Yusuf Xos Hojib. Qutadg’u bilik. 67-70 boblar. Emin Usmon tarjimasi

33       Тақдим этилаётган навбатдаги бобларда Ўдғурмишнинг Кунтуғди элиг билан кўришгани ва улар ўртасида бўлиб ўтган ўгитнамо  савол-жавоблари баён этилган.

ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ
ҚУТАДҒУ БИЛИГ
Қадим туркчадан Эмин Усмон таржимаси
07

ОЛТМИШ ЕТТИНЧИ БОБ
ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШ ҲУЗУРИГА
КЕЛГАНИ БАЁНИ
091
5011. Аста-аста юриб келмиш Ўдғурмиш,
Пешвоз чиқиб, кутиб олди Ўгдулмиш.
5012. Қўл олишиб, салом-алик қилдилар,
Иккала пок инсон уйга кирдилар.
5013. Едириб, ичирди, тўрдан жой берди,
Одам йўллаб, элигга хабар берди.
5014. Элиг дарров бунга жавоб юборди,
Шод бўлиб, саройга таклиф юборди.

ОЛТМИШ САККИЗИНЧИ БОБ
КУНТУҒДИ ЭЛИГНИНГ ЎДҒУРМИШ
БИЛАН КЎРИШГАНИ БАЁНИ

5015. Икковлон йўл олди саройга дарҳол,
Элиг қарши олди уларни хушҳол.
5016. Салом берди қўли кўксида элиг,
Зоҳид дарров саломга олди алик.
5017. Зоҳид-ла қўл олишиб, сўрашди у,
Юзи ёришиб, аҳвол сўрашди у.
5018. Жой кўрсатди тўрдан ўзига яқин,
Намоён айлади меҳрибонлигин.
5019. Эй Ўдғурмиш кўп заҳмат чекдинг, деди,
Яёв юриб келмоғинг шартми эди.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

5020. Жавобан Ўдғурмиш айтдики: Ҳоқон,
Заҳматни унутдим сени кўрган он.
5021. Саройга келдим ўзим талаб айлаб,
Бу заҳмат нечун мени хароб айлар.
5022. Киши ўз тилагин изласа бориб,
Орзуси ушалар, қолмайди ҳориб.
5023. Не дер эшит, ботирларнинг ёбғуси,
Мардлик билан номин элга ёйгуси:
5024. Кўнгил истаса бас, яқин йироқ ҳам,
Тилагига дарров етади одам.
5025. Доим умид билан ташланса қадам,
Омад унга доим бўлади ҳамдам.
5026. Кўнгил чопмаган ерга қўйса оёқ,
Гарчи беҳад яқин, бўлгай у йироқ.
5027. Пиёда юрувчи кўп заҳмат чекар,
Дил тортиб йўл юрса, машаққат кетар.
5028. Кўнгил тортиб келдим ҳузуринга мен,
Нечун заҳмат чекай, ўйлаб кўргин сен.
5029. Кўнгил кимни суйса, талпинса, боққин,
Олис масофа ҳам туйилар яқин.

ЭЛИГНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

5030. Элиг айтди: Сўзлашдан аввл сенга,
Айтар гапим бордир, жавоб бер унга.
5031. Сен ўз хоҳшинг билан келдинг бу ён,
Лекин сир-саноат бўлмади аён.
5032. Билурсан, салом фазли беҳад улуғ,
Ким олдин салом берса, бўлгай қутлуғ.
5033. Мени кўриб салом бермадинг нечун?
Бу фазил савобин олмадинг нечун?

ЎДҒУРМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

5034. Ўдғурмиш жавобан айтдики: Салом,
Атай бермадим мен, қилиб эҳтиром.
5035. Инсоний таомил билсанг бу салом,
Омонлик пойдеворин қурар салом.
5036. Саломдир кишига тинчлик, омонлик,
Салом бирла кўрмагай жон ёмонлик.
5037. Бунга ғоят мос келмишдир ушбу сўз,
Яхшилаб қулоқ сол, аё кўнгли туз:
5038. Омонлик топади салом бергувчи,
Саломат бўлади алик олгувчи.
5039. Салом киши шарри учун қалқондир,
Алик олган бу балодан омондир.
5040. Улуғдан кичикка лозимдир салом,
Шунда барча ишлар ҳал бўлар тамом.
5041. Кичик тутса, қилса улуғлар сўзин,
Тинч яшагай, саломат бўлгай ўзи.
5042. Кичик эмин бўлсин улуғ шарридан,
Ва омонлик топсин унинг хайридан.
5043. Мендан бегга зиён етгайми бирон,
Кичикман, кичиклар бўлгай безиён.
5044. Элиг қўли узун, барчага етар,
Гар қовоқ уйса, не истаса қилар.
5045. Илми теран, этибор берсанг, авом,
Шу боис бегларга бермайди салом.
5046. Сен мени аввало хизматга чорлаб,
Ҳузуринга даъват этдинг орзулаб.
5047. Рад этдим таклифинг, сира кўнмадим,
Алдоқчи дунёга кўнгил бермадим.
5048. Зиёратга чақирдинг, фикринг бўлак,
Ишониб келдим мен, эзгудир тилак.
5049. Сендан ийманардим, чўчир эдим, хон,
Саломинг омонлик бўлди бегумон.
5050. Аввалги гапига қайтади албат,
Дея ийманардим сендан мен беҳад.
5051. Энди сенга буткул ишондим, элиг,
Хайрингдан келади албат эзгулик.

ЭЛИГНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

5052. Элиг айтди: Бегга ярашмас асло,
Гапидан қайтса у бўлади расво.
5053. Қўли узун, улуғлик бўлар бекор,
Гапидан қайтса у агарда бир бор.
5054. Жаҳонга ҳукмдор бўлмасин ул киши,
Агар сўзи ёлғон, элга зулм иши.
5055. Нечук бег бўлади юртга у улуғ,
Тили ёлғон айтса, қўл бўлса қуруқ.
5056. Бу ҳақда билимда яхши сўзланмиш,
Ким ёлғончи ундан қшт қочар эмиш.
5057. Одамнинг ёмони ёлғончи эрур,
Ёмоннинг ёмони ваъдабоз эрур.
5058. Беҳад яхши айтмиш тўғри сўзли эр,
Тўғри сўз кишига Ҳақ берсин ажир.
5059. Ростгўй бўлсин бег, сўзидан қайтмасин,
Бебурдларни биров одам демасин.
5060. Мардлар айтган сўзларидан қайтмаслар,
Сўздан қайтгувчини эркак демаслар.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

5061. Жавобан Ўдғурмиш айтди: Эй элиг,
Бу яхши ишларга етказди илик.
5062. Бундан ҳам зиёда этсин Худойим,
Гўзал сифат, фазилат, хулқи доим.
5063. Беглар элнинг сараси асли ўзи,
Асил бўлсин феъли-ю, айтган сўзи.
5064. Илмли зот таълим бериб, шундай дегай:
Бег яхши, одил бўлса, эл бойигай.
5065. Нима дер эшитгин оппоқ сочли эр,
Дунёни кўп кўрган улуғ ёшли эр:
5066. Фелингни яхши қил, дунё тутгувчи,
Бу бахт келгувчидир яна кетгувчи.
5067. Ҳаракат қилиб сен қозон яхши от,
Бахтда вафо бўлмас, бир кун қилар ёт.
5068. Ёмонлик қилмагин соҳиби қудрат,
Сўзу ишда яхшилик қилгин албат.
5069. Бу беглик, улуғлик яз бурар бир кун,
Яхшилик юз бурмас, эй мард, куну тун.
5070. Халқ хизматин қилиб, бугун топ савоб,
Бир кун яхшиликка бўлади жавоб.
5071. Ел каби ўтади тириклик куни,
Бахт ишончсиз, совуради умрингни.

ЭЛИГНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

5072. Элиг айтди: Эй илми дарё, оқил,
Истагим, яхшилик эшигин очгил.
5073. Сени чорлаш боиси шудир фақат,
Кўнглим тўқи, ҳамдамим бўл ҳамма вақт.
5074. Панд-насиҳат айла, кўрсат тўғри йўл,
Эзгулик йўлини маҳкам тутсин қўл.

5075. Атрофда одам кўп, нафсини ўйлар,
Бир содиқ топмадим, эл ғамин кўзлар.
5076. Беглар орзусига етар, топар ганж,
Лек тополмас кўнгилдагидек таянч.
5077. Бу даргоҳда юрар саноқсиз одам,
Кунимга ярари йўқдир бирон ҳам.
5078. Бунга монанд келар ушбу байт, оқил,
Англай десанг маъносига сен боққил:
5079. Кўп эрур одамман дегувги сони,
Бировга манфаат бергувчи қани?
5080. Туманнинг ишини қилар бир киши,
Бир ишни қилолмас баъзан минг киши.
5081. Элиг айтди яна: Эй Ўдғурмиш сен,
Ҳақ карам, фазлига дохил бўлмишсен.
5082. Номингга яраша хулқинг ҳам бутун,
Тугал қилсин Эгам тилагу қутинг.
5083. Худо берганидан айлагин инъом,
Қалб уйғониб, нафсим ўлсин батамом.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

5084. Жавоб бериб Ўдғурмиш айтди: Эй бег,
Сиртим кўрсанг бинойи мақтагудек.
5085. Гар ичимни билсанг, эй зоти олий,
Сўкиб ҳайдар эдинг сен калтак олиб.
5086. Зоҳидлик сифати менга от бўлди,
Бу ном ибодатнинг балоси бўлди.
5087. Шаштдан қайтаргувчи шу отим эрур,
Шу от сабаб нафс эшиги берк бўлур.
5088. Бир дўкон безадим, кўрсин одам,
Унда тижорат йўқ, фойда сира ҳам.
5089. Сиртига боқмагин, элиг кишининг,
Ботинига боққин ҳар бир ишининг.
5090. Сирти қанча гўзал бўлса қовуннинг,
Ҳиди, туси маъқул гар унинг.
5091. Таъм бўлмаса агар унда егулик,
Эй зийрак, уни дарров ташлагувлик.
5092. Хушёр зот нима дер, қулоқ сол унга,
Ичинг беза, зеб бермагин сиртингга.
5093. Ҳар нарсанинг гавҳари игда бўлар,
Ичи бўш доим қуруқ савлат бўлар.

ЭЛИГНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

5094. Жавобан айтди элиг: Эй покдомон,
Ичинг ҳам сиртингдек покдир бегумон.

5095. Юкинг енгиллатдинг дунёни қўйиб,
Мен эсам тутулдим, дунёни суюб.
5096. Бу дунё ишлари банд этди мени,
Ибодат қилмоққа бир имкон қани?
5097. Панд-насиҳат қилгин, бир оз ўнгланай,
Қут берсин сўзларинг, Ўзим покланай.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

5098. Аё бег, деб жавоб берди Ўдғурмиш,
Яхшиликка яхшилик билан етиш.
5099. Одамлар ичида ёвузи тенгсиз,
Деб билгин мени сен, билими денгиз.
5100. Инсонлар ёмонин изласанг ҳар вақт,
Мендан ёмонроғин топмассан ҳеч вақт.
5101. Менинг сенга нечук наф бергай,
Ўгитларим қандай фойда келтиргай?
5102. Умидим узмадим Ҳақдан сира ҳам,
Гуноҳни кечгувчи ўзидир Эгам.
5103. Нима дер эшитгин гуноҳкор қули,
Айбин билиб, узрин айтади тили:
5104. Гуноҳкор, жафокаш қулингман, эвоҳ,
Назар солсанг, турган-битганим гуноҳ.
5105. Сендан бўлак йўқдир сиғинар Эгам,
Қутга йўллаб, кечгин гуноҳимни ҳам.

ЭЛИГНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

5106. Жавоб берди элиг: Эй хушёр, ана,
Бу сифат оширди қадрингни яна.
5107. Ўзингни ёмон деб билганинг учун,
Эл аро яхши ном қозондинг бу кун.
5108. Тил, кўнглинг покладинг, покландинг ўзинг,
Менга ўгит бергин, наф берсин сўзинг.
5109. Эй эзгу феълли, ишлари ишончли, чин,
Меҳр кўрсатиб менга, бир ўгит бергин.
5110. Эзгулик калитин Ҳақ бермиш сенга,
Эй оқил, бу йўлни кўрсатгин менга.
5111. Ўгит бериб, тўғри йўлга сол мени,
Худо ажир берсин қиёмат куни.

ОЛТМИШ ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ
ЎДҒУРМИШНИНГ ЭЛИГГА
ПАНД НАСИҲАТ-ҚИЛГАНИ БАЁНИ

5112. Жавобан Ўдғурмиш айтди элигга,
Етказсин Ҳақ сени барча тилакка.
5113. Бу машъум, ичи бўш, ўткинчи жаҳон,
Бегларни қаритди, ўзи навжувон.
5114. Сендек қанча бегни суюб ўтказди,
Энди сенга навбатини етказди.
5115. Сен унга астойдил кўнгил бермагин,
Вафо айламайди, умид қилмагин.
5116. Сенга ўгит лозим эмас, эй ҳоқон,
Фалакнинг ибрати кифоя, инон.
5117. Сендан аввал ўтган дунё тутгувчи,
Қайга кетди, қани қудрати, кучи?
5118. Улар қайга кетганин ўйлаб боққин,
Яқиндир сенинг ҳам, бег кетар вақтинг.
5119. Сенга тегди энди бу беглик тахти,
Умринг зое этма, тез ўтгай вақтинг.
5120. Уларга нима наф етказди, билгин,
Не ҳузур охиратда – шуни қилган.
5121. Недан афсус чекди сўнгги нафасда,
Ўшандан нари тур, эзгулик иста.
5122. Яхши фикр айтган билимдон, оқил,
Дононинг фикрини инжу, ёқут бил.
5123. Ўлик кўрганлар ҳам қолмас ҳеч маҳал,
Ўлимга инон, бўлма хулқи дағал.
5124. Ўлим ҳақдир, эс-ҳушингни йиғиб ол,
Ҳаёт ўткинчидир, ундан ибрат ол.
5125. Ғофилликда юрган, эй орзу қули,
Ўлим босиб келар тутгани қўлинг.
5126. Кечирган кунларинг эслаб кўр бу кун,
Ўйлаб кўрсанг тушдек ўтмиш бус-бутун.
5127. Қилган бўлсанг агар бирон эзгулик,
Ўзинга топгансан ажир мангулик.
5128. Беҳуда ўтказган бўлсанг ҳаётинг,
Энди тун-кун йиғлаб, айтарсан додинг.
5129. Бу умрни доим истаб, топиб бўлмас,
Йигитлик қуввати ҳеч қайтиб келмас.
5130. Зое қилма ҳар кунинг ғанимат бил,
Ўлимга ҳозирлан, тоатга шошил.
5131. Эслаб кўр, сендан аввал улуғ ҳоқон,
Отанг подшоҳ бўлиб, сурганди даврон.
5132. Хазина, дабдаба, лашкари бисёр,
Орзуси ушалди, толеъ бўлди ёр.

5133. Ўлим олиб кетди, битгач паймони,
Жонга оро кирмади шуҳрат-шони.
5134. Отанг ўтди-кетди, қолди сенга панд,
Отанг пандин тутсанг бўлгай асал, қант.
5135. Бунга мос келади эшит ушбу сўз,
Ундан фойда етар, булар сенга кўз:
5136. Ўлар чоғи балки айтгандир ҳоқон,
Хушёр боқ оламга, ғафлатдан уйғон.
5137. Қазо етди, навбат келгай сенга ҳам,
Тиришгин, яхши ном қозонгин ҳар дам.
5138. Ота-она ўлими кўп ёмон ҳол,
Ўғил-қизга насиҳатдир, уқиб ол.
5139. Отаю-онангни қўймади ўлим,
Сени ҳам қўймагай, билиб қўй бирзум.
5140. Зулмкор дунё уларга жафо қилди,
Ўзгариб сенга сенга вафо қилармиди?
5141. Азиз бил ҳаётни, зарур ишга сол,
Эҳсон бериб элга, савобини ол.
5142. Ўтар кундан улушингни ол ҳар он,
Тайёр бўлгин, адо этар бу даврон.
5143. Эл-юрт юкин зиммага олдинг қўрқмай,
Халқ иши-чун хушёр тур, ғофил бўлмай.
5144. Ҳузурингда оч бўрилар жамул жам,
Қўйларингни эҳтиёт қил жуда ҳам.
5145. Гар юртингда бирон кимса қолса оч,
Ҳисобини сўрар Оллоҳ, кўзинг оч.
5146. Эй элиг, ёнарсан сен шамга монанд,
Нурингдан ўзгалар бўлгай баҳраманд.
5147. Ҳаётинг тугаса, етилса ёшинг,
Фойдаси текгайми бирон бир кишин.
5148. Одамлар деб ўзинг ўтга отмагин,
Улар учун зўрлаб ўзинг ёқмагин.
5149. Бу беглиг, улуғлик қолиб кетади,
Ўлим келиб эшик очса, йитади.
5150. Одил бўл, адолат-ла сиёсат тут,
Адолат-ла беглик собит ҳамда бут.
5151. Илми зиёд яхши таълим бермиш, кўр,
Гапига амал қил, тўғри йўлдан юр.
5152. Макамлаш истасанг беглик асонин,
Адолат йўлини тутгин асосан.
5153. Топишни истасанг агар охират,
Адолат йўлини тутгин оқибат.
5154. Бегман дебон ўзинг осмон чоғлама,
Бу дунё бевафо, умид боғлама.
5155. Бу дунё, бахтингга ишонма ортиқ,
У бевафо, ишончсиз ҳаддан ортиқ.

5156. Эй элиг, муҳташам ўрда, қаср, сарой,
Вақтинча берилган бир қўналға жой.
5157. Сендан аввалгилар қўниб ўтдилар,
Хопдан уйғонмасдан ухлаб кўчдилар.
5158. Сенга тегди энди бу ўрда – ўрин,
Кўчингни юборгин ўзингдан бурун.
5159. Бу манзилда қурдирма қасру сарой,
Сени омон қўймас ўтувчи йил, ой.
5160. Борар жойинг аниқ, пухта ўйлаб кўр,
Яхшилик билан сен шу жойга тахт қур.
5161. Менинг деб ўйларсан бу қаср, бироқ,
Ақлга хилофдир бугапинг мутлоқ.
5162. Эшит, бунга қарши ақлу ҳуш не дер,
Ўйлаб кўрсанг, бу гап чин, эй баҳодир.
5163. Айтарсан, мен ҳоким, бу нарса менинг,
Нега ундай дейсан, бу нечук сенинг?
5164. Кейингилар дер: Вақтинг битди сенинг,
Мен кутиб турибман, бу жойлар менинг.
5165. Эй олам ҳокими, бу дунё зиндон,
Унда дарду алам айлагай гумдон.
5166. Зиндон аро изламагин сен севинч,
Фақат жаннатдадир севинчу овунч.
5167. Бетайин ҳузурни ҳузур билмагин,
Ўткинчи севинчни севинч демагин.
5168. Саодат беқарор, жим турмай қочар,
Йиққан нарсаларнинг тўзитиб сочар.
5169. У дунёни билгин абадий макон,
Унга юзингни бур, қўйиб бу жаҳон.
5170. Қут, фароғат боқийлигини тила,
Боқий роҳат келгай машаққат била.
5171. Худо фазлига боқ, ўйлаб фикр қил,
Яхшиликлари учун минг бор шукр қил.
5172. Элу юртга сени қилди ҳукмрон,
Орзуйинг ушалди, бўлди тил равон.
5173. Мурувватли ўзинг каби қулларин,
Сенга муҳтож қилди, ўйлаб кўр барин.
5174. Яратганга шукр қил, тавозеъли бўл,
Эл-юртга шафқатли, мурувватли бўл.
5175. Сени адолат-чун тикди Худойим,
Адолат-чун кураш, одил бўл доим.
5176. Ҳар бир ишни ақл-идрок билан қил,
Ҳавога берилма, хушёр бўлсин дил.
5177. Эл-юртингга доим раҳм-шафқатли бўл,
Каттаю-кичикка бирдек одил бўл.
5178. Халқнинг феъл-атвори бузилса ҳар кез,
Зудлик билан тузат уни шафқатсиз.

5179. Эй доно, бу ҳақда не дейилган, бил,
Билим бирла ишлаб юзинг ёруғ қил.
5180. Яхши бўлсин десанг ишларинг тўлуғ,
Ўзинг яхши бўлгин, эл аро улуғ.
5181. Ифлосликни поклайман десанг бутун,
Ўзинг поклан, сўнгра поклангай будун.
5182. Бег элга бош, қайга борса эл боши,
Эргашади юртдаги барча киши.
5183. Эл бузулса, уни беглар тузатар,
Бег бузулса, уни ким ҳам тузатар.
5184. Феъл-атворинг тузат, йўқот қабоҳат,
Халқинг тузалади, топгунг фароғат.
5185. Яроқли ишларни қилмоқ истасанг,
Яроқсизни йўқотмоқни иста сен.
5186. Тубан ишга қўшилма, қоч фасоддан,
Юзинг қора бу икки касофатдан.
5187. Ёмонлик, ёвузлик истамасанг ҳеч,
Ёқимсиз сўз қилма, қуруқ сўздан кеч.
5188. Айш-ишратга берилма, май ичмагил,
Кечувсиз денгизбу, ғарқ айлагай, бил.
5189. Хулқинг ювош, феълинг тўғри, эзгулик,
Ақл ҳамроҳ, кенгашчинг бўлсин билиг.
5190. Кўнгил, тилни тўғри туту фозил бўл,
Кимлигинг унутма, йўқотмагин йўл.
5191. Ўзингни катта тутма, кеккаймагин,
Лашкарим кўп дея кўкрак кермагин.
5192. Ўтди қанча жасур, шижоатли эр,
Ўлим адо этди, макон бўлди ер.
5193. Бу ҳақда хўп айтмиш билимдон буюк,
Олим сўзин тутсанг иш бўлар тузук:
5194. Ғазинам кўп дея бўлмагин мағрур,
Лашкарим кўп дея айлама ғурур.
5195. Кучига маҳлиё кўкрак керган шоҳ,
Бир чивинга кучи етмаган, эвоҳ (1).

1. Бу ерда Намруд воқеасига ишора қилинади.

5196. Ғазаб-ла иш қилма, ўзинг босиб ол,
Ғазаб келган чоғда бўлгин гунгу лол.
5197. Диндан бошқа ишда шошилмагин ҳеч,
Барака топмайсан шошган ишдан ҳеч.
5198. Эҳсон бериш лозим бўлса, шошил тез,
Оғир-вазмин бўлгин жазо берар кез.
5199. Енгил бўлма асло хулқу сўзингда,
Сабрли бўл, вазминлик афзал ўзингга.
5200. Сахий бўл, эҳсон берсанг эл шод бўлгай,
Бахиллик билан беглар бадном бўлгай.
201. Қўпол бўлма, ўзинг босиб, вазмин тут,
Дағал сўздан кўнгил қолар, ёдда тут.
5202. Ҳаммага бирдек ширин қилгин сўзинг,
Пешонанг ёруғ қил, очиқ қил юзинг.
5203. Элнинг асилисан, феълинг етук қил,
Тилу дилинг, йўл-йўриғинг тўғри қил.
5204. Гар авом яхши бўлса, бу яхшилик,
Ҳукмдор сен учун шараф қувонгулик.
5205. Феълин яхши қилса агар бу беглар,
Халқ учун ёғилгай кўп эзгуликлар.
5206. Беглар феъли гар ёмон бўлса, эсиз,
Ёмонлик кучаяр, ўчар яхши из.
5207. Ёмон бўлма, номинг ёмон қилмагин,
Ёмонликни тўсгин сен, изин бермагин.
5208. Ёмонлик оғудир, емагин уни,
Кимки оғу еса, битади куни.
5209. Ақл-заковатли бўлса ким, тут яқин,
Сўзига амал қил, адо эт ҳақин.
5210. Топсанг агар тўғри, ишончли кишини,
Ўзингга яқин тут, топшир ишингни.
5211. Қилмиши жафодир маккор дунёнинг,
Ғофил бўлма, йўллари хатардир унинг.
5212. Оро бериб ўзига кўнглинг ром этар,
Кўнгил берганингда юз буриб кетар.
5213. Ўлимни унутма, чекма дард-алам,
Ўлимга ошиқма, элиг сира ҳам.
5214. Ғафлат уйқусида ётма, эй ҳоқон,
Бегликка маст бўлма, эй асл инсон.
5215. Маҳлиё этмасин бугунги роҳат,
Насиб этсин оҳиратда фароғат.
5216. Унинг севинчи кўп, роҳати беҳад,
Насиб этса агар боқий бу роҳат.
5217. Фароғат истасанг яхши бўл албат,
Беҳишд боғларида кезгайсан албат.
5218. Билим билган киши эшит нима дер,
Илми билан элда ҳурмат топган эр:
5219. Худо берса улуғликнинг чеки йўқ,
Раҳматга кўмилиб юргинг армон йўқ.
5220. Кибрга берилсанг хўрлик келгувси,
Хўрлик азобига ким ҳам кўнгувси.
5221. Табибга ўхшарсан ҳоқоним бу кун,
Сенга ҳожандманддир элу юрт бутун.
5222. Бири касалликдан дили яродир,
Бири фақаирликдан кўп бенаводир.
5223. Бири очдир, бири ялонғоч юрар,
Бири ғам-аламдан тинмай оҳ урар.

5224. Сендадир уларнинг эми, юпанчи,
Дардига даво топ, бўлгин таянчи.
5225. Уларнинг дардига топмасанг нажот,
Элу юрт бошига ёғилгай офат.
5226. Қиёматда бунинг ҳисоби бордир,
Жавобга тайёр бўл, яхши ном қолдир.
5227. Ҳаёт тез ўтади, қолади беглик,
Яхши ном қозонсанг сен-чун эзгулик.
5228. Бу дунё бир экинзордир эй элиг,
Нима экса шуни олади илик.
5229. Яхшилик қил доим, эккин эзгулик,
Эзгулик топкайсан шунда мангулик.
5230. Не дер эшит, доно элга бошчи бег,
Беглик ишин билгучи, йўлбошчи бег:
5231. Эй халққа бош бўлган оқилу хушёр,
Ўзингни кичик тут, фойдаси бисёр.
5232. Эй юртга ҳоким бўлган доно элиг,
Ҳамма ишда албат ишлатгин билиг.
5233. Билим бирла қилгин ҳар қандай юмуш,
Билимдан мукаммал, кўркам бўлар иш.
5234. Бу дунё ўткинчи, бил, боқий эмас,
Яхшилик қилиб қол, ном ўчиб кетмас.
5235. Туғилган ўлади, бу дунё қолар,
Яхшими, ёмонми эрдан ном қолар.
5236. Ёмонга қўшилма, куйдирар ёмон,
Яхшидан яхши ном қолар бегумон.
5237. Эй элиг, урингин, хушёр бўл, хушёр,
Ғофилга машаққат ёғилар бисёр.
5238. Бегликнинг асоси хушёрлик эрур,
Охират роҳати бил шундан келур.
5239. Ғофил бўлма, ғафлатдан беглик кетар,
Ғофил икки жаҳонда ҳам оҳ чекар.
5240. Ёв қилма бировни, бекор тўкма қон,
Бу икки гуноҳдан азобланар жон.
5241. Ҳаромга қўшилма, ўзинг маҳкам тут,
Ҳаромхўр жойи дўзох, емиши ўт.
5242. Барча одамларга бўлгин меҳрибон,
Адашиб бировга етказма зиён.
5243. Май ичма, фисқ-фасоддан қоч, қўшилма,
Салтанатни бузар булар, унутма.
5244. Ўлимга туғилар, туғилган киши,
Яхши ном қолдирар ўлувчи киши.
5245. Бир тутам тириклик эмасдир абад,
Яхшию ёмондан ном қолар албат.
5246. Бу дунё овунтириб, ром этмасин,
Огоҳ бўл, ғафлатда ухлатмасин.

5247. Ғофиллик инсонни гунг – лол айлагай,
Ғафлат босган умрин хароб айлагай.
5248. Инсонни босмаса ғафлат ҳар ишда,
Ибодат қиларди мисли фаришта.
5249. Бу ҳақда хўп айтмитш олим фикрини,
Эй бағри кенг, дилга жо этгил уни:
5250. Ғафлатдан иборат айш-ишрат, севинч,
Маст уйқуда, ғафлат босган эрта кеч.
5251. Ғофил бўлма асло, ғафлат босмасин,
Оллоҳ ғафлат уйқусидан асрасин.
5252. Элнинг дардин тингла, кўзинг қил зийрак,
Барчага тенг меҳрибон бўлмоқ керак.
5253. Ҳар бир ишда Худо сўрайди сўроқ,
Гуноҳкорга бу сўроқлар бир тузоқ.
5254. Қулоқ сол нима дер тақводор киши,
Унинг сўзин тутсанг ўнгланар ишинг:
5255. Элнинг эркатойи, эй бебош, саёқ,
Тадбиринг кўр, эртага бўлгай сўроқ.
5256. Ўз майлича юрган нодон, гуноҳкор,
Ҳақ олдида ҳар ишнинг ҳисоби бор.
5257. Умрин зое этган еб-ичиш ила,
Ҳисобга тайёрлан, нажотинг тила.
5258. Худо одил сўроқ қилар барчани,
Ундан қутилар жой борми, айт қани.
5259. Элиг сенинг илкингнда қилич, қамчи,
Жазолаб ёмонни савалар қамчи.
5260. Роҳати ўзгага, сенга ҳисоби,
Дунёда ҳисоб қил, торма азобин.
5261. Эй бойлик жамлаган, насли тоза зот,
Мол-мулкинг тарқатиб, излагин нажот.
5262. Вафосиз дунёга кўнгил қўймагин,
Охири жафо қилар, меҳр қўймагин.
5263. Эй бег, беглик қўлдан кетмасдан бурун,
Интил, у дунёда ҳозирла ўрин.
5264. Эй зиқна, кўзи оч ва таъмагир эр,
Ўлим келмай туриб боринг элга бер.
5265. Ажал етса мол-мулкнинг фойдаси йўқ,
Бари қолар, тариқча лаззати йўқ.
5266. Оз егину ибодатинг бўлсин кўп,
Оз сўзлагин, фазилатни ўрган хўп.
5267. Тул, етим, фақирга кўрсат оқибат,
Намоён бўлади шунда адолат.
5268. Ғийбатчини келтирма сира яқин,
Паскашдан қоч нари, ўзинг асрагин.
5269. Бундай киши зиёнкор, иши оғу,
Зиёнкордан эҳтиёт бўл, бил ёғи.

5270. Суқ одамга эрк бермагин сира ҳам,
Фитна сочиб элни бузар жуда ҳам.
5271. Ўзингни дўзохдан узоқ қил доим,
Фақат эзгулик қил, асрар Худойим.
5272. Бугунги кунингдан эртанги кунинг,
Фақат эзгу бўлсин эртанги тунинг.
5273. Бу ҳақда яхши гап айтибди олим,
Ҳар бир ишинг ёзиб қўймиш Худойим.
5274. Қиёмат – бу дунё ҳисобот куни,
Яхшилик қил, тўғри бўл, тушун буни.
5275. Ҳушёр бўл доимо, ғофил бўлма ҳеч,
Кўнгил кўзни очиқ тут, уйқудан кеч.
5276. Дил билан дунёнинг “дол”и бўлакдир,
Иккови мос келмас, йўли бўлакдир.
5277. Дин билан бу дунё бир бўлмайди, бил,
Иккови қовушмас, буни уқ, оқил.
5278. Бири яқин келса, бошқаси безар,
Икковин тенг тутган йўлидан озар.
5279. Дунё ёмғир каби, бамисли бўрон,
Гулдираб келару тез тинар сурон.
5280. Қут келса, даргоҳинг одамга тўлар,
Кўнгил қўйганингда бошқага бўлар.
5281. Бойидим деганда фақир бўлгин дер,
Қадр топганингда айлар қора ер.
5282. Дунёнинг тўқлиги нақ очлик эрур,
Фароғат, севинчи машаққат эрур.
5283. Элиг, қаттиқ кураш нафсинг билан сен,
Унга изминг бериб, қувонтирма сен.
5284. Ҳаммадан ёмонроқ ёғи шу эрур,
Яхшилик қилсанг гар, ёмонлик қилур.
5285. Вафо қилсанг жавоби бўлгай жафо,
Жафо қилсанг агар у қилгай жафо.
5286. Нафсингни хор айла, иззат топар жон,
Бег бўлар билиминг, ақл-заковат хон.
5287. Бу дунё ёғидир, нафсинг бир ёғи,
Бу икки ёғининг тайёр тузоғи.
5288. Бахтингдан талтайиб, бўлмагин мағрур,
Ҳаётга ишонмай юз бурмоқ зарур.
5289. Шон-шавкат, улуғлик вақтинча – ўтар,
Бу давлат ўти ҳам барибир ўчар.
5290. Не дейилган эшит, эй насли тоза,
Меҳрибон зот сўзи фойдадир роса:
5291. Бегликка сен ортиқ мағрур бўлмагин,
Ўзингни тийиб ол, кибр қилмагин.
5292. Чиқинди бил дунёни, қувгин нари,
Ҳақ бергай бу ёқда неъматларбарин.

5293. Яхши танла уч тоифа кишини,
Сўнгра топшир уларга ўз ишингни.
5294. Бири – қози, покдомон, зийрак бўлсин,
Ҳам тақводор, эл ундан қойда кўрсин.
5295. Иккинчиси – ишончли, содиқ ҳоким,
Токи халқ яшасин, бахтиёр, сокин.
5296. Учинчиси – вазир бўлсин чин инсон,
Ундан элу юртга наф етар чандон.
5297. Гар бу ишлар одами одил бўлар,
Элнинг куни фараҳли, ёруғ бўлар.
5298. Юрт равнақ топади, бойигай халқинг,
Эзгу дуо бирла ёдланар ҳақинг.
5299. Бу уч ишда бўлса, гар нобоп киши,
Расво бўлгай элу юртнинг иши.
5300. Бунга монанд келди сўзларим тингла,
Эй хушчирой, унинг маъносин англа.
5301. Вазирлар бегларни етаклагувчи,
Номин улуғлаб, элин гуллатгувчи.
5302. Гар вазир жиловни терс бурса ҳар он,
Ҳамма иш тескари бўлади чандон.
5303. Бу дунё неъмат тўла бир дастурхон,
Ундан тотинади ҳар битта инсон.
5304. Биздан қанча авлод келдилар,
Бу неъматдан тотиб ўлиб кетдилар.
5305. Машҳар кунин кутиб ётарлар ҳамон,
Чорлашар, борармиз биз ҳам бегумон.
5306. Янги бир авлод бор – қориндагилар,
Улар ҳам бу неъмат тотгани келар.
5307. Бизнинг кетишимиз кутади улар,
Биздан сўнг у томон кўчади улар.
5308. Бу неъмат бугун бизга насиб этмиш,
Тангри токай бергай енгил-бош, емиш.
5309. У томон чақирар бизни ўлганлар,
Кет дея ҳайдайди туғилмаганлар.
5310. Бири жой кутиб ҳайдар, бири чорлар,
Ўртада кимлар ҳаловат топарлар.
5311. Элиг ғофил бўлма, ўйланма узоқ,
Тадбирин излама, қолмайсан узоқ.
5312. Ҳаромга қўшилма, ўзингни асра,
Ҳаромдан бўлади дил қора, расво.
5313. Тақвадор бўлайин десанг ҳукмдор,
Ҳалол е ва ҳалолга бўл ҳиссадор.
5314. Эшитгин нима дер ҳалол еган эр,
Тақвадорлар оши ҳалол деган эр:
5315. Ҳалол еган Ҳаққа қилмайди ёзуқ,
Ҳалол е, ҳалоллик ертанги озиқ.

5316. Кимнинг томоғи-ю, эгни бўлса пок,
Гуноҳи аригай, жисми бўлгай пок.
5317. Поклик истасанг, тамоқни покла сен,
Нафи дарё бўлар, тамоқ покласанг.
5318. Ўзинг эмас, кўзда доим эл нафин,
Элнинг нафи ичра биргадир нафинг.
5319. Нима дер эшитгин улуғ кент беги,
Барча ишга етган ақлу идроги.
5320. Бег – қут, элни бахтли этмоғи керак,
Бахт топиб, эл қорни тўймоғи керак.
5321. Беглар мисли туби инжули денгиз,
Сувга кирган бой бўлмоғи шарт тенгсиз.
5322. Беглар тоғдир, олтину кумушга кон,
Бойиши муқаррар, ким қазиса кон.
5323. Бегдан фойда келсин ҳам саҳий бўлсин,
Олам аҳли у туфайли тўқ бўлсин.
5324. Юрт боши, қуёшдек нур соч чароғон,
Ризқин топиб есин юрт шодон.
5325. Омонат юклади бўйнингга Худо,
Ҳисобин сўрайди, тўғри қил адо.
5326. Элиг, четдан назар солгин ўзингга,
Мунча мол-мулк йиғасан ўзингга.
5327. Денгиздаги гавҳарлар оз туюлар,
Шода инжу хазинангга қуйилар.
5328. Ер остида олтин-кумуш – не бўлса,
Истайсанки, хазинангга жам бўлса.
5329. Тоғ бағрида бўлса неки жавоҳир,
Қазиб улгуролмас қанча баҳодир.
5330. Ер юзида битган жамъи донки бор,
Йиғиб тўктирасан, тўлмайди омбор.
5331. Парранда, дарранда, сувдаги балиқ,
Сендан қутилолмас, эй қаҳри қаттиқ.
5332. Карвонларинг юрар оламни кезиб,
Улар мўйна, шойи беради кесиб.
5333. Румий кимхоп, дунёнинг тансиқ мулки,
Оқиб келаверар, кўпаймас мулкинг.
5334. Кавал този (1), бўктал (3), арқунга (3) ана,
Оғил тўлди, тўймайди кўзинг яна.

2. Кавал този – арабий от.
3. Бўктал – орқа сарғиси кенг от.
4. Арқун – ёввойи отдан наслланган учқур от.

5335. Зотдор туяларни жамул жам этдинг,
Яйлов оту хачирга тўлиб кетди.
5336. Тоғ-тош адирларда мол адоғи йўқ,
Қулу хизматчининг сон-саноғи йўқ.
5337. Терскайда ўтлайди саноқсиз қўтос,
Яйловда сигир, буқа гурас-гурас.
5338. Тоғларда чопиб юрган учқур серка,
Қочиб қутулолмас биронта така.
5339. Тоғда юрган эчки, буғу, оқ кийик,
Сенинг учун адо бўлмас егулик.
5340. Таками, кулонми тушса тузоққа,
Дарров келтиргайлар уни бу ёққа.
5341. Бўри, тулки, тўнғиз, айиқ, арслон,
Ўққа учар овда дуч келган замон.
5342. Оққуш, турна, соқақуш, юғоқ бўлсин,
Ё тўй, ё юкдик, ё тудлич, қоқ (5) бўлсин.

5. Юғоқ, тўй, юкдик, тудлич, қоқ – ёввойи қушлар

5343. Кўкда учган қирғий, жўр галалари,
Сендан қутилолмас уларнинг бари.
5344. Қанотли қочолмас, олар қушларинг,
Юролмас оёқли, тутар итларинг.
5345. Оталилар ёлғиз, отасиз қолар,
Оналилар етим, онасиз қолар.
5346. Бу дунё барчаси фақат сен учун,
Ўзинг тугайсану тўймайсан нечун.
5347. Нафсингу ўзингга сен бино қўйиб,
Бунча дунё йиғдинг, кетарсан қўйиб.
5348. Не қойда йиққаннинг бойлик конини,
Томир кесиб, ажал олар жонингни.
5349. Назар солсанг барча одам суқ эрур,
Оч кимсалар билмам қачон тўқ бўлур.
5350. Нима дер эшитгин кўзи тўқ киши,
Кўзи тўқлик эрур бойликнинг боши.
5351. Суқ киши дунёни олса-да тугал,
Бой деб бўлмас уни билгин ҳеч маҳал.
5352. Камбағал аталади асли гадой,
Кўзи оч гадодир, бўлса ҳамки бой.
5353. Суқ кишига бойликнинг фойдаси йўқ,
Раҳминг келсин кўзи очга, кўнгли тўқ.
5354. Кўзи очга дунё насиб этмагай,
Бахтлидир ким борга қаноат этгай.
5355. Суқнинг кўзи мол-дунёга тўймайди,
Кўзга тупроқ тўлмагунча қўймайди.
5356. Эй элиг, шудир менинг билганларим,
Ва баён этдим неки уққанларим.
5357. Дилда борин айтдим, эшитдинг ўзинг,
Кўнгил англаб етса, очилгай кўзинг.
5358. Амал қилсанг фойда тегади ахир,
Гар амал қилмасанг юк бўлар оғир.
5359. Ақл-ҳушли нима дер, қулоқ сол унга,
Қулоқ солсанг панд-насиҳат у сенга.

5360. Насиҳат одамга кони фойда бил,
Ким тинглаш истаса, панд-насиҳат қил.
5361. Кимга ҳазм бўлмаса панду ўгит,
Қўшилма, қўявер, есин ёнар ўт.

ЭЛИГНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

5362. Бу сўзларни тинглаб, оҳ урди элиг,
Деди: Сен оқилсан, ҳавас қилгулик.
5363. Топибсан, эй ҳушёр, роҳат, фароғат,
Бу беглик мен учун ташвиш, касофат.
5364. Мен энди тушундим, очилди кўзим,
Ёнар ўтга отибман-ку мен ўзим.
5365. Ҳақ йўлдан озибман, билмай, эй улуғ,
Баён этдинг менга ҳақ йўлни тўлуғ.
5366. Ўдғурмиш ҳақимга холис қил дуо,
Тавфиқ берсин эзгулик учун Худо.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

5367. Ўдғурмиш жавоб айлаб деди бегга,
Худо тавфиқ бериб етгин тилакка.
5368. Ақл бирла кибр-ҳавони босиб ол,
Ҳавога берилган бўлади увол.
5369. Сени хароб айлар ҳузур-ҳаловат,
Нафсингни тиймасанг келар фалокат.
5370. Бу дунё кўҳнадир, жуда ҳам қари,
Қанча бегни кўрди кетказди нари.
5371. Сенингдек не бегни қаритган маккор,
Сени ҳам кўп тирик қўймагай зинҳор.
5372. Улар ўтди, сенга қолди бу жой, кўр,
Вақтни зое қилма, ҳозирлигинг кўр.
5373. Ўлимни унутма, эй элиг, уйғон,
Тез келади қазо, қилмагин гумон.
5374. Кимлигинг унутма, элиг, хушёр юр,
Ўзлигинг унутсанг, аслинг эслаб кўр.
5375. Бу икки нарсани унутса инсон,
Тўғри йўлдан озиб кетади чандон.
5376. Нима дер эшитгин ўзин билган эр,
Ҳавасни ақлга тутқун қилган эр:
5377. Ўлимни унутма, яқин мисли кўз,
Ўзлигинг унутма, сақлай билгин юз.
5378. Сувдан яралгансан, сира мен дема,
Кибрни қўй, аслинг сувдек бир нима.

5379. Пистирмада турар кўринмас ўлим,
Агар чиқса, адаштирмас ҳеч йўлин.
5380. Мушкулот бўлмаса тирикка агар,
Ўлимга бир боқиш кифоя этар.
5381. Ўлим заҳри кифоя этарди, бироқ,
Қора ер қатида бордир чиримоқ.
5382. Бундан бошқа яна ишлар кўп эрур,
Қазо етса кўрмоққа тўғри келур.
5383. Бу ҳолни била туриб ақл-ҳушли эр,
Қандай тинч ухлаб, хотиржам овқат ер.
5384. Нима дер эшитгин билим бергувчи,
Илм-ла ҳимматин баланд тутгувчи:
5385. Ҳимматингни баланд, ниятни қил туз,
Бу дунёдан воз кеч, ундан умид уз.
5386. Бу дунё – зиндон, ичи тўла илон,
Буни қўй, нурафшон дунёга боғлан.
5387. Қора ерга ўра жонинг оқибат,
Қора ер ёпинчиқ бўлар охират.
5388. Бу дунё бир зиндон, қоронғу қудуқ,
Балою машаққат ҳам унда тўлуқ.
5389. Не фароғат истайсан зиндон аро,
Қандай орзу бўлгай, ақлингга қара.
5390. Қўйгин бу арзимас, қора тупроқни,
Боқий макон изла, ташла саробни.
5391. Чанг-тўзон ғубордан нари тут ўзинг,
Покиза маскан иста, очгин кўзинг.
5392. Неча минг яшама, охири ўлим,
Келиб албат тутар, эй порлоқ куним.
5393. Мол-дунё кўпайса ортар бош оғриқ,
Эй мардон, бойликнинг ташвиши ортиқ.
5394. Инсон минг йил яшаб, тиласа тилак,
Орзу тугал бўлмас кўнгилдагидек.
5395. Қулоқ солгин кўнгли пок, не дер қара,
Даврон ўқи бирла юраги яра:
5396. Минг йил яшаб, тилакка етса тамом,
Инсон орзуси ушалмас батамом.
5397. Тугал бўлса дейди инсон ал омон,
Орзуси ушалса, кетгай у томон.
5398. Сира фойда йўқдир бил кўп сўзлашда,
Ҳайратда ажабланиб, кўр тинглашда.
5399. Фойдаси шундаки эшитган сўзин,
Ишга тадбиқ этса, тузатса ўзин.
5400. Кўп нарса сўзладим, эшитдинг тугал,
Фойда олгин ундан, қилиб сен амал.
5401. Кўп сўзладим, тилим жим туролмади,
Сўзим камаймади, қадрим қолмади.

5402. Тавфиқ берсин сенга Худо, эй элиг,
Барча яхшиликка етказсин илик.
5403. Тилакка етказиб, асрасин сени,
Дуода ёд айла, эй элиг мени.

………

5404. У гапини тугатиб турган эди,
Элиг яна бир оз ўлтиргин деди.
5405. Келтирди ноз-неъмат, турфа хил ошин,
Тотиб кўр, деди у, эй азизкиши.
5406. Қўл суниб Ўдғурмиш тотинди бир оз,
Еб-ичиб айлади кўнглин сарафроз.
5407. Дарров қўлин артди, ружу қўймади,
Шукр қилиб, Ҳақ отин тилдан қўймади.
5408. Ўдғурмиш қўзғалди ва берди салом,
Элиг ҳам кўрсатди унга эҳтиром.
5409. Ўдғурмиш хўшлашди қўлин узатиб,
Хурматин элиг ҳам чиқди кузатиб.
5410. У билан яна бир бор хайрлашди, кўр,
Элиг рухсат берди унга зўр-баъзўр.
5411. Тоғ томон йўл олди одимлаб илдам,
Ўгдулмиш эргашди бўлай деб ҳамдам.
5412. Йўлидан қайтарди уни Ўдғурмиш,
Амрига бўйсунди ночор Ўгдулмиш.
5413. Уйига қайтди у юраги вайрон,
Уйқу йўқ, дард-алам уради гирён.

…………..

5414. Бошини кўтарди, Шарқ томондан кун,
Олам оққу тусин олди бус-бутун.
5415. Бош кўтариб қуёш, қадди рос бўлди,
Олам мунаввар бўлиб, нурга тўлди.
5416. Фаришта юзидек ёришди жаҳон,
Оппоқ нурлар сочди тинмайин осмон.
5417. Худо фарзин адо этгач Ўгдулмиш,
Яратган Ҳолиққа шукрона айтмиш.
5418. Кўп ишларни ўйлаб, ҳаёлга толди,
Тўнин кийиб, қаср томон йўл олди.
5419. Элигни кўрмоқни ихтиёр этди,
Рухсат бериб элиг илтифот этди.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

5420. Ўдғурмиш ҳақида суриштирди хон,
Қанча тургани-ю, кетганин қачон.
5421. Яна айтди элиг: Эй Ўгдулмишим,
Аччиқ бўлди энди менга емишим.
5422. Бундан буён қандай яшашим мумкин,
Қаддим чўкди, энди руҳ синиқ, мискин.
5423. Не керак беглигу эл-юртнинг ғами,
Юрак томирин қирқди дард-алами.
5424. Лашкарсиз халқни ҳеч бошқариб бўлмас,
Давлат иши бир бегга қолса бўлмас.
5425. Ходим тутолмассан давлат бўлмаса,
Биров йиғилмагай мулкинг бўлмаса.
5426. Эшит, лашкар боши бўлган нима дер,
Ҳаётин бег учун фидо этган эр:
5427. Хазина-ю, қўшин бегларнинг кучи,
Иккиси билан одам олар ўчин.
5428. Иккиси туфайли бег бўлар хушбахт,
Иккови ҳам бўлса, юксалар тож-тахт.
5429. Қўшин йиғмоқ учун мол керак бўлар,
Мол-мулк йиғмоқ учун зўрлик – жабр бўлар.
5430. Биргина эгним бор, битта томоғим,
Не ҳожат зиммага мен юк олмоғим.
5431. Қанча фақир бўлмасин оч қолмас, бил,
Тирикдан ўч олмай қўймас ўлим, бил.

ЕТМИШИНЧИ БОБ
ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА МАМЛАКАТНИ
ИДОРА ҚИЛИШ УСУЛЛАРИНИ
АЙТГАНИ БАЁНИ

5432. Жавоб бериб Ўгдулмиш айтди: Элиг,
Ҳар бир ишга тадбир-ла ургин илик.
5433. Тилингдан ёмон сўз чиқарма, ёмон,
Буни Ҳақ хушламас, эй илми уммон.
5434. Бу бегликни олмагансан зўр билан,
Иноят айлади Ҳақ фазли билан.
5435. Сени қадрлаб, бегликни этди ато,
Эй оқил, шукрини айлагин адо.
5436. Қалбни тузат, ўзинг поклаб, тоат қил,
Меҳрибон бўл, халқингга адолат қил.
5437. Ақл бирла босгин ҳою ҳавасингни,
Билим бирла тутиб босгин нафсингни.
5438. Нима дер эшитгин таълим бергувчи,
Илм бирла балои-нафсни босгувчи:
5439. Тўғрилик истасанг, ҳавас бўйнин уз,
Ҳавас ўлса, жисминг, кўнглинг бўлгай туз.
5440. Ҳою-ҳавасга қул бўлма, қаттиқ тур,
Нафсу ҳавас дин душмани, нари юр.
5441. Нечун ўзинг ҳақир тутасан, элиг,
Чоғинг келар қилмоқ учун эзгулик.
5442. Изтироб чекасан бунчалар қаттиқ,
Не сабаб қиларсан ҳаётинг аччиқ.
5443. Хазина, ходиму лашкар етарли,
Ҳар бир ишга ақл-ҳуш билим етарли.
5444. Қўшинни қувонтир сен ҳадя ила,
Улардан ўзингга яхшилик тила.
5445. Нима дер эшитгин юраги довни,
Олтин-кумуш берсанг, у енгар ёвни.
5446. Қўл баланд бўлишин истасанг доим,
Кўнглини кўтаргин, шод бўлсин ходим.
5447. Қўшинни шод айлаб, тилагин тилак,
Ёв бош эггай, ушалгай барча тилак.
5448. Қўшинни кўпайтир, севинтир уни,
Ширин жонин бергай сенга бир куни.
5449. Кофир ёвни яксон эт лашкар била,
Таянчинг пок эрур, Ҳақдан куч тила.
5450. Қурол-яроғ, қўшинни кофирга бос,
Қирилса ҳам кофир имонга келмас.
5451. Уй-жойин ёқ, бутларин яксон этгин,
Ўрнига масжид жомеъ бино этгин.
5452. Ўғлини қул, қизини жория айла,
Мол-мулкин олиб хазинага жойла.
5453. Шариатни жорий эт, динни англат,
Ўзинг яхши бўлиб, эзгу ном тарқат.
5454. Муслимни ранжитма, теккизма илик,
Мусилмон Ҳақ паноғида, бил элиг.
5455. Мусилмон мусилмон билан қариндош,
Қариндошга тегма, доим меҳр улаш.
5456. Адолат қил халққа, роҳатлансин у,
Ҳақингга дуолар қилсин кўп эзгу.
5457. Бунинг ажрин бериб, шод этгай Баёт,
Элиг, икки оламинг бўлгай обод.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

5458. Элиг деди: Яхши айтдинг сен буни,
Истардим ўзим ҳам қилмоқни шуни.
5459. Бунга етмоқ йўли қай тарздир, эй эр,
Буни қилмоқ учун менга мадад бер.
5460. Юртни яшнатиб, элни поклаш керак,
Ички, ташқи ишни яхшилаш керак.
5461. Дўстларингни қувонтир эҳсон бериб,
Хушламасларни ҳайда таъқиб қилиб.
5462. Энг аввало эл-юртингни обод эт,
Ички, ташқи манзилларни сен пок эт.
5463. Қонун бирла халқингни йўриққа сол,
Яроқсиз неки бор, сен тузоққа сол.
5464. Нечук яшнагай эл, тузалмай ўзим,
Ишга иш қўшилди, юмилмас кўзим.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

5465. Жавобан Ўгдулмиш айтди: Ҳушёр бўл,
Пайсалга солмай ур бу ишларга қўл.
5466. Не учун пайсалга соласан ишинг,
Кечиктирма, ўтиб бормоқда ёшинг.
5467. Қилмасанг бугун эртага иш бўлар,
Ишга иш қўшилиб, кўп ташвиш бўлар.
5468. Бугунги ишни эртага қолдирмагин,
Қолган ишга қор ёғар, унутмагин.
5469. Эл-юрт ишин тузатиб тургин албат,
Эл-юрт билан бирга топгайсан роҳат.
5470. Ёмон бўлма, ёмонга ёмонлик қил,
Ёмонларни элингдан бадарға қил.
5471. Тўғри бўл, одил бўл, тузат феълингни,
Ёмонлар ғам ўзгартирар феълингни.
5472. Ёмон, бадҳулқ бўлса агарда киши,
Феълин тузатмаса, ўнгланмас иши.

5473. Ёмонга қўшилма, бало юзланар,
Яхшидан айрилма, ишинг ўнгланар.
5474. Нима дер тингла, кўнгли тўғри киши,
Дили, тили, феъли чиройли киши:
5475. Ёмонга қўшилма, тўғриликка кўн,
Тўғри-ю, эгрига бор ҳақиқат кун.
5476. Ёмонлик қилганга азоб бор кунин,
Тўғрига тўғри бўл ҳақиқат куни.
5477. Эй элиг, албат қўшин тўплаш керак,
Эл-юртни ифлосликдан поклаш керак.
5478. Лашкар, ходимга инъом бермоқ зарур,
Фақирни бой, очни тўқ қилмоқ зарур.
5479. Хизматчи мурувват умид қилади,
Умидини узса, турмас, кетади.
5480. Бир неча турли бўлар хизматчи ҳам,
Билиб тутмасанг йўлдан озар ҳар дам.
5481. Обрў истар улардан бири чунон,
Истагин қондиргин шод этиб чандон.
5482. Молу мулк истайди қай бири сендан,
Мол-мулк бер, жонини аямас сендан.
5483. Қай бири истайди мол-мулку шараф,
Оту тўн ҳам унвон қилади талаб.
5484. Жасур бўлса бергин аямай кумуш,
Қилич-ла шаҳар олиб, қилсин юриш.
5485. Билимли, ақлли, бўлса пок юрак,
Мол-мулк бериб қадрлашу қўллаш керак.
5486. Золим, ёмон бўлса, кўтарма уни,
Ҳукм измини берма, куйдирар сени.
5487. Кўтарма, бойитма, манман, ўктамни,
Ёғдиргай бошингга тугамас ғамни.
5488. Ботирлар ёбғуси не дейди уққин,
Эл бойиси бош эгмас, қаттиқ тутгин.
5489. Эй хуснихулқ ёмонларни бойитма,
Ёмонлар бойиса, яхшилик кутма.
5490. Қўли қисқа бўлса, ҳатто яхши ҳам,
Муҳтожлик феълини бузади бирдан.
5491. Яхши одам муҳтожликка тушса гар,
Яхшилигига тенг ниятин бузар.
5492. Тергаб тур ёмонни ҳамда тутгин хор,
Феълин тузаряхши, берсанг эътибор.
5493. Содиқни яқин тут ўзингга ҳар дам,
Уятсизни асло этмагин ҳамдам.
5494. Қай бири фойдали, зарарлиси ким,
Фарқлаб, танлаб олгин, эй доно ҳаким.
5495. Суяр-суймасининг фарқин билиб тут,
Суйганларга дўст бўл, душманларга ўт.

5496. Йироқ тут севинчинг тиламас кишин,
Ўзинг ҳам севма, бирма бирон ишинг.
5497. Садоқатни хиёнат билан қўшма,
Ярақлини яроқсиз билан тутма.
5498. Икки кишига тенг буюрма бир иш,
Ишон, қилинмай қолиб кетар бу иш.
5499. Ишингни иш билган кишиларга бер,
Иш қила олмаса, эзилиб ғам ер.
5500. Ишига завқланиб, ьераверма иш,
Ҳар кишидан наф кўриш учун тириш.
5501. Юрт нафин кўзла, ўз нафинг ҳам тила,
Фикринг банд этма, биров нафи ила.
5502. Нафи учун биров кўнглига боқма,
Эл нафин кўзла, ўзинг ўтга отма.
5503. Ким манфаат келтирса, сен ҳам бер наф,
Йироқ қил ўзингдан ким бўлса бенаф.
5504. Қадрла албат наф келтирар кишини,
Унга топшир сен керакли ишингни.
5505. Қиладиган зарур ишинг шу эрур,
Уни қилсанг эл-юртинг обод бўлур.
5506. Номинг яхши бўлса, бахтга ёрдирсан,
То қиёмат эл ёдида бордирсан.
5507. Юртинг обод бўлиб, бойийди элинг,
Хазина кўпаяр, тўпланиб молинг.
5508. Эшитгин, меҳрибон киши нима дер,
Меҳри билан сўзи айнан ўхшаш эр:
5509. Қай бир элнинг беги гар яхши бўлар,
Шу эл куни туғиб, шаксиз бой бўлар.
5510. Халқ бойлиги – юрт бойлиги, бил буни,
Истасанг уни тут, истасанг буни.
5511. Шаҳар, қишлоқлардан ўғрини арит,
Карвон йўлларида эминлик юрит.
5512. Эл ичида зўравонларни йўқ қил,
Ташқарида қароқчиларни даф қил.
5513. Жазо билан тузат ёмоннинг хулқин,
Ёмонга ёмонлик мос келар, билгин.
5514. Ёмонга бандилик ё зиндон керак,
Токи инсофга келсин, эй довюрак.
5515. Қанча мамлакату неча турли эл,
Йўлларин очиқ чил, улар фарқин бил.
5516. Улардан бири билка олим эрур,
Олимлар туфайли қут, давлат келур.
5517. Ҳурматла уларни, нима деса қил,
Шариат йўлин тут, буйин бер, эгил.
5518. Ҳақларин адо эт, бергин ош-тузин,
Эй доно, бечора сезмасин ўзин.

5519. Улар осойишта билим ўргансин,
Билимсизлар ақлу дониш ўргансин.
5520. Булардан кейин муҳтасиблар келур,
Улар кучли бўлгай, барака топгур.
5521. Фосиқ, бебошларни тергаб тутсинлар,
Масжид, жамоатни тўкис тутсинлар.
5522. Бошқаси хизматчи – топинувчилар,
Тергаб, қаттиқ тутмасанг қопувчилар.
5523. Улар юк кўтармас, улар ташвиши,
Сенинг Зиммангдадир, зафокаш киши.
5524. Булардан сўнг келар авом халқ – қора,
Уларга адолатла яхши қара.
5525. Булар уч тоифа, фарқ этмоқ зарур,
Зулм қилма, зулм қилсанг офат ёғилур.
5526. Булардан бир гуруҳи бойлар эрур,
Халқнинг кучлиси шулардир, эй жасур.
5527. Булардан бошқаси ўрта ҳол киши,
Улар қилолмайди бойларнинг ишин.
5528. Мискин фақирлар улардан кейин,
Уларни авайла, уларга қийин.
5529. Ўрта ҳолга топширма бойлар ишин,
Дарров бузилади ўрта ҳол киши.
5530. Фақирга юклама ўрта ҳол юкин,
У очдан ўлади, узилар кўки*.
5531. Фақир авайланса, ўрта ҳол бўлар,
Ўрта ўзин тутиб олса, бой бўлар.
5532. Фақир ўрта бўлса, ўрта бойигай,
Ўрта ҳол бой бўлса, эл-юрт бойигай.
5533. Элу юрт яшнагай, халқ ҳузур топгай,
Шу кезда халқингга дуолар ёққай.
5534. Нима дер эшитгин Уч Ўрду хони,
Ўлувчи, яхши ном истасанг, қани.
5535. Ким кетса қолдириб бунда яхши ном,
Дуолар ёғилгай унга бардавом.
5536. Ким ўлгач, дуола ёдланса номи,
Қайтадан тирилган бўлади жони.
5537. Хоҳ ер қаърида, хоҳ ер устида тур,
Яхши ном-ла шуҳрат топмоғинг зарур.
5538. Ўлсанг-да, қолсин албат яхши номинг,
Тан маҳв бўлар, яшагай мангу номинг.
5539. Сенда раиятнинг шарти бордир уч,
Ҳақинг адо эт, ишлатмасдан зулм – куч.
5540. Бири – мамлакатда кумушни соф тут,
Олтин-кумуш ишин назоратда тут.
5541. Бири – халққа ҳақ сиёсат жорий эт,
Бир-бирига зулм қилмоғини даф эт.

5542. Учинчиси, тинч қил ҳамма йўлларни,
Йўқот қароқчи, йўлтўсар зўрларни.
5543. Шунда зтагайсан раият ҳақин,
Сўнг тиласанг бўлгай ўзингнинг ҳақинг.
5544. Раиятда бордир сенинг уч ҳақинг,
Уларни талаб қил, очиб қулоғинг.
5545. Бири, ёрлиқларинг ҳурмат қилсинлар,
Нима бўлса, дарров бажо этсинлар.
5546. Иккинчиси, тутилмаса ғазна ҳақи,
Ўз вақтида тўласинлар, эй сахий.
5547. Учинчиси, ёғига ёғи бўлсалар,
Сени суйгувчини албат суйсалар.
5548. Шунда адо этарсан сен ўз ҳақинг,
Улар ҳам бажарган бўлади ҳақин.
5549. Бег шу зайил иш юритмоғи керак,
Раият ҳам шундай бўлмоғи керак.
5550. Бег яхшилигин кўрар шунда будун,
Бег шуҳратвор, роҳатда яшар бутун.
5551. Элиг булар сенинг давлату бахтинг,
Икки жаҳонда топган неъмат – нақдинг.
5552. Сўнг доно олимлар чин ихлос билан,
Барчага билим берсин ғайрат билан.
5553. Илки кучли бўлиб яна муҳтасиб,
Ёмонларни тийсин, эл-юртни кезиб.
5554. Эҳтиёт қилсин тожир омонатин,
Уста шогирдга қилсин насиҳатин.
5555. Деҳқон тадбир билан эксин донини,
Чорвачи кўпайтсин қирда молини.
5556. Энди қолди сенга хизмат қилгувчилар,
Бўри, ёвга қарши қўйилгувчилар.
5557. Буларни суйинтир сен эҳсон қилиб,
Чалғитма бошқа ишларга банд қилиб.
5558. Нафига яраша ҳурмат бажо эт,
Кучини оширу ўзини бойит.
5559. Ҳозирласин ёғи, бўрига қурол,
Қариндошга дўст бўл, душманга завол.
5560. Кўнгли тоза бўлсин дўсту эшларинг,
Поклангай, ўнглангай барча ишларинг.
5561. Сенга икки олам шодлиги бўлгай,
Эгамнинг раҳмати тинмай ёғилгай.
5562. Тўғрилик – адолат, тўғри бўл, тўғри,
Ниятга етгайсан, гар бўлсанг тўғри.
5563. Тўғрилигинг суйдиргай сени Ҳаққа,
Адолаттан бўлак иш қилма халққа.
5564. Кўнгли пок бу ҳақда нима дер, тингла,
Айтгани бу сўзга далилдир, англа:

5565. Тўғрилиги учун осмон ғоз турар,
Пойдорлиги-чун ерда гиёҳ унар.
5566. Турланма, тўғри бўл, кўнглинг тўғри тут,
Ҳар икки оламинг бўлар обод, бут.
5567. Эй элиг, менинг билганларим шулар,
Айтганларим ички, ташқи сир бўлар.
5568. Ҳар икки жаҳонда фойдаси бисёр,
Сўзларим шу эди, айтдим ҳукмдор.
5569. Гар қозонсанг бу дунёда яхши от,
Ҳар икки дунёинг бўлади обод.
5570. Бу дунё нарсаси бари қоладир,
Ўзинг ўлажаксан, яхши ном қолдир.
5571. Бунга менгзаб яхши сўз айтмиш доно,
Айнан мос келади ундаги маъно:
5572. Ўзим ўлсам ҳамки, яхши от қолсин,
Тирик охир ўлар, ном мангу қолсин.
5573. Фақат яхшилик қил, яхши ном тила,
Дунёда мангу қол яхши ном била.

………….

5574. Бу сўзларни тинглаб қувонди шодон,
Кўнгли ёришди-ю, завқланди ҳоқон.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

5575. Мақтаб олқишлади Ўгдулмишни кўп,
Дедиким, сен айтдинг билганингни хўп.
5576. Бундан буён гар тавфиқ берса Худо,
Айтган сўзларингни айлайин адо.
5577 Сендек ёрдамчини ато этди Ҳақ,
Яна не истасам айлар муваффақ.
5578. Худо берсин орзу-тилагинг сенинг,
Умидимни тугал оқладинг менинг.
5579. Меҳрибон бўлиб сен, эй кўнгли яқин,
Ёрдаминг қилавер, адо эт ҳақинг.
5580. Сендан гумоним йўқ, ишонгум ўзим,
Фикрингни яширма, кўркам юзлигим.
5581. Сен нурли қуёшим – куним ёриди,
Сен туфайли менга давлат дориди.
5582. Беҳад яхши айтмиш кўнгли пок киши,
Тили билан дили бир бебок киши:
5583. Дил кимга ишонса, уни кўзгу қил,
Кимлигинг билиш-чун боқиб тур,оқил.
5584. Меҳрибон киши ўзгача кўзгу бўлар,
У билан феъл-атвор тузатса бўлар.

5585. Яқин бўлса кимнинг кўнгли кимга чин,
Унга ишонгулик яқин бўлса чин.

5586. Ишончли кишига сўз айтса бўлар,
Унинг сўзига амал қилса бўлар.

………

5587. Ўгдулмиш эшитгач, элигнинг сўзин,
Суюнди, қувончдан чақнади кўзи.
5588. Гапларин тугатгач, элиг ўй сурди,
Ўгдулмиш ҳам аста ўрнидан турди.

……………….

5589. Шундан буён элиг тинчин тарк этди,
Кўп заҳмат чекиб, эин обод этди.
5590. Ёмонларни қувиб, этди у йироқ,
Яхшиларни қилди ҳамкору ҳамроҳ.
5591. Юрти фараҳ топди, покланди эли,
Фароғатда кечди куну ой, йили.
5592. Ҳаёт бўлди элнинг нафидан тотли,
Кунлар ўтди севинчда фароғатли.
5593. Беҳад қадрлаб элиг Ўгдулмишни,
Ишониб топширди барча юмушни.
5594. Шу зайилда бир муддат яшади у,
Ҳасрат чекиб, дард-алам ошади у.
5595. Боқиб, ўйлаб кўрди ҳар битта ишин,
Тириклик, йигитлик зое этмишин.
5596. Ёришиб кетди бирдан кўнгил, кўзи,
Қаст қилди қайтадан поклашни ўзин.

Изоҳ:
Кўки – томири

09

YUSUF XOS HOJIB
QUTADG’U BILIG
Qadim turkchadan Emin Usmon tarjimasi
07

OLTMISH YETTINCHI BOB
O’DG’URMISHNING O’GDULMISH HUZURIGA
KELGANI BAYONI
091
5011. Asta-asta yurib kelmish O’dg’urmish,
Peshvoz chiqib, kutib oldi O’gdulmish.
5012. Qo’l olishib, salom-alik qildilar,
Ikkala pok inson uyga kirdilar.
5013. Yedirib, ichirdi, to’rdan joy berdi,
Odam yo’llab, eligga xabar berdi.
5014. Elig darrov bunga javob yubordi,
Shod bo’lib, saroyga taklif yubordi.

OLTMISH SAKKIZINCHI BOB
KUNTUG’DI ELIGNING O’DG’URMISH
BILAN KO’RISHGANI BAYONI

5015. Ikkovlon yo’l oldi saroyga darhol,
Elig qarshi oldi ularni xushhol.
5016. Salom berdi qo’li ko’ksida elig,
Zohid darrov salomga oldi alik.
5017. Zohid-la qo’l olishib, so’rashdi u,
Yuzi yorishib, ahvol so’rashdi u.
5018. Joy ko’rsatdi to’rdan o’ziga yaqin,
Namoyon ayladi mehribonligin.
5019. Ey O’dg’urmish ko’p zahmat chekding, dedi,
Yayov yurib kelmog’ing shartmi edi.

O’DG’URMISHNING ELIGGA JAVOBI

5020. Javoban O’dg’urmish aytdiki: Hoqon,
Zahmatni unutdim seni ko’rgan on.
5021. Saroyga keldim o’zim talab aylab,
Bu zahmat nechun meni xarob aylar.
5022. Kishi o’z tilagin izlasa borib,
Orzusi ushalar, qolmaydi horib.
5023. Ne der eshit, botirlarning yobg’usi,
Mardlik bilan nomin elga yoygusi:
5024. Ko’ngil istasa bas, yaqin yiroq ham,
Tilagiga darrov yetadi odam.
5025. Doim umid bilan tashlansa qadam,
Omad unga doim bo’ladi hamdam.
5026. Ko’ngil chopmagan yerga qo’ysa oyoq,
Garchi behad yaqin, bo’lgay u yiroq.
5027. Piyoda yuruvchi ko’p zahmat chekar,
Dil tortib yo’l yursa, mashaqqat ketar.
5028. Ko’ngil tortib keldim huzuringa men,
Nechun zahmat chekay, o’ylab ko’rgin sen.
5029. Ko’ngil kimni suysa, talpinsa, boqqin,
Olis masofa ham tuyilar yaqin.

ELIGNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

5030. Elig aytdi: So’zlashdan avvl senga,
Aytar gapim bordir, javob ber unga.
5031. Sen o’z xohshing bilan kelding bu yon,
Lekin sir-sanoat bo’lmadi ayon.
5032. Bilursan, salom fazli behad ulug’,
Kim oldin salom bersa, bo’lgay qutlug’.
5033. Meni ko’rib salom bermading nechun?
Bu fazil savobin olmading nechun?

O’DG’URMISHNING ELIGGA JAVOBI

5034. O’dg’urmish javoban aytdiki: Salom,
Atay bermadim men, qilib ehtirom.
5035. Insoniy taomil bilsang bu salom,
Omonlik poydevorin qurar salom.
5036. Salomdir kishiga tinchlik, omonlik,
Salom birla ko’rmagay jon yomonlik.
5037. Bunga g’oyat mos kelmishdir ushbu so’z,
Yaxshilab quloq sol, ayo ko’ngli tuz:
5038. Omonlik topadi salom berguvchi,
Salomat bo’ladi alik olguvchi.
5039. Salom kishi sharri uchun qalqondir,
Alik olgan bu balodan omondir.
5040. Ulug’dan kichikka lozimdir salom,
Shunda barcha ishlar hal bo’lar tamom.
5041. Kichik tutsa, qilsa ulug’lar so’zin,
Tinch yashagay, salomat bo’lgay o’zi.
5042. Kichik emin bo’lsin ulug’ sharridan,
Va omonlik topsin uning xayridan.
5043. Mendan begga ziyon yetgaymi biron,
Kichikman, kichiklar bo’lgay beziyon.
5044. Elig qo’li uzun, barchaga yetar,
Gar qovoq uysa, ne istasa qilar.
5045. Ilmi teran, etibor bersang, avom,
Shu bois beglarga bermaydi salom.
5046. Sen meni avvalo xizmatga chorlab,
Huzuringa da’vat etding orzulab.
5047. Rad etdim taklifing, sira ko’nmadim,
Aldoqchi dunyoga ko’ngil bermadim.
5048. Ziyoratga chaqirding, fikring bo’lak,
Ishonib keldim men, ezgudir tilak.
5049. Sendan iymanardim, cho’chir edim, xon,
Saloming omonlik bo’ldi begumon.
5050. Avvalgi gapiga qaytadi albat,
Deya iymanardim sendan men behad.
5051. Endi senga butkul ishondim, elig,
Xayringdan keladi albat ezgulik.

ELIGNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

5052. Elig aytdi: Begga yarashmas aslo,
Gapidan qaytsa u bo’ladi rasvo.
5053. Qo’li uzun, ulug’lik bo’lar bekor,
Gapidan qaytsa u agarda bir bor.
5054. Jahonga hukmdor bo’lmasin ul kishi,
Agar so’zi yolg’on, elga zulm ishi.
5055. Nechuk beg bo’ladi yurtga u ulug’,
Tili yolg’on aytsa, qo’l bo’lsa quruq.
5056. Bu haqda bilimda yaxshi so’zlanmish,
Kim yolg’onchi undan qsht qochar emish.
5057. Odamning yomoni yolg’onchi erur,
Yomonning yomoni va’daboz erur.
5058. Behad yaxshi aytmish to’g’ri so’zli er,
To’g’ri so’z kishiga Haq bersin ajir.
5059. Rostgo’y bo’lsin beg, so’zidan qaytmasin,
Beburdlarni birov odam demasin.
5060. Mardlar aytgan so’zlaridan qaytmaslar,
So’zdan qaytguvchini erkak demaslar.

O’DG’URMISHNING ELIGGA JAVOBI

5061. Javoban O’dg’urmish aytdi: Ey elig,
Bu yaxshi ishlarga yetkazdi ilik.
5062. Bundan ham ziyoda etsin Xudoyim,
Go’zal sifat, fazilat, xulqi doim.
5063. Beglar elning sarasi asli o’zi,
Asil bo’lsin fe’li-yu, aytgan so’zi.
5064. Ilmli zot ta’lim berib, shunday degay:
Beg yaxshi, odil bo’lsa, el boyigay.
5065. Nima der eshitgin oppoq sochli er,
Dunyoni ko’p ko’rgan ulug’ yoshli er:
5066. Felingni yaxshi qil, dunyo tutguvchi,
Bu baxt kelguvchidir yana ketguvchi.
5067. Harakat qilib sen qozon yaxshi ot,
Baxtda vafo bo’lmas, bir kun qilar yot.
5068. Yomonlik qilmagin sohibi qudrat,
So’zu ishda yaxshilik qilgin albat.
5069. Bu beglik, ulug’lik yaz burar bir kun,
Yaxshilik yuz burmas, ey mard, kunu tun.
5070. Xalq xizmatin qilib, bugun top savob,
Bir kun yaxshilikka bo’ladi javob.
5071. Yel kabi o’tadi tiriklik kuni,
Baxt ishonchsiz, sovuradi umringni.

ELIGNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

5072. Elig aytdi: Ey ilmi daryo, oqil,
Istagim, yaxshilik eshigin ochgil.
5073. Seni chorlash boisi shudir faqat,
Ko’nglim to’qi, hamdamim bo’l hamma vaqt.
5074. Pand-nasihat ayla, ko’rsat to’g’ri yo’l,
Ezgulik yo’lini mahkam tutsin qo’l.

5075. Atrofda odam ko’p, nafsini o’ylar,
Bir sodiq topmadim, el g’amin ko’zlar.
5076. Beglar orzusiga yetar, topar ganj,
Lek topolmas ko’ngildagidek tayanch.
5077. Bu dargohda yurar sanoqsiz odam,
Kunimga yarari yo’qdir biron ham.
5078. Bunga monand kelar ushbu bayt, oqil,
Anglay desang ma’nosiga sen boqqil:
5079. Ko’p erur odamman deguvgi soni,
Birovga manfaat berguvchi qani?
5080. Tumanning ishini qilar bir kishi,
Bir ishni qilolmas ba’zan ming kishi.
5081. Elig aytdi yana: Ey O’dg’urmish sen,
Haq karam, fazliga doxil bo’lmishsen.
5082. Nomingga yarasha xulqing ham butun,
Tugal qilsin Egam tilagu quting.
5083. Xudo berganidan aylagin in’om,
Qalb uyg’onib, nafsim o’lsin batamom.

O’DG’URMISHNING ELIGGA JAVOBI

5084. Javob berib O’dg’urmish aytdi: Ey beg,
Sirtim ko’rsang binoyi maqtagudek.
5085. Gar ichimni bilsang, ey zoti oliy,
So’kib haydar eding sen kaltak olib.
5086. Zohidlik sifati menga ot bo’ldi,
Bu nom ibodatning balosi bo’ldi.
5087. Shashtdan qaytarguvchi shu otim erur,
Shu ot sabab nafs eshigi berk bo’lur.
5088. Bir do’kon bezadim, ko’rsin odam,
Unda tijorat yo’q, foyda sira ham.
5089. Sirtiga boqmagin, elig kishining,
Botiniga boqqin har bir ishining.
5090. Sirti qancha go’zal bo’lsa qovunning,
Hidi, tusi ma’qul gar uning.
5091. Ta’m bo’lmasa agar unda yegulik,
Ey ziyrak, uni darrov tashlaguvlik.
5092. Xushyor zot nima der, quloq sol unga,
Iching beza, zeb bermagin sirtingga.
5093. Har narsaning gavhari igda bo’lar,
Ichi bo’sh doim quruq savlat bo’lar.

ELIGNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

5094. Javoban aytdi elig: Ey pokdomon,
Iching ham sirtingdek pokdir begumon.

5095. Yuking yengillatding dunyoni qo’yib,
Men esam tutuldim, dunyoni suyub.
5096. Bu dunyo ishlari band etdi meni,
Ibodat qilmoqqa bir imkon qani?
5097. Pand-nasihat qilgin, bir oz o’nglanay,
Qut bersin so’zlaring, O’zim poklanay.

O’DG’URMISHNING ELIGGA JAVOBI

5098. Ayo beg, deb javob berdi O’dg’urmish,
Yaxshilikka yaxshilik bilan yetish.
5099. Odamlar ichida yovuzi tengsiz,
Deb bilgin meni sen, bilimi dengiz.
5100. Insonlar yomonin izlasang har vaqt,
Mendan yomonrog’in topmassan hech vaqt.
5101. Mening senga nechuk naf bergay,
O’gitlarim qanday foyda keltirgay?
5102. Umidim uzmadim Haqdan sira ham,
Gunohni kechguvchi o’zidir Egam.
5103. Nima der eshitgin gunohkor quli,
Aybin bilib, uzrin aytadi tili:
5104. Gunohkor, jafokash qulingman, evoh,
Nazar solsang, turgan-bitganim gunoh.
5105. Sendan bo’lak yo’qdir sig’inar Egam,
Qutga yo’llab, kechgin gunohimni ham.

ELIGNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

5106. Javob berdi elig: Ey xushyor, ana,
Bu sifat oshirdi qadringni yana.
5107. O’zingni yomon deb bilganing uchun,
El aro yaxshi nom qozonding bu kun.
5108. Til, ko’ngling poklading, poklanding o’zing,
Menga o’git bergin, naf bersin so’zing.
5109. Ey ezgu fe’lli, ishlari ishonchli, chin,
Mehr ko’rsatib menga, bir o’git bergin.
5110. Ezgulik kalitin Haq bermish senga,
Ey oqil, bu yo’lni ko’rsatgin menga.
5111. O’git berib, to’g’ri yo’lga sol meni,
Xudo ajir bersin qiyomat kuni.

OLTMISH TO’QQIZINCHI BOB
O’DG’URMISHNING ELIGGA
PAND NASIHAT-QILGANI BAYONI

5112. Javoban O’dg’urmish aytdi eligga,
Yetkazsin Haq seni barcha tilakka.
5113. Bu mash’um, ichi bo’sh, o’tkinchi jahon,
Beglarni qaritdi, o’zi navjuvon.
5114. Sendek qancha begni suyub o’tkazdi,
Endi senga navbatini yetkazdi.
5115. Sen unga astoydil ko’ngil bermagin,
Vafo aylamaydi, umid qilmagin.
5116. Senga o’git lozim emas, ey hoqon,
Falakning ibrati kifoya, inon.
5117. Sendan avval o’tgan dunyo tutguvchi,
Qayga ketdi, qani qudrati, kuchi?
5118. Ular qayga ketganin o’ylab boqqin,
Yaqindir sening ham, beg ketar vaqting.
5119. Senga tegdi endi bu beglik taxti,
Umring zoe etma, tez o’tgay vaqting.
5120. Ularga nima naf yetkazdi, bilgin,
Ne huzur oxiratda – shuni qilgan.
5121. Nedan afsus chekdi so’nggi nafasda,
O’shandan nari tur, ezgulik ista.
5122. Yaxshi fikr aytgan bilimdon, oqil,
Dononing fikrini inju, yoqut bil.
5123. O’lik ko’rganlar ham qolmas hech mahal,
O’limga inon, bo’lma xulqi dag’al.
5124. O’lim haqdir, es-hushingni yig’ib ol,
Hayot o’tkinchidir, undan ibrat ol.
5125. G’ofillikda yurgan, ey orzu quli,
O’lim bosib kelar tutgani qo’ling.
5126. Kechirgan kunlaring eslab ko’r bu kun,
O’ylab ko’rsang tushdek o’tmish bus-butun.
5127. Qilgan bo’lsang agar biron ezgulik,
O’zinga topgansan ajir mangulik.
5128. Behuda o’tkazgan bo’lsang hayoting,
Endi tun-kun yig’lab, aytarsan doding.
5129. Bu umrni doim istab, topib bo’lmas,
Yigitlik quvvati hech qaytib kelmas.
5130. Zoe qilma har kuning g’animat bil,
O’limga hozirlan, toatga shoshil.
5131. Eslab ko’r, sendan avval ulug’ hoqon,
Otang podshoh bo’lib, surgandi davron.
5132. Xazina, dabdaba, lashkari bisyor,
Orzusi ushaldi, tole’ bo’ldi yor.

5133. O’lim olib ketdi, bitgach paymoni,
Jonga oro kirmadi shuhrat-shoni.
5134. Otang o’tdi-ketdi, qoldi senga pand,
Otang pandin tutsang bo’lgay asal, qant.
5135. Bunga mos keladi eshit ushbu so’z,
Undan foyda yetar, bular senga ko’z:
5136. O’lar chog’i balki aytgandir hoqon,
Xushyor boq olamga, g’aflatdan uyg’on.
5137. Qazo yetdi, navbat kelgay senga ham,
Tirishgin, yaxshi nom qozongin har dam.
5138. Ota-ona o’limi ko’p yomon hol,
O’g’il-qizga nasihatdir, uqib ol.
5139. Otayu-onangni qo’ymadi o’lim,
Seni ham qo’ymagay, bilib qo’y birzum.
5140. Zulmkor dunyo ularga jafo qildi,
O’zgarib senga senga vafo qilarmidi?
5141. Aziz bil hayotni, zarur ishga sol,
Ehson berib elga, savobini ol.
5142. O’tar kundan ulushingni ol har on,
Tayyor bo’lgin, ado etar bu davron.
5143. El-yurt yukin zimmaga olding qo’rqmay,
Xalq ishi-chun xushyor tur, g’ofil bo’lmay.
5144. Huzuringda och bo’rilar jamul jam,
Qo’ylaringni ehtiyot qil juda ham.
5145. Gar yurtingda biron kimsa qolsa och,
Hisobini so’rar Olloh, ko’zing och.
5146. Ey elig, yonarsan sen shamga monand,
Nuringdan o’zgalar bo’lgay bahramand.
5147. Hayoting tugasa, yetilsa yoshing,
Foydasi tekgaymi biron bir kishin.
5148. Odamlar deb o’zing o’tga otmagin,
Ular uchun zo’rlab o’zing yoqmagin.
5149. Bu beglig, ulug’lik qolib ketadi,
O’lim kelib eshik ochsa, yitadi.
5150. Odil bo’l, adolat-la siyosat tut,
Adolat-la beglik sobit hamda but.
5151. Ilmi ziyod yaxshi ta’lim bermish, ko’r,
Gapiga amal qil, to’g’ri yo’ldan yur.
5152. Makamlash istasang beglik asonin,
Adolat yo’lini tutgin asosan.
5153. Topishni istasang agar oxirat,
Adolat yo’lini tutgin oqibat.
5154. Begman debon o’zing osmon chog’lama,
Bu dunyo bevafo, umid bog’lama.
5155. Bu dunyo, baxtingga ishonma ortiq,
U bevafo, ishonchsiz haddan ortiq.

5156. Ey elig, muhtasham o’rda, qasr, saroy,
Vaqtincha berilgan bir qo’nalg’a joy.
5157. Sendan avvalgilar qo’nib o’tdilar,
Xopdan uyg’onmasdan uxlab ko’chdilar.
5158. Senga tegdi endi bu o’rda – o’rin,
Ko’chingni yuborgin o’zingdan burun.
5159. Bu manzilda qurdirma qasru saroy,
Seni omon qo’ymas o’tuvchi yil, oy.
5160. Borar joying aniq, puxta o’ylab ko’r,
Yaxshilik bilan sen shu joyga taxt qur.
5161. Mening deb o’ylarsan bu qasr, biroq,
Aqlga xilofdir bugaping mutloq.
5162. Eshit, bunga qarshi aqlu hush ne der,
O’ylab ko’rsang, bu gap chin, ey bahodir.
5163. Aytarsan, men hokim, bu narsa mening,
Nega unday deysan, bu nechuk sening?
5164. Keyingilar der: Vaqting bitdi sening,
Men kutib turibman, bu joylar mening.
5165. Ey olam hokimi, bu dunyo zindon,
Unda dardu alam aylagay gumdon.
5166. Zindon aro izlamagin sen sevinch,
Faqat jannatdadir sevinchu ovunch.
5167. Betayin huzurni huzur bilmagin,
O’tkinchi sevinchni sevinch demagin.
5168. Saodat beqaror, jim turmay qochar,
Yiqqan narsalarning to’zitib sochar.
5169. U dunyoni bilgin abadiy makon,
Unga yuzingni bur, qo’yib bu jahon.
5170. Qut, farog’at boqiyligini tila,
Boqiy rohat kelgay mashaqqat bila.
5171. Xudo fazliga boq, o’ylab fikr qil,
Yaxshiliklari uchun ming bor shukr qil.
5172. Elu yurtga seni qildi hukmron,
Orzuying ushaldi, bo’ldi til ravon.
5173. Muruvvatli o’zing kabi qullarin,
Senga muhtoj qildi, o’ylab ko’r barin.
5174. Yaratganga shukr qil, tavoze’li bo’l,
El-yurtga shafqatli, muruvvatli bo’l.
5175. Seni adolat-chun tikdi Xudoyim,
Adolat-chun kurash, odil bo’l doim.
5176. Har bir ishni aql-idrok bilan qil,
Havoga berilma, xushyor bo’lsin dil.
5177. El-yurtingga doim rahm-shafqatli bo’l,
Kattayu-kichikka birdek odil bo’l.
5178. Xalqning fe’l-atvori buzilsa har kez,
Zudlik bilan tuzat uni shafqatsiz.

5179. Ey dono, bu haqda ne deyilgan, bil,
Bilim birla ishlab yuzing yorug’ qil.
5180. Yaxshi bo’lsin desang ishlaring to’lug’,
O’zing yaxshi bo’lgin, el aro ulug’.
5181. Ifloslikni poklayman desang butun,
O’zing poklan, so’ngra poklangay budun.
5182. Beg elga bosh, qayga borsa el boshi,
Ergashadi yurtdagi barcha kishi.
5183. El buzulsa, uni beglar tuzatar,
Beg buzulsa, uni kim ham tuzatar.
5184. Fe’l-atvoring tuzat, yo’qot qabohat,
Xalqing tuzaladi, topgung farog’at.
5185. Yaroqli ishlarni qilmoq istasang,
Yaroqsizni yo’qotmoqni ista sen.
5186. Tuban ishga qo’shilma, qoch fasoddan,
Yuzing qora bu ikki kasofatdan.
5187. Yomonlik, yovuzlik istamasang hech,
Yoqimsiz so’z qilma, quruq so’zdan kech.
5188. Aysh-ishratga berilma, may ichmagil,
Kechuvsiz dengizbu, g’arq aylagay, bil.
5189. Xulqing yuvosh, fe’ling to’g’ri, ezgulik,
Aql hamroh, kengashching bo’lsin bilig.
5190. Ko’ngil, tilni to’g’ri tutu fozil bo’l,
Kimliging unutma, yo’qotmagin yo’l.
5191. O’zingni katta tutma, kekkaymagin,
Lashkarim ko’p deya ko’krak kermagin.
5192. O’tdi qancha jasur, shijoatli er,
O’lim ado etdi, makon bo’ldi yer.
5193. Bu haqda xo’p aytmish bilimdon buyuk,
Olim so’zin tutsang ish bo’lar tuzuk:
5194. G’azinam ko’p deya bo’lmagin mag’rur,
Lashkarim ko’p deya aylama g’urur.
5195. Kuchiga mahliyo ko’krak kergan shoh,
Bir chivinga kuchi yetmagan, evoh (1).

1. Bu yerda Namrud voqeasiga ishora qilinadi.

5196. G’azab-la ish qilma, o’zing bosib ol,
G’azab kelgan chog’da bo’lgin gungu lol.
5197. Dindan boshqa ishda shoshilmagin hech,
Baraka topmaysan shoshgan ishdan hech.
5198. Ehson berish lozim bo’lsa, shoshil tez,
Og’ir-vazmin bo’lgin jazo berar kez.
5199. Yengil bo’lma aslo xulqu so’zingda,
Sabrli bo’l, vazminlik afzal o’zingga.
5200. Saxiy bo’l, ehson bersang el shod bo’lgay,
Baxillik bilan beglar badnom bo’lgay.
201. Qo’pol bo’lma, o’zing bosib, vazmin tut,
Dag’al so’zdan ko’ngil qolar, yodda tut.
5202. Hammaga birdek shirin qilgin so’zing,
Peshonang yorug’ qil, ochiq qil yuzing.
5203. Elning asilisan, fe’ling yetuk qil,
Tilu diling, yo’l-yo’rig’ing to’g’ri qil.
5204. Gar avom yaxshi bo’lsa, bu yaxshilik,
Hukmdor sen uchun sharaf quvongulik.
5205. Fe’lin yaxshi qilsa agar bu beglar,
Xalq uchun yog’ilgay ko’p ezguliklar.
5206. Beglar fe’li gar yomon bo’lsa, esiz,
Yomonlik kuchayar, o’char yaxshi iz.
5207. Yomon bo’lma, noming yomon qilmagin,
Yomonlikni to’sgin sen, izin bermagin.
5208. Yomonlik og’udir, yemagin uni,
Kimki og’u yesa, bitadi kuni.
5209. Aql-zakovatli bo’lsa kim, tut yaqin,
So’ziga amal qil, ado et haqin.
5210. Topsang agar to’g’ri, ishonchli kishini,
O’zingga yaqin tut, topshir ishingni.
5211. Qilmishi jafodir makkor dunyoning,
G’ofil bo’lma, yo’llari xatardir uning.
5212. Oro berib o’ziga ko’ngling rom etar,
Ko’ngil berganingda yuz burib ketar.
5213. O’limni unutma, chekma dard-alam,
O’limga oshiqma, elig sira ham.
5214. G’aflat uyqusida yotma, ey hoqon,
Beglikka mast bo’lma, ey asl inson.
5215. Mahliyo etmasin bugungi rohat,
Nasib etsin ohiratda farog’at.
5216. Uning sevinchi ko’p, rohati behad,
Nasib etsa agar boqiy bu rohat.
5217. Farog’at istasang yaxshi bo’l albat,
Behishd bog’larida kezgaysan albat.
5218. Bilim bilgan kishi eshit nima der,
Ilmi bilan elda hurmat topgan er:
5219. Xudo bersa ulug’likning cheki yo’q,
Rahmatga ko’milib yurging armon yo’q.
5220. Kibrga berilsang xo’rlik kelguvsi,
Xo’rlik azobiga kim ham ko’nguvsi.
5221. Tabibga o’xsharsan hoqonim bu kun,
Senga hojandmanddir elu yurt butun.
5222. Biri kasallikdan dili yarodir,
Biri faqairlikdan ko’p benavodir.
5223. Biri ochdir, biri yalong’och yurar,
Biri g’am-alamdan tinmay oh urar.

5224. Sendadir ularning emi, yupanchi,
Dardiga davo top, bo’lgin tayanchi.
5225. Ularning dardiga topmasang najot,
Elu yurt boshiga yog’ilgay ofat.
5226. Qiyomatda buning hisobi bordir,
Javobga tayyor bo’l, yaxshi nom qoldir.
5227. Hayot tez o’tadi, qoladi beglik,
Yaxshi nom qozonsang sen-chun ezgulik.
5228. Bu dunyo bir ekinzordir ey elig,
Nima eksa shuni oladi ilik.
5229. Yaxshilik qil doim, ekkin ezgulik,
Ezgulik topkaysan shunda mangulik.
5230. Ne der eshit, dono elga boshchi beg,
Beglik ishin bilguchi, yo’lboshchi beg:
5231. Ey xalqqa bosh bo’lgan oqilu xushyor,
O’zingni kichik tut, foydasi bisyor.
5232. Ey yurtga hokim bo’lgan dono elig,
Hamma ishda albat ishlatgin bilig.
5233. Bilim birla qilgin har qanday yumush,
Bilimdan mukammal, ko’rkam bo’lar ish.
5234. Bu dunyo o’tkinchi, bil, boqiy emas,
Yaxshilik qilib qol, nom o’chib ketmas.
5235. Tug’ilgan o’ladi, bu dunyo qolar,
Yaxshimi, yomonmi erdan nom qolar.
5236. Yomonga qo’shilma, kuydirar yomon,
Yaxshidan yaxshi nom qolar begumon.
5237. Ey elig, uringin, xushyor bo’l, xushyor,
G’ofilga mashaqqat yog’ilar bisyor.
5238. Beglikning asosi xushyorlik erur,
Oxirat rohati bil shundan kelur.
5239. G’ofil bo’lma, g’aflatdan beglik ketar,
G’ofil ikki jahonda ham oh chekar.
5240. Yov qilma birovni, bekor to’kma qon,
Bu ikki gunohdan azoblanar jon.
5241. Haromga qo’shilma, o’zing mahkam tut,
Haromxo’r joyi do’zox, yemishi o’t.
5242. Barcha odamlarga bo’lgin mehribon,
Adashib birovga yetkazma ziyon.
5243. May ichma, fisq-fasoddan qoch, qo’shilma,
Saltanatni buzar bular, unutma.
5244. O’limga tug’ilar, tug’ilgan kishi,
Yaxshi nom qoldirar o’luvchi kishi.
5245. Bir tutam tiriklik emasdir abad,
Yaxshiyu yomondan nom qolar albat.
5246. Bu dunyo ovuntirib, rom etmasin,
Ogoh bo’l, g’aflatda uxlatmasin.

5247. G’ofillik insonni gung – lol aylagay,
G’aflat bosgan umrin xarob aylagay.
5248. Insonni bosmasa g’aflat har ishda,
Ibodat qilardi misli farishta.
5249. Bu haqda xo’p aytmitsh olim fikrini,
Ey bag’ri keng, dilga jo etgil uni:
5250. G’aflatdan iborat aysh-ishrat, sevinch,
Mast uyquda, g’aflat bosgan erta kech.
5251. G’ofil bo’lma aslo, g’aflat bosmasin,
Olloh g’aflat uyqusidan asrasin.
5252. Elning dardin tingla, ko’zing qil ziyrak,
Barchaga teng mehribon bo’lmoq kerak.
5253. Har bir ishda Xudo so’raydi so’roq,
Gunohkorga bu so’roqlar bir tuzoq.
5254. Quloq sol nima der taqvodor kishi,
Uning so’zin tutsang o’nglanar ishing:
5255. Elning erkatoyi, ey bebosh, sayoq,
Tadbiring ko’r, ertaga bo’lgay so’roq.
5256. O’z maylicha yurgan nodon, gunohkor,
Haq oldida har ishning hisobi bor.
5257. Umrin zoe etgan yeb-ichish ila,
Hisobga tayyorlan, najoting tila.
5258. Xudo odil so’roq qilar barchani,
Undan qutilar joy bormi, ayt qani.
5259. Elig sening ilkingnda qilich, qamchi,
Jazolab yomonni savalar qamchi.
5260. Rohati o’zgaga, senga hisobi,
Dunyoda hisob qil, torma azobin.
5261. Ey boylik jamlagan, nasli toza zot,
Mol-mulking tarqatib, izlagin najot.
5262. Vafosiz dunyoga ko’ngil qo’ymagin,
Oxiri jafo qilar, mehr qo’ymagin.
5263. Ey beg, beglik qo’ldan ketmasdan burun,
Intil, u dunyoda hozirla o’rin.
5264. Ey ziqna, ko’zi och va ta’magir er,
O’lim kelmay turib boring elga ber.
5265. Ajal yetsa mol-mulkning foydasi yo’q,
Bari qolar, tariqcha lazzati yo’q.
5266. Oz yeginu ibodating bo’lsin ko’p,
Oz so’zlagin, fazilatni o’rgan xo’p.
5267. Tul, yetim, faqirga ko’rsat oqibat,
Namoyon bo’ladi shunda adolat.
5268. G’iybatchini keltirma sira yaqin,
Paskashdan qoch nari, o’zing asragin.
5269. Bunday kishi ziyonkor, ishi og’u,
Ziyonkordan ehtiyot bo’l, bil yog’i.

5270. Suq odamga erk bermagin sira ham,
Fitna sochib elni buzar juda ham.
5271. O’zingni do’zoxdan uzoq qil doim,
Faqat ezgulik qil, asrar Xudoyim.
5272. Bugungi kuningdan ertangi kuning,
Faqat ezgu bo’lsin ertangi tuning.
5273. Bu haqda yaxshi gap aytibdi olim,
Har bir ishing yozib qo’ymish Xudoyim.
5274. Qiyomat – bu dunyo hisobot kuni,
Yaxshilik qil, to’g’ri bo’l, tushun buni.
5275. Hushyor bo’l doimo, g’ofil bo’lma hech,
Ko’ngil ko’zni ochiq tut, uyqudan kech.
5276. Dil bilan dunyoning “dol”i bo’lakdir,
Ikkovi mos kelmas, yo’li bo’lakdir.
5277. Din bilan bu dunyo bir bo’lmaydi, bil,
Ikkovi qovushmas, buni uq, oqil.
5278. Biri yaqin kelsa, boshqasi bezar,
Ikkovin teng tutgan yo’lidan ozar.
5279. Dunyo yomg’ir kabi, bamisli bo’ron,
Guldirab kelaru tez tinar suron.
5280. Qut kelsa, dargohing odamga to’lar,
Ko’ngil qo’yganingda boshqaga bo’lar.
5281. Boyidim deganda faqir bo’lgin der,
Qadr topganingda aylar qora yer.
5282. Dunyoning to’qligi naq ochlik erur,
Farog’at, sevinchi mashaqqat erur.
5283. Elig, qattiq kurash nafsing bilan sen,
Unga izming berib, quvontirma sen.
5284. Hammadan yomonroq yog’i shu erur,
Yaxshilik qilsang gar, yomonlik qilur.
5285. Vafo qilsang javobi bo’lgay jafo,
Jafo qilsang agar u qilgay jafo.
5286. Nafsingni xor ayla, izzat topar jon,
Beg bo’lar biliming, aql-zakovat xon.
5287. Bu dunyo yog’idir, nafsing bir yog’i,
Bu ikki yog’ining tayyor tuzog’i.
5288. Baxtingdan taltayib, bo’lmagin mag’rur,
Hayotga ishonmay yuz burmoq zarur.
5289. Shon-shavkat, ulug’lik vaqtincha – o’tar,
Bu davlat o’ti ham baribir o’char.
5290. Ne deyilgan eshit, ey nasli toza,
Mehribon zot so’zi foydadir rosa:
5291. Beglikka sen ortiq mag’rur bo’lmagin,
O’zingni tiyib ol, kibr qilmagin.
5292. Chiqindi bil dunyoni, quvgin nari,
Haq bergay bu yoqda ne’matlarbarin.

5293. Yaxshi tanla uch toifa kishini,
So’ngra topshir ularga o’z ishingni.
5294. Biri – qozi, pokdomon, ziyrak bo’lsin,
Ham taqvodor, el undan qoyda ko’rsin.
5295. Ikkinchisi – ishonchli, sodiq hokim,
Toki xalq yashasin, baxtiyor, sokin.
5296. Uchinchisi – vazir bo’lsin chin inson,
Undan elu yurtga naf yetar chandon.
5297. Gar bu ishlar odami odil bo’lar,
Elning kuni farahli, yorug’ bo’lar.
5298. Yurt ravnaq topadi, boyigay xalqing,
Ezgu duo birla yodlanar haqing.
5299. Bu uch ishda bo’lsa, gar nobop kishi,
Rasvo bo’lgay elu yurtning ishi.
5300. Bunga monand keldi so’zlarim tingla,
Ey xushchiroy, uning ma’nosin angla.
5301. Vazirlar beglarni yetaklaguvchi,
Nomin ulug’lab, elin gullatguvchi.
5302. Gar vazir jilovni ters bursa har on,
Hamma ish teskari bo’ladi chandon.
5303. Bu dunyo ne’mat to’la bir dasturxon,
Undan totinadi har bitta inson.
5304. Bizdan qancha avlod keldilar,
Bu ne’matdan totib o’lib ketdilar.
5305. Mashhar kunin kutib yotarlar hamon,
Chorlashar, borarmiz biz ham begumon.
5306. Yangi bir avlod bor – qorindagilar,
Ular ham bu ne’mat totgani kelar.
5307. Bizning ketishimiz kutadi ular,
Bizdan so’ng u tomon ko’chadi ular.
5308. Bu ne’mat bugun bizga nasib etmish,
Tangri tokay bergay yengil-bosh, yemish.
5309. U tomon chaqirar bizni o’lganlar,
Ket deya haydaydi tug’ilmaganlar.
5310. Biri joy kutib haydar, biri chorlar,
O’rtada kimlar halovat toparlar.
5311. Elig g’ofil bo’lma, o’ylanma uzoq,
Tadbirin izlama, qolmaysan uzoq.
5312. Haromga qo’shilma, o’zingni asra,
Haromdan bo’ladi dil qora, rasvo.
5313. Taqvador bo’layin desang hukmdor,
Halol ye va halolga bo’l hissador.
5314. Eshitgin nima der halol yegan er,
Taqvadorlar oshi halol degan er:
5315. Halol yegan Haqqa qilmaydi yozuq,
Halol ye, halollik yertangi oziq.

5316. Kimning tomog’i-yu, egni bo’lsa pok,
Gunohi arigay, jismi bo’lgay pok.
5317. Poklik istasang, tamoqni pokla sen,
Nafi daryo bo’lar, tamoq poklasang.
5318. O’zing emas, ko’zda doim el nafin,
Elning nafi ichra birgadir nafing.
5319. Nima der eshitgin ulug’ kent begi,
Barcha ishga yetgan aqlu idrogi.
5320. Beg – qut, elni baxtli etmog’i kerak,
Baxt topib, el qorni to’ymog’i kerak.
5321. Beglar misli tubi injuli dengiz,
Suvga kirgan boy bo’lmog’i shart tengsiz.
5322. Beglar tog’dir, oltinu kumushga kon,
Boyishi muqarrar, kim qazisa kon.
5323. Begdan foyda kelsin ham sahiy bo’lsin,
Olam ahli u tufayli to’q bo’lsin.
5324. Yurt boshi, quyoshdek nur soch charog’on,
Rizqin topib yesin yurt shodon.
5325. Omonat yukladi bo’yningga Xudo,
Hisobin so’raydi, to’g’ri qil ado.
5326. Elig, chetdan nazar solgin o’zingga,
Muncha mol-mulk yig’asan o’zingga.
5327. Dengizdagi gavharlar oz tuyular,
Shoda inju xazinangga quyilar.
5328. Yer ostida oltin-kumush – ne bo’lsa,
Istaysanki, xazinangga jam bo’lsa.
5329. Tog’ bag’rida bo’lsa neki javohir,
Qazib ulgurolmas qancha bahodir.
5330. Yer yuzida bitgan jam’i donki bor,
Yig’ib to’ktirasan, to’lmaydi ombor.
5331. Parranda, darranda, suvdagi baliq,
Sendan qutilolmas, ey qahri qattiq.
5332. Karvonlaring yurar olamni kezib,
Ular mo’yna, shoyi beradi kesib.
5333. Rumiy kimxop, dunyoning tansiq mulki,
Oqib kelaverar, ko’paymas mulking.
5334. Kaval tozi (1), bo’ktal (3), arqunga (3) ana,
Og’il to’ldi, to’ymaydi ko’zing yana.

2. Kaval tozi – arabiy ot.
3. Bo’ktal – orqa sarg’isi keng ot.
4. Arqun – yovvoyi otdan nasllangan uchqur ot.

5335. Zotdor tuyalarni jamul jam etding,
Yaylov otu xachirga to’lib ketdi.
5336. Tog’-tosh adirlarda mol adog’i yo’q,
Qulu xizmatchining son-sanog’i yo’q.
5337. Terskayda o’tlaydi sanoqsiz qo’tos,
Yaylovda sigir, buqa guras-guras.
5338. Tog’larda chopib yurgan uchqur serka,
Qochib qutulolmas bironta taka.
5339. Tog’da yurgan echki, bug’u, oq kiyik,
Sening uchun ado bo’lmas yegulik.
5340. Takami, kulonmi tushsa tuzoqqa,
Darrov keltirgaylar uni bu yoqqa.
5341. Bo’ri, tulki, to’ng’iz, ayiq, arslon,
O’qqa uchar ovda duch kelgan zamon.
5342. Oqqush, turna, soqaqush, yug’oq bo’lsin,
YO to’y, yo yukdik, yo tudlich, qoq (5) bo’lsin.

5. Yug’oq, to’y, yukdik, tudlich, qoq – yovvoyi qushlar

5343. Ko’kda uchgan qirg’iy, jo’r galalari,
Sendan qutilolmas ularning bari.
5344. Qanotli qocholmas, olar qushlaring,
Yurolmas oyoqli, tutar itlaring.
5345. Otalilar yolg’iz, otasiz qolar,
Onalilar yetim, onasiz qolar.
5346. Bu dunyo barchasi faqat sen uchun,
O’zing tugaysanu to’ymaysan nechun.
5347. Nafsingu o’zingga sen bino qo’yib,
Buncha dunyo yig’ding, ketarsan qo’yib.
5348. Ne qoyda yiqqanning boylik konini,
Tomir kesib, ajal olar joningni.
5349. Nazar solsang barcha odam suq erur,
Och kimsalar bilmam qachon to’q bo’lur.
5350. Nima der eshitgin ko’zi to’q kishi,
Ko’zi to’qlik erur boylikning boshi.
5351. Suq kishi dunyoni olsa-da tugal,
Boy deb bo’lmas uni bilgin hech mahal.
5352. Kambag’al ataladi asli gadoy,
Ko’zi och gadodir, bo’lsa hamki boy.
5353. Suq kishiga boylikning foydasi yo’q,
Rahming kelsin ko’zi ochga, ko’ngli to’q.
5354. Ko’zi ochga dunyo nasib etmagay,
Baxtlidir kim borga qanoat etgay.
5355. Suqning ko’zi mol-dunyoga to’ymaydi,
Ko’zga tuproq to’lmaguncha qo’ymaydi.
5356. Ey elig, shudir mening bilganlarim,
Va bayon etdim neki uqqanlarim.
5357. Dilda borin aytdim, eshitding o’zing,
Ko’ngil anglab yetsa, ochilgay ko’zing.
5358. Amal qilsang foyda tegadi axir,
Gar amal qilmasang yuk bo’lar og’ir.
5359. Aql-hushli nima der, quloq sol unga,
Quloq solsang pand-nasihat u senga.

5360. Nasihat odamga koni foyda bil,
Kim tinglash istasa, pand-nasihat qil.
5361. Kimga hazm bo’lmasa pandu o’git,
Qo’shilma, qo’yaver, yesin yonar o’t.

ELIGNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

5362. Bu so’zlarni tinglab, oh urdi elig,
Dedi: Sen oqilsan, havas qilgulik.
5363. Topibsan, ey hushyor, rohat, farog’at,
Bu beglik men uchun tashvish, kasofat.
5364. Men endi tushundim, ochildi ko’zim,
Yonar o’tga otibman-ku men o’zim.
5365. Haq yo’ldan ozibman, bilmay, ey ulug’,
Bayon etding menga haq yo’lni to’lug’.
5366. O’dg’urmish haqimga xolis qil duo,
Tavfiq bersin ezgulik uchun Xudo.

O’DG’URMISHNING ELIGGA JAVOBI

5367. O’dg’urmish javob aylab dedi begga,
Xudo tavfiq berib yetgin tilakka.
5368. Aql birla kibr-havoni bosib ol,
Havoga berilgan bo’ladi uvol.
5369. Seni xarob aylar huzur-halovat,
Nafsingni tiymasang kelar falokat.
5370. Bu dunyo ko’hnadir, juda ham qari,
Qancha begni ko’rdi ketkazdi nari.
5371. Seningdek ne begni qaritgan makkor,
Seni ham ko’p tirik qo’ymagay zinhor.
5372. Ular o’tdi, senga qoldi bu joy, ko’r,
Vaqtni zoe qilma, hozirliging ko’r.
5373. O’limni unutma, ey elig, uyg’on,
Tez keladi qazo, qilmagin gumon.
5374. Kimliging unutma, elig, xushyor yur,
O’zliging unutsang, asling eslab ko’r.
5375. Bu ikki narsani unutsa inson,
To’g’ri yo’ldan ozib ketadi chandon.
5376. Nima der eshitgin o’zin bilgan er,
Havasni aqlga tutqun qilgan er:
5377. O’limni unutma, yaqin misli ko’z,
O’zliging unutma, saqlay bilgin yuz.
5378. Suvdan yaralgansan, sira men dema,
Kibrni qo’y, asling suvdek bir nima.

5379. Pistirmada turar ko’rinmas o’lim,
Agar chiqsa, adashtirmas hech yo’lin.
5380. Mushkulot bo’lmasa tirikka agar,
O’limga bir boqish kifoya etar.
5381. O’lim zahri kifoya etardi, biroq,
Qora yer qatida bordir chirimoq.
5382. Bundan boshqa yana ishlar ko’p erur,
Qazo yetsa ko’rmoqqa to’g’ri kelur.
5383. Bu holni bila turib aql-hushli er,
Qanday tinch uxlab, xotirjam ovqat yer.
5384. Nima der eshitgin bilim berguvchi,
Ilm-la himmatin baland tutguvchi:
5385. Himmatingni baland, niyatni qil tuz,
Bu dunyodan voz kech, undan umid uz.
5386. Bu dunyo – zindon, ichi to’la ilon,
Buni qo’y, nurafshon dunyoga bog’lan.
5387. Qora yerga o’ra joning oqibat,
Qora yer yopinchiq bo’lar oxirat.
5388. Bu dunyo bir zindon, qorong’u quduq,
Baloyu mashaqqat ham unda to’luq.
5389. Ne farog’at istaysan zindon aro,
Qanday orzu bo’lgay, aqlingga qara.
5390. Qo’ygin bu arzimas, qora tuproqni,
Boqiy makon izla, tashla sarobni.
5391. Chang-to’zon g’ubordan nari tut o’zing,
Pokiza maskan ista, ochgin ko’zing.
5392. Necha ming yashama, oxiri o’lim,
Kelib albat tutar, ey porloq kunim.
5393. Mol-dunyo ko’paysa ortar bosh og’riq,
Ey mardon, boylikning tashvishi ortiq.
5394. Inson ming yil yashab, tilasa tilak,
Orzu tugal bo’lmas ko’ngildagidek.
5395. Quloq solgin ko’ngli pok, ne der qara,
Davron o’qi birla yuragi yara:
5396. Ming yil yashab, tilakka yetsa tamom,
Inson orzusi ushalmas batamom.
5397. Tugal bo’lsa deydi inson al omon,
Orzusi ushalsa, ketgay u tomon.
5398. Sira foyda yo’qdir bil ko’p so’zlashda,
Hayratda ajablanib, ko’r tinglashda.
5399. Foydasi shundaki eshitgan so’zin,
Ishga tadbiq etsa, tuzatsa o’zin.
5400. Ko’p narsa so’zladim, eshitding tugal,
Foyda olgin undan, qilib sen amal.
5401. Ko’p so’zladim, tilim jim turolmadi,
So’zim kamaymadi, qadrim qolmadi.

5402. Tavfiq bersin senga Xudo, ey elig,
Barcha yaxshilikka yetkazsin ilik.
5403. Tilakka yetkazib, asrasin seni,
Duoda yod ayla, ey elig meni.

………

5404. U gapini tugatib turgan edi,
Elig yana bir oz o’ltirgin dedi.
5405. Keltirdi noz-ne’mat, turfa xil oshin,
Totib ko’r, dedi u, ey azizkishi.
5406. Qo’l sunib O’dg’urmish totindi bir oz,
Yeb-ichib ayladi ko’nglin sarafroz.
5407. Darrov qo’lin artdi, ruju qo’ymadi,
Shukr qilib, Haq otin tildan qo’ymadi.
5408. O’dg’urmish qo’zg’aldi va berdi salom,
Elig ham ko’rsatdi unga ehtirom.
5409. O’dg’urmish xo’shlashdi qo’lin uzatib,
Xurmatin elig ham chiqdi kuzatib.
5410. U bilan yana bir bor xayrlashdi, ko’r,
Elig ruxsat berdi unga zo’r-ba’zo’r.
5411. Tog’ tomon yo’l oldi odimlab ildam,
O’gdulmish ergashdi bo’lay deb hamdam.
5412. Yo’lidan qaytardi uni O’dg’urmish,
Amriga bo’ysundi nochor O’gdulmish.
5413. Uyiga qaytdi u yuragi vayron,
Uyqu yo’q, dard-alam uradi giryon.

…………..

5414. Boshini ko’tardi, Sharq tomondan kun,
Olam oqqu tusin oldi bus-butun.
5415. Bosh ko’tarib quyosh, qaddi ros bo’ldi,
Olam munavvar bo’lib, nurga to’ldi.
5416. Farishta yuzidek yorishdi jahon,
Oppoq nurlar sochdi tinmayin osmon.
5417. Xudo farzin ado etgach O’gdulmish,
Yaratgan Holiqqa shukrona aytmish.
5418. Ko’p ishlarni o’ylab, hayolga toldi,
To’nin kiyib, qasr tomon yo’l oldi.
5419. Eligni ko’rmoqni ixtiyor etdi,
Ruxsat berib elig iltifot etdi.

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

5420. O’dg’urmish haqida surishtirdi xon,
Qancha turgani-yu, ketganin qachon.
5421. Yana aytdi elig: Ey O’gdulmishim,
Achchiq bo’ldi endi menga yemishim.
5422. Bundan buyon qanday yashashim mumkin,
Qaddim cho’kdi, endi ruh siniq, miskin.
5423. Ne kerak begligu el-yurtning g’ami,
Yurak tomirin qirqdi dard-alami.
5424. Lashkarsiz xalqni hech boshqarib bo’lmas,
Davlat ishi bir begga qolsa bo’lmas.
5425. Xodim tutolmassan davlat bo’lmasa,
Birov yig’ilmagay mulking bo’lmasa.
5426. Eshit, lashkar boshi bo’lgan nima der,
Hayotin beg uchun fido etgan er:
5427. Xazina-yu, qo’shin beglarning kuchi,
Ikkisi bilan odam olar o’chin.
5428. Ikkisi tufayli beg bo’lar xushbaxt,
Ikkovi ham bo’lsa, yuksalar toj-taxt.
5429. Qo’shin yig’moq uchun mol kerak bo’lar,
Mol-mulk yig’moq uchun zo’rlik – jabr bo’lar.
5430. Birgina egnim bor, bitta tomog’im,
Ne hojat zimmaga men yuk olmog’im.
5431. Qancha faqir bo’lmasin och qolmas, bil,
Tirikdan o’ch olmay qo’ymas o’lim, bil.

YETMISHINCHI BOB
O’GDULMISHNING ELIGGA MAMLAKATNI
IDORA QILISH USULLARINI
AYTGANI BAYONI

5432. Javob berib O’gdulmish aytdi: Elig,
Har bir ishga tadbir-la urgin ilik.
5433. Tilingdan yomon so’z chiqarma, yomon,
Buni Haq xushlamas, ey ilmi ummon.
5434. Bu beglikni olmagansan zo’r bilan,
Inoyat ayladi Haq fazli bilan.
5435. Seni qadrlab, beglikni etdi ato,
Ey oqil, shukrini aylagin ado.
5436. Qalbni tuzat, o’zing poklab, toat qil,
Mehribon bo’l, xalqingga adolat qil.
5437. Aql birla bosgin hoyu havasingni,
Bilim birla tutib bosgin nafsingni.
5438. Nima der eshitgin ta’lim berguvchi,
Ilm birla baloi-nafsni bosguvchi:
5439. To’g’rilik istasang, havas bo’ynin uz,
Havas o’lsa, jisming, ko’ngling bo’lgay tuz.
5440. Hoyu-havasga qul bo’lma, qattiq tur,
Nafsu havas din dushmani, nari yur.
5441. Nechun o’zing haqir tutasan, elig,
Chog’ing kelar qilmoq uchun ezgulik.
5442. Iztirob chekasan bunchalar qattiq,
Ne sabab qilarsan hayoting achchiq.
5443. Xazina, xodimu lashkar yetarli,
Har bir ishga aql-hush bilim yetarli.
5444. Qo’shinni quvontir sen hadya ila,
Ulardan o’zingga yaxshilik tila.
5445. Nima der eshitgin yuragi dovni,
Oltin-kumush bersang, u yengar yovni.
5446. Qo’l baland bo’lishin istasang doim,
Ko’nglini ko’targin, shod bo’lsin xodim.
5447. Qo’shinni shod aylab, tilagin tilak,
Yov bosh eggay, ushalgay barcha tilak.
5448. Qo’shinni ko’paytir, sevintir uni,
Shirin jonin bergay senga bir kuni.
5449. Kofir yovni yakson et lashkar bila,
Tayanching pok erur, Haqdan kuch tila.
5450. Qurol-yarog’, qo’shinni kofirga bos,
Qirilsa ham kofir imonga kelmas.
5451. Uy-joyin yoq, butlarin yakson etgin,
O’rniga masjid jome’ bino etgin.
5452. O’g’lini qul, qizini joriya ayla,
Mol-mulkin olib xazinaga joyla.
5453. Shariatni joriy et, dinni anglat,
O’zing yaxshi bo’lib, ezgu nom tarqat.
5454. Muslimni ranjitma, tekkizma ilik,
Musilmon Haq panog’ida, bil elig.
5455. Musilmon musilmon bilan qarindosh,
Qarindoshga tegma, doim mehr ulash.
5456. Adolat qil xalqqa, rohatlansin u,
Haqingga duolar qilsin ko’p ezgu.
5457. Buning ajrin berib, shod etgay Bayot,
Elig, ikki olaming bo’lgay obod.

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

5458. Elig dedi: Yaxshi aytding sen buni,
Istardim o’zim ham qilmoqni shuni.
5459. Bunga yetmoq yo’li qay tarzdir, ey er,
Buni qilmoq uchun menga madad ber.
5460. Yurtni yashnatib, elni poklash kerak,
Ichki, tashqi ishni yaxshilash kerak.
5461. Do’stlaringni quvontir ehson berib,
Xushlamaslarni hayda ta’qib qilib.
5462. Eng avvalo el-yurtingni obod et,
Ichki, tashqi manzillarni sen pok et.
5463. Qonun birla xalqingni yo’riqqa sol,
Yaroqsiz neki bor, sen tuzoqqa sol.
5464. Nechuk yashnagay el, tuzalmay o’zim,
Ishga ish qo’shildi, yumilmas ko’zim.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

5465. Javoban O’gdulmish aytdi: Hushyor bo’l,
Paysalga solmay ur bu ishlarga qo’l.
5466. Ne uchun paysalga solasan ishing,
Kechiktirma, o’tib bormoqda yoshing.
5467. Qilmasang bugun ertaga ish bo’lar,
Ishga ish qo’shilib, ko’p tashvish bo’lar.
5468. Bugungi ishni ertaga qoldirmagin,
Qolgan ishga qor yog’ar, unutmagin.
5469. El-yurt ishin tuzatib turgin albat,
El-yurt bilan birga topgaysan rohat.
5470. Yomon bo’lma, yomonga yomonlik qil,
Yomonlarni elingdan badarg’a qil.
5471. To’g’ri bo’l, odil bo’l, tuzat fe’lingni,
Yomonlar g’am o’zgartirar fe’lingni.
5472. Yomon, badhulq bo’lsa agarda kishi,
Fe’lin tuzatmasa, o’nglanmas ishi.

5473. Yomonga qo’shilma, balo yuzlanar,
Yaxshidan ayrilma, ishing o’nglanar.
5474. Nima der tingla, ko’ngli to’g’ri kishi,
Dili, tili, fe’li chiroyli kishi:
5475. Yomonga qo’shilma, to’g’rilikka ko’n,
To’g’ri-yu, egriga bor haqiqat kun.
5476. Yomonlik qilganga azob bor kunin,
To’g’riga to’g’ri bo’l haqiqat kuni.
5477. Ey elig, albat qo’shin to’plash kerak,
El-yurtni ifloslikdan poklash kerak.
5478. Lashkar, xodimga in’om bermoq zarur,
Faqirni boy, ochni to’q qilmoq zarur.
5479. Xizmatchi muruvvat umid qiladi,
Umidini uzsa, turmas, ketadi.
5480. Bir necha turli bo’lar xizmatchi ham,
Bilib tutmasang yo’ldan ozar har dam.
5481. Obro’ istar ulardan biri chunon,
Istagin qondirgin shod etib chandon.
5482. Molu mulk istaydi qay biri sendan,
Mol-mulk ber, jonini ayamas sendan.
5483. Qay biri istaydi mol-mulku sharaf,
Otu to’n ham unvon qiladi talab.
5484. Jasur bo’lsa bergin ayamay kumush,
Qilich-la shahar olib, qilsin yurish.
5485. Bilimli, aqlli, bo’lsa pok yurak,
Mol-mulk berib qadrlashu qo’llash kerak.
5486. Zolim, yomon bo’lsa, ko’tarma uni,
Hukm izmini berma, kuydirar seni.
5487. Ko’tarma, boyitma, manman, o’ktamni,
Yog’dirgay boshingga tugamas g’amni.
5488. Botirlar yobg’usi ne deydi uqqin,
El boyisi bosh egmas, qattiq tutgin.
5489. Ey xusnixulq yomonlarni boyitma,
Yomonlar boyisa, yaxshilik kutma.
5490. Qo’li qisqa bo’lsa, hatto yaxshi ham,
Muhtojlik fe’lini buzadi birdan.
5491. Yaxshi odam muhtojlikka tushsa gar,
Yaxshiligiga teng niyatin buzar.
5492. Tergab tur yomonni hamda tutgin xor,
Fe’lin tuzaryaxshi, bersang e’tibor.
5493. Sodiqni yaqin tut o’zingga har dam,
Uyatsizni aslo etmagin hamdam.
5494. Qay biri foydali, zararlisi kim,
Farqlab, tanlab olgin, ey dono hakim.
5495. Suyar-suymasining farqin bilib tut,
Suyganlarga do’st bo’l, dushmanlarga o’t.

5496. Yiroq tut sevinching tilamas kishin,
O’zing ham sevma, birma biron ishing.
5497. Sadoqatni xiyonat bilan qo’shma,
Yaraqlini yaroqsiz bilan tutma.
5498. Ikki kishiga teng buyurma bir ish,
Ishon, qilinmay qolib ketar bu ish.
5499. Ishingni ish bilgan kishilarga ber,
Ish qila olmasa, ezilib g’am yer.
5500. Ishiga zavqlanib, `eraverma ish,
Har kishidan naf ko’rish uchun tirish.
5501. Yurt nafin ko’zla, o’z nafing ham tila,
Fikring band etma, birov nafi ila.
5502. Nafi uchun birov ko’ngliga boqma,
El nafin ko’zla, o’zing o’tga otma.
5503. Kim manfaat keltirsa, sen ham ber naf,
Yiroq qil o’zingdan kim bo’lsa benaf.
5504. Qadrla albat naf keltirar kishini,
Unga topshir sen kerakli ishingni.
5505. Qiladigan zarur ishing shu erur,
Uni qilsang el-yurting obod bo’lur.
5506. Noming yaxshi bo’lsa, baxtga yordirsan,
To qiyomat el yodida bordirsan.
5507. Yurting obod bo’lib, boyiydi eling,
Xazina ko’payar, to’planib moling.
5508. Eshitgin, mehribon kishi nima der,
Mehri bilan so’zi aynan o’xshash er:
5509. Qay bir elning begi gar yaxshi bo’lar,
Shu el kuni tug’ib, shaksiz boy bo’lar.
5510. Xalq boyligi – yurt boyligi, bil buni,
Istasang uni tut, istasang buni.
5511. Shahar, qishloqlardan o’g’rini arit,
Karvon yo’llarida eminlik yurit.
5512. El ichida zo’ravonlarni yo’q qil,
Tashqarida qaroqchilarni daf qil.
5513. Jazo bilan tuzat yomonning xulqin,
Yomonga yomonlik mos kelar, bilgin.
5514. Yomonga bandilik yo zindon kerak,
Toki insofga kelsin, ey dovyurak.
5515. Qancha mamlakatu necha turli el,
Yo’llarin ochiq chil, ular farqin bil.
5516. Ulardan biri bilka olim erur,
Olimlar tufayli qut, davlat kelur.
5517. Hurmatla ularni, nima desa qil,
Shariat yo’lin tut, buyin ber, egil.
5518. Haqlarin ado et, bergin osh-tuzin,
Ey dono, bechora sezmasin o’zin.

5519. Ular osoyishta bilim o’rgansin,
Bilimsizlar aqlu donish o’rgansin.
5520. Bulardan keyin muhtasiblar kelur,
Ular kuchli bo’lgay, baraka topgur.
5521. Fosiq, beboshlarni tergab tutsinlar,
Masjid, jamoatni to’kis tutsinlar.
5522. Boshqasi xizmatchi – topinuvchilar,
Tergab, qattiq tutmasang qopuvchilar.
5523. Ular yuk ko’tarmas, ular tashvishi,
Sening Zimmangdadir, zafokash kishi.
5524. Bulardan so’ng kelar avom xalq – qora,
Ularga adolatla yaxshi qara.
5525. Bular uch toifa, farq etmoq zarur,
Zulm qilma, zulm qilsang ofat yog’ilur.
5526. Bulardan bir guruhi boylar erur,
Xalqning kuchlisi shulardir, ey jasur.
5527. Bulardan boshqasi o’rta hol kishi,
Ular qilolmaydi boylarning ishin.
5528. Miskin faqirlar ulardan keyin,
Ularni avayla, ularga qiyin.
5529. O’rta holga topshirma boylar ishin,
Darrov buziladi o’rta hol kishi.
5530. Faqirga yuklama o’rta hol yukin,
U ochdan o’ladi, uzilar ko’ki*.
5531. Faqir avaylansa, o’rta hol bo’lar,
O’rta o’zin tutib olsa, boy bo’lar.
5532. Faqir o’rta bo’lsa, o’rta boyigay,
O’rta hol boy bo’lsa, el-yurt boyigay.
5533. Elu yurt yashnagay, xalq huzur topgay,
Shu kezda xalqingga duolar yoqqay.
5534. Nima der eshitgin Uch O’rdu xoni,
O’luvchi, yaxshi nom istasang, qani.
5535. Kim ketsa qoldirib bunda yaxshi nom,
Duolar yog’ilgay unga bardavom.
5536. Kim o’lgach, duola yodlansa nomi,
Qaytadan tirilgan bo’ladi joni.
5537. Xoh yer qa’rida, xoh yer ustida tur,
Yaxshi nom-la shuhrat topmog’ing zarur.
5538. O’lsang-da, qolsin albat yaxshi noming,
Tan mahv bo’lar, yashagay mangu noming.
5539. Senda raiyatning sharti bordir uch,
Haqing ado et, ishlatmasdan zulm – kuch.
5540. Biri – mamlakatda kumushni sof tut,
Oltin-kumush ishin nazoratda tut.
5541. Biri – xalqqa haq siyosat joriy et,
Bir-biriga zulm qilmog’ini daf et.

5542. Uchinchisi, tinch qil hamma yo’llarni,
Yo’qot qaroqchi, yo’lto’sar zo’rlarni.
5543. Shunda ztagaysan raiyat haqin,
So’ng tilasang bo’lgay o’zingning haqing.
5544. Raiyatda bordir sening uch haqing,
Ularni talab qil, ochib qulog’ing.
5545. Biri, yorliqlaring hurmat qilsinlar,
Nima bo’lsa, darrov bajo etsinlar.
5546. Ikkinchisi, tutilmasa g’azna haqi,
O’z vaqtida to’lasinlar, ey saxiy.
5547. Uchinchisi, yog’iga yog’i bo’lsalar,
Seni suyguvchini albat suysalar.
5548. Shunda ado etarsan sen o’z haqing,
Ular ham bajargan bo’ladi haqin.
5549. Beg shu zayil ish yuritmog’i kerak,
Raiyat ham shunday bo’lmog’i kerak.
5550. Beg yaxshiligin ko’rar shunda budun,
Beg shuhratvor, rohatda yashar butun.
5551. Elig bular sening davlatu baxting,
Ikki jahonda topgan ne’mat – naqding.
5552. So’ng dono olimlar chin ixlos bilan,
Barchaga bilim bersin g’ayrat bilan.
5553. Ilki kuchli bo’lib yana muhtasib,
Yomonlarni tiysin, el-yurtni kezib.
5554. Ehtiyot qilsin tojir omonatin,
Usta shogirdga qilsin nasihatin.
5555. Dehqon tadbir bilan eksin donini,
Chorvachi ko’paytsin qirda molini.
5556. Endi qoldi senga xizmat qilguvchilar,
Bo’ri, yovga qarshi qo’yilguvchilar.
5557. Bularni suyintir sen ehson qilib,
Chalg’itma boshqa ishlarga band qilib.
5558. Nafiga yarasha hurmat bajo et,
Kuchini oshiru o’zini boyit.
5559. Hozirlasin yog’i, bo’riga qurol,
Qarindoshga do’st bo’l, dushmanga zavol.
5560. Ko’ngli toza bo’lsin do’stu eshlaring,
Poklangay, o’nglangay barcha ishlaring.
5561. Senga ikki olam shodligi bo’lgay,
Egamning rahmati tinmay yog’ilgay.
5562. To’g’rilik – adolat, to’g’ri bo’l, to’g’ri,
Niyatga yetgaysan, gar bo’lsang to’g’ri.
5563. To’g’riliging suydirgay seni Haqqa,
Adolattan bo’lak ish qilma xalqqa.
5564. Ko’ngli pok bu haqda nima der, tingla,
Aytgani bu so’zga dalildir, angla:

5565. To’g’riligi uchun osmon g’oz turar,
Poydorligi-chun yerda giyoh unar.
5566. Turlanma, to’g’ri bo’l, ko’ngling to’g’ri tut,
Har ikki olaming bo’lar obod, but.
5567. Ey elig, mening bilganlarim shular,
Aytganlarim ichki, tashqi sir bo’lar.
5568. Har ikki jahonda foydasi bisyor,
So’zlarim shu edi, aytdim hukmdor.
5569. Gar qozonsang bu dunyoda yaxshi ot,
Har ikki dunyoing bo’ladi obod.
5570. Bu dunyo narsasi bari qoladir,
O’zing o’lajaksan, yaxshi nom qoldir.
5571. Bunga mengzab yaxshi so’z aytmish dono,
Aynan mos keladi undagi ma’no:
5572. O’zim o’lsam hamki, yaxshi ot qolsin,
Tirik oxir o’lar, nom mangu qolsin.
5573. Faqat yaxshilik qil, yaxshi nom tila,
Dunyoda mangu qol yaxshi nom bila.

………….

5574. Bu so’zlarni tinglab quvondi shodon,
Ko’ngli yorishdi-yu, zavqlandi hoqon.

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

5575. Maqtab olqishladi O’gdulmishni ko’p,
Dedikim, sen aytding bilganingni xo’p.
5576. Bundan buyon gar tavfiq bersa Xudo,
Aytgan so’zlaringni aylayin ado.
5577 Sendek yordamchini ato etdi Haq,
Yana ne istasam aylar muvaffaq.
5578. Xudo bersin orzu-tilaging sening,
Umidimni tugal oqlading mening.
5579. Mehribon bo’lib sen, ey ko’ngli yaqin,
Yordaming qilaver, ado et haqing.
5580. Sendan gumonim yo’q, ishongum o’zim,
Fikringni yashirma, ko’rkam yuzligim.
5581. Sen nurli quyoshim – kunim yoridi,
Sen tufayli menga davlat doridi.
5582. Behad yaxshi aytmish ko’ngli pok kishi,
Tili bilan dili bir bebok kishi:
5583. Dil kimga ishonsa, uni ko’zgu qil,
Kimliging bilish-chun boqib tur,oqil.
5584. Mehribon kishi o’zgacha ko’zgu bo’lar,
U bilan fe’l-atvor tuzatsa bo’lar.

5585. Yaqin bo’lsa kimning ko’ngli kimga chin,
Unga ishongulik yaqin bo’lsa chin.

5586. Ishonchli kishiga so’z aytsa bo’lar,
Uning so’ziga amal qilsa bo’lar.

………

5587. O’gdulmish eshitgach, eligning so’zin,
Suyundi, quvonchdan chaqnadi ko’zi.
5588. Gaplarin tugatgach, elig o’y surdi,
O’gdulmish ham asta o’rnidan turdi.

……………….

5589. Shundan buyon elig tinchin tark etdi,
Ko’p zahmat chekib, ein obod etdi.
5590. Yomonlarni quvib, etdi u yiroq,
Yaxshilarni qildi hamkoru hamroh.
5591. Yurti farah topdi, poklandi eli,
Farog’atda kechdi kunu oy, yili.
5592. Hayot bo’ldi elning nafidan totli,
Kunlar o’tdi sevinchda farog’atli.
5593. Behad qadrlab elig O’gdulmishni,
Ishonib topshirdi barcha yumushni.
5594. Shu zayilda bir muddat yashadi u,
Hasrat chekib, dard-alam oshadi u.
5595. Boqib, o’ylab ko’rdi har bitta ishin,
Tiriklik, yigitlik zoe etmishin.
5596. Yorishib ketdi birdan ko’ngil, ko’zi,
Qast qildi qaytadan poklashni o’zin.

Izoh:
Ko’ki – tomiri

09

(Tashriflar: umumiy 728, bugungi 1)

Izoh qoldiring