Vasiliy Shukshin haqida ikki maqola.

003

   Василий Шукшиннинг замондоши, таниқли рус адиби Вячеслав Пьецух айтганидек: “Шукшин олами қандай зарралардан таркиб топганини тушунтириб бўлмайди, бу олтмишинчи-етмишинчи йиллар рус ҳаётининг батафсил анатомиясидир, авлодлар бизни айнан унинг асарларига қараб ўрганишади.”

Юлдуз Ҳошимова
ШУНДАЙ ЙИГИТ ЯШАРДИ…
09

09Василий Макарович Шукшин рус адабиётида ҳам, кино санъатида ҳам бирдай ном қозонган ижодкордир. Унинг бадиий асарларини суратга ол- ган фильмларидан ёки тасвирга туширган картина- ларини бадиий асарларидан устун қўйиш мушкул.

Серқирра ижоди билан рус маданиятида ўчмас из қолдирган В.М.Шукшин 1929 йилнинг 25 июлида Сибирда, Сростки қишлоғида деҳқон оила- сида туғилди. Василийнинг отаси қатағон даври қурбонларидан бири бўлган. Макар Шукшин қатл этилгандан сўнг оиланинг барча юки бўлажак адибнинг онаси Мария Сергеевна елкасига тушди.

Шукшин етти йиллик мактабдан сўнг Бий автомобиль техникумига ўқишга киради. Бироқ ўқишни тамомлаш насиб этмайди: туғилиб ўсган қишлоғига қайтиб, деҳқончилик қилишига тўғри келади. 1949 йил – Ҳарбий денгиз флотига хизматга чақиртирилгунча турли корхоналарда слесарлик қилиб кун кўради. Унинг адабий фаолияти айнан ҳарбий хизмат пайтида куртак ёзади. Илк ҳикояларини сафдошларига ўқиб беради. Ҳарбий хизматдан сўнг жонажон қишлоғига қайтган Шукшин аввал ўрта мактаб шаҳодатини олади. Сўнг шу ернинг ўзида рус тилидан дарс беради. Маълум вақт мактаб директори вазифасида ҳам фаолият юритади.

1954 йилда Шукшин Москвага, Бутуниттифоқ кинематография давлат институтига ўқишга кириш учун йўл олади. Ўғлининг орзулари рўёби йўлида онаизор рўзғорга яраб турган сигирни ҳам пуллаб, Василийнинг белига тугиб беради. Олти йиллик таҳсилдан сўнг Шукшин институтнинг режиссёрлик факультетини тамомлайди. Бу вақт оралиғида у нафақат кино санъатининг сир-асрорларини ўрганади, бадиий ижод билан ҳам жиддий шуғуланади. Таҳсил пайтида ёзган ҳикояларини устози Ромм тавсиясига кўра пойтахт нашрларига юбора бошлайди. 1958 йилда «Смена» журналида адибнинг биринчи ҳикояси “Аравада икковлон” чоп этилади. Худди шу йили “Икки Фёдор” фильмида илк маротаба бош ролни ижро этади. Ўзининг диплом иши – “Лебяжийдан хабар беришмоқда” фильмида Шукшин ҳам сценарий муаллифи, ҳам режиссёр ва бош роль ижрочиси сифатида намоён бўлади.

1963 йилда адибнинг илк китоби – “Қишлоқ аҳли”, шунингдек, «Новый мир» журналида қатор ҳикоялари чоп этилади. Бундан ташқари, ижодкор ўз асарлари асосида сценарий ёзиб, “Шундай йигит яшарди” кинофильмини суратга олади. Картина муаллифи ва режиссёри сифатида намоён бўлган Шукшиннинг баландпарвозликдан холи, содда ифода услуби томошабинларга манзур бўлади.

Василий Макарович анча йиллар давомида кино ва адабиётдаги фаолиятини уйғунликда олиб боришга интилади. Ўтган асрнинг етми- шинчи йиллари Шукшин учун жуда самарали келади. Қатор фильмлари турли танловларда совринлар олади, ҳикоялар тўпламлари чоп этилади, драматик асарлари саҳналаштирилади. Таниқли режиссёрлар уни ўз фильмларига бош ролларга таклиф этадилар. Фақат бир ҳолат серқирра ижодкорга буларнинг барчасидан тўлиқ баҳраманд бўлишга монелик қиларди: Шукшинни эски дард – ошқозон яраси қийнайди. Гарчи қизлари туғилгандан сўнг спиртли ичимликлар истеъмолини тўхтатган бўлса-да, ёшликдаги бебош кунлар ўз асоратини қолдириб улгурганди…

Василий Макарович Шукшин 1974 йилнинг 2 октябрь куни Михаил Шолохов романи асосидаги “Улар ватан учун жанг қилган эдилар” картинасида суратга тушиш чоғида вафот этади.

Василий Шукшин ўз асарларида қишлоқ ҳаётини ҳаққоний, борича тасвирлайди. Бу муаллифнинг оддий инсонлар турмуш тарзини яхши билиши, тили ва дилини диққат билан кузатгани боисидир. Адиб битган сатрларда руҳий олам бойлиги, умуминсоний қадриятлар бирламчи аҳамият касб этади. Шукшиннинг аксарият қаҳрамонлари оддий меҳнаткашлар, деҳқонлар бўлиб, ҳар бири ўзига яраша феъл-атворга эга, нордонгина тил-забонли кишилар. Баъзи қаҳрамонлари бир қадар ҳардамхаёл, ўз оламида яшайди, бошқалари эса қандайдир жасорат кўрсатишга мойил.

Шукшиннинг замондоши, рус адиби Вячеслав Пьецух айтганидек: “Шукшин олами қандай зарралардан таркиб топганини тушунтириб бўлмайди, бу олтмишинчи-етмишинчи йиллар рус ҳаётининг батафсил анатомиясидир, авлодлар бизни айнан унинг асарларига қараб ўрганишади.”

Василий Шукшиннинг бадиий асарларидан ўзбек китобхонлари ҳам баҳраманд бўлганлар. Унинг қатор ҳикоялари Ўткир Ҳошимов,Хайриддин Султонов,Ўринбой Усмон томонидан маҳорат билан ўзбек тилига ўгирилган.

Манба: «Жаҳон адабиёти» журнали

04

Жовли Хушбоқ
АХЛОҚ — БУ ҲАҚИҚАТДИР
ЁХУД ВАСИЛИЙ ШУКШИН ҲАЁТИДАН ЛАВҲАЛАР

09

Улуғ истеъдодлар содда бўлади. Василий Шукшиннинг қизи Мариянинг отаси ҳақидаги хотираларини эсланг: “Дадам мен билан Олгадан жонини ҳам аямасди. Мен касалмандроқ эдим. Отам караватимда соатлаб ўтирарди. Қулоғим оғриганида тезроқ соғайишимни тилаб илтижо қилгани эсимда. Дадам уйда бўлганларида ойимдан болаларни ўзлари ухлатгани ётқизишни сўрардилар. Фақат дадамгина бизга кечалари эртак айтар, воқеаларни йўл-йўлакай тўқиб кетаверардилар. У энг яхши энага эди. Отам хонасида чека бошласа, мен сигаретасини олиб, яшириб қўярдим. Менга “Машенка, сигарета бер”, деб орқамдан юриб ялиниши ёқарди. Мен у кишини соғинардим, ёнимда бўлишларини истардим, чунки дадам кўп вақт сафарда бўларди”.

Бор-йўғи қирқ беш йил умр кўриб, унинг асосий қисмини оддий одамлар орасида ўтказган Шукшин қанчалар оддий инсон бўлганига бундан ортиқ далилнинг ҳожати бўлмаса керак.

Ўткир Ҳошимов ва Хайриддин Султонов таржимасида нашр қилинган “Чол, қиз ва офтоб” номли ҳикоялар тўпламини бир ўқиб кўринг. “Қишлоқилар” ҳикоясида Маланя бувининг Москвага келишни таклиф қилган ўғлининг хатини ўқиб, қанчалик саросимага тушиб қолгани кулгингизни қистайди. Унга ачинишни ҳам, устидан кулишни ҳам билмайсиз. Бувининг невараси Шуркага маслаҳат солиб, ўғлимникига борсамми-бормасамми, дея иккиланишлари содда қишлоқ аёлининг характерини очиб беради.

Атиги ўн олти йилгина қалам тебратган адиб баъзи ижодкорлар эллик йилда ҳам уддалай олмаган сермаҳсул ижод хирмонини яратиб кетди. Ярим мингта ҳикоя яратишнинг ўзи бўладими? “Эрк бергали келдим қошингга” ҳамда “Любавинлар” романлари ва яна учта қиссаси ҳам бор. “Хўроз уч қичқиргунча” (Сулаймон Раҳмон таржимаси)ни эса қайта-қайта ўқигинг келаверади.

Асар нуқул диалоглар асосига қурилган. Диалоглар орқали қаҳрамонлар характери шундай қойилмақом тасвирланганки, ҳатто ўша образга прототип бўлиб чиқадиган киши: “Ёпирим-эй, менга худди қуйиб қўйгандек ўхшар экан”, дея ҳайратланиши турган гап.

Ўқувчини бу даражада асир қилиш, сеҳрлай олиш ҳар қандай адибнинг ҳам қўлидан келавермайди. Адабиётшунослар Юрий Казаковни Бунинга, Валентин Распутинни Достоевскийга ўхшатишади, қиёслашади. Василий Шукшинни эса “замонавий Горкий” дея таърифлашади.

Воқеаларни тасвир этиш услубига кўра улар бир-бирларига ўхшаши мумкин. Бироқ улуғ адибнинг ўз ижоди ҳақида нималар деганини ҳам бир ўқиб кўринг: “Ҳикояда ҳамма нарса тушунарли, ҳатто ундан ҳам зиёд бўлишини истайман”.

“Адабиётда ҳамма вақт қандайдир спорт мусобақасига ўхшаган ҳолат бор. Қани ким ихчамроқ ёзади? Ким мураккаброқ! Ким журъатлироқ! Ҳолбуки, адабиёт — ҳақиқатдир. Кашфиётдир. Унда ким дадилу ким мураккабу, ким эпикроқ — бунинг ҳеч аҳамияти йўқ. Ҳақиқат борки, адабиёт бор”.

Ёзувчи яратган барча асарларида, бешта бадиий филмида бунга оғишмай амал қилди, ростгўйликни, ҳақиқатни ўз ижоди учун шиор қилиб олди.

***

Василий Шукшинда Оллоҳ томонидан берилган буюк истеъдоддан ташқари ҳаётий тажриба ҳам мўл бўлганини биласизми? Мураккаб, бунинг устига оғирдан-оғир ҳаёт йўлини қадамма-қадам босиб ўтишга тўғри келганини эшитганмисиз?

Аввало, Шукшиннинг онаси Мария Сергеевна ҳақида. “Менинг онам… икки бор турмуш қурди… Икки бора ҳам бева қолди, — деб ёзади адиб. — Биринчи марта йигирма икки ёшида, иккинчи марта ўттиз бир ёшида тул хотинга айланди. Фарзандлари камоли учун жуда кўп куч-ғайрат, нафсиламбрини айтганда, бутун ҳаётини бағишлади. Энди у ўғлим одам сонига кириб қолди, шаҳарнинг каттакон амалдорига айланган, деб ўйлайди. Майли, ўйласа, ўйлай қолсин. Ҳикоя ёзишни мен онамдан ўрганганман”.

Отаси-чи? Отаси Макар Леонтевич халқ душмани дея қораланиб, отиб ташланган. Учта холасининг ҳаммаси бева бўлиб қолганини айтмайсизми? Ҳаттоки синглиси Наталя ҳам бева эди.

Василий Шукшин Сталин вафотидан бир йил кейин — 1954 йили Олтой ўлкасидаги Сросткини қишлоғини тарк этди. Москвада ўқиди. Ўшанда ҳам жигарларини, биринчи навбатда жондан азиз онасини йўқлаб турди, унга кетма-кет хатлар ёзди. Адибнинг Шерали Сокин таржимасида эълон қилинган хатларидан бирига кўз югуртирайлик:

“Меҳрибоним, онам!

Мен соғ-саломатман, ишларим жойида. Соғлигим ҳам чакки эмас. Мана, картинада кўрарсиз, ҳатто семирганман. Ҳаммаси кўнгилдагидай, қадрдонгинам.

Онажон, агар малҳам бироз беҳузур қилса, у ҳолда дорини тунда, уйқу олдидан ичинг. Муҳими, у кишини уйқуга мойил қилади. Дорини ичиш жараёнини иложи борича узоқроқ давом эттириш керак. Одамлар йиллаб ичишади: ўрганиб кетишади, ҳатто ёши бир жойга бориб қолганлар ҳам ичишади. Нима бўлганда ҳам мазкур доридан Сизга ҳеч қандай зиён-заҳмат етмайди.

Қизалоқларим худога шукур, чопқиллаб юришипти. Яқинда Москвада уч кун бўлиб, Маша билан у ўқийдиган мактабда бўлдим… Ҳам куласан, ҳам куясан. Уни мактаб ўқувчиси дегани ҳам тил бормайди. Уззукун Олга ва қуён билан (квартирамизда қуён асраганмиз) ўйнаб, уй вазифаларини унутади.

Мана шундай икир-чикирларни ҳисобга олмаганда, хотиржаммиз. Юборилган посилкангиз ҳақида хабар келди. Аммо якшанба куни эди. Лида ҳозир Болгарияда (10 кунга, биринчи октябрга қадар), болаларимга қайнонам қараб турибди. Эҳтимол, посилкани қайнонамга беришар, йўқ дейишса, Лида келади”.

Василий Шукшин онасини шунчалар яхши кўрар эдики…

Ахир, онаси не-не азоб-уқубатларини бошидан кечирмади. Эри халқ душмани сифатида отилиб кетганидан кейин яна турмуш қурди. Павел Николаевич Куксин билан бир ёстиққа бош қўйди. Василий Шукшин ана шу кишининг тарбиясини олди. Лекин, ўгай отаси ҳам урушда қазо қилди. 14 ёшли Василий уруш айни қизиган паллада Бийск автомобил техникумида ўқир эди. Отасининг ўлими сабаб моддий жиҳатдан яна ночор аҳволга тушиб қолишди, ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлди. У ҳатто ҳарбий билим юртидан ҳам ўқимай кетиб қолганди.

Буюк адиб беҳудага “Қишлоқилар”, “Она қалби” ҳикояларини яратмаган, уларга бош қаҳрамон қилиб онани танламаган кўринади. Бунинг асосий сабабларидан бири мунис ва меҳрибон онасига бўлган меҳри эди.

“ — Айланай, болажонларим! — йиғлаб юборди у. — Ичганда ҳар нарса бўлиши мумкин-ку, ахир?! Маст бўлгандан кейин уришгандир… Раҳм қилинглар унга!..

Онанинг бу аҳволига чидаб туриш осон эмас эди. Унинг ноласида шунча ғам, алам, ташвиш тўлиб-тошган эдики, бу ердагиларнинг ҳаммаси ноқулай сезарди ўзини. Ким тескари ўгирилиб олди, ким эса сигарет ёқиб чекишни бошлади…

— Ёлғиз ўғлим. Менга қарайдиган ҳам, боқадиган ҳам шу. Яқинда у уйланмоқчи эди. Агар уни қамаб қўйишса нима бўлади-а? Қиз эса яхшигина эди. Дуруст оиланинг фарзанди эди, эссиз…”

***

Василий Макарович Шукшиннинг қизлари ҳам онаси каби меҳрибон эдилар. Унинг учта қизи бор эди.

Отасининг орзулари бир дунё бўлганини қизи Мария ҳам эътироф этади: “Онамнинг айтишларича, дадам серфарзанд бўлишни, ўғил кўришни орзу қилган экан. Ўғил кўрса исмини Макар ёки Степан Разиннинг шарафига Степан деб атамоқчи экан. Агар дадам эрта ўлмаганида эди, ойим билан икки қизга қараб ўтирмасдан яна фарзанд кўришарди, деб ўйлайман. Ўз вақтида дадам мен билан синглимга “Агар ўғил кўрсангизлар исмини Макар қўйинглар” деб тайинланган эди. Синглим ўғлининг исмини отамнинг шарафига Василий деб қўйди. Менинг эса Макар деган ўғлим бор. Бундай исм учун дадамдан жуда миннатдорман. Бу ҳақиқий эркакча исм”.

Илгари “Василий Шукшин кўп ичадиган киши бўлган, чекишни ҳам хуш кўрган. Аммо, қизларидан бири, тўғрироғи, Мария сабаб бўлиб ичишни деярли ташлаб юборган”, деган гаплар юрарди. Мария Шукшина “Аргументу и факту” газетасига берган интервюсида бу воқеага ойдинлик киритади: “Истеъдодли шахсларнинг ютуқ ва камчилиги кўп бўлиши табиий. Тўғри, отам ичкиликка ўч бўлган. Аммо, фарзандларнинг туғилиши ҳаммасини ўзгартириб юборди. Онамнинг айтишича, бир неча ойлигимда отам мен билан сайр қилгани чиқади. Мен ётган аравачани кўчада қолдириб, қандайдир “дўстлари” билан пивохонага киради. Уйга ёлғиз қайтади. Онам эшикни очиши билан “Маша қани?” деб сўрайди. Дадам пешонасига уриб, бурилади-ю, шамолдек учади. Онам ўзини йўқотиб, зинапояда эмаклаб қолади. Чунки, биз сайрга чиққанимиздан буён анча вақт ўтган экан-да. Худога шукурки, улар мени қўйиб кетилган жойдан топишади. Мен ҳаммаёғимни ҳўл қилганча ухлаб ётган эканман. Яхшиям аравачани биров ҳайдаб кетмапти. Шундан сўнг дадам ҳатто байрамларда ҳам бир томчи ичмайдиган бўлдилар. Мен яқинда Леонид Куравлев ва рафиқасидан: “Дадам ҳеч бўлмаганда янги йилда бир қадаҳ ичган бўлишлари мумкин-ку”, деб сўрадим ва “ҳеч қачон” деган жавобни эшитдим”.

Бу фикрлар шундан далолат берадики, Василий Шукшинда камдан-кам кишиларда бўладиган ирода, фарзандга меҳр кучли бўлган! Ўта оғир азоб-уқубатларни, қийинчиликларни бошидан кечирган, меҳнатда тобланган адиб сабот-матонатли ҳам эди! Икки ўқув юртини ташлаб кетиб, ўн саккиз йил чилангарлик қилишнинг ўзи бўларканми? Бунинг учун меҳнаткашликдан ташқари чидамлилик ҳам бўлиши шарт эмасми? Ҳисоблаб кўринг. Бор йўғи 45 йиллик умр. Унинг атиги ўн олти йили ижодга — қалам тебратишга бағишланган.

Ўн саккиз йил оддий ишчилик! Бунинг устига квартираси бўлмаган ва доим сафарларда кечган аксарият вақтларда ётоқхоналарда, меҳмонхоналарда, шифохоналарда ижод қилишга мажбур бўлган…

Шулардан ортиб онасига, хотинига, қизларига меҳр қўйганини айтмайсизми? Биринчи турмуш ўртоғи Виктория Сафроновна унга қиз туғиб беради. Аммо, нима учундир буни иккинчи оиласидан сир тутишга уринади.

Адиб 34 ёшида Виктория Сафроновнага уйланганди. Кейинчалик, Лидия Николаевна билан турмуш қурди. Ундан икки қиз кўрди. Уларнинг исми Мария ва Олга эди. Улар кинорежиссёр ва телевидение ходими сифатида танилдилар.

***

Севги деганлари наҳотки ёлғон туйғу бўлса? Ахир, Василий Шукшин ҳам Лидия Николаеевна Федосеева-Шукшина ҳам бир-бирини шунчалик севишардики… Ҳатто, буни — ёзувчи ўлимидан сўнг турмуш ўртоғи эрга ёлчимай қолишини тасаввур қилиш мушкул эди.

“Аргументу и факту” газетаси Василий Шукшиннинг ўлимидан сўнг унинг умр йўлдоши Л.Н.Шукшинанинг сўзларини эълон қилганди. Унда қуйидагилар ёзилган: “Ҳозир ҳисоблаб кўраман…йўқ, тўрт марта эмас, ҳозир расмий жиҳатдан учинчи эрим билан яшаяпман. Биринчи марта ёшлигим, ахмоқлигим сабабли на мен, на у бахтли бўлдик: хуллас хато қилдик. Ҳар ким хато қилиши мумкин. Биз тезда ажрашиб кетганмиз. Кейин Шукшинни учратдим. Албатта, у тақдиримга битилган иқбол эди. Тўғри, унинг феъл-атворига унча-мунча одам чидай олмасди, лекин мен у пайтлари анча кўнгилчан, сабр-тоқатли эдим. Шукшиндан кейин оператор Михаил Аграновични учратдим: ажойиб инсон эди. Менга болаларимни вояга етказишда ёрдам берди. Биз енгилтаклигимиз оқибатида ажралишиб кетдик. Янглишмасам, у ҳам энди пушаймон қилаётган бўлса керак. Биз у билан ЗАГСдан ўтмаган эдик. Ҳозирги эрим билан 1986 йили Полшада танишганмиз. У ерда “Янушка ҳақида баллада” филми суратга олинаётганди: шунақа саккиз cерияли поляк филми бўларди. Бу филм Полшада жуда машҳур бўлиб кетган, мен бош ролни ижро этганман. Менга “Санъат” ордени беришган эди. Ўша филмда Марек рассом эди”.

Василий Шукшиннинг ўлимидан сўнг унинг умр йўлдоши мана шундай аҳволга тушиб қолди. Мария Шукшина онасининг юқоридаги каби хатти-ҳаракатларига салбий муносабат билдирмайди. Журналистнинг “Лидия Николаеевна тақдирнинг кўрлигию-бебақолигига тан бериб, ўзига нафақат яшашга, ҳатто севишга ҳам эрк берди” деган таънали саволига жавобан шундай дейди: “Ҳа, у отам вафот этгач, кинооператор Михаил Аграновичга турмушга чиқди. Бу одам менга саккиз ёшимдан ўн саккиз ёшимгача тарбия берди. Бунинг учун мен ундан миннатдорман. Дарвоқе, у мени ажойиб пишириқлар пиширишга ҳам ўргатди. Кейинроқ ўгай отамни онам бошқа бир эркак-поляк эри билан алмаштирди. Сўнгра эса Бари Алибасов билан Лайлию-Мажнун бўлиб қолди. Мен онамнинг бундай ишқибозликларига хотиржамлик билан қарайман. Шахсий ҳаётига аралашгим келмайди.”

***

Василий Шукшин ижодини кинодан айри ҳолда ўрганиш ҳам, тадқиқ этиш ҳам мушкул. Чунки, у бутун ҳаётини турли филмларда актёр сифатида роллар ижро этишга бағишлади. Кўпгина филмларга режиссёрлик қилди. Ҳайрон қоласан киши. Бунга қандай қилиб улгурди экан? Ўнтага яқин сценарий ёзишнинг, салкам ўттизга яқин рол ижро этишнинг ўзи бўладими? Бунинг учун қанчалик кўп вақт, машаққатли меҳнат зарур эмасми? Бешта филмни яратишга, романлар, қиссалар, юзлаб ҳикоялар ёзишга қандай муваффақ бўлди экан? “Алвон бодрезак” филми шов-шув бўлганидан хабарингиз борми?

Филмдаги Игор образи шунчалик мукаммал эдики… Шукшиннинг ўзи ҳатто: “Унга жуда ачинаман. Бу тақдир юрагимни ниҳоятда ачиштиради. Шароит бошқача бўлганида у тамоман ажойиб инсон бўларди” дейди ўкинч билан.

“Алвон бодрезак” филми кутилмаганда юзага келди. Адиб бир куни вояга етмаганлар қамоқхонасига бориб учрашув ўтказди. Бу воқеадан, учрашувдаги фикрлардан ниҳоят даражада таъсирланди. Ҳатто уч кун ўзига келолмай юради. Ва ниҳоят шу ҳодиса сабаб филм яратиш ғояси туғилади.

Василий Шукшин зўр маҳорат, катта ҳаяжон ва меҳнат туфайли филм сценарийсини ёзиб тугаллайди. Аммо… Унга қаршиликлар кўп бўлди. Ҳатто суратга олиш жараёнида ҳам ночор аҳволга тушиб қолди. Горкий номидаги киностудия ва тегишли идоралар ҳаттоки уни плёнкадан ҳам қисиб қўйди. Бир амаллаб шалағи чиққан асбоб-ускуналар билан кинони ниҳоясига етказади.

Лекин, Шукшиннинг бахтига бир нечта филмларга қўшиб “Алвон бодрезак”ни ҳам Леонид Илич Брежневга кўрсатиш учун олиб кетадилар. Тавба, кино соҳаси мансабдорларига ёқмаган бадиий филм бирданига Брежневни қизиқтириб қўяди!

Давлат кино қўмитасидаги амалдорлар кўкларга кўтариб мақтаган фильмлар бир ёқда қолиб, Леонид Илич айнан “Алвон бодрезак”ни яхши кўриб қолганини айтмайсизми? Ҳаттоки уни томоша қилиб ўтириб кўзларидан шашқатор ёш чиқиб кетганини ўзиям сезмай қолади. Табиийки, давлат раҳбарига жуда маъқул келган бадиий фильм бошқаларни ҳам бефарқ қолдирмайди.

Танқидчи Владимир Соловьёв “Сценарий ва филм” мақоласида шундай ёзган эди: “Мен Ленинградда, “Космонавт” кинотеатрининг олдида яшар эдим. “Алвон бодрезак” бадиий филмига билетни бир кун олдин бўлса-да навбатга туриб олишимга тўғри келган эди. Нега? Бунинг сабаби нимада? Муаллиф бугунги давр драматизмини асарга сингдириб юбора олган, қаҳрамонни фожиага — ўлимга олиб келган ҳодисалар оқибатини теран тадқиқ эта олганди”.

“Кўл бўйида”, “Халоскорлик”, “Мишка, Серёжа ва мен”, “Журналист” сингари филмлар яратилишида унинг хизмати беқиёс бўлганлигини ҳали-ҳануз эҳтиром билан эслайдилар. Давлат кинематография институтининг режиссёрлик факултетини битирган Василий Шукшин рус кино солномасига улкан улуш қўшганлардан бири сифатида тилга олинади. Шу боисдан ҳам машҳур кинорежиссёр Сергей Герасимов у ҳақда: “Бу ёзувчи, режиссёр ва актёр менга яхши таниш. Мен уни кинематография соҳасидаги таржимаи ҳоли бошланган ёшлик чоғидан биламан”, дейди.

Унга Давлат мукофоти, РСФСРда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвонлари бежиз берилмаган. Агар 45 йил эмас, эҳтимол ҳеч бўлмаганда 65 йил яшаганида, балки Нобел мукофотига ҳам сазовор бўлиши тайин эди…

***

Ўзбек ўқувчилари Шукшин асарларини асосан Асқад Мухтор, Ўткир Ҳошимов, Хайриддин Султонов, Эркин Миробидов, Шодмон Отабоевлар таржимасида ўқиш шарафига мушарраф бўлганлар. Аммо, кейинги йилларда ҳам бу хайрли юмуш бир жойда депсиниб қолгани йўқ. Яхши асарлардан бири “Куёвим бир машина ўтин ўғирлади” Шерали Сокин таржимасида чиқди. “Микроскоп” эса Меҳмон Исломқулов томонидан ўзбекчага ўгирилди…

Қани энди истеъдодли таржимонларимиз ёзувчининггина эмас, жаҳон адабиётининг ўлмас бадиий мулкига айланган “Эрк бергали келдим қошингга” романи, “Узоқ-узоқларда”, “Алвон бодрезак” ҳамда “Мени ёрқин уфқларга чорла” сингари ажойиб асарларини ўзбек китобхонлари мулкига айлантиришса, дея орзу қилгинг келади!

Келажакда бу асарлар ўзбекчага таржима қилинар, дея умид қиламиз.

***

Василий Шукшининг ўлими ҳақида сўз кетганда, юрак ларзага келади. Бу ачинишми ё улкан адибга нисбатан меҳрми — буни дарров англаб етолмайсиз.

Ёзувчининг ўзи ўлимини олдиндан сезган, деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Мана, қизи Мариянинг сўзлари: “Отамиз вафот этганда мен саккиз ёшда эдим. Энг чуқур ва энг қайғули хотира унинг “Улар ватан учун жанг қилдилар” филмига суратга тушиш учун жўнаб кетаётгандаги ҳолати бўлса керак, деб ўйлайман. Мен уни машинагача кузатиб бордим. Ярим йўлда тўхтаб, у мени ўпиб қўйди. Машинага ўтиргач, менга қайрилиб қаради. Унинг кўзлари ёшли эди. Бу видолашув нигоҳи эди. Бу нигоҳни бир умр эслаб қолдим. Отам филм суратга олинаётганда вафот этган”.

Аслида қандай бўлганди? Расмий маълумотларга таянадиган бўлсак, у 1974 йилнинг 2 октябрида, тунда “Дунай” теплоходи каютасида оламдан ўтган. Ўша кунлари уларнинг гуруҳи Волгаград яқинидаги Мелологовский хуторида Михаил Шолоховнинг “Улар ватан учун жанг қилдилар” филмини суратга олишаётганди. Бу филмда Шукшин Лопахин ролини қойилмақом қилиб ижро этаётганди.

Балки, Шукшин касалликдан, оғир дарддан азият чеккандир? У онасига ёзган хатларидан бирида шундай деб таъкидлайди: “Келаман деб ваъда бериб, ўзим ҳам қийналиб кетдим, сизларни ҳам қийнаб юбордим. Этак силкиб йўлга чиқишнинг иложини қилолмаяпман. Ҳозир эса ошқозон яраси важидан шифохонада ётибман. Пича даволанай. Олдинда мени улкан машаққатли иш (Степан Разин ҳақида учта филм) кутиб турипти. Тўрт йиллар чамаси зўриқиб ишлашим керак. У ҳолда даволанишга қўл тегармиди?”

Йўқ, у бу дарддан тузалиб кетганди. Эҳтимол, юрак хуружи… Ҳақиқат учун курашган, ҳаётий воқеаларни бўй-басти билан рўй-рост тасвирлаган адиб ўша давр амалдорларига ёқмай қолганмиди? Бу ҳақдаям аниқ фикр билдириш мушкул. Лекин, улуғ одамлар башоратчи бўлишади, деган тахминлар бор. Бекорга Василий Шукшин ўлимидан бир кун аввал мотам маросимини расмда жонлантирмаган кўринади. У нималарнидир олдиндан сезган, ўлими яқин қолганини ҳис этган…

Кўплар уни юрак касаллигидан вафот этганига ишониб-кўникиб қолган бир паллада шов-шувлар авжига минди. Т.Пономарёванинг “Шукшиннинг сирли муҳаббати” тўплами барча мухлисларни довдиратиб қўйди. Т.Пономарёва фикрлар, мулоҳазалар, тахминлар ва айрим кишиларнинг ишонч билан айтган сўзларини жамлайди ва Шукшин ўз ажали билан қазо қилмаган, деган кутилмаган хулосага келади. Ким рост айтаяпти? Шифокорларми, ҳамкасбларими ёки яқиндагина китоби нашр қилинган муаллифми? Наҳотки, адибни заҳарлашган бўлиши мумкин, деган сўнгги хулосага ишониш керак бўлса? Балки, шундайдир… Яна ким билади, дейсиз… Замонга мос келмаган, тузумга қарши фикр билдирган неча-неча кишилар дом-дараксиз “ўз ажали билан” ўлиб кетганлари ҳақидаги эртакка ўхшаш гаплар эҳтимол Василий Шукшинга ҳам мос келар?

Ҳаётда қабоҳатлар болалаб кетган бир даврда умр кечирган адиб юраги амрига қарши боролмади: фақат ҳақиқат йўлини тутди. Шу боис унинг сўзлари ҳамон қалбларимизда эзгу шиор каби жаранглайди: “Аҳлоқ бу ҳақиқатдир. Ҳақиқат бўлганда ҳам улкан ҳақиқат. Зеро, аҳлоқли бўлиш — бу жасорат, поклик бу демак халқ қувончи, ғами, ташвиши билан нафас олмоқ, халқ ўйлаганидек фикр юритиш, чунки халқ ҳақиқатни доимо билиб яшайди.” Бундай дадил, жасорат билан сўзлашнинг ўзи бўладими?..

Қисқа умри давомида жаҳон киноси ва адабиётига улкан бадиий асарлар билан улуш қўшган буюк ёзувчи ва кино намоёндаси ана шундай мураккаб, машаққатли ва шонли йўлни босиб ўтган эди.

0725 iyul — atoqli rus adibi Vasiliy Shukshin tavallud topgan kun

Vasiliy Shukshinning zamondoshi, taniqli rus adibi Vyacheslav Pyesux aytganidek: “Shukshin olami qanday zarralardan tarkib topganini tushuntirib bo‘lmaydi, bu oltmishinchi-yetmishinchi yillar rus hayotining batafsil anatomiyasidir, avlodlar bizni aynan uning asarlariga qarab o‘rganishadi.”

Yulduz Hoshimova
SHUNDAY YIGIT YASHARDI…
09

44Vasiliy Makarovich Shukshin rus adabiyotida ham, kino san’atida ham birday nom qozongan ijodkordir. Uning badiiy asarlarini suratga ol- gan filmlaridan yoki tasvirga tushirgan kartina- larini badiiy asarlaridan ustun qo‘yish mushkul.

Serqirra ijodi bilan rus madaniyatida o‘chmas iz qoldirgan V.M.Shukshin 1929 yilning 25 iyulida Sibirda, Srostki qishlog‘ida dehqon oila- sida tug‘ildi. Vasiliyning otasi qatag‘on davri qurbonlaridan biri bo‘lgan. Makar Shukshin qatl etilgandan so‘ng oilaning barcha yuki bo‘lajak adibning onasi Mariya Sergeyevna yelkasiga tushdi.

Shukshin yetti yillik maktabdan so‘ng Biy avtomobil texnikumiga o‘qishga kiradi. Biroq o‘qishni tamomlash nasib etmaydi: tug‘ilib o‘sgan qishlog‘iga qaytib, dehqonchilik qilishiga to‘g‘ri keladi. 1949 yil – Harbiy dengiz flotiga xizmatga chaqirtirilguncha turli korxonalarda slesarlik qilib kun ko‘radi. Uning adabiy faoliyati aynan harbiy xizmat paytida kurtak yozadi. Ilk hikoyalarini safdoshlariga o‘qib beradi. Harbiy xizmatdan so‘ng jonajon qishlog‘iga qaytgan Shukshin avval o‘rta maktab shahodatini oladi. So‘ng shu yerning o‘zida rus tilidan dars beradi. Ma’lum vaqt maktab direktori vazifasida ham faoliyat yuritadi.

1954 yilda Shukshin Moskvaga, Butunittifoq kinematografiya davlat institutiga o‘qishga kirish uchun yo‘l oladi. O‘g‘lining orzulari ro‘yobi yo‘lida onaizor ro‘zg‘orga yarab turgan sigirni ham pullab, Vasiliyning beliga tugib beradi. Olti yillik tahsildan so‘ng Shukshin institutning rejissyorlik fakultetini tamomlaydi. Bu vaqt oralig‘ida u nafaqat kino san’atining sir-asrorlarini o‘rganadi, badiiy ijod bilan ham jiddiy shug‘ulanadi. Tahsil paytida yozgan hikoyalarini ustozi Romm tavsiyasiga ko‘ra poytaxt nashrlariga yubora boshlaydi. 1958 yilda “Smena” jurnalida adibning birinchi hikoyasi “Aravada ikkovlon” chop etiladi. Xuddi shu yili “Ikki Fyodor” filmida ilk marotaba bosh rolni ijro etadi. O‘zining diplom ishi – “Lebyajiydan xabar berishmoqda” filmida Shukshin ham ssenariy muallifi, ham rejissyor va bosh rol ijrochisi sifatida namoyon bo‘ladi.

1963 yilda adibning ilk kitobi – “Qishloq ahli”, shuningdek, “Novыy mir” jurnalida qator hikoyalari chop etiladi. Bundan tashqari, ijodkor o‘z asarlari asosida ssenariy yozib, “Shunday yigit yashardi” kinofilmini suratga oladi. Kartina muallifi va rejissyori sifatida namoyon bo‘lgan Shukshinning balandparvozlikdan xoli, sodda ifoda uslubi tomoshabinlarga manzur bo‘ladi.

Vasiliy Makarovich ancha yillar davomida kino va adabiyotdagi faoliyatini uyg‘unlikda olib borishga intiladi. O‘tgan asrning yetmi- shinchi yillari Shukshin uchun juda samarali keladi. Qator filmlari turli tanlovlarda sovrinlar oladi, hikoyalar to‘plamlari chop etiladi, dramatik asarlari sahnalashtiriladi. Taniqli rejissyorlar uni o‘z filmlariga bosh rollarga taklif etadilar. Faqat bir holat serqirra ijodkorga bularning barchasidan to‘liq bahramand bo‘lishga monelik qilardi: Shukshinni eski dard – oshqozon yarasi qiynaydi. Garchi qizlari tug‘ilgandan so‘ng spirtli ichimliklar iste’molini to‘xtatgan bo‘lsa-da, yoshlikdagi bebosh kunlar o‘z asoratini qoldirib ulgurgandi…

Vasiliy Makarovich Shukshin 1974 yilning 2 oktyabr kuni Mixail Sholoxov romani asosidagi “Ular vatan uchun jang qilgan edilar” kartinasida suratga tushish chog‘ida vafot etadi.

Vasiliy Shukshin o‘z asarlarida qishloq hayotini haqqoniy, boricha tasvirlaydi. Bu muallifning oddiy insonlar turmush tarzini yaxshi bilishi, tili va dilini diqqat bilan kuzatgani boisidir. Adib bitgan satrlarda ruhiy olam boyligi, umuminsoniy qadriyatlar birlamchi ahamiyat kasb etadi. Shukshinning aksariyat qahramonlari oddiy mehnatkashlar, dehqonlar bo‘lib, har biri o‘ziga yarasha fe’l-atvorga ega, nordongina til-zabonli kishilar. Ba’zi qahramonlari bir qadar hardamxayol, o‘z olamida yashaydi, boshqalari esa qandaydir jasorat ko‘rsatishga moyil.

Shukshinning zamondoshi, rus adibi Vyacheslav Pyesux aytganidek: “Shukshin olami qanday zarralardan tarkib topganini tushuntirib bo‘lmaydi, bu oltmishinchi-yetmishinchi yillar rus hayotining batafsil anatomiyasidir, avlodlar bizni aynan uning asarlariga qarab o‘rganishadi.”

Vasiliy Shukshinning badiiy asarlaridan o‘zbek kitobxonlari ham bahramand bo‘lganlar. Uning qator hikoyalari O‘tkir Hoshimov,Xayriddin Sultonov,O‘rinboy Usmon tomonidan mahorat bilan o‘zbek tiliga o‘girilgan.

Manba: “Jahon adabiyoti” jurnali

Jovli Xushboq
AXLOQ — BU HAQIQATDIR
YOXUD VASILIY SHUKSHIN HAYOTIDAN LAVHALAR

09

044Ulug‘ iste’dodlar sodda bo‘ladi. Vasiliy Shukshinning qizi Mariyaning otasi haqidagi xotiralarini eslang: “Dadam men bilan Olgadan jonini ham ayamasdi. Men kasalmandroq edim. Otam karavatimda soatlab o‘tirardi. Qulog‘im og‘riganida tezroq sog‘ayishimni tilab iltijo qilgani esimda. Dadam uyda bo‘lganlarida oyimdan bolalarni o‘zlari uxlatgani yotqizishni so‘rardilar. Faqat dadamgina bizga kechalari ertak aytar, voqealarni yo‘l-yo‘lakay to‘qib ketaverardilar. U eng yaxshi enaga edi. Otam xonasida cheka boshlasa, men sigaretasini olib, yashirib qo‘yardim. Menga “Mashenka, sigareta ber”, deb orqamdan yurib yalinishi yoqardi. Men u kishini sog‘inardim, yonimda bo‘lishlarini istardim, chunki dadam ko‘p vaqt safarda bo‘lardi”.

Bor-yo‘g‘i qirq besh yil umr ko‘rib, uning asosiy qismini oddiy odamlar orasida o‘tkazgan Shukshin qanchalar oddiy inson bo‘lganiga bundan ortiq dalilning hojati bo‘lmasa kerak.

O‘tkir Hoshimov va Xayriddin Sultonov tarjimasida nashr qilingan “Chol, qiz va oftob” nomli hikoyalar to‘plamini bir o‘qib ko‘ring. “Qishloqilar” hikoyasida Malanya buvining Moskvaga kelishni taklif qilgan o‘g‘lining xatini o‘qib, qanchalik sarosimaga tushib qolgani kulgingizni qistaydi. Unga achinishni ham, ustidan kulishni ham bilmaysiz. Buvining nevarasi Shurkaga maslahat solib, o‘g‘limnikiga borsammi-bormasammi, deya ikkilanishlari sodda qishloq ayolining xarakterini ochib beradi.

Atigi o‘n olti yilgina qalam tebratgan adib ba’zi ijodkorlar ellik yilda ham uddalay olmagan sermahsul ijod xirmonini yaratib ketdi. Yarim mingta hikoya yaratishning o‘zi bo‘ladimi? “Erk bergali keldim qoshingga” hamda “Lyubavinlar” romanlari va yana uchta qissasi ham bor. “Xo‘roz uch qichqirguncha” (Sulaymon Rahmon tarjimasi)ni esa qayta-qayta o‘qiging kelaveradi.

Asar nuqul dialoglar asosiga qurilgan. Dialoglar orqali qahramonlar xarakteri shunday qoyilmaqom tasvirlanganki, hatto o‘sha obrazga prototip bo‘lib chiqadigan kishi: “Yopirim-ey, menga xuddi quyib qo‘ygandek o‘xshar ekan”, deya hayratlanishi turgan gap.

O‘quvchini bu darajada asir qilish, sehrlay olish har qanday adibning ham qo‘lidan kelavermaydi. Adabiyotshunoslar Yuriy Kazakovni Buninga, Valentin Rasputinni Dostoyevskiyga o‘xshatishadi, qiyoslashadi. Vasiliy Shukshinni esa “zamonaviy Gorkiy” deya ta’riflashadi.

Voqealarni tasvir etish uslubiga ko‘ra ular bir-birlariga o‘xshashi mumkin. Biroq ulug‘ adibning o‘z ijodi haqida nimalar deganini ham bir o‘qib ko‘ring: “Hikoyada hamma narsa tushunarli, hatto undan ham ziyod bo‘lishini istayman”.

“Adabiyotda hamma vaqt qandaydir sport musobaqasiga o‘xshagan holat bor. Qani kim ixchamroq yozadi? Kim murakkabroq! Kim jur’atliroq! Holbuki, adabiyot — haqiqatdir. Kashfiyotdir. Unda kim dadilu kim murakkabu, kim epikroq — buning hech ahamiyati yo‘q. Haqiqat borki, adabiyot bor”.

Yozuvchi yaratgan barcha asarlarida, beshta badiiy filmida bunga og‘ishmay amal qildi, rostgo‘ylikni, haqiqatni o‘z ijodi uchun shior qilib oldi.

***

Vasiliy Shukshinda Olloh tomonidan berilgan buyuk iste’doddan tashqari hayotiy tajriba ham mo‘l bo‘lganini bilasizmi? Murakkab, buning ustiga og‘irdan-og‘ir hayot yo‘lini qadamma-qadam bosib o‘tishga to‘g‘ri kelganini eshitganmisiz?

Avvalo, Shukshinning onasi Mariya Sergeyevna haqida. “Mening onam… ikki bor turmush qurdi… Ikki bora ham beva qoldi, — deb yozadi adib. — Birinchi marta yigirma ikki yoshida, ikkinchi marta o‘ttiz bir yoshida tul xotinga aylandi. Farzandlari kamoli uchun juda ko‘p kuch-g‘ayrat, nafsilambrini aytganda, butun hayotini bag‘ishladi. Endi u o‘g‘lim odam soniga kirib qoldi, shaharning kattakon amaldoriga aylangan, deb o‘ylaydi. Mayli, o‘ylasa, o‘ylay qolsin. Hikoya yozishni men onamdan o‘rganganman”.

Otasi-chi? Otasi Makar Leontevich xalq dushmani deya qoralanib, otib tashlangan. Uchta xolasining hammasi beva bo‘lib qolganini aytmaysizmi? Hattoki singlisi Natalya ham beva edi.

Vasiliy Shukshin Stalin vafotidan bir yil keyin — 1954 yili Oltoy o‘lkasidagi Srostkini qishlog‘ini tark etdi. Moskvada o‘qidi. O‘shanda ham jigarlarini, birinchi navbatda jondan aziz onasini yo‘qlab turdi, unga ketma-ket xatlar yozdi. Adibning Sherali Sokin tarjimasida e’lon qilingan xatlaridan biriga ko‘z yugurtiraylik:

“Mehribonim, onam!

Men sog‘-salomatman, ishlarim joyida. Sog‘ligim ham chakki emas. Mana, kartinada ko‘rarsiz, hatto semirganman. Hammasi ko‘ngildagiday, qadrdonginam.

Onajon, agar malham biroz behuzur qilsa, u holda dorini tunda, uyqu oldidan iching. Muhimi, u kishini uyquga moyil qiladi. Dorini ichish jarayonini iloji boricha uzoqroq davom ettirish kerak. Odamlar yillab ichishadi: o‘rganib ketishadi, hatto yoshi bir joyga borib qolganlar ham ichishadi. Nima bo‘lganda ham mazkur doridan Sizga hech qanday ziyon-zahmat yetmaydi.

Qizaloqlarim xudoga shukur, chopqillab yurishipti. Yaqinda Moskvada uch kun bo‘lib, Masha bilan u o‘qiydigan maktabda bo‘ldim… Ham kulasan, ham kuyasan. Uni maktab o‘quvchisi degani ham til bormaydi. Uzzukun Olga va quyon bilan (kvartiramizda quyon asraganmiz) o‘ynab, uy vazifalarini unutadi.

Mana shunday ikir-chikirlarni hisobga olmaganda, xotirjammiz. Yuborilgan posilkangiz haqida xabar keldi. Ammo yakshanba kuni edi. Lida hozir Bolgariyada (10 kunga, birinchi oktyabrga qadar), bolalarimga qaynonam qarab turibdi. Ehtimol, posilkani qaynonamga berishar, yo‘q deyishsa, Lida keladi”.

Vasiliy Shukshin onasini shunchalar yaxshi ko‘rar ediki…

Axir, onasi ne-ne azob-uqubatlarini boshidan kechirmadi. Eri xalq dushmani sifatida otilib ketganidan keyin yana turmush qurdi. Pavel Nikolayevich Kuksin bilan bir yostiqqa bosh qo‘ydi. Vasiliy Shukshin ana shu kishining tarbiyasini oldi. Lekin, o‘gay otasi ham urushda qazo qildi. 14 yoshli Vasiliy urush ayni qizigan pallada Biysk avtomobil texnikumida o‘qir edi. Otasining o‘limi sabab moddiy jihatdan yana nochor ahvolga tushib qolishdi, o‘qishni tashlab ketishga majbur bo‘ldi. U hatto harbiy bilim yurtidan ham o‘qimay ketib qolgandi.

Buyuk adib behudaga “Qishloqilar”, “Ona qalbi” hikoyalarini yaratmagan, ularga bosh qahramon qilib onani tanlamagan ko‘rinadi. Buning asosiy sabablaridan biri munis va mehribon onasiga bo‘lgan mehri edi.

“ — Aylanay, bolajonlarim! — yig‘lab yubordi u. — Ichganda har narsa bo‘lishi mumkin-ku, axir?! Mast bo‘lgandan keyin urishgandir… Rahm qilinglar unga!..

Onaning bu ahvoliga chidab turish oson emas edi. Uning nolasida shuncha g‘am, alam, tashvish to‘lib-toshgan ediki, bu yerdagilarning hammasi noqulay sezardi o‘zini. Kim teskari o‘girilib oldi, kim esa sigaret yoqib chekishni boshladi…

— Yolg‘iz o‘g‘lim. Menga qaraydigan ham, boqadigan ham shu. Yaqinda u uylanmoqchi edi. Agar uni qamab qo‘yishsa nima bo‘ladi-a? Qiz esa yaxshigina edi. Durust oilaning farzandi edi, essiz…”

***

Vasiliy Makarovich Shukshinning qizlari ham onasi kabi mehribon edilar. Uning uchta qizi bor edi.

Otasining orzulari bir dunyo bo‘lganini qizi Mariya ham e’tirof etadi: “Onamning aytishlaricha, dadam serfarzand bo‘lishni, o‘g‘il ko‘rishni orzu qilgan ekan. O‘g‘il ko‘rsa ismini Makar yoki Stepan Razinning sharafiga Stepan deb atamoqchi ekan. Agar dadam erta o‘lmaganida edi, oyim bilan ikki qizga qarab o‘tirmasdan yana farzand ko‘rishardi, deb o‘ylayman. O‘z vaqtida dadam men bilan singlimga “Agar o‘g‘il ko‘rsangizlar ismini Makar qo‘yinglar” deb tayinlangan edi. Singlim o‘g‘lining ismini otamning sharafiga Vasiliy deb qo‘ydi. Mening esa Makar degan o‘g‘lim bor. Bunday ism uchun dadamdan juda minnatdorman. Bu haqiqiy erkakcha ism”.

Ilgari “Vasiliy Shukshin ko‘p ichadigan kishi bo‘lgan, chekishni ham xush ko‘rgan. Ammo, qizlaridan biri, to‘g‘rirog‘i, Mariya sabab bo‘lib ichishni deyarli tashlab yuborgan”, degan gaplar yurardi. Mariya Shukshina “Argumentu i faktu” gazetasiga bergan intervyusida bu voqeaga oydinlik kiritadi: “Iste’dodli shaxslarning yutuq va kamchiligi ko‘p bo‘lishi tabiiy. To‘g‘ri, otam ichkilikka o‘ch bo‘lgan. Ammo, farzandlarning tug‘ilishi hammasini o‘zgartirib yubordi. Onamning aytishicha, bir necha oyligimda otam men bilan sayr qilgani chiqadi. Men yotgan aravachani ko‘chada qoldirib, qandaydir “do‘stlari” bilan pivoxonaga kiradi. Uyga yolg‘iz qaytadi. Onam eshikni ochishi bilan “Masha qani?” deb so‘raydi. Dadam peshonasiga urib, buriladi-yu, shamoldek uchadi. Onam o‘zini yo‘qotib, zinapoyada emaklab qoladi. Chunki, biz sayrga chiqqanimizdan buyon ancha vaqt o‘tgan ekan-da. Xudoga shukurki, ular meni qo‘yib ketilgan joydan topishadi. Men hammayog‘imni ho‘l qilgancha uxlab yotgan ekanman. Yaxshiyam aravachani birov haydab ketmapti. Shundan so‘ng dadam hatto bayramlarda ham bir tomchi ichmaydigan bo‘ldilar. Men yaqinda Leonid Kuravlev va rafiqasidan: “Dadam hech bo‘lmaganda yangi yilda bir qadah ichgan bo‘lishlari mumkin-ku”, deb so‘radim va “hech qachon” degan javobni eshitdim”.

Bu fikrlar shundan dalolat beradiki, Vasiliy Shukshinda kamdan-kam kishilarda bo‘ladigan iroda, farzandga mehr kuchli bo‘lgan! O‘ta og‘ir azob-uqubatlarni, qiyinchiliklarni boshidan kechirgan, mehnatda toblangan adib sabot-matonatli ham edi! Ikki o‘quv yurtini tashlab ketib, o‘n sakkiz yil chilangarlik qilishning o‘zi bo‘larkanmi? Buning uchun mehnatkashlikdan tashqari chidamlilik ham bo‘lishi shart emasmi? Hisoblab ko‘ring. Bor yo‘g‘i 45 yillik umr. Uning atigi o‘n olti yili ijodga — qalam tebratishga bag‘ishlangan.

O‘n sakkiz yil oddiy ishchilik! Buning ustiga kvartirasi bo‘lmagan va doim safarlarda kechgan aksariyat vaqtlarda yotoqxonalarda, mehmonxonalarda, shifoxonalarda ijod qilishga majbur bo‘lgan…

Shulardan ortib onasiga, xotiniga, qizlariga mehr qo‘yganini aytmaysizmi? Birinchi turmush o‘rtog‘i Viktoriya Safronovna unga qiz tug‘ib beradi. Ammo, nima uchundir buni ikkinchi oilasidan sir tutishga urinadi.

Adib 34 yoshida Viktoriya Safronovnaga uylangandi. Keyinchalik, Lidiya Nikolayevna bilan turmush qurdi. Undan ikki qiz ko‘rdi. Ularning ismi Mariya va Olga edi. Ular kinorejissyor va televideniye xodimi sifatida tanildilar.

***

Sevgi deganlari nahotki yolg‘on tuyg‘u bo‘lsa? Axir, Vasiliy Shukshin ham Lidiya Nikolayeevna Fedoseyeva-Shukshina ham bir-birini shunchalik sevishardiki… Hatto, buni — yozuvchi o‘limidan so‘ng turmush o‘rtog‘i erga yolchimay qolishini tasavvur qilish mushkul edi.

“Argumentu i faktu” gazetasi Vasiliy Shukshinning o‘limidan so‘ng uning umr yo‘ldoshi L.N.Shukshinaning so‘zlarini e’lon qilgandi. Unda quyidagilar yozilgan: “Hozir hisoblab ko‘raman…yo‘q, to‘rt marta emas, hozir rasmiy jihatdan uchinchi erim bilan yashayapman. Birinchi marta yoshligim, axmoqligim sababli na men, na u baxtli bo‘ldik: xullas xato qildik. Har kim xato qilishi mumkin. Biz tezda ajrashib ketganmiz. Keyin Shukshinni uchratdim. Albatta, u taqdirimga bitilgan iqbol edi. To‘g‘ri, uning fe’l-atvoriga uncha-muncha odam chiday olmasdi, lekin men u paytlari ancha ko‘ngilchan, sabr-toqatli edim. Shukshindan keyin operator Mixail Agranovichni uchratdim: ajoyib inson edi. Menga bolalarimni voyaga yetkazishda yordam berdi. Biz yengiltakligimiz oqibatida ajralishib ketdik. Yanglishmasam, u ham endi pushaymon qilayotgan bo‘lsa kerak. Biz u bilan ZAGSdan o‘tmagan edik. Hozirgi erim bilan 1986 yili Polshada tanishganmiz. U yerda “Yanushka haqida ballada” filmi suratga olinayotgandi: shunaqa sakkiz ceriyali polyak filmi bo‘lardi. Bu film Polshada juda mashhur bo‘lib ketgan, men bosh rolni ijro etganman. Menga “San’at” ordeni berishgan edi. O‘sha filmda Marek rassom edi”.

Vasiliy Shukshinning o‘limidan so‘ng uning umr yo‘ldoshi mana shunday ahvolga tushib qoldi. Mariya Shukshina onasining yuqoridagi kabi xatti-harakatlariga salbiy munosabat bildirmaydi. Jurnalistning “Lidiya Nikolayeevna taqdirning ko‘rligiyu-bebaqoligiga tan berib, o‘ziga nafaqat yashashga, hatto sevishga ham erk berdi” degan ta’nali savoliga javoban shunday deydi: “Ha, u otam vafot etgach, kinooperator Mixail Agranovichga turmushga chiqdi. Bu odam menga sakkiz yoshimdan o‘n sakkiz yoshimgacha tarbiya berdi. Buning uchun men undan minnatdorman. Darvoqe, u meni ajoyib pishiriqlar pishirishga ham o‘rgatdi. Keyinroq o‘gay otamni onam boshqa bir erkak-polyak eri bilan almashtirdi. So‘ngra esa Bari Alibasov bilan Layliyu-Majnun bo‘lib qoldi. Men onamning bunday ishqibozliklariga xotirjamlik bilan qarayman. Shaxsiy hayotiga aralashgim kelmaydi.”

***

Vasiliy Shukshin ijodini kinodan ayri holda o‘rganish ham, tadqiq etish ham mushkul. Chunki, u butun hayotini turli filmlarda aktyor sifatida rollar ijro etishga bag‘ishladi. Ko‘pgina filmlarga rejissyorlik qildi. Hayron qolasan kishi. Bunga qanday qilib ulgurdi ekan? O‘ntaga yaqin ssenariy yozishning, salkam o‘ttizga yaqin rol ijro etishning o‘zi bo‘ladimi? Buning uchun qanchalik ko‘p vaqt, mashaqqatli mehnat zarur emasmi? Beshta filmni yaratishga, romanlar, qissalar, yuzlab hikoyalar yozishga qanday muvaffaq bo‘ldi ekan? “Alvon bodrezak” filmi shov-shuv bo‘lganidan xabaringiz bormi?

Filmdagi Igor obrazi shunchalik mukammal ediki… Shukshinning o‘zi hatto: “Unga juda achinaman. Bu taqdir yuragimni nihoyatda achishtiradi. Sharoit boshqacha bo‘lganida u tamoman ajoyib inson bo‘lardi” deydi o‘kinch bilan.

“Alvon bodrezak” filmi kutilmaganda yuzaga keldi. Adib bir kuni voyaga yetmaganlar qamoqxonasiga borib uchrashuv o‘tkazdi. Bu voqeadan, uchrashuvdagi fikrlardan nihoyat darajada ta’sirlandi. Hatto uch kun o‘ziga kelolmay yuradi. Va nihoyat shu hodisa sabab film yaratish g‘oyasi tug‘iladi.

Vasiliy Shukshin zo‘r mahorat, katta hayajon va mehnat tufayli film ssenariysini yozib tugallaydi. Ammo… Unga qarshiliklar ko‘p bo‘ldi. Hatto suratga olish jarayonida ham nochor ahvolga tushib qoldi. Gorkiy nomidagi kinostudiya va tegishli idoralar hattoki uni plyonkadan ham qisib qo‘ydi. Bir amallab shalag‘i chiqqan asbob-uskunalar bilan kinoni nihoyasiga yetkazadi.

Lekin, Shukshinning baxtiga bir nechta filmlarga qo‘shib “Alvon bodrezak”ni ham Leonid Ilich Brejnevga ko‘rsatish uchun olib ketadilar. Tavba, kino sohasi mansabdorlariga yoqmagan badiiy film birdaniga Brejnevni qiziqtirib qo‘yadi!

Davlat kino qo‘mitasidagi amaldorlar ko‘klarga ko‘tarib maqtagan filmlar bir yoqda qolib, Leonid Ilich aynan “Alvon bodrezak”ni yaxshi ko‘rib qolganini aytmaysizmi? Hattoki uni tomosha qilib o‘tirib ko‘zlaridan shashqator yosh chiqib ketganini o‘ziyam sezmay qoladi. Tabiiyki, davlat rahbariga juda ma’qul kelgan badiiy film boshqalarni ham befarq qoldirmaydi.

Tanqidchi Vladimir Solovyov “Ssenariy va film” maqolasida shunday yozgan edi: “Men Leningradda, “Kosmonavt” kinoteatrining oldida yashar edim. “Alvon bodrezak” badiiy filmiga biletni bir kun oldin bo‘lsa-da navbatga turib olishimga to‘g‘ri kelgan edi. Nega? Buning sababi nimada? Muallif bugungi davr dramatizmini asarga singdirib yubora olgan, qahramonni fojiaga — o‘limga olib kelgan hodisalar oqibatini teran tadqiq eta olgandi”.

“Ko‘l bo‘yida”, “Xaloskorlik”, “Mishka, Seryoja va men”, “Jurnalist” singari filmlar yaratilishida uning xizmati beqiyos bo‘lganligini hali-hanuz ehtirom bilan eslaydilar. Davlat kinematografiya institutining rejissyorlik fakultetini bitirgan Vasiliy Shukshin rus kino solnomasiga ulkan ulush qo‘shganlardan biri sifatida tilga olinadi. Shu boisdan ham mashhur kinorejissyor Sergey Gerasimov u haqda: “Bu yozuvchi, rejissyor va aktyor menga yaxshi tanish. Men uni kinematografiya sohasidagi tarjimai holi boshlangan yoshlik chog‘idan bilaman”, deydi.

Unga Davlat mukofoti, RSFSRda xizmat ko‘rsatgan san’at arbobi unvonlari bejiz berilmagan. Agar 45 yil emas, ehtimol hech bo‘lmaganda 65 yil yashaganida, balki Nobel mukofotiga ham sazovor bo‘lishi tayin edi…

***

O‘zbek o‘quvchilari Shukshin asarlarini asosan Asqad Muxtor, O‘tkir Hoshimov, Xayriddin Sultonov, Erkin Mirobidov, Shodmon Otaboyevlar tarjimasida o‘qish sharafiga musharraf bo‘lganlar. Ammo, keyingi yillarda ham bu xayrli yumush bir joyda depsinib qolgani yo‘q. Yaxshi asarlardan biri “Kuyovim bir mashina o‘tin o‘g‘irladi” Sherali Sokin tarjimasida chiqdi. “Mikroskop” esa Mehmon Islomqulov tomonidan o‘zbekchaga o‘girildi…

Qani endi iste’dodli tarjimonlarimiz yozuvchininggina emas, jahon adabiyotining o‘lmas badiiy mulkiga aylangan “Erk bergali keldim qoshingga” romani, “Uzoq-uzoqlarda”, “Alvon bodrezak” hamda “Meni yorqin ufqlarga chorla” singari ajoyib asarlarini o‘zbek kitobxonlari mulkiga aylantirishsa, deya orzu qilging keladi!

Kelajakda bu asarlar o‘zbekchaga tarjima qilinar, deya umid qilamiz.

***

Vasiliy Shukshining o‘limi haqida so‘z ketganda, yurak larzaga keladi. Bu achinishmi yo ulkan adibga nisbatan mehrmi — buni darrov anglab yetolmaysiz.

Yozuvchining o‘zi o‘limini oldindan sezgan, degan taxminlar ham yo‘q emas. Mana, qizi Mariyaning so‘zlari: “Otamiz vafot etganda men sakkiz yoshda edim. Eng chuqur va eng qayg‘uli xotira uning “Ular vatan uchun jang qildilar” filmiga suratga tushish uchun jo‘nab ketayotgandagi holati bo‘lsa kerak, deb o‘ylayman. Men uni mashinagacha kuzatib bordim. Yarim yo‘lda to‘xtab, u meni o‘pib qo‘ydi. Mashinaga o‘tirgach, menga qayrilib qaradi. Uning ko‘zlari yoshli edi. Bu vidolashuv nigohi edi. Bu nigohni bir umr eslab qoldim. Otam film suratga olinayotganda vafot etgan”.

Aslida qanday bo‘lgandi? Rasmiy ma’lumotlarga tayanadigan bo‘lsak, u 1974 yilning 2 oktyabrida, tunda “Dunay” teploxodi kayutasida olamdan o‘tgan. O‘sha kunlari ularning guruhi Volgagrad yaqinidagi Melologovskiy xutorida Mixail Sholoxovning “Ular vatan uchun jang qildilar” filmini suratga olishayotgandi. Bu filmda Shukshin Lopaxin rolini qoyilmaqom qilib ijro etayotgandi.

Balki, Shukshin kasallikdan, og‘ir darddan aziyat chekkandir? U onasiga yozgan xatlaridan birida shunday deb ta’kidlaydi: “Kelaman deb va’da berib, o‘zim ham qiynalib ketdim, sizlarni ham qiynab yubordim. Etak silkib yo‘lga chiqishning ilojini qilolmayapman. Hozir esa oshqozon yarasi vajidan shifoxonada yotibman. Picha davolanay. Oldinda meni ulkan mashaqqatli ish (Stepan Razin haqida uchta film) kutib turipti. To‘rt yillar chamasi zo‘riqib ishlashim kerak. U holda davolanishga qo‘l tegarmidi?”

Yo‘q, u bu darddan tuzalib ketgandi. Ehtimol, yurak xuruji… Haqiqat uchun kurashgan, hayotiy voqealarni bo‘y-basti bilan ro‘y-rost tasvirlagan adib o‘sha davr amaldorlariga yoqmay qolganmidi? Bu haqdayam aniq fikr bildirish mushkul. Lekin, ulug‘ odamlar bashoratchi bo‘lishadi, degan taxminlar bor. Bekorga Vasiliy Shukshin o‘limidan bir kun avval motam marosimini rasmda jonlantirmagan ko‘rinadi. U nimalarnidir oldindan sezgan, o‘limi yaqin qolganini his etgan…

Ko‘plar uni yurak kasalligidan vafot etganiga ishonib-ko‘nikib qolgan bir pallada shov-shuvlar avjiga mindi. T.Ponomaryovaning “Shukshinning sirli muhabbati” to‘plami barcha muxlislarni dovdiratib qo‘ydi. T.Ponomaryova fikrlar, mulohazalar, taxminlar va ayrim kishilarning ishonch bilan aytgan so‘zlarini jamlaydi va Shukshin o‘z ajali bilan qazo qilmagan, degan kutilmagan xulosaga keladi. Kim rost aytayapti? Shifokorlarmi, hamkasblarimi yoki yaqindagina kitobi nashr qilingan muallifmi? Nahotki, adibni zaharlashgan bo‘lishi mumkin, degan so‘nggi xulosaga ishonish kerak bo‘lsa? Balki, shundaydir… Yana kim biladi, deysiz… Zamonga mos kelmagan, tuzumga qarshi fikr bildirgan necha-necha kishilar dom-daraksiz “o‘z ajali bilan” o‘lib ketganlari haqidagi ertakka o‘xshash gaplar ehtimol Vasiliy Shukshinga ham mos kelar?

Hayotda qabohatlar bolalab ketgan bir davrda umr kechirgan adib yuragi amriga qarshi borolmadi: faqat haqiqat yo‘lini tutdi. Shu bois uning so‘zlari hamon qalblarimizda ezgu shior kabi jaranglaydi: “Ahloq bu haqiqatdir. Haqiqat bo‘lganda ham ulkan haqiqat. Zero, ahloqli bo‘lish — bu jasorat, poklik bu demak xalq quvonchi, g‘ami, tashvishi bilan nafas olmoq, xalq o‘ylaganidek fikr yuritish, chunki xalq haqiqatni doimo bilib yashaydi.” Bunday dadil, jasorat bilan so‘zlashning o‘zi bo‘ladimi?..

Qisqa umri davomida jahon kinosi va adabiyotiga ulkan badiiy asarlar bilan ulush qo‘shgan buyuk yozuvchi va kino namoyondasi ana shunday murakkab, mashaqqatli va shonli yo‘lni bosib o‘tgan edi.

034

(Tashriflar: umumiy 1 126, bugungi 1)

Izoh qoldiring