Jumagul Jumaboeva. Xurshid Davron she’riyati haqida

003     Тарих Хуршид Даврон шеъриятида ўзига хос бир тарзда намоён бўлади. У ҳам кўпинча қаламкаш дўстлари сингари тарихий жойлар, шахслар қисматини, кураш йўлларини замонага ибрат сифатида танинштиришга ҳаракат қилади. Ана шу жараёнда лирик қаҳрамон руҳий олами теранлик билан очилади ва унга даврнинг ўтказган таъсири аниқ намоён бўлади.

Жумагул Жумабоева
ХУРШИД ДАВРОН ШЕЪРИЯТИ ҲАҚИДА
“XX аср ўзбек шеъриятида писихологик
тасвир маҳорати» монографиясидан

034

Ўзбек шеъриятида лирик қаҳрамон 70—80-йилларга келиб, ниҳоятда фаоллашди. У олдинги даврлардагидан фарқли ўлароқ, ҳаётий мушоҳадаларини чуқур масъулият билан изҳор қиладиган, сиёсий буйруқлар ижроси эмас, балки инсон омили ҳақида кенг кўламда ўйлайдиган бир тарзда ўзлигига қайта бошлади. Бошқача қилиб айтганда, унинг ҳаёт оқимига, инсон тақдирига муносабати олдинги даврларга нисбатан бутунлай ўзгача намоён бўлиб, унда исёнкорлик, курашчанлик хусусияти юзага қалқиб чиқа бошлади. Шоирлар лирик қаҳрамон руҳияти тасвирида бадиий маҳоратнинг турфа имкониятларидан фойдаланган ҳолда унинг ҳаётнинг барча мураккабликлари-ю, зиддиятларига ҳаққоний муносабатини акс эттиришга интилдилар. Бу бир томондан, шеъриятнинг бадиий бақувватлигини, унинг ривожини таъминласа, иккинчи томондан, ҳаёт ва инсон муносабатларининг бадиий инъикосидаги сохталикдан шеъриятни халос этиш, ҳақиқатнинг рангларини унинг бағрига олиб кириш ва унда муқимлаштириш борасидаги беқиёс жасоратнинг боши бўлди. Бинобарин, шеърият ва унинг лирик қаҳрамони ошкоралик неъматидан бутунлай маҳрум бўлса-да, ўз қалбида исён билан бош кўтариб келаётган курашчан кайфият — руҳиятнинг рангларини чуқур ифода этишнинг йўлларини излашга тушди. Чунки у шу пайтгача, аксар ҳолатларда, маълум қолипларда яшашга мажбур бўлиб, ўзининг ички имкониятлари ва кучини инсоният хизматига йўналтиришдек қудратини намойиш қилишдан бир қадар маҳрум эди. Мана шу фожиани англаш жарёнида шеърият бутун имкониятини ҳаётни, жамиятни ичидан емираётган, инсонни инсонийликдан маҳрум этиб, уни манқуртланггиришга уринаётган омилларни фош этишга бағишлашга киришди. Шеъриятдаги бу йўналиш ўзини расмана, очиқ-ойдин кўрсата олиши мумкин бўлмаган ҳақиқат эди бу пайтда. Аммо бадиий адабиёт, айниқса, шеърият шундай бир сир-синоат, сеҳр манбаики, уларни англаш, фаҳмлаш иқтидори унинг ҳақиқий кашфиётчилари ва шайдоларига насиб этгувчи бахтдир. Мана шу бахт соҳиблари шеъриятга бадиият тили билан ҳақиқатни айттиришга муваффақ бўлдилар. Бунда шоирлар бугун учун ботиний, тарих учун зоҳирий алам чекдилар. Ана шу ботиний ва зоҳирий курашлар уйғунлигида келажак тақдири ҳақида хулоса ясашга интилдилар. Ҳаёт ҳақиқатини бадиий ҳақиқат билан уйғунлаштириш натижасида замона учун ниҳоят зарур бўлган мантиқий умумлашмалар, хулосалар чиқардилар. Чунки шоирларни тарих қисмати, бугуннинг аҳволи, келажак тақдири чуқур ўйлашга мажбур қилди. Зеро, ҳар бир халқ ёки миллат ўзининг дунё юзидан изсиз йўқолиб кетишини истамайди. Аксинча, ўзининг миллат сифатида ривож топишини орзу қилади ва шунинг учун бор имкониятини сарфлайди. Қисқаси, ҳар бир миллат ўз келажагининг бугунидан яхши бўлишини истайди. Шу маънода ўзбекнинг шоири, зиёлиси ёхуд руҳияти уйғоқ ҳар бир фарзанди яхши келажак ҳақида ўйлашга ҳақлидир. Хўш, руҳий уйғониш палласига кирган ўзбек шеърияти лирик қаҳрамони макон ва замон тушунчаси ҳақидаги қарашларини қандай изоҳлай билди, деган савол туғилади. Бунга шундай жавоб бериш мумкинки, бу давр лирик қаҳрамони маконда замонлар диалектикасини яратиш ва шу асосда яшаётган куни учун ниҳоятда муҳим бўлган хулосаларни илгари суришга интилди. Бошқача қилиб айтганда, тарих, замон ва келажак бирлиги замирида миллат, Ватан қисмати ва тақдири ҳақида ҳақиқатни айтишга қарор қилди. Бу фикрга аниқлик киритиш жараёнида шу даврга қадар шеърият лирик қаҳрамони замонлар бирлиги — тарих, замон ва келажак ҳақида ўйламаганми, деган саволнинг ҳам пайдо бўлиши муқаррар. Дарвоқе, ўзбек шеъриятининг лирик қаҳрамони бу ҳақда олдин ҳам ўйлаган. Бу ҳақда ўйламайдиган адабиётнинг бўлиши мумкин эмас. Аммо унинг хулосаларини узоқ йиллар мобайнида ҳукмронлик қилган сиёсатнинг ҳақиқатдан чекинган овозининг акс-садоси ўзига жўровоз бўлишта мажбур этди. Чунки тарихни қоралаш, замон юзини бўяб кўрсатиш, келажак ҳақида мавҳум фикрларни илгари суриш, жамият, тузумнинг инсон ҳаётида юзага келтираётган кечириб бўлмас хатоларини инкор этиш мазкур сиёсатнинг бош мақсади бўлган. Бу мақсад то 60-йилларгача бадиий адабиётнинг бош ғоясини қатъий белгилаган ҳолда ўз измидан чиқармай келган. Бу ҳақда юқорида ҳар бир давр шеърияти, ҳар бир шоир ижодиёти таҳлили жараёнида фикр билдирилди.

70—80-йиллар шеърияти ҳақида жиддий тадқиқотлар яратган Иброҳим Ҳаққулов: «Шеъриятимизга етмишинчи йилларда ва ундан кейинроқ кириб келган ёшлар ижоди адабий танқид олдига янгидан-янги муаммоларни кўндаланг қўймоқда, бошқача назар, шеър таҳлилида ўзгача маънавий-руҳий ҳолатларни ҳисобга олишни талаб этмоқда», — деб ёзган эди. Дарҳақиқат, тадқиқ этилажак ушбу давр шеърияти маънавий-руҳий ҳолатлар тасвирини ўзида теран мужассам этган ва янги заминда уйғонган, ўзлигига қайтган шеърият бўлди.

Шеъриятни уйғотишда Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон, Миразиз Аъзам сингари навқирон авлоднинг жасоратли хизматлари кам бўлмади. Нега? Чунки ўзбек шеърияти 60-йиллардан бошлаб, уйғониш палласига кирган эди. Буни Э. Воҳидов, А. Орипов, Р. Парфи шеърияти лирик қаҳрамони руҳий оламида кеча бошлаган жараёнлар мисолида кўрдик. Шеъриятнинг уйғонган даврида лирик қаҳрамонлар руҳий дунёси янада бойиши билан биргаликда улар сафи кенгая борди. Шеъриятни уйғотган нарсалар ҳаётни, инсонни қисман эмас, кўпроқ, тўлароқ уйғонишга даъват этди. Аввало, тарихга муносабат ўзгарди, замон юзидаги пардага қўл чўзилди. «Иллатсиз» саналган жамиятдаги иллатларни фош этиш кучайди. Инсон тақдири, келажаги учун кураш бошланди. Бу эса давр шеъриятини юксалтирувчи, унинг қалб, руҳ маҳсули эканлигини муҳрловчи масалалар сифатида адабиётни янги ўзандан оқишга йўллади… Шеърият бағрига уйғониш бонгини олиб кирган, юқорида номлари саналган авлоднинг сафлари тўлишиб борди. Булар Усмон Азимов, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон сингари бир қатор ёшлар эди. Улар Ойбек, Чўлпон, Фитрат, Қодирийлар анъаналаридан руҳий озиқ олган, халқига, Ватанига садоқатли ва улар келажаги учун ўзларини маънавий масъул деб билган иқтидорли шоирлар сифатида фидойилик қилдилар.

Шеъриятдаги уйғониш — бу руҳиятнинг уйғониши демакдир. Руҳ уйғоқлиги эса инсониятнинг ҳақиқат, адолат, ўзлик сари интилишининг самарасидир. Савол туғилади: Нега шоирлар бу даврга келиб, тарихга, миллий анъаналар, урф-одатларга кўпроқ мурожаат қиладиган бўлиб қолишди? Нега? Сабаби, руҳан уйғонган шеърият англаб етдики, халқ ўз тарихидан, миллий анъаналари заминидан узилиб кетаяпти. Улардан айрилган ҳар қандай миллат келажакдан маҳрум ва ҳалокатга маҳкум. Агар олди олинмаса, булар бутун бир халқ учун тузатиб бўлмас фожиа бўлиши муқаррар. Буни яхши англаган лирик қаҳрамоннинг руҳий бедорлиги халқни ғафлатдан қутқариш йўлидаги бонг бўлди.

Дарвоқе, бу даврда тарихга, миллий анъаналарга фақат зимдан эмас, балки очиқчасига отиб келинган тошлар ёмғири кучайди. Натижада, руҳий безовталик қўзғалиб, ҳар бир виждони уйғоқ қалб изтиробга тўлди. Уларда курашчанлик туйғулари, аввало, зимдан, кейинчалик ошкора ҳаракатга келди. Бу ҳаракатлар маҳсули — курашчан шеърият маълум мақсадни кўзлаб, ҳаётни мураккаблаштираётган муаммоларнинг маънавий ечимини излашга ниҳоятда қаттиқ киришди. Инсоннинг руҳан озодлиги, руҳий эркинликдан баҳраманд шахснинг жамият тараққиётидаги ўрнининг бениҳоя баландлигини бадиий акс эттириш, замондошини ҳақиқат билан юз кўриштириш бу давр шеърияти лирик қаҳрамонининг бош мақсадига айланди.

…Бу давр шеърияти лирик қаҳрамони олдинги давр лирик қаҳрамонларига нисбатан анча жасоратли. Айтиладиган гаплари юзидан пардалар сидириб ташланган. Бунга Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон сингари шоирлар шеърияти, лирик қаҳрамонларининг ҳаётга муносабатлари, тарих, замон, келажак ҳақидаги фикрлари оқимини мисол қилиб келтириш мумкин.

***

…Тарих Хуршид Даврон шеъриятида ҳам ўзига хос бир тарзда намоён бўлади. У ҳам кўпинча қаламкаш дўстлари сингари тарихий жойлар, шахслар қисматини, кураш йўлларини замонага ибрат сифатида танинштиришга ҳаракат қилади. Ана шу жараёнда лирик қаҳрамон руҳий олами теранлик билан очилади ва унга даврнинг ўтказган таъсири аниқ намоён бўлади. Xуршид Даврон чор ҳукумати босқинига бағишланган бир қатор шеърлар ёзган. Бу шеърлар халқимиз тарихининг сохталаштирилган саҳифаларининг ҳақиқатларини билишда муҳим аҳамият касб этади. Шоир ҳақиқатнинг юзини, халқнинг кўзини очишга интилиб, Намоз ботир қисматини замондошига ибрат қилиб кўрсатади. Агар тарих саҳифалари варақланганда уларда халқи, Ватани учун жонини бахш этган кўплаб фидойилар ўтганлигининг гувоҳи бўламиз. Зеро, улар ҳукмрон сиёсатга ва унинг раҳбарларига қарши беҳуда бош кўтармаганлар. Намоз ботир чор Россияси мустамлака сиёсатининг кишанларини парчалаш, халқ, Ватан тупроғини озод кўриш истаги билан қўзғалган ва она халқи манфаатини ҳимоя қилиш мақсади билан курашга отланган. Бу тарихий ҳақиқатларни такрорлаб ўтиришдан мақсад шуки, шоир биринчидан, Намоз қаҳрамонлигини шеърга айлантириб, тарихга эҳтироми ва эътиқодининг юксаклигини намойиш этган. Иккинчидан, Хуршид Давроннинг асосий мақсади замон, давр ҳақидаги ўз фикри, мушоҳадаларини билдириш, маънавий танглик заминини кўрсатиш ва замондошлари қалбига таъсир ўтказиш. Шоир  Намоз қисматини замондошига ибрат қилиб кўрсатар экан, уни фақат яхшиликлар сари бошлашга интилади. Бундай шеърларни таҳлил этиш ўз-ўзидан сиёсатга муносабат билдиришни тақозо этаверади. Чунки шўролар мамлакатида 70 йилдан ошиқроқ ҳукмронлик қилган сиёсатнинг ваъда ва кўрсатмаларига қараганда унинг кўп миллатли халқи аллақачон коммунизм қуриши, ҳамма тенг ҳуқуқли, ҳар кимнинг ери, бойликлари бедахл ва ўзиники бўлиши керак эди. Бу ғоя барча миллатларни ўзига ишонтирди. Ҳеч кимда унинг сароб бўлиб чиқишига шубҳа туғулмади. Аммо 80-йилларга келиб, ана шу ишонч туйғуси кўпчиликни тарк этди. Уларда яшаётган жамиятининг келажаги ҳақида аниқ тасаввур қолмади. Бу ҳақиқатни ҳар бир халқнинг зиёли фарзандлари олдиндан илғаган, тушуниб етишган. Шунинг учун ҳам кўпчилик шоир ва адиблар хаёлан тарихга қайтиб, замонни кузатдилар, келажак ҳақида қайғурдилар. Уни инқироздан сақлашнинг маънавий чораларини изладилар. Хуршид Давроннинг «Намоз йўли», «Намоз ҳақида қўшиқ», «Ботир Намоз ўлими», «Намознинг қиличи ҳақида эртак» шеърларида интиқом, қасос маслаги ҳукмрон: «Намоз йўли”да ўқиймиз:

Намоз кетар…
Йўллар устида
Муқаннаю Широқ излари.
Қаршисида титраб осуда,
Тўмариснинг порлар кўзлари.

Намоз кетар…
Қасос туғилар,
Тобланади ханжар каби тан.
— Қайтма, ўғлим, сен мени қутқар!
Шивирлайди ғамдийда Ватан…

Ҳар бир халқ, миллатнинг анъаналари ўлмасдир. Шу жумладан, унинг кураш анъаналари ҳам. Қачонки, миллатнинг тили, Ватанига тажовуз бўлар экан, унинг қонида кураш руҳи бош кўтариши, табиий. Демак, Намоз руҳида аждодлари руҳининг уйғониши, қонидаги интиқом туйғусининг жунбушга келганлиги ҳам анъаналарнинг ўлмаслигини англатади. Шоир бу билан нима демоқчи? Айтмоқчики, агар замондошлари руҳи, виждони уйғоқ бўлса, тил, Ватан, миллат равнақи учун курашсин.

«Намознинг қиличи ҳақида эртак» шеъри ана шу Ватан, миллат, тил масаласи ҳимоясини ўзида мантиқан мужассам этганлиги билан қимматли. Намознинг қиличи — бу юқорида айтилган учта муқаддас ҳилқат ҳимояси учун аждоддан авлодга ўтиши шарт бўлган меросий эътиқод, интиқом туйғуси рамзидир. Намоз хоинлар томонидан ўлдирилди. Аммо у кўзлаган мақсадини тўла амалга оширолмади. Унинг сўнаётган кўзларида авлодлардан умид учқуни муҳрланиб қолади. Шоир бу туйғуни қалбида, руҳида уйғота олмаётган замондошидан ноумид ҳолда:

Ҳеч ким уни изламас,
Ҳеч ким уни кўрмайди
Ва қилич ўч ҳақида
Кечалари куйлайди.

У фақат қўрқар уни
Олмаса бас қутлуғ дам
Юрагида қасоси
Бўлмаган бирор одам…

дейди. Бу қилич ҳақида ёниб сўйлаётган лирик қаҳрамоннинг гаплари — унинг қалбини оловга, руҳиятини ларзага солган даврнинг дардлари. Савол туғилади: кимдан қасос олиш, кимга қарши курашиш керак? Жавоб эса шундай: миллати ва мансабидан қатъи назар Ватан, миллат тушунчасини англамаган, уларни севмаган, ҳимоя қилмаганларга қарши курашмоқ, қилган хиёнатлари учун улардан қасос олмоқ керак. Халқ, Ватан, тил камситилган жойда ҳеч қачон тараққиёт ҳам, дўстлик ва биродарлик ҳам бўлмаган. Шеър дунёга келган даврда худди ана шу касалликнинг илдизи чуқурлаша бошлаган эди. Намозлар ва уларнинг қиличлари айни пайтда ўша илдизни қирқиш учун зарур бўлиб қолди. Намоз қисмати ва кураш йўлларига бағишланган бу шеърлар қасос шеърлари. Уларда лирик қаҳрамон замондошини хушёрлик ва фидойиликка чорлабгина қолмайди, балки ўз руҳиятидаги, дилидаги исён оловини ҳам жасорат билан ошкор этади. Ўзига ҳамдард ва ҳамфикрлар излайди.

Тарих бағрида замонни вояга етказиш, шу заминда келажак тарбиясини бошлаш Xуршид Даврон лирик қаҳрамонининг бош мақсадларидан бири. Бу унинг «Афросиёб сўзи» шеърида жуда ёрқин бир тарзда кўзга ташланади. Тарих — бобою момоларнинг руҳини, кураш ва орзу-интилишларини бағрига олган улкан бир ҳилқат. Бугунги авлод нимаики мақсад қилган бўлса, албатта, ўз тарихига таяниб қилмоғи лозим. Агар ҳар қандай жисмнинг таянч нуқтаси бўлмаса, у ўз мувозанатини йўқотади. Тарихига таянмаган замон ҳам шундай. Йилнинг фасллари бўлганидек, инсон умрининг ҳам фасллари бўлади. Агар бу кенг маънода олинадиган бўлса, инсоният тарихи ҳам фаслларсиз бунёд бўлмаган. Тарих фаслларининг ҳар бири авлодлар учун улкан ҳаётий тажриба мактаби.

Шеърда тарих замонага мурожаат қилар экан, ёзидаги даврон чангларидан, кузидаги ёмғирга айланган инсон дарди, ғамидан, қишида қалбларни музлатган нафрат, номус, қасос бўронидан, баҳоридаги тоза ва бокира майсага айланган аждодларнинг мангулик меҳри, умиди ва жасоратидан сабоқ беради.

Кел, бўтам, ағана, кўксимда силкинган
Майсазор устига, ахир, сен менинг
Саратоним, кузим, қишим, баҳоримсан.

Демак, бола ота-онасиз, унинг тарбиясини олмай чин маънодаги инсон бўлиб вояга етолмайди. Тарихини танимаган, ундан ажралган давр ҳам худди шундай. У инсон орзулари, кураш ва интилишлари тўла маънода рўёбга чиқадиган замонага айлана билмайди. У йўлидан адашиши, уни асрлар қонида яшаган номус, қасос, жасорат тарк этиши мумкин. Шеър лирик қаҳрамони эса буни истамайди. Уни замонасининг ана шу туйғуларни беқадр қилаётганлиги қийнайди. Тарихда инсоният ҳаётининг ҳайкалига айланган муқаддас мерос — Афросиёб сўзлари билан замондошига мурожаат этади. У ўз руҳида бедор яшаётган аждодлар руҳининг қудратидан уларга ҳам улашгиси келади. Чунки даврнинг маънавий ташналик палласига кирганлиги ва унинг чорасини тополмай аросатда қолиб кетаётганлигини лирик қаҳрамон жуда яхши англаб етган.

Кетаман «Девон-ул-луғатит турк”ка,
Ҳасратим, қувончим олиб кетаман.
Мозийни бугунга, заминни кўкка,
Қалбимни ”Девон-ул-луғатит турк»ка
Улай  деб кетаман, бир кун етаман…

Бу ерда лирик қаҳрамоннинг аввалги шеърларидаги тарихни замонага яқинлаштириш, яъни «Мозийни бугунга» улаш мақсадидан қайтмаганлиги кўриниб турибди. Дарвоқе, «Девон-ул-луғатит турк оҳанглари» шеъри Хуршид Давроннинг тарихга — маданиятимиз, тилимиз тарихига бўлган эътиқодининг ниҳоятда юксаклиги белгисидир. Шоирнинг ҳасрати ҳам, қувончи ҳам — халқ. Халқ эса бугун ўтмишидан бениҳоя узоқ масофаларга олиб кетилган. Оралиқ масофа узоқлашган сари улар ўртасидаги жарлик кенгайиб, чуқурлашиб бормоқда. Шоир руҳиятига изтироб олиб кирган бу ҳақиқат уни беихтиёр тарих бағрига чорлайверади. У эса интилаверади, қарор эса қатъий: барибир «бир кун етман». Лирик қаҳрамон бу сўзларни шу қадар ишонч билан айтадики, ўқувчи беихтиёр унинг фикрлари доирасига тушиб қолади. Сабаби ўқувчи ҳам лирик қаҳрамон билан қондош, жондош, руҳдош. Руҳий яқинлик бор жойда бир-бировни тушуниш осон, мақсадлар уйғунлашуви, табиий.

Илдизи бақувват дарахт узоқ яшайди. Тарихидан ажралмаган халқ ҳам шундай. Ўз ўтмишидан юз ўгириб, ўзганинг бугунидан умидворлик бемаъниликдир. Бундай бемаънилик эса замонанинг қиёфасини белгилаш даражасига етиб борган пайтда унга чидолмаган, чора кўришга ожизлик ҳиссини туйган лирик қаҳрамон ўзининг орзу-умидларига тарих бағридан макон излайди. Халқини ҳалокатдан асрашнинг йўлларини аждодлар маънавий мероси хазинасидан ахтаради. Турк тилининг бутун бойлиги ва гўзаллигини «Девон-ул-луғатит турк» асарида сақлаб қолишга муяссар бўлган Маҳмуд Кошғарий руҳига сиғинади.

У айтмас: -Шайтон, -деб, у айтар: -Баёт.
У айтмас: -Ўлим, деб, у айтар: -Ҳаёт.
У айтмас: -Кечам, -деб, у айтар: -Эртам.
У айтмас: -Бугуним. Айтар: -Будуним.
— Хайр! -демас, -Салом, -дер, -салом, набирам!..

Булар юракни орзиқтирувчи тансиқ ҳақиқатлар- ку?! Қалбининг кўзлари даврон чангларидан тозаланаётган ўқувчи лирик қаҳрамон туйғулари ифодасидан тўлқинланиб, ўз аждодларига соғинч билан талпиниши, сўзсиз. Чунки унинг мудроқ руҳини уйғотувчи лирик қаҳрамон фикрлари ниҳоятда теран ва таъсирли. Яшашга, курашга чорловчи бу сўзлар тарих нурлари ёрдамида бугунги маънавият чироқларини тамоман сўнишидан асровчи қудрат. Хўп, руҳи, виждони уйғоқ ўқувчи, лирик қаҳрамон билан ҳамфикр, унга ҳамдамлик қила олади. Аммо замона руҳи-чи? Яхлит ҳолда олганда, лирик қаҳрамон руҳининг исёнлари, замонанинг руҳини бутунлигича ўз оқимига торта оладими? Бу жуда қийин масала. Лирик қаҳрамон ана шу мураккабликка жуда яхши тушунади ва фикр-қарашлари, курашлари йўлида пайдо бўлаётган тоғдай тўсиқларни енгишга ўзидан куч излайди:

«Девон-ул-луғатит турк»да очун ёруғдир.
Йўллар хўб узундир, юлдузлар йирик.
Етмоқлик гумондир, кетмаклик — зарур,
Юраклар — долғали, орзулар — тирик.

Бу мисраларнинг ҳар бири фикрий теранлиги жиҳатидан битта мустақил асарнинг ғоявий юкини ўзида мужассам этган дейилса, муболаға бўлмайди.

«Девон-ул-луғатит турк» — бу тарих тимсоли. Унинг ёруғ кунлари, тунларини ёритган юлдузларининг шуъласи замонани ҳам ёритишга қудрати етмоғи рост. Замоннинг улардан узоқлаштирилганлиги эса улкан фожиа. Ўтмиш бағрида нурланиб турган «ёруғ очун»га замондошининг етмоқлиги лирик қаҳрамон қалбига гумон уруғларини ташлайди. Сабаби, биринчидан, замондоши маънавияти ўз ўтмишининг нурлари билан эмас, балки бошқа ёруғликлар таъсирида шаклланганлиги бўлса, иккинчидан, мақсади шубҳали кучларнинг анча барқарорлиги эди. Шунинг учун ҳам лирик қаҳрамонни «нима қилмоқ керак?» деган савол ниҳоятда қийнайди. Руҳий гушкунлик инсонни ҳалокатга тезроқ етказувчи омиллардан бири. Лирик қаҳрамон эса курашиш, ҳақиқатни тиклаш учун дунёга келган. Эзгу ниятга хиёнат қилиш ҳам уни маънан нобуд этиши мумкин. Шунинг учун у бутун борлиги билан «тарихни замонага, заминни кўкка улаш», келажакка қўл бериш учун курашга шай. Юқоридаги шеърда маънавий мероснинг замона руҳиятини ўзгартиришдаги, янада аниқроғи, шакллантиришдаги аҳамиятига урғу берилган бўлса, «Маҳмуд Кошғарий» шеърида шахснинг маънавий камолоти, унинг инсониятга, жамиятга бериши мумкин бўлган руҳий бойликлари масаласи ёритилади:

Чол билар, Сўзлар,  бу — халқнинг юраги,
Халқ ўлмас — сўзини ўлдиролмасанг…

Хира кўзин узмай оппоқ вароқдан,
Битаркан энг оддий улуғ сўзларни,
У сўзларни эмас, забун бўлмоқдан
Аслида қутқариб қолди  бизларни…

«Маҳмуд Кошғарий» шеърининг лирик қаҳрамони  ўзини фақат замон олдида бурчдор деб эмас, балки тарих олдида ҳам қарздор деб билади. Зеро, замонни қутқармоқ учун фидойилар қадди дол, бемадор тарихга қувват бўлолмаса, кейин келадиган ҳеч авлод ўгмишни она тарих сифатида эъзозлай олмайди. Аммо лирик қаҳрамон яшаётган даврнинг ўзи руҳидан, виждонидан айрилган бўлса-чи?! Йўқ, давр яхлитлигича руҳсиз, виждонсиз бўлолмайди. Ҳамма даврларда бўлганидек, боболар руҳи онгу руҳида яшовчи фарзандлар туғилиб туради. Улар керак бўлса; тарихга сиғинади, уни идеаллаштиришгача бориб етади. Чунки бошқа иложи йўқ. Қандай қилиб бўлса-да, замондош қалбида тарихга меҳр, унга талпинмоқ туйғусини уйғотиш зарур. Бу жиҳатдан Хуршид Давроннинг «Ўрхун-Энасой тошлари» шеъридаги:

Энди бу тошларга ўйиқ саволлар
Бизни ўртаётир — совир дил қони:
«Элим будун эрди,
Элим энди қани?
Ботирли будун эрди,
Ботирлари қани?…

мисраларининг давр олдида турган ниҳоятда долзарб сўроқлар эканлигини тан олмай бўлмайди. Дарҳақиқат, эл-элат, унинг фидойилари, ботирлари қани, ахир? Улар бор, аммо уларнинг миллий туйғулари, ғурури сўниш даражасига етган аҳволда. Булар ҳақида ўйлаш ғурури баланд, руҳияти уйғоқ ҳар бир кишининг дилига алам, ўкинч зилзиласини солади. Изтиробли қалбига ҳамдард излайди, уларни топишга ва сафини кенгайтиришга интилади. Руҳан чарчаган вақтда элига, юртига афсонавий қаҳрамонлар — Алпомишлар руҳидан мадад тилайди. Бир пайтлари руҳларга қанот, орзули дилларга қувват бўлган Алпомишни диллардан, руҳлардан бадарға қилишга уринган замонга лаънат айтади. Ахир алпомишларидан айрилган ҳар қандай элни, миллатни ҳалокат ютмоғи аниқ. Миллатни ҳалок этиш учун қуролнинг ҳожати йўқ, уни тилидан, руҳияти озиқланадиган миллий, маънавий булоқларидан ажратилса, шунинг ўзи етарли. Ана шу мақсадда балки юртимиз алпомишлари қатоғон қилиниб, мангу уйқуга маҳкум этилгандир. Вақт келганда эса улар руҳини уйғотмоқ ниҳоятда зарур. Бу Xуршид Давроннинг «Алпомишнинг қайтиши» шеърининг бош ғояси. Шоир ёзади:

Бепоён далада бир ботир ухлар,
Сочлари чатишиб кетган гиёҳга.
Қай садо ботирни яна қайтарар
Бу кўҳна, бу соқов, бу кар дунёга?

Сочлари она тупроғига, унинг гиёҳларига чатишиб кетган ботир ким? У бизнинг бугунимизга она бўлган тарихимиз бағрини абадий макон этган фидойи қаҳрамонлари — фарзандлари руҳи. Онани унутиш мумкин бўлмаганидек, тарихни — ўтмишни унутиш кечирилмас гуноҳ, тузатилмас хато. Аммо бу гуноҳкорлик бизга қайдан бўлса-да, ёпишиб олди. Шу боисдан лирик қаҳрамон «соқов, кар дунё»га забонли бўлиш, аждодларининг нидосини эшитишдек бахтни излайди. Бу Алпомиш сиймосида умумланггирилган руҳий бедорлик ва эътиқод туйғуси. Зеро, тарихни замонга яқинлаштириш учун, аввало, замондошлар қалбида, вужудида ухлаб етган ”Алпомиш»ни — руҳ ва эътиқод туйғусини уйғота билиш керак. Бундай кучни замонадан топиш мумкинми? Мана шу савол лирик қаҳрамонни азоблайди. Аммо у «ҳа» ёки «йўқ» дея олмайди. Бу жавобларнинг ҳар иккаласини ҳам замини бўшдек туюлади унга. Лекин ўзининг руҳиятини ёритиб турган бир тола нурга интиқлик билан талпиниб турганлиги сезилади. Талпиниш туйғуси ўқувчи вужудини ҳам забт этади. Бу келажакдан умид туйғуси эди:

Хира кўзларини узмай уфқдан
Донишманд чолгина йўлга термилар
Ва айлар башорат: «Уни уйқудан
Уйғота олади фақат болалар”.

Кўзлари хиралашган чол — тарих тимсоли. У ҳар куни бугундан — беоқибат фарзандидан нажот кутавериб, толиққан. Чунки бугундан умидворлик туйғуси фақат тарихни эмас, балки замоннинг ўзини ҳам тарк этаётир. Шунинг учун ҳамма умид келажакдан. Аммо келажак бугундан бошланади. Аввало, бугуннинг Алпомиш сиймосидаги соғлом кучларини уйғотиш эсдан чиқмаслиги даркор.

«Алпомишнинг қайтиши» ҳақида фикр юритган Иброҳим Ҳаққулов: «Одатда бундай… образларда халқнинг жасорат, кураш, мукаммаллик ҳақидаги тушунчалари, ўзликни англаш, унга доимий интилиш фалсафаси илгари сурилади», — деб ёзган эди. Дарҳақиқат, ўзлигини англаган инсонгина тарихини ҳурмат қилади, замона соғломлиги учун курашади, келажагининг эса ўтмиш қусурларидан халос бир тарзда бунёд бўлишини орзу қилади.

Хуллас, Хуршид Давроннинг тарихий мавзудаги шеърларида замон бор бўйича ўз аксини топади. Замонанинг асл қиёфасини чизиш эса шоирга осон бўлмади. Давр дардларини лирик қаҳрамон руҳий дунёси қабатларидан ўтказиб, ўқувчи руҳиятига таъсир кўрсатиш даражасида акс эттириш шоирдан жуда катта маҳорат ва билимни талаб қилади. Шу билан бирга унинг меҳр, эътиқод ва курашчанлик туйғуларининг ҳақиқий эгаси бўлишини ҳам тақоза этади. Зеро, Xуршид Даврон шеърларини ўқиганда гўё шоир тафаккури фақат тарих қабатларини ёритишга йўналтирилгандай, унинг хазинабони бўлиш орзусида изланаётгандай туюлади. Бу ҳақиқат. Аммо шеърларда яна бошқа ҳақиқат ҳам борки, уни рўёбга чиқариш замоннинг қисматини қаро қилаётган ҳодисаларга барҳам бериш ва келажак тақдирини белгилашга катта ёрдам кўрсатади. Мана шу ҳақиқатлар уйғунлиги замондош руҳиятига жуда катта  маънавий озиқ беради ва уни келиб қолгани жар ёқасидан қайтаришга кўмақдош бўлади.

Шавкат  Раҳмон лирик қаҳрамони билан Хуршид Даврон лирик қаҳрамони руҳий дунёси манзараларида ўхшашлик кўп. Аммо бу ўхшашлик фикрий ва руҳий айнийлик, бир хиллик белгиси эмас. Лекин фикрлаш, ҳис қилиш, туйиш нуқтаи назаридан ҳар иккала лирик қаҳрамонда уйғунлик бор. Шу ўринда бир хиллик ва уйғунлик тушунчалариии бир маънода англашдан узоқ турмоқ лозим. Зеро, бу тушунчалар ўзига хослик мантиғидан бетўхтов озиқ олиб туради.

Ҳар иккала тенгдош, замондош шоир давр дардлари билан қийналади. Унга маънавий малҳамлар излайди. Лекин бу изланишлар ҳар бир шоирнинг инсоният ўтмиши, бутуни ва келажагига муносабатларнинг ўзига хос ифодаси билан ажралиб гуради.

Xуршид  Давроннинг «Чилилик дўстларга» шеърида яшаётган жамиятининг инсон учун қафас эканлигини, халқ эса эрк, Ватан, миллат, бурч, виждон туйғуларидан «покланаётганлигини» очиқ айтолмасдан қийналганлигини сезиш қийин эмас. Лекин шоир буни айтишнинг йўлини имкон қадар топган. Яъни Чилида хунта томонидан содир этилган қонли воқеалар шоирга қалбида қамалиб келаётган дардларни айтишга шароит яратган.

Эрк нима?
Озодлик нима?…
Юрт нима?
Ватан нима?…
Халқ нима?
Миллат нима?…
Бурч нима?
Виждон нима?
Буни англаганга қийин бўлади.

дейди шоир. Дарҳақиқат, ўша турғунлик йилларида ҳозиргидек эркни ҳис қилиш, Ватан дея уни ҳимоя этиш, миллатим дея фахрлана билиш мушкул эди. Оқибатда кўпчиликда бурч, виждон туйғуси зимдан заҳарланган ва улар салкам манқуртга айлантирилган. Ана шу муқаддас туйғуларни қалбида асрай билганларга эса ниҳоятда қийин бўлган ва шоир айтганидек, улар «Ўлимдан сўнг тириламан деб, Ўлимдан қўрқмасдан ўлган«. Худди ана шу туйғу, руҳ Х.Давроннинг «Мен севаман ўзбек даласин” мисраси билан бошланувчи шеърида қад ростлашга мушарраф бўлган. Бунда шоир ўзининг она юртига бўлган фарзандлик меҳрини изҳор этади. Лекин шоирнинг руҳиятидаги кемтик ўринларни тўлдирадиган манбаларни тополмаётганлиги кўриниб туради. Бу «Очиқ кетсин, майли, кўзларим» мисрасида ўз ифодасини топган. Қачон инсоннинг кўзи дунёдан кетаётганда очиқ қолиши мумкин? Айтилишича, агар инсон ҳаётидан рози бўлмаса. Бу ерда ҳам худди ана шу мантиқ бор. Демак, лирик қаҳрамон ҳаётдан норози. Унинг инсон сифатида истак ва орзулари ўзи хоҳлаганича ушалмаган. Чунки у туғилган юртига бўлган меҳрининг қудратини кўрсата олмай, яъни она тупроғини ўзиники сифатида ҳис қилолмай ўтиб бормоқда. Шоир:

Кун келади, замин бўларман,
Ҳеч кимнингмас, сенинг бўларман,
Майсаларинг шивирлаганда
«Ҳаёт» деган сасинг бўларман.

мисраларида кўзининг «очиқ кетаётганлиги» сабабларининг моҳиятини очишга интилади. Демак, лирик қаҳрамон она юртини фарзанд сифатида севишга, эъзозлашга ҳуқуқсиз, ҳимоя этишга ожиз. Қачонки, унинг хоки она заминга қўшилгандагина ушалмаган орзулари ушалиб, беқиёс меҳрию садоқати унга уйғунлаша олиши мумкин. Лирик қаҳрамон руҳиятида ҳаётнинг нурсиз ранглари мужассамлашиб, унинг мисраларда ўз аксини топишига сўзсиз, жамият ва сиёсий мафкурадаги адашишлар сабаб. Жамият шахсни шунчалар руҳий, маънавий ожизликка олиб келган экан, буни англаган инсон ўша жамият ва унинг сиёсатини қандай ҳимоя этсин?! Аммо бундай жамиятни ҳимоя этиш туйғуси ҳалигача — мустақиллик туйғусини туйгунча манқуртсифат замондошларимизда йўқ эмас эди. Хуршид Даврон ва бошқа истеъдодли ижодкорларнинг, халқим, юртим деган фидойиларнинг курашлари туфайли манқуртлик дардига даволар излашга интилишлар кучайди. Жамият сиёсатининг халқ ижтимоий-маънавий даражаларини нақадар тубанликка тортганлигини англаш жараёни бошланди. Шоир «Ўғлим Темурга» шеърида руҳан англаниш ва уйғонишнинг меваси — жасоратнинг рангларини аниқ тасвир этади.

Ўғлим, бу ер —
Бизнинг еримиз.
Ўзимизнинг еримиз,
Кўрқмасдан қадам ташла.

Бундоқ олиб қараганда, булар оддий сўзлар. Лекин содда қурилган мисралардаги сўзлар замирида кучли руҳий туғён кезади. Бу туғённи юртини, халқини севган, унинг қўл-оёқларига урилган кўринмас кишанларни кўра билган, англай олган, мустақиллиги учун курашга тайёр инсонгина ҳис қилади.

Ўз қалбидаги, руҳиятидаги уйғониш илдизларининг она заминга эрк, истиқлолни соғинган туйғулар орқали боғлиқ эканлигини тушунади. Бугунга келиб, инсон — лирик қаҳрамон руҳиятининг озодликка шунчалар ташналигини ҳис қилади. Шу даврга қадар она юртинг қаер, деган саволга фақат туғилиб ўсган тупроғини тилга ололмай, катта масофаларни, кенгликларни кўрсатишга ўргатилган қалбнинг кафтдек ерга она юртим, деб муносабатда бўлишга етишиш соғинчи ва меҳрини, интиқ ва интизорлигини ифодаловчи исмсиз туйғуларнинг рангини муҳрлайди. Бобо ва момолар ҳимоясида асралган, уларнинг қони ва кўз ёшларига қорилган бу заминга эгалик қилиш ҳисси, лирик қаҳрамонни ўзида пайдо бўлган ана шу ҳиссиётни фарзандига — келажакка ҳам юқтиришга, унда ўзликни англаш туйғусини тарбиялашга даъват этади:

Йиқилсанг, кўтарар
Сени бу тупроқ.
Йиқилсанг, турмоқни ўрганасан,
Турмоқни ўрган, ўғлим.
Йиқилсанг, эмаклама,
Эмаклаганим етар, ўғлим…

Эмаклашга маҳкум этилган халқ вакилининг ўз қисматидан келажакка жасорат билан сўзлаши мавжуд жамият сиёсати ва тузумни емириш учун шиддат билан етилиб келаётган миллий уйғонишнинг белгиси эди. Аммо бу уйғониш миллатчилик заминида дунёга келмади. Ҳамиша қалбида миллатидан қатъи назар, ҳар қандай фидойи ва ҳақиқатсевар инсонга нисбатан меҳр туйғуси беқиёс, бирон-бир халқнинг адолатсиз сиёсатни зўрлаб ўтказиб келганларга нисбатан адоватсиз бўлиши мумкин эмас. Шоирнинг Ватан, миллат ҳақидаги қарашларини худди ана шу заминдан озиқлантиргани кўриниб турибди. Шу ўринда Хуршид Давроннинг «Мени қўйиб беринг ўзимга» мисраси билан бошланувчи шеъри устида фикрлашиш юқорида айтилганларга янада ойдинлик олиб кириши мумкин.

Шеърда юрт, халқ, миллат қисмати, тақдири ва истиқболи ҳақида алам билан сўзлаган шоир лирик қаҳрамони вужудини кемираётган қўрқув туйғусининг моҳиятини очишга интилади. У мурожаат қилаётган иккинчи шахс кимлиги, миллати ва мансабидан қатъи назар, она халқи тараққиётига бўғов солишда жонбозлик кўрсатаётган кимса. У шоир ўйларига, умид-орзуларию, интилиш ва курашчан туйғуларига ҳам ҳукмронлик қилишга уринаётган киши. Унинг вужудида ҳам зимдан кечаётган қўрқув туйғуси мавжуд. Чунки миллий тараққиёт, уйгониш ялпи тус олса, унинг бутун оғирлигини кўтариб, ғам-ташвишини устига ортиб чопаётган асов отнинг жилови қўлдан чиқиши муқаррар. Мана шу бир-бирини таъқиб қилаётган қўрқув туйғуси жамиятда курашаётган икки куч — эркка интилиш ва бу эркни бўғишга уринишнинг аниқ рамзидир.

Шоир лирик қаҳрамони вужудини титратаётган қўрқув гуйғусининг иккинчи шахсда мавжуд туйғудан фарқи нимада? Иккинчи шахс мавқеидан, қўлидаги разил имкониятлардан ажралиб қолишдан қўрқса, шоир лирик қаҳрамони мавқега эришолмай қолишдан эмас, балки ҳар бир инсонга — халқига насиб этиши лозим бўлган эрк, озодлик каби маънавий неъмагга етишишнинг шу кунда нақадар мушкул ва машаққатли бўлиб бораётганлигидан қўрқади.

Мени қўйиб беринг ўзимга,
Бошим узра турманг бўлиб хам.
Қоғоздаги ҳар бир сўзимга
Шубҳа билан тикилманг бу дам,

— дейди у. Ҳар қандай шубҳаю гумонлар ишонч ва умидларни сўниш даражасига олиб келиши мумкинлиги шоирни қўрқувга солмоқда. Ахир ҳаётида бирон-бир нарсага ишонмай беилинж, беумид яшамоқ инсон фожиаси эмасми? Боз устига инсоният орзу қилган энг эркин, демократик жамият деб эълон қилинган, қурилган ва қурилажак социалистик ҳамда комунистик жамиятда қабоҳат ва разолат устивор бўлса?! Бу балки сиртдан қаралганда унчалик сезилмагандир ёки кўзга ташланмагандир. Аммо жамият ва унинг мафкураси моҳиятини теран англаган киши инсон фожиаси шунчалар чуқурлашган даврда яшаш ниҳоятда мушкуллигини яхши англайди. Шу боисдан шоир:

Мен қўрқаман,
Бу сўзларим дор
Остида жим турган инсонни
Ишонтира олурми, бекор
Кетмаслигин ҳар томчи қони?

— дейди. Лирик қаҳрамон руҳиятига ларза солган яна бир ҳақиқат — инсон қалбидаги юксак туйғулардан бири — ишонч туйғусининг дарз кетиши ҳар қандай жамиятнинг фожиаси, ҳар қандай мамлакатнинг парокандаликка юз тутишидаги асосий омиллардан бири эканлиги. Тор маънода олиб қараганда бирон кишининг иккинчи кишига нисбатан ишончини йўқотиши ўртадаги ҳар қандай иттифоқнинг барбод бўлишига олиб келади. Мана шу масаланинг кенг маънодаги исботини социалистик жамият қисмати кўрсатиб берди. Бу қисматнинг муқаррарлиги ҳақида Хуршид Даврон:

Мен қўрқаман…
Қўрқаман…
(Бунга
Ҳар одамдек, бор, ахир, ҳаққим.)
Бу сўзларга ишонадими
Кўп сўзлардан алданган халқим?

— деган эди. Бу мисраларга яширинган фикрлар жамият ва инсон — шахс муносабатларининг нақадар кескинлашиб бораётганлигидан дарак бермоқда. Аммо шоир лирик қаҳрамони даврнинг қаҳрли нафасини туйиш, ҳис қилиш баробарида меровланиб бораётган омманинг аҳволини билган ҳолда «Англаб топа олармикан у Ҳақиқатни шу кўп сўзлардан — фақат шундан қўрқаман...» дейди. Кўринадики, уни қўрқувга солган туйғу даврон эгаларининг адолатдан чекинганигина эмас, балки ана шу адолатсизлик қурбони бўлган халқнинг ўз-ўзини англашда қийналаётганлиги ҳам эди.

Шоир лирик қаҳрамон ҳаяжонлари, руҳий тўлғонишларини акс эттирар экан, ана шу жараёнда даврнинг ҳам руҳини, жамият нурсиз манзараларининг сиёсий ва маънавий илдизларини очишга интилади. Миллий масалада ўзини пардалаган ҳолда фаоллик кўрсатаётган шовинизмнинг асл мақсадини фош этишга ҳаракат қилади. Жамиятда юз бераётган парокандалик оқибатида халқ бошига ёғилаётган кулфатлар йўлига кўксини қалқон қилгиси келади. Инсон психологияси — руҳияги қирралари адолатдан бебаҳра халқ фожиаси фонида очилади ва ўқувчи лирик қаҳрамон руҳий дунёсида кечаётган жараёнлар моҳиятини жамият иллатлари тасвири билан танишиш давомида англаб олади.

Миллат ёки халқнинг манқуртга айланиши унинг йўқлик сари равона бўлганлигини кўрсатувчи даҳшатли ҳодиса. Бу ҳодисани «камол» топтириш ёки тезлаштириш учун жамият сиёсати қанчалар хизмат қилмади, ахир. Аввало, тарихи, тилини унуттириш, кейин туғилган жойини, киндик қони тўкилган тупроқни Ватан дейишдан истиҳола эттириш, катта масофаларни эгаллаган жойларни она-Ватан деб мақтаниш даражасига етказиш, мерос анъана ва урф-одатлардан орлантириб, англанмаган анъаналарни қабул қилдириш, миллий маданият, санъат намуналаридан бошқа халқларникини устун қўйдириш ва уни жорий этишга ружу қилдириш, қисқаси, ўзликни унуттириш буларнинг барчаси халқни манқуртга айлантиришдаги энг муҳим омиллар бўлди. Бу омилларни ҳар бир миллатнинг ўзи кашф қилмади, албатта. Миллат аста-секинлик, жуда устамонлик билан мажбуран ўз таназзулининг «кашфиётчиси»га айлантирилди.

Ўз она тилини унутган зотлар
Торобий мақбарин вайрон этганда,
Мен ҳеч кимнинг кўзига эмас,
Мен ўзимнинг кўзимга боқдим…

Бу ерда лирик қаҳрамон ўзгалардан эмас, ўзидан ўпкаламоқда. Зеро, ким келиб, нимани мақтаса, ўшани ўзиникидан азиз ва афзал билган одамдан ёки бутун бир халқдан гина қилиш шоирнинг хатоси ёхуд ўз миллатини камситишнинг белгиси эмас. Бундай олиб қараганда, халқнинг фоже аҳволга тушиб қолишига фақат ташқи омилларни сабаб қилиб кўрсатавериш ҳам бир ёқламаликка олиб келади. Балки халқимиз хулқ-атворидаги шарқона соддалик, садоқатлилик, ишонувчанлик, маълум маънодаги сиёсий гўллик туфайли ҳаётимизга тиқиштирилган барча «янгилик»ларни, унинг оқибат-натижасини ўйламай қўш қўллаб қабул қилавергандирмиз. Бу янгиликлар кўнглимиз, кўзларимизни сеҳрлаб, ўзлигимизни унугишга чорлаганда, орқамизга қайрилиб қарамай, бизни қўллаб-қувватлаб турган тарихимиздан назаримизни олиб қочгандирмиз. Хуллас, бир сўз билан айтганда, вақт келиб, англаниш жараёнига кирдик ва Хуршид Даврон лирик қаҳрамони ҳолатига тушдик. Англанган авлод эса гинани ўзидан қилиб, ўз кўзига тикилиб, ўзини маънавий сўроқлар исканжасига олишдек тарихий паллага кирди. Бу ҳолатга тушган қалблар руҳий исёнлар ичра эзилиб, ўзи- ўзига маломат тошларини ота бошлади. Бу эса лирик қаҳрамон руҳиятида кечирилмас гуноҳнинг ранглари сифатида акс этди:

Ашратхона* ҳужраларини
Кўр манқуртлар булғаб кетганда,
Мен ҳеч кимнинг кўзига эмас,
Мен ўзимнинг кўзимга боқдим.

(*Ашратхона – Темурийлар даврига оид Самарқанддаги мақбара. ХДК изоҳи)

Кўринадики, «кўр манқуртларнинг» кўзига боқишдан фойда йўқлигини кечикиб бўлса-да, англаган лирик қаҳрамон ўзини гуноҳкор ҳисоблаяпти. Агар у ўз вақтида англанганида «кўр манқуртни» барча ҳаракатлардан тўхтатган ва янада аччиқроқ ҳақиқатнинг пайдо бўлишига йўл қўймаган бўларди:

Мен ўзимнинг кўзимга боқдим,
Кўрдим: деразаси зимистон уйда
Бир-биримиз кўрмай,
Ёлғизлик эзиб,
Ғамли ўтирардик отам, мен, ўғлим…

Шоирнинг ёлғизлик ҳақидаги фикрини инкор қилиб бўлмайди. Зеро, ҳеч кимнинг она халқини ёмонлашга маънавий ҳаққи йўқ. Айниқса, миллат сифатида ўзбек халқидек сахий, қалби тоза, бағри кенг, меҳнаткаш, содда ва самимий халқ кам топилса керак. Аммо унда бир ёмон қусур борлигини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Бу зарур пайтда бирлаша олмасликдир. Ана шу қусур туфайли у яқин 60-70 йил ичида (балки олдин ҳам бўлгандир) қанчадан-қанча моддий ва маънавий хазиналаридан ажралди. Натижада, уни ёлғизлик ўз комига тортди. Шу боисдан ҳам шоир лирик қаҳрамони руҳий парвозлардан тўхтаган ҳолда ғам, алам домига гирифтор бўлиб, азобланади. Отаси (тарих), ўзи (бугун), ўғли (келажак) сиймосида бир-бирларига қўл беролмай, танҳоликда — ёлғизликда қийналаётганлиги — халқнинг учала замонда ҳам бирлаша олмай аросатда қолган ҳолати манзарасипи яратади. Дарҳақиқат, шундай. Отанинг ўғилни қўллаб-қувватлай олмаслиги, ўғилнинг ҳам ўз ўғли камолоти учун фидо бўлолмаслиги бу миллий парокандалик белгисидир. Xуршид  Даврон шулар ҳақида ўйлар экан, халқ руҳиятида миллий уйғониш ва бирлашиш туйғусининг бош кўтаришига маънавий замин тайёрлашга интилади. Ҳар бир қалбда ўз-ўзини тафтиш қилиш, яшаб ўгган умрига танқидий қараш, келажагини тарих ва замон йўл қўйган қусурлардан холи равишда бунёд этиш туйғусини тарбиялашга, руҳан ва маънан покланиш сари бошлашга ҳаракат қилади. Ўз қалбидаги фидойилик, руҳиятидаги исёнкорликдан она халқига улашишга интилади. Лирик қаҳрамон руҳиятидаги, қалбидаги ўз-ўзини фош этиш, ҳаётда юз берган барча фоже ҳолатлар сабабини фақат ўзгалардан эмас, балки ўзидан ҳам излаш, ўзини тарбиялашга интилиш хусусиятини барчада кўргиси келади. Мана шу интилишлар боис халқимиз руҳиятида тикланиш жараёни бошланганлигини таъкидлаш жоиздир.

Хуллас, Xуршид Даврон юқорида ижоди жамият ва инсон муносабатлари, бу муносабатларнинг қай йўсинда шаклланишида муҳим ўрин тутган ижтимоий-сиёсий ва маънавий муаммолар юзасидан таҳлил этилган шоирлар билан бир сафда туриб, миллат тақдири, келажаги учун олиб борилётган ва олиб борилажак курашларга маънавий замин тайёрлади. Унинг лирик қаҳрамони руҳий оламида акс этган давр, ижтимоий тузум, жамият, сиёсат моҳиятининг адабий-бадиий манзаралари ўқувчининг қалб кўзини очишга хизмат қилади.

***

70-80-йиллар ўзбек шеъриятининг балоғат даври бўлди. Бу даврга келиб жамиятда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-маънавий таназзул юқори босқичга кўтарила бошлади. Бир томондан, энди бу ҳолатни пардалашга, таназзулга юз бурган сиёсатнинг ўзи ҳам ожизлик қила бошлади. Иккинчи томондан, халқни гирдобига олиб келаётган маънавий инқироз уйғоқ руҳиятларга исён оловини олиб кирди. Шахс руҳиятида бош кўтарган исён сиёсат юзидаги пардани олиб ташлаб, унинг асл моҳиятини фош этиш йўлини тутди. Жамиятда юзага келган инқирозлар илдизини очишга ҳаракат бошланди. Ҳар доимгидек, ўз аслини, бурчини унутмаган шеърият лирик қаҳрамони халқни уйготишнинг, уни кўз очиб, тарихи ва бугунига назар ташлаш ҳамда ҳақиқат билан юз кўриштиришнинг маънавий чораларини излашга тушди.Ана шу жараёнда лирик қаҳрамон тарих ва замон ўртасидаги уйғунликни таъминлашга интилди. Чунки бу уйғунлик халқ учун маънавий юксалиш йўлида жуда беқиёс хазиналик вазифасини ўташга қодир куч эди. Аввало, бу хазинадан шеъриятнинг ўзи баҳраманд бўлди. Бу баҳрамандлик ўз навбатида замондош учун, унинг маънавий камолоти учун хизмат қилди.

Шеърият, аввало, руҳий эркинлик учун курашдир. Чунки руҳий эркин бўлмаган инсоннинг — шахснинг ҳаётда, жамият тараққиётида ҳеч қандай ўрни ва роли бўлмайди. Ана шу ҳақиқат давр шеърияти лирик қаҳрамони руҳиятида муқимлашди. Лекин ҳеч бир замонда ҳақиқатнинг қаддини ғоз тутиб, ўзлигини ҳимоя этишига йўл қўйилмаган. Шу боисдан инсоният бугуни ва келажаги учун курашишга йўл ахтарган ўзбек шеъриятининг 70-80-йилларда нега ўзини тарих паноҳига олганлиги ҳам ана шу ҳақиқат билан изоҳланади. Зеро, бу даврда жамиятни гирдобига тортаётган таназзулни ўз номи билан аташ, халқни очиқ-ойдин хушёрликка чорлаш мумкин бўлмаган. Олдинги даврлардагидек, сиёсат фақат коммунистик жамият қуриш, совет халқи деган атамага маҳкам ёпишган ҳолда миллат тушунчасини онгдан ташқарига суриб чиқариш, ҳар бир халқ ёки миллатга ўз урф-одатлари, миллий анъаналари, тили, Ватан тушунчасини унуттириш, жуда катта масофаларни қамраган кенгликни она-Ватан деб тан олдириш учун бутун кучини сарфламоқда эди. Бу эса ҳаммага — юрагида унутишга маҳкум бўлган Ватани, гили, миллий ғурури йиғлаётган руҳият соҳибларига ниҳоятда малол келди. Улар пинҳона исён руҳи билан яшашга мажбур бўлишди. Мана шу мажбуриятдан қийналган руҳиятлар исёни ўзини тарих паноҳига олди ва замонни уйғогиш ҳамда қутқариш сари отланди. Бу, албатта, энг аввало, шеърият қалбидаги ғалаён сифатида кўзга ташланди. Бундай шеъриятни яратишда Э.Воҳидов, А.Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон сингари истеъдодларнинг хизмати катта бўлди.

Бу шоирлар тарихни қанчалик мададга чорлашмасин, замондошларини уйғотиш учун фидойилик қилишмасин, маълум маънода маънавий галабаларга эришишмасин, барибир ичдан чириган жамият ўзини инқироз ботқоғидан асрашга муваффақ бўлолмади. Тўғрисини айтганда, бедор ва исёнкор руҳиятлар ҳам жамиятда озчиликни ташкил қилар эди. Натижада, жамият ва инсон, яъни шахс ўртасидаги зиддият ечимсиз қолиши хавфи пайдо бўлди. Ана шу ҳақиқатни ўз вақтида англаш баробарида бадиий адабиётдаги исён янада кучайди. Шеърият ўзининг барча имкониятларини ишга солган ҳолда, яъни тарихга мурожаат, миллий, адабий ва халқ оғзаки ижоди анъаналаридан фойдаланиш ёрдамида жамиятни инқироздан сақлаш йўлларини излади. Қандай қилиб бўлса-да, она халқини миллат сифатида асраб қолиш учун курашди. Бу йўлдаги тазйиқ ва таъқибларга бардош берди. Миллат эркинлиги, мустақиллиги учун курашда ботиний сафарбарлик бошида турди.

Демак, XX аср ўзбек шеърияти лирик қаҳрамони турли даврларда турлича кайфият, руҳият соҳиби сифатида гоҳ курашчанлик, гоҳида мослашувчанлик характери билан намоён бўлган ва адабий жараёнда ривожланиш, баъзан эса турғунликнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган экан. Лекин қандай бўлишидан қатъи назар, шеърият жисми-жонида ҳамиша бир тола нур сифатидаги бурч, мажбурият ва масъулият ҳисси сира ҳаракатдан тўхтамади. Шеърият қайси даврда бўлмасин, қандай босим остида яшашга маҳкум этилмасин, ана шу бир тола нурни ўз бағридан ажратмади. Бу нур шеъриятнинг ўзлиги эди.

Манба: Жумагул Жумабоева. ХХ аср ўзбек шеъриятида психологик тасвир маҳорати. Монография. Тошкент, «Фан» нашриёти, 2004

Хуршид Давроннинг «Баҳордан бир кун олдин» тўпламини юклаб олинг — Xurshid Davronning «Bahordan bir kun oldin» to’plamini yuklab oling

07

Jumagul Jumaboeva
XURSHID DAVRON SHE’RIYATI HAQIDA
“XX asr o’zbek she’riyatida pisixologik
tasvir mahorati» monografiyasidan

034

O’zbek she’riyatida lirik qahramon 70—80-yillarga kelib, nihoyatda faollashdi. U oldingi davrlardagidan farqli o’laroq, hayotiy mushohadalarini chuqur mas’uliyat bilan izhor qiladigan, siyosiy buyruqlar ijrosi emas, balki inson omili haqida keng ko’lamda o’ylaydigan bir tarzda o’zligiga qayta boshladi. Boshqacha qilib aytganda, uning hayot oqimiga, inson taqdiriga munosabati oldingi davrlarga nisbatan butunlay o’zgacha namoyon bo’lib, unda isyonkorlik, kurashchanlik xususiyati yuzaga qalqib chiqa boshladi. Shoirlar lirik qahramon ruhiyati tasvirida badiiy mahoratning turfa imkoniyatlaridan foydalangan holda uning hayotning barcha murakkabliklari-yu, ziddiyatlariga haqqoniy munosabatini aks ettirishga intildilar. Bu bir tomondan, she’riyatning badiiy baquvvatligini, uning rivojini ta’minlasa, ikkinchi tomondan, hayot va inson munosabatlarining badiiy in’ikosidagi soxtalikdan she’riyatni xalos etish, haqiqatning ranglarini uning bag’riga olib kirish va unda muqimlashtirish borasidagi beqiyos jasoratning boshi bo’ldi. Binobarin, she’riyat va uning lirik qahramoni oshkoralik ne’matidan butunlay mahrum bo’lsa-da, o’z qalbida isyon bilan bosh ko’tarib kelayotgan kurashchan kayfiyat — ruhiyatning ranglarini chuqur ifoda etishning yo’llarini izlashga tushdi. Chunki u shu paytgacha, aksar holatlarda, ma’lum qoliplarda yashashga majbur bo’lib, o’zining ichki imkoniyatlari va kuchini insoniyat xizmatiga yo’naltirishdek qudratini namoyish qilishdan bir qadar mahrum edi. Mana shu fojiani anglash jaryonida she’riyat butun imkoniyatini hayotni, jamiyatni ichidan yemirayotgan, insonni insoniylikdan mahrum etib, uni manqurtlanggirishga urinayotgan omillarni fosh etishga bag’ishlashga kirishdi. She’riyatdagi bu yo’nalish o’zini rasmana, ochiq-oydin ko’rsata olishi mumkin bo’lmagan haqiqat edi bu paytda. Ammo badiiy adabiyot, ayniqsa, she’riyat shunday bir sir-sinoat, sehr manbaiki, ularni anglash, fahmlash iqtidori uning haqiqiy kashfiyotchilari va shaydolariga nasib etguvchi baxtdir. Mana shu baxt sohiblari she’riyatga badiiyat tili bilan haqiqatni ayttirishga muvaffaq bo’ldilar. Bunda shoirlar bugun uchun botiniy, tarix uchun zohiriy alam chekdilar. Ana shu botiniy va zohiriy kurashlar uyg’unligida kelajak taqdiri haqida xulosa yasashga intildilar. Hayot haqiqatini badiiy haqiqat bilan uyg’unlashtirish natijasida zamona uchun nihoyat zarur bo’lgan mantiqiy umumlashmalar, xulosalar chiqardilar. Chunki shoirlarni tarix qismati, bugunning ahvoli, kelajak taqdiri chuqur o’ylashga majbur qildi. Zero, har bir xalq yoki millat o’zining dunyo yuzidan izsiz yo’qolib ketishini istamaydi. Aksincha, o’zining millat sifatida rivoj topishini orzu qiladi va shuning uchun bor imkoniyatini sarflaydi. Qisqasi, har bir millat o’z kelajagining bugunidan yaxshi bo’lishini istaydi. Shu ma’noda o’zbekning shoiri, ziyolisi yoxud ruhiyati uyg’oq har bir farzandi yaxshi kelajak haqida o’ylashga haqlidir. Xo’sh, ruhiy uyg’onish pallasiga kirgan o’zbek she’riyati lirik qahramoni makon va zamon tushunchasi haqidagi qarashlarini qanday izohlay bildi, degan savol tug’iladi. Bunga shunday javob berishmumkinki, bu davr lirik qahramoni makonda zamonlar dialektikasini yaratish va shu asosda yashayotgan kuni uchun nihoyatda muhim bo’lgan xulosalarni ilgari surishga intildi. Boshqacha qilib aytganda, tarix, zamon va kelajak birligi zamirida millat, Vatan qismati va taqdiri haqida haqiqatni aytishga qaror qildi. Bu fikrga aniqlik kiritish jarayonida shu davrga qadar she’riyat lirik qahramoni zamonlar birligi — tarix, zamon va kelajak haqida o’ylamaganmi, degan savolning ham paydo bo’lishi muqarrar. Darvoqe, o’zbek she’riyatining lirik qahramoni bu haqda oldin ham o’ylagan. Bu haqda o’ylamaydigan adabiyotning bo’lishi mumkin emas. Ammo uning xulosalarini uzoq yillar mobaynida hukmronlik qilgan siyosatning haqiqatdan chekingan ovozining aks-sadosi o’ziga jo’rovoz bo’lishta majbur etdi. Chunki tarixni qoralash, zamon yuzini bo’yab ko’rsatish, kelajak haqida mavhum fikrlarni ilgari surish, jamiyat, tuzumning inson hayotida yuzaga keltirayotgan kechirib bo’lmas xatolarini inkor etish mazkur siyosatning bosh maqsadi bo’lgan. Bu maqsad to 60-yillargacha badiiy adabiyotning bosh g’oyasini qat’iy belgilagan holda o’z izmidan chiqarmay kelgan. Bu haqda yuqorida har bir davr she’riyati, har bir shoir ijodiyoti tahlili jarayonida fikr bildirildi.

70—80-yillar she’riyati haqida jiddiy tadqiqotlar yaratgan Ibrohim Haqqulov: «She’riyatimizga yetmishinchi yillarda va undan keyinroq kirib kelgan yoshlar ijodi adabiy tanqid oldiga yangidan-yangi muammolarni ko’ndalang qo’ymoqda, boshqacha nazar, she’r tahlilida o’zgacha ma’naviy-ruhiy holatlarni hisobga olishni talab etmoqda», — deb yozgan edi. Darhaqiqat, tadqiq etilajak ushbu davr she’riyati ma’naviy-ruhiy holatlar tasvirini o’zida teran mujassam etgan va yangi zaminda uyg’ongan, o’zligiga qaytgan she’riyat bo’ldi.

She’riyatni uyg’otishda Erkin Vohidov, Abdulla Oripov, Rauf Parfi, Omon Matjon, Miraziz A’zam singari navqiron avlodning jasoratli xizmatlari kam bo’lmadi. Nega? Chunki o’zbek she’riyati 60-yillardan boshlab, uyg’onish pallasiga kirgan edi. Buni E. Vohidov, A. Oripov, R. Parfi she’riyati lirik qahramoni ruhiy olamida kecha boshlagan jarayonlar misolida ko’rdik. She’riyatning uyg’ongan davrida lirik qahramonlar ruhiy dunyosi yanada boyishi bilan birgalikda ular safi kengaya bordi. She’riyatni uyg’otgan narsalar hayotni, insonni qisman emas, ko’proq, to’laroq uyg’onishga da’vat etdi. Avvalo, tarixga munosabat o’zgardi, zamon yuzidagi pardaga qo’l cho’zildi. «Illatsiz» sanalgan jamiyatdagi illatlarni fosh etish kuchaydi. Inson taqdiri, kelajagi uchun kurash boshlandi. Bu esa davr she’riyatini yuksaltiruvchi, uning qalb, ruh mahsuli ekanligini muhrlovchi masalalar sifatida adabiyotni yangi o’zandan oqishga yo’lladi… She’riyat bag’riga uyg’onish bongini olib kirgan, yuqorida nomlari sanalgan avlodning saflari to’lishib bordi. Bular Usmon Azimov, Shavkat Rahmon, Xurshid Davron singari bir qator yoshlar edi. Ular Oybek, Cho’lpon, Fitrat, Qodiriylar an’analaridan ruhiy oziq olgan, xalqiga, Vataniga sadoqatli va ular kelajagi uchun o’zlarini ma’naviy mas’ul deb bilgan iqtidorli shoirlar sifatida fidoyilik qildilar.

She’riyatdagi uyg’onish — bu ruhiyatning uyg’onishi demakdir. Ruh uyg’oqligi esa insoniyatning haqiqat, adolat, o’zlik sari intilishining samarasidir. Savol tug’iladi: Nega shoirlar bu davrga kelib, tarixga, milliy an’analar, urf-odatlarga ko’proq murojaat qiladigan bo’lib qolishdi? Nega? Sababi, ruhan uyg’ongan she’riyat anglab yetdiki, xalq o’z tarixidan, milliy an’analari zaminidan uzilib ketayapti. Ulardan ayrilgan har qanday millat kelajakdan mahrum va halokatga mahkum. Agar oldi olinmasa, bular butun bir xalq uchun tuzatib bo’lmas fojia bo’lishi muqarrar. Buni yaxshi anglagan lirik qahramonning ruhiy bedorligi xalqni g’aflatdan qutqarish yo’lidagi bong bo’ldi.

Darvoqe, bu davrda tarixga, milliy an’analarga faqat zimdan emas, balki ochiqchasiga otib kelingan toshlar yomg’iri kuchaydi. Natijada, ruhiy bezovtalik qo’zg’alib, har bir vijdoni uyg’oq qalb iztirobga to’ldi. Ularda kurashchanlik tuyg’ulari, avvalo, zimdan, keyinchalik oshkora harakatga keldi. Bu harakatlar mahsuli — kurashchan she’riyat ma’lum maqsadni ko’zlab, hayotni murakkablashtirayotgan muammolarning ma’naviy yechimini izlashga nihoyatda qattiq kirishdi. Insonning ruhan ozodligi, ruhiy erkinlikdan bahramand shaxsning jamiyat taraqqiyotidagi o’rnining benihoya balandligini badiiy aks ettirish, zamondoshini haqiqat bilan yuz ko’rishtirish bu davr she’riyati lirik qahramonining bosh maqsadiga aylandi.

…Bu davr she’riyati lirik qahramoni oldingi davr lirik qahramonlariga nisbatan ancha jasoratli. Aytiladigan gaplari yuzidan pardalar sidirib tashlangan. Bunga Usmon Azim, Shavkat Rahmon, Xurshid Davron singari shoirlar she’riyati, lirik qahramonlarining hayotga munosabatlari, tarix, zamon, kelajak haqidagi fikrlari oqimini misol qilib keltirish mumkin.

***

…Tarix Xurshid Davron she’riyatida ham o’ziga xos bir tarzda namoyon bo’ladi. U ham ko’pincha qalamkash do’stlari singari tarixiy joylar, shaxslar qismatini, kurash yo’llarini zamonaga ibrat sifatida taninshtirishga harakat qiladi. Ana shu jarayonda lirik qahramon ruhiy olami teranlik bilan ochiladi va unga davrning o’tkazgan ta’siri aniq namoyon bo’ladi. Xurshid Davron chor hukumati bosqiniga bag’ishlangan bir qator she’rlar yozgan. Bu she’rlar xalqimiz tarixining soxtalashtirilgan sahifalarining haqiqatlarini bilishda muhim ahamiyat kasb etadi. Shoir haqiqatning yuzini, xalqning ko’zini ochishga intilib, Namoz botir qismatini zamondoshiga ibrat qilib ko’rsatadi. Agar tarix sahifalari varaqlanganda ularda xalqi, Vatani uchun jonini baxsh etgan ko’plab fidoyilar o’tganligining guvohi bo’lamiz. Zero, ular hukmron siyosatga va uning rahbarlariga qarshi behuda bosh ko’tarmaganlar. Namoz botir chor Rossiyasi mustamlaka siyosatining kishanlarini parchalash, xalq, Vatan tuprog’ini ozod ko’rish istagi bilan qo’zg’algan va ona xalqi manfaatini himoya qilish maqsadi bilan kurashga otlangan. Bu tarixiy haqiqatlarni takrorlab o’tirishdan maqsad shuki, shoir birinchidan, Namoz qahramonligini she’rga aylantirib, tarixga ehtiromi va e’tiqodining yuksakligini namoyish etgan. Ikkinchidan, Xurshid Davronning asosiy maqsadi zamon, davr haqidagi o’z fikri, mushohadalarini bildirish, ma’naviy tanglik zaminini ko’rsatish va zamondoshlari qalbiga ta’sir o’tkazish. Shoir Namoz qismatini zamondoshiga ibrat qilib ko’rsatar ekan, uni faqat yaxshiliklar sari boshlashga intiladi. Bunday she’rlarni tahlil etish o’z-o’zidan siyosatga munosabat bildirishni taqozo etaveradi. Chunki sho’rolar mamlakatida 70 yildan oshiqroq hukmronlik qilgan siyosatning va’da va ko’rsatmalariga qaraganda uning ko’p millatli xalqi allaqachon kommunizm qurishi, hamma teng huquqli, har kimning yeri, boyliklari bedaxl va o’ziniki bo’lishi kerak edi. Bu g’oya barcha millatlarni o’ziga ishontirdi. Hech kimda uning sarob bo’lib chiqishiga shubha tug’ulmadi. Ammo 80-yillarga kelib, ana shu ishonch tuyg’usi ko’pchilikni tark etdi. Ularda yashayotgan jamiyatining kelajagi haqida aniq tasavvur qolmadi. Bu haqiqatni har bir xalqning ziyoli farzandlari oldindan ilg’agan, tushunib yetishgan. Shuning uchun ham ko’pchilik shoir va adiblar xayolan tarixga qaytib, zamonni kuzatdilar, kelajak haqida qayg’urdilar. Uni inqirozdan saqlashning ma’naviy choralarini izladilar. Xurshid Davronning «Namoz yo’li», «Namoz haqida qo’shiq», «Botir Namoz o’limi», «Namozning qilichi haqida ertak» she’rlarida intiqom, qasos maslagi hukmron: «Namoz yo’li”da o’qiymiz:

Namoz ketar…
Yo’llar ustida
Muqannayu Shiroq izlari.
Qarshisida titrab osuda,
To’marisning porlar ko’zlari.

Namoz ketar…
Qasos tug’ilar,
Toblanadi xanjar kabi tan.
— Qaytma, o’g’lim, sen meni qutqar!
Shivirlaydi g’amdiyda Vatan…

Har bir xalq, millatning an’analari o’lmasdir. Shu jumladan, uning kurash an’analari ham. Qachonki, millatning tili, Vataniga tajovuz bo’lar ekan, uning qonida kurash ruhi bosh ko’tarishi, tabiiy. Demak, Namoz ruhida ajdodlari ruhining uyg’onishi, qonidagi intiqom tuyg’usining junbushga kelganligi ham an’analarning o’lmasligini anglatadi. Shoir bu bilan nima demoqchi? Aytmoqchiki, agar zamondoshlari ruhi, vijdoni uyg’oq bo’lsa, til, Vatan, millat ravnaqi uchun kurashsin.

«Namozning qilichi haqida ertak» she’ri ana shu Vatan, millat, til masalasi himoyasini o’zida mantiqan mujassam etganligi bilan qimmatli. Namozning qilichi — bu yuqorida aytilgan uchta muqaddas hilqat himoyasi uchun ajdoddan avlodga o’tishi shart bo’lgan merosiy e’tiqod, intiqom tuyg’usi ramzidir. Namoz xoinlar tomonidan o’ldirildi. Ammo u ko’zlagan maqsadini to’la amalga oshirolmadi. Uning so’nayotgan ko’zlarida avlodlardan umid uchquni muhrlanib qoladi. Shoir bu tuyg’uni qalbida, ruhida uyg’ota olmayotgan zamondoshidan noumid holda:

Hech kim uni izlamas,
Hech kim uni ko’rmaydi
Va qilich o’ch haqida
Kechalari kuylaydi.

U faqat qo’rqar uni
Olmasa bas qutlug’ dam
Yuragida qasosi
Bo’lmagan biror odam…

deydi. Bu qilich haqida yonib so’ylayotgan lirik qahramonning gaplari — uning qalbini olovga, ruhiyatini larzaga solgan davrning dardlari. Savol tug’iladi: kimdan qasos olish, kimga qarshi kurashish kerak? Javob esa shunday: millati va mansabidan qat’i nazar Vatan, millat tushunchasini anglamagan, ularni sevmagan, himoya qilmaganlarga qarshi kurashmoq, qilgan xiyonatlari uchun ulardan qasos olmoq kerak. Xalq, Vatan, til kamsitilgan joyda hech qachon taraqqiyot ham, do’stlik va birodarlik ham bo’lmagan. She’r dunyoga kelgan davrda xuddi ana shu kasallikning ildizi chuqurlasha boshlagan edi. Namozlar va ularning qilichlari ayni paytda o’sha ildizni qirqish uchun zarur bo’lib qoldi. Namoz qismati va kurash yo’llariga bag’ishlangan bu she’rlar qasos she’rlari. Ularda lirik qahramon zamondoshini xushyorlik va fidoyilikka chorlabgina qolmaydi, balki o’z ruhiyatidagi, dilidagi isyon olovini ham jasorat bilan oshkor etadi. O’ziga hamdard va hamfikrlar izlaydi.

Tarix bag’rida zamonni voyaga yetkazish, shu zaminda kelajak tarbiyasini boshlash Xurshid Davron lirik qahramonining bosh maqsadlaridan biri. Bu uning «Afrosiyob so’zi» she’rida juda yorqin bir tarzda ko’zga tashlanadi. Tarix — boboyu momolarning ruhini, kurash va orzu-intilishlarini bag’riga olgan ulkan bir hilqat. Bugungi avlod nimaiki maqsad qilgan bo’lsa, albatta, o’z tarixiga tayanib qilmog’i lozim. Agar har qanday jismning tayanch nuqtasi bo’lmasa, u o’z muvozanatini yo’qotadi. Tarixiga tayanmagan zamon ham shunday. Yilning fasllari bo’lganidek, inson umrining ham fasllari bo’ladi. Agar bu keng ma’noda olinadigan bo’lsa, insoniyat tarixi ham fasllarsiz bunyod bo’lmagan. Tarix fasllarining har biri avlodlar uchun ulkan hayotiy tajriba maktabi.

She’rda tarix zamonaga murojaat qilar ekan, yozidagi davron changlaridan, kuzidagi yomg’irga aylangan inson dardi, g’amidan, qishida qalblarni muzlatgan nafrat, nomus, qasos bo’ronidan, bahoridagi toza va bokira maysaga aylangan ajdodlarning mangulik mehri, umidi va jasoratidan saboq beradi.

Kel, bo’tam, ag’ana, ko’ksimda silkingan
Maysazor ustiga, axir, sen mening
Saratonim, kuzim, qishim, bahorimsan.

Demak, bola ota-onasiz, uning tarbiyasini olmay chin ma’nodagi inson bo’lib voyaga yetolmaydi. Tarixini tanimagan, undan ajralgan davr ham xuddi shunday. U inson orzulari, kurash va intilishlari to’la ma’noda ro’yobga chiqadigan zamonaga aylana bilmaydi. U yo’lidan adashishi, uni asrlar qonida yashagan nomus, qasos, jasorat tark etishi mumkin. She’r lirik qahramoni esa buni istamaydi. Uni zamonasining ana shu tuyg’ularni beqadr qilayotganligi qiynaydi. Tarixda insoniyat hayotining haykaliga aylangan muqaddas meros — Afrosiyob so’zlari bilan zamondoshiga murojaat etadi. U o’z ruhida bedor yashayotgan ajdodlar ruhining qudratidan ularga ham ulashgisi keladi. Chunki davrning ma’naviy tashnalik pallasiga kirganligi va uning chorasini topolmay arosatda qolib ketayotganligini lirik qahramon juda yaxshi anglab yetgan.

Ketaman «Devon-ul-lug’atit turk”ka,
Hasratim, quvonchim olib ketaman.
Moziyni bugunga, zaminni ko’kka,
Qalbimni ”Devon-ul-lug’atit turk»ka
Ulay deb ketaman, bir kun yetaman…

Bu yerda lirik qahramonning avvalgi she’rlaridagi tarixni zamonaga yaqinlashtirish, ya’ni «Moziyni bugunga» ulash maqsadidan qaytmaganligi ko’rinib turibdi. Darvoqe, «Devon-ul-lug’atit turk ohanglari» she’ri Xurshid Davronning tarixga — madaniyatimiz, tilimiz tarixiga bo’lgan e’tiqodining nihoyatda yuksakligi belgisidir. Shoirning hasrati ham, quvonchi ham — xalq. Xalq esa bugun o’tmishidan benihoya uzoq masofalarga olib ketilgan. Oraliq masofa uzoqlashgan sari ular o’rtasidagi jarlik kengayib, chuqurlashib bormoqda. Shoir ruhiyatiga iztirob olib kirgan bu haqiqat uni beixtiyor tarix bag’riga chorlayveradi. U esa intilaveradi, qaror esa qat’iy: baribir «bir kun yetman». Lirik qahramon bu so’zlarni shu qadar ishonch bilan aytadiki, o’quvchi beixtiyor uning fikrlari doirasiga tushib qoladi. Sababi o’quvchi ham lirik qahramon bilan qondosh, jondosh, ruhdosh. Ruhiy yaqinlik bor joyda bir-birovni tushunish oson, maqsadlar uyg’unlashuvi, tabiiy.

Ildizi baquvvat daraxt uzoq yashaydi. Tarixidan ajralmagan xalq ham shunday. O’z o’tmishidan yuz o’girib, o’zganing bugunidan umidvorlik bema’nilikdir. Bunday bema’nilik esa zamonaning qiyofasini belgilash darajasiga yetib borgan paytda unga chidolmagan, chora ko’rishga ojizlik hissini tuygan lirik qahramon o’zining orzu-umidlariga tarix bag’ridan makon izlaydi. Xalqini halokatdan asrashning yo’llarini ajdodlar ma’naviy merosi xazinasidan axtaradi. Turk tilining butun boyligi va go’zalligini «Devon-ul-lug’atit turk» asarida saqlab qolishga muyassar bo’lgan Mahmud Koshg’ariy ruhiga sig’inadi.

U aytmas: -Shayton, -deb, u aytar: -Bayot.
U aytmas: -O’lim, deb, u aytar: -Hayot.
U aytmas: -Kecham, -deb, u aytar: -Ertam.
U aytmas: -Bugunim. Aytar: -Budunim.
— Xayr! -demas, -Salom, -der, -salom, nabiram!..

Bular yurakni orziqtiruvchi tansiq haqiqatlar- ku?! Qalbining ko’zlari davron changlaridan tozalanayotgan o’quvchi lirik qahramon tuyg’ulari ifodasidan to’lqinlanib, o’z ajdodlariga sog’inch bilan talpinishi, so’zsiz. Chunki uning mudroq ruhini uyg’otuvchi lirik qahramon fikrlari nihoyatda teran va ta’sirli. Yashashga, kurashga chorlovchi bu so’zlar tarix nurlari yordamida bugungi ma’naviyat chiroqlarini tamoman so’nishidan asrovchi qudrat. Xo’p, ruhi, vijdoni uyg’oq o’quvchi, lirik qahramon bilan hamfikr, unga hamdamlik qila oladi. Ammo zamona ruhi-chi? Yaxlit holda olganda, lirik qahramon ruhining isyonlari, zamonaning ruhini butunligicha o’z oqimiga torta oladimi? Bu juda qiyin masala. Lirik qahramon ana shu murakkablikka juda yaxshi tushunadi va fikr-qarashlari, kurashlari yo’lida paydo bo’layotgan tog’day to’siqlarni yengishga o’zidan kuch izlaydi:

«Devon-ul-lug’atit turk»da ochun yorug’dir.
Yo’llar xo’b uzundir, yulduzlar yirik.
Yetmoqlik gumondir, ketmaklik — zarur,
Yuraklar — dolg’ali, orzular — tirik.

Bu misralarning har biri fikriy teranligi jihatidan bitta mustaqil asarning g’oyaviy yukini o’zida mujassam etgan deyilsa, mubolag’a bo’lmaydi.

«Devon-ul-lug’atit turk» — bu tarix timsoli. Uning yorug’ kunlari, tunlarini yoritgan yulduzlarining shu’lasi zamonani ham yoritishga qudrati yetmog’i rost. Zamonning ulardan uzoqlashtirilganligi esa ulkan fojia. O’tmish bag’rida nurlanib turgan «yorug’ ochun»ga zamondoshining yetmoqligi lirik qahramon qalbiga gumon urug’larini tashlaydi. Sababi, birinchidan, zamondoshi ma’naviyati o’z o’tmishining nurlari bilan emas, balki boshqa yorug’liklar ta’sirida shakllanganligi bo’lsa, ikkinchidan, maqsadi shubhali kuchlarning ancha barqarorligi edi. Shuning uchun ham lirik qahramonni «nima qilmoq kerak?» degan savol nihoyatda qiynaydi. Ruhiy gushkunlik insonni halokatga tezroq yetkazuvchi omillardan biri. Lirik qahramon esa kurashish, haqiqatni tiklash uchun dunyoga kelgan. Ezgu niyatga xiyonat qilish ham uni ma’nan nobud etishi mumkin. Shuning uchun u butun borligi bilan «tarixni zamonaga, zaminni ko’kka ulash», kelajakka qo’l berish uchun kurashga shay. Yuqoridagi she’rda ma’naviy merosning zamona ruhiyatini o’zgartirishdagi, yanada aniqrog’i, shakllantirishdagi ahamiyatiga urg’u berilgan bo’lsa, «Mahmud Koshg’ariy» she’rida shaxsning ma’naviy kamoloti, uning insoniyatga, jamiyatga berishi mumkin bo’lgan ruhiy boyliklari masalasi yoritiladi:

Chol bilar, So’zlar, bu — xalqning yuragi,
Xalq o’lmas — so’zini o’ldirolmasang…

Xira ko’zin uzmay oppoq varoqdan,
Bitarkan eng oddiy ulug’ so’zlarni,
U so’zlarni emas, zabun bo’lmoqdan
Aslida qutqarib qoldi bizlarni…

«Mahmud Koshg’ariy» she’rining lirik qahramoni o’zini faqat zamon oldida burchdor deb emas, balki tarix oldida ham qarzdor deb biladi. Zero, zamonni qutqarmoq uchun fidoyilar qaddi dol, bemador tarixga quvvat bo’lolmasa, keyin keladigan hech avlod o’gmishni ona tarix sifatida e’zozlay olmaydi. Ammo lirik qahramon yashayotgan davrning o’zi ruhidan, vijdonidan ayrilgan bo’lsa-chi?! Yo’q, davr yaxlitligicha ruhsiz, vijdonsiz bo’lolmaydi. Hamma davrlarda bo’lganidek, bobolar ruhi ongu ruhida yashovchi farzandlar tug’ilib turadi. Ular kerak bo’lsa; tarixga sig’inadi, uni ideallashtirishgacha borib yetadi. Chunki boshqa iloji yo’q. Qanday qilib bo’lsa-da, zamondosh qalbida tarixga mehr, unga talpinmoq tuyg’usini uyg’otish zarur. Bu jihatdan Xurshid Davronning «O’rxun-Enasoy toshlari» she’ridagi:

Endi bu toshlarga o’yiq savollar
Bizni o’rtayotir — sovir dil qoni:
«Elim budun erdi,
Elim endi qani?
Botirli budun erdi,
Botirlari qani?…

misralarining davr oldida turgan nihoyatda dolzarb so’roqlar ekanligini tan olmay bo’lmaydi. Darhaqiqat, el-elat, uning fidoyilari, botirlari qani, axir? Ular bor, ammo ularning milliy tuyg’ulari, g’ururi so’nish darajasiga yetgan ahvolda. Bular haqida o’ylash g’ururi baland, ruhiyati uyg’oq har bir kishining diliga alam, o’kinch zilzilasini soladi. Iztirobli qalbiga hamdard izlaydi, ularni topishga va safini kengaytirishga intiladi. Ruhan charchagan vaqtda eliga, yurtiga afsonaviy qahramonlar — Alpomishlar ruhidan madad tilaydi. Bir paytlari ruhlarga qanot, orzuli dillarga quvvat bo’lgan Alpomishni dillardan, ruhlardan badarg’a qilishga uringan zamonga la’nat aytadi. Axir alpomishlaridan ayrilgan har qanday elni, millatni halokat yutmog’i aniq. Millatni halok etish uchun qurolning hojati yo’q, uni tilidan, ruhiyati oziqlanadigan milliy, ma’naviy buloqlaridan ajratilsa, shuning o’zi yetarli. Ana shu maqsadda balki yurtimiz alpomishlari qatog’on qilinib, mangu uyquga mahkum etilgandir. Vaqt kelganda esa ular ruhini uyg’otmoq nihoyatda zarur. Bu Xurshid Davronning «Alpomishning qaytishi» she’rining bosh g’oyasi. Shoir yozadi:

Bepoyon dalada bir botir uxlar,
Sochlari chatishib ketgan giyohga.
Qay sado botirni yana qaytarar
Bu ko’hna, bu soqov, bu kar dunyoga?

Sochlari ona tuprog’iga, uning giyohlariga chatishib ketgan botir kim? U bizning bugunimizga ona bo’lgan tariximiz bag’rini abadiy makon etgan fidoyi qahramonlari — farzandlari ruhi. Onani unutish mumkin bo’lmaganidek, tarixni — o’tmishni unutish kechirilmas gunoh, tuzatilmas xato. Ammo bu gunohkorlik bizga qaydan bo’lsa-da, yopishib oldi. Shu boisdan lirik qahramon «soqov, kar dunyo»ga zabonli bo’lish, ajdodlarining nidosini eshitishdek baxtni izlaydi. Bu Alpomish siymosida umumlanggirilgan ruhiy bedorlik va e’tiqod tuyg’usi. Zero, tarixni zamonga yaqinlashtirish uchun, avvalo, zamondoshlar qalbida, vujudida uxlab yetgan ”Alpomish»ni — ruh va e’tiqod tuyg’usini uyg’ota bilish kerak. Bunday kuchni zamonadan topish mumkinmi? Mana shu savol lirik qahramonni azoblaydi. Ammo u «ha» yoki «yo’q» deya olmaydi. Bu javoblarning har ikkalasini ham zamini bo’shdek tuyuladi unga. Lekin o’zining ruhiyatini yoritib turgan bir tola nurga intiqlik bilan talpinib turganligi seziladi. Talpinish tuyg’usi o’quvchi vujudini ham zabt etadi. Bu kelajakdan umid tuyg’usi edi:

Xira ko’zlarini uzmay ufqdan
Donishmand cholgina yo’lga termilar
Va aylar bashorat: «Uni uyqudan
Uyg’ota oladi faqat bolalar”.

Ko’zlari xiralashgan chol — tarix timsoli. U har kuni bugundan — beoqibat farzandidan najot kutaverib, toliqqan. Chunki bugundan umidvorlik tuyg’usi faqat tarixni emas, balki zamonning o’zini ham tark etayotir. Shuning uchun hamma umid kelajakdan. Ammo kelajak bugundan boshlanadi. Avvalo, bugunning Alpomish siymosidagi sog’lom kuchlarini uyg’otish esdan chiqmasligi darkor.

«Alpomishning qaytishi» haqida fikr yuritgan Ibrohim Haqqulov: «Odatda bunday… obrazlarda xalqning jasorat, kurash, mukammallik haqidagi tushunchalari, o’zlikni anglash, unga doimiy intilish falsafasi ilgari suriladi», — deb yozgan edi. Darhaqiqat, o’zligini anglagan insongina tarixini hurmat qiladi, zamona sog’lomligi uchun kurashadi, kelajagining esa o’tmish qusurlaridan xalos bir tarzda bunyod bo’lishini orzu qiladi.

Xullas, Xurshid Davronning tarixiy mavzudagi she’rlarida zamon bor bo’yicha o’z aksini topadi. Zamonaning asl qiyofasini chizish esa shoirga oson bo’lmadi. Davr dardlarini lirik qahramon ruhiy dunyosi qabatlaridan o’tkazib, o’quvchi ruhiyatiga ta’sir ko’rsatish darajasida aks ettirish shoirdan juda katta mahorat va bilimni talab qiladi. Shu bilan birga uning mehr, e’tiqod va kurashchanlik tuyg’ularining haqiqiy egasi bo’lishini ham taqoza etadi. Zero, Xurshid Davron she’rlarini o’qiganda go’yo shoir tafakkuri faqat tarix qabatlarini yoritishga yo’naltirilganday, uning xazinaboni bo’lish orzusida izlanayotganday tuyuladi. Bu haqiqat. Ammo she’rlarda yana boshqa haqiqat ham borki, uni ro’yobga chiqarish zamonning qismatini qaro qilayotgan hodisalarga barham berish va kelajak taqdirini belgilashga katta yordam ko’rsatadi. Mana shu haqiqatlar uyg’unligi zamondosh ruhiyatiga juda katta ma’naviy oziq beradi va uni kelib qolgani jar yoqasidan qaytarishga ko’maqdosh bo’ladi.

Shavkat Rahmon lirik qahramoni bilan Xurshid Davron lirik qahramoni ruhiy dunyosi manzaralarida o’xshashlik ko’p. Ammo bu o’xshashlik fikriy va ruhiy ayniylik, bir xillik belgisi emas. Lekin fikrlash, his qilish, tuyish nuqtai nazaridan har ikkala lirik qahramonda uyg’unlik bor. Shu o’rinda bir xillik va uyg’unlik tushunchalariii bir ma’noda anglashdan uzoq turmoq lozim. Zero, bu tushunchalar o’ziga xoslik mantig’idan beto’xtov oziq olib turadi.

Har ikkala tengdosh, zamondosh shoir davr dardlari bilan qiynaladi. Unga ma’naviy malhamlar izlaydi. Lekin bu izlanishlar har bir shoirning insoniyat o’tmishi, butuni va kelajagiga munosabatlarning o’ziga xos ifodasi bilan ajralib guradi.

Xurshid Davronning «Chililik do’stlarga» she’rida yashayotgan jamiyatining inson uchun qafas ekanligini, xalq esa erk, Vatan, millat, burch, vijdon tuyg’ularidan «poklanayotganligini» ochiq aytolmasdan qiynalganligini sezish qiyin emas. Lekin shoir buni aytishning yo’lini imkon qadar topgan. Ya’ni Chilida xunta tomonidan sodir etilgan qonli voqealar shoirga qalbida qamalib kelayotgan dardlarni aytishga sharoit yaratgan.

Erk nima?
Ozodlik nima?…
Yurt nima?
Vatan nima?…
Xalq nima?
Millat nima?…
Burch nima?
Vijdon nima?
Buni anglaganga qiyin bo’ladi.

deydi shoir. Darhaqiqat, o’sha turg’unlik yillarida hozirgidek erkni his qilish, Vatan deya uni himoya etish, millatim deya faxrlana bilish mushkul edi. Oqibatda ko’pchilikda burch, vijdon tuyg’usi zimdan zaharlangan va ular salkam manqurtga aylantirilgan. Ana shu muqaddas tuyg’ularni qalbida asray bilganlarga esa nihoyatda qiyin bo’lgan va shoir aytganidek, ular «O’limdan so’ng tirilaman deb, O’limdan qo’rqmasdan o’lgan«. Xuddi ana shu tuyg’u, ruh X.Davronning «Men sevaman o’zbek dalasin” misrasi bilan boshlanuvchi she’rida qad rostlashga musharraf bo’lgan. Bunda shoir o’zining ona yurtiga bo’lgan farzandlik mehrini izhor etadi. Lekin shoirning ruhiyatidagi kemtik o’rinlarni to’ldiradigan manbalarni topolmayotganligi ko’rinib turadi. Bu «Ochiq ketsin, mayli, ko’zlarim» misrasida o’z ifodasini topgan. Qachon insonning ko’zi dunyodan ketayotganda ochiq qolishi mumkin? Aytilishicha, agar inson hayotidan rozi bo’lmasa. Bu yerda ham xuddi ana shu mantiq bor. Demak, lirik qahramon hayotdan norozi. Uning inson sifatida istak va orzulari o’zi xohlaganicha ushalmagan. Chunki u tug’ilgan yurtiga bo’lgan mehrining qudratini ko’rsata olmay, ya’ni ona tuprog’ini o’ziniki sifatida his qilolmay o’tib bormoqda. Shoir:

Kun keladi, zamin bo’larman,
Hech kimningmas, sening bo’larman,
Maysalaring shivirlaganda
«Hayot» degan sasing bo’larman.

misralarida ko’zining «ochiq ketayotganligi» sabablarining mohiyatini ochishga intiladi. Demak, lirik qahramon ona yurtini farzand sifatida sevishga, e’zozlashga huquqsiz, himoya etishga ojiz. Qachonki, uning xoki ona zaminga qo’shilgandagina ushalmagan orzulari ushalib, beqiyos mehriyu sadoqati unga uyg’unlasha olishi mumkin. Lirik qahramon ruhiyatida hayotning nursiz ranglari mujassamlashib, uning misralarda o’z aksini topishiga so’zsiz, jamiyat va siyosiy mafkuradagi adashishlar sabab. Jamiyat shaxsni shunchalar ruhiy, ma’naviy ojizlikka olib kelgan ekan, buni anglagan inson o’sha jamiyat va uning siyosatini qanday himoya etsin?! Ammo bunday jamiyatni himoya etish tuyg’usi haligacha — mustaqillik tuyg’usini tuyguncha manqurtsifat zamondoshlarimizda yo’q emas edi. Xurshid Davron va boshqa iste’dodli ijodkorlarning, xalqim, yurtim degan fidoyilarning kurashlari tufayli manqurtlik dardiga davolar izlashga intilishlar kuchaydi. Jamiyat siyosatining xalq ijtimoiy-ma’naviy darajalarini naqadar tubanlikka tortganligini anglash jarayoni boshlandi. Shoir «O’g’lim Temurga» she’rida ruhan anglanish va uyg’onishning mevasi — jasoratning ranglarini aniq tasvir etadi.

O’g’lim, bu yer —
Bizning yerimiz.
O’zimizning yerimiz,
Ko’rqmasdan qadam tashla.

Bundoq olib qaraganda, bular oddiy so’zlar. Lekin sodda qurilgan misralardagi so’zlar zamirida kuchli ruhiy tug’yon kezadi. Bu tug’yonni yurtini, xalqini sevgan, uning qo’l-oyoqlariga urilgan ko’rinmas kishanlarni ko’ra bilgan, anglay olgan, mustaqilligi uchun kurashga tayyor insongina his qiladi.

O’z qalbidagi, ruhiyatidagi uyg’onish ildizlarining ona zaminga erk, istiqlolni sog’ingan tuyg’ular orqali bog’liq ekanligini tushunadi. Bugunga kelib, inson — lirik qahramon ruhiyatining ozodlikka shunchalar tashnaligini his qiladi. Shu davrga qadar ona yurting qaer, degan savolga faqat tug’ilib o’sgan tuprog’ini tilga ololmay, katta masofalarni, kengliklarni ko’rsatishga o’rgatilgan qalbning kaftdek yerga ona yurtim, deb munosabatda bo’lishga yetishish sog’inchi va mehrini, intiq va intizorligini ifodalovchi ismsiz tuyg’ularning rangini muhrlaydi. Bobo va momolar himoyasida asralgan, ularning qoni va ko’z yoshlariga qorilgan bu zaminga egalik qilish hissi, lirik qahramonni o’zida paydo bo’lgan ana shu hissiyotni farzandiga — kelajakka ham yuqtirishga, unda o’zlikni anglash tuyg’usini tarbiyalashga da’vat etadi:

Yiqilsang, ko’tarar
Seni bu tuproq.
Yiqilsang, turmoqni o’rganasan,
Turmoqni o’rgan, o’g’lim.
Yiqilsang, emaklama,
Emaklaganim yetar, o’g’lim…

Emaklashga mahkum etilgan xalq vakilining o’z qismatidan kelajakka jasorat bilan so’zlashi mavjud jamiyat siyosati va tuzumni yemirish uchun shiddat bilan yetilib kelayotgan milliy uyg’onishning belgisi edi. Ammo bu uyg’onish millatchilik zaminida dunyoga kelmadi. Hamisha qalbida millatidan qat’i nazar, har qanday fidoyi va haqiqatsevar insonga nisbatan mehr tuyg’usi beqiyos, biron-bir xalqning adolatsiz siyosatni zo’rlab o’tkazib kelganlarga nisbatan adovatsiz bo’lishi mumkin emas. Shoirning Vatan, millat haqidagi qarashlarini xuddi ana shu zamindan oziqlantirgani ko’rinib turibdi. Shu o’rinda Xurshid Davronning «Meni qo’yib bering o’zimga» misrasi bilan boshlanuvchi she’ri ustida fikrlashish yuqorida aytilganlarga yanada oydinlik olib kirishi mumkin.

She’rda yurt, xalq, millat qismati, taqdiri va istiqboli haqida alam bilan so’zlagan shoir lirik qahramoni vujudini kemirayotgan qo’rquv tuyg’usining mohiyatini ochishga intiladi. U murojaat qilayotgan ikkinchi shaxs kimligi, millati va mansabidan qat’i nazar, ona xalqi taraqqiyotiga bo’g’ov solishda jonbozlik ko’rsatayotgan kimsa. U shoir o’ylariga, umid-orzulariyu, intilish va kurashchan tuyg’ulariga ham hukmronlik qilishga urinayotgan kishi. Uning vujudida ham zimdan kechayotgan qo’rquv tuyg’usi mavjud. Chunki milliy taraqqiyot, uygonish yalpi tus olsa, uning butun og’irligini ko’tarib, g’am-tashvishini ustiga ortib chopayotgan asov otning jilovi qo’ldan chiqishi muqarrar. Mana shu bir-birini ta’qib qilayotgan qo’rquv tuyg’usi jamiyatda kurashayotgan ikki kuch — erkka intilish va bu erkni bo’g’ishga urinishning aniq ramzidir.

Shoir lirik qahramoni vujudini titratayotgan qo’rquv guyg’usining ikkinchi shaxsda mavjud tuyg’udan farqi nimada? Ikkinchi shaxs mavqeidan, qo’lidagi razil imkoniyatlardan ajralib qolishdan qo’rqsa, shoir lirik qahramoni mavqega erisholmay qolishdan emas, balki har bir insonga — xalqiga nasib etishi lozim bo’lgan erk, ozodlik kabi ma’naviy ne’magga yetishishning shu kunda naqadar mushkul va mashaqqatli bo’lib borayotganligidan qo’rqadi.

Meni qo’yib bering o’zimga,
Boshim uzra turmang bo’lib xam.
Qog’ozdagi har bir so’zimga
Shubha bilan tikilmang bu dam,

— deydi u. Har qanday shubhayu gumonlar ishonch va umidlarni so’nish darajasiga olib kelishi mumkinligi shoirni qo’rquvga solmoqda. Axir hayotida biron-bir narsaga ishonmay beilinj, beumid yashamoq inson fojiasi emasmi? Boz ustiga insoniyat orzu qilgan eng erkin, demokratik jamiyat deb e’lon qilingan, qurilgan va qurilajak sotsialistik hamda komunistik jamiyatda qabohat va razolat ustivor bo’lsa?! Bu balki sirtdan qaralganda unchalik sezilmagandir yoki ko’zga tashlanmagandir. Ammo jamiyat va uning mafkurasi mohiyatini teran anglagan kishi inson fojiasi shunchalar chuqurlashgan davrda yashash nihoyatda mushkulligini yaxshi anglaydi. Shu boisdan shoir:

Men qo’rqaman,
Bu so’zlarim dor
Ostida jim turgan insonni
Ishontira olurmi, bekor
Ketmasligin har tomchi qoni?

— deydi. Lirik qahramon ruhiyatiga larza solgan yana bir haqiqat — inson qalbidagi yuksak tuyg’ulardan biri — ishonch tuyg’usining darz ketishi har qanday jamiyatning fojiasi, har qanday mamlakatning parokandalikka yuz tutishidagi asosiy omillardan biri ekanligi. Tor ma’noda olib qaraganda biron kishining ikkinchi kishiga nisbatan ishonchini yo’qotishi o’rtadagi har qanday ittifoqning barbod bo’lishiga olib keladi. Mana shu masalaning keng ma’nodagi isbotini sotsialistik jamiyat qismati ko’rsatib berdi. Bu qismatning muqarrarligi haqida Xurshid Davron:

Men qo’rqaman…
Qo’rqaman…
(Bunga
Har odamdek, bor, axir, haqqim.)
Bu so’zlarga ishonadimi
Ko’p so’zlardan aldangan xalqim?

— degan edi. Bu misralarga yashiringan fikrlar jamiyat va inson — shaxs munosabatlarining naqadar keskinlashib borayotganligidan darak bermoqda. Ammo shoir lirik qahramoni davrning qahrli nafasini tuyish, his qilish barobarida merovlanib borayotgan ommaning ahvolini bilgan holda «Anglab topa olarmikan u Haqiqatni shu ko’p so’zlardan — faqat shundan qo’rqaman...» deydi. Ko’rinadiki, uni qo’rquvga solgan tuyg’u davron egalarining adolatdan chekinganigina emas, balki ana shu adolatsizlik qurboni bo’lgan xalqning o’z-o’zini anglashda qiynalayotganligi ham edi.

Shoir lirik qahramon hayajonlari, ruhiy to’lg’onishlarini aks ettirar ekan, ana shu jarayonda davrning ham ruhini, jamiyat nursiz manzaralarining siyosiy va ma’naviy ildizlarini ochishga intiladi. Milliy masalada o’zini pardalagan holda faollik ko’rsatayotgan shovinizmning asl maqsadini fosh etishga harakat qiladi. Jamiyatda yuz berayotgan parokandalik oqibatida xalq boshiga yog’ilayotgan kulfatlar yo’liga ko’ksini qalqon qilgisi keladi. Inson psixologiyasi — ruhiyagi qirralari adolatdan bebahra xalq fojiasi fonida ochiladi va o’quvchi lirik qahramon ruhiy dunyosida kechayotgan jarayonlar mohiyatini jamiyat illatlari tasviri bilan tanishish davomida anglab oladi.

Millat yoki xalqning manqurtga aylanishi uning yo’qlik sari ravona bo’lganligini ko’rsatuvchi dahshatli hodisa. Bu hodisani «kamol» toptirish yoki tezlashtirish uchun jamiyat siyosati qanchalar xizmat qilmadi, axir. Avvalo, tarixi, tilini unuttirish, keyin tug’ilgan joyini, kindik qoni to’kilgan tuproqni Vatan deyishdan istihola ettirish, katta masofalarni egallagan joylarni ona-Vatan deb maqtanish darajasiga yetkazish, meros an’ana va urf-odatlardan orlantirib, anglanmagan an’analarni qabul qildirish, milliy madaniyat, san’at namunalaridan boshqa xalqlarnikini ustun qo’ydirish va uni joriy etishga ruju qildirish, qisqasi, o’zlikni unuttirish bularning barchasi xalqni manqurtga aylantirishdagi eng muhim omillar bo’ldi. Bu omillarni har bir millatning o’zi kashf qilmadi, albatta. Millat asta-sekinlik, juda ustamonlik bilan majburan o’z tanazzulining «kashfiyotchisi»ga aylantirildi.

O’z ona tilini unutgan zotlar
Torobiy maqbarin vayron etganda,
Men hech kimning ko’ziga emas,
Men o’zimning ko’zimga boqdim…

Bu yerda lirik qahramon o’zgalardan emas, o’zidan o’pkalamoqda. Zero, kim kelib, nimani maqtasa, o’shani o’zinikidan aziz va afzal bilgan odamdan yoki butun bir xalqdan gina qilish shoirning xatosi yoxud o’z millatini kamsitishning belgisi emas. Bunday olib qaraganda, xalqning foje ahvolga tushib qolishiga faqat tashqi omillarni sabab qilib ko’rsataverish ham bir yoqlamalikka olib keladi. Balki xalqimiz xulq-atvoridagi sharqona soddalik, sadoqatlilik, ishonuvchanlik, ma’lum ma’nodagi siyosiy go’llik tufayli hayotimizga tiqishtirilgan barcha «yangilik»larni, uning oqibat-natijasini o’ylamay qo’sh qo’llab qabul qilavergandirmiz. Bu yangiliklar ko’nglimiz, ko’zlarimizni sehrlab, o’zligimizni unugishga chorlaganda, orqamizga qayrilib qaramay, bizni qo’llab-quvvatlab turgan tariximizdan nazarimizni olib qochgandirmiz. Xullas, bir so’z bilan aytganda, vaqt kelib, anglanish jarayoniga kirdik va Xurshid Davron lirik qahramoni holatiga tushdik. Anglangan avlod esa ginani o’zidan qilib, o’z ko’ziga tikilib, o’zini ma’naviy so’roqlar iskanjasiga olishdek tarixiy pallaga kirdi. Bu holatga tushgan qalblar ruhiy isyonlar ichra ezilib, o’zi- o’ziga malomat toshlarini ota boshladi. Bu esa lirik qahramon ruhiyatida kechirilmas gunohning ranglari sifatida aks etdi:

Ashratxona* hujralarini
Ko’r manqurtlar bulg’ab ketganda,
Men hech kimning ko’ziga emas,
Men o’zimning ko’zimga boqdim.

(*Ashratxona – Temuriylar davriga oid Samarqanddagi maqbara. XDK izohi)

Ko’rinadiki, «ko’r manqurtlarning» ko’ziga boqishdan foyda yo’qligini kechikib bo’lsa-da, anglagan lirik qahramon o’zini gunohkor hisoblayapti. Agar u o’z vaqtida anglanganida «ko’r manqurtni» barcha harakatlardan to’xtatgan va yanada achchiqroq haqiqatning paydo bo’lishiga yo’l qo’ymagan bo’lardi:

Men o’zimning ko’zimga boqdim,
Ko’rdim: derazasi zimiston uyda
Bir-birimiz ko’rmay,
Yolg’izlik ezib,
G’amli o’tirardik otam, men, o’g’lim…

Shoirning yolg’izlik haqidagi fikrini inkor qilib bo’lmaydi. Zero, hech kimning ona xalqini yomonlashga ma’naviy haqqi yo’q. Ayniqsa, millat sifatida o’zbek xalqidek saxiy, qalbi toza, bag’ri keng, mehnatkash, sodda va samimiy xalq kam topilsa kerak. Ammo unda bir yomon qusur borligini ham inkor qilib bo’lmaydi. Bu zarur paytda birlasha olmaslikdir. Ana shu qusur tufayli u yaqin 60-70 yil ichida (balki oldin ham bo’lgandir) qanchadan-qancha moddiy va ma’naviy xazinalaridan ajraldi. Natijada, uni yolg’izlik o’z komiga tortdi. Shu boisdan ham shoir lirik qahramoni ruhiy parvozlardan to’xtagan holda g’am, alam domiga giriftor bo’lib, azoblanadi. Otasi (tarix), o’zi (bugun), o’g’li (kelajak) siymosida bir-birlariga qo’l berolmay, tanholikda — yolg’izlikda qiynalayotganligi — xalqning uchala zamonda ham birlasha olmay arosatda qolgan holati manzarasipi yaratadi. Darhaqiqat, shunday. Otaning o’g’ilni qo’llab-quvvatlay olmasligi, o’g’ilning ham o’z o’g’li kamoloti uchun fido bo’lolmasligi bu milliy parokandalik belgisidir. Xurshid Davron shular haqida o’ylar ekan, xalq ruhiyatida milliy uyg’onish va birlashish tuyg’usining bosh ko’tarishiga ma’naviy zamin tayyorlashga intiladi. Har bir qalbda o’z-o’zini taftish qilish, yashab o’ggan umriga tanqidiy qarash, kelajagini tarix va zamon yo’l qo’ygan qusurlardan xoli ravishda bunyod etish tuyg’usini tarbiyalashga, ruhan va ma’nan poklanish sari boshlashga harakat qiladi. O’z qalbidagi fidoyilik, ruhiyatidagi isyonkorlikdan ona xalqiga ulashishga intiladi. Lirik qahramon ruhiyatidagi, qalbidagi o’z-o’zini fosh etish, hayotda yuz bergan barcha foje holatlar sababini faqat o’zgalardan emas, balki o’zidan ham izlash, o’zini tarbiyalashga intilish xususiyatini barchada ko’rgisi keladi. Mana shu intilishlar bois xalqimiz ruhiyatida tiklanish jarayoni boshlanganligini ta’kidlash joizdir.

Xullas, Xurshid Davron yuqorida ijodi jamiyat va inson munosabatlari, bu munosabatlarning qay yo’sinda shakllanishida muhim o’rin tutgan ijtimoiy-siyosiy va ma’naviy muammolar yuzasidan tahlil etilgan shoirlar bilan bir safda turib, millat taqdiri, kelajagi uchun olib borilyotgan va olib borilajak kurashlarga ma’naviy zamin tayyorladi. Uning lirik qahramoni ruhiy olamida aks etgan davr, ijtimoiy tuzum, jamiyat, siyosat mohiyatining adabiy-badiiy manzaralari o’quvchining qalb ko’zini ochishga xizmat qiladi.

***

70-80-yillar o’zbek she’riyatining balog’at davri bo’ldi. Bu davrga kelib jamiyatda siyosiy, iqtisodiy, ijtimoiy-ma’naviy tanazzul yuqori bosqichga ko’tarila boshladi. Bir tomondan, endi bu holatni pardalashga, tanazzulga yuz burgan siyosatning o’zi ham ojizlik qila boshladi. Ikkinchi tomondan, xalqni girdobiga olib kelayotgan ma’naviy inqiroz uyg’oq ruhiyatlarga isyon olovini olib kirdi. Shaxs ruhiyatida bosh ko’targan isyon siyosat yuzidagi pardani olib tashlab, uning asl mohiyatini fosh etish yo’lini tutdi. Jamiyatda yuzaga kelgan inqirozlar ildizini ochishga harakat boshlandi. Har doimgidek, o’z aslini, burchini unutmagan she’riyat lirik qahramoni xalqni uygotishning, uni ko’z ochib, tarixi va buguniga nazar tashlash hamda haqiqat bilan yuz ko’rishtirishning ma’naviy choralarini izlashga tushdi.Ana shu jarayonda lirik qahramon tarix va zamon o’rtasidagi uyg’unlikni ta’minlashga intildi. Chunki bu uyg’unlik xalq uchun ma’naviy yuksalish yo’lida juda beqiyos xazinalik vazifasini o’tashga qodir kuch edi. Avvalo, bu xazinadan she’riyatning o’zi bahramand bo’ldi. Bu bahramandlik o’z navbatida zamondosh uchun, uning ma’naviy kamoloti uchun xizmat qildi.

She’riyat, avvalo, ruhiy erkinlik uchun kurashdir. Chunki ruhiy erkin bo’lmagan insonning — shaxsning hayotda, jamiyat taraqqiyotida hech qanday o’rni va roli bo’lmaydi. Ana shu haqiqat davr she’riyati lirik qahramoni ruhiyatida muqimlashdi. Lekin hech bir zamonda haqiqatning qaddini g’oz tutib, o’zligini himoya etishiga yo’l qo’yilmagan. Shu boisdan insoniyat buguni va kelajagi uchun kurashishga yo’l axtargan o’zbek she’riyatining 70-80-yillarda nega o’zini tarix panohiga olganligi ham ana shu haqiqat bilan izohlanadi. Zero, bu davrda jamiyatni girdobiga tortayotgan tanazzulni o’z nomi bilan atash, xalqni ochiq-oydin xushyorlikka chorlash mumkin bo’lmagan. Oldingi davrlardagidek, siyosat faqat kommunistik jamiyat qurish, sovet xalqi degan atamaga mahkam yopishgan holda millat tushunchasini ongdan tashqariga surib chiqarish, har bir xalq yoki millatga o’z urf-odatlari, milliy an’analari, tili, Vatan tushunchasini unuttirish, juda katta masofalarni qamragan kenglikni ona-Vatan deb tan oldirish uchun butun kuchini sarflamoqda edi. Bu esa hammaga — yuragida unutishga mahkum bo’lgan Vatani, gili, milliy g’ururi yig’layotgan ruhiyat sohiblariga nihoyatda malol keldi. Ular pinhona isyon ruhi bilan yashashga majbur bo’lishdi. Mana shu majburiyatdan qiynalgan ruhiyatlar isyoni o’zini tarix panohiga oldi va zamonni uyg’ogish hamda qutqarish sari otlandi. Bu, albatta, eng avvalo, she’riyat qalbidagi g’alayon sifatida ko’zga tashlandi. Bunday she’riyatni yaratishda E.Vohidov, A.Oripov, Rauf Parfi, Omon Matjon, Usmon Azim, Shavkat Rahmon, Xurshid Davron singari iste’dodlarning xizmati katta bo’ldi.

Bu shoirlar tarixni qanchalik madadga chorlashmasin, zamondoshlarini uyg’otish uchun fidoyilik qilishmasin, ma’lum ma’noda ma’naviy galabalarga erishishmasin, baribir ichdan chirigan jamiyat o’zini inqiroz botqog’idan asrashga muvaffaq bo’lolmadi. To’g’risini aytganda, bedor va isyonkor ruhiyatlar ham jamiyatda ozchilikni tashkil qilar edi. Natijada, jamiyat va inson, ya’ni shaxs o’rtasidagi ziddiyat yechimsiz qolishi xavfi paydo bo’ldi. Ana shu haqiqatni o’z vaqtida anglash barobarida badiiy adabiyotdagi isyon yanada kuchaydi. She’riyat o’zining barcha imkoniyatlarini ishga solgan holda, ya’ni tarixga murojaat, milliy, adabiy va xalq og’zaki ijodi an’analaridan foydalanish yordamida jamiyatni inqirozdan saqlash yo’llarini izladi. Qanday qilib bo’lsa-da, ona xalqini millat sifatida asrab qolish uchun kurashdi. Bu yo’ldagi tazyiq va ta’qiblarga bardosh berdi. Millat erkinligi, mustaqilligi uchun kurashda botiniy safarbarlik boshida turdi.

Demak, XX asr o’zbek she’riyati lirik qahramoni turli davrlarda turlicha kayfiyat, ruhiyat sohibi sifatida goh kurashchanlik, gohida moslashuvchanlik xarakteri bilan namoyon bo’lgan va adabiy jarayonda rivojlanish, ba’zan esa turg’unlikning paydo bo’lishiga sabab bo’lgan ekan. Lekin qanday bo’lishidan qat’i nazar, she’riyat jismi-jonida hamisha bir tola nur sifatidagi burch, majburiyat va mas’uliyat hissi sira harakatdan to’xtamadi. She’riyat qaysi davrda bo’lmasin, qanday bosim ostida yashashga mahkum etilmasin, ana shu bir tola nurni o’z bag’ridan ajratmadi. Bu nur she’riyatning o’zligi edi.

Manba: Jumagul Jumaboeva. XX asr o’zbek she’riyatida psixologik tasvir mahorati. Monografiya. Toshkent, «Fan» nashriyoti, 2004

07

(Tashriflar: umumiy 137, bugungi 1)

1 izoh

  1. Илмий тадкикот иши качон «тош босадиган» булади? Качонки кучли,зур ходисани еритса! Жумагул Жумабоева ана шундай зур адабий ходиса сабабчиси Х .Даврон ижодини гоят синчи назар билан тахлил килибдилар. Кадрли тарихни, юксак адабиетни авайлаб асраганларга бехисоб ташаккур!!!

Izoh qoldiring