Dovud G’oziy Benli. Bu yo’llar. Hikoya

067    Биз бу заминга мамлакатларимиз орасидаги алоқалар қайтадан яхшилана бошлаган паллада келгандик. Қаттиқ ишлаб, оёққа турдик. Андижонда ишлаб чиқарилган машиналардан бирини сотиб олдик. Ўшанда ҳам Ёсамин «Илло, хориж автомобилидан олайлик», деб ҳоли жонимга қўймаган эди. Энди эса ўзбек машинасининг шайдоси…

Довуд Ғозий Бенли
БУ ЙЎЛЛАР…
033

– Азизам, бунча шошмасанг. Бугун бўлмаса эртага борамиз, – деб хотинимни ниятидан қайтармоқчи бўламан.
Аммо у оёқ тираб туриб олган.

– Борамиз, дедимми, борамиз, тамом.

– Яна озгина чидагин, ёзда Туркиядан олиб келамиз, уч-тўрт ой ўтади-кетади. Ҳозир Фарғонадан йўлга чиқ, тўрт-беш соат мошинада иссиқда йўл юр, Тошкентдаги аллақайси дўкондан ўзимиздагидан уч баравар қимматига Туркияда ишлаб чиқарилган қозон-товоқларни ол… Шулар қийналганингга арзийдими, азизам?

– Арзийди.

Бу хотиннинг жавоби.

09Фарғонада эҳтиёжбоп ҳамма нарса бор. Бойбичанинг мақсади сайру саёҳат, сопол товоқ баҳона, холос. Чўнтакка пул тушди дегунча ошхона анжомларини янгилагиси келиб қолади… Туркияда ночор яшаган кунларимизни эсидан чиқарган. Олган нарсаларини расмга тушириб Интернетга қўяди. Туркиядаги дугоналарига кўз-кўзлаб ҳузур қилади. Унинг наздида шу ҳам бахт.

– Седат, тоқатим тоқ бўлди, шу шанба йўлга чиқамиз. Тошкент дегани тупканинг тагида эмас-ку, ахир! – деди-да, суҳбатимизга нуқта қўйди. Табассум ҳадя қилишни ҳам унутмади. Тан олишим керак, унинг табассумига жонимни фидо қилиб юбораман.

Беадад шукр, ишларимиз кўнгилдагидек. Бу йил Туркияга экспорт қилган майиз ва бодомдан тузуккина фойда қилгандик.

Биз бу заминга мамлакатларимиз орасидаги алоқалар қайтадан яхшилана бошлаган паллада келгандик. Қаттиқ ишлаб, оёққа турдик. Андижонда ишлаб чиқарилган машиналардан бирини сотиб олдик. Ўшанда ҳам Ёсамин «Илло, хориж автомобилидан олайлик», деб ҳоли жонимга қўймаган эди. Энди эса ўзбек машинасининг шайдоси…

Ниҳоят, Тошкентга отландик. Режамизда ҳафтани Тошкентда якунлаш, сайр қилиш, дам олиш ва ўша сопол идишларни харид қилиш….

Йўлдамиз. Бир маҳал хотин гап бошлаб қолди:

– Сайфибейнинг хотини Нолон хонимнинг «Тошкент бозорида нима бор? Яхшиси, яна икки соат юрсангиз, Чимкентга етасизлар, ана у ерда ажойиб дўконлар бор. Қаранг, биз нималар олдик!» – деб мақтанганини ва ўзининг ҳам жавобини айтди: – Мен Тошкентдан харид қиламан.

Ёнингда суйимли ёр бўлса, кейин машина янги бўлса, йўл ҳам равон, текис кўринаркан. Кетяпмиз.

– Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта гулли чинни товоқлар, ўзбекона чойнак-пиёлалар ҳам чет элникидан қолишмайди. Туркияга илк йил қайтганимизда қариндош-уруғ ва яқинларга шундай пиёлалардан совға қилгандик, – деди аёлим.

– Эсимда. Шу гапларни Нолон хонимга айтмадингми? – сўрадим хотинимни кўпроқ тинглаш иштиёқида.

– Айтдим. Бурнини усти терлаб кетди. Менимча, ичи ёнди-ёв…

Баҳор ёмғири тўхтаб, ёз яхшигина қиздира бошлаган. Фарғонадан чиқишда ёқилғи қуйиш шаҳобчасига тўхтаб, машина бакини тўлдириб олдик. Ўзбекистонда бензин нархи Туркиядагидан анча арзон.

– Ёсамин, Ўзбекистонда бензин арзонлигидан фойдаланиб, кўп-кўп айланиб олайлик, – дедим кулимсираб.

Бунга жавобан хотиним жилмайиб қўшиқ қўйди. Амал Тошчиўғли куйларди:

«Оҳ, нетай йиғламай, ғурбат элида, узоқдан кўринур тоғларим,
Ғариб қолдим, ахир бегона юртда, уйимни соғиниб йиғлайман».

Фарғона водийсининг барча гўзалликларини, ям-яшил табиатини, шарқираб оқувчи дарёларини, осмонга бўй чўзаётган тоғларни ортда қолдириб, қўшиқдан маст бўлиб йўлнинг танобини тортардик. Ора-сира яқин кунларда дунёга келадиган боламиз ҳақида ҳам суҳбатлашиб олишни унутмадик. Ёсаминнинг қўлидан тутиб қўшиққа ҳам жўр бўлдик. Лип-лип этиб ортда қолаётган дарахтлар, йўл белгилари худди бизни пойлаётгандай завқимизни келтиришарди. Тепаликлар бағрига экилган кунгабоқар ва буғдой далалари кўнглимизга бир олам завқ ва кенгликларни улашарди. Йўл шу қадар текис эдики, тиниқ ёз ҳавосида гўё уфққа туташиб кетгандек кўринарди.

Оҳангарондан ўтган ҳам эдикки, йўл четида машинасини тўхтатиб, қўл силтаб турган йигитни кўрдик. Машинани секинлатиб, иссиқдан терга ботган, бир қўлида дастрўмол тутиб ўтган-кетгандан мадад кутаётган йигит ёнига яқинлашдим. Тўхтаб турган машина янги, қимматбаҳо «Jeep» моделларидан бири эди. «Шундоқ машина қандай қилиб бузилиши мумкин?» деб ўйладим. Ва машинани тўхтатдим. Йигит саломлашгач, у мени машинаси томон бошлади. Машинада кекса бир киши бор эди…

– Отам… – деди киши ва отасини тоби қочганини, уйдан шошиб чиққанини, бензин олишга улгурмаганини, аксига олиб телефони ҳам уйда қолиб кетганини тушинтирди.

Етарли миқдорда бензин бердим. Йигит хурсандлигидан бир даста пул узатди: керакмас, дедим. Тезроқ ҳайданг, отахонни шифохонага олиб боринг, дедим.

Машинасига ўтиргач, руҳим анча енгил тортди. Хотинимнинг сочини силаб қўйдим: яхшиям сен борсан, яхшиям шу бугун йўлга чиқибмиз, яхшиям бизлар етиб келдик, яхшиям… Мен жуда узоқ гапирдим. Аёлим қўлимни маҳкам ушлаб олди. Иккимиз ҳам бу ёқимли тасодифнинг таъсирида эдик…

Тошкентга етиб келдик. Мана, Марказий Осиёнинг энг кўркам шаҳарларидан бири. Савдо-сотиқ, илм-фан, маданият чўққиси азим Тошкент. Буюк ипак йўлининг юраги, бетакрор Тошкент.

Ҳар келганимизда борадиган меҳмонхонага жойлашдик…

Бир муддат дам олиб бўлгач, Тошкентнинг савдо марказларини Интернетдан қидириб, режа туздик. Тушдан кейин ҳаво ҳали ҳовуридан тушмаган бўлса ҳам кондиционерли савдо марказларидан харид қилдик.

Оқшом, қош қорая бошлаганда эса янги очилган турк ресторанига бордик. Ёсамин хаёл қилганидек, мўл-мўл сельфилар жўрлигида оқшом таомини едик ва ярим кечада меҳмонхонага қайтдик.

Якшанба куни эрталаб меҳмонхонадан чиқишимиз керак эди. Чунки иш билан боғлиқ учрашувларимиз бор эди.

Ниҳоят, барча ишимиз якунига етди. Ёсамин Ўрта асрга тушиб қолгандек, сопол идишлару антиқа буюмларга қараб ҳайратини яширолмайди. Ҳар бир буюмга завқ билан тикилади, нималардир деб узоқ гапиради. Мен ҳам унинг қувонганидан хурсандман.

Тушликдан кейин йўлга тушдик. Қайдасан, Фарғонажон, деб жўнадик. Ёсаминнинг қувончи ва ўзимнинг ишларим билан бўлиб бензин қуйишни унитибман. Бензин кўрсатгичига қарасам, аҳвол чатоқ: водийга етиб боролмаймиз. Чўнтагимни титкилаб кўрдим: тамом. Адо бўпмиз. Бир чақа ҳам қолмаган. Ёсамин орқа ўриндиқда, «янги дўстлари» билан гаплашяпти. Унга билдириб бўлмас эди. Агар айтгудек бўлсам… бор қувончи, тегирмончининг этигига ёпишган ундай, учади-кетади. Нима қилиш керак… Нари борса Оҳангаронга етиш мумкин… Нима бўлса, бўлди. Яратганга таваккал… Газни босдим… Ҳозирги замонда кўчада қолиб кетиш кулгили…

Тошкентга келаётганда кайфиятим аъло эди. Зиғирдек муаммо ҳам кўнгилни хира қиларкан. Қани энди бензин баким тўла бўлсаю аёлим билан суҳбатлашиб кетсам… Яхшиям аёлим ҳозир «дўстлари» билан банд. Агар суҳбатга тортиб қолса, сезиб қолиши аниқ. Йўл четидаги белгилар ҳам, дарахтлар ҳам кайфиятимни кўтармас, ҳатто равон йўл ҳам қандайдир нотекисдек кўринарди. Нима қилсам экан… Йўлдаги бирор ёқилғи қуйиш шаҳобчасига кириб вазиятни тушунтирсаммикин… Ўзбеклар бағри кенг халқ, тушунар, ёрдам берар… ҳа, шундай қиламан, тушунтираман, Фарғонага боришим билан пулини таксидан жўнатиб юбораман, дейман. Шунақа бўлиб қолди, ёрдам беринг, дейман. Кўнглим ёришди. Агар муаммо ўнта бўлса, уни ҳал қилиш учун, албатта, ўн бир йўли бор.

Оҳангаронга яқинлашганда, йўл ёқасидаги биринчи шаҳобчага бурилдим…

Шаҳобчада битта ҳам машина йўқ. Қайтага яхши бўлди, одам кўп бўлса, илтимос қилишга уяласан, ёлғиз бўлгани яхши, деб ўйладим ичимда.

– Тўлдирамизми, акажон? – деган овозни эшитиб бир муддат шаштимдан тушдим, нима дейишни билмай гарангсиб қолдим. Йигит саволини яна такрорлади. Машинадан тушиб йигитга яқинлашиб муддаони айтмоқчи эдим, шу чоғ оператор хонасида калонкадан овоз янграб қолди:

– Бакни тўлдириб бер…

Кейин…

Осмон айландими, ер қалқиб кетдими, билмайман. Бир лаҳза ичида минг йил яшаб қўйгандек бўлдим. Менимча, деб ўйладим, – йигитга илтимос қилдим, йигит бориб операторга вазиятни айтди, шунда шунақа овоз янгради. Лекин ўттиз қулочлик жойга бунчалик тез бориб келиш мумкинмас-ку…

– Ака, акажон, ўзингизмисиз? Мени танияпсизми? – деган овоздан кейингина ўзимга келдим. Қаршимда… Ҳа, айнан юзимни рўпарасида мен йўлда бензин берган йигит турар эди… У мени қучоқлаб олди…

– Биласизми, кеча отамни касалхонага олиб бордим. Кўричаги ёрилиб кетибди. «Бир соат кечикканингда отангни қутқаролмасдик» – де¬йиш¬ди дўхтирлар. Минг шукрки, отамни қутқариб қолдик. Шунга пешин намозидан сўнг Оллоҳга сўз бердим. Бугун шаҳобчага биринчи кирган машина бакини бепул тўлдириб бераман, деб ният қилдим. Оллоҳ дуомни қабул қилди, – деб йиғлаб юборди… Мен эса… менда тил йўқ эди…

Йўлда кетарканман, бир нарсани қалбан ҳис қилиб, негадир йиғлагим келарди: Чорасизга Оллоҳ чора топади…

Яна, ҳа, яна рафиқамга яхшиям сен борсан, яхшиям, яхшиям… дедим…

Энди йўллар текис, пойлоқчи йўл белгиларию дарахтлар ўз ишларини бошлаб юборгандилар…

Турк тилидан Маъруфжон ЙЎЛДОШЕВ таржимаси
Манба: “Китоб дунёси” газетасининг 24 июль 2019 йил сони

05   Biz bu zaminga mamlakatlarimiz orasidagi aloqalar qaytadan yaxshilana boshlagan pallada kelgandik. Qattiq ishlab, oyoqqa turdik. Andijonda ishlab chiqarilgan mashinalardan birini sotib oldik. O’shanda ham Yosamin «Illo, xorij avtomobilidan olaylik», deb holi jonimga qo’ymagan edi. Endi esa o’zbek mashinasining shaydosi…

Dovud G’oziy Benli
BU  YO’LLAR…
032

– Azizam, buncha shoshmasang. Bugun bo’lmasa ertaga boramiz, – deb xotinimni niyatidan qaytarmoqchi bo’laman.
Ammo u oyoq tirab turib olgan.

– Boramiz, dedimmi, boramiz, tamom.

– Yana ozgina chidagin, yozda Turkiyadan olib kelamiz, uch-to’rt oy o’tadi-ketadi. Hozir Farg’onadan yo’lga chiq, to’rt-besh soat moshinada issiqda yo’l yur, Toshkentdagi allaqaysi do’kondan o’zimizdagidan uch baravar qimmatiga Turkiyada ishlab chiqarilgan qozon-tovoqlarni ol… Shular qiynalganingga arziydimi, azizam?

– Arziydi.

Bu xotinning javobi.

Farg’onada ehtiyojbop hamma narsa bor. Boybichaning maqsadi sayru sayohat, sopol tovoq bahona, xolos. Cho’ntakka pul tushdi deguncha oshxona anjomlarini yangilagisi kelib qoladi… Turkiyada nochor yashagan kunlarimizni esidan chiqargan. Olgan narsalarini rasmga tushirib Internetga qo’yadi. Turkiyadagi dugonalariga ko’z-ko’zlab huzur qiladi. Uning nazdida shu ham baxt.

– Sedat, toqatim toq bo’ldi, shu shanba yo’lga chiqamiz. Toshkent degani tupkaning tagida emas-ku, axir! – dedi-da, suhbatimizga nuqta qo’ydi. Tabassum hadya qilishni ham unutmadi. Tan olishim kerak, uning tabassumiga jonimni fido qilib yuboraman.

Beadad shukr, ishlarimiz ko’ngildagidek. Bu yil Turkiyaga eksport qilgan mayiz va bodomdan tuzukkina foyda qilgandik.

Biz bu zaminga mamlakatlarimiz orasidagi aloqalar qaytadan yaxshilana boshlagan pallada kelgandik. Qattiq ishlab, oyoqqa turdik. Andijonda ishlab chiqarilgan mashinalardan birini sotib oldik. O’shanda ham Yosamin «Illo, xorij avtomobilidan olaylik», deb holi jonimga qo’ymagan edi. Endi esa o’zbek mashinasining shaydosi…

Nihoyat, Toshkentga otlandik. Rejamizda haftani Toshkentda yakunlash, sayr qilish, dam olish va o’sha sopol idishlarni xarid qilish….

Yo’ldamiz. Bir mahal xotin gap boshlab qoldi:

– Sayfibeyning xotini Nolon xonimning «Toshkent bozorida nima bor? Yaxshisi, yana ikki soat yursangiz, Chimkentga yetasizlar, ana u yerda ajoyib do’konlar bor. Qarang, biz nimalar oldik!» – deb maqtanganini va o’zining ham javobini aytdi: – Men Toshkentdan xarid qilaman.

Yoningda suyimli yor bo’lsa, keyin mashina yangi bo’lsa, yo’l ham ravon, tekis ko’rinarkan. Ketyapmiz.

– O’zbekistonda ishlab chiqarilgan paxta gulli chinni tovoqlar, o’zbekona choynak-piyolalar ham chet elnikidan qolishmaydi. Turkiyaga ilk yil qaytganimizda qarindosh-urug’ va yaqinlarga shunday piyolalardan sovg’a qilgandik, – dedi ayolim.

– Esimda. Shu gaplarni Nolon xonimga aytmadingmi? – so’radim xotinimni ko’proq tinglash ishtiyoqida.

– Aytdim. Burnini usti terlab ketdi. Menimcha, ichi yondi-yov…

Bahor yomg’iri to’xtab, yoz yaxshigina qizdira boshlagan. Farg’onadan chiqishda yoqilg’i quyish shahobchasiga to’xtab, mashina bakini to’ldirib oldik. O’zbekistonda benzin narxi Turkiyadagidan ancha arzon.

– Yosamin, O’zbekistonda benzin arzonligidan foydalanib, ko’p-ko’p aylanib olaylik, – dedim kulimsirab.

Bunga javoban xotinim jilmayib qo’shiq qo’ydi. Amal Toshchio’g’li kuylardi:

«Oh, netay yig’lamay, g’urbat elida, uzoqdan ko’rinur tog’larim,
G’arib qoldim, axir begona yurtda, uyimni sog’inib yig’layman».

Farg’ona vodiysining barcha go’zalliklarini, yam-yashil tabiatini, sharqirab oquvchi daryolarini, osmonga bo’y cho’zayotgan tog’larni ortda qoldirib, qo’shiqdan mast bo’lib yo’lning tanobini tortardik. Ora-sira yaqin kunlarda dunyoga keladigan bolamiz haqida ham suhbatlashib olishni unutmadik. Yosaminning qo’lidan tutib qo’shiqqa ham jo’r bo’ldik. Lip-lip etib ortda qolayotgan daraxtlar, yo’l belgilari xuddi bizni poylayotganday zavqimizni keltirishardi. Tepaliklar bag’riga ekilgan kungaboqar va bug’doy dalalari ko’nglimizga bir olam zavq va kengliklarni ulashardi. Yo’l shu qadar tekis ediki, tiniq yoz havosida go’yo ufqqa tutashib ketgandek ko’rinardi.

Ohangarondan o’tgan ham edikki, yo’l chetida mashinasini to’xtatib, qo’l siltab turgan yigitni ko’rdik. Mashinani sekinlatib, issiqdan terga botgan, bir qo’lida dastro’mol tutib o’tgan-ketgandan madad kutayotgan yigit yoniga yaqinlashdim. To’xtab turgan mashina yangi, qimmatbaho «Jeep» modellaridan biri edi. «Shundoq mashina qanday qilib buzilishi mumkin?» deb o’yladim. Va mashinani to’xtatdim. Yigit salomlashgach, u meni mashinasi tomon boshladi. Mashinada keksa bir kishi bor edi…

– Otam… – dedi kishi va otasini tobi qochganini, uydan shoshib chiqqanini, benzin olishga ulgurmaganini, aksiga olib telefoni ham uyda qolib ketganini tushintirdi.

Yetarli miqdorda benzin berdim. Yigit xursandligidan bir dasta pul uzatdi: kerakmas, dedim. Tezroq haydang, otaxonni shifoxonaga olib boring, dedim.

Mashinasiga o’tirgach, ruhim ancha yengil tortdi. Xotinimning sochini silab qo’ydim: yaxshiyam sen borsan, yaxshiyam shu bugun yo’lga chiqibmiz, yaxshiyam bizlar yetib keldik, yaxshiyam… Men juda uzoq gapirdim. Ayolim qo’limni mahkam ushlab oldi. Ikkimiz ham bu yoqimli tasodifning ta’sirida edik…

Toshkentga yetib keldik. Mana, Markaziy Osiyoning eng ko’rkam shaharlaridan biri. Savdo-sotiq, ilm-fan, madaniyat cho’qqisi azim Toshkent. Buyuk ipak yo’lining yuragi, betakror Toshkent.

Har kelganimizda boradigan mehmonxonaga joylashdik…

Bir muddat dam olib bo’lgach, Toshkentning savdo markazlarini Internetdan qidirib, reja tuzdik. Tushdan keyin havo hali hovuridan tushmagan bo’lsa ham konditsionerli savdo markazlaridan xarid qildik.

Oqshom, qosh qoraya boshlaganda esa yangi ochilgan turk restoraniga bordik. Yosamin xayol qilganidek, mo’l-mo’l selьfilar jo’rligida oqshom taomini yedik va yarim kechada mehmonxonaga qaytdik.

Yakshanba kuni ertalab mehmonxonadan chiqishimiz kerak edi. Chunki ish bilan bog’liq uchrashuvlarimiz bor edi.

Nihoyat, barcha ishimiz yakuniga yetdi. Yosamin O’rta asrga tushib qolgandek, sopol idishlaru antiqa buyumlarga qarab hayratini yashirolmaydi. Har bir buyumga zavq bilan tikiladi, nimalardir deb uzoq gapiradi. Men ham uning quvonganidan xursandman.

Tushlikdan keyin yo’lga tushdik. Qaydasan, Farg’onajon, deb jo’nadik. Yosaminning quvonchi va o’zimning ishlarim bilan bo’lib benzin quyishni unitibman. Benzin ko’rsatgichiga qarasam, ahvol chatoq: vodiyga yetib borolmaymiz. Cho’ntagimni titkilab ko’rdim: tamom. Ado bo’pmiz. Bir chaqa ham qolmagan. Yosamin orqa o’rindiqda, «yangi do’stlari» bilan gaplashyapti. Unga bildirib bo’lmas edi. Agar aytgudek bo’lsam… bor quvonchi, tegirmonchining etigiga yopishgan unday, uchadi-ketadi. Nima qilish kerak… Nari borsa Ohangaronga yetish mumkin… Nima bo’lsa, bo’ldi. Yaratganga tavakkal… Gazni bosdim… Hozirgi zamonda ko’chada qolib ketish kulgili…

Toshkentga kelayotganda kayfiyatim a’lo edi. Zig’irdek muammo ham ko’ngilni xira qilarkan. Qani endi benzin bakim to’la bo’lsayu ayolim bilan suhbatlashib ketsam… Yaxshiyam ayolim hozir «do’stlari» bilan band. Agar suhbatga tortib qolsa, sezib qolishi aniq. Yo’l chetidagi belgilar ham, daraxtlar ham kayfiyatimni ko’tarmas, hatto ravon yo’l ham qandaydir notekisdek ko’rinardi. Nima qilsam ekan… Yo’ldagi biror yoqilg’i quyish shahobchasiga kirib vaziyatni tushuntirsammikin… O’zbeklar bag’ri keng xalq, tushunar, yordam berar… ha, shunday qilaman, tushuntiraman, Farg’onaga borishim bilan pulini taksidan jo’natib yuboraman, deyman. Shunaqa bo’lib qoldi, yordam bering, deyman. Ko’nglim yorishdi. Agar muammo o’nta bo’lsa, uni hal qilish uchun, albatta, o’n bir yo’li bor.

Ohangaronga yaqinlashganda, yo’l yoqasidagi birinchi shahobchaga burildim…

Shahobchada bitta ham mashina yo’q. Qaytaga yaxshi bo’ldi, odam ko’p bo’lsa, iltimos qilishga uyalasan, yolg’iz bo’lgani yaxshi, deb o’yladim ichimda.

– To’ldiramizmi, akajon? – degan ovozni eshitib bir muddat shashtimdan tushdim, nima deyishni bilmay garangsib qoldim. Yigit savolini yana takrorladi. Mashinadan tushib yigitga yaqinlashib muddaoni aytmoqchi edim, shu chog’ operator xonasida kalonkadan ovoz yangrab qoldi:

– Bakni to’ldirib ber…

Keyin…

Osmon aylandimi, yer qalqib ketdimi, bilmayman. Bir lahza ichida ming yil yashab qo’ygandek bo’ldim. Menimcha, deb o’yladim, – yigitga iltimos qildim, yigit borib operatorga vaziyatni aytdi, shunda shunaqa ovoz yangradi. Lekin o’ttiz qulochlik joyga bunchalik tez borib kelish mumkinmas-ku…

– Aka, akajon, o’zingizmisiz? Meni taniyapsizmi? – degan ovozdan keyingina o’zimga keldim. Qarshimda… Ha, aynan yuzimni ro’parasida men yo’lda benzin bergan yigit turar edi… U meni quchoqlab oldi…

– Bilasizmi, kecha otamni kasalxonaga olib bordim. Ko’richagi yorilib ketibdi. «Bir soat kechikkaningda otangni qutqarolmasdik» – de¬yish¬di do’xtirlar. Ming shukrki, otamni qutqarib qoldik. Shunga peshin namozidan so’ng Ollohga so’z berdim. Bugun shahobchaga birinchi kirgan mashina bakini bepul to’ldirib beraman, deb niyat qildim. Olloh duomni qabul qildi, – deb yig’lab yubordi… Men esa… menda til yo’q edi…

Yo’lda ketarkanman, bir narsani qalban his qilib, negadir yig’lagim kelardi: Chorasizga Olloh chora topadi…

Yana, ha, yana rafiqamga yaxshiyam sen borsan, yaxshiyam, yaxshiyam… dedim…

Endi yo’llar tekis, poyloqchi yo’l belgilariyu daraxtlar o’z ishlarini boshlab yuborgandilar…

Turk tilidan Ma’rufjon YO’LDOShEV tarjimasi
Manba: “Kitob dunyosi” gazetasining 24 iyulь 2019 yil soni

31

(Tashriflar: umumiy 354, bugungi 1)

Izoh qoldiring