Vasiliy Shukshin. Yolg’iz o’zlari

077      Қачонлардир бу уйда болаларнинг жарангдор кулгуси янграган дамлар ҳам, кейинроқ тўйлар ҳам бўлган, ўлим келиб хонадон қайғуга чўкиб, кўзгулар юзи бекитилиб, липиллаб ёнган хира шам ёруғи ва аза жимлиги ҳукм сурган, ўлимнинг чуқур, сирли шарпаси кезган пайтлар ҳам бўлган эди. Кўп нарсалар бўлган. Антип Калачников ўзининг девдай шериги билан ўн икки жонни ҳаёт йўлига чиқариб қўйди.

Василий Шукшин
ЁЛҒИЗ ЎЗЛАРИ
Аслиятдан Ўроз Ҳайдар таржимаси
01

Жабдуқдўз Антип Калачников одамлардаги куюнчаклик ва меҳ­­рибонликни қадрларди. Уйда ҳарқалай тинчлик ҳукм сурган, кайфияти ҳам соз дамларнинг бирида хотинига мулойимлик билан гап қотди:

– Марфа, филдай аёлсан-у, миянг ишламайди-да.
– Ҳи, нимага энди?

– Нимагаки… Нимани хоҳлайсан, ўзи? Сенга қолса, кечаю кундуз тикаверсам, тикаверсам. Ахир, менда ҳам қалб бор, юрак бор. Унинг ҳам қувонгиси, яйрагиси келади.
– Тупурдим-эй, ўша қалбингга!

– Эҳ-ҳ…
– Нима эҳ, нима эҳ?
– Шундай ўзим… Жойи жаннатда бўлгур “қулоқ” отажонингни эслаб қолдим-да.

Сержаҳл, девдай Марфа дик учиб, важоҳат билан Антипга қаттиқ тикилди. Кичкинагина рамақижон Антип матонат билан бу тикилишни енгди.

– Сен… отамни тинч қўй…Тушундингми?
– Ҳим, тушундим, – қисқа жавоб қилди Антип.

– Шундай бўлсин.
– Ёмонам қаттиққўлсан-да, Марфажон. Ахир бунақа эмас-да, жоним. Бунақада юрагингни адо қилиб ўлиб-нетиб қолсанг, нима бўлади?

Қирқ йиллик турмушлари давомида Марфа Антипнинг қачон жаҳл қилишини-ю, қачон жиддий гапираётганини ҳеч тушуна олмасди.

– Бас, тикишингни қил.
– Тикаяпман, онаси, тикаяпман.

Калачниковлар хонадонидан ҳамиша ишлов берилган терининг ачимсиқ ҳиди анқиб турарди. Уй кенг ва ёруғ эди.

Қачонлардир бу уйда болаларнинг жарангдор кулгуси янграган дамлар ҳам, кейинроқ тўйлар ҳам бўлган, ўлим келиб хонадон қайғуга чўкиб, кўзгулар юзи бекитилиб, липиллаб ёнган хира шам ёруғи ва аза жимлиги ҳукм сурган, ўлимнинг чуқур, сирли шарпаси кезган пайтлар ҳам бўлган эди. Кўп нарсалар бўлган. Антип Калачников ўзининг девдай шериги билан ўн икки жонни ҳаёт йўлига чиқариб қўйди. Аслида улар ўн саккиз фарзанд кўришганди. Уйнинг қиёфаси йиллар давомида ўзгараверди-ю, аммо печканинг ўнг томонида, тўсиқ орқасидаги Антипнинг иш жойи ўзгармай қолаверди. У шу ерда от-уловга эгар, жабдуқ, юган, жазлиқ, нўхталар тикар, хомут ясарди. Деворда унинг қадрдон балалайкаси осиғлиқ турарди. Бу унинг жону жаҳони, чуқур муҳаббат қўйган эрмаги эди. Антип бошини сал энгаштирган кўйи соатлаб чалар ва иккаласи бир вужуд бўлиб қолгандай, соз унга унутилган қадрдон нималарнидир гапириб бераётгандай ёки ўзи унга кексаликнинг салмоқли ўйларини секин айтиб бераётгандай… тушуниб бўлмасди. Агар Марфа бўлмаганида кун бўйи шундай-й ўтираверарди. Марфага эса унинг кун узоғи тикиш билан шуғуллангани маъқул эди, тикаверса, тикаверса; у пулни яхши кўрар, ҳар бир чақа устида қалтирарди. Бутун ҳаёти давомида Антипнинг балалайкасига қарши жанг қилди. Бир марта ҳатто шу даражага етдики, балалайкани жаҳл билан оловга итқитиб юбор­ди. Антип ранги оқарган кўйи сози қандай ёнаётганига тикилиб, қараб турарди. Балалайка қуруқ қайин пўстидек бирдан лоп этиб аланга олди, дарров тиришиб қолди. У худди одамдек уч марта ингради, торлари узилди ва ўлди. Антип ҳовлига чиқди, болтани олди ва тайёрлаб қўйган эгар, жабдуқ, юган, нўхталарни майда-майда қилиб чопа бошлади – ҳаммасини. Индамай, бе­тартиб майдалаб чопди. Қўрқиб кетган Марфа ўриндиқда ғиқ этмай қараб турди.

Шундан кейин Антип бир ҳафта тинмай ичди, уйга ҳам келмади. Кейин яп-янги балалайка олиб келиб уй деворига осиб қўйди-да, яна иш жойига ўтирди. Шундан кейин Марфа балалайкага бошқа қўл тегизмади. Аммо Антипни диққат билан кузатар: қўшниларникига чиқса ҳам, узоқ қолиб кетмас, билардики, остонадан ҳатлаши билан эри балалайка чалишни бошлар, ишламасди.

Куз оқшомларининг бирида иккаласи уйда ўтирар, Антип ўз бурчагида, Марфа эса нимадир тўқирди. Жим ўтиришарди. Ташқарида ёмғир эзилиб шивирларди. Уй иссиқ ва сариштагина. Антип болғача билан ясаётган хомутига кичик мис михчаларни қоқарди: шақ-шуқ.. шақ-шуқ… Марфа тўқиётган нарсасини четга олиб қўйди-да, дераза ёнига келиб нималарнидир ўйлаб ташқарига қараб қолди. Антип эса ҳамон тўқиллатарди. Осмасоат ҳам худди ҳозир тўхтаб қоладигандай секин чиққиллар, аммо тўхтамасди. Дераза ой­насига ёмғир томчилари майинлик билан бўғиқ уриларди ҳар замонда.

– Нимадан куйинаяпсан, Марфажон? – сў­ради Антип. – Ҳалиям қандай қилиб кўпроқ пул йиғишни ўйлаяпсанми?
Марфа жим, деразага ўйланиб тикилиб турарди. Антип унга қаради.

– Ўйла-ўйлама, ҳадемай ўламиз. Ўйла-ўйлама – юз сўм бу пул эмас, – Антип ишлаётганда шунақа гапларни гапиришни севарди. – Мана, мен бутун умр ўйлай-ўйлай орттирганим ба­восир бўлди. Ишладим! Сўраб кўр-чи, ҳаёт­да нима кўрдим? Ҳеч нарса. Одамлар эса ку­рашишди, ҳеч бўлмаганда, ҳар хил қўзғолонлар кўтаришди, фуқаролар ва Улуғ ватан урушларида қатнашишди. Ҳеч бўлмаганда қаҳрамонларча ҳалок бўлишди. Мен эса ўн уч ёшимдан мана шу ишга боғланиб, шу ерда ўтирдиму ҳамон ўтирибман, ҳадемай етмишни уриб қўяман. Мана шунақа: бардошимга балли. Энди савол туғилади – хўш, нима учун ишладим? Пул ҳақида ҳеч қачон қайғурмаганман, мен уларга тупураман. Мендан катта одам ҳам чиқмади. Касбим ҳам тез орада керак бўлмай қолади; жабдуқдўзларнинг кераги бўлмай қолади. Савол туғилади, ҳаёт менга нима учун берилган эди?

– Болалар учун, – жиддий жавоб берди Мар­фа. Антип Марфанинг суҳбатни қувватлаб ара­лашишини кутмаган эди. Одатда у бунақа гапларни қандайдир ғазабли луқма билан ярим белидан тепарди.
– Болалар учун!

Антип жонланди:

– Бир томондан ўйлаб қараса, тўғри, аммо иккинчи томондан – нотўғри. Йўқ, нотўғри.
– Қайси томондан тўғри?

– Шу томонданки, фақат болалар учун яша­маслик керак. Одам ўзи учун ҳам яшаши керак.
– Хўш, ўзинг учун нималар қилмоқчи эдинг?

Антип бу саволга бирдан жавоб топа олмади.

– “Нималар” эмиш? Топардим нима қи­лишни… Масалан, мен мусиқачи бўлардим. Ҳув бирда шаҳардан бир инсон келганди-ку, ўша одам Мени “туғма истеъдод, ёмби”, деганди. Ёмби дегани эса – бир бўлак олтин, камёб нарса, мен шундай деб тушунаман. Ҳозир мен кимман? Оддий бир жабдуқдўз, балки менда бошқа бир…

– Бас қилсанг-чи!.. – Марфа қўлини силтади. – Вайсайверма, гапингдан одамнинг кўнгли айнийди.
– Демак, тушунмайсан, – хўрсинди Антип

Анча вақтгача жим қолишди. Бирдан Марфа ҳиққилаб йиғлай бошлади. Рўмолча билан кўз ёшларини артиб сўнг деди:

– Учиб кетишди болаларимиз, бутун ер юзи бўйлаб.
– Нима, бир умр атрофингни ўраб ўтиришлари керакмиди? – гап қотди Антип.
– Бас қил дўқиллатишни! – деди қўққисдан Марфа. – Кел, гаплашиб ўтирамиз, болаларимиз ҳақида.

Антип мийиғида кулди, болғани қўйди.

– Ҳа, қарияпсан, Марфа, – деди у қувноқлик билан. – Хоҳлайсанми, сенга куй чалиб бераман, ғамингни ёзаман?
– Чал, – рози бўлди Марфа.

Антип туриб юз-қўлларини ювди, сочини текислаган бўлди…
– Янги кўйлагимни олиб бер.

Марфа сандиқдан янги кўйлак олиб берди. Антип кўйлакни кийди, камар билан белини боғлади. Девордан осиғлик турган балалайкани олди ва бурчакка бориб ўтирди-да, Марфага қаради…

– Концертимизни бошлаймиз!…
– Сен кўпам кучанма, – маслаҳат берган бўлди Марфа.

– Ҳозир бутун ўтиб кетган ёшлигимизни эслаймиз, – деди Антип мақтанганнамо, бала­лайкани созлай туриб. – Эсингдами, одамлар илгари қандай қилиб бирга жўр бўлиб далаларда куйлашарди.
– Албатта, эслайман, нега эсламас эканман. Ҳар ҳолда, мен сендан ёшроқ бўлсам керак.

– Қанчага? Уч ҳафталикдан кўпроқми?
– Уч ҳафта эмас, икки йилга. Мен у пайтда навниҳолгина эдим, сен эса ўша пайтда айғир бўлиб улоғиб юрардинг.

Антип бу гапга қўшилгандай кулиб қўйди.

– Ҳа, ҳақиқатан мен ажойиб йигит эдим. Ёдингдами қандай қилиб ортимда илакишиб юрардинг?
– Ким? Менми? Ё Худо!.. Ким эди, ҳув ўша амаки ўлмагур бияларни қўйиб юборган кунда боғчамизда иштонини қолдириб кетган, а?..

– Иштон, дейлик, майли, меники бўлсин… – деди Антип балалайканинг охирги қулоғини бурай-бурай, кичкина бошчасини сал қийшайтириб олиб, торни чертиб юборди. Куй янгради. Илиққина ним қоронғи ёғоч уйнинг сокин бўшлиғига узоқ ёшликнинг ёруғ мусиқаси қуйилди. У ёдга бошқа оқшомни, ўтиб кетган соғинч оқшомини соларди. Яхши-ёмон кунларни эслашди, ҳаётдаги энг муҳим нарсаларни ўйлашди: аммо бирданига энг муҳими нима эканини ҳам била олишмасди:

– Тикмагин, онажоним менга қизил кўй­лакни… – Антип секингина Марфага қош учирди. Марфа ашулага қўшилди:

– Айбимни, қадрдоним,
Бекор билдириб қўйма…

Жўровозда унчалик айтиша олмаётган бўл­салар-да, иккаласининг ҳам негадир кўнгли бирдан кўтарилди, ҳузурланди. Кўз олдиларида унутилаёзган манзаралар гавдаланди. Гоҳ чўл, гоҳ дарё қирғоғи, гоҳо шивирлаётган теракзор ўрмон кўринар, сал қоронғи ваҳимали бўлиб, гоҳ… Ва нималардир ёқимли жимирлаб қўярди кўзларда.

Ҳаммаси ғойиб бўлганди: куз ҳам, ёлғизлик, пул ҳам, хомут ҳам… Энди Антип хонада майда қадамлар билан, юриб қувноқ ашулага ўтди:

– Оҳ, вой, вой, во-я,
Войгиналарим менинг,
Келақолинг, сайр қилиб,
Ўйнаб кулинг, жонларим…

Антипнинг қувноқ ҳаракатлари кулгуни қистатар, у ҳар замон-ҳар замонда ғалати қилиб сакраб ҳам қўярди. Марфа кулиб юборди ва шу заҳоти рўмолчасини олиб, кўзларини артиб олди-да, яна кула бошлади.

– Вой худойим-ей, бунча ирғишлайсан-а, то­моша қилмаган ҳеч ким қолмаган-у, яна кўнг­лини қаранг буни, ҳе…

Антип яшнаб кетганди. Кичкина ақлли кўзларида шўхчан ёруғлик зоҳир эди.

– Эҳ Марфагинам менинг, эҳ Марфаойгинам. Бекорга сен менга ғазаб қилмагин!
– Эсингдами, Антип, мени шаҳарга ярмаркага қандай олиб борганинг?

Антип бош ирғаб қўйди-да:

– Оҳ, эслайман, жоним,
Эслайман, Марфагинам.
Оҳ, хо-хо-холарим,
Чучмомаю нўхатим.

– Бирам аҳмоқсан-ей, Антип, нималар деб валдираётганингни ўзинг ҳам билмайсан, – деди Марфа мулойим боқиб.

– Оҳ, Марфагинам, сен менга
Бутун халқнинг шодлиги…

Марфа кулгудан йиқилаёзди.

– Бирам аҳмоқсан-ей, Антип.
– Оҳ у ерда, у ерда-я,

У ердаликларим менинг!

– Ўтир, биргаликда куйлаймиз бирорта қў­шиқни, – деди Марфа кўзёшларини арта туриб.

Антип сал ҳансирар, Марфага кулиб қарарди.

– Қалай? Сен бўлсанг Антипим ёмон, дейсан-а?
– Ёмон эмассан, каллаварамсан, – тўғрилади Марфа.

– Демак, тушунмабсан, – деди Антип Марфанинг бу ҳақоратни тузатишига эътибор бермай. Ўтирди.
– Ахир биз сен билан биласанми, қандай яшашимиз мумкин эди! Юракни юракка бериб! Аммо сени мана бу падари қусур пул еб ташлади. Хафа бўлмагин-у…

– Мени пуллар эмас, уларнинг йўқлиги еди. Бўпти, қўй, керак эмас, тугатдик. Хўш, энди қанақасини хоҳлайдилар, хоним-хонимойим?
– Азамат Володка ҳақидагисини.

– Эй, қўй, у оғир-ку!
– Ҳечқиси йўқ. Мен ҳеч бўлмаса озроқ йиғлаб олармидим.

– Ҳей чағалайлар, денгиз узра учмангиз, – кўйлай бошлади Антип:

– Қўнарга жой қайда у ерда,
Узоқ Сибир томон учингиз
Ва етказинг ғамгин хабарни.

Антип юракдан эзилиб куйларди. Худди ниманидир ҳикоя қилаётгандай.

– Оҳ қоронғи тун, соат ўн иккида
Володка азаматни ўлдирдилар.
Эртасига ота кичик ўғли ила…

Марфа пиқиллаб йиғлай бошлади.

– Антип, ҳой Антип! Кечир мени, сени баъзида хафа қиламан, – деди йиғи аралаш.
– Ҳечқиси йўқ, – деди Антип. – Сен ҳам мени кечир, агар бирор айбим бўлса.

– Сени кўпинча соз чалгани қўймайман…
– Ҳечқиси йўқ, – деди яна Антип. – Агар мени ўз эркимга қўйганингда кечаю кундуз балалайка чалиб ўтирардим-да. Ахир бундай қилиб ҳам бўлмасди-да. Мен ҳаммасини тушунаман.

– Ҳоҳлайсанми, сенга чоракталик олиб келамиз.
– Майли, – рози бўлди Антип. Марфа кўзёшларини артди-да, ўрнидан турди.
– Сен дўконга бориб кел, мен кечки овқатни тайёрлайман.

Антип брезент ёпинчиқни кийиб хона ўртасида турар, Марфанинг сандиқдаги ҳар хил латта-путталар орасидан пул олиб беришини кутарди. Тургани ҳолда хотинининг улкан елкасига тикиларди.

– Биласанми, яна нима иш қилиш керак, – деди у секингина. бу ўзи анча эскириб қолди, янгисини олиш керакмиди. Кеча дўконга олиб келишди. Ажойиб! Кел, уни ҳам олайлик.
– Нимани? – Марфанинг елкаси қимир этмай қолганди.
– Балалайкани-да.

Марфа яна ғимирлай бошлади… Пулни олиб, сандиқнинг устига ўтирди ва аста-секин пул санай бошлади. Лаблари қимирлар, қовоғи солиқ эди.

– Унингни ҳали чалса бўлади-ку,– деди у.
– Битта тахтачаси ёрилган… зириллаб қолган.

– Елимлаб қўй. Елим ол-да, эҳтиёт бўлиб елим-ла…
– Бу асбобни елим билан ямаб бўларканми? Худо кўтарсин сени.

Марфа жим бўлиб қолди. Яна пулни санай бошлади. Унинг бутун важоҳати қатъиятли ва ташвишли эди.

– Ма, – Антипга пул узатди. Юзига эса қарамади.
– Фақат чоракталикками бу? – сўради, Антипнинг пастки лаби осилиб қолди.

– Ҳа-а! Ҳеч нарса қилмайди, ҳали уни чалсанг бўлади. Мана, бугун қандай ажойиб қилиб чалдинг!
– Эҳ, Марфа!.. – Антип чуқур хўрсинди.

– Нима эҳ? Нима эҳ?..
– Бўпти, эсдан чиқардик, – Антип бурилиб эшик томонга юрди.

– Ўзи, неча сўм туради унинг? – бирдан сўраб қолди Марфа.
– И-и, ҳеч нарса турмайди, у арзимас чақа!… Янги нархда олти сўм.

– Ма, – Марфа зарда билан олти сўм санаб берди.

Антип хотинининг ёнига тез-тез юриб келди, пулни олди ва чиқди; гаплашиш ёки секин ҳаракат қилиш хавфли эди. Марфа тезда айниб қолиши мумкин-да.

Манба: «Ёшлик» журнали, 2015 йил

09

Vasiliy Shukshin
YOLG’IZ O’ZLARI
Asliyatdan O’roz Haydar tarjimasi
01

Jabduqdo’z Antip Kalachnikov odamlardagi kuyunchaklik va meh­­ribonlikni qadrlardi. Uyda harqalay tinchlik hukm surgan, kayfiyati ham soz damlarning birida xotiniga muloyimlik bilan gap qotdi:

– Marfa, filday ayolsan-u, miyang ishlamaydi-da.
– Hi, nimaga endi?

– Nimagaki… Nimani xohlaysan, o’zi? Senga qolsa, kechayu kunduz tikaversam, tikaversam. Axir, menda ham qalb bor, yurak bor. Uning ham quvongisi, yayragisi keladi.
– Tupurdim-ey, o’sha qalbingga!

– Eh-h…
– Nima eh, nima eh?
– Shunday o’zim… Joyi jannatda bo’lgur “quloq” otajoningni eslab qoldim-da.

Serjahl, devday Marfa dik uchib, vajohat bilan Antipga qattiq tikildi. Kichkinagina ramaqijon Antip matonat bilan bu tikilishni yengdi.

– Sen… otamni tinch qo’y…Tushundingmi?
– Him, tushundim, – qisqa javob qildi Antip.

– Shunday bo’lsin.
– Yomonam qattiqqo’lsan-da, Marfajon. Axir bunaqa emas-da, jonim. Bunaqada yuragingni ado qilib o’lib-netib qolsang, nima bo’ladi?

Qirq yillik turmushlari davomida Marfa Antipning qachon jahl qilishini-yu, qachon jiddiy gapirayotganini hech tushuna olmasdi.

– Bas, tikishingni qil.
– Tikayapman, onasi, tikayapman.

Kalachnikovlar xonadonidan hamisha ishlov berilgan terining achimsiq hidi anqib turardi. Uy keng va yorug’ edi.

Qachonlardir bu uyda bolalarning jarangdor kulgusi yangragan damlar ham, keyinroq to’ylar ham bo’lgan, o’lim kelib xonadon qayg’uga cho’kib, ko’zgular yuzi bekitilib, lipillab yongan xira sham yorug’i va aza jimligi hukm surgan, o’limning chuqur, sirli sharpasi kezgan paytlar ham bo’lgan edi. Ko’p narsalar bo’lgan. Antip Kalachnikov o’zining devday sherigi bilan o’n ikki jonni hayot yo’liga chiqarib qo’ydi. Aslida ular o’n sakkiz farzand ko’rishgandi. Uyning qiyofasi yillar davomida o’zgaraverdi-yu, ammo pechkaning o’ng tomonida, to’siq orqasidagi Antipning ish joyi o’zgarmay qolaverdi. U shu yerda ot-ulovga egar, jabduq, yugan, jazliq, no’xtalar tikar, xomut yasardi. Devorda uning qadrdon balalaykasi osig’liq turardi. Bu uning jonu jahoni, chuqur muhabbat qo’ygan ermagi edi. Antip boshini sal engashtirgan ko’yi soatlab chalar va ikkalasi bir vujud bo’lib qolganday, soz unga unutilgan qadrdon nimalarnidir gapirib berayotganday yoki o’zi unga keksalikning salmoqli o’ylarini sekin aytib berayotganday… tushunib bo’lmasdi. Agar Marfa bo’lmaganida kun bo’yi shunday-y o’tiraverardi. Marfaga esa uning kun uzog’i tikish bilan shug’ullangani ma’qul edi, tikaversa, tikaversa; u pulni yaxshi ko’rar, har bir chaqa ustida qaltirardi. Butun hayoti davomida Antipning balalaykasiga qarshi jang qildi. Bir marta hatto shu darajaga yetdiki, balalaykani jahl bilan olovga itqitib yubor­di. Antip rangi oqargan ko’yi sozi qanday yonayotganiga tikilib, qarab turardi. Balalayka quruq qayin po’stidek birdan lop etib alanga oldi, darrov tirishib qoldi. U xuddi odamdek uch marta ingradi, torlari uzildi va o’ldi. Antip hovliga chiqdi, boltani oldi va tayyorlab qo’ygan egar, jabduq, yugan, no’xtalarni mayda-mayda qilib chopa boshladi – hammasini. Indamay, be­tartib maydalab chopdi. Qo’rqib ketgan Marfa o’rindiqda g’iq etmay qarab turdi.

Shundan keyin Antip bir hafta tinmay ichdi, uyga ham kelmadi. Keyin yap-yangi balalayka olib kelib uy devoriga osib qo’ydi-da, yana ish joyiga o’tirdi. Shundan keyin Marfa balalaykaga boshqa qo’l tegizmadi. Ammo Antipni diqqat bilan kuzatar: qo’shnilarnikiga chiqsa ham, uzoq qolib ketmas, bilardiki, ostonadan hatlashi bilan eri balalayka chalishni boshlar, ishlamasdi.

Kuz oqshomlarining birida ikkalasi uyda o’tirar, Antip o’z burchagida, Marfa esa nimadir to’qirdi. Jim o’tirishardi. Tashqarida yomg’ir ezilib shivirlardi. Uy issiq va sarishtagina. Antip bolg’acha bilan yasayotgan xomutiga kichik mis mixchalarni qoqardi: shaq-shuq.. shaq-shuq… Marfa to’qiyotgan narsasini chetga olib qo’ydi-da, deraza yoniga kelib nimalarnidir o’ylab tashqariga qarab qoldi. Antip esa hamon to’qillatardi. Osmasoat ham xuddi hozir to’xtab qoladiganday sekin chiqqillar, ammo to’xtamasdi. Deraza oy­nasiga yomg’ir tomchilari mayinlik bilan bo’g’iq urilardi har zamonda.

– Nimadan kuyinayapsan, Marfajon? – so’­radi Antip. – Haliyam qanday qilib ko’proq pul yig’ishni o’ylayapsanmi?
Marfa jim, derazaga o’ylanib tikilib turardi. Antip unga qaradi.

– O’yla-o’ylama, hademay o’lamiz. O’yla-o’ylama – yuz so’m bu pul emas, – Antip ishlayotganda shunaqa gaplarni gapirishni sevardi. – Mana, men butun umr o’ylay-o’ylay orttirganim ba­vosir bo’ldi. Ishladim! So’rab ko’r-chi, hayot­da nima ko’rdim? Hech narsa. Odamlar esa ku­rashishdi, hech bo’lmaganda, har xil qo’zg’olonlar ko’tarishdi, fuqarolar va Ulug’ vatan urushlarida qatnashishdi. Hech bo’lmaganda qahramonlarcha halok bo’lishdi. Men esa o’n uch yoshimdan mana shu ishga bog’lanib, shu yerda o’tirdimu hamon o’tiribman, hademay yetmishni urib qo’yaman. Mana shunaqa: bardoshimga balli. Endi savol tug’iladi – xo’sh, nima uchun ishladim? Pul haqida hech qachon qayg’urmaganman, men ularga tupuraman. Mendan katta odam ham chiqmadi. Kasbim ham tez orada kerak bo’lmay qoladi; jabduqdo’zlarning keragi bo’lmay qoladi. Savol tug’iladi, hayot menga nima uchun berilgan edi?

– Bolalar uchun, – jiddiy javob berdi Mar­fa. Antip Marfaning suhbatni quvvatlab ara­lashishini kutmagan edi. Odatda u bunaqa gaplarni qandaydir g’azabli luqma bilan yarim belidan tepardi.
– Bolalar uchun!

Antip jonlandi:

– Bir tomondan o’ylab qarasa, to’g’ri, ammo ikkinchi tomondan – noto’g’ri. Yo’q, noto’g’ri.
– Qaysi tomondan to’g’ri?

– Shu tomondanki, faqat bolalar uchun yasha­maslik kerak. Odam o’zi uchun ham yashashi kerak.
– Xo’sh, o’zing uchun nimalar qilmoqchi eding?

Antip bu savolga birdan javob topa olmadi.

– “Nimalar” emish? Topardim nima qi­lishni… Masalan, men musiqachi bo’lardim. Huv birda shahardan bir inson kelgandi-ku, o’sha odam Meni “tug’ma iste’dod, yombi”, degandi. Yombi degani esa – bir bo’lak oltin, kamyob narsa, men shunday deb tushunaman. Hozir men kimman? Oddiy bir jabduqdo’z, balki menda boshqa bir…

– Bas qilsang-chi!.. – Marfa qo’lini siltadi. – Vaysayverma, gapingdan odamning ko’ngli ayniydi.
– Demak, tushunmaysan, – xo’rsindi Antip

Ancha vaqtgacha jim qolishdi. Birdan Marfa hiqqilab yig’lay boshladi. Ro’molcha bilan ko’z yoshlarini artib so’ng dedi:

– Uchib ketishdi bolalarimiz, butun yer yuzi bo’ylab.
– Nima, bir umr atrofingni o’rab o’tirishlari kerakmidi? – gap qotdi Antip.
– Bas qil do’qillatishni! – dedi qo’qqisdan Marfa. – Kel, gaplashib o’tiramiz, bolalarimiz haqida.

Antip miyig’ida kuldi, bolg’ani qo’ydi.

– Ha, qariyapsan, Marfa, – dedi u quvnoqlik bilan. – Xohlaysanmi, senga kuy chalib beraman, g’amingni yozaman?
– Chal, – rozi bo’ldi Marfa.

Antip turib yuz-qo’llarini yuvdi, sochini tekislagan bo’ldi…
– Yangi ko’ylagimni olib ber.

Marfa sandiqdan yangi ko’ylak olib berdi. Antip ko’ylakni kiydi, kamar bilan belini bog’ladi. Devordan osig’lik turgan balalaykani oldi va burchakka borib o’tirdi-da, Marfaga qaradi…

– Kontsertimizni boshlaymiz!…
– Sen ko’pam kuchanma, – maslahat bergan bo’ldi Marfa.

– Hozir butun o’tib ketgan yoshligimizni eslaymiz, – dedi Antip maqtangannamo, bala­laykani sozlay turib. – Esingdami, odamlar ilgari qanday qilib birga jo’r bo’lib dalalarda kuylashardi.
– Albatta, eslayman, nega eslamas ekanman. Har holda, men sendan yoshroq bo’lsam kerak.

– Qanchaga? Uch haftalikdan ko’proqmi?
– Uch hafta emas, ikki yilga. Men u paytda navniholgina edim, sen esa o’sha paytda ayg’ir bo’lib ulog’ib yurarding.

Antip bu gapga qo’shilganday kulib qo’ydi.

– Ha, haqiqatan men ajoyib yigit edim. Yodingdami qanday qilib ortimda ilakishib yurarding?
– Kim? Menmi? YO Xudo!.. Kim edi, huv o’sha amaki o’lmagur biyalarni qo’yib yuborgan kunda bog’chamizda ishtonini qoldirib ketgan, a?..

– Ishton, deylik, mayli, meniki bo’lsin… – dedi Antip balalaykaning oxirgi qulog’ini buray-buray, kichkina boshchasini sal qiyshaytirib olib, torni chertib yubordi. Kuy yangradi. Iliqqina nim qorong’i yog’och uyning sokin bo’shlig’iga uzoq yoshlikning yorug’ musiqasi quyildi. U yodga boshqa oqshomni, o’tib ketgan sog’inch oqshomini solardi. Yaxshi-yomon kunlarni eslashdi, hayotdagi eng muhim narsalarni o’ylashdi: ammo birdaniga eng muhimi nima ekanini ham bila olishmasdi:

– Tikmagin, onajonim menga qizil ko’y­lakni… – Antip sekingina Marfaga qosh uchirdi. Marfa ashulaga qo’shildi:

– Aybimni, qadrdonim,
Bekor bildirib qo’yma…

Jo’rovozda unchalik aytisha olmayotgan bo’l­salar-da, ikkalasining ham negadir ko’ngli birdan ko’tarildi, huzurlandi. Ko’z oldilarida unutilayozgan manzaralar gavdalandi. Goh cho’l, goh daryo qirg’og’i, goho shivirlayotgan terakzor o’rmon ko’rinar, sal qorong’i vahimali bo’lib, goh… Va nimalardir yoqimli jimirlab qo’yardi ko’zlarda.

Hammasi g’oyib bo’lgandi: kuz ham, yolg’izlik, pul ham, xomut ham… Endi Antip xonada mayda qadamlar bilan, yurib quvnoq ashulaga o’tdi:

– Oh, voy, voy, vo-ya,
Voyginalarim mening,
Kelaqoling, sayr qilib,
O’ynab kuling, jonlarim…

Antipning quvnoq harakatlari kulguni qistatar, u har zamon-har zamonda g’alati qilib sakrab ham qo’yardi. Marfa kulib yubordi va shu zahoti ro’molchasini olib, ko’zlarini artib oldi-da, yana kula boshladi.

– Voy xudoyim-yey, buncha irg’ishlaysan-a, to­mosha qilmagan hech kim qolmagan-u, yana ko’ng­lini qarang buni, he…

Antip yashnab ketgandi. Kichkina aqlli ko’zlarida sho’xchan yorug’lik zohir edi.

– Eh Marfaginam mening, eh Marfaoyginam. Bekorga sen menga g’azab qilmagin!
– Esingdami, Antip, meni shaharga yarmarkaga qanday olib borganing?

Antip bosh irg’ab qo’ydi-da:

– Oh, eslayman, jonim,
Eslayman, Marfaginam.
Oh, xo-xo-xolarim,
Chuchmomayu no’xatim.

– Biram ahmoqsan-yey, Antip, nimalar deb valdirayotganingni o’zing ham bilmaysan, – dedi Marfa muloyim boqib.

– Oh, Marfaginam, sen menga
Butun xalqning shodligi…

Marfa kulgudan yiqilayozdi.

– Biram ahmoqsan-yey, Antip.
– Oh u yerda, u yerda-ya,

U yerdaliklarim mening!

– O’tir, birgalikda kuylaymiz birorta qo’­shiqni, – dedi Marfa ko’zyoshlarini arta turib.

Antip sal hansirar, Marfaga kulib qarardi.

– Qalay? Sen bo’lsang Antipim yomon, deysan-a?
– Yomon emassan, kallavaramsan, – to’g’riladi Marfa.

– Demak, tushunmabsan, – dedi Antip Marfaning bu haqoratni tuzatishiga e’tibor bermay. O’tirdi.
– Axir biz sen bilan bilasanmi, qanday yashashimiz mumkin edi! Yurakni yurakka berib! Ammo seni mana bu padari qusur pul yeb tashladi. Xafa bo’lmagin-u…

– Meni pullar emas, ularning yo’qligi yedi. Bo’pti, qo’y, kerak emas, tugatdik. Xo’sh, endi qanaqasini xohlaydilar, xonim-xonimoyim?
– Azamat Volodka haqidagisini.

– Ey, qo’y, u og’ir-ku!
– Hechqisi yo’q. Men hech bo’lmasa ozroq yig’lab olarmidim.

– Hey chag’alaylar, dengiz uzra uchmangiz, – ko’ylay boshladi Antip:

– Qo’narga joy qayda u yerda,
Uzoq Sibir tomon uchingiz
Va yetkazing g’amgin xabarni.

Antip yurakdan ezilib kuylardi. Xuddi nimanidir hikoya qilayotganday.

– Oh qorong’i tun, soat o’n ikkida
Volodka azamatni o’ldirdilar.
Ertasiga ota kichik o’g’li ila…

Marfa piqillab yig’lay boshladi.

– Antip, hoy Antip! Kechir meni, seni ba’zida xafa qilaman, – dedi yig’i aralash.
– Hechqisi yo’q, – dedi Antip. – Sen ham meni kechir, agar biror aybim bo’lsa.

– Seni ko’pincha soz chalgani qo’ymayman…
– Hechqisi yo’q, – dedi yana Antip. – Agar meni o’z erkimga qo’yganingda kechayu kunduz balalayka chalib o’tirardim-da. Axir bunday qilib ham bo’lmasdi-da. Men hammasini tushunaman.

– Hohlaysanmi, senga choraktalik olib kelamiz.
– Mayli, – rozi bo’ldi Antip. Marfa ko’zyoshlarini artdi-da, o’rnidan turdi.
– Sen do’konga borib kel, men kechki ovqatni tayyorlayman.

Antip brezent yopinchiqni kiyib xona o’rtasida turar, Marfaning sandiqdagi har xil latta-puttalar orasidan pul olib berishini kutardi. Turgani holda xotinining ulkan yelkasiga tikilardi.

– Bilasanmi, yana nima ish qilish kerak, – dedi u sekingina. bu o’zi ancha eskirib qoldi, yangisini olish kerakmidi. Kecha do’konga olib kelishdi. Ajoyib! Kel, uni ham olaylik.
– Nimani? – Marfaning yelkasi qimir etmay qolgandi.
– Balalaykani-da.

Marfa yana g’imirlay boshladi… Pulni olib, sandiqning ustiga o’tirdi va asta-sekin pul sanay boshladi. Lablari qimirlar, qovog’i soliq edi.

– Uningni hali chalsa bo’ladi-ku,– dedi u.
– Bitta taxtachasi yorilgan… zirillab qolgan.

– Yelimlab qo’y. Yelim ol-da, ehtiyot bo’lib yelim-la…
– Bu asbobni yelim bilan yamab bo’larkanmi? Xudo ko’tarsin seni.

Marfa jim bo’lib qoldi. Yana pulni sanay boshladi. Uning butun vajohati qat’iyatli va tashvishli edi.

– Ma, – Antipga pul uzatdi. Yuziga esa qaramadi.
– Faqat choraktalikkami bu? – so’radi, Antipning pastki labi osilib qoldi.

– Ha-a! Hech narsa qilmaydi, hali uni chalsang bo’ladi. Mana, bugun qanday ajoyib qilib chalding!
– Eh, Marfa!.. – Antip chuqur xo’rsindi.

– Nima eh? Nima eh?..
– Bo’pti, esdan chiqardik, – Antip burilib eshik tomonga yurdi.

– O’zi, necha so’m turadi uning? – birdan so’rab qoldi Marfa.
– I-i, hech narsa turmaydi, u arzimas chaqa!… Yangi narxda olti so’m.

– Ma, – Marfa zarda bilan olti so’m sanab berdi.

Antip xotinining yoniga tez-tez yurib keldi, pulni oldi va chiqdi; gaplashish yoki sekin harakat qilish xavfli edi. Marfa tezda aynib qolishi mumkin-da.

Manba: «Yoshlik» jurnali, 2015 yil

09

(Tashriflar: umumiy 204, bugungi 1)

Izoh qoldiring