Mehr bog’ida o’sgan daraxt (Qutlibeka ijodiga bir nazar).

099Қутлибека “Менинг ҳам бобо юрт, ота юртим — шу. Кўз очиб кўрганим — Кунга яқин ер, Кўзларим юмилса, ётар юртим шу” деб тан олган жаннатмонанд Ўзбекистоннинг содиқ фарзанди сифатида унинг ҳар бир ютуғи, ниш ураётган ҳар дона майсаси, ёғаётган томчи ёмғири, эсаётган шамолидан ҳам гўзаллик излайди. Унинг “вужуди ишқ билан, ҳайрат билан” тўла. Шунинг учун ҳам ҳар бир сатрида ўқувчисига қувончу ҳасратини яширмай айта олади.

094
Йўлдош Солижонов
МЕҲР БОҒИДА ЎСГАН ДАРАХТ
Қутлибека Раҳимбоева ижодига бир назар
033

040Мен Қутлибекани талабалик йилларидан бери биламан. У тенгдошлари орасида жуссаси кичикроқ, камгап, одмигина кийиниб юрадиган қиз эди. Шунга ҳам мана, 45 йилдан ошибди. Ўша йиллари мен ҳам кафедра қошидаги “Ёш ижодкор” тўгарагининг раҳбари, ҳам институтнинг кўп нусхали газетаси муҳаррири сифатида бошловчи ижодкорларга қўлимдан келганича кўмаклашардим.

Қутлибека тўгарак машғулотларида фаол қатнашардию, ҳар доим ҳам шеър ўқийвермас, кўпроқ бошқаларни тингларди. Кейин сезишимча, у ўзи ёзган шеърларни дугоналариники билан зимдан таққослаб, ютуқ ва камчиликларини ўрганиб ўтирар экан. Эҳтимол, Қутлибека ўша пайтдаёқ “Қўрқманг, узун кўйлак, ушоқ жуссамдан, Юрт юкин Сиз билан тенг тортишаман” деган қатий фикр билан яшагандир. Чиндан ҳам узоқ изланишлар ижодкорнинг бу қутлуғ ниятини рўёбга чиқарди. Мана, йиллар ўтиб у ўз овози, поэтик олами ҳамда бадиий тафаккурига эга шоира бўлиб танилди.

Қутлибека “Менинг ҳам бобо юрт, ота юртим — шу. Кўз очиб кўрганим — Кунга яқин ер, Кўзларим юмилса, ётар юртим шу” деб тан олган жаннатмонанд Ўзбекистоннинг содиқ фарзанди сифатида унинг ҳар бир ютуғи, ниш ураётган ҳар дона майсаси, ёғаётган томчи ёмғири, эсаётган шамолидан ҳам гўзаллик излайди. Унинг “вужуди ишқ билан, ҳайрат билан” тўла. Шунинг учун ҳам ҳар бир сатрида ўқувчисига қувончу ҳасратини яширмай айта олади. Унинг эътироф этишича, юрак ҳеч қачон алдамайди, ёлғонни ёнига йўлатмайди. Қутлибека ана шу қатий ният билан доим олға интилди, ҳеч кимнинг мададисиз ўз ижодий қоматини тиклади. Изланувчанлиги, қатийлиги, шериятга бўлган ихлоси билан устоз шоира Зулфия назарига тушди ва унинг “Оқ йўл”и билан “Саодат” журналида бир туркум шеърлари босилиб чиқди. Зулфия опанинг ҳар қандай ижодкорга ҳам оқ йўл тилайвермаслигини инобатга олсак, Қутлибеканинг қобилиятига ишонганлигини сезиш мумкин. Қутлибека чиндан ҳам устози ишончини оқлай олди.

Орадан кўп ўтмай “Юрагимда кўрганларим” (1981) номли илк шеърлар тўплами эълон қилинди ва адабий жамоатчиликнинг назарига тушди, шоира сифатида тан олинди. У ўрганишдан, изланишдан тўхтамади. Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Худойбердиева каби истеъдодли шоирлардан сабоқ олди. Бунинг натижаси ўлароқ, Қутлибеканинг бирин-кетин “Узун кундузлар” (1984), “Уйғониш фасли” (1989), “Озодлик” (1998), “Кўксимдаги Тангритоғ” (2000) цингари шеърий тўпламлари нашр этилди.

Айтиш керакки, кейинги ўн йил Қутлибека ҳаётида журналистлик фаолияти устун келди. У “Саодат” журнали ва “Гулчеҳралар” газетасининг масъул котиби лавозимларида ишлаб, кўпроқ очерклар, эсселар ва публицистик мақолалар ёзди. Мана, ниҳоят, ўтган йили шоиранинг қарийб қирқ йиллик ижоди намуналарини ўзида мужассам этган “Қоракўзларим” тўплами ўқувчилар қўлига тегди. Очиғи, бу китобда Қутлибека ижодий камолоти мезонини белгилаб бера оладиган талай шеърларни ўқиб, кўнгил равшан тортади. Энг муҳими, шоира ўқувчини ўзининг яқин дугонаси, дўсти деб билади, юрагидаги дардини, туйғуларини очиқ айтади. Иложи борича, ўзгалар дардига дармон топишга уринади, ўқувчи билан “қалбнинг шодлигига айланган, қалбнинг оғриғига айланган дунёнинг қувончи, дарди ҳақида” сўйлашмоқни истайди:

Юрагин яшириб юрарми шоир,
Ёмғирга, офтобга бирдай очиқмиз.
Шу миллат, шу юртга бўлса гар доир
Қувонч, ҳасратига бирдай ошиқмиз.

Ушбу сатрлар эҳтиросли шоира Қутлибека қалбини англаб етишга калит бўлиб хизмат қилади. Чиндан ҳам ҳақиқий ижодкор юрагида пайдо бўлган сирлару ҳис-туйғуларини бош­қалардан пинҳон тута олмайди. Хал­қи йиғласа-йиғлайди, кулса — шодлигидан кўкка сакрайди. Агар халқи йиғласа ҳам шоира кўнглидаги нур билан унинг кўз ёшларини артади, қалбига офтоб илиқлигини олиб киради, севинчини денгиздек тоширади. Негаки, шоира бахтининг ҳам, дардининг ҳам манбаи ана шу она халқидир. Бинобарин, бу икки қудратли қанот шоира ижодининг парвозини юксакликка кўтарувчи омил бўлиб хизмат қилди.

Шоиранинг бу адабий-эстетик эътиқоди бутун ижодига тегишлидир. Зеро, ростгўйлик ҳар қандай ижодкорнинг мухлислар олдидаги масъулиятли бурчи саналади. Қутлибека ҳаётда ҳам, ижодда ҳам бетарафликни, ўртамиёналикни ёмон кўради. Бу иллатларга қарши шоиранинг “юрагида уйғонар исён” ва “Зич ёпган тишларини” очиб, ҳар доим ҳақиқатни рўй-рост айтишга шайланади. Унинг таъкидлашича, “Мен учун у тараф, бу тарафлар йўқ, Ватан бир бутундир, бутундир миллат”. Ушбу аҳдига содиқ қолган шоира қирқ йилдирки, ҳам ижтимоий, ҳам ижодий фаолиятида ана шу бутунлик йўлида хизмат қилиб келаётир.

Алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган асрнинг 80-йилларида Қутлибека ижодида янги саҳифалар очилди. Айнан мана шу йилларда ёзилган шеърларида ТОНГ тимсоли кўп учрайди. Эрк, озодлик маъносини англатувчи бу сўз шоира туйғуларининг ранг-баранг жилоларини англаб етишимизга ёрдам беради. У “…тонг отса кияман хонатлас кўйлак” деб орзу қилади. Орзуси амалга ошавермагач, “Нега мен истаган тонг отмас, нега? Ўз қалбимга ўзим эмасман эга?” деб фарёд чекади. Аммо бу исёнкор руҳ ишонадики, қай бир тонг чоғи бизнинг “йигитлар мудроқ тулпорларини уйғотиб шошқин Дунёнинг қайсидир парчаларида Парчинланган эркни қутқармоқ учун Буюк курашларга” отланади. Бунинг учун Озодлик, Эрк, Ҳақиқат, Эзгулик каби “Баҳодир сўзларни, ботир сўзларни. Курашиб енгмоққа қодир сўзларни” пичирлаб эмас, бор овоз билан айтиш лозим. Бу сўзлар шу қадар сеҳрли, ҳароратли ва қудратлики, уларни эшитган чоғида осмоннинг “рангига қон югурди бирдан”, майсалар эса “Эгик бошин тиклади ердан”, шамол баргларнинг тилини очиб юборган бўлса, момақалдироқнинг “Кўр кўзидан учқун сочилди”. Бироқ мафкуравий тазйиқ кучли бўлган шароитда бу сўзларни бор овозда айтолмаган шоира оғир изтиробга тушади, ўзини ўзи ёмон кўриб кетади:

Юзимга қараманг, менинг юзим йўқ,
Кўнглим — рост сўзларим кўмилган мозор.

Ҳатто ўзини бу “ботир сўзларнинг қотили” деб айблашгача боради. Шу боис озодлик олдида ўзининг қарздорлигини чуқурроқ ҳис қила бошлаган шоира озодликка мурожаат қилади:

Жасорат қарздорман сендан, Озодлик,
Адолат қарздорман сендан, Озодлик.

Эсимда, 1986 йили “Шарқ юлдузи” журналида Қутлибеканинг “Қишнинг охирлари” номли достони босилиб чиқди. Бу достон ўзининг шаф­қатсиз реализми, қўйилган масаланинг кескинлиги, ифода усулининг янгилиги билан адабий жамоатчиликнинг юксак баҳосини олди. Қиш рамзий тимсолида шоира шўролар ҳукуматининг сўнгги кунларини ифодалаганди. Унинг ижодий башорати тез кунда амалга ошди: орадан беш йил ўтар-ўтмас, эски тузум парчаланиб, қорлар эриб кетди.

Мустақиллик йилларида Қутлибека Раҳимбоеванинг ижоди ҳам шаклан, ҳам мазмунан бойиди. Энди шоира “Озод Ўзбекистон, озод ўзбеклар”ни қувонч билан қутлайди:

Эркнинг жон сувидан ҳовучлаб олиб,
Ҳар битта ўзбекка сепгим келади.
Ўзбеклигим учун ўзгалар қолиб,
Ҳатто, ўзимни ҳам ўпгим келади.

Қутлибека Раҳимбоева ўз қаламини драматургия, публитсистика жанр­ларида, таржима соҳасида ҳам синаб, ижобий натижаларга эришмоқда. Бугунги ёшларнинг севги-муҳаббати тўғрисида баҳс юритадиган “Тоҳирнинг Зуҳроси” деб аталган драмаси республика радиосида саҳналаштирилиб, бир неча йиллардан буён эфирга узатиб келинмоқда. Қутлибеканинг “Ҳамма биладиган сир”, “Султон суягини хор этмас”, “Тил учидаги сўз”, “Ўзимиз ҳақида бир зум”, “Ўзига бек бўлган тилим” цингари мақолалари бугунги кун муаммоларини дадил кўтариб чиқиши, уларга аниқ муносабат билдириши, ўқувчиларни мунозарага чорлаши билан қимматлидир.

У ўзбек шеъриятини Леся Украинка, Марина Светаева, Анна Баркова, Алфонсина Сторни каби жаҳон тан олган шоираларнинг асарлари билан бойитишга ҳам муносиб ҳисса қўшиб келаётир. Айни чоғда шоира қутлуғ ниятлар билан ижод қилмоқда. У шеърларидан бирида шундай ёзади:

Мен меҳр боғида ўсган дарахтман,
Эгнимда тўрт фасл ям-яшил кўйлак.

Қутлибека орзу қилган ана шу меҳр дарахтининг илдизи мустаҳкам бўлиб, яшиллик ҳеч қачон тарк этмасин!

04
Қутлибека
ДАРАХТЛАРДАЙ БАЛАНД СЕЗАМАН ЎЗИМ
Шеърлар
09

Қувонч

Тоғлар елкасига сиғмаган ирмоқ
Сасидан сукунат эшиги синди.
Рангин чечакларга айланди тупроқ,
Заминнинг чиройи энди билинди.

Қуёшники бўлди бепоён само,
Нурларнинг йўллари узайди.
Орзули-ҳавасли кунлар беором
Новдаларни гуллар билан безайди.

Илдизидан бошлаб учига қадар
Гулга тўлиб кетди оғочлар жисми.
Боғларда адашиб қолди шабада,
Рангидан мастми ё бўйидан мастми?

Офтобнинг анҳорга чизган нақшини
Мажнунтол кун бўйи кўриб тўймайди.
Юксакда куйламоқ шунча яхшими,
Одамлардан кўпроқ қушлар куйлайди.

Яна ўз ранглари қайтган бағрингда,
Юртим, кўнглим тўлиб юриб қувондим.
Яна куз заҳмати, қишнинг заҳридан
Омон чиққанингни кўриб қувондим.

* * *

Эшикдан кирасиз,
Кўзларим лаҳзада бу хушхабарни
Бутун вужудимга юборар ёйиб.
Бирдан чиннигуллар ўстиргим келар,
Ҳаммага қарагим келар жилмайиб.
Чиройли сўзлайман, иссиқ сўзлайман,
Дарахтлардай баланд сезаман ўзим.
Энг яхши одамга айланиб қоламан
Сиз мени кўргани келган кун.

* * *

Кўзингизда ташвиш суврати, нечун,
Нечун кўзларингиз кучсиз, шикаста?
Менга ишончингиз эмасми бутун,
Ёлғон бахт кўнглингиз этганми зада?
Ёлғизга қийинроқ кечар бу пайтлар,
Меҳримга суяниб қаддингиз ростланг.
Кетган орзуларни чақиринг, қайтар,
Мен ёлғон эмасман, мен чинман, ростман!

Юпанч

Эшикни ёпасиз, ҳабибим,
Йўқ, олам афтини ёпасиз.
Сиз менинг ишонган табибим,
Узук томирларим топасиз.

Қизариб, қизийман лаҳзада,
Умид куртакларим бўртади.
Фақат биз тушунар лаҳжада
Қувончлар шивирлар ўртада.

Ўзимдан баландлаб кетаман,
Кўнглим йўл кўрсатгич девона.
Дунёни қайғуриб нетаман,
Дунёки – ғалати, бегона.

Йиғилиб, лабимга келар жон,
Товуши адашар сўзимнинг.
Ўзгача ҳолатга ҳеч қачон
Мен бергим келмайди ўзимни.

Эшикни ёпасиз, ҳабибим,
Йўқ, олам афтини ёпасиз.
Сиз борсиз, кетмасман, табибим,
Кетсам, севиб-севиб топасиз.

Сенга…

Сенга ишонмайман бу эркни, эй тан,
Қўрқарман қўрқинч бир қафас деб сани.
Қора кишанларни кийганда Ватан,
Ўтранг либосларда юрдинг ясаниб.

Ҳамон оромингнинг суврати ёстиқ,
Тонгги тушларингдан анқир ёғ иси.
Бошинг хитоб эмас, нуқтадир – тасдиқ,
Сўқмоғинг сўқмоқмас, чизиқнинг изи.

Сенга ишонмайман бу эркни жисм,
Руҳимга ваъдалар этма салмоқдор.
Тириклик қўлинда хизматкорсан жим,
Сен қаттиқ қўрқасан ўлиб қолмоқдан.

У шундай аёл…

Соғинчнинг ўтли тили
Ялайди юрагимни.
Башорат – топқир билик,
Топиб бер керагимни.

У шундай аёл – сочи
Бир эркакнинг титроғи.
Йўқ, шундай аёл – сочи
Миллатнинг бир байроғи.

У шундай аёл – кўзи
Бир эркакнинг чироғи.
Йўқ, шундай аёл – кўзи
Миллатнинг қўш маёғи.

У шундай аёл – юзи
Бир эркакнинг моҳтоби.
Йўқ, шундай аёл – юзи
Миллатнинг бир меҳроби.

Йўқ, шундай аёл – ўзи
Бир эркакнинг ўнг илки.
Йўқ, шундай аёл – ўзи
Миллатнинг бутун мулки.

Шу аёлни истайман
Танигандан тузумни.
Асли ўзим излайман
Орзумдаги ўзимни.

Ҳайрат

Ғалати йиғларкан озод инсонлар,
Хўрлик товуши йўқ йиғиларинда.
Ғалати куларкан озод инсонлар,
Ялинчоқлик йўқдир кулгуларинда.

…Ғалати ўларкан озод инсонлар,
Гўзал бўлар экан ўлимлари ҳам.

Айттирмаган сўзинг

Айттирмаган сўзинг айтилмай қолмас –
Сен омон экансан, омон бўлар у.
Қўрқоқлар тилида ёлғон бўлар у.
Хоинлар тилида чаён бўлар у.

Айттирмаган сўзинг айтилмай қолмас –
Сен омон экансан, омон бўлар у.
Ожизлар кўзида гирён бўлар у.
Гирялар жамланар, вайрон бўлар у.

Айттирмаган сўзинг айтилмай қолмас –
Сен омон экансан, омон бўлар у.
Марднинг томирида ол қон бўлар у.
Қонлар ўт олади, исён бўлар у.

Айттирмаган сўзинг йитмас, йўқолмас,
Азизим, ўзингга зиён бўлар у…

Қўлланглар

Ростданми, ёлғондан мени қўлланглар,
Энг чуқур илдиздан кўкардинг, денглар.
Шохингда оғочхўр қуртларни эмас,
Учқур қушчаларни кўтардинг, денглар.

Саҳросан – улкансан, чексизсан, денглар,
Оҳулар синглингдир, йўлбарслар оғанг.
Бўронқушга бешик денгизсан, денглар,
Тангри тоғларидан бошланган соғанг.

Қўрқоқ сўзларининг тилини кесган
Дунёда энг ботир сўзликсан, денглар.
Достонсан – бағрида Алпомиш ўсган,
Ойбарчин сингари қизликсан, денглар.

Ёви ҳам муҳаббат билан қараган
Хиёнат кўрмаган хонликсан, денглар.
Набилар сўраган, қуёш қўраган
Довруғли, шавкатли, шонликсан, денглар.

Совиган суякда ўт ёндиринглар,
Кўзим чўғларини кўрайин ўзим.
Ўзимга ўзимни ишонтирдинглар,
Ўзимга суяниб турайин ўзим.

Ростданми, ёлғондан мени қўлланглар,
Ахир ким гуноҳсиз, ким ҳам беиллат?
Лекин ўзин севиб, қадрламаса,
Озод яшамайди биронта миллат!

022

094
Yo’ldosh Solijonov
MEHR BOG’IDA O’SGAN DARAXT
Qutlibeka Rahimboeva ijodiga bir nazar
033

081  Men Qutlibekani talabalik yillaridan beri bilaman. U tengdoshlari orasida jussasi kichikroq, kamgap, odmigina kiyinib yuradigan qiz edi. Shunga ham mana, 45 yildan oshibdi. O‘sha yillari men ham kafedra qoshidagi “Yosh ijodkor” to‘garagining rahbari, ham institutning ko‘p nusxali gazetasi muharriri sifatida boshlovchi ijodkorlarga qo‘limdan kelganicha ko‘maklashardim.

Qutlibeka to‘garak mashg‘ulotlarida faol qatnashardiyu, har doim ham she’r o‘qiyvermas, ko‘proq boshqalarni tinglardi. Keyin sezishimcha, u o‘zi yozgan she’rlarni dugonalariniki bilan zimdan taqqoslab, yutuq va kamchiliklarini o‘rganib o‘tirar ekan. Ehtimol, Qutlibeka o‘sha paytdayoq “Qo‘rqmang, uzun ko‘ylak, ushoq jussamdan, Yurt yukin Siz bilan teng tortishaman” degan qatiy fikr bilan yashagandir. Chindan ham uzoq izlanishlar ijodkorning bu qutlug‘ niyatini ro‘yobga chiqardi. Mana, yillar o‘tib u o‘z ovozi, poetik olami hamda badiiy tafakkuriga ega shoira bo‘lib tanildi.

Qutlibeka “Mening ham bobo yurt, ota yurtim — shu. Ko‘z ochib ko‘rganim — Kunga yaqin yer, Ko‘zlarim yumilsa, yotar yurtim shu” deb tan olgan jannatmonand O‘zbekistonning sodiq farzandi sifatida uning har bir yutug‘i, nish urayotgan har dona maysasi, yog‘ayotgan tomchi yomg‘iri, esayotgan shamolidan ham go‘zallik izlaydi. Uning “vujudi ishq bilan, hayrat bilan” to‘la. Shuning uchun ham har bir satrida o‘quvchisiga quvonchu hasratini yashirmay ayta oladi. Uning e’tirof etishicha, yurak hech qachon aldamaydi, yolg‘onni yoniga yo‘latmaydi. Qutlibeka ana shu qatiy niyat bilan doim olg‘a intildi, hech kimning madadisiz o‘z ijodiy qomatini tikladi. Izlanuvchanligi, qatiyligi, sheriyatga bo‘lgan ixlosi bilan ustoz shoira Zulfiya nazariga tushdi va uning “Oq yo‘l”i bilan “Saodat” jurnalida bir turkum she’rlari bosilib chiqdi. Zulfiya opaning har qanday ijodkorga ham oq yo‘l tilayvermasligini inobatga olsak, Qutlibekaning qobiliyatiga ishonganligini sezish mumkin. Qutlibeka chindan ham ustozi ishonchini oqlay oldi. Oradan ko‘p o‘tmay “Yuragimda ko‘rganlarim” (1981) nomli ilk she’rlar to‘plami e’lon qilindi va adabiy jamoatchilikning nazariga tushdi, shoira sifatida tan olindi. U o‘rganishdan, izlanishdan to‘xtamadi. Rauf Parfi, Shavkat Rahmon, Oydin Hojiyeva, Halima Xudoyberdiyeva kabi iste’dodli shoirlardan saboq oldi. Buning natijasi o‘laroq, Qutlibekaning birin-ketin “Uzun kunduzlar” (1984), “Uyg‘onish fasli” (1989), “Ozodlik” (1998), “Ko‘ksimdagi Tangritog‘” (2000) singari she’riy to‘plamlari nashr etildi.

Aytish kerakki, keyingi o‘n yil Qutlibeka hayotida jurnalistlik faoliyati ustun keldi. U “Saodat” jurnali va “Gulchehralar” gazetasining mas’ul kotibi lavozimlarida ishlab, ko‘proq ocherklar, esselar va publitsistik maqolalar yozdi. Mana, nihoyat, o‘tgan yili shoiraning qariyb qirq yillik ijodi namunalarini o‘zida mujassam etgan “Qorako‘zlarim” to‘plami o‘quvchilar qo‘liga tegdi. Ochig‘i, bu kitobda Qutlibeka ijodiy kamoloti mezonini belgilab bera oladigan talay she’rlarni o‘qib, ko‘ngil ravshan tortadi. Eng muhimi, shoira o‘quvchini o‘zining yaqin dugonasi, do‘sti deb biladi, yuragidagi dardini, tuyg‘ularini ochiq aytadi. Iloji boricha, o‘zgalar dardiga darmon topishga urinadi, o‘quvchi bilan “qalbning shodligiga aylangan, qalbning og‘rig‘iga aylangan dunyoning quvonchi, dardi haqida” so‘ylashmoqni istaydi:

Yuragin yashirib yurarmi shoir,
Yomg‘irga, oftobga birday ochiqmiz.
Shu millat, shu yurtga bo‘lsa gar doir
Quvonch, hasratiga birday oshiqmiz.

Ushbu satrlar ehtirosli shoira Qutlibeka qalbini anglab yetishga kalit bo‘lib xizmat qiladi. Chindan ham haqiqiy ijodkor yuragida paydo bo‘lgan sirlaru his-tuyg‘ularini bosh­qalardan pinhon tuta olmaydi. Xal­qi yig‘lasa-yig‘laydi, kulsa — shodligidan ko‘kka sakraydi. Agar xalqi yig‘lasa ham shoira ko‘nglidagi nur bilan uning ko‘z yoshlarini artadi, qalbiga oftob iliqligini olib kiradi, sevinchini dengizdek toshiradi. Negaki, shoira baxtining ham, dardining ham manbai ana shu ona xalqidir. Binobarin, bu ikki qudratli qanot shoira ijodining parvozini yuksaklikka ko‘taruvchi omil bo‘lib xizmat qildi.
Shoiraning bu adabiy-estetik e’tiqodi butun ijodiga tegishlidir. Zero, rostgo‘ylik har qanday ijodkorning muxlislar oldidagi mas’uliyatli burchi sanaladi. Qutlibeka hayotda ham, ijodda ham betaraflikni, o‘rtamiyonalikni yomon ko‘radi. Bu illatlarga qarshi shoiraning “yuragida uyg‘onar isyon” va “Zich yopgan tishlarini” ochib, har doim haqiqatni ro‘y-rost aytishga shaylanadi. Uning ta’kidlashicha, “Men uchun u taraf, bu taraflar yo‘q, Vatan bir butundir, butundir millat”. Ushbu ahdiga sodiq qolgan shoira qirq yildirki, ham ijtimoiy, ham ijodiy faoliyatida ana shu butunlik yo‘lida xizmat qilib kelayotir.

Alohida ta’kidlash kerakki, o‘tgan asrning 80-yillarida Qutlibeka ijodida yangi sahifalar ochildi. Aynan mana shu yillarda yozilgan she’rlarida TONG timsoli ko‘p uchraydi. Erk, ozodlik ma’nosini anglatuvchi bu so‘z shoira tuyg‘ularining rang-barang jilolarini anglab yetishimizga yordam beradi. U “…tong otsa kiyaman xonatlas ko‘ylak” deb orzu qiladi. Orzusi amalga oshavermagach, “Nega men istagan tong otmas, nega? O‘z qalbimga o‘zim emasman ega?” deb faryod chekadi. Ammo bu isyonkor ruh ishonadiki, qay bir tong chog‘i bizning “yigitlar mudroq tulporlarini uyg‘otib shoshqin Dunyoning qaysidir parchalarida Parchinlangan erkni qutqarmoq uchun Buyuk kurashlarga” otlanadi. Buning uchun Ozodlik, Erk, Haqiqat, Ezgulik kabi “Bahodir so‘zlarni, botir so‘zlarni. Kurashib yengmoqqa qodir so‘zlarni” pichirlab emas, bor ovoz bilan aytish lozim. Bu so‘zlar shu qadar sehrli, haroratli va qudratliki, ularni eshitgan chog‘ida osmonning “rangiga qon yugurdi birdan”, maysalar esa “Egik boshin tikladi yerdan”, shamol barglarning tilini ochib yuborgan bo‘lsa, momaqaldiroqning “Ko‘r ko‘zidan uchqun sochildi”. Biroq mafkuraviy tazyiq kuchli bo‘lgan sharoitda bu so‘zlarni bor ovozda aytolmagan shoira og‘ir iztirobga tushadi, o‘zini o‘zi yomon ko‘rib ketadi:

Yuzimga qaramang, mening yuzim yo‘q,
Ko‘nglim — rost so‘zlarim ko‘milgan mozor.

Hatto o‘zini bu “botir so‘zlarning qotili” deb ayblashgacha boradi. Shu bois ozodlik oldida o‘zining qarzdorligini chuqurroq his qila boshlagan shoira ozodlikka murojaat qiladi:

Jasorat qarzdorman sendan, Ozodlik,
Adolat qarzdorman sendan, Ozodlik.

Esimda, 1986 yili “Sharq yulduzi” jurnalida Qutlibekaning “Qishning oxirlari” nomli dostoni bosilib chiqdi. Bu doston o‘zining shaf­qatsiz realizmi, qo‘yilgan masalaning keskinligi, ifoda usulining yangiligi bilan adabiy jamoatchilikning yuksak bahosini oldi. Qish ramziy timsolida shoira sho‘rolar hukumatining so‘nggi kunlarini ifodalagandi. Uning ijodiy bashorati tez kunda amalga oshdi: oradan besh yil o‘tar-o‘tmas, eski tuzum parchalanib, qorlar erib ketdi.

Mustaqillik yillarida Qutlibeka Rahimboyevaning ijodi ham shaklan, ham mazmunan boyidi. Endi shoira “Ozod O‘zbekiston, ozod o‘zbeklar”ni quvonch bilan qutlaydi:

Erkning jon suvidan hovuchlab olib,
Har bitta o‘zbekka sepgim keladi.
O‘zbekligim uchun o‘zgalar qolib,
Hatto, o‘zimni ham o‘pgim keladi.

Qutlibeka Rahimboyeva o‘z qalamini dramaturgiya, publitsistika janr­larida, tarjima sohasida ham sinab, ijobiy natijalarga erishmoqda. Bugungi yoshlarning sevgi-muhabbati to‘g‘risida bahs yuritadigan “Tohirning Zuhrosi” deb atalgan dramasi respublika radiosida sahnalashtirilib, bir necha yillardan buyon efirga uzatib kelinmoqda. Qutlibekaning “Hamma biladigan sir”, “Sulton suyagini xor etmas”, “Til uchidagi so‘z”, “O‘zimiz haqida bir zum”, “O‘ziga bek bo‘lgan tilim” singari maqolalari bugungi kun muammolarini dadil ko‘tarib chiqishi, ularga aniq munosabat bildirishi, o‘quvchilarni munozaraga chorlashi bilan qimmatlidir.

U o‘zbek she’riyatini Lesya Ukrainka, Marina Svetayeva, Anna Barkova, Alfonsina Storni kabi jahon tan olgan shoiralarning asarlari bilan boyitishga ham munosib hissa qo‘shib kelayotir. Ayni chog‘da shoira qutlug‘ niyatlar bilan ijod qilmoqda. U she’rlaridan birida shunday yozadi:

Men mehr bog‘ida o‘sgan daraxtman,
Egnimda to‘rt fasl yam-yashil ko‘ylak.

Qutlibeka orzu qilgan ana shu mehr daraxtining ildizi mustahkam bo‘lib, yashillik hech qachon tark etmasin!

Manba:»Hurriyat» gazetasi, 2013,iyun

04
Qutlibeka
DARAXTLARDAY BALAND SEZAMAN O’ZIM
She’rlar
09

Quvonch

Tog’lar yelkasiga sig’magan irmoq
Sasidan sukunat eshigi sindi.
Rangin chechaklarga aylandi tuproq,
Zaminning chiroyi endi bilindi.

Quyoshniki bo’ldi bepoyon samo,
Nurlarning yo’llari uzaydi.
Orzuli-havasli kunlar beorom
Novdalarni gullar bilan bezaydi.

Ildizidan boshlab uchiga qadar
Gulga to’lib ketdi og’ochlar jismi.
Bog’larda adashib qoldi shabada,
Rangidan mastmi yo bo’yidan mastmi?

Oftobning anhorga chizgan naqshini
Majnuntol kun bo’yi ko’rib to’ymaydi.
Yuksakda kuylamoq shuncha yaxshimi,
Odamlardan ko’proq qushlar kuylaydi.

Yana o’z ranglari qaytgan bag’ringda,
Yurtim, ko’nglim to’lib yurib quvondim.
Yana kuz zahmati, qishning zahridan
Omon chiqqaningni ko’rib quvondim.

* * *

Eshikdan kirasiz,
Ko’zlarim lahzada bu xushxabarni
Butun vujudimga yuborar yoyib.
Birdan chinnigullar o’stirgim kelar,
Hammaga qaragim kelar jilmayib.
Chiroyli so’zlayman, issiq so’zlayman,
Daraxtlarday baland sezaman o’zim.
Eng yaxshi odamga aylanib qolaman
Siz meni ko’rgani kelgan kun.

* * *

Ko’zingizda tashvish suvrati, nechun,
Nechun ko’zlaringiz kuchsiz, shikasta?
Menga ishonchingiz emasmi butun,
Yolg’on baxt ko’nglingiz etganmi zada?
Yolg’izga qiyinroq kechar bu paytlar,
Mehrimga suyanib qaddingiz rostlang.
Ketgan orzularni chaqiring, qaytar,
Men yolg’on emasman, men chinman, rostman!

Yupanch

Eshikni yopasiz, habibim,
Yo’q, olam aftini yopasiz.
Siz mening ishongan tabibim,
Uzuk tomirlarim topasiz.

Qizarib, qiziyman lahzada,
Umid kurtaklarim bo’rtadi.
Faqat biz tushunar lahjada
Quvonchlar shivirlar o’rtada.

O’zimdan balandlab ketaman,
Ko’nglim yo’l ko’rsatgich devona.
Dunyoni qayg’urib netaman,
Dunyoki – g’alati, begona.

Yig’ilib, labimga kelar jon,
Tovushi adashar so’zimning.
O’zgacha holatga hech qachon
Men bergim kelmaydi o’zimni.

Eshikni yopasiz, habibim,
Yo’q, olam aftini yopasiz.
Siz borsiz, ketmasman, tabibim,
Ketsam, sevib-sevib topasiz.

Senga…

Senga ishonmayman bu erkni, ey tan,
Qo’rqarman qo’rqinch bir qafas deb sani.
Qora kishanlarni kiyganda Vatan,
O’trang liboslarda yurding yasanib.

Hamon oromingning suvrati yostiq,
Tonggi tushlaringdan anqir yog’ isi.
Boshing xitob emas, nuqtadir – tasdiq,
So’qmog’ing so’qmoqmas, chiziqning izi.

Senga ishonmayman bu erkni jism,
Ruhimga va’dalar etma salmoqdor.
Tiriklik qo’linda xizmatkorsan jim,
Sen qattiq qo’rqasan o’lib qolmoqdan.

U shunday ayol…

Sog’inchning o’tli tili
Yalaydi yuragimni.
Bashorat – topqir bilik,
Topib ber keragimni.

U shunday ayol – sochi
Bir erkakning titrog’i.
Yo’q, shunday ayol – sochi
Millatning bir bayrog’i.

U shunday ayol – ko’zi
Bir erkakning chirog’i.
Yo’q, shunday ayol – ko’zi
Millatning qo’sh mayog’i.

U shunday ayol – yuzi
Bir erkakning mohtobi.
Yo’q, shunday ayol – yuzi
Millatning bir mehrobi.

Yo’q, shunday ayol – o’zi
Bir erkakning o’ng ilki.
Yo’q, shunday ayol – o’zi
Millatning butun mulki.

Shu ayolni istayman
Tanigandan tuzumni.
Asli o’zim izlayman
Orzumdagi o’zimni.

Hayrat

G’alati yig’larkan ozod insonlar,
Xo’rlik tovushi yo’q yig’ilarinda.
G’alati kularkan ozod insonlar,
Yalinchoqlik yo’qdir kulgularinda.

…G’alati o’larkan ozod insonlar,
Go’zal bo’lar ekan o’limlari ham.

Ayttirmagan so’zing

Ayttirmagan so’zing aytilmay qolmas –
Sen omon ekansan, omon bo’lar u.
Qo’rqoqlar tilida yolg’on bo’lar u.
Xoinlar tilida chayon bo’lar u.

Ayttirmagan so’zing aytilmay qolmas –
Sen omon ekansan, omon bo’lar u.
Ojizlar ko’zida giryon bo’lar u.
Giryalar jamlanar, vayron bo’lar u.

Ayttirmagan so’zing aytilmay qolmas –
Sen omon ekansan, omon bo’lar u.
Mardning tomirida ol qon bo’lar u.
Qonlar o’t oladi, isyon bo’lar u.

Ayttirmagan so’zing yitmas, yo’qolmas,
Azizim, o’zingga ziyon bo’lar u…

Qo’llanglar

Rostdanmi, yolg’ondan meni qo’llanglar,
Eng chuqur ildizdan ko’karding, denglar.
Shoxingda og’ochxo’r qurtlarni emas,
Uchqur qushchalarni ko’tarding, denglar.

Sahrosan – ulkansan, cheksizsan, denglar,
Ohular singlingdir, yo’lbarslar og’ang.
Bo’ronqushga beshik dengizsan, denglar,
Tangri tog’laridan boshlangan sog’ang.

Qo’rqoq so’zlarining tilini kesgan
Dunyoda eng botir so’zliksan, denglar.
Dostonsan – bag’rida Alpomish o’sgan,
Oybarchin singari qizliksan, denglar.

Yovi ham muhabbat bilan qaragan
Xiyonat ko’rmagan xonliksan, denglar.
Nabilar so’ragan, quyosh qo’ragan
Dovrug’li, shavkatli, shonliksan, denglar.

Sovigan suyakda o’t yondiringlar,
Ko’zim cho’g’larini ko’rayin o’zim.
O’zimga o’zimni ishontirdinglar,
O’zimga suyanib turayin o’zim.

Rostdanmi, yolg’ondan meni qo’llanglar,
Axir kim gunohsiz, kim ham beillat?
Lekin o’zin sevib, qadrlamasa,
Ozod yashamaydi bironta millat!

Manba: “Kitob dunyosi” gazetasi, 2013 yil 13 fevral` 3 (150) -soni

xdk

(Tashriflar: umumiy 688, bugungi 1)

Izoh qoldiring