Yusuf Xos Hojib. Qutadg’u bilik. 12-19 boblar. Emin Usmon tarjimasi

kitob     Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» («Саодатга йУлловчи билим», 1069—70) асари исломий туркий адабиётни бошлабгина бермай, уни янги тараққиёт босқичига ҳам кўтарди. У нафақат туркий ҳалқлар адабиёти анъаналари, балки қардош халқлар, жумладан, форсий адабиёт тажрибаларини ҳам ижодий ўзлаштирган ҳолца яратилган. «Шоҳнома» каби мутақориб вазнида ёзилган ва «Туркий Шоҳнома» номи б-н шуҳрат қозонган (73 боб, 6520 байт ва тўртликлардан иборат).

001

ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ
ҚУТАДҒУ БИЛИГ
Қадим туркчадан Эмин УСМОН таржимаси
09

ЎН ИККИНЧИ БОБ
КУНТУҒДИ ЭЛИГ ҲАҚИДА СЎЗБОШИ

398. Ақл ишни ўнглар, билим билдирар,
Бевафо дунё ишларин уқтирар.
399. Жафокаш, бевафо бу кекса очун,
Қилиғи қиз каби, лек умри узун.
400. Баъзи килиқлари нозли ва силиқ* ,
Мафтун этади-ю, тутқазмас илик.
401. У суйганни суймас, кийикдек қочар,
Кочганга ёпишиб, оёғин қучар.
402. Ясаниб у гоҳо орқангдан чопар,
Гоҳ, назарга илмас, тескари боқар.
403. Ҳарчанд кўнгил берма, терс бурар юзин,
Ноз-карашма бирла тутқазмас ўзин.
404. Талай бегни қаритди, қаримас ўзи,
Неларни кўрмади, тугамас сўзи.

[*] Силиқ – мулойим, юмшоқ

* * *

405. Бег эди жаҳонда билгич, доно, бош,
Унинг давронида дунё бўлди ёш.
406. Кунтуғди эди у таниқли, номдор,
Шону шараф қучган, бахтли ҳам пойдор.
407. Феъл-атвори тўғри ва хулқи ўнғой* ,
Сўзи бутун ва чин, кўзи, кўнгли бой,
408. Ақл-заковатли, билгич зот эди,
Ёмонга бир ўт, ёвга офат эди.
409. Жасур, мағрур, ҳақгўй эди ҳаммавақт,
Бу феъли юксалтиб, айлади хушбахт,
410. Шундайин бег эрди билимдон, ҳаким,
Ҳар вақт, ҳукми одил ва феъли ҳалим.
411. Сиёсат юритарди ҳиммат бирла,
Ҳиммат ярашарди мурувват бирла.
412. Бунга мос келади бир шоир сўзи,
Ўқиса очилгай ўкувчин кўзи:
413. Эр кишига ҳиммат, мурувват керак,
Пастлик, ёвузликни қувламоқ керак.
414. Кишига ҳиммат, мурувват зарур,
Қадр ҳиммату мурувват-ла ўлчанур.
415. Шу фазилати бирла Кунтуғди хон,
Ой, кундек нур сочиб ёритди жаҳон.
416. Оқилу донони чорлаб, жам этди,
Олимни улуғлаб, эҳтиром этди.
417. Асл беглар атрофига жам бўлди,
Олиму фозиллар дўст, ҳамдам бўлди.
418. Тадбир-ла изга солди эл-юрт ишин,
Ёнига чорлади пок, сархил кишин,
419. Ёрдам қилиб қўлидан ишин олса,
Уларга ишониб хон кўнгли тинса.

[*] Ўнғой — осон, мулойим

* * *

420. Ғамга чўмиб деди бир куни элиг,
Мушкулу шарафли иш эрур беглик.
421. Бош оғриқк ишлари кўп эрур беҳад,
Қадрли уларни бажаргзн албат.
422. Ёлғиз қилолмасман бутун эл ишин,
Бир тадбиркор лозим, билгич иш кўзин.
423. Менга лозим сара, содиқ бир йўлдош,
Аклли, билимли, сарбон, кўпга бош.
424. Меҳрибон, ишончли ва ишлари ҳақ.
Тили ростгўй, кўнгли оқ бўлса ҳарвақт.
425. Қўлимлан олсайди бор юмушларим,
Уқсайди бор сирим, куюнишларим.
426. Не панд айтар, эшит, синаган киши,
Иссин-совуқ кўриб улғайган ёши.
427. Инсонга зарур йўлдош, ёрдамчилар,
Ақлли, билимдон, доно элчилар.
428. Ишбилармон, эпли ёрдамчи керак,
Ишнинг кўзин билса, ушалгай тилак.
429. Ёрдамчи кўп бўлса, бег чекмас заҳмат,
Иш ўнгланур, низом бузилглас ҳеч вақт.
430. Хар ишда ёрдамчи, дастёр керакдир,
Беглик ишида кўп тадбир керакдир.
431. Ахтариб ёрдамчи топмагач элиг,
Охир ўзи урди бор ишга илик. –
432. Меҳнат бирла ҳар кун қийналди жон кўп,
Халоват истаган заҳмат чекар хўп.
433. Бу ҳақда ҳар гапни ўйлаб сўзлаган,
Бир табаррук, азиз зот шундай деган:
434. Ҳаловат ҳамиша жафо бирладир,
Севинч қайда бўлса, қайру биргадир.
435. Ташвиши кўпаяр улғайоа киши,
Катта бўрк кийилар улғайса боши.
436. Бутун элга кўз-қулок солди элиг,
Очилди унга барча ёпик эшик.
437. Яроқсизни ёқадан тутиб урди,
Ёмонларни элидан қувиб сурди.
438. Зийраклик бирла у бошқарди юртин,
Камол топди, бахти ортди кундан-кун.
439. Унга уйғун келди шоир каломи,
Ҳушёрлик посбонидир юрт камолин.
440. Хушёрлик, оқилликни мақтар эрлар,
Ғофилликдан туман минг одам ўлар.
441. Ҳар ишда ўзинг асра, ғофил бўлма,
Икки дунёни тила, беғам юрма.
442. Киши беғам бўлса, у ғофил қолар,
Ёғий келса, аввал ғофилни олар.
443. Нималар дер тингла жаҳонгир киши,
Ёвни ҳушёрлик бирла енган киши:
444. Эл топай десанг соқ бўл, ҳукмдор киши,
Билиб кўй ҳушёрлик шариат иши.
445. Ғофил умри ғафлатда кечади боқ,
Ғофил бўлма, феьлинг тузат, бўл соқ.
446. Элиг соқ бўлса, кони фойда элга,
Қут-барака, тотувлик ёғар элга.
447. Элин ғамин еди, бой бўлди будун,
Бўри, кўйлар бирга сув ичди бу кун.
448. Дўстлари севиниб, мадҳ этди уни,
Ёвлар бошин эгди эшитгач буни.
449. Биров паноҳ истаб келади бунга,
Биров эшик ўлиб сиғинар унга.
450. Тингла, калби уйғок сўзлагай бешак,
Сўзлари бамисли алвонранг чечак:
451. Беглик бу улуғлик, эзгу нарса бил,
Йўриғи туз бўлса, юз гулгун, қизил.
452. Янада яхширок бўлади беглик,
Ҳак йўлга қўйилса конун ва тенглик.
453. Беги одил, тутган йўли тўғри гар,
Рўшнолик топар эл ҳам зафар қучар.
454. Қутлуғ бахт эрур эрга яхши оти,
Яхши ном бахш этар мангулик қути.
455. Кўп яхши бўлур гар бег яхши киши,
Чин инсонлик бирла қилса эл ишин.
456. Ундан баҳра олгай бутун эл-улус,
Жаҳонга ёйилгай шуҳрати тўкис.
457. Дуогўй ортиб, улуғланди оти,
Кундан-кун зиёда бўлди давлати.
458. Орзулади ким доврурин эшитди,
Гирдига тўпланиб, жон фидо этди.
459. Бахтдан белга белбоғ боғлади жаҳон,
Қўзи бирла бўри ўйнашар шодон.

ЎН УЧИНЧИ БОБ
ОЙТЎЛДИНИНГ КУНТУҒДИ ЭЛИГ
ХИЗМАТИГА КИРГАНЛИГИ БАЁНИ

460. Ойтўлди отли зот бордир пурмаъно,
Интилди довруғин билган ҳамоно.
461. Жувонмард, мулойим йигит эди у,
Закий ва илмли, пок дил эди у.
462. Юзидан нур ёғар, кўзни қувнатиб,
Тилидан бол томар, дилни яйратиб.
463. Барча касб-ҳунарни ўрганди тугал,
Илму урфонни ҳам билди мукаммал.

***

464. Деди ўзига: Илм-урфонга эшман,
Касб-ҳунар бобида барчага пешман.
465. Не учун юрибман бу ерда бекор,
Тез борай элигга хизматим даркор.
466. Элигга ярасин билган касб-корим,
Унинг ҳузурида керак даркорим.
467. Ақл-идрокли, доно, юмшоқ феъл эмиш,
Ҳунарманд , фозиллар келсин дер эмиш.
468. Шоир сўзин бунга монанд айтмишдир,
Тили бирла дилин мослаб айтмишдир.
469. Заковат қадрини фозиллар билар,
Доно билим сотса, билимли олар.
470. Нечук билгай телба билим қадрини,
Илм истаб олим очар ер қаърини.
471. Билимнинг номини билимли билар,
Жоҳилга хайф, у билимни не қилар.
472. Билимнинг қадрини олимлар билар,
Гавҳарнинг қимматин заршунос билар.

* * *

473. Тахт қилди Ойтўлди от, тўн, яроғин,
Бориб элиг хизматига ярайин.
474. Тайёрлаб керакли нарсасин дарҳол,
фозил зот ўрдага йўл олди алҳол.

* * *

475. Деди: талаб айлаб бораётирман,
Хизматига ўзим ураётирман.
476. Ғариблик ерида мол-дунё зарур,
Қўлим қиска бўлса, юзим сарғаюр.
477. Ғоят қаттиқ эрур ғариблик иши,
Мусофир юртларда қотгай эр боши.
478. Керак бўлгай олтин-кумуш бегумон,
Буларсиз иш юришмоғи дарғумон.
479. Юзи йруғ киши сўзларин тингла,
Билимли уммондир, маъносин изла.
480. Ким сарой ишига кирмоқ истаса,
Икки нарса зарур гапнинг қисқаси:
481. Шарт соғлом тириклик бунда аввало
Бўлай деса ёруғ юз, ишим аъло.
482. Сўнгра ёмби керак, эй идрокли зот,
Уни харжлаб дарров ишларинг тузат.
483. Шунда бўлар хизмат яроқли албат,
Биронта берк эшик қолмагай минбад.
484. Соф олтин олди у, кумуш ва товар,
Деди: мушкул чоғда кунимга ярар.

* * *

485. Отланиб йўлга равона бўлди у,
Гоҳ дам олиб, гоҳо шитоб юрди у.
486. Охир элиг ўрдасига келиб етди,
Кўпдан интилган тилагига етди.
487. Шаҳарда сўради бошпана, макон,
Жой топмай кўзига тор бўлди жаҳон.
488. Ўксиниб, мусофирхонада тунади,
Сабр килди, қисматига унади.
489. Нелар дер эшитгин билка донолар,
Сўзлари ҳикматдир, теран маъно бор:
490. Кўп қийналар таниш-билишсиз эвоҳ,
Кирса ётлар ичига киши ногоҳ,
491. Танг бўлажак янги келганнинг ҳоли,
Таниши йўқ бўлса, сўргани ҳоли.
492. Таниши йўқ кимсани сўқир сана,
Сўқир йўл топмаса, сўкмагил яна.
493. Киши ҳеч кирмаган элга кирса гар,
Келиндек бош эгиб, тили тутилар.
494. Ётни ёрлақагил, ошу нон бергил,
Ундан ширин сўзинг дариғ тутмагил.
495. Ким ётни яхши кутса, ёруғ юзи,
Яхши ном қозонар, мўътабар сўзи.
496. Кишига керакдир ҳар ерда таниш,
Таниш билан битар ҳар қандайин иш.
497. Шундайин яшади Ойтўлди кўп вақт,
Ғарибликда ранги сарғайди бевақт.
498. Танишлар орттирди, жой ҳам топилди,
Ишлар йўлга тушиб, юзи очилди.
499. Ёру дўст орттирди, кўнглини очиб,
Каттаю кичикка чеҳрасин очиб.
500. Ойтўлдига дўст тутинди бир киши,
Оти Кусамиш эди, яхши иши.
501. Унга айтди Ойтўлди дилда борин,
Ўзи ким, тилаги не, аҳд, қарорин.
502. Элидан бу ерга нечук келганин,
Баён этди бир-бир кўрган-билганин.

* * *

503. Элигга яқин хос ҳожиб бор эди,
Оти Эрсиг, шоҳга сирдош, ёр эди.
504. Кусамиш изн сўраб унга учрашди,
Эшитган-билганин айтиб сўзлашди.
505. Ҳожиб сўзларига қулоғин тутди,
Тилаги нимадир, яхшилаб уқди.
506. Баён этди Кусамиш дилда бор сўзин,
Мақсади нимаю, кимлигин ўзин.

ҲОЖИБНИНГ КУСАМИШГА ЖАВОБИ

507. Деди ҳожиб: ҳузуримга келсин у,
Кимлигин билайин, мени кўрсин у.
508. Мен элигга бу гапларни етказай,
Қачон қабул этгай, аниқлаб билай.

КУСАМИШНИНГ ОЙТЎЛДИГА АЙТГАНЛАРИ

509. Кусамиш термсига сиғмай қайтди,
Ойтўлдига кунинг туғди деб айтди.
510. Қани юр, таниш тезрок ҳожиб ила,
Дилингда не истак бор, ундан тила.
511. Кўриб билсин, чин деб ишонсин сўзинг,
Тилак, мақсадларинг баён эт ўзинг.
512. Гапларингни унга етказдим, бироқ,
Ўзинг айтгин мағзин чақиб яхшироқ.
513. Деди: гапидан аён бўлди дили,
Нияти покиза, рост сўзлар тили.
514. Бировнинг гапин биров такрор этар,
Ишин қадрига ҳар ким ўзи етар.
515. Ҳарчанд дилга яқин бўлмасин киши,
Ўзингдан меҳрибон бўлмас ҳеч киши.
516. Меҳрибон истасанг ўзингга ўзинг,
Ўзингдан меҳрибон йўқ, бас қил сўзинг.

* * *

517. Қувониб тўн кийди Ойтўлди шу кез,
Отланиб Кусамишла йўлга чиқди тез.
518. Элиг ўрдасига келишди етиб,
Ва таклиф бўларин турдилар кутиб.
519. Ҳожибга учрашди Кусамиш алҳол,
Вя дўстин ичкари чорлади дарҳол.
520. Ҳожиб пешвоз чиқди, тўрдан жой берди,
Очиқ чеҳра бирла сўз дурин терди.

ҲОЖИБНИНГ ОЙТЎЛДИГА САВОЛИ

521. Ҳолинг нечук, недан хафа, хурсандсан?
Қўналғанг каерда, не билан бандсан?
522. Танишларинг борми ё бир кариндош?
Борми берадиган бирон коса ош?
523. Асли не истайсан, нимадир тилак?
Не юмуш киласан, сенга не керак?

ОЙТЎЛДИНИНГ Ҳ0ЖИБГА ЖАВОБИ

524. Эй- бахтиёр инсон, муҳтарам ҳожиб,
Элиг номин эшитгач, меҳр туйдим ажиб.
525. Эшитдим олисдан шону шуҳратин,
Кўп оқилу илмли, нодир хислатин.
526. Унинг хизматига ўзим чоғладим,
Ҳар не юмушига белим боғладим.
527. Мурод — элиг хизматига шай турсам,
Сўзим етказса ҳожиб лойик кўрса.

* * *

528. Ҳожибга Ойтўлди ёқди-ю, қолди,
Алқаб олқишларини тўкиб солди.
529. Туси яхши, хулқи унга маъқул бўлди,
Ростгўйлик либосин мужассам кўрди.
530. Меҳри тушиб уни юракдан суйди,
Қўллаб-қувватлашни кўнглига тугди.
531. Не дер тингла меҳр қозонган улуғ зот,
Меҳр тушса айб ҳам туюлар фазилат.
532. Севилса киши айби фазил туюлар,
Йўкса, фазилзти қусур кўринар.
533. Бу гапнинг исботи эрур ушбу сўз,
Уни уқсанг асло демассан афсус.
534. Кўнгил тушса айби ҳам ардам* бўлар,
Айбин кўрмай ўзига ҳамдам қилар.
535. Кўнгил кимни севса борича маҳбуб,
Айбларин кўрмагай ул ошиқ маҳдуд.

[*] Ардам – фазилат, одоб-аҳлоқ

ҲОЖИБНИНГ ОЙТЎЛДИГА ЖАВОБИ

536. Азият чекибсан, сабр қил яна,
Сенинг хизматингда бўлай ростмона.
537. Элигга айтайин даставвал сўзинг,
Ниятинг нимаю ва кимсан ўзинг.
538. Бор гапдан воқиф бўлсин, ўзинг кўрсин,
Хор этмасин асло, кадрлаб юрсин.
539. Холингдан хабардор бўламан албат,
Чин дилдан ҳамдамивг бўламан абад.

* * *

540. Яхши сўз-ла димоғини чоғлади,
Унинг хизматига белин боғлади.
541. Одамнинг яхшиси шундай бўлади,
Эл хизматин қилиб кўнгли тўлади.
542. Тингла, не дер кўпга бош бўлгувчи зот,
Ҳар ишни астойдил бажаргувчи зот:
543. Ортса кимнинг давлату мартабаси,
Одил сиёсат-ла элин ярлақасин.
544. Бошқаролса кўпни агарда биров,
Хуснихулқ ва одил бўлиши гаров.
545. Халққа йўл-йўриқ бўлса кимнинг сўзи,
Тили ширин бўлсин, мулойим ўзи.
546. Бевафо бу давлат бузар ва тузар,
Беқарор эрур у, зерикса тўзар.
547. Бахтга ишонма, фақат яхшилик қил,
Бугун бунда бўлса, эрта унда бил.
548. Бахтингга қувонма, эй бахт топгувчи,
Бу бахт келгувчидир, яна қочгувчи.
549. Эй давлат соҳиби, бу давлат била,
Турай десанг албат яхшилик тила.
550. Беглик ва улуғлик гар этса насиб,
Сен ўзингга камтарликни этгин касб .
551. Ҳожиб айтди: кўнглинг тўқ тутиб, шод юр,
Бахт камари боғланди, ишга шай тур.
552. Шошилма, имтиҳон соати яқин,
Вақт етса берк эшиклар очилар тайн.
553. Нақадар соз эрур билимли гапи,
Доно сўзи асл шоҳи, ипак каби.
554. Ким ҳовлиқма ҳар бир ишда кеч қолар,
Шошқалоқлик меваси — пушмон олар.
555. Шошма, кутгил ҳар ишиинг вақти келар,
Оқил, ҳар иш ўз вақтида ҳал бўлар. 

ОЙТЎЛДИНИНГ ҲОЖИБГА ЖАВОБИ

556. Қулоғига қуйди ҳожибнинг сўзин,
Аҳд қилди сабр ила тутмоққа ўзин.
557. Мақсадим билдингиз, кўрдингиз мени,
Сиз ҳал этинг ишнинг битар вақтини
558. Чақиртирса мени ҳожиб қай бир дам,
Албат етиб келгайман мен вожиб дам

* * *

559. Кўнгли тоғдек ўсиб чиқди у бундан,
Умидвор бўлиб у эртанги кундан.

* * *

560. Ҳожиб кўрди увинг феъл-атворини,
Одамлардан ўзгача рафторини.
561. Деди: кўрганим йўқ бунингдек инсон,
Кўпга бош бўлгудек заковатли жон.
562. Бундайин кишилар бўлар кўп танқис,
Улар фазли ўзгача, мисли ҳур қиз.
563. Неки камёб, шу нарса азиз ғоят,
Уни топмоқ мушкул чекиб азият.
564. Бундай камёб зотлар элигга керак,
Неки элигга меьқул, элга керак.
565. Фозиллар фазли-ла элга наф берар,
Ўз фазли билан эр тилакка етар.

* * *

566. Бу гапни элигга етказди ҳожиб,
Ойтўлди кимлигин таърифлаб, очиб.
567. Хулқи, феълин айтди, қолмади ҳеч сир
Илми, ақли, фазлин санади бир-бир.

ЭЛИГНИНГ ҲОЖИБГА ЖАВОБИ

568. Қазиқиб деди элиг: келтир қани,
Фикри нечук, сўзида борми маъни?
569. Менга зарур шундай тадбиркор киши,
Қўлга олиб бошқарса беглик ишин.
570. Орзуим ушалди, эндаги тилак,
Менга шундай тадбиркор керак.
571. Тез бўл, уни ҳузуримга чорлагин,
Мардим хизматимга белин боғлатгин,

* * *

572. Ҳожиб қабулдан чиқди-ю, дарҳол,
Чопар юборди, фикрин айлаб изҳор.
573. Севинчли хабарни чопар етказди,
Ойтўлдининг бошин кўкка етказди.
574. Тулпорин учириб ўрдага етди,
Ҳожиб пешвоз чиқиб сарафроз этди.
575. Ҳожиб эҳтиром-ла тўрдан жой берди,
Ойтўлди ҳам ҳурмат-ла жавоб берди.
576. Элиг ҳузурига шошилди мезбон,
Онтўлди келганин арз этди шу он.
577. Элиг айтди: тез ҳузуримга кирсин,
Мен уни кўрайин, у мени кўрсин.
578. Ҳожиб Ойтўлдига йўл бошлади,
Қувон, деди, сенга бахт кўз ташлади.

ЎН ТЎРТИНЧИ БОБ
ОЙТЎЛДИНИНГ КУНТУҒДИ ЭЛИГ ҲУЗУРИГА
КИРГАНЛИГИ БАЁНИ

579. Ойтўлди ичкари кирди тиз чўкиб,
Элиг кўнгли ёришди уни кўриб.
580. Юкунди элигга, бошлади сўзин,
Ширин калом бирла севдирди ўзин.
581. Элиг сўрди: кимсан, нимадир отинг?
Қай ердан қелурсан, қаерда юртинг?
582. Ойтўлди босиқ сўзга очди тил,
Фасоҳат-ла гапларин бошлади, бил.
583. Ширин сўз, босиқлик оқил хуснидир,
Ақлсиз кишилар буткул йилқидир.
584. Бунга менгзаб шоир фикр баён этган,
Ишинг шошмай, сабр билан адо этгин.
585. Шошиб ишга киришма, сабр-ла қил,
Шошқалоқлик охири вой, пушмон бил.
586. Ўзингни тут, шошилма ҳеч бир ишда,
Бегликка эришар кул сабр этиш-ла.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

587. Эй карам, саодат соҳиби элиг,
Саодатдир сенга муносиб қуллик.
588. Отим қул, хизматкор, жойим остона,
Одатим тўғрилик, хизмат, шукрона.
589. Ҳузурингга келдим олис йўл юриб,
Тилагимга етдим, орзуйим кулиб.
590. Муродим ўзингга ҳамдам айласанг,
Кўнглинг колмай ишга солиб яйратсанг.

* * *

591. Унинг сўзин тинглаб элиг шод бўлди,
Излаганин топиб қувончга тўлди. 

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА ЖАВОБИ

592. Элиг айтди: Ойтўлди кўрдим сени,
Суюнтирди кўркинг ва хулқинг мени.
593. Садоқат-ла хизмат қил, бўл меҳрибон,
Яқин ҳамдам, эшигимда бул посбон.
594. Сендан ҳалол хизмат, мендан марҳамат,
Бахт эшигин очар, гар чексанг заҳмат.
595. Дарров ишга кириш, хизматга топин,
Элиг яхши билар хизматчи ҳақин.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

596. Ер ўпиб Ойтўлди деди: гар элиг,
Қувонса, бахт қулга тутқазгай илик.
597. Фақат сенинг хизматинг истаб келдим,
Олис йўллар босиб, югурдим, елдим.
598. Хизматимда Ҳақнинг ўзи қўлласин,
Саҳвдан асраб, тўғри йўлга йўлласин.

* * *

599. Омтўлди чиқди димоғи чоғ бўлиб,
Қулфи дили очилиб, қувончга тўлиб.
600. Не дер, эшит, иқболи кулган киши,
Бахт кулиб, орзуси ушалган киши.
601. Илтвфот назарин ташласа беглар,
Орзу қулф уриб, дил шодликка тўлар.
602. Беглар рўйхуш бериб боқса кишига,
Қалби нурга тўлар, ривож ишига.
603. Бег кимни ўзига яқин тутса гар,
Яқинлик қилажак албат ўзгалар.
604. Бег бахтдир, яқин бўлса бахтга киши,
Етиб ҳамма мақсадга, битгай иши.

* * *

605. Ишга тушди Ойтўлди шу маҳалдан,
Эшикда турди ҳар қун тонг саҳардан.
606. Кундуз посбон, тунлар соқчи бўлди у,
Ҳеч оғишмай содиқ хизмат қилди у.
607. Элиг ҳузурига кириб турарди,
Садоқатин элиг билиб юрарди.
608. Хизматин кун сайин ошира борди,
Элиг ҳам меҳр қўйиб қадрлай борди.
609. Меҳнат билан қадр топар қуллар ҳам,
Хизмат билан ўсар кичик уллар ҳам.
610. Меҳнат қил, ундан қул бегликка етгай,
Меҳнат қилмай ким муродига етгай.
611. Эшит энди олим сўзин, не деюр,
Назокат-ла сўзин мослаб арз қилур.
612. Йуқсил хизмати-ла тўрдан жой олар,
Нокас минг уринсин пойгакда қолар.
613. Хизматни астойдил бажармок керак,
Фақат меҳнат бирла ушалар тилак.
614. Хизматин оширди Ойтўлди ҳар кун,
Карам эшигин очди элиг тун-кун.
615. Ҳурмат-эътибори ошди кун сайин,
Ғам ариди, севинч ортгани сайин.
616. Хизматга киришди Ойтўлди қаттиқ,
Нуфуз, дунё ортди, кўрмайин таъқиқ.
617. Элиг ҳар соҳада имтиҳон қилди,
Комил инсонлигин у равшан билди.

ЎН БЕШИНЧИ БОБ
ОЙТЎЛДИ ЎЗИНИНГ ДАВЛАТ ЭКАНИНИ АЙТГАНИ БАЁНИ

618. Ёлғиз қолиб бир кун элиг чорлади,
Ойтўлди ишга шод ўзин чоғлади.
619. Ҳукмдор қошида шамдек қотди тик,
Илтифот бирла жюй кўрсатди элиг.
620. Тўп олиб устига чўкди Ойтўлди,
Камтарлиги элигга маъқул бўлди.
621. Турли соҳалардан сўз очди ҳокон,
Бир-бир жавоб берди Ойтўлди шу он.
622. Қувончдан элигнинг юзи ёришди,
Кўз юмди Ойтўлди, дили ёришди.
623. Сукут қилди элиг, бир сўз қотмади,
Ойтўлди ҳаяжонда кўз очмади.
624. Сукутдан сўнг элиг тутди савола,
Ўз фикрин Ойтўлди этди ҳавола.
625. Элиг турли йўллар билан кузатди,
Ақл-заковат, илмин синаб сўз айтди.
626. Хушҳол боқиб элиг тугатди сўзин,
Ойтўлди эса тез ўгирди юзин.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА АЙТГАН СЎЗЛАРИ

627. Элиг қаҳрланиб, қорайди юзи,
Деди: шошқалоқлик ёмон иш ўзи.
628. Ишонч бобида мен янглишдим, афсус,
Хатойимни айтсам кўпайгай гап-сўз.
629. Қулоқ сол, билимли не деб панд этар,
Шошган иш пушмони йилларга кетар.
630. Шошган иш ўхшамас, ташвиш, ғам бўлар,
Чала пишган ошдан хасталик келар.
631. Шошқалоқлик хатоларнинг бошидир,
Эҳтиётлик эзгулик йўлдошидир.
632. Хатойим шулдирки, синаб кўрмасдан,
Яқин тутдим сени яхши билмасдан.
633. Аввал ишга солиб беглар ўз қулин,
Сўнг очмоғи керак илтифот йўлин.
634. Аввал синаб, ишда пишиқлаб олсин,
Сўнг қадрлаб, ҳиммат назарин солсин.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА САВОЛИ

635. Ойтўлди айтди: Нечук элиг қути,
Мунча ғазабландинг, ёнар қаҳр ўти?
636. Гуноҳим нимадир, билмадим ўзим,
Айтиб бер, сўнг мен ҳам айтайин сўзим.
637. Гуноҳим бор бўлса, қийна, эрк сенда,
йўқ бўлса, юзингни бужмайтма менга.
638. Оқил бунга монанд не дер тинглагин,
Қиёслаб кўр, маъносини англагин.
639. Хато қилса ходим, чақирмоқ керак,
Аниқлаб сабабин адл этмоқ керак.
640. Гуноҳи бор бўлса, тутиб қийнасин,
Йўқ бўлса, кўнглини олиб қувнатсин.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА ЖАВОБИ

641. Элиг сўз очди, каҳри уриб туғён,
Кимлигинг биласанми, илмсиз нодон.
642. Ўзингга назар сол, сен кимсан менга?
Қайдан келди бундай густоҳлик сенга?
643. Ўтди десам, ҳали ўқдир хизматинг,
Нафинг тегди десам, йўқ манфаатинг
644. Хизматинг кўрмасдан илтифот қилдим,
Илтифот кўрсатсам беҳурмат қилдинг.
645. Тўпни қўйиб ўлтиришга чоғландинг,
Нечун ҳузуримда тўпдан жой олдинг?
646. Фикрим айтиб сўзинга қулок тутдим,
Кўз юмганинг кўриб ёқамни тутдим.
647. Афу этиб яна сўз қотдим сенга,
Айт-чи, нечун юзинг терс бурдинг менга?
648. Доно айтмиш, кимки бегларга яқин,
Ҳушёр бўлсин, улар бамисли чақин.
649. Айтмаганми ота-онанг, билмадим,
Бегингга ўзингни ҳеч тенг қилмагин.
650. Уқтирмаганми оқсоқол, йўлдошинг,
Бегинг беҳурмат қилма, асра бошинг.
651. Беглар мисли ўтдир, яқин борма, қоч,
Борсанг куйдиради, айлайди кўмоч.
652. Ғофил бўлма, беглар ёнар ўт эрур,
Унга яқин бормоқ фалокат бўлур.
653. Бег ишини кўргил, ўтдек куйдирар,
Кеккайса бош узар, қонини сўрар.
654. Астойдил тикилса қўрқув ичра тур,
Гар қўрқмасанг зўрлик билан титратур.

ЎН ОЛТИНЧИ БОБ
ОЙТЎЛДИ ЎЗИНИНГ ДАВЛАТ СИФАТИНИ КЎРСАТГАНИ БАЁНИ

655. Кулиб айтди Ойтўлди: Очдинг кўзим,
Фикринг уқдим, энди эшитгин сўзим,
656. Жим турдим бу ишларни атай қилиб,
Энди сен ҳам сабабини қўйгин билиб.
657. Ҳузурингга келишимнинг боиси,
Феъл-атворимнинг бир намойиши.
658. Жой кўрсатдинг аввал мен ўлтирмадим,
Бунда менга жой йўқ демоқчи эдим.
659. Тўпни ерга қўйдим, чуқур маъно бор,
Ўзим унга ўхшатдим, англамоқ даркор.
660. Тўп қўнимсиз, мудом думалаб юрар,
Давлат ҳам унингдек бевафо бўлар,
661. Суюб боққанингда кўзим юмганим,
Нелигимни билдирмокчи бўлганим.
662. Мен давлатман, кўр кишига ўхшайман,
Ким илинса, ўз ҳолига қўймайман.
663. Дарров жавоб бердим сўз қотганингда,
Юз ўгирдим лутф этиб боққанингда.
664. Шу заил ўз феълим кўрсатдим сенга,
Қилмишим жафодир, ишонма менга.
665. Не деб ўгит берар бир туркий мақол,
Бошдан иссик-совук кечган оқсоқол.
666. Бахт, давлатга қувонма бахтиёр инсон,
У солар ғафлатга, ўзингга инон.
667. Оқар сув, равон тил, бахт тиним билмас,
Юрт кезар ошуфтаҳол, қўним билмас.
668. Қут ишончсиз, бевафою беқарор,
Учиб юрса ҳамки, оёғи тояр.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА САВОЛИ

669. Элиг айтди: Дуруст, фикрингни айтдинг,
Узр бирла ўзингни бегуноҳ, этдинг.
670. Очиқ айтгин менга нечук ардаминг,
Катта гаплар қилди бу бурро тилинг.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

671. Ойтўлди айтди: Ҳунар-ардамим кўп,
Давлатман, инсонга манаатим кўп.
672. Қилмишим ростгўйлик, ёшим кичикдур,
Узр айтсам беглар, улуғлар кечирур.
673. Юзим кўркам, феълим юмшоқ, камим йўқ,
Не тилак бор қўлим етар, ғамим йўқ.
674. Қайдабўлсам орзу-тилак жўш урар,
Менга ҳамдам бўлиб югуриб юрар.
675. Фароғат мендадир, машаққат билмам,
Севинч менда, йўлдан озиб қочар ғам.
676. Ким кеккайса, завол топар ва йитар,
Ким бош эгса, ҳар вақт орзуга етар.
677. Ураман дегувчи ўзи урилар,
Маҳв этмоқ кўзлаган уриб сурилар.
678. Бунга монанд сўз мавриди келди бил,
Илмлилар уқиб уни этсин табдил:
679. Давлат қайда бўлса, бўйин эг, яраш,
Бахтга эришсанг ғам-қайғу-ла кураш.
680. Қут келса киши албат бахтли бўлар,
Бахт билан туман минг орзу ушалар.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА САВОЛИ
681. Элиг айтди: Касб-корингни билдирдинг,
Энди қандай нуқсонинг бор билдиргин.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

682. Ойтўдди айтди: Зарра зиёним йўқ,
Бор деб туҳмат килишар — парвойим йўқ.
683. Айбим шуки, бевафо, беқарор деб,
Одамларнииг ўзи гап қилар ҳадеб.
684. Беқарорлик менга асло айб эмас,
Янги сифат ахтарурман — кўп ҳавас.
685. Барча эски нарса номатлуб бўлар,
Номатлубми, албат кўнгилга урар.
686. Янги нарса бўлса, эски на керак?
Сара нарса бўлса, ёмон на керак?
687. Бор лаззат, ҳаловат янгида эрур,
Лаззат, ҳаловат истаб жон қайналур.
688. Шу ишим-чун бевафо атайдилар,
Қарори йўқ дея айб тақайдилар.
689. Фикр айтган бир алп ўғлон бу ҳақда,
Маъноси мос келар бунга албатта.
690. Яралган неки бор албат йитади,
Холиқ не истаса шуни қилади.
691. Тириклик деган елдек ўтар-кетар,
Тутиб бўлмас, қочар, унга ким етар?
692. Бахтга мағрур бўлма, келару кетар,
Бор деб ишонмагил, давлатинг йитар.
693. Беқарор бўлмаса давлат шубҳасиз,
Бўлар эди энг яхши нарса, шаксиз.
694. Келиб кетмас бўлса бу давлат сира,
Ёруғ кунлар бўлмас эди ҳеч хира.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА САВОЛИ

695. Элиг айтди: Шунча беқарормисан?
Айт-чи, кетган жойингга ёнармисан?

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

696. Ойтўлди айтди: Ҳикмат хулосаои,
Феълим кийик каби, гапнинг қисқаси.
697. Суюб истаган киши ҳеч етолмас,
Қўлдан чиқарса, бас, қайтиб тутолмас.
698. Қаттик тутса агар кишилар топиб,
Очиқ айтай, кетмасман ундан қочиб.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА САВОЛИ

699. Элиг айтди: Қандай боғлайин сани?
Қандай кишан керак маҳкам тутгани?

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

700. Ойтўлди айтди: Менга маҳкам кишан,
Эрур талай нарса, берайин нишон:
701. Мени топгувчи тавозели бўлсин,
Феъли кичик, тили, сўзи юмшоқ бўлсин.
702. Ўзин асраб, ошмаса у ҳаддидин,
Ёмон, ёвуз ишларга у бормаса яқин;
703. Йиғилган молини асрашни билса,
Хулқин яхши, ниятини туз қилса;
704. Ўзидан улуғга хизматда бўлса,
Ўзидан кичикка ширин сўз бўлса;
705. Бировни кибр бирла ранжитмаса,
Кичикни писанд қилмай инжитмаса;
706. Ичкиликка муккасидан кетмаса,
Молин сочиб, несу нобуд этмаса;
707. Найранг ўйинларга кўнгил бермаса,
Феъл-хулқи айнишига изн бермаса;

708. Қарори йўқ қутга булар кишандир,
Қочиб кетмаслигига аниқ нишондир.
709. Бунга зарбулмасал шоирнинг сўзи,
Шоир сўзи бу гапнинг лаззат – тузи:
710. Давлат кийик каби ҳуркович, қочқин,
Гар келса маҳкам тут, тушовлаб олгин.
711. Тута билсанг давлат тўзимас, қолар,
Тўзиб кетса қайтиб келмас, бот қочар.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА ЖАВОБИ

712. Элиг айтди: Эй қут, тушундим сени,
Севганим-чун ташлаб қочарсан мени.
713. Гар бўлмасанг бевафою беқарор,
Келшингда қанча эзгу маъно бор.
714. Лекин қароринг йўқ, аслинг бевафо,
Вафодан лоф уриб, қилурсан жафо.
715. Отаю онадан бўлиб меҳрибон,
Кафтингда кўтариб, кулиб боқибон,
716. Гоҳо кўрмагандек бурасан юзинг,
Тўсатдан ўзгарар феъл-атвор сўзинг.
717. Йиғарсан, жамларсан яна сочарсан,
Ким сенга юз бурса, эшик ёпарсан.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

718. Ойтўлди айтди: Эй бахтиёр элиг,
Фазлим бирла менинг қусрим бор ва лек.
719. Ким эришгач, қаттиқ тутайин деса,
Сирини баён этдим, тадбирин билса.
720. Тутиб бошбоғ солса, эгаллаб олар,
Йўқса, кийикдек қочгум, доғда қолар.

721. Нима дер эшит, кўпни кўргаи қари,
Уларнинг айтгани сўзнинг гавҳари:
722. Бахт келар, тутишни билмасанг кетар,
Ризқ берар, ейишни билмасанг йитар.
723. Беқарор қутга етсанг тутиб ол қаттиқ,
Тутмасанг қўлдан кетар — алами аччиқ.
724. Бахтли киши ўзин асраши керак,
Ёмон ишдан қочиб, йироқлаш керак.
725. Парҳезкор, покдомон, ҳақ бўлса иши,
Бахтнинг калити шудир, билса киши.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА САВОЛИ

726. Элиг айтди: Билдим қусур, фазлингни,
Айт исминг маъносин ҳамда аслингни.
727. Маъносин шарҳлаб бер, билиб олайин,
Барин уқиб, ишонч ҳосил қилайин.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

728. Ойтўлди айтди: Феъл-атворим ҳаким,
Ойга нисбат бериб қўйибди отим.
729. Жуда кичик бўлар даставвал ҳилол,
Кундан-кун улғайиб ой бўлар алҳол.
730. Ой тўлишса, нурга тўлади олам,
Баҳра олиб яйрар замину одам
731. Ой тўлиб юксакка чиққанда аста,
Камайиб кўрки кетар мисли хаста.
732. Кури камаяди, ғойиб бўлади,
Қайтадан туғилиб яна тўлади.
733. Барча сифатларим ойдек ҳувайдо,
Гоҳо маҳв бўламан, гоҳида пайдо.
734. Ожиз-нотавонга юз бурсам ҳар кез* ,
Рост гап, улар кўрки ортади шаксиз.

[*] Қадимги мунажжимлар ойни бахт-саодат тимсоли ҳисоблашган.

735. Ким бойиб, улғайиб шаҳрати ортса,
Нари кетгум, омади чекинар ортга.
736. Йиқкан бойликлари сочилиб тугар,
Феъл-атвори яна аслига тушар.
737. Бунга ибрат бўлар шоирнинг сўзи,
Унинг сўзи нодон учун ақл кўзи:
738. Толеи кулса инсон қозонар шуҳрат,
Янги ойдек нурланиб топар нусрат.
739. Давлат телба, гумроҳ, кўнгил кўймагин,
Тўлин ойдек емирилар,суймагин.
740. Яна бир маъносин баён айлайин,
Менга ишон, мағзин чақиб англагин.
741. Ойнинг ўрни ва макони мунқалиб*,
Мунқалиб уйсиз қолар охир бориб.

[*] Мунқалиб — ўзгариб, айланйб турувчи, беқарор

742. Ой буржи саратон, мудом ўзгарар,
Жойи ҳам, ўзи ҳам турланиб турар.
743. Қай буржга кирмасин тез қайтиб чиқар,
Чиқарда шошилиб маконин йиқар.
744. Феъл-атворим унга ўхшайди, қара,
Гоҳ қадрим паст, гоҳ юксак олам аро.
745. Келарман, кетарман, юрарман бурун,
Кезарман жаҳонни менга йўқ ўрин.
746. Шу боис Ойтўлди аталдим, афсус,
Доно шундай таъбир бергандир махсус.
747. Мен — давлатман, барча нуқсон-фазлимни,
Баён этдим дардим, даъво, арзимни.
748. Фикрим очиқ айтдйм, ишонгин менга,
Ҳайдайсанми, тутасан — ихтиёр сенда.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА ЖАВОБИ

749. Элиг айтди: Эшитдим барча сўзинг,
Сўзинг дил ёритди, маъқулсан ўзинг
750. Худодан тилагандим сендек ҳамкор,
Худо берди, эй йигитларга сардор.
751. Худо кимга берса тилак — орзуни,
Бажо этмоқ керак унинг шукрини.
752. Бу кундан бошлабон асло тинмайин,
Зерикмасдан унинг шукрин айтайин,
753. Не деб ўгит берар бизга доно тетик,
Қолдириб кетди у бебаҳо битик.
754. Эй неъмат соҳиби, сен шукр айла,
Шукр қилсанг Ҳақ ризқинг зиёда айлар.
755. Ризқ эгаси кибрдан унутар ўзин,
Шукр қилгувчидан Ҳақ ўгирмас юзин.
756. Озроқ эзгуликка ҳадсиз шукр қил,
Кўплаб неъмат берса, унинг қадрин бил.
757. Шукр қилса, неъматнинг бири ўн бўлар,
Кўр, бири ўн бўлиб, уй молга тўлар.

* * *

758. Олқиш айтди элиг Ойтўлдига,
Деди; Кеча-кундуз ҳамроҳ бўл менга.
759. Талай товар берди, мақтади уни,
Олтин, кумуш берди, алқади уни.
760. Унга ҳамма гапин арз этди элиг,
Ҳар бир ишда сўради ақл ва билиг.
761. Ойтўлди бундай қадр-қимматни кўриб,
Хизматга киришди меҳрибон бўлиб.
762. Элиг шу тариқа яна синади,
Комил эканига кўнгли унади.

ЎН ЕТТИНЧИ БОБ
КУНТУҒДИ ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА АДОЛАТ
СИФАТЛАРИ ҲАҚИДА АЙТГАНЛАРИ БАЁНИ

763. Элиг ўлтириб ёлғиз бир куни,
Зерикди ва холи қилди уйини.
764. Ойтўлдининг чорлаб берди изн, йўл,
У кириб ҳузурида қовуштирди қўл.
765. Элигнинг амрини қутиб турди тик,
Сўз қотмай суқутда ўлтирди элиг.
766. Кўзи билан имлаб ишора қилди,
Ўлтиришга ундаб илтифот қилди.
767. Ойтўлди ўлтирди эҳтиёт бўлиб,
Кўзин ерга тикди кўнгли ғаш бўлиб.
768. Элигга у зимдан югуртирди кўз,
Қовоғи уюлган, тумшайгандир юз.
769. Кумуш курсида у ўлтирар эди,
Нега оёғи уч деб ўйлар эди.
770. Кўлида бор эди улкан бир пичоқ,
Сўлда уроғун* , ўнгда шакар бироқ.
771. Кўриб қўрқди Ойтўлди, ортди ғами,
Титроқ босиб, ичига тушди дами.

[*] Уроғун — Ҳиндистонда ўсадиган заҳарли ўсимлик

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА САВОЛИ

772. Бош кўтарди элиг анчадан кейин,
Деди Ойтўлдига: Қани сўзлагин
773. Мени бу тарз кўриб сақлайсан суқут,
Гунг лолмисан ё ақлдан бўлдинг унут?

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

774. Ойтўлдибек айтди: Эй соҳибқирон,
Сўзлашга журъат йўқ менда бу замон.
775. Бугун феъл-атворинг бошқача кўрдим,
Шу боис, эй доно, ийманиб турдим.
776. Бир доно олим шундай бермиш сабоқ,
Ғазабли онида бегдан қоч йироқ.
777. Билимдон донолар айтмиш, эй оқил,
Қаҳри келса беглар ўт, оғу — қочгил.
778. Ғазаб они дарқаҳр бўлса ҳукмдор,
Эй хушхулқ, унга яқин келма зинҳор.
779. Ғазабга миниб бег койиган замон,
Ундан йироқ тур, кўрарсан зиён.
780. Бу сўз монанд келди, дилингга жо эт,
Ўзинг асра, хатарли ҳузурдан кеч.
781. Дарғазаб чоғи бегга яқин бўлма,
Бу яқинлик хор этар, нодон бўлма.
782. Қўрққин, беглар худди йиртқич арслон,
Ғазабин келтирсанг бош кетар шу он.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА САВОЛИ

783. Элиг айтди: Қани, баён эт сўзинг,
Нега довдирайсан, йўқотиб ўзинг?

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

784. Ойтўлди айтди: Ҳайратим боиси,
Не учун кумушдан кўйилмиш курси?
785. Унга ўлтирмоқлик сенга нораво,
Сабабин айт менга, билмоғим раво.
786. Қўлингда пичок бор, бунда не маъно?
Сабабин билмоғим керак, эй доно.
787. Ўнг ёқда турибди лаззатли шакар,
Сўлингда уроғун, не маъно берар?
788. Сени қаҳрли кўриб довдираб қолдим,
Билганим унутдим, тамом лол қолдим.
789. Бу ҳолдан ийманиб гапим йўқотдим,
Сўзлашга ботинмай тилим тош қотди.

ЎН САККИЗИНЧИ БОБ
КУНТУҒДИ ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА АДОЛАТ СИФАТИ ҚАНДАЙЛИГИНИ АЙТГАНИ БАЁНИ

790. Элиг айтди: Сўзлиринг аниқ билдим,
Фикрим очиқ айтмоққа аҳд қилдим.
791. Сени даставвал мен чақирган чоғим,
Ҳурматлаб жой бердим, очиб қучоғим.
792. Кўп тансиқ ишларни кўз-кўз айладинг,
Қаҳрим келди — ниятинг сир айладинг.
793. Кўриб ғазаблансам, ранжитдинг ўзинг,
Қўрқиб титрасанг-да, бужмайди юзинг,
794. Билиб қўй, қутман деб писанда қилдинг,
Бахтнинг фазлин баён айлаб, шарҳ қилдинг,
795. Неки қилган бўлсанг шарҳладинг бир-бир,
Барини англадим, қолмади ҳеч сир.
796. Айбингдан кечдим, узринг қабул этиб,
Ҳурматинг оширдим, фазлинг қадр этиб.
797. Энди мен ҳам кўрсатай феъл-атворим,
Барча санъат-ҳунарим, ҳар не борим.
798. Адолат ва қонун мен ўзим қара,
Қонуннинг васфини булардан сўра:
799. Мен ўлтирган мана бу курсига боқ,
Эй кўнгил тўқи, бор унда уч оёқ.
800. Барча уч оёқ нарса маҳкам бўлар,
Қимирламай ер узра собит турар.
801. Агарда силжиб оғса биронтаси,
Қолгани ҳам силжиб, қулар эгаси.
802. Барча уч оёқли тўғри, рост бўлар,
Тўрт оёқни кўр, бири эгри бўлар.
803. Неки тўғри, бутун жисми туз бўлар,
Неки туздир, қилмишлари рост бўлар.
804. Ҳар неки эгилса, у эгри бўлар,
Эгрилик ёмонлик уруғи бўлар.
805. Қайси туз эгилса, турмас, ўнгланмас,
Ҳар неки туз бўлса, йиқилмайди, бас.
806. Боқ, феъл-атворим оғмас, тўғри эрур,
Гар тўғри эгилса, қиёмат бўлур.
807. Адолат-ла ҳал этарман ҳар ишни,
Ажратмасман бег, қул деб ҳеч кишини.
808. Қўлимда ханжару пичок шай турар,
Дориса ғанимлар тилар, ўлдирар.
809. Пичоқдек кесаман, ажрим қиламан,
Даъвогар ишин чўзмай ҳал қиламан.
810. Зулм кўрган киши шакар ер албат,
Даргоҳимга келса истаб адолат.
811. Шакардек лаззатга тўлар у инсон,
Қувончдан чеҳраси ёришиб шу он.
812. Зўравон золимлар уроғун ичар,
Гар бировни хорлаб адлдан кечар.
813. Ким бошин эгиб келса, қилсам ҳукм,
Уроғун ичгандек кўради зуғум.
814. Ковоғим уюлгани кўрксизлигим,
Бир рамздир золимларга юзсизлигим.
815. Хоҳ ўғлим бўлсин, хоҳ уруғ-аймоғим,
Хоҳ йўловчи, хоҳ меҳмон, узоқ авлодим,
816. Адолат бобида бари тенг эрур,
Ҳукмимга бари бир хил жавоб берур.
817. Бегликнинг асоси адолат эрур,
Одил бўлса беглар ҳаёт қулф урур.
818. Хикматлй сўз айтди ақлли киши,
Оқил сўзин тутса ким, унар иши.
819. Адолат ёритар бегликнинг йўлин,
Бегликнинг асоси адолат йўли.
820. Одил хукм қилса, кўнгли туз бўлса,
Не тонг бегнинг орзу чечаги қулса.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА САВОЛИ

821. Яна айтди Ойтўлди: Элиг қути,
Нечун Кунтуғди бўлди элиг оти?

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА ЖАВОБИ

822. Элиг деди: Олим феълимга мослаб,
Менга от қўйди кунга қиёслаб.
823. Боқ, кун емирилмас, ҳамиша бутун,
Нури ҳеч камаймас, ёруғ ва тўлин.
824. Хар жиҳатдан феълим унга монанддир,
Камаймас, нур тўлар, адлга пайванддир.
825. Кун туғилар, олам бўлар Боқира,
Барчага нур сочар, камаймас сира.
826. Менинг ҳам ҳукмим шу, йўқолмас ўзим,
Барчага баробар феъл-атвор, сўзим.
827. Ер бағри исийди туққанида кун,
Чечаклар юз очар унда минг йўсин.
828. Қайси элга етса ҳукмим, иродам,
Бу элда яшнагай тоғу тош, одам.
829. Чиқар кун бу яхши ё ёмон демас,
Нур сочар барчага, асло камаймас.
830. Менинг ҳам ниятим нақ шундай бўлиш,
То мендан барчага тегсин тенг улуш.
831. Яна куннинг буржи кўп собит эрур,
Собитнинг асоси мустаҳкам бўлур.
832. Кун буржи Арслондир, бу бурж тебранмас,
Буржи ўзгармасми, бузилиб кетмас.
833. Феъл-атвор, сифатим сира ўзгармас,
Ёруғим камаймас, аслим ўзгармас.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА САВОЛИ

834. Ойтўлди айт-ди: Эй бахтли элиг,
Шуҳратинг ортсин, жаҳонга бўл малик.
835. Олис юртдан мен адашиб-улоқиб,
Заҳмат чекиб, қошингга келдим ҳориб.
836. Яхши хулқ, фазилатинг мавжуд учун,
Умид-ла хизматга сарф этдим кучим.
837. Не истарсан, айт, хизматга шайман,
Недан қувонарсан, шуни қилай ман.
838. Бегнинг ризосича қилмасанг хизмат,
Хеч ишинг юришмас, чексанг-да заҳмат.
839. Эшит нималар дер Ила отлиги*,
Меҳнат-ла қадр топган киши қутлиғи.
840. Ходим бег ишига боғларкан белин,
Қаттик тутсин уни шод этиш йўлин.
841. Беглар ризосин қозониб хизмат қил,
Шундагина очилар бахт эшиги, бил.
842. Хизматкор хизмат қилса тўрга чиқар,
Акс ҳолда у тўрдан пойгакка тушар.
843. Севинтирса хизмат-ла бегин қули,
Очилгувси унга қадр-қиммат йўли.

[*] Ила – Или (Ғулжа) шаҳрида ном чиқарган киши

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА ЖАВОБИ

844. Элиг айтди: Энди тушундим сўзинг,
Менга севинч тила, асрагин ўзинг.
845. Айтай не яроқсиз, менга номақбуд,
Яроқсизга яқин юрма, фориғ бўл.

846. Мен ёқтирмас ишдан бири ёлғондир,
Бири зўравонлик — ундан ёмандир.
847. Иши суқлик, қурумсоқ, қаттиқ ўзи,
Феьли ховлиқмалик, ҳаёсиз кўзи.
848. Ҳар ишда баджаҳл, тўнг, қовоқ уйган,
Қўли эгри, ароққа ружу қўйган.
849. Бу янглиғ кишилар ҳеч маъқул эмас,
Очиғин айтай, улар инсон эмас.
850. Агар менга манзур бўлмоқ истасанг,
Бу иллатдан нари юрмоқ иста сен.
851. Кундан-кунга яқин бўларсан менга,
Хурмат, илтифот ортади сенга.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА САВОЛИ

852. Ойтўлди айтди: Уқдим ҳамма гапинг,
Маъносин айтиб бер яна бир гапнинг.
853. Яхши киши қандай киши аслида
Феъл-атвор, сифати қандай наслида?

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА ЖАВОБИ

854. Элиг айтди: Яхшилик сифати шундай,
Ундан халққа фойда етади тинмай.
855. Яхшилик қилар у бутун элига,
Миннат қилиб, таъна қилмас бирига.
856. У элга наф тилар, ўз нафин демас,
Етказган нафи-чун бадал кўзламас.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА САВОЛИ

857. Ойтўлди айтди: Гапларинг тушундим,
Яна бир савол бор, уни тушунтир.
858. Тўғрилик нима, уни қандай топар?
У билан қай йўсин рўшнолик топар?
859. Қай тарз бўлажакдир тўғрилик йўли?
Қандай бўлар асли тўғрилик ули*?

[*] Ул — асос,пойдевор

ЭЛИГНИНГН ОЙТЎЛДИГА ЖАВОБИ

860. Элиг айтди: Тўғрилар асли ўзи,
Тили, дили билан бир бўлар сўзи.
861. Сиртидек ичи ҳам, ичидек тоши,
Шу янглиғ бўлади чин, тўғри киши.
862. Олиб юра олса кафтида қалбин,
Хижолат чекмаса кўрганда халқин.
863. Бахтли яшамоққа тўғрилик зарур,
Тўғрилик асли инсон номи эрур.
864. Одам қаҳат эмас, одамийлик оз,
Одам жуда кўпдир, лек тўғрилик оз.
865. Бу ҳақда шоир ҳам сўз айтган рўй-рост,
Менинг айтганларим унга келар мос:
866. Заминни тўлдириб юрганлар кўпдир,
Фақат тўғри, ростгўй, етуклар хўпдир.
867. Киши қаҳат эмас, одамийлмк оз,
Мадҳ этилар инсон гар тўғри, мумтоз.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА САВОЛИ
868. Ойтўлди айтмишдир: Эй соҳибқирон,
Бу сўзнинг маъносин қил менга аён.
869. Яхши кишилар ҳам бўларми ёмон?
Яхши бўларми ёмонлар ҳеч замон?

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА ЖАВОБИ

870. Элиг айтди: Яхши икки турли, ул –
Бунинг бири чиндан тутар яхши йўл.
871. Бири онасидан яхши туғилиб,
Тўғри йўлдан юрар, чин, яхши бўлиб.
872. Яна бири эса ўткинчи бўлар,
Ёмонга қўшилса, ёмонлик қилар.
873. Ёмон ҳам икки хил бўлар доимо,
Инки хил ёмонни бирдек санама.
874. Ёмон бўлиб туғилар унинг бири,
Ўлмагунча аримас нуқсон — кири.
875. Бири тақлид билан ёмонлик қилар,
Эши яхши бўлса, у яхши бўлар.
876. Ким асли яхшидир, яхшилик келар,
Жаҳон халқи ундан манфаат олар.
877. Туғма ёмон бўлса, унга йўқ даво,
У халққа офатдир, жаҳонга бало.
878. Бунга монанд айтилмиш туркча мақол,
Тинглаб уни сен ўзингга ибрат ол:
879. Агар кирса оқ сут бирла яхши хулқ,
Ўлим етмагунча ўзгармас қилиқ.
880. Инсои-ла феъл-атвор яралган экан,
Ўлим бузмагунча ўзгармас экан.
881. Она қорнида яралган хулқ, одат,
Асло ўзгармайди ютгунча лаҳат.
882. Яхшига ҳамроҳ бўлса агар ёмон,
Унинг ҳам қилиғи бўлади ёмон.
883. Кўра-била қўшилса яхши ёмонга,
Нетонг йўл очилса нажот томонга.
884. Яхши, ёмон бирлашса бўлиб бир сабаб,
Ёмон нажот йўлин топса не ажаб.
885. Беги яхши бўлса бутун халқи туз,
Феъл-атвори яхши, ниятлари туз.
886. Ажаб, яқин тутса беглар яхшини,
Ёмонлар ҳам килар яхши ишини.
887. Агар яқин бўлса бегларга ёмон,
Ёмон қўли узайиб, бўлар ҳукмрон.
888. Ёмон бош кўтарса, яхшилар йитар,
Гар бег яхши бўлса, ёмонлар кетар.
889. Агар беглар яхши, бўлса бахтиёр,
Эл-юрт маъмур, бахтга бўлар ёр.
890. То ёмон бўлмагунча беглар ўзи,
Бу элда очилмас ёмоннинг юзи.
891. Не яхши низом битди беглар беги,
Ёмонга макон бўлди зиндон теги.
892. Агар яхши бўлса элнинг бошчиси,
Албат яхши бўлар барча ишчиси.
893. Агар беглар ўзи яхши бўлсалар,
Халқ бойиб, бу олам гулистон бўлар.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА САВОЛИ

894. Ойтўлди айтди: Уқдим айтганларинг,
Айни ҳақиқат, элиг, деганларинг.
895. Яхшини яхши зот яхши деб билар,
Яхши ишни қилмоққа талаб қилар.
896. Ҳамма дунё истар, унга интилар,
Лекин ҳеч ким билмас, қандай етилар.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА ЖАБОБИ

897. Элиг айтди: Яхшилик кўп асл эрур,
Аслнинг қадрига асл киши етур.
898. Неки асл бўлса, сара, хил бўлур,
Уни бажо этмоқ кўп мушқул эрур.
899. Ёмонлик қадрсиз, қилган хор ҳамон,
Ёмон иш қилмоклик албатта ёмон.
900. Неки қадрсиздир у ерда ётар,
Ипак, шоҳи аслдир — тўрдан жой олар.
901. Яхшилик юксакка ўрлашдек оғир,
Ёмон иш тушишдек хор этар охир.
902. Оқил унга мослаб бир сўз айтди хўп,
Оқил сўзин тутгин, унинг нафи кўп:
903. Яхшилик – юксалиш, уддалаш қийин,
Насиб бўлмас ҳаммага юксалиш тайин.
904. Эзгу ишлар қилмок мушқулу маҳол,
Билимсиз қилолмас уни ҳеч маҳал,

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА САВОЛИ

905. Ойтўлди айтди: Эй бахтиёр элиг,
Шунча мақтовга лойиқ эзгулик?
906. Кишилар айтгудек борми қусури?
Оқиллар билгудек кам-кўст, узири?

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА ЖАВОБИ

907. Элиг айтди: Яхши албат мақталар,
Ёмонлар эзгуликни қусур билар.
908. Эр кишига дўст бўлар мард тенг-туши,
Ёвузлар қилмас асло эзгу ишни.
909. Яхшилар азобда, ёмон қорни тўқ,
Ёмонлар эъзозда, яхшига кун йўқ.
910. Эзгулик қилувчи кўп яхши эрур,
Жабру ситамларга бепарво бўлур.
911. Ким бу кун яшашни истаса шодмон,
Ёмонлик қилару бўлар пушаймон.
912. Яхшилик тиловчи не дейди эшит:
Эзгулик қил, ўзинга уни касб эт.
913. Ким яхшилик қилиб, кўрса ёмонлик,
Сени орзулайман, тилаб омонлик.
914. Эзгулик, сенга ким тўяр, айт менга,
Бери кел, дилда борин айтай сенга.
915. Эзгуликнинг бугун зарари етмас,
Ишон, наф беради эртан туганмас.
916. Фойда туюлса бугун ёмонлик,
Эртага зиёндир, бермас омонлик.
917. Яхшилик ўнгда, ёмонлйк сўлдадир,
Жаҳаннам сўл ёқда, жаннат ўнгдадир.
918. Роҳатланса бугун ёмон қанчалар,
Эртага надомат чекар шунчалар.
919. Хор бўлса нечоғли бу яхши киши,
Ўкинмас, эртан осон бўлар иши.
920. Ойтўлди ҳақиқат моями шудир,
Ўкинчсиз яшагин, яхши ном қолдир.
921. Яхши айтилган тўғри киши сўзи,
Ҳақиқат мағзидир сўзи-ю, ўзи,
922. Ким яхшилик қилса, кўриб ёмонлик,
Эй яхши, тилайман сенга омонлик.
923. Эй яхши, сенга ким тўяр, айт менга,
Яқин кел, мен энди ташнаман сенга.
924. Ҳар қанча хўрланса у яхши киши,
Розиман бўлмоққа унинг дўст — эши.
925. Ёмонлик билан келса беглик менга,
Керакмас бу беглик, қўярман сенга.
926. Кўрарман кишининг гар феъли ёмон,
Унинг ҳузури оз, кўп чекар пушмон.
927. Бунга монанд сўз айтди шоир, уққил,
Мағзини чақ, ақл-ҳушингни зийрак қил:
928. Қай яхши яхшилигига ўкинар,
Ёмон қилса ёмонлик ўзига ёнар.
929. Ёмонлик қилинса оқибати дард,
Яхшилик қил ёмонга, бўлавер ҳамдард.
930. Ёмон кишини нечук мен мадҳ этай,
Ва ёмон йўлдошни мен нечук истай.
931. Тубанлик, пасткашлик, акслик бари,
Ёмонлар ишидир, эй ақл сарвари.
932. Бало, заҳмат, машаққат, ўкинч, йиғи,
Ёмонликнинг ажри — яхшига ёғи.
933. Нечук яхши зотни алқаб суймайин,
Нечук яхши дўстни мен мадҳ этмайин.
934. Саҳоват, одамийлик, наф, эзгулик,
Яхшидан келишин албат қутгулик.
935. Яхши зот барча дўстлар эзгусидир,
Яхши дўст барча эшлар эзгусидир.
936. Дўстинг яхши бўлса не истаса қил,
Эзгулик истасанг яхшини эш қил.
937. Халоват, неъмат, орзу, қувонч, ҳузур –
Булар эзгуликка мукофот эрур.

* * *

938. Элиг айтди: Ойтўлди тингла гапим,
Сенинг сўроғингга шудир жавобим.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

939. Ер ўпди Ойтўлди, тик турди шу он,
Деди: Эй улуғ зот, закий билимдон.
940. Жаҳон ҳукмингда, ёшинг узун бўлсин,
Ҳузур, эзгуликда бошинг соғ бўлсин.
941. Беглик омон бўлсин қудрати ила,
Фароғатда яша сен шодлик ила.
942. Улуғлик-ла кўп элларга ҳукмрон бўл,
Беглигинг маҳкамла, куч-қудратга тўл.
943. Орзулар қуримас булоқдек оқсин,
Безавол давлат доим эшик қоқсин.
944. Жаҳоннинг шодлиги сенга ёғилсин,
Аламдан ёв ўз ёғига қоврилсин.
945. Хизматинг астойдил ким қилса ҳарвақт,
Бахт эшиги очилиб, бўлар хушвақт.
946. Не дер эшит хизматни қилган киши,
Хизмат-ла тилагига етган киши:
947. Хизмат қилма, қилсанг лойиқ зотга қил,
Муносиб бег билар ходим ҳақин, бил.
948. Хизмат қилма, қилсанг сахилларга қил,
Сахий уйи олтин-кумуш кони, бил,
949. Бахилнинг хизматин қилма сира ҳам,
Умринг зое кетар, бошинг бўлар хам.
950. Бахил ўз молин ўзидан қизғонар,
Қачон киши ҳақин беришга унар.

* * *

951. Сўзин кесди Ойтўлди, чиқди туриб,
Шодмон бўлиб уйига кетди юриб.
952. Оғишмай хизмат қилди шундан буён,
Кундузи тик оёқда, тунда посбон.
953. Хизмат адо этди садоқат-ла чин,
Яқин тутди элиг уни кун сайин.
954. Шу зайилда кунлар ўтди бирма бир,
Меҳнат-ла ёруғ бўлди юзи охир.

ЎН ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ
ТИЛНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ ВА СЎЗНИНГ
ФОЙДАСИ БАЁНИ

955. Элиг Ойтўлдини чорлаб келтирди,
Имлаб жой кўрсатди ва ўлтир деди
956. У ўлтирди кўзини ерга тикиб,
Тавозе-ла бош эгди, тилин тийиб.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА САВОЛИ

957. Элиг айтди: Қани гапир Ойтўлди,
Нечук жимсан, айт,сенга нима бўлди?

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

958. Бу Ойтўлди айтди: Эй беглар беги,
Бегин кўрса йўқолар қул идроки.
959. Элигнинг амрисиз нечук сўз қотай?
Сўрамасдан аввал нечук арз этай?
960. Илмли сўзин тингла, бўйин товлама,
Сўрмасдан аввал асло сўзлама.
961. Чақирса биров сени лозим топиб,
У аввал сўзлаши керак сўз очиб.
962. Савол сўрамасдан аввал сўзласа,
Тўғри бўлар уни ҳайвон атаса.
963. Яна тентак, аҳмоқ киши бил уни,
Беги сўз қотмасдан очса тилини.
964. Қизил тил айлар умринг қисқа, нобуд,
Эсонлик тиласанг уни маҳкам тут.
965. Не дер тингла ўзини тутган киши,
Тинч-омон яшар ўзин босган киши.
966. Қора бош душмани қизил тил эрур,
Еди қанча бошни, яна кўп еюр.
967. Омонлик тиласанг тилингни тийгин,
Истаган чоғи тил бошинг ер, билгин.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА ЖАВОБИ

968. Элиг айтди: Сўзларинг уқдим тугал,
Сўзламай туролмас тирик ҳеч маҳал.
969. Ўзича сўз айтмас икки хил киши,
Бири нодон, бири гунг — суқут иши.
970. Соқовнинг тили йўқ, айтолмайди сўз,
Нодоннинг тили-чи, сақлолмайди сўз.
971. Илмсиз доим тилин тиймоғи керак,
Доно тили эркин бўлмоғи керак.
972. Дононинг сўзи ерга оби раҳмат,
Сув оқса заминда унади неъмат.
973. Билимли кишининг сўзи озаймас,
Қайнар булоқ, зилол суви камаймас.
974. Чим ўсган сероб ер кабидир олим,
Қайга оёқ босса сув чиқар лим-лим.
975. Билимсизнинг кўнгли қум босган саҳро,
Дарё оқса тўлмас, ўт унмас асло.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

976. Яна айтди Ойтўлди: Элиг уқар,
Зиён етса тилдан тириклик тугар.
977. Инсон тирик экан нечун сўзламас,
Зарур гапни яширишни кўзламас.
978. Сўз сўралсагина сўзламоқ керак,
Сўралмаса сўзни сир тутмоқ керак.
979. Эй элиг, сўрамоқ бамисли эркак,
Ўйлаб кўрсанг жавоб — заифа демак.
980. Аёлга бир эркак киши эр бўлар,
Улардан икки ўғил фарзанд туғилар.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА САВОЛИ

981. Элиг айтди: Барча гапинг уқдим чиндан,
Яна сўрайдиган гапим бор сендан.
982. Тил зиёнин айтдинг, эшитдим, лекин,
Фойдаси ҳам борми, ростини дегин.
983. Тилнинг зараридан чўчисанг агар,
Фойдали гапинг ҳам изсиз йўқолар.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

984. Ойтўлди айтди: Сўзнинг фойдаси кўп,
Кошки уни тилим таърифлолса хўп.
985. Илмсиз тилидан беҳуда сўз чиқар,
Билимсизни олимлар ҳайвон атар.
986. Авом халқ одати бекор демоқдир,
Беҳуда сўз, оқибат, бош емоқдир.
987. Беҳуда сўзласа сўз кони зарар,
Фойдаси беқиёс гап билса агар.
988. Жоҳил қорни тўйса ҳўкиздек ётар,
Пуч сўзга овуниб, ўзин семиртар.
989. Еса, тўйса, ётса, у бир йилқидир,
Йилқи деганим феъли — килиғидир.
990. Билимли кишилар жонин койитар,
Илмдан баҳра олиб, ўзин овутар.
991. Баданнинг ҳиссаси оғиздан кирар,
Жон ҳиосаси чин сўз, қулоқдан кирар.
992. Илмиинг белгиси икки нарса эрур,
Шу билан инсон юзи ёруғ бўлур.
993. Бири — тил, бири — томоқ, нафс — балодир,
Уларни тия олсанг нафи дарёдир.
994. Илмли томоқ, тилин асраши керак,
Нафси, тилин тийган олимдир демак.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА САВОЛИ

995. Элиг айтди: Бу сўзни яхши уқдим,
Сўзнинг асли недир, баҳрини уқдир.

996. Қаердан чиқиб сўз қаерга етар,
Буни ҳам баён эт, билгувчи меҳтар.
997. Қанча сўзламаслик ва қанча дейиш,
Бу ҳақда илмли доно не демиш.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

998. Ойтўлди айтди: Сўзнинг жойи сир,
Сўз ўн ҳисса бўлса, сўзлаш керак бир.
999. Бирини сўзласа тўққизи ясоқ,
Ясоқ сўздан келар бадбўй ҳид бироқ.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА САВОЛИ

1000. Элиг айтди: Сўзнинг фойдаси қанча?
Барини очиқ айт, зарари қанча?

ОЙИЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1001. Ойтўлди айтди: Сўзнинг нафи улуғ,
Ўрнида айтилса, қул бўлар улуғ.
1002. Сўз туфайли неки бор қора ерда,
Кўкка юксалади, чиқади тўрга.
1003. Қандай сўз қилишни билмаса гар тил,
Кўкда бўлса ҳамки пастлатади, бил.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА САВОЛИ

1004. Яна сўрди: Сўз кўпи қанча эрур?
Очиғин айт, оз меъёрин ким билур?

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1005. Ойтўлди айтди: Сўзнинг кўпи ул,
Сўралмасдан сўзлаб қолдирса кўнгил.
1006. Сўзнинг ози улдир, сўралса бир сўз,
Жавоб берса, ортиқ қўшилмаса сўз.
1007. Бунга мослаб айтмишдир шоир сўзин,
Тилига зеб бериб ҳам очди юзин:
1008. Ўзингни тийиб юр, яхши сўзлагил,
Сўралганда сўзла, гапни қисқа қил.
1009. Кўп тингла, оз сўзла, англатма нақл,
Илм бирла сўзла, раҳнамо қил ақл,

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА САВОЛИ

1010. Элиг айтди: Буни уқдим, шак йўқдир,
Яна бир сўз мағзин яширмай уқтир.
1011. Рост айт, кимдан тинглаш керак чин сўзни,
Кимга айтса бўлар дилдаги сўзни.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1012. Ойтўлди айтди: Эшит доно сўзин,
Нодонга айт сўнгра очиш-чун кўзин.
1013. Сўзни улуғлардан эшитмоқ керак,
Агар уқса кичикка айтмоқ керак.
1014. Оз-оз сўзла, кўпрок тинглагувчи бўл,
Илмли доно менга сўз айтмиш мақбул:
1015. Кўп сўзлаб киши доно бўлмас аниқ,
Кўп тинглаб кўпга бош бўлади дақиқ.
1016. Фақат гунгу кар бўлса, эгаллар илм,
Лақманинг вақти йўқ, изламас билим.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА САВОЛИ

1017. Элиг айтди: Бу сўзларни тушундим,
Яна сўзим бор, маъносин тушунтир.
1018. Тил жим турса хўпми ё сўзлагани,
Сўз очса маъқулми, сўз демагани?

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1019. Ойтўлди айтди: Эшит, доно элиг,
Тилим айтмаса, пинҳрн қолади билиг.
1020. Тилни сўкаверма, унинг мадҳи кўп,
Ҳақорат ўрни бор, мақтови ҳам хўп.
1021. Ғимирлаб юрувчи сон-саноқсиз жон,
Тили бирла айтар Худога иймон.
1022. Яратди турфа элни, минг-минг туман,
Улар Хақни мақтар холис тил билан.
1023. Танда жон бор кишига кераги шул,
Бири тилу сўздир ва бири кўнгил.
1024. Дил ва тил яралди яхши сўз учун,
Сўзи эгри бўлса куяр бус-бутун.
1025. Тўғри сўзланса сўз нафи беадад,
Эгри сўзланса-чи, сўкилар албат.
1026. Тебрансин тил тўғри сўзни сўзласанг,
Яшир уни эгри сўзни кўзласанг.
1027. Сўзламасанг эл-юрт гунг, лол дейдилар,
Кўп сўзласанг эзма, абдол дейдилар.
1028. Беҳуда сўзловчи ёвуз кишидир,
Саҳоват — мўътабар инсон ишидир.

* * *

1029. Бу сўзни эшитиб севинди элиг,
Кўзин кўкка тикди, кўтарди илик.
1030. Худога шукр қилди, ҳамду сано айтди,
Меҳрибон Эгамсан деб паноҳ айтди.
1031. Барча эзгулик етди сендан менга,
Ибодатсиз, гуноҳкор қулман сенга.
1032. Тилак-орзуларимни бердинг бутун,
Эзгулик ва давлат, ҳузурбахш очун.
1033. Нечук адо этгум булар шукрини,
Мен-чун Ўзинг адо этгин шукрини.

* * *

1034. Сўзини тўхтатди, очди ғазнани,
Муҳтожларга берди талай нарсани,
1035. Элиг Ойтўлдини беҳад қадр этди,
Қўли инъом берди, тили мадҳ этди.
1036. Вазирлик мансабин тамғасин берди,
Туғи, нағораси, жиғасин берди.
1037. Элу юртга қилди дастини узун,
Бош эгиб, четга чиқди ёв шунинг-чун.

* * *

1038. Ойтўлди бош бўлиб бор ишни қилди,
Бу иқбол даврини ғанимат билди.
1039. Халқ бойиди, элу юрт обод бўлди,
Шодмон эл элигга дуогўй бўлди.
1040. Халқ бахтиёр, машаққатлар даф бўлди,
Қўзи билан бўри ўртоқ, жуфт бўлди.
1041. Эл яшнаб, адолат устивор бўлди,
Элигнинг давлати зиёда бўлди.
1042. Шу зайил фаровон ўтди қанча вақт,
Юрт тугал яшнади, эл бўлди хушвақт.
1043. Янги кент, шаҳарлар кўп бунёд бўлди,
Хазина олтину кумушга тўлди.
1044. Кўп севинди элиг, ҳаловат топди,
Донғи кетиб оламга шуҳрат, топди.

kitob Yusuf Xos Hojibning «Qutadg’u bilig» («Saodatga yUllovchi bilim», 1069—70) asari islomiy turkiy adabiyotni boshlabgina bermay, uni yangi taraqqiyot bosqichiga ham ko’tardi. U nafaqat turkiy halqlar adabiyoti an’analari, balki qardosh xalqlar, jumladan, forsiy adabiyot tajribalarini ham ijodiy o’zlashtirgan holtsa yaratilgan. «Shohnoma» kabi mutaqorib vaznida yozilgan va «Turkiy Shohnoma» nomi b-n shuhrat qozongan (73 bob, 6520 bayt va to’rtliklardan iborat).

001

YUSUF XOS HOJIB
QUTADG’U BILIG
Qadim turkchadan Emin USMON tarjimasi
09

O’N IKKINCHI BOB
KUNTUG’DI ELIG HAQIDA SO’ZBOSHI

398. Aql ishni o’nglar, bilim bildirar,
Bevafo dunyo ishlarin uqtirar.
399. Jafokash, bevafo bu keksa ochun,
Qilig’i qiz kabi, lek umri uzun.
400. Ba’zi kiliqlari nozli va siliq* ,
Maftun etadi-yu, tutqazmas ilik.
401. U suyganni suymas, kiyikdek qochar,
Kochganga yopishib, oyog’in quchar.
402. Yasanib u goho orqangdan chopar,
Goh, nazarga ilmas, teskari boqar.
403. Harchand ko’ngil berma, ters burar yuzin,
Noz-karashma birla tutqazmas o’zin.
404. Talay begni qaritdi, qarimas o’zi,
Nelarni ko’rmadi, tugamas so’zi.

[*] Siliq – muloyim, yumshoq

* * *

405. Beg edi jahonda bilgich, dono, bosh,
Uning davronida dunyo bo’ldi yosh.
406. Kuntug’di edi u taniqli, nomdor,
Shonu sharaf quchgan, baxtli ham poydor.
407. Fe’l-atvori to’g’ri va xulqi o’ng’oy* ,
So’zi butun va chin, ko’zi, ko’ngli boy,
408. Aql-zakovatli, bilgich zot edi,
Yomonga bir o’t, yovga ofat edi.
409. Jasur, mag’rur, haqgo’y edi hammavaqt,
Bu fe’li yuksaltib, ayladi xushbaxt,
410. Shundayin beg erdi bilimdon, hakim,
Har vaqt, hukmi odil va fe’li halim.
411. Siyosat yuritardi himmat birla,
Himmat yarashardi muruvvat birla.
412. Bunga mos keladi bir shoir so’zi,
O’qisa ochilgay o’kuvchin ko’zi:
413. Er kishiga himmat, muruvvat kerak,
Pastlik, yovuzlikni quvlamoq kerak.
414. Kishiga himmat, muruvvat zarur,
Qadr himmatu muruvvat-la o’lchanur.
415. Shu fazilati birla Kuntug’di xon,
Oy, kundek nur sochib yoritdi jahon.
416. Oqilu dononi chorlab, jam etdi,
Olimni ulug’lab, ehtirom etdi.
417. Asl beglar atrofiga jam bo’ldi,
Olimu fozillar do’st, hamdam bo’ldi.
418. Tadbir-la izga soldi el-yurt ishin,
Yoniga chorladi pok, sarxil kishin,
419. Yordam qilib qo’lidan ishin olsa,
Ularga ishonib xon ko’ngli tinsa.

[*] O’ng’oy — oson, muloyim

* * *

420. G’amga cho’mib dedi bir kuni elig,
Mushkulu sharafli ish erur beglik.
421. Bosh og’riqk ishlari ko’p erur behad,
Qadrli ularni bajargzn albat.
422. Yolg’iz qilolmasman butun el ishin,
Bir tadbirkor lozim, bilgich ish ko’zin.
423. Menga lozim sara, sodiq bir yo’ldosh,
Aklli, bilimli, sarbon, ko’pga bosh.
424. Mehribon, ishonchli va ishlari haq.
Tili rostgo’y, ko’ngli oq bo’lsa harvaqt.
425. Qo’limlan olsaydi bor yumushlarim,
Uqsaydi bor sirim, kuyunishlarim.
426. Ne pand aytar, eshit, sinagan kishi,
Issin-sovuq ko’rib ulg’aygan yoshi.
427. Insonga zarur yo’ldosh, yordamchilar,
Aqlli, bilimdon, dono elchilar.
428. Ishbilarmon, epli yordamchi kerak,
Ishning ko’zin bilsa, ushalgay tilak.
429. Yordamchi ko’p bo’lsa, beg chekmas zahmat,
Ish o’nglanur, nizom buzilglas hech vaqt.
430. Xar ishda yordamchi, dastyor kerakdir,
Beglik ishida ko’p tadbir kerakdir.
431. Axtarib yordamchi topmagach elig,
Oxir o’zi urdi bor ishga ilik. –
432. Mehnat birla har kun qiynaldi jon ko’p,
Xalovat istagan zahmat chekar xo’p.
433. Bu haqda har gapni o’ylab so’zlagan,
Bir tabarruk, aziz zot shunday degan:
434. Halovat hamisha jafo birladir,
Sevinch qayda bo’lsa, qayru birgadir.
435. Tashvishi ko’payar ulg’ayoa kishi,
Katta bo’rk kiyilar ulg’aysa boshi.
436. Butun elga ko’z-qulok soldi elig,
Ochildi unga barcha yopik eshik.
437. Yaroqsizni yoqadan tutib urdi,
Yomonlarni elidan quvib surdi.
438. Ziyraklik birla u boshqardi yurtin,
Kamol topdi, baxti ortdi kundan-kun.
439. Unga uyg’un keldi shoir kalomi,
Hushyorlik posbonidir yurt kamolin.
440. Xushyorlik, oqillikni maqtar erlar,
G’ofillikdan tuman ming odam o’lar.
441. Har ishda o’zing asra, g’ofil bo’lma,
Ikki dunyoni tila, beg’am yurma.
442. Kishi beg’am bo’lsa, u g’ofil qolar,
Yog’iy kelsa, avval g’ofilni olar.
443. Nimalar der tingla jahongir kishi,
Yovni hushyorlik birla yengan kishi:
444. El topay desang soq bo’l, hukmdor kishi,
Bilib ko’y hushyorlik shariat ishi.
445. G’ofil umri g’aflatda kechadi boq,
G’ofil bo’lma, fe`ling tuzat, bo’l soq.
446. Elig soq bo’lsa, koni foyda elga,
Qut-baraka, totuvlik yog’ar elga.
447. Elin g’amin yedi, boy bo’ldi budun,
Bo’ri, ko’ylar birga suv ichdi bu kun.
448. Do’stlari sevinib, madh etdi uni,
Yovlar boshin egdi eshitgach buni.
449. Birov panoh istab keladi bunga,
Birov eshik o’lib sig’inar unga.
450. Tingla, kalbi uyg’ok so’zlagay beshak,
So’zlari bamisli alvonrang chechak:
451. Beglik bu ulug’lik, ezgu narsa bil,
Yo’rig’i tuz bo’lsa, yuz gulgun, qizil.
452. Yanada yaxshirok bo’ladi beglik,
Hak yo’lga qo’yilsa konun va tenglik.
453. Begi odil, tutgan yo’li to’g’ri gar,
Ro’shnolik topar el ham zafar quchar.
454. Qutlug’ baxt erur erga yaxshi oti,
Yaxshi nom baxsh etar mangulik quti.
455. Ko’p yaxshi bo’lur gar beg yaxshi kishi,
Chin insonlik birla qilsa el ishin.
456. Undan bahra olgay butun el-ulus,
Jahonga yoyilgay shuhrati to’kis.
457. Duogo’y ortib, ulug’landi oti,
Kundan-kun ziyoda bo’ldi davlati.
458. Orzuladi kim dovrurin eshitdi,
Girdiga to’planib, jon fido etdi.
459. Baxtdan belga belbog’ bog’ladi jahon,
Qo’zi birla bo’ri o’ynashar shodon.

O’N UCHINCHI BOB
OYTO’LDINING KUNTUG’DI ELIG
XIZMATIGA KIRGANLIGI BAYONI

460. Oyto’ldi otli zot bordir purma’no,
Intildi dovrug’in bilgan hamono.
461. Juvonmard, muloyim yigit edi u,
Zakiy va ilmli, pok dil edi u.
462. Yuzidan nur yog’ar, ko’zni quvnatib,
Tilidan bol tomar, dilni yayratib.
463. Barcha kasb-hunarni o’rgandi tugal,
Ilmu urfonni ham bildi mukammal.

***

464. Dedi o’ziga: Ilm-urfonga eshman,
Kasb-hunar bobida barchaga peshman.
465. Ne uchun yuribman bu yerda bekor,
Tez boray eligga xizmatim darkor.
466. Eligga yarasin bilgan kasb-korim,
Uning huzurida kerak darkorim.
467. Aql-idrokli, dono, yumshoq fe’l emish,
Hunarmand , fozillar kelsin der emish.
468. Shoir so’zin bunga monand aytmishdir,
Tili birla dilin moslab aytmishdir.
469. Zakovat qadrini fozillar bilar,
Dono bilim sotsa, bilimli olar.
470. Nechuk bilgay telba bilim qadrini,
Ilm istab olim ochar yer qa’rini.
471. Bilimning nomini bilimli bilar,
Johilga xayf, u bilimni ne qilar.
472. Bilimning qadrini olimlar bilar,
Gavharning qimmatin zarshunos bilar.

* * *

473. Taxt qildi Oyto’ldi ot, to’n, yarog’in,
Borib elig xizmatiga yarayin.
474. Tayyorlab kerakli narsasin darhol,
fozil zot o’rdaga yo’l oldi alhol.

* * *

475. Dedi: talab aylab borayotirman,
Xizmatiga o’zim urayotirman.
476. G’ariblik yerida mol-dunyo zarur,
Qo’lim qiska bo’lsa, yuzim sarg’ayur.
477. G’oyat qattiq erur g’ariblik ishi,
Musofir yurtlarda qotgay er boshi.
478. Kerak bo’lgay oltin-kumush begumon,
Bularsiz ish yurishmog’i darg’umon.
479. Yuzi yrug’ kishi so’zlarin tingla,
Bilimli ummondir, ma’nosin izla.
480. Kim saroy ishiga kirmoq istasa,
Ikki narsa zarur gapning qisqasi:
481. Shart sog’lom tiriklik bunda avvalo
Bo’lay desa yorug’ yuz, ishim a’lo.
482. So’ngra yombi kerak, ey idrokli zot,
Uni xarjlab darrov ishlaring tuzat.
483. Shunda bo’lar xizmat yaroqli albat,
Bironta berk eshik qolmagay minbad.
484. Sof oltin oldi u, kumush va tovar,
Dedi: mushkul chog’da kunimga yarar.

* * *

485. Otlanib yo’lga ravona bo’ldi u,
Goh dam olib, goho shitob yurdi u.
486. Oxir elig o’rdasiga kelib yetdi,
Ko’pdan intilgan tilagiga yetdi.
487. Shaharda so’radi boshpana, makon,
Joy topmay ko’ziga tor bo’ldi jahon.
488. O’ksinib, musofirxonada tunadi,
Sabr kildi, qismatiga unadi.
489. Nelar der eshitgin bilka donolar,
So’zlari hikmatdir, teran ma’no bor:
490. Ko’p qiynalar tanish-bilishsiz evoh,
Kirsa yotlar ichiga kishi nogoh,
491. Tang bo’lajak yangi kelganning holi,
Tanishi yo’q bo’lsa, so’rgani holi.
492. Tanishi yo’q kimsani so’qir sana,
So’qir yo’l topmasa, so’kmagil yana.
493. Kishi hech kirmagan elga kirsa gar,
Kelindek bosh egib, tili tutilar.
494. Yotni yorlaqagil, oshu non bergil,
Undan shirin so’zing darig’ tutmagil.
495. Kim yotni yaxshi kutsa, yorug’ yuzi,
Yaxshi nom qozonar, mo»tabar so’zi.
496. Kishiga kerakdir har yerda tanish,
Tanish bilan bitar har qandayin ish.
497. Shundayin yashadi Oyto’ldi ko’p vaqt,
G’ariblikda rangi sarg’aydi bevaqt.
498. Tanishlar orttirdi, joy ham topildi,
Ishlar yo’lga tushib, yuzi ochildi.
499. Yoru do’st orttirdi, ko’nglini ochib,
Kattayu kichikka chehrasin ochib.
500. Oyto’ldiga do’st tutindi bir kishi,
Oti Kusamish edi, yaxshi ishi.
501. Unga aytdi Oyto’ldi dilda borin,
O’zi kim, tilagi ne, ahd, qarorin.
502. Elidan bu yerga nechuk kelganin,
Bayon etdi bir-bir ko’rgan-bilganin.

* * *

503. Eligga yaqin xos hojib bor edi,
Oti Ersig, shohga sirdosh, yor edi.
504. Kusamish izn so’rab unga uchrashdi,
Eshitgan-bilganin aytib so’zlashdi.
505. Hojib so’zlariga qulog’in tutdi,
Tilagi nimadir, yaxshilab uqdi.
506. Bayon etdi Kusamish dilda bor so’zin,
Maqsadi nimayu, kimligin o’zin.

HOJIBNING KUSAMISHGA JAVOBI

507. Dedi hojib: huzurimga kelsin u,
Kimligin bilayin, meni ko’rsin u.
508. Men eligga bu gaplarni yetkazay,
Qachon qabul etgay, aniqlab bilay.

KUSAMISHNING OYTO’LDIGA AYTGANLARI

509. Kusamish termsiga sig’may qaytdi,
Oyto’ldiga kuning tug’di deb aytdi.
510. Qani yur, tanish tezrok hojib ila,
Dilingda ne istak bor, undan tila.
511. Ko’rib bilsin, chin deb ishonsin so’zing,
Tilak, maqsadlaring bayon et o’zing.
512. Gaplaringni unga yetkazdim, biroq,
O’zing aytgin mag’zin chaqib yaxshiroq.
513. Dedi: gapidan ayon bo’ldi dili,
Niyati pokiza, rost so’zlar tili.
514. Birovning gapin birov takror etar,
Ishin qadriga har kim o’zi yetar.
515. Harchand dilga yaqin bo’lmasin kishi,
O’zingdan mehribon bo’lmas hech kishi.
516. Mehribon istasang o’zingga o’zing,
O’zingdan mehribon yo’q, bas qil so’zing.

* * *

517. Quvonib to’n kiydi Oyto’ldi shu kez,
Otlanib Kusamishla yo’lga chiqdi tez.
518. Elig o’rdasiga kelishdi yetib,
Va taklif bo’larin turdilar kutib.
519. Hojibga uchrashdi Kusamish alhol,
Vya do’stin ichkari chorladi darhol.
520. Hojib peshvoz chiqdi, to’rdan joy berdi,
Ochiq chehra birla so’z durin terdi.

HOJIBNING OYTO’LDIGA SAVOLI

521. Holing nechuk, nedan xafa, xursandsan?
Qo’nalg’ang kaerda, ne bilan bandsan?
522. Tanishlaring bormi yo bir karindosh?
Bormi beradigan biron kosa osh?
523. Asli ne istaysan, nimadir tilak?
Ne yumush kilasan, senga ne kerak?

OYTO’LDINING H0JIBGA JAVOBI

524. Ey- baxtiyor inson, muhtaram hojib,
Elig nomin eshitgach, mehr tuydim ajib.
525. Eshitdim olisdan shonu shuhratin,
Ko’p oqilu ilmli, nodir xislatin.
526. Uning xizmatiga o’zim chog’ladim,
Har ne yumushiga belim bog’ladim.
527. Murod — elig xizmatiga shay tursam,
So’zim yetkazsa hojib loyik ko’rsa.

* * *

528. Hojibga Oyto’ldi yoqdi-yu, qoldi,
Alqab olqishlarini to’kib soldi.
529. Tusi yaxshi, xulqi unga ma’qul bo’ldi,
Rostgo’ylik libosin mujassam ko’rdi.
530. Mehri tushib uni yurakdan suydi,
Qo’llab-quvvatlashni ko’ngliga tugdi.
531. Ne der tingla mehr qozongan ulug’ zot,
Mehr tushsa ayb ham tuyular fazilat.
532. Sevilsa kishi aybi fazil tuyular,
Yo’ksa, fazilzti qusur ko’rinar.
533. Bu gapning isboti erur ushbu so’z,
Uni uqsang aslo demassan afsus.
534. Ko’ngil tushsa aybi ham ardam* bo’lar,
Aybin ko’rmay o’ziga hamdam qilar.
535. Ko’ngil kimni sevsa boricha mahbub,
Ayblarin ko’rmagay ul oshiq mahdud.

[*] Ardam – fazilat, odob-ahloq

HOJIBNING OYTO’LDIGA JAVOBI

536. Aziyat chekibsan, sabr qil yana,
Sening xizmatingda bo’lay rostmona.
537. Eligga aytayin dastavval so’zing,
Niyating nimayu va kimsan o’zing.
538. Bor gapdan voqif bo’lsin, o’zing ko’rsin,
Xor etmasin aslo, kadrlab yursin.
539. Xolingdan xabardor bo’laman albat,
Chin dildan hamdamivg bo’laman abad.

* * *

540. Yaxshi so’z-la dimog’ini chog’ladi,
Uning xizmatiga belin bog’ladi.
541. Odamning yaxshisi shunday bo’ladi,
El xizmatin qilib ko’ngli to’ladi.
542. Tingla, ne der ko’pga bosh bo’lguvchi zot,
Har ishni astoydil bajarguvchi zot:
543. Ortsa kimning davlatu martabasi,
Odil siyosat-la elin yarlaqasin.
544. Boshqarolsa ko’pni agarda birov,
Xusnixulq va odil bo’lishi garov.
545. Xalqqa yo’l-yo’riq bo’lsa kimning so’zi,
Tili shirin bo’lsin, muloyim o’zi.
546. Bevafo bu davlat buzar va tuzar,
Beqaror erur u, zeriksa to’zar.
547. Baxtga ishonma, faqat yaxshilik qil,
Bugun bunda bo’lsa, erta unda bil.
548. Baxtingga quvonma, ey baxt topguvchi,
Bu baxt kelguvchidir, yana qochguvchi.
549. Ey davlat sohibi, bu davlat bila,
Turay desang albat yaxshilik tila.
550. Beglik va ulug’lik gar etsa nasib,
Sen o’zingga kamtarlikni etgin kasb .
551. Hojib aytdi: ko’ngling to’q tutib, shod yur,
Baxt kamari bog’landi, ishga shay tur.
552. Shoshilma, imtihon soati yaqin,
Vaqt yetsa berk eshiklar ochilar tayn.
553. Naqadar soz erur bilimli gapi,
Dono so’zi asl shohi, ipak kabi.
554. Kim hovliqma har bir ishda kech qolar,
Shoshqaloqlik mevasi — pushmon olar.
555. Shoshma, kutgil har ishiing vaqti kelar,
Oqil, har ish o’z vaqtida hal bo’lar.?

OYTO’LDINING HOJIBGA JAVOBI

556. Qulog’iga quydi hojibning so’zin,
Ahd qildi sabr ila tutmoqqa o’zin.
557. Maqsadim bildingiz, ko’rdingiz meni,
Siz hal eting ishning bitar vaqtini
558. Chaqirtirsa meni hojib qay bir dam,
Albat yetib kelgayman men vojib dam

* * *

559. Ko’ngli tog’dek o’sib chiqdi u bundan,
Umidvor bo’lib u ertangi kundan.

* * *

560. Hojib ko’rdi uving fe’l-atvorini,
Odamlardan o’zgacha raftorini.
561. Dedi: ko’rganim yo’q buningdek inson,
Ko’pga bosh bo’lgudek zakovatli jon.
562. Bundayin kishilar bo’lar ko’p tanqis,
Ular fazli o’zgacha, misli hur qiz.
563. Neki kamyob, shu narsa aziz g’oyat,
Uni topmoq mushkul chekib aziyat.
564. Bunday kamyob zotlar eligga kerak,
Neki eligga me`qul, elga kerak.
565. Fozillar fazli-la elga naf berar,
O’z fazli bilan er tilakka yetar.

* * *

566. Bu gapni eligga yetkazdi hojib,
Oyto’ldi kimligin ta’riflab, ochib.
567. Xulqi, fe’lin aytdi, qolmadi hech sir
Ilmi, aqli, fazlin sanadi bir-bir.

ELIGNING HOJIBGA JAVOBI

568. Qaziqib dedi elig: keltir qani,
Fikri nechuk, so’zida bormi ma’ni?
569. Menga zarur shunday tadbirkor kishi,
Qo’lga olib boshqarsa beglik ishin.
570. Orzuim ushaldi, endagi tilak,
Menga shunday tadbirkor kerak.
571. Tez bo’l, uni huzurimga chorlagin,
Mardim xizmatimga belin bog’latgin,

* * *

572. Hojib qabuldan chiqdi-yu, darhol,
Chopar yubordi, fikrin aylab izhor.
573. Sevinchli xabarni chopar yetkazdi,
Oyto’ldining boshin ko’kka yetkazdi.
574. Tulporin uchirib o’rdaga yetdi,
Hojib peshvoz chiqib sarafroz etdi.
575. Hojib ehtirom-la to’rdan joy berdi,
Oyto’ldi ham hurmat-la javob berdi.
576. Elig huzuriga shoshildi mezbon,
Onto’ldi kelganin arz etdi shu on.
577. Elig aytdi: tez huzurimga kirsin,
Men uni ko’rayin, u meni ko’rsin.
578. Hojib Oyto’ldiga yo’l boshladi,
Quvon, dedi, senga baxt ko’z tashladi.

O’N TO’RTINCHI BOB
OYTO’LDINING KUNTUG’DI ELIG HUZURIGA
KIRGANLIGI BAYONI

579. Oyto’ldi ichkari kirdi tiz cho’kib,
Elig ko’ngli yorishdi uni ko’rib.
580. Yukundi eligga, boshladi so’zin,
Shirin kalom birla sevdirdi o’zin.
581. Elig so’rdi: kimsan, nimadir oting?
Qay yerdan qelursan, qaerda yurting?
582. Oyto’ldi bosiq so’zga ochdi til,
Fasohat-la gaplarin boshladi, bil.
583. Shirin so’z, bosiqlik oqil xusnidir,
Aqlsiz kishilar butkul yilqidir.
584. Bunga mengzab shoir fikr bayon etgan,
Ishing shoshmay, sabr bilan ado etgin.
585. Shoshib ishga kirishma, sabr-la qil,
Shoshqaloqlik oxiri voy, pushmon bil.
586. O’zingni tut, shoshilma hech bir ishda,
Beglikka erishar kul sabr etish-la.

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

587. Ey karam, saodat sohibi elig,
Saodatdir senga munosib qullik.
588. Otim qul, xizmatkor, joyim ostona,
Odatim to’g’rilik, xizmat, shukrona.
589. Huzuringga keldim olis yo’l yurib,
Tilagimga yetdim, orzuyim kulib.
590. Murodim o’zingga hamdam aylasang,
Ko’ngling kolmay ishga solib yayratsang.

* * *

591. Uning so’zin tinglab elig shod bo’ldi,
Izlaganin topib quvonchga to’ldi.?

ELIGNING OYTO’LDIGA JAVOBI

592. Elig aytdi: Oyto’ldi ko’rdim seni,
Suyuntirdi ko’rking va xulqing meni.
593. Sadoqat-la xizmat qil, bo’l mehribon,
Yaqin hamdam, eshigimda bul posbon.
594. Sendan halol xizmat, mendan marhamat,
Baxt eshigin ochar, gar cheksang zahmat.
595. Darrov ishga kirish, xizmatga topin,
Elig yaxshi bilar xizmatchi haqin.

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

596. Yer o’pib Oyto’ldi dedi: gar elig,
Quvonsa, baxt qulga tutqazgay ilik.
597. Faqat sening xizmating istab keldim,
Olis yo’llar bosib, yugurdim, yeldim.
598. Xizmatimda Haqning o’zi qo’llasin,
Sahvdan asrab, to’g’ri yo’lga yo’llasin.

* * *

599. Omto’ldi chiqdi dimog’i chog’ bo’lib,
Qulfi dili ochilib, quvonchga to’lib.
600. Ne der, eshit, iqboli kulgan kishi,
Baxt kulib, orzusi ushalgan kishi.
601. Iltvfot nazarin tashlasa beglar,
Orzu qulf urib, dil shodlikka to’lar.
602. Beglar ro’yxush berib boqsa kishiga,
Qalbi nurga to’lar, rivoj ishiga.
603. Beg kimni o’ziga yaqin tutsa gar,
Yaqinlik qilajak albat o’zgalar.
604. Beg baxtdir, yaqin bo’lsa baxtga kishi,
Yetib hamma maqsadga, bitgay ishi.

* * *

605. Ishga tushdi Oyto’ldi shu mahaldan,
Eshikda turdi har qun tong sahardan.
606. Kunduz posbon, tunlar soqchi bo’ldi u,
Hech og’ishmay sodiq xizmat qildi u.
607. Elig huzuriga kirib turardi,
Sadoqatin elig bilib yurardi.
608. Xizmatin kun sayin oshira bordi,
Elig ham mehr qo’yib qadrlay bordi.
609. Mehnat bilan qadr topar qullar ham,
Xizmat bilan o’sar kichik ullar ham.
610. Mehnat qil, undan qul beglikka yetgay,
Mehnat qilmay kim murodiga yetgay.
611. Eshit endi olim so’zin, ne deyur,
Nazokat-la so’zin moslab arz qilur.
612. Yuqsil xizmati-la to’rdan joy olar,
Nokas ming urinsin poygakda qolar.
613. Xizmatni astoydil bajarmok kerak,
Faqat mehnat birla ushalar tilak.
614. Xizmatin oshirdi Oyto’ldi har kun,
Karam eshigin ochdi elig tun-kun.
615. Hurmat-e’tibori oshdi kun sayin,
G’am aridi, sevinch ortgani sayin.
616. Xizmatga kirishdi Oyto’ldi qattiq,
Nufuz, dunyo ortdi, ko’rmayin ta’qiq.
617. Elig har sohada imtihon qildi,
Komil insonligin u ravshan bildi.

O’N BESHINCHI BOB
OYTO’LDI O’ZINING DAVLAT EKANINI AYTGANI BAYONI

618. Yolg’iz qolib bir kun elig chorladi,
Oyto’ldi ishga shod o’zin chog’ladi.
619. Hukmdor qoshida shamdek qotdi tik,
Iltifot birla jyuy ko’rsatdi elig.
620. To’p olib ustiga cho’kdi Oyto’ldi,
Kamtarligi eligga ma’qul bo’ldi.
621. Turli sohalardan so’z ochdi hokon,
Bir-bir javob berdi Oyto’ldi shu on.
622. Quvonchdan eligning yuzi yorishdi,
Ko’z yumdi Oyto’ldi, dili yorishdi.
623. Sukut qildi elig, bir so’z qotmadi,
Oyto’ldi hayajonda ko’z ochmadi.
624. Sukutdan so’ng elig tutdi savola,
O’z fikrin Oyto’ldi etdi havola.
625. Elig turli yo’llar bilan kuzatdi,
Aql-zakovat, ilmin sinab so’z aytdi.
626. Xushhol boqib elig tugatdi so’zin,
Oyto’ldi esa tez o’girdi yuzin.

ELIGNING OYTO’LDIGA AYTGAN SO’ZLARI

627. Elig qahrlanib, qoraydi yuzi,
Dedi: shoshqaloqlik yomon ish o’zi.
628. Ishonch bobida men yanglishdim, afsus,
Xatoyimni aytsam ko’paygay gap-so’z.
629. Quloq sol, bilimli ne deb pand etar,
Shoshgan ish pushmoni yillarga ketar.
630. Shoshgan ish o’xshamas, tashvish, g’am bo’lar,
Chala pishgan oshdan xastalik kelar.
631. Shoshqaloqlik xatolarning boshidir,
Ehtiyotlik ezgulik yo’ldoshidir.
632. Xatoyim shuldirki, sinab ko’rmasdan,
Yaqin tutdim seni yaxshi bilmasdan.
633. Avval ishga solib beglar o’z qulin,
So’ng ochmog’i kerak iltifot yo’lin.
634. Avval sinab, ishda pishiqlab olsin,
So’ng qadrlab, himmat nazarin solsin.

OYTO’LDINING ELIGGA SAVOLI

635. Oyto’ldi aytdi: Nechuk elig quti,
Muncha g’azablanding, yonar qahr o’ti?
636. Gunohim nimadir, bilmadim o’zim,
Aytib ber, so’ng men ham aytayin so’zim.
637. Gunohim bor bo’lsa, qiyna, erk senda,
yo’q bo’lsa, yuzingni bujmaytma menga.
638. Oqil bunga monand ne der tinglagin,
Qiyoslab ko’r, ma’nosini anglagin.
639. Xato qilsa xodim, chaqirmoq kerak,
Aniqlab sababin adl etmoq kerak.
640. Gunohi bor bo’lsa, tutib qiynasin,
Yo’q bo’lsa, ko’nglini olib quvnatsin.

ELIGNING OYTO’LDIGA JAVOBI

641. Elig so’z ochdi, kahri urib tug’yon,
Kimliging bilasanmi, ilmsiz nodon.
642. O’zingga nazar sol, sen kimsan menga?
Qaydan keldi bunday gustohlik senga?
643. O’tdi desam, hali o’qdir xizmating,
Nafing tegdi desam, yo’q manfaating
644. Xizmating ko’rmasdan iltifot qildim,
Iltifot ko’rsatsam behurmat qilding.
645. To’pni qo’yib o’ltirishga chog’landing,
Nechun huzurimda to’pdan joy olding?
646. Fikrim aytib so’zinga qulok tutdim,
Ko’z yumganing ko’rib yoqamni tutdim.
647. Afu etib yana so’z qotdim senga,
Ayt-chi, nechun yuzing ters burding menga?
648. Dono aytmish, kimki beglarga yaqin,
Hushyor bo’lsin, ular bamisli chaqin.
649. Aytmaganmi ota-onang, bilmadim,
Begingga o’zingni hech teng qilmagin.
650. Uqtirmaganmi oqsoqol, yo’ldoshing,
Beging behurmat qilma, asra boshing.
651. Beglar misli o’tdir, yaqin borma, qoch,
Borsang kuydiradi, aylaydi ko’moch.
652. G’ofil bo’lma, beglar yonar o’t erur,
Unga yaqin bormoq falokat bo’lur.
653. Beg ishini ko’rgil, o’tdek kuydirar,
Kekkaysa bosh uzar, qonini so’rar.
654. Astoydil tikilsa qo’rquv ichra tur,
Gar qo’rqmasang zo’rlik bilan titratur.

O’N OLTINCHI BOB
OYTO’LDI O’ZINING DAVLAT SIFATINI KO’RSATGANI BAYONI

655. Kulib aytdi Oyto’ldi: Ochding ko’zim,
Fikring uqdim, endi eshitgin so’zim,
656. Jim turdim bu ishlarni atay qilib,
Endi sen ham sababini qo’ygin bilib.
657. Huzuringga kelishimning boisi,
Fe’l-atvorimning bir namoyishi.
658. Joy ko’rsatding avval men o’ltirmadim,
Bunda menga joy yo’q demoqchi edim.
659. To’pni yerga qo’ydim, chuqur ma’no bor,
O’zim unga o’xshatdim, anglamoq darkor.
660. To’p qo’nimsiz, mudom dumalab yurar,
Davlat ham uningdek bevafo bo’lar,
661. Suyub boqqaningda ko’zim yumganim,
Neligimni bildirmokchi bo’lganim.
662. Men davlatman, ko’r kishiga o’xshayman,
Kim ilinsa, o’z holiga qo’ymayman.
663. Darrov javob berdim so’z qotganingda,
Yuz o’girdim lutf etib boqqaningda.
664. Shu zail o’z fe’lim ko’rsatdim senga,
Qilmishim jafodir, ishonma menga.
665. Ne deb o’git berar bir turkiy maqol,
Boshdan issik-sovuk kechgan oqsoqol.
666. Baxt, davlatga quvonma baxtiyor inson,
U solar g’aflatga, o’zingga inon.
667. Oqar suv, ravon til, baxt tinim bilmas,
Yurt kezar oshuftahol, qo’nim bilmas.
668. Qut ishonchsiz, bevafoyu beqaror,
Uchib yursa hamki, oyog’i toyar.

ELIGNING OYTO’LDIGA SAVOLI

669. Elig aytdi: Durust, fikringni aytding,
Uzr birla o’zingni begunoh, etding.
670. Ochiq aytgin menga nechuk ardaming,
Katta gaplar qildi bu burro tiling.

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

671. Oyto’ldi aytdi: Hunar-ardamim ko’p,
Davlatman, insonga manaatim ko’p.
672. Qilmishim rostgo’ylik, yoshim kichikdur,
Uzr aytsam beglar, ulug’lar kechirur.
673. Yuzim ko’rkam, fe’lim yumshoq, kamim yo’q,
Ne tilak bor qo’lim yetar, g’amim yo’q.
674. Qaydabo’lsam orzu-tilak jo’sh urar,
Menga hamdam bo’lib yugurib yurar.
675. Farog’at mendadir, mashaqqat bilmam,
Sevinch menda, yo’ldan ozib qochar g’am.
676. Kim kekkaysa, zavol topar va yitar,
Kim bosh egsa, har vaqt orzuga yetar.
677. Uraman deguvchi o’zi urilar,
Mahv etmoq ko’zlagan urib surilar.
678. Bunga monand so’z mavridi keldi bil,
Ilmlilar uqib uni etsin tabdil:
679. Davlat qayda bo’lsa, bo’yin eg, yarash,
Baxtga erishsang g’am-qayg’u-la kurash.
680. Qut kelsa kishi albat baxtli bo’lar,
Baxt bilan tuman ming orzu ushalar.

ELIGNING OYTO’LDIGA SAVOLI
681. Elig aytdi: Kasb-koringni bildirding,
Endi qanday nuqsoning bor bildirgin.

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

682. Oyto’ddi aytdi: Zarra ziyonim yo’q,
Bor deb tuhmat kilishar — parvoyim yo’q.
683. Aybim shuki, bevafo, beqaror deb,
Odamlarniig o’zi gap qilar hadeb.
684. Beqarorlik menga aslo ayb emas,
Yangi sifat axtarurman — ko’p havas.
685. Barcha eski narsa nomatlub bo’lar,
Nomatlubmi, albat ko’ngilga urar.
686. Yangi narsa bo’lsa, eski na kerak?
Sara narsa bo’lsa, yomon na kerak?
687. Bor lazzat, halovat yangida erur,
Lazzat, halovat istab jon qaynalur.
688. Shu ishim-chun bevafo ataydilar,
Qarori yo’q deya ayb taqaydilar.
689. Fikr aytgan bir alp o’g’lon bu haqda,
Ma’nosi mos kelar bunga albatta.
690. Yaralgan neki bor albat yitadi,
Xoliq ne istasa shuni qiladi.
691. Tiriklik degan yeldek o’tar-ketar,
Tutib bo’lmas, qochar, unga kim yetar?
692. Baxtga mag’rur bo’lma, kelaru ketar,
Bor deb ishonmagil, davlating yitar.
693. Beqaror bo’lmasa davlat shubhasiz,
Bo’lar edi eng yaxshi narsa, shaksiz.
694. Kelib ketmas bo’lsa bu davlat sira,
Yorug’ kunlar bo’lmas edi hech xira.

ELIGNING OYTO’LDIGA SAVOLI

695. Elig aytdi: Shuncha beqarormisan?
Ayt-chi, ketgan joyingga yonarmisan?

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

696. Oyto’ldi aytdi: Hikmat xulosaoi,
Fe’lim kiyik kabi, gapning qisqasi.
697. Suyub istagan kishi hech yetolmas,
Qo’ldan chiqarsa, bas, qaytib tutolmas.
698. Qattik tutsa agar kishilar topib,
Ochiq aytay, ketmasman undan qochib.

ELIGNING OYTO’LDIGA SAVOLI

699. Elig aytdi: Qanday bog’layin sani?
Qanday kishan kerak mahkam tutgani?

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

700. Oyto’ldi aytdi: Menga mahkam kishan,
Erur talay narsa, berayin nishon:
701. Meni topguvchi tavozeli bo’lsin,
Fe’li kichik, tili, so’zi yumshoq bo’lsin.
702. O’zin asrab, oshmasa u haddidin,
Yomon, yovuz ishlarga u bormasa yaqin;
703. Yig’ilgan molini asrashni bilsa,
Xulqin yaxshi, niyatini tuz qilsa;
704. O’zidan ulug’ga xizmatda bo’lsa,
O’zidan kichikka shirin so’z bo’lsa;
705. Birovni kibr birla ranjitmasa,
Kichikni pisand qilmay injitmasa;
706. Ichkilikka mukkasidan ketmasa,
Molin sochib, nesu nobud etmasa;
707. Nayrang o’yinlarga ko’ngil bermasa,
Fe’l-xulqi aynishiga izn bermasa;

708. Qarori yo’q qutga bular kishandir,
Qochib ketmasligiga aniq nishondir.
709. Bunga zarbulmasal shoirning so’zi,
Shoir so’zi bu gapning lazzat – tuzi:
710. Davlat kiyik kabi hurkovich, qochqin,
Gar kelsa mahkam tut, tushovlab olgin.
711. Tuta bilsang davlat to’zimas, qolar,
To’zib ketsa qaytib kelmas, bot qochar.

ELIGNING OYTO’LDIGA JAVOBI

712. Elig aytdi: Ey qut, tushundim seni,
Sevganim-chun tashlab qocharsan meni.
713. Gar bo’lmasang bevafoyu beqaror,
Kelshingda qancha ezgu ma’no bor.
714. Lekin qaroring yo’q, asling bevafo,
Vafodan lof urib, qilursan jafo.
715. Otayu onadan bo’lib mehribon,
Kaftingda ko’tarib, kulib boqibon,
716. Goho ko’rmagandek burasan yuzing,
To’satdan o’zgarar fe’l-atvor so’zing.
717. Yig’arsan, jamlarsan yana socharsan,
Kim senga yuz bursa, eshik yoparsan.

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

718. Oyto’ldi aytdi: Ey baxtiyor elig,
Fazlim birla mening qusrim bor va lek.
719. Kim erishgach, qattiq tutayin desa,
Sirini bayon etdim, tadbirin bilsa.
720. Tutib boshbog’ solsa, egallab olar,
Yo’qsa, kiyikdek qochgum, dog’da qolar.

721. Nima der eshit, ko’pni ko’rgai qari,
Ularning aytgani so’zning gavhari:
722. Baxt kelar, tutishni bilmasang ketar,
Rizq berar, yeyishni bilmasang yitar.
723. Beqaror qutga yetsang tutib ol qattiq,
Tutmasang qo’ldan ketar — alami achchiq.
724. Baxtli kishi o’zin asrashi kerak,
Yomon ishdan qochib, yiroqlash kerak.
725. Parhezkor, pokdomon, haq bo’lsa ishi,
Baxtning kaliti shudir, bilsa kishi.

ELIGNING OYTO’LDIGA SAVOLI

726. Elig aytdi: Bildim qusur, fazlingni,
Ayt isming ma’nosin hamda aslingni.
727. Ma’nosin sharhlab ber, bilib olayin,
Barin uqib, ishonch hosil qilayin.

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

728. Oyto’ldi aytdi: Fe’l-atvorim hakim,
Oyga nisbat berib qo’yibdi otim.
729. Juda kichik bo’lar dastavval hilol,
Kundan-kun ulg’ayib oy bo’lar alhol.
730. Oy to’lishsa, nurga to’ladi olam,
Bahra olib yayrar zaminu odam
731. Oy to’lib yuksakka chiqqanda asta,
Kamayib ko’rki ketar misli xasta.
732. Kuri kamayadi, g’oyib bo’ladi,
Qaytadan tug’ilib yana to’ladi.
733. Barcha sifatlarim oydek huvaydo,
Goho mahv bo’laman, gohida paydo.
734. Ojiz-notavonga yuz bursam har kez* ,
Rost gap, ular ko’rki ortadi shaksiz.

[*] Qadimgi munajjimlar oyni baxt-saodat timsoli hisoblashgan.

735. Kim boyib, ulg’ayib shahrati ortsa,
Nari ketgum, omadi chekinar ortga.
736. Yiqkan boyliklari sochilib tugar,
Fe’l-atvori yana asliga tushar.
737. Bunga ibrat bo’lar shoirning so’zi,
Uning so’zi nodon uchun aql ko’zi:
738. Tolei kulsa inson qozonar shuhrat,
Yangi oydek nurlanib topar nusrat.
739. Davlat telba, gumroh, ko’ngil ko’ymagin,
To’lin oydek yemirilar,suymagin.
740. Yana bir ma’nosin bayon aylayin,
Menga ishon, mag’zin chaqib anglagin.
741. Oyning o’rni va makoni munqalib*,
Munqalib uysiz qolar oxir borib.

[*] Munqalib — o’zgarib, aylanyb turuvchi, beqaror

742. Oy burji saraton, mudom o’zgarar,
Joyi ham, o’zi ham turlanib turar.
743. Qay burjga kirmasin tez qaytib chiqar,
Chiqarda shoshilib makonin yiqar.
744. Fe’l-atvorim unga o’xshaydi, qara,
Goh qadrim past, goh yuksak olam aro.
745. Kelarman, ketarman, yurarman burun,
Kezarman jahonni menga yo’q o’rin.
746. Shu bois Oyto’ldi ataldim, afsus,
Dono shunday ta’bir bergandir maxsus.
747. Men — davlatman, barcha nuqson-fazlimni,
Bayon etdim dardim, da’vo, arzimni.
748. Fikrim ochiq aytdym, ishongin menga,
Haydaysanmi, tutasan — ixtiyor senda.

ELIGNING OYTO’LDIGA JAVOBI

749. Elig aytdi: Eshitdim barcha so’zing,
So’zing dil yoritdi, ma’qulsan o’zing
750. Xudodan tilagandim sendek hamkor,
Xudo berdi, ey yigitlarga sardor.
751. Xudo kimga bersa tilak — orzuni,
Bajo etmoq kerak uning shukrini.
752. Bu kundan boshlabon aslo tinmayin,
Zerikmasdan uning shukrin aytayin,
753. Ne deb o’git berar bizga dono tetik,
Qoldirib ketdi u bebaho bitik.
754. Ey ne’mat sohibi, sen shukr ayla,
Shukr qilsang Haq rizqing ziyoda aylar.
755. Rizq egasi kibrdan unutar o’zin,
Shukr qilguvchidan Haq o’girmas yuzin.
756. Ozroq ezgulikka hadsiz shukr qil,
Ko’plab ne’mat bersa, uning qadrin bil.
757. Shukr qilsa, ne’matning biri o’n bo’lar,
Ko’r, biri o’n bo’lib, uy molga to’lar.

* * *

758. Olqish aytdi elig Oyto’ldiga,
Dedi; Kecha-kunduz hamroh bo’l menga.
759. Talay tovar berdi, maqtadi uni,
Oltin, kumush berdi, alqadi uni.
760. Unga hamma gapin arz etdi elig,
Har bir ishda so’radi aql va bilig.
761. Oyto’ldi bunday qadr-qimmatni ko’rib,
Xizmatga kirishdi mehribon bo’lib.
762. Elig shu tariqa yana sinadi,
Komil ekaniga ko’ngli unadi.

O’N YETTINCHI BOB
KUNTUG’DI ELIGNING OYTO’LDIGA ADOLAT
SIFATLARI HAQIDA AYTGANLARI BAYONI

763. Elig o’ltirib yolg’iz bir kuni,
Zerikdi va xoli qildi uyini.
764. Oyto’ldining chorlab berdi izn, yo’l,
U kirib huzurida qovushtirdi qo’l.
765. Eligning amrini qutib turdi tik,
So’z qotmay suqutda o’ltirdi elig.
766. Ko’zi bilan imlab ishora qildi,
O’ltirishga undab iltifot qildi.
767. Oyto’ldi o’ltirdi ehtiyot bo’lib,
Ko’zin yerga tikdi ko’ngli g’ash bo’lib.
768. Eligga u zimdan yugurtirdi ko’z,
Qovog’i uyulgan, tumshaygandir yuz.
769. Kumush kursida u o’ltirar edi,
Nega oyog’i uch deb o’ylar edi.
770. Ko’lida bor edi ulkan bir pichoq,
So’lda urog’un* , o’ngda shakar biroq.
771. Ko’rib qo’rqdi Oyto’ldi, ortdi g’ami,
Titroq bosib, ichiga tushdi dami.

[*] Urog’un — Hindistonda o’sadigan zaharli o’simlik

ELIGNING OYTO’LDIGA SAVOLI

772. Bosh ko’tardi elig anchadan keyin,
Dedi Oyto’ldiga: Qani so’zlagin
773. Meni bu tarz ko’rib saqlaysan suqut,
Gung lolmisan yo aqldan bo’lding unut?

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

774. Oyto’ldibek aytdi: Ey sohibqiron,
So’zlashga jur’at yo’q menda bu zamon.
775. Bugun fe’l-atvoring boshqacha ko’rdim,
Shu bois, ey dono, iymanib turdim.
776. Bir dono olim shunday bermish saboq,
G’azabli onida begdan qoch yiroq.
777. Bilimdon donolar aytmish, ey oqil,
Qahri kelsa beglar o’t, og’u — qochgil.
778. G’azab oni darqahr bo’lsa hukmdor,
Ey xushxulq, unga yaqin kelma zinhor.
779. G’azabga minib beg koyigan zamon,
Undan yiroq tur, ko’rarsan ziyon.
780. Bu so’z monand keldi, dilingga jo et,
O’zing asra, xatarli huzurdan kech.
781. Darg’azab chog’i begga yaqin bo’lma,
Bu yaqinlik xor etar, nodon bo’lma.
782. Qo’rqqin, beglar xuddi yirtqich arslon,
G’azabin keltirsang bosh ketar shu on.

ELIGNING OYTO’LDIGA SAVOLI

783. Elig aytdi: Qani, bayon et so’zing,
Nega dovdiraysan, yo’qotib o’zing?

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

784. Oyto’ldi aytdi: Hayratim boisi,
Ne uchun kumushdan ko’yilmish kursi?
785. Unga o’ltirmoqlik senga noravo,
Sababin ayt menga, bilmog’im ravo.
786. Qo’lingda pichok bor, bunda ne ma’no?
Sababin bilmog’im kerak, ey dono.
787. O’ng yoqda turibdi lazzatli shakar,
So’lingda urog’un, ne ma’no berar?
788. Seni qahrli ko’rib dovdirab qoldim,
Bilganim unutdim, tamom lol qoldim.
789. Bu holdan iymanib gapim yo’qotdim,
So’zlashga botinmay tilim tosh qotdi.

O’N SAKKIZINCHI BOB
KUNTUG’DI ELIGNING OYTO’LDIGA ADOLAT SIFATI QANDAYLIGINI AYTGANI BAYONI

790. Elig aytdi: So’zliring aniq bildim,
Fikrim ochiq aytmoqqa ahd qildim.
791. Seni dastavval men chaqirgan chog’im,
Hurmatlab joy berdim, ochib quchog’im.
792. Ko’p tansiq ishlarni ko’z-ko’z aylading,
Qahrim keldi — niyating sir aylading.
793. Ko’rib g’azablansam, ranjitding o’zing,
Qo’rqib titrasang-da, bujmaydi yuzing,
794. Bilib qo’y, qutman deb pisanda qilding,
Baxtning fazlin bayon aylab, sharh qilding,
795. Neki qilgan bo’lsang sharhlading bir-bir,
Barini angladim, qolmadi hech sir.
796. Aybingdan kechdim, uzring qabul etib,
Hurmating oshirdim, fazling qadr etib.
797. Endi men ham ko’rsatay fe’l-atvorim,
Barcha san’at-hunarim, har ne borim.
798. Adolat va qonun men o’zim qara,
Qonunning vasfini bulardan so’ra:
799. Men o’ltirgan mana bu kursiga boq,
Ey ko’ngil to’qi, bor unda uch oyoq.
800. Barcha uch oyoq narsa mahkam bo’lar,
Qimirlamay yer uzra sobit turar.
801. Agarda siljib og’sa birontasi,
Qolgani ham siljib, qular egasi.
802. Barcha uch oyoqli to’g’ri, rost bo’lar,
To’rt oyoqni ko’r, biri egri bo’lar.
803. Neki to’g’ri, butun jismi tuz bo’lar,
Neki tuzdir, qilmishlari rost bo’lar.
804. Har neki egilsa, u egri bo’lar,
Egrilik yomonlik urug’i bo’lar.
805. Qaysi tuz egilsa, turmas, o’nglanmas,
Har neki tuz bo’lsa, yiqilmaydi, bas.
806. Boq, fe’l-atvorim og’mas, to’g’ri erur,
Gar to’g’ri egilsa, qiyomat bo’lur.
807. Adolat-la hal etarman har ishni,
Ajratmasman beg, qul deb hech kishini.
808. Qo’limda xanjaru pichok shay turar,
Dorisa g’animlar tilar, o’ldirar.
809. Pichoqdek kesaman, ajrim qilaman,
Da’vogar ishin cho’zmay hal qilaman.
810. Zulm ko’rgan kishi shakar yer albat,
Dargohimga kelsa istab adolat.
811. Shakardek lazzatga to’lar u inson,
Quvonchdan chehrasi yorishib shu on.
812. Zo’ravon zolimlar urog’un ichar,
Gar birovni xorlab adldan kechar.
813. Kim boshin egib kelsa, qilsam hukm,
Urog’un ichgandek ko’radi zug’um.
814. Kovog’im uyulgani ko’rksizligim,
Bir ramzdir zolimlarga yuzsizligim.
815. Xoh o’g’lim bo’lsin, xoh urug’-aymog’im,
Xoh yo’lovchi, xoh mehmon, uzoq avlodim,
816. Adolat bobida bari teng erur,
Hukmimga bari bir xil javob berur.
817. Beglikning asosi adolat erur,
Odil bo’lsa beglar hayot qulf urur.
818. Xikmatly so’z aytdi aqlli kishi,
Oqil so’zin tutsa kim, unar ishi.
819. Adolat yoritar beglikning yo’lin,
Beglikning asosi adolat yo’li.
820. Odil xukm qilsa, ko’ngli tuz bo’lsa,
Ne tong begning orzu chechagi qulsa.

OYTO’LDINING ELIGGA SAVOLI

821. Yana aytdi Oyto’ldi: Elig quti,
Nechun Kuntug’di bo’ldi elig oti?

ELIGNING OYTO’LDIGA JAVOBI

822. Elig dedi: Olim fe’limga moslab,
Menga ot qo’ydi kunga qiyoslab.
823. Boq, kun yemirilmas, hamisha butun,
Nuri hech kamaymas, yorug’ va to’lin.
824. Xar jihatdan fe’lim unga monanddir,
Kamaymas, nur to’lar, adlga payvanddir.
825. Kun tug’ilar, olam bo’lar Boqira,
Barchaga nur sochar, kamaymas sira.
826. Mening ham hukmim shu, yo’qolmas o’zim,
Barchaga barobar fe’l-atvor, so’zim.
827. Yer bag’ri isiydi tuqqanida kun,
Chechaklar yuz ochar unda ming yo’sin.
828. Qaysi elga yetsa hukmim, irodam,
Bu elda yashnagay tog’u tosh, odam.
829. Chiqar kun bu yaxshi yo yomon demas,
Nur sochar barchaga, aslo kamaymas.
830. Mening ham niyatim naq shunday bo’lish,
To mendan barchaga tegsin teng ulush.
831. Yana kunning burji ko’p sobit erur,
Sobitning asosi mustahkam bo’lur.
832. Kun burji Arslondir, bu burj tebranmas,
Burji o’zgarmasmi, buzilib ketmas.
833. Fe’l-atvor, sifatim sira o’zgarmas,
Yorug’im kamaymas, aslim o’zgarmas.

OYTO’LDINING ELIGGA SAVOLI

834. Oyto’ldi ayt-di: Ey baxtli elig,
Shuhrating ortsin, jahonga bo’l malik.
835. Olis yurtdan men adashib-uloqib,
Zahmat chekib, qoshingga keldim horib.
836. Yaxshi xulq, fazilating mavjud uchun,
Umid-la xizmatga sarf etdim kuchim.
837. Ne istarsan, ayt, xizmatga shayman,
Nedan quvonarsan, shuni qilay man.
838. Begning rizosicha qilmasang xizmat,
Xech ishing yurishmas, cheksang-da zahmat.
839. Eshit nimalar der Ila otligi*,
Mehnat-la qadr topgan kishi qutlig’i.
840. Xodim beg ishiga bog’larkan belin,
Qattik tutsin uni shod etish yo’lin.
841. Beglar rizosin qozonib xizmat qil,
Shundagina ochilar baxt eshigi, bil.
842. Xizmatkor xizmat qilsa to’rga chiqar,
Aks holda u to’rdan poygakka tushar.
843. Sevintirsa xizmat-la begin quli,
Ochilguvsi unga qadr-qimmat yo’li.

[*] Ila – Ili (G’ulja) shahrida nom chiqargan kishi

ELIGNING OYTO’LDIGA JAVOBI

844. Elig aytdi: Endi tushundim so’zing,
Menga sevinch tila, asragin o’zing.
845. Aytay ne yaroqsiz, menga nomaqbud,
Yaroqsizga yaqin yurma, forig’ bo’l.

846. Men yoqtirmas ishdan biri yolg’ondir,
Biri zo’ravonlik — undan yomandir.
847. Ishi suqlik, qurumsoq, qattiq o’zi,
Fe`li xovliqmalik, hayosiz ko’zi.
848. Har ishda badjahl, to’ng, qovoq uygan,
Qo’li egri, aroqqa ruju qo’ygan.
849. Bu yanglig’ kishilar hech ma’qul emas,
Ochig’in aytay, ular inson emas.
850. Agar menga manzur bo’lmoq istasang,
Bu illatdan nari yurmoq ista sen.
851. Kundan-kunga yaqin bo’larsan menga,
Xurmat, iltifot ortadi senga.

OYTO’LDINING ELIGGA SAVOLI

852. Oyto’ldi aytdi: Uqdim hamma gaping,
Ma’nosin aytib ber yana bir gapning.
853. Yaxshi kishi qanday kishi aslida
Fe’l-atvor, sifati qanday naslida?

ELIGNING OYTO’LDIGA JAVOBI

854. Elig aytdi: Yaxshilik sifati shunday,
Undan xalqqa foyda yetadi tinmay.
855. Yaxshilik qilar u butun eliga,
Minnat qilib, ta’na qilmas biriga.
856. U elga naf tilar, o’z nafin demas,
Yetkazgan nafi-chun badal ko’zlamas.

OYTO’LDINING ELIGGA SAVOLI

857. Oyto’ldi aytdi: Gaplaring tushundim,
Yana bir savol bor, uni tushuntir.
858. To’g’rilik nima, uni qanday topar?
U bilan qay yo’sin ro’shnolik topar?
859. Qay tarz bo’lajakdir to’g’rilik yo’li?
Qanday bo’lar asli to’g’rilik uli*?

[*] Ul — asos,poydevor

ELIGNINGN OYTO’LDIGA JAVOBI

860. Elig aytdi: To’g’rilar asli o’zi,
Tili, dili bilan bir bo’lar so’zi.
861. Sirtidek ichi ham, ichidek toshi,
Shu yanglig’ bo’ladi chin, to’g’ri kishi.
862. Olib yura olsa kaftida qalbin,
Xijolat chekmasa ko’rganda xalqin.
863. Baxtli yashamoqqa to’g’rilik zarur,
To’g’rilik asli inson nomi erur.
864. Odam qahat emas, odamiylik oz,
Odam juda ko’pdir, lek to’g’rilik oz.
865. Bu haqda shoir ham so’z aytgan ro’y-rost,
Mening aytganlarim unga kelar mos:
866. Zaminni to’ldirib yurganlar ko’pdir,
Faqat to’g’ri, rostgo’y, yetuklar xo’pdir.
867. Kishi qahat emas, odamiylmk oz,
Madh etilar inson gar to’g’ri, mumtoz.

OYTO’LDINING ELIGGA SAVOLI
868. Oyto’ldi aytmishdir: Ey sohibqiron,
Bu so’zning ma’nosin qil menga ayon.
869. Yaxshi kishilar ham bo’larmi yomon?
Yaxshi bo’larmi yomonlar hech zamon?

ELIGNING OYTO’LDIGA JAVOBI

870. Elig aytdi: Yaxshi ikki turli, ul –
Buning biri chindan tutar yaxshi yo’l.
871. Biri onasidan yaxshi tug’ilib,
To’g’ri yo’ldan yurar, chin, yaxshi bo’lib.
872. Yana biri esa o’tkinchi bo’lar,
Yomonga qo’shilsa, yomonlik qilar.
873. Yomon ham ikki xil bo’lar doimo,
Inki xil yomonni birdek sanama.
874. Yomon bo’lib tug’ilar uning biri,
O’lmaguncha arimas nuqson — kiri.
875. Biri taqlid bilan yomonlik qilar,
Eshi yaxshi bo’lsa, u yaxshi bo’lar.
876. Kim asli yaxshidir, yaxshilik kelar,
Jahon xalqi undan manfaat olar.
877. Tug’ma yomon bo’lsa, unga yo’q davo,
U xalqqa ofatdir, jahonga balo.
878. Bunga monand aytilmish turkcha maqol,
Tinglab uni sen o’zingga ibrat ol:
879. Agar kirsa oq sut birla yaxshi xulq,
O’lim yetmaguncha o’zgarmas qiliq.
880. Insoi-la fe’l-atvor yaralgan ekan,
O’lim buzmaguncha o’zgarmas ekan.
881. Ona qornida yaralgan xulq, odat,
Aslo o’zgarmaydi yutguncha lahat.
882. Yaxshiga hamroh bo’lsa agar yomon,
Uning ham qilig’i bo’ladi yomon.
883. Ko’ra-bila qo’shilsa yaxshi yomonga,
Netong yo’l ochilsa najot tomonga.
884. Yaxshi, yomon birlashsa bo’lib bir sabab,
Yomon najot yo’lin topsa ne ajab.
885. Begi yaxshi bo’lsa butun xalqi tuz,
Fe’l-atvori yaxshi, niyatlari tuz.
886. Ajab, yaqin tutsa beglar yaxshini,
Yomonlar ham kilar yaxshi ishini.
887. Agar yaqin bo’lsa beglarga yomon,
Yomon qo’li uzayib, bo’lar hukmron.
888. Yomon bosh ko’tarsa, yaxshilar yitar,
Gar beg yaxshi bo’lsa, yomonlar ketar.
889. Agar beglar yaxshi, bo’lsa baxtiyor,
El-yurt ma’mur, baxtga bo’lar yor.
890. To yomon bo’lmaguncha beglar o’zi,
Bu elda ochilmas yomonning yuzi.
891. Ne yaxshi nizom bitdi beglar begi,
Yomonga makon bo’ldi zindon tegi.
892. Agar yaxshi bo’lsa elning boshchisi,
Albat yaxshi bo’lar barcha ishchisi.
893. Agar beglar o’zi yaxshi bo’lsalar,
Xalq boyib, bu olam guliston bo’lar.

OYTO’LDINING ELIGGA SAVOLI

894. Oyto’ldi aytdi: Uqdim aytganlaring,
Ayni haqiqat, elig, deganlaring.
895. Yaxshini yaxshi zot yaxshi deb bilar,
Yaxshi ishni qilmoqqa talab qilar.
896. Hamma dunyo istar, unga intilar,
Lekin hech kim bilmas, qanday yetilar.

ELIGNING OYTO’LDIGA JABOBI

897. Elig aytdi: Yaxshilik ko’p asl erur,
Aslning qadriga asl kishi yetur.
898. Neki asl bo’lsa, sara, xil bo’lur,
Uni bajo etmoq ko’p mushqul erur.
899. Yomonlik qadrsiz, qilgan xor hamon,
Yomon ish qilmoklik albatta yomon.
900. Neki qadrsizdir u yerda yotar,
Ipak, shohi asldir — to’rdan joy olar.
901. Yaxshilik yuksakka o’rlashdek og’ir,
Yomon ish tushishdek xor etar oxir.
902. Oqil unga moslab bir so’z aytdi xo’p,
Oqil so’zin tutgin, uning nafi ko’p:
903. Yaxshilik – yuksalish, uddalash qiyin,
Nasib bo’lmas hammaga yuksalish tayin.
904. Ezgu ishlar qilmok mushqulu mahol,
Bilimsiz qilolmas uni hech mahal,

OYTO’LDINING ELIGGA SAVOLI

905. Oyto’ldi aytdi: Ey baxtiyor elig,
Shuncha maqtovga loyiq ezgulik?
906. Kishilar aytgudek bormi qusuri?
Oqillar bilgudek kam-ko’st, uziri?

ELIGNING OYTO’LDIGA JAVOBI

907. Elig aytdi: Yaxshi albat maqtalar,
Yomonlar ezgulikni qusur bilar.
908. Er kishiga do’st bo’lar mard teng-tushi,
Yovuzlar qilmas aslo ezgu ishni.
909. Yaxshilar azobda, yomon qorni to’q,
Yomonlar e’zozda, yaxshiga kun yo’q.
910. Ezgulik qiluvchi ko’p yaxshi erur,
Jabru sitamlarga beparvo bo’lur.
911. Kim bu kun yashashni istasa shodmon,
Yomonlik qilaru bo’lar pushaymon.
912. Yaxshilik tilovchi ne deydi eshit:
Ezgulik qil, o’zinga uni kasb et.
913. Kim yaxshilik qilib, ko’rsa yomonlik,
Seni orzulayman, tilab omonlik.
914. Ezgulik, senga kim to’yar, ayt menga,
Beri kel, dilda borin aytay senga.
915. Ezgulikning bugun zarari yetmas,
Ishon, naf beradi ertan tuganmas.
916. Foyda tuyulsa bugun yomonlik,
Ertaga ziyondir, bermas omonlik.
917. Yaxshilik o’ngda, yomonlyk so’ldadir,
Jahannam so’l yoqda, jannat o’ngdadir.
918. Rohatlansa bugun yomon qanchalar,
Ertaga nadomat chekar shunchalar.
919. Xor bo’lsa nechog’li bu yaxshi kishi,
O’kinmas, ertan oson bo’lar ishi.
920. Oyto’ldi haqiqat moyami shudir,
O’kinchsiz yashagin, yaxshi nom qoldir.
921. Yaxshi aytilgan to’g’ri kishi so’zi,
Haqiqat mag’zidir so’zi-yu, o’zi,
922. Kim yaxshilik qilsa, ko’rib yomonlik,
Ey yaxshi, tilayman senga omonlik.
923. Ey yaxshi, senga kim to’yar, ayt menga,
Yaqin kel, men endi tashnaman senga.
924. Har qancha xo’rlansa u yaxshi kishi,
Roziman bo’lmoqqa uning do’st — eshi.
925. Yomonlik bilan kelsa beglik menga,
Kerakmas bu beglik, qo’yarman senga.
926. Ko’rarman kishining gar fe’li yomon,
Uning huzuri oz, ko’p chekar pushmon.
927. Bunga monand so’z aytdi shoir, uqqil,
Mag’zini chaq, aql-hushingni ziyrak qil:
928. Qay yaxshi yaxshiligiga o’kinar,
Yomon qilsa yomonlik o’ziga yonar.
929. Yomonlik qilinsa oqibati dard,
Yaxshilik qil yomonga, bo’laver hamdard.
930. Yomon kishini nechuk men madh etay,
Va yomon yo’ldoshni men nechuk istay.
931. Tubanlik, pastkashlik, akslik bari,
Yomonlar ishidir, ey aql sarvari.
932. Balo, zahmat, mashaqqat, o’kinch, yig’i,
Yomonlikning ajri — yaxshiga yog’i.
933. Nechuk yaxshi zotni alqab suymayin,
Nechuk yaxshi do’stni men madh etmayin.
934. Sahovat, odamiylik, naf, ezgulik,
Yaxshidan kelishin albat qutgulik.
935. Yaxshi zot barcha do’stlar ezgusidir,
Yaxshi do’st barcha eshlar ezgusidir.
936. Do’sting yaxshi bo’lsa ne istasa qil,
Ezgulik istasang yaxshini esh qil.
937. Xalovat, ne’mat, orzu, quvonch, huzur –
Bular ezgulikka mukofot erur.

* * *

938. Elig aytdi: Oyto’ldi tingla gapim,
Sening so’rog’ingga shudir javobim.

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

939. Yer o’pdi Oyto’ldi, tik turdi shu on,
Dedi: Ey ulug’ zot, zakiy bilimdon.
940. Jahon hukmingda, yoshing uzun bo’lsin,
Huzur, ezgulikda boshing sog’ bo’lsin.
941. Beglik omon bo’lsin qudrati ila,
Farog’atda yasha sen shodlik ila.
942. Ulug’lik-la ko’p ellarga hukmron bo’l,
Begliging mahkamla, kuch-qudratga to’l.
943. Orzular qurimas buloqdek oqsin,
Bezavol davlat doim eshik qoqsin.
944. Jahonning shodligi senga yog’ilsin,
Alamdan yov o’z yog’iga qovrilsin.
945. Xizmating astoydil kim qilsa harvaqt,
Baxt eshigi ochilib, bo’lar xushvaqt.
946. Ne der eshit xizmatni qilgan kishi,
Xizmat-la tilagiga yetgan kishi:
947. Xizmat qilma, qilsang loyiq zotga qil,
Munosib beg bilar xodim haqin, bil.
948. Xizmat qilma, qilsang saxillarga qil,
Saxiy uyi oltin-kumush koni, bil,
949. Baxilning xizmatin qilma sira ham,
Umring zoe ketar, boshing bo’lar xam.
950. Baxil o’z molin o’zidan qizg’onar,
Qachon kishi haqin berishga unar.

* * *

951. So’zin kesdi Oyto’ldi, chiqdi turib,
Shodmon bo’lib uyiga ketdi yurib.
952. Og’ishmay xizmat qildi shundan buyon,
Kunduzi tik oyoqda, tunda posbon.
953. Xizmat ado etdi sadoqat-la chin,
Yaqin tutdi elig uni kun sayin.
954. Shu zayilda kunlar o’tdi birma bir,
Mehnat-la yorug’ bo’ldi yuzi oxir.

O’N TO’QQIZINCHI BOB
TILNING FAZILATLARI VA SO’ZNING
FOYDASI BAYONI

955. Elig Oyto’ldini chorlab keltirdi,
Imlab joy ko’rsatdi va o’ltir dedi
956. U o’ltirdi ko’zini yerga tikib,
Tavoze-la bosh egdi, tilin tiyib.

ELIGNING OYTO’LDIGA SAVOLI

957. Elig aytdi: Qani gapir Oyto’ldi,
Nechuk jimsan, ayt,senga nima bo’ldi?

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

958. Bu Oyto’ldi aytdi: Ey beglar begi,
Begin ko’rsa yo’qolar qul idroki.
959. Eligning amrisiz nechuk so’z qotay?
So’ramasdan avval nechuk arz etay?
960. Ilmli so’zin tingla, bo’yin tovlama,
So’rmasdan avval aslo so’zlama.
961. Chaqirsa birov seni lozim topib,
U avval so’zlashi kerak so’z ochib.
962. Savol so’ramasdan avval so’zlasa,
To’g’ri bo’lar uni hayvon atasa.
963. Yana tentak, ahmoq kishi bil uni,
Begi so’z qotmasdan ochsa tilini.
964. Qizil til aylar umring qisqa, nobud,
Esonlik tilasang uni mahkam tut.
965. Ne der tingla o’zini tutgan kishi,
Tinch-omon yashar o’zin bosgan kishi.
966. Qora bosh dushmani qizil til erur,
Yedi qancha boshni, yana ko’p yeyur.
967. Omonlik tilasang tilingni tiygin,
Istagan chog’i til boshing yer, bilgin.

ELIGNING OYTO’LDIGA JAVOBI

968. Elig aytdi: So’zlaring uqdim tugal,
So’zlamay turolmas tirik hech mahal.
969. O’zicha so’z aytmas ikki xil kishi,
Biri nodon, biri gung — suqut ishi.
970. Soqovning tili yo’q, aytolmaydi so’z,
Nodonning tili-chi, saqlolmaydi so’z.
971. Ilmsiz doim tilin tiymog’i kerak,
Dono tili erkin bo’lmog’i kerak.
972. Dononing so’zi yerga obi rahmat,
Suv oqsa zaminda unadi ne’mat.
973. Bilimli kishining so’zi ozaymas,
Qaynar buloq, zilol suvi kamaymas.
974. Chim o’sgan serob yer kabidir olim,
Qayga oyoq bossa suv chiqar lim-lim.
975. Bilimsizning ko’ngli qum bosgan sahro,
Daryo oqsa to’lmas, o’t unmas aslo.

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

976. Yana aytdi Oyto’ldi: Elig uqar,
Ziyon yetsa tildan tiriklik tugar.
977. Inson tirik ekan nechun so’zlamas,
Zarur gapni yashirishni ko’zlamas.
978. So’z so’ralsagina so’zlamoq kerak,
So’ralmasa so’zni sir tutmoq kerak.
979. Ey elig, so’ramoq bamisli erkak,
O’ylab ko’rsang javob — zaifa demak.
980. Ayolga bir erkak kishi er bo’lar,
Ulardan ikki o’g’il farzand tug’ilar.

ELIGNING OYTO’LDIGA SAVOLI

981. Elig aytdi: Barcha gaping uqdim chindan,
Yana so’raydigan gapim bor sendan.
982. Til ziyonin aytding, eshitdim, lekin,
Foydasi ham bormi, rostini degin.
983. Tilning zararidan cho’chisang agar,
Foydali gaping ham izsiz yo’qolar.

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

984. Oyto’ldi aytdi: So’zning foydasi ko’p,
Koshki uni tilim ta’riflolsa xo’p.
985. Ilmsiz tilidan behuda so’z chiqar,
Bilimsizni olimlar hayvon atar.
986. Avom xalq odati bekor demoqdir,
Behuda so’z, oqibat, bosh yemoqdir.
987. Behuda so’zlasa so’z koni zarar,
Foydasi beqiyos gap bilsa agar.
988. Johil qorni to’ysa ho’kizdek yotar,
Puch so’zga ovunib, o’zin semirtar.
989. Yesa, to’ysa, yotsa, u bir yilqidir,
Yilqi deganim fe’li — kilig’idir.
990. Bilimli kishilar jonin koyitar,
Ilmdan bahra olib, o’zin ovutar.
991. Badanning hissasi og’izdan kirar,
Jon hiosasi chin so’z, quloqdan kirar.
992. Ilmiing belgisi ikki narsa erur,
Shu bilan inson yuzi yorug’ bo’lur.
993. Biri — til, biri — tomoq, nafs — balodir,
Ularni tiya olsang nafi daryodir.
994. Ilmli tomoq, tilin asrashi kerak,
Nafsi, tilin tiygan olimdir demak.

ELIGNING OYTO’LDIGA SAVOLI

995. Elig aytdi: Bu so’zni yaxshi uqdim,
So’zning asli nedir, bahrini uqdir.

996. Qaerdan chiqib so’z qaerga yetar,
Buni ham bayon et, bilguvchi mehtar.
997. Qancha so’zlamaslik va qancha deyish,
Bu haqda ilmli dono ne demish.

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

998. Oyto’ldi aytdi: So’zning joyi sir,
So’z o’n hissa bo’lsa, so’zlash kerak bir.
999. Birini so’zlasa to’qqizi yasoq,
Yasoq so’zdan kelar badbo’y hid biroq.

ELIGNING OYTO’LDIGA SAVOLI

1000. Elig aytdi: So’zning foydasi qancha?
Barini ochiq ayt, zarari qancha?

OYIO’LDINING ELIGGA JAVOBI

1001. Oyto’ldi aytdi: So’zning nafi ulug’,
O’rnida aytilsa, qul bo’lar ulug’.
1002. So’z tufayli neki bor qora yerda,
Ko’kka yuksaladi, chiqadi to’rga.
1003. Qanday so’z qilishni bilmasa gar til,
Ko’kda bo’lsa hamki pastlatadi, bil.

ELIGNING OYTO’LDIGA SAVOLI

1004. Yana so’rdi: So’z ko’pi qancha erur?
Ochig’in ayt, oz me’yorin kim bilur?

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

1005. Oyto’ldi aytdi: So’zning ko’pi ul,
So’ralmasdan so’zlab qoldirsa ko’ngil.
1006. So’zning ozi uldir, so’ralsa bir so’z,
Javob bersa, ortiq qo’shilmasa so’z.
1007. Bunga moslab aytmishdir shoir so’zin,
Tiliga zeb berib ham ochdi yuzin:
1008. O’zingni tiyib yur, yaxshi so’zlagil,
So’ralganda so’zla, gapni qisqa qil.
1009. Ko’p tingla, oz so’zla, anglatma naql,
Ilm birla so’zla, rahnamo qil aql,

ELIGNING OYTO’LDIGA SAVOLI

1010. Elig aytdi: Buni uqdim, shak yo’qdir,
Yana bir so’z mag’zin yashirmay uqtir.
1011. Rost ayt, kimdan tinglash kerak chin so’zni,
Kimga aytsa bo’lar dildagi so’zni.

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

1012. Oyto’ldi aytdi: Eshit dono so’zin,
Nodonga ayt so’ngra ochish-chun ko’zin.
1013. So’zni ulug’lardan eshitmoq kerak,
Agar uqsa kichikka aytmoq kerak.
1014. Oz-oz so’zla, ko’prok tinglaguvchi bo’l,
Ilmli dono menga so’z aytmish maqbul:
1015. Ko’p so’zlab kishi dono bo’lmas aniq,
Ko’p tinglab ko’pga bosh bo’ladi daqiq.
1016. Faqat gungu kar bo’lsa, egallar ilm,
Laqmaning vaqti yo’q, izlamas bilim.

ELIGNING OYTO’LDIGA SAVOLI

1017. Elig aytdi: Bu so’zlarni tushundim,
Yana so’zim bor, ma’nosin tushuntir.
1018. Til jim tursa xo’pmi yo so’zlagani,
So’z ochsa ma’qulmi, so’z demagani?

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

1019. Oyto’ldi aytdi: Eshit, dono elig,
Tilim aytmasa, pinhrn qoladi bilig.
1020. Tilni so’kaverma, uning madhi ko’p,
Haqorat o’rni bor, maqtovi ham xo’p.
1021. G’imirlab yuruvchi son-sanoqsiz jon,
Tili birla aytar Xudoga iymon.
1022. Yaratdi turfa elni, ming-ming tuman,
Ular Xaqni maqtar xolis til bilan.
1023. Tanda jon bor kishiga keragi shul,
Biri tilu so’zdir va biri ko’ngil.
1024. Dil va til yaraldi yaxshi so’z uchun,
So’zi egri bo’lsa kuyar bus-butun.
1025. To’g’ri so’zlansa so’z nafi beadad,
Egri so’zlansa-chi, so’kilar albat.
1026. Tebransin til to’g’ri so’zni so’zlasang,
Yashir uni egri so’zni ko’zlasang.
1027. So’zlamasang el-yurt gung, lol deydilar,
Ko’p so’zlasang ezma, abdol deydilar.
1028. Behuda so’zlovchi yovuz kishidir,
Sahovat — mo»tabar inson ishidir.

* * *

1029. Bu so’zni eshitib sevindi elig,
Ko’zin ko’kka tikdi, ko’tardi ilik.
1030. Xudoga shukr qildi, hamdu sano aytdi,
Mehribon Egamsan deb panoh aytdi.
1031. Barcha ezgulik yetdi sendan menga,
Ibodatsiz, gunohkor qulman senga.
1032. Tilak-orzularimni berding butun,
Ezgulik va davlat, huzurbaxsh ochun.
1033. Nechuk ado etgum bular shukrini,
Men-chun O’zing ado etgin shukrini.

* * *

1034. So’zini to’xtatdi, ochdi g’aznani,
Muhtojlarga berdi talay narsani,
1035. Elig Oyto’ldini behad qadr etdi,
Qo’li in’om berdi, tili madh etdi.
1036. Vazirlik mansabin tamg’asin berdi,
Tug’i, nag’orasi, jig’asin berdi.
1037. Elu yurtga qildi dastini uzun,
Bosh egib, chetga chiqdi yov shuning-chun.

* * *

1038. Oyto’ldi bosh bo’lib bor ishni qildi,
Bu iqbol davrini g’animat bildi.
1039. Xalq boyidi, elu yurt obod bo’ldi,
Shodmon el eligga duogo’y bo’ldi.
1040. Xalq baxtiyor, mashaqqatlar daf bo’ldi,
Qo’zi bilan bo’ri o’rtoq, juft bo’ldi.
1041. El yashnab, adolat ustivor bo’ldi,
Eligning davlati ziyoda bo’ldi.
1042. Shu zayil farovon o’tdi qancha vaqt,
Yurt tugal yashnadi, el bo’ldi xushvaqt.
1043. Yangi kent, shaharlar ko’p bunyod bo’ldi,
Xazina oltinu kumushga to’ldi.
1044. Ko’p sevindi elig, halovat topdi,
Dong’i ketib olamga shuhrat, topdi.

077

(Tashriflar: umumiy 2 792, bugungi 1)

Izoh qoldiring