Qutlibeka Rahimboyeva. She’rlar

065    Ўтган асрнинг 80-йилларида Қутлибека ижодида янги саҳифалар очилди. Айнан мана шу йилларда ёзилган шеърларида ТОНГ тимсоли кўп учрайди. Эрк, озодлик маъносини англатувчи бу сўз шоира туйғуларининг ранг-баранг жилоларини англаб етишимизга ёрдам беради. У “…тонг отса кияман хонатлас кўйлак” деб орзу қилади. Орзуси амалга ошавермагач, “Нега мен истаган тонг отмас, нега? Ўз қалбимга ўзим эмасман эга?” деб фарёд чекади. Аммо бу исёнкор руҳ ишонадики, қай бир тонг чоғи бизнинг “йигитлар мудроқ тулпорларини уйғотиб шошқин Дунёнинг қайсидир парчаларида Парчинланган эркни қутқармоқ учун Буюк курашларга” отланади. (Йўлдош Солижоновнинг «Меҳр боғида ўсган дарахт» мақоласидан. Мақолани мана бу саҳифада ўқинг).

09
Қутлибека РАҲИМБОЕВА
ШЕЪРЛАР
021

021Қутлибека Раҳимбоева 1952 йил 9 февралда Туркмамстон Республикаси Тошовуз вилоятининг Олтмиш қишлоғида туғилган. Онаси — Пошша Матсафоева олти яшарлигида отаси қулоқ қилинганлиги туфайли Украинанинг Херсон вилоятига сургун қилинган. 1941 йил иккинчи жаҳон уруши бошланишидан икки ой олдлн ватанига қайтган ва умри давомида бошланғич синф ўқитувчиси, раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
Отаси — Рейимбой Бозорбоев колхоз раиси бўлиб ишлаган. 1956-йил колхозчиларга уруғлик буғдойни кузда қайтариб бериш шарти билан бергани учун узоқ вақт қамоқда ўтирган. 1961 йилда озодликка чиққан ва орадан 4 ой ўтиб, юрак пароги касаллигидан вафот этган.
Қутлибека 1980-йил ўрта мактабни битириб, Фарғона Давлат педагогика институтига ўқишга кирди ва 1973-йили имтиёзли диплом билан тугатди.Меҳнат фаолиятини ўрта мактабда ўқитувчилик қилишдан бошлади. 1973-йилдан 1983-йилиаргача пойтахт нашриётларида фаолият юритди. 1983-йилдан то шу пайтгача Ўзбекистон хотин-қизларининг журнали — «Саодат»да ишлайди.Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими»

021

ТАССАВВУР
Чилонзорда улуғ математик Муҳаммад Мусо Хоразмий ёдгорлиги бор

Кўксингизга қўйиб нафис китобни
бир хил ўтирасиз кеча-кундузда…
нигоҳингиз ерда, бошингиз қуйи.

Шиддатли баҳорлар келар ҳайқириб:
новдалар атиргул тутиб чорлайди,
шўхчан сабзарангли қаболар кийиб.

Қараб ҳам қўймайсиз.

Ёз келар ҳансираб, иссиғи баланд:
хушбуй салқинларни бағрига жамлаб,
энди таклиф этар гўзал мажнунтол.

Қараб ҳам қўймайсиз.

Куз келар сепи мўл келинчак янглиғ:
тилло дастурхонга мевасин ўраб,
олмалар мунтазир, эгилиб хиёл.

Қараб ҳам қўймайсиз.

Мавлоно, биз ахир болангизмиз-ку:
coғиниб кўзингиз, сўзларингизни
знтикиб келамиз доим Сиз томон.

Қараб ҳам қўймайсиз.

Қалбимиз бонқами, ғуруримизми,
шаънимиз бошқами, шууримизми…
Наҳот, болангизга ўхшамасак биз…
ҳар гал ичимизни тирнар шу гумон.

* * *

«Нечун пичирлайсиз?
баҳодир сўзларни,
ботир сўзларни,
курашиб енгмокда
қодир сўзларни
нимага пичирлаб айтасиз?»

Куюнсам, куюнчим тилдингиз,
шовқинни баҳона қилдингиз.

Мана, қиш тиндирди шовқинни:
Чирилдоқ қушларни оҳиста алдаб,
иссиқ ўлкаларга жўнатди.

Эзма япроқларни уздириб ташлаб,
шамолни қайдадир музлатди.
Бақирок, сойларнинг бетини эса
йилтироқ ойнаклар қўйиб бекитди.

Ҳатто, ёмғирни ҳам булутга қамаб,
маҳкам боғлаб қўйди узоқ осмонга.
Ана, аччиғидан ранги кўкариб,
хўмрайиб турибди ҳаммаси.

Пичирлаб юрибсиз барибир
баҳодир сўзларни,
ботир сўзларни;
курашиб, енгмоққа
қодир сўзларни
сиз майиб этяпсиз.

Куни сиздайларга қолмасин Сўзнинг.

* * *

Илк бор пахтага ҳашарга кетган шаҳарлик талаба укаларимга

Илк бора тик қаддинг эгилди ерга,
Оқ гул эмас экан оқ пахта, билдинг.
Нафис оқ кўйлагинг қорайди тердан,
Силлиқ қўлларингни чаноқлар тилди.

Тушда оқ чойшабли пар тўшак эмас,
Иссиғи тушмаган эгатда ётдинг.
Онамиз десак ҳам ер юмшоқ эмас,
Унинг чандиқлари елкангга ботди.

Анҳорларга лабинг босиб, сув ичдинг,
Анҳорларга ювдинг юзингнинг чангин.
Оқ пардасиз уйда тунадинг кечда,
Ой остида кўрдинг туннинг чин рангин.

Илк бор қоп кўтарган қишлок, қизлари
Карвондай тизилиб ёнингдан ўтди.
Тупроқда ўйилган этик излари,
Ҳорғин нигоҳлари жонингдан ўтди.

Гўдагин шамолга ишониб юрган
Кучли хотинларни кўрдинг далада.
Ҳозирдан оталар ёнига кирган
Бола — ботирларни кўрдинг далада.

Илк бор ёмғирларнинг тўрига тушдинг,
Учдинг шамолли кун елканларида,
Лой кечдинг, ич-ичдан титраб увишдинг,
Исиндинг қамишзор гулханларида.

Бу кузак сен учун керакли кузак,
Кўзларингга ёзгил ҳар ўтган дамни.
Ўқидинг, эшитдинг, билмасдинг бироқ,
Сен англай бошладинг энди Ватанни.

ИНДИРА ГАНДИ ҚАЙҒУСИДА

1.

Зарларга бермаган юртингиз,
Зўрларга бермаган юртингиз
лаҳзалик ғафлатда қолдими,
Сизни бериб қўйди иккита ўққа.

Баъзи элбошилар белда белбоғи,
Бобосидан ёдгор қолган тупроғин
зобитлар пойига талашга ташлаб,
саломат юрибди кўниб қулликка.

Мен шунга йиғладим азангиз куни.

2.

Сизга аскарингиз хиёнат этди.
Замини чатишган, томири чатиш —
бир жон-жигарингиз хиёнат этди.

Бир Ватан бағрида яшаган одам,
сўзлари сўзингга ўхшаган одам —
хоинлик қиларми — ёмон хатар бор:
демак, бахт — ярадор, ишонч — ярадор,
демак, соғаймайди бугун ҳам олам.

Мен шунга йиғладим азангиз куни.

ҚИШ ЯХШИ
Мирзога

Тераклар ўхшамас озгин ўсмирга,
Букчайган чолларга ўхшамас толлар.
Қиш кийим тиктирди барига бирдай,
Оқшомда қўли гул чеварлар ёллаб.

Кўпроқ кўрганига ишонар кўзинг,
Тегрангда подшолик қилар оқ ранглар.
Шу хаёл ҳовури иситиб кўксинг,
Лабингда чиройли овоз жаранглар.

Қуёш қиздирмайди, лекин ярқираб,
Ёруғлик сочади. Ёруғлик азиз.
Бошингни деворга турмайсан тираб,
Топасан оёғинг сиғадиган из.

Куйчисиз салтанат ғариб саналар,
Рақиблар сафига қўшилмайди қиш.
Муножот айтмаса ҳамки қарғалар,
Ҳар қалай ҳўкизмас, сайрайдиган қуш.

Дарёни соғинсанг, ётмайсан бўзлаб,
Қиргоққа чиқасан. Қарайсан пастга.
Ўзини кўрсатмай ҳикматлар сўзлаб,
Тип-тиниқ дарёлар оқади аста.

Қиш яхши. Фақат бир кичик нуқси бор.
Йўллар муз, муз амри билан юрасан,
Эркингда юрмоқни этсанг ихтиёр,
Қулайсан — манглайииг ёмон ёрасан.

ҚАТЪИЙ АҲД

Ярим жон эмасман. Билганингни қил:
Қурит менга тараф юрган дарёни.
Бир қудуқ қазирман йўқотиб ой, йил,
Дарёдай оқса-да қўлимнинг қони.

Бағримга талпинган баҳорни алдаб,
Адаштир. Узоқроқ сўқмоққа киргиз.
Сўздан кўкартаман яшил дунёни,
Қолмайман япроқсиз, булбулсиз, гулсиз.

Бир тола ёруғлик ўтказма. Тўхтат!
Офтобнинг остига ёйгин қўлингни.
Келган бекатимда турмасман тўхтаб,
Пайпаслаб топаман йулимни.

Фақат сен кўрганинг суйлама ёлғон,
Сўйласанг жон кирган тошдайман.
Худою бандани тинглашим гумон,
Қаршингда гулдирай бошлайман.

МОҲИМ БОНУ ИЛТИЖОСИ
(XVI аср. Кобул)

Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим…
Бобур

Қайтинг, мирзом, кўзим-сўзим мунг,
Тулпорингиз орқага буринг.
Икки дарё оралиғининг
Бахти ширин, кулфати ширин.

Мен биламан: жуда яхшисиз,
Тилагингиз эмас мулку зар.
Ул кишварни ёритмоқчисиз,
Кечда балққан оқ ойга менгзаб

Қайтинг, оқшом бўлмаса азон
Ўғлон туғар бир ҳинди келин.
Ёғийларин ул этиб яксон,
Кўнглига ёз элтади элин!

Қасру эҳром тиклар, берар зеб,
Гоҳ тож кийиб, гоҳо киймасдан.
«Авлоди қул бўлиб ўтсин» деб, —
Қайтинг, кимдир қарғаб қўймасдан.

Туққан диёр тиғ орасида,
Тахтда ёвнинг Кўчкинчихони.
Ўзга юртнинг фуқаросига
Оғрирмиди аларнинг жони?

Кўринг, эрксиз яқинларимиз,
Кўринг, хоин яқинларимиз.
Бунда ҳақнинг қарори учун
Беринг юрак чақинларингиз.

Қайтинг, мирзом, кураш чоғида
Мадор бўлай, бўлайин кўмак.
Икки дарё оралиғига
Бугун Сиздай бир даҳо керак.

Манба: «Уйғоқ кунлар». Тўплам. Тошкент, «Ёш гвардия», 1990

022

O’tgan asrning 80-yillarida Qutlibeka ijodida yangi sahifalar ochildi. Aynan mana shu yillarda yozilgan she’rlarida TONG timsoli ko’p uchraydi. Erk, ozodlik ma’nosini anglatuvchi bu so’z shoira tuyg’ularining rang-barang jilolarini anglab yetishimizga yordam beradi. U “…tong otsa kiyaman xonatlas ko’ylak” deb orzu qiladi. Orzusi amalga oshavermagach, “Nega men istagan tong otmas, nega? O’z qalbimga o’zim emasman ega?” deb faryod chekadi. Ammo bu isyonkor ruh ishonadiki, qay bir tong chog’i bizning “yigitlar mudroq tulporlarini uyg’otib shoshqin Dunyoning qaysidir parchalarida Parchinlangan erkni qutqarmoq uchun Buyuk kurashlarga” otlanadi. (Yo’ldosh Solijonovning «Mehr bog’ida o’sgan daraxt» maqolasidan. Maqolani mana bu sahifada o’qing).

09
Qutlibeka RAHIMBOEVA
SHE’RLAR
021

Qutlibeka Rahimboeva 1952 yil 9 fevralda Turkmamston Respublikasi Toshovuz viloyatining Oltmish qishlog’ida tug’ilgan. Onasi — Poshsha Matsafoeva olti yasharligida otasi quloq qilinganligi tufayli Ukrainaning Xerson viloyatiga surgun qilingan. 1941 yil ikkinchi jahon urushi boshlanishidan ikki oy oldln vataniga qaytgan va umri davomida boshlang’ich sinf o’qituvchisi, rahbarlik lavozimlarida ishlagan.
Otasi — Reyimboy Bozorboev kolxoz raisi bo’lib ishlagan. 1956-yil kolxozchilarga urug’lik bug’doyni kuzda qaytarib berish sharti bilan bergani uchun uzoq vaqt qamoqda o’tirgan. 1961 yilda ozodlikka chiqqan va oradan 4 oy o’tib, yurak parogi kasalligidan vafot etgan.
Qutlibeka 1980-yil o’rta maktabni bitirib, Farg’ona Davlat pedagogika institutiga o’qishga kirdi va 1973-yili imtiyozli diplom bilan tugatdi.Mehnat faoliyatini o’rta maktabda o’qituvchilik qilishdan boshladi. 1973-yildan 1983-yiliargacha poytaxt nashriyotlarida faoliyat yuritdi. 1983-yildan to shu paytgacha O’zbekiston xotin-qizlarining jurnali — «Saodat»da ishlaydi.O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi»

021

TASSAVVUR
Chilonzorda ulug’ matematik Muhammad Muso Xorazmiy yodgorligi bor

Ko’ksingizga qo’yib nafis kitobni
bir xil o’tirasiz kecha-kunduzda…
nigohingiz yerda, boshingiz quyi.

Shiddatli bahorlar kelar hayqirib:
novdalar atirgul tutib chorlaydi,
sho’xchan sabzarangli qabolar kiyib.

Qarab ham qo’ymaysiz.

Yoz kelar hansirab, issig’i baland:
xushbuy salqinlarni bag’riga jamlab,
endi taklif etar go’zal majnuntol.

Qarab ham qo’ymaysiz.

Kuz kelar sepi mo’l kelinchak yanglig’:
tillo dasturxonga mevasin o’rab,
olmalar muntazir, egilib xiyol.

Qarab ham qo’ymaysiz.

Mavlono, biz axir bolangizmiz-ku:
cog’inib ko’zingiz, so’zlaringizni
zntikib kelamiz doim Siz tomon.

Qarab ham qo’ymaysiz.

Qalbimiz bonqami, g’ururimizmi,
sha’nimiz boshqami, shuurimizmi…
Nahot, bolangizga o’xshamasak biz…
har gal ichimizni tirnar shu gumon.

* * *

«Nechun pichirlaysiz?
bahodir so’zlarni,
botir so’zlarni,
kurashib yengmokda
qodir so’zlarni
nimaga pichirlab aytasiz?»

Kuyunsam, kuyunchim tildingiz,
shovqinni bahona qildingiz.

Mana, qish tindirdi shovqinni:
Chirildoq qushlarni ohista aldab,
issiq o’lkalarga jo’natdi.

Ezma yaproqlarni uzdirib tashlab,
shamolni qaydadir muzlatdi.
Baqirok, soylarning betini esa
yiltiroq oynaklar qo’yib bekitdi.

Hatto, yomg’irni ham bulutga qamab,
mahkam bog’lab qo’ydi uzoq osmonga.
Ana, achchig’idan rangi ko’karib,
xo’mrayib turibdi hammasi.

Pichirlab yuribsiz baribir
bahodir so’zlarni,
botir so’zlarni;
kurashib, yengmoqqa
qodir so’zlarni
siz mayib etyapsiz.

Kuni sizdaylarga qolmasin So’zning.

* * *

Ilk bor paxtaga hasharga ketgan shaharlik talaba ukalarimga

Ilk bora tik qadding egildi yerga,
Oq gul emas ekan oq paxta, bilding.
Nafis oq ko’ylaging qoraydi terdan,
Silliq qo’llaringni chanoqlar tildi.

Tushda oq choyshabli par to’shak emas,
Issig’i tushmagan egatda yotding.
Onamiz desak ham yer yumshoq emas,
Uning chandiqlari yelkangga botdi.

Anhorlarga labing bosib, suv ichding,
Anhorlarga yuvding yuzingning changin.
Oq pardasiz uyda tunading kechda,
Oy ostida ko’rding tunning chin rangin.

Ilk bor qop ko’targan qishlok, qizlari
Karvonday tizilib yoningdan o’tdi.
Tuproqda o’yilgan etik izlari,
Horg’in nigohlari joningdan o’tdi.

Go’dagin shamolga ishonib yurgan
Kuchli xotinlarni ko’rding dalada.
Hozirdan otalar yoniga kirgan
Bola — botirlarni ko’rding dalada.

Ilk bor yomg’irlarning to’riga tushding,
Uchding shamolli kun yelkanlarida,
Loy kechding, ich-ichdan titrab uvishding,
Isinding qamishzor gulxanlarida.

Bu kuzak sen uchun kerakli kuzak,
Ko’zlaringga yozgil har o’tgan damni.
O’qiding, eshitding, bilmasding biroq,
Sen anglay boshlading endi Vatanni.

INDIRA GANDI QAYG’USIDA

1.

Zarlarga bermagan yurtingiz,
Zo’rlarga bermagan yurtingiz
lahzalik g’aflatda qoldimi,
Sizni berib qo’ydi ikkita o’qqa.

Ba’zi elboshilar belda belbog’i,
Bobosidan yodgor qolgan tuprog’in
zobitlar poyiga talashga tashlab,
salomat yuribdi ko’nib qullikka.

Men shunga yig’ladim azangiz kuni.

2.

Sizga askaringiz xiyonat etdi.
Zamini chatishgan, tomiri chatish —
bir jon-jigaringiz xiyonat etdi.

Bir Vatan bag’rida yashagan odam,
so’zlari so’zingga o’xshagan odam —
xoinlik qilarmi — yomon xatar bor:
demak, baxt — yarador, ishonch — yarador,
demak, sog’aymaydi bugun ham olam.

Men shunga yig’ladim azangiz kuni.

QISH YAXSHI
Mirzoga

Teraklar o’xshamas ozgin o’smirga,
Bukchaygan chollarga o’xshamas tollar.
Qish kiyim tiktirdi bariga birday,
Oqshomda qo’li gul chevarlar yollab.

Ko’proq ko’rganiga ishonar ko’zing,
Tegrangda podsholik qilar oq ranglar.
Shu xayol hovuri isitib ko’ksing,
Labingda chiroyli ovoz jaranglar.

Quyosh qizdirmaydi, lekin yarqirab,
Yorug’lik sochadi. Yorug’lik aziz.
Boshingni devorga turmaysan tirab,
Topasan oyog’ing sig’adigan iz.

Kuychisiz saltanat g’arib sanalar,
Raqiblar safiga qo’shilmaydi qish.
Munojot aytmasa hamki qarg’alar,
Har qalay ho’kizmas, sayraydigan qush.

Daryoni sog’insang, yotmaysan bo’zlab,
Qirgoqqa chiqasan. Qaraysan pastga.
O’zini ko’rsatmay hikmatlar so’zlab,
Tip-tiniq daryolar oqadi asta.

Qish yaxshi. Faqat bir kichik nuqsi bor.
Yo’llar muz, muz amri bilan yurasan,
Erkingda yurmoqni etsang ixtiyor,
Qulaysan — manglayiig yomon yorasan.

QAT’IY AHD

Yarim jon emasman. Bilganingni qil:
Qurit menga taraf yurgan daryoni.
Bir quduq qazirman yo’qotib oy, yil,
Daryoday oqsa-da qo’limning qoni.

Bag’rimga talpingan bahorni aldab,
Adashtir. Uzoqroq so’qmoqqa kirgiz.
So’zdan ko’kartaman yashil dunyoni,
Qolmayman yaproqsiz, bulbulsiz, gulsiz.

Bir tola yorug’lik o’tkazma. To’xtat!
Oftobning ostiga yoygin qo’lingni.
Kelgan bekatimda turmasman to’xtab,
Paypaslab topaman yulimni.

Faqat sen ko’rganing suylama yolg’on,
So’ylasang jon kirgan toshdayman.
Xudoyu bandani tinglashim gumon,
Qarshingda guldiray boshlayman.

MOHIM BONU ILTIJOSI
(XVI asr. Kobul)

O’z yerni qo’yib Hind sori yuzlandim…
Bobur

Qayting, mirzom, ko’zim-so’zim mung,
Tulporingiz orqaga buring.
Ikki daryo oralig’ining
Baxti shirin, kulfati shirin.

Men bilaman: juda yaxshisiz,
Tilagingiz emas mulku zar.
Ul kishvarni yoritmoqchisiz,
Kechda balqqan oq oyga mengzab

Qayting, oqshom bo’lmasa azon
O’g’lon tug’ar bir hindi kelin.
Yog’iylarin ul etib yakson,
Ko’ngliga yoz eltadi elin!

Qasru ehrom tiklar, berar zeb,
Goh toj kiyib, goho kiymasdan.
«Avlodi qul bo’lib o’tsin» deb, —
Qayting, kimdir qarg’ab qo’ymasdan.

Tuqqan diyor tig’ orasida,
Taxtda yovning Ko’chkinchixoni.
O’zga yurtning fuqarosiga
Og’rirmidi alarning joni?

Ko’ring, erksiz yaqinlarimiz,
Ko’ring, xoin yaqinlarimiz.
Bunda haqning qarori uchun
Bering yurak chaqinlaringiz.

Qayting, mirzom, kurash chog’ida
Mador bo’lay, bo’layin ko’mak.
Ikki daryo oralig’iga
Bugun Sizday bir daho kerak.

Manba: «Uyg’oq kunlar». To’plam. Toshkent, «Yosh gvardiya», 1990

022

(Tashriflar: umumiy 1 191, bugungi 1)

Izoh qoldiring