Anvar Namozov. Yangi yil hangomasi

092

Хона бурчагида телевизор кўриб ўтирган Зарнигорнинг кайфияти яхши эмасди. У қўлига телефонини олди-да, ботиниб-ботинмай рақам терди. Гудок кетар-кетмас, орқа томонида телефон жиринглаганини эшитиб, ортига ўгирилиб қаради. Кейин қорбобога синчиклаб тикилди. Отабек эса телефони жиринглаётганига эътибор бермас, ошналари каби қорин тўйғазиш билан овора эди. У телефонини олиб, экранига қаради-да, Зарнигорга билинтирмай кўз қисиб қўйди. Қиз бундай ташрифни кутмаганди, капалаги учди. Онасига имо қилиб, биргаликда чиқиб кетишди.

08

Анвар Намозов
ЯНГИ ЙИЛ ҲАНГОМАСИ
011

Отабек кутилмаганда Зарнигорнинг қаршисидан лоп этиб чиқиб, уни чўчитиб юборди.
— Оббо, нима истайсиз ўзи? — аччиқланди қиз.
— Жавобингизни, — деди йигит.
— Жавобимни айтиб бўлганман.
— Менга эса “ҳа” деган жавоб керак.
Зарнигор йўлакни айланиб ўтмоқчи эди, Отабек яна “кўксини қалқон қилди”. У қўлини белига тираганча без бўлиб тураверди.
— Ҳозир бақираман, — огоҳлантирди Зарнигор. — Одамларни бошимга йиғаман.
— Бирга бақира қолайлик. Одамлар йиғилгач, мен ҳамманинг олдида сизни севишимни эълон қиламан.
— Отабек, тинч қўйинг, дедим сизга. Қанақа одамсиз ўзи?
— Мен ошиқ одамман. Сиз-чи, сиз қанақа одамсиз? Нега муҳаббатимни писанд қилмайсиз? Айтинг, сизга нимам ёқмайди?

Зарнигор Отабекка тикилиб турди-да, боплаб жавоб қайтармоқчи бўлди. Бироз ўйлаб туриб беихтиёр кулгиси қистади. Кейин жиддий равишда деди:
— Менгами? Менга бурнингиз ёқмайди, бўлдими? Энди йўлдан қочинг.
Отабекнинг кайфияти тушиб кетди. Ахир ҳар қандай одамга камчилигини айтсанг дили хуфтон бўлади-да! У қўлини бурнига олиб бориб, пайпаслаб кўргунича Зарнигор кетди-қолди.
Тарвузи қўлтиғидан тушиб ётоқхонага қайтган Отабекнинг ҳеч ким билан гаплашгиси келмади. Икки хонадоши ҳол сўраганди, жавоб ҳам бермади. Ойна қаршисида туриб, ўзининг аксига, аниқроғи, бурнига синчиклаб қаради. Оддий бурун-ку! Нега Зарнигор ёқмайди?
— Эвоҳ! — Отабек шу қадар чуқур уҳ тортиб юбордики, хонадошлари сапчиб туриб кетишди. Аммо у Зарнигорнинг гапини ўртоқларига айта олмади! Шунинг учун баттар асабийлашди. Бурун катаклари каттариб, ўзи ҳам беўхшов қиёфага кирди. Барибир айтмаса бўлмайди, акс ҳолда дод солиб йиғлаб юбориши ҳеч гапмас!

Отабекдан бор гапни эшитган хонадошларининг жаҳллари чиқиб кетди.
— Ўйламай гапиравераркан-да! — деди Ўктам қўлларини мушт қилиб.
— Йўқ, яхшилаб ўйлаб, кейин айтди.
— Болохонадор қилиб сўкиб ташламайсанми?
— Мен уни яхши кўраман, — хўрсинди Отабек.
— Яхши кўраман деб ўзингни хор қиласанми? Нега бурнингга тил теккизади?

Шарофиддин оғир, босиқ йигит.
— Ўктам, сен ҳовлиқма, — деб гап бошлади у. — Отабекни тушунишга ҳаракат қил! Балки Зарнигор шунчаки ҳазиллашиб айтгандир? Ҳар қандай гапни кўнгилга олаверсак, кўнгилда жой қоладими, ошналар?
Отабек янада чуқур хўрсинди:
— Мен қарор чиқариб бўлдим, — у шундай деди-да, диванга ўзини ташлаб, жим бўлиб қолди.
Ўктам Шарофиддинга қаради. Шарофиддин елка қисди.
Отабек индамай ётаверди. Ўктамнинг ичига ғулғула тушди. Дўстига назар солди. Отабек нафас олмаётганга ўхшаб кетди.
— Ҳей, — уни туртди Ўктам, кейин бақириб юборди: — Отабе-е-е-к!

Отабек бошини кўтариб, унга олайиб қаради:
— Қўясанми, йўқми? Нима дейсан?
— Ўлиб қолибсанми, деб қўрқдим-да, ўртоқ! Ўзингга олаверма, кел, чой ичайлик, унутиб юборасан.
— Йўқ!
— Ҳой, одам, ичингга ютаверсанг, нафасинг чиқмай қолади. Айт, нима қилмоқчисан?

Отабек аввал Ўктамга, сўнг Шарофиддинга боқди.
— Айтиш керак, — деди Шарофиддин.
— Айтсам, айта қолай: ўқишни йиғишитириб кетаман!
Орага бир зум сукут чўкди-да, Ўктам муштини кафтига урди. Сўнг тутақиб Шарофиддинга деди:
— Мен сенга айтдим, шу қиздан айнитайлик, дедим. Йўқ, севгининг йўлига тўғаноқ бўлмаймиз, дединг. Мана, оқибати! Энди кўрасан, бу аниқ кетади. Қиз эса йигити билан ялло қилиб юраверади.

Отабекни аҳдидан қайтариш осон эмас. Ўктам билан Шарофиддин гапиравериб тиллари осилиб қолди. У эса, кетаман, деб туриб олди. Ҳатто лаш-лушларини йиғиштира бошлади. Дераза токчасида турган Зарнигорнинг суратини олаётиб, деворга суяниб қолди. “Хайр, Зарнигор, бахтли бўлинг, — деди шивирлаб. — Энди мени сира кўрмайсиз”. Суратдаги Зарнигор жонланди, қўлини силкитиб нимадир деди. “Кетсанг, кетавер деяпсизми? Ҳа, начора! Сизга бурним ёқмаса, қишлоғимиздаги қизларга ёқиб қолар”. Расмдаги Зарнигор яна қўлини силкитди.
— Ие, Зарнигор-ку! — деди деразага яқинлашган Ўктам.
— Ҳа, — хўрсинди Отабек.
— Жиннимисан, пастга тушинг, деяпти-ку! — шундай деб дераза тавақасини очди. — Ана! Чоп тезроқ!
— А?.. Расм-ку бу!.. Нима, а?
Эс-ҳушини йиғиб деразадан пастга қараган Отабекнинг оғзи ланг очилди: совуқда титраб турган Зарнигор уни ҳамон қўли билан имларди.

Отабек бешинчи қаватдан қандай тушди, билмайди. Зарнигор томон “Боинг” бўлиб парвоз қилди-ёв! Сал бўлмаса унинг олдида сирпаниб кетиб оёғи осмондан бўлишига бир баҳя қолди. Зарнигор келади деб сира кутмагани учунми, эрталабки довюраклигидан асар ҳам қолмаган, тили танглайига ёпишиб, гапира олмай қолганди.
— Мендан хафа бўлдингиз-а? — деди Зарнигор. — Нима қилай, кўнглингизни қолдирмоқчи эдим-да!
— …
— Менга қаранг, Отабек. Ҳаракатингизни қилинг. Мана шу янги йилгача совчиларингизни юборинг.
Бу таклифни кутмаган Отабекнинг бўйи етти қарич ўсиб, арча шохларига тегай деб қолди:
— Сов…ч…илар?.. Ҳа, албатта! Сиз… сиз Зарнигормисиз ростдан ҳам?
— Ҳа, ўзимман. Ота-онам мени бошқа бировга беришмоқчи. Агар вақтдан ютмасак… ютмасангиз демоқчи эдим, кейин кеч бўлади. Мен кетдим, кузатманг. Жияним кутиб турибди.
Зарнигорнинг ортидан қараб қолган Отабекнинг ирғишлагиси келарди.

* * *

У уйдагиларга телефон қилиб гаплашди. Юрагида борини тўкиб солди. Совчиликка онаси билан аммаси келадиган бўлишди.
— Мен нақадар бахтлиман, — деб ҳайқирди Отабек дўстларига. — Шунчалик бахтлиманки, кўчадаги ҳамма қорни егим келяпти.
Уч кун аввал ўқишни ташлаб кетмоқчи бўлган ошиқнинг хушбахтлигидан Ўктам ва Шарофиддин ҳам хурсанд эди. Аммо афсуски, бу хушнудлик узоққа чўзилмади. Кутилмаган хабар келди: қор кўп ёғиб, довон йўли ёпилибди! Онаси билан аммаси айни совчиликка келадиган пайтда шундай бўлди.

Отабек Зарнигорнинг шартини эслаб инграб юборди. Икки дўст ёрдамга шошилишди, аммо уларнинг саъй-ҳаракатлари ҳам зое кетди. Сохта қариндош бўлиб совчиликка боришга кафедра ўқитувчиси Ҳуснора Бўтаевна ҳам, талабалар поликлиникаси ҳамшираси Зулфия хола ҳам кўнишмади. Ётоқхона фарроши Лола опа рози эди, аммо ароқхўр эри уриб, у ҳам боролмайдиган бўлди. Бир кўзи қулоғигача кўкарган аёл қулчилликка қандай борсин!
Бу дунёда аёл кўп, бироқ излаганингда топилмас экан. Наҳотки икки ёшни бахтиёр қилиш, савоб иш учун зарур хотинлар топилмаса! Вақт жуда кам, совчиликка юборишга энди ёши улуғ эркакларни ҳам топиш амримаҳол эди!
— Ҳаммаси тамом! — деди Отабек алам билан. — Мен нақадар бахтсизман! Шўри қуриган ошиқман.
У яна аввалгидек диванга ўзини ташлади. Ўктам Шарофиддиннинг бошига чертди:
— Ҳей, индамай тураверасанми? Бирор чорасини ўйласанг-чи, хумпар!

Шарофиддин бир соат ўтирдими, икки соатми, бақириб юборди:
— Менга қара, Отабек, совчи бўлиб ўзимиз борамиз.
Отабек бошини кўтармай деди:
— Отаси нақ отади. Ҳарбийдан чиққан пенсионер!
— Нима қипти?
Ўктам гапга қўшилди:
— Шароф, сенинг калланг умуман ишламайди. Учаламиз сўппайиб кириб борсак, улар ҳам сўппайиб кутиб олади деб ўйлаяпсанми? Шунақанги ҳайдашадики…
— Йўқ, бизни ҳайрат ва қарсаклар билан кутиб олишади. Сен, Отабек, қорбобо бўласан. Қорбобони эса ҳеч замонда ҳайдаб юборишмаган. Биз ёнингда бўламиз. Ниқоб тақиб оламиз.

Отабек бошини кўтарди.
— Умуман айтганда, яхши таклиф, аммо…
— Уёғини менга қўйиб бер, ошна! Ўзим дўндириб ташлайман. Совчилик ҳақида ҳам ўзим гап очаман…
Ўктам Шарофиддиннинг елкасига қоқди:
— Яшавор, дўстим! Бундай калланг учун сенга “Нобель” бериш керак ўзи! Қойил!
Қорбобонинг кийим-кечагини топиш қийин бўлмади. Отабекни шу қадар кийинтириб ясантиришдики, уни танишнинг иложи йўқ эди. Қорбобонинг нақ оригинали бўлди-қолди! Ўктам мультфильмдаги Шрекка айланди. Шарофиддинга ниқоб олиш учун эса… пуллари етмади.

Ғира-шира пайтда йўлга тушдилар. Зарнигорларнинг уйи шаҳарнинг бу чеккасида. Куни билан туз тотмаган ошналарнинг қоринлари бирам оч эдики…
— Ким у? — дарвоза ичкарисидаги гулдираган овоздан уч ошнанинг оёқларига титроқ кирди.
Отабек Шарофиддин ўргатган қўшиқни бошлаб юборди:

— Мен олисдан келдим,
Шамол мисол елдим.
Эшикни очгин, ўғлим,
Совға беради қўлим.

Дарвоза эшиги очилиб, шопмўйлов киши пайдо бўлди:
— Ие, қорбобо?

— Мен олисдан келдим,
Шамол мисол елдим…

— Сенларни ким чақирди?
— Отахон, бизнинг вақтимиз зиқ, — деди Шарофиддин. — Яна тўртта ҳовлига киришимиз керак. Тезлаштиринг…
Кутилмаганда дарвоза олди қий-чув бўлиб кетди. Отахоннинг набиралари қорбобони кўриб қийқиришарди. Ҳатто Отабекнинг қўлидан ушлаб ичкарига тортқилай бошлашди.
— Вой, нега турибсизлар? — деди невараларининг ортидан келган бувиси. Кейин эрига ўгирилди: — Буларни жиянингиз Жамол юборгандир-да!

Дарвозадан кираётиб даранглаган овоз чиқди.
— Шрек бошини уриб олди, — қийқиришди болалар.
— Қорқиз қани? — сўради мезбон.
Шарофиддин жавоб берди:
— Қорқизга жиянингизнинг пули етмай қолди.
— Етмай қолди? Қанча ўзи?
— Икки минг доллар.
— Намунча! — қовоғини уйди мезбон. — Ё Шимолдан қорқизнинг ўзини олиб келасанларми?

Шарофиддин алламбало баҳоналарни тўқиб ташлади. Хуллас, мезбонни ишонтирди.
— Ҳа, майли… Ўзинг ким бўласан?
— Менми? — Шарофиддин айвонга кириб кетган дўстларига имо қилди: — Мен қорбобонинг продюсериман.
— Продюсер? Қорбобонинг ҳам продюсери бўларканми?
— Замон шундай бўлиб кетди, бува!

Дастурхон ёзилган хонага киришгач, ошналарнинг аҳволини кўрсангиз эди! Отабек қопдан турли-туман совғалар олиб тарқатяпти-ю, Зарнигордан кўра қовурилган товуқларга қарайди. Ўктам-ку иштаҳасини босолмай ҳиқиллаб қолган. Шарофиддин эса ён дафтарига ёзаман деб сўлагини оқизиб юборди. Ҳартугул буни уй бекаси сезди. У кичкинтойларни нариги хонага ҳайдаб, эрига нимадир деб пичирлади.
— Қани, йигитлар, дастурхонга марҳамат, — деди мезбон.
Талаба — талаба-да! Агар бир дақиқа кечикиб таклиф қилишмаганида улар шундоқ ҳам дастурхонга ёпирилишарди. Ошқозон ҳуштак чалиб ётган бўлса нима қилишсин бечоралар!
— Айбга буюрмайсизлар, — деди оғзини чалпиллатаётган Отабек анграйиб қолган эр-хотинга. — Эрталабдан ҳеч нима еганимиз йўқ. Иш кўп, тирикчилик!
— О-о-о-о-ш бўлсин.

Хона бурчагида телевизор кўриб ўтирган Зарнигорнинг кайфияти яхши эмасди. У қўлига телефонини олди-да, ботиниб-ботинмай рақам терди. Гудок кетар-кетмас, орқа томонида телефон жиринглаганини эшитиб, ортига ўгирилиб қаради. Кейин қорбобога синчиклаб тикилди. Отабек эса телефони жиринглаётганига эътибор бермас, ошналари каби қорин тўйғазиш билан овора эди. У телефонини олиб, экранига қаради-да, Зарнигорга билинтирмай кўз қисиб қўйди. Қиз бундай ташрифни кутмаганди, капалаги учди. Онасига имо қилиб, биргаликда чиқиб кетишди.
— Ойи, шу ҳафтада совчилар келиши керак керак девдим, — йиғламсиради Зарнигор.
— Ҳа, келишмади-ку, — деди онаси.
— Совчиларнинг ўрнига… қорбобо бўлиб ўзи келиб ўтирибди!
— Вой, ўлмасам! Жинними булар?

Ичкарида эса Шарофиддин қовун туширди. Истеъфодаги полковник билан “эллик-эллик” уришгач, кайфи ошиб қолди. Гапираман дейди-ю, тили бўйсунмайди, ғўлдирайди. Ўктамни туртиб қўйди.
— Нима дейсан, ошна? — деди Ўктам. — Ҳалиги, нимайди… ҳа, яшасин севги! Кел, битта ўфий, ошна!
Ҳамма иш Отабекнинг ўзига қолди. У ичакузди латифалар айтиб, бўлажак қайнотасини роса кулдирди. Бу пайтда отахоннинг ҳам кайфи ошиб қолганди. Ниҳоят, Отабек икки ошнасига қараб қўйиб, муддаога ўтди:
— Сизда бир гул, бизда бир булбул бор, ота! Удумимизни бузиб, ўзимиз совчиликка келавердик…
Ўша оқшом нимадир пақиллаб кетди. Истеъфодаги полковникнинг хонадонида яп-янги шампан виноси очилган эди!..

07

(Tashriflar: umumiy 92, bugungi 1)

Izoh qoldiring