Xurshid Davron. Har bir kitobda tiriklikning nafasi bor & Xurshid Davron «Mening kutubxonam» ko’rsatuvida

Ashampoo_Snap_2017.11.20_14h45m12s_001_.png    Мен мутолаани тирик жараён деб биламан. Гап фақат варақланган китоб табиатидаги дарахтнинг тирилишида эмас. Мутолаа ҳамиша мулоқот тарзида бўлгани учун ҳам тирикдир.

Хуршид ДАВРОН
ҲАР БИР КИТОБДА
ТИРИКЛИКНИНГ НАФАСИ БОР

09

01a.jpgМаънавият сўзининг замирида маъно, моҳият тушунчалари ётади. Китоб ўқийдиган одам ўзини маънога тўлдиради. Зиё билан йўлини ёритади. Шу маънода, китоб инсониятнинг энг юксак кашфиётларидан биридир. Ғилдирак ихтиросидан кейин узоқ масофалар яқин бўлганидек, китоб баайни олам билан одамни бир-бирига қалбан яқинлаштирди. Дилларни бирлаштириб, ҳаётнинг, яшашнинг асл маъноси нелигини ифодалаб берди.

Бир донишманд, “”Кўмир ёна туриб, китоб эса мутолаа қилингандагина сенга ҳарорат беради” деганида минг карра ҳақ бўлган.

Назаримда, ўқилаётган китобда бир пайтлар яшил япроқлари шовуллаб турган дарахт уйғонади. Аввал қоғозга, кейин китобга айланган ўша сабза япроқлару замин қаърига чуқур ёйилган томирларнинг узоқ йиллар мобайнида тириклик шамоли билан суҳбати – сокин шивирлашини эшитгандай бўламан. Китобнинг ҳар бир варағи нафас ола бошлаганини сезаман.

Мен мутолаани тирик жараён деб биламан. Гап фақат варақланган китоб табиатидаги дарахтнинг тирилишида эмас. Мутолаа ҳамиша мулоқот тарзида бўлгани учун ҳам тирикдир. Бу жараён пайтида асар муаллифи билангина эмас, у яратган олам билан, унда яшовчи инсонлар билан мулоқот қиламиз, уларнинг нафаси юзимизга урила бошлайди. Ҳатто, юрагимизнинг туб-тубида бекиниб олган “”Мен” билан — ўзимиз билан ҳам суҳбатлашиш имкониятига муяссар бўламиз.

Мутолаа жараёнида китоб билан одамни, бамисли бепоён фазодаги қулоғимиз илғаб ололмайдиган тебранишлар манбаи томон буриб, таранг тортиб қўйилган зийрак товуш тутгичлари монанд, аммо кўзга ташланмас алоқа воситаси боғланади. Китоб сирли равишда сенда, сен эса китобда яшай бошлайсан. Жараён тинимсиз равишда ўзгариб, сен китобдаги қаҳрамонларга айланасан, асарда акс этган замон ва макон ҳадсиз-ҳисобсиз акси билан тасаввурингни тўлдира бошлашини гапириб ўтирмасам бўлади.

Гарчи китоб ўқиётган одам ҳам, унинг кўз ўнгидаги қоғозли буюм ҳам оламда мавжуд бўлган ҳамма нарса сингари моддий эканлиги аниқ-равшан бўлса-да, бу икки моддиятни боғлаган мутолаа жараёни ғайбийлиги билан ҳайратлидир.

Балки, шунинг учун ҳам умримнинг энг ҳайратли хотиралари, шак-шубҳасиз, болалигимда — балоғат мавсумида ўқиган китобларим билан боғлиқ. Балки, шунинг учун ҳам ўша олис кунларни эсласам, тасаввуримда ота-онам билан баб-баробар ўша китоблар пайдо бўлади. Биринчи навбатда, эртак китоблари, Миркарим Осимнинг “Ўтрор”и, “Кунтуғмиш” достони…

Китобни ўқиб, қалбан завқ оласиз, ҳаёт маъносини теран англайсиз, жамиятни, ўзингизни ўрганасиз, ичингиздаги жоҳиллик бекинган кавакларни ёритасиз, инсоний қиёфангиз шаклланади. Қисқача айтганда, тириклик илмини оласиз, инсоннинг моҳияти ва вазифасини кўпроқ англайсиз. Инсон табиатида Яратганнинг муайян белгилари ҳам мужассам этилганидек, инсон тафаккурининг меваси бўлмиш китоблардаям муқаддас каломларнинг шуури бўлади. Ҳазрати Пайғамбаримизнинг “Бешикдан то қабргача илм излангиз” насиҳатлари замирида ҳам илм манбаи бўлмиш китоб мутолаасига даъват борлигини унутмайлик.

Бу гапларни ёзатуриб, қулликка қарши курашган афро-америкали ёзувчи Фредерик Дугласнинг асоратдаги қавмдошларига қарата айтган «Ўқишни ўргансангиз, умрбод озод бўласиз» деган гапини эсладим. Китобни танимаган, мутолаани билмаган одам, муайян маънода, қуллик ичида яшайди. Қуллик бор жойда эса фикрсизлик урчийди, вазият ва муаммо олдида итоатгўйлик ҳукмрон бўлади. Китоб мутолааси тобе инсонга, унинг фикрига қанотбахш фикр беради, тубандан юксакка кўтаради.

Китоб табиатида уч ижтимоий вазифа ўз ифодасини топган. Биринчидан, китоб инсониятнинг кўп минг йиллик тажрибаси жамғармаси; иккинчидан, қачон яшаганидан қатъи назар ўз даврининг ифодачиси бўлмиш ижодкор шахсларнинг, демак инсонларнинг дунёқарашлари, фикру ҳислари ва билимлари акс этган ҳужжат; ниҳоят, учинчидан, ҳар қандай китоб кечадан ва бугундан келажакка битилган мактуб ҳамдир.

Демак, биз китоб орқали тарихимизни, миллий меросу анъаналаримизни, бобомерос қадриятларимиз ҳақида маълумот оламиз, ўтмишдаги олис аждодларимиз орзу армонларидан хабардору уларнинг қувончу шерикларига шерик бўламиз, ўзимизнинг кимлигимиз ҳақида келгуси наслларга мактуб битамиз.

Адабиёт китобхон билан тирик. Ўтган асрнинг 60-йилларидан ўзбек жамиятида китобхонлар қатлами пайдо бўла бошлади. Аммо сўнгги йилларда бу қатлам заифлашди, унинг ўрнини сериаллар томошабини қатлами эгаллади. Президентнинг фармойиши айни ўша китобхонлар қатламининг йўқолиб бораётганидан туғилган ташвишдан дарак беради, деб ўйлайман.

Китобга меҳр, мутолаа маданияти, энг аввало, оиладаги муҳит, ота-онанинг китобга бўлган муносабати ва мактабдаги адабиёт дарсларининг савияси таъсирида шаклланади. Бу масалада, айниқса, отадан ҳам кўра Онанинг китобга яқинлиги ҳар бир миллат тараққиётида жуда муҳим ўрин тутади. Миллатда китобхон оналарнинг кўплиги унинг келажагига ишонч билан қарашнинг пойдеворидир, дегим келади.

Китоб ва мутолаа ҳақида гап кетган жой борки, албатта, “Ёшлар китоб ўқимай қўйди” деган гап айтилади. Менимча, гапни энг биринчи “Ота-оналар китоб ўқияптими?” деган саволга жавоб топишдан бошлаш керак.

Қадим достонимиз бўлмиш “Қўрқут Ота”да қизига ҳадеб насиҳат қилиб ўтирган онага, “Сен қизингга фақат насиҳат қилиб ўтираверма, ундан кўра, ўша ишни ўзинг қилсанг, қизинг қилади”, дея танбеҳ берилади. Ёки бўлмаса, «Қуш уясида кўрганини қилади», «Онасини кўриб, қизини ол» каби мақолларнинг таг замирида ҳам ибратнинг ўрни, тарбиянинг аҳамияти, огоҳликка даъват қилиш каби қат-қат маънолар бор. Бу ҳикматларнинг ҳар бирида болалар, ёшлар тарбиясига оид жуда муҳим фалсафа бор.

Ота-онаси китоб ўқиган оиладаги болалар, албатта, китоб ўқийди. Демак, миллатда китобхон оналарнинг кўплиги унинг келажагига ишонч билан қарашнинг пойдевори, деган ҳикматни, оилада китобга меҳр ва мутолаа маданиятини тарбиялаш керак, деган гапни такрор-такрор айтишдан тўхтамаслигимиз керак.

Иккинчидан, мактабда бўлажак ҳаётий қисматимизу шахс сифатидаги қиёфамиз шаклланади. Шу маънода коллеж, лицей ва мактабларда, аввало, адабиёт, тарих, жамиятшунослик дарсларидаги бош мақсад комил шахсни, комил юракни тарбия қилиш эканлигини теран англашимиз лозим. Ҳар бир ўқитувчи, у қайси фандан дарс бермасин, донишманд боболаримиздан бири Иброҳим Марғинонийнинг: “Қулоқ англағони илмдур, фаҳм англағони ҳикматдур” – деб айтган насиҳатларини мақсад ва вазифа деб билсин. Айнан китоб мутолааси инсонга ўзига хос фаҳмлашу фаросат бахш этгувчи жараён эканини англатиш билан бола қалбида китобга меҳр уйғотиш муаллимнинг биринчи вазифаси бўлиши керак. Ўз вазифасига айнан шундай муносабатда бўлгандагина миллий ва ижтимоий ривожимизда мактабнинг нечоғли қувватли ва самарали таъсирга эга эканлигини идрок этиш мумкин.

ХХ асрнинг иккинчи ярмида жаҳондаги икки муқобил тузумнинг ўзаро кураши энг авжига чиққан паллада давлат раҳбарларидан бири “Рақобатимиз натижаси атом полигонларида эмас, мактаб синфларида ҳал бўлади” деб айтганида минг карра ҳақ эди.

Хуллас, бугун мактабларда китобхонлик маданияти нечоғли юксак шакллантирилса, эртага халқ ва жамиятда фаҳму фаросатли инсонлар шунча кўп, маданий юксалиш шунчалик баланд бўлади. Маданий юксалиш бор жойдагина бошқа: ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва ҳ.к. юксалишлар юзага чиқади.

Учинчидан: ҳамма мактабда, ҳамма маҳалла-қишлоқда кутубхоналар бўлиши керак. Кутубхона бўлгандаям номига эмас, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётлар мавжуд кутубхона бўлиши керак. Бундай кутубхоналарни ташкил этишда фақат давлат эмас, жойлардаги ижтимоий ташкилотлар, партиялар, тадбиркорлар, бу ишга қурби етадиган якка ҳомийлар фаол иштирок этиши керак.

Бир пайтлар ўзига хос “тўплаш касали”га чалинган айрим шахсларнинг уйларида ҳали бирон марта варағи очилмаган жилд-жилд китоблар чанг босиб ётибди. Мамлакатда ана шундай ўқилмасдан ётган китобларни ўзи таълим олган мактабларга тортиқ қиладиган одамлар ҳаракатини шакллантириш керак. Тортиқ этганлар номи ҳар бир китобга ёзиб қўйилиши кафолатланиши лозим.

Жамиятнинг нечоғли маданиятлашгани нашр этилаётган китобларнинг адади билан эмас, юксак мутолаа савиясига эга китобхонлар сони билан баҳоланади, деб ўйлайман. Айни шундан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, китоб дўконларининг нечоғли гавжум бўлиши эмас, кутубхоналарга аъзо бўлган чинакам китобхонлар сони жамият даражаси ҳақида тўлиқ маълумот беради.

Муҳим масалалардан бири адабиёт, санъат, илму фан, телевидение ва радио, ноширлик, қоғозли матбуот, интернет иқлимидаги ошкоралик, соддароқ айтсам, нашр этилган ҳар бир китоб, эфирга узатилган ҳар кўрсатуву эшиттириш, намойиш этилган ҳар фильм, газета, журнал,интернет сайтларида эълон қилинган ҳар бир мақола, фикр-мулоҳазага муносабат билдиришга, яъни “саралаш” жараёнига диққатимизни қаратмоғимиз лозим. Йиллар давом этган бефарқлигимиз натижасини кўриш учун хоҳлаган матбуот киоски олдига бориб, у ерда сотилаётган нашрларга, хусусан, болалар учун чоп этилган рангли китобчаларни кўздан кечиринг. Расмларини бўяшга мўлжалланган сонсиз тўпламлар орасида ўзбек эртакларини деярли кўрмайсиз, асосан ажнабий мультфилмлар қаҳрамонларининг бадбашара суратлари кўзга ташланади. Токи бу соҳалардаги савиясизлик, саводсизлик ва фикрсизлик кўринишларига муросасиз бўлмас эканмиз, даъво-ю даъватларимиздан фойда бўлмайди. Компаниябозликка ўрганиб қолган матбуот ва телевидениямиз фармойиш чиққандан кейин бошлаган ҳаракатларида яна ўша “эски тос”ни кўраётганимдан ташвишланаман.

Президент фармойишида қайд этилганидек, китоблар, энг биринчи, болалар адабиётига оид китоблар нархини арзонлаштириш жуда муҳим масала.

Ҳозир китобнинг нархи фалон пул бўлиб турганда ота-она рўзғорини ўйласинми, китобними? Улар, табиий равишда, рўзғорни ўйлашга мажбур. Давлат шунинг учун ҳам тузиладики, у халқнинг қурби етмаган нарсаларни етказиб туриши, уларнинг каму кўстига мададкор бўлиши шарт, хусусан, миллат ва давлатнинг келажаги бўлган янги насллар тарбиясига масъул эканини ўзининг бош вазифаси деб тан олиши лозим.

Фармойиш баҳона бизнинг озод кунларни орзу қилган жадид боболаримизни эсладим.

Қарийб юз йилдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, бу маърифатпарвар инсонлар “руҳсиз тандур, ханжар урса, қони сачрамас” юрт ва “оқибатсиз”, “ҳамиятсиз”, “ғайратсиз” миллат дардида юрак қони билан ёзган битиклар ҳамон замонамизга ҳамоҳанг янграйди. Баъзан таассуф ила ўйлайсан киши: турмушнинг маърифатсиз ва тубан иллатларига қарши улар (китобсиз хонадонлар, исрофли дабдабали тўйлару бошқа кераксиз, сохта диний маросимлар ва ҳоказо ҳақида) ёзган куюнчак мақолалар ҳавога учиб кетмадими? Нега бу муаммолар ҳали-ҳануз оёғимизга тушов бўлиб қолмоқда? Нега миллий онг, сезим ва турмушнинг ҳимоячиси бўлмиш зиёлилар матонатсиз, нега уларнинг жамиятдаги ўрни йўқ ҳисоби? Ўйлайман-у, бу саволларга жавоб ҳам айнан улар қолдирган китобларда борлигини англайман. Гарчи неча ўн йилликлар мобайнида фикрсизликка маҳкум бўлганимиз нечоғлиқ аянчли бўлмасин, маърифатчи боболаримиз йўлидан юришда давом этиш лозимлигини англайман. Зеро, Ватанни севиш, унинг орзу-армонлари, қувонч-ташвишлари билан яшаш, миллат турмушидаги иллат ва камчиликларга муросасиз бўлиш Сизиф меҳнатини эслатса-да, у боболаримиз букилмас матонати туфайли эришган шараф ҳамдир.

Жадид боболаримиз адабиётни оинайи миллат деб билганлар. Уларнинг назарида адабиёт фақат юрак замзамаси эмас, тафаккур жилоси бўлмоғи лозим, у фақат ҳисларга эмас, онг ва сезим тараққиётига таъсир ўтказмоғи даркор. Бу таъсир энг аввало китоблар орқали бўлишини унутмаслигимиз керак.

2017, январ

    Ma’naviyat so‘zining zamirida ma’no, mohiyat tushunchalari yotadi. Kitob o‘qiydigan odam o‘zini ma’noga to‘ldiradi. Ziyo bilan yo‘lini yoritadi. Shu ma’noda, kitob insoniyatning eng yuksak kashfiyotlaridan biridir. G‘ildirak ixtirosidan keyin uzoq masofalar yaqin bo‘lganidek, kitob baayni olam bilan odamni bir-biriga qalban yaqinlashtirdi. Dillarni birlashtirib, hayotning, yashashning asl ma’nosi neligini ifodalab berdi.

Xurshid DAVRON
HAR BIR KITOBDA
TIRIKLIKNING NAFASI BOR
09

74.jpgMa’naviyat so‘zining zamirida ma’no, mohiyat tushunchalari yotadi. Kitob o‘qiydigan odam o‘zini ma’noga to‘ldiradi. Ziyo bilan yo‘lini yoritadi. Shu ma’noda, kitob insoniyatning eng yuksak kashfiyotlaridan biridir. G‘ildirak ixtirosidan keyin uzoq masofalar yaqin bo‘lganidek, kitob baayni olam bilan odamni bir-biriga qalban yaqinlashtirdi. Dillarni birlashtirib, hayotning, yashashning asl ma’nosi neligini ifodalab berdi.

Bir donishmand, “”Ko‘mir yona turib, kitob esa mutolaa qilingandagina senga harorat beradi” deganida ming karra haq bo‘lgan.

Nazarimda, o‘qilayotgan kitobda bir paytlar yashil yaproqlari shovullab turgan daraxt uyg‘onadi. Avval qog‘ozga, keyin kitobga aylangan o‘sha sabza yaproqlaru zamin qa’riga chuqur yoyilgan tomirlarning uzoq yillar mobaynida tiriklik shamoli bilan suhbati – sokin shivirlashini eshitganday bo‘laman. Kitobning har bir varag‘i nafas ola boshlaganini sezaman.

Men mutolaani tirik jarayon deb bilaman. Gap faqat varaqlangan kitob tabiatidagi daraxtning tirilishida emas. Mutolaa hamisha muloqot tarzida bo‘lgani uchun ham tirikdir. Bu jarayon paytida asar muallifi bilangina emas, u yaratgan olam bilan, unda yashovchi insonlar bilan muloqot qilamiz, ularning nafasi yuzimizga urila boshlaydi. Hatto, yuragimizning tub-tubida bekinib olgan “”Men” bilan — o‘zimiz bilan ham suhbatlashish imkoniyatiga muyassar bo‘lamiz.

Mutolaa jarayonida kitob bilan odamni, bamisli bepoyon fazodagi qulog‘imiz ilg‘ab ololmaydigan tebranishlar manbai tomon burib, tarang tortib qo‘yilgan ziyrak tovush tutgichlari monand, ammo ko‘zga tashlanmas aloqa vositasi bog‘lanadi. Kitob sirli ravishda senda, sen esa kitobda yashay boshlaysan. Jarayon tinimsiz ravishda o‘zgarib, sen kitobdagi qahramonlarga aylanasan, asarda aks etgan zamon va makon hadsiz-hisobsiz aksi bilan tasavvuringni to‘ldira boshlashini gapirib o‘tirmasam bo‘ladi.

Garchi kitob o‘qiyotgan odam ham, uning ko‘z o‘ngidagi qog‘ozli buyum ham olamda mavjud bo‘lgan hamma narsa singari moddiy ekanligi aniq-ravshan bo‘lsa-da, bu ikki moddiyatni bog‘lagan mutolaa jarayoni g‘aybiyligi bilan hayratlidir.

Balki, shuning uchun ham umrimning eng hayratli xotiralari, shak-shubhasiz, bolaligimda — balog‘at mavsumida o‘qigan kitoblarim bilan bog‘liq. Balki, shuning uchun ham o‘sha olis kunlarni eslasam, tasavvurimda ota-onam bilan bab-barobar o‘sha kitoblar paydo bo‘ladi. Birinchi navbatda, ertak kitoblari, Mirkarim Osimning “O‘tror”i, “Kuntug‘mish” dostoni…

Kitobni o‘qib, qalban zavq olasiz, hayot ma’nosini teran anglaysiz, jamiyatni, o‘zingizni o‘rganasiz, ichingizdagi johillik bekingan kavaklarni yoritasiz, insoniy qiyofangiz shakllanadi. Qisqacha aytganda, tiriklik ilmini olasiz, insonning mohiyati va vazifasini ko‘proq anglaysiz. Inson tabiatida Yaratganning muayyan belgilari ham mujassam etilganidek, inson tafakkurining mevasi bo‘lmish kitoblardayam muqaddas kalomlarning shuuri bo‘ladi. Hazrati Payg‘ambarimizning “Beshikdan to qabrgacha ilm izlangiz” nasihatlari zamirida ham ilm manbai bo‘lmish kitob mutolaasiga da’vat borligini unutmaylik.

Bu gaplarni yozaturib, qullikka qarshi kurashgan afro-amerikali yozuvchi Frederik Duglasning asoratdagi qavmdoshlariga qarata aytgan «O‘qishni o‘rgansangiz, umrbod ozod bo‘lasiz» degan gapini esladim. Kitobni tanimagan, mutolaani bilmagan odam, muayyan ma’noda, qullik ichida yashaydi. Qullik bor joyda esa fikrsizlik urchiydi, vaziyat va muammo oldida itoatgo‘ylik hukmron bo‘ladi. Kitob mutolaasi tobe insonga, uning fikriga qanotbaxsh fikr beradi, tubandan yuksakka ko‘taradi.
Kitob tabiatida uch ijtimoiy vazifa o‘z ifodasini topgan. Birinchidan, kitob insoniyatning ko‘p ming yillik tajribasi jamg‘armasi; ikkinchidan, qachon yashaganidan qat’i nazar o‘z davrining ifodachisi bo‘lmish ijodkor shaxslarning, demak insonlarning dunyoqarashlari, fikru hislari va bilimlari aks etgan hujjat; nihoyat, uchinchidan, har qanday kitob kechadan va bugundan kelajakka bitilgan maktub hamdir.

Demak, biz kitob orqali tariximizni, milliy merosu an’analarimizni, bobomeros qadriyatlarimiz haqida ma’lumot olamiz, o‘tmishdagi olis ajdodlarimiz orzu armonlaridan xabardoru ularning quvonchu sheriklariga sherik bo‘lamiz, o‘zimizning kimligimiz haqida kelgusi nasllarga maktub bitamiz.

Adabiyot kitobxon bilan tirik. O‘tgan asrning 60-yillaridan o‘zbek jamiyatida kitobxonlar qatlami paydo bo‘la boshladi. Ammo so‘nggi yillarda bu qatlam zaiflashdi, uning o‘rnini seriallar tomoshabini qatlami egalladi. Prezidentning farmoyishi ayni o‘sha kitobxonlar qatlamining yo‘qolib borayotganidan tug‘ilgan tashvishdan darak beradi, deb o‘ylayman.

Kitobga mehr, mutolaa madaniyati, eng avvalo, oiladagi muhit, ota-onaning kitobga bo‘lgan munosabati va maktabdagi adabiyot darslarining saviyasi ta’sirida shakllanadi. Bu masalada, ayniqsa, otadan ham ko‘ra Onaning kitobga yaqinligi har bir millat taraqqiyotida juda muhim o‘rin tutadi. Millatda kitobxon onalarning ko‘pligi uning kelajagiga ishonch bilan qarashning poydevoridir, degim keladi.

Kitob va mutolaa haqida gap ketgan joy borki, albatta, “Yoshlar kitob o‘qimay qo‘ydi” degan gap aytiladi. Menimcha, gapni eng birinchi “Ota-onalar kitob o‘qiyaptimi?” degan savolga javob topishdan boshlash kerak.

Qadim dostonimiz bo‘lmish “Qo‘rqut Ota”da qiziga hadeb nasihat qilib o‘tirgan onaga, “Sen qizingga faqat nasihat qilib o‘tiraverma, undan ko‘ra, o‘sha ishni o‘zing qilsang, qizing qiladi”, deya tanbeh beriladi. Yoki bo‘lmasa, «Qush uyasida ko‘rganini qiladi», «Onasini ko‘rib, qizini ol» kabi maqollarning tag zamirida ham ibratning o‘rni, tarbiyaning ahamiyati, ogohlikka da’vat qilish kabi qat-qat ma’nolar bor. Bu hikmatlarning har birida bolalar, yoshlar tarbiyasiga oid juda muhim falsafa bor.

Ota-onasi kitob o‘qigan oiladagi bolalar, albatta, kitob o‘qiydi. Demak, millatda kitobxon onalarning ko‘pligi uning kelajagiga ishonch bilan qarashning poydevori, degan hikmatni, oilada kitobga mehr va mutolaa madaniyatini tarbiyalash kerak, degan gapni takror-takror aytishdan to‘xtamasligimiz kerak.

Ikkinchidan, maktabda bo‘lajak hayotiy qismatimizu shaxs sifatidagi qiyofamiz shakllanadi. Shu ma’noda kollej, litsey va maktablarda, avvalo, adabiyot, tarix, jamiyatshunoslik darslaridagi bosh maqsad komil shaxsni, komil yurakni tarbiya qilish ekanligini teran anglashimiz lozim. Har bir o‘qituvchi, u qaysi fandan dars bermasin, donishmand bobolarimizdan biri Ibrohim Marg‘inoniyning: “Quloq anglag‘oni ilmdur, fahm anglag‘oni hikmatdur” – deb aytgan nasihatlarini maqsad va vazifa deb bilsin. Aynan kitob mutolaasi insonga o‘ziga xos fahmlashu farosat baxsh etguvchi jarayon ekanini anglatish bilan bola qalbida kitobga mehr uyg‘otish muallimning birinchi vazifasi bo‘lishi kerak. O‘z vazifasiga aynan shunday munosabatda bo‘lgandagina milliy va ijtimoiy rivojimizda maktabning nechog‘li quvvatli va samarali ta’sirga ega ekanligini idrok etish mumkin.

XX asrning ikkinchi yarmida jahondagi ikki muqobil tuzumning o‘zaro kurashi eng avjiga chiqqan pallada davlat rahbarlaridan biri “Raqobatimiz natijasi atom poligonlarida emas, maktab sinflarida hal bo‘ladi” deb aytganida ming karra haq edi.

Xullas, bugun maktablarda kitobxonlik madaniyati nechog‘li yuksak shakllantirilsa, ertaga xalq va jamiyatda fahmu farosatli insonlar shuncha ko‘p, madaniy yuksalish shunchalik baland bo‘ladi. Madaniy yuksalish bor joydagina boshqa: ijtimoiy, iqtisodiy, siyosiy va h.k. yuksalishlar yuzaga chiqadi.

Uchinchidan: hamma maktabda, hamma mahalla-qishloqda kutubxonalar bo‘lishi kerak. Kutubxona bo‘lgandayam nomiga emas, badiiy, ma’rifiy, ilmiy-ommabop, tarbiyaviy, yoshlarning intellektual salohiyatini oshirishga qaratilgan adabiyotlar mavjud kutubxona bo‘lishi kerak. Bunday kutubxonalarni tashkil etishda faqat davlat emas, joylardagi ijtimoiy tashkilotlar, partiyalar, tadbirkorlar, bu ishga qurbi yetadigan yakka homiylar faol ishtirok etishi kerak.

Bir paytlar o‘ziga xos “to‘plash kasali”ga chalingan ayrim shaxslarning uylarida hali biron marta varag‘i ochilmagan jild-jild kitoblar chang bosib yotibdi. Mamlakatda ana shunday o‘qilmasdan yotgan kitoblarni o‘zi ta’lim olgan maktablarga tortiq qiladigan odamlar harakatini shakllantirish kerak. Tortiq etganlar nomi har bir kitobga yozib qo‘yilishi kafolatlanishi lozim.

Jamiyatning nechog‘li madaniyatlashgani nashr etilayotgan kitoblarning adadi bilan emas, yuksak mutolaa saviyasiga ega kitobxonlar soni bilan baholanadi, deb o‘ylayman. Ayni shundan kelib chiqib, aytishim mumkinki, kitob do‘konlarining nechog‘li gavjum bo‘lishi emas, kutubxonalarga a’zo bo‘lgan chinakam kitobxonlar soni jamiyat darajasi haqida to‘liq ma’lumot beradi.

Muhim masalalardan biri adabiyot, san’at, ilmu fan, televideniye va radio, noshirlik, qog‘ozli matbuot, internet iqlimidagi oshkoralik, soddaroq aytsam, nashr etilgan har bir kitob, efirga uzatilgan har ko‘rsatuvu eshittirish, namoyish etilgan har film, gazeta, jurnal,internet saytlarida e’lon qilingan har bir maqola, fikr-mulohazaga munosabat bildirishga, ya’ni “saralash” jarayoniga diqqatimizni qaratmog‘imiz lozim. Yillar davom etgan befarqligimiz natijasini ko‘rish uchun xohlagan matbuot kioski oldiga borib, u yerda sotilayotgan nashrlarga, xususan, bolalar uchun chop etilgan rangli kitobchalarni ko‘zdan kechiring. Rasmlarini bo‘yashga mo‘ljallangan sonsiz to‘plamlar orasida o‘zbek ertaklarini deyarli ko‘rmaysiz, asosan ajnabiy multfilmlar qahramonlarining badbashara suratlari ko‘zga tashlanadi. Toki bu sohalardagi saviyasizlik, savodsizlik va fikrsizlik ko‘rinishlariga murosasiz bo‘lmas ekanmiz, da’vo-yu da’vatlarimizdan foyda bo‘lmaydi. Kompaniyabozlikka o‘rganib qolgan matbuot va televideniyamiz farmoyish chiqqandan keyin boshlagan harakatlarida yana o‘sha “eski tos”ni ko‘rayotganimdan tashvishlanaman.

Prezident farmoyishida qayd etilganidek, kitoblar, eng birinchi, bolalar adabiyotiga oid kitoblar narxini arzonlashtirish juda muhim masala.

Hozir kitobning narxi falon pul bo‘lib turganda ota-ona ro‘zg‘orini o‘ylasinmi, kitobnimi? Ular, tabiiy ravishda, ro‘zg‘orni o‘ylashga majbur. Davlat shuning uchun ham tuziladiki, u xalqning qurbi yetmagan narsalarni yetkazib turishi, ularning kamu ko‘stiga madadkor bo‘lishi shart, xususan, millat va davlatning kelajagi bo‘lgan yangi nasllar tarbiyasiga mas’ul ekanini o‘zining bosh vazifasi deb tan olishi lozim.

Farmoyish bahona bizning ozod kunlarni orzu qilgan jadid bobolarimizni esladim.

Qariyb yuz yildan ziyod vaqt o‘tgan bo‘lsa-da, bu ma’rifatparvar insonlar “ruhsiz tandur, xanjar ursa, qoni sachramas” yurt va “oqibatsiz”, “hamiyatsiz”, “g‘ayratsiz” millat dardida yurak qoni bilan yozgan bitiklar hamon zamonamizga hamohang yangraydi. Ba’zan taassuf ila o‘ylaysan kishi: turmushning ma’rifatsiz va tuban illatlariga qarshi ular (kitobsiz xonadonlar, isrofli dabdabali to‘ylaru boshqa keraksiz, soxta diniy marosimlar va hokazo haqida) yozgan kuyunchak maqolalar havoga uchib ketmadimi? Nega bu muammolar hali-hanuz oyog‘imizga tushov bo‘lib qolmoqda? Nega milliy ong, sezim va turmushning himoyachisi bo‘lmish ziyolilar matonatsiz, nega ularning jamiyatdagi o‘rni yo‘q hisobi? O‘ylayman-u, bu savollarga javob ham aynan ular qoldirgan kitoblarda borligini anglayman. Garchi necha o‘n yilliklar mobaynida fikrsizlikka mahkum bo‘lganimiz nechog‘liq ayanchli bo‘lmasin, ma’rifatchi bobolarimiz yo‘lidan yurishda davom etish lozimligini anglayman. Zero, Vatanni sevish, uning orzu-armonlari, quvonch-tashvishlari bilan yashash, millat turmushidagi illat va kamchiliklarga murosasiz bo‘lish Sizif mehnatini eslatsa-da, u bobolarimiz bukilmas matonati tufayli erishgan sharaf hamdir.

Jadid bobolarimiz adabiyotni oinayi millat deb bilganlar. Ularning nazarida adabiyot faqat yurak zamzamasi emas, tafakkur jilosi bo‘lmog‘i lozim, u faqat hislarga emas, ong va sezim taraqqiyotiga ta’sir o‘tkazmog‘i darkor. Bu ta’sir eng avvalo kitoblar orqali bo‘lishini unutmasligimiz kerak.

2017, yanvar

003

(Tashriflar: umumiy 3 394, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring