Ziyo Sadr. Sharifjon maxdumning shaxsiy kutubxonasi (02)

002    XIX аср охири – XX аср бошида Бухорода яшаб, Ўрта Осиё маданий-маърифий ҳаётига улкан ҳисса қўшган адиб, шоир ва олим ҳамда хушнавис хаттот Муҳаммад Шарифжон махдум садр Бухорий – Зиё (Зиё Садр)нинг ўз шахсий кутубхонаси тавсифига оид китоби давомини тақдим этамиз…

ШАРИФЖОН МАХДУМ САДР БУХОРИЙ – ЗИЁ САДР
ШАРИФЖОН МАХДУМНИНГ ШАХСИЙ КУТУБХОНАСИ
Давоми
031

Форсчадан таржима ҳамда кириш сўзи ва изоҳлар муаллифи Исмоил Бекжонов
Масъул муҳаррир: Афтондил Эркинов, филология фанлари доктори
Тақризчилр: Неъмат Полвонов, тарих фанлари номзоди, доцент

Захират ул-мулук. Тариқат султони, ҳақиқат бурҳони, соликлар бошлиғи, тақводорлар саййиди, сўфийлар ҳужжати, самадоний ориф Али бин Шаҳоб ас-Самадоний асарлари сирасидан. Ул бузрукворнинг маноқиби айтиш ҳадди ва зикр этиш доирасидан ташқари. Бу қўлёзма китоб Мирзо Мужгон лақабли қози мулло Абдулғани хати билан китобат қилинган. Ул моҳир хаттот Шаҳрисабз шаҳридан бўлиб, ўша замон уламоси машҳурларидан. Кенагасия ҳукумати айёми да ўша тоифа ҳокимлари томонидан Чироғчи тумани қозиси этиб тайинланган. Шариат ишларидан ташқари хаттотлик соҳасида ҳам халқ орасидан донг таратган. Ҳақиқатдан ҳам ёзган хатининг чиройи зўр ва малоҳати юксак. Тўртинчи марта шарафли Насаф вилояти қозилиги мансабига тайинланган пайтим ул китобни қўлга киритишга мушарраф бўлдим.
Нархи ўн минг танга.

Мирзои Кубро, Мирзои Маъмула, Мулло Аҳмад. Олий баёнли китоб ва ноёб мажмуадир. Лафзий чирой ва маънавий ҳусни кўп, малоҳати чексиз. Ғоятда хушхат ва тўғри-ю ишончли битилган қўлёзма.
Нархи етти минг танга.

Яна бир Маслак ул-мутаққин. Ушбу олий баёнли китоб муаллифи фақиҳлар фақиҳи, тариқат қутби, ҳақиқатлар орифи Сўфи Аллоҳёр Ўрточидир. Дастлаб султонлар ва ҳокимлар хизматида турган. Асли Насаф вилоятининг Қоратегин туманидан. Қарши шаҳрининг тунги қаровуллик хизматига сарҳанг қилишган вақтида битта йўлтўсарни ушламоқчи бўлган. Қароқчи қочган. Ул жаноб қувлашга тушганлар. Йўлтўсар Қарши қалъаси ичида не қилишини билмай, беихтиёр қочиб бир масжидга кирган. Сўфи Аллоҳёр ҳам кетидан кирган. Иттифоқо, ул масжидда Ҳақ аҳлидан биттаси ибодатга машғул экан. Ҳар иккаласи томонга қарабди. Шу бир қарашидаёқ ҳар икковининг ҳолати алланечук бўлибди. Иккаласи ҳам мажзуб бир ҳолатда масжиддан ташқари чиқишибди. Сўнг ҳар иккиси ҳам ўзлари касб этган ишдан ўзларини тийишибди. Илгариги қилиқ-атвор ва касб-коридан пушаймон бўлишибди.

Сўфи Аллоҳёр Ўрточи эътиқод қўли билан Сўфи Наврўз Кешийнинг этагини ушлабди. Ул жаноб Ҳожи Ҳабибуллоҳнинг ўринбосар халифаларидан.

Сўфи Аллоҳёр ҳазрат хожа Зоҳид мозори ёнида мангу ором топган. Ул хожанинг мадфан ва мозори Вахшавор мавзесида Деҳнав вилоятининг ғарбий тоғлигидадир. Эндиликда ул улуғворнинг файз аломатли мозорига эътиқод жиҳатидан бу ерни “Хожа баркуҳ” деб атайдилар. Бу икки азизнинг мадфани оралиғини Нимсанг дейишади.

Ушбу қўлёзма китоб ниҳоятда гўзал ва дилтортар.
Нархи ўн беш минг танга.

Қози Мискин. Шарҳи каср. Фақиҳ уз-замон жаноб Мавлоно Мискиннинг – сирлари муқаддас – муборак хати билан ёзилган. Катта бир давлат дейишга лойиқ қўлёзма китоб. Аллоҳга барча неъматлари учун шукрлар бўлсин.

Жавоҳир ул-фиқҳ. Устоз мавлоно Соқий Муҳаммад Балхийнинг хати билан китобат қилинган. Таҳрири ҳам ҳазрат мавлоно Соқий Муҳаммад Балхий Котибники. Ул машҳур жаноб зикри ушбу китобимизда келган.

Борлигини ғанимат билиш ва муҳтарам санаш даражасидаги китоб ҳамда табуррук бир қўлёзма.
Баҳоси йигирма минг танга.

Яна бир Сияр уш-шариф. “Мир Араб” лақабли, улуғ насаб ва ҳасаб эгаси Амир Абдуллоҳнинг – сирлари муқаддас бўлсин – ўғли Мир Моҳ хати билан битилган. Саодатга ёр Амир Абдуллоҳ жаноблари ҳазрат Хожа Аҳрорнинг – сирлари муқаддас – асҳобларидан энг улуғи бўладилар. Амирнинг асл ватани Яманга қарашли Ҳазара Мавт ўлкасидир. Ҳазрат Ҳуд алайҳиссаломнинг муборак қабри ўша ердадир. Яман вилоятининг ҳукумат бошқаруви ота-бободан мазкур Амир Абуллоҳ Яманий аждодига тааллуқ топиб келган. Тўсатдан ҳазрат Илоҳнинг саховати туфайли ул амир вужудида жазаба рўй бериб, ички салтанат талаби йўлида зоҳирий амирликни ташлаганлар ва ватанидан чиққанича бепоён дашту саҳролардан ўтиб, қодири мухтор йўлбошчилигида Хожа Аҳрор нинг нурга тўла файзли юзини кўриш шарафига эришганлар ва чексиз файзлар топгач, дин ҳодийси ва тасаввуф соҳасидаги муршидга айланганлар. Ҳидоят сифатли ҳасаб ва насаб зийнати билан безанган, кашфу ирфон зевари билан зийнат топган бўлиб, шайбоний Убайдуллоҳ Баҳодирхоннинг баракотли замони да олам аҳлининг устозига айландилар. Олий шонли хон эса доим алар суҳбати файзини топар ва хосиятга тўла бу сўзлар билан ўзининг кинсиз синаси лавҳини мусаффо ойнадек қилиб, фотиҳалари баракатидан Нажми Соний ва бошқа душманлари устидан ғалаба қозонган ва буни ул зот шарофатидан билиб, ул муршиди комилнинг хизматига кўплаб қимматбаҳо туҳфалар ва олтин-кумуш тангалар нисор қилганди. Мир Араб ҳазратлари эса шу маблағ эвазига ҳижрий 942 йили Бухоро шаҳрида “Мадрасаи Олия” қурдирдилар. Мавлоно Мир Али Котиб Ҳеравий-Фатҳободий бу борада демиш:

Мир араб фахри ажам онки сохт,
Мадрасаи олий басе булажаб.
Булажаб он аст ки таърихи у
“Мадрасаи олияйи Мир араб.” (942)

Мазмуни:

Ажам ўлкаси фахри, араб амири,
Ажаб бир олий мадраса қурдирди.
Ажаброғи шуким, унинг таърихи
“Араб Мирининг олий мадрасаси.”

Яна бир воқеа: Убайдуллоҳхон давлатининг саодатга ёр Мир Араб таълимотидан тарбият топган вазири хожа Низомиддин мухолифлар чақимчилиги ва ғанимлар ғайирлиги натижасида вазирлик мансабидан туширилгач, давлати поясига болта урилиб ва хонадони инқироз сари юз тутиб, Бухородан қочади ва ўша пайтларда Туркистон шаҳрида турган Амир Араб ҳузурига боради. Беназир Мир хожа Низомиддин воқеасидан қайғуга ботади ва дарҳол отланиб, Бухоро томон йўлга тушади.

Бухоро теграсига кела солиб, дастлаб, ҳазрат хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний равзасини зиёрат қилади. Убайдуллоҳхон бу воқеани эшитиб, давлати устунлари ва сарой аъёнлари билан бирга ул соҳиби иқболни кутиб олиш учун шаҳардан ташқари чиқиб, Ғиждувон томон йўналади ва ул бузруквор суҳбатига файз асарли мозор устида эришади. Соҳиби насаб амир у ердан Бухоро томон йўлга тушади. Соҳиби одоб хоқон ҳазрат Амирнинг оти жиловини ушлаб, ўз давлати устунлари ва саройи аъёнлари билан биргаликда давлат ва иқбол каби ул қутлуғ фолли олийжаноб узангиси ёнида пиёда юриб боради. Ҳазрат Мир олийнишонли хон қулоғини мушфиқона насиҳатлар дурлари билан тўлдиради. Шу тариқа хоқон Бухоро шаҳри ичига кириб, дарҳол Хожа Низомиддин вазирнинг душманларини жазолайди ва хожа Низомиддинни тағин вазирлик ўриндиғига чиқаради. Мазкур одилона панду насиҳат туфайли мамлакат иши низом ва вазирлик юмушлари тўла тартиб топади.

Амир Араб – сирларлари муқаддас – ҳижрий 932 йили Ҳақ раҳмати ёнига етишди.
Бу қўлёзма нусха мусанниф ёзуви ҳамда Мирмоҳ хати билан битилган.

Қул Аҳмад. Қ
ўлёзма машҳур Аҳмад Котиб хати билан китобат қилинган.

“Баҳодирхон” лақабли соҳибқирон Амир Насруллоҳнинг файзли замонида даврон қозилари машҳурларидан саналган мулло Абдулғафурнинг пулга сотиб олган Аҳмад исмли бир қули бўлган. Мазкур қози ғамхўрлик қилгани орқасида мазкур Аҳмад барча илм ва фанларда маҳорат касб этган. Шу жумладан хаттотлик санъатини ҳам эгаллаб, айниқса, тез ёзиш ва тўғри битиш бобида қудратини намойиш этиб, шуҳрат топган. Фатво ва бошқа муфассал китобларни кўчириб ёзишга иштиёқи баланд бўлиб, шу йўсинда мавлавий Қул Аҳмад Яссавийнинг жуда камёб, балки умуман топилмайдиган ҳикмат китобини анча ҳаракатлардан сўнг қўлга киритган ва унинг матнини танқид назари билан ўқиб, тўғрилаб кўчириш йўлини тутаркан, ундан бир нечта нусхани китобат қилган. Бу олий баёнли китоб ҳазрат малики ваҳҳоб (Аллоҳ) бу бошдан-оёқ изтиробга тўла бандага мулк сифатида ато этиб, бошим узра беҳисоб миннатлар қўйган қўлёзма нусхалардан биридир.

Айтиб ўтиш лозимки, ушбу айёмда Бухорои шариф ҳудудида Анқонинг уруғидек бўлиб қолиб, номидан ўзгаси топилмайдиган Қул Аҳмад китобидан мазкур котиб хати билан бир хил усул ва бир хил равишда кўчирилган иккита нусхаси ушбу рисола роқимининг назарига тушди. Қул Аҳмад китобидан бир нечта нусха кўчирган ўша таҳсинга лойиқ Аҳмад Котибнинг бу савобли ишига офаринлар бўлсин.

Қул Аҳмад китобининг мен кўрган яна бир қўлёзма нусхасини амир Музаффар Баҳодирхон замонасида шуҳрат байроғини ҳилпиратган Эшонхожа исмли котиб кўчириб ёзган. Котиб уни хат бобида уста, наср ва шеър фанларида моҳир Қози Абулҳайхожа судур Самарқандийнинг топшириғига биноан китобат қилган экан. Абулҳайхожанинг донишманд ота-боболари фирдавсмонанд Самарқандда юксак мартаба эгалари ва кўпинча соҳиби таълиф ва молики тасниф бўлганлар. Абулҳайхожа судурнинг мажид отаси Маъсумхожа, унинг “Қозикалони шал” лақабли олий бобоси Абдулҳайхожа ном таратган киши ўтганлар. Мазкур қозикалон илмларда мумтоз ва барча фанларда устоз бўлиб, ҳатто Илоҳдан тушган тўртта китоб аҳкоми ва мазмуни бобида ҳам олим эканлар. Ўша динларга мансуб бўлган кишиларга дарс ва таълим берганлар. Амир Ҳайдар Баҳодирхон томонидан Самарқанд қозикалони мансабига тайинланганлар. “Қозикалони шал”нинг отаси мавлавий Файзий оламга машҳур файласуф Жалолиддин Даввоний асарларига ҳошия ёзган олим бўлган.

Асл мақсадимиздан анча узоқлашиб кетдик. Алқисса, мазкур судур Самарқанд мамлакати ҳижрий 1290 йил да Бухоро султонлари қўлидан чиқиб, Русия давлати мулкига айлангандан сўнг лаънати русларга итоат этишга тоқат қилмай, яқинларини ёнига солганича ўз туғилиб-ўсган ватанини тарк этиб, Бухорода маскан тутди ва мағфиратли султон Саййид амир Музаффар Баҳодирхон ва жаннат ошиёнли Саййид Абдулаҳад Баҳодирхоннинг хусравона лутф ва марҳаматига эришиб, олий мансаблар ва юқори мартабалар билан сийланди. Жумладан, пойтахт Бухоро ва Қарши шаҳри ва Ғиждувон туманида қозилик мансабида турди. Ҳаётининг сўнгги кунлари Ғиждувонда қозилик пайти бир касалга чалиниб, шу хасталаниш сабабли қозиликдан туширилди ва бир неча вақт мақсадсизлик бурчагида ётиб, ҳаётдан кўз юмди. Ундан бир-биридан, балки отасидан ҳам яхшироқ Абдуллоҳхожа судур ва Абусамадхожа судур исмли икки нафар ўғил ёдгор қолди.

Улардан биттаси жаннат маконли хоқондан ғамхўрлик кўрди, яна бири замон шаҳаншоҳи Саййид Амир Олимхон дан марҳаматлар топиб, улуғ мансаблар ва садрлик мартабасига эришдилар. Ул икки нафар ака-ука, хусусан Абдуллоҳхожа судур барча илмларда ўз замонаси пешқадами, айниқса хушхатлик ва хушнавислик соҳасида хаттотлар бошлиғи бўлиб, ҳеч кимсани ўзига тенг билмасди. Ҳар гал ул ғамгусор ёрнинг ёзганларини кўрсам, яна бир бор қувонар ва шавқ-завқ туйғусига кўмилардим.

Абдуллоҳхожа судур хатининг ўхшашлиги Сиддиқжон Котиб Кўйкий хатига кўпроқдир. Аммо ёзувининг чиройи анча устунроқ. Абдусамадхожа судурнинг нашрия қувватини акасидан яхшироқ деб атасак бўлади. Лекин хати уники даражасида юксак эмас. Бу икки ака-укалар бир-биридан яхши. Ёшлик айёмида бир-бири кетидан қувлаб, мусобақа тўпини дўстларидан олиб қочиб юрганлар.
Энди Эшонхожа ёзуви билан битилган Қул Аҳмад қўлёзмасига қайтадиган бўлсак, жуда кўп хато билан кўчирилган. Қул Аҳмад китобини унга талаб кўплиги ва қўлёзма нусхаларининг эса камлиги сабабли Бухорода чоп этадиган бўлганларида, аввал танқидий матн тузиб, сўнг нашр қилиш масаласи вужудга келган. Бироқ асар нусхалари топилмагач, ноилож Эшонхожанинг ўша хатолари кўп қўлёзма нусхаси бўйича чоп этишган. Аммо афсуски, чопхона идораси ходимларининг бу китоб борасида чеккан заҳмат ва саъй-ҳаракатлари ана шу сабабли бекор кетиб, нашр анча хатолар билан амалга ошган.
Айрим дўстлар каминанинг бу олий баёнли китоби қўлёзмасини вақтинча мендан тилаб олиб, лозим ўринларини тўғрилаб қўйдилар.
Бу қўлёзма китобнинг баҳоси ўн беш минг танга.

Фасл ил-хитоб. Олий баёнли китоб, ўта гўзал қўлёзма нусха бўлиб, тенгсиз ориф ҳазрат Хожа Муҳаммад Порсо алайҳурраҳманинг асари. Ул жаноб ҳазрат Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг ўринбосари ва тутинган фарзандларидан бири бўлганлар.

Айтишларича, хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ул хожа тарбиясига қанча тиришмасинлар, ҳеч фойдаси бўлмаган. Яъни тараққий қилмай, бир мақомда ушланиб тураверганлар. Шоҳ Нақшбанд бу ҳолдан ташвишланиб, сўфийлик эшиклари очилиши умидида эҳтиёж арзини қилиш учун хожани ёнига солиб, пойи-пиёда Шероз шаҳри сари йўлга тушганлар ва лисон ул-ғайб, воқифи асрор хожа Шамсиддин Муҳаммад Ҳофиз Шерозий ҳузурини истаганлар. Зуҳд ва тақво либосидаги бу икки нафар ул раҳбар орифни излаб юришаркан, иш ҳақиқатидан хабар топган биттаси “уни фалон мавзедаги қиморхонадан топасизлар” деган. Бориб кўрсалар, ул йўлбошчи бир нечта кишилар билан қимор ўйнашга машғул экан. Навбат ҳазрат хожа Ҳофизга келиб, қимор соққасини ташлабди. Шунда хожа Муҳаммад Порсо кўнглидан “пиримнинг шунча масофа босиб, мени шу битта қиморвоз олдига олиб келиши қизиқ бўлди-ку” деган гаплар кечди. Ғайбдан билувчи хожа Ҳофиз бу гапдан огоҳ бўлиб “Порсо мени қиморвоз деди, биллоҳ, рост айтди. Чунки Биз ҳар икки олам матоҳини шу битта соққага сотганмиз” деркан, бармоқлари орасида ушлаб турган ошиқ доналарини ерга отди. Хожа Нақшбанд орифга нисбатан шак келтириб, хожага ҳурматсизлик қилгани воқеасини англади ва “хожа Муҳаммад Порсо ҳали ғўр, пишиб етилмаган, аммо қобилияти йўқ эмас. Марҳамат умидида бу олам паноҳли даргоҳга келтирганмиз” деди. Шероз булбули, сирлар оламининг шери хожа Нақшбандга дўқ урганича “эй девона, бу беадабни ташқарига чиқариб ташла” деди.

Ҳазрат хожа Порсо ҳақиқат ва мажоз тўпламидан бу ҳайқириқни эшитгач, аъзои баданига қалтироқ тушиб, нима қиларини билмай қолибди. Ҳазрат хожа Нақшбанд уни юпатиб “эй ўғил, мақсад ҳосил бўлди, истаган нарсамизга етишдик, юр қайтиш вақти келди” дебди. Иккаласи қиморхонадан чиқишгач, хожа Муҳаммад Порсонинг авзойи ўзгарибди. Итоб қоришиқли хитоб туфайли турган поғонасидан бирданига уч баробар юқори кўтарилибди. Шу зайл мақсадга етишган ҳолатда Бухоро сари йўл олибдилар. Аллоҳ барчаларининг сирларини муқаддас тутсин.

Бу олий қўлёзма китобнинг баҳоси ўттиз минг танга. У Хожа Али бин Мирко Самарқандийнинг анбар исли хати билан Назархожа ибн Алоиддинхожа Ҳусайний топшириғига биноан китобат қилинган.
Хожа Муҳаммад Порсо алайҳурраҳма тафсири. Хожа Муҳаммад Порсо лақаби билан танилган алайҳурраҳма Убайдуллоҳ Нақшбандийнинг авлодидан саналмиш ўша зоҳид ҳофиз Муҳаммад бин Муҳаммад ал-Ҳофизийнинг муборак хати билан битилган бўлиб, бу қўлёзманинг менинг мулким сифатида тасарруфимда туришининг ўзи буюк давлатдир. Худога чексиз шукрлар бўлсин. Тенгсиз дур ва бебаҳо гавҳардир.

Ҳамидий. Шарҳи Ҳидоя. Шайх Ҳамидиддин ибн Абдуллоҳ ад-Деҳлавий асари. Ғоятда мўътабар китоб ва қўлёзма нусхаси ниҳоятда ноёб асар. Унинг қўлимдаги қўлёзма нусхаси энг яхшиси саналади.
Нархи беш минг танга.

Шарҳ ил-шуруҳи Тавзиҳ. Мавлавий Шарифнинг асарлари жумласидан. Тўғри, айрим олимлар бу асарнинг унга тааллуқли эканига шубҳа қилишади. Аммо бу китоб ул жаноб яратган асардир. Чаққон қўлли машҳур котиб ва хаттотлар пешқадами Мирзо Ифтихор Мушаррафнинг хати билан китобат қилинган. Мазкур Мирзо Амир Ҳайдар Баҳодирхон ғамхўрлик кўрсатган хаттотлардан саналади.

Бу илмпарвар ва санъатсевар Амир ақлий ва нақлий илмлар ни эгаллаган, дарсия китоблари ўқишини тугаллаган подшоҳ бўлиб, ўз салтанати даврида таҳсил айёми пайти ўн минг нафар талабага дарс айтарди. Талабаларнинг китоб ўқишини шахсан ўзи назорат этар ва ўзлаштирилган билимларини синаб кўриш мақсадида талабаларни шахсан ўзи имтиҳондан ўтказарди.

Раббоний каломини ёд олган ҳофизи қуръон эди. Тажвид ни камолига етказган ва ғоятда хушовозли бўлиб, шариф рамазон ойида таровиҳ пайтлари ўттиз кеча давомида қуръонни хатм қиларди. Масжиддаги қориларни имтиҳон қилишни ҳам ўз зиммасига оларди.

Настаълиқ хатини яхши битарди. Хаттотларга хат таълими бериб, мирзоларга иншонавислик соҳасини ўргатарди. Зуҳду тақвода беназир бўлиб, нафсни тийиш бобида риёзатлар чекарди.

Замон тақозосича Фарғона мулкида салтанат соҳиби Амир Умархон илм-фан, шеър ва бадиҳагўйлик соҳасида замона мумтози бўлса, унга замондош амир Ҳайдар ҳам ана шу каби хислатлар билан Бухоро салтанати тахтини безаётган эди. Улар орасида низо қўпган пайтида, бу икки подшоҳ ўз шеърлари орқали даҳанаки жангга киришарди. Улардан бир намуна ушбудир:

Умар ба тахти халофат муқаддам аз Ҳайдар,
Сазад ки шоҳи Бухоро маро муте шавад.

Мазмуни:

Ҳазрат Умар халифалик тахтига Ҳайдар дан олдин чиқди,
Шу сабабли Бухоро шоҳи менга муте бўлса ажабли эмас.

Хуллас, бу олий баёнли китобни мазкур беназир дабир-мунший олам олувчи Амир топшириғи бўйича оҳу терисига ёзганким, Худога шукр ҳозир бу қўлёзма каминанинг тасарруфидадир.
Нархи қирқ минг танга. Ҳеч бир замонда бунга ўхшаш қўлёзма нусха вужудга келмаган. Яна тағин Худо билади.

Тафсири Мадорик. Муслимлар имоми, тақводор имомлар мумтози, дин ҳофизи имоми Абдуллоҳ ибн Аҳмад ал-Насафий қаламига мансуб асарлардан бири. Ул бузрукворнинг мозори Қарши қозихонасининг шимол тарафига уланган. Ҳижрий 751 йили вафот этган.

Жуда яхши чиққан тафсир. Хати ҳам чиройли ва ёзувида биронта хатоси йўқ. Ҳошиялари ҳам ёзувга тўла. Ҳофиз Акбар бин Ҳофиз Фатҳуллоҳ хати билан китобат қилинган.
Баҳоси ўттиз минг танга.

Ҳийват ил-ҳайвон. Шайх Камолиддин Муҳаммад бин Асо ад-Дамирий аш-Шофеи асари. Муаллиф ҳижрий 808 йили вафот этган. Фиқҳлар орасида машҳурлик касб этган асар. Чопий нусха.
Мавлоно Ҳусайн Воиз тафсири. Олимлар бошлиғи ва фозиллар қаймоғи, ақлия ва нақлия илмлари билимдони, Тангри каломи тафсирчиси мавлоно Ҳусайн Воизнинг таснифи ва ул зотнинг муборак хати билан китобат қилинган қўлёзма асар.

Бу барча илмларда тенгсиз билимдон зот Султон Ҳусайн Мирзо Гурагоннинг файзга кон замонида Амир Алишер Навоий ҳомийлиги остида яшаб, ушбу тафсирини тўрт дафтардан иборат қилиб яратган. Жумъа кунлари ва ҳайит айёмлари Ҳиротнинг жоме масжидида минбарга чиқиб, халойиққа ваъз айтганлар. Ширин тил ва етук чечанлик билан қуръон тафсирлари, ҳадис маънолари, ўтганлар ахбори, пайғамбарлар атвори, кечмиш даврлар тарихи бобида сўзлаганлар. Бу йиғинларнинг барчасида амир ва вазирлар бажону дил иштирок этишган ва бунинг эвазида ул зотга қимматбаҳо совға ва пул-маблағлар беришган. Масалан, бир кунги йиғинида ўн саккиз дона олмахон ва қундуз, сувсар терисидан тикилган пўстин тортиқ қилганлар. Бошқасини шундан қиёс қилаверасиз.

Бу каби олий тафсир қўлёзмасининг менинг мулким экани чексиз бахт ва поёнсиз шукрлар боисидир. Унинг қўлга киргани ҳикояси ушбудир: Ҳиндистоннинг катта бир савдогари Саййид Амир Музаффар Баҳодирхоннинг фароғатга кон замонида тижорат иши билан салтанат уйи Бухорои шарифга келди. Ўзи билан мазкур тафсирни ҳам олиб келган экан. Саодат тасхирли тафсир хабари беназир Амир қулоғига етишибди. Кўнглига ул табаррук асар қўлёзмасини зиёрат этиш ва иложи бўлса қўлга киритиш фикри келибди. Ўқимишли савдогар бу китобга эгалик неъматини жонидан ҳам азиз билар экан. Шу сабабли уни бировга беришга сира ҳам кўнмас экан. Давлат аъёнлари қанча ўртага тушмасинлар, фойдаси бўлмабди. Олтин ва қимматбаҳо лаълу гавҳар эвазига ҳам кўндира олишмабди. Савдогар бир неча вақтдан сўнг ўз юртига қайтиб кетибди. Шунда ғаддор фалак ўз ўйинини бошлаб, дунё бевафолик йўлига қайтиб, ул савдогар ҳаққида ёмон тақдирни рўёбга чиқарибди. Яъни, бир сабаб ила ул бахти қайтган савдогар барча мол-мулкидан ажраб қолибди.

Бу мудҳиш воқеа рўй бергач, тағин Бухоро сари йўлга тушиб, шарафли ўлкамизга келибди. Ва бошидан ўтган кўргиликларини барчага ҳикоя қилиб берибди. Бухорода турган ҳиндистонлик юртдошларидан дўст бўлганлари унинг ҳолига қайғуришибди, душман мақомида турганлари устидан кулишибди. Аламда қолган тижоратчи Ҳажга боришни кўнглига тугибди. Аммо йўл сафари учун харж пули лозим бўлиб, ёнида эса ушбу тафсир қўлёзмасидан ўзга бойлиги йўқ экан. Шунда Амир Музаффарнинг бу қўлёзма китобни сотиб олишга ҳаваскор бўлгани эсига тушибди.

Аммо ўз вақтида бу тафсир китобига талабгор чиққан Саййид Амир Музаффар Баҳодирхон шу орада оламдан ўтиб, ўрнига ўғли Амир Абдулаҳадхон салтанат тахтига зийнат бағишлабди.

Ўша айёмда ушбу сатрлар муаллифи ҳам отасидан жудо бўлиб, ғам-алам ичида ўтирган эдим. Бир куни бу тафсир эгаси Тоҳир Оқсоқол исмли китобфуруш билан бирга идорамга келиб, бир ариза ёзиб беришимни илтимос қилди. Камина унинг бошидан ўтган барча воқеалар ва эндиликда Ҳажга боришга пули йўқлиги борасида айтган барча гапларини хатга тушириб, аризани қўлига тутқаздим.  Ул иккови аризани топшириш илинжида шоҳлик саройига кетишди.

Шундан сўнг Оқсоқолдан иш нима билан тугагани ҳақида сўрадим. У деди: Ёнингиздан чиққач, тўғри саройга бориб, аризани давлат ходимларига бердим. Хон бирор фурсатдан сўнг “Тафсир” китоби борасида суриштириб, уни олиб қолди. Бир кеча-ю кундуз ўтгач, яна саройга борсак, давлат ходимларидан бири амир ҳузуридан тафсирни келтириб, ҳеч нарса демасдан ташлаб кетди. Ҳатто бирон нарса сўрашга ҳам улгурмадим. Ҳайрон бўлиб қолдим. Бироз вақт ўтар-ўтмас олий давлатнинг яна бир ходими кетавершимни айтди. Осмон қадарли саройдан оёғимни зўрға судраб, ҳангу манг ҳолатда чиқиб кетар эканман, икки-уч қадам ташлагач, тафсир қўлёзмасининг эгасини учратдим. Бечора ташвишли ҳолатда воқеани сўради. Бор гапни айтиб бердим. Бошидан ҳуши учди. Уялганимдан бизни тарк этган давлат ва иқбол каби ёнидан тезроқ кетай дедим. Қўлёзма тафсир китоби эгаси мендан қандай бўлмасин, бирор ёрдам беришимни илтимос қилди. Бахтиқарога ёрдам бера қолай деб, қўлёзмани ҳокимлар, мансабдорлар ва руҳоний улуғлар олдига олиб бордим. Афсуски ҳар қайсиниси бир баҳона топишар, тафсир китобини табаррук ўрнида юз-кўзларига сурсалар-да, сотиб олиш ўрнига қўлимга қайтариб берар эдилар. Мана минг бир уят ва ҳасратда ҳузурингизга келиб турибман. Бирор маслаҳат берсангиз, нима қилай, ул дилхаста мусофирга нима деб айтай?

Ушбу сатрлар муаллифи ўша кезларда катта қайғуда яшаётгандим. Катта оиламиз ташвиши менинг бўйнимда эди. Шунга қарамасдан, ор-номус юзасидан Тоҳир Оқсоқолга шундай дедим: Озгина пулим бор. Аммо китобни бу арзимаган пулга сотиб олиш ниятида эмасман. Уни фақат қиёмат куни шу тафсир китобига талабгор чиқиб, калом тафсирини улуғлаганлар қаторида савоб олишим учун шунчаки бахшида қилмоқчиман. Ул гавҳар қутисини арзон-гаров сотиб олиш фикрим йўқ.

Тоҳир Оқсоқол бу сўзларимни мусофирга етказди ва ҳеч бир ғаразсиз берган пулимни ул бадбахтга топширди. Бу дунё ишларидан кўнгли совиган мусофир эса ўзининг туғма ҳиммати орқасида берган пулимнинг ярмини тафсирга қўшиб ушбу ҳақирингизга қайтариб берди. Қолган ярмига сафарга отланишини билдирди.

Ҳусайн Воиз асарларидан бошқалари “Жавоҳир ут-тафсир”, “Мавоҳиби олия”, “Равзат уш-шуҳадо”, “Анвори Суҳайлий”, “Махзан ул-иншо” “Ахлоқи Муҳсиний” ва “Ихтиёрот дар тарихи мавоҳиби олия” бўлиб, аларнинг азиз ўғли мавлоно Фахриддин Али отаси асарлари борасида кўп яхши фикрлар билдирган. Ҳусайн Воиз Кошифий ҳижрий 909 йили лабига жимжитлик муҳрини босди ва пок тупроқли қабри Ҳиротда. Шоирлар унинг вафоти муносабати билан кўп таърихлар айтишган.

Шоҳнома. Босма китоб. Ўзи аслида босма китобларга унчалик ҳушим ва майлим йўқ. Лекин бу босма нашр ноёб бўлиб қолган.

Амир Хусрав Деҳлавийнинг Хамсаси. Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Ҳофиз Шерозий ҳазратларининг муборак хати билан китобат қилинган. Ул лисон ул-ғайб, таржумон ил-асрор лақабли жаноб қўлёзма охирида ўз мишкин қалами билан хаттот сифатида ўз шариф исмини ёзиб қўйибдилар. Бундай асар ва унинг шу каби мўътабар қўлёзмасининг тасарруфимда бўлиши мен учун катта бир бахтдир.
Отам Чаҳоржўй шаҳрида қозилик мансабини безаб ўтирган пайтлари камина алифбо ўқиб юрган эдим. Турар жойим кичик бир ҳужра бўлиб, ҳужрамнинг эшиги умумий кўча томондан эди. Бир куни бомдод намози адосидан сўнг бир ишга машғул бўлиб турарканман, тўсатдан эшик орқасидан мунгли бир товуш қулоғимга чалинди. Дарҳол эшикни очдим ва жуда кекса, қадди букик, юзини чодири билан бекитган кампирни кўрдим ва истагини сўрадим. Бечора кампир йиғили кўз ва куйган кўнгил билан дуо ва муддаосини бошлаб деди: Бир нотавон заифаман, куч-мадорим йўқ, ишлай десам. Учта етимча мен ҳақирнинг қўлига қараган. Уларга сарфлай десам, ҳеч вақоим йўқ. Бир-кеча кундуздан бери етимчаларим оч-наҳор ўтиришибди.

Кампир шуни деди-ю бир неча варақ қоғозни минг бир уятда қўлимга тутқазди. Мен у пайтлари ўқишни яхши билмас ва қўлёзма қадрини тушунмас эдим. Шунга қарамай, бу бечора аёлга раҳмим келганидан ва уни камбағаллик уятидан қутқариш учун сотиб олай дедим ва бу ишим билан жонига миннат қўйдим. Бир неча дирҳам бердим. Мени дуои хайр билан эъзозлади. Шундан сўнг кампирга қараб “эй меҳрибон она, етимчаларингиз учун кўп ҳам қайғурманг, уларни менга топширинг, бир умр ҳолларидан хабар олиб тураман ва ғамхўрлик вазифасини бўйнимга оламан” дедим. Хотиннинг кўзларидан ёшлар дарё бўлиб оқди ва бу эҳсондан шод бўлиб, дуолар ўқиганича кетди. Кўп ўтмай, кейинчалик Абдулазиз, Мирзо Бадиъ ва Мирзо Самиъ дея ном таратган уч нафар етимчаларини олиб келиб, менинг ҳимоятимга топширганича, қайтиб кетди. Бирпас кетмай туришини қанчалик ўтиниб сўрамайин, қабул қилмади. Турар жойини ҳам айтмади. Етимчалар ҳам кичик ёшдалиги учун бирон маълумот бера олмадилар.

Хуллас, шу воқеадан сўнг ўйин-ўйин билан ҳалиги йиртиқ варақларни кўздан кечирдим. Дебоча ва хотимасига қараб, ҳайҳот, райҳонларга тўла бўстонни, шуҳбасиз жон анбарларига кон гулистонни кўрдим. Балки жондан ҳам минг мартаба яхшироқ эди. Қўлёзма Амир Хусрав Деҳлавийнинг “Хамса”си бўлиб, ҳеч бир нуқсонсиз равишда дунё ягонаси, Шероз булбули Хожа Ҳофиз хати билан китобат қилинган қўлёзма экан. Бу ғайбий атодан хабар топгач, илоҳий марҳамат баробарида ҳаддан зиёд шукрлар адо этдим ва бу илоҳий инъом қарзини узиш лозимлиги жиҳатидан кампирни қанча изламайин, ундан ному-нишон топа олмадим. Фақат бу давлатни Ҳақ томонидан билдим. Неъматлари учун Аллоҳга ҳамдлар.

Етимчаларга келсак, кейинчалик улардан мулло Абдулазиз исмли каттаси илмлар эгаллаб, камолотлар касб этди ва китобат соҳасида моҳир бўлиб, Бухоро хаттотлари орасида ягона саналди. Камина билан дарсларда бирга қатнашиб юраркан, афсуски, расмий китобларни ўзлаштирган бир пайтида Худо раҳматига кетди.

Энг кичиги саналмиш Мирзо Самеъ “Таҳзиб” ўқиб юрган пайтларимизда фоний оламни тарк этди.

Мирзо Бадеъ ўттиз йил менинг ҳузуримда бир хил зайлда хизматга машғул бўлиб, Мирзо Насруллоҳбий Кал қўшбегига яқинлиги учун унинг вазирлик даврида эса қаровулбегилик ва султонликнинг вақф мулклари ишига мутаваллилик мансабида турди. Мазкур вазир шоҳлик фармони қаҳрига учрагач, Мирзо Бадеъ ҳам ўша сабабли вазир кетидан равона бўлди. Яъни мансабпарастлик жинояти жазоси билан мустабид Амир Олимхон буйруғига биноан ўлдирилди. Тадбирсиз Амир Олимхоннинг ўзи ҳам шундан кўп ўтмай, қилган ишлари жазосига йўлиқиб, ўзга шаҳру диёрларда овора ва ватангадо бўлди.
Мавлавий Жомий “Девони”. Нодир қўлёзма китоб. Афтидан машҳур котиб Мир Али Жомий хати билан битилган. Ул зот хат байроғини еттита сайёрадан баланд кўтарган ва бу соҳада бармоқ билан санарлик ҳисобланган еттита Мир Али исмли хаттотлардан бири саналади.

Қўлёзма ипак қоғозига, тилло сепилган ва олтин суви югуртирилган ўта зийнатли тарзда бир хил қаламда битилган. Бунга ўхшаш зийнатли китоблар кам юзага келади.
Нархи йигирма минг танга.

“Фатҳ ул-тақдир”нинг чоп этилган тўрт томи.

Жавоҳир ил-асрор. Шайх Азрий. Муаллифнинг аниқ ва тўлиқ исми Ҳамза бин Абдулмалик Тусийдир. Отаси Исфаройин сарбадори. “Сарбадорон”лар оқими кишилари мамлакатда тартиб ва назм ўрнатишга ҳаракат қилганлар.

Бу шайх дунёвий бойликлардан кўз юмиб, ваҳдат орифи, ягона фозил бўлганлар.

Дастлаб Шоҳрух Мирзо Гурагон мадҳида қасидалар битган. Кейинроқ Саййид Неъматуллоҳ га эътиқод қўйиб, файзу баракотлар топган.

Икки марта ҳажга борган ва кейингисида Ҳиндистон орқали қайтаркан, Султон Аҳмад подшоҳ шайхга бир лак миқдорда рупия пул маблағи бахшиш қилган. Шайх қабул қилган. Сўнг ўзини халқдан четга олган.

Султон Муҳаммад бин Бойсунқур Гурагон бу шайхнинг суҳбати шарафини топган.

Маккада “Саъий ил-сафо” рисоласини битган. “Туғройи ҳумоюн”, “Ажойиб ул-ғароийб” асарлари ҳам шу шайхнинг ёзганлари сирасига киради.
Бу қўлёзманинг баҳоси ўн минг танга.

Мулло Али қорининг “Ҳисни ҳасин” асарига шарҳи. “Ҳисни ҳасин” асари ҳақиқатдан ҳам ҳадис вирди ва зикри бобидаги мустаҳкам қалъа. Шайх Шамсиддин Муҳаммад бин Муҳаммад бин ал-Жазарий ал-Шофеий томонидан жамланган ва таълифи Дамашққа қарашли Катон мадрасасида ҳижрий 791 йили мамлакат душманларини йўқ қилиш масаласи юзасидан амалга ошган. Шайх шу сабабли икки жаҳон саодатига эришган. Бунинг воқеаси шуким, шайх тушида ҳазрат пайғамбар саллаллоҳи алайҳи васалламнини кўриб, пайғамбардан дуо тилаган. Ул икки жаҳон сарвари шайх ва бошқа умматлар ҳаққига дуои хайр қилганларким, ижобат асари дарҳол зоҳир бўлиб, қамалдаги мусулмонларнинг очлик ва қаҳатчилик борасидаги қийинчилиги бартараф бўлган ва шайх душманлари енгилган. Анҳорларда сувлар оқиб, ёмғир ёғишга бошлаган. Ҳаво ҳарорати пасайиб, жумлаи жаҳон кулфат ва заҳматдан қутулган.

Хуллас, пайғамбарнинг табаррук дуоси ва шайх ёзган рисола шарофатидан очлик ранжу азоби дафъ бўлган. Шайхнинг вафоти ҳижрий 833 йили рўй берган. Бу “Ҳисни ҳасин” шарҳини Мулло Али қори ёзган. Бу кишининг тўлиқ исми Али бин ас-Султон Муҳаммад ал-Ҳеравий бўлиб, Қурро лақаби билан танилган. Бу китобнинг таълифи ҳам Маккаи муаззамада ҳижрий 1014 йили амалга ошган ва китобати ҳам Мавлавий Али Қорининг табаррук хати билан юзага чиққан. Асл нусха. Бу катта давлат ва чексиз неъмат ҳам ғайбий ато бўлиб, бу бебаҳо гавҳар ҳам, Худога шукр, менинг тасарруфимдадир.

Тавзиҳ. Фозил нишонли котиб домла Раҳимжоннинг табаррук хати билан ёзилган. Ушбу сатрлар муаллифининг она томондан бувасининг отаси домла Собиржоннинг оғо-иниси бўлади. Жуда чуқур билимли олим ва машҳур котиб ҳамда зоҳиду тақводор киши бўлиб, кеча-ю кундуз барча вақтини шариат илмини ўқитиш ва диний китобларни кўчириб ёзиш билан ўтказардилар. Дунё ҳаяшамлари билан мутлақо иши йўқ эди. Шу сабабдан икки юзга яқин китоб кўчириб ёзиб, барчасини тўғри ҳолда китобат қайдига киритган ва кўчирган асарларидаги тушунилиши қийин ерларига ўзлари тавзиҳ, яъни тушунчалар бериб ўтганларки, биронтасида ҳал этилмаган қийинчилик ва топилмаган хато учрамайди. Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.

Мулло Абдулҳакимнинг “Ақоид”га шарҳи. Бу қўлёзма китоб ҳам ул жаноб, яъни домла Раҳимжоннинг табаррук хати билан кўчирилган ва у ҳам “Тавзиҳ” каби менинг тасарруфимдадир. Ҳар икки нусха ҳам бир хил тарзда таҳрир ва тасҳиҳ қилинган.
Улардан ҳар бирининг нархи ўн минг тангадан.

Талвиҳ. “Куфрий” лақабли машҳур котиб мулло Сиддиқжон Кўйи Дарахтий хати билан китобат қилинган. Бу хаттот ҳақида юқорида унинг қўли билан китобат қилинган “Ҳидоянинг иккита дафтари” бўлимида муфассалроқ хабар бергандик. Қўлёзма “Махдум қози Ғани” лақабли Абдулазиз махдум томонидан тасҳиҳ ва таҳрир қилинган. Бу махдум “Баҳодирхон” лақабли Амир Насруллоҳ даврида яшаган.

Бу “Талвиҳ” қўлёзмаси ана шундай машҳур олим назаридан ўтгани билан ҳам азиздир. У ҳам, Худога шукрким, камина мулкидир.
Баҳоси минг танга.

Рашаҳот. Мавлоно Фахриддин Али Сафий бин мавлоно Ҳусайн Воизнинг асарларидан. Илм гавҳарлари денгизи Мирмоҳнинг муборак хати билан ёзилган. Мирмоҳ “Мир Араб” лақабли ҳазрат Саййид Амир Абдуллоҳ Яманийнинг етук ўғлидир. Мир Араб ҳазратлари Шайбонийхоннинг укаси Маҳмуд Султоннинг ўғли Убайдуллоҳхон замонида ул хон илтимосига биноан ҳижрий 914 йили Туркистон вилоятидан Бухорога келиб, ҳижрий 943 йил да ўзининг машҳур мадрасасини қурдирганлар. “Рашаҳот”нинг бу қўлёзмаси ана шу жанобнинг ўғли томонидан анбар қоришиқли ёзувларда китобат қилинган.
Нархи йигирма минг танга.

Сияри шариф. Охирги қисми. Мавлоно Мўъин ал-Фароиний хати билан китобат қилинган. Ул сўфи табиатли зот Султон Ҳусайн Мирзо Гурагон замонида катта олимлар қаторида турган. Ҳижрий 909 йил да вафот этган. Қабри Ҳирот шаҳридаги хожа Абдуллоҳ Ансорий мозорига яқин ерда.

Хуллас “Сияри шариф”нинг бу охирги қисми асл қўлёзма нусха бўлиб, бу ҳақида мазкур мавлононинг мишкин рақамли қалами билан китоб охирида ёзиб қўйилган.

Равзат ус-сафо нинг еттита жилди. Тасҳиҳ қилинган ва ишончли қадимий дастхат қўлёзма нусха. Икки айри-айри нусхада муқоваланган. Бир нусхаси уч дафтарни ўз ичига олиб, хати чиройли ва ўқиш дилга ёқар тарзда битилган. Иккинчиси тўрт дафтарни ўз ичига олади. Унинг учинчи дафтари хаттотлар бошлиғи Мирзо Юсуф мунший хати билан китобат қилинган. Жуда дилтортар ва гўзал. Яна бир дафтари бошқа бировнинг хати билан ёзилган.

Бу асарнинг еттита дафтардан иборат яна бир тўла нусхасини Насаф шаҳрида “Эшони Ҳаёт” лақабли Қутбиддинхон Эшоннинг уйида кўрдим.

Ушбу кунларда асарнинг бошқа қўлёзма нусхалари Бухоро ҳудудида мавжуд эмас. Мабодо, шиалар томонидан бузиб чоп этилган ёки дид-уқувсиз котиблар сабабли Мирхонд ёзганларидан озгина қисми қолган ҳолда босмадан чиқарилганлари бўлмаса. Шу жиҳатдан бундай чоп этилган нусхаларни Мирхонд жанобларига нисбат бериш одобдан ташқари ва кўп нотўғридир.
Нархи йигирма минг танга. Бу каби арзон нарх қўйганим сабаби қўлёзма китоблар бозори касодга учрагани ва бу сингари нодир қўлёзма китоблар бедараклик сари юз тутиб, харидори йўқолганидир.

Йўқса, аслида уларни ярим лак тангага ҳам топиб бўлмайди. Бошқа қўлёзмаларимга баҳо белгилашда ҳам шу каби йўл тутилди. Бўлмаса ҳар бир китобим ўзига яраша нархга эга бўлиб, ҳеч ҳам ҳаммасини кўтарасига бир хил қийматга баҳоламасдим.

Тарихи Табарий. Бу ҳам қадимий дастхат қўлёзма нусха. Ташқи чиройга эга бўлмаса-да, ишончли ва эски қадимий нусха. Шу пайтгача бу нусхадан яхшироғи топилмади. Учратганимда, албатта қандай бўлмасин ўз тасарруфимга киритган бўлардим.

Дединг: мен каби гулни сира ҳам кўрмаган бирон булбул,
Ҳа, яхши айтдинг, лекин биз ҳам ёмон эмасмиз, билгил.

Шунга ўхшаб бу “Тарихи Табарий” қўлёзмаси ҳам бошқа асарлар қўлёзмасидан кам эмас.
Нархи ўн минг танга.

Абдуллоҳхон тарихи. Ҳофиз Таниш бин Мир Муҳаммад Бухорий таълиф этган асарлардан. Муаллиф жуда моҳир мунший ва фасоҳат тилли мирзо бўлган. Шу сабабли бу тарихга оид асарини ўта жимжимадор тарзда истиоралар билан битган ва албатта бу каби усулда ёзилган китобни ўқиб, маъносини тез илғаш ўқувчига қийинчилик туғдиради. Камина ўзи аслида қўлимга тушган ҳар бир китобни бир ўтиришдаёқ ўқиб чиқиш бобида анча ҳафсаласи зўр одамман. “Равзат ус-сафо”нинг битта дафтарини бир кеча-ю кундузда бемалол завқ-шавққа тўлган ҳолда қайта-қайта ўқиб чиққан вақтларим бўлган. Бироқ ўлдирсалар ҳам “Абуллоҳхон тарихи”нинг бирон саҳифасини ўша китоб каби осон йўсинда ўқий олмаганман. “Бир дона нўхат учун бутун бир ҳовуз сувини ичди” деган мақолга ўхшаб, бу китобдаги битта воқеа тафсилотини билиб олиш учун, яна мингта кераксиз жумлаларни ўқишингизга тўғри келади. Лекин, олмоқчи бўлган келиннинг юзини ё кўриш керак ё кўришдан бутунлай воз кечиш керак, деган гап ҳам бор. “Берганнинг юзига қарама” ҳам дейдилар. Гарчи бу каби асарлар харидига унчалик ҳушим бўлмаса ҳам ҳар ҳолда “Худо ҳаққи, татиб кўрмагунча май мазасини билмайсан” сўзига амал қилиб, уни сотиб олганман. Аммо бу ҳолга қарамасдан ташқи гўзаллиги беқиёс, ипак қоғозига жуда чиройли ҳуснихат билан ёзилган. Қўлёзма мазкур Абдуллоҳхон ва муаллиф ҳаёт пайти китобат қилинган. Китобнинг шундан бошқа қўлзма нусхалари кўз ва қулоққа чалинмади. Шу жиҳатдан нодир қўлёзма асар.
Нархи ўн минг танга.

Муллозода. Наршахий. Тарихи Муқимхоний. Гўзал тўплам ва чиройли қўлёзма нусха. “Тарихи Муқимхоний”нинг муаллифи Муҳаммад Муқимхоннинг мирзоси Юсуф муншийдир. У юқорида эслатганимиз “Равзат ус-сафо”нинг учта дафтарини ҳам кўчириб ёзган.
Тўпламнинг нархи ўн икки минг танга.

Шайх Камол Хўжандий “Девон”и. Шайх Камол Хўжандийнинг асли Хўжанд шаҳридан. Кейин Эронда яшаб, Табриз шаҳрида вафот этган. Сўз санъати бобида тенги йўқ шоир бўлган.

Жаҳонда машҳур икки Камол бор,
Бири Исфаҳондан, бири хўжандлик.
Биринчиси ғазалда тенгсиз бўлса,
Яна бири қасидагўйликда шундай.
Ҳар ҳолда бу икки Камол ўртасида,
Қилча ҳам тафовут йўқ камол бобида.

Тўхтамишхон Табриз шаҳрини эгаллаган вақтида Шайх Камолни ўзи билан бирга Дашти Қипчоққа дилкушой Сарой шаҳрига олиб кетган. Ул сарзаминнинг об-ҳавоси ул мусулмонлар ва дин шайхига ёқиб қолган. Тўрт йилдан сўнг яна Табризга қайтиб келган. Султон Ҳусайн ибн Султон Увайс ибн Шайх Ҳасан Нўён шайх учун баланд бир хонақоҳ қуриб, хонақоҳга мулк сифатида кўп вақфлар ажратган.

Ул бузруквор шоҳзода Мироншоҳ замонигача ҳаёт бўлиб, ҳижрий 793 йили вафот этган.
Бу чиройли шеърлар девонининг нархи ўн минг танга.

Камол Исфаҳоний “Девон”и. Шоир Камол Исфаҳоний Жамолиддин Муҳаммад Абдураззоқ Исфаҳонийнинг етук ўғли. Шаҳид Султон Улуғбек Гурагон отасининг шеърини ўғлининг ашъоридан устун қўяди. Камолиддин Исфаҳоний девонининг фозиллар наздида қадри юксак.

Камолиддин Исфаҳоний Ўктойхон бин Чингизхон аскарлари томонидан шаҳид қилинган. Бу воқеа ҳижрий 635 йилнинг жумодилаввал ойи да рўй берган.
Бу олий баёнли китоб қўлёзмасининг нархи ўн минг танга.

Хожуйи Кермоний қасидалари. Маънолар денгизининг ғаввоси Хожуйи Кермоний илм денгизидан маъно дурларини олиб чиқиб, борлиқ майдонига тўккандир. Унинг Шайх Низомий Ганжавийга эргашиб ёзган “Хамса”си бор.

Ул жаҳон фозиллари пешвосининг қўлимиздаги чечанлик белгили девони йигирма минг байтни ўз ичига олган.
Хожуйи Кермоний тариқатда Шайх Алоиддин Семноний га эргашарди.
Ҳижрий 742 йили вафот этган.
Қўлёзма нусханинг баҳоси беш минг танга.

Қози Азд(иддин) Шарҳи мухтасари мунтаҳий. Мусаннифлар устози ва муаллифлар мумтози “Мавлавий Мирзожон” лақаби билан танилган Мавлавий Ҳабибуллоҳ Шерозий хати билан китобат қилинган. Ул зот илми ҳикматда ўта билимдон бўлган. Асли Эроннинг Шероз шаҳридан. Йигирма олти яшарлигида илмлар уйи Бухорои шарифга келиб, Тижорат саройига қарашли ҳужралардан бирига ўрнашган. Аммо имкон борича ўзини танитмай, сирини яширин тутган. Аммо қанчалик савдогар расмида турмасин, тез орада буюк олимлиги Бухоронинг катта-ю кичиги қулоғига етишган.

Ўша пайтда Қулбобо Кўкалтош мадрасаси ўқитувчилиги ва Бухоро шаҳри маорифи мудирлиги Охунд Мавлавий Юсуф Қорабоғий зиммасида эди. Ҳаммадан олдин Мавлавий Шерозий ҳузурига борган киши шу охунд Юсуф Қорабоғий бўлган. Ул жаноб кичик жуссали киши бўлгани учун талабаларга ўхшаш ҳолатда Шероздан келган меҳмон олдига кирганлар. Мавлавий Шерозий тўшак устида оёғини чалкаштириб ётганича китоб ўқиётган эканлар. Охунд салом берганлар, аммо жавоб олмаганлар. Қанчалик одоб билан ўтирмасинлар назарга илинмаганлар. Илтифот асари кўринмагач “меҳмон ҳазратлари нима ўқимоқдалар” деб гап бошлаган. Охундни писандига илмай турган Мирзожон истеҳзо сифатида “ҳазрат охунд китобини” дебди. Тик қотиб ўтирган охунд бироз ўйланиб “афтидан нотўғри эшитдим” дея, яна иккинчи марта “қайси китоб” деб сўраганлар. Бу гал ёқар-ёқмас айтилган “Шарҳи Муҳокимат” деган жавобни эшитган. Ҳазрат охунд “қайси бўлимини” деб сўраган. Мавлавий Мирзожон “фалон ерини” дея жавоб берган. Сўз шу ерга етганида ҳазрат охунд мазкур бўлимни бошидан-охиригача ажойиб тарзда ёддан шарҳлаб, маъно қилиб берганлар. Шероз булбули сир ўрмони шерининг бўкирганини эшитгач, ибрат кўзи ғафлатнинг ноз уйқусидан очилиб, ўрнидан сакраб турибди ва одоб тиззаси билан чўккалабди. Ҳар иккаласи қаттиқ суҳбатга берилиб, ўз илмларини намойиш этишибди. Мавлавий Мирзожон моту ҳайрон қолиб, чечанлик ва фасоҳат Мисрининг Юсуфидан узрлар сўраб, гўё Зулайхо мисол шайдоси бўлибди ва кўнгли азизини йиғин тўрига ўтқазибди. Шунга қарамай, соҳиби инсоф охунд рухсат тилаб, замон подшоҳи Имомқулихон ҳузурига борибди ва “Муллои нав” лақабли Мирзожон Шерозийни жуда мақтабди ва ўз ўрнига тайинлашни сўрабди. Маълумки, ҳеч қачон ҳеч кимса ўз илмли рақиби учун бундай марҳаматни раво кўрмаган. Раҳмат унинг илмли киши қадрини бу даража юксак билганига! Бизнинг давримизда эса илму ҳунар аҳлига нисбатан ғараз-кинадан ўзгасини кўрмайсиз.

Қисқаси, бу улуғ мансаб ва улкан йўл мавлавий Мирзожон зиммасига юкланиб, Имомқули Баҳодирхон томонидан унинг устига мўл-кўл инъомлар ҳам қўшиб берилибди. Ўша аср ва замонда расм ўшандай бўлган экан ва бу азим мартаба ана шу каби билимдон олимларга саодат бағишлаб тураркан.

Биринчи куниси аср подшоҳи Кўкалтош мадрасасига ташриф буюрмоқчи бўлибди. Илмия талабалари амир ва вазир ва шариф руҳоний ва улуғлар ҳузурида тўп-тўп, жамоа-жамоа бўлиб ўтириб, китобларини очган кўйи дарс ўқишга киришибдилар.

Шу вақтда эски дастур ва бурунги қонун бўйича фозиллар ва каттаконлар, хос руҳонийлар Кўкалтош мадрасасига йиғилиб, олий шаънли хон ташрифига мунтазир ўтиришаркан, дарс давом этиб, сўз “жаъли басит” ва “жаъли мураккаб” борасида бўлибди. Қаранки, бу дарс чоғи Охунд Юсуф Қорабоғийнинг отаси камолоти гулистонининг гулдастаси ва ул зотнинг фазилатлар боғи навниҳоли ва “бола отасининг кўринишидир” тўғри ҳадиси мазмунича отасида бор илмларни ўзлаштирган Муҳаммаджон исмли азиз ўғли ҳам қатнашаётган бўлиб, у ҳам мазкур мавзудаги мунозарага қўшилибди ва мавлавий Мирзожон Шерозий билан баҳсга киришибди. Муҳаммаджон “жаъли басит” масаласини исботлашда Ҳофиз Шерозий алайҳурраҳма шоҳбайтини ҳужжат-далил сифатида келтирибди:

Гуфтам: ин жоми жаҳонбин ба ту кай дода ҳукм,
Гуфт: онруз ки ин гунбази мино бийно мекард.

Мазмуни:

Дедим: бу жаҳон кўрсатувчи жом сенга қачон ҳукм бермиш?
Деди: ушбу зангори гунбазни бино ва кўрарлик қилганида!

Бу баҳсда Муҳаммаджон ҳақ сўзни айтган бўлса-да, шунга қарамай, кўп китоб кўрган ва илмдаги ҳийла-найранг каби уддабуронликни ҳам эплашга уста, тажрибали Мирзожон Шерозий бир йўли билан мунозарада ғолиб чиқибди. Муҳаммаджон шу пайтгача бу янглиғ йиғинни кўрмагани учун ва чиройли ҳусни сабабли ҳамиша ошно ва бегонадан узоқ тушиб, битта хонадан чиқмай яшаётгани сабабли, гарчи бу мунозарада енгиб чиққанини яхши билса-да, ғарқа терга ботибди. Ана айни ўша чоғда мадраса ичига қутлуғ мавкаб ташрифи амалга ошиб, барча бирданига юксак иқболли хусрав истиқболига ошиқиш билан овора бўлибдилар. Шундан сўнг олий шаънли хон ўз ўрнида қарор топиб, дарснинг расман очилиш навбати етибди. Шероз булбули, мумтоз устоз ҳузурида ғуломлик исирғасини жон қулоғига таққан биринчи киши Муҳаммаджон бўлиб, шу жиҳатдан шериклари ва синфдошлари унинг ҳам илмия дарсига келиб ўтиришини кутишибди. Лекин, афсуски Муҳаммаджонни даврада кўришмабди. Бироз вақт ўйга толиб, афтидан кичик ёшдалиги учун хон ҳузурида бўлишига ҳаё-уялиш қаршилик қилган бўлса керак, деган хаёлда бўлишибди, сўнг у ёқ-бу ёқни ахтаришга тушибдилар. Бироқ ундан дом-дарак топишмабди. Шунда “уйига кетган бўса керак” дея уйига боришибди-ю у ердан ҳам ноумидликдан ўзга хабар келтиришмабди. Мажлисга йиғилганлар димоғидан тутун чиқибди. Қисқаси, анча кутишдан кейин ул номдор ғойибнинг синфдош дўстлари ва бошқалар ҳам паришон бир ҳолатда дарсларини бошлабдилар. Дарс тугагач, изқувар ва Бухор аҳлининг бариси излашга тушибдилар. Аммо ўша кундан то кейинги пайтларгача ҳеч бир жонзот ул замон ягонаси ўлик-тиригидан бирон хабар топмабди. Бедарак тарзда ва ҳеч бир хабарсиз йўқолибди.

Охунд Қорабоғийнинг мавлавий Мирзожонга нисбатан тутган инсоф ва қилган одамгарчилигини юқорида эшитдингиз, энди замон уламоларининг ул алам етишган фаришта хислатли ҳаққида қилган инсофсизлигини ҳам эшит: ҳасад юзасидан мавлавий бечорани Бухородан ҳайдаб юборишган

Охунд Юсуф Қорабоғий Эроннинг Қорабоғ вилоятидан. Вафоти таърихини ул бузрукворнинг ўғиллари Ёқуб жуда яхши айтган: Рафт Юсуф зи дидаи Яъқуб (Юсуф Ёқубнинг кўзи олдидан йитди.)

Шуни эслатиб ўтишим лозимки, бу гапларимнинг ҳаммаси каминанинг бировлар оғзидан эшитганидир. Лекин “Тарихи касира” муаллифи саййид Роқим охунд Юсуф Қорабоғийни мазкур Мавлавий Мирзожон Шерозийнинг шогирди бўлган деб ёзади. Роқим айтишича, охунд ул шерозлик устози ҳузурида камол касб этган. Ундай бўлса, юқорида бировлардан эшитиб, ҳикоя қилган гапларим тафовутли ва нотўғри бўлиб чиқмоқда. Тағин Аллоҳ билади.

Имомқули Баҳодирхонга келсак, у ўз салтанати охирида кўзи ожизланиб, хонлик тахтини укаси Надр Муҳаммадхонга топширган ва ҳажга кетиб, ўша ерда вафот этган.

Охунд Шайхнинг яна бир Шарҳи Мулло асари. Таниқли фозил ва машҳур котиб Қози Мирзо Ҳикматуллоҳ махдум хати билан битилган. Ул зот каминанинг она томонидан буваси бўлмиш қози Мирзо Кароматуллоҳ махдумнинг катта ўғлидирлар. Қози Мирзо Ҳикматуллоҳ махдум тўғри қаламли котиблар жумласидан. Бироқ хати ўртача. Жуда ҳам хушхат деб бўлмайди. Лекин китобати кўплиги жиҳатидан ўзига яраша бир йўл яратган. Бир умр вақтини мадрасада ўқитувчилик қилиш ва диния китобларни китобат этиш билан ўтказди. Бир куни қанча нусха китоб кўчириб ёзганини сўрадим. Табассум қилиб, битган китоблари рўйхатини қўлимга тутқазди. Санаб, валлоҳи аълам, уч юз етмиш адад қўлёзма кўчирганини билиб олдим. Шундан сўнг ҳам бир неча вақт китобат ишига машғул бўлдилар. Ўйлашимча, ёзган китоблари сони тўрт юз донадан ошиб, беш юзтага етган бўлса ажаб эмас. Ҳаёти меҳнат билан ўтди.

Ҳаётининг охирроғида каминанинг муҳтарам отаси қози-ю-л-қуззот даврида Ромитан тумани қозилиги мансабига мансуб бўлди. Бироздан кейин ялпи вабо сабабли ҳазрат Мавлоим вафот этгач, мазкур қози ҳам ўз укаси Абдулазиз махдум билан бирга икки кун оралиғида кетма-кет бу ўткинчи жаҳонни тарк этиб, мангу олам сари кетишди. Барчаларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин
Китобнинг нархи беш минг танга.

Қози Байзовий тафсирининг иккинчи дафтари. Мавлоно Жалолиддин Суютийнинг муборак хати билан битилган. Ул зотнинг мақтови оламни ёритувчи офтобдек равшан. Синиқ тилли қалам эса уни тавсиф этишдан ожиз.

Қози Байзовий тафсирининг биринчи дафтари. Жуда гўзал бир қўлёзма. Хушхат билан тўғри ёзилган.
Баҳоси беш минг танга.

Шавоҳиди нубувва. Бу диёрнинг забардаст ва машҳур котибларидан Мулло Абдураҳмон котибнинг хати билан китобат қилинган.
Баҳоси уч минг танга.

Тарихчаи салотин, мусаввар. Жуда гўзал ва чиройли битикли қўлёзма.
Қиймати уч минг танга.

Рисолаи исботи вожиб. Мавлоно Шариф алайҳурраҳма асари Қўлёзма ҳам ул жаноб Мавлоно Шарифнинг шариф хати билан битилган. Васфлари илгари баён этилганди. Жондан азиз бу китоб таърифида бу ожиз камина нима ҳам дея оларди. Худога шукр бу якто гавҳар, бебаҳо дур ҳам менинг мулкимдир.

Бедилнинг Чаҳор унсур китоби. Мавлавий Жалийнинг укаси Мавлавий Абдуллоҳ Балхийнинг муборак хати билан ёзилган. Ул жанобнинг васфи юқорида “Жоме ар-румуз” қўлёзмаси тавсифи бўлимида тилга олиб ўтилганди.
Бунинг ҳам нархи беш минг танга.

Маворид ул-каломи ғайри манқута. Шайх Аби-л-Файз ибн ал-Муборак Ҳиндийнинг асари. Машҳур котиб Қори Иброҳим Қаршигий Қўрғончагийнинг хати билан ёзилган. Мазкур Қори замонасининг донг таратган хаттоти бўлган. Бу хуш овозли қори илмларни хатм этган билимдон зиёли эди. Қироат дарслиги китобларини кўпинча ўз китобат қилган. Ҳамиша ёнида қизил, сариқ, ложувард рангли сиёҳ ва тилло суви тайёр ҳолда турарди. Ҳар бирини ўрни-ўрни билан ишлатарди. Ҳаромдан ҳазар қилувчи ва пухта ишловчи хаттот эди. Қарши Қўрғончасида жуда зийнатли ва ораста чаҳорбоғ яратиб, эҳтиёжсизлик ва эркинлик либосида яшарди. Ҳеч бир ҳоким ва султонга эҳтиёж назари билан боқмай, шу тариқа дунёдан ўтди.
Қўлёзманинн баҳоси уч минг танга.

Баззозий фатволарининг икки дафтари. Бобин ал-Баззоз ал-Кардарий ал-Ҳанафий номи билан танилган шайх ил-имом Ҳофизиддин Муҳаммад бин Шаҳобиддин асари. Вафоти ҳижрий 1270 йил. Яхши қўлёзма ва саводли кўчирилган китоб.
Нархи ўн минг танга.

Шарҳи Таҳзиб. Мутабаррик китобдир. Чунки Мавлоим отам алайҳурраҳма ўз замонида шу китобни ўқиб, шу китоб бўйича дарс берганлар. Камина “Шарҳи Таҳзиб” илмини ўрганишга бошлаган пайтимда отам раҳматлик мазкур қўлёзмани тортиқ қилганлар.
Нархи борасида бирон нарса айта олмайман.

Охунд Шайх. Таҳзиб шарҳи. Мумтоз қўлёзма асар. Барча котиблар таянчи Мулло Саййид Назар Насафий хати билан китобат қилинган.

Амир Насруллоҳ Баҳодирхон даврида Саййид Назар исмли икки нафар машҳур хаттот бўлган. Биттаси Саййид Назар Насафий, иккинчиси Саййид Назар Лабобий.

Ушбу “Охунд шайх Таҳзиби”нинг котиби Мулло Саййид Назар Насафий барча илмларни эгаллаган маҳоратли олим ҳам бўлиб, кўчирган барча китоблари маъносини яхши тушунган. Ўйлашимча, мавзусини билмаган китобларни кўчириб ёзмаган. Шу сабабли битган қўлёзмаларида хатога йўл қўймаган. Бу каби котиблар сирасига биринчи ўринда Мавлавий Соқий Муҳаммад Балхий, иккинчи навбатда Абдулазиз махдум қози Ғани, учинчидан мана шу Саййид Назар Насафий киради.

Алқисса бу уч нафар санъаткор хаттотнинг кўчириб ёзганлари тенгсиз бўлиб, аммо ташқи жиҳатдан унчалик хушхат тарзда эмас. Лекин тушунган одамлар улардаги малоҳатга гувоҳ бўлишади.
Насафий кўчириб ёзган китоблардан Бухорода беш юздан кўп нусханининг қўлма-қўл суратда ўқилиб юрганини кўрдим.
Баҳоси тўрт минг танга.

Татиммат ил-ҳавоши. Бу асар ҳам Саййид Назар Насафий хати билан китобат қидинган.
Нархи беш минг танга.

Мулло Аҳмад. Ҳошияга шарҳ. Бу китоб ҳам мазкур котиб хати билан кўчирилган. Нархи уч минг танга.

Қози ва Мирзои. Таҳзиб. Замон ва даврон нодири, котиблар боши, хаттотлар қаймоғи Қози Мулло Абдулжаббор Ургутий хати билан ёзилган. Ҳар бир илмда моҳир хаттот бўлган. Айниқса хаттотлик санъатида тенгсиз ўтган. Китобат соҳаси бошланган замондан то бугунги кунгача ҳеч ким бу каби маҳорат ва қувват билан хат ёзиш уддасидан чиққанини билмаймиз.

Ўзи аслида диёримизда уч нафар котиб ихтирочи саналиб, улар ўзларининг барчага ёқувчи хос йўналишини яратганлар. Биринчиси Мавлавий Соқий Муҳаммад Котиб Балхий, иккинчиси Мулло Сиддиқжон котиб Куфрий Куйи Дарахтий, учинчиси Қози мулло Абдужаббор Ургутийдир.

Қози Абдужабборий усулига эргашиш ёки тақлид қилиш жуда қийин иш. Уни уддалаб бўлмайди.

Мавлавий Соқий равишига эргашган мавлавий Жалий ва унинг укаси мавлавий Абдуллоҳ жаноб Соқийга тақлиднинг уддасидан чиққанлар. Сиддиқжон йўналишига мулло Абдулқаюм ва унинг ўғли ҳамда қози Мир Зиёиддин махдум бин домла Мир Олим муфти тақлид қилишган ва жуда яқин келишган.

Қози Абдужаббор усулига эргашган таниқли хаттотлардан бир нечта санъаткор машаққатлар тортиб, жон койитганлари билан ҳам бу ишга муваффақ бўла олишмаган.
Тўғри, бу равишга интилган бухоролик Рабиъ махдум, мулло Ҳамдам бироз яқин келишган.

Камина ҳам тақлид билан шуғулланганим ва маҳоратим борлиги учун улардан ҳар бири равишига эргашиб, ҳар қайсининг ёзганларини таҳрир қилган чоғим улар ҳошиясига ўзимникини битиб қўйгандим. Бошқалар меникини аслидан ажрата олишмади. Шунга кўра мулло Абдужаббор услубини ўзлаштириш йўлида анча тиришдим, лекин бўлмади.

Бу давру замонада мулло Абдужаббор Русия давлати томонидан ўз асл ватани бўлмиш Ургут вилояти қозилиги мансабига тайинланган. У ишга тайинлаган вақтлари ҳали русларнинг вагони, яъни оташ араваси юрмасди. Йўллари қийинчиликдан иборат бўлишига қарамай, ўз одамларимдан биттасини Ургутга мазкур қози ҳузурига юбордим ва у орқали “мен Сизнинг хатингиз мухлисиман, ўзингиз йўнган қаламлар ичидан учтасини бериб юборсангиз, токим уч ой ичида равишингиз бўйича машқ қилсам” дея айттириб юбордим. У одамим айтганимдек қилиб қайтди. Тез орада хатим Абдужабборий услубида чиқиб, худога шукрлар қилдим.

Китобимизнинг олдинги саҳафаларида уч нафар хаттотнинг таҳсил пайтлари таътил айёмидан бир кечаси тонг отгунча ўтириб, жузвларга бўлган ҳолда “Мухтасар” китобидан бир нусха кўчириб ёзганларини ҳикоя қилган эдик. Улардан бири мана шу қози Абдужаббор бўлиб, қолганлари Исо махдум муфти бин домла Ниёз Муҳаммадий Балхий ҳамда тоғам Иноятуллоҳ махдум судур муфти эди. Иншоллоҳ ҳар бирининг таржимаи ҳоли ўз ўрнида айтилажак. Қисқаси, бу уч нафар бирга таҳсил олиб ва ҳунар-санъатларни ўзлаштириб, Бухородаги таниқли кишилар бўлиб етишганлар. Биргаликда ҳамкорлик қилиб, таътил айёмлари ҳар кечаси бир дона “Мухтасар” асарини китобат қилганлар.

Хуллас, қози Абдужаббор шу янглиғ ишлаб, икки юз дона китоб кўчириб ёзган. Барчаси хатодан холи ва гўзал бўлган. Ул хаттотнинг қизиқ ишларидан биттаси шуким, замонамизнинг бошқа котибларига ўхшамайди, яъни ҳеч қачон қўлёзмалари охирида ўз исми ва китоб кўчириб тугалланган йилини қайд этмайди.

Ҳикоя қилишларича, қози Абдужабборнинг яна бир қизиқ одатларидан бири шу бўлганки, Ургутда қози пайти шунча билим ва фазилатига қарамасдан, ҳамиша Кобулий зангори фўтани бошига ўраб, оёғида амирконий ғарж этик, эгнида оч қизил тўн билан баъзида қозилик ўриндиғида ўтирар, баъзида эса раста-бозорларда олди-сотдига машғуллик ҳам қилар экан.
Ўша қозилиги пайти вафот этди.
Қўлёзманинг нархи беш минг танга.

Шарҳи Ақоиди Насафий. Шайх Нажмиддин Абу Ҳафс Умар Насафий бин Муҳаммад (в. ҳижрий 537 йил ) асарига аллома Саъдиддин Масъуд бин Умар ат-Тафтазоний шарҳи. Бу “Шарҳи Ақоид” қўлёзмаси ҳам марҳум Қози Абдужаббор хати билан китобат қилинган.
Бунинг ҳам нархи беш минг танга.

Ҳошия. Нажмиддин Умар бин Али ал-Қазвиний асари. Насриддин Тусий нинг шогирди бўлган. Бу “Ҳошия” ҳам марҳум Қози Абдужаббор Ургутий хати билан ёзилган.
Нархи олти минг танга.

Хон Мулло. Таҳзиб. Машҳур котиб Мулло Ҳамдам Бухорий хати билан ёзилган. Бу хаттот ҳам Абдужаббор Ургутий услубига эргашган, аммо унга етиша олмаган. Ушбу қўлёзма эса мулло Ҳамдамнинг ўша услубга анча яқинлашиб қолиб, қози Абдужаббордан кейинги ўринда жуда малоҳатли равишда ёзганини кўрсатиб турибди. “Хон Мулло”нинг бу китоби қўлёзмаси жуда чиройли чиққан. Хатоси йўқ. Баъзи ўринлари қози Абдужабборникидан ҳам яхши ёзилган.

Мулло Ҳамдам котиб Бухоро аҳлидан. Мағфиратли амир Музаффар Баҳодирхон даврида дарс ўқитиш мансабига мансуб бўлиб, мўътабар кишилар қаторида саналарди. Афсуски ёшлик пайти оламдан ўтди. Ёш ўлганига қарамай, кўп қўлёзмалар китобат қилгани туфайли, ўзидан кўпгина қўлёзма ёдгорликлар қолдирди. Энг яхши китобат қилгани эса ушбу “Хон Мулло” китоби қўлёзмасидир.
Нархи ўн минг танга.

Яна бир “Ақоид”.  Бу қўлёзма Абдуллоҳ Шайх Котиб хати билан китобат қилинган. Абдуллоҳ Шайх Котиб қадимий донгдор хаттотлардандир. Қўлёзма хати чиройли ва тўғри. Иши таҳсинга лойиқ бу хаттот Мулло Аҳмад ва Мулло Абдулҳакимнинг шарҳларини шу қўлёзма ҳошиясига ўта дид ва тўла ҳолда китобат қилган.
Нархи етти минг танга.

“Ақоид”га мулло Аҳмад шарҳи. Мулло Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Қримий (в. ҳижрий 943 йил ) қаламига мансуб бу асар қўлёзмасининг котибини аниқлай олмадим. Ёзуви кўзларни қувонтирадиган даражада. Котиби чуқур илмли бўлгани китоб сўзларининг тўғри ва хатосизлигидан аниқ билиниб турибди.

Қўлёзманинг мазкур асар матнидан очиқ олган жойларига мулло Абдулазиз исмли синфдошимнинг ёзувлари битилган. Бу ўша учта етимчадан биттаси бўлиб, улар ҳақида Амир Хусрав Деҳлавий “Хамса”сининг Хожа Ҳофиз Шерозий хати билан китобат қилинган нусхасини қандай қўлга киритганим ҳикояси асносида хабар берган эдим. Мазкур мулло Абдулазиз замоннинг зўр хаттотларидан саналади. Лекин, афсуски, замонамизда расм бўлган китоблар бўйича илм олиш муддатини тугатмасдан бурун вафот этди.
Қўлёзманинг нархи уч минг танга.

Мулло Абдулҳаким. Шарҳи Ақоид. Мулло Абдулҳаким бин Шамсиддин ал-Ҳиндий ал-Сиёлкутий асари. Бобурий Аврангзеб замони да яшаб ижод қилган ва ул бобурий подшоҳдан тарбиятлар кўрган. Бу олий баёнли китоб она томондан бувамнинг отаси домла Собиржоннинг укаси домла Раҳимжон хати билан китобат қилинган.Улар ҳақида юқорида зикр қилинган эди.

Мулло Абдулҳаким. “Ақоид”га шарҳ. Бу асар қўлёзмаси Мавлавий Жалийнинг укаси Мавлавий Абдуллоҳ Балхий хати билан кўчирилган. Илгари ёзганимиз каби, бу икки оғо-ини Мавлавий Соқий Муҳаммад Балхийнинг издошлари бўлиб, Амир Ҳайдарнинг махсус котибларидан саналганлар. Ушбу қўлёзмани хаттот ўша амир буйруғига кўра Бухоро Аркида битган ва уни тугатгач, ул фазилатли Амир қўлёзмани шахсан ўзи таҳрир қилиб, бошқа ўнта қўлёзма матнига солиштириб тўғрилатган.
Нархи етти минг танга.

Мулло Абдулҳаким. “Ақоид”га шарҳ. Бу қўлёзмани мулло Абдулазиз котиб шерикликда кўчириб ёзган.
Нархи уч минг танга.

Яна бир Ақоид. У Мавлавий Соқий Муҳаммад Балхий Сончорякийнинг муборак хати билан ёзилган. Ул жаноб ўта илмли олим бўлишига қарамай, ўзига хаттотлик касбини ҳунар қилган. Шу сабабли камина – Зиё Садр бу борада бирон таърифга журъат эта олмайди. Ул кишининг асли Балхнинг Сончаҳоряк мавзесидан. Бузруквор отаси Мавло Муҳаммад Амин фиқҳ илмининг энг улуғи бўлган. Китобат соҳасини ҳам яхши билган ва кўплаб диний асарларни кўчириб ёзган. Мавлавий Соқий Муҳаммад Балхий сурий (ташқи) ва маънавий (ички) илмлар қатори хаттотлик ҳунарини отасидан ўрганган. Вақтини тоат-ибодат билан ўтказиб, ўткинчи дунё матоҳларига қиё боқмагани учун бўш қолган пайтлари бор бўлиб, уни ҳуснихат соҳасига бағишлаган.

Кимнинг қўлида нотўғри кўчирилган китоб кўрса, сўраб-нетиб ўтирмай, дарҳол эгасининг қўлидан тортиб олиб, яхшилаб назаридан кечирган ва хатосини тўғрилаб, сўнггина эгасига қайтариб берган. Мингга яқин қўлёзма китобат қилган. Яна мингта китобни таҳрир қилиб, тўғрилаб ёзган. Ул жаноб яратган “Расм ил-хат” асари эндиликда барча хаттотларга дастуриламалдир.

Камина Чоржўйда қози бўлган пайтим бу қўлёзмани тақво ва зуҳдда ягона бўлмиш ва Бухородаги қироат аҳли орасиди “домла Қурро” деб ном чиқарган домла Абдураҳим Қурро менга армуғон қилиб юборганди. Мен ҳам эвазида жавоб туҳфа ўрнида бир нарса бериб юборгандим.
Қўлёзманинг ҳозирги кундаги нархи йигирма минг танга.

“Ҳидоя”йи шарифнинг биринчи дафтари. Устоз Мавлавий Соқий Муҳаммад Балхий хати билан кўчирилган қўлёзма нусха. Ул зотнинг ҳам хат, ҳам таҳрири остидан чиққани туфайли мен учун улуғ бир неъмат ўрнидаги асар. Жуда гўзал китоб. Тавсифини қилишга ожиз қолиб, тасарруфимда эканига тил ва дилимдан Худога шукрлар айтишдан ўзгасини эплай олмаяпман.
Нархи ўттиз минг танга.

Фарид. Шарҳи Кофия. Бу асар ҳам Мавлавий Соқий Муҳаммад Балхийнинг муборак хати билан битилган. Нодир ва тенги йўқ қўлёзма нусха.

Мавлавий Асомиддиннинг “Ақоид”га шарҳи. Бу ҳам Мавлавий Соқий Муҳаммад Балхийнинг мутабаррик хати билан китобат қилинган. Илоҳдан келган ғайбий неъматдир.

Мажмуаи аҳодиси Набавий алайҳуссалом. Баъзи ерлари Мавлавий Соқий Муҳаммад Балхийнинг хати билан битилган. Айрим жойлари ул жанобнинг устози хати билан ёзилган. Аммо барча таҳрирлари Мавлавий Соқий Муҳаммад Балхий хати билан амалга ошган. Бебаҳо гавҳар ва тенгсиз дур.

Мулло Абдулғафур. Шарҳи Муллога шарҳ. Донишманд Жомийнинг “Шарҳи Мулло” асари қўлёзмаси ҳошиясида берилган. Тўла таҳрир қилинган. Жуда гўзал қўлёзма нусха. Аммо котиби маълум эмас.
Баҳоси беш минг танга.

Мулло Абдулғафур. “Шарҳи Мулло”га шарҳнинг яна бир қўлёзма нусхаси. Жуда чиройли китобат қилинган. Ипак қоғозига ва атрофига олтин суви югуртирилган саҳифаларга битилган. Бунинг ҳам котиби номаълум.
Баҳоси олти минг танга.

Мулло Асомиддин. “Шарҳи Мулло”га шарҳ. Гўзалликда тенгсиз қўлёзма. Менинг фикримча, ўқишга озгина кучи етадиган киши шу ҳуснихат ва таҳрир туфайли озгина диққат билан асар маъноларини тез тушуна олади. Раҳматли котибига минг офарин. Бундан ортиғи бўлмайди.

Бу китоб ҳар жиҳатдан юқорида таърифлаб ўтганимиз Мулло Саййид Назар Қаршигийнинг ёзганига кўпроқ ўхшаб кетади. Қачон шу китобга қарасам, беихтиёр мулло саййид Назарнинг хати эсимга тушади.

Қўлёзма охирида котиб ўзини Мулло Ғойиб Назар Қаршигий деб таништирган. Агар шу эслатма бўлмаганида, бу қўлёзмани мулло Саййид Назарга нисбат берган бўлардим. Албатта бу икки котиб қариндош ёки устоз-шогирд ё бир-бирининг санъатига мухлис бўлишса керак. Буни яхшилаб ўрганиб, сўнг сўзлашимиз лозим.
Ҳар ҳолда ажойиб қўлёзма.
Баҳоси ўн минг танга.

Мавлавий Қосим. Ақоид шарҳи. Ҳар соҳада пешқадам, олимлар олими, замон алломаси Домла Мирзо Абдураҳмон Аъламнинг муборак хати билан китобат қилинган. Ул зот Бухоронинг шуҳрат қозонган олими, бу диёрнинг соҳиби эътибор олимлари улуғларидан. Шунча фазилатига қарамасдан, котиблик ва хаттотлик санъати машқи билан шуғулланиб, бу соҳада ҳам донг таратган. Ул зот яратган жуда кўп қўлёзмалар бизга ёдгор қолган. Тахминан минг жуздан иборат “Муҳити Бурҳоний” асарини бир хил равишда тўлалигича кўчириб ёзган. Қалам иқлимининг бу подшоси томонидан амалга ошган мазкур иш узоқ-яқин ва турку-тожик, борингки, Арабу Ажам халқини ҳайратга солган. Салтанат хонадони фарзандларидан бири “Чаҳор китоб”ни бошлаш вақтига етганида ўша замон шоҳаншоҳи бўлмиш Саййид Амир Ҳайдар Баҳодирхон бу китобнинг бошланиши табаррук йўсини билан ул жаноб ёзган қўлёзма асарлар бўйича йўлга қўйилишини истаган. Мулк эгаси бу сўзни жуда кеч, яъни эртага ўқиш бошланадиган куннинг шом пайтидан сўнг жаноб Мирзо Абдураҳмон Аъламга билдирган. Хон олдидан келган чопарга замон алломаси “шоҳ айтиб юборган китоб мавжуд ва тайёрдир, фақат китобларим орасида қолиб кетган, бу кечаси топиб, қуёш чиқиб-чиқмай ҳузурларига етказаман ва бу хабарни бемалол шоҳимизга бориб айтаверинг” деган. Қосид қайтиб кетгач, домла Мирзо Абдураҳмон ўзининг барча шогирдларига буйруқ берибди. Бирови қоғоз қирқибди, бошқаси мистар тортибди, тағин биттаси жадвал қилиб, лавҳчиси лавҳ, саҳҳофи муқова тайёрлабди. Ул жаноб эса шу жамоа орасида ёзув билан овора бўлибди.

Хуллас, бу янглиғ одатдан ташқари иши туфайли тонггача битта ниҳоятда гўзал “Чаҳор китоб” қўлёзмаси тайёр бўлибди. Олтин суви югуртирилган, сифатли ва чиройли муқова ичига олинган бу нусхани кўрган маданиятпарвар хон офаринлар айтибди.

Яна айтишларича, бир гал бир арабий китоб ҳошиясига “Муҳити Бурҳоний”дан бир шарҳ ёзган. Бу нарса Бухоро олимларига ёқмай, барчаси аълам ҳазратларига қарши чиқишган. Амир Аъламга ўз даъвосини исботлашни буюрган. Аълам масалани қайта ўрганиб, рақиблар даъвоси пуч эканини исботлаган. Кўп илмлардан хабардор Амир Ҳайдар ҳам масала устида бош қотириб, аъламнинг ёнини олган ва тортишувни аълам фойдасига ижобий ҳал қилган.

Мазкур аълам Гавкушон ҳовузининг шарқий томонидаги мадрасани қурдирган.
Домла Мирзо Абдураҳмон Аълам ҳижрий 1224 йили вафот этиб, Хожа Омонат Нигаҳдор мозорига дафн этилган.
Бу китобнинг нархи беш минг танга.

Қутбия. Шарҳи Шотабия. Бу ҳам ул замон алломаси Домла Мирзо Абдураҳмон Аъламнинг муборак хати билан битилган. Хат гўзаллигида ҳақиқатдан ҳам бу қўлёзма тенгсиз бўлиб, ундан ортиғини тасаввур қилиш қийин.
Бу ноёб қўлёзма китобнинг баҳоси етти минг танга.

Доно Мулло Абдулғафурнинг “Шарҳи Мулло”си. Бу асар қўлёзмаси етук фозил, чечанлик ўлкаси хусрави, чечанлик Мисрининг азизи, каминанинг она томонидан бувасининг ўғли Мирзо Абдулазиз Махзум мударрис раҳматликнинг хати билан китобат қилинган. Мирзо Абдулазиз махдум Жаъфархожа Нақиб мадрасаси мударрислигининг бир улуши билан сарафрозлик топгандилар. Ҳуснихатлиги туфайли бир умр ҳазрат Мавлоимга муншийлик хизматида турганлар. Соф тийнатли ва парҳезкор, ор-номусли, ҳушманд, илми Бухоро шаҳрининг катта-ю кичигига ёққан, юмшоқ табиатли, соғлом таъбли зот эдилар.

Қуръоний ва диний дарсларга оид кўп китобларни кўчириб ёзганлар. Ҳазрат отам ялпи вабо сабабли ҳижрий 1304 йили вафот этганида у киши ҳам бир ойдан сўнг устози ва валинеъмати кетича оламдан ўтди.
Китобнинг қиймати ўн минг танга.

Шарҳи Мулло. Асарнинг ярми ушбу сатрлар муаллифининг она томондан буваси қози Кароматуллоҳ Махзумнинг ўғли марҳум Қози Ҳикматуллоҳ Махзумнинг муборак хати билан битилган. Таҳрирлари мазкур котибнинг укаси Абдулазиз Махзумникидир. Қози Мирзо Ҳикматуллоҳ махзумнинг таржимаи ҳоли юқорида баён этилди.
Жуда гўзал қўлёзма китоб.
Унинг ҳам нархи ўн минг танга.

Мавлавий Шарифнинг Шарҳи Мулло асари. Олимлар устози, фозиллар мумтози, сўфийлар қаймоғи, тариқат йўлининг олам аро ягонаси, шариф ҳарамлар ҳожиси, марҳум тоғам Мавлавий Иноятуллоҳ махзум судурнинг шариф хати билан китобат қилинган. Мударрис ва муфти ҳам ўтган бу зот она томонидан бобом мағфиратли қози Мирзо Кароматуллоҳ махзумнинг тўнғич ўғлидир. Барчаларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.

Мавлавий Иноятуллоҳ Судур юқорида айтганимиз – бир оқшомда бир дона “Мухтасари Виқоя” асарини ўта чиройли даражада кўчириб ёзган учта ўртоқдан биттасидир.

Хуллас мазкур судур каминанинг катта тоғаси бўлиб, болалик пайти ва таҳсил олиши замонидан то кексалик ёшига етгунига қадар илм бобида ва хаттотлик санъати соҳасида донг таратиб ўтди.

Ҳали ул зотнинг ёшлигидаёқ Бухородаги кўп устозлар бу болакайнинг билимига қойил қолиб “шу болакайга шогирд тушишга розимиз, бу биз учун катта ифтихор” дейишар экан. Зукко боланинг бундай истеъдоди борасидаги хабар замон султони ва Бухоро амири Амир Насруллоҳ Баҳодирхон қулоғига етишиб, синаб кўргач, ёшгина болакайнинг бундай теран ақлу-ҳуши, илм соҳасидаги билими ва шеърдонлигидан ҳайратга тушган. Инъомлар билан сийлаб, таътил тунлари шоҳлик йиғинига келишини тайинлаган. Шу тариқа шоҳ уни мадраса таҳсилини тугатгунига қадар хусравона сийловлар билан сарафроз қилган. Ўқишни битирган заҳоти бошқалар уч-тўрт восита билан етадиган Иброҳим Охунд мадрасасида дарс бериш мансабига тайинлаган. Ўша кундан бошлаб, Бухоронинг барча муллавачча ва талабалари жамланиб, мазкур мадраса сари оқиб кела бошлашган. Шу орада Насруллоҳхон вафот этиб, шоҳзода Музаффархон тўра Кармина вилояти ҳокимлигидан келиб, Бухоро салтанати тахтига ўтирди. Мазкур шоҳзода билан Иноятуллоҳ махдум орасида келишмовчилик чиқди. Бунинг сабаби шунда эдики, мазкур судур таҳсил пайтлари Насруллоҳхон билан оралари жуда яқин бўлиб, бу шоҳзода Кармина вилоятида шўх табиатли фозиллардан бир тўпини йиғиб, улар билан эрта-ю кеч ўтириб-туришадиган бўлган. Бу ўтиришга бир неча марта судурни ҳам чақирган. Ул донишманд зот марҳум шоҳаншоҳдан ҳайиқиб, шоҳзоданинг ҳузурига бора олмаган. Шоҳзода салтанат тахтига чиққач, судурни пойтахтдан узоқлаштириш мақсадида Чоржўйга қози қилиб юборган. Ул фозил ўша шаҳарга боргач, у ердан “ўз вақтида қочмоқ пайғамбарлар суннатидир” ҳадисини тилидан жорий этиб, шоҳаншоҳга билдирмай ва рухсат олмай, сафарни ихтиёр қилиб, Кошғар ўлкасига кетган. Ўша пайтлари ул юртни “Яъқуб бачча” лақабли Яъқуббек эгаллаб ўтирган эди.

Ул санъаткор Кошғарга кириб боргани заҳоти мазкур ҳукмдор қадамини шараф билиб, ўзининг вазири қилган ва салтанат ишларини судурнинг кифоятли кафтига тутқазган.

Бир неча йилдан сўнг Яъқуббекнинг умри ва салтанати поёнига етгач, судур жаноблари Ҳижоз томон йўл олиб, байтуллоҳ ҳажи ва пайғамбарлар фахри остонаси шарофатига эришган. Ислом ҳажини адо этгач, анча йил Фарғона мулкида сокин туриб, олиму фозиллар мурожаатгоҳи ва ул вилоятнинг амирлари-ю улуғлари мақбул тутгувчи азиз кишисига айланган. Ўша ватан тутган жойида уйланиб, бола-чақа орттирган.

Шу тариқа йигирма уч йил умрини сайру саёҳат ва мусофирликда ўтказган.

Амир Музаффархон дунёдан ўтиб, амир Абдулаҳад Баҳодирхон салтанат тахтига чиққандан сўнг Бухоро мулкининг қози-юл қуззотлик мансаби отамнинг саховатли вужуди билан безанди. Ул фозил судур Фарғона мамлакатидан шаҳарлар фахри Бухорога келди ва бу ерда ҳам олиму фозилларнинг мурожаат қиладиган билимдон кишисига айланиб, озгина вақт Турсунжон мадрасаси мудирлиги ва Бухоро шаҳри муфтиси мансаблари билан сарафроз бўлиб, кўп ўтмай эса шоҳаншоҳнинг олий узангисида муфтилик мартабасига эришди.

Ўша аснода Абдулаҳадхон шарафли Насаф вилоятига борди ва муфтидан марҳамат расми бўйича “кибор уламодан қай бир соҳиби диёнатни бу вилоят қозилиги мансабига лойиқ кўрсак тузук, айтинг” деб сўради. Муфти жаноблари чуқур илмли ва ўша диёр фозилларининг энг иззат-ҳурматлиси саналган ва хаттотлик соҳасида ҳам тенгсиз мулло Бурҳониддин Судур Самарқандий муфтини тавсия қилди. Шунда Амир Абдулаҳад “илгари ҳам бул зотга бу борада бир неча марта ул мансаб таклиф этилган, аммо қозиликни қабул қилишдан ўзини олиб қочган эдилар, бу гал ҳам сира рози бўлмасалар керак” деди. Муфти султонга “уламодан битта соҳиби диёнат, дея марҳамат қилдингиз, шу сабабли ҳам диёнатли одам саналмиш мулло Бурҳониддин Судурни тавсия қилгандим. Тақдирга ризолик талабида юрган киши амр қилинган қозилик мансабини қабул қилмас экан, у ҳолда бу иш қазову-қадарга хиёнат ва ёмонлик ҳисобланади” деди. Шу заҳоти Қарши вилояти қозилиги фармони Иноятуллоҳ муфтининг ўзи борасида чиқиб, судурлик лавозими устига қўшиб берилди ва эгнига муборак сарупой ташланди. Кутилмаганда рўй берган бу ҳол муфтини қийин аҳволга солиб, энди ўзи қозиликни бўйнига олмаслик бобида оёқ тираб, қазога тан бермаслик даражасига етди ва шоҳдан бундай қилмаслигини ўтиниб сўради. Хон эса “мен ўзлари айтганича иш тутиб, олим ва адолатли бир одамни Қарши қозиси этиб тайинлашни истадим ва ўз ривоятлари бўйича, ул зотни гуноҳдан қутқардим” деди.

Хуллас, махдум чорасиз қолиб, тўлиқ бир йил давомида Қаршида қозилик қилди. Сўнг “шариат қонуни бўйича султонлар ва давлат идораси бир шахс учун қозилик муддатини бир йилдан зиёд қилиб белгиламаслиги лозим” экани борасида билдириб, султонга мурожаат қилди. Аммо амир бу таклифни қабул қилмади. Кейин яна бир ариза ёзиб, шариат қонунини бажармаслик гуноҳ бўлишини таъкидлади. Амир дарҳол Қарши қозилигини бошқа бировга бериб, муфтини ёнига чақириб, тағин муфтилик мансабини берди. Ул жаноб “ўша бир йиллик қозилик мансабига ўтирганимда албатта гуноҳга ботган бўлсам керак” дея бу айбини ювиш учун кексалик ёшига қарамасдан, тағин ҳажга бориб, тўғри Бухорога қайтиб келдилар ва тун-кун ибодатга машғул бўлдилар. Китобат ишини ҳам қўлдан қўймай “Саҳиҳи Бухорий”ни кўчириб ёздилар. Барча фозил ва ҳукмдорлар олдида азиз саналдилар ва бу дунё неъматларидан воз кечиб яшадилар. Фақат китобат ва хаттотлик ишинигина дўст тутдилар. Хати жуда гўзал ва ёзганлари бир юз беш жилддан ошади.
Бу қўлёзмасининг нархи етти минг танга.

Мавлавий Шарифнинг Мулло Жалолга шарҳ асари. Бу ҳам жаноб Иноятуллоҳ муфтининг табаррук хати билан китобат қилинган.
Нархи беш минг танга.

Мухтасари Виқоя. Бу асар фақиҳлар қаймоғи ва олимлар сараси, илми маоний ва илми бадеъни пухта билган, қуръоний каломни етти хил қироатда адо этувчи, бир кечада “Мухтасар”ни китобат қилган тенгсиз хаттот, луғз ва муаммо, шатранж фанида зукко, танбурда моҳир навозанда ва ширали овозли созанда, Бедил шеърларига татаббуълар ёзган шоир, Исо нафасли табиб, амир Музаффар Бухорода муҳтасиб қилиб тайинлаган инсофли амалдор, сўнг Чаҳоржўй ўлкасида ҳам анча вақт шу амалда турган яхши хулқли инсон, сўнг ишлардан бўшатилиб, Ҳажга кетган ва ҳожи бўлиб қайтгач, яна Бухорода мақом тутган ва бир неча йилдан кейин Турсунжон мадрасасида мударрис этиб тайинлаган бир зотнинг муборак хати билан битилган бўлиб, ул муҳтарам инсон ҳақида қуйидагича ҳикоя қиламиз: Мир Исо махдум мударрис муфти Бухороий бин домла Ниёз Муҳаммад Балхий муфти. Мир Исо муфти ички ва ташқи камолот безаги билан зийнат топган фозил эди. Ул жанобнинг отаси Балхдан Бухорога келиб, донгдор олимлар қаторидан жой олган.

Мазкур Мир Исо махдумдан мулло Садриддин махзум исмли бир ўғил ёдгор қолиб, унда ҳам отасининг барча хислатлари мужассам эди. Бухоро мадрасаларидан бирида мударрислик қиларди.
Мир Исо махдум Ниёз Муҳаммад муфтининг болалигида ўлган тўртта ўғлидан омон қолган битта солиҳ фарзанди экан. Мир Исо шеърда ўз исмини тахаллус қилган.
Мир Исонинг хати қози Абдулвоҳид садри Сарир Балхийнинг ёзувига жуда ўхшаш.

Манозир ил-кавокиб. Ширин сўзли шоир, чиройли ёзувли хаттот, Масиҳо нафасли ҳозиқ табиб, ҳофизи қуръон, Моний рақамли мусаввир, Беҳзод сифатли рассом Мир Аҳмад махдум муҳандис – Дониш Ўвроқ тахаллусли муҳтарам олимнинг асари ва анбар исли ёзувларидан.

Дониш Ўвроқнинг “Наводир ул-вақое” номли асари ҳам бор. Ул асарни ўқиган Малик уш-шуаро Шамсиддин махдум – Шоҳин бир мадҳ ёзганлар.
Бу нодир китобнинг нархи ўн минг танга.

Меъёр ат-тадвин. Бу ҳам Аҳмад махдум Ўвроқ муҳандис – Донишнинг асари ва ўз хати билан ёзганларидан. Бу китоб ҳам якка-ю ягона нусха бўлиб, ундан бошқа нусха мавжуд эмас.
Баҳоси ўн минг танга.

Наводир ул-вақое. Махдум Ўвроқнинг асари. Афзал Махдум Пирмастий хати билан китобат қилинган. Бу хаттот машҳур “Тазкират уш-шуаро” асарининг муаллифи бўлади. У мазкур тазкирасини Саййид Амир Абдулаҳад Баҳодирхоннинг топшириғи билан ёзган. Аммо тазкирасидаги шоирлар ҳаётига доир маълумотларда хатолар кўп ва ёзувида ҳам тўғрилаш зарур ўринлар тўла. Афзал махзум анча илмлар олган ҳамда наср ва назмда кучли. Бир умр туғилган ватани Каждумак туманида фатво ёзиш билан шуғулланиб, камбағалликда яшади. Кўп илмларни Аҳмад махдум Дониш муҳандисдан ўрганган. Ахлоқи ноқислиги сабабли умрининг ўрталарида мазкур устозига осийлик қилиб, одоб доирасидан ташқари қадам босди ва Ўвроқ ҳамда устозининг Қори Неъмат ва Қори Каромат исмли икки хизматкори хусусида ярашиқсиз бир қитъа битди. Бу тўртликда устози ва мазкур қориларни ҳақорат сўзлари билан тилга олган бўлиб, шундай донишманд зотга нисбатан одобсизлик қилганди. Юқорида айтганимиз Малик уш-шуаро Шамсиддин Шоҳин аллома Аҳмад Дониш ҳақида битган мадҳида нонкўр Афзалийнинг бу қитъасини ҳам эслаб, муаллифини “эшак” дея таърифлаган.

Бу ҳикоя ва айтганларимиздан мақсад ўша Афзал Махдум таърифи эди.

Бу қўлёзма нусхани Афзал Пирмастий олим ва шоир шоҳзода Сиддиқжон тўра – Ҳашмат топшириғига биноан китобат қилган. Маълумки Сиддиқжон тўрамиз Саййид Амир Музаффар Баҳодирхоннинг ўғлидир. У шоҳзодалик пайти Чаҳоржўй вилояти ҳукуматини бошқарган. Ўшанда Афзал махдум бир неча вақт ул олий мартабали тўра хизматида тураркан, шоҳзоданинг буйруғига кўра ушбу қўлёзмани китобат қилган.
Нархи ўн минг танга.

“Тазкират уш-шуаро”и Афзал махдум. Эшитишимча, бу тазкирани Мирзо Аҳмад исмли бухоролик хушнавис хаттот кўчириб ёзган. Шу кунларда Бухорода чоп этилган кўплаб қўлёзма китоблар мазкур Мирзо Аҳмад хатига мансуб экан. Тараққийпарвар зиёли бўлгани ва жадидлар сафида тургани сабабли тўс-тўполон ва инқилоб тўфонида қолиб, ўзи қаторилар билан бирга ўлдирилган. Бу қатлга етган Мирзо Аҳмад отам Бухорода қози-юл қуззот пайти муншийлар бошлиғи бўлиб юрган ва кам сонли дабир-муншийлар орасида эътиборли саналган Мирзо Ҳидоятуллоҳнинг ўғлидир.
Бу тазкира қўлёзмасининг нархи беш минг танга.

“Тазкират уш-шуаро”и Қори Раҳматуллоҳ. Савониҳ ул-масолик. Бу икки асар бир муқова ичида. Иккаласи ҳам таниқли олим ва шоир Қори Раҳматуллоҳ Возиҳнинг асари. Қори Возиҳнинг овозаси Эрон ва Турон, Мовароуннаҳр ва Туркистон аҳлининг барча ёш ва қариси қулоғига етган. Ул зот Саййид Амир Музаффар Баҳодирхоннинг маддоҳи ва ул шоҳдан ғамхўрлик кўрган фозиллардан биридир.

“Тазкират уш-шуаро”и Возиҳнинг хаттоти Мунзим тахаллусли Мирзо Абдулвоҳид Қаровулбеги бўлиб, у Абдужалил девонбеги Мисрийнинг укаси Бурҳониддинбек Мирохурнинг ўғли.
“Савониҳ ул-масолик” фазилат шиорли машҳур хаттот Умар махдум мударрис Хатирчигий хати билан китобат қилинган. Бу китобни ул доно хаттот менинг буюртмам бўйича ёзганди. Бухорода дафн этилган.

Бу икки асарни ўз ичига олган қўлёзма нусханинг баҳоси ўн минг танга.

Мирот ул-хаёл. Бу асарнинг муаллифи ва хаттоти шоир Мирзо Азим мунший – Сомий бўлиб, Сомий илгари амир Музаффар Баҳодирхоннинг иншонависи ва ўша замоннинг ширин тилли ва фасоҳат сўзли шоири ҳамда тарихчи олими саналган.

“Мирот ул-хаёл”, “Тарихи салотини Бухоро”, “Такмилайи “Дахмайи шоҳон”и Мирзо Содиқ Мунший” ва “Расм ил-хат вал-иншо” каби асарлар Мирзо Азим-Сомий ёзган китоблар жумласидандир.
Бир неча вақт саройда иншонавислик мансабида туриб, охирида узлатга чекиниб яшади.
Нархи беш минг танга.

Масобиҳ. Бу ҳам Мирзо Азим Бўстоний-Сомий ёзган ва китобат қилган асар қўлёзмасидир. Гарчи бу ноёб асар жимжимадор иборалардан холи бўлса-да, ҳар бир ўринда муаллифнинг илмий қуввати ва нутқий қудрати яққол сезилиб турибди.
Ул фозил ҳижрий 1330 йили оламдан ўтди.
Бунинг ҳам нархи беш минг танга.

Нафаҳот ул-унс. Хаттоти Мир Аҳмад махдум муҳандис Дониш Ўвроқ. Бу тенгсиз олимнинг зикри юқорида тилга олинди. Ул аср нодирининг кўчириб ёзган китоблари сони юздан ортиқ.
Бу қўлёзма нусханинг баҳоси ўн минг танга.

“Мажмуат уш-шуаро”и Хўқанд. Гўзал тўплам ва шавқ оширар тазкира. Унинг муаллифи Фазлиддин Намангоний – Фазлий. Фазлий қилич ва қалам соҳиби, Қўқон хони Амир Умархоннинг хос надими бўлган. Ўша давр шоирлари зикр этилган бу асар мазкур Умархон топшириғи билан яратилган. Унинг қўлимиздаги ушбу қўлёзма нусхаси ҳам ўша пайтда фазилатли ул хон амрига кўра Умархоний, яъни Қўқон қоғозига чиройли настаълиқ хатида зарҳал билан китобат қилинган.
Нархи ўн минг танга.

Тазкираи Оташкада. Чоп этилган нашр.

“Тазкират уш-шуаро”и Давлатшоҳий. Нодир қўлёзма. Ипак қоғозига жадвал, зарҳал билан битилган. Хатолари тўғриланиб, озода равишда китобат қилинган. Хати жуда чиройли.
Баҳоси саккиз минг танга.

Яна бир Мажмуат уш-шуаро. Бухорода машҳур котиб Мулло Эшонхожа котиб Салотхон хати билан китобат қилинган. Таржимаи ҳоли илгари Мавлавий Қул Аҳмад бўлимида баён этилганди.
Нархи беш минг танга.

Ажойиб ул-махлуқот. Биттаси қўлёзма нусха ва дастхат, расмлари ҳам қўлда чизилган. Ўртача нусха. Нархи ўн беш минг танга.
Бу асарнинг иккинчиси чоп этилган.

Гулистон. Расмли. Чоп этилган нусха.

Латоиф ут-тавоиф. Али Сафий ибн Ҳусайн Воиз Кошифий асарларидан. Муаллифнинг тахаллуси “Али”. Эски бир хаттот томонидан жуда чиройли тарзда китобат қилинган. Номи маълум эмас.
Нархи уч минг танга.

Ахлоқи Жалолий. Ахлоқи Носирий. “Ахлоқи Жалолий”нинг муаллифи мавлоно Жалолиддин Даввоний . “Ахлоқи Носирий” эса Носириддин Тусий қаламига мансуб асар. Бу иккита олий баёнли китоб руҳ ва жондек бир муқовага жойланган. Жуда чиройли хат билан ёзилган. Лекин котиби номаълум. Ҳеч шуҳбасиз жон, балки ундан ҳам ортиқдир.
Баҳоси ўн минг танга.

Мир Саййид Шариф-Роқим. Шариат шиорли котиб ва фазилат асарли хаттот Қози ул-Мўъмин Бухорий томонидан китобат қилинган. Ул зот Амир Музаффар Баҳодирхон замонасининг фозилларидан бири бўлган. Хаттотлик соҳаси ва шоирлик, таърих топишда моҳир саналган. Бу қўлёзма нусхани нечоғлик содда ва жимжимадор қилмай ёзса-да, хатининг малоҳати ва котибининг маҳорати бу фан мутахассисларига яққол аён бўлиб турибди.
Нархи тўрт минг танга.

“Мажмуат уш-шуаро”и Фаришта. Фаришта илгариги шоирлардан бирининг исми. Ҳар бир шоир шеърларини тўплаб, бир мажмуада жойлаштирган. Зоҳири ҳусндан холи бўлса-да, камина бу зайл яхши тартиб берилган тазкирани кўрмаган эдим. Бир неча марта бошдан-оёқ ўқиб чиқдим.

Асар қўлёзмасини ҳам мазкур Фаришта кўчириб ёзган. Шу сабабли ёзув услуби ҳам эскича. Бебаҳо гавҳар ва тенгсиз дур.

Шоҳий Сабзаворий “Девон”и ва “Девон”и Ғаний Кашмирий. Шоҳий Сабзаворийнинг девони ҳаммаси бўлиб минг байтдан иборат. Аммо барчаси ўн икки минг байт ичидан танлаб олинган шоҳбайтлар. Бу шоирнинг тўлиқ исми Оқмалик ибн ал-Малик Жамолиддин Ферузкуҳий, тахаллуси Амир Шоҳий Сабзаворийдир. Вафоти ҳижрий 857 йили рўй берган. Амир Шоҳий Сабзаворий девони ушбу сатрлар муаллифи, яъни камина томонидан кўчирилган.

Ғаний Кашмирий девони эса машҳур исми юқорида зикр этилган Қози Солиҳ махдум хати билан китобат қилинган. Мазкур Солиҳ махдум Қаршида қозилик мансабида ўтирган пайтида оламдан ўтди.

Мунтахиби девони Ҳасан ва Хусрав. Жуда гўзал қўлёзма нусха. Заррин қаламли ва сеҳр рақамли хаттот Султон Муҳаммад Хандон хати билан китобат қилинган. Ул машҳур хаттот даврон хушнависи Мавлоно Азҳарнинг шогирдларидан. Номи хат осмонида қуёшдек порлаган Мавлоно Азҳар эса Мавлоно Жаъфарнинг шогирди саналади. Мавлоно Жаъфарнинг шогирдлик нисбати бир нечта восита орқали “ихтирочи хаттот” номини қозонган, яъни “Мир Али Возеъ” лақабли Хожа Мир Али Табризийга бориб тақалади. Бу уланиш занжирини китобимиз бошида ёзган эдик.

Хуллас сайланма девон қўлёзмаси ноёб нусхадир.
Баҳоси ўн минг танга.

Мавлавий Жомийнинг “Ҳафт авранг” асари. Зарҳал билан ниҳоятда яхши китобат қилинган қўлёзма. Биринчи саҳифа орқасига мағфиратли падари бузрукворимнинг муборак хати билан табаррук ва шарафлаш йўсинида икки-уч байт ёзилган. Бир неча вақт бу мутабаррика қўлёзма нусха ул жанобнинг мутолааси шарафига мушарраф бўлиб, ул улуғ зот тўла завқ-шавқ олганлар ва таҳсинлар айтганлар.
Нархи ўн беш минг танга.

Ҳикмат ул-айн. Даҳ (ўн) мақола. Қутби замон, олимлар устози, иккинчи Мир Саййид Шариф Журжоний ва тасаввуфда Шайх Жунайд Бағдодий нинг маънавий ўринбосари, нақшбандия тариқати занжирини қимирлатган ва жаҳрия соликлари силсиласининг бош ҳалқаси бўлган мавлоно Шариф ал-Ҳусайний ал-Алавийнинг муборак хати билан кўчирилган. Бу маънини Мавлоно Шариф Ал-Ҳусайний ал-Алавийнинг ўзлари мишкин рақамли қалами билан ул китоб охирида қайд этганлар. Бу шайхлар пешвоси ва сўнмас қуёш саналмиш мавлоно Шариф ал-Ҳусайний ал-Алавий аштархоний Абдулазизхон замони да яшаган. Шогирдлик нисбати эса Имомқулихонга замондош охунд Юсуф Қорабоғийга уланади. Охунд Иноятулоҳ шайх ҳазрат Мавлавий Шариф ал-Ҳусайнийнинг шогирди. Ҳазрат мавлоно

Шарифнинг вафоти ҳижрий 1109 йили рўй берган.
Бу олий китоб бебаҳо дур ва тенгсиз гавҳардир. Унинг меники экани баробарида чексиз шукрлар айтаман.

Яна бир Ҳикмат ул-айндан ўн мақола нусхаси. Лақаби Қози Калон Таҳти Минорий бўлган Охунд Шайх Мавлавий Иноятуллоҳ хати билан китобат қилинган. Ҳар соҳада ўта билимдон бу зот Мавлоно Неъматуллоҳ Мир Асад Мавлавийнинг тўнғич ўғлидирлар. Тутган маскани Масжиди калоннинг Таҳти Минорида бўлгани сабабли шу нисба билан танилганлар. Малак сифатли зоти диния илмлари денгизи эди. Саййид Амир Ҳайдар замонасида яшаганлар. Барча баҳсу мунозараларда ғолиб чиққанлар. Паст бўйлик ва кичик гавдали киши бўлиб, бир куни ул хусравнинг қутлуғ йиғинида улкан гавдали бир олим ул зот билан илмий мунозорага кирган. Аммо шайхнинг саволларига жавоб бера олмай, енгилган. Сўнг нечукдир рақибининг кичик гавдасига текизиб “ул товушини эшитаётганим, аммо ўзини кўрмаётганим ким?” деган. Ул олийжаноб шайх жавобида бадиҳа тарзида дарҳол султон ҳузурида шундай дебди: — Маълумки бир томчи нутфа-сувдан мен каби расмана одам яралади. Аммо сенга ўхшаш улкан гавдали одам яралиши учун юз қатра нутфа-сувдан ҳам кўпроғи кетган бўлса керак-ов!
Қўлёзма нусханинг баҳоси ўн минг танга.

Мулло Жалол. Бунинг асл матни ва ҳошияси ҳам жаноб Охунд шайх мавлавий Иноятуллоҳ хати билан китобат қилинган. Ноёб қўлёзма.
Баҳоси йигирма минг танга.

Шарҳи Таарруф. Бу ҳам Охунд шайх мавлавий Иноятуллоҳнинг анбар исли ёзувидир. Шундай бўлгач яна нима ҳам дея олардим.
Баҳоси ўн минг танга.

Табиёти Ҳикмат. Замон аълами, даврон пешқадами, энг фаҳмли зот, чуқур илмли уламонинг энг улуғи, фозилларнинг энг афзали, камол манбасининг яглнаси, шон-шавкат йиғиндиси, илмлар тўплами, фанлар маъдани – синиқ қаламли ва қалами баёндан ожиз ҳеч нарса билмас камина бу аср нодирининг баён ҳаддига сиғмас васфини эплай олмайдиган бу замон улуғларининг бош дафтари, аъзам мавлоно, яъни Домла Мирзо Солиҳ Аълам ибн Мулло Мирзошоҳнинг муборак хати билан битилган.

Тангри таоло унинг малоик сифатли зотига салтанат дабдабали ва подшоҳлик виқорли олимлик либосини марҳамат қилган бўлиб, саховатли вужудини Имом Абу Юсуф қозининг шон-шавкати, аллома Тафтазонийнинг илмлари, Афлотун мисоллик Мирзо Улуғбекнинг юксак билими, амир Алишер Навоийнинг юпқа мижозлик ва нозик таъблиги, Ҳотами Тойнинг ҳиммати, Маън ибн Зоида Шайбонийнинг саховати, Рустам Кобулийнинг жасорати либоси билан безаган ва фахрлар уйи Бухорои шариф ўлкасида якка худолик динининг шаръий илмларини ўқитиш ўриндиғига зийнат берувчи қилган эди. Яна бир шахсий хусусияти шунда эдики, жуда башанг кийиниб юрарди – устки тўни жуда қимматбаҳо матодан бўларди, бошқа кийимлари ҳам асл ипакдан бўлиб, ҳар жума куни уларнинг янгисини кийиб келарди. Яъни бу жумада кийганини хизматкорларига бериб, кейинги жума куни бошқа янгисини кийиб келарди. Жуда озода кийинувчи одам эди. Қиш кунларидаги либослари салла, телпак, ички ва устки кийимлари кашмирий шолдан бўлса, шунга ўхшатиб ёз фаслида ҳам, ҳозирда “мисқолий” деб аталувчи Истамбулий салла ўраб юрардики, ўша давр подшоҳи бўлмиш амир [Насруллоҳ] Баҳодирхонда ҳам бу каби қимматбаҳо кийим-кечаклар топилмасди. Бошқа либослари эса албатта ёз фаслига мос бўларди. Қисқаси, ул жаноб ана шу жиҳатлари билан ҳам ўзга ҳурматли олимлар, ва, ҳатто ислом подшосидан ҳам устун бўлишга интиларди. Говкушон мадрасаси саҳнида таҳсил пайтлари ҳамиша ичига бир мешкоб сув кетувчи катта самовар қайнаттирар ва Говкушон ҳовузи ёнида жойлашган ҳовлисида ҳар куни катта бир қозонда овқат пиширилиб, турли-туман овқатлар илмия талабалари ва келиб-кетувчилар, сойил ва муҳтож кишилар учун тайёр турарди. Қачон бирор киши бу ҳар хил лазиз таомдан егиси келса, бемалол ва ҳеч уялмасдан суздириб ерди. Ойдин “Эҳсон-яхшиликнинг жазоси-мукофоти фақат яхшиликдир” ояти каримаси бўйича, толиби илмлардан ташқари фахрли Бухоронинг барча қатлам аҳолиси замон Ҳотамининг бу янглиғ саховатидан мамнун ва бажону-дил айтганларига итоат этар ва чин қалбдан саховатга кон жони бақолиги ва ул даврон аълами умри узунлигини тилар эдилар.

Ул замон алломасининг илмий мартабаси шу даража эдики, амир Баҳодирхоннинг файзли замонида шарифа шаҳар мумтоз уламолар йиғингоҳи, тенгсиз фозиллар конига айланганига қарамасдан уларнинг барчаси бир тан, бир жон бўлиб, бу олий жаноб аъламга таслим ва эътиқод изҳор этар, ҳар соҳада шайхлар пешқадами билиб, ҳар жиҳатдан ўз мушкилоти ва муаммолари эшикларини очувчи санар эдилар. Ул жанобнинг барча шогирдлари, жумладан, ушбу сатрлар роқимининг азиз отаси ҳам, ул замоннинг бошқа устозлари қадамларига қараганда илдамроқ ҳисобланар ва кўпроқ эъзозланар эдилар.

Ул муҳтарам зот ўта нозиктаъблик ва юпқа мижозликда шу даража эдиларки, кимдир бемаҳал эснагудек бўлса, уни жаноза пайти урилган қаҳқаҳа ўрнида билар эдилар. Бемаврид оҳдан нозик кўнгли ойнаси хира тортарди. Кўп ҳоллар бўлганки, ул зот ана шу каби атвор эгаларига танбеҳлар берган. Албатта бу янглиғ жазолар хулқи ва мижози бошқаларга ўхшамаган покиза зот томонидан қилингани учун ўзгалар ранжишига боис бўлмаган. Ул жанобнинг етуклиги фавқулодда ва ахлоқ-атвори ҳам шунга яраша эди.

“Мақотиоти ҳикмат” ул жаноб кўчириб ёзган китоблардан саналади. Афтидан буни илм ўрганиб юрган кезлари ёзганлар. Бўлмаса, ул жаноб аслида, китоб кўчириб ёзиш билан шуғулланмаганлар. Камина қўлга киритган ушбу табаррук нусхадан бўлак амалга оширган китобат намуналари кўзга чалинмади. Бебаҳо дур ва тенгсиз гавҳар.

“Ҳикмат”га “Мирзожон шарҳи”. Таниқли фозил ва машҳур котиб Мавлавий Раҳматуллоҳ Балхий хати билан битилган. Амир Ҳайдар даврида укаси билан бирга машҳур хаттотлардан саналиб, булар ҳақида Мавлавий Абдуллоҳ Котиб Балхий бўлимида муфассал баён қилган эдик. Ҳар икки оғо-ини хат равишида Мавлавий Соқий Муҳаммад Балхийга тақлид қилишган ва Саййид Амир Ҳайдарнинг хос котибларидан бўлишган.
Бу қўлёзманинг нархи ўн минг танга.

Танвир ил-абсор. Бу ҳам мазкур донгдор котиб мавлавий Раҳматуллоҳ Балхий хати билан китобат қилинган. Жуда яхши ёзилган қўлёзма.
Нархи беш минг танга.

Шарҳи “Фусус ил-ҳикам. Бу ҳам ул замон ягонаси мавлавий Раҳматуллоҳ Балхий хати билан Амир Саид буйруғига кўра китобат қилинган. Аломати унинг кам муҳрали ва асл Мир Иброҳимий оқ ипак қоғозига битилгани ҳамда айрим варақлари Хонбалиғ ипак қоғози эканидир. Аммо жадвал ва лавҳи йўқ. Муқоваси калта қурма пистоқ.
Бу олий қўлёзма нархи саккиз минг танга.

Мисобиҳ ул-фатовий. Бу қўлёзма нусха ҳам Мавлавий Раҳматуллоҳнинг муборак хати билан битилган.
Баҳоси ўн минг танга.

Одоб ул-мутаъллимин. Бу ҳам мавлавий Раҳматуллоҳ Балхийнинг муборак қалами билан битилган.
Баҳоси беш минг танга.

“Ақоид”га мулло Абдулҳаким шарҳи. Бу асар машҳур котиб Мавлавий Абдуллоҳ Балхийнинг муборак ёзувлари билан Амир Саид амрига кўра китобат қилиниб, ул подшоҳ ҳузурида бошқа ўнта нусха асосида тўғрилаб кўчирилган.Шаксиз унда маънавият мужассамдир.
Қўлимдаги бу қўлёзма нусханинг жадвалини ўзим дарс ўқиб юрган вақтимда ўта меҳру муҳаббат билан чиз(дир)ган эдим.

Мухтасарот. Бу ҳам ул жанобнинг сеҳрли ёзуви билан кўчирилган.
Нархи уч минг танга.

Жоме ус-сиғор. Бу қўлёзма асар ҳам Мавлавий Жалийнинг укаси олий мақомли ва донг таратган хаттот, эътибор эгаси Мавлавий Абдуллоҳ Балхийнинг муборак хати билан кўчирилган бўлиб, бу ака-укалар ҳақида юқорида ёзиб ўтган эдик. Бир-биридан яхши бу ака-укаларнинг отаси Мулло Авазмуҳаммад Балхий бўлиб, ул санъаткор ҳам машҳур котиб ўтган. Лекин китобати йўсини унча яхши эмас. Яъни ёзганларида ҳеч бир нафосат ва назокат кўринмайди. Аммо унинг кўчириб ёзган китоблари ҳам одамлар қўлида кўп учрайди ва хаттотлтк соҳасида шуҳрат қозонган.
Бу қўлёзма асарнинг нархи беш минг танга.

Калила ва Димна. Бу ҳам Мавлавий Жалийнинг укаси мавлавий Абдуллоҳ Балхийнинг баракат-қутли қалами билан жаннатмакон амир, яъни Амир Саид Баҳодирхон топшириғига биноан рақам қилинган.

Бу асарнинг ҳар бир муқаддима ва ҳар бир жузвида “Мавло Ҳусайн алайҳурраҳма абёти” жумласи ҳадеб такрор келавергани, бунинг эса, асл матнни ўқишда китобхонга халақит бериши муқаррар бўлганидан мазкур амир буйруғига кўра улар қўлёзма ҳошиясига алоҳида кўчириб ёзилган. Бу ишни амирнинг хос муншийси Мирзо Содиқ Мунший амалга оширган. Мирзо Содиқ зикри юқорида ўтган эди. Бу Мирзо мазкур амирнинг амрига биноан Бедилнинг битта мисрасига тазмин сифатида бирпасдаёқ жавоб ёзиб бериб, таҳсинга сазовор бўлгани ҳикояси барчага маълумдир. Юқорида мазкур Мирзонинг “Дахмаи шоҳон” асарини давом эттирган Мирзо Азим Сомий-Бўстонийнинг фаолияти хусусида ҳам ёзган эдик ва у ҳақида қуйида яна ёзажакмиз.

“Анвори Суҳайлий” номи билан ҳам танилган бу “Калила ва Димна” асарининг қўлёзма нусхаси жуда чиройли ёзилган.
Баҳоси ўн беш минг танга.

Яна бир Мирзожон шарҳи. Жаҳоннинг забардаст котиби қози мулло Асомиддин Ўвроқнинг хати билан битилган. Бу котибимиз Саййид Амир Абдулаҳад Баҳодирхон даврининг машҳур қозиларидан бўлган. Қўлёзманинг таҳрироти раҳматлик отам томонидан амалга ошиб, у Фохирхон номли машҳур хаттот хати билан битилган.
Қози мулло Асомиддин қозилик мансабига чиқишдан илгари котиблик соҳасида шуҳрат қозонган экан. Умрининг охирларида айрим кичик туманлар қозилигига тайинланган. Бу пайтда ҳали ёш бўлган. Начора, ҳаёт вафо қилмай, ўша йигитлик ёшида вафот этди.
Қўлёзма баҳоси ўн минг танга.

Охунд калон мавлавий Ҳасан. Ҳикмат. Ҳар иккала асар бир муқовада. Ноёб нусха. Донг таратган котиб Абдуннабижон Хатлоний хати билан китобат қилинган. У замонаси хаттотларининг пешқадами бўлган.

Бу китобни ҳам мағфиратли отам таҳрир этганлар ва у мирзо Фохирхон хати билан рақам қилган.
Нархи йигирма минг танга.

Охунд шайх. Шарҳи “Ҳикмат”. Дастлабки бир нечта жузви фозиллар бошлиғи устозлар устоди, сўфийлар саййиди отам раҳматлик хати билан битилган. Мадрасада ўқиб юрган пайтлари китобат қилганлар. Қолган қисмлари ул жаноб шогирдларидан бири томонидан ниҳоясига етказилган бўлиб, ул бечора ўша пайтларда бедарак йўқолган экан. Отам умрининг охиригача бу воқеани таажжуб ва афсус-ҳасрат билан эслаб, ҳикоя қилиб юрдилар. Бу йўқолиш сабабчиси сифатида бир урганжлик шогирдидан шубҳа ва гумон қилардилар.

Отам қози-юл қуззот лавозимида пайти камина Кўкалтош мадрасасида истиқомат қилган кўйи таҳсилга машғул эдим. Мазкур мадрасада бир кечаси туш кўрдим: Почақул Ҳожи масжиди гузари чорраҳасида Тоҳир Оқсоқол лақабли китобфурушга дуч келибман эмиш. Оқсоқол чўнтагидан саккиз варақли бир китоб чиқариб “бу бир табаррук китоб бўлиб, отангизнинг қўлёзмасидир, уни Кўкалтош мадрасасига олиб бориб, Сизга сотмоқчиман эдим” деди. Уйқудан уйғонгач, тушимни мадрасадош ўртоқларимдан ўнтачасига бир-бир сўзлаб бердим. Ҳар қайсиниси ўзича таъбир қилди.

Шу орада бир киши келиб, Бухоронинг таниқли аъёнларидан биттаси вафот этгани ва жанозаси соат ўнда Лаби Ҳовуз бўйидаги “болойи ҳовуз” деб аталувчи Регистон хонақоҳи олдида ўқилажагини эълон қилди. Дўстларим билан Болойи Ҳовуз томонга йўл олдим. Почақул Ҳожи гузарининг чорраҳасига етганимизда олдимдан Тоҳир Оқсоқол китобфуруш чиқиб, отамнинг ўша Мавлавий Ҳасан табаррукини чўнтагидан чиқариб, қўлимга тутқазди ва тушимда айтган гапларини такрорлади. Бу гаплар айтилган заҳоти кечаги тушимдан хабардор бўлган ўртоқларим унинг айнан ўзидай рўёбга чиққанини кўриб, тўсатдан хохолаб кулиб юборишди. Кечаги тушим воқеаси борасида ҳеч нарса эшитмаган Тоҳир Оқсоқол эса ҳайрат ва уялиш денгизига ғарқ бўлиб, таажжуб ичида лол қолди.

Камина китобни ўртоқларимдан биттасига топшириб, ўзим жаноза ўқиладиган жой томон юришда давом этдим. Жаноза ўқилгач эса, ҳалиги китобни қўлтиғимга солганимча қиблагоҳим олдига бордим ва неча бир марта табрик одобини адо этган кўйи салом бердим. Кимиё асарли мунаввар кўзлари қўлимдаги китобга тушган ҳамон ўз табиатига хос зийраклик билан ҳали бу ноёб дурни варақлаб кўрмасдан ёки тушим воқеасини эшитмасдан туриб “Аллоҳу акбар” дея такбир айтганича ўрнидан сакраб турдилар ва китобни чангалимдан юлқиб олиб, шоша-пиша нима гаплигини сўрадилар. Шундан сўнг тушим ва унинг рўёбга чиққани воқеасини сўзлаб бердим. Вожиб шукрини адо этишга тушдилар. Шукрона сўзларидан маълум бўлишича, бу китоб анча йиллар олдин йўқолиб қолгани ҳақида афсус ва надомат билан неча марталаб ҳикоя қилиб берганлари бўлмиш Мавлавий Ҳасан асари қўлёзмаси экан. Қаранг, қодир эгам бу китоб башоратини тушимда менга аён этди, бедор вақтим эса ўзини марҳамат қилди.
Бу китобнинг отам ёзган еригача қисми ҳақида ҳикоя қилган эдим. Айтганимдек, бир бебаҳо гавҳар ва ягона дур.

“Мирзожон”га Муҳиддин шарҳи. Ҳуснихат котиб қози мулло Шоҳмурод Ғиждувоний хати билан каминанинг буюртмаси асосида битилган. Ул хаттот “Таҳсин” лақабли муфти аскар Абдуллоҳхожа садр ва “Шоҳин” лақабли Шамсиддин махдум Хатлоний ҳамда “Офарин” лақбли қори Абдулкарим Бухорийнинг мадрасадош ўртоқларидан. Уларнинг учаласи ҳам барча илмларда донг таратган зиёли бўлиб, махдум Шоҳин, қори Абдулкарим Офарин шоирлик ва хаттотлик соҳасида ҳам яқинларидан устун ва ўз давронида тенгсиз эдилар.

Муфти аскар Абдуллоҳхожа садр юқори мансабларда турди. Шоҳин бир неча вақт амир Абдулаҳадхоннинг хос надими бўлди.

Қори Офарин Чироқчи вилоятининг раислик мансабига мансуб турди. Аммо ёшлик пайти ва бу фоний давлатнинг дунёвий гули тароватини туйиб улгурмасдан мангулик саодатига уланди. Барчаларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.

Алқисса, қози мулло Шоҳмурод Ғиждувоний бир неча вақт номи тилга олинган уч нафар зотга ҳамроҳлик қилиб, расмий илмларни ўзлаштирди. Бироқ хаттотликда забардаст бўлиб, Сиддиқжон Кўйи Дарахтий равишида ёзарди. Бу борада маҳорати юксак бу хаттотимиз турли хил нарсаларни кўплаб ёзди-ю, аммо ўзидан бирор кўзга кўринарли китобат ёдгор қолдирмади. Карминада қозилиги пайти бир неча вақт ўша даврда мазкур вилоятда ҳукм сурган шоҳзода Амир Абдулаҳад Баҳодирхонга жуда яқин бўлиб олди.
Умрининг охирида кўзи ожизлаб, Шерободда қози пайти вафот қилди.
Бу китобнинг баҳоси беш минг танга.

Мулло Абдулҳаким. Ҳошия. Фазилат дастгоҳли ва саййидлик паноҳли, улуғ мартабали мулло Қувомиддин хожа охунд садр хати билан ёзилган. Ул зот Амир Абдулаҳад Баҳодирхоннинг ғамхўрлигига эришган зиёлилардан бўлиб, бу хон даврида ўн йил давомида узлуксиз равишда ўша даврда Бухоро давлатига қарашли шарафли Насаф вилоятида қозилик мансабига мансуб турган. Сўнг доруссалтана Бухоро шаҳри раислигига тайинланди. Умрининг охирги дамларида Кўкалтош мадрасаси охундлиги ва мударрислигига мушарраф бўлди. Ўша охундлиги пайти вафот этди.
Бу юмшоқ табиатли ва дунё неъматларидан тийинган инсон расмий илмлардан ташқари хаттотлик санъатини ҳам пухта эгаллаган эди.
Китобнинг нархи беш минг танга.

Мавлавий Абдулғафур. Ҳошия. Ноёб нусха. Бунақаси бошқа учрамади.
Нархи минг танга.

Яна бир Мулло Жалол. Олийжаноб олим ва сўфий, ҳошиянавис Мавлавий Абдулбоқи Муҳашшо хати билан битилган. Ул жаноб Охунд Юсуф Қорабоғийнинг етук шогирди бўлган. Бу ҳам мен учун буюк неъмат саналган қўлёзма асардир.

Охунд Шайх. Мулло Жалол. Замон ажойиботларидан ҳисобланган котиб Мулло Сиддиқжон жанобларининг муборак хати билан битилган қўлёзма китоб. Таҳсинга лойиқ нодир нусха.
Нархи ўн минг танга.

Мавлавий Тоҳир. Мавлавий Абдулҳаким. Хон Мулло. Мулло Жалол шарҳи. Бу учта қўлёзма асар битта муқова ичида. Расмий китоб. Барча қўлёзмалари нодир.
Нархи минг танга.

Каланбавий. Дастнавис нусха, аммо одатдаги урфий асар.
Нархи минг танга.

Мулло Жалол. Қадимий ҳошия. Ўртача ҳолдаги қўлёзма китоб
Баҳоси минг танга.

Татаммат ил-ҳавоши. Олимлар устози, фозиллар султони, диний масалаларни ечувчи, сўфийлар ҳужжати, набийлар вориси, ойдин миллат ҳомийси падари бузрукворим домла Абдушукур садр қозикалони Бухоронинг муборак хати билан таҳрир этилган. Отам ўқиб юрган пайтлари дарс жараёнида устозидан нимани эшитган бўлсалар, барчасини мишкин рақамли қалами билан ушбу китоб ҳошиясига ёзиб борганлар. Шу сабабли у гўё бир руҳоний устоз ва маънавий муаллим ўрнидадир. Меники бўлганига тангри таолога чексиз шукрлар бўлсин.

Фатовоий Комийнинг икки дафтари. Қадимий қўлёзма нусха. Тасҳиҳ қилинган.
Баҳоси икки минг танга.

Шарҳи Рисола ва Хоқония. Хушнавис хаттот мулло Умар Вобкандий хати билан битилган. Бу хаттотга Аллоҳ кўпроқ умр берганида китобат соҳасида жуда машҳур бўлармиди. Хат битиш равиши ва китобати тарзи ўта даражада чиройли эди. Ажал омонлик бермай, оз фурсат ичида ҳаёти ипларини узиб, умр дафтари жилдини йиртиб ташлади.
Баҳоси икки минг танга.

Хон ул-улум. Тақлидий котиб мулло Аваз Боқий Ургутий хати билан ёзилган. Барча илмлар кони ва фазилатлар тўплами, Худо ҳақиқатларини билувчи сўфи ва замон хаттотлари пешқадами, мустафавий шариат ходими Қози Мулло Абдужаббор Ургутийнинг авлодидан. Мулло Аваз Боқий тақлидчи котиб. Яъни хатда хом ва нотамом.
Баҳоси минг танга.

“Ҳикмат”га Охунд шарҳи. Бесавод каминангиз Зиё Садр хати билан ёзилган.
Мулло Абдулҳакимнинг “Ҳикмат”га шарҳи. Одатдаги асар, аммо қўлёзма нусхаси ноёб китоб.
Нархи минг танга.

Фатовии Ғур уд-дурар. Хатосиз ёзилган мўътабар қадимий қўлёзма нусха.
Баҳоси минг танга.

Муаммо шарҳлари. Фасоҳат ва чечанлик майдони чавандози ва заковат ўлкаси ҳукмдори, хушбаёнлик тўпининг байроқдори, сухандонлик осмонининг юлдуз минган шоҳсувори, дилга ёқар шеърлар нозими ва олий байтлар шоири, кўпни билувчи фозил ва ширинзабон донишманд, бошдан-оёқ ақл саналган шоҳзода, яъни Чаҳоржўй волийси, салтанат меваси, одоб эгаси Саййид Нуриддин тўранинг муншийси “Доий” тахаллусли Мирзо Шамсиддин мирохурнинг хати билан ёзилган.
Бу қўлёзма нархи уч минг танга.

Ғаний Кашмирий девони. Таниқли котиб, илмли хаттот қози Мулло Солиҳ махдумнинг хати билан битилган. Шарафли Насаф вилоятида қозилик қилиб ўтирган пайтда вафот этди. Бу қўлёзма нусхани Қаршига қози бўлмасдан илгари, яъни бекор юрган вақтида каминанинг буюртмаси бўйича китобат қилган эди.
Баҳоси икки минг танга.

Мавлавий Содиқ. Шарҳи Мулло. Одатдаги китоб. Нархи минг танга.

Шарҳи Мулло. Эски котиблардан саналувчи Мулло Абдулбоқий бин мулло Шамсиддин исмли хаттот томонидан китобат қилинган. Жуда чиройли ва ўта малоҳатли гўзал қўлёзма нусха. Қоғози ипак, жадвали асл тилло суви билан чизилган.
Ҳошиясида Мавлавий Асомиддин шарҳи бўлиб, у ҳам бу забардаст котиб томонидан бир хил равишда ёзилган. Сира ҳам хатоси йўқ.
Нархи ўн минг танга.

Яна бир Шарҳи Мулло. Бу қўлёзма нусха машҳур котиб қози Мулло Абдужаббор Ургутий хати билан битилган. Таржимаи ҳоли юқорида зикр этилган эди.
Нархи ўн минг танга.

Фатовои хулоса. Олимлар махдуми, фозиллар мақбули, пайғамбар сулоласи авлоди Ҳожи Мирзо Иноятуллоҳ Судур муфтининг азиз ўғли Мирзо Бадеъ махдумнинг мишкин қалами билан рақам қилинган. Отаси хислатларига эга бўлган бу махдум забардаст котиблар жумласидан эди. Илм ва фанларда қози Мулло Абдужаббор Ургутийнинг шогирди ҳисобланади. Хатни бир хил услубда ёзарди. Ёзуви назокати мазкур қози мулло Абдужаббор Ургутий хатидан кам эмас.

Илмлар таҳсилини Фарғонада отаси ва бошқа устозлар ҳузурида такмилига етказган. Бошқа кўп вақтини Ургутда қози Абдужаббор ҳузурида ўтказиб, китобат санъатини ул жанобдан ўзлаштирган. “Фатовои хулоса”ни ҳам ўша ерда кўчириб ёзган. Ул муҳтарам зот шоирлик бобида ҳам моҳир бўлиб, ушбу китоб ёзиб тугалланиши таърихини ҳам ўзи тўқиган:

Қалам фориғ шуд аз таҳриру бинавишт,
Торихаш ки “қада тамм ул-хулосата”

Мазмуни:

Қалам қутулди ёзувидан ва таърихин,
Ёзди ушбу янглиғ ки: Хулоса туганди.

Ёшлигида отаси билан бирга ҳажга борганди. Ўша саодатга етишгач, Ҳижоз сарзаминида вафот этиш, мазкур жаннат сифатли ўлкада дафн этилиш бахтини топган.
Аллоҳ раҳмат қилсин.
Қўлёзманинг ҳозирги нархи қирқ минг танга.

Жавоҳир ул-фатово. Жуда гўзал кўчирилган китоб. Бу ҳам Мирзо Бадеъ махдум китобат қилган қўлёзма нусха.
Нархи беш минг танга.

Мухтасари Виқоя. Бу ҳам ул фозил, яъни Мирзо Бадеъ Махдумнинг мишкин рақамли қалами билан ёзилган.
Нархи уч минг танга.

Мухтасри Виқоя. Бу қўлёзма мазкур Мирзо Бадеъ Махдумнинг мажид отаси Ҳожи Мирзо Иноятуллоҳ махдумнинг табаррук хати билан ёзилган.

Қасидаи Бурда. Бу қўлёзма Мирзо Бадеъ Махдумнинг азиз фарзанди томонидан китобат қилинган. Ноёб дур.

Жўнги мухтасар. Ушбу сатрлар муаллифи, яъни Зиё Садр хати билан кўчирилган асар.

Яна бир Жўнги мухтасар. Бу қўлёзма асарни мўътабар хаттот, таниқли котиб, билимдон фозил, санъат эгаси ва замон ажойиби Қози Мулло Мухтор махдум китобат қилган. Ул зот соҳиби таъб, яхши хислатли олим Наимжон махдумнинг етук ўғлидир. Наимжон махдум эса сўфийлик тариқати йўлбошчиси халифа Ниёзқули алайҳурраҳма сингари муршиди комилнинг етук ўғлидир.

Мазкур Мухтор махдум расмий илмларни эгаллаган бўлиб, аммо камолотининг энг чўққиси ва олдингиси хаттотлик санъати эди. Бирон хат услубини ихтиёр этмай, фақат настаълиқда китобат қилади. Хати ниҳоятда чиройлидир.

Аммо, буни қарангки, бечора бавосир касали оқибатида тик ўтира олмай, кимдир белини доим уқалаб туриши лозим. Китобат қилиш пайти ҳам аҳвол шу эди.
Ана шу каби оғир меҳнат ва оғриқ азобига қарамасдан ул сеҳр нишонли хаттот иши таҳсинга лойиқ чиққан. Бу ноёб Жўнг ёзувларининг биринчи дафтари тўлалигича мазкур котиб хати билан китобат қилинган.

Асарнинг иккинчи дафтари каминанинг топшириғига биноан машҳур хаттот, билимли зот Абдулҳаким махдум томонидан китобат қилинди. Абдулҳаким махдум эса тақводор зоҳид, моҳир хаттот, Бухоро шаҳрининг фатвонависи мулло Шаҳобиддин махдум мударрис ва муфтининг укасидир. Котибликда бир-биридан яхши бу икки оғо-ини фозиллар бошлиғи, хаттотлар қавми раиси, Бухоро котиблари сардори, зуҳду тақво соҳиби домла Фозилжоннинг етук фарзандлари бўлишади.

Мулло Абдулҳаким махдум бундан бир неча йил муқаддам ҳаж сафарига бориб, ўша ерда вафот қилди.

Шаҳобиддин махдум ҳозир тирик ва Бухорода мударрислик ва фатвонавислик мансабида турибди.
Бу Жўнг китобининг нархи йигирма минг танга.

Шарҳи Таарруфнинг икки дафтари. Бу қўлёзма хати қози Мухтор махдумнинг отаси Наимжон Махдумнинг қаламига мансуб. Наимжон махдумнинг отаси эса муршиди комил пиримиз халифа Ниёзқули алайҳурраҳма бўладилар. Буларнинг зикри юқорида тилга олинди.
Бу чиройли қўлёзма асарнинг нархи йигирма минг танга.

Мутун (матнлар). Жаноб Домла Фозилжон хати билан китобат қилинган. Ул зот мулло Шаҳобиддин махдум муфти ва марҳум мулло Абдулҳаким махдум ҳожининг муҳтарам отасидир. Улар ҳақида юқорироқда айтиб ўтгандик.

“Мутун”нинг кейинги “Шамсия”, “Кофия” каби бир нечта сўнгги матнлари “Баҳор” тахаллусли Мирзо БадеъМахдум мударрис хати билан ёзилган.

Бу “Мутун” охирида китобат қилинган икки-уч матн Мирзо Бадеънинг асл услуби бўлиб, “Мутун”нинг бошидаги ҳошияда келган қисқа матн ҳам шу Мирзо Бадеънинг хати билан ёзилган.
Фозилжоннинг ёзувидан ташқари яна бир нечта чиройли китобат бўлиб, улар ҳам Бадеъ махдум хатидир. Аммо уларни мавлавий Соқий услубида битган.
Қози Мулло Худоёр Бойсунийнинг азиз ўғлидир.
Нархи йигирма минг танга

Наҳр ил-фоиқ шарҳи Канз ил-дақоиқ. Фақиҳлар фақиҳи ва олимлар олими домла Муҳаммад Боқий Намангонийнинг табаррук хати билан битилган. Барча илмларни эгаллаган, хусусан фиқҳ соҳасида аллома бўлиб, Амир Ҳайдар Баҳодирхон замонида Бухорода аъламлик мансабида турдилар. Ул жанобнинг ўғли Абдулҳамид махдум муфти “Махдуми Намангоний” номи билан танилган эди. Махдум Намангоний Саъдуллахон Судур қозининг отасидир.
Нархи саккиз минг танга.

Муллозода. Наршахий. Фазилат шиорли ва камол манбаси, хаттотлар илғори ва котиблар қаймоғи қори Абдулкарим Офарин хати билан ёзилган. Офарин ҳақида юқорида зикр қилган эдик. Ул фозил зот аскар муфти ва Таҳсин тахаллусли мулло Абдуллоҳхожанинг эски шерикларидан, мулло Шамсиддин махдум-Шоҳиннинг мадрасадошларидан, каминанинг ўртоқларидан. Барча илмларда, айниқса, фиқҳ, ҳисоб, хаттотлик ва шоирликда ҳаммадан устун бўлиб, фасоҳатли тили ва бурро нутқи билан мусобақа човгони тўпини олиб қочарди. Мусиқа илмини ҳам жуда яхши биларди. Қироати ўта даражада ёқимли эди. У билан бир ўтиришган киши яна суҳбатини истаб юрарди. Пок эътиқодли ва тоза қалбли эди. Камбағалликдан мажбурлиги орқасида Чироқчи туманидаги раислик мансабини қабул қилганди. Шундан кўп ўтмай, ўша вилоятда вафот этди ва Чироқчида дафн қилинди.
Бу қўлёзманинг нархи тўрт минг танга.

Дафтари фароиз. Бу ҳам ул сеҳр қоидали қори Абдулкарим Офарин хати билан китобат қилинган.
Баҳоси беш минг танга.

Манофеъ ил-муслимин ил-Мавлавий Абдулжалил. Шарҳи мухтасари Виқоя. Форсий. Жуда гўзал бир шарҳ. Қўлёзма ипак қоғозига жуда хушхатлик билан битилган. Лекин котибининг исми маълум эмас. Қадимий ёзув услубида битилган.
Баҳоси ўн етти минг танга.

Мактуботи шариф. Шайх Аҳмад Форуқий Кобулий Сирҳиндий Мужаддад Алифи Соний асарларидан. Ул зотнинг насаби ҳазрат Форуққа бориб тақалади. Нақшбандия тариқати пешвоси бўлиб, ул тариқатда Шайх Абдулбоқий Деҳлавийнинг муриди эди. Ҳазрат Мужаддад ҳижрий 1035 йили олтмиш уч ёшида вафот этган. Шариф қабри Сирҳинд шаҳрида. Ул жанобдан бир-биридан яхши етти нафар фарзанд қолган ва олий зотли отасининг ўринбосари бўлганлар. Улардан энг етуги ва пешқадамлари Хозин тахаллусли ҳазрат Шайх Аҳмад Саид ҳамда Роз уш-шафеъ лақабли ҳазрат шайх Муҳаммад Маъсумдир.

Бу шариф мактублар иккита муқова ичида жилдланган, яъни икки жилд. Жуда гўзал тарзда китобат қилинган.
Ҳар икки жилднинг баҳоси ўн беш минг танга.

Фатовои Ҳамодий. Олий мақомли жаноб, ислом имоми, мусулмонлар муқтадоси, мўъминлар йўлбошчиси имом Ҳамод раҳматуллоҳи алайҳ устоз олим ул-муаддаб, соҳиб ил-мазҳаб Имом Абу Ҳанифа Куфийнинг асарларидан. Ноёб қўлёзма нусха. Бухорои шарифда унчалик учрамайдиган китоб. Хатларини ўқиш жуда мароқли бўлган қўлёзма асар.
Баҳоси ўн беш минг танга.

Шамс ил-маориф. Донг таратган ва Бухорода эътиборли Мавлавий Жалий лақабли хаттот Мавлавий Раҳматуллоҳ Балхийнинг хати билан битилган. Ишончли нусха. Худога шукр, менинг мулким эканидан фахрланишимга муносиб қўлёзма.
Баҳоси йигирма минг танга.

Зижи Мирзо Улуғбек. Ул ҳаким, доно подшоҳнинг асарларидан ва ул хусрави олим ва тенгсиз амалиётчининг ўз қўли билан ёзганларидан. Яъни асар муаллифи ҳам ва хаттоти ҳам Мирзо Улуғбек бўлиб, асл қўлёзма нусхадир. Мирзо Улуғбек ибн Шоҳрух Мирзо ибн Амир Темур Гурагон ҳижрий 796 йил (19 жумодилаввали) да Султония қалъасида туғилган. Адолатда Ануширвон, саховатда Ҳотами Той, етти хил қироатда қироат қилувчи ҳофизи қуръон, фалаклар ҳаракатини кузатган, айланувчи ер курраси ишларини англаган, риёзий ва табиий илмларда тенгсиз, турғун ва сайр этувчи сайёралар билан тиллашган бу беназир зот ҳижрий 814 йили Кайковус бин Кайқубод қурдирган Самарқанд шаҳрида салтанат тахтига чиқди.

Биласизки, Самарқанд шаҳри бунёд этилганидан анча йиллар сўнг бузила бошлаган. Уни иккинчи мартаси Малик Туъбба қайта қурган. Вақт ўтиши билан яна бузилиб, учинчи марта Искандар Румий қайта тиклаган.

Мирзо Улуғбек давлат ва иқбол билан тахтга ўтиргач, халқ зулм деган сўзни сира эшитмади, балки бу сўз ҳаёт саҳифасидан бутунлай ўчириб ташланди. Ҳижрий 832 йил да замон алломаси Қозизода Румий ва ягона олим Ғиёсиддин Жамшид ва инсоний мушкулларни ҳал этувчи мавлоно Мўъин Коший ва ҳаққоний олим мавлоно Салоҳиддин Мусавий ёрдамида Самарқандда расад боғлади. Кавокибни ўрганиш амали асносида ҳар бири ёғдули ой тутилиш пардаси ортида ғойиб бўлгани каби кўринмай қолишгач, илмлар иқлимининг ул хусрави мавлоно Али Қушчи билан бу расадни поёнига етказди. Бу тузилган расад жадвали худди Искандар тўғони сингари замонлар майдонида олам охиригача ёдгор қолажак. У ҳозиргача дунёнинг кофир ва мусулмондан чиққан юлдузшунос олимлари учун дастуриламал вазифасини бажариб келмоқда ва ҳеч бири уни инкор эта олмайди. Балки бу ислом аҳлининг обрў-эътибори ва ифтихори бўлиши баробарида бутун диёрлар, ўзга фирқа ва дин аҳлининг ҳам фахр этишига боисдир.

Чингизий Ҳулокухон даврида Хожа Насираддин Тусий мавлоно Нажмиддин Али Котиб билан биргаликда “Зижи Хоний”ни ёзган ва Мароға шаҳрида расад боғлаган эди.

Маълумки, Тусий ва Улуғбекдан кейин ҳеч ким бу бахтга муяссар бўла олмади. Бундан сўнг ҳам биронта киши муваффақ бўлмаяжак.

Улуғбек Мирзо ҳижрий 853 йили зиёнкор ўғли Абдуллатиф буйруғига биноан Аббос исмли нобакор қўлидан шаҳидлик шарбатини ичди. Қатлига “Аббос кушт” сўзлари таърих бўлди. Олти ойдан кейин ул қонхўр бўри мисол падаркуш ўғилдан тақдирнинг раҳмсиз қиличи Улуғбек Мирзо учун қасос олди. Ичирган шарбатидан ўзи ҳам татиди. Бобо Ҳусайн исмли киши ўлдиргани учун ўлими санасига “Бобо Ҳусайн кушт” сўзлари таърих бўлди.

Хуллас, ушбу “Зиж” ул подшоҳ ва ерга одам қиёфасида келган фариштанинг анбар сириштли хати билан битилган. Бу азим давлат ва ғайбия неъматни менга мулк қилиб берган Аллоҳи таолога сон-саноқсиз ҳамд ва шукрлар айтаман.

Бир варақ Каломи шариф. Ҳазрат инсон ул-айн, жаноб зи-н-нурин, биринчи бўлиб исломга кирган, хулафои рошидиннинг учинчиси Ҳазрат Усмон ибн Аффон Аллоҳ ундан рози бўлсин қўли билан китобат қилинган табаррук нусха. Ҳеч шуҳбасиз ул ҳазратнинг саодат қоришиқли ёзувидир. Ҳазрат биби Ойша Аллоҳ ундан рози бўлсин алар васфида жуда мақтовли сифат сўзларини айтганлар.

Камина Аллоҳ марҳамати билан бундай катта давлат ва ғайбий неъматга мушарраф бўлдим ва Тангри таолога сон-саноқсиз шукрлар айтмоқдамен.

Иршоди тафосир. Олтин суви билан зийнат берилган қўлёзма нусха. Эски ёзувдаги қадимий қўлёзма китоблардан.

Тафсири “Баҳр ил-амвож”. Беназир тафсир. Дилга ёқар қўлёзма. Хатининг малоҳат бобида ҳеч тенги йўқ. Ҳар жиҳатдан бошқа қўлёзма нусхалардан устун. Бу ҳам менга ғайбий марҳамат туфайли келган неъматдир.
Нархи йигирма минг танга.

Қомус ул-луғот. Дунёнинг ажойиботи сифатида гўзал қилиб битилган қўлёзма. Бундай зийнат бериб ишланган китоб кам учрайди. Уни яратиш учун катта маблағ сарфланган. Албатта бу каби бебаҳо қўлёзма китоб давлат ва салтанат саъй-ҳаракати билан юзага чиққан. Бўлмаса шунча зийнатли қўлёзма яратишни султонлардан бошқа биров уддалай олармиди?

Маккиёт. Заррин қаламли, Аторуд рақамли, Моний сифатли, тенги йўқ мунший Муҳаммад Юнусхожа Бухорийнинг хати билан шаҳарлар онаси Балх вилояти ҳокими Порсохожа нақиб топшириғига биноан битилган. Чиройини бошқа ҳеч бир қўлёзма асарларга тенглаб бўлмайди. Гўзаллиги таърифини сўз билан ифодалаш қийин.

Бир қисми Амир Ҳайдар Баҳодирхон буйруғига кўра китобат қилинган. Жуда зийнатли ва хушрўй қўлёзма.
Баҳоси ўн минг танга.

Саъдий. Бўстон. Аҳли қалам сулоласи вакили, олам хаттотлари мумтозининг авлоди Мир Солиҳнинг табаррук хати билан битилган. Мир Солиҳ жаноблари Мавлоно Мир Али Котиб Фатҳободийнинг етук ва азиз ўғлидир. Мавлоно Мир Али Котиб Фатҳободийнинг эса нечоғлик моҳир, хушнавис бўлганини биласиз. Ёзганлари тилларда достондир. Гарчи ул санъаткор диёримизда Фатҳободий нисбаси билан танилган эсалар-да, Мир Саййид Шариф Роқим ўз китобида ёзишича, мазкур мавлоно аслида муқаддас Машҳад шаҳрида туғилган. Аммо замон тўс-тўполони сабабли Хуросондан Мовароуннаҳрга келиб қолган. Зайниддин Маҳмуддан илм олганлардан саналади.

Мавлоно Мир Али Котибнинг ўғли жаноб Мир Солиҳ хат илмини отаси ҳузурида ўрганиб, настаълиқни ниҳоят даражада яхши ёзадиган бўлган. Хати олий зотли отасининг ёзувига жуда ҳам ўхшашдир.
Ушбу қўлёзма китоб ноёб саналиб, ўта зийнат ва безакли. Бунақаси топилмайди. Борлиги катта бир давлат ва илоҳий неъматдир. Чексиз шукрларга лойиқ.
Нархи ўн беш минг танга.

Жўнги Жоме ар-румуз. Шарҳи Ишбоҳ ва Анназоир. Ҳар иккала китоб олимлар олими, фақиҳлар фақиҳи, сўфийлар қутби, алайҳурраҳма Халифа Ниёзқулининг табаррук хати билан ёзилган. Ул жаноб Амир Шоҳмурод даврида Хоразмдан Бухорога келиб, илм олишга машғул бўлганлар. Ўша кезлари ҳазрат Мусохон Даҳбедийга мурид бўлганлар. Амир Саид Ҳайдар даврида барча мурожаат этадиган пир даражасига етганлар.

Вафоти ҳам мазкур Амир замонида рўй бериб, хожа Исҳоқ Калободий мозорида шарқий томонда дафн этилганлар.

Изоҳ ут-татиммата. Замон алломаси, сўфийлар саййиди Эшон Атоуллоҳхожа шайхулисломнинг асари. Ул зот Бухоро халқи орасида жуда ҳурматли бўлиб, домла Ниёзмуҳаммад Чўқмоқийнинг муридларидан саналган. Шариф исми Эшон Имло охунд мулло Муҳаммадий. Тахаллуси “Имло Балхий” ибн Алоиддин ибн Азизон Шайх. Ул жанобнинг биринчи пири Ишқия сулукида ҳазрат Шайх Бобо Хизр Абулҳасан Ишқийдир. Кубравия сулукида эса ҳазрат шайх Мирзо Баҳодир Шербаданий. Жаҳрия сулукида ҳазрат Шайх Усмон Азизон, Хафия сулукида шайх Почо Салимхожа Балхийдир.

Ҳижрий 1162 йили олтмиш уч ёшида вафот этди. Ул жанобдан беш нафар ўринбосар қолди. Биринчиси, домла Ниёз Чўқмоқий, иккинчиси шайх Махдум Сарипули Равғангароний, учинчиси Халифа Болта Бухорий, тўртинчиси халифа охунд мулло Ниёзмуҳаммад сўфи, бешинчи халифа домла Неъматуллоҳ Ошиқ эрурлар.

Шариф насаби ота томонидан чаҳорёрлардан тўртинчиси ҳазрат Алига бориб тақалади.

Хуллас бу олий баёнли китоб, яъни “Изоҳ ут-татиммата” она томондан бувам қози Мирзо Кароматуллоҳнинг анбар қоришиқ хати билан китобат қилинган. Бувам Насруллоҳхон давридаги мўътабар олим бўлиб, олимлар устози мавлавий домла Собиржоннинг ўғлидир.

Қози Мирзо Кароматуллоҳ машҳур котиб эдилар. Афсуски Комот туманида қози вазифасида турган чоғлари вафот этдилар.
Кўчириб ёзганлари кўп. Лекин ул жанобнинг хат тарзи менга унчалик ёқмайди.

Ҳикмат ил-айн. Бу қўлёзма Махдуми Важиҳнавис хати билан ёзилган. Ул зотнинг асл исми Муҳаммад Юсуф махдум. Бу олим зотнинг отаси домла Атоуллоҳ Аълам бўлади.
Муҳаммад Юсуф махдум қуръоний хат бобида аср ягонаси эди. Амир Шоҳмурод замонида садрлик ва Бухоро аълами вазифасида турган. Ўзи ҳикоя қилишича, тушида ҳазрат пайғмабарни кўрган ва бу ҳолдан қўрққанидан пайғамбар узатган қаламларни чап қўли билан олиб, уйғонгач эса ўнг қўли билан хат ёза олмай қолган ва фақат чап қўли билан ёзадиган бўлган, шу сабабли “чаппанавис” лақабини олган, экан.

Махдум Чаппанавис ҳижрий 1225 йили вафот этган. Қабри Ҳожи Ҳабибуллоҳ Бухорий мозори ёнида.

Сад қавли ҳазрат Али карамуллоҳи важҳ. Шоирлар устози Рашид Ватвот ҳазрат Али ибн Абитолибнинг ҳар бири бир рубоий шаклида яратилган юзта сўз-қавлини шарҳлаб, ана шу асарни яратган. Қўлёзма хати Ёқут Мустаъсим Биллоҳ йўсинида ёзилган. Хаттоти зарринқалам, мишкин рақам Султон Муҳаммад Котиб.
Қўлёзма нархи ўн минг танга.

Амир Навоий. Девон. Дилга ёқувчи асар. Хати ўта малоҳатли. Расмлари бор. Баҳзодникидан қолишмайди, балки яхшироқ бўлса ҳам ажаб эмас.

Шарҳи Мулло Жалол. Инсонлар мумтози ҳазрат мавлавий Иноятуллоҳ шайхулисломнинг муборак хати билан китобат қилинган. Ул зот бир неча муддат Бухорода қози-юл қуззот бўлиб, адолат билан иш юргизганлар. Бу мансабдан кейин шайхулисломлик ва Кўкалтош мадрасасида мударрислик вазифасини бажарганлар. Султонлардан уч нафари ул зотнинг илмия марказида дарс тинглаган экан. Биринчиси амир Шоҳмурод, иккинчиси Амир Ҳайдар Баҳодирхон, учинчиси амир Ҳайдарнинг ўғли Ҳусайнхон тўра. Ул тўра отаси ўлгач, Бухорода қирқ кун салтанат юргизиб, вафот этди.
Мавлавий Иноятуллоҳ шайхулислом шеърни ҳам яхши битарди. Ул бахтли фозилнинг шеърдаги тахаллуси “”Рашид” эди.

Мазкур Ҳусайнхон тўра шоҳзодалик пайти Масжиди калонга келиб, ёнидаги беш юз нафар хослари билан бирга Мавлавийдан сабоқ оларкан. Мавлавий Иноятуллоҳ бу ердаги хос дарслардан бўшагач, Кўкалтош мадрасасига бориб, бошқа талабаларга дарс бериш учун кетаркан. Ҳусайнхон эса ўз қароргоҳига йўл оларкан.

Мавлавий Иноятуллоҳ амир Насруллоҳ даврида “Мир асад”лик мансаби билан сийланган.

Ҳижрий 1226 йили оламдан ўтган ва Хожа Исҳоқ Калободийнинг шарқий томонида дафн этилган. Ул зотнинг авлодидан саналмиш ва шеърдаги тахаллуси “Сониё” ва “Сунбилистон” номли асар муаллифи ҳисобланган Мир Абдулбоқий Мавлавий Иноятуллоҳ вафоти муносабати билан бир таърих-рубоий ёзганди.

Ҳазрат Мавлавийнинг азиз ўғли Мир Халилуллоҳ жуда олим бўлиб етишди ва Бухоро шаҳридаги раислик вазифасига тайинланди. Ҳофизи калом эди. У ҳам отаси вафоти санасига атаб таърих ёзган экан.
Хуллас, шунча машғуллигига қарамасдан мавлавий Иноятуллоҳ жуда ҳуснихат санъаткор бўлгани учун китоб кўчириб ёзишни тарк этмаган. Ёзган қўлёзма китоблари сони икки юз элликдан ортиқдир. Камина қўлида ул моҳир хаттот кўчириб ёзган китоблардан ўнтаси бор.

Мулло Абдулҳаким. Шарҳи Ақоид. Фозил ва моҳир хаттот мулло Сиддиқжон котиб хати билан битилган. “Иштихоний Кўкий” нисбаси билан танилган бу котиб таржимаи ҳоли юқорида зикр этилганди.

Бу олий баёнли китоб Махдум қози Ғаний лақаби билан машҳур Абдулазиз махдумнинг муборак хати билан таҳрир қилинган. Ул зот амир Насруллоҳ Баҳодирхон замонида кичик ёшда бўлишларига қарамасдан Бухорои шарифдаги катта мансабларга тайинланган. Яъни шаҳар раислиги, Мир Араб мадрасаси мударрислиги вазифасида турган.
Ажойиб қўлёзма ва ноёб китоб. Инқилобдан кейин ўн милион сўмга сотиб олганман.

Мавлавий Абулмакорим. Бу ноёб ва ҳуснихатли қўлёзма асар Мавлавий Соқий Муҳаммад Балхийнинг табаррук хати билан китобат қилинган. Ҳазрат отам бу китобнинг ўзида борлиги учун фахрланар эдилар. Шунга лойиқ қўлёзма. Отам вафот этганидан сўнг акам Абдулғафур махдум қўлига мерос бўлиб ўтди. Ушбу Шўравий Жумҳурияти айёмида ҳижрий 1341 йили шаввол ойи ўрталари да укам Абдулғафур махдум эллик ёшида Ҳақ раҳматига етишиб, ҳазрат имом ул-муслиминнинг файз асарли мозори ёнида дафн этилди. Ул бечорадан бирорта фарзанд ёдгор қолмади. Шунда бошқа меросхўрлари маъракаси харажати учун бу ноёб дурни сотмоқчи бўлишди. Камина ҳам меросхўрлардан бири бўлганим учун бунга унамадим ва йигирма беш минг милёрд сўм эвазига сотиб олдим.

Мавлавий Соқий ёзганларидан уч юзга яқин шиққа ни ўз ичига олган бу қўлёзманинг биринчи бир нечта бўлими эса ул жанобнинг отаси Мавло Муҳаммад Аминнинг табаррук хати билан битилган.

Шарҳи Мулло. Бағоят гўзал ва ҳушни ўғирлаш даражасидаги чиройли қўлёзма нусха. Муҳаммад Мурод Самарқандий хати билан кўчирилган. Мавлавий Содиқнинг “Шарҳи Мулло”си тўлалигича ҳошияга китобат қилинган. Асл матнни котиб ўз хати билан таҳрир қилган. Яна ҳошиядаги Мавлавий Исматуллоҳ шарҳи ва бошқалари ҳам асосан таҳрир қилинган. Асл матн ва ҳошиядаги ёзувларда сира ҳам хато йўқ.

Марҳумнинг бошқа меросхўрларидан беш милёрдга сотиб олдим.

Яна бир Ахлоқи Жалолий. Котиблар отаси, тенги йўқ фозил Мавлавий Соқий Муҳаммад Балхийнинг муборак хати билан битилган. Ул жанобнинг зикри юқорида ўтди. Бу қўлёзманинг қанчалик яхшилигини хаттоти кимлигидан билиб олиш қийин эмас.
Нархи ўн минг танга.

Мутаввал. Каминанинг она томонидан буваси қози Мирзо Кароматуллоҳнинг табаррук хати билан кўчириб ёзилган.

Охунд Шайх. Таҳзиб. Исми номаълум котиб хати билан ёзилган. Лекин асл матн машҳур котиб мулло Сиддиқ Куфрий Кўйи Дарахтий хати билан битилган.

Мулло Аҳмад. Таниқли котиб Мирзо Рабеъ махдум мударрис хати билан ёзилган. Бу котиб Бухоро шаҳри хаттотлари бошлиғи ва хушнавислари пешқадами бўлган. Хушхатлик бобида иккинчи Қози Абдужаббор Ургутий десак хато бўлмайди. Хатининг чиройига нисбатан Мулло Ҳамдам Бухорийдан илдамроқ десак раводир. Таҳрири камина хати билан амалга ошди. Уни азиз отам ҳаёт пайтлари ул зотнинг қутлуғ буйруғи билан битган эдим.

Тилга олган сўнгги учта китоб ҳам марҳум акам Абдулғафур махдумдан мерос.

Шарҳи Ишбоҳ. Бу қўлёзма Халифа Ниёзқули алайҳурраҳманинг муборак хати билан китобат қилинган. Ул зот ҳақида сўз юритгандик. Шайх мулло Абднинг муриди, шайх мулло Абд эса шайх Худойқули Хоразмийнинг муриди бўлган. Шайх Худойқули эса шайх Ҳожи Ҳабибуллоҳнинг муридларидан саналадилар.

Халифа Ниёзқули Саййид амир Ҳайдар замонида машойих пешвоси ва ўз асри уламоси бўлиб, қуръонни араб талаффузида еттита қироатда дилга ёқар қилиб ўқир эди. Шу сабабли Масжиди калонда хатиблик мансабига мансуб турди. Асли туркман миллатининг эрсари уруғидан эди. Мазкур Амир замонида Бухорога келиб, хонақоҳ ва мадраса қурдирди.
Ҳижрий 1236 йил да вафот қилди ва Хожа Исҳоқ Калободий мозорининг шарқий томонига дафн этилди.

Яна бир Маслак ул-мутаққин. Барча оғзида достон бўлган муаллифнинг номи негадир тазкира ва тарих китобларида тилга олинмаслиги учун ушбу ўринда бу ҳақда озгина хабар бериб ўтмоқчиман. Муаллифи Сўфи Оллоёр Самарқандий. “Субот ил-ожизин”, “Махзан ул-мутеин” ва “Мурод ил-орифин” ҳам ул зотнинг асарларидир. Оталари Оллоҳқули, укаси Фарҳодбий Отолиқ бўлиб, ўзбакиянинг Самарқанд Миёнколоти хитойлари уруғига мансубдирлар.Абулфайзхон аштархоний салтанати айёмида Самарқанд ҳукуматини бошқарган. “Маслак ул-мутаққин” дебочасида бу ҳақида хабар берган. Ногоҳ тақдир раҳнамо бўлиб, зоҳирий давлатни тарк қилган ва эътиқод қўли билан халифа Наврўз этагини ушлаб, зоҳирий ва ботиний баракатларга эришган. Илми ҳол ва илми қолда юқори даражаларга етишган. Ҳол такмилидан сўнг Миёнколдан Ҳисор Деҳнавига бориб, ўша сарзаминда яшаш тўшагини ташлаган ва ул диёр хосу авомининг пирига айланган. Мавлоно Зоҳид Вахшворий мозори қабтолида манзил ва хонақоҳ қуриб, ҳижрий 1136 йили эса Ҳақ раҳматига етишган ва ўша ерда дафн этилган.
Бу қўлёзма асар олийжаноб котиб…хати билан битилган.

Тож ил-қисас. Ноёб қўлёзма китоб. Жуда хушхат. Мирзо Саййидқули Жўйборий исмли котиб хати билан ҳижрий 1045 йили китобат қилинган. Ҳижрий 1342 йили Бухоро инқилобидан кейин Шўравий Жумҳурияти даврида саккиз дона беш сўмлик рус тилло пулига сотиб олдим. Ушбу рисоламиз ёзилаётган вақтда бу беш сўмлик тилло пул давлатнинг икки юз эллик милион қоғоз пулига тенг эди. Ўшанда Бухорода ярим қадоқ чой 200 милион сўм, чорак қадоқ гўшт 100 милион сўм турарди.

Мулло Жалол Даввоний. Шарҳи мухтасар. Форсча шарҳ. Қудурийнинг “Мухтасар” асари маънолари баён этилган. Аммо буни Мулло Жалол Гўримирийнинг “Мухтасар”га ёзган шарҳи деб билиш керак эмас. Бу шарҳ мусаннифи Мулло Жалол Даввонийдир. Ул зотнинг шуҳрати оламни тутган.

Бу қўлёзмани ҳам инқилобдан сўнг Мулло Амин исмли хўжандлик мударрис дўстим армуғон сифатида совға қилди. Ул зотни бу замоннинг энг пешқадам мударриси десак бўлади. Албатта эвазига бир сарупо ва яна бошқа нарсалар бердим. Бу ҳам менга Ҳақдан етган ато бўлди ва шукрлар айтдим.

Фусулин. Мусаҳҳиҳ ва таҳрир қилинган. Олимлар устози, фозиллар мумтози домла Абдулбоқий Намангоний хати билан битилган. Алар Бухоро сарзаминида “Эшон Намангоний” лақаби билан танилган бўлиб, шу сабабли Бухоро шаҳри раислиги ва қозилиги мансабида ўтирган ўғли Абдулҳамид махдум ҳам “Махдуми Намангоний” номи билан тилга олинади. Илгари бу ҳақида ёзган эдик.

Анвори Суҳайлий. Махдуми Калла лақаби билан танилган файласуф олим ва донишманд Мир Аҳмад махдум Ўвроқ муҳанди – Аҳмад Донишнинг хати билан ёзилган. Гарчи юқорироқда ул зот борасида сўзлаган эсак-да, ҳаммадан устун бўлганлари сабабли такрор бўлса ҳам яна бироз васфини тилга олсак ҳар ҳолда ортиқчалик қилмас.

Бу олим зот жуда хушнавис хаттот ҳам эди. Кўчириб ёзганлари кўп. Масалан “Сияри шариф”, “Равзат ус-сафо”нинг еттита дафтари ва бошқалар. Сўзлашда моҳир нотиқ бўлгани сабабли христианлар ғалаба қозониб, Бухорони руслар босиб олгандан сўнг Амир Саййид Музаффар Баҳодирхон икки давлат ўртасида дўстлик алоқаларини йўлга қўйиш учун Русияга элчи жўнатганида, Рус императори ҳузурига кўпинча Мир Аҳмад Махдумни юборарди.

Хуллас бу олий китобни шўро инқилобидан кейин ўн дона рус тиллосига сотиб олдим. Бу рус тиллосининг ҳар бир донаси икки юз эллик милион рус қоғоз пулига тенг эди.

Маснавии Нозим. Бу ҳам Аҳмад Махдум Ўвроқ Дониш муҳандиснинг хати билан ёзилган. Охирги икки саҳифасида иккита қизил гул чизилган бўлиб, бу жуда чиройли чизилган сурат ҳам Аҳмад Донишнинг ижодидан саналади.
Нархи тўрт дона беш сўмлик тилло танга.

Яна бир Каломи шариф. Олимлар пешвоси ва ҳофизи калом Қори Абдураҳим Қуррои Бухорийнинг муборак хати билан битилган. Қори Абдураҳим Қуръон қироати бобида беназир эди. Бошқа илмлар ҳам унда мужассам бўлиб, тасаввуфда ҳам илғор ва илми қолни Охунд домла Ҳасан алайҳурраҳма ҳузурида камолотга етказганди.

Диний ва яқиний илмларни эгаллагани ҳамда қуръон сирларини яхши англагани учун ҳам Аллоҳнинг муқаддас каломини кўчириб ёзишга журъат қилган.

Амир Саййид Музаффар ва Амир Абдулаҳад ва Амир Олимхон замонида Арки олий имомлиги ва жума кунги кечки намозга салот айтиш ва Жаъфархожа китобхонаси мудирлиги вазифаларида турди. Кўпчилик султонлар унинг диния дарслари марказига қатнашар ва кўп фойда олар эдилар. Кашфу каромат соҳиби эди. Баъзида шеърлар ҳам ёзарди. Шеърдаги тахаллуси “Ёрий” эди. Ҳижрий 1322 йили жума куни тонгида бу дунё билан хайрлашди.

Шунча илмий дарслар ўқитиш ва муҳим вазифаларда туришига қарамай, қуръони каримдан икки юз эллик нусха кўчириб ёзган бўлса, яна шунча миқдорда, балки ундан ҳам кўпроқ нусхада “Далоили хайрот” асарини китобат қилганди. “Панж сура” тўпламини ҳам ўшанча сонда кўчириб ёзган ва бошқа яратган қўлёзма китоблари ҳам кўп.

Бу қорининг асл ватани Хайробод тумани. Шариф умри етмишдан ошганди. Бу қори ҳақидаги гапларимиз такрор бўлди, узр.

Ахлоқи Жалолий. Маънолар ва котиблар отаси, шайхлар пешвоси мавлавий Соқий Муҳаммад Балхий Сончорякийнинг табаррук хати билан битилган. Ул жанобнинг васфи мақтови ҳам юқорида ўтган эди.

Жуда ноёб қўлёзма нусха. Инқилобдан кейин ўн дона рус тиллосига савдолашиб олгандим.

Фавоиди муҳиммата. Мавлавий Жалийнинг укаси мавлавий Абдуллоҳ Балхий хати билан китобат қилинган. Ноёб нусха.

Мухтасари Виқоя. Котиблар тан олган қози мулло Абдулжаббор Ургутийнинг муборак хати билан битилган. Ниҳоятда яхши даражада. Инқилобдан кейин ўнта беш сўмлик тиллога сотиб олганман.

Яна бир Маснавии шариф. Олтита дафтар. Жуда чиройли ёзилган. Олтин суви югуртирилган. Афтидан домла Ниёз Муҳаммад муфтининг ўғли забардаст котиб Мулло Абдулваҳҳоб котиб хати билан китобат қилинган. Улар фатво берувчилар хонадонига мансуб кишилардир.
Қўлёзмани инқилобдан кейин ўн дона тилло пулга сотиб олдим. Худога шукр.

Иршод ут-толиб. Шарҳи манзумат ал-кавокиб фи усули фиқҳ. “Билкавокибий” лақаби билан танилган Муҳаммад ибн Ҳасан асарларидан.

Қасоиди Афғон. Яхши китоб. Юз тангага олгандим. Ҳозир уч юз танга.

Маснавии Нозим. Машҳур котиб Қорабек хати билан ёзилган. Ул зот Шаҳрисабз вилоятидаги Кенагасия уруғидан бўлади. Ҳали ҳеч ким “шикаста” хатини бунга ўхшатиб чиройли даражада ёзган эмас. Бир хил услубда хат битийди. Агар хат бобида пайғамбарлик даъвоси бўлсайди, албатта Қорабек хаттотлар орасида ана шу даъвони қилиб чиққан ёки бошқалар уни “хаттотлар пайғамбари” деб аташган бўлишарди.

Бу қўлёзмани отам ҳазратлари болалигимда тортиқ қилган эдилар.

Яна бир Маснавии Нозим. Бу қўлёзма Мирзо Абдулкарим Хиёбоний хати билан китобат қилинган. Ул зот амир Абдулаҳадхон даври хаттотларининг машҳурларидан ва ул замоннинг хушнавислари бошлиқларидандир. Ўша замоннинг хаттотларидан ва мазкур даврнинг забардаст хушнависларидан ва хат бобида ўта маҳоратли бўлмиш Саййид Сиддиқхон тўра-Ҳашмат бин амир Музаффар

Баҳодирхон ва саййидлик паноҳли қори Сабоҳиддинхон қози Мирзо Абдулкаримни Мир Имод ва Муроддан кам кўрмас эдилар.

Мазкур Мирзо Абдулкарим Хиёбоний вазирлик паноҳли собиқ вазир Остонақул Қўшбегининг нависандаларидан эди. Саййид амир Олим Баҳодирхоннинг тахтга чиқиши бошида мангулик оламига кетди.
Бу қўлёзма нусхани қори Сабоҳиддинхон армуғон сифатида каминага тортиқ қилганди Жуда яхши қўлёзма китобдир.
Нархи минг танга.

Кимиёйи саодат. Ниҳоятда гўзал нусха. Ипак қоғозига ўта хушхатлик билан битилган. Жадвали асл олтин суви югуртириб тортилган. Эски хаттотлардан бирининг хати билан ёзилган. Лекин кимлиги маълум эмас.
Нархи бир минг беш юз танга.

Яна бир Кимиёйи саодат. Қарши султонининг Қорибошилик мансабига мансуб Қори Йўлдош Қаршигийнинг хати билан битилган. Хати ғоятда зебо ва ёқимли эди.
Жуда юмшоқ табиат ва зеҳни ўткир киши эди. Бу қори камина Қарши қозиси пайтим ҳижрий 1334 йили оламдан ўтди.
Бу қўлёзманинг нархи беш юз танга.

Яна бир Кимиёйи саодат.

Мирзо Маъмула. Мирзо Кубро. Мулло Аҳмад. Учта асар бир муқовада. Жуда гўзал қўлёзма нусха.

Рисолаи истиора. Мавлавий Асомиддин. Мавлавий Содиқ. Учта асар бир муқова ичида. “Рисолаи истиора” таниқли котиб қози Абдулжаббор Ургутий хати билан ёзилган. Бу хаттот ҳақида юқорида гапириб ўтдик.

“Мавлавий Асомиддин” ва “Мавлавий Содиқ” шарҳи рисоласи қози Аваз Боқий Ургутий қалами билан китобат қилинган. У мазкур Абдужаббор қозининг шогирди бўлиб, хатни шу устози йўсинида битган.

Хати устозиникига жуда ҳам ўхшаш. Аммо хати унчалик пухта эмас ва ораларида ер билан осмон қадар фарқ бор. Лекин барибир бу соҳа кишилари қози Аваз Боқийни Абдужабборнинг эътиқодли мухлиси сифатида мақташади.

Қози Абдужаббор вафот этгач, Русия давлати қози Аваз Боқийни унинг ўрнига Ургут вилоятига қози қилиб қўйди.
Бу китобнинг нархи беш юз танга.

Айтиш лозимки, бу бир муқовадаги учта асар каминага қози Аваз Боқий Ургутий томонидан ўша Ургут ўлкасидан туҳфа сифатида келган эди.
Латоиф ус-саҳоиф. “Сафий” тахаллусли Мулло Сафиуддин Али ибн мавлоно Ҳусайн Воиз Кошифийнинг асарларидан. Муҳаммадшоҳнинг файзли замонида яратилган. Шоирлардан биттаси Муҳаммадшоҳ мадҳида жуда гўзал бир байт айтган:

Жаҳон аз ин ду Муҳаммад биёфт зийнату жоҳ,
Яке Муҳаммади мурсал, дигар Муҳаммад шоҳ.

Мазмуни:

Жаҳон бу икки Муҳаммаддан топмиш зийнат ва жоҳ,
Бири Муҳаммад пайғамбар, яна бири Муҳаммад шоҳ.

Аҳмад махдум Ўвроқ муҳандис-Дониш ҳам шу йўсинда амир Музаффардан нолиш тарзида айтган эди:

Жаҳон аз ин ду Музаффар хароб гашту табоҳ,
Яке Музаффар ҳофиз, дигар Музаффар шоҳ.

Мазмуни:

Жаҳон бу икки Музаффардан бўлди харобу табоҳ,
Бири Музаффар ҳофиз, иккинчиси Музаффар шоҳ.

(Табоҳ – тубан, вайрон)

Бу асар ажиб латифалар ва ғариб ҳикоялардан ташкил топган. Қўлёзмаси ҳам ёмон эмас, яхши нусха. Хати жуда чиройли.
Нархи уч юз танга.

Мавлавий Ҳасаннинг Ақоидга шарҳи. Ҳошияда Қул Аҳмад (218)…

03

(Tashriflar: umumiy 105, bugungi 1)

Izoh qoldiring