Mutolaa mo’jizasi. Suhbat

Ashampoo_Snap_2017.02.02_22h14m05s_003_.png     Китоб — лаганбардорлик қилмайдиган дўст. Унинг инсон камолотидаги ўрнини бошқа ҳеч бир восита боса олмайди. Шундай экан, бугун ана шу дўст билан боғлиқ ҳолда кўп тилга олинаётган китобхонлик қандай мезон ва талабларни қамраб олади? Ўзи, аслида, китобхонлик маданияти қандай бўлиши керак?

05
МУТОЛАА МЎЪЖИЗАСИ
КИТОБХОНЛИК МАДАНИЯТИ — МАДАНИЯТЛАР МАҒЗИДИР
“Туркистон-пресс” мухбири Сирожиддин Сотволодиев суҳбатлашди
012

Тараққиёт суръати юқори давримизда китоб ва китобхон мавзусининг янада долзарблашаётгани икки жиҳатдан муҳим: яхши томони, мутолаа эҳтиёжи юксалиб, шаффофлашаётир, хавотир тарафидан эса оммавий китобхонлик сусайиб, бетийиқ китоблар расталарда кўпаймоқда. Миллий ва жаҳон адабиёти кутубхонасидан яхши хабардор, кенг китоб майдонидаги ҳар бир янгиликни кузатиб борувчи ижодкорлар — таниқли адабиётшунос Умарали Норматов, адиб ва журналист Хуршид Дўстмуҳаммад ҳамда ёзувчи Исажон Султон иштирокида кечган шу хусусдаги давра суҳбати, назаримизда, замонамиз китобхонлик маданияти теварагидаги саволларга жавоб бера олади.

— Китоб — лаганбардорлик қилмайдиган дўст. Унинг инсон камолотидаги ўрнини бошқа ҳеч бир восита боса олмайди. Шундай экан, бугун ана шу дўст билан боғлиқ ҳолда кўп тилга олинаётган китобхонлик қандай мезон ва талабларни қамраб олади? Ўзи, аслида, китобхонлик маданияти қандай бўлиши керак?

  Умарали НОРМАТОВ: Китоб башариятнинг, жумладан, миллатнинг, алоҳида шахснинг ҳаётида, такомилида қанчалар муҳим ўрин тутиши, сиз айтгандай, унинг ўрнини ҳеч бир восита боса олмаслиги кундай равшан. Аллоҳ ўзининг мислсиз қудратини намойиш этиш учун оламни, оламларни, уларнинг гултожи саналмиш одамни яратар экан, унинг яшаш тарзи йўл-йўриқларини ҳам калом — китоб тарзида ўз элчилари орқали юборган, бу муқаддас китобларсиз башарият тамаддуни тарихини тасаввур этиш мумкинми? Асло! Ер юзидаги турли мамлакатлар, миллатларнинг китобат тарихини кўз олдингизга келтиринг, ўша юрт халқлари, миллатлари тарихи, уларнинг тафаккур даражаси, ўй-мушоҳадалари, орзу-интилишлари, топганлари ва йўқотганлари, кучли ҳамда ожиз жиҳатлари, қувончу қайғулари — барча-барчаси ўша китоблар саҳифаларида муҳрланиб қолган.

Шукрки, кўплаб туркий улуслар қатори биз, ўзбекларнинг турли даврларда турли хил ёзувларда муҳрланиб қолган оламга кўз-кўз қилгулик бой ёзма ёдгорликларимиз бор. Бебаҳо тарихий, диний, илмий, адабий асарлар ёзиб қолдирган юртдошларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Азалдан халқимизда, айниқса, адабий-бадиий дид ниҳоятда юксак бўлган, туркий, форсий, арабий тилдаги асарлар бирдай ўқилаверган, ҳадисхонлик, яссавийхонлик, саъдийхонлик, бедилхонлик, навоийхонлик кенг урф бўлган, сўз санъатига шайдолик туфайли бўлса керак, одамлар ҳатто бозорда олди-сотдини ҳам шеърий тилда вазн ва қофияга солиб адо этишган, табобатга, одоб-ахлоққа, илм-фанга оид йўл-йўриқлар ҳам шеърий йўлда битилган.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: Китобнинг инсон камолотида тутган ўрни ҳақида айтилган фикр-мулоҳазалар жамланса, улар ҳеч муболағасиз тоғ-тоғ жилд китобга жо бўлса керак! Шу боис бу хусусда теша тегмаган сўз айтиш амримаҳол, деб ўйлайман.

Маданият, маданиятлилик ғоятда кенг тушунчалар, бироқ ким нима демасин, ким қандай талқин қилмасин, бу тушунчаларнинг моҳиятида тарбия, тарбияланиш ҳодисаси ётади. Инсон — тарбияланувчи мавжудот. Тарбиянинг шакллари эса кўп. Аммо-лекин унинг ўзак ва таянч нуқтаси мутолаа ва яна мутолаадан бино бўлади! Зеро, китобхонлик маданияти умумий маданиятнинг мағзи, мазмунидир. Бу ҳақиқатни ёниб-куйиб айтмаган, мутолаага даъват қилишни ҳаётий маслагига айлантирмаган донишманд, зиёли инсон топилмаса керак.

Китобхонлик маданияти табиий равишда ўзгарувчан, тобланувчан ҳодисадир. Унинг ўзгарувчанлиги давр, замон ва макон билан чамбарчас боғлиқ.

Инсон ўзи яшайдиган жамиятнинг бир бўлаги ҳисобланади. Шундай экан, у истайдими-йўқми, шу жамиятнинг об-ҳавосидан баҳра олиб яшайди. Тўла баҳра олиш учун унда бохабарлик иштиёқи бўлмоғи зарур. Бохабарликни эса мутолаасиз тасаввур қилиб бўлмайди. БУГУН фаровон, гўзал ва тўкис яшаш учун инсон ЎТМИШ ва КЕЛАЖАКни билишга, англашга эҳтиёж сезади — бунга ҳам фақат мутолаа орқали эришади. Бугунги китобхонлик маданияти мезонлари мазкур тушунчалар доирасида гавдаланади.

Исажон СУЛТОН: Ҳа, ҳозирча инсон боласи бир-бирига ўз ҳис-туйғуларини, фикр-мулоҳазаларини етказиб беришнинг ёзувдан бошқа йўлини топа олгани йўқ. Масалан, икки юз йилдан кейин дунёга келадиган авлодингизга айтишни истаган юрак изҳорингизни сўздан бошқа қай йўсинда ифода эта оласиз?

Фикру ҳисларини ва билимларини сўз ҳолида, китоб шаклида сақлаш, дарҳақиқат, одамзотнинг энг катта ютуғидир. Шу маънода кутубхона — ҳам бутун оламнинг, ҳам маълум бир халқнинг тўлиқ тарихи ҳисобланади. Ҳужжатли ёзувлар фактлар кўринишида бўлиб ўтган воқеалардан хабар берса, бадиий асарлар ўша давр одамларининг ҳиссиётларини, ўй ва изтиробларини ҳужжат каби сақлайди.

Китоблар қатида, бир томонда илму фан, технологияларнинг сирларини жам айлаган бўлса, яна бир ёқда ҳали жавҳарига илму фан етиб улгурмаган муҳташам инсон қалби ва унинг изтироблари туради. Болаларимизнинг китоб ўқишларини исташимиз, аслида, ғоят зарур деб билганимиз асрий ҳикматларнинг мағзини чақишини хоҳлашимиздан бўлса керак.

Бугун, афсуски, китоб ўқиш деганда кўпчиликнинг хаёлида атай тўқиб чиқарилган қизиқроқ воқеани ўқиб, вақт ўтказиш деган тушунча шакллана бошлади. Бадиий асар — билим, билим бўлганида ҳам бошқа ҳеч қаердан топиб бўлмайдиган билимдир.

У.Н.: Сиз ғоят нозик масала — китобхонлик маданияти, унинг мезонлари устида сўз очаётирсиз. Бу хусусда кейинроқ тўхталсак. Дадил айтишим мумкин: шахсан камина болалигимда гувоҳ бўлган китобхонлик давраларида бирорта ҳам олди-қочди, енгил-елпи асарлар ўқилганлигини билмайман. Қолаверса, ўша кезлари мен тилга олган китоблар хийла тақчил эди, улар маҳалламиздаги бир ёки икки одамнинг қўлида бўлар, айримларини ўша китоб шайдолари танишларидан илтижо қилиб олиб келиб бизга ўқишга берарди… Шундай китобсеварлардан бири Аббосхон фақат етти йиллик мактабда таълим олган, қўлида ҳеч қанақа дипломи бўлмаса-да, дид-савияси бўй-бастига яраша юксак ва кўркам эди. Ўша давр адабий сиёсати, таҳдиду таъқиблари, кундалик турмуш машаққатларига қарамай, ундаги китобга бўлган эҳтиром, иштиёқ одамни лол қолдирарди.

Бугунги кунда аҳвол бутунлай ўзгача, китоб танқис матоҳ эмас. Мамлакатимизда 150 дан зиёд нашриёт, 1630 дан ортиқ матбаа корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Истиқлол йиллари оммавий ахборот воситалари 3,5 баробар ортиб 1367 тага етди. Бунинг устига, шўро даврида ижодкор билан китобхон орасида темир девор хизматини ўтаган цензура барҳам топди. Мустабид тузум давридаги каби дидли, савияли китобхон билан яхши асар орасида, Абдулла Қаҳҳор ибораси билан айтганда, Қоработир хизматини ўтаган мунаққидлар йўқ ҳисоб: нашриётларда йилига юзлаб насрий, шеърий, драматик, публицистик, адабий-танқидий асарлар босилиб турибди, кундалик газеталарда, журналларда эълон этилган, этилаётган шеър, ҳикоя, қисса, достон ва романларнинг сон-саноғига етиш мушкул. Буларнинг ёнига, интернет адабиёти қўшилди. Унинг доираси шитоб билан кенгайиб бормоқда.

— Мутолаа — инсон эҳтиёжларининг гултожи. Китобхон, китобсевар, китобпарвар, китобйиғар… Булар ана шу эҳтиёжнинг пиллапояларидир. Сиз айтаётган, мутолаа учун кенг имконият пайдо бўлган айни давримиз кишиси бу пиллапоянинг қайси бирида турибди?

У.Н.: Сиз давримиз кишиси мутолаа, китобхонлик пиллапоясининг қайси поғонасида турибди, деган ўткир саволни ўртага ташлаётирсиз.

Оддий китобхонни қўйиб туринг, бевосита адабиётга, адабиётшуносликка, адабий таълимга дахлдор шахслар хусусида баъзи рақамларни келтириб ўтсам. Республикамизда 10 мингга яқин умумтаълим мактаблари бор, уларнинг ҳар бирида ўрта ҳисобда     3-5 тадан она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси иш кўради, буларнинг ёнига академик лицей, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари адабиёт муаллимлари, талабалари, тадқиқотчиларни, шунингдек, турли илм даргоҳларида, нашриётларда хизмат қиладиган адабий ходимларни, менинг ҳисоб-китобимга кўра, Ёзувчилар уюшмаси аъзоларидан ташқари ёзиб-чизиб китоб чиқариб юрадиган 3 мингдан ортиқ ижодкорларни ҳам қўшадиган бўлсак, мамлакатимизда 70-80 мингдан ортиқ “адабиётнинг нонини ейдиган” кишилар бор. Нашриётларда чиқиб турган, газета ва журналларда эълон қилинаётган сон-саноқсиз янги адабий асарлар, адабий-танқидий мақолалар, баҳс-мунозаралардан уларнинг барчаси, айниқса, адабиёт муаллимлари хабардорми?

Афсуски, мавжуд ҳисоб-китобим, ўжар рақамлар кишида нохуш таассуротлар қолдиради. Ўзингиз ўйлаб кўринг: бевосита “адабиётнинг нонини ейдиган” ҳар бир хонадонга ўқишли нашрлар, қолаверса, таниқли ижодкорларнинг янги асарлари кириб борса, уларнинг нашри адади 70-80 мингдан кам бўлмайди-ку, ахир. Адабиёт муаллими, мутахассиси шахсий кутубхонаси кундалик адабиёт янгиликлари билан пешма-пеш тўлиб борса, қандай яхши! Лоақал ҳар бир ўқув даргоҳига улар 1 донадан етиб боргудек бўлса ҳам, уларнинг адади 15 мингдан ошади…

Қисқаси, адабий нашрлар ададининг камайиб, китобхонлик доираси торайиб кетишининг сабабини бошқа кўплаб омиллар, чунончи, адабиёт билан замонавий ахборот воситалари, интернет, телевидение ўртасидаги рақобатлардангина қидириш ўринсиз, бу борада “адабиёт одамлари”нинг ҳам айби бор. Буни мардона тан олишимиз даркор. Ҳар қанча кескин, жиддий бўлмасин, бу ҳал этилиши лозим бўлган муаммо.

Х.Д.: Ҳар қандай даврда сиз санаган тоифа вакиллари истаганча топилади. Бизнинг давр ҳам бундан истисно эмас. Ҳақиқатда мутолаа — инсон эҳтиёжларининг гултожи, лекин бу гултожни асраб-авайлашга, эъзозлашга ҳаётини бахшида қилганлар ва қилаётганлар қанчалик кўп бўлса, уни сариқ чақага олмайдиганлар ҳам оз эмас.

Мен китоб тарғиботига, мутолаа завқини оммалаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга зинҳор қарши эмасман, бироқ бир ҳақиқатни тан олсак, чакки бўлмайди, деб ўйлайман. Айтмоқчиманки, китоб мутолаасига ҳақиқий маънода ишқи тушган инсон то ҳаёт экан, бу машғулотдан зинҳор-базинҳор безмаганидек, мутолаа завқидан бенасиб бандаларни чинакам китобхонга айлантириб қўйиш ҳам амримаҳол. Бир мисол келтирай. Кўпдан буён сиртдан кўзтаниш бўлган одам билан яқиндан мулоқотга киришишга, ҳамкорлик қилишга тўғри келиб қолди.

— Ака, — деди у ўзи ҳақида сўзлай туриб, — мен китоб, газета ўқимайман, радио эшитмайман. Шулар ҳақидаги гап-сўзлар ҳам мени заррача қизиқтирмайди.

Ҳайрон бўлиб қолдим. Барака топгур, лоақал менинг соҳамга ҳурмат юзасидан бундай гапни айтмаслиги ҳам мумкин эди. Лекин, бошқа томондан, у рост гапни дангал айтди, тилёғламалик қилмади. Хўп, унинг ШУНДАЙ ОДАМ бўлишга ҳаққи борми? Яъни, бу ёруғ дунёдан мутлақо ўқимайдиган одам бўлиб яшаб ўтиш ҳуқуқи борми? Бор десак, мен нима учун ўзимдаги завқни унга юқтиришга уринишим керак? Қўярда-қўймай ундан ўзим истагандек китобхон ясашга уринишим керак? Бордию мўъжиза рўй бериб, ниятимга эришсам, унақанги китобхондан кимга нима фойдаю, кимга қандай наф?! Китобхонликка муҳаббат уйғотиш алоҳида муаммо, саводли китобхонлик даражасини кўтаришга уриниш яна бир алоҳида масала.

И.С.: Тўғри, қандай номланса ҳам, китоб ўқиш инсоннинг эҳтиёж туйғусидан келиб чиқади. Бу ғалати ва қизиқ жараён. У биз ўйлагандан кўра муҳимроқ.

Мумтоз асарлардан бирида асир кимсанинг боши узра тинмай айланиб сайрайдиган қуш образи эсингиздами? “Отанг ким? Онанг ким?” дея чирқиллайди қуш. Адабиёт мана шу қушга ўхшайди. Замонавий ҳийлалар ва манфаатлар тўқнашуви асносида турган кишига “Сен кимсан?” дея ўзлигини эслатиб ҳам қўяди. Урфларини, аждодларини, қадриятларини, она тилининг ажойиб жилваларини, қадру қийматининг аслида бениҳоя юксак эканини ёдига солади. Шу нуқтадан қарасак, давримиз кишисининг китобга эҳтиёжи “йўқолиб” қолиши сира мумкин эмас. Бугун фақат бозор қонуниятлари деган тижоратчи китобхон билан китоб орасига тушиб олди. “Ичимда бир талай ҳисларим, туйғуларим, хаёлларим бор, ўша ўй-ташвишларим билан мен қай қийматга эгаман?” дегандай савол бермоқда бугуннинг китобхони. Тижоратчи эса унинг онгига “Мана бу ур-сурни ўқиб турақолинг, жуда қизиқ бир нима”, дея сиз тилга олган арзонбаҳо нарсани тиқиштиришга уриниб ётибди. Ҳақиқатан ҳам, боя айтганимиздай, китоб — мактаб болалари ёки талабалар дарс маҳали ўқишга мажбур бир нарса, кейинчалик ўқимаса ҳам бўлаверади, дейдиган тоифа пайдо бўлди. Лекин инжа тасаввурли ва кенг мулоҳазали кишиларнинг ҳам кўп эканини кўрмоқдамиз.

Бозор китобнинг энг муҳим хусусиятини йўққа айлантиради, уни минглаб бир хил кўринишдаги товарга айлантириб, сотиб юборишни кўзлайди.

— Китобхон ва ижодкор бир-бирини тўлдиради. Ёзувчининг китобхонлик даражаси унинг асарларига кўчиб, кенг китобхонлар орасидан айнан ўз даражасидаги мутолаа шинавандаларини топади. Бугун аксарият бадиий асарларнинг савия жиҳатидан қониқарсиз ҳолатда экани ёзувчиларнинг китобхонлик даражаси сустлиги билан боғлиқми ёки…?

У.Н.: Тажрибадан аёнки, ёзувчиларнинг тафаккур кўлами, савияси уларнинг китобхонлик даражасидан яққол далолат бериб туради. Туркий тилда энг “кўп ва хўб” ёзган Навоийга ноёб истеъдоддан ташқари китобхонлик бобида тенг келадиган шоир мумтоз адабиётимиз тарихида борми? Менимча, йўқ.

“Абдулла Қаҳҳор архиви каталоги”ни варақлаб кўринг. Адиб кекса ва хаста бўлишига қарамай, умрининг охирига қадар адабий жараёндаги ҳар бир янгиликни кузатиб, улар ҳақидаги мулоҳазаларини ён дафтарига қайд қилиб, айримларини матбуотда мақола тарзида эълон қилиб борган. Шахсий кутубхонасида ўзи синчиклаб мутолаа қилган жаҳон адабиёти, адабиётшунослиги, фалсафаси, руҳшунослигига оид ноёб китоблар сон-саноқсиз…

Яқинда бир адабий даврада қирқни қоралаб қолган, ҳар йили биттадан роман ёзиб, нашр этишга улгураётган “дўстимиз”дан жаҳон адабиётидаги ва ўзимиздаги қайси янги асарларни ўқигани ҳақида сўраганимда, сираям ийманмай: “Домла, мен ўқувчи эмас, ёзувчиман” деса-я! Ҳайратдан ёқа ушладим, у билан суҳбатлашиш, тортишишни бас қилдим. Очиғи, унинг битиклари даражаси ҳам ўзига, сўзига яраша, улар қўлга олишга, ўқишга ҳам арзимайди. Афсуски, шу тур қаламкашлар сафи тобора кенгайиб боряпти.

Х.Д.: Бирор асарни танласак-да, унинг яратилишига сабаб бўлган омилларни сарҳисоб қилишга уриниб кўрсак, мақсадимизга етамизми? Нималарнидир аниқлармиз, лекин жавоб мукаммал бўлмайди. Шундай экан, у ёки бу ижодкорнинг юксак даражада ижод қилиш омилларини аниқлаб бўлармикан? Тўғри, китобхон билан ижодкор бир-бирини тўлдирувчи яхлит жараённинг икки мустақил палласи ҳисоб. Лекин улар бир-бирига ҳеч қандай дахл, таъсир кўрсатмаслиги ҳам мумкин. Ҳар қандай даражадаги ижодкорга лойиқ шинавандалар топилгани каби ҳар қандай китобхон ўз савиясига яраша ижодкор ва асар топади.

Аксарият бадиий асарларнинг савияси қониқарсизлигига урғу бераётганингизга келсак, бу жуда табиий ҳолат: ҳеч қачон қониқарли (яъни, яхши) асар қониқарсизидан кўп бўлган эмас. Яхши ҳамиша оз. Бу ижодкорга ҳам, китобхонга ҳам тааллуқли.

И.С.: Ёзувчиларнинг китобхонлик даражаси суст деган гап қайдан чиқа қолди? Ёзувчи — истеъдод, унинг фикру мулоҳазаси хийла теран, тасаввури хийла кучли бўлади. “Мен асар ўқимайман” дейдиган ёзувчиларни назарда тутаётган бўлсангиз, бу истеҳзо — ёзувчи ўқийди.

Бозор муносабатлари тижорий адабиётни пайдо қилди, деймиз. Аслида, унинг адабиётга сира алоқаси йўқ. Бозор санъатни ҳам, бошқасини ҳам товарга айлантириб сотиб юборади дедик-ку? Оммага бирор тур асар маъқул келиб қолса, бозор ўшандан яна юзлаб талаб қила бошлайди. Айтайлик, “Ўткан кунлар”га ўхшаган асар яхши сотиляпти, сотувчи сал мундоқроқ бўлсаям яна беш-ўнта шунақа руҳдаги асар керак, дея тиқилинч қила бошлайди. Яъни, ўшандай шоҳ асарлар уйғотган ҳис ва туйғуларни харидоргир деб ҳисоблаб, яна ва яна талаб қилаверади. Лекин бировга ўй ва умидларини, изтиробларини, армонларини, ҳаётингизга қиймат бағишлаб турган туйғуларингизни сотинг деб кўринг-чи? Тўғри, китоб нон берармиди деб ҳиринглаб куладиганлар ҳам етарлича топилади, аммо қорин ороми билан руҳ оромини муқояса қилиб бўлармиди?

Аслида, бозор муносабати жамоат талаби ва таклиф ўртасида мувозанатни сақлаб турадиган замонавий иқтисодий тизим. Гап бозор механизмида эмас, балки шу соҳада кун кечираётган уддабурон кишиларнинг арзонбаҳо асарларни буюртма бериб ёздиришида ва уни мақтаб сотишида. “Минг йиллардир яшаб келаётган ўлмас туйғулар тараннуми, бебаҳо қадриятлар васфи. “Ўткан кунлар”! Китоб дўконларимизда!” деган реклама билан “Уйдан чиқиб кетган ўғил. Пул топиш машаққатлари. Гастербайтер Солижон” деган реклама орасидаги фарқни кўряпсизми? Ваҳоланки, ҳар бир инсон такрорланмас ҳодисадир. Бизлар оломоннинг умумий эҳтиёжларига қараганимизда, табиийки, инсонни кўра олмаймиз. Адабиёт оломон орасида ҳам инсонни кўради, қалбининг манзараларини, соғинчу армонини, қувончу андуҳини тасвирга олаверади.

— Нимани ўқисангиз, сиз ўшасиз. Эътибор билан кузатсак, юртдошларимиз орасида детектив-саргузашт, ҳиссиётларнинг очиқ-ойдин баёнига таянган китобларни харид қилишга иштиёқ кучли. Бу замондошларимиз турмуш тарзи ўта енгиллашиб, биқиқ кайфиятга кириб бораётганидан дарак бермайдими?

Х.Д.: Китоб танлаш — англаб бўлмас сеҳрларга бой руҳий жараён. Тўғри, ёқтирган асарларига қараб одамнинг кимлигини билиш мумкин. Лекин бундай ёндашув мутлақ ҳукм-хулоса чиқариш учун асос бўлолмайди. Чунки китоб танлашнинг сабаблари кўп: мутахассисликка кўра ўқиладиган китоблар бор, кимдир ўткинчи қизиқишларидан келиб чиқиб китоб излайди. Шунчаки вақт ўтказиш учун, шуур-тафаккурга дам бериш, атайин чалғиш мақсадида ўқиш мумкин. Кенг омма орасида эса, саволда тўғри таъкидланганидек, осон ҳазм қилинадиган мутолаага мойиллик кучли. Оммавий дид бундан юқори бўлиши қийин. ТВни ишғол қилган “қўшиқ (қошиқ) хўрлик” маънавий озуқамиз манбаига айланганига ҳам оммавий дид (аслида дидсизлик) сабабчи!

Хўш, нима қилмоқ керак? Одамлар китоб ўқимай қўйди деб зорланамиз, китоб ўқийдиганларни кўрамиз-да, кўпчилик енгил-елпи китобга берилиб кетди деб ёзғирамиз. Умуман қўлига китоб тутмаслик ҳам, ҳазми енгил асарларга ўчлик ҳам жўн масалалар эмас, балки улар ниҳоятда жиддий ижтимоий муаммолардир.

Менимча, ҳамонки, телевидение энг таъсирчан ва энг қамрови кенг оммавий ахборот воситаси экан, унинг бу қадар беқиёс имкониятларидан омма бадиий дидини тарбиялаш муҳитини яратишда фойдаланмоғимиз керак. Қолаверса, келинг, очиқчасига гаплашайлик, учта-тўртта китоб мутолааси яхшини ёмонга ёки ёмонни яхшига айлантириб қўймайди. Мутолаа — мутолаа қилувчига ўзини, ўзлигини англаш учун ички муҳит яратади. Шу англаш орқали у дунёни англашга уринади. Англаш жараёнлари, юқорида айтганимдек, инсонни тарбиялайди. Тарбияланишига имкон яратади. Тарбияланган, тарбияланиш йўлидаги одамдан жамият наф кўрса кўрадики, асло зарар кўрмайди.

У.Н.: Дарҳақиқат, китоб танлашда, танлаб ўқишда гап кўп. Айниқса, адабиётнинг ўзида хилма-хил оқимлар, тамойиллар, тур ва ва жанрлар, усул ва услублар учун эшиклар кенг очиб қўйилган замонда!

Кўпинча биз — мунаққидларга бўш, ночор, бунинг устига чучмал лавҳалар билан тўлиб-тошган битикларни танқид қилмайсизлар, дея таъна ёғдиришади. Бу хусусда менинг жавобим тайин: танқид бу сараламоқдир; мунаққид танқидга, яъни қўлга олишга, муҳокама юритишга, яъни таҳлил ва талқинга арзийдиган асар ҳақидагина гапиради, ёзади, танқиддан тубан асардан мунаққид узоқ туриши даркор, акс ҳолда мунаққиднинг бурди кетади… Адабиёт дарёси хас-хашаклар, бўтана, кўпиклар билан тўлиб-тошиб оқса-да, аммо бориб-бориб барибир тинади, энг саралари узоқ манзилларга етади. Ана шу узоқ манзилларга етадиганларини вақтида пайқаш, хас-хашаклар орасидан саралаб олиб кўз-кўз қилиш, уларнинг асл нафосатини кашф этиш мунаққиднинг асосий бурчи деб биламан.

Сиз “юртдошларимиз орасида детектив-саргузашт, ҳиссиётларнинг очиқ-ойдин баёнига таянадиган китобларни харид қилиш, ўқишга талаб кучли” деган фикрдасиз. Аслида, детектив-саргузашт асарлар орасида ҳам заиф, ночорлари билан баробар, бу турнинг етук нодир намуналари ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам бор-ку!

Менинг кузатишимча, китобхонлар орасида ҳиссиётларнинг очиқ-ойдин баёнига қизиқиш ўткинчи ҳол. Китобхон ёш ва савия жиҳатидан улғайган сари бунақа “беҳаё” талқинлардан безиб, узоқлашиб бораверади.

— Бугун савдо расталари безакли, ўқишли ва шу билан бирга, минг афсуски, олди-қочди китоблар билан ҳам лиқ тўла. Ҳаваскор шоиру носирлар тўрт-беш сўм пул топса, ўз “ижод” маҳсулларини китоб қилиб чиқаришяпти. Ҳатто 50-100 та нусхада бўлсаям. Бу ҳол китобхоннинг савиясини туширишга, ўқувчининг дидини ўтмаслаштиришга “хизмат” қилаётгани эса янада ачинарли. Шундай эмасми?

У.Н.: Умрида истеъдоди бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар, жўшқин куйга жўр бўлиб қўшиқ айтмаган, рақсга тушмаган бирорта инсон топилмаса керак. Аммо у бу билан хонанда ёки раққоса, раққос бўлиб қолмайди-ку! Айни шундай ҳол адабиёт даргоҳида ҳам ҳамма вақт бўлган, бўляпти, бўлаверади: ғазалларини “чор девон” қилган, бошидан ўтганларидан роман ясаган кўплаб таниш-билишларим бор. Кўп вақтим уларни ўқишга кетган. Ётиғи билан булар китоб ҳолида чиқишга арзимаслигини айтганман. Афсуски, ўшандай битиклар кейинги пайтда интернет сайтларига ҳам кириб келаётир. Беғараз, бузғунчиликдан холи, одоб доирасида бўлса, майли, бунга йўл очиқ. Уларни ўқиш, ўқимаслик ўқувчининг диди, фаросатига боғлиқ. Бундан ташвиш тортмаса бўлаверади. Аммо айрим сайтларда шахсий ғараз, қип-қизил бўҳтон, телбаларча беҳаё айбномалар — битиклар ҳам кўриниб қолаётирки, уларга тоқат қилиш мумкин эмас.

Х.Д.: Китоб бозори кенг китобхонлар оммаси орасидаги ҳар қандай дид-савия эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади. Бироқ тез ва кўп сотиладиган китоб қанчалик сероб бўлса, суст ва оз сотиладиган китоблар ҳам шунчалар қадрланади, эъзозланади. Чунки китобхонларнинг умумий савиясини, асл ижодкорнинг маҳорати даражасини айни шу суст ва оз сотиладиган адабиётлар белгилаб беради. Ададнинг камайиб кетиши эса ҳозирги ахборот глобаллашуви даври хусусиятларидан ҳисобланади.

И.С.: Минг йиллардан бери адабиётимизда устоз-шогирд анъанаси давом этиб келмоқда. Ҳаваскор укаларимизнинг ҳавасини фақат қўллаб-қувватлаш керак. Айни ўринда ўша ҳаваскор ота-онасининг бола келажагига бўлган ташвиши “Шу боламда бир истеъдод борга ўхшайди, тезроқ китоби чиқиб, хурсанд бўлақолсин” дегандай истакдан келиб чиқса-да, бунақа ечим ҳаваскоримизни задалаб қўйиши ҳеч гапмас. Чунки истеъдод, аввало, такрорланмас бўлиши шарт. Устоз унинг машқларидаги ноёбликни илғаб, керакли йўсинда ривожлантириб бориши керак. Ўз ижодига талабчан адиб шогирдининг ижодига ҳам талабчан бўлади. Шунингдек, нашриёт ходимларининг талабчанлигини ҳам оширмаса бўлмайди. Асар мазмунидан нашриёт билан баб-баравар уни нашрга тайёрлаган шахс ҳам жавобгар бўлсин. Адабий танқид адабиётнинг виждонига айланиши керак.

— Узоқ вақтдан буён анъанавий ва электрон китобларни ўзаро чоғиштириш, даврлар ўтиб бири иккинчисини сиқиб чиқариши ҳақидаги баҳслар давом этаётир. Улар ўртасига тўсиқ қўйиш, бир-биридан ажратиш мумкинмикан?! Чунки ҳар иккаласи ҳам туб моҳияти билан китобга ошноликнинг ифодачиси. Уларни қўшқанотга айлантириш ўрнига қарама-қарши қутбларга ажратиб ташланса, зарар кўпроқ бўлмайдими?

У.Н.: Фикрларингизга тўла қўшиламан. Дарҳақиқат, электрон мутолаа анъанавий китобхонликнинг замонавий шакли. Ниҳоятда қулай, арзон, замонавий интернет адабиёти келажакда кенг ёйилишига ишончим комил. Шунда адабий газета, журнал, китоб ададларининг озлигидан нолимаса ҳам бўлаверади, бир сайтдаги бир асарни бир пайтнинг ўзида минглаб, миллионлаб китобхонлар ўқийверади, ундан чексиз баҳра олаверади. Ниҳоятда қулай бундай имкониятни кенг тарғиб этишимиз даркор.

Х.Д.: Фавқулодда тафаккур соҳибларидан бўлмиш Маршалл Маклюэн ўтган асрнинг 60-йилларида инсоният ихтиро қиладиган ҳар бир янги ахборот воситаси бутун-бутун авлод вакилларини имтиҳондан, синовдан ўтказади деб башорат қилган эди. Бизнинг замондошларимиз электрон китоблар, уяли телефонлар синовини бошдан кечирмоқда. Ундан қандай ўтадилар — келажак кўрсатади.

Давр шиддатидан келиб чиқадиган бўлсак, электрон китоб имкониятларидан фойдаланмаслик ҳам жоҳилликка ўхшаб кетади. Лекин сиз назарда тутган анъанавий китобни кафтингда тутиб, кўксингга босиб, ошиқмай-ҳовлиқмай, кўзингга суртгудек эъзозлаб-авайлаб, роҳатланиб, завқларга тўлиб-тошиб ўқиганга нима етсин?! Бундай мутолаа мўъжизасини йўққа чиқарадиган восита йўқ, унақаси кашф этилмаса ҳам, бир китобхон сифатида шахсан мен розиман!

— Мазмунли суҳбат учун Сизларга миннатдорлик билдирамиз.

Ashampoo_Snap_2017.02.02_22h20m11s_005_.pngMUTOLAA MO‘’JIZASI
KITOBXONLIK MADANIYATI — MADANIYATLAR MAG‘ZIDIR
“Turkiston-press” muxbiri Sirojiddin Sotvolodiyev suhbatlashdi
012

Taraqqiyot sur’ati yuqori davrimizda kitob va kitobxon mavzusining yanada dolzarblashayotgani ikki jihatdan muhim: yaxshi tomoni, mutolaa ehtiyoji yuksalib, shaffoflashayotir, xavotir tarafidan esa ommaviy kitobxonlik susayib, betiyiq kitoblar rastalarda ko‘paymoqda. Milliy va jahon adabiyoti kutubxonasidan yaxshi xabardor, keng kitob maydonidagi har bir yangilikni kuzatib boruvchi ijodkorlar — taniqli adabiyotshunos Umarali Normatov, adib va jurnalist Xurshid Do‘stmuhammad hamda yozuvchi Isajon Sulton ishtirokida kechgan shu xususdagi davra suhbati, nazarimizda, zamonamiz kitobxonlik madaniyati tevaragidagi savollarga javob bera oladi.

— Kitob — laganbardorlik qilmaydigan do‘st. Uning inson kamolotidagi o‘rnini boshqa hech bir vosita bosa olmaydi. Shunday ekan, bugun ana shu do‘st bilan bog‘liq holda ko‘p tilga olinayotgan kitobxonlik qanday mezon va talablarni qamrab oladi? O‘zi, aslida, kitobxonlik madaniyati qanday bo‘lishi kerak?

img_0186.jpgUmarali NORMATOV: Kitob bashariyatning, jumladan, millatning, alohida shaxsning hayotida, takomilida qanchalar muhim o‘rin tutishi, siz aytganday, uning o‘rnini hech bir vosita bosa olmasligi kunday ravshan. Alloh o‘zining mislsiz qudratini namoyish etish uchun olamni, olamlarni, ularning gultoji sanalmish odamni yaratar ekan, uning yashash tarzi yo‘l-yo‘riqlarini ham kalom — kitob tarzida o‘z elchilari orqali yuborgan, bu muqaddas kitoblarsiz bashariyat tamadduni tarixini tasavvur etish mumkinmi? Aslo! Yer yuzidagi turli mamlakatlar, millatlarning kitobat tarixini ko‘z oldingizga keltiring, o‘sha yurt xalqlari, millatlari tarixi, ularning tafakkur darajasi, o‘y-mushohadalari, orzu-intilishlari, topganlari va yo‘qotganlari, kuchli hamda ojiz jihatlari, quvonchu qayg‘ulari — barcha-barchasi o‘sha kitoblar sahifalarida muhrlanib qolgan.

Shukrki, ko‘plab turkiy uluslar qatori biz, o‘zbeklarning turli davrlarda turli xil yozuvlarda muhrlanib qolgan olamga ko‘z-ko‘z qilgulik boy yozma yodgorliklarimiz bor. Bebaho tarixiy, diniy, ilmiy, adabiy asarlar yozib qoldirgan yurtdoshlarimiz bilan har qancha faxrlansak arziydi.

Azaldan xalqimizda, ayniqsa, adabiy-badiiy did nihoyatda yuksak bo‘lgan, turkiy, forsiy, arabiy tildagi asarlar birday o‘qilavergan, hadisxonlik, yassaviyxonlik, sa’diyxonlik, bedilxonlik, navoiyxonlik keng urf bo‘lgan, so‘z san’atiga shaydolik tufayli bo‘lsa kerak, odamlar hatto bozorda oldi-sotdini ham she’riy tilda vazn va qofiyaga solib ado etishgan, tabobatga, odob-axloqqa, ilm-fanga oid yo‘l-yo‘riqlar ham she’riy yo‘lda bitilgan.

Xurshid DO‘STMUHAMMAD: Kitobning inson kamolotida tutgan o‘rni haqida aytilgan fikr-mulohazalar jamlansa, ular hech mubolag‘asiz tog‘-tog‘ jild kitobga jo bo‘lsa kerak! Shu bois bu xususda tesha tegmagan so‘z aytish amrimahol, deb o‘ylayman.

Madaniyat, madaniyatlilik g‘oyatda keng tushunchalar, biroq kim nima demasin, kim qanday talqin qilmasin, bu tushunchalarning mohiyatida tarbiya, tarbiyalanish hodisasi yotadi. Inson — tarbiyalanuvchi mavjudot. Tarbiyaning shakllari esa ko‘p. Ammo-lekin uning o‘zak va tayanch nuqtasi mutolaa va yana mutolaadan bino bo‘ladi! Zero, kitobxonlik madaniyati umumiy madaniyatning mag‘zi, mazmunidir. Bu haqiqatni yonib-kuyib aytmagan, mutolaaga da’vat qilishni hayotiy maslagiga aylantirmagan donishmand, ziyoli inson topilmasa kerak.

Kitobxonlik madaniyati tabiiy ravishda o‘zgaruvchan, toblanuvchan hodisadir. Uning o‘zgaruvchanligi davr, zamon va makon bilan chambarchas bog‘liq.

Inson o‘zi yashaydigan jamiyatning bir bo‘lagi hisoblanadi. Shunday ekan, u istaydimi-yo‘qmi, shu jamiyatning ob-havosidan bahra olib yashaydi. To‘la bahra olish uchun unda boxabarlik ishtiyoqi bo‘lmog‘i zarur. Boxabarlikni esa mutolaasiz tasavvur qilib bo‘lmaydi. BUGUN farovon, go‘zal va to‘kis yashash uchun inson O‘TMISH va KЕLAJAKni bilishga, anglashga ehtiyoj sezadi — bunga ham faqat mutolaa orqali erishadi. Bugungi kitobxonlik madaniyati mezonlari mazkur tushunchalar doirasida gavdalanadi.

Isajon SULTON: Ha, hozircha inson bolasi bir-biriga o‘z his-tuyg‘ularini, fikr-mulohazalarini yetkazib berishning yozuvdan boshqa yo‘lini topa olgani yo‘q. Masalan, ikki yuz yildan keyin dunyoga keladigan avlodingizga aytishni istagan yurak izhoringizni so‘zdan boshqa qay yo‘sinda ifoda eta olasiz?

Fikru hislarini va bilimlarini so‘z holida, kitob shaklida saqlash, darhaqiqat, odamzotning eng katta yutug‘idir. Shu ma’noda kutubxona — ham butun olamning, ham ma’lum bir xalqning to‘liq tarixi hisoblanadi. Hujjatli yozuvlar faktlar ko‘rinishida bo‘lib o‘tgan voqealardan xabar bersa, badiiy asarlar o‘sha davr odamlarining hissiyotlarini, o‘y va iztiroblarini hujjat kabi saqlaydi.

Kitoblar qatida, bir tomonda ilmu fan, texnologiyalarning sirlarini jam aylagan bo‘lsa, yana bir yoqda hali javhariga ilmu fan yetib ulgurmagan muhtasham inson qalbi va uning iztiroblari turadi. Bolalarimizning kitob o‘qishlarini istashimiz, aslida, g‘oyat zarur deb bilganimiz asriy hikmatlarning mag‘zini chaqishini xohlashimizdan bo‘lsa kerak.

Bugun, afsuski, kitob o‘qish deganda ko‘pchilikning xayolida atay to‘qib chiqarilgan qiziqroq voqeani o‘qib, vaqt o‘tkazish degan tushuncha shakllana boshladi. Badiiy asar — bilim, bilim bo‘lganida ham boshqa hech qayerdan topib bo‘lmaydigan bilimdir.

U.N.: Siz g‘oyat nozik masala — kitobxonlik madaniyati, uning mezonlari ustida so‘z ochayotirsiz. Bu xususda keyinroq to‘xtalsak. Dadil aytishim mumkin: shaxsan kamina bolaligimda guvoh bo‘lgan kitobxonlik davralarida birorta ham oldi-qochdi, yengil-yelpi asarlar o‘qilganligini bilmayman. Qolaversa, o‘sha kezlari men tilga olgan kitoblar xiyla taqchil edi, ular mahallamizdagi bir yoki ikki odamning qo‘lida bo‘lar, ayrimlarini o‘sha kitob shaydolari tanishlaridan iltijo qilib olib kelib bizga o‘qishga berardi… Shunday kitobsevarlardan biri Abbosxon faqat yetti yillik maktabda ta’lim olgan, qo‘lida hech qanaqa diplomi bo‘lmasa-da, did-saviyasi bo‘y-bastiga yarasha yuksak va ko‘rkam edi. O‘sha davr adabiy siyosati, tahdidu ta’qiblari, kundalik turmush mashaqqatlariga qaramay, undagi kitobga bo‘lgan ehtirom, ishtiyoq odamni lol qoldirardi.

Bugungi kunda ahvol butunlay o‘zgacha, kitob tanqis matoh emas. Mamlakatimizda 150 dan ziyod nashriyot, 1630 dan ortiq matbaa korxonasi faoliyat ko‘rsatmoqda. Istiqlol yillari ommaviy axborot vositalari 3,5 barobar ortib 1367 taga yetdi. Buning ustiga, sho‘ro davrida ijodkor bilan kitobxon orasida temir devor xizmatini o‘tagan senzura barham topdi. Mustabid tuzum davridagi kabi didli, saviyali kitobxon bilan yaxshi asar orasida, Abdulla Qahhor iborasi bilan aytganda, Qorabotir xizmatini o‘tagan munaqqidlar yo‘q hisob: nashriyotlarda yiliga yuzlab nasriy, she’riy, dramatik, publitsistik, adabiy-tanqidiy asarlar bosilib turibdi, kundalik gazetalarda, jurnallarda e’lon etilgan, etilayotgan she’r, hikoya, qissa, doston va romanlarning son-sanog‘iga yetish mushkul. Bularning yoniga, internet adabiyoti qo‘shildi. Uning doirasi shitob bilan kengayib bormoqda.

— Mutolaa — inson ehtiyojlarining gultoji. Kitobxon, kitobsevar, kitobparvar, kitobyig‘ar… Bular ana shu ehtiyojning pillapoyalaridir. Siz aytayotgan, mutolaa uchun keng imkoniyat paydo bo‘lgan ayni davrimiz kishisi bu pillapoyaning qaysi birida turibdi?

U.N.: Siz davrimiz kishisi mutolaa, kitobxonlik pillapoyasining qaysi pog‘onasida turibdi, degan o‘tkir savolni o‘rtaga tashlayotirsiz.

Oddiy kitobxonni qo‘yib turing, bevosita adabiyotga, adabiyotshunoslikka, adabiy ta’limga daxldor shaxslar xususida ba’zi raqamlarni keltirib o‘tsam. Respublikamizda 10 mingga yaqin umumta’lim maktablari bor, ularning har birida o‘rta hisobda 3-5 tadan ona tili va adabiyot fani o‘qituvchisi ish ko‘radi, bularning yoniga akademik litsey, kasb-hunar kollejlari, oliy o‘quv yurtlari adabiyot muallimlari, talabalari, tadqiqotchilarni, shuningdek, turli ilm dargohlarida, nashriyotlarda xizmat qiladigan adabiy xodimlarni, mening hisob-kitobimga ko‘ra, Yozuvchilar uyushmasi a’zolaridan tashqari yozib-chizib kitob chiqarib yuradigan 3 mingdan ortiq ijodkorlarni ham qo‘shadigan bo‘lsak, mamlakatimizda 70-80 mingdan ortiq “adabiyotning nonini yeydigan” kishilar bor. Nashriyotlarda chiqib turgan, gazeta va jurnallarda e’lon qilinayotgan son-sanoqsiz yangi adabiy asarlar, adabiy-tanqidiy maqolalar, bahs-munozaralardan ularning barchasi, ayniqsa, adabiyot muallimlari xabardormi?

Afsuski, mavjud hisob-kitobim, o‘jar raqamlar kishida noxush taassurotlar qoldiradi. O‘zingiz o‘ylab ko‘ring: bevosita “adabiyotning nonini yeydigan” har bir xonadonga o‘qishli nashrlar, qolaversa, taniqli ijodkorlarning yangi asarlari kirib borsa, ularning nashri adadi 70-80 mingdan kam bo‘lmaydi-ku, axir. Adabiyot muallimi, mutaxassisi shaxsiy kutubxonasi kundalik adabiyot yangiliklari bilan peshma-pesh to‘lib borsa, qanday yaxshi! Loaqal har bir o‘quv dargohiga ular 1 donadan yetib borgudek bo‘lsa ham, ularning adadi 15 mingdan oshadi…

Qisqasi, adabiy nashrlar adadining kamayib, kitobxonlik doirasi torayib ketishining sababini boshqa ko‘plab omillar, chunonchi, adabiyot bilan zamonaviy axborot vositalari, internet, televideniye o‘rtasidagi raqobatlardangina qidirish o‘rinsiz, bu borada “adabiyot odamlari”ning ham aybi bor. Buni mardona tan olishimiz darkor. Har qancha keskin, jiddiy bo‘lmasin, bu hal etilishi lozim bo‘lgan muammo.

Хуршид-Дустмухаммад.jpgX.D.: Har qanday davrda siz sanagan toifa vakillari istagancha topiladi. Bizning davr ham bundan istisno emas. Haqiqatda mutolaa — inson ehtiyojlarining gultoji, lekin bu gultojni asrab-avaylashga, e’zozlashga hayotini baxshida qilganlar va qilayotganlar qanchalik ko‘p bo‘lsa, uni sariq chaqaga olmaydiganlar ham oz emas.

Men kitob targ‘ibotiga, mutolaa zavqini ommalashtirishga qaratilgan sa’y-harakatlarga zinhor qarshi emasman, biroq bir haqiqatni tan olsak, chakki bo‘lmaydi, deb o‘ylayman. Aytmoqchimanki, kitob mutolaasiga haqiqiy ma’noda ishqi tushgan inson to hayot ekan, bu mashg‘ulotdan zinhor-bazinhor bezmaganidek, mutolaa zavqidan benasib bandalarni chinakam kitobxonga aylantirib qo‘yish ham amrimahol. Bir misol keltiray. Ko‘pdan buyon sirtdan ko‘ztanish bo‘lgan odam bilan yaqindan muloqotga kirishishga, hamkorlik qilishga to‘g‘ri kelib qoldi.

— Aka, — dedi u o‘zi haqida so‘zlay turib, — men kitob, gazeta o‘qimayman, radio eshitmayman. Shular haqidagi gap-so‘zlar ham meni zarracha qiziqtirmaydi.

Hayron bo‘lib qoldim. Baraka topgur, loaqal mening sohamga hurmat yuzasidan bunday gapni aytmasligi ham mumkin edi. Lekin, boshqa tomondan, u rost gapni dangal aytdi, tilyog‘lamalik qilmadi. Xo‘p, uning SHUNDAY ODAM bo‘lishga haqqi bormi? Ya’ni, bu yorug‘ dunyodan mutlaqo o‘qimaydigan odam bo‘lib yashab o‘tish huquqi bormi? Bor desak, men nima uchun o‘zimdagi zavqni unga yuqtirishga urinishim kerak? Qo‘yarda-qo‘ymay undan o‘zim istagandek kitobxon yasashga urinishim kerak? Bordiyu mo‘’jiza ro‘y berib, niyatimga erishsam, unaqangi kitobxondan kimga nima foydayu, kimga qanday naf?! Kitobxonlikka muhabbat uyg‘otish alohida muammo, savodli kitobxonlik darajasini ko‘tarishga urinish yana bir alohida masala.

I.S.: To‘g‘ri, qanday nomlansa ham, kitob o‘qish insonning ehtiyoj tuyg‘usidan kelib chiqadi. Bu g‘alati va qiziq jarayon. U biz o‘ylagandan ko‘ra muhimroq.

Mumtoz asarlardan birida asir kimsaning boshi uzra tinmay aylanib sayraydigan qush obrazi esingizdami? “Otang kim? Onang kim?” deya chirqillaydi qush. Adabiyot mana shu qushga o‘xshaydi. Zamonaviy hiylalar va manfaatlar to‘qnashuvi asnosida turgan kishiga “Sen kimsan?” deya o‘zligini eslatib ham qo‘yadi. Urflarini, ajdodlarini, qadriyatlarini, ona tilining ajoyib jilvalarini, qadru qiymatining aslida benihoya yuksak ekanini yodiga soladi. Shu nuqtadan qarasak, davrimiz kishisining kitobga ehtiyoji “yo‘qolib” qolishi sira mumkin emas. Bugun faqat bozor qonuniyatlari degan tijoratchi kitobxon bilan kitob orasiga tushib oldi. “Ichimda bir talay hislarim, tuyg‘ularim, xayollarim bor, o‘sha o‘y-tashvishlarim bilan men qay qiymatga egaman?” deganday savol bermoqda bugunning kitobxoni. Tijoratchi esa uning ongiga “Mana bu ur-surni o‘qib turaqoling, juda qiziq bir nima”, deya siz tilga olgan arzonbaho narsani tiqishtirishga urinib yotibdi. Haqiqatan ham, boya aytganimizday, kitob — maktab bolalari yoki talabalar dars mahali o‘qishga majbur bir narsa, keyinchalik o‘qimasa ham bo‘laveradi, deydigan toifa paydo bo‘ldi. Lekin inja tasavvurli va keng mulohazali kishilarning ham ko‘p ekanini ko‘rmoqdamiz.

Bozor kitobning eng muhim xususiyatini yo‘qqa aylantiradi, uni minglab bir xil ko‘rinishdagi tovarga aylantirib, sotib yuborishni ko‘zlaydi.

— Kitobxon va ijodkor bir-birini to‘ldiradi. Yozuvchining kitobxonlik darajasi uning asarlariga ko‘chib, keng kitobxonlar orasidan aynan o‘z darajasidagi mutolaa shinavandalarini topadi. Bugun aksariyat badiiy asarlarning saviya jihatidan qoniqarsiz holatda ekani yozuvchilarning kitobxonlik darajasi sustligi bilan bog‘liqmi yoki…?

U.N.: Tajribadan ayonki, yozuvchilarning tafakkur ko‘lami, saviyasi ularning kitobxonlik darajasidan yaqqol dalolat berib turadi. Turkiy tilda eng “ko‘p va xo‘b” yozgan Navoiyga noyob iste’doddan tashqari kitobxonlik bobida teng keladigan shoir mumtoz adabiyotimiz tarixida bormi? Menimcha, yo‘q.

“Abdulla Qahhor arxivi katalogi”ni varaqlab ko‘ring. Adib keksa va xasta bo‘lishiga qaramay, umrining oxiriga qadar adabiy jarayondagi har bir yangilikni kuzatib, ular haqidagi mulohazalarini yon daftariga qayd qilib, ayrimlarini matbuotda maqola tarzida e’lon qilib borgan. Shaxsiy kutubxonasida o‘zi sinchiklab mutolaa qilgan jahon adabiyoti, adabiyotshunosligi, falsafasi, ruhshunosligiga oid noyob kitoblar son-sanoqsiz…

Yaqinda bir adabiy davrada qirqni qoralab qolgan, har yili bittadan roman yozib, nashr etishga ulgurayotgan “do‘stimiz”dan jahon adabiyotidagi va o‘zimizdagi qaysi yangi asarlarni o‘qigani haqida so‘raganimda, sirayam iymanmay: “Domla, men o‘quvchi emas, yozuvchiman” desa-ya! Hayratdan yoqa ushladim, u bilan suhbatlashish, tortishishni bas qildim. Ochig‘i, uning bitiklari darajasi ham o‘ziga, so‘ziga yarasha, ular qo‘lga olishga, o‘qishga ham arzimaydi. Afsuski, shu tur qalamkashlar safi tobora kengayib boryapti.

X.D.: Biror asarni tanlasak-da, uning yaratilishiga sabab bo‘lgan omillarni sarhisob qilishga urinib ko‘rsak, maqsadimizga yetamizmi? Nimalarnidir aniqlarmiz, lekin javob mukammal bo‘lmaydi. Shunday ekan, u yoki bu ijodkorning yuksak darajada ijod qilish omillarini aniqlab bo‘larmikan? To‘g‘ri, kitobxon bilan ijodkor bir-birini to‘ldiruvchi yaxlit jarayonning ikki mustaqil pallasi hisob. Lekin ular bir-biriga hech qanday daxl, ta’sir ko‘rsatmasligi ham mumkin. Har qanday darajadagi ijodkorga loyiq shinavandalar topilgani kabi har qanday kitobxon o‘z saviyasiga yarasha ijodkor va asar topadi.

Aksariyat badiiy asarlarning saviyasi qoniqarsizligiga urg‘u berayotganingizga kelsak, bu juda tabiiy holat: hech qachon qoniqarli (ya’ni, yaxshi) asar qoniqarsizidan ko‘p bo‘lgan emas. Yaxshi hamisha oz. Bu ijodkorga ham, kitobxonga ham taalluqli.

I.S.: Yozuvchilarning kitobxonlik darajasi sust degan gap qaydan chiqa qoldi? Yozuvchi — iste’dod, uning fikru mulohazasi xiyla teran, tasavvuri xiyla kuchli bo‘ladi. “Men asar o‘qimayman” deydigan yozuvchilarni nazarda tutayotgan bo‘lsangiz, bu istehzo — yozuvchi o‘qiydi.

Bozor munosabatlari tijoriy adabiyotni paydo qildi, deymiz. Aslida, uning adabiyotga sira aloqasi yo‘q. Bozor san’atni ham, boshqasini ham tovarga aylantirib sotib yuboradi dedik-ku? Ommaga biror tur asar ma’qul kelib qolsa, bozor o‘shandan yana yuzlab talab qila boshlaydi. Aytaylik, “O‘tkan kunlar”ga o‘xshagan asar yaxshi sotilyapti, sotuvchi sal mundoqroq bo‘lsayam yana besh-o‘nta shunaqa ruhdagi asar kerak, deya tiqilinch qila boshlaydi. Ya’ni, o‘shanday shoh asarlar uyg‘otgan his va tuyg‘ularni xaridorgir deb hisoblab, yana va yana talab qilaveradi. Lekin birovga o‘y va umidlarini, iztiroblarini, armonlarini, hayotingizga qiymat bag‘ishlab turgan tuyg‘ularingizni soting deb ko‘ring-chi? To‘g‘ri, kitob non berarmidi deb hiringlab kuladiganlar ham yetarlicha topiladi, ammo qorin oromi bilan ruh oromini muqoyasa qilib bo‘larmidi?

Aslida, bozor munosabati jamoat talabi va taklif o‘rtasida muvozanatni saqlab turadigan zamonaviy iqtisodiy tizim. Gap bozor mexanizmida emas, balki shu sohada kun kechirayotgan uddaburon kishilarning arzonbaho asarlarni buyurtma berib yozdirishida va uni maqtab sotishida. “Ming yillardir yashab kelayotgan o‘lmas tuyg‘ular tarannumi, bebaho qadriyatlar vasfi. “O‘tkan kunlar”! Kitob do‘konlarimizda!” degan reklama bilan “Uydan chiqib ketgan o‘g‘il. Pul topish mashaqqatlari. Gasterbayter Solijon” degan reklama orasidagi farqni ko‘ryapsizmi? Vaholanki, har bir inson takrorlanmas hodisadir. Bizlar olomonning umumiy ehtiyojlariga qaraganimizda, tabiiyki, insonni ko‘ra olmaymiz. Adabiyot olomon orasida ham insonni ko‘radi, qalbining manzaralarini, sog‘inchu armonini, quvonchu anduhini tasvirga olaveradi.

— Nimani o‘qisangiz, siz o‘shasiz. E’tibor bilan kuzatsak, yurtdoshlarimiz orasida detektiv-sarguzasht, hissiyotlarning ochiq-oydin bayoniga tayangan kitoblarni xarid qilishga ishtiyoq kuchli. Bu zamondoshlarimiz turmush tarzi o‘ta yengillashib, biqiq kayfiyatga kirib borayotganidan darak bermaydimi?

X.D.: Kitob tanlash — anglab bo‘lmas sehrlarga boy ruhiy jarayon. To‘g‘ri, yoqtirgan asarlariga qarab odamning kimligini bilish mumkin. Lekin bunday yondashuv mutlaq hukm-xulosa chiqarish uchun asos bo‘lolmaydi. Chunki kitob tanlashning sabablari ko‘p: mutaxassislikka ko‘ra o‘qiladigan kitoblar bor, kimdir o‘tkinchi qiziqishlaridan kelib chiqib kitob izlaydi. Shunchaki vaqt o‘tkazish uchun, shuur-tafakkurga dam berish, atayin chalg‘ish maqsadida o‘qish mumkin. Keng omma orasida esa, savolda to‘g‘ri ta’kidlanganidek, oson hazm qilinadigan mutolaaga moyillik kuchli. Ommaviy did bundan yuqori bo‘lishi qiyin. TVni ishg‘ol qilgan “qo‘shiq (qoshiq) xo‘rlik” ma’naviy ozuqamiz manbaiga aylanganiga ham ommaviy did (aslida didsizlik) sababchi!

Xo‘sh, nima qilmoq kerak? Odamlar kitob o‘qimay qo‘ydi deb zorlanamiz, kitob o‘qiydiganlarni ko‘ramiz-da, ko‘pchilik yengil-yelpi kitobga berilib ketdi deb yozg‘iramiz. Umuman qo‘liga kitob tutmaslik ham, hazmi yengil asarlarga o‘chlik ham jo‘n masalalar emas, balki ular nihoyatda jiddiy ijtimoiy muammolardir.

Menimcha, hamonki, televideniye eng ta’sirchan va eng qamrovi keng ommaviy axborot vositasi ekan, uning bu qadar beqiyos imkoniyatlaridan omma badiiy didini tarbiyalash muhitini yaratishda foydalanmog‘imiz kerak. Qolaversa, keling, ochiqchasiga gaplashaylik, uchta-to‘rtta kitob mutolaasi yaxshini yomonga yoki yomonni yaxshiga aylantirib qo‘ymaydi. Mutolaa — mutolaa qiluvchiga o‘zini, o‘zligini anglash uchun ichki muhit yaratadi. Shu anglash orqali u dunyoni anglashga urinadi. Anglash jarayonlari, yuqorida aytganimdek, insonni tarbiyalaydi. Tarbiyalanishiga imkon yaratadi. Tarbiyalangan, tarbiyalanish yo‘lidagi odamdan jamiyat naf ko‘rsa ko‘radiki, aslo zarar ko‘rmaydi.

U.N.: Darhaqiqat, kitob tanlashda, tanlab o‘qishda gap ko‘p. Ayniqsa, adabiyotning o‘zida xilma-xil oqimlar, tamoyillar, tur va va janrlar, usul va uslublar uchun eshiklar keng ochib qo‘yilgan zamonda!

Ko‘pincha biz — munaqqidlarga bo‘sh, nochor, buning ustiga chuchmal lavhalar bilan to‘lib-toshgan bitiklarni tanqid qilmaysizlar, deya ta’na yog‘dirishadi. Bu xususda mening javobim tayin: tanqid bu saralamoqdir; munaqqid tanqidga, ya’ni qo‘lga olishga, muhokama yuritishga, ya’ni tahlil va talqinga arziydigan asar haqidagina gapiradi, yozadi, tanqiddan tuban asardan munaqqid uzoq turishi darkor, aks holda munaqqidning burdi ketadi… Adabiyot daryosi xas-xashaklar, bo‘tana, ko‘piklar bilan to‘lib-toshib oqsa-da, ammo borib-borib baribir tinadi, eng saralari uzoq manzillarga yetadi. Ana shu uzoq manzillarga yetadiganlarini vaqtida payqash, xas-xashaklar orasidan saralab olib ko‘z-ko‘z qilish, ularning asl nafosatini kashf etish munaqqidning asosiy burchi deb bilaman.

Siz “yurtdoshlarimiz orasida detektiv-sarguzasht, hissiyotlarning ochiq-oydin bayoniga tayanadigan kitoblarni xarid qilish, o‘qishga talab kuchli” degan fikrdasiz. Aslida, detektiv-sarguzasht asarlar orasida ham zaif, nochorlari bilan barobar, bu turning yetuk nodir namunalari o‘tmishda ham, hozir ham bor-ku!

Mening kuzatishimcha, kitobxonlar orasida hissiyotlarning ochiq-oydin bayoniga qiziqish o‘tkinchi hol. Kitobxon yosh va saviya jihatidan ulg‘aygan sari bunaqa “behayo” talqinlardan bezib, uzoqlashib boraveradi.

— Bugun savdo rastalari bezakli, o‘qishli va shu bilan birga, ming afsuski, oldi-qochdi kitoblar bilan ham liq to‘la. Havaskor shoiru nosirlar to‘rt-besh so‘m pul topsa, o‘z “ijod” mahsullarini kitob qilib chiqarishyapti. Hatto 50-100 ta nusxada bo‘lsayam. Bu hol kitobxonning saviyasini tushirishga, o‘quvchining didini o‘tmaslashtirishga “xizmat” qilayotgani esa yanada achinarli. Shunday emasmi?

U.N.: Umrida iste’dodi bo‘lish-bo‘lmasligidan qat’i nazar, jo‘shqin kuyga jo‘r bo‘lib qo‘shiq aytmagan, raqsga tushmagan birorta inson topilmasa kerak. Ammo u bu bilan xonanda yoki raqqosa, raqqos bo‘lib qolmaydi-ku! Ayni shunday hol adabiyot dargohida ham hamma vaqt bo‘lgan, bo‘lyapti, bo‘laveradi: g‘azallarini “chor devon” qilgan, boshidan o‘tganlaridan roman yasagan ko‘plab tanish-bilishlarim bor. Ko‘p vaqtim ularni o‘qishga ketgan. Yotig‘i bilan bular kitob holida chiqishga arzimasligini aytganman. Afsuski, o‘shanday bitiklar keyingi paytda internet saytlariga ham kirib kelayotir. Beg‘araz, buzg‘unchilikdan xoli, odob doirasida bo‘lsa, mayli, bunga yo‘l ochiq. Ularni o‘qish, o‘qimaslik o‘quvchining didi, farosatiga bog‘liq. Bundan tashvish tortmasa bo‘laveradi. Ammo ayrim saytlarda shaxsiy g‘araz, qip-qizil bo‘hton, telbalarcha behayo aybnomalar — bitiklar ham ko‘rinib qolayotirki, ularga toqat qilish mumkin emas.

X.D.: Kitob bozori keng kitobxonlar ommasi orasidagi har qanday did-saviya ehtiyojidan kelib chiqqan holda tashkil etiladi. Biroq tez va ko‘p sotiladigan kitob qanchalik serob bo‘lsa, sust va oz sotiladigan kitoblar ham shunchalar qadrlanadi, e’zozlanadi. Chunki kitobxonlarning umumiy saviyasini, asl ijodkorning mahorati darajasini ayni shu sust va oz sotiladigan adabiyotlar belgilab beradi. Adadning kamayib ketishi esa hozirgi axborot globallashuvi davri xususiyatlaridan hisoblanadi.

14685866888-1.jpgI.S.: Ming yillardan beri adabiyotimizda ustoz-shogird an’anasi davom etib kelmoqda. Havaskor ukalarimizning havasini faqat qo‘llab-quvvatlash kerak. Ayni o‘rinda o‘sha havaskor ota-onasining bola kelajagiga bo‘lgan tashvishi “Shu bolamda bir iste’dod borga o‘xshaydi, tezroq kitobi chiqib, xursand bo‘laqolsin” deganday istakdan kelib chiqsa-da, bunaqa yechim havaskorimizni zadalab qo‘yishi hech gapmas. Chunki iste’dod, avvalo, takrorlanmas bo‘lishi shart. Ustoz uning mashqlaridagi noyoblikni ilg‘ab, kerakli yo‘sinda rivojlantirib borishi kerak. O‘z ijodiga talabchan adib shogirdining ijodiga ham talabchan bo‘ladi. Shuningdek, nashriyot xodimlarining talabchanligini ham oshirmasa bo‘lmaydi. Asar mazmunidan nashriyot bilan bab-baravar uni nashrga tayyorlagan shaxs ham javobgar bo‘lsin. Adabiy tanqid adabiyotning vijdoniga aylanishi kerak.

— Uzoq vaqtdan buyon an’anaviy va elektron kitoblarni o‘zaro chog‘ishtirish, davrlar o‘tib biri ikkinchisini siqib chiqarishi haqidagi bahslar davom etayotir. Ular o‘rtasiga to‘siq qo‘yish, bir-biridan ajratish mumkinmikan?! Chunki har ikkalasi ham tub mohiyati bilan kitobga oshnolikning ifodachisi. Ularni qo‘shqanotga aylantirish o‘rniga qarama-qarshi qutblarga ajratib tashlansa, zarar ko‘proq bo‘lmaydimi?

U.N.: Fikrlaringizga to‘la qo‘shilaman. Darhaqiqat, elektron mutolaa an’anaviy kitobxonlikning zamonaviy shakli. Nihoyatda qulay, arzon, zamonaviy internet adabiyoti kelajakda keng yoyilishiga ishonchim komil. Shunda adabiy gazeta, jurnal, kitob adadlarining ozligidan nolimasa ham bo‘laveradi, bir saytdagi bir asarni bir paytning o‘zida minglab, millionlab kitobxonlar o‘qiyveradi, undan cheksiz bahra olaveradi. Nihoyatda qulay bunday imkoniyatni keng targ‘ib etishimiz darkor.

X.D.: Favqulodda tafakkur sohiblaridan bo‘lmish Marshall Maklyuen o‘tgan asrning 60-yillarida insoniyat ixtiro qiladigan har bir yangi axborot vositasi butun-butun avlod vakillarini imtihondan, sinovdan o‘tkazadi deb bashorat qilgan edi. Bizning zamondoshlarimiz elektron kitoblar, uyali telefonlar sinovini boshdan kechirmoqda. Undan qanday o‘tadilar — kelajak ko‘rsatadi.

Davr shiddatidan kelib chiqadigan bo‘lsak, elektron kitob imkoniyatlaridan foydalanmaslik ham johillikka o‘xshab ketadi. Lekin siz nazarda tutgan an’anaviy kitobni kaftingda tutib, ko‘ksingga bosib, oshiqmay-hovliqmay, ko‘zingga surtgudek e’zozlab-avaylab, rohatlanib, zavqlarga to‘lib-toshib o‘qiganga nima yetsin?! Bunday mutolaa mo‘’jizasini yo‘qqa chiqaradigan vosita yo‘q, unaqasi kashf etilmasa ham, bir kitobxon sifatida shaxsan men roziman!

— Mazmunli suhbat uchun Sizlarga minnatdorlik bildiramiz.

033

(Tashriflar: umumiy 1 281, bugungi 1)

Izoh qoldiring