Yangi kitob: Xurshida Vahobjon qizi. Yangi tong. She’riy to’plam & Qamchibek Kenja. Hassos shoira

11   Мумтоз шеъриятимизнинг мумтоз шаклларига ҳам бот-бот мурожаат қилиб туриш Хуршида ижодининг кўзга бўртиб ташланиб турадиган яна бир жиҳатидир. Талаблари қаттиқ аруз қоидалари, мезонларига риоя қилишга уриниб, қатор ғазаллар, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Фузулий, Ҳувайдо, Нодира, Эркин Воҳидов ва бошқа салафларнинг ғазалларига боғлаган мухаммаслари шоиранинг бу борада ҳам тажрибаси ортиб, такомиллашиб бораётганидан дарак бераётир. Зеро, сўз санъатининг даҳолари дурдоналарига захму жароҳат етказмаган ҳолда, уларни баҳоли қудрат тўлдиришга, бойитишга уриниш ва бу борада эътибор қозониш осон юмуш эмас…

 

ҲАССОС ШОИРА
Қамчибек КЕНЖА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
44

Хуршида Ваҳобжон қизи бундан ўттиз йил муқаддам ҳузуримга – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлимига дастлаб насрий парчалар, туйғулар ифодаланган битикларини олиб келганида ҳали унинг шеър ёзишидан, умуман бадиий ижод билан шуғулланишидан бехабар эдим. Кейинроқ у назмий машқларини келтирди. Мен у шеъриятга энди қўл уряпти чоғи, деб ўйладим. Ўқисам, тайёр шеърлар, орасида «хом»га чиқариладиган, «бўш» деб четга суриб қўйиладиганларини деярли учратмадим. Кейин билсам, Хуршида ўзининг асл касбий соҳаси – тасвирий санъатда, мусаввирликда бўлгани каби, бадиият, грамматик савод бораларида ҳам ўта масъулиятли, ўта «инжиқ» экан – мавзу ва матнни хаёлида обдан – нуқта-вергулигача пишириб, ёдлаб, қайта-қайта такрорлаб, кейин қоғозга тушираркан. Шу боис ўқиб фикр айтувчи, эътироз билдирувчилар билан ўзининг ҳар бир шеъри, ҳар бир сатри устида бемалол баҳслашар, ҳатто тиниш белгиларигача изоҳлаб, асослаб берарди.

Хуршиданинг бу ибратомуз хислатлари, шубҳасиз, менда айрича таассурот уйғотди. Уни фақат айрим сўз ва иборалар хусусида- гина ён бердириш мумкин эди. Ана шу хусу- сият ёш шоиранинг ижод принципига, ёзиш, иш услубига айлана борди ва Андижонда дунё юзини кўрган илк шеърий тўплами –«Сиғмагай жисмим жаҳонга»даёқ ўзининг ижобий таъсири, самарасини кўрсатди. Мазкур китобга сўзбоши ёзган таниқли шоир, ўта талабчан адабиётшунос Исмоил Тўлак «Унинг (Хуршиданинг – Қ.К.) бир қатор шеърларида учрайдиган топилдиқ мисралардаги тасвир оламга рассом нигоҳи билан қараб, шоир қалби билан ифодалашга интилаётган юракнинг бетиним изланишлари…»ни тўғри пайқаган эди. Дарҳақиқат, биринчи тўпламигаёқ шоиранинг шеърий санъатлар, бадиий тасвир воситалари шеъриятнинг қони ва жони эканини англашидан гувоҳлик берадиган, китобхон юрагини жизиллатиб, мутаассир қиладиган, хотирасига ўрнашиб қоладиган ҳолатлар акс этган шеърлар жамланган эди. Чунончи:

Кўксимда кўкарган ғам дарахтининг
Ҳар бир япроғида исминг ёзиғлиқ.
Юрагимга тиғдек санчилаётган
Шохларида зил-зил армон осиғлиқ.

Кейин Хуршиданинг пойтахтдаги нуфузли нашриётларда бирин-кетин «Алдамчи тонглар», «Изҳор», «Тажалли» деб номланган китоблари босилиб чиқди ва улардан жой олган асарлар шоира маҳоратининг шеърдан-шеърга, китобдан-китобга ўсиб, юксалиб бораётганини намоён этди. Шу аснода муаллиф катта ижодкорларнинг ҳам назарига тушди. Жумладан, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов Хуршиданинг «Ўз овози, ўз сўзи, ўз эътиқоди билан… шеърият гулшанида дадил жавлон уришига» умид билдиради «Изҳор»даги сўзбошисида.

Хуршиданинг ижодкор сифатида росмана етилганидан далолат бўлмиш «Самойинур» сайланмаси (2011 й., «Шарқ» нашриёт-матбаа АК) Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ташкил этилган тақдимот-муҳокамада эътирофларга сазовор бўлиб, баланд баҳоланди. Дарҳақиқат, энди муаллифнинг мавзу доиралари янада кенгайган, ҳаётий-фалсафий мушоҳадалари теранлашган, яъни асарлар ҳажм эътибори билангина эмас, маъно-талқинлари, ғоялари, бадиияти билан ҳам салмоқ касб эта олган эди. Ватан муҳаббати, эл-юрт дард-истаклари, ота-она қадр-қиммати, мўътабар зотлар, дўсту ҳамдамлар меҳри энди Хуршида шеъриятидан кўпроқ, мустаҳкамроқ ўрин эгаллаганди. Бу фазилатлар унинг нашрга янги тайёрланган «Янги тонг» китобида ҳам яққол сезилади.

Бағрингни бир тикон тилса ногаҳон,
Бағримни минг фиғон ёқди ўшал дам, –

деб ёзади шоира ватан қайғусини чекаркан. Айни мисралар элпарварлар ичра аъло ҳазрат Алишер Навоийнинг:

Юз жафо қилса манга, бир қатла фарёд айламон,
Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам, –

деган мўътабар сатрларини ёдга солади.

Ватанга садоқат, унга фидойижонлик эса шоира шуурида бирдан туғилган оний ҳис-туйғулар ҳосиласи эмас, балки уларнинг илдизлари анча чуқур кетган:

Ахир томиримда оқмоқда менинг
Ватан деб жон берган аждодлар қони.

Хуршида шеърларида фарзанди, яъни келажак авлод учун умру жонини тикишга шай муқаддас оналарнинг улуғ, олижаноб сиймоларини ҳам кўрамиз:

Гар қўлингда турган бўлса тош,
Отмоққа ҳеч ошиқма, дунё.

Мен кўксимни тутиб бераман,
Мўлжал қилма боламни асло.

Мумтоз шеъриятимизнинг мумтоз шаклларига ҳам бот-бот мурожаат қилиб туриш Хуршида ижодининг кўзга бўртиб ташланиб турадиган яна бир жиҳатидир. Талаблари қаттиқ аруз қоидалари, мезонларига риоя қилишга уриниб, қатор ғазаллар, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Фузулий, Ҳувайдо, Нодира, Эркин Воҳидов ва бошқа салафларнинг ғазалларига боғлаган мухаммаслари шоиранинг бу борада ҳам тажрибаси ортиб, такомиллашиб бораётганидан дарак бераётир. Зеро, сўз санъатининг даҳолари дурдоналарига захму жароҳат етказмаган ҳолда, уларни баҳоли қудрат тўлдиришга, бойитишга уриниш ва бу борада эътибор қозониш осон юмуш эмас. Хуршиданинг ушбу бобда ҳам ниҳоятда эҳтиёткорлик, ҳушёрлик ва ўзига талабчанлик билан қалам суришига мисол тариқасида устоз Абдулла Орипов ғазалига боғланган мухаммасини келтириш ўринлидир:

Меҳр ила ёғду сочиб кўнглим ёритди ёрлар,
Ногаҳон чанг солдилар дил кўзима маккорлар,
Ушбу кун боғим аро пайҳон гулу гулзорлар,
Бул ажаб хор кимсадин имдод сўрайди хорлар,
Сиз бемор кўксига бош урмангиз, эй беморлар.

Кўриниб турибдики, мухаммас боғлаётган шоирнинг ғазал муаллифи бадиий нияти, ғояси, руҳий титроқларини яхши англаганлиги, яна бир муҳим масала – кайфият, оҳанг уйғунлигининг сақланиши оқибатида асар янада тугаллик ва теранлик, яхлитлик касб этгандай. Ўта нозик таъб, талабчан устознинг ўзи ҳам мазкур мухаммасдан кўнгли тўлиб сўзлаган эди. £азал ва мухаммаслар яратишда Хуршиданинг қадимий арузий фасоҳат билан замонавий суханворлик- ни мувофиқлаштира олаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиздир.

Абдулла Орипов «Шеър – кўнгил иши», дегувчиларнинг ҳақ эканлигини алоҳида қайд этган эди юқорида зикр қилинган сўзбошида. Кўнгилни эса оламнинг, ҳаётнинг бўлак муам- молари, ташвишларига қараганда ишқу муҳаббат савдоси кўпроқ банд этиши ҳеч кимга сир эмас. Маҳбубу маҳбубалар тилмочи бўлмиш шоир аҳли эса ўз ижодини муҳаббат мавзуи, таърифи, шавқу риёзатлари ила сарафроз айлаш асносида ошиқу маъшуқлар қалбига таскину тасалли беришни мақсад қилмоғи табиий, азалий иштиёқдир. Зеро, бу аксарият мумтоз шоирларда муқим ва муҳим ўрин тутган ҳамда кейинги авлодларда ҳам изчил давом этиб келаётган ўлмас-йитмас анъана, ижодий озуқа, ҳаммабоп, оммабоп мавзудир. Хуршиданинг ҳам дастлабки тўпламларидан бўй кўрсатган мазкур мавзу кейинги китобларида янада кўпроқ саҳифаларни эгаллаб, ижодига кўпроқ жозиба бағишламоқда. Шоиранинг муҳаббат оташию изтироблари ҳақидаги шеърлари туйғулар, эҳтиросларнинг кучлилиги, бадиий жилоларга, образли ифодаларга бойлиги, таъсирчанлиги билан китобхонни ўзига жалб этади. Шеърхон кўнглининг нозик торларини тебратиб, маҳзун оҳанглар таратадиган иборалар тўкилади шоира қаламидан: «Биргадир ишқ ва ашк аввали-сўнги», «Шу тун юрагимда тунади дунё», «Боғлар қанотимиз тонгги насимлар, Бизга висол уйин ваъда қилар ой», «Сиздан беихтиёр йироқлагайман, Сизга ихтиёрин берса бошқалар…» каби жонли, оҳорли ифодалар. Ҳа, жисми оламга, туйғулари, ҳиссиётлари шеърга сиғмай қолган шоир билан бир жон, бир тан бўлган лирик қаҳрамоннинг юрагидан ана шундай туғёнлар тошиб чиқади. Китоблар- даги туркумлар, достонларга жо этилган ишқий манзумаларни ўқиркансиз, бир қалбда шунча муҳаббат, шунча ҳижрон, шунча фироқ, шунча ғам, шунча сабр-бардошга ўрин бўлишини тасаввур этолмай қийналасиз, ошиқ юрак оташи-алангасидан дунёларга ўт кетиб қолмаганига ҳайратланасиз, миттигина бир юракнинг шунча юкни, шунча дардни, шунча залворни қандай кўтариб юрганидан ажабланасиз. Айни дамда, ҳар не бўлса-да, бир кўнгилга, бир баёзга, бир жилдга кўплик, оғирлик қилмасмикин шунча эҳтирос, шунча юк, деган гумон, хавотир уйғонади дилингизда. Китобхон вужуди- ни ҳам шоирники каби эзиб ташламасмикин?  Муҳаббат деган буюк, муқаддас туйғунинг азобу изтиробларидан чўчитиб, ҳадиклантириб қўймасмикин? Лекин, тўлиб оқаётган анҳордан ҳар ким ўз чанқоғи, эҳтиёжига яраша сув олади-ку. Шеърият анҳорларининг эса ҳамиша лиммо- лим оқиб, соҳилларида ранг-баранг гулларнинг чаман-чаман очилиб туришига нима етсин!

Ҳа, атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг нозик қалб шоирамизнинг истиқболига ишонч билдириши бежиз эмас эди. Мухтасар қилиб айтганда, Хуршида адабиёт олдидаги масъулиятни чуқур ҳис этадиган, устозлар ишончию мухлислар ҳурматини оқлашдек шарафга мушарраф бўлиб келаётган ҳассос шоирадир.

«Холис» газетаси, 2017 йил.

Хуршида ВАҲОБЖОН қизи
ҒАЗАЛ УММОНИДА СУЗГАН САБОТИМСАН
021

032Хуршида Ваҳобжон қизи 1967 йилда туғилган. 1990 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини тамомлаган. Унинг «Алдамчи тонглар» номли илк шеърий китоби 1998 йилда «Ёзувчи» нашриётида чоп этилган. Шунингдек, у «Сиғмагай жисмим жаҳонга», «Изҳор», «Тажалли», «Самойинур» (Сайланма) китобларининг муаллифи. Публицистик асарлари турли жамоа тўпламларида, газета ва журналларда ва интернет нашрларида эълон қилинган. 2019 йилда “Янги тонг» номли шеърий тўплами «Ўзбекистон» нашриётида чоп этилди .
У 2005 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Андижон вилоят бўлимини бошқариб келмоқда. “Бобур издошлари” номли адабий тўгарак раҳбари.

ВАТАН МЕҲРИ

Сенинг меҳри зилолингни, Ватан, иймондан ахтардим,
Ҳилолингнинг жамолини гўзал инсондан ахтардим.

Азизимсан, суюгимсан, муқаддас саждагоҳимсан,
Гўдакларнинг камолини ёруғ даврондан ахтардим.

Юракда нолалар қилса гаҳи ишқ отли туйғулар,
Куюк дилнинг заволини қора қумғондан ахтардим.

Мудом оқил кишилар суҳбатига чин бўлиб мафтун,
Паришон дил саволининг жавобин қондан ахтардим.

Манам Машраб бобом янглиғ сазоликка эдим маҳкум,
Кезолмай дашт, уволимни тирик бу жондан ахтардим.

2006

ОНАЖОН

Онажон, Сиздан бўлак бир меҳрибоним йўқ менинг,
Меҳрингиз тафтидин ўзга хонумоним йўқ менинг.

Қон билан жисмимда туғёндир дилингиз чашмаси,
Ки ватанга бундин ўзга армуғоним йўқ менинг.

Турфа хил гулзор – бу кўнглимга кўз солмас қуёш,
Парвариш истар, нетайки боғбоним йўқ менинг.

Гаҳ замин-даввор аро тансиқ маҳал обу ҳаво,
Жонга осойиш этарга ошёним йўқ менинг.

Тил билан дил ёралар эрсаки кўнгли қоралар,
Руҳима куч бергали ширинзабоним йўқ менинг.

Шукр этай, чархи фалакнинг минг жафою жабрига
Кўп эрур сабрим, вале оҳу фиғоним йўқ менинг.

Онажон, Хуршида дил армони бир уммон эрур:
Бўлмасин кетсам жаҳондинки нишоним йўқ менинг.

2000

СОҲИБЖАМОЛ

Дил фақат сендан хабар кутди, нетай, соҳибжамол,
Ҳайратим ҳаддан ошиб кетди, нетай, соҳибжамол?

Ҳақ фано дайрида аҳзон фаслининг ожизасин,
Ҳусн элин шоҳига зор этди, нетай, соҳибжамол?

Бул юрак мутлақ унутгач шодмонлиғ шевасин,
Эътиборинг кўп ризо этди, нетай, соҳибжамол?

Дилга буйруқ кор эмас, вобасталиғ даркор эмас,
Ул тағин йўқлик йўлин тутди, нетай, соҳибжамол?

Сен ёруғ манзилни кўзлаб, қучгил истиқболни!
Бул сари Хуршида хор ўтди, нетай, соҳибжамол?

2017

НОГАҲОН

Айб эрур гарчи кўнгил домингга тушди ногаҳон,
Ҳисларим сарҳадни билмай кўкка учди, ногаҳон.

Хонумоним ёқди буткул сўзларингнинг оташи,
Тун бўйи васлинг дилим мастона қучди, ногаҳон.

Етти иқлимдан муносиб ёр топмоғлик маҳол,
Ишқ соҳир зар либосин нега бичди ногаҳон?..

Айланар ер-у, қуёш куйгай, боши хамдир само,
Аҳду паймон йўқлабон бир, қайга қочди ногаҳон?

Эй замин, эй осмон, жисмимга энди қайда жой?
Бемаҳал Хуршида нурин ёра сочди ногаҳон!..

2017

ТАСАЛЛИ

Қўрқмагил, таклифсиз босмак қадам ётдир манга,
Сабр мулкида муқим ўлмак иноятдир манга.

Дилгинангнинг истаги маълум бўлди ногаҳон –
Музлаган тошларни зарби катта ибратдир манга.

Ор қошида манимдек бормикан ҳайрону лол,
Сохта сўзга ошнолиғ ҳам жиноятдир манга.

Минг алам чексин юрак, минг илтижо этсин кўнгил,
Тангри ҳукмига мутелик чин саодатдир манга.

Сен риёлар юртида мастоналарга айла лутф,
Ҳажр мулкининг тавофи ҳам ибодатдир манга.

Гул муҳаббат боғига кирмак сира осон эмас,
Имтиҳон Ҳақдин ишорат ҳам итоатдир манга.

Арз эмас, очдим санга қалбимда пинҳон розни,
Хаста Хуршида фиғони зикри оятдир, манга.

2017

ТАЗАЛЛУМ

Кўзларимдан тўкмагил, бас, ёшни,
Ғолибо, синдирмагил бардошни.

Пойинга қумдек сочилган ҳисларим
Қони-ла ювмоқда дил-наққошни.

Неча гулзор ичра сен ҳур андалиб,
Умр эса тутмас манга ризқ-ошни…

Ихтиёримни олиб беихтиёр,
Муддаонг хам айламоқми бошни?

Дарс берма, бас, тааззумдан менга,
Воқифи сенмасмидинг сир фошни?

Минг ҳамият бирла Хуршида сенга
Сочса қадр эт сўнгги гавҳарпошни!?..

2017
Тазаллум – зулмланиш, шикоят
Тааззум – кибрланиш
Ҳамият – ор-номусни ҳимоя қилиш,асраш

БОШҚА ОЛАМ

Сену мен бошқадирмиз, дил – юраклар бошқа бир олам,
Суханлар бошқадир гарчи, тилаклар бошқа бир олам.

Фано дайрида берсак бой ато этганда фурсатни,
Керакмас нозу неъмат, зар, кераклар бошқа бир олам.

Замин, қонунларинг бирла иши йўқ инжа туйғунинг,
Сабот куйин чалолмаслар – билаклар бошқа бир олам.

Ўтар кунлар, кетар кунлар, фиғону дод этар кунлар,
Гуноҳимни, савобимни элаклар бошқа бир олам.

Сену мен бошқадирмиз, дил – юраклар бошқа бир олам,
Кетар бўлсам йироқ сендан сўнгаклар бошқа бир олам…

2017

АЙБ

Ўйлагандим, воз кечурман, енгди ғолиб ҳисларим,
Истагандим, қолмасин деб на дарак на изларим.

Минг синов, минг бир сукунат ичра ҳайрат тунлари
Орзулар оламинда милтирар юлдузларим.

Тоқ кезар бир умр кўнгил гул муҳаббат боғида,
Энг улуғ толе – мунавварлиғда бўлсин юзларим.

Сезмасин сарсонлигин дил, олмагин асло малол,
Меҳр ила нурини сочсин, мубталодир кўзларим.

Неча бор қилдим тазарру, неча бор сўрдим кўмак,
Сенга кор этмас нега ҳатто китобат-сўзларим?

Гул ҳаётинг юзланар нурли макон-манзил сари,
Мен эса келдим етиб, кутмоқдадир унсизларим.

Айб эса ошуфталиғ, Ҳақ ҳукмига дил мунтазир,
Ожиза Хуршида излар қайда деб ёлғизларим…

2017

ВИДО

Тополмассан, сенинг мулкингда қолмас изларим, ҳатто,
Этар таъқиб қочсанг ҳам туташ юлдузларим, ҳатто.

Очолмассан, аросат ихтиёринг, хоҳишинг қолгай,
Бурар бўлсам умид-истакларингдан юзларим, ҳатто.

Аёғим остида ётмиш неча йиллар юраклар хор,
Аларга бир қиё боқмай келар-ку кўзларим, ҳатто.

Магар тутган эсам меҳрим, билиб қўйгил омонатдир,
Садоқат боғида очгай гулин наргизларим, ҳатто.

Ғурурим қошида кечгум керак бўлса бу жонимдан,
Вале қадрим қилолмас ер самовий ҳисларим, ҳатто!

2017

СЎЗ

Юракка куч этар туҳфа илиқ бир сўз,
Китоб умр ўлса гар, саҳфа илиқ бир сўз.

Кўнгил тилсимларига у калит гўё,
Саховат саҳнидан лавҳа илиқ бир сўз.

Мунавварлиғ улашгай еру кўк узра –
Топар равнақки ҳар жабҳа, илиқ бир сўз.

Керакмас, молу зар, дунё, унутмангким –
Муҳаббат уйида раҳба – илиқ бир сўз!

Умиду орзу берсин кўнгилларга,
Сочинг дил сори минг дафъа илиқ бир сўз!.

2017

Раҳба – саҳна

ҚАДР

Тириклик олами ичра баҳосиз пулчами қадрим,
Олов ҳислар ўчоғида кераксиз кулчами қадрим?

Вафодан сўз очар бўлсанг агар, ўйла жавобин ҳам,
Оёғинг остини ўпган – эзилган гулчами қадрим?

Умид-истакларинг бошқа, сўзинг, лафзинг, ўзинг бошқа,
Синов кўпригига кўз ташлаёлмам, қилчами, қадрим?

Ситамлардан халос айла, риёга ҳам ризодирман,
Омонат даҳри дун ичра омонат дилчами қадрим?

Яратганга аён пешонага қандай ёзиқ битмиш,
Фанодан то бақо бўйлаб чўзилган йўлчами қадрим?

2017

ФИДОЛИК

Дилингнинг истаги амри Худодир,
Камолинг мен учун чин муддаодир!

Сира айбинг сололмас соясинким,
Улуғ меҳрим Яратгандан атодир.

Яша, яйра, эриш мақсадларингга,
Дуоингда бўлиш ички нидодир.

Агарчи, сўзларимда кўп эди саҳв,
Маним оламға келмоғим хатодир.

Дема, сўнгсиз фиғонинг қайда қолмиш?
Сенинг бахтинг учун бари фидодир!

2017

МЕН…

Замин, бағрингда бир касни самога юлдуз этдим мен,
Сочиб меҳрим зиёд унга, сенинг қадрингга етдим мен.

Кулиб турган нигоҳимга солар соя алам-ҳасрат,
Тилак-истакларим қувлаб, дилим озора элтдим мен.

Гўзал гулзор эди жойим, сўлим гўша сўраб доим,
Нетай, бегона элларда заҳар-заққумни ютдим мен.

Кўзим очгил, Худойим, деб тиларман кечаю кундуз,
Бошим хам, фикратим жамлаб, ошим ағёра тутдим мен.

Жами дунёингу жами ямон-яхшинг ила ташлаб,
Ўзимни олдим-у, сен йўқ маконлар сори кетдим мен.

Фақат, Хуршиданинг бор деб чекинмоққа ҳуқуқ, эрки,
Мудом армон элида жим, қаноат бирла ўтдим мен…

2017

ҚАЛБИНГ ШЕЪРГА ТЎК

Мен билан суҳбатга чанқоқ бўлса қалбинг шеърга тўк,
Ногаҳон ағёр тийғи тилса қалбинг, шеърга тўк!

Осмондан нур ёғса – толейинг қучса Зуҳал,
Шону шавкат завқи бирла кулса қалбинг, шеърга тўк.

Боқ: яшаш қандай гўзал – ҳар ким қучар юлдузини,
Қисматинг қалтис ўйин гаҳ қилса, қалбинг шеърга тўк.

Боғ ярат, бўстон ярат, дилларга сол эзгу тилак,
Дафъатан эккан ниҳолинг сўлса, қалбинг шеърга тўк.

Сув билан гул яшнагай, дил – парвариш бирла тирик –
Бизни бедор айлаган ҳис ўлса, қалбинг шеърга тўк!

Сақламас зарра адоват, кун келиб Хуршиданинг
Руҳи парвонанг мисоли елса, қалбинг шеърга тўк!?..

2017

ТУШУНМАСМАН

Тушунгум булбул оҳини, Сени асло тушунмасман!?..
Тушундим дил гуноҳини, Сени асло тушунмасман!?..

Битилган сўзларинг жумбоқ, босилган изларинг жумбоқ –
Гапирсанг гаҳ бу, гоҳ уни – Сени асло тушунмасман!?..

Узатган гулларинг сўлғин, вале ой юзларинг тўлғин –
Кўзингнинг ўт нигоҳини, Сени асло тушунмасман!?..

Тилимда янгради отинг, умидим тонгидек отдинг…
Қучолмас тун сабоҳини! Сени асло тушунмасман!?..

Билолмам оламинг қайси, сенингсиз йўқ яшаш файзи –
Юрак излайди роҳини – Сени асло тушунмасман.

Бу Хуршида кетар олис – йироқлар ҳис, сўроқлар ҳис:
Қазиб бўлдингми чоҳини? Сени асло тушунмасман!?..

2017

***
Бизни Тангрим бир яратди ўй-хаёл дунёси ичра,
Мушку анбарни таратди ўй-хаёл дунёси ичра.

Ҳусн мулкида топилмас нисбатинг, ойдек юзингга
Дилни жодулаб қаратди, ўй-хаёл дунёси ичра.

Қай мунофиқ дарсини олган экан қалбинг қачонким —
Гаҳ суйиб, гаҳ ерга отди ўй-хаёл дунёси ичра.

Рашкдин сўз очибон, такрор этиб соғинч сўзини,
Ҳисларинг тош мисли қотди, ўй-хаёл дунёси ичра.

Чарчадим, бас, тоқатим етмас, кечай жондан деб охир,
Уфқига Хуршида ботди, ўй-хаёл дунёси ичра…

2017

***
Муддаоинг: манзилат – кибру ҳаво, макру риё!
Муддаоим эрди: бир сен, бир эди дорилфано!

Гул эдинг беэътибор, атрин сочишга интизор,
Осмондан ёғди чексиз нур ила ҳамду сано.

Ё бошинг айланди, ё бисёрлиғдан кўр каби,
Хаста жонни тепкилаб ўтдинг, кулар еру само.

Сен қолурсан оламинг ичра ўзингни бек билиб,
Мен кетурман, бенаволиғ ичра бўлсам ҳам гадо.

Муддаонг кор ўлмағай – кибр оти чарчатгай сени,
Кун келиб Хуршида бўлгач телбаликдан мосуво.

2017

ОЛИБ ҚЎЙМАНГ!

Умидимни олинг майли, қувончимни олиб қўйманг!
Гумонларга солинг майли, қувончимни олиб қўйманг!

Йироқларда кутар бўлсам, фироқларни ютар бўлсам,
Бу ҳолимга кулинг, майли, қувончимни олиб қўйманг!

Сиз эй, минг тусда товланган, риё қошида тобланган,
Аросатда қолинг, майли, қувончимни олиб қўйманг!

Не истарсиз ахир дилдан, не истар шоҳ бир қулдан?
Кибор аҳли бўлинг, майли, қувончимни олиб қўйманг!

Қарамдирман садоқатга, қарамдирсиз хиёнатга –
Очиқ иқрор ўлинг, майли, қувончимни олиб қўйманг!

2017

***
Қўй, илиқ сўз айтма, наф йўқ, бари равшан ой каби,
Ўзлигингдан қайтма, наф йўқ, бари равшан ой каби.

Осмондан ерга тушгум, бори ризқим шундадир,
Беҳуда лутф этма, наф йўқ, бари равшан ой каби.

Эътиборим тортгали интилса не тонг минг рафиқ,
Ўзни содиқ тутма, наф йўқ, бари равшан ой каби.

Тил гапирмас, сўзлагай дил, сўзлагай унсиз юрак,
Сохта номанг битма, наф йўқ, бари равшан ой каби.

Яккамассан кенг жаҳонда, балки кўпдир яхшилар,
Дил, мурувват кутма, наф йўқ, бари равшан ой каби.

Айланиб, гаҳ ўргилиб, Хуршида, минг парвонасан,
Боринг унга тутма, наф йўқ, бари равшан ой каби!?..

2017

***
Сенинг жисмингнимас, қалбингни қизғонгум бировлардан,
Муҳаббатга берурсан тобакай нисбат гаровлардан?

Сўзидан тонмагай асло садоқат шаҳрининг аҳли,
Етар, хаста юракни этма минг пора сўровлардан.

Нафосат боғида фасли баҳор ўлди, очилмиш гул,
Билурсан, дил безиллар, эт ҳимоя қиш-қировлардан.

Кўзин тикмиш неча дўсту неча ағёр бизларга,
Авайлаш бир-биримиз фарзимиз эрмасми ёвлардан?

Фалакдан нур ёғса, равзаи жаннат бўлур гўё –
Кўнгиллар яшнагайдир парвариш бирла қаровлардан.

2017

СЕНИ ЎЙЛАБ

Сара гулларни тердим меҳр ила эркам, сени ўйлаб,
Олов кўксимда минг армон, кўзимда нам, сени ўйлаб.

Улусдин ажрадим, оҳанрабодек ўзинга тортгач –
Дилим, ақлу ҳушим бесар – бўлолмас жам сени ўйлаб.

Муҳаббат боғидан чашми зилолинг ахтариб толдим,
Умидим гулларин титраб ўпар шабнам, сени ўйлаб.

Хаёлим сен-ла суҳбат қурса-ю, уйғонса ғафлатдан,
Эрир муз бу юрак, соғинч эзар ҳар дам, сени ўйлаб.

Наҳот қадр этмасанг тоғдай буюк, уммон қадар ишқим,
Ки Хуршида нетар, меҳру вафоинг кам, сени ўйлаб.

2017

АЙЛАДИ

Ногаҳон пайдои ишқ ожиз дилим ром айлади,
Орзу саркаш хаёлим бесаранжом айлади.

Осмондан уздию олий умидин ҳисларим,
Ваҳки ер остин саодатманд эҳром айлади.

Бенаволар базмида, афсуски, маккор ёр,
Рост деб ёлғонини эҳсону инъом айлади.

Дил қаноат эшигида тоату тақводадир,
Ишқ найлайки мани ошиқи бадном айлади.

Чин вафо мулкида меҳрин сочмасин Хуршида минг,
Бевафо бегонани Ширину Зуҳром айлади.

2017

***
Йўлларимга сочма нуринг, кўзни кўр қилгай зиё,
Айрилур оромидин дил ишқ ўтига мубтало.

Бир илиқ сўз эшитиб, жондин кечар бўлса юрак,
Қайда унга офият, боқмайди дунё – бевафо!

Дил муҳаббат даштини далли – гадодек кезса-да,
Раҳму рифъат айлама сен ҳам, писанд этмас фано!

Ҳеч берма қон дилим изҳорининг имконини,
Сенга асралган сирим гар этса ҳам қаддим дуто.

Қодир Аллоҳ амрига борлиқ итоат айлагай,
Балки бу жисмимни ишқ ўти қилур жондин жудо?

2017

МАЛОЛ ЎЛСАМ

Маломат тошин отсанг розиман, Сенга малол ўлсам,
Ёрилсин ер, узилсин осмон, Сенга малол ўлсам.

Ғурур илки ила бошим эгиб, абгор қилсанг-да,
Паришон ҳисларим ҳоли ёмон, Сенга малол ўлсам.

Менга не бор парилар базмида, тутма умид обин,
Дилингни овласин гул ёсуман, Сенга малол ўлсам.

Кўзимда нур йўқдир, жозиба кетмиш мени ташлаб,
Назар солма, нетай, рангим сомон, Сенга малол ўлсам.

На бор менда субут, на телба руҳимда гина-кудрат –
Ҳаё наҳрига чўкмасман ҳамон, Сенга малол ўлсам.

Этар Хуршидани бадном – ишқ ўти аёвсиздир,
Юрак ерни қучар, қолмас омон, Сенга малол ўлсам.

2017

БУ КЕЧ

На илиқ, на-да қўпол сўзим эшитгайсан бу кеч,
Тинмагай, гирёнадир кўзим, эшитгайсан бу кеч.

Гар кетар бўлсам фано дунёсидан юз ўгириб,
Излагай ишқ аҳли ҳам изим, эшитгайсан бу кеч.

Бемаҳал келди бу ҳис дил эшигин чертиб, нетай,
Қайда мен бечорага тўзим, эшитгайсан бу кеч.

Пастлаб қолса само, ердан ҳаловат кетса гар,
Жон нисор этсам магар ўзим, эшитгайсан бу кеч.

Оқибат тақдир мағлуб айлагач Хуршидани,
Бил, отинг бўлгайки сўнг сўзим, эшитгайсан бу кеч.

2017

***
Гуноҳим кўп, тутай бошимни дора,
Дилингни, розиман, бер интизора.

Иложим йўқлиги минг кўйга солмиш,
Назар ташла, не савдолар дил ора.

Бу олам неъматин сенга тутар мўл,
Оҳорини олар мендан тобора.

Магар кимни азиз этсанг, этарсан,
Ярарми бўйни боғли ит шикора?

Ҳакам йўқ бизга бошқа кўнглимиздан,
Кўнгиллар сир очар-да ишқи бора.

Қочар қувган сари, Хуршида, толе,
Дилингни бермагил, бас, ихтиёра.

2017

АЖАБЛАНМА

Сенингсиз боқмаса менга кулиб олам, ажабланма,
Менингсиз келмаса кўзингга зарра нам, ажабланма.

Қовоғин солса ҳамки менга шодлик мулкида ағёр,
Сукунат бағрини тарк этмаса нолам, ажабланма.

Табассуминг қуёши сочса кўнгулларга ёғдусин,
Не тонг, уммон ила баҳс айласа жолам, ажабланма.

Самога бўйласа бўйинг, ғуруринг сарбаланд ўлса,
Маломат тоши гар бошимни этса хам, ажабланма.

Саодат элининг соҳир куйига дил беролмасман,
Яралган-ку ёруғ олам ахир бир кам, ажабланма.

2017

ОШКОР АЙЛА

Азизим, беқарорим, дарди ҳолинг ошкор айла,
Хаёлинг осмонида ҳилолинг ошкор айла.

Атиргул, жамбилу райҳон ифорин сочса боғингда,
Сени ром этган ул соҳибжамолинг ошкор айла.

Муҳаббат каҳкашонида қиёсин топмасанг ишқим,
Мунаввар юз ила меҳри зилолинг ошкор айла.

Муяссар айласа Аллоҳ гар бизни висолига,
Юмиб тош дийдани лаб ичра болинг ошкор айла.

Йўқотгач ҳажр элида қувватин Хуршида жим кетса,
Дуо ҳаққи билан қарзи малолинг ошкор айла!

2017

ЁҒДУ СОЧАР

Эй қуёш, беркин, бугун толе кулиб ёғду сочар,
О муҳаббат, шодмон гул, андалиб ёғду сочар!

Осмондек тозаю соф, ой каби барно гўзал –
Суврати ҳам сийрати жонни олиб, ёғду сочар.

Ошиқар манзил сари тошларга бош урганча сой,
Дилни фориғбол этиб, шовқин солиб, ёғду сочар.

Маст этар ҳар бир гиёҳи кўҳна Зомин тоғининг,
Арчазор эркин нафас бирла елиб, ёғду сочар.

Инжа туйғуга ҳаловат қайда, кўнгил маҳлиё,
Хуш ҳаво эъжозидан ҳайрон қолиб, ёғду сочар.

Бахту омад боғида гул очса Хуршида магар,
Андалиб оҳи ёнар, ҳолдан толиб, ёғду сочар.

2017 йил 6 июль. Зомин.

***
Хабар бер, қайдасан, оби ҳаётимсан,
Юракка куч бағишловчи баётимсан.

Жаҳоннинг ғамлари ортимдан эргашса,
Кураш майдонида енгилмас отимсан.

Кўнгил ҳажр элида оҳу фиғон этмиш,
Билиб қўйки ўзинг таскин-нажотимсан.

Хаёлингсиз ҳаловат не билолмасман,
Тилаклар кўшкида учқур қанотимсан.

Ғазал битдим, висолинг орзу айлаб,
Ғазал уммонида сузган саботимсан.

2017 йил, 7 июль. Зомин

ХАТО ҚИЛДИМ

Аё, дўстим, ишончимни бериб сенга хато қилдим,
Сара сўзларни маржондек териб сенга хато қилдим.

Насим эрдим, ғубор этдинг, дилим мажнуншиор этдинг,
Мурувват қайда, бошимни уриб сенга хато қилдим.

На истарсан баён айлаб, пушаймонлиғ аён айлаб,
Синоат мулкида етмай туриб сенга хато қилдим.

Увол ўлди иноят ҳам, итоат ҳам, ишорат ҳам,
Умидим ҳосилин эрта ўриб сенга хато қилдим.

Ўтинчим: ошкор этма, забун Хуршиданинг ҳолин,
Ўзимни, минг алам, лойиқ кўриб сенга хато қилдим.

2017 йил, 8 июль. Дўрмон.

***
Вужудим титрагай ҳижрон деган дард изтиробидан.
Ғурурим ерни ўпгай қадр элин ожиз хитобидан.

Юрак қул бўлди ёлғонга, ҳақиқат ёнида кўрдек,
Ҳамон кўз юмса у найлай, асил ишқинг китобидан.

Хатолар тухмини боғингга эктирдинг мени авраб,
Улар авж олса, деб тинмай сочарсан ҳийла обидан.

Сенга икки жаҳонимни этай ҳадя, мурувват қил,
Азиз исмимни асра юз қароликлар итобидан.

Керакмас, ол, умидимни, фақат тинчимни қайтар, бас,
Кўнгил уздим бугун мутлақ муҳаббат моҳтобидан.

2017

***
Сўз очсанг гар муҳаббатдан сўз очгил,
Гўзал туйғу, садоқатдан сўз очгил.

Етар энди, жудоликдан гапирма,
Висол они – ҳаловатдан сўз очгил.

Туташмас тоғ ила тоғ дерлар аммо,
Туташ диллар – нафосатдан сўз очгил.

На даркор эртагинг менга, азизим,
Ёруғ толе – саодатдан сўз очгил.

Кичик ташвишларни четга сургил,
Улуғ ният – маҳобатдан сўз очгил.

Дема камёб меҳри бу жаҳоннинг,
Мурувватдан, саховатдан сўз очгил.

Замин етмас эса қадрингга, эркам,
Сени суйган самоватдан сўз очгил.

Ишонч отин қувиб, Хуршида толмас,
Камолатдан, балоғатдан сўз очгил!

2017

***
Аламларга тузоқ безовта бу дил,
Қувончлардан йироқ безовта бу дил.

Магар ҳолимни сўрмассан, демакким,
Хаёлинг жам, бироқ безовта бу дил.

Муҳаббат боғида кезгай паришон –
Сару пойи сўроқ – безовта бу дил.

Фироқинг тийра этмишки, дуода,
Тилак йўллайди оқ, безовта бу дил.

Қаноат қил, умид узгайдир охир,
Яшар дунёда тоқ безовта бу дил.

Табассуминг дема, Хуршида, ёлғон,
Ахир минг бир қуроқ безовта бу дил.

2017

***
“Дил ўғрилари ичра энг уддабурон сенсан”,
Бас, жабру ситам қилма, жисмимдаги жон сенсан.

Ғафлатда сара ҳислар муз янглиғ эди, не тонг,
Қиш чоғидаги нури хуршиди жаҳон сенсан.

Ўт ёқдинг-у кўнгилга, ошуфта этиб, сўнгра
Дил дардига айланган ташвиши калон сенсан.

Юз бурса агар мендан розимни билиб олам,
Жаннатга томон бошлар ул роҳи ниҳон сенсан.

Ҳар кимда хато бўлгай, беайб Худо дерлар,
Минг шубҳа-алам бирла пайдои гумон сенсан.

Жабринг ўтибон жоннинг бор тоқати тоқ ўлди,
Дил ўғриси, дил ичра як дона, ишон, сенсан!

2017

***
“Ишқингни асрамоқ – кўнгил вазифаси!”
Тутқунлик илкида ҳислар зарифаси!

Сол бир келиб назар, номингни шарҳ этар,
Умрим китобининг ҳар бир саҳифаси.

Мадҳингни сўзлабон ёш-қарига, нетай,
Ҳушёрлар элин бўлдим латифаси.

Дил тубида ёниб бахш айладинг умид,
Сен ваъда шоҳининг содиқ халифаси.

Йўқ, бу вазифамас, Ҳақ амридир, ишон –
Хуршида ишқ элин ожиз, заифаси.

2017

***
Кўкда булут йиғласа кун кулмагай,
Меҳнати соз элга алам келмагай.

Шубҳа-гумон айласа кўп жабрини,
Васл уйида ташна кўнгил тўлмагай.

Дилни очиқ тутмаса ҳамдардига,
Бил-ки, йигит сўзида лафз ўлмагай.

Айбини беркитса киши фойда йўқ,
Ойни этак бирла ёпиб бўлмагай.

Кимни агар яхши эди деса халқ,
Икки жаҳон умр гули сўлмагай.

2017

***
Дилга ситам қилгучи ҳижрон эди,
Васлинга интиқ бу халак жон эди.

Сўз десанг-у, олса юрак куч-мадад,
Баъзида шод ўлса-да, вайрон эди.

Бўлмади лафзингда, нетайки, субут,
Севги ики ўртада сарсон эди.

Узди-да занжирини ночор умид,
Макр уйида хор эди, ҳайрон эди.

Рост эди сен сори йўлим йўқлиги,
Сенда вафо борлиги ёлғон эди!

2017

***
Талотум бу жаҳонда дилимни қўйма якка,
Ёруғликни фақат сен сололгайсан юракка.

Муаллақ қолса меҳрим агар еру самода,
Жами ғам тоши армон бўлиб теккай куракка.

Гуноҳи катта бўлгай, ўтинчим: бузмагин ҳеч –
Умидим қушлари ин қуриб олган теракка.

Ишончим кўприги мўрт, анга, бас, арра солма,
Нетайки ўхшар ишқим мисоли нокеракка.

Ахир булбул фиғони фақат булбул ғамида,
Беролмас зарра таскин мусича, сору ҳакка.

2017

***
Фиғонким, гавҳарим денгизга чўкмиш,
Ғурурим ерга ҳасрат тухмин экмиш.

Кўзимнинг ёшини беркитса тунлар,
Саҳар васлингни излаб нола чекмиш.

Сира кор ўлмади розим баёни,
Ёқамни минг алам-армони сўкмиш.

Сенга бахш этди бор имконини дил,
Сенинг миннатли нонинг сувга бўкмиш.

Улуғ меҳру вафони қадр этолмас
Кишини тоабад ишқ аҳли сўкмиш.

2017

***
Айлагил бир бора кўнгилга карам,
Тийғ ила келганда ташвишу алам.

Гоҳ ҳақ, гоҳи хато сўз дастидан
Дод этар бечора қоғозу қалам.

Олмагай тан чиқмаган жондан умид:
Тунга гул юзин очар минг бир санам.

Бу жаҳон – ёлғонлигин ким билмагай,
Содда дил сенга ишонгай ложарам.

Лафзида собитлиги чин-рост эрур,
Бўлмагай Хуршида ғафлатга қарам.

2017

***
Суянчим – булбулу гуллар, чаманларга улоқтирсанг,
Топурман ризқ, тупроғим томонларга улоқтирсанг.

Бу дунё кенгайиб қолгай, бўлур байрам кеча-кундуз –
Қувончингга шерик қоши камонларга, улоқтирсанг.

Садоим чиқмагай асло юракка санчавер тийғинг,
Бўлурман ошно ранги сомонларга, улоқтирсанг.

Замин яйратмаса ўз бағрида юрмам аросатда,
Берурман йўл чиқиб четга ёмонларга, улоқтирсанг.

Гар истарсан, чўкай майли сенинг наҳри фироқингга,
Умидим кўзини тикмам омонларга, улоқтирсанг.

Дема, Хуршидани бадном қилгай бедаво ишқи,
Битилгай исми балким жовидонларга, улоқтирсанг.

2017

***
Юракда асил, деб, муҳаббат, ишонтир,
Чекинмайди асло матонат, ишонтир!

Ютолмайди ишқим жафолар наҳанги,
Бақога қолур деб садоқат, ишонтир.

Адашсин ситамлар тополмай маконин,
Дилингда мужассам шафоат, ишонтир.

Сўз очма, юз очган гулингдан, ва лекин
Менингсиз этиб минг шикоят, ишонтир.

Ахир дил иборат фақат бир ўриндан,
Қилурман куну тун ибодат, ишонтир!

Йўлим айри, не ғам, висолинг уйидан,
Худодан кутарман иноят, ишонтир.

Ишонгил, ишончим берур жон юракка,
Муҳаббат асил деб ниҳоят ишонтир!

2017

***
Зимистон бағридан қалбимни чорлаб нур – зар қилдинг,
Ҳавас отида чопдингки, чунонам ким ўзар қилдинг.

Умидим боғига эккан эдинг – юз очди-ю, гуллар,
Мени ёт олам асру сирларидан бохабар қилдинг.

Қаноат шаҳрида фаррошдирман, бемаошу хор,
Сўраб ҳаққимни арз этсам, фиғоним бесамар қилдинг.

Худо йўлида қил садқа ва ё бозори ҳуснингга
Борай, деб йўлга чиқсам, ўзга элларга сафар қилдинг.

Паришон ҳолима кул, майли, зорим бору зўрим йўқ,
Яратганнинг атоси – тоза ишқимдан ҳазар қилдинг.

2017

***
Ёлғонга кўнгул бердиму хор айлади бу ишқ,
Ташвишини қалбимда ҳазор айлади бу ишқ.

Бас, ҳажру алам жабрини бисёр қилурсан,
Гул ҳусни жамол олдида зор айлади бу ишқ.

Тун-кеча фироқ ўтида дод этса бу жоним,
Ҳар тонгда умид ўйидан ор айлади бу ишқ.

Дилхаста эдим, зар ила нур ахтариб, охир
Зулматга ҳаётимни нисор айлади бу ишқ.

Мақсадга эришмас, деса Лайли ичар оғу,
Мажнунга биёбонни мазор айлади бу ишқ.

Найлайки фалак боқмади шафқат кўзи бирла,
Хуршидани туроб ила ёр айлади, бу ишқ…

2017

***
Муғанний ишқ элида куй чалар мамнун,
Кўнгил бўстонида гул-ғунчалар мамнун.

Табассум юзларимга нур этар туҳфа,
Калом, ўтли забоним шунчалар мамнун.

Қадам босдинг, чаман бўлди биёбоним,
Муҳаббат деб аталган кўчалар мамнун.

Умид уммонида сузгай хаёл отим,
Нилуфаргулни қучган кўлчалар мамнун.

Алам уйида ўлтирмайди Хуршида,
Ниҳоят ғам оёғидан чалар мамнун.

2017

КАМЁБДИР МЕҲРУ ВАФО

Минг алам, олам аро камёбдир меҳру вафо,
Топмайин, кўнгил яро, камёбдир меҳру вафо.

Панд бергайдир сенга саргашта, содда диллигинг –
Бўлди юзлар каҳрабо, камёбдир меҳру вафо.

Манфаат излайди кимдир ишқ аталмиш боғдан –
Инжа ҳис мотамсаро, камёбдир меҳру вафо.

Хийлаю найранг ила домига тортиб, сўнг эса,
Дейди: мен оқ, сен қаро, камёбдир меҳру вафо.

Бор ишончинг бермагин, бас, етти ёт-бегонага,
Асқотар хеш-ақрабо, камёбдир меҳру вафо.

Оқибат не билмаганни Тангри топгай бегумон,
Ажр элига марҳабо, камёбдир меҳру вафо.

2017

***
Бўлишмас эрса ғам-ташвишини бил, ҳожатинг йўқдир –
Самода офтоб ўлса, кераксиз шаъм ила чўғдир.

Бу кун ишқ оламин чин меҳр ила ишғол этолмассан,
Таашшуқ аҳлининг бари муҳаббат-меҳрга тўқдир.

Бугун сўзлар ололмас дардни, даркор эмас таскин,
Не тонгки, тикма, бефойда нигоҳинг бенишон ўқдир.

Қувончу ғам келиб-кетгай, бўлишмоққа қидирма дўст,
Унутма, миннат оши бу – кириб, чиқмайдиган суқдир.

Тушибди бошига иш деб ҳалак қилгайсан-у, жонинг,
Бил, эй Хуршида, чин меҳрингга зор афсуски йўқдир.

2018

***
Илоҳий ҳис ила бирлашди қалбим,
Кечир, сирринг ила сирлашди қалбим!

Замин бағрида зиндонбанд эди у,
Самовий нур ила нурлашди қалбим.

Хаёл уммонида тўлқинланиб, оҳ,
Висолинг ўтига ўрлашди қалбим.

Фалак ёмғирини қизғонди, ногоҳ –
Гумону шубҳадан ерлашди қалбим.

Боруримда йўқ эрди ихтиёрим,
Кетар чоғим пасайди шашти қалбим…

2018

***
Келдингу сен, кетди қўлдан ихтиёр,
Истадинг-у, чиқди йўлдан ихтиёр.

Маст эди дил ишқ соҳир куйига,
Излади ором гулдан ихтиёр.

Минг маломат ичра мажнунворлиғ
Айласа, не ғамки чўлдан ихтиёр?

Борлигингу йўқлигинг жумбоқ эрур –
Беаёв гулханга кулдан ихтиёр.

Осмон бошимни ногоҳ этди хам,
Васлинг излар ўнгу сўлдан ихтиёр.

Ожиза Хуршида ҳайрон-лол эрур,
Кетди сен сори кўнгулдан ихтиёр.

2018

***
Тушимми ё ўнгим, Сиз бирла суҳбатлашган у лаҳза,
Юракни бесаранжом этди ҳислар жўшган у лаҳза.

Садоингиз эди маҳзун, эшитдим дил товушингиз,
Неча ойлик синовлардан кейин сирлашган у лаҳза.

Сан-эй кулфат, чуқур қазган мунофиқлар сари боргил,
Одамларнинг ёмони ҳаддидан хўб ошган у лаҳза.

Мудом асрар Ўзи Сиздек ҳалолу пок зотларни,
Яратган олдида шоҳу гадо бирлашган, у лаҳза.

Жўнатмоқ истаганлар борса келмас хор жойларга,
Битилган ҳукмидан огоҳ бўлмай шошган у лаҳза.

Кўзинг оч, одамизод, эл учун тиргак бўлолмассан,
Анга қодир киши ризқин Худойим қўшган у лаҳза.

2016

***
Келиб жон сўрса Азроил, назар этмай уволини,
Қўюрман шарт кўрсат аввало ёрим жамолини.

Ўйилган дилда исмингни ўқибон Мункару Накир,
Кетур қайтиб, этиб шафқат, беролмай бир саволини.

Магар фарёд қилсам Аршга жабру жафоингдан,
Юборгай мен томон Ҳақ, дил-танинг ёллаб шамолини.

Қуёш милярд йил ўтгач ёқай деб келса ер шарин,
Топур хоким уза ишқим ўтидин ўз заволини.

Ки Маҳшар тонги Хуршида гуноҳи ишқи-чун сенга,
Дадил дўзаҳ сари бормоғида топгай камолини!?..

2008

***
Шарт қўйдингки, Само, Ер билмаса паймонимиз,
Жонга жон бахшида бўлгай токи бор имконимиз!..

Сабрнинг пойига чўкдим, бош эгиб уммидга,
Шошма, деб минг нолисам, олислади карвонимиз.

Бу жаҳондан юз буриб парвозга шай дил қушим,
Бахт боғин кўзлагай қўмсар эса хуш онимиз.

Гулми, тош, юлдузми, ой – Хуршидадан ранг олгуси,
Ўйлаган эрдим висол – асрий тилак-армонимиз!?

Неча аср аввал сени васл оташидан асрабон,
Кўксима жойлаб эдим бор ўт-олов – қурбонимиз.

Ушбу кун чалмоқда-ю, қисмат ризолик куйини,
Во ажаб, бу гал сен асраб қолдинг-а иймонимиз!?..

2008

***
Куч-мадад сўзинг ололмас бошқа ҳеч ким дил, дедим,
Юз тубан тутгай ғурурим ишқсиз, билгил, дедим.

Шамс агар кўксингга бош қўйса олурсан тафтини,
Жумлаи олам биру меҳринг ягона, кел, дедим.

Ер-фалак минг чекди ғам топмай даво бу дардга,
Не ажаб, чорлар ҳаётга сен узатган гул, дедим.

Каъба вайрон бўлса дерлар хуш калом обод этар,
Мир Алишер хокидек Хуршида бағри кул, дедим.

2010

***
Кирар сўзимга бу жисмим, юрак сен, дейди тўлғона,
Туним тан олмагай тонгинг, дил истар кунни уйғона.

Вужудим домига ўт беаёв ҳис беписанд ўлмиш,
Зилолинг обидин сепгилки бўлмасдин кукун, ёна.

Киши сайд айласа, побаста дил фарёду оҳини
Эшитгай тонгла Маҳшар, кетмагай қилмишидин тона.

Кўнгил жомин хиноранг май била тўлғазса гар зулми,
Қиёмат дори зулфи пуржафоси ёрнинг жона.

Самандар зотидин Хуршида равҳ айлар олов ичра,
Кўнгулга қуймаса суйини баҳри ишқ қизғона…

2004
Равҳ – ором, роҳат

БУ КУН

Соғиниб кетдим, дилимда зарра тоқат йўқ бу кун,
Дилгинам соҳибидин ҳаргиз мурувват йўқ бу кун.

Ёр васлин ахтариб назм элида фотиҳ кўнгул,
Ки муҳаббат куйчисин куйида ибрат йўқ бу кун.

Акси шамс асло кўринмас ашк ила нам кўзима,
Ёрдир хуррам хаёл, ишқи садоқат йўқ бу кун.

Рашк ила кўнгул ёнур, кўнгул аро бир гул ёнур,
Моҳи мезонким, ёнур кун-тун – рутубат йўқ бу кун.

Ер-фазо ҳажру хиёнатдин ёнур, эй дўстлар,
Хаста бу Хуршидага равҳу иқомат йўқ бу кун!..

1999

Иқомат – яшаш, истиқомат қилиш

СЎРОҒЛАБ

Бордим изингни, ёрим, сўроғлаб,
Чиқди ҳилолинг кўнглимни доғлаб.

Найлайки, моҳинг эрса паноҳинг,
Рашки гуноҳим ёнди чароғлаб.

Жабру ситамлар солғай аламлар –
Чашмимда намлар – ҳажринг қучоғлаб…

Айб этма ҳаргиз, мен гунгу ожиз –
Дил сенда ёлғиз, қўйдинг-ку боғлаб.

Севги муқаддас, асра уни, бас,
Ҳис сўнса келмас, кетгай йироғлаб.

Ўтдир дудоғинг, кутдим, қароғим –
Муштоқи роҳинг, кетма фироғлаб.

2004

***
Етти ёт бегонадек хайр айлагандинг сўнгги чоғ,
Лоларанг – алвон юракка соя солди қора доғ …

Тоғу дарёлар оша ҳорган кўнгул кашкулига
Тўлди ғам наҳри билан армон, алам-ҳасратли тоғ.

Бўй таратган гул сифат ағёра боғлабсан кўнгул,
Ул кибиларга ахир булбул тугул боқмайди зоғ!

Осмон бу кун дилинг – васл уйида шодон гулинг
Эрта пойингга тикондек санчилур, қўймайди соғ!..

Қай кишининг тушса кўнгли куфр элининг домига,
Бўлгуси армон ахир мангу муҳаббат отли боғ!

2000

ЗУЛМ ЭТМАНГ

Бизга зулм этманг, ғанимлар, бизда йўқ асло гуноҳ,
Икки дил, икки юрак аҳд айламиш, Алло(ҳ) гувоҳ!..

Осмон буржида зар афшон Зуҳал кўргазса юз,
Ки, кумуш нурин сочиб, восил бўлур васлига Моҳ.

Бир эса икки камон пайконининг гар матлаби,
Ишқ сайди чоғида кетгай машаққат бирла оҳ.

Қатл учун ҳозирламанг дор, айбимиз бир ишқдир,
Авф этар илк бор адашса йўлидин мискинни шоҳ!..

Шаршара топгай йўлин тоғлар тўсиқ бўлганда ҳам,
Фасли найсон сеҳридин тошни ёрар меҳригиёҳ.

Бизга кўз тикманг само меҳри кулиб боққан маҳал,
Кўр бўлур ким шамсга гар тик қадар эрса нигоҳ!..

Чин вафо аҳли яратса севгининг сарчашмасин,
Топгуси Хуршида, не тонг, ишқ даштида паноҳ!..

2004

ҚОЛМАДИ

Қайданам кўрдим сани, жисмим аро жон қолмади,
Ҳисларим титроғидин қалбимда пинҳон қолмади.

Неча ой узмай кўнгул, сен бемурувват ёрдин,
Ман киби олам аро ишқ ичра сарсон қолмади.

Шамс чархида замин, парвона дил излайди нур –
Бул юрак равҳига не айлайки, имкон қолмади.

На қувонч билгай юзим, на дилгинамда бор илинж,
Изтиробим сезмаган, найлай, бир инсон қолмади .

Ўтди мезон, ақрабу далв, ўтди неча субҳу шом,
Чеккан оҳим зарбидан озод найсон қолмади.

Сайр этар қалбингда не туйғу билолмай доғман,
Ишқ жаллодига жоним бўлди қурбон, қолмади.

Минг ситам айлаб тағин, девона Хуршида дема,
Далли бўлмоғликка ҳатто танда дармон қолмади.

2000

***
Дилим куйди ики ўт ичида, найлай, чидолмасман,
Юрак гавҳар дея туйганлари недир, билолмасман?..

Бамисли тонгги шабнам – титраган қалбимни босгайдир,
Гаҳи шавкат, гаҳи нафрат юки, қаддим тутолмасман.

Бу туйнуксиз сукунат қасри ичра хастадир кўнгил,
Жаҳонннинг кўрки ҳуснин бир сўқирча ҳам кўролмасман.

Мисоли далли дил ганжимга бор уммидини боғлаб,
Эришгач, назрига қайғу берар, тоқат қилолмасман.

“Ўтингум, соҳиби давронки, тупроқ сатҳидин бир оз
Киши қадрин кўтарсанг-чи”, дебон даъват этолмасман.

Гаҳи шаккар ўшал гуфтор, гаҳи оғу солар дилга,
Ажалнинг домидан руҳимни ҳеч асраб қололмасман.

Аламдин ёзди Хуршида, ҳақиқатни, фазиҳатни,
Нетай, сиғмасману дунёни ташлаб ҳам кетолмасман…

2001
Фазиҳат – беобрўлик.

***
Йиғламоқ истайди кўнгул, йиғлаёлмасман, нетай?
Руҳим ором излаган чоғ ухлаёлмасман, нетай?

Боғда булбул чорламиш, гар бормасам ҳолим хароб,
Ҳийлагар гул-лолаларни ҳидлаёлмасман, нетай?

Тоғ ошиб манзилга етмоқ – фарзи дунёи азал,
Икки чашмим боғламиш ағёр, ошолмасман, нетай?

Бул жаҳон шони надурким, ман бўлиб шайдо анга,
Тоғдин ошгайман, вале дилларда қолмасман, нетай?

Андижон Чўлпони чорлайдир – сочиб сўздин зиё,
Йўлларим тўсмиш азал ҳукми, боролмасман, нетай?

Шош кўксига тинимсиз кўзларим тўкканда ёш,
Доду фарёд иштиёқидин тонолмасман, нетай?

Бетиним йиғлар юрак, мен йиғлаёлмасман, нетай?
Толдилар мужгонларим, оҳ, ухлаёлмасман, нетай?

1998

021   Mumtoz she’riyatimizning mumtoz shakllariga ham bot-bot murojaat qilib turish Xurshida ijodining ko’zga bo’rtib tashlanib turadigan yana bir jihatidir. Talablari qattiq aruz qoidalari, mezonlariga rioya qilishga urinib, qator g’azallar, Alisher Navoiy, Zahiriddin Muhammad Bobur, Fuzuliy, Huvaydo, Nodira, Erkin Vohidov va boshqa salaflarning g’azallariga bog’lagan muxammaslari shoiraning bu borada ham tajribasi ortib, takomillashib borayotganidan darak berayotir.Zero, so’z san’atining daholari durdonalariga zaxmu jarohat yetkazmagan holda, ularni baholi qudrat to’ldirishga, boyitishga urinish va bu borada e’tibor qozonish oson yumush emas…

HASSOS SHOIRA
Qamchibek KENJA,
O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi
77

Xurshida Vahobjon qizi bundan o’ttiz yil muqaddam huzurimga – O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi Andijon viloyat bo’limiga dastlab nasriy parchalar, tuyg’ular ifodalangan bitiklarini olib kelganida hali uning she’r yozishidan, umuman badiiy ijod bilan shug’ullanishidan bexabar edim. Keyinroq u nazmiy mashqlarini keltirdi. Men u she’riyatga endi qo’l uryapti chog’i, deb o’yladim. O’qisam, tayyor she’rlar, orasida «xom»ga chiqariladigan, «bo’sh» deb chetga surib qo’yiladiganlarini deyarli uchratmadim. Keyin bilsam, Xurshida o’zining asl kasbiy sohasi – tasviriy san’atda, musavvirlikda bo’lgani kabi, badiiyat, grammatik savod boralarida ham o’ta mas’uliyatli, o’ta «injiq» ekan – mavzu va matnni xayolida obdan – nuqta-verguligacha pishirib, yodlab, qayta-qayta takrorlab, keyin qog’ozga tushirarkan. Shu bois o’qib fikr aytuvchi, e’tiroz bildiruvchilar bilan o’zining har bir she’ri, har bir satri ustida bemalol bahslashar, hatto tinish belgilarigacha izohlab, asoslab berardi.

Xurshidaning bu ibratomuz xislatlari, shubhasiz, menda ayricha taassurot uyg’otdi. Uni faqat ayrim so’z va iboralar xususida- gina yon berdirish mumkin edi. Ana shu xusu- siyat yosh shoiraning ijod printsipiga, yozish, ish uslubiga aylana bordi va Andijonda dunyo yuzini ko’rgan ilk she’riy to’plami –«Sig’magay jismim jahonga»dayoq o’zining ijobiy ta’siri, samarasini ko’rsatdi. Mazkur kitobga so’zboshi yozgan taniqli shoir, o’ta talabchan adabiyotshunos Ismoil To’lak «Uning (Xurshidaning – Q.K.) bir qator she’rlarida uchraydigan topildiq misralardagi tasvir olamga rassom nigohi bilan qarab, shoir qalbi bilan ifodalashga intilayotgan yurakning betinim izlanishlari…»ni to’g’ri payqagan edi. Darhaqiqat, birinchi to’plamigayoq shoiraning she’riy san’atlar, badiiy tasvir vositalari she’riyatning qoni va joni ekanini anglashidan guvohlik beradigan, kitobxon yuragini jizillatib, mutaassir qiladigan, xotirasiga o’rnashib qoladigan holatlar aks etgan she’rlar jamlangan edi. Chunonchi:

Ko’ksimda ko’kargan g’am daraxtining
Har bir yaprog’ida isming yozig’liq.
Yuragimga tig’dek sanchilayotgan
Shoxlarida zil-zil armon osig’liq.

Keyin Xurshidaning poytaxtdagi nufuzli nashriyotlarda birin-ketin «Aldamchi tonglar», «Izhor», «Tajalli» deb nomlangan kitoblari bosilib chiqdi va ulardan joy olgan asarlar shoira mahoratining she’rdan-she’rga, kitobdan-kitobga o’sib, yuksalib borayotganini namoyon etdi. Shu asnoda muallif katta ijodkorlarning ham nazariga tushdi. Jumladan, O’zbekiston Qahramoni, xalq shoiri Abdulla Oripov Xurshidaning «O’z ovozi, o’z so’zi, o’z e’tiqodi bilan… she’riyat gulshanida dadil javlon urishiga» umid bildiradi «Izhor»dagi so’zboshisida.

Xurshidaning ijodkor sifatida rosmana yetilganidan dalolat bo’lmish «Samoyinur» saylanmasi (2011 y., «Sharq» nashriyot-matbaa AK) O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasida tashkil etilgan taqdimot-muhokamada e’tiroflarga sazovor bo’lib, baland baholandi. Darhaqiqat, endi muallifning mavzu doiralari yanada kengaygan, hayotiy-falsafiy mushohadalari teranlashgan, ya’ni asarlar hajm e’tibori bilangina emas, ma’no-talqinlari, g’oyalari, badiiyati bilan ham salmoq kasb eta olgan edi. Vatan muhabbati, el-yurt dard-istaklari, ota-ona qadr-qimmati, mo»tabar zotlar, do’stu hamdamlar mehri endi Xurshida she’riyatidan ko’proq, mustahkamroq o’rin egallagandi. Bu fazilatlar uning nashrga yangi tayyorlangan «Yangi tong» kitobida ham yaqqol seziladi.

Bag’ringni bir tikon tilsa nogahon,
Bag’rimni ming fig’on yoqdi o’shal dam, –

deb yozadi shoira vatan qayg’usini chekarkan. Ayni misralar elparvarlar ichra a’lo hazrat Alisher Navoiyning:

Yuz jafo qilsa manga, bir qatla faryod aylamon,
Elga qilsa bir jafo, yuz qatla faryod aylaram, –

degan mo»tabar satrlarini yodga soladi.

Vatanga sadoqat, unga fidoyijonlik esa shoira shuurida birdan tug’ilgan oniy his-tuyg’ular hosilasi emas, balki ularning ildizlari ancha chuqur ketgan:

Axir tomirimda oqmoqda mening
Vatan deb jon bergan ajdodlar qoni.

Xurshida she’rlarida farzandi, ya’ni kelajak avlod uchun umru jonini tikishga shay muqaddas onalarning ulug’, olijanob siymolarini ham ko’ramiz:

Gar qo’lingda turgan bo’lsa tosh,
Otmoqqa hech oshiqma, dunyo.
Men ko’ksimni tutib beraman,
Mo’ljal qilma bolamni aslo.

Mumtoz she’riyatimizning mumtoz shakllariga ham bot-bot murojaat qilib turish Xurshida ijodining ko’zga bo’rtib tashlanib turadigan yana bir jihatidir. Talablari qattiq aruz qoidalari, mezonlariga rioya qilishga urinib, qator g’azallar, Alisher Navoiy, Zahiriddin Muhammad Bobur, Fuzuliy, Huvaydo, Nodira, Erkin Vohidov va boshqa salaflarning g’azallariga bog’lagan muxammaslari shoiraning bu borada ham tajribasi ortib, takomillashib borayotganidan darak berayotir. Zero, so’z san’atining daholari durdonalariga zaxmu jarohat yetkazmagan holda, ularni baholi qudrat to’ldirishga, boyitishga urinish va bu borada e’tibor qozonish oson yumush emas. Xurshidaning ushbu bobda ham nihoyatda ehtiyotkorlik, hushyorlik va o’ziga talabchanlik bilan qalam surishiga misol tariqasida ustoz Abdulla Oripov g’azaliga bog’langan muxammasini keltirish o’rinlidir:

Mehr ila yog’du sochib ko’nglim yoritdi yorlar,
Nogahon chang soldilar dil ko’zima makkorlar,
Ushbu kun bog’im aro payhon gulu gulzorlar,
Bul ajab xor kimsadin imdod so’raydi xorlar,
Siz bemor ko’ksiga bosh urmangiz, ey bemorlar.

Ko’rinib turibdiki, muxammas bog’layotgan shoirning g’azal muallifi badiiy niyati, g’oyasi, ruhiy titroqlarini yaxshi anglaganligi, yana bir muhim masala – kayfiyat, ohang uyg’unligining saqlanishi oqibatida asar yanada tugallik va teranlik, yaxlitlik kasb etganday. O’ta nozik ta’b, talabchan ustozning o’zi ham mazkur muxammasdan ko’ngli to’lib so’zlagan edi. £azal va muxammaslar yaratishda Xurshidaning qadimiy aruziy fasohat bilan zamonaviy suxanvorlik- ni muvofiqlashtira olayotganini ham ta’kidlab o’tish joizdir.

Abdulla Oripov «She’r – ko’ngil ishi», deguvchilarning haq ekanligini alohida qayd etgan edi yuqorida zikr qilingan so’zboshida. Ko’ngilni esa olamning, hayotning bo’lak muam- molari, tashvishlariga qaraganda ishqu muhabbat savdosi ko’proq band etishi hech kimga sir emas. Mahbubu mahbubalar tilmochi bo’lmish shoir ahli esa o’z ijodini muhabbat mavzui, ta’rifi, shavqu riyozatlari ila sarafroz aylash asnosida oshiqu ma’shuqlar qalbiga taskinu tasalli berishni maqsad qilmog’i tabiiy, azaliy ishtiyoqdir. Zero, bu aksariyat mumtoz shoirlarda muqim va muhim o’rin tutgan hamda keyingi avlodlarda ham izchil davom etib kelayotgan o’lmas-yitmas an’ana, ijodiy ozuqa, hammabop, ommabop mavzudir. Xurshidaning ham dastlabki to’plamlaridan bo’y ko’rsatgan mazkur mavzu keyingi kitoblarida yanada ko’proq sahifalarni egallab, ijodiga ko’proq joziba bag’ishlamoqda. Shoiraning muhabbat otashiyu iztiroblari haqidagi she’rlari tuyg’ular, ehtiroslarning kuchliligi, badiiy jilolarga, obrazli ifodalarga boyligi, ta’sirchanligi bilan kitobxonni o’ziga jalb etadi. She’rxon ko’nglining nozik torlarini tebratib, mahzun ohanglar taratadigan iboralar to’kiladi shoira qalamidan: «Birgadir ishq va ashk avvali-so’ngi», «Shu tun yuragimda tunadi dunyo», «Bog’lar qanotimiz tonggi nasimlar, Bizga visol uyin va’da qilar oy», «Sizdan beixtiyor yiroqlagayman, Sizga ixtiyorin bersa boshqalar…» kabi jonli, ohorli ifodalar. Ha, jismi olamga, tuyg’ulari, hissiyotlari she’rga sig’may qolgan shoir bilan bir jon, bir tan bo’lgan lirik qahramonning yuragidan ana shunday tug’yonlar toshib chiqadi. Kitoblar- dagi turkumlar, dostonlarga jo etilgan ishqiy manzumalarni o’qirkansiz, bir qalbda shuncha muhabbat, shuncha hijron, shuncha firoq, shuncha g’am, shuncha sabr-bardoshga o’rin bo’lishini tasavvur etolmay qiynalasiz, oshiq yurak otashi-alangasidan dunyolarga o’t ketib qolmaganiga hayratlanasiz, mittigina bir yurakning shuncha yukni, shuncha dardni, shuncha zalvorni qanday ko’tarib yurganidan ajablanasiz. Ayni damda, har ne bo’lsa-da, bir ko’ngilga, bir bayozga, bir jildga ko’plik, og’irlik qilmasmikin shuncha ehtiros, shuncha yuk, degan gumon, xavotir uyg’onadi dilingizda. Kitobxon vujudi- ni ham shoirniki kabi ezib tashlamasmikin?  Muhabbat degan buyuk, muqaddas tuyg’uning azobu iztiroblaridan cho’chitib, hadiklantirib qo’ymasmikin? Lekin, to’lib oqayotgan anhordan har kim o’z chanqog’i, ehtiyojiga yarasha suv oladi-ku. She’riyat anhorlarining esa hamisha limmo- lim oqib, sohillarida rang-barang gullarning chaman-chaman ochilib turishiga nima yetsin!

Ha, atoqli adib, O’zbekiston xalq yozuvchisi Odil Yoqubovning nozik qalb shoiramizning istiqboliga ishonch bildirishi bejiz emas edi. Muxtasar qilib aytganda, Xurshida adabiyot oldidagi mas’uliyatni chuqur his etadigan, ustozlar ishonchiyu muxlislar hurmatini oqlashdek sharafga musharraf bo’lib kelayotgan hassos shoiradir.

«Xolis» gazetasi, 2017 yil.

Xurshida VAHOBJON qizi
G’AZAL UMMONIDA SUZGAN SABOTIMSAN
77

Xurshida Vahobjon qizi 1967 yilda tug’ilgan. 1990 yilda Nizomiy nomidagi Toshkent davlat pedagogika universitetini tamomlagan. Uning «Aldamchi tonglar» nomli ilk she’riy kitobi 1998 yilda «Yozuvchi» nashriyotida chop etilgan. Shuningdek, u «Sig’magay jismim jahonga», «Izhor», «Tajalli», «Samoyinur» (Saylanma) kitoblarining muallifi. Publitsistik asarlari turli jamoa to’plamlarida, gazeta va jurnallarda va internet nashrlarida e’lon qilingan. 2019 yilda “Yangi tong» nomli she’riy to’plami «O’zbekiston» nashriyotida chop etildi .
U 2005 yildan buyon O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining Andijon viloyat bo’limini boshqarib kelmoqda. “Bobur izdoshlari” nomli adabiy to’garak rahbari.

VATAN MEHRI

Sening mehri zilolingni, Vatan, iymondan axtardim,
Hilolingning jamolini go’zal insondan axtardim.

Azizimsan, suyugimsan, muqaddas sajdagohimsan,
Go’daklarning kamolini yorug’ davrondan axtardim.

Yurakda nolalar qilsa gahi ishq otli tuyg’ular,
Kuyuk dilning zavolini qora qumg’ondan axtardim.

Mudom oqil kishilar suhbatiga chin bo’lib maftun,
Parishon dil savolining javobin qondan axtardim.

Manam Mashrab bobom yanglig’ sazolikka edim mahkum,
Kezolmay dasht, uvolimni tirik bu jondan axtardim.

2006

ONAJON

Onajon, Sizdan bo’lak bir mehribonim yo’q mening,
Mehringiz taftidin o’zga xonumonim yo’q mening.

Qon bilan jismimda tug’yondir dilingiz chashmasi,
Ki vatanga bundin o’zga armug’onim yo’q mening.

Turfa xil gulzor – bu ko’nglimga ko’z solmas quyosh,
Parvarish istar, netayki bog’bonim yo’q mening.

Gah zamin-davvor aro tansiq mahal obu havo,
Jonga osoyish etarga oshyonim yo’q mening.

Til bilan dil yoralar ersaki ko’ngli qoralar,
Ruhima kuch bergali shirinzabonim yo’q mening.

Shukr etay, charxi falakning ming jafoyu jabriga
Ko’p erur sabrim, vale ohu fig’onim yo’q mening.

Onajon, Xurshida dil armoni bir ummon erur:
Bo’lmasin ketsam jahondinki nishonim yo’q mening.

2000

SOHIBJAMOL

Dil faqat sendan xabar kutdi, netay, sohibjamol,
Hayratim haddan oshib ketdi, netay, sohibjamol?

Haq fano dayrida ahzon faslining ojizasin,
Husn elin shohiga zor etdi, netay, sohibjamol?

Bul yurak mutlaq unutgach shodmonlig’ shevasin,
E’tiboring ko’p rizo etdi, netay, sohibjamol?

Dilga buyruq kor emas, vobastalig’ darkor emas,
Ul tag’in yo’qlik yo’lin tutdi, netay, sohibjamol?

Sen yorug’ manzilni ko’zlab, quchgil istiqbolni!
Bul sari Xurshida xor o’tdi, netay, sohibjamol?

2017

NOGAHON

Ayb erur garchi ko’ngil domingga tushdi nogahon,
Hislarim sarhadni bilmay ko’kka uchdi, nogahon.

Xonumonim yoqdi butkul so’zlaringning otashi,
Tun bo’yi vasling dilim mastona quchdi, nogahon.

Yetti iqlimdan munosib yor topmog’lik mahol,
Ishq sohir zar libosin nega bichdi nogahon?..

Aylanar yer-u, quyosh kuygay, boshi xamdir samo,
Ahdu paymon yo’qlabon bir, qayga qochdi nogahon?

Ey zamin, ey osmon, jismimga endi qayda joy?
Bemahal Xurshida nurin yora sochdi nogahon!..

2017

TASALLI

Qo’rqmagil, taklifsiz bosmak qadam yotdir manga,
Sabr mulkida muqim o’lmak inoyatdir manga.

Dilginangning istagi ma’lum bo’ldi nogahon –
Muzlagan toshlarni zarbi katta ibratdir manga.

Or qoshida manimdek bormikan hayronu lol,
Soxta so’zga oshnolig’ ham jinoyatdir manga.

Ming alam cheksin yurak, ming iltijo etsin ko’ngil,
Tangri hukmiga mutelik chin saodatdir manga.

Sen riyolar yurtida mastonalarga ayla lutf,
Hajr mulkining tavofi ham ibodatdir manga.

Gul muhabbat bog’iga kirmak sira oson emas,
Imtihon Haqdin ishorat ham itoatdir manga.

Arz emas, ochdim sanga qalbimda pinhon rozni,
Xasta Xurshida fig’oni zikri oyatdir, manga.

2017

TAZALLUM

Ko’zlarimdan to’kmagil, bas, yoshni,
G’olibo, sindirmagil bardoshni.

Poyinga qumdek sochilgan hislarim
Qoni-la yuvmoqda dil-naqqoshni.

Necha gulzor ichra sen hur andalib,
Umr esa tutmas manga rizq-oshni…

Ixtiyorimni olib beixtiyor,
Muddaong xam aylamoqmi boshni?

Dars berma, bas, taazzumdan menga,
Voqifi senmasmiding sir foshni?

Ming hamiyat birla Xurshida senga
Sochsa qadr et so’nggi gavharposhni!?..

2017
Tazallum – zulmlanish, shikoyat
Taazzum – kibrlanish
Hamiyat – or-nomusni himoya qilish,asrash

BOShQA OLAM

Senu men boshqadirmiz, dil – yuraklar boshqa bir olam,
Suxanlar boshqadir garchi, tilaklar boshqa bir olam.

Fano dayrida bersak boy ato etganda fursatni,
Kerakmas nozu ne’mat, zar, keraklar boshqa bir olam.

Zamin, qonunlaring birla ishi yo’q inja tuyg’uning,
Sabot kuyin chalolmaslar – bilaklar boshqa bir olam.

O’tar kunlar, ketar kunlar, fig’onu dod etar kunlar,
Gunohimni, savobimni elaklar boshqa bir olam.

Senu men boshqadirmiz, dil – yuraklar boshqa bir olam,
Ketar bo’lsam yiroq sendan so’ngaklar boshqa bir olam…

2017

AYB

O’ylagandim, voz kechurman, yengdi g’olib hislarim,
Istagandim, qolmasin deb na darak na izlarim.

Ming sinov, ming bir sukunat ichra hayrat tunlari
Orzular olaminda miltirar yulduzlarim.

Toq kezar bir umr ko’ngil gul muhabbat bog’ida,
Eng ulug’ tole – munavvarlig’da bo’lsin yuzlarim.

Sezmasin sarsonligin dil, olmagin aslo malol,
Mehr ila nurini sochsin, mubtalodir ko’zlarim.

Necha bor qildim tazarru, necha bor so’rdim ko’mak,
Senga kor etmas nega hatto kitobat-so’zlarim?

Gul hayoting yuzlanar nurli makon-manzil sari,
Men esa keldim yetib, kutmoqdadir unsizlarim.

Ayb esa oshuftalig’, Haq hukmiga dil muntazir,
Ojiza Xurshida izlar qayda deb yolg’izlarim…

2017

VIDO

Topolmassan, sening mulkingda qolmas izlarim, hatto,
Etar ta’qib qochsang ham tutash yulduzlarim, hatto.

Ocholmassan, arosat ixtiyoring, xohishing qolgay,
Burar bo’lsam umid-istaklaringdan yuzlarim, hatto.

Ayog’im ostida yotmish necha yillar yuraklar xor,
Alarga bir qiyo boqmay kelar-ku ko’zlarim, hatto.

Magar tutgan esam mehrim, bilib qo’ygil omonatdir,
Sadoqat bog’ida ochgay gulin nargizlarim, hatto.

G’ururim qoshida kechgum kerak bo’lsa bu jonimdan,
Vale qadrim qilolmas yer samoviy hislarim, hatto!

2017

SO’Z

Yurakka kuch etar tuhfa iliq bir so’z,
Kitob umr o’lsa gar, sahfa iliq bir so’z.

Ko’ngil tilsimlariga u kalit go’yo,
Saxovat sahnidan lavha iliq bir so’z.

Munavvarlig’ ulashgay yeru ko’k uzra –
Topar ravnaqki har jabha, iliq bir so’z.

Kerakmas, molu zar, dunyo, unutmangkim –
Muhabbat uyida rahba – iliq bir so’z!

Umidu orzu bersin ko’ngillarga,
Soching dil sori ming daf’a iliq bir so’z!.

2017

Rahba – sahna

QADR

Tiriklik olami ichra bahosiz pulchami qadrim,
Olov hislar o’chog’ida keraksiz kulchami qadrim?

Vafodan so’z ochar bo’lsang agar, o’yla javobin ham,
Oyog’ing ostini o’pgan – ezilgan gulchami qadrim?

Umid-istaklaring boshqa, so’zing, lafzing, o’zing boshqa,
Sinov ko’prigiga ko’z tashlayolmam, qilchami, qadrim?

Sitamlardan xalos ayla, riyoga ham rizodirman,
Omonat dahri dun ichra omonat dilchami qadrim?

Yaratganga ayon peshonaga qanday yoziq bitmish,
Fanodan to baqo bo’ylab cho’zilgan yo’lchami qadrim?

2017

FIDOLIK

Dilingning istagi amri Xudodir,
Kamoling men uchun chin muddaodir!

Sira aybing sololmas soyasinkim,
Ulug’ mehrim Yaratgandan atodir.

Yasha, yayra, erish maqsadlaringga,
Duoingda bo’lish ichki nidodir.

Agarchi, so’zlarimda ko’p edi sahv,
Manim olamg’a kelmog’im xatodir.

Dema, so’ngsiz fig’oning qayda qolmish?
Sening baxting uchun bari fidodir!

2017

MEN…

Zamin, bag’ringda bir kasni samoga yulduz etdim men,
Sochib mehrim ziyod unga, sening qadringga yetdim men.

Kulib turgan nigohimga solar soya alam-hasrat,
Tilak-istaklarim quvlab, dilim ozora eltdim men.

Go’zal gulzor edi joyim, so’lim go’sha so’rab doim,
Netay, begona ellarda zahar-zaqqumni yutdim men.

Ko’zim ochgil, Xudoyim, deb tilarman kechayu kunduz,
Boshim xam, fikratim jamlab, oshim ag’yora tutdim men.

Jami dunyoingu jami yamon-yaxshing ila tashlab,
O’zimni oldim-u, sen yo’q makonlar sori ketdim men.

Faqat, Xurshidaning bor deb chekinmoqqa huquq, erki,
Mudom armon elida jim, qanoat birla o’tdim men…

2017

QALBING ShEЪRGA TO’K

Men bilan suhbatga chanqoq bo’lsa qalbing she’rga to’k,
Nogahon ag’yor tiyg’i tilsa qalbing, she’rga to’k!

Osmondan nur yog’sa – toleying quchsa Zuhal,
Shonu shavkat zavqi birla kulsa qalbing, she’rga to’k.

Boq: yashash qanday go’zal – har kim quchar yulduzini,
Qismating qaltis o’yin gah qilsa, qalbing she’rga to’k.

Bog’ yarat, bo’ston yarat, dillarga sol ezgu tilak,
Daf’atan ekkan niholing so’lsa, qalbing she’rga to’k.

Suv bilan gul yashnagay, dil – parvarish birla tirik –
Bizni bedor aylagan his o’lsa, qalbing she’rga to’k!

Saqlamas zarra adovat, kun kelib Xurshidaning
Ruhi parvonang misoli yelsa, qalbing she’rga to’k!?..

2017

TUShUNMASMAN

Tushungum bulbul ohini, Seni aslo tushunmasman!?..
Tushundim dil gunohini, Seni aslo tushunmasman!?..

Bitilgan so’zlaring jumboq, bosilgan izlaring jumboq –
Gapirsang gah bu, goh uni – Seni aslo tushunmasman!?..

Uzatgan gullaring so’lg’in, vale oy yuzlaring to’lg’in –
Ko’zingning o’t nigohini, Seni aslo tushunmasman!?..

Tilimda yangradi oting, umidim tongidek otding…
Qucholmas tun sabohini! Seni aslo tushunmasman!?..

Bilolmam olaming qaysi, seningsiz yo’q yashash fayzi –
Yurak izlaydi rohini – Seni aslo tushunmasman.

Bu Xurshida ketar olis – yiroqlar his, so’roqlar his:
Qazib bo’ldingmi chohini? Seni aslo tushunmasman!?..

2017

***
Bizni Tangrim bir yaratdi o’y-xayol dunyosi ichra,
Mushku anbarni taratdi o’y-xayol dunyosi ichra.

Husn mulkida topilmas nisbating, oydek yuzingga
Dilni jodulab qaratdi, o’y-xayol dunyosi ichra.

Qay munofiq darsini olgan ekan qalbing qachonkim —
Gah suyib, gah yerga otdi o’y-xayol dunyosi ichra.

Rashkdin so’z ochibon, takror etib sog’inch so’zini,
Hislaring tosh misli qotdi, o’y-xayol dunyosi ichra.

Charchadim, bas, toqatim yetmas, kechay jondan deb oxir,
Ufqiga Xurshida botdi, o’y-xayol dunyosi ichra…

2017

***
Muddaoing: manzilat – kibru havo, makru riyo!
Muddaoim erdi: bir sen, bir edi dorilfano!

Gul eding bee’tibor, atrin sochishga intizor,
Osmondan yog’di cheksiz nur ila hamdu sano.

Yo boshing aylandi, yo bisyorlig’dan ko’r kabi,
Xasta jonni tepkilab o’tding, kular yeru samo.

Sen qolursan olaming ichra o’zingni bek bilib,
Men keturman, benavolig’ ichra bo’lsam ham gado.

Muddaong kor o’lmag’ay – kibr oti charchatgay seni,
Kun kelib Xurshida bo’lgach telbalikdan mosuvo.

2017

OLIB QO’YMANG!

Umidimni oling mayli, quvonchimni olib qo’ymang!
Gumonlarga soling mayli, quvonchimni olib qo’ymang!

Yiroqlarda kutar bo’lsam, firoqlarni yutar bo’lsam,
Bu holimga kuling, mayli, quvonchimni olib qo’ymang!

Siz ey, ming tusda tovlangan, riyo qoshida toblangan,
Arosatda qoling, mayli, quvonchimni olib qo’ymang!

Ne istarsiz axir dildan, ne istar shoh bir quldan?
Kibor ahli bo’ling, mayli, quvonchimni olib qo’ymang!

Qaramdirman sadoqatga, qaramdirsiz xiyonatga –
Ochiq iqror o’ling, mayli, quvonchimni olib qo’ymang!

2017

***
Qo’y, iliq so’z aytma, naf yo’q, bari ravshan oy kabi,
O’zligingdan qaytma, naf yo’q, bari ravshan oy kabi.

Osmondan yerga tushgum, bori rizqim shundadir,
Behuda lutf etma, naf yo’q, bari ravshan oy kabi.

E’tiborim tortgali intilsa ne tong ming rafiq,
O’zni sodiq tutma, naf yo’q, bari ravshan oy kabi.

Til gapirmas, so’zlagay dil, so’zlagay unsiz yurak,
Soxta nomang bitma, naf yo’q, bari ravshan oy kabi.

Yakkamassan keng jahonda, balki ko’pdir yaxshilar,
Dil, muruvvat kutma, naf yo’q, bari ravshan oy kabi.

Aylanib, gah o’rgilib, Xurshida, ming parvonasan,
Boring unga tutma, naf yo’q, bari ravshan oy kabi!?..

2017

***
Sening jismingnimas, qalbingni qizg’ongum birovlardan,
Muhabbatga berursan tobakay nisbat garovlardan?

So’zidan tonmagay aslo sadoqat shahrining ahli,
Yetar, xasta yurakni etma ming pora so’rovlardan.

Nafosat bog’ida fasli bahor o’ldi, ochilmish gul,
Bilursan, dil bezillar, et himoya qish-qirovlardan.

Ko’zin tikmish necha do’stu necha ag’yor bizlarga,
Avaylash bir-birimiz farzimiz ermasmi yovlardan?

Falakdan nur yog’sa, ravzai jannat bo’lur go’yo –
Ko’ngillar yashnagaydir parvarish birla qarovlardan.

2017

SENI O’YLAB

Sara gullarni terdim mehr ila erkam, seni o’ylab,
Olov ko’ksimda ming armon, ko’zimda nam, seni o’ylab.

Ulusdin ajradim, ohanrabodek o’zinga tortgach –
Dilim, aqlu hushim besar – bo’lolmas jam seni o’ylab.

Muhabbat bog’idan chashmi ziloling axtarib toldim,
Umidim gullarin titrab o’par shabnam, seni o’ylab.

Xayolim sen-la suhbat qursa-yu, uyg’onsa g’aflatdan,
Erir muz bu yurak, sog’inch ezar har dam, seni o’ylab.

Nahot qadr etmasang tog’day buyuk, ummon qadar ishqim,
Ki Xurshida netar, mehru vafoing kam, seni o’ylab.

2017

AYLADI

Nogahon paydoi ishq ojiz dilim rom ayladi,
Orzu sarkash xayolim besaranjom ayladi.

Osmondan uzdiyu oliy umidin hislarim,
Vahki yer ostin saodatmand ehrom ayladi.

Benavolar bazmida, afsuski, makkor yor,
Rost deb yolg’onini ehsonu in’om ayladi.

Dil qanoat eshigida toatu taqvodadir,
Ishq naylayki mani oshiqi badnom ayladi.

Chin vafo mulkida mehrin sochmasin Xurshida ming,
Bevafo begonani Shirinu Zuhrom ayladi.

2017

***
Yo’llarimga sochma nuring, ko’zni ko’r qilgay ziyo,
Ayrilur oromidin dil ishq o’tiga mubtalo.

Bir iliq so’z eshitib, jondin kechar bo’lsa yurak,
Qayda unga ofiyat, boqmaydi dunyo – bevafo!

Dil muhabbat dashtini dalli – gadodek kezsa-da,
Rahmu rif’at aylama sen ham, pisand etmas fano!

Hech berma qon dilim izhorining imkonini,
Senga asralgan sirim gar etsa ham qaddim duto.

Qodir Alloh amriga borliq itoat aylagay,
Balki bu jismimni ishq o’ti qilur jondin judo?

2017

MALOL O’LSAM

Malomat toshin otsang roziman, Senga malol o’lsam,
Yorilsin yer, uzilsin osmon, Senga malol o’lsam.

G’urur ilki ila boshim egib, abgor qilsang-da,
Parishon hislarim holi yomon, Senga malol o’lsam.

Menga ne bor parilar bazmida, tutma umid obin,
Dilingni ovlasin gul yosuman, Senga malol o’lsam.

Ko’zimda nur yo’qdir, joziba ketmish meni tashlab,
Nazar solma, netay, rangim somon, Senga malol o’lsam.

Na bor menda subut, na telba ruhimda gina-kudrat –
Hayo nahriga cho’kmasman hamon, Senga malol o’lsam.

Etar Xurshidani badnom – ishq o’ti ayovsizdir,
Yurak yerni quchar, qolmas omon, Senga malol o’lsam.

2017

BU KECh

Na iliq, na-da qo’pol so’zim eshitgaysan bu kech,
Tinmagay, giryonadir ko’zim, eshitgaysan bu kech.

Gar ketar bo’lsam fano dunyosidan yuz o’girib,
Izlagay ishq ahli ham izim, eshitgaysan bu kech.

Bemahal keldi bu his dil eshigin chertib, netay,
Qayda men bechoraga to’zim, eshitgaysan bu kech.

Pastlab qolsa samo, yerdan halovat ketsa gar,
Jon nisor etsam magar o’zim, eshitgaysan bu kech.

Oqibat taqdir mag’lub aylagach Xurshidani,
Bil, oting bo’lgayki so’ng so’zim, eshitgaysan bu kech.

2017

***
Gunohim ko’p, tutay boshimni dora,
Dilingni, roziman, ber intizora.

Ilojim yo’qligi ming ko’yga solmish,
Nazar tashla, ne savdolar dil ora.

Bu olam ne’matin senga tutar mo’l,
Ohorini olar mendan tobora.

Magar kimni aziz etsang, etarsan,
Yararmi bo’yni bog’li it shikora?

Hakam yo’q bizga boshqa ko’nglimizdan,
Ko’ngillar sir ochar-da ishqi bora.

Qochar quvgan sari, Xurshida, tole,
Dilingni bermagil, bas, ixtiyora.

2017

AJABLANMA

Seningsiz boqmasa menga kulib olam, ajablanma,
Meningsiz kelmasa ko’zingga zarra nam, ajablanma.

Qovog’in solsa hamki menga shodlik mulkida ag’yor,
Sukunat bag’rini tark etmasa nolam, ajablanma.

Tabassuming quyoshi sochsa ko’ngullarga yog’dusin,
Ne tong, ummon ila bahs aylasa jolam, ajablanma.

Samoga bo’ylasa bo’ying, g’ururing sarbaland o’lsa,
Malomat toshi gar boshimni etsa xam, ajablanma.

Saodat elining sohir kuyiga dil berolmasman,
Yaralgan-ku yorug’ olam axir bir kam, ajablanma.

2017

OShKOR AYLA

Azizim, beqarorim, dardi holing oshkor ayla,
Xayoling osmonida hiloling oshkor ayla.

Atirgul, jambilu rayhon iforin sochsa bog’ingda,
Seni rom etgan ul sohibjamoling oshkor ayla.

Muhabbat kahkashonida qiyosin topmasang ishqim,
Munavvar yuz ila mehri ziloling oshkor ayla.

Muyassar aylasa Alloh gar bizni visoliga,
Yumib tosh diydani lab ichra boling oshkor ayla.

Yo’qotgach hajr elida quvvatin Xurshida jim ketsa,
Duo haqqi bilan qarzi maloling oshkor ayla!

2017

YoG’DU SOChAR

Ey quyosh, berkin, bugun tole kulib yog’du sochar,
O muhabbat, shodmon gul, andalib yog’du sochar!

Osmondek tozayu sof, oy kabi barno go’zal –
Suvrati ham siyrati jonni olib, yog’du sochar.

Oshiqar manzil sari toshlarga bosh urgancha soy,
Dilni forig’bol etib, shovqin solib, yog’du sochar.

Mast etar har bir giyohi ko’hna Zomin tog’ining,
Archazor erkin nafas birla yelib, yog’du sochar.

Inja tuyg’uga halovat qayda, ko’ngil mahliyo,
Xush havo e’jozidan hayron qolib, yog’du sochar.

Baxtu omad bog’ida gul ochsa Xurshida magar,
Andalib ohi yonar, holdan tolib, yog’du sochar.

2017 yil 6 iyulь. Zomin.

***
Xabar ber, qaydasan, obi hayotimsan,
Yurakka kuch bag’ishlovchi bayotimsan.

Jahonning g’amlari ortimdan ergashsa,
Kurash maydonida yengilmas otimsan.

Ko’ngil hajr elida ohu fig’on etmish,
Bilib qo’yki o’zing taskin-najotimsan.

Xayolingsiz halovat ne bilolmasman,
Tilaklar ko’shkida uchqur qanotimsan.

G’azal bitdim, visoling orzu aylab,
G’azal ummonida suzgan sabotimsan.

2017 yil, 7 iyulь. Zomin

XATO QILDIM

Ayo, do’stim, ishonchimni berib senga xato qildim,
Sara so’zlarni marjondek terib senga xato qildim.

Nasim erdim, g’ubor etding, dilim majnunshior etding,
Muruvvat qayda, boshimni urib senga xato qildim.

Na istarsan bayon aylab, pushaymonlig’ ayon aylab,
Sinoat mulkida yetmay turib senga xato qildim.

Uvol o’ldi inoyat ham, itoat ham, ishorat ham,
Umidim hosilin erta o’rib senga xato qildim.

O’tinchim: oshkor etma, zabun Xurshidaning holin,
O’zimni, ming alam, loyiq ko’rib senga xato qildim.

2017 yil, 8 iyulь. Do’rmon.

***
Vujudim titragay hijron degan dard iztirobidan.
G’ururim yerni o’pgay qadr elin ojiz xitobidan.

Yurak qul bo’ldi yolg’onga, haqiqat yonida ko’rdek,
Hamon ko’z yumsa u naylay, asil ishqing kitobidan.

Xatolar tuxmini bog’ingga ektirding meni avrab,
Ular avj olsa, deb tinmay socharsan hiyla obidan.

Senga ikki jahonimni etay hadya, muruvvat qil,
Aziz ismimni asra yuz qaroliklar itobidan.

Kerakmas, ol, umidimni, faqat tinchimni qaytar, bas,
Ko’ngil uzdim bugun mutlaq muhabbat mohtobidan.

2017

***
So’z ochsang gar muhabbatdan so’z ochgil,
Go’zal tuyg’u, sadoqatdan so’z ochgil.

Yetar endi, judolikdan gapirma,
Visol oni – halovatdan so’z ochgil.

Tutashmas tog’ ila tog’ derlar ammo,
Tutash dillar – nafosatdan so’z ochgil.

Na darkor ertaging menga, azizim,
Yorug’ tole – saodatdan so’z ochgil.

Kichik tashvishlarni chetga surgil,
Ulug’ niyat – mahobatdan so’z ochgil.

Dema kamyob mehri bu jahonning,
Muruvvatdan, saxovatdan so’z ochgil.

Zamin yetmas esa qadringga, erkam,
Seni suygan samovatdan so’z ochgil.

Ishonch otin quvib, Xurshida tolmas,
Kamolatdan, balog’atdan so’z ochgil!

2017

***
Alamlarga tuzoq bezovta bu dil,
Quvonchlardan yiroq bezovta bu dil.

Magar holimni so’rmassan, demakkim,
Xayoling jam, biroq bezovta bu dil.

Muhabbat bog’ida kezgay parishon –
Saru poyi so’roq – bezovta bu dil.

Firoqing tiyra etmishki, duoda,
Tilak yo’llaydi oq, bezovta bu dil.

Qanoat qil, umid uzgaydir oxir,
Yashar dunyoda toq bezovta bu dil.

Tabassuming dema, Xurshida, yolg’on,
Axir ming bir quroq bezovta bu dil.

2017

***
“Dil o’g’rilari ichra eng uddaburon sensan”,
Bas, jabru sitam qilma, jismimdagi jon sensan.

G’aflatda sara hislar muz yanglig’ edi, ne tong,
Qish chog’idagi nuri xurshidi jahon sensan.

O’t yoqding-u ko’ngilga, oshufta etib, so’ngra
Dil dardiga aylangan tashvishi kalon sensan.

Yuz bursa agar mendan rozimni bilib olam,
Jannatga tomon boshlar ul rohi nihon sensan.

Har kimda xato bo’lgay, beayb Xudo derlar,
Ming shubha-alam birla paydoi gumon sensan.

Jabring o’tibon jonning bor toqati toq o’ldi,
Dil o’g’risi, dil ichra yak dona, ishon, sensan!

2017

***
“Ishqingni asramoq – ko’ngil vazifasi!”
Tutqunlik ilkida hislar zarifasi!

Sol bir kelib nazar, nomingni sharh etar,
Umrim kitobining har bir sahifasi.

Madhingni so’zlabon yosh-qariga, netay,
Hushyorlar elin bo’ldim latifasi.

Dil tubida yonib baxsh aylading umid,
Sen va’da shohining sodiq xalifasi.

Yo’q, bu vazifamas, Haq amridir, ishon –
Xurshida ishq elin ojiz, zaifasi.

2017

***
Ko’kda bulut yig’lasa kun kulmagay,
Mehnati soz elga alam kelmagay.

Shubha-gumon aylasa ko’p jabrini,
Vasl uyida tashna ko’ngil to’lmagay.

Dilni ochiq tutmasa hamdardiga,
Bil-ki, yigit so’zida lafz o’lmagay.

Aybini berkitsa kishi foyda yo’q,
Oyni etak birla yopib bo’lmagay.

Kimni agar yaxshi edi desa xalq,
Ikki jahon umr guli so’lmagay.

2017

***
Dilga sitam qilguchi hijron edi,
Vaslinga intiq bu xalak jon edi.

So’z desang-u, olsa yurak kuch-madad,
Ba’zida shod o’lsa-da, vayron edi.

Bo’lmadi lafzingda, netayki, subut,
Sevgi iki o’rtada sarson edi.

Uzdi-da zanjirini nochor umid,
Makr uyida xor edi, hayron edi.

Rost edi sen sori yo’lim yo’qligi,
Senda vafo borligi yolg’on edi!

2017

***
Talotum bu jahonda dilimni qo’yma yakka,
Yorug’likni faqat sen sololgaysan yurakka.

Muallaq qolsa mehrim agar yeru samoda,
Jami g’am toshi armon bo’lib tekkay kurakka.

Gunohi katta bo’lgay, o’tinchim: buzmagin hech –
Umidim qushlari in qurib olgan terakka.

Ishonchim ko’prigi mo’rt, anga, bas, arra solma,
Netayki o’xshar ishqim misoli nokerakka.

Axir bulbul fig’oni faqat bulbul g’amida,
Berolmas zarra taskin musicha, soru hakka.

2017

***
Fig’onkim, gavharim dengizga cho’kmish,
G’ururim yerga hasrat tuxmin ekmish.

Ko’zimning yoshini berkitsa tunlar,
Sahar vaslingni izlab nola chekmish.

Sira kor o’lmadi rozim bayoni,
Yoqamni ming alam-armoni so’kmish.

Senga baxsh etdi bor imkonini dil,
Sening minnatli noning suvga bo’kmish.

Ulug’ mehru vafoni qadr etolmas
Kishini toabad ishq ahli so’kmish.

2017

***
Aylagil bir bora ko’ngilga karam,
Tiyg’ ila kelganda tashvishu alam.

Goh haq, gohi xato so’z dastidan
Dod etar bechora qog’ozu qalam.

Olmagay tan chiqmagan jondan umid:
Tunga gul yuzin ochar ming bir sanam.

Bu jahon – yolg’onligin kim bilmagay,
Sodda dil senga ishongay lojaram.

Lafzida sobitligi chin-rost erur,
Bo’lmagay Xurshida g’aflatga qaram.

2017

***
Suyanchim – bulbulu gullar, chamanlarga uloqtirsang,
Topurman rizq, tuprog’im tomonlarga uloqtirsang.

Bu dunyo kengayib qolgay, bo’lur bayram kecha-kunduz –
Quvonchingga sherik qoshi kamonlarga, uloqtirsang.

Sadoim chiqmagay aslo yurakka sanchaver tiyg’ing,
Bo’lurman oshno rangi somonlarga, uloqtirsang.

Zamin yayratmasa o’z bag’rida yurmam arosatda,
Berurman yo’l chiqib chetga yomonlarga, uloqtirsang.

Gar istarsan, cho’kay mayli sening nahri firoqingga,
Umidim ko’zini tikmam omonlarga, uloqtirsang.

Dema, Xurshidani badnom qilgay bedavo ishqi,
Bitilgay ismi balkim jovidonlarga, uloqtirsang.

2017

***
Yurakda asil, deb, muhabbat, ishontir,
Chekinmaydi aslo matonat, ishontir!

Yutolmaydi ishqim jafolar nahangi,
Baqoga qolur deb sadoqat, ishontir.

Adashsin sitamlar topolmay makonin,
Dilingda mujassam shafoat, ishontir.

So’z ochma, yuz ochgan gulingdan, va lekin
Meningsiz etib ming shikoyat, ishontir.

Axir dil iborat faqat bir o’rindan,
Qilurman kunu tun ibodat, ishontir!

Yo’lim ayri, ne g’am, visoling uyidan,
Xudodan kutarman inoyat, ishontir.

Ishongil, ishonchim berur jon yurakka,
Muhabbat asil deb nihoyat ishontir!

2017

***
Zimiston bag’ridan qalbimni chorlab nur – zar qilding,
Havas otida chopdingki, chunonam kim o’zar qilding.

Umidim bog’iga ekkan eding – yuz ochdi-yu, gullar,
Meni yot olam asru sirlaridan boxabar qilding.

Qanoat shahrida farroshdirman, bemaoshu xor,
So’rab haqqimni arz etsam, fig’onim besamar qilding.

Xudo yo’lida qil sadqa va yo bozori husningga
Boray, deb yo’lga chiqsam, o’zga ellarga safar qilding.

Parishon holima kul, mayli, zorim boru zo’rim yo’q,
Yaratganning atosi – toza ishqimdan hazar qilding.

2017

***
Yolg’onga ko’ngul berdimu xor ayladi bu ishq,
Tashvishini qalbimda hazor ayladi bu ishq.

Bas, hajru alam jabrini bisyor qilursan,
Gul husni jamol oldida zor ayladi bu ishq.

Tun-kecha firoq o’tida dod etsa bu jonim,
Har tongda umid o’yidan or ayladi bu ishq.

Dilxasta edim, zar ila nur axtarib, oxir
Zulmatga hayotimni nisor ayladi bu ishq.

Maqsadga erishmas, desa Layli ichar og’u,
Majnunga biyobonni mazor ayladi bu ishq.

Naylayki falak boqmadi shafqat ko’zi birla,
Xurshidani turob ila yor ayladi, bu ishq…

2017

***
Mug’anniy ishq elida kuy chalar mamnun,
Ko’ngil bo’stonida gul-g’unchalar mamnun.

Tabassum yuzlarimga nur etar tuhfa,
Kalom, o’tli zabonim shunchalar mamnun.

Qadam bosding, chaman bo’ldi biyobonim,
Muhabbat deb atalgan ko’chalar mamnun.

Umid ummonida suzgay xayol otim,
Nilufargulni quchgan ko’lchalar mamnun.

Alam uyida o’ltirmaydi Xurshida,
Nihoyat g’am oyog’idan chalar mamnun.

2017

KAMYoBDIR MEHRU VAFO

Ming alam, olam aro kamyobdir mehru vafo,
Topmayin, ko’ngil yaro, kamyobdir mehru vafo.

Pand bergaydir senga sargashta, sodda dilliging –
Bo’ldi yuzlar kahrabo, kamyobdir mehru vafo.

Manfaat izlaydi kimdir ishq atalmish bog’dan –
Inja his motamsaro, kamyobdir mehru vafo.

Xiylayu nayrang ila domiga tortib, so’ng esa,
Deydi: men oq, sen qaro, kamyobdir mehru vafo.

Bor ishonching bermagin, bas, yetti yot-begonaga,
Asqotar xesh-aqrabo, kamyobdir mehru vafo.

Oqibat ne bilmaganni Tangri topgay begumon,
Ajr eliga marhabo, kamyobdir mehru vafo.

2017

***
Bo’lishmas ersa g’am-tashvishini bil, hojating yo’qdir –
Samoda oftob o’lsa, keraksiz sha’m ila cho’g’dir.

Bu kun ishq olamin chin mehr ila ishg’ol etolmassan,
Taashshuq ahlining bari muhabbat-mehrga to’qdir.

Bugun so’zlar ololmas dardni, darkor emas taskin,
Ne tongki, tikma, befoyda nigohing benishon o’qdir.

Quvonchu g’am kelib-ketgay, bo’lishmoqqa qidirma do’st,
Unutma, minnat oshi bu – kirib, chiqmaydigan suqdir.

Tushibdi boshiga ish deb halak qilgaysan-u, joning,
Bil, ey Xurshida, chin mehringga zor afsuski yo’qdir.

2018

***
Ilohiy his ila birlashdi qalbim,
Kechir, sirring ila sirlashdi qalbim!

Zamin bag’rida zindonband edi u,
Samoviy nur ila nurlashdi qalbim.

Xayol ummonida to’lqinlanib, oh,
Visoling o’tiga o’rlashdi qalbim.

Falak yomg’irini qizg’ondi, nogoh –
Gumonu shubhadan yerlashdi qalbim.

Borurimda yo’q erdi ixtiyorim,
Ketar chog’im pasaydi shashti qalbim…

2018

***
Keldingu sen, ketdi qo’ldan ixtiyor,
Istading-u, chiqdi yo’ldan ixtiyor.

Mast edi dil ishq sohir kuyiga,
Izladi orom guldan ixtiyor.

Ming malomat ichra majnunvorlig’
Aylasa, ne g’amki cho’ldan ixtiyor?

Borligingu yo’qliging jumboq erur –
Beayov gulxanga kuldan ixtiyor.

Osmon boshimni nogoh etdi xam,
Vasling izlar o’ngu so’ldan ixtiyor.

Ojiza Xurshida hayron-lol erur,
Ketdi sen sori ko’nguldan ixtiyor.

2018

***
Tushimmi yo o’ngim, Siz birla suhbatlashgan u lahza,
Yurakni besaranjom etdi hislar jo’shgan u lahza.

Sadoingiz edi mahzun, eshitdim dil tovushingiz,
Necha oylik sinovlardan keyin sirlashgan u lahza.

San-ey kulfat, chuqur qazgan munofiqlar sari borgil,
Odamlarning yomoni haddidan xo’b oshgan u lahza.

Mudom asrar O’zi Sizdek halolu pok zotlarni,
Yaratgan oldida shohu gado birlashgan, u lahza.

Jo’natmoq istaganlar borsa kelmas xor joylarga,
Bitilgan hukmidan ogoh bo’lmay shoshgan u lahza.

Ko’zing och, odamizod, el uchun tirgak bo’lolmassan,
Anga qodir kishi rizqin Xudoyim qo’shgan u lahza.

2016

***
Kelib jon so’rsa Azroil, nazar etmay uvolini,
Qo’yurman shart ko’rsat avvalo yorim jamolini.

O’yilgan dilda ismingni o’qibon Munkaru Nakir,
Ketur qaytib, etib shafqat, berolmay bir savolini.

Magar faryod qilsam Arshga jabru jafoingdan,
Yuborgay men tomon Haq, dil-taning yollab shamolini.

Quyosh milyard yil o’tgach yoqay deb kelsa yer sharin,
Topur xokim uza ishqim o’tidin o’z zavolini.

Ki Mahshar tongi Xurshida gunohi ishqi-chun senga,
Dadil do’zah sari bormog’ida topgay kamolini!?..

2008

***
Shart qo’ydingki, Samo, Yer bilmasa paymonimiz,
Jonga jon baxshida bo’lgay toki bor imkonimiz!..

Sabrning poyiga cho’kdim, bosh egib ummidga,
Shoshma, deb ming nolisam, olisladi karvonimiz.

Bu jahondan yuz burib parvozga shay dil qushim,
Baxt bog’in ko’zlagay qo’msar esa xush onimiz.

Gulmi, tosh, yulduzmi, oy – Xurshidadan rang olgusi,
O’ylagan erdim visol – asriy tilak-armonimiz!?

Necha asr avval seni vasl otashidan asrabon,
Ko’ksima joylab edim bor o’t-olov – qurbonimiz.

Ushbu kun chalmoqda-yu, qismat rizolik kuyini,
Vo ajab, bu gal sen asrab qolding-a iymonimiz!?..

2008

***
Kuch-madad so’zing ololmas boshqa hech kim dil, dedim,
Yuz tuban tutgay g’ururim ishqsiz, bilgil, dedim.

Shams agar ko’ksingga bosh qo’ysa olursan taftini,
Jumlai olam biru mehring yagona, kel, dedim.

Yer-falak ming chekdi g’am topmay davo bu dardga,
Ne ajab, chorlar hayotga sen uzatgan gul, dedim.

Ka’ba vayron bo’lsa derlar xush kalom obod etar,
Mir Alisher xokidek Xurshida bag’ri kul, dedim.

2010

***
Kirar so’zimga bu jismim, yurak sen, deydi to’lg’ona,
Tunim tan olmagay tonging, dil istar kunni uyg’ona.

Vujudim domiga o’t beayov his bepisand o’lmish,
Ziloling obidin sepgilki bo’lmasdin kukun, yona.

Kishi sayd aylasa, pobasta dil faryodu ohini
Eshitgay tongla Mahshar, ketmagay qilmishidin tona.

Ko’ngil jomin xinorang may bila to’lg’azsa gar zulmi,
Qiyomat dori zulfi purjafosi yorning jona.

Samandar zotidin Xurshida ravh aylar olov ichra,
Ko’ngulga quymasa suyini bahri ishq qizg’ona…

2004
Ravh – orom, rohat

BU KUN

Sog’inib ketdim, dilimda zarra toqat yo’q bu kun,
Dilginam sohibidin hargiz muruvvat yo’q bu kun.

Yor vaslin axtarib nazm elida fotih ko’ngul,
Ki muhabbat kuychisin kuyida ibrat yo’q bu kun.

Aksi shams aslo ko’rinmas ashk ila nam ko’zima,
Yordir xurram xayol, ishqi sadoqat yo’q bu kun.

Rashk ila ko’ngul yonur, ko’ngul aro bir gul yonur,
Mohi mezonkim, yonur kun-tun – rutubat yo’q bu kun.

Yer-fazo hajru xiyonatdin yonur, ey do’stlar,
Xasta bu Xurshidaga ravhu iqomat yo’q bu kun!..

1999

Iqomat – yashash, istiqomat qilish

SO’ROG’LAB

Bordim izingni, yorim, so’rog’lab,
Chiqdi hiloling ko’nglimni dog’lab.

Naylayki, mohing ersa panohing,
Rashki gunohim yondi charog’lab.

Jabru sitamlar solg’ay alamlar –
Chashmimda namlar – hajring quchog’lab…

Ayb etma hargiz, men gungu ojiz –
Dil senda yolg’iz, qo’yding-ku bog’lab.

Sevgi muqaddas, asra uni, bas,
His so’nsa kelmas, ketgay yirog’lab.

O’tdir dudog’ing, kutdim, qarog’im –
Mushtoqi rohing, ketma firog’lab.

2004

***
Yetti yot begonadek xayr aylaganding so’nggi chog’,
Lolarang – alvon yurakka soya soldi qora dog’ …

Tog’u daryolar osha horgan ko’ngul kashkuliga
To’ldi g’am nahri bilan armon, alam-hasratli tog’.

Bo’y taratgan gul sifat ag’yora bog’labsan ko’ngul,
Ul kibilarga axir bulbul tugul boqmaydi zog’!

Osmon bu kun diling – vasl uyida shodon guling
Erta poyingga tikondek sanchilur, qo’ymaydi sog’!..

Qay kishining tushsa ko’ngli kufr elining domiga,
Bo’lgusi armon axir mangu muhabbat otli bog’!

2000

ZULM ETMANG

Bizga zulm etmang, g’animlar, bizda yo’q aslo gunoh,
Ikki dil, ikki yurak ahd aylamish, Allo(h) guvoh!..

Osmon burjida zar afshon Zuhal ko’rgazsa yuz,
Ki, kumush nurin sochib, vosil bo’lur vasliga Moh.

Bir esa ikki kamon paykonining gar matlabi,
Ishq saydi chog’ida ketgay mashaqqat birla oh.

Qatl uchun hozirlamang dor, aybimiz bir ishqdir,
Avf etar ilk bor adashsa yo’lidin miskinni shoh!..

Sharshara topgay yo’lin tog’lar to’siq bo’lganda ham,
Fasli nayson sehridin toshni yorar mehrigiyoh.

Bizga ko’z tikmang samo mehri kulib boqqan mahal,
Ko’r bo’lur kim shamsga gar tik qadar ersa nigoh!..

Chin vafo ahli yaratsa sevgining sarchashmasin,
Topgusi Xurshida, ne tong, ishq dashtida panoh!..

2004

QOLMADI

Qaydanam ko’rdim sani, jismim aro jon qolmadi,
Hislarim titrog’idin qalbimda pinhon qolmadi.

Necha oy uzmay ko’ngul, sen bemuruvvat yordin,
Man kibi olam aro ishq ichra sarson qolmadi.

Shams charxida zamin, parvona dil izlaydi nur –
Bul yurak ravhiga ne aylayki, imkon qolmadi.

Na quvonch bilgay yuzim, na dilginamda bor ilinj,
Iztirobim sezmagan, naylay, bir inson qolmadi .

O’tdi mezon, aqrabu dalv, o’tdi necha subhu shom,
Chekkan ohim zarbidan ozod nayson qolmadi.

Sayr etar qalbingda ne tuyg’u bilolmay dog’man,
Ishq jallodiga jonim bo’ldi qurbon, qolmadi.

Ming sitam aylab tag’in, devona Xurshida dema,
Dalli bo’lmog’likka hatto tanda darmon qolmadi.

2000

***
Dilim kuydi iki o’t ichida, naylay, chidolmasman,
Yurak gavhar deya tuyganlari nedir, bilolmasman?..

Bamisli tonggi shabnam – titragan qalbimni bosgaydir,
Gahi shavkat, gahi nafrat yuki, qaddim tutolmasman.

Bu tuynuksiz sukunat qasri ichra xastadir ko’ngil,
Jahonnning ko’rki husnin bir so’qircha ham ko’rolmasman.

Misoli dalli dil ganjimga bor ummidini bog’lab,
Erishgach, nazriga qayg’u berar, toqat qilolmasman.

“O’tingum, sohibi davronki, tuproq sathidin bir oz
Kishi qadrin ko’tarsang-chi”, debon da’vat etolmasman.

Gahi shakkar o’shal guftor, gahi og’u solar dilga,
Ajalning domidan ruhimni hech asrab qololmasman.

Alamdin yozdi Xurshida, haqiqatni, fazihatni,
Netay, sig’masmanu dunyoni tashlab ham ketolmasman…

2001
Fazihat – beobro’lik.

***
Yig’lamoq istaydi ko’ngul, yig’layolmasman, netay?
Ruhim orom izlagan chog’ uxlayolmasman, netay?

Bog’da bulbul chorlamish, gar bormasam holim xarob,
Hiylagar gul-lolalarni hidlayolmasman, netay?

Tog’ oshib manzilga yetmoq – farzi dunyoi azal,
Ikki chashmim bog’lamish ag’yor, osholmasman, netay?

Bul jahon shoni nadurkim, man bo’lib shaydo anga,
Tog’din oshgayman, vale dillarda qolmasman, netay?

Andijon Cho’lponi chorlaydir – sochib so’zdin ziyo,
Yo’llarim to’smish azal hukmi, borolmasman, netay?

Shosh ko’ksiga tinimsiz ko’zlarim to’kkanda yosh,
Dodu faryod ishtiyoqidin tonolmasman, netay?

Betinim yig’lar yurak, men yig’layolmasman, netay?
Toldilar mujgonlarim, oh, uxlayolmasman, netay?

1998

031

(Tashriflar: umumiy 828, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring