Улар на пастда кутиб ётган аждаҳони, на улар ёпишиб олган шохни кемираётган сичқонларни кўришади, улар фақат асал ялаш билан овора. Аммо уларнинг асал ялашлари фурсати келиб тўхтайди, бирор кимса уларнинг эътиборини аждаҳо билан сичқонларга қаратади-ю, шу билан уларнинг асал ялаши тўхтайди. Мен бу одамлардан ҳеч нарса ўргана олмайман. Билган нарсангни билмай қолишнинг иложи йўқ-да…
Иккинчи чора — эпикурона чора. Унинг маъноси шундан иборатки, ҳаётдан умидвор бўлмоқнинг имкони йўқлигини билатуриб, ҳозирча мавжуд неъматларнинг ҳаммасидан истифода этилади, на аждаҳога, на сичқонларга қаралади, асални эса тўйиб-тўйиб ялайверилади, айниқса, шохдаги асал мўл бўлса… Сулаймон пайғамбар бу чорани бундай ифодалайди:
«Ва мен шоду хуррамликни алқадим, негаки ёруғ дунёда одам фарзанди учун еб-ичиш ва шоду хуррамлик қилишдан кўра яхшироқ нарса йўқ: бу ёруғ дунёда Худо унга ато қилган умрнинг кунлари меҳнат билан ўтадиган бўлгач, у еб-ичмоғи ва хуррам бўлмоғи жоиз.
Шундай қилиб, бор, шоду хуррамлик билан нонингни е ва шоду хуррамлик билан шаробингни ич… Беҳуда кетадиган ҳаётингнинг ҳамма кунларида, жамики беҳуда кунларингда яхши кўрган аёлинг билан турмуш лаззатларини тот… Негаки, буларнинг ҳаммаси сенинг ҳаётдаги қисматинг, ёруғ дунёдаги меҳнатинг эвазига оладиган улушинг… Куч-қувватига қараб қўлинг нима ишни бажаришга қодир бўлса, ҳаммасини бажар, чунки сенинг сўнгги манзилингда — гўрда на иш бор, на мулоҳаза, на билим бор, на донолик».
Менинг доирамга мансуб одамларнинг кўпчилиги ана шу иккинчи йўлни маъқул кўрадилар. Улар яшайдиган шароит шунақаки, бу шароит уларни қуршаган ноз-неъматларни мўл-кўл қилиб қўйган, улар ёмонликка камроқ рўпара келадилар. Бунинг натижасида уларнинг виждони кўр бўлиб қолган. Бу эса уларнинг фаровон шароити тасодиф эканини унутишга имкон беради. Улар ўйламайдиларки, ҳамма ҳам Сулаймон пайғамбарга ўхшаб 1000 хотинга ва 1000 қасрга эга бўлавермайди, ҳар бир 1000 хотинлик одамга 1000 та хотинсиз эркак тўғри келади ва ҳар битта қасрга пешонасининг тери билан бу қасрни қураётган 1000 та одам тўғри келади. Бир тасодиф билан бугун мен Сулаймон бўлиб қолган бўлсам, шу тасодифнинг ўзи эртага мени Сулаймоннинг қулига айлантириб қўяди. Бу одамларнинг хаёлоти ҳам шу қадар саёз ва чекланганки, улар Буддага тинчлик бермаган нарсаларни. унутиб юборишга имкон беради. Хасталиклар, қарилик ва ўлим муқаррар эканини улар эсларига келтирмайдилар. Ҳолбуки, хасталик, қарилик, ўлим келади-ю, ҳамма ҳузур-ҳаловат чиппакка чиқади. Бу одамларнинг баъзи бирлари фикрлари ва хаёлотларининг ночорлигини фалсафа деб ҳисоблайдилар ва уни позитив фалсафа деб атайдилар. Аммо менинг назаримда, бу уларни саволни кўрмай асал ялаб ётганлар тоифасидан ажратиб олишга имкон бермайди. Мен бу одамларга тақ-лид қила олмасдим: улардаги хаёлотнинг ночорлиги менда йўқ эди ва мен уни ўзимда сунъий равишда бор қилолмасдим. Мен ҳар қандай тирик одам каби бир марта кўзим тушгандан кейин сичқонлар билан аждаҳодан кўзимни узолмасдим.
Учинчи чора — куч ва қувват чорасидир. У шундатт иборатки, ҳаёт ёвуз нарса эканини ва унинг маъносизлигини англагач, ҳаётни маҳв этадилар. Камдан-кам одамлар бу ишни қиладилар — улар бақувват ва изчил одамлар бўлади. Унинг устидан қилинган ҳазил нақадар бемаъни эканини англаб ва ўлим неъмати тириклик неъматидан нечоғли афзал эканини ва ундан кўра яшамай қўя қолган маъқул эканини англаб, жонларига қасд қилишади-ю, бу бемаъни майнавозчиликка чек қўйиша қолади. Суиқасд воситалари ҳам анқонинг уруғи эмас — бўйинга солгани сиртмоқ, сув, юракка санчгани пичоқ, темир йўлларда поездлар… Бизнинг даврамизга мансуб кишилар ўртасида бу йўлга қадам қўяётганлари борган сари кўпайиб бормоқда. Бундай қиладиган одамларнинг кўпчилиги ҳаётнинг авжи юксак пайтида, маънавий кучлари гуллаб-яшнаб турган кезларда, инсон тафаккурини таҳ-қирловчи одатлар ҳали табиатига сингишиб улгурмай, жонларига қасд қиладилар. Мен бу чоранинг энг муносиб чора эканини кўрдим ва ўзим ҳам шундай қилмоқчи бўлдим.
Тўртинчи чора ожизлик чорасидир. У шундан иборатки, ҳаётнинг ёвуз нарса эканини ва маъносизлигини англаб, одам яшашидан ҳеч нарса чиқмаслигини олдиндан билса-да, яшашда давом этаверади. Бу тоифа одамлар ўлим ҳаётдан афзалроқ эканини билишади, аммо оқилона иш қилишга, яъни тезроқ ёлғонга хотима қўйиб, ўзларини ўлдиришга кучлари етмаганидан, гўё бирор нарсани кутаётгандек юраверадилар. Ожизлик чораси ана шудир, негаки, агар мен яхшироқ чорани билсам ва уни амалга ошириш ўзимнинг ҳукмимда бўлса, нега энди шу яхшироқ чорани қилмаслигим керак?.. Мен шу тоифага мансуб эдим.
Шундай қилиб, менинг тоифамдаги одамлар бу даҳшатли зиддиятдан ана шу тўрт чора билан халос бўладилар. Мен ақлимни ишга солиб, ҳар қанча ўйлаб кўрмай, ана шу тўртта чорадан бошқасини тополмадим. Биринчи чора — ҳаёт маъносиз эканини, ёвуз ва беҳуда нарса эканини, ундан кўра яшамай қўя қолган маъқул эканини англамаслик. Мен буни билмаслигим мумкин эмас эди ва уни билганимдан кейин эса ундан кўз юммоғимнинг иложи йўқ эди. Иккинчи чора — ҳаёт қандай бўлса, шундайлигича қабул қилиб, келажакни ўйламай ундан истифода этиш. Мен буни ҳам қилолмасдим. Мен қарилик, изтироб, ўлим борлигини билиб туриб, Сакна-Мунига ўхшаб овга боролмасдим. Менинг хаёлотим ҳаддан зиёд кучли эди. Бундан ташқари, мен менинг ҳиссамга бир лаҳзалик ҳузур-ҳаловат ато этадиган бир дақиқалик тасодифдан ҳам мамнун бўлолмасдим. Учинчи чора — ҳаёт ёвуз ва маъносиз нарса эканини англаб, ўз жонига қасд қилмоқдир. Мен буни англаб етгандим, лекин нима учундир ҳадеганда ўзимга қўл кўтаролмаи келяпман.
Тўртинчи чора — Сулаймон пайғамбар ва Шопенгауэр ҳолатида яшаш, яъни ҳаёт менга нисбатан қилинган бир бемаъни, таҳқирли ҳазид эканини билиб туриб, яшашда давом этишдир. Ҳеч нарса бўлмагандай яшайверасан, ҳар куни бет-қўлингни ювасан, кийимларингни киясан, тушлик қиласан, гап сотасан ва ҳатто, китоблар ёзасан. Бу мен учун турган-битгани азоб-уқубат эди, ўз-ўзимдан ижирғанар эдим, лекин шу аҳволда қолишда давом этардим.
Эндиликда бир нарсани кўриб турибман — агар мен ўзимни ўзим ўлдирмаган бўлсам, бунинг сабаби шундаки, юритган мулоҳазаларимда алланечук адолатсизлик бор эканини ғира-шира ҳис қилардим. Ҳаётнинг маъносизлигини тан олишга олиб келган менинг мулоҳазаларимнинг ва донолар мулоҳазаларининг мантиғи ҳар қанча ишончли ва шубҳасиз туюлмасин, менда ўз мулоҳазаларимнинг ибтидоси чинлигига аллақандай шубҳа сақланиб қолган эди.
Бу шубҳа қуйидагича эди: мен ўз ақлим билан ҳаётнинг бемаъни эканини эътироф этдим. Агар олий тафаккур бўлмаса (бундай тафаккур йўқ ва ҳеч нарса унинг борлигини исбот қилиб беролмайди), унда оддий тафаккур мен учун ҳаётнинг ижодкоридир. Агар менинг тафаккурим бўлмаса, мен учун ҳаёт ҳам бўлмас эди. Аммо тафаккурнинг ўзи, ақлнинг ўзи ҳаётнинг ижодкори бўлса, у қандай қилиб, нечук ҳаётни инкор этади. Ёки бошқа томондан олиб кўрайлик: агар ҳаёт бўлмаса эди, менинг тафаккурим, ақлим ҳам бўлмас эди. Бинобарин, ақл — ҳаётнинг фарзанди экан-да! Ҳаёт — ҳамма нарса. Ақл ҳаётнинг самараси ва шу ақл ҳаётнинг ўзини инкор этади. 5у ўринда нимадир жойида эмаслигини, алланечук хатолик борлигини ҳис қилардим. «Ҳаёт маъносиз ёвузликдир, бунга шак-шубҳа йўқ», — дердим мен ўзимга-ўзим. Аммо мен яшаб келдим, яшаяпман, бутун инсоният яшаб келди ва яшамоқда. Нечук шундай? Яшамай қўя қолса ҳам бўлаверадиган бир ҳолда у нима учун яшайди?
Нима бало, биз Шопенгауэр билан иккимиз шу қадар дономизки, ҳаётнинг маъносизлигини ва ёвуз нарса эканини фақат икковимиз тушундикми?
Ҳаётнинг ўткинчилиги, беҳудалиги ҳақидаги мулоҳазалар унчалик мураккаб эмас, энг оддий одамлар ҳам кўпдан бери шундай мулоҳаза юритишади ва яшашда давом этишади. Қандоқ бўлди? Улар яшашда давом этавериб, ҳаётнинг ақлга мувофиқлигига шубҳа қилишни ҳеч қачон хаёлларига келтирмайдими?
Доноларнинг донолари томонидан маъқулланган менинг билимим туфайли кашф қилдимки, бу дунёда ҳамма нарса — органик дунё ҳам, ноорганик дунё ҳам ҳаддан ташқари оқилона тартибга эга, фақат биргина менинг аҳволим бемаъни, холос. Бу тентаклар эса, яъни оддий одамларнинг кўпчилиги оламда органик ва ноорганик дунё қандай тартибланганидан бутунлай бехабар, лекин шундай яшашадики, гўё уларга Ҳаётлари ҳаддан ташқари ақлга мувофиқ тартиблангандай туюлади.
Шунда бирдан миямга бир фикр келди — балки мен бирон нарсадан бехабардирман? Ҳали билиб улгурмаган бирон синоат бордир? Ахир билимсиз одам ҳам шундай қилади-ку? Билимсизлик ҳамма вақт шундай дейди-ку? Агар у бирон нарсани билмаса, билмаган нарсасини бемаъни, аҳмоқона нарса деб атайди. Бундан келиб чиқадики, инсониятни яхлит оладиган бўлсак, у ўз ҳаётининг маъносини англаб етгандай шу пайтгача яшаб келди ва яшамоқда, агар уни англамаганида, тушуниб етмаганида инсоният яшай олмасди, мен бўлсам, бу ҳаётни бошдан-оёқ маъносиз деяпман ва яшай олмайман, деб нола чекяпман.
Ҳаётни инкор этишга Шопенгауэр икковимизга ҳеч ким халақит бермайди. Ундай бўладиган бўлса, ўзингни ўлдир-қўй, мулоҳаза юритмайсан. Яшашда давом этиб, ҳаётнинг маъносини тушуна олмас экансан, ҳадеб типирчилашни бас қил, ҳаётни англай олмаяпман, деб гап сотишларни, нола чекишларни бас қил. Бирор қувноқ даврага тушиб қолсанг, кўрасанки, ҳамма шоду хуррам, ҳамма нима қилаётганини яхши билади, сенга эса ёқмайди, зерикасан, сиқиласан. Ўрнингдан тур-да, кет.
Ахир чиндан ҳам, кимлармиз биз ўзимиз? Ўз-ўзимизни ўлдиришимиз зарур эканига амин бўлсак-да, уни амалга оширишга қурбимиз етмаса? Энг ожиз, энг бетайин одамлар эмасмизми? Бошқача айтганда, девона тўрвасини ҳаммага пешкаш қилганидай тентаклигимизни ҳаммага кўз-кўз қилувчи уччига чиққан бемаъни одамлар эмасмизми?
Ахир, донолигимиз ҳар қанчалик чин бўлмасин, биз шу донолигимиз ёрдамида ҳаётимизнинг маъносини била олмадик-ку? Ҳарҳолда яшаб келаётган инсоният — миллионлаб одамлар ҳаётнинг маъносига шубҳа қилмайди.
Ҳақиқатан ҳам, мен озми-кўпми бирор жиҳатини биладиган ҳаёт пайдо бўлган қадим-қадим замонлардан бери одамлар ҳаётнинг беҳудалиги, ўткинчилиги ҳақидаги мулоҳазадан хабардор ҳолда яшаб келяпти. Бу мулоҳаза менга ҳаётнинг маъносизлигини кўрсатди, ҳолбуки одамлар унда қай бир маъно бор деб биладилар. Одамлар бирон-бир тарзда ҳаёт кечира бошлаган замонлардан бери улар ҳаётнинг маъносидан воқиф бўлганлар ва шу воқифлик билан бизнинг кунларимизгача яшаб келдилар. Менда ва менинг теварагимда нимаики мавжуд бўлса, буларнинг бари уларнинг ҳаётни билиши самарасидир. Мен бу ҳаётни муҳокама қилишда ва қоралашда муайян фикр қуролларидан фойдаланаман. Бу қуролларнинг барини мен эмас, улар яратган. Мен ўзим ҳам улар туфайли туғилдим, ўсдим-улғайдим, балоғатга етдим. Улар ер қаъридан темир қазиб чиқаришди, ўрмон кесишни ўрганишди, сигирларни қўлга ўргатишди, отларни ўргатишди, экин экишни ўрганишди, биргаликда яшашни ўрганишди, ҳаётимизни тартибга солишди, мени ўйлашга, гапиришга ўргатишди. Мен бўлсам, улар барпо этган боғнинг меваси бўла туриб, уларнинг тузини еб, сувини ичиб улғайиб, улардан ўрганиб, уларнинг фикрлари ва сўзлари билан фикр қилиб, уларга хаёллари маъносиз нарса эканини исботламоқчи бўлиб юрибман! «Бунда алланечук хато бор, — дейман ўз-ўзимга. — Нимададир адашяпман». Аммо бу хато нимада эканини, нимада адашаётганимни сира топа олмасдим.
VIII
Бу шубҳаларимнинг барини мен ҳозирга келибгина бир-бирига боғлаб, маъноликкина қилиб айтиб беряпман. У пайтларда бундай гапириб беролмасдим. У пайтларда менинг ҳаётнинг беҳудалиги ҳақидаги хулосаларим мантиқан ҳар қанча муқаррар кўринмасин, энг буюк мутафаккирларнинг мулоҳазалари билан тасдиқланмасин, уларнинг қай бир жиҳатлари менга анча носоздай кўринарди. Бу носозлик мулоҳазаларнинг ўзидами ёхуд масаланинг қўйилишидами — буни билмасдим, фақат ҳис қилардимки, унинг мантиқий ишонтириш кучи бениҳоя мукаммал, фақат бу кифоя эмас. Бу далилларнинг ҳаммаси мени инонтириб, ҳаракат қилишга мажбур этолмади, яъни мен мулоҳазаларимдан келиб чиқадиган ишни бажармадим — ўзимни ўзим ўлдирмадим. Агар бу ерда мен ақлимни ишга солиб, мантиқий мулоҳазалар йўли билан шу хулосага келдим ва ўзимни ўзим ўлдирмадим десам ёлғон гапирган бўлар эдим. Тафаккурим ишлаб турганди, лекин у билан бирга яна бошқа нимадир ишлаб турганди. Мен уни фақат биргина йўсинда ҳаёт туйғуси деб атай оламан, холос. Яна шундай бир куч ишлаб турган эдики, бу куч бошқа бир нарсага эмас, балки айни шу нарсага диққатимни жалб қилишга мажбур этди ва мени ночор тушкунлик аҳволидан олиб чиқиб, фикрларимни бутунлай бошқа бир йўналишга солиб юборди. Бу куч мени эътибор беришга мажбур қилдики, мен ўзимга ўхшаган юзларча одам билан ҳали жамики инсониятни ташкил қилмаймиз, мен ҳали инсониятнинг ҳаётидан бутунлай бехабарман, уни билмайман.
Менинг теграмни жипс қуршаб олган тенгкурларимга қараб, мен шундай одамларнигина кўрардимки, улар ё масалани тушунмас эдилар, ё масалани тушунар эдилару, бу тушунганларини пиёнисталик дудларига кўмишга уринишарди; ё масалани тушуниб, яшашларига чек қўйишарди ёки масалани англаб, ожизликлари сабабидан ноумидлик ва ночорлик қўйнида кунларини кўришда давом этардилар. Бошқача одамларни кЎрганим йўқ. Мен унча кўпчиликни ташкил Қилмайдиган ўқимишли, бадавлат ва бекорчихўжа одамлар тоифасига мансуб эдим ва ўйлардимкц ана шу тоифа бутун инсониятни ташкил қиладц қолганлар, миллиард-миллиард яшаб ўтганлар ва яшаётганларга эса шунчаки бир гап, улар одам эмас аллақандай жониворлар…
Ҳозирда менга жуда ғалати, ақл бовар қилмайдиган даражада тушуниш қийин бўлиб туюлади — қандай қилиб мен ҳаёт ҳақида мулоҳаза юрита туриб, теварак-атрофимни ҳар томондан қуршаб олган инсониятнинг ҳаётини кўрмай қолдим экан? Қандай қилиб мен шу даражада кулгили хато қилдимки, ўзимнинг ҳаётимни, Сулаймон пайғамбар, Шопенгауэрлар ҳаётини чинакам ҳаёт, дуруст ҳаёт деб ўйладим-у, миллиардлаб одамларнинг ҳаётини диққатга арзимайдиган бир нарса деб ҳисобладим. Буларнинг бари бугун менга ҳар қанча ғалати туюлмасин, эътироф этишим керак — ўша пайтда шундай ўйлаган эдим. Мутакаббирлигим ақлимни кўр қилиб қўйган экан ўшанда. Шу сабабдан биз Сулаймон пайғамбару Шопенгауэр билан бирга масалани жуда тўғри ва чинакамига қўйдик, бошқа ҳеч қанақа гап бўлгани йўқ, бунга заррача шак-шабҳа бўлиши мумкин эмас, яна шуниси шубҳасизки, анави миллиард-миллиард одамлар ҳали масаланинг бутун моҳиятини тушуниб оладиган даражага етиб борган эмас, деб ўйлабман. Ва бирор марта ўйлаб кўрмабманки, «дунёда яшаб ўтган ва яшаётган миллиард-миллиард одамлар ўз ҳаётларининг маъносини нимада кўрганлар ва ҳозир нимада кўрадилар?»
Мен шу телбалик қучоғида анча узоқ яшадим. Бу телбалик сўзда эмас, балки амалда. У бизга, яъни энг либерал ва ўқимишли одамларга хос. Аммо менда ҳақиқий ишчи халқига нисбатан аллақандай ғалати муҳаббат бор — шу муҳаббат мени ишчиларни англашга ва улар биз ўйлаганчалик аҳмоқ эмаслигини кўришга мажбур қилади. Билмадим, шу сабаб бўлдими ёки ўзимни осмокдан бошқа нарсага кучим етмаслигига, мен учун энг яхшиси шу эканига астойдил ишонганим сабаб бўлдими — билмадим, ҳарҳодда, мен агар яшамоқни истасам ва ҳаётнинг маъносини билмоқчи бўлсам, мен ҳаёт маъносини, аллақачон бу маънони йўқотиб қўйиб, ўзини-ўзи ўлдириш қасдида юрганлар орасидан эмас, балки яшаган ва яшашда давом этаётган, яшаганда ҳам, ўз емакларида, ҳам ўз ҳаётларининг, ҳам бизнинг ҳаётимизнинг юкини кўтариб бораётган миллиард-миллиард ўтган ва ҳаёт одамлардан излашим кераклигини ҳис қилдим. Шунда мен яшаб ўтган ва яшашда давом этаётган одамларнинг, олим эмас, бадавлат эмас, оддий одамларнинг ҳаётига ўгирилиб қарадим ва бутунлай бошқа бир манзарани кўрдим. Шунда ана шу ўтмишда яшаб ўтган ва ҳозир яшаётган миллиард-миллиард одамлар — жуда оз қисмини истисно қилмаганда — менинг таснифимга тўғри келмаслигини, мен уларни масалани тушунмайдиганлар тоифасига киради, деб Ҳисоблай олмаслигимни кўрдим. Қўша олмаслигимнинг боиси шунда эдики, уларнинг ўзлари масалани қўйишар ва ҳайрон қоладиган даражада равшанлик билан унга жавоб беришарди. Уларни айш-ишратга муккасидан кетган одамлар деб ҳам эътироф эта олмасдим, чунки уларнинг ҳаётида ҳузур-ҳаловатдан кўра муҳтожликлар ва азоб-уқубатлар кўпроқ эди; уларнинг маъносиз ҳаётини ғайришуурий тарзда бир амаллаб кечириб турган одамлар сирасига ҳам ҳеч қўша олмасдим, чунки улар ҳар қандай ҳаёт ҳодисасини ва ўлим ҳолларини изоҳлаб беришади. Ўз-ўзини ўлдиришни эса энг катта қабоҳат деб биладилар. Шундай бўлиб чиқардики, бутун инсоният ҳаётнинг маъносини билади, лекин мен бу маънони тан олмайман ва ундан нафрат қиламан. Шундай бўлиб чиқардики, оқилона билим ҳаётнинг маъносини бермайди, ҳаётни истисно этади, миллиардлаб одамлар томонидан, бутун инсоният томонидан ҳаётга бериладиган маъно эса аллақандай сохта, лаънатланган билимга асосланарди.
Оқилона билим олимлар ва донишмандлар шахсиятида ҳаётнинг маъносини инкор этади, миллионлаб одамлар, кенг халқ оммаси, бутун инсоният эса нооқилона билимда бу маънони тан олади. Ана шу нооқилона ёхуд ғайришуурий билим иймон бўлиб чиқяптики, мен уни назардан соқит қилолмайман. Бу Худо, унинг ўғли, Муқаддас Руҳ, дунёнинг олти кунда яралгани, шайтонлар ва фаришталар ва мен ақлдан озгунимга қадар сира қабул қилолмайдиган бошқа ҳамма нарсалар.
Менинг аҳволим жуда ҳам ёмон эди. Мен билардим — мен оқилона билим йўлида ҳаётни инкор этишдан бошқа ҳеч нарса тополмайман, иймонда эса ақлни инкор этишдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Ақлни инкор этиш эса ҳаётни инкор этишдан кўра қийинроқ. Оқилона билимга кўра шундай хулоса чиқардики, ҳаёт ёвуз нарса, одамлар буни билади, яшаш-яшамаслик одамларга боғлиқ, улар эса яшашда давом этишади, мен ҳам гарчи ҳаётнинг маъноси йўқлигини ва у ёвуз царсалигини кўпдан бери билсам-да, яшашда давом этяпман. Иймонга кўра шундай хулоса чиқар эдики, агар мен ҳаётнинг маъносини англамоқчи бўлсам, ўзи маънога муҳтож бўлган ақддан бош тортмоғим даркор эди.
IX
Ғалати зиддият. Ундан қутулишнинг фақат икки йўли бор: ё мен ақлга мувофиқ деб билган, оқилона нарса деб ҳисоблаганим мен ўйлаганча оқилона эмас ёхуд менга ноақлий бўлиб туюлган, ғайришуурий деб ҳисобланган нарса, менга туюлган даражада ноақлий эмас. Шундан кейин мен оқилона билимим мулоҳазаларининг мантиғини текшира бошладим.
Оқилона билимим мулоҳазаларининг мантиғини текширар эканман, улар менга мутлақо тўғри бўлиб кўринди. Ҳаёт ҳеч нарса экани тўғрисидаги хулоса муқаррар эди, бироқ мен шу ўринда бир хатони кўрдим. Хато шунда эдики, менинг фикрлашим ўзим қўйган масалага мувофиқ эмас эди. Масала бундай эди: мен яшаб нима қиламан? Яъни менинг ўткинчи, бебақо, маҳв этилажак ҳаётимда қандай чин нарса чиқади? Бу чексиз дунёда менинг чекланган ҳаётимдан қандай маъно чиқади? Бу саволларга жавоб бериш мақсадида мен ҳаётни ўргандим.
Қўйилиши мумкин бўлган ҳаёт масалаларининг барини ҳал қилсам-да, бу мени қаноатлантирмаслиги мумкин эди, чунки менинг саволим бошда қанчалик жўн кўринмасин, чекланган нарсани чексиз нарса билан ва, аксинча, изоҳлаб бериш талабини ўз ичига олар эди.
Менинг саволим бундай эди: менинг ҳаётимнинг ғайризамоний, ғайрисабабий ва ғайрифазовий қиммати қандай? Бу саволга эса мен бундай жавоб берардим: менинг ҳаётимнинг замоний, сабабий ва фазовий қиммати қанақа? Шундай бўлиб чиқдики, хўп ақлимни ишлатиб узоқ вақт қийналганимдан кейин мен «ҳеч қанақа» деб жавоб бердим.
Мен мулоҳазаларимда доимий тарзда чекланган нарсасини чекланганга, чексиз нарсани чексиз нарсага тенглаштириб қўярдим. Бошқача қилишга иложим ҳам йўқ эди. Шу сабабдан менинг мулоҳазаларимдан чиқиши керак бўлган хулосалар чикди, холос. Яъни куч кучдир, жисм жисмдир, ирода иродадир, ҳечлик ҳечликдир. Бундан ортиқ бирон нарса чиқиши мумкин эмас эди.
Математикада бўладиганга ўхшаш бир воқеа рўй берган эди — унда тенгламани ҳал қиляпман, деб ўйлайсану, айниятни ҳал қилган бўлиб чиқасан. Мулоҳазаларинг мантиқан тўғри, лекин жавоб А = А, Х = Х ёки 0 = 0 бўлиб чиқади. Ҳаётимнинг қиммати масаласига тааллуқли мулоҳазаларимнинг натижаси ҳам шундай бўлиб чиқди. Ҳамма илмларнинг бу саволга берадиган жавоби айниятдан иборатдир.
Ҳақиқатан ҳам, қатъий оқилона илм шундай илмки, у ҳаёт саволига мен топган жавобдан, яъни мужмал жавобдан бошқа жавоб бера олмайди. Чунки бундай илм худди Декарт қилгани каби ишни ҳамма нарсага шак келтиришдан бошлайди, шунчаки тўғри деб қабул қилинган ҳар қандай тахминий билимларни улоқтириб ташлайди ва ҳамма нарсани бошидан ақл ва тажриба қонунлари асосида қайтадан кўриб чиқади. Аввал-бошда менга шундай туюлдики, илм мусбат жавоб берди. Бу Шопенгауэр чиқарган хулоса эди, яъни ҳаёт маъносиз нарса, у ёвуз нарса. Лекин масалани таҳлил қилиб кўрдимки, ясавоб мусбат эмас экан. У менга шундай бўлиб туюлган экан, холос. Аслини олганда эса бу ясавоб брахманларда, Сулаймон пайғамбарда, Шопенгауэрда ифодалангандек қатъий тарзда ифодаланадиган бўлса, фақат мужмал жавобдир. 0 = О деган айниятдир: менга ҳеч нарса бўлиб кўринган ҳаёт ҳеч нарсадир. Шундай қилиб кўринадики, фалсафий билим ҳеч нарсани инкор қилмайди, у фақат бу масалани фалсафа ҳал қила билмайди, мабодо ҳал қилмоқчи бўлса, жавоби мужмал бўлади, деб жавоб беради.
Буни тушунгач, яна шуни тушундимки, оқилона илмлардан менинг саволимга жавоб излаб бўлмас эди, оқилона илмлар томонидан бериладиган жавоб масала бошқача қўйилган тарздагина, фақат мулоҳазалар доирасига чексиз нарсага чекланган нарсанинг муносабати ҳақидаги масала жалб қилинган тақдирдагина жавоб олиш мумкинлигига ишора бўларди, холос. Мен яна англадимки, дин томонидан бериладиган жавоблар ҳар қанча ақлга номувофиқ ва хунук бўлмасин, улар бир афзалликка эга: уларда ҳар бир Жавобга чекланган нарсанинг чексиз нарсага муносабати киритилган. Ахир, бусиз жавобнинг бўлиши мумкин эмас-да! Мен «қандай яшамоғим Керак?» деган саволни қўйишим билан «Худонинг қонунларига амал қилиб» деган жавобни оламан. «Менинг ҳаётимдан қанақа бир чинакам нарса келиб чиқади?» деган сўроққа «Мангу азоб-уқубат ёки мангу роҳат-фароғат» деган жавоб оламан. «Ҳаётимда ўлим маҳв этолмайдиган қандай маъно бор?» «Ҳақнинг жамолига эришиш, чексиз Худога қўшилиш, жаннат».
Шундай қилиб, авваллари оқилона билимлар менга ягона нарса сифатида туюларди, энди эса муқаррар тарзда шуни эътироф этишга мажбур бўлдимки, ҳозир ҳаёт кечираётган жамики инсониятда яна бошқа аллақандай билим бор — бу нооқилона билим — иймон. Шу иймон яшашга имкон беради. Мен ҳозир ҳам худди аввалгидай иймоннинг бутун нооқилона хислатини кўриб турардим, лекин мен фақат иймонгина инсониятга ҳаёт масалаларига жавоб беришини ва шунинг оқибатида яшашга имкон беришини тан олмаслигим мумкин эмасди.
Оқилона билим мени ҳаётнинг маъносизлигини тан олишга олиб келди, менинг ҳаётим тўхтаб қолди ва мен ўзимга суиқасд қилиш йўлига тушиб қолдим. Теварак-атрофимдаги одамларга, бутун инсониятга ўгирилиб қараб турдимки, одамлар яшаяпти ва ҳаётнинг маъносини биламиз дейишяпти. Ўзимга ўгирилиб қарадим: мен ҳаёт маъносини билганим даражада яшаган эканман. Бошқа одамларга ўхшаб менга ҳам ҳаётнинг маъносини ва яшаш имконини иймон берган экан.
Ундан нарига ўгирилиб, бошқа мамлакатларнинг менга замондош ва ўтиб кетган одамларига қараб ҳам яна ўша аҳволнинг ўзини кўрдим. Қаердаки ҳаёт бўлса, ўша жойда инсоният пайдо бўлгандан бери унга яшаш имконини берадиган иймон бор. Ва иймоннинг асосий белгилари ҳамма жойда ва ҳамиша бир хил.
Ҳар қандай иймон кимга бўлмасин ва қандай бўлмасин жавоб берган бўлса, иймоннинг ҳар қандай жавоби инсоннинг чекланган ҳаётига чекланмаган нарсанинг маъносини бахш этади ва бу маънони азоб-уқубатлар, муҳтожликлар, ўлим маҳв этолмайди. Бинобарин, фақат иймондагина ҳаётнинг маъносини ва яшаш имконини топиш мумкин. Шунда англадимки, сўзнинг энг муҳим маъносида олиб қарасак, иймон «кўз илғамас буюмларни» ва ҳоказоларни фош қилишгина эмас, кароматгина эмас (бу иймоннинг сифатларидан бирининг тасвири, холос), инсоннинг Худога муносабатигина эмас (Худо орқали иймонни белгилаш керак эмас, аввал иймонни белгилаб олиб, сўнгра Худони белгилаш лозим), кўпинча иймонни мана бундай тушун, деб одамга айтилган гапларга қўшилишгина эмас, балки иймон инсон ҳаётининг маъносини билишдир ва шу билими важидан инсон ўз-ўзини маҳв этмайди, балки яшайди. Иймон ҳаётнинг қудратидир. Инсон яшар экан, у бирор нарсага ишонади, иймон келтиради. Агар у «нима учундир яшамоқ керак» деб бирон нарсага ишонмаса, иймон келтирмаса, унда у яшамас эди. Агар у чекланган нарсани кўрмаса ва унинг хаёлий бир нарса эканини англамаса, у ана шу чекланган нарсага ишонарди; агар у чекланган нарсанинг хаёлий эканини англаса, унда у чексиз нарсага ишонмоғи керак. Иймонсиз яшаб бўлмайди.
Шунда мен ичимдан кечганларнинг ҳаммасини эслаб, даҳшатга тушдим. Энди менга бир нарса аён эди — инсон яшай олмоғи учун у ё чексиз нарсани кўрмоғи керак ёки ҳаёт маъносини шундай тушунмоғи керакки, бунинг натижасида чекланган нарса чексиз нарсага тенг деб ҳисобланмоғи шарт. Менда шундай тушунча бор эди, бироқ мен чекланган нарсага ишонар эканман, унинг менга кераги йўқ эди. Шунда мен уни акд тарозисида текшира бошладим. Ақл тарозисига солиб кўришим билан аввалги изоҳларимнинг ҳаммаси тирқираб кетди. Аммо фурсати етиб, мен чекланган нарсага ишонмай қўйдим. Шунда мен оқилона асосларга таяниб, билганларимдан шундай изоҳ туза бошладимки, бу изоҳ ҳаётнинг маъносини уқтирмоғи керак эди. Аммо ҳеч нарсани тузиб бўлмади. Инсониятнинг энг етук мутафаккирлари билан бирга мен 0 = 0 деган хулосага келдим ва бунақа хулосага келганимни кўриб роса ҳайрон бўлдим. Ҳолбуки, ўшанда бошқа ҳеч қанақа хулосага келиб бўлмас эди.
Тажрибага асосланган билимлардан жавоб излаганимда мен нима қилган эдим? Мен нима учун яшаётганимни билмоқчи бўлган эдим ва бунинг учун ўзимдан ташқаридаги ҳамма нарсани ўрганишга тутингандим. Равшанки, мен жуда кўп нарса билмоғим мумкин эди, аммо ўзимга керак ҳеч нарсани билолмас эдим.
Фалсафий билимлардан жавоб излаганимда нима қилган эдим? Менинг аҳволимга тушиб қолган, менга ўхшаб «нима учун яшаяпман?» деган саволга жавоб тополмаган одамларнинг фикрларини ўргандим. Равшанки, мен ўзим билган нарсадан, яъни «ҳеч нарсани билиб бўлмайди» деган хулосадан бошқа ҳеч нарсани била олмас эдим.
Мен нимаман ўзи? Чексиз нарсанинг бир қисмиман. Масаланинг бутун моҳияти ана шу йКки сўзда ифодаланган. Наҳотки фақат кечаги кундан бошлабгина инсоният бу масалани ўз олдига кўндаланг қўйган бўлса? Наҳотки, менга қадар ҳеч ким ана шу жўн саволни, ҳар бир ақлли болакайни тилининг учида турадиган шу саволни ўзига ўзи бермаган бўлса?
Ахир бу масала одамзод бино бўлган замонлардаёқ қўйилган, одамлар бино бўлган замонларданоқ англашилганки, бу масалани ҳал қилмоқ учун чекланган нарсани чекланган нарсага ва чексиз нарсани чексизга тенглаштирмоқ бирдай кифоя эмас ва одамлар бино бўлган замонлардаёқ чекланган нарса билан чексиз нарсанинг муносабатлари топилган ва ифодаланган.
Чекланган нарса чексиз нарсага тенглаштирилган ва бунинг оқибатида ҳаётнинг маъноси келиб чиқадиган тушунчаларни, Худо, эркинлик, яхшилик тушунчаларини биз мантиқан тадқиқ қиламиз. Унда бу тушунчалар ақл танқидига дош беролмайди. Биласизми, бу нимага ўхшайди? Биз бола каби ҳаддан ташқари ўзимизга-ўзимиз мағрур бўлиб, ўзимиздан-ўзимиз мамнун бўлиб, соатни оламиз-да, бутун ичак-чавоғини ағдариб кўрамиз, қўғирчоқдек уни хўб ўйнаймиз,. кейин эса соат юрмай қолганидан роса ҳайратга тушамиз. Бу аҳвол жуда даҳшатли бўлмаганида ҳаддан зиёд кулгили бўларди.
Чекланган нарса билан чексиз нарса ўртасидаги зиддиятни ҳал қилиш ва ҳаёт саволига яшашга имкон берадиган жавобни топиш керак. Бу ечим бор. Бу ечим ҳамма вақт, ҳамма жойда ва ҳамма халқларда бўлган. Бу ечим замонлар қаъридан келиб чиқади, у шу қадар қийин ечим-ки, биз ўзимиз сира ҳам бундай ечимга кела олмаймиз. Ана шу ечимни ўзимиз кунпаякун қиламиз, бундан мақсад ўша ҳаммага хос ва биз учун жавобсиз саволни яна қўйишдир.
Чексиз Худо тушунчаси, руҳнинг илоҳийлиги, одамзод қилмишларининг Худога боғлиқлиги, яхшилик ва ёмонлик, маънавият тушунчалари инсоният ҳаётининг кўзларимиздан яширин олисликлари қаърида ишлаб чиқилган тушунчалардир. Бу тушунчаларсиз ҳаётнинг бўлиши ҳам, менинг ўзимнинг бўлишим ҳам мумкин эмас. Мен бўлсам, бутун инсоният бажарган бу ишни итқитиб ташлаб, ҳаммасини бошқатдан ўз билганимча қилмоқчи бўлиб юрибман.
У пайтларда мен ҳали бунақа деб ўйламас эдим, аммо бу фикрлар миямда уч бера бошлаган эди. Мен, биринчидан, шуни тушунардим-ки, ҳар қанча донолигимизга қарамай, биз Шопенгауэр ва Сулаймон пайғамбар учовимиз ғоятда бемаъни аҳволга тушиб қолганмиз: биз ҳаётнинг ёвуз нарса эканини биламиз, биламиз-у, яшашда давом этаверамиз. Бу уччига чиққан бемаънилик эмасми? Мен жамики оқилона нарсани ҳаддан зиёд яхши кўраман, шундоқ бўлгач, ҳаёт бемаъни бўлса, ҳаётни маҳв этиш керак. Ўшанда уни инкор этадиган одам қолмайди. Иккинчидан, мен шуни тушунардимки, бизнинг ҳамма мулоҳазаларимиз беҳуда айланаётган ғилдиракдай боши берк кўча ичида айланиб қолган. Биз ҳар қанча яхши мулоҳаза юритмайлик, масалага жавоб ола олмаймиз, оладиган жавобимиз ҳамиша О = О бўлади, сабабки, биз танлаган йўл, афтидан, хато бўлса керак. Учинчидан, шуни тушуна бошладимки, иймон томонидан бериладиган ясавобларда инсониятнинг жуда теран донолиги мавжуд, ақл асосида уларни инкор этишга мен ҳақли эмасман. Энг муҳими эса фақат шу жавоблардагина ҳаёт саволларига жавоб мавжуд.
Мен буни тушунардим, лекин бундан ҳеч қанча енгиллик кўрмадим.
Мен энди ҳар қандай иймонни қабул қилишга тайёр эдим, фақат бу иймон мендан ақлни бевосита инкор этишни талаб қилмаса бўлди. Негаки, бундай қилинса, ёлғон бўларди. Шу тарзда мен китоблардан буддизмни ҳам, исломни ҳам ўргандим, ҳаммадан кўра кўпроқ ҳам китоблардан, ҳам атрофимни қуршаб олган одамларнинг ҳаётидан христианликни ўргандим.
Табиийки, мен ҳаммадан аввал ўз даврамга мансуб художўй одамларга, олим одамларга, православ диншуносларга, қари монахларга, янги йўналишдаги православ диншуносларга ва ҳатто тавба-тазарру билан гуноҳлардан покланишни тарғиб қилувчи янги христиан деб аталмиш тоифадаги художўйларга мурожаат қилдим.. Мен уларнинг этакларидан маҳкам ушлаб олиб, улардан иймонлари қанақа эканини, ҳаётнинг маъносини нимада кўришларини суриштирдим.
Турли-туман масалаларда уларга имкони борича ён берганимга, ҳар хил баҳсу мунозаралардан ўзимни тийганимга қарамасдан мен бу одамларнинг иймонларини қабул қилолмас эдим, чунки кўриб турардимки, улар иймон деб атаётган нарса ҳаётнинг маъносини ойдинлаштирадигац эмас, аксинча хиралаштирадиган нарса эди. Уларнинг ўзлари ҳам иймонларини қаттиқ тутган бўлсалар, буни мени иймонга олиб келган ўша ҳаёт саволига жавоб бериш учун эмас, балки аллақандай бошқа, менга бегона мақсадлар йўлида қилишган эди.
Бу одамлар билан мулоқотга киришганда неча марталаб менинг қалбимда умид чўғлари ялтиллади. Шу умид чўғларидан кейин яна аввалги тушкунлик, иложсизлик ҳолатига қайтиш мен учун жуда ҳам изтиробли бўлди. Улар менга ўз диний эътиқодларини қанча кўпроқ ва батафсилроқ баён қилиб берсалар, мен уларнинг хатоларини нгунча равшанроқ кўрар ва уларнинг иймонларида ҳаёт маъносининг изоҳини топаман, деган умидларим чиппакка чиқаётганини ҳис қилардим.
Менинг ҳафсаламни пир қилган нарса бу одамларнинг ўз диний эътиқодларини баён қилиб беришаётганида мен учун ҳамиша яқин бўлган христиан ҳақиқатларига жуда кераксиз ва ноақлий нарсаларни қўшиб юборганлари бўлмади; йўқ, ҳафсаламни пир қилган нарса бу эмас; мени бездирган нарса шу бўлдики, бу одамларнинг ҳаёти ҳам худди меникига ўхшаш эди. Фақат фарқи шундаки, уларнинг ҳаёти ўзлари диний эътиқодларини баён қилиб айтган қоидаларига мос келмасди. Мен аниқ ҳис қилдимки, улар ўзларини ўзлари алдаяпти ва улар ҳам ўша мен билган ҳаёт маъносидан бошқа маънони билишмайди, яъни умринг ўтаётган экан, яшайвер, ҳаёт неъматларидан имконинг етганча истифода қилабер. Мен буни шунга қараб англадимки, агарда улар азоб-уқубатлар, муҳтожликлар ва ўлимдан қўрқишни маҳв этадиган маънони билганларида, булардан қўрқмаган бўлардилар. Ҳолбуки улар, яъни менинг даврамга мансуб бўлган бу художўйлар худди менга ўхшаб тўқ ва фаровон турмуш кечиришар, нгу фаровонликни кўпайтириш ва сақлаб қолиш ғамини ейишар, муҳтожлиқдан, изтироблардан, ўлимдан қўрқишар ҳамда динга ишонмайдиган бизларга ўхшаб энг ярамас нафсларининг гапига кириб ҳаёт кечиришарди, биз — динга ишонмайдиганлардан кўра улар кўпроқ гуноҳ ботқоғига ботиб кетишган эди.
Ҳеч қанақа мулоҳазалар мени уларнинг иймони чин эканига ишонтиролмасди. Мени ишонтириши мумкин бўлган биргина нарса бор эди — уларнинг хатти-ҳаракатлари шундан далолат берсаки, ҳаётнинг маъносини билишади; бу билиш эса уларга мен учун қўрқинчли бўлган қашшоқлик, изтироб ва ўлимдан тап тортмасликка имкон беради. Бизнинг даврамизга мансуб бўлган бу турфа хил художўйлар орасида эса мен бундай хатти-ҳаракатни кўрмадим. Аксинча, бундай хатти-ҳаракатларни мен бизнинг даврамизга мансуб бўлган динга ишонмайдиган одамлар орасида кўрдим, лекин бизнинг даврамизга мансуб художўйлар орасида эса зинҳор-базинҳор кўрмадим.
Шунда мен тушундим — бу одамларнинг иймони мен излаган иймон эмас, уларнинг иймони, Умуман, иймон эмас, балки ҳаётдаги ишратбозлик таскинларидан бири, холос. Мен яна англадимки, бу иймон, балки таскинликка ярамасд ҳам, ўлим тўшагида ётиб, жамики гуноҳларц учун тавба-тазарру қилаётган Сулаймон пайғамбарни жиндай хотиржам қилишга ярар, лекин у кўпчилик одамлар учун сира ярамайди, чунки бу одамларнинг зиммасида бошқаларнинг меҳнатларидан фойдаланиб, вақтичоғлик қилиш эмас, ҳаётни барпо этиш вазифаси ётади. Бутун инсоният яшамоғи мумкин бўлсин учун, ҳаётга маъно бахш этиб, яшашни давом эттириш мақсадида яшамоғи учун, улар — ана шу миллиардлар бошқа, чинакам иймонни билмоқлари керак бўлади. Ахир, иймоннинг мавжудлигига мени ишонтирган нарса — Сулаймон пайғамбар билан Шопенгауэр учовимизнинг ўзимизни ўзимиз ўлдирмаганимиз бўлгани йўқ, балки миллиарддаб одамларнинг ҳаёт кечириб келгани ва ҳамон яшаётгани, мен билан Сулаймон пайғамбарларни ўз ҳаёт тўлқинларида кўтариб’ келганлари бўлди.
Шунда мен қашшоқ, оддий ўқимаган художўйлар билан, турли-туман дарвешлар, монахлар, мужиклар билан топиша бошладим. Халқдан чиққан бу одамлар ҳам худди бизнинг даврага мансуб қалбаки художўйлар каби христиан диний эътиқодига эга эдилар. Уларнинг христиан ҳақиқатларига ҳам жуда кўп хурофот аралашган эди, бироқ фарқи шунда эдики, бизнинг даврамизга мансуб художўйларнинг хурофотлари уларнинг ўзига мутлақо керак эмас эди, уларнинг турмушига сира мос тушмасди, фақат ўзига хос бир ишратбозлик эрмаги эди, холос; меҳнаткаш халқдан чиққан художўйларнинг хурофотлари эса уларнинг турмуши билан шу қадар яқиндан боғланганки, бу хурофотларсиз уларнинг ҳаётини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Бу хурофотлар улар яшашининг зарурий шарти эди. бизнинг даврага мансуб художўйларнинг бутун ҳаёти уларнинг иймонига бутунлай зид эди, меҳнаткаш халққа мансуб художўйларнинг бутун ҳаёти уларнинг иймони берган ҳаёт маъносини тўла тасдиқлар эди. Шунда мен бу одамларнинг ҳаёти ва эътиқодларига синчиклаб қарай бошладим ва қараганим сари чуқурроқ амин бўла бордимки, бу одамларнинг иймони чин иймон, бу иймон улар учун жуда зарур ва ёлғиз шу иймонгина уларга ҳаётнинг маъносини ва яшаш имконини беради. Бизнинг даврамизда иймонсиз ҳам яшайверадиганлар кўп, уларнинг орасида зўр-базўр мингтадан биттаси ўзини художўй деб тан олиши мумкин. Бунга қарама-қарши ўлароқ, уларнинг муҳитида мингтадан битта Худога ишонмайдиган одам топилиши амримаҳол. Бизнинг даврамиз одамларининг ҳаёти бекорчилик ичида эрмаклар билан ўтади ва яна ҳамма ҳаётдан норози бўлади. Бу одамларнинг бутун ҳаёти эса оғир меҳнат ичида кечади ва улар бадавлат одамларга қараганда ҳаётдан камроқ норози бўлишади. Бизнинг даврамизга мансуб одамлар муҳтожликлар ва азоб-уқубатлар учун тақдирдан кўпроқ нолийдилар ва унга қаршилик кўрсатадилар. Бунга қарама-қарши ўлароқ, оддий одамлар хасталиклар ва ғам-ғуссаларни ҳеч қандай норозиликсиз, қаршилик кўрсатмасдан, хотиржам қабул қиладилар. Улар қатъий ишонадиларки, буларнинг ҳаммаси худди шундоқ бўлмоғи керак, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас, буларнинг бари — Худонинг неъмати. Биз қанча. ақлли бўлсак, ҳаётнинг маъносини шунча кам тушунамиз, изтироблар чекишимиз ва қазомизнц алланечук ёвуз бир масхара деб ҳисоблаймиз. Бунга қарама-қарши ўлароқ оддий одамлар осойишта бир тарзда ҳаёт кечирадилар, изтироблар чекадилар ва ўз қазолари сари борадилар, Улар изтироб чекканда ҳам қандайдир хотиржам бўладилар, ҳатто, мамнуниятлари сезилиб туради. Бизнинг даврамизда хотиржам жон таслим қилиш, нола-фиғонсиз, тушкунликка берилмай вафот этиш камдан-кам учрайдиган воқеа. Бунга қарама-қарши ўлароқ, халқ орасида нола-фиғон билан исён кўтариб, ғам-ғуссага ботиб жон таслим қилиш ҳаддан ташқари кам учрайди. Бу одамлар биз Сулаймон пайғамбар билан ўзимиз учун ҳаётнинг яккаю ягона ҳисобланадиган жуда кўп нарсаларидан маҳрум, лекин шунга қарамай улар ўзларини бениҳоя бахтиёр деб биладилар. Бундай одамлар ҳаддан ташқари кўп. Мен теварак-атрофимга кенгроқ назар ташладим. Мендан аввал ўтган ва мен билан бир замонда яшаётган сон-саноқсиз одамларнинг ҳаётига чуқурроқ назар ташладим. Ва шунда ҳаётнинг маъносини англаган, яшашни ва жон таслим қилишни биладиган иккита, учта, ўнта эмас, юзта, мингта, миллионта одамни кўрдим. Феъли атвори, ақли, маълумоти, мавқеига кўра ҳаддан ташқари хилма-хил бўлган бу одамларнинг ҳаммаси менга қарама-қарши ўлароқ ҳаётнинг маъносини баб-баравар даражада мукаммал билишарди, муҳтожликлар ва азоб-уқубатларни бошларидан кечириб, хотиржам меҳнат қилишарди, умргузаронлик қилиб вафот этишарди ва бунда маъносиз, беҳуда нарсани эмас, улуғ бир неъматни кўришарди.
Шундай қилиб, мен бу одамларни яхши кўриб қоддим. Мен тирик одамларнинг ҳаётига қанча дуқур кириб борсам, мен китобларда ўқиган ва эшитган шунга ўхшаш одамларнинг ўтиб кетган ҳаётларига қанча чуқур кириб борсам, уларни шунча кўпроқ яхши кўрдим ва ўзим учун ҳам яшаш шунча енгил бўлиб қолди. Шу аҳволда икки йилча ҳаёт кечирдим ва менда инқилоб содир бўлди. Бу инқилоб менда анчадан бери пишиб етилиб келарди, унинг учқунлари ҳамиша мен билан бирга эди. Менда шундай инқилоб содир бўлдики, оқибатда бизнинг даврамизнинг ҳаётини, бадавлат, олим одамларнинг ҳаётини жинимдан баттар ёмон кўриб қолдимгина эмас, бу ҳаёт мен учун буткул маъносини йўқотди. Бизнинг ҳамма хатти-ҳаракатларимиз, фикр юритишларимиз, илм, санъат — буларнинг бари менга бир эрмакдай, тантиқликдай кўриниб қолди. Англадимки, бундан маъно излаб бўлмайди. Ҳаётни ижод қилувчи меҳнаткаш халқнинг хатти-ҳаракати эса менга бирдан-бир арзийдиган ҳақиқий иш бўлиб кўринди. Шунда англадимки, шу ҳаётга ато қилинган маъно ҳақиқатдир. Ва мен бу ҳақиқатни қабул қилдим.
XI
Ғалати бир манзара: одамлар диний эътиқодларга сиғиниб, уларга зид тарзда ҳаёт кечирганларини кўрганимда шу эътиқодлардан безиб кетгандим. Аммо одамлар худди шу эътиқодларнинг Ўзига амал қилиб яшаганларини кўрганимда улар менга ғоятда жозибадор ва оқилона кўринди Шунда мен нега бир вақтлар бу эътиқодлардан. безганимни, нега уларни маъносиз деб ҳисоблаганимни, эндиликда эса нима сабабдан уларни қабул қилганимни ва жуда маънодор, деб ҳисоблаётганимни тушундим. Мен адашганимни ва қандай қилиб адашганимни англадим. Мен нотўғри фикр юритганим учун адашган эмас эканман, балки гуноҳкорона ҳаёт кечирганим учун адашган эканман. Мен англадим — ҳақиқат юзини мендан яширган нарса фикрларимдаги хатолик бўлмаган экан, балки фавқулодда ишратбозлик шароитида, маишатпарастлик шароитида, балои нафсни қондириш йўлида ўтказган ҳаётим бўлган экан. Яна англадим — «менинг ҳаётим нима?» — деган саволим ва «ёвузлик» деб берган жавобим мутлақо тўғри бўлган экан. Хатолик шунда бўлган эканки, фақат менгагина тааллуқли жавобни бутун ҳаётга нисбатан қўллабман. «Менинг ҳаётим нима?» — деб ўз-ўзимдан сўраб, «ёвузлик ва маъносизлик», -деб жавоб олганман. Чиндан ҳам менинг ҳаётим балои нафсни қондиришга қаратилган бўлган ва шунинг учун маъносиз ҳамда ёмон бўлган, шунинг учун ҳам «ҳаёт маъносиз ва ёвуз нарса» деган жавоб, умуман, одамлар ҳаётига эмас, ёлғиз менинг ҳаётимга тааллукдидир. Мен кейинчалик Инжилда топганим ҳақиқатни англадим — унга кўра одамлар ёруғликдан кўра кўпроқ зулматни яхши кўрганлар, негаки улар ёвуз ишларни кўп қилишган. Сабабки, ёмон иш қиладиган ҳар бир одам ёруғликни жуда ёмон кўради ва ишлари фош бўлишидан қўрқиб, ёруғлик сари бормайди.
Мен англадимки, ҳаётнинг маъносини тушунмоқ учун ҳаммадан аввал ҳаётнинг ўзи маъносиз ва ёвуз бўлмаслиги керак, шундан кейингина акд билан уни тушуниб олса бўлади. Мен ўз-ўзидан кўриниб турган ана шу ҳақиқат теграсида нима учун бу қадар узоқ ўралашиб қолганимнинг сабабини тушундим — инсониятнинг ҳаёти тўғрисида гапириб, ўйлайдиган бўлсанг, ҳаётдаги бир нечта текинхўрларнинг эмас, инсониятнинг ҳаёти тўғрисида ўйлаш ва ‘гапириш керак. Бу ҳақиқат 2×2 = 4 га ўхшаш ҳамиша ҳақиқат бўлиб келган, лекин мен уни тан олган эмасман, чунки 2×2 = 4 эканини тан олсам, мен ўзимнинг ярамас одам эканимни тан олмоғим керак эди. Ҳолбуки, 2×2 = 4 лигидан кўра ўзимни яхши одам, деб ҳис этиш мен учун муҳимроқ ва зарурроқ эди. Мен яхши одамларни севиб қолдим, ўзимдан-ўзим нафратланиб кетдим. Энди менга ҳамма нарса равшан бўлди.
Мабодо бутун умрини қийноқларда одамларнинг бошини олиш билан ўтказган бир жаллод ёки бутун умрини бир қоронғи хонада ўтказган, бу хонасини нажосатга тўлатиб, ифлос қилиб ташлаган ва «шу хонадан чиқсам муқаррар ҳалок бўламан» деган фикрни сингдириб олган бирор уччига чиққан пиёниста ёхуд жинни ўз-ўзига «Ҳаёт нима?» деб савол берса нима бўларди? Ўз-ўзидан аёнки, «Ҳаёт нима?» деган саволга улар «Ҳаёт энг катта ёвузликдир» деган жавобдан бошқа жавоб ола билмас эдилар. Бунда жиннининг жавоби мутлақо тўғри бўларди, бироқ фақат унинг ўзи учун тўғри бўларди. Унда қандоқ бўлади — мен ҳам ўшанга ўхшаган бир телбаманми? Наҳотки, бизнинг ҳаммамиз — бадавлат, ўқимишли одамлар шунга ўхшаш телба бўлсак?
Шунда англадим — ҳа, биз чиндан ҳам ана шунақа телбалармиз. Ҳарҳолда, мен муқаррар тарзда ана шунақа телбаман. Дарҳақиқат, қугд шундай ҳаёт кечирадики, у учмоғи, овқат жамғармоғи, ин қурмоғи керак. Қуш шундай қилаётганини кўрсам қушдан хурсанд бўламан. Эчки, қуён, бўри шундай ҳаёт кечиришадики, улар қоринларини тўйғазиши, урчишлари, оилаларини боқишлари керак. Уларнинг шундай қилаётганларини кўрсам, мен қатъиян ишонаманки, улар бахтиёр ва уларнинг ҳаёти оқилона. Хўш, инсон нима қилмоғи керак? У ҳам худди жониворлар қилган ишларни қилиб ҳаёт кечирмоғи керак, фақат фарқ шундаки, бу ишларни инсон ёлғиз ўзи қилса, у муқаррар тарзда ҳалок бўлади, у фақат ўзи учун эмас, ҳамма учун қилмоғи зарур. У ҳамма учун бу ишларни қилаётганини кўрсам, мен қатъиян ишонаманки, у бахтиёр ва унинг ҳаёти оқилона. Хўш, мен ўзимнинг ўттиз йиллик онгли ҳаётимда нима қилдим? Мен нафақат ҳамма учун ҳаётни барпо этганим йўқ, мен лоақал ўзим учун ҳам тирикчилик арконларини яратганим йўқ. Мен бир текинхўр тарзида ҳаёт кечирдим ва ўз-ўзимдан «нимага яшаяпман?» деб сўрадим-да, «ҳеч нарсага» деб жавоб олдим. Агар инсон ҳаётининг маъноси тирикчилик арконларини барпо этишда бўлса, мен ўттиз йил мобайнида бу арконларни барпо этиш ўрнига ўзимда ҳам, бошқаларда ҳам уларни йўқ қилиш билан шуғулланган бўлсам, қандай қилиб «ҳаётим бемаъни ва ёвуз нарса» дегандан бошқа жавоб олишим мумкин? У ҳақиқатан ҳам бемаъни ва ёвуз бўлганда…
Дунёнинг ҳаёти кимнингдир иродаси билан содир бўлади — мана шу дунёнинг ҳаёти ва бизнинг ҳаётимиз орқали кимдир ўзининг аллақандай ишини рўёбга чиқаради. Бу ироданинг маъносини англашга умидвор бўлмоқ учун даставвал Уни бажармоқ керак, яъни биздан истаётган ишларини қилмоғимиз керак. Агар мен мендан истаётган ишларини қилмасам, мендан нима исташларини ҳам ҳеч қачон билолмайман, бизнинг ҳаммамиздан ва бутун дунёдан нима исташларини эса инчунун билолмайман.
Чорраҳадаги оч, яланғоч бир тиланчини бир иморат ичидаги ажойиб бир муассасага олиб келишса, қорнини тўйдириб, ичириб, аллақандай бир дастани гоҳ юқорига кўтаришга, гоҳ пастга туширишга мажбур этишса, ўз-ўзидан аёнки, тиланчини нега олиб келишганини, дастани нега кўтариб тушириш кераклигини, бутун муассасанинг қурилиши ақлга мувофиқми-йўқми эканини таҳлил қилишдан аввал тиланчи дастани ҳаракатга келтирмоғи зарур. Агар у дастани ҳаракатга келтирса, бу даста насосни ҳаракатга келтираётганини, насос сув ҳайдаётганини, сув эса жўякларга таралаётганини фаҳмлаб олади. Шундан кейин уни усти ёпиқ қудуқдан олиб чиқиб, бошқа ишга ўтказадилар — у меваларни тера бошлайди ва хўжайинни мамнун қилади. Жўн ишлардан юқорироқ ишларга ўтар экан, у бу масаланинг тузилишини борган сари чуқурроқ англай боради ва унинг ишида иштирок этар экан, у ҳеч қачон узининг бу ерда нима қилиб юрганини сўрамайди. Ҳарҳолда, зинҳор-базинҳор хўжайинга таъна қилмайди. Худди шунга ўхшаб, хўжайинининг иродасини бажо келтирувчи ўқимаган, оддий меҳнаткаш одамлар ҳам хўжайинларига таъна қилмайдилар. Ҳолбуки, биз уларни ҳайвон ўрнидд кўрамиз-да, ўзимизни доно ҳисоблаймиз, хўжайиннинг тузини еймиз-у, хўжайин биздан истаган ишни бажо келтиришни хоҳламаймиз, унинг ўрнига давра олиб ўтириб оламиз-да, «Дастани кўтариб туширишнинг нима кераги бор? Жуда бемаъни иш-ку бу!» деб сафсата сотамиз. Шу тарзда бўладиганимиз бўлиб қолган. Бўладиганимиз бўлгани шуки, хўжайинни тентак ҳисоблаймиз, бўлмагани ҳам тузук эди деб биламиз, ўзимизни доно деб биламиз, лекин ҳеч нарсага ярамаслигимизни ҳис қиламиз ва бир амаллаб ўзимизни ўзимиздан халос этиш пайида юрамиз.
XII
Оқилона билимлар хатолигини англаш беҳуда мулоҳазабозлик васвасасидан халос бўлишимга ёрдам берди. Ҳақиқат ҳақидаги билимни фақат ҳаёт орқалигина топиш мумкинлигига қатъий ишонч мени ўз ҳаётимнинг тўғрилигига шубҳа қилишга ундади. Бироқ мен ўзимнинг фавқулодда одамлигим ҳақидаги тасаввур чангалидан қутулиб қолишга улгурдим ва оддий меҳнаткаш халқнинг чинакам ҳаётини кўриб, ҳақиқий ҳаёт фақат ана шу ҳаёт эканига иймон келтирдим. Шу нарса мени қутқариб қолди. Англадимки, агар мен ҳаётни ва унинг маъносини англамоқчи бўлсам, мей текинхўрга хос ҳаёт кечирмоғим керак эмас, балки чинакам ҳаёт қўйнида яшамоғим зарур, ҳақиқий инсоният бу ҳаётга қандай маъно бераётган бўлса, шу маънони қабул қилиб, шу ҳаётга сингиб кетмоғим ва уни текшириб кўрмоғим шарт.
Худди шу вақтларда мен яна бир нарсани кечирдим. Бутун бир йил мобайнида мен деярлик ҳар дақиқада ўз-ўзимдан «бўйнимга сиртмоқ солсаммикан ё бир ўқ билан бир ёқли қилсаммикан?» деб сўраб юрган кезларимда мен айтган шундай ўйлар ва кўнглимдан кечган кузатувлар билан ёнма-ён юрагим алланечук бир ҳисдан изтиробда эди. Бу ҳисни мен «Худо излаш» деган иборадан бошқа бирон ибора билан атай олмайман.
Гапимга эътибор беринг: мен Худо излашни ҳис деяпман, мулоҳаза деяётганим йўқ. Сабабки, бу излашлар менинг мулоҳазаларим оқибатида келиб чиққани йўқ, қолаверса, у, ҳатто, мулоҳазаларимга буткул зид эди, бу излаш тўғридан-тўғри юракдан чиқиб келганди. Бу туйғу жамики ёт, бегона нарсалар ўртасида қўрқув, ёлғизлик, кимсасизлик туйғуси ва кимнингдир ёрдамидан умидворлик туйғуси эди.
Худонинг мавжудлигини исбот қилиш мумкин эмаслигига тўлалигича иймоним комил эди. Кант буни менга исбот қилиб берганди ва мен Худонинг мавжудлигини исбот қилиб бўлмаслигини аниқ англаган эдим. Лекин шунга қарамасдан, Мен Худони изладим, уни топишга умид боғладим ва эски одатимга кўра ўзим излаётган нарсага илтижолар қилдим, лекин тополмадим. Гоҳ Мен дилимда Кант билан Шопенгауэрнинг Худонинг мавжудлигини исбот қилиш мумкин эмаслиги ҳақидаги далилларини тафтишдан ўтказардим, гоҳ уларни рад этишга киришарди. Мен ўз-ўзимга дердим: сабабият макон ва замон каби тафаккур категориялари эмас. Агам мен мавжуд эканман, демак, бунинг сабаби бор ва сабабининг сабаби бор. Ана шу ҳамма нарсанинг сабаби, сабабларнинг сабаби — Худо деб аталмиш нарсадир; мен шу фикр устида тўхтаб, бутун вужудим билан шу сабабнинг мавжуддигини англашга ҳаракат қилдим. Оламда бир куч бор эканини ва мен шу кучнинг ҳукмида эканимни англай бошлашим биланоқ мен шу ондаёқ яшаш мумкин эканини англай бошладим. Бироқ мен ўзимга ўзим савол бердим: «Нимадир, ахир, бу сабаб, бу қудрат? Мен унинг тўғрисида қандай ўйламоғим керак? Худо деб атаганимга қандай муносабатда бўлмоғим керак?» Бу саволларга фақат менга таниш жавобларгина кўндаланг бўларди: «У — яратувчи, барпо этувчи». Бу жавоблар мени қаноатлантирмас эди ва мен кўнглимда яшашим учун зарур нарса ғойиб бўлаётганини ҳис қилар эдим. Мен даҳшатга тушиб, излаганимга сиғиниб, ибодат қилиб, менга ёрдам беришини сўраб тавалло қилардим. Аммо ҳарчанд ибодат қилганим сари, у менинг таваллоларимни эшитмаётгани менга кўпроқ аён бbr /ўлар ва мен тавалло қилиш мумкин бўлган бирон зот йўқлигига амин бўлардим. Ва мен юрагимда Худо йўқлигини сезиб, умидсизликка тушсам-да, «Эй Худо! Ўзинг раҳм қил! Ўзинг нажот бер! Эй Худо! Ўзинг мени тўғри йўлга сол!» дея тавалло қилишда давом этардим. Аммо ҳеч ким раҳм қўлини узатмас ва мен ҳаётим тўхтаб қолаётганини ҳис қилардим.
Аммо яна ва яна бошқа ҳар хил томонлардан ўдш тўхтамга келаверар эдим — ахир, мен ҳеч қандай баҳонаю сабабсиз, бирон-бир маъносиз дунёга келган бўлишим мумкин эмас-ку? Ахир, мен инидан тушиб кетган бир полапон эмасман-ку? Майли, шунақа полапон ҳам бўла қолай, майли, баланд майсалар орасида чалқанча ётганимча чийиллаб ётибман, дейлик. Аммо чийиллашимнинг боиси шуки, мен биламан — мени очиб чиққан онам бор — мени иситган, боққан, севган. Қани ўша онам? Агар мени ташлаб кетишган бўлсалар, ким ташлаб кетди? Кимдир мени яхши кўриб дунёга келтирганини мен ўз-ўзимдан яшира олмайман. Хўш, ана шу «кимдир» ким? — Яна Худо!
«У менинг изланишларимни, тушкунликларимни, курашимни кўриб турибди. У — бор», — дейман ўзимга-ўзим. Бир лаҳзага буни эътироф этишим биланоқ менда ҳаёт жўш ура бошлайди ва мен яшаш имкони борлигини кўраман, яшаш қувончини ҳис қиламан. Аммо Худонинг мавжудлигини эътироф этгандан кейин мен яна унга муносабатни излай бошлайман ва менга яна ўша Худо, яратганимиз, уч қиёфадаги халоскор Ўғлини юборган Худо намоён бўлади. Яна ўша Дунёдан ташқаридаги, мендан ташқаридаги Худо кўз ўнгимда муз парчасидек эриб битарди ва Ундан ҳеч нарса қолмасди, яна ҳаёт булоғи қуриб қоларди ва мен қайтадан тушкунликка туйиб, ўзимни ўлдиришдан бошқа иложим қолмаганини ҳис қилардим. Энг ёмони шу эдики, мен буни ҳам қилолмаслигимга кўзим етиб турарди.
Икки марта эмас, уч марта эмас, мен ўнлаб, юзлаб марталаб, шу аҳволга тушдим — гоҳ шоду хуррам бўлиб қолар ва жон киргандай бўлардим гоҳи яна яшаш имкони йўқлигини англаб, тушкунликка берилардим.
Эсимда бор — навбаҳор кезлари эди. Ёлғиз ўзим ўрмонда сайр қилиб юриб, ўрмон товушларини тинглардим. Ўрмон товушларини тинглардиму калламда ҳамон ўша ўй — сўнгги уч йил мобайнида доимий равишда миямни банд қилиб келган ўй чарх урарди. Мен яна Худони излардим.
«Яхши, ҳеч қанақа Худо йўқ бўла қолсин, -дердим ўз-ўзимга. — Менинг тасаввуримдан ташқаридаги Худо йўқ дейлик, аммо воқелик худди менинг ҳаётим каби. Ҳеч нарса, ҳеч қанақа мўъжиза бунақа нарсани исбот қилиб беролмайди, чунки мўъжизалар менинг тасаввурим доирасида, яна бунинг устига ақл бовар қилмайдиган нарса бўлади».
«Аммо менинг тасаввурим Худо ҳақидами? Ўша ўзим излаётган Худо ҳақидами? — деб сўрайман ўзимдан-ўзим. — Бу тасаввурнинг ўзи қаердан келиб қолди? Бу фикр кўнглимга келиши билан яна менинг вужудимда ҳаётнинг хуррам тўлқинлари қўзғолди. Теварагимдаги ҳамма нарса жонланди, ҳамма нарса маъно касб этди. Аммо менинг шодлигим унча узоқ давом этгани йўқ. Ақл ўз ишини давом эттирарди. «Худо тушунчаси Худо эмас, — дердим ўз-ўзимга. -Тушунча менинг дилимда содир бўладиган нарса. Худо ҳақидаги тушунчани мен дилимда ҳосил қилишим ҳам мумкин, ҳосил қилмаслигим ҳам мумкин. Бу мен излаётган нарса эмас. Мен шундай нарсани излаяпманки, усиз ҳаётнинг бўлиши мумкин эмас». Шундан кейин теварагимдаги ва дилимдаги ҳамма нарса яна ўла бошлади ва мен яна ўз-ўзимни ўлдиргим келиб қолди.
Бироқ шу ерга келганда мен ўзимга ўзим ўгирилиб қарадим, дилимда содир бўлаётган нарсаларга назар солдим, дилимда юзлаб марта содир бўлган ўлиб-тирилишларни эсладим. Мен фақат Худога ишонган кезларимдагина яшаганимни эсладим. «Авваллари бўлгани каби ҳозир ҳам, — дердим ўзимга-ўзим, — Худони тан олишим билан менга жон киради, яшай бошлайман, уни унутсам, унга ишонмай қўйсам, дарҳол ўла бошлайман. Бу тирилиш ва ўлишлар нима бўлсайкин? Ахир, Худонинг мавжудлигига ишончимни йўқотган кезларимдаги ҳаётимни ҳаёт деб бўлмайди, Худони топишимга ғира-шира умидим бўлмаганида эди, аллақачон ўзимни-ўзим ўлдириб қўя қолган бўлардим. Мен фақат уни ҳис қилган чоғларимда, уни излаган чоғларимдагина чиндан ҳам яшайман. «Хўш, мен яна нимани излаяпман? — деб садо беради дилимдаги овоз. — Мана у. Усиз яшаб бўлмайди. Худони танимоқ ва яшамоқ — айнан бир нарса. Худо — ҳаётдир».
«Яша, Худони излаб топ, шунда ҳаётинг Худосиз бўлмайди». Шунда дилимдаги ва атрофимдаги нарсаларнинг ҳаммаси ҳар қачонгидан кучлироқ нурланиб кетди ва бу нур мени ортиқ тарк этмади.
Шу тарзда мен жонимга суиқасд қилишдан Қутулиб қолдим. Мендаги бу инқилоб қачон ва Қандай содир бўлганини айтиб беролмайман. Мендаги ҳаёт қудрати нечоғлиқ аста-секин, билинар-билинмас тарзда маҳв қилина борган бўлса ва мен яшашнинг иложи йўқлигига, ҳаётимнинг тўхтаб қолишига, ўз-ўзимни ўлдириш, эҳтиёжига келган бўлсам, худди шу тарзда аста-секин, билинар-билинмас тарзда менга ҳаёт қуввати қайтиб келди. Ғалати жойи шунда эди-ки, менга қайтган ҳаёт қуввати янги эмас, жуда эски ҳаётимнинг илк паллаларида мени ўзига жалб этган ўша қувват эди. Мен ҳамма нарсада аввалгиларига, болалигим ва ёшлигимдагига қайтдим. Мен мени барпо этган ва мендан нимадир истайдиган ифодага эътиқод қўйишга қайтдим; мен ҳаётимнинг бирдан-бир мақсади — асосий мақсади яхшироқ бўлмоқдир, деган эътиқодга, яъни ўша ирода билан рози-ризоликда яшашга қайтдим; мен кўзимдан пинҳон бўлган олис тарихда бутун инсоният ўзига раҳнамо қилиб олиш учун бу иродани ишлаб чиққан, деган тўхтамга қайтдим. Бошқача айтганда, мен Худога эътиқодга, маънавий камолот сари интилишга ва ҳаёт маъносини ўзида элтувчи ривоятга қайтдим. Фақат фарқи шунда эдики, бир замонлар буларнинг ҳаммаси онгсиз тарзда қабул қилинганди, энди эса мен бусиз яшай олмаслигимни билар эдим.
Гўё мен бошимдан бундай воқеани кечиргандай эдим: эсимда йўқ — қачондир мени қайиққа ўтқаздилар, менга номаълум бўлган аллақандай соҳилдан мени йўлга равона қилдилар, бошқа соҳилга томон йўналишни кўрсатишди, менинг тажрибасиз қўлларимга эшкакни тутқазишдида, мени ёлғиз қолдиришди. Мен билганимча эшкак эшиб, сузиб кетдим. Аммо ўртага етганим сари оқим тезлаша борди; оқим мени манзилдан бошка томонга судрарди. Йўлда эса оқим ихтиёрига тушиб менга ўхшаб сарсари сузаётган йўловчилар борган сари кўпроқ учрай бошлади. Эшкак эшишда давом этаётган ёлғиз йўловчилар ҳам бор эди. Эшкаклари қўлидан тушган йўлчилар ҳам бор эди. Одам лиқ тўла катта қайиқлар, зўр кемалар ҳам бор эди — уларнинг баъзилари оқимга қарши курашар, баъзилари эса ихтиёрларини бутунлай оқимга топшириб қўйишган эди. Мен сузиб борганим сари йўналиш бўйлаб қуйига, барча сузиб бораётганлар оқимига қарар эканман, менга берилган йўналишни кўпроқ унутардим. Оқимнинг қоқ ўртасида, қуйи томонга кетаётган кемалар ва қайиқлар қаторида мен йўналишни бутунлай йўқотиб қўйдим ва эшкакларни ташладим. Менинг теварагимда ҳар томонимдан елканли ва эшкакли қайиқларда йўлчилар шоду хуррамлик билан қийқиришиб қуйи томонга елиб боришар ва мени ҳам, бир-бирларини ҳам бошқа йўналишнинг бўлиши мумкин эмаслигига ишонтиришмоқчи бўлишарди. Мен уларга ишондим ва улар билан сузиб кетдим. Сузиб кетаверибман, кетаверибман. Жуда олислаб кетиб қолибман. Шу қадар олиски, шовваларнинг овозини эшитдим. Мен бу шовваларда тошларга урилиб нобуд бўлишим муқаррар эди. Шовваларда дабдаласи чиққан қайиқларни кўрдим. Бирдан ҳушим жойига келди. Анча вақтгача менга нима бўлганини, қанақа аҳволга тушиб қолганимни аниқлай олмай турдим. Мен қаршимда ҳалокатдан бошқа нарсани кўрмас эдим. Мен шу ҳалокат сари елиб-югурибман, ундан жуда қўрқар эдим ва ҳеч қаерда ундан қутулиш чорасини кўрмасдим, нима қилишимни билмай қолган эдим. Аммо орқамга ўгирилиб қараб, ҳормай-толмай оқимни ёриб келаётган сон-саноқсиз қайиқларни кўрдим, соҳил эсимга тушди, эшкакларни, йўналишни эсладим ва орқага — оқимга қарши соҳил томонга суза бошладим.
Соҳил — Худо эди, йўналиш — ривоят эди, эшкаклар — менга берилган эрк эди. Мен уларнинг ёрдамида соҳилга — Худонинг жамолига эришмоққа сузмоғим керак эди. Шундай қилиб, менда ҳаёт қудрати қаита тирилди ва мен яна яшай бошладим.
XIII
Мен даврамизнинг ҳаёти зоҳиран ҳаётга ўхшаса-да, аслида ҳаёт эмаслигини тан олиб, ундан юз ўгирдим. Биз яшаётган фаровонлик шароити бизни ҳаётни англаш имконидан маҳрум қилар эди. Ҳаётни англамоқ учун мен истиснолар ҳаётини, ўзимизнинг, яъни ҳаёт дарахтига ёпишиб олган текинхўрлар ҳаётини эмас, оддий меҳнаткаш халқ ҳаётини англамоғим, шу халқ ҳаётга берадиган маънони тушунмоғим лозим эди. Менинг теварагимдаги оддий халқ рус халқи эди. Мен унга мурожаат қилдим, шу халқ ҳаётга берадиган маънога мурожаат қилдим. Бу маънони ифодалаш мумкин бўлса, у қуйидагича эди: ҳар бир одам бу дунёга Худонинг иродаси билан келади. Худо одамзодни шундай яратган-ки, ҳар бир одам ўзининг жонини нобуд қилиши ёки асраб қолиши мумкин. Одамнинг ҳаётдаги вазифаси — ўз жонини сақлаб қолишдир. Ўз жонини сақлаб қолиш учун Худонинг буюрганларига амал қилиб яшамоқ лозим. Худонинг буйруқларига амал қилиб яшаш учун эса ҳаётнинг ҳамма шароитидан воз кечиш шарт, меҳнат қилиб, мутелик билан, сабр-қаноат билан саховатлик бўлиб яшамоқ керак. Бу маънони халқ ўзи сиғинадиган диний эътиқоддан топади; бу эътиқодларни эса уларга руҳоний бузруклар етказиб келган ва ҳозир ҳам етказиб турадилар. Шунингдек, бу эътиқодлар халқ ичида яшайдиган ривоятларда, афсоналарда, мақолларда ва ҳикояларда ифодаланади. Бу маъно менга ясуда аён эди ва юрагимга яқин эди. Аммо халқ иймонининг ана шу маъноси билан халқимизда жуда кўп шунақа нарсалар боғланиб кетадики, улар мени ўзидан узоқлаштиради. Мен уларга изоҳ тополмайман: турли-туман сеҳру жодулар,-черков маросимлари, рўза тутишлари, авлиёларнинг суякларига ва сувратларига сажда қилишлар шулар жумласидан. Халқ уларни бир-биридан ажрата олмайди, мен ҳам ажрата олмайман. Аммо халқ эътиқод қўйган нарсаларнинг кўпчилиги менга ҳар қанча ғалати туюлмасин, мен уларнинг ҳаммасини қабул қилдим, черковга қатнадим, эрталаб ва кечқурунлари ибодат қилдим, рўза тутдим, дастлабки пайтларда ақлим ҳеч нарсага қаршилик қилмади. Авваллари назаримда сира қилишнинг иложи бўлмаган нарсалар эндиликда менда ҳеч қанақа қаршилик уйғотмади.
Менинг иймонга аввалги муносабатим билан Ҳозиргиси бир-биридан мутлақо фарқ қиларди. Авваллари менга ҳаётнинг ўзи маънога тўладай туюларди ва иймон менга мутлақо лузумсиз бўлган, ақл бовар қилмайдиган ва ҳаёт билан боғланмаган қоидаларнинг кўнгил тусаган бир тарздаги тасдиғидай кўринарди. Ўша пайтларда мен ўзим ўзимдан бу қоидалар қанақа маънога эга эканини сўраб ва уларнинг маъносиз эканигд ишонч ҳосил қилиб, улардан юз ўгирганман Энди эса бутунлай бунинг акси — мен қатъий биламанки, менинг ҳаётим ҳеч қанақа маънога. эга эмас ва эга бўлолмайди ҳам, шунинг учун иймон қоидалари менга нафақат лузумсиз кўринганлари йўқ, балки мен чинакам тажриба орқали шундай тўхтамга келган эдимки, фақат иймоннинг ана шу қоидаларигина ҳаётга маъно беради, Авваллари мен уларга тишим ўтмайдиган мутлақо кераксиз ёзувларга қарагандек қарардим, энди эса, мабодо уларни тунгунмасам, билардимки, уларнинг маъноси бор ва мен ўз-ўзимга уларни англамоқни ўрганиш керак дердим.
Мен қуйидагича мулоҳаза юритардим. Мен ўзимга дердим: иймонни билиш ҳам бутун инсоният ва унинг ақли каби сирли бир ибтидодан келиб чиқади. Бу ибтидо Худодир, бу — инсон жисмининг ҳам, ақлининг ҳам ибтидоси. Менинг жисмим менга Худодан ворислик йўли билан қандай етиб келган бўлса, менинг ақлим ва менинг ҳаётни танишим ҳам менга шундай етиб келган. Шунинг учун ҳаётни танишимнинг ҳамма ривожланиш босқичлари ёлғон бўлиши мумкин эмас. Одамлар чинакамига ишонган нимаики бўлса, у ҳақиқат бўлмоғи керак; у ҳар хил йўсинда ифодаланмоғи мумкин, бироқ у ёлғон бўлмоғи мумкин эмас, шунинг учун ҳам мабодо у менга ёлғон бўлиб туюлса, бунинг маъносй шундан иборатки, уни мен англамабман. Бундай ташқари яна ўзимга дедим: ҳар қандай иймоннинг моҳияти шундан иборатки, у ҳаётга ўлим маҳв этолмайдиган маъно беради. Табиийки, ҳашамат қўйнида жон таслим қилаётган подшонинг, меҳнат азобида ўлаётган қари қулнинг, норасида гўдакнинг, донишманд кексанинг, девонасифат кампирнинг, бахтиёр жувоннинг, эҳтирослар қуюнида ўртанаётган йигитнинг саволига жавоб бермоқ учун, яъни турфа хил шароитдаги ҳар хил маълумот даражасига эга бўлган одамларнинг саволига жавоб бермоқ учун — албаттаки, ҳаётнинг «Мен нима учун яшаяпман? Менинг ҳаётимдан нима чиқади?» деган ўша ягона мангу саволига бериладиган жавоб битта бўлса, иймон берадиган жавоб моҳиятига кўра бир хил бўлса-да, ўзининг кўринишларида чексиз хилма-хил бўлмоғи керак. Албаттаки, бу жавоб нақадар бир хилроқ, теранроқ, чинроқ бўладиган бўлса, ҳар битта одамнинг маълумоти ва мавқеига мос тарзда ифода қилишга уринилиши жиҳатидан шунчалик ғалати ва бадбашара кўринмоғи лозим. Аммо мен учун иймоннинг маросимий томонларининг ғалатилигини оқлайдиган бу тарздаги мулоҳазалар мен учун ягона бўлган ҳаёт ишида, яъни иймонда кейин ўзим пушаймон қиладиган хатти-ҳаракатлар қилишимга йўл қўймоқлик учун ҳарҳолда кифоя эмас эди. Мен халқ иймонининг маросимли жиҳатларини бажо келтирар эканман, қалбимнинг жами кучлари орқали халққа сингиб кетишни истардим, аммо бундай қила олмас эдим. Агар шундай қиладиган бўлсам, ўз-ўзимни алдаган бўлиб чиқардим, ўзим учун муқаддас бўлган нарсани мазах қилган бўлардим. Шу ўринда бизнинг рус диншуносларининг янги асарлари менга ёрдамга келди.
Бу диншуносларнинг тушунтиришига кўра иймоннинг асосий ақоиди гуноҳлардан холи турувчи черковдир. Бу ақоидни тан олишдан муқаррар бир тарзда черков сиғинадиган ҳамма нарса ҳақиқатдир, деган хулоса келиб чиқади. Бир-бирлари билан муҳаббат орқали боғланган ва шунинг учун ҳам чинакам билимга эга бўлган художўйлар мажмуи сифатида черков менинг иймонимнинг негизи бўлиб қолди. Ўзимга-ўзим дедимки: «Худонинг ҳақиқатига бир одам ёлғиз ўзи эриша олмайди, у бир-бирлари билан муҳаббат орқали боғланган одамлар мажмуигагина намоён бўлиши мумкин. Ҳақиқатни танимоқ учун бўлинмаслик керак; бўлинмаслик учун эса бир-бирларимизни севмоқ лозим ва ўзинг рози бўлмаган нарса билан муроса қилмоқ зарур. Ҳақиқат севги қаршисида жамол кўрсатади; шундоқ экан, агар сен черков маросимларига бўйсунмасанг, севгига шикаст етказган бўласан, севгига шикаст етказиш билан эса ҳақиқатни таниш имконидан маҳрум бўласан». Мен ҳали у пайтларда бу мулоҳаза замирида ётган сафсатани кўрмаган эдим. Мен ҳали у пайтларда севги орқали бирлашиш жуда улуғ севгини келтириб чиқариши мумкинлигини, лекин зинҳор-базинҳор Никей рамзиётида муайян сўзлар билан ифодаланган диний ҳақиқат берилиши мумкин эмаслигини билмаган эдим. Худди шунингдек, муҳаббат ҳақиқатнинг маълум ифодасини бирлаштирмоқ учун ҳаммага мажбурий бир нарса қилолмаслигини ҳам кўрмагандим. Мен ҳали У пайтларда бу мулоҳазалардаги хатоликларни сезмагандим ва шу сабабдан православ черкови маросимларининг кўп қисмини тушунмаган ҳолда қабул қилиш ва бажо келтириш имконига эга бўлгандим. У пайтларда мен бутун қалб кучим билан ҳар қандай мулоҳазакорликдан қочишга, зиддиятларни четлаб ўтишга интилгандим ва ўзим унчалик қониқмаган черков қоидаларини имкони борича оқилона изоҳлашга ҳаракат қилгандим.
Черков маросимларини бажо келтирар эканман, мен ақлимни тизгинлаб олиб, бутун инсоният риоя қиладиган ривоятларга ўзимни бўйсундирдим. Мен ўз аждодларим билан, севикли отам, онам, боболарим, бувиларим билан бирлашдим. Улар ва улардан аввал ўтганлар динга ишониб яшашган ва мени дунёга келтиришган. Мен халқдан чиққан, ўзим ҳурмат қиладиган миллионлаб одамлар билан бирлашдим. Бундан ташқари, бу ҳаракатларимнинг ҳеч қайсисида бирон ёмон жиҳат йўқ эди (ёмон деб мен нафс балосига берилишни ҳисоблардим). Эрта тонгда черков ибодатига турар эканман, бу ишим яхши эканини билардим. Негаки, фикратимдаги мураккаб бирликни жиловламоғим учун, ўтган аждодларим ва замондошларим билан яқинлашмоғим учун, ҳаёт маъносини изламоқ ниятларида жисмим фароғатидан кечмоқда эдимда. Рўза тутганимда ҳам, ҳар кунги тоат-ибодатни бажо келтирганимда ҳам, бошқа ҳар хил расм-русумларга риоя қилганимда ҳам шу бўларди. Бу қурбонлар ҳар қанча арзимас бўлмасин, улар яхшилик йўлидаги қурбонлар эди. Мен рўза тутар, Уйдаги ва черковдаги кундалик тоат-ибодатларни бажо келтирардим. Черковдаги ибодатлар вақтида амри маъруфларни тинглар эканман, уларнинг ҳар бир сўзини англашга ва иложим бўлган кезларда уларга маъно беришга ҳаракат қилардим. Ибодатдаги мен учун энг муҳим гап — «Бир-биримизни севиб ҳамфикр бўлайлик…» — деган гап эди. Ундан кейин келадиган «Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳга сиғинайлик» деган иборани тушириб қолдирардим, негаки уларни тушуна олмас эдим.
XIV
Яшамоқ учун иймонга эга бўлмоқ ўша кезларда менга шу қадар зарур эдики, мен диний эътиқодларнинг зиддиятлари ва ноаниқликларини ўз-ўзимдан онгсиз равишда яшириб келдим. Аммо маросимларни бундай идрок этишнинг чегараси бор эди. Ибодатлар вақтида роҳиблар томонидан айтиладиган баъзи бир илтимосномаларнинг мазмуни менга борган сари равшанроқ бўлаверди. Мен улардаги айрим ибораларни бир амаллаб ўзимга ўзим тушунтириб бердим. Подшо ва унинг қариндош-уруғлари ҳақида тез-тез такрорланиб турадиган ибодатларни шу билан изоҳладимки, улар йўлдан оздирадиган парчаларга кўпроқ рўпара келадилар, шунинг учун уларнинг ҳақига кўпроқ ибодат қилмоқ керак. Яна баъзи бир тушуниш қийин бўлган ибодатларни душманнинг ёвузлиги билан изоҳладим. Аммо яна бир қатор ибодатлар ва сеҳрли маросимлар бор эдики, уларни ҳарчанд тушунтирган билан тушуниб бўлмас эди. Ёки мен уларни бир амаллаб тушунтирмоқчи бўлар эканман, гапларим ёлғон эканини ҳис қилардим ва бу билан ўзимнинг Худога муносабатимни яксон этаётганимни ва иймонли бўлишнинг ҳар қандай имконини бутунлай йўқотиб қўяётганимни фаҳмлаб турардим. Асосий байрамларни байрам қилишда ҳам мен худди шуларни бошдан кечирардим. Шанба кунини ёдда тутиш зарурлиги, яъни бир кунни Худога мурожаат қилишга бағишлаш кераклиги менга тушунарли эди. Аммо асосий байрам қайта тирилиш ҳодисаларини эслаш эдики, мен унинг чинлигини сира тасаввур қила олмас ва англай олмас эдим. Ва ҳар ҳафтада байрам қилинадиган кун ана шу қайта тирилиш номи билан аталарди. Худди шу куни сирли Евхаристия маросими содир бўлар эдики, буни мен мутлақо тушуна олмасдим. Мавлуддан бошқа қолган ўн икки байрам мўъжизалар ҳақидаги хотиротлардан иборат эди. Эсласам, уларни инкор этмай деган мақсадда мен улар тўғрисида ўйламасликка ҳаракат қилардим. Бу байрамлар Меърож, Худонинг жамол кўрсатиши ва бошқалар эди. Бу байрамлар байрам қилинганда мен учун ҳаддан ташқари арзимас бўлиб кўринган нарсаларга алланечук муҳимлик берилаётганини кўриб, мен ё ўзимга таскин берадиган бирон изоҳ топишга ҳаракат қилардим ёки мени васвасага солаётган нарсани кўрмаслик учун кўзимни юмиб олардим.
Буларнинг бари менда энг муҳим деб ҳисобланадиган, аслида менга одатдаги бир нарса бўлиб туюладиган чўқинтириш маросимида жуда кучли бир тарзда содир бўларди.
Бунда мен тушунарсиз бир нарсага рўпара Келардим эмас, аксинча, жуда тушунарли ҳаралотимга айланди. Мўъжизаларни соқит қилиб уларга бир фабуладай қарар эканман, бу мутолаа менга ҳаётнинг маъносини намоён этди. китобларда Улуғ Макарийнинг, Иоасаф — шаҳзоданинг (Будданинг тарихи) ҳаёти бор эди. Уларда Иоанн Златоустнинг сўзлари, қудуқдаги йўловчи тилла топиб олган Монах, саргардон Петр ҳақидаги ҳикоялар бор эди. У ерда ҳаммалари якдиллик билан ўлим ҳаётни истисно қилмайди, деган шаҳидларнинг тарихи бор эди. Саводсиз, телбанамо, черков таълимотидан бутунлай бехабар одамларнинг тарихи бор эди.
Аммо мен Худога ишонадиган олимларга яқинлашиб, уларнинг китобларини қўлга олишим биланоқ дилимда алланечук шубҳалар, норозиликлар, баҳслардан ғазабланиш пайдо бўларди ва мен уларнинг гапларини чуқурроқ англай борганим сари ҳақиқатдан тобора узоқлашаётганимни ва тубсиз жарлик сари бораётганимни ҳис қилардим.
XV
Мен неча марталаб саводсизликлари ва илмсизликлари учун мужикларга ҳавас қилганман. Иймоннинг менга ўта маъносиз бўлиб кўринган қоидалари уларга сира ҳам ёлғон бўлиб туюлмасди; улар бу қоидаларни қабул қилишар ва ҳақиқат деб ишонишарди. Бу ҳақиқатга мен ишона олмасдим. Фақат мен шўрликкагина аён эдики, ҳақиқат кўз илғамас ришталар орқали ёлғон билан чатишиб кетган ва мен уни бу аҳволда қабул қилолмайман. Шу аҳволда уч йил яшадим ва дастлабки пайтларда энди кўзи очилган одамдай ҳақиқатни бир чимдим-бир чимдимдан ўзлаштира бордим. Мен фақат сезгимнинг чорлови билан менга нурлироқ туюлган томонга тусмоллаб борардим. Унда ҳақиқат ва ёлғон ўртасидаги бу зиддиятлар мени бу қадар лол қоддирмаган эди. Бирон нарсага ақлим етмаган чоғларда ўз-ўзимга дердим: «Мен ўзим айбдорман, ўзим аҳмоқман». Аммо мен ўзим ўрганаётган ҳақиқатлар ичига кўпроқ кира борганим сари, бу ҳақиқатлар ҳаётимнинг асоси бўла боргани сари, бу зиддиятлар оғирроқ ва даҳшатлироқ бўлиб борар, мен ақлим етмагани учун англамаган нарса билан ўз-ўзимга ёлғон гапирмасдан англаш мумкин бўлмаган нарса ўртасидаги чегара кескинроқ намоён бўларди.
Ана шу шубҳалар ва изтиробларга қарамай мен ҳали ҳам православия тарафида эдим. Бироқ бир жойга келиб ҳаёт масалалари кўндаланг бўлди, уларни ҳал қилмоқ керак эди. Черков бу масалаларни мен сиғинадиган иймон асосларига зид тарзда ҳал қила бошлади. Бу эса мени православия билан мулоқотда бўлиш имкониятидан узил-кесил воз кечишга мажбур қилди. Бу масалалар, биринчидан, православ черковининг бошқа черковларга — католикларга ва ихтилофчиларга муносабати масаласи эди. Бу кезларда диний эътиқодларга қизиқишим оқибатида мен Ҳар хил йўналишдаги, ҳар хил мазҳаблардаги диндорларга яқинлашган эдим. Улар орасида католиклар ҳам, протестантлар ҳам, қадимчилар Ҳам, молоканлар ҳам бор эди. Уларнинг орасида мен виждони тоза ва чинакамига художўй одамларни кўп учратганман. Мен бу одамларга биродар бўлишни истардим. Хўш, нима бўлди?
Мен билган диний таълимот менга ягона иймоц ва севги орқали ҳаммамизни бирлаштиришна яктан қилишни ваъда қилган эди. Бунинг ўрнига бу таълимот ўзининг энг яхши вакиллари орқали менга бундай деди: бу одамларнинг ҳаммаси ёлғон ботқоғига ботган, алланима уларга ҳаёт қудратини берармиш, бу — шайтон васвасасидан бошқа нарса эмас, фақат бизгина бўлиши мумкин бўлган ягона ҳақиқатга эгалик қиламиз. Шунда кўрдимки, православ роҳиблар ўзлари билан бир хил диний эътиқодларга сиғинмаган одамларнинг ҳаммасини кофир ҳисоблашар экан. Худди шунингдек, католиклар билан бошқалар ҳам православларни кофир деб билишар эканлар. Кўрдимки, кимда-ким православларга ўхшаб ўз диний эътиқодларини ўша рамзлар ва ўша сўзларда ифодаламаса, православлар уларга душманлик муносабатида бўлар эканлар. Албатта, православлар буни яширишга уринишарди. Ҳолбуки, аслида ўзи шундоқ бўлиши ҳам керак. Сабабки, биринчидан, «сен ёлғонга ботгансан, мен ҳақиқатга эришган» деган гапнинг ўзи бир одам бошқа одамга айтиши мумкин бўлган энг шафқатсиз гапдир. Иккинчидан, ўзининг фарзандлари ва биродарларини ёлғон иймонга сиғинтиришни истаган одамларга дўстлик муносабатида бўлиши мумкин эмас. Қизиғи шуки, диний таълимотни қанча кўпроқ билишса, бу душманлик шунча кучая боради. «Ҳақиқат одамларнинг севги орқали бирлашувидадир», — деб ҳисоблаганим учун беихтиёр менга шундай кўриндики, диний таълимот ўзи барпо қилиши керак бўлган нарсани ўзи вайрон қиляпти.
Бизга ўхшаган маърифатли одамларга бу ҳолнинг бемаънилиги ўз-ўзидан аён; шу даражада аёнки, дастлабки паллаларда шунақа муносабатларнинг бўлиши мумкинлигига ақл бовар қилмайди. Биз аҳолиси турли динларга сиғинадиган ҳар хил мамлакатларда яшаганмиз ва кўрганмиз: католик православга ва протестантга, протестант католик ва православга, православ ҳам ҳар икковига нафрат билан муомалада бўлади, бир-бирларининг эътиқодини сира иккиланмай, комил ишонч билан рад этишади. Қадимчилар, пашковчилар ва бошқа мазҳабларга муносабат ҳам худди шунинг ўзи. Ўз-ўзингга дейсан: «Ахир, бундай бўлиши мумкин эмас, наҳотки бу шу қадар жўн бўлса? Ахир, икки хил фикр қарама-қарши бўлиб, бир-бирини рад этса, на унисида, на бунисида иймонни ташкил қилувчи ягона ҳақиқат бўлиши мумкин».
Одамлар буни кўрмасликларининг сира ҳам иложи йўқ. Бу ерда нимадир бор. Буни қандайдир изоҳи бўлиши керак. Мен шундай изоҳ бор деб ўйлаган эдим ва уни қидира бошладим, шу масалага тааллукди адабиётларнинг имкони борича ҳаммасини ўқидим, иложи бўлган одамларнинг бари билан маслаҳатлашдим. Лекин ҳеч қанақа изоҳ топа олмадим. Фақат топганим латифанамо бир изоҳ бўлди — унга кўра Сума гусарлари бутун дунёдаги энг пешқадам полк деб Сума полкини ҳисоблашади, сариқ уланлар эса дунёдаги энг пешқадам полк деганда сариқ уланлар полкини тушунишади. Турли-туман диний эътиқодларга мансуб руҳоний арбоблар, уларнинг энг яхши вакиллари менга: «Биз ўзимизни ҳаққа эришган деб биламиз, қолганлар адашади, уларнинг ҳақига дуо қилишдан бошқа ҳеч нарса қўлимиздан келмайди», — деган гапни айтишди, холос. Мен архимандритлар, архиерейлар, пирлар, таркидунё қилган кексалар ҳузурига бордим, лекин уларнинг ҳеч қайсиси менга буни тушунтириб беришга уриниб ҳам кўргани йўқ. фақат улардан биттасигина менга ҳамма нарсани тушунтириб берди, аммо шундоқ тушунтирдики, мен кейин ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамай қўйдим.
Мен деган эдимки, динга ишонмайдиган одамлар ичидан кимда-ким иймонга юз ўгирса (бизнинг жамики ёш авлодимиз иймонга юз ўтирмоғи керак) биринчи кўндаланг бўладиган масала «Нима учун ҳақиқат лютеранликда эмас, католикликда эмас, балки православияда?» — деган масала бўлади. Католик билан протестант ҳам бирдан-бир ҳақиқат ўзларининг динларида эканини тасдиқлайди. Буни мужик билмаслиги мумкин, лекин ёшлар билади, чунки буни уларга гимназияда ўқитишади. Ҳар бир художўй ўз эътиқодларини рўёбга чиқараётганда ўз томонига тортқилайдиган далиллар кифоя эмас. «Диний таълимотни энг олий юксакликда англаса бўлмасмикин? — дедим мен. — Шу даражада юксак бўлсаки, унда тафовутлар йўқ бўлиб кетса? Қадимчилар билан бирга биз бир йўлдан борамиз-ку! Шу йўлдан яна нарига кетаверсак бўлмасмикин? Улар салб, ҳамд-сано ва меҳроб теварагида айланиш бизда бошқача дейишади. Биз уларга дедик: сизлар Никея рамзига, етти сир-синоатга ишонасизлар, биз ҳам ишонамиз. Келинглар, шунда баҳамжиҳат бўлайлик, қолганида истаганингизни қилинг. Бизни булар билан бирлаштирган нарса шу бўлдики, биз иймондаги энг муҳим нарсани номуҳим нарсадан юқори қўйдик. Энди католикларга ҳам «сизлар фалон ва фалон масалаларга ишонасизлар, булар энг муҳим масалалар, бошқа масалаларда истаган ишларингни қилаверинглар» десак бўлмасмикин? Худди шу гапларни протестантларга айтиб, улар билан ҳам энг асосий масалада ҳамжиҳат бўлсак бўлмайдими?
Суҳбатдошим менинг фикримга қўшилди, лекин дедики, бунақа ён беришлар диний ҳокимиятни маломатга қўяди, уни ота-боболаримизнинг динидан чекинишда ва диндорлар ўртасида ихтилоф туғдиришда айблашади, ҳолбуки диний ҳокимиятнинг асосий вазифаси бизга бобокалонларимиздан мерос бўлиб қолган юнон-россия православ динини кўз қорачиғидай покиза сақлашдир.
Шунда мен ҳамма гапга тушундим. Мен иймон излайман, ҳаётнинг қудратини излайман, улар эса одамлар олдидаги муайян инсоний мажбуриятларини яхшироқ адо этиш воситаларини излашади. Бу инсоний ишларни адо этар эканлар, уларни инсоний тарзда бажарадилар. Улар адашган биродарлари учун таассуфлари ҳақида, Худонинг тахтиравони олдида уларнинг ҳақига қиладиган ибодатлари тўғрисида ҳар қанча гапиришмасин, инсоний ишларни адо этмоқ учун куч ишлатмоқ керак. Куч ҳамиша ишлатилган, ҳозир ҳам ишлатиляпти, бундан кейин ҳам ишлатилади. Икки хил тариқат ҳар қайсиси ўзини ҳақиқат йўлида деб билса, бир-бирларини эса ёлғонга чўмган деб ҳисобласа, биродарларини ҳақиқатга жалб қилмоқ учун улар ўз таълимотларини тарғиб қиладилар. Агар ёлғон таълимотни черковнинг ўзини ҳақиқатга ошно деб ҳисобловчи тажрибасиз қавми ўртасида тарғиб қилса, черков бу китобларни ёқиб юбормаслиги, қавмини васвасга солган одамни кўздан нари қилмаслиги мумкин эмас. Православ черковининг фикрига кўра сохта олов алангасида ёнаётган ва энг муҳим масалада, иймон масаласида черков қавмини йўлдан оздираётган мазҳабпарастни нима қилмоқ керак? Унинг калласини олмоқдан ёки ўзини зиндонга солмоқдан ўзга илож борми? Алексей Михайлович замонида гулханда ёқиштан, яъни замонасининг олий жазосини қўллашган; бизнинг давримизда ҳам яна ўша олий жазони қўллашади — бир кишилик ҳибсга маҳкум этишади. Мен диний эътиқод йўлида қилинаётган ана шунақа ишларга эътиборимни қаратдим-да, даҳшатга тушдим ва православиядан деярли юз ўтирдим. Черковнинг ҳаётий масалаларига иккинчи муносабати унинг урушга ва қатлларга муносабати эди.
Шу пайтда Россияда уруш бошланиб қолди. Руслар христиан севгисини алқаб ўз биродарларини ўлдира бошлашди. Бу тўғрида ўйламасликнинг иложи йўқ эди. Қотиллик ҳар қандай диннинг бирламчи асосларига зид бўлган ёвузлик эди. Буни кўрмаслик мумкин эмас эди. Ҳолбуки, черковларда бизнинг қуролимизнинг муваффақияти учун ибодатлар қилинди ва дин пешволари қотилликни диндан келиб чиқувчи иш, деб тан олишди. Нафақат урушдаги бу қотилликни, балки урушдан кейин содир бўлган ғалаёнлар вақтидаги одам ўлдиришларни ҳам шаръий бир нарса деб эътироф этишди. Мен черков арбобларини, пирларини, монахларни кўрдим — улар адашган ночор йигитларнинг ўлдирилишини маъқуллашди. Мен христиан динига сиғинадиган одамлар томонидан қилинадиган ишларнинг ҳаммасига эътиборимни қаратдим. Қаратдим-у, даҳшатга тушдим.
XVI
Шунда шубҳаларни йиғиштириб, узил-кесил амин бўлдим — мен келиб баридан тутган иймон билими ҳали тўла ҳақиқат эмас экан. Авваллари бу диний таълимот бошдан-оёқ ҳаммаси ёлғон дердим; аммо эндиликда бундай деб бўлмас эди. Бутун халқ ҳақиқатни билишга эришган эди, бунга шубҳа бўлмоғи мумкин эмас эди, акс ҳолда бу халқ яшамаган бўлар эди. Ҳақиқатни таний оладиган бўлиб қолганимдан ташқари мен аллақачон шу ҳақиқат билан яшамоқда ва унинг жамики чинлигини ҳис қилмокда эдим, бироқ ана нгу билимимнинг ўзида ёлғон ҳам бор эди. Бунга ҳам менинг шубҳам йўқ эди. Шундай қилиб, авваллари мени бездирган нарсаларнинг ҳаммаси эндиликда жонли бир тарзда қаршимда гавдаланди.
Аммо ёлғон қаёқдан келиб қолди-ю, ҳақиқат қаёқдан келди? Ёлғон ҳам, ҳақиқат ҳам черков деб аталган нарса томонидан тарқатилади. Ёлғон ҳам, ҳақиқат ҳам ривоятларнинг таркибидадир. Уларни муқаддас ривоятлар ва муқаддас китоблар деб аташади.
Шу тарзда хоҳласам-хоҳламасам мен ана шу ривоятлар ва китобларни ўрганишга, тадқиқ этишга мажбур бўлдим. Ҳолбуки, ҳозиргача айни шундан қўрқар эдим.
Мен бир вақтлар кераксиз нарса сифатида нафрат билан ўзим улоқтириб ташлаган диншуносликни ўрганишга киришдим. У пайтларда диншунослик менга бир қатор кераксиз бемаъни нарсаларнинг йиғиндисидай туюлганди, у пайтларда менинг теварагимни ҳар томондан менга аниқ-равшан ва маънога тўлиқ бўлиб туюлган ҳаёт ҳодисалари қуршаб олган эди, эндиликда эса соғлом каллага сиғмаётган нарсани бажонидил улоқтириб ҳам ташлар эдиму, аммо ноилож қолган эдим. Бу — диний эътиқоднинг пойдевори эди, ҳарҳолда у менга намоён бўлган ҳаёт маъносини яхлит билиш билан чамбарчас боғлиқ эди. Менинг кекса, бақувват ақлимга у ҳар қанча ваҳшиёна кўринмасин, у халос бўлишнинг бирдан-бир омили эди.
Уни англамоқ учун, ҳатто, мен илм қоидаларини англагандай эмас, шунчаки жўн англамоқ учун уни эҳтиёт билан синчиклаб текшириб чиқмоқ керак эди. Иймон билимининг хусусиятини билиб туриб, мен буни изламайман ва излай олмайман. Мен ҳамма нарсанинг изоҳини излаб ўтирмайман. Мен биламан — ҳамма нарсанинг изоҳи ҳамма нарсанинг ибтидоси сифатида чексизлик ичида яширинган бўлмоғи керак. Аммо мен шундай англамоқ истайманки, мен бунинг оқибатида муқаррар тарзда изоҳлаб бўлмайдиган нарсага келай; истайманки, жамики изоҳлаб бўлмайдиган нарса ақлимнинг талаблари нотўғри бўлгани учун эмас (акдимнинг талаблари тўғри, улардан ташқарида мен ҳеч нарсани англай олмайман), балки мен ўз акдимнинг чегараларини кўриб турганим учун изоҳлаб бўлмайдиган бўлса. Мен шундай англамоқ истайманки, ҳар қандай изоҳлаб бўлмайдиган қоида менинг қаршимда мен ишонишим керак бўлган нарса сифатида эмас, акднинг зарурияти тарзида намоён бўлса…
Диний таълимотда ҳақиқат борлиги менда зарра шубҳа туғдирмайди. Аммо унда ёлғон мавжуд эканига ҳам зарра шубҳам йўқ. Мен ана шу ҳақиқат билан ёлғонни топиб, уларни бир-биридан ажратиб олмоғим керак. Мен ана шу ишга киришдим. Диний таълимотда мен қандай ёлғон нарсани топганим, қандай ҳақиқатни топганим, қандай хулосаларга келганим навбатдаги асаримнинг таркибий қисмини ташкил қилади. Бу асар бирор нарсага арзиса ва бирор кимсага кераги бўлса, бирор вақтда ёзилар ва бирор жойда чоп этилар…
Мен буларни уч йил аввал ёзган эдим.
Эндиликда унинг чоп этилаётган қисмини қайта кўриб чиқар эканман ва ўша пайтдаги фикрларим мантиғига ҳамда кўнглимдан кечган ҳисларга қайтар эканман, яқинда бир туш кўрдим. Шу тушда жамики кечирган туйғуларим ва тилга олган ҳодисалар жуда ихчам бир тарзда ифодаланган эди. Шунинг учун ўйлайманки, тушим мени англаганларнинг ҳам хотирасини янгилайди, мен юқоридаги саҳифаларда узундан-узоқ баён қилиб берган нарсаларни бир жойга жамлаб, аниқроқ тасаввур қилишга ёрдам беради. Мана ўша туш: мен тўшакда ётган эмишман. Ўзимни яхши ҳам, ёмон ҳам ҳис қилмаётган эмишман. Чалқанча ётган эканман. Шунда яхши ётибманми, дея ўйлай бошлабман. Шунда оёғимни ноқулай ҳис қилибман, калта эмишми-ей, таги нотекис эмишми-ей, билмадим, ҳарҳолда ноқулай эмиш-да. Мен оёғимни қимирлатиб кўрибман ва шу билан бирга ниманинг устида қандай ётганимни ўйлай бошлабман. Шу пайтгача бу гап хаёлимга келмаган экан. Тўшагимни кўздан кечириб қарасам, арқондан тўқилган тўр каравотда ётибман. Оёғимнинг учи паст томонда ётибди, тиззам очилиб қолибди. Шундан ноқулайлик сезаётган эканман. Негадир билар эканман — тагимдаги тўр тўшакни у ёқ-бу ёққа сурса бўларкан. Оёғимни қимирлатиб, тўр каравотнинг этак қисмини бир ёнга жиндай сурибман. Шундай қилсам, тинчроқ ётадигандай кўринибман. Лекин мен уни кўпроқ суриб юборибман, оёғимга илинтирмоқчи бўлибман, лекин оёғим етмабди, аксига олиб тўр каравот яна жиндай силжибди-ю, оёкларим осилиб қолибди. Қулайроқ ўрнашиб олишга комил ишонч билан, бутун гавдам билан ҳаракат қилиб тўр каравотни ўнглаб олмоқчи бўлибман, аммо бу ҳаракатим билан иш ўнгланиш ўрнига батамом чаппасига кетибди. Бир маҳал қарасам, бутун гавдам ҳавода муаллақ осилиб қолган эмиш, оёғимни чўзсам, ерга тегмас эмиш. Юрагим ваҳимага тўлиб, қўрқиб кетибман. Шу ерга келганда аввал миямга келмаган бир нарсани сўрайман: «Мен қаердаман ва нимада ётибман?» Теварак-атрофимга аланг-жаланг қарайман. Ҳаммадан аввал пастта — гавдам осилиб турган томонга қарайман. Ҳали-замон ўша томонга қулашимни туяман. Пастга қарайман-у, кўзларимга ишонмайман. Мен шунақа юксакдаманки, қўяверасиз. Энг баланд миноранинг ёки тоғ чўққисининг баландлиги ҳам унинг олдида ип эшолмайди. Бунақа баландлик авваллари етти ухлаб тушимга кирган эмас.
Мен аниқ-таниқ илғай олмайман — қуйида, тепасида муаллақ турганим ва ҳадеб мени ўз бағрига чорлаётган тубсиз ўпқонда бирор нарсани кўряпманми, йўқми? Юрагим увушади, ўзим даҳшатга тушаман. Қуйига қараш қўрқинчли. Сезиб турибман, пастга қарасам, ётган жойимдан сирғаниб тушиб кетаману нобуд бўламан. Мен қарамайман, лекин қарамаслик яна ҳам ёмон, чунки мен «ҳозир тушиб кетсам нима бўлади?» деб ўйлайман. Сезиб турибман, қўрқувдан энг сўнгги кучларимни йўқотиб, аста-аста орқамда сирғалиб, пастга тушиб кетяпман. Яна бир лаҳзадан кейин тамом. Шунда бирдан хаёлимга: «Бу ҳақиқат бўлиши мумкин эмас, — деган фикр келади. — Бу — туш. Уйғон». Мен уйғонишга ҳаракат қиламан, лекин уйғонолмайман. «Нима қилиш керак? Нима қилса бўлади?» — дея ўзимдан-ўзим сўрайман ва юқорига қарайман. Юқорида ҳам тубсизлик. Мен самонинг бу тубсизлигига қарайман-у, қуйидаги тубсизликни эсдан чиқаришга тиришаман ва чиндан ҳам унута бошлайман. Қуйидаги чексизлик мени даҳшатга солади ва ўзидан бездиради, юқоридаги чексизлик эса ўзига тортади ва менга куч беради. Мен ҳамон тубсизлик устида тўр каравотда илинар-илинмас осилганча муаллақ турибман. Муаллақ турганимни биламан, лекин фақат юқорига қарайман. Қўрқув мени аста-секин тарк эта бошлайди. Кўпинча тушда бўладиган каби аллақандай овоз дейди: «Билиб қўй, бу — ўша!» — шунда мен юқоридаги тубсизлик қаърига борган сари ютоқиб қарайман ва секинаста хотиржам бўла бошлаганимни ҳис қиламан. Нимаики бўлиб ўтган бўлса, ҳаммаси эсимда; буларнинг бари қандай рўй берганини эслайман — мана, оёқларимни қимирлатдим, мана, муаллақ осилиб қолдим, мана, қўрқувдан даҳшатга тушдим, мана, юқорига қараб, қўрқувдан халос бўлдим ва ҳалокатдан омон қолдим. Шунда ўз-ўзимдан сўрайман: «Хўш, энди бу ёғи нима бўлади? Ҳамон муаллақ осилиб турибманми?
Энди мен аланг-жаланг бўлмайман, лекин бутун вужудим билан қайси нуқтага таяниб турганимни ҳис қиламан. Кўраманки, мен ортиқ муаллақ осилиб турганим йўқ, қулаётганим ҳам йўқ, балки турган жойимда маҳкам турибман. Мен ўзимдан нечук бунчалик маҳкам турганимни сўрайман, теварагимга қарайман, пайпасланаман, қарасам, остимда, белимнинг тагида тўр каравотдан бир бўлаги бор экан, мен шунинг устида осмонга қараганча ётибман ва у мени аввалгидай кўтариб турибди. Худди шу чоғда худди тушларда бўладигандек, мени кўтариб турган куч кўз ўнгимда намоён бўлади. Гарчи бу куч ўнгимда ҳеч қанақа маънога эга бўлмаса-да, тушимда ғоятда табиий, тушунарли ва ҳеч қандай шубҳа туғдирмайдиган бўлиб кўринади. Мен тушимда ҳатто таажжуб қиламан — нечук мен буни авваллари англамадим экан? Буни қарангки, менинг миямнинг ичида бир устун бор экан. Бу устуннинг мустаҳкамлиги ҳар қандай шубҳадан ташқари эди. Ҳолбуки, бу нозик устуннинг ҳеч қандай таянчи йўқ эди. Кейин шу устундан бир ип ўтказилган экан. У шунақа усталик билан ва айни чоғда шунақа жўн бир тарзда ўтказилган эканки, шу ипнинг устига белинг билан ётиб, юқорига қарасанг, пастга қулаш ҳақидаги фикр, ҳатто, хаёлингга ҳам келмас экан. Буларнинг бари менга аён бўлди ва мен бундан мамнун бўлиб, хотирим жам бўлди. Гўё аллаким менга: «Буни кўриб эслаб қол», — дегандай бўлди. Шу жойда уйғониб кетдим.