Shuhrat Sirojiddinov. Manba mantiqiy mushohadani talab qiladi.

02

“Ҳақиқат – нисбий” деган улуғ ҳикмат бор. Тасаввуфда мутлақ ҳақиқат фақат битта – ягона парвардигор борлиги ва борлиғидир, дейилади. Уни англаш ва идрок этиш ҳақиқатга эришувдир. Буни аксиома деб қабул қилсак, унда биз билган-билмаган барча мутафаккирларнинг ҳақиқатнинг нисбийлиги ҳақидаги қарашлари асос-эътибори билан изланиш босқичларидаги кайфиятларига тааллуқлилиги аён бўлади. Илм – инсон миясига жойланган “ирфон махзани”. Унинг тилсимлари илмий изланишлар, баҳслар, ўқиб-ўрганиш сирасида очилади. Шундай экан, “ҳақиқат – баҳсларда туғилади”, деган ҳикмат ҳам бежиз дунёга келмаган.

094

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,
филология фанлари доктори

МАНБА МАНТИҚИЙ МУШОҲАДАНИ ТАЛАБ ҚИЛАДИ

“Ҳақиқат – нисбий” деган улуғ ҳикмат бор. Тасаввуфда мутлақ ҳақиқат фақат битта – ягона парвардигор борлиги ва борлиғидир, дейилади. Уни англаш ва идрок этиш ҳақиқатга эришувдир. Буни аксиома деб қабул қилсак, унда биз билган-билмаган барча мутафаккирларнинг ҳақиқатнинг нисбийлиги ҳақидаги қарашлари асос-эътибори билан изланиш босқичларидаги кайфиятларига тааллуқлилиги аён бўлади. Илм – инсон миясига жойланган “ирфон махзани”. Унинг тилсимлари илмий изланишлар, баҳслар, ўқиб-ўрганиш сирасида очилади. Шундай экан, “ҳақиқат – баҳсларда туғилади”, деган ҳикмат ҳам бежиз дунёга келмаган.

Камина икки йил муқаддам “Тафаккур” журналида бир мақола эълон қилган эдим. Унда сўфийларнинг пайдо бўлиши ва табақаланиши ҳақида манбаларда берилган маълумотлар келтирилган эди. Ундан илгарироқ 2003 ва 2005 йиллар нақшбандия тариқати ривожланиш босқичларидаги турли жараёнлар моҳияти ҳақида мақолалар тайёрлаганман. Улар Тошкент ислом университети бюллетени ва “Имом Бухорий сабоқлари” журналида чоп этилган. Шу боис, ушбу мақолаларда тилга олинган муҳим масалалар кенг жамоатчилик назаридан четга қолганга ўхшайди. Буни матбуотда кўринаётган айрим чиқишлардаги номукаммалликлардан сезса бўлади. Сўфий ва мутасаввуф каби атамалар атрофидаги баҳслар ҳам шу жумладандир. Демак, айрим маълумотларни такрорлашга бугун ҳам зарурат бор.

Чаҳорёр халифаларнинг даври тугаб, Сурия, Ироқ ва Миср ҳудудларидаги амирликларда дунёвий ҳаёт устуворлашгандан сўнг, амир ал-мўмининлар шариатни ўз манфаатлари йўлида хизмат қилдиришга ўтган, ҳашаматли ҳаёт ва айш-ишрат ижтимоий идеалга айлана бошлаган эди. Тақводорлар давлатнинг дунёвийлашуви, жамиятнинг табақаланиши, дин пешволарининг дунёвий ҳою ҳавасларга берилиши, ислом уммати орасида тафриқанинг пайдо бўлиши, мазҳаблар ва турли оқимларнинг шаклланишига исён тарзида тоғ-тошларни макон қилиш, ғорларда яшашни ўзларига афзал билдилар. Улар зоҳидлар деб аталди. Сўфийлик асли ана шу зоҳидликдан бошланган. Улар пайғамбаримиз Ҳиро тоғида хилватда ўтирганидек, кечаю кундуз аллоҳни зикр қилиш билан шуғулландилар. Изоляциядаги зикр (биз уни чилла деб атаймиз) ҳинд йога тизимида бўлгани каби медитация усули натижасида эришиладиган ғайритабиий қобилиятни туғдирган. Зоҳидлар транс ҳолатида ғайб олами сир-синоатларидан хабардор бўла бошлаганлар, каромат соҳибига айланганлар. Илмий адабиётларда бундай тоифа мистиклар деб аталади.

VIII асрнинг охирларига келиб Ироқдаги барча мистик гуруҳлар “сўфийлар”, уларнинг йўллари “тасаввуф” деб атала бошлади.

Бу даврларда сўфийларни табақалаштириш биз ўйлаганча, сифат даражасига кўра эмас, мактаб ва авлодга мансублик аломатига қараб ажратилган. Тасаввуф ўз тарихида бир неча фундаментал мактабларга эга бўлганлиги маълум. Илк сўфийлар, асосан, дин олимлари ва мулкдорлар табақаси вакиллари эди. Уларнинг ғоялари тасаввуф назариясининг асосий тамойилларини белгилаб берди. Сўфийлар ҳис, илҳом, қалб билан билиш ғоясини биринчи ўринга қўйдилар. Шариат билан зоҳирни поклашни (диний илмлар, ҳадис ва фиқҳ олими бўлиш) сўфийликнинг биринчи шарти, деб эълон қилган Ҳасан Басрий ҳисобланади. У Ҳазрат Алининг талабаси бўлиб, шариат илмларини чуқур эгаллаган олим эди. У ўткинчи дунё ҳаётидан юз ўгириб, фақатгина ёлғиз аллоҳга йўналиб, унга таваккул қилиш, суяниш ва ҳар лаҳзада ундан қўрқмоқ лозимлигини тарғиб қилди. У қўрқувнинг эзгу амаллар қилишдаги катта аҳамияти борлигини уқтирди. Ҳасан Басрий инсон ўз нафсини идора этиш ва ўз фаолиятини тафаккур қилишга чақирди. Унингча, тафаккур инсонга яхши-ёмонни кўрсатувчи бир ойна бўлиб, ёмонликдан сақловчи воситадир. Шу даврда машҳур зоҳидлардан яна бири Робия Адавия (вафоти 752 йил) аллоҳга муҳаббат ғоясини илгари сурди. Унингча, жаннат орзуси ва дўзах азобидан қўрқув нажот воситаси бўла олмайди. Инсон аллоҳни шундай севиши керакки, унинг ишқи бу дунё ҳою ҳавасларини куйдириб юбориши керак. У аллоҳни фақат аллоҳ бўлгани учун севиш, ўз борлиғини аллоҳнинг борлиғида сингдириш ва аллоҳ жамолига эришиш ғояларини илгари сурди. Робия Адавия тасаввуф тарихига «илоҳий ишқ» тушунчасини олиб кирган биринчи зоҳид дейилади. Абдуллоҳ Ҳорис Муҳосибий Басрий етакчилигида мактаб намояндалари аллоҳ маърифатига эришишни биринчи ўринга қўйдилар.Улар маърифат амалдан устун, аллоҳни амаллар билан эмас, маърифат билан билиш муҳим деган ғоялар билан чиқдилар. Ушбу мактаб Муҳосибия мактаби сифатида машҳур бўлди. Сарри Сақатий мақомот ва ҳол тизимини тартибга солди. Қуйидаги гап шу олимга тегишлидир: “Илм аллоҳнинг сифати ва амал банданинг сифатидир. Бир соатлик тафаккур икки олам ибодатидан яхшидир”. Зуннун Мисрий (859) тасаввуф ҳақида илк асар ёзиб, тасаввуфнинг ҳол ва мақомларини таснифлаб берган олимдир. Унинг тафаккури Робия Адавия ғоялари таъсирида шаклланган. Унинг фикрича, аллоҳни севиш мезони – Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатига астойдил амал қилиш орқали ахлоқни юксалтиришдир. Аллоҳ ва инсон ўртасида икки томонлама илоҳий муҳаббат ётади. Бу ишқ воситасида инсон аллоҳга эриша олади. Унга эришган инсон ўзининг илоҳий зотда ғарқ бўлганини, содда қилиб айтганда, ўзининг илоҳийлашганини ҳис этади.

Ўша давр машҳур сўфий мутафаккирларидан яна бири Боязид Бистомийдир (вафоти 874 йил). У фиқҳ олими эди. Робия Адавия ва унинг издошлари ғоялари таъсирида тасаввуфга қаттиқ берилиб, бу соҳада улкан муваффақиятларни қўлга киритади. Жумладан, “ишқ” ва “ваҳдат” тушунчаларини мистик платформада шарҳлаб, сукр (мастлик) концепциясини ишлаб чиқди. Тасаввуфда “тавҳид дарахтини Боязид эккан”, деган гап шундан қолган. Унинг мактаби тайфурия деб аталди. Жунайд Бағдодий мактаби эса сукр йўналишига қарама-қарши ўлароқ, саҳв, яъни, ҳушёрлик концепциясини илгари сурди. У тасаввуф илмини тартибга солишга интилган, шариат ва тасаввуфий илмларни бир-бирига мувофиқлаштиришга ҳаракат қилган илк мутафаккирдир. Унинг асосий ғояси шундан иборатки, инсон руҳий ҳол-мақомлардан юксалиб, аллоҳ васлига эришганда саҳв, яъни, ҳушёрлик йўлини танлаши керак. Жунайдия мактаби наздида, энг буюк мақом Муҳаммад расулуллоҳникидир. Бу мактабга хос бўлган асосий хусусият муроқаба усулининг устуворлигидадир. Жунайд Бағдодийнинг фикр-қарашлари кўплаб сўфийлар учун дастуруламалга айланган. Имом Қушайрий ва Имом Ғаззолий каби буюк мутафаккирларнинг дунёқарашларига катта таъсир кўрсатган.

Сўфийлар орасида зоҳидликни қоралаганлар ҳам бўлган. Шулардан бири Абу Ҳасан ибн Муҳаммад Нурийдир. У Зуннун Мисрийнинг шогирди бўлиб, саховатпешаликни тарғиб этди. Унинг ақидаси бўйича, инсон ўзининг энг севимли нарсасини аллоҳ йўлида сарф қилмас экан, бахт-саодатга эриша олмайди. У Жунайд Бағдодий билан бирга бозорларга бориб, қўлидаги бор нарсаларини халққа улашиб юрар экан. Унинг мактаби “нурия” деб аталди.

Суҳайл ибн Абдуллоҳ Тустарий (вафоти 896 йил) тасаввуфда нафс мавзусини бош мавзуга айлантирди. Унинг мактаби танлаган йўналиш “мужоҳада йўли” дейилади. “Ким аллоҳ йўлида риёзат чекмоқчи бўлса, биз уларни ҳидоятга элтамиз”, шиори уларга тегишлидир. Улар Муҳаммад пайғамбаримизнинг: “Биз кичик жиҳоддан катта жиҳодга ўтамиз”, деган даъватларини асос қилиб, катта жиҳод – нафс билан курашга чақирдилар. Суҳайл мужоҳадани мушоҳадага олиб борувчи ягона йўл деб ҳисоблади. Унингча, бу шариат йўлидир. Нафс, аслида, зарурдир. У худо томонидан яратилган. У аллоҳни билишга восита. Расули акрам айтган: “Ким нафсини таниса, аллоҳни танийди”. Суҳайл нафсни ўлдириш тарафдори эмас, балки уни тарбиялаш тарафдоридир. Ёмондан яхши фазилатлар касб этишга ўтиш суҳайлийлар ғоясининг мағзидир. Сўфийлик ҳаракатининг дастлабки босқичларида улар ўз маслакларини диний асосга қўйиш йўлларини излай бошладилар. Бунинг йўлларидан бири сўфийлик моҳияти ва тарихини пайғамбаримиз ҳаёти, исломнинг илк даври билан боғлаш эди.

Хуросон ва Мовароуннаҳрдаги мистиклар Х асрнинг охирги даврларигача сўфий деб аталмаган. Ҳаким Термизийнинг асарларида, гарчи чуқур мистик мазмунда бўлса-да, сўфий истилоҳи ишлатилмаган. Бунинг ўз сабаби бор эди. Сўфий деганда, фақат Ироқда шаклланган (Басра, Куфа, Бағдод) мистик гуруҳлар тушунилган. Тасаввуф таълимотига бағишланган дастлабки икки асар-Калободийнинг (вафоти 990 йил) “Китоб ат-таарруф” ва Саррожнинг (вафоти 988 йил) “Китоб ал-лума” асарларида, асосан, Бағдод мактаби вакиллари ҳақида маълумот берилганлиги ҳам шундан далолат беради. Бу асарларда маломатийлик ҳаракатининг асосчиси нишопурлик Ҳамдун ал-Қассор ёки, дейлик, ватандошимиз, буюк мистик олим Ҳаким Термизий ҳақида гапирилмаган. Нишопурлик олим Абу Абдураҳмон Суламий (вафоти 1021йил) биринчилардан бўлиб, Хуросон мистикларини сўфийлар қаторига қўшишга уринди. Эрон ва Марказий Осиёдаги улуғ тақво соҳиблари, валийлар турли номларда, жумладан, аҳли маърифат, аҳли ҳақиқат, орифлар, соликлар, зоҳидлар, фақирлар, ҳакимлар, маломатийлар, деб аталган. Буларнинг орасида сўфийларга ўхшаб уюшган жамоа фақат маломатийлар эди. Маломатийлик ҳаракати Хуросондаги Нишопур шаҳрида IX асрда вужудга келган. Суламий “Табақот ус-суфия” тазкирасида Нишопурда мавжуд бўлган уч маломатий мактабининг бирини бошқарган Абу Усмон Ҳирийнинг (вафоти 910 йил) Бағдодда таълим олганлигига урғу бериб, маломатийларни сўфийларнинг бир тоифаси қилиб кўрсатди.

Шу тариқа, XI асрдан бошлаб Бағдод ва Хуросон мистик мактаблари ўртасига ворисийлик чизиғини тортиш бошланди. Бу жараён Қушайрийнинг “Рисола фи илм ал-тасаввуф”, Ҳужвирийнинг “Кашф ал-маҳжуб” асарларида изчил давом эттирилди. Кейинги даврларда барча мистик мактаб ва йўналишлар тасаввуф номи остида умумлаштирилди. Тасаввуф таълимоти диний-ирфоний билишнинг етакчи таълимотига айлангандан сўнг, нафақат Бағдод ва Хуросондаги мистик жамоалар, балки сўфий бўлмаган тақводор ва билимдон олимлар ҳам сўфийлар деб атала бошлади.

Тасаввуф тариқатларини юзага келтирган асосий сабаб ана шу IX-X асрларда кенг минтақаларга ёйилган тасаввуф мактабларининг бир-бирларидан фарқланиб бориши билан боғлиқ ҳодисадир. Бу даврларда “пир-мурид” – тарбия шакли бўлмаган, асосан, юнон ва ҳинддан ўзлаштирилган метафизик ғоялар устозлар томонидан исломлаштирилиб, шогирдларга суҳбатларда сингдирилган. Зикр ва муроқаба техникаси ҳам ҳинд анъаналаридан ўзлаштирилган. Аста-секин тариқат қонун-қоидалари қатъийлашиб, мактаблар атрофида темир интизом ва мустаҳкам иерархияга буйсундирилган ташкилотлар (даргоҳлар) шаклланди. Ушбу ташкилотларда, асосан, зикр билан шуғулланганлар ва пирнинг мунтазам назорати остида кун кечирганлар. Фанда амалий тасаввуф деганда ана шу ташкилотлар (тариқатлар) фаолияти тушунилади. Тариқат тизими зоҳидликни қоралаган. Фақат тариқат ичида махсус тарбия кўриш сўфийликка муносиб деган қараш расм бўлган. Жумладан, Абдухолиқ Ғиждувонийнинг тариқат аҳлига қолдирган қуйидаги насиҳатларида шундай дейилади:

“Илм ўрганмасдан туриб ишга (риёзатга) киришмагил. Дин йўл-йўриқларини пухта билишинг учун мудом фиқҳ ва ҳадис ўргангил…” (Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний. Васиятнома, Тошкент, 1993, 14-бет).

Нақшбандия тарихига назар ташласак, XV асрдан эътиборан, ҳукмдорлар ва мол-давлатга муносабат билан боғлиқ жиҳатлар эркинлаштирилиб, баъзи рухсатлар берилганлигини кўрамиз. Бу, асосан, Хожа Аҳрор фаолиятининг сиёсийлашуви билан боғлиқдир.

Хожа Аҳрор халқ тақдири ва давлат манфаатларини ўйлаб, буюк маданият ва бебаҳо маънавий қадриятларни сақлаб қолиш йўлида подшоҳлар ва шаҳзодалар орасига тушишга, ўзаро низоларни тинчлик йўли билан ҳал қилишга ҳаракат қилди. Хожа Аҳрор халқ тақдири учун қайғуриш, султонларни адолатга чақириш масаласини сўфийларнинг бурчи даражасига кўтарди. Ҳукмдорлар томонидан миннатдорчилик рамзи сифатида ҳадя қилинган ер-сувлар Хожа Аҳрордек сўфийнинг қўлида тариқат тамойилларига зид равишда ортиқча мол-мулкнинг тўпланиб қолишига сабаб бўлди. Айтишларича, у ўзига тегишли мол-мулкка мутлақо даъво қилмаган ва умумжамоа мулки сифатида қараган. Унинг яқин шогирди ва халифаси Муҳаммад Қози ёзади: “Ҳазрат мол-мулкларининг барчаси фуқаро учун сарфланарди. Баъзан эса харажат даромаддан кўп бўлар ва йилнинг охирида қарздор бўлиб қолардилар”.

Афсуски, Хожа Аҳрорнинг фаолияти ибрат намунасига айланиб, баъзи шайхлар пирликка даромад манбаи сифатида қарай бошладилар. Аҳвол шу даражага етдики, тариқат мол-мулк ва обрў орттиришга қулай имконият яратадиган “имтиёзли” ташкилотга айланди.

Риёкор шайхлар кўпайди. Маърифатли зотларда уларга нисбатан муросасиз муносабат шаклланди. Ўз даврида Навоий бундай риёкор шайхларни кескин танқид қилгани маълум. Айни шу даврда, тасаввуф тарихида биринчи бўлиб Жомий асл сўфийларни сохта сўфийлардан ажратиш мақсадида, уларнинг сифат даражаларини батафсил тасниф этиб берди.

Жомий “Нафаҳот ал-унс” тазкираси муқаддимасида тасаввуф аҳли даражаларини уч табақага бўлиб кўрсатади. У сўфий деб аталишга фақат олий табақага кўтарилган тақводорлар, яъни, валий даражасига етган инсонлар лойиқ, деб ҳисоблайди. Валийлик икки турга – “валояти авом”, яъни, барча мўминларга хос валийлик ва “валояти хоса”, яъни, хос кишиларга мансуб валийликка бўлинади.

Жомий “валояти авом” ҳақида ортиқча тўхталмаган. Бу ўринда, аллома тариқатларда, хусусан, нақшбандий пирларнинг қудсий калималаридан халққа яхши маълум, «ҳар бир кишида валийлик хислати мужассам», деган ақидадан келиб чиқиб, шарҳга ҳожат сезмаган бўлиши ҳам мумкин. Унинг асосий диққати “хослар валояти”ни тушунтиришга қаратилган. Айтиладики, хосларга мансуб валийлик тасаввуф аҳли табақаларининг энг юқори, олий поғонасида турувчи арбобларда зоҳир бўлади. Жомий уларни “восиллар”, яъни, аллоҳ васлига восил бўлганлар ва “комиллар”, яъни, камолотга эришганлар, деб атайди.

Олий табақа восиллар ва комиллар мартабасига эришган муқарриблар, яъни, аллоҳга яқинлик ҳосил қилганлар табақасидир. Жомий бу табақа вакиллари пайғамбаримиздан кейин турувчи зотлар эканлигини таъкидларкан, уларни икки тоифага ажратади: “Биринчисини, машойих дерлар”, – дейди аллома. Машойихлар расуллуллоҳга эргашишда камолот даражасига етиб, вусул мартабасини қўлга киритганлар. Ушбу мақомда уларнинг зиммасига халқни Расулуллоҳ суннати асосида тарбиялаш юклатилган. Улар “комили мукаммал” инсонлардир. Улар “айни жамъ”да ғарқ қилиниб тавҳид шарафига мушарраф қилингандан сўнг, халқни нажот сари етаклаш ва камолот даражаларини ўстириш учун орқага, яъни, жамиятга қайтарилгандирлар.

Иккинчи тоифа мажзублар тоифаси бўлиб, Жомий: “Камол даражасига эришгандан сўнг, улар фано бағрида шундай ночор қолдилар ва ҳалокатга учрадиларки, улардан на хабар, на из қолди. Уларга халқ орасига қайтиш насиб қилмади. Васлга эришган бу тоифага халқни тарбия қилиш вазифаси топширилмади”, – деб қайд этади.

Ўрта табақа. Бундагилар олий табақага номзод бўлган сулук аҳли табақасидир. Жомий унга олти тоифани киритади. Булар мутасаввифлар, маломатийлар, зоҳидлар, фақирлар, ходимлар ва обидлар тоифасидир. Жомий мутасаввифлар ва маломатийларни бошқалардан афзал кўради ва уларни олий мақсадга интилувчилар (толибони мақсади олий), деб атайди. Улар илоҳий ҳақиқатни изловчилардир. Қолган тўрт тоифа аллоҳ юзини кўришни истовчилардир (муридони важҳуллоҳ). Уларнинг олий мақсади жаннат даъвоси ва охират савобидан умидворликдир.

Жомий ҳар бир тоифага хос белгиларни аниқ ва равшан тушунтириб ўтади. Масалан, мутасаввифлар шундай жамоаки, нафснинг баъзи сифатларидан қутулганлар, сўфийларга хос баъзи ҳол ва васфларга эга бўлиб, руҳоний йўлнинг ниҳояти кўринай деб қолган. Аммо ҳануз нафснинг баъзи жиҳатларидан қутулмаганлар. Шунинг учун аҳли қурб бўлган сўфийларнинг вусули даражасига ета олмаганлар. Сўфийлар ва мутасаввифлар шу жиҳатлар билан бир-бирларидан фарқланадилар.

Маломатийлар аллоҳга ихлос ва садоқат қоидасига қаттиқ риоя қиладилар ва тоат-ибодатларини халқдан яширишга уринадилар. Солиҳ амалларни қилишни шарт деб биладилар. Улар учун тоат-ибодат ва солиҳ амалларни халққа кўрсатиш риёдир. Улар ўз аъмол ва аҳволини қанчалик яширсалар ҳам аммо вужудий ва нафсий истаклардан қутулмаганлар. Ана шу нарса тавҳид жамолини мушоҳада қилишга монелик қилади. Зоҳидлар шундай тоифаки, иймон нури билан охират жамолини мушоҳада қиладилар. Дунёни қабиҳ деб биладилар ва унинг зийнатидан воз кечадилар. Таркидунё қиладилар. Уларнинг сўфийлардан фарқи шуки, зоҳиднинг жамиятдан юз буриши нафсининг истаги билан бўлади. Зотан, жаннат талаби – нафс истагидир. Сўфий эса аллоҳ жамоли истагида икки оламдан воз кечган. Демак, зуҳдда ҳам юксак мартабага эришгандир.

Фақирлар шундай тоифаки, мол-дунё масаласида ҳеч вақоси йўқ.

Жомий фақирлар тоифасининг сулук аҳли ичидаги ўзига хос фарқларини кўрсатади. Маломатий ва мутасаввиф жаннат эмас, аллоҳ талабгори бўлиб, унга яқинлашиш истагида бўлса, фақирлар жаннат талабгорларидир ва шу жиҳатдан ўз нафсларига ён босувчилардир. “Сўфийларнинг фақирлардан фарқи шундаки, – дейди Жомий – сўфий мақомига эришганлар учун фақр ва ғино (бойлик) масаласи ҳақ иродатида йўқ бўлиб кетган (маҳв бўлган)”.

Фақир икки хил бўлади: расмий ва ҳақиқий. Расмийси, мулки бўлмай, ростдан ҳам фақирликда яшайди. Ҳар қанча давлати бўлса ҳам, ҳар қандай шароитда ҳам мол-дунёга берилмасдан яшаган одам ҳақиқий фақирдир. Ҳақ таоло баъзи авлиёларнинг зоҳирини бойлик либоси билан кийинтиради, шу сабабдан баъзи зоҳир аҳли уларни дунёга кўнгил қўйганлардан, деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, улар ҳақиқий фақирдирлар ва ўз ботинларини, ботиний ҳолларини уларни тушунмайдиганлардан яширгандирлар.

Аммо баъзи машойихлар расмий фақирни ихтиёр этадилар. Сабаби, халқни анбиёлар йўлига эргаштиришда халқни фақир суратида тарғиб ва даъват этиш самаралидир. Улар халқни ухровий лаззатларга эмас, балки ҳақ даргоҳига даъват этадилар.

Ходимлар шундай жамоаки, улуғ тақво соҳибларига хизмат қилишдан завқ оладилар. Улар фарз ибодатларидан ортган барча вақтларини шайхларига бағишлайдилар ва барча ишларида ёрдам берадилар. Буни ўзларининг нафл ибодатлари, деб биладилар ва шу хизматлари эвазига охират савобидан умид қиладилар.

Обидлар шундай тоифадирларки, охират савоби учун ибодат ва фойдали илмлар билан шуғулланадилар. Бу сифат сўфийларга ҳам хос. Бироқ, сўфийлар тангрини ҳақ бўлгани учун севадилар, охират савоби учун эмас.

Обидлар фақирлардан фарқли ўлароқ, охират савоби умидида ибодат қилишда бой ёки фақир бўлишнинг фарқи йўқ, деб ҳисоблайдилар. Ҳар қанча бойлиги бўлса ҳам инсон обид мартабасида бўлиши мумкин.

Жомий сўфий бўлишга интилганларнинг учинчи табақасини таърифлашга ўтар экан, уни нуқсонлилар табақаси деб номлайди. Бу табақа вакиллари тасаввуф аҳлининг ҳар бир тоифаси орасида учрайди. Жомий зикр этган сулук аҳли “муташаббиҳун муҳиқ”, яъни, ҳақиқатда, сидқидилдан сўфий бўлишга интилган, ҳақиқатдан сўфийларга ўхшаб кетадиганлар бўлса, учинчи табақа уларнинг акси бўлган риёкор соликлар, яъни, Жомий тили билан айтганда, «муташаббиҳун мубаттал» лардир.

Жомий тасаввуф аҳлининг икки табақасини қандай тартибда таснифлаган бўлса, қуйи табақани ҳам шу тартибда баён этади. Жумладан, комили мукаммал сўфийликка даъво қилувчи риёкор одамларга ботинийлар ва мубоҳийлар киради. Улар ўзларини ориф ва сўфий санайдилар аммо ақоид, аъмол ва аҳволлари арзимас ва юзакидир. Шариатга итоат этмаслар ва бу ишни авом иши деб ҳисоблайдилар.

Мажзубларнинг риёкори шундай тоифаки, фано денгизида ғарқ бўлганлик ва тавҳид айнида ҳалок бўлганлик даъвосини қиладилар. Ўз ҳаракат ва жидду жаҳдларини янада орттирмайдилар ва дейдиларки, бизнинг ҳаракатларимиз эшикларнинг ҳаракатига ўхшайди, ҳаракатлантирувчи кучга муҳтож. Жомий таъкидича, бу қиёс тўғри бўлса-да, уларнинг ҳолига мувофиқ эмас. Бу тоифани зиндиқлар деб атайдилар. Саҳл б. Абдуллоҳ: “Агар киши шариат усулига риоя қилса ва ибодатлар аҳкомини муҳофаза этса, улар сиддиқлардир, агар киши шариатни ҳисобга олмай иш тутса, улар зиндиқлардир”, деб айтган.

Жомий маломатийларнинг риёкорлари ҳақида тўхталар экан, қаландарларнинг XV асрга келиб риёкор тоифага айланганини таъкидлайди. Асл қаландарлар маломатийларга ўхшашни истайдилар. Жорий этилган расм-русумлар, қонун-қоидалар, ахлоқ-одоб қоидаларини бузишдан қўрқмайдилар. Тоат-ибодатларнинг кўпчилигида улар эркин. Фақат фарзларни бажарадилар. Маломатийлар камолотга етиш ва фазилатларини кўпайтириш борасида қаттиқ ишлайдилар. Бу ҳаракатларини халқдан пинҳон тутадилар. Қаландарлар эса ўз амалларини халқдан яширмайдилар. Жомий замона қаландарлари “ҳашвийлар”, яъни бангиларга айланиб, исломни унутганликларини таъкидлайди. Улар зиндиқларга ўхшаш, ихлос даъвосини қиладилар аммо фисқу фужур ва гуноҳга берилганлар. Уларнинг айтишича, бундай хатти-ҳаракат халқ маломат қилиши учун керак эмиш. Ҳақ халқнинг тоатига зор эмас ва гуноҳ ҳам зарарли эмас эмиш.

Зоҳидларнинг риёкори халқнинг назарига тушиш учун дунё зийнатларидан воз кечадилар. Жамиятдан юз ўгирадилар. Шу орқали халқ орасида обрў-эътибор қозонишга интиладилар. Кўп ҳолларда халқни ишонтира оладилар ҳам. Улар мол тарки эвазига обрў сотиб олувчилардир.

Фақирнинг риёкори шундайки, зоҳирда расмий фақирни бўйнига олган, ботини эса фақирдан йироқ. Унинг муроди – фақир бўлиб кўриниш орқали халқ олқишига сазовор бўлишдир.

Ходимларнинг риёкори шундай одамларки, сўфийларга хизмат қилишдан муроди охират савоби эмас, балки халқ хизматини дунёвий манфаатларга эришиш йўли, деб билишдир. Мақсади обрў-эътибор, шахсий манфаат ва мол-давлатдир. Уларни “мутахаддим” деб атайдилар.

Обидларнинг риёкорлари ўзини обид ҳисоблагани билан кўнглида охират савобига бепарволик бор. Ибодатдан мақсади халқ назарига тушишдир.

Кўриб ўтилганлардан сўнг, устоз навоийшуносларимизнинг Навоийни нега мутасаввиф шоир деб атаганликлари сабабини изоҳламаса ҳам бўлар. Унинг нақшбандия тариқатига ҳақиқатан ҳам кирганми ёки йўқми, деган саволга жавобни манбалардан қидириш керак. Маълумки, Навоий Самарқандда йигитлик чоғида тўрт йил яшаган ва таҳсил олган. Унинг Саййид Ҳасан Ардашерга ёзган мактубидан биламизки, бу даврларда у ўзига пир топиш ва дунё машғулотларини тарк этишни жуда ҳам хоҳлаган. Шундай экан, у Самарқандда Хожа Аҳрорга байъат қилиб, унинг қўлида тарбияланиши мумкин эди. Навоийга бу масалада ҳеч нарса монелик қилолмасди. Абдураззоқ Самарқандий унинг Хожа Аҳрор суҳбатларида бўлганини қайд этган. (“Матлаъ ус-саъдайн”). Аммо негадир, у Хожа Аҳрорга мурид тушмади. Бу ҳақда унинг бирор-бир асари ёки хотираларида ёзилмаган. Акс ҳолда, у, албатта, Хожа Аҳрор ҳақида “Ҳолот” ёзган бўлар эди. Жилла қурса, Хожа Аҳрорга мурид тушиб, унинг ёнида анча муддат яшаган Фахриддин Али Сафий улуғ пир ҳақида китоб ёзар экан, ўзига марҳамат кўрсатиб турган Амир Алишернинг байъати ҳақида, албатта, тўхталган бўлар эди. Жомий Ҳусайн Бойқаро даврида Хуросоннинг муршиди комили бўлган. Навоий Жомийга ҳам байъат қилмаган. Акс ҳолда, Жомий муридларидан бўлган Абулвосеъ Низомий Жомий ҳақидаги “Мақомоти мавлавий Жомий”да (ушбу китоб Навоийнинг шахсан ҳомийлиги ва тавсияси билан ёзилган) бу ҳақда маълумот қолдирган бўлар эди. Шунингдек, Абдулғафур Лорий «Такмилаи нафаҳот ал-унс» асарида ўз замондоши Навоий ва Жомий ҳақида анча маълумот келтира туриб, бу ҳақда тўхталмаганлигини нима билан изоҳлаш мумкин? Шуниси аниқки, Навоий Жомийни ўзига устоз, маънавий пир сифатида жуда эъзозлаган. Унинг нақшбандия тариқатига юксак ихлоси унинг шеърларида аниқ кўриниб туради. Лекин уларнинг барчасида умид изҳори мавжуд, қатъий қарор йўқ. Зеро, тариқат йўлини танлаш, унинг темир қонун-қоидаларини зиммага олиш, давлат юмушларидан батамом озод бўлишни талаб этарди. Навоий, манбалардан маълумки, бир-икки марта истеъфога чиқишга эришган бўлса-да, умрининг охиригача сарой хизматидан қутула олмаган. Шунинг учун ҳам у ўзини “ишқ аҳли”нинг иккинчи, ўрта тоифасига қўшган. Буни, у ўзини мутасаввиф санаганлигига бир ишора сифатида тушунмоқ нотўғри бўлмаса керак.

Мақола «Шарқ юлдузи» журналининг 2011 йил 2-сонидан олинди.

(Tashriflar: umumiy 65, bugungi 1)

Izoh qoldiring