Isajon Sulton. Oftob chiqdi olamga…& Ibrohim G‘afurov. Yozuvchi, tabiat va tabiiyot

Ashampoo_Snap_2017.12.08_20h25m55s_001_.png   6 апрел — Ёзувчи Исажон Султон туғилган кун

  Ёзувчи кўпроқ болалик зеҳнига мустаҳкам ўрнашган таассуротлар, кечинмалар, фикр шуълалари устида серманзара картиналар чизади. “Ҳар гувалак қисматдан дарак” деб , нарса-ашёлар, кимсалар, воқеалар, қисматларнинг таназзулларини қаламга тортиб боради. Унинг бутун ижодий онгини “Бил ва унутма” деган содда, аммо инсон учун беҳад қимматли сўзлар бошқараётгандек туюлади.

Иброҳим ҒАФУРОВ
ЁЗУВЧИ, ТАБИАТ ВА ТАБИИЁТ
09

Исажон Султон бу – қип-қизил экзистенциализм!

Навоийнинг бир асарида “Ваҳ, қип-қизил қиёмат!” деган хитоб ибораси бор. Шарқона қилиб айтганда, экзистенциализм шундай қип-қизил қиёмат! Борлиқ ичра борлиқлар билан шуғулланади ва ўрганади, оламнинг ўзига хос фалсафасини яратади. Лаҳзаларнинг инсон учун ларзаларга айлана боришини текширади. Албатта ларзалар қуруқ ҳавода эмас, эмпиреяларда эмас, нақ инсон кечинмаларида кечади. Биз билган-билмаган ларзаларнинг бари фақат ва фақат кечинмаларда кечади.

Экзистенциализм йўллари ва фалсафасига шайдо бўлган Исажон Султоннинг юраги ва онг тасаввури шундай ларзали кечинмалардан дунё ва табиатнинг келиб чиқишига назар ташламоқчи бўлади. Ҳар нарсаларнинг ибтидо маншааларига қарашга уринади. Ҳар нарсанинг маншаасини топмокчи бўлади. Сирдарё ёки Амударёнинг қандайлигини билиш учун уларнинг маншааларидан то манбааларигача билиш керак. Шунда яхпит тасаввур пайдо бўлади, дарёлар бор бўй-басти-ю ёввойи қудратлари билан зуҳур этади ва балки ўз сирларини очади. Инсон кечинмалари эса шу азим дарёлар каби доимо ҳаракатда тоғларнинг шиддатларини ҳам, саҳроларнинг азобларини ҳам акс эттиради.

Кечинмалар нималардандир, қайлардандир зоҳир бўлмоқда, юзага чиқмокда ва ёзувчи зовурлардаги қора балиқлар каби қайларгадир йўл олмоқда, йўл-ку қайлардандир келиб қолган ушбу сирли балиқлар учун ахийри тугайди ва йўл тугаганида ва охирига етиб келганида, алам, ўкинч, изтироблардан бошларини зовур тубидаги юмшоқ балчиққа тиқмоқдалар. Йўлиинг тугаши ларза, бошни балчиққа уриш изтироб. Балиқлар кўз ёш тўкади. Шунда ҳайратангиз бир калима сўз туғилади: “Кўзимиз ёшидан дарёнинг сувлари янада кўпайиб тошади…” – дейди балиқлар.

Мана бу сўзга экзистенциализмни дунёга келтирган Хайдеггер хам, Ортега ҳам, Сартр ҳам ҳайратдан ёқа ушлаган бўларди. Балиқлар “бизнинг кўз ёшларимиз дарёларнинг сувларини тўлдиряпти” деб, фақирлар фалсафасининг оталари Антисфен ва Диогеннинг ҳам хаёлига келмаган фавқулодда шоирона бир фикрни билдиряптилар. Худди шу зовурдаги балиқлар дунёнинг боши ва охирини биладигандай. Азалдан уларнинг мияларига шу ғалати фикр мустаҳкамлаб қўйилгандай.

Ваҳ, қизил қиёмат!..

Экзистенциал вақт такрорланмас, тугал ва ўз сифатига эга, худди қисмат каби юзага чиқади, дейди Хайдеггер. Замин пучмоқларида эса қисматдан ортиқ сир-синоат йўқ. Исажон Султоннинг ўта шоиртабиат персонажи – ўн тўрт яшар хаёлчан йигитча зовурнинг қорамтир сувларини ғусса деб атайди. Балиқларни эса олам қисматини сузиб олиб юрувчи деб билади. Бу фавқулодда синчков ва таъсирчан болакай факат экзистенциал улуғ асарларнинг қаҳрамони бўлиш-чун яралгандай. У Исажон Султоннинг ўзи ва санъат жилваланишларига кўра ўзи эмас. Ўзи ва ўзи эмасдан бошқа бир ўзлик олам – олам дарбадари дунёга келади. Бу дарбадар ёзувчининг катта-кичик истисносиз барча асарларида ранг-баранг табиат ҳақида жуда нозик кузатишлар қилиб ва кузатишлар дам сайин шоирона ҳаётий ихтироларга айланиб, Фарғонанинг кўримсиз овлоқ бир қишлоғи тимсолида оламга тимсол келтириб ҳикоятлар айтади. У доим назорада, доим муроқабада, доим хаёл оғушида. Буни рус тилида “созерцание” деб табдил қилишади. Пруст, Афлотун, Навоий, Диоген доимо шундай муроқаба ва назора ҳолатида бўлишган, бу ҳолат уларга қисмат каби ато этилган. Пруст бир сариқ баҳор чечагига, Навоий ўз боғида янги очилган бинафшага шундай соатлаб назора қилиб ўтирарканлар.

Назора… Биз кузатиш деймиз, холос. Кузатиш билан назора тенг эмас. Назора — шоирона оламлар ичига кириш, сариқ гулнинг замири ва гулкосасидаги азал сирни қидириш…

Кузатишнинг энг юксак чўққилари Прустга, Ҳётега, Жеймс Жойсга, Нитшега муяссар бўлган. Назора эса ҳазрат Навоий, Жомий, Саъдий, Ҳофиз, Мансур Ҳаллож мулки тасарруфидир…

Мана, ўсимликлар ва ўзга оламлар мавжудотларини кузатиш фарғоналик ўн тўрт яшар йигитчани ген инженерияси, генлар таълимотига олиб келди. Карам барги тагида ўрмалаб кетаётган кўк ҳашаротни соатлаб кузатиб ўтиришдан толиқмаган бола генлар ҳақидаги назарияларни ўрганиб, ўз халқининг келиб чиқиши ҳақида ҳеч кимнинг хаёлига келмаган кутилмаган илмий хулосалар чиқарди, тарихнинг мантиқий тадрижини топди, “нега шундай бўлган эди” деган саволларга жавобнинг изига тушгандай бўлди. Дунёнинг қандай қурилгани ҳақида ранг-баранг назариялар ва таълимотлар мавжуд. “Генетик” романининг персонажи ўз халқининг қандай қурилганига генетикадан жавоб топди ва Картахенада бутун дунё генетиклари анжуманида маъруза ўқиди. Ҳар қандай инсон, миллати ва ирқидан қатъий назар, азал бир истеъдод билан туғилади ва ҳамма гап, ҳаётнинг бутун маъноси шу азал истеъдодни йўқотиб қўймасликда, маҳв этмасликда, сўндирмаслик ва зулм остида топтаб юбормасликда. Ўз халқининг қонида ҳам мана шундай азал истеъдод генлари бойлиги ва улар парвариш топганида халқ орасидан барча замонларда пайдар-пай истеъдодлар чиқишини илмий тарзда далиллаб берди.

Ўсимлик ўзининг ўсимлик эканлигини биладими?

Ўсимлик дунёнинг қандай қурилганлигидан хабардорми, унинг алкалоидларига азап яшаш ва сақланиш ҳақиқатлари битиб қўйилганми?

Ashampoo_Snap_2016.11.24_21h54m30s_002_.pngКим ҳозир бу каби қонуний саволларга жавоб бера олади? Исажон Султон шундай саволларни қўяди ва улар устида узоқ хаёллар суради. Исажон барча асарларида инсон ва табиат бир-биридан ажралмас, улар коинот чексизликларида яхлит ва бир бутунликни ташкил этади, борлиқ бу – яхлитлик, демоқчи бўлади. Инсон борлиқда иҳоталанмаган. У бениҳоя нозик аъзо, нозик ҳужайралардан бино бўлган. Самонинг чексизлиги уни қўрқитади. Қўрқинч бутун вужуди, ҳиссиётлари, кечинмалари, фикрлаш тарзларини қамраб олади. Уни фақат АҚЛ ва ЖОН муҳофаза қилади. Ҳар қандай бало-қазо, офатлардан сақлайди. ”Қўриқчи”, “Шамолли кеча”, “Мансуб-1984”, “Соғинч”, “Озор”, “Фаришта”, “Хазинабон”, “София”, Сувдаги коса”, “Атомлар музейида”, “Қисмат”, “Боғи Эрам ҳикоялари”, барча қиссалари ва романларида инсон ва тўфон, қўрқув ва умид, зарурат ва адолат бадиий тасвир маконларига тортилади. Ва бунда шоироналик наср билан, наср шоироналик билан оғушта келади. Ёзувчи кўпроқ болалик зеҳнига мустаҳкам ўрнашган таассуротлар, кечинмалар, фикр шуълалари устида серманзара картиналар чизади. “Ҳар гувалак қисматдан дарак” деб , нарса-ашёлар, кимсалар, воқеалар, қисматларнинг таназзулларини қаламга тортиб боради. Унинг бутун ижодий онгини “Бил ва унутма” деган содда, аммо инсон учун беҳад қимматли сўзлар бошқараётгандек туюлади. Илм-фанга маълум нарсалар шоирона қобиққа солиб айтилаётганга ўхшайди. Маълум нарсалар поэзиясими? Абсурд нарсалар ҳам поэзия каби қабул қилинмаяптими? Тапқинлар эса ундан ҳам абсурдлашиб кетмаяптими? Қиш совуқ, Ёз иссиқ, Нон ризқ. Неча такрорланмасин, бу каби нарсалар ўз ҳақиқатини йўқотмайди. Ўргимчакни кузатиш, арилар, қушлар, дарахтлар, ўт-ўланлар, шамоллар, ёмғирлар, тўфонлар… ҳаммаси боланинг романтик хаёллари ичида ва барчасида синчков бир фалсафа… болалик ҳавасларининг уйғониши ва буларни тасвир жозибаси билан кашф этиш…

Тасвир жозибаси! Унинг теранликларида ҳаёт ва ҳақиқат жозибаси ётгандагина қудратли бадиият ҳодисасига айланади. Исажон Султон ёзувчи сифатида шу йўсин ва йўналишни маҳкам тутган ва ўз танлаган бадиият йўлидан эҳтишом билан одимламоқда. Одамлар эндиликда ҳеч нарсадан ҳайратланмай қўйди. Уларни ҳайратга солиш жуда қийин. Ўйин машғулотлари беҳад кўпайган ва бу урчиган ўйинлар бутун хаёлларини банд этган. Аммо куч ва эзгулик барча замонларда ҳам кечинмалар калаваси ва пилдироғи бўлмиш инсонни ҳануз ҳайратга солади. “Ақлга юз ҳайрат ул ойнинг ичу тошиндадур”… Навоий яратилиш ва яралиш нақшларидан ҳайрат инсон, яъни демак, АҚЛ учун тугамайди, Масиҳни ҳам юз ҳайратга солган нарса шу – Яратган ва унинг яралмишлари, дейди. Бизга ҳозир маълум бўлган нарсадан эртага ҳайратомуз ҳодисалар бунёд бўлади. Ва мангу ҳаётнинг чархпалаги ҳеч қачон янгилик ва кашфиётлар қилишдан тўхтамайди.

Ичимиздаги яхшиликнинг нури ҳамиша ҳайратланарлидир.

Ваҳ, қизил қиёмат!
Ана, сўзнинг ҳолини кўринг!..

2017 йил 22 март

Манба: «Исажон Султон насри бадиияти» китобидан, 2017.

Исажон СУЛТОН
ОФТОБ ЧИҚДИ ОЛАМГА
09

Исажон Султонов 1967 йил 6 апрелда Фарғона вилояти, Риштон туманининг Авазбой қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1990). «Муножот», «Ойдинбулоқ», «Озод», «Боқий дарбадар», «Боғи Эрам» ва бошқа бир қатор китоблари нашр этилган.

Жаваҳарлаъл Нерунинг «Ҳиндистон» китобининг «Бобур» қисмини, Д. Буццати, Р. Акутагава, У. Сайфиддин ва бошқа кўплаб жаҳон адабиёти вакилларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

09

Урумбай-Ахунов.-Будни-кишлака.-1962.jpgКун чиқди, кундуз ёйилди. Ўткир қизғиш нури айвонда ухлаётган болакайнинг юзига тушиб, кўрпани бошига тортиб олди. Уйқу жуда ширин эди-да, кўзларини очгиси, ажойиб лаззат оғушидан чиққиси келмасди. Нур юзига тушганида қароқлари юмуқ бўлса ҳам кўз олди қизғиш-сарғиш тусда ёришди. “Қуёшга сув остидан қараса шунақа кўринади”, деб ўйлади ва уйқу ўз оғушига тортиб, ростдан ҳам ўзини сув остида кўрди. Бу бола тиниқ сувларда эмас, қишлоқ болалари “дим” деб атайдиган, катта зовурларнинг бўтана чуқурларида чўмилиб улғайган эди, ҳақиқатан ҳам, лойқа сув остидан қараса, шунақа кўринар экан. Яшил йўсинлар чайқалди. Исиган сув вужудга хуш ёқди, оламга эса ёқимли кундуз ёйила бошлади.

Кейин ўзини яна айвонда кўрди. Тушми, ҳушми, билиш қийин эди. Бўғотдаги мусича ку-кулаб тинмасди. ўарқ пишган жўхоризорлар узра “пирр” этиб чумчуқ галаси учиб ўтди. Оқ булутлар остида қалдирғоч еларди. Туш бўлса керак, чунки шу осмон остидаю ер устида ўзи тенги бир болакай тойчоқдай ўйноқлаб чопиб, ҳар қадамига мослаб қичқирарди:

– Офтоб… – деганида қорайган товони қумни тўзғитди.

– Чиқди… – деди бир сакраб, бир томони қизил, бир томони сариқ шафтолини узиб олиб.

Кейин уни ярмигача тишлаб, даҳанидан ширали сувини оқизиб:

– Оламга… – деганида, ёруғ оламни шу сўзлар тутиб кетди.

– Офтоб чиқди оламга! – чириллашди узуноёқ, узунмўйлов чигирткалар сакрашиб.

– Офтоб чиқди оламга! – дейишди шаффоф қанотли ниначилар “дирр” этиб учиб кетишар экан.

Бу жуда ажойиб, завқли манзара эди. Бироқ уйқунинг ширин хаёлотларини кеткизиб, туйқусдан холанинг чийиллоқ овози янгради:

– Ҳой бола, неча марта айтаман сенга? Тур, офтоб ёйилиб кетди!

Бир амаллаб кўзларини очсаям, киприклари яна ёпишиб қолаверди. Уйқусираб ўрнида бир оз ўтирди-да, кейин маккажўхорилар ўсган йўлакдан этакдаги тераклар остига – ариқ бўйига йўналди. Бу ерда ўтлар қалин ўсган, тиниқ сув шарқираб оқарди. Қўлини ургиси келмай, чўнқайган ҳолида мудраб-мудраб, ниҳоят бетини ювди.

Ҳа, кундуз оламга ёйилибди.

Офтоб чиқаётганида қизил, кейин сариқ бўлади. Роса қизиб кетганида оқаради. Умуман, офтоб эрталаблари унча иссиқ бўлмайди. Тепага етгунича қизиб олади. Шомга етганида совиб, яна қора тун қаърига кириб кетади.

Кун исибди. Хаслар устида чивинлар визиллай бошлашибди. Ер қизибди. Чумолилар ризқ излагани чиқишибди.

Тупроқ йўлакдан маккажўхорилар оралаб ҳовлига қайтар экан, айвонда кўк кўйлакли биров ўтирганини кўрди. Ия! Онаизор келдимикан? Онги равшанлашиб, мурғак қалбида қувонч пайдо бўлди. Қадамини тезлатди.

Йўқ, онаизор келмабди. Кўк кўйлак холаники экан. Хола, яъни кенг кўк гулли кўйлак ки­йиб олган озғин жавроқи хотин саҳарлаб ҳовли-кўчани супуриб, мол-қўйни саранжомлаб, кичик айвонда хамир қорибди. Муштлай-муштлай қўллари ҳорибди, думалоқлаган экан, қўзичоқ қорнидай келадиган хамир ҳосил бўлибди. Кафти билан уриб-уриб, устига эски дастурхонни ёпиб, тўшак билан ўраб қўйибди. Хамир уч-тўрт соатда кўпчийди. Кейин зувала ясаса бўлади.

Боланинг кўз олдига ҳар ер-ҳар ери қизариб-пўрсиллаб пишган, ҳидию тафти ёқимли кулчалар келди. Қайноқ маҳали сувга ботириб еса жуда мазали бўлади. Сув теккан жойлари совиган, тегмаган жойи қайноқ, тиш орасида қирсиллаб тандир чўғи, ўтин ва тутун иси аралаш ажойиб таъм ҳосил қилади… Кулча егиси келиб:

– Хола-хола, кулча бер…

Хола унга қарамасдан ишида давом этар экан, тўнғиллади:

– Ҳамма иш битта ўзимгами, баринг нон-нон дейсан? Егинг келса, бор, ўтин териб кел!

Болакай итоат билан уй ортидаги чакалакзорга ўтди.

Бу ер қаровсиз эди. Бултурги қуруқ шохларни шамол синдириб кетибди. Ҳозир кичигию каттаси уйқашиб ётарди. Бола баъзиларини шундоқ саранжомлади, баъзилари узун, қайишқоқ экан, оёқчалари билан босиб, қўли билан қайириб синдирди. Шу тариқа бир уюм ўтин тўплади.

Ўтинларини қучоқлаб кўтариб, тандир олдига олиб келиб ташлади.

* * *

Офтоб оқаргани сайин тандир ҳам оқарди. Қип-қизил қўр устини аста-секин кул қоплади. Хола косов билан чўғларни уйди. Кейин ҳарсиллаб нон ёпа бошлади.

Холанинг болалари ҳалиям ухлаб ётишарди. Боягина қўрсроқ муомала қилган хола ўзининг болаларини шундай уйғотди:

– Ҳув-в болажонлар! Туринглару-ув, нон ­пишяпти!

– Туринглар, жон болаларим!

Холанинг болалари ҳам бирин-кетин туришиб, бет-қўлини ювмасдан келиб олишди.

Болалар тандир олдидан кетмас эдилар. Хола ҳарсиллай-ҳарсиллай, енгча билан нонларни узиб саватга ташлайверди. Иссиққа қарамай саватдан ҳовур кўтариларди. Узиб бўлгач, ўзининг болаларига элакдай-элакдай патирларидан берди. Навбат болакайга келганида эса хўмрайиб, енгча учида тирноқдай кулча узатди.

– Ма, еб ол сен ҳам!

* * *

Бу – оқ юзли, икки бетида кулгичи бор, қоп-қора кўзлари ўйчан болакай, онасининг ёлғиз ёдгори эди. Она шўрлик, биринчи турмуши бўлмагач, кўзининг оқу қорасини синглисига қолдириб олис қишлоққа эрга тегиб кетган, ҳар замонда кўргани келганида туршак, қурут олиб келарди. Қурутлари шўр, ўриклари катта-катта, таъми бемаза эди. Ҳар ҳолда олис­қишлоқда ҳам турмуши яхши эмас, шекилли, баттар озиб-тўзиб кетган, ўтириб нолий-нолий, ниҳоят жўнаб кетарди.

Яхши бола эди-да… Онасига ичикар, онасининг меҳнатда қаварган дағал қўлларини бетига босиб, кўзларини юмиб-юмиб, роҳатланиб-роҳатланиб суйканиб оларди.

Нигоҳи жуда ўткир эди, ҳар нарсани кўрарди. Арининг қанотини кўтариб кетаётган чумолининг митти кўзига тикиларди. Думини узиб қочган калтакесакнинг думи ўсиб чиқишини кутарди. Ҳавода ўлжа талашиб уришган зағчаларга куларди: ер тўла емиш-ку, нега уришасан…

Яна, ўргимчакни алдарди. Кичкина хас олиб тўрига ташласа, ҳашарот шоша-пиша ўлжа сари ўрмалашини кўриб эсипастлигидан куларди. Ўтлар орасига тушиб чириган беҳи ҳолваси ширинлигини, ўрик танасидаги шаффоф ғўддани еса бўлишини, аммо шафтоли ғўддасини еб бўлмаслигиниям биларди.

Ер чўғдай қизиб, осмон ҳам тандирдай оқариб қолди.

Офтоб… Қақроқ ер… Ланғиллаган тандир, чакалакдаги ўтинлар… Бояги оҳанг ҳали хаёлида эди, шуларнинг барини бир онда кўриб тураркан, ҳозиргина рўй берган воқеалару ҳодисалар бирин-кетин сўзларга айланиб, ўша оҳангга мос тизила бошлади.

* * *

Бола боя келган йўлига қайтиб, уй ортига, чакалакзорга ўтди. Тирноқкулчаси ҳалиям қўлида эди. Жуда ширин туюлса-да, емай ўтирди. Усти қизариб пишибди, ости янада берч, жигарранг, ўртасидаги қайноқ хамири ҳали юмшоқ, тафти кетмабди.

Боя тушу ҳуш орасида янграган ёқимли овозни ким билан бўлишишни билмади. Холанинг болалари у билан ўйнашмас, “етимча” дейишарди. Хола ҳам яхши муомала қилавермас, холанинг эри – баланд бўйли, чўтир қора киши эса ҳеч гапирмасди.

Зағчалар уришишни бас қилиб, сал наридан қинғайиб қараб туришарди. Беҳи шохига шовқин солиб узун думли олаҳакка келиб қўндию сариқ жоҳил кўзларини тикиб тек тураверди.

Олаҳакка гапга тушунади, ҳатто сўзларни ёдлаб олиши ҳам мумкин.

– Ҳой, бу ёққа кел, – деди унга.

Қуш кўзларини олайтириб ҳаккалаб келди-да, ҳайиқиб сал нарида тўхтади.

– Сенга айтаман, – деди бола. – Ёдлаб ол, бўптими?

Офтоб чиқди оламга
Югуриб бордим холамга.

Наздида олаҳакка буни ёдлаб олди-да, қанотларини тапиллатиб шовқин солиб учиб кетди.

Асаларилар визиллаб учишарди. Майда капалаклар ҳам. Қоқ тепада бир калхат қанот қоқмай айланарди. Боя эрталаб қўшни тарафга ўтган чумчуқгала яна “гурр” этиб қўнди.

– Хола-хола, кулча бер,
Холам айтди: “Ўтин тер!”

Чумчуқгала яна учиб кетди.

Бола кулимсиради.

Ердаги чумолилар тўхтаб, унга қараб туришарди

Чумоли уч турли бўлади. Энг майдаси қумурсқа. Яна бири қизил чумоли, у баҳорда ер тубидан кавлаб чиқиб хирмон ёяди. Яна катта бошли қора чумоли ҳам бор, чақса оғритади. Буларнинг бари Худонинг лашкари, дейди она. Одамдан ортган нарсаларни ташиб, ер бетини тозалаб кетишади…

Ҳаммаси болакайга ҳайрон бўлиб қараб туришарди.

Ўтин тердим бир қучоқ…
Ҳаммага элакча берди,
Менга тирноқча берди…

Чумолилар тирноқдай-тирноқдай ғанакларини кўтариб йўлларида давом этишди.

“Ана, ҳамма билиб олди”, деб ўйлади бола, қониқиш билан. Ҳали булар ҳам болаларига ўргатишса-чи?

Нега ўргатишмасин?

Ҳакка-ю зағча, чумчуғу мусичалар полапонларига айтиб беришади. Чумолилар қиш келганида ер остида болаларига айтиб ўтиришади.

Нима дейишади?

“Бир бола бор экан. Отаси йўқ, онаси узоқда экан. Холасининг қўлида қолган экан. Холанинг болалари “етимча” деб мазахлаб, у билан ўйнашмас, поччаси гаплашмас, хола оғир ишларга буюриб, гоҳида учи ёнган косов билан урар ҳам экан…”

Ўзи оқ юзли, тиниқ нигоҳли болакай экану ким билан гаплашишни билмас экан.

* * *

Ота кириб келди.

– Етимчанг қани?

– Билмасам, қайлардадир юргандир ­анқайиб… Ширин-ширин нонлар ёпдим, ейсизми? – деб сўради хола эридан, меҳрибонлик билан.

– Опкелақол, қорним очди, – деди ота.

– Ун тугади, – деди хола айбдордек, елкасини қисиб.

Ота нон чайнашдан тўхтаб, қовоқ уйиб қараб қолди.

– Қанақасига? Опкелганимга бир ой ҳам бўлмади-ку?

– Тўртта бола, олтита жон, – деди хотин. – Бир еса олтита нон ейди…

Ота анча ўйланиб қолди. Кейин:

– Етимчангни йўқот! – деди қисқа қилиб.

– Қаёққа йўқотаман? – деди бечора хола. – Ўзиниям турмуши яхшимас, эри баттарин чиқди. Қўли косов, сочи супурги бўлиб тиним билмайди, эри бўлса бақиргани бақирган…

– Онасини эмсин бу одамларниям! – деб тўнғиллади ота, дўпписини бир уриб текислаб қайта кияркан. – На каттасида инсоф бор, на кичигида…

Индамади, туриб кетаверди…

* * *

Бола беҳининг бир-бирига айқашиб кетган бужур танаси бўйлаб тепага чиқди-да, тирноқкулчасини рўмолчага ўраб, дарахт ковагига эҳтиётлаб солди. Кейин боя юлиб олгани ўт-ўлан билан ковакни яхшилаб бекитди.

Она… Эҳ, дийдори нондай иссиқ она… Мунча узоқлардасан? Боламга обораман деб қурут ясаяпсанми?

“Бу кулчани сенга опқўйдим, она, — деди бола, хаёлан унга мурожаат қилиб, — келганингда яшириб қўйган жойимдан олиб бераман, мазза қилиб ейсан.

Бу ерда бултурги ёнғоқлар ҳам бор, уларниям сенга опқўйганман. Жийда-ю ўриклар ҳам бор…

Сал вақт ўтсин, мен катта бўламан. Катта бўлсам, уй қураман. Кейин сен келасан. Келасану сира кетмайсан. Сен яшаётган қишлоқ яхши эмас, туршагу қурутлари тахир. Нима қилардинг ўша қишлоққа бориб, ахир, кўзингни ёши доим дувиллаб туради-ку? Мени бағрингга босиб гапирасан-йиғлайсан, гапирасан-йиғлайсан… Сен келгунча мен яхши бир уй қураман, кейин икковимиз ўша уйда яшайверамиз.

У уйга холамниям, уни эриниям, болалариниям киритмаймиз.

Мазза қилиб кулиб-қувнаб ўтирасан. Мен қопларда унлар олиб келаман, сен тандир-тандир нонлар ёпасан.

Қара, бугун роса чиройли офтоб чиқди, тушимда бир қўшиқ эшитдим, уни ҳаммага айтиб ҳам бердим.

Битта сен эшитмадинг…

Офтоб чиқди-ю… сен йўқсан-да, онажон…”

* * *

Кавагига тирноқкулча яшириб қўйилган беҳини холанинг қайнатаси ерга қадаган эди.

Қайнатанинг руҳи ҳозир шу ерда, болакай аҳволини кўриб турарди.

Умуман, уни яхши одам бўлган, дейишади. Новвой эди, нонлар ёпарди. Ҳозир беш яшар болакай урина-урина тирноқкулчасини кавакка бекитганини кўриб озорланарди. Бола қўшиғини у ҳам ёдлаб олди. Ёдлаб олдию чир­қиллай-чирқиллай, мангулик оламларига ўзи билан олиб кетди.

Офтоб чиқди оламга,
Югуриб бордим онамга…

Яна, шу ариқ бўйида бир эпкин ҳам яшар эди.

“Пуф” этиб ялпиз баргларини чайқатиб ўтгани маҳал чумолилар ўша оҳангга мос кетиб бораётганини кўрди. Бир ҳимраниб қўшиқни ўзига сингдириб олақолди. Кейин сув бетига ёйиб юборди. Офтоб нури барглар орасидан сув юзига тушиб кумуш жилвалар ҳосил қилган эди. Оҳанг сув билан бирга оқа-оқа, экинлар бағрига кириб борди. Экинлар у зилолни шимиб-шимиб ичишди. Қўшиқ зироат бағрига ҳам жо бўлди.

Сўнг кучлироқ шамол эсганида эпкинни ҳам ўзига қўшиб, қишлоқ узра турли-туман товушлар аро кўтариб кетди. Шиддати зўрроқ эди, бир эсганида юзлаб қишлоқлар устидан учарди. Қўшиқ ўша қишлоқлар узра ҳам ёйилаверди:

Офтоб чиқди оламга,
Югуриб бордим онамга…

Шу тариқа, воқеадан ҳамма хабар топди. Буни бир холаю унинг семиз-семиз болалари билишмади. Етимча кўринмаётганидан фойдаланиб, сингиб пишган нонлардан яна еб олишди. Ҳадеб еяверишса, қоринлари тўйиб, дўмбирадай қаппайиб кетмасмикин? Ҳа, шундай бўлди. Ортиб қолган нонларни шундоққина ерга ташлаб кетишди.

Худонинг лашкари — чумолилар нон бўлакларини қуршаб, увоқларга бўлиб опкета бошлашди. Лекин, чумолилар бунинг қанақа нон эканини билишмасди. Ачқимтирроқ эди. Бу тахирлик кўпчиб кетган хамир тахирлиги эмас, етимлик таъми эмасмикан? Бироқ чумолилар таъм билармиди? Хуллас, шу нон парчаси қатида ҳам бир олам дарду изтироб борийди:

Ҳаммага элакча берди,
Менга тирноқча берди…

Офтоб чиқди-ю…

Бир онаизор йўқлиги учун шунча нарсанинг таъми ўзгарди. Ҳа, офтоб чиқди, тиккага етиб бориб, қуйига юмалади. Қурту қушдан ҳашаротгача, жон зоти борки, Худо берган ризқини териб-териб еди, биргина болакай кўзига бениҳоя қадрли кўрина бошлаган беҳи кавагидаги тирноқкулчаси олдидан кетмай ўтираверди.

* * *

Бир куни ҳовлимда ухлаб қолибман. Қуёш нури кўзимга тушганида уйқу ширинлик қилиб кўрпани бошимга тортиб олдим. Шунда менинг онгимда ҳам ўша болалик манзаралари уйғонди. Тавба, бир маҳаллар қишлоқ ўсмирлари “дим” деб атайдиган лойқа сувларда чўмилиб ўйнаганимизда, сув остидан қуёш шунақа кўринмасмиди?

Чумчуқгала “гур” этиб қўшни томонга учиб ўтди.

Зағчалар емиш талашиб уришишди.

Қўшнимнинг майкачан боласи қўлида хивич билан йўлаклар узра елиб борар экан, ингичка овозда қўшиқ айта кетди:

Офтоб чиқди оламга,
Югуриб бордим онамга…

Холам айтди…

Тавба… Бирданига юрагим ҳаяжонга тўлди.

Ҳеч ўзимни босолмайман, денг.

“Жоним онам!“ дейману ўпкам тўлади.

Мана, кимдир нон ёпди. Иси теваракни тутди.

Жоним онам! Сен доимо қошимда эдинг. Мен ҳам чопиб бориб сенга суйканишни яхши кўрардим. Қўлингни тафтини ҳалигача соғинаман, эй мадорим, қувватим, оромижоним онам!

Офтоб чиққани маҳалда, тонг пайтида янг­раган бир қувноқ қўшиқ шунча туйғу ҳосил қилади деб ким ўйлабди дейсан?

Ахир, дийдорингни соғиндим-ку, жонимнинг Каъбаси?

Элакдай эмас, тирноқдай меҳрингга ҳам зорман-ку, онагинам!

Бу қуёш, бу табиат, бу фароғату оромлар сенинг бир жилмайиб қарашинггаю рўмолинг остидан чиқиб турган бир-икки оппоқ соч толангга арзимайди.

Ахир, не саодат бу, онаю боланинг ёнма-ён бўлиши!

Тонг саҳар қулоғимга урилган, хаёлимда бениҳоя кўп манзараларни ҳосил қилган у мангу қўшиқ ўзгариб, бахт оҳангларини тарата бошлайди.

Кўзимга ҳеч нима кўринмай қолади. Шошиб-пишиб йўлга отланаман. Хаёл ҳозир қадрдон ота уйимни, нималаргадир уриниб юрган онаизоримни яққол гавдалантиради. Олтмиш олти сўнгагим, етмиш етти томирим она дийдорини қўмсайди.

Мана, оз қолди. Ҳозир қошингга етиб бораман, онам!

Кафтингни юзимга босиб, тўйиб-тўйиб суйканиб ҳам оламан.

Осмону фалакда, ер бетида, табиат ораларида эса ўша қўшиқ, фақат бу гал шодон оҳангларда, ҳаммаёқ заранг ер бетида ялангоёқ чопиб бораётган боланинг қувноқ қўшиғига тўлиб кетади:

Офтоб чиқди оламга,
Югуриб бордим онамга…

2.jpg6 APREL — YOZUVCHI ISAJON SULTON TUG’ILGAN  KUN

Yozuvchi ko‘proq bolalik zehniga mustahkam o‘rnashgan taassurotlar, kechinmalar, fikr shu’lalari ustida sermanzara kartinalar chizadi. “Har guvalak qismatdan darak” deb , narsa-ashyolar, kimsalar, voqealar, qismatlarning tanazzullarini qalamga tortib boradi. Uning butun ijodiy ongini “Bil va unutma” degan sodda, ammo inson uchun behad qimmatli so‘zlar boshqarayotgandek tuyuladi.

Ibrohim G‘AFUROV
YOZUVCHI, TABIAT VA TABIIYOT
09

Isajon Sulton bu – qip-qizil ekzistensializm!

Navoiyning bir asarida “Vah, qip-qizil qiyomat!” degan xitob iborasi bor. Sharqona qilib aytganda, ekzistensializm shunday qip-qizil qiyomat! Borliq ichra borliqlar bilan shug‘ullanadi va o‘rganadi, olamning o‘ziga xos falsafasini yaratadi. Lahzalarning inson uchun larzalarga aylana borishini tekshiradi. Albatta larzalar quruq havoda emas, empireyalarda emas, naq inson kechinmalarida kechadi. Biz bilgan-bilmagan larzalarning bari faqat va faqat kechinmalarda kechadi.

Ekzistensializm yo‘llari va falsafasiga shaydo bo‘lgan Isajon Sultonning yuragi va ong tasavvuri shunday larzali kechinmalardan dunyo va tabiatning kelib chiqishiga nazar tashlamoqchi bo‘ladi. Har narsalarning ibtido manshaalariga qarashga urinadi. Har narsaning manshaasini topmokchi bo‘ladi. Sirdaryo yoki Amudaryoning qandayligini bilish uchun ularning manshaalaridan to manbaalarigacha bilish kerak. Shunda yaxpit tasavvur paydo bo‘ladi, daryolar bor bo‘y-basti-yu yovvoyi qudratlari bilan zuhur etadi va balki o‘z sirlarini ochadi. Inson kechinmalari esa shu azim daryolar kabi doimo harakatda tog‘larning shiddatlarini ham, sahrolarning azoblarini ham aks ettiradi.

Kechinmalar nimalardandir, qaylardandir zohir bo‘lmoqda, yuzaga chiqmokda va yozuvchi zovurlardagi qora baliqlar kabi qaylargadir yo‘l olmoqda, yo‘l-ku qaylardandir kelib qolgan ushbu sirli baliqlar uchun axiyri tugaydi va yo‘l tugaganida va oxiriga yetib kelganida, alam, o‘kinch, iztiroblardan boshlarini zovur tubidagi yumshoq balchiqqa tiqmoqdalar. Yo‘liing tugashi larza, boshni balchiqqa urish iztirob. Baliqlar ko‘z yosh to‘kadi. Shunda hayratangiz bir kalima so‘z tug‘iladi: “Ko‘zimiz yoshidan daryoning suvlari yanada ko‘payib toshadi…” – deydi baliqlar.

Mana bu so‘zga ekzistensializmni dunyoga keltirgan Xaydegger xam, Ortega ham, Sartr ham hayratdan yoqa ushlagan bo‘lardi. Baliqlar “bizning ko‘z yoshlarimiz daryolarning suvlarini to‘ldiryapti” deb, faqirlar falsafasining otalari Antisfen va Diogenning ham xayoliga kelmagan favqulodda shoirona bir fikrni bildiryaptilar. Xuddi shu zovurdagi baliqlar dunyoning boshi va oxirini biladiganday. Azaldan ularning miyalariga shu g‘alati fikr mustahkamlab qo‘yilganday.

Vah, qizil qiyomat!..

Ekzistensial vaqt takrorlanmas, tugal va o‘z sifatiga ega, xuddi qismat kabi yuzaga chiqadi, deydi Xaydegger. Zamin puchmoqlarida esa qismatdan ortiq sir-sinoat yo‘q. Isajon Sultonning o‘ta shoirtabiat personaji – o‘n to‘rt yashar xayolchan yigitcha zovurning qoramtir suvlarini g‘ussa deb ataydi. Baliqlarni esa olam qismatini suzib olib yuruvchi deb biladi. Bu favqulodda sinchkov va ta’sirchan bolakay fakat ekzistensial ulug‘ asarlarning qahramoni bo‘lish-chun yaralganday. U Isajon Sultonning o‘zi va san’at jilvalanishlariga ko‘ra o‘zi emas. O‘zi va o‘zi emasdan boshqa bir o‘zlik olam – olam darbadari dunyoga keladi. Bu darbadar yozuvchining katta-kichik istisnosiz barcha asarlarida rang-barang tabiat haqida juda nozik kuzatishlar qilib va kuzatishlar dam sayin shoirona hayotiy ixtirolarga aylanib, Farg‘onaning ko‘rimsiz ovloq bir qishlog‘i timsolida olamga timsol keltirib hikoyatlar aytadi. U doim nazorada, doim muroqabada, doim xayol og‘ushida. Buni rus tilida “sozersaniye” deb tabdil qilishadi. Prust, Aflotun, Navoiy, Diogen doimo shunday muroqaba va nazora holatida bo‘lishgan, bu holat ularga qismat kabi ato etilgan. Prust bir sariq bahor chechagiga, Navoiy o‘z bog‘ida yangi ochilgan binafshaga shunday soatlab nazora qilib o‘tirarkanlar.

Nazora… Biz kuzatish deymiz, xolos. Kuzatish bilan nazora teng emas. Nazora — shoirona olamlar ichiga kirish, sariq gulning zamiri va gulkosasidagi azal sirni qidirish…

Kuzatishning eng yuksak cho‘qqilari Prustga, Hyotega, Jeyms Joysga, Nitshega muyassar bo‘lgan. Nazora esa hazrat Navoiy, Jomiy, Sa’diy, Hofiz, Mansur Halloj mulki tasarrufidir…

02Mana, o‘simliklar va o‘zga olamlar mavjudotlarini kuzatish farg‘onalik o‘n to‘rt yashar yigitchani gen injeneriyasi, genlar ta’limotiga olib keldi. Karam bargi tagida o‘rmalab ketayotgan ko‘k hasharotni soatlab kuzatib o‘tirishdan toliqmagan bola genlar haqidagi nazariyalarni o‘rganib, o‘z xalqining kelib chiqishi haqida hech kimning xayoliga kelmagan kutilmagan ilmiy xulosalar chiqardi, tarixning mantiqiy tadrijini topdi, “nega shunday bo‘lgan edi” degan savollarga javobning iziga tushganday bo‘ldi. Dunyoning qanday qurilgani haqida rang-barang nazariyalar va ta’limotlar mavjud. “Genetik” romanining personaji o‘z xalqining qanday qurilganiga genetikadan javob topdi va Kartaxenada butun dunyo genetiklari anjumanida ma’ruza o‘qidi. Har qanday inson, millati va irqidan qat’iy nazar, azal bir iste’dod bilan tug‘iladi va hamma gap, hayotning butun ma’nosi shu azal iste’dodni yo‘qotib qo‘ymaslikda, mahv etmaslikda, so‘ndirmaslik va zulm ostida toptab yubormaslikda. O‘z xalqining qonida ham mana shunday azal iste’dod genlari boyligi va ular parvarish topganida xalq orasidan barcha zamonlarda paydar-pay iste’dodlar chiqishini ilmiy tarzda dalillab berdi.

O‘simlik o‘zining o‘simlik ekanligini biladimi?

O‘simlik dunyoning qanday qurilganligidan xabardormi, uning alkaloidlariga azap yashash va saqlanish haqiqatlari bitib qo‘yilganmi?

Kim hozir bu kabi qonuniy savollarga javob bera oladi? Isajon Sulton shunday savollarni qo‘yadi va ular ustida uzoq xayollar suradi. Isajon barcha asarlarida inson va tabiat bir-biridan ajralmas, ular koinot cheksizliklarida yaxlit va bir butunlikni tashkil etadi, borliq bu – yaxlitlik, demoqchi bo‘ladi. Inson borliqda ihotalanmagan. U benihoya nozik a’zo, nozik hujayralardan bino bo‘lgan. Samoning cheksizligi uni qo‘rqitadi. Qo‘rqinch butun vujudi, hissiyotlari, kechinmalari, fikrlash tarzlarini qamrab oladi. Uni faqat AQL va JON muhofaza qiladi. Har qanday balo-qazo, ofatlardan saqlaydi. ”Qo‘riqchi”, “Shamolli kecha”, “Mansub-1984”, “Sog‘inch”, “Ozor”, “Farishta”, “Xazinabon”, “Sofiya”, Suvdagi kosa”, “Atomlar muzeyida”, “Qismat”, “Bog‘i Eram hikoyalari”, barcha qissalari va romanlarida inson va to‘fon, qo‘rquv va umid, zarurat va adolat badiiy tasvir makonlariga tortiladi. Va bunda shoironalik nasr bilan, nasr shoironalik bilan og‘ushta keladi. Yozuvchi ko‘proq bolalik zehniga mustahkam o‘rnashgan taassurotlar, kechinmalar, fikr shu’lalari ustida sermanzara kartinalar chizadi. “Har guvalak qismatdan darak” deb , narsa-ashyolar, kimsalar, voqealar, qismatlarning tanazzullarini qalamga tortib boradi. Uning butun ijodiy ongini “Bil va unutma” degan sodda, ammo inson uchun behad qimmatli so‘zlar boshqarayotgandek tuyuladi. Ilm-fanga ma’lum narsalar shoirona qobiqqa solib aytilayotganga o‘xshaydi. Ma’lum narsalar poeziyasimi? Absurd narsalar ham poeziya kabi qabul qilinmayaptimi? Tapqinlar esa undan ham absurdlashib ketmayaptimi? Qish sovuq, Yoz issiq, Non rizq. Necha takrorlanmasin, bu kabi narsalar o‘z haqiqatini yo‘qotmaydi. O‘rgimchakni kuzatish, arilar, qushlar, daraxtlar, o‘t-o‘lanlar, shamollar, yomg‘irlar, to‘fonlar… hammasi bolaning romantik xayollari ichida va barchasida sinchkov bir falsafa… bolalik havaslarining uyg‘onishi va bularni tasvir jozibasi bilan kashf etish…

Tasvir jozibasi! Uning teranliklarida hayot va haqiqat jozibasi yotgandagina qudratli badiiyat hodisasiga aylanadi. Isajon Sulton yozuvchi sifatida shu yo‘sin va yo‘nalishni mahkam tutgan va o‘z tanlagan badiiyat yo‘lidan ehtishom bilan odimlamoqda. Odamlar endilikda hech narsadan hayratlanmay qo‘ydi. Ularni hayratga solish juda qiyin. O‘yin mashg‘ulotlari behad ko‘paygan va bu urchigan o‘yinlar butun xayollarini band etgan. Ammo kuch va ezgulik barcha zamonlarda ham kechinmalar kalavasi va pildirog‘i bo‘lmish insonni hanuz hayratga soladi. “Aqlga yuz hayrat ul oyning ichu toshindadur”… Navoiy yaratilish va yaralish naqshlaridan hayrat inson, ya’ni demak, AQL uchun tugamaydi, Masihni ham yuz hayratga solgan narsa shu – Yaratgan va uning yaralmishlari, deydi. Bizga hozir ma’lum bo‘lgan narsadan ertaga hayratomuz hodisalar bunyod bo‘ladi. Va mangu hayotning charxpalagi hech qachon yangilik va kashfiyotlar qilishdan to‘xtamaydi.

Ichimizdagi yaxshilikning nuri hamisha hayratlanarlidir.

Vah, qizil qiyomat!
Ana, so‘zning holini ko‘ring!..

2017 yil 22 mart

Manba: “Isajon Sulton nasri badiiyati” kitobidan, 2017.

Isajon SULTON
OFTOB CHIQDI OLAMGA
09

Isajon Sultonov 1967 yil 6 aprelda Farg‘ona viloyati, Rishton tumanining Avazboy qishlog‘ida tug‘ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1990). «Munojot», «Oydinbuloq», “Ozod”, “Boqiy darbadar”, “Bog‘i Eram” va boshqa bir qator kitoblari nashr etilgan.

Javaharla’l Neruning «Hindiston» kitobining «Bobur» qismini, D. Bussati, R. Akutagava, U. Sayfiddin va boshqa ko‘plab jahon adabiyoti vakillarining asarlarini o‘zbek tiliga tarjima qilgan.

09

katya_evsukova_005.jpgKun chiqdi, kunduz yoyildi. O‘tkir qizg‘ish nuri ayvonda uxlayotgan bolakayning yuziga tushib, ko‘rpani boshiga tortib oldi. Uyqu juda shirin edi-da, ko‘zlarini ochgisi, ajoyib lazzat og‘ushidan chiqqisi kelmasdi. Nur yuziga tushganida qaroqlari yumuq bo‘lsa ham ko‘z oldi qizg‘ish-sarg‘ish tusda yorishdi. “Quyoshga suv ostidan qarasa shunaqa ko‘rinadi”, deb o‘yladi va uyqu o‘z og‘ushiga tortib, rostdan ham o‘zini suv ostida ko‘rdi. Bu bola tiniq suvlarda emas, qishloq bolalari “dim” deb ataydigan, katta zovurlarning bo‘tana chuqurlarida cho‘milib ulg‘aygan edi, haqiqatan ham, loyqa suv ostidan qarasa, shunaqa ko‘rinar ekan. Yashil yo‘sinlar chayqaldi. Isigan suv vujudga xush yoqdi, olamga esa yoqimli kunduz yoyila boshladi.

Keyin o‘zini yana ayvonda ko‘rdi. Tushmi, hushmi, bilish qiyin edi. Bo‘g‘otdagi musicha ku-kulab tinmasdi. o‘arq pishgan jo‘xorizorlar uzra “pirr” etib chumchuq galasi uchib o‘tdi. Oq bulutlar ostida qaldirg‘och yelardi. Tush bo‘lsa kerak, chunki shu osmon ostidayu yer ustida o‘zi tengi bir bolakay toychoqday o‘ynoqlab chopib, har qadamiga moslab qichqirardi:

– Oftob… – deganida qoraygan tovoni qumni to‘zg‘itdi.

– Chiqdi… – dedi bir sakrab, bir tomoni qizil, bir tomoni sariq shaftolini uzib olib.

Keyin uni yarmigacha tishlab, dahanidan shirali suvini oqizib:

– Olamga… – deganida, yorug‘ olamni shu so‘zlar tutib ketdi.

– Oftob chiqdi olamga! – chirillashdi uzunoyoq, uzunmo‘ylov chigirtkalar sakrashib.

– Oftob chiqdi olamga! – deyishdi shaffof qanotli ninachilar “dirr” etib uchib ketishar ekan.

Bu juda ajoyib, zavqli manzara edi. Biroq uyquning shirin xayolotlarini ketkizib, tuyqusdan xolaning chiyilloq ovozi yangradi:

– Hoy bola, necha marta aytaman senga? Tur, oftob yoyilib ketdi!

Bir amallab ko‘zlarini ochsayam, kipriklari yana yopishib qolaverdi. Uyqusirab o‘rnida bir oz o‘tirdi-da, keyin makkajo‘xorilar o‘sgan yo‘lakdan etakdagi teraklar ostiga – ariq bo‘yiga yo‘naldi. Bu yerda o‘tlar qalin o‘sgan, tiniq suv sharqirab oqardi. Qo‘lini urgisi kelmay, cho‘nqaygan holida mudrab-mudrab, nihoyat betini yuvdi.

Ha, kunduz olamga yoyilibdi.

Oftob chiqayotganida qizil, keyin sariq bo‘ladi. Rosa qizib ketganida oqaradi. Umuman, oftob ertalablari uncha issiq bo‘lmaydi. Tepaga yetgunicha qizib oladi. Shomga yetganida sovib, yana qora tun qa’riga kirib ketadi.

Kun isibdi. Xaslar ustida chivinlar vizillay boshlashibdi. Yer qizibdi. Chumolilar rizq izlagani chiqishibdi.

Tuproq yo‘lakdan makkajo‘xorilar oralab hovliga qaytar ekan, ayvonda ko‘k ko‘ylakli birov o‘tirganini ko‘rdi. Iya! Onaizor keldimikan? Ongi ravshanlashib, murg‘ak qalbida quvonch paydo bo‘ldi. Qadamini tezlatdi.

Yo‘q, onaizor kelmabdi. Ko‘k ko‘ylak xolaniki ekan. Xola, ya’ni keng ko‘k gulli ko‘ylak ki­yib olgan ozg‘in javroqi xotin saharlab hovli-ko‘chani supurib, mol-qo‘yni saranjomlab, kichik ayvonda xamir qoribdi. Mushtlay-mushtlay qo‘llari horibdi, dumaloqlagan ekan, qo‘zichoq qorniday keladigan xamir hosil bo‘libdi. Kafti bilan urib-urib, ustiga eski dasturxonni yopib, to‘shak bilan o‘rab qo‘yibdi. Xamir uch-to‘rt soatda ko‘pchiydi. Keyin zuvala yasasa bo‘ladi.

Bolaning ko‘z oldiga har yer-har yeri qizarib-po‘rsillab pishgan, hidiyu tafti yoqimli kulchalar keldi. Qaynoq mahali suvga botirib yesa juda mazali bo‘ladi. Suv tekkan joylari sovigan, tegmagan joyi qaynoq, tish orasida qirsillab tandir cho‘g‘i, o‘tin va tutun isi aralash ajoyib ta’m hosil qiladi… Kulcha yegisi kelib:

– Xola-xola, kulcha ber…

Xola unga qaramasdan ishida davom etar ekan, to‘ng‘illadi:

– Hamma ish bitta o‘zimgami, baring non-non deysan? Yeging kelsa, bor, o‘tin terib kel!

Bolakay itoat bilan uy ortidagi chakalakzorga o‘tdi.

Bu yer qarovsiz edi. Bulturgi quruq shoxlarni shamol sindirib ketibdi. Hozir kichigiyu kattasi uyqashib yotardi. Bola ba’zilarini shundoq saranjomladi, ba’zilari uzun, qayishqoq ekan, oyoqchalari bilan bosib, qo‘li bilan qayirib sindirdi. Shu tariqa bir uyum o‘tin to‘pladi.

O‘tinlarini quchoqlab ko‘tarib, tandir oldiga olib kelib tashladi.

* * *

Oftob oqargani sayin tandir ham oqardi. Qip-qizil qo‘r ustini asta-sekin kul qopladi. Xola kosov bilan cho‘g‘larni uydi. Keyin harsillab non yopa boshladi.

Xolaning bolalari haliyam uxlab yotishardi. Boyagina qo‘rsroq muomala qilgan xola o‘zining bolalarini shunday uyg‘otdi:

– Huv-v bolajonlar! Turinglaru-uv, non ­pishyapti!

– Turinglar, jon bolalarim!

Xolaning bolalari ham birin-ketin turishib, bet-qo‘lini yuvmasdan kelib olishdi.

Bolalar tandir oldidan ketmas edilar. Xola harsillay-harsillay, yengcha bilan nonlarni uzib savatga tashlayverdi. Issiqqa qaramay savatdan hovur ko‘tarilardi. Uzib bo‘lgach, o‘zining bolalariga elakday-elakday patirlaridan berdi. Navbat bolakayga kelganida esa xo‘mrayib, yengcha uchida tirnoqday kulcha uzatdi.

– Ma, yeb ol sen ham!

* * *

Bu – oq yuzli, ikki betida kulgichi bor, qop-qora ko‘zlari o‘ychan bolakay, onasining yolg‘iz yodgori edi. Ona sho‘rlik, birinchi turmushi bo‘lmagach, ko‘zining oqu qorasini singlisiga qoldirib olis qishloqqa erga tegib ketgan, har zamonda ko‘rgani kelganida turshak, qurut olib kelardi. Qurutlari sho‘r, o‘riklari katta-katta, ta’mi bemaza edi. Har holda olis­qishloqda ham turmushi yaxshi emas, shekilli, battar ozib-to‘zib ketgan, o‘tirib noliy-noliy, nihoyat jo‘nab ketardi.

Yaxshi bola edi-da… Onasiga ichikar, onasining mehnatda qavargan dag‘al qo‘llarini betiga bosib, ko‘zlarini yumib-yumib, rohatlanib-rohatlanib suykanib olardi.

Nigohi juda o‘tkir edi, har narsani ko‘rardi. Arining qanotini ko‘tarib ketayotgan chumolining mitti ko‘ziga tikilardi. Dumini uzib qochgan kaltakesakning dumi o‘sib chiqishini kutardi. Havoda o‘lja talashib urishgan zag‘chalarga kulardi: yer to‘la yemish-ku, nega urishasan…

Yana, o‘rgimchakni aldardi. Kichkina xas olib to‘riga tashlasa, hasharot shosha-pisha o‘lja sari o‘rmalashini ko‘rib esipastligidan kulardi. O‘tlar orasiga tushib chirigan behi holvasi shirinligini, o‘rik tanasidagi shaffof g‘o‘ddani yesa bo‘lishini, ammo shaftoli g‘o‘ddasini yeb bo‘lmasliginiyam bilardi.

Yer cho‘g‘day qizib, osmon ham tandirday oqarib qoldi.

Oftob… Qaqroq yer… Lang‘illagan tandir, chakalakdagi o‘tinlar… Boyagi ohang hali xayolida edi, shularning barini bir onda ko‘rib turarkan, hozirgina ro‘y bergan voqealaru hodisalar birin-ketin so‘zlarga aylanib, o‘sha ohangga mos tizila boshladi.

* * *

Bola boya kelgan yo‘liga qaytib, uy ortiga, chakalakzorga o‘tdi. Tirnoqkulchasi haliyam qo‘lida edi. Juda shirin tuyulsa-da, yemay o‘tirdi. Usti qizarib pishibdi, osti yanada berch, jigarrang, o‘rtasidagi qaynoq xamiri hali yumshoq, tafti ketmabdi.

Boya tushu hush orasida yangragan yoqimli ovozni kim bilan bo‘lishishni bilmadi. Xolaning bolalari u bilan o‘ynashmas, “yetimcha” deyishardi. Xola ham yaxshi muomala qilavermas, xolaning eri – baland bo‘yli, cho‘tir qora kishi esa hech gapirmasdi.

Zag‘chalar urishishni bas qilib, sal naridan qing‘ayib qarab turishardi. Behi shoxiga shovqin solib uzun dumli olahakka kelib qo‘ndiyu sariq johil ko‘zlarini tikib tek turaverdi.

Olahakka gapga tushunadi, hatto so‘zlarni yodlab olishi ham mumkin.

– Hoy, bu yoqqa kel, – dedi unga.

Qush ko‘zlarini olaytirib hakkalab keldi-da, hayiqib sal narida to‘xtadi.

– Senga aytaman, – dedi bola. – Yodlab ol, bo‘ptimi?

Oftob chiqdi olamga
Yugurib bordim xolamga.

Nazdida olahakka buni yodlab oldi-da, qanotlarini tapillatib shovqin solib uchib ketdi.

Asalarilar vizillab uchishardi. Mayda kapalaklar ham. Qoq tepada bir kalxat qanot qoqmay aylanardi. Boya ertalab qo‘shni tarafga o‘tgan chumchuqgala yana “gurr” etib qo‘ndi.

– Xola-xola, kulcha ber,
Xolam aytdi: “O‘tin ter!”

Chumchuqgala yana uchib ketdi.

Bola kulimsiradi.

Yerdagi chumolilar to‘xtab, unga qarab turishardi

Chumoli uch turli bo‘ladi. Eng maydasi qumursqa. Yana biri qizil chumoli, u bahorda yer tubidan kavlab chiqib xirmon yoyadi. Yana katta boshli qora chumoli ham bor, chaqsa og‘ritadi. Bularning bari Xudoning lashkari, deydi ona. Odamdan ortgan narsalarni tashib, yer betini tozalab ketishadi…

Hammasi bolakayga hayron bo‘lib qarab turishardi.

O‘tin terdim bir quchoq…
Hammaga elakcha berdi,
Menga tirnoqcha berdi…

Chumolilar tirnoqday-tirnoqday g‘anaklarini ko‘tarib yo‘llarida davom etishdi.

“Ana, hamma bilib oldi”, deb o‘yladi bola, qoniqish bilan. Hali bular ham bolalariga o‘rgatishsa-chi?

Nega o‘rgatishmasin?

Hakka-yu zag‘cha, chumchug‘u musichalar polaponlariga aytib berishadi. Chumolilar qish kelganida yer ostida bolalariga aytib o‘tirishadi.

Nima deyishadi?

“Bir bola bor ekan. Otasi yo‘q, onasi uzoqda ekan. Xolasining qo‘lida qolgan ekan. Xolaning bolalari “yetimcha” deb mazaxlab, u bilan o‘ynashmas, pochchasi gaplashmas, xola og‘ir ishlarga buyurib, gohida uchi yongan kosov bilan urar ham ekan…”

O‘zi oq yuzli, tiniq nigohli bolakay ekanu kim bilan gaplashishni bilmas ekan.

* * *

Ota kirib keldi.

– Yetimchang qani?

– Bilmasam, qaylardadir yurgandir ­anqayib… Shirin-shirin nonlar yopdim, yeysizmi? – deb so‘radi xola eridan, mehribonlik bilan.

– Opkelaqol, qornim ochdi, – dedi ota.

– Un tugadi, – dedi xola aybdordek, yelkasini qisib.

Ota non chaynashdan to‘xtab, qovoq uyib qarab qoldi.

– Qanaqasiga? Opkelganimga bir oy ham bo‘lmadi-ku?

– To‘rtta bola, oltita jon, – dedi xotin. – Bir yesa oltita non yeydi…

Ota ancha o‘ylanib qoldi. Keyin:

– Yetimchangni yo‘qot! – dedi qisqa qilib.

– Qayoqqa yo‘qotaman? – dedi bechora xola. – O‘ziniyam turmushi yaxshimas, eri battarin chiqdi. Qo‘li kosov, sochi supurgi bo‘lib tinim bilmaydi, eri bo‘lsa baqirgani baqirgan…

– Onasini emsin bu odamlarniyam! – deb to‘ng‘illadi ota, do‘ppisini bir urib tekislab qayta kiyarkan. – Na kattasida insof bor, na kichigida…

Indamadi, turib ketaverdi…

* * *

Bola behining bir-biriga ayqashib ketgan bujur tanasi bo‘ylab tepaga chiqdi-da, tirnoqkulchasini ro‘molchaga o‘rab, daraxt kovagiga ehtiyotlab soldi. Keyin boya yulib olgani o‘t-o‘lan bilan kovakni yaxshilab bekitdi.

Ona… Eh, diydori nonday issiq ona… Muncha uzoqlardasan? Bolamga oboraman deb qurut yasayapsanmi?

“Bu kulchani senga opqo‘ydim, ona, — dedi bola, xayolan unga murojaat qilib, — kelganingda yashirib qo‘ygan joyimdan olib beraman, mazza qilib yeysan.

Bu yerda bulturgi yong‘oqlar ham bor, ularniyam senga opqo‘yganman. Jiyda-yu o‘riklar ham bor…

Sal vaqt o‘tsin, men katta bo‘laman. Katta bo‘lsam, uy quraman. Keyin sen kelasan. Kelasanu sira ketmaysan. Sen yashayotgan qishloq yaxshi emas, turshagu qurutlari taxir. Nima qilarding o‘sha qishloqqa borib, axir, ko‘zingni yoshi doim duvillab turadi-ku? Meni bag‘ringga bosib gapirasan-yig‘laysan, gapirasan-yig‘laysan… Sen kelguncha men yaxshi bir uy quraman, keyin ikkovimiz o‘sha uyda yashayveramiz.

U uyga xolamniyam, uni eriniyam, bolalariniyam kiritmaymiz.

Mazza qilib kulib-quvnab o‘tirasan. Men qoplarda unlar olib kelaman, sen tandir-tandir nonlar yopasan.

Qara, bugun rosa chiroyli oftob chiqdi, tushimda bir qo‘shiq eshitdim, uni hammaga aytib ham berdim.

Bitta sen eshitmading…

Oftob chiqdi-yu… sen yo‘qsan-da, onajon…”

* * *

Kavagiga tirnoqkulcha yashirib qo‘yilgan behini xolaning qaynatasi yerga qadagan edi.

Qaynataning ruhi hozir shu yerda, bolakay ahvolini ko‘rib turardi.

Umuman, uni yaxshi odam bo‘lgan, deyishadi. Novvoy edi, nonlar yopardi. Hozir besh yashar bolakay urina-urina tirnoqkulchasini kavakka bekitganini ko‘rib ozorlanardi. Bola qo‘shig‘ini u ham yodlab oldi. Yodlab oldiyu chir­qillay-chirqillay, mangulik olamlariga o‘zi bilan olib ketdi.

Oftob chiqdi olamga,
Yugurib bordim onamga…

Yana, shu ariq bo‘yida bir epkin ham yashar edi.

“Puf” etib yalpiz barglarini chayqatib o‘tgani mahal chumolilar o‘sha ohangga mos ketib borayotganini ko‘rdi. Bir himranib qo‘shiqni o‘ziga singdirib olaqoldi. Keyin suv betiga yoyib yubordi. Oftob nuri barglar orasidan suv yuziga tushib kumush jilvalar hosil qilgan edi. Ohang suv bilan birga oqa-oqa, ekinlar bag‘riga kirib bordi. Ekinlar u zilolni shimib-shimib ichishdi. Qo‘shiq ziroat bag‘riga ham jo bo‘ldi.

So‘ng kuchliroq shamol esganida epkinni ham o‘ziga qo‘shib, qishloq uzra turli-tuman tovushlar aro ko‘tarib ketdi. Shiddati zo‘rroq edi, bir esganida yuzlab qishloqlar ustidan uchardi. Qo‘shiq o‘sha qishloqlar uzra ham yoyilaverdi:

Oftob chiqdi olamga,
Yugurib bordim onamga…

Shu tariqa, voqeadan hamma xabar topdi. Buni bir xolayu uning semiz-semiz bolalari bilishmadi. Yetimcha ko‘rinmayotganidan foydalanib, singib pishgan nonlardan yana yeb olishdi. Hadeb yeyaverishsa, qorinlari to‘yib, do‘mbiraday qappayib ketmasmikin? Ha, shunday bo‘ldi. Ortib qolgan nonlarni shundoqqina yerga tashlab ketishdi.

Xudoning lashkari — chumolilar non bo‘laklarini qurshab, uvoqlarga bo‘lib opketa boshlashdi. Lekin, chumolilar buning qanaqa non ekanini bilishmasdi. Achqimtirroq edi. Bu taxirlik ko‘pchib ketgan xamir taxirligi emas, yetimlik ta’mi emasmikan? Biroq chumolilar ta’m bilarmidi? Xullas, shu non parchasi qatida ham bir olam dardu iztirob boriydi:

Hammaga elakcha berdi,
Menga tirnoqcha berdi…

Oftob chiqdi-yu…

Bir onaizor yo‘qligi uchun shuncha narsaning ta’mi o‘zgardi. Ha, oftob chiqdi, tikkaga yetib borib, quyiga yumaladi. Qurtu qushdan hasharotgacha, jon zoti borki, Xudo bergan rizqini terib-terib yedi, birgina bolakay ko‘ziga benihoya qadrli ko‘rina boshlagan behi kavagidagi tirnoqkulchasi oldidan ketmay o‘tiraverdi.

* * *

Bir kuni hovlimda uxlab qolibman. Quyosh nuri ko‘zimga tushganida uyqu shirinlik qilib ko‘rpani boshimga tortib oldim. Shunda mening ongimda ham o‘sha bolalik manzaralari uyg‘ondi. Tavba, bir mahallar qishloq o‘smirlari “dim” deb ataydigan loyqa suvlarda cho‘milib o‘ynaganimizda, suv ostidan quyosh shunaqa ko‘rinmasmidi?

Chumchuqgala “gur” etib qo‘shni tomonga uchib o‘tdi.

Zag‘chalar yemish talashib urishishdi.

Qo‘shnimning maykachan bolasi qo‘lida xivich bilan yo‘laklar uzra yelib borar ekan, ingichka ovozda qo‘shiq ayta ketdi:

Oftob chiqdi olamga,
Yugurib bordim onamga…

Xolam aytdi…

Tavba… Birdaniga yuragim hayajonga to‘ldi.

Hech o‘zimni bosolmayman, deng.

“Jonim onam!“ deymanu o‘pkam to‘ladi.

Mana, kimdir non yopdi. Isi tevarakni tutdi.

Jonim onam! Sen doimo qoshimda eding. Men ham chopib borib senga suykanishni yaxshi ko‘rardim. Qo‘lingni taftini haligacha sog‘inaman, ey madorim, quvvatim, oromijonim onam!

Oftob chiqqani mahalda, tong paytida yang­ragan bir quvnoq qo‘shiq shuncha tuyg‘u hosil qiladi deb kim o‘ylabdi deysan?

Axir, diydoringni sog‘indim-ku, jonimning Ka’basi?

Elakday emas, tirnoqday mehringga ham zorman-ku, onaginam!

Bu quyosh, bu tabiat, bu farog‘atu oromlar sening bir jilmayib qarashinggayu ro‘moling ostidan chiqib turgan bir-ikki oppoq soch tolangga arzimaydi.

Axir, ne saodat bu, onayu bolaning yonma-yon bo‘lishi!

Tong sahar qulog‘imga urilgan, xayolimda benihoya ko‘p manzaralarni hosil qilgan u mangu qo‘shiq o‘zgarib, baxt ohanglarini tarata boshlaydi.

Ko‘zimga hech nima ko‘rinmay qoladi. Shoshib-pishib yo‘lga otlanaman. Xayol hozir qadrdon ota uyimni, nimalargadir urinib yurgan onaizorimni yaqqol gavdalantiradi. Oltmish olti so‘ngagim, yetmish yetti tomirim ona diydorini qo‘msaydi.

Mana, oz qoldi. Hozir qoshingga yetib boraman, onam!

Kaftingni yuzimga bosib, to‘yib-to‘yib suykanib ham olaman.

Osmonu falakda, yer betida, tabiat oralarida esa o‘sha qo‘shiq, faqat bu gal shodon ohanglarda, hammayoq zarang yer betida yalangoyoq chopib borayotgan bolaning quvnoq qo‘shig‘iga to‘lib ketadi:

Oftob chiqdi olamga,
Yugurib bordim onamga…

Isajon Sulton. Boqiy darbadar. Roman.pdf by Khurshid Davron on Scribd

004

(Tashriflar: umumiy 1 969, bugungi 1)

Izoh qoldiring