Iste’dodli shoir Jo’rabek Ramazon haqida suhbat & Shoir xotirasiga bag’ishlangan videofilm & Ikki she’riy to’plam

05    Қисқа умри даврида бетакрор шеърлар ёзиб қолдирган Жўрабек Рамазонга нима бўлган эди? Унинг ҳаёти қандай кечган? Ёш шоирни нималар қийнаган? Жўрабекдан қайси асарлар мерос бўлиб қолди? Марҳум шоирнинг рафиқаси Нодира Жўрақулова билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

ШОИР НЕГА ЖИМ БЎЛДИ БУГУН,
ЭШИТМАДИНГИЗМИ, У ЎЛДИ БУГУН?..
 Жўрабек Рамазон ҳақида умр йўлдоши Нодира Жўрақулова билан суҳбат
033

05Жўрабек Рамазон. Бойсунлик шоир. Тақдир унга қисқа умрни раво кўрди: 2014 йили 31 ёшида вафот этди. Шоирлар орасида бундай қисмат эгалари бисёр. Русларнинг машҳур шоири Александр Пушкин 37 ёшида ҳаётдан кўз юмган, Михаил Лермонтов 26, Сергей Есенин 30 ёшида вафот этган. Ўзбек шоирлари Чори Аваз ва Равшан Файз умрларининг 35-ёшида рихлатга сафар қилишган. Шоир, драматург Илҳом Ҳасанов 31 ёшида ҳаёт билан видолашган. Бу инсонлар қандай вафот этгани аён: дуэль, ўз жонига суиқасд, оғир хасталик, автоҳалокат туфайли.

Қисқа умри даврида бетакрор шеърлар ёзиб қолдирган Жўрабек Рамазонга нима бўлган эди? Унинг ҳаёти қандай кечган? Ёш шоирни нималар қийнаган? Жўрабекдан қайси асарлар мерос бўлиб қолди? Марҳум шоирнинг рафиқаси Нодира Жўрақулова билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

– Нодира, сиз билан ҳаётдан бевақт кўз юмган умр йўлдошингиз, Усмон Азим таъриф берган катта шоир Жўрабек Рамазон ҳақида суҳбат қурсак. Жудолик оғир, айрилиққа чидаш душвор, аммо ҳаёт давом этмоқда. Жўрабекнинг вафотидан салкам беш йил ўтди. Энг аввало, у билан танишувингиз, турмуш қурганингиз хусусида гапириб берсангиз.

– Мен Жўрабек акани эсимни таниганимдан буён таниганман, десам бўлади. Биз бир кўчада бирга ўйнаб, катта бўлдик. Битта мактабда ўқидик. У мендан икки синф юқорида опам билан ўқиган. Мен бадиий китоб мутолаа қилишни жуда яхши кўрардим. Бир куни опам «Жўрабекнинг китоблари роса кўп, лекин сўрасак, қизғанчиқ, бермайди», деб қолди. Ўшанда мен 3 ёки 4-синфда ўқирдим. Кечқурун Жўрабек акадан ўқиш учун китоб бериб туришини сўрадим. У мени уйларига таклиф қилди. Ўшанда хонасига кириб, ҳайратга тушганман. Бир дунё китоб, газета-журналлар, деворларда ҳар хил суратлар… Хуллас, менинг орзумдаги хона эди. Кейин билсам, у Жўрабекнинг ҳар кимни ҳам олиб кирмайдиган ўзига хос дунёси экан. Шу-шу, мен бу хонадан истаган китобимни оладиган ва авайлаб ўқиб, қайтарадиган бўлдим. Кейин мен математика лицейига ўтиб кетиб, аниқ фанларга ўралашиб қолдим.

Жўрабек ака мактабда ўқиш билан бирга “Бойсун” газетаси таҳририятида мухбир бўлиб ишларди. Унинг дунёси мени ўзига тортиб турар, газеталарда чоп этилаётган ижод намуналарини мунтазам кузатиб, кўча-кўйда учрашиб қолганимизда фикрларимни билдириб турардим. Биз шу тариқа улғайдик. Мен ўқишга киролмаганимдан кейин Жўрабек ака таҳририятга матн терувчи кераклиги, хоҳласам ишлашим мумкинлигини айтиб қолдилар. Жон деб таҳририятга ишга кирдим. Шундан сўнг биз бу адабий муҳитда икки йил бирга ишладик. Йиллар бизни бир-биримизга яқинлаштирди, оила қуриш вақти келганда эса айрилишимиз мумкин эмасдек эди гўё. Ишонасизми, шунча шеър ёзган инсон юзимга қараб битта дил изҳори қилолмасди. Менга муносабатларини ҳар куни телефонимга юборадиган шеърларидан билиб олганман. Афсуски, биз беш йилгина бирга яшадик. Жудолик оғир, аммо ҳаёт давом этар экан.

– Жўрабек қай даражада инсон эди? Ўзининг дунёси, борлиғи бўлгани табиий ҳол. Оилада, ҳаётда қандай эди у?

– Жўрабек ака жуда оддий, камтар, самимий инсон эди. Оилада унинг алоҳида ўрни бор эди. Ота-онаси, опаларининг суянган тоғи, укаларига яқин маслаҳатчи эди. Шеър, ҳикоялар ёзишдан ташқари кўп нарсаларга қизиқардилар. Расм чизар, қоғоздан ҳар хил нарсалар ясардилар, боғни парвариш қилиш, гуллар ўстириш, овқат тайёрлаш уларнинг бўш вақтда шуғулланадиган ишлари эди. Жуда болажон эдилар, фарзандлари, жиянлари билан эринмай бирга ўйнар, уларга шеърлар ўргатар, сайрга олиб чиқардилар.

Жўрабекни йўқотиш барчамиз учун жуда катта жудолик бўлди. Менинг оиламдагилар ҳам Жўрабек акани жуда яхши кўришарди. Инсоннинг ўзига хос дунёсига, менимча, унинг энг яқини ҳам кира олмайди. Ҳозир ўйласам, Жўрабекнинг дунёси, борлиғи ўзгача бўлган экан. Бизга ҳам мавҳум сирли олам, борлиқ уни ўраб турган.

– Жўрабек Рамазоннинг биз билган таржимаи ҳоли умри каби қисқа: 1983 йили Сурхондарё вилоятининг Бойсун шаҳрида туғилган. Тумандаги 1-мактабда таҳсил олган. Ижод намуналари республика матбуотида эълон қилинган. Ўзбекистон ёш ижодкорларининг анъанавий «Зомин» семинари иштирокчиси. «Тавалло» (2003), «Бугун» (2008), «Юр, қочиб кетамиз» (2011) номли шеърий тўпламлари нашр этилган. «Бойсун» газетасининг адабий бўлим муҳаррири бўлиб ишлаган. 2014 йили юрак хуружидан вафот этган.

Кўпчиликни қизиқтиргани: оиласида, авлодида назм, насрга қизиққанлар бормиди? Жўрабек ижодга қандай кириб келган? Ёзган асарларига қараганда, у анча ёшлигидан ёза бошлаган.

– Улар авлодида наср, назмга қизиққанлар, билимли инсонлар бўлган, албатта. Онаcи китобсевар, диний ва дунёвий билимларга эга аёл, шеър, ҳикоялар ёзиб турадилар. Жўрабекнинг шеърият оламига кириб келишини, аввало, Худо берган истеъдод деб биламан. Қайнонам шундай хотирлайди: «Мен Жўрабекка алла ўрнига достонлар, ғазаллар айтиб ухлатардим. У уч ёшгача гапирмаган, фақат мени жим тингларди. Катта бўлганида мен обуна бўлган журналлардаги шеърларни қирқиб, йиғиб юрар экан. Бир куни билиб қолиб, қаттиқ жазолаганман. Кейин роса пушаймон бўлдим. Унинг шеър ёзишини билиб қолиб, таҳририятга олиб бориб чиқартирганман, ўзи ёзганларини ҳаммадан яшириб юрарди». Жўрабек аканинг ижод оламига кириб келишига онасининг ҳиссаси бор деб ўйлайман.

У кишининг эътиборидан бирор нима четда қолмасди. Атрофдаги содир бўлаётган барча воқеа-ҳодисаларни шеър қилиб ёзардилар. Масалан, онасидан уч ёшгача тили чиқмаганини эшитганидан сўнг «Онамга» деган шеърни ёзганлар:

Гоҳида жилмайиб эслайди онам:
«Қарийб тўрт ёшгача тилинг чиқмаган.
Бир нима билолмай ҳалак фолбин ҳам,
Дўхтир томоғингга нелар тиқмаган…»

Бир куни интернетга бир шеър жойлаганлар. Унда «Ялинаман» деган сўз бўлган. Шунда бир шоир йигит «Сурхон йигитлари ҳеч кимга ялинмайдиган мард ва жасур деб эшитганман, бу нимаси, «ялинаман» деб ёзибсиз?» деган. Унга жавобан «Эланиш» деган шеъри яратилган:

Яшамадим гарчи ер бўлиб,
Лекин лозим гоҳо тан бериш.
Ажабланманг, агар эр бўлиб,
Эланишим туюлса эриш.
Болаликдан сиғмай танамга,
Орзуларга беланган эдим;
Илк бора шу азиз Ватанга
Озод бўл, деб эланган эдим…

Хуллас, уларда шундай истеъдод бор эди. Илҳом келса, шеър дегани қуйилиб келаверарди.

– Жўрабекнинг ижодида кўпроқ тушкунлик ҳукмрон эди. Нега шундай? Ишлари юришмасмиди? Моддий томондан қийналганмиди? Эҳтимол, одамлардан тез ранжийдиган одатлари бўлгандир? Уни беҳуда ўкситишгандир? Шоирларнинг кўнгли нозик бўлади-да!

– Ҳақиқатан, Жўрабек ижодида тушкунлик ҳукмрон. Ҳатто ҳикояларида ҳам охирида бош қаҳрамонни «ўлдириб» қўярди. Мен бу ҳақда жуда кўп сўраганман. Ҳатто қаҳрамонларни бахтли қилиб, ҳикояни якунлашларини илтимос қилганман. «Мен ҳам уларнинг бахтли бўлишини хоҳлаган эдим, нимагадир ёзганларим ўлимга қараб бораверади, ўзим ҳам билмай қоламан», деганлар. Балки илоҳий бир куч бошқаргандир.

Мен у кишини тушкун инсон эди, деб айта олмайман. Аксинча жуда қувноқ, ҳазилкаш эди. У киши қатнашган давралардан ҳазил-мутойиба аримасди. Дарвоқе, Жўрабек аканинг «Уста қишлоқийнинг бошидан кечирганлари» номли латифанамо тарзида ёзилган бир неча шеърлари бор эди. Бундан ташқари, «Бойсун» газетаси саҳифаларида байрамларга аталган ҳазил шеърлари, латифалари босилиб чиқарди. Жўрабек акани кўп қиррали ижодкор дейиш мумкин.

Ҳаётдаги ноҳақликлар, табақаланишлар уни кўпроқ ранжитарди. Инсонларнинг ташвиш, муаммоларини кўнглига яқин олиб, қийналиб юрарди. Кимдир касал бўлса, яқинлари моддий томондан қийналса ёки кимдир бевақт вафот этса, неча кунлар ўйлаб, азият чекарди. Ҳамма нарсани юракка яқин олавериб, уни чарчатиб қўйдими, билмадим. Умр панд берди.

– «Ошхона-ю чойхонада кўринмайди. Нимагадир бир ўзи юради. Биров билан бундай қўшилиб кетадиган бола эмас. Оғиргина йигит…» Бу – Жўрабекка берилган таъриф. Феъл-атвори шунақа эдими унинг? Яқин дўстлари бўлмаганми?

– Жўрабек ака ошхона-ю, чойхонада юрадиган улфат йигит эди. Дўстлари, ошналари кўп эди. Улар орасида ичадиган, чекадиганлари ҳам бор эди. Кўпчилиги шеъриятдан узоқ бўлганлиги учун балки улар билан борди-келдини камайтиргандир. Бир куни бир ошнаси билан иш ҳақида суҳбатлашиб, унга озроқ маслаҳат берган экан, «Эй жўра, бу сенга шеър ёзиш эмас, ўтириб ёзсанг-қўйсанг», дебди. Шунда жуда хафа бўлиб менга айтиб бергандилар: «Жўраларим шеър ёзишни осон деб ўйлашади, улар учун бу иш эмас, бир эрмакдек, битта шеърни ёзиш учун минг жойим оғришини улар қаерданам тушунсин?» деганди. Балки шунинг учун ҳам ошналар билан юришлари камайгандир.

Фарзандлари туғилгандан кейин кўпроқ улар билан овора бўлиб қолдилар. Иш, ижоддан бўш вақтларини оила даврасида ўтказишни яхши кўрардилар. Аммо ҳамкасблари, шоирлар, ижодкорлар билан яйраб суҳбат қурардилар. Ҳамон эсимда, ўша куни «Усмон Азим мени учрашувга чақирибди», деб роса ҳаяжонлангандилар. Руҳиятларида босиқлик, вазминлик бор эди. Айниқса, илк учрашган инсонда шундай таассурот қолдириши аниқ. Аммо у одамови эмасди. Албатта, яқин дўстлари ҳам бор эди. Сўнгги пайтларда интернетда шоирлар билан яхши мулоқотда эдилар.

– Ажал келса, пешвоз чиқаман, чунки
Чақирмайди мени худо бекорга…

Жўрабек ўлим ҳақида ҳам кўп ёзган. Насрда эса мистикани қўллаган. Аксар шоир, ёзувчилар ичидаги кечинмаларини аҳли оиласига айтмайди, айта олмайди. Ижоди ҳақида сизга кўп гапирармиди Жўрабек?

– Ҳар куни ишга кетганларидан кейин иш столини йиғиштирардим. У ерда янги нимадир ёзилган бўларди. Биринчи ўқувчиси мен эдим, ўқиб, ишдан келганларидан кейин фикримни айтардим. 31 ёшга кирган кунлари бир шеър ёзиб стол устига қўйибдилар:

…Шоир нега жим бўлди бугун,
Эшитмадингизми, у ўлди бугун?

Шеърни ўқиб, музлаб қолдим: одам ҳам шунчалик ёмон ниятли бўладими? Тузукроқ шеър ёзса бўлмайдими, деб кўнглимдан ўтказиб қўйдим. Келганларида эса «Нимага бундай шеър ёздингиз?» десам, мийиғида кулиб, жавоб ҳам бермадилар. Ҳозир ёзганларини қайта-қайта ўқийвераман-ўқийвераман, мағзини чақишга уринаман, худди у тақдирини башорат қилгандек, ўлишини билгандек ёки ўлимни ўзига чақириб олгандек ёзган.

Шу ўринда битта сирни очмоқчиман: 2007 йили, ўлимидан 7 йил олдин «Нодира, мен кўп яшамайман, менга турмушга чиқсангиз, сизни барвақт ташлаб кетаман, кейин қийналиб қоласиз», деганлар. Ўшанда роса кулган эдим, «сиз башоратчимисиз, қачон ўлишингизни қаердан биласиз, сизни ўлишга қўяманми?» деб. Вафотидан кейин бу гапларини кўп эсладим. Тўшакка михланиб ётган бемор ҳам ўлимни ўйламайди, аксинча тузалиш, яшашни истайди. Наҳотки бирор жойи касал эмас, ёшгина йигит ўйнаб-кулиб юрган бўлса-ю, ўз ўлимини башорат қилса?

Мистикага қизиқардилар, мистик ҳикоялар, детектив, вампирлар ҳаёти ҳақидаги асарларни кўп ўқирдилар. Балки шунинг учун ҳам мистикани кўп қўллагандир. Биз кўп нарсалар ҳақида гаплашишга улгуролмай қолдик. Фарзандларимиз ёш эди. Бири тўрт, бири бир ярим ёшда. Биз кўпроқ улар билан овора эдик. Ёш ота-она эдик. Афсус, бизда фурсат кам бўлди.

08

– Жўрабекнинг гўзал шеърлари бугун янада кўз очмоқда. «Мен шу ёмон қизни яхши кўраман» – нақадар ажиб шеър. Имрон деган хонанда қўшиқ қилиб куйлади. Радио мавжларида янграмоқда, видеоклипи кўрсатиляпти. Шу шеърнинг ёзилиши ҳақида айтиб беролмайсизми? Дарвоқе, қўшиқ яратилишидан олдин сизга мурожаат қилишдими?

– Бу мен учун жудаям кутилган савол бўлди. Атайлаб мен учун ёзилган ва мени ҳаяжонга солган шеър. Жўрабек ака уни ишхонада, ёнимда ўтириб 3-4 дақиқада ёзиб тугатган ва менга бериб, «Ўқиб кўринг-чи, сизни қандай таърифлабман», дедилар. Мен ўқиб хурсанд бўлиб кетсам ҳам сездирмай «Нега энди мен ёмон қиз эканман?» дедим. «Мен дарров гапга кирадиган мулойим қизларни эмас, ўз гапидан қолмайдиган қайсар, ёмон қизни яхши кўраман», дегандилар. Биз Жўрабек ака билан бирга «Бойсун» газетаси саҳифаларини тайёрлар эдик. Шунда қарасам, бир саҳифа тайёр, тепасига катта-катта ҳарфлар билан «ЁМОН ҚИЗНИ ЯХШИ КЎРАМАН» деб ёзилган. Пастда эса 5-6 та шеър. Менга аталган шеър газетага чиқаётгани учун нималарни бошимдан кечирганимни таърифлаб бера олмайман. 2007 йил эди ўшанда.

Шеърнинг қўшиқ бўлганини тасодифан интернет орқали билиб қолдим. Қўшиқчининг ўзи ҳам бу шеърни интернетда ўқиб, қўшиқ қилибди, муаллифининг вафот этганидан хабари йўқ экан. Очиғи, қўшиқни эшитиб хурсанд бўлдим. Нақаротини ўзидан қўшган экан, бир жойида «Кўргим келар мовий кўзини» деган жойини эшитган қизим хафа бўлди. Негаки, у бу шеърни «дадам мен учун ёзган», деб юрарди. «Ойи, менинг кўзим мовий эмас, қора-ку, нимага «мовий кўзини» деб шеърни ўзгартирибди?» деб анча пайт аразлаб юрди. Нима бўлганда ҳам бу шеър қўшиқ бўлганидан жуда хурсандман. Кўча-кўйда кафе-барларнинг ёнидан ўтиб кетаётганимда қўшиқни баланд қилиб қўйишади ёки кимнидир телефони жиринглаб, шу қўшиқ янграб қолади. Бундан жуда ғурурланаман. Жўрабек ака шеъри қўшиқ бўлганини эшитмади-да, роса хурсанд бўларди, деган армон юрагимни кемиради. Бир бу эмас, «Бугун» китобидаги кўп шеърларни менга бағишлаб ёзган. У китоб бизнинг бугунимиз – бирга юрган пайтларимиз, бошимиздан ўтказган кунларимиз, кечинмаларимиз ҳақидаги шеърлардан иборат.

– Усмон ака шундай ёзган: «Жўрабекнинг теварагини аллақандай бир девор ўраб тургандай туюлаверди менга. Нима у?..»

Жўрабек дадамга боши оғришини кўп айтган экан. Қандай касал эди у?

– Жўрабекни касал эди, деб айта олмайман. Тўғри, баъзан боши оғрир, гоҳида қон босими кўтариларди. Буни барчада учрайдиган табиий ҳол деб қараганмиз. Кўп врачларга қаратдик. Аммо барчаси «Сиз соппа-соғсиз, асабларингиз бироз чарчаган», деган гапдан нарига ўтмаган. Сўнгги пайтларда гавжум жойларда юришни хоҳламас, йиғин, тўй-маъракаларга боргиси келмас, кўпинча уйда ижод билан машғул эди.

Теварагини ўраб турган нарса, билмадим, бу саволга жавоб беришга ожизман.

– Умуман, умрининг сўнгги кунлари қандай кечди? Нималар ҳақида гапирарди? Кўп сиқилдими? Руҳан азобландими? Эшитишимга кўра, Жўрабек шифохонага тушиб қолган. Ўша ерда юрак хуружидан вафот этдими?

– Хабарингиз бор, Жўрабек аканинг «Огоҳнома» достони бор. У жуда қисқа вақтда ёзилди. Бу достонни ўқисангиз, шоирнинг жуда кўп диний ва дунёвий китобларни ўқиганига гувоҳ бўласиз. Достонни шу қадар шошиб ёздиларки, кеча-ю, кундуз оромни унутдилар. Афсуски, унинг фақатгина биринчи қисми ёзиб тугатилди. Умрининг сўнгги кунлари бу китобнинг иккинчи қисмини қандай ёзиш ўй-фикрлари билан банд эдилар. У киши Жалолиддин Румийнинг «Маснавийи маънавий» асарини жуда яхши кўрарди. Унинг форс-тожик тилида ёзилганини ўзбекча таржимаси билан солиштириб, ўзларича таҳлил қилаётган эдилар.

Ўша мудҳиш кун дам олиш куни эди, Қурбон ҳайити арафаси. Мен уй ишлари билан машғул эдим. Жўрабек ака одатдагидек компьютер қаршисида ўтирар, болалар ҳам ёнларида эди. Кейин бирдан чироқ ўчиб қолди. Шунда чиқиб, «Бир шеър ёзиб «Бекажон»га жўнатдим. Етиб бордими, бормадими, билмайман, чироқ ўчиб қолди», дедилар (вафотидан бир неча кун ўтиб, ўша шеър «Бекажон»да босилиб, бизга етиб келди).

Бир оздан сўнг «Нимагадир мазам бўлмаяпти, қон босимимни ўлчаб кўр», дедилар. Қон босимини ўлчасам, жуда паст. Қўрққанимдан «Тез ёрдам» чақирдим. «Тез ёрдам» келгунча улар тинмай «Энди мен ўламан, болаларни эҳтиёт қилгин», дер эдилар. Ваҳимага тушиб қолдим. «Тез ёрдам» билан у кишини шифохонага олиб бордик. У ерда бир-икки осма-уколлар қилишгач, аҳволи анча яхшиланди. Лекин врачлар бизга уйда инфаркт олганини айтишмади. Фақат ўрнидан қўзғатманглар, деб кетишди. Оналари ва мен ёнларида эдик. Аҳволлари яхшиланиб, «Жуда қўрқиб кетдим, кўкрак қафасим ёмон оғриди, ўлиб қоламан, деб қўрқдим, менга бир нима бўлса сизлар нима қилардингиз?» дедилар. Бир соатми, ярим соатми ўтиб, яна ўзларини ёмон ҳис қила бошладилар. Врачларни чақирдик. Ёрдам беришолмади. Қандай ҳам ёрдам беришсин, Жўрабекдай инсон юрак хуружи билан келса-ю, бирор-бир мосламаси йўқ оддий палатада чўзилиб ётса. Эсласам, жуда-жуда хафа бўлиб кетаман, ахир врачлар бизга инфаркт олганини айтишса, ҳеч бўлмаса уни реанимация хонасига ётқизиб, кислородми, бошқа нарсалар билан таъминлаб, иккинчи юрак хуружидан асрашса эди…

Ҳаммаси Худодан, умри шу экан, дея ўзимни овутаман. Ўлим соя солар эканми, билмадим, умрининг сўнгги кунлари бироз паришон, жиззаки бўлиб қолган эдилар.

– Бугун қандай ҳаёт кечиряпсизлар? Адашмасам, қайнонангиз билан бирга турасиз. Икки фарзандни ўстириш қийин кечмаяптими? Отасини нима деб эслашади улар?

09– Ҳа, мен қайнонам-қайнотамнинг уйларидаман. Улар азиз фарзандларидан жудо бўлишганди, невараларидан ҳам айиргим келмади. Қолаверса, бу уйда унинг нафаси сезилиб туради. Ҳамма жойда у бордек, китоб жавонлари, иш столи, қўлёзмалари, кийим-кечаклари, компьютери, ҳаммаси қандай бўлса шундайлигича турибди. Бу муҳитдан чиқиб кетиш менинг қўлимдан келмасди. Ота-онамнинг уйлари яқин, Аллоҳга шукр, улар ҳам менга далда бўлишади. Қайнота-қайнонам мени ўз қизларидай кўришади. Фарзандларим – қизим Жасмина ва ўғлим Жавоҳир ота ўрнида амакиларининг меҳрини кўриб ўсяпти. Ўзим ҳам қайнукаларим Отабек ва Ҳумоюнга кўп ҳолларда суянаман. Ўғлим дадаси вафот этганида бир ярим ёшда эди. Эндигина юриб кетган, гапиришни ўрганаётган эди. Унга эринмай ҳар куни дадаси тиззасига ўтқазиб, 3-4 та сўз ўргатарди. Ҳозир «Дадангни эслоласанми?» деб сўрасам «Йўқ», дейди. Расмлари, овозли шеърлари, видеолари орқали танийди. Менга дадаси ҳақида кўп савол беради. Биласизми, Жавоҳир дадасига ҳар томонлама ўхшайди (илоҳим умри ўхшамасин), жудаям ҳозиржавоб, гапларни топиб гапиради. Ҳали мактабга чиқмаган бўлса-да, ўқиш-ёзишни ўрганган. Юрган йўлида қофия топиб, шеър тўқийди. Дадасининг кўп шеърларини ёд олган. Юзга яқин шеър билади.

Қизим дадасини яхши эслайди ва, энг ёмони, уни ҳалигача йўқотганига кўника олмай, менга ҳам, ўзига ҳам кўп азоб беради. Жасмина дадаси билан доим бирга эди, қўлидан етаклаб юрардилар, ҳатто ишга ҳам олиб кетаверардилар. Шунинг учун у ҳозир қандайдир асабий, болалик эркаликлари ва шўхликларидан йироқ, жуда тез улғайди. Бу йил 3-синфга боради. Мактабда аъло баҳоларга ўқийди.

Фарзандларим – менинг борлиғим. Улар билан дарду ғамларимни унутаман, келажакда ўқимишли, яхши инсонлар бўлишларига умид боғлаб яшаяпман. Қийналган пайтларим уларга қараб ўзимни қўлга оламан. Уч йилдан буён «Бойсун» газетаси таҳририятида ишлаяпман. Ҳаётдан нолиш Аллоҳга исён қилиш билан баробар. Яратган бирор нарсани беҳикмат қилмайди. Шунинг учун унинг синовларига сабр билан, шукр билан яшаш керак экан.

33

– Вафотига қадар Жўрабек Рамазоннинг учта китоби чиққан эди. Ўлимидан сўнг иккита китоби нашр этилибди. Шу ҳақда маълумот берсангиз…

– Вафотидан кейин мен учта китобга чиқмаган шеърларини дафтарлардан саралаб, компьютерга киритдим. Шунда бойсунлик ижодкор Дилбар Йўлдошеванинг ўғли Ҳасан Исматуллаев, ўзи ҳам ижодкор, Тошкентда яшаб, ижод қилади, «Жўрабек аканинг шеърларини Усмон Азимов сўраяпти, китоб қилиб чиқартирар экан», деб қолди. Мана, «Умр» номли шеърий тўплам дунё юзини кўрди. Биз бунинг учун Усмон Азимдан ҳам, Ҳасан Исматуллаевдан ҳам миннатдормиз. Мен «Одноклассники»да шоир Амир Худойбердиев билан ёзишиб қолдим. У киши Жўрабекнинг кўпгина шеърларини «Теран илдизлар», «Чағониён тараннуми», «Ҳаёт чашмалари» каби тўпламга киритдилар. «Шайтондара» мистик ҳикоялар тўплами тайёр ҳолда эди. Жўрабек ака уни ҳужжатлаштириш олиш учун тайёрлаб қўйганди. Бу китобни Амир Худойбердининг ёрдами билан «Мусиқа» нашриётидан чиқартирдик. Икки китоб ҳам мухлисларининг қўлига етиб борди. Мазкур китобларнинг чоп этилишига яқиндан ёрдам берган Усмон Азимов, Амир Худойбердиев ва Ҳасан Исматуллаевдан миннатдормиз. Ҳали кўплаб шеърлари, бир нечта қиссалари, ҳикоялари бор. Насиб этса келажакда уларни ҳам китоб қилиб чиқарамиз, деган ниятдамиз.

Анвар Намозов суҳбатлашди

    Qisqa umri davrida betakror she’rlar yozib qoldirgan Jo’rabek Ramazonga nima bo’lgan edi? Uning hayoti qanday kechgan? Yosh shoirni nimalar qiynagan? Jo’rabekdan qaysi asarlar meros bo’lib qoldi? Marhum shoirning rafiqasi Nodira  Jo’raqulova bilan suhbatimiz shu haqda bo’ldi.

SHOIR NEGA JIM BO’LDI BUGUN,
ESHITMADINGIZMI, U O’LDI BUGUN?..
Jo’rabek Ramazon haqida umr yo’ldoshi Nodira Jo’raqulova bilan suhbat
033

021Jo’rabek Ramazon. Boysunlik shoir. Taqdir unga qisqa umrni ravo ko’rdi: 2014 yili 31 yoshida vafot etdi. Shoirlar orasida bunday qismat egalari bisyor. Ruslarning mashhur shoiri Aleksandr Pushkin 37 yoshida hayotdan ko’z yumgan, Mixail Lermontov 26, Sergey Yesenin 30 yoshida vafot etgan. O’zbek shoirlari Chori Avaz va Ravshan Fayz umrlarining 35-yoshida rixlatga safar qilishgan. Shoir, dramaturg Ilhom Hasanov 31 yoshida hayot bilan vidolashgan. Bu insonlar qanday vafot etgani ayon: duyel, o’z joniga suiqasd, og’ir xastalik, avtohalokat tufayli.

Qisqa umri davrida betakror she’rlar yozib qoldirgan Jo’rabek Ramazonga nima bo’lgan edi? Uning hayoti qanday kechgan? Yosh shoirni nimalar qiynagan? Jo’rabekdan qaysi asarlar meros bo’lib qoldi? Marhum shoirning rafiqasi Nodira Jo’raqulova bilan suhbatimiz shu haqda bo’ldi.

– Nodira, siz bilan hayotdan bevaqt ko’z yumgan umr yo’ldoshingiz, Usmon Azim ta’rif bergan katta shoir Jo’rabek Ramazon haqida suhbat qursak. Judolik og’ir, ayriliqqa chidash dushvor, ammo hayot davom etmoqda. Jo’rabekning vafotidan salkam besh yil o’tdi. Eng avvalo, u bilan tanishuvingiz, turmush qurganingiz xususida gapirib bersangiz.

– Men Jo’rabek akani esimni taniganimdan buyon taniganman, desam bo’ladi. Biz bir ko’chada birga o’ynab, katta bo’ldik. Bitta maktabda o’qidik. U mendan ikki sinf yuqorida opam bilan o’qigan. Men badiiy kitob mutolaa qilishni juda yaxshi ko’rardim. Bir kuni opam «Jo’rabekning kitoblari rosa ko’p, lekin so’rasak, qizg’anchiq, bermaydi», deb qoldi. O’shanda men 3 yoki 4-sinfda o’qirdim. Kechqurun Jo’rabek akadan o’qish uchun kitob berib turishini so’radim. U meni uylariga taklif qildi. O’shanda xonasiga kirib, hayratga tushganman. Bir dunyo kitob, gazeta-jurnallar, devorlarda har xil suratlar… Xullas, mening orzumdagi xona edi. Keyin bilsam, u Jo’rabekning har kimni ham olib kirmaydigan o’ziga xos dunyosi ekan. Shu-shu, men bu xonadan istagan kitobimni oladigan va avaylab o’qib, qaytaradigan bo’ldim. Keyin men matematika litseyiga o’tib ketib, aniq fanlarga o’ralashib qoldim.

Jo’rabek aka maktabda o’qish bilan birga “Boysun” gazetasi tahririyatida muxbir bo’lib ishlardi. Uning dunyosi meni o’ziga tortib turar, gazetalarda chop etilayotgan ijod namunalarini muntazam kuzatib, ko’cha-ko’yda uchrashib qolganimizda fikrlarimni bildirib turardim. Biz shu tariqa ulg’aydik. Men o’qishga kirolmaganimdan keyin Jo’rabek aka tahririyatga matn teruvchi kerakligi, xohlasam ishlashim mumkinligini aytib qoldilar. Jon deb tahririyatga ishga kirdim. Shundan so’ng biz bu adabiy muhitda ikki yil birga ishladik. Yillar bizni bir-birimizga yaqinlashtirdi, oila qurish vaqti kelganda esa ayrilishimiz mumkin emasdek edi go’yo. Ishonasizmi, shuncha she’r yozgan inson yuzimga qarab bitta dil izhori qilolmasdi. Menga munosabatlarini har kuni telefonimga yuboradigan she’rlaridan bilib olganman. Afsuski, biz besh yilgina birga yashadik. Judolik og’ir, ammo hayot davom etar ekan.

– Jo’rabek qay darajada inson edi? O’zining dunyosi, borlig’i bo’lgani tabiiy hol. Oilada, hayotda qanday edi u?

– Jo’rabek aka juda oddiy, kamtar, samimiy inson edi. Oilada uning alohida o’rni bor edi. Ota-onasi, opalarining suyangan tog’i, ukalariga yaqin maslahatchi edi. She’r, hikoyalar yozishdan tashqari ko’p narsalarga qiziqardilar. Rasm chizar, qog’ozdan har xil narsalar yasardilar, bog’ni parvarish qilish, gullar o’stirish, ovqat tayyorlash ularning bo’sh vaqtda shug’ullanadigan ishlari edi. Juda bolajon edilar, farzandlari, jiyanlari bilan erinmay birga o’ynar, ularga she’rlar o’rgatar, sayrga olib chiqardilar.

03Jo’rabekni yo’qotish barchamiz uchun juda katta judolik bo’ldi. Mening oilamdagilar ham Jo’rabek akani juda yaxshi ko’rishardi. Insonning o’ziga xos dunyosiga, menimcha, uning eng yaqini ham kira olmaydi. Hozir o’ylasam, Jo’rabekning dunyosi, borlig’i o’zgacha bo’lgan ekan. Bizga ham mavhum sirli olam, borliq uni o’rab turgan.

– Jo’rabek Ramazonning biz bilgan tarjimai holi umri kabi qisqa: 1983 yili Surxondaryo viloyatining Boysun shahrida tug’ilgan. Tumandagi 1-maktabda tahsil olgan. Ijod namunalari respublika matbuotida e’lon qilingan. O’zbekiston yosh ijodkorlarining an’anaviy «Zomin» seminari ishtirokchisi. «Tavallo» (2003), «Bugun» (2008), «Yur, qochib ketamiz» (2011) nomli she’riy to’plamlari nashr etilgan. «Boysun» gazetasining adabiy bo’lim muharriri bo’lib ishlagan. 2014 yili yurak xurujidan vafot etgan.

Ko’pchilikni qiziqtirgani: oilasida, avlodida nazm, nasrga qiziqqanlar bormidi? Jo’rabek ijodga qanday kirib kelgan? Yozgan asarlariga qaraganda, u ancha yoshligidan yoza boshlagan.

– Ular avlodida nasr, nazmga qiziqqanlar, bilimli insonlar bo’lgan, albatta. Onaci kitobsevar, diniy va dunyoviy bilimlarga ega ayol, she’r, hikoyalar yozib turadilar. Jo’rabekning she’riyat olamiga kirib kelishini, avvalo, Xudo bergan iste’dod deb bilaman. Qaynonam shunday xotirlaydi: «Men Jo’rabekka alla o’rniga dostonlar, g’azallar aytib uxlatardim. U uch yoshgacha gapirmagan, faqat meni jim tinglardi. Katta bo’lganida men obuna bo’lgan jurnallardagi she’rlarni qirqib, yig’ib yurar ekan. Bir kuni bilib qolib, qattiq jazolaganman. Keyin rosa pushaymon bo’ldim. Uning she’r yozishini bilib qolib, tahririyatga olib borib chiqartirganman, o’zi yozganlarini hammadan yashirib yurardi». Jo’rabek akaning ijod olamiga kirib kelishiga onasining hissasi bor deb o’ylayman.

U kishining e’tiboridan biror nima chetda qolmasdi. Atrofdagi sodir bo’layotgan barcha voqea-hodisalarni she’r qilib yozardilar. Masalan, onasidan uch yoshgacha tili chiqmaganini eshitganidan so’ng «Onamga» degan she’rni yozganlar:

Gohida jilmayib eslaydi onam:
«Qariyb to’rt yoshgacha tiling chiqmagan.
Bir nima bilolmay halak folbin ham,
Do’xtir tomog’ingga nelar tiqmagan…»

Bir kuni internetga bir she’r joylaganlar. Unda «Yalinaman» degan so’z bo’lgan. Shunda bir shoir yigit «Surxon yigitlari hech kimga yalinmaydigan mard va jasur deb eshitganman, bu nimasi, «yalinaman» deb yozibsiz?» degan. Unga javoban «Elanish» degan she’ri yaratilgan:

Yashamadim garchi yer bo’lib,
Lekin lozim goho tan berish.
Ajablanmang, agar er bo’lib,
Elanishim tuyulsa erish.
Bolalikdan sig’may tanamga,
Orzularga belangan edim;
Ilk bora shu aziz Vatanga
Ozod bo’l, deb elangan edim…

Xullas, ularda shunday iste’dod bor edi. Ilhom kelsa, she’r degani quyilib kelaverardi.

– Jo’rabekning ijodida ko’proq tushkunlik hukmron edi. Nega shunday? Ishlari yurishmasmidi? Moddiy tomondan qiynalganmidi? Ehtimol, odamlardan tez ranjiydigan odatlari bo’lgandir? Uni behuda o’ksitishgandir? Shoirlarning ko’ngli nozik bo’ladi-da!

– Haqiqatan, Jo’rabek ijodida tushkunlik hukmron. Hatto hikoyalarida ham oxirida bosh qahramonni «o’ldirib» qo’yardi. Men bu haqda juda ko’p so’raganman. Hatto qahramonlarni baxtli qilib, hikoyani yakunlashlarini iltimos qilganman. «Men ham ularning baxtli bo’lishini xohlagan edim, nimagadir yozganlarim o’limga qarab boraveradi, o’zim ham bilmay qolaman», deganlar. Balki ilohiy bir kuch boshqargandir.

Men u kishini tushkun inson edi, deb ayta olmayman. Aksincha juda quvnoq, hazilkash edi. U kishi qatnashgan davralardan hazil-mutoyiba arimasdi. Darvoqe, Jo’rabek akaning «Usta qishloqiyning boshidan kechirganlari» nomli latifanamo tarzida yozilgan bir necha she’rlari bor edi. Bundan tashqari, «Boysun» gazetasi sahifalarida bayramlarga atalgan hazil she’rlari, latifalari bosilib chiqardi. Jo’rabek akani ko’p qirrali ijodkor deyish mumkin.

Hayotdagi nohaqliklar, tabaqalanishlar uni ko’proq ranjitardi. Insonlarning tashvish, muammolarini ko’ngliga yaqin olib, qiynalib yurardi. Kimdir kasal bo’lsa, yaqinlari moddiy tomondan qiynalsa yoki kimdir bevaqt vafot etsa, necha kunlar o’ylab, aziyat chekardi. Hamma narsani yurakka yaqin olaverib, uni charchatib qo’ydimi, bilmadim. Umr pand berdi.

– «Oshxona-yu choyxonada ko’rinmaydi. Nimagadir bir o’zi yuradi. Birov bilan bunday qo’shilib ketadigan bola emas. Og’irgina yigit…» Bu – Jo’rabekka berilgan ta’rif. Fe’l-atvori shunaqa edimi uning? Yaqin do’stlari bo’lmaganmi?

– Jo’rabek aka oshxona-yu, choyxonada yuradigan ulfat yigit edi. Do’stlari, oshnalari ko’p edi. Ular orasida ichadigan, chekadiganlari ham bor edi. Ko’pchiligi she’riyatdan uzoq bo’lganligi uchun balki ular bilan bordi-keldini kamaytirgandir. Bir kuni bir oshnasi bilan ish haqida suhbatlashib, unga ozroq maslahat bergan ekan, «Ey jo’ra, bu senga she’r yozish emas, o’tirib yozsang-qo’ysang», debdi. Shunda juda xafa bo’lib menga aytib bergandilar: «Jo’ralarim she’r yozishni oson deb o’ylashadi, ular uchun bu ish emas, bir ermakdek, bitta she’rni yozish uchun ming joyim og’rishini ular qaerdanam tushunsin?» degandi. Balki shuning uchun ham oshnalar bilan yurishlari kamaygandir.

Farzandlari tug’ilgandan keyin ko’proq ular bilan ovora bo’lib qoldilar. Ish, ijoddan bo’sh vaqtlarini oila davrasida o’tkazishni yaxshi ko’rardilar. Ammo hamkasblari, shoirlar, ijodkorlar bilan yayrab suhbat qurardilar. Hamon esimda, o’sha kuni «Usmon Azim meni uchrashuvga chaqiribdi», deb rosa hayajonlangandilar. Ruhiyatlarida bosiqlik, vazminlik bor edi. Ayniqsa, ilk uchrashgan insonda shunday taassurot qoldirishi aniq. Ammo u odamovi emasdi. Albatta, yaqin do’stlari ham bor edi. So’nggi paytlarda internetda shoirlar bilan yaxshi muloqotda edilar.

– Ajal kelsa, peshvoz chiqaman, chunki
Chaqirmaydi meni xudo bekorga…

Jo’rabek o’lim haqida ham ko’p yozgan. Nasrda esa mistikani qo’llagan. Aksar shoir, yozuvchilar ichidagi kechinmalarini ahli oilasiga aytmaydi, ayta olmaydi. Ijodi haqida sizga ko’p gapirarmidi Jo’rabek?

– Har kuni ishga ketganlaridan keyin ish stolini yig’ishtirardim. U yerda yangi nimadir yozilgan bo’lardi. Birinchi o’quvchisi men edim, o’qib, ishdan kelganlaridan keyin fikrimni aytardim. 31 yoshga kirgan kunlari bir she’r yozib stol ustiga qo’yibdilar:

…Shoir nega jim bo’ldi bugun,
Eshitmadingizmi, u o’ldi bugun?

She’rni o’qib, muzlab qoldim: odam ham shunchalik yomon niyatli bo’ladimi? Tuzukroq she’r yozsa bo’lmaydimi, deb ko’nglimdan o’tkazib qo’ydim. Kelganlarida esa «Nimaga bunday she’r yozdingiz?» desam, miyig’ida kulib, javob ham bermadilar. Hozir yozganlarini qayta-qayta o’qiyveraman-o’qiyveraman, mag’zini chaqishga urinaman, xuddi u taqdirini bashorat qilgandek, o’lishini bilgandek yoki o’limni o’ziga chaqirib olgandek yozgan.

Shu o’rinda bitta sirni ochmoqchiman: 2007 yili, o’limidan 7 yil oldin «Nodira, men ko’p yashamayman, menga turmushga chiqsangiz, sizni barvaqt tashlab ketaman, keyin qiynalib qolasiz», deganlar. O’shanda rosa kulgan edim, «siz bashoratchimisiz, qachon o’lishingizni qaerdan bilasiz, sizni o’lishga qo’yamanmi?» deb. Vafotidan keyin bu gaplarini ko’p esladim. To’shakka mixlanib yotgan bemor ham o’limni o’ylamaydi, aksincha tuzalish, yashashni istaydi. Nahotki biror joyi kasal emas, yoshgina yigit o’ynab-kulib yurgan bo’lsa-yu, o’z o’limini bashorat qilsa?

Mistikaga qiziqardilar, mistik hikoyalar, detektiv, vampirlar hayoti haqidagi asarlarni ko’p o’qirdilar. Balki shuning uchun ham mistikani ko’p qo’llagandir. Biz ko’p narsalar haqida gaplashishga ulgurolmay qoldik. Farzandlarimiz yosh edi. Biri to’rt, biri bir yarim yoshda. Biz ko’proq ular bilan ovora edik. Yosh ota-ona edik. Afsus, bizda fursat kam bo’ldi.

– Jo’rabekning go’zal she’rlari bugun yanada ko’z ochmoqda. «Men shu yomon qizni yaxshi ko’raman» – naqadar ajib she’r. Imron degan xonanda qo’shiq qilib kuyladi. Radio mavjlarida yangramoqda, videoklipi ko’rsatilyapti. Shu she’rning yozilishi haqida aytib berolmaysizmi? Darvoqe, qo’shiq yaratilishidan oldin sizga murojaat qilishdimi?

– Bu men uchun judayam kutilgan savol bo’ldi. Ataylab men uchun yozilgan va meni hayajonga solgan she’r. Jo’rabek aka uni ishxonada, yonimda o’tirib 3-4 daqiqada yozib tugatgan va menga berib, «O’qib ko’ring-chi, sizni qanday ta’riflabman», dedilar. Men o’qib xursand bo’lib ketsam ham sezdirmay «Nega endi men yomon qiz ekanman?» dedim. «Men darrov gapga kiradigan muloyim qizlarni emas, o’z gapidan qolmaydigan qaysar, yomon qizni yaxshi ko’raman», degandilar. Biz Jo’rabek aka bilan birga «Boysun» gazetasi sahifalarini tayyorlar edik. Shunda qarasam, bir sahifa tayyor, tepasiga katta-katta harflar bilan «YOMON QIZNI YAXSHI KO’RAMAN» deb yozilgan. Pastda esa 5-6 ta she’r. Menga atalgan she’r gazetaga chiqayotgani uchun nimalarni boshimdan kechirganimni ta’riflab bera olmayman. 2007 yil edi o’shanda.

She’rning qo’shiq bo’lganini tasodifan internet orqali bilib qoldim. Qo’shiqchining o’zi ham bu she’rni internetda o’qib, qo’shiq qilibdi, muallifining vafot etganidan xabari yo’q ekan. Ochig’i, qo’shiqni eshitib xursand bo’ldim. Naqarotini o’zidan qo’shgan ekan, bir joyida «Ko’rgim kelar moviy ko’zini» degan joyini eshitgan qizim xafa bo’ldi. Negaki, u bu she’rni «dadam men uchun yozgan», deb yurardi. «Oyi, mening ko’zim moviy emas, qora-ku, nimaga «moviy ko’zini» deb she’rni o’zgartiribdi?» deb ancha payt arazlab yurdi. Nima bo’lganda ham bu she’r qo’shiq bo’lganidan juda xursandman. Ko’cha-ko’yda kafe-barlarning yonidan o’tib ketayotganimda qo’shiqni baland qilib qo’yishadi yoki kimnidir telefoni jiringlab, shu qo’shiq yangrab qoladi. Bundan juda g’ururlanaman. Jo’rabek aka she’ri qo’shiq bo’lganini eshitmadi-da, rosa xursand bo’lardi, degan armon yuragimni kemiradi. Bir bu emas, «Bugun» kitobidagi ko’p she’rlarni menga bag’ishlab yozgan. U kitob bizning bugunimiz – birga yurgan paytlarimiz, boshimizdan o’tkazgan kunlarimiz, kechinmalarimiz haqidagi she’rlardan iborat.

– Usmon aka shunday yozgan: «Jo’rabekning tevaragini allaqanday bir devor o’rab turganday tuyulaverdi menga. Nima u?..»

04Jo’rabek dadamga boshi og’rishini ko’p aytgan ekan. Qanday kasal edi u?

– Jo’rabekni kasal edi, deb ayta olmayman. To’g’ri, ba’zan boshi og’rir, gohida qon bosimi ko’tarilardi. Buni barchada uchraydigan tabiiy hol deb qaraganmiz. Ko’p vrachlarga qaratdik. Ammo barchasi «Siz soppa-sog’siz, asablaringiz biroz charchagan», degan gapdan nariga o’tmagan. So’nggi paytlarda gavjum joylarda yurishni xohlamas, yig’in, to’y-ma’rakalarga borgisi kelmas, ko’pincha uyda ijod bilan mashg’ul edi.

Tevaragini o’rab turgan narsa, bilmadim, bu savolga javob berishga ojizman.

– Umuman, umrining so’nggi kunlari qanday kechdi? Nimalar haqida gapirardi? Ko’p siqildimi? Ruhan azoblandimi? Eshitishimga ko’ra, Jo’rabek shifoxonaga tushib qolgan. O’sha yerda yurak xurujidan vafot etdimi?

– Xabaringiz bor, Jo’rabek akaning «Ogohnoma» dostoni bor. U juda qisqa vaqtda yozildi. Bu dostonni o’qisangiz, shoirning juda ko’p diniy va dunyoviy kitoblarni o’qiganiga guvoh bo’lasiz. Dostonni shu qadar shoshib yozdilarki, kecha-yu, kunduz oromni unutdilar. Afsuski, uning faqatgina birinchi qismi yozib tugatildi. Umrining so’nggi kunlari bu kitobning ikkinchi qismini qanday yozish o’y-fikrlari bilan band edilar. U kishi Jaloliddin Rumiyning «Masnaviyi ma’naviy» asarini juda yaxshi ko’rardi. Uning fors-tojik tilida yozilganini o’zbekcha tarjimasi bilan solishtirib, o’zlaricha tahlil qilayotgan edilar.

O’sha mudhish kun dam olish kuni edi, Qurbon hayiti arafasi. Men uy ishlari bilan mashg’ul edim. Jo’rabek aka odatdagidek komp`yuter qarshisida o’tirar, bolalar ham yonlarida edi. Keyin birdan chiroq o’chib qoldi. Shunda chiqib, «Bir she’r yozib «Bekajon»ga jo’natdim. Yetib bordimi, bormadimi, bilmayman, chiroq o’chib qoldi», dedilar (vafotidan bir necha kun o’tib, o’sha she’r «Bekajon»da bosilib, bizga yetib keldi).

Bir ozdan so’ng «Nimagadir mazam bo’lmayapti, qon bosimimni o’lchab ko’r», dedilar. Qon bosimini o’lchasam, juda past. Qo’rqqanimdan «Tez yordam» chaqirdim. «Tez yordam» kelguncha ular tinmay «Endi men o’laman, bolalarni ehtiyot qilgin», der edilar. Vahimaga tushib qoldim. «Tez yordam» bilan u kishini shifoxonaga olib bordik. U yerda bir-ikki osma-ukollar qilishgach, ahvoli ancha yaxshilandi. Lekin vrachlar bizga uyda infarkt olganini aytishmadi. Faqat o’rnidan qo’zg’atmanglar, deb ketishdi. Onalari va men yonlarida edik. Ahvollari yaxshilanib, «Juda qo’rqib ketdim, ko’krak qafasim yomon og’ridi, o’lib qolaman, deb qo’rqdim, menga bir nima bo’lsa sizlar nima qilardingiz?» dedilar. Bir soatmi, yarim soatmi o’tib, yana o’zlarini
yomon his qila boshladilar. Vrachlarni chaqirdik. Yordam berisholmadi. Qanday ham yordam berishsin, Jo’rabekday inson yurak xuruji bilan kelsa-yu, biror-bir moslamasi yo’q oddiy palatada cho’zilib yotsa. Eslasam, juda-juda xafa bo’lib ketaman, axir vrachlar bizga infarkt olganini aytishsa, hech bo’lmasa uni reanimatsiya xonasiga yotqizib, kislorodmi, boshqa narsalar bilan ta’minlab, ikkinchi yurak xurujidan asrashsa edi…

Hammasi Xudodan, umri shu ekan, deya o’zimni ovutaman. O’lim soya solar ekanmi, bilmadim, umrining so’nggi kunlari biroz parishon, jizzaki bo’lib qolgan edilar.

– Bugun qanday hayot kechiryapsizlar? Adashmasam, qaynonangiz bilan birga turasiz. Ikki farzandni o’stirish qiyin kechmayaptimi? Otasini nima deb eslashadi ular?

– Ha, men qaynonam-qaynotamning uylaridaman. Ular aziz farzandlaridan judo bo’lishgandi, nevaralaridan ham ayirgim kelmadi. Qolaversa, bu uyda uning nafasi sezilib turadi. Hamma joyda u bordek, kitob javonlari, ish stoli, qo’lyozmalari, kiyim-kechaklari, komp`yuteri, hammasi qanday bo’lsa shundayligicha turibdi. Bu muhitdan chiqib ketish mening qo’limdan kelmasdi. Ota-onamning uylari yaqin, Allohga shukr, ular ham menga dalda bo’lishadi. Qaynota-qaynonam meni o’z qizlariday ko’rishadi. Farzandlarim – qizim Jasmina va o’g’lim Javohir ota o’rnida amakilarining mehrini ko’rib o’syapti. O’zim ham qaynukalarim Otabek va Humoyunga ko’p hollarda suyanaman. O’g’lim dadasi vafot etganida bir yarim yoshda edi. Endigina yurib ketgan, gapirishni o’rganayotgan edi. Unga erinmay har kuni dadasi tizzasiga o’tqazib, 3-4 ta so’z o’rgatardi. Hozir «Dadangni eslolasanmi?» deb so’rasam «Yo’q», deydi. Rasmlari, ovozli she’rlari, videolari orqali taniydi. Menga dadasi haqida ko’p savol beradi. Bilasizmi, Javohir dadasiga har tomonlama o’xshaydi (ilohim umri o’xshamasin), judayam hozirjavob, gaplarni topib gapiradi. Hali maktabga chiqmagan bo’lsa-da, o’qish-yozishni o’rgangan. Yurgan yo’lida qofiya topib, she’r to’qiydi. Dadasining ko’p she’rlarini yod olgan. Yuzga yaqin she’r biladi.

Qizim dadasini yaxshi eslaydi va, eng yomoni, uni haligacha yo’qotganiga ko’nika olmay, menga ham, o’ziga ham ko’p azob beradi. Jasmina dadasi bilan doim birga edi, qo’lidan yetaklab yurardilar, hatto ishga ham olib ketaverardilar. Shuning uchun u hozir qandaydir asabiy, bolalik erkaliklari va sho’xliklaridan yiroq, juda tez ulg’aydi. Bu yil 3-sinfga boradi. Maktabda a’lo baholarga o’qiydi.

Farzandlarim – mening borlig’im. Ular bilan dardu g’amlarimni unutaman, kelajakda o’qimishli, yaxshi insonlar bo’lishlariga umid bog’lab yashayapman. Qiynalgan paytlarim ularga qarab o’zimni qo’lga olaman. Uch yildan buyon «Boysun» gazetasi tahririyatida ishlayapman. Hayotdan nolish Allohga isyon qilish bilan barobar. Yaratgan biror narsani behikmat qilmaydi. Shuning uchun uning sinovlariga sabr bilan, shukr bilan yashash kerak ekan.

– Vafotiga qadar Jo’rabek Ramazonning uchta kitobi chiqqan edi. O’limidan so’ng ikkita kitobi nashr etilibdi. Shu haqda ma’lumot bersangiz…

055– Vafotidan keyin men uchta kitobga chiqmagan she’rlarini daftarlardan saralab, komp`yuterga kiritdim. Shunda boysunlik ijodkor Dilbar Yo’ldoshevaning o’g’li Hasan Ismatullaev, o’zi ham ijodkor, Toshkentda yashab, ijod qiladi, «Jo’rabek akaning she’rlarini Usmon Azimov so’rayapti, kitob qilib chiqartirar ekan», deb qoldi. Mana, «Umr» nomli she’riy to’plam dunyo yuzini ko’rdi. Biz buning uchun Usmon Azimdan ham, Hasan Ismatullaevdan ham minnatdormiz. Men «Odnoklassniki»da shoir Amir Xudoyberdiev bilan yozishib qoldim. U kishi Jo’rabekning ko’pgina she’rlarini «Teran ildizlar», «Chag’oniyon tarannumi», «Hayot chashmalari» kabi to’plamga kiritdilar. «Shaytondara» mistik hikoyalar to’plami tayyor holda edi. Jo’rabek aka uni hujjatlashtirish olish uchun tayyorlab qo’ygandi. Bu kitobni Amir Xudoyberdining yordami bilan «Musiqa» nashriyotidan chiqartirdik. Ikki kitob ham muxlislarining qo’liga yetib bordi. Mazkur kitoblarning chop etilishiga yaqindan yordam bergan Usmon Azimov, Amir Xudoyberdiev va Hasan Ismatullaevdan minnatdormiz. Hali ko’plab she’rlari, bir nechta qissalari, hikoyalari bor. Nasib etsa kelajakda ularni ham kitob qilib chiqaramiz, degan niyatdamiz.

Anvar Namozov suhbatlashdi

022

(Tashriflar: umumiy 926, bugungi 1)

Izoh qoldiring