Mishel Monten. Hikmatlar

044

Отаси Бордо шаҳрининг мэри (ҳокими) бўлган Мишель Монтеннинг ўзи ҳам кейинчалик икки марта Бордо шаҳрининг раҳбарлигига сайланган. Латин тилини аъло даражада билган. «Тажрибалар» китоби билан жаҳоншумул обрў топган. «Китобимнинг мазмуни менинг ўзимдан иборат» деган эди файласуф.

МИШЕЛ МОНТЕН ҲАЁТИ ВА ҲИКМАТЛАРИ ҲАҚИДА


  045 Гуманизм ғояларининг ривожланишида Мишель Эйкем де Монтеннинг ҳам ҳисссаси катта. У 1533 йилнинг 28 февралида Франциянинг Монтень қалъасида туғилди.У ХVI аср охирида мантия дворянлигига мансуб топилган савдогарлар сулоласидан эди. Монтень узоқ йиллар давомида Бордода парламент маслаҳатчиси лавозимида фаолият кўрсатди.Ушбу лавозимда ишлаб юрган чоғларида мамлакат ижтимоий ҳаётини кузатиш ва Париждаги француз қиролларининг турмуш тарзи билан яқинроқ танишиш имконига эга бўлди. Шунингдек, Монтень қўшни Германия, Италия ва Швейцарияга ҳам ташриф буюриб, бу юртларнинг маданияти билан танишди. Саксонинчи йилларнинг бошларига келиб Мишель де Монтень қирол фармони билан Бордо мэри этиб тайинланди. Францияда католиклар ва гугенотлар ўртасида фуқаролар уруши авж олиб кетган бир шароитда Бордо мэри диний-догматик баҳслардан йироқ бўлган ва фақат мамлакат фаровонлиги, тинчлиги учун курашаётган сиёсатдонлар тарафдори бўлди. Шунинг учун ҳам у Франция узоқ кутган тинчликни таъминлашга бел боғлаган Генрих IV нинг тахтга ўтиришини астойдил қўллаб-қувватлади. Унинг Генрих IV билан дўстлиги узоқ давом этди. Мишель де Монтень 1592 йилнинг 13 сентябрида Монтень қалъасида ҳаётдан кўз юмди.

Мишель Монтеннинг ёзувчи ва мутафаккир сифатидаги ҳаётининг мазмунини  «Эсселар» ва “Тажрибалар” номлари билан машҳур бўлган шоҳ  асари ташкил этди. Ёшлигидан лотин тилини мукаммал эгаллаганига қарамасдан, мутафаккир уни француз тилида ёзди, чунки ҳаётга яқинроқ бўлишнинг бундан бошқа қулайроқ усули йўқ эди. Ушбу асарнинг нашр этилиши француз маънавий-маданий ҳаётида ўзига хос бир воқеа бўлди. ”Эсселар”  илк бор 1580 йилда нашр этилди. Муаллиф ўз китоби устида муттасил ишлагани учун ҳаётлиги чоғида асар яна уч марта — 1582 йилда Бордода,1587 ва 1588 йилларда Парижда қайта чоп қилинди. Асар сўнгги марта уч жилдда ва жиддий ўзгартиришлар билан нашр этилганига қарамасдан, Монтень уни яна қайта ишлаб чиқди. Муаллиф ўз қўли билан тузатишлар киритган 1588 йилги нашр нусхаси сақланиб қолган.

Мишель де Монтеннинг “Тажрибалари” ўша даврдаги қуруқ сафсата билан тўлиб-тошган ёки мавҳум фалсафий мулоҳазалардан иборат бўлган асарлардан тубдан фарқ қиларди. Ўз “Мен”ининг асл моҳиятига бўлган қизиқиш, кишиларнинг юриш-туришлари, турмш тарзлари хусусидаги мушоҳада асар-нинг ҳаётийлигини янада оширди. Кейинчалик машҳур мутафаккир Вольтер Монтенни “фикр-мулоҳазалари тарқоқ, лекин энг донишманд файласуф”,- деб атайди.

Мутафаккир ўз гуманистик ғояларини баён этишда скептикларнинг мулоҳазаларига мурожаат этади. Монтень уларнинг инсон билимларининг ҳаққонийлиги ҳақидаги мулоҳазаларини давом эттирар экан, ҳиссий билишнинг ноаниқлиги ва нисбийлигини кўрсатиб ўтади. У ўз-ўзига “Мен аслида нимани биламан? ”- деб савол беради ва бу саволни ўзининг асосий шиорига айлантиради. ”Билимсизликдан фориғ бўлиш учун,- деб ёзади у,- уни тан олиш керак… Ҳар қандай фалсафанинг ибтидосини ҳайрат, ривожини тадқиқот, интиҳосини билимсизлик ташкил этади.”

Монтень ақл ҳақида фикр юритар экан, ундан фойдаланиш меъёрларини аниқлашга интилади. Унинг фикрича, ақлни маълум меъёргача ишлатиш фойдали, бу меъёрдан ўтгач ақл ҳам иш бермай қўяди. Мутафаккир мисол учун Худо ҳақидаги тушунчани келтиради. Худо борлигини, диний ақидаларни ақл ёрдамида тадқиқ ва талқин этиб бўлмайди. Шу боисдан Худо борлигини ақл ёрдамида асослаб беришга интилиш, диний ақидаларнинг рационалистик системасини вужудга келтиришга уриниш бемаъниликдир.

Монтеннинг танқидий-натуралистик фалсафаси ижтимоий-ахлоқий характерга эга эканлиги билан ажралиб турар эди. Унинг эътироф этишича, инсон ҳаётдан лаззат олишни, яшашни ўрганмоги лозим. ”Ҳаёт ўз моҳиятига кўра на эзгулик, на ёвузликдан иборат, у ҳам эзгулик, ҳам ёвузликнинг маконидир”. Модомики шундай экан, инсон ҳаётининг қандай бўлиши,унинг сермазмун ёки маъносиз кечиши инсоннинг ўзига боғлиқ.

Монтеннинг таъкидлашича, ҳар бир киши бошқалардан ўзининг хислатлари ва фазилатлари билан ажралиб туради. Инсоннинг ўзига хос хислатлари, фазилатлари бутун умри давомида ўзгариб туради. Бироқ бундай ўзгаришлардан қатъий назар инсоннинг бутун умри давомида қатъий риоя қиладиган ахлоқий қоидалар борлиги сир эмас. Инсоннинг ҳатти-ҳаракати ана ўша ахлоқий қоидаларга буйсундирилмоғи шарт. Кўриниб турибдики, буюк мутафаккирнинг скептицизми рационализм билан қўшилиб кетади.

Монтень ўлимдан кейин мукофотларга сазовор бўлиш илинжида дарвишона ҳаёт кечирувчи кишиларни қаттиқ танқид қилади. Унинг фикрига кўра, ўлим ҳаёт каби борлиқ ҳолатларидан биридир. Ундан кейинги ҳаётнинг ўзи бўлиши мумкин эмас. Шундай экан, инсонга бир марта бериладиган имкониятдан у самарали фойдалана билиши, ақл ҳукмига бўйсуниб яшашни ўрганиши лозим. Инсон ҳаётдан ҳузур-ҳаловат олишни, бахт-саодатга эришишни билмоғи керак.

 Монтеннинг энг ажабланарли ва илм аҳли эътиборини тортадиган фикр-мулоҳазаларидан бири оддий мактаб-мадраса кўрмаган кишининг айрим ҳолларда расмий-схоластик билим соҳибларидан донороқ бўлиши ҳақидаги ғоядир. ”Менга одатда расмий файласуфлар одоби ва нутқи эмас, оддий деҳқонларнинг одоби ва нутқи чинакам фалсафа сарчашмаларидан бўлиб туюлади”,- деб ёзади у. Чунки оддий кишилар соғлом фикрлайдилар ва схоластика тарафдорларидан фарқли ўлароқ ҳаётдан узилиб қолмаган хулосаларга келадилар.

Мишель Монтень ҳар бир киши ҳаётда маълум ахлоқий қоидаларга амал қилиши, табиат билан узвий алоқадорликда яшаши, ақл-заковат ҳукмига бўйсуниши зарур эканлигини таъкидлайди.


МИШЕЛ МОНТЕН ҲАҚИДА

* * *

Монтен дунёқарашининг ифодаси: «Мен нимани биламан?»

* * *

Монтен «Эссе» ҳақида шундай деб ёзади: «Китобимнинг мундарижаси — мен ўзимман». Волтер унинг бу фикрини шарҳлаб, шундай деганди: «Монтеннинг соддадилларча ўзини-ўзи таърифлаши ўзига хос гўзаллик касб этади. У шу йўл билан охир-оқибат инсоннинг умумий тимсолини яратди».

* * *

Гюстав Флобер (1821-1880) Монтен ҳақида шундай ёзади: «Қандай китоб ўқиш кераклиги билан қизиқаяпсизми? Монтенни ўқинг. Ўқиганда ҳам шошмасдан, оҳиста ўқинг! Қалбингиз буюк донолар фикри билан тўйинган закийлик муҳитидан баҳра олсин. Шу боис мен сизга дастлаб Монтенни ўқишингизни маслаҳат бераман. Уни бошидан охиригача ўқиб тугатгандан кейин, яна қайта мутолаа қилишга киришинг».

ҲИКМАТЛАР


***

Ҳақиқатни журъатим етгунча айтаман, ёшим ўтгани сари журъатим камайиб бормоқда.

***

Кўзгудан эҳтиёт бўлинг, баъзан унда ўзингизни кўришингиз мумкин.

***

Инсон ўта ақлсиздир, у бургани ҳам ярата олмайди, лекин ўнлаб илоҳлар яратиб олади.

***

Қарилик бизнинг юзимиздан кўра кўпроқ ақлий қиёфамизда ажинлар ҳосил қилади.

***

Кам билишимизни англашимиз учун кўп ўқишимиз керак.

***

Ҳеч бир инсон тўғри, адолатли ва ақлли деб билмаган қонунга бўйсуна олмайди.

***

Нима ҳақида бўлишидан қатъий назар, кўпчилик фикрига асосланиб эмас, ақлга таяниб ҳукм чиқариш керак.

***

Оқил одам ўзи учун ҳатто яхши ишларда ҳам чегарани белгилаб олади.

***

Асосийси – илмга муҳаббат уйғотиш, акс ҳолда, биз елкасига китоб ортилган эшакларни тарбиялаган бўламиз.

***

Яхши ишлайдиган мия маълумотларга тўлган миядан қимматлироқ.

***

Инсон ўз мартабасига ҳалол йўл билан эришмаганлиги унинг мақсади ҳам пок бўлмаганидан далолат беради.

***

Манманлик ўзига ҳаддан зиёд юқори, ўзгаларга эса ҳаддан зиёд паст баҳо беришдан келиб чиқади.­

***

Кимки эзгулик илмини эгалламаган бўлса, бош­қа ҳар қандай илм унга фақат зарар келтиради.

***

Ким кўпроқ билишини эмас, ким яхшироқ билишини аниқлаш керак.

***

Инсоннинг энг ёмон ҳолати – ўзини идрок ва ирода қилишдан тўхташи.

***

Ҳеч бир туйғу инсон мулоҳазасини нафратчалик торайтирмайди.

***

Инсоннинг ўзига қаратилган айбловига ҳар доим ишонишади, ўзини мақташига эса – ҳеч қачон.

***

Энг содиқ дўст қиёфасидаги душмандан сақланишдан кўра қийинроқ иш йўқ.

***

Инсоннинг ўзи эмас, эзгу иши мақтовга лойиқ.

***

Ҳақиқий дўстлар икки танда бир қалбга эга бўлганлардир.

***

Умр қанча давом этгани билан эмас, ундан қандай фойдаланилгани билан ўлчанади.

***

Ҳақиқий дўст – менга боғлиқ ҳамма нарсада ўзимдан кўра кўпроқ ишонишим мумкин бўлган инсон.

***

Ўз ақлини бошқалар ақли билан чархлаб, сай­қаллаш ниҳоятда фойдалидир.

***

Ҳар қандай фалсафанинг ибтидосида ҳайрат ётади, унинг ривожи изланиш, интиҳоси эса билимсизликдир.

***

Ўз фикримни яхшироқ баён этиш учунгина бош­қалардан иқтибос келтираман.

* * *

Бу оламнинг жамики доноликлари ва фикр-мулоҳазалари одамларни ўлимдан қўрқмасликка ўргатишга бориб тақалади.

* * *

Жоҳилликдан қутулмоқни истасанг, аввал унга иқрор бўл… Ҳар қандай фалсафанинг ибтидосида ҳайрат ётади, тадқиқот унинг ривожи, билимсизлик эса интиҳосидир.

* * *

Табиатда ҳеч нарса фойдасиз эмас. Ҳатто фойдасизликнинг ўзи ҳам фойдалидир.

* * *

Инсон қолган барча тирик мавжудотлардан баланд ҳам, тубан ҳам эмас.

* * *

Мўъжиза бизнинг табиат борасидаги билимларимиз етарли эмаслиги туфайли келиб чиқади. У табиатга хос сифат эмас.

* * *

Ҳақиқат ҳақида ўзганинг шоҳидлиги ёки бошқа бир одамнинг нуфузига қараб фикрлаш ножоиздир.

* * *

Мен ўзимга қарши чиқишим мумкин, лекин ҳеч қачон ҳақиқатга қарши боролмайман.

* * *

Ҳар қандай билим туйғуларимиз орқали эгалланади. Биз туйғулар измидамиз. Илм туйғудан бошланади ва у билан тугайди.

* * *

Инсон аслида ким бўлса ўшадир: у ўз тажрибаси доирасидагина фикр юрита олади; ҳарчанд уринмасин, фақат ўз қалбинигина била олади.

* * *

Илмга мойилликдан кўра табиийроқ интилиш бўлмайди. Идрок ожизлик қилгач, ундан кўра кучсизроқ восита — тажрибага суянамиз. Лекин ҳақиқат шундай улуғ нарсаки, унга етишиш йўлида ҳеч қандай воситага суянмаслик жоиз.

* * *

Биз отни эгар-жабдуғи эмас, кучи ва чопқирлиги учун мақтаймиз. Нима учун бир одамга баҳо беришда ҳам шундай йўл тутмаймиз? У бой-бадавлат бўлиши, ҳашаматли уйда яшаши, катта даромад ва обрў-эътибор соҳиби бўлиши мумкин. Лекин буларнинг барчаси унинг зоҳиринигина ўраб олган нарсалардир. Унинг ботинида нима бор? Мушукни қопи билан сотиб олмайсиз, тўғрими? Ёки от сотиб олаётганингизда, албатта, унинг устидаги аслаҳа-анжомни олиб ташлаб, табиий ҳолатига назар ташлайсиз. Нима учун одамга баҳо беришда уни ўраб турувчи ташқи зийнатларни мустасно этмайсиз?

* * *

…Ўзини ўзи англаёлмаган бу одамларнинг Нил дарёсидаги кўтарилиш ва қайтиш сабаблари ҳақидаги фикрларига қандай қилиб ишонай?

* * *

Агар менга иккинчи бор яшаш имконияти берилса, аввал қандай яшаган бўлсам, яна шундай яшаган бўлардим. Мен ўтган умримга ачинмайман ва келажакдан қўрқмайман.

* * *

Донишмандликнинг энг муҳим белгиси — доимий хотиржамлик.

* * *

Ихтиёрни ўзда сақлаб қолмоқлик — дунёдаги энг улуғ неъмат.

* * *

Одамлар ўзлари яхши билмайдиган нарсаларга бошқа нарсалардан кўра кўпроқ ишонадилар.

* * *

Ким нима деса десин-у, аммо ҳатто эзгуликнинг замирида ҳам ҳузурланиш ётади.

* * *

Ҳаёт эзгулик ҳам, ёвузлик ҳам эмас. У эзгулик ва ёвузликни ичига олувчи бир омбордир. Уни ё эзгулик, ё ёвузлик омборига айлантирадилар.

* * *

Қўрқоқлик — шафқатсизликнинг онаси.

* * *

Ноўрин гўзаллик ўз қадрини йўқотади.

* * *

Кимнидир тасвирлашга ҳар қанча уринмайлик, барибир, доимо ўз-ўзимизни акс эттирамиз.

* * *

Ўзини ўз табиий моҳиятида муносиб намоён қилмоқ комиллик белгиси ва деярли илоҳий сифат белгисидир. Биз одатда ўзлигимиздан қочиб, бошқача одам бўлишга интиламиз ва аслида нималарга қодирлигимизни билолмай ўтиб кетамиз.

* * *

Ҳеч ким бор пулини ўзгаларга улашиб бермайди. Лекин ҳар бир одам вақти ва ҳаётини атрофидагиларга бўлишиб беради.  Биз шу қадар исроф қиладиган, бироқ хасислик қилсак шунчалар фойдали ва мақтовга муносиб бўлган бошқа ҳеч нарса йўқ.

* * *

Йўлларнинг мингтаси мақсаддан узоқлаштиради, фақат биттаси мақсадга етказади.

Саида Жўраева таржималари

005

Otasi Bordo shahrining meri (hokimi) bo’lgan Mishel` Montenning o’zi ham keyinchalik ikki marta Bordo shahrining rahbarligiga saylangan. Latin tilini a’lo darajada bilgan. «Tajribalar» kitobi bilan jahonshumul obro’ topgan. «Kitobimning  mazmuni mening o’zimdan iborat» degan edi faylasuf.

MISHEL MONTEN HAYOTI VA HIKMATLARI HAQIDA


  029 Gumanizm g’oyalarining rivojlanishida Mishelь Eykem de Montenning ham hisssasi katta. U 1533 yilning 28 fevralida Frantsiyaning Montenь qal’asida tug’ildi.U XVI asr oxirida mantiya dvoryanligiga mansub topilgan savdogarlar sulolasidan edi. Montenь uzoq yillar davomida Bordoda parlament maslahatchisi lavozimida faoliyat ko’rsatdi.Ushbu lavozimda ishlab yurgan chog’larida mamlakat ijtimoiy hayotini kuzatish va Parijdagi frantsuz qirollarining turmush tarzi bilan yaqinroq tanishish imkoniga ega bo’ldi. Shuningdek, Montenь qo’shni Germaniya, Italiya va Shveytsariyaga ham tashrif buyurib, bu yurtlarning madaniyati bilan tanishdi. Saksoninchi yillarning boshlariga kelib Mishelь de Montenь qirol farmoni bilan Bordo meri etib tayinlandi. Frantsiyada katoliklar va gugenotlar o’rtasida fuqarolar urushi avj olib ketgan bir sharoitda Bordo meri diniy-dogmatik bahslardan yiroq bo’lgan va faqat mamlakat farovonligi, tinchligi uchun kurashayotgan siyosatdonlar tarafdori bo’ldi. Shuning uchun ham u Frantsiya uzoq kutgan tinchlikni ta’minlashga bel bog’lagan Genrix IV ning taxtga o’tirishini astoydil qo’llab-quvvatladi. Uning Genrix IV bilan do’stligi uzoq davom etdi. Mishelь de Montenь 1592 yilning 13 sentyabrida Montenь qal’asida hayotdan ko’z yumdi.

Mishelь Montenning yozuvchi va mutafakkir sifatidagi hayotining mazmunini  «Esselar» va “Tajribalar” nomlari bilan mashhur bo’lgan shoh  asari tashkil etdi. Yoshligidan lotin tilini mukammal egallaganiga qaramasdan, mutafakkir uni frantsuz tilida yozdi, chunki hayotga yaqinroq bo’lishning bundan boshqa qulayroq usuli yo’q edi. Ushbu asarning nashr etilishi frantsuz ma’naviy-madaniy hayotida o’ziga xos bir voqea bo’ldi.  ”Esselar” asari ilk bor 1580 yilda nashr etildi. Muallif o’z kitobi ustida muttasil ishlagani uchun hayotligi chog’ida asar yana uch marta — 1582 yilda Bordoda,1587 va 1588 yillarda Parijda qayta chop qilindi. Asar so’nggi marta uch jildda va jiddiy o’zgartirishlar bilan nashr etilganiga qaramasdan, Montenь uni yana qayta ishlab chiqdi. Muallif o’z qo’li bilan tuzatishlar kiritgan 1588 yilgi nashr nusxasi saqlanib qolgan.

Mishelь de Montenning “Tajribalari” o’sha davrdagi quruq safsata bilan to’lib-toshgan yoki mavhum falsafiy mulohazalardan iborat bo’lgan asarlardan tubdan farq qilardi. O’z “Men”ining asl mohiyatiga bo’lgan qiziqish, kishilarning yurish-turishlari, turmsh tarzlari xususidagi mushohada asar-ning hayotiyligini yanada oshirdi. Keyinchalik mashhur mutafakkir Volьter Montenni “fikr-mulohazalari tarqoq, lekin eng donishmand faylasuf”,- deb ataydi.

Mutafakkir o’z gumanistik g’oyalarini bayon etishda skeptiklarning mulohazalariga murojaat etadi. Montenь ularning inson bilimlarining haqqoniyligi haqidagi mulohazalarini davom ettirar ekan, hissiy bilishning noaniqligi va nisbiyligini ko’rsatib o’tadi. U o’z-o’ziga “Men aslida nimani bilaman? ”- deb savol beradi va bu savolni o’zining asosiy shioriga aylantiradi. ”Bilimsizlikdan forig’ bo’lish uchun,- deb yozadi u,- uni tan olish kerak… Har qanday falsafaning ibtidosini hayrat, rivojini tadqiqot, intihosini bilimsizlik tashkil etadi.”

Montenь aql haqida fikr yuritar ekan, undan foydalanish me’yorlarini aniqlashga intiladi. Uning fikricha, aqlni ma’lum me’yorgacha ishlatish foydali, bu me’yordan o’tgach aql ham ish bermay qo’yadi. Mutafakkir misol uchun Xudo haqidagi tushunchani keltiradi. Xudo borligini, diniy aqidalarni aql yordamida tadqiq va talqin etib bo’lmaydi. Shu boisdan Xudo borligini aql yordamida asoslab berishga intilish, diniy aqidalarning ratsionalistik sistemasini vujudga keltirishga urinish bema’nilikdir.

Montenning tanqidiy-naturalistik falsafasi ijtimoiy-axloqiy xarakterga ega ekanligi bilan ajralib turar edi. Uning e’tirof etishicha, inson hayotdan lazzat olishni, yashashni o’rganmogi lozim. ”Hayot o’z mohiyatiga ko’ra na ezgulik, na yovuzlikdan iborat, u ham ezgulik, ham yovuzlikning makonidir”. Modomiki shunday ekan, inson hayotining qanday bo’lishi,uning sermazmun yoki ma’nosiz kechishi insonning o’ziga bog’liq.
Montenning ta’kidlashicha, har bir kishi boshqalardan o’zining xislatlari va fazilatlari bilan ajralib turadi. Insonning o’ziga xos xislatlari, fazilatlari butun umri davomida o’zgarib turadi. Biroq bunday o’zgarishlardan qat’iy nazar insonning butun umri davomida qat’iy rioya qiladigan axloqiy qoidalar borligi sir emas. Insonning hatti-harakati ana o’sha axloqiy qoidalarga buysundirilmog’i shart. Ko’rinib turibdiki, buyuk mutafakkirning skeptitsizmi ratsionalizm bilan qo’shilib ketadi.
Montenь o’limdan keyin mukofotlarga sazovor bo’lish ilinjida darvishona hayot kechiruvchi kishilarni qattiq tanqid qiladi. Uning fikriga ko’ra, o’lim hayot kabi borliq holatlaridan biridir. Undan keyingi hayotning o’zi bo’lishi mumkin emas. Shunday ekan, insonga bir marta beriladigan imkoniyatdan u samarali foydalana bilishi, aql hukmiga bo’ysunib yashashni o’rganishi lozim. Inson hayotdan huzur-halovat olishni, baxt-saodatga erishishni bilmog’i kerak.
Montenning eng ajablanarli va ilm ahli e’tiborini tortadigan fikr-mulohazalaridan biri oddiy maktab-madrasa ko’rmagan kishining ayrim hollarda rasmiy-sxolastik bilim sohiblaridan donoroq bo’lishi haqidagi g’oyadir. ”Menga odatda rasmiy faylasuflar odobi va nutqi emas, oddiy dehqonlarning odobi va nutqi chinakam falsafa sarchashmalaridan bo’lib tuyuladi”,- deb yozadi u. Chunki oddiy kishilar sog’lom fikrlaydilar va sxolastika tarafdorlaridan farqli o’laroq hayotdan uzilib qolmagan xulosalarga keladilar.
Mishelь Montenь har bir kishi hayotda ma’lum axloqiy qoidalarga amal qilishi, tabiat bilan uzviy aloqadorlikda yashashi, aql-zakovat hukmiga bo’ysunishi zarur ekanligini ta’kidlaydi.


MISHEL MONTEN HAQIDA

* * *

Monten dunyoqarashining ifodasi: «Men nimani bilaman?»

* * *

Monten «Esse» haqida shunday deb yozadi: «Kitobimning mundarijasi — men o’zimman». Volter uning bu fikrini sharhlab, shunday degandi: «Montenning soddadillarcha o’zini-o’zi ta’riflashi o’ziga xos go’zallik kasb etadi. U shu yo’l bilan oxir-oqibat insonning umumiy timsolini yaratdi».

* * *

Gyustav Flober (1821-1880) Monten haqida shunday yozadi: «Qanday kitob o’qish kerakligi bilan qiziqayapsizmi? Montenni o’qing. O’qiganda ham shoshmasdan, ohista o’qing! Qalbingiz buyuk donolar fikri bilan to’yingan zakiylik muhitidan bahra olsin. Shu bois men sizga dastlab Montenni o’qishingizni maslahat beraman. Uni boshidan oxirigacha o’qib tugatgandan keyin, yana qayta mutolaa qilishga kirishing».

HIKMATLAR

***

Haqiqatni jur’atim yetguncha aytaman, yoshim o’tgani sari jur’atim kamayib bormoqda.

***

Ko’zgudan ehtiyot bo’ling, ba’zan unda o’zingizni ko’rishingiz mumkin.

***

Inson o’ta aqlsizdir, u burgani ham yarata olmaydi, lekin o’nlab ilohlar yaratib oladi.

***

Qarilik bizning yuzimizdan ko’ra ko’proq aqliy qiyofamizda ajinlar hosil qiladi.

***

Kam bilishimizni anglashimiz uchun ko’p o’qishimiz kerak.

***

Hech bir inson to’g’ri, adolatli va aqlli deb bilmagan qonunga bo’ysuna olmaydi.

***

Nima haqida bo’lishidan qat’iy nazar, ko’pchilik fikriga asoslanib emas, aqlga tayanib hukm chiqarish kerak.

***

Oqil odam o’zi uchun hatto yaxshi ishlarda ham chegarani belgilab oladi.

***

Asosiysi – ilmga muhabbat uyg’otish, aks holda, biz yelkasiga kitob ortilgan eshaklarni tarbiyalagan bo’lamiz.

***

Yaxshi ishlaydigan miya ma’lumotlarga to’lgan miyadan qimmatliroq.

***

Inson o’z martabasiga halol yo’l bilan erishmaganligi uning maqsadi ham pok bo’lmaganidan dalolat beradi.

***

Manmanlik o’ziga haddan ziyod yuqori, o’zgalarga esa haddan ziyod past baho berishdan kelib chiqadi.­

***

Kimki ezgulik ilmini egallamagan bo’lsa, bosh­qa har qanday ilm unga faqat zarar keltiradi.

***

Kim ko’proq bilishini emas, kim yaxshiroq bilishini aniqlash kerak.

***

Insonning eng yomon holati – o’zini idrok va iroda qilishdan to’xtashi.

***

Hech bir tuyg’u inson mulohazasini nafratchalik toraytirmaydi.

***

Insonning o’ziga qaratilgan aybloviga har doim ishonishadi, o’zini maqtashiga esa – hech qachon.

***

Eng sodiq do’st qiyofasidagi dushmandan saqlanishdan ko’ra qiyinroq ish yo’q.

***

Insonning o’zi emas, ezgu ishi maqtovga loyiq.

***

Haqiqiy do’stlar ikki tanda bir qalbga ega bo’lganlardir.

***

Umr qancha davom etgani bilan emas, undan qanday foydalanilgani bilan o’lchanadi.

***

Haqiqiy do’st – menga bog’liq hamma narsada o’zimdan ko’ra ko’proq ishonishim mumkin bo’lgan inson.

***

O’z aqlini boshqalar aqli bilan charxlab, say­qallash nihoyatda foydalidir.

***

Har qanday falsafaning ibtidosida hayrat yotadi, uning rivoji izlanish, intihosi esa bilimsizlikdir.

***

O’z fikrimni yaxshiroq bayon etish uchungina bosh­qalardan iqtibos keltiraman.

* * *

Bu olamning jamiki donoliklari va fikr-mulohazalari odamlarni o’limdan qo’rqmaslikka o’rgatishga borib taqaladi.

* * *

Johillikdan qutulmoqni istasang, avval unga iqror bo’l… Har qanday falsafaning ibtidosida hayrat yotadi, tadqiqot uning rivoji, bilimsizlik esa intihosidir.

* * *

Tabiatda hech narsa foydasiz emas. Hatto foydasizlikning o’zi ham foydalidir.

* * *

Inson qolgan barcha tirik mavjudotlardan baland ham, tuban ham emas.

* * *

Mo»jiza bizning tabiat borasidagi bilimlarimiz yetarli emasligi tufayli kelib chiqadi. U tabiatga xos sifat emas.

* * *

Haqiqat haqida o’zganing shohidligi yoki boshqa bir odamning nufuziga qarab fikrlash nojoizdir.

* * *

Men o’zimga qarshi chiqishim mumkin, lekin hech qachon haqiqatga qarshi borolmayman.

* * *

Har qanday bilim tuyg’ularimiz orqali egallanadi. Biz tuyg’ular izmidamiz. Ilm tuyg’udan boshlanadi va u bilan tugaydi.

* * *

Inson aslida kim bo’lsa o’shadir: u o’z tajribasi doirasidagina fikr yurita oladi; harchand urinmasin, faqat o’z qalbinigina bila oladi.

* * *

Ilmga moyillikdan ko’ra tabiiyroq intilish bo’lmaydi. Idrok ojizlik qilgach, undan ko’ra kuchsizroq vosita — tajribaga suyanamiz. Lekin haqiqat shunday ulug’ narsaki, unga yetishish yo’lida hech qanday vositaga suyanmaslik joiz.

* * *

Biz otni egar-jabdug’i emas, kuchi va chopqirligi uchun maqtaymiz. Nima uchun bir odamga baho berishda ham shunday yo’l tutmaymiz? U boy-badavlat bo’lishi, hashamatli uyda yashashi, katta daromad va obro’-e’tibor sohibi bo’lishi mumkin. Lekin bularning barchasi uning zohirinigina o’rab olgan narsalardir. Uning botinida nima bor? Mushukni qopi bilan sotib olmaysiz, to’g’rimi? Yoki ot sotib olayotganingizda, albatta, uning ustidagi aslaha-anjomni olib tashlab, tabiiy holatiga nazar tashlaysiz. Nima uchun odamga baho berishda uni o’rab turuvchi tashqi ziynatlarni mustasno etmaysiz?

* * *

…O’zini o’zi anglayolmagan bu odamlarning Nil daryosidagi ko’tarilish va qaytish sabablari haqidagi fikrlariga qanday qilib ishonay?

* * *

Agar menga ikkinchi bor yashash imkoniyati berilsa, avval qanday yashagan bo’lsam, yana shunday yashagan bo’lardim. Men o’tgan umrimga achinmayman va kelajakdan qo’rqmayman.

* * *

Donishmandlikning eng muhim belgisi — doimiy xotirjamlik.

* * *

Ixtiyorni o’zda saqlab qolmoqlik — dunyodagi eng ulug’ ne’mat.

* * *

Odamlar o’zlari yaxshi bilmaydigan narsalarga boshqa narsalardan ko’ra ko’proq ishonadilar.

* * *

Kim nima desa desin-u, ammo hatto ezgulikning zamirida ham huzurlanish yotadi.

* * *

Hayot ezgulik ham, yovuzlik ham emas. U ezgulik va yovuzlikni ichiga oluvchi bir ombordir. Uni yo ezgulik, yo yovuzlik omboriga aylantiradilar.

* * *

Qo’rqoqlik — shafqatsizlikning onasi.

* * *

Noo’rin go’zallik o’z qadrini yo’qotadi.

* * *

Kimnidir tasvirlashga har qancha urinmaylik, baribir, doimo o’z-o’zimizni aks ettiramiz.

* * *

O’zini o’z tabiiy mohiyatida munosib namoyon qilmoq komillik belgisi va deyarli ilohiy sifat belgisidir. Biz odatda o’zligimizdan qochib, boshqacha odam bo’lishga intilamiz va aslida nimalarga qodirligimizni bilolmay o’tib ketamiz.

* * *

Hech kim bor pulini o’zgalarga ulashib bermaydi. Lekin har bir odam vaqti va hayotini atrofidagilarga bo’lishib beradi. Biz shu qadar isrof qiladigan, biroq xasislik qilsak shunchalar foydali va maqtovga munosib bo’lgan boshqa hech narsa yo’q.

* * *

Yo’llarning mingtasi maqsaddan uzoqlashtiradi, faqat bittasi maqsadga yetkazadi.

Saida Jo’rayeva tarjimalari

005

(Tashriflar: umumiy 5 346, bugungi 1)

Izoh qoldiring