11 may — Buyuk musavvir Salvador Dali tavallud topgan kun.

дали
Буюк мусаввир Сальвадор Дали ижоди XX асрда инсонни огоҳ қилувчи энг улкан бонглардан бири эди. XX асрга қандай фожиа хос бўлса, уларнинг барчаси Дали ижодига ҳам хосдир. Унинг расмлари – тафаккурнииг гўзал намуналари. Биз унинг асарларидаги гўзалликдан яйрамаймиз, аксинча, фикримиз, тафаккуримиз сесканиб тушади ва ҳушёр тортади.

033

Назар Эшонқул
ОЛАМЛАР БИРЛАШАДИГАН МАКОН

Санъат тафаккурдан куч оладими ёки тафаккур санъатданми? Бу савол бир қарашда ғализ қиёслашга ўхшайди ва мазкур ғализлик масалага ёндашишга бирмунча халал беради. Бироқ барибир билгимиз келади: ижодкор асар яратганда қайси биридан кўпроқ куч олади? Дейлик, Навоий асарларида ўзигача бўлган санъат кўпроқ акс этганми ёки тафаккур? Навоий қўллаган санъат воситалари ва усулларигагина қараб шоир ижодининг моҳиятини оча оламизми? Навоий қўллаган санъат унсурларини унгача ва ундан кейингилар ҳам қўллаган, бироқ адабиётимизда бошқа Навоий етишиб чиқмади. Навоийнинг буюклиги, менинг назаримда, санъат ва тафаккур мувозанатига жо бўлгандек туюлади. Бу иккаласи шакл ва мазмун каби бири иккинчисиз содир бўлмайдиган ҳодисалардир.
Санъатдаги гўзаллик билан тафаккур қудрати омихта бўлганда шоҳ асарлар бунёдга келишига санъат ва тафаккур тарихи кўп бор гувоҳ бўлган. Биз шоҳ асарлардаги сўз, бўёқ, оҳанг қўллаш маҳоратидангина эмас, балки буларга қоришиқ тафаккур қудратидан ҳам лол қоламиз. Навоий асарларига зуҳр этилган тафаккур қудрати олдида ундан беш юз йил кейин яшаётган биз, ўқувчилар, ҳам ҳайратга тушамиз. Адабиётшуносларимиз «Навоий ижоди ХV–ХVI аср адабиётининг чўққиси эди» қабилидаги гапларии такрорлашни хуш кўрадилар. Бунга яна Навоий ижоди шу асрлардаги тафаккурнинг ҳам чўққиси эди деб қўшиб қўйиш зарур бўлади.
Зеро, Навоий фалсафасини ҳали на адабиётшунослигимиз, на фалсафамиз мукаммал ўрганолгани йўқ. Ижодкор кўз олдидаги воқеликни худди тошни йўниб ҳайкал ясаган каби ўзининг ижодий санъат дунёсига айлантираркан, гўёки кўз олдимиздаги Ер аталмиш сайёра илк бор бунёд бўлиб, унда ибтидоий одам ўзи учун тушуниксиз, мавҳум олам билан юзлашиб, бугунги фалсафанинг асоси аталмиш асотирларни яратгани сингари аста-секин ижодкор дунёсининг ҳам тафаккур маҳсули – фалсафаси ярала бошлайди. Бу ижод дунёси, илҳом аталмиш қудратдан яралган ижодкор дунёси қанчалик ўзига хос ва воқеликдан қанчалик баландлашса ҳамда унинг бизнинг тасаввуримиздаги акси қанчалик тиниқ бўлса, шунчалик воқеликка яқин келади ва мазкур «дунё»даги фалсафа ҳам кўз олдимиздаги воқеликда яшовчи одамларнинг фалсафаси экани аён бўлади. Жуда ғалати парадокс: ижодкор воқеликка қасдма-қасд равишда ўз дунёсини яратган ва бу дунё кўз олдимиздаги воқелик амал қиладиган мантиққа зид келгани сайин у шунчалик табиийроқ ва ҳаққонийроқ чиқади. Шарқ санъаткорлари бу борада анча қатъий анъанага эга. Уларнинг яратган дунёлари маълум анъанадаги дунёнинг ичидаги дунё бўлади. Мисол учун, тасаввуф дунёси ичида қанчалик ижодкорнинг дунёлари бор. Таъбир жоиз бўлса, бу олам ичидаги олам демакдир. Кичик-кичик оламлардан яхлит олам пайдо бўлади – буларнинг ҳар бири ўзига хос, бироқ улар ягона оламга қараб интилади, ягона олам ичида ўзига хос олам ясаб олади. Улар улкан ва муҳташам обиданинг турли бурчакларига ишлов бераётган меъморларни эслатади, аммо уларнинг ҳаммаси шу обиданинг шифтига – оламлар бирлашадиган томонга интилади. Айни пайтда, бу оламлар қуёш атрофида айланган сайёралар мисоли инсон атрофида айланади – уларни ҳеч қачон инсон тафаккуридан узиб олиб ўрганиб бўлмайди – тафаккур шу оламларнинг қувватидир.
Навоий ижодидан фалсафий асосни олиб ташласак, ҳазратнинг санъати қанчалик жўнлашиб қолган бўларди. Айтиш жоизки, шарқликлар ўзлари мансуб обиданинг лойиҳасига қатъий амал қиладилар. Бош лойиҳа асосида ўзлари мансуб бурчакда ўз оламларини яратадилар. Шу сабабли Ғарб олимларига шарқ адабиёти бир хилдай тасаввур уйғотади. Уларнинг хатоси шундан иборатки, улар умумобидадаги кичик обидани, яъни катта олам ичидаги кичик оламни кўролмаганлар. Юқорида таъкидлаганимиздек, инсоншунослик Шарқда қатъий анъанага эга. Бироқ ҳар бир ижодкор бу анъананинг бир томонини янгилаб кетади. Деҳлавий, Ганжавий, Аттор, Жомий, Румий, Навоий, Бедил, Машраб – булар бир оламга мансуб ижодкорлар, аммо уларни ҳеч қачон ягона қараш билан ўрганиб бўлмайди. Буларнинг ҳар бирига ўзига хос ёндашиш зарур. Бу номларнинг тафаккурга қўшган ҳиссалари олдида бугунги фалсафамиз ҳали-ҳануз танг қолиб турибди. Тафаккурни ўз даврларидан бир неча баробар баланд кўтарган мазкур даҳолар фақат тафаккур ёки санъатнинг ўзинимас, инсон номини ҳам шунчалик юксак кўтардилар. Тафаккур қанчалик юксак кўтарилса, инсон шунчалик юксакликка эришади, инсон қанчалик хаёл коинотига олиб кирилса, у шунчалик ҳаётийлашади.
Инсон қиёфаси ўзи қаерда кўпроқ акс этади? Хаёлдами ёки кундалик кечинмаларга хос воқеликда? Кўз олдимиздаги воқелик Инсонни тўла-тўкис акс эттира оладими? Унда нега санъаткорлар ўз асарларида воқеликка зидма-зид воқелик яратадилар? Нега улар яратган воқеликда инсон қиёфаси теранроқ акс этади? Нега қуруқ воқелик акс этган ёки воқеликка қул бўлиб қолган, воқелик олдида ожизлиги билинган «ижод намуналари»нинг санъат ва тафаккур учун қизиғи йўқ? Нега воқеликка бўйсунган ижодий услублар таназзулга учради? Нега хаёл ва тафаккур қудрати уфуриб турган асарлар барча замонларда севиб ўқилади? Умуман, хаёл ўзи нима? У инсоннинг ўз қалбига ва тафаккури сарҳадларига боқа билиш имконияти эмасмикин?..
Агар хаёл ва тасаввур қудрати бўлмаганда, санъатни-ку қўя турайлик, ҳатто аниқ фанлардаги буюк кашфиётлар – Пифагор теоремасидан тортиб Эйнштейннинг нисбийлик назариясигача бўлган ихтиролар ҳам дунёга келмасди. Санъатни эса хаёл ва тасаввур жилваларисиз асло тасаввур қилолмаймиз. Санъат хаёлот ва реаллик кураш тушадиган ва ҳеч қачон ғолиб аниқланмайдиган саҳнадир. Мабодо бу жангда ё хаёл, ё воқелик музаффар бўлса, санъатдаги уйғунликка путур етади ва унда бу асар санъат асаримас, балки чўпчакка ёки воқеликнинг бесамар ҳамда бетаъсир суратига айланади. Ижодкорни давр қули бўлиб қолишдан фақат хаёлотгина сақлай олади, шу билан бирга, уни хаёлот буткул ютиб юборишидан воқелик асраб қолади. Биринчи ҳолатда ижодкор, нари борса, кундалик очеркчи, иккинчи ҳолатда у тутуриқсиз чўпчакчига айланади.
Табиийки, гап ижодкор хаёлоти ҳақида кетяпти, асло хаёлпарастлик ҳақида эмас. Зеро, хаёлпарастлик ижодий қувват билан тўйинсагина самара беради. Ижодий қувват фикрлар кураши, тафаккур эркинлиги ва хилма-хиллигидан куч олади. Фикри бўғиқ халқ санъати, адабиёти ва ижодий қуввати бўғиқ халқдир. Ижодий қувват – исён белгиси – бузишга қарши яратишга бўлган иштиёқдан туғилган ишонч. Ҳаёт, Вақт худди ўзанидан тошган дарё каби инсон умрини шиддат билан ўпириб боради. Лекин шунинг баробарида инсонга яратувчилик қудрати ҳам берилган. Бу имконият ижод имкониятидир. Ҳар бир соҳа одами агар санъаткорлар каби ўз касбига ижодкорона муносабатда ва эътиқодда бўлганида эди, жаннат ер юзининг ўзида барпо этиларди. Афсуски, ижод ва вайронагарчилик кураши ҳамон давом этяпти, қачон тугаши ҳам номаълум. Ижод инсонни ва унинг тафаккурини бунёдкорликка ҳозирлайди ва шунга даъват этади. Бунёдкорлик ва вайронагарчилик – бугунги оламнинг икки қирраси. Ижод бор экан, демак, ҳали умид қилса бўлади. Ижодкорлар ўз оламларини яратиш баробарида дунёнинг эртанги тафаккурини ҳам яратадилар. Улар воқеликка нисбатан фикр ва гўзаллик уйғотарканлар, эртанги кунга ҳам фикр ва гўзаллик қолдирадилар. Зеро, ижодкорнинг ижод сарҳадларига қилган сафари, айни пайтда, тафаккур сари қилган сафари ҳам демакдир.
Хўш, мазкур масалаларни ижодкорлар ўз асарларида қандай акс эттира олишган? Юқоридаги мулоҳазалар уларнинг ижодига қай даражада боғлиқ ва аҳамиятли? Бу саволларга бизга ҳозирча нисбатан бегонароқ, аслида, ўзимизникидек бўлиши керак бўлган Ғарб адабиёти ва санъатида анча батафсил жавоб берилган.

044

Буюк мусаввир Сальвадор Дали ( 11 май 1904 – 23 январ 1989) ижоди XX асрда инсонни огоҳ қилувчи энг улкан бонглардан бири эди. XX асрга қандай фожиа хос бўлса, уларнинг барчаси Дали ижодига ҳам хосдир. Унинг расмлари – тафаккурнииг гўзал намуналари. Биз унинг асарларидаги гўзалликдан яйрамаймиз, аксинча, фикримиз, тафаккуримиз сесканиб тушади ва ҳушёр тортади. Унинг «Парчаланаётган Рафаэль тасвири» деган картинасида, бир томондан, улуғ мусаввирга нисбатан беадад ҳурмат, иккинчи томондан, асрлар оша тобора чўнглашаётган улуғворликка ҳасад бўртиб туради. Дали 1951 йили чизилган бу картинаси билан мумтоз тасвирий санъат ва унинг буюк намояндаларини улуғлик шоҳсупасида батамом тор-мор қилганини эътироф этади. Дарҳақиқат, ушбу асар кишида гўё асрлар оша мағрур ва емирилмас қўрғон бирдан парча-парчаларга бўлиниб, ағдарилиб тушаётгандек таассурот уйғотади. Бу даврда Дали мумтоз тасвирий санъатнинг буюк намояндалари билан истеъдод бобида олишаётган эди; у ўша пайтдаёқ ўз даврининг улкан рассомига айланган, ўз асрида ўзига тенг келадиган мусаввир қолмади деб ҳисоблаган ва энди тафаккури ҳамда хаёлоти билан XX аср қобиқларини ёриб ўтиб, олис-олис асрлардаги санъат титанларига қарши яккама-якка жанг эълон қилаётган палла эди; Дали бу асарида ва мавзу жиҳатдан шунга яқин бошқа картиналарида ўзининг ҳасадини ҳам, ҳавасини ҳам, инсон сифатидаги ожизлигу буюклигини ҳам яшириб ўтирмади.

0998

У шу хислати билан улуғ эди, аниқроғи, шу хислати билан янада улуғлашди. Манманлигию ўзига ортиқча баҳо беришига қарамасдан, тасвирий санъатга муносабатни ва уни таҳлил қилиш усулини янгилаб берди. У тасвирий санъат борасидаги икки ярим минг йиллик қарашларни ва санъат эстетикасини янги босқичга олиб чиқди.
XX аср модернистик адабиётига ўхшашлиги боис тасвирий санъатни ҳам кўз билангина кўриб бўлмайди: мумтоз санъатга хос, нигоҳ тушса қувонадиган гўзаллик бу давр адабиётида ҳам, тасвирий санъатида ҳам йўқ. Мазкур давр санъатида тасаввур гўзаллиги бор: мазкур асарларни дафъатан тушунолмаймиз; улар инсон ички кечинмасининг ҳали онг ҳам англаб етмаган кичик-кичик тасвирларига ўхшайди. Дали расмлари XX аср инсон руҳияти ва тафаккури тасвирларидир.
Кўриб турибмизки, адабиёт ва тасвирий санъатдаги ҳаётни, одам руҳиятини акс эттириш услуби бир хил. Зеро, тасвирий санъат ҳам, адабиёт ҳам XX аср одамини улкан бўшлиқ қаърида мажруҳ, майиб ва муте ҳолда тасвирлаяпти. Фарқи – бири сўз орқали, иккинчиси бўёқ орқали. Бу бўшлиқ инсон қалбидаги бўшлиқдир. Бу мажруҳлик инсон қалбидаги мажруқликдир.
Дали 1952 йил май ойида кундалигига шундай деб ёзганди: «Мен албатта Лениннинг расмини чизаман. Ленин қўлида чақалоқ ушлаб турган бўлади, ўша чақалоқ мен бўламан. Бироқ у болага меҳр билан эмас, «мен сени ҳозир қовуриб ейман» дея қараб турган бўлади…» Унинг 1931 йили чизган расмида рояль клавишларидан Ленин боқиб турибди. Бу санъатни ўз исканжасига олган ленинизмга бир истеҳзо эди. Заҳарли истеҳзо!

 

Image

Image

Мусаввирнинг бошқа бир асарида бўм-бўш пляжда осилиб турган телефон тасвирланади. Атроф кимсасиз. Бу телефон беихтиёр Кафканинг «Қўрғон» асарини ва ундаги ҳеч қаерга уланмаган, бироқ ҳамма кимлар биландир дастак орқали берилиб гаплашадиган телефонни ёдга солади. «Фуқаролар уруши» картинаси эса Кафканинг «Жазо колонияси»ни эслатади: расмга қараб туриб сиз руҳингизга таҳдид солаётган жазо колониясини аниқ ҳис этасиз. Ундаги чангал ҳам сизнинг онгингиз чангали. Шунингдек, бу тақдир чангали: эртами-кечми у ҳозирча озод турган бошни ютиб юборади.
Дали ўз ижодида адабиёт ва тасвирий санъатнинг бошини бирлаштирди. Тўғрироғи, ришталарни боғлаб берди. Бизга эса ундан шу ришталар орқали гўзал санъат дунёсига кириш ва сайр қилиш ҳамда уни англаш мерос бўлиб қолди. Башариятга тааллуқли меросларга башариятга тааллуқли ворислар талаб қилинади. Аммо инсоният Сальвадор Дали олами XX асрдаги инсоннинг ички олами эканини кеч англади. Худди Кафкани кеч англаганлари каби…
С.Беккетнинг «Қадам товушлари» пьесаси қаҳрамони Мэй бемор онасига қараб туради. Биз саҳнада унинг онасини кўрмаймиз, фақат товушини эшитамиз, холос… Она ва қиз ўртасидаги савол-жавоб асосан касаллик устида бўлади. Бироқ пьеса давомида гап жисмоний дард ҳақида эмас, маънавий мажруҳлик ҳақида кетаётгани аён бўлади, тўғрироғи, касал она – мажруҳ маънавиятнинг тимсоли. Она ва қиз ўртасидаги суҳбатдан шу нарса аён бўладики, улар бир-бирини мутлақо билмайди, яъни мутлақо бир-бирига бегона. Демак, улар ҳеч қачон она-бола бўлмаган, демак, Мэй ҳалл дунёга келмаган, яъни у ҳаётда ҳеч қандай из қолдирмаган: изсиз ғойиб бўлиш, қаршисидаги зулматга сингиб кетиш арафасида. Мазкур одамларнинг ҳаёти шунчалик мазмунсизки, бундай умрдан қадам товушлари афзалроқ, чунки ҳарқалай унда ҳаракат бор ва товуш чиқаради. Инсон умри эса ана шу қадам товушидан ҳам қадрсизроқ ва аҳамиятсизроқдек. Номини дунёга машҳур қилган «Театр I», «Театр II», «Эндшпил», «Ётлашув», «Ўйин» пьесаларида ҳам Беккет инсоннинг мавҳумлик билан юзма-юз келишини кўрсатади. Худди Кафка асарларидаги каби бу пьесаларда хам инсон умрини беадад саробга, мавҳумотга, ўзлиги ва ўз қиёфасидан, инсоний хислатларидан ётлаштиришга хизмат этувчи, уни муте ва қул қилувчи воқелик билан бетма-бет турган инсон фожиаси қаламга олинади. XX аср кишиси маьнавий қадриятлар харобаси устида ўтирибди, унда ҳурликка интилишдан кўра қулликка, мутеликка мойиллик кучли. У ўтмишдан айро, келажакка ишонмайди. Беккет бу ҳолни шундай ифодалайди: келажак зулмат ичида, ўтмиш эса олисда. Шу сабабли ҳам унинг асарларида зулмат, олислик ва ётлашув рамзлари қайта-қайта рўй кўрсатади.
Бу асарлар инсоннинг фожиалари ҳақидагина эмас. Бу асарлар ўзини ўрганаётган, фожиадан қутулиш йўлини излаётган, кишанларни ва тафаккурга соя солган зулматни парчалаётган ақл-идрок ҳақидадир. Ўзини ўрганаётган, фожиасини таниётган мавҳумлик ёки мазмунсизлик, аслида, инсоний қиёфасини тиклаётган ва ҳаётбахш мазмунга чорлаётган даъватдир. Беккет асарларини ақл-идрок ва тафаккур сари бир чорлов деса бўлади.
Альбер Камюнинг «Бегона» қиссасида ўзлигидан, айни пайтда, жамиятдан ётлашган инсон руҳияти тасвирланади. Жамият ўзига ясаб олган ахлоқ ҳамда мантиқ, Камю назарида, ёлғончи ахлоқ ва ёлғончи мантиқдир. У инсонни юзакилаштиради. Бу жамият инсондан бетиним қурбонлик талаб қилади, яъни инсон жамият тартибларига бўйсуниш, унинг хоҳиш-иродасини амалга ошириш учун ўзини жамият ахлоқи ва тартиботига қурбон этиши шарт. Гарчи ўзига ёқмаса ҳам, жамият учун ёқди дейиши, тубан бўлса ҳам, юксак деб лоф уриши, севмаса хам, севаман деб алдаши, муайян тартиб ёки қонунни атайлаб бузса, билмасдан буздим дейиши, жиноят қилса, кечирим сўраши лозим. Жамият шунга ўрганган ва ана шу қолипга тушмайдиганларни бегона деб атайди ва бегона сифатида ҳукм қилади. Бундай муҳит одамни машиналаштириб қўяди ва машиналашган одам охир-оқибат жиноят қилишдан қайтмайди. Шу сабабли қисса қаҳрамони терговчидан тортиб қариялар уйининг мудиригача тушуниксиз, ёт, бегона; унинг бор-йўқ айби қотиллик қилганидамас, балки жамият талаб этгандек юзига ниқоб киймаганида, алдамаганида. Бошқа томондан, қисса қаҳрамони ҳаётий шавқдан, ҳаётнинг ижодий қувватидан маҳрум нсондир. Агар ижод мувозанати бузилса, ҳаётнинг қайси соҳаси бўлмасин, у ерда инсон руҳи ўлади. Инсон руҳи ўлгач эса жамиятдаги инсонлар «бегона»га айланади. «Бегона» – инсоний фазилатлардан маҳрум жамиятнинг маҳсули. «Бегона» – қиёфасиз жамиятда яшайдиган қиёфасиз инсоннинг тимсоли.
Хуллас, Ғарб ижодкорлари Шарқ ижодкорларидан фарқли ўлароқ маълум анъаналарни ўзгартириш ва сингдириш эвазига ўз бадиий оламларини яратадилар. Бироқ бу олам ҳам шарқликлардаги каби инсон тафаккури атрофида айланади ва оламлар бирлашадиган макон сари интилади. Ҳар икки тур ижодкорларни ҳам инсон руҳияти ва тафаккурини янгилаш, уни юксакликка кўтариш истаги бирлаштириб туради. Инсон тафаккури тинимсиз янгиланишга маҳкум. У янгиланишдан тўхтаган куни жамиятнинг барча соҳасида турғунлик, инсоннинг туб моҳияти ва илоҳий вазифасига нисбатан жиноят бошланади. Шу сабабли санъат даврлар, асрлар ҳамда ўзгараётган қараш, тушунчалар олдига инсон муаммосини, унинг руҳияти ва тафаккурини ваҳдат ул-вужуд номидан тўхтовсиз янгилаб туриш зарурлигини кўндаланг қўяди. Инсон руҳияти, унинг туб қаъри кўз олдимиздаги коинотдан ҳам кенгроқдир. Шу пайтгача бу «коинот»нинг қанча қисми санъатга айланди экан? «Барча улуғ шеърлар ёзиб бўлинган»,– дейди шоир ўкинч билан. Бироқ кўз олдимиздаги инсонга қараб беихтиёр ҳали улуғ асарлар ёзиб бўлинмаган дейсиз. Эҳтимол, бугунги санъатдаги янгиланиш айнан шу хулосадан – оламлар бирлашадиган макондан бошланса ажаб эмас…

(Tashriflar: umumiy 225, bugungi 1)

Izoh qoldiring