан олиб, унинг жойига Мирзо Аҳмад қушбегини ҳоким қилиб, Нормуҳаммад парвоначи саркори ва закотчию амлокларини дахлу сарфини сўраб, ҳисоб-китоб қилиш учун каминани Тошкандга буюрдилар. Фақир Тошканд келиб, ҳануз иши тамом бўлмай, Амирлашкар ўзлари ҳам келиб, Эшон қозини халифа султони Румга элчи қилиб, унга лойиқ туҳфа ва пешкашларини топшириб, Эрон ва Қизилбош йўли билан жўнатиб, ўзлари ҳам мурожаат айлаб, доҳили Хўқанд бўлдилар.

Бу тарафдан Чернаеф жондорол Ўрусия аскари билан Чимкентни қамаб, бир-икки кундан сўнг, тадбир устидан ўзини қочғонға ўхшатиб, андак орқасига қайтибдур. Мирзо Аҳмад қушбеги нодон мағрур бўлиб, “Ўрусия қочти ва шикаст топти”, деб тамоми аскари билан Чимкентдан чиқиб, Русия орқасига тушибди. Чернаеф жондиорол қайтиб ҳамла қилиб, буларни қочириб, Чимкентга кирмоқ учун мажолу фурсат бермабди. Чимкент ичига Русия аскари тушиб, Мирзо Аҳмад қушбеги тамоми тавобиоту асбобу аслиҳа, либосу анжомдан ажраб, оту қамчини ташлаб, Тошканд тарафига қочти. Бу хабар Хўқандга етгандан сўнг, Амирлашкар бағоят маҳзун ва ғамгин бўлиб, жаноби Бадавлат марҳумга буюрдиларким: “Сиз Тошкандга Мирзо Аҳмад беақл қошига бориб хабардор бўлинг, минбаъд мундоғ мажнунлик ва аҳмоқлик қилмасун. Мабодо Русия аскари Тошкандга келса, шикаст ва хазинат топиб тўпу қўрғондан ташқари чиқмасун, қўрғонни сақласа, кифоя”, деб кўп таъкид қилдилар.

Неча кундан сўнг, Чернаеф жондорол Русия аскари билан Тошканд қасдида чиқди, деб хабар келди. Яна Амирлашкар кўп таъкиди балиғ бирла иноят юбориб, ўзлари ҳам тамоми Фарғона лашкари билан отланиб, Оқжар кемасидан дарёдан ўтиб, эртаси Бобо тархонга қўниб, намози асрдан сўнг Амирлашкар билан мен икковлон шўрбо ичиб турган вақтда, Юсуф Қошғарий деган йигит: “Тошкандни Чернаеф жондорол Русия аскари билан келиб қамаб, қўрғонга югурди ва жаноби (Ёқуббек) Бадавлат кўп ғайрат ва шижоат кўрсатиб, Русия аскари шикаст топиб қайтди”, деган мазмунда ариза олиб келди. Амирлашкар: “Қўрғондан ҳаргиз чиқманглар”, деб ба таъкид иноятнома бирла бу одамни қайтариб, ўзлари ҳам тез Бобо тархондан отланиб, Кандир довонидан ўтиб, Келов мавзеига, ундан Тўйтепа, Тўйтепадан Тошкандга Минг ўрик мавзеига қўндилар. Тамоми Тошканд, уламо-фузалоси ва машоих у ерда шарафи мулоқотга мушарраф бўлиб,бир-икки кундан сўнг, Тошканд ўрдаси дорул-аморасига кириб, муҳимоти зарурияи мулкга жаҳд қилдилар.

Жаноби Амирлашкар Қошғар ва уни тавобиоти таърифини ва фуқаролари фармонбардор ва жамъуяти бетакаллуфлигини кўп эшитган сабабли, каминадан неча каррот ул вилоят авзои ва атрофини сўраб, уни қўлга киргузмоқ ва тасарруф қилмоқ шавқи кўгулларига тушган ва истило топган эди. Бу фикр билан уч кунгача ҳеч кимга саломга ва суҳбатларига йўл топмоққа ижозат ва рухсат бермадилар. Фақат камина атрофу жавониб ахборини олиб кирур эрдим ва ҳеч одам ушбу муддатда жаноби Амирлашкарни кўролмади. Аммо жаноби Бадавлат бу воқеадан бағоят ваҳмнок ва андишаманд бўлиб, камина манзилига келсам, “Жон ука, аз барои Худо, огоҳ қилинг, бу нима иш ва нима воқеадур”, деб сўрадилар. Камина жавоб бердимки, жаноби Амирлашкар сизни подшоҳ қилмоқ хаёли ва андишасида юрурлар. Мундан бошқа сизга бир зарра зарару заҳмат ва нуқсон етгурмоқ ҳаргиз гўшан хотирларида йўқ”, деб қасам бирла хотиржамъ қилдим.

Жаноби Амирлашкар уч кундан сўнг, тамоми саркарда ва умарои сипоҳларини саломга рухсат бериб, аркони давлат билан Қошғар маслаҳатини ўртага солдилар. Охирлари бу маъно қарор топдиким, Жаҳонгирхон тўра ўғли Бузрукхон тўрани ҳозир қилиб дедиларки: “Сиз Қошғарга тўра ва хон, аммо юртдорликка ва олмақу бермоқ ва урмоқ, ўлдирмоқ ва азлу насб ва мунга ўхшаш ишлар тамоман (Ёқуббек) Бадавлат ихтиёрида бўладур. Анга сиз ҳаргиз дахлу таарруз қилмай, хонлик ва тўралик отига қаноат айлаб, айшу ишратга машғул бўлиб, Бадавлат ишоратидан ҳаргиз чиқмайсиз”, деб, ушбу маънига қаттиқ қасамлари бирла аҳду паймон қилдуруб, Қуръон кўтардилар.

Жаноби Бадавлат ўзлари минмоқ учун каминанинг бир отини сўрадилар ва фақир мазкур отни тилло жабдуқи ва тилло қўтозу заррин кажимлари билан хизматларига юбориб ва ҳар тақдир хушу хуррам Қошғар тарафига жўнаттилар.

VI. АМИРЛАШКАРИ МАРҲУМ ИҚОН МУҲОРИБАСИГА ОТЛАНГАНЛАРИ БАЁНИ ТУРУР

Андин сўнг, Амирлашкар Иқон ғазотига тараддуд қилдилар. Биз унинг асбобу анжомларини ростлаб, тамоми аскария ва тўпу тўпхона билан Сариоғоч йўлидан Чимкентга кирмай, Арсан бўйига қўниб, ундан кўчиб, Чилик қишлоғига, кейин кўчиб Иқонга қўндик. У мавзеда намози шомдан сўнг, хуфтон вақтига яқин бир мунча ўрус аскари Туркистондан чиқиб келиб, Иқон яқинига қўнди, деб хабар келди. Амирлашкар марҳум: “Сиз қўшу пилта ва хазиналарни Иқон ичидан ташқари олиб чиқиб, хабардор бўлунг”, деб буюрдилар.

Камина Иқон ичидан чет мавзега қўш ва хазиналарни олиб чиқиб, ул кеча ҳушёрлик ва бедорлиғ билан бўлдим. Эртаси Амирлашкар хизматларига келиб кўрдумки, Ўрусиянинг юз нафарга яқин одами бир жойда тўпдур. Бизнинг аскарларимизнинг тамоми атроф ва жавонибларини олиб, аммо тўпу милтиқ ўқидан ҳеч ким уларга яқин боролмайдур. Ночор қорабўйра қилмоқ тараддудига тушиб, шоҳу намад ва самону арқон жамъ қилиб, тамоми аскария ўруслар атрофу жавонибидан қорабўйрани андак-андак суруб, ани паноҳида аскар ҳам Ўрусияга яқинлашиб ва ноҳоят яқин бўлғондан сўнг, аскария қорабўйра орқасидан чиқиб, Ўрусия қўшинига ҳужум қилдилар. Русиядан ажал етгани ўлиб, боқимонда елик нафардан ортиқроқ ўрус тўпини кўзига суғорон пўлод сих қоқиб, ўзлари қўлдан чиқиб, соний оҳисталик билан Туркистон тарафига юрдилар. Мусулмон аскари уларни атроф жавонибларини қуршаб, саъй тараддуд қилдилар. Аммо Русиянинг низомлик ва қонун билан отадурғон милтиқи ўқидан уларни олмоқ муяссар бўлмай, саломат Туркистон вилоятига кириб кетдилар. Амирлашкар тамоми Иқон фуқаросини амволу асбоб ва мутўу ашёлари билан тамоман Иқондан кўчтириб, теваю отларга юклаб, борғон йўлимиз билан Тошкандга қайтди. Иқон фуқароларини Тошкандга жойлаб, Марғилон ҳокими Қўш парвоначини Тошкендга ва Тошканд ҳокими Мирзо Аҳмад қушбегини Марғилонга ҳоким қилдилар. Андин сўнг, ўзлари мурожаат айлаб, доҳили дорус-салтанати Хўқанд бўлдилар.

Бир неча муддатдан каминаи ҳақир ҳамиша сулҳ орзуйини қилар эрдим. Яна фурсат топиб, жаноби Амирлашкар хизматларига бориб: “Ҳозир қиш фасли ва урушу муҳориба йўқ, тинчлик ва хотиржамлик маҳалидур. Шу вақтда бир хушёр одам Тошканд бориб, Чернаеф жондорол билан мусолиҳа важҳидан сўзлашса, ямон бўлмаса керак”, деб арз қилдим. Жаноби Амирлашкарга мақбул бўлиб, “Бу ишга ўзингиз муносиб ва лоиқ”, деб каминани Тошкандга буюрдилар. Камина Тошканд бориб, ўз жонибимдан қилмай, Мулло Нурча закоти тилидан Чернаеф жондорол номига сулҳ важҳидан ниҳоят мулоим ва муҳаббатангиз хат ёзиб, савдогар аҳлидан Мулло Абусаид ҳожи ва Муҳаммад Каримбекни элчилик тариқасида Чимкентга юбордим. Жондороли мазкур буларни иззат ва икром айлаб, китобатларини кўриб, “Менга бу хатни ёзмоқ учун Мулло Нурча закотининг ҳадди сиғмас. Хат егаси ким эканини ўзим билурман. Мендан салом айтурсизлар”, деб ширин ва дилписанд иборат билан хат ёзиб, элчиларни қайтарди.

Ҳосил (ул-калом), бир-икки ва уч дафъа одам бориб келғондан сўнг, бир дафъа Чернаеф жондорол каминага ёзибдурки, “Ман ўйлайманки, сулҳу ошти ва яраш сизларни тилларинда бор, аммо дилларингда йўқ. На учунким, икки подшоҳ орасинда ҳар қанча уруш ва муҳориба бўлса ҳам, савдогарни бормоқ-келмоғи манъ бўлмаса керак. Сизлар бу йил савдогарни юбормадинглар ва ҳам Чимкентга ўрук ва майиз бермакни манъ қилдинглар”, деб ёзибдур.

Камина жавоб бердимки, “Расму қоида шу эрдики, Тошканд, Хўқанд ва тамоми Туркистону Фарғона савдогарлари юкларини боғлаб тайёр бўлганда, сизлар тарафидан тожирлар тевалар билан келиб, йўл юкларини кира қилиб, олиб кетардилар. Бу йил тожирлар юбормадингиз, тамоми мусулмонлар моли киракашсиз қолиб, кўп зарар бўлди. Мулоҳиза қилмоқ керакким, савдогарни манъи бизларданму ё сизларданму? Аммо ўрук ва майиз бўлса, бу йили Тошканду Хўқандда қиш ниҳоят қаттиқ бўлиб, дарахтларни совуқ уриб, мева жинси ниҳоят оз ва қийматдур. Шу сабабли, савдогар ўзи бормади, ҳеч ким манъ қилган эмас”.

Алқисса, орамизга китобат бирла ошнолиғ ва муҳаббат тушгандан сўнг, камина ёздимки: “Икковлон сабабимиз бирла икки подшоҳ ораларига сулҳ воқеъ бўлса, тамоми халқуллоҳга нафъу фойдаси етса керак. Аммо, аввалан, чегара муқаррар ва муайян бўлса, яхши бўлур эди”.

Чернаеф жавоб ёздиларки: “Сизнинг муродингиз сарҳаддин Чимкентдур. Бу иш ҳаргиз бўлмаса керак, чунки мен Чимкентни кўп меҳнат ва машаққатлар билан олдим ва уни тобеъ бўлғонини импротури аъзам хизматларига арз қилғонман. Мундоғ жойни сарҳад қилмоқ мумкин эрмас. Лекин чегара Шаробхона бўлсин. Шаробхонадан Чимкент тарафига мусулмон аскари ва Тошканд тарафига Русия аскари ўтмасин. Бу маънода хон ва Амирлашкардан хат олиб беринг, ман ҳам импротури аъзам қўлларини қўйдуруб бериб, мустаҳкам қилайлик”, дебди.

Камина бу мусолаҳани (сулҳни) давлати азим ва катта ғанимат фаҳмлаб, жаноби Амирлашкар хизматларига ариза ёзиб, жондорол хатини қўшиб бердим. Ўзим шукронага ҳазрати Занги ота зиёратига машғул бўлдим. Ул мавзеда Баҳром отлиғ ғулом жаноби Амирлашкар хизматларидан муборакнома келтурди. Мазмуни шулким: “Мусолиҳа ишини мавқуф қўюб, ўзингиз Тошканддан Шодибек додхоҳ, Хайр Муҳаммад ёвар ва Чордара ҳокими Берди Мурод эшикўаларни ҳамроҳ олиб, Хўжанд (келиб), мани дуо қилинг”.

Камина ночор битган ишларни ташлаб ва тайин қилғон одамларни олиб, Тошканддан жўнаб, Кировучига, Кировучидан саҳар вақтида жўнаб, аввали вақти пешин Хўжанд дарёси лабига бориб, дарёдан ўттим. Амирлашкар арк остидаги боғда истироҳатга машғул эканлар. Шарафи қадамбўси учун боғга кирдим ва удайчилар Амирлашкарга хабар бермоқ учун журъат қилмадилар. Ночор камина туҳфа ва пешкашимни олиб, боғ оморати тарафига муяважжуҳ бўлдим. Бу аснода якбора Амирлашкари марҳум иморат эшикини очиб, баланд овоз билан: “Сизга истиқбол чиқсам”, деб илтифот қилдилар. Камина шарафи қадамбўс ҳосил қилганимда, муборак қўллари билан қўлимдан олиб, арк тарафига мутаважжуҳ бўлиб, аркка олиб кирдилар. Алҳосил, пешин хангомидан то хуфтан вақтигача хизмати шарифларида бўлиб, бўлган тамоми воқеот ва ҳодисотни арз қилдим. Жаноби Амирлашкари марҳум ниҳоят хурсанд бўлиб дедиларким: “Бу муҳосила ниҳоят яхши ва писандидадур ва мундан яхши маслаҳат йўқ. Аммо, бир нукта мени қабул қилмоқдин манъ қиладур”.

Фақир арз қилдимки: “Ул нуктани камина ҳам англасам, ямон бўлмас”. Марҳамат қилдиларки: “Бу мусолиҳа, албатта, халқуллоҳ манфаати ва юртосойиши, дину миллат ривожи эрур. Аммо… бу мусолиҳани қилсак, одамларимиз нодонликдан, Амирлашкар ва шиғовул деган икки малъун ўз осойиши ва айшу ишратини кўзлаб, бу қадар мусулмонларни ўрусга ташлаб, сулҳ қилдилар. Агар булар ғайрат ва ҳамият қилсалар, ҳаммамиз ғазотга отланиб, бул тараф Ўрунбурхга ва ул тараф Симифулод, Шамайгача олар эрдук”, деб ўзимизга ва ўлганимиздан сўнг, фарзанду набираларимизга лаънату нафрат юборсалар керак. Эмди уруш бўлса, мендан бошқа киши ўлмай, танҳо мен ўлуб, халқ ҳалос топар. Мунча нафрин эшмак нима ҳожат эмди. Бизга мусолиҳа важҳидан сўз қилманг, токи савдом қўзғолиб, суфрам ғалаба қилмасун”, дедилар.

Камина ҳам сўзлашга мажолим қолмай, сукутдан ўзга чора топмадим. Алҳосил, Хўжанд ҳукуматидан Аҳрорхон тўрани олиб, ўрнига Тоғайқули додхоҳ ўғли Муҳаммад Айюб мирзони насб айлаб, доруссалтанатга Хўқандга мурожаат қилдилар. Ҳўқандга келғондан сўнг, сипоҳия ва аскария либосу сарпо бермак тараддудиҳа тушиб, сарпо бериб турган вақти Тошканд ҳокимидан “Чернаеф жондорол тамоми Русия аскари ва тўпу тўпхонаси билан Тошканд қасдида Чимкентдан чиқти”, деган хабар келди.

VII. АМИРЛАШКАРИ МАРҲУМ ТОШКАНДДА ЧЕРНАЕФ ЖОНДОРОЛ БИЛАН МУҲОРИБА ҚИЛИБ ШАҲИД БЎЛҒОНЛАРИ БАЁНИ ТУРУР

Амирлашкари марҳум дарҳол лашкар жамъ бўлиши учун Марғилон, Ўш, Шаҳрихон, Намангон ва Чустга одам юбориб, уларни аскари етгунча сабру таҳаммул қилмай, Хўқандга ҳозир бўлғон аскар ва тўпхона билан Тошканд тарафига отландилар. Чилмаҳрам кемасидан дарёдан ўтиб, Симғар мавзеига ўтуб, субҳи содиқда қўшин Симғардан кўчуб юрғондан сўнг, каминани: “Сиз қўшин олдиға тушуб, Саримсоқли давонидан ўткондин сўнг, бир жойда қўшунни қўндуринг”, деб буюрдилар. Камина таъжил ва шитоб бирла юруб, Саримсоқли давонидан ўтуб, бир яхши сабзазору алафзор жойга қўшинни қўндирмоқчи бўлдим. Хон ва Амирлашкар хайма ва боргоҳларининг жойини тайинлаб турган вақтда Амирлашкар ўзлари ҳам етиб келиб: “Мундан андак илгари йироқ ўтунг”, деб буюрдилар. Камина яна қарийб бир фарсах юриб, бир сув оғзиғаким, ниҳоятда покиза ва алафзор экан, қўнуб, қумғон ва чойжўшларга ўт қўюб, сув қайнаган вақтда, Амирлашкар етиб келиб қўндилар. Бир-икки пиёла чой ичган маҳалда Тошканддан Алиқул удайчиданки, Тошкандга илғорлик тариқасида борган эди, ариза келди. Мазмуни шулким: “Чернаеф жондорол келиб, Шўртепага қўнуб, Тошканд муҳосирасига машғулдир. Аммо Тошканд фуқаролари авзои бошқа бўлуб, ақидалари бузилғонга охшайдур”.

Жаноби Амирлашкар аризани ўқиб, каминага “Муни кўрунг”, деб ташладилар. Камина кўруб: “Бул бир беҳуда хаёл ва васвасадур. Алиқули удайчи ўзи фаҳми ноқис бирла шул тариқа ўйлабдур, аммо то жанобингиз аёми ҳаётда борсиз, Тошканд аҳлининг ихлосу ақидаси ҳаргиз тағйир ва завол топмас”, деб арз қилдим. Амирлашкари марҳум марҳамат қилдиларки, “Сиз ва Рустамбек додхоҳ ўғли Ражаббек билан Тошкандга бориб, фуқаро аҳволини хўб фаҳмлаб, менга ариза ёзинглар, то анга қараб иш қилайлук”. Фақир арз қилдимки: “Иккимиз на даркор? Биримиз кифоя қилурмиз. Аммо тамоми Тошканд аҳлидан ғайр аз жонбозлик ва жонсипорлик ҳеч бир нолойиқ иш содир бўлмаслигига мен кафилман”, дедим. Яна савол қилдиларки: “Бу мавзе билан Кировучи ораси масофати қанча экан?” Камина: “Мен ўзум юриб кўрган емасман, илло халқ сўзидан маълум бўлардики, масофати бир фарсахга яқинемиш”. Жаноби Амирлашкари марҳум: “Андоғ бўлса, Кировучига тушсак, Тошкандга ўзунгиз борурсиз. Тошканд ҳокими ва акобиру ашрофларига иноятнома ёзуб, намози шомдан сўнг: “Отларингизга хошоку ем бериб, тайёр бўлунг, кечалаб юрурсиз”, деб буюриб, ўзлари ўтовдан хос хаймага ташриф келтирдилар.

Камина иноятномаларни ёзиб, отларга ем бериб, хос хайма эшигига борсам, иттифоқан Амирлашкар ҳарорати ошиб, иситма шиддатидан ўзларидан бехабар ва беҳуд қўл-оёғларини таштдаги сувга солиб ётган эканлар. Мулоқот қилмоқ муяссар бўлмай, Баҳром отлиғ ғуламбаччага: “Ҳар вақт Амирлашкар ҳушларига келсалар, менинг ҳозиру мунтазирлигимдан хабар қил, вақт ўтмасун”, деб таъкидлаб, хайма ешигида ўтирдим. Хили муддатдан сўнг, ҳушларига келиб, камина ҳам хизматларига кириб, муборак муҳрларини олиб, иноятномаларни муҳрладим. Тошканд ҳокими, акобиру ашрофига лойиқ ва муносиб либосу сарполарни хазинаи олйдан олиб, жаноби Амирлашкар билан видў қилиб, кечаси жўнаб, эртаси чоаштгоҳда доҳили Тошканд бўлдум. Қўш парвоначини кўриб, унинг либосу сарпосини бердим. Ундан сўнг шаҳар ичига тушуб, қозикалон, уламо, фузало ва машойихларни кўриб, уларга тайин бўлғон либос ва сарполарни бериб, Амирлашкар хақларига дуо олдим. Намози шомдан қўрғонни айланиб, ҳар жамъият ва дарвозада тўхтаб фуқароға дилдорлик бериб, Амирлашкар марҳаматларини ва яқин келғонларини етказдим. Алҳосил, намози бомдод вақтидан сўнг, қўшу манзилимга келиб, икки-уч кеча тамоман уйқудан қолғаним сабабли ва саратон офтобининг ҳароратидан тамоми аъзо ва ажзоларимдан қаттиқ ҳарорат истило топиб, беҳуш йиқилиб, ўшал куни оламдан нима ўтғонини ва нима бўлғонини ҳаргиз билмайман. Эртаси тўп овози билан филжумда ўлик мисоли бемажолўзимга келдим. Хабардор бўлдимки, Кировучидан мен жўнағондан сўнг, қазову қадар ва ажали муқаддар тортиши бирла Амирлашкар Тошкандга келиб, Ўрусия аскари билан уруш ва муҳорибага машғул бўлғон экан. Русия аскари мусулмонлар тўпу милтиқи зарбидан бесаранжом бўлуб турғон вақтда тақдири илоҳий бирла Ўрусия аскаридан бир ўқ Амирлашкарга тегиб, отдан йиқилибдилар. Мусулмон аскари урушни қўйиб, ул кишини отга олиб, шаҳарга кирғузмоққа машғул бўлганда, Русия лашкари амон ва ғалаба топти. Агар бир соат ёки ярим соат муҳлат бўлса эди, валлоҳи аълам, Ўрусия аскарига шикаст ва мағлубият насиб етарди. Лекин Худованди азза ва таоло иродаси Туркистон ва Фарғона вилояти импротур тасарруфига кирмоқға таалуқ экан, фурсат бўлмай, бу ҳодиса юз берди. Аммо, Амирлашкари марҳум шаҳарга кириб ўлгунларича умаро ва сипоҳларни ғазотга ва қўрғон муҳофизатига тарғиб айлабдилар. Сўнг руҳи шарифлари қафасни қолдириб, ошёни қудсийга парвоз айлабди. Оллоҳ уларни раҳмат қилсин. Ул вақтда умри шарифлари тахминан ўттиз уч ё ўттиз тўрт ёшида эди. Амирлашкар вафотидан сўнг, Мирзо Аҳмад қушбеги ва Бекмуҳаммад қушбеги ва Тошканд ҳокими Қўш парвоначи тамоми Фарғона аскарини бошлаб, Хўқанд тарафга қочтилар. Камина буларни ҳарчанд ҳар қайсиларига одам юбориб: “Бу қилғон ишлари савоб ва маслаҳатдан йироқдур, шаҳарга кирсунлар, Ўрусия душман бўлса ҳам… Амирлашкар шаҳид бўлғонини маълум айлаб, яхшилик билан қайтайлик”, десам ҳам қабул қилмай ва қулоқ солмай, юборган одамларимга жавоб бермай, Хўқандга келиб, Бекмуҳаммад қушбеги, Мирзо Аҳмад дастурхончи бўлиб, Худойқули деган манқуби фалокатзадани хон кўтариб, Фарғона вилояти қасру ҳукуматини айлаб, буздилар…

098

16 iyun` kuni milliy tariximizning eng fojiali voqealaridan biri — rus qo’shinlari tomonidan Toshkentning bosib olinganiga 150 yil bo’ladi. Saytimiz shu munosabat bilan Toshkentni zabt etilishi voqealari aksini topgan tarixiy asarlar va maqolalar turkumini taqdim etishni boshlaydi. Bugun ana shunday qimmatli tarixiy manbalardan biri bo’lmish Muhammad Yunus bin Muhammad Amin (Muhammad Yunus Toib) qalamiga mansub «Tarixi Aliquli (Alimquli) amirlashkar» asarining 5-7 fasllari bilan tanishing.

005
Muhammad Yunus Tolib
TARIXI ALIQULI (ALIMQULI) AMIRLASHKAR
04

V. AMIRLASHKARI MARHUMNING CHIMKENT USTIGA O’RUSIYA MUHORABASIGA OTLANGONLARINING BAYONI

099Simg‘ar yo‘li bilan yurib, Toshkand borg‘ondan so‘ng, kaminani pul olib bormoq uchun Toshkandga tashlab, o‘zlari tamomi qo‘shin va to‘pxona bilan Chimkentga qo‘ndilar. Kamina amirlashkardan so‘ng ikki kun turib, orqalaridan Chimkentga borsam, Amirlashkar muhoriba uchun o‘rus tarafiga ketgan ekanlar. Kamina ham u mavzega bordim. Tamomi Farg‘ona askari saf tortganda, Rusiya ham bir joyda to‘planib, musulmonlarni to‘p o‘qi bilan muztarib va parishon aylabdi. Amirlashkar bir tepalikda yolg‘uz o‘tirgan ekanlar. Kamina chiqib, salom va duo qilib, sharafi dastbo‘s hosil ayladim. O‘zlaridagi ikki ko‘zli durbinni berib, “Bu turg‘on Rusiya askaridur, ko‘ring!” deb marhamat qildilar. Kamina durbin bilan qarab: “Uch yuzdan ziyodaroq ma’lum bo‘ladur”, dedim. Iltifot qildilarki: “Siz bog‘lagan oq yuklarni ham odam gumon qilibsiz, ular ikki yuzdan ziyodroqdur. Ammo, bul ajabki, shul miqdor qo‘shin bu ikki yuz o‘rusga barobar bo‘lolmadi”. Faqir arz qildimki: “To‘pu miltiq g‘olib bo‘lmoqg‘a qo‘ymaydur. Bizlar ham to‘p olibkelsak, qando‘g‘ bo‘lur ekan”.

Darhol Amirlashkar to‘pga odam buyurib, hozir qilib, O‘rusiya qo‘shiniga qarab, besh-olti jilav to‘p otildi. Faqir undog‘ aqida qilurmankim, to‘p o‘qi bilan Rusiya xeyla iztirobga tushgan edi. Ammo, vaqt tanglik qilib, asr namozi vaqti bo‘lib, Amirlashkar: “Rusiya kechasi harakat qilsa, to‘pga ofat yetmasun”, deb to‘plarni qaytarib joyiga olib bordilar. Ul kecha Rusiya va musulmon joy-joyimizda hushyorlik bilan yotdik.

Subhu sodiq: “Udaychilar shahid va yarador bo‘lg‘oni sababli dastalarni rostlang”, deb menga amr qildilar. Kamina dastani o‘z joyiga qaror berib, o‘ng-so‘lini tayyor qilg‘ondan so‘ng, kaminaga buyurdilarki: “Siz shitob bilan Chimkent borib, Jomador noibni Xo‘qand to‘pxonasi va Xo‘qand sarbozi bilan darhol bu tarafga yuboring. Xayr Muhammadxon yovar Toshkand to‘pxonasi va sarbozi bilan qo‘shinni muhofizat qilsun. Ul yerda har qancha mutafariqa va parokanda askardan bo‘lsa, hammasini jamg‘arib, Mingboy parvonachiga topshirinki, Manqat tarafidan Turkboshi yo‘lini tossun, na uchunkim, Avliyo otadagi O‘rusiya madad uchun kelmoqchi ekan. Ular kelib qo‘shilsa, ish yaxshi bo‘lmaydur. Mingboy parvonachi ularni o‘tib qo‘shulmog‘iga mone’ bo‘lgay”.

Kamina Jondor noibni jo‘natib, Mingboy parvonachiga odamlarni topshirib, siporishlarni yetkazib, o‘zim Amirlashkar taraflariga jo‘nadim. Ammo, qo‘shinlarga barcha, aqli qisqa va andishasiz amirlar va sardorlar, to Jondor noib va to‘pxona borguncha sabru toqat qilmay, Amirlashkarga: “O‘rusiya askari oz, agar hujum qilsak, hammasini bosib olarmiz”, deb arz qildilar. Amirlashkar ham nihoyat g‘ayrat va shijoatdan bularning hol so‘zlarig‘a kirib, tamomi askarni Rusiya ustiga yugurtiribdi. Rusiyaning nizomlik o‘qi birla ko‘p shahid va ko‘p yarador bo‘lib, havli mashhar zuhur qilibdi.

Amirlashkari marhum avvalgi tepada g‘amgin va mahzun o‘tirg‘on ekan, kamina salom va duo qilib: “Bu tariqa ishlar janobi payg‘ambarlar va katta podshohlaru salotinlarga voqe’ bo‘lg‘on, munga g‘amgin va mahzun bo‘lmoq lozim ermas, sabru toqat darkordur. Olloh taolo muning badaliga ko‘p zafar va nusrat bermog‘i mumkindur”, deb ba qadri hol tasalli berdim.

Avliyo otadan keladurg‘on Rusiya ham Mingboy parvonachini oldig‘a suribdi. Mingboy parvonachi yo‘ldan qochibdi va O‘rusiya yo‘l bilan kelib, bu yerdagi o‘rusga qoshildi. Yana O‘rusiya sardori odam yuborib, xabar berdiki: “Maydonda o‘liklaring yo tiriklaring bo‘lsa, topib olinglar. Bizlar daxl va taarruz qilmasmiz”.

Binobarin on, o‘lik va yaradorlarni topib, sarishta qildik. Ul kecha yotib, ertasi u yerdan ko‘chmoqchi bo‘lg‘onimizda, Rusiya to‘pu o‘qi ko‘p besaranjom qilib, nochor qir orqali yurib, bir-ikki kun tavaqquf qildik. Kamina janobi Amirlashkarga: “Biror odamni Rusiyaga elchi qilib borsak, bu orada bir-ikki kun o‘tib, ishimiz andak saranjom topar edi”, deb arz qildim, ma’qul bo‘ldi. O‘ratepalik Avliyo otaning eski hokimi Mir Sobirbekni elchi qilib yubordilar. Rusiya sardori izzat qilib, ul ham bir to‘rani qo‘shib yuboribdi. Janobi Amirlashkar kelgan elchini kamina chodarimda ko‘rdilar. Xati va tili, so‘zi andog‘ ekan: “Musoliha va yarash hammaga maqbul ishdur. Ammo men bu viloyatlarni buyruqqa binoan ochib, fath qilib improturi a’zam xizmatlariga ma’lum qilg‘onman. Endi menda ixtiyor qolg‘on emas, ammo siz improturi a’zam xizmatlariga xat yozib, har na murod va maqsudingiz bo‘lsa, qoldurmay darj qilib boradurg‘on elchini menga topshiring, men yo‘l xarojotin tamoman o‘zimdan to‘lab, improturi a’zam hazratlariga yuboray. Agar improturi a’zam Oqmasjidni ham beringlar, deb hukm qilsalar, men Oqmasjidni buzilgan devorlarigacha rostlab topshuray, agar o‘rusni uezi musulmonlarga va bul uezi Rusiyaga bo‘lsunlar, munga amal qilayluk”, deb erkan.

Bu ish nihoyatda yaxshi va g‘animat ish erdi. Ammo Amirlashkari marhum mabodo raoyoi Turkiston tarafiga O‘rusiyaga tobe’ bo‘lsa, besh tamg‘alik jamoasi qo‘ldan chiqadur, deb mulohaza aylab, mundog‘ g‘animat ishni qo‘ldan berdilar.

Hosil ul-kalom, ul yerdan ko‘chib, Chimkentga yaqin bir maydonga qo‘ndik. Udaychilar yo‘qlig‘idan yasavul dastasini ikkiga bo‘lib, yarmini kaminaga, yarmini Ahrorxon to‘ra shig‘ovul topshirdilar. Har kuni ikkovlon Rusiya tarafiga qarovullikka mashg‘ul bo‘ldik.

Hosil ul-kalom, bir kuni salomga yig‘ilg‘on vaqtida, Badavlat qo‘lida bir kimxob to‘n, Mirzo Ahmad qushbegi qo‘lida ham bir kimxob to‘n olib chiqdilar. Badavlat kaminaga kimxob to‘nni kiydurib, tosh uqqog‘on tillo asoni “siz shig‘ovul”, deb qo‘limga topshirdilar. Mirzo Ahmad qushbegi to‘nni Ahrorxon to‘raga kiydurib, yana bir tillo asoni “siz udaychi”, deb ani qo‘liga topshirdi. Hosil ul-kalom, Ahrorxon to‘ra bag‘oyat g‘amgin va mahzun bo‘lib, xijolatu infiol tortib, nochor g‘amu g‘ussa birla o‘zini sabrga oldi.

Bir kuni O‘rusiya askari tamomi to‘pu to‘pxona bilan Chimkentga yaqin bir tepada urush boshladilar. Bu tarafdan Jomador noib ham to‘pxonalarini rostlab, ul tepa atrofiga qoraqundo‘g merganlarni joyladi. Rusiya to‘pi musulmonlarni bezovta qildi, ammo musulmonlar to‘pxonasi va qoraqundog‘ mergan o‘qi ham O‘rusiyani xo‘b besaranjom aylab, rus askarlarini mazkur tepadan surishib, pastga tushib, o‘rus tarafiga yurib, bir yerda to‘plandilar. Musulmon askari ularning orqasidan tushganda, ular miltiqlari bilan daf qildilar. Mingboy parvonachiga miltiq o‘qi tegib shahid bo‘lganda, ikki askar bir-biridan ajradi.

Ul kecha yotib erta bilan xabardor bo‘lsak, O‘rusiya tamomi Arasdan o‘tib ketibdi. Binobarin on, Badavlatni (Yoqubbekni) bir muncha askar bilan o‘rus orqasidan buyurib, Normuhammad parvonachi, Niyoz Ali dodxoh, Temur ponsad, Muhammad Yunus ponsadlarni: “Avliyo otaga boringlar, u yerdan kelgan o‘ruslar Avliyo otaga kirolmasun”, deb yubordi. Ammo Badavlat O‘rusiyaga ba ta’jid borgan ekan, deb yetolmay qytib keldi. Ammo Mormuhammad parvonachilar Tulkibosh va Qulondan o‘tib, Tezsuvga bormay, “O‘rusiya Avliyo otaga borib qolibdur”, deb yolg‘on aytib keldilar. Hol onki, Avliyo ota rusiyasi suvsizlik, uzoqlik vajhidan nihoyat tanglik va azob tortib, Normuhammad parvonachilar Chimkent kelganlaridan so‘ng, bir-ikkilab Avliyo otaga yetubdilar. Bu sababdan, Amirlashkar bularni beg‘ayratlik va bejur’atlik qilg‘on vajhidan g‘azabnok bo‘lib, Bayzoq dodxoh, qirg‘iz, qozoq, Mullo Zarif ponsad, Temur ponsad va Muhammad ponsadlarni Chimkentdan tashqari chiqorib, mazkur Bayzoqni to‘p og‘ziga bog‘lab, ottirib, boshqalarini sarboz miltiqi birla otib o‘ldirdi. Normuhammad parvonachini Toshkand hukumatidan olib, uning joyiga Mirzo Ahmad qushbegini hokim qilib, Normuhammad parvonachi sarkori va zakotchiyu amloklarini daxlu sarfini so‘rab, hisob-kitob qilish uchun kaminani Toshkandga buyurdilar. Faqir Toshkand kelib, hanuz ishi tamom bo‘lmay, Amirlashkar o‘zlari ham kelib, Eshon qozini xalifa sultoni Rumga elchi qilib, unga loyiq tuhfa va peshkashlarini topshirib, Eron va Qizilbosh yo‘li bilan jo‘natib, o‘zlari ham murojaat aylab, dohili Xo‘qand bo‘ldilar.

Bu tarafdan Chernaef jondorol O‘rusiya askari bilan Chimkentni qamab, bir-ikki kundan so‘ng, tadbir ustidan o‘zini qochg‘ong‘a o‘xshatib, andak orqasiga qaytibdur. Mirzo Ahmad qushbegi nodon mag‘rur bo‘lib, “O‘rusiya qochti va shikast topti”, deb tamomi askari bilan Chimkentdan chiqib, Rusiya orqasiga tushibdi. Chernaef jondiorol qaytib hamla qilib, bularni qochirib, Chimkentga kirmoq uchun majolu fursat bermabdi. Chimkent ichiga Rusiya askari tushib, Mirzo Ahmad qushbegi tamomi tavobiotu asbobu asliha, libosu anjomdan ajrab, otu qamchini tashlab, Toshkand tarafiga qochti. Bu xabar Xo‘qandga yetgandan so‘ng, Amirlashkar bag‘oyat mahzun va g‘amgin bo‘lib, janobi Badavlat marhumga buyurdilarkim: “Siz Toshkandga Mirzo Ahmad beaql qoshiga borib xabardor bo‘ling, minba’d mundog‘ majnunlik va ahmoqlik qilmasun. Mabodo Rusiya askari Toshkandga kelsa, shikast va xazinat topib to‘pu qo‘rg‘ondan tashqari chiqmasun, qo‘rg‘onni saqlasa, kifoya”, deb ko‘p ta’kid qildilar.

Necha kundan so‘ng, Chernaef jondorol Rusiya askari bilan Toshkand qasdida chiqdi, deb xabar keldi. Yana Amirlashkar ko‘p ta’kidi balig‘ birla inoyat yuborib, o‘zlari ham tamomi Farg‘ona lashkari bilan otlanib, Oqjar kemasidan daryodan o‘tib, ertasi Bobo tarxonga qo‘nib, namozi asrdan so‘ng Amirlashkar bilan men ikkovlon sho‘rbo ichib turgan vaqtda, Yusuf Qoshg‘ariy degan yigit: “Toshkandni Chernaef jondorol Rusiya askari bilan kelib qamab, qo‘rg‘onga yugurdi va janobi (Yoqubbek) Badavlat ko‘p g‘ayrat va shijoat ko‘rsatib, Rusiya askari shikast topib qaytdi”, degan mazmunda ariza olib keldi. Amirlashkar: “Qo‘rg‘ondan hargiz chiqmanglar”, deb ba ta’kid inoyatnoma birla bu odamni qaytarib, o‘zlari ham tez Bobo tarxondan otlanib, Kandir dovonidan o‘tib, Kelov mavzeiga, undan To‘ytepa, To‘ytepadan Toshkandga Ming o‘rik mavzeiga qo‘ndilar. Tamomi Toshkand, ulamo-fuzalosi va mashoix u yerda sharafi muloqotga musharraf bo‘lib,bir-ikki kundan so‘ng, Toshkand o‘rdasi dorul-amorasiga kirib, muhimoti zaruriyai mulkga jahd qildilar.

Janobi Amirlashkar Qoshg‘ar va uni tavobioti ta’rifini va fuqarolari farmonbardor va jam’uyati betakallufligini ko‘p eshitgan sababli, kaminadan necha karrot ul viloyat avzoi va atrofini so‘rab, uni qo‘lga kirguzmoq va tasarruf qilmoq shavqi ko‘gullariga tushgan va istilo topgan edi. Bu fikr bilan uch kungacha hech kimga salomga va suhbatlariga yo‘l topmoqqa ijozat va ruxsat bermadilar. Faqat kamina atrofu javonib axborini olib kirur erdim va hech odam ushbu muddatda janobi Amirlashkarni ko‘rolmadi. Ammo janobi Badavlat bu voqeadan bag‘oyat vahmnok va andishamand bo‘lib, kamina manziliga kelsam, “Jon uka, az baroi Xudo, ogoh qiling, bu nima ish va nima voqeadur”, deb so‘radilar. Kamina javob berdimki, janobi Amirlashkar sizni podshoh qilmoq xayoli va andishasida yururlar. Mundan boshqa sizga bir zarra zararu zahmat va nuqson yetgurmoq hargiz go‘shan xotirlarida yo‘q”, deb qasam birla xotirjam’ qildim.

Janobi Amirlashkar uch kundan so‘ng, tamomi sarkarda va umaroi sipohlarini salomga ruxsat berib, arkoni davlat bilan Qoshg‘ar maslahatini o‘rtaga soldilar. Oxirlari bu ma’no qaror topdikim, Jahongirxon to‘ra o‘g‘li Buzrukxon to‘rani hozir qilib dedilarki: “Siz Qoshg‘arga to‘ra va xon, ammo yurtdorlikka va olmaqu bermoq va urmoq, o‘ldirmoq va azlu nasb va munga o‘xshash ishlar tamoman (Yoqubbek) Badavlat ixtiyorida bo‘ladur. Anga siz hargiz daxlu taarruz qilmay, xonlik va to‘ralik otiga qanoat aylab, ayshu ishratga mashg‘ul bo‘lib, Badavlat ishoratidan hargiz chiqmaysiz”, deb, ushbu ma’niga qattiq qasamlari birla ahdu paymon qildurub, Qur’on ko‘tardilar.

Janobi Badavlat o‘zlari minmoq uchun kaminaning bir otini so‘radilarva faqir mazkur otni tillo jabduqi va tillo qo‘tozu zarrin kajimlari bilan xizmatlariga yuborib va har taqdir xushu xurram Qoshg‘ar tarafiga jo‘nattilar.

VI. AMIRLASHKARI MARHUM IQON MUHORIBASIGA OTLANGANLARI BAYONI TURUR

Andin so‘ng, Amirlashkar Iqon g‘azotiga taraddud qildilar. Biz uning asbobu anjomlarini rostlab, tamomi askariya va to‘pu to‘pxona bilan Sariog‘och yo‘lidan Chimkentga kirmay, Arsan bo‘yiga qo‘nib, undan ko‘chib, Chilik qishlog‘iga, keyin ko‘chib Iqonga qo‘ndik. U mavzeda namozi shomdan so‘ng, xufton vaqtiga yaqin bir muncha o‘rus askari Turkistondan chiqib kelib, Iqon yaqiniga qo‘ndi, deb xabar keldi. Amirlashkar marhum: “Siz qo‘shu pilta va xazinalarni Iqon ichidan tashqari olib chiqib, xabardor bo‘lung”, deb buyurdilar.

Kamina Iqon ichidan chet mavzega qo‘sh va xazinalarni olib chiqib, ul kecha hushyorlik va bedorlig‘ bilan bo‘ldim. Ertasi Amirlashkar xizmatlariga kelib ko‘rdumki, O‘rusiyaning yuz nafarga yaqin odami bir joyda to‘pdur. Bizning askarlarimizning tamomi atrof va javoniblarini olib, ammo to‘pu miltiq o‘qidan hech kim ularga yaqin borolmaydur. Nochor qorabo‘yra qilmoq taraddudiga tushib, shohu namad va samonu arqon jam’ qilib, tamomi askariya o‘ruslar atrofu javonibidan qorabo‘yrani andak-andak surub, ani panohida askar ham O‘rusiyaga yaqinlashib va nohoyat yaqin bo‘lg‘ondan so‘ng, askariya qorabo‘yra orqasidan chiqib, O‘rusiya qo‘shiniga hujum qildilar. Rusiyadan ajal yetgani o‘lib, boqimonda elik nafardan ortiqroq o‘rus to‘pini ko‘ziga sug‘oron po‘lod six qoqib, o‘zlari qo‘ldan chiqib, soniy ohistalik bilan Turkiston tarafiga yurdilar. Musulmon askari ularni atrof javoniblarini qurshab, sa’y taraddud qildilar. Ammo Rusiyaning nizomlik va qonun bilan otadurg‘on miltiqi o‘qidan ularni olmoq muyassar bo‘lmay, salomat Turkiston viloyatiga kirib ketdilar. Amirlashkar tamomi Iqon fuqarosini amvolu asbob va muto‘u ashyolari bilan tamoman Iqondan ko‘chtirib, tevayu otlarga yuklab, borg‘on yo‘limiz bilan Toshkandga qaytdi. Iqon fuqarolarini Toshkandga joylab, Marg‘ilon hokimi Qo‘sh parvonachini Toshkendga va Toshkand hokimi Mirzo Ahmad qushbegini Marg‘ilonga hokim qildilar. Andin so‘ng, o‘zlari murojaat aylab, dohili dorus-saltanati Xo‘qand bo‘ldilar.

Bir necha muddatdan kaminai haqir hamisha sulh orzuyini qilar erdim. Yana fursat topib, janobi Amirlashkar xizmatlariga borib: “Hozir qish fasli va urushu muhoriba yo‘q, tinchlik va xotirjamlik mahalidur. Shu vaqtda bir xushyor odam Toshkand borib, Chernaef jondorol bilan musoliha vajhidan so‘zlashsa, yamon bo‘lmasa kerak”, deb arz qildim. Janobi Amirlashkarga maqbul bo‘lib, “Bu ishga o‘zingiz munosib va loiq”, deb kaminani Toshkandga buyurdilar. Kamina Toshkand borib, o‘z jonibimdan qilmay, Mullo Nurcha zakoti tilidan Chernaef jondorol nomiga sulh vajhidan nihoyat muloim va muhabbatangiz xat yozib, savdogar ahlidan Mullo Abusaid hoji va Muhammad Karimbekni elchilik tariqasida Chimkentga yubordim. Jondoroli mazkur bularni izzat va ikrom aylab, kitobatlarini ko‘rib, “Menga bu xatni yozmoq uchun Mullo Nurcha zakotining haddi sig‘mas. Xat egasi kim ekanini o‘zim bilurman. Mendan salom aytursizlar”, deb shirin va dilpisand iborat bilan xat yozib, elchilarni qaytardi.

Hosil (ul-kalom), bir-ikki va uch daf’a odam borib kelg‘ondan so‘ng, bir daf’a Chernaef jondorol kaminaga yozibdurki, “Man o‘ylaymanki, sulhu oshti va yarash sizlarni tillarinda bor, ammo dillaringda yo‘q. Na uchunkim, ikki podshoh orasinda har qancha urush va muhoriba bo‘lsa ham, savdogarni bormoq-kelmog‘i man’ bo‘lmasa kerak. Sizlar bu yil savdogarni yubormadinglar va ham Chimkentga o‘ruk va mayiz bermakni man’ qildinglar”, deb yozibdur.

Kamina javob berdimki, “Rasmu qoida shu erdiki, Toshkand, Xo‘qand va tamomi Turkistonu Farg‘ona savdogarlari yuklarini bog‘lab tayyor bo‘lganda, sizlar tarafidan tojirlar tevalar bilan kelib, yo‘l yuklarini kira qilib, olib ketardilar. Bu yil tojirlar yubormadingiz, tamomi musulmonlar moli kirakashsiz qolib, ko‘p zarar bo‘ldi. Mulohiza qilmoq kerakkim, savdogarni man’i bizlardanmu yo sizlardanmu? Ammo o‘ruk va mayiz bo‘lsa, bu yili Toshkandu Xo‘qandda qish nihoyat qattiq bo‘lib, daraxtlarni sovuq urib, meva jinsi nihoyat oz va qiymatdur. Shu sababli, savdogar o‘zi bormadi, hech kim man’ qilgan emas”.

Alqissa, oramizga kitobat birla oshnolig‘ va muhabbat tushgandan so‘ng, kamina yozdimki: “Ikkovlon sababimiz birla ikki podshoh oralariga sulh voqe’ bo‘lsa, tamomi xalqullohga naf’u foydasi yetsa kerak. Ammo, avvalan, chegara muqarrar va muayyan bo‘lsa, yaxshi bo‘lur edi”.

Chernaef javob yozdilarki: “Sizning murodingiz sarhaddin Chimkentdur. Bu ish hargiz bo‘lmasa kerak, chunki men Chimkentni ko‘p mehnat va mashaqqatlar bilan oldim va uni tobe’ bo‘lg‘onini improturi a’zam xizmatlariga arz qilg‘onman. Mundog‘ joyni sarhad qilmoq mumkin ermas. Lekin chegara Sharobxona bo‘lsin. Sharobxonadan Chimkent tarafiga musulmon askari va Toshkand tarafiga Rusiya askari o‘tmasin. Bu ma’noda xon va Amirlashkardan xat olib bering, man ham improturi a’zam qo‘llarini qo‘ydurub berib, mustahkam qilaylik”, debdi.

Kamina bu musolahani (sulhni) davlati azim va katta g‘animat fahmlab, janobi Amirlashkar xizmatlariga ariza yozib, jondorol xatini qo‘shib berdim. O‘zim shukronaga hazrati Zangi ota ziyoratiga mashg‘ul bo‘ldim. Ul mavzeda Bahrom otlig‘ g‘ulom janobi Amirlashkar xizmatlaridan muboraknoma kelturdi. Mazmuni shulkim: “Musoliha ishini mavquf qo‘yub, o‘zingiz Toshkanddan Shodibek dodxoh, Xayr Muhammad yovar va Chordara hokimi Berdi Murod eshiko‘alarni hamroh olib, Xo‘jand (kelib), mani duo qiling”.

Kamina nochor bitgan ishlarni tashlab va tayin qilg‘on odamlarni olib, Toshkanddan jo‘nab, Kirovuchiga, Kirovuchidan sahar vaqtida jo‘nab, avvali vaqti peshin Xo‘jand daryosi labiga borib, daryodan o‘ttim. Amirlashkar ark ostidagi bog‘da istirohatga mashg‘ul ekanlar. Sharafi qadambo‘si uchun bog‘ga kirdim va udaychilar Amirlashkarga xabar bermoq uchun jur’at qilmadilar. Nochor kamina tuhfa va peshkashimni olib, bog‘ omorati tarafiga muyavajjuh bo‘ldim. Bu asnoda yakbora Amirlashkari marhum imorat eshikini ochib, baland ovoz bilan: “Sizga istiqbol chiqsam”, deb iltifot qildilar. Kamina sharafi qdambo‘s hosil qilganimda, muborak qo‘llari bilan qo‘limdan olib, ark tarafiga mutavajjuh bo‘lib, arkka olib kirdilar. Alhosil, peshin xangomidan to xuftan vaqtigacha xizmati shariflarida bo‘lib, bo‘lgan tamomi voqeot va hodisotni arz qildim. Janobi Amirlashkari marhum nihoyat xursand bo‘lib dedilarkim: “Bu muhosila nihoyat yaxshi va pisandidadur va mundan yaxshi maslahat yo‘q. Ammo, bir nukta meni qabul qilmoqdin man’ qiladur”.

Faqir arz qildimki: “Ul nuktani kamina ham anglasam, yamon bo‘lmas”. Marhamat qildilarki: “Bu musoliha, albatta, xalqulloh manfaati va yurtosoyishi, dinu millat rivoji erur. Ammo… bu musolihani qilsak, odamlarimiz nodonlikdan, Amirlashkar va shig‘ovul degan ikki mal’un o‘z osoyishi va ayshu ishratini ko‘zlab, bu qadar musulmonlarni o‘rusga tashlab, sulh qildilar. Agar bular g‘ayrat va hamiyat qilsalr, hammamiz g‘azotga otlanib, bul taraf O‘runburxga va ul taraf Simifulod, Shamaygacha olar erduk”, deb o‘zimizga va o‘lganimizdan so‘ng, farzandu nabiralarimizga la’natu nafrat yuborsalar kerak. Emdi urush bo‘lsa, mendan boshqa kishi o‘lmay, tanho men o‘lub, xalq halos topar. Muncha nafrin eshmak nima hojat emdi. Bizga musoliha vajhidan so‘z qilmang, toki savdom qo‘zg‘olib, sufram g‘alaba qilmasun”, dedilar.

Kamina ham so‘zlashga majolim qolmay, sukutdan o‘zga chora topmadim. Alhosil, Xo‘jand hukumatidan Ahrorxon to‘rani olib, o‘rniga Tog‘ayquli dodxoh o‘g‘li Muhammad Ayyub mirzoni nasb aylab, dorussaltanatga Xo‘qandga murojaat qildilar. Ho‘andga kelg‘ondan so‘ng, sipohiya va askariya libosu sarpo bermak taraddudiha tushib, sarpo berib turgan vaqti Toshkand hokimidan “Chernaef jondorol tamomi Rusiya askari va to‘pu to‘pxonasi bilan Toshkand qasdida Chimkentdan chiqti”, degan xabar keldi.

VII. AMIRLASHKARI MARHUM TOSHKANDDA CHERNAEF JONDOROL BILAN MUHORIBA QILIB SHAHID BO’LG’ONLARI BAYONI TURUR

Amirlashkari marhum darhol lashkar jam’ bo‘lishi uchun Marg‘ilon, O‘sh, Shahrixon, Namangon va Chustga odam yuborib, ularni askari yetguncha sabru tahammul qilmay, Xo‘qandga hozir bo‘lg‘on askar va to‘pxona bilan Toshkand tarafiga otlandilar. Chilmahram kemasidan daryodan o‘tib, Simg‘ar mavzeiga o‘tub, subhi sodiqda qo‘shin Simg‘ardan ko‘chub yurg‘ondan so‘ng, kaminani: “Siz qo‘shin oldig‘a tushub, Sarimsoqli davonidan o‘tkondin so‘ng, bir joyda qo‘shunni qo‘nduring”, deb buyurdilar. Kamina ta’jil va shitob birla yurub, Sarimsoqli davonidan o‘tub, bir yaxshi sabzazoru alafzor joyga qo‘shinni qo‘ndirmoqchi bo‘ldim. Xon va Amirlashkar xayma va borgohlarining joyini tayinlab turgan vaqtda Amirlashkar o‘zlari ham yetib kelib: “Mundan andak ilgari yiroq o‘tung”, deb buyurdilar. Kamina yana qariyb bir farsax yurib, bir suv og‘zig‘akim, nihoyatda pokiza va alafzor ekan, qo‘nub, qumg‘on va choyjo‘shlarga o‘t qo‘yub, suv qaynagan vaqtda, Amirlashkar yetib kelib qo‘ndilar. Bir-ikki piyola choy ichgan mahalda Toshkanddan Aliqul udaychidanki, Toshkandga ilg‘orlik tariqasida borgan edi, ariza keldi. Mazmuni shulkim: “Chernaef jondorol kelib, Sho‘rtepaga qo‘nub, Toshkand muhosirasiga mashg‘uldir. Ammo Toshkand fuqarolari avzoi boshqa bo‘lub, aqidalari buzilg‘onga oxshaydur”.

Janobi Amirlashkar arizani o‘qib, kaminaga “Muni ko‘rung”, deb tashladilar. Kamina ko‘rub: “Bul bir behuda xayol va vasvasadur. Aliquli udaychi o‘zi fahmi noqis birla shul tariqa o‘ylabdur, ammo to janobingiz ayomi hayotda borsiz, Toshkand ahlining ixlosu aqidasi hargiz tag‘yir va zavol topmas”, deb arz qildim. Amirlashkari marhum marhamat qildilarki, “Siz va Rustambek dodxoh o‘g‘li Rajabbek bilan Toshkandga borib, fuqaro ahvolini xo‘b fahmlab, menga ariza yozinglar, to anga qarab ish qilayluk”. Faqir arz qildimki: “Ikkimiz na darkor? Birimiz kifoya qilurmiz. Ammo tamomi Toshkand ahlidan g‘ayr az jonbozlik va jonsiporlik hech bir noloyiq ish sodir bo‘lmasligiga men kafilman”, dedim. Yana savol qildilarki: “Bu mavze bilan Kirovuchi orasi masofati qancha ekan?” Kamina: “Men o‘zum yurib ko‘rgan emasman, illo xalq so‘zidan ma’lum bo‘lardiki, masofati bir farsaxga yaqinemish”. Janobi Amirlashkari marhum: “Andog‘ bo‘lsa, Kirovuchiga tushsak, Toshkandga o‘zungiz borursiz. Toshkand hokimi va akobiru ashroflariga inoyatnoma yozub, namozi shomdan so‘ng: “Otlaringizga xoshoku yem berib, tayyor bo‘lung, kechalab yurursiz”, deb buyurib, o‘zlari o‘tovdan xos xaymaga tashrif keltirdilar.

Kamina inoyatnomalarni yozib, otlarga yem berib, xos xayma eshigiga borsam, ittifoqan Amirlashkar harorati oshib, isitma shiddatidan o‘zlaridan bexabar va behud qo‘l-oyog‘larini tashtdagi suvga solib yotgan ekanlar. Muloqot qilmoq muyassar bo‘lmay, Bahrom otlig‘ g‘ulambachchaga: “Har vaqt Amirlashkar hushlariga kelsalar, mening hoziru muntazirligimdan xabar qil, vaqt o‘tmasun”, deb ta’kidlab, xayma eshigida o‘tirdim. Xili muddatdan so‘ng, hushlariga kelib, kamina ham xizmatlariga kirib, muborak muhrlarini olib, inoyatnomalarni muhrladim. Toshkand hokimi, akobiru ashrofiga loyiq va munosib libosu sarpolarni xazinai olydan olib, janobi Amirlashkar bilan vido‘ qilib, kechasi jo‘nab, ertasi choashtgohda dohili Toshkand bo‘ldum. Qo‘sh parvonachini ko‘rib, uning libosu sarposini berdim. Undan so‘ng shahar ichiga tushub, qozikalon, ulamo, fuzalo va mashoyixlarni ko‘rib, ularga tayin bo‘lg‘on libos va sarpolarni berib, Amirlashkar xaqlariga duo oldim. Namozi shomdan qo‘rg‘onni aylanib, har jam’iyat va darvozada to‘xtab fuqarog‘a dildorlik berib, Amirlashkar marhamatlarini va yaqin kelg‘onlarini yetkazdim. Alhosil, namozi bomdod vaqtidan so‘ng, qo‘shu manzilimga kelib, ikki-uch kecha tamoman uyqudan qolg‘anim sababli va saraton oftobining haroratidan tamomi a’zo va ajzolarimdan qattiq harorat istilo topib, behush yiqilib, o‘shal kuni olamdan nima o‘tg‘onini va nima bo‘lg‘onini hargiz bilmayman. Ertasi to‘p ovozi bilan filjumda o‘lik misoli bemajolo‘zimga keldim. Xabardor bo‘ldimki, Kirovuchidan men jo‘nag‘ondan so‘ng, qazovu qadar va ajali muqaddar tortishi birla Amirlashkar Toshkandga kelib, O‘rusiya askari bilan urush va muhoribaga mashg‘ul bo‘lg‘on ekan. Rusiya askari musulmonlar to‘pu miltiqi zarbidan besaranjom bo‘lub turg‘on vaqtda taqdiri ilohiy birla O‘rusiya askaridan bir o‘q Amirlashkarga tegib, otdan yiqilibdilar. Musulmon askari urushni qo‘yib, ul kishini otga olib, shaharga kirg‘uzmoqqa mashg‘ul bo‘lganda, Rusiya lashkari amon va g‘alaba topti. Agar bir soat yoki yarim soat muhlat bo‘lsa edi, vallohi a’lam, O‘rusiya askariga shikast va mag‘lubiyat nasib etardi. Lekin Xudovandi azza va taolo irodasi Turkiston va Farg‘ona viloyati improtur tasarrufiga kirmoqg‘a taaluq ekan, fursat bo‘lmay, bu hodisa yuz berdi. Ammo, Amirlashkari marhum shaharga kirib o‘lgunlaricha umaro va sipohlarni g‘azotga va qo‘rg‘on muhofizatiga targ‘ib aylabdilar. So‘ng ruhi shariflari qafasni qoldirib, oshyoni qudsiyga parvoz aylabdi. Olloh ularni rahmat qilsin. Ul vaqtda umri shariflari taxminan o‘ttiz uch yo o‘ttiz to‘rt yoshida edi. Amirlashkar vafotidan so‘ng, Mirzo Ahmad qushbegi va Bekmuhammad qushbegi va Toshkand hokimi Qo‘sh parvonachi tamomi Farg‘ona askarini boshlab, Xo‘qand tarafga qochtilar. Kamina bularni harchand har qaysilariga odam yuborib: “Bu qilg‘on ishlari savob va maslahatdan yiroqdur, shaharga kirsunlar, O’rusiya dushman bo‘lsa ham… Amirlashkar shahid bo‘lg‘onini ma’lum aylab, yaxshilik bilan qaytaylik”, desam ham qabul qilmay va quloq solmay, yuborgan odamlarimga javob bermay, Xo‘qandga kelib, Bekmuhammad qushbegi, Mirzo Ahmad dasturxonchi bo‘lib, Xudoyquli degan manqubi falokatzadani xon ko‘tarib, Farg‘ona viloyati qasru hukumatini aylab, buzdilar…

Manba: Muhammad Yunus Toib. Tarixi Alimquli amirlashkar//Sharq yulduzi. –1996. -№ 1-2.

044

(Tashriflar: umumiy 786, bugungi 1)

Izoh qoldiring