Xurshid Davron. Amir Temur bilan Sulton Boyazid jangi.

ankara

«Темурбек билан Улуғбек» номли тарихий қиссам 1993-1994 йилларда ёзилган ва 1994 йилда «Соҳибқирон набираси» номи билан нашр этилган эди. Бу китобнинг пайдо бўлишига аслида аввалан менинг кўҳна тарихимизга бўлган меҳрим ва қизиқишим ,кейин эса ўша йиллари Ўзбекистон радиосининг болалар ва ўсмирлар редакциясининг бош муҳарири бўлган Эркин Малик сабабчи бўлган эди. Эркин аканинг «Хуршидбек, болаларга  тарихий қисса ёзиб бераман,деган эдингиз. Бу ёқда Мирзо Улуғбек таваллдининг 600 йиллиги яқинлашиб келяпти.Келинг,бир иш қилайлик, сиз улуғ бобомиз ҳақида ҳафтанинг ҳар чоршанбасигача 13 варақ ёзиб келасиз,ўзингиз ўқиб берасиз,мен эса студияни тайёрлаб беравераман» деган гапи билан китобнинг дастлабки нусхаси ярим йил ичида ёзилди.
Қиссада Амир Темур юришлари,шу жумладан,унинг Рум юриши ҳақида ҳам ҳикоя қилинган.Бугун Анқара жангининг 610 йиллиги олдидан айни шу жанг билан боғлиқ бобни тақдим этаяпман.

065
Хуршид Даврон
БОЯЗИД БИЛАН ЖАНГ
(«Соҳибқирон набираси» қиссасидан боб)
075

jemБиз энди турк халқлари тарихининг аламли саҳифалари бўлган воқеалар ҳақида ҳикоя бошлаймиз…
Шом юриши зафар билан тугагач, навбат усмонли турклар султони Боязид билан жанг қилишга етган эди.
Усмонли турклар кимлар эди? Улар ҳам Турон заминида яшаган саха (сак) қабилаларининг авлоди, улар ҳам тарихда ўчмас из қолдирган Қанғ давлатини барпо этган ғарбий туркларнинг насллари эдилар. Буюк салжуқийлар давлати уларнинг қудрати ва иродаси билан тикланган эди.
1219 йили Чингизхон галалари Турон мулкига бостириб кирганда эллик минг ўтовли қанғли уруғи Кабихон (Киё Алпхон) бошчилигида Рум мулкига қараб йўл олди. Маълум вақт ўтгач, уруш оловлари сўнганига ишонган Кабихоннинг ўғли Сулаймон бошлиқ турклар ўз она юртларига қайтмоқчи бўлдилар. Аммо Фурот дарёсини кечиб ўтаётганда Сулаймон сувга чўкиб ҳалок бўлди. Унинг ўғли Эртўғрул тўрт юз ўтовли уруғини йўлдан қайтариб, Арзирум атрофларини ватан қилди.
Мўғул босқини туфайли ғарбга чекинган салжуқийлар Кичик Осиёдаги Византия империяси ерларини босиб олиб, Куния султонлигини тузган эдилар. Султон Алоуддин Қайқубод замонида (1219-1236) султонликнинг энг гуллаган мавсуми бўлди. (Ўрнида айтиш жоиз, Самарқандда туғилган, Балхда вояга етган, Румда камолга етган буюк мутафаккир ва мутасаввиф мавлоно Жалолиддин Румий шу даврда яшаб ижод қилганлар).
Уста ва жасур саркарда бўлган Эртўғрул ўз фаолиятини дастлаб ён-атрофидаги уруғлар ерларини босиб олиш билан бошлади. Кейин Куния султони Кайқубоднинг Чиғатой бошлиқ мўғул қўшини билан жанг қилаётганини эшитгач, Қайқубодга ёрдамга шошилди. Алоуддин Кайқубод унинг бу хизматини унутмади, мўғулларни султонлик сарҳадидан қувиб чиқаргач, Эртўғрулга Эскуд, Қорачатоғ, Томанчи ерларини тортиқ қилиб, уни ўз қўшинига қўмондон этиб тайинлади. 1272 йилда тўқсон ёшга етган Тўғрулбек оламдан ўтди. Қайқубод унинг ўғли Усмонни отаси ўрнига тайинлади. Вақт ўтиб, Куния султонлиги Эрондаги мўғул ҳукмдорлари – хулокуларга тобе бўлиб қолган бўлса-да, Усмон отаси ва ўзи янги-янги мулклар эвазига кенгайтирган беклик мустақиллигини сақлаб қолди. Бу беклик Усмон Ғозий замонида қувватга тўлгани сабабидан у Усмонли давлати номини олди.
Биз ўз қиссамизда Улуғбек мирзо болалиги ҳақида ҳикоя қилар эканмиз, у келажакда нафақат фалакшунос олим, шу билан бирга муаррих бўлиб етишганини айтиб, “Тарихи арбаъи улус” (“Тўрт улус тарихи”) китобида Усмонлилар ёки Оли Усмон (Усмон хонадони) ҳақида ҳам маълумот берганини таъкидлаймиз. Улуғбек бу сулола ҳақида шундай ёзган эди: “Тарих ва хабарлар муҳаққиқлари наздида шул муқаррарки, Ўғузхон Султон Усмонхоннинг ўн бешинчи бобосидир. У охир султонлардан бўлиб, Чин ибн Ёфас алайҳиссалом авлодларидандир… Ўғузхон қадимги бобоси бўлиб, Турк ибн Ёфас алайҳиссалом авлодидандир. Усмонхон аждодлари исмлари ҳазрати Ёфас алайҳиссаломгача тубандаги тартибдадир:
Усмонхон ибн Эртўғрул ибн Сулаймонхон ибн Киё Алпхон ибн Қизил Буғахон ибн Бойиндурхон ибн Ойқутлуғхон ибн Турғорхон ибн Қилтунхон ибн Байсабқурхон ибн Боқи оға ибн Савузғорхон ибн Тўктемурхон ибн Бойсуқхон ибн Кўк Алпхон ибн Ўғузхон ибн Бойсубхон ибн Ялвожхон ибн Бойбукхон ибн Тўғрулхон ибн Ойтуғмишхон ибн Кужангхон ибн Ортуқхон ибн Қасорихон ибн Бектемурхон ибн Туркисхон ибн Ямоқхон ибн Қизил Буғахон ибн Ямоқхон ибн Бойбуғахон ибн Тўғрулхон ибн Қойихон ибн Жамукхон ибн Бойсурхон ибн Тўғрулхон ибн Севинчхон ибн Куртилмишхон ибн Жорсуғахон ибн Қаражархон ибн Бойчуқхон ибн Амудхон ибн Кумушхон ибн Қораўғлонхон ибн Сулаймонхон ибн Қурчилхон ибн Қўрбуғхон ибн Бойтемирхон ибн Қуйхон ибн Макри Юманишхон ибн Макри Қуйхон ибн Мочинхон ибн Чинхон ибн Ёфас алайҳиссалом ибн Нуҳ алайҳиссалом”.
1301 йили Усмон Византия қўшинини Никодемия билан Никея оралиғидаги манзилларнинг бирида яксон этгач, қисқа вақт ичида Мармара ва Қора денгиз бўйларидаги мулклар усмонлилар томонидан забт этилди.
Қадим булғор солномаларининг бирида қуйидагиларни ўқиймиз: “Усмоннинг вориси Ўрхон бўлди ва у отасининг ишини илгари сурди, душманларини кетма-кет мағлуб этиб, юнонлар мулкидаги Бурса шаҳрига етди. У шаҳарни қамал қилди ва ўғли Улуғ Мурод билан фатҳ этди. Бурса усмонлилар мулкининг пойтахтига айланди. Ўрхон 1362 йили оламдан ўтди, тахтни ёш Мурод эгаллади”.
Мурод катта қўшин билан булғор ерига ҳужум қилмоқ учун юнонлар заминидаги сон-саноқсиз кемалар билан қўриқланган кўрфазга келди. Византия императори Кантакузин кўрфазни мустаҳкам қўриқлаш учун асосан кемаларга таянар эди. Аммо тез орада кемаларни ёлғиз ўзи озиқ-овқат, қурол-аслаҳа билан таъминлаёлмаслигини англаган Кантакузин аркони давлати билан келишиб, Тирновода турган булғор шоҳи Александрдан ёрдам сўради. Булғорлар юнонларни масхара қилиб, улар йўллаган элчиларни қувиб юбордилар. Кантакузин серб ҳукмдорларига йўллаган элчилар ҳам шундай бадном этилиб ҳайдалди. Бу ҳақда эшитган Кантакузин “Ҳали бу қилмишингиздан пушаймон бўласиз, аммо ўшанда кеч бўлади!” деб булғорлар билан сербларга мактуб ёзди. Аммо улар пинакларини бузмай: “Турклар келишсин-чи, ўшанда кўрамиз”, — деб жавоб бердилар. Шундан кейин тақдирга тан берган Кантакузин Мурод билан сулҳ тузиб, Галлиполи кўрфазини туркларга топширишга мажбур бўлди. Трапезундия императори ҳам туркларнинг кўп эшкакли қайиқларидан фойдаланиш ҳақидаги сўровини рад этишга ботинолмади ва турклар қўшини Оврупо қитъаси томонга хотиржам ўти олди. Мурод Ғозий дастлаб булғорларни, кейин сербларни мағлуб этиб, уларнинг ерини босиб олди. 1366 йилда усмонлилар пойтахтни Бурсадан Болқон ярим оролидаги Андриаполга кўчириб, шаҳарга Эдирне деб ном қўйдилар.
Косово шаҳрида шаҳид бўлган Мурод ўрнини Боязид эгаллади (1389). У отаси ҳалок бўлган куниёқ тахтни эгаллаш йўлида ўз биродари шаҳзода Ёқубни қатл эттирди.
Боязид жангчи боболари шуҳратини ошириш йўлида тиниб-тинчимади. Кўп ўтмай шиддатли ҳужумлар туфайли у замондошлари орасида Оврупо-ю Осиёнинг бутун-бутун мамлакатларини ёқиб юборган чақин – “Йилдирим” номини олди. 1396 йили у Можаристон қироли Сигизмунд бошлиқ бутун Оврупо ўлкаларидан йиғилган салбчилар қўшинини яксон этди. Никопол яқинидаги бу жангда Оврупонинг энг машҳур рицарлари Боязиднинг шиддатини тўса олмадилар: асир олинган граф Наварский ва йигирма тшрт овруполик шаҳзода ўлжа сифатида ғолибнинг орқасидан эргашишга мажбур бўлдилар. Бутун Оврупо давлатлари икки юз минг олтин миқдорида пул йиғиб, ўзининг шаҳзодаларини қутқариб олишга эришди.
Никопол ғалабасидан сўнг Боязид Византия империясининг сўнгги парчаси – Константинополни қамалга олди. Амир Темурнинг усмонлилар давлатининг шарқида пайдо бўлишигина Константинополни ҳалокатдан қутқариб қолди. Боязид талаби билан Византия императори Маниуил ўлпон тўлаб туриш ҳамда шаҳар бир турк маҳалласи ва масжид барпо этиш, мусулмонлар билан румликлар орасида ўртага чиқадиган можароларни исломий ҳуқуқ асосида кўриб чиқиш учун бир қози тайинлаш шартларига рози бўлди. Бу воқеалар Амир Темурнинг Шом юриши пайтида бўлиб ўтди.
Боязид кучли ва жасур рақиб эди. Амир Темур Ҳиндистон юришидан қайтишдаёқ, Боязиднинг Оврупо ва Осиёда қучган шонли зафарлари ҳақида беш йиллик юриш (1392-1397) пайтида эгаллаган мулклари: Гуржистону-Арманистон, Ироқу-Шом, Озарбайжон ва Бағдод халифалигига эгалик қилишга даъволик қилаётгани ҳақида эшитган, хуллас Боязидга Рум ҳудуди торлик қилаётганини англаган эди. Оврупо-ю Осиёнинг катта қисмига ҳукмдорлик қилган бу салоҳиятли саркарда билан куч синаш тақдирида битилганини англаган Амир Темур шошилмай иш тутди. Боязид Византия қамали билан овора бўлган бир пайтда у Шом юришини бамайлихотир амалга оширди. 1401-1402 йиллар қишини Қорабоғда ўтказаркан, қўшинга дам бериш билан баробар бўлажак юришни ипидан-игнасигача пухта ўйлади. Икки қудратли куч: темир билан йилдирим бир-бири билан тўқнашувга ҳозирланар экан, дунё таҳлика ичида қолиб, тўқнашув қандай натижа билан тугашини кутар, испан, фаранг ва овруполик бошқа ҳукмдорлар аллақчонлар элчиларини ҳозирлаб, бўлажак ғолибни қутлашга шай туришар, воқеалар қай ҳолда якун топишини билмай талвасага тушган майда ҳукмдорлар гоҳ Боязид тарафга, гоҳ Темур томонга қочиб ўтишарди.
Икки йил бурун Темур билан Боязид ўртасида бошланган мактуб ёзиўмалари авжида эди. Шом юришида экан, Темур яна бир мактуб жўнатган ва Боязиддан ўзига итоат қилишни талаб қилган эди. Бунга жавобан Боязид “Ким-кимга тобе бўлишини жанг ҳал қилсин, мен жангга тайёрман”, — маъносида жавоб берди. Амир Темур эса яна мактуб йўллаб, ўзаро иттифоқ бўлишса кофирларга қарши Ислом куч-қудратини оширажагини айтиб, агар Боязид ўғилларидан бирини ўз ҳузурига омонат тарзида юборса, йўлланган хилъатни қабул қилса, Румга юриш қилишдан қайтажагини билдирди. Амир Темурнинг бу сўзларини Боязид кескин равишда рад этди.
Бу музокаралар кечар экан, Мовароуннаҳрдан амирзода Муҳаммад Султон бошлиқ янги қўшин етиб келди. Боязид ҳам ўзига тобе юртлардан қўшин тўплаш билан машғул эди.
Қиш ўтиб, баҳор келиши билан Қорабоғда ўтказилган қурултойда Боязид устига юришга қарор қилинди. Худди ўша кунлари Амир Темур Чин (Хитой) императори – Фағфури вафот қилгани ва у ерда ҳокимият талашиш бошлангани хабарини олди. Чин устига юриш пайти етганини билса-да, аммо ўз манзилини тарк этса, янги забт этилган мулклар Боязид томонидан босиб олинишини билгани учун у турк султони билан жанг қилишни маъқул топди. У Боязидга навбатдаги мактубини йўллаб, ундан қуйидаги беш шартни қабул қилишини талаб қилди:
1. Вассали бўлмиш Арзинжон амири Таҳартонга (Мутаҳартенга) тобе Камах шаҳрини яна ўз эгасига қайтариш ва Камахни босиб олган пайтида қўлга олинган Таҳартон оиласини озод қилиш.
2. Шаҳзодалардан бирини ўз ҳузурига омонатга юбориш.
3. Тобелик белгиси бўлган кулоҳ билан камарни қабул қилиш.
4. Онадўли бекларидан тортиб олинган ерларни (Ойдин, Сарухон, Манташа, Кермиян, Теке, Ҳамид-ўғиллари ва Чандарўғиллари бейликлари назарда тутилган) яна эгаларига қайтариш.
5. Қорақуйунлилар раиси Қора Юсуфни банди қилиб, ўзига юбориш.
Амир Темур бу талабни қўяр экан, султон Боязид қўл остида бирлашган бекларни ўз томонига ағдариб олишни мақсад қилган эди. Бу талабларини эшитган беклар Боязиддан совишларини у яхши фаҳмларди. Амир Темур ҳар бир ҳарбий тадбир тақдирини аввал ақли билан, шундан кейингина қилич билан ҳал қилишни мақбул кўрарди. Амир Темурнинг бу фазилати ҳақида усмонли туркларнинг ХХ асрдаги буюк фарзанди Мустафо Камол Отатурк шундай деган эди: “Менимча, жаҳонда ўтган саркардаларнинг энг улуғи Темурдир. У ҳеч қачон бирор урушни кўр-кўрона, фақат ҳарбий омадга ишониб бошламаган. У ҳар бир ҳарбий юришга жиддий, пухта, аниқ ҳисоб-китоб асосида узоқ йиллар давомида ҳозирлик кўрарди. Масалан, у Анқара жангида қозонган ғалабасини Боязид Йилдирим билан унинг вассаллари ўртасига ихтилоф солиш билан олдиндан таъминлаган эди. У ғалабага ақли билан эришди”.
Амир Темурнинг талабларини эшитган Боязиднинг ғазаби қўзғалди, ўйлаб иш тутишга маслаҳат берган вазири аъзам Али пошшога: “Ҳали шарафимиз ҳам, кучли қўшинимиз ҳам бор, шундай экан, тобе бўлиб яшамасмиз! – деди. Сўнг у Амир Темурни назар-писанд қилмаслигини кўрсатмоқчи бўлгандек, Турон султонига армуғонлар жўнатди. Аммо у жўнатган тортиқлар сони туркийларга хос тарзда тўққизта эмас, ўнта эди. Боязид тортиқлар билан баробар мактуб ҳам жўнатган, унда турк султони ўз исмини катта ҳарфлар биланбитган ҳолда, Темурнинг исмини кичик ҳарфлар билан ёздирган эди. Бир-бирини ҳақорат қилишдан сўнг ҳар икки томон ҳаракатга келди. Ҳар икки ҳукмдор бир-бирларининг муносиб рақиб эканликларини яхши англашар, аммо ҳеч қайсиси паст келишни истамасди.
Амир Темур набираси амирзода Муҳаммад Султон бошлиқ янги қўшинни Камах устига юборди. Тахт валиаҳди ўн икки кун ичида шаҳарни эгаллаб, бобосини қувонтирди. Шундан кейин Амир Темур Сивасга келиб тўхтади. Шу ерда туриб хуфияларни ишга солди – усмонлилар давлати ҳудудида ва Боязид қўшини ичида юзага чиққан вазият, ҳар бир ҳаракат ҳақида батафсил маълумотларни тўплади. Йилдирим эса қўшинларини жамлаб, Темурга қараб ҳаракат бошлади.
Ҳикоямизни шу ерда тўхтатиб, Улуғбек мирзога қайтайлик. Саккиз ёшга тўлган амирзода уғруқда, бибиси Сароймулкхоним билан устози Ҳамза тарбиясида эди. Мурғаклиги сабабли ҳали жангу-жадалда қатнашиш ҳуқуқини олмаган набира жаҳонгир бобосига қанча ялинмасин, уғруқда қолдирилган эди. Замонлар ўтиб, кўп қиссагўй ровийлар Улуғбек мирзони ҳам румликлар билан жангда қатнашган қилиб, чўпчакнамо қиссалар битадилар. Бу қиссалар чўпчакнамо бўлсада, уларда Рум юриши ҳақида қизиқ маълумотлар учрайди. Мана шундай қиссалардан бирини сизга ҳикоя қиламан:
“…Амир (Темур) элатдин нома юбормоққа элчи талаб қилдилар. Номани Иноқ вазирга бериб, кенгаш қилдилар, беклар Мироншоҳни талаб қилдилар. Амирдин жавоб бўлмади. Андин сўнг Шоҳруҳ мирзони талаб қилдилар. Амир “Бу доим жанг талаб”, — дедилар. Сўнгра Умаршайхни арз қилдилар. Амир айтди: “Мунга китоб ўқимоқдин ўзга иш бўлмас”. Сўнгра Султон Муҳаммад тўрани айтдилар. Амир (Темур): “Бу шаробни яхши кўрар”, — дедилар. Барчалари айдилар: “Бу хизматни уҳдасидин Мирзо Улуғбекдин ўзга киши чиқолмас, чораки кичик бўлса ҳам, улкансифатдур, фитратлик, ҳар ишга етук, кўб туйғундур, бу ҳар ишга лойиқ, барча нимарсага боб”, — дедилар. Анда Мирзо Улуғбек Мағриб вилоятига ҳоким эрди, анга тезлик бирла келсун, деб хат ёзиб юбордилар. Андин сўнг Амир Соҳибқирон Миср узра ҳоким қўйуб, Олабоғ сариға келди. Шоҳруҳ тўра отасин мулозаматида бўлди, амир андин кўб хурсанд бўлдилар. Бу сўз мунда турсин, эмди икки калима сўзни Қайсардин (яъни султон Боязиддан) эшитмак керак.
Қайсар то ўғли боргунча бўлмай, бир юз етмиш кишини бошлиқ қилиб, аларга вазири аъзам Темуртошни (аслида Темуртош бекларбеги бўлган) амири аскар қилиб юбордилар. Тўрт сон киши денгиз каби ошиб-тошиб йигирма кунда Олатоғ бағрига еттилар. Бу ғавғоларни дангқини (донғини) Миср аҳли эшиттилар, филҳол Миср ҳокимидин Амирға хабар келди. Амир Соҳибқирон тахти салтанат узра бекларга кўринушда эдилар.
…Амир Соҳибқирон анда айдилар: “Кимдур Темуртошга қўшун била бориб, муқобил бўлғай?” Анда беклардин етти киши ўрнидин туруб, Амирдин фотиҳа талаб қилдилар. Аввал Суюрғамишбекким, Чингизхон насли эрди, иккинчи Ҳинд Хожа қушбеги, учунчи мирзо Саъдиддин Ваққос, тўртунчи мирзо Муҳиддин, бешинчи мирзо Инжил, олтинчи Олтмишбек, еттинчи амир Баён Сулдуз. Анда Амир Соҳибқирон айдилар: “Илғор боши Суюрғамиш бўлсун, агар бу ҳалок бўлса, Мирзо Саъид Ваққос бўлсун, бу ҳалок бўлса, мирзо Муҳиддин, бу ҳалок бўлса, Мирзо Инжил, бу ҳалок бўлса Олтмиш баҳодур, бу ҳалок бўлса, Баён Сулдуз бўлсун, бу ҳалок бўлса, Ҳинд Хожа илғор боши бўлсун!”
…Темуртош англадиким, мўғул бекларидин етти киши кўб-кўб аскар олиб келурмиш, деб. Бирдан карнай-сурнай табали жанг қоқтилар. Темуртош аскари андоғ кўб эрдиким, етти юз туғ байроқлари бор эди. Бу тарафдин чангу-тўзон кўрунуб, Амир Соҳибқирондин етти аскар бориб, саф тузаттилар. Нақора, баробанларни икки аскар жойлариға тортиб бориб, жангга муқаййид бўлдилар. Суюрғамишбек Амир Соҳибқиронни сўзиға амал қилиб, бири ўлса, бирини ўрниға ўлтурмоқ бўлуб, ул кун байроқларини кўтардилар.
Аммо ул тарафда тўрт минг тўфанчи Темуртош жиловинда эрдилар. Бирдан юз етмиш карнай, барабан чолдилар. Филҳол, иккала қўшун аралаш бўлуб, андоқ қирғин бўлдиким, бу ҳангомаларни Амир (Темур) лашкарлари кўруб, ўзга ўрунгға қоча бошлади. Қазо мешкоблари сув ўрниға қизил қон соча бошлади. Биров болта, биров қўлинда найза, биров қўлинда қиличи бировни қорни ёрилғон, бирови қизил қонга қорилғон, бировни суяги синган, бировни оёғи синган, бировни бағри тешилган, бировни кўзи тешилган, биров жон бермоқда, биров қон тўкмоқда, биров от чопар ғириллаб, бирови отдан йиқилур дириллаб, биров қилич силтар шириллаб, биров айланур гириллаб, биров қочқай фириллаб, биров йиқилар чолқайиб, биров ағанар қолқайиб, биров қолар шолпайиб, биров ётар ялпайиб, биров юрур оти ўйнаб, биров ётур тилин чайнаб, бировни юраги қайнаб, бировни кўнгли айнаб. (Ўзбак бирла Рум қони денгиздек тошиб, ғавғо ҳадиддан ошиб, бир кеча-кундуз уруш бўлуб, Суюрғамишбек майдонда ёлғиз қолибдур. Румийлар келиб, бекни қўлин қалам қилдилар. Андин сўнг байроқни бу қўлиға олди. Яна бу қўлин ҳам қалам қилдилар. Байроқ ерга тушти. Барча билдилар. Бекбача ўлдилар, деб майдондин бошин олиб кеттилар. Анинг сўнг мирзо Муҳиддин келди, ул ҳам шаҳодатға етти. Яна Баён Сулдуз келди, ул ҳам ҳалок бўлуб, ўрниға Инжил келди. Ул ўлуб, ўрниға Олтмиш баҳодур келди. Анинг ўрниға Хўжа қушбеги келди. Ул кун икки тарафдин баҳодур йигитлар ҳалок бўлдилар…
…Мўғул бекларини бошини румийлар найзаларга санчиб олди. Анда Ҳинд хожа қушбегидан ўзга киши қолмаб эрди. Аммо Соҳибқироннинг бир неча қул ва ғуломлари келиб, анинг атрофида бўлдилар. Аларни баъзиси “Қочайлик!” дедилар. Қушбеги айди: “Қариндошлар, барчаси ўлубдур, бизларни қочмоғларимиз яхши эмас. Амир Соҳибқиронға нима жавоб берармиз?!”
Алқисса, румийлар бирдан “Аллоҳу акбар!” деб от қўйдилао. Ўзбекларга хатар, румийларга зафар бўлуб, ўзбаклардин бир нечалари ўлуб, кўблари қочиб, майдонда қушбеги ёлғиз ўзи қолди. Муни кўруб, Темуртош мулозимларига: “Бу баҳодурни тирик тутуб келтурунглар, андин сўз сўрайлик”, — деди. Ани румийлар тутиб олмоқға ҳаракат қилиб эрдилар, ёлғиз майдонда жавлон кўргузуб, кўб-кўб румийларни ҳалокат рутбасига солди, ала ҳазалқиёс, уруш тамоми ўн бир кун бўлди. Охирги куни отини милтиқ била уруб йиқиттилар, яёвлиғ ҳолида неча-неча кишиларни вужуд шаҳристонидин адам чўлистониға юборди. Охир бўлмади. Боғлаб олиб, вазири аъзам Темуртош қошиға келтурдилар. Вазир айди: “Сен қандоғ кишисан?” Қушбеги айди: “Соҳибқироним қули бўлурман”. Яна вазир айди: “Нечук мунча ўзунгни ҳалокатға солурсан?” Қушбеги айди: “Амир Соҳибқирон хизматида тирикликдин ўлмакни афзал билурмиз”. Вазир айди: “Амир Темурни сендан ўзга хизматчилари борми?” Ҳинд Хожа айди: “Қулларин ичида ярамас, ақли пасти мендурман…”. Вазири аъзам ҳайрат бармоқин тишлаб айди: “Бу афъол сизларда бор, албатта, Рум халқи сизларға тобе бўлса керак”. Қушбеги айди: “Тез бўлғил, мани ҳам ўлдургил, қардошлар фироқида юрак бағрим кабоб бўлубдур”. Вазир ҳарчанд насиҳатлар қилдики, “Сенга шоҳона хилъатлар бериб, Амир Темур олдиға юборайин”, — деди, қабул қилмади. Айди: “Эй вазири акбар, мени қўйуб юборсанг, бир кунда билғил, мен сени ҳалок қилурман”. Анда Темуртош ноилож Ҳинд Хожани қатлга буюрди. Андин сўнг Рум сипоҳлари Сувос мавзеъини ёқасига бордилар.
Эмди икки калима сўзни Амир Соҳибқирондин эшитмак керакки, Олабоғ бағрида эрдилар. Қанча киши ўзбаклар қочиб, Амир Соҳибқирон қўшунлари ичра кириб қўшулди. Кўрган-кечирганларин Амир Соҳибқиронга баён қилдилар. Анда ўзбак бекларин барчаси ҳозир эрди. Амир айдилар: “Иншооллоҳ таоло, тонгла Темуртош қошиға аскар юборурман. Сипоҳларим ичра яхшиси бордур, анинг эътиқоди ҳам барчадин яхшидур. Ман ҳам ани барчадин яхши кўрарман, албатта Темуртошга зафар тобса керак”, — деб ҳараға дохил бўлдилар. Ул куни кечқурун жамъи тўралар келиб, Иноқ вазирга ҳар қайсилари айдилар: “Темуртош қошиға менга рухсат бўлса, борсам”, — деб. Иноқтоз ул мард жонбозларга айди: “Мен билмадим. Амир Соҳибқирон ўз кўнглиға келғон ишини қилғай, тонгла кимға фотиҳа берса, ўзи билгай”, — деди.
Эртаси чодир ва хаймаларни тикиб, кўринуш хонани тартиб бердилар. Анда Амир (Темур) тахт узра чиқиб ўлтуруб, ун кунғача хосу ом саломға келдилар. Беклар саллаларини бўйнилариға солуб, Амирдин фотиҳа талаб қилдилар. Амир сукутда бўлуб, қўл кўтармадилар. Ноилож, саллаларин ўраб қайтдилар. Андин сўнг тўралар бир-бир келиб, фотиҳа талаб қилиб турдилар. Алар Шоҳруҳ тўра, Мироншоҳ, набиралардин ҳам бор эрди. Амир индамадилар, ноилож алар ҳам саллаларини ўраб, ўз ўринларида қарор олдилар. Соатидин сўнг, Амир бошларин кўтариб, Шоҳруҳ тўрага қарадилар. Тўра, бул хизмат менга бўлди, деб ўрнидин туриб таъзим қилди. Андин сўрдилар: “Мирзо Улуғбек тўра қайдадур?” Шоҳруҳ тўра айди: “Тумовдур”. “Келсун!” деб буюрдилар. Соатидин сўнг келиб, салом қилиб, қўлин алиф-лом қилиб, таъзим билан турди. Амир айдилар: “эй Улуғбек болам, Темуртош бошиға бормоқға қувватинг етарму?” Улуғбек тўра айди: “Амри ҳумоюнинғиз бўлса, сипоҳларимни назарингиздан ўтказсам-ўткурсам”.
Соҳибқирон буюрдилар: “Келтур!” – деб. Андин кейин Амир қошларидин тартиб бирла кўб-кўб жамоъа кўрук кўрсатмоқ учун жамъ бўлди. Аммо (Улуғбек) ўзин аҳли ҳукуматлариким, умаро ва вузаро ила кенгаш қилиб, ҳукамолари иш кўрсатиб, аскаридин тўрт сон кишини ажратиб, ҳар сон ўн минг кишидин бўлур, андин сўнг қирқ минг карнай, ноғора, барабан келтурдилар. Сайёдларга буюрдиким, тўрт сон абобил келтуринглар, деб. Ани турк тилида “Ёввойи қалдирғоч” дерлар. Сайёдлар айдилар: “Қалдирғочни нима қилурсиз?” Ул айди: “Керакдур!” Андак фурсатда топиб келтурдилар. Анга яраша сандуқлар тартиб бериб, сув била таомни қорлуғочларга муҳайё қилиб қўйдурурлар.
Амир Соҳибқирон: “Эй Улуғбек болам, аскаринг ичра баҳодурларни манга кўрсатгил”, — деди. Анда Улуғбек аскарларга: “Соҳибқирон назаридан ўтунглар!” – деди. Андин сўнг тўрт сон киши сипоҳгарликга ораста ва кироста бўлуб ўттилар. Аксарини оғизлари катта ва кўзлари кичик ва баъзиси ўрта бўйлук ва баъзиси узун бўйлук, қизил юзлук ва баъзилари узун соқол, баъзилари кўса, қулоқлари катта, тўғрисўз эдилар. Барча баҳодурларни икки кўзи отларни ёлида эрди. Булар ичра ҳар тоифадин бор эрди. Олдидаги ҳировуллари ўзбаклардин эрди. Яна алар Сайиди Қурайшийким, тўрт ёри нозанин, яъни чорёрлар авлодларидин ҳам бор эрди. Андин сўнг тўрт минг ҳофизи хушилҳомларни келтурдилар. Уруш кунида ғазал ўқимоқға тайёр эрдилар… Аларнинг овозиға аскарлар масту-мустағриқ бўлуб, ўзларин жангга урар эрдилар. Яна тўрт минг кишини қўлида бели билан келтурдилар. Ул кун барчасин жамъ қилиб турфа шавкат ва ҳашамат бирла отландилар. Амир ҳам бирга чиқиб, видоълашиб, “Сени яратқанга тошурдим”, — деб қайтдилар. Бир неча кундан сўнг Рум сипоҳларига еттилар, андин кейин бир кишини жосус қилиб, аларға юбориб, хабар олдилар. Аммо кечаси бирла қанча асқарға оқ кийумларни кийгузиб, бошларида оқ салла, пешларин узун қўйуб, аларни Темуртош қошиға илгари юбордилар. Анда тўрт минг киши келиб ҳандайқ қаздилар. Ул вақт Темуртош аскарлари қўшунлари ёв келганидин хабарлари йўқ, атрофға тарқалғон эрдилар. Ул кеча бирдан карнайчилар, ноғорачилар навозишга келтурдилар. Рум сипоғлари шошиб қолиб, бирин бири ўлтура бошладилар. Оқ кийумли кишилар аларга деди: “Эй Рум сипоҳлари, огоҳ ва доно бўлунглар, бизлар рижол ул ғойибдурмиз. Амир Темур мададиға келиб эрдук”. Вазир бу сўзга таажжубда эрди. Қуёш амири кўк майдонида жилва кўргузди. Вазир ёвни кўрсаким, тўрт сонга яқин келур, атрофида ҳандақ пайдо бўлубдир. “Бир кечада нечук пайдо бўлубдир?” – деб барча ҳайратда эрди. Анда тўрт минг ҳофиз такбири ташриқ айтдилар. Алар таажжуб бармоғин тишлаб, бири келиб сўрди: “Сизлар қандоғ кишидурсизлар?”. Булар айди: “Рижол ул ғойибдурмиз!” Вазир айди: “Бизлардин нима иш содир бўлди, рижол ул ғойиб ўзбак мададиға келур?!” Булар айди: “Сиз халқи золим бўлурсиз, анинг учун биз ўзбаклар мададиға келдук”. Вазир буюрдиким, ўқ отинглар, деб. Рум сипоҳлари бирдан ҳамлага турдилар. Улуғбек ҳам карнай чалдириб, урушмакға муқайяд бўлдилар. Яна ҳофизлар марсия ўқимакка бошладилар. Аларни тунука уйи кирпитиконга ўхшаш тикон эрди, уч кеча-кундуз жанг бўлди, тўртинчи куни хўб танг бўлдилар. Рум аскари халқа каби атрофини олғон эрди. Филҳол, нома ёздириб, бир баҳодур кишини топиб, кўб ваъда қилди: “Агар тирик келсанг, авлодингни дунёдин мамнун қилурман” – деб номани бериб юборди. Ул киши элчи бўлуб, хандакдин ўтуб, номани Темуртош вазирга келтуруб берди. Вазир очиб кўрса, дебтурким: “Эй вазир, огоҳ бўлгил, бизлар рижол ул ғойибдурмиз. Амир Темур ёрдамига келгандурмиз, анга байъат қилмасанг, тонгла бошингда кўрарсан, абобил аскарин юборурмиз, гўё асҳоб ул фил қиссасин эшитгандурсан”. Вазир кулуб, элчини “Тўғри сўзла, ростингни айтғил!” деб қийнамоққа бошлади. Элчи асло гапирмади, охир қийнай-қийнай ўлдурдилар.
Ул кеча Улуғбек сипоҳлари зикри жаҳрияни бошладилар. Аларни қилғон зикрига еру-кўк зилзилага келди. Бу сўзни Румни халқиға данқи (донғи) кетиб, кўнгилларига ваҳми қўрқунчи тушуб эрди. Кеч бўлуб, юлдуз қарлуғочлари кўк саҳфасида тайрон қилиб, Рум қундузин юз минг найранг бирла мунҳасим (қисқа) қилдилар. Ул кеча минг-минг машъалалар ёқилди, тўрт тарафдин байроқларни жилвага келтуруб, такбир айтиб, ҳофизлар марсия ўқуб, румийларга қарши бора бошлади. Улуғбек қарлуғоч муваккилларига айтиб эрди: “Жанг қизиғон пайтида вақтида қарлуғочларни майдон ичра қўйуб юборгил”. Бирдан кечи бирла жангға муқайяд бўлдилар, соатидан сўнг, кеча кундузга мубодала (алмашган) бўлди. Темуртош аскари бирла Улуғбек аскарин мобайни қирқ қадам қолиб эрди, вазир кўрдиким, рижол ул ғойиб даъво қилганлар барчаси жангга муқаййид бўлубдурлар. Анда туруб, Темуртош сипоҳларин чақириб, айди: “Эй қавм, қўрқманглар, булар барчаси ёлғончидурлар”. Бу сўздин сўнг, бирдан икки тарафдин от қўйуб, жанг-талотум бўлуб, ғавғо қўзғалиб яроқ ва аслаҳалардин ўтлар чақилди, гўё жанг олови ёқилиб турган ҳолатда муваккиллар сандуқларни очиб, қарлуғочларни қўйуб юбордилар. Рум халқи кўрдиларки, аскари абобил осмон юзин ва қуёш кўзин чигуртка каби олибдур. Аммо ул замон қиш фасли эрди. Ани кўрмаганларига кўрсатиб, барчалари қоча бошладилар. Улуғбек сипоҳлари алар қонин соча бошладилар. Муни кўруб вазири аъзам тоқат қилолмай, бул ҳам қочиб, оти балчиқға ботиб қолди. Улуғбек сипоҳлари ани тутиб, асир қилдилар. Одамлар қўрқуб, Сивос шаҳри ичра бориб бир нечалари уйлари ичра кириб ёшуриндилар. Улуғбек сипоҳлари бирла алар орқасидан қувлаб, шаҳр ичра кириб, кўб-кўб одамларни ўлдуруб, ўрдага яқин бордилар. Ул кун румийларни ақли шошиб, бир-биридин адашиб, ғавғо ғаддидин ошди…
…Ул кун Улуғбек ўрдага кириб, тахт узра қарор олди. Барча билдиким, булар бошлиғи Улуғбек экан, қошиға Темуртош вазирни боғлаб келтурдилар. Филҳол, вазирни бойлуқларин ешиб, кўб иззат ва ҳурматлар қилиб, фатҳнома ёздуруб, анга вазирни йўлдош қилиб, Олабоғ сариға, Соҳибқирон хизматлариға юборди. Вазир келгандан сўнг, Амир Темур айдилар: “Эй Темуртош, билмадимким, Қайсар кўнглиға нима ишларни йўл берур, аммо менинг аскарларимни кўрмабдур”, — деб. Амир буюрдилар, тахтни тоғни устига олиб чиқдилар. Мулозимлар чодир-чанбатларни тикиб, фаррошлар ерларни супуриб, ораста ва пироста қилдилар. Соҳибқирон вазир бирла ул ерга чиқиб, атрофға хабар юбордилар. Эрон, Турон, Туркистон, Ҳиндистон, ўзбак, қипчоқ, қирғиз, қозоқ, рус , қалмоқ барчасига хабар еткуруб, неча кеча ва неча кундуз барчалари Соҳибқирон хизматларига етиб келабердилар…”
Тарихий ҳақиқатдан кўра, кўпроқ афсонага мойил бу қиссада бари бир ҳақиқат мавжуд. Бу буюк жаҳонгирнинг набирасига бўлган алоҳида бир меҳру-муҳаббати борлигини тасдиқлаган ҳақиқатдир. Қиссадаги Соҳибқирон сўзларини эсланг. У набираси Улуғбек мирзони назарда тутиб: “Мен ани барчадин яхши кўрарман”, — дейди. Халқимиз орасида Амир Темур билан Мирзо Улуғбек ҳақида тўқилган кўп ривоятлар мавжуд, уларнинг деярли ҳаммасида бобо билан набира ўртасида мавжуд бўлган меҳру-оқибат алоҳида тилга олинади. Қиссамиз давомида биз бу ривоятларни ҳали кўп маротаба сизга ҳикоя қиламиз.

Олдинги лавҳаларда биз Амир Темур билан Султон Боязид ўртада бўладиган уруш муқаррарлигини англаб, бир-бирларига қараб йўлга чиққанларини маълум қилган эдик. Амир Темур Сивасда экан, турк султони вазири билан ўғилларининг шиддат билан йўл босиб, Сивасни қамал қилиш ҳақидаги таклифларини рад қилди. Усмонлилар қўшини асосини пиёда аскарлар ташкил қилса, Амир Темур қўшинида отлиқ қисмлар кўпроқ эди. Шу сабабдан ҳам Боязид рақиби билан отлиқлар ҳаракат қилиши қийин бўлган жойда жанг қилишни маъқул деб биларди. Шу сабабдан у Сивас билан Токат шаҳарлари оралиғидаги тоғли бир манзилда ўрнашиб, Сивасдан қўшин тортиб чиққан Амир Темурни кута бошлади. Аммо Соҳибқирон турк султонининг мақсадини аллақачон фаҳмлаган, шу сабабдан у қўшинни кескин орқага қайтариб, Қайсария томонга йўналди.
Боязид ҳам қўшинини қўзғатиб, рақиби билан ортидан соя каби эргашди. Кутилмаганда Амир Темур усмонлилар йўлини тўсиш учун бурилди, аммо Боязид ҳам унинг ҳаракатини такрорлаб, орқага чекинди. Мовароуннаҳр қўшини юришни давом эттириб, Киршаҳарга етди. Бу шаҳар орқали тўхтамай ўтган Амир Темур қўмондонларига Боязид қўшинини таъқиб қилиб, Анқара томонга илдам бораверишни буюрди. Анқарага олдинроқ етиб борган Темур қалъани қамалга олди.
Қалъа ҳокими Яқуббей мудофаа ишларига бошчилик қиларди. Соҳибқирон қалъани турклар қўшини етиб келгунга қадар қўлга киритмоқ мақсадида хужумни кучайтирди. Шу билан баробар рақиби келиши кутилган шимоли-шарқ томонга хабаргир қўшинларни жўнатди. Аммо Йилдирим Боязид мутлақ кутилмаган томондан – қалъани айланиб ўтиб, жануби-ғарбда, Калажик ва Ровли томонда пайдо бўлди. Турк қўшини Чубуковадаги Маликшоҳ қишлоғи яқинида ўрнашди.
Воқеалар ривожидан ташвишга тушган Амир Темур аскарларига Анқара қалъасидан узоқлашишни буюрди. Кечаси билан Мовароуннаҳр қўшини янги манзилга кўчди. Унинг бу ҳаракатларидан хабар топган султон Боязид ўғиллари ва қўмонлари қулай фурсатдан фойдаланиб, Темур қўшинига ҳужум қилишни таклиф қила бошладилар, аммо турк султони уларга қулоқ солмади.
Аммо Темур ҳушёр эди. У кечани бекор ўтказмади. Унинг навкарлари тонгга қадар ҳар хил ҳарбий эҳтиёткорликларни амалга ошириб қўйишди: янги манзилнинг ҳар тўртала томони жуда қаттиқ кузатув остига олинган, ҳарбий муҳандислар бўлажак жангга ҳозирлик кўришар, тун қоронғисидан фойдаланиб, ўнқир-чўнқирларни текислаб, истеҳкомлар тикладилар. Чубук дарёсидан оқиб чиққан ирмоқлар устидан ҳатто филлар ҳам бемалол ўта оладиган мустаҳкам кўприклар тикладилар.
Аммо кеча ёришиб, тонг отса-да, эртаси куни ҳам жанг бўлмади. Амир Темур бўлажак жангга пухта тайёргарлик билан мунтазам банд экан, бутун тадбирларни амалга оширишни тажрибали амирларига топширган, ўзи бўлса зоҳиран хотиржам ҳолда тўрт буржида туғлар хилпираган чодирда ўтириб, алломалар билан суҳбат қурди. Боязид ҳам рақибини менсимаётганини очиқ кўрсатиб қўймоқчи бўлгандек, Амир Темур кўз ўнгида катта шикор бошлади. Унинг бу ишини кўриб, Амир Темур бўлажак жангда албатта ғалаба қилажагига имон келтирди.
Анқара жанги номи билан тарихга кирган тўқнашув ҳижрий 804 йил зулҳижжа ойининг 27 куни – мелодий 1402 йилнинг 28 июлида бошланди. Жангда ҳар икки тарафдан 250 мингга яқин навкар қатнашди.
Йилдирим Боязид жанг олдидан ўз қўмондонлари олдида оташин нутқ сўзлади ва бекларидан фидокорона жанг қилишни талаб қилди. Амир Темур бўлса, қўшинлари сафга тизилгандан сўнг даргоҳида хизмат қилган ўз замонасининг улуғ шатранжчиси Алоуддин ат-Табризий билан шу қадар хотиржам қиёфада катта шатранж ўйнашга киришдики, гўё унинг олдида ҳар кунги одатий воқеа содир бўлаётгандек эди.
Жанг майдони Анқара қалъасига яқин ерда – шарқда Чубук дарёси воҳаси, ғарбда Қушчу ва Мира тоғлари, Ова дарёси, Кишлачин дараси, жанубда Жанкуртаран, шимолда Каражавиран, Қушчу тоғлари орасидаги ҳудуд бўлиб, асосий жанг Чубук дарёсидан ғарбга қараб бир фарсаҳга чўзилган Қизилчакўй дараси ўртасида кечди.
Усмонлилар қўшини қуйидаги тартибда ўрнашди: Маликшоҳ қишлоғи шимолидаги тепаликда ўрнашган марказда Султон Боязид, вазири аъзам Чандарлизода Али пошшо, шаҳзодалар Мустафо, Муса ва Иса Чалабийлар, улар олдида яничарлару азоблар тизилдилар. Ўнг қанотда султоннинг вассаллари – Онадўли беклари қўшини, қора татарлар, оқчулар, шунингдек, Серб ва арнавут (албан) аскарлари жойлашдилар. Сўл қанотда эса шаҳзода Сулаймон Чалабий қўмондонлигидаги Ойдин, Сарухон, Караси Румели қисмлари.
Амир Темур қўшини қуйидаги тартибда тизилди: ўнг қанотда Мироншоҳ мирзо билан амирзода Муҳаммад Султон бошлиқ амирлар, сўл томонда Шоҳруҳ мирзо билан Халил Султон мирзо бошлиқ амирлар ўрнашдилар. Қўшин марказида эса Амир Темурнинг ўзи турарди.
Жанг усмонлилар ҳужуми билан бошланди. Туркларнинг отлиқ қисмлари Амир Темур қўшинининг ўнг қанотига ҳужум қилдилар ва унинг орқа томонига ўтиб олиб, асосий кучларни эҳтиётдаги қисмлардан айирмоқчи бўлдилар.
Лекин бу ҳужумни Амир Темур суворийлари муваффақият билан қайтардилар, боз устига тўхтамай қарши ҳужумга ўтиб, туркларни ўровга ола бошладилар.
Усмонлиларнинг сўл қанотига қарши жанг қилган мовароуннаҳрликлар ҳам машаққат билан олға силжирдилар. Фақат сўл қанот ортидаги қора татарлар ва айрим Онадўли беклари Темур тарафга ўтиб кетгач, уларнинг олға юриши осонлашди. Боз устига Шоҳруҳ мирзо билан Халил Султон мирзо ота-боболаридан қолган ҳарбий ҳийлани моҳирона қўлладилар: серблар ва арнавутлар, совут кийган овруполик отлиқ аскарлар ёлғондакам қочган мовароуннаҳрлик амирлар кетидан қувиб, қуршовга тушиб қолдилар. Серблар қанчалик қаттиқ уришмасинлар, бу ердаги жанг фақат хоинликлар туфайлигина эмас, балки темурийлар ҳарбий салоҳиятининг устунлиги сабабидан Турон навкарлари ғалабасига юз тутди.
Жанг бошидаёқ ҳар икки марказ бир-бири билан мардона сўқишдилар. Яничарларнинг мардона жанг қилишлари туфайли усмонлиларнинг аҳволи яхшилангандек эди. Аммо ўнг ва сўл қанотларининг қуршовга олиниши сабабли марказдаги турк қўшинларининг иккала томони ҳам очилиб қолди. Шатранж ўйини билан банд Амир Темур жангни зийрак кузатар ва юзага келган ҳолат унинг нигоҳидан қочмади. У Ҳиндистон юришидан сўнг олиб келинган 32 филни марказдаги турклар устига ташлади. Бу тадбир марказдаги жанг тақдирини узил-кесил Амир Темур фойдасига ҳал қилди.
Вазият жиддий оғирлашганини кўрган аркони давлат султон Йилдирим Боязидга чекинмоқни тавсия қилсалар-да, султон кўнмади. У қарийб йигирма йил давомида Ғарбу-Шарқни ваҳимага солган қўшини бебош оломонга айланиб, бир қисми денгиз тарафга, бир қисми тоққа қараб қочаётганини кўриб турса-да, ҳамон паст тушгиси келмас, мағлубият нималигини билмаган нафсонияти ҳамон баланд эди. У йилдирим темирга урилиб, парчаланганини сира тан олгиси келмасди.
Уни гапга кўндиролмагандан кейин таҳлика ичида қолган вазири аъзам Али пошшо бошлиқ бир гуруҳ қўмондонлар салтанат келажагини қутқариш мақсадида тўнғич шаҳзода Сулаймон Чалабийни олиб қочишга тушдилар. Бошқа бир беклар шаҳзода Меҳмед бошчилигидаги мингга яқин аскар билан Амосия томонга от қўйдилар. Сўнгги дақиқагача мардона жанг қилган султон Боязиднинг суюкли хотини Мария Оливеранинг иниси бўлсиш Серб деспоти Стефан Лазаревич бошлиқ овруполик муҳофизлар ҳам жанг майдонини тарк этиб, ғарб томонга йўналдилар.
Жангчилари, вазирлари, беклари ва ҳатто фарзандлари томонидан ташлаб кетилган Боязид ўзининг улкан қўшинидан жанггоҳдаги қуруқ изларгина қолганини кўриб турса-да, таслим бўлишни истамай яраланган шердек қутуриб, жанг қиларди. У ёнига келиб чекинишга маслаҳат берган амир Миннатбейга аламли ва қаҳрли нигоҳини тикар экан: “Шараф билан ўлишдан ортиқ бахт борми?!” – деди. Султон Боязид ёнида икки-уч мингга яқин пиёда ва отлиқ аскар қолган эди. Улар Амир Темур навкарлари қуршовида қолган, Султоннинг ўзи ҳам қўлида ойболта ушлаб мардона жанг қиларди. Ниҳоят, у мағлуб бўлганини ичида тан олди ва қочиш учун имкон излай бошлади. Султон бир ҳовуч навкарлар билан атрофидаги ҳалқанинг гоҳ у ёғига, гоҳ бу ёғига шиддат билан ташланиб, қуршовни ёриб ўтишга уринарди. Темур навкарлари улар устига ўқларни дўлдай ёғдиришар, султон ёнидаги асркарларнинг миқдори лаҳза сайин камайиб борарди. Қўрқувни унутганча, афтлари бужмайган Рум жангчилари мардона туриб қилич чопишар, ўз ҳукмдорлари учун йўл очишга уринишар ва шу мақсадда мардона ўлим топишарди.
Тўрт томондан тинимсиз ёғилаётган ўқлардан Султон Боязиднинг бирор ерига шикаст етмаган бўлса-да, у отини икки марта алмаштирди. Учинчи от ҳам яралангач, у пиёда туриб жанг қила бошлади. Умидсиз Султон ҳадемай ўлим топишини, Амир Темурдан ўч олиш орзусига эришолмаслигини ўйлаб турган чоқда, унинг ёнидан эгар-жабдуқлари ажойиб, устига алвон ёпинғич ташланган бир оқ от чопиб ўтди. Қўрқувдан довдираб қолган от қулоқларини динг қилиб, кўзларини олайтириб, ўзини ҳар томонга ташлар, мурдаларга қоқилар, улар устидан сакраб ўтар, орқага тисарилар ва безовта кишнар эди.
Султон Боязид отни таниди: — у шаҳзода Исоники эди. Султон кендам шаҳид бўлибди, деган ўйдан иҳраб юборди. Сўнг югуриб бориб отнинг жиловидан олди ва сакраб отга минди. Ўша заҳот жонивор жиловдорнинг измига тўла бўйсунди. Султон атрофига назар ташлади. Унинг навкарлари энди қутилишдан умид қилмай жанг қилардилар, ғалаба орзуси энди уларга бегона, уларга фақат бир чора қолган эди: энди улар дунёдан умидини узган одамлар сингари фақат ўт олишни ўйлардилар ва қутуриб қилич серпардилар.
Султон Боязид отини душман устига шиддат билан бошлади. Жон аччиғида олдинга ташланган от кутилмаганда ҳалқани ёриб ўтиб кетди. Султон отни аямай қамчилар экан, ортидан қувиб келаётганларнинг ҳайқириқларини эшитди. Аммо Боязиднинг кўнглида яна умид уйғонган эди. Аммо умид ҳам уни қора ўйларини ёритолмади. “Эҳ Аллоҳи карим, қани адолат?! Бу қандай синоатинг бўлди?” – деб ўйларду у.
От шидлат билан учиб борар, ортдаги товушлар тобора узоқлашаётгандек эди. Кутилмаганда Султон Боязид от устидан ерга учиб тушганини билмай қолди. Олдинги оёқлари чуқурликка тушган от гурсиллаб ерга ағанаган эди. Дам ўтмай ҳали эс-ҳушини йиғолмаган турк султонини бир гуруҳ отлиқлар ўраб олдилар. Улар ичидан шоҳона либос кийган малларанг бир суворий отидан сакраб тушди-да, султонни асир олди. Бу суворий Амир Темур тахтга ўтказган мўғул хони Султон Маҳмудхон эди. Султон хон иродасига итоат қилиб, унинг етовида йўлга тушди. Дам ўтмай улар Амир Темур қароргоҳига етдилар.
Амир Темур ҳамон Алоуддин ат-Табризий билан шатранж ўйнаб ўтирарди. Жанг бошлангандан кейинги ўтган вақт ичида унинг хотиржам қиёфаси ўзгариб кетган, унинг тез-тез жанггоҳ томонга тикилган кўзлари энди оғир ўй-ҳаёлларга чўмган эди. У Боязидни асир қилиб келтирганларини эшитиши билан шошиб ўрнидан турди-да, султонга пешвоз юрди. Бора солиб бошини эгган куйи турган Боязидни қучоқлаб кўришди. Бундан ҳайратга тушган султон бошини кўтариб Темурга тикилди. Ўзидан ёши улуғ бу инсоннинг шакл-шамойилига разм солиб, ғайрат ва жасорат аломатлари барқ уриб турган юзининг латофатига, бургутдек боқишига, кексалигига қарамай келишган қадди-қоматига, савлат тўкиб туришига ва бутун қиёфасининг ҳийбатига, ўзига кўрсатган иззатига ҳайрон бўлиб анграйиб қолди.
— Қадамингиз бош устиға, Султон Боязид! – деди Амир Темур ва султонни чодирга олиб кириб, иззат-икром билан тўрга ўтқазди. Боязиднинг оловдек ловиллаб турган чеҳрасида алам изтироби акс этган эди. Амир Темур эса ғамга ботган бу жасур ва кучли кишига ачиниб, хайриҳоҳлик ва ҳатто бир қадар ҳурмат билан қараб турарди. Икки турк ҳоқони – бири ғамга ботиб, иккинчиси тасалли беришга муносиб сўзлар излаб ҳаёлга берилиб, сукут сақлаб қолишди. Сукутни Амир Темур бузди. У ўртада юз берган ихтилофдан ўзининг ҳам айби борлигини айтиб, Султон Боязидга тасаллилар бера бошлади.
Кўп ўтмай улар олдига жангда асир олинган шаҳзодалар Муса билан Мустафо Чалабийни, бекларбеги Сари Темиртош пошшони, Қора Темуртош пошшонинг ўғли Алибей пошшо, Хожа Феруз пошшо, амирлар Миннатбей ва Мустафобейларни ҳам олиб келдилар. Амир Темур уларни ҳам тутқун сифатида эмас, азиз меҳмонлари каби кутиб олиб, иззат-икром кўрсатди.

ona

Кеч тушиб, куни билан оламни бузган шовқин-сурон тинди. Мотамсаро ой ёруғи ёритиб турган Чубук дарёси билан Қизилчакўй оралиғидаги жанггоҳдаги сукунатни фақат ўликлар билан аралаш-қуралаш бўлиб ётган ярадорлар ва жон бераётганларнинг ингроқлари, эгасиз қолган, бесаранжом ва уюм-уюм мурдалардан ҳайиқиб, юришга йўл тополмай безовталанган ҳуркак отларнинг нотинч кишнашлари бузарди.
Бу кенг майдонда қандайдир бир соя жонсиз жасадлар орасидан зўрға қадам ташлаб, тентираб юрарди. Булутлар чангалидан юлғиниб чиққан ой шуъласи устига тушди-ю, соя қиёфаси ёришди. У ўғли жасадини излаб юрган Она – турк онаси эди. Она кўзларидан оқаётган шошқатор томчилар ой нурида ялтираб товланарди. У фарзанди исмини айтиб чақирар, фарзандига атаган ширин сўзларини айтиб бўзларди. Унинг бу бўзлашлари бир-бири билан урушиб, бир-бирини чавақлаган ва қийналиб жон бераётган ҳар икки тараф навкалари учун яқин ва таниш эди. Бечора она тилидан кўчган сўзлар ҳар икки томон англайдиган тилда – турк тилида эди. Бир тилда сўзлашган, аммо ҳукмдорлари тил тополмаганлари учун бир-бирларига тиғ ўқталган навкарлар дунёдан кўз юмиш олдидан қулоқларига эшитилган она ноласи остида, узоқларда қолган волидалари номларини тилга олиб, жон берардилар.
Она жанггоҳда узоқ тентираб юрди. Узоқ вақт унинг ноласи ой нури чулғаган майдон узра гоҳ кучайиб, гоҳ пасайиб жаранглаб турди.
— Ўғилгинам!.. Ўғлоним!.. Қутлуғбегим!.. – хитоб қиларди онаизор йиғи ва қайғудан заифлашган титроқ товуш билан. Баъзан юракни эзувчи йиғи онани бўғиб, сўзини бўлиб қўярди. Шу куйи у жанггоҳни уч айланди.
Шу пайт она қулоғига инграган товуш эшитилди. Дам ўтмай инграган товуш яна эшитилди, инграган одам энди қандайдир бир сўзни айтгандай бўлди. Аёл товуш чиқариб, жуда секинлик билан унинг номини айтганини эшитди.
Аёлнинг авзойи бадани титраб кетди, пешонасидан маржон-маржон совуқ тер чиқди, даҳшатдан кўзлари қинидан чиқиб кетай деди. Кимдан сўраётганини ўзи ҳам билмасдан, баланд овоз билан сўради:
— Ким у?!.. Мени чақираётган ким?
Жавоб эшитилмади. Аммо дам ўтмай…
Она донг қотиб қолди, кўзлари даҳшатдан кенгайиб кетди. У ўғлининг товушини таниган эди.
— Эна!.. Энажон! – деди ўғлининг товуши.
— Ё тавба! Ё Худойим!.. – Эсини йўқотгудек ҳолатга тушган она бақириб юборди. – Наҳотки?! …Наҳотки, бу сен бўлсанг, ўғлоним, Қутлуғбегим?!
Она товуш келган томонга бир дақиқа анграйиб қаради-да, кейин бирдан мурдалар устидан ҳатлаб, эсини йўқотган телбадек талмовсираб югуриб кетди. Ниҳоят, ўша жойга етиб бориб, ўғлининг товуши бир-бирининг устида қалашиб ётган жасадлар орасидан чиқаётганини билди. Сўнг анча зўр бериб, ўғли танасини уюм остидан тортиб олди. Ой нури боласининг юзини ёритди. Кўзларидан шашқатор ёш оқиб турган онаизор қаттиқ ҳўнграб юборди:
— Бу қандай кўргулик бўлди? Ким сени бу ҳолга солди?
У бирдан ғазаб билан қаддини ростлаб, қўлини кўтариб кимгадир таҳдидона бақирди:
— Минг лаънат сенга! Минг лаънат!
Ўғлининг қаттиқ инграб юборгани онани ҳушига келтирди. У ўғли устига эгилиб, унинг юз-кўзидан ўпаркан, синиқ товуш билан бўзлади:
— Тирикмисан, болам, тирикмисан?!.. Худойимга минг қатла шукур, минг қатла шукур! Ҳозир мен яраларингни боғлайман… уйга олиб бораман…
Онанинг ўтли лабларининг тегишидан ва бўзлашидан жон бераётган ўғли бир оз ҳушига келиб, сўнаётган кўзларини сал очди-да, заиф товуш билан шивирлади:
— Совуққотяпман, онажон… Тезроқ мени уйга олиб бор…
Сўнгги сўзларни айтар-айтмай унинг товуши тобора хириллаб, заифлаша бошлади, онасини кўриб кўнглида уйғонган қувонч ҳаяжондан унинг мадори бутунлай қуриди.
— Онажон! – деди у зўрға товуш чиқариб. – Мен… мен… ўлаётибман…
Она бирдан фарзанди оламдан кўз юмаётганини англади.
— Ўлмай тур, болам… – деб бўзлади она, — Мени ёлғиз ташлаб кетма… Сенсиз мен қандай яшайман?!..
Ўғил сўнгги марта кўзларини очиб онага тикилди ва қўлларини волидасига чўзган ҳолда бирпаслик талвасадан кейин жон берди. Йиғлашга ҳам мадори қолмаган она ўғли жасадини маҳкам қучоқлади.
Анчадан кейин жасадни бир амаллаб яшилранг жун чойшабга ўради ва бор кучини тўплаб, уни судраб кета бошлади.
У кексалигига қарамай ҳали бақувват эди. Йиғлаб-бўзлаб жасадни судраб бораркан, гоҳ бирдан тўхтаб қолар, нималарнидир ўз-ўзига телбаҳол уқтирар ва яна турли алпозда ётган мурдалар оралаб йўл босарди.
У яна тўхтади, яна ўз-ўзига сўзлай кетди:
— Мен сени отанг билан бобонг ёнига қўяман, ўғлим! У ер яхши, қишлоғимиз кўриниб туради. Мен ҳам ҳовлимиздан туриб мозорингни кўриб тураман… Кўраману, сени эслайман, йиғлайман, дуолар айтаман… Сенга болалик чоғларингда…
Шу пайт она ёнида кимдир инграб юборди. Она турган жойида атрофга аланглади-ю, қаршисида унга катта-катта кўзларини қадаб турган жангчини кўрди. Она бир зум ой нури зўрға ёритиб турган жангчи юзига разм соларкан, донг қотди. Йигит ўғлига ўхшаб кетарди. Ўшандай қуюқ қошлар, ўшандай қирра буркн, ўшандай қалин лаблар, ўшандай навжувон, ўшандай келишган… Ё раббим, улар икки томчи сувдек бир-бирларига ўхшар эдилар! Фақат она бу инграб ётган йигитнинг уст-бошидан уни туркистонлик эканини фаҳмлади. Қачонлардир унинг ота-боболари яшаган Туркистондан… Балки бу йигит бобоси она юртимиз деб ривоят қилган Нурота тоғларидандир?! Нега у ўз хешлари бошига қилич кўтариб келди?!
Шуларни ўйларкан, она йигитга нисбатан на қаҳр, на нафрат туйди. Фақат унга раҳми келди, холос. Туркистонлик жангчига яқинлашган аёл эгилиб йигитнинг ярасини кўздан кечирди. Елкаси чопилган, кўп қон йўқотиб узоқ ҳушсиз ётган, ранг-рўйи қордек оппоқ йигит онадан кўзини узмасди. У ўзини дунёга келтирган онасини кўриб турарди. Қарноб даштида чўпонлик қиладиган отаси қаерда экан? У гўё иситмалаб ётибди-ю, онаси унга парвона бўлиб турибди. У жилмайиб онасини овутишга уринди:
— Даштда қорбўронда адашиб қолибман, эна!.. Ким мени уйга олиб келди?.. Энажон, ичим ёнаяпти, сув бер… Қўрқма, эна, қўрқма, мен албатта тузалиб кетаман!.. Отамга айтмадингми?.. Айтма… Ҳализамон отдек бўлиб кетаман… Ўзим отамга айтиб бераман… Ичим ёниб кетяпти!.. Эна, деяпман… Сув бер! Қараб туравермай, сув берсанг-чи!..
Она туркистонлик йигитнинг алаҳсираётганини сезди. “Яраси оғир”, — деб ўйлади аёл. Сўнг елкасидаги жунрўмолни олиб йигитнинг устини ёпди. Бир зум ярадор қошида ўйга ботиб турди-да, яна ўғли жасади ўралган чойшабни судраб йўлга тушди. Бир неча қадам юрар-юрмас, йигитнинг товушини эшитиб, тўхтади.
— Эна, деяпман!.. Эна, сув бер!..
Жанг майдонининг четида унинг араваси турарди. Ҳўкиз қўшилган аравани она қўшнисидан сўраб олган эди. Она бир амаллаб ўғлининг жасадини аравага ортди. Сўнг хивчин билан ҳўкизни ҳайдаган бўлди-ю, қўли қотиб қолди. У яна туркистонлик жангчини… ўғлига ўхшаб кетадиган йигитни кўз ўнгига келтирди. Ниҳоят, кескин бурилиб, ортига қайтди. Йигит ҳамон алаҳсираб ётар, ҳамон онасидан сув беришни ўтинарди. Она жунрўмол билан йигитнинг елкасини танғиб боғлади, сўнг ўзи билан олиб келган қўй терисини ерга ёйиб йигитни унга судраб олиб ўтди.
“Уйга олиб бориб, либосларини алмаштириш керак! Бўлмаса, қўшнилар уни ўлдириб қўйишлари турган гап… Яраси оғир, аммо тангри марҳамат қилса, тирик қолиши мумкин. бечоранинг онаси ҳозир нима қилаётган экан-а?” – ўйларди тўлин ой ёруғида қўй териси устида ётган йигитни судраб бораркан.
Бир неча дақиқадан кейин бирида ҳаёт сўнган, бошқасида ҳаёт илиб турган икки жангчи танаси ортилган арава Қизилчакўй томонга қараб йўл олди. Аравага қўшилган ҳўкизни дунёнинг энг маҳзун онаси етаклаб борарди.
Ой тўлин, тонг яқин, она қайғуси ниҳоясиз эди…

Амир Темурнинг фармони билан шаҳзода Сулаймонни таъқиб қилиш учун амирзода Муҳаммад Султон бошлиқ 30 минглик қўшин пойтахт Бурса томонга от сурди. Соҳибқироннинг ўзи бўлса, Анқарада бир ҳафта тургач, Султон Боязидни олиб Кутахия шаҳрига келди. У бу шаҳарда бир ойча турди. Бурса томонга юборилган қўшин шаҳзода Сулаймонни қувиб етолмади. Шаҳзода Бурсага келибоқ салтанатнинг хазинасининг бир қисмини ва кенжа шаҳзода Қосимни олиб вазири аъзам Али пошшо билан биргаликда Дарижа шаҳрига қочган эди. Амирзода Муҳаммад Султон билан амир Шайх Нуриддин Бурсани фатҳ этиб, султон хазинасининг қолган қисмини қўлга киритдилар ва шаҳарга ўт қўйдилар. Бурсадан кейин тез орада Куния, Оқшаҳар, Қораҳисор ва Онадўлидаги бошқа бир қатор шаҳарлар забт этилди. Бурса фатҳи пайтида асир олинган алломалар: Боязиднинг куёви бўлмиш Сайид Аҳмад Бухорий, мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Фанорий, Шамсиддин Жазирийлар Амир Темур ҳузурига юборилди. Худди ўша кунлари Шоҳруҳ мирзо ҳам асли бурсалик бўлган мавлоно Мусо Қозизода Румий исмли қирқ ёшлик фалакшунос ва риёзатчи олимни ўз хизматига қабул қилди. Мирзо бу аллома келажакда тўнғич фарзанди Улуғбек мирзонинг энг улуғ устози ва сафдоши бўлишидан бехабар эди.
Амир Темур юриш давомида Боязиднинг тўнғич ўғли шаҳзода Сулаймонга мактуб йўллаб, уни тобеликка чорлади. Сулаймон ҳам элчи юбориб, Амир Темур ҳокимиятини тан олди. Кетма-кет шаҳзода Иса Чалабий ҳам ўз итоатини маълум қилди. Шундан кейин Амир Темур учинчи шаҳзода Меҳмед Чалабий ҳузурига – Амосияга мактуб йўллаб, уни ҳузурига чорлади. Тез орада Меҳмед ҳам одам йўллаб итоатини билдирди. Византия императори Мануил ҳам Темурга вассал эканини тан олиб, унга кўп миқдорда олтин ва қимматбаҳо армуғонлар жўнатди. Кейин Миср мамлуклари султони Фараж элчилари келдилар. Улар султоннинг тобеликни бўйнига олгани ҳақида маълум қилган мактубини келтирдилар.
Соҳибқирон Онадўлида саккиз ой турди. Бу орада у Йилдирим Боязид узоқ йиллар давомида ололмаган Измир қалъасини 15 кун ичида, Улуборлу, Эгридир қалъаларини бир неча кун мобайнида забт этиб, Боязидни лол қолдирди. Эгридир қалъаси қамал пайтида Султон Боязид қаттиқ хасталикка дучор бўлди. Амир Темур султонни Оқшаҳарга жўнатди.
Бод касалига йўлиққан турк султони от устида ўзини тутиб туролмас, шу сабабли эгар атрофига суянчиқсимон мослама ясалган эди. Бу эса гўё “мағлуб усмонлилар султонини қафасга солиб олиб кетишди” деган ва ҳозирги қадар асардан-асарга кўчиб юрган афсонанинг пайдо бўлишига замин яратган эди.
Султон Боязидни Оқшаҳарга жўнатар экан, Темур ўзининг хос табиблари бўлган Иззатдин Масъуд Шерозий билан Жалолиддин Арабийларга султонни даволашни буюрди.
Аммо турк султони қаддини хасталикдан кўра, бахтсизлик кўпроқ эгган эди. Болалигидан ҳаёти жангу-жадалда кечган, ўн беш йиллик ҳокимияти давомида мағлубият нималигини билмаган, иззати нафс ҳокими бўлган Йилдирим Боязид изтироби бениҳоя ва бешафқат эди. У узоқ вақт ўғилларим мени қутқардилар деган орзу ва умиднинг асоси бор эди. Турк султони фахрий асирликда экан, манзилларнинг бирида унга содиқ кишилар чодир остидан ер ости йўли қазишга уриниб кўришди. Бироқ, бу тадбир муваффақиятсизликка учраб, кўп одамнинг калласи кетди. Султонни қўриқлайдиган соқчилар сони бир неча баробар кўпайтирилди.
Кейин Боязид ўзи учун энг даҳшатли хабарни эшитди: Амир Темур уни ўзи билан Самарқандга олиб кетишга қарор қилган эмиш. Бу машъум хабарни олган куни Рум ҳукмдори аламу-изтиробга чидолмай узуги кўзи остида – махфий жойда сақлаб юрган заҳарни ичди ва узоқ қийноқлардан сўнг 1403 йилнинг 9 мартида – пайшанба куни Оқшаҳарда оламдан ўтди. Унинг жасади шоҳона иззат-икром билан шаҳардаги Шайх Маҳмуд Ҳайроний мақбарасида дафн этилди.
Султон Боязид ўлимидан бир неча кун ўтиб, Амир Темур бошига яна бир мусибат тушди. У тожу-тахт вориси этиб белгилаган амирзода Муҳаммад Султон тўсатдан хасталаниб, дунёдан кўз юмди. Бу воқеа ҳижрий 805 йил шаъбон ойининг 18 куни – мелодий 1403 йилнинг 13 мартида, муаррих Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, Қораҳисор яқинида, муаррих Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, Сури яқинида содир бўлган эди. Муҳаммад Султоннинг жасади Соҳибқирон амрига биноан аввал вақтинчалик Султония шаҳрига олиб борилиб, дафн этилди. Бир йилдан сўнг – Амир Темур Мовароуннаҳрга қайтаётиб, амирзода жасадини Самарқандга келтириб, марҳум шаҳзода тиклаган мадраса ёнидаги хонақоҳга қўйдирди. 1404 йилнинг ёзида эса набираси ва пири бўлмиш Мир Сайид Барака қабрлари устида мақбара тиклатди.
Амир Темур Рум мулкини тарк этиш олдидан, шаҳзода Муса Чалабийни отаси мулкига ҳукмдорликка белгилади ва унга ҳокимият рамзлари бўлмиш камар, обдор қилич, юзта от инъом қилди. Сўнг шаҳзода Мустафо Чалабийни олиб, мамлакатни тарк этди. У Мустафони Самарқандга олиб кетишга аҳд қилган эди.
1403 йилнинг июлида Амир Темур Гуржистонни сакизинчи марта забт этгач, Кура дарёсини кечиб ўтиб, қишлов учун Қорабоғда тўхтади. Баҳор келиши билан эса Самарқандга қараб йўлга тушди.
Соҳибқирон Озарбайжоннинг Неъматобод деган манзилида тўхтаб, у ерда тўй берди. Тўйдан кейинги қурултойда сарҳадлари Ҳурмуз қадар бўлган Форсу Кирмон, Райдан Озарбайжонга қадар бўлган Ироқи Ажам, Аррон, Муғон, Қорабоғ, Ширвон, Шамахи, Дарбанд, Гуржистон, Арманистон, Абхаз ерлари, Ҳижозга қадар бўлган Диярбакир ва Ироқи Шом, Константинополга қадар Рум диёри, Искандария ва Нилга қадар шом ўлкасини Мироншоҳ мирзонинг ўғли бўлмиш набираси Умар мирзо қўл остига топширди. Форс ва Ироқи Шомдаги темурий ҳукмдорларни, Ширвоншоҳ Шайх Иброҳимни, Мордин ҳокими Султон Исони, Ван ҳокими Малик Иззатдинни, Гуржилар подшоҳи Константинни, Мароға ҳокими Чаликни, Ардабил ҳокими Бистомбекни Умар мирзога бўйсундирди. Соҳибқирон амир Жокунинг ўғли бўлмиш амир Жаҳоншоҳни Умар мирзога оталиқ этиб тайинлади.
Амир Темур етти йиллик юриш деб ном олган ҳарбий тадбир давомида фақат жангу-жадал билан машғул бўлмай, шу билан бирга забт этилган мамлакатларда ободончилик ишларини ҳам амалга оширди. У вайрон этилган Бағдодда янги бинолар тиклатди, сув иншоотларини таъмирлади. Амир Темур Қорабоғда сосоний подшоҳлардан бўлмиш Қубод асос солган ва Ҳулокухон вайрон қилган Байликон шаҳрини тиклаш мақсадида шаҳар атрофида девор бунёд қилди. Шунингдек, у сувсизликдан хароб бўлган ерларни маъмур этиш ниятида Аракс дарёсидан чиқарилган қадимий ариқларни қайта тиклашга киришди. Бу иш Соҳибқирон ўлимидан сўнг Шоҳруҳ мирзо замонида ҳам давом эттирилди, бу ариқларда жуда кўп тегирмонлар қурдирилди.
Амир Темур Мовароуннаҳрга қайтаётиб, Ардабилга келиб, машҳур Шайх Сафиуддин Исҳоқ Ардабилий (Шоҳ Исмоил – Хатоийнинг бобоси, сафавийлар сулоласи мана шу шайхдан бошланган) мақбарасини зиёрат қилди ва теварак-атрофдаги бир қатор қишлоқларни, ерларни сотиб олиб, Шайх Сафиуддин мақбараси қошидаги масжидга вақф қилиб берди.
Хуросонга етганда, Улуғбек мирзо ўзининг биринчи устози Ҳамза ибн Али Малик ат-Тусий Байҳақийдан ажралди. Ҳамза Шоҳруҳ мирзо хизматида бўлиш учун Ҳиротга кетди. У ўн йилча Шоҳруҳ даргоҳида яшади. Мирзо унга Малик уш-шуаролик лавозимини ваъда қилган эди. Аммо Ҳамза бирдан саройни тарк этиб, дарвишликка берилди. Даставвал шайхлар шайхи Муҳиддин Тусий-Ғаззолий хизматига борди. Ундан тариқатни, ҳадис илмини ўрганди ва устози билан ҳажга борди. Шайх Муҳиддин оламдан ўтгач, Шайх Ориф Озарий номини олган Ҳамза ҳаждан қайтиб келиб Саййид Неъматуллоҳ Валий ҳузурига борди ва бир мунча вақт унинг хизматида сулук касб этди. Кўп вақт ўтиб, устозидан ҳирқаи табаррук олишга эришиб олам кеза бошлади. Ўттиз авлиё билан учрашиб, уларга суҳбатдош бўлди, икки марта пиёда ҳаж сафарига борди. Маккадан сўнг, Ҳиндистонга сафар қилди. Ҳиндистонда ҳам кўп авлиёар билан суҳбатдош бўлган Шайх Озарий кейинчалик жаҳонгашталикдан қайтиб, хилватнишинликни маъқул топди, бошини тафаккур гирдобига эгди. Давлат эгалари – подшоҳлар, амирлар, султонлар ҳузурида туришдан сақланиб, ўттиз йил тоат-ибодат билан Исфароинда яшади…
Амир Темур Хуросон орқали Мовароуннаҳрга ўтиб, Кешга келди. Бу ерда пири бўлмиш Шамсуддин Кулол, отаси Муҳаммад Тарағай ва фарзанди Жаҳонгир қабрларини зиёрат қилди.

011

(Tashriflar: umumiy 526, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring