Abdunabi Boyqo’ziyev. Qanday gapirsam, shunday yozdim yoxud tanqidning yuzi yorug’, so’zi halol bo’lsa…

007  Қалам тутиб, қоғозга тўкилишни мақсад қилдингми, албатта, қоғозга тўкиб олгулик дил оғриқларинг, ҳайрату ҳаяжонларинг бўлсин. Инсоний дард, изтиробу қувончларга йўғрилмаган ёзув бир дуйсанба гап бўлади. Бошқа нарса эмас!..

ҚАНДАЙ ГАПИРСАМ, ШУНДАЙ ЁЗДИМ
ёҳуд танқиднинг  юзи ёруғ, сўзи ҳалол бўлса
Таниқли шоир, ёзувчи Абдунаби Бойқўзиев билан суҳбат
099

Мавзуйимиз тиббиёт бўлса-да, бу гал суҳбатдошни ижодкорлардан танладик. Адабиётдан гапириш фақат адиблар иши бўлмаганидек, табобат ҳақида сўз айтиш ҳам фақат тиббиёт ходимининг вазифаси эмас. Ижод аҳли қай соҳадан гапирмасин, эзгулик, адолат деб ёзғиради. Ҳар қандай касб ҳақида унинг айтар сўзи бўлади.

Бугунги меҳмонимиз таниқли шоир, ёзувчи Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ.

***

– Абдунаби ака, миллий адабиёт нимаю, миллий табобат нима? Тиббиёт кишиси ким? Қалам аҳличи?

044– Бадиий адабиёт миллатнинг юзи, деймиз. Мен “юзи”нинг ўрнига  “ўзи” деб қўяқолган бўлардим. Ғарблик бир олим рус халқининг кечмишини билмоқчи бўлган одам унинг тарихи битилган китобларни эмас, Толстойни, Достоевскийни ўқисин, деб ёзади. Замонавий фан ҳам бадиий адабиётини ўқиб миллатнинг кимлигини, маданий-маънавий ҳаёти, ўтмиши, ҳатто келажагини айтиш мумкин, деб ҳисоблайди. Миллий адабиёт, мана, нима!

Табобатнинг миллати йўқ. Аммо миллий табобат бўлган, бўлади. Миллат табобатида миллат буюклиги бор. Ҳинд табобати, Тибет табобати, Хитой табобати, Шарқ, Ғарб табобати… Бу атамалар оддий терминлар эмас. Заминида миллат, элат, маданиятдан ташқари, бутун бошли фалсафалар, қават-қават “изм”лар ётади.

Қаламкаш киму тиббиёт ходими ким? Қалам соҳиби ўз қаҳрамони характерини, унинг руҳиятидаги иллату фазилатларни бетакрор, хос ифодалаб шуҳрат қозонади. Тиббиётчи танадаги дарднинг табиатини ўрганиб, даволаш усулини белгилаб, сиҳатлик аломатларини юзага чиқаради ва… қадр топади. Битта касалликни бир шифокор бир, иккинчиси, бошқа қиёфада кашф этади. Шундан келиб чиқсак, шифокор ҳам ижодкор.

Ижодкор воқеъни ўзгачароқ кўриши рост. Бироқ, бу нисбий таваккалдир ва кони машаққат. Сабаби, медицинада энг кичкина таваккал ҳам жуда катта масъулият ва журъатни талаб этади. Қўрқоқ, иқтидорсиз кишилар ҳеч нарсани бўйнига олмайди. Алмисоқдан қолган тажрибаю амаллар доирасида ўтиб кетаверади. Шу боис, иқтидор, журъат берилган кишиларга ҳавас қиладилар. Албатта, ҳасад ҳам! Бу ҳам энди, бошқа бир, алоҳида мавзу.

– Демак, шифокор ўз ишининг ижодкори, шундайми?…

– Албатта! Касаллик бор – у қаршингда ётган одамда аён бўлиб турибди. Аммо ҳаммага аён ўша касаллик турли танада турлича намоён бўлади. Бемор саломатлигини тиклаш учун энди шифокор ўша тана имконияти ва касалликн хусусиятларидан келиб чиқиб, индивидуал фикр, ҳаракатлар қилади. Шунинг ўзи шифокорнинг ўзига хослиги, ўз ишига ижодий ёндашуви эмасми?

– Хўп, шоир ва ёзувчининг асари қоғозда. Шифокорники қаерда?

– Соғайган қалбда. Сиҳат топган танада. Шифохонадан чиқиб кетаётган мамнун ва бахтиёр кўзларда. Қанийди, уларнинг ҳаммасини ўқиёлсак!

– Шифокорнинг ижодкорлигига, охири ишонтирдингиз.

– Исботлаб беролмайманми, деб қўрққандим.

– Шоир, ёзувчи учун кечмиш хотиралари, болалик ҳиссиётлари бир
умрга татигулик материал бўлади, дейишади…

– Ҳа, бахтсиз болалик ижодкорнинг бахти, деган гап бор. Мен ҳам буни инкор этмайман. Ҳаётни билмаган, дардсиз қалам кимга керак? Бу гапимдан Абдунаби ака одамларга дард соғиниб яшар экан, деб ўйламанг. Менинг “дардларим”ни кенг маънода тушунишингизни истардим. Аслида, дардни худо ўзининг суйган бандасига раво кўради. Қалам тутиб, қоғозга тўкилишни мақсад қилдингми, албатта, қоғозга тўкиб олгулик дил оғриқларинг, ҳайрату ҳаяжонларинг бўлсин. Инсоний дард, изтиробу қувончларга йўғрилмаган ёзув бир дуйсанба гап бўлади. Бошқа нарса эмас!

– “Тешикмозор ҳангомалари” номли ҳажвий қиссангизни “бахтли болалик”нинг дардли табассумлари, десак бўлар эканда?

– Тўғри. Қиссада сал-пал муболаға бордир, аммо асарнинг бирон ерида сунъий сиқиб чиқарилган ёлғон тўқима йўқ. Нимайики ўқиган бўлсангиз, ортида реал воқелик, болаликнинг дардли хотиралари ётибди. Эсласангиз, қиссанинг бошроғида:

Тешикмозор ўзбеки қишлоқ,
Бу ерда ҳам пахтадир борлиқ.
Фуқароси беармон ишлаб,
Армон билан чиқарар ходиқ.

– деб бошланадиган шеър бор. Шеър шундай давом этади:

Тонг, бунда ҳам отади эрта,
Тун, ҳузур не билмай ўтади.
Пайкалнинг у боши уйғонса,
Этагини уйқу элтади.

Кундузлари, шундай узунки,
Ярим йўлда ҳорийди қуёш.
Аламзада офтоб забтига
Фақат, қизлар беради бардош.

Касалманд қул томирларидай,
Қорадарё борадир қуриб.
Нима қилай, Тўрткўл ариғ, ай-й!..
Тушларимга кирса айқириб.

Туғён урар дилда иштибоҳ:
Бахт бунчалар бўлмаса оний.
Бу ердан ҳам ҳақиқат йироқ,
Бу ерда ҳам музтарлик ғаний.

Бироқ, элим, шундай қовулки,
Кулфатин ҳам айтар кулдириб.
Демак, демак боқийдир кулги,
Аскияни бўлмас ўлдириб.

Биров келса уйингиз сўраб,
Таомил шу – беради овоз.
Фақат, етти маҳалла узра
Лақабингиз қилади оғоз.

Бизга чин, сизга муболаға,
Кимдир ўлса, очилса аза.
Марҳум исми қолиб бир ёқда,
Лақабига ўқир жаноза.

Ана шундай, бизларнинг қишлоқ,
Яшамоқни обдан билади.
Кулги билан йиғлайди, кўпроқ,
Йиғлаб туриб кулги қилади.

Бу менинг, ўша, сиз юқорида айтган “бахтсиз болалигимнинг бахтиёр  (эҳтимол, бахти хор) табассумлари”дир.

Пахтани сал кам юз йил миллий ифтихор деб талқин қилдик. Шу ёлғонга ишониб яшадик. Аслида, халқнинг ижтимоий-иқтисодий, хурофий абгор ҳолга тушувида оқ пахтанинг оғир ва қора меҳнати катта рол ўйнади. Халқимиз бу фожиа кўламини атоқли адиб Шароф Бошбековнинг “Темир хотин”и пайдо бўлгач, туйқус англаб қолди. Йўқса, истило тузуми, айрим халқлар хайвонни илоҳ деб билганидай, бизни ҳам бир ўсимлик, пахтага қараб истиғфор айтар қилиб қўярмиди!

Эътибор берган бўлсангиз, “Тешикмозор ҳангомалари”да алоҳида бош  қаҳрамон йўқ. Унинг бош қаҳрамони Тешикмозор қишлоғи. Қиссанинг ўзгача томони ҳам шу. Бу қишлоқ шундай қовулки, кулги билан йиғлайди, йиғлаб туриб кулади. Ўша қишлоқни, менинг – меним, яъни, болакай Абдунаби деб қабул қилинг!

– Айрим асарларингизни айримлар найза билан қарши олишган, деб эшитганмиз. Шундай кезларда, не ҳолга тушасиз? Шу ҳақда ҳам озгина тўхталсангиз?

– Ўйлаб кўрсам, адабий танқидчилардан кўра адабиётда борлигидан шубҳа туядиган, эътибору мартабага беорларча суқ ҳамкасбларимдан кўпроқ “калтак” ер эканман. Уларнинг кўпи ўзимизга ўхшаган оддий қаламкаш. Ҳа, амалдорлари ҳам бор. Ундайлар билан гиналашиб юрмайман. Бунга вақт ҳам, зарурат ҳам йўқ. Умр ўтяпти, кўп нарсаларга улгуриш керак. Бу дегани, танқидга лоқайдлигим эмас. Танқиднинг юзи ёруғ ва сўзи ҳалол бўлса, юзи ёруғлик билан қабул қила оламан ва қувонаман. Ҳайриятки, бизни ана шундай холис танқид ва таҳлилга тортадиган устозлар, ҳамкасблар, адабиётшунослар бор.

Фикрнинг юзи қора бўлса, сенсиз ҳам шундоқ кўриниб туради. Юзи  қора фикрнинг турқига қарамай, ўтиб кетаверасан! Бошқа чораси йўқ! Лекин, шуниси борки, сенга алланималар соғиниб иш кўрадиган ўша “дўстларинг” руҳиятингга санчаётган ҳар бир найзаси учун, оз-оз бўлса-да, соғлигинг, асабларинг билан бадал тўлаётганингни сезиб туришади. Уларга шу керак, назаримда…

– Мусиқа ва қўшиқ бугун даво усули. Бунга шеъриятни ҳам киритиш керакмикин! …

– Қўшиқнинг ўзи шеърку! Шеърнинг жон томири куй. Африкалик шоир шеърини оҳангга солиб, куйлайди. Қулоққа ёқимли ҳар сўзда шифо қудрати бор. Шу боис, давралар, издиҳомлар, гоҳида катта-катта анжуманлар шеърга эҳтиёж сезади. Баъзан, тўрт қатор шеър билан ҳар қандай давранинг кайфиятини мутлақо ўзгартириб юборса бўлади.

– Истаган пайтда ёза оласизми ёки асарни каллада обдон пишитиб қўлга қалам оласизми?

– Шеърий тўлғоқ қачон тутиб қолишини ҳануз билмайман. У ҳатто, тушда келган ҳолатлар бўлган. Шунда, беихтиёр уйғониб, юзингни ҳам ювмай, қаламга ёпишасан. Насрнинг иши бошқа. Айрим эпизодлар ёки бутун-бутун парчалари миянгда ҳомиладай ривожланади. Бир кун қарабсанки, оғироёқ аёл туғруқ калавотига ётганидай, ёзув столига михланиб қоласан. Шу маънода йирик насрий асарлар узоқ тайёргарлик жараёнининг махсули, деса бўлади. Баъзан, ўзингча, бир ажойиб асарга хомиладордай бўлиб юрасан. Ажабки, у хомила дунё юзини кўрмай, қаердадир “тушиб” қолиши ҳам мумкин. Бунақа йўқотишлар, деярли барча ижодкорда бўлади.

– Юмор, топилма муқоясалар фақат асарларингиздами, десак, суҳбат асносида ҳам кўзга ташланар экан.

– Қандай гапирсам, шундай ёзаман. Ҳазил-мутойиба мени туққан қишлоқнинг айрича сифатларидан. У ерда ҳангомасифат воқеа бўлмаган кун йўқ ҳисоби. Кимдир кимнидир аския, латифа ёки лофда боплаб “эзиб қўйган” бўлса, бир зумда “вес” қишлоққа овоза бўлади. Ана энди, ўша эзилган одамга ҳамдардлигу, ғолибга чор тарафдан табрик ёғилишини кўринг. Буни ўша “Тешикмозор ҳангомалари”да ҳам оз-моз сезган бўлсангиз керак. Қишлоғим шундай бўлгач, мен гўр бўлармидим?

– Истиқлолгача ва ҳуррият даврига шоҳид ижодкорсиз. Адабиёт, шунингдек, табобатдаги қай ўзгаришлар сизни қувонтиради ёки ташвишга солади?

– Истибдод йиллари бир зиёли қатлам эрк, истиқлол туйғуларидан тамом бегоналашди. Бегоналашмаганиям, муросаю мадора учун замонабоп к(х)итоблар битишдан тийила олмадилар. Устозларнинг катта бир плеядаси ўз қаҳрамонлари орқали жамиятнинг аҳвол-ангорини безаб-бежаб кўрсатишдан ор этмадилар. Изтироблиси, ўша икки юзли оқова қавмнинг айримлари бугун ҳам ридо ва қиёфасини ўзгартириб, истиқлол яловини ҳилпиратиб, олдинги сафларда боришга, баъзи ҳолларда бунга эришаётганлари кишини ҳавотирга солади.

Медицина ҳам жамият юзи, ахлоқини белгилайдиган жабҳа. Бу соҳа ҳам маънавий ва яна бошқа бир қанча мезонларда аянчли ҳолга тушиб қолувди. Бунга қанча мисол керак бўлса, келтиришим мумкин. Илло, тасалло ҳам бор. Тиббиёт тозарув ва юксалиш томон юз бурди, Худо хоҳласа!..

– Шифокорларга ишонасизми? Уларнинг бугунги малакасини қандай  баҳолайсиз?

– Соҳани ишинг тушмай билмайсан. Бундан бир ой илгари ҳам юрак жарроҳлиги, кўкракка ва томирга мослама қўйиш амалиёти бизнинг ишимиз эмас, чет элга борган маъқул, деб ҳисоблардим. Бир акам академик Воҳидов номидаги Кўкрак жарроҳлиги марказига ётқизилгач, кўрдимки, бу соҳада биз анча илгарилаб кетибмиз. У ерда яратилган шарт-шароит, асбоб-ускуналар, ходимларнинг беморларга муносабатини кўриб, хурсанд бўлдим. Даволаш, мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўзимизнинг қора кўз мутахассисларимиз ортиқча иддао, тамаларсиз, бамайлихотиргина бажаришяпти. Марказнинг Рентгено эндоскуляр хирургия бўлимида ёшгина шифокор йигит Сирожиддин Камолов билан танишдим. Фикрларини тинглаб, ҳаракатларини кузата туриб, медицинамиз малака, жарроҳлик маданияти борасида кескин жонланибди, деган хулосага келдим.

– Гиёҳлар, дуолар ёрдамида даволайдиганлар ҳақида миш-мишлар юради. Уларнинг фаолияти билан қизиққанмисиз?

– Бу фаолиятни ҳам қадрлайман. Катта эҳтиром билан кузатаман. “Гиёҳ ва инсон саломатлиги”га доир адабиётларни йиғаман. Ўзингиз айтинг, қайси бир дорида ўт-ўлан йўқ? Гиёҳлар билан даволашни инкор этсак, минг йиллар оша келаётган дори-дармон илми, маданияти нима бўлади?

Дуонинг ижобатини Қуръон таъкидлаб турган экан, биз нега инкор этишимиз керак? Миш-мишнинг ўзи не-ю, сўзи не бўларди?

– Баъзан йиғлаб туриш керак, деган гапга қандай қарайсиз?

– Эркак йиғламайди, уят, дейдиганлар бор. Бу нотўғри. Йиғлаш керак бўлган ҳолатда йиғламаслик – айб. Бу бағри тошлик! Ҳар полвон одамларнинг йиғлаганларини кўрганман. Ҳақиқий йиғи ҳам шахсиятни безайди. Қолаверса, йиғи юракни юмшатади.

– Узоқ умр наслга боғлиқми ёки уни турмуш тарзи билан ўзгартирса  бўладими?

– Аввало, Худо берганини яшаймиз. Аммо тиласанг бераман, деган ваъдаси ҳам бор. Умрзоқларданман деб, бепарво бўлиш ҳам ножоиз. Яна, нима ҳам дердим? Умрнинг узуни, ризқнинг улуғи, мартабанинг баланди, имоннинг саломати, икки дунёнинг ободидан ато этган бўлсин, деймизда!…

– Саломатлик бобида тавсияларингиз?…

– Э-эҳ, кўнгилдагидай сиҳатликни тополмай яшаб ўтаётган одамнинг тавсияси қайга борарди? Ҳамонки, сўрапсиз айтай. Аввало, эртанги кундан умид, яхшилик, яхши ишлар ҳақидаги ўйлар, эзгу тилакли бўлиш одамга бардамлик бағишлайди. Ўзим ана шуларга озгина ақлий меҳнат, жисмоний ҳаракат қўшиб, ёшимдан ҳам каттароқ умидлар билан яшашга интиламан. Конкретлашинг, десангиз, беш вақт намозни ва унга ўзинглар “ШИФО…”да ёритган “Тибет ламаларининг беш машқи”ни илова қилган бўлардим.

– “ШИФО-инфо”ни кутасизми? Қайси муаллифларимизни соғинасиз?

– “ШИФО…”ни ким кутмайди! Соғинтирадиган муаллифлар! Қай бирини айтай? Ҳазрат Навоий битганидай, “Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин?” Фикрлари билан нашрингизни суюмли қилаётган қанча чеҳралар кўз олдимдан ўтяпти. Уларга айтолган-айтолмаган раҳматларимиз ҳам бор.

Таҳририятнинг фидойи жамоасига ҳам мустаҳкам соғлик, ижодий қувонч ва омадлар тилайман!

МАЪЛУМОТ: Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ  1954 йили Андижон вилоятида туғилган.  “Ғуборингни ёзгайман”, “Сени излаб келдим”, “Ўзбекнаво юлдузлари”, “Жудолиғ дашти”, “Кўзлари дарёйим!”, “Дилхирож туйғулар”, “Кетаётган турналар”, “Беш наво”, “Беш сўмлик кеккайиш”, “Чўли ироғим”, “Тешикмозор ҳангомалари”, “Ай акам, дарё экан” номли шеърий, насрий, ҳажвий юмористик ҳамда публицистик китоблари чоп этилган.

Мапура НАБИЕВА суҳбатлашди.

Манба: “ШИФО-инфо” газетаси,” 2018 йил 38-сон.

Qalam tutib, qogʻozga toʻkilishni maqsad qildingmi, albatta, qogʻozga toʻkib olgulik dil ogʻriqlaring, hayratu hayajonlaring boʻlsin. Insoniy dard, iztirobu quvonchlarga yoʻgʻrilmagan yozuv bir duysanba gap boʻladi. Boshqa narsa emas!..

QANDAY GAPIRSAM, SHUNDAY YOZDIM
yohud tanqidning yuzi yorugʻ, soʻzi halol boʻlsa
Taniqli shoir, yozuvchi Abdunabi Boyqoʻziyev bilan suhbat
099

Mavzuyimiz tibbiyot boʻlsa-da, bu gal suhbatdoshni ijodkorlardan tanladik. Adabiyotdan gapirish faqat adiblar ishi boʻlmaganidek, tabobat haqida soʻz aytish ham faqat tibbiyot xodimining vazifasi emas. Ijod ahli qay sohadan gapirmasin, ezgulik, adolat deb yozgʻiradi. Har qanday kasb haqida uning aytar soʻzi boʻladi.

Bugungi mehmonimiz taniqli shoir, yozuvchi Abdunabi Boyqo’ziyev.

***

– Abdunabi aka, milliy adabiyot nimayu, milliy tabobat nima? Tibbiyot kishisi kim? Qalam ahlichi?

007– Badiiy adabiyot millatning yuzi, deymiz. Men “yuzi”ning oʻrniga “oʻzi” deb qoʻyaqolgan boʻlardim. Gʻarblik bir olim rus xalqining kechmishini bilmoqchi boʻlgan odam uning tarixi bitilgan kitoblarni emas, Tolstoyni, Dostoyevskiyni oʻqisin, deb yozadi. Zamonaviy fan ham badiiy adabiyotini oʻqib millatning kimligini, madaniy-maʼnaviy hayoti, oʻtmishi, hatto kelajagini aytish mumkin, deb hisoblaydi. Milliy adabiyot, mana, nima!

Tabobatning millati yoʻq. Ammo milliy tabobat boʻlgan, boʻladi. Millat tabobatida millat buyukligi bor. Hind tabobati, Tibet tabobati, Xitoy tabobati, Sharq, Gʻarb tabobati… Bu atamalar oddiy terminlar emas. Zaminida millat, elat, madaniyatdan tashqari, butun boshli falsafalar, qavat-qavat “izm”lar yotadi.

Qalamkash kimu tibbiyot xodimi kim? Qalam sohibi oʻz qahramoni xarakterini, uning ruhiyatidagi illatu fazilatlarni betakror, xos ifodalab shuhrat qozonadi. Tibbiyotchi tanadagi dardning tabiatini oʻrganib, davolash usulini belgilab, sihatlik alomatlarini yuzaga chiqaradi va… qadr topadi. Bitta kasallikni bir shifokor bir, ikkinchisi, boshqa qiyofada kashf etadi. Shundan kelib chiqsak, shifokor ham ijodkor.

Ijodkor voqeʼni oʻzgacharoq koʻrishi rost. Biroq, bu nisbiy tavakkaldir va koni mashaqqat. Sababi, meditsinada eng kichkina tavakkal ham juda katta masʼuliyat va jurʼatni talab etadi. Qoʻrqoq, iqtidorsiz kishilar hech narsani boʻyniga olmaydi. Almisoqdan qolgan tajribayu amallar doirasida oʻtib ketaveradi. Shu bois, iqtidor, jurʼat berilgan kishilarga havas qiladilar. Albatta, hasad ham! Bu ham endi, boshqa bir, alohida mavzu.

– Demak, shifokor oʻz ishining ijodkori, shundaymi?…

– Albatta! Kasallik bor – u qarshingda yotgan odamda ayon boʻlib turibdi. Ammo hammaga ayon oʻsha kasallik turli tanada turlicha namoyon boʻladi. Bemor salomatligini tiklash uchun endi shifokor oʻsha tana imkoniyati va kasallikn xususiyatlaridan kelib chiqib, individual fikr, harakatlar qiladi. Shuning oʻzi shifokorning oʻziga xosligi, oʻz ishiga ijodiy yondashuvi emasmi?

– Xoʻp, shoir va yozuvchining asari qogʻozda. Shifokorniki qayerda?

– Sogʻaygan qalbda. Sihat topgan tanada. Shifoxonadan chiqib ketayotgan mamnun va baxtiyor koʻzlarda. Qaniydi, ularning hammasini oʻqiyolsak!

– Shifokorning ijodkorligiga, oxiri ishontirdingiz.

– Isbotlab berolmaymanmi, deb qoʻrqqandim.

– Shoir, yozuvchi uchun kechmish xotiralari, bolalik hissiyotlari bir
umrga tatigulik material boʻladi, deyishadi…

– Ha, baxtsiz bolalik ijodkorning baxti, degan gap bor. Men ham buni inkor etmayman. Hayotni bilmagan, dardsiz qalam kimga kerak? Bu gapimdan Abdunabi aka odamlarga dard sogʻinib yashar ekan, deb oʻylamang. Mening “dardlarim”ni keng maʼnoda tushunishingizni istardim. Aslida, dardni xudo oʻzining suygan bandasiga ravo koʻradi. Qalam tutib, qogʻozga toʻkilishni maqsad qildingmi, albatta, qogʻozga toʻkib olgulik dil ogʻriqlaring, hayratu hayajonlaring boʻlsin. Insoniy dard, iztirobu quvonchlarga yoʻgʻrilmagan yozuv bir duysanba gap boʻladi. Boshqa narsa emas!

– “Teshikmozor hangomalari” nomli hajviy qissangizni “baxtli bolalik”ning dardli tabassumlari, desak boʻlar ekanda?

– Toʻgʻri. Qissada sal-pal mubolagʻa bordir, ammo asarning biron yerida sunʼiy siqib chiqarilgan yolgʻon toʻqima yoʻq. Nimayiki oʻqigan boʻlsangiz, ortida real voqelik, bolalikning dardli xotiralari yotibdi. Eslasangiz, qissaning boshrogʻida:

Teshikmozor oʻzbeki qishloq,
Bu yerda ham paxtadir borliq.
Fuqarosi bearmon ishlab,
Armon bilan chiqarar xodiq.

– deb boshlanadigan sheʼr bor. Sheʼr shunday davom etadi:

Tong, bunda ham otadi erta,
Tun, huzur ne bilmay oʻtadi.
Paykalning u boshi uygʻonsa,
Etagini uyqu eltadi.

Kunduzlari, shunday uzunki,
Yarim yoʻlda horiydi quyosh.
Alamzada oftob zabtiga
Faqat, qizlar beradi bardosh.

Kasalmand qul tomirlariday,
Qoradaryo boradir qurib.
Nima qilay, Toʻrtkoʻl arigʻ, ay-y!..
Tushlarimga kirsa ayqirib.

Tugʻyon urar dilda ishtiboh:
Baxt bunchalar boʻlmasa oniy.
Bu yerdan ham haqiqat yiroq,
Bu yerda ham muztarlik gʻaniy.

Biroq, elim, shunday qovulki,
Kulfatin ham aytar kuldirib.
Demak, demak boqiydir kulgi,
Askiyani boʻlmas oʻldirib.

Birov kelsa uyingiz soʻrab,
Taomil shu – beradi ovoz.
Faqat, yetti mahalla uzra
Laqabingiz qiladi ogʻoz.

Bizga chin, sizga mubolagʻa,
Kimdir oʻlsa, ochilsa aza.
Marhum ismi qolib bir yoqda,
Laqabiga oʻqir janoza.

Ana shunday, bizlarning qishloq,
Yashamoqni obdan biladi.
Kulgi bilan yigʻlaydi, koʻproq,
Yigʻlab turib kulgi qiladi.

Bu mening, oʻsha, siz yuqorida aytgan “baxtsiz bolaligimning baxtiyor (ehtimol, baxti xor) tabassumlari”dir.

Paxtani sal kam yuz yil milliy iftixor deb talqin qildik. Shu yolgʻonga ishonib yashadik. Aslida, xalqning ijtimoiy-iqtisodiy, xurofiy abgor holga tushuvida oq paxtaning ogʻir va qora mehnati katta rol oʻynadi. Xalqimiz bu fojia koʻlamini atoqli adib Sharof Boshbekovning “Temir xotin”i paydo boʻlgach, tuyqus anglab qoldi. Yoʻqsa, istilo tuzumi, ayrim xalqlar xayvonni iloh deb bilganiday, bizni ham bir oʻsimlik, paxtaga qarab istigʻfor aytar qilib qoʻyarmidi!

Eʼtibor bergan boʻlsangiz, “Teshikmozor hangomalari”da alohida bosh qahramon yoʻq. Uning bosh qahramoni Teshikmozor qishlogʻi. Qissaning oʻzgacha tomoni ham shu. Bu qishloq shunday qovulki, kulgi bilan yigʻlaydi, yigʻlab turib kuladi. Oʻsha qishloqni, mening – menim, yaʼni, bolakay Abdunabi deb qabul qiling!

– Ayrim asarlaringizni ayrimlar nayza bilan qarshi olishgan, deb eshitganmiz. Shunday kezlarda, ne holga tushasiz? Shu haqda ham ozgina toʻxtalsangiz?

– Oʻylab koʻrsam, adabiy tanqidchilardan koʻra adabiyotda borligidan shubha tuyadigan, eʼtiboru martabaga beorlarcha suq hamkasblarimdan koʻproq “kaltak” yer ekanman. Ularning koʻpi oʻzimizga oʻxshagan oddiy qalamkash. Ha, amaldorlari ham bor. Undaylar bilan ginalashib yurmayman. Bunga vaqt ham, zarurat ham yoʻq. Umr oʻtyapti, koʻp narsalarga ulgurish kerak. Bu degani, tanqidga loqaydligim emas. Tanqidning yuzi yorugʻ va halol boʻlsa, yuzi yorugʻlik bilan qabul qila olaman va quvonaman. Hayriyatki, bizni ana shunday xolis tanqid va tahlilga tortadigan ustozlar, hamkasblar, adabiyotshunoslar bor.

Fikrning yuzi qora boʻlsa, sensiz ham shundoq koʻrinib turadi. Yuzi qora fikrning turqiga qaramay, oʻtib ketaverasan! Boshqa chorasi yoʻq! Lekin, shunisi borki, senga allanimalar sogʻinib ish koʻradigan oʻsha “doʻstlaring” ruhiyatingga sanchayotgan har bir nayzasi uchun, oz-oz boʻlsa-da, sogʻliging, asablaring bilan badal toʻlayotganingni sezib turishadi. Ularga shu kerak, nazarimda…

– Musiqa va qoʻshiq bugun davo usuli. Bunga sheʼriyatni ham kiritish kerakmikin! …

– Qoʻshiqning oʻzi sheʼrku! Sheʼrning jon tomiri kuy. Afrikalik shoir sheʼrini ohangga solib, kuylaydi. Quloqqa yoqimli har soʻzda shifo qudrati bor. Shu bois, davralar, izdihomlar, gohida katta-katta anjumanlar sheʼrga ehtiyoj sezadi. Baʼzan, toʻrt qator sheʼr bilan har qanday davraning kayfiyatini mutlaqo oʻzgartirib yuborsa boʻladi.

– Istagan paytda yoza olasizmi yoki asarni kallada obdon pishitib qoʻlga qalam olasizmi?

– Sheʼriy toʻlgʻoq qachon tutib qolishini hanuz bilmayman. U hatto, tushda kelgan holatlar boʻlgan. Shunda, beixtiyor uygʻonib, yuzingni ham yuvmay, qalamga yopishasan. Nasrning ishi boshqa. Ayrim epizodlar yoki butun-butun parchalari miyangda homiladay rivojlanadi. Bir kun qarabsanki, ogʻiroyoq ayol tugʻruq kalavotiga yotganiday, yozuv stoliga mixlanib qolasan. Shu maʼnoda yirik nasriy asarlar uzoq tayyorgarlik jarayonining maxsuli, desa boʻladi. Baʼzan, oʻzingcha, bir ajoyib asarga xomiladorday boʻlib yurasan. Ajabki, u xomila dunyo yuzini koʻrmay, qayerdadir “tushib” qolishi ham mumkin. Bunaqa yoʻqotishlar, deyarli barcha ijodkorda boʻladi.

– Yumor, topilma muqoyasalar faqat asarlaringizdami, desak, suhbat asnosida ham koʻzga tashlanar ekan.

– Qanday gapirsam, shunday yozaman. Hazil-mutoyiba meni tuqqan qishloqning ayricha sifatlaridan. U yerda hangomasifat voqea boʻlmagan kun yoʻq hisobi. Kimdir kimnidir askiya, latifa yoki lofda boplab “ezib qoʻygan” boʻlsa, bir zumda “ves” qishloqqa ovoza boʻladi. Ana endi, oʻsha ezilgan odamga hamdardligu, gʻolibga chor tarafdan tabrik yogʻilishini koʻring. Buni oʻsha “Teshikmozor hangomalari”da ham oz-moz sezgan boʻlsangiz kerak. Qishlogʻim shunday boʻlgach, men goʻr boʻlarmidim?

– Istiqlolgacha va hurriyat davriga shohid ijodkorsiz. Adabiyot, shuningdek, tabobatdagi qay oʻzgarishlar sizni quvontiradi yoki tashvishga soladi?

– Istibdod yillari bir ziyoli qatlam erk, istiqlol tuygʻularidan tamom begonalashdi. Begonalashmaganiyam, murosayu madora uchun zamonabop k(x)itoblar bitishdan tiyila olmadilar. Ustozlarning katta bir pleyadasi oʻz qahramonlari orqali jamiyatning ahvol-angorini bezab-bejab koʻrsatishdan or etmadilar. Iztiroblisi, oʻsha ikki yuzli oqova qavmning ayrimlari bugun ham rido va qiyofasini oʻzgartirib, istiqlol yalovini hilpiratib, oldingi saflarda borishga, baʼzi hollarda bunga erishayotganlari kishini havotirga soladi.

Meditsina ham jamiyat yuzi, axloqini belgilaydigan jabha. Bu soha ham maʼnaviy va yana boshqa bir qancha mezonlarda ayanchli holga tushib qoluvdi. Bunga qancha misol kerak boʻlsa, keltirishim mumkin. Illo, tasallo ham bor. Tibbiyot tozaruv va yuksalish tomon yuz burdi, Xudo xohlasa!..

– Shifokorlarga ishonasizmi? Ularning bugungi malakasini qanday baholaysiz?

– Sohani ishing tushmay bilmaysan. Bundan bir oy ilgari ham yurak jarrohligi, koʻkrakka va tomirga moslama qoʻyish amaliyoti bizning ishimiz emas. Chet elga borgan maʼqul, deb hisoblardim. Bir akam akademik Vohidov nomidagi Koʻkrak jarrohligi markaziga yotqizilgach, koʻrdimki, bu sohada biz ancha ilgarilab ketibmiz. U yerda yaratilgan shart-sharoit, asbob-uskunalar, xodimlarning bemorlarga munosabatini koʻrib, xursand boʻldim. Davolash, murakkab jarrohlik amaliyotlarini oʻzimizning qora koʻz mutaxassislarimiz ortiqcha iddao, tamalarsiz, bamaylixotirgina bajarishyapti. Markazning Rentgeno endoskulyar xirurgiya boʻlimida yoshgina shifokor yigit Sirojiddin Kamolov bilan tanishdim. Fikrlarini tinglab, harakatlarini kuzata turib, meditsinamiz malaka, jarrohlik madaniyati borasida keskin jonlanibdi, degan xulosaga keldim.

– Giyohlar, duolar yordamida davolaydiganlar haqida mish-mishlar yuradi. Ularning faoliyati bilan qiziqqanmisiz?

– Bu faoliyatni ham qadrlayman. Katta ehtirom bilan kuzataman. “Giyoh va inson salomatligi”ga doir adabiyotlarni yigʻaman. Oʻzingiz ayting, qaysi bir dorida oʻt-oʻlan yoʻq? Giyohlar bilan davolashni inkor etsak, ming yillar osha kelayotgan dori-darmon ilmi, madaniyati nima boʻladi?

Duoning ijobatini Qurʼon taʼkidlab turgan ekan, biz nega inkor etishimiz kerak? Mish-mishning oʻzi ne-yu, soʻzi ne boʻlardi?

– Baʼzan yigʻlab turish kerak, degan gapga qanday qaraysiz?

– Erkak yigʻlamaydi, uyat, deydiganlar bor. Bu notoʻgʻri. Yigʻlash kerak boʻlgan holatda yigʻlamaslik – ayb. Bu bagʻri toshlik! Har polvon odamlarning yigʻlaganlarini koʻrganman. Haqiqiy yigʻi ham shaxsiyatni bezaydi. Qolaversa, yigʻi yurakni yumshatadi.

– Uzoq umr naslga bogʻliqmi yoki uni turmush tarzi bilan oʻzgartirsa boʻladimi?

– Avvalo, Xudo berganini yashaymiz. Ammo tilasang beraman, degan vaʼdasi ham bor. Umrzoqlardanman deb, beparvo boʻlish ham nojoiz. Yana, nima ham derdim? Umrning uzuni, rizqning ulugʻi, martabaning balandi, imonning salomati, ikki dunyoning obodidan ato etgan boʻlsin, deymizda!…

– Salomatlik bobida tavsiyalaringiz?…

– E-eh, koʻngildagiday sihatlikni topolmay yashab oʻtayotgan odamning tavsiyasi qayga borardi? Hamonki, soʻrapsiz aytay. Avvalo, ertangi kundan umid, yaxshilik, yaxshi ishlar haqidagi oʻylar, ezgu tilakli boʻlish odamga bardamlik bagʻishlaydi. Oʻzim ana shularga ozgina aqliy mehnat, jismoniy harakat qoʻshib, yoshimdan ham kattaroq umidlar bilan yashashga intilaman. Konkretlashing, desangiz, besh vaqt namozni va unga oʻzinglar “SHIFO…”da yoritgan “Tibet lamalarining besh mashqi”ni ilova qilgan boʻlardim.

– “SHIFO-info”ni kutasizmi? Qaysi mualliflarimizni sogʻinasiz?

– “SHIFO…”ni kim kutmaydi! Sogʻintiradigan mualliflar! Qay birini aytay? Hazrat Navoiy bitganiday, “Qoshi yosinmu deyin, koʻzi qarosinmu deyin?” Fikrlari bilan nashringizni suyumli qilayotgan qancha chehralar koʻz oldimdan oʻtyapti. Ularga aytolgan-aytolmagan rahmatlarimiz ham bor.

Tahririyatning fidoyi jamoasiga ham mustahkam sogʻlik, ijodiy quvonch va omadlar tilayman!

MAʼLUMOT: Abdunabi BOYQOʻZIYEV 1954 yili Andijon viloyatida tugʻilgan. “Gʻuboringni yozgayman”, “Seni izlab keldim”, “Oʻzbeknavo yulduzlari”, “Judoligʻ dashti”, “Koʻzlari daryoyim!”, “Dilxiroj tuygʻular”, “Ketayotgan turnalar”, “Besh navo”, “Besh soʻmlik kekkayish”, “Choʻli irogʻim”, “Teshikmozor hangomalari”, “Ay akam, daryo ekan” nomli sheʼriy, nasriy, hajviy yumoristik hamda publitsistik kitoblari chop etilgan.

Mapura NABIYEVA suhbatlashdi.

Manba: “SHIFO-info” gazetasi,” 2018 yil 38-son.

09

(Tashriflar: umumiy 318, bugungi 1)

Izoh qoldiring