Vasiliy Shukshin. Ikki hikoya: Tanqidchilar & Qariya qanday jon berdi?

Ashampoo_Snap_2016.06.21_17h00m39s_004_.png 25 ИЮЛЬ — ВАСИЛИЙ ШУКШИН ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН

    Бобо етмиш уч ёшда, Петка эса ўн учга кирганди. Бобо шарттаки ва асабий эди, қулоғи оғирлигидан азоб чекарди. Петка ёшига қараганда мустақил, новча, уятчан ва ўжар эди. Улар дўстлашиб қолгандилар…

Василий ШУКШИН
ИККИ ҲИКОЯ
09

033ШУКШИН Василий Макарович (1929.25.7, Олтой ўлкаси Бийск тумани Сростки қишлоғи — 1974.2.10, Волгоград вилояти Клетск қишлоғида вафот этган; Москвада дафн қилинган) — рус ёзувчиси, кинорежиссёр, сценарист. Россияда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1969).. Дастлабки ҳикоялар тўплами — «Қишлоқ одамлари» (1963). 1964 йилда Василий Шукшин сценарийси асосида «Шундай йигит яшайди» фильми суратга олинган ва ушбу картина Венецияда бўлиб ўтган 16-Халқаро кинофорумда «Олтин шер» мукофотига сазовор бўлган. Шукшиннинг «Любавинлар» (1965) романи, шу роман асосида ишланган «Любавинларнинг тугатилиши» (1972) фильмида, Степан Разин ҳаёти ва унинг курашига оид «Сизга эркинлик бергани келдим» кинороманида (1971),«Характерлар», «Сизнинг ўғлингиз ва акангиз» (1966), «Ғаройиб кишилар» каби кинокартиналарида инсоннинг теран ички кечинмалари, орзу ва умид сари талпинишлари, баъзи бир кимсаларда учрайдиган мешчанлик фалсафасининг фожиага олиб келиши маҳорат билан тасвирланган. Шукшиннинг адабиёт ва кино соҳасидаги фаолиятида турли тоифа кишиларининг ёрқин образлари яратилган.

Василий Шукшиннинг бадиий адабиёт ва кинодаги услуби ишонтириш санъатининг кучи билан чуқур ҳаётийлик касб эта олган. Шукшин С. Герасимовнинг «Кўл бўйида» фильмидаги Черних ролининг ижроси учун Давлат мукофотига сазовор бўлган (1971). «Улар Ватан учун жанг қилдилар» фильмини суратга олиш чоғида тўсатдан вафот этган.Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.

001

ТАНҚИДЧИЛАР
Ўринбой Усмон таржимаси

Бобо етмиш уч ёшда, Петка эса ўн учга кирганди. Бобо шарттаки ва асабий эди, қулоғи оғирлигидан азоб чекарди. Петка ёшига қараганда мустақил, новча, уятчан ва ўжар эди. Улар дўстлашиб қолгандилар

Улар бу дунёда ҳаммадан кўра кинони яхши кўришарди. Бобонинг пенсия пулининг ярмиси чипта сотиб олиш учун кетарди. Одатда ой охирида пулини санаркан, бобо Петкага аламли қувонч билан эълон қиларди:
— Икковимиз беш сўмнинг бошига сув қуйибмиз!

Петка одоб юзасидан қиёфасига таажжубланган тус берди.
— Ҳеч қиси йўқ, боқиб олишади, — деди бобо ( у Петканинг отаси ва онасини кўзда тутаётганди. Петканинг отаси бобонинг ўғли эди). — Бу иккаламизнинг фойдамиз.

Улар доим биринчи қаторда ўтиришар, бу ерда бобо яхшироқ эшита оларди. Лекин барибир у сўзларнинг ярмисини тушуна олмас, актёрларнинг лабига қараб нима деётганини тахминларди. Баъзан бобо ҳеч бир сабабсиз тўсатдан хохолашга тушарди. Томоша залида эса бошқа ҳеч ким кулмасди. Петка бобосининг биқинига туртар ва аччиғланиб пичирларди:

— Сенга нима бўлди? Тентакка ўхшаб …
— У нима деди бўлмаса? – сўрарди бобо.

Петка бобосининг нақ қулоғига шивирлаб, актёрнинг нима деганини айтарди:
— Суръатни пасайтирмасдан.
— Ҳе-ҳе-ҳе, — бобо ўз устидан оҳиста куларди. — Мен бошқача эшитибман.

Баъзан кимдир айбсиз инсонни ўлдирганида бобо йиғига тушарди.
— Эҳ сиз … одамлар! – у алам билан шивирларди ва рўмолчасига бурун қоқарди.

Умуман у экранда кўргани ҳақида гапиришни яхши кўрарди. Кинода қаттиқ ўпишиб қолишса, у жилмаяр ва пичирларди :
— Шайтоннинг иши!.. Сен қара, қарагин… Ҳеҳ!

Кинода урушиб қолишса, қўлларини стулга тираб олиб, берилганча диққат билан муштлашувни томоша қиларди ( айтишларича у ёшлигида жанжаллашишга ўч бўлган. Ва жанжаллашиш қўлидан келган.)

— Йўқ, ановиниси бўлмағур … э, нима… нимжон. Буниси бўлса ёмон эмас, абжир. Борди-ю, ясамалик бўлса дарров илғаб оларди

— О-ла, — дерди у хафа бўлиб, — буни ёлғондан қилишди.
— Қон чиқаяпти-ку, — Петка норози бўларди.

— Шо-ош-ма … қон. Нима бўпти? Бурун деганлари нозик келади: салгина тушир-санг, дарров қонайди. Аслида номига муштлашяпти.

— Номига муштлашяпти эмиш!
— Албатта, номига-да .

Ортдагилар уларни туртишди ва жим бўлиб қолишди.

Баҳснинг каттаси клубдан чиқишгандан сўнг бошланди. Гап айниқса қишлоққа бағишланган фильмларга келганда бобонинг қаттиқ жаҳли чиқарди.

— Ҳаммаси бўлмағур, — дерди у. – Бунақаси бўлмайди.
— Нега бўлмас экан ?

— Нима, сенингча анови йигитнинг иши ўзига ярашадими?
— Қайси йигитни айтяпсиз?
— Гармошка кўтарган-чи. Деразадан кирмоқчи бўлган йигит-да.

— У деразадан киргани йўқ, — Петка бобосининг гапини тўғрилади; у филм воқеаларини бошдан-охир аниқ эсларди, бобоси аралаштириб юборар ва бу Петканинг ғашига тегарди,- У қўшиқ айтиш учун деразага рафига чиқиб олди, холос.

— Чиқдими, ахир. Мана мен, эсимда турибди, бир марта деразага чиққандим…
— Нима у сенга ёқмаяптими?

— Ким?
— Намунча кимладинг!.. Ана қайси бир йигит деразага чиқибди. Уни ўзинг айт-мадингми?

— Ҳеч ҳам бундай эмас, — бобо жимжилоғининг учини кўрсатди. — Аллақандай бир Ваня-тентак. Ашула айтади ва юрганча ашула айтади… Бизда битта Ваня-тентак борийди – юрган йўлида ашула айтгани-айтган эди.

— Ахир у севиб қолган-ку! — Петка асабийлаша бошлади.
— Севса нима бўпти?

— Севганийчун ашула айтади-да.
— А?
— Ашула айтишининг сабаби бор, деяпман !

— Бунақаларни қачонлардир кулгига кўмиб ташлашарди! Йўлини юролмасди. Севар-мишлар … Севган одам, уялади. У бўлса қишлоқнинг тўрт томонини бошига кўтариб юрибди… Қайси аҳмоқ қиз унга тегади! У жи-ид-дий йигит эмас. Эсимда турибди, бизга бирон қиз ёқиб қолса, икки кўча наридан ўтардик – чунки уялардик. Севармиш… Севсанг-севавер истаганингча, лекин нега бундай ашула айтиб…

— Нима — нега?
— Одамларга кулги бўлиб нима? Эсимда бор, биз …
— Яна «биз, биз»;. Ҳозир одамлар бошқача бўлишган !

— Нимага бошқача бўлишган экан? Ҳар доим одамлар бир хил бўлишган. Нима сен ўзимизда бунақа тентакларни кўп кўрганмисан?

— Бу бир кино-да. Ўхшатиш яхши эмас.

— Мен ўхшатаётганим йўқ. Мен йигитнинг ҳаракатлари ўхшамаган, деяпман, вассалом, — бобо сўзида туриб олди.
— Ана ҳаммага ёқяпти-ку! Кулишди-ку! Мен ҳам кулдим.

— Сен ҳалли кичкинасан, шунийчун сенга кулгили. Мана мен дуч келган нарсага кулавермайман.

Бобо катталар билан санъат борасида камдан-кам баҳслашарди – қўлидан келмасди. Баҳс бошланиши билан асабийлашар, ҳақоратлашга тушарди.

У бир марта катталар билан айтишиб қолди, ўша бир мартагина ҳам бошига ғавғо олиб келди.

Бу воқеа бундай бўлганди.

Улар – Петка икков комедия кўриб, клубдан чиқишди ва бири олиб-бири қўйиб уни данагидан мағзигача чақишга тушишди.

— Биласанми, одамга нимаси алам қилади: шайтонлар, анов актёрлар-да ўзлари қаҳ-қаҳлашади, сен эса ўтираверасан, қитиқлашса-да, кулгинг келмайди! – бобо қаттиқ аччиғланди. – Сени кулгинг қистадими нима?

— Йўқ — тан олди Петка. – Фақат бир мартагина, улар машина билан ағдарилиб кетишганда.

— Ана кўрдингми! Биз-чи пулини тўлаб қўйганмиз – эски пулга икки сўмдан! Уларчи, ўзлари кулишди, тамом.

— Муҳими, «Комедия»; деб ёзишди.
— Комедия!.. Бунақанги комедия учун уларнинг тишларини уриб синдириш зарур.

Улар уйга қаҳру-ғазабга тўлиб қайтишди.

Бу пайтда уйларида телевизорда қишлоқ ҳаётига оид қандайдир бир филм кўриб ўтиришарди.

Уйларига Петканинг холаси, яъни онасининг синглиси меҳмонликка келганди. Бир ўзи эмас, эри билан. Ҳа, шаҳардан. Мана энди ҳаммаси ўтириб олиб телевизор томоша қилишяпти. ( Бобо ва Петка икковлоннинг телевизорни ҳеч жинлари суймасди. « Ҳали мен бўйдоқ эдим, акам, Микита, уйланди, ана шунда мен уларнинг хоналарига тешикдан мўралаш учун боришни яхши кўрардим. Телевизор уларники-да: назарингда мўралаганингча ҳаммасини кўраётгандайсан» — деди бобо бир-икки марта телевизион кўрсатувларни томоша қилгач.)

Ана, демак, ҳамма ўтирибди, томоша қиляпти.

Петка дарс тайёрлаш учун тезда даҳлизга чиқиб кетди, бобо эса бошқалар билан бирга қолди, беш дақиқача телевизордаги ялтир-юлтурларга қараб ўтирди ва ҳаммани ўзига қаратди:
— Бўлмағур нарсалар. Бундай бўлмайди.

Петканинг отаси хафа бўлди:
— Ота, жим бўлгин, халақит берма..

— Йўқ, бу қизиқарли, — деди шаҳарлик хуштакаллуф киши. – Отахон, нега бундай бўлмайди, деб ўйлайсиз? Нега бўлмас экан?

— А?
— У яхши эшитмайди, — тушунтирди Петканинг отаси.

— Мен нега бундай бўлмайди, деб сўраяпман. Сизнингча қандай бўлади? — шаҳар-лик киши олдиндан негадир жилмайиб қўяр экан, баланд овозда такрорлади.

Бобо унга шубҳали кўз ташлади:
— Бундай бўлмайди, ана шундай. Ман-на сен унга қараб ростдан ҳам дурадгор деб ўйлаяпсан, лекин мен бундай назар солиб, унинг ҳеч қандай бир дурадгор эмаслигини дарров билиб олдим. У ҳатто болтани тўғри ушлашни билмайди.

— Отам билан Петка икковлари бизнинг танқидчиларимиз, — деди Петканинг отаси бобонинг сўзлаш оҳангини бироз юмшайтириш мақсадида.

— Қизиқ, — шаҳарлик яна оғиз очди. – Нега сиз у болтани тўғри ушлашни билмай-ди деган қарорга келдингиз?

— Чунки мен бир умр дурадгорлик қилганман. «Нега бундай қарорга келдингиз?»; эмиш.
— Ота, — Петканинг аммаси гапга қўшилди, — нима қипти шунга?
— Нимага?

— Менга бу одамнинг ўзи қизиқарлироқ .Тушундингизми? Мен унинг ҳақиқий дурадгор эмаслигини биламан, у – актёр, лекин менга қиз… менга жуда қизиқ…

— Худди мана шунақалар студияда ўтирволиб ёзишади, — деди яна жилмайганча Петканинг аммасининг эри.

Петканинг аммаси ва унинг эри ўта ақлли ва ҳамма нарсани билишарди. Улар бобо билан кулганча гаплашишарди. Бу бобонинг аччиғини чиқарди.

— Бу сенга муҳим эмас, менга эса муҳим, — у қизини оғиз очиргани қўймади, — Улар сенга пуфакни пуфлаб ўтқазишади, лекин менга ўтқазишолмайди.
— Ха-ха-ха, — шаҳарлик киши кулди. – Ҳақингни олдингми?

Петканинг аммаси ҳам тиржайди.

Петканинг отаси ва онаси бобонинг гапларидан хижолатга тушишди.

— Ота, сени кўнглингни топиш росаям қийин, — деди Петканинг отаси. – Яхшиси Петканинг олдига бор, унга ёрдамлаш. – Петканинг отаси шаҳарликка томон бурилди ва паст товушда тушунтирди:

— Ўғлимга дарс тайёрлашга ёрдам беради, лекин ўзи ҳеч нарсани билмайди. Икков-лари тортишгани-тортишган. Кулгинг қистайди!

— Қизиқ чол, — шаҳарлик Петканинг отаси гапини маъқуллади.

Ҳаммалари чолни унутиб, яна кино кўришга тушишди. У орқада худди башарасига тупуриб ташланган одамдай турарди. Яна бирпас турди-да Петканинг олдига кетди.

— Кулишяпти, — деди у Петкага.
-Кимлар?

— Ана… — чол меҳмонхона томон бош ирғади – Майли, сен қари тўнка ҳеч нарса-ни билмайсан дейишяпти. Улар-чи, тушунишади!

— Эътибор берма, — маслаҳат берди Петка.

Чол стол ёнига бориб ўтирди, оғиз очмади. Бироздан сўнг яна гапга тушди.

— Сен аҳмоқсан, дейишди, ақлингни еб қўйгансан…
— Нима, шундай дейишдими?!

— Нима?
— Сени аҳмоқ дейишдими?

— Ўтириб олиб кулишгани-кулишган. Улар жуда кўп нарсани билишади-да ! — Пет-канинг таъбири билан айтганда бобо тобора «ўт оларди».

— Эътибор бермагин, — Петка яна маслаҳат берди.
— Саводхонлар… Келишди! – Бобо ўрнидан туриб сандиқ титкилади, пул олиб, чиқиб кетди.

Бир соатдан кейин маст қайтиб келди.

— О-о! – Петка ҳайратга тушди (бобоси камдан-кам ичарди). – Сенга нима бўлди?
— Томоша қилишяптими? – сўради бобо.
— Томоша қилишяпти. У ёққа кирма. Кел, ечинтириб қўяй. Нега ичдинг?

Бобо ёғоч катга оғир чўкди.

— Улар тушунишади, сен билан мен тушунмаймиз ! – бобо овозини баралла қўйди -Сен аҳмоқсан, бобо, дейишди! Сен ҳаётда ҳеч нарсани тушунмайсан. Улар-чи, тушуни-шади! Пуллари кўпми?! – бобо энди бақира бошлади. – Пулинг бижғиб ётган бўлса-да, бурнингни кўтарма! Мен бир умр эгилиб-букилиб ҳалол меҳнат қилдим. Энди мен жим-гина ўтиришим керак экан. Ҳей, сен ўзинг умрингда қўлингга болта ушлаганмисан?! – Бобо эшик билан гаплашарди, унинг ортида телевизор кўриб ўтиришарди.

Петка ўзини йўқотиб қўйди..

— Керак эмас, керак эмас , — у бобосини хотиржам бўлишга ундарди . – Кел, мен сени ечинтириб қўяман. Уларни қўявер !..

— Йўқ, тўхта, мен унга айтадиганимни айтаман … – Бобо ўрнидан туришга уринди, лекин Петка уни ушлаб қолди:

— Бобожон, керак эмас !
— Шаҳарлик ичи пўк олифталар . – Бобо тинчлангандай бўлиб, жимиб қолди.

Петка унинг битта этигини тортди.

Лекин шу пайт чол нимагадир бош чайқади.

— Сен менинг устимдан кулмоқчи бўляпсанми? — унинг кўзлари яна аламли чақнаб кетди. – Мен сенга битта сўзни айтишим мумкин!.. – Бобо этикни олди-да, меҳмонхонага қараб юрди. Петка уни тўхтатиб қола олмади.

Чол меҳмонхонага кирди-да, қўлини силтаб этикни телевизорга ирғитди:
— Мана сизларга!.. Сизларнинг дурадгорларингизга ҳам!

Экран чил-чил синди.

Ҳамма ўрнидан ирғиб турди. Петканинг аммаси ҳатто чинқириб юборди.

— Масхара қилмоқчи бўлдингларми! – бақирди чол. – Сен бирон марта қўлингга болта ушлаганмисан?!

Петканинг отаси чолни қўлтиқлашга уринди, лекин у қаршилик кўрсатди. Курси-лар тўрт томонга шарақлаб учди. Петканинг аммаси яна чинқирди ва кўчага қараб отилди.

Петканинг отаси барибир чолни бўйсундиришга муваффақ бўлди, унинг қўлларини орқага қайирди ва сочиқ билан боғлашга тушди.

— Роса вақтингни топдинг-да, отагинам, мени тилимни қисиб қўйдинг, — Петканинг отаси чолнинг қўлларини қаттиқ боғларкан ғазабини тута олмади. – Раҳмат сенга.

Петка ўлгудек қўрқди, у кўзини катта очганча бўлаётган воқеаларни кузатарди. Шаҳарлик киши четда турар ва аҳён-аҳён бошини чайқаб қўярди. Петканинг онаси шиша синиқларини йиғиштирарди.

— Тилимни қисиб қўйдинг… – Петканинг отаси ҳадеб бир гапни такрорларди ва тишини гизлатди.

Чол ерга қараб ётар, бўялган полга соқолини ишқар ва бақирарди:

— Сен менинг устимдан кулавергин, мен эса сенга – битта сўзни айтаман!.. Бу сўзни айтганимдан сўнг овозинг ўчади. Агар сен айтганингдай мен аҳмоқ бўлсам…

— Нима мен шундай дедимми? – сўради шаҳарлик киши.

— У билан гаплашманг, — деди Петканинг онаси. — Ҳозир унинг қулоғи буткул том битган. Виждонсиз.

— Мени сиз билан битта дастурхон атрофига ўтиришимни истамайсиз, ҳа, майли! Лекин сен менга… Бу… майлига! – чол бақирди. – Лекин сен менга айтгинчи – умрингда битта дарахт кесганмисан? А-а!.. Ана шундай. Сен мени дурадгорликни тушунмайди де-япсан! Қишлоқдаги уйларнинг ярмини мен ўз қўлларим билан қурганман!..

— Роса вақтини топиб тилимни қисдинг, Худойим олсин сени, тилимни қисдинг, -ғулдулларди Петканинг отаси.

У гапириб тураркан Петканинг аммаси ва милиса ходими, шу қишлоқлик Ермолай Кибяков кириб келишди.

— Ўҳу-у! – деди Ермолай ёйилиб куларкан. – Тимофей амаки, нега бундай қилдинг? А?
— Хурсандчилигимни нақ бурнимдан чиқарди, — деди Петканинг отаси ўрнидан турар экан.

Милиса «ҳм-ҳм»лади, кафти билан жағини силади ва Петканинг отасига қаради. У рози бўлиб бош ирғади ва деди:
— Шундай қилиш керак. Ўша ерда тонг оттирсин-чи…

Ермолай фуражкасини бошидан олди, уни авайлаб михга илди, планшетдан бир варақ қоғоз олди ва стол ёнига келиб ўтирди.

Чол жимиб қолди.

Петканинг отаси бўлган воқеани қўшиб-чатмасдан ҳикоя қилди. Ермолай қорайиб кетган дағал кафти билан хумдек бошидаги ёғ босган сочини силади, йўталди ва столга кўкрагини тираганча, бошини чап тарафга қийшайтириб, ёзишга тушди.

«Гражданин Новосколтсев Тимофей Макарич, бир минг …»;
— У нечанчи йил туғилган?
— Тўқсонинчи йилда .

«… Бир минг саккиз юз тўқсонинчи йилда туғилган, собиқ дурадгор, ҳозир пенсияга чиққан. Ажралиб турадиган белгиси йўқ. Юқорида кўрсатилган Тимофей жорий йил йигирма бешинчи сентябрида уйига ўткир арақ ичган ҳолда келган. Бу пайтда унинг оила-си телевизор кўриб ўтирган бўлган. Меҳмонлар ҳам бўлишган…»;

— Нима деган кинофильм эди ?

— Билмайман. Телевизор қўйганимизда кино бошланганди, — тушунтирди Петканинг отаси. – Колхоз ҳақида .

«… Фильмнинг номини эслашмайди. Бир нарсани билишади: колхоз ҳақида. Тимо-фей ҳам телевизор кўра бошлаган. Кейин у: »; Бундай дурадгорлар бўлмайди«, деган. Ҳамма Тимофейдан ўзини тутиб олишини сўраган. Лекин у тутақиб, ўз билганидан қол-маган. У яна бундай дурадгорлар бўлмайди, ҳаммаси ёлғон, деган. »;Дурадгорларнинг қўли бундай бўлмайди, ҳеч қачон». Ва қўлларини қарсиллатиб ура бошлаган. Ундан яна бир марта ўзини тутиб олишини сўрашган. Шунда Тимофей ўнг оёғидаги этигини ечган  ( бичими — 43-45 , юнги тўкилган) ва телевизорга қараб отган.

Албатта, дунёдаги бор нарсани, яъни одатда кўз билан кўриш мумкин бўлган нар-саларни ирғитди.

КИБЯКОВ, милиса катта лейтенанти».

Ермолай ўрнидан турди, протоколни икки қатлади, планшетига яширди.
— Тимофей амаки, кетдик!

Петка нима юз бераётганини ҳалигича англаб етмасди. Лекин Кибяков ва отаси икковлон бобосини ётган еридан турғазишаётганда уни қафасга олиб кетишаётганини тушунди. У додлаб йиғлади ва бобосини ҳимоя қилиш учун отилди:

— Уни қаерга опкетяпсизлар?! Бобожон, сени қаерга опкетишяпти!.. Ота, бундай қилма, керак эмас!..

Отаси Петкани итариб ташлади, Кибяков бўлса, кула бошлади:
— Бобонгга ачиняпсанми? Ҳоз-зир биз уни турмага тиқамиз. Ҳоз-зир…

Петка янада қаттиқроқ йиғлади.

Онаси уни бурчак томон олиб кетди ва юпата бошлади:

— Сен нимага йиғлайсан, унга ҳеч нарса бўлмайди! У ерда бир кеча ётади ва қайтиб келади. Эртага ўзи уялиб қолади. Йиғламагин, ўғлим.

Чолнинг этигини кийгазишди ва уйдан олиб чиқиб кетишди. Петка пиқиллаб йиғ-лади. Шаҳарлик аммаси ҳам Петкани юпатишга тушди:

— Петенка, сенга нима бўлди? Уни ҳушгакелтиргичга олиб кетишди, ҳушгакелтир-гич-га! У тезда қайтиб келади. Бизда, Москвада қанча одамни ҳушгакелтиргичга олиб кетишларини биласанми!..

Петка милисани аммасининг ўзи олиб келганини эслади, уни қаттиқ итариб таш-лади, печка устига чиқиб олди ва ёстиққа юзини босганча узоқ-узоқ йиғлади.

ҚАРИЯ ҚАНДАЙ ЖОН БЕРДИ?
Фатҳулла Намозов таржимаси

Чол саҳардан ҳолдан тойди. Азоб берувчи ҳолсизлик ёпирилиб келди. У бир ойдан буён дармонсиз эди, аммо бугунгиси ошиб тушди – юрагининг туби йиғласа ҳам, қандайдир ғам-ғуссага тўлган, шундай ёмон эдики, қўрқинчли бўлса-да, ажабтовур: бундай ҳолсизлик ҳеч қачон рўй бермаганди. Гоҳ оёғи увишиб қолади… Бармоқлари қимирламайди деса, йўқ қимирлайди. Гоҳ чап қўли увишади, уни қимирлатган эди – жони бордай. Аммо бу қанақа беҳоллик бўлди, худо…

Пешингача чидаб кутди: балки қўйиб юборар, балки юрагининг остига сал-пал жон кирар – чеккиси, ичкиси келар. Сўнгра англадики: бу ажал эди!

– Онаси… ҳой, онаси! – деб кампирини чақирди чол. – Бу… мен ўлаётганга ўхшайман.

– Ё худойим! – хитоб қилди кампир, – ётиб нималарни ўйлайсан-а?

– Мени бу ердан бир амаллаб туширсанг эди. Жуда қаттиқ, – чол печка устида ётган эди. – Тушир.

– Бир ўзим тушира олмайман. Егорга борайми?
– Бор. Уйдамикан?
– Боя айланиб юрганди… Борай-чи!

Кампир кийиниб, кулбага оппоқ совуқ туманни киритганча чиқиб кетди. “Қишда ўлим турган-битгани ташвиш-да”, ўйлади чол.

Қўшниси Егор кирди.

– Совуқ қутурди-ку! – деди у. – Шошманг, Степан амаки, сал исиниб олай, олдингизга кейин чиқаман. Бўлмаса музлаб қоламан. Нима, тобингиз қочдими?

– Аҳволим жуда ёмон, Егор. Ўламан.
– Э, қўйсангиз-чи, бирданига бундай деманг!.. Ваҳима қилмасангиз-чи!

– Ваҳимами, ваҳима эмасми – тамом. Жуда совуқми?

– Эллик даража бордир, – Егор чекди. – Далаларда қордан бошқа ҳеч вақо йўқ. Тракторлар билан суряптилар, аммо қаёқда дейсиз!

– Балки яна ёғар.
– Бошқа нимаям бўларди энди. Қани, энди тушамиз…

Кампир каравотга ёстиқ қўйди, партўшакни тўғрилади. Егор ёнлама туриб, қўлини чолнинг тагига тиқди.

– Бўйнимдан қаттиқ ушланг… Ана шундай! Қандайдир енгил бўпсизми!..
– Касалландим…
– Жуда ёш боладай. Менинг Колькам оғирроқ…

Чолни каровотга ётқизиб, устини пўстин билан ёпиб қўйишди.

– Папирос ўраб берайми? – таклиф қилди Егор.
– Йўқ. Керак эмас. Ё худо, – хўрсинди чол, – қишда ўлсанг, ёмон бўлади-да…

– Қўйсангиз-чи! – деди Егор жиддий тарзда. – Бундай фикрларга берилманг. – У курсини каровотга яқин суриб ўтирди. – Менга фронтда мана бундай жонимга текканди! Мен ҳам, куним битди, деб ўйлагандим. Доктор эса, яшашни истасанг – яшайсан, истамасанг – йўқ. Мен-чи, гапиролмайман. Ётаман-у, ўйлайман: “Ким яшашни истамайди, аҳмоқ одам? Шундай экан, ётиб “Яшайман!” – деб ўйланг.

Чол ожиз жилмайди.
– Қани, бир тортай, – деб сўради у.

Егор берди. Чол тортиб, йўталиб қолди. Узоқ йўталди…

– Бутунлай озиб кетганман… Тутун барибир қорнимга борди.
– Қаеринг оғрияпти? – деб сўради кампир чолга раҳми келиб ва негадир норози ҳолда.

– Ҳамма жойим… Бутун аъзойи баданим. Гўё бутун қонимни сўриб олишгандек ҳолдан кетганман.

Учовлари ҳам жим қолишди.

– Мен борай, Степан амаки, сигирларни соғдириш, уларга ем бериш керак…
– Боравер…

– Кечроқ келиб, хабар оламан.
– Киргин.

Егор кетди.

– Ҳолдан кетганинг нимадан? Ҳеч нарса емайсан, ана шундан беҳоллик, – деди кампир. – Балки куркани сўярмиз – шўрва пиширарман? Мазали, қувват бўлар… А?

Чол ўйлаб қолди.

– Керак эмас. Емайман.
– Битта курка нима бўпти, худо кўтарсин! Ҳечқиси йўқ…

– Керак эмас, – яна бир бор таъкидлади чол. Менга, яхшиси, ярим рюмка вино бер…Сал-пал қонимни қизитар.

– Баттар қилмасайди…
– Ҳеч нарса бўлмайди. Балки салгина қизитар.

Кампир шкафдан чоракталик олиб, шошмасдан оғзидаги латта тиқинни очди. Шишада яримдан сал кўпроқ эди.
– Қара, баттар қилмасин тағин…
– Ароқ қачон баттар қилганди ўзи, сен нима? – Чол ўкинч билан деди. – Бутун умр унинг устида қалтирайсану, аммо тушунмайсан: ароқ – биринчи дори. Тўнкасан қандайдир…

– Ҳозир шу гапни айтмасанг-чи! – деди кампир алам билан. – “Тўнка” эмиш… Бир оёғинг у ёқда-ю, яна бировни бадном қиласан. Доктор безовта бўлмасликни буюрган.

– Доктор… ўлма, дейди, одамлар эса ўлишяпти.

Кампир ярим қадаҳ ароқ қуйиб, чолга берди. У ҳўплади ва сал бўлмаса томоғига тиқилиб қолди. Ҳаммаси қайтиб келди. У анча вақт ҳаракатсиз ётди. Кейин машаққат билан:
– Йўқ, энди ичиб бўлмаслик аниқ бўлиб қолди, – деди.

Кампир унга ачиниш ва раҳмдиллик билан қараб қолди. Қараб турди, турди-ю, бирдан ҳиқиллаб йиғлаб юборди:
– Чол… худо кўрсатмасин-у, ростдан ҳам, ўлиб қолсанг, ёлғиз мен нима қиламан?

Чол узоқ жимиб қолди, шифтга қаттиқ тикилди. Унинг учун гапириш оғир эди. Аммо у яхшилаб, батафсил гапиришни истади.

– Биринчидан, Мишкадан алимент ундириб ол. Унга: “Отанг ўлди, онангни умрининг охиригача боқишни сенга буюрди”, – деб айт. Хўпми? Агар у баттоллик қилиб, кўзи очилмаса, алимент ундириш учун судга бер. Уят-ку, ўз йўлига, аммо яшаш ҳам керак. Яхшиси, унга уят бўлсин. Манькага ёзгин, ўғлини ўқитсин. Йигитчанинг зеҳни ўткир. Кўп нарсани ёддан билади. “Отанг ўқишни буюрди”, деб айт, – чол чарчади ва шифтга қараб қолди. Унинг юзи ифодаси тантанавор ва қатьий эди.

– Петькага нима дейиш керак? – сўради кампир кўз ёшларини артиб: у ҳам жиддий, кўз ёши тўкмай гапиришга шайланди.

– Петьками?.. Петькага тегма – у зўрға бир амаллаб кун кўряпти.
– Балки, шўрва пишириб берарман? Егор сўйиб беради…
– Керак эмас.

– Нима, ёмон бўлиб қоласанми?
– Шундай. Сал дам олай, – чол кўзларини юмди ва аста-секин тинч нафас олди.

У худди ўликка ўхшаб қолди: юзида қандайдир паришонлик, бу ерда хос бўлмаган ғалати бир сокинлик бор эди.

– Степан! – деб чақирди кампир.
– Ҳм?
– Сен бундай ётма…

– Қандай ётмай, аҳмоқ? Биров ўляпти-ю, у эса, бундай ётма, дейди. Қандай ётишим керак? Тўрт оёқлаб юрайми?

– Мен Михеевнани чақираман – баданингга зайтун мойи суркаб қўяди?

– Қўй-ей! У менга кўп яхшиликлар қилган… Куркангни Михеевнага бекордан-бекор тиқиштиряпсан… Яхшиси, бу куркани Егорга бер – у гўримни қазиб беради. Бўлмаса ким қазирди?

– Қўрқма, топилар…

– “Топилар” эмиш! Кейин бутун қишлоқдан ахтариб юрасан – бундай совуқда ким қазишни истайди? Қишнинг иши… Ёзда бўлса эди…

– Сенга нима бўлди, ўласанми ёки? Балки ҳали баданинг совимагандир?

– Ҳозир совияпти. Оёғим, ана, қотиб қолди… Оҳ, худойим, худойим! – Чол чуқур хўрсинди. – Худойим… оғир бўлди, мен гуноҳкорни кечир…

– Степан, сен бироз ҳушёр бўл. Егор: “Ҳар хил гапларни ўйлама”, – деди-ку!
– У кўп нарсани билади! Ўзи худди ҳўкиздай соғлом. Унга, ўлма де, ўлмайди.
– Ундай бўлса, мени кечир, чол, агар айбдор бўлсам.

– Худо кечирсин, – деди чол зўрға эшиттириб. У яна ниманидир, жуда зарур гапни айтмоқчи эди, аммо атрофга алланечук бошқача қаради, қандайдир ғалати безовта бўлди…

– Агнюша, – деди у зўрға, – мени кечир… бироз қўрқоқ эдим…
– Бурчакка қара-чи, ким у? Ким турибди у ерда?

– Қаерда, Степан?

– Ана, у ерда!.. – Чол қўлига тиралиб кўтарилди, қандайдир зийрак назар билан кулба бурчагига, олдинга қаради. – Ана ўша-ку, ана… ўтирди-ку?

Егор кечқурун келди…

Чол каравотда ётар, ўткир оппоқ бурни тепага қараганди. Кампир бош томонида ўтириб оҳиста йиғларди…

Егор шапкасини бошидан олиб, бироз ўйланиб турди, сўнг иконага қараб чўқинди.

– Ҳа, – деди – у, ҳаммасини сезган эди.

09  Chol sahardan holdan toydi. Azob beruvchi holsizlik yopirilib keldi. U bir oydan buyon darmonsiz edi, ammo bugungisi oshib tushdi – yuragining tubi yig‘lasa ham, qandaydir g‘am-g‘ussaga to‘lgan, shunday yomon ediki, qo‘rqinchli bo‘lsa-da, ajabtovur: bunday holsizlik hech qachon ro‘y bermagandi. Goh oyog‘i uvishib qoladi… Barmoqlari qimirlamaydi desa, yo‘q qimirlaydi. Goh chap qo‘li uvishadi, uni qimirlatgan edi – joni borday. Ammo bu qanaqa behollik bo‘ldi, xudo…

Vasiliy SHUKSHIN
IKKI HIKOYA
09

SHUKSHIN Vasiliy Makarovich (1929.25.7, Oltoy o‘lkasi Biysk tumani Srostki qishlog‘i — 1974.2.10, Volgograd viloyati Kletsk qishlog‘ida vafot etgan; Moskvada dafn qilingan) — rus yozuvchisi, kinorejissyor, ssenarist. Rossiyada xizmat ko‘rsatgan san’at arbobi (1969).. Dastlabki hikoyalar to‘plami — «Qishloq odamlari» (1963). 1964 yilda Vasiliy Shukshin ssenariysi asosida «Shunday yigit yashaydi» filmi suratga olingan va ushbu kartina Venetsiyada bo‘lib o‘tgan 16-Xalqaro kinoforumda «Oltin sher» mukofotiga sazovor bo‘lgan. Shukshinning «Lyubavinlar» (1965) romani, shu roman asosida ishlangan «Lyubavinlarning tugatilishi» (1972) filmida, Stepan Razin hayoti va uning kurashiga oid «Sizga erkinlik bergani keldim» kinoromanida (1971),«Xarakterlar», «Sizning o‘g‘lingiz va akangiz» (1966), «G‘aroyib kishilar» kabi kinokartinalarida insonning teran ichki kechinmalari, orzu va umid sari talpinishlari, ba’zi bir kimsalarda uchraydigan meshchanlik falsafasining fojiaga olib kelishi mahorat bilan tasvirlangan. Shukshinning adabiyot va kino sohasidagi faoliyatida turli toifa kishilarining yorqin obrazlari yaratilgan.
Vasiliy Shukshinning badiiy adabiyot va kinodagi uslubi ishontirish san’atining kuchi bilan chuqur hayotiylik kasb eta olgan. Shukshin S. Gerasimovning «Ko‘l bo‘yida» filmidagi Chernix rolining ijrosi uchun Davlat mukofotiga sazovor bo‘lgan (1971). «Ular Vatan uchun jang qildilar» filmini suratga olish chog‘ida to‘satdan vafot etgan.Asarlari o‘zbek tiliga tarjima qilingan.

001

TANQIDCHILAR
O‘rinboy Usmon tarjimasi

Bobo yetmish uch yoshda, Petka esa o‘n uchga kirgandi. Bobo sharttaki va asabiy edi, qulog‘i og‘irligidan azob chekardi. Petka yoshiga qaraganda mustaqil, novcha, uyatchan va o‘jar edi. Ular do‘stlashib qolgandilar

Ular bu dunyoda hammadan ko‘ra kinoni yaxshi ko‘rishardi. Boboning pensiya pulining yarmisi chipta sotib olish uchun ketardi. Odatda oy oxirida pulini sanarkan, bobo Petkaga alamli quvonch bilan e’lon qilardi:
— Ikkovimiz besh so‘mning boshiga suv quyibmiz!

Petka odob yuzasidan qiyofasiga taajjublangan tus berdi.
— Hech qisi yo‘q, boqib olishadi, — dedi bobo ( u Petkaning otasi va onasini ko‘zda tutayotgandi. Petkaning otasi boboning o‘g‘li edi). — Bu ikkalamizning foydamiz.

Ular doim birinchi qatorda o‘tirishar, bu yerda bobo yaxshiroq eshita olardi. Lekin baribir u so‘zlarning yarmisini tushuna olmas, aktyorlarning labiga qarab nima deyotganini taxminlardi. Ba’zan bobo hech bir sababsiz to‘satdan xoxolashga tushardi. Tomosha zalida esa boshqa hech kim kulmasdi. Petka bobosining biqiniga turtar va achchig‘lanib pichirlardi:

— Senga nima bo‘ldi? Tentakka o‘xshab …
— U nima dedi bo‘lmasa? – so‘rardi bobo.

Petka bobosining naq qulog‘iga shivirlab, aktyorning nima deganini aytardi:
— Sur’atni pasaytirmasdan.
— He-he-he, — bobo o‘z ustidan ohista kulardi. — Men boshqacha eshitibman.

Ba’zan kimdir aybsiz insonni o‘ldirganida bobo yig‘iga tushardi.
— Eh siz … odamlar! – u alam bilan shivirlardi va ro‘molchasiga burun qoqardi.

Umuman u ekranda ko‘rgani haqida gapirishni yaxshi ko‘rardi. Kinoda qattiq o‘pishib qolishsa, u jilmayar va pichirlardi :
— Shaytonning ishi!.. Sen qara, qaragin… Heh!

Kinoda urushib qolishsa, qo‘llarini stulga tirab olib, berilgancha diqqat bilan mushtlashuvni tomosha qilardi ( aytishlaricha u yoshligida janjallashishga o‘ch bo‘lgan. Va janjallashish qo‘lidan kelgan.)

— Yo‘q, anovinisi bo‘lmag‘ur … e, nima… nimjon. Bunisi bo‘lsa yomon emas, abjir. Bordi-yu, yasamalik bo‘lsa darrov ilg‘ab olardi

— O-la, — derdi u xafa bo‘lib, — buni yolg‘ondan qilishdi.
— Qon chiqayapti-ku, — Petka norozi bo‘lardi.

— Sho-osh-ma … qon. Nima bo‘pti? Burun deganlari nozik keladi: salgina tushir-sang, darrov qonaydi. Aslida nomiga mushtlashyapti.

— Nomiga mushtlashyapti emish!
— Albatta, nomiga-da .

Ortdagilar ularni turtishdi va jim bo‘lib qolishdi.

Bahsning kattasi klubdan chiqishgandan so‘ng boshlandi. Gap ayniqsa qishloqqa bag‘ishlangan filmlarga kelganda boboning qattiq jahli chiqardi.

— Hammasi bo‘lmag‘ur, — derdi u. – Bunaqasi bo‘lmaydi.
— Nega bo‘lmas ekan ?

— Nima, seningcha anovi yigitning ishi o‘ziga yarashadimi?
— Qaysi yigitni aytyapsiz?
— Garmoshka ko‘targan-chi. Derazadan kirmoqchi bo‘lgan yigit-da.

— U derazadan kirgani yo‘q, — Petka bobosining gapini to‘g‘riladi; u film voqealarini boshdan-oxir aniq eslardi, bobosi aralashtirib yuborar va bu Petkaning g‘ashiga tegardi,- U qo‘shiq aytish uchun derazaga rafiga chiqib oldi, xolos.

— Chiqdimi, axir. Mana men, esimda turibdi, bir marta derazaga chiqqandim…
— Nima u senga yoqmayaptimi?

— Kim?
— Namuncha kimlading!.. Ana qaysi bir yigit derazaga chiqibdi. Uni o‘zing ayt-madingmi?

— Hech ham bunday emas, — bobo jimjilog‘ining uchini ko‘rsatdi. — Allaqanday bir Vanya-tentak. Ashula aytadi va yurgancha ashula aytadi… Bizda bitta Vanya-tentak boriydi – yurgan yo‘lida ashula aytgani-aytgan edi.

— Axir u sevib qolgan-ku! — Petka asabiylasha boshladi.
— Sevsa nima bo‘pti?

— Sevganiychun ashula aytadi-da.
— A?
— Ashula aytishining sababi bor, deyapman !

— Bunaqalarni qachonlardir kulgiga ko‘mib tashlashardi! Yo‘lini yurolmasdi. Sevar-mishlar … Sevgan odam, uyaladi. U bo‘lsa qishloqning to‘rt tomonini boshiga ko‘tarib yuribdi… Qaysi ahmoq qiz unga tegadi! U ji-id-diy yigit emas. Esimda turibdi, bizga biron qiz yoqib qolsa, ikki ko‘cha naridan o‘tardik – chunki uyalardik. Sevarmish… Sevsang-sevaver istaganingcha, lekin nega bunday ashula aytib…

— Nima — nega?
— Odamlarga kulgi bo‘lib nima? Esimda bor, biz …
— Yana «biz, biz»;. Hozir odamlar boshqacha bo‘lishgan !

— Nimaga boshqacha bo‘lishgan ekan? Har doim odamlar bir xil bo‘lishgan. Nima sen o‘zimizda bunaqa tentaklarni ko‘p ko‘rganmisan?

— Bu bir kino-da. O‘xshatish yaxshi emas.

— Men o‘xshatayotganim yo‘q. Men yigitning harakatlari o‘xshamagan, deyapman, vassalom, — bobo so‘zida turib oldi.
— Ana hammaga yoqyapti-ku! Kulishdi-ku! Men ham kuldim.

— Sen halli kichkinasan, shuniychun senga kulgili. Mana men duch kelgan narsaga kulavermayman.

Bobo kattalar bilan san’at borasida kamdan-kam bahslashardi – qo‘lidan kelmasdi. Bahs boshlanishi bilan asabiylashar, haqoratlashga tushardi.

U bir marta kattalar bilan aytishib qoldi, o‘sha bir martagina ham boshiga g‘avg‘o olib keldi.

Bu voqea bunday bo‘lgandi.

Ular – Petka ikkov komediya ko‘rib, klubdan chiqishdi va biri olib-biri qo‘yib uni danagidan mag‘zigacha chaqishga tushishdi.

— Bilasanmi, odamga nimasi alam qiladi: shaytonlar, anov aktyorlar-da o‘zlari qah-qahlashadi, sen esa o‘tiraverasan, qitiqlashsa-da, kulging kelmaydi! – bobo qattiq achchig‘landi. – Seni kulging qistadimi nima?

— Yo‘q — tan oldi Petka. – Faqat bir martagina, ular mashina bilan ag‘darilib ketishganda.

— Ana ko‘rdingmi! Biz-chi pulini to‘lab qo‘yganmiz – eski pulga ikki so‘mdan! Ularchi, o‘zlari kulishdi, tamom.

— Muhimi, «Komediya»; deb yozishdi.
— Komediya!.. Bunaqangi komediya uchun ularning tishlarini urib sindirish zarur.

Ular uyga qahru-g‘azabga to‘lib qaytishdi.

Bu paytda uylarida televizorda qishloq hayotiga oid qandaydir bir film ko‘rib o‘tirishardi.

Uylariga Petkaning xolasi, ya’ni onasining singlisi mehmonlikka kelgandi. Bir o‘zi emas, eri bilan. Ha, shahardan. Mana endi hammasi o‘tirib olib televizor tomosha qilishyapti. ( Bobo va Petka ikkovlonning televizorni hech jinlari suymasdi. « Hali men bo‘ydoq edim, akam, Mikita, uylandi, ana shunda men ularning xonalariga teshikdan mo‘ralash uchun borishni yaxshi ko‘rardim. Televizor ularniki-da: nazaringda mo‘ralaganingcha hammasini ko‘rayotgandaysan» — dedi bobo bir-ikki marta televizion ko‘rsatuvlarni tomosha qilgach.)

Ana, demak, hamma o‘tiribdi, tomosha qilyapti.

Petka dars tayyorlash uchun tezda dahlizga chiqib ketdi, bobo esa boshqalar bilan birga qoldi, besh daqiqacha televizordagi yaltir-yulturlarga qarab o‘tirdi va hammani o‘ziga qaratdi:
— Bo‘lmag‘ur narsalar. Bunday bo‘lmaydi.

Petkaning otasi xafa bo‘ldi:
— Ota, jim bo‘lgin, xalaqit berma..

— Yo‘q, bu qiziqarli, — dedi shaharlik xushtakalluf kishi. – Otaxon, nega bunday bo‘lmaydi, deb o‘ylaysiz? Nega bo‘lmas ekan?

— A?
— U yaxshi eshitmaydi, — tushuntirdi Petkaning otasi.

— Men nega bunday bo‘lmaydi, deb so‘rayapman. Sizningcha qanday bo‘ladi? — shahar-lik kishi oldindan negadir jilmayib qo‘yar ekan, baland ovozda takrorladi.

Bobo unga shubhali ko‘z tashladi:
— Bunday bo‘lmaydi, ana shunday. Man-na sen unga qarab rostdan ham duradgor deb o‘ylayapsan, lekin men bunday nazar solib, uning hech qanday bir duradgor emasligini darrov bilib oldim. U hatto boltani to‘g‘ri ushlashni bilmaydi.

— Otam bilan Petka ikkovlari bizning tanqidchilarimiz, — dedi Petkaning otasi boboning so‘zlash ohangini biroz yumshaytirish maqsadida.

— Qiziq, — shaharlik yana og‘iz ochdi. – Nega siz u boltani to‘g‘ri ushlashni bilmay-di degan qarorga keldingiz?

— Chunki men bir umr duradgorlik qilganman. «Nega bunday qarorga keldingiz?»; emish.
— Ota, — Petkaning ammasi gapga qo‘shildi, — nima qipti shunga?
— Nimaga?

— Menga bu odamning o‘zi qiziqarliroq .Tushundingizmi? Men uning haqiqiy duradgor emasligini bilaman, u – aktyor, lekin menga qiz… menga juda qiziq…

— Xuddi mana shunaqalar studiyada o‘tirvolib yozishadi, — dedi yana jilmaygancha Petkaning ammasining eri.

Petkaning ammasi va uning eri o‘ta aqlli va hamma narsani bilishardi. Ular bobo bilan kulgancha gaplashishardi. Bu boboning achchig‘ini chiqardi.

— Bu senga muhim emas, menga esa muhim, — u qizini og‘iz ochirgani qo‘ymadi, — Ular senga pufakni puflab o‘tqazishadi, lekin menga o‘tqazisholmaydi.
— Xa-xa-xa, — shaharlik kishi kuldi. – Haqingni oldingmi?

Petkaning ammasi ham tirjaydi.

Petkaning otasi va onasi boboning gaplaridan xijolatga tushishdi.

— Ota, seni ko‘nglingni topish rosayam qiyin, — dedi Petkaning otasi. – Yaxshisi Petkaning oldiga bor, unga yordamlash. – Petkaning otasi shaharlikka tomon burildi va past tovushda tushuntirdi:

— O‘g‘limga dars tayyorlashga yordam beradi, lekin o‘zi hech narsani bilmaydi. Ikkov-lari tortishgani-tortishgan. Kulging qistaydi!

— Qiziq chol, — shaharlik Petkaning otasi gapini ma’qulladi.

Hammalari cholni unutib, yana kino ko‘rishga tushishdi. U orqada xuddi basharasiga tupurib tashlangan odamday turardi. Yana birpas turdi-da Petkaning oldiga ketdi.

— Kulishyapti, — dedi u Petkaga.
-Kimlar?

— Ana… — chol mehmonxona tomon bosh irg‘adi – Mayli, sen qari to‘nka hech narsa-ni bilmaysan deyishyapti. Ular-chi, tushunishadi!

— E’tibor berma, — maslahat berdi Petka.

Chol stol yoniga borib o‘tirdi, og‘iz ochmadi. Birozdan so‘ng yana gapga tushdi.

— Sen ahmoqsan, deyishdi, aqlingni yeb qo‘ygansan…
— Nima, shunday deyishdimi?!

— Nima?
— Seni ahmoq deyishdimi?

— O‘tirib olib kulishgani-kulishgan. Ular juda ko‘p narsani bilishadi-da ! — Pet-kaning ta’biri bilan aytganda bobo tobora «o‘t olardi».

— E’tibor bermagin, — Petka yana maslahat berdi.
— Savodxonlar… Kelishdi! – Bobo o‘rnidan turib sandiq titkiladi, pul olib, chiqib ketdi.

Bir soatdan keyin mast qaytib keldi.

— O-o! – Petka hayratga tushdi (bobosi kamdan-kam ichardi). – Senga nima bo‘ldi?
— Tomosha qilishyaptimi? – so‘radi bobo.
— Tomosha qilishyapti. U yoqqa kirma. Kel, yechintirib qo‘yay. Nega ichding?

Bobo yog‘och katga og‘ir cho‘kdi.

— Ular tushunishadi, sen bilan men tushunmaymiz ! – bobo ovozini baralla qo‘ydi -Sen ahmoqsan, bobo, deyishdi! Sen hayotda hech narsani tushunmaysan. Ular-chi, tushuni-shadi! Pullari ko‘pmi?! – bobo endi baqira boshladi. – Puling bijg‘ib yotgan bo‘lsa-da, burningni ko‘tarma! Men bir umr egilib-bukilib halol mehnat qildim. Endi men jim-gina o‘tirishim kerak ekan. Hey, sen o‘zing umringda qo‘lingga bolta ushlaganmisan?! – Bobo eshik bilan gaplashardi, uning ortida televizor ko‘rib o‘tirishardi.

Petka o‘zini yo‘qotib qo‘ydi..

— Kerak emas, kerak emas , — u bobosini xotirjam bo‘lishga undardi . – Kel, men seni yechintirib qo‘yaman. Ularni qo‘yaver !..

— Yo‘q, to‘xta, men unga aytadiganimni aytaman … – Bobo o‘rnidan turishga urindi, lekin Petka uni ushlab qoldi:

— Bobojon, kerak emas !
— Shaharlik ichi po‘k oliftalar . – Bobo tinchlanganday bo‘lib, jimib qoldi.

Petka uning bitta etigini tortdi.

Lekin shu payt chol nimagadir bosh chayqadi.

— Sen mening ustimdan kulmoqchi bo‘lyapsanmi? — uning ko‘zlari yana alamli chaqnab ketdi. – Men senga bitta so‘zni aytishim mumkin!.. – Bobo etikni oldi-da, mehmonxonaga qarab yurdi. Petka uni to‘xtatib qola olmadi.

Chol mehmonxonaga kirdi-da, qo‘lini siltab etikni televizorga irg‘itdi:
— Mana sizlarga!.. Sizlarning duradgorlaringizga ham!

Ekran chil-chil sindi.

Hamma o‘rnidan irg‘ib turdi. Petkaning ammasi hatto chinqirib yubordi.

— Masxara qilmoqchi bo‘ldinglarmi! – baqirdi chol. – Sen biron marta qo‘lingga bolta ushlaganmisan?!

Petkaning otasi cholni qo‘ltiqlashga urindi, lekin u qarshilik ko‘rsatdi. Kursi-lar to‘rt tomonga sharaqlab uchdi. Petkaning ammasi yana chinqirdi va ko‘chaga qarab otildi.

Petkaning otasi baribir cholni bo‘ysundirishga muvaffaq bo‘ldi, uning qo‘llarini orqaga qayirdi va sochiq bilan bog‘lashga tushdi.

— Rosa vaqtingni topding-da, otaginam, meni tilimni qisib qo‘yding, — Petkaning otasi cholning qo‘llarini qattiq bog‘larkan g‘azabini tuta olmadi. – Rahmat senga.

Petka o‘lgudek qo‘rqdi, u ko‘zini katta ochgancha bo‘layotgan voqealarni kuzatardi. Shaharlik kishi chetda turar va ahyon-ahyon boshini chayqab qo‘yardi. Petkaning onasi shisha siniqlarini yig‘ishtirardi.

— Tilimni qisib qo‘yding… – Petkaning otasi hadeb bir gapni takrorlardi va tishini gizlatdi.

Chol yerga qarab yotar, bo‘yalgan polga soqolini ishqar va baqirardi:

— Sen mening ustimdan kulavergin, men esa senga – bitta so‘zni aytaman!.. Bu so‘zni aytganimdan so‘ng ovozing o‘chadi. Agar sen aytganingday men ahmoq bo‘lsam…

— Nima men shunday dedimmi? – so‘radi shaharlik kishi.

— U bilan gaplashmang, — dedi Petkaning onasi. — Hozir uning qulog‘i butkul tom bitgan. Vijdonsiz.

— Meni siz bilan bitta dasturxon atrofiga o‘tirishimni istamaysiz, ha, mayli! Lekin sen menga… Bu… mayliga! – chol baqirdi. – Lekin sen menga aytginchi – umringda bitta daraxt kesganmisan? A-a!.. Ana shunday. Sen meni duradgorlikni tushunmaydi de-yapsan! Qishloqdagi uylarning yarmini men o‘z qo‘llarim bilan qurganman!..

— Rosa vaqtini topib tilimni qisding, Xudoyim olsin seni, tilimni qisding, -g‘uldullardi Petkaning otasi.

U gapirib turarkan Petkaning ammasi va milisa xodimi, shu qishloqlik Yermolay Kibyakov kirib kelishdi.

— O‘hu-u! – dedi Yermolay yoyilib kularkan. – Timofey amaki, nega bunday qilding? A?
— Xursandchiligimni naq burnimdan chiqardi, — dedi Petkaning otasi o‘rnidan turar ekan.

Milisa «hm-hm»ladi, kafti bilan jag‘ini siladi va Petkaning otasiga qaradi. U rozi bo‘lib bosh irg‘adi va dedi:
— Shunday qilish kerak. O‘sha yerda tong ottirsin-chi…

Yermolay furajkasini boshidan oldi, uni avaylab mixga ildi, planshetdan bir varaq qog‘oz oldi va stol yoniga kelib o‘tirdi.

Chol jimib qoldi.

Petkaning otasi bo‘lgan voqeani qo‘shib-chatmasdan hikoya qildi. Yermolay qorayib ketgan dag‘al kafti bilan xumdek boshidagi yog‘ bosgan sochini siladi, yo‘taldi va stolga ko‘kragini tiragancha, boshini chap tarafga qiyshaytirib, yozishga tushdi.

«Grajdanin Novoskoltsev Timofey Makarich, bir ming …»;
— U nechanchi yil tug‘ilgan?
— To‘qsoninchi yilda .

«… Bir ming sakkiz yuz to‘qsoninchi yilda tug‘ilgan, sobiq duradgor, hozir pensiyaga chiqqan. Ajralib turadigan belgisi yo‘q. Yuqorida ko‘rsatilgan Timofey joriy yil yigirma beshinchi sentyabrida uyiga o‘tkir araq ichgan holda kelgan. Bu paytda uning oila-si televizor ko‘rib o‘tirgan bo‘lgan. Mehmonlar ham bo‘lishgan…»;

— Nima degan kinofilm edi ?

— Bilmayman. Televizor qo‘yganimizda kino boshlangandi, — tushuntirdi Petka-ning otasi. – Kolxoz haqida .

«… Filmning nomini eslashmaydi. Bir narsani bilishadi: kolxoz haqida. Timo-fey ham televizor ko‘ra boshlagan. Keyin u: »; Bunday duradgorlar bo‘lmaydi«, degan. Hamma Timofeydan o‘zini tutib olishini so‘ragan. Lekin u tutaqib, o‘z bilganidan qol-magan. U yana bunday duradgorlar bo‘lmaydi, hammasi yolg‘on, degan. »;Duradgorlarning qo‘li bunday bo‘lmaydi, hech qachon». Va qo‘llarini qarsillatib ura boshlagan. Undan yana bir marta o‘zini tutib olishini so‘rashgan. Shunda Timofey o‘ng oyog‘idagi etigini yechgan ( bichimi — 43-45 , yungi to‘kilgan) va televizorga qarab otgan.

Albatta, dunyodagi bor narsani, ya’ni odatda ko‘z bilan ko‘rish mumkin bo‘lgan nar-salarni irg‘itdi.

KIBYAKOV, milisa katta leytenanti».

Yermolay o‘rnidan turdi, protokolni ikki qatladi, planshetiga yashirdi.
— Timofey amaki, ketdik!

Petka nima yuz berayotganini haligicha anglab yetmasdi. Lekin Kibyakov va otasi ikkovlon bobosini yotgan yeridan turg‘azishayotganda uni qafasga olib ketishayotganini tushundi. U dodlab yig‘ladi va bobosini himoya qilish uchun otildi:

— Uni qayerga opketyapsizlar?! Bobojon, seni qayerga opketishyapti!.. Ota, bunday qilma, kerak emas!..

Otasi Petkani itarib tashladi, Kibyakov bo‘lsa, kula boshladi:
— Bobongga achinyapsanmi? Hoz-zir biz uni turmaga tiqamiz. Hoz-zir…

Petka yanada qattiqroq yig‘ladi.

Onasi uni burchak tomon olib ketdi va yupata boshladi:

— Sen nimaga yig‘laysan, unga hech narsa bo‘lmaydi! U yerda bir kecha yotadi va qaytib keladi. Ertaga o‘zi uyalib qoladi. Yig‘lamagin, o‘g‘lim.

Cholning etigini kiygazishdi va uydan olib chiqib ketishdi. Petka piqillab yig‘-ladi. Shaharlik ammasi ham Petkani yupatishga tushdi:

— Petenka, senga nima bo‘ldi? Uni hushgakeltirgichga olib ketishdi, hushgakeltir-gich-ga! U tezda qaytib keladi. Bizda, Moskvada qancha odamni hushgakeltirgichga olib ketishlarini bilasanmi!..

Petka milisani ammasining o‘zi olib kelganini esladi, uni qattiq itarib tash-ladi, pechka ustiga chiqib oldi va yostiqqa yuzini bosgancha uzoq-uzoq yig‘ladi.

QARIYA QANDAY JON BЕRDI?
Fathulla Namozov tarjimasi

Chol sahardan holdan toydi. Azob beruvchi holsizlik yopirilib keldi. U bir oydan buyon darmonsiz edi, ammo bugungisi oshib tushdi – yuragining tubi yig‘lasa ham, qandaydir g‘am-g‘ussaga to‘lgan, shunday yomon ediki, qo‘rqinchli bo‘lsa-da, ajabtovur: bunday holsizlik hech qachon ro‘y bermagandi. Goh oyog‘i uvishib qoladi… Barmoqlari qimirlamaydi desa, yo‘q qimirlaydi. Goh chap qo‘li uvishadi, uni qimirlatgan edi – joni borday. Ammo bu qanaqa behollik bo‘ldi, xudo…

Peshingacha chidab kutdi: balki qo‘yib yuborar, balki yuragining ostiga sal-pal jon kirar – chekkisi, ichkisi kelar. So‘ngra angladiki: bu ajal edi!

– Onasi… hoy, onasi! – deb kampirini chaqirdi chol. – Bu… men o‘layotganga o‘xshayman.

– Yo xudoyim! – xitob qildi kampir, – yotib nimalarni o‘ylaysan-a?

– Meni bu yerdan bir amallab tushirsang edi. Juda qattiq, – chol pechka ustida yotgan edi. – Tushir.

– Bir o‘zim tushira olmayman. Yegorga boraymi?
– Bor. Uydamikan?
– Boya aylanib yurgandi… Boray-chi!

Kampir kiyinib, kulbaga oppoq sovuq tumanni kiritgancha chiqib ketdi. “Qishda o‘lim turgan-bitgani tashvish-da”, o‘yladi chol.

Qo‘shnisi Yegor kirdi.

– Sovuq quturdi-ku! – dedi u. – Shoshmang, Stepan amaki, sal isinib olay, oldingizga keyin chiqaman. Bo‘lmasa muzlab qolaman. Nima, tobingiz qochdimi?

– Ahvolim juda yomon, Yegor. O‘laman.
– E, qo‘ysangiz-chi, birdaniga bunday demang!.. Vahima qilmasangiz-chi!

– Vahimami, vahima emasmi – tamom. Juda sovuqmi?

– Ellik daraja bordir, – Yegor chekdi. – Dalalarda qordan boshqa hech vaqo yo‘q. Traktorlar bilan suryaptilar, ammo qayoqda deysiz!

– Balki yana yog‘ar.
– Boshqa nimayam bo‘lardi endi. Qani, endi tushamiz…

Kampir karavotga yostiq qo‘ydi, parto‘shakni to‘g‘riladi. Yegor yonlama turib, qo‘lini cholning tagiga tiqdi.

– Bo‘ynimdan qattiq ushlang… Ana shunday! Qandaydir yengil bo‘psizmi!..
– Kasallandim…
– Juda yosh boladay. Mening Kolkam og‘irroq…

Cholni karovotga yotqizib, ustini po‘stin bilan yopib qo‘yishdi.

– Papiros o‘rab beraymi? – taklif qildi Yegor.
– Yo‘q. Kerak emas. Yo xudo, – xo‘rsindi chol, – qishda o‘lsang, yomon bo‘ladi-da…

– Qo‘ysangiz-chi! – dedi Yegor jiddiy tarzda. – Bunday fikrlarga berilmang. – U kursini karovotga yaqin surib o‘tirdi. – Menga frontda mana bunday jonimga tekkandi! Men ham, kunim bitdi, deb o‘ylagandim. Doktor esa, yashashni istasang – yashaysan, istamasang – yo‘q. Men-chi, gapirolmayman. Yotaman-u, o‘ylayman: “Kim yashashni istamaydi, ahmoq odam? Shunday ekan, yotib “Yashayman!” – deb o‘ylang.

Chol ojiz jilmaydi.
– Qani, bir tortay, – deb so‘radi u.

Yegor berdi. Chol tortib, yo‘talib qoldi. Uzoq yo‘taldi…

– Butunlay ozib ketganman… Tutun baribir qornimga bordi.
– Qayering og‘riyapti? – deb so‘radi kampir cholga rahmi kelib va negadir norozi holda.

– Hamma joyim… Butun a’zoyi badanim. Go‘yo butun qonimni so‘rib olishgandek holdan ketganman.

Uchovlari ham jim qolishdi.

– Men boray, Stepan amaki, sigirlarni sog‘dirish, ularga yem berish kerak…
– Boraver…

– Kechroq kelib, xabar olaman.
– Kirgin.

Yegor ketdi.

– Holdan ketganing nimadan? Hech narsa yemaysan, ana shundan behollik, – dedi kampir. – Balki kurkani so‘yarmiz – sho‘rva pishirarman? Mazali, quvvat bo‘lar… A?

Chol o‘ylab qoldi.

– Kerak emas. Yemayman.
– Bitta kurka nima bo‘pti, xudo ko‘tarsin! Hechqisi yo‘q…

– Kerak emas, – yana bir bor ta’kidladi chol. Menga, yaxshisi, yarim ryumka vino ber…Sal-pal qonimni qizitar.

– Battar qilmasaydi…
– Hech narsa bo‘lmaydi. Balki salgina qizitar.

Kampir shkafdan choraktalik olib, shoshmasdan og‘zidagi latta tiqinni ochdi. Shishada yarimdan sal ko‘proq edi.
– Qara, battar qilmasin tag‘in…
– Aroq qachon battar qilgandi o‘zi, sen nima? – Chol o‘kinch bilan dedi. – Butun umr uning ustida qaltiraysanu, ammo tushunmaysan: aroq – birinchi dori. To‘nkasan qandaydir…

– Hozir shu gapni aytmasang-chi! – dedi kampir alam bilan. – “To‘nka” emish… Bir oyog‘ing u yoqda-yu, yana birovni badnom qilasan. Doktor bezovta bo‘lmaslikni buyurgan.

– Doktor… o‘lma, deydi, odamlar esa o‘lishyapti.

Kampir yarim qadah aroq quyib, cholga berdi. U ho‘pladi va sal bo‘lmasa tomog‘iga tiqilib qoldi. Hammasi qaytib keldi. U ancha vaqt harakatsiz yotdi. Keyin mashaqqat bilan:
– Yo‘q, endi ichib bo‘lmaslik aniq bo‘lib qoldi, – dedi.

Kampir unga achinish va rahmdillik bilan qarab qoldi. Qarab turdi, turdi-yu, birdan hiqillab yig‘lab yubordi:
– Chol… xudo ko‘rsatmasin-u, rostdan ham, o‘lib qolsang, yolg‘iz men nima qilaman?

Chol uzoq jimib qoldi, shiftga qattiq tikildi. Uning uchun gapirish og‘ir edi. Ammo u yaxshilab, batafsil gapirishni istadi.

– Birinchidan, Mishkadan aliment undirib ol. Unga: “Otang o‘ldi, onangni umrining oxirigacha boqishni senga buyurdi”, – deb ayt. Xo‘pmi? Agar u battollik qilib, ko‘zi ochilmasa, aliment undirish uchun sudga ber. Uyat-ku, o‘z yo‘liga, ammo yashash ham kerak. Yaxshisi, unga uyat bo‘lsin. Mankaga yozgin, o‘g‘lini o‘qitsin. Yigitchaning zehni o‘tkir. Ko‘p narsani yoddan biladi. “Otang o‘qishni buyurdi”, deb ayt, – chol charchadi va shiftga qarab qoldi. Uning yuzi ifodasi tantanavor va qatiy edi.

– Petkaga nima deyish kerak? – so‘radi kampir ko‘z yoshlarini artib: u ham jiddiy, ko‘z yoshi to‘kmay gapirishga shaylandi.

– Petkami?.. Petkaga tegma – u zo‘rg‘a bir amallab kun ko‘ryapti.
– Balki, sho‘rva pishirib berarman? Yegor so‘yib beradi…
– Kerak emas.

– Nima, yomon bo‘lib qolasanmi?
– Shunday. Sal dam olay, – chol ko‘zlarini yumdi va asta-sekin tinch nafas oldi.

U xuddi o‘likka o‘xshab qoldi: yuzida qandaydir parishonlik, bu yerda xos bo‘lmagan g‘alati bir sokinlik bor edi.

– Stepan! – deb chaqirdi kampir.
– Hm?
– Sen bunday yotma…

– Qanday yotmay, ahmoq? Birov o‘lyapti-yu, u esa, bunday yotma, deydi. Qanday yotishim kerak? To‘rt oyoqlab yuraymi?

– Men Mixeyevnani chaqiraman – badaningga zaytun moyi surkab qo‘yadi?

– Qo‘y-yey! U menga ko‘p yaxshiliklar qilgan… Kurkangni Mixeyevnaga bekordan-bekor tiqishtiryapsan… Yaxshisi, bu kurkani Yegorga ber – u go‘rimni qazib beradi. Bo‘lmasa kim qazirdi?

– Qo‘rqma, topilar…

– “Topilar” emish! Keyin butun qishloqdan axtarib yurasan – bunday sovuqda kim qazishni istaydi? Qishning ishi… Yozda bo‘lsa edi…

– Senga nima bo‘ldi, o‘lasanmi yoki? Balki hali badaning sovimagandir?

– Hozir soviyapti. Oyog‘im, ana, qotib qoldi… Oh, xudoyim, xudoyim! – Chol chuqur xo‘rsindi. – Xudoyim… og‘ir bo‘ldi, men gunohkorni kechir…

– Stepan, sen biroz hushyor bo‘l. Yegor: “Har xil gaplarni o‘ylama”, – dedi-ku!
– U ko‘p narsani biladi! O‘zi xuddi ho‘kizday sog‘lom. Unga, o‘lma de, o‘lmaydi.
– Unday bo‘lsa, meni kechir, chol, agar aybdor bo‘lsam.

– Xudo kechirsin, – dedi chol zo‘rg‘a eshittirib. U yana nimanidir, juda zarur gapni aytmoqchi edi, ammo atrofga allanechuk boshqacha qaradi, qandaydir g‘alati bezovta bo‘ldi…

– Agnyusha, – dedi u zo‘rg‘a, – meni kechir… biroz qo‘rqoq edim…
– Burchakka qara-chi, kim u? Kim turibdi u yerda?

– Qayerda, Stepan?

– Ana, u yerda!.. – Chol qo‘liga tiralib ko‘tarildi, qandaydir ziyrak nazar bilan kulba burchagiga, oldinga qaradi. – Ana o‘sha-ku, ana… o‘tirdi-ku?

Yegor kechqurun keldi…

Chol karavotda yotar, o‘tkir oppoq burni tepaga qaragandi. Kampir bosh tomonida o‘tirib ohista yig‘lardi…

Yegor shapkasini boshidan olib, biroz o‘ylanib turdi, so‘ng ikonaga qarab cho‘qindi.

– Ha, – dedi – u, hammasini sezgan edi.

хдк

(Tashriflar: umumiy 667, bugungi 1)

Izoh qoldiring