Eduardas Mejelaytis. «Tungi kapalaklar» kitobidan.

087
Инсон ҳаётида унинг бутун келажагини белгилаб берувчи воқеалар бўлади. Ёзувчиларнинг йигирма йил муқаддам бўлиб ўтган машҳур бир йиғилиши мен учун ана шундай воқеа бўлди. Менинг адабиётдаги ҳақиқий йўлим ана шу воқеадан бошланади, ёзувчи меҳнати ҳақидаги барча мулоҳазаларим ўз ибтидосини шу воқеадан олади. Мен ушбу кузатиш ва мулоҳазаларни тахминан ўша вақтда ёзишга киришган эдим. Уларда изланишларнинг нотекис, машаққатли, мураккаб йўли акс этган. Ўшандан буён қанча сувлар оқиб кетмади. Кўплари аллақачонлар унут бўлиб кетди, ҳозир менинг ўзим учун ҳам ўзгача туюлади. Шундай бўлса ҳам ўзимнинг кўп йиллик қайдларим, мулоҳазаларим, хулосаларимдан айримларини саралаб, улар билан ўқувчини таништиришга журъат қилдим.

04
ЭДУАРДАС МЕЖЕЛАЙТИС
«ТУНГИ КАПАЛАКЛАР» КИТОБИДАН
Асқарали Шаропов таржимаси
01

ЎҚУВЧИГА

02Инсон ҳаётида унинг бутун келажагини белгилаб берувчи воқеалар бўлади. Ёзувчиларнинг йигирма йил муқаддам бўлиб ўтган машҳур бир йиғилиши мен учун ана шундай воқеа бўлди. Менинг адабиётдаги ҳақиқий йўлим ана шу воқеадан бошланади, ёзувчи меҳнати ҳақидаги барча мулоҳазаларим ўз ибтидосини шу воқеадан олади. Мен ушбу кузатиш ва мулоҳазаларни тахминан ўша вақтда ёзишга киришган эдим. Уларда изланишларнинг нотекис, машаққатли, мураккаб йўли акс этган. Ўшандан буён қанча сувлар оқиб кетмади. Кўплари аллақачонлар унут бўлиб кетди, ҳозир менинг ўзим учун ҳам ўзгача туюлади. Шундай бўлса ҳам ўзимнинг кўп йиллик қайдларим, мулоҳазаларим, хулосаларимдан айримларини саралаб, улар билан ўқувчини таништиришга журъат қилдим.

Агар ўқувчи шоирнинг ижодий йўлини кузатса, бу унинг учун қизиқарли ва фойдали бўлади. Шоир – робот ҳам, механизм ҳам эмас. Сиз бу китобда кўплаб мунозарали, бир-бирига боғланмаган ва кўпинча зиддиятли фикрларни (чунки ҳақиқатга олиб борувчи йўл тўппа-тўғри эмас), қайтариқларни учратасиз. Фикрлар Эдгар По асаридаги қарға сингари чарх уради, шу билан бирга улар юқорига ўрлайди, уларни юлдузли само ўзига ром этади…) Бунда панд-насиҳат йўқ, бу шоирнинг шунчаки ички монологи, ўз-ўзи ва дўстлари билан самимий суҳбатидир. Шундай қилиб, ушбу мулоҳазаларимни ўқувчига, китоблар ҳам худди инсонлар кабидир, деган умид билан тақдим қиламан.

Яратиш ўлимни мавҳ этиш демакдир.
Ромен Роллан

Муҳтарам дўстим! Сиз мени айбланувчи курсисига ўтқизиб сизнингча, менинг ўзим устимдан чиқарганим айбловчи ҳукмни ўқиб эшиттирдингиз… Сиз Қонун номидан ҳукм чиқаришга ваколат олгансиз, сизга шундай ҳуқуқ берилган. Менинг мавқеим нисбатан камсуқумроқ – мен ўзимни фақат ўз номимдангина ҳимоя қилишим мумкин. Мен учун фақат яккаю-ягона имтиёз – охирги сўзни айтиш ҳуқуқи сақланиб қолади холос.

Тўғрисини айтганда, бу унчалик ҳам катта имтиёз эмас. Мабодо ҳали даҳшат менинг гирибонимдан олмаган экан, мабодо мен келажак учун кўз ёши каби тиниқ ва ҳақ сўзни қолдириш учун гапира олсам, ўзимни ҳимоя қила олсам, нима учун энди бу имтиёздан фойдаланмай ахир. Мабодо келажак ҳам мени гуноҳкор деб билса сиз ҳеч нарсани ҳавф остида қолдирмайсиз, ҳеч нарса йўқотмайсиз ҳам. Мабодо у ҳар қалай менинг баъзи далилларимни эътиборга олса (эҳтимол у вақтларга келиб менга гуноҳ сифатида юклатилган қилмишларим энди жиноят деб ҳисобланмас?!) унда дунёда ҳар ҳолда битта бўлса ҳам “жиноятчи” камаяди. Менинг англашимча, шоир сизга ҳаётни мураккаблаштириб ва қийинлаштириб юборган. Сизнинг тасаввурингизча, унинг шеъриятсиз яшаши ҳар ҳолда нисбатан осуда ва қизиқарли бўлар эди. Сизнинг айбловчи нутқингизнинг бутун шавқи ҳам худди ана шу билан изоҳланади…

Мен бошқача фикрдаман: менимча, Сизни шоирларнинг тақдири ҳамма нарсадан ҳам камроқ ҳаяжонлантиради. Шунинг учун ҳам, менга ишонинглар, мен бундай номаъқул гапларни ёзмайман. Сиз ўз айбловчи нутқингизда мени “рухсатингиз билан шоир” деб атадингиз… Бундай хатти-ҳаракатлар мен учун айбнома бўлиб, мен уларни ҳатто тушимда ҳам амалга оширишни ўйламаганман. Шунга қарамай, ўз-ўзингни ҳимоя қилиш мушкулдир. Сен ўзингни шоир эканлигингни исботлашга уриниб кўр-чи? Сен жамият учун қандайдир фойдали иш қилганингни исботлашга уриниб кўр. Қандай исбот қиласан? Бу ўринда гувоҳларнинг ёрдам беришлари амримаҳол. Кўпларнинг фаолиятларини, ўзларининг ишларини муайян қонунлар, формулалар ёки илмий тажрибалар ёрдамида аниқлаш, текшириш мумкин. Менинг фаолиятимнинг зиён ёки фойдасини фақат вақтгина баҳолай олади. Менинг қўлимдан асосий қуролим тортиб олинган, мен ўзимни бошқа ҳеч нарса билан ҳимоя қила олмайман. Мен фақат ўзимга берилган ҳуқуқ – охирги сўзни айтишдангина фойдаланишим мумкин. Нима бўпти, сўнгги имтиёздан фойдаланишга ҳаракат қиламан. Хушчақчақ Эпикур қачонлардир “фалсафий баҳсда мағлуб томон ютиб чиқади, чунки унга нисбатан кўп далилларни келтиришга тўғри келади”, деб таъкидлаган экан. Шундай қилиб, анча илгари айтилган, ҳозирда эса ўзининг таъсир кучини йўқотган, ҳурматли, доно файласуфларнинг камчилиги ҳисобланган бу фикр сизни таҳликага солмаса, мен ўз сўзимни бошлашга тайёрман…

ЯҚИН УФҚЛАР

Ҳақиқий санъаткор асрий ақидалар билан тўқнашишдан қўрқмасдан нимани ўйласа шуни ифодалайди.
Огюст Роден

…Ёзяпманми? Йўқ. Ҳар сафар ёзишга ўтирганимда қандайдир янгиликни билишга ҳаракат қиламан. Ҳанузгача фақат ўқийман… Куни кеча бир шоирнинг унча катта бўлмаган шеърлар китобини ўқиб чиқдим. Яхши ёзади. Сатрлар орасига фикр, ғояни усталик билан яшира олади. Ҳарбий очарчилик йиллари ориқлаб кетган танадаги қобирғалар сингари улар (ғоя, фикр) яққол кўзга ташланиб, ўқувчининг ғашига тегмайди, ўзининг яланғочлиги билан ўқувчини беҳузур қилмайди. Бироқ, ё худойим, унинг бу фикрлари қанчалар юзаки ва саёз. Мавзулар қанчалик аҳамиятсиз ва майда! Уруш!

Инсоният бошига беқиёс қайғули воқеалар ёғилган давр… Буюк ва беқиёс воқеалар. Уларни акс эттираётган санъат эса шунчалар бачканалашиб кетган… Олдинги – катта план етишмайди. Ҳеч ким пардадан олдинга чиқмайди.

Орқада, баъзан эса ҳатто ҳаётдан орқада уймалашиб юрамиз.

Шеърларимни нашрга тайёрлатиб яна бир қараб чиқдим, ўзимнинг унчалик узоқ бўлмаган ижодий йўлимни таҳлил қилиб кўриш имконига эга бўлдим. Вой-бўй! Қанчалар майда, кераксиз, саёз нарсалар ёзиб ташланган!.. Наҳот энди шундай шеърият инсон туйғуларини жунбушга келтира олади, уларни океан тўлқинлари янглиғ мавжлантиролади? Чизиб ташлаб варақма-варақ саватга ташлайман. Ҳеч қандай афсусланиш йўқ: яхшиси йўқми – ёмони ҳам керакмас… Мен энди ҳеч қачон бу шеърларни эсламайман ҳам. Сизлар эса талаб қилдиларинг… Сизлар эса эздиларинг, янчиб ташламагунча эздиларинг. Марҳамат, мана натижаси. Шеърият фақат ўз асрининг ҳодисалари, ўз даврининг ғоялари билан тўйингандагина бой ва аҳамиятлидир. Мана, янги ижтимоий тузум кишисининг туғилишини акс эттирган Гётенинг “Фауст”и ёки эскиликни илондек чақувчи Гейне сатираси, ёки Байроннинг романтик норозилик ифодаланган “Дон Жуан”и ёки Маяковский… (Унинг шеърий “шакли”ни қабул қилиш ёки қабул қилмаслик мумкин, лекин унинг поэзиясини улоқтириб, чизиб ташлаб бўлмайди, чунки унда даврнинг овози янграб турипти. Унинг поэзияси улкан ғоялар билан тўйинган. Унда революцион даврнинг қалби депсиниб турипти. Шундай шоирга шон-шарафлар бўлсин!) Билишни хоҳлайман: бундай саёз фикрлашлар қаердан пайдо бўлди? Наҳот бизнинг кунларимиз шоирга уни ана шу барча “темачалар”дан юқори кўтарилиши ва поэзиянинг Химолай юксакликларига элтиши учун бургут парвозини бахш этмаётган бўлса? Ҳозир шоир худди юрак олдирган қуёндек ерга қапишиб олганга ўхшайди, у фақат ўзининг унчалик баланд бўлмаган ана шу кузатиш майдонидан кўзи тушган нарсалар ҳақидагина ёза олади холос. Атрофни қўрқиб ва эҳтиёткорлик билан кузатади, худо кўрсатмасин, ахир кимдир уни “эгаллаб олган майдони”дан чиқариб юбориши мумкин. Бу кимга керак? Шаббода, бизнинг ҳаммамизга кўпроқ ҳаётбахш шаббода керак! Энди саёз қирғоқлар жалб этмайди. Ҳа, Поль Валери нима деган эди? “Мени ром этмайди денгиз кўпиклари, фақат денгиз теранликлари тортади дилим”. Тўлиқ қўшиламан.

—————————————
Поэзия – баъзи эски-туски, тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилувчи комиссияга тобе эмас. О, йўқ… У инсонни олижаноб қилади, уни кундалик ҳаёт ташвишларидан баланд кўтаради, туйғуларига жило беради, руҳини поклайди. Поэзияни инсон қалбини мулойимлаштирадиган, юввош қиладиган ёки уни занглаган тунукадай ғижимлаб, эзадиган ижод тури деб бағолаб бўлмайди. Бу мутлоқ поэзия эмас. Агар ўз асаринг орқали кишиларга ўз қалбинг, шахсиятингнинг муайян бир қирраларини, заррачаларини бермоқчи, инъом этмоқчи бўлсанг, энг аввало ўзинг самимий инсон бўлишинг керак. Фақат биллурдек пок, тоза шахсгина ҳақиқий поэзия ижодкори бўла олади.
———————————

Поэзия – баъзи эски-туски, тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилувчи комиссияга тобе эмас. О, йўқ… У инсонни олижаноб қилади, уни кундалик ҳаёт ташвишларидан баланд кўтаради, туйғуларига жило беради, руҳини поклайди. Поэзияни инсон қалбини мулойимлаштирадиган, юввош қиладиган ёки уни занглаган тунукадай ғижимлаб, эзадиган ижод тури деб бағолаб бўлмайди. Бу мутлоқ поэзия эмас. Агар ўз асаринг орқали кишиларга ўз қалбинг, шахсиятингнинг муайян бир қирраларини, заррачаларини бермоқчи, инъом этмоқчи бўлсанг, энг аввало ўзинг самимий инсон бўлишинг керак. Фақат биллурдек пок, тоза шахсгина ҳақиқий поэзия ижодкори бўла олади. Лермонтов шеърияти қанчалар ёрқин, шаффоф шеърият!

Пушкин шеърияти-чи! Ҳар қайси мисрада содда ва доно, болаларча оддий ва кўп тажриба кўрган, эҳтиёткор ва асов қалбнинг романтикаси, кайфияти яширинган. Саломея Нерисни севаман. Ўйлаб қоламан, камдан-кам шоирларнинг шеъриятида Саломея Нерис шеъриятидагидек олмос тобланишини, беқиёс шаффофликни, камалак ранг жилони учратиш мумкин… Робиндранат Тагор ҳақида ўқийман. Муваффақиятсиз китобча. Содда ва ожиз, муросасоз шоир томонидан ёзилган. Унда фақат Тагорнинг ўзига тааллуқли хусусиятлар, унинг фикрлари яхшидир.

Ҳақиқий шоир ва философнинг ёрқин, тугал шахсияти ҳам ана шунда! Гуманистнинг ҳам. Тагор нуқтаи назарича, поэзиянинг асосий мақсади – инсон руҳий дунёсини нилуфар оқлигидек ёрқин қилиб яратишдадир, инсондаги инсонни гавдалантириб кўрсатишдадир.

Ундаги “ички инсонни “ – инсоний шахсни ахтариб топишда, уни юксакларга кўтариб, унга қуёшни кўрсатишда, ана шу қидириб топган “ички инсонни” чақалоқдек ўз бағрига босиб, унга ўзининг ўйлари, орзуларини, қалб ҳароратини беришдадир.

Агар биз майда-чуйда фикрлар билан ўралашиб қолсак, ўзимиз ҳам юқорига кўтарила олмаймиз, ўқувчини ҳам юксакларга чорлай олмаймиз. Шоир, ўқувчи эса сенинг фарзандинг. Сен уни тарбиялашинг, худди шундай – тарбиялашинг керак. бошқача қилиб айтиш мумкин эмас. У ёки бундай озуқа бериш – хоҳлайсанми ёки йўқми тарбиялашдир…

Шеъриятда шоирнинг қалби мисралар орасида баҳорги эриган қорлар остидан сизиб турувчи муздек тоза сув сингари доим оқиб туриши керак. Дарвоқе, унча катта бўлмаган интермедия.
Қандайдир газета муҳаррирининг хати: “Биз Сизнинг… мавзудаги шеърингизни юборишингизни хоҳлар эдик…”

Нима учун энди шеърни буюртма билан ёздириш керак? Илҳом келган вақтида шоирнинг ўзи ёзаверади, қофияланган сўзлар тизмасини ҳам газетага ўзи юборади. Дастлабки “қўлга тушган” байтларга маҳкам ёпишиб олмаслик керак. Газетачи эса худди шоирдан қасд олгандек, доим шундай қилади. (“Ҳа, ҳа, биз барибир олдик… Хоҳловчи топилди” тарзида).

Шеъриятга ана шундай хиёнат қиладилар. Шунинг учун ҳам ҳақиқий шеър билан ёнма-ён қуйидагича унчалар мулойим бўлмаган ёзувларни учратиб қолсак, бунинг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ.

Шеърият,
уни қандай англамоқ керак?
Ахир шеър битишга
қўл урса
Хоҳлаган ўткинчи…

…Шеърий тўпламимни нашрга тайёрламоқдаман. Кўпларини таҳрир қилишга тўғри келади, баъзан тўлиғича қайтадан ишлаш керак бўлади. Дастлабки шеърдан фақатгина мавзу қолади, холос. Озмунча ёзилмаган: айримлари яроқли, яроқсизлари ҳам етиб ортади. Шунинг учун ҳам қиммати йўқларини, кераксизларини мутлоқ ачинмасдан чеккага улоқтираман… Ҳаммасидан ҳам ўзимнинг илк лирикамни таҳрир қилиш, уларга тартиб бериш мушкул бўлди. Иш эмас, турган-битгани азоб. Қиёмига етмагани (баъзан соф техник камчиликлар) шунчалар кўпки, баъзи ўнқир-чўнқирларини шағал билан тўлдираман, текислайман… Қофияни тўғрилай бошласанг, мисра, фикр, образ сўнг бутун шеърий банд бузилиб кетади. Образни эса бузишни хоҳламайсан, лирик кечинмани сақлаб қолишга ҳаракат қиласан киши… Бир неча шеърлардан воз кечишга тўғри келади: уларни тузатиш учун ҳеч қандай восита топа олмайман. Уларнинг чиқиндига айланишини эса хоҳламайман. Менга улардаги илиқ, ботиний лирик кайфият қимматлидир. Энг беҳузури бу шеърларда мавҳум символика, мавҳум шартлилик руҳи ҳукмрондир… Баъзан қандайдир деталь, арзимас бир нарса етишмайди, уни топсанг шеър бирданига жонланади, “ҳавосиз бўшлиқ”дан ерга тушади. Бу шеърларга табиат қучоғидаги осойишта турмушни тасвир этувчи изчиллик, шеъриятга хос ўткинчилик хусусияти кўпроқ характерлидир. Жуссалар! Мускуллар! Кўпроқ инсон танасидан ренессансча ҳайратланиш!

Мен “ўша ёруғ, ойдин кунларим”дан нисбатан узоқлашиб кетганимни ҳис қилаяпман: шу куннинг талабларига ҳозиржавоблик билан ёзиб, руҳан шафқатсиз бўлиб қолдим, қалбим дағаллашиб бормоқда… Шундай қилиб, бундай “ҳислар тўлиб-тошган” шеърларга ҳозир яқинлашиб бўлмайди: дағаллашиб қолган қўллар билан “шеъриятнинг нозик, олтин тўқимаси”га тегиб кетсанг, у сўкилиб кетади… Хуллас мумкин эмас. Менинг биринчи шеърий тажрибаларимнинг қанчалар ноўрин эканлигини узоқ вақт давомида менга исботлаб келишди. Ёлғон! Ҳозир мен ундан заифроқ ёзаяпман. У шеърлар-чи… Ҳақиқатан ҳам, улар унчалик теран эмас, содда ёзилган, лекин уларда ҳақиқий шеъриятнинг зарралари мавжуд. Мени йўлдан оздиришганини энди сезяпман. Афсус… Менда эндигина шеърият уйғона бошлаган эди…

…Ҳамма бало шундаки, биз ҳаётнинг юзасида юрибмиз… Ўша дастлабки шеърлар ўзида романтик, кўтаринки зарра, кайфиятни, нисбатан ички яширин маънони жамлагандай, қамраб олгандай. Ҳозиргиларида эса ана шу ички маъно ҳаволаниб кетади, узилиб қолади.

Ўйчанлик, орзу, хаёл суриш йўқ. Ҳаёт қийинчиликларини енгиб ўтолмасликни фожеавий ҳис қилиш йўқ, яшаш маъносини излаш йўқолиб бормоқда. Яшашни фалсафий қамраб олиш торайиб кетмоқда. (Оҳ, бу кундалик ташвишлар!) Дунёни поэтик акс эттириш, фалсафий синтез қилиш сусайиб бормоқда, гўё ҳамма нарса шеърдаги метафорада йиғилиб, линза фокусида жамлангандек. Хуллас, шеърда инсон руҳини ҳаяжонга соладиган нарса йўқолиб бораяпти. Биз кўпроқ саёз қирғоқларни танлаяпмиз, кўзимизни денгиз кўпиклари қоплаб, беркитиб қўймоқда, биз юзада судралиб юрибмиз. Аслида бизга теранликлар керак… Денгиз теранликлари!

Авваллари менинг фикрларим ана шу теранликни қўмсар эди. Энди эса шиллиққурт каби ер юзасида сирпаниб юради. Бу яссилик, текислик эса ҳар доим ўз кўринишини ўзгартириб туради, турли нарсалар пайдо бўлади, йўқолади, йўлда гоҳ майса, гоҳ тошлар… Шунинг учун ҳам ким ана шу текислик устида судралиб юрса, ундан ҳеч қандай из, ном-нишон қолмайди.

Ҳар қандай янги шакл янги мазмун кашф этади, инсон хотираси тараққиётдан ортда қолганларини четга чиқариб ташлайди. Хўш, унда нима доимий бўлиб қолади? Фақат инсоннинг ички дунёсида абадий бўлган нарсагина, яъни унинг руҳи, туйғусигина яшаб қолади, холос.

Шеърият худди ана шу ерга, ана шу “денгиз теранликларига” етиб бориши керак. Агар сен унга. Шеъриятга, ўзингни “бахш” этмоқчи бўлсанг, бунинг учун ўзингни бутун куч-қудратингни сарфлашинг, ижоднинг характери ҳақида яхшилаб бош қотиришинг керак.

———————————
Ҳар қандай янги шакл янги мазмун кашф этади, инсон хотираси тараққиётдан ортда қолганларини четга чиқариб ташлайди. Хўш, унда нима доимий бўлиб қолади? Фақат инсоннинг ички дунёсида абадий бўлган нарсагина, яъни унинг руҳи, туйғусигина яшаб қолади, холос.
————————————

…Сезиб турибман, менинг ижодим иккиланишлар олдида… Аввалгидек ёзишни уддалай олмайман – юрак шафқатсиз бўлиб қолган. Фойдасиз, кераксиз нарсани эса ёза олмайман, ҳақиқатнинг қўллари гирибонимдан олади. Хўш, қаерга қочиб қутуласан? Умумлашмалар кенг, поэтик хулосалар теран томонга. Шунинг учун ҳаммадан аввал ўқиш… Ҳар куни ўқиш… Қўлимни кўксимга қўйиб сўрай – хўш, мен нимани биламан? Рўйи рост айтсам ҳеч нимани. Шунинг учун йўлни ҳар қандай тўсиқлардан тозалаб узоқ муддатга “денгиз тублари”га берилмоқ керак. У ерда нима бор дерсиз? Нима бўлса бўлсин – теранликка, денгиз теранлигига!

…Умар Хайём ва Бедилни яна ўқиб чиқдим. Эҳтимол, поэзия инсоният болалигининг олтин асри, ўспиринлигининг кумуш асри деб ўйларсиз! Насрни эса, инсоният балоғатининг темир асри деб баҳолайсизми? Наҳотки, шеърият жамиятнинг балоғатга етмаганлик нишонаси, белгиси бўлса. Балоғатга етган инсоният учун наҳот энди шеърият керак бўлмаса? Ишонмайман. Наср – бу худди шу шеъриятнинг кейинги тараққиётидир. Шунинг учун ҳақиқий, теран проза ҳамма вақт, поэтик овозга эга бўлади, жаранглайди. Ҳар қандай бадиий асарни поэзия деб атаса бўла беради. Поэзия – ҳар қандай сўз санъатининг замини… Қачонлардир поэзия нисбатан тиниқ, аниқ, мен сизга айтсам, табиатга мос тушадиган оҳангни қофиянинг асонанслигини (қофиядошлигини) ёки тўлиқ қофияни талаб қилар эди. Бу ўша даврдаги поэзиянинг амалиётчилик вазифаси билан боғлиқ бўлиб, музика асбоблари жўрлигида урф-одат кўринишлари, ишқий рақслар ва ашулалар ижро этиларди. У вақтларда, менимча, поэзиядаги “бадиийлик” меъёри нисбатан паст эди.

——————————
Наср – бу худди шу шеъриятнинг кейинги тараққиётидир. Шунинг учун ҳақиқий, теран проза ҳамма вақт, поэтик овозга эга бўлади, жаранглайди. Ҳар қандай бадиий асарни поэзия деб атаса бўла беради. Поэзия – ҳар қандай сўз санъатининг замини…
——————————————

Рақс ва музиканинг ритмик қирралари кўпроқ биринчи планга чиқиб қолар эди. Лекин вақти келиб ҳамма нарсани қўшиқ воситасида ифодалаш зарурати йўқола боради. Аста-секин фикрни гавдалар ҳаракати ва оҳангсиз, мелодиясиз фақат сўз билан ифодалашга уринишлар юзага кела бошлади. Хотира учун айримларини ёзиб қолишга ҳаракат қилишди. Қўшиқнинг қофияланган мисраларини ёдда сақлаб қолиш эса анча осон эди. Шунинг учун ҳам айрим кишиларнинг тақдири ва ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи, сўзлашув тилида ёзилган дастлабки поэтик асарлар юзага келган. Шу ҳаётнинг айрим кўринишлари, айрим саргузаштлар ва воқеалар ҳақида қисса, новелла, ҳикоя ва латифалар яратилди.

Кейинроқ эса, ҳатто реал воқеаларни аниқ қайд қилувчи матбуот прозаси юзага келди. Бундай насрий баёнчиликда қофия кераксиз бўлиб қолди, табиий ҳолда истеъмолдан чиқди, ҳаётийлигини йўқотди. Бироқ ритм насрда ҳам сақланиб қолди. Айримлар прозага унинг поэтик ёшлигидаги зарра, рудимент кераксиз бўлиб қолди, деб хато қиладилар. Оҳанг асарда ўзига хос мусиқий борлиқ, атмосфера яратади, ўқувчи ҳиссиётига ўзига хос таъсир этади. Оҳанг бу шоир пульсининг ўзига хос уриниши, унинг жонли мижози қонининг қайноқлиги, ҳароратидир. Поэзия учун энг зарур бўлган – образ, кайфият, подтекст (яширин маъно) кабилар насрий баёнда ҳам сақланиб қолган. Ҳамма бало шундаки, цивилизациянинг моддий имкониятларининг тараққиёти билан наср ўзининг туғишган замини – поэзиядан узилиб ва узоқлашиб қолади. Лекин насрнинг бу “бегоналашиши” унинг фойдасига эмас, балки зарарига бўлмоқда. Бир қолипдаги, оммавий сериялар нашр этилаётган проза кўп яшамайди, тезда ёддан чиқади, ўзининг дастлабки тароватидан маҳрум бўлади.

…Вақти келиб қадимги кўникмалар таъсирига берилиб, ҳозир шеърий асарларда ифодаланган, ҳикоя қилганларимни прозада айта олманми йўқ, билмадим. Мен прозада ёзишни уддалай олмайман… Мен учун оддий бир мақолани ёзиш ҳам тенги йўқ улкан азобдир. Айримларни бир, икки деб ҳар қандай нарсани муҳайё қилиб қўйишлари мени ҳаммавақт ҳайратга солади. Тез, содда… Мен эса мақолада ҳам ўқувчи билан худди шеърдагидек гаплашиш керак, деб ўйлайман. Менинг қофияланган фикрларим билан насрий баён қилинган фикрларим ўртасидаги фарқ нимада? Шеърнинг новелладан фарқи шундаки, шеърда шоирнинг фикри образ орқали нисбатан умумлашган кўринишда ифодаланади.

Ҳар қандай ёзган нарсанг ҳеч қандай чиқиндисиз ижод бўлиши керак. Ўзинг учун талабчанликни ҳар қандай сусайиши – санъатнинг олий принципига қарши хиёнатдир. Мен поэтик ҳайратланишдан маҳрум бўлган насрий асарни ҳазм қила олмайман. Бу – ёмон прозадир. Ҳақиқий санъат ҳар доим поэтикдир. Негаки у поэзиядан дунёга келган, унинг биринчи меросхўри бўлган ва ҳар доим фақат янги шароитга қўйилган ўша поэзия бўлиб қола беради. Адабиётнинг ҳозирги йўналишлари кўз илғамас даражада бепоёндир. Бизнинг кўз ўнгимизда туғилиб, кўз ўнгимизда капалакдек умри қисқа асарлар йўқ бўлиб кетишига асосий сабаб шуки, уларда умумлаштириш етишмайди, уларнинг она замин – поэзия таъминлаб турадиган ҳаётбахш оқим билан зарурий алоқаси бузилган.

———————————
Ҳар қандай ёзган нарсанг ҳеч қандай чиқиндисиз ижод бўлиши керак. Ўзинг учун талабчанликни ҳар қандай сусайиши – санъатнинг олий принципига қарши хиёнатдир. Мен поэтик ҳайратланишдан маҳрум бўлган насрий асарни ҳазм қила олмайман. Бу – ёмон прозадир. Ҳақиқий санъат ҳар доим поэтикдир. Негаки у поэзиядан дунёга келган, унинг биринчи меросхўри бўлган ва ҳар доим фақат янги шароитга қўйилган ўша поэзия бўлиб қола беради. Адабиётнинг ҳозирги йўналишлари кўз илғамас даражада бепоёндир. Бизнинг кўз ўнгимизда туғилиб, кўз ўнгимизда капалакдек умри қисқа асарлар йўқ бўлиб кетишига асосий сабаб шуки, уларда умумлаштириш етишмайди, уларнинг она замин – поэзия таъминлаб турадиган ҳаётбахш оқим билан зарурий алоқаси бузилган.
————————————

Шоирни кўп ўринларда, у борлиқни поэтик романтиклаштириб юборади, ҳаётдаги ҳамма нарсаларни ўз ҳолича эмас, балки поэтиклаштириб акс эттиради, деб айблашадилар. Хуллас, унинг яратгани фақат хаёл маҳсули. Қолаверса, ҳаммаси ёлғон…

Албатта шоирнинг борлиққа муносабати кўп ҳолларда романтик, кўтаринки хусусиятга эга деган фикр билан ҳисоблашмасдан илож йўқ. Бу муносабатнинг поэтиклиги ҳам ана шу билан изоҳланади. Агар биз борлиқни фақат катта ва кичик воқеаларнинг йиғиндиси деб қабул қилсак, у ҳолда бу соф натурализм бўлиб қолмайдими? У ҳолда санъат нима учун керак бўлади? Фақат борлиқни акс эттириш учунми? Ёки эҳтимол яна инсонни нимагадир ундаш, унинг йўлини тозалаш учун керакдир? Эҳтимол, унга парвоз учун қанот бахш этиш учундир? Наҳот санъат – бу фақат “ҳаётни оддий, шундай бир тасвирлаш” бўлса?

Винцас Кревенинг “Шарунас” асарида шундай бир диққатга сазовор диалог бор:
Шарунас: (Вайдулиснинг олдида қўлларини орқага қилиб турибди). Қўшиқлар? Сенинг қўшиқларингда қандай сўз бўлмасин, ҳаммаси ёлғон. Сен буни биласанми?
“Вайдулис: (хурсанд). Маъбудалар сенинг сезларингни эшитишмайди! Қўшиқлар узоқ замонларда тўқилган: ота-оналаримиз шундай куйлашган, биз ҳам шундай куйлаймиз… Ундагилар ёлғонми, ростми, бари бир эмасми, буларни билишнинг кимга кераги бор?”

Ҳақиқатан ҳам, ҳамма нарсани билиш, қабул қилиш, таҳлил қилиш шартми? Маълум бир тарихий шароитда инсон ўзлигини фақат онг билангина фаҳмлаб қолмаслиги керак. Санъат – инсонда ўз-ўзига ишонч туғдириш ва олға интилишдир.

Хаёл сура олмайдиган инсон учун яшаш жуда қийин бўлади. Ҳозирги тарихий жараёндаги ўрни хусусидаги ташвишли ўйлар бундай одамни руҳан эзиб юборади. Бундай фикр шунчалар жонга тегадики, натижада у фақат “акс этдирибгина қолишга”, натурализмга етаклайди.
Бас шундай экан, нима қилиш керак? Хаёл суриш керакми? Нима учун ахир уни рад этиш керак?

…Биз умуман санъатнинг, хусусан адабиётнинг ўзига хос, бетакрор хусусиятлари ҳақида кўп гапирамиз, лекин баъзан уни унутиб қўямиз. Санъат бу қандайдир суст ўрганиш учун кўргазмали қурол сифатида талаб қилинувчи ҳаётнинг юзаки тасвири эмас. Санъат ҳаётнинг кўчирма нусхаси ҳам эмас.

Санъатга фақат амалий, манфаатдорлик нуқтаи назаридан қараш ҳеч қачон ожиз натурализмдан ёки ланж дидактикадан (насиҳатгўйликдан) нарига олиб бормайди. Санъат бизнинг мана шу моддий дунёда худди нон, ҳаво, сув ва бошқа ҳар қандай бир-бири билан доимий алоқада бўлган, шунингдек борлиқнинг бошқа компонентларига тобе бўлиб қолмаган нарсалар каби мавжуддир.

Биз “санъат” дейишимиз билан дарҳол уни ўзимизча тасаввур қиламиз. Биз ҳатто санъатни ҳар қандай мавжуд нарса каби ҳис қиламиз. Санъат ўз ҳолича ҳам яшайди…
Биз кўп ўринларда бу тушунчани мутлақо ўринсиз сўз – “маҳорат” (ҳунармандлар ишининг баҳоси) билан аралаштириб юборамиз ва жуда кўп ўринларда “гўзаллик” сўзини унутиб қўямиз.

Сўз шеъриятда ўта ҳаяжонли бўлиши, майин тебраниб туриши керак. Мабодо оғир, ҳиссиз сўзлар қатламини териб чиқсанг, улар шеърий оҳанг билан жарангламайди… Агар шеърий парчани ўқиётганда сўзларнинг сеҳрли тебранишларини, қандайдир жонли қон уришидай нозик ўзгаришларини ҳис қилмасанг, унда сўз ўликдир. Фақат юракдан сизиб чиққан, устидан руҳнинг бетакрор жилолари қандайдир илоҳий ёғдудек милтиллаб турган сўзларгина фусункор, ҳаяжонли бўлади, титраб туради. Сўзнинг поэтик қудрати, сўзнинг мавжудлиги унинг мисиқийлигидадир. Жонли ва фусункор сўз Сикетин мадоннаси қуёшга тутиб турган чақалоққа ўхшайди. Унинг юзлари қанчалар содда, ақлли ва самимий. Кокиллари жилоланиб турипти. Кўзлари мовий осмон каби тубсиз кўлни эслатади. Рафаэлнинг поэтик сўзи ана шундай теранликка, ана шундай қудратга эга.

…Бир шеърни ўқиб чиқдим. Биз яланғоч, очиқ хитоб (декларация) нима эканлигини анча унутиб қўйган эдик. Кутилмаганда, қаерни қарама, яна ўша бемаънилик худди қопни тешиб чиққан эски бигиздек пайдо бўлди қолди. Ўз арзон фикрларини кўп тармоқли эълон қилиш бошланди. Деклоративлик (баёнот) – муайян ғоя учун очиқ курашга бел боғлаш бўлиб, санъатнинг гўдаклигидир. Эндигина кўз очиб дунёни кўрган чақалоқ кўп, қаттиқ қичқиради, шовқин солади… Кейинроқ эса улғайиб ва ақллироқ бўла бошлагач, у энди камроқ шовқин-сурон солади, теварак-атрофга кўпроқ назар ташлайдиган, ҳаётни чуқур ва яхшироқ тушунишга ҳаракат қиладиган бўлади. Дунёни ўз чақириқларинг билан доим бедорликка ундаш ақлдан эмас. Ахир у захматли меҳнат ёки курашдан туғилган вақтда ўзи уйғонади… Деклорация менга ҳиссиз севги изҳор қилишни, унинг муаллифи эса тиз чўкиб ўз Дульцинасига “Мен сени севаман… Мен сени севаман… Мен сени севаман” деб юзинчи марта таъкидлаган нўноқ ошиқни эслатали. Бу дастлаб қизга ёқади. Лекин кунларнинг бирида бу бир хилдаги “ишқий тавалло” қизнинг ғашига тегади ва уни жаҳлини чиқаради. “Хўш мени севсанг, нима бўпти? Мени севишингни биламан! Етарли! Севишингни исботла, ахир! Қандай севасан?

…Қандай?” Худди ана шу ерда севгининг деклоратив (баёнчилик) босқичи тугайди. Севги ҳам реал исботни талаб қилади. Кўп ўринларда биз ҳатто юртимизга ҳам аёл кишига севги изҳор қилгандек муносабатда бўламиз. Бироқ “севаман” деган тушунча, маъно текстда эмас, (оҳ бу сўз текстда ҳали ҳам қанчалар кўп учрайди) балки шеърнинг умумий руҳида бўлиши керак. ахир “севаман” дейишнинг ўзи ҳали гувоҳлик эмас, у фақат тасдиқдир холос. Шунинг учун ҳам туйғу ҳақиқий шеърда аста-секинлик билан очилади, қуёш ёғдусидек китоб саҳифаларининг дала ва ўтлоқларига сочилади. Шоир ҳиссиёти ўқувчи қалбида олижаноб туйғуларни жунбушга келтиради. Бундай вақтда ҳар қандай баёнчилик кераксиз бўлиб қолади. Севги ҳисси жуда ҳам аниқ бўлиши керак…

Биз баёнчиликнинг гўдак бағридан ўсиб чиқдик. Ҳозир баёнчилик ношудликни эслатади, унда ҳеч қачон ҳақиқий шеърият юзага келиши мумкин эмас. Инсонни, унинг қиёфасини, ҳаракатини, унинг хулқ-атворини аниқ тасвирлай олишни уддалаш етарли эмас. Унинг ички дунёсига кириши, уни қандай фикр ва кечинмалар у ёки бу хилда ҳаракат қилишига мажбур этганини кузатиш керак. Инсоннинг руҳий қиёфасини тасвирлай олишни ўрганиш керак. Машаққатли иш, бироқ уни эгаллашга ўрганишга улкан, буюк санъаткорларнинг ибратли тажрибаси бизни ундаб турибди. Достоевский, Толстой қаҳрамонларининг ички ва ташқи дунёсидаги қирраларнинг бир-бирларига ўтиб туриши қандай гўзал… Ромен Роллан асарларида ҳаракат унча кўп эмас, баъзан нисбатан аҳамиятсиз воқеалар. Бутун бир саҳифалар – сўзлар денгизидан иборат. Бироқ, уларда ранглар аралашиб кетмайди: китобнинг охирги саҳифасини беркитаётиб моҳиятини, яхлитликни ҳис қиласан, инсоннинг тугалланган, мукаммал қиёфасини кўрасан.

Йўқдан ҳеч нарса бунёдга келмайди. Мутлоқ тақир саҳрода ҳеч нарса гулламайди. Ҳеч нарса бирданига пайдо бўлмайди. Ҳозир биз кўриб турган ҳамма нарсалар минг йиллар муқаддам ҳозиргидек аталса ҳам, эҳтимол бошқачароқ кўринишга эга бўлгандир.

Ғарбнинг руҳини кўкларга кўтарилишига, мақталишига олиб келган уйғониш даври (Ренесанс), инсон шахсини улуғлаш ҳам бирданига, тўсатдан пайдо бўлган эмас. Инсон қўли йиллар ва юз йиллар давомида улкан қатламларини бирин-кетинлик билан яратади… Дастлаб мажусийлик унинг ожиз бир муқаддимаси бўлди: у фақат азобланиш ҳақидаги афсонадан ташқари ҳеч нимага эга эмас эди. Санъатга нуқтаи назар ҳам, санъатнинг ўзи ҳам йўқ эди… Санъатнинг дастлабки ижодкорлари чуқур ер остидаги моғораларда туғилганлар… Вақти замони келиб ана шу санъаткор биқиқ ва дам ер остидан ташқарига чиққан, дунё кенгликларини кузатган, фақат ана шундан кейингина христиан архитектурасининг (меъморчилигининг) биринчи ноёб қурилишлари бошланган. Дастлаб иш унчалик ўнгмаган. Қатъий, зоҳидона йўналишлар имкон парвозига тўсиқлик қилган. Ҳали эркинлик, ҳамма нарсаларнинг тўкин-сочинлигига таянган инсон қўлининг шиддати етишмас эди. Қадимги мажусийлик мотивлари ҳамма соҳада янги санъатнинг йўналишлари билан қўшилиб, чигаллашиб кетган, бу янги йўналишлар эса ҳали унчалик ёрқин ва аниқ эмас эди.

Қадимги моник (ионический) ва дорик (дорический) устунлар услуби янги аҳамият касб этган биноларга мослаштирилди. (Стамбулдаги бизнинг эрамизнинг 532 – 537 йилларида император Юстиниан даврида қурилган Аё-София ибодатхонасида мен Иерусалимдаги Соломон ибодатхонасидан келтирилган устунларни кўрдим. Дарий зиёратгоҳида бутунлай номутаносиб ўрнатилган устунларни кўрдим ва ҳоказо. Мутлақ номутаносиб… Бироқ синтез қилишнинг ноёб кўриниши!) Римда Пётрнинг ҳайкали фақат у ерда мажусийлик ғалаба қилиб, қарор топгандагина, тараққий этиб гуллаган даврдагина юзага келиши мумкин эди. Ўз ғоялари учун шафқатсиз кураш, дунёда таъсирли бўлиш учун кураш йилларида эса, демак ўрта асрларда, зоҳирона муқаддас Инквизиция ва готика бунёдга келди.

(Ҳибсга олинган онг эса, ҳали инквизиция гулханлари устидан буруқсираб улкан кучларни ёрдамга чақирар эди. Афсус, афсус!) Ўрта аср санъат асарларида ҳар қандай фикрлашдан маҳрум бўлган Инсоннинг қотиб қолган юзи… кўзи эса диний жазавада ёки мўмайгина кўкка тикилган… қўллар ибодат учун шай қилиб тасвирланган. Инсон – қул. Ўз хоҳиши билан қул… Қуп-қуруқ зоҳид… Ва шубҳасиз ҳамма жойда қўрқинч, қўрқинч, қўрқинч… Ва очиқ кунда момақалдироқ бўлгандек, бирданига – уйғониш. Худди баҳорги шўх оқимлар уни банди қилиб турган музларни парчалаб оқизиб кетаётгандай буюк ўзгариш. Уйғониш – кутилмаган бурилиш, инсон устига чиқиб бирданига қуёш ёғдуларига кўмилиб ётган ҳосилдор Аркадия текисликларини кўришга муваффақ бўлган, чўпонларнинг мусиқий, ёқимли қўшиқларини эшитган тоғ чўққисидир. Ана шундангина у илк бор ўзини озод ва бахтли ҳис этди…

Дионис туйғуси… Ва инсон илк бор хурсанд бўлиб кулди: кучли қаҳқаҳа отди. Унинг илгариги оқарган ва бўзарган юзлари аста-секин қизғиш тус олди, табиий ранг, кўриниш кашф эта бошлади. Инсон энди фақат ибодатгина қилиб қолмади… У энди ейди, ичади, ов қилади, дўст тутинади, севади, азобланади ва шодланади, унга рубенсона ҳаётий бўлиқлик, мукаммаллик яқин бўлиб қолади. Унинг рўза ва ибодатларда қуриқшаб кетган мускуллари қайта уйғона бошлайди, кучга тўла бошлайди. Инсон ўзини кучли соғлом, бақувват ҳис қила бошлайди. У ўз баданининг (қоматининг) гўзаллигини кўради ва худди Нарциссдек ўзига ҳавас билан қарайди, ўз қадр-қимматини англайди. Инсон ҳар томонлама ривож топган, унинг танаси қудратли ва руҳи озоддир. Унинг юзида маъно, олижаноблик, донишмандлик, қатъийлик, шиддат акс этади (Микеланжело).

Аёл гўзаллиги кўтаринкилик билан ифодаланади, кўкларга кўтарилади, идеаллаштирилади. Шунга қарамай бу жонли, ҳақиқий аёлдир… Бутун борлиғи билан севиш мумкин бўлган аёл (Леонардо). Инсон қандайдир ноаниқ ва афсонавий кимса қийналгани учун жафо чекмайди, азобланмайди. Инсон фақат ўз ҳолича жафо чекмайди, азобланмайди, чунки ҳаётда фожиалар, азоблар, умидсизликлар оз эмас. Азобланиш – бахт ва шодликнинг яккаю-ягона мухолифидир. Бироқ, инсон мудҳиш умидсизликдан ёруғлик томон интилади (Рембрант). У ғалаба қилиш учун ҳар куни жангга киради. Аксинча, у ҳеч нарсага эриша олмайди. Ўз инсонийлик номиниг улуғворлиги учун курашмаган шахс инсон деган шарафли номга муносиб бўла олдими? Кураш ва енгасан!..

Демак, диққат марказида – инсон. Кучли ва ожиз инсон. Ўзининг руҳий интилишлари, парвозлари билан, улкан ва ўз билимининг чегараланганлиги билан ожиз инсон. Бироқ ҳар доим жонли, тирик инсон…
…Биз нисбатан шошмаяпмизми? Аниқ, янги шаклларни етарли изламасдан эскиларини нисбатан тез йўқотишга, емиришга ҳаракат қилмаяпсизми? Шеъриятда биз эски мактаблардан воз кечдик ва бутунлай мактабсиз қолдик… У, шубҳасиз, бунёдга келади, шаклланади. Қадимги давр (эпоха) эртак сингари унутилади, муз айсберги сингари эриб кетади, эриб ўтмиш йўқлигиаро ғойиб бўлади. Янги шакл, кўриниш ҳали гавдаланганча йўқ… Шунга қарамай, қурол билан таҳдид бошланди – кураш кетмоқда… Тўплар гумбурлади – музаларнинг боши қуйи солинган шоирлар жим, диққат билан қулоқ осишди. Ана шунда соф фойда кўзлайдиган талаблар эшитилди…

Санъат – кейин, у иккинчи даражали ҳодиса дейишди. Газета санъати олий санъатлардан эмас. Жуда кўп шеърлар дастлабки босилган газета сонлари билан бирга йўқ бўлиб кетди. Оҳ, санъатнинг беқадр, беқарор бойликлари! Фожиали тақдир қанчадан-қанча истеъдодли кишиларнинг бошига етди. Улар билан бирга уларнинг ижодини ҳам ўз комига тортди. Ўлимдан кейинги қўрқинчли жимлик, сукунат… Жуда ҳам қўрқинчли… Шоир учун бундан қўрқинчли нарса йўқ. Шундай бўлса, унинг фаолияти ижодий бўлмаган, чунки ижод учун фақат яшаш, яшаш муяссар холос. Мабодо буни акси бўлса, шоирнинг ҳаёти ҳеч қандай маъно касб этмайди, янгилик эскилик билан аралашиб, чигаллашиб кетган бурилиш йўллари учун тўғри, бир текис йўл эмас, балки яшиндек эгри-бугри, асабий йўл характерлидир. Бизнинг давримиз – бурилишлар, бўронлар, момақалдироқ ва чақмоқлар давридир. Асримиз йўли эгри-бугри. Бу реал тарихий ҳақиқатдир. Бу ўринда ҳеч нарсани ўзгартира олмайсан.

…Аёлни улуғлаш – санъатнинг асрий мавзусидир. Греклар уни яланғоч тасвир этдилар. (Ахир аёл бадани ҳар қандай кийим-кечакдан гўзал эмасми?)
Аёлни улуғлаш замонавийроқ бўлдими?

Бу улуғланишнинг доимийлиги, анъанавийлигига сабаб – ҳаётнинг асрий манбаи аёлдир. Момо Ҳаво – Афродита – Сикистина мадоннаси… Она, мадонна, аёл. У муқаддас… Шунинг учун ҳам наҳс босган фикрларни уйғотмаслиги керак. У ҳирс уйғотмаслиги, йўлдан оздирмаслиги учун унинг баданини, жисмини кийим-кечак билан ёпадилар.

Аёлга муҳаббат туйғуси ҳар қандай ҳирсий иштиёқлардан мустасно бўлиши керак, чунки у ўз бағрида тирик худони – гўдакни авайлаб юради… Аёлни улуғлаш, унга топиниш, шубҳасиз, янада кучайди. Санъатда аёл образларининг бутун бир галереяси яратилди. Момо Ҳаво – йўлдан оздириш ва ҳирс эди… Афродита – йўлдан оздириш ва айни бир вақтда буюк гўзаллик (гўзаллик – пасткаш ҳирс ва бадбин ниятларни емиради).

———————————-
Аёлга муҳаббат туйғуси ҳар қандай ҳирсий иштиёқлардан мустасно бўлиши керак, чунки у ўз бағрида тирик худони – гўдакни авайлаб юради… Аёлни улуғлаш, унга топиниш, шубҳасиз, янада кучайди. Санъатда аёл образларининг бутун бир галереяси яратилди. Момо Ҳаво – йўлдан оздириш ва ҳирс эди… Афродита – йўлдан оздириш ва айни бир вақтда буюк гўзаллик (гўзаллик – пасткаш ҳирс ва бадбин ниятларни емиради).
—————————

Қўлидаги гўдакни бағрига босиб турган аёл – бу гўзаллик, нафосат ва айни шу ўринда теран фалсафий моҳиятга эга бўлган рамздир. Ҳаётнинг ибтидосидир. Чақалоққа муҳаббат бу дунёга, борлиққа муҳаббатдир. Қанчалар она образи яратилган ва мавзу қанчалар хилма-хил қайтарилмас рангларда ифода этилган…

Вақти келиб санъат яна эски ақидаларнинг талаби билан иш кўришга мажбур бўлди: санъаткорларга, “агар аёл образини яратмоқчи бўлсангиз, уни қўлида чақалоқ билан турган ҳолда чизинг”, деб талаб қўйишди.
Доно санъаткорлар бу ақида билан ҳам муроса қилдилар. Нима бўпти, агар хоҳласангиз қўлида чақалоқ билан ҳам яратаверамиз! Бироқ биз нимани ҳис қилсак, шу дунё ҳақида нимани айтмоқчи бўлсак, ана шу аёл орқали айтамиз… Сўнг яратиша бошлашди. Жонли, севимли аёлларни яратишди. Санъат ҳар қандай шароитда, ҳаммавақт имкон топа олади. Ҳатто эски ақида ҳам буюк санъаткорнинг мақсадга томон интилишига тўсиқ бўлолмайди.

…Ёзувчи ўз халқини яшашга, ҳис қилиш ва фикрлашга ўргатади. Наҳот буни, идеал қаҳрамон ҳимоячилари, маддоҳлари таъкидлаганидек, фақат муҳим, тақлид учун намуна бўладиган образлар ёрдами билангина амалга оширилса? Шубҳасиз, идеал қаҳрамоннинг аҳамиятини инкор этмаймиз. Шундай қаҳрамаон ҳам бўлиши мумкин. Бироқ, излаб узоқ командировкаларга бориш шарт бўлмаган реал қаҳрамон ҳам бўлиши мумкин ахир. У шундоққина қўл остимизда… Биз ҳаётни бор ҳолича, бутун икир-чикирлари, мураккабликлари билан кўра билишимиз керак. Инсонни ҳам реал шахс сифатида, барча яхши ва ёмон ҳислатлари билан кўра билишимиз керак. Ана шу инсонни, у ҳали мукаммаллик тимсоли бўлмагани учун ҳам яшашга ўргатишимиз керак.

(Дидактик панд-насиҳат бўлиши шарт эмас: ахир ҳисларни тарбиялаш керак.)
Бизнинг кишиларга ҳаётий, ажойиб, яратувчанлик ғояси инъом этилган. Бироқ уни ҳамма ҳам бирдек тасаввур этмайди. Ҳамма одамлар бир хил эмас. Шунинг учун ҳам бир вақтнинг ўзида ҳам ҳаётни, ҳам янги инсонни яратиш керак…

——————————
Ёзувчи ўз халқини яшашга, ҳис қилиш ва фикрлашга ўргатади. Наҳот буни, идеал қаҳрамон ҳимоячилари, маддоҳлари таъкидлаганидек, фақат муҳим, тақлид учун намуна бўладиган образлар ёрдами билангина амалга оширилса? Шубҳасиз, идеал қаҳрамоннинг аҳамиятини инкор этмаймиз. Шундай қаҳрамаон ҳам бўлиши мумкин. Бироқ, излаб узоқ командировкаларга бориш шарт бўлмаган реал қаҳрамон ҳам бўлиши мумкин ахир. У шундоққина қўл остимизда… Биз ҳаётни бор ҳолича, бутун икир-чикирлари, мураккабликлари билан кўра билишимиз керак. Инсонни ҳам реал шахс сифатида, барча яхши ва ёмон ҳислатлари билан кўра билишимиз керак. Ана шу инсонни, у ҳали мукаммаллик тимсоли бўлмагани учун ҳам яшашга ўргатишимиз керак.
—————————

Биз адабиётнинг тарбиявий аҳамияти ҳақида гапиришни яхши кўрамиз. Биз бунда асосан ғоявий тарбияни тасаввур қиламиз холос. Агар муҳокама қилинаётган асар кичикроқ, юпқароқ бўлса, унинг ҳар бир сатридан “юксак ғоялар” мана мен деб турмаса, биз уни ғоясиз асарлар тоифасига тиркашга шошиламиз. Бу, шубҳасиз, ўсишдаги ортиқчаликлар, чиқиндилар бўлса керак. Бироқ, бундай фикрларни нисбатан нозик бадиий қобиқларда ифодалайдиган кишилар учун, баъзан поэтик овози борича жарангламай, босиқ, ярим овозда кўйлайдиган кишилар учун ҳеч қандай енгиллик бўлмайди.

Бундай санъаткорлар ҳали ҳам танқиднинг тўқмоғидан ўзларини эҳтиёт қилишлари керак.
Бизнинг танқидчиларимиз ҳали анча ёш бўлганликлари, баъзан эса етарли профессионал тайёргарлик етишмагани учун “қўпол куч” ишлатишни кўпроқ ёқтиришади. Нима ҳам қилардик, ёшлик – ғўрликда… Аслида биз ҳаммамиз бирга ўқиб, бирга ўсишимиз керак…

Лекин ўқувчига фақат мазмунгина таъсир этиб қолмаслигини унутмаслигимиз лозим. Уни асарнинг шакли ҳам тарбиялайди: дидини ўстиради, маданиятини юксалтиради, ҳис қилишни ўргатади… Ҳозирча бизнинг “газета (вақтли) адабиётимиз”нинг шакли унчалик ҳавас қиларлик эмас: унинг савияси паст, диди эса ўқувчини беҳузур қилади. Ҳар куни унинг кўплаб маҳсулини, улушини қабул қилаётган ўқувчи руҳий маданиятнинг зинапояларидан юқорига қийинчилик билан кўтарилмоқда.

…Содда ва тушунарли ёзиш керак. Лекин жўн эмас. Шоирлардан мураккаб соддаликни талаб қиламиз. Энг яхши халқ қўшиқлари ана шу талаб, принцип асосида яратилган эмасми, ахир?
Мураккаб алоқадорлик. Муштарак кўриниш алоҳида поэтик деталлардан бунёдга келган. Мураккаб ва теран, айни вақтда оддий ва тушунарли аниқ.

Санъаткор Н…нинг кўргазмасидан қайтиб келдим. Шубҳасиз, манзара тасвирлари этнографиклиги билан аҳамиятга эга. Бироқ, наҳот табиатнинг ёқимли қилиб бўялган ана шу натуралистик суратлари санъат бўлса? Томошабинда ҳеч қандай фикр уйғота олмайди.
Ахир, замонавий техника билан қуролланган фотограф бутун борлиғича қайд этиши мумкин бўлган нарсани нима учун санъаткор чизиб ўтириши керак? Расмни яратиш, бунёд этиш керак: унда ҳам инсон, ҳам табиат бўлсин.

Баъзан замонавий санъат шафқатсиз равишда танқид қилинади. Ҳаммани бир ерга йиғиб дўппослайдилар. Замонавий санъаткорларнинг мен ўзим кўрган асарларини кўз олдимдан ўтказаман. Уларга нима учун ҳужум қиладилар? Эҳтимол уларнинг полотноларида нарсаларнинг асл, ҳақиқий ранглари тоблангани ва тиниқлашгани, уларда ҳақиқий, мавжуд қуёш жилоланиб тургани учундир? Инсоният маънавий тараққиётида яна бир қадам олға босганлари учундир? Йўқ, уларнинг аксарияти йигирманчи аср реалистлари. Ўзларини реалист ҳисоблаб, ҳақиқатда эса фантазиясиз бўлган айримлардан улар реалистроқдирлар. Булар эса яхши этнографлар холос. ХХ асрдаги мавжуд борлиқ (доимо ўзгариб турган инсон, нарсалар пейзаж) реализмнинг янги-янги шаклларини бунёда келтиради.

Санъат нарса, ҳодисаларни яшашга мажбур қилади, бўйсундиради. Бу санъатнинг энг буюк сирларидан бири бўлиб, буни оча билган санъаткорнинг ўзи ҳам, унинг ижоди ҳам узоқ даврлар барҳаёт бўлади. Давримизнинг энг яхши санъаткорлари реалистик тасвирий санъатнинг анъаналарини ривожлантирдилар ва уни янада тараққий этдириб ҳозирги борлиқнинг қиёфасини акс этдирдилар (унинг ички қиёфасини ҳам). Улар доимий, кишиларни ғашига теккан, безор қилган тўғри йўналишни рад этдилар, уни эгри-бугри қилиб юбордилар. Буларнинг ҳаммаси зарурат эди. Эҳтимол, айнан ҳозир инсониятнинг бадиий тажрибасини синтез қилиш керак деган мулоҳазаларга хайрихоҳлик билдиргинг келади. Ҳақиқатан ҳам бу хусусда ўйлаб кўриш керакдир.

Қимматли дўстим! Сенинг ижодингни севолмаганим учун мендан ранжимаслигингни ўтиниб сўрайман. Уни севишга ўзимни мажбур қила олмайман. Мен учун у нисбатан рационал, саёздир. Шунга монанд рационализм, мутаносиблик учун бадиий шаклнинг кераги борми? Публицистиканинг ўзи ҳам етарли. Сунъий безаклар ўқувчини янглишишга олиб боради холос. Авторнинг ҳам… Бу – виждонан эмас.

Ўлсанг ҳамки яша! – деган эди Гёте. Бу буюклар учун айтилган. Оддийлар учунми? Оддийлар учун – шарт эмас. Шафқатсиз ўлчов…

…Оҳ, азизим, ахир шоирлар ҳам турфа хил. Айримлари ўзларидан ташқаридагилар ҳақида ёзади, бошқалари ўзларининг руҳий дунёсини тасвирлайди. Буларнинг шеърияти шоир қалбининг яширин сирларини, хилватгоҳларини жилолантиради, эҳтимол, шу билан бирга бошқа кўплар кабиларникини ҳам.

Насрда қаҳрамоннинг кечинмаси, унинг қалби, унинг психологик борлиғи кўпроқ таҳлил қилинади. Нима ҳам қила олардинг, шахснинг “туйғу ва туйғучаларини” ковлашга, титкилашга тўғри келади. Инсоннинг руҳий дунёси, унинг қалб кўриниши, ландшафти ҳозир шеъриятнинг ҳам асосий предмети бўлиб қолди. Унча аниқ бўлмаган ташқи кўриниш ҳозирги поэзия учун характерлидир. У ташқи дунё предметларини реал “пайпаслаб кўриш” имкониятига эга эмас. Бироқ шундай бўлса ҳам шоир инсон руҳий дунёсининг энг чуқур, теран қатламларига кириб бора олади, ранг-баранг ва турфа хил туйғуларнинг мураккаб қоришмаларини, туйғулар курашини очиб бера олади…

Бундай шеърият музикага жуда ҳам яқинлашади. Мусиқий садолар инсон руҳий ҳолатини туйғулар қарама-қаршилигини ифодалайди. Садо предметнинг қиёфасини гавдалантиришга қодир эмас. Психологик поэзиянинг шаклий воситалари ҳам мусиқий садоларнинг тузилишини эслатади.

…Бизга ёт бўлган мафкурани мадҳ этувчи икки шоир (К ва Б.) ҳақида кўпдан буён мунозара кетмоқда. Мунозара ҳали бери тугамайдиганга ўхшайди ҳам. Ночор, саёз мақолалар билан ҳеч кимни ишонтира олмайсан, ўқувчи хайрхоҳлиги учун бораётган курашда енгиб чиқолмайсан ҳам. Бу шоирларнинг ҳар иккиси ҳам вақти-вақти билан янгидан тирилиб, яшамоқдалар. Шунинг учун ҳам бу шоирларнинг асарларига нисбатан юқорироқ даражада, ўқувчи севиб қолиши ва ўқиши зарур бўлган шеърият туғилиши керак. Уларнинг шеърияти билан курашдаги бизнинг ягона таъсирчан воситамиз, бу – бизнинг яхши шеъриятимиздир. Бошқа ҳаммаси фақат ёрдамчи воситалардир. Бақироқ “мақолачалар” эса, филга бир дона сочма билан ўқ узишдек гап. Улар катта истеъдодга эга бўлган шоирлардир. Уларнинг мафкураси ҳозирги инсониятнинг тезкор ва узоқ илгарилаб кетган ҳаётидан ортда қолган бўлса ҳам, ўқувчи кўз ўнгида улар барибир ижодкорлар сифатида қола беради. Шунинг учун ҳам ҳаёт билан ҳамнафас қадам ташловчи ва тарихий қонуният асосида улардан ўзларининг истеъдодлари билан ўзиб кетувчи шоирларга ўзларини дадил тутиб олишлари учун ёрдам бериш зарур. Фақат ана шундай усул билангина адабий курашда “бошқа мактаб” ғалаба қозониши мумкин.

Нима ҳам қиласан, асабийлашиш ярамайди, фақат чидам билан ишлаш керак!

Қачонлардир шу шоирлардан бири йўл бўйлари (оёқ-қўлидан михлаб қўйилган Исо сурати солинган) хочлар билан тўлиб-тошган ўз ерига, Ватанига бўлган “муқаддас туйғуси”ни ҳаққоний ва аниқ ифодалангани учун ўқувчилар қалбини асир этган эди. Католицизм ўша вақтларда литваликлар қалбида айримлар ўйлаганга нисбатан кучлироқ илдиз отган эди. Ҳамма нарса ўйлаганимиздан мураккаброқ эди. Шубҳасиз, бу шоир тарихий тараққиётга ғов бўлувчи, қолоқ ғояларнинг ифодачисидир. Бироқ, у вақтда католицизм улар туғилган она заминнинг бутун борлиғи, уларнинг узвий бир қисми саналар эди. Унинг қарашлари католицизм веналарида оқиб турувчи қонга сингиб кетган кишиларнинг қарашларига мос тушар эди. Иккинчиси бошқа овоздаги шоир. Унинг бутун ижодини, демак поэзиямизнинг бутун бир мураккаб даврини бир ҳамла билан чизиб ташлаш, шубҳасиз, ҳамма нарсадан осон.

Умидсизми? Шак-шубҳасиз. Бироқ, унинг умидсизлиги унга замондош бўлган жамиятнинг муайян қисмининг руҳий тушкунлигини, инқирозга юз тутган кайфиятини реал ифодалайди. Ҳалокат олдидан ўлим қўшиғи янграйди. Ҳатто киборлар талаби билан ижро этиладиган шлягер ҳам ўзида ўлим, ҳалокат мотивларини ташийди: “Ўлим олдидан рақсга тушамиз”. Умидсизлик, шубҳасиз, ундан қутулиш йўлини кўрсатиб беромайди. Диққатга сазовор томони шундаки, унинг шеърларида умидсизлик мотивлари, оҳанглари билан ёнма-ён бутунлай ўзгача демократик мутаносиблик мавжуд.

Ўтган кунларнинг қолдиқлари ортилган аравани худди ўликни қабристонга кузатгандек қайғули кузатади. У ғариб литва қумлоқ ерини ва унинг содда деҳқонини бутун вужуди билан севар эди… У катта йўл ёқасидаги оқ қайин каби ўзини азоблади, қийналди, ўзини айбситди, йиғлади. Чунки инсон учун жуда оҳир дамлар эди. Ҳақиқат ҳам оғир… Унинг шеърияти оғир, жуда оғир хўрсиниб нафас олади. Чунки ҳақиқатан ҳам оғир дамлар эди, ахир. Сўз билан эса у ҳақиқий санъаткордек муомалада бўлар эди. У билан беллашиб кўринг-чи!..

Сўз унинг қўлида худди жонли қушдек патирлайди, камалак рангида тобланаётган қаҳрабога, янтарга ўхшайди… У вақтларда ўзига яқин катта гуруҳдаги барча шоирлар, адабий мактабдаги маслакдошлар ичида энг нозиктаъб шоир эди… Улар ҳам мажусийлик мазҳабига хизмат қилар эдилар. Топиниш, улуғлаш эса, бу – гипноз, карахтликдир. Инсон унинг таъсири остида очиқ кўз ва бедор онг билан мудраб қолади.

…Шоир ўзи учун қуйидаги принципларни яхшилаб аниқлаб олиши керак:
1. Шеърият ва шоирнинг борлиққа (ҳаётга) муносабати.
2. Шеърият (умуман адабиётнинг ҳам)нинг таъсир этиш аҳамияти, моҳияти (бошқалар буни тарбиявий аҳамияти ҳам дейишади). Буни қандай тушуниш керак?
3. Шоирнинг индивидуаллиги, ўзига хослиги (шахси). Бу нимани англатади?

…Танқидчи поэтик асарни таҳлил қилаётиб биринчи навбатда унинг бир томонини (маъносини) баҳолайди, сўнгра эса бошқа томонини очади – у қандай тайёрланганини текшириб кўради. Афсуски, иккинчи томонга ҳозирга қадар жуда кам эътибор берилмоқда. Асарнинг шакли, унинг поэтик маънавияти, оддий қилиб айтганда диди қаерга кетди?

Биз диалектиклармиз, бир масаланинг икки қисмини диалектик бирлигига амал қилайлик ахир… Назм (худди наср каби) ижобий бошланишни излашга, қидиришга мойилдир. Ижобий лирик қаҳрамон… У ўзгалар учун зарурият, намуна ва ибрат бўлиб қолиши учун уни қандай қилиб яратиш керак. Инсон учун зарур бўлган инсонни қандай бунёд этиш керак? Биз ижобийликни излашда баъзан ҳамма нарсани мустасносиз кўкларга кўтардик. Баъзан шунчалар мақтаб юбордикки, ундан ўзимиз ҳам беҳузур бўлдик. Қасидалар, мадҳиялар, ҳаддан ташқари мақтовлар…

Шеърият ўзининг таъсирчанлигини йўқотди. Тараққиёт ғояси қотиб қолган ақидага айланиб қолди. Биз энг муҳим мезондан, табиатдаги доимий ҳаракатни – ўлим ва туғилиш, ўсиш ва сўлишни ҳис қилишга ёрдам берувчи мезондан маҳрум бўлиб қолдик. Айрим шоирларимизнинг ижодида тараққиётнинг революцион ғояси ўз ўрнини революцион аломатларга, атрибутларга бўшатиб берди. Тасқара, қўғирчоқ жонли образни чизиб қўйди. Ахир, тараққиётнинг инқилобий ғоясида ўзгариб турувчи борлиқнинг яратувчанлик руҳи энг асосий омил эмасми?

Баъзи бир шоирлар лоқайд кузатувчиларга, фактларга манфаатпарастларча осойишта қайд қилувчиларга айланиб қолдилар. Ва тахминан мана бундай ижод қила бошладилар. Керакли материални ахтариб топадилар, уни маҳорат билан очиб берадилар ижобий образлар билан тўйинтирадилар, янги аломатлар киритадилар ва марҳамат қилиб “тасқара” тайёр бўлади.

Руҳ қани? Қани янги руҳ? Лоқайд кузатувчининг совуқ, ҳиссиз, бачкана байтлари. Шундай қилиб шеърият қотиб қолди. Унда ҳарорат йўқ, ундан совуқ нафас келарди. Шеъриятнинг тузилишини у ёки бу аломатлар, атрибутлар эмас, балки руҳ ўзгартиради… Шеъриятнинг халқчиллик характерини ҳам фақат мавзу ва халқ ҳаётининг кўринишлари белгиламайди. Буларсиз ҳам, шубҳасиз, мумкин эмас. Бироқ, бу ўринда энг асосийси асардаги руҳ, ботиний маънодир.

—————————
Руҳ қани? Қани янги руҳ? Лоқайд кузатувчининг совуқ, ҳиссиз, бачкана байтлари. Шундай қилиб шеърият қотиб қолди. Унда ҳарорат йўқ, ундан совуқ нафас келарди. Шеъриятнинг тузилишини у ёки бу аломатлар, атрибутлар эмас, балки руҳ ўзгартиради… Шеъриятнинг халқчиллик характерини ҳам фақат мавзу ва халқ ҳаётининг кўринишлари белгиламайди. Буларсиз ҳам, шубҳасиз, мумкин эмас. Бироқ, бу ўринда энг асосийси асардаги руҳ, ботиний маънодир.
——————————

Шоир худди халқ ҳис қилгандек ҳис қилиши керак. Ҳисларнинг айнан ўхшашлиги ва ниҳоят ҳисларнинг ғоявий йўналиши муҳимдир. Агар биз бундан кейин ҳам ўзимизга нисбатан муҳим ва зарур нарсаларни, воқеаларни намуна қилиб кўрсатиш учунгина сафарбар қилганмиз, деб ҳисобласак, ўқувчи адабиётга иккинчи даражали ҳодиса сифатида, ёрдамчи восита, худди хизматчи сифатида қарайди. Биз, ахир озми-кўпми айнан ана шундай намуначиларга айланиб қолмоқдамиз.

Адабиёт ҳаётий курашнинг олдингиз сафларида курашиши керак. унинг ҳар бир сўзи бутун ҳаёт томонидан ҳар куни айтилаётган тараққиётнинг сўзи янглиғ мустақил бўлиши керак. адабиётга кенг уфқлар учун курашиш энг зарурий шартдир. Шунинг учун ҳам ёзувчи ҳаётда қандай ўрин эгаллайди, унинг роли ва аҳамияти нимада деган масалаларни тўғри тушуниш ҳам шунчалик муҳим ва зарурдир. Агар ёзувчи ўзини бошқаришни “маъмурлар”, администраторлар ихтиёрига топшириб, ип билан боғлаб берса, худди қўғирчокдек унинг хоҳишига қараб боши ва қўлларини қимирлатиб турса, бундай “ижодкор”дан ҳеч қандай сезиларли асар кутиш мумкин эмас.

Улкан, буюк асар фақат мустақил фикрловчи ёзувчи қаламидангина бунёдга келиши мумкин. Ҳаётимизни, мана шу янги дунёмизни биз ҳаммамиз – иқтисодчи ҳам, сиёсатчи ҳам, шоир ҳам биргаликда, бир вақтда яратаётганимизни англаб етишимиз керак… Ҳеч қандай истиснога йўл қўймаслик, таҳқирлашга ҳаракат қилмаслик керак. Дунё бизнинг ҳаммамизга тегишлидир! Унинг яратилишида, инсоният тараққиётининг бу тўхтовсиз ижодкорлик фаолиятида шоир ҳам сезиларли ўрин эгаллайди. У бу умумий фаолиятнинг шундай соҳасида мустақил ишлаши керакки, токи у ерда унинг поэтик ўзлиги, ўзига хослиги нисбатан яхшироқ намоён бўлсин.

Миллий адабиёт муайян бир бирлик, мустақил организм сифатида мавжуддир. Бироқ у ўз ҳолича яшай олмайди. Алоҳидалик тарафдорлари – тор, миллий биқиқлик, юзаки халқчиллик тарафдорларидир. Биронта ҳам миллий адабиёт нисбатан кенг таъсирдан ўзини мутлоқ тўсиб қўя олмайди. Мабодо бунга уринса, бундай адабиётга макон, ҳаётбахш ҳаво етишмай қолади, у тезда ўз қобиғида бўғила бошлайди. Ҳозир “буюк ҳитой деворни” тиклаш имкони анча даргумон…

Айни вақтда миллий ранг-барангликнинг нафис қирраларини хираланишига йўл қўймаётган халқ ижоди намуналари шеъриятга қанчалар ҳарорат олиб кирмоқда. Умумий характердаги деклоратив шеърларни қайси миллатга мансублигидан қатъи-назар, хоҳлаган шоир ёзиши мумкин. Миллий нақш, орнамент ҳатто соф ташқи характерга эга бўлганида ҳам, оз бўлса-да шеърнинг миллий оҳангдорлигини, мусиқийлигини юзага чиқаришга, таъкидлашга ёрдам беради, биринчи навбатда кўзда тутилган миллий китобхонга шеъриятни яқинлаштиради.
Халқчил ибора, халқ қўшиқларидаги поэтик бирикмалар оғзаки метафораси – янги образларнинг келиб чиқиши, тараққиёти ана шу ердан бошланади. Миллийлик – аниқ рангли ипдир, ундан тўқилган кўйлак нисбатан ёрқинроқ кўринишдаги кўйлакдан кўзга ёқимлидир… Поэзиянинг умумий матосида миллийлик худди ана шундай аниқ чизиқ, ипдир. Шубҳасиз, нисбатан кўп таъсирланиш мавжуд, лекин сохта тақлид аста-секин рангини йўқотиб боради. Ўзини ўзи фош қилади. Биз эса олға қадам ташлаймиз. Нисбатан узоқроққа…

————————-
Миллий адабиёт муайян бир бирлик, мустақил организм сифатида мавжуддир. Бироқ у ўз ҳолича яшай олмайди. Алоҳидалик тарафдорлари – тор, миллий биқиқлик, юзаки халқчиллик тарафдорларидир. Биронта ҳам миллий адабиёт нисбатан кенг таъсирдан ўзини мутлоқ тўсиб қўя олмайди. Мабодо бунга уринса, бундай адабиётга макон, ҳаётбахш ҳаво етишмай қолади, у тезда ўз қобиғида бўғила бошлайди. Ҳозир “буюк ҳитой деворни” тиклаш имкони анча даргумон…
—————————

…Ҳиссиётнинг тадрижий ўсиш ва пасайиб бориш даражаси, шкаласи… Шеър қанчалик ҳиссиётга тўлиқ бўлса, таъсири шунчалик кучлироқ бўлади. (Фақат ҳиссиётни кўнгил бўшлик, сентименталлик билан чалкаштириб юбормаслик керак, таъсирчан, ҳиссиётли ёзадиган шоирни кўнгли бўшлик ёки сентименталлик, йиғлоқиликда айблаш гуноҳдир.)

Тўғри ҳиссиётни маълум бир меъёрда кузатиб, бошқариб туриш зарур, уни жиловлаб туришни уддасидан чиқиш керак, акс ҳолда тўсиқ билмас туйғулар оқими ҳақиқатан ҳам кўнгли бўшлик, йиғлоқилик, сийқаси чиққан ҳиссиёт денгизига суриб кетиши мумкин. Мардонавор қатъият, сабот керак. Лекин ўзни ҳаддан ташқари оғир, вазмин тутиш ҳам унча маъқул эмас. Биз ҳозир ҳаммамиз ҳам донолик қилишни ёқтирмаймиз: ўқувчига фалсафий характердаги, йўгалишдаги қисқа ҳикматли сўзларни, фалсафий фикр, шеърнинг фалсафий тугалланмасини тутишга ҳаракат қиламиз. Шунга қарамасдан фалсафа илмий фандир. Шеърият учун у асосий мақсад эмас, балки теран мазмунни ахтариб топиш, излаш, юзага чиқаришда шеъриятнинг бошқа барча воситалари каби, асосий воситалардан бир манба холос.

…Некбинлик дедингизми? Дадил, жасур некбинлик, оптимизм ҳам жонга тегди. (Ҳамма ерда ва ҳаммада бахтли тугалланма, натижа ва оқибат) …У руҳий драматизмни, фожиавий ҳолатларни теран идрок қилишни, инсоннинг ўз-ўзи билан қаҳрамона курашини таг-томири билан юлиб, улоқтириб ташлади. Гўё бундай зиддиятлар, бундай курашлар ҳеч бўлмагандек. Ҳамма саволларга аввалдан тайёрлаб қўйилган жавоблар мавжуд эди. Ҳамма нарса аниқ ва тушунарли бўлиши керак эди. Охиригача. Иккиланишларчи? Шубҳаларчи? Дардчи? Ахир, енгиб бўлмас, ззр ҳаётий ғовлар билан бўлган драматик ёки фожиавий курашларда биз фақат жанг қилишни, енгишни уддалай олганмиз, хушчақчақ бўлганимиз учунгина иродали бўлмай, балки дард чеккан вақтда ҳам кучлимиз.

Биз ўлим билан курашда ҳам ўзимизнинг мислсиз ғайриинсоний ғайратимиз туфайлигина кучлимиз. Биз ўлим билан курашда ҳам ўзимизнинг мислсиз ғайриинсоний ғайратимиз туфайлигина кучлимиз. Шоир ҳам ҳар қандай инсон каби чекинади, йиқилади ва яна қаддини кўтаради. Ҳаёт шундай… Пардани кўтариб қалб саҳнасида қандай улкан, қаҳрамонларча кураш кетаётганини кўрсатиш керак. Фақат курашнинг натижасини эмас, балки кундалик ҳаётда ўлимни енгаётган, оптимистик иштиёқ, чанқоқлик билан тўлиб-тошган курашнинг ўзини кўрсатиш керак. Ҳа, ҳа, фақат натижа, оптимистик тугалланма, курашнинг натижасини эмас… Бундай йўл тутиш юзакилик ва сийқалаштириш бўлар эди…

Ҳақиқий оптимизм, некбинлик талаб қиласанми, йўқми ундан воқиф бўлмай курашишдир. “Оптимистлар”нинг уруғи шундай кўпайиб кетдики, аслида улар оғир дақиқаларда ҳамма нарсани унутиб, ташлаб, ваҳима остида жанг майдонини ташлаб кетишга тайёр турган қўрқоқ кимсалардир. Ҳаётга кучли, матонатли, довюрак инсонлар керак. У зиддиятли қалбларни талаб қилади. Биз эса ҳатто ўткинчи қайғудан, енгил ғам-ғуссадан ҳам қўрқамиз…

Наҳот биз шу қадар ожиз бўлсак, иродамизга, ўз кучимизга шунчалар ишонмасак? Инсон ҳаётининг моҳияти, маъноси… Нима учун инсон ожиз? Нима учун бутун ҳаёти давомида нимагадир тобе? Нима учун унинг бутун ҳаракати кимнидир иродасига, майлига итоат этади? Нима учун туғилгандан кейин, уни худди соат механизмидек аниқ ва қонуний ҳаракатга келтирувчи қандайдир ички руҳий мосламани қабул қилади? У ана шу асрий қонунни бартараф қилиб, шахсий интилишлари билан ҳамоҳанг ҳаракат қилиш эркига эга бўла оладими? Нима учун унинг ҳаракатлари абадий, доим сабабиятли? Инсонга шунга ўхшаш кўплаб масалалар тинчлик бермайди, уни қийнайди. Худди ана шунда у ўзининг табиий борлиғига, ўз-ўзига қарши исён кўтара бошлайди. У буюк инкорга қадар табиатнинг номаълум кучларига қарши каинона исёнга қадар кўтарилади. Ўзининг исёнли инкори, норозилиги даврида улкан Давид Микеланжело билан тенглашади. Инсон ўзидан қудратлироқ куч мавжудлиги учун бош кўтармайди, исён қилмайди. Уни бу тенгсиз курашга майда ҳасад, сўқир ўч ҳисси етаклайди. Йўқ. У табиатда яширинган, ундан қудратлироқ ва буюкроқ бўлган ботиний номаълулик билан тенг бўлишни хоҳлайди…

Инсон ўзи учун барча муносабатларда буюк, мукаммал, гўзал ва ҳаққоний бўлган идеални яратган. Табиатда яширин бўлган ана шу математик “номаълумлик” эса уларни бошқаради. Унга етиб олиш ва у билан тенглашиш имкониятига эга бўлмаган инсон ҳаммавақт ўзининг шахсий фантазиясига, ўзининг яратганига, ижодигав қарши исён кўтаради. Инсон уни яратган табиат ўзининг асрий қонунларига итоат қилишга, бўйсунишга мажбур этаётганини доим ҳис қилиб туради. Инсон эса қул бўлишни хоҳламайди. Шунинг учун ҳам абадий исёнкор бўлиб қолади. Ҳар бир янги давр инсон олдида давидона юксакликни тиклайди. Инсон табиатдаги “тафаккур”ни қўлга киритмоқчи, хаёлнинг ақл бовар қилмайдиган элементини мавжудликка айлантирмоқчи. Инсон ўзининг ва табиатнинг мавжуд кучлари ўртасидаги мувозанатни тиклаш иштиёқида ёнмоқда.

Ахир у алоҳида шахс сифатида олинганда ўлмас, абадий эмас-ку, нима қилиши керак? Инсоният абадий, инсоният боқий. Инсон ўзининг “қўл етмайдиган” азимлик билан бўйланган доимий курашида ўсади ва камолга етади… Агар биз унинг фантазиясидаги бу кашфиётни емирсак, у ўзи ўсиб чиқиши лозим бўлган юксакликни, “мутлоқ мезонни” кўра олмай қолади, мақсад қуёшини пайқолмайди. Нур манбаига, эътиқод, гўзаликка интилиш инсонни худди гимнастика баданни такомиллаштиргандек мукаммаллаштиради ва маънавий ўстиради. Буюк инсоний туйғу бўлган муҳаббат ҳам ана шу доимий олға ва юқорилаб борувчи ҳаракатга итоат қилади… Эътиқодга эришиш учун кураш машаққатли, ҳеч қандай муросасозликка йўл қўймайди… Шунинг учун ҳам инсон бу курашда тез-тез мағлубиятга учраб туради. (Айтишларича, Бетховен ўлими олдидан деразани ланг очиб, юзлари оғриқдан буришган ҳолда, ўлими муносабати билан уни чақмоқ билан сийлаётган ва момақалдироқли бонг ураётган осмонга мушт билан ўқталган экан. Ҳа, инсон доим коинотга таҳдил қилган…)

Шахсий ожизлигини ҳис қилиш инсон фаолиятида кўпинча фожиавий ҳолатларга, тушкун ва умидсиз хулосаларни чиқаришга олиб боради. (Негаки, баъзан унга жуда ҳам қийин бўлади…)

Бироқ, яхши диққат қилинса, шундай асарнинг ботиний маъносида асосий умидсизлик оҳанги билан бирга, у билан ёнма-ён, яширин жарангловчи қаршиликнинг исёнкор оҳангини эшитасиз. Бу қаршиликка чақиришдир…
Агар шоир мақсадга (мақсад – Микеланжело улкан Давиднинг ўсиш нуқтаси) етиш мумкин эмас, деган фикр билан муросага келса, ўзига нисбатан миллионларча кучлироқ бўлган табиат олдида, борлиқнимнг асрий қонунлари олдида таслим бўлса, ўзининг эркин Икар қанотларини ҳаракатдан тўхтатса, унда у маънавий курашда ютқазади, у зимистон қаърига сингиб кетади. Шоир ўзининг “яшаши” хусусидаги масалани ўзга шахсга топширади…

У энди ўз ҳаётини ўзи бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. У ўз қудратига ишонмайди. Уни ақидалар енгиб қўяди. У ўз шахсидан ҳам ожизроқ бўлиб қолади. У ўз тақдирини кучлироқ кимсага ишонади. Кучлироқ, лекин номаълум кимсага… Фақат номаълумни билишни хоҳлаган, уни маълум қилишга уринган кишигина қудратлидир. Бу эса машаққатли тенгсиз, курашдир. Бироқ бу кураш ҳамма жабҳаларда – фанда, санъат, шеърият, ҳаётда мангу давом этади ва инсон ҳам мана шу курашларда ўсади, камолга етади. У улкан мармар Давид билан тенглашиш иштиёқида… Ўсиб, ета оладими? Эҳтимол, ета олмас ҳам…

Энг муҳими шуки, у етишни хоҳлайди… Ҳаётининг мазмуни, яшашдан мақсади ҳам ана шунда. Инсон учун берилган ҳаёт қисқа бўлса ҳам, у шуни хоҳлайди. Унинг фаолият тарихидаги ҳаёти абадий, мангудир. Буни тушуниб етриш эса жуда муҳим. Инсоннинг фаолияти, кураши мукаммалликка етишиш учун уриниши ва ҳаракати, Давид билан тенглашишга бўлган иштиёқи уни боқий ҳаётга тайёрловчи омилдир. Ўзининг инсоний лаёқатини амалга ошириш ва ҳаётнинг, яшашнинг маъносини англаши учун унга “йиғимизнинг камтарона улуши” ҳам етарлидир…

…Шеъриятни идрок қилишда биз унинг юрак уришини, мия фаолиятини, лабларининг илиқ ҳароратини, ҳароратли нафасини ҳис қилишимиз керак. У инсон сингари жонли бўлиши керак. Мабодо жонли танани ҳис қилмасанг, у ўликдир. Жонсиз мурданинг тириклар учун нима кераги бор? Уни дафн қиламиз, жуда борганда ёдгорлик ўрнатамиз, жойи жаннатда бўлсин, ухлайверсин…

Тирикларга эса чақалоқ жонли ҳаёт ҳақида қичқирсин.

Биз юксалишда қанчалар вазмин, жиддиймиз! Қанчалар ҳиссизмиз, лоқайдмиз! Тиниқ, шаффоф сув оқимининг доимий ҳаракатига, доимий ўзгаришига ҳавас билан, иштиёқ билан боқолмаймиз. Бир хил, ягона услубга, ягона шаклга (ва ниҳоят ягона формулага) ўрганиб, кўникиб қоламиз бирон кимса ўзгармасин, бузмасин ёки худо кўрсатмасин яна қандайдир янгисини тавсия этмасин, деб доим ҳадиксираб, қалтираб юрамиз. Баъзан эса ҳаётбахш шаббода нафасини ҳис қилгач, қовоғимизни уямиз.

Вақтнинг оқими, тезкорлиги ҳақида, нарсаларнинг ўрни алмашиши ва билишнинг тараққиёти ҳақида мулоҳаза юритамиз, ўзимиз эса турғунлигимизни эҳтиёт қиламиз, ўтмишнинг кўғна иморатига ёпишамиз. Акс ҳолда нима учун дадил тажрибалардан кўпроқ ваҳимага тушамиз, қўрқамиз? Майлига, бир-икки марта панд ейлик ишимиз ўнгидан келмасин. Лекин бизда муваффақиятли натижага қадар, унга эришишга қадар изланишни давом этириш имкони бўлади.

—————————
Янги тажриба қўл остимизда мавжуд ҳамма яхши, илгари биз томондан кашф этилган нарсаларни йўққа чиқаради деб ҳадиксираймиз. У улкан тош қоя сингари бизнинг орамизга ўзининг барча манфий томонлари билан жойлашиб олади-да, биз уни ҳеч қачон ўз орамиздан ҳайдаб чиқара олмаймиз деб шубҳа қиламиз. Ҳаракат қилишдан, илгарилашдан қўрқиб баъзан фақат қўлга киритилган эзгуликнигина ҳимоя қилиб қолмасдан, балки унга қўшимча қилиб оддий ёвузликни ҳам ҳимоя қиламиз. Нуқсон ва ёвузликка келишувчилик билан муносабатда бўла бошлаймиз. Ёвузлик эса доим эзгулик билан ёнма-ён, унга жуда ҳам яқин яшайди.
————————

Янги тажриба қўл остимизда мавжуд ҳамма яхши, илгари биз томондан кашф этилган нарсаларни йўққа чиқаради деб ҳадиксираймиз. У улкан тош қоя сингари бизнинг орамизга ўзининг барча манфий томонлари билан жойлашиб олади-да, биз уни ҳеч қачон ўз орамиздан ҳайдаб чиқара олмаймиз деб шубҳа қиламиз. Ҳаракат қилишдан, илгарилашдан қўрқиб баъзан фақат қўлга киритилган эзгуликнигина ҳимоя қилиб қолмасдан, балки унга қўшимча қилиб оддий ёвузликни ҳам ҳимоя қиламиз. Нуқсон ва ёвузликка келишувчилик билан муносабатда бўла бошлаймиз. Ёвузлик эса доим эзгулик билан ёнма-ён, унга жуда ҳам яқин яшайди.

Баъзан ёвузлик ўрмондаги фойдали ва ёқимли, яхши қўзиқорин билан ёнма-ён ўсган заҳарли, ярамас замбуруғ каби узоқ йиллар яшайди, зарарли ҳаёт кечиради. Заҳарлигини юлиб ташлашдан чўчиймиз, негаки фойдали ва ёқимлигини бехосдан нобуд, безовта қилиб қўямиз деган андишага борамиз. Қўрқув, андиша – ҳаракат, интилиш йўлидаги энг улкан тўсиқ, тўғаноқдир.

…Биродар, агар сен шеърият ҳақида фикр юритмоқчи бўлсанг, энг аввал сен уни яхши ҳис қилишинг, сўнгра эса яхши тушуна олишинг керак. Энг аввало қалб билан, ундан сўнг эса онг билан… Дастлаб ўзида енгил ва ёқимли шаббодадек Ҳофиз шеърияти нашъасини ташувчи эпкиннинг сийпалашини юзларингда ҳис қилишинг керак, фақат ана шундагина унинг муаттар бўйидан қониқиб нафас оласан.

08

05    Эдуардас МЕЖЕЛАЙТИС (1919.3.20, Литва Республикаси — 1999, Вильнюс) — Литва халқ шоири (1974). 2-жаҳон уруши қатнашчиси (1943). Ижоди 1935 й.дан бошланган. Дастлабки шеьрий тўпламлари («Лирика», 1943; «Ватан шамоли», 1946) Литва халқ қўшиклари, эртак ва афсоналари руҳи б-н суғорилган бўлиб, уларда айни пайтда Саломея Нерис лирикасига хос хусусиятлар сезилиб туради. «Қардошлик достони» (1954) «Бегона тошлар» (1957), «Юлдузлар этагида» (1959), «Ках- рабодаги қуёш» (1961), «Автосурат. Авиалавҳалар» (1962), «Жанубий ман- зара» (1963), «Кардиограмма» (1964),«Созим» (1974) каби шеърий тўпламлар муаллифи. Межелайтис бу асарларида шаклий изланишларга алоҳида эътибор берган ҳолда воқеликни чуқур фалсафий идрок этиш, лирик қаҳрамоннинг руҳий олами ва моҳиятини мураккаб образлар силсиласида очишни ўзининг асосий ижодий тамойилига айлантириб борди. Межелайтис «Инсон» (1961) шеърлар китобида ўзига замондош инсон образини космик кенгликларни ўзлаштира бошлаган халқнинг тимсоли, ўзгариб бораётган жамиятнинг тўла қонли эгаси сифатидаги образини яратди. Ушбу асар шу даврда ўзбек шеъриятида инсон образига эътиборнинг кучайиши, инсон ва эзгулик мавзуининг катта мавқе касб этишига туртки берди.
Межелайтис лирик шеърият б-н бирга эссе жанрида ҳам самарали ижод қилган. Унинг «Лирик этюдлар» (1964), «Нон ва сўз» (1965), «Тунги капалаклар» (1966), «Бу ер — Литва» (1968), «Антакольнис ба- раккоси» (1971), «Монологлар» (1981), «Соз ва мойбалиқ» (1984) каби китобларидан ёшлик хотиралари, Литва шоирларининг ва ўзининг ижодий тажрибалари ҳақидаги, Литва маданияти ва шеърият ҳақидаги ўй-мулоҳазалари ўрин олган. «Инсон» шеърий тўплами ва «Тунги капалаклар» эсселар китобидан парчалар ўзбек тилига таржима қилинган (1963).

Eduardas MEJELAYTIS  (1919.3.20, Litva Respublikasi — 1999, Vil`nyus) — Litva xalq shoiri (1974). 2-jahon urushi qatnashchisi (1943). Ijodi 1935 y.dan boshlangan. Dastlabki she`riy to’plamlari («Lirika», 1943; «Vatan shamoli», 1946) Litva xalq qo’shiklari, ertak va afsonalari ruhi b-n sug’orilgan bo’lib, ularda ayni paytda Salomeya Neris lirikasiga xos xususiyatlar sezilib turadi. «Qardoshlik dostoni» (1954) «Begona toshlar» (1957), «Yulduzlar etagida» (1959), «Kax- rabodagi quyosh» (1961), «Avtosurat. Avialavhalar» (1962), «Janubiy man- zara» (1963), «Kardiogramma» (1964),«Sozim» (1974) kabi she’riy to’plamlar muallifi. Mejelaytis bu asarlarida shakliy izlanishlarga alohida e’tibor bergan holda voqelikni chuqur falsafiy idrok etish, lirik qahramonning ruhiy olami va mohiyatini murakkab obrazlar silsilasida ochishni o’zining asosiy ijodiy tamoyiliga aylantirib bordi. Mejelaytis «Inson» (1961) she’rlar kitobida o’ziga zamondosh inson obrazini kosmik kengliklarni o’zlashtira boshlagan xalqning timsoli, o’zgarib borayotgan jamiyatning to’la qonli egasi sifatidagi obrazini yaratdi. Ushbu asar shu davrda o’zbek she’riyatida inson obraziga e’tiborning kuchayishi, inson va ezgulik mavzuining katta mavqe kasb etishiga turtki berdi.Mejelaytis lirik she’riyat b-n birga esse janrida ham samarali ijod qilgan. Uning «Lirik etyudlar» (1964), «Non va so’z» (1965), «Tungi kapalaklar» (1966), «Bu yer — Litva» (1968), «Antakol`nis ba- rakkosi» (1971), «Monologlar» (1981), «Soz va moybaliq» (1984) kabi kitoblaridan yoshlik xotiralari, Litva shoirlarining va o’zining ijodiy tajribalari haqidagi, Litva madaniyati va she’riyat haqidagi o’y-mulohazalari o’rin olgan. «Inson» she’riy to’plami va «Tungi
kapalaklar» esselar kitobidan parchalar o’zbek tiliga tarjima qilingan (1963).

08

04
EDUARDAS MEJELAYTIS
«TUNGI KAPALAKLAR» KITOBIDAN
Asqarali Sharopov tarjimasi
01

O’QUVCHIGA

071Inson hayotida uning butun kelajagini belgilab beruvchi voqealar bo’ladi. Yozuvchilarning yigirma yil muqaddam bo’lib o’tgan mashhur bir yig’ilishi men uchun ana shunday voqea bo’ldi. Mening adabiyotdagi haqiqiy yo’lim ana shu voqeadan boshlanadi, yozuvchi mehnati haqidagi barcha mulohazalarim o’z ibtidosini shu voqeadan oladi. Men ushbu kuzatish va mulohazalarni taxminan o’sha vaqtda yozishga kirishgan edim. Ularda izlanishlarning notekis, mashaqqatli, murakkab yo’li aks etgan. O’shandan buyon qancha suvlar oqib ketmadi. Ko’plari allaqachonlar unut bo’lib ketdi, hozir mening o’zim uchun ham o’zgacha tuyuladi. Shunday bo’lsa ham o’zimning ko’p yillik qaydlarim, mulohazalarim, xulosalarimdan ayrimlarini saralab, ular bilan o’quvchini tanishtirishga jur’at qildim.

Agar o’quvchi shoirning ijodiy yo’lini kuzatsa, bu uning uchun qiziqarli va foydali bo’ladi. Shoir – robot ham, mexanizm ham emas. Siz bu kitobda ko’plab munozarali, bir-biriga bog’lanmagan va ko’pincha ziddiyatli fikrlarni (chunki haqiqatga olib boruvchi yo’l to’ppa-to’g’ri emas), qaytariqlarni uchratasiz. Fikrlar Edgar Po asaridagi qarg’a singari charx uradi, shu bilan birga ular yuqoriga o’rlaydi, ularni yulduzli samo o’ziga rom etadi…) Bunda pand-nasihat yo’q, bu shoirning shunchaki ichki monologi, o’z-o’zi va do’stlari bilan samimiy suhbatidir. Shunday qilib, ushbu mulohazalarimni o’quvchiga, kitoblar ham xuddi insonlar kabidir, degan umid bilan taqdim qilaman.

Yaratish o’limni mavh etish demakdir.
Romen Rollan

Muhtaram do’stim! Siz meni ayblanuvchi kursisiga o’tqizib sizningcha, mening o’zim ustimdan chiqarganim ayblovchi hukmni o’qib eshittirdingiz… Siz Qonun nomidan hukm chiqarishga vakolat olgansiz, sizga shunday huquq berilgan. Mening mavqeim nisbatan kamsuqumroq – men o’zimni faqat o’z nomimdangina himoya qilishim mumkin. Men uchun faqat yakkayu-yagona imtiyoz – oxirgi so’zni aytish huquqi saqlanib qoladi xolos.

To’g’risini aytganda, bu unchalik ham katta imtiyoz emas. Mabodo hali dahshat mening giribonimdan olmagan ekan, mabodo men kelajak uchun ko’z yoshi kabi tiniq va
haq so’zni qoldirish uchun gapira olsam, o’zimni himoya qila olsam, nima uchun endi bu imtiyozdan foydalanmay axir. Mabodo kelajak ham meni gunohkor deb bilsa siz hech narsani havf ostida qoldirmaysiz, hech narsa yo’qotmaysiz ham. Mabodo u har qalay mening ba’zi dalillarimni e’tiborga olsa (ehtimol u vaqtlarga kelib menga gunoh sifatida yuklatilgan qilmishlarim endi jinoyat deb hisoblanmas?!) unda dunyoda har holda bitta bo’lsa ham “jinoyatchi” kamayadi. Mening anglashimcha, shoir sizga hayotni murakkablashtirib va qiyinlashtirib yuborgan. Sizning tasavvuringizcha, uning she’riyatsiz yashashi har holda nisbatan osuda va qiziqarli bo’lar edi. Sizning ayblovchi nutqingizning butun shavqi ham xuddi ana shu bilan izohlanadi…

Men boshqacha fikrdaman: menimcha, Sizni shoirlarning taqdiri hamma narsadan ham kamroq hayajonlantiradi. Shuning uchun ham, menga ishoninglar, men bunday noma’qul gaplarni yozmayman. Siz o’z ayblovchi nutqingizda meni “ruxsatingiz bilan shoir” deb atadingiz… Bunday xatti-harakatlar men uchun aybnoma bo’lib, men ularni hatto tushimda ham amalga oshirishni o’ylamaganman. Shunga qaramay, o’z-o’zingni himoya qilish mushkuldir. Sen o’zingni shoir ekanligingni isbotlashga urinib ko’r-chi? Sen jamiyat uchun qandaydir foydali ish qilganingni isbotlashga urinib ko’r. Qanday isbot qilasan? Bu o’rinda guvohlarning yordam berishlari amrimahol. Ko’plarning faoliyatlarini, o’zlarining ishlarini muayyan qonunlar, formulalar yoki ilmiy tajribalar yordamida aniqlash, tekshirish mumkin. Mening faoliyatimning ziyon yoki foydasini faqat vaqtgina baholay oladi. Mening qo’limdan asosiy qurolim tortib olingan, men o’zimni boshqa hech narsa bilan himoya qila olmayman. Men faqat o’zimga berilgan huquq – oxirgi so’zni aytishdangina foydalanishim mumkin. Nima bo’pti, so’nggi imtiyozdan foydalanishga harakat qilaman. Xushchaqchaq Epikur qachonlardir “falsafiy bahsda mag’lub tomon yutib chiqadi, chunki unga nisbatan ko’p dalillarni keltirishga to’g’ri keladi”, deb ta’kidlagan ekan. Shunday qilib, ancha ilgari aytilgan, hozirda esa o’zining ta’sir kuchini yo’qotgan, hurmatli, dono faylasuflarning kamchiligi hisoblangan bu fikr sizni tahlikaga solmasa, men o’z so’zimni boshlashga tayyorman…

YAQIN UFQLAR

Haqiqiy san’atkor asriy aqidalar bilan to’qnashishdan qo’rqmasdan nimani o’ylasa shuni ifodalaydi.
Ogyust Roden

…Yozyapmanmi? Yo’q. Har safar yozishga o’tirganimda qandaydir yangilikni bilishga harakat qilaman. Hanuzgacha faqat o’qiyman… Kuni kecha bir shoirning uncha katta
bo’lmagan she’rlar kitobini o’qib chiqdim. Yaxshi yozadi. Satrlar orasiga fikr, g’oyani ustalik bilan yashira oladi. Harbiy ocharchilik yillari oriqlab ketgan tanadagi qobirg’alar singari ular (g’oya, fikr) yaqqol ko’zga tashlanib, o’quvchining g’ashiga tegmaydi, o’zining yalang’ochligi bilan o’quvchini behuzur qilmaydi. Biroq, yo xudoyim, uning bu fikrlari qanchalar yuzaki va sayoz. Mavzular qanchalik ahamiyatsiz va mayda! Urush!

Insoniyat boshiga beqiyos qayg’uli voqealar yog’ilgan davr… Buyuk va beqiyos voqealar. Ularni aks ettirayotgan san’at esa shunchalar bachkanalashib ketgan… Oldingi – katta plan yetishmaydi. Hech kim pardadan oldinga chiqmaydi.

Orqada, ba’zan esa hatto hayotdan orqada uymalashib yuramiz.

She’rlarimni nashrga tayyorlatib yana bir qarab chiqdim, o’zimning unchalik uzoq bo’lmagan ijodiy yo’limni tahlil qilib ko’rish imkoniga ega bo’ldim. Voy-bo’y! Qanchalar mayda, keraksiz, sayoz narsalar yozib tashlangan!.. Nahot endi shunday she’riyat inson tuyg’ularini junbushga keltira oladi, ularni okean to’lqinlari yanglig’ mavjlantiroladi? Chizib tashlab varaqma-varaq savatga tashlayman. Hech qanday afsuslanish yo’q: yaxshisi yo’qmi – yomoni ham kerakmas… Men endi hech qachon bu she’rlarni eslamayman ham. Sizlar esa talab qildilaring… Sizlar esa ezdilaring, yanchib tashlamaguncha ezdilaring. Marhamat, mana natijasi. She’riyat faqat o’z asrining hodisalari, o’z davrining g’oyalari bilan to’yingandagina boy va ahamiyatlidir. Mana, yangi ijtimoiy tuzum kishisining tug’ilishini aks ettirgan Gyotening “Faust”i yoki eskilikni ilondek chaquvchi Geyne satirasi, yoki Bayronning romantik norozilik ifodalangan “Don Juan”i yoki Mayakovskiy… (Uning she’riy “shakli”ni qabul qilish yoki qabul qilmaslik mumkin, lekin uning poeziyasini uloqtirib, chizib tashlab bo’lmaydi, chunki unda davrning ovozi yangrab turipti. Uning poeziyasi ulkan g’oyalar bilan to’yingan. Unda revolyutsion davrning qalbi depsinib turipti. Shunday shoirga shon-sharaflar bo’lsin!) Bilishni xohlayman: bunday sayoz fikrlashlar qaerdan paydo bo’ldi? Nahot bizning kunlarimiz shoirga uni ana shu barcha “temachalar”dan yuqori ko’tarilishi va poeziyaning Ximolay yuksakliklariga eltishi uchun burgut parvozini baxsh etmayotgan bo’lsa? Hozir shoir xuddi yurak oldirgan quyondek yerga qapishib olganga o’xshaydi, u faqat o’zining unchalik baland bo’lmagan ana shu kuzatish maydonidan ko’zi tushgan narsalar haqidagina yoza oladi xolos. Atrofni qo’rqib va ehtiyotkorlik bilan kuzatadi, xudo ko’rsatmasin, axir kimdir uni “egallab olgan maydoni”dan chiqarib yuborishi mumkin. Bu kimga kerak? Shabboda, bizning hammamizga ko’proq hayotbaxsh shabboda kerak! Endi sayoz qirg’oqlar jalb etmaydi. Ha, Pol` Valeri nima degan edi? “Meni rom etmaydi dengiz ko’piklari, faqat dengiz teranliklari tortadi dilim”. To’liq qo’shilaman.

Poeziya – ba’zi eski-tuski, tarixiy yodgorliklarni muhofaza qiluvchi komissiyaga tobe emas. O, yo’q… U insonni olijanob qiladi, uni kundalik hayot tashvishlaridan baland ko’taradi, tuyg’ulariga jilo beradi, ruhini poklaydi. Poeziyani inson qalbini muloyimlashtiradigan, yuvvosh qiladigan yoki uni zanglagan tunukaday g’ijimlab, ezadigan ijod turi deb bag’olab bo’lmaydi. Bu mutloq poeziya emas. Agar o’z asaring orqali kishilarga o’z qalbing, shaxsiyatingning muayyan bir qirralarini, zarrachalarini bermoqchi, in’om etmoqchi bo’lsang, eng avvalo o’zing samimiy inson bo’lishing kerak. Faqat billurdek pok, toza shaxsgina haqiqiy poeziya ijodkori bo’la oladi. Lermontov she’riyati qanchalar yorqin, shaffof she’riyat!

Pushkin she’riyati-chi! Har qaysi misrada sodda va dono, bolalarcha oddiy va ko’p tajriba ko’rgan, ehtiyotkor va asov qalbning romantikasi, kayfiyati yashiringan. Salomeya Nerisni sevaman. O’ylab qolaman, kamdan-kam shoirlarning she’riyatida Salomeya Neris she’riyatidagidek olmos toblanishini, beqiyos shaffoflikni, kamalak rang jiloni uchratish mumkin… Robindranat Tagor haqida o’qiyman. Muvaffaqiyatsiz kitobcha. Sodda va ojiz, murosasoz shoir tomonidan yozilgan. Unda faqat Tagorning o’ziga taalluqli xususiyatlar, uning fikrlari yaxshidir.

Haqiqiy shoir va filosofning yorqin, tugal shaxsiyati ham ana shunda! Gumanistning ham. Tagor nuqtai nazaricha, poeziyaning asosiy maqsadi – inson ruhiy dunyosini nilufar oqligidek yorqin qilib yaratishdadir, insondagi insonni gavdalantirib ko’rsatishdadir.

Undagi “ichki insonni “ – insoniy shaxsni axtarib topishda, uni yuksaklarga ko’tarib, unga quyoshni ko’rsatishda, ana shu qidirib topgan “ichki insonni” chaqaloqdek o’z bag’riga bosib, unga o’zining o’ylari, orzularini, qalb haroratini berishdadir.

Agar biz mayda-chuyda fikrlar bilan o’ralashib qolsak, o’zimiz ham yuqoriga ko’tarila olmaymiz, o’quvchini ham yuksaklarga chorlay olmaymiz. Shoir, o’quvchi esa sening farzanding. Sen uni tarbiyalashing, xuddi shunday – tarbiyalashing kerak. boshqacha qilib aytish mumkin emas. U yoki bunday ozuqa berish – xohlaysanmi yoki yo’qmi tarbiyalashdir…

She’riyatda shoirning qalbi misralar orasida bahorgi erigan qorlar ostidan sizib turuvchi muzdek toza suv singari doim oqib turishi kerak. Darvoqe, uncha katta bo’lmagan intermediya.Qandaydir gazeta muharririning xati: “Biz Sizning… mavzudagi she’ringizni yuborishingizni xohlar edik…”

Nima uchun endi she’rni buyurtma bilan yozdirish kerak? Ilhom kelgan vaqtida shoirning o’zi yozaveradi, qofiyalangan so’zlar tizmasini ham gazetaga o’zi yuboradi. Dastlabki “qo’lga tushgan” baytlarga mahkam yopishib olmaslik kerak. Gazetachi esa xuddi shoirdan qasd olgandek, doim shunday qiladi. (“Ha, ha, biz baribir oldik… Xohlovchi topildi” tarzida).

She’riyatga ana shunday xiyonat qiladilar. Shuning uchun ham haqiqiy she’r bilan yonma-yon quyidagicha unchalar muloyim bo’lmagan yozuvlarni uchratib qolsak, buning hech qanday ajablanarli joyi yo’q.

She’riyat,
uni qanday anglamoq kerak?
Axir she’r bitishga
qo’l ursa
Xohlagan o’tkinchi…

…She’riy to’plamimni nashrga tayyorlamoqdaman. Ko’plarini tahrir qilishga to’g’ri keladi, ba’zan to’lig’icha qaytadan ishlash kerak bo’ladi. Dastlabki she’rdan faqatgina mavzu qoladi, xolos. Ozmuncha yozilmagan: ayrimlari yaroqli, yaroqsizlari ham yetib ortadi. Shuning uchun ham qimmati yo’qlarini, keraksizlarini mutloq achinmasdan chekkaga uloqtiraman… Hammasidan ham o’zimning ilk lirikamni tahrir qilish, ularga tartib berish mushkul bo’ldi. Ish emas, turgan-bitgani azob. Qiyomiga yetmagani (ba’zan sof texnik kamchiliklar) shunchalar ko’pki, ba’zi o’nqir-cho’nqirlarini shag’al bilan to’ldiraman, tekislayman… Qofiyani to’g’rilay boshlasang, misra, fikr, obraz so’ng butun she’riy band buzilib ketadi. Obrazni esa buzishni xohlamaysan, lirik kechinmani saqlab qolishga harakat qilasan kishi… Bir necha she’rlardan voz kechishga to’g’ri keladi: ularni tuzatish uchun hech qanday vosita topa olmayman. Ularning chiqindiga aylanishini esa xohlamayman. Menga ulardagi iliq, botiniy lirik kayfiyat qimmatlidir. Eng behuzuri bu she’rlarda mavhum simvolika, mavhum shartlilik ruhi hukmrondir… Ba’zan qandaydir detal`, arzimas bir narsa yetishmaydi, uni topsang she’r birdaniga jonlanadi, “havosiz bo’shliq”dan yerga tushadi. Bu she’rlarga tabiat quchog’idagi osoyishta turmushni tasvir etuvchi izchillik, she’riyatga xos o’tkinchilik xususiyati ko’proq xarakterlidir. Jussalar! Muskullar! Ko’proq inson tanasidan renessanscha hayratlanish!

Men “o’sha yorug’, oydin kunlarim”dan nisbatan uzoqlashib ketganimni his qilayapman: shu kunning talablariga hozirjavoblik bilan yozib, ruhan shafqatsiz bo’lib qoldim, qalbim dag’allashib bormoqda… Shunday qilib, bunday “hislar to’lib-toshgan” she’rlarga hozir yaqinlashib bo’lmaydi: dag’allashib qolgan qo’llar bilan “she’riyatning nozik, oltin to’qimasi”ga tegib ketsang, u so’kilib ketadi… Xullas mumkin emas. Mening birinchi she’riy tajribalarimning qanchalar noo’rin ekanligini uzoq vaqt davomida menga isbotlab kelishdi. Yolg’on! Hozir men undan zaifroq yozayapman. U she’rlar-chi… Haqiqatan ham, ular unchalik teran emas, sodda yozilgan, lekin ularda haqiqiy she’riyatning zarralari mavjud. Meni yo’ldan ozdirishganini endi sezyapman. Afsus… Menda endigina she’riyat uyg’ona boshlagan edi…

…Hamma balo shundaki, biz hayotning yuzasida yuribmiz… O’sha dastlabki she’rlar o’zida romantik, ko’tarinki zarra, kayfiyatni, nisbatan ichki yashirin ma’noni jamlaganday, qamrab olganday. Hozirgilarida esa ana shu ichki ma’no havolanib ketadi, uzilib qoladi.

O’ychanlik, orzu, xayol surish yo’q. Hayot qiyinchiliklarini yengib o’tolmaslikni fojeaviy his qilish yo’q, yashash ma’nosini izlash yo’qolib bormoqda. Yashashni falsafiy qamrab olish torayib ketmoqda. (Oh, bu kundalik tashvishlar!) Dunyoni poetik aks ettirish, falsafiy sintez qilish susayib bormoqda, go’yo hamma narsa she’rdagi metaforada yig’ilib, linza fokusida jamlangandek. Xullas, she’rda inson ruhini hayajonga soladigan narsa yo’qolib borayapti. Biz ko’proq sayoz qirg’oqlarni tanlayapmiz, ko’zimizni dengiz ko’piklari qoplab, berkitib qo’ymoqda, biz yuzada sudralib yuribmiz. Aslida bizga teranliklar kerak… Dengiz teranliklari!

Avvallari mening fikrlarim ana shu teranlikni qo’msar edi. Endi esa shilliqqurt kabi yer yuzasida sirpanib yuradi. Bu yassilik, tekislik esa har doim o’z ko’rinishini o’zgartirib turadi, turli narsalar paydo bo’ladi, yo’qoladi, yo’lda goh maysa, goh toshlar… Shuning uchun ham kim ana shu tekislik ustida sudralib yursa, undan hech qanday iz, nom-nishon qolmaydi.

Har qanday yangi shakl yangi mazmun kashf etadi, inson xotirasi taraqqiyotdan ortda qolganlarini chetga chiqarib tashlaydi. Xo’sh, unda nima doimiy bo’lib qoladi? Faqat insonning ichki dunyosida abadiy bo’lgan narsagina, ya’ni uning ruhi, tuyg’usigina yashab qoladi, xolos.

She’riyat xuddi ana shu yerga, ana shu “dengiz teranliklariga” yetib borishi kerak. Agar sen unga. She’riyatga, o’zingni “baxsh” etmoqchi bo’lsang, buning uchun o’zingni butun kuch-qudratingni sarflashing, ijodning xarakteri haqida yaxshilab bosh qotirishing kerak.

…Sezib turibman, mening ijodim ikkilanishlar oldida… Avvalgidek yozishni uddalay olmayman – yurak shafqatsiz bo’lib qolgan. Foydasiz, keraksiz narsani esa yoza olmayman, haqiqatning qo’llari giribonimdan oladi. Xo’sh, qaerga qochib qutulasan? Umumlashmalar keng, poetik xulosalar teran tomonga. Shuning uchun hammadan avval o’qish… Har kuni o’qish… Qo’limni ko’ksimga qo’yib so’ray – xo’sh, men nimani bilaman? Ro’yi rost aytsam hech nimani. Shuning uchun yo’lni har qanday to’siqlardan tozalab uzoq muddatga “dengiz tublari”ga berilmoq kerak. U yerda nima bor dersiz? Nima bo’lsa bo’lsin – teranlikka, dengiz teranligiga!

…Umar Xayyom va Bedilni yana o’qib chiqdim. Ehtimol, poeziya insoniyat bolaligining oltin asri, o’spirinligining kumush asri deb o’ylarsiz! Nasrni esa, insoniyat balog’atining temir asri deb baholaysizmi? Nahotki, she’riyat jamiyatning balog’atga yetmaganlik nishonasi, belgisi bo’lsa. Balog’atga yetgan insoniyat uchun nahot endi she’riyat kerak bo’lmasa? Ishonmayman. Nasr – bu xuddi shu she’riyatning keyingi taraqqiyotidir. Shuning uchun haqiqiy, teran proza hamma vaqt, poetik ovozga ega bo’ladi, jaranglaydi. Har qanday badiiy asarni poeziya deb atasa bo’la beradi. Poeziya – har qanday so’z san’atining zamini… Qachonlardir poeziya nisbatan tiniq, aniq, men sizga aytsam, tabiatga mos tushadigan ohangni qofiyaning asonansligini (qofiyadoshligini) yoki to’liq qofiyani talab qilar edi. Bu o’sha davrdagi poeziyaning amaliyotchilik vazifasi bilan bog’liq bo’lib, muzika asboblari jo’rligida urf-odat ko’rinishlari, ishqiy raqslar va ashulalar ijro etilardi. U vaqtlarda, menimcha, poeziyadagi “badiiylik” me’yori nisbatan past edi.

Raqs va muzikaning ritmik qirralari ko’proq birinchi planga chiqib qolar edi. Lekin vaqti kelib hamma narsani qo’shiq vositasida ifodalash zarurati yo’qola boradi. Asta-sekin fikrni gavdalar harakati va ohangsiz, melodiyasiz faqat so’z bilan ifodalashga urinishlar yuzaga kela boshladi. Xotira uchun ayrimlarini yozib qolishga harakat qilishdi. Qo’shiqning qofiyalangan misralarini yodda saqlab qolish esa ancha oson edi. Shuning uchun ham ayrim kishilarning taqdiri va hayoti haqida hikoya qiluvchi, so’zlashuv tilida yozilgan dastlabki poetik asarlar yuzaga kelgan. Shu hayotning ayrim ko’rinishlari, ayrim sarguzashtlar va voqealar haqida qissa, novella, hikoya va latifalar yaratildi.

Keyinroq esa, hatto real voqealarni aniq qayd qiluvchi matbuot prozasi yuzaga keldi. Bunday nasriy bayonchilikda qofiya keraksiz bo’lib qoldi, tabiiy holda iste’moldan chiqdi, hayotiyligini yo’qotdi. Biroq ritm nasrda ham saqlanib qoldi. Ayrimlar prozaga uning poetik yoshligidagi zarra, rudiment keraksiz bo’lib qoldi, deb xato qiladilar. Ohang asarda o’ziga xos musiqiy borliq, atmosfera yaratadi, o’quvchi hissiyotiga o’ziga xos ta’sir etadi. Ohang bu shoir pul`sining o’ziga xos urinishi, uning jonli mijozi qonining qaynoqligi, haroratidir. Poeziya uchun eng zarur bo’lgan – obraz, kayfiyat, podtekst (yashirin ma’no) kabilar nasriy bayonda ham saqlanib qolgan. Hamma balo shundaki, sivilizatsiyaning moddiy imkoniyatlarining taraqqiyoti bilan nasr o’zining tug’ishgan zamini – poeziyadan uzilib va uzoqlashib qoladi. Lekin nasrning bu “begonalashishi” uning foydasiga emas, balki zarariga bo’lmoqda. Bir qolipdagi, ommaviy seriyalar nashr etilayotgan proza ko’p yashamaydi, tezda yoddan chiqadi, o’zining dastlabki tarovatidan mahrum bo’ladi.

…Vaqti kelib qadimgi ko’nikmalar ta’siriga berilib, hozir she’riy asarlarda ifodalangan, hikoya qilganlarimni prozada ayta olmanmi yo’q, bilmadim. Men prozada yozishni uddalay olmayman… Men uchun oddiy bir maqolani yozish ham tengi yo’q ulkan azobdir. Ayrimlarni bir, ikki deb har qanday narsani muhayyo qilib qo’yishlari meni hammavaqt hayratga soladi. Tez, sodda… Men esa maqolada ham o’quvchi bilan xuddi she’rdagidek gaplashish kerak, deb o’ylayman. Mening qofiyalangan fikrlarim bilan nasriy bayon qilingan fikrlarim o’rtasidagi farq nimada? She’rning novelladan farqi shundaki, she’rda shoirning fikri obraz orqali nisbatan umumlashgan ko’rinishda ifodalanadi.

Har qanday yozgan narsang hech qanday chiqindisiz ijod bo’lishi kerak. O’zing uchun talabchanlikni har qanday susayishi – san’atning oliy printsipiga qarshi xiyonatdir. Men poetik hayratlanishdan mahrum bo’lgan nasriy asarni hazm qila olmayman. Bu – yomon prozadir. Haqiqiy san’at har doim poetikdir. Negaki u poeziyadan dunyoga kelgan, uning birinchi merosxo’ri bo’lgan va har doim faqat yangi sharoitga qo’yilgan o’sha poeziya bo’lib qola beradi. Adabiyotning hozirgi yo’nalishlari ko’z ilg’amas darajada bepoyondir. Bizning ko’z o’ngimizda tug’ilib, ko’z o’ngimizda kapalakdek umri qisqa asarlar yo’q bo’lib ketishiga asosiy sabab shuki, ularda umumlashtirish yetishmaydi, ularning ona zamin – poeziya ta’minlab turadigan hayotbaxsh oqim bilan zaruriy aloqasi buzilgan.

Shoirni ko’p o’rinlarda, u borliqni poetik romantiklashtirib yuboradi, hayotdagi hamma narsalarni o’z holicha emas, balki poetiklashtirib aks ettiradi, deb ayblashadilar. Xullas, uning yaratgani faqat xayol mahsuli. Qolaversa, hammasi yolg’on…

Albatta shoirning borliqqa munosabati ko’p hollarda romantik, ko’tarinki xususiyatga ega degan fikr bilan hisoblashmasdan iloj yo’q. Bu munosabatning poetikligi ham ana shu bilan izohlanadi. Agar biz borliqni faqat katta va kichik voqealarning yig’indisi deb qabul qilsak, u holda bu sof naturalizm bo’lib qolmaydimi? U holda san’at nima uchun kerak bo’ladi? Faqat borliqni aks ettirish uchunmi? Yoki ehtimol yana insonni nimagadir undash, uning yo’lini tozalash uchun kerakdir? Ehtimol, unga parvoz uchun qanot baxsh etish uchundir? Nahot san’at – bu faqat “hayotni oddiy, shunday bir tasvirlash” bo’lsa?

Vintsas Krevening “Sharunas” asarida shunday bir diqqatga sazovor dialog bor:
Sharunas: (Vaydulisning oldida qo’llarini orqaga qilib turibdi). Qo’shiqlar? Sening qo’shiqlaringda qanday so’z bo’lmasin, hammasi yolg’on. Sen buni bilasanmi?
“Vaydulis: (xursand). Ma’budalar sening sezlaringni eshitishmaydi! Qo’shiqlar uzoq zamonlarda to’qilgan: ota-onalarimiz shunday kuylashgan, biz ham shunday kuylaymiz… Undagilar yolg’onmi, rostmi, bari bir emasmi, bularni bilishning kimga keragi bor?”

Haqiqatan ham, hamma narsani bilish, qabul qilish, tahlil qilish shartmi? Ma’lum bir tarixiy sharoitda inson o’zligini faqat ong bilangina fahmlab qolmasligi kerak. San’at – insonda o’z-o’ziga ishonch tug’dirish va olg’a intilishdir.

Xayol sura olmaydigan inson uchun yashash juda qiyin bo’ladi. Hozirgi tarixiy jarayondagi o’rni xususidagi tashvishli o’ylar bunday odamni ruhan ezib yuboradi. Bunday fikr shunchalar jonga tegadiki, natijada u faqat “aks etdiribgina qolishga”, naturalizmga yetaklaydi.Bas shunday ekan, nima qilish kerak? Xayol surish kerakmi? Nima uchun axir uni rad etish kerak?

…Biz umuman san’atning, xususan adabiyotning o’ziga xos, betakror xususiyatlari haqida ko’p gapiramiz, lekin ba’zan uni unutib qo’yamiz. San’at bu qandaydir sust o’rganish uchun ko’rgazmali qurol sifatida talab qilinuvchi hayotning yuzaki tasviri emas. San’at hayotning ko’chirma nusxasi ham emas.

San’atga faqat amaliy, manfaatdorlik nuqtai nazaridan qarash hech qachon ojiz naturalizmdan yoki lanj didaktikadan (nasihatgo’ylikdan) nariga olib bormaydi. San’at bizning mana shu moddiy dunyoda xuddi non, havo, suv va boshqa har qanday bir-biri bilan doimiy aloqada bo’lgan, shuningdek borliqning boshqa komponentlariga tobe bo’lib qolmagan narsalar kabi mavjuddir.

Biz “san’at” deyishimiz bilan darhol uni o’zimizcha tasavvur qilamiz. Biz hatto san’atni har qanday mavjud narsa kabi his qilamiz. San’at o’z holicha ham yashaydi…
Biz ko’p o’rinlarda bu tushunchani mutlaqo o’rinsiz so’z – “mahorat” (hunarmandlar ishining bahosi) bilan aralashtirib yuboramiz va juda ko’p o’rinlarda “go’zallik” so’zini unutib qo’yamiz.

So’z she’riyatda o’ta hayajonli bo’lishi, mayin tebranib turishi kerak. Mabodo og’ir, hissiz so’zlar qatlamini terib chiqsang, ular she’riy ohang bilan jaranglamaydi… Agar she’riy parchani o’qiyotganda so’zlarning sehrli tebranishlarini, qandaydir jonli qon urishiday nozik o’zgarishlarini his qilmasang, unda so’z o’likdir. Faqat yurakdan sizib chiqqan, ustidan ruhning betakror jilolari qandaydir ilohiy yog’dudek miltillab turgan so’zlargina fusunkor, hayajonli bo’ladi, titrab turadi. So’zning poetik qudrati, so’zning mavjudligi uning misiqiyligidadir. Jonli va fusunkor so’z Siketin madonnasi quyoshga tutib turgan chaqaloqqa o’xshaydi. Uning yuzlari qanchalar sodda, aqlli va samimiy. Kokillari jilolanib turipti. Ko’zlari moviy osmon kabi tubsiz ko’lni eslatadi. Rafaelning poetik so’zi ana shunday teranlikka, ana shunday qudratga ega.

…Biz she’rni o’qib chiqdim. Biz yalang’och, ochiq xitob (deklaratsiya) nima ekanligini ancha unutib qo’ygan edik. Kutilmaganda, qaerni qarama, yana o’sha bema’nilik xuddi qopni teshib chiqqan eski bigizdek paydo bo’ldi qoldi. O’z arzon fikrlarini ko’p tarmoqli e’lon qilish boshlandi. Deklorativlik (bayonot) – muayyan g’oya uchun ochiq kurashga bel bog’lash bo’lib, san’atning go’dakligidir. Endigina ko’z ochib dunyoni ko’rgan chaqaloq ko’p, qattiq qichqiradi, shovqin soladi… Keyinroq esa ulg’ayib va aqlliroq bo’la boshlagach, u endi kamroq shovqin-suron soladi, tevarak-atrofga ko’proq nazar tashlaydigan, hayotni chuqur va yaxshiroq tushunishga harakat qiladigan bo’ladi. Dunyoni o’z chaqiriqlaring bilan doim bedorlikka undash aqldan emas. Axir u zaxmatli mehnat yoki kurashdan tug’ilgan vaqtda o’zi uyg’onadi… Dekloratsiya menga hissiz sevgi izhor qilishni, uning muallifi esa tiz cho’kib o’z Dul`tsinasiga “Men seni sevaman… Men seni sevaman… Men seni sevaman” deb yuzinchi marta ta’kidlagan no’noq oshiqni eslatali. Bu dastlab qizga yoqadi. Lekin kunlarning birida bu bir xildagi “ishqiy tavallo” qizning g’ashiga tegadi va uni jahlini chiqaradi. “Xo’sh meni sevsang, nima bo’pti? Meni sevishingni bilaman! Yetarli! Sevishingni isbotla, axir! Qanday sevasan?

…Qanday?” Xuddi ana shu yerda sevgining deklorativ (bayonchilik) bosqichi tugaydi. Sevgi ham real isbotni talab qiladi. Ko’p o’rinlarda biz hatto yurtimizga ham ayol kishiga sevgi izhor qilgandek munosabatda bo’lamiz. Biroq “sevaman” degan tushuncha, ma’no tekstda emas, (oh bu so’z tekstda hali ham qanchalar ko’p uchraydi) balki she’rning umumiy ruhida bo’lishi kerak. axir “sevaman” deyishning o’zi hali guvohlik emas, u faqat tasdiqdir xolos. Shuning uchun ham tuyg’u haqiqiy she’rda asta-sekinlik bilan ochiladi, quyosh yog’dusidek kitob sahifalarining dala va o’tloqlariga sochiladi. Shoir hissiyoti o’quvchi qalbida olijanob tuyg’ularni junbushga keltiradi. Bunday vaqtda har qanday bayonchilik keraksiz bo’lib qoladi. Sevgi hissi juda ham aniq bo’lishi kerak…

Biz bayonchilikning go’dak bag’ridan o’sib chiqdik. Hozir bayonchilik noshudlikni eslatadi, unda hech qachon haqiqiy she’riyat bzaga kelishi mumkin emas. Insonni, uning qiyofasini, harakatini, uning xulq-atvorini aniq tasvirlay olishni uddalash yetarli emas. Uning ichki dunyosiga kirishi, uni qanday fikr va kechinmalar u yoki bu xilda harakat qilishiga majbur etganini kuzatish kerak. Insonning ruhiy qiyofasini tasvirlay olishni o’rganish kerak. Mashaqqatli ish, biroq uni egallashga o’rganishga ulkan, buyuk san’atkorlarning ibratli tajribasi bizni undab turibdi. Dostoevskiy, Tolstoy qahramonlarining ichki va tashqi dunyosidagi qirralarning bir-birlariga o’tib turishi qanday go’zal… Romen Rollan asarlarida harakat uncha ko’p emas, ba’zan nisbatan ahamiyatsiz voqealar. Butun bir sahifalar – so’zlar dengizidan iborat. Biroq, ularda ranglar aralashib ketmaydi: kitobning oxirgi sahifasini berkitayotib mohiyatini, yaxlitlikni his qilasan, insonning tugallangan, mukammal qiyofasini ko’rasan.

Yo’qdan hech narsa bunyodga kelmaydi. Mutloq taqir sahroda hech narsa gullamaydi. Hech narsa birdaniga paydo bo’lmaydi. Hozir biz ko’rib turgan hamma narsalar ming yillar muqaddam hozirgidek atalsa ham, ehtimol boshqacharoq ko’rinishga ega bo’lgandir.

G’arbning ruhini ko’klarga ko’tarilishiga, maqtalishiga olib kelgan uyg’onish davri (Renesans), inson shaxsini ulug’lash ham birdaniga, to’satdan paydo bo’lgan emas. Inson qo’li yillar va yuz yillar davomida ulkan qatlamlarini birin-ketinlik bilan yaratadi… Dastlab majusiylik uning ojiz bir muqaddimasi bo’ldi: u faqat azoblanish haqidagi afsonadan tashqari hech nimaga ega emas edi. San’atga nuqtai nazar ham, san’atning o’zi ham yo’q edi… San’atning dastlabki ijodkorlari chuqur yer ostidagi mog’oralarda tug’ilganlar… Vaqti zamoni kelib ana shu san’atkor biqiq va dam yer ostidan tashqariga chiqqan, dunyo kengliklarini kuzatgan, faqat ana shundan keyingina xristian arxitekturasining (me’morchiligining) birinchi noyob qurilishlari boshlangan. Dastlab ish unchalik o’ngmagan. Qat’iy, zohidona yo’nalishlar imkon parvoziga to’siqlik qilgan. Hali erkinlik, hamma narsalarning to’kin-sochinligiga tayangan inson qo’lining shiddati yetishmas edi. Qadimgi majusiylik motivlari hamma sohada yangi san’atning yo’nalishlari bilan qo’shilib, chigallashib ketgan, bu yangi yo’nalishlar esa hali unchalik yorqin va aniq emas edi.

Qadimgi monik (ionicheskiy) va dorik (doricheskiy) ustunlar uslubi yangi ahamiyat kasb etgan binolarga moslashtirildi. (Stambuldagi bizning eramizning 532 – 537 yillarida imperator Yustinian davrida qurilgan Ayo-Sofiya ibodatxonasida men Ierusalimdagi Solomon ibodatxonasidan keltirilgan ustunlarni ko’rdim. Dariy ziyoratgohida butunlay nomutanosib o’rnatilgan ustunlarni ko’rdim va hokazo. Mutlaq nomutanosib… Biroq sintez qilishning noyob ko’rinishi!) Rimda Pyotrning haykali faqat u yerda majusiylik g’alaba qilib, qaror topgandagina, taraqqiy etib gullagan davrdagina yuzaga kelishi mumkin edi. O’z g’oyalari uchun shafqatsiz kurash, dunyoda ta’sirli bo’lish uchun kurash yillarida esa, demak o’rta asrlarda, zohirona muqaddas Inkvizitsiya va gotika bunyodga keldi.

(Hibsga olingan ong esa, hali inkvizitsiya gulxanlari ustidan buruqsirab ulkan kuchlarni yordamga chaqirar edi. Afsus, afsus!) O’rta asr san’at asarlarida har qanday fikrlashdan mahrum bo’lgan Insonning qotib qolgan yuzi… ko’zi esa diniy jazavada yoki mo’maygina ko’kka tikilgan… qo’llar ibodat uchun shay qilib tasvirlangan. Inson – qul. O’z xohishi bilan qul… Qup-quruq zohid… Va shubhasiz hamma joyda qo’rqinch, qo’rqinch, qo’rqinch… Va ochiq kunda momaqaldiroq bo’lgandek, birdaniga – uyg’onish. Xuddi bahorgi sho’x oqimlar uni bandi qilib turgan muzlarni parchalab oqizib ketayotganday buyuk o’zgarish. Uyg’onish – kutilmagan burilish, inson ustiga chiqib birdaniga quyosh yog’dulariga ko’milib yotgan hosildor Arkadiya tekisliklarini ko’rishga muvaffaq bo’lgan, cho’ponlarning musiqiy, yoqimli qo’shiqlarini eshitgan tog’ cho’qqisidir. Ana shundangina u ilk bor o’zini ozod va baxtli his etdi…

Dionis tuyg’usi… Va inson ilk bor xursand bo’lib kuldi: kuchli qahqaha otdi. Uning ilgarigi oqargan va bo’zargan yuzlari asta-sekin qizg’ish tus oldi, tabiiy rang, ko’rinish kashf eta boshladi. Inson endi faqat ibodatgina qilib qolmadi… U endi yeydi, ichadi, ov qiladi, do’st tutinadi, sevadi, azoblanadi va shodlanadi, unga rubensona hayotiy bo’liqlik, mukammallik yaqin bo’lib qoladi. Uning ro’za va ibodatlarda quriqshab ketgan muskullari qayta uyg’ona boshlaydi, kuchga to’la boshlaydi. Inson o’zini kuchli sog’lom, baquvvat his qila boshlaydi. U o’z badanining (qomatining) go’zalligini ko’radi va xuddi Nartsissdek o’ziga havas bilan qaraydi, o’z qadr-qimmatini anglaydi. Inson har tomonlama rivoj topgan, uning tanasi qudratli va ruhi ozoddir. Uning yuzida ma’no, olijanoblik, donishmandlik, qat’iylik, shiddat aks etadi (Mikelanjelo).

Ayol go’zalligi ko’tarinkilik bilan ifodalanadi, ko’klarga ko’tariladi, ideallashtiriladi. Shunga qaramay bu jonli, haqiqiy ayoldir… Butun borlig’i bilan sevish mumkin bo’lgan ayol (Leonardo). Inson qandaydir noaniq va afsonaviy kimsa qiynalgani uchun jafo chekmaydi, azoblanmaydi. Inson faqat o’z holicha jafo chekmaydi, azoblanmaydi, chunki hayotda fojialar, azoblar, umidsizliklar oz emas. Azoblanish – baxt va shodlikning yakkayu-yagona muxolifidir. Biroq, inson mudhish umidsizlikdan yorug’lik tomon intiladi (Rembrant). U g’alaba qilish uchun har kuni jangga kiradi. Aksincha, u hech narsaga erisha olmaydi. O’z insoniylik nominig ulug’vorligi uchun kurashmagan shaxs inson degan sharafli nomga munosib bo’la oldimi? Kurash va yengasan!..

Demak, diqqat markazida – inson. Kuchli va ojiz inson. O’zining ruhiy intilishlari, parvozlari bilan, ulkan va o’z bilimining chegaralanganligi bilan ojiz inson. Biroq har doim jonli, tirik inson…
…Biz nisbatan shoshmayapmizmi? Aniq, yangi shakllarni yetarli izlamasdan eskilarini nisbatan tez yo’qotishga, yemirishga harakat qilmayapsizmi? She’riyatda biz eski maktablardan voz kechdik va butunlay maktabsiz qoldik… U, shubhasiz, bunyodga keladi, shakllanadi. Qadimgi davr (epoxa) ertak singari unutiladi, muz aysbergi singari erib ketadi, erib o’tmish yo’qligiaro g’oyib bo’ladi. Yangi shakl, ko’rinish hali gavdalangancha yo’q… Shunga qaramay, qurol bilan tahdid boshlandi – kurash ketmoqda… To’plar gumburladi – muzalarning boshi quyi solingan shoirlar jim, diqqat bilan quloq osishdi. Ana shunda sof foyda ko’zlaydigan talablar eshitildi…

San’at – keyin, u ikkinchi darajali hodisa deyishdi. Gazeta san’ati oliy san’atlardan emas. Juda ko’p she’rlar dastlabki bosilgan gazeta sonlari bilan birga yo’q bo’lib ketdi. Oh, san’atning beqadr, beqaror boyliklari! Fojiali taqdir qanchadan-qancha iste’dodli kishilarning boshiga yetdi. Ular bilan birga ularning ijodini ham o’z komiga tortdi. O’limdan keyingi qo’rqinchli jimlik, sukunat… Juda ham qo’rqinchli… Shoir uchun bundan qo’rqinchli narsa yo’q. Shunday bo’lsa, uning faoliyati ijodiy bo’lmagan, chunki ijod uchun faqat yashash, yashash muyassar xolos. Mabodo buni aksi bo’lsa, shoirning hayoti hech qanday ma’no kasb etmaydi, yangilik eskilik bilan aralashib, chigallashib ketgan burilish yo’llari uchun to’g’ri, bir tekis yo’l emas, balki yashindek egri-bugri, asabiy yo’l xarakterlidir. Bizning davrimiz – burilishlar, bo’ronlar, momaqaldiroq va chaqmoqlar davridir. Asrimiz yo’li egri-bugri. Bu real tarixiy haqiqatdir. Bu o’rinda hech narsani o’zgartira olmaysan.

…Ayolni ulug’lash – san’atning asriy mavzusidir. Greklar uni yalang’och tasvir etdilar. (Axir ayol badani har qanday kiyim-kechakdan go’zal emasmi?)Ayolni ulug’lash zamonaviyroq bo’ldimi?

Bu ulug’lanishning doimiyligi, an’anaviyligiga sabab – hayotning asriy manbai ayoldir. Momo Havo – Afrodita – Sikistina madonnasi… Ona, madonna, ayol. U muqaddas… Shuning uchun ham nahs bosgan fikrlarni uyg’otmasligi kerak. U hirs uyg’otmasligi, yo’ldan ozdirmasligi uchun uning badanini, jismini kiyim-kechak bilan yopadilar.

Ayolga muhabbat tuyg’usi har qanday hirsiy ishtiyoqlardan mustasno bo’lishi kerak, chunki u o’z bag’rida tirik xudoni – go’dakni avaylab yuradi… Ayolni ulug’lash, unga topinish, shubhasiz, yanada kuchaydi. San’atda ayol obrazlarining butun bir galereyasi yaratildi. Momo Havo – yo’ldan ozdirish va hirs edi… Afrodita – yo’ldan ozdirish va ayni bir vaqtda buyuk go’zallik (go’zallik – pastkash hirs va badbin niyatlarni yemiradi).

Qo’lidagi go’dakni bag’riga bosib turgan ayol – bu go’zallik, nafosat va ayni shu o’rinda teran falsafiy mohiyatga ega bo’lgan ramzdir. Hayotning ibtidosidir. Chaqaloqqa muhabbat bu dunyoga, borliqqa muhabbatdir. Qanchalar ona obrazi yaratilgan va mavzu qanchalar xilma-xil qaytarilmas ranglarda ifoda etilgan…

Vaqti kelib san’at yana eski aqidalarning talabi bilan ish ko’rishga majbur bo’ldi: san’atkorlarga, “agar ayol obrazini yaratmoqchi bo’lsangiz, uni qo’lida chaqaloq bilan turgan holda chizing”, deb talab qo’yishdi.Dono san’atkorlar bu aqida bilan ham murosa qildilar. Nima bo’pti, agar xohlasangiz qo’lida chaqaloq bilan ham yarataveramiz! Biroq biz nimani his qilsak, shu dunyo haqida nimani aytmoqchi bo’lsak, ana shu ayol orqali aytamiz… So’ng yaratisha boshlashdi. Jonli, sevimli ayollarni yaratishdi. San’at har qanday sharoitda, hammavaqt imkon topa oladi. Hatto eski aqida ham buyuk san’atkorning maqsadga tomon intilishiga to’siq bo’lolmaydi.

…Yozuvchi o’z xalqini yashashga, his qilish va fikrlashga o’rgatadi. Nahot buni, ideal qahramon himoyachilari, maddohlari ta’kidlaganidek, faqat muhim, taqlid uchun namuna bo’ladigan obrazlar yordami bilangina amalga oshirilsa? Shubhasiz, ideal qahramonning ahamiyatini inkor etmaymiz. Shunday qahramaon ham bo’lishi mumkin. Biroq, izlab uzoq komandirovkalarga borish shart bo’lmagan real qahramon ham bo’lishi mumkin axir. U shundoqqina qo’l ostimizda… Biz hayotni bor holicha, butun ikir-chikirlari, murakkabliklari bilan ko’ra bilishimiz kerak. Insonni ham real shaxs sifatida, barcha yaxshi va yomon hislatlari bilan ko’ra bilishimiz kerak. Ana shu insonni, u hali mukammallik timsoli bo’lmagani uchun ham yashashga o’rgatishimiz kerak.

(Didaktik pand-nasihat bo’lishi shart emas: axir hislarni tarbiyalash kerak.)Bizning kishilarga hayotiy, ajoyib, yaratuvchanlik g’oyasi in’om etilgan. Biroq uni hamma ham birdek tasavvur etmaydi. Hamma odamlar bir xil emas. Shuning uchun ham bir vaqtning o’zida ham hayotni, ham yangi insonni yaratish kerak…

Biz adabiyotning tarbiyaviy ahamiyati haqida gapirishni yaxshi ko’ramiz. Biz bunda asosan g’oyaviy tarbiyani tasavvur qilamiz xolos. Agar muhokama qilinayotgan asar kichikroq, yupqaroq bo’lsa, uning har bir satridan “yuksak g’oyalar” mana men deb turmasa, biz uni g’oyasiz asarlar toifasiga tirkashga shoshilamiz. Bu, shubhasiz, o’sishdagi ortiqchaliklar, chiqindilar bo’lsa kerak. Biroq, bunday fikrlarni nisbatan nozik badiiy qobiqlarda ifodalaydigan kishilar uchun, ba’zan poetik ovozi boricha jaranglamay, bosiq, yarim ovozda ko’ylaydigan kishilar uchun hech qanday yengillik bo’lmaydi.

Bunday san’atkorlar hali ham tanqidning to’qmog’idan o’zlarini ehtiyot qilishlari kerak.Bizning tanqidchilarimiz hali ancha yosh bo’lganliklari, ba’zan esa yetarli professional tayyorgarlik yetishmagani uchun “qo’pol kuch” ishlatishni ko’proq yoqtirishadi. Nima ham qilardik, yoshlik – g’o’rlikda… Aslida biz hammamiz birga o’qib, birga o’sishimiz kerak…

Lekin o’quvchiga faqat mazmungina ta’sir etib qolmasligini unutmasligimiz lozim. Uni asarning shakli ham tarbiyalaydi: didini o’stiradi, madaniyatini yuksaltiradi, his qilishni o’rgatadi… Hozircha bizning “gazeta (vaqtli) adabiyotimiz”ning shakli unchalik havas qilarlik emas: uning saviyasi past, didi esa o’quvchini behuzur qiladi. Har kuni uning ko’plab mahsulini, ulushini qabul qilayotgan o’quvchi ruhiy madaniyatning zinapoyalaridan yuqoriga qiyinchilik bilan ko’tarilmoqda.

…Sodda va tushunarli yozish kerak. Lekin jo’n emas. Shoirlardan murakkab soddalikni talab qilamiz. Eng yaxshi xalq qo’shiqlari ana shu talab, printsip asosida yaratilgan emasmi, axir?Murakkab aloqadorlik. Mushtarak ko’rinish alohida poetik detallardan bunyodga kelgan. Murakkab va teran, ayni vaqtda oddiy va tushunarli aniq.

San’atkor N…ning ko’rgazmasidan qaytib keldim. Shubhasiz, manzara tasvirlari etnografikligi bilan ahamiyatga ega. Biroq, nahot tabiatning yoqimli qilib bo’yalgan ana shu naturalistik suratlari san’at bo’lsa? Tomoshabinda hech qanday fikr uyg’ota olmaydi.Axir, zamonaviy texnika bilan qurollangan fotograf butun borlig’icha qayd etishi mumkin bo’lgan narsani nima uchun san’atkor chizib o’tirishi kerak? Rasmni yaratish, bunyod etish kerak: unda ham inson, ham tabiat bo’lsin.

Ba’zan zamonaviy san’at shafqatsiz ravishda tanqid qilinadi. Hammani bir yerga yig’ib do’pposlaydilar. Zamonaviy san’atkorlarning men o’zim ko’rgan asarlarini ko’z oldimdan o’tkazaman. Ularga nima uchun hujum qiladilar? Ehtimol ularning polotnolarida narsalarning asl, haqiqiy ranglari toblangani va tiniqlashgani, ularda haqiqiy, mavjud quyosh jilolanib turgani uchundir? Insoniyat ma’naviy taraqqiyotida yana bir qadam olg’a bosganlari uchundir? Yo’q, ularning aksariyati yigirmanchi asr realistlari. O’zlarini realist hisoblab, haqiqatda esa fantaziyasiz bo’lgan ayrimlardan ular realistroqdirlar. Bular esa yaxshi etnograflar xolos. XX asrdagi mavjud borliq (doimo o’zgarib turgan inson, narsalar peyzaj) realizmning yangi-yangi shakllarini bunyoda keltiradi.

San’at narsa, hodisalarni yashashga majbur qiladi, bo’ysundiradi. Bu san’atning eng buyuk sirlaridan biri bo’lib, buni ocha bilgan san’atkorning o’zi ham, uning ijodi ham uzoq davrlar barhayot bo’ladi. Davrimizning eng yaxshi san’atkorlari realistik tasviriy san’atning an’analarini rivojlantirdilar va uni yanada taraqqiy etdirib hozirgi borliqning qiyofasini aks etdirdilar (uning ichki qiyofasini ham). Ular doimiy, kishilarni g’ashiga tekkan, bezor qilgan to’g’ri yo’nalishni rad etdilar, uni egri-bugri qilib yubordilar. Bularning hammasi zarurat edi. Ehtimol, aynan hozir insoniyatning badiiy tajribasini sintez qilish kerak degan mulohazalarga xayrixohlik bildirging keladi. Haqiqatan ham bu xususda o’ylab ko’rish kerakdir.

Qimmatli do’stim! Sening ijodingni sevolmaganim uchun mendan ranjimasligingni o’tinib so’rayman. Uni sevishga o’zimni majbur qila olmayman. Men uchun u nisbatan ratsional, sayozdir. Shunga monand ratsionalizm, mutanosiblik uchun badiiy shaklning keragi bormi? Publitsistikaning o’zi ham yetarli. Sun’iy bezaklar o’quvchini yanglishishga olib boradi xolos. Avtorning ham… Bu – vijdonan emas.

O’lsang hamki yasha! – degan edi Gyote. Bu buyuklar uchun aytilgan. Oddiylar uchunmi? Oddiylar uchun – shart emas. Shafqatsiz o’lchov…

…Oh, azizim, axir shoirlar ham turfa xil. Ayrimlari o’zlaridan tashqaridagilar haqida yozadi, boshqalari o’zlarining ruhiy dunyosini tasvirlaydi. Bularning she’riyati shoir qalbining yashirin sirlarini, xilvatgohlarini jilolantiradi, ehtimol, shu bilan birga boshqa ko’plar kabilarnikini ham.

Nasrda qahramonning kechinmasi, uning qalbi, uning psixologik borlig’i ko’proq tahlil qilinadi. Nima ham qila olarding, shaxsning “tuyg’u va tuyg’uchalarini” kovlashga, titkilashga to’g’ri keladi. Insonning ruhiy dunyosi, uning qalb ko’rinishi, landshafti hozir she’riyatning ham asosiy predmeti bo’lib qoldi. Uncha aniq bo’lmagan tashqi ko’rinish hozirgi poeziya uchun xarakterlidir. U tashqi dunyo predmetlarini real “paypaslab ko’rish” imkoniyatiga ega emas. Biroq shunday bo’lsa ham shoir inson ruhiy dunyosining eng chuqur, teran qatlamlariga kirib bora oladi, rang-barang va turfa xil tuyg’ularning murakkab qorishmalarini, tuyg’ular kurashini ochib bera oladi…

Bunday she’riyat muzikaga juda ham yaqinlashadi. Musiqiy sadolar inson ruhiy holatini tuyg’ular qarama-qarshiligini ifodalaydi. Sado predmetning qiyofasini gavdalantirishga qodir emas. Psixologik poeziyaning shakliy vositalari ham musiqiy sadolarning tuzilishini eslatadi.

…Bizga yot bo’lgan mafkurani madh etuvchi ikki shoir (K va B.) haqida ko’pdan buyon munozara ketmoqda. Munozara hali beri tugamaydiganga o’xshaydi ham. Nochor, sayoz maqolalar bilan hech kimni ishontira olmaysan, o’quvchi xayrxohligi uchun borayotgan kurashda yengib chiqolmaysan ham. Bu shoirlarning har ikkisi ham vaqti-vaqti bilan yangidan tirilib, yashamoqdalar. Shuning uchun ham bu shoirlarning asarlariga nisbatan yuqoriroq darajada, o’quvchi sevib qolishi va o’qishi zarur bo’lgan she’riyat tug’ilishi kerak. Ularning she’riyati bilan kurashdagi bizning yagona ta’sirchan vositamiz, bu – bizning yaxshi she’riyatimizdir. Boshqa hammasi faqat yordamchi vositalardir. Baqiroq “maqolachalar” esa, filga bir dona sochma bilan o’q uzishdek gap. Ular katta iste’dodga ega bo’lgan shoirlardir. Ularning mafkurasi hozirgi insoniyatning tezkor va uzoq ilgarilab ketgan hayotidan ortda qolgan bo’lsa ham, o’quvchi ko’z o’ngida ular baribir ijodkorlar sifatida qola beradi. Shuning uchun ham hayot bilan hamnafas qadam tashlovchi va tarixiy qonuniyat asosida ulardan o’zlarining iste’dodlari bilan o’zib ketuvchi shoirlarga o’zlarini dadil tutib olishlari uchun yordam berish zarur. Faqat ana shunday usul bilangina adabiy kurashda “boshqa maktab” g’alaba qozonishi mumkin.

Nima ham qilasan, asabiylashish yaramaydi, faqat chidam bilan ishlash kerak!

Qachonlardir shu shoirlardan biri yo’l bo’ylari (oyoq-qo’lidan mixlab qo’yilgan Iso surati solingan) xochlar bilan to’lib-toshgan o’z yeriga, Vataniga bo’lgan “muqaddas tuyg’usi”ni haqqoniy va aniq ifodalangani uchun o’quvchilar qalbini asir etgan edi. Katolitsizm o’sha vaqtlarda litvaliklar qalbida ayrimlar o’ylaganga nisbatan kuchliroq ildiz otgan edi. Hamma narsa o’ylaganimizdan murakkabroq edi. Shubhasiz, bu shoir tarixiy taraqqiyotga g’ov bo’luvchi, qoloq g’oyalarning ifodachisidir. Biroq, u vaqtda katolitsizm ular tug’ilgan ona zaminning butun borlig’i, ularning uzviy bir qismi sanalar edi. Uning qarashlari katolitsizm venalarida oqib turuvchi qonga singib ketgan kishilarning qarashlariga mos tushar edi. Ikkinchisi boshqa ovozdagi shoir. Uning butun ijodini, demak poeziyamizning butun bir murakkab davrini bir hamla bilan chizib tashlash, shubhasiz, hamma narsadan oson.

Umidsizmi? Shak-shubhasiz. Biroq, uning umidsizligi unga zamondosh bo’lgan jamiyatning muayyan qismining ruhiy tushkunligini, inqirozga yuz tutgan kayfiyatini real ifodalaydi. Halokat oldidan o’lim qo’shig’i yangraydi. Hatto kiborlar talabi bilan ijro etiladigan shlyager ham o’zida o’lim, halokat motivlarini tashiydi: “O’lim oldidan raqsga tushamiz”. Umidsizlik, shubhasiz, undan qutulish yo’lini ko’rsatib beromaydi. Diqqatga sazovor tomoni shundaki, uning she’rlarida umidsizlik motivlari, ohanglari bilan yonma-yon butunlay o’zgacha demokratik mutanosiblik mavjud.

O’tgan kunlarning qoldiqlari ortilgan aravani xuddi o’likni qabristonga kuzatgandek qayg’uli kuzatadi. U g’arib litva qumloq yerini va uning sodda dehqonini butun vujudi bilan sevar edi… U katta yo’l yoqasidagi oq qayin kabi o’zini azobladi, qiynaldi, o’zini aybsitdi, yig’ladi. Chunki inson uchun juda ohir damlar edi. Haqiqat ham og’ir… Uning she’riyati og’ir, juda og’ir xo’rsinib nafas oladi. Chunki haqiqatan ham og’ir damlar edi, axir. So’z bilan esa u haqiqiy san’atkordek muomalada bo’lar edi. U bilan bellashib ko’ring-chi!..

So’z uning qo’lida xuddi jonli qushdek patirlaydi, kamalak rangida toblanayotgan qahraboga, yantarga o’xshaydi… U vaqtlarda o’ziga yaqin katta guruhdagi barcha shoirlar, adabiy maktabdagi maslakdoshlar ichida eng nozikta’b shoir edi… Ular ham majusiylik mazhabiga xizmat qilar edilar. Topinish, ulug’lash esa, bu – gipnoz, karaxtlikdir. Inson uning ta’siri ostida ochiq ko’z va bedor ong bilan mudrab qoladi.

…Shoir o’zi uchun quyidagi printsiplarni yaxshilab aniqlab olishi kerak:
1. She’riyat va shoirning borliqqa (hayotga) munosabati.
2. She’riyat (umuman adabiyotning ham)ning ta’sir etish ahamiyati, mohiyati (boshqalar buni tarbiyaviy ahamiyati ham deyishadi). Buni qanday tushunish kerak?
3. Shoirning individualligi, o’ziga xosligi (shaxsi). Bu nimani anglatadi?

…Tanqidchi poetik asarni tahlil qilayotib birinchi navbatda uning bir tomonini (ma’nosini) baholaydi, so’ngra esa boshqa tomonini ochadi – u qanday tayyorlanganini tekshirib ko’radi. Afsuski, ikkinchi tomonga hozirga qadar juda kam e’tibor berilmoqda. Asarning shakli, uning poetik ma’naviyati, oddiy qilib aytganda didi qaerga ketdi?

Biz dialektiklarmiz, bir masalaning ikki qismini dialektik birligiga amal qilaylik axir… Nazm (xuddi nasr kabi) ijobiy boshlanishni izlashga, qidirishga moyildir. Ijobiy lirik qahramon… U o’zgalar uchun zaruriyat, namuna va ibrat bo’lib qolishi uchun uni qanday qilib yaratish kerak. Inson uchun zarur bo’lgan insonni qanday bunyod etish kerak? Biz ijobiylikni izlashda ba’zan hamma narsani mustasnosiz ko’klarga ko’tardik. Ba’zan shunchalar maqtab yubordikki, undan o’zimiz ham behuzur bo’ldik. Qasidalar, madhiyalar, haddan tashqari maqtovlar…

She’riyat o’zining ta’sirchanligini yo’qotdi. Taraqqiyot g’oyasi qotib qolgan aqidaga aylanib qoldi. Biz eng muhim mezondan, tabiatdagi doimiy harakatni – o’lim va tug’ilish, o’sish va so’lishni his qilishga yordam beruvchi mezondan mahrum bo’lib qoldik. Ayrim shoirlarimizning ijodida taraqqiyotning revolyutsion g’oyasi o’z o’rnini revolyutsion alomatlarga, atributlarga bo’shatib berdi. Tasqara, qo’g’irchoq jonli obrazni chizib qo’ydi. Axir, taraqqiyotning inqilobiy g’oyasida o’zgarib turuvchi borliqning yaratuvchanlik ruhi eng asosiy omil emasmi?

Ba’zi bir shoirlar loqayd kuzatuvchilarga, faktlarga manfaatparastlarcha osoyishta qayd qiluvchilarga aylanib qoldilar. Va taxminan mana bunday ijod qila boshladilar. Kerakli materialni axtarib topadilar, uni mahorat bilan ochib beradilar ijobiy obrazlar bilan to’yintiradilar, yangi alomatlar kiritadilar va marhamat qilib “tasqara” tayyor bo’ladi.

Ruh qani? Qani yangi ruh? Loqayd kuzatuvchining sovuq, hissiz, bachkana baytlari. Shunday qilib she’riyat qotib qoldi. Unda harorat yo’q, undan sovuq nafas kelardi. She’riyatning tuzilishini u yoki bu alomatlar, atributlar emas, balki ruh o’zgartiradi… She’riyatning xalqchillik xarakterini ham faqat mavzu va xalq hayotining ko’rinishlari belgilamaydi. Bularsiz ham, shubhasiz, mumkin emas. Biroq, bu o’rinda eng asosiysi asardagi ruh, botiniy ma’nodir.

Shoir xuddi xalq his qilgandek his qilishi kerak. Hislarning aynan o’xshashligi va nihoyat hislarning g’oyaviy yo’nalishi muhimdir. Agar biz bundan keyin ham o’zimizga nisbatan muhim va zarur narsalarni, voqealarni namuna qilib ko’rsatish uchungina safarbar qilganmiz, deb hisoblasak, o’quvchi adabiyotga ikkinchi darajali hodisa sifatida, yordamchi vosita, xuddi xizmatchi sifatida qaraydi. Biz, axir ozmi-ko’pmi aynan ana shunday namunachilarga aylanib qolmoqdamiz.

Adabiyot hayotiy kurashning oldingiz saflarida kurashishi kerak. uning har bir so’zi butun hayot tomonidan har kuni aytilayotgan taraqqiyotning so’zi yanglig’ mustaqil bo’lishi kerak. adabiyotga keng ufqlar uchun kurashish eng zaruriy shartdir. Shuning uchun ham yozuvchi hayotda qanday o’rin egallaydi, uning roli va ahamiyati nimada degan masalalarni to’g’ri tushunish ham shunchalik muhim va zarurdir. Agar yozuvchi o’zini boshqarishni “ma’murlar”, administratorlar ixtiyoriga topshirib, ip bilan bog’lab bersa, xuddi qo’g’irchokdek uning xohishiga qarab boshi va qo’llarini qimirlatib tursa, bunday “ijodkor”dan hech qanday sezilarli asar kutish mumkin emas.

Ulkan, buyuk asar faqat mustaqil fikrlovchi yozuvchi qalamidangina bunyodga kelishi mumkin. Hayotimizni, mana shu yangi dunyomizni biz hammamiz – iqtisodchi ham,
siyosatchi ham, shoir ham birgalikda, bir vaqtda yaratayotganimizni anglab yetishimiz kerak… Hech qanday istisnoga yo’l qo’ymaslik, tahqirlashga harakat qilmaslik kerak. Dunyo bizning hammamizga tegishlidir! Uning yaratilishida, insoniyat taraqqiyotining bu to’xtovsiz ijodkorlik faoliyatida shoir ham sezilarli o’rin egallaydi. U bu umumiy faoliyatning shunday sohasida mustaqil ishlashi kerakki, toki u yerda uning poetik o’zligi, o’ziga xosligi nisbatan yaxshiroq namoyon bo’lsin.

Milliy adabiyot muayyan bir birlik, mustaqil organizm sifatida mavjuddir. Biroq u o’z holicha yashay olmaydi. Alohidalik tarafdorlari – tor, milliy biqiqlik, yuzaki xalqchillik tarafdorlaridir. Bironta ham milliy adabiyot nisbatan keng ta’sirdan o’zini mutloq to’sib qo’ya olmaydi. Mabodo bunga urinsa, bunday adabiyotga makon, hayotbaxsh havo yetishmay qoladi, u tezda o’z qobig’ida bo’g’ila boshlaydi. Hozir “buyuk hitoy devorni” tiklash imkoni ancha dargumon…

Ayni vaqtda milliy rang-baranglikning nafis qirralarini xiralanishiga yo’l qo’ymayotgan xalq ijodi namunalari she’riyatga qanchalar harorat olib kirmoqda. Umumiy xarakterdagi deklorativ she’rlarni qaysi millatga mansubligidan qat’i-nazar, xohlagan shoir yozishi mumkin. Milliy naqsh, ornament hatto sof tashqi xarakterga ega bo’lganida ham, oz bo’lsa-da she’rning milliy ohangdorligini, musiqiyligini yuzaga chiqarishga, ta’kidlashga yordam beradi, birinchi navbatda ko’zda tutilgan milliy kitobxonga she’riyatni yaqinlashtiradi.Xalqchil ibora, xalq qo’shiqlaridagi poetik birikmalar og’zaki metaforasi – yangi obrazlarning kelib chiqishi, taraqqiyoti ana shu yerdan boshlanadi. Milliylik –
aniq rangli ipdir, undan to’qilgan ko’ylak nisbatan yorqinroq ko’rinishdagi ko’ylakdan ko’zga yoqimlidir… Poeziyaning umumiy matosida milliylik xuddi ana shunday aniq chiziq, ipdir. Shubhasiz, nisbatan ko’p ta’sirlanish mavjud, lekin soxta taqlid asta-sekin rangini yo’qotib boradi. O’zini o’zi fosh qiladi. Biz esa olg’a qadam tashlaymiz. Nisbatan uzoqroqqa…

…Hissiyotning tadrijiy o’sish va pasayib borish darajasi, shkalasi… She’r qanchalik hissiyotga to’liq bo’lsa, ta’siri shunchalik kuchliroq bo’ladi. (Faqat hissiyotni ko’ngil bo’shlik, sentimentallik bilan chalkashtirib yubormaslik kerak, ta’sirchan, hissiyotli yozadigan shoirni ko’ngli bo’shlik yoki sentimentallik, yig’loqilikda ayblash gunohdir.)

To’g’ri hissiyotni ma’lum bir me’yorda kuzatib, boshqarib turish zarur, uni jilovlab turishni uddasidan chiqish kerak, aks holda to’siq bilmas tuyg’ular oqimi haqiqatan ham ko’ngli bo’shlik, yig’loqilik, siyqasi chiqqan hissiyot dengiziga surib ketishi mumkin. Mardonavor qat’iyat, sabot kerak. Lekin o’zni haddan tashqari og’ir, vazmin tutish ham uncha ma’qul emas. Biz hozir hammamiz ham donolik qilishni yoqtirmaymiz: o’quvchiga falsafiy xarakterdagi, yo’galishdagi qisqa hikmatli so’zlarni, falsafiy fikr, she’rning falsafiy tugallanmasini tutishga harakat qilamiz. Shunga qaramasdan falsafa ilmiy fandir. She’riyat uchun u asosiy maqsad emas, balki teran mazmunni axtarib topish, izlash, yuzaga chiqarishda she’riyatning boshqa barcha vositalari kabi, asosiy vositalardan bir manba xolos.

…Nekbinlik dedingizmi? Dadil, jasur nekbinlik, optimizm ham jonga tegdi. (Hamma yerda va hammada baxtli tugallanma, natija va oqibat) …U ruhiy dramatizmni, fojiaviy holatlarni teran idrok qilishni, insonning o’z-o’zi bilan qahramona kurashini tag-tomiri bilan yulib, uloqtirib tashladi. Go’yo bunday ziddiyatlar, bunday kurashlar hech bo’lmagandek. Hamma savollarga avvaldan tayyorlab qo’yilgan javoblar mavjud edi. Hamma narsa aniq va tushunarli bo’lishi kerak edi. Oxirigacha. Ikkilanishlarchi? Shubhalarchi? Dardchi? Axir, yengib bo’lmas, zzr hayotiy g’ovlar bilan bo’lgan dramatik yoki fojiaviy kurashlarda biz faqat jang qilishni, yengishni uddalay olganmiz, xushchaqchaq bo’lganimiz uchungina irodali bo’lmay, balki dard chekkan vaqtda ham kuchlimiz.

Biz o’lim bilan kurashda ham o’zimizning mislsiz g’ayriinsoniy g’ayratimiz tufayligina kuchlimiz. Biz o’lim bilan kurashda ham o’zimizning mislsiz g’ayriinsoniy g’ayratimiz tufayligina kuchlimiz. Shoir ham har qanday inson kabi chekinadi, yiqiladi va yana qaddini ko’taradi. Hayot shunday… Pardani ko’tarib qalb sahnasida qanday ulkan, qahramonlarcha kurash ketayotganini ko’rsatish kerak. Faqat kurashning natijasini emas, balki kundalik hayotda o’limni yengayotgan, optimistik ishtiyoq, chanqoqlik bilan to’lib-toshgan kurashning o’zini ko’rsatish kerak. Ha, ha, faqat natija, optimistik tugallanma, kurashning natijasini emas… Bunday yo’l tutish yuzakilik va siyqalashtirish bo’lar edi…

Haqiqiy optimizm, nekbinlik talab qilasanmi, yo’qmi undan voqif bo’lmay kurashishdir. “Optimistlar”ning urug’i shunday ko’payib ketdiki, aslida ular og’ir daqiqalarda hamma narsani unutib, tashlab, vahima ostida jang maydonini tashlab ketishga tayyor turgan qo’rqoq kimsalardir. Hayotga kuchli, matonatli, dovyurak insonlar kerak. U ziddiyatli qalblarni talab qiladi. Biz esa hatto o’tkinchi qayg’udan, yengil g’am-g’ussadan ham qo’rqamiz…

Nahot biz shu qadar ojiz bo’lsak, irodamizga, o’z kuchimizga shunchalar ishonmasak? Inson hayotining mohiyati, ma’nosi… Nima uchun inson ojiz? Nima uchun butun hayoti davomida nimagadir tobe? Nima uchun uning butun harakati kimnidir irodasiga, mayliga itoat etadi? Nima uchun tug’ilgandan keyin, uni xuddi soat mexanizmidek aniq va qonuniy harakatga keltiruvchi qandaydir ichki ruhiy moslamani qabul qiladi? U ana shu asriy qonunni bartaraf qilib, shaxsiy intilishlari bilan hamohang harakat qilish erkiga ega bo’la oladimi? Nima uchun uning harakatlari abadiy, doim sababiyatli? Insonga shunga o’xshash ko’plab masalalar tinchlik bermaydi, uni qiynaydi. Xuddi ana shunda u o’zining tabiiy borlig’iga, o’z-o’ziga qarshi isyon ko’tara boshlaydi. U buyuk inkorga qadar tabiatning noma’lum kuchlariga qarshi kainona isyonga qadar ko’tariladi. O’zining isyonli inkori, noroziligi davrida ulkan David Mikelanjelo bilan tenglashadi. Inson o’zidan qudratliroq kuch mavjudligi uchun bosh ko’tarmaydi, isyon qilmaydi. Uni bu tengsiz kurashga mayda hasad, so’qir o’ch hissi yetaklaydi. Yo’q. U tabiatda yashiringan, undan qudratliroq va buyukroq bo’lgan botiniy noma’lulik bilan teng bo’lishni xohlaydi…

Inson o’zi uchun barcha munosabatlarda buyuk, mukammal, go’zal va haqqoniy bo’lgan idealni yaratgan. Tabiatda yashirin bo’lgan ana shu matematik “noma’lumlik” esa ularni boshqaradi. Unga yetib olish va u bilan tenglashish imkoniyatiga ega bo’lmagan inson hammavaqt o’zining shaxsiy fantaziyasiga, o’zining yaratganiga, ijodigav qarshi isyon ko’taradi. Inson uni yaratgan tabiat o’zining asriy qonunlariga itoat qilishga, bo’ysunishga majbur etayotganini doim his qilib turadi. Inson esa qul bo’lishni xohlamaydi. Shuning uchun ham abadiy isyonkor bo’lib qoladi. Har bir yangi davr inson oldida davidona yuksaklikni tiklaydi. Inson tabiatdagi “tafakkur”ni qo’lga kiritmoqchi, xayolning aql bovar qilmaydigan elementini mavjudlikka aylantirmoqchi. Inson o’zining va tabiatning mavjud kuchlari o’rtasidagi muvozanatni tiklash ishtiyoqida yonmoqda.

Axir u alohida shaxs sifatida olinganda o’lmas, abadiy emas-ku, nima qilishi kerak? Insoniyat abadiy, insoniyat boqiy. Inson o’zining “qo’l yetmaydigan” azimlik bilan bo’ylangan doimiy kurashida o’sadi va kamolga yetadi… Agar biz uning fantaziyasidagi bu kashfiyotni yemirsak, u o’zi o’sib chiqishi lozim bo’lgan yuksaklikni, “mutloq mezonni” ko’ra olmay qoladi, maqsad quyoshini payqolmaydi. Nur manbaiga, e’tiqod, go’zalikka intilish insonni xuddi gimnastika badanni takomillashtirgandek mukammallashtiradi va ma’naviy o’stiradi. Buyuk insoniy tuyg’u bo’lgan muhabbat ham ana shu doimiy olg’a va yuqorilab boruvchi harakatga itoat qiladi… E’tiqodga erishish uchun kurash mashaqqatli, hech qanday murosasozlikka yo’l qo’ymaydi… Shuning uchun ham inson bu kurashda tez-tez mag’lubiyatga uchrab turadi. (Aytishlaricha, Betxoven o’limi oldidan derazani lang ochib, yuzlari og’riqdan burishgan holda, o’limi munosabati bilan uni chaqmoq bilan siylayotgan va momaqaldiroqli bong urayotgan osmonga musht bilan o’qtalgan ekan. Ha, inson doim koinotga tahdil qilgan…)

Shaxsiy ojizligini his qilish inson faoliyatida ko’pincha fojiaviy holatlarga, tushkun va umidsiz xulosalarni chiqarishga olib boradi. (Negaki, ba’zan unga juda ham qiyin bo’ladi…)

Biroq, yaxshi diqqat qilinsa, shunday asarning botiniy ma’nosida asosiy umidsizlik ohangi bilan birga, u bilan yonma-yon, yashirin jaranglovchi qarshilikning isyonkor ohangini eshitasiz. Bu qarshilikka chaqirishdir…Agar shoir maqsadga (maqsad – Mikelanjelo ulkan Davidning o’sish nuqtasi) yetish mumkin emas, degan fikr bilan murosaga kelsa, o’ziga nisbatan millionlarcha kuchliroq bo’lgan tabiat oldida, borliqnimng asriy qonunlari oldida taslim bo’lsa, o’zining erkin Ikar qanotlarini harakatdan to’xtatsa, unda u ma’naviy
kurashda yutqazadi, u zimiston qa’riga singib ketadi. Shoir o’zining “yashashi” xususidagi masalani o’zga shaxsga topshiradi…

U endi o’z hayotini o’zi boshqarish huquqidan mahrum bo’ladi. U o’z qudratiga ishonmaydi. Uni aqidalar yengib qo’yadi. U o’z shaxsidan ham ojizroq bo’lib qoladi. U o’z
taqdirini kuchliroq kimsaga ishonadi. Kuchliroq, lekin noma’lum kimsaga… Faqat noma’lumni bilishni xohlagan, uni ma’lum qilishga uringan kishigina qudratlidir. Bu esa mashaqqatli tengsiz, kurashdir. Biroq bu kurash hamma jabhalarda – fanda, san’at, she’riyat, hayotda mangu davom etadi va inson ham mana shu kurashlarda o’sadi, kamolga yetadi. U ulkan marmar David bilan tenglashish ishtiyoqida… O’sib, yeta oladimi? Ehtimol, yeta olmas ham…

Eng muhimi shuki, u yetishni xohlaydi… Hayotining mazmuni, yashashdan maqsadi ham ana shunda. Inson uchun berilgan hayot qisqa bo’lsa ham, u shuni xohlaydi. Uning faoliyat tarixidagi hayoti abadiy, mangudir. Buni tushunib yetrish esa juda muhim. Insonning faoliyati, kurashi mukammallikka yetishish uchun urinishi va harakati, David bilan tenglashishga bo’lgan ishtiyoqi uni boqiy hayotga tayyorlovchi omildir. O’zining insoniy layoqatini amalga oshirish va hayotning, yashashning ma’nosini anglashi uchun unga “yig’imizning kamtarona ulushi” ham yetarlidir…

…She’riyatni idrok qilishda biz uning yurak urishini, miya faoliyatini, lablarining iliq haroratini, haroratli nafasini his qilishimiz kerak. U inson singari jonli bo’lishi kerak. Mabodo jonli tanani his qilmasang, u o’likdir. Jonsiz murdaning tiriklar uchun nima keragi bor? Uni dafn qilamiz, juda borganda yodgorlik o’rnatamiz, joyi jannatda bo’lsin, uxlayversin…

Tiriklarga esa chaqaloq jonli hayot haqida qichqirsin.

Biz yuksalishda qanchalar vazmin, jiddiymiz! Qanchalar hissizmiz, loqaydmiz! Tiniq, shaffof suv oqimining doimiy harakatiga, doimiy o’zgarishiga havas bilan, ishtiyoq bilan boqolmaymiz. Bir xil, yagona uslubga, yagona shaklga (va nihoyat yagona formulaga) o’rganib, ko’nikib qolamiz biron kimsa o’zgarmasin, buzmasin yoki xudo ko’rsatmasin yana qandaydir yangisini tavsiya etmasin, deb doim hadiksirab, qaltirab yuramiz. Ba’zan esa hayotbaxsh shabboda nafasini his qilgach, qovog’imizni uyamiz.

Vaqtning oqimi, tezkorligi haqida, narsalarning o’rni almashishi va bilishning taraqqiyoti haqida mulohaza yuritamiz, o’zimiz esa turg’unligimizni ehtiyot qilamiz, o’tmishning ko’g’na imoratiga yopishamiz. Aks holda nima uchun dadil tajribalardan ko’proq vahimaga tushamiz, qo’rqamiz? Mayliga, bir-ikki marta pand yeylik ishimiz o’ngidan kelmasin. Lekin bizda muvaffaqiyatli natijaga qadar, unga erishishga qadar izlanishni davom etirish imkoni bo’ladi.

Yangi tajriba qo’l ostimizda mavjud hamma yaxshi, ilgari biz tomondan kashf etilgan narsalarni yo’qqa chiqaradi deb hadiksiraymiz. U ulkan tosh qoya singari bizning oramizga o’zining barcha manfiy tomonlari bilan joylashib oladi-da, biz uni hech qachon o’z oramizdan haydab chiqara olmaymiz deb shubha qilamiz. Harakat qilishdan, ilgarilashdan qo’rqib ba’zan faqat qo’lga kiritilgan ezguliknigina himoya qilib qolmasdan, balki unga qo’shimcha qilib oddiy yovuzlikni ham himoya qilamiz. Nuqson va yovuzlikka kelishuvchilik bilan munosabatda bo’la boshlaymiz. Yovuzlik esa doim ezgulik bilan yonma-yon, unga juda ham yaqin yashaydi.

Ba’zan yovuzlik o’rmondagi foydali va yoqimli, yaxshi qo’ziqorin bilan yonma-yon o’sgan zaharli, yaramas zamburug’ kabi uzoq yillar yashaydi, zararli hayot kechiradi. Zaharligini yulib tashlashdan cho’chiymiz, negaki foydali va yoqimligini bexosdan nobud, bezovta qilib qo’yamiz degan andishaga boramiz. Qo’rquv, andisha – harakat, intilish yo’lidagi eng ulkan to’siq, to’g’anoqdir.

…Birodar, agar sen she’riyat haqida fikr yuritmoqchi bo’lsang, eng avval sen uni yaxshi his qilishing, so’ngra esa yaxshi tushuna olishing kerak. Eng avvalo qalb bilan, undan so’ng esa ong bilan… Dastlab o’zida yengil va yoqimli shabbodadek Hofiz she’riyati nash’asini tashuvchi epkinning siypalashini yuzlaringda his qilishing kerak, faqat ana shundagina uning muattar bo’yidan qoniqib nafas olasan.

XDK

(Tashriflar: umumiy 1 181, bugungi 1)

Izoh qoldiring