O’rozboy Abdurahmonov. Berdaq dunyosi va she’rlari.

022
“Денгиз балиғини бермади…”, деб нола қилган шоирнинг дунёга келиши ҳақида халқ орасида ҳар хил ривоятлар юради. Ушбу сатрларни ўқиган бугунги авлод ўша пайтлари ҳам Орол чекиниб кетган экан-да, деб ўйлаши мумкин. Йўқ, денгиз ҳам, дарё ҳам балиққа тўла бўлган, лекин кемалару ов қуроллари зўравонларнинг қўлларида эди, баъзи жойларда камбағалларга ов қилиш маън этилганди. Балиқларга тўла дарё ва денгиздан камбағалнинг ризқи-насибасини Оллоҳдан сўраб, юртдошларини сабр-тоқат ва бардошлиликка даъват этган шоир бу дунёдан адолат ва эркинлик излаган эди.

05
БЕРДАҚ ДУНЁСИ
Ўрозбой Абдураҳмонов,
Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси

06

021Ҳар бир халқнинг ўз маънавий қадриятлари ва миллий ғурурига айланган алломалари бор. Навоий, Пушкин, Абай, Махтумқули, Тўхтағул ва Бердақ сиймоларида дунё халқлари ўзбек, рус, қозоқ, туркман, қирғиз ва қорақалпоқ халқларини кўз ўнгига келтиради.

Бердимурот ҳақнинг қули
Саҳронинг сариғ булбули —

деб куйлаган шоир Бердимурод Қарғабой ўғли ҳозирги Мўйноқ туманининг Амударёни Оролга туташтирган ирмоқлар соҳилидаги оддий қорақалпоқ оиласида (1827 йили 27 ноябр) таваллуд топган.
“Денгиз балиғини бермади…”, деб нола қилган шоирнинг дунёга келиши ҳақида халқ орасида ҳар хил ривоятлар юради. Ушбу сатрларни ўқиган бугунги авлод ўша пайтлари ҳам Орол чекиниб кетган экан-да, деб ўйлаши мумкин. Йўқ, денгиз ҳам, дарё ҳам балиққа тўла бўлган, лекин кемалару ов қуроллари зўравонларнинг қўлларида эди, баъзи жойларда камбағалларга ов қилиш маън этилганди. Балиқларга тўла дарё ва денгиздан камбағалнинг ризқи-насибасини Оллоҳдан сўраб, юртдошларини сабр-тоқат ва бардошлиликка даъват этган шоир бу дунёдан адолат ва эркинлик излаган эди. Ўз замонасида кўп жабру жафо тортган Бердақнинг замондош жияни шоир Утешнинг таъкидлашича, Бердақнинг онасига қовун уруғидан қалин тўланган экан…
Саҳро кенглиги ва донолигини ўз ижодида мужассам этган Бердақ дунёвий тамаддундан анча четда туриб, Арасту, Афлотун, Навоий, Фузулий, Махтумқули сингари алломалар асарларидан қандай сабоқ олгани ҳам маълум. У аввал овул мактабида, сўнгра Қорақум эшон мадрасасида таҳсил олиб, Урганч, Бухоро сафарларида ҳам маърифат нурларини излаган эди.

Навоийдан савод очиб,
Фузулийдан дурлар сочиб…
Махтумқулини ўқиганда…
Сўзин тавоб қилар эдим —

деб дунёвий маънавият ва илм-фандан мадад излаган Бердақ ижоди Арасту “Поэтика”сининг: “Ҳамдардлик ва даҳшат уйғотиш” бобидаги бадиий асарларга қўйилган талабларга ҳамоҳангдир. Дарҳақиқат, “Поэзияда табиий нарсани одам ишонмайдиган қилиб тасвирлашдан кўра ғайритабиий нарсани ишонарли қилиб тасвирлаш яхшироқдир”, деб ёзади Арасту.
Бердақ поэзиясида, айниқса, унинг “Аҳмоқ подшо”, “Омонгелди”, “Ойдосбобо”, “Эрназарбий” достонларидаги бадиий маҳорат Арастунинг қўйган талабларга ҳамоҳанглиги адабиётшуносликда аллақачон қайд этилган. Лекин ХХ аср қорақалпоқ адабиёти тарихида Бердақ мероси бир-бирини рад этадиган зиддиятли қарашларга сабаб бўлди.
Шўро даврининг ғоявий қарашларида октябр тўнтаришигача қорақалпоқ халқининг 0,2 фоизигина саводли, уларнинг кўпчилиги диндор, деган ҳақиқатга зид маълумотлар айтилар, шу боис, Бердақ нафақат саводли, балки дунёвий илмларни эгаллаган аллома, шоир бўлса-да, реакцион диндорлар тоифасига киритиларди. “У Қорақум эшонга қўл берган сўфи эди”, дейишган эди 1930 — 50-йиллардаги адабий-сиёсий баҳсларда баъзи олимлар. Бердақнинг “реакцион шоир”лиги тасдиғини топмагач, ўша олимлар юзини тескари буриб, уни ғирт атеист бўлганини исботлашга ўтишган. “Йўқ, — деди таниқли олим Нажим Давқораев, — Бердақ диндор ҳам эмас, атеист ҳам эмас, у ўз халқининг дарди билан яшаб ўтган ҳақиқий халқчил классик шоир”.
Бердақ ижоди асл моҳиятини очиб, унинг пок номини тиклаш йўлидаги ҳаракатлари собиқ марказ кўрсатмаларга зид келиб, Нажим Давқораевга туҳмат тошлари отилди. Олим партиядан ўчирилиб, қамоққа олиниш арафасида оламдан кўз юмди. Шундан кейин Бердақ ижодига бағишланган адабий-илмий тадқиқотларда унинг ижоди комфирқа ғояларга ҳамоҳанглиги, ватанпарварлиги ва фалсафий-атеистик қарашлари тўғрисида номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳимоя қилинди…
Мустақиллик даврига келибгина Бердақ ижоди тўғрисидаги ортиқча баҳслар тўхтаб, шоир меросининг янги қирралари очилди.

Шод қилиш учун Ватанни,
Бахт йўлини излар эдим…

Бердақнинг “Халқ учун”, “Яхшироқ”, “Солиқ”, “Керак”, “Излар эдим” сингари шеърларидаги ҳаёт ҳақиқатининг бадиий ҳақиқатга айланиши шоир дунёсининг донолигини исботласа, унинг “Шажара”си (“Йилнома”си) халқларимиз тарихини ўрганишда асосий манбалардан ҳисобланади. Тарихда “Шажара”да камдан-кам алломалар ижод қилган. Бердақ “Шажара”сида тарихчи ва шоир уйғунлигини кўрамиз. Лекин Арасту ёзади: “Тарихчи ва шоирнинг фарқи бири вазндан фойдаланиб, бошқаси фойдаланмаслигида эмас. Геродот асарлари шеърга солинганида ҳам, вазнсиз бўлганда ҳам сира тарих бўлмай қолмас эди. Тарихчи ва шоир шу билан тафовутланадики, бири ҳақиқатдан бўлган воқеа ҳақида, иккинчиси бўлиши мумкин бўлган воқеа тўғрисида сўзлайди. Шунинг учун поэзия тарихга қараганда фалсафийроқ ва жиддийроқдир: поэзия кўпроқ умумий, тарих эса алоҳида нарса тўғрисида сўзлайди.”.

Шоирлар қалам олғали,
Хатқа тўғри солган эмас —

деб куйлайди Бердақ. Эътибор берсангиз, Арастунинг “Поэтика” асари билан Бердақнинг “Бўлган эмас” шеърининг ёзилган вақтлари орасидаги тафовут ХХ асрни ташкил этади. Лекин “Шажара” мисолида Бердақнинг ўзи тан олган ҳақиқатга таянсак, фикрлар якдиллигида давр ёки макон билан боғлиқ тафовут йўқдек.
Бердақ поэтикасининг такрорланмас бир қирраси унинг инсоний мардлиги. У ўзининг ҳақ сўзини айтишда на золим душман қиличидан, на жаллод доридан қўрқмаган:

Бултургидан бу йил ёмон,
Энди қандай бўлди замон,
Камбағаллар қолмай омон,
Ўн тилладан келди солиқ.

Ўз даврининг қози-бекларига, зўравонларига қарши очиқ-ойдин ҳақиқатни шеър билан битиш шоирларнинг мардигагина насиб этади. Шунинг учун ҳам, машҳур қирғиз адиби Чингиз Айтматов Бердақ ижоди билан танишганидан сўнг: “Бердақ — ҳақиқатнинг олдида йигит бўлиб қолди”, деганди.
Бердақ асарлари кўпгина жаҳон тилларига таржима қилинган. Айниқса, ўзбек тилида Миртемир ва Шуҳрат домлалар, рус тилида Семён Липкин ва Наум Гребневнинг таржималари машҳур.
Бугунги кунда Бердақнинг адабий мероси янги авлоднинг баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилаётир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 48-сонидан олинди.

055
Бердимурод Қарғабой ўғли Бердақ
ШЕЪРЛАР
Миртемир ва Янгибой Қўчқор таржимаси
054

ХАЛҚ УЧУН

Йигит бўлсанг арслон каби туғилган,
Ҳамиша сен хизмат этгил халқ учун,
Йигит бўлсанг арслон каби туғилган,
Ўзим демай, ғамхўрлик қил халқ учун.

Бердимурод, ўйлаб айтгил сўзингни,
Кўтарма, лоф уриб, фақат ўзингни,
Қизартмагай биров сенинг юзингни,
Қўлдан келса, хизмат айла халқ учун.

Етарсан муродга, гар хизмат этсанг,
Элинг йўллаганда ҳар қаён кетсанг,
Ҳар қачон душманнинг бошига етсанг,
Куч аямай, хизмат айла халқ учун.

Йигит киши одам дилин эритар,
Айтган сўзин болдан ширинроқ айтар,
Бир айтган сўзидан қайтмасдан кетар,
Айнимасдан хизмат этар халқ учун.

Золимлар тингламас фақирнинг зорин,
Улар ўйлар ўз фойдасин, ўз корин,
Ҳеч қачон золимлар қўлдаги борин
Эп кўрмаслар, бор бўлса-да, халқ учун.

Йигит деган яхши билимдон бўлур,
Билим, ҳунар йигит учун шон бўлур,
Ақлсизлар иши кўп ёман бўлур,
Аҳмоқлар ҳеч хиэмат этмас халқ учун.

Хизмат қил-у, юрма тағин дод этиб,
Душманни йиғлатгин, дўстни шод этиб,
Ота-ю онани доим ёд этиб,
Хизмат айла ота-она ҳаққи-чун.

Йигит кирмас фосиқларнинг сўзига,
Асло тушмас манманликнинг изига,
Гъайрат бериб ўлганича ўзига,
Хизмат этар мудом қондош халқ учун…

Бўри ҳеч вақт ўз дардини билдирмас,
Яхши одам дунгманини кулдирмас,
Қўлдан келса унга даврон сурдирмас,
Эр йигитнинг жони қурбон халқ учун.

Сен, эй кўнглим, ўйла, осийлик этма,
Манманлик айлаб ноҳаққа кетма,
Душманларга асло сирингни айтма,
Яхши бўлур ишинг чандон халқ учун.

Ёш йигитга номус керак, ор керак,
Бўйи хипча, гўзал, нозли ёр керак,
Узоқ йўлга кетса, қатор нор керак,
Яхши йигит хизмат этар халқ учун-

Берайин бўлажак ишларни сўйлаб,
Асло иш қилмангиз ёмонлик ўйлаб,
Юз ўлчаб, бир кесинг, ишни соз айлаб,
Бор кучинпни сарф айлагил халқ учун.

Эй йигит, ишингда хомлик бўлмасин,
Гъуичаласа гулинг, ҳаргиз сўлмасин,
Билак кучли бўлиб, қўлинг толмасин,
Бор кучингни сарф айлагил халқ учун.

Дўстлик билан ҳар бир ишда шай турсанг,
Жон аямай эл-юрт учун иш қилсанг,
Қайғуланмай, улуғ ишга қўл урсанг,
Шунда менинг кўнглим ўсар халқ учун.

Мард йигитни агар севса элати,
Кундан-куяга ортар унинг қуввати,
Ортида қолади йигитнинг оти,
Шунинг учун хизмат этар халқ учун.

Бу замонда жабру жафо чекарман,
Қора кўздан қонли ёшлар тўкарман,
Золимларнинг зулмин кўриб сўкарман,
Куйганликдан жон қийналур халқ учун.

Бўлмади ҳеч ерда манзил-маконим,
Заҳру заққум бўлди ичган-эганим.
Айтсам-да, бўлмади менинг деганим,
Куйганликдан жон қийналур халқ учун.

Бердимурод, ҳақиқатни изладинг,
Мудом элга тўғри йўлни кўзладинг,
Ёвузлардан қўрқмай, ҳақни сўзладинг,
Жон-танингни бердинг доим халқ учун.

Қувват бергай сўзим нозик белларга,
Мадад бергай тоза ғунча гулларга,
Бахт келармикин бизнияг элларга?
Ўлгунча айтарман сўзни халқ учун.

Йигитлар, айтайин, тингланг зоримни,
Мен баён этайин арзу хрлимни,
Гъам-ғуссалар олар бўлди жонимни,
Бердимурод айтар дардин халқ учун.

Ажал етиб ўлсам шу кунда ўзим,
Кетимда қолади ўлмайин оўзим,
Тирикликда кўрди кўпларни кўзим,
Фарқин билган хизмат этар халқ учун.

Бердимурод, ўйлаб сўзингни кўргил,
Юрган сўқмоқлардан изингни кўргил,
Қайғу чекмай ғарибларга қўл бергил,
Шунда ишинг бўлур фақир халқ учун.

Кўп йиғлама, ўз бағрингни доғлама,
Созни чертиб, элдан ўзга чоғлама,
Душмандан хавф этиб, йўлинг боғлама,
Умр бўйи хизмат айла халқ учун.

Яхши бўлсанг муродингга етарсан,
Неча манзил, хавфли жойдан ўтарсан,
Ёмон бўлсанг, оҳу фиғон этарсан,
Ёмонни учратсанг даф қил халқ учун.

Ёмон одам билмас сўзнинг фарқини,
Қадрин билмас оға-ини, халқининг,
Кўтармоқчи бўлар ўзин донғини;
Ёмонни учратсанг даф қил халқ учун.

Яхши одам сўз маъносин англайди,
Ёмон одам бузуқ сўзни тинглайди,
Нодон одам асло сўзга кирмайди,
Менинг кўнглим вайрон бўлар халқ учун.

Яхши одам ёқар ширин жонингга,
Ёмон одам бўяр қизил қонингга,
Қўл чўзади яна еган нонингга,
Ёмондан нафратлан ҳамон халқ учун.

Оғалар, бўлди-ку бағрим юз пора,
Бу дунёда қайғу ошар тобора,
Эл кезаман чинлик излаб, овора,
Тинмай хизмат қилсам дейман халқ учун.

Яхши йигитларнинг феъли тор бўлмас,
Яхшиларга ёмон ишлар кор бўлмас,
Беодоблик ишлар ёдига келмас,
Шу сабабли кўнглинг тўлар халқ учун.

Рост айт, Бердимурод, сўзлама ёлғон,
Бу дунё — узоқ йўл, отангдан қолган,
Юрар бу замонда фақат ақл олган,
Яхшилар хизматин қилар халқ учун.

Одам айтур одамга хуш сўзларин,
Маълум этмас нохақларга изларин,
Кўрганини айтур менинг кўзларим,
То ўлгунча хизмат этай халқ учун.

Ақллилар билур сўзнинг фарқини,
Хафа қилмас ундай киши халқини,
Билур ақл билан узоқчяқинни,
Шундай одам ишлар доим халқ учун.

Ҳақ ишни ёд этиб бу Бердимурод,
Тавсиф этиб, оз эмасдир, ёзди хат.
Айтиб неча сўзни, қилиб эҳтиёт,
Унинг фарқин ўйлаганлар халқ учун.

Шоир эдим, кўзим кўрганин ёздим,
Кўнглимнинг билганин, сезганин ёздим,
Замон жафосидан сарғайдим, оздим,
Келурму деб яхши кунлар халқ учуя.

Отим Бердимурод, мен халқнинг ўғли,
Саҳрода сайровчи, сайроқ булбули,
Ун гулидан очилмади бир гули,
Муродига етолмади халқ учун.

СОЛИҚ

Бултургидан бу йил ёмон,
Қандай бўлди бу шум замон.
Камбағаллар қолмай омон,
Ўн тилладан келди солиқ.

Буни солди Нуримбет«жон».
Буйруқ берди оталик, хон,
Халқ бўлсин деб хонавайрон,
Ўн тилладан келди солиқ.

Менга ҳеч гап, эшагим бор,
Сотиб берарман бир бозор,
Аттанг, шўрли оч Эрназар,
Унга қийин бўлди солиқ.

У фақирнинг нарсаси йўқ,
Кошки қорни бўлсайди тўқ,
Ҳаттоки бир товуғи йўқ,
Довдиратди уни солиқ.

Уйида бор етим боллар,
Томоқ, нон деб зор йиғларлар,
Юрак-бағрини тиғларлар,
Жуда қийин бўлди солиқ.

Анов ётган Палим лаққи,
Халойиқда борми ҳаққи?
Берар эдим унга заққи,
Дармонни қуритди солиқ.

Анов юргандир Элмурод,
Остида ёмон ола от,
Унга недир бу салтанат,
Киши хуни бўлди солиқ.

Ундиради оч халқдан,
Етимлар йиғлар хорликдан
Бой омон қолди солиқдан,
Туҳмат тўлов бўлди солиқ.

У ўтирган- Қулимбет бой,
Тайёр олдида оппоқ мой.
Оч халқ юрар тополмай жой,
Туҳмат бўлди ушбу солиқ.

Анов мачит ёруғланган,
Меҳробида чироқ ёнган
Қуръон очиб, халқни сўрган
Эшонларга йўқдир солиқ.

Оқ наматли улкан ўтов
Ўз олдига бўлиб атов,
Эрман охун турар анов,
Уларга ҳам йўқдир солиқ.

Анов юрган Пирим чўлоқ,
Улгундай мумсик ва ялоқ,
Солиқ йиғишга шай шу чоқ,
Бизлар учун қийин солиқ.

ЁЗ КEЛУРМИ?!

Довул турди, туман юрди,
Фуқарога ёз келурми?
Қўшнимнинг қамишин сурди,
Фуқарога ёз келурми?

Жон ачитар қора совуқ,
Ёз келмасдай бўлди ёвуқ,
Умр бўйи шундай хўрлик,
Фуқарога ёз келурми?

Ёвғоним йўқ, ичай десам,
От-улов йўқ, тушай десам,
Тўшагим йўқ, тўшай десам,
Шўрлик элга ёз келурми?

Юрган ерим Айрича отов,
Қўлу оёғимда бўғов,
Қачон бизда тугалар дов,
Шўрлик элга ёз келурми?

Олдимизда тақир саҳро,
Орқамизда теран дарё,
Оғир меҳнат бўлди бало,
Бизга ахир ёз келурми?

Чўзилай десам уйим йўқ,
Эгнимда илиқ кийим йўқ,
На мол, на дон, на буюм бор,
Биз шўрликка ёз келурми?

Ҳақ қайда, ҳақиқат қайда?
Шундай азоб ҳамма жойда,
Тўқлардан йўқ қиттак фойда,
Яшнаб, яйраб ёз келурми?

Қаранглар асли зотимга,
Додимга, аҳволимга,
Юпун, фақир элатимга
Яшнаб, яйраб ёз келурми?

БЎЛГАН ЭМАС

Дунё яралгандан бери
Подшоҳ одил бўлган эмас,
Шаирлар қалам олганда
Хатга тўғри солган эмас.

Инақу бекнинг боллари,
Ҳар нега етди қўллари,
Очиқ, кенг эди йўллари,
Ҳеч вақт ҳориб, толган эмас.

Бўлмади қилган ниятим,
Хўр бўлди халқим, ҳимматим,
Йиғлай-йиғлай ўтдик етим,
Йиғламас вақт бўлган эмас…

Бизнинг халқнинг бийлари,
Создир жаҳонда уйлари,
Доим тарала куйлари,
Тўғри жавоб айтган эмас.

Менинг бу айтган чин сўзим,
Сўзим эмас, менинг ўзим,
Юмилганча мк«и кўзим,
Ҳеч вақт ёшсиз бўлган эмас.

Бировлар жуда зор бўлди,
Бировлар жуда хор бўлди.
Лочинга қурган тўр бўлди,
Тўрни ҳеч ким узган эмас.

Қарағай эмас, сўкит бўлдим,
Қари эмас, йигит бўлдим,
Тоғдан учган бургут бўлдим,
Қўнар ерим бўлган эмас.

Гул бўлдиму, яйрамадим,
Оқил бўлиб, ўйламадим,
Булбул бўлиб сайрамадим,
Ҳодиса кам бўлган эмас.

Қурғоқ кунда ёғин бўлдим,
Бўрон бўлдим, чақин бўлдим,
Палак ёзган қовун бўлдим,
Беташвиш кун бўлган эмас.

Золимларнинг жабри ўтди,
Йиғлай-йиғлай эсим кетди,
Нега мунча шўрлик етди,
Ёруғ куним бўлган эмас.

Қанчалар оч, қанчалар тўқ,
Тўқ одамлар қайғуси йўқ,
Очларнинг ҳеч уйқуси йўқ,
Уни тўқлар билган эмас.

Қорақалпоқ ,— халқ бўлгандан,
Халқ атоғин олган кундан,
Ҳақ таоло йўл солгандан —
Бир тенгликни олган эмас.

Эшонларда мурувват йўқ,
Бой-бийларда адолат йўқ,
Фуқарода саодат йўқ,
Халқ ўйнаб-кулган эмас.

Эй ёронлар, сиртим бутун,
Бағрим ёниб бўлди тутун.
Золим ошириб ўз ҳаддин,
Асло раҳм қилган эмас.

Бу дунё дунё бўлмади,
Эркимизга ҳеч қўймади,
Душманнинг гули сўлмади,
Тилагйм ҳеч бўлган эмас.

Бу дунёнинг дарди ёмон,
Қувон, бошинг қолса омон,
Тушди бошга охир замон,
Инон, дўстлар, ёлғон эмас.

Кундан-кунга бўлди баттар,
Ҳар ким ўз ғамин тортар,
Қора туман қачон кетар?
Сўнган чироқ ёнган эмас.

Дунёга келдим, не кўрдим,
Қайғу-ҳасратларда юрдим,
Адо бўлмас дилда дардим,
Ҳеч ким назар солган эмас.

Бердимурод — менинг ўзим,
Кунхўжани кўрди кўзим,
Ожиниёздан уққан сўзим,
Улар ҳам шод бўлган эмас.

Миртемир таржималари

ЯХШИРОҚ

Оқ буғдойи туриб, сули сепкандан,
Тоза шоли туриб, курмак эккандан,
Жўнсиз қирқ кун қайғу-ҳасрат чеккандан,
Тан соғликда бир кун шодлик яхшироқ.

Дунёга чиққан сўнг, бахтинг очилса,
Душманларинг оёғингга бош урса,
Ёв бўйсуниб, икки қўлин қовширса,
Кўзни олайтгандан, иззат яхшироқ.

Юмуш ишла, туғилган сўнг, эл учун,
Жонингни аяма, элда эр учун,
Киндикдан қон томиб, туққан ер учун,
Ўлиб кетгунингча хизмат яхшироқ.

Ҳеч қачон дўстларинг бўлмасин ҳайрон,
Қўлдан келса солинг душманга вайрон,
Элу халқ бир бўлиб айлангиз сайрон,
Туғилган ер учун ҳурмат яхшироқ.

Ғайри бировларни этиб қурдошинг,
Оқизмагин дилбарингнинг кўзёшин,
Ёмон бўлса ҳам умрлик йўлдошинг,
Вақтинча қўл берган ҳурдан яхшироқ.

Одам боласинда бўлсин ор-номус,
Энг ками юз бўлсин кўз кўрган таниш,
Магар билмай қўлни қийса бир қамиш,
Шул вақт қонин тийган ордан яхшироқ.

Эр йигитга номус билан ор керак,
Оқкўнгил, қаламқош севар ёр керак,
Меҳмон келса кутиб олар ҳол керак,
Сўйгани бир эчки-молдан яхшироқ.

Хуш келдинг, деб, отдан тушган ул қўноқ,
Ўтирган бўлмасин шу уйни синаб,
Кўзли ҳам оёқли, тилли бир чўлоқ,
Ҳунарсиз, билимсиз қўлдан яхшироқ.

Хива хон қасд этиб, пўсди қанғиб юрт,
Мулксиз ночорларга тушди кўп солғирт,
Узунаси текис, йўғон бир арғит,
Сони юз, сифатсиз толдан яхшироқ.

Уйғониб, эртадан юмушга чиқиб,
Қўлингни қабартиб, белингни букиб,
Тиззангни сизлатиб, меҳнатин чекиб,
Еган бир зоғоранг болдан яхшироқ.

Теран ақл керак сўзни тизмоққа,
Тиниқ хаёл керак барин сезмоққа,
Сув ичинда ваҳимасиз сузмоққа,
Бир қайиқ олти юз солдан яхшироқ…

…Ўзга кам-кўст келиб тушди, оҳ-войим,
Сабабсиз таёқ еб, недур гунойим,
Ерни, кўкни халқ айлаган худойим,
Бу юришдан ажал келган яхшироқ.

Бир оқшом айттириб урди ёзиқсиз,
Не чора бойлоғсиз ҳолда, қозиқсиз,
Қорақалпоқ кунинг ўтди ёруғсиз,
Бул ўтган умрдан зиндон яхшироқ.

Не асл сўз айтдим, ўтди аёнсиз,
Не хизматлар этдим, кетди поёнсиз,
Мен ҳам бир жон эдим юртга зиёнсиз,
Хўрлик кўрдим, тек ўлгандан яхшироқ.

Бердимурод айтар, кўролмай ёғду,
Ўлиб кетар бўлди, очилмай бахти,
Бердимурод – халқни, халқи – Бердақни,
Ёлғизиндай кўрар жондан яхшироқ.

Янгибой Қўчқоров таржимаси

005
«БЕРДАҚ ШЕЪРИЯТИДАН» КИТОБИНИ МУТОЛАА ҚИЛИНГ,ЮКЛАБ ОЛИНГ
001

XDK

(Tashriflar: umumiy 627, bugungi 6)

Izoh qoldiring