Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 3. So’fiy psixologiyasi yoki hol

11    Профессор Нажмиддин Комиловнинг «Тасаввуф» рисоласида Шарқ халқлари маънавияти тарихида чуқур из қолдирган диний-фалсафий таълимот – тасаввуфнинг пайдо бўлиши, тадрижий ривожи, асосий жиҳатлари ёритилган. Тариқат ва шариат орасидаги муносабат, тасаввуф гуманизми ва Комил инсон муаммолари, тасаввуф ривожига ҳисса қўшган олимлар, тариқат шайхлари ҳақида таҳлилий кузатишлар қилинган. Бугун ушбу асарнинг учинчи мақоласи — «Сўфий психлогияси ёки ҳол»ни тақдим этмоқдамиз.

НАЖМИДДИН КОМИЛОВ
ТАСАВВУФ
02

СЎФИЙ ПСИХОЛОГИЯСИ ЁКИ ҲОЛ

011Мақомот даражаларини бир-бир эгаллаб, муваффақиятга эришган солик ҳол мартабасига етади ва тасаввур-тахаййулда илоҳий жамолни мушоҳада қила бошлайди, қалбини завқу шавқ қамраб олади. У шундай бир ҳолатга кўтариладиким, бутун аъзолари гўё Оллоҳ дейдиган, ҳар нафаси Буюк Оллоҳнинг борлигидан хабар берадиган бўлади.

Аммо баъзиларининг фикрича, ҳол мартабаси мақомотдан келадиган руҳий хусусият бўлмасдан, балки мақомларни бир-бир эгаллай бориш жараёнида юз беради. Бошқача айтганда, мақом қатъий амалий назорат босқичи, ажзу изтиробнинг чуқурлашиб, кучайиб боришини англатса, ҳол – руҳий тараққиётнинг натижа – ҳосиласини билдиради; соликда ўзга ҳолатнинг, ўзга руҳий кайфиятнинг юзланишидан хабар бериб туради. Ҳол (кўплиги аҳвол) – ўзига хос қисқа муддатли кайфият, қалбнинг порлаши, чақмоқ чақилгандай ярқираган чароғон нурни туйиш лаззати. У бир лаҳзада пайдо бўлиб, яна ғойиб бўлиши мумкин. Ҳол – илоҳий раҳмат ва баракатнинг нузул бўлиши, қуйилиб келишидир. Сайид Жаъфар Сажжодийнинг «Фарҳанги мусталаҳоти урафо» номли луғғатида ҳол тушунчасига қуйидагича таъриф берилади: «Ҳақ тарафидан соликнинг пок дилига нузул бўладиган ва унинг руҳини такомилга олиб борадиган файзнинг даражасини ҳол дейдилар. Ҳол бир лаҳзалик, ўткинчи ва доимий бўлиши мумкин. Доимий ҳол – ҳолнинг юксак даражасидир» (Теҳрон, 1941, 79-бет). Ҳол ўзи билан бирга қувонч, тараб, сурур, завқ ёки аксинча, маҳзунлик, ториқиш, соғинч, кайфиятини юзага келтиради. Яъни қисқа муддатли руҳланиш, порлаш қувонч ва сурурга сабаб бўлса, порлаш ўтиб кетгандан кейин маҳзунлик пайдо бўлади. Ҳолда орқага қайтиш йўқ, ўзгариш фақат олдинга қараб содир бўлади. Ҳолга кирган соликнинг тили эмас, дили сўзлай бошлайди, у кечинмалари, ҳолатини ҳаракат – ишоралар, феъл-атвор орқали изҳор этади. Ҳол руҳият билан боғлиқ бўлгани учун у тасаввуфда махсус илм — илми ҳол орқали ўрганилган. Тасаввуф аҳли орасида «илми қол» ва «илми ҳол» деган тушунчалар бўлган. «Илми қол» тил билан ифодаласа бўладиган илмлар, яъни зоҳирий илмлар, чунончи шариат илми ҳам шунга кирган. «Илми ҳол» эса инсондаги сўз билан тушунтириб бўлмайдиган ғаройиб руҳий кечинмалар, фавқулодда феъл-атвор, хислатларнинг намоён бўлишидир.

Худди мақомотнинг босқичлари бўлганидай, ҳолнинг ҳам тасниф-таърифга келтирилган босқичлари мавжуд.
Чунончи:

1. Қурб
2. Муҳаббат
3. Шавқ
4. Унс
5. Мужоҳида
6. Мушоҳида
7. Мукошифа

Қурб (яқинлик) – соликнинг ўзини Оллоҳ таолога яқинлашганини ҳис этиш ҳолати, Худонинг ҳузурини бевосита сезиш, Худо нигоҳининг тушишини ҳам англатади. Қурбни сўфийлар кўпинча Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Меърож туни Оллоҳ ҳузурига етганлари билан қиёслайдилар.

Муҳаббат мақоми қалбда кучли туғённинг кўтарилиши, бетоқат ва безовта бўлиб, барча гўзалликлар манбаи, қудрату нусрат, неъмату роҳат эгаси Оллоҳ томон талпинишдир.

Шавқ – муҳаббатнинг зўрайиши.

Унс – (дўстлашув) эса кўникиш, Худо меҳрига, шафқатига одатланишни англатади.

Мужоҳида – нафсни маҳв этишга қатъий интилиш, танга машаққатни раво кўриб, маънавият учун жиҳод, яъни жангга кириш ва ғалаба қилиш демак. Мана шундай жидду жаҳд, шиддатли руҳий изтироблардан кейин солик Ҳақ жамолини мушоҳида эта бошлайди.

Мушоҳида (кўриш) эса ўз навбатида ғайб пардаларининг очилиб, илоҳий сирларнинг кашф этилишига йўл очади – мукошифа мартабаси ҳосил бўлади.

Албатта, бу мартаба – манзилларнинг кетма-кетлик тартибини шартли, деб билмоқ керак. Чунки бу ҳолатлар соликда нав-батма-навбат юз бериши ҳам ёйинки бирданига бир неча хислат соҳибига айланиши ҳам мумкин. Тариқат мақомотлари билан ҳол мартабалари орасидаги алоқалар хусусида шу гапни айтиш мумкин. Воқеан, баъзи олимлар, жумладан, Е.Э.Бертельс хавф, ражо каби биз мақомот манзиллари сифатида кўрсатиб ўтган мақомларни ҳол мартабаси деб қайд этади.

Умуман, бу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш жоиз. Яъни сўфийлик истеъдодини назарда тутиш керак. Чунки ҳар бир соҳада бўлганидай, сўфийликнинг ҳам ўзига хос истеъдоди бор. Буни тасаввуфда жазба деб юритганлар (баъзилар буни ишқ, жунун сўзлари билан ҳам ифодалаганлар).

Жазба – бу инсондаги алоҳида илоҳсеварлик майли, руҳий ва тафаккурий-шуурий бир таважжуҳдир. Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанддан бу мартабага қандай қилиб эришдингиз, деб сўраганларида, ул зот мана бу арабча жумла билан жавоб берган эканлар: «Жазбатун мин жазаботил ҳаққи ювазил амалис сақлатайни», яъни: «Одамзот ва жин-парининг амали учун Ҳақнинг жазбалари – тортишларидан бир тортиш кифоя».

Демак, жазба – тортиш, Ҳақнинг бандаларига ва бандаларнинг Ҳаққа интилиши, иродани Илоҳга боғлайдиган дард. У кўнгилни бетоқат этиб, фақру фано йўлига етаклайверади. Жазба қанча кучли бўлса, солик шунча тез тариқат одобини ўзлаштириб, қалб кўзи очилади, ҳолга киради.

Мақомот хусусида гап кетганда, шуни ҳам таъкидламоқчимизки, айрим назариётчилар мақомлар билан ҳол мартабаларини қўшиб, тилга оладилар, яъни тариқатни «мақомот» ва «ҳол» деб икки қисмга бўлмасдан, иккаласини бирга олиб қараганлар. Чунончи, «Пири Ҳирот» лақабини олган атоқли шайх Абдуллоҳ Ансорий «Манозил ус-соирин» («Сайр этувчиларнинг манзиллари») номли китобида ёзадики, «Ҳақ йўлига кирган соликлар турфа ҳолатларда бўладилар ва ҳар бир ҳолатнинг ўз сайри, бу сайрнинг бошланиш (ибтидо) жараёни ва (интиҳоси) бўлади». Муаллиф бу ҳолатларни «абвоб», яъни «эшиклар» деб атайди, чунки ҳар бир ҳолатнинг кирадиган эшиги бўлиши муқаррар, эшикдан кирган одам эса ўз ҳолига мувофиқ муомала-муносабат, феълу атвор кўрсатади. Шундай қилиб, тариқат манзиллари Абдуллоҳ Ансорий наздида ўнта ҳолатдан иборат бўлиб, улар қуйидагича номланади:

1. Ибтидо (бошланиш)
2. Боб (эшик)
3. Муомала
4. Ҳамида (мақталган) ахлоқ
5. Усул
6. Авдия (водийлар).
7. Аҳвол.
8. Валоят (валилик).
9. Ҳақойиқ (ҳақиқатлар).
10. Интиҳо (якун) ёки васл.

Маълум бўладики, Ансорийнинг «манозил»ларида руҳ диалектикаси чуқурроқ такс этган; мақомларга нисбатан бунда тадрижий тараққиёт, жараён, турли жиҳатларнинг ўзаро воситалиги кучлироқ. Воқеан, мақом – бекат, яъни йўлдаги тўхталиш бўлса, манзил сайру томоша қиладиган жой ҳам, руҳнинг ҳордиғи, ўзини англаши ва яна олға интилишига имкон бор. Шайхи кабир Ибн Арабийнинг «Футуҳоти Маккия» асарида ҳам мақом ва манзил, шу каби «тариқат работлари» бирга олиб қаралади. Ибн Арабий кўрсатишича, тариқатда 19 та мақом, 360 та манзил ва работ (карвонсарой) бор. Манзиллар жумласига иймон, ишонч, сабр, тоат, шукр киради. Унингча, илми ҳолнинг ҳам даражалари бор, чунончи:

1. Оллоҳ йўлидан бормоқ.
2. Оллоҳ назарида бўлмоқ.
3. Оллоҳга воситачи бўлмоқ.
4. Оллоҳ хизматида бўлмоқ.
5. Оллоҳга ёр бўлмоқ.
6. Оллоҳ учун яшамоқ.
7. Оллоҳга жон фидо қилмоқ.

Соликнинг руҳий-маънавий камолотини «сайр» ёки «сафар» сўзлари билан тушунтирганлар. Сайр ва сафар тўғри маънода ҳам қўлланилган. Чунки сафар қилиш ажзу риёзат турларидан бири ҳисобланган. Кўп сўфийлар мусулмон мамлакатларини пиёда кезиб чиққанлар, атоқли шайхларнинг суҳбатига етишганлар. Айниқса, пиёда ҳаж сафарига бориш сўфий учун катта шараф деб қаралган. Лекин тариқат сафари деганда аксари руҳий сафар тушунилади. Сафар – кўнгилнинг Ҳақ сари таважжуҳи, бу тўрт хил бўлади:

1. Сайр иллаллоҳ (Оллоҳ томонга сайр). Бу нафс манзилларидан равшан уфқларга етгунча бўлиб, қалб мақомидир ва илоҳий исмлар тажаллиётининг чиқадиган жойидир.

2. Сайр филлоҳ (Оллоҳ оламида сайр). Унинг сифатлари билан сифатланиш ва исмларига етишиш орқали олий даражаларни топиш, руҳ мақоми ва Воҳидият ҳузурининг ниҳоятини таниш.

3. Жамъ маркази ва Аҳадият ҳузурига тараққий этиб бориш. Бу «қоба қавсайн» мақомидир. Иккилик бартараф бўлгач эса, «ав адно» мақомига эришилади. «Қоба қавсайн» (икки қош ораси) ва «авадно» (пастга ҳам қарамади) Пайғамбар меърожига ишора этувчи сўзлардир. Пайғамбар юзни фақат Аллоҳ сари буриб, унга яқинлашганлар. «Қоба қавсайн» мақоми Илоҳга яқинлашиш (қурб) мақомидир.

4. Сайр биллоҳ аналлоҳ (Оллоҳдан яна ўзига қайтиш).
Жамъдан кейинги фарқ ёки фанодан сўнг келадиган бақо мақоми шудир. Сайр ва сафар тушунчаларини соддароқ қилиб изоҳлайдиган бўлсак, қуйидаги маъно ҳосил бўлади: биринчи сафар – касрат (дунё) пардаларининг ваҳдат (Илоҳ) юзидан кўтарилиши; иккинчи сафар – ваҳдат пардасини касрат вужудидан кетказиш ва ботин орасидаги қайдларни бартараф этиш, айнан дунёнинг ўзида Уни кўриш; учинчи сафар – зоҳир (жузъ)дан жамъ сари тараққий этиш ва тўртинчи сафар – ҳақдан яна халққа қайтишдир. Ҳақдан халққа қайтиш деганда сўфийлар ораисда: «расти-расиди» («узилдинг-етдинг») деган ибора бор. Бунинг маъноси халқдан узилсанг – Ҳаққа етасан, демакдир. Аммо бу ибтидодаги ният, бунга эришгандан кейин эса, энди сўфий халққа Ҳақ номидан гапира олиши мумкин бўлади, шу боис халққа қайтиш яна дунё машғулотига қайтиш эмас, балки дунёга Оллоҳ нурини таратишдир.

Professor Najmiddin Komilovning “Tasavvuf” risolasida Sharq xalqlari maʼnaviyati tarixida chuqur iz qoldirgan diniy-falsafiy taʼlimot – tasavvufning paydo boʻlishi, tadrijiy rivoji, asosiy jihatlari yoritilgan. Tariqat va shariat orasidagi munosabat, tasavvuf gumanizmi va Komil inson muammolari, tasavvuf rivojiga hissa qoʻshgan olimlar, tariqat shayxlari haqida tahliliy kuzatishlar qilingan. Bugun ushbu asarning uchinchi maqolasi — “Soʻfiy psixlogiyasi yoki hol”ni taqdim etmoqdamiz.

NAJMIDDIN KOMILOV
TASAVVUF
02

SO’FIY PSIXOLOGIYASI YOKI HOL

08Maqomot darajalarini bir-bir egallab, muvaffaqiyatga erishgan solik hol martabasiga yetadi va tasavvur-taxayyulda ilohiy jamolni mushohada qila boshlaydi, qalbini zavqu shavq qamrab oladi. U shunday bir holatga ko’tariladikim, butun a’zolari go’yo Olloh deydigan, har nafasi Buyuk Ollohning borligidan xabar beradigan bo’ladi.

Ammo ba’zilarining fikricha, hol martabasi maqomotdan keladigan ruhiy xususiyat bo’lmasdan, balki maqomlarni bir-bir egallay borish jarayonida yuz beradi. Boshqacha aytganda, maqom qat’iy amaliy nazorat bosqichi, ajzu iztirobning chuqurlashib, kuchayib borishini anglatsa, hol – ruhiy taraqqiyotning natija – hosilasini bildiradi; solikda o’zga holatning, o’zga ruhiy kayfiyatning yuzlanishidan xabar berib turadi. Hol (ko’pligi ahvol) – o’ziga xos qisqa muddatli kayfiyat, qalbning porlashi, chaqmoq chaqilganday yarqiragan charog’on nurni tuyish lazzati. U bir lahzada paydo bo’lib, yana g’oyib bo’lishi mumkin. Hol – ilohiy rahmat va barakatning nuzul bo’lishi, quyilib kelishidir. Sayid Ja’far Sajjodiyning «Farhangi mustalahoti urafo» nomli lug’g’atida hol tushunchasiga quyidagicha ta’rif beriladi: «Haq tarafidan solikning pok diliga nuzul bo’ladigan va uning ruhini takomilga olib boradigan fayzning darajasini hol deydilar. Hol bir lahzalik, o’tkinchi va doimiy bo’lishi mumkin. Doimiy hol – holning yuksak darajasidir» (Tehron, 1941, 79-bet). Hol o’zi bilan birga quvonch, tarab, surur, zavq yoki aksincha, mahzunlik, toriqish, sog’inch, kayfiyatini yuzaga keltiradi. Ya’ni qisqa muddatli ruhlanish, porlash quvonch va sururga sabab bo’lsa, porlash o’tib ketgandan keyin mahzunlik paydo bo’ladi. Holda orqaga qaytish yo’q, o’zgarish faqat oldinga qarab sodir bo’ladi. Holga kirgan solikning tili emas, dili so’zlay boshlaydi, u kechinmalari, holatini harakat – ishoralar, fe’l-atvor orqali izhor etadi. Hol ruhiyat bilan bog’liq bo’lgani uchun u tasavvufda maxsus  ilm — ilmi hol orqali o’rganilgan. Tasavvuf ahli orasida «ilmi qol» va «ilmi hol» degan tushunchalar bo’lgan. «Ilmi qol» til bilan ifodalasa bo’ladigan ilmlar, ya’ni zohiriy ilmlar, chunonchi shariat ilmi ham shunga kirgan. «Ilmi hol» esa insondagi so’z bilan tushuntirib bo’lmaydigan g’aroyib ruhiy kechinmalar, favqulodda fe’l-atvor, xislatlarning namoyon bo’lishidir.Xuddi maqomotning bosqichlari bo’lganiday, holning ham tasnif-ta’rifga keltirilgan bosqichlari mavjud.
Chunonchi:

1. Qurb
2. Muhabbat
3. Shavq
4. Uns
5. Mujohida
6. Mushohida
7. Mukoshifa

Qurb (yaqinlik) – solikning o’zini Olloh taologa yaqinlashganini his etish holati, Xudoning huzurini bevosita sezish, Xudo nigohining tushishini ham anglatadi. Qurbni so’fiylar ko’pincha Muhammad Mustafo sallallohu alayhi vasallamning Me’roj tuni Olloh huzuriga yetganlari bilan qiyoslaydilar.

Muhabbat maqomi qalbda kuchli tug’yonning ko’tarilishi, betoqat va bezovta bo’lib, barcha go’zalliklar manbai, qudratu nusrat, ne’matu rohat egasi Olloh tomon talpinishdir.

Shavq – muhabbatning zo’rayishi.

Uns – (do’stlashuv) esa ko’nikish, Xudo mehriga, shafqatiga odatlanishni anglatadi.

Mujohida – nafsni mahv etishga qat’iy intilish, tanga mashaqqatni ravo ko’rib, ma’naviyat uchun jihod, ya’ni jangga kirish va g’alaba qilish demak. Mana shunday jiddu jahd, shiddatli ruhiy iztiroblardan keyin solik Haq jamolini mushohida eta boshlaydi.

Mushohida (ko’rish) esa o’z navbatida g’ayb pardalarining ochilib, ilohiy sirlarning kashf etilishiga yo’l ochadi – mukoshifa martabasi hosil bo’ladi.

Albatta, bu martaba – manzillarning ketma-ketlik tartibini shartli, deb bilmoq kerak. Chunki bu holatlar solikda nav-batma-navbat yuz berishi ham yoyinki birdaniga bir necha xislat sohibiga aylanishi ham mumkin. Tariqat maqomotlari bilan hol martabalari orasidagi aloqalar xususida shu gapni aytish mumkin. Voqean, ba’zi olimlar, jumladan, YE.E.Bertel`s xavf, rajo kabi biz maqomot manzillari sifatida ko’rsatib o’tgan maqomlarni hol martabasi deb qayd etadi. Umuman, bu o’rinda bir narsani aytib o’tish joiz. Ya’ni so’fiylik iste’dodini nazarda tutish kerak. Chunki har bir sohada bo’lganiday, so’fiylikning ham o’ziga xos iste’dodi bor. Buni tasavvufda jazba deb yuritganlar (ba’zilar buni ishq, junun so’zlari bilan ham ifodalaganlar).

Jazba – bu insondagi alohida ilohsevarlik mayli, ruhiy va tafakkuriy-shuuriy bir tavajjuhdir. Hazrati Bahouddin Naqshbanddan bu martabaga qanday qilib erishdingiz, deb so’raganlarida, ul zot mana bu arabcha jumla bilan javob bergan ekanlar: «Jazbatun min jazabotil haqqi yuvazil amalis saqlatayni», ya’ni: «Odamzot va jin-parining amali uchun Haqning jazbalari – tortishlaridan bir tortish kifoya». Demak, jazba – tortish, Haqning bandalariga va bandalarning Haqqa intilishi, irodani Ilohga bog’laydigan dard. U ko’ngilni betoqat etib, faqru fano yo’liga yetaklayveradi. Jazba qancha kuchli bo’lsa, solik shuncha tez tariqat odobini o’zlashtirib, qalb ko’zi ochiladi, holga kiradi.

Maqomot xususida gap ketganda, shuni ham ta’kidlamoqchi-mizki, ayrim nazariyotchilar maqomlar bilan hol martabalarini qo’shib, tilga oladilar, ya’ni tariqatni «maqomot» va «hol» deb ikki qismga bo’lmasdan, ikkalasini birga olib qaraganlar. Chunonchi, «Piri Hirot» laqabini olgan atoqli shayx Abdulloh Ansoriy «Manozil us-soirin» («Sayr etuvchilarning manzillari») nomli kitobida yozadiki, «Haq yo’liga kirgan soliklar turfa holatlarda bo’ladilar va har bir holatning o’z sayri, bu sayrning boshlanish (ibtido) jarayoni va (intihosi) bo’ladi». Muallif bu holatlarni «abvob», ya’ni «eshiklar» deb ataydi, chunki har bir holatning kiradigan eshigi bo’lishi muqarrar, eshikdan kirgan odam esa o’z holiga muvofiq muomala-munosabat, fe’lu atvor ko’rsatadi. Shunday qilib, tariqat manzillari Abdulloh Ansoriy nazdida o’nta holatdan iborat bo’lib, ular quyidagicha nomlanadi:

1. Ibtido (boshlanish)
2. Bob (eshik)
3. Muomala
4. Hamida (maqtalgan) axloq
5. Usul
6. Avdiya (vodiylar).
7. Ahvol.
8. Valoyat (valilik).
9. Haqoyiq (haqiqatlar).
10. Intiho (yakun) yoki vasl.

Ma’lum bo’ladiki, Ansoriyning «manozil»larida ruh dialektikasi chuqurroq taks etgan; maqomlarga nisbatan bunda tadrijiy taraqqiyot, jarayon, turli jihatlarning o’zaro vositaligi kuchliroq. Voqean, maqom – bekat, ya’ni yo’ldagi to’xtalish bo’lsa, manzil sayru tomosha qiladigan joy ham, ruhning hordig’i, o’zini anglashi va yana olg’a intilishiga imkon bor. Shayxi kabir Ibn Arabiyning «Futuhoti Makkiya» asarida ham maqom va manzil, shu kabi «tariqat rabotlari» birga olib qaraladi. Ibn Arabiy ko’rsatishicha, tariqatda 19 ta maqom, 360 ta manzil va rabot (karvonsaroy) bor. Manzillar jumlasiga iymon, ishonch, sabr, toat, shukr kiradi. Uningcha, ilmi holning ham darajalari bor, chunonchi:

1. Olloh yo’lidan bormoq.
2. Olloh nazarida bo’lmoq.
3. Ollohga vositachi bo’lmoq.
4. Olloh xizmatida bo’lmoq.
5. Ollohga yor bo’lmoq.
6. Olloh uchun yashamoq.
7. Ollohga jon fido qilmoq.

Solikning ruhiy-ma’naviy kamolotini «sayr» yoki «safar» so’zlari bilan tushuntirganlar. Sayr va safar to’g’ri ma’noda ham qo’llanilgan. Chunki safar qilish ajzu riyozat turlaridan biri hisoblangan. Ko’p so’fiylar musulmon mamlakatlarini piyoda kezib chiqqanlar, atoqli shayxlarning suhbatiga yetishganlar. Ayniqsa, piyoda haj safariga borish so’fiy uchun katta sharaf deb qaralgan. Lekin tariqat safari deganda aksari ruhiy safar tushuniladi. Safar – ko’ngilning Haq sari tavajjuhi, bu to’rt xil bo’ladi:

1. Sayr illalloh (Olloh tomonga sayr). Bu nafs manzillaridan ravshan ufqlarga yetguncha bo’lib, qalb maqomidir va ilohiy ismlar tajalliyotining chiqadigan joyidir.

2. Sayr filloh (Olloh olamida sayr). Uning sifatlari bilan sifatlanish va ismlariga yetishish orqali oliy darajalarni topish, ruh maqomi va Vohidiyat huzurining nihoyatini tanish.

3. Jam’ markazi va Ahadiyat huzuriga taraqqiy etib borish. Bu «qoba qavsayn» maqomidir. Ikkilik bartaraf bo’lgach esa, «av adno» maqomiga erishiladi.«Qoba qavsayn» (ikki qosh orasi) va «avadno» (pastga ham qaramadi) Payg’ambar me’rojiga ishora etuvchi so’zlardir. Payg’ambar yuzni faqat Alloh sari burib, unga yaqinlashganlar. «Qoba qavsayn» maqomi Ilohga yaqinlashish (qurb) maqomidir.

4. Sayr billoh analloh (Ollohdan yana o’ziga qaytish).

Jam’dan keyingi farq yoki fanodan so’ng keladigan baqo maqomi shudir. Sayr va safar tushunchalarini soddaroq qilib izohlaydigan bo’lsak, quyidagi ma’no hosil bo’ladi: birinchi safar – kasrat (dunyo) pardalarining vahdat (Iloh) yuzidan ko’tarilishi; ikkinchi safar – vahdat pardasini kasrat vujudidan ketkazish va botin orasidagi qaydlarni bartaraf etish, aynan dunyoning o’zida Uni ko’rish; uchinchi safar – zohir (juz’)dan jam’ sari taraqqiy etish va to’rtinchi safar – haqdan yana xalqqa qaytishdir. Haqdan xalqqa qaytish deganda so’fiylar oraisda: «rasti-rasidi» («uzilding-yetding») degan ibora bor. Buning ma’nosi xalqdan uzilsang – Haqqa yetasan, demakdir. Ammo bu ibtidodagi niyat, bunga erishgandan keyin esa, endi so’fiy xalqqa Haq nomidan gapira olishi mumkin bo’ladi, shu bois xalqqa qaytish yana dunyo mashg’ulotiga qaytish emas, balki dunyoga Olloh nurini taratishdir.

011

(Tashriflar: umumiy 4 834, bugungi 1)

Izoh qoldiring