Insonni insondek ko’rmoq orzusi. Shoir Eshqobil Shukur bilan suhbat.

022

  Энг зўр ҳимоя – миллий туйғудир. Меҳр-оқибат, ор-номус, ғурур, ибо, ҳаё каби миллий туйғулар. Бир куни ўтириб санаб чиқсам, менинг билганларим ўн олтита экан. Ана шу ўн олти туйғу менга миллат руҳини тутиб турган ўн олти устун бўлиб кўринади. Уларсиз миллат руҳи тўкилиб кетиши муқаррар. Айни шу туйғулар униб-ўсаётган ёш кўнгилларни сақлаб қола олади.

05
ИНСОННИ ИНСОНДЕК КЎРМОҚ ОРЗУСИ
Шоир Эшқобил ШУКУР билан суҳбат
Суҳбатдош — Собиржон ЁҚУБОВ
04

– Эшқобил ака, “осмон мактубларин мангу мавзуси”да ҳароратли шеърлар битгансиз. Шу боис Сиз билан одамзод тақдири, бугуни ва эртаси хусусида суҳбатлашгимиз келди. Ислом аҳкомига кўра, бир инсонни ноҳақ ўлдириш башариятни қатлиом қилиш каби гуноҳи кабира саналади. Бошқа самовий динларда ҳам бу қилмиш кескин қораланади. Аммо, не тонгки, одамзод илоҳий кўрсатмани унутиб қўйгандек. Омонсиз қирғинларни кўриб сочи оқарган мўйсафид дунё заковат ва тафаккур асрида ҳам осойишта ҳаётдан бенасиб яшаётир. Курраи арзнинг турли минтақаларида давом этаётган уруш ва ихтилофлар минглаб инсонларнинг ёстиғини қуритмоқда. Наҳотки, дарё-дарё оқаётган қон одамзоднинг кўзини очмаса?! “Қурол тилга кирганда қонунлар сукутда қолади” деган эди Цицерон. Икки минг йил олдинги бу нақл наҳот бугуннинг воқелигига ҳам мувофиқ келса?! Одам фарзандлари қачон бир-бирига қурол ўқталишдан тийилади?..

016– Ўтмишда жаҳолат аксар бор қиёфасида намоён бўлган. Бугунга келиб у гоҳо костюм-шим ва галстукда, гоҳо яктак ва саллада, гоҳо ридо ё шўртикда ўзи хоҳлаган даврага кириб боряпти. Унинг ёқасидан олиб, “Сен – жаҳолатсан!” десангиз, у тап тортмасдан “Мен – маърифатман, мен – маданиятман!” деб даъво қилади, керак бўлса, сиз билан омонсиз судлашади.
Одам ўлдириш-ку мудҳиш жиноят экани аён, ҳатто унинг кўнглини ноҳақ оғритиш ҳам гуноҳ саналади. Чунки фазл аҳли инсон кўнглига Худо руҳидан бир жузв жойланганини қадим-қадимдан сезган. Бугун “фалон тўқнашувда уч юз киши, фалон террорчилик хуружида икки юз киши ҳалок бўлди” каби хабарларни эшитиб, раҳматли отамни эслайман. Бизлар бола эдик. Кечқурун баъзида телевизордан машҳур санъат ё жамоат арбобининг вафоти тўғрисида хабар бериларди. Шунда дастурхон бошида ўтирган отамнинг елкаси булкиллай бошларди. Сезардикки, йиғлаяпти. Бир гал қариндошимиз отамга “Тоға, ўлган одамни танимасангиз, билмасангиз, сизга зиғирча алоқаси бўлмаса, нега йиғлайсиз?” деганида, у “Танишми, нотанишми, одам ўлди-ку, ахир” деб юзини четга бурган эди.

Дарҳақиқат, инсон чивин ё пашша эмас-ку. Баъзи жангари фильмлардаги қирғинбаротларни кўриб қолсам, бу кинони ишлаганларга инсон ҳаётининг чивинчалик қадри бўлмаса керак деб ўйлайман.

Курраи арзнинг турли минтақаларида давом этаётган ихтилофлардан гап очдингиз. Булар омма кўриб турган ошкора урушлар, холос. Лекин ёпиқ, махфий урушларнинг кўлами улардан кўра каттароқ, хатарлироқ. Ақл майдонида ҳар куни қанчадан-қанча ғоялар, мафкуралар тўқнашяпти. Бугунги урушларнинг аксарияти инсон тафаккури, қалбини маҳв этишга қаратилган. Қандай маккор стратегия! Чунки қалбингизни ва тафаккурингизни эгалладиларми бас, ўзингизни ҳам, оилангизни ҳам, болаларингизни ҳам, Ватанингизни ҳам қўлга киритадилар. Ошкора урушларда қанчалаб одамнинг ёстиғи қуриётган бўлса, хуфёна ихтилофларда шунча одамнинг қалби ва фикри қурияпти!

——————————
Бугунги урушларнинг аксарияти инсон тафаккури, қалбини маҳв этишга қаратилган. Қандай маккор стратегия! Чунки қалбингизни ва тафаккурингизни эгалладиларми бас, ўзингизни ҳам, оилангизни ҳам, болаларингизни ҳам, Ватанингизни ҳам қўлга киритадилар. Ошкора урушларда қанчалаб одамнинг ёстиғи қуриётган бўлса, хуфёна ихтилофларда шунча одамнинг қалби ва фикри қурияпти!
——————————-

Боболаримизнинг “Ҳар кимнинг ўзига инсоф берсин” деган доно гапи бор. Фитналар тузмоқчи, дунёни бузмоқчи бўлаётганларга инсоф тилаган ҳолда, ўз қалбларимизни ҳам ҳимоялайлик.

– Оммавий ахборот воситалари тарқатаётган ақл бовар қилмас янгилик¬лардан юрагингиз орқага тортиб кетади. Худди эрта-индин қиёмат қўпиб, Ер кунфаякун бўладигандек… Ҳонгконглик Сесил Чао деган бойвачча бўй етган қизининг кўнглига йўл топа олган йигитга бир миллиард доллар мукофот ваъда қилибди. Бебилиска мол-давлатнинг бозори чаққон бўлади: куёвликка номзод юзлаб ёш-яланг ўша бойбуванинг дарвозаси олдида турнақатор тизилибди. Бироқ ойимтилла номзодларнинг бирортаси билан ҳам кўришмабди. Cабаби, тантиқ-арзанда қиз… дугонаси билан оила қуриш ниятида экан! Одамзод қаёққа қараб кетяпти? Инсонни ҳайвондан мумтоз этган ахлоқий қадриятлар қимматини йўқотмоқдами? Ё, ўзингиз ёзганингиздек, махлуқдан малаклик излаш хатомикан?

– Қаердадир бир гапни ўқидим ва у ўша заҳоти миямга ўрнашиб қолди. Будда донишмандлари “Биз кучни курашга эмас, руҳ тарбиясига сарфлаймиз” деган экан. Жуда оқилона ўгит. Бундай одамни осонликча енгиб бўпсиз. Бойлик шундай нарсаки, унга эга бўлган ҳам, эга бўлмаган ҳам кўпинча ундан зарар кўради, ҳирс ва ҳавас одамни йўлдан тойдиради-да. Ҳаддан ташқари кўп бойлик бор жойда хатар ҳам бор. Шунинг учун халқимизнинг эртак ва афсоналарида хазина ёнида албатта аждаҳо бўлади. Ҳонгконглик Сесил Чаога бу кўргилик бойлик ортидан келган бўлса ажаб эмас. Бир иллат мени ташвишга солади – билмадим, балки бу аввалдан бордир – одамлар фалон бойвачча ундоқ қилибди, фалон бойвачча мундоқ қилибди деб, ошириб-тошириб чўпчаклар тўқийди, пулдорнинг дабдабаю асъасаcи туширилган видеоларни тарқатиб юради, гўё шундан бирор наф кўрадигандек. Ундан кўра, Навоий ундай қилган, Беруний бундай қилган деган нақллар қимматли эканини тушунмайди. Бойлик ҳеч қачон инсоннинг чин мақомини белгиламайди. Мен болаларимга бир гапни тез-тез так¬рорлайман: “Катта пул ҳалол одамда ҳам, қотилда ҳам, жиноятчи ё фоҳишада ҳам бўлиши мумкин. Буни фарқлаш керак”.

Телевидение режиссёрлари шаҳримиздаги икки-уч қаватли кўркам, ҳаша¬матли уйларда съёмка қилишни хуш кўришади. “Майли, лекин бирорта эпизодни битта-яримта китоб бор хонада суратга олсангиз нур устига нур бўларди” десангиз, “Э-э, ака, ундай уйларда китоб нима қилсин!” деб жавоб беришади. Аттанг! Эй биродар, шундай чиройли иморатлар солибсиз, баракалла, яхши кунингизга буюрсин! Қарангки, уйингизни дунёдаги энг сара, асл жиҳозлар билан зийнатлабсиз, бетакрор безаклар берибсиз, аммо шунча қимматбаҳо буюм сиққан уйга ўн-ўн бешта китоб сиғмай қолдими? Хонангизнинг бир четида Навоий ё Қодирийнинг китоби турса сизга халал берадими? Наҳотки, шунча ҳашаматга ҳикмат сиғмаса… Дабдабаларга ланг очган эшигингизни, қия бўлса-да, маънавиятга ҳам очинг!

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Шаҳримизнинг катта туманларидан бири Сирғалини олайлик. Бозорлар, юзлаб озиқ-овқат ва кийим-кечак дўконлари, ошхона ва кафелар – бари бадастир ишлаб турибди. Лекин ҳайҳотдек туманда битта ҳам китоб дўкони йўқ. Тумандаги 150 мингга яқин аҳолининг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Нима, улар китоб ўқимайдими? Газета дўкони ҳеч қачон китоб магазини ўрнини босолмайди, ахир.
Сиз айтган машмашалар кундан-кун кўпайиб, асосан ёшлар атрофида хира пашшадай айланяпти, уларга озми-кўпми таъсирини ҳам ўтказяпти… Дугонаси билан турмуш қурмоқчи бўлаётган қиз, хорижга кетиб, ота-онасини йигирма йилда ҳам бир мартагина йўқламаган тошбағир фарзанд, интернетда исмини ўзгартириб бир-бирига беҳаё хатлар ёзиб юрган ака-сингил, синфдошларини отиб ташлаш учун мактабга қурол кўтариб борган бола… Бундай нохуш ҳодисаларнинг бош ҳомийси, шубҳасиз, оммавий маданиятдир.

Ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани айтиб берай. Талабалик йилларимизда Янглиш деган биродаримиз бўларди. Ўзи бизга қўшни қишлоқда ўсган. Университетнинг физика факультететида ўқирди. Физикадан фавқулодда истеъдодли эди. Ҳаммамиз унга ҳавас қилардик. Совет давлатининг шоми кўриниб қолган бўлса-да, хорижга ўқиш ё ишга борадиганлар бармоқ билан санарли эди. Янглиш ўқишини Тошкентдан Москвага кўчирди. Кўп ўтмай, унинг Америкага кетганини эшитдик. У ёқда нуфузли ташкилотда иш бошлабди. Сўнг… Сўнг шундай йигит бутунлай бедарак кетди. Йил кетидан йил ўтаверди. Унаштириб қўйилган қизи ҳам кута-кута, олти йил деганда ундан умидини узиб, бошқага турмушга чиқди. Бу орада отаси ўлди. Онаси ўлди. Келиб кетиш қаёқда, ундан на хат бор, на хабар…

Тақдирни қарангки, бундан уч-тўрт йил олдин термизлик Файзулла ака ўзимизнинг шу Янглишбой билан боғлиқ бир воқеани айтиб бердики, эшитиб танг қолдим. Файзулла аканинг Мурод деган ўғли Америкада ўқиркан. Шу йигит тасодифан Янглиш билан танишиб қолибди. Бир жойнинг одамлари эмасми, борди-келди қиладиган бўлишибди. Бир куни Мурод телефонда отасига Янглишнинг йигирма беш йил ичида бирор марта ҳам юртга бормагани, қариндошларидан хабар олмагани, хуллас, яқинлари билан алоқаси узилиб кетганини айтиб қолибди. Шунда Файзулла аканинг кўнглидан ўзбекона бир ўй ўтибди. Шундай бир иш қилсаки, мусофир Янглишга ҳам, унинг қишлоқдаги жигарларига ҳам ажойиб совға бўлса, умр бўйи эслаб юришса. Файзулла ака ўғлига “Янглишни бирор кун ижарада турган уйингга чақир, келадиган вақтини бир ҳафта олдин билай ва ўша куни у билан телефонда гаплашай”, дебди. Ўғил отасининг айтганини қилибди. Белгиланган куни Файзулла ака Янглишнинг қишлоғига бориб, унинг уч опаси ва синглисини Термизга – ўз уйига олиб келади. Бу фурсатда Янглиш Муродникига боради. Файзулла ака Термиздан қўнғироқ қилиб, Янглиш билан боғланади. Уни опа-сингиллари билан гаплаштиради. Йигирма беш йил давомида жигарлар бир-бирининг овозини ҳам эшитмаган экан. Файзулла ака айтадики: “Янглишнинг опа-сингиллари шундай йиғлади, шундай йиғлади, уйда мотам бўлиб кетди. Уларга қўшилиб мен ҳам, янгангиз ҳам йиғладик”.

Энди гапнинг бу ёғини эшитинг. Орадан бир ҳафта ўтиб, Файзулла ака яна ўғли Мурод билан гаплашади. Ўз ишидан мамнун ўзбегим ўғлидан “Янглиш жигарлари билан топишганидан хурсанд бўлиб юрибдими?” деб сўрайди. Мурод бир муддат жим қолади. Отаси такрор сўрагач, бундай жавоб қилади: “Янглиш ака “Мен сиздан шуни сўрабмидим, бу ўйиннинг нима кераги бор эди” дея хафа бўлиб жўнаб қолди. Юзкўрмас бўлиб кетди-ёв. Қайта-қайта қўнғироқ қилсам ҳам гўшакни олмади”.

Биродарим Янглиш! Эҳтимол, у ёқларда кўп нарса топгандирсан, алланималарга эришгандирсан… Лекин бу қандай шўриш саодатки, унга Ватанни алмаштирган бўлсанг?! Бизнинг одамлар “отамни кўриб қолган, онамни кўриб қолган” деб ҳатто бир дарахтни азиз тутиб юрадилар-у, сен азим Ватан қадрини шунча паст тутдингми?!

—————————
Биродарим Янглиш! Эҳтимол, у ёқларда кўп нарса топгандирсан, алланималарга эришгандирсан… Лекин бу қандай шўриш саодатки, унга Ватанни алмаштирган бўлсанг?! Бизнинг одамлар “отамни кўриб қолган, онамни кўриб қолган” деб ҳатто бир дарахтни азиз тутиб юрадилар-у, сен азим Ватан қадрини шунча паст тутдингми?!
——————————-

Глобаллашув маънавий ҳаётга қарши бошланган “маданий” босқинчиликдир. Башарият олдида “Инсоннинг моҳияти ўзгарадими?” деган қаттол бир савол турибди. Тасаввур қилинг, ҳозир ҳар йигирма тўққиз дақиқада битта фаҳш фильм тайёр бўляпти ва ўша заҳоти интернет орқали тарқатиляпти. Бу ифлос бизнеснинг бошида турганлар эса бир йилда юз миллиард доллар соф фойда оляпти. Демак, талаб бор. Кўриляпти! Шундай бузуқчиликларни томоша қилиб улғайган ўсмирнинг ҳоли не кечади? Унинг оппоқ қоғоздай онги нималар билан тўлдириляпти? Туйғулари-чи, туйғулари нима бўлади?..

Хўш, нима қилмоқ керак? Безбетга барибир, эшикдан ҳайдасангиз тешикдан кириб келаверади, сал андиша қилсангиз, уйингизнинг тўрини эгаллаб олади. Бундай чоғда энг зўр ҳимоя – миллий туйғудир. Меҳр-оқибат, ор-номус, ғурур, ибо, ҳаё каби миллий туйғулар. Бир куни ўтириб санаб чиқсам, менинг билганларим ўн олтита экан. Ана шу ўн олти туйғу менга миллат руҳини тутиб турган ўн олти устун бўлиб кўринади. Уларсиз миллат руҳи тўкилиб кетиши муқаррар. Айни шу туйғулар униб-ўсаётган ёш кўнгилларни сақлаб қола олади.

– Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дея топиб айтган эскиларимиз. 2011 йили маълуму машҳур “Apple” компаниясининг асосчиси Стив Жобс оламдан ўтди. Ўша кезда бутун дунё, жумладан, юртимиз ёшлари қанчалик қайғуга ботганини кузатган чиқарсиз – ижтимоий тармоқлар таъзияномаларга тўлиб кетди! Бу орада мамлакатимиз илм-фани ва адабиётининг бир неча намояндаси ҳам қазо қилди. Қарангки, океанортилик ихтирочига мотам тутишни дўндирдиг-у, ўзимизникиларга келганда… Қизиғ-а, дунёнинг нариги бурчагидаги қайсидир футбол жамоасига боримизни бахш этиб юборамиз-у, аммо девор-дармиён камхаржроқ қўшнимизга ёрдамлашишга бўйнимиз ёр бермайди. Бирор сериал қаҳрамонининг аҳволига ачиниб кўзёш тўкамиз, мусибатзада танишимизга эса жилла раҳмимиз келмайди. Уруш, қаҳатчилик йиллари халқимиз қисмат шамоли учириб келган ўзга миллат вакилларидан ҳам меҳрини дариғ тутмаган. Тўкинчилик замонида эса ҳатто жигарлар бир-биридан бегоналашаётир. Қачон, не сабабдан бунчалик ўзгариб кетдик?!

– Мен одамларда миллий руҳ ва оломон руҳини кўраман. Булар сув билан оловдай бир-бирига зид. Янглишмасам, Сенека айтган: “Оломон интилган нарсадан қоч!” Одам миллатга дахлдор бўлиши керак, оломонга эмас. Мен таниш-билишларга ҳам шу нуқтаи назардан баҳо беришга уринаман: бу миллат одамими ё оломон одами?.. Оломон одами ғашни келтирадиган даражада қуруқ, маънавий қашшоқ бўлади. Миллат одамида эса гап кўп. Унинг қалбида ўз миллатининг тарихи ва бугуни яшайди. Ҳужжатимга ўзбек деб ёзилгани билан руҳим ўзбек бўлмаса қийин-да. Оломон одами эса, сиз айтгандек, ҳар мақомга йўрғалайверади, мустақил позицияси бўлмайди-да.

—————————-
Мен одамларда миллий руҳ ва оломон руҳини кўраман. Булар сув билан оловдай бир-бирига зид. Янглишмасам, Сенека айтган: “Оломон интилган нарсадан қоч!” Одам миллатга дахлдор бўлиши керак, оломонга эмас. Мен таниш-билишларга ҳам шу нуқтаи назардан баҳо беришга уринаман: бу миллат одамими ё оломон одами?.. Оломон одами ғашни келтирадиган даражада қуруқ, маънавий қашшоқ бўлади. Миллат одамида эса гап кўп. Унинг қалбида ўз миллатининг тарихи ва бугуни яшайди.
——————————

Баъзан табиатида миллий руҳ кучли одамларда ҳам оломонга мойиллик сезилиб қолади. Улар фикр ва туйғу паноҳидагина оломон тегирмонидан қутулиб қолиши мумкин. Дарвоқе, бир одам оломон домига тушиб қолди дегани, тамом, у энди бу тузоқдан чиқолмайди дегани эмас. Шундай бўлганида руҳ ва нафс тарбияси ҳақида гапиришга ҳожат ҳам йўқ эди. Қолаверса, Бедил айтганидек, “Ўзгариб турмаса, хона у гўрдир”. Инсон ҳар турли вазиятларда жиддий маънавий ўзгаришларни бошдан кечиради. Башар муаммоси – бутун тарих бўйи ечилмай келаётган мураккаб бир жумбоқ… Худонинг ўзи кечирсин-у, баъзан малаклик ташвишларидан кўра одамий ташвишлар мушкулроқмикан, деган хаёлга бораман. Ё ўзимиз ўзимизга муаммо туғдириб юрамизми?..

ХХ аср ўрталаридан дунё бўйлаб яна бир маънавий хасталик – ёлғизлик касаллиги тарқала бошлади. Худбинлик муҳаббат ва ҳиммат ҳиссини чирмовуқдай чирмаб, қуритишга тушди. Бир ёстиққа бош қўйиб, бир уйда яшаб, бир рўзғор аравасини ўттиз йил бирга тортган эру хотин бир-бирига бегона… Қондош ота ва ўғил руҳан бир-бирига ёт… Бир уйдаги бегоналар… Ахир, буни оила деб бўладими? Одам ҳамма билан биргадек туюлади-ю, аслида ҳеч ким билан эмас, моҳиятан ёлғиз. “Ҳамма” дегани алоҳида-алоҳида ёлғизликларнинг қуруқ-қуроқ йиғмасига айлана борди. Бу иллат дунё аҳлини довдиратиб қўйди. Жигарларнинг бир-биридан бегоналашувига сабаб ҳам шудир. Биздаги “эл”, “маҳалла”, “қўни-қўшни” деган тушунчалар бундай қалтис вазиятларда маълум даражада қалқон бўлаётир. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари кўп чиқишларида маҳалла фаолиятига алоҳида эътибор қаратади. Меҳр-оқибат, ор-номус, қўни-қўшничилик каби фазилатлар маҳалла ҳаётида чуқур илдиз отади.

Афсуски, дунёда руҳни емирадиган ҳодисалар кўп. Шунинг учун ҳам ҳар бир инсоннинг ичида ўз адабиёти бўлиши керак. Чекка қишлоқларга борганимда ёши улуғ отахон ва онахонлар билан гурунглашишни ёқтираман. Уларнинг самимий суҳбатини тинглаб, бу одамларнинг кўнглида катта адабиёт яшаётганини ҳис қиламан. Ҳолбуки, уларнинг баъзилари исмини ҳам ёзолмайди. Тўқсонни қоралаган чолу кампирларнинг савод чиқаришга вақти бўлмаган-да. Уларнинг қалбида бундай адабиёт қаердан пайдо бўлган экан, деб хаёлга толаман. Бу адабиёт уларга қандай сингдирилган? “Ҳа энди саксон-тўқсон йил яшагандан кейин яхши-ёмонни кўриб, тажриба орттириб шу даражага етгандир-да” дейишингиз мумкин. Менимча, гап бунда эмас. Бахшиларимиз соддагина қилиб айтган-ку: “Яхши одам қариса қут бўлади, ёмон одам қариса ит бўлади”. Мен айтаётган одамларнинг руҳига адабиёт уруғи болалигида ташланган. Кейин у ўсган, унган ва расмана боққа айланган.

——————————
Ҳар бир инсоннинг ичида ўз адабиёти бўлиши керак. Чекка қишлоқларга борганимда ёши улуғ отахон ва онахонлар билан гурунглашишни ёқтираман. Уларнинг самимий суҳбатини тинглаб, бу одамларнинг кўнглида катта адабиёт яшаётганини ҳис қиламан. Ҳолбуки, уларнинг баъзилари исмини ҳам ёзолмайди. Тўқсонни қоралаган чолу кампирларнинг савод чиқаришга вақти бўлмаган-да. Уларнинг қалбида бундай адабиёт қаердан пайдо бўлган экан, деб хаёлга толаман. Бу адабиёт уларга қандай сингдирилган? “Ҳа энди саксон-тўқсон йил яшагандан кейин яхши-ёмонни кўриб, тажриба орттириб шу даражага етгандир-да” дейишингиз мумкин. Менимча, гап бунда эмас. Бахшиларимиз соддагина қилиб айтган-ку: “Яхши одам қариса қут бўлади, ёмон одам қариса ит бўлади”. Мен айтаётган одамларнинг руҳига адабиёт уруғи болалигида ташланган. Кейин у ўсган, унган ва расмана боққа айланган.
————————————-

– Эшқобил ака, “Ватан” каломини ишлатмай ҳам она юртни дилдан тараннум этадиган ориятли ижодкорлар қаторида турасиз. Ул-бул илинжда зўрма-зўраки шеъру қўшиқ яратишга киришиб кетган айрим муаллифлар бу сўзнинг қадрини тушириб, оҳорини тўкиб қўяётгандек. Ҳар қанча чиранмасинлар, “Ватаним!” дея кўксига муштлаётган сўзамолларнинг овози юракка етиб бормайди. (Тил учида қилинган изҳори дил қачон кўнгилни ҳаяжонга солибди?!) Ватанпарварликни касб қилиб олган одамдан қўрқ, деган мазмундаги гапни ўқиганим бор. Қуруқ даъватлар билангина ватанпарварликни тарбиялаб бўладими? Аслида, юрт севгиси инсоннинг ботинида, фитратида эмасми?..

– Бу туйғу тарғиб этилиши керак, лекин тарғибот деганимиз ота-она ўз боласига меҳрини сингдирганидай самимий бўлиши шарт. Сохтагарчилик эса самимийлик ва табиийликнинг кушандаси. Туйғу жуда нозик нарса, парвариш қилинмаса, қаровсиз қолган гулдек қурийди. Одам бақир-чақир билан ватанпарвар бўлиб қолмайди. Муҳаммад Юсуф айтганидай, Ватанни иддаоларсиз севиш керак. Баъзи шоирлар юртига “изҳори дил” баҳона дўқ-пўписа қиладими-ей, “севгиси”ни пеш этиб шартлар қўядими-ей, Ватанини ўзича қарздор санайдими-ей… Бизда бу мавзуда яхши шеърлар мўл, лекин гоҳо газеталаримизда чоп этилган ўнлаб шеърдан битта тирик сатр тополмайсиз. Унутмаслик керакки, адабиётни алдаб бўлмайди, Ватанни ҳам… Аслида, улар уч-тўртта гўлу лақмага қўшиб ўзини ўзи алдайди, холос. Шундай деймиз-у, ўша гўллар сафи кенгайиб кетишидан эҳтиёт бўлишимиз ҳам керак-да. Чунки ҳар қандай миллатнинг маънавий даражаси ҳақиқий адабиётни таний олиши билан белгиланади.

Муҳаббатнинг зуваласи изтиробдан қорилган. Ҳатто бахт ва шодлик ҳақидаги чинакам шеър ҳам дарддан туғилади. “Қадрдон юртимга қадам қўйдим мен, / Бирдан оёқларим енгил тортдилар, / Оғирлашиб қолди юрагим…” каби сатрларни эсланг, уларда муҳаббат ҳам, шодлик ҳам, изтироб ҳам бир туп гулнинг илдизи, япроғи, ғунчаси каби уйғун келади. Изтироб чекаётган одам бошқа одамга айланади. Моҳиятга яқин боради. Борлиқни теран англай бошлайди. Изтироб чекишни кўкракни ойлаб захга бериб ётиш деб тушунмаслик керак. Бу руҳий ҳодиса оламни ва одамни идрок этиш демакдир. Лев Толстой изтиробдан узоқлашган пайтлари ўзидан норизо бўлган. Бир даврада суҳбатдошларига “Шу дамда чуқур изтиробга ошно бўлгим келяпти” деб ўкинади. Буюк адиб нимани истаганини англагандирсиз? Изтироб ҳам руҳ тарбиясининг муҳим асосларидан биридир. Шу боис жаҳон пирлари бу руҳий ҳодисани улуғлаган.

Ватан мавзуси – муқаддас мавзу. У ҳақда сўз айтиш учун масъулият ҳам шунга яраша бўлиши керак. Бунга ижодкорнинг илҳоми, фикри ва кечинмаларининг ўзи камлик қилади. Кечинмалар юксак бадиият нури билан йўғрилиши лозим. “Назм миллат туйғусини тарбиялайди” дейишади. Ватан ҳақидаги шеърлар ҳам миллат қалбидаги мўътабар туйғуга таъсир кўрсатади. Демак, бу мавзудаги шеърлар бадиий жиҳатдан пишиқ-пухта ва теран бўлмоғи керак. Фаросатсизлик билан битилган сатрлар бошқаларни-да фаросатсизликка бошлайди. Дидни бузади. Миллий дид – салмоқдор тушунча. Уни асраш миллат руҳини асрашдир. Инсоният тарихидаги барча ғоялар аввал ахборот сифатида тарқатилган, кейин бадиият йўли билан башариятга сингдирилган. Таврот, Забур, Инжил, Қуръон… Муқаддас китобларнинг барчасидаги ғоя ва фикрлар бадиий йўл билан одамларга етказилган. Бунда ҳикмат бор. Одамзод бадииятни яхши кўрган, ундан баҳрамандлик топган. Менимча, ибтидода инсон ботини бадиият нури билан ёритилган.

————————
Ватан ҳақидаги шеърлар ҳам миллат қалбидаги мўътабар туйғуга таъсир кўрсатади. Демак, бу мавзудаги шеърлар бадиий жиҳатдан пишиқ-пухта ва теран бўлмоғи керак. Фаросатсизлик билан битилган сатрлар бошқаларни-да фаросатсизликка бошлайди. Дидни бузади. Миллий дид – салмоқдор тушунча. Уни асраш миллат руҳини асрашдир. Инсоният тарихидаги барча ғоялар аввал ахборот сифатида тарқатилган, кейин бадиият йўли билан башариятга сингдирилган. Таврот, Забур, Инжил, Қуръон… Муқаддас китобларнинг барчасидаги ғоя ва фикрлар бадиий йўл билан одамларга етказилган. Бунда ҳикмат бор. Одамзод бадииятни яхши кўрган, ундан баҳрамандлик топган. Менимча, ибтидода инсон ботини бадиият нури билан ёритилган.
—————————

Ишлаб чиқаришда маҳсулотнинг жаҳон стандартига жавоб бериши бўйича темир қоидалар бор. Адабиётда ҳам шундай бўлиши керак. Мавзусидан қатъи назар ҳар бир асар жаҳон адабиёти бадиий талаблари асосида баҳоланиши керак.

– Синчи олимларнинг ҳисоб-китобига қараганда, дунё бўйича ҳар йили йигирма бештадан тил йўқолиб бормоқда. Асосан кам сонли элатларнинг тили глобаллашув шитобига дош беролмай тарих мулкига айланаётир. Аммо француз, инглиз, итальян каби халқаро нуфузга эга тил эгалари ҳам ўз лисонини ҳимоя қилиш ташвишига тушиб қолгани рост. Ўқигандирсиз, раҳматли Аҳмад Аъзам тил мавзусида туркум мақолалар ёзди. Бошимизни қовуштириб бизни бирбутун миллатга айлантирган ўзбек тилига беоқибат бўлиб қолдик, дея бонг урди, тилимизни “моховга ошна қилаётган”лар билан муросасиз курашди. Сиз нима дейсиз, Эшқобил ака, она тилимизга оқибат кўрсата оляпмизми?

– Дунё бўйича ҳар йили йигирма бешта тил йўқолиб бораётганини эшитмаган эканман. Даҳшат-ку бу! Шундай қисқа муддатда йигирма бешта миллат йўқолиб боряпти дегани бу! Чунки миллат, аввало, ўз тили билан миллат. Мустабид тузум замонида миллий тиллар ҳуқуқи поймол қилиниб, улар тақдири хавф остида қолганида, машҳур авар шоири Расул Ҳамзатов “Агар она тилим эртага йўқолса, мен бугун ўламан” деб фарёд кўтарган эди. Қарангки, эллик йил муқаддам мустабидлик ридосида кўриниш берган бу балойи азим энди қипяланғоч “демократия” шамойилида пайдо бўлди. Эмишки, тиллар замон шитобига дош беролсагина яшаркан… Ахир, бу касал ётган онага “ўлсанг ўлиб кетавер” дегандай бир гап-ку! Руҳи бутун миллат ҳар қандай вазиятда ҳам тилини бой бериб қўймайди. Миллат ташқи таъсирлар туфайли энг аввал тилини йўқотади. Бу фақатгина ўша кам сонли элатларнинг йўқотиши эмас, балки бутун дунёнинг ўз маънавий хазиналарини вулқон гирдобига ташлаши ҳамдир. Битта тилнинг ўлими бутун халқнинг ҳалокатга маҳкум этилиши эмасми?!

Бир мақоламни “Ўзбекистон – менинг, ўзбек тили эса тафаккуримнинг Ватанидир” деб номлаган эдим. Тилда Ватан туйғуси мужассам. Тилда оналик ҳисси мужассам. Мени ҳар қадамда Она Тил етаклаб юрганини биламан. Шу тилда гапираман, шу тилда фикрлайман, ўйлайман… Болалигимдан дунёни шу тил орқали англаганман. Демак, у менинг онам, қолаверса, ичимдаги Ватанимдир.

Орамизда Она Тилнинг моҳияти ҳақида бирор марта ўйлаб кўрмаган одамлар ҳам топилади. Ўз тилининг бору йўқлиги билан зиғирча иши йўқ кимсалар ҳам учрайди. Авваллари, бировга онангизни севинг деб айтиш шартмикан, деб ўйлардим. Ахир, бу туйғу унинг кўнглида бўлади-ку. Ўйлаб қарасам, айтиш керак экан. Айниқса, ҳозиргидай қалтис вазиятда бу гапларни оила бўлиб, маҳалла бўлиб, эл бўлиб айтиш керак экан. Тилимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинган, кераксиз лаш-лушдай бир четга суриб ташланган, хўрланган даврлар ўтди. Шукрки, унга давлат тили мақоми берилиб, ҳар йили мамлакат миқёсида Ўзбек тили байрами нишонланаётир. Энди гап ўзимизда… ҳар биримизда қолган!

– Машриқзамин, жумладан, Икки дарё оралиғи бир замонлар дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган қомусий олимларга бешик бўлган. Мусулмон Шарқида камолга етган фозилларнинг ўктам овози Ўрта асрлар Оврупосини ғафлат уйқусидан уйғотган. Кейинги даврларда Икки дарё оралиғида рўй берган муттасил жанги жадал, нифоқу фитналар, жаҳолат ботқоғига ботган ҳукмдорларнинг бебошликлари, шунингдек, мустамлака сиёсати сабаб минтақа тараққиётдан бир неча аср ортда қолди. Улуғ алломалар яшаган асрларни эса тарихимизнинг олтин даври сифатида ҳамон энтикиш билан эслаймиз. Ижозатингиз билан қаламкаш ҳамкасблар суҳбатларида беармон муҳокама қилинган саволни – эҳтимол, юзинчи маротабадир – Сизга ҳам берсак (мудом маънавий илдизларимизни излаган ижодкорнинг бу борадаги нуқтаи назари барибир қизиқ-да). Бугун нега миллатимиздан Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Синодек алломалар етишиб чиқмаяпти? Умуман, не йўл билан даҳоларни тарбиялаш мумкин?

– Ўзингизга маълум, салкам юз эллик йил мобайнида истибдод зулми остида яшадик. Ундан олдинги XVII–XVIII асрларимиз ҳам жуда оғир ва қоронғи кечди. Миллат уч хонликка бўлиниб, бир-бирини еди, қирди… Ўша даврларга оид “Мунтахаб ут-таворих” каби тарих китобларини ўқисам уялиб, қийналиб кетаман. Начора, ўтмишни ўзгартириб бўлмайди. Бу тарихнинг шарафли йилларини ўзимнинг шарафли йилларим, дард ва зулмга тўла даврларини эса кўнглимнинг оғриқлари деб биламан. Буни баландпарвозликка йўйманг. Аслида шундай бўлиши ҳам зарур. Миллат тарихи шу миллатга мансуб ҳар бир одамнинг ҳам тарихи бўлмоғи керак. Ана шунда миллат яхлитлик касб этади. XVII–XVIII асрлар ҳақида ўйласам кўнглим зимистон бўлиб кетади. Муҳаммадалихон, Амир Насрулло, Худоёрхон каби ҳукмдорлардан ўз амаким ё тоғамдан хафа бўлгандек хафа бўламан. Улар йўл қўйган хатолар, содир этган жиноятларнинг менга алоқаси йўқ деб қараёлмайман. Бир-бирининг кўзига мил тортган шаҳзодалар, бир-бирини заҳарлаган маликалар, бир-бирини гўрга тиққан аъёнлар, бир-бирининг аёлини тортиб олган нафс шармандалари бу давр тарихини зулматга чўктирди.

——————————
XVII–XVIII асрлар ҳақида ўйласам кўнглим зимистон бўлиб кетади. Муҳаммадалихон, Амир Насрулло, Худоёрхон каби ҳукмдорлардан ўз амаким ё тоғамдан хафа бўлгандек хафа бўламан. Улар йўл қўйган хатолар, содир этган жиноятларнинг менга алоқаси йўқ деб қараёлмайман. Бир-бирининг кўзига мил тортган шаҳзодалар, бир-бирини заҳарлаган маликалар, бир-бирини гўрга тиққан аъёнлар, бир-бирининг аёлини тортиб олган нафс шармандалари бу давр тарихини зулматга чўктирди.
———————————

Улардан сўнг Ўрусия босқини…

“Хиёбонга итлар ва сартлар киритилмайди” қабилидаги таҳқиромуз ёзувлар…

Ўз вақтида жаҳон фанини кўкка кўтариб қўйган миллатга ёввойиларга қарагандай беписанд муносабат… Хўрлик ва ҳақоратлар… Қуллик ва қабоҳатлар… Зулмат замони салкам тўрт юз йил давом этди. Тўрт юз йил-а! Бу вақт ичида миллат руҳи синдирилди. Шунинг учун у давр болалари юраксизлар авлодига айланди. Миллат тарихнинг қоронғи бир буржида таққа тўхтаб қолди. Ҳайҳот… Амир Темур, Улуғбек, Навоийларнинг шавкатли тарихини меники деб, ҳозиргина айтиб ўтганимиз пароканда тарихни бошқа бировники деб бўлмайди. Бу ҳам ҳар биримизнинг тарихимиздир. Муҳими, хулоса чиқариш, сабоқ олишда. Бирни кўриб фикр, бирни кўриб шукр қила билишда.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганига йигирма уч йил бўлди. Энди миллат шиддат билан қаддини кўтаряпти. Жаҳон саҳналарига шахдам одимлар ила чиқиб бораётган ёшларимизни кўриб, кўнглингиз фахрга тўлади. Дарвоқе, даҳолар қандай тарбияланади, деб сўрадингиз. Бунинг учун тарихнинг бурилиш нуқталари зарур. Биз айни шундай жараённи бошдан кечиряпмиз. Оққан дарё ҳамиша оқади…

– Аввал-бошда Сиз билан шеъриятдан бошқа мавзуларда суҳбатлашишни ният қилган эдик. Аммо тоза фикр ва ёруғ туйғулар омихталашган жавоб¬ларингизни тинглаш асносида биттагина бўлса-да, назмга дахлдор савол сўрамоққа жазм этдик. “Кўз юмиб кўрганларим” деб номлаган янги тўпламингиз катта-кичик давраларда эътирофга сазовор бўлди. “Қалдирғочнинг кўз ёшлари” шеърингиздаги “Ўзим ичра бошқа ЎЗИМ бор эди…” сатри қай жиҳати биландир ҳазрат Навоийнинг “Нетарсен тилаб ҳар ажойибқа йўл, / Ажойиб эрур сенда, огоҳ бўл!” байтини ёдга солди. Суҳбатимиз сўнгида мазкур сатрингизни мухтасар шарҳлаб берсангиз.

– Кейинги йилларда бир неча ҳикматни англаб етгандайман. Шулардан бири будир: осмонда ҳамма учун ягона Худо, ерда эса ҳар ким учун хос Виждон бор. Бу икки куч туташ ва бир-биридан мунтазам хабардордир. Мен ҳар куни иккисининг олдида ҳам ҳисоб беришим шарт! “Модомики, Худо йўқ экан, унда ҳамма нарса мумкиндир”, дейди Достоевский. Менимча, Виждон йўқ жойда ҳам барча қабиҳликларга йўл очилади. Виждонсиз одам Худони таниш бахтидан бенасиб.

——————————-
Тилда Ватан туйғуси мужассам. Тилда оналик ҳисси мужассам. Мени ҳар қадамда Она Тил етаклаб юрганини биламан. Шу тилда гапираман, шу тилда фикрлайман, ўйлайман… Болалигимдан дунёни шу тил орқали англаганман. Демак, у менинг онам, қолаверса, ичимдаги Ватанимдир.
———————————-

Баъзан мақсад ҳақида ўйлаганимда, бизга берилган омонат фақат жон эмас¬лигини сезгандай бўламан. Яна нимадир бор, ҳа, нимадир… Эҳтимол, ҳар биримиз ўз тафаккуримиз ва туйғуларимиз воситасида вужудимиздаги руҳни парваришлаб камолга етказишимиз керакдир. Туғилганимизда вужудимизга жон билан мурғак руҳ ҳам киргизилар… Яна ким билсин. Айтадилар-ку, Яратганнинг ўзи билгувчидир.

“Ўзим ичра бошқа ўзим бор эди” сатрига армонларимдан бири жо бўлган. Болалигимда ўзим билан ўзим гаплашиб юрадиган одатим бор эди. Бир оз улғайиб, етти-cаккизга кирганимда ҳам шу одатим қолмади. Ота-онам хавотирланиб, мени кузата бошлаган. Пана-панага ўтиб, ўзим билан ўзим гаплашардим, мириқиб гаплашардим. Ичимда яна кимдир борлигини сезгандай бўлардим. Ўша йиллари мендан бир қадам ҳам айрилмай юрадиган синглимдан бевақт айрилиб қолганмиз. Довдираб, бутунлай ўзимни йўқотиб қўйганман. Энди ҳолимни шарҳласам, ўшанда мен ўлган синглимни ичимдаги дўстимдан топгандай бўлганман. Йиллар ўтиб, кўп бора “ўзим ичра ўша ўзим”ни йўқотиб қўйдим. Юриб-юриб яна унга эҳтиёж сезаман. Уни излаб кетаман. Топаман. Инсон шундай мўъжизаки, унинг ичида ўзи ҳам ўқий олмайдиган ёзувлар бисёр, дейишган-ку. Афсуски, ҳозир ҳам – шунча нарсани кўриб-кечириб, шунча нарсага ақлим етиб, “ўзим ичра ўша ўзим”ни кўп ёлғиз қолдираман…

Манба: “Тафаккур” журнали 2014 йил 2-сони

04

07  Эшқобил Шукур 1962 йил Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Боймоқли қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини битирган (1984). Илк шеърлар тўплами — «Юракни ўрганиш» (1984). Шундан сўнг унинг «Сочлари сумбул-сумбул» (1988), «Тунги гуллар» (1989), «Яшил қушлар» (1995), «Ҳамал айвони» (2003) шеърий китоблари ва 2005 йилда «Кўҳна боғ ривоятлари» насрий китоби нашр этилган. «Нақшбанд», «Ибтидо хатоси» каби достонлари, «Насойим ул-муҳаббатга сайр» туркуми, шунингдек, «Оқибат оқшоми», «Дунёнинг кўчиши» каби қиссалари ҳам бор.

  Eshqobil Shukur 1962 yil Surxondaryo viloyatining Qumqo’rg’on tumanidagi Boymoqli qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning filologiya fakul`tetini bitirgan (1984). Ilk she’rlar to’plami — «Yurakni o’rganish» (1984). Shundan so’ng uning «Sochlari sumbul-sumbul» (1988), «Tungi gullar» (1989), «Yashil qushlar» (1995), «Hamal ayvoni» (2003) she’riy kitoblari va 2005 yilda «Ko’hna bog’ rivoyatlari» nasriy kitobi nashr etilgan. «Naqshband», «Ibtido xatosi» kabi dostonlari, «Nasoyim ul-muhabbatga sayr» turkumi, shuningdek, «Oqibat oqshomi», «Dunyoning ko’chishi» kabi qissalari ham bor.

04

05
INSONNI INSONDEK KO’RMOQ ORZUSI
Shoir Eshqobil SHUKUR bilan suhbat
Suhbatdosh — Sobirjon YOQUBOV
04

– Eshqobil aka, “osmon maktublarin mangu mavzusi”da haroratli she’rlar bitgansiz. Shu bois Siz bilan odamzod taqdiri, buguni va ertasi xususida suhbatlashgimiz keldi. Islom ahkomiga ko’ra, bir insonni nohaq o’ldirish bashariyatni qatliom qilish kabi gunohi kabira sanaladi. Boshqa samoviy dinlarda ham bu qilmish keskin qoralanadi. Ammo, ne tongki, odamzod ilohiy ko’rsatmani unutib qo’ygandek. Omonsiz qirg’inlarni ko’rib sochi oqargan mo’ysafid dunyo zakovat va tafakkur asrida ham osoyishta hayotdan benasib yashayotir. Kurrai arzning turli mintaqalarida davom etayotgan urush va ixtiloflar minglab insonlarning yostig’ini quritmoqda. Nahotki, daryo-daryo oqayotgan qon odamzodning ko’zini ochmasa?! “Qurol tilga kirganda qonunlar sukutda qoladi” degan edi Sitseron. Ikki ming yil oldingi bu naql nahot bugunning voqeligiga ham muvofiq kelsa?! Odam farzandlari qachon bir-biriga qurol o’qtalishdan tiyiladi?..

– O’tmishda jaholat aksar bor qiyofasida namoyon bo’lgan. Bugunga kelib u goho kostyum-shim va galstukda, goho yaktak va sallada, goho rido yo sho’rtikda o’zi xohlagan davraga kirib boryapti. Uning yoqasidan olib, “Sen – jaholatsan!” desangiz, u tap tortmasdan “Men – ma’rifatman, men – madaniyatman!” deb da’vo qiladi, kerak bo’lsa, siz bilan omonsiz sudlashadi.
Odam o’ldirish-ku mudhish jinoyat ekani ayon, hatto uning ko’nglini nohaq og’ritish ham gunoh sanaladi. Chunki fazl ahli inson ko’ngliga Xudo ruhidan bir juzv joylanganini qadim-qadimdan sezgan. Bugun “falon to’qnashuvda uch yuz kishi, falon terrorchilik xurujida ikki yuz kishi halok bo’ldi” kabi xabarlarni eshitib, rahmatli otamni eslayman. Bizlar bola edik. Kechqurun ba’zida televizordan mashhur san’at yo jamoat arbobining vafoti to’g’risida xabar berilardi. Shunda dasturxon boshida o’tirgan otamning yelkasi bulkillay boshlardi. Sezardikki, yig’layapti. Bir gal qarindoshimiz otamga “Tog’a, o’lgan odamni tanimasangiz, bilmasangiz, sizga zig’ircha aloqasi bo’lmasa, nega yig’laysiz?” deganida, u “Tanishmi, notanishmi, odam o’ldi-ku, axir” deb yuzini chetga burgan edi.

Darhaqiqat, inson chivin yo pashsha emas-ku. Ba’zi jangari fil`mlardagi qirg’inbarotlarni ko’rib qolsam, bu kinoni ishlaganlarga inson hayotining chivinchalik qadri bo’lmasa kerak deb o’ylayman.

Kurrai arzning turli mintaqalarida davom etayotgan ixtiloflardan gap ochdingiz. Bular omma ko’rib turgan oshkora urushlar, xolos. Lekin yopiq, maxfiy urushlarning ko’lami ulardan ko’ra kattaroq, xatarliroq. Aql maydonida har kuni qanchadan-qancha g’oyalar, mafkuralar to’qnashyapti. Bugungi urushlarning aksariyati inson tafakkuri, qalbini mahv etishga qaratilgan. Qanday makkor strategiya! Chunki qalbingizni va tafakkuringizni egalladilarmi bas, o’zingizni ham, oilangizni ham, bolalaringizni ham, Vataningizni ham qo’lga kiritadilar. Oshkora urushlarda qanchalab odamning yostig’i quriyotgan bo’lsa, xufyona ixtiloflarda shuncha odamning qalbi va fikri quriyapti!

Bobolarimizning “Har kimning o’ziga insof bersin” degan dono gapi bor. Fitnalar tuzmoqchi, dunyoni buzmoqchi bo’layotganlarga insof tilagan holda, o’z qalblarimizni ham himoyalaylik.

– Ommaviy axborot vositalari tarqatayotgan aql bovar qilmas yangilik¬lardan yuragingiz orqaga tortib ketadi. Xuddi erta-indin qiyomat qo’pib, Yer kunfayakun bo’ladigandek… Hongkonglik Sesil Chao degan boyvachcha bo’y yetgan qizining ko’ngliga yo’l topa olgan yigitga bir milliard dollar mukofot va’da qilibdi. Bebiliska mol-davlatning bozori chaqqon bo’ladi: kuyovlikka nomzod yuzlab yosh-yalang o’sha boybuvaning darvozasi oldida turnaqator tizilibdi. Biroq oyimtilla nomzodlarning birortasi bilan ham ko’rishmabdi. Cababi, tantiq-arzanda qiz… dugonasi bilan oila qurish niyatida ekan! Odamzod qayoqqa qarab ketyapti? Insonni hayvondan mumtoz etgan axloqiy qadriyatlar qimmatini yo’qotmoqdami? YO, o’zingiz yozganingizdek, maxluqdan malaklik izlash xatomikan?

– Qaerdadir bir gapni o’qidim va u o’sha zahoti miyamga o’rnashib qoldi. Budda donishmandlari “Biz kuchni kurashga emas, ruh tarbiyasiga sarflaymiz” degan ekan. Juda oqilona o’git. Bunday odamni osonlikcha yengib bo’psiz. Boylik shunday narsaki, unga ega bo’lgan ham, ega bo’lmagan ham ko’pincha undan zarar ko’radi, hirs va havas odamni yo’ldan toydiradi-da. Haddan tashqari ko’p boylik bor joyda xatar ham bor. Shuning uchun xalqimizning ertak va afsonalarida xazina yonida albatta ajdaho bo’ladi. Hongkonglik Sesil Chaoga bu ko’rgilik boylik ortidan kelgan bo’lsa ajab emas. Bir illat meni tashvishga soladi – bilmadim, balki bu avvaldan bordir – odamlar falon boyvachcha undoq qilibdi, falon boyvachcha mundoq qilibdi deb, oshirib-toshirib cho’pchaklar to’qiydi, puldorning dabdabayu as’asaci tushirilgan videolarni tarqatib yuradi, go’yo shundan biror naf ko’radigandek. Undan ko’ra, Navoiy unday qilgan, Beruniy bunday qilgan degan naqllar qimmatli ekanini tushunmaydi. Boylik hech qachon insonning chin maqomini belgilamaydi. Men bolalarimga bir gapni tez-tez tak¬rorlayman: “Katta pul halol odamda ham, qotilda ham, jinoyatchi yo fohishada ham bo’lishi mumkin. Buni farqlash kerak”.

Televidenie rejissyorlari shahrimizdagi ikki-uch qavatli ko’rkam, hasha¬matli uylarda s’yomka qilishni xush ko’rishadi. “Mayli, lekin birorta epizodni bitta-yarimta kitob bor xonada suratga olsangiz nur ustiga nur bo’lardi” desangiz, “E-e, aka, unday uylarda kitob nima qilsin!” deb javob berishadi. Attang! Ey birodar, shunday chiroyli imoratlar solibsiz, barakalla, yaxshi kuningizga buyursin! Qarangki, uyingizni dunyodagi eng sara, asl jihozlar bilan ziynatlabsiz, betakror bezaklar beribsiz, ammo shuncha qimmatbaho buyum siqqan uyga o’n-o’n beshta kitob sig’may qoldimi? Xonangizning bir chetida Navoiy yo Qodiriyning kitobi tursa sizga xalal beradimi? Nahotki, shuncha hashamatga hikmat sig’masa… Dabdabalarga lang ochgan eshigingizni, qiya bo’lsa-da, ma’naviyatga ham oching!

Shu o’rinda yana bir mulohaza. Shahrimizning katta tumanlaridan biri Sirg’alini olaylik. Bozorlar, yuzlab oziq-ovqat va kiyim-kechak do’konlari, oshxona va kafelar – bari badastir ishlab turibdi. Lekin hayhotdek tumanda bitta ham kitob do’koni yo’q. Tumandagi 150 mingga yaqin aholining asosiy qismini yoshlar tashkil etadi. Nima, ular kitob o’qimaydimi? Gazeta do’koni hech qachon kitob magazini o’rnini bosolmaydi, axir.Siz aytgan mashmashalar kundan-kun ko’payib, asosan yoshlar atrofida xira pashshaday aylanyapti, ularga ozmi-ko’pmi ta’sirini ham o’tkazyapti… Dugonasi bilan turmush qurmoqchi bo’layotgan qiz, xorijga ketib, ota-onasini yigirma yilda ham bir martagina yo’qlamagan toshbag’ir farzand, internetda ismini o’zgartirib bir-biriga behayo xatlar yozib yurgan aka-singil, sinfdoshlarini otib tashlash uchun maktabga qurol ko’tarib borgan bola… Bunday noxush hodisalarning bosh homiysi, shubhasiz, ommaviy madaniyatdir.

O’zim guvoh bo’lgan bir voqeani aytib beray. Talabalik yillarimizda Yanglish degan birodarimiz bo’lardi. O’zi bizga qo’shni qishloqda o’sgan. Universitetning fizika fakul`tetetida o’qirdi. Fizikadan favqulodda iste’dodli edi. Hammamiz unga havas qilardik. Sovet davlatining shomi ko’rinib qolgan bo’lsa-da, xorijga o’qish yo ishga boradiganlar barmoq bilan sanarli edi. Yanglish o’qishini Toshkentdan Moskvaga ko’chirdi. Ko’p o’tmay, uning Amerikaga ketganini eshitdik. U yoqda nufuzli tashkilotda ish boshlabdi. So’ng… So’ng shunday yigit butunlay bedarak ketdi. Yil ketidan yil o’taverdi. Unashtirib qo’yilgan qizi ham kuta-kuta, olti yil deganda undan umidini uzib, boshqaga turmushga chiqdi. Bu orada otasi o’ldi. Onasi o’ldi. Kelib ketish qayoqda, undan na xat bor, na xabar…

Taqdirni qarangki, bundan uch-to’rt yil oldin termizlik Fayzulla aka o’zimizning shu Yanglishboy bilan bog’liq bir voqeani aytib berdiki, eshitib tang qoldim. Fayzulla akaning Murod degan o’g’li Amerikada o’qirkan. Shu yigit tasodifan Yanglish bilan tanishib qolibdi. Bir joyning odamlari emasmi, bordi-keldi qiladigan bo’lishibdi. Bir kuni Murod telefonda otasiga Yanglishning yigirma besh yil ichida biror marta ham yurtga bormagani, qarindoshlaridan xabar olmagani, xullas, yaqinlari bilan aloqasi uzilib ketganini aytib qolibdi. Shunda Fayzulla akaning ko’nglidan o’zbekona bir o’y o’tibdi. Shunday bir ish qilsaki, musofir Yanglishga ham, uning qishloqdagi jigarlariga ham ajoyib sovg’a bo’lsa, umr bo’yi eslab yurishsa. Fayzulla aka o’g’liga “Yanglishni biror kun ijarada turgan uyingga chaqir, keladigan vaqtini bir hafta oldin bilay va o’sha kuni u bilan telefonda gaplashay”, debdi. O’g’il otasining aytganini qilibdi. Belgilangan kuni Fayzulla aka Yanglishning qishlog’iga borib, uning uch opasi va singlisini Termizga – o’z uyiga olib keladi. Bu fursatda Yanglish Murodnikiga boradi. Fayzulla aka Termizdan qo’ng’iroq qilib, Yanglish bilan bog’lanadi. Uni opa-singillari bilan gaplashtiradi. Yigirma besh yil davomida jigarlar bir-birining ovozini ham eshitmagan ekan. Fayzulla aka aytadiki: “Yanglishning opa-singillari shunday yig’ladi, shunday yig’ladi, uyda motam bo’lib ketdi. Ularga qo’shilib men ham, yangangiz ham yig’ladik”.

Endi gapning bu yog’ini eshiting. Oradan bir hafta o’tib, Fayzulla aka yana o’g’li Murod bilan gaplashadi. O’z ishidan mamnun o’zbegim o’g’lidan “Yanglish jigarlari bilan topishganidan xursand bo’lib yuribdimi?” deb so’raydi. Murod bir muddat jim qoladi. Otasi takror so’ragach, bunday javob qiladi: “Yang¬lish aka “Men sizdan shuni so’rabmidim, bu o’yinning nima keragi bor edi” deya xafa bo’lib jo’nab qoldi. Yuzko’rmas bo’lib ketdi-yov. Qayta-qayta qo’ng’iroq qilsam ham go’shakni olmadi”.

Birodarim Yanglish! Ehtimol, u yoqlarda ko’p narsa topgandirsan, allanimalarga erishgandirsan… Lekin bu qanday sho’rish saodatki, unga Vatanni almashtirgan bo’lsang?! Bizning odamlar “otamni ko’rib qolgan, onamni ko’rib qolgan” deb hatto bir daraxtni aziz tutib yuradilar-u, sen azim Vatan qadrini shuncha past tutdingmi?!

Globallashuv ma’naviy hayotga qarshi boshlangan “madaniy” bosqinchilikdir. Bashariyat oldida “Insonning mohiyati o’zgaradimi?” degan qattol bir savol turibdi. Tasavvur qiling, hozir har yigirma to’qqiz daqiqada bitta fahsh fil`m tayyor bo’lyapti va o’sha zahoti internet orqali tarqatilyapti. Bu iflos biznesning boshida turganlar esa bir yilda yuz milliard dollar sof foyda olyapti. Demak, talab bor. Ko’rilyapti! Shunday buzuqchiliklarni tomosha qilib ulg’aygan o’smirning holi ne kechadi? Uning oppoq qog’ozday ongi nimalar bilan to’ldirilyapti? Tuyg’ulari-chi, tuyg’ulari nima bo’ladi?..

Xo’sh, nima qilmoq kerak? Bezbetga baribir, eshikdan haydasangiz teshikdan kirib kelaveradi, sal andisha qilsangiz, uyingizning to’rini egallab oladi. Bunday chog’da eng zo’r himoya – milliy tuyg’udir. Mehr-oqibat, or-nomus, g’urur, ibo, hayo kabi milliy tuyg’ular. Bir kuni o’tirib sanab chiqsam, mening bilganlarim o’n oltita ekan. Ana shu o’n olti tuyg’u menga millat ruhini tutib turgan o’n olti ustun bo’lib ko’rinadi. Ularsiz millat ruhi to’kilib ketishi muqarrar. Ayni shu tuyg’ular unib-o’sayotgan yosh ko’ngillarni saqlab qola oladi.

– Oldingdan oqqan suvning qadri yo’q, deya topib aytgan eskilarimiz. 2011 yili ma’lumu mashhur “Apple” kompaniyasining asoschisi Stiv Jobs olamdan o’tdi. O’sha kezda butun dunyo, jumladan, yurtimiz yoshlari qanchalik qayg’uga botganini kuzatgan chiqarsiz – ijtimoiy tarmoqlar ta’ziyanomalarga to’lib ketdi! Bu orada mamlakatimiz ilm-fani va adabiyotining bir necha namoyandasi ham qazo qildi. Qarangki, okeanortilik ixtirochiga motam tutishni do’ndirdig-u, o’zimiznikilarga kelganda… Qizig’-a, dunyoning narigi burchagidagi qaysidir futbol jamoasiga borimizni baxsh etib yuboramiz-u, ammo devor-darmiyon kamxarjroq qo’shnimizga yordamlashishga bo’ynimiz yor bermaydi. Biror serial qahramonining ahvoliga achinib ko’zyosh to’kamiz, musibatzada tanishimizga esa jilla rahmimiz kelmaydi. Urush, qahatchilik yillari xalqimiz qismat shamoli uchirib kelgan o’zga millat vakillaridan ham mehrini darig’ tutmagan. To’kinchilik zamonida esa hatto jigarlar bir-biridan begonalashayotir. Qachon, ne sababdan bunchalik o’zgarib ketdik?!

– Men odamlarda milliy ruh va olomon ruhini ko’raman. Bular suv bilan olovday bir-biriga zid. Yanglishmasam, Seneka aytgan: “Olomon intilgan narsadan qoch!” Odam millatga daxldor bo’lishi kerak, olomonga emas. Men tanish-bilishlarga ham shu nuqtai nazardan baho berishga urinaman: bu millat odamimi yo olomon odami?.. Olomon odami g’ashni keltiradigan darajada quruq, ma’naviy qashshoq bo’ladi. Millat odamida esa gap ko’p. Uning qalbida o’z millatining tarixi va buguni yashaydi. Hujjatimga o’zbek deb yozilgani bilan ruhim o’zbek bo’lmasa qiyin-da. Olomon odami esa, siz aytgandek, har maqomga yo’rg’alayveradi, mustaqil pozitsiyasi bo’lmaydi-da.
Ba’zan tabiatida milliy ruh kuchli odamlarda ham olomonga moyillik sezilib qoladi. Ular fikr va tuyg’u panohidagina olomon tegirmonidan qutulib qolishi mumkin. Darvoqe, bir odam olomon domiga tushib qoldi degani, tamom, u endi bu tuzoqdan chiqolmaydi degani emas. Shunday bo’lganida ruh va nafs tarbiyasi haqida gapirishga hojat ham yo’q edi. Qolaversa, Bedil aytganidek, “O’zgarib turmasa, xona u go’rdir”. Inson har turli vaziyatlarda jiddiy ma’naviy o’zgarishlarni boshdan kechiradi. Bashar muammosi – butun tarix bo’yi yechilmay kelayotgan murakkab bir jumboq… Xudoning o’zi kechirsin-u, ba’zan malaklik tashvishlaridan ko’ra odamiy tashvishlar mushkulroqmikan, degan xayolga boraman. YO o’zimiz o’zimizga muammo tug’dirib yuramizmi?..
XX asr o’rtalaridan dunyo bo’ylab yana bir ma’naviy xastalik – yolg’izlik kasalligi tarqala boshladi. Xudbinlik muhabbat va himmat hissini chirmovuqday chirmab, quritishga tushdi. Bir yostiqqa bosh qo’yib, bir uyda yashab, bir ro’zg’or aravasini o’ttiz yil birga tortgan eru xotin bir-biriga begona… Qondosh ota va o’g’il ruhan bir-biriga yot… Bir uydagi begonalar… Axir, buni oila deb bo’ladimi? Odam hamma bilan birgadek tuyuladi-yu, aslida hech kim bilan emas, mohiyatan yolg’iz. “Hamma” degani alohida-alohida yolg’izliklarning quruq-quroq yig’masiga aylana bordi. Bu illat dunyo ahlini dovdiratib qo’ydi. Jigarlarning bir-biridan begonalashuviga sabab ham shudir. Bizdagi “el”, “mahalla”, “qo’ni-qo’shni” degan tushunchalar bunday qaltis vaziyatlarda ma’lum darajada qalqon bo’layotir. Shuning uchun ham davlatimiz rahbari ko’p chiqishlarida mahalla faoliyatiga alohida e’tibor qaratadi. Mehr-oqibat, or-nomus, qo’ni-qo’shnichilik kabi fazilatlar mahalla hayotida chuqur ildiz otadi.
Afsuski, dunyoda ruhni yemiradigan hodisalar ko’p. Shuning uchun ham har bir insonning ichida o’z adabiyoti bo’lishi kerak. Chekka qishloqlarga borganimda yoshi ulug’ otaxon va onaxonlar bilan gurunglashishni yoqtiraman. Ularning samimiy suhbatini tinglab, bu odamlarning ko’nglida katta adabiyot yashayotganini his qilaman. Holbuki, ularning ba’zilari ismini ham yozolmaydi. To’qsonni qoralagan cholu kampirlarning savod chiqarishga vaqti bo’lmagan-da. Ularning qalbida bunday adabiyot qaerdan paydo bo’lgan ekan, deb xayolga tolaman. Bu adabiyot ularga qanday singdirilgan? “Ha endi sakson-to’qson yil yashagandan keyin yaxshi-yomonni ko’rib, tajriba orttirib shu darajaga yetgandir-da” deyishingiz mumkin. Menimcha, gap bunda emas. Baxshilarimiz soddagina qilib aytgan-ku: “Yaxshi odam qarisa qut bo’ladi, yomon odam qarisa it bo’ladi”. Men aytayotgan odamlarning ruhiga adabiyot urug’i bolaligida tashlangan. Keyin u o’sgan, ungan va rasmana boqqa aylangan.

– Eshqobil aka, “Vatan” kalomini ishlatmay ham ona yurtni dildan tarannum etadigan oriyatli ijodkorlar qatorida turasiz. Ul-bul ilinjda zo’rma-zo’raki she’ru qo’shiq yaratishga kirishib ketgan ayrim mualliflar bu so’zning qadrini tushirib, ohorini to’kib qo’yayotgandek. Har qancha chiranmasinlar, “Vatanim!” deya ko’ksiga mushtlayotgan so’zamollarning ovozi yurakka yetib bormaydi. (Til uchida qilingan izhori dil qachon ko’ngilni hayajonga solibdi?!) Vatanparvarlikni kasb qilib olgan odamdan qo’rq, degan mazmundagi gapni o’qiganim bor. Quruq da’vatlar bilangina vatanparvarlikni tarbiyalab bo’ladimi? Aslida, yurt sevgisi insonning botinida, fitratida emasmi?..

– Bu tuyg’u targ’ib etilishi kerak, lekin targ’ibot deganimiz ota-ona o’z bolasiga mehrini singdirganiday samimiy bo’lishi shart. Soxtagarchilik esa samimiylik va tabiiylikning kushandasi. Tuyg’u juda nozik narsa, parvarish qilinmasa, qarovsiz qolgan guldek quriydi. Odam baqir-chaqir bilan vatanparvar bo’lib qolmaydi. Muhammad Yusuf aytganiday, Vatanni iddaolarsiz sevish kerak. Ba’zi shoirlar yurtiga “izhori dil” bahona do’q-po’pisa qiladimi-yey, “sevgisi”ni pesh etib shartlar qo’yadimi-yey, Vatanini o’zicha qarzdor sanaydimi-yey… Bizda bu mavzuda yaxshi she’rlar mo’l, lekin goho gazetalarimizda chop etilgan o’nlab she’rdan bitta tirik satr topolmaysiz. Unutmaslik kerakki, adabiyotni aldab bo’lmaydi, Vatanni ham… Aslida, ular uch-to’rtta go’lu laqmaga qo’shib o’zini o’zi aldaydi, xolos. Shunday deymiz-u, o’sha go’llar safi kengayib ketishidan ehtiyot bo’lishimiz ham kerak-da. Chunki har qanday millatning ma’naviy darajasi haqiqiy adabiyotni taniy olishi bilan belgilanadi.

Muhabbatning zuvalasi iztirobdan qorilgan. Hatto baxt va shodlik haqidagi chinakam she’r ham darddan tug’iladi. “Qadrdon yurtimga qadam qo’ydim men, / Birdan oyoqlarim yengil tortdilar, / Og’irlashib qoldi yuragim…” kabi satrlarni eslang, ularda muhabbat ham, shodlik ham, iztirob ham bir tup gulning ildizi, yaprog’i, g’unchasi kabi uyg’un keladi. Iztirob chekayotgan odam boshqa odamga aylanadi. Mohiyatga yaqin boradi. Borliqni teran anglay boshlaydi. Iztirob chekishni ko’krakni oylab zaxga berib yotish deb tushunmaslik kerak. Bu ruhiy hodisa olamni va odamni idrok etish demakdir. Lev Tolstoy iztirobdan uzoqlashgan paytlari o’zidan norizo bo’lgan. Bir davrada suhbatdoshlariga “Shu damda chuqur iztirobga oshno bo’lgim kelyapti” deb o’kinadi. Buyuk adib nimani istaganini anglagandirsiz? Iztirob ham ruh tarbiyasining muhim asoslaridan biridir. Shu bois jahon pirlari bu ruhiy hodisani ulug’lagan.
Vatan mavzusi – muqaddas mavzu. U haqda so’z aytish uchun mas’uliyat ham shunga yarasha bo’lishi kerak. Bunga ijodkorning ilhomi, fikri va kechinmalarining o’zi kamlik qiladi. Kechinmalar yuksak badiiyat nuri bilan yo’g’rilishi lozim. “Nazm millat tuyg’usini tarbiyalaydi” deyishadi. Vatan haqidagi she’rlar ham millat qalbidagi mo»tabar tuyg’uga ta’sir ko’rsatadi. Demak, bu mavzudagi she’rlar badiiy jihatdan pishiq-puxta va teran bo’lmog’i kerak. Farosatsizlik bilan bitilgan satrlar boshqalarni-da farosatsizlikka boshlaydi. Didni buzadi. Milliy did – salmoqdor tushuncha. Uni asrash millat ruhini asrashdir. Insoniyat tarixidagi barcha g’oyalar avval axborot sifatida tarqatilgan, keyin badiiyat yo’li bilan bashariyatga singdirilgan. Tavrot, Zabur, Injil, Qur’on… Muqaddas kitoblarning barchasidagi g’oya va fikrlar badiiy yo’l bilan odamlarga yetkazilgan. Bunda hikmat bor. Odamzod badiiyatni yaxshi ko’rgan, undan bahramandlik topgan. Menimcha, ibtidoda inson botini badiiyat nuri bilan yoritilgan.
Ishlab chiqarishda mahsulotning jahon standartiga javob berishi bo’yicha temir qoidalar bor. Adabiyotda ham shunday bo’lishi kerak. Mavzusidan qat’i nazar har bir asar jahon adabiyoti badiiy talablari asosida baholanishi kerak.

– Sinchi olimlarning hisob-kitobiga qaraganda, dunyo bo’yicha har yili yigirma beshtadan til yo’qolib bormoqda. Asosan kam sonli elatlarning tili globallashuv shitobiga dosh berolmay tarix mulkiga aylanayotir. Ammo frantsuz, ingliz, ital`yan kabi xalqaro nufuzga ega til egalari ham o’z lisonini himoya qilish tashvishiga tushib qolgani rost. O’qigandirsiz, rahmatli Ahmad A’zam til mavzusida turkum maqolalar yozdi. Boshimizni qovushtirib bizni birbutun millatga aylantirgan o’zbek tiliga beoqibat bo’lib qoldik, deya bong urdi, tilimizni “moxovga oshna qilayotgan”lar bilan murosasiz kurashdi. Siz nima deysiz, Eshqobil aka, ona tilimizga oqibat ko’rsata olyapmizmi?

– Dunyo bo’yicha har yili yigirma beshta til yo’qolib borayotganini eshitmagan ekanman. Dahshat-ku bu! Shunday qisqa muddatda yigirma beshta millat yo’qolib boryapti degani bu! Chunki millat, avvalo, o’z tili bilan millat. Mustabid tuzum zamonida milliy tillar huquqi poymol qilinib, ular taqdiri xavf ostida qolganida, mashhur avar shoiri Rasul Hamzatov “Agar ona tilim ertaga yo’qolsa, men bugun o’laman” deb faryod ko’targan edi. Qarangki, ellik yil muqaddam mustabidlik ridosida ko’rinish bergan bu baloyi azim endi qipyalang’och “demokratiya” shamoyilida paydo bo’ldi. Emishki, tillar zamon shitobiga dosh berolsagina yasharkan… Axir, bu kasal yotgan onaga “o’lsang o’lib ketaver” deganday bir gap-ku! Ruhi butun millat har qanday vaziyatda ham tilini boy berib qo’ymaydi. Millat tashqi ta’sirlar tufayli eng avval tilini yo’qotadi. Bu faqatgina o’sha kam sonli elatlarning yo’qotishi emas, balki butun dunyoning o’z ma’naviy xazinalarini vulqon girdobiga tashlashi hamdir. Bitta tilning o’limi butun xalqning halokatga mahkum etilishi emasmi?!
Bir maqolamni “O’zbekiston – mening, o’zbek tili esa tafakkurimning Vatanidir” deb nomlagan edim. Tilda Vatan tuyg’usi mujassam. Tilda onalik hissi mujassam. Meni har qadamda Ona Til yetaklab yurganini bilaman. Shu tilda gapiraman, shu tilda fikrlayman, o’ylayman… Bolaligimdan dunyoni shu til orqali anglaganman. Demak, u mening onam, qolaversa, ichimdagi Vatanimdir.Oramizda Ona Tilning mohiyati haqida biror marta o’ylab ko’rmagan odamlar ham topiladi. O’z tilining boru yo’qligi bilan zig’ircha ishi yo’q kimsalar ham uchraydi. Avvallari, birovga onangizni seving deb aytish shartmikan, deb o’ylardim. Axir, bu tuyg’u uning ko’nglida bo’ladi-ku. O’ylab qarasam, aytish kerak ekan. Ayniqsa, hozirgiday qaltis vaziyatda bu gaplarni oila bo’lib, mahalla bo’lib, el bo’lib aytish kerak ekan. Tilimizning haq-huquqlari poymol qilingan, keraksiz lash-lushday bir chetga surib tashlangan, xo’rlangan davrlar o’tdi. Shukrki, unga davlat tili maqomi berilib, har yili mamlakat miqyosida O’zbek tili bayrami nishonlanayotir. Endi gap o’zimizda… har birimizda qolgan!

– Mashriqzamin, jumladan, Ikki daryo oralig’i bir zamonlar dunyo tamadduniga ulkan hissa qo’shgan qomusiy olimlarga beshik bo’lgan. Musulmon Sharqida kamolga yetgan fozillarning o’ktam ovozi O’rta asrlar Ovruposini g’aflat uyqusidan uyg’otgan. Keyingi davrlarda Ikki daryo oralig’ida ro’y bergan muttasil jangi jadal, nifoqu fitnalar, jaholat botqog’iga botgan hukmdorlarning beboshliklari, shuningdek, mustamlaka siyosati sabab mintaqa taraqqiyotdan bir necha asr ortda qoldi. Ulug’ allomalar yashagan asrlarni esa tariximizning oltin davri sifatida hamon entikish bilan eslaymiz. Ijozatingiz bilan qalamkash hamkasblar suhbatlarida bearmon muhokama qilingan savolni – ehtimol, yuzinchi marotabadir – Sizga ham bersak (mudom ma’naviy ildizlarimizni izlagan ijodkorning bu boradagi nuqtai nazari baribir qiziq-da). Bugun nega millatimizdan Xorazmiy, Farg’oniy, Forobiy, Beruniy, Ibn Sinodek allomalar yetishib chiqmayapti? Umuman, ne yo’l bilan daholarni tarbiyalash mumkin?

– O’zingizga ma’lum, salkam yuz ellik yil mobaynida istibdod zulmi ostida yashadik. Undan oldingi XVII–XVIII asrlarimiz ham juda og’ir va qorong’i kechdi. Millat uch xonlikka bo’linib, bir-birini yedi, qirdi… O’sha davrlarga oid “Muntaxab ut-tavorix” kabi tarix kitoblarini o’qisam uyalib, qiynalib ketaman. Nachora, o’tmishni o’zgartirib bo’lmaydi. Bu tarixning sharafli yillarini o’zimning sharafli yillarim, dard va zulmga to’la davrlarini esa ko’nglimning og’riqlari deb bilaman. Buni balandparvozlikka yo’ymang. Aslida shunday bo’lishi ham zarur. Millat tarixi shu millatga mansub har bir odamning ham tarixi bo’lmog’i kerak. Ana shunda millat yaxlitlik kasb etadi. XVII–XVIII asrlar haqida o’ylasam ko’nglim zimiston bo’lib ketadi. Muhammadalixon, Amir Nasrullo, Xudoyorxon kabi hukmdorlardan o’z amakim yo tog’amdan xafa bo’lgandek xafa bo’laman. Ular yo’l qo’ygan xatolar, sodir etgan jinoyatlarning menga aloqasi yo’q deb qarayolmayman. Bir-birining ko’ziga mil tortgan shahzodalar, bir-birini zaharlagan malikalar, bir-birini go’rga tiqqan a’yonlar, bir-birining ayolini tortib olgan nafs sharmandalari bu davr tarixini zulmatga cho’ktirdi. Ulardan so’ng O’rusiya bosqini… “Xiyobonga itlar va sartlar kiritilmaydi” qabilidagi tahqiromuz yozuvlar… O’z vaqtida jahon fanini ko’kka ko’tarib qo’ygan millatga yovvoyilarga qaraganday bepisand munosabat… Xo’rlik va haqoratlar… Qullik va qabohatlar… Zulmat zamoni salkam to’rt yuz yil davom etdi. To’rt yuz yil-a! Bu vaqt ichida millat ruhi sindirildi. Shuning uchun u davr bolalari yuraksizlar avlodiga aylandi. Millat tarixning qorong’i bir burjida taqqa to’xtab qoldi. Hayhot… Amir Temur, Ulug’bek, Navoiylarning shavkatli tarixini meniki deb, hozirgina aytib o’tganimiz parokanda tarixni boshqa birovniki deb bo’lmaydi. Bu ham har birimizning tariximizdir. Muhimi, xulosa chiqarish, saboq olishda. Birni ko’rib fikr, birni ko’rib shukr qila bilishda.
Mamlakatimiz mustaqillikka erishganiga yigirma uch yil bo’ldi. Endi millat shiddat bilan qaddini ko’taryapti. Jahon sahnalariga shaxdam odimlar ila chiqib borayotgan yoshlarimizni ko’rib, ko’nglingiz faxrga to’ladi. Darvoqe, daholar qanday tarbiyalanadi, deb so’radingiz. Buning uchun tarixning burilish nuqtalari zarur. Biz ayni shunday jarayonni boshdan kechiryapmiz. Oqqan daryo hamisha oqadi…

– Avval-boshda Siz bilan she’riyatdan boshqa mavzularda suhbatlashishni niyat qilgan edik. Ammo toza fikr va yorug’ tuyg’ular omixtalashgan javob¬laringizni tinglash asnosida bittagina bo’lsa-da, nazmga daxldor savol so’ramoqqa jazm etdik. “Ko’z yumib ko’rganlarim” deb nomlagan yangi to’plamingiz katta-kichik davralarda e’tirofga sazovor bo’ldi. “Qaldirg’ochning ko’z yoshlari” she’ringizdagi “O’zim ichra boshqa O’ZIM bor edi…” satri qay jihati bilandir hazrat Navoiyning “Netarsen tilab har ajoyibqa yo’l, / Ajoyib erur senda, ogoh bo’l!” baytini yodga soldi. Suhbatimiz so’ngida mazkur satringizni muxtasar sharhlab bersangiz.

– Keyingi yillarda bir necha hikmatni anglab yetgandayman. Shulardan biri budir: osmonda hamma uchun yagona Xudo, yerda esa har kim uchun xos Vijdon bor. Bu ikki
kuch tutash va bir-biridan muntazam xabardordir. Men har kuni ikkisining oldida ham hisob berishim shart! “Modomiki, Xudo yo’q ekan, unda hamma narsa mumkindir”, deydi Dostoevskiy. Menimcha, Vijdon yo’q joyda ham barcha qabihliklarga yo’l ochiladi. Vijdonsiz odam Xudoni tanish baxtidan benasib.Ba’zan maqsad haqida o’ylaganimda, bizga berilgan omonat faqat jon emas¬ligini sezganday bo’laman. Yana nimadir bor, ha, nimadir… Ehtimol, har birimiz o’z tafakkurimiz va tuyg’ularimiz vositasida vujudimizdagi ruhni parvarishlab kamolga yetkazishimiz kerakdir. Tug’ilganimizda vujudimizga jon bilan murg’ak ruh ham kirgizilar… Yana kim bilsin. Aytadilar-ku, Yaratganning o’zi bilguvchidir.
“O’zim ichra boshqa o’zim bor edi” satriga armonlarimdan biri jo bo’lgan. Bolaligimda o’zim bilan o’zim gaplashib yuradigan odatim bor edi. Bir oz ulg’ayib, yetti-cakkizga kirganimda ham shu odatim qolmadi. Ota-onam xavotirlanib, meni kuzata boshlagan. Pana-panaga o’tib, o’zim bilan o’zim gaplashardim, miriqib gaplashardim. Ichimda yana kimdir borligini sezganday bo’lardim. O’sha yillari mendan bir qadam ham ayrilmay yuradigan singlimdan bevaqt ayrilib qolganmiz. Dovdirab, butunlay o’zimni yo’qotib qo’yganman. Endi holimni sharhlasam, o’shanda men o’lgan singlimni ichimdagi do’stimdan topganday bo’lganman. Yillar o’tib, ko’p bora “o’zim ichra o’sha o’zim”ni yo’qotib qo’ydim. Yurib-yurib yana unga ehtiyoj sezaman. Uni izlab ketaman. Topaman. Inson shunday mo»jizaki, uning ichida o’zi ham o’qiy olmaydigan yozuvlar bisyor, deyishgan-ku. Afsuski, hozir ham – shuncha narsani ko’rib-kechirib, shuncha narsaga aqlim yetib, “o’zim ichra o’sha o’zim”ni ko’p yolg’iz qoldiraman…

Manba: “Tafakkur” jurnali 2014 yil 2-soni

хдк

(Tashriflar: umumiy 575, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring