Ismoil Bekjon. Navoiy yaratgan kuy

Ashampoo_Snap_2018.02.10_15h25m44s_010_.png    Олийҳазрат амир Алишер мусиқа илмида ҳам шу қадар маҳорат ҳосил қилган эдиларки, агар Муаллими соний Абу Наср Форобий ҳаёт бўлганларида Навоийга шогирдлик сирғасини қулоғига тақиб оларди. У зот қонун ва удда зўр таълим олгандилар… (Хондамирдан)

Исмоил Бекжон
НАВОИЙ ЯРАТГАН КУЙ
08

Ashampoo_Snap_2016.08.23_17h06m55s_021_.pngХондамир, Восифий, Бобур каби муаллифлар ҳазрат Алишер Навоийнинг мусиқадаги илмий ва амалий фаолияти, яъни рисола битиб, ўзи ҳам кўпгина куйлар басталагани, ижрочилик маҳорати ҳамда ёш созандаларга мураббий-устоз бўлгани ҳақида қимматли маълумот берганлар. Бироқ улар ичида Алишер Навоий басталаган куйлардан ҳеч бирининг номи махсус қайд этилмаган. Шу сабабли кўпдан бери олимларимизни Навоий яратган куйлардан биронтасининг номи қўлёзма манбаларда учраб қолиши масаласи қизиқтириб келарди.

Қарангки, ана шундай манба 1556 йил 9 декабрда Самарқандда туғилиб, 1630 йили шу шаҳарда вафот этган Мутрибийнинг «Тазкират уш-шуаро»(1605) асаридан кейин, аниқроғи, 1624 йили ёза бошлаб, биринчи таҳририни 1626 йил декабрида Ҳиндистонда бобурий Жаҳонгир подшоҳга шахсан тақдим этган ва 1628 йили яратган иккинчи таҳрири эса бизгача етиб келган «Нусхайи зебойи Жаҳонгир» тазкираси бўлиб чиқди. Бу тазкира қўлёзма нусхаси Англиядаги «Индия оффис» музейи кутубхонасида сақланган бўлиб, у қўлга киритилгач, Мутрибий маълумоти асосида ушбу сатрлар муаллифи 1996 йили «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси орқали Навоий басталаган куй ҳақида хабар эълон қилди. Мазкур маълумот аслида «Нусхайи зебойи Жаҳонгир»га 1627 йил февралидан кейин илова тарзида киритилган Хотима қисмида зикр этилган бўлиб, бу Хотима камина томонидан «Ҳинд сафари» номи остида ўзбек тилида нашр ҳам қилинди(Мутрибий. Ҳинд сафари. — Махпират номидаги Ўрта Осиё халқлари тарихи институти, 2005).

Афсуски, шунга қарамай, ҳалигача айрим ёш тадқиқотчилар ишларида Алишер Навоий мусиқий фаолияти ҳақида Хондамир ва Бобур маълумотларидан бўлак хабарлар мавжуд эмаслиги қайд этилиб турибди. Шу сабабли бу мавзуга янада ойдинлик киритиб, Хондамир ва Бобур маълумотларини Мутрибий ёзиб қолдирган қимматли фикрлар билан тўлдиришни маъқул топдик.

Хондамир «Хулосат ул-ахбор»нинг Амир Алишер Навоий тарбияси туфайли мусиқада камол топган созандалар бобида шундай ёзади: «Олийҳазрат амир Алишер мусиқа илмида ҳам шу қадар маҳорат ҳосил қилган эдиларки, агар Муаллими соний Абу Наср Форобий ҳаёт бўлганларида Навоийга шогирдлик сирғасини қулоғига тақиб оларди. У зот қонун ва удда зўр таълим олгандилар. Бинобарин, созанда аҳлининг кўпчилиги ҳамиша олийҳазратнинг мулозаматида бўладилар. Ҳофиз Қозоқ ёши улғайиб, оқу қорани ажратадиган бўлиб қолганда олийҳазрат амир Алишер хизматига кирди ва унинг диққат-эътибори орқасида қонун чалишда тенги йўқ кишига айланди… Устод Шоҳқули ҳам ёшлигида амир Алишер хизматида уд ва бошқа мусиқа асбобларини тўла эгаллаб олди ва бир куй тасниф этдики, пешрави пуркордир. Амир Алишер унинг тарбиясига шу қадар киришдики, ундан ортиғини тасаввур қилиб бўлмайди…. Устод Ҳусайн болалигидан то йигитлиги бошларигача амир Алишер остонасида бўлиб, уд чалиш билан машғул ва бу фанда тўла маҳорат ҳосил қилди. Устод Шайхий Ноий ҳам ёшлигидан амир Алишер кўрсатмаси ва истаги билан най чалишга майл билдирди, шу кунларда бу фанда унга тенг келадигани йўқдир».

Кўрганимиздек, Хондамир Алишер Навоийнинг Абу Наср Форобийга ўхшаб мусиқа илми ва амалида рисолалар битиб, куйлар басталагани ва ижрода ҳам тенгсиз бўлганига ишора қилмоқда. Бироқ, бу ўринда Навоий басталаган биронта куй ҳақида махсус маълумот берилмаган.

Бобур мирзо ҳам маълумот ҳавола этишда шундай йўл тутган. «Бобурнома»дан қуйидагиларни билиб оламиз: «Алишербек… мусиқийда яхши нималар боғлабтур. Яхши ­нақшлари ва яхши пешравлари бордур».

Албатта, ҳар иккала тазкирасини ҳам ўзига замондош шоирлар ҳаёти ва адабий фаолияти бўйича тартиб берган Мутрибий Жомий, Алишер Навоий каби ўтмиш ижодкорлар ҳаётидан ҳам бир сабаб билан лавҳалар ҳавола этиб, шеърларидан намуналар келтирса-да, уларнинг мусиқадаги фаолиятига махсус тўхталмаган. Бироқ, у Ҳиндистонда пайти 1627 йил 25 февралидан бошлаб ўзининг Жаҳонгир билан мулоқотларини қаламга олишга киришаркан, ўша учрашувлардан бири асносида Жаҳонгир ундан Ўрта Осиёда яратилган янги куйлардан бирини чалиб беришни сўрагани, Мутрибий подшоҳ истагини бажо келтириб, ана шундай куйлардан бир нечасини ижро этгани хусусида ёзади ва улардан бирига таъриф беришда эса Алишер Навоий басталаган бир нақш(куй)ни тилга олиб ўтишига тўғри келган. Аниқроғи, бу маълумотларда айтилишича, айнан, Мутрибий чалиб ва ашула қилиб айтган мазкур куйлардан бири Алишер Навоий яратган бир мусиқа асари услубида басталанган бўлиб, Навоий яратган куй номи ана шу тариқа «Нусхайи зебойи Жаҳонгир»да қайд этиб кетилган:

«Жаҳонгир подшоҳ дедилар: — Кеча ширин овозли булбул Фасиҳхон тазкирангизни ўқиб, назаримиздан ўткарди. Тазкирангизда амакимиз Муҳаммад Ҳаким мирзо воқеаси ҳам зикр этилган экан. У зотнинг мусиқа илмининг амалий ва илмий истилоҳларини билишлари хусусида ёзиб, ўзингиз ҳам мусиқага доир айрим тушунчаларни зикр этгансиз. Демак, охунднинг ўзлари ҳам бу фан амали ва илмидан яхшигина хабардор кўринадилар. «Мутрибий» тахаллуси ҳам шу маънодан дарак бериб турибди-ку, ахир. Агар саройимиздагилар ҳузурида бу илм амалиётидан биронта намуна кўрсатсалар — нақшми ё биронта амалми, қавл бўладими, савтми ёки битта пешравми айтиб берсалар ёмон бўлмасди. Сарой аҳли мириқиб тингларди.

… Шундан сўнг доира келтиришди, мен эсам йиғилганлар доирасида доирани қўлимга олиб: — Қиблайи олам, қайси оҳангда куйлай ва қайси бастакорнинг таснифини айтай? — деб сўрадим.

— Бузруквор отамиз олий йиғинларида эски бастакорлар асарларини кўп эшитганмиз. Аммо, кўнглимизда Абдуллахон ўзбак замонида яшаган устод Али Дўст Ноий таснифларидан эшитишга кўпроқ майл ва иштиёқ бор. Агар биронтаси ёдингизда бўлса, ўшани айтсангиз! — дедилар подшоҳ.

Устодим Али Дўст Ноий «Ироқ» оҳангида нимсақл боғлаган савтил-амални айтишга тушдим. Бу савтнинг бозгусида андозий усули бор. Сархонаси Ироқда ва миёнхонаси Ҳусайнийда, бозгуси Уззолдадир. Нақорати аввалида бир неча мустаҳал ҳам келади. Бу амални тўла тугатгач, подшоҳ менга қараб:

— Баракалло, жуда яхши айтдингиз. Зарб ва нутқ бир-бирига мувофиқ ва мос ҳолда ижро этилди. Улар орасида ихтилоф бўлмади, — дедилар.

Шундан сўнг «Сегоҳ» оҳангида, Амир Алишернинг «Ҳусайний» оҳангида «турк зарб» усули билан Султон Ҳусайн мирзо нозу ниёзида яратган ва мазкур устод Али Дўст Ноийда ҳам бор нақш услубидаги бир нақшни «Даври шоҳий» усули билан айтиб бердим. Кейин, мазкур устодим Абдуллахон номига «Нишовурак» оҳангида фаръ усули билан басталаган бир савтни ҳам ижро этдим. Буларни эшитгач, подшоҳи олам: — Офарин, тинг­лаб бир мисқол бўлдик. Сизни бошқа уринтирмаймиз, етади, бас, — дея лутф этдилар».

Бу маълумот орқали биз иккита хулосага келамиз: демак, Алишер Навоий яратган куй «Ҳусайний» оҳангида «турк зарб» усули билан Султон Ҳусайн Бойқаро ва Навоий ўртасидаги дўстона муносабатга бағишлаб яратилган нақш экан. Қолаверса, бу нақш(куй) буюк мутафаккир шоиримиз вафотидан 125 йил кейин ҳам ўша ном билан халқ орасида ижро этилиб турган ва Навоийнинг дўсти машҳур мусиқачи, бастакор устод Алишоҳ шогирдларига шогирд бўлмиш ўрта осиёлик Устод Али Ноий каби шогирдларига асрлар оша янги куйлар яратишида илҳом бағишлаб, кўрганимиздек, Мутрибий цингари созанда, мусиқашунослар эса уни ўз ижроси орқали юртлар оша тарғиб қилганлар.

Манбаъ: “Маърифат” газетаси

Ashampoo_Snap_2016.11.04_16h29m03s_006_.pngOliyhazrat  amir Alisher musiqa ilmida ham shu qadar mahorat hosil qilgan edilarki,  agar Muallimi soniy Abu Nasr Forobiy hayot bo‘lganlarida Navoiyga  shogirdlik sirg‘asini qulog‘iga taqib olardi. U zot qonun va udda zo‘r  ta’lim olgandilar… (Xondamirdan)

Ismoil Bekjon
NAVOIY YARATGAN KUY
08

Ashampoo_Snap_2016.08.23_17h04m33s_016_.pngXondamir, Vosifiy, Bobur kabi mualliflar hazrat Alisher Navoiyning musiqadagi ilmiy va amaliy faoliyati, ya’ni risola bitib, o‘zi ham ko‘pgina kuylar bastalagani, ijrochilik mahorati hamda yosh sozandalarga murabbiy-ustoz bo‘lgani haqida qimmatli ma’lumot berganlar. Biroq ular ichida Alisher Navoiy bastalagan kuylardan hech birining nomi maxsus qayd etilmagan. Shu sababli ko‘pdan beri olimlarimizni Navoiy yaratgan kuylardan birontasining nomi qo‘lyozma manbalarda uchrab qolishi masalasi qiziqtirib kelardi.

Qarangki, ana shunday manba 1556 yil 9 dekabrda Samarqandda tug‘ilib, 1630 yili shu shaharda vafot etgan Mutribiyning “Tazkirat ush-shuaro”(1605) asaridan keyin, aniqrog‘i, 1624 yili yoza boshlab, birinchi tahririni 1626 yil dekabrida Hindistonda boburiy Jahongir podshohga shaxsan taqdim etgan va 1628 yili yaratgan ikkinchi tahriri esa bizgacha yetib kelgan “Nusxayi zeboyi Jahongir” tazkirasi bo‘lib chiqdi. Bu tazkira qo‘lyozma nusxasi Angliyadagi “Indiya offis” muzeyi kutubxonasida saqlangan bo‘lib, u qo‘lga kiritilgach, Mutribiy ma’lumoti asosida ushbu satrlar muallifi 1996 yili “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi orqali Navoiy bastalagan kuy haqida xabar e’lon qildi. Mazkur ma’lumot aslida “Nusxayi zeboyi Jahongir”ga 1627 yil fevralidan keyin ilova tarzida kiritilgan Xotima qismida zikr etilgan bo‘lib, bu Xotima kamina tomonidan “Hind safari” nomi ostida o‘zbek tilida nashr ham qilindi(Mutribiy. Hind safari. — Maxpirat nomidagi O‘rta Osiyo xalqlari tarixi instituti, 2005).

Afsuski, shunga qaramay, haligacha ayrim yosh tadqiqotchilar ishlarida Alisher Navoiy musiqiy faoliyati haqida Xondamir va Bobur ma’lumotlaridan bo‘lak xabarlar mavjud emasligi qayd etilib turibdi. Shu sababli bu mavzuga yanada oydinlik kiritib, Xondamir va Bobur ma’lumotlarini Mutribiy yozib qoldirgan qimmatli fikrlar bilan to‘ldirishni ma’qul topdik.

Xondamir “Xulosat ul-axbor”ning Amir Alisher Navoiy tarbiyasi tufayli musiqada kamol topgan sozandalar bobida shunday yozadi: “Oliyhazrat amir Alisher musiqa ilmida ham shu qadar mahorat hosil qilgan edilarki, agar Muallimi soniy Abu Nasr Forobiy hayot bo‘lganlarida Navoiyga shogirdlik sirg‘asini qulog‘iga taqib olardi. U zot qonun va udda zo‘r ta’lim olgandilar. Binobarin, sozanda ahlining ko‘pchiligi hamisha oliyhazratning mulozamatida bo‘ladilar. Hofiz Qozoq yoshi ulg‘ayib, oqu qorani ajratadigan bo‘lib qolganda oliyhazrat amir Alisher xizmatiga kirdi va uning diqqat-e’tibori orqasida qonun chalishda tengi yo‘q kishiga aylandi… Ustod Shohquli ham yoshligida amir Alisher xizmatida ud va boshqa musiqa asboblarini to‘la egallab oldi va bir kuy tasnif etdiki, peshravi purkordir. Amir Alisher uning tarbiyasiga shu qadar kirishdiki, undan ortig‘ini tasavvur qilib bo‘lmaydi…. Ustod Husayn bolaligidan to yigitligi boshlarigacha amir Alisher ostonasida bo‘lib, ud chalish bilan mashg‘ul va bu fanda to‘la mahorat hosil qildi. Ustod Shayxiy Noiy ham yoshligidan amir Alisher ko‘rsatmasi va istagi bilan nay chalishga mayl bildirdi, shu kunlarda bu fanda unga teng keladigani yo‘qdir”.

Ko‘rganimizdek, Xondamir Alisher Navoiyning Abu Nasr Forobiyga o‘xshab musiqa ilmi va amalida risolalar bitib, kuylar bastalagani va ijroda ham tengsiz bo‘lganiga ishora qilmoqda. Biroq, bu o‘rinda Navoiy bastalagan bironta kuy haqida maxsus ma’lumot berilmagan.

Bobur mirzo ham ma’lumot havola etishda shunday yo‘l tutgan. “Boburnoma”dan quyidagilarni bilib olamiz: “Alisherbek… musiqiyda yaxshi nimalar bog‘labtur. Yaxshi ­naqshlari va yaxshi peshravlari bordur”.

Albatta, har ikkala tazkirasini ham o‘ziga zamondosh shoirlar hayoti va adabiy faoliyati bo‘yicha tartib bergan Mutribiy Jomiy, Alisher Navoiy kabi o‘tmish ijodkorlar hayotidan ham bir sabab bilan lavhalar havola etib, she’rlaridan namunalar keltirsa-da, ularning musiqadagi faoliyatiga maxsus to‘xtalmagan. Biroq, u Hindistonda payti 1627 yil 25 fevralidan boshlab o‘zining Jahongir bilan muloqotlarini qalamga olishga kirisharkan, o‘sha uchrashuvlardan biri asnosida Jahongir undan O‘rta Osiyoda yaratilgan yangi kuylardan birini chalib berishni so‘ragani, Mutribiy podshoh istagini bajo keltirib, ana shunday kuylardan bir nechasini ijro etgani xususida yozadi va ulardan biriga ta’rif berishda esa Alisher Navoiy bastalagan bir naqsh(kuy)ni tilga olib o‘tishiga to‘g‘ri kelgan. Aniqrog‘i, bu ma’lumotlarda aytilishicha, aynan, Mutribiy chalib va ashula qilib aytgan mazkur kuylardan biri Alisher Navoiy yaratgan bir musiqa asari uslubida bastalangan bo‘lib, Navoiy yaratgan kuy nomi ana shu tariqa “Nusxayi zeboyi Jahongir”da qayd etib ketilgan:

“Jahongir podshoh dedilar: — Kecha shirin ovozli bulbul Fasihxon tazkirangizni o‘qib, nazarimizdan o‘tkardi. Tazkirangizda amakimiz Muhammad Hakim mirzo voqeasi ham zikr etilgan ekan. U zotning musiqa ilmining amaliy va ilmiy istilohlarini bilishlari xususida yozib, o‘zingiz ham musiqaga doir ayrim tushunchalarni zikr etgansiz. Demak, oxundning o‘zlari ham bu fan amali va ilmidan yaxshigina xabardor ko‘rinadilar. ”Mutribiy» taxallusi ham shu ma’nodan darak berib turibdi-ku, axir. Agar saroyimizdagilar huzurida bu ilm amaliyotidan bironta namuna ko‘rsatsalar — naqshmi yo bironta amalmi, qavl bo‘ladimi, savtmi yoki bitta peshravmi aytib bersalar yomon bo‘lmasdi. Saroy ahli miriqib tinglardi.

… Shundan so‘ng doira keltirishdi, men esam yig‘ilganlar doirasida doirani qo‘limga olib: — Qiblayi olam, qaysi ohangda kuylay va qaysi bastakorning tasnifini aytay? — deb so‘radim.

— Buzrukvor otamiz oliy yig‘inlarida eski bastakorlar asarlarini ko‘p eshitganmiz. Ammo, ko‘nglimizda Abdullaxon o‘zbak zamonida yashagan ustod Ali Do‘st Noiy tasniflaridan eshitishga ko‘proq mayl va ishtiyoq bor. Agar birontasi yodingizda bo‘lsa, o‘shani aytsangiz! — dedilar podshoh.

Ustodim Ali Do‘st Noiy “Iroq” ohangida nimsaql bog‘lagan savtil-amalni aytishga tushdim. Bu savtning bozgusida andoziy usuli bor. Sarxonasi Iroqda va miyonxonasi Husayniyda, bozgusi Uzzoldadir. Naqorati avvalida bir necha mustahal ham keladi. Bu amalni to‘la tugatgach, podshoh menga qarab:

— Barakallo, juda yaxshi aytdingiz. Zarb va nutq bir-biriga muvofiq va mos holda ijro etildi. Ular orasida ixtilof bo‘lmadi, — dedilar.

Shundan so‘ng “Segoh” ohangida, Amir Alisherning “Husayniy” ohangida “turk zarb” usuli bilan Sulton Husayn mirzo nozu niyozida yaratgan va mazkur ustod Ali Do‘st Noiyda ham bor naqsh uslubidagi bir naqshni “Davri shohiy” usuli bilan aytib berdim. Keyin, mazkur ustodim Abdullaxon nomiga “Nishovurak” ohangida far’ usuli bilan bastalagan bir savtni ham ijro etdim. Bularni eshitgach, podshohi olam: — Ofarin, ting­lab bir misqol bo‘ldik. Sizni boshqa urintirmaymiz, yetadi, bas, — deya lutf etdilar».

Bu ma’lumot orqali biz ikkita xulosaga kelamiz: demak, Alisher Navoiy yaratgan kuy “Husayniy” ohangida “turk zarb” usuli bilan Sulton Husayn Boyqaro va Navoiy o‘rtasidagi do‘stona munosabatga bag‘ishlab yaratilgan naqsh ekan. Qolaversa, bu naqsh(kuy) buyuk mutafakkir shoirimiz vafotidan 125 yil keyin ham o‘sha nom bilan xalq orasida ijro etilib turgan va Navoiyning do‘sti mashhur musiqachi, bastakor ustod Alishoh shogirdlariga shogird bo‘lmish o‘rta osiyolik Ustod Ali Noiy kabi shogirdlariga asrlar osha yangi kuylar yaratishida ilhom bag‘ishlab, ko‘rganimizdek, Mutribiy singari sozanda, musiqashunoslar esa uni o‘z ijrosi orqali yurtlar osha targ‘ib qilganlar.

Manba’: “Ma’rifat” gazetasi

01

(Tashriflar: umumiy 506, bugungi 1)

Izoh qoldiring