6 апрел – истеъдодли ёзувчи Исажон Султон таваллуд топган кун.
Биз инсон ўзлигини англаб етиши учун аввало ватан, миллат, халқ нималигини англаб олиши зарур деб гапиришни хуш кўрамиз, менимча, булар – ўзликни англаш йўлининг бошланиши бўлса керак. Давомида яна анча-мунча ҳикматлар турибди. Шулардан бири – ҳар инсоннинг сира такрорланмас, ғоят улуғ ҳодиса бўлиб дунёга келишидир.
Исажон Султон
ИСТЕЪДОД — КАШФ ЭТИШ ДЕМАК
«Ёшлик» журнали саволларига жавоблар
1. Ўзни англаш дегани нима?
Жуда қийин ва узоқ давом этадиган жараён. Гоҳ одам бир умр яшаб ўзлигини англамай ўтиши ҳам мумкин. Англай бошлаганлар эса ярим йўлда қолиб кетганини айтишади. Ҳали-ҳанузгача “ўзни англадим” деган бир нечта авлиёдан бошқасини билмадик. Ҳақиқатан ҳам, “мен ўзи кимман ёки нимаман, бу оламга нима учун келганман ва келиб-кетишимдан мурод нима” деган саволлар каби, яна ўнлаб саволлар туғилаверади. Улар хоҳишлар, истаклар, орзулар ва хулосалар орасида чирпирак бўлиб айланади.
Ўзимдан мисол келтирақолай: мен ғоят сўлим, табиат барқ уриб жўшадиган бир маконда – Фарғонанинг олис Авазбой қишлоғида туғилганман. Болалигимда у ерларнинг сўлимлигини, гўзаллигини идрок қилолмас, қадру қийматини ҳам билмасдим. Улғайиб ақлим тўлишгач, отам-онам ким, яқинларим ким – танидим. Ўсмир қалбимда орзуларим, истакларим мўл эди. Теварагимдаги кишилар меҳнат билан банд эканлар, уйлардаги печкаларда тут ўтинлар чирсиллаб ёнар, шамоллар ҳар ённи бузиб эсар, атрофни баҳорда ёқилган хазонларнинг ислари янги куртак ва чопилган ер ҳидларига қўшилиб тутиб кетар… ҳамма шу ҳаётидан рози бўлса-да, юлдузлар учган кечаларда, ғоят узоқ бепоён осмон остида уйқу келмасдан ётиб, ғалати саволлар ҳам ақлга келаверарди. У маҳаллар дунёда ҳамма бир хил деб ўйлаганларимиз ҳам эсимда. Кейинчалик билсам, ўзбек деб аталган халққа мансуб эканман, ўзбек тилида ўйлар, гапирар, вужудимни ўзбек деган бир мазмун тўлдирган экан.
Тангри таоло шу халқ ичида яралишимни ихтиёр қилибди, абадий муз ўлкаларида ёки абадий жазирамаларда дунёга келтирганида нима бўларди, деб ҳам ўйлаб қоламан. Булар аслида шукр қилиш учун бир сабабдир, бироқ, умр ҳам бепоён ва сўнгсиздай туюларди-да. Гоҳо шу бепоёнлик аро кун кечириш дардида дайдиб-санқиб юргандай, аслида жуда муҳим бир ишни бажаришим керагу аммо у иш нималигини билмайдигандай таассуротлар ҳам уйғонарди, албатта. Ўзликни англаш дедик, аммо англашила боргани сайин саволлар кўпайишини кўряпсизми? Мен шафақ ёғдусидан завқланаман, боласи ўлиб қолган отнинг кўзидаги ёшни кўриб ачинаман, битта япроққа жойлаб қўйилган ранглардан ва у ботиндаги қудратдан ақлим шошади, кимнингдир дардидан изтироб чекаман, қувончига шерик бўламан… шу билан бирга, бу ҳис-туйғуларимнинг нимага кераги бор деб ҳам ўйлайман.
Бола ўзининг Инсон эканини англаб етиши учун анча йиллар керак бўлар экан. Теваракдаги ҳамма нарса ўзига бўйсуниб-хизмат қилиб турганини кўриш ва англаш кишини ғалати шавқларга тўлдириб юборади. Лекин инсонликни англаш янада кўпроқ саволларни ҳосил қилаверади. Ҳар нарса онгга хитоб қилади, у хитобни эшита олиш керак. Гоҳо жуда кўп нарсалар қаршисида ақл ожизлигини кўриб шошган пайтларим бўлган.
Биз инсон ўзлигини англаб етиши учун аввало ватан, миллат, халқ нималигини англаб олиши зарур деб гапиришни хуш кўрамиз, менимча, булар – ўзликни англаш йўлининг бошланиши бўлса керак. Давомида яна анча-мунча ҳикматлар турибди. Шулардан бири – ҳар инсоннинг сира такрорланмас, ғоят улуғ ҳодиса бўлиб дунёга келишидир. Яна анча-мунча гапларни айтсам бўларди, лекин адабиёт деганлари аслида мана шу саволга жавоб тарзидаги минглаб жилд китоблар экани ақлимга келгач, уларни мухтасар қилиб бўлмаслиги учун тийила қолайлик.
2. Бахт деганда нимани тушунасиз?
У жуда ўзгарувчан, муваққат ва оз яшайдиган ҳодиса. Шафақ яллиғи ҳақида гапирдик-ку? Масалан, отаси ҳолва олиб берган боладан бахтлироқ ким бор? Лекин у бахт ҳолва тугаши ёки бола бироз улғайиши билан йўқолиб кетади ва ҳолва бахт туйғусини ташимай қўяди. Энди у кимнидир ёқтириб қолган бўлса, ўшани ўйлайверади, “биз бахтли бўламиз” деб хатлар ёзади. Янада ёши каттароқ бир киши “Уйим-элим тинч, устим бут, ҳамма соғ-саломат, мана шу бахт-да” дейиши мумкин. Аммо қоронғи кечада кўкка кўз тикиб ётар экан, мана шу оқилона бахт ичида ҳам умри ҳақида таассуф билан ўйлаган қанча киши бор? Ақл айтган бахт билан ҳис айтган бахт орасида аллақанча тафовут мавжуд, ақл айтган бахт мушоҳада ва мантиқ орқали топилса-да, ҳис пайдо қилмайди, озурда бир кишидан “Қара, фалон-фалон сабабларга кўра бахтлимасмисан” деб сўрасак, айтганларимизни мушоҳада қилиб кўриб “Ҳа, тўғри” дейди, аммо бу – бахтдан кўра шукрга яқинроқ бир ҳолат. Инсон доимо бахт деган тутқич бермастуйғуга интилиб, талпиниб яшайди.
Мен айтардимки, умумий ва хусусий бахт бор. Умумий бахт бўлгандагина хусусий бахт мавжуд бўла олади. Масалан, эл тинч, юрт осойишта, кишилар ўзлари истагани каби ҳаёт кечираётир, болалар катта бўлишмоқда, ҳаёт тўкин – бу умумий бахт. Мана шунинг орасида хусусий бахт туйғуси юлдуз мисол порлаб-сўниб туради, шекилли. Гоҳ севимли оила даврасида болалари билан роса ўйнаб чарчагач, жилмайиб ёстиққа ёнбошлаган отанинг юзида, гўдагини бағрига босган онада, суйгани бир жилмайиб қараб қўйган ошиқда… шу сингари минглаб бахтларни кўра бошлаймиз. Узоқларда бир қанча йиллар юра-юра, ниҳоят она юртига қадами етган одамнинг бахти ҳам ўзига хос. Соғинчлар, интизорликлар, орзулар, илинжлар, ҳатто ўкинч ва афсуслар ортида битта мантиқий хулоса турибди, бу – ўзининг яшаб ўтган умридан, қилган ишларидан қониқиш туйғусидир.
Яна бир нозик нуқта бор бу ўринда: қониқиш билан бирга, завқ ҳисси ҳам бўлиши керак. Бир куни бир қанча ажнабий сайёҳ ўлкамизни кезгани келади. Ўзбек қишлоқларини ҳам кўрмоқчи бўлишади. Йўлбошловчи йигит уларни хомушланиб, ғашланиб олиб юради. Манзаралар ғоятда оддий: рўмол ўраб олган ёш-ёш қизчалар сув ташимоқда, одамлар юмуш билан банд, бедазорлар ниҳоясидан қуёш кўтарилиб келмоқда. Бир оз айланиб-айланмасидан, йўлбошловчи сайёҳларни ортига қайтариб юборади. “Нимага ундай қилдингиз” деб сўрашади қолганлар. “Қизғандим”, дейди йигит. “Шу теракларимга, сувларимга, йўлларимга, манзараларимга ёт назар тушишини хохламадим. Улар нақадар ажойиб, аммо кўчаларда санқиб юрган ёт кишилар қайдан ҳам билсин? Билса ҳам қадрига етармиди, мен сингари завқланармиди, яхши кўрармиди?”
3. Истеъдод ва имконият: қай бири муҳим?
Истеъдод ғоятда кўламли ҳодиса, у ўз вақтида англаб етилиши зарур. Ҳатто, халқ ўз даврининг эҳтиёжларига кўра турли-туман истеъдодларни пайдо қилармикин деб ҳам ўйлаб қоламан. Масалан, Навоий, Машраб бобо каби авлиё зотларнинг дунёга келишида ҳам англаш мушкул бир ҳикмат бормиди? Яъни, у зотлар ўз ҳолларича дунёга келиб яшаб юрган эдилару истеъдодлари мавж уравергач, аллақанча шеърий асарларини ёзиб қолдирдиларми? Йўқ, ундай эмас, бу – жуда юзаки таассурот. Балки ўша кишиларнинг айнан ўша маҳалда дунёга келиши Худонинг бир иноятидир? Даврлар ва истеъдодларнинг дунёга келиш мантиғини англашга ақл етармикин?
Жуда кўпчилик тўкин ҳаёт кечиришни истайди. Дастурхонимда ҳамма нарса етарли, иморатим чиройли, ўзимни қадру қимматим баланд бўлсин, дейди. Ҳис эса имонга айланиб қичқира бошлайди. Сен дунёга тўкин бир дастурхондан еб-ичгани келдингми? “Одам бошқаларга ёрдами тегиши учун келади” дейди бир даража юқорироқ фикрловчи бошқа бир киши. Ҳа, тўғри, аммо Тангри таоло инсонларни бир-бирига кўмаклашиши учунгина яратганмикин?
Демакки, янада улканроқ бир моҳият бор. Истеъдод ўша моҳиятни илғай оладиган шахс. Мен ҳатто ҳар кишида айри бир истеъдод бор деб айтган ҳам бўлардим. Бир пайтлар тоғ ораларида ботаётган қуёшга қараб юм-юм йиғлаётган кексароқ бир кишини кўрган эдим. Табиийки, “Нега йиғлаяпсиз?” деб сўрадим.“Билмадим”, деди у. “Шу шафаққа қараб туриб, ичимда тушуниб бўлмас ҳислар уйғониб кетди, юрагим андуҳга тўлди, ўз-ўзимдан, ҳеч уялмай-нетмай йиғлагим келди”. У одам ичидаги чирпирак туйғуларини тилига чиқаролмади, холос. Ҳатто, сизу биз кўрмаган нарсаларни кўрган бўлиши ҳам мумкин.
Истеъдодни яширин нарсаларни ҳис эта олиш қобилияти десак, моҳияти хийла аниқлашади. Ҳар нарса нуқул ақлдан иборат бўлсайди, ҳаёт жуда жўнлашган, кўркини йўқотган бўларди. Ақл кўрган ва билган нарсаларига таянган ҳолида хулоса чиқарса, қалб ҳам ўзига яраша хулоса чиқаради, шу билан ақлнинг овозини ё қувватлантиради, ё ўчириб юборади. Ҳиссиёт ҳақида гап кетганида илжайиб қўядиганларга шуни ҳам айтган бўлардим: меҳр туйғуми ё ақлдан келадими? Болангга севгинг ақлми, ҳисми? Туғилиб ўсган ота уйингга севгинг ақлданми, ҳисданми? Ҳақиқатан ҳам, ота уйим мени турли хатарлардан асрагани, қишда совуқдан, ёзда иссиқдан сақлагани учун яхши кўраман, деса биров ишонармиди? Анча воқеаларни бошдан кечиргани ва у уй ўшаларнинг тимсолига айлангани учун ҳам азизроқ.
Демакки, мана шу нарсаларнинг бари истеъдодга тааллуқли экан, уни изҳор қила олишни имконият деб атай қолайлик. Ичида турли ўйлар чарх урган, ўқиш-ёзишни билмайдиган соқов киши имкониятсиздир, аммо истеъдодсиз деб бўлмайди. Демак, истеъдоднинг ўзи ҳам яширин бир нарсадир. Очиқ-яққол кўриниб турган моҳиятларни кўра олиш учун яширин нарсага қанақасига эҳтиёж бўлсин? Яширин эканлигидан чиқадиган хулоса шуки, демак, у яширин бир моҳиятни илғай олади. Уни баён қила олганлар имкониятга эга бўлишни исташдан ҳам кўра, уни том ўлароқ намоён қила олиш учун уринадилар. “Менга зарилмиди?” дейди бир истеъдод, шеърлари ёзилган қоғозни ғижимлаб отиб, озорланиб. “Эл қатори яшасам бўлмасмиди?” Ҳақиқатан ҳам, жуда кўп истеъдодли кишиларнинг ўз истеъдодидан озор чекканини ҳам кўрамиз.
Демак, бугун биз истеъдодли деб билганимиз ёки истеъдоди бор дея умид қилганимиз анча-мунча кишилардан ташқари, яна минглаб инсонлар борки, истеъдодини ё яширади, ё изҳор қилолмайди, ё шубҳаланиб юради. У истеъдодлардан биз ҳам бехабармиз, шу сабабли қанақа қобилият эгаси эканини билолмаймиз. Лекин, ўша яширин нарса куч-қувват беради. Масалан, бир мамлакатнинг ўтган асрлардаги энг олий табақасига мансуб бир зот тўсатдан ҳамма нарсани тарк этади-да, сурат чиза бошлайди. Ақли айтадики, бу юмушинг сира кераксиз. Ўзи (руҳи) айтадики, шуни қилмасам, ўламан!
Бу бор гап. Мен фақат Гоген деган машҳур рассом ҳаётидан мисол келтирганим ҳолда, ўзимизда ҳам турли жабҳаларда хийла обрў-эътибор қозонган кишиларнинг ўз соҳаларидан анчайин узоқ бўлган бошқа илмларга интилганини кўрамиз. Кимдир наботот илмига қизиқади, уни шу даражада ўқиб-ўрганадики, бир олимдан кам бўлмайди. Ёки кимдир фазо илмига, санъатга, адабиётга ва ҳоказо. Яширин истеъдоди ўзининг изҳор этилишини истаб, уни тинч қўймайди. Демакки, истеъдод ўзига қиймат берилишини ёки кашф этилишини истайди. Ҳар ким каби оддийгина бўлсайди, қаноатланиб юраверарди. Ўзидан шубҳаланади, нимагадир мен мана шунақа нарсаларга ишқивозман, ичимда бениҳоя кучли бир интилиш бор, шуни қилмасам, ҳаётим кемтик, ўзим бахтсиз бўлиб қоламан, дейди.
Шафаққа термилиб ғуссага чўмган кишининг кўз ёшлари ҳақида гапирдик. У одамнинг йиғиси тоза, мусаффо, ўтган ажойиб дамларини эслаб-қўмсаб, “Эй воҳ, қандай йигит эдим, энди ўзим ҳам шу қуёш каби уфқ ортига ботиб кетмоқдаман” дегандай туйғулар таъсирида бўлиши мумкин. У ўкинч йиғиси бўлса, ўлим қуролини ихтиро қилган яна бир истеъдод умрининг охирида “Мен имонли киши бўлатуриб жуда қаттиқ хато қилдим, кишилар бошига мусибат келтирадиган қуролни яратиб қўйдим” деб қайғуга чўмади. Миллионлаб кишилар бир овоздан “Йўқ, айб асло сиздамас, у қуролни ишлатадиган кишида” деб таскин беришга уринишса-да, тазаррусини қўймайди, “Нима қилиб қўйдим?” дея надомат чекади.
Истеъдод ҳам куч, уни янглиш томонларга йўналтириб бўлмайди.
Юзакироқ қаралганида эса, имкониятни яратилган асарни эълон қила олиш десак ҳам бўлади. Тўғрику-я, лекин у маҳсулни эълон қилишдан мурод “менинг идрокимга қиймат беринг” деган даъводир. Бу ерда мавҳумлик бор. Кишилар баҳо бериши ҳам мумкин, бермаслиги ҳам. Рангтасвир санъатининг даҳоларидан бири – Сальвадор Дали ўз истеъдодига аниқ ишонган эди. Лекин, ишонмаганлар ҳам бор. Истеъдодни йўлга сола олиш, намоён қила олиш ҳам керак. Мен айтардимки, бизнинг ғалати, одамни хавотирга соладиган бир ўксиклигимиз бор. Талай истеъдодларимиз оламга машҳур бўлишга етарли қувватга эга. Аммо ғоят узоқ вақт этган зулм ўз қилғилигини аллақачон қилиб бўлди-да. Ҳали ёзилмасдан турган бир асардан, ўз асаридан, ўз изҳоридан чўчиш ҳисси ҳам бор, ҳар доим “етарлича тугал эмас” деб ўйлайверади. Шу сабабли, истеъдодидан ийманади ҳам.
Яна шуни ҳам айтардимки, кишиларнинг ўз-ўзига ишончи ва ғурури тикланаётган маҳал ҳозир. У ишончни, у ғурурни авайлаш керак, синдириб қўйиш хавфи бор. Некбинроқ бўлайлик, бу ғоятда қадимий ва мустаҳкам халқ, қора кунлари ҳам, ёруғ кунлари ҳам, яхшисиям, ёмониям бор – аммо бениҳоя улкан, яширин бир қудратга эга бу халқ. Берунийларни, ибн Синоларни, Навоийларни, Улуғбекларни дунёга келтирибди, ақлу идроки улардан ҳам қувватлироқ зотларни яна дунёга келтирса не ажаб?
4. Ижодкорнинг жамиятдаги ўрни қандай бўлиши керак деб ўйлайсиз?
Ҳар доим ҳам баланд бўлган-ку? Ижодкор тушунчаси хийла кенгроқ. Иқтисоднинг, сиёсатнинг, бошқа ҳар хил соҳаларнинг ҳам ўз ижодкорлари бор, улар ўша соҳанинг истеъдодларидир. Улар бўлмаса, тараққиёт бўлармиди? Фарқи шундаки, бадиий санъат моддий маҳсул яратмайди. У фақат ҳис пайдо қилади. Ҳис ҳақида сал олдин гапирдик-ку, инсонга инсонлигини билдириб турадиган нарса айнан шу дея. Яна исбот келтиришим мумкин. Бир одам аёлини жуда севади ва эҳтиётлайди дейлик.Ақли айтадики, у бор-йўғи бир хотин, вазифаси фалон-фалон, нуқсонлари ҳам анчагина ва ҳоказо. Ҳис айтадики, у такрорланмас, дунёда ундан ўзга хуш ва суйимли ҳеч ким йўқ. Ёки онасини ғоятда эъзозлайди. Ақл айтадики, сен яширин, махфий даргоҳлардан дунёга келдинг, бу аёлдан бўлмаса, бошқасидан туғилар эдинг. Ҳис айтадики, йўқ, у оналарнинг энг улуғи ва мўътабаридир. Қай бири тўғри? Шу маънодан қарасак, ҳиснинг имонга яқинроқ эканини кўрмоқдамиз. Санъат кишиларнинг мана шунга ўхшаш хусусиятларини кўрсатиб беради, одамларда шон, шараф, ғурур, завқ, ўксиниш, инсоф ва фикр пайдо қиладиган ҳолатларни кўрсатади. Ҳар соҳанинг ўз ўрни бор, аммо санъатинг боқийлиги айнан мана шундаки, даврлар, технологиялар ўзгаргани билан туйғулар ўзгармайди, сабаби – инсон қалби абадий бўлгани боис, технологиялар, кашфиётлар, тизимларнинг бари кун келиб эскиради, аммо ҳислар абадиятга дахлдорлигича, сира эскирмасдан қолаверади.
Демак, санъат ана шу кашфиётларнинг, технологияларнинг жоҳиллар ва еб-ичиш дардидаги кишиларнинг қўлида ўйинчоққа айланиб қолмаслиги учун мавжуддир. Яъни инсонга Инсонлигини намоён этишга, ғоят юксак ва шарафли зот эканини уқтиришга уринаверади. Айни шу сабабли ҳам миллатчилик, айирмачилик, маҳдудлик, манфаатпарастлик, дунёпарастлик, олчоқлик, пасткашлик… борингки, имонга неки ёт бўлса, унга ҳам ётдир. Демакки, санъатга дахлдор асар яратаман деган киши нафақат ўзини англаб олиши, балки ўзи мансуб миллатнинг, халқнинг, қолаверса, инсон болалари деб аталадиган жами тирикликнинг дарду изтиробларидан, ўкинчу армонларидан, қизиқиш ва интилишларидан бохабар бўлиши ва турган гапки, истеъдоди ва билимлари ёруғида келажагини ҳам тахмин этиб кўришга қодир бир киши бўлиши керак.
5. Ёзганларингизнинг ҳаммаси ростми?
Адабий ҳақиқатлар билан ҳаётий ҳақиқатлар орасида катта тафовут бор. Ота уйини эсга олдик, ваҳоланки, ўсмир катта бўлган уй вақт ўтиши билан хийла эскирган, сувоқлари тўкилган, ҳатто чўкиб, кўримсиз бир аҳволга келган бўлиши мумкин. Бизлар учун у уйнинг қай тупроқдан, қай ёғочдан тиклангани муҳимми ёки ким тиклагани, қай тарз тиклагани ва у уйда содир бўлган, умр ўтиши билан қадру қиймат касб этган турли-туман воқеаларми? Бир адиб ота уйи ҳақида асар ёзди, у уйни фавқулодда таъсирли қилиб тасвирлади ҳам дейлик, у асарни мутолаа қилган бошқа бир киши кўз ўнгида ўша адиб тасвирга олган иморат гавдаланадими, ёки ўз ота уйими?
Масалан, Алишер Навоийнинг машҳур “Фарҳод ва Ширин” достонидаги воқеаларни олайлик. Ширин Арманистон подшоҳининг қизи эди, сувга зормиди, ёки у мамлакатнинг шунча аҳолиси ва бойлиги бўлатуриб, Чин мамлакатидан битта бўзбола келиб тоғни тешиб сув чиқариб беришини кутиб ўтирганмиди? Фарҳод Чин султонининг ўғли эди, келиб тоғни тешиб ўтиришига зарурат бормиди? “Лайли ва Мажнун”ни ўқиганлар “Шу воқеа ростдан ҳам бўлганмикин” деб қизиқишади. Ростми-ёлғонми деб қарасак,турли мантиқсизликларни кўрамиз. Лекин Ҳазрат тоғ деганида нафс тоғини, сув деганда имон сувини назарда тутганини ҳамда ҳар нарсани тимсол дурига айлантириб, кўп қиррали қилиб тақдим этганини ўйласак, ҳамма нарса ойдинлашиб, ажойиб санъатнинг жилваларини кўра бошлаймиз. Илк таассуротларимиз унинг ёруғида эриб-йўқолиб кетади ва биз истаган ҳақиқат акслана бошлайди.
Бундай мисолларни истаганимизча келтира оламиз. Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Миртемир ҳақиқатлари бор, бизларни у ҳақиқатлар жалб этгани учун ҳам “Қайда кўрди экан?” деб қизиқамиз-да.
Теваракни ғоявий қичқириқлар босиб кетган маҳалда ҳаммани лол қолдириб пайдо бўлган “Дашту далаларда”нинг қаҳрамони Полвон-чи? Ҳар тарафда ғоя учун жон фидо қилиш тарғиб этилаётган, дунёда қуролланиш пойгаси авжга чиққан ва ўша пойгани қўллаб-қувватлайдиган кишилар тарбияланиши зарур деб уқтирилаётган бир маҳалда, ўшандай рутбага ғоятда мос бир одамнинг жуфти ҳалолига нақадар интизорлигини қаламга олган адибнинг гаплари… ростмиди?
“Кўнгил озодадур”нинг нозиктаъб қаҳрамони Ғулом ростдан ҳам Гулханий билан гаплашганмиди?
“Этакдаги кулба”да чекка бир қишлоқнинг кўчаларига бир Синиқчи ростдан ҳам келдими ё ёлғонмиди?
“Паризод”нинг, “Жажман”нинг, “Баҳовиддиннинг ити”нинг, “Тўлиной қиссаси”нинг, “Адашвой”нинг, “Пуанкаре”нинг… муаллифларига ҳам шу саволни бериб кўрайлик-чи, нима деб жавоб қилар эканлар?
Мабодо юрак ютиб сўрасак ҳам, улуғвор сокинлик ила “Ҳа, энди, адабиёт шунақа бўлади-да” деб қўйишлари мумкин.
Мени-ку қўяверинг…
Манба: «Ёшлик» журнали, 2014,№1.
Isajon Sulton
ISTE’DOD — KASHF ETISH DEMAK
«Yoshlik» jurnali savollariga javoblar
1. O’zni anglash degani nima?
Juda qiyin va uzoq davom etadigan jarayon. Goh odam bir umr yashab o’zligini anglamay o’tishi ham mumkin. Anglay boshlaganlar esa yarim yo’lda qolib ketganini aytishadi. Hali-hanuzgacha “o’zni angladim” degan bir nechta avliyodan boshqasini bilmadik. Haqiqatan ham, “men o’zi kimman yoki nimaman, bu olamga nima uchun kelganman va kelib-ketishimdan murod nima” degan savollar kabi, yana o’nlab savollar tug’ilaveradi. Ular xohishlar, istaklar, orzular va xulosalar orasida chirpirak bo’lib aylanadi.
O’zimdan misol keltiraqolay: men g’oyat so’lim, tabiat barq urib jo’shadigan bir makonda – Farg’onaning olis Avazboy qishlog’ida tug’ilganman. Bolaligimda u yerlarning so’limligini, go’zalligini idrok qilolmas, qadru qiymatini ham bilmasdim. Ulg’ayib aqlim to’lishgach, otam-onam kim, yaqinlarim kim – tanidim. O’smir qalbimda orzularim, istaklarim mo’l edi. Tevaragimdagi kishilar mehnat bilan band ekanlar, uylardagi pechkalarda tut o’tinlar chirsillab yonar, shamollar har yonni buzib esar, atrofni bahorda yoqilgan xazonlarning islari yangi kurtak va chopilgan yer hidlariga qo’shilib tutib ketar… hamma shu hayotidan rozi bo’lsa-da, yulduzlar uchgan kechalarda, g’oyat uzoq bepoyon osmon ostida uyqu kelmasdan yotib, g’alati savollar ham aqlga kelaverardi. U mahallar dunyoda hamma bir xil deb o’ylaganlarimiz ham esimda. Keyinchalik bilsam, o’zbek deb atalgan xalqqa mansub ekanman, o’zbek tilida o’ylar, gapirar, vujudimni o’zbek degan bir mazmun to’ldirgan ekan.Tangri taolo shu xalq ichida yaralishimni ixtiyor qilibdi, abadiy muz o’lkalarida yoki abadiy jaziramalarda dunyoga keltirganida nima bo’lardi, deb ham o’ylab qolaman. Bular aslida shukr qilish uchun bir sababdir, biroq, umr ham bepoyon va so’ngsizday tuyulardi-da. Goho shu bepoyonlik aro kun kechirish dardida daydib-sanqib yurganday, aslida juda muhim bir ishni bajarishim keragu ammo u ish nimaligini bilmaydiganday taassurotlar ham uyg’onardi, albatta. O’zlikni anglash dedik, ammo anglashila borgani sayin savollar ko’payishini ko’ryapsizmi? Men shafaq yog’dusidan zavqlanaman, bolasi o’lib qolgan otning ko’zidagi yoshni ko’rib achinaman, bitta yaproqqa joylab qo’yilgan ranglardan va u botindagi qudratdan aqlim shoshadi, kimningdir dardidan iztirob chekaman, quvonchiga sherik bo’laman… shu bilan birga, bu his-tuyg’ularimning nimaga keragi bor deb ham o’ylayman.
Bola o’zining Inson ekanini anglab yetishi uchun ancha yillar kerak bo’lar ekan. Tevarakdagi hamma narsa o’ziga bo’ysunib-xizmat qilib turganini ko’rish va anglash kishini g’alati shavqlarga to’ldirib yuboradi. Lekin insonlikni anglash yanada ko’proq savollarni hosil qilaveradi. Har narsa ongga xitob qiladi, u xitobni eshita olish kerak. Goho juda ko’p narsalar qarshisida aql ojizligini ko’rib shoshgan paytlarim bo’lgan. Biz inson o’zligini anglab yetishi uchun avvalo vatan, millat, xalq nimaligini anglab olishi zarur deb gapirishni xush ko’ramiz, menimcha, bular – o’zlikni anglash yo’lining boshlanishi bo’lsa kerak. Davomida yana ancha-muncha hikmatlar turibdi. Shulardan biri – har insonning sira takrorlanmas, g’oyat ulug’ hodisa bo’lib dunyoga kelishidir. Yana ancha-muncha gaplarni aytsam bo’lardi, lekin adabiyot deganlari aslida mana shu savolga javob tarzidagi minglab jild kitoblar ekani aqlimga kelgach, ularni muxtasar qilib bo’lmasligi uchun tiyila qolaylik.
2. Baxt deganda nimani tushunasiz?
U juda o’zgaruvchan, muvaqqat va oz yashaydigan hodisa. Shafaq yallig’i haqida gapirdik-ku? Masalan, otasi holva olib bergan boladan baxtliroq kim bor? Lekin u baxt holva tugashi yoki bola biroz ulg’ayishi bilan yo’qolib ketadi va holva baxt tuyg’usini tashimay qo’yadi. Endi u kimnidir yoqtirib qolgan bo’lsa, o’shani o’ylayveradi, “biz baxtli bo’lamiz” deb xatlar yozadi. Yanada yoshi kattaroq bir kishi “Uyim-elim tinch, ustim but, hamma sog’-salomat, mana shu baxt-da” deyishi mumkin. Ammo qorong’i kechada ko’kka ko’z tikib yotar ekan, mana shu oqilona baxt ichida ham umri haqida taassuf bilan o’ylagan qancha kishi bor? Aql aytgan baxt bilan his aytgan baxt orasida allaqancha tafovut mavjud, aql aytgan baxt mushohada va mantiq orqali topilsa-da, his paydo qilmaydi, ozurda bir kishidan “Qara, falon-falon sabablarga ko’ra baxtlimasmisan” deb so’rasak, aytganlarimizni mushohada qilib ko’rib “Ha, to’g’ri” deydi, ammo bu – baxtdan ko’ra shukrga yaqinroq bir holat. Inson doimo baxt degan tutqich bermastuyg’uga intilib, talpinib yashaydi.
Men aytardimki, umumiy va xususiy baxt bor. Umumiy baxt bo’lgandagina xususiy baxt mavjud bo’la oladi. Masalan, el tinch, yurt osoyishta, kishilar o’zlari istagani kabi hayot kechirayotir, bolalar katta bo’lishmoqda, hayot to’kin – bu umumiy baxt. Mana shuning orasida xususiy baxt tuyg’usi yulduz misol porlab-so’nib turadi, shekilli. Goh sevimli oila davrasida bolalari bilan rosa o’ynab charchagach, jilmayib yostiqqa yonboshlagan otaning yuzida, go’dagini bag’riga bosgan onada, suygani bir jilmayib qarab qo’ygan oshiqda… shu singari minglab baxtlarni ko’ra boshlaymiz. Uzoqlarda bir qancha yillar yura-yura, nihoyat ona yurtiga qadami yetgan odamning baxti ham o’ziga xos. Sog’inchlar, intizorliklar, orzular, ilinjlar, hatto o’kinch va afsuslar ortida bitta mantiqiy xulosa turibdi, bu – o’zining yashab o’tgan umridan, qilgan ishlaridan qoniqish tuyg’usidir.
Yana bir nozik nuqta bor bu o’rinda: qoniqish bilan birga, zavq hissi ham bo’lishi kerak. Bir kuni bir qancha ajnabiy sayyoh o’lkamizni kezgani keladi. O’zbek qishloqlarini ham ko’rmoqchi bo’lishadi. Yo’lboshlovchi yigit ularni xomushlanib, g’ashlanib olib yuradi. Manzaralar g’oyatda oddiy: ro’mol o’rab olgan yosh-yosh qizchalar suv tashimoqda, odamlar yumush bilan band, bedazorlar nihoyasidan quyosh ko’tarilib kelmoqda. Bir oz aylanib-aylanmasidan, yo’lboshlovchi sayyohlarni ortiga qaytarib yuboradi. “Nimaga unday qildingiz” deb so’rashadi qolganlar. “Qizg’andim”, deydi yigit. “Shu teraklarimga, suvlarimga, yo’llarimga, manzaralarimga yot nazar tushishini xoxlamadim. Ular naqadar ajoyib, ammo ko’chalarda sanqib yurgan yot kishilar qaydan ham bilsin? Bilsa ham qadriga yetarmidi, men singari zavqlanarmidi, yaxshi ko’rarmidi?”
3. Iste’dod va imkoniyat: qay biri muhim?
Iste’dod g’oyatda ko’lamli hodisa, u o’z vaqtida anglab yetilishi zarur. Hatto, xalq o’z davrining ehtiyojlariga ko’ra turli-tuman iste’dodlarni paydo qilarmikin deb ham o’ylab qolaman. Masalan, Navoiy, Mashrab bobo kabi avliyo zotlarning dunyoga kelishida ham anglash mushkul bir hikmat bormidi? Ya’ni, u zotlar o’z hollaricha dunyoga kelib yashab yurgan edilaru iste’dodlari mavj uravergach, allaqancha she’riy asarlarini yozib qoldirdilarmi? Yo’q, unday emas, bu – juda yuzaki taassurot. Balki o’sha kishilarning aynan o’sha mahalda dunyoga kelishi Xudoning bir inoyatidir? Davrlar va iste’dodlarning dunyoga kelish mantig’ini anglashga aql yetarmikin?
Juda ko’pchilik to’kin hayot kechirishni istaydi. Dasturxonimda hamma narsa yetarli, imoratim chiroyli, o’zimni qadru qimmatim baland bo’lsin, deydi. His esa imonga aylanib qichqira boshlaydi. Sen dunyoga to’kin bir dasturxondan yeb-ichgani keldingmi? “Odam boshqalarga yordami tegishi uchun keladi” deydi bir daraja yuqoriroq fikrlovchi boshqa bir kishi. Ha, to’g’ri, ammo Tangri taolo insonlarni bir-biriga ko’maklashishi uchungina yaratganmikin?
Demakki, yanada ulkanroq bir mohiyat bor. Iste’dod o’sha mohiyatni ilg’ay oladigan shaxs. Men hatto har kishida ayri bir iste’dod bor deb aytgan ham bo’lardim. Bir paytlar tog’ oralarida botayotgan quyoshga qarab yum-yum yig’layotgan keksaroq bir kishini ko’rgan edim. Tabiiyki, “Nega yig’layapsiz?” deb so’radim.“Bilmadim”, dedi u. “Shu shafaqqa qarab turib, ichimda tushunib bo’lmas hislar uyg’onib ketdi, yuragim anduhga to’ldi, o’z-o’zimdan, hech uyalmay-netmay yig’lagim keldi”. U odam ichidagi chirpirak tuyg’ularini tiliga chiqarolmadi, xolos. Hatto, sizu biz ko’rmagan narsalarni ko’rgan bo’lishi ham mumkin.
Iste’dodni yashirin narsalarni his eta olish qobiliyati desak, mohiyati xiyla aniqlashadi. Har narsa nuqul aqldan iborat bo’lsaydi, hayot juda jo’nlashgan, ko’rkini yo’qotgan bo’lardi. Aql ko’rgan va bilgan narsalariga tayangan holida xulosa chiqarsa, qalb ham o’ziga yarasha xulosa chiqaradi, shu bilan aqlning ovozini yo quvvatlantiradi, yo o’chirib yuboradi. Hissiyot haqida gap ketganida iljayib qo’yadiganlarga shuni ham aytgan bo’lardim: mehr tuyg’umi yo aqldan keladimi? Bolangga sevging aqlmi, hismi? Tug’ilib o’sgan ota uyingga sevging aqldanmi, hisdanmi? Haqiqatan ham, ota uyim meni turli xatarlardan asragani, qishda sovuqdan, yozda issiqdan saqlagani uchun yaxshi ko’raman, desa birov ishonarmidi? Ancha voqealarni boshdan kechirgani va u uy o’shalarning timsoliga aylangani uchun ham azizroq.
Demakki, mana shu narsalarning bari iste’dodga taalluqli ekan, uni izhor qila olishni imkoniyat deb atay qolaylik. Ichida turli o’ylar charx urgan, o’qish-yozishni bilmaydigan soqov kishi imkoniyatsizdir, ammo iste’dodsiz deb bo’lmaydi. Demak, iste’dodning o’zi ham yashirin bir narsadir. Ochiq-yaqqol ko’rinib turgan mohiyatlarni ko’ra olish uchun yashirin narsaga qanaqasiga ehtiyoj bo’lsin? Yashirin ekanligidan chiqadigan xulosa shuki, demak, u yashirin bir mohiyatni ilg’ay oladi. Uni bayon qila olganlar imkoniyatga ega bo’lishni istashdan ham ko’ra, uni tom o’laroq namoyon qila olish uchun urinadilar. “Menga zarilmidi?” deydi bir iste’dod, she’rlari yozilgan qog’ozni g’ijimlab otib, ozorlanib. “El qatori yashasam bo’lmasmidi?” Haqiqatan ham, juda ko’p iste’dodli kishilarning o’z iste’dodidan ozor chekkanini ham ko’ramiz.
Demak, bugun biz iste’dodli deb bilganimiz yoki iste’dodi bor deya umid qilganimiz ancha-muncha kishilardan tashqari, yana minglab insonlar borki, iste’dodini yo yashiradi, yo izhor qilolmaydi, yo shubhalanib yuradi. U iste’dodlardan biz ham bexabarmiz, shu sababli qanaqa qobiliyat egasi ekanini bilolmaymiz. Lekin, o’sha yashirin narsa kuch-quvvat beradi. Masalan, bir mamlakatning o’tgan asrlardagi eng oliy tabaqasiga mansub bir zot to’satdan hamma narsani tark etadi-da, surat chiza boshlaydi. Aqli aytadiki, bu yumushing sira keraksiz. O’zi (ruhi) aytadiki, shuni qilmasam, o’laman!
Bu bor gap. Men faqat Gogen degan mashhur rassom hayotidan misol keltirganim holda, o’zimizda ham turli jabhalarda xiyla obro’-e’tibor qozongan kishilarning o’z sohalaridan anchayin uzoq bo’lgan boshqa ilmlarga intilganini ko’ramiz. Kimdir nabotot ilmiga qiziqadi, uni shu darajada o’qib-o’rganadiki, bir olimdan kam bo’lmaydi. Yoki kimdir fazo ilmiga, san’atga, adabiyotga va hokazo. Yashirin iste’dodi o’zining izhor etilishini istab, uni tinch qo’ymaydi. Demakki, iste’dod o’ziga qiymat berilishini yoki kashf etilishini istaydi. Har kim kabi oddiygina bo’lsaydi, qanoatlanib yuraverardi. O’zidan shubhalanadi, nimagadir men mana shunaqa narsalarga ishqivozman, ichimda benihoya kuchli bir intilish bor, shuni qilmasam, hayotim kemtik, o’zim baxtsiz bo’lib qolaman, deydi.
Shafaqqa termilib g’ussaga cho’mgan kishining ko’z yoshlari haqida gapirdik. U odamning yig’isi toza, musaffo, o’tgan ajoyib damlarini eslab-qo’msab, “Ey voh, qanday yigit edim, endi o’zim ham shu quyosh kabi ufq ortiga botib ketmoqdaman” deganday tuyg’ular ta’sirida bo’lishi mumkin. U o’kinch yig’isi bo’lsa, o’lim qurolini ixtiro qilgan yana bir iste’dod umrining oxirida “Men imonli kishi bo’laturib juda qattiq xato qildim, kishilar boshiga musibat keltiradigan qurolni yaratib qo’ydim” deb qayg’uga cho’madi. Millionlab kishilar bir ovozdan “Yo’q, ayb aslo sizdamas, u qurolni ishlatadigan kishida” deb taskin berishga urinishsa-da, tazarrusini qo’ymaydi, “Nima qilib qo’ydim?” deya nadomat chekadi.
Iste’dod ham kuch, uni yanglish tomonlarga yo’naltirib bo’lmaydi.
Yuzakiroq qaralganida esa, imkoniyatni yaratilgan asarni e’lon qila olish desak ham bo’ladi. To’g’riku-ya, lekin u mahsulni e’lon qilishdan murod “mening idrokimga qiymat bering” degan da’vodir. Bu yerda mavhumlik bor. Kishilar baho berishi ham mumkin, bermasligi ham. Rangtasvir san’atining daholaridan biri – Sal`vador Dali o’z iste’dodiga aniq ishongan edi. Lekin, ishonmaganlar ham bor. Iste’dodni yo’lga sola olish, namoyon qila olish ham kerak. Men aytardimki, bizning g’alati, odamni xavotirga soladigan bir o’ksikligimiz bor. Talay iste’dodlarimiz olamga mashhur bo’lishga yetarli quvvatga ega. Ammo g’oyat uzoq vaqt etgan zulm o’z qilg’iligini allaqachon qilib bo’ldi-da. Hali yozilmasdan turgan bir asardan, o’z asaridan, o’z izhoridan cho’chish hissi ham bor, har doim “etarlicha tugal emas” deb o’ylayveradi. Shu sababli, iste’dodidan iymanadi ham.
Yana shuni ham aytardimki, kishilarning o’z-o’ziga ishonchi va g’ururi tiklanayotgan mahal hozir. U ishonchni, u g’ururni avaylash kerak, sindirib qo’yish xavfi bor. Nekbinroq bo’laylik, bu g’oyatda qadimiy va mustahkam xalq, qora kunlari ham, yorug’ kunlari ham, yaxshisiyam, yomoniyam bor – ammo benihoya ulkan, yashirin bir qudratga ega bu xalq. Beruniylarni, ibn Sinolarni, Navoiylarni, Ulug’beklarni dunyoga keltiribdi, aqlu idroki ulardan ham quvvatliroq zotlarni yana dunyoga keltirsa ne ajab?
4. Ijodkorning jamiyatdagi o’rni qanday bo’lishi kerak deb o’ylaysiz?
Har doim ham baland bo’lgan-ku? Ijodkor tushunchasi xiyla kengroq. Iqtisodning, siyosatning, boshqa har xil sohalarning ham o’z ijodkorlari bor, ular o’sha sohaning iste’dodlaridir. Ular bo’lmasa, taraqqiyot bo’larmidi? Farqi shundaki, badiiy san’at moddiy mahsul yaratmaydi. U faqat his paydo qiladi. His haqida sal oldin gapirdik-ku, insonga insonligini bildirib turadigan narsa aynan shu deya. Yana isbot keltirishim mumkin. Bir odam ayolini juda sevadi va ehtiyotlaydi deylik.Aqli aytadiki, u bor-yo’g’i bir xotin, vazifasi falon-falon, nuqsonlari ham anchagina va hokazo. His aytadiki, u takrorlanmas, dunyoda undan o’zga xush va suyimli hech kim yo’q. Yoki onasini g’oyatda e’zozlaydi. Aql aytadiki, sen yashirin, maxfiy dargohlardan dunyoga kelding, bu ayoldan bo’lmasa, boshqasidan tug’ilar eding. His aytadiki, yo’q, u onalarning eng ulug’i va mo»tabaridir. Qay biri to’g’ri? Shu ma’nodan qarasak, hisning imonga yaqinroq ekanini ko’rmoqdamiz. San’at kishilarning mana shunga o’xshash xususiyatlarini ko’rsatib beradi, odamlarda shon, sharaf, g’urur, zavq, o’ksinish, insof va fikr paydo qiladigan holatlarni ko’rsatadi. Har sohaning o’z o’rni bor, ammo san’ating boqiyligi aynan mana shundaki, davrlar, texnologiyalar o’zgargani bilan tuyg’ular o’zgarmaydi, sababi – inson qalbi abadiy bo’lgani bois, texnologiyalar, kashfiyotlar, tizimlarning bari kun kelib eskiradi, ammo hislar abadiyatga daxldorligicha, sira eskirmasdan qolaveradi.
Demak, san’at ana shu kashfiyotlarning, texnologiyalarning johillar va yeb-ichish dardidagi kishilarning qo’lida o’yinchoqqa aylanib qolmasligi uchun mavjuddir. Ya’ni insonga Insonligini namoyon etishga, g’oyat yuksak va sharafli zot ekanini uqtirishga urinaveradi. Ayni shu sababli ham millatchilik, ayirmachilik, mahdudlik, manfaatparastlik, dunyoparastlik, olchoqlik, pastkashlik… boringki, imonga neki yot bo’lsa, unga ham yotdir. Demakki, san’atga daxldor asar yarataman degan kishi nafaqat o’zini anglab olishi, balki o’zi mansub millatning, xalqning, qolaversa, inson bolalari deb ataladigan jami tiriklikning dardu iztiroblaridan, o’kinchu armonlaridan, qiziqish va intilishlaridan boxabar bo’lishi va turgan gapki, iste’dodi va bilimlari yorug’ida kelajagini ham taxmin etib ko’rishga qodir bir kishi bo’lishi kerak.
5. Yozganlaringizning hammasi rostmi?
Adabiy haqiqatlar bilan hayotiy haqiqatlar orasida katta tafovut bor. Ota uyini esga oldik, vaholanki, o’smir katta bo’lgan uy vaqt o’tishi bilan xiyla eskirgan, suvoqlari to’kilgan, hatto cho’kib, ko’rimsiz bir ahvolga kelgan bo’lishi mumkin. Bizlar uchun u uyning qay tuproqdan, qay yog’ochdan tiklangani muhimmi yoki kim tiklagani, qay tarz tiklagani va u uyda sodir bo’lgan, umr o’tishi bilan qadru qiymat kasb etgan turli-tuman voqealarmi? Bir adib ota uyi haqida asar yozdi, u uyni favqulodda ta’sirli qilib tasvirladi ham deylik, u asarni mutolaa qilgan boshqa bir kishi ko’z o’ngida o’sha adib tasvirga olgan imorat gavdalanadimi, yoki o’z ota uyimi?
Masalan, Alisher Navoiyning mashhur “Farhod va Shirin” dostonidagi voqealarni olaylik. Shirin Armaniston podshohining qizi edi, suvga zormidi, yoki u mamlakatning shuncha aholisi va boyligi bo’laturib, Chin mamlakatidan bitta bo’zbola kelib tog’ni teshib suv chiqarib berishini kutib o’tirganmidi? Farhod Chin sultonining o’g’li edi, kelib tog’ni teshib o’tirishiga zarurat bormidi? “Layli va Majnun”ni o’qiganlar “Shu voqea rostdan ham bo’lganmikin” deb qiziqishadi. Rostmi-yolg’onmi deb qarasak,turli mantiqsizliklarni ko’ramiz. Lekin Hazrat tog’ deganida nafs tog’ini, suv deganda imon suvini nazarda tutganini hamda har narsani timsol duriga aylantirib, ko’p qirrali qilib taqdim etganini o’ylasak, hamma narsa oydinlashib, ajoyib san’atning jilvalarini ko’ra boshlaymiz. Ilk taassurotlarimiz uning yorug’ida erib-yo’qolib ketadi va biz istagan haqiqat akslana boshlaydi.
Bunday misollarni istaganimizcha keltira olamiz. Qodiriy, Cho’lpon, G’afur G’ulom, Oybek, Mirtemir haqiqatlari bor, bizlarni u haqiqatlar jalb etgani uchun ham “Qayda ko’rdi ekan?” deb qiziqamiz-da.
Tevarakni g’oyaviy qichqiriqlar bosib ketgan mahalda hammani lol qoldirib paydo bo’lgan “Dashtu dalalarda”ning qahramoni Polvon-chi? Har tarafda g’oya uchun jon fido qilish targ’ib etilayotgan, dunyoda qurollanish poygasi avjga chiqqan va o’sha poygani qo’llab-quvvatlaydigan kishilar tarbiyalanishi zarur deb uqtirilayotgan bir mahalda, o’shanday rutbaga g’oyatda mos bir odamning jufti haloliga naqadar intizorligini qalamga olgan adibning gaplari… rostmidi?
“Ko’ngil ozodadur”ning nozikta’b qahramoni G’ulom rostdan ham Gulxaniy bilan gaplashganmidi?
“Etakdagi kulba”da chekka bir qishloqning ko’chalariga bir Siniqchi rostdan ham keldimi yo yolg’onmidi?
“Parizod”ning, “Jajman”ning, “Bahoviddinning iti”ning, “To’linoy qissasi”ning, “Adashvoy”ning, “Puankare”ning… mualliflariga ham shu savolni berib
ko’raylik-chi, nima deb javob qilar ekanlar?
Mabodo yurak yutib so’rasak ham, ulug’vor sokinlik ila “Ha, endi, adabiyot shunaqa bo’ladi-da” deb qo’yishlari mumkin.
Meni-ku qo’yavering…
Manba: «Yoshlik» jurnali, 2014,№1.