Ezop. Masallar (3)

Ashampoo_Snap_2016.09.11_13h23m40s_002_.png    Бўри анҳордан сув ичаётган Қўзичоқни кўриб қолди ва қулай бир баҳона билан уни емоқчи бўлди. Мана, у оқимнинг юқорироғида туриб олиб: «Ҳей, сувни лойқалатма, мен ичолмаяпман», деб Қўзичоқни койий бошлади. Қўзичоқ унга жавобан деди: «Мен сувга лабимнинг учинигина теккизяпман, ундан кейин, қанақасига лойқалатай сувни, ахир мен сиздан пастроқда турибман-ку». Қўзичоққа айб қўя олмаган Бўри деди: «Эсингдами, ўтган йили сен отамни бўралаб сўккан эдинг!»

ЭЗОП
МАСАЛЛАР
Русчадан Қодир Мирмуҳамедов таржимаси
055

Ashampoo_Snap_2016.09.11_13h28m01s_007_.pngЭзоп (мил. ав. 6-аср) — юнон масалчиси. Ривоятларга қараганда, Эзоп фригиялик қул бўлиб, сўнг озод қилинган. Лидия шоҳи Крез саройида хизматда бўлган, Дельфада ўлдирилган. Антик даврда маълум бўлган деярли барча масалларнинг сюжети Эзопники деб ҳисобланган. Улар милоддан аввалги 4-3 асрлардан бошлаб тўпланган ва «Эзоп масаллари» китобига киритилган. Милодий 10-15-асрлардаги қўлёзмаларда 300 дан ортиқ шундай масал сақланиб қолган.
Эзоп масаллари ғоявий жиҳатдан тушкунлик ва умидсизлик руҳида ёзилган, персонажлари (асосан, ҳайвонлар) ўта шартли, воқеалар ихчам баён қилинган; тили содда, жонли тилга яқин. Эзоп масаллари сюжети Европа масалчилиги сюжетининг асосини ташкил этган. Лотин масалчиси Федр (1-аср) ва юнон масалчиси Бабрий (2-аср)дан тортиб француз Ж. Лафонтен ва рус Иван Криловгача Эзоп масаллари сюжетини даврга мослаб ижодий ривожлантирганлар.

055

152. ҚАРОҚЧИ ВА ТУТ ДАРАХТИ

Қароқчи катта йўлда бир одамни ўлдиради; буни кўрганлар унинг орқасидан қува бошлайдилар; ҳаммаёғи қонга беланган қароқчи ўликни тунашга улгурмай, оёғини қўлга олиб қочади. Йўлда учраган одамлар ундан: «Нега қўлларинг қон?» деб сўрайдилар. «Тут дарахтига чиқаётганимда қонаб кетди», деб жавоб қилади қароқчи. Бу аснода уни таъқиб қилаётганлар етиб келишади ва тутиб шу ердаги Тут дарахтига осишади. Шунда Тут тилга кириб, Қароқчига дейди: «Сени қатл этишларида дор бўлиб хизмат қилганим учун афсусланмайман, зеро сен одам ўлдирдинг, бу ҳам етмагандек, ўз айбингни менга ағдармоқчи бўлдинг».

Табиатан оқкўнгил, мехрибон бўлган одамлар ҳам кўпинча туҳмат гапни эшитганларида дарғазаб бўлиб кетадилар.

153. БЎРИЛАР ВА ҚЎЙЛАР

Бўрилар қўйларни таламоқчи бўлиб кўп ҳаракат қилишди, лекин эплай олишмади, чунки Қўйларни соқчи итлар қўриқлар эдилар. Шунда Бўрилар ўз ниятларига етиш учун найранг ишлатмоқчи бўлдилар: улар Қўйлар олдига элчи юбордилар. «Итларингизни бизга беринг, — деб таклиф қилди элчи, — ахир сизлар билан бизларнинг ўртамизда адоват пайдо бўлишига шу итлар сабабчи-ку. Агар уларни бизга берсангиз, кейин ҳаммамиз тинч-тотув яшаган бўлардик». Бефаҳм Қўйлар оқибати нима бўлишини ўйлаб ҳам ўтирмай, итларини Бўриларга топширдилар. Ана шунда Бўрилар ҳимоясиз қолган қўйларни осонгина тутиб еявердилар.

Ўзидаги халқ сардорларини ҳеч бир монелик кўрсатмай душман қўлига топширувчи давлатлар ҳам шунақа: орадан сал вақт ўтар-ўтмай, кутилмаганда, улар лушманга тобе бўлиб қолганларини сезмай қоладилар.

154. БЎРИ БИЛАН ОТ

Далада тентираб юрган Бўри бир арпазорга бориб қолди. Арпа унинг емиши эмас эди, шу боис тескари бурилиб, ўз йўлида кетаверди. Йўлида у дафъатан бир Отни учратди ва уни арпазорга бошлаб келиб, деди: «Қара, қанча арпа, ўзим емай сенга илиндим, чунки отларнинг «касир-кусир» қилиб арпа ейиши қулоғимга жуда ёқади-да». Унга жавобан От деди: «Йўқ, биродар, агар бўрилар арпани тамадди қила олганларида, сен қулоғингнимас, қорнингни қувонтирган бўлардинг».

Масал демоқчики, табиатан нобакор ва сохтадил кишиларнинг сўзларига ҳеч ким ишонмайди.

155. БЎРИ БИЛАН ҚЎЗИЧОҚ

032Бўри анҳордан сув ичаётган Қўзичоқни кўриб қолди ва қулай бир баҳона билан уни емоқчи бўлди. Мана, у оқимнинг юқорироғида туриб олиб: «Ҳей, сувни лойқалатма, мен ичолмаяпман», деб Қўзичоқни койий бошлади. Қўзичоқ унга жавобан деди: «Мен сувга лабимнинг учинигина теккизяпман, ундан кейин, қанақасига лойқалатай сувни, ахир мен сиздан пастроқда турибман-ку». Қўзичоққа айб қўя олмаган Бўри деди: «Эсингдами, ўтган йили сен менинг отамни бўралаб сўккан эдинг!» — «Вой, нима деяпсиз ўзи, ўтган йили мен ҳали туғилмаган эдим-ку», деди Қўзичоқ. Кўзлаган нияти амалга ошмаган Бўри: «Бўлди, бас, — деди, — ўзингни оқлашга уста бўлсанг ҳам барибир ейман сени!»

Масал дейдики, бирон ёвузликни олдиндан кўзлаб қўйган одамни ҳеч қандай адолатли оқлов далили ҳам шум ниятидан қайтара олмайди.

156. БЎРИ БИЛАН ҚАРҚАРА

Бўрининг томоғига суяк тиқилиб қолди ва у ўзига ёрдам берадиган бирон жонзотни қидира бошлади. Мана, у бир Қарқарани учратиб қолди ва унга, агар томоғимга тиқилган суякни тортиб олсанг, сени яхши бир туҳфа билан хурсанд қиламан, деди. Қарқара узун тумшуғини Бўрининг оғзига тиқиб, суякни тортиб олди ва ундан ваъда қилинган туҳфани талаб қилди. Бўри унга шундай жавоб қилди: «Бўри оғзидан бошингни омон тортиб олганингта шукур қилсанг-чи, нодон — яна қанақа туҳфа керак сенга?»

Масал демоқчики, бадният кишилар агар бировга ёмонлик қилмасалар, бу қилмишларини саховат деб ҳисоблайдилар.

157. БЎРИ БИЛАИ ЭЧКИ

Бўри теран жар лабида ўтлаб юрган Эчкини кўриб қолди; у Эчкининг олдига чиқолмасди, шунинг учун уни пастга тушишга ундаб деди: «Жар ёқаси хатарли, фалокат босиб йиқилиб тушишинг мумкин; бу ерда, пастда ям-яшил дала, барра ўтлар, мазза қиласан». Лекин Эчки унга бундай жавоб қилди: «Йўқ, гап пастдаги ўтлоқда ўтлаш «мазза» эканлигида эмас, балки сенинг қорнинг очлигида. Зеро, сен менинг эмас, ўз қорнингнинг ғамини еяпсан».

Ҳаётда ҳам шундай, ёмон ниятли кишилар, агар оқил одамларга бирор бир ёвузлик қилмоқчи бўлсалар, кўзлаган барча макру ҳийлалари, барибир, албатта фош бўлгай.

158. БЎРИ ВА КАМПИР

Егулик ўлжа қидириб изғиб юрган қорни оч Бўри бир уй олдига келганида ичкаридан гўдак боланинг чинқириб йиғлаганини ва Кампир бувисининг: «Бўлди, бас қил, бўлмаса, сени Бўрита бериб юбораман!» деб қўрқитаётганини эшитиб қолди ва, Кампирнинг гапи ростга ўхшайди, деб ўйлаб, болани унга ташлашларини кута бошлади. Кеч кириб, қоронғи тушди, лекин Кампир ҳануз ваъдасини бажармасди; бир пайт ичкаридан Кампирнинг овози эшитилди: «Вой, ўзим ўргилай эркатойимдан, нега энди сени Бўрига берарканман, ундан кўра, ўзимиз тутиб олиб ўлдирамиз ўша Бўрини!»

Бу гапни эшитган Бўри тезроқ бу ердан жуфтакни ростлаб нари кетаркан деди: «Бу уйда бетайин одамлар яшаркан — айтган гаплари бошқа-ю, қиладиган ишлари унинг  тескариси».

Бу масал гапи билан қилаётган иши бир-бирига зид бўлган одамлар ҳақида.

160. БЎРИ ВА ҚЎЙ

Итларга таланиб чалажон бўлиб ётган Бўрининг ўзига бирон егулик ўлжа излашга ҳам мадори қолмаган эди. Мана, у нарироқда ўтлаб юрган бир Қўйни чақириб, ундан шу ердаги жилғадан сув олиб келиб беришни илтимос қилди ва деди: «Менга фақат сув берсанг бўлгани, овқатни ўзим топиб ейман». Лекин Қўй унга шундай жавоб қилди: «Агар сенга сув берсам, унда ўзим сенинг овқатинг бўламан».

Масал маккорлик ва мунофиқлик билан иш кўрувчи муғамбир одамларни фош қилади.

161. ФОЛБИН

Фолбин бозор майдонида ўтириб олиб, одамларга фол очар ва шу йўл билан пул топарди. Бир пайт унинг олдига ҳовлиқиб югуриб келган одам бақириб деди: «Ҳей Фолбин, ўғрилар эшигингни бузиб кириб, уйингдаги ҳамма мол-давлатингни ўғирлаб кетишди». Ваҳимага тушган Фолбин сакраб ўрнидан туриб кетди ва бозорни бошига кўтариб дод солганча уйи томон югуриб кетди. Уни йўлда учратган бир одам сўради: «Эй биродар, ўз уйингда нималар бўлаётганини билмас экансан-у, қандай қилиб ўзгалар ҳаётида юз бериши мумкин бўлган ишларни башорат қила оласан?»

Шундай одамлар бўладики, ўзлари қандай яшаш лозимлигини билмайдилар-у, бошқаларга ақл ўргатмоқчи бўладилар. Бу масал ана шундай ношуд кимсалар ҳақида.

163. АСАЛАРИЛАР ВА ЗЕВС

Асаларилар ўз асалларини одамлардан қизғанишарди. Шу боис бир куни улар Зевс ҳузурига келиб: «Ё олий тангримиз, бизга шундай қудрат ато этгилки, уяларимиздаги асалимизни олмоқчи бўлган кимсаларни ўз нишларимиз билан маҳв эта олайлик», деб илтижо қилдилар. Зевс ўз бандаларига меҳрибон эди, бинобарин у ёмон ниятда бўлган Асаларилардан ғазабланиб, шундай қилдики, улар бирон кимсани чаққанларида, нишларидан айриладиган ва ўзлари ҳам шу заҳоти жон таслим қиладиган бўлдилар.

Бу масал қизғанчиқлик қилиш оқибатида ўзлари бало-қазога учраб қолувчи одамларга қаратилган.

165. СИЧҚОНЛАР ВА СУВСАРЛАР

Сичқонлар билан Сувсарлар ўртасида уруш борар эди ва Сичқонлар мағлубиятга учраётган эдилар. Мана, бир куни улар йиғилишиб, жангда ютқазаётганимизга сабаб — бизга раҳбарлик қиладиган саркардалар йўқ, деб айтишди ва ўз ичларидан лашкарбошилар сайлашди. Бу лашкарбошилар жангоҳда савлатлироқ кўриниш ва ўз аскарларидан ажралиб туриш учун бошларига шохлар боғлаб олдилар. Жанг бошланди  ва Сичқонлар яна мағлубиятга учрадилар. Шунда оддий аскарлар дарров ин-инларига кириб беркиниб олдилар, аммо лашкарбошилар бошларига боғлаган шохлар туфайли инларига қочиб киролмадилар ва Сувсарларга ем бўлдилар.

Масалдан ҳисса — шуҳратпарастлик кўп одамларга бахтсизлик келтиради.

166. ЧУМОЛИ

Бир замонлар Чумоли одам бўлган ва ғаллакорлик билан шуғулланган экан, лекин ўз меҳнати билан етиштирган ҳосилга қаноат қилмай, бошқа деҳқонларга доим ҳасад қилар ва уларнинг ғаллаларини ўғирлар экан. Шунда тангри Зевс бу ебтўймас, очкўз одамнинг қинғир ишларидан дарғазаб бўлиб, уни ҳозир биз Чумоли деб юритувчи ҳашаротга айлантирган экан. Аммо у энди бошқача қиёфага кирган бўлишига қарамай, феъли ўша-ўшалигича қолибди: ҳали ҳам уззукун далама- дала кезиб, хирмонлар ва омборхоналардан буғдой, арпа донларини ўз инига ташиб ғамлаш билан овора.

Масал дейдики, табиатан қурумсоқ бўлиб яралган одам ўла-ўлгунича тузалмайди.

169. ИШРАТПАРАСТ ВА ҚАЛДИРҒОЧ

Бир ишратпараст йигит бутун бойлигини маишатга сарфлади; ахийри унинг эгнидаги чопонидан бўлак ҳеч вақоси қолмади. Шунда у анча барвақт учиб келган бир Қалдирғочни кўриб қолди-да, мана, ёз ҳам келибди, деб ўйлаб, чопонини бозорга олиб бориб сотиб юборди. Лекин ҳали қиш тугамаган эди, яна аёзли кунлар бошланди. Бир куни йигит совуқдан дағ-дағ қалтираб кўчада тентираб юрганида ерда ўлиб ётган Қалдирғочни кўриб қолди ва унга қараб деди: «Сени қара-ю! Ўзингниям, мениям хароб қилдинг-а!»

Ушбу масал бемаврид қилинган ҳар қандай иш хатарли бўлишини билдиради.

173. ЁҒОЧ КЕСУВЧИ ВА ҲЕРМЕС

Бир Ёғоч кесувчи одам дарё бўйида ўтин тайёрлаётган экан, бехосдан қўлидаги болтаси сувга тушиб кетибди. Бундан қаттиқ хафа бўлган ўтинчи сув бўйига ўтириб олиб йиғлай бошлабди. Тангрилардан маъбуд Ҳермеснинг унга раҳми келибди ва олдига келиб, нима учун йиғлаётгани сабабини сўраб билибди. Сўнг у дарёга шўнғиб олтин сопли болта олиб чиқибди ва Ёғоч кесувчидан, шуми болтанг, деб сўрабди. Ёғоч кесувчи, йўқ, бу болта меники эмас, деб жавоб қилибди. Ҳермес дарёга яна шўнғиб, энди кумуш сопли болта олиб чиқибди ва, йўқотган болтанг бу эмасми, деб сўрабди. Ёғоч кесувчи бу болтани ҳам тан олмабди; шунда Ҳермес учинчи марта шўнғиб, ёғоч сопли болта олиб чиқибди. Бу сафар Ёғоч кесувчи ўз болтасини дарров танибди. Шунда Ҳермес Ёғоч кесувчининг диёнатли, ҳалол одам эканлигини кўриб, унга учала болтани ҳам туҳфа этибди. Ёғоч кесувчи йигит Ҳермес туҳфаларини олиб ҳамкасб ўртоқлари олдига борибди ва ҳамма бўлган воқеани сўзлаб берибди. Бир ўтинчининг унга ҳаваси келиб, у ҳам дўстига тақлид қилмоқчи бўлибди; у болтасини қўлига олиб, дарё бўйига борибди ва у ерда дарахт кеса туриб, атайин болтасини сувга тушириб юборибди. Кейин сув бўйига ўтириб йиғлай бошлабди. Шунда Ҳермес пайдо бўлиб ундан, нима бўлди, нега йиғлаяпсан, деб сўрабди. Дарахт кесувчи йигит болтаси йўқолиб қолганини айтибди. Ҳермес унга сувдан олтин сопли болта олиб чиқиб, йўқотган болтанг шу эмасми, деб сўрабди. Ўтинчи йигитнинг хасислиги қўзиб: «Ҳа, ҳа, шу менинг болтам», дебди. Лекин маъбуд Ҳермес бу ўтинчига ёлғончилиги учун совға ҳам тақдим этмабди, ўзининг болтасини ҳам қайтариб бермабди.

Масалдан ҳисса шуки, маъбудлар диёнатли, номусли одамларга қанча яхшилик қилсалар, бетавфиқ, бедиёнат кишиларга нисбатан шунча ёмонликни раво кўрадилар.

174. ЙЎЛОВЧИ ВА ТАҚДИР

Йўловчи узоқ йўл юриб қаттиқ чарчади ва бир қудуқ яқинига келиб, ўзини таппа ерга отдию пинакка кетди; кейин уйқусираб ағдарилди-да, сал бўлмаса қудуққа тушиб кетаёзди. Шу чоғ тепасига келган Тақдир унга деди: «Эй биродар, агар ҳозир бехосдан қудуққа тушиб кетганингда эди, ўзингданмас, мендан нолиган бўлардинг!»

Кўпчилик одамлар ҳам шунақа: қилғилиқни ўзлари қилиб қўядилар-да, доим тангриларни айблайдилар.

175. ЙЎЛОВЧИЛАР ВА  ЧИНОР ДАРАХТИ

Бир гуруҳ йўловчилар саратонда туш пайтида жазирама иссиқдан лоҳас бўлиб оёқларини зўрға судраб борардилар. Шу пайт йўлларида бир Чинор дарахти учраб қолди. Улар шу дарахт тагига келиб, соясида ётиб дам ола бошладилар. Бир оздан сўнг сал ўзларига келишгач, тепаларидаги Чинорга қараб бир-бирлари билан гурунглаша бошладилар: «Қара, тоғдек бўйи бор-у, қисир дарахт: мева бермайди, фойдаси ҳам тегмайди одамларга!» Чинор уларга жавобан деди: «Эй ношукур бандалар, ўзларинг-ку менинг соямда ётиб ҳордиқ чиқаряпсанлар. Бас, шундай экан, фойдаси йўқ, мева бермайди, деб мендан нолиганларинг инсофданми?»

Баъзи одамлар ҳам шунақа омадсиз бўладилар: улар одамларга қанча яхшилик қилишмасин, ҳеч ким миннатдорлик билдирмайди.

176. ЙЎЛОВЧИ ВА ИЛОН

Бир Йўловчи қиш пайтида кетатуриб, совуққотиб сулайиб ўлар ҳолда ётган Илонни кўриб қолади ва раҳми келиб, уни қўйнига солиб исинтира бошлайди. Илон совуқ қотган  пайтида Йўловчининг қўйнида жимгина ётади, аммо исиниб жони кирганидан кейин ўз халоскорининг қорнини чақиб заҳарлайди. Йўловчи жони узилар экан, дейди: «Айб ўзимда ахир тириклигида кўрганимда ҳам янчиб ўлдиришим керак булган бу газандани сулайиб ётганида қугқариб нима қилардим — ўлса ўлиб кетавермасмиди!»

Масал дейдики, ичиқора, қилмиши фақат ёвузлик бўлган одамларга қанча яхшилик қилма, ундайлар, барибир, яхшиликка ёмонлик қилаверадилар.

178. ЙЎЛОВЧИ ВА ҲЕРМЕС

Узоқ сафарга чиққан Йўловчи, агар шу сафарим чоғида йўлда бирон буюм топсам, ярмини маъбуд Ҳермесга бахш этардим, деб аҳд қилган эди. Мана, у йўлда бир халта топиб олди ва, ичида пул бўлса керак, деб шоша-пиша унинг ичидаги нарсани ерга тўкди. Халтада бир ҳовуч бодом билан бир нечта хурмо бор экан; Йўловчи уларнинг ҳаммасини еди, сўнг бодомнинг пўчоғини ва хурмонинг данакларини йўл еқасидага меҳробга қўяркан деди: «Мана, Ҳермес, топилмамнинг сенга бахш этмоқчи бўлганим ярми: ҳам сиртидагини ҳам ичидагини баҳам кўряпман сен билан».

Бу масал ўз манфаатини кўзлаб тангриларни ҳам алдашдан ўзини тия олмайдиган зиқна одамлар ҳақида.

182. УСТИГА ҲАЙКАЛ ОРТИЛГАН  ЭШАК

Бир одам Эшаги устига тангрилардан бирининг ҳайкалини турғазиб қўйиб шаҳарга йўл олди. Йўлда учраган одамлар Эшак устидаги тангри ҳайкалини кўриб, эгилиб таъзим кила бошладилар; Эшак, бу одамлар менга таъзим қилишяпти деб ўйлаб ғурурланиб кетди ва баралла овози билан ҳанграй бошлади, сўнг тихирлик қилиб бир ерда оёқ тираб туриб олди. Эшак эгаси гап нимада эканини тушунди ва уни таёқ билан савалар экан, деди: «Вой, хомкалла-е! Энди шу етмай турганди: нима, художўй одамлар келиб-келиб сен — Эшакка таъзим қилишарканми? «

Масал дейдики, бегоналар хизматини ўзиники деб керилувчи одамлар ўз танишлари олдида кулги бўлгайлар.

186. ЭШАК ВА УНИНГ ЭГАСИ

Бир одам йўлда Эшагини ҳайдаб кетаётган эди, Эшакнинг жини қўзидими, бирданига катта йўлдан четга бурилиб, тўғри рўпарадаги чуқур жар томон югуриб кетди; шу кетишда унинг жарга қулаши аниқ эди. Эгаси унинг думидан ушлаб орқага торгмоқчи бўлди, лекин қайсар эшак оёқтираб туриб олди. Шунда эгасининг ҳафсаласи пир бўлиб, Эшакнинг думини қўйиб юборар экан, деди: «Э, билганингни қилмайсанми! Ахир ўзингга ёмон бўлади-ку, аҳмоқ!»

Бу масал қайсар одам ҳақида.

187. ЭШАК БИЛАН БЎРИ

Яйловда ўтлаб юрган Эшак ўзи томон югуриб келаётган Бўрини кўриб қолди ва дарҳол оқсоқлана бошлади. Бўри келиб ундан, нега оқсоқланяпсан, деб сўради. Эшак унга жавоб қилди: «Э, сўрама, четан девордан ҳатлаб ўтаётган эдим, фалокат босиб, оёғимга зирапча кириб кетса бўладими…

Биламан, ҳозир сен мени ейсан; илтимос, олдин зирапчани суғуриб ол, тағин томоғингга тиқилиб қолмасин». Бўри унинг гапига ишонди; Эшак оёғини кўтарди, Бўри эса синчковлик билан Эшакнинг туёғини кўздан кечира бошлади. Шунда Эшак пайт пойлаб туриб Бўрининг жағига чунонам тепдики, йиртқичнинг ҳамма тиши дув тўкилиб тушди. Оғриққа чидолмаган Бўри нола қилиб деди: «Шўргинам қурсин менинг! Ахир отам мени қассобликка ўргатган эди-ку — табиблик қилишимга бало бормиди!»

Баъзи одамлар ҳам шундай: ўзлари уддалай олмайдиган ишга қўл урадилар-да, фалокатга учрайдилар.

191. ЭШАК, ТУЛКИ ВА ШЕР

Эшак билан Тулки дўст тутинишди ва ов қилгани биргаликда йўлга чиқишди. Йўлда уларнинг рўпарасидан Шер чиқиб қолди. Шунда Тулки катта хатарга учрашлари мумкинлигини сезиб, Шер олдига югуриб борди ва унга, агар менга тегмасанг, Эшакни сенга илинтириб берардим, деб ваъда қилди. Шер Тулкини қўйиб юборишга сўз берди; шунда Тулки Эшакни бошлаб  келиб Шернинг домига илинтирди.
Эшакнинг энди ҳеч қаёққа кета олмаслигини кўрган Шер олдин Тулкини тилка-пора қилиб еди, сўнг Эшакка ташланди.

Яқин дўстларига ёмонлик қилган одамлар ҳам кўпинча ўз бошларига бало орттираётганларини сезмай қоладилар.

192. ТОВУҚ ВА ҚАЛДИРҒОЧ

Товуқ илон қўйиб кетган тухумларни топди ва ўзи уларни босиб ўтириб бола очирмоқчи бўлди. Мана, тухумлар бирин- кетин чирс-чирс ёрила бошлади. Буни кўриб қолган Қалдирғоч Товуққа деди: «Вой, овсар-е! Нима қилардинг бунақа болаларни очириб; ахир сал катга бўлишса, даставвал сенинг бошингни ейдилар-ку булар!»

Масал дейдики, бадният кишиларга қанча кўп ҳиммат ва хайру саховат кўрсатма, барибир улар шум ниятларини ташламайдилар.

200. ЎҒРИ БОЛА ВА УНИНГ ОНАСИ

Бир бола мактабда ўртоғининг дарс ёзадиган тахтакачини ўғирлаб онасига олиб келиб берди. Онаси уни уришиш ўрнига мақтади. Шундан кейин бола кимнингдир жуббасини ўғирлаб олиб келди; онаси жуббани мамнуният билан қабул қилди. Кундан-кун, ойдан-ой ўтиб, бола йигит бўлди. Энди у йирикроқ, қимматроқ нарсаларни ўғирлай бошлади. Ниҳоят уни жиноят устида қўлга олдилар ва қўлларига кишан солиб қатлгоҳга олиб кетдилар. Онаси унинг орқасидан ўз кўкрагига муштлаб, сочларини юлиб, фарёд чекиб борди. Шунда ўғил онасининг қулоғига бир гап айтмоқчи бўлиб, уни ёнига чақирди; она  ўғлига яқин келди, ўғил онасининг қулоғидан ғарчча тишлаб узиб олди. Онаси: «Бадбахт бола, шунча қилган жиноятларинг етмагандай, энди ўз туққан онангнинг ҳам жонига қасд қиляпсанми?» деб уни койиди. Бола онасининг сўзини эшитишни хоҳламай, шундай деди: «Агар сен, она, биринчи марта тахтакач ўғирлаб келганимда мени койиб тўғри йўлга солганингда эди, бугунги машъум аҳволга тушмасдим ва мени қатлгоҳ сари олиб бормаган бўлур эдилар».

Масалдан ҳисса: агар гуноҳ ишнинг олди аввал бошдан олинмаса, у бора-бора зўриқиб, фалокат домига тортиши мумкин.

205. БОЙЛАР ВА ГЎЯНДАЛАР

Бир бойнииг икки қизи бор эди. Улардан бири ўлиб қолди; Бой қизига аза тутиб йиғлаш учун Гўянда аёлларни ёллади. Иккинчи қиз онасига деди: «Биз шўрликларга қийин бўлди, опамиз ўлиб теран ғамга ботганмиз-у, йиғлай олмаймиз, лекин анави Гўяндалар бизга етти ёт бегона бўлишса ҳам кўкракларига мушт уриб, жон-жаҳдлари билан ўксиб-ўксиб йиғлашяпти». Она қизига деди: «Сен уларнинг бунчалик ўксиб йиғлашига ажабланма, қизим: биз уларга пул тўлаймиз йиғлаганлари учун».

Тўғри, шундай тамагир одамлар ҳам бўладики, улар бировнинг ғамга ботганидан фойдаланиб, ўз манфаатларини кўзлайдилар ва ҳар қандай номақбул ишни қилишдан ҳам қайтмайдилар.

210. ҲАЗИЛКАШ ЧЎПОН

Бир Чўпон ҳар куни қўйларини қишлоқдан анча нарига ҳайдаб бориб ўтлатарди ва кўпинча ҳазил қилиб, гўё қўйларига бўрилар ҳужум қилгандай, дод солиб қишлоқ аҳлини ёрдамга чақирарди. Икки-уч марта деҳқонлар ваҳимага тушиб чўпоннинг олдига югуриб боришди, лекин унинг ҳазил қилганини эшитиб, ҳафсалалари пир бўлиб уйларига қайтиб кетишди. Ниҳоят бир куни бўри чиндан ҳам бостириб келиб, қўйларни бўғиб ўлдира бошлади. Чўпон айюҳаннос солиб одамларни ёрдамга чақирди, лекин деҳқонлар, бу чўпон тушмагур яна ҳазил қиляпти шекилли, деб унинг дод-войига парво қилмадилар. Чўпон бир сурув қўйидан ана шу ҳазилкашлиги туфайли жудо бўлган эди.

Масалнинг таъбирича, ёлғончи одам бунақада фақат бир нарсага эришади, яъни энди рост гапирса ҳам ҳеч ким унга ишонмайди.

211. ЧЎМИЛАЁТГАН БОЛА

Дарёда чўмилаётган бир Бола сувга чўка бошлади ва соҳилда кетаётган бир одамни кўриб уни ёрдамга чақирди. Лекин бу одам ўйламай-нетмай чуқур дарёга чўмилгани тушгани учун Болага танбеҳ бера бошлади; Бола унга бундай деди: «Сиз олдин менга ёрдам бериб сувдан тортиб олинг, ана ундан  кейин бемалол койийверинг».

Масал дейдики, бемаврид таибеҳ берган одамнинг ўзи панд еб қолиши ҳам мумкин.

218. МАЙМУННИНГ БОЛАЛАРИ

Дейдиларки, маймунлар ҳар гал иккитадан бола туғарканлар, битга боласини улар ардоқлаб, яхшилаб парвариш қиларканлару  иккинчи боладан йирганиб, ҳолидан хабар олмай қаровсиз қолдирарканлар. Шунга қарамай, қандайдир илоҳий қисматнинг хоҳиш-исташ билан папалаб парвариш қилинган бола ёшлигида ўлиб кетаркан, аммо қаровсиз бўлган бола ўлмай катга бўларкан.

Масал дейдики, қисмат ҳар қандай меҳрибонона парваришдан қудратлироқдир, зеро халқ ҳикматларида: «Аяган кўзга чўп тушар» ва «Ташлаганга тош тегмас», деб бекорга айтилмаган-да.

219. ТОВУС БИЛАН ЗОҒЧА

Жами паррандалар катта машваратга йиғилиб, ўзларига подшоҳ сайламоқчи бўлдилар. Шунда Товус, мени сайланглар, мен чиройлиман, деб талаб қила бошлади. Қушлар уни сайлашга рози ҳам бўла бошлаган эдилар, шу пайт Зоғча сўз олиб, деди: «Агар сен подшоҳ бўлсангу дафьатан бизларга бургут ҳамла қилиб қолса, қандай ҳимоя қиласан ҳаммамизни?»

Масалдан ҳисса шуки, ҳукмдорларни ҳусн эмас, иқтидор — қудрат  безамоғи керак.

221. ЗЕВС ВА ИЛОН

Зевс  тўй қилаётган экан. Ҳамма ҳайвонлар баҳоли қудрат совға кўтариб келишибди. Илон эса оғзида бир дона гул билан ўрмалаб келибди. Зевс уни кўриб, дебди: «Ҳамманинг совғасини қабул қиламан, аммо сен оғзингда олиб келган совғани олмайман».

Масал, ёвуз ниятли кишиларнинг илтифоти ҳам хавфли бўлади,демоқчи.

224. ҚОБОН БИЛАН ТУЛКИ

Қобон бир дарахт  тагида сўйлоқ тишларини қайрарди. Буни кўриб қолган Тулки ундан сўради: «Теварак-атрофда овчилар ҳам, бошқа хатарли нарсалар ҳам кўринмайди-ку, нега бунча зўр бериб тишларингни қайраб ётибсан?» Қобон жавоб қайтарди: «Бекорга қайраётганим йўқ; бирон кор-ҳол ё фалокат юз бергудек бўлса, тишларим жангга тайёр бўлиб туради».

Юз берадиган хавф-хатарга қарши олдиндан шай бўлиб туриш керак, деб ўргатади бу масал.

225. ҚУРУМСОҚ

Бир қурумсоқ одам барча молу давлатини сотиб, пулига тилла ёмби харид қилди. Кейин у ёмбини девор тагига кўмди- да, ҳар куни келиб ундан хабар олиб турди. Сал нарироқда бир неча одам ишлаётган экан; шу ишчилардан биттаси Қурумсоқнинг девор тагига серқатнов бўлиб қолганини пайқаб, бунинг бир сири бор, деб ўйлади ва ҳеч ким йўқлигида келиб тилла ёмбини ўғирлаб олиб кетди. Ёмби эгаси келиб бойлигининг йўқолганини кўрди ва бу бахтсизликка чидолмай, сочларини юлиб фарёд чека бошлади. Унинг оҳу зорини эшитган бир киши унга деди: «Қўй, куюнма, яхшиси, сен бирор бир тошни олиб, ўша чуқурга кўмгин-да, ёмби кўмдим, деб ўйлаб баҳузур юравер. Ахир бу ерда ётган олтинингдан заррача ҳам фойдаланмас эдинг-ку! Бинобарин, кўмганинг тошми ё олтинми — сенга барибир эмасми?»

Масал, фойдаланилмайдиган бойликдан ҳеч қандай наф йўқдир, демоқчи.

226. ТОШБАҚА БИЛАН ҚУЁН

Тошбақа билан Қуён, қай биримиз чопқирроқмиз, деб баҳслашиб қолишди. Кейин мусобақа вақти ва жойини белгилашиб тарқалишди. Қуён ўзининг табиатан чопқирлигига ишониб, чопишга шошилмади ва йўл ёқасига ётиб пинакка кетди. Лекин Тошбақа ўзининг имиллаб судралиб юришини биларди, шунинг учун у бир лаҳза ҳам дам олмай югургилаб кетаверди. Натижада, у ухлаб ётган Қуёндан ўзиб кетиб маррага етиб борди ва пойгада ютиб чиқди.

Масал демоқчики, тиришқоқлик билан қилинган меҳнат эътиборсиз қолдирилган табиий лаёқатдан устун келиши мумкин.

227. ҚАЛДИРҒОЧ ВА ИЛОН

Қалдирғоч суд маҳкамаси бўғотига уя қуриб бола очди. Кунларнинг бирида у полапонлари учун озиқа топгани учиб кетганида бир Илон унинг инига ўрмалаб чиқиб, ҳамма болаларини еб қўйди. Қайтиб келган Қалдирғоч уясининг бўм-бўш қолганини кўриб, ўксиб-ўксиб йиғлай бошлади. Шунда бошқа қалдирғочлар келиб унга таскин бериб дедилар: «Бўлди, кўп куюнаверма, битта сенми болаларидан жудо бўлган? На илож, қисматимиз шу экан». Қалдирғоч ҳамжинсларига жавобан деди: «Болаларимдан жудо бўлганим — бу менинг шўрпешанам, аммо мен келиб-келиб зўравонлар зулмига учраган одамлар ўзлари учун мадад топадиган бу даргоҳда шундай оғир бахтсизликка учраганимга ҳеч чидолмаяпман».

Масал дейдики, агар ўз яқин кишинг деб ҳисоблаганинг кимса сени хафа қилиб дилингни оғритса, бу сен учун энг оғир азобдир.

229. ҚАЛДИРҒОЧ БИЛАН ҚАРҒА

Қалдирғоч билан Қарға, қай биримиз чиройлироқ, деб тортиша бошлашди. Шунда Қарға Қалдирғочга деди: «Сенинг чиройинг фақат баҳорда кўринади. Мен бўлсам қиш аёзига ҳам чидаб яшайвераман».

Масал демоқчики, узоқ умр кечириш гўзалликдан афзалдир.

230. ТОШБАҚА БИЛАН БУРГУТ

Тошбақа осмонда учиб юрган Бургутни кўриб, ўзининг ҳам учгиси келди ва Бургут ерга қўнганида унинг олдига бориб: «Қанча хизмат ҳақи сўрасанг бераман, фақат мени учишга ўргат», деб ёлворди. Гарчи Бургут, бунинг иложи йўқ, сен уча олмайсан, деб қанча уқтирса ҳам Тошбақа қўярда-қўймай унга ёлвораверди. Ахири бўлмагач, Бургут Тошбақани чангалига олиб осмон-фалакка кўтарилди ва ўша ердан уни қоятошлар устига ташлаб юборди. Шунда Тошбақанинг косалари чилпарчин бўлиб жони узилди.

Масал дейдики, кўпчилик одамлар ўзларини бошқалардан кам ери йўқ деб ҳисоблаб, рақобатга ружу қўядилар ва доно кишиларнинг ўгитига қулоқ солмай, ўзларини нобуд қиладилар.

231. БУРГА ВА ПАҲЛАВОН

Бир куни Бурга беллашувга ҳозирланаётган Паҳлавоннинг оёғига сакраб келиб қўнди-ю, уни чақиб олди. Паҳлавоннинг ғазаби қайнаб, Бургани тирноқлари орасига олиб қирсиллатиб ўлдирмоқчи бўлди, лекин Бурга, табиатан фақат сакраш учун яратилган эмасми, бир сакраб Паҳлавон ҳужумидан жон сақлаб қолди. Шунда у нола чекиб деди: «Аё Ҳеракл! Баски, Бургани маҳв этишимда менга кўмаклашмас экансан, унда рақибларим билан олишганимда қандай қўллаб-қувватлайсен мени?»

Арзимас, икир-чикир ишларни бартараф қилиш чоғидамас, балки энг муҳим, йирик амалларни бажараётгандагина тангрилардан мадад сўраш жоиздир, деб уқтиради бу масал.

234. БЎРИ ВА ЧЎПОН

Бир Бўри Чўпон ҳайдаб кетаётган қўйларга эргашиб бораверди. Чўпон олдинига уни йиртқич душман дея хавотирланиб, орқасига қараб-қараб қўя бошлади; лекин Бўри ҳануз қўйлар ортидан эргашиб келарди-ю, ҳужумга ўтиш нияти сезилмасди. Ниҳоят Чўпон, бу Бўри душман эмас, балки қўйларимнинг соқчиси бўлиши мумкин, деб ўйлай бошлади. Мана, бир куни у шаҳарга бориб келмоқчи бўлди ва қўйларини шу Бўри ихтиёрига қолдириб жўнаб кетди. Шунда Бўри ови юрадиган пайт келганини тушунди ва қўйларни пайдар-пай қийрата бошлади, Чўпон шаҳардан қайтиб келиб, қўйларининг қирилиб кетганини кўриб, шундай деди: «Айб ўзимда, аҳмоқ бўлмасам, келиб-келиб қўйларни Бўрига ишониб топширармидим?»

Шунақа одамлар бўладики, ўз бойликларини очкўз кишиларга ишониб қўядилар-да, кейин таассуф қилиб бармоқларини тишлайдилар.

235. ЧУМОЛИ ВА КАПТАР

Чумоли чанқаб сув ичмоқчи бўлди ва жилға лабига тушди, лекин сув ичмоқчи бўлганида бехосдан жилғага тушиб кетди. Шу ердаги дарахт шохига қўниб ўтирган бир Каптар дарахтдан барг узиб Чумолига ташлади. Чумоли шу баргга чиқиб жон сақлаб қолди. Бу пайт шу ерда пайдо бўлган бир овчи Каптарни тутиб олиш ниятида тузоқ чивиқларини шайлай бошлади; худди шу маҳал Чумоли келиб овчининг оёғини тишлади; ана шунда унинг қўлидаги чивиқлар сочилиб, Каптар учиб кетди.

Кези келганда заиф одамнинг ҳам ёрдами асқатиб қолиши мумкин, деб сабоқ беради бу масал.

237. ЭШАК ХАРИД ҚИЛУВЧИ

Бир одам эшак харид қилмоқчи бўлди ва бир эшакни, синаб кўриш учун, уйига етаклаб келиб оғилхонадаги бошқа эшаклари орасига қўйиб юборди. Шунда янги келган эшак бу ердаги эшакларга қайрилиб ҳам қарамай, дарров ҳар қандай ишга яроқсиз бўлган ўта ялқов ва очофат эшакнинг ёнига бориб турди. Бу ҳолни кўрган харидор эшакни етаклаб яна эгасига олиб бориб берди. Эшак эгаси синов қандай ўтганини сўради, харидор унга жавоб қилди: «Ҳеч қандай синовнинг ҳожати йўқ; қарасам, бу эшагинг менинг эшакларим ичидан фақат ўзига ўхшаган биттаси билан зумда иноқлашиб олди».

Одамнинг қандайлигини унинг дўстларига қараб билса бўлади, дейди бу масал.

239. АСРАГАНИ ПУЛ ОЛГАН ОДАМ ВА ҚАСАМ

Бир одамга дўсти асраб кўйиш учун пул берди, лекин пул олган одамнинг нияти бузуқ эди — у бу пулни ўзлаштириш ҳақида ўйлай бошлади; пул берган дўсти эса, мендан палонча пул олганинг ҳақида қасам ич, деб талаб қилди. Шунда пул олган одам безовта бўлиб, ўз қишлоғига бориш учун йўлга чиқди. Шаҳар дарвозаси яқинида у шаҳардан чиқиб келаётган бир чўлоқ одамни кўриб, ундан кимлиги ва қаёққа кетаётганини сўради. Чўлоқ, исми Қасам эканлигини ва бир қасамхўр орқасидан қувиб кетаётганини айтди. Одам бу чўлоқдан қачон яна шаҳарга қайтиб келишини сўради. У жавоб қилди: «Қирқ йилдан кейин, баъзида ўтгиз йилдан кейин». Шунда пул олган одам ўз келажагидан хотиржам бўлди ва меҳроб олдига бориб: «Ҳеч кимдан сақлаб қўйиш учун ҳеч қандай пул олмадим», деб қасам ичди. Аммо шу гапни айтиши билан дарҳол Қасам пайдо бўлиб унга ҳамла қилди ва жарга итариб юборгани орқасидан қува бошлади. Қасамхўр эса: «Ахир ўттиз йилдан кейин қайтаман девдинг-ку, нега бир кун ҳам ўтмай дарров келдинг?» деб таъна қилди. Қасам жавоб берди: «Шуни билки, кимки менга қарши қаттиқ жиноят қилса, бир кун ҳам кутмай дарров етиб келаман».

Масалнинг таъкидлашича, оғир жниоятга қўл урган бадният одамларга юбориладиган илоҳий жазоларнинг муддати йўқдир.

240. ПРОМЕТЕЙ ВА ОДАМЛАР

Прометей тангри Зевс амри билан лойдан одамлар ва жониворларни ясади. Ва лекин Зевс нодон ҳайвонлар жуда ҳам кўп ясалганини кўриб, уларнинг бир қисмини қайта зувала қилиб, у зуваладан одамлар ясашни амр этди. Прометей Зевс амрини бажарди; оқибатда шундай бўлдики, ҳайвонлар зуваласидан ясатган одамлар гарчи инсон қиёфасида бўлсалар ҳам ҳайвоний хислатлари ва руҳиятларини сақлаб қолган эдилар.

Масал бу билан дағал ва онгсиз одамларга ишора қилмоқда.

241. ЧИРИЛДОҚ ВА ТУЛКИ

Ҳашарот Чирилдоқ азим дарахт шохига қўниб олиб тинимсиз чириллаб қўшиқ куйларди. Тулки найранг ишлатиб уни тутиб емоқчи бўлди: дарахт қаршисида туриб олди-да, унинг ажиб хуш овозига мафтун бўлганини ва бундай мароқли қўшиқни ижро этаётган лобар хилқатни бир кўриш иштиёқида ёнаётганини айтиб, ундан пастга тушишни илтимос қилди. Тулкининг айёрлик қилаётганини Чирилдоқ дарров фаҳмлади ва битта япроқни узиб пастга ташлади. Тулки япроқни Чирилдоқ  деб ўйлаб унга ташланди. Шунда Чирилдоқ деди: «Сен, тасаддуқ, мени олдингга тушади деб хато қилдинг: тулкиларнинг тезагида чирилдоқ қанотини кўриб қолганимдан бери мен ўзимни эҳтиёт қиладиган бўлганман».

Масалдан ҳисса: доно одамлар ўз яқин кишилари бошига тушган бахтсизликдан сабоқ олурлар.

Ashampoo_Snap_2016.09.11_14h29m30s_013_.png

EZOP
MASALLAR
Ruschadan Qodir Mirmuhamedov tarjimasi
055

Ashampoo_Snap_2016.09.11_13h26m00s_005_.pngEzop (mil. av. 6-asr) — yunon masalchisi. Rivoyatlarga qaraganda, Ezop frigiyalik qul bo’lib, so’ng ozod qilingan. Lidiya shohi Krez saroyida xizmatda bo’lgan, Del`fada o’ldirilgan. Antik davrda ma’lum bo’lgan deyarli barcha masallarning syujeti Ezopniki deb hisoblangan. Ular miloddan avvalgi 4-3 asrlardan boshlab to’plangan va «Ezop masallari» kitobiga kiritilgan. Milodiy 10-15-asrlardagi qo’lyozmalarda 300 dan ortiq shunday masal saqlanib qolgan.
Ezop masallari g’oyaviy jihatdan tushkunlik va umidsizlik ruhida yozilgan, personajlari (asosan, hayvonlar) o’ta shartli, voqealar ixcham bayon qilingan; tili sodda, jonli tilga yaqin. Ezop masallari syujeti Yevropa masalchiligi syujetining asosini tashkil etgan. Lotin masalchisi Fedr (1-asr) va yunon masalchisi Babriy (2-asr)dan tortib frantsuz J. Lafonten va rus Ivan Krilovgacha Ezop masallari syujetini davrga moslab ijodiy rivojlantirganlar.

055

152. QAROQCHI VA TUT DARAXTI

Qaroqchi katta yo’lda bir odamni o’ldiradi; buni ko’rganlar uning orqasidan quva boshlaydilar; hammayog’i qonga belangan qaroqchi o’likni tunashga ulgurmay, oyog’ini qo’lga olib qochadi. Yo’lda uchragan odamlar undan: «Nega qo’llaring qon?» deb so’raydilar. «Tut daraxtiga chiqayotganimda qonab ketdi», deb javob qiladi qaroqchi. Bu asnoda uni ta’qib qilayotganlar yetib kelishadi va tutib shu yerdagi Tut daraxtiga osishadi. Shunda Tut tilga kirib, Qaroqchiga deydi: «Seni qatl etishlarida dor bo’lib xizmat qilganim uchun afsuslanmayman, zero sen odam o’ldirding, bu ham yetmagandek, o’z aybingni menga ag’darmoqchi bo’lding».

Tabiatan oqko’ngil, mexribon bo’lgan odamlar ham ko’pincha tuhmat gapni eshitganlarida darg’azab bo’lib ketadilar.

153. BO’RILAR VA QO’YLAR

Bo’rilar qo’ylarni talamoqchi bo’lib ko’p harakat qilishdi, lekin eplay olishmadi, chunki Qo’ylarni soqchi itlar qo’riqlar edilar. Shunda Bo’rilar o’z niyatlariga yetish uchun nayrang ishlatmoqchi bo’ldilar: ular Qo’ylar oldiga elchi yubordilar. «Itlaringizni bizga bering, — deb taklif qildi elchi, — axir sizlar bilan bizlarning o’rtamizda adovat paydo bo’lishiga shu itlar sababchi-ku. Agar ularni bizga bersangiz, keyin hammamiz tinch-totuv yashagan bo’lardik». Befahm Qo’ylar oqibati nima bo’lishini o’ylab ham o’tirmay, itlarini Bo’rilarga topshirdilar. Ana shunda Bo’rilar himoyasiz qolgan qo’ylarni osongina tutib yeyaverdilar.

O’zidagi xalq sardorlarini hech bir monelik ko’rsatmay dushman qo’liga topshiruvchi davlatlar ham shunaqa: oradan sal vaqt o’tar-o’tmay, kutilmaganda, ular lushmanga tobe bo’lib qolganlarini sezmay qoladilar.

154. BO’RI BILAN OT

Dalada tentirab yurgan Bo’ri bir arpazorga borib qoldi. Arpa uning yemishi emas edi, shu bois teskari burilib, o’z yo’lida ketaverdi. Yo’lida u daf’atan bir Otni uchratdi va uni arpazorga boshlab kelib, dedi: «Qara, qancha arpa, o’zim yemay senga ilindim, chunki otlarning «kasir-kusir» qilib arpa yeyishi qulog’imga juda yoqadi-da». Unga javoban Ot dedi: «Yo’q, birodar, agar bo’rilar arpani tamaddi qila olganlarida, sen qulog’ingnimas, qorningni quvontirgan bo’larding».

Masal demoqchiki, tabiatan nobakor va soxtadil kishilarning so’zlariga hech kim ishonmaydi.

155. BO’RI BILAN QO’ZICHOQ

Bo’ri anhordan suv ichayotgan Qo’zichoqni ko’rib qoldi va qulay bir bahona bilan uni yemoqchi bo’ldi. Mana, u oqimning yuqorirog’ida turib olib: «Hey, suvni loyqalatma, men icholmayapman», deb Qo’zichoqni koyiy boshladi. Qo’zichoq unga javoban dedi: «Men suvga labimning uchinigina tekkizyapman, undan keyin, qanaqasiga loyqalatay suvni, axir men sizdan pastroqda turibman-ku». Qo’zichoqqa ayb qo’ya olmagan Bo’ri dedi: «Esingdami, o’tgan yili sen mening otamni bo’ralab so’kkan eding!» — «Voy, nima deyapsiz o’zi, o’tgan yili men hali tug’ilmagan edim-ku», dedi Qo’zichoq. Ko’zlagan niyati amalga oshmagan Bo’ri: «Bo’ldi, bas, — dedi, — o’zingni oqlashga usta bo’lsang ham baribir yeyman seni!»

Masal deydiki, biron yovuzlikni oldindan ko’zlab qo’ygan odamni hech qanday adolatli oqlov dalili ham shum niyatidan qaytara olmaydi.

156. BO’RI BILAN QARQARA

002Bo’rining tomog’iga suyak tiqilib qoldi va u o’ziga yordam beradigan biron jonzotni qidira boshladi. Mana, u bir Qarqarani uchratib qoldi va unga, agar tomog’imga tiqilgan suyakni tortib olsang, seni yaxshi bir tuhfa bilan xursand qilaman, dedi. Qarqara uzun tumshug’ini Bo’rining og’ziga tiqib, suyakni tortib oldi va undan va’da qilingan tuhfani talab qildi. Bo’ri unga shunday javob qildi: «Bo’ri og’zidan boshingni omon tortib olganingta shukur qilsang-chi, nodon — yana qanaqa tuhfa kerak senga?»

Masal demoqchiki, badniyat kishilar agar birovga yomonlik qilmasalar, bu qilmishlarini saxovat deb hisoblaydilar.

157. BO’RI BILAI ECHKI

Bo’ri teran jar labida o’tlab yurgan Echkini ko’rib qoldi; u Echkining oldiga chiqolmasdi, shuning uchun uni pastga tushishga undab dedi: «Jar yoqasi xatarli, falokat bosib yiqilib tushishing mumkin; bu yerda, pastda yam-yashil dala, barra o’tlar, mazza qilasan». Lekin Echki unga bunday javob qildi: «Yo’q, gap pastdagi o’tloqda o’tlash «mazza» ekanligida emas, balki sening qorning ochligida. Zero, sen mening emas, o’z qorningning g’amini yeyapsan».

Hayotda ham shunday, yomon niyatli kishilar, agar oqil odamlarga biror bir yovuzlik qilmoqchi bo’lsalar, ko’zlagan barcha makru hiylalari, baribir, albatta fosh bo’lgay.

158. BO’RI VA KAMPIR

Yegulik o’lja qidirib izg’ib yurgan qorni och Bo’ri bir uy oldiga kelganida ichkaridan go’dak bolaning chinqirib yig’laganini va Kampir buvisining: «Bo’ldi, bas qil, bo’lmasa, seni Bo’rita berib yuboraman!» deb qo’rqitayotganini eshitib qoldi va, Kampirning gapi rostga o’xshaydi, deb o’ylab, bolani unga tashlashlarini kuta boshladi. Kech kirib, qorong’i tushdi, lekin Kampir hanuz va’dasini bajarmasdi; bir payt ichkaridan Kampirning ovozi eshitildi: «Voy, o’zim o’rgilay erkatoyimdan, nega endi seni Bo’riga berarkanman, undan ko’ra, o’zimiz tutib olib o’ldiramiz o’sha Bo’rini!»

Bu gapni eshitgan Bo’ri tezroq bu yerdan juftakni rostlab nari ketarkan dedi: «Bu uyda betayin odamlar yasharkan — aytgan gaplari boshqa-yu, qiladigan ishlari uning teskarisi».

Bu masal gapi bilan qilayotgan ishi bir-biriga zid bo’lgan odamlar haqida.

160. BO’RI VA QO’Y

Itlarga talanib chalajon bo’lib yotgan Bo’rining o’ziga biron yegulik o’lja izlashga ham madori qolmagan edi. Mana, u nariroqda o’tlab yurgan bir Qo’yni chaqirib, undan shu yerdagi jilg’adan suv olib kelib berishni iltimos qildi va dedi: «Menga faqat suv bersang bo’lgani, ovqatni o’zim topib yeyman». Lekin Qo’y unga shunday javob qildi: «Agar senga suv bersam, unda o’zim sening ovqating bo’laman».

Masal makkorlik va munofiqlik bilan ish ko’ruvchi mug’ambir odamlarni fosh qiladi.

161. FOLBIN

Folbin bozor maydonida o’tirib olib, odamlarga fol ochar va shu yo’l bilan pul topardi. Bir payt uning oldiga hovliqib yugurib kelgan odam baqirib dedi: «Hey Folbin, o’g’rilar eshigingni buzib kirib, uyingdagi hamma mol-davlatingni o’g’irlab ketishdi». Vahimaga tushgan Folbin sakrab o’rnidan turib ketdi va bozorni boshiga ko’tarib dod solgancha uyi tomon yugurib ketdi. Uni yo’lda uchratgan bir odam so’radi: «Ey birodar, o’z uyingda nimalar bo’layotganini bilmas ekansan-u, qanday qilib o’zgalar hayotida yuz berishi mumkin bo’lgan ishlarni bashorat qila olasan?»

Shunday odamlar bo’ladiki, o’zlari qanday yashash lozimligini bilmaydilar-u, boshqalarga aql o’rgatmoqchi bo’ladilar. Bu masal ana shunday noshud kimsalar haqida.

163. ASALARILAR VA ZEVS

Asalarilar o’z asallarini odamlardan qizg’anishardi. Shu bois bir kuni ular Zevs huzuriga kelib: «YO oliy tangrimiz, bizga shunday qudrat ato etgilki, uyalarimizdagi asalimizni olmoqchi bo’lgan kimsalarni o’z nishlarimiz bilan mahv eta olaylik», deb iltijo qildilar. Zevs o’z bandalariga mehribon edi, binobarin u yomon niyatda bo’lgan Asalarilardan g’azablanib, shunday qildiki, ular biron kimsani chaqqanlarida, nishlaridan ayriladigan va o’zlari ham shu zahoti jon taslim qiladigan bo’ldilar.

Bu masal qizg’anchiqlik qilish oqibatida o’zlari balo-qazoga uchrab qoluvchi odamlarga qaratilgan.

165. SICHQONLAR VA SUVSARLAR

Sichqonlar bilan Suvsarlar o’rtasida urush borar edi va Sichqonlar mag’lubiyatga uchrayotgan edilar. Mana, bir kuni ular yig’ilishib, jangda yutqazayotganimizga sabab — bizga rahbarlik qiladigan sarkardalar yo’q, deb aytishdi va o’z ichlaridan lashkarboshilar saylashdi. Bu lashkarboshilar jangohda savlatliroq ko’rinish va o’z askarlaridan ajralib turish uchun boshlariga shoxlar bog’lab oldilar. Jang boshlandi va Sichqonlar yana mag’lubiyatga uchradilar. Shunda oddiy askarlar darrov in-inlariga kirib berkinib oldilar, ammo lashkarboshilar boshlariga bog’lagan shoxlar tufayli inlariga qochib kirolmadilar va Suvsarlarga yem bo’ldilar.

Masaldan hissa — shuhratparastlik ko’p odamlarga baxtsizlik keltiradi.

166. CHUMOLI

Bir zamonlar Chumoli odam bo’lgan va g’allakorlik bilan shug’ullangan ekan, lekin o’z mehnati bilan yetishtirgan hosilga qanoat qilmay, boshqa dehqonlarga doim hasad qilar va ularning g’allalarini o’g’irlar ekan. Shunda tangri Zevs bu yebto’ymas, ochko’z odamning qing’ir ishlaridan darg’azab bo’lib, uni hozir biz Chumoli deb yurituvchi hasharotga aylantirgan ekan. Ammo u endi boshqacha qiyofaga kirgan bo’lishiga qaramay, fe’li o’sha-o’shaligicha qolibdi: hali ham uzzukun dalama- dala kezib, xirmonlar va omborxonalardan bug’doy, arpa donlarini o’z iniga tashib g’amlash bilan ovora.

Masal deydiki, tabiatan qurumsoq bo’lib yaralgan odam o’la-o’lgunicha tuzalmaydi.

169. ISHRATPARAST VA QALDIRG’OCH

Bir ishratparast yigit butun boyligini maishatga sarfladi; axiyri uning egnidagi choponidan bo’lak hech vaqosi qolmadi. Shunda u ancha barvaqt uchib kelgan bir Qaldirg’ochni ko’rib qoldi-da, mana, yoz ham kelibdi, deb o’ylab, choponini bozorga olib borib sotib yubordi. Lekin hali qish tugamagan edi, yana ayozli kunlar boshlandi. Bir kuni yigit sovuqdan dag’-dag’ qaltirab ko’chada tentirab yurganida yerda o’lib yotgan Qaldirg’ochni ko’rib qoldi va unga qarab dedi: «Seni qara-yu! O’zingniyam, meniyam xarob qilding-a!»

Ushbu masal bemavrid qilingan har qanday ish xatarli bo’lishini bildiradi.

173. YOG’OCH KESUVCHI VA HERMES

Bir Yog’och kesuvchi odam daryo bo’yida o’tin tayyorlayotgan ekan, bexosdan qo’lidagi boltasi suvga tushib ketibdi. Bundan qattiq xafa bo’lgan o’tinchi suv bo’yiga o’tirib olib yig’lay boshlabdi. Tangrilardan ma’bud Hermesning unga rahmi kelibdi va oldiga kelib, nima uchun yig’layotgani sababini so’rab bilibdi. So’ng u daryoga sho’ng’ib oltin sopli bolta olib chiqibdi va Yog’och kesuvchidan, shumi boltang, deb so’rabdi. Yog’och kesuvchi, yo’q, bu bolta meniki emas, deb javob qilibdi. Hermes daryoga yana sho’ng’ib, endi kumush sopli bolta olib chiqibdi va, yo’qotgan boltang bu emasmi, deb so’rabdi. Yog’och kesuvchi bu boltani ham tan olmabdi; shunda Hermes uchinchi marta sho’ng’ib, yog’och sopli bolta olib chiqibdi. Bu safar Yog’och kesuvchi o’z boltasini darrov tanibdi. Shunda Hermes Yog’och kesuvchining diyonatli, halol odam ekanligini ko’rib, unga uchala boltani ham tuhfa etibdi. Yog’och kesuvchi yigit Hermes tuhfalarini olib hamkasb o’rtoqlari oldiga boribdi va hamma bo’lgan voqeani so’zlab beribdi. Bir o’tinchining unga havasi kelib, u ham do’stiga taqlid qilmoqchi bo’libdi; u boltasini qo’liga olib, daryo bo’yiga boribdi va u yerda daraxt kesa turib, atayin boltasini suvga tushirib yuboribdi. Keyin suv bo’yiga o’tirib yig’lay boshlabdi. Shunda Hermes paydo bo’lib undan, nima bo’ldi, nega yig’layapsan, deb so’rabdi. Daraxt kesuvchi yigit boltasi yo’qolib qolganini aytibdi. Hermes unga suvdan oltin sopli bolta olib chiqib, yo’qotgan boltang shu emasmi, deb so’rabdi. O’tinchi yigitning xasisligi qo’zib: «Ha, ha, shu mening boltam», debdi. Lekin ma’bud Hermes bu o’tinchiga yolg’onchiligi uchun sovg’a ham taqdim etmabdi, o’zining boltasini ham qaytarib bermabdi.

Masaldan hissa shuki, ma’budlar diyonatli, nomusli odamlarga qancha yaxshilik qilsalar, betavfiq, bediyonat kishilarga nisbatan shuncha yomonlikni ravo ko’radilar.

174. YO’LOVCHI VA TAQDIR

Yo’lovchi uzoq yo’l yurib qattiq charchadi va bir quduq yaqiniga kelib, o’zini tappa yerga otdiyu pinakka ketdi; keyin uyqusirab ag’darildi-da, sal bo’lmasa quduqqa tushib ketayozdi. Shu chog’ tepasiga kelgan Taqdir unga dedi: «Ey birodar, agar hozir bexosdan quduqqa tushib ketganingda edi, o’zingdanmas, mendan noligan bo’larding!»

Ko’pchilik odamlar ham shunaqa: qilg’iliqni o’zlari qilib qo’yadilar-da, doim tangrilarni ayblaydilar.

175. YO’LOVCHILAR VA CHINOR DARAXTI

Bir guruh yo’lovchilar saratonda tush paytida jazirama issiqdan lohas bo’lib oyoqlarini zo’rg’a sudrab borardilar. Shu payt yo’llarida bir Chinor daraxti uchrab qoldi. Ular shu daraxt tagiga kelib, soyasida yotib dam ola boshladilar. Bir ozdan so’ng sal o’zlariga kelishgach, tepalaridagi Chinorga qarab bir-birlari bilan gurunglasha boshladilar: «Qara, tog’dek bo’yi bor-u, qisir daraxt: meva bermaydi, foydasi ham tegmaydi odamlarga!» Chinor ularga javoban dedi: «Ey noshukur bandalar, o’zlaring-ku mening soyamda yotib hordiq chiqaryapsanlar. Bas, shunday ekan, foydasi yo’q, meva bermaydi, deb mendan noliganlaring insofdanmi?»

Ba’zi odamlar ham shunaqa omadsiz bo’ladilar: ular odamlarga qancha yaxshilik qilishmasin, hech kim minnatdorlik bildirmaydi.

176. YO’LOVCHI VA ILON

Bir Yo’lovchi qish paytida ketaturib, sovuqqotib sulayib o’lar holda yotgan Ilonni ko’rib qoladi va rahmi kelib, uni qo’yniga solib isintira boshlaydi. Ilon sovuq qotgan paytida Yo’lovchining qo’ynida jimgina yotadi, ammo isinib joni kirganidan keyin o’z xaloskorining qornini chaqib zaharlaydi. Yo’lovchi joni uzilar ekan, deydi: «Ayb o’zimda axir tirikligida ko’rganimda ham yanchib o’ldirishim kerak bulgan bu gazandani sulayib yotganida qugqarib nima qilardim — o’lsa o’lib ketavermasmidi!»

Masal deydiki, ichiqora, qilmishi faqat yovuzlik bo’lgan odamlarga qancha yaxshilik qilma, undaylar, baribir, yaxshilikka yomonlik qilaveradilar.

178. YO’LOVCHI VA HERMES

Uzoq safarga chiqqan Yo’lovchi, agar shu safarim chog’ida yo’lda biron buyum topsam, yarmini ma’bud Hermesga baxsh etardim, deb ahd qilgan edi. Mana, u yo’lda bir xalta topib oldi va, ichida pul bo’lsa kerak, deb shosha-pisha uning ichidagi narsani yerga to’kdi. Xaltada bir hovuch bodom bilan bir nechta xurmo bor ekan; Yo’lovchi ularning hammasini yedi, so’ng bodomning po’chog’ini va xurmoning danaklarini yo’l yeqasidaga mehrobga qo’yarkan dedi: «Mana, Hermes, topilmamning senga baxsh etmoqchi bo’lganim yarmi: ham sirtidagini ham ichidagini baham ko’ryapman sen bilan».

Bu masal o’z manfaatini ko’zlab tangrilarni ham aldashdan o’zini tiya olmaydigan ziqna odamlar haqida.

182. USTIGA HAYKAL ORTILGAN ESHAK

Bir odam Eshagi ustiga tangrilardan birining haykalini turg’azib qo’yib shaharga yo’l oldi. Yo’lda uchragan odamlar Eshak ustidagi tangri haykalini ko’rib, egilib ta’zim kila boshladilar; Eshak, bu odamlar menga ta’zim qilishyapti deb o’ylab g’ururlanib ketdi va baralla ovozi bilan hangray boshladi, so’ng tixirlik qilib bir yerda oyoq tirab turib oldi. Eshak egasi gap nimada ekanini tushundi va uni tayoq bilan savalar ekan, dedi: «Voy, xomkalla-ye! Endi shu yetmay turgandi: nima, xudojo’y odamlar kelib-kelib sen — Eshakka ta’zim qilisharkanmi? «

Masal deydiki, begonalar xizmatini o’ziniki deb keriluvchi odamlar o’z tanishlari oldida kulgi bo’lgaylar.

186. ESHAK VA UNING EGASI

Bir odam yo’lda Eshagini haydab ketayotgan edi, Eshakning jini qo’zidimi, birdaniga katta yo’ldan chetga burilib, to’g’ri ro’paradagi chuqur jar tomon yugurib ketdi; shu ketishda uning jarga qulashi aniq edi. Egasi uning dumidan ushlab orqaga torgmoqchi bo’ldi, lekin qaysar eshak oyoqtirab turib oldi. Shunda egasining hafsalasi pir bo’lib, Eshakning dumini qo’yib yuborar ekan, dedi: «E, bilganingni qilmaysanmi! Axir o’zingga yomon bo’ladi-ku, ahmoq!»

Bu masal qaysar odam haqida.

187. ESHAK BILAN BO’RI

Yaylovda o’tlab yurgan Eshak o’zi tomon yugurib kelayotgan Bo’rini ko’rib qoldi va darhol oqsoqlana boshladi. Bo’ri kelib undan, nega oqsoqlanyapsan, deb so’radi. Eshak unga javob qildi: «E, so’rama, chetan devordan hatlab o’tayotgan edim, falokat bosib, oyog’imga zirapcha kirib ketsa bo’ladimi…

Bilaman, hozir sen meni yeysan; iltimos, oldin zirapchani sug’urib ol, tag’in tomog’ingga tiqilib qolmasin». Bo’ri uning gapiga ishondi; Eshak oyog’ini ko’tardi, Bo’ri esa sinchkovlik bilan Eshakning tuyog’ini ko’zdan kechira boshladi. Shunda Eshak payt poylab turib Bo’rining jag’iga chunonam tepdiki, yirtqichning hamma tishi duv to’kilib tushdi. Og’riqqa chidolmagan Bo’ri nola qilib dedi: «Sho’rginam qursin mening! Axir otam meni qassoblikka o’rgatgan edi-ku — tabiblik qilishimga balo bormidi!»

Ba’zi odamlar ham shunday: o’zlari uddalay olmaydigan ishga qo’l uradilar-da, falokatga uchraydilar.

191. ESHAK, TULKI VA SHER

Eshak bilan Tulki do’st tutinishdi va ov qilgani birgalikda yo’lga chiqishdi. Yo’lda ularning ro’parasidan Sher chiqib qoldi. Shunda Tulki katta xatarga uchrashlari mumkinligini sezib, Sher oldiga yugurib bordi va unga, agar menga tegmasang, Eshakni senga ilintirib berardim, deb va’da qildi. Sher Tulkini qo’yib yuborishga so’z berdi; shunda Tulki Eshakni boshlab kelib Sherning domiga ilintirdi.
Eshakning endi hech qayoqqa keta olmasligini ko’rgan Sher oldin Tulkini tilka-pora qilib yedi, so’ng Eshakka tashlandi.

Yaqin do’stlariga yomonlik qilgan odamlar ham ko’pincha o’z boshlariga balo orttirayotganlarini sezmay qoladilar.

192. TOVUQ VA QALDIRG’OCH

Tovuq ilon qo’yib ketgan tuxumlarni topdi va o’zi ularni bosib o’tirib bola ochirmoqchi bo’ldi. Mana, tuxumlar birin- ketin chirs-chirs yorila boshladi. Buni ko’rib qolgan Qaldirg’och Tovuqqa dedi: «Voy, ovsar-ye! Nima qilarding bunaqa bolalarni ochirib; axir sal katga bo’lishsa, dastavval sening boshingni yeydilar-ku bular!»

Masal deydiki, badniyat kishilarga qancha ko’p himmat va xayru saxovat ko’rsatma, baribir ular shum niyatlarini tashlamaydilar.

200. O’G’RI BOLA VA UNING ONASI

Bir bola maktabda o’rtog’ining dars yozadigan taxtakachini o’g’irlab onasiga olib kelib berdi. Onasi uni urishish o’rniga maqtadi. Shundan keyin bola kimningdir jubbasini o’g’irlab olib keldi; onasi jubbani mamnuniyat bilan qabul qildi. Kundan-kun, oydan-oy o’tib, bola yigit bo’ldi. Endi u yirikroq, qimmatroq narsalarni o’g’irlay boshladi. Nihoyat uni jinoyat ustida qo’lga oldilar va qo’llariga kishan solib qatlgohga olib ketdilar. Onasi uning orqasidan o’z ko’kragiga mushtlab, sochlarini yulib, faryod chekib bordi. Shunda o’g’il onasining qulog’iga bir gap aytmoqchi bo’lib, uni yoniga chaqirdi; ona o’g’liga yaqin keldi, o’g’il onasining qulog’idan g’archcha tishlab uzib oldi. Onasi: «Badbaxt bola, shuncha qilgan jinoyatlaring yetmaganday, endi o’z tuqqan onangning ham joniga qasd qilyapsanmi?» deb uni koyidi. Bola onasining so’zini eshitishni xohlamay, shunday dedi: «Agar sen, ona, birinchi marta taxtakach o’g’irlab kelganimda meni koyib to’g’ri yo’lga solganingda edi, bugungi mash’um ahvolga tushmasdim va meni qatlgoh sari olib bormagan bo’lur edilar».

Masaldan hissa: agar gunoh ishning oldi avval boshdan olinmasa, u bora-bora zo’riqib, falokat domiga tortishi mumkin.

205. BOYLAR VA GO’YANDALAR

Bir boyniig ikki qizi bor edi. Ulardan biri o’lib qoldi; Boy qiziga aza tutib yig’lash uchun Go’yanda ayollarni yolladi. Ikkinchi qiz onasiga dedi: «Biz sho’rliklarga qiyin bo’ldi, opamiz o’lib teran g’amga botganmiz-u, yig’lay olmaymiz, lekin anavi Go’yandalar bizga yetti yot begona bo’lishsa ham ko’kraklariga musht urib, jon-jahdlari bilan o’ksib-o’ksib yig’lashyapti». Ona qiziga dedi: «Sen ularning bunchalik o’ksib yig’lashiga ajablanma, qizim: biz ularga pul to’laymiz yig’laganlari uchun».

To’g’ri, shunday tamagir odamlar ham bo’ladiki, ular birovning g’amga botganidan foydalanib, o’z manfaatlarini ko’zlaydilar va har qanday nomaqbul ishni qilishdan ham qaytmaydilar.

210. HAZILKASH CHO’PON

Bir Cho’pon har kuni qo’ylarini qishloqdan ancha nariga haydab borib o’tlatardi va ko’pincha hazil qilib, go’yo qo’ylariga bo’rilar hujum qilganday, dod solib qishloq ahlini yordamga chaqirardi. Ikki-uch marta dehqonlar vahimaga tushib cho’ponning oldiga yugurib borishdi, lekin uning hazil qilganini eshitib, hafsalalari pir bo’lib uylariga qaytib ketishdi. Nihoyat bir kuni bo’ri chindan ham bostirib kelib, qo’ylarni bo’g’ib o’ldira boshladi. Cho’pon ayyuhannos solib odamlarni yordamga chaqirdi, lekin dehqonlar, bu cho’pon tushmagur yana hazil qilyapti shekilli, deb uning dod-voyiga parvo qilmadilar. Cho’pon bir suruv qo’yidan ana shu hazilkashligi tufayli judo bo’lgan edi.

Masalning ta’biricha, yolg’onchi odam bunaqada faqat bir narsaga erishadi, ya’ni endi rost gapirsa ham hech kim unga ishonmaydi.

211. CHO’MILAYOTGAN BOLA

Daryoda cho’milayotgan bir Bola suvga cho’ka boshladi va sohilda ketayotgan bir odamni ko’rib uni yordamga chaqirdi. Lekin bu odam o’ylamay-netmay chuqur daryoga cho’milgani tushgani uchun Bolaga tanbeh bera boshladi; Bola unga bunday dedi: «Siz oldin menga yordam berib suvdan tortib oling, ana undan keyin bemalol koyiyvering».

Masal deydiki, bemavrid taibeh bergan odamning o’zi pand yeb qolishi ham mumkin.

218. MAYMUNNING BOLALARI

Deydilarki, maymunlar har gal ikkitadan bola tug’arkanlar, bitga bolasini ular ardoqlab, yaxshilab parvarish qilarkanlaru ikkinchi boladan yirganib, holidan xabar olmay qarovsiz qoldirarkanlar. Shunga qaramay, qandaydir ilohiy qismatning xohish-istash bilan papalab parvarish qilingan bola yoshligida o’lib ketarkan, ammo qarovsiz bo’lgan bola o’lmay katga bo’larkan.

Masal deydiki, qismat har qanday mehribonona parvarishdan qudratliroqdir, zero xalq hikmatlarida: «Ayagan ko’zga cho’p tushar» va «Tashlaganga tosh tegmas», deb bekorga aytilmagan-da.

219. TOVUS BILAN ZOG’CHA

Jami parrandalar katta mashvaratga yig’ilib, o’zlariga podshoh saylamoqchi bo’ldilar. Shunda Tovus, meni saylanglar, men chiroyliman, deb talab qila boshladi. Qushlar uni saylashga rozi ham bo’la boshlagan edilar, shu payt Zog’cha so’z olib, dedi: «Agar sen podshoh bo’lsangu daf`atan bizlarga burgut hamla qilib qolsa, qanday himoya qilasan hammamizni?»

Masaldan hissa shuki, hukmdorlarni husn emas, iqtidor — qudrat bezamog’i kerak.

221. ZEVS VA ILON

Zevs to’y qilayotgan ekan. Hamma hayvonlar baholi qudrat sovg’a ko’tarib kelishibdi. Ilon esa og’zida bir dona gul bilan o’rmalab kelibdi. Zevs uni ko’rib, debdi: «Hammaning sovg’asini qabul qilaman, ammo sen og’zingda olib kelgan sovg’ani olmayman».

Masal, yovuz niyatli kishilarning iltifoti ham xavfli bo’ladi,demoqchi.

224. QOBON BILAN TULKI

Qobon bir daraxt tagida so’yloq tishlarini qayrardi. Buni ko’rib qolgan Tulki undan so’radi: «Tevarak-atrofda ovchilar ham, boshqa xatarli narsalar ham ko’rinmaydi-ku, nega buncha zo’r berib tishlaringni qayrab yotibsan?» Qobon javob qaytardi: «Bekorga qayrayotganim yo’q; biron kor-hol yo falokat yuz bergudek bo’lsa, tishlarim jangga tayyor bo’lib turadi».

Yuz beradigan xavf-xatarga qarshi oldindan shay bo’lib turish kerak, deb o’rgatadi bu masal.

225. QURUMSOQ

Bir qurumsoq odam barcha molu davlatini sotib, puliga tilla yombi xarid qildi. Keyin u yombini devor tagiga ko’mdi- da, har kuni kelib undan xabar olib turdi. Sal nariroqda bir necha odam ishlayotgan ekan; shu ishchilardan bittasi Qurumsoqning devor tagiga serqatnov bo’lib qolganini payqab, buning bir siri bor, deb o’yladi va hech kim yo’qligida kelib tilla yombini o’g’irlab olib ketdi. Yombi egasi kelib boyligining yo’qolganini ko’rdi va bu baxtsizlikka chidolmay, sochlarini yulib faryod cheka boshladi. Uning ohu zorini eshitgan bir kishi unga dedi: «Qo’y, kuyunma, yaxshisi, sen biror bir toshni olib, o’sha chuqurga ko’mgin-da, yombi ko’mdim, deb o’ylab bahuzur yuraver. Axir bu yerda yotgan oltiningdan zarracha ham foydalanmas eding-ku! Binobarin, ko’mganing toshmi yo oltinmi — senga baribir emasmi?»

Masal, foydalanilmaydigan boylikdan hech qanday naf yo’qdir, demoqchi.

226. TOSHBAQA BILAN QUYON

Toshbaqa bilan Quyon, qay birimiz chopqirroqmiz, deb bahslashib qolishdi. Keyin musobaqa vaqti va joyini belgilashib tarqalishdi. Quyon o’zining tabiatan chopqirligiga ishonib, chopishga shoshilmadi va yo’l yoqasiga yotib pinakka ketdi. Lekin Toshbaqa o’zining imillab sudralib yurishini bilardi, shuning uchun u bir lahza ham dam olmay yugurgilab ketaverdi. Natijada, u uxlab yotgan Quyondan o’zib ketib marraga yetib bordi va poygada yutib chiqdi.

Masal demoqchiki, tirishqoqlik bilan qilingan mehnat e’tiborsiz qoldirilgan tabiiy layoqatdan ustun kelishi mumkin.

227. QALDIRG’OCH VA ILON

Qaldirg’och sud mahkamasi bo’g’otiga uya qurib bola ochdi. Kunlarning birida u polaponlari uchun oziqa topgani uchib ketganida bir Ilon uning iniga o’rmalab chiqib, hamma bolalarini yeb qo’ydi. Qaytib kelgan Qaldirg’och uyasining bo’m-bo’sh qolganini ko’rib, o’ksib-o’ksib yig’lay boshladi. Shunda boshqa qaldirg’ochlar kelib unga taskin berib dedilar: «Bo’ldi, ko’p kuyunaverma, bitta senmi bolalaridan judo bo’lgan? Na iloj, qismatimiz shu ekan». Qaldirg’och hamjinslariga javoban dedi: «Bolalarimdan judo bo’lganim — bu mening sho’rpeshanam, ammo men kelib-kelib zo’ravonlar zulmiga uchragan odamlar o’zlari uchun madad topadigan bu dargohda shunday og’ir baxtsizlikka uchraganimga hech chidolmayapman».

Masal deydiki, agar o’z yaqin kishing deb hisoblaganing kimsa seni xafa qilib dilingni og’ritsa, bu sen uchun eng og’ir azobdir.

229. QALDIRG’OCH BILAN QARG’A

Qaldirg’och bilan Qarg’a, qay birimiz chiroyliroq, deb tortisha boshlashdi. Shunda Qarg’a Qaldirg’ochga dedi: «Sening chiroying faqat bahorda ko’rinadi. Men bo’lsam qish ayoziga ham chidab yashayveraman».

Masal demoqchiki, uzoq umr kechirish go’zallikdan afzaldir.

230. TOSHBAQA BILAN BURGUT

Toshbaqa osmonda uchib yurgan Burgutni ko’rib, o’zining ham uchgisi keldi va Burgut yerga qo’nganida uning oldiga borib: «Qancha xizmat haqi so’rasang beraman, faqat meni uchishga o’rgat», deb yolvordi. Garchi Burgut, buning iloji yo’q, sen ucha olmaysan, deb qancha uqtirsa ham Toshbaqa qo’yarda-qo’ymay unga yolvoraverdi. Axiri bo’lmagach, Burgut Toshbaqani changaliga olib osmon-falakka ko’tarildi va o’sha yerdan uni qoyatoshlar ustiga tashlab yubordi. Shunda Toshbaqaning kosalari chilparchin bo’lib joni uzildi.

Masal deydiki, ko’pchilik odamlar o’zlarini boshqalardan kam yeri yo’q deb hisoblab, raqobatga ruju qo’yadilar va dono kishilarning o’gitiga quloq solmay, o’zlarini nobud qiladilar.

231. BURGA VA PAHLAVON

Bir kuni Burga bellashuvga hozirlanayotgan Pahlavonning oyog’iga sakrab kelib qo’ndi-yu, uni chaqib oldi. Pahlavonning g’azabi qaynab, Burgani tirnoqlari orasiga olib qirsillatib o’ldirmoqchi bo’ldi, lekin Burga, tabiatan faqat sakrash uchun yaratilgan emasmi, bir sakrab Pahlavon hujumidan jon saqlab qoldi. Shunda u nola chekib dedi: «Ayo Herakl! Baski, Burgani mahv etishimda menga ko’maklashmas ekansan, unda raqiblarim bilan olishganimda qanday qo’llab-quvvatlaysen meni?»

Arzimas, ikir-chikir ishlarni bartaraf qilish chog’idamas, balki eng muhim, yirik amallarni bajarayotgandagina tangrilardan madad so’rash joizdir, deb uqtiradi bu masal.

234. BO’RI VA CHO’PON

Bir Bo’ri Cho’pon haydab ketayotgan qo’ylarga ergashib boraverdi. Cho’pon oldiniga uni yirtqich dushman deya xavotirlanib, orqasiga qarab-qarab qo’ya boshladi; lekin Bo’ri hanuz qo’ylar ortidan ergashib kelardi-yu, hujumga o’tish niyati sezilmasdi. Nihoyat Cho’pon, bu Bo’ri dushman emas, balki qo’ylarimning soqchisi bo’lishi mumkin, deb o’ylay boshladi. Mana, bir kuni u shaharga borib kelmoqchi bo’ldi va qo’ylarini shu Bo’ri ixtiyoriga qoldirib jo’nab ketdi. Shunda Bo’ri ovi yuradigan payt kelganini tushundi va qo’ylarni paydar-pay qiyrata boshladi, Cho’pon shahardan qaytib kelib, qo’ylarining qirilib ketganini ko’rib, shunday dedi: «Ayb o’zimda, ahmoq bo’lmasam, kelib-kelib qo’ylarni Bo’riga ishonib topshirarmidim?»

Shunaqa odamlar bo’ladiki, o’z boyliklarini ochko’z kishilarga ishonib qo’yadilar-da, keyin taassuf qilib barmoqlarini tishlaydilar.

235. CHUMOLI VA KAPTAR

Chumoli chanqab suv ichmoqchi bo’ldi va jilg’a labiga tushdi, lekin suv ichmoqchi bo’lganida bexosdan jilg’aga tushib ketdi. Shu yerdagi daraxt shoxiga qo’nib o’tirgan bir Kaptar daraxtdan barg uzib Chumoliga tashladi. Chumoli shu bargga chiqib jon saqlab qoldi. Bu payt shu yerda paydo bo’lgan bir ovchi Kaptarni tutib olish niyatida tuzoq chiviqlarini shaylay boshladi; xuddi shu mahal Chumoli kelib ovchining oyog’ini tishladi; ana shunda uning qo’lidagi chiviqlar sochilib, Kaptar uchib ketdi.

Kezi kelganda zaif odamning ham yordami asqatib qolishi mumkin, deb saboq beradi bu masal.

237. ESHAK XARID QILUVCHI

Bir odam eshak xarid qilmoqchi bo’ldi va bir eshakni, sinab ko’rish uchun, uyiga yetaklab kelib og’ilxonadagi boshqa eshaklari orasiga qo’yib yubordi. Shunda yangi kelgan eshak bu yerdagi eshaklarga qayrilib ham qaramay, darrov har qanday ishga yaroqsiz bo’lgan o’ta yalqov va ochofat eshakning yoniga borib turdi. Bu holni ko’rgan xaridor eshakni yetaklab yana egasiga olib borib berdi. Eshak egasi sinov qanday o’tganini so’radi, xaridor unga javob qildi: «Hech qanday sinovning hojati yo’q; qarasam, bu eshaging mening eshaklarim ichidan faqat o’ziga o’xshagan bittasi bilan zumda inoqlashib oldi».

Odamning qandayligini uning do’stlariga qarab bilsa bo’ladi, deydi bu masal.

239. ASRAGANI PUL OLGAN ODAM VA QASAM

Bir odamga do’sti asrab ko’yish uchun pul berdi, lekin pul olgan odamning niyati buzuq edi — u bu pulni o’zlashtirish haqida o’ylay boshladi; pul bergan do’sti esa, mendan paloncha pul olganing haqida qasam ich, deb talab qildi. Shunda pul olgan odam bezovta bo’lib, o’z qishlog’iga borish uchun yo’lga chiqdi. Shahar darvozasi yaqinida u shahardan chiqib kelayotgan bir cho’loq odamni ko’rib, undan kimligi va qayoqqa ketayotganini so’radi. Cho’loq, ismi Qasam ekanligini va bir qasamxo’r orqasidan quvib ketayotganini aytdi. Odam bu cho’loqdan qachon yana shaharga qaytib kelishini so’radi. U javob qildi: «Qirq yildan keyin, ba’zida o’tgiz yildan keyin». Shunda pul olgan odam o’z kelajagidan xotirjam bo’ldi va mehrob oldiga borib: «Hech kimdan saqlab qo’yish uchun hech qanday pul olmadim», deb qasam ichdi. Ammo shu gapni aytishi bilan darhol Qasam paydo bo’lib unga hamla qildi va jarga itarib yuborgani orqasidan quva boshladi. Qasamxo’r esa: «Axir o’ttiz yildan keyin qaytaman devding-ku, nega bir kun ham o’tmay darrov kelding?» deb ta’na qildi. Qasam javob berdi: «Shuni bilki, kimki menga qarshi qattiq jinoyat qilsa, bir kun ham kutmay darrov yetib kelaman».

Masalning ta’kidlashicha, og’ir jnioyatga qo’l urgan badniyat odamlarga yuboriladigan ilohiy jazolarning muddati yo’qdir.

240. PROMETEY VA ODAMLAR

Prometey tangri Zevs amri bilan loydan odamlar va jonivorlarni yasadi. Va lekin Zevs nodon hayvonlar juda ham ko’p yasalganini ko’rib, ularning bir qismini qayta zuvala qilib, u zuvaladan odamlar yasashni amr etdi. Prometey Zevs amrini bajardi; oqibatda shunday bo’ldiki, hayvonlar zuvalasidan yasatgan odamlar garchi inson qiyofasida bo’lsalar ham hayvoniy xislatlari va ruhiyatlarini saqlab qolgan edilar.

Masal bu bilan dag’al va ongsiz odamlarga ishora qilmoqda.

241. CHIRILDOQ VA TULKI

Hasharot Chirildoq azim daraxt shoxiga qo’nib olib tinimsiz chirillab qo’shiq kuylardi. Tulki nayrang ishlatib uni tutib yemoqchi bo’ldi: daraxt qarshisida turib oldi-da, uning ajib xush ovoziga maftun bo’lganini va bunday maroqli qo’shiqni ijro etayotgan lobar xilqatni bir ko’rish ishtiyoqida yonayotganini aytib, undan pastga tushishni iltimos qildi. Tulkining ayyorlik qilayotganini Chirildoq darrov fahmladi va bitta yaproqni uzib pastga tashladi. Tulki yaproqni Chirildoq deb o’ylab unga tashlandi. Shunda Chirildoq dedi: «Sen, tasadduq, meni oldingga tushadi deb xato qilding: tulkilarning tezagida chirildoq qanotini ko’rib qolganimdan beri men o’zimni ehtiyot qiladigan bo’lganman».

Masaldan hissa: dono odamlar o’z yaqin kishilari boshiga tushgan baxtsizlikdan saboq olurlar.

021

(Tashriflar: umumiy 113, bugungi 3)

Izoh qoldiring