Qutlibeka. Yangi she’rlar & Qutlibeka «Ijodiy uchrashuvlar» radiodasturida

07Қутлибеканинг янги шеърларини ўқир эканман, руҳимда олис ёшлик йилларининг соғинчли шабадалари эса бошлади. Теграмда шоира сатрларига ҳамоҳанг гоҳ мунгли, гоҳ шодмон мусиқа янграй бошлаганини туйдим…

ҚУТЛИБЕКА
ЯНГИ ШЕЪРЛАР



09Қутлибека Раҳимбоева 1952 йил 9 февралда Туркманистон Республикаси Ташўғиз вилоятининг Олтмиш қишлоғида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Фарғона Давлат педагогика институтининг (ҳозир университет) ўзбек тили ва адабиёти факультетини 1973 йилда тугатган. “Саодат” журнали ва “Гулчеҳралар” газетасида ишлаган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1994й.), “Шуҳрат” медали совриндори (1999й.).
Шоиранинг “Юрагимда кўрганларим” (1981й.), “Узун кундузлар” (1984й.), “Уйғониш фасли” (1989й.), “Озодлик” (1998й.), “Кўксимдаги Тангритоғ” (2000й.), “Тоҳирнинг Зуҳроси”, “Шам кўтарган аёл” ва бошқа тўпламлари нашр этилган. Леся Украинка, Марина Цветаева, Анна Баркова, Альфонсина Сторни каби шораларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган…


Йўқотдим…

Руҳим дунёсига ёнғин тушгандай,
Кўнгил боғларимдан булбул учгандай.

Меҳр булоғимга тўкилгандай қум,
Ёдим косасига томгандай заққум.

Ишончим қасрини ўғри ургандек,
У ҳануз шу ерда изғиб юргандек.

Йўқотиш , топиш ҳам қисмат , бу аниқ,
Дейману деганим беради оғриқ.

Юракдан бир парча синиб кетгандай,
Бу синиқ жонимни майиб этгандай…

… Бир дўстни йўқотдим…

2024 йил, 28 май

* * *

Талқинда хатолик бордек , назарим:
Фақат олқиш эмас гулдурос қарсак.
“Бўлди, бас”, дегандай маъноси ҳам бор.

Сукут ҳам андиша эмасдир , фақат:
Пир бўлган ҳафсала, силтаб кетган қўл.
Мени ҳам шоир деб, янглиш ўйламанг.

Мен ўша қарсакдан учиб тушган сас,
Сукутдан узилиб қолган парчаман…

28 май 2024 йил.

* * *

Эркка ошиқ бўлдинг, кўнглинг эркмакон,
Биламан : отангдан ўтган ошиқлик.
Тақдир неъматидан юз бурдинг осон,
Қаддинг тик, юрибсан- қалбинг кўпроқ тик.

Танлаган дунёнгга шайдосан ҳозир,
Айт, кимга ҳаловат эркдан кийса тож?
Озод яшамоқнинг бадали оғир,
Баъзида жон билан тўлатишар бож.

Бир ҳақсизлик сабаб қай соат, қай кун
Кўрсатсанг “ мен”ингнинг ҳур чеҳрасини.
Исташар туғёнинг этмоқни сургун,
Эшита бошлайсан ғуллар сасини.

Ёки бош остингга судрарлар кунда,
Ёки кўз олдингда саланглайди дор.
Ёшгина жонинг деб қўрқаман жуда,
Нетай, ўзимда ҳам қари исён бор.

Она юрагимга мушт урдим қаттиқ,
Мутеликдан тондим, қўрқувдан тондим.
Тутган ҳаёт суви ширинми, аччиқ-
Кўксингдаги эркка сени ишондим.

30 май, 2024 йил.

* * *

Сўз айтсанг, сўзингга гуллар қадайсан,
Ҳатто , тошмани ҳам “ чечак” атайсан,
Сарғайма хастага “ Тўлин ойдайсан”,
Дея суянч сўздан қувват бахш этиб,
Ерлаган кўнглини қайта тоғлайсан.
Сен – буғдой сўзлигим ўзбегим.
Саҳроми ё даштми- тенг кўрдинг мудом,
Тошлоқми, қумлоқми – ўгайлигинг йўқ.
“Ҳалол” ёрлиғинг бор- атойи Худо.
Ерга боринг бердинг, ер берди зарин.
Тупроқ заргарисан ,кўзинг, кўнглинг тўқ.
Сен ёруғ юзлигим – ўзбегим.

Ким қилич осади , ким осар ханжар,
Девор гиламингга дутор осасан.
Ковушинг пойгакда ечасан ҳар гал.
Ватан ичра ватан билиб ҳар уйни
Наматми, шолчами -яланг босасан.
Сен қора кўзлигим- ўзбегим.

Дунёни кезяпсан, келибди фаслинг,
Барибир ош билан муҳташам тўйинг.
“Мусофирман”, дейсан сўрашса аслинг,
Ўлгунча “Туркийман, ўзбекман”, дейсан,
“Ўзбекистон” , дейсан ўлгунча уйинг,
Сен синмас ўзлигим- ўзбегим.

1июнь, 2024 йил.

Башорат

Саҳролар оралаб дарё ҳайқирар,
Ҳали асотирдан чиқар фарҳодлар.
Ер куюги битиб, гуллар барқ урар,
Ҳайрат бармоғини тишлар не зотлар.

Асал тотли сувлар оқар сойларда,
Унутилар сувдан шиква, нолалар.
Баландда – қуёшга яқин жойларда
Жойсни ўқийди чўпон болалар.

Фаришталар ҳовли оралаб учиб,
Саҳар салом берар қизларимизга.
Муаттар ҳавони шарбатдай ичиб
Лола ранг нақшланар юзларимизга.

Бошқача чарақлар муҳаббат ойи ,
Келинлар алпларни кўтарар кўп бор.
Жаҳон шаҳарларин беллашув жойи
Шу алплар ташрифин кутар интизор.

Бошқача ҳид сочар ҳали райҳонлар,
Буғдой бошоқларин тугар бошқача.
Севги лаҳжасида сўйлар инсонлар,
Севилар тупроқдан тортиб тошгача.

Хоинликми ҳасад, мутелик , алдов-
Бари йўқлик сари қилинар ихрож.
Адолат қўлида ҳилпираб ялов,
Ҳақиқат бошида ярқирайди тож.

Дўстим, башоратим демагин эртак,
Ишонгин, юрагинг келсин ларзага.
Бу буюк эврилиш бошланар бешак,
Сену мен ўзгарган буюк лаҳзадан.

… Сизу биз ўзгарган буюк лаҳзадан.

2 июнь, 2024 йил.

* * *

Элёрбекка

Кўтариб юрмайди мардлар гинани,
Суғуриб кўксига ботган нинани
Ирғитар биринчи учраган чоҳга,
Ноҳақ жазосини топшириб ҳаққа.

Элим элёрларга зориққан пайти
Аламларинг енгиб , майдонга қайтдинг.
Тош теккан манглайинг эди қонталаш,
Билдинг: жароҳатинг даволар қуёш.

Қошу кипригингда тупроқнинг гарди,
Йигит юрагингда кекса эл дарди.
Ёлғон хос либосда: аслини гизлар
Шунданми рост унинг тизида тизлар.

Яшаб қолмоқ учун коваклар излар
Муҳаббат ғаними – муҳаббатсизлар.
Ҳар бир қадамингда улар дуч келар,
Курашга киргансан , кураш куч берар.

Атлас белбоғингни маҳкамроқ боғла,
Йўлингда хўмрайиб турибди тоғлар.
Гарчанд харсанглари музлаган- тўнгдир,
Элим , деб йўл боссанг, йўлларинг ўнгдир.

Отамерос туйғу – қўрқмас , қайтмассан,
Юк оғир келса-да “Бас!” деб айтмассан.
Бағрингга эл сиғар, жуфтласанг қўлинг,
Номардга қолдирма майдонинг, йўлинг.

Элни халқ қилмоққа таъсиринг бўлсин,
Шу тақдир ўзингнинг тақдиринг бўлсин!

3 июнь 2024 йил.

Истак

Тезоқар дарёга отсам ўзимни,
Асов тўлқинларга бош қўйиб ётсам.
Ичимга қамаган банди сўзимни
Бўшатсам, ҳайқириб , ҳайқириб айтсам.

Учсам бўронларнинг этакларида,
Ғафлат занжирларин узиб ташласам.
Ё кирсам боболар эртакларига,
Кенжа ботирларни бунда бошласам.

Сайрасам қизилгул шохига қўниб,
Булбулнинг ёнида , булбулга ўхшаб.
Бўғзига ёпишиб, бўғзида тўнғиб,
Зоғларнинг “қоғ- қоғ” қолсами тўхтаб.

“Лазги”нинг авжига рақс этсам ёки
Куч олиб қондаги тирик туғёндан.
Оёқлари титраб, синиб қайроғи
Номард ўйинчилар қочса майдондан.

Шу шиддатим куйиб бўлмасидан парт,
Бошимда силкинмай ҳақиқат арши.
Ўрнимдан турмоғим , юрмоқлигим шарт.
Ювош тортган “мен” га қарама қарши.

Ажал тутмасидан аввал талх май,
Ёрилиб кетмасдан титилган юрак.
“Шу ҳаёт-да”, демай , чидаб ўтирмай ,
Қўзғалмоғим, недир қилмоғим керак.

4 июнь. 2024 йил.

* * *

Тобора вазминдир бурчларим юки,
Жонимда омонми жасорат юқи,
Бориму йўғимни кўзимдан ўқиб,
Қалбимда чироқдай ёниб тур , дўстим,

Отам тупроқ бўлди, онам ҳам тупроқ,
Манглай босай десам, тупроқ ҳам узоқ,
Соғинчлар бўғзимга тираса пичоқ,
Қалбимда чироқдай ёниб тур , дўстим.

Фарзандларим- учқур қанотларим -сор,
Ҳар бирин Кўк каби кенг олами бор,
Кирмайман оламин қилмайин деб тор,
Қалбимда чироқдай ёниб тур, дўстим.

Шеърият — дилдошим -яқиним менинг,
Достонлар -бахшимдир, оқиним менинг,
Сен ўзга – сўзлари ёлқиним менинг,
Қалбимда чироқдай ёниб тур, дўстим.

Кунлар сочиб кетар гоҳи нур, гоҳ гард,
Қаторлашиб келар шодлик ва ҳасрат.
Ҳар иккисин бирдай кўтармоқлик шарт,
Қалбимда чироқдай ёниб тур , дўстим.

Дақиқалар чигал, соатлар тугун,
Айлантириб тургич чархлари нигун,
Шу кунни ҳам севиб яшашим учун
Қалбимда чироқдай ёниб тур , дўстим.

4 июнь, 2024 йил

* * *

Недан норозисан, соласан қовоқ,
Манглай тер тўкмасдан ҳақ сўрадимми…
Бир уюм кесакни кўргандинг раво,
Чўққилари билан тоғ сўрадимми…

Эшитиб туриб ҳам ёлғонларингни,
“Ишонмадим”, дея сапчиб қўйдимми…
Ичиб юриб бетаъм ёвғонларингни,
Нинадан сўз ясаб санчиб қўйдимми…

Хоинлик қилдимми эътиқодимга,
Тилим ё динимни алмаштирдимми…
Оёқ босдимми ё хотиротимга,
Боболарим исмин алмаштирдимми…

Дарахт экмадимми , экмадимми гул ,
Кўниб ўтирдимми тикан , янтоққа…
Ҳақ, ноҳақ жангига эрлар олса йўл,
Кулча тугмадимми шойи белбоққа…

Ё бемор қошида чўкмадимми тиз,
Қоқсуяк қўлларин силамадимми…
“Ёр- ёр” билан ота уйдан чиқса қиз,
Она каби иқбол тиламадимми…

Тўмарис эмасман- жасорат пири,
Озгина, озгина ўхшамадимми…
Йилларки, шу элнинг ўтидан кириб,
Кули билан чиқиб яшамадимми…

Недан норозисан, ахир, нимам кам,
Елим пиёлада тутган сувинг- талх.
Кўрдинг, ўз дарёмда сузган кемаман,
Тилимдан учган сўз яккаш “Ватан”, “Халқ”.

Юртим омон бўлсин- Шарқнинг ўзаги,
Ортиғин сўрмасман: бўлсин кўнглинг тўқ.
Фақат бил: руҳи ҳам жисми ўзбаки-
Мулкингда бошқа бир қутли бека йўқ.

5 июнь, 2024 йил.

* * *

Булут , ёғавергин , ёғавер қуйиб,
Сенга муножотим, саломларим бор.
Қақраган ерларни кўрганда куйиб,
Ёмғир бўлолмаган аламларим бор.

Булут , сен юлдузлар ё ойга ўхшаб,
Самонинг илоҳий муҳаббатисан.
Ёмғир, чақмоқларнинг нур билан нақшлаб
Заминга йўллаган ишқий хатисан.

Шундай бўлмаганда сен ёғган чоғда
Чулдираган сувлар шарқирармиди…
Жонланиш бошланиб гулда, япроқда
Нуқрадек томчилар ярқирармиди…

Шундай бўлмаганда бўй қизлар каби
Атир сочармиди дарахтзор боғлар…
Ялпиз бўлармиди анҳорлар лаби ,
Лола бўлармиди тошлар, тупроқлар…

Шамол, мени кўтар, булут тараф уч,
Қалб осмонлик тилар, ишқмакон тилар.
Майли , томчи бўлай ё сув- бир ҳовуч
Ростдан ёмғир бўлиб яшагим келар….

…Ёмғир бўлолмаган аламларим бор…

6 июнь, 2024 йил.

* * *

Тунлар бош устимда айланар шарпа,
Юрагим сапчитар кундузлар санчиқ.
Баъзан кўринмас куч тўхтатиб шарта,
Сўроққа тутади – аччиқдан аччиқ.

“Бас!”, дегим келади силкиб қўлимни,
Ўйлагим келмайди ишдан овушиб.!
Шарпалар қуршайди ўнгу сўлимни,
Нимадир бўғади, чиқмас довушим.

Билиб турибман-ку, эмасман бола ,
Шеърга кўчмай қолган дардларим улар.
Очилмаган лолам, тўкмаган жолам,
Жанг кўрмай жон берган мардларим улар.

Олиб кетмоқ учун ота уйимга
Чопқиллаб келганди бир пайтлар йўллар.
“Бандман” деб боришни сурсам кейинга,
Нам тортиб изига қайтганди улар.

Шу йўллар бошимда айланган шарпа,
Юрагим санчқилаб, қилган ҳуд- беҳуд.
Ким исён қилмайди келиб кўп марта,
Остонадан қайтса бўлиб ноумид!

Ҳақ. ноҳақ ораси қолганда дўстим,
Ёнига кирмадим: бўлди яролиқ.
Жонимнинг қайғуси йўлимни тўсди.
Сўроққа тутган шу- юзи қаролиқ.

Қилинмаган мардлик, айтилмаган сўз,
Ёзилмаган шеъру урилмаган бонг-
Йилларга қўшилиб кетмаскан олис,
Изингдан эргашиб юраркан мудом.

Майли, ҳайдамайман,санчиқ, шарпалар,
Иззатинг қиламан: ғолиб турасан.
Қайсидир зарбага заиф келсам гар,
Юзимга тарсаки солиб турасан.

7 июнь 2024 йил.

* * *

Синглимга

Бир нафас борлиғу йўқлик ораси,
Шукур, шу борлиқда бизлар ҳам бормиз.
Эранлар эрани, аёл сараси-
Ота- онамиздан қолган ёдгормиз.

Ҳар офат аждардай сочиб юрар чўғ,
Титраниб турибди руҳий устунлар.
Бошин қўяй деса, суянч елка йўқ,
Ёлғизга оғирроқ келар бу кунлар.

Шундан ширин эрур бизга бу дийдор,
Тун- кунлар тугайди, тугамас суҳбат.
Қизғалдоқдай шўхчан хотиралар бор,
Бир жуфт меҳрмиз биз, бир жуфт муҳаббат.

Тўққизта мунчоқли маржондай эдик,
Узилиб- узилиб қолдик икковлон.
“Тангрининг иши-да, чидаймиз”, дедик,
Лекин жигар ўрнин ким босган, қачон…

Кел , синглим, дийдорда осмон бўлайлик,
Жонимиз куйганда, дармон бўлайлик,
Янчиб ташламасин тириклик юки,
Силтаб кўтармоққа полвон бўлайлик,
…Бир- биримиз учун омон бўлайлик.

8 июнь, 2024 йил.

* * *

Яна бошладингми, бўлма овора,
Сен чизган чизиққа энди сиғмайман.
Бошқача эдим-ку , кўзимга қара,
Чизиқ қаршисида тикан , тиғдайман.

Мен истаб эдимми тикан, тиғликни,
Шоир юрагимга ёт эди завол.
Юлдузлардан томган кумуш чиғликни,
Орзу қилгандирман , қилсам , эҳтимол.

…Орзу қилгандирман , қилсам ,эҳтимол,
Қуёшга қариндош- қоя бўлишни.
Оппоқ чечакларга ёпишса шамол,
Илдизларин қучиб ҳимоя бўлишни.

Орзу қилгандирман , қилсам ,эҳтимол,
Жийда гулларининг бўйи бўлишни.
Ёки ҳақ сўзидан сочувчи иқбол-
Одамлар яхшиси, хушрўйи бўлишни.

“Чизиқдан чиқма”, деб қўзғатдинг қаҳр,
Бас-ей, чизиғингга энди сиғмайман.
Орзу фуқароси эдим-ку , ахир,
Мени сен яратдинг: тиғдайман.

9 июнь, 2024 йил.

Чўлпон

Бир хил туш кўраман, кўраман бот- бот,
…Юз- кўзинг қонталаш , қўлингда кишан.
Қаршингда бақатўн мундир кийган зот,
Афтида кўринмас шафқатдан нишон.

Сен бошинг чайқайсан, у дўлайтар мушт,
“Сийлов” сиз қолдирмас бирор раддиянг.
Мен ҳам шу ердаман: гоҳ ҳуш, гоҳ беҳуш,
Чандиб ташлангандек фикратим , миям.

Кимдир ҳайқиради:”Қани халқ , чақир”,
Қалб қўзғалмоқ истар, вужуд михланган.
Кимдир минғирлайди: “Ҳозир тун ,ахир,
Биров келармиди,ҳамма ухлаган.”

Уйғониб кетаман, қора тердаман,
Юрагим гурсиллаб урар босқондай.
Билмайман қай аср, қайси ердаман,
Жисмим майда- майда , йиғаман қандай,

…Йиғаман, куч берар осуда замон,
Элдошлар ўз бахти, тахтига эга.
Шунда нечун бу туш мен билан ҳамон,
Ўзимдан боламга ўтяпти , нега?

…Қизим туш кўради бир хилда, бот- бот…

10 июнь 2024 йил.

Ўтинч

Анжир, гуллаб юбор, гулла бир бора,
Майли, гулинг бўлсин қўнғирми, қора.

Офтоб , сен бир галча ғарбдан чиқа қол
Сўнг , майли, ҳафталаб кўрсатма жамол.

Дарахтлар, ялангда қилинглар пойга.
Майли , сўнг юз йиллаб туринг бир жойда.

Қор , сен яшиллангин, яшил рангда ёғ,
Сўнг , майли, аслингга қайтиб бўл оппоқ.

Балиқ, сен саслангин, айтгин битта гап,
Сўнг майли сузавер доим мум тишлаб.

Мен анжир эмасман , офтоб ёки қор,
Лекин ўзгаришга муштоқлигим бор.

Дарахт ҳам эмасман ва ёки балиқ,
Бу кунни ўзимга кўрмайман лойиқ.

Кимни қай мақсадда қилар тарбия,
Жуда яхши билар доно табиат.

Ботиний жанг ичра ўртанган пайтим,
Сизларни дўст билиб айтарим айтдим.

Орзуларим – бошоқ , битта дониман,
Ўзим шу орзулар қаҳрамониман.

Халос эт, мутелик аталган дарддан,
Тангрим,бошқачароқ яшай бир марта.

11- 12 июнь, 2024 йил.

* * *

“Болам , тез- тез хат ёзиб тур…”
Раҳматли онам шундай дер эдилар

Она , сизга мактуб ёзаман ҳар кун,
Қатланиб турибди жавонда бари.
Жўнатайин , десам билмайман , лекин
Қайдадир Тангримнинг хатқутилари.

Кетибсиз, кетмаган экансиз ёлғиз,
Қуруқшаб қолибман – шу чин белгиси.
Қорангиз қоралаб кетган изма- из,
Дунёнинг яхшидан яхши севгиси.
Якка йўл олмабсиз Ҳақ ҳузурига,
Меҳригиёларингиз, зиёларингиз-
Қорангиз қоралаб кетибди бирга
Ижобат бўлгувчи дуоларингиз.

Яна ўз дардимга бурилдими гап,
Сизга ҳам нимадир керакдир , она…
Шундай дейман, лекин дейишдан не наф,
Биламан: жавоб йўқ, ичларим ёнар.

Жавоб йўқ, мактублар ёзаман , аммо,
“Она “ деб айтишга зорлигим учун.
“Унинг истакларин қиляпман бажо”,
Деган битта таскин борлиги учун.

14 июнь, 2024 йил.

Эй , гул

Бунчалар чиройли очилдинг, гулим,
Севинчдан кўзимда ёш айланади.
Муаттар бўйларинг сочилди, гулим,
Бошингга энгашсам , бош айланади.

Увиллаб қўзғалса, чопаман дарҳол,
Шамол йўлларига қулоч кераман.
Ёмон йиқитма , деб, қилма , деб увол,
Этагидан ушлаб гулбарг тераман.

Баъзан бергим келар гулдаста тузаб,
Дунёнинг энг яхши одамларига.
Бахмал гулбаргларин авайлаб узиб
Бошларидан сочсам хуш дамларида.

Бу оний истакдир, кўзим қиймайди,
Гулга новда азиз, инсонга юрти.
Сендай гўзалликни номард қийнайди,
Узибми, ғижимлаб, топтабми , туртиб.

Уларни қўя тур, ўзим айланай,
Оламни рангларга тўлдиргувчи сен.
Ойнинг шуъласидай, қуёш нуридай,
Кеча , кундузларнинг кулдиргичи сен.

Ёшим етмиш икки, юрибман учиб,
Куч бергувчи дўстим бор-да Гул деган.
Ўзим ўлмай севгим ўлмасин учун,
Сени яратмишдир Яратган Эгам.

15 июнь, 2024.

* * *

Нимадир демоқчи бўляпсан , ўғлим,
Атрофинг тушунмай ҳайронамисан,
Хато надир , надир ростлигу тўғри.

Хиёнат қилдими сенга жон дўстинг,
Синдими ишончинг, синдими меҳринг,
Шунданми кўнглингда қаршилик ўсди…

Ёки томири бир жигари жонинг
Кўзингмас, қўлингга термулдимикан
Дийдорга ошиқиб борган замонинг.

Умр дафтарингга қора қаламда
Ёзилган хотиранг кўтардими бош,
Ҳануз чиқмабди-да ўчдан,аламдан .

Сиқдими руҳингга кийганинг қолип,
Кетмоқнинг азмига тушдингми шундан.
Оёғинг етгунча бошингни олиб

Ҳар бир ишорангда тараддуд кўрдим,
Тоқатда бетоқат , бардошда заиф ,
Кўзинг қорасида сўник ўт кўрдим.

Бугунги дардларни дардга санама,
Ўзим ёнингдаман,айтаринг айтгин,
Сен ёнган жойларда мен ҳам ёнаман.

Бугун бугундадир , яна бўлмайди,
Фақат сен эртага дард кўрма,ўғлим,
Чунки дардинг олар онанг бўлмайди.

16 июнь 2024 йил.

* * *

Бир давра бўлсайдик…

Чаман гулларидай тизилсак қатор,
Яшил гиёҳлардан дастурхон тузасак.
Қўрғонимиз бўлса муҳташам баҳор,
Қўлларимиз фақат нурга узатсак.

Чаман гулларидай тизилсак саф- саф,
Покиза ўйлардан хушрўйлашсак.
Орага тушмаса ғийбат , майда гап,
Қушлар лаҳжасида сўйлашсак…
Чаман гулларидай тизилсак, қат- қат-
Гулбаргларни кийиб, ҳаёли бўлсак.
Оқ, қизил рангларда кўринсак фақат,
Туркона номуснинг тимсоли бўлсак…
Бир давра бўлсайдик…

17 июнь, 2024 йил.

* * *

Қуёшнинг чиқиши, ботиши- ҳақиқат-
Баҳорнинг гуллардан гулхан ёқиши.
Сувларнинг тин олмай оқиши- ҳақиқат-
Тошларнинг сукути, қушларнинг хониши.

Булутларнинг ёмғир сочиши – ҳақиқат-
Гулдуракнинг қасирға солиши.
Шамолнинг қайтиши, қочиши -ҳақиқат-
Новдалар – япроқлар болиши.

Ой ва юлдузларнинг нурлиги- ҳақиқат-
Тупроқнинг ота ва она экани.
Кеча кундузларнинг бирлиги- ҳақиқат-
Тангрининг ягона экани.

Қаранг, ташқарида яшар ҳақиқат:
Табиат, коинот, замон, маконлар.
Ўргандик, шубҳадан холи- саҳиҳ-а,
Бизда,ўзимизда экан ёлғонлар.

18 июнь, 2024 йил.

Шом

Олов , оташ ичра ишлаб толди ёз,
Қуёш ўзин отди уфқ денгизига.
Албат, олиб чиқар тонг – қўрқмас ғаввос,
Қора ранг сачратар ғарб Кун изига.

Қийғос очилади намозшомгуллар,
Қушлар жўр бўлишиб айтар саловат.
Ҳовур кўтаради ҳовлилар , йўллар,
Атрофга бир зумга инар ҳаловот.

Ҳадемай бешикка белашар бекни,
Тандир қиздирилар, ёпилади нон.
Заҳматкаш ўзбекни- тинмас ўзбекни,
Тин билмас кечага узатади шом.

18 июнь, 2024. 

* * *

“Мени тушунинглар, яшаш керак-ку…”
Дўстлар даврасида қулоққа чалинган гап

Наққош нақш чизгандек ҳикматли , сирли,
Қадим ёзувдаги зеру забарлар.
Ҳар гал кўзим тушса, нурсизми , нурли,
Турфа тарихлардан берар хабарлар.

Шу ёзувни тушун, дегин, кўнаман,
Ҳижжалаб ўқисам ҳам тушунаман.

Шириннинг Фарҳодга йўллаган хати,
Лайлидан Мажнунга туташган ишқ- ўт,
Кумушнинг соғинчи, Зайнаб ҳасрати,
Хушрўйбиби кўксин қорайтирган дуд,

Ошиқ , ишқни тушун , десанг , кўнаман,
Ошиқ бўлмасам ҳам хўп тушунаман.

Чўлпонни сўндирган ҳақсиз бир ўлим,
Қодирий қанотин қирққан қонли тиғ.
Усмонни ҳушидан айирган зулм,
Саидани зорга берган айрилиқ,

“Ҳақсизликни тушун”, десанг , кўнаман,
Одил ким , қотил ким, мен тушунаман.

Бугун замон ўзга: пасткашлик пастда,
Орзулар куч билан тирмашар Кўкка.
Билмадим сен нега кеккайма касга,
Ёйдек эгиласан, тушасан чўкка?!

Ялтоқлик қулликдир, бошқа эмас, бас,
Сени тушунмайман , тушунгим келмас!

19 июнь, 2024 йил.

* * *

Исёнмас сўзимдан сачраган учқун,
Ноламас бўғзимда қичқирган довуш.
Жоним куяр ҳар бир куюгинг учун,
Куюклар ўзингда, ўзингда совуш.

“Нега, нечун ?”деган сўроқлар – илмоқ,
Жоним ипларига илинаверар.
Тутган жойи оғриқ, изтироб , қийноқ,
Билмайман , десам ҳам билинаверар.

Дейишар : “ Ришватга ичирдик оғу,”
Ўлмабди.Юрибди оёқда, бошда.
Берган заҳарлари сохтами ёхуд
Заҳар ичганларнинг жонлари тошдан.

Номус дарахтининг шохларин эгар,
Гулларин ғижимлар ҳоҳлаган пайти.
Юрибмиз пойига зар сочиб нега,
Шону шуҳратига алёрлар айтиб.

Қафасга бандилаб ҳур овозларни,
Кўмамиз етти қат ернинг остига.
Доргамас , кузатдик не дорбозларни,
Осмонга – гулдаста бериб дастига.

“Нега, нечун?” деган саволлар- илмоқ,
Жон ипимдан тортиб тураверади.
“Нега, нечун?” деган саволлар -ўроқ,
Ишонч буғдойларим ўраверади.

Ҳар сўроқ бир улкан ҳасрат қолдиғи,
Тутунидан қўрқмай чекувчи борми?
Кўксимда кўтариб борсам олдига,
“ Мен жавоб бераман”, дегувчи борми?

Ноламас бўғзимда чирқираган сас,
Исёнмас сўзимни ўраган олов.
Ўша мард бор бўлса, эслатмам , холос,
Бор бўлса, шу мардни майдонга чорлов.

21- 22 июнь 2024 йил.

* * *

“ Жим юрсангиз бўлмайдими?”
Энг кўп айтиладиган танбеҳ

Гуллар жим яшайди, бўйнидан бойланди,
Чўллар жим яшайди, тақирга айланди.

Бировлар тегмаса тошлар сасланмас,
Бошига уришгач, фарёдга айланди.

Балиқлар мум тишлаб сузарлар , ахир,
Ким кўрган сузгичи қанотга айланди…

Эгалари кетган кимсасиз уйлар,
Жимликдан нуради: хароботга айланди.

Омонлик топдими хоин сукутлар,
Навбати етганда мамотга айланди.

Дўстим , жим яшашга ундама мени,
Дема: “ Сабр сўнгги саботга айланди.

Андиша изидан юриб кўрдингми,
Излари ҳаётга , бунёдга айланди…”
Эҳтимол , ҳақдирсан , сен тарафларда
Сукунат яхшига имдодга айланди.

Аммо биз айтмадик ҳақиқатларни,
Ичга кўмганимиз иснодга айланди.

27 июнь, 2024 йил.

* * *

“Устоз, қандай мавзуларда шеър ёзсам бўлади?”
Бир учрашувда менга шундай савол беришди.

Тунлар шуъла тўкар, кундузлари нур,
Ёғду салтанати, ёғду султони.
Қоғоз йўлламаймиз ёзиб ташаккур,
Барибир гинаси йўқдир осмоннинг.
Ярашар Ҳақ таққан ой, юлдузлари,
Осмон севгисидан ёзинг, қизларим.

Бир ҳовуч сув сочса, бир боғлам гиёҳ,
Бир ҳовуч сув сочса, бир этак чечак.
“Бу чирой мендан”, деб кўпирмас бироқ,
Не- не кечувларни куч топиб кечар.
Чаман, гулзор бўлар босган излари,
Дарё севгисидан ёзинг , қизларим.

Тоғдай баланд бўлар, ердай паст бўлар,
Довулдан шиддатли, бўрондан шитоб.
Фарзанди сўраса, у йўлбарс бўлар,
Сўраса муз бўлар, бўлар гилу об.
Муҳаббат оғочи, қадр илдизлари,
Она севгисидан ёзинг, қизларим.

Қайғуси ёруғдир, жонбахш озори,
Руҳингнинг қаноти, кўзинг чўғлиги.
Қай манзилга борсанг тилсим , туморинг,
Борлиги- борлиғинг, йўғи йўқлигинг.
Сени шоир қилар бир кун сўзлари,
Ватан севгисидан ёзинг, қизларим.

29 июнь,2024 йил.

Тошовуз

“Нимага юртимиз ҳақида ҳеч нарса ёзмайсиз….”
Ҳамюртим Баҳодиржон менга шундай таъна қилди.

“Ўзимизнинг ёз-да , чидаймиз,- деймиз,
Пахтапишар иссиқ, дон пишар иссиқ “ ,
Тупроқ куйдиради товоним манинг.

Тишда қуёш , ичда ҳижрон ёндирар,
Икки ўт ораси ўтмоқда умрим,
Аста заиф тортар дармоним манинг.

Онамнинг қабри ҳам қизиб ётгандир,
Қовжираб қолгандир экилган гуллар,
Бир қумғон сув қуйиш армоним манинг.

Мерган экан мени отган палахмон,
Узоққа отилган тош бўлдим, кўндим,
Соғинчзордир ота маконим манинг.

Изга қайтай десам анча оғирман,
Кўтара олмайди энди юкларим ,
Парча – парча синар камоним манинг.

Тўйми , азаларда бўлмадим бирга,
Узр айтмоқликка юзим бормикан,
Замонда яшади замоним манинг.

Тошкан тарафлардан саболар эсса
Эшигингиз ёпманг, дарчангиз ёпманг,
Йиғлаб қайтмасин-да саломим манинг.

Сизга арзийдиган туҳфам бўлмади,
Топганим шеър бўлди, шеър ўзимники,
Сизларники бўлсин ном, шоним манинг.

Кун келиб сафарим қариган чоғда
Сиз яшар тарафга эгилиб яшар
Мозоримда унган райҳоним манинг.

июнь, 2024.

* * *

Тиндими туғёнлар аро кечган жанг,
Ишқ султон бўлдими ҳислар мулкига…
Пайсалга солинмай қилиндими манъ,
Севгисиз тадбирлар, ўйин , кулгулар…

Қайта туғилдими ўнлаб машраблар,
Бари “ ҳай-ҳа- ҳуйт “ деб йўлга тушдими…
Мудраниб ўтирган табиат , таъблар,
Уйғониб жонига ўт туташдими?
Ёинки қозилар ҳукмларига
Севги қаламида чекдими имзо…
Тугилдими йўқлик тугунларига
Бузғунчи ҳасаду бузғунчи низо…

Юздаги табассум , сўздаги лутф,
Бориш келишлару чиқиш,киришлар,
Бир нуқтага келган иккита қутб,
Ваъдалар, ваъдага ишонтиришлар

Шу ишқнинг амрими, унинг майлими…
Куннинг чошгоҳида , шоми , кечида
Умидбахш лаҳзалар у туфайлими,
Хоин навкарлари йўқми ичида…

“Бор”, дейсиз, қувончим тортади ожиз,
Бор бўлса , нимага бу ҳашам ,ҳайрат?
Ишқ – шоҳни хоинлар қуршаганда биз
Қайси бахтимизни қиляпмиз байрам…

30 июнь 2024 йил.

* * *

“Севиб қолдим ,шекилли, ғалатиман , қўрқяпман…”
Ёшлик оламига қадам қўйган қиз шундай деди.

Менга эшитилар юрак уришинг,
Қора кўзларигда ёш ҳалқаланар.
Сезяпман: ичингда ҳислар уруши,
Муҳаббатга асло эргашмас зарар.

Она боласини бермас бандага,
Оллоҳ олиб кетса қолади ночор.
Ўша ёниқ ишқнинг нури сандаги,
Илоҳий ҳадядек қувнаб қарши ол.

Ватан деб ўлимга тик борар мардлар,
Жонга арзимаса ким ҳам берар жон…
Бир улуш тегибди шу жасоратдан,
Руҳинг сандиғига ганж тушди, қувон.

Дарахтлар – пурвиқор, шамоллар -ўктам,
Тоғлар гулхонадир, музлар тошқин сой.
Табиат ишқидан сенга бир тутам-
Ўтибди. Шундандир чеҳрангда чирой.

Ҳақ хомаси ёзар янги бир қисса,
Қаҳрамони ўзинг. Қўрқув келса , енг.
Ҳар ишқ туғилиши гўзал ҳодиса,
Бу гал ҳодисанинг сабабкори сен.

8 июнь 2024 йил.

* * *

Бу тунда бир синиш рўй берди, наздим,
Оёғимни боссам , ғичирлар тупроқ.
Кимдир болта бўлди , ким тиғ, синиқ ким,
Кимнинг кўнгли яшноқ ,кимники ингроқ.

Бу тунда бир ёниш рўй берди , наздим,
Ҳавога ўрнашган куюнди ҳиди.
Ким олов бўлибди, кул бўлибди ким,
Кимнинг ўчи сўнган , кимнинг умиди.

Ҳурлик нечун бирлик беролмас бизга,
Тўсиқлар нимада, ахир , нима оз?!
Халқ бўлмоққа имкон ҳар бир кундузга
Нега бўлак- бўлак чиқамиз пешвоз?!

10 июль, 2024 йил.

Дафъатан

Дафъатан шамолда сочилган уруғ
Қачондир гул бўлиб униши мумкин.
Дафъатан милтиқдан чиқиб кетган ўқ
Тегмаса ҳам , недир синиши мумкин.

Дафъатан бошидан эзса ҳам харсанг,
Булоқ йўлин топиб кўзин очади.
Дафъатан майдонда кўтарилса жанг,
Ботир қалқон бўлар, қўрқоқ қочади.

Кутмайсан. Келади. Биласан зотан,
Қувончинг ё кўзинг ёшланишлари
Шунчаки рўй бермас бирор “дафъатан”,
Қандайдир ўзгариш бошланишлари…

Лекин шу ишончим ишончсиз бу дам,
Қалбимга шовуллаб келар бир дард – сел.
Эвоҳ,ҳурлик недир билмас, дафъатан-
Қўлига “ҳурсан” деб ёрлиқ олган эл!

12 июнь, 2024 йил.

Бу тун

Оғриқли хаёллар, чеккага ўтинг,
Ойнинг кокиллари кумушланмоқда.
Сукут лаҳжасида сўзламоқда тун,
Қушдайман, юрагим ҳам қушланмоқда.

Учганга ўхшайман юрганим сайин,
Ҳаволар гул атрин ичаётгандай.
Япроқ – қанотларин силкитиб майин,
Ҳатто, дарахтлар ҳам учаётгандай.

Қоронғунинг қора чодири пастлаб,
Боғлар этагига тушди узайиб.

Сойлар сувларини туширар рақсга,
Томчилар тотимли, дамлар ажойиб.

Узилиб кетдими юлдуз тизгинчи,
Осмон юлдузлари бўлди сувюлдуз.
Шабада айланиб юрибди- синчи,
Ойдинда ярқираб ётар дала- туз.

Келма, келмай тургин, оғриқ , аламлар,
Ҳозир ўз қалбимга ўзим соқчиман.
Худойим чиройли қурган оламда
Бир тунни чиройли яшамоқчиман.

15- 16 июль , 2024 йил.

Qutlibekaning yangi she’rlarini o‘qir ekanman, ruhimda olis yoshlik yillarining hayajonli shamolari esa boshladi. Tegramda shoira satrlariga hamohang goh mungli, goh shodmon musiqa yangray boshlaganini tuydim…

QUTLIBЕKA
SHЕ’RLAR


Qutlibeka Rahimboyeva 1952 yil 9 fevralda Turkmaniston Respublikasi Tasho‘g‘iz viloyatining Oltmish qishlog‘ida tug‘ilgan. Mirzo Ulug‘bek nomidagi Farg‘ona Davlat pedagogika institutining (hozir universitet) o‘zbek tili va adabiyoti fakultetini 1973 yilda tugatgan. “Saodat” jurnali va “Gulchehralar” gazetasida ishlagan.
O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi (1994y.), “Shuhrat” medali sovrindori (1999y.).
Shoiraning “Yuragimda ko‘rganlarim” (1981y.), “Uzun kunduzlar” (1984y.), “Uyg‘onish fasli” (1989y.), “Ozodlik” (1998y.), “Ko‘ksimdagi Tangritog‘” (2000y.), “Tohirning Zuhrosi”, “Sham ko‘targan ayol” va boshqa to‘plamlari nashr etilgan. Lesya Ukrainka, Marina Svetayeva, Anna Barkova, Alfonsina Storni kabi shoralarning asarlarini o‘zbek tiliga tarjima qilgan…


Yo‘qotdim…

Ruhim dunyosiga yong‘in tushganday,
Ko‘ngil bog‘larimdan bulbul uchganday.

Mehr bulog‘imga to‘kilganday qum,
Yodim kosasiga tomganday zaqqum.

Ishonchim qasrini o‘g‘ri urgandek,
U hanuz shu yerda izg‘ib yurgandek.

Yo‘qotish , topish ham qismat , bu aniq,
Deymanu deganim beradi og‘riq.

Yurakdan bir parcha sinib ketganday,
Bu siniq jonimni mayib etganday…

… Bir do‘stni yo‘qotdim…

2024 yil, 28 may

* * *

Talqinda xatolik bordek , nazarim:
Faqat olqish emas gulduros qarsak.
“Bo‘ldi, bas”, deganday ma’nosi ham bor.

Sukut ham andisha emasdir , faqat:
Pir bo‘lgan hafsala, siltab ketgan qo‘l.
Meni ham shoir deb, yanglish o‘ylamang.

Men o‘sha qarsakdan uchib tushgan sas,
Sukutdan uzilib qolgan parchaman…

28 may 2024 yil.

* * *

Erkka oshiq bo‘lding, ko‘ngling erkmakon,
Bilaman : otangdan o‘tgan oshiqlik.
Taqdir ne’matidan yuz burding oson,
Qadding tik, yuribsan- qalbing ko‘proq tik.

Tanlagan dunyongga shaydosan hozir,
Ayt, kimga halovat erkdan kiysa toj?
Ozod yashamoqning badali og‘ir,
Ba’zida jon bilan to‘latishar boj.

Bir haqsizlik sabab qay soat, qay kun
Ko‘rsatsang “ men”ingning hur chehrasini.
Istashar tug‘yoning etmoqni surgun,
Eshita boshlaysan g‘ullar sasini.

Yoki bosh ostingga sudrarlar kunda,
Yoki ko‘z oldingda salanglaydi dor.
Yoshgina joning deb qo‘rqaman juda,
Netay, o‘zimda ham qari isyon bor.

Ona yuragimga musht urdim qattiq,
Mutelikdan tondim, qo‘rquvdan tondim.
Tutgan hayot suvi shirinmi, achchiq-
Ko‘ksingdagi erkka seni ishondim.

30 may, 2024 yil.

* * *

So‘z aytsang, so‘zingga gullar qadaysan,
Hatto , toshmani ham “ chechak” ataysan,
Sarg‘ayma xastaga “ To‘lin oydaysan”,
Deya suyanch so‘zdan quvvat baxsh etib,
Yerlagan ko‘nglini qayta tog‘laysan.
Sen – bug‘doy so‘zligim o‘zbegim.
Sahromi yo dashtmi- teng ko‘rding mudom,
Toshloqmi, qumloqmi – o‘gayliging yo‘q.
“Halol” yorlig‘ing bor- atoyi Xudo.
Yerga boring berding, yer berdi zarin.
Tuproq zargarisan ,ko‘zing, ko‘ngling to‘q.
Sen yorug‘ yuzligim – o‘zbegim.

Kim qilich osadi , kim osar xanjar,
Devor gilamingga dutor osasan.
Kovushing poygakda yechasan har gal.
Vatan ichra vatan bilib har uyni
Namatmi, sholchami -yalang bosasan.
Sen qora ko‘zligim- o‘zbegim.

Dunyoni kezyapsan, kelibdi fasling,
Baribir osh bilan muhtasham to‘ying.
“Musofirman”, deysan so‘rashsa asling,
O‘lguncha “Turkiyman, o‘zbekman”, deysan,
“O‘zbekiston” , deysan o‘lguncha uying,
Sen sinmas o‘zligim- o‘zbegim.

1iyun, 2024 yil.

Bashorat

Sahrolar oralab daryo hayqirar,
Hali asotirdan chiqar farhodlar.
Yer kuyugi bitib, gullar barq urar,
Hayrat barmog‘ini tishlar ne zotlar.

Asal totli suvlar oqar soylarda,
Unutilar suvdan shikva, nolalar.
Balandda – quyoshga yaqin joylarda
Joysni o‘qiydi cho‘pon bolalar.

Farishtalar hovli oralab uchib,
Sahar salom berar qizlarimizga.
Muattar havoni sharbatday ichib
Lola rang naqshlanar yuzlarimizga.

Boshqacha charaqlar muhabbat oyi ,
Kelinlar alplarni ko‘tarar ko‘p bor.
Jahon shaharlarin bellashuv joyi
Shu alplar tashrifin kutar intizor.

Boshqacha hid sochar hali rayhonlar,
Bug‘doy boshoqlarin tugar boshqacha.
Sevgi lahjasida so‘ylar insonlar,
Sevilar tuproqdan tortib toshgacha.

Xoinlikmi hasad, mutelik , aldov-
Bari yo‘qlik sari qilinar ixroj.
Adolat qo‘lida hilpirab yalov,
Haqiqat boshida yarqiraydi toj.

Do‘stim, bashoratim demagin ertak,
Ishongin, yuraging kelsin larzaga.
Bu buyuk evrilish boshlanar beshak,
Senu men o‘zgargan buyuk lahzadan.

… Sizu biz o‘zgargan buyuk lahzadan.

2 iyun, 2024 yil.

* * *

Elyorbekka

Ko‘tarib yurmaydi mardlar ginani,
Sug‘urib ko‘ksiga botgan ninani
Irg‘itar birinchi uchragan chohga,
Nohaq jazosini topshirib haqqa.

Elim elyorlarga zoriqqan payti
Alamlaring yengib , maydonga qaytding.
Tosh tekkan manglaying edi qontalash,
Bilding: jarohating davolar quyosh.

Qoshu kiprigingda tuproqning gardi,
Yigit yuragingda keksa el dardi.
Yolg‘on xos libosda: aslini gizlar
Shundanmi rost uning tizida tizlar.

Yashab qolmoq uchun kovaklar izlar
Muhabbat g‘animi – muhabbatsizlar.
Har bir qadamingda ular duch kelar,
Kurashga kirgansan , kurash kuch berar.

Atlas belbog‘ingni mahkamroq bog‘la,
Yo‘lingda xo‘mrayib turibdi tog‘lar.
Garchand xarsanglari muzlagan- to‘ngdir,
Elim , deb yo‘l bossang, yo‘llaring o‘ngdir.

Otameros tuyg‘u – qo‘rqmas , qaytmassan,
Yuk og‘ir kelsa-da “Bas!” deb aytmassan.
Bag‘ringga el sig‘ar, juftlasang qo‘ling,
Nomardga qoldirma maydoning, yo‘ling.

Elni xalq qilmoqqa ta’siring bo‘lsin,
Shu taqdir o‘zingning taqdiring bo‘lsin!

3 iyun 2024 yil.

Istak

Tezoqar daryoga otsam o‘zimni,
Asov to‘lqinlarga bosh qo‘yib yotsam.
Ichimga qamagan bandi so‘zimni
Bo‘shatsam, hayqirib , hayqirib aytsam.

Uchsam bo‘ronlarning etaklarida,
G‘aflat zanjirlarin uzib tashlasam.
Yo kirsam bobolar ertaklariga,
Kenja botirlarni bunda boshlasam.

Sayrasam qizilgul shoxiga qo‘nib,
Bulbulning yonida , bulbulga o‘xshab.
Bo‘g‘ziga yopishib, bo‘g‘zida to‘ng‘ib,
Zog‘larning “qog‘- qog‘” qolsami to‘xtab.

“Lazgi”ning avjiga raqs etsam yoki
Kuch olib qondagi tirik tug‘yondan.
Oyoqlari titrab, sinib qayrog‘i
Nomard o‘yinchilar qochsa maydondan.

Shu shiddatim kuyib bo‘lmasidan part,
Boshimda silkinmay haqiqat arshi.
O‘rnimdan turmog‘im , yurmoqligim shart.
Yuvosh tortgan “men” ga qarama qarshi.

Ajal tutmasidan avval talx may,
Yorilib ketmasdan titilgan yurak.
“Shu hayot-da”, demay , chidab o‘tirmay ,
Qo‘zg‘almog‘im, nedir qilmog‘im kerak.

4 iyun. 2024 yil.

* * *

Tobora vazmindir burchlarim yuki,
Jonimda omonmi jasorat yuqi,
Borimu yo‘g‘imni ko‘zimdan o‘qib,
Qalbimda chiroqday yonib tur , do‘stim,

Otam tuproq bo‘ldi, onam ham tuproq,
Manglay bosay desam, tuproq ham uzoq,
Sog‘inchlar bo‘g‘zimga tirasa pichoq,
Qalbimda chiroqday yonib tur , do‘stim.

Farzandlarim- uchqur qanotlarim -sor,
Har birin Ko‘k kabi keng olami bor,
Kirmayman olamin qilmayin deb tor,
Qalbimda chiroqday yonib tur, do‘stim.

She’riyat — dildoshim -yaqinim mening,
Dostonlar -baxshimdir, oqinim mening,
Sen o‘zga – so‘zlari yolqinim mening,
Qalbimda chiroqday yonib tur, do‘stim.

Kunlar sochib ketar gohi nur, goh gard,
Qatorlashib kelar shodlik va hasrat.
Har ikkisin birday ko‘tarmoqlik shart,
Qalbimda chiroqday yonib tur , do‘stim.

Daqiqalar chigal, soatlar tugun,
Aylantirib turgich charxlari nigun,
Shu kunni ham sevib yashashim uchun
Qalbimda chiroqday yonib tur , do‘stim.

4 iyun, 2024 yil

* * *

Nedan norozisan, solasan qovoq,
Manglay ter to‘kmasdan haq so‘radimmi…
Bir uyum kesakni ko‘rganding ravo,
Cho‘qqilari bilan tog‘ so‘radimmi…

Eshitib turib ham yolg‘onlaringni,
“Ishonmadim”, deya sapchib qo‘ydimmi…
Ichib yurib beta’m yovg‘onlaringni,
Ninadan so‘z yasab sanchib qo‘ydimmi…

Xoinlik qildimmi e’tiqodimga,
Tilim yo dinimni almashtirdimmi…
Oyoq bosdimmi yo xotirotimga,
Bobolarim ismin almashtirdimmi…

Daraxt ekmadimmi , ekmadimmi gul ,
Ko‘nib o‘tirdimmi tikan , yantoqqa…
Haq, nohaq jangiga erlar olsa yo‘l,
Kulcha tugmadimmi shoyi belboqqa…

Yo bemor qoshida cho‘kmadimmi tiz,
Qoqsuyak qo‘llarin silamadimmi…
“Yor- yor” bilan ota uydan chiqsa qiz,
Ona kabi iqbol tilamadimmi…

To‘maris emasman- jasorat piri,
Ozgina, ozgina o‘xshamadimmi…
Yillarki, shu elning o‘tidan kirib,
Kuli bilan chiqib yashamadimmi…

Nedan norozisan, axir, nimam kam,
Yelim piyolada tutgan suving- talx.
Ko‘rding, o‘z daryomda suzgan kemaman,
Tilimdan uchgan so‘z yakkash “Vatan”, “Xalq”.

Yurtim omon bo‘lsin- Sharqning o‘zagi,
Ortig‘in so‘rmasman: bo‘lsin ko‘ngling to‘q.
Faqat bil: ruhi ham jismi o‘zbaki-
Mulkingda boshqa bir qutli beka yo‘q.

5 iyun, 2024 yil.

* * *

Bulut , yog‘avergin , yog‘aver quyib,
Senga munojotim, salomlarim bor.
Qaqragan yerlarni ko‘rganda kuyib,
Yomg‘ir bo‘lolmagan alamlarim bor.

Bulut , sen yulduzlar yo oyga o‘xshab,
Samoning ilohiy muhabbatisan.
Yomg‘ir, chaqmoqlarning nur bilan naqshlab
Zaminga yo‘llagan ishqiy xatisan.

Shunday bo‘lmaganda sen yog‘gan chog‘da
Chuldiragan suvlar sharqirarmidi…
Jonlanish boshlanib gulda, yaproqda
Nuqradek tomchilar yarqirarmidi…

Shunday bo‘lmaganda bo‘y qizlar kabi
Atir socharmidi daraxtzor bog‘lar…
Yalpiz bo‘larmidi anhorlar labi ,
Lola bo‘larmidi toshlar, tuproqlar…

Shamol, meni ko‘tar, bulut taraf uch,
Qalb osmonlik tilar, ishqmakon tilar.
Mayli , tomchi bo‘lay yo suv- bir hovuch
Rostdan yomg‘ir bo‘lib yashagim kelar….

…Yomg‘ir bo‘lolmagan alamlarim bor…

6 iyun, 2024 yil.

* * *

Tunlar bosh ustimda aylanar sharpa,
Yuragim sapchitar kunduzlar sanchiq.
Ba’zan ko‘rinmas kuch to‘xtatib sharta,
So‘roqqa tutadi – achchiqdan achchiq.

“Bas!”, degim keladi silkib qo‘limni,
O‘ylagim kelmaydi ishdan ovushib.!
Sharpalar qurshaydi o‘ngu so‘limni,
Nimadir bo‘g‘adi, chiqmas dovushim.

Bilib turibman-ku, emasman bola ,
She’rga ko‘chmay qolgan dardlarim ular.
Ochilmagan lolam, to‘kmagan jolam,
Jang ko‘rmay jon bergan mardlarim ular.

Olib ketmoq uchun ota uyimga
Chopqillab kelgandi bir paytlar yo‘llar.
“Bandman” deb borishni sursam keyinga,
Nam tortib iziga qaytgandi ular.

Shu yo‘llar boshimda aylangan sharpa,
Yuragim sanchqilab, qilgan hud- behud.
Kim isyon qilmaydi kelib ko‘p marta,
Ostonadan qaytsa bo‘lib noumid!

Haq. nohaq orasi qolganda do‘stim,
Yoniga kirmadim: bo‘ldi yaroliq.
Jonimning qayg‘usi yo‘limni to‘sdi.
So‘roqqa tutgan shu- yuzi qaroliq.

Qilinmagan mardlik, aytilmagan so‘z,
Yozilmagan she’ru urilmagan bong-
Yillarga qo‘shilib ketmaskan olis,
Izingdan ergashib yurarkan mudom.

Mayli, haydamayman,sanchiq, sharpalar,
Izzating qilaman: g‘olib turasan.
Qaysidir zarbaga zaif kelsam gar,
Yuzimga tarsaki solib turasan.

7 iyun 2024 yil.

* * *

Singlimga

Bir nafas borlig‘u yo‘qlik orasi,
Shukur, shu borliqda bizlar ham bormiz.
Eranlar erani, ayol sarasi-
Ota- onamizdan qolgan yodgormiz.

Har ofat ajdarday sochib yurar cho‘g‘,
Titranib turibdi ruhiy ustunlar.
Boshin qo‘yay desa, suyanch yelka yo‘q,
Yolg‘izga og‘irroq kelar bu kunlar.

Shundan shirin erur bizga bu diydor,
Tun- kunlar tugaydi, tugamas suhbat.
Qizg‘aldoqday sho‘xchan xotiralar bor,
Bir juft mehrmiz biz, bir juft muhabbat.

To‘qqizta munchoqli marjonday edik,
Uzilib- uzilib qoldik ikkovlon.
“Tangrining ishi-da, chidaymiz”, dedik,
Lekin jigar o‘rnin kim bosgan, qachon…

Kel , singlim, diydorda osmon bo‘laylik,
Jonimiz kuyganda, darmon bo‘laylik,
Yanchib tashlamasin tiriklik yuki,
Siltab ko‘tarmoqqa polvon bo‘laylik,
…Bir- birimiz uchun omon bo‘laylik.

8 iyun, 2024 yil.

* * *

Yana boshladingmi, bo‘lma ovora,
Sen chizgan chiziqqa endi sig‘mayman.
Boshqacha edim-ku , ko‘zimga qara,
Chiziq qarshisida tikan , tig‘dayman.

Men istab edimmi tikan, tig‘likni,
Shoir yuragimga yot edi zavol.
Yulduzlardan tomgan kumush chig‘likni,
Orzu qilgandirman , qilsam , ehtimol.

…Orzu qilgandirman , qilsam ,ehtimol,
Quyoshga qarindosh- qoya bo‘lishni.
Oppoq chechaklarga yopishsa shamol,
Ildizlarin quchib himoya bo‘lishni.

Orzu qilgandirman , qilsam ,ehtimol,
Jiyda gullarining bo‘yi bo‘lishni.
Yoki haq so‘zidan sochuvchi iqbol-
Odamlar yaxshisi, xushro‘yi bo‘lishni.

“Chiziqdan chiqma”, deb qo‘zg‘atding qahr,
Bas-yey, chizig‘ingga endi sig‘mayman.
Orzu fuqarosi edim-ku , axir,
Meni sen yaratding: tig‘dayman.

9 iyun, 2024 yil.

Cho‘lpon

Bir xil tush ko‘raman, ko‘raman bot- bot,
…Yuz- ko‘zing qontalash , qo‘lingda kishan.
Qarshingda baqato‘n mundir kiygan zot,
Aftida ko‘rinmas shafqatdan nishon.

Sen boshing chayqaysan, u do‘laytar musht,
“Siylov” siz qoldirmas biror raddiyang.
Men ham shu yerdaman: goh hush, goh behush,
Chandib tashlangandek fikratim , miyam.

Kimdir hayqiradi:”Qani xalq , chaqir”,
Qalb qo‘zg‘almoq istar, vujud mixlangan.
Kimdir ming‘irlaydi: “Hozir tun ,axir,
Birov kelarmidi,hamma uxlagan.”

Uyg‘onib ketaman, qora terdaman,
Yuragim gursillab urar bosqonday.
Bilmayman qay asr, qaysi yerdaman,
Jismim mayda- mayda , yig‘aman qanday,

…Yig‘aman, kuch berar osuda zamon,
Eldoshlar o‘z baxti, taxtiga ega.
Shunda nechun bu tush men bilan hamon,
O‘zimdan bolamga o‘tyapti , nega?

…Qizim tush ko‘radi bir xilda, bot- bot…

10 iyun 2024 yil.

O‘tinch

Anjir, gullab yubor, gulla bir bora,
Mayli, guling bo‘lsin qo‘ng‘irmi, qora.

Oftob , sen bir galcha g‘arbdan chiqa qol
So‘ng , mayli, haftalab ko‘rsatma jamol.

Daraxtlar, yalangda qilinglar poyga.
Mayli , so‘ng yuz yillab turing bir joyda.

Qor , sen yashillangin, yashil rangda yog‘,
So‘ng , mayli, aslingga qaytib bo‘l oppoq.

Baliq, sen saslangin, aytgin bitta gap,
So‘ng mayli suzaver doim mum tishlab.

Men anjir emasman , oftob yoki qor,
Lekin o‘zgarishga mushtoqligim bor.

Daraxt ham emasman va yoki baliq,
Bu kunni o‘zimga ko‘rmayman loyiq.

Kimni qay maqsadda qilar tarbiya,
Juda yaxshi bilar dono tabiat.

Botiniy jang ichra o‘rtangan paytim,
Sizlarni do‘st bilib aytarim aytdim.

Orzularim – boshoq , bitta doniman,
O‘zim shu orzular qahramoniman.

Xalos et, mutelik atalgan darddan,
Tangrim,boshqacharoq yashay bir marta.

11- 12 iyun, 2024 yil.

* * *

“Bolam , tez- tez xat yozib tur…”
Rahmatli onam shunday der edilar

Ona , sizga maktub yozaman har kun,
Qatlanib turibdi javonda bari.
Jo‘natayin , desam bilmayman , lekin
Qaydadir Tangrimning xatqutilari.

Ketibsiz, ketmagan ekansiz yolg‘iz,
Quruqshab qolibman – shu chin belgisi.
Qorangiz qoralab ketgan izma- iz,
Dunyoning yaxshidan yaxshi sevgisi.
Yakka yo‘l olmabsiz Haq huzuriga,
Mehrigiyolaringiz, ziyolaringiz-
Qorangiz qoralab ketibdi birga
Ijobat bo‘lguvchi duolaringiz.

Yana o‘z dardimga burildimi gap,
Sizga ham nimadir kerakdir , ona…
Shunday deyman, lekin deyishdan ne naf,
Bilaman: javob yo‘q, ichlarim yonar.

Javob yo‘q, maktublar yozaman , ammo,
“Ona “ deb aytishga zorligim uchun.
“Uning istaklarin qilyapman bajo”,
Degan bitta taskin borligi uchun.

14 iyun, 2024 yil.

Ey , gul

Bunchalar chiroyli ochilding, gulim,
Sevinchdan ko‘zimda yosh aylanadi.
Muattar bo‘ylaring sochildi, gulim,
Boshingga engashsam , bosh aylanadi.

Uvillab qo‘zg‘alsa, chopaman darhol,
Shamol yo‘llariga quloch keraman.
Yomon yiqitma , deb, qilma , deb uvol,
Etagidan ushlab gulbarg teraman.

Ba’zan bergim kelar guldasta tuzab,
Dunyoning eng yaxshi odamlariga.
Baxmal gulbarglarin avaylab uzib
Boshlaridan sochsam xush damlarida.

Bu oniy istakdir, ko‘zim qiymaydi,
Gulga novda aziz, insonga yurti.
Senday go‘zallikni nomard qiynaydi,
Uzibmi, g‘ijimlab, toptabmi , turtib.

Ularni qo‘ya tur, o‘zim aylanay,
Olamni ranglarga to‘ldirguvchi sen.
Oyning shu’lasiday, quyosh nuriday,
Kecha , kunduzlarning kuldirgichi sen.

Yoshim yetmish ikki, yuribman uchib,
Kuch berguvchi do‘stim bor-da Gul degan.
O‘zim o‘lmay sevgim o‘lmasin uchun,
Seni yaratmishdir Yaratgan Egam.

15 iyun, 2024.

* * *

Nimadir demoqchi bo‘lyapsan , o‘g‘lim,
Atrofing tushunmay hayronamisan,
Xato nadir , nadir rostligu to‘g‘ri.

Xiyonat qildimi senga jon do‘sting,
Sindimi ishonching, sindimi mehring,
Shundanmi ko‘nglingda qarshilik o‘sdi…

Yoki tomiri bir jigari joning
Ko‘zingmas, qo‘lingga termuldimikan
Diydorga oshiqib borgan zamoning.

Umr daftaringga qora qalamda
Yozilgan xotirang ko‘tardimi bosh,
Hanuz chiqmabdi-da o‘chdan,alamdan .

Siqdimi ruhingga kiyganing qolip,
Ketmoqning azmiga tushdingmi shundan.
Oyog‘ing yetguncha boshingni olib

Har bir ishorangda taraddud ko‘rdim,
Toqatda betoqat , bardoshda zaif ,
Ko‘zing qorasida so‘nik o‘t ko‘rdim.

Bugungi dardlarni dardga sanama,
O‘zim yoningdaman,aytaring aytgin,
Sen yongan joylarda men ham yonaman.

Bugun bugundadir , yana bo‘lmaydi,
Faqat sen ertaga dard ko‘rma,o‘g‘lim,
Chunki darding olar onang bo‘lmaydi.

16 iyun 2024 yil.

* * *

Bir davra bo‘lsaydik…

Chaman gullariday tizilsak qator,
Yashil giyohlardan dasturxon tuzasak.
Qo‘rg‘onimiz bo‘lsa muhtasham bahor,
Qo‘llarimiz faqat nurga uzatsak.

Chaman gullariday tizilsak saf- saf,
Pokiza o‘ylardan xushro‘ylashsak.
Oraga tushmasa g‘iybat , mayda gap,
Qushlar lahjasida so‘ylashsak…
Chaman gullariday tizilsak, qat- qat-
Gulbarglarni kiyib, hayoli bo‘lsak.
Oq, qizil ranglarda ko‘rinsak faqat,
Turkona nomusning timsoli bo‘lsak…
Bir davra bo‘lsaydik…

17 iyun, 2024 yil.

* * *

Quyoshning chiqishi, botishi- haqiqat-
Bahorning gullardan gulxan yoqishi.
Suvlarning tin olmay oqishi- haqiqat-
Toshlarning sukuti, qushlarning xonishi.

Bulutlarning yomg‘ir sochishi – haqiqat-
Guldurakning qasirg‘a solishi.
Shamolning qaytishi, qochishi -haqiqat-
Novdalar – yaproqlar bolishi.

Oy va yulduzlarning nurligi- haqiqat-
Tuproqning ota va ona ekani.
Kecha kunduzlarning birligi- haqiqat-
Tangrining yagona ekani.

Qarang, tashqarida yashar haqiqat:
Tabiat, koinot, zamon, makonlar.
O‘rgandik, shubhadan xoli- sahih-a,
Bizda,o‘zimizda ekan yolg‘onlar.

18 iyun, 2024 yil.

Shom

Olov , otash ichra ishlab toldi yoz,
Quyosh o‘zin otdi ufq dengiziga.
Albat, olib chiqar tong – qo‘rqmas g‘avvos,
Qora rang sachratar g‘arb Kun iziga.

Qiyg‘os ochiladi namozshomgullar,
Qushlar jo‘r bo‘lishib aytar salovat.
Hovur ko‘taradi hovlilar , yo‘llar,
Atrofga bir zumga inar halovot.

Hademay beshikka belashar bekni,
Tandir qizdirilar, yopiladi non.
Zahmatkash o‘zbekni- tinmas o‘zbekni,
Tin bilmas kechaga uzatadi shom.

18 iyun, 2024.

* * *

“Meni tushuninglar, yashash kerak-ku…”
Do‘stlar davrasida quloqqa chalingan gap

Naqqosh naqsh chizgandek hikmatli , sirli,
Qadim yozuvdagi zeru zabarlar.
Har gal ko‘zim tushsa, nursizmi , nurli,
Turfa tarixlardan berar xabarlar.

Shu yozuvni tushun, degin, ko‘naman,
Hijjalab o‘qisam ham tushunaman.

Shirinning Farhodga yo‘llagan xati,
Laylidan Majnunga tutashgan ishq- o‘t,
Kumushning sog‘inchi, Zaynab hasrati,
Xushro‘ybibi ko‘ksin qoraytirgan dud,

Oshiq , ishqni tushun , desang , ko‘naman,
Oshiq bo‘lmasam ham xo‘p tushunaman.

Cho‘lponni so‘ndirgan haqsiz bir o‘lim,
Qodiriy qanotin qirqqan qonli tig‘.
Usmonni hushidan ayirgan zulm,
Saidani zorga bergan ayriliq,

“Haqsizlikni tushun”, desang , ko‘naman,
Odil kim , qotil kim, men tushunaman.

Bugun zamon o‘zga: pastkashlik pastda,
Orzular kuch bilan tirmashar Ko‘kka.
Bilmadim sen nega kekkayma kasga,
Yoydek egilasan, tushasan cho‘kka?!

Yaltoqlik qullikdir, boshqa emas, bas,
Seni tushunmayman , tushungim kelmas!

19 iyun, 2024 yil.

* * *

Isyonmas so‘zimdan sachragan uchqun,
Nolamas bo‘g‘zimda qichqirgan dovush.
Jonim kuyar har bir kuyuging uchun,
Kuyuklar o‘zingda, o‘zingda sovush.

“Nega, nechun ?”degan so‘roqlar – ilmoq,
Jonim iplariga ilinaverar.
Tutgan joyi og‘riq, iztirob , qiynoq,
Bilmayman , desam ham bilinaverar.

Deyishar : “ Rishvatga ichirdik og‘u,”
O‘lmabdi.Yuribdi oyoqda, boshda.
Bergan zaharlari soxtami yoxud
Zahar ichganlarning jonlari toshdan.

Nomus daraxtining shoxlarin egar,
Gullarin g‘ijimlar hohlagan payti.
Yuribmiz poyiga zar sochib nega,
Shonu shuhratiga alyorlar aytib.

Qafasga bandilab hur ovozlarni,
Ko‘mamiz yetti qat yerning ostiga.
Dorgamas , kuzatdik ne dorbozlarni,
Osmonga – guldasta berib dastiga.

“Nega, nechun?” degan savollar- ilmoq,
Jon ipimdan tortib turaveradi.
“Nega, nechun?” degan savollar -o‘roq,
Ishonch bug‘doylarim o‘raveradi.

Har so‘roq bir ulkan hasrat qoldig‘i,
Tutunidan qo‘rqmay chekuvchi bormi?
Ko‘ksimda ko‘tarib borsam oldiga,
“ Men javob beraman”, deguvchi bormi?

Nolamas bo‘g‘zimda chirqiragan sas,
Isyonmas so‘zimni o‘ragan olov.
O‘sha mard bor bo‘lsa, eslatmam , xolos,
Bor bo‘lsa, shu mardni maydonga chorlov.

21- 22 iyun 2024 yil.

* * *

“ Jim yursangiz bo‘lmaydimi?”
Eng ko‘p aytiladigan tanbeh

Gullar jim yashaydi, bo‘ynidan boylandi,
Cho‘llar jim yashaydi, taqirga aylandi.

Birovlar tegmasa toshlar saslanmas,
Boshiga urishgach, faryodga aylandi.

Baliqlar mum tishlab suzarlar , axir,
Kim ko‘rgan suzgichi qanotga aylandi…

Egalari ketgan kimsasiz uylar,
Jimlikdan nuradi: xarobotga aylandi.

Omonlik topdimi xoin sukutlar,
Navbati yetganda mamotga aylandi.

Do‘stim , jim yashashga undama meni,
Dema: “ Sabr so‘nggi sabotga aylandi.

Andisha izidan yurib ko‘rdingmi,
Izlari hayotga , bunyodga aylandi…”
Ehtimol , haqdirsan , sen taraflarda
Sukunat yaxshiga imdodga aylandi.

Ammo biz aytmadik haqiqatlarni,
Ichga ko‘mganimiz isnodga aylandi.

27 iyun, 2024 yil.

* * *

“Ustoz, qanday mavzularda she’r yozsam bo‘ladi?”
Bir uchrashuvda menga shunday savol berishdi.

Tunlar shu’la to‘kar, kunduzlari nur,
Yog‘du saltanati, yog‘du sultoni.
Qog‘oz yo‘llamaymiz yozib tashakkur,
Baribir ginasi yo‘qdir osmonning.
Yarashar Haq taqqan oy, yulduzlari,
Osmon sevgisidan yozing, qizlarim.

Bir hovuch suv sochsa, bir bog‘lam giyoh,
Bir hovuch suv sochsa, bir etak chechak.
“Bu chiroy mendan”, deb ko‘pirmas biroq,
Ne- ne kechuvlarni kuch topib kechar.
Chaman, gulzor bo‘lar bosgan izlari,
Daryo sevgisidan yozing , qizlarim.

Tog‘day baland bo‘lar, yerday past bo‘lar,
Dovuldan shiddatli, bo‘rondan shitob.
Farzandi so‘rasa, u yo‘lbars bo‘lar,
So‘rasa muz bo‘lar, bo‘lar gilu ob.
Muhabbat og‘ochi, qadr ildizlari,
Ona sevgisidan yozing, qizlarim.

Qayg‘usi yorug‘dir, jonbaxsh ozori,
Ruhingning qanoti, ko‘zing cho‘g‘ligi.
Qay manzilga borsang tilsim , tumoring,
Borligi- borlig‘ing, yo‘g‘i yo‘qliging.
Seni shoir qilar bir kun so‘zlari,
Vatan sevgisidan yozing, qizlarim.

29 iyun,2024 yil.

Toshovuz

“Nimaga yurtimiz haqida hech narsa yozmaysiz….”
Hamyurtim Bahodirjon menga shunday ta’na qildi.

“O‘zimizning yoz-da , chidaymiz,- deymiz,
Paxtapishar issiq, don pishar issiq “ ,
Tuproq kuydiradi tovonim maning.

Tishda quyosh , ichda hijron yondirar,
Ikki o‘t orasi o‘tmoqda umrim,
Asta zaif tortar darmonim maning.

Onamning qabri ham qizib yotgandir,
Qovjirab qolgandir ekilgan gullar,
Bir qumg‘on suv quyish armonim maning.

Mergan ekan meni otgan palaxmon,
Uzoqqa otilgan tosh bo‘ldim, ko‘ndim,
Sog‘inchzordir ota makonim maning.

Izga qaytay desam ancha og‘irman,
Ko‘tara olmaydi endi yuklarim ,
Parcha – parcha sinar kamonim maning.

To‘ymi , azalarda bo‘lmadim birga,
Uzr aytmoqlikka yuzim bormikan,
Zamonda yashadi zamonim maning.

Toshkan taraflardan sabolar essa
Eshigingiz yopmang, darchangiz yopmang,
Yig‘lab qaytmasin-da salomim maning.

Sizga arziydigan tuhfam bo‘lmadi,
Topganim she’r bo‘ldi, she’r o‘zimniki,
Sizlarniki bo‘lsin nom, shonim maning.

Kun kelib safarim qarigan chog‘da
Siz yashar tarafga egilib yashar
Mozorimda ungan rayhonim maning.

iyun, 2024.

* * *

Tindimi tug‘yonlar aro kechgan jang,
Ishq sulton bo‘ldimi hislar mulkiga…
Paysalga solinmay qilindimi man’,
Sevgisiz tadbirlar, o‘yin , kulgular…

Qayta tug‘ildimi o‘nlab mashrablar,
Bari “ hay-ha- huyt “ deb yo‘lga tushdimi…
Mudranib o‘tirgan tabiat , ta’blar,
Uyg‘onib joniga o‘t tutashdimi?
Yoinki qozilar hukmlariga
Sevgi qalamida chekdimi imzo…
Tugildimi yo‘qlik tugunlariga
Buzg‘unchi hasadu buzg‘unchi nizo…

Yuzdagi tabassum , so‘zdagi lutf,
Borish kelishlaru chiqish,kirishlar,
Bir nuqtaga kelgan ikkita qutb,
Va’dalar, va’daga ishontirishlar

Shu ishqning amrimi, uning maylimi…
Kunning choshgohida , shomi , kechida
Umidbaxsh lahzalar u tufaylimi,
Xoin navkarlari yo‘qmi ichida…

“Bor”, deysiz, quvonchim tortadi ojiz,
Bor bo‘lsa , nimaga bu hasham ,hayrat?
Ishq – shohni xoinlar qurshaganda biz
Qaysi baxtimizni qilyapmiz bayram…

30 iyun 2024 yil.

* * *

“Sevib qoldim ,shekilli, g‘alatiman , qo‘rqyapman…”
Yoshlik olamiga qadam qo‘ygan qiz shunday dedi.

Menga eshitilar yurak urishing,
Qora ko‘zlarigda yosh halqalanar.
Sezyapman: ichingda hislar urushi,
Muhabbatga aslo ergashmas zarar.

Ona bolasini bermas bandaga,
Olloh olib ketsa qoladi nochor.
O‘sha yoniq ishqning nuri sandagi,
Ilohiy hadyadek quvnab qarshi ol.

Vatan deb o‘limga tik borar mardlar,
Jonga arzimasa kim ham berar jon…
Bir ulush tegibdi shu jasoratdan,
Ruhing sandig‘iga ganj tushdi, quvon.

Daraxtlar – purviqor, shamollar -o‘ktam,
Tog‘lar gulxonadir, muzlar toshqin soy.
Tabiat ishqidan senga bir tutam-
O‘tibdi. Shundandir chehrangda chiroy.

Haq xomasi yozar yangi bir qissa,
Qahramoni o‘zing. Qo‘rquv kelsa , yeng.
Har ishq tug‘ilishi go‘zal hodisa,
Bu gal hodisaning sababkori sen.

8 iyun 2024 yil.

* * *

Bu tunda bir sinish ro‘y berdi, nazdim,
Oyog‘imni bossam , g‘ichirlar tuproq.
Kimdir bolta bo‘ldi , kim tig‘, siniq kim,
Kimning ko‘ngli yashnoq ,kimniki ingroq.

Bu tunda bir yonish ro‘y berdi , nazdim,
Havoga o‘rnashgan kuyundi hidi.
Kim olov bo‘libdi, kul bo‘libdi kim,
Kimning o‘chi so‘ngan , kimning umidi.

Hurlik nechun birlik berolmas bizga,
To‘siqlar nimada, axir , nima oz?!
Xalq bo‘lmoqqa imkon har bir kunduzga
Nega bo‘lak- bo‘lak chiqamiz peshvoz?!

10 iyul, 2024 yil.

Daf’atan

Daf’atan shamolda sochilgan urug‘
Qachondir gul bo‘lib unishi mumkin.
Daf’atan miltiqdan chiqib ketgan o‘q
Tegmasa ham , nedir sinishi mumkin.

Daf’atan boshidan ezsa ham xarsang,
Buloq yo‘lin topib ko‘zin ochadi.
Daf’atan maydonda ko‘tarilsa jang,
Botir qalqon bo‘lar, qo‘rqoq qochadi.

Kutmaysan. Keladi. Bilasan zotan,
Quvonching yo ko‘zing yoshlanishlari
Shunchaki ro‘y bermas biror “daf’atan”,
Qandaydir o‘zgarish boshlanishlari…

Lekin shu ishonchim ishonchsiz bu dam,
Qalbimga shovullab kelar bir dard – sel.
Evoh,hurlik nedir bilmas, daf’atan-
Qo‘liga “hursan” deb yorliq olgan el!

12 iyun, 2024 yil.

Bu tun

Og‘riqli xayollar, chekkaga o‘ting,
Oyning kokillari kumushlanmoqda.
Sukut lahjasida so‘zlamoqda tun,
Qushdayman, yuragim ham qushlanmoqda.

Uchganga o‘xshayman yurganim sayin,
Havolar gul atrin ichayotganday.
Yaproq – qanotlarin silkitib mayin,
Hatto, daraxtlar ham uchayotganday.

Qorong‘uning qora chodiri pastlab,
Bog‘lar etagiga tushdi uzayib.

Soylar suvlarini tushirar raqsga,
Tomchilar totimli, damlar ajoyib.

Uzilib ketdimi yulduz tizginchi,
Osmon yulduzlari bo‘ldi suvyulduz.
Shabada aylanib yuribdi- sinchi,
Oydinda yarqirab yotar dala- tuz.

Kelma, kelmay turgin, og‘riq , alamlar,
Hozir o‘z qalbimga o‘zim soqchiman.
Xudoyim chiroyli qurgan olamda
Bir tunni chiroyli yashamoqchiman.

15- 16 iyul , 2024 yil.

044

(Tashriflar: umumiy 124, bugungi 1)

Izoh qoldiring