Anvar Suyunov. Ota va o’g’il

022    Дарахтзор бошланадиган қирдан эниб келаётган қора кучук ана шу димиқ ҳароратнинг забтини менсимагандай дам искаланиб, дам тилини осилтириб бир маромда лўккилаб боради. Унинг ортидан, қир томонда қўнғир эшакка мингашиб олган икки кишининг қораси кўринади. Эшак илдам йўрғалагани сайин йўловчиларнинг жуссаси аниқлашиб боради: эгарда соч-соқолига оқ оралаган ўрта ёшли киши. Орқасида оёқларини ликкилатиб келаётган, қовурчини қотган  болакай…

Анвар СУЮНОВ
ОТА ВА ЎҒИЛ
034

033Анвар Суюнов 1983 йилнинг 29 апрелида Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида, Эшмонтўп қишлоғида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини битирган. Газета ва журналларда, телевидениеда ишлаган. Мактабнинг ўн биринчи синфида ўқиб юргандаёқ “Қушларга тўла осмон” номли шеърий тўплами нашр этилган. Ўзининг ёзишича, кейинчалик негадир шеър ёзишга қизиқиши сусайиб кетган ва ҳикоя машқ қила бошлаган. «Назаримда, проза кенгроқдай» деб таъкидлайди у.

034

Бийдай далада саратоннинг зилдай ҳовури кезади.

Қуёшнинг аччиқ нурлари қияламаларда тиккайиб турган шувоқларни қичирлатиб, билқиллаган тупроққа сингиб кетади.

Қиялик этагида ўн беш-йигирма уйли қишлоқ жойлашган, бир томони какраю каррак, маскавагу туяқорин1лар тўшалиб ётган лалми тўқайзорга туташиб кетади. Аслида бу тўқайзор эмас, бир-икки ёввойи бодомни ҳисобга олмаганда, қайрағочзор. Дов-дарахтлар дашт чакалакзори тусини олган. Айни кезда наинки шохи, баргларини қимирлатишга қурби етадиган – қилт этган шабада топилмайди.

Қишлоқ оралаб ўтган – даштга элтадиган чанг йўл қайрағочзорни иккига айириб кесиб ўтган. Тупроғи тўпиқни кўмгудай бу кўчанинг бир-икки ўткинчи билан чўпон-чўлиқдан бошқа йўловчиси ҳам йўқ, икки ёндаги дарахтлар остида саратоннинг дим нафаси қотиб қолган гўё.

Дарахтзор бошланадиган қирдан эниб келаётган қора кучук ана шу димиқ ҳароратнинг забтини менсимагандай дам искаланиб, дам тилини осилтириб бир маромда лўккилаб боради. Унинг ортидан, қир томонда қўнғир эшакка мингашиб олган икки кишининг қораси кўринади. Эшак илдам йўрғалагани сайин йўловчиларнинг жуссаси аниқлашиб боради: эгарда соч-соқолига оқ оралаган ўрта ёшли киши. Орқасида оёқларини ликкилатиб келаётган, қовурчини қотган  болакай. У эгарга кўндаланг қадалган хаскашга қўлларини тираб, оёқлари билан эшакни нуқиб қўяди.

…Йўл лабига яқин ўсган маскавакнинг қуюқ буталари орасидаги муллатўрғай полапонлари сариқ тумшуқчалари орасидан бигиздай тилини чиқариб узоқ-узоқ ютинади. Она муллатўрғай сал илгарироқда, какра тагида бағрини тупроққа бериб ётади. Кучук муллатўрғай уяси ёнидан ўтаётиб нохосдан полапонларга яқинлашиб бораверади.

Соялаб ётган она қуш ўқдай учиб ит олдига яраланган каби шалп этиб тушади. Ит унга отилади. Қуш бир зарб билан сал илгарироққа калта учади. Кучук ликонглаб ортидан тушади.

Бу ҳол яна, яна ва яна такрорланади…

Лаққи ит муллатўрғай инидан олислаб кетади.

Муғомбир қуш пирр этиб дарахт шохига чиқиб олади.

Кўрпадай билқиллаб ётган йўлнинг танобини тортиб бораётган оқсоч киши ортига қараб:
– Кўрдингми, ўғлим, қушлар ҳам анчайин муғомбир чиқади. Анов мўллатўрғай Бўбигингни алдади, – деди.
– Йўғ-е, қайтиб алдайди, – деди бола эгар карсонига3 суяниб, отасининг юзи томон чўзилиб, – қаерда кўрдингиз?

Ота индамади… Узангига оёғини маҳкамроқ тираб, чапга сал энишиб, чўнтагидан носкадисини олди, тиззасига тўқ-тўқ этиб урди:
– Анов маскавакнинг тагида жўжалари борийди. Кучугинг ҳар куни уларни безопта қип ўтади. Сен эътибор қимайсан…

Ота-бола яна нималарнидир чуғурлашиб, сўқмоқ ўрлаган тепалик ортига ўтиб, секин-секин кўринмай кетишди.

***

– Энди, ўғлим, сен жонқа4ларни ғарамлаб тур, мен қўчқорчаларга чирмовуқ билан бўтакўз ўриб келай.
– Дада, анов махсарнинг ораси сийрак, шу ерда чирмовуқ мўл.

Ота ўроғини қўлтиқлаб сариқ-пушти гуллаган махсарпоя пайкалига кириб кетди.
Болакай бамисоли ерга ёпишиб – ер бағирлаб, қулоч отиб-қулоч отиб хаскаш тортади. Хаскаш орасидан тирналган тупроқнинг гарди кўтарилиб, туриб қолади. Боланинг пешонасидан реза-реза тер қуюлади. Тер қуримасидан чанг ўтириб, ойғиз-ойғиз5 – тарам-тарам, кирланган изи қолади.

Ота ва ўғил бепоён дашт ўртасида, толтуш6да, қуёш жамики мавжудотга раҳм қилмай, аччиқ ва зилдай нурларининг исканжасига олган пайтда сомон йиғаётир. Қайдадир, пичан орасидан жизловиқ7нинг чўзиб-чўзиб виз-визлагани дашт саратонининг ўлик сукунатига эш бўлиб учади. Эшак эгарининг қошига илиғлик, устига чопон енги қопланган ва сиртидаги нами сирқиб кетган елим шишадаги сув ҳам эшак ҳар қимирлаганда чайқалиб-чайқалиб қўяди. Ота махсарзор орасидан бир қучоқ кўкпичан кўтариб чиқади. Хуржуннинг икки кўзига пешма-пеш тутамлаб-тутамлаб тиқади. Пешонасидаги шўр босган белбоғини олиб, бўйни ва кўкрагидаги йилтираб турган терни артади. Эгар қошидаги идишдан сув ҳўплайди. Афтини бужмайтириб, оғзини чайиб: “Э-э, Худованди карим, чўғсиз-оловсиз қайнаб кетибди-ку”, – дейди ўзига-ўзи.
– Ҳей, Баҳодир, бери ке, бу ёқнинг хашаги тўшалиб ётибди, – деб ўғлини чақиради, – Қанча бўлди. Бир қанор чиқадими?..

Ўғли хаскашни судраганча иссиқдан эриниб, ишдан бели совиб келади. Гап-сўзсиз хуржуннинг устига чўккалайди.

Ота ўғлининг хатти-ҳаракатларига бепарво ҳолда хаскашни олиб, секин-секин, бир маромда ер тирмалайди. Хаскаш ҳар бориб келганида қовжираган ўт-ўлан ширқ-ширриқ деган шовир чиқаради. Тирналган тупроқда турли-туман ҳашаротлар, лўканглаган туяқумирсқалар югуриклаб қолади. Иссиқнинг зўридан сарғайиб, мўртилиб8 турган мунчоқгулларга темиртишлар тегиши билан омонат турган донлари тўкилиб, пояси ғарамлар орасига қўшилиб кетади. Синиб, кўрпа бўлиб ётган қўнғирбошлар арпа поясининг ичида йўқолиб кетади. Ота бир пасда анча-мунча жойни тозалаб ташлади. Онда-сонда қўлларини тупуклаб хаскаш дастасини қайта тутаётганда ўғлига зимдан қараб қўяди. У шу зайлда бир ош пиширим вақти тўхтамай ишлади. Сўнг беллари увишиб, бўйни қотиб қолганиданми, кўкрагини озод очиб, қулоч отиб керишди. Қоқириниб9, бир кафт нос отди-да, ўғлига:
– Ҳа, болам, жин чалдими дейман, белинг сувуб қолди? – деди хаскашга суяниб. – Ишлагинг йўқ.
– Зерикдим, – деди бола бепарво, – ҳар куни эшак билан сомон ташиймиз. Одамларга ўхшаб уч кун тирнаб трактирда опкетсак камайиб қолармидик?

Ота бирпас ўйланиб турди, яна ишлашда давом этди. Энди сал тепароққа, ангарнинг беткайлиги10га кўтарилди.
– Буёққа ке, хас-хашаги мўл экан, – деб болага юзланди.

Бола отасининг ёнида беҳафсала сомон тирнашга тутинди. Жизирлаган иссиқ увадаси чиққан шапкасидан ўтиб бошини қиздирар, димиқ ҳарорат шижоатини сўндирар эди. Ота бирпас кузатиб турди-да, қаддини ростлаб, увишган суякларига роҳат бериб, белбоғи билан юзларини арта туриб гап бошлади:
– Сен, ўғли-и-им, ишлашдан эринма. Ўн беш қанор оборсанг бир тележка бўлади. Бу – ўн беш минг сўм дегани. Шуни трактрисга бермайман, сенга бераман. Иковимиз фойда қиламиз, тўғрими?
– Сиз барибир менга бермайсиз-ку…
– Нимага бермайман, ўн беш қанор қилсанг аниқ бераман.

– Э-э-э, қўйинг-э, ўтган йили ёзи билан қўйларни боқсанг валасапид обераман девдингиз, аммо…
– Энди-и, ўғлим, валасапид қочиб кетмайди, – деди ота ҳорғин бош эгиб, тик турган хаскаш дастасига тирсак тираб, – ўтган йил бўлмаса, келаси йил оласан.
– Сиз шунақасиз-да, ҳар доим бирор нима обераман деб нуқул алдайсиз, – деди ўғил отасининг юзига қарай олмай. – Майдан бери Ботирни ола сигирни семиртирсанг кастим-шим оласан, деб алдаб келдингиз.

Ота мунғайиб қолди.
Бир оз вақт олис-олисларга, ангар қуймич11идаги ёввойи ўрикзорга тикилди.

Ўғлига тескари бурилиб юз-кўзларини белбоғи билан артди. Кўз олдидан ола сигирини сўйган куни, қассобхонадан қайтганидан сўнг, кенжасининг йилтироқ костюм-шим оламан, деб хархаша қилгани ўтди. Ўшанда у ўғлини, “акангнинг ўқиш пулини тўлаб келай, ортганига Баҳодир икковингга иккитадан кастим-шим обераман”, деб юпатганди.
Афсуски, ола сигирнинг пули бу кўчага урвоқ ҳам бўлмаган, камига иккита совлиқ сотган эди.

Негадир хўрлиги келди. Кўнгли бузилиб, эниш жарлик лабида арқонлоғлиқ турган эшакнинг ортига ўтди ва қизиб турган харсангга чўкди. Қўлларини иягига тираганча, хотирасида йилдан-йилга хира тортиб бораётган ёшлигини эслади:

…болалигида бу ерларга тенг-тўшлари билан жуда кўп келарди. Ҳар сафар мана шу жарларда “шпион-шпион” ўйнарди. У ҳаммадан чаққон ва кучли эди. Жарлар ора яшириниб олган бирорта рақибини тутиб олса, таслим қилгунча қўлларини қайириб қийнарди; ерга ётқизиб оёғини кулуклаб, таёқ солиб бурарди. Шунда ҳар қандай ўжар бола ҳам тобе бўлиб, шу тўда вакилига айланарди…

Ўйин қоидаси шунақа эди.

Ўша кезлари ёши тиззасидан баланд кирза этик кийиб, саратоннинг жазирама кунида дастаси билакдай келадиган хаскаш кўтариб сомон йиғаётган муштдай ўғлидан анча катта, сал кам армияга кетадиган, кап-катта давангирдай йигит эди.

“Нега? – деди у ўзига-ўзи синиқ товушда, – нега булар ўйин ўйнамайди, нега шаҳарларга бориб соя-салқин жойларда дам олиб келмайди, нега бешикдан туша солиб оғир меҳнатнинг азобини тортади… болаларда нима айб?… Йўқ, Раҳмон, ўзинг ношудсан, улар жабр кўрмаслиги керак…”.

Оҳиста жойидан турди.
Ўн беш қадам нарида чанг бурқситиб, ер тирмалаётган ўғли томонга юрди-да, ҳайрон қолди.

Сал кам ер бағирлаб хаскаш тортаётган боланинг терга ботган, териси куйиб, арчилиб кетган яланғоч елкасида қуёшнинг акси ўйнар, бола эса нималардандир аламзада кўринарди. У ҳар хаскаш тортганда сомоннинг майда қипиғи аралаш гард кўпириб, бир қанча вақт учган жойида селгиб, хира тортиб йўқоларди. Қияламада майда ғарамлар потирлаб кетган: сон-саноғи кўринмасди. У катта уюмларни чамалаб кўрди. Кейин эшакнинг ёнига бориб лаш-лушларини йиғиштирди. Қўнғир ҳангини қайта эгарлади. Сўнг қанорни олиб, ғарамларни сола кетди. Бора-бора қанор судралиб, оғирлашиб, тортишга кучи етмай қолди.
– Баҳодирбой, кел энди, мановга ёрдамлаш, – деди ўғлига.

Ота-бола сўзсиз ишлади…
Улар бир-бирига қарай олмади…

Ўғил ортиб қолган учта ғарамни сиғдириш учун қанорни тикка қилиб устида жон-жаҳди билан чўпчилади12. Ерга ётқизиб, оғзидаги мағизлик13дан тортиб, оралиқдаги бўшлиқларга оёғини тиқиб яна иккита уюмни жойлади.
– Қўй, ўғлим, биттаси ортса ортар, шу билан бой бўлармидик, – деди ота эшакни етаклаб келиб.

Ота-бола терга пишиб қолди. Иккаласининг ҳам қора-қизил юзидан сув томчилай бошлади. Қақраган лабларига арпасомоннинг гарди ўтириб, бурмаларида лойшанг14 тарамлар ҳосил қилди.

Ўғил эшакни нўхтасидан ушлаб қопга ўнғайлаб турди.
Ота “ё, биссмилло…” – деб қанорни эгардан оширди.

Ўғлини болдиридан суяб қоп устига чиқарди.
Ўзи нўхтадан машиналар ўтадиган текис йўлга чиққунича тутиб борди.

Қўнғир ҳанги олдинга ўтиб, анча олисларга йўрғалаб кетди.
Ота қўлларини орқасига қайиштириб, қуёшнинг ўткир тиғида танглайи қақраб, носини тупира олмай тебраниб бораверди.

Улар қуёш пешинга тушганда муллатўрғай уяси ёнидан олдинма-кетин ўтиб кетишди.
Бу сафар қора Бўбик қайларгадир санғиб кетган эди.

***

Уйига етиб келганида ўғли қанорни тушириб, хуржунни елкасига олиб молхона томонга шошаётган эди.

…Бўш юрган эшакни сояга тортиб бойлади. Эгарини ечиб, том бўғотидаги қозиққа осди. Эски новга етаклаб бориб эшакни суғорди. Ёнидан ўтиб кетаётган ўғлига:
– Овқатингни еб, дамингни ол, – деди.

Ўзи ошхонага бориб, ҳозиргина муздай қудуқ сувида тайёрланган чалобдан икки коса симирди. Дастурхон ёнига ўтиб яқинда сузилган шўрвани нон бўктириб тановул қила бошлади. Ўчоқ бошида куймаланиб юрган хотини ишларини саранжомлаб келиб:
– Бозордан келув бўйида сомонга кетиб қолибсизми? – деди шўрва шопириб. – Бўрдоқилар қанчага турди?
– Гўрам пул бўлган йўқ, катта сандиқнинг тагида белбоғда турипти, – деди хотинига ўқрайиб. – Шундан ўттиз мингини ол-да, эртага бозорга чиқиб Ботир билан Баҳодирга кастим-шим олиб бер. Шаҳар айланинглар.
Хотини анграйиб қолди…

Бироқ жўяли тахмин топа олмади.
Эри овқатланиб бўлгач, пичирлаб дуо ўқиди-да, юзига фотиҳа тортиб, деразасига оқ сурп қопланган салқин меҳмонхонага кириб кетди.

Тепароқда ётган ўғлининг ёнига тўшанчи ташлади. Кўйлагини ечиб секин чўзилди. Бирпас жим ётди-да, болакайни кузатди. Ўғли кўзларини юмиб уйқу аралаш мудраб ётарди…“Сенлар шопирнинг боласисанлар, мен раиснинг ўғли эдим”, – деди ўзига-ўзи, беихтиёр эшитарли овозда. Яна анча вақт калласидаги тум-тарақай ва алғов-далғов фикрларини ғудраниб гапириб ётди.

Сўнг чалқанчасига ерга ўгирилиб ётиб, минг бир хаёлнинг халтакўчасига кириб кетди…
Шу зайлда ўй суриб ухлаб қолди.

Бу пайтда ўғли унинг ўксикларга тўла ғудранишларини эшитиб ётарди.
Ташқарида эса, саратоннинг аччиқ иссиғи тобора авжига чиқар эди.

09

Anvar SUYUNOV
OTA VA O’G’IL
034

Anvar Suyunov 1983 yilning 29 aprelida Samarqand viloyatining Bulung’ur tumanida, Eshmonto’p qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston davlat jahon tillari universitetining xalqaro jurnalistika fakultetini bitirgan. Gazeta va jurnallarda, televidenieda ishlagan. Maktabning o’n birinchi sinfida o’qib yurgandayoq “Qushlarga to’la osmon” nomli she’riy to’plami nashr etilgan. O’zining yozishicha, keyinchalik negadir she’r yozishga qiziqishi susayib ketgan va hikoya mashq qila boshlagan. «Nazarimda, proza kengroqday» deb ta’kidlaydi u.

034

Biyday dalada saratonning zilday hovuri kezadi.
Quyoshning achchiq nurlari qiyalamalarda tikkayib turgan shuvoqlarni qichirlatib, bilqillagan tuproqqa singib ketadi.

Qiyalik etagida o‘n besh-yigirma uyli qishloq joylashgan, bir tomoni kakrayu karrak, maskavagu tuyaqorin lar to‘shalib yotgan lalmi to‘qayzorga tutashib ketadi. Aslida bu to‘qayzor emas, bir-ikki yovvoyi bodomni hisobga olmaganda, qayrag‘ochzor. Dov-daraxtlar dasht chakalakzori tusini olgan. Ayni kezda nainki shoxi, barglarini qimirlatishga qurbi yetadigan – qilt etgan shabada topilmaydi.

Qishloq oralab o‘tgan – dashtga eltadigan chang yo‘l qayrag‘ochzorni ikkiga ayirib kesib o‘tgan. Tuprog‘i to‘piqni ko‘mguday bu ko‘chaning bir-ikki o‘tkinchi bilan cho‘pon-cho‘liqdan boshqa yo‘lovchisi ham yo‘q, ikki yondagi daraxtlar ostida saratonning dim nafasi qotib qolgan go‘yo.

Daraxtzor boshlanadigan qirdan enib kelayotgan qora kuchuk ana shu dimiq haroratning zabtini mensimaganday dam iskalanib, dam tilini osiltirib bir maromda lo‘kkilab boradi. Uning ortidan, qir tomonda qo‘ng‘ir eshakka mingashib olgan ikki kishining qorasi ko‘rinadi. Eshak ildam yo‘rg‘alagani sayin yo‘lovchilarning jussasi aniqlashib boradi: egarda soch-soqoliga oq oralagan o‘rta yoshli kishi. Orqasida oyoqlarini likkilatib kelayotgan, qovurchini qotgan bolakay. U egarga ko‘ndalang qadalgan xaskashga qo‘llarini tirab, oyoqlari bilan eshakni nuqib qo‘yadi.

…Yo‘l labiga yaqin o‘sgan maskavakning quyuq butalari orasidagi mullato‘rg‘ay polaponlari sariq tumshuqchalari orasidan bigizday tilini chiqarib uzoq-uzoq yutinadi. Ona mullato‘rg‘ay sal ilgariroqda, kakra tagida bag‘rini tuproqqa berib yotadi. Kuchuk mullato‘rg‘ay uyasi yonidan o‘tayotib noxosdan polaponlarga yaqinlashib boraveradi.

Soyalab yotgan ona qush o‘qday uchib it oldiga yaralangan kabi shalp etib tushadi. It unga otiladi. Qush bir zarb bilan sal ilgariroqqa kalta uchadi. Kuchuk likonglab ortidan tushadi.
Bu hol yana, yana va yana takrorlanadi…

Laqqi it mullato‘rg‘ay inidan olislab ketadi.
Mug‘ombir qush pirr etib daraxt shoxiga chiqib oladi.

Ko‘rpaday bilqillab yotgan yo‘lning tanobini tortib borayotgan oqsoch kishi ortiga qarab:
– Ko‘rdingmi, o‘g‘lim, qushlar ham anchayin mug‘ombir chiqadi. Anov mullato‘rg‘ay Bo‘bigingni aldadi, – dedi.
– Yo‘g‘-e, qaytib aldaydi, – dedi bola egar karsoniga suyanib, otasining yuzi tomon cho‘zilib, – qaerda ko‘rdingiz?

Ota indamadi… Uzangiga oyog‘ini mahkamroq tirab, chapga sal enishib, cho‘ntagidan noskadisini oldi, tizzasiga to‘q-to‘q etib urdi:
– Anov maskavakning tagida jo‘jalari boriydi. Kuchuging har kuni ularni be­zopta qip o‘tadi. Sen e’tibor qimaysan…
Ota-bola yana nimalarnidir chug‘urlashib, so‘qmoq o‘rlagan tepalik ortiga o‘tib, sekin-sekin ko‘rinmay ketishdi.

* * *

– Endi, o‘g‘lim, sen jonqa larni g‘aramlab tur, men qo‘chqorchalarga chirmovuq bilan bo‘tako‘z o‘rib kelay.
– Dada, anov maxsarning orasi siyrak, shu yerda chirmovuq mo‘l.
Ota o‘rog‘ini qo‘ltiqlab sariq-pushti gullagan maxsarpoya paykaliga kirib ketdi.

Bolakay bamisoli yerga yopishib – yer bag‘irlab, quloch otib-quloch otib xaskash tortadi. Xaskash orasidan tirnalgan tuproqning gardi ko‘tarilib, turib qoladi. Bolaning peshonasidan reza-reza ter quyuladi. Ter qurimasidan chang o‘tirib, oyg‘iz-oyg‘iz – taram-taram, kirlangan izi qoladi.

Ota va o‘g‘il bepoyon dasht o‘rtasida, toltush da, quyosh jamiki mavjudotga rahm qilmay, achchiq va zilday nurlarining iskanjasiga olgan paytda somon yig‘ayotir. Qaydadir, pichan orasidan jizloviq ning cho‘zib-cho‘zib viz-vizlagani dasht saratonining o‘lik sukunatiga esh bo‘lib uchadi. Eshak egarining qoshiga ilig‘lik, ustiga chopon yengi qoplangan va sirtidagi nami sirqib ketgan yelim shishadagi suv ham eshak har qimirlaganda chayqalib-chayqalib qo‘yadi. Ota maxsarzor orasidan bir quchoq ko‘kpichan ko‘tarib chiqadi. Xurjunning ikki ko‘ziga peshma-pesh tutamlab-tutamlab tiqadi. Peshonasidagi sho‘r bosgan belbog‘ini olib, bo‘yni va ko‘kragidagi yiltirab turgan terni artadi. Egar qoshidagi idishdan suv ho‘playdi. Aftini bujmaytirib, og‘zini chayib: “E-e, Xudovandi karim, cho‘g‘siz-olovsiz qaynab ketibdi-ku”, – deydi o‘ziga-o‘zi.
– Hey, Bahodir, beri ke, bu yoqning xashagi to‘shalib yotibdi, – deb o‘g‘lini chaqiradi. – Qancha bo‘ldi. Bir qanor chiqadimi?..

O‘g‘li xaskashni sudragancha issiqdan erinib, ishdan beli sovib keladi. Gap-so‘zsiz xurjunning ustiga cho‘kkalaydi.

Ota o‘g‘lining xatti-harakatlariga beparvo holda xaskashni olib, sekin-sekin, bir maromda yer tirmalaydi. Xaskash har borib kelganida qovjiragan o‘t-o‘lan shirq-shirriq degan shovir chiqaradi. Tirnalgan tuproqda turli-tuman hasharotlar, lo‘kanglagan tuyaqumirsqalar yuguriklab qoladi. Issiqning zo‘ridan sarg‘ayib, mo‘rtilib turgan munchoqgullarga temirtishlar tegishi bilan omonat turgan donlari to‘kilib, poyasi g‘aramlar orasiga qo‘shilib ketadi. Sinib, ko‘rpa bo‘lib yotgan qo‘ng‘irboshlar arpa poyasining ichida yo‘qolib ketadi. Ota bir pasda ancha-muncha joyni tozalab tashladi. Onda-sonda qo‘llarini tupuklab xaskash dastasini qayta tutayotganda o‘g‘liga zimdan qarab qo‘yadi. U shu zaylda bir osh pishirim vaqti to‘xtamay ishladi. So‘ng bellari uvishib, bo‘yni qotib qolganidanmi, ko‘kragini ozod ochib, quloch otib kerishdi. Qoqirinib , bir kaft nos otdi-da, o‘g‘liga:

– Ha, bolam, jin chaldimi deyman, beling suvub qoldi? – dedi xaskashga suyanib. – Ishlaging yo‘q.
– Zerikdim, – dedi bola beparvo, – har kuni eshak bilan somon tashiymiz. Odamlarga o‘xshab uch kun tirnab traktirda opketsak kamayib qolarmidik?

Ota birpas o‘ylanib turdi, yana ishlashda davom etdi. Endi sal teparoqqa, angarning betkayligi ga ko‘tarildi.
– Buyoqqa ke, xas-xashagi mo‘l ekan, – deb bolaga yuzlandi.

Bola otasining yonida behafsala somon tirnashga tutindi. Jizirlagan issiq uvadasi chiqqan shapkasidan o‘tib boshini qizdirar, dimiq harorat shijoatini so‘ndirar edi. Ota birpas kuzatib turdi-da, qaddini rostlab, uvishgan suyaklariga rohat berib, belbog‘i bilan yuzlarini arta turib gap boshladi:

– Sen, o‘g‘li-i-im, ishlashdan erinma. O‘n besh qanor oborsang bir telejka bo‘ladi. Bu – o‘n besh ming so‘m degani. Shuni traktrisga bermayman, senga beraman. Ikovimiz foyda qilamiz, to‘g‘rimi?
– Siz baribir menga bermaysiz-ku…

– Nimaga bermayman, o‘n besh qanor qilsang aniq beraman.
– E-e-e, qo‘ying-e, o‘tgan yili yozi bilan qo‘ylarni boqsang valasapid oberaman devdingiz, ammo…

– Endi-i, o‘g‘lim, valasapid qochib ketmaydi, – dedi ota horg‘in bosh egib, tik turgan xaskash dastasiga tirsak tirab, – o‘tgan yil bo‘lmasa, kelasi yil olasan.
– Siz shunaqasiz-da, har doim biror nima oberaman deb nuqul aldaysiz, – dedi o‘g‘il otasining yuziga qaray olmay. – Maydan beri Botirni ola sigirni semirtirsang kastim-shim olasan, deb aldab keldingiz.

Ota mung‘ayib qoldi.

Bir oz vaqt olis-olislarga, angar quymich2idagi yovvoyi o‘rikzorga tikildi.

O‘g‘liga teskari burilib yuz-ko‘zlarini belbog‘i bilan artdi. Ko‘z oldidan ola sigirini so‘ygan kuni, qassobxonadan qaytganidan so‘ng, kenjasining yiltiroq kostyum-shim olaman, deb xarxasha qilgani o‘tdi. O‘shanda u o‘g‘lini, “akangning o‘qish pulini to‘lab kelay, ortganiga Bahodir ikkovingga ikkitadan kastim-shim oberaman”, deb yupatgandi.

Afsuski, ola sigirning puli bu ko‘chaga urvoq ham bo‘lmagan, kamiga ikkita sovliq sotgan edi.
Negadir xo‘rligi keldi. Ko‘ngli buzilib, enish jarlik labida arqonlog‘liq turgan eshakning ortiga o‘tdi va qizib turgan xarsangga cho‘kdi. Qo‘llarini iyagiga tiragancha, xotirasida yildan-yilga xira tortib borayotgan yoshligini esladi:

…bolaligida bu yerlarga teng-to‘shlari bilan juda ko‘p kelardi. Har safar mana shu jarlarda “shpion-shpion” o‘ynardi. U hammadan chaqqon va kuchli edi. Jarlar ora yashirinib olgan birorta raqibini tutib olsa, taslim qilguncha qo‘llarini qayirib qiynardi; yerga yotqizib oyog‘ini kuluklab, tayoq solib burardi. Shunda har qanday o‘jar bola ham tobe bo‘lib, shu to‘da vakiliga aylanardi…

O‘yin qoidasi shunaqa edi.

O‘sha kezlari yoshi tizzasidan baland kirza etik kiyib, saratonning jazirama kunida dastasi bilakday keladigan xaskash ko‘tarib somon yig‘ayotgan mushtday o‘g‘lidan ancha katta, sal kam armiyaga ketadigan, kap-katta davangirday yigit edi.

“Nega? – dedi u o‘ziga-o‘zi siniq tovushda, – nega bular o‘yin o‘ynamaydi, nega shaharlarga borib soya-salqin joylarda dam olib kelmaydi, nega beshikdan tusha solib og‘ir mehnatning azobini tortadi… bolalarda nima ayb?… Yo‘q, Rahmon, o‘zing noshudsan, ular jabr ko‘rmasligi kerak…”.

Ohista joyidan turdi.

O‘n besh qadam narida chang burqsitib, yer tirmalayotgan o‘g‘li tomonga yurdi-da, hayron qoldi.

Sal kam yer bag‘irlab xaskash tortayotgan bolaning terga botgan, terisi kuyib, archilib ketgan yalang‘och yelkasida quyoshning aksi o‘ynar, bola esa nimalardandir alamzada ko‘rinardi. U har xaskash tortganda somonning mayda qipig‘i aralash gard ko‘pirib, bir qancha vaqt uchgan joyida selgib, xira tortib yo‘qolardi. Qiyalamada mayda g‘aramlar potirlab ketgan: son-sanog‘i ko‘rinmasdi. U katta uyumlarni chamalab ko‘rdi. Keyin eshakning yoniga borib lash-lushlarini yig‘ishtirdi. Qo‘ng‘ir hangini qayta egarladi. So‘ng qanorni olib, g‘aramlarni sola ketdi. Bora-bora qanor sudralib, og‘irlashib, tortishga kuchi yetmay qoldi.
– Bahodirboy, kel endi, manovga yordamlash, – dedi o‘g‘liga.

Ota-bola so‘zsiz ishladi…
Ular bir-biriga qaray olmadi…

O‘g‘il ortib qolgan uchta g‘aramni sig‘dirish uchun qanorni tikka qilib ustida jon-jahdi bilan cho‘pchiladi . Yerga yotqizib, og‘zidagi mag‘izlik2dan tortib, oraliqdagi bo‘shliqlarga oyog‘ini tiqib yana ikkita uyumni joyladi.
– Qo‘y, o‘g‘lim, bittasi ortsa ortar, shu bilan boy bo‘larmidik, – dedi ota eshakni yetaklab kelib.
Ota-bola terga pishib qoldi. Ikkalasining ham qora-qizil yuzidan suv tomchilay boshladi. Qaqragan lablariga arpasomonning gardi o‘tirib, burmalarida loyshang taramlar hosil qildi.

O‘g‘il eshakni no‘xtasidan ushlab qopga o‘ng‘aylab turdi.
Ota “yo, bissmillo…” – deb qanorni egardan oshirdi.

O‘g‘lini boldiridan suyab qop ustiga chiqardi.
O‘zi no‘xtadan mashinalar o‘tadigan tekis yo‘lga chiqqunicha tutib bordi.

Qo‘ng‘ir hangi oldinga o‘tib, ancha olislarga yo‘rg‘alab ketdi.
Ota qo‘llarini orqasiga qayishtirib, quyoshning o‘tkir tig‘ida tanglayi qaqrab, nosini tupira olmay tebranib boraverdi.

Ular quyosh peshinga tushganda mullato‘rg‘ay uyasi yonidan oldinma-ketin o‘tib ketishdi.
Bu safar qora Bo‘bik qaylargadir sang‘ib ketgan edi.

* * *

Uyiga yetib kelganida o‘g‘li qanorni tushirib, xurjunni yelkasiga olib molxona tomonga shoshayotgan edi.

…Bo‘sh yurgan eshakni soyaga tortib boyladi. Egarini yechib, tom bo‘g‘otidagi qoziqqa osdi. Eski novga yetaklab borib eshakni sug‘ordi. Yonidan o‘tib ketayotgan o‘g‘liga:
– Ovqatingni yeb, damingni ol, – dedi.

O‘zi oshxonaga borib, hozirgina muzday quduq suvida tayyorlangan chalobdan ikki kosa simirdi. Dasturxon yoniga o‘tib yaqinda suzilgan sho‘rvani non bo‘ktirib tanovul qila boshladi. O‘choq boshida kuymalanib yurgan xotini ishlarini saranjomlab kelib:
– Bozordan keluv bo‘yida somonga ketib qolibsizmi? – dedi sho‘rva shopirib. – Bo‘rdoqilar qanchaga turdi?
– Go‘ram pul bo‘lgan yo‘q, katta sandiqning tagida belbog‘da turipti, – dedi xotiniga o‘qrayib. – Shundan o‘ttiz mingini ol-da, ertaga bozorga chiqib, Botir bilan Bahodirga kastim-shim olib ber. Shahar aylaninglar.
Xotini angrayib qoldi…

Biroq jo‘yali taxmin topa olmadi.

Eri ovqatlanib bo‘lgach, pichirlab duo o‘qidi-da, yuziga fotiha tortib, derazasiga oq surp qoplangan salqin mehmonxonaga kirib ketdi.

Teparoqda yotgan o‘g‘lining yoniga to‘shanchi tashladi. Ko‘ylagini yechib sekin cho‘zildi. Birpas jim yotdi-da, bolakayni kuzatdi. O‘g‘li ko‘zlarini yumib uyqu aralash mudrab yotardi…“Senlar shopirning bolasisanlar, men raisning o‘g‘li edim”, – dedi o‘ziga-o‘zi, beixtiyor eshitarli ovozda. Yana ancha vaqt kallasidagi tum-taraqay va alg‘ov-dalg‘ov fikrlarini g‘udranib gapirib yotdi.

So‘ng chalqanchasiga yerga o‘girilib yotib, ming bir xayolning xaltako‘chasiga kirib ketdi…
Shu zaylda o‘y surib uxlab qoldi.
Bu paytda o‘g‘li uning o‘ksiklarga to‘la g‘udranishlarini eshitib yotardi.
Tashqarida esa, saratonning achchiq issig‘i tobora avjiga chiqar edi.

Manba: «Sharq yulduzi» jurnalining 2012 yil 1-soni.

07

(Tashriflar: umumiy 313, bugungi 1)

Izoh qoldiring