Matnazar Abdulhakim. She’rlar

012
Матназар Абдулҳакимов сўлим Аму бўйларида ястанган қадим воҳа фарзанди бўлиб, Ватаннинг ҳар бир гиёҳи, ҳар бир қумурсқаси, ҳар бир томчи оби — ҳаёт-у, ҳатто ҳар бир зарра гарду ҳазони ҳам унга қадрли эди. У ўз овози, ўз фалсафаси, ўз услубига эга бўлган серқирра ижод соҳиби эди.Aфсуски, шундай истеъдодли шоиримизни бевақт ўлим бизнинг орамиздан олиб кетди. Мухлисларига унинг кўз қароғида асраган, инжа сатрлари, боқий китоблари, мақола ва очерклари мерос бўлиб қолди.

044 Матназар Абдулҳаким 1948 йил 20 февралда Хоразм вилоятининг Урганч туманида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2000). Россиянинг Таганрог шаҳридаги Рус тили ва адабиёти институтини тамомлаган. «Тиниқ тонглар» (1982), «Фасллар қўшиғи» (1984), «Қор қўшиғи» (1990), «Ёнимдаги дарёлар» (1993), «Қорачикдаги дунё» (1994), «Бир кучоқ гул», «Ойдинлик» (1997), «Сўнгги япроқ» (1999) каби китоблари нашр қилинган. Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Маждиддин Бағдодий, Паҳлавон Маҳмуд, Мирзо Бедил асарларини форсийдан ўзбек тилига таржима қилган. 2010 йилда оғир хасталикдан кейин вафот этган.

011
МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМ
ШЕЪРЛАР

* * *

Бахт изладим мен дала, даштдан,
Орзуим бол, умидим — асал.
Онагинам!
Сени алдашдан
Ҳалокатни санадим афзал.

Сармаст қилди чаманлар васли,
Қайғурмадим, ризқу рўзимни.
Яшадим мен бағишлаб, асли,
Фақат ўзгаларга ўзимни.

Билмам, учдим қанчалар чақрим,
Гоҳ мағлуб, гоҳ ғолиб келдим мен.
Бол деб меҳрим, асал деб фахрим –
Топганимни олиб келдим мен.

Гуллар ичдим ичгандек қасам,
Лойиқ бўлдим заҳматкаш сафга.
Балки… балки янглишиб баъзан,
Қўниб қўйдим сассиқ алафга.

Ноз бўйлардан уйғониб саҳар,
Учмоққа йўқ, эҳтимол, ҳаққим.
Балки, асал деганим заҳар,
Бол деганим, эҳтимол, заққум.

Хуллас, ўзинг биласан, онам,
Сен минг сирдан хабардор ҳаким.
Хоҳла, мени қабул эт, мана,
Хоҳла, мана, бўғиб ташлагин.

БАХТ

Мукаммал бу гўзаллигингни
Ёниб қилгим келади таъриф,
Бироқ, не қилайки, қошингда
Энг қудратли каломлар ғариб.

Висолингни қилсам-да ҳавас,
Меҳрим изҳор этмадим ҳеч вақт.
Сен билан бир ҳаводан нафас –
Олиш ўзи менга катта бахт.

Бир қайрилиб ташласанг нигоҳ,
Юрак тўлар сўнмас зиёга…
Сени бир бор кўриш-чун фақат
Келиб кетса арзир дунёга.

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Кўринмасдим ҳар ким-ҳар кимга,
Мен — саҳарлар уфурган нафас.
Гардсизлигим, тозалигимга
Чексизликлар қиларди ҳавас.

Бир тонг ногоҳ бўлдим мен шабнам,
Сўнг булутга, ёмғирга дўндим.
Майсаларга айландим кам-кам,
Тупроқ бўлиш дардига кўндим.

Минг йилликлар туркум ва туркум
Қорилдилар зулмат, зиёга.
Саодатли қандайдир бир кун
Дарахт бўлиб келдим дунёга.

Ҳаёт бир йўл — сўнгсиз, бетимсол,
Минг тирилиб, минг ўлиб чопдим.
Насиб бўлди ноёб бир висол,
Жонзот бўлиб таваллуд топдим.

Қаноатлар, тоқат, сабрлар
Ғилдираги айланди гир-гир.
Кечди неча туман даврлар,
Инсон бўлиб туғилдим ахир.

Эндигина ором топиб жон,
Етди десам толега хуш гал,
Ҳар тўкисда — неча минг нуқсон,
Ҳар тўкисда — неча минг ишкал.

Зулмат тўйди, ютиб зиёни,
Зулматларга зиё ҳам тўйди.
Дийдорига тўйдим дунёнинг,
Дийдоримга дунё ҳам тўйди.

Қўйинг, сўйлаб бўлмай мен нолон,
Сиз ҳам тинглаб бўлмангиз ҳалак.
Шу ўзингиз билган тўполон,
Шу ўзингиз билган чархпалак.

Номард бўлай агар нолисам,
Бошқа тирилмайман, ўлмайман.
Бир қутулсам, бир кетиб олсам,
Дунёга мен бошқа келмайман.

ИМКОНИЯТ

Ғамгинлик кам эмас қулликдан,
Лекин маҳбусман деб нолиш — уятдир.
Ҳар лаҳза, ҳар нафас бу тутқунликдан
Халос бўлмоқ учун имкониятдир.

* * *

Парвойим йўқ ҳозир хом, пухталарга,
Унутдим дунёнинг нася, нақдларин…
Юракнинг олис бир нуқталарига
Қайтиб келаётир шоир вақтларим.

Аранг милтиллайди олисда овул,
Тим-тирс… илғанади безовта руҳлар.
Ойнакўл тушига киради довул,
Ҳар баргда бир шамол донг қотиб ухлар.

Ҳар лаҳза қаърига бекинган минг йил,
Сукунат ҳайқирар қутлуғ отингни.
Бутун борлиқ қаттиқ бириктирган тил
Сўндирмаслик учун ёдингни.

Мунаввар бир дастёр ёғдулар мулки,
Тиним билмайди ҳеч осмонда қуёш.
Нур таратар ёдинг — лабларда кулгу,
Ёғду сочар ёдинг — кўзлардаги ёш…

СИР

Сени кўрганимдан ҳаёт билан тенг,
Ҳаётимни кўрдим сен билан баҳам.
Пешонам кенг менинг.
Бардошим ҳам кенг,
Лекин сиғмай қолдинг иккисига ҳам.

Соғиниш бу — асов дардлар уюри,
Борлиғимни тинмай юлқилар топтаб.
Чунки сен бир лаҳза ташриф буюриб,
Руҳимни қолдирдинг қутлуғ азобда.

Юрагимда йўқтсир, ахир, пўлат зирҳ,
Бардош беролмадим бундай зарбларга.
Лекин мен қудуққа сўйламадим сир,
Сени айтдим фақат жимжит ҳарфларга.

Ҳаловатга келди шундан сўнг қаҳат,
Муқаддас телбалик бошланди сўнгра.
Яшадим, исмингни уриб қаҳ-қаҳа,
Яшадим, исмингни мен ҳўнграб-ҳўнграб.

Йўл кўрдимми, тамом, тикавердим кўз,
Муҳаббатдан бошқа эътиқодим йўқ…
Менга шафқат қилма, айтилган эй сўз,
Менга шафқат қилма, отилган эй ўқ.

Мен сени на дўст, на ғанимга айтдим,
Раво кўрганим йўқ ҳар ким-ҳар кимга.
Айтсам, сени мен ўз шаънимга айтдим,
Отсам, сени отдим ўз юрагимга!

ТОҒ СОҒИНЧИ

Кунлар ўтаётир мисли йилдирим,
Сен ҳакда индамай куйлар ҳар тошим.
Айрилиққа қаттиқ ғазаб билдириб
Ўқрайган қўшикдир менинг бардошим.

Муқаррар бўл, эркам, бамисли баҳор,
Ном-нишон қолдирма қаҳрларимдан.
Лойиқдир эриса бошимдаги қор,
Чечаклар унса ёнбағирларимда.

Шунда пинжимдаги қушлар, оҳулар
Йўлингга мен билан тенг термилади.
Асрлар дастидан қуламас тоғлар,
Тоғлар жудоликдан емирилади.

ТАРАДДУД

Сен фаришта — осмон фарзанди,
Беланчак йер ошёнинг сенинг.
Сиғмас сенга ўлимнинг ҳадди,
Йўқдир чекинг, поёнинг сенинг.

Семурғлар ҳам боғлай олмас баҳс,
Инсон деган калом — таърифинг.
Пок бўлсанг бас, озод бўлсанг бас,
Йўл азоби — ожиз ҳарифинг.

Лекин узоқ шайланасан сен,
Тараддудинг топмас ниҳоя.
Етмай қолган бу ишга ўтмиш,
Келажак ҳам қилмас кифоя.

ЭЛЕГИЯ

Қўлларда тор. Қўшиқ айтамиз.
Май ичамиз. Қўллардадир жом.

…Мағрибда бир япроқ узилса,
Узилади машриқда бир жон.

Роҳатдамиз гоҳо Урганчнинг,
Гоҳ Тошкентнинг Дўрмонларида.

…Бир-бир узилади япроқлар
Шарқ ва ғарбнинг ўрмонларида.

Билмадинг… сенга ёмон зор бўлдим,
Бир бу жонимга минг озор бўлдим.

Кўзларимда бир умр бўлдинг ёш,
Кипригингда лаҳза мен қор бўлдим.

Мен неча бор дедиму, бўлдинг йўқ,
Сен неча йўқ дедингу, бор бўлдим.

Айрилиқ — бу не ғариб юксаклик,
Ҳам азиз бўлдиму, ҳам хор бўлдим.

Сен сабаб севги деган кулфатдан,
Не саодатки, хабардор бўлдим.

Соғиниш солди човут қалбимга,
Бир ўзим қумрию шунқор бўлдим.

Қил сабр, сўнгги нафас узгайман,
Сенга мен жон ила қарздор бўлдим.

МАКТУБ

Йўлларингда куйлаб толмаган
Севгим эди урён, очиқ ва ойдин.
Меҳрми-қаҳрми англаб бўлмаган
Туғёнларинг билан бойидим.

Қўшиқлардан қутқардим розимни,
Ором олди нўноқ тилим ҳам.
Ясантирдим янгроқ эҳтироснмни
Сукунат билан.

Сенингдек қаҳратон кунларга
Баҳор умидида термилдим масъум.
Ғамларим совқотди. Уларга
Кийгизиб қўйдинг сен табассум.

«Келмадин». «Мен қаттиқ изтироб чекдим».
«Нега хат ёзмадинг?» ва ўзга
Уқубатларимни бекитдим
САЛОМ деган муҳташам бир сўзга.

Муштоқлик, ҳаяжон, андуҳ ва таъна
Яшириниб олди қалбда.
Сегимда бор энди бошпана,
Энди менинг севгим… олифта.

МАНЗАРА

Гулларга кўмилган кунлар бирпасда
Бизларни қолдириб кечаётирлар.
Гуллар кўмилмоқда… дарахтлар аста
Келинлик либосин ечаётирлар.

Улардан кўз узиб бўлмайди энди,
Қорачиқлар яшил бахтга тўлади.
Мева тугмоқдалар оҳистагина,
Дарахтлар ҳадемай она бўлади…

БОТАЁТГАН КУН

Ҳожихон Болтаевга

Ботаётир кун «Гиря» айтиб,
Борлиқда қонталаш бир дард.
Нафақат уфқ, юрак-юракка
Чўка бошлар нурафшон ҳасрат.

Юрак пардамизни ёргудек
Ловиллайди уфқда бир хитоб.
Хоразмни бошига кийиб
Лов-лов ёниб куйлайди офтоб.

Чиқишини билсак-да, тонгда
Юракни изтироб қийнайди.
Она қуёш имиллаб ботар,
Умримизни кўзи қиймайди.

Илож топмай ул муштипарни,
Кузатамиз маҳзун, ўйчан, жим.
Гарчи сўнгсиз умри қошида
Бизнинг умр денгиздан томчи.

Инсон билан қуёш бир-бирин
Қайғуришар шундай азалий.
Тонг отгунча юлдузлар сўйлар
Жимирлаган, совуқ тасалли.

ДАЪВАТ

Хуршид Давронга

Не керак заминни титратмас сурур,
Кўкни қалтиратмас оҳни нетамиз.
Кўп ҳам давроннишин бўлавермай, юр,
Ҳазрат Навоийга кетамиз.

Утмишни унутиб қўйсак, тушов шу
Келажакка йелган хаёл — Ғиротга.
Ҳеч маҳобат қилмай, кўтармай шов-шув,
Бир бориб келамиз қадим Ҳиротга.

Теран бир андуҳга қиламиз сафар,
Жўнаймиз, дўстгинам, юксак бир бахтга.
«Ўн миллион, юз миллион ва миллиард нафар»
Ҳаммамиз сиғамиз шеърият — тахтга.

Ҳали жабру ситам кўҳнайгани йўқ.
Бир қиз бор, азоби ўлимдан ёмон.
Кетдик, «Чор девон»да ҳар бир киприк — ўқ,
Кетдик, «Чор девон»да ҳар бир қош — камон.

Аста қилич серпаб қиё қарашлар,
Юракка солади ҳеч битмас яро.
Лекин зид келса ҳам дунёқарашлар,
Бизни дорга тортмас Ҳусайн Бойқаро.

Ҳикматга йўғрилган унда ҳар бисот,
Қароққа жойлаймиз бари-барини.
Бир бориб келамиз. Тушимда ул зот
Қаттиқ соғинибди набираларини…

* * *

Туш кўрдим.Тушимда чексиз бир майдон.
На қилт этган жон бор. На тиқ этган товуш.
Унда жой йўқ ҳатто игна тушгудек,
Унда миллион-миллион тўғирланган товуш

БАҲОРНИНГ СЎНГГИ ҚЎШИҒИ

Ям-яшил ўйларга толиб кетаман,
Хазон бўлмай, ҳар йил ғолиб кетаман.
Гарчи менга андуҳ буткул бегона,
Лоқайдлардан нолиб-нолиб кетаман.

Умидворман, бир кун мен уларни ҳам
Муҳаббат дардига чалиб кетаман.
Борлиқ бери турсин, ҳар бир юракка,
Минг-минглаб мўъжиза солиб кетаман.

Мени бир ўйлаб кўр, зерикканингда,
Олис-олисларга олиб кетаман.
Ўтиб кетади деб ким айтди мени,
Сенинг юрагингда қолиб кетаман.

ЭРТАК

Сарвиқоматимсиз яшайман,
Яшайман мен қора кўзимсиз.
Гул юзимсиз яшайман энди,
Яшайман мен менинг ўзимсиз.

Ёниб келди. Ёқди. Сўнг кетди,
Ташрифидан пушмон еганим.
Ёмон соғинтирди ўзини
Бир бор экан, бир йўқ эканим.

Энди мени мендан изламанг,
Ўз-ўзимга бўлмайман маскан.
Хаёлига кетдим бош олиб,
Кетдим энди борса-келмасга…

МУҲАББАТ

Ёнма-ёнлик — олис,
Ёнма-ёнлик — оз.
Бизлар бир-бировда яшашимиз шарт.
Фақат шу.
Бошқаси — жудолик холос.
Бошқаси — даволаб бўлмайдиган дард.
Илтижо эмас,
Йўқ,
Афсус қиламан.
Сен менда,
Мен сенда бўламиз.
Бошқаси — бедаво дард.
Мен биламан.
Бу дардни бир чексак
Ўламиз…

АРМОН

Сени қаттиқ соғинганимдан
Термилгани тўйиб-тўйиб ман.
Рухсорингни ҳижронда нимта
Юрагимга ўйиб қўйибман.

Энди, майли, умр адоғида
Гўзалликдан қолсин бир қарзим —
Чизилмаган чеҳранг доғида
Мўйқаламим сочдек оқарсин…

БИР СЎЗ

“Бир сўз топмадингиз” – “Борми шундай сўз?”
“Нигоҳингиз ҳорғин” – “Йўлингда толди”.
Сенга тутавериб-тутавериб кўз,
Умид боғларимга куз келиб қолди.

Кечикиб бўлса ҳам хуш келдинг, ахир
Бу қадар ҳаяллаб келарми бахт ҳам?
Аяма. Тўкилган мевалар тахир,
Қадамларинг бўлсин шафқатсиз, шахдам.

Нечун ҳар қадамда довдирайсан сен,
Хазон эмас, гўё япроқларим чўғ.
Кўзларинг ёш тўла, жовдирайсан сен,
Излайсан, излайсан, ўша бир сўз йўқ.

Олдингга чиқаман, руҳим тўла мунг,
Ҳорғин кўзларимга ботган сўз билан.
Қўлингдан ушлайман мен соқов, мен гунг,
Юракда мағиздек қотган сўз билан.

Бошқа сўзларни-ку, осон сўзлайман,
Сўзлайман, минг тавба, баъзан эрмакка.
Бу бир сўзни эса қандай бўзлайман,
Сенинг ҳаётингга бермакка.

Сўз ўрнига умрим бераётир рўй,
Айтилмаган сўздир қутлуғ ҳар лаҳза.
Дард чеккан табибим, энди билиб қўй,
Йўқ мен учун сўздан оғирроқ нарса.

Мен сенга аталган шундай меваман,
Юрагимни ушат, ол бир сўзимни.
Сендан аямайман, сени севаман,
Мен узиб бераман сенга ўзимни!

 

 

044 Matnazar Abdulhakim 1948 yil 20 fevralda Xorazm viloyatining Urganch tumanida tug‘ilgan. O’zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi (2000). Rossiyaning Taganrog shahridagi Rus tili va adabiyoti institutini tamomlagan. «Tiniq tonglar» (1982), «Fasllar qo‘shig‘i» (1984), «Qor qo‘shig‘i» (1990), «Yonimdagi daryolar» (1993), «Qorachikdagi dunyo» (1994), «Bir kuchoq gul», «Oydinlik» (1997), «So‘nggi yaproq» (1999) kabi kitoblari nashr qilingan. Shayx Najmiddin Kubro, Shayx Majdiddin Bag‘dodiy, Pahlavon Mahmud, Mirzo Bedil asarlarini forsiydan o‘zbek tiliga tarjima qilgan. 2010 yilda og’ir xastalikdan keyin vafot etgan.

011
MATNAZAR ABDULHAKIM
SHE’RLAR

* * *

Baxt izladim men dala, dashtdan,
Orzuim bol, umidim — asal.
Onaginam!
Seni aldashdan
Halokatni sanadim afzal.

Sarmast qildi chamanlar vasli,
Qayg’urmadim, rizqu ro’zimni.
Yashadim men bag’ishlab, asli,
Faqat o’zgalarga o’zimni.

Bilmam, uchdim qanchalar chaqrim,
Goh mag’lub, goh g’olib keldim men.
Bol deb mehrim, asal deb faxrim –
Topganimni olib keldim men.

Gullar ichdim ichgandek qasam,
Loyiq bo’ldim zahmatkash safga.
Balki… balki yanglishib ba’zan,
Qo’nib qo’ydim sassiq alafga.

Noz bo’ylardan uyg’onib sahar,
Uchmoqqa yo’q, ehtimol, haqqim.
Balki, asal deganim zahar,
Bol deganim, ehtimol, zaqqum.

Xullas, o’zing bilasan, onam,
Sen ming sirdan xabardor hakim.
Xohla, meni qabul et, mana,
Xohla, mana, bo’g’ib tashlagin.

BAXT

Mukammal bu go’zalligingni
Yonib qilgim keladi ta’rif,
Biroq, ne qilayki, qoshingda
Eng qudratli kalomlar g’arib.

Visolingni qilsam-da havas,
Mehrim izhor etmadim hech vaqt.
Sen bilan bir havodan nafas –
Olish o’zi menga katta baxt.

Bir qayrilib tashlasang nigoh,
Yurak to’lar so’nmas ziyoga…
Seni bir bor ko’rish-chun faqat
Kelib ketsa arzir dunyoga.

TARJIMAI HOL

Ko’rinmasdim har kim-har kimga,
Men — saharlar ufurgan nafas.
Gardsizligim, tozaligimga
Cheksizliklar qilardi havas.

Bir tong nogoh bo’ldim men shabnam,
So’ng bulutga, yomg’irga do’ndim.
Maysalarga aylandim kam-kam,
Tuproq bo’lish dardiga ko’ndim.

Ming yilliklar turkum va turkum
Qorildilar zulmat, ziyoga.
Saodatli qandaydir bir kun
Daraxt bo’lib keldim dunyoga.

Hayot bir yo’l — so’ngsiz, betimsol,
Ming tirilib, ming o’lib chopdim.
Nasib bo’ldi noyob bir visol,
Jonzot bo’lib tavallud topdim.

Qanoatlar, toqat, sabrlar
G’ildiragi aylandi gir-gir.
Kechdi necha tuman davrlar,
Inson bo’lib tug’ildim axir.

Endigina orom topib jon,
Yetdi desam tolega xush gal,
Har to’kisda — necha ming nuqson,
Har to’kisda — necha ming ishkal.

Zulmat to’ydi, yutib ziyoni,
Zulmatlarga ziyo ham to’ydi.
Diydoriga to’ydim dunyoning,
Diydorimga dunyo ham to’ydi.

Qo’ying, so’ylab bo’lmay men nolon,
Siz ham tinglab bo’lmangiz halak.
Shu o’zingiz bilgan to’polon,
Shu o’zingiz bilgan charxpalak.

Nomard bo’lay agar nolisam,
Boshqa tirilmayman, o’lmayman.
Bir qutulsam, bir ketib olsam,
Dunyoga men boshqa kelmayman.

IMKONIYAT

G’amginlik kam emas qullikdan,
Lekin mahbusman deb nolish — uyatdir.
Har lahza, har nafas bu tutqunlikdan
Xalos bo’lmoq uchun imkoniyatdir.

* * *

Parvoyim yo’q hozir xom, puxtalarga,
Unutdim dunyoning nasya, naqdlarin…
Yurakning olis bir nuqtalariga
Qaytib kelayotir shoir vaqtlarim.

Arang miltillaydi olisda ovul,
Tim-tirs… ilg’anadi bezovta ruhlar.
Oynako’l tushiga kiradi dovul,
Har bargda bir shamol dong qotib uxlar.

Har lahza qa’riga bekingan ming yil,
Sukunat hayqirar qutlug’ otingni.
Butun borliq qattiq biriktirgan til
So’ndirmaslik uchun yodingni.

Munavvar bir dastyor yog’dular mulki,
Tinim bilmaydi hech osmonda quyosh.
Nur taratar yoding — lablarda kulgu,
Yog’du sochar yoding — ko’zlardagi yosh…

SIR

Seni ko’rganimdan hayot bilan teng,
Hayotimni ko’rdim sen bilan baham.
Peshonam keng mening.
Bardoshim ham keng,
Lekin sig’may qolding ikkisiga ham.

Sog’inish bu — asov dardlar uyuri,
Borlig’imni tinmay yulqilar toptab.
Chunki sen bir lahza tashrif buyurib,
Ruhimni qoldirding qutlug’ azobda.

Yuragimda yo’qtsir, axir, po’lat zirh,
Bardosh berolmadim bunday zarblarga.
Lekin men quduqqa so’ylamadim sir,
Seni aytdim faqat jimjit harflarga.

Halovatga keldi shundan so’ng qahat,
Muqaddas telbalik boshlandi so’ngra.
Yashadim, ismingni urib qah-qaha,
Yashadim, ismingni men ho’ngrab-ho’ngrab.

Yo’l ko’rdimmi, tamom, tikaverdim ko’z,
Muhabbatdan boshqa e’tiqodim yo’q…
Menga shafqat qilma, aytilgan ey so’z,
Menga shafqat qilma, otilgan ey o’q.

Men seni na do’st, na g’animga aytdim,
Ravo ko’rganim yo’q har kim-har kimga.
Aytsam, seni men o’z sha’nimga aytdim,
Otsam, seni otdim o’z yuragimga!

TOG’ SOG’INCHI

Kunlar o’tayotir misli yildirim,
Sen hakda indamay kuylar har toshim.
Ayriliqqa qattiq g’azab bildirib
O’qraygan qo’shikdir mening bardoshim.

Muqarrar bo’l, erkam, bamisli bahor,
Nom-nishon qoldirma qahrlarimdan.
Loyiqdir erisa boshimdagi qor,
Chechaklar unsa yonbag’irlarimda.

Shunda pinjimdagi qushlar, ohular
Yo’lingga men bilan teng termiladi.
Asrlar dastidan qulamas tog’lar,
Tog’lar judolikdan yemiriladi.

TARADDUD

Sen farishta — osmon farzandi,
Belanchak yer oshyoning sening.
Sig’mas senga o’limning haddi,
Yo’qdir cheking, poyoning sening.

Semurg’lar ham bog’lay olmas bahs,
Inson degan kalom — ta’rifing.
Pok bo’lsang bas, ozod bo’lsang bas,
Yo’l azobi — ojiz harifing.

Lekin uzoq shaylanasan sen,
Taradduding topmas nihoya.
Yetmay qolgan bu ishga o’tmish,
Kelajak ham qilmas kifoya.

ELEGIYA

Qo’llarda tor. Qo’shiq aytamiz.
May ichamiz. Qo’llardadir jom.

…Mag’ribda bir yaproq uzilsa,
Uziladi mashriqda bir jon.

Rohatdamiz goho Urganchning,
Goh Toshkentning Do’rmonlarida.

…Bir-bir uziladi yaproqlar
Sharq va g’arbning o’rmonlarida.

Bilmading… senga yomon zor bo’ldim,
Bir bu jonimga ming ozor bo’ldim.

Ko’zlarimda bir umr bo’lding yosh,
Kiprigingda lahza men qor bo’ldim.

Men necha bor dedimu, bo’lding yo’q,
Sen necha yo’q dedingu, bor bo’ldim.

Ayriliq — bu ne g’arib yuksaklik,
Ham aziz bo’ldimu, ham xor bo’ldim.

Sen sabab sevgi degan kulfatdan,
Ne saodatki, xabardor bo’ldim.

Sog’inish soldi chovut qalbimga,
Bir o’zim qumriyu shunqor bo’ldim.

Qil sabr, so’nggi nafas uzgayman,
Senga men jon ila qarzdor bo’ldim.

MAKTUB

Yo’llaringda kuylab tolmagan
Sevgim edi uryon, ochiq va oydin.
Mehrmi-qahrmi anglab bo’lmagan
Tug’yonlaring bilan boyidim.

Qo’shiqlardan qutqardim rozimni,
Orom oldi no’noq tilim ham.
Yasantirdim yangroq ehtirosnmni
Sukunat bilan.

Seningdek qahraton kunlarga
Bahor umidida termildim mas’um.
G’amlarim sovqotdi. Ularga
Kiygizib qo’yding sen tabassum.

«Kelmadin». «Men qattiq iztirob chekdim».
«Nega xat yozmading?» va o’zga
Uqubatlarimni bekitdim
SALOM degan muhtasham bir so’zga.

Mushtoqlik, hayajon, anduh va ta’na
Yashirinib oldi qalbda.
Segimda bor endi boshpana,
Endi mening sevgim… olifta.

MANZARA

Gullarga ko’milgan kunlar birpasda
Bizlarni qoldirib kechayotirlar.
Gullar ko’milmoqda… daraxtlar asta
Kelinlik libosin yechayotirlar.

Ulardan ko’z uzib bo’lmaydi endi,
Qorachiqlar yashil baxtga to’ladi.
Meva tugmoqdalar ohistagina,
Daraxtlar hademay ona bo’ladi…

BOTAYOTGAN KUN

Hojixon Boltaevga

Botayotir kun «Girya» aytib,
Borliqda qontalash bir dard.
Nafaqat ufq, yurak-yurakka
Cho’ka boshlar nurafshon hasrat.

Yurak pardamizni yorgudek
Lovillaydi ufqda bir xitob.
Xorazmni boshiga kiyib
Lov-lov yonib kuylaydi oftob.

Chiqishini bilsak-da, tongda
Yurakni iztirob qiynaydi.
Ona quyosh imillab botar,
Umrimizni ko’zi qiymaydi.

Iloj topmay ul mushtiparni,
Kuzatamiz mahzun, o’ychan, jim.
Garchi so’ngsiz umri qoshida
Bizning umr dengizdan tomchi.

Inson bilan quyosh bir-birin
Qayg’urishar shunday azaliy.
Tong otguncha yulduzlar so’ylar
Jimirlagan, sovuq tasalli.

DA’VAT

Xurshid Davronga

Ne kerak zaminni titratmas surur,
Ko’kni qaltiratmas ohni netamiz.
Ko’p ham davronnishin bo’lavermay, yur,
Hazrat Navoiyga ketamiz.

Utmishni unutib qo’ysak, tushov shu
Kelajakka yelgan xayol — G’irotga.
Hech mahobat qilmay, ko’tarmay shov-shuv,
Bir borib kelamiz qadim Hirotga.

Teran bir anduhga qilamiz safar,
Jo’naymiz, do’stginam, yuksak bir baxtga.
«O’n million, yuz million va milliard nafar»
Hammamiz sig’amiz she’riyat — taxtga.

Hali jabru sitam ko’hnaygani yo’q.
Bir qiz bor, azobi o’limdan yomon.
Ketdik, «Chor devon»da har bir kiprik — o’q,
Ketdik, «Chor devon»da har bir qosh — kamon.

Asta qilich serpab qiyo qarashlar,
Yurakka soladi hech bitmas yaro.
Lekin zid kelsa ham dunyoqarashlar,
Bizni dorga tortmas Husayn Boyqaro.

 

* * *

Tush ko’rdim.Tushimda cheksiz bir maydon.
Na qilt etgan jon bor. Na tiq etgan tovush.
Unda joy yo’q hatto igna tushgudek,
Unda million-million to’g’irlangan tovush

BAHORNING SO’NGGI QO’SHIG’I

Yam-yashil o’ylarga tolib ketaman,
Xazon bo’lmay, har yil g’olib ketaman.
Garchi menga anduh butkul begona,
Loqaydlardan nolib-nolib ketaman.

Umidvorman, bir kun men ularni ham
Muhabbat dardiga chalib ketaman.
Borliq beri tursin, har bir yurakka,
Ming-minglab mo»jiza solib ketaman.

Meni bir o’ylab ko’r, zerikkaningda,
Olis-olislarga olib ketaman.
O’tib ketadi deb kim aytdi meni,
Sening yuragingda qolib ketaman.

ERTAK

Sarviqomatimsiz yashayman,
Yashayman men qora ko’zimsiz.
Gul yuzimsiz yashayman endi,
Yashayman men mening o’zimsiz.

Yonib keldi. Yoqdi. So’ng ketdi,
Tashrifidan pushmon yeganim.
Yomon sog’intirdi o’zini
Bir bor ekan, bir yo’q ekanim.

Endi meni mendan izlamang,
O’z-o’zimga bo’lmayman maskan.
Xayoliga ketdim bosh olib,
Ketdim endi borsa-kelmasga…

MUHABBAT

Yonma-yonlik — olis,
Yonma-yonlik — oz.
Bizlar bir-birovda yashashimiz shart.
Faqat shu.
Boshqasi — judolik xolos.
Boshqasi — davolab bo’lmaydigan dard.
Iltijo emas,
Yo’q,
Afsus qilaman.
Sen menda,
Men senda bo’lamiz.
Boshqasi — bedavo dard.
Men bilaman.
Bu dardni bir cheksak
O’lamiz…

ARMON

Seni qattiq sog’inganimdan
Termilgani to’yib-to’yib man.
Ruxsoringni hijronda nimta
Yuragimga o’yib qo’yibman.

Endi, mayli, umr adog’ida
Go’zallikdan qolsin bir qarzim —
Chizilmagan chehrang dog’ida
Mo’yqalamim sochdek oqarsin…

BIR SO’Z

“Bir so’z topmadingiz” – “Bormi shunday so’z?”
“Nigohingiz horg’in” – “Yo’lingda toldi”.
Senga tutaverib-tutaverib ko’z,
Umid bog’larimga kuz kelib qoldi.

Kechikib bo’lsa ham xush kelding, axir
Bu qadar hayallab kelarmi baxt ham?
Ayama. To’kilgan mevalar taxir,
Qadamlaring bo’lsin shafqatsiz, shaxdam.

Nechun har qadamda dovdiraysan sen,
Xazon emas, go’yo yaproqlarim cho’g’.
Ko’zlaring yosh to’la, jovdiraysan sen,
Izlaysan, izlaysan, o’sha bir so’z yo’q.

Oldingga chiqaman, ruhim to’la mung,
Horg’in ko’zlarimga botgan so’z bilan.
Qo’lingdan ushlayman men soqov, men gung,
Yurakda mag’izdek qotgan so’z bilan.

Boshqa so’zlarni-ku, oson so’zlayman,
So’zlayman, ming tavba, ba’zan ermakka.
Bu bir so’zni esa qanday bo’zlayman,
Sening hayotingga bermakka.

So’z o’rniga umrim berayotir ro’y,
Aytilmagan so’zdir qutlug’ har lahza.
Dard chekkan tabibim, endi bilib qo’y,
Yo’q men uchun so’zdan og’irroq narsa.

Men senga atalgan shunday mevaman,
Yuragimni ushat, ol bir so’zimni.
Sendan ayamayman, seni sevaman,
Men uzib beraman senga o’zimni!

 

(Tashriflar: umumiy 2 647, bugungi 2)

Izoh qoldiring