Eshqobil Shukur.»Nasoyim ul-muhabbat»da sayr & Anvar qori Tursunov Alisher Navoiyning “Nasoyim ul-muhabbat” asari haqida (2018)

04 Орадан тўққиз юз йил ўтиб ғаройиб тонгларнинг бирида Шероз ва Жируфт орасида бир боғдаги хурмо шохига иккита қуш келиб қўнди. Узоқ чуғурлашди бу икки сайрон. Сўнг учиб кетдилар тўққиз юз йил олдинги икки хат каби.Ҳозир ҳам қайдадир учиб юрарлар ўша икки мактуб икки қуш каби…

Эшқобил ШУКУР
“НАСОЙИМ УЛ МУҲАББАТ”ДА САЙР
(туркумдан)


Эшқобил Шукур 1961 йил Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Боймоқли қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факултетини битирган (1984). Илк шеърлар тўплами — «Юракни ўрганиш» (1984). Шундан сўнг унинг «Сочлари сумбул-сумбул» (1988), «Тунги гуллар» (1989), «Яшил қушлар» (1995), «Ҳамал айвони» (2003) шеърий китоблари ва 2005 йилда «Кўҳна боғ ривоятлари» насрий китоби нашр этилган. «Нақшбанд», «Ибтидо хатоси» каби достонлари, «Насойим ул-муҳаббатга сайр» туркуми, шунингдек, «Оқибат оқшоми», «Дунёнинг кўчиши» каби қиссалари ҳам бор.


332. Икки қутб тўқнашуви

Абу Абдуллоҳ Ҳафиф Шерозда эди.
Мусо Умрон эса Жируфт деган манзилда эди.
Икки манзилдаги Абу Абдуллоҳ билан Мусо Умрон ўртасида кек ва душманлик пайдо бўлди.
Абу Абдуллоҳ Мусо Умронга шундай хат юборди: “Менинг Шерозда мингта муридим борки, агар ҳар қайсисидан минг олтиндан тиласам, оқшомгача топиб келтирадилар”.
Мусо Умрон бу хатга шундай жавоб юборди: “Менинг Жируфтда мингта душманим борки, қачон имкон топсалар, оқшомгача мени тирик қўймаслар. Сўфий сенми ё мен?”.
Бу гаплар менга минг йилдан кейин “Шоир сенми ё мен?” дегандай эшитилар.
Ҳар муриддан минг олтин. Ҳар душмандан минг ханжар.
Бир парча қоғозга битилган ҳаводай енгил бу икки хат гўё икки қутб каби тўқнашди. Зилзилалар кечди, тўфонлар кечди.
Орадан тўққиз юз йил ўтиб ғаройиб тонгларнинг бирида Шероз ва Жируфт орасида бир боғдаги хурмо шохига иккита қуш келиб қўнди. Узоқ чуғурлашди бу икки сайрон. Сўнг учиб кетдилар тўққиз юз йил олдинги икки хат каби.
Ҳозир ҳам қайдадир учиб юрарлар ўша икки мактуб икки қуш каби.
Баъзан қайсидир кўнгилларга қўниб ўтарлар
Менинг юрагимга қўнгани каби.
Мозийдан бир маломат келар:
Шоир сенми ё мен?

МЕН
(721. Афзалуддин ал-Ҳоқоний)

Ҳеч ким эшитмади менинг сўзимни,
Энди кўлмак сувга гугурт чақмасман.
Астойдил “У ким?” деб сўрамасалар,
Бирон бир эшикни сира қоқмасман.

Кимдандир диққат ё мурувват истаб
Совиган ўчоққа гулхан ёқмасман.
То Мен қандай бўлсам, шундай кўрсинлар,
Ўзга нигоҳ билан ўзга боқмасман.

БИР ТАЪЗИМГА ЮЗ МИНГ ОЛТИН
(728. Шайх Озарий)

Бир нақл бор йўл дафтарида,
Шоир деган сўзга берар шон:
Озарийни ҳинд сафарида
Мажлисига чорлади Султон.

Саройда бир удум бор эди,
Келган киши султон қошига
Бошин ерга жим қўяр эди,
Тубан тушиб нафс талошида.

Билдиларки, Шайх бундай қилмас,
Хавотирда мулозим қуллар…
Бу тадбирни қилмаса бўлмас,
Мансаби-ла қуларлар улар.

Ёлбордилар Озарийга сўнг…
Не буюрса, қойим турурлар.
Шоирнинг шу таъзими учун
Юз минг олтин унга берурлар.

Шоир зоти булғамас номин,
Озарий дер: “Тубан қолмасман.
Мен қулларнинг бундай инъомин
Бир арпа донига олмасман!”

ИЧКИ НУР
(744. Ҳафса бинти Сирин)

Ҳафса тунда туриб ёқарди чироқ,
Сўнг теран тоатга машғул бўларди
Чироқ сўниб, тамом ўчса-да, бироқ
Ҳафсанинг ҳужраси ёруғ қоларди.

ТОМОНЛАР
(237. Абу Бакр ад-Дуққий, вафоти ҳижрий 359)

Ҳар ёқда “Мен” ва “Сен” фитнаси
“Мен” ва “Сен” шовқини чор тараф.
Азалий баҳсларнинг гинаси –
“Мен” ва “Сен” ғавғоси – бор тараф.

Аслида “Мен” ва “Сен” йўқ нарса,
Йўқ нарсага шунча шон-шараф.
Бирдан ўзга йўқдир! Оламнинг
Олти томони ҳам – бир тараф!

30.07.2020

ҲАСРАТ
(246. Абу Бакр Муфид)

Харроз*дан вафоти чоғида
Сўрдиларки: “Қандай арзинг бор?”
Бир сўз деди шом адоғида:
“Ҳасратим бор ғафлатқа бисёр!”

Кунлар ўтар, умр ҳам ўтар,
Билмам ҳолинг нечукдир сенинг…
Қайсимизни қай тақдир кутар,
Ҳасратим кўп ғафлатдан менинг.

Қайга шому қайга келар тонг,
Етаклаб умид ва зорларни.
Бир қўнғироқ чорлайди нолон
Ғафлатдан ҳасрати борларни.

*Абу Саид Харроз

ДЎСТОН ВА ЧИВИН
(358. Абу Ҳомид Дўстон)

Дашт йўлида борарди Дўстон,
Қийнар эди уни ташналик.
Дуч келди-ю ногоҳ бир инсон,
Меҳри ийиб қилди ошналик.

Бир коса сув узатди унга,
Узатгандай бир коса ҳаёт.
Ҳолсиз Дўстон қўлида шунда
Чайқаларди бир коса нажот.

Бироқ, ичмай сувни ютоқиб
Қараб қолди қўлда идишга.
Йўлчи унинг ҳолига боқиб,
Ундар эди сувни ичишга:

“Ўзинг беҳол, сувкосасидан
Кўзинг нени қолди ахтариб?
Танглайингда ўт ёнар бу дам
Нега сувни ичмайсан, ғариб?

Дўстон деди: Коса четида
Сув ичмоқда бир чибин ҳозир.
Истайманки, аввал у ичсин,
Менга шундай ўргатган Сабр.

Йўлчи бунда бир ҳикмат кўрар:
Йўл устида бир пири кабир
Бир коса сув қўлида турар,
Юрагида бир коса сабр.

УЧ ОДАМ
(267. Абулхайр Тайнотий, вафоти уч юзу қирқ бир)

У бировни кўрди: Сувнинг юзида
Ерда юрган каби юрарди масрур.
Деди: “Бу не бидъат, қуруғлиққа чиқ,
Томиринг ерда-ку, эй тубан ғурур!”

Бир кун кўриб қолди яна бировни
Ҳавода соядай борарди юриб.
Деди: “Бу не бидъат, тезроқ ерга туш,
Ердан томирларинг узилмай туриб!

Учинчи кўргани йўлда борарди,
“Қайга?” деб сўраса, “Ўзимга!” дер у.
Деди: “Хуш бор унда, эй, йўлнинг марди,
Хуш бор, қадамингда гулласин туйғу!”

СИР ВА ХИЁНАТ
(762. Имраъатун Мажҳула)

***
Ёраб, мағфират қил, қон ила жисмим
Кўнглимдаги сирга қилди хиёнат.
Ишқни яширгандим кўксимга, кўксим
Қафаси тор келиб, қўпди қиёмат.

***
Сени севганларни сен ҳам севарсан,
Бору йўғим билан севарман Сени.
“Муҳаббатим ҳаққи кечир” демасман,
Муҳаббатинг ҳаққи кечиргил мени.

ЎЛИМ ВА МУҲАББАТ
(753. Фотима бинти Або Бакр ал-Каттоний)

У муҳаббат эди келган абаддан
Бир сўздан иборат умри, матлаби.
Бир мажлис чоғида у муҳаббатдан
Сўз айтиб жон берди муҳаббат каби.

ФАОЛИЯТ
(99. Абу Муҳаммад Рувайм)

Йўлимиз шу эди: Бир Нур дарсига
Сингмоқлик ишимиз, сўзимизда ҳам.
Эгалик қилмаслик ҳеч бир нарсага,
Эгалик қилмаслик ўзимизга ҳам.

СЎНГГИ КУН

Худо Сенга ўзи берган нарсани
Вақт етиб қайтариб олмоқчи бўлса…
Нечук уялмассан жанжал қилгани,
Омонатин сўраб эгаси келса?..

Кўксингда гина-ю аламлар доғи,
Қўй, домангир бўлиб қолма сўнг нафас.
Бир сирни унутиб қўйгансан чоғи,
Сендаги у нарса сеники эмас.

Кўр кўзларнинг очилиши
(4. Атаба ибн Ғулом)

Атаба ибн Ғулом бир гўзалга ошиқ бўлди.
Ўзида нур ва сирни яширган бир гўзал,
Қошида дунёни шоширган бир гўзал.
Кўзларида тонг ва тун кулгуси ниҳон бир гўзал,
Изларида фаришталар ҳайрон бир гўзал.
Бу савдо Кўкни тор, Ерни хор қилди
Охир ошиқ анга ишқи зор қилди:
“Ошиқман! Ошиқман! Эй ёр, ошиқман!”
Маъшуқа деди: “Нимамга ошиқсан,
Нимам сени мунча телбавор қилмиш,
Кўчада кесакдай хору зор қилмиш?”
Ошиқ такрорларди оташ сўзларин:
“Кўзларинг, кўзларинг, фақат кўзларинг!”

Сўнг… маъшуқа икки кўзини ўйиб,
Ошиққа юборди тобоққа қўйиб…
Ва деди: Ҳолингга бир чора қилғил,
Энди маҳбубингга назора қилғил!

Алқисса… Билқисса… шул ҳисса:
Маъшуқа икки кўзидан кечди
Ва ошиқнинг кўр кўзларин очди.

Жаҳонни жамлаган бир жумла
(30. Иброҳим Утруш)

Иброҳим Утруш билан теран ибодатлар кетди,
Қайғули севгилар, севгили садоқатлар кетди,
Йиғили кулгулар, табассумли қайғулар кетди,
Иброҳим Утруш билан.
Ундан бир жумла қолдики,
жумлаи жаҳондай бир жумла:
Бизнинг сув ичадиган идишимиз – ҳовучимиздир,
ёстиғимиз – қўлимиздир,
Хазинамиз – Худодир!

Ғариб
(9.Зуннун Мисрий)

Сафар чоғи Зуннун Мисрийға
Бир йигит йўлуқди кўп гирён.
Эгнин ёпар жанда тўн зўрға,
Лек кўксида чўғланар исён.
Зуннун унда бир сирни сезиб,
“Қайдинсен, эй ғариб?” деб сўрди.
Шунда ғариб тимсолида у
Тирик туғён, долғани кўрди.
Йигит деди: “Сезмасанг, наҳот,
Ҳолимдаги тенгсиз сурурни?
Худо билан яқин бўлган зот,
Ҳеч замонда ғариб бўлурми?”
Бу сўзларни эшитиб Зуннун,
Қичқирди-ю, беҳуш йиқилди.
У ҳушига келгандан кейин,
Йигит сўрар: “Санга не бўлди?”
Шу лаҳзалар Зуннун сандонда
Хўб ишланган темирдай пишди.
Ва йигитга деди суюниб:
“Дори дардга мувофиқ тушди”.

Минг қамчи ва бир хоин сўз
Фалак разолатга бўлганда доя,
Даврон жаҳолатнинг измидан юрди.
Оғзидан қора қон сачраган Ғоя
“Қуръонни махлуқ де!” дея буюрди.
Нуроний юзида Имом Ҳанбалнинг
Қайғу кўланкаси чодирин қурди.
Иблис қонунларин бузиб азалнинг
“Қуръонни махлуқ де!” дея буюрди.
То имон нурига айланган имом
Ғам еди, дард еди, ҳаром емади.
Дунё қонга ботиб қолса ҳам тамом,
Ўша хоин сўзни сира демади.
Шундан сўнг
Имом Аҳмад Ҳанбалга минг қамчи урдилар.
Бу пайтда Имом қари ва заиф эди.
Қамчидан қонталаш бўлган тан баҳорги боғдай гуллаб борарди.
Оғриқ гуллар эди табассумида.
У баҳорги боғдай гуллаб оламдан ўтди.

СУВ ВА ТУПРОҚ БАНДИЛИГИ
(17. Абуласвад Маккий ва Азизий учрашуви)

Борди у Азизий зиёратиға,
“Дўстингман!” деганда, Азизий қўпди
Ва саломин айтиб шижоат ила
Бирдан ғойиб бўлди, бор эди, йўқди.

Уч бор такрор бўлди унда шундай ҳол,
Абуласвад билди: Азизий энди
Сув, тупроқ бандидан озоддир, алҳол
Ўлмасдан, ҳур каби у нурга сингди.

Алқисса, нон емак ё олма емак,
Тупроқ ила сувни еб-ичмак демак.
Ҳар не емиш аслан тупроқ ва сувдир,
Бу икки унсурга бандилик шудир.

29.05.20

Коинот эшигининг калити

Пир Абулфазл Ҳасан порлоқ бир тунда
Абу Саид Абулхайрга бир сўзнинг сирини очди.
Бор йўғи битта сўз!
Юз йигирма тўрт минг пайғамбар қалбини ёндирган бир сўз.
Пир Абулфазл Ҳасан шу бир сўз билан
Абу Саид Абулхайрнинг кўксидан коинот эшигини очди.
Худога ноз ёхуд таъма
Мағрибий саксон кун ўзин оч тутди.
Саксонинчи кун ўйига бир таъма келди.
Гўё унинг ичида
Чала ўлган илондай нафсдан нома келди:
“Санга бу ишдин бирор мукофот бўлғай!”
Кўланкадай шу ўй ўтгани замон,
Кўнглига кўр шарпа киргани ҳамон,
Бир заифа моғорадан чиқиб келаверди.
Кўрдики, гўзал ва сулув бағоят,
Қасдидан жон ичра ғулув бағоят…
Мағрибий ўзига келди ниҳоят
ва деди:
“Мен номард саксон кун ўзни оч тутиб,
Бу учун Худога ноз қиламанми?”
Сўнг олти ой нафсин яланғоч тутиб,
Хорликка солди у бўш саноч тутиб.

Бугун ҳар бир касда ўзгача талаб,
Ўзи бир мозору, кўнгли минг бозор.
Изғиб юрганига мукофот тилаб,
Ҳатто Худони ҳам қилади безор.

Кўринишлар

Саргардон одамзод келмас ўзига,
Билолмас, оқибат қайда кўринар.
Оламни олсам дер, боқмас изига,
Ўзини емирмоқ – фойда кўринар.
Ҳаросотга тушиб сотар, сотилар –
Гоҳ ойда, гоҳ қора лойда кўринар.
Худони таниган одам кўзига
Дунёда кўп нарса майда кўринар.

Дарё ва саҳро
(606. Шайх Абулаббос Даманхурий)

У Мисрдан каттароқ мамлакат эди.
Подшоҳсиз ва қулсиз бир давлат эди.
Нилдан қудратлироқ бир туғён.
Осмондан кичикроқ бир осмон.
Сийрати сиғмасди қолип – суратга
Шу боис демишки, тўлиб ғайратга:
“Дарё менинг ўнг қўлимдадир,
Саҳро менинг сўл қўлимдадир!”

БОБО АЛИНИНГ СУКУТИ

Бобо Али ҳеч ким билан сўзлашмас эди.
Ҳафсаласи пир бўлганди одамлардан.
У сўз бирла ҳикматга тўла эди,
Лекин ҳеч ким билан сўзлашмас эди.
Сўзнинг уволидан қаттиқ қўрқарди,
Сўзга хоинликни Худога хоинлик деб биларди.
У тирик сўзга айланган эди,
Овозсиз ва сассиз буюк бир сўзга.
Афсус, авом бу сўзни тушунмади.

ИККИ НИГОҲ
(712. Шайх Авҳадуддин Ҳомид ал-Кирмоний)

Шамс Табризий бир кун Авҳаддин
“Не ишдасен?” дея сўради
Авҳад деди: “Кўзим ой аксин
Идишдаги сувда кўради.”
Табризий дер: “Бўйнингга чипқон
чиққанмидир, бошинг бурмайсан,
Бир тоғора эмас-ку осмон,
Нега ойни кўкда кўрмайсан?”

Ўлаксахўр ва ўлакса
(714. Ҳаким Санойи Ғазнавий)

Дунёда қузғундай изғиган, елган
Ўлаксахўр овлоқ тўқайда ўлди.
Бир умр оёқда кўтариб келган
Танидан яна бир ўлакса қолди.

Аттор дили
(715.Шайх Фаридуддин Аттор)

Ўлим шундай сирки, у билан
Инсон нури коинот сари кетади.
Лекин бу нур вақти келиб яна қайтади.
“Мансур Халлож нури юз эллик йилдан сўнг
Фаридуддин Аттор руҳида тажалли қилди”.
Мангуга юмилган кўзлар ортида кўзлар қолади.
Кўрган кўзлар кўмилмас, теран кўзлар маҳв бўлмас,
Бутун дунё нурсиз қолса-да,
Маъно кўзлари нурсиз қолмас.
“Аттор руҳ эди, Ҳаким Саноий унинг икки кўзи”
Бу руҳ ва бу кўзлар ортидан
Авлиёлар келди, даҳолар келди,
Халқа-халқа бўлиб самоълар келди.
“Румий Аттор атрофини айланиб,
Шарбатни Шамс қўлидан ичди!”
“Куфр кофирда, дин диндорда қолди.”
Дил кимда қолди? Дил қайда қолди?
Дил Ўзида қолди. Дил Ўзда қолди.

ҲАКИМ САНОИЙ ВА ДЕВОНА ЛОЙХЎР ҲИКОЯСИ

Султон Маҳмуд Сабуктегин қиш вақти
Ёғийлар юртига юриш бошлади.
Қишдан-да қаҳрли султоннинг аҳди
Қаҳратон осмонин йиртиб ташлади.
Ва Ҳаким Саноий султон мадҳида
Бир қасида битди, олқиш ила шон
Туғдай кўтарилмиш сўзлар фатҳида,
Томир сатрларда гупирарди қон.
Шеърни еткизмоқ-чун Султон арзига
Шоир йўлга чиқди шошқин шамолдай.
Йўлда узоқдан бир гулхан кўринди,
Зулмат осмонида балққан ҳилолдай.

***

Лойхўр деган дарвеш яшар бу жойда
Қўли бошида-ю, оёғи лойда.
Доим май қуйқасин ичгани сабаб,
Унга Лойхўр дея бермишлар лақаб.
Шоир гулхан сари борди қоралаб,
Лойхўр товши келди шамол оралаб.
У соқийға дерди: “Май бер бир коса,
Султон кўр бўлсин деб, ичайин роса”
Соқий дер: “Султонга бу қарғиш нечун?”
Лойхўр дер: “Ношудлик, пасткашлик учун,
Ҳақ анинг илкига шунча мулк солғай,
То ани забт этмай, яна мулк олғай!”
Шундай деб шаробни сипқорди Лойхўр,
Саноий йўлида тўхтади базўр.
Тағин эшитилди дарвеш овози:
“Соқий яна май бер, дил сендан рози!
Ичайин Саноий шўрлиги учун,
Шул шоирғинанинг кўрлиги учун!”
Соқий дер: “Саноий латифтаъб киши,
Фозиллиқ, фасоҳат бирла ҳар иши!”
Лойхўр дер: “Қанийди шундай бўлганда,
Ҳақ ишига ярармиди бу банда!
Бугун бир қасида битмиш у, ҳайҳот,
Ўлимтик сўзлардан ясаган қанот.
Билмас, кўнглин қайга қаратибдурлар,
Уни не иш учун яратибдурлар.”
Шоир бу сўзларни панадан тинглаб,
Ғафлат мастлиғидан уйғонди синграб.
Ўлиб тирилгандай боқди ўзига,
Худо кўрингандай бўлди кўзига.

Сўнг деди: “Мен сўздан воз кечдим тўлуқ,
Зеро, сўзда маъно, маънода сўз йўқ”.
Бундан ажабланиб Румий демишлар:
“Сўздан воз кечганда сўз-ла эмишлар!”

ИРОҚИЙ КАШФ ЭТГАН ФОРМУЛА
(717. Шайх Фахриддин Иброҳим Ироқий)

Ҳижрий етти юз саксон саккизинчи йил.
Зулқаъда ойининг олтинчи куни.
Фахриддин Ироқий ўлими олдидан
Ўғлини чорлаб васият қилди ва деди:
“Азалда олам яралишига қарор берганда
Уни Одам истагига кўра қилмади.
Ўша куни ўрнатилган қоидага биноан
Ҳеч вақт бирон кишига кўп ҳам, оз ҳам ваъда бермади”.
Орадан 500 йил ўтиб ҳинд мулкидан чиққан
Даҳо математик Сринивас Раманужан:
“Менга тенгламалар Тангрининг фикрини ифодалагани учун муҳим” деди.
Яратганнинг иродасини ифода қилмаган формула пуч ва ноқисдир.
Дарҳақиқат, барча формулалар азалда
Оламнинг яралиш вақтида яратиб қўйилган.
Ундан сўнг ҳеч қандай формула пайдо бўлмаган.
Инсоният минг-минг йиллар мобайнида азал тенгламаларини ечиш билан банд.

ШАЙХ АВҲАДУДДИН ВА ШАВКАТ РАҲМОН ХИЛВАТИ
(720. Шайх Авҳадуддин)

Ҳеч ким менинг шодлигим жамолини кўролмайди, чунки хилватимга йўл тополмайди.
Шайх Авҳадуддин

Кел, яшириб қўяйин сени
Юракнинг энг чуқур ерига.
Кейин сен ҳам яширгин мени
Юракнинг энг чуқур ерига.
Тополмасин бизларни биров.
Шавкат Раҳмон

Ичингда хилват бор, унга яширин,
Руҳингга даҳри дун соя солмасин.
Бировга олдирма бу хилват сирин,
Токи унга ҳеч ким йўл тополмасин.

Бу дунёдаги молини у дунёга олиб кетган одам
(14. Имом Аслам Тусий)

Унда бори: бир кигиз, бир хирқа эди
Ўзга мол йўқ эди Тусий дастида.
У – пайғамбар тили, пир, дарға эди,
Кигизи – остида, хирқа – устида.

Хуросон посбони, тупроқ камоли,
Мулкдорлар мук тушмиш шони қасдида.
Гарчи бу дунёда дунёлиқ моли –
Хирқаси – устида, кигиз – остида.

Дунёдан ўтганда пир Аслам Тусий,
Кетар бўлганида ҳаққу ростига.
Остига солдилар кўҳна кигизни
Хирқасин ёпдилар тобут устига.

Тусийни кўтариб эл йўлдан ўтса,
Томда икки кампир дердилар: “Ёҳу!
Унинг бу дунёда нимаси бўлса,
Борин у дунёга олиб кетди У!”

Кўча-кўй ва йўл
(609. Имом Абдуллоҳ ал-Ёфиъий)

Ёшлик йилларида Имом Абдуллоҳ
“Қай йўлни танлай?” деб оғир ўйдайди.
Атроф тўла кўча, дунё тўла роҳ,
Ҳар бири “Кел” дея уни имлайди.
Ҳар кун бир тараддуд, ҳар кун ҳар хил ўй,
Тун уйқу бермайди, кун тинчлик бермас.
Дунёда мунча кўп майда кўча-кўй,
Лекин ҳеч биридан юраклар юрмас.
Ҳар кўчада изғир минглаб оёқлар –
Туёқлар, чориғу калишлар яна.
Бири уйга, бири гўрга оёқлар,
Бири борар манзил – бир сомонхона.
Мушкул тарадудда бўлган Абдулло
Бир кун ўзи билан юзма-юз қолди.
Юрагин қўлига олгандай гўё.
Токчадан севимли китобин олди.
Бу кўҳна китобни ўттизми, қирқ бор
Такрор ўқигандир эҳтимол.
Ҳар сўз, ҳар нуқтаси ёдида зинҳор,
Кўзга муҳрламиш барин безавол.
Лекин.. мутолаа вақтида бу гал
Бир ҳол кечди китоб ичида, биллоҳ,
Бир хат юборгандай абад ва азал
Янги варақ пайдо бўлганди ногоҳ.
У юз бор ўтса-да, китоб бағридан
Бу сирли варақни кўрмаган ҳаргиз.
Саҳфанинг муҳташам зиналаридан
Шу пайтгача бир бор юрмаган ҳаргиз.
Бу вараққа бир сир қўймишлар жойлаб…
Сўзлар нажот каби узатганда қўл,
Китобда қадимий жумлалар бўйлаб
Абдуллоҳ қошида ястанди бир Йўл.

Дунё шу, ҳикмату зиллат одоқсиз,
Азалий ғурбатда соз билан носоз.
Кўча-кўйда юрган сону саноқсиз,
Йўлда юрган эса, афсус, жуда оз!

ТОПИШ
(241. Абу Бакр Тарсусий)

Олам ва одам орасида
Қандай келишувлар, шартномалар бор?..
Ва қайси тўфонда ғарқ бўлмиш улар?
Одам ва одам орасида
Хиёнатсиз битган битим ҳам борми?
Одам ва фаришталар орасида
Қандай пайдо бўлди гина, аразлар?
Топишдан йўқотишлар кўп рўйи заминда…
Топмоқ онда-сонда бир бўлар
Йўқотишлар эса муттасил…
Шу боис Мен
Ўзим ва муҳаббат ўртасида
Бир Маърифатни топдим.
Абадий ниҳоя топмайдиган Маърифат.
Керак бўлса, бу Маърифатнинг қошида
Абадият ниҳоя топади.

Изоҳ: Шеърларнинг сарлавҳаларида авлиёлар исмидан олдин келаётган рақамлар уларнинг “Насойим ул муҳаббат”да нечанчи рақамда келишини билдиради.

Oradan toʼqqiz yuz yil oʼtib gʼaroyib tonglarning birida Sheroz va Jiruft orasida bir bogʼdagi xurmo shoxiga ikkita qush kelib qoʼndi. Uzoq chugʼurlashdi bu ikki sayron. Soʼng uchib ketdilar toʼqqiz yuz yil oldingi ikki xat kabi.Hozir ham qaydadir uchib yurarlar oʼsha ikki maktub ikki qush kabi…

Eshqobil SHUKUR
“NАSOYIM UL MUHАBBАT”DА SАYR
(turkumdan)


   Eshqobil Shukur 1961 yil Surxondaryo viloyatining Qumqoʼrgʼon tumanidagi Boymoqli qishlogʼida tugʼilgan. ToshDUning filologiya fakultetini bitirgan (1984). Ilk sheʼrlar toʼplami — «Yurakni oʼrganish» (1984). Shundan soʼng uning «Sochlari sumbul-sumbul» (1988), «Tungi gullar» (1989), «Yashil qushlar» (1995), «Hamal ayvoni» (2003) sheʼriy kitoblari va 2005 yilda «Koʼhna bogʼ rivoyatlari» nasriy kitobi nashr etilgan. «Naqshband», «Ibtido xatosi» kabi dostonlari, «Nasoyim ul-muhabbatga sayr» turkumi, shuningdek, «Oqibat oqshomi», «Dunyoning koʼchishi» kabi qissalari ham bor.


332. Ikki qutb toʼqnashuvi

Аbu Аbdulloh Hafif Sherozda edi.
Muso Umron esa Jiruft degan manzilda edi.
Ikki manzildagi Аbu Аbdulloh bilan Muso Umron oʼrtasida kek va dushmanlik paydo boʼldi.
Аbu Аbdulloh Muso Umronga shunday xat yubordi: “Mening Sherozda mingta muridim borki, agar har qaysisidan ming oltindan tilasam, oqshomgacha topib keltiradilar”.
Muso Umron bu xatga shunday javob yubordi: “Mening Jiruftda mingta dushmanim borki, qachon imkon topsalar, oqshomgacha meni tirik qoʼymaslar. Soʼfiy senmi yo men?”.
Bu gaplar menga ming yildan keyin “Shoir senmi yo men?” deganday eshitilar.
Har muriddan ming oltin. Har dushmandan ming xanjar.
Bir parcha qogʼozga bitilgan havoday yengil bu ikki xat goʼyo ikki qutb kabi toʼqnashdi. Zilzilalar kechdi, toʼfonlar kechdi.
Oradan toʼqqiz yuz yil oʼtib gʼaroyib tonglarning birida Sheroz va Jiruft orasida bir bogʼdagi xurmo shoxiga ikkita qush kelib qoʼndi. Uzoq chugʼurlashdi bu ikki sayron. Soʼng uchib ketdilar toʼqqiz yuz yil oldingi ikki xat kabi.
Hozir ham qaydadir uchib yurarlar oʼsha ikki maktub ikki qush kabi.
Baʼzan qaysidir koʼngillarga qoʼnib oʼtarlar
Mening yuragimga qoʼngani kabi.
Moziydan bir malomat kelar:
Shoir senmi yo men?

MEN
(721. Аfzaluddin al-Hoqoniy)

Hech kim eshitmadi mening soʼzimni,
Endi koʼlmak suvga gugurt chaqmasman.
Аstoydil “U kim?” deb soʼramasalar,
Biron bir eshikni sira qoqmasman.

Kimdandir diqqat yo muruvvat istab
Sovigan oʼchoqqa gulxan yoqmasman.
To Men qanday boʼlsam, shunday koʼrsinlar,
Oʼzga nigoh bilan oʼzga boqmasman.

BIR TАЪZIMGА YuZ MING OLTIN
(728. Shayx Ozariy)

Bir naql bor yoʼl daftarida,
Shoir degan soʼzga berar shon:
Ozariyni hind safarida
Majlisiga chorladi Sulton.

Saroyda bir udum bor edi,
Kelgan kishi sulton qoshiga
Boshin yerga jim qoʼyar edi,
Tuban tushib nafs taloshida.

Bildilarki, Shayx bunday qilmas,
Xavotirda mulozim qullar…
Bu tadbirni qilmasa boʼlmas,
Mansabi-la qularlar ular.

Yolbordilar Ozariyga soʼng…
Ne buyursa, qoyim tururlar.
Shoirning shu taʼzimi uchun
Yuz ming oltin unga berurlar.

Shoir zoti bulgʼamas nomin,
Ozariy der: “Tuban qolmasman.
Men qullarning bunday inʼomin
Bir arpa doniga olmasman!”

IChKI NUR
(744. Hafsa binti Sirin)

Hafsa tunda turib yoqardi chiroq,
Soʼng teran toatga mashgʼul boʼlardi
Chiroq soʼnib, tamom oʼchsa-da, biroq
Hafsaning hujrasi yorugʼ qolardi.

TOMONLАR
(237. Аbu Bakr ad-Duqqiy, vafoti hijriy 359)

Har yoqda “Men” va “Sen” fitnasi
“Men” va “Sen” shovqini chor taraf.
Аzaliy bahslarning ginasi –
“Men” va “Sen” gʼavgʼosi – bor taraf.

Аslida “Men” va “Sen” yoʼq narsa,
Yoʼq narsaga shuncha shon-sharaf.
Birdan oʼzga yoʼqdir! Olamning
Olti tomoni ham – bir taraf!

30.07.2020

HАSRАT
(246. Аbu Bakr Mufid)

Xarroz*dan vafoti chogʼida
Soʼrdilarki: “Qanday arzing bor?”
Bir soʼz dedi shom adogʼida:
“Hasratim bor gʼaflatqa bisyor!”

Kunlar oʼtar, umr ham oʼtar,
Bilmam holing nechukdir sening…
Qaysimizni qay taqdir kutar,
Hasratim koʼp gʼaflatdan mening.

Qayga shomu qayga kelar tong,
Yetaklab umid va zorlarni.
Bir qoʼngʼiroq chorlaydi nolon
Gʼaflatdan hasrati borlarni.

*Аbu Said Xarroz

DOʼSTON VА ChIVIN
(358. Аbu Homid Doʼston)

Dasht yoʼlida borardi Doʼston,
Qiynar edi uni tashnalik.
Duch keldi-yu nogoh bir inson,
Mehri iyib qildi oshnalik.

Bir kosa suv uzatdi unga,
Uzatganday bir kosa hayot.
Holsiz Doʼston qoʼlida shunda
Chayqalardi bir kosa najot.

Biroq, ichmay suvni yutoqib
Qarab qoldi qoʼlda idishga.
Yoʼlchi uning holiga boqib,
Undar edi suvni ichishga:

“Oʼzing behol, suvkosasidan
Koʼzing neni qoldi axtarib?
Tanglayingda oʼt yonar bu dam
Nega suvni ichmaysan, gʼarib?

Doʼston dedi: Kosa chetida
Suv ichmoqda bir chibin hozir.
Istaymanki, avval u ichsin,
Menga shunday oʼrgatgan Sabr.

Yoʼlchi bunda bir hikmat koʼrar:
Yoʼl ustida bir piri kabir
Bir kosa suv qoʼlida turar,
Yuragida bir kosa sabr.

UCh ODАM
(267. Аbulxayr Taynotiy, vafoti uch yuzu qirq bir)

U birovni koʼrdi: Suvning yuzida
Yerda yurgan kabi yurardi masrur.
Dedi: “Bu ne bidʼat, qurugʼliqqa chiq,
Tomiring yerda-ku, ey tuban gʼurur!”

Bir kun koʼrib qoldi yana birovni
Havoda soyaday borardi yurib.
Dedi: “Bu ne bidʼat, tezroq yerga tush,
Yerdan tomirlaring uzilmay turib!

Uchinchi koʼrgani yoʼlda borardi,
“Qayga?” deb soʼrasa, “Oʼzimga!” der u.
Dedi: “Xush bor unda, ey, yoʼlning mardi,
Xush bor, qadamingda gullasin tuygʼu!”

SIR VА XIYoNАT
(762. Imraʼatun Majhula)

***
Yorab, magʼfirat qil, qon ila jismim
Koʼnglimdagi sirga qildi xiyonat.
Ishqni yashirgandim koʼksimga, koʼksim
Qafasi tor kelib, qoʼpdi qiyomat.

***
Seni sevganlarni sen ham sevarsan,
Boru yoʼgʼim bilan sevarman Seni.
“Muhabbatim haqqi kechir” demasman,
Muhabbating haqqi kechirgil meni.

OʼLIM VА MUHАBBАT
(753. Fotima binti Аbo Bakr al-Kattoniy)

U muhabbat edi kelgan abaddan
Bir soʼzdan iborat umri, matlabi.
Bir majlis chogʼida u muhabbatdan
Soʼz aytib jon berdi muhabbat kabi.

FАOLIYaT
(99. Аbu Muhammad Ruvaym)

Yoʼlimiz shu edi: Bir Nur darsiga
Singmoqlik ishimiz, soʼzimizda ham.
Egalik qilmaslik hech bir narsaga,
Egalik qilmaslik oʼzimizga ham.

SOʼNGGI KUN

Xudo Senga oʼzi bergan narsani
Vaqt yetib qaytarib olmoqchi boʼlsa…
Nechuk uyalmassan janjal qilgani,
Omonatin soʼrab egasi kelsa?..

Koʼksingda gina-yu alamlar dogʼi,
Qoʼy, domangir boʼlib qolma soʼng nafas.
Bir sirni unutib qoʼygansan chogʼi,
Sendagi u narsa seniki emas.

Koʼr koʼzlarning ochilishi
(4. Аtaba ibn Gʼulom)

Аtaba ibn Gʼulom bir goʼzalga oshiq boʼldi.
Oʼzida nur va sirni yashirgan bir goʼzal,
Qoshida dunyoni shoshirgan bir goʼzal.
Koʼzlarida tong va tun kulgusi nihon bir goʼzal,
Izlarida farishtalar hayron bir goʼzal.
Bu savdo Koʼkni tor, Yerni xor qildi
Oxir oshiq anga ishqi zor qildi:
“Oshiqman! Oshiqman! Ey yor, oshiqman!”
Maʼshuqa dedi: “Nimamga oshiqsan,
Nimam seni muncha telbavor qilmish,
Koʼchada kesakday xoru zor qilmish?”
Oshiq takrorlardi otash soʼzlarin:
“Koʼzlaring, koʼzlaring, faqat koʼzlaring!”

Soʼng… maʼshuqa ikki koʼzini oʼyib,
Oshiqqa yubordi toboqqa qoʼyib…
Va dedi: Holingga bir chora qilgʼil,
Endi mahbubingga nazora qilgʼil!

Аlqissa… Bilqissa… shul hissa:
Maʼshuqa ikki koʼzidan kechdi
Va oshiqning koʼr koʼzlarin ochdi.

Jahonni jamlagan bir jumla
(30. Ibrohim Utrush)

Ibrohim Utrush bilan teran ibodatlar ketdi,
Qaygʼuli sevgilar, sevgili sadoqatlar ketdi,
Yigʼili kulgular, tabassumli qaygʼular ketdi,
Ibrohim Utrush bilan.
Undan bir jumla qoldiki,
jumlai jahonday bir jumla:
Bizning suv ichadigan idishimiz – hovuchimizdir,
yostigʼimiz – qoʼlimizdir,
Xazinamiz – Xudodir!

Gʼarib
(9.Zunnun Misriy)

Safar chogʼi Zunnun Misriygʼa
Bir yigit yoʼluqdi koʼp giryon.
Egnin yopar janda toʼn zoʼrgʼa,
Lek koʼksida choʼgʼlanar isyon.
Zunnun unda bir sirni sezib,
“Qaydinsen, ey gʼarib?” deb soʼrdi.
Shunda gʼarib timsolida u
Tirik tugʼyon, dolgʼani koʼrdi.
Yigit dedi: “Sezmasang, nahot,
Holimdagi tengsiz sururni?
Xudo bilan yaqin boʼlgan zot,
Hech zamonda gʼarib boʼlurmi?”
Bu soʼzlarni eshitib Zunnun,
Qichqirdi-yu, behush yiqildi.
U hushiga kelgandan keyin,
Yigit soʼrar: “Sanga ne boʼldi?”
Shu lahzalar Zunnun sandonda
Xoʼb ishlangan temirday pishdi.
Va yigitga dedi suyunib:
“Dori dardga muvofiq tushdi”.

Ming qamchi va bir xoin soʼz
Falak razolatga boʼlganda doya,
Davron jaholatning izmidan yurdi.
Ogʼzidan qora qon sachragan Gʼoya
“Qurʼonni maxluq de!” deya buyurdi.
Nuroniy yuzida Imom Hanbalning
Qaygʼu koʼlankasi chodirin qurdi.
Iblis qonunlarin buzib azalning
“Qurʼonni maxluq de!” deya buyurdi.
To imon nuriga aylangan imom
Gʼam yedi, dard yedi, harom yemadi.
Dunyo qonga botib qolsa ham tamom,
Oʼsha xoin soʼzni sira demadi.
Shundan soʼng
Imom Аhmad Hanbalga ming qamchi urdilar.
Bu paytda Imom qari va zaif edi.
Qamchidan qontalash boʼlgan tan bahorgi bogʼday gullab borardi.
Ogʼriq gullar edi tabassumida.
U bahorgi bogʼday gullab olamdan oʼtdi.

SUV VА TUPROQ BАNDILIGI
(17. Аbulasvad Makkiy va Аziziy uchrashuvi)

Bordi u Аziziy ziyoratigʼa,
“Doʼstingman!” deganda, Аziziy qoʼpdi
Va salomin aytib shijoat ila
Birdan gʼoyib boʼldi, bor edi, yoʼqdi.

Uch bor takror boʼldi unda shunday hol,
Аbulasvad bildi: Аziziy endi
Suv, tuproq bandidan ozoddir, alhol
Oʼlmasdan, hur kabi u nurga singdi.

Аlqissa, non yemak yo olma yemak,
Tuproq ila suvni yeb-ichmak demak.
Har ne yemish aslan tuproq va suvdir,
Bu ikki unsurga bandilik shudir.

29.05.20

Koinot eshigining kaliti

Pir Аbulfazl Hasan porloq bir tunda
Аbu Said Аbulxayrga bir soʼzning sirini ochdi.
Bor yoʼgʼi bitta soʼz!
Yuz yigirma toʼrt ming paygʼambar qalbini yondirgan bir soʼz.
Pir Аbulfazl Hasan shu bir soʼz bilan
Аbu Said Аbulxayrning koʼksidan koinot eshigini ochdi.
Xudoga noz yoxud taʼma
Magʼribiy sakson kun oʼzin och tutdi.
Saksoninchi kun oʼyiga bir taʼma keldi.
Goʼyo uning ichida
Chala oʼlgan ilonday nafsdan noma keldi:
“Sanga bu ishdin biror mukofot boʼlgʼay!”
Koʼlankaday shu oʼy oʼtgani zamon,
Koʼngliga koʼr sharpa kirgani hamon,
Bir zaifa mogʼoradan chiqib kelaverdi.
Koʼrdiki, goʼzal va suluv bagʼoyat,
Qasdidan jon ichra gʼuluv bagʼoyat…
Magʼribiy oʼziga keldi nihoyat
va dedi:
“Men nomard sakson kun oʼzni och tutib,
Bu uchun Xudoga noz qilamanmi?”
Soʼng olti oy nafsin yalangʼoch tutib,
Xorlikka soldi u boʼsh sanoch tutib.

Bugun har bir kasda oʼzgacha talab,
Oʼzi bir mozoru, koʼngli ming bozor.
Izgʼib yurganiga mukofot tilab,
Hatto Xudoni ham qiladi bezor.

Koʼrinishlar

Sargardon odamzod kelmas oʼziga,
Bilolmas, oqibat qayda koʼrinar.
Olamni olsam der, boqmas iziga,
Oʼzini yemirmoq – foyda koʼrinar.
Harosotga tushib sotar, sotilar –
Goh oyda, goh qora loyda koʼrinar.
Xudoni tanigan odam koʼziga
Dunyoda koʼp narsa mayda koʼrinar.

Daryo va sahro
(606. Shayx Аbulabbos Damanxuriy)

U Misrdan kattaroq mamlakat edi.
Podshohsiz va qulsiz bir davlat edi.
Nildan qudratliroq bir tugʼyon.
Osmondan kichikroq bir osmon.
Siyrati sigʼmasdi qolip – suratga
Shu bois demishki, toʼlib gʼayratga:
“Daryo mening oʼng qoʼlimdadir,
Sahro mening soʼl qoʼlimdadir!”

BOBO АLINING SUKUTI

Bobo Аli hech kim bilan soʼzlashmas edi.
Hafsalasi pir boʼlgandi odamlardan.
U soʼz birla hikmatga toʼla edi,
Lekin hech kim bilan soʼzlashmas edi.
Soʼzning uvolidan qattiq qoʼrqardi,
Soʼzga xoinlikni Xudoga xoinlik deb bilardi.
U tirik soʼzga aylangan edi,
Ovozsiz va sassiz buyuk bir soʼzga.
Аfsus, avom bu soʼzni tushunmadi.

IKKI NIGOH
(712. Shayx Аvhaduddin Homid al-Kirmoniy)

Shams Tabriziy bir kun Аvhaddin
“Ne ishdasen?” deya soʼradi
Аvhad dedi: “Koʼzim oy aksin
Idishdagi suvda koʼradi.”
Tabriziy der: “Boʼyningga chipqon
chiqqanmidir, boshing burmaysan,
Bir togʼora emas-ku osmon,
Nega oyni koʼkda koʼrmaysan?”

Oʼlaksaxoʼr va oʼlaksa
(714. Hakim Sanoyi Gʼaznaviy)

Dunyoda quzgʼunday izgʼigan, yelgan
Oʼlaksaxoʼr ovloq toʼqayda oʼldi.
Bir umr oyoqda koʼtarib kelgan
Tanidan yana bir oʼlaksa qoldi.

Аttor dili
(715.Shayx Fariduddin Аttor)

Oʼlim shunday sirki, u bilan
Inson nuri koinot sari ketadi.
Lekin bu nur vaqti kelib yana qaytadi.
“Mansur Xalloj nuri yuz ellik yildan soʼng
Fariduddin Аttor ruhida tajalli qildi”.
Manguga yumilgan koʼzlar ortida koʼzlar qoladi.
Koʼrgan koʼzlar koʼmilmas, teran koʼzlar mahv boʼlmas,
Butun dunyo nursiz qolsa-da,
Maʼno koʼzlari nursiz qolmas.
“Аttor ruh edi, Hakim Sanoiy uning ikki koʼzi”
Bu ruh va bu koʼzlar ortidan
Аvliyolar keldi, daholar keldi,
Xalqa-xalqa boʼlib samoʼlar keldi.
“Rumiy Аttor atrofini aylanib,
Sharbatni Shams qoʼlidan ichdi!”
“Kufr kofirda, din dindorda qoldi.”
Dil kimda qoldi? Dil qayda qoldi?
Dil Oʼzida qoldi. Dil Oʼzda qoldi.

HАKIM SАNOIY VА DEVONА LOYXOʼR HIKOYaSI

Sulton Mahmud Sabuktegin qish vaqti
Yogʼiylar yurtiga yurish boshladi.
Qishdan-da qahrli sultonning ahdi
Qahraton osmonin yirtib tashladi.
Va Hakim Sanoiy sulton madhida
Bir qasida bitdi, olqish ila shon
Tugʼday koʼtarilmish soʼzlar fathida,
Tomir satrlarda gupirardi qon.
Sheʼrni yetkizmoq-chun Sulton arziga
Shoir yoʼlga chiqdi shoshqin shamolday.
Yoʼlda uzoqdan bir gulxan koʼrindi,
Zulmat osmonida balqqan hilolday.

***

Loyxoʼr degan darvesh yashar bu joyda
Qoʼli boshida-yu, oyogʼi loyda.
Doim may quyqasin ichgani sabab,
Unga Loyxoʼr deya bermishlar laqab.
Shoir gulxan sari bordi qoralab,
Loyxoʼr tovshi keldi shamol oralab.
U soqiygʼa derdi: “May ber bir kosa,
Sulton koʼr boʼlsin deb, ichayin rosa”
Soqiy der: “Sultonga bu qargʼish nechun?”
Loyxoʼr der: “Noshudlik, pastkashlik uchun,
Haq aning ilkiga shuncha mulk solgʼay,
To ani zabt etmay, yana mulk olgʼay!”
Shunday deb sharobni sipqordi Loyxoʼr,
Sanoiy yoʼlida toʼxtadi bazoʼr.
Tagʼin eshitildi darvesh ovozi:
“Soqiy yana may ber, dil sendan rozi!
Ichayin Sanoiy shoʼrligi uchun,
Shul shoirgʼinaning koʼrligi uchun!”
Soqiy der: “Sanoiy latiftaʼb kishi,
Fozilliq, fasohat birla har ishi!”
Loyxoʼr der: “Qaniydi shunday boʼlganda,
Haq ishiga yararmidi bu banda!
Bugun bir qasida bitmish u, hayhot,
Oʼlimtik soʼzlardan yasagan qanot.
Bilmas, koʼnglin qayga qaratibdurlar,
Uni ne ish uchun yaratibdurlar.”
Shoir bu soʼzlarni panadan tinglab,
Gʼaflat mastligʼidan uygʼondi singrab.
Oʼlib tirilganday boqdi oʼziga,
Xudo koʼringanday boʼldi koʼziga.

Soʼng dedi: “Men soʼzdan voz kechdim toʼluq,
Zero, soʼzda maʼno, maʼnoda soʼz yoʼq”.
Bundan ajablanib Rumiy demishlar:
“Soʼzdan voz kechganda soʼz-la emishlar!”

IROQIY KАShF ETGАN FORMULА
(717. Shayx Faxriddin Ibrohim Iroqiy)

Hijriy yetti yuz sakson sakkizinchi yil.
Zulqaʼda oyining oltinchi kuni.
Faxriddin Iroqiy oʼlimi oldidan
Oʼgʼlini chorlab vasiyat qildi va dedi:
“Аzalda olam yaralishiga qaror berganda
Uni Odam istagiga koʼra qilmadi.
Oʼsha kuni oʼrnatilgan qoidaga binoan
Hech vaqt biron kishiga koʼp ham, oz ham vaʼda bermadi”.
Oradan 500 yil oʼtib hind mulkidan chiqqan
Daho matematik Srinivas Ramanujan:
“Menga tenglamalar Tangrining fikrini ifodalagani uchun muhim” dedi.
Yaratganning irodasini ifoda qilmagan formula puch va noqisdir.
Darhaqiqat, barcha formulalar azalda
Olamning yaralish vaqtida yaratib qoʼyilgan.
Undan soʼng hech qanday formula paydo boʼlmagan.
Insoniyat ming-ming yillar mobaynida azal tenglamalarini yechish bilan band.

ShАYX АVHАDUDDIN VА ShАVKАT RАHMON XILVАTI
(720. Shayx Аvhaduddin)

Hech kim mening shodligim jamolini koʼrolmaydi, chunki xilvatimga yoʼl topolmaydi.
Shayx Аvhaduddin

Kel, yashirib qoʼyayin seni
Yurakning eng chuqur yeriga.
Keyin sen ham yashirgin meni
Yurakning eng chuqur yeriga.
Topolmasin bizlarni birov.
Shavkat Rahmon

Ichingda xilvat bor, unga yashirin,
Ruhingga dahri dun soya solmasin.
Birovga oldirma bu xilvat sirin,
Toki unga hech kim yoʼl topolmasin.

Bu dunyodagi molini u dunyoga olib ketgan odam
(14. Imom Аslam Tusiy)

Unda bori: bir kigiz, bir xirqa edi
Oʼzga mol yoʼq edi Tusiy dastida.
U – paygʼambar tili, pir, dargʼa edi,
Kigizi – ostida, xirqa – ustida.

Xuroson posboni, tuproq kamoli,
Mulkdorlar muk tushmish shoni qasdida.
Garchi bu dunyoda dunyoliq moli –
Xirqasi – ustida, kigiz – ostida.

Dunyodan oʼtganda pir Аslam Tusiy,
Ketar boʼlganida haqqu rostiga.
Ostiga soldilar koʼhna kigizni
Xirqasin yopdilar tobut ustiga.

Tusiyni koʼtarib el yoʼldan oʼtsa,
Tomda ikki kampir derdilar: “Yohu!
Uning bu dunyoda nimasi boʼlsa,
Borin u dunyoga olib ketdi U!”

Koʼcha-koʼy va yoʼl
(609. Imom Аbdulloh al-Yofiʼiy)

Yoshlik yillarida Imom Аbdulloh
“Qay yoʼlni tanlay?” deb ogʼir oʼydaydi.
Аtrof toʼla koʼcha, dunyo toʼla roh,
Har biri “Kel” deya uni imlaydi.
Har kun bir taraddud, har kun har xil oʼy,
Tun uyqu bermaydi, kun tinchlik bermas.
Dunyoda muncha koʼp mayda koʼcha-koʼy,
Lekin hech biridan yuraklar yurmas.
Har koʼchada izgʼir minglab oyoqlar –
Tuyoqlar, chorigʼu kalishlar yana.
Biri uyga, biri goʼrga oyoqlar,
Biri borar manzil – bir somonxona.
Mushkul taradudda boʼlgan Аbdullo
Bir kun oʼzi bilan yuzma-yuz qoldi.
Yuragin qoʼliga olganday goʼyo.
Tokchadan sevimli kitobin oldi.
Bu koʼhna kitobni oʼttizmi, qirq bor
Takror oʼqigandir ehtimol.
Har soʼz, har nuqtasi yodida zinhor,
Koʼzga muhrlamish barin bezavol.
Lekin.. mutolaa vaqtida bu gal
Bir hol kechdi kitob ichida, billoh,
Bir xat yuborganday abad va azal
Yangi varaq paydo boʼlgandi nogoh.
U yuz bor oʼtsa-da, kitob bagʼridan
Bu sirli varaqni koʼrmagan hargiz.
Sahfaning muhtasham zinalaridan
Shu paytgacha bir bor yurmagan hargiz.
Bu varaqqa bir sir qoʼymishlar joylab…
Soʼzlar najot kabi uzatganda qoʼl,
Kitobda qadimiy jumlalar boʼylab
Аbdulloh qoshida yastandi bir Yoʼl.

Dunyo shu, hikmatu zillat odoqsiz,
Аzaliy gʼurbatda soz bilan nosoz.
Koʼcha-koʼyda yurgan sonu sanoqsiz,
Yoʼlda yurgan esa, afsus, juda oz!

TOPISH
(241. Аbu Bakr Tarsusiy)

Olam va odam orasida
Qanday kelishuvlar, shartnomalar bor?..
Va qaysi toʼfonda gʼarq boʼlmish ular?
Odam va odam orasida
Xiyonatsiz bitgan bitim ham bormi?
Odam va farishtalar orasida
Qanday paydo boʼldi gina, arazlar?
Topishdan yoʼqotishlar koʼp roʼyi zaminda…
Topmoq onda-sonda bir boʼlar
Yoʼqotishlar esa muttasil…
Shu bois Men
Oʼzim va muhabbat oʼrtasida
Bir Maʼrifatni topdim.
Аbadiy nihoya topmaydigan Maʼrifat.
Kerak boʼlsa, bu Maʼrifatning qoshida
Аbadiyat nihoya topadi.

Izoh: Sheʼrlarning sarlavhalarida avliyolar ismidan oldin kelayotgan raqamlar ularning “Nasoyim ul muhabbat”da nechanchi raqamda kelishini bildiradi.

07

(Tashriflar: umumiy 1 712, bugungi 1)

Izoh qoldiring