Shavkat Rahmon. Maxfiya.

011
Ўшда нима бўлди? Гарчи фожиалардан кейинги ярим йил давомида, маҳаллий ҳам марказий матбуотдаги юзлаб мақолалар орқали, одамни сескантирадиган даражадаги бу ваҳшийлик узоқ ва пухта тайёрланган стсенарий асосида амалга оширилган сиёсий жиноят маҳсули эканлиги тўғрисида айрим маълумотлар олган бўлсак-да, Ўшда нима бўлди, деган савол ҳануз кўнглимиздан кетмайди.

09
Шавкат РАҲМОН
МАХФИЯ

Бир юз йигирма беш йилдан буён изчиллик билан мустамлакачилик сиёсатини турли шаклларда амалга ошириб келаётган улуғ рус шовинизмининг маккор механизми ғилдираклари остида минг йиллик маънавий ва моддий қадриятлари янчилган Туркистон замини яна бегуноҳ фуқаролар қонига бўялди. Бир юз йигирма беш йилдан буён ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, кимёвий, руҳий, маънавий зулмлардан эзилган туркистонликлар қайта қуриш, ошкоралик, демократия ғояларига ишониб, эндигина қадди-қоматларини тиклаётган чоғларида, беихтиёр, бир-бирлари билан тўқнашиб кетаётганларига нима дейлик?

Қайта қуришнинг олтинчи йилида, Фарғона фожиаларидан роппа-роса бир йил кейин, ҳали Бўкадаги, Паркентдаги қонга бўялган расмий иғвогарликлар таъсирида гангиб турган ўзбек халқи бошига яна бир мусибат тушди. Бу сафар Ўш вилояти қирғизлари ароққа қўшиб берилган миллий мумтозлик заҳрғоясидан бангилардек қутуриб, қуролсиз ўзбек қардошлари қонини тўкдилар. Ғафлатда қолган ўзбеклар эса партаппаратнинг митти доҳийлари иродасига, бюрократизмга қарши кураш қандай даҳшатли фожиаларга олиб келишини қалб кўзлари, хотира кўзлари билан кўриб қўйдилар!

Хўш, Ўшда нима бўлди? Гарчи фожиалардан кейинги ярим йил давомида, маҳаллий ҳам марказий матбуотдаги юзлаб мақолалар орқали, одамни сескантирадиган даражадаги бу ваҳшийлик узоқ ва пухта тайёрланган стсенарий асосида амалга оширилган сиёсий жиноят маҳсули эканлиги тўғрисида айрим маълумотлар олган бўлсак-да, Ўшда нима бўлди, деган савол ҳануз кўнглимиздан кетмайди. Бу сафар ҳам миллатлараро тўқнашувлар орқасида аллақандай ғаламис тўдалар, жангари норасмийлар, партаппаратчилар, савдо ходимлари махфияси (мафияси) турибди, деган умумий хулосаларни эшитдигу, аммо аллақачон сиёсий саҳна ортига ўтиб олган асосий айбдорлар номма-ном айтилмади. Бир парча ерга доир иғво баҳонасида вилоятдаги 830 минг ўзбек аҳолисини соддадил қирғизлар қўли билан ёппасига қатағон қилишни режалаштирган, мудҳиш жиноятлар изларини «миллатлараро тўқнашувлар» деган алвон шиорлар билан ёпишга улгурган махфия пешволари кимлар? Умуман, Ўшда миллатлараро тўқнашувлар бўлганмиди? Матбуот назаридан четда қолган айрим тафсилотлар, қўғирчоқ ҳукуматнинг катта-кичик раҳбарлари ҳаракатларидаги шубҳали жиҳатларни кўриб чиқсак, бу саволларга жавоб ҳам топилади. Шубҳасиз, навбатдаги «миллатлараро тўқнашувлар» қандай тайёрлангани ҳам равшанлашади.

1990 йил 27 май куни эрталаб 12 минг «уйсиз» қирғизни бирлаштирган «Ўш аймоғи» жамияти Ўшга туташ Ленин номидаги (аҳолиси ўзбек) жамоа хўжалигига қарашли 32 гектар ерни ўзбошимчалик билан эгаллади. Жамият аъзолари даладаги аёллар қўлидан кетмонларини тортиб олиб, нотиқларга халақит бераётган тракторларни тўхтатиб қўйиб, нега ўзбеклар шаҳарда, қирғизлар қишлоқда яшаши керак, нега қирғиз ерида қирғиз хўжайин эмас, шаҳардаги ҳовлилар қирғизлар ҳисобидан қурилган қабилидаги митингни бошладилар. Шу куни, бедапоя даласидаёқ, вилоят партия қўмитаси биринчи котиби Усан Сиддиқов бошчилигидаги бюро аъзолари, ҳали вилоят ва шаҳар ижроқўмлари қарорлари билан давлат мулкига ўтказилмаган колхоз мулкини, асосан, шаҳарда пропискаси бўлмаган оломонга бўлиб бериш тўғрисидаги қарор чиқарди. Қирғизистон Министрлар Совети раиси Жумағулов, Сиддиқов, вилоят ижроқўми раиси Бекболотов имзолаган ғайриқонуний қарор ижроқўм ҳисобидан икки от, икки қўй сўйилиб нишонланди: Ер бўлиниб, қозиқлар қоқилди. Ўш шаҳар ижроқўми рўйхатидаги турли миллатга мансуб 8 минг фуқаро бошпана (квартира) етишмаганидан ер олишга рози бўлиб турган бир пайтда, 1990 йил февралда М. С. Горбачёв имзолаган «Ер тўғрисидаги Қонун» асосларининг 1-бўлими 4-моддасини бузиб, колхоз ерини эгаллаган бу оломон, худди шу асосларнинг 16-бўлими 53-моддасини бузиб, ер бўлиб берган бу раҳбарларнинг «оталарча ғамхўрлиги» тагида қандай мақсад бор эди?!

Мақсад иғво билан ўзбекларни қирғизлар эгаллаган худди шу бедапояга йиғиб олишдан иборат бўлиб, ниҳоятда хатарли ўйинни бошлаган фитначи раҳбарлар нишонга бехато урган эдилар. Шу куниёқ уч-тўрт юз колхозчи бедапояга йиғилиб, қозиқларни суғуриб ташлади, ўз-ўзидан норозилик митинги бошланди. Бир томондан ўзбеклар: «Бу қандай бемаънилик, талабаларгаям ер бериладими, ахир, ота-буваларимиз пешона тери билан обод бўлган бу ердаги маҳаллаларимизни яқиндагина корхона қурамиз, деб бузишганда, давлатга керак экан дедик, сувсиз адирларга кўчиб, ит азобида иморат қурдик; эндиликда, кор-ҳолимизга ярар, деб беда экиб қўйган еримизни бу хилда талон-торож қилишга йўл қўймаймиз. Ахир, қачонгача қирғиз раҳбарларининг телба-тескари ишларига чидашимиз керак», деган ҳақли эътирозлар билдирдилар. Иккинчи томондан қирғиз ёшлари: «Ўш қирғизларники, ўзбеклар Ўшдан чиқиб кетсин!» деган қатъий талаблар қўя бошладилар. Вазият кескинлашганига қарамай, шу ерда ҳозиру нозир бўлган жумҳурият, вилоят раҳбарларидан бирортаси пинагини бузмади. «Ўш аймоғи» жамияти аъзоларини бедапоядан олиб чиқиб кетишга буйруқ бермади; аксинча, уларни шу кундан бошлаб милиция қўшини қўриқлай бошлади. Буни кўрган ўзбеклар, 28 май куни эрталаб, тағин бедапояга йиғилдилар. Ниҳоят, ғайриқонуннй қарор аввал колхозчиларнинг Марказқўм котиби Шеримқулов қатнашган мажлисида, шу куннинг ўзида шаҳар советининг шошилинч чақирилган сессиясида бекор қилиниб, ер колхозга қайтарилди. Сессияда қонунчиликни бузиб, вазиятни кескинлаштирган «Ўш аймоғи» жамияти аъзолари бир овоздан қораландилар, бироқ шаҳар ижроқўми имкониятига қараб, уларга бошқа жойдан ер ажратишга қарор қилинди.

Бор гап шу. 27 майдан буён Ўшда «ўралашиб юрган» жумҳурият раҳбарлари оломонни бедапоядан олиб чиқиб кетишга кўрсатма берганларида, «миллатлараро тўқнашув»нинг олди олинган бўларди. Афсус, буни ҳеч ким истамади, аксинча, иғво қатъият билан давом эттирилди. Бедапояни эгаллаган «Ўш аймоғи» аъзолари махсус автобусларда узоқ қишлоқлардан, Ўшдан қирғизларга ер бериляпти, деб олиб келинаётган оломон ҳисобига кўпаяверди, мелиса қўшини уларни қўриқлаб тураверди. Шу куни, яъни 28 майда шаҳар совети сессияси ғайриқонуний қарорни бекор қилганига қарамай, Қирғизистон Министрлар Совети раиси Жумағулов колхоз раиси Қўчқоровга тазйиқ кўрсатиб, колхозчилар номидан ерни бўлиб бериш тўғрисида хуфя қарор чиқаришга мажбур қилди. Шундоғам қони қайнаб турган колхозчилар бу хабарни эшитиб, 29 майда тағин бедапояга йиғилдилар, уларга бедапоя атрофида бўлаётган найрангни эшитган шаҳарликлар қўшилдилар. Уч кун митинг қилиб чарчаган ўзбеклар шу ерда ҳозир бўлган Қирғизистон Олий Совети раиси муовини Қулматов, Марказқўм котиблари Чепелев, Шеримқуловларга шаҳар совети қароридан кейин ҳам «Ўш аймоғи» жамияти аъзолари бедапоядан олиб кетилмаганидан норозилик билдириб, маданий-маърифий, ижтимоий-сиёсий талабларини қўя бошладилар. Бу талаблар орасида миллий низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган вилоят партия қўмитаси котиби У. Сиддиқовни вазифасидан озод қилишдек масаладан ташқари, икки сиёсий муаммо, биринчиси, жамоат ерини истифода қилишда қонунчиликка риоя қилиш; иккинчиси, Ўш вилоятини барча соҳаларда миллатларнинг тенг ваколатини таъминлайдиган алоҳида мухтор (автоном) тузилмага айлантириш масаласи бор эди. Ниҳоят, шу куни вилоят раҳбарлари ўз хатоларини тан олдилар, Қулматов таклифи бўйича, талабларни аҳолидан йиғиб, ҳукумат аъзолари билан ўрганадиган муроса комиссияси тузилиб, шаҳар совети депутатлари ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат бу комиссияга Қирғизистон халқ депутати Даврон Собиров раис этиб сайланди.

Бироқ шунча гап-сўздан кейин ҳам вазият ўзгармади. «Ўш аймоғи» аъзолари мелиса қўшинлари муҳофазасида бедапояни эгаллаб туравердилар. Ўзбеклар 30 майда яна бедапояда йиғилдилар, ҳукумат вакилларининг аниқ жавоблари талаб қилинди. Шу куни Қулматов «эр масаласи ижобий ҳал бўлди, Масалиэвнинг муовини сифатида сизларга айтаман, қолган талабларга 4 июн куни кеч соат 6 да жавоб эшитгани келинглар», дейди. Ўзбеклар «2 июнда обкомнинг майдонида жавоб эшитайлик», деганларида, Қулматов «4 июн кеч соат 6 да қирғизларгаям жавоб берамиз, шу ерда кўтарилган масала шу ерда тугасин, келишиб қўйганмиз», деб жавоб беради…

4 июнгача беш кун бор эди. Мана шу беш кун ичида шаҳарда ажабтовур воқэалар юз берди. Ўзбек хонадонларида ижара турадиган жами 2372 қирғиз ташкилий равишда «турбаза»ларга кўчирилди, бир қисми шаҳардаги олағовур таъсирида, вақтинча, туманларга жўнатилди ва…. бутун вилоятда «ўзбеклар қирғизларни Ўшдан ҳайдаб чиқарди», деган ёвуз миш-миш тарқатилди. Бу иғво кейинчалик ўзбекларга қарши «жазо отрядларини» сафарбар қилишни осонлаштирди. Фожиалардан кейин эса, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноятларни оқлаш учун, Марказга юбориладиган расмий ҳужжатларга асосли далил сифатида тиркалди…

Бундан кейинги воқэалар янада шубҳали кечди. Шаҳар ижроқўми раиси ҳузурида, 31 май куни ҳукумат вакиллари Қулматов, Жумағулов, Балакон (Жумҳурият Давлат Хавфсизлик қўмитаси (ДХҚ раиси), Сиддиқов ва бюро аъзолари аҳолидан ёзиб олинган 17 масаланинг 15 тасини маъқуллаганларида, муроса комиссияси аъзолари Ўш вилоятини мухтор тузилмага айлантириш масаласини муҳокамадан олиб қўйганларига қарамай, Жумағулов кейинчалик ҳукуматнинг расмий жавобига бу масалани» қўшиб қўйди». Худди шу мажлисда илгари бир неча бор «ҳал бўлди», деб айтилган ер масаласи яна ҳал бўлмади. Жумағулов, «барибир», «Ўш аймоғи» бедапоядан ер олиши керак, деб Қулматовнинг 30 майдаги ваъдасини бекор қилди. Вилоят ижроқўми 3 июн қарори билан «Ўш аймоғи»га бошқа жойдан 350 гектар ер ажратганидан кейин ҳам, Жумағулов айтганидан қолмаганини исботловчи ҳужжатлар бор. Муроса комиссияси аъзоларидан бири Мираҳмедов 4 июн куни, қон тўкилишидан икки соат олдин, Ленин колхози идорасида ўзбек оқсоқолларннинг ҳамма қизишиб турганда шу ишни қилманг, ерни кейинроқ давлатга ўтказиб туриб, бўлиб берсангиз ҳам бўлаверади», деб ялиниб-ёлворишларига қарамай, Жумағулов колхоз раиси Қўчқоровга «ҳозир бориб, ерни ўлчаб берасан», деб дағдаға қилгани, шу кайфият билан митингга боргани ҳақида гапиради. Бундан ўзбекларни қатағон қилиш учун, баҳона тарзида, ер масаласи атайлаб уюштирилганлиги кўриниб турибди. Умуман, ҳукумат раҳбарларининг бундай шубҳали ҳаракатларини депутат Даврон Собировнинг ёзма гувоҳлиги янаям ойдинлаштиради: «3 июнда «Ўш аймоғи» жамияти жойлашган шаҳар архитектураси идораси олдида жамият раҳбари Бектемиров билан гаплашдим. Нега аъзоларингни бедапоядан олиб кетмаяпсан, деб сўрасам, Бектемиров: «Қирғизлар, бари-бир, бедапоядан кетмайди, бунда катталарнинг қўли бор, барибир, қон тўкилади, қон тўкишга закалат олган одамлар бор. Мен ўйиндан чиқдим, деди. Кўнглим ғаш бўлди. Соат 12 ларда вилоят Хавфсизлик Қўмитаси бошлиғи муовини Верешчагин телефон қилиб, бедапояда 30-40 ўзбек тўпланганини айтди, дарров бориб, уларни тарқатиб юбордим. Ўша ерда айланиб юрган Верешчагиндан нега қирғизлар бедапоядан кетмай, митинг қиляпти, даб сўрасам, Верешчагин: «Мен бунга жавоб беролмайман, катталар билади», деб гапни қисқа қилди. Тезда муроса комиссияси жойлашган ўзбек театрига келиб, маҳалла вакилларини йиғдирдим, 4 июнда бўладиган митингни тўхтатмаса бўлмасди. Шу куни кечга яқин Жумағулов талабномага ҳукуматнинг расмий жавобини топширди. Қизиғи шундаки, биринчи мажлисдаёқ, ўзимиз талабномадан олиб ташлаган мухтор тузилма масаласи жавобга киритилган эди. Бундан ташқари, Жумағулов митинг қилишга ҳожат йўқ, деди. Ўзимиз ҳам шунинг ҳаракатини қилиб юрувдик, бўлмади; Қулматовнинг ваъдасига кўра, барибир, одам йиғилди».

Демак, Жумағулов 4 июнда бўладиган митингни тўхтатмоқчи бўлган, фақат нега илгарироқ ҳаракат қилмадийкин, ахир ҳар корхонада беш дақиқалик мажлис йиғиб, митинг бўлмаслигини эълон қилиш қийин эмас-ку? Қолаверса, радио, телевидениэ, рўзномалардан фойдаланиш мумкин эди. Гап бошқа ёқда. Бўлажак қирғин олдидан Жумағулов, эҳтиёт шарт, яна бир карра бўйнидаги масъулиятни соқит қилиб олган. Ҳолбуки, 3 июн кечаси ўзбек хонадонларига автомат роботлар орқали, «эртага соат 6 да бедапояда митинг бўлади, ҳамма митингга чиқсин», деб айтилганини эшитганлар бор. 3 июн куни «митинг қилишга ҳожат йўқ», деган Жумағулов ўзбеклар талабнома берган 29 дан 30 майгача Фрунзе «ОМОН» отряди (38 нафар), Фрунзе Ички ишлар бошқармаси отряди (42 нафар), Фрунзе милиция мактаби курсантларини (154 нафар) Ўшга келтириб қўйган эди. Бундан ташқари, Жумағулов фожиа арафасида, ҳар эҳтимолга қарши деб, 2 июндаги оммавий тартибсизликлар туфайли, Андижонда туриб қолган Тошкент милиция қўшинини (193 нафар) бир кунга ижарага олишни ҳам унутмаган эди…

Ўш фожиалари пухта уюштирилган фитна маҳсули эканлигини тасдиқловчи мана бу фактларга эътибор беринг: Фожиалар арафасида Ўшда, Ўзганда 2 минг дона қизил пешанабоғ тикилган; 2 июнда Ўшдаги арақ заводидан «Камаз» (10-57 ОШЛ) машинасида вагонга юклаш учун 254 яшик ароқ жўнатилган, лекин машина вагонга етиб бормаган. Қўлимдаги беш киши имзолаган аризага кўра, завод раҳбарлари орадан 3 кун ўтгандан кейин ҳам «ғойиб бўлган» юк билан қизиқмаганлар; Ўзгандаги текис йўлга самосваллардан қўлга киримли катта-катта тошлар тўкилган; вилоят, шаҳар раҳбарлари оилаларини Фрунзега жўнатилган, тоғли жойлардаги болқутиларини, мулкларини хавфсизроқ ерларга кўчиришган; 1, 2, 3 июн кунлари Ўш шаҳрига 3 минг қирғиз қалбаки прописка қилинган. Энди 12 минг уйсиз қирғизнинг тўсатдан пайдо бўлгани, шаҳар совети сессияси бекор қилган ғайриқонуний қарор Жумағулов «ташаббуси» билан 4 июнгача ўз кучида тургани, бир кунда, бир соатда, бир жойда икки митинг аъзоларига жавоб беришга келишилгани, муҳокамага қўйилмаган мухтор тузилма масаласи расмий жавобга тиркалгани ва ниҳоят, «Ўш аймоғи» жамиятининг пешонасини қизил пешонабоғ билан танғиган 2 мингдан ортиқ аъзоси, милиция қўшини муҳофазасида 27 майдан 4 июн соат 6 гача бедапояда ўтирганига ажабланмасак ҳам бўлади.

Хўш, аъзолари милиция қўшини муҳофазасида бир ҳафта давомида бедапояда митинг қилиб ўтирган «Ўш аймоғи» қандай жамият? «Комсомолская правда» рўзномаси мухбири К. Баялиновнинг «Ўш-1990» (22.09.90) мақоласидан: «Ўш аймоғи» — қирғиз ёшларинннг хусусий уй-жой қуриш бўйича ихтиёрий уюшмасидир. 1990 йил 10 мартда тузилиб, ўзида 12000 уйсизнн бирлаштирган бу ташкилот вилоят компартияси қўмитасининг арзандасидир. Бу жамият сардори Бектемиров бўйнига олиб, менга айтдики, «биз 4 июнгача вилоят компартияси топшириғини қулоқ қоқмай бажариб келдик», деб. Балки, шунинг учун хам, хали рўйхатга олинмаган норасмий жамият обком рхбарлигидаги телефон, мебел, хизмат хонаси, «РАФ», «ГАЗ-24» машиналари, 27 майдан эса 5 та «ЛАЗ» автобуси билан таъминлангандир. Ўш шаҳар ижроқўми раиси муовини Алтибаэв тавсиясига кўра (расмий хат №1И17. 18.05.90), жамият раҳбари Бектемиров, маоши сақланган ҳолда, бир ой муддатга насос заводидаги иш жойидан озод қилинганини билгач эса, жамиятнинг норасмий эмас, балки партаппарат қўлидаги «расмий» жамият — қуроли эканига ишонч ҳосил қилдик. Фожиалардан кейин, бу жамиятни астойдил ҳимоя қиладиганлар ҳам топилиб қолди. «Қирғизистон» демократик ҳаракати раҳбарларидан бири, ёзувчи К. Акматов «Қирғизистон маданияти» ҳафталигида (13.09.90) босилган «Қоғозга ўралган ўт» мақоласида «Ўш аймоғи» жамияти фақат ер олиб, уй олиш учунгина уюшган, у ҳеч қандай сиёсий ташкилот эмас», деган оқлов гапларни кўтариб чиқди. Тўғри, бу жамият аъзолари 1990 йилниинг январ ойидан бошлаб, Ўшдаги ўзбекларга қарашли уйларни рўйхатга олиш пайти келгач, яъни фожиалардан кейин, қайси ўзбекнинг уйига қайси қирғиз кўчиб киришигача аниқлаб қўйганини, «Ўш аймоғи», «Қора шоро» каби фақат қирғизлардан иборат мавзелар қуриш баҳонасида Ўшни батамом эгаллашни режалаштирганини айтмай қўяқолайлик. Лекин нима учун ички ишлар бошлиғи Х. Тошматовни, текстил комбинати директори З. Юсуповни сўроқ қилган экан? Ахир, бу одамлар вилоят раҳбарларининг қийин-қистови билан норасмий жамият раҳбарига сўроқ берганлар. Бу жамиятнинг яна бошқа сиёсий вазифаларниям биламиз, аммо асосий, стсенарийда белгиланган вазифаси 27 майдан 4 июн кечки соат 6 гача бедапояда, милиция қўшини муҳофазасида «қаттиқ туриб бериш» эди. Табиийки, бундан ғазабланган ўзбеклар худди шу бедапояга йиғилиши, ижтимоий-сиёсий талабларини айтиб, митинглар ўтказиши, маълум соатда жумҳурият ва ундан ташқаридаги фитначи раҳбарларнинг диққат марказида турган кўпгина муаммоларни ўз-ўзидан ҳал қилворадиган «миллатлараро тўқнашув» содир бўлиши керак эди! 4 июндан бошланадиган даҳшатли фожиалар вилоятнинг Ўшдан уч-тўрт юз чақирим наридаги қирғиз қишлоқларигаям, Ўзбекистонинг чегарага туташ туманларидаги қирғиз аҳолисигаям олдиндан маълум эди. Фақатгина ўзбеклар ғафлатда қолдилар. Қирғиндан икки ой кейин ўша Жумағулов, Ўш фожиалари бўйича жумҳурият фавқулода комиссияси раиси сифатида, шундай дейди: «Қонли воқэаларнинг олдини олиш мумкинмиди? Мумкин эди, деб ҳисоблайман. Вилоят раҳбарлари, умуман, ҳаммамиз, шу жумладаи, мен ҳам вилоятдаги аҳволдан хабардор бўлишимиз лозим эди. Биз ундан бехабар қолдик, Вилоят раҳбарларига ишониб жуда кеч келдик». (Ўш вилоят партия қўмитаси Пленуми материалидан. 11.08.90).

4 июн куни соат 5 ларда оқ кийинган қариялар, ўспиринлар, бола кўтарган жувонлар, чор атрофдаги маҳаллаларнинг томошаталаб болакайлари, хуллас 10-15 минг аҳоли талабларимизга ижобий жавоб берилар экан, деб хурсандчилик, карнай-сурнай билан бедапояга йиғилдилар. Ҳозирча шаҳар телефонлари узилгани, кўпқаватли уйлар ораларида қирғиз мелисалари ҳимоясида сўйил, арматура бўлаклари билан қуроллантирилган қизил пешанабоғичли тўдалар тургани, ўзбеклар қочадиган кўчаларга харита бўйича пистирмалар қўйилгани, 40-50 кишилик тўдалар баланд уйлар томларига тош йиғиб, ишора кутаётганларини ҳеч ким билмасди. Гап-сўзга сабаб бўлмасин деб ҳамиша белимизда турадиган пичоқларниям уйга ташлаб борган эканмиз, дейди кейинчалик ўзбеклар… Соат 6 дан 10 дақиқа ўтганда митинг бошланади. Гарчи 2 мингдан ортиқ қирғиз ёшлари 800 метр нарида турган бўлсалар ҳам, ўзбеклардан 20 қадам нарида армия ва милиция қўшини саф тортди. Худди шу «эҳтиёт чора» ўзбекларнинг нафсониятига тегди. Ғалағовур кўтарилди: «Қўшин бедапоядан олиб чиқиб кетилсин, ахир урушгани келмаганмиз, жавоб эшитиб, кетамиз», деган бақириқлар янгради. Қўшин бедапоядан чиқиб кетди, талабнома бўйича, ҳукумат вакилининг ҳар жавоби қарсак билан қаршиланди. Худди шу ўринда, мухтор тузилма муҳокамага қўйилсин, дегап талабга атайин норозилик қўзғотиш мақсадида, мухторият бўлганмас, бўлмайдиям, Сиддиқов ҳам ишдан кетмайди», деб жавоб қилинди. Минбарнинг чап ёнидаги юзга яқин оломон мухторият — «автономия, автономия», деб бақирди. Шулар орасидан «ЎзССР», деб ёзилган бир қулоч қоғоз кўтарилди. Оломон икки дақиқа гувиллаб турган бир пайтда, 800 метр наридаги «Ўш аймоғи» аъзоларига ёрдамга келган уч автобус қирғизни мелисалар тўхтатиб қолдилар. «Бизга ёрдамга келганларни бедапояга ўтказишмаяпти, деб ўйлаган 200 га яқин ўсмир, оломондан узилиб чиқиб, қўшин тарафга ўн қадам юрди. Аллақачон бедапояда тизилган қўшиннинг биринчи қаторидаги аскарлар осмонга, иккинчи қатордаги мелисалар эса тўппадан-тўғри одамларга қараб ўқ узди. Шу ердаёқ 7 ўзбек ўлди, 20-30 таси яраланди. Шу пайт, кимдир «шаҳарда уйларинг ёнаяпти», деб бақириб келганида, ўзбеклар уч-тўрт кишилашиб, ўлган ва жароҳатланганларни кўтарганча, Учкўча ва Ёшлар маҳаллалари оралаб шаҳар марказига югурдилар…

Иғво тўла амалга ошди! Энди қочаётган ўзбекларни «оммавий тартибсизликлар» келтириб чиқарганликда айблаб, бемалол қатағон қилиш мумкин эди. Кўп қаватли уйлар ораларидан ўтмоқчи бўлганлар «пистирма»га йўлиқдилар. Ярадор бўлиб йиқилиб қолганларни қизил пешанабоғичли «жазо отрядлари» арматура бўлаклари билан уриб ўлдира бошладилар. Қочишдан тўхтаганлар, орқага қайрилиб қараганлар изма-из келаётган мелисалар ўқига учдилар. «Қирғизистон» кўчасининг ҳар эллик метрида биттадан ўзбек отилди, дейди бу даҳшатни кўрганлар. Худди шу кўчанинг беш-олти жойида мелисалар муҳофазасидаги қуролланган «жазо отрядлари»нинг иғвогарона ҳужумлари уюштирилди.. Бошқа томонда эса бедапоядаги қизил пешанабоғичли 3 мингга яқин оломон қўзғолиб, текстил комбинати атрофидаги ўзбек маҳаллаларига, кўпқаватли уйлардаги илгаридан шартли белги қўйилган ўзбек хонадонларига «ўзбекни йўқот, ўзбекни ўлдир, Ўш қирғизларники!», деган ҳайқириқлар билан ҳужум бошлаб юборди. Шаҳарнинг бошқа томонларида қуролсиз аҳоли номерсиз машиналардан ўққа тутилган. 5 июнга ўтар кечаси маҳаллаларга мелиса муҳофазасидаги талабалар ҳужумлари уюштирилгани, 4-5 июнларда мелиса бошчилигидаги тўрт томондан шаҳарга киришга ҳаракат қилган «жазо отрядлари» бир ёқда қолиб, қизил вертолётлар ўзбекларни уйларидан чиқармаслик, бирон жойда йиғилмасликлари учун, хонадонлар, маҳаллалар устидан шу қадар пастлаб учганки, ҳайратдан ёқангни ушлайсан. 4 июнда бошланган қора қирғин (террор) 5 июн пешингача давом этган. Бу пайтга келиб, касалхонадаёқ 35 ўзбек ўлди, 363 таси яраланди, 31 уй, 7 объэкт, 12 машина ёндирилди!

Режага кўра, камида 3 соатга чўзиладиган митинг 35 дақиқада тўзғиб кетди. Соат 8 ларда, яъни қоронғи тушиши биланоқ, бедапояга етиб келиши керак бўлган «жазо отрядлари»ни шаҳарнинг тўрт томонида аҳоли тўхтатиб қолди. Пухта тайёрланганига қарамай, миллатлараро тўқнашув амалга ошмай қолди. Яъни, бир томонлама қирғин (террор) рўй берди. Кирғин изларини яшириш учун 5 июн куни эрталаб ароққа тўйдирилган оломоннинг бир қисми Ўшга туташ Калинин жамоа хўжалиги Сармозор маҳалласига ташланди. Ўзганда иғвогарлик билан жанжал чиқарилиб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳший жиноятлар учун замин яратилди.

Бир қисмини Ўшдаги қирғизларга ёрдамга, бир қисмини ҳарбийга боришдан олдинги тайёргарликка деб йиғилган, йўл-йўлакай ароқ билан тўйдирилган қирғиз ёшларини кимлар ёмонликка бошлади? Фурқат маҳалласидан, шаҳарга киролмасдан, 4 июндаёқ талончиликни бошлаб юборган қирғизларни «шаҳарда ўзбеклар қирғиз аёлларининг кўкракларигача кесиб бўлди, нега бу сартларга раҳм қиласан», деб баттар жазавага солганлар. Икки кун ичида Фурқат маҳалласида 51 хонадон таланди; қўй-моллари сўйиб ейилди, кийим-кечаги йиртилди, идиш-товоғи синдирилди, унларга шиша талқони, мойларга кир порошоги аралаштирилди; Қуръон китоблари ҳожатхонага ташланди, энг хунуги, ота-оналарнинг томоғига пичоқ қадаб туриб, беш-олти хонадон аёллари, қизалоқларигача оммавий зўрланди. СССР прокуратураси терговчиси Сулаэвнинг айтишича («Ленин йўли», 29.08.90), ҳарбийлар бу ёвузликларни ўз кўзлари билан кўрган, аммо юқоридан буйруқ бўлмаганлиги учун, рейд ўтказиб, оломонни огоҳлантириш мақсадида осмонга ўқ отиш билангина чекланган. Уч кун давомида оломонга шаҳардан нон, озиқ-овқат, ноҳиялардан эса ароқ ташиган автомобилларга махсус милиция машиналари сарбонлик қилгани тўғрисида ҳужжатлар бор. Ўзган шаҳар меъморлик бўлими бошлиғи А. Турсунбоэв бундай дейди: «5 июн куни эрталаб иккита автобусда келган қирғиз ёшлари Ўзган бозорини вайрон қилиб, бир ўзбекни ўлдирдилар. Безорилар шаҳардан ҳайдаб чиқарилди, мелисага ушлаб берилганлари қўйиб юборилгач, ўз-ўзидан, ўзбеклар йиғилдилар. Соат бирларда мирзакалик ва черёмушкалик қирғизлар ҳужуми қайтарилди. Бир соат ўтмай, улар қочган томонга вертолётдан қурол-аслаҳа ташланди. Кечга яқин Ўзганга Иличевка йўлидан 1,5 минг одам, Мирзака йўлидан автомат, кесма милтиқ (обрезка)лар билан қуролланган 5 мингга яқин оломон шаҳарга бостириб кирди. Саноқли дақиқаларда, биргина Ясси кўчасида, 190 хонадон ёндирилди. Бу уйлардан қочиб чиққан аёллар, болалар ўлдирилди; бир қисми машиналарда тоққа олиб кетилди. Бир ойдан кейин, Қорадарйодан ит хазар қиларли ҳақоратлар изи қолган жасадлар оқиб келди. 6 июн куни саҳарда Ўзганга 6 та зирҳли ҳарбий машина (БТР)да қўшин кириб, райком биносини ўради. Қўшинга «ўзбеклар қирғизларни ҳайдаб, райкомга ҳужум қилди», деб уқтирилган экан. Ўзгандаги ёвузликларни одам боласи қилганига ақлим етмайди. Бу ваҳшийликлар тасвири туширилган видеофильмдаги бир аёл қўлида қотиллар ишлатган оқ ниқобни кўриб қирғиз оломонига қамоқхоналардаги мутахассис қотиллар аралаштирилмаганмикин, деб уйладим. Аммо бир нарса равшан. Ўзгандаги қирғинда райком котиблари Асанов ва Бўронбоэва бевосита айбдордирлар. Ўзган кўчаларида анчагача «Миллатчи Бўронбоэвага ўлим!» деган шиорлар осилиб тургани бежиз эмас!

Икки кун ичида Ўзганда 200 га яқин ўзбек ўлди, 1200 таси ярадор бўлди, 92 хотин-қиз зўрланди, (бедараклар то ҳануз айтилмайди). 343 хонадон аввал таланиб, кейин куйдирилди; жами 503 хонадон, 88 автомашина, 36 объэкт, 212 қора мол ёндирилди! Зарар — 4 милён 587 минг сўм. Июн ойидаёқ Ўзган шаҳридаги 5 минг жиноят бўйича тергов бошланган. Биз бу рўйхатга Ўзган атрофидаги қишлоқларда содир этилган жиноятларни қўшмадик. 4 июнда Ўшда ёқилган фитна алангаси Ўзганни кул қилиб, 6-7 июнларда вилоятнинг ўзбеклар яшайдиган барча туманларига ёйилганча, чинакамига миллатлараро тўқнашувга айлана бошлади. Қирғизистоннинг Масалиэв бошлиқ ҳукумати қаэрга қаради дерсиз? 5 июн куни Ўзгандаги ажабтовур ваҳшийликларни Америка ва Оврупонинг барча телекомпаниялари зўр шов-шув билан кўрсатаётган бир пайтда, Қирғизистон Компартиясининг навбатдаги Пленумини очган Масалиэв Ўш ва Ўшга туташ ноҳияларда вазият кескинлашгани тўғрисида қисқача ахборот бериш билангина чекланиб, жумҳурият коммунистларининг фаол иштирокида «Қайта қуриш ва жумҳурият партия ташкилотининг галдаги вазифалари»ни хотиржамгина муҳокама қила бошлади. 6 июн куни кечқурун Масалиэв Фрунзе телевидениэси орқали қирғиз халқига мурожаат қилиб, бундай дейди: «Мен Ўзбекистон раҳбарияти, президент Каримов билан бир неча бор суҳбатлашдим. Қўрқманглар, қирғизлар, Андижондан, Намангандан, Фарғонадан бу ерда яшаётган биродарларини ҳимоя қилиб ҳеч ким келмайди» (Журналист. М. Мирзараҳимов маълумоти). Қирғиз халқи бу оқсоқолнинг гапини, қўрқмасдан ўзбекни ўлдиравер», деган маънода тушунди. Худди шу мурожаатда Масалиэв, митннг фожиасини шархлай туриб, «Ўшда ўн минг ўзбек билан икки минг қирғиз орасида тўқнашув бўлди, икки оломон урушди», деган гапни қирғиз халқи қулоғига қуйиб қўйди. Бу -2 минг бечора қирғизни 10 минг зўравон ўзбекдан ҳимоя қилишга, миллатлараро тўқнашув айбдорларини ана шу 10 минг ўзбек орасидан қидирршга даъватдир. Очиқроқ айтганда, бу даъват автомат оғзини кимга тўғрилаш кераклиги тўғрисидаги кўрсатма эди. Худди шу кунлари вазият оғирлашди. «Фрунзе шаҳри дўконлари илгари сотиш чекланган ароқ-вино маҳсулотлари билан тўлдирилди. Пешонасига оқ дурра боғлаган ўн минглаб қирғиз студентлари Қирғизистондан ўзбекларни ҳайдаб чиқаришни талаб қилиб, майдонларни ларзага келтирди. (КирТАГ ахборотидан. 6.06.1990). Бу иғво маҳсули эди. Дарвоқэ, бундай иғволар, фожиалардан кейин кўп ишлатилди. Тахминан 13-14 июнларда Ўзган атрофидаги қирғиз аҳолиси хавфсизроқ жойларга ташкилий равишда кўчирилди. К. Баялиновнинг «5 минг киши тоғларга кўчди» мақоласида («Комсомолская правда». 21.06.1990.), миллатлараро тўқнашувнинг эндиликда партизанлар урушига айланиши оқибатида, ўн минглаб қочоқлар пайдо бўлди, фақат Ўзган ноҳиясидан 5 минг киши оиласи билан тоққа кетди, деган хабар берилди. Кейинчалик, бу аҳолига жумҳурият ҳукумати «қочоқлик статуси» олиб бермоқчи бўлганда, навбатдаги иғвонинг миси чиқиб қолди. Низомга кўра, қочоқлик статуси берилган ҳар бир кишига ўн минг сўм миқдорида маблағ ажратилиши лозим эди.

Шундай қилиб, 4 июнда Қирғизистон Олий Совети раиси муовини Қулматов рухсати билан йиғилган ўзбек аҳолиси отилди, тағин 36 соат давомида қатағон қилинди. СССР Ички Ишлар Вазирлиги «Ўш вилоятидаги воқэалар тўғрисида»ги ҳужжатида «ўзбеклар милицияга тош, шиша идишлар отди, учли калтаклар билан қирғизларга ҳужум қилмоқчи бўлди» дейилади. «Комсомолская правда» рўзномасида (6.06.1990) эса «ёнилғи тўлатилган шиша отилди», деб айтилади. Бу бўҳтонларни митингда қатнашган ўзбек депутатлари инкор этдилар. Қўлларида ҳеч нарса бўлмаган ўспиринлар милиция сафидан ўн қадам нарида отилганини худди шу лаҳзалар тасвирга туширилган видеофильм ҳам исботлаб турибди. Кўзни ёшлантирувчи газ, сувсепар машиналар, резина калтаклар ишлатилмади, бунга асос ҳам йўқ эди. Юқорида Масалиэв Ўшда ўн минг ўзбек билан икки минг қирғиз тўқнашди, фожиалар митингдан бошланди, деб айбни кимга ағдариш ҳақида кўрсатма берганини айтдик. Биринчидан, 4 июн кунги митингда, кутилганидек тўқнашув рўй бермади, унда қуролсиз ўзбеклар отилди, холос. Мабодо, тўқнашув бўлди, деб фараз қилсак митингдан 8 соат аввал Ўшдан 80 чақирим наридаги Ғулчада нуқул ўзбеклар ўлдирилиб, уйлар ёндирилганини қандай изоҳлаймиз? Беш жумҳурият раҳбариятининг Олмаотадаги учрашувида Масалиэв, «ўзбек аҳолиси автономия масаласини қўйди», деб жиноятга сиёсий тўн кийдирди. Хўш, ўшликлар автономия сўраб қирилган экан, унда ўзганликлар автономия сўрамагани учун қирилдими?! Бир парча ер билан боғлаб иғвогарона қўзғатилган ўзбеклар норозилиги замирида кўп йиллик қинғир сиёсатнинг «хизмати» йўқмикин?

Масалага чуқурроқ назар ташлайдиган бўлсак, 50 йиллар охирларида Жалолобод вилояти, 80 йиллардан кейин эса Толас, Чотқол, Тўқтағул, Тўғизтўра ноҳиялари қўшиб берилгач, умумий майдони 78 минг кв. километрга етиб, жумҳурият ҳудудининг 59 фоизини ташкил этган жанубий Қирғизистондаги ягона вилоят маркази -Ўш шаҳрида сунъий муаммолар яратилди. Биринчидан, ишлаб чиқариш воситалари ҳаддан ташқари марказлаштирилгани туфайли, ноҳиялардан миграция кучайди; тураржой танқислиги пайдо бўлди; ёппасига кўпқаватли уйлар қурилиши оқибатида қадимий шаҳристон вайрон бўлди; шаҳристоннинг туб аҳолиси — ўзбеклар шаҳар ташқарисига кўчирилди. Иккинчидан, кейинги 20-30 йил ичида партия, совет ташкилотлари, суд, прокуратура, ички ишлар бўлимларидан ўзбек кадрлари четлаштирилди. Бугунги кунда, бутун вилоят бўйича, битта ўзбек прокурори борлиги бу фикр далилидир. Бундан ташқари, маданий-маърифий соҳаларда ҳам ўзбекларнинг аҳволи яхши эмас. Ҳар йили мактабларни битираётган ўн минглаб ёшларнинг ишга, ўқишга жойлашиши ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Айниқса, қайта қуриш сиёсати бошлангандан буён, азалдан ўзбеклар яшайдиган шаҳарларни, ташкилот ва корхоналарни сунъий равишда қирғизлаштириш жадаллашиб кетди. Биргина мисол, кейинги 20 йил ичида Ўшда нега ўзбек кўп, деган омиёна сиёсат билан, шаҳар марказидан 55 минг аҳоли 9-10 чақирим наридаги сувсиз, яйдоқ адирларга кўчирилди. Ҳатто шаҳар харитасига ҳам киритилмаган бу адирларда ўзбеклар бир машина сувни 20 сўмдан сотиб олиб, ҳозиргача иморат қуриш билан банд. Шаҳарда қирғизлар миқдорини кўпайтириш мақсадида, 2-3 йил аввал 10-12 чақирим наридаги қирғиз қишлоқлари шаҳар ҳудудига қўшиб берилди. Ҳолбуки, шундоққина обком идорасидан бир чақирим наридаги ўзбек маҳаллалари, мавзелари 25 чақирим олисдаги Қорасув туманига қарайди! Ҳозирда Ўшда 55 фоиз ўзбек, 23,7 фоиз қирғиз (кўпчилиги талабалар), Жалолободда 39 фоиз ўзбек, 21,3 фоиз қирғиз, Ўзганда 83 фоиз ўзбек, 12 фоиз қирғиз бўлган ҳолда, шаҳар маҳкамаларида ўзбеклар 8-10, ички ишлар бўлимларида эса 16 фоизни ташкил этади. Ўш шаҳридаги 680 милиция ходимидан 22 таси ўзбек экани аҳволни яққол кўрсатиб турибди. Фақат савдо, транспорт, умумий овқатланиш тармоқларида ўзбеклардан 50 фоиз атрофидадир. Аҳвол шундай бўлса-да, ўзбеклар ҳокимият талашмади, бирор марта қирғизлар билан мен сенга бормади, бор йўғи, 12 минг пропискасиз оломонни «ишга солган» ҳукуматдан адолат талаб қилди, холос. Буни тушуниш учун, қурол эмас, ақлни ишлатиш лозим эди! Аммо ақл ишлатишни лозим кўрмаган Жумағулов, Масалиэв билан бамаслаҳат, митингдан бир соат олдин, ҳар қандай расмий жиноятни оқлайдиган фавқулодда ҳолат жорий этилганлигини митинг қатнашчиларидан атайин яширди. Бу хабар кечки соат саккизларда Фрунзе телевидениэсидан айтилгунча, фавқулодда ҳолатдан ҳукумат бошлиғидан тортиб, мелисагача, айрим қирғиз врачларидан тортиб, оддий қирғиз «жанговар» фуқаросигача уддабуронлик билан фойдаланиб қолдилар. 4-5 июнларда Новқат кўчасида, Сармозор маҳалласида «жазо отрядлари»ни шаҳарга ўтказмаган ўзбеклар вертолётдан ўққа тутилгани, бостириб келган қирғизлар қўйворилган ҳолда, уйларидан куч билан олиб кетилган юзлаб ўзбеклар уч кунгача махсус изоляторларда калтаклангани, сув сўраганларида, уларни мелисалар пешоб ичишга мажбур этганларини Жумағулов қандай изоҳларкин? Эндиликда бу арбоб, 5 июндан бошлаб Ўшга армиянинг 2147 кишилик қўшини, 196 зирҳли техникаси, Ички ишлар вазирлигининг 1171 кишилик қўшини, 21 зирҳли техникаси ва бундан ташқари, чегара қўшинлари ҳам кирганига қарамай, Фурқат маҳалласидаги ёвузликларни тўхтатиш учун нега лоақал ўн нафар аскар ажратолмагани, нега ўзганликлар қуролли қирғиз оломони талонига икки кун қўйиб берилгани, алданган оломонни қурол, транспорт, от-улов, бензин, ароқ, озиқ-овқат билан кимлар таъминлагани, кимлар жазосиз жиноятга йўл очиб бергани каби саволларга жавоб бериши лозим. Ўш вилоят рўзномаси муҳаррири О. Обидов бундай дейди: «Олой ноҳияси Саритош, Саримўғул, Даравотқўрғон қишлоқларига бориб, аҳоли билан учрашдик. Ҳамма бир овоздан: «Қишлоқ советлари раислари Ўшда ўзбеклар қирғизларни қириб ташлаяпти, ёрдамга боринглар», деб машиналар, бензин, уч кунлик овқат берди. Биз қаттиқ сел келгани учун ярим йўлда қолиб кетдик. Етиб боролмадик, дейишди».

Хўш, Ўшда 4 июн куни ўзбеклар қирғизларни қириб ташлаган эканми? Вилоят касалхонасининг унча тўлиқ бўлмаган рўйхатидаги 136 одамнинг 127 таси ўзбек, шундан 70 тасига ўқ теккан, қолганларига «разрыв печени» (жигар сўкилиши) «зчмт» диагнозлари қўйилган. Митингдан отилган 7 кишидан ташқари, касалхонада ҳам 29 ўзбек ўлди, яна 30 таси ўлим ҳолатида келтирилган. Ўшдаги 6 та касалхонада ярадорларга жой етишмагани, отилганларнинг бир қисми уйларига, Андижон вилояти касалхоналарига олиб кетилгани, қайдсиз, кўмилганларни, ўликхоналардаги ўзбеклар қўлидаги номерларни (масалан, мурда О. Султоновнинг номери 136!) ҳисобга олсак, Ўшда фақат 4 ва 5 июнга ўтар кечаси 140-150 ўзбек ўлди, деган гап тасдиқланади. Қирғиз миллатига мансуб милиция ва прокуратура ходимлари қўриқлаган ўликхоналардан ўзбекларнинг жасадлари йўқотилган (уларни олиб кетган машина номерлари СССР прокуратурасига ёзиб берилган). Расмий маълумотга кўра, шу кунгача юзга яқин одамнинг топилмаётгани ҳам бежиз эмас! Ўшда қурбон бўлганлардан ташқари, 700 чақиримли Ўш — Хоруғ трассасида юк ташийдиган ҳайдовчилар, тоғлардаги асаларичилар, ўзбекистонлик чўпонлар орасидаям нобуд бўлганлари, даракциз кетганлари анчагина. Хунук овозлар кўпайганидан, Ўзбекистон ҳукумати 6 июнда Ўшга бир гуруҳ ўзбек врачларини жўнатмоқчи бўлди. Аммо Қирғизистон ҳукумати 11 июнгача бунга рухсат бермади. Беш кун мобайнида ёлғиз худо билади! Шаҳар бош врачи Супаналиэв суҳбатидан («Ленинский пут» 6.06.1990): «Фожиалар рўй бермасдан бир неча кун олдин шаҳардаги барча табобат ташкилотларида тўла тайёргарлик кўрилди. Бу тайёргарлик беҳуда кўрилган эмас. Шифохоналарга 200 дан зийод ярадор жойлаштирилди. 11 киши ўлди… Аммо бу рақам кўп ҳам бўлиши мумкин…» Мана шундай тайёргарликдан кейин ҳам, шаҳар бўйича 50 фоиз врач ишга чиқмаган. Вилоят касалхонасини дори-дармон билан таъминлайдиган аптека мудираси «йўқолиб» қолган. Шаҳар шифохонаси йўлакларида ўзбеклар қонсираб ётганда, жарроҳлик хонасининг калити уч соат қидирилган. Кўчада бошланган жиноят касалхоналарда давом эттирилганига 4 июнда жароҳатланган Х. Раимбердиэвнинг бўғиб ўлдирилгани, сонидан жароҳатланган А. Усмоновнинг, елкасидан жароҳатланиб, ўз оёғи билан жарроҳлик хонасига кирган О. Султоновнинг шубҳали ўлими далилдир. СССР прокуратураси терговчиси Калиниченко суҳбатидан: «Хавфсиз жароҳатлар билан касалхоналарга олиб келинган уч фуқаронинг нобуд бўлганлигини ҳужжатлар аниқ кўрсатиб турибди. Алоҳида тергов гуруҳи бу иш билан шуғулланяпти» («Ленин йўли» 6.07.1990).

Жиноят шу билан тугамайди. Ўш фожиалари бўйича жумҳурият фавқулодда комиссия раиси Жумағулов ахборотидан: «Унча тўлиқ бўлмаган маълумотга кўра, вилоят бўйича 230 киши ўлди, 1371 киши жароҳатланди, 88 киши бедарак йўқолди; 411 уй, 54 объэкт, 89 машина ёндирилди, 557 транспорт шикастланди, 222 машина ўғирланди, 225 уй таланди, халқ хўжалигига 80-85 милён сўмлик зарар етди». (Ўш вилоят партия қўмитаси пленуми материалидан. 14.08.1990). Ажаб?! Жумағуловнинг 4 июндан 11 августгача қамраган ахборотида ўлганлар 230 та, СССР прокуратураси терговчиси Калиниченко қўлидаги ҳужжатда эса фақат 4 июндан 8 июнгача ўлдирилганлар сони 309 тадир! 8 июндан кейинги оммавий бўлмаган қотилликлар билан маҳаллий терговчилар шуғуллангани ва уларнинг қўлида ҳам «унча тўлиқ бўлмаган маълумотлар» борлигини назарда тутиб, фожиалар кўламини тасаввур қилиш қийин эмас. Ҳолбуки, 8 июндан июл ойи ўрталаригача, анча жиноятлар содир бўлган. Яна бир «чалкашлик»: «804 бедарак йўқолган кишидан 385 тасининг турган жойи аниқланди», дейилади «Ленин йўли» рўзномасида (30.06.1990). Жумағуловнинг рўзнома хабаридан ўн кун кейинги ахборотида эса бедарак йўқолганлар сони 88 тага туширилган! Демак, 4 июндан 30 июнгача топилмаган 419 одам дарров топилган экан-да! Энди Жумағулов ахборотидан икки ой кейинги маълумотга эътибор беринг: «… рўйхатга олинган қабрлардан ва бошқа жойлардаги жасадлардан 93 тасининг шахси аниқланди. Ҳозир 22 жасад шахси аниқланмоқда» («Ленин йўли». 9.10.1990). Бу хабардан бир ой кейин ҳам, Ўзгандаги оммавий равишда кўмилганлар қабрларини очиш бўйича олиб борилаётган ишлар тугамаган эди. 4 июнда ўлганларнинг юз фоизи, 5 июнда ўлганларнинг тўқсон беш фоизи ўзбеклар. Нобуд бўлганларнинг миллати яширилаётгани, шу кунгача депутатлар комиссияси тузилмаганининг боиси шунда эмасмикин?! Ниҳоят, авжи фожиалар бўлиб ўтган июн ойида халқ хўжалигининг умумий зарари 40-50 милён сўмлик эди, ажабки, нисбатан тинч, кейинги бир ойда бу рақам 80-85 милён сўмга етган! Ўзбеклар кулфати баҳонасида, давлатдан кўп йиллик қарзини узолмаган хўжаликлар ўзини ўнглаб олди, дейишга асослар бор!!

Бордию, фожиалар тасодифий бўлса, унга сиёсий баҳо берилиши, ташкилотчилар, ижрочилар жазоланиши керакмасми?! Бироқ Қирғизистон Компартиясининг ХИХ съэзди бу жиноятга сиёсий баҳо бермади. Ўшликлар умидвор бўлган КПСС ХХВИИИ съэздида, миллий масалалар бўйича секцияни айнан Масалиэв бошқарди!.. Бундай сийловлардан бошқалар ҳам қуруқ қолмадилар… Илгари, вилоят партия қўмитаси биринчи котиблигида йўл қўйган хатолари учун Қирғизистон Олий Совети раиси муовини Қулматов истеъфога чиқарилди; аммо кўп ўтмай, у Қирғизистоннинг Москвадаги ваколатхонасига раис этиб тайинланди. Вилоят ижроқўми раиси Бекболотов жумҳурият агросаноатининг қурилиш бўйича вазирлигига, Ўзган тумани партия қўмитаси котибаси Бўронбоэва вилоят «Билим» жамияти раислигига тайинланди. Сийланганлар рўйхати бу билан ҳам тугамайди… Бундан норози бўлган ўшликлар иш ташладилар… Жалолобод ғалаён кўтарди… Ўзганни армия «босиб» турди! Арзимас важ билан ўзбекларга минг сўмдан жарима солина бошланди. Жисмоний террордан сўнг, иқтисодий террор кучайтирилди. Ўш вилоят партия қўмитасининг август ойи пленумида қатнашган КПСС МК котиби Гиренко бор айбни норасмийларга, хусусан, қирғизларнинг «Ўш аймоғи», ўзбекларнинг ҳали дастурини шаҳар ижроқўмига беришга ҳам улгурмаган, номи бору ўзи йўқ «Адолат» ташкилотига тўнкаб, партаппарат айбини хаспўшлаганида, Кремлнинг маккор сиёсатга асосланган муносабати фош бўлди!..

Ўзбеклар қуролланяпти, деган гаплар кўпайди. Мен бунга ажабланмадим-у, шунча ҳунрезликдан кейин ҳам кўзи очилмаган, радио-телевидениэ, оммавий ахборот воситалари орқали қирғинларни миллатлараро тўқнашув деб, қирғиз билан ўзбекни уриштириб қўйиб, ўзи томошабин бўлаётган шовинистлар тегирмонига сув қуйган айрим қирғиз зиёлиларига ҳайрон қолдим. Ч. Айтматов «Литературная газета»даги «Қайта қуриш таажжуботлари» мақоласида икки жумҳурият орасидаги чегара бузилмаслигини таъминлайдиган Хелцинки битимидек бир шартнома тузиш лозимлигини таъкидлади; «Қирғизистон маданияти» ҳафталигида оқсоқол ёзувчи Т. Қосимбеков «мухториятчиларнинг попуги пасайиб қолди», деб ичқоралигини кўрсатди. Айниқса, шу ҳафталикда босилган (13.09.1990) кечаги ашаддий коммунист. эндиликда, «Қирғизистон» демократик ҳаракати раҳбарларидан бирига айланган К. Акматовнинг «Қоғозга ўралган ўт» деган мақоласида Андижон ва Ўш вилоятлари чегарасида паспорт режими жорий қилиш тавсия этилади. «Ўзбек миллатида, — дейди К. Акматов,- 1989 йили Фарғона, Андижон (?), Бўка, Паркент туманларидаги месхети турклари ва бошқаларни (?) ҳайдаб чиқаргандан кейин, маҳаллий ўзбек шовииизми бош кўтарди. Клерикал онг-туйғуси кучайган Ўшдаги ўзбек халқи Сулаймон тоғидаги Бобур уйини, қирғизларни қўшмасдан, ўз харажатига қурди, мачитларни қайтариб олиб, бошқа халқ маданиятини менсимай қўйди». Биринчидан, К. Акматов Фарғона фожиалари, худди Ўш фожиаларидек, фитна маҳсули эканлигини билишни истамайди. Иккинчидап, Бобур уйини қуришда беш-олти юз қирғиз талабалари ҳам қатнашганликларини ҳисобга олмайди. Учинчидан, ўшлик ўзбеклар қайси халқ маданиятини менсимадийкин? Гап қирғиз маданияти тўғрисида кетаётган бўлса, Ўшда қадимий қирғиз маданиятига доир бирор белги борми? Умуман, бу шаҳарда илгари қирғизлар яшаганми? Бу алоҳида мавзу талаб қиладиган масала. Аммо, айни пайтда, суверенитет ҳақидаги гаплар таъсирида, «ўзбеклар келгинди халқ, қирғиз еридан чиқиб кетсин», деган расмий ва норасмий шиорлардан хабаримиз борлиги учун ҳам, 1987 йили Фрунзедаги «Илм» нашриётида чоп этилмиш «Қадимий Ўш» китобидан бор-йўғи, уч лавҳа келтириш билан кифоялансак. «ХВИИ-ХВИИИ асрларда қалмиқ хонлиги Мўғулистондан қирғизларнинг бир қисмини Фарғона водийсига, бир қисмини Тиёншон ва Еттисувга суриб чиқарган». Балхлик сайёҳ Ибн Вали (ХВИИ аср) маълумоти: «Ҳар замонда бир, Ўш атрофларига қирғиз қабилалари кўчиб келади, бу тўполончи қозоқлар (дайдилар маъносида — Ш. Р.), бўрилардай изғиб, мусулмонларни талайди». 1908 йил аҳоли рўйхатига кўра, Ўшдаги 43433 аҳолидан 39787 таси сарт (ўзбек), 7 таси қирғиз бўлган. Бу маълумотларни келтирдим-у, ўшлик, фрунзелик қирғиз дўстларимни ўйладим. Аммо начора, эндиликда суверенитет ҳақидаги гаплардан боши айланиб, «Ўш қирғиз ери» дея қирғиз халқи миясини заҳарлаётган зиёлилар 1924 йили РСФСР таркибида тузилган қорақирғиз мухтор вилоятига Жалолобод шаҳри 78 фоиз, 1936 йили Ўш шаҳри 88 фоиз, Ўзган шаҳри 90 фоиз ўзбек аҳолиси билан, Туркистондан ажратиб берилганини билармикинлар?

Энди, бу гапларни ҳам қўятуриб, «миллатлараро тўқнашув» тарзида талқин этилган Ўш фожиалари замиридаги асосий сабабларни таҳлил қилайлик.

Сўнгги тўрт йил давомидаги «миллатлараро тўқнашувлар» шуни кўрсатдики, қаэрда буюк империя сиёсатига, шовинизм ва партаппарат измидаги бюрократизмга қарши кураш кучайса, бу рус халқига қарши кайфият сифатида баҳоланиб, ўша ерда тинч-тотув яшаб келаётган бошқа қандош миллатлар орасида беихтиёр қонли тўқнашувлар содир бўлмоқда. Қайта қуриш сиёсати бошлангандан буён, рус, украин, беларуслардан ташқари, деярли барча катта халқлар бир-бирлари билан тўқнашиб бўлдилар. Россияда демократлар, монархистлар, анархистлар, христиан демократлар, миллатчилар, қорагуруҳчилар, кашандалар, пиёнисталар, фоҳишаларнинг юзлаб митинглари, намойишлар бўлиб ўтди. Аммо бирор киши экстремизмда, нашавандликда, миллатчиликда айбланмади!.. Энди 1986 йил декабр ойида Олмаотанинг Брежнев майдонида бўлиб ўтган, кейинчалик «миллатлараро тўқнашув», деб эълон қилинган қонли воқэаларни эсланг. Ўшанда, шундоғам руслашиб бўлган жумҳурият раҳбари Д. А. Қунаэв марказ иродаси билан, 18 дақиқалик пленумда ишдан олиниб, ўрнига Колбин тайинланди. Шовинизм томонидан қозоқ халқи номига шунчаки «расмийлаштирилган» жумҳуриятнинг батамом ассимиляция — қўшиб юборилишига қарши тинч намойишга чиққан 5 мингдан ортиқ қозоқ ёшлари ички қўшинлар, арматура бўлаклари билан қуроллантирилган рус, украин ишчиларининг «жазо отрядлари» ёрдамида қонга ботирилди. Тўрт йилдан кейин, қозоқ парламенти ўша жиноят изидан тушганида, ушбу ҳужжатга дуч келди: «Муддати ўтганлиги муносабати билан, амалий кучини йўқотган «Қуюн» («Метел») юперацияси ҳаракат плани куйдириб йўқ қилинди». (Ички хизмат подполковниги Калинин. «Комсемолская правда» 2.09.1990). Шу рўзнома хабарига кўра, бу операция плани тайёрланаётган штабга КПСС Марказий Қўмитаси, СССР Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (ДХҚ), СССР Ички ишлар вазирлиги (ИИВ), СССР прокуратураси, Қозоғистон ДХҚ ва ИИВ вакиллари йиғилган.

Фарғона фожиалари тагидаям шовинизмга алоқадор сабаблар бор. Рашидов ўлимидан сўнг, узоқ йиллар давомида, барибир, руслашмай қолган кучли жумҳуриятни талон-торож қилиш, ҳар томонлама ўзлаштириш имкони пайдо бўлди. Марказий матбуотнинг «рашидовчилик», «ўзбек иши», «пахта иши» каби сунъий ғавғоларидан гангитилган жумҳуриятнинг янги раҳбарлари «илтимосларига кўра», Россиядан юзлаб чаласавод раҳбарлар «десанти» Ўзбекистонга ташланди. 1988 йил охирига келиб, тўрт йилда 58 минг миллий кадрни бадном қилиб, ярмини қаматиб юборган «десантчилар» сиёсати фош бўла бошлагач, энди ўзбек халқини миллатчиликда айблаш керак бўлиб қолди. Ярим йиллик тайёргарликдан кейин, чет эл радиоси хабарига кўра, 45 йил давомида СССР олий органларидан Месхетияга қайтаришни 154 марта талаб қилавериб чарчаган, май ойида, нима қилиб бўлсаям, Месхетияга кетишни режалаштирган туркларнинг фаоллашувидан, яна худди шу ойда ижтимоий-сиёсий талаблар билан намойиш ўтказишга тайёрланаётган Фарғона ёшлари ҳаракатининг кучайишидан усталик билан фойдаланилди. Бир тўда жиноятчи унсурлар воситасида, икки дард билан ловиллаб турган ўзбеклару турклар тўқнаштирилди. Оқибатда, шўрпешона турклар Россиянинг бўм-бўш қишлоқларига мардикорликка олиб кетилди. Аллақачон экстремизм ва нашавандликда айбланган фарғоналик ёшлар ижтимоий-сиёсий талабларига қўшиб Қўқонда отилди! Бу икки ҳаракат, яъни ўзбеклар ва туркларнинг фаоллашувида, русларга қарши кайфият бор, деб тахмин қилинганинини айтиб ўтиш шарт. Бундай тахмин 1989 йил 20 майдаги Ўш воқэасидан кейин (Ўш фожиаларидан роса бир йил илгари!) пайдо бўлиб, худди шу воқэа Фарғона фожиаларини жадаллаштириб юборган.

Ўша 1989 йил 20 майда қандай воқэа бўлувди? Аввал Ўш вилоят ДХҚ бошқармаси раиси Мамеэвни эшитайлик: «Миллатлараро носоғлом муносабат Фарғона фожиаларидан кейиноқ пайдо бўлди. Руслар билан қирғизлар урушармиш, деган ваҳимали миш-мишлар шу кўйга олиб келди…» («Ленинский пут» 12.07.1990). Масала равшан!.. Бироқ бу «ваҳимали миш-мишлар» Фарғона фожиаларидан кейин эмас, бироз олдин тарқалган. 1988 йили Ўшнинг Паттрест деган жойидаги Ленин ҳайкали бошига қорамой пақирини кийдириб, ҳайкал пойига қизил бўёқда «энг хавфли жиноятчи», деб ёзган қирғиз ёшлари ҳақида гап-сўз чиқди. Бу ишни қирғизлар қилганмиди ёки Қирғизистон демократик ҳаракатининг Ўшда кучайган қанотига зарба бермоқчи бўлган қора кучлар қилиғими, билмадим! Бироқ 1988-89 йиллари, Ўшда қирғизлар ҳужум қилармиш, деган миш-мишлар кўпайганидан, байрам кунлари намойиш ўтказиладиган асосий кўчаларда ҳарбийлар, ички ишлар ходимлари кўпайтирилганини, қирғиз талабалари байрамлар арафасидаёқ уйларига жўнатиб юборилганини айтиб ўтиш керак. Ниҳоят, 1989 йил 20 майда Ўшда Тўқтағул боғи этагидаги кўприкда юзлаб қирғиз билан ўрис муштлашгани, қонли тўқнашувни милиция қўшини осмонга ўқ отиб тарқатгани, худди шундай воқэалар Жалолободдаям содир бўлганини эслацак, Ўш фожиаси сабабларидан бирининг илдизи очилади. Демак, фожиадан бир йил аввал қирғизлардаги русларга қарши ёки аксилрус кайфият ўзбекларга қаратилган, деб хулоса чиқариш учун асосли далил бор. Бунга зарурат бормиди? Бор эди, албатта. Роппа-роса бир йиллик даҳанаки жангдан кейин 1989 йили партаппарат қаршилигини синдириб, бир пайтлар ёвузлик билан бузилган ўзбек шоҳи ва шоири Бобурнинг уйи тикланди: Жалолободликлар 1989 йил охирларида, 1924 йил миллий чегараланишидаги хатоликларни тузатиш тўғрисида М. С. Горбачёвга хат ёзди; вилоятнинг ўзбеклар яшайдиган жойларида мачитлар тиклана бошланди, исломий ҳаракат кучайди. Ўшлик зиёлилар бундай дейди: «Қонли фожиаларга жумҳурият раҳбарияти бир йил тайёргарлик кўрди. Миллатчи Риспаэв (нашриёт ва матбаа давлат қўмитаси раиси) ишни матбуот, телевидениэ орқали Ўзбекистондаги, хусусан, Бахмалдаги қирғизларни қул қилиб ишлатишяпти, деб уйдирма тарқатишдан, Ўзбекистон раҳбарларига туҳмат ёғдиришдан бошлаган». Қизиқ гаплар… Адашмасам, худди ўша пайтларда Фарғона вилоят «Коммуна» рўзномасида бешта СССР халқ депутати имзоси билан, «ўнта Нишоновдан битта Рашидов чиқмайди», ибораси ила машур мақола чоп этилган… Назарий кўринишдаги бу харакат 1990 йил январ ойида жадаллашиб, амалий тус ола бошлади. «Комсомолская правда» рўзномасида (07.1990) Қирғизистон бўйича мухбир Баялиновнинг «Милтиқ — эҳтиёт қуроли» мақоласи эълон қилинди. Мақолада 1988 йили 2068, 1989 йили 2280 та қурол сотилгани, ташкилотлардаги 12 минг қуролни қўшиб ҳисоблаганда, умуман, Қирғизистонда 20-25 минг киши қуроллангани тўғрисида шубҳали хулосаларга олиб борадиган хабар бор. Айнан ана шу январ ойидан бошлаб, вилоят ўзбекларидан ов милтиқларини, ўзбек мактабларидан ўқув милтиқларини йиғиб олишди; аксинча, тоғларда бўри кўпайиб кетди, деган баҳонада, вилоятнинг аҳолиси фақат қирғиз бўлган Совет, Олой туманларига кўп миқдорда қурол, ўқ-дори сотилди. СССР Ички ишлар вазирлигининг фожиалардан кейинги хулосасидан: «1990 йил январидан фожиагача партия-совет органларига қирғизлар ва ўзбеклар ораси кескинлашгани тўғрисида 11 марта хабар берилган». Худди шу ҳужжатда аҳволнинг кескинлашувига 1990 йили (ой-куни кўрсатилмайди) Ўзганда ота-бола қирғизнинг ўлдирилиши, Қорасувда 4 кишилик ўзбек оиласининг, Ўшда — жамоат транспортида бир қирғизнинг ўлдирилиши сабаб бўлди, дейилади. Чиндан шундаймикин? Суриштирдим. 1989 йил май ойида Ўзганда аёлларга шилқимлик қилган қирғизлар билан ўзбеклар орасида муштлашув бўлгани рост. Аммо на Ўшда, на Жалолободда қирғиз билан ўзбек урушмаган. Аксинча, кимдан сўрамайин, ҳамма, шу пайтгача қирғизлар билан ўрислар ораси кескинлашиб келган, деган гапни тасдиқлайди. Ўш вилоят ДХҚ бошқармаси раиси Мамеэв расмий ҳужжатидан: «1990 йил январидан фожиагача обком ва жумҳурият ДХҚсига вазият кескинлашгани (кимлар орасида?) тўғрисида 9 марта хабар берилган». («Совецкая Киргизия» 23.09.1990). Аксар матбуотда эълон қилинган Чеундай ҳужжатларда қирғиз билан ўзбек муносабати кескинлашгани тўғрисида маълумотлар йўқ. Масалан, Мамеэвнинг 1990 йил 20 апрелдаги ҳужжатидан: «…Вилоят типчини, вақти-вақти билан миллий тортишувга айланадиган, ўсмирлар ва талабалар ўртасидаги безорилик тўқнашувлари бузиб турган». («Совецкая Киргизия» 23.09.1990). Мамеэв бунга мисол тариқасида, 1990 йил 28 январда Сулаймон тоғи тагида 20-30 ўсмир бошлаган «кўнгилсиз» ҳодисани келтиради. Биринчидан, 20 апрелдаги хужжатга 28 январдаги ходисанинг тиркалиши қизиқ. Иккинчидан, 28 яварда 20-30 ўсмирмас, мингдан ортиқ, яна бир маълумотга кўра, уч мингдан зийод ёш ўзбек намозхонлари илгари инқилоб музейига айлантирилган Абдуллахон масжидини тўполон билан қайтариб олганлар. Ўзбекларни қатағон қилиш бўйича тайёргарликнинг 1990 йил январ ойидан жадаллашгани сабаби энди аёнлашди!.. Яна бир сабаби бор, уям бўлса, худди шу январ ойида Қирғизистон Олий Кеигашининг мулкчилик масаласи кўрилган сессиясида, айрим депутатлар ўз маърузаларида «мулкчилик тўгрисида қонун қабул қилолмаймиз, чунки, шаҳарларни меҳмонлар (яъни, ўзбеклар) эгаллаб олган», деганлар. Хуллас жанжал керак эди! Жумҳурият раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши билан, обком паноҳида кейинчалик провокация қуроли сифатида ишлатилган «Ўш аймоғи» жамияти яратилди. Апрел- май ойларида бу жамиятнинг очиқ чиқиб фаоллашуви ўзбекларга қарши қўйилган жазо аппаратлари тўла ишга тушганидан далолат берарди. Вилоят ДХҚ бошқармаси раиси Мамеэвнинг 1990 йил 25 майдаги (фожиа арафасидаги) ҳужжатида («Совецкая Киргизия» 23.09.1990) «Ўш аймоғи» жамияти аъзолари 27 май куни эгаллайдиган (қаранг-а, икки кун олдин ҳаммаси маълум экан!) Ленин номидаги жамоа хўжалиги ерида қирғизлар билан ўзбеклар тўқнашиши мумкинлиги, аҳолининг айрим қисмида Ўш вилоятини Ўзбекистонга қарашли мухтор вилоятга айлантириш нияти борлиги маълум қилинган! 1989 йили СССР Олий Шўросининг мухтор ва миллий тузилмаларига доир қонунига ишониб, М. С. Горбачевга хат ёзган, аммо маънили жавоб ололмаган жалолободлик оқсоқоллар 1924 йилги миллий чегараланиш сиёсатини қайта кўриб чиқиш ёки ўзбекларга мухторият (автономия) беришни сўраб, М. С. Горбачевга иккинчи марта хат битиб, бир нусхасини БМТга юборган эканликларини юқорида айтдик. Бу масала Жалолободдан Ўшга кўчирилиб… давлат идораларида расмийлашганидан кейин, жумҳуриятнинг Масалиэвдан бўлак барча раҳбари Ўшга йиғилиб, бир парча ер баҳонасида ўзбекларни «қўзғагани» ҳам маълум. Қўлида ИИВ, ДХҚ каби қудратли ташкилотлар бўлган Жумағуловдек раҳбар учун бир тўда «қонуний жиноятчи ёки қиморвоз»ни, «Автономия!», деб бақиртириш, «ЎзССР» сўзи ёзилган бир қулоч қоғозни кўтартириш муаммо эмас эди!.. Акс ҳолда, Жумағуловнинг бошдан оёқ шубҳали ҳаракатларини қандай изоҳлаш мумкин? Лекин изоҳласа бўлади…

Қирғиз ҳукумати раҳбарияти 20 милёнли ўзбек халқининг бир бўлагини, марказга суянмасдан дадил қатағон қилишдек жиноятни амалга ошириши мумкинмиди? Асло! Юқорида фитна иплари 1990 йил январ ойига боғланганини кўрдик. Демак, «миллатлараро тўқнашув» январ ойидан 4 июнгача назоратда турган. Ахир, Ўшда қон тўкилиши 29 майдаёқ, Кремлга маълум бўлган! Боз устига, миллатлараро низони келтириб чиқараётган раҳбарларнинг кирдикорлари тўғрисида Ўш аҳолиси номидан СССР Олий Шўросига телеграммалар ҳам жўнатилган. Фожиалардан буён, орадан ярим йил ўтди, катта-кичик раҳбарларнинг бўлиб ўтган ишларга сирли муносабатидан беихтиёр қуйидаги хулосаларга келдик: Албатта мулкчилик тўғрисида қонун қабул қилишдан аввал, вилоят шаҳарларини «эгаллаб олган» ўзбекларни Ўзбекистонга ҳайдаб чиқариш кайфиятида юрган раҳбарлар нияти амалга ошмай қолди. Лекин фожиадан кўзланган майда ниятлар ҳам бор эди… Аммо фожиадан кўзланган асосий мақсад-биринчидан, ҳокимият масаласи: Демократия шароитида ҳам, ҳокимият жиловини маъмурий-бюрократик аппарат қўлида сақлаб қолиш, кескин ўзгаришларни талаб қилаётган демократик ҳаракатга зарба бериш, ўзбек аҳолисининг маъмуриятчиликка қарши курашишини, исломнинг фаоллашувини тўхтатиш эди; иккинчидан, сиёсий ва иқтисодий мустақилликни танлаган, биринчи бўлиб президентлик бошқарувини жорий этган, мустақиллик декларациясини қабул этаётган Ўзбекистон ҳукуматига ҳам ташқаридан зарба бериш бўлса. учинчидан, чет элларда ва Узбе-кистонда кучайиб кетган Туркистонни тиклаш ғояси, туркий халқларнинг бирлик сари интилишини барбод этишдан иборат эди.

Бордию, хулосаларимиз тахминга йўйилса, ушбу саволларга жавоб излашимиз керак: Нега фожианинг дастлабки куниданоқ, СССР Олий Шўроси фавқулодда ҳодисалар бўйича комиссияси тузилмади? Нега СССР Олий Шўроси қошидаги Миллатлар Кенгаши фавқулодда мажлис чақирмади? Нега СССР Олий Шўроси Миллатлар Кенгашининг Ўш фожиалари бўйича қарори фожиалардан 4 ой кейин қабул қилинди?! Нега бу қарорнинг 3-бандидаги «Қирғизистон Олий Шўросига Ўш вилоятида рўй берган воқэаларга принтсипиал баҳо бериш таклиф этилсин», деган кўрсатма ижроси назорат қилинмади?! Тергов деярли тўхтаб қолгани, жиноятчиларга енгил-элпи жазо берилаётгани нега марказни қизиқтирмаяпти?! Ниҳоят, ДХҚнинг ҳар хил низоларни уюштирувчи махсус бўлими борлигини ошкор қилгани учун генерал Калугин унвонларини махсус фармон билан бекор қилган президент ёш болалар, аёллар, юзлаб одамлар ўлимига сабабчи бўлган «тўқнашувлар» матбуотда фош этилганидан кейин ҳам, лоақал таъзия билдирмади?!..

Начора, даъволаримиздан кўра, саволларимиз кўп! «Қандайдир, кўзга кўринмас, қўлга тушмас махфий гуруҳлар»нинг фитналаридан тобора мужоҳидлашаётган фуқаролар тилида қотиб қолган бу саволларга ҳеч жавоб топа оламизми?! Кавказ мусулмонлари диний бошқармаси раиси Шайхулислом Оллошукур Пошшозода 1990 йил 21 январда, Бокудаги қирғин муносабати билан, М. С. Горбачевга юборган мурожаатномасида бундай деган эди: «Ўзининг мустамлакачилик мақсадлари йўлида миллатлараро низоларни бартараф этиш ўрнига, уни ўт олдирадиган мамлакат шармандаликка мустаҳиқдир. Бундай мамлакат ўз армиясини ўз фуқароларининг қотилига айлантиради; бундай мамлакатда инсон, ҳақиқий ҳаётдан кўра, кўпроқ ўлимга маҳкумдир. Бироқ халқ билан, жумладан, озар халқи билан ҳам, қурол тилида сўзлашиш мумкин эмас. Бу, Афғонистондаги каби, эҳтимол, ўн йил, эҳтимол, ўн кун. давом этар. Аммо эртами, кечми ҳақиқат, барибир қарор топади!..»
Мен бу чин мусулмон сўзларини хаёлимнинг энг ёруғ ерларига ёзиб қўйдим…


Ош — Тошкент,
Ноябр — декабр, 1990 йил

«Фитна санъати» (1-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.

(Tashriflar: umumiy 428, bugungi 1)

Izoh qoldiring