Xurshid Davron. Navoiynoma. XIV. Shahzodalar isyoni. Badiuzzamon mirzoga maktublar. Mo’min mirzoning qatli & Abdulla Oripov. Mo’min Mirzo

Ashampoo_Snap_2016.12.29_14h48m09s_001_ a.png    Алишер Навоий доим Ҳусайн Бойқарони адолатли ва маърифатли ҳукмдор қиёфасида кўриш орзуси билан яшади. Турли сабаблар билан Ҳусайн Бойқарога, шаҳзодаларга ва бошқа амалдорларга ёзган мактубларида уларни инсоф ва адолатга чақирар, давлат идора усулида мустаҳкам тартиб ўрнатиш ва айрим ислоҳотлар ўтказишга ундар эди…

1490 йилларнинг ўрталарига келиб мамлакатда ижтимоий-сиёсий танглик кучая бошлайди. Темурийлар хонадонида ҳукмдор ўғиллари ўртасида юзага келган зиддиятлар эса бу тангликни янада кучайтиради. Ҳар бир шаҳзоданинг ўз тарафдорлари бўлиб, уларни муросага келтириш кўп вақт Алишер Навоий зиммасига тушар эди. Бош вазир Низомулмулк эса 1496—97 йилларда бу оилавий можароларда бир томонлама ҳаракат қилиб, Музаффар Мирзонинг онаси — Хадича бегимга ён босади. Шу асосда Ҳусайн Бойқаро билан Астрободда ҳокимлик қилаётган Бадиуззамон ўртасида ҳарбий тўқнашув юз берди. Саройдаги фитна, жумладан, Низомулмулкнинг қабиҳлиги натижасида Бадиуззамоннинг ўғли, Ҳусайн Бойқаронинг энг севимли набираси, Навоийнинг эса ихлос қўйган шогирди Мўмин Мирзо фожиали ўлдирилади. Булар ҳаммаси Алишер Навоий ҳаёти ва кайфиятига салбий таъсир кўрсатади.

Алишер Навоийнинг шеърий даҳоси 15-аср охирларига келиб яна жўш урди. У 2 йил мобайнида 2 та йирик асар — «Лисон ут-тайр» («Қушлар тили») достонини ва «Муҳокамат ул-луғатайн» («Икки тил муҳокамаси») номли илмий асарини яратди. Алишер Навоийнинг сўнгги буюк асарларидан яна бири насрий панднома юсинида ёзилган «Маҳбубул-қулуб» («Қалблар севгани»)дир. У Шарқ адабиёти тарихида Шайх Саъдийнинг «Гулистон», Кайковуснинг «Қобуснома», Низомий Арузи Самарқандийнинг «Чор мақола» каби асарлари қаторида туради. Бу асарида Алишер Навоий ўзининг ҳаёт йўлини, бошидан кечирган турмуш машаққатларини ёрқин тасвирлаб берган.

НАВОИЙНИНГ ШАҲЗОДА БАДИУЗЗАМОН
МИРЗОГА БИТГАН МАКТУБЛАРИ
009

 БИРИНЧИ МАКТУБ

Пайғамбар саллаллоҳи алайҳи вассалам буюрубтурким, «ризо урробби фир—ризаил валиди ва сахатун арроби фи сахатул—валиди»(1) яъни тенгри таоло ризоси ота ризосиға вобастадур ва тенгри таоло ғазаби ҳам ота ғазабиға вобастадур. Бас киши ота ризосин ҳосил қилса, тенгри таоло ризосини ҳам ҳосил қилмиш бўлғай ва ота ғазабиға учраса, тенгри таоло ғазабиға учрамиш бўлғай. Мундоқ бўлғондин сўнгра киши нечук ота ризосидин айру дам урғай ё қадам қўйғай. Ва машойих раҳимуллоҳ сўзи буким, «валадука раббука», яъни отанг парвардигорингдур, бу жиҳатдинким, тенгри таоло сени йўқдин бор қилмоққа васила улдур ва туфулиятдин шабоб синниғача парвариш бергувчи ул. Ва Ҳаким Сулаймон алайҳурраҳмата(2) валғуфрон рўзидурким, ота қодири қайюм, она розиқи марсум ва Адиб Аҳмад(3) раҳматуллоҳ дебдурким,

Р у б о и я:

Атодин хато келса кўрма хато,
Савоб бил хато токи қилса хато.
Атонинг хатосини билгил савоб,
Сени юз балодин қутқарғай худо.

Иброҳим Халил(4) салавот ур—раҳмон алайҳининг атоси бовужуди улким, Озари буттарош(5) эрди, ул ҳазрат атосиға насиҳат қилурда нидо келдиким, таъзим ва мулоямат била насиҳат қил.

Ва Юсуф алайҳиссалом ҳазрати Яъқуб алайҳиссаломға саҳв юзидин бир тарки адаб қилғон учун, бовужуди нубувват ваъда будурким, сойири анбиёдин етмиш йилдин сўнгра биҳиштга киргай ва Ҳомким Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғлидир, ул ҳазратқа адаб тарки қилиб, ул ҳазрат дуоси била ганги қаро бўлуб, пайғамбарлиқ анинг наслидин мунқатеъ бўлди.

Ғараз бу муқаддимотдин улким, бу банда дойим сизга давлатхоҳлиғ сўзин айтибмен ва сизни умру давлатдин бархурдор тилаб, дуо қилибмен ва ҳар номуносиб ишким, сиздин кўрубмен сизга айтибмен, балки китобларимда насиҳатномалар назм қилиб, арзингизға еткурубмен.

Бу учурда бир неча иш сизнинг тарафингиздин эшитилдиким, вожиб кўрунди сизга арз қилмоқким, борча Мирзонинг жонибининг риоятидин ғофил бўлғон чоғлиғ кўрунди.

Бири улким, вилоят молин машваратсиз олиб турурсиз ва бу маъҳуд эмас эрди. Ҳеч уч—тўрт кун эмаским, бир кишингиз келмас, агар имойи қилсангиз эрди» йўқ дейилмагуси эрди.

Яна улким, битибсизким: «Астрободға киши юбормангким, бермагумдур». Бу мазмунни ҳам мулойимроқ битиолур эрдингиз ва «Ироқ вилоятларин улашибмен» деб битибсиз. Иншооллоҳ, Ироқ иликка киргай. Кирмасдин бурун, Мирзо била бир—икки қатла сўзлашмай, арз қилмай, бу иш қилилмиш бўлса, ўзга элдин ажаб бўлмаса, сиздан ажаб воқеъ бўлубдур.

Керак эрдиким, шаръ риояти учун, ўзингиз ҳам оз ё кўп соқол қирқмасангиз эрди, то анга не етгайким, элингизнинг ҳам соқолларин қирқтурмағайсиз. Мунда кўп сўз бор, деса бўлмас.

Яна улким, бир нишонингизни келтурдилар, туғросида Мирзо отини битмайдурсиз. Сиздек оқил, хуштабъ мусулмонваш йигитдин мундоқ нималар раво бўлғайму? Агар бу нишонни билиб битибсиз, не ҳисоб била бўлубтур, агар мунши ё ғайр саҳв қилибдур, нечук ҳар нишонни ўзунгиз кўрмай бир ерга юборилгай?

Ота била ўғулдин ўғул била ота орасида фарқлар бор Бойсунғур мирзо(6) ўғлонларидин Бобир мирзодек(7) эрмас эрдингизким, кўп шафқат кўрмамиш бўлғайсиз. Улуғбек мирзо(8) фарзандларидин Абдуллатиф(9) мирзодек ё Жаҳоншоҳ(10) мирзо ўғулларидин Ҳасаналидек(11) тенгрилик ўртададур. Сизнинг кўпрак ишингиз орасида бу фақир эрдим, борчадин соҳиб вуқуфмен. Сиз дойим барча махдумзодаларнинг махдуми ва Мирзонинг севиклуги ва қурратул айни эркансиз. Ўзунгиз билурсизким, Мирзонинг мофиз замирин нисбат сизга бу фақирдин яхшироқ кимса билмас. Биллоҳилазимким ушбу битгандек маълум қилибмен.

Ҳолоким, Астрободни бериб, яхши навкарлар қўшуб сизни йибордилар ва бу хабарлар Ироқдин келурин ва яна кўмаклар хаёл қилиб эрдилар. Ҳам маҳдумзодалардин ва ҳам беклар, ичкилардин ва ҳам сойир халқ сиздин андоқ кўз тутар эрдиларким, агар Ироқ вилояти фатҳ бўлса дағи хизматгорлиғ, бандалиғингизни улуғроқ қилғайсиз. Ҳануз ҳеч ерда ҳеч нима йўқ бу навъ суратларким, зоҳир бўладур — сиздин ҳайфдур.

Мирзога Темурбек(12) тўртунчи насабдур. Мирзо хутбада бекнинг отиға шариф руҳиға масжиди жомеъда ҳар одина куни дуо қилдурурлар. Бу ишда Мирзоға ҳам дуодин ўзга не келгай. Сиз нишонингиз тўғросидин Мирзонинг муборак отин чиқорурсиз. Керак Ироқдин Макка, балки Мағриб заминғача олсангиз бу воқеа бўлмаса эрди. Агар Мирзони заиф хаёл қилибсиз — тенгри таоло қавийдур. Фарзанд керак заифлиғида отасиға хизмат маҳаллин топтим деб, жонсипорлиқ қилса.

Биллоҳ, Мирзонинг азиз боши ва сизнинг бошингизким, бу арзадошт битилган тарихдин йигирми кундин бурунроқдин ҳар сабоҳдин туш вақтиғача, пешиндин оқшомғача ўлтуруб, онча иш қилурларким, неча девон, неча нависанда, неча бахши, неча парвоначи жонлариға етиб, неча хийла била қутулурлар. Бу маънидин фарзанд Мавлоно Дарвеш Муҳаммад(13) соҳиб вуқуфдур. Бу навъким, ўзлуги била борча ишининг нақир ва қитмириға етишиладур. Агар ўтган авқот мунунгдек бўлса эрди, не ишларким бўлмағай эрди.

Соҳиб давлат салотин мушфиқ ва давдатхоҳ қулларининг беғараз сўзларига кирибдурлар. Ўзингиз билурсизким, Мирзо тобуғида бу қул не навъ сўзларга густохлиқ қилибмен. Сизнинг дағи қошингизда ҳамул дастур била воқеъ бўлубдур. Ёшингиз узун бўлсун. Андоқ кам воқеъ бўлубдурким, бу қулнинг сўзин рад қилмиш бўлғайсиз. Эмди дағи бу қулнинг жони куйганда, ўзгаларнинг этаги куймас. Бу бир неча сўз густоҳлиқ қилилди умид улким, қабул тушгай. Тушмаса бу банда айтур сўзни бўйнумдин адо қилмиш бўлғаймен.

Тенгри таоло тонуқдурким, бу арзадошт Мирзо буйруғи била эрмас, балким вуқуфлари ҳам йўқдур. Хаёлингизға келмағай — буйруқ била битилибдур. Чун сизнинг тобуғингизда айтурча давлатхоҳлиғ сўзини айтурға маъмурмен. Ул жиҳатдин гўстохлиқ била арзадошт битилди.

Изоҳлар

1. Тангри ризоси ота ризосига вобастадур, тангри ғазаби ҳам ота ғазабига вобаста.
2. Ҳаким Сулаймон — Туркий машойихлардан. Аҳмад Яссавий муриди. Сулаймон Боқирғоний номи билан шоир сифатида ҳам машҳур. Навоий уни «Насойим ул—муҳаббат»да зикр этган.
3. Адиб Аҳмад — Навоий уни ҳам «Насойим»га киритган. «Ҳибат ул-ҳақойиқ»нинг муаллифи. Туғма кўр бўлган. Адиб Аҳмаднинг туғма кўрлиги ҳақида достондаги маълумотни А.Навоий янада аниқлаштириб, шоирнинг «кўзлари бутов (ёпиқ, битган) эрмишки, асло зоҳир эрмас эмиш. Басир (кўрмайдиган) бўлуб, ўзга басирлардек андоқ эмас эрмишки, кўз бўлғай. Аммо бағоят зийрак ва закий ва зоҳид ва муттақий (тақводор, парҳежор) киши эрмиш… Ҳақ субҳонаҳу таоло агарчи зоҳир кўзин ёпуқ яратқондур, аммо кўнгли кўзин бағоят ёруқ қилғондур», дейди.

4. Иброҳим Халил — Иброҳим пайғамбар. Халил унинг лақаби. Каъбани бунёд этган. Икки ўғли бўлган: Сорадан Исҳоқ ва Хожардан Исмоил.
5. Озари буттарош — Иброҳим пайғамбарнинг отаси.
6. Бойсунғур мирзо (1399—1433/34) Шоҳрухнинг ўғли. Адабиёт ва санъатга, наққошлик ва хаттотликка иштиёқи баланд бўлган. Фирдавсий «Шоҳнома»сининг тўлиқ матнини туздирган ва ўзи сўзбоши ёзган.
7. Бобур Мирзо — Султон Абулқосим Бобур. Бойсунғурнинг ўғли. 1452—57 йилларда Хуросон ҳукмдори бўлган. Навоийнинг отасини Сабзавор ҳокими қилиб тайинлаган. Навоийнинг отаси вафот этгандан сўнг, Бобур ёш Алишерга ҳомийлик кўрсатган, уни сарой хизматига қабул қилган. Навоий бу подшоҳни ўз асарларида илиқ бир самимият билан эслайди. Абулқосим Бобур шеър ҳам ёзган, «Мажолис»да зикр этилган.
8. Улуғбек мирзо — Шоҳрухнинг ўғли, амир Темурнинг набираси, асл исми Муҳаммад Тарағай (1394—1449), буюк олим, астроном, давлат арбоби. Самарқандда расадхона (обсерватория) қурдиргаи ва илмий кузатишлар олиб борган. «Зижи Кўрагоний» номли юлдузлар жадвалини тузган. Тарихга доир «Тўрт улус тарихи» номли асари ҳам бор.
9. Абдуллатиф — Улуғбекнинг ўғли. Отасини қатл эттирган. Олти ой подшоҳлик қилгандан сўнг ўзи ҳам ўлдирилган. Абдуллатиф шеърлар ҳам ёзган.
10. Жаҳоншоҳ — Жаҳоншоҳ мирзо туркман, Ироқ ва Озарбайжон ҳукмдори (1438 — 1467).
11. Ҳасанали — Жаҳоншоҳ мирзонинг ўғли.
12. Темурбек — амир Темур Кўрагоний (1336 — 1405), буюк давлат арбоби, жаҳонгир подшоҳ.
13. Дарвеш Муҳаммад — сарой мулозимларидан.

ИККИНЧИ  МАКТУБ

Қуллуқ арзадошт улким, бир неча сўз хотирға келиб эрди, арз қилмоғи вожиб кўрунди. Аввал улким, илтизом қилилсаким, эрта уйғониб намоз қилилса, агар эшикда масжид тайин қилиб, фарзни жамоат била қилилса — худ фабиҳо ва илло беш вақт намоз бори тарк бўлмаса, борча масжидда муяссар бўлмаса, баъзи бори бўлса.

Яна улким, алассабоҳ ҳарамдин чиққач, девонда ўлтуруб додхоҳ сўрулса, дағи додхоҳ сўрарда ўзлук била машғуллуқ қилилса, агар бир мазлумға бировдин зулме ўтган бўлса, золимға андоқ сиёсат қилилсаким, ўзга золимларға мужиби интибоҳ бўлса.

Яна улким, додхоҳ иши тугагондин сўнграким, шелон ҳам бартараф бўлур, ичкихона таъйин қилиб, анда ўлтуруб, аркони давлатни тилаб, мулк ва мол иши айтилса, ўзлук била барчаға етилса.

Яна улким, аркони давлатға ҳар ишким, буюрулур, агар бутмаги бир кун муяссардур, агар икки ё уч кун андоқ муқаррар бўлсаким, бот бутардек иш ҳамул кун арз қилиб, жавоб олсалар. Кечрак бутар ишни тонгла ё индин ё миодидин ўткармасалар, ҳар кун не миқдор бутганин келиб арз қилсалар. Агар баъзи ҳукм йўсуни била миоддин ўткариб, арзға еткурмасалар аларға андоқ хитоб бўлсаким, ўз ишларидин ғофил бўлмасалар.

Яна улким, умид улдурким, ҳақ таоло чоғирдин куллий тавфиқ бергай. Агар бу учарда уйқу иртикоб қилилса, албатта пешиндин бурун бўлмаса. Икки намоз орасида бунъёд қилилсаким, уюр чоғ маъхудий уйқу вақти бўлса, тонг намози фав бўлмаса. Бори борча ҳол била ҳар неча ичмоқ ишида эҳтиётлик, балки таъхир вожиб билилса.

Яна улким, мулк ва мол ишидин, бас додҳоҳ ишидин фароғат ҳосил бўлса, малолат дафъи учун китобхонаға кирилса, кутубхона аҳли била машғуллуқ қилилса. Наввобдин ҳарқайси муносиб кўрунса таворих ўкумоқ буйрулса, батахсис «Зафарнома» (1), агар машойих сўзи ё баъзи даввовин дағи гуфту-шунуфт бўлса номуносиб эрмас.

Яна улким, судурға ҳукм қилилсаким, эшикда ободон имом била муқри таъйин қилсаларким, салоти хамсани қойим тутсалар; дағи муҳтасиб таъйин қилилсаким, элни намозға тарғиб қилса.

Яна улким, ҳафтада икки кунким, эшикда акобир жамъ бўлурлар. Ҳофиз Муҳаммад Саноийға(2) яхши эҳтиром қилинса, балки буюрулсаким, яқинроқ ўлтуруб, шаръия умурни қатъ қилса, то муборак хотир ўл бобда дағи балоғат пайдо қилса.

Яна улким, Ироқ мамлакатиға фаҳмлиқ, ҳушлиқ кишилар юбориб, дойим хабар тутула турулса. Арз қилур йўсунлуқ хабарларни арзадошт қилиб, юқори юборила турулса, ул бобда не ҳукм бўлса, анга кўра қилилса.

Яна улким, шаҳр эҳтисоби амрида яхши эҳтимом қилилса андоқким, шаробхона, байтул-латаф, қиморхона — буларға ўхшар номашруъ умурни куллий манъ қилилса. Муҳтасиблар ҳафтада икки қатла бозор аҳлининг нархларидин вуқуф топсалар.

Яна улким, судурға ҳукм бўлсаким, шаҳр масожидин эҳтиёт қилиб, имом, муаззиндин маҳалла аҳлин суруб, балким хат олиб, намозға тарғиб қилсалар, агар фисқу фасод аҳли бўлуб, алар амри маъруф қила олмасалар арз қилсалар.

Дағи ҳар масжиднинг имомиға таъйин қилсаларким, маҳалла аҳлининг уғул ва ушоғиға мактаб тутуб ўқутсалар.

Яна улким, бу дастур билаким, шаҳрда таъйин қилинур бўлукот улуғларни Хожа Фахриддин янглиғ борча бу дастур била муқаррар қилилсаким, бўлуклар кент-бакент бу навъ амал қилсалар.

Яна улким, судурға ҳукм бўлсаким, вилоят авқофидин хабардор бўлсалар, бузулғонин тузатсалар, мутағаллиба илгида бўлса чиқориб, ҳосилин масрифиға еткурсалар. Бу ишларким, судурға буюрулур Хожа Фалонға дағи ҳукм бўлсаким, алар ишидин хабардор бўлуб, аларға мададгорлиғда тақсир қилмаса.
Яна улким, Ҳофиз Муҳаммад Саноий ғаниматдур, шаръ бобида анинг қавлиға қувват берилсаким, шаръға мужиби тарвиж бўлса. Бас масжиди жомъеға бормоқ тарк бўлмаса. Мунда кўрулган дастур била масжиди жомеъда масоили шаръия мазкур бўлса.

Яна улким, девон бекларига ҳукм қилилсаким, бир кун девонда ўлтуруб, мусулмонлар ишин ясасалар. Бу кунғи ишни тонглаға қўймасалар.

Дағи йибориб девонлар ҳам раоё ишин ўзлари қила олурчани қилиб, қила олмасни арз қилиб, ҳукм олсалар.

Яна улким, тавочи бекларига ҳукм бўлсаким, мол девонида муҳр босар беклар дастури била ясоғлиғ ишга машғуллуқ қилсаларким, анда дағи иш фавт бўлмаса.

Яна улким, шаҳр доруғасидин беклар била Хожа Фалон андоқ соҳиб вуқуф бўлсаларким, жузвин ишдин қуллий имдод тиламасалар. Ҳар мужримдин жаримасиға кўра журмона олсалар.

Яна улким, бир муносиб киши таъйин қилилсаким, Мирзом давлат била девонда ўлтурғонда ҳар ишким, воқеъ бўлур қаламий қилиб, рўзномада сабт қилилса, дағи тарихин битсаким, қачон ул ишни эҳтиёжи билмак бўлса, мазмуни ва тарихи маълум бўлса.

Яна улким, бекларга ва девонларға баса парвоначи ва муҳрдор ва муншиға ҳукм бўлсаким, мусулмонларнинг нишонин ортуқ тамаъ бирла кечга қўймасалар. Шаръий ва қавлий нишонни бир чорсу муҳри била  ҳукм бўлғон кун—ўқ буткариб берсалар. Куллийрак нишонларни дағи қилаолғонча ҳукмдин қўрқуб, ботроқ буткарсалар.

Яна улким, мажлис қуруб чоғир ичарға кўп ҳирс кўрсатилмаса, агар аҳёнан биззарур воқеъ бўлса, наввобға муқаррар қилилсаким, ҳукм бўлмағон киши мутлақо муртакиб бўлмаса, ё мажлисда тартибе маръи бўлса.

Яна улким, юқоридин ҳар навъ ҳукм етса агар қуллий ва агар жузвий — вақтида ҳукм йўсуни била ишга файса берилмай, ҳеч ишга шуруъ қилилмаса, агар қилғулуқ иштур, ҳукм йўсуни била қилилса, агар муяссар бўлмас бўлса ҳам жавобин бот арзадошт қилиб юборилса.

Яна улким, ҳар турлук арзадоштким, юқори битилса, «насх ва таълиқ» хати била андоқ хоно битилсаким, ўқурда ўқур кишига ташвиш етмаса, «туркча» хат била худ асло битилмасаки, бу бобда қавле дағи бордур. Ҳар сўзким, арзадошт қилинур улча имкони бор машруҳ битилса, ҳар ишнинг тарихин не ой, не кунда экандур андоқ битилсаким, мақсудда ҳеч иштибоҳ қолмаса.

Яна улким, атроф ва жавонибдағи элнинг арзадошти келса, бот узатур элни кўп мавқуф қилинмаса. Ҳар қайсиға ўз хурд ҳолиға кўра илтифот қилиб, батаҳсис Мир Зайнулобиддин(3) жонибиким, риояти бағоят вожибдур, мундағи илтифот дастури била алар жонибин дойим риоят қилилса.

Яна улким, ул вилоятларнинг бир куллий ишн даҳоналарнинг забтидур. Бу маҳалдаким, кўнгул тиламасдек амре воқиъ эмас, даҳоналарда андоқ мазбут кишилар қўюб, андоқ мустаҳкам ва мазбут қилсаким, наузу биллоҳким, агар амре ҳодис бўлсаки, мужиби тараддуди хотир бўлса, даҳоналар тарафидин хотир бикуллий жамъ бўлса. Яна улким, иш-кучга андоқ машғуллуқ қилиб, ғавриға етилсаким, аркони давлатдин ҳарқайсиға иш буюрулса миоддин ўткара олмасалар, тағофил била ичкуга машғул бўлуб, эшикка келиб, арз қилмоқдин эҳтироз қилсалар.

Яна улким, отланмоқ, тушмоқ, ов қушға машғуллуқ кўп бўлмаса, ул бобда эътиқол риоят қилилса, то ул ишдин иш-куч фавт бўлурға боис бўлмаса.

Яна улким, Мирзо навкарлариким, анда қуллуққа машғулдурлар, Мирзо навкарлиги ҳайсиятидин иноят ва ҳурмат алар бобида кам бўлмаса, лекин беқоидалиғе биридин зоҳир бўлса, бозхост ва сиёсатда маъзур тутулмаса.

Яна улким, тавочи бекларига ҳукм бўлсаким, ётиш элин мазбут таъйин қилиб, ётиш тавочиси ҳар кун аларнинг ётишиға келган—келмаганин яхши тергаса, то ётиш иши фавт бўлмаса.

Яна улким, девонийларға ҳукм бўлсаким, атрофдин келган бозургонларнинг жонибин риоят қилсалар. Ул вилоятда «тамғо» лафзи мазкур бўлмаса. Закотни шаръ ва ҳукм йўсуни била закотчилар алардин мустахлас қилсалар. Закотчилар ишидин тавочи моҳ-бамоҳ, балки ҳафта-баҳафта вуқуф топиб арзға еткурсалар. Жузвий жарима қилғонни куллий сиёсат қилилса бок йўқдур, то бу овоза олам мамоликига ёйилса, тужжорнинг ружуи кўпрак бўлса.
Яна улким, мундин ортуқ жузъиёти арз қилилса шояд мутолааси мужиби калоли хотир бўлғай. Аммо саъй қилилсаким, жамъи умурда тенгри таоло ёдидин ғофил бўлулмаса. Мирзони дағи кўрулса, то бу икки иш мужиби саодати дину дунё бўлса.

Илтимос улким, бу арзадоштни Мавлоно Дарвеш Муҳаммадга топшурулса, ҳар икки—уч кунда бир қатла тилаб мулоҳаза қилилса, дағи ҳукм бўлса, агар муборак хотирдин пўшида бўлиб, тиламак унутилса, ул ўзи тиламай дағи ҳар икки—уч кунда келтуруб, тобуғда арз қилса, дағи ҳар хусусдин ҳарқайси ишким, арз қилғон йўсунлуқ сурат боғласа, ани шарҳ била иноят қилиб, битиб йиборилсаким, Мирзо арзиға еткурулса.

Изоҳлар

1. Зафарнома» — Шарафуддин Али Яздийнинг Темурбек Кўрагонга бағишланган тарихий асари.
2. Хофиз Муҳаммад Саноий —Афтидан бу шахс шариат аҳкомларини яхши билган аллома бўлса керакки, Навоий Бадиуззамонга шаръий умурлар бобида ундан фойдаланишни тавсия қилади.
3. Мир Зайнулобидин Астробод ашрофларидан. Навоий Бадиуззамонга Мир Зайнулобидинни ҳурмат қилишни, унга илтифот кўрсатишни тайинлайди.

Абдулла ОРИПОВ
МЎМИН МИРЗО ҲАҚИДА ИККИ ШЕЪР
009

МЎМИН МИРЗО

Ҳазрат Навоийнинг назари тушган,
Юрагида балки шеър қони жўшган,
Ғунчадек қалбида оҳи увишган,
Мўмин Мирзо, укам, сени ўлдирдилар.

Қўлингга солишар тилладан занжир,
Шаҳзода йигитга ҳурмат бу, ахир!
Бу нечук қабоҳат, бу нечук таҳқир,
Мўмин Мирзо, укам, сени ўлдирдилар.

Тўрингда ўт ёнгур амирлар худбин,
Билганлар на номус, на виждон, на дин.
Майпараст бобонг ҳам букибди қаддин,
Мўмин Мирзо, укам, сени ўлдирдилар.

Сенга салтанатнинг қандай дахли бор,
Сен-ку масум гўдак, покиза дилдор.
Олим бўлармидинг, балки санъаткор,
Мўмин Мирзо, укам, сени ўлдирдилар.

Укам ёвузларнинг топганлари шу,
Ўз ўғлин ит бўлиб қопганлари шу,
Ўз қалбин кафанлаб ёпганлар шу,
Мўмин Мирзо, укам, сени ўлдирдилар.

Топганлари заҳар, тўкканлари қон,
Қандай замон экан, дўстлар, бу замон.
Болам деб, оҳ чекар Бадиуззамон,
Мўмин Мирзо, укам, сени ўлдирдилар.

Сен-ку йўқсан, аммо қотиллар яшар,
Ҳамон гўдакларга қилич қайрашар,
Қачон пок бўларкан булардан Башар,
Мўмин Мирзо, укам, сени ўлдирдилар.

Беш юз йил бирида эсладим бирпас,
Лекин бу беҳуда мотаминг эмас,
Қалбимни ўртада аллақандай сас….
Мўмин Мирзо, укам, сени ўлдирдилар.

1971

БОЙҚАРО

Кошонанинг кўркам боғида
Савлат тўкиб, амирлар аро,
Чоғир ҳўплаб гоҳи-гоҳида,
Ош ер эди султон Бойқаро.

Бирданига қисилди кўкрак,
Бирданига йўқолди ором.
Бир луқма ош – ичида сўнгак,
Томоғига тиқилди, тамом.

Аҳли табиб шу заҳот боқиб,
Афсунгарлар бўлдилар гирён.
Кўзда ёши дарёдек оқиб,
Аранг нафас оларди султон.

Ою йиллар ўтдилар секин,
Юрт ҳам бунга кўникди ҳатто.
Баъзи дард бор, ўлдирмас, лекин
Ҳамроҳ бўлар Маҳшаргача то.

Эшитган дўст албат қон ютган,
На ғанимлар бундан ризодир.
Бу – султоннинг ўзи қатл этган
Набираси Мўмин Мирзодир.

26.05.2015

ОТАГА ҚАРШИ ИСЁН ЁХУД
ШАҲЗОДА БАДИУЗЗАМОН ҚИСМАТИ

Фатҳулла Намозов
009

Ҳусайн Бойқаро Ҳирот тахтига чиқмасидан аввал маълум муддат Самарқандда Султон Абусаид Мирзо саройида хизмат қилди. Абусаид Мирзо уни илиқ кутиб олиб, темурийларга хос ихлос билан унга чин эътиқод қўйган эди. Аммо Султон Увайс унга қарши бош кўтариб, ҳужум қилганидан сўнг Абусаид Мирзонинг Ҳусайн Бойқародан кўнгли қолди. Ихлоси қайтган подшо бошқа шаҳзодалар қатори Ҳусайн Бойқарони ҳам ҳибсга олди. Чунки тож-тахтни кўзлаб, эртами-кечми Ҳусайн Бойқаро ҳам бош кўтариши мумкин эди. Буни Султон Абусаид кеч бўлса-да, барибир тушуниб қолди.

Султон Ҳусайннинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабар унинг онаси Ферузабегимга етиб борди. Ферузабегим Ҳиротдан зудлик билан келиб, ўғлини қутқариб олди. Султон Абусаид Мирзо билан алоқани бутунлай узган Ҳусайн Бойқаро онасига қўшилиб, шитоб билан Самарқандни тарк этди. У Ҳиротга эмас, балки Марвга йўл олди.

Бу пайтда Марвда Султон Санжар ҳукмронлик қиларди. У Султон Абусаид Мирзонинг ашаддий душмани эди. Султон Санжар Ҳусайн Бойқарони қучоқ очиб қарши олди, унинг саркардалик маҳоратини юқори баҳолади. У Бойқаро билан янада яқинроқ бўлишни истарди. Шу мақсадда уни ўзига куёв қилди. Бека Султонбегим исмли қизини унга хотинликка берди. Шундай қилиб, Султон Ҳусайн Бойқаро Марв ҳукмрони Султон Санжарга куёв бўлиб қолди. Бадиуззамон Мирзо Ҳусайн Бойқаронинг ана шу хотинидан туғилган тўнғич фарзанди эди. Ўша давр одатига кўра, у бўлажак тахт эгаси, яъни валиҳад ҳисобланган.

Бадиуззамон Мирзо ғайрат ва шижоат, юртни бошқариш ва саркардаликда бошқа темурий шаҳзодалардан ажралиб турарди. Улуғ шоир Алишер Навоий у ҳақда ифтихор билан сўзлаб, ички ва ташқи фазилатлари туфайли юксак мақом эгаллаганини (“Ҳусни сурот ва ҳусни сийрат била ораста ва жамоли зоҳирий ва камоли ботиний била нийроста йигитдур”), камолга етганини алоҳида таъкидлайди. Мирзонинг яна бир жиҳати унинг шеърият билан машғул бўлиши, шоирлиги эди (“табъи ҳам назм услубида мулойимдур”). Навоий Бадиуззамон Мирзонинг форс-тожик ҳамда туркий (эски ўзбек тили)да қалам тебратганини айтиб, уни ўзбекча шеъридан бир байт келтиради:

Эй сабо, гар сўрса ҳолим шаммаи ул сарвиноз,
Эврулуб бошиға мен саргаштадин еткур ниёз.

Алишер Навоий Бадиуззамон Мирзога умид билан қарар, уни келажакда мамлакатни адолат билан бошқариши, юрт ободонлиги учун жон куйдиришига чин юракдан ишонарди. Шоирнинг Бадиуззамон Мирзога битган мактублари ҳамда унга бағишланган шеърий сатрлари синчиклаб ўрганилса, аён бўладики, Навоий шаҳзодани ҳамиша кузатиб юрган, унинг ютуқларидан муттасил қувонган, хато-камчиликларидан меҳрибон оталардек куйинган. Билиб туриб йўл қўйган нотўғри хатти-ҳаракатларини эса рўй-рост юзига айтиб, уни бу йўлдан қайтаришга уринган. Ўз навбатида Бадиуззамон Мирзо ҳам Навоийга чинакам ихлос қўйган, уни меҳрибон устоз ва мураббий сифатида ҳамиша эъзозларди. Ҳатто, энг қалтис вазиятларда ҳам шоирнинг айтганларини сўзсиз бажарган, унинг сўзини икки қилмасликка интилган Бадиуззамон Мирзо Навоийнинг таъна-дашномлари, танбеҳларини ҳамиша эътирозсиз қабул қилган. Навоий билан Бадиуззамон ўртасидаги муносабатнинг самимийлиги ҳозирга қадар бизга ота-бола ўртасидаги назокатли ва нафис муносабатни эслатади.

Аммо шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, султон Ҳусайн Бойқародек подшоҳнинг бу тўнғич ўғли барча темурий шаҳзодалар каби тожу тахтга ниҳоятда ўч эди. Унинг ўз отасига қарши бош кўтариб исён оловини ёққанлиги, мамлакат, юрт бошига ғоят катта ташвиш ва таҳлика туғдиргани маълум. Ота-бола ўртасидаги ушбу беҳуда ихтилоф ва низо туфайли ҳисобсиз қонлар тўкилди, кўпгина ёш йигитлар умри хазон бўлди. Бадиуззамон Мирзо учун бу тож-тахт талашлари ғоят қимматга тушди. У даставвал Зулчароғ номли манзилда, иккинчи марта эса Нишин яйловида отаси томонидан тор-мор этилди. Энг хунуги, Бадиуззамон Мирзога эргашиб, Ҳусайн Мирзонинг Абулмуҳсин Мирзо ва Кепак Мирзо каби ўғиллари ҳам отага қарши бош кўтардилар.

Ҳусайн Бойқаро билан Бадиуззамон Мирзо ўртасидаги келишмовчиликларнинг келиб чиқишига фақат шаҳзодани айблаш адолатдан бўлмайди, албатта. Даставвал Астрободни Бадиуззамонга берган Ҳусайн Бойқаро хотини Хадичабегимнинг қутқуси билан бўлса керак, ниятидан қайтиб, уни Музаффар Мирзога топшириш ҳақида махсус фармон беради. Бадиуззамон Мирзони эса Астробод ҳокимлигидан озод этиб, уни Балх ҳокими этиб тайинлайди. Ушбу адолатсиз фармон шаҳзоданинг ғазабини тошириб юборади. Чунки Астробод ҳокимлигидан кетиш Бадиуззамон Мирзонинг валиаҳдликдан маҳрум этилиши билан баробар эди.

Хуллас, Султон Ҳусайн Бойқаронинг Бадиуззамон Мирзони Астробод ҳокимлигидан маҳрум этиш тўғрисидаги фармонига Бадиуззамон бўйсунмай, уни бажаришдан бош тортди. Саркаш шаҳзода ўзининг ўн икки ёшли ўғли, дадил ва жасур Мўмин Мирзони Астрободда қолдириб, шаҳарга Музаффар Мирзони киритмасликни тайинлади, ўзи эса Балх сари йўл олди. Отасининг Хадичабегим гапига кўниб, бундай иш тутишидан қаттиқ ғазабланган Бадиуззамон Мирзо: “Астрободга одам юбориб, овора бўлманг. Уни барибир бермайман”, деган мазмунда мактуб битиб, отасига жўнатади.

Улуғ шоир Алишер Навоий отага қарши бош кўтарган Бадиуззамон Мирзони отаси билан яраштириш учун кўп саъй-ҳаракат қилгани тарихий асарлар орқали маълум. Шоир Бадиуззамонга юборган бир мактубида ота билан юрт талашиш эл бошига зўр фалокатлар келтиради, деб ташвиш билдирарди. У шаҳзодани тўғри йўлга бошқариш учун жон куйдирар ва уни инсофга чақирарди. “Мен бу гапларни бировнинг гапи билан эмас, балки ота-бола ўртасидаги муносабатдан яхши хабардор бўлганлиги учун айтаман”, деб алоҳида уқтирганди шоир.

Навоийнинг Бадиуззамон Мирзога йўллаган иккинчи мактуби Тангри ризоси ота ризоси билан баробардир, шунингдек, Аллоҳ ғазаби ҳам ота ғазаби билан қўшилиб кетади, деган гаплар билан бошланди. Шоир Бадиуззамон Мирзога қарата, кимки отасини рози қилса, у Тангрини ҳам рози қилган бўлади, акс ҳолда Худонинг ғазабига дучор бўлади, деди. Шундай экан, ким отага қарши бош кўтариб чиқа олади?!

Навоийнинг фикрича, фарзанд учун ота қудратли тарбиячи, она эса қонуний ризқ берувчидир. Шу ўринда Навоий туркигўй шоир Аҳмад Югнакийнинг бир тўртлигини мисол келтиради. Ундаги “Атодин хато келса, кўрма хато”, дейиш билан Ҳусайн Бойқаро томонидан Бадиуззамон Мирзога нисбатан йўл қўйилган нотўғри хатти-ҳаракатни ғоят пардали тарзда қайд этиш баробарида “Бу хатони савоб бил”, яъни бу ҳолни дастак қилиб, отага бош кўтариш ниҳоятда улуғ гуноҳ эканлигини таъкидламоқчи бўлди.

Навоий мазкур мактубда Бадиуззамон Мирзонинг ўз отасига қарши йўл қўйган камчиликларини рўй-рост санаб ўтган, унга танбеҳ берган, султоннинг ўғли эканлигига қарамай аямай танқид қилган.

Навоийнинг фикрига кўра, Бадиуззамон Мирзо вилоятдан келадиган барча даромадни ўз ихтиёрига олиб қўйганди. Бу ўша даврда амалда бўлган қонунларга мутлақо зид эди. Иккинчидан, шаҳзода Ҳусайн Бойқаро фармонига сўзсиз бўйсуниш ўрнига ундан бўйин товлаган, бу густоҳлик саналарди. Маълумки, густоҳлик андишасизлик, ибосизликдан иборат. Учинчидан, шаҳзода ҳали қўлга кирмаган Ироқ вилоятини отаси билан маслаҳатлашмай, у билан келишмай туриб, ўз тасарруфига киритган эди. Бунда Бадиуззамон томонидан йўл қўйилган хато шундаки, у ўз нишони, яъни фармон ва бошқа расмий ҳужжатларида отаси Ҳусайн Бойқаронинг номини чиқариб ташлаганди. Бу эса ўша замонда амалда бўлган давлат юритиш тартибларига мутлақо зид бўлган. Мавжуд қонунга мувофиқ, вилоят ҳукмдорлари ҳар бир расмий ҳужжатда мамлакат ҳукмдорининг номини тилга олишлари шарт эди.

1496-1497 йилларда ота-бола ўртасида кескин уруш ҳаракатлари бошланиб кетди. Бадиуззамон Мирзони панд-насиҳатлар билан тўғри йўлга солишга кўзи етмаган Навоий уларни яраштириш мақсадида Балхга жўнади. Навоийни ўзига устоз деб билган, чин дилдан ҳурмат қилган шаҳзода унинг бирор гапини икки қилмай, шоир қўйган барча шартларга сўзсиз рози бўлди. Аммо музокаралар ижобий якунланиши олдидан Бадиуззамон Мирзонинг одамлари подшоҳнинг махфий фармонини қўлга туширдилар. Балх шаҳрининг кутволи (коменданти)га йўлланган ушбу фармонда Бадиуззамонни шаҳарга киритмаслик ва қўлга тушириб, зиндонбанд қилиш буюрилган эди. Фармонни ўз кўзи билан кўрган Навоий Султон Ҳусайн Бойқаронинг бу хатти-ҳаракатидан қаттиқ норози бўлади. Натижада фармон туфайли шаҳзода отаси билан ярашиш фикридан воз кечди…

Ниҳоят, ота-бола темурийзодалар ўртасидаги омонсиз жангда Бадиуззамон енгилди. Кейинги куни Музаффар Мирзо Астрободни босиб олиб, Мўмин Мирзони макр билан қўлга тушириб, асирликка олди. 12 ёшли Мўмин Мирзо Ҳиротга, Ихтиёриддин қалъасига келтирилди. Бу фурсатдан усталик билан фойдаланган Хадичабегим маккор вазир Низомулмулк билан махфий равишда тил бириктириб, Султон Ҳусайн Мирзонинг мастлиги чоғида ундан Мўмин Мирзони ўлдириш ҳақида олдиндан тайёрлаб қўйилган фармонга муҳр бостириб олдилар…

Султон ҳушига келиб, воқеанинг бутун даҳшатини англади-да, дарҳол ўзи муҳр босган фармонни бекор қилди. Аммо вақт ўтган, Мўмин Мирзо аллақачон фитна қурбони бўлганди. Бу қонли воқеалар рўй берган маъшум кунларда Навоий давлат ишлари билан Машҳадда эди. Шоир даҳшатли хабардан қаттиқ ларзага тушди. “Шайх Маждиддин Бағдодийнинг Хоразмшоҳ Муҳаммад томонидан қатл этилиши Чингизхон томонидан қирғинни бошлаб берган бўлса, Мўмин Мирзонинг ўлдирилиши ҳам худди шундай бўлажак”, деб бир неча бор такрорлаганини тарихчи Хондамир эслатиб ўтган.

Замоннинг зайлини қарангки, воқеаларнинг бориши Навоийнинг юқорида айтган фикрларини тўла-тўкис тасдиқлади. Кўп ўтмай Ҳиротга Шайбонийхон бошлиқ қўшинлар бостириб кирди.

1499 йилда Султон Ҳусайн Бойқаронинг Марвда ҳокимлик қилаётган ўғли Абулмуҳсин отага қарши бош кўтарди. Қартайган, толиққан шаҳаншоҳ ўз пушти камаридан бўлган ўғилга қарши қўшин тортишга мажбур бўлди. Шунинг учун Ҳусайн Бойқаро ҳаж сафарига отланиш учун тараддуд кўраётган Навоийга мактуб жўнатиб, уни ўрдасига, ўз ҳузурига етиб келишни сўради. Алишер Навоий бу пайтда ҳажга бориш учун йўлга чиққан ва Машҳадга етган эди. Подшоҳ мактуби хусусида шоир Машҳад улуғлари билан маслаҳатлашди. Улар мамлакат осойишталиги учун шоирдан ҳаж сафарини қолдириш зарурлигини таъкидладилар.

Алишер Навоий шоҳ қўшини жойлашган ўрдага етиб келди. Падарига қарши исён кўтарган Абул Муҳсин отаси билан сулҳ тузиш учун подшоҳ номидан Алишернинг вакил бўлишини шарт қилиб қўйганди. Шоир ота-болани яраштириб, Ҳиротга қайтди.

Султон Ҳусайн Бойқаро салтанатига ташқи душман Шайбонийхон таҳдиди хавф солмоқда эди. 1500 йилда Самарқанд Шайбонийхон тасарруфига ўтди. Бу вақтда Самарқандни қўлга киритиш учун кураш бошлаган Бобур Мирзо Султон Ҳусайн Мирзо ва Бадиуззамонга одам юбориб, ундан ёрдам сўради. Аммо улардан ҳеч қандай кўмак келмади. 1504 йилда Ҳусайн Бойқаро Шайбонийхон билан бўлган жангда вафот этди. Уни шоҳона урф-одатларга амал қилиб дафн этишгач, саркардалар ва беклар ўзаро маслаҳатлашиб, Ҳирот тахтини тенг тириклик асосида Бадиуззамон Мирзо ва Музаффар Мирзога топширдилар. Бобурнинг айтишича, бу қизиқ иш, яъни подшоҳликда шериклар асосида ҳукмронлик ҳеч қачон эшитилмаган эди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1506 йилда Ҳиротда Бадиуззамон билан учрашган. Севимли жасур фарзандидан ажралган, Навоийнинг панд-насиҳатларидан етарли хулоса чиқарган Бадиуззамон анчайин чўкиб қолган, ҳаётнинг омонсиз зарбаларидан соч-соқоли оқариб қолган эди.

Шайбонийхон Ҳиротни эгаллаганидан сўнг Бадиуззамон Мирзо Туркияга кетиб қолди ва 1514 йилда Истанбулда саргашталикда дунёдан кўз юмди.

    Alisher Navoiy doim Husayn Boyqaroni adolatli va ma’rifatli hukmdor qiyofasida ko‘rish orzusi bilan yashadi. Turli sabablar bilan Husayn Boyqaroga, shahzodalarga va boshqa amaldorlarga yozgan maktublarida ularni insof va adolatga chaqirar, davlat idora usulida mustahkam tartib o‘rnatish va ayrim islohotlar o‘tkazishga undar edi…

1490 yillarning o‘rtalariga kelib mamlakatda ijtimoiy-siyosiy tanglik kuchaya boshlaydi. Temuriylar xonadonida hukmdor o‘g‘illari o‘rtasida yuzaga kelgan ziddiyatlar esa bu tanglikni yanada kuchaytiradi. Har bir shahzodaning o‘z tarafdorlari bo‘lib, ularni murosaga keltirish ko‘p vaqt Alisher Navoiy zimmasiga tushar edi. Bosh vazir Nizomulmulk esa 1496—97 yillarda bu oilaviy mojarolarda bir tomonlama harakat qilib, Muzaffar Mirzoning onasi — Xadicha begimga yon bosadi. Shu asosda Husayn Boyqaro bilan Astrobodda hokimlik qilayotgan Badiuzzamon o‘rtasida harbiy to‘qnashuv yuz berdi. Saroydagi fitna, jumladan, Nizomulmulkning qabihligi natijasida Badiuzzamonning o‘g‘li, Husayn Boyqaroning eng sevimli nabirasi, Navoiyning esa ixlos qo‘ygan shogirdi Mo‘min Mirzo fojiali o‘ldiriladi. Bular hammasi Alisher Navoiy hayoti va kayfiyatiga salbiy ta’sir ko‘rsatadi.

Alisher Navoiyning she’riy dahosi 15-asr oxirlariga kelib yana jo‘sh urdi. U 2 yil mobaynida 2 ta yirik asar — «Lison ut-tayr» («Qushlar tili») dostonini va «Muhokamat ul-lug‘atayn» («Ikki til muhokamasi») nomli ilmiy asarini yaratdi. Alisher Navoiyning so‘nggi buyuk asarlaridan yana biri nasriy pandnoma yusinida yozilgan «Mahbubul-qulub» («Qalblar sevgani»)dir. U Sharq adabiyoti tarixida Shayx Sa’diyning «Guliston», Kaykovusning «Qobusnoma», Nizomiy Aruzi Samarqandiyning «Chor maqola» kabi asarlari qatorida turadi. Bu asarida Alisher Navoiy o‘zining hayot yo‘lini, boshidan kechirgan turmush mashaqqatlarini yorqin tasvirlab bergan.

NAVOIYNING SHAHZODA BADIUZZAMON
MIRZOGA BITGAN MAKTUBLARI
009

BIRINCHI MAKTUB

Payg‘ambar sallallohi alayhi vassalam buyurubturkim, «rizo urrobbi fir—rizail validi va saxatun arrobi fi saxatul—validi»(1) ya’ni tengri taolo rizosi ota rizosig‘a vobastadur va tengri taolo g‘azabi ham ota g‘azabig‘a vobastadur. Bas kishi ota rizosin hosil qilsa, tengri taolo rizosini ham hosil qilmish bo‘lg‘ay va ota g‘azabig‘a uchrasa, tengri taolo g‘azabig‘a uchramish bo‘lg‘ay. Mundoq bo‘lg‘ondin so‘ngra kishi nechuk ota rizosidin ayru dam urg‘ay yo qadam qo‘yg‘ay. Va mashoyix rahimulloh so‘zi bukim, «valaduka rabbuka», ya’ni otang parvardigoringdur, bu jihatdinkim, tengri taolo seni yo‘qdin bor qilmoqqa vasila uldur va tufuliyatdin shabob sinnig‘acha parvarish berguvchi ul. Va Hakim Sulaymon alayhurrahmata(2) valg‘ufron ro‘zidurkim, ota qodiri qayyum, ona roziqi marsum va Adib Ahmad(3) rahmatulloh debdurkim,

R u b o i ya:

Atodin xato kelsa ko‘rma xato,
Savob bil xato toki qilsa xato.
Atoning xatosini bilgil savob,
Seni yuz balodin qutqarg‘ay xudo.

Ibrohim Xalil(4) salavot ur—rahmon alayhining atosi bovujudi ulkim, Ozari buttarosh(5) erdi, ul hazrat atosig‘a nasihat qilurda nido keldikim, ta’zim va muloyamat bila nasihat qil.

Va Yusuf alayhissalom hazrati Ya’qub alayhissalomg‘a sahv yuzidin bir tarki adab qilg‘on uchun, bovujudi nubuvvat va’da budurkim, soyiri anbiyodin yetmish yildin so‘ngra bihishtga kirgay va Homkim Nuh alayhissalomning o‘g‘lidir, ul hazratqa adab tarki qilib, ul hazrat duosi bila gangi qaro bo‘lub, payg‘ambarliq aning naslidin munqate’ bo‘ldi.

G‘araz bu muqaddimotdin ulkim, bu banda doyim sizga davlatxohlig‘ so‘zin aytibmen va sizni umru davlatdin barxurdor tilab, duo qilibmen va har nomunosib ishkim, sizdin ko‘rubmen sizga aytibmen, balki kitoblarimda nasihatnomalar nazm qilib, arzingizg‘a yetkurubmen.

Bu uchurda bir necha ish sizning tarafingizdin eshitildikim, vojib ko‘rundi sizga arz qilmoqkim, borcha Mirzoning jonibining rioyatidin g‘ofil bo‘lg‘on chog‘lig‘ ko‘rundi.

Biri ulkim, viloyat molin mashvaratsiz olib turursiz va bu ma’hud emas erdi. Hech uch—to‘rt kun emaskim, bir kishingiz kelmas, agar imoyi qilsangiz erdi» yo‘q deyilmagusi erdi.

Yana ulkim, bitibsizkim: «Astrobodg‘a kishi yubormangkim, bermagumdur». Bu mazmunni ham muloyimroq bitiolur erdingiz va «Iroq viloyatlarin ulashibmen» deb bitibsiz. Inshoolloh, Iroq ilikka kirgay. Kirmasdin burun, Mirzo bila bir—ikki qatla so‘zlashmay, arz qilmay, bu ish qililmish bo‘lsa, o‘zga eldin ajab bo‘lmasa, sizdan ajab voqe’ bo‘lubdur.

Kerak erdikim, shar’ rioyati uchun, o‘zingiz ham oz yo ko‘p soqol qirqmasangiz erdi, to anga ne yetgaykim, elingizning ham soqollarin qirqturmag‘aysiz. Munda ko‘p so‘z bor, desa bo‘lmas.

Yana ulkim, bir nishoningizni kelturdilar, tug‘rosida Mirzo otini bitmaydursiz. Sizdek oqil, xushtab’ musulmonvash yigitdin mundoq nimalar ravo bo‘lg‘aymu? Agar bu nishonni bilib bitibsiz, ne hisob bila bo‘lubtur, agar munshi yo g‘ayr sahv qilibdur, nechuk har nishonni o‘zungiz ko‘rmay bir yerga yuborilgay?

Ota bila o‘g‘uldin o‘g‘ul bila ota orasida farqlar bor Boysung‘ur mirzo(6) o‘g‘lonlaridin Bobir mirzodek(7) ermas erdingizkim, ko‘p shafqat ko‘rmamish bo‘lg‘aysiz. Ulug‘bek mirzo(8) farzandlaridin Abdullatif(9) mirzodek yo Jahonshoh(10) mirzo o‘g‘ullaridin Hasanalidek(11) tengrilik o‘rtadadur. Sizning ko‘prak ishingiz orasida bu faqir erdim, borchadin sohib vuqufmen. Siz doyim barcha maxdumzodalarning maxdumi va Mirzoning seviklugi va qurratul ayni erkansiz. O‘zungiz bilursizkim, Mirzoning mofiz zamirin nisbat sizga bu faqirdin yaxshiroq kimsa bilmas. Billohilazimkim ushbu bitgandek ma’lum qilibmen.

Holokim, Astrobodni berib, yaxshi navkarlar qo‘shub sizni yibordilar va bu xabarlar Iroqdin kelurin va yana ko‘maklar xayol qilib erdilar. Ham mahdumzodalardin va ham beklar, ichkilardin va ham soyir xalq sizdin andoq ko‘z tutar erdilarkim, agar Iroq viloyati fath bo‘lsa dag‘i xizmatgorlig‘, bandalig‘ingizni ulug‘roq qilg‘aysiz. Hanuz hech yerda hech nima yo‘q bu nav’ suratlarkim, zohir bo‘ladur — sizdin hayfdur.

Mirzoga Temurbek(12) to‘rtunchi nasabdur. Mirzo xutbada bekning otig‘a sharif ruhig‘a masjidi jome’da har odina kuni duo qildururlar. Bu ishda Mirzog‘a ham duodin o‘zga ne kelgay. Siz nishoningiz to‘g‘rosidin Mirzoning muborak otin chiqorursiz. Kerak Iroqdin Makka, balki Mag‘rib zaming‘acha olsangiz bu voqea bo‘lmasa erdi. Agar Mirzoni zaif xayol qilibsiz — tengri taolo qaviydur. Farzand kerak zaiflig‘ida otasig‘a xizmat mahallin toptim deb, jonsiporliq qilsa.

Billoh, Mirzoning aziz boshi va sizning boshingizkim, bu arzadosht bitilgan tarixdin yigirmi kundin burunroqdin har sabohdin tush vaqtig‘acha, peshindin oqshomg‘acha o‘lturub, oncha ish qilurlarkim, necha devon, necha navisanda, necha baxshi, necha parvonachi jonlarig‘a yetib, necha xiyla bila qutulurlar. Bu ma’nidin farzand Mavlono Darvesh Muhammad(13) sohib vuqufdur. Bu nav’kim, o‘zlugi bila borcha ishining naqir va qitmirig‘a yetishiladur. Agar o‘tgan avqot munungdek bo‘lsa erdi, ne ishlarkim bo‘lmag‘ay erdi.

Sohib davlat salotin mushfiq va davdatxoh qullarining beg‘araz so‘zlariga kiribdurlar. O‘zingiz bilursizkim, Mirzo tobug‘ida bu qul ne nav’ so‘zlarga gustoxliq qilibmen. Sizning dag‘i qoshingizda hamul dastur bila voqe’ bo‘lubdur. Yoshingiz uzun bo‘lsun. Andoq kam voqe’ bo‘lubdurkim, bu qulning so‘zin rad qilmish bo‘lg‘aysiz. Emdi dag‘i bu qulning joni kuyganda, o‘zgalarning etagi kuymas. Bu bir necha so‘z gustohliq qilildi umid ulkim, qabul tushgay. Tushmasa bu banda aytur so‘zni bo‘ynumdin ado qilmish bo‘lg‘aymen.

Tengri taolo tonuqdurkim, bu arzadosht Mirzo buyrug‘i bila ermas, balkim vuquflari ham yo‘qdur. Xayolingizg‘a kelmag‘ay — buyruq bila bitilibdur. Chun sizning tobug‘ingizda ayturcha davlatxohlig‘ so‘zini ayturg‘a ma’murmen. Ul jihatdin go‘stoxliq bila arzadosht bitildi.

Izohlar

1. Tangri rizosi ota rizosiga vobastadur, tangri g‘azabi ham ota g‘azabiga vobasta.
2. Hakim Sulaymon — Turkiy mashoyixlardan. Ahmad Yassaviy muridi. Sulaymon Boqirg‘oniy nomi bilan shoir sifatida ham mashhur. Navoiy uni «Nasoyim ul—muhabbat»da zikr etgan.
3. Adib Ahmad — Navoiy uni ham «Nasoyim»ga kiritgan. «Hibat ul-haqoyiq»ning muallifi. Tug‘ma ko‘r bo‘lgan. Adib Ahmadning tug‘ma ko‘rligi haqida dostondagi ma’lumotni A.Navoiy yanada aniqlashtirib, shoirning «ko‘zlari butov (yopiq, bitgan) ermishki, aslo zohir ermas emish. Basir (ko‘rmaydigan) bo‘lub, o‘zga basirlardek andoq emas ermishki, ko‘z bo‘lg‘ay. Ammo bag‘oyat ziyrak va zakiy va zohid va muttaqiy (taqvodor, parhejor) kishi ermish… Haq subhonahu taolo agarchi zohir ko‘zin yopuq yaratqondur, ammo ko‘ngli ko‘zin bag‘oyat yoruq qilg‘ondur», deydi.

4. Ibrohim Xalil — Ibrohim payg‘ambar. Xalil uning laqabi. Ka’bani bunyod etgan. Ikki o‘g‘li bo‘lgan: Soradan Is’hoq va Xojardan Ismoil.
5. Ozari buttarosh — Ibrohim payg‘ambarning otasi.
6. Boysung‘ur mirzo (1399—1433/34) Shohruxning o‘g‘li. Adabiyot va san’atga, naqqoshlik va xattotlikka ishtiyoqi baland bo‘lgan. Firdavsiy «Shohnoma»sining to‘liq matnini tuzdirgan va o‘zi so‘zboshi yozgan.
7. Bobur Mirzo — Sulton Abulqosim Bobur. Boysung‘urning o‘g‘li. 1452—57 yillarda Xuroson hukmdori bo‘lgan. Navoiyning otasini Sabzavor hokimi qilib tayinlagan. Navoiyning otasi vafot etgandan so‘ng, Bobur yosh Alisherga homiylik ko‘rsatgan, uni saroy xizmatiga qabul qilgan. Navoiy bu podshohni o‘z asarlarida iliq bir samimiyat bilan eslaydi. Abulqosim Bobur she’r ham yozgan, «Majolis»da zikr etilgan.
8. Ulug‘bek mirzo — Shohruxning o‘g‘li, amir Temurning nabirasi, asl ismi Muhammad Tarag‘ay (1394—1449), buyuk olim, astronom, davlat arbobi. Samarqandda rasadxona (observatoriya) qurdirgai va ilmiy kuzatishlar olib borgan. «Ziji Ko‘ragoniy» nomli yulduzlar jadvalini tuzgan. Tarixga doir «To‘rt ulus tarixi» nomli asari ham bor.
9. Abdullatif — Ulug‘bekning o‘g‘li. Otasini qatl ettirgan. Olti oy podshohlik qilgandan so‘ng o‘zi ham o‘ldirilgan. Abdullatif she’rlar ham yozgan.
10. Jahonshoh — Jahonshoh mirzo turkman, Iroq va Ozarbayjon hukmdori (1438 — 1467).
11. Hasanali — Jahonshoh mirzoning o‘g‘li.
12. Temurbek — amir Temur Ko‘ragoniy (1336 — 1405), buyuk davlat arbobi, jahongir podshoh.
13. Darvesh Muhammad — saroy mulozimlaridan.

IKKINCHI MAKTUB

Qulluq arzadosht ulkim, bir necha so‘z xotirg‘a kelib erdi, arz qilmog‘i vojib ko‘rundi. Avval ulkim, iltizom qililsakim, erta uyg‘onib namoz qililsa, agar eshikda masjid tayin qilib, farzni jamoat bila qililsa — xud fabiho va illo besh vaqt namoz bori tark bo‘lmasa, borcha masjidda muyassar bo‘lmasa, ba’zi bori bo‘lsa.

Yana ulkim, alassaboh haramdin chiqqach, devonda o‘lturub dodxoh so‘rulsa, dag‘i dodxoh so‘rarda o‘zluk bila mashg‘ulluq qililsa, agar bir mazlumg‘a birovdin zulme o‘tgan bo‘lsa, zolimg‘a andoq siyosat qililsakim, o‘zga zolimlarg‘a mujibi intiboh bo‘lsa.

Yana ulkim, dodxoh ishi tugagondin so‘ngrakim, shelon ham bartaraf bo‘lur, ichkixona ta’yin qilib, anda o‘lturub, arkoni davlatni tilab, mulk va mol ishi aytilsa, o‘zluk bila barchag‘a yetilsa.

Yana ulkim, arkoni davlatg‘a har ishkim, buyurulur, agar butmagi bir kun muyassardur, agar ikki yo uch kun andoq muqarrar bo‘lsakim, bot butardek ish hamul kun arz qilib, javob olsalar. Kechrak butar ishni tongla yo indin yo miodidin o‘tkarmasalar, har kun ne miqdor butganin kelib arz qilsalar. Agar ba’zi hukm yo‘suni bila mioddin o‘tkarib, arzg‘a yetkurmasalar alarg‘a andoq xitob bo‘lsakim, o‘z ishlaridin g‘ofil bo‘lmasalar.

Yana ulkim, umid uldurkim, haq taolo chog‘irdin kulliy tavfiq bergay. Agar bu ucharda uyqu irtikob qililsa, albatta peshindin burun bo‘lmasa. Ikki namoz orasida bunyod qililsakim, uyur chog‘ ma’xudiy uyqu vaqti bo‘lsa, tong namozi fav bo‘lmasa. Bori borcha hol bila har necha ichmoq ishida ehtiyotlik, balki ta’xir vojib bililsa.

Yana ulkim, mulk va mol ishidin, bas dodhoh ishidin farog‘at hosil bo‘lsa, malolat daf’i uchun kitobxonag‘a kirilsa, kutubxona ahli bila mashg‘ulluq qililsa. Navvobdin harqaysi munosib ko‘runsa tavorix o‘kumoq buyrulsa, bataxsis «Zafarnoma» (1), agar mashoyix so‘zi yo ba’zi davvovin dag‘i guftu-shunuft bo‘lsa nomunosib ermas.

Yana ulkim, sudurg‘a hukm qililsakim, eshikda obodon imom bila muqri ta’yin qilsalarkim, saloti xamsani qoyim tutsalar; dag‘i muhtasib ta’yin qililsakim, elni namozg‘a targ‘ib qilsa.

Yana ulkim, haftada ikki kunkim, eshikda akobir jam’ bo‘lurlar. Hofiz Muhammad Sanoiyg‘a(2) yaxshi ehtirom qilinsa, balki buyurulsakim, yaqinroq o‘lturub, shar’iya umurni qat’ qilsa, to muborak xotir o‘l bobda dag‘i balog‘at paydo qilsa.

Yana ulkim, Iroq mamlakatig‘a fahmliq, hushliq kishilar yuborib, doyim xabar tutula turulsa. Arz qilur yo‘sunluq xabarlarni arzadosht qilib, yuqori yuborila turulsa, ul bobda ne hukm bo‘lsa, anga ko‘ra qililsa.

Yana ulkim, shahr ehtisobi amrida yaxshi ehtimom qililsa andoqkim, sharobxona, baytul-lataf, qimorxona — bularg‘a o‘xshar nomashru’ umurni kulliy man’ qililsa. Muhtasiblar haftada ikki qatla bozor ahlining narxlaridin vuquf topsalar.

Yana ulkim, sudurg‘a hukm bo‘lsakim, shahr masojidin ehtiyot qilib, imom, muazzindin mahalla ahlin surub, balkim xat olib, namozg‘a targ‘ib qilsalar, agar fisqu fasod ahli bo‘lub, alar amri ma’ruf qila olmasalar arz qilsalar.

Dag‘i har masjidning imomig‘a ta’yin qilsalarkim, mahalla ahlining ug‘ul va ushog‘ig‘a maktab tutub o‘qutsalar.

Yana ulkim, bu dastur bilakim, shahrda ta’yin qilinur bo‘lukot ulug‘larni Xoja Faxriddin yanglig‘ borcha bu dastur bila muqarrar qililsakim, bo‘luklar kent-bakent bu nav’ amal qilsalar.

Yana ulkim, sudurg‘a hukm bo‘lsakim, viloyat avqofidin xabardor bo‘lsalar, buzulg‘onin tuzatsalar, mutag‘alliba ilgida bo‘lsa chiqorib, hosilin masrifig‘a yetkursalar. Bu ishlarkim, sudurg‘a buyurulur Xoja Falong‘a dag‘i hukm bo‘lsakim, alar ishidin xabardor bo‘lub, alarg‘a madadgorlig‘da taqsir qilmasa.
Yana ulkim, Hofiz Muhammad Sanoiy g‘animatdur, shar’ bobida aning qavlig‘a quvvat berilsakim, shar’g‘a mujibi tarvij bo‘lsa. Bas masjidi jomyeg‘a bormoq tark bo‘lmasa. Munda ko‘rulgan dastur bila masjidi jome’da masoili shar’iya mazkur bo‘lsa.

Yana ulkim, devon beklariga hukm qililsakim, bir kun devonda o‘lturub, musulmonlar ishin yasasalar. Bu kung‘i ishni tonglag‘a qo‘ymasalar.

Dag‘i yiborib devonlar ham raoyo ishin o‘zlari qila olurchani qilib, qila olmasni arz qilib, hukm olsalar.

Yana ulkim, tavochi beklariga hukm bo‘lsakim, mol devonida muhr bosar beklar dasturi bila yasog‘lig‘ ishga mashg‘ulluq qilsalarkim, anda dag‘i ish favt bo‘lmasa.

Yana ulkim, shahr dorug‘asidin beklar bila Xoja Falon andoq sohib vuquf bo‘lsalarkim, juzvin ishdin qulliy imdod tilamasalar. Har mujrimdin jarimasig‘a ko‘ra jurmona olsalar.

Yana ulkim, bir munosib kishi ta’yin qililsakim, Mirzom davlat bila devonda o‘lturg‘onda har ishkim, voqe’ bo‘lur qalamiy qilib, ro‘znomada sabt qililsa, dag‘i tarixin bitsakim, qachon ul ishni ehtiyoji bilmak bo‘lsa, mazmuni va tarixi ma’lum bo‘lsa.

Yana ulkim, beklarga va devonlarg‘a basa parvonachi va muhrdor va munshig‘a hukm bo‘lsakim, musulmonlarning nishonin ortuq tama’ birla kechga qo‘ymasalar. Shar’iy va qavliy nishonni bir chorsu muhri bila hukm bo‘lg‘on kun—o‘q butkarib bersalar. Kulliyrak nishonlarni dag‘i qilaolg‘oncha hukmdin qo‘rqub, botroq butkarsalar.

Yana ulkim, majlis qurub chog‘ir icharg‘a ko‘p hirs ko‘rsatilmasa, agar ahyonan bizzarur voqe’ bo‘lsa, navvobg‘a muqarrar qililsakim, hukm bo‘lmag‘on kishi mutlaqo murtakib bo‘lmasa, yo majlisda tartibe mar’i bo‘lsa.

Yana ulkim, yuqoridin har nav’ hukm yetsa agar qulliy va agar juzviy — vaqtida hukm yo‘suni bila ishga faysa berilmay, hech ishga shuru’ qililmasa, agar qilg‘uluq ishtur, hukm yo‘suni bila qililsa, agar muyassar bo‘lmas bo‘lsa ham javobin bot arzadosht qilib yuborilsa.

Yana ulkim, har turluk arzadoshtkim, yuqori bitilsa, «nasx va ta’liq» xati bila andoq xono bitilsakim, o‘qurda o‘qur kishiga tashvish yetmasa, «turkcha» xat bila xud aslo bitilmasaki, bu bobda qavle dag‘i bordur. Har so‘zkim, arzadosht qilinur ulcha imkoni bor mashruh bitilsa, har ishning tarixin ne oy, ne kunda ekandur andoq bitilsakim, maqsudda hech ishtiboh qolmasa.

Yana ulkim, atrof va javonibdag‘i elning arzadoshti kelsa, bot uzatur elni ko‘p mavquf qilinmasa. Har qaysig‘a o‘z xurd holig‘a ko‘ra iltifot qilib, batahsis Mir Zaynulobiddin(3) jonibikim, rioyati bag‘oyat vojibdur, mundag‘i iltifot dasturi bila alar jonibin doyim rioyat qililsa.

Yana ulkim, ul viloyatlarning bir kulliy ishn dahonalarning zabtidur. Bu mahaldakim, ko‘ngul tilamasdek amre voqi’ emas, dahonalarda andoq mazbut kishilar qo‘yub, andoq mustahkam va mazbut qilsakim, nauzu billohkim, agar amre hodis bo‘lsaki, mujibi taraddudi xotir bo‘lsa, dahonalar tarafidin xotir bikulliy jam’ bo‘lsa. Yana ulkim, ish-kuchga andoq mashg‘ulluq qilib, g‘avrig‘a yetilsakim, arkoni davlatdin harqaysig‘a ish buyurulsa mioddin o‘tkara olmasalar, tag‘ofil bila ichkuga mashg‘ul bo‘lub, eshikka kelib, arz qilmoqdin ehtiroz qilsalar.

Yana ulkim, otlanmoq, tushmoq, ov qushg‘a mashg‘ulluq ko‘p bo‘lmasa, ul bobda e’tiqol rioyat qililsa, to ul ishdin ish-kuch favt bo‘lurg‘a bois bo‘lmasa.

Yana ulkim, Mirzo navkarlarikim, anda qulluqqa mashg‘uldurlar, Mirzo navkarligi haysiyatidin inoyat va hurmat alar bobida kam bo‘lmasa, lekin beqoidalig‘ye biridin zohir bo‘lsa, bozxost va siyosatda ma’zur tutulmasa.

Yana ulkim, tavochi beklariga hukm bo‘lsakim, yotish elin mazbut ta’yin qilib, yotish tavochisi har kun alarning yotishig‘a kelgan—kelmaganin yaxshi tergasa, to yotish ishi favt bo‘lmasa.

Yana ulkim, devoniylarg‘a hukm bo‘lsakim, atrofdin kelgan bozurgonlarning jonibin rioyat qilsalar. Ul viloyatda «tamg‘o» lafzi mazkur bo‘lmasa. Zakotni shar’ va hukm yo‘suni bila zakotchilar alardin mustaxlas qilsalar. Zakotchilar ishidin tavochi moh-bamoh, balki hafta-bahafta vuquf topib arzg‘a yetkursalar. Juzviy jarima qilg‘onni kulliy siyosat qililsa bok yo‘qdur, to bu ovoza olam mamolikiga yoyilsa, tujjorning rujui ko‘prak bo‘lsa.
Yana ulkim, mundin ortuq juz’iyoti arz qililsa shoyad mutolaasi mujibi kaloli xotir bo‘lg‘ay. Ammo sa’y qililsakim, jam’i umurda tengri taolo yodidin g‘ofil bo‘lulmasa. Mirzoni dag‘i ko‘rulsa, to bu ikki ish mujibi saodati dinu dunyo bo‘lsa.

Iltimos ulkim, bu arzadoshtni Mavlono Darvesh Muhammadga topshurulsa, har ikki—uch kunda bir qatla tilab mulohaza qililsa, dag‘i hukm bo‘lsa, agar muborak xotirdin po‘shida bo‘lib, tilamak unutilsa, ul o‘zi tilamay dag‘i har ikki—uch kunda kelturub, tobug‘da arz qilsa, dag‘i har xususdin harqaysi ishkim, arz qilg‘on yo‘sunluq surat bog‘lasa, ani sharh bila inoyat qilib, bitib yiborilsakim, Mirzo arzig‘a yetkurulsa.

Izohlar

1. Zafarnoma» — Sharafuddin Ali Yazdiyning Temurbek Ko‘ragonga bag‘ishlangan tarixiy asari.
2. Xofiz Muhammad Sanoiy —Aftidan bu shaxs shariat ahkomlarini yaxshi bilgan alloma bo‘lsa kerakki, Navoiy Badiuzzamonga shar’iy umurlar bobida undan foydalanishni tavsiya qiladi.
3. Mir Zaynulobidin Astrobod ashroflaridan. Navoiy Badiuzzamonga Mir Zaynulobidinni hurmat qilishni, unga iltifot ko‘rsatishni tayinlaydi.

Abdulla ORIPOV
MO‘MIN MIRZO HAQIDA IKKI SHE’R
009

MO‘MIN MIRZO

Hazrat Navoiyning nazari tushgan,
Yuragida balki she’r qoni jo‘shgan,
G‘unchadek qalbida ohi uvishgan,
Mo‘min Mirzo, ukam, seni o‘ldirdilar.

Qo‘lingga solishar tilladan zanjir,
Shahzoda yigitga hurmat bu, axir!
Bu nechuk qabohat, bu nechuk tahqir,
Mo‘min Mirzo, ukam, seni o‘ldirdilar.

To‘ringda o‘t yongur amirlar xudbin,
Bilganlar na nomus, na vijdon, na din.
Mayparast bobong ham bukibdi qaddin,
Mo‘min Mirzo, ukam, seni o‘ldirdilar.

Senga saltanatning qanday daxli bor,
Sen-ku masum go‘dak, pokiza dildor.
Olim bo‘larmiding, balki san’atkor,
Mo‘min Mirzo, ukam, seni o‘ldirdilar.

Ukam yovuzlarning topganlari shu,
O‘z o‘g‘lin it bo‘lib qopganlari shu,
O‘z qalbin kafanlab yopganlar shu,
Mo‘min Mirzo, ukam, seni o‘ldirdilar.

Topganlari zahar, to‘kkanlari qon,
Qanday zamon ekan, do‘stlar, bu zamon.
Bolam deb, oh chekar Badiuzzamon,
Mo‘min Mirzo, ukam, seni o‘ldirdilar.

Sen-ku yo‘qsan, ammo qotillar yashar,
Hamon go‘daklarga qilich qayrashar,
Qachon pok bo‘larkan bulardan Bashar,
Mo‘min Mirzo, ukam, seni o‘ldirdilar.

Besh yuz yil birida esladim birpas,
Lekin bu behuda motaming emas,
Qalbimni o‘rtada allaqanday sas….
Mo‘min Mirzo, ukam, seni o‘ldirdilar.

1971

BOYQARO

Koshonaning ko‘rkam bog‘ida
Savlat to‘kib, amirlar aro,
Chog‘ir ho‘plab gohi-gohida,
Osh yer edi sulton Boyqaro.

Birdaniga qisildi ko‘krak,
Birdaniga yo‘qoldi orom.
Bir luqma osh – ichida so‘ngak,
Tomog‘iga tiqildi, tamom.

Ahli tabib shu zahot boqib,
Afsungarlar bo‘ldilar giryon.
Ko‘zda yoshi daryodek oqib,
Arang nafas olardi sulton.

Oyu yillar o‘tdilar sekin,
Yurt ham bunga ko‘nikdi hatto.
Ba’zi dard bor, o‘ldirmas, lekin
Hamroh bo‘lar Mahshargacha to.

Eshitgan do‘st albat qon yutgan,
Na g‘animlar bundan rizodir.
Bu – sultonning o‘zi qatl etgan
Nabirasi Mo‘min Mirzodir.

26.05.2015

OTAGA QARSHI ISYON YOXUD
SHAHZODA BADIUZZAMON QISMATI

Fathulla Namozov
009

Husayn Boyqaro Hirot taxtiga chiqmasidan avval ma’lum muddat Samarqandda Sulton Abusaid Mirzo saroyida xizmat qildi. Abusaid Mirzo uni iliq kutib olib, temuriylarga xos ixlos bilan unga chin e’tiqod qo‘ygan edi. Ammo Sulton Uvays unga qarshi bosh ko‘tarib, hujum qilganidan so‘ng Abusaid Mirzoning Husayn Boyqarodan ko‘ngli qoldi. Ixlosi qaytgan podsho boshqa shahzodalar qatori Husayn Boyqaroni ham hibsga oldi. Chunki toj-taxtni ko‘zlab, ertami-kechmi Husayn Boyqaro ham bosh ko‘tarishi mumkin edi. Buni Sulton Abusaid kech bo‘lsa-da, baribir tushunib qoldi.

Sulton Husaynning hibsga olingani haqidagi xabar uning onasi Feruzabegimga yetib bordi. Feruzabegim Hirotdan zudlik bilan kelib, o‘g‘lini qutqarib oldi. Sulton Abusaid Mirzo bilan aloqani butunlay uzgan Husayn Boyqaro onasiga qo‘shilib, shitob bilan Samarqandni tark etdi. U Hirotga emas, balki Marvga yo‘l oldi.

Bu paytda Marvda Sulton Sanjar hukmronlik qilardi. U Sulton Abusaid Mirzoning ashaddiy dushmani edi. Sulton Sanjar Husayn Boyqaroni quchoq ochib qarshi oldi, uning sarkardalik mahoratini yuqori baholadi. U Boyqaro bilan yanada yaqinroq bo‘lishni istardi. Shu maqsadda uni o‘ziga kuyov qildi. Beka Sultonbegim ismli qizini unga xotinlikka berdi. Shunday qilib, Sulton Husayn Boyqaro Marv hukmroni Sulton Sanjarga kuyov bo‘lib qoldi. Badiuzzamon Mirzo Husayn Boyqaroning ana shu xotinidan tug‘ilgan to‘ng‘ich farzandi edi. O‘sha davr odatiga ko‘ra, u bo‘lajak taxt egasi, ya’ni valihad hisoblangan.

Badiuzzamon Mirzo g‘ayrat va shijoat, yurtni boshqarish va sarkardalikda boshqa temuriy shahzodalardan ajralib turardi. Ulug‘ shoir Alisher Navoiy u haqda iftixor bilan so‘zlab, ichki va tashqi fazilatlari tufayli yuksak maqom egallaganini (“Husni surot va husni siyrat bila orasta va jamoli zohiriy va kamoli botiniy bila niyrosta yigitdur”), kamolga yetganini alohida ta’kidlaydi. Mirzoning yana bir jihati uning she’riyat bilan mashg‘ul bo‘lishi, shoirligi edi (“tab’i ham nazm uslubida muloyimdur”). Navoiy Badiuzzamon Mirzoning fors-tojik hamda turkiy (eski o‘zbek tili)da qalam tebratganini aytib, uni o‘zbekcha she’ridan bir bayt keltiradi:

Ey sabo, gar so‘rsa holim shammai ul sarvinoz,
Evrulub boshig‘a men sargashtadin yetkur niyoz.

Alisher Navoiy Badiuzzamon Mirzoga umid bilan qarar, uni kelajakda mamlakatni adolat bilan boshqarishi, yurt obodonligi uchun jon kuydirishiga chin yurakdan ishonardi. Shoirning Badiuzzamon Mirzoga bitgan maktublari hamda unga bag‘ishlangan she’riy satrlari sinchiklab o‘rganilsa, ayon bo‘ladiki, Navoiy shahzodani hamisha kuzatib yurgan, uning yutuqlaridan muttasil quvongan, xato-kamchiliklaridan mehribon otalardek kuyingan. Bilib turib yo‘l qo‘ygan noto‘g‘ri xatti-harakatlarini esa ro‘y-rost yuziga aytib, uni bu yo‘ldan qaytarishga uringan. O‘z navbatida Badiuzzamon Mirzo ham Navoiyga chinakam ixlos qo‘ygan, uni mehribon ustoz va murabbiy sifatida hamisha e’zozlardi. Hatto, eng qaltis vaziyatlarda ham shoirning aytganlarini so‘zsiz bajargan, uning so‘zini ikki qilmaslikka intilgan Badiuzzamon Mirzo Navoiyning ta’na-dashnomlari, tanbehlarini hamisha e’tirozsiz qabul qilgan. Navoiy bilan Badiuzzamon o‘rtasidagi munosabatning samimiyligi hozirga qadar bizga ota-bola o‘rtasidagi nazokatli va nafis munosabatni eslatadi.

Ammo shuni ham alohida ta’kidlash kerakki, sulton Husayn Boyqarodek podshohning bu to‘ng‘ich o‘g‘li barcha temuriy shahzodalar kabi toju taxtga nihoyatda o‘ch edi. Uning o‘z otasiga qarshi bosh ko‘tarib isyon olovini yoqqanligi, mamlakat, yurt boshiga g‘oyat katta tashvish va tahlika tug‘dirgani ma’lum. Ota-bola o‘rtasidagi ushbu behuda ixtilof va nizo tufayli hisobsiz qonlar to‘kildi, ko‘pgina yosh yigitlar umri xazon bo‘ldi. Badiuzzamon Mirzo uchun bu toj-taxt talashlari g‘oyat qimmatga tushdi. U dastavval Zulcharog‘ nomli manzilda, ikkinchi marta esa Nishin yaylovida otasi tomonidan tor-mor etildi. Eng xunugi, Badiuzzamon Mirzoga ergashib, Husayn Mirzoning Abulmuhsin Mirzo va Kepak Mirzo kabi o‘g‘illari ham otaga qarshi bosh ko‘tardilar.

Husayn Boyqaro bilan Badiuzzamon Mirzo o‘rtasidagi kelishmovchiliklarning kelib chiqishiga faqat shahzodani ayblash adolatdan bo‘lmaydi, albatta. Dastavval Astrobodni Badiuzzamonga bergan Husayn Boyqaro xotini Xadichabegimning qutqusi bilan bo‘lsa kerak, niyatidan qaytib, uni Muzaffar Mirzoga topshirish haqida maxsus farmon beradi. Badiuzzamon Mirzoni esa Astrobod hokimligidan ozod etib, uni Balx hokimi etib tayinlaydi. Ushbu adolatsiz farmon shahzodaning g‘azabini toshirib yuboradi. Chunki Astrobod hokimligidan ketish Badiuzzamon Mirzoning valiahdlikdan mahrum etilishi bilan barobar edi.

Xullas, Sulton Husayn Boyqaroning Badiuzzamon Mirzoni Astrobod hokimligidan mahrum etish to‘g‘risidagi farmoniga Badiuzzamon bo‘ysunmay, uni bajarishdan bosh tortdi. Sarkash shahzoda o‘zining o‘n ikki yoshli o‘g‘li, dadil va jasur Mo‘min Mirzoni Astrobodda qoldirib, shaharga Muzaffar Mirzoni kiritmaslikni tayinladi, o‘zi esa Balx sari yo‘l oldi. Otasining Xadichabegim gapiga ko‘nib, bunday ish tutishidan qattiq g‘azablangan Badiuzzamon Mirzo: “Astrobodga odam yuborib, ovora bo‘lmang. Uni baribir bermayman”, degan mazmunda maktub bitib, otasiga jo‘natadi.

Ulug‘ shoir Alisher Navoiy otaga qarshi bosh ko‘targan Badiuzzamon Mirzoni otasi bilan yarashtirish uchun ko‘p sa’y-harakat qilgani tarixiy asarlar orqali ma’lum. Shoir Badiuzzamonga yuborgan bir maktubida ota bilan yurt talashish el boshiga zo‘r falokatlar keltiradi, deb tashvish bildirardi. U shahzodani to‘g‘ri yo‘lga boshqarish uchun jon kuydirar va uni insofga chaqirardi. “Men bu gaplarni birovning gapi bilan emas, balki ota-bola o‘rtasidagi munosabatdan yaxshi xabardor bo‘lganligi uchun aytaman”, deb alohida uqtirgandi shoir.

Navoiyning Badiuzzamon Mirzoga yo‘llagan ikkinchi maktubi Tangri rizosi ota rizosi bilan barobardir, shuningdek, Alloh g‘azabi ham ota g‘azabi bilan qo‘shilib ketadi, degan gaplar bilan boshlandi. Shoir Badiuzzamon Mirzoga qarata, kimki otasini rozi qilsa, u Tangrini ham rozi qilgan bo‘ladi, aks holda Xudoning g‘azabiga duchor bo‘ladi, dedi. Shunday ekan, kim otaga qarshi bosh ko‘tarib chiqa oladi?!

Navoiyning fikricha, farzand uchun ota qudratli tarbiyachi, ona esa qonuniy rizq beruvchidir. Shu o‘rinda Navoiy turkigo‘y shoir Ahmad Yugnakiyning bir to‘rtligini misol keltiradi. Undagi “Atodin xato kelsa, ko‘rma xato”, deyish bilan Husayn Boyqaro tomonidan Badiuzzamon Mirzoga nisbatan yo‘l qo‘yilgan noto‘g‘ri xatti-harakatni g‘oyat pardali tarzda qayd etish barobarida “Bu xatoni savob bil”, ya’ni bu holni dastak qilib, otaga bosh ko‘tarish nihoyatda ulug‘ gunoh ekanligini ta’kidlamoqchi bo‘ldi.

Navoiy mazkur maktubda Badiuzzamon Mirzoning o‘z otasiga qarshi yo‘l qo‘ygan kamchiliklarini ro‘y-rost sanab o‘tgan, unga tanbeh bergan, sultonning o‘g‘li ekanligiga qaramay ayamay tanqid qilgan.

Navoiyning fikriga ko‘ra, Badiuzzamon Mirzo viloyatdan keladigan barcha daromadni o‘z ixtiyoriga olib qo‘ygandi. Bu o‘sha davrda amalda bo‘lgan qonunlarga mutlaqo zid edi. Ikkinchidan, shahzoda Husayn Boyqaro farmoniga so‘zsiz bo‘ysunish o‘rniga undan bo‘yin tovlagan, bu gustohlik sanalardi. Ma’lumki, gustohlik andishasizlik, ibosizlikdan iborat. Uchinchidan, shahzoda hali qo‘lga kirmagan Iroq viloyatini otasi bilan maslahatlashmay, u bilan kelishmay turib, o‘z tasarrufiga kiritgan edi. Bunda Badiuzzamon tomonidan yo‘l qo‘yilgan xato shundaki, u o‘z nishoni, ya’ni farmon va boshqa rasmiy hujjatlarida otasi Husayn Boyqaroning nomini chiqarib tashlagandi. Bu esa o‘sha zamonda amalda bo‘lgan davlat yuritish tartiblariga mutlaqo zid bo‘lgan. Mavjud qonunga muvofiq, viloyat hukmdorlari har bir rasmiy hujjatda mamlakat hukmdorining nomini tilga olishlari shart edi.

1496-1497 yillarda ota-bola o‘rtasida keskin urush harakatlari boshlanib ketdi. Badiuzzamon Mirzoni pand-nasihatlar bilan to‘g‘ri yo‘lga solishga ko‘zi yetmagan Navoiy ularni yarashtirish maqsadida Balxga jo‘nadi. Navoiyni o‘ziga ustoz deb bilgan, chin dildan hurmat qilgan shahzoda uning biror gapini ikki qilmay, shoir qo‘ygan barcha shartlarga so‘zsiz rozi bo‘ldi. Ammo muzokaralar ijobiy yakunlanishi oldidan Badiuzzamon Mirzoning odamlari podshohning maxfiy farmonini qo‘lga tushirdilar. Balx shahrining kutvoli (komendanti)ga yo‘llangan ushbu farmonda Badiuzzamonni shaharga kiritmaslik va qo‘lga tushirib, zindonband qilish buyurilgan edi. Farmonni o‘z ko‘zi bilan ko‘rgan Navoiy Sulton Husayn Boyqaroning bu xatti-harakatidan qattiq norozi bo‘ladi. Natijada farmon tufayli shahzoda otasi bilan yarashish fikridan voz kechdi…

Nihoyat, ota-bola temuriyzodalar o‘rtasidagi omonsiz jangda Badiuzzamon yengildi. Keyingi kuni Muzaffar Mirzo Astrobodni bosib olib, Mo‘min Mirzoni makr bilan qo‘lga tushirib, asirlikka oldi. 12 yoshli Mo‘min Mirzo Hirotga, Ixtiyoriddin qal’asiga keltirildi. Bu fursatdan ustalik bilan foydalangan Xadichabegim makkor vazir Nizomulmulk bilan maxfiy ravishda til biriktirib, Sulton Husayn Mirzoning mastligi chog‘ida undan Mo‘min Mirzoni o‘ldirish haqida oldindan tayyorlab qo‘yilgan farmonga muhr bostirib oldilar…

Sulton hushiga kelib, voqeaning butun dahshatini angladi-da, darhol o‘zi muhr bosgan farmonni bekor qildi. Ammo vaqt o‘tgan, Mo‘min Mirzo allaqachon fitna qurboni bo‘lgandi. Bu qonli voqealar ro‘y bergan ma’shum kunlarda Navoiy davlat ishlari bilan Mashhadda edi. Shoir dahshatli xabardan qattiq larzaga tushdi. “Shayx Majdiddin Bag‘dodiyning Xorazmshoh Muhammad tomonidan qatl etilishi Chingizxon tomonidan qirg‘inni boshlab bergan bo‘lsa, Mo‘min Mirzoning o‘ldirilishi ham xuddi shunday bo‘lajak”, deb bir necha bor takrorlaganini tarixchi Xondamir eslatib o‘tgan.

Zamonning zaylini qarangki, voqealarning borishi Navoiyning yuqorida aytgan fikrlarini to‘la-to‘kis tasdiqladi. Ko‘p o‘tmay Hirotga Shayboniyxon boshliq qo‘shinlar bostirib kirdi.

1499 yilda Sulton Husayn Boyqaroning Marvda hokimlik qilayotgan o‘g‘li Abulmuhsin otaga qarshi bosh ko‘tardi. Qartaygan, toliqqan shahanshoh o‘z pushti kamaridan bo‘lgan o‘g‘ilga qarshi qo‘shin tortishga majbur bo‘ldi. Shuning uchun Husayn Boyqaro haj safariga otlanish uchun taraddud ko‘rayotgan Navoiyga maktub jo‘natib, uni o‘rdasiga, o‘z huzuriga yetib kelishni so‘radi. Alisher Navoiy bu paytda hajga borish uchun yo‘lga chiqqan va Mashhadga yetgan edi. Podshoh maktubi xususida shoir Mashhad ulug‘lari bilan maslahatlashdi. Ular mamlakat osoyishtaligi uchun shoirdan haj safarini qoldirish zarurligini ta’kidladilar.

Alisher Navoiy shoh qo‘shini joylashgan o‘rdaga yetib keldi. Padariga qarshi isyon ko‘targan Abul Muhsin otasi bilan sulh tuzish uchun podshoh nomidan Alisherning vakil bo‘lishini shart qilib qo‘ygandi. Shoir ota-bolani yarashtirib, Hirotga qaytdi.

Sulton Husayn Boyqaro saltanatiga tashqi dushman Shayboniyxon tahdidi xavf solmoqda edi. 1500 yilda Samarqand Shayboniyxon tasarrufiga o‘tdi. Bu vaqtda Samarqandni qo‘lga kiritish uchun kurash boshlagan Bobur Mirzo Sulton Husayn Mirzo va Badiuzzamonga odam yuborib, undan yordam so‘radi. Ammo ulardan hech qanday ko‘mak kelmadi. 1504 yilda Husayn Boyqaro Shayboniyxon bilan bo‘lgan jangda vafot etdi. Uni shohona urf-odatlarga amal qilib dafn etishgach, sarkardalar va beklar o‘zaro maslahatlashib, Hirot taxtini teng tiriklik asosida Badiuzzamon Mirzo va Muzaffar Mirzoga topshirdilar. Boburning aytishicha, bu qiziq ish, ya’ni podshohlikda sheriklar asosida hukmronlik hech qachon eshitilmagan edi.

Zahiriddin Muhammad Bobur 1506 yilda Hirotda Badiuzzamon bilan uchrashgan. Sevimli jasur farzandidan ajralgan, Navoiyning pand-nasihatlaridan yetarli xulosa chiqargan Badiuzzamon anchayin cho‘kib qolgan, hayotning omonsiz zarbalaridan soch-soqoli oqarib qolgan edi.

Shayboniyxon Hirotni egallaganidan so‘ng Badiuzzamon Mirzo Turkiyaga ketib qoldi va 1514 yilda Istanbulda sargashtalikda dunyodan ko‘z yumdi.

006

(Tashriflar: umumiy 1 626, bugungi 1)

Izoh qoldiring