Hazrat Mir Alisher Navoiyga bag’ishlov. Mushoira

Ashampoo_Snap_2018.02.06_00h10m16s_004_.pngИнсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Инсоний ишқ-муҳаббатни, меҳру вафо, иффат, шарму ҳаё ва назокатни ёниб, ҳассослик билан куйлаган Навоийнинг гўзал сатрларини ўқиганда буюк ва олижаноб қалб садоларини сезиб турамиз. Бу юрак туғёнлари, мана, орадан беш ярим асрдан зиёд вақт ўтса ҳамки, миллионлаб одамларни ҳаяжонга солиб келмоқда.

public-navoi-02.jpg АЛИШЕР НАВОИЙГА
БАҒИШЛОВЛАР

Мушоира
03

Ғафур Ғулом
АЛИШЕР

766427.jpgЮксак тоғ оралаб ўкирган шернинг
Наърасига тенгдир акси садоси,
Беш юз йил янгради тоғдай Ватанда
Буюк Алишернинг асрий нидоси.

Она сутидан ҳам азиз нарса йўқ,
Бағир: форсий — сийна, арабчада — садр.
Кўкрак сути билан боққан ўғлини
Она юрт халқлари қилмоқдадир қадр.

Биринчи тамшанган сутнинг ҳурматин
Бутун ҳаёт бўйи оқлай ололган,
Теварак оламда кўркин кўрсатиб,
Ватан ва халқини йўқлай ололган;

Тирик одамларга насиба бўлган
Ҳаётий фароғат, жаҳоний алам;
Бириси озгина эркалаб ўтиб,
Бириси бир умр таъқиб қилса ҳам;

Тўфон, қуюнларда яккаю ёлғиз,
Монолит, гранит ҳайкалдай мағрур,
Термурбек давлатин сўнгги чоғида
Сакрашу барҳаёт, бўйсунмас шуур —

Дарахшон юлдузлар сари ўкирган,
Бўйнида занжиру, қалби озод шер.
Инеоний муҳаббат меҳри-ла вафо,
Эрку бахт тимсоли улуғ Алишер

Ҳирот тонготарин тасаввур килиб,
Йигитлик умрингнинг камолин кўрдим:
Қариган чоғларинг қаро шомида
Хуросон ўлкасин заволин кўрдим.

Заволни билмаган порлоқ ижодинг
Маърифат мулкида битмас хазина!
Инсоний камолот катта йўлида
Бир поя юксакроқ олтиндан зина.

Ўтмишдан беш юз йил тарихчи учун
Синчиклаб қараса — куни кечадек.
Яшовчан кишига эндиги минг йил
Эртага қўлига кирган ўлжадек.

Беш юз йил ҳурматинг сақлаган ўзбек
Кеча туғилдинг, деб қилади фараз,
Етук кишиларни яна минг йиллар
Халқ фарзанд атайди, жондан — беғараз.

Ўзбек деб аталган озод улуснинг
Отахон шоири, қадрли устод.
Ошиқлар ғазалинг куйга солганда,
Маъшуқлар дилининг хонаси обод.

Бирор шоҳбайтингни ёддош тутмаган
Каттадир, кичикдир, бизда киши йўқ.
Олтин балдоқдаги нифрит кўз каби
Асаринг биз учун бўлди қорачиқ.

Улуғвор халқимиз тарихда машҳур,
Гувоҳлик беролур бунга Геродот.
Ўзбекни, тожикни қабила атаб,
Бирор лорд қилолмас ўтмишни унут.

Шарқимиз чумоли уя эмасдир,
Бирин бировидан таниб бўлмаса,
Шўрлик бойваччалар, толеингиз шўр,
Афсуски, тарихдан тониб бўлмаса!..

Не-не тарихларни бошдан ўтказиб,
Талай жафоларни тортган эски Шарқ —
Не-не даҳоларни тарбият қилиб,
Офтобдай жаҳонни нурга қилди ғарқ.

Алишер Муштарий юлдузи каби
Ўзбек осмонида болқиган чоғи,
Яна бир муҳтарам ўғил кўргандай,
Каттароқ очилди олам қучоғи.

Электр барчанинг уйин ёритур
Ва туз тотимида миллий фарқ йўқ.
Маърифат инсоннинг шерик хислати,
Ватани фазодир бўшаларкан ўқ.

Тирик Фарҳодларни танимак бўлиб,
Олий юртимизга қилсангиз сафар,
Бу ерда ҳар битта тарошланган тош
Юксак умидлардан беради хабар.

Юксак тоғ оралаб ўкирган шернинг
Наърасига тенгдир акси садоси,
Беш юз йил янгради тоғдай Ватанда
Улуғ Алишернинг асрий нидоси.

1948 йил, 13 май

Миртемир
НАВОИЙ

Узун тунлар бедор ва танҳо,
Ўтираман тикиб кўзимни.
У келади ярқироқ сиймо,
Унутаман бир дам ўзимни.

— Сиз ўшами, келинг, марҳабо!
— Мен ўшаман, лол бўлма, бўтам.
— Кўз тутганман, муҳтарам бобо,
Кўз тутганман азизим-отам.

— Мен ўлганман, унутдингми ё?
— Ўлмагансиз, ўлмайсиз ҳали!
Сиймосида барқ урди зиё:
— Балли, саҳар суҳбат маҳали…

Кўз олдимда нуроний сиймо,
У забардаст қаламкаш инсон.
Дафтаримга қилади имо,
Ғазалимни ўқидим ҳайрон.

— Балли, — деди, — андак ҳавас бор.
Ҳикмат деган ғазалга ҳусн,
Чидам даркор, вазминлик даркор,
Куйлагани эрлар туйғусин.

Умринг ёруғ, Ватанинг ужмох,
Мендан сўра, мен ёниб ўтдим.
Англамади замона, эвоҳ,
Беш асрким, шу кунни кутдим.

Бешигим у қадимий қалъа,
Балки оғам у Баҳром сардор,
Балки онам нозанин Лайло,
Балки синглим Ширин нолакор.

Балки юртим у зангин дара,
Балки дўстим Фарҳод паҳлавон.
Аммо, асринг баланд юз карра,
Ҳар пояда бир улуғ достон.

Шоир кетди… Кўз узмай қолдим,
Кетди буюк у аламдийда.
Чўчиб турдим, бир назар солдим,
«Хамса» турар бошим тагида.

Кўк ғуборсиз, юксакда қуёш,
Лайло янглиғ вафодор ва ёш.
Достон ила ухлаб қолибман,
Тушларда ҳам шоир суҳбатдош.

Абдулла Орипов
АЛИШЕР

Жаҳонки муқаддас нени кўрибди,—
Барига онасан, эй қодир ҳаёт.
Беш юз йил наридан боқиб турибди,
Нурли бу юзларга нуроний бир зот.

Шу буюк ўғлингни ардоклаб дилдан,—
Халқим, таъзим этсанг арзигай тамом.
Унинг номи билан бирга битилган
Дунё дафтарида ўзбек деган ном.

Бойкаро ирғишлаб истак отида
Жаҳонга боққанда мисли бола шер,—
Ҳирот дарвозасин бир канотида
Шеърий лашкарини тизган Алишер.

Дунёда бирор ном ҳолдирмоҳ учун
Юрт бузиш шарт эмас, деган гап-ку, рост.
Кимдир пеш қилганда найзанинг кучин,
Алишер қаламни кўрсатган, холос.

Тун билан тонг эрур ташбеҳда удум,
Мисоли заҳру май, ҳажру шакар лаб.
Кимнидир қуёшдай эсласа мардум,
Кимнидир зулматдай юрарлар қарғаб.

Нидо тингла, бу кун, юртинг тарафдан,
Эй, йироқ Ҳиротда маскан топган эр!
Огоҳ бўл, Алишер, сен ушбу гапдан:
Ҳар икки набиранг — бири Алишер.

Байтингга бир бора ҳовушган ҳар лаб,
Такрорлаб кетгуси маҳшаргача то.
Қаратиб турибсан бу ён, не ажаб,
Миллиард мартабали жаҳонни ҳатто.

Бировлар наздида жоҳил Осиё
Факат завол кўриб, кўрмаган камол.
Мусо илтижоси етди-ю гўё,
Ҳаҳ Тур тоғи узра кўргазди жамол—

Жаҳон меҳробида пайдо Алишер…
Шодмон қасида айт сен ҳам, эй ҳуёш!
Беш юз йил.унга ҳам нима гап ахир,
Мингга ҳадам ҳўйди йигирма беш ёш.

1968

Шавкат Раҳмон
ШОИРЛАР ХИЁБОНИДА

Ҳар маҳин лайлида
жонланар ҳайкал,
жон кирар Навоий ҳазратларига.
Тонгача дунёни айланиб қайтар,
безиб ҳайкалларнинг ҳасратларидан.

Айниқса,
баҳорни хўб кўрар ҳазрат,
жаннатдай шаҳарнинг ҳарир шаблари,
булдуруқ шуълалар ёшартган равза
анча равшан қилар нозик таъбларин.

Истаклар
шабистон қаватларида
ишқу ноз майидан бўлганда луччак,
хўбрўйлар зулумот валатларига
баргак лабларидан берганда муччи,

ҳазрат дунё кезар,
кўҳсору ёвар
мазгилдан ўтаркан бамисли шарпа,
гўёки тагида чақмоқ — таковар,
бир кеч Ҳирот жониб,
бир кеча — Машҳад.

Доим тонглаб қайтар,
чиқар тахтга
тинглар ҳайкалларнинг ҳасратларини.
Юраги эзилар бўлганча карахт —
оёғи йўқ эди пастдагиларнинг…

Аммо осмон йироқ,
замин қаттиқ-да,
тағин андомига қайтар толғинлик.
Тағин хаёл сурар турганча тикка,
ҳазратни қийнайди ҳамон ёлғизлик.

Хуршид Даврон
АЛИШЕР НАВОИЙ

Қўлга қалам олган олис кун,
шеър ёзишни бошлаган ондан,
қабрингизга бош эгмоқ учун
боргим келар Ўзбекистондан.
Самарқанддан чиқсам мен йўлга,
кўкда қуёш ҳали қизармай,
суҳбатимиз қизисин дея
олай бобом чордоғидан май.

Чиқсам шаҳар бағридан сўнгги
хазонларни бирма-бир босиб,
ва кузатсин кун нури сўниб,
Гўри Мирнинг мовий гумбази.
Кечиб ўтсам Амударёни
ҳилол билан бирга баробар,
кечиб ўтсам бешта дунёни
ва Ҳиротга кирсам тонготар…

Уёғини этмам тасаввур,
йиғи қисар кўксимни бирдан.
Яшаяпман қабрингиз бир қур
кўриб ўлмоқ нияти билан

ва сиёҳи қуриб битмаган
шеърларимга туриб юзма-юз,
ҳар кун тунда йўлга чиқаман,
ҳар кун тонгда қайтаман маъюс.

1980

АЛИШЕР НАВОИЙ
Сонетлар туркумидан

Дил суви, кўзимни сўқир қилсанг ҳам,
Дилимни кўр қилма, дунёни кўрай.
Саҳродан ўтурман, ташна қилди ғам,
Олисдан бўлсаям дарёни кўрай.

Қачон жаҳонгирнинг муждаси ўлди,
Қачон мушукларга айланди шерлар?
Қачон аламлару дардларга тўлди
Мен ҳали қоғозга битмаган шеърлар?

Шафқат тиладиму, тиғ тутди қўлим!
Жанггоҳга чиқдим ман – ишқ фуқароси,
Кетсин, дедим, юртдан жаҳолат – ўлим.

Тилим, кўзим оқи, кўзим қароси,
Сен белим мадори – ирғай ҳассамсан,
Авлодларга мерос ўтли қиссамсан.

1985

БЕШ АСР – БЕШ ЛАҲЗА

“ХАМСА”нинг 500 йиллигига

Беш аср – беш лаҳза мангулик учун,
Даҳо сўзи вақтга қилмас эътибор.
Ўлимдан олар у ҳаётнинг ўчин,
Бало-ю қазолар унга қилмас кор.

Гар ўзбек умримни қандай яшадим,
Деб кечган йўлига назар ташласа,
Қуёшлар макони Асқартоғдайин
Уфқни тўсганча юксалар “Хамса”.

“Хамса” – бу, Навоий панжаси эрур,
Халқини зулматдан тўсиб тургувчи,
“Хамса” – бу, Навоий кўзидаги нур,
Чўғлари дилларга тушиб тургувчи.

У – Навоий кўкси, халқини хундор,
Қора қисматлардан тўсгувчи қалқон,
“Хамса” сўзларида телба олов бор,
Ўқисанг, кўксингда жўшади вулқон.

Беш аср, ўн аср – мезон эмас Вақт,
Мезон тирикликдир,
Мезон – шу ҳаёт.
Бу қадим сўзлардан қўрққан ёғийлар
Токи тирик экан, “Хамса” барҳаёт.

Ҳамон кўзларимни тиксам қоғозга,
Занжирни узар-да озод бўлар шер.
Менинг ҳасратимга ҳайрат қўшади.
Навоий қалбидан қалқиб чиққан шеър.

Ҳамон ҳаяжонга тўла тунлари
Аччиқ изтиробга беролмасдан дош.
Ўт каби куйдириб ўтар юзимни
Навоий кўзидан қалқиб чиққан ёш.

“Хамса” – бу, бамисли биз тушган кема,
Олисдан-олисга бормоқда сузиб,
У – қўшин, Навоий, келажак дея
Бормоқда сўзлардан беш черик тузиб.

Бугун Навоийнинг меҳрга тўла
Кафти бўлиб силар бошимизни у,
Шу сабаб олдинга юрмоққа далда
Берар у – кўзларни чулғаса қайғу.

Шу сабаб сўзфуруш, юртфурушларга
Қарши одил жангга ҳаёт чорласа,
Тап тортмай чиққан чоқ жанггоҳларга биз,
Ортда қўшиндайин юксалар “Хамса”.

Қаршимда кўраман ёдгорларни ман,
Кўраман макрли ёсуманларни,
Токи сен борсан-ки, “Хамса”, енгаман,
Енгаман жанг чоғи шум душманларни.

Жангда чекинмоқ ёт!
Жангга киргин, шеър!
Бу жангда ғолиб бўл, ё бўлгин қурбон
Ахир, тингла, ортдан эшитилмоқда
Навоий нафаси – толғин, паришон.

Сен ортга қайрилиб қарама, токи
Сени қийнамасин бобомнинг кўзи.
Сен олдга интилгин, олдинда янграр
Мангулик тимсоли – Шоирнинг сўзи!

1985

Матназар Абдулҳаким
ДАЪВАТ
Хуршид Давронга

Не керак заминни титратмас сурур,
Кўкни қалтиратмас оҳни нетамиз.
Кўп ҳам давроннишин бўлавермай, юр,
Ҳазрат Навоийга кетамиз.

Ўтмишни унутиб қўйсак, тушов шу
Келажакка елган хаёл – Ғиротга.
Ҳеч маҳобат қилмай, кўтармай шов-шув,
Бир бориб келамиз қадим Ҳиротга.

Теран бир андуҳга қиламиз сафар,
Жўнаймиз, дўстгинам, юксак бир бахтга.
“Ўн миллион, юз миллион ва миллиард нафар»
Ҳаммамиз сиғамиз шеърият — тахтга.

Ҳали жабру ситам кўҳнайгани йўқ.
Бир қиз бор, азоби ўлимдан ёмон.
Кетдик, “Чор девон”да ҳар бир киприк – ўқ,
Кетдик, “Чор девон”да ҳар бир қош — камон.

Аста қилич серпаб қиё қарашлар,
Юракка солади ҳеч битмас яро.
Лекин зид келса ҳам дунёқарашлар,
Бизни дорга тортмас Ҳусайн Бойқаро.

Ҳикматга йўғрилган унда ҳар бисот,
Қароққа жойлаймиз бари-барини.
Бир бориб келамиз.
Тушимда ул зот
Қаттиқ соғинибди набираларини…

Шукур Қурбон
НАВОИЙНИ АНГЛАШ

Тарих, дегани бу — жанг-жадал эмас,
Сўздир у , сўзларда акс этган маъно.
Балки туркийни ҳам биров тил демас,
Навоий назмидан туймаса наво.

Уйғоқ шуур билан хаёлга толсак,
Навоий ва иймон — эгиз тушунча.
Шоирга биз қанча яқин боролсак,
Худога яқинлаб борурмиз шунча.

Эл ғамин ўйлаган бари бир ўлмас,
Уни кутар доим тақдир аломат.
Бу теран нолалар ҳеч қачон сўлмас,
Кўнгилни авайлаб-асрар саломат.

«Эй, Навоий», дея чорлар ўзини
Муҳаббат йўлига, меҳр йўлига.
«Эй, Навоий» — жаҳон очар кўзини,
Тилла тушган каби гадой қўлига.

«Эй, Навоий» — қуёш тушар самодан,
Кетар пой-пиёда уфқлар оралаб.
Юрак энтикади тоза ҳаводан,
Метин дардларини тилка-поралаб.

Авлод-авлодларга ҳамиша ёр у,
Турли халқлар аро расо қаддимиз.
«Сўзимни эшит», — деб бизларга зор у,
«Биз ҳам зор», — дейишга борми ҳаддимиз?

Азиз Саид
Карвон тортиб Навоийга келиб қолдик

Самум суяк симмиллатар,
Нафас тоғни қиммиллатар,
Нигоҳ қадам иммиллатар,

Биз йўлчими, ул йўлчими билмай қолдик,
Карвон тортиб Навоийга келиб қолдик.

Қафас қўлда кумушмиди, тилломиди,
Фўта белда қамишмиди, ҳулломиди,
Малак дилда оққушмиди, Олломиди,

Биз йўлдами, ул йўлдами билмай қолдик,
Карвон тортиб Навоийга келиб қолдик…

«Ровий тўхта, ғайб манзар: ойнага қара,
Сочларида тун ухлаган сарвларга қара,
Учсанг қанот улашгувчи майларга қара,
Ибодат шул – дутор, танбур, найларга қара,
Раққос руҳга ишқни кийдир, куйларга қара!..»

Бул қандай оятдир, қайси китобдан,
Вужуд косасига суфлаётган ким.
Иймонкуш пичоғинг бунча мулойим,
Риштамга ўзимни пуфлаётган ким.

Бошдин товонгача жилға жилдирар,
Фироқ чечаклари оқар, кулдирар.
Ким қанот чаядир, ким пичоқ чаяр,
Бул икки таъм ахир бизни ўлдирар.

Биз манзилми, ул манзилми билмай қолдик,
Карвон тортиб Навоийга келиб қолдик.

Суяк экиб ҳосил кутар бир обид,
Қопқон тутиб меҳмон кутар бир обид,
Коса лиқ-лиқ, олов кутар бир обид,

Биз меҳмонми, ул меҳмонми билмай қолдик,
Карвон тортиб Навоийга келиб қолдик.

Қозон тўла қуёшни қовуради бир кампир,
Ойни соғиб нурларин ёғдиради бир кампир,
Йўлни ўриб элакда совуради бир кампир,

Биз мезбонми, ул мезбонми билмай қолдик,
Карвон тортиб Навоийга келиб қолдик.

Неъматулло Иброҳим
НАВОИЙДАН КЕЙИН…

Кимларни топди ахтариб кўзлар Навоийдан кейин?
Бунча ғарибу музтариб Сўзлар Навоийдан кейин.

Қайда нафосат мактаби, недур гўзаллар матлаби?
Борми замонда Гул каби қизлар Навоийдан кейин?

Ҳазрат Қамар* эрди, яна кавкаб** эди минглар анга,
Сўнди самода неча юлдузлар Навоийдан кейин…

Ирфонга ким муштоқ эрур? Шеър мулкида ким тоқ эрур?
Айтинг, нечоғлик оқ эрур юзлар Навоийдан кейин?

Кўрмам фасоҳат шоҳда ҳам, топмам адолат жоҳда ҳам,
Кетмиш ўчиб бу роҳда*** ҳам излар Навоийдан кейин…

Умри кузакка етмади… Каъба тавофин этмади…
Сарғайди-ю, лек кетмади кузлар Навоийдан кейин.

Нафс кўйига от солдиг-эй, ботил хаёлга толдиг-эй,
Қайси мақомда қолдиг-эй, бизлар Навоийдан кейин!?
———————————————————
*Қамар—Ой.
**Кавкаб—юлдуз.
***Роҳ—йўл.

Асқар Маҳкам
АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ СЎНГГИ КУНЛАРИ

Рамақ ёвуқ келди энди, Мавлоно,*
ҳалқобалар боғлар кўзларимда дор.
Вужудимда қолди бир сизга сано,
шеъру ваҳдат аро беишқ, беқарор.

магар бедордирман то рўзи маҳшар,
турбат ила дийдор топар кўзларим.
манзил-маобингиз истаб дарбадар
нафас семурғида учди руҳларим.

Нима кўрдим айём ҳоқонларидан?
Ануширвон кимдир?Кимдир султони?
Бехазон боғларнинг хазонларида
менинг ўлмас жоним — тайр лисони**

Мустаманд кунларим алҳол йироқдир,
мен нишонни ковок айлаган ул тийр.
Руху руҳим йилу ойларда доғдир,
кўнгил ҳарамида бир маҳрам йўқдир.

Иблисмақом одам сужудларида,
томуғ қопқасидан ўтмас ёдлари.
Бехудлик кунларим ҳудудларида
суру суруш элтар фано бодлари.

Умр ўтди. Қани ҳосилу маъни?
Ва афсурда лошим кимга сиғинди?
Эй, Ишқ, нангу номус кўчаси қани?
Жунун найрангида суяклар синди!

Меҳробига орқа бурган аъёнлар,
сизга нима дейин мен наътларимда?
Кулли устодларнинг кўзлари ёнар
қабиҳ сийратларнинг сувратларида.

Қилу қол лафзида шаку бешаклар,
шоҳ худодан кечса, оломон — бедин.
Ҳирот бозорида бордир эшаклар,
одамфурушларга мен нима дейин?!

Навоий мен эсам, менда ҳайронман!
ичимда ичакдек узилди зорлар,
Ийдларга итларга бўлган қурбонман —
тузлуғим тубида ўрлайди морлар.

Ҳей, суяк-суягим чайнаган ўлим,
сен нечун эврилдинг жоним бошида?
На одам, на олам нелигин билдим
таҳ-батаҳ осмоннинг етти чоҳида.

Видолар суйкалар лабимга тахир,
қонимдек қуйилар бўлди ёшларим.
Не ҳақсан? Не халқсан? Нимасан, гапир,
эй, менинг туққаним, кўкалдошларим!

Тепамда Аллоҳга муштоқ ломакон,
мен — зинда зиндоний тунлар бағрида.
Сен менинг дардимни билурсан қачон,
раъдлар захми бор суякларимда.

Айтдим-ку, ниҳоят йиғлайдирсан, халқ!
сен менга тамасхўр бирла кулдинг, лек.
О, руҳлар руҳига келтирмагил шак,
тирноғин чиркини сурган муфлисдек.

Сен — халқсан! Жоиздир сенга ибодат.
Гар худо бўлсанг-да, гар бўлсанг шайтон.
На шукр қилдим мен, ва на шикоят,
ўлдиргулик бир жон, ўлгулик бир жон.

Рамақ ёвуқ келди, маъзур Мавлоно!
Ҳалқобалар боғлар кўзларимда дор.
Сужудимда бордир бир сизга сано.
Дағи сиздан ўзга оламда ким бор!?…
————————-
* Фариддин Аттор
** А.Навоийнинг «Лисонут-тайр» китоби

Зебо Мирзо
ОЙБЕК. “НАВОИЙ”НИ ЎҚИБ

Липиллаган шам ёруғида
Дил қонига ботириб бармоқ,
Ўлтирарди Ҳазрат Навоий
Тангри билан сирлашиб узоқ.

Манқалдонда милтилларди чўғ…
…Даричадан тўкилган ойдек,
Аста чертиб ҳужра эшигин
Кириб келди Мавлоно Ойбек.

Такаллуф ва иззат-эҳтиром
Ёғиларкан ҳар икки ёқдан,
Янги ғазал узатар Ҳазрат,
Қуримаган ҳали сиёҳдан…

Ечилади Ойбек тиллари
Худо сир деб солган тугундан.
Сўйлаб кетар “Қуш тили”да у,
Туғилгандай гўё бугундан…

…Ё туш кўрдим, ёки синоат,
Ақлу ҳушим чорбоғ ичинда.
Мулозимман, мен бир мулозим,
Жим тингладим титроқ ичинда.

Гоҳ англаб, гоҳ англамай, лекин
Кўрмоқ учун шу лаҳзани бот,
Сенинг сирли тунларинг бўлиб
Қолгим келар, о, гўзал Ҳирот!

Машъал Хушвақт
ҲАЗРАТ НАВОИЙГА

Оғзимда тил эмас, асрабман чаён,
Дил деб сақлаганим муштдек тош экан.
Ҳали ҳам билмабман не экан иймон,
Алъамон*, ҳазратим, алъамон!

Бандадан кўрибман бор мусибатни,
Кўнгил мазраига* экибман ёлғон.
Боламдек боқибман кек-хусуматни,
Алъамон, ҳазратим, алъамон!

Майса сўлий бошлар, тушса кўз қирим,
Сўзларимдан нечун пўст ташлар илон.
Нечун кўзларимдан оққан ёш ширин,
Алъамон, ҳазратим, алъамон?!.

Нечун тавба билан ўтсада куним,
Очилмас мағфират эшиги ҳамон.
Бир синиқ калитдай айланар тилим,
Алъамон, ҳазратим, алъамон!

Ёлғондан сўзимни халос этайин,
Ҳаромдан бўғзимни халос этайин.
Ўзимдан ўзимни халос этайин,
Алъамон, ҳазратим, алъамон!

————————-
алъамон – кўмак, ёрдам мадад сўраш
мазраъ – шудгор, экин экиладиган ер

Нодир Жонузоқ
НАВОИЙ

Сирларини очар аста Навоий,
Гоҳ ҳазин, гоҳ масрур сасда Навоий.

Ишқ дўконин бунёд қилмиш муҳташам,
Ҳар ғазали — гулгун раста, Навоий.

Ошиқади унга бемор ошиқлар,
Улашади шифо хаста Навоий.

Улус дардин шимар дилга дамо-дам,
Севинч сочар даста-даста Навоий.

Чечакларга чанг солганда ғаддорлар,
Ҳаёт шавқин кўрар хасда Навоий.

Мухолифлар бигиз санчса гиз-гизлаб,
Қалам йўнмас алам-қасдда Навоий.

Кўк тоқига от қўйса-да хаёли,
Пок назари мудом пастда Навоий.

Шайдо диллар даврасида соқий ул,
Ишқ майидан мангу маст-да Навоий.

Дўстлар, шоир бўлолмасак, айб этманг:
Бир миллатга ўзи бас-да Навоий!

Умид Али
АЛИШЕР НАВОИЙ

У ҳавога қоришди—мутлоқ
Ва тупроқдай сингиди ерга.
Ҳаёт отлиқ жону жаҳони
Олам-олам ортилди шеърда.
Руҳи қандай покиза—маъсум,
Баҳор каби дилафгор, майин.
Ўз-ўзингдан покланасан Сен
Унинг учун йиғлаган сайин.
Билки,
Мазмун—кўнглинг тўлган пайт—
Шуурингда жонланса ҳаёт.
Осмонда—руҳ, Ерда—вужудинг…
Ҳавода-чи…сузса дил — баёт.

Гўзал Рўзиева
ҚУШ ЛИСОНИ

Кўз ўнгимда жонланади мозий дамо-дам,
Қоп-қора тун…Оқ қоғозга тўкилади шеър.
Бутун олам азал шундай яралгандек жим,
Тинч уйқуда… Ёлғиз бедор— Ҳазрат Алишер.

Ҳазрат, руҳим аро бир қуш кезар жонсарак,
Бирда тинч, бир кенгликларга парвозни хоҳлар.
Ҳаловатсиз, чўққилардан боқар дунёга
Гарчи, унга яқинроқдир майса, гиёҳлар.

Сизнинг айтган Ҳақ водийси бормиди чиндан,
Сабру-ранжнинг сўнгги унга элтиши ростми?
Инсон бугун ҳақиқатга чиндан муштоқ дам,
Бу манзилга етмоқ ёлғиз қушларга хосми?!

Ҳолбуки, вақт ўтса ҳамки ўшадир башар,
Ҳақиқатнинг тарозиси эгридир ҳамон.
Бошларнинг энг тиллаларин жаллодга тутиб,
Ҳамон кейин мотам тутар ширакайф замон…

“ Инсон қалби-Каъба…” деган ақидангизга,
Неча аср бурун қалин чизиқ тортилган.
Бугун ўшал Каъбаларнинг кўпи вайрондир,
Қолганига тегирмоннинг тоши ортилган!

Ор ва номус, ҳақ-ноҳақлик, тенг ва тенгсизлик …
Яна кўпин қадри йўқдир ҳатто бир мири.
Бу дарз кетган тушунчалар кемтикларини,
Миллион Фарҳод тузатолмас бугун, тақсирим…

Хуллас, менга туюлади дунё бир қафас,
Ичимда бир қуш бор, гарчи одам талъатим.
Ҳақиқатнинг водийсини қидириб чиққан
Ўша гала қушнинг бири – менман, Ҳазратим..!

Узоқ учдим, қанотларим толди, ҳориди
Ортда қолди ортимиздан туманли бир из.
Фақат энди йўл кўрсатинг, яқинми манзил?
Англолмайин қолдим, қайси водийдамиз биз…

  Inson qalbining quvonchu qayg’usini, ezgulik va hayot mazmunini Navoiydek teran ifoda etgan shoir jahon adabiyoti tarixida kamdan-kam topiladi. Insoniy ishq-muhabbatni, mehru vafo, iffat, sharmu hayo va nazokatni yonib, hassoslik bilan kuylagan Navoiyning go’zal satrlarini o’qiganda buyuk va olijanob qalb sadolarini sezib turamiz. Bu yurak tug’yonlari, mana, oradan besh yarim asrdan ziyod vaqt o’tsa hamki, millionlab odamlarni hayajonga solib kelmoqda.

ALISHER NAVOIYGA
BAG’ISHLOVLAR

Mushoira
03

G’afur G’ulom
ALISHER

alisher-navoiy-12 (1).jpgYuksak tog’ oralab o’kirgan sherning
Na’rasiga tengdir aksi sadosi,
Besh yuz yil yangradi tog’day Vatanda
Buyuk Alisherning asriy nidosi.

Ona sutidan ham aziz narsa yo’q,
Bag’ir: forsiy — siyna, arabchada — sadr.
Ko’krak suti bilan boqqan o’g’lini
Ona yurt xalqlari qilmoqdadir qadr.

Birinchi tamshangan sutning hurmatin
Butun hayot bo’yi oqlay ololgan,
Tevarak olamda ko’rkin ko’rsatib,
Vatan va xalqini yo’qlay ololgan;

Tirik odamlarga nasiba bo’lgan
Hayotiy farog’at, jahoniy alam;
Birisi ozgina erkalab o’tib,
Birisi bir umr ta’qib qilsa ham;

To’fon, quyunlarda yakkayu yolg’iz,
Monolit, granit haykalday mag’rur,
Termurbek davlatin so’nggi chog’ida
Sakrashu barhayot, bo’ysunmas shuur —

Daraxshon yulduzlar sari o’kirgan,
Bo’ynida zanjiru, qalbi ozod sher.
Ineoniy muhabbat mehri-la vafo,
Erku baxt timsoli ulug’ Alisher

Hirot tongotarin tasavvur kilib,
Yigitlik umringning kamolin ko’rdim:
Qarigan chog’laring qaro shomida
Xuroson o’lkasin zavolin ko’rdim.

Zavolni bilmagan porloq ijoding
Ma’rifat mulkida bitmas xazina!
Insoniy kamolot katta yo’lida
Bir poya yuksakroq oltindan zina.

O’tmishdan besh yuz yil tarixchi uchun
Sinchiklab qarasa — kuni kechadek.
Yashovchan kishiga endigi ming yil
Ertaga qo’liga kirgan o’ljadek.

Besh yuz yil hurmating saqlagan o’zbek
Kecha tug’ilding, deb qiladi faraz,
Yetuk kishilarni yana ming yillar
Xalq farzand ataydi, jondan — beg’araz.

O’zbek deb atalgan ozod ulusning
Otaxon shoiri, qadrli ustod.
Oshiqlar g’azaling kuyga solganda,
Ma’shuqlar dilining xonasi obod.

Biror shohbaytingni yoddosh tutmagan
Kattadir, kichikdir, bizda kishi yo’q.
Oltin baldoqdagi nifrit ko’z kabi
Asaring biz uchun bo’ldi qorachiq.

Ulug’vor xalqimiz tarixda mashhur,
Guvohlik berolur bunga Gerodot.
O’zbekni, tojikni qabila atab,
Biror lord qilolmas o’tmishni unut.

Sharqimiz chumoli uya emasdir,
Birin birovidan tanib bo’lmasa,
Sho’rlik boyvachchalar, toleingiz sho’r,
Afsuski, tarixdan tonib bo’lmasa!..

Ne-ne tarixlarni boshdan o’tkazib,
Talay jafolarni tortgan eski Sharq —
Ne-ne daholarni tarbiyat qilib,
Oftobday jahonni nurga qildi g’arq.

Alisher Mushtariy yulduzi kabi
O’zbek osmonida bolqigan chog’i,
Yana bir muhtaram o’g’il ko’rganday,
Kattaroq ochildi olam quchog’i.

Elektr barchaning uyin yoritur
Va tuz totimida milliy farq yo’q.
Ma’rifat insonning sherik xislati,
Vatani fazodir bo’shalarkan o’q.

Tirik Farhodlarni tanimak bo’lib,
Oliy yurtimizga qilsangiz safar,
Bu yerda har bitta taroshlangan tosh
Yuksak umidlardan beradi xabar.

Yuksak tog’ oralab o’kirgan sherning
Na’rasiga tengdir aksi sadosi,
Besh yuz yil yangradi tog’day Vatanda
Ulug’ Alisherning asriy nidosi.

1948 yil, 13 may

Mirtemir
NAVOIY

Uzun tunlar bedor va tanho,
O’tiraman tikib ko’zimni.
U keladi yarqiroq siymo,
Unutaman bir dam o’zimni.

— Siz o’shami, keling, marhabo!
— Men o’shaman, lol bo’lma, bo’tam.
— Ko’z tutganman, muhtaram bobo,
Ko’z tutganman azizim-otam.

— Men o’lganman, unutdingmi yo?
— O’lmagansiz, o’lmaysiz hali!
Siymosida barq urdi ziyo:
— Balli, sahar suhbat mahali…

Ko’z oldimda nuroniy siymo,
U zabardast qalamkash inson.
Daftarimga qiladi imo,
G’azalimni o’qidim hayron.

— Balli, — dedi, — andak havas bor.
Hikmat degan g’azalga husn,
Chidam darkor, vazminlik darkor,
Kuylagani erlar tuyg’usin.

Umring yorug’, Vataning ujmox,
Mendan so’ra, men yonib o’tdim.
Anglamadi zamona, evoh,
Besh asrkim, shu kunni kutdim.

Beshigim u qadimiy qal’a,
Balki og’am u Bahrom sardor,
Balki onam nozanin Laylo,
Balki singlim Shirin nolakor.

Balki yurtim u zangin dara,
Balki do’stim Farhod pahlavon.
Ammo, asring baland yuz karra,
Har poyada bir ulug’ doston.

Shoir ketdi… Ko’z uzmay qoldim,
Ketdi buyuk u alamdiyda.
Cho’chib turdim, bir nazar soldim,
«Xamsa» turar boshim tagida.

Ko’k g’uborsiz, yuksakda quyosh,
Laylo yanglig’ vafodor va yosh.
Doston ila uxlab qolibman,
Tushlarda ham shoir suhbatdosh.

Abdulla Oripov
ALISHER

Jahonki mukaddas neni ko’ribdi,—
Bariga onasan, ey qodir hayot.
Besh yuz yil naridan boqib turibdi,
Nurli bu yuzlarga nuroniy bir zot.

Shu buyuk o’g’lingni ardoklab dildan,—
Xalqim, ta’zim etsang arzigay tamom.
Uning nomi bilan birga bitilgan
Dunyo daftarida o’zbek degan nom.

Boykaro irg’ishlab istak otida
Jahonga boqqanda misli bola sher,—
Hirot darvozasin bir kanotida
She’riy lashkarini tizgan Alisher.

Dunyoda biror nom holdirmoh uchun
Yurt buzish shart emas, degan gap-ku, rost.
Kimdir pesh qilganda nayzaning kuchin,
Alisher qalamni ko’rsatgan, xolos.

Tun bilan tong erur tashbehda udum,
Misoli zahru may, hajru shakar lab.
Kimnidir quyoshday eslasa mardum,
Kimnidir zulmatday yurarlar qarg’ab.

Nido tingla, bu kun, yurting tarafdan,
Ey, yiroq Hirotda maskan topgan er!
Ogoh bo’l, Alisher, sen ushbu gapdan:
Har ikki nabirang — biri Alisher.

Baytingga bir bora hovushgan har lab,
Takrorlab ketgusi mahshargacha to.
Qaratib turibsan bu yon, ne ajab,
Milliard martabali jahonni hatto.

Birovlar nazdida johil Osiyo
Fakat zavol ko’rib, ko’rmagan kamol.
Muso iltijosi yetdi-yu go’yo,
Hah Tur tog’i uzra ko’rgazdi jamol—

Jahon mehrobida paydo Alisher…
Shodmon qasida ayt sen ham, ey huyosh!
Besh yuz yil.unga ham nima gap axir,
Mingga hadam ho’ydi yigirma besh yosh.

1968

Shavkat Rahmon
SHOIRLAR XIYOBONIDA

Har mahin laylida
jonlanar haykal,
jon kirar Navoiy hazratlariga.
Tongacha dunyoni aylanib qaytar,
bezib haykallarning hasratlaridan.

Ayniqsa,
bahorni xo’b ko’rar hazrat,
jannatday shaharning harir shablari,
bulduruq shu’lalar yoshartgan ravza
ancha ravshan qilar nozik ta’blarin.

Istaklar
shabiston qavatlarida
ishqu noz mayidan bo’lganda luchchak,
xo’bro’ylar zulumot valatlariga
bargak lablaridan berganda muchchi,

hazrat dunyo kezar,
ko’hsoru yovar
mazgildan o’tarkan bamisli sharpa,
go’yoki tagida chaqmoq — takovar,
bir kech Hirot jonib,
bir kecha — Mashhad.

Doim tonglab qaytar,
chiqar taxtga
tinglar haykallarning hasratlarini.
Yuragi ezilar bo’lgancha karaxt —
oyog’i yo’q edi pastdagilarning…

Ammo osmon yiroq,
zamin qattiq-da,
tag’in andomiga qaytar tolg’inlik.
Tag’in xayol surar turgancha tikka,
hazratni qiynaydi hamon yolg’izlik.

Xurshid Davron
ALISHER NAVOIY

Qo’lga qalam olgan olis kun,
she’r yozishni boshlagan ondan,
qabringizga bosh egmoq uchun
borgim kelar O’zbekistondan.

Samarqanddan chiqsam men yo’lga,
ko’kda quyosh hali qizarmay,
suhbatimiz qizisin deya
olay bobom chordog’idan may.

Chiqsam shahar bag’ridan so’nggi
xazonlarni birma-bir bosib,
va kuzatsin kun nuri so’nib,
Go’ri Mirning moviy gumbazi.

Kechib o’tsam Amudaryoni
hilol bilan birga barobar,
kechib o’tsam beshta dunyoni
va Hirotga kirsam tongotar…

Uyog’ini etmam tasavvur,
yig’i qisar ko’ksimni birdan.
Yashayapman qabringiz bir qur
ko’rib o’lmoq niyati bilan

va siyohi qurib bitmagan
she’rlarimga turib yuzma-yuz,
har kun tunda yo’lga chiqaman,
har kun tongda qaytaman ma’yus.

1980

ALISHЕR NAVOIY

Sonetlar turkumidan

Dil suvi, ko‘zimni so‘qir qilsang ham,
Dilimni ko‘r qilma, dunyoni ko‘ray.
Sahrodan o‘turman, tashna qildi g‘am,
Olisdan bo‘lsayam daryoni ko‘ray.

Qachon jahongirning mujdasi o‘ldi,
Qachon mushuklarga aylandi sherlar?
Qachon alamlaru dardlarga to‘ldi
Men hali qog‘ozga bitmagan she’rlar?

Shafqat tiladimu, tig‘ tutdi qo‘lim!
Janggohga chiqdim man – ishq fuqarosi,
Ketsin, dedim, yurtdan jaholat – o‘lim.

Tilim, ko‘zim oqi, ko‘zim qarosi,
Sen belim madori – irg‘ay hassamsan,
Avlodlarga meros o‘tli qissamsan.

1985

BЕSh ASR – BЕSh LAHZA

“XAMSA”ning 500 yilligiga

Besh asr – besh lahza mangulik uchun,
Daho so‘zi vaqtga qilmas e’tibor.
O‘limdan olar u hayotning o‘chin,
Balo-yu qazolar unga qilmas kor.

Gar o‘zbek umrimni qanday yashadim,
Deb kechgan yo‘liga nazar tashlasa,
Quyoshlar makoni Asqartog‘dayin
Ufqni to‘sgancha yuksalar “Xamsa”.

“Xamsa” – bu, Navoiy panjasi erur,
Xalqini zulmatdan to‘sib turguvchi,
“Xamsa” – bu, Navoiy ko‘zidagi nur,
Cho‘g‘lari dillarga tushib turguvchi.

U – Navoiy ko‘ksi, xalqini xundor,
Qora qismatlardan to‘sguvchi qalqon,
“Xamsa” so‘zlarida telba olov bor,
O‘qisang, ko‘ksingda jo‘shadi vulqon.

Besh asr, o‘n asr – mezon emas Vaqt,
Mezon tiriklikdir,
Mezon – shu hayot.
Bu qadim so‘zlardan qo‘rqqan yog‘iylar
Toki tirik ekan, “Xamsa” barhayot.

Hamon ko‘zlarimni tiksam qog‘ozga,
Zanjirni uzar-da ozod bo‘lar sher.
Mening hasratimga hayrat qo‘shadi.
Navoiy qalbidan qalqib chiqqan she’r.

Hamon hayajonga to‘la tunlari
Achchiq iztirobga berolmasdan dosh.
O‘t kabi kuydirib o‘tar yuzimni
Navoiy ko‘zidan qalqib chiqqan yosh.

“Xamsa” – bu, bamisli biz tushgan kema,
Olisdan-olisga bormoqda suzib,
U – qo‘shin, Navoiy, kelajak deya
Bormoqda so‘zlardan besh cherik tuzib.

Bugun Navoiyning mehrga to‘la
Kafti bo‘lib silar boshimizni u,
Shu sabab oldinga yurmoqqa dalda
Berar u – ko‘zlarni chulg‘asa qayg‘u.

Shu sabab so‘zfurush, yurtfurushlarga
Qarshi odil jangga hayot chorlasa,
Tap tortmay chiqqan choq janggohlarga biz,
Ortda qo‘shindayin yuksalar “Xamsa”.

Qarshimda ko‘raman yodgorlarni man,
Ko‘raman makrli yosumanlarni,
Toki sen borsan-ki, “Xamsa”, yengaman,
Yengaman jang chog‘i shum dushmanlarni.

Jangda chekinmoq yot!
Jangga kirgin, she’r!
Bu jangda g‘olib bo‘l, yo bo‘lgin qurbon
Axir, tingla, ortdan eshitilmoqda
Navoiy nafasi – tolg‘in, parishon.

Sen ortga qayrilib qarama, toki
Seni qiynamasin bobomning ko‘zi.
Sen oldga intilgin, oldinda yangrar
Mangulik timsoli – Shoirning so‘zi!

1985

Matnazar Abdulhakim
DA’VAT
Xurshid Davronga

Ne kerak zaminni titratmas surur,
Ko’kni qaltiratmas ohni netamiz.
Ko’p ham davronnishin bo’lavermay, yur,
Hazrat Navoiyga ketamiz.

O’tmishni unutib qo’ysak, tushov shu
Kelajakka yelgan xayol – G’irotga.
Hech mahobat qilmay, ko’tarmay shov-shuv,
Bir borib kelamiz qadim Hirotga.

Teran bir anduhga qilamiz safar,
Jo’naymiz, do’stginam, yuksak bir baxtga.
“O’n million, yuz million va milliard nafar»
Hammamiz sig’amiz she’riyat — taxtga.

Hali jabru sitam ko’hnaygani yo’q.
Bir qiz bor, azobi o’limdan yomon.
Ketdik, “Chor devon”da har bir kiprik – o’q,
Ketdik, “Chor devon”da har bir qosh — kamon.

Asta qilich serpab qiyo qarashlar,
Yurakka soladi hech bitmas yaro.
Lekin zid kelsa ham dunyoqarashlar,
Bizni dorga tortmas Husayn Boyqaro.

Hikmatga yo’g’rilgan unda har bisot,
Qaroqqa joylaymiz bari-barini.
Bir borib kelamiz.
Tushimda ul zot
Qattiq sog’inibdi nabiralarini…

Shukur Qurbon
NAVOIYNI ANGLASH

Tarix, degani bu — jang-jadal emas,
So’zdir u , so’zlarda aks etgan ma’no.
Balki turkiyni ham birov til demas,
Navoiy nazmidan tuymasa navo.

Uyg’oq shuur bilan xayolga tolsak,
Navoiy va iymon — egiz tushuncha.
Shoirga biz qancha yaqin borolsak,
Xudoga yaqinlab borurmiz shuncha.

El g’amin o’ylagan bari bir o’lmas,
Uni kutar doim taqdir alomat.
Bu teran nolalar hech qachon so’lmas,
Ko’ngilni avaylab-asrar salomat.

«Ey, Navoiy», deya chorlar o’zini
Muhabbat yo’liga, mehr yo’liga.
«Ey, Navoiy» — jahon ochar ko’zini,
Tilla tushgan kabi gadoy qo’liga.

«Ey, Navoiy» — quyosh tushar samodan,
Ketar poy-piyoda ufqlar oralab.
Yurak entikadi toza havodan,
Metin dardlarini tilka-poralab.

Avlod-avlodlarga hamisha yor u,
Turli xalqlar aro raso qaddimiz.
«So’zimni eshit», — deb bizlarga zor u,
«Biz ham zor», — deyishga bormi haddimiz?

Aziz Said
Karvon tortib Navoiyga kelib qoldik

Samum suyak simmillatar,
Nafas tog‘ni qimmillatar,
Nigoh qadam immillatar,

Biz yo‘lchimi, ul yo‘lchimi bilmay qoldik,
Karvon tortib Navoiyga kelib qoldik.

Qafas qo‘lda kumushmidi, tillomidi,
Fo‘ta belda qamishmidi, hullomidi,
Malak dilda oqqushmidi, Ollomidi,

Biz yo‘ldami, ul yo‘ldami bilmay qoldik,
Karvon tortib Navoiyga kelib qoldik…

«Roviy to‘xta, g‘ayb manzar: oynaga qara,
Sochlarida tun uxlagan sarvlarga qara,
Uchsang qanot ulashguvchi maylarga qara,
Ibodat shul – dutor, tanbur, naylarga qara,
Raqqos ruhga ishqni kiydir, kuylarga qara!..»

Bul qanday oyatdir, qaysi kitobdan,
Vujud kosasiga suflayotgan kim.
Iymonkush pichog‘ing buncha muloyim,
Rishtamga o‘zimni puflayotgan kim.

Boshdin tovongacha jilg‘a jildirar,
Firoq chechaklari oqar, kuldirar.
Kim qanot chayadir, kim pichoq chayar,
Bul ikki ta’m axir bizni o‘ldirar.

Biz manzilmi, ul manzilmi bilmay qoldik,
Karvon tortib Navoiyga kelib qoldik.

Suyak ekib hosil kutar bir obid,
Qopqon tutib mehmon kutar bir obid,
Kosa liq-liq, olov kutar bir obid,

Biz mehmonmi, ul mehmonmi bilmay qoldik,
Karvon tortib Navoiyga kelib qoldik.

Qozon to‘la quyoshni qovuradi bir kampir,
Oyni sog‘ib nurlarin yog‘diradi bir kampir,
Yo‘lni o‘rib elakda sovuradi bir kampir,

Biz mezbonmi, ul mezbonmi bilmay qoldik,
Karvon tortib Navoiyga kelib qoldik.

Ne’matullo Ibrohim
NAVOIYDAN KEYIN…

Kimlarni topdi axtarib ko’zlar Navoiydan keyin?
Buncha g’aribu muztarib So’zlar Navoiydan keyin.

Qayda nafosat maktabi, nedur go’zallar matlabi?
Bormi zamonda Gul kabi qizlar Navoiydan keyin?

Hazrat Qamar* erdi, yana kavkab** edi minglar anga,
So’ndi samoda necha yulduzlar Navoiydan keyin…

Irfonga kim mushtoq erur? She’r mulkida kim toq erur?
Ayting, nechog’lik oq erur yuzlar Navoiydan keyin?

Ko’rmam fasohat shohda ham, topmam adolat johda ham,
Ketmish o’chib bu rohda*** ham izlar Navoiydan keyin…

Umri kuzakka yetmadi… Ka’ba tavofin etmadi…
Sarg’aydi-yu, lek ketmadi kuzlar Navoiydan keyin.

Nafs ko’yiga ot soldig-ey, botil xayolga toldig-ey,
Qaysi maqomda qoldig-ey, bizlar Navoiydan keyin!?
———————————————————
*Qamar—Oy.
**Kavkab—yulduz.
***Roh—yo’l.

Asqar Mahkam
ALISHER NAVOIYNING SO’NGGI KUNLARI

Ramaq yovuq keldi endi, Mavlono,*
halqobalar bog’lar ko’zlarimda dor.
Vujudimda qoldi bir sizga sano,
she’ru vahdat aro beishq, beqaror.

magar bedordirman to ro’zi mahshar,
turbat ila diydor topar ko’zlarim.
manzil-maobingiz istab darbadar
nafas semurg’ida uchdi ruhlarim.

Nima ko’rdim ayyom hoqonlaridan?
Anushirvon kimdir?Kimdir sultoni?
Bexazon bog’larning xazonlarida
mening o’lmas jonim — tayr lisoni**

Mustamand kunlarim alhol yiroqdir,
men nishonni kovok aylagan ul tiyr.
Ruxu ruhim yilu oylarda dog’dir,
ko’ngil haramida bir mahram yo’qdir.

Iblismaqom odam sujudlarida,
tomug’ qopqasidan o’tmas yodlari.
Bexudlik kunlarim hududlarida
suru surush eltar fano bodlari.

Umr o’tdi. Qani hosilu ma’ni?
Va afsurda loshim kimga sig’indi?
Ey, Ishq, nangu nomus ko’chasi qani?
Junun nayrangida suyaklar sindi!

Mehrobiga orqa burgan a’yonlar,
sizga nima deyin men na’tlarimda?
Kulli ustodlarning ko’zlari yonar
qabih siyratlarning suvratlarida.

Qilu qol lafzida shaku beshaklar,
shoh xudodan kechsa, olomon — bedin.
Hirot bozorida bordir eshaklar,
odamfurushlarga men nima deyin?!

Navoiy men esam, menda hayronman!
ichimda ichakdek uzildi zorlar,
Iydlarga itlarga bo’lgan qurbonman —
tuzlug’im tubida o’rlaydi morlar.

Hey, suyak-suyagim chaynagan o’lim,
sen nechun evrilding jonim boshida?
Na odam, na olam neligin bildim
tah-batah osmonning yetti chohida.

Vidolar suykalar labimga taxir,
qonimdek quyilar bo’ldi yoshlarim.
Ne haqsan? Ne xalqsan? Nimasan, gapir,
ey, mening tuqqanim, ko’kaldoshlarim!

Tepamda Allohga mushtoq lomakon,
men — zinda zindoniy tunlar bag’rida.
Sen mening dardimni bilursan qachon,
ra’dlar zaxmi bor suyaklarimda.

Aytdim-ku, nihoyat yig’laydirsan, xalq!
sen menga tamasxo’r birla kulding, lek.
O, ruhlar ruhiga keltirmagil shak,
tirnog’in chirkini surgan muflisdek.

Sen — xalqsan! Joizdir senga ibodat.
Gar xudo bo’lsang-da, gar bo’lsang shayton.
Na shukr qildim men, va na shikoyat,
o’ldirgulik bir jon, o’lgulik bir jon.

Ramaq yovuq keldi, ma’zur Mavlono!
Halqobalar bog’lar ko’zlarimda dor.
Sujudimda bordir bir sizga sano.
Dag’i sizdan o’zga olamda kim bor!?…
————————-
* Fariddin Attor
** A.Navoiyning «Lisonut-tayr» kitobi

Zebo Mirzo
OYBEK. “NAVOIY”NI O’QIB

Lipillagan sham yorug’ida
Dil qoniga botirib barmoq,
O’ltirardi Hazrat Navoiy
Tangri bilan sirlashib uzoq.

Manqaldonda miltillardi cho’g’…
…Darichadan to’kilgan oydek,
Asta chertib hujra eshigin
Kirib keldi Mavlono Oybek.

Takalluf va izzat-ehtirom
Yog’ilarkan har ikki yoqdan,
Yangi g’azal uzatar Hazrat,
Qurimagan hali siyohdan…

Yechiladi Oybek tillari
Xudo sir deb solgan tugundan.
So’ylab ketar “Qush tili”da u,
Tug’ilganday go’yo bugundan…

…YO tush ko’rdim, yoki sinoat,
Aqlu hushim chorbog’ ichinda.
Mulozimman, men bir mulozim,
Jim tingladim titroq ichinda.

Goh anglab, goh anglamay, lekin
Ko’rmoq uchun shu lahzani bot,
Sening sirli tunlaring bo’lib
Qolgim kelar, o, go’zal Hirot!

Mash’al Xushvaqt
HAZRAT NAVOIYGA

Og’zimda til emas, asrabman chayon,
Dil deb saqlaganim mushtdek tosh ekan.
Hali ham bilmabman ne ekan iymon,
Al’amon*, hazratim, al’amon!

Bandadan ko’ribman bor musibatni,
Ko’ngil mazraiga* ekibman yolg’on.
Bolamdek boqibman kek-xusumatni,
Al’amon, hazratim, al’amon!

Maysa so’liy boshlar, tushsa ko’z qirim,
So’zlarimdan nechun po’st tashlar ilon.
Nechun ko’zlarimdan oqqan yosh shirin,
Al’amon, hazratim, al’amon?!.

Nechun tavba bilan o’tsada kunim,
Ochilmas mag’firat eshigi hamon.
Bir siniq kalitday aylanar tilim,
Al’amon, hazratim, al’amon!

Yolg’ondan so’zimni xalos etayin,
Haromdan bo’g’zimni xalos etayin.
O’zimdan o’zimni xalos etayin,
Al’amon, hazratim, al’amon!

————————-
al’amon – ko’mak, yordam madad so’rash
mazra’ – shudgor, ekin ekiladigan yer

Nodir Jonuzoq
NAVOIY

Sirlarini ochar asta Navoiy,
Goh hazin, goh masrur sasda Navoiy.

Ishq do’konin bunyod qilmish muhtasham,
Har g’azali — gulgun rasta, Navoiy.

Oshiqadi unga bemor oshiqlar,
Ulashadi shifo xasta Navoiy.

Ulus dardin shimar dilga damo-dam,
Sevinch sochar dasta-dasta Navoiy.

Chechaklarga chang solganda g’addorlar,
Hayot shavqin ko’rar xasda Navoiy.

Muxoliflar bigiz sanchsa giz-gizlab,
Qalam yo’nmas alam-qasdda Navoiy.

Ko’k toqiga ot qo’ysa-da xayoli,
Pok nazari mudom pastda Navoiy.

Shaydo dillar davrasida soqiy ul,
Ishq mayidan mangu mast-da Navoiy.

Do’stlar, shoir bo’lolmasak, ayb etmang:
Bir millatga o’zi bas-da Navoiy!

Umid Ali
ALISHER NAVOIY

U havoga qorishdi—mutloq
Va tuproqday singidi yerga.
Hayot otliq jonu jahoni
Olam-olam ortildi she’rda.
Ruhi qanday pokiza—ma’sum,
Bahor kabi dilafgor, mayin.
O’z-o’zingdan poklanasan Sen
Uning uchun yig’lagan sayin.
Bilki,
Mazmun—ko’ngling to’lgan payt—
Shuuringda jonlansa hayot.
Osmonda—ruh, Yerda—vujuding…
Havoda-chi…suzsa dil — bayot.

Go‘zal Ro‘ziyeva
QUSH LISONI

Ko‘z o‘ngimda jonlanadi moziy damo-dam,
Qop-qora tun…Oq qog‘ozga to‘kiladi she’r.
Butun olam azal shunday yaralgandek jim,
Tinch uyquda… Yolg‘iz bedor— Hazrat Alisher.

Hazrat, ruhim aro bir qush kezar jonsarak,
Birda tinch, bir kengliklarga parvozni xohlar.
Halovatsiz, cho‘qqilardan boqar dunyoga
Garchi, unga yaqinroqdir maysa, giyohlar.

Sizning aytgan Haq vodiysi bormidi chindan,
Sabru-ranjning so‘nggi unga eltishi rostmi?
Inson bugun haqiqatga chindan mushtoq dam,
Bu manzilga yetmoq yolg‘iz qushlarga xosmi?!

Holbuki, vaqt o‘tsa hamki o‘shadir bashar,
Haqiqatning tarozisi egridir hamon.
Boshlarning eng tillalarin jallodga tutib,
Hamon keyin motam tutar shirakayf zamon…

“ Inson qalbi-Ka’ba…” degan aqidangizga,
Necha asr burun qalin chiziq tortilgan.
Bugun o‘shal Ka’balarning ko‘pi vayrondir,
Qolganiga tegirmonning toshi ortilgan!

Or va nomus, haq-nohaqlik, teng va tengsizlik …
Yana ko‘pin qadri yo‘qdir hatto bir miri.
Bu darz ketgan tushunchalar kemtiklarini,
Million Farhod tuzatolmas bugun, taqsirim…

Xullas, menga tuyuladi dunyo bir qafas,
Ichimda bir qush bor, garchi odam tal’atim.
Haqiqatning vodiysini qidirib chiqqan
O‘sha gala qushning biri – menman, Hazratim..!

Uzoq uchdim, qanotlarim toldi, horidi
Ortda qoldi ortimizdan tumanli bir iz.
Faqat endi yo‘l ko‘rsating, yaqinmi manzil?
Anglolmayin qoldim, qaysi vodiydamiz biz…

021

(Tashriflar: umumiy 91 008, bugungi 1)

8 izoh

Izoh qoldiring