Mishel Monten. Hikmatlar.

043
Гюстав Флобер  Монтен ҳақида шундай ёзади: «Қандай китоб ўқиш кераклиги билан қизиқаяпсизми? Монтенни ўқинг. Ўқиганда ҳам шошмасдан, оҳиста ўқинг! Қалбингиз буюк донолар фикри билан тўйинган закийлик муҳитидан баҳра олсин. Шу боис мен сизга дастлаб Монтенни ўқишингизни маслаҳат бераман. Уни бошидан охиригача ўқиб тугатгандан кейин, яна қайта мутолаа қилишга киришинг».

090

Акмад Саидов
юридик фанлар доктори, профессор
«ҲАҚИҚАТНИ ЖУРЪАТИМ ЕТГУНЧА АЙТАМАН»

Мишелнинг билим ва тафаккури юксалишида отаси Пьер Эйкемнинг хизматлари катта бўлиб, у ижодкор ва нозиктаъб киши эди. Мутолаани яхши кўрган, лотин тилида шеърлар ва насрий асарлар ёзган. Шунингдек, бир неча йил Бордо ҳокими вазифасида ҳам ишлаган.
Пьер Монтен ўғлини икки ёшидан Франсуа Рабле (1494–1553-йилларда яшаган француз ёзувчиси, Ренессанс даври сатирик-гуманисти, «Гаргантюа ва Пантагрюэль» романи муаллифи) қарашлари асосида тарбиялашга киришади. Мишелнинг муаллими немис бўлгани, француз тилини билмагани сабабли шогирди билан фақат лотин тилида гаплашган. Оилада ҳам шу тилда мулоқот қилингани учун Монтен лотин тилини яхши ўзлаштиради. Бундан ташқари, у қадимги юнон тилини ҳам чуқур ўрганади.
Мишел олти ёшдан Бордо коллежида ўқийди. Малакали педагоглар жамланган бўлса-да, коллежда у ўзи хоҳлагандек билим ололмайди. Таълим муассасаси асосан лотин тилини ўргатишга ихтисослашганди. Шу боис ўқишга катта қизиқиш билан қарамайди. 1546–1554-йилларда Тулуза университетида таҳсил олиб, ўзи орзу қилган муҳитни топади. Айрим манбаларда унинг дастлаб Гийен коллежи, Бордо университети, кейинчалик Тулуза университети талабаси бўлгани ҳақидаги маълумотлар ҳам бор.
Монтеннинг кейинги 7-8 йиллик ҳаёти билан боғлиқ манбалар жудаям кам. Университетда у ота касби – ҳуқуқшуносликни, шунингдек, антик давр муаллифларининг фалсафий-ҳуқуқий қарашларини мукаммал ўзлаштиришга интилади. Бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бериб, 21 ёшида Перигё шаҳри ҳисоб палатаси ҳузурида маслаҳатчи (судья) сифатида фаолиятини бошлайди. 1557 йили ҳисоб палатаси тарқатиб юборилгач, унинг ходимлари Бордо шаҳри парламенти (1789 йилги инқилобгача Францияда парламент қирол судининг дастлабки инстанцияси ҳисобланиб, мустақил суд органи саналган) таркибига киритилади. Шу тариқа 25 ёшли Монтен парламент маслаҳатчисига айланади ва 1571 йилгача ушбу лавозимда меҳнат қилади.
Магистратура аъзоси сифатида вазифаларни виждонан адо этгани учун ҳам унинг зиммасига муҳим топшириқларни юклашарди. Мишел хизмат вазифасига кўра Генрих II, Франциск II ва Карл IX нинг ҳукмронлиги даврида бир неча бор қирол саройига кириш бахтига муяссар бўлади. Бироқ муҳит, шунга ўхшаш хизматлар уни бездиради. Францияда қонунларнинг кўплиги ва бир-бирига уйғун эмаслиги Монтенни ҳайрон қолдиради ва ўз қайдларида буни шундай изоҳлайди: «Дунёдаги бошқа мамлакатларга қараганда Францияда қонунлар кўпроқдир. Лекин оддий, умумий, бизга мос келадиган қонунлар жудаям кам учрайди. Шунинг учун ҳам қонунларсиз яшаган яхшироқ, деб ҳисоблайман».
У суд муҳокамаси пайтида ҳамкасбларининг иккиюзламачилиги, виждонсизлигидан ҳайратга тушарди. Дастлабки суриштирув жараёнидаги ва суд ҳукмидан кейин қўлланиладиган қийноққа солиш жазолари Монтенда кучли норозилик уйғотарди. Тизимдаги носоғлом муҳит, хизмат машаққатлари охир-оқибат унинг ўз лавозимидан воз кечишига сабаб бўлади. Лекин парламентдаги фаолияти тажрибасини бойитиб, турли ижтимоий аҳвол ва эътиқоддаги кишилар билан учрашиш имконини беради. На­фақага чиқққач, у ота мерос ерга қайтади.
1558 йили Монтен ҳуқуқшунос, файласуф, истеъдодли шоир ва публицист Этъен де Ла Боэси билан яқиндан танишади. Тез орада улар қалин дўст, ғоявий маслакдошга айланишади. 1663 йили Этьен оғир касалликка чалиниб, 33 ёшида вафот этади. Унинг бевақт ўлими Мишелни қаттиқ изтиробга солади. Юксак билим ва тафаккур соҳиби Боэси Монтеннинг маънан юксалишига беқиёс таъсир кўрсатган. Кейинчалик у буни ўз «Тажрибалар»ида ҳам алоҳида мамнуният билан эътироф этади.
Ла Боэсидан бизгача француз ва лотин тилларида ёзилган бир нечта сонетлар, «Ихтиёрий қуллик ҳақида мулоҳазалар» номли фалсафий трактат, антик давр муаллифларининг асарларидан бир нечта таржималар етиб келган. Ўлимидан олдин у ҳаёти мобайнида орттирган энг катта бойлиги – китоблари ва қўлёзмаларини Мишелга мерос қилиб қолдиради. Монтен 1570 – 1571-йилларда улардан бир нечтасини чоп эттиради.
Монтен ўз отасининг илтимосига кўра испан диншуноси Раймунд Сабундский (XV асрда яшаган, 1435 йили Тулуза университетида профессор бўлган)нинг лотин тилидаги «Табиий диншунослик» асарини французчага таржима қилади ва бу унинг ижоддаги илк уриниши эди. Таржима китоб сифатида нашр этилганидан кейин ҳам Мишел унинг қарашларини ўрганишда давом этади ва «Раймунд Сабундский оқлови» номли асарини ёзади. Асардаги ғояларни таҳлил этиш асносида у ўзининг фалсафа ва дин ҳақидаги мулоҳазаларини ҳам ўртага ташлайди.
Монтен эссе жанрининг асосчиларидан бири ҳисобланади. Унинг дастлабки эссеси 1572 йили ёзилган бўлиб, худди шу пайтда мамлакатда фуқаролар уруши бошланган эди.
Монтен 38 ёшида машҳур асари – «Тажрибалар»ни ёзишга киришади ва дастлабки икки китоби 1580 йили Бордо шаҳрида чоп этилади. Уларда шахсий мулоҳазалардан кўра кўпроқ умумий ва адабий масалаларга эътибор қаратилади.
1577 йили Мишел Монтен оғир касаликка йўлиқиб, даволаниш учун Германия, Швейцария ва Италияга боради. Бир муддат Римда ҳам яшайди. Кўрган-кечирганларини у «Саёҳат кундалиги»га жамлайди. 1581 йили Франция қиролидан Бордо шаҳри ҳокими этиб сайлангани ҳақидаги мактуб ва янги ишга киришиш тўғрисидаги фармойишни олади. Иложсиз қолган Монтен ўз сафарини якунлайди.
Ўша пайтда ҳокимлик ҳеч қандай ҳақ тўланмайдиган фахрий лавозим эди, холос. Фавқулодда вазиятларда ҳоким аҳолининг қиролга итоаткорлигини таъминлаши, душман ҳарбийларини шаҳарга киритмаслиги, гугенотлар (XVI–XVII асрлардаги француз протестантлари)нинг ҳукуматга қарши чиқишига йўл қўймаслиги керак эди.
Монтен шаҳар бошқарувига келган даврда фуқаролар уруши, мазҳаблараро кескинлик ниҳоятда кучайганди. У бу қарама-қаршиликларда қирол мулозими сифатида давлатнинг манфаатларини ифода этувчи католикларни қўллаб-қувватлашга мажбур бўлади. Лекин «Варфоломей оқшоми» (1572 йил 24 августга ўтар кечаси Парижда католиклар томонидан гугенотларга қарши уюштирилган қирғин)ни ҳамда гугенотларнинг таъқиб қилинишини қоралайди. Сиёсий фаолияти давомида аксарият муаммоларни тинч йўл билан ҳал этишга, кучли марказлашган ҳокимият, давлат яхлитлиги, фуқаролар урушининг барҳам берилишига ҳаракат қилади. Монтен халқини ҳаддан зиёд ҳурмат қилгани, беҳудаги қон тўкилишини истамагани учун ҳам ўртада элчилик вазифасини ўтайди. Унинг саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ, томонлар икки йиллик сулҳ битимини имзолашади ва йиллаб давом этган низога маълум муддат чек қўйилади. Бордо аҳолисининг унга нисбатан ихлоси ортиб, Мишелни иккинчи муддатга ҳоким этиб сайлашади.
Афсуски, тинч-осуда кунлар узоққа чўзилмайди. Мамлакатда яна фуқаролар уруши авж олади. Бордога тахт вориси Генрих Наваррский келади ва Монтен уни катта ҳурмат-эътибор билан кутиб олади. Сиёсий ўйинлардан холи яшашни истаган адиб шаҳзодага мулозамат кўрсатишдан кўра «Тажрибалар»нинг учинчи китоби устида ишлашни аф­зал кўради. Шундай қилиб, 1585 йили ўз вазифасидан воз кечади. Икки йил ичида у асарга сўнгги нуқтани қўяди. Ушбу китоб аввалги икки қисмдан фарқли равишда асосан автобиографик характерга эга бўлиб, унда муаллиф ўз ҳаётий хулосаларини баён этади.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай тақдир Монтенни яна сиёсий курашлар гирдобига ташлайди. 1588 йили кексайиб қолганига қарамай, қиролнинг содиқ тарафдорларидан бири бўлгани учун ҳибсга олинади. Хайриятки, Бастилиядаги маҳбуслик узоққа чўзилмайди.
Шу йили Парижда «Тажрибалар»нинг уч китобдан иборат тўлиқ нашри чоп этилади. Эътиборлиси, мутафаккир умрининг сўнгги кунларигача мазкур асар устида ишлайди. Унинг вафотидан уч йил ўтгач, яъни 1595 йили китобнинг тўлдирилган варианти эълон қилинади.
1613 йили Жон (Жованни) Флорио ҳуқуқшуноснинг асарларини инглиз тилига таржима қилади. Монтеннинг диний қарашлари черков томонидан кескин қораланади. 1676 йили Ватикан «Тажрибалар»ни тақиқланган китоблар рўйхатига киритади. Шунга қарамай, XVII асрда унинг асарлари эътибордан четда қолмайди. Вильям Шекспир, Жан де Лабрюйер, Блез Паскаль каби етук ёзувчи, файласуф ва олимлар унинг ғояларини давом эттиришади.
Монтен ижодидаги айрим тушунчалар бир-бирига қарама-қарши қўйилади. Ишонч ва шубҳа, иймон ва сабр, мўътадиллик ва эҳтирос, жасорат ва эҳтиёткорлик, қонунга риоя этиш ва унинг устидан кулиш, ўрнатилган тартибга бўйсуниш ва адолатсизликни ҳис этиш шулар жумласидандир. Унга хос бўлган ягона зиддиятсиз ҳиссиёт бу – ўзининг маънавий итоаткорлиги эди.
Ўша пайтларда кўплаб ёзувчилар «Тажрибалар»дан илҳомланиб, асарлар ёзишади. Шекспир мутаффаккир фикрларидан ўз асарларида қаҳрамонлар тили учун фойдаланади. Гёте ва Ницше эса уни ўзларига маънавий устоз дея тан олишади. Бундан ташқари, Мишел Монтенга бағишлаб кўплаб асарлар ва хотиралар ёзилган. Жумладан, атоқли француз танқидчиси Альбер Тибоде, немис олими Эрнст Вольф ўз асарларида унинг ҳаёти ва ижоди, хусусан, ҳуқуқ фалсафаси ҳақида сўз юритади.
Монтен умри давомида ҳуқуқ, таълим-тарбия, дўстлик, ота-онага меҳр-мурувват, виждон эркинлиги, нафсни жиловлаш каби масалалар атрофида тадқиқотлар олиб боради. Мутафаккир меросининг аҳамияти шундаки, уни нафақат Францияда, балки бутун дунёда ноёб маънавий мулк сифатида юксак қадрлашади.

112

МИШЕЛ МОНТЕН ҲАҚИДА

* * *

Монтен дунёқарашининг ифодаси: «Мен нимани биламан?»

* * *

Монтен «Эссе» ҳақида шундай деб ёзади: «Китобимнинг мундарижаси — мен ўзимман». Волтер унинг бу фикрини шарҳлаб, шундай деганди: «Монтеннинг соддадилларча ўзини-ўзи таърифлаши ўзига хос гўзаллик касб этади. У шу йўл билан охир-оқибат инсоннинг умумий тимсолини яратди».

* * *

Гюстав Флобер (1821-1880) Монтен ҳақида шундай ёзади: «Қандай китоб ўқиш кераклиги билан қизиқаяпсизми? Монтенни ўқинг. Ўқиганда ҳам шошмасдан, оҳиста ўқинг! Қалбингиз буюк донолар фикри билан тўйинган закийлик муҳитидан баҳра олсин. Шу боис мен сизга дастлаб Монтенни ўқишингизни маслаҳат бераман. Уни бошидан охиригача ўқиб тугатгандан кейин, яна қайта мутолаа қилишга киришинг».

112

МИШЕЛ МОНТЕН ҲИКМАТЛАРИДАН

* * *

Бу оламнинг жамики доноликлари ва фикр-мулоҳазалари одамларни ўлимдан қўрқмасликка ўргатишга бориб тақалади.

* * *

Жоҳилликдан қутулмоқни истасанг, аввал унга иқрор бўл… Ҳар қандай фалсафанинг ибтидосида ҳайрат ётади, тадқиқот унинг ривожи, билимсизлик эса интиҳосидир.

* * *

Табиатда ҳеч нарса фойдасиз эмас. Ҳатто фойдасизликнинг ўзи ҳам фойдалидир.

* * *

Инсон қолган барча тирик мавжудотлардан баланд ҳам, тубан ҳам эмас.

* * *

Мўъжиза бизнинг табиат борасидаги билимларимиз етарли эмаслиги туфайли келиб чиқади. У табиатга хос сифат эмас.

* * *

Ҳақиқат ҳақида ўзганинг шоҳидлиги ёки бошқа бир одамнинг нуфузига қараб фикрлаш ножоиздир.

* * *

Мен ўзимга қарши чиқишим мумкин, лекин ҳеч қачон ҳақиқатга қарши боролмайман.

* * *

Ҳар қандай билим туйғуларимиз орқали эгалланади. Биз туйғулар измидамиз. Илм туйғудан бошланади ва у билан тугайди.

* * *

Инсон аслида ким бўлса ўшадир: у ўз тажрибаси доирасидагина фикр юрита олади; ҳарчанд уринмасин, фақат ўз қалбинигина била олади.

* * *

Илмга мойилликдан кўра табиийроқ интилиш бўлмайди. Идрок ожизлик қилгач, ундан кўра кучсизроқ восита — тажрибага суянамиз. Лекин ҳақиқат шундай улуғ нарсаки, унга етишиш йўлида ҳеч қандай воситага суянмаслик жоиз.

* * *

Биз отни эгар-жабдуғи эмас, кучи ва чопқирлиги учун мақтаймиз. Нима учун бир одамга баҳо беришда ҳам шундай йўл тутмаймиз? У бой-бадавлат бўлиши, ҳашаматли уйда яшаши, катта даромад ва обрў-эътибор соҳиби бўлиши мумкин. Лекин буларнинг барчаси унинг зоҳиринигина ўраб олган нарсалардир. Унинг ботинида нима бор? Мушукни қопи билан сотиб олмайсиз, тўғрими? Ёки от сотиб олаётганингизда, албатта, унинг устидаги аслаҳа-анжомни олиб ташлаб, табиий ҳолатига назар ташлайсиз. Нима учун одамга баҳо беришда уни ўраб турувчи ташқи зийнатларни мустасно этмайсиз?

* * *

…Ўзини ўзи англаёлмаган бу одамларнинг Нил дарёсидаги кўтарилиш ва қайтиш сабаблари ҳақидаги фикрларига қандай қилиб ишонай?

* * *

Агар менга иккинчи бор яшаш имконияти берилса, аввал қандай яшаган бўлсам, яна шундай яшаган бўлардим. Мен ўтган умримга ачинмайман ва келажакдан қўрқмайман.

* * *

Донишмандликнинг энг муҳим белгиси — доимий хотиржамлик.

* * *

Ихтиёрни ўзда сақлаб қолмоқлик — дунёдаги энг улуғ неъмат.

* * *

Одамлар ўзлари яхши билмайдиган нарсаларга бошқа нарсалардан кўра кўпроқ ишонадилар.

* * *

Ким нима деса десин-у, аммо ҳатто эзгуликнинг замирида ҳам ҳузурланиш ётади.

* * *

Ҳаёт эзгулик ҳам, ёвузлик ҳам эмас. У эзгулик ва ёвузликни ичига олувчи бир омбордир. Уни ё эзгулик, ё ёвузлик омборига айлантирадилар.

* * *

Қўрқоқлик — шафқатсизликнинг онаси.

* * *

Ноўрин гўзаллик ўз қадрини йўқотади.

* * *

Кимнидир тасвирлашга ҳар қанча уринмайлик, барибир, доимо ўз-ўзимизни акс эттирамиз.

* * *

Ўзини ўз табиий моҳиятида муносиб намоён қилмоқ комиллик белгиси ва деярли илоҳий сифат белгисидир. Биз одатда ўзлигимиздан қочиб, бошқача одам бўлишга интиламиз ва аслида нималарга қодирлигимизни билолмай ўтиб кетамиз.

* * *

Ҳеч ким бор пулини ўзгаларга улашиб бермайди. Лекин ҳар бир одам вақти ва ҳаётини атрофидагиларга бўлишиб беради.  Биз шу қадар исроф қиладиган, бироқ хасислик қилсак шунчалар фойдали ва мақтовга муносиб бўлган бошқа ҳеч нарса йўқ.

* * *

Йўлларнинг мингтаси мақсаддан узоқлаштиради, фақат биттаси мақсадга етказади.

Саида Жўраева таржималари

(Tashriflar: umumiy 232, bugungi 1)

Izoh qoldiring