Jo’rabek Ramazon. Sog’insangiz… She’rlar

Ashampoo_Snap_2016.07.21_23h48m41s_005_.png      Жўрабек Рамазонов — 1983 йил Сурхондарё вилоятининг Бойсун шаҳрида туғилган. Тумандаги 1-мактабда таҳсил олган»… Бизнинг мактабда ўқиган экан! «Бизнинг» деганимнинг сабаби шуки, Шукур ака Холмирзаев, Эркин Аъзам ва каминаю камтарин ҳам шу мактабни битирганмиз (Усмон Азимнинг «Жўрабек» мақоласидан. Уни тўлиқ ҳолда мана бу саҳифада ўқинг)

Жўрабек РАМАЗОН
ШЕЪРЛАР
034

    Жўрабек Рамазон ((1983-2014) нинг барча шеълари “Севаман” деган битта cўзга қурилгандек.Унинг, гоҳида оқчорлоқлар эринибгина сув сатҳида қиялаб учган вақтдаги уммон сокинлигини,гоҳида эса тўлқинларни ваҳимага солиб,эсган шамоллар туғёнини ёдга солувчи шеърларининг барида борлиққа,табиатга,одамларга энг муҳими-Ҳаётга муҳаббат бор. Тириклик карвонидан бевақт узилиб қолишини сезгандек,қисқа умр йўли мобайнида ўзидан салмоқли шеърлар қолдирган ҳаётсевар шоирнинг “Тавалло”(2003),”Бугун”(2008) ҳамда “Юр,қочиб кетамиз”(2011) тўпламларида эълон қилинган ижод намуналаридан сизга ажойиб гулдаста тақдим этиш билан Парвардиордан ажойиб шоир ва покиза инсонни раҳматига олишини сўраймиз.

034

* * *
031
Кетдим…
Соғинсангиз, стол устида
Шеърларим ёзилган дафтар туради.
Қайтсангиз, варақлаб кўринг оҳиста,
Сатрлар сиз билан суҳбат қуради.

Истасангиз отинг уни оловга,
Гулхан мавжларидан боқиб турар кўз…
Мен раво кўрмадим бошқа бировга,
Бор шеърим “СЕВАМАН” деган битта сўз.

А Л И Ф Б О.
«Қизимга дарслар» туркумидан

“А” ҳарфини ўрганиш-чун авваламбор
“Ассалом”ни такрорлашинг зарур, қизим.
Бу дарс эмас, насиҳат ҳам эмас зинҳор,
Бу эътиқод, бу тарбия, ғурур, қизим!

Бир маҳаллар ўша ҳарфни ўргансин деб
Қўлимизга айиқ расмин тутқазганлар.
Инсон эмас, махлуқ билан юзлаштириб,
Тарбияда бир нимадан ютқазганлар.

Кун келади – четга чиқиб ҳою ҳавас,
Ҳаммасини эзгуликка йўядилар;
Алифбонинг аввалида айиқ эмас,
Алла айтган аёл расмин қўядилар.

Шунда севинч бирла кулиб кўз-қароғим,
Ҳаволарга ҳайф бўлмади нолам, дейман.
Алпомишга “А” кетади, қизалоғим,
Барчинойга “Б” кетади, болам, дейман!

И Л Т И Ж О

Кўксимдан сидириб ташладим музни,
Ёлғиз яшамоққа яратдим имкон.
Бағрингга яшириб қўйдим бир қизни,
Сен уни ҳеч кимга берма, дунёжон.

Унамадим ёлғон растанг сайлига,
Юрмадим, қувмадим омад изидан.
Шу оқшом бўғилиб ўлсам майлига
Тундан ўғирланган сочлар исидан

Асра уни, дунё, рўёларингдан,
Кўксини ҳар кимга очиқ қолдирма.
Менинг ҳаётимни кул айласанг ҳам,
Унинг орзусини ўтда ёндирма.

Мен-ку ҳар юракка ғам бўлиб кирган,
Ҳар қадамда гуноҳ бўлиб чўкканман.
Нурсиз дил ёнида соядек юрган,
Ҳиссиз дил қошида кўз ёш тўкканман.

Сен уни авайла, умрнинг ғами
Оғирлик қилмасин киприкларига.
Йўлини тўсгин-у, қўйма боргани
Ҳаётнинг қалтис қил кўприкларига.

Майли ўз зайлига тортса ҳам замон,
Савдосин намойиш этса ҳам фалак.
Сен уни ҳеч кимга берма, дунёжон,
Токи яралгунча муносиб юрак.

Манглайимга ҳаёт қора доғ чизди,
Нафасим бўғилиб кетяпти бу он.
Бағрингга яшириб қўйдим бир қизни,
Уни ўзимга ҳам берма, дунёжон!

* * *

Мана бугун коинотда тўй,
Осмон олиб кетмоқда сизни.
Унутолмай овора бу ўй
Енги калта кўйлагингизни.

Мени адо қилаётир дард,
Қоғозларга ёзиб бўлмайди.
Ёки бир тўп булутга боғлаб,
Оймомога осиб бўлмайди.

Султонингиз шунчалар баланд,
Тан оламан, арзийди сизга;
Кўз қамашар ситоралардан
Сирға тақар қулоғингизга.

Мана бугун мунаввар дунё,
Ғолиб осмон сочади танга.
Тўғри-да, сиз боқмайсиз қиё
Ойни олиб беролмаганга.

ИККИ КУН

Мен икки кун яшашим керак,
Хоҳи тирик, хоҳида бежон.
Сўқир севги қирқ саккиз соат
Юрагимни қилар имтиҳон.

Ўтган кунлар кўзларида ёш,
Саналарда сирқирар озор.
Икки кунлик ҳасратга бардош
Бўлолмайди беш кунлик дийдор.

Сен соғинчни шу кундан сўра,
Кўтарса бас бешта оқ устун.
Бу икки кун кўзингдай қора,
Бу икки кун сочингдай узун.

Шанба куни бошланган кадар
Душанбада тугар бегумон.
Шу икки кун яшай олсам гар,
Кейин сира ўлмайман, ишон!..

Д А Р З

Кетди…
Катта кўксингда бехос
Бўшаб қолди кичкина бир жой.
Йўлларидан узмайсану кўз,
Қўлларидан ичолмайсан чой.

Севги ўлса урилмас садр,
Аммо бу ҳам мотам барибир.
Унутмоққа етмайди қурбинг,
Нажот бордек шиша учида.
Кўплар ҳавас қилгудек умринг
Эзилади кулдон ичида.
Дейсан: ўзи бу телба дунё
Ҳеч кимсага қилмаган вафо.

Қайтди…
Катта кўксингда бехос
Тўлиб қолди кичкина бир жой.
Порламайди муҳаббатдан кўз,
Меҳр билан узатса ҳам чой.
Бахтга такрор етганинг билан
Айтилмайди қайтадан ўлан.

* * *

Дард мени ўзгартиб ташлади буткул,
Бошлаб бўлармикан барин бошидан?
Ҳақоратдан тилим чарчамас нуқул,
Оғримас юрагим кўзлар ёшидан.

Ногоҳ эшитилиб қолса бирор сас,
Лаҳзада бузилиб кетар асабим.
Қийналиб етганда ўпкамга нафас,
Соғлом одамларга келар ҳасадим.

Севгилим бор эди бошқалар каби,
Яшади ёнимда қўлимдан тутиб.
Дилозорлик мени толиқтирмади,
Чарчади у барин ичига ютиб.

На унга беролдим биронта орзу,
На ундан бемаъни орзум яширдим.
У мени кафтидан туширмади-ю,
Мен унинг юзига кафтим туширдим.

Бир ўй кемиради дилни эрта-кеч:
Наҳотки топилмас дардимга даво?!
Худодан мол-дунё тиламадим ҳеч,
Сўраганим фақат бир ҳовуч ҳаво.

Ҳали ҳам етса гар юрагим доди,
Нимага ҳаётдан маҳрум этяпсан?
Эркам, нафасингда ҳаво бор эди,
Сен уни кимларга олиб кетяпсан?

ВАТАН

Не синоат мужассам
Тарихинг томирида;
Ё Осиё теграси,
Ё унинг Помирида.
Неча минг йиллик қўшиқ
Бор ноланг замирида.
Қуламасдан турибди
Ҳануз кўҳна қўрғонинг.
Алининг Зулфиқорин
Ўткир дами биз эдик,
Неча Зулқарнайннинг
Ўйи, ғами биз эдик,
Жами ўтган шоҳларнинг
Қарийб ярми биз эдик,
Бугун шаҳзодаларга
Ўхшайдими ўғлонинг?
Ватан дедим, бўғзимни
Аччиқ алам тўлдирди;
Кимдир Бибихонимни
Заҳар бериб ўлдирди,
Бир номард Улуғбекнинг
Юлдузини сўндирди,
Қуладими осмонга
Тик қўйилган нарвонинг?
Улфат бўлиб уч киши
Суҳбат қуриш мумкинмас,
Бобонгдан қолган боғда
Хаёл суриш мумкинмас,
Даладан бўлак ерда
Жавлон уриш мумкинмас,
Тузинг ичиб, тузлуққа
Тупурдими меҳмонинг?
Кўз олайтди кўркингга
Шоқолми у, тозими,
Ўзинг қолиб, эркингга
Аллакимлар қозими?
Ўғлонларинг, қизларинг
Бугунингдан розими,
Эртанг-чун курашмоққа
Ярайдими қалқонинг?
Сен Кубронинг шиори,
Қодирийнинг армони,
Бобурнинг Андижонга
Етолмаган карвони.
Энди бўлар ҳуснингга
Улар руҳи кайвони,
Порлагай осмонингда
Сон-саноқсиз Чўлпонинг!

 

МЕРОС

Оз-оз бўлакланиб тугади кўксим,
Юраксиз яшашга кўндим ниҳоят.
Нечун кўринмайсиз дунёда, дўстим,
Чарчатиб қўйдими сизни хиёнат?

Мен гуноҳ тўпладим – шунчалар ҳалол,
Севги – ифорини йўқотган ялпиз.
Эй, мени милён йил хўрлаган аёл,
Сизми қовурғамдан яратилган қиз?

Менга кўп меросин қолдирди тарих,
Мана, кўз олдимда бугун бари тахт:
Юсуфдан тубсиз чоҳ, Исодан чормих,
Зикриёдан эса битта пок дарахт.

Ҳаммаси ўзимга муносиб мерос,
Ҳаммасини қабул қилдим таваккал.
Кимгадир қўймадим заррача ихлос,
Ким учун қалбимда ўрнатдим ҳайкал.

Ҳар куни кўзимда ҳар турли уйқу,
Ҳар куни сўзимда ҳар турли овоз.
Ўзим янги одам бўлолмадим-ку,
Янгича бўлмайди менда инқироз.

Бағрини йўқотиб бўлган дунёда
Тушунмайди ҳеч ким онамдан бўлак.
Сўнгида таваккал қилолмам сира:
Мен қайси меросни танлашим керак?

* * *

Ажин қоплаб олди-ю юзни,
Лабларимдан тушмади тутун.
Юз бор ўлдим, бир гўзал қизни
“Ўламан” деб ишонтирмоқ-чун.

Мен томонга қўйди-ю қадам,
Дийдоримдан безгандек бети:
“Ҳар кун бунча чекувчи одам
Осонликча ўлмайди”, деди.

Кўзим тортиб қолади хира,
Ҳолсизликдан қалтирайди тиз.
Жилмаяди кекса ҳамшира:
“Кўтарилган қон босимингиз”.

Тортаётган тилимни тишлаб,
Юрак сиғмай кетар танага.
Жон ҳолатда кўксимни ушлаб,
Югураман дорихонага.

Шунча билан ёриб сукунни,
Қилоламан кўзларини нам.
Вақт топаман ҳар лаҳза уни
Бошқалардан қизғанишга ҳам.

Билмайман не жин урди бизни,
Биз ҳаммадан бахтлимиз… Лекин
Минг бор ўлдим, бир гўзал қизни
“Ўлмайман” деб ишонтирмоқ-чун.

* * *

Қиблага айланиб қолган тўрт томон,
Сўроқлайди қисмат бўғзимдан тутиб.
Мен бугун кимнидир соғиндим ёмон,
Мен бугун кимнидир қўйдим унутиб.

Ўзингга ўлимни ўргатасан бот,
Юрагингга сиғмай турганида қил.
Чунонам бемаъни туюлар ҳаёт
Телбалар юртига айланса кўнгил.

Мен эдим беташвиш, беғам бегумон,
Энди у хотиржам кунлар қаёқда.
Эй, ўзин номини унутган виждон,
Қандай яшаяпсан қўлтиқтаёқда?..

* * *

Агар бободеҳқонинг
Ерга хиёнат қилса,
Ишонган покдомонинг
Эрга хиёнат қилса,
Улус суйган шоиринг
Шеърга хиёнат қилса,
Сен тўлган юрагингни
Кимга очасан, оға?
Яхшим деганинг сени
Ёмонга сотиб кетса,
Совуқ урган қалбингда
Қўрғошин қотиб кетса,
Суйганларинг таънаси
Кўксингга ботиб кетса,
Бу разолат шаҳридан
Қайга қочасан, оға?
Муҳаббатга хайру хўш,
Туйғуга алла айтдинг,
Ҳақиқатга алвидо,
Бўҳтонга ялла айтдинг,
Бу дунёда ҳеч кимим
Йўқ, деб баралла айтдинг,
Энди қайси қабрга
Тупроқ сочасан, оға?

ҒАЛАБА БАЙРАМИ

Даҳшат суронлари тутар оламни,
Қора тутунларга тўлади осмон.
– Севгилим, қайтаман, асра боламни,
Севгилим, мен омон қайтаман, ишон!

Гранат илмоғи тортилса бирдан,
Кўксингдаги темир совут беҳуда…
– Болажон, сен бахтли яшайсан ўктам!
– Отажон, йиғлагим келяпти жуда!

– Кўплар қурбон бўлди, деганди отам.
– Қўй энди, йигитлар ғамини ема.
– Мен сени кутаман минг йил бўлса ҳам!
– Кутавер, қайтаман, бошқани дема!

Танклар залворидай оғир юраклар,
Замбарак ўқидай кучли муҳаббат.
Тутунлар ичида қолган тилаклар,
Қуритган кўзларнинг ёшин қора хат.

Қора бўёқларга кўмиб турмушни,
Оқади шаҳидлар қоп-қора қони…
– Бобожон, гапириб беринг урушни.
– Болажон, эслатма, қурисин номи!

Ҳамон қулоқларни оғритар саси;
Отадан, ўғилдан, ёрдан жудолар…
Ғалаба байрами шундай байрамки,
Қатнашмайди бунда жони фидолар.

* * *

Мен эртадан кутаман нажот,
Мен бугуннинг жабрдийдаси.
Иккимизни қийнади ҳаёт,
Узрнинг ҳам йўқдир фойдаси.

Мен эртадан умид қиламан,
Сиз эртага аниқ келасиз.
Сиз ҳаммадан яхши, биламан,
Мен ҳаммадан ёмон, биласиз.

Ўртанаман, юрагим хира,
Нима қилай соғинган бўлсам?
Оғринмасми кўнглингиз сира
Эртагача бехосдан ўлсам.

Билмам қанча асрлар керак
Яна бир бор қуёш чиққунча.
Кўргулигин қўймайди фалак
Биримизни ерга тиққунча.

Мен ўлимдан қўрқмайман, ахир,
Ҳар қадамим таҳлика, уруш.
Бироқ мингта ўлимдан оғир
Сизни бошқа бировга бериш.

ҒОЛИБ

Ўз-ўзимча бўламан беҳол,
Томоғимга тиқилади жон.
Жон-жонимда биргина савол:
Қоламанми бу кеча омон?

Термуламан мушфиқ онамга,
Томирларим титрайди дир-дир.
Лекин ҳар кун ўлган одамга
Ўлим унча қилмайди таъсир.

Мен ҳамма деб яшадим ҳар кун,
Мен ҳамма деб ҳар куни ўлдим.
Ёдга тушиб кетади бирдан
Ҳар кун мен деб ўлган севгилим.

Гоҳо юрак тўхтади таққа,
Аммоки биз тинмай югурдик.
Мен, у, онам – учаламиз-да
Керагича ўлиб улгурдик.

Ҳалигача мен томон зафар,
Гарчи жуда қайғули бу ҳис.
Бизлар учта одаммиз, ахир,
Ўлим эса абадий ёлғиз…

ЎЗИНГИЗ БИЛАСИЗ…

Мен сизга таъналар қилмайман сира,
Ва рўкач қилмайман бедорлигимни.
Ўзингиз биласиз, ишқ бир хотира,
Ўзингиз биласиз беморлигимни.

Эҳтимолки фарқим йўқдир гўдакдан,
Янглишганман сизга бериб кўнглимни.
Мен-ку муҳаббатни севдим юракдан,
Муҳаббат не боис севди ўлимни?

Маҳшар куни мисол дилимда шовқин,
Бу севги қисмати ўхшар Ҳамзага.
Бироқ кемтик қалбнинг лаҳзалик шавқин
Сиғдириб бўлмайди мингта Хамсага.

Мен сизга таъналар қилмайман сира,
Ва рўкач қилмайман пок муҳаббатим.
Ўзингиз биласиз – ишқ бир хотира,
Ўзингиз биласиз… Мен энди кетдим!

* * *

Бугун нимагадир ноумид бўлдинг,
Дединг: севгимизни тугатиш керак.
Шусиз ҳам кўзларни босиб кетди мунг,
Наҳот сенга яна бир мишмиш керак?!
Шусиз ҳам бўғилдик ғийбатлар аро,
Ҳиссизлар тилига қулф осолмади.
Бу озод Ватанда бирон фуқаро
Озод муҳаббатга ён босолмади.
Кўксингга ботади биров таънаси,
Қўймоқчи бўлади қалбингга қадам.
Уларни қўявер, улар ҳаммаси
Ўзини севишдан ортмаган одам.
Биз эса диллардан айрича дилмиз,
Бир тилда тиллашган иккита тилмиз,
Учраштирган бўлса фоний дунёда,
Оллоҳ ҳузурида шундай қабулмиз.

Ё М О Н   Қ И З

Қорайиб йўқолар шафақнинг юзи,
Туннинг қучоғида бедор юраман.
Бир қиз бор – дунёнинг энг ёмон қизи,
Мен шу ёмон қизни яхши кўраман.
Ёнига бораман, юриб бораман,
Дунёни чеккага суриб бораман,
Ёмонлигин билиб туриб бораман,
Мен шу ёмон қизни яхши кўраман.
Ўзи ҳам қаршимда қотади ҳар кун,
Мендан кечиб, менга қайтади ҳар кун,
Ҳатто ёмонлигин айтади ҳар кун,
Мен шу ёмон қизни яхши кўраман.
Эртага биз айри кетамиз, дейди,
Сўнг эрта бўлмаса нетамиз, дейди,
Бугуннинг тугашин кутамиз, дейди,
Мен шу ёмон қизни яхши кўраман.
Овоза қилай деб бахшилар билсин,
Тиш-тирноғи билан қаршилар билсин,
Менга нима, ҳамма яхшилар билсин,
Мен шу ёмон қизни яхши кўраман.

СИЗНИ СЕВИШ КЕРАК…

Эсимда лаҳзалик бахтиёр ҳаёт
Ва бизни бахтиёр қилолмаган қиш.
Барибир ўзимга пичирлайман бот:
“Сизни кутиш керак, кутиш ва кутиш!..”
Тутиб туролмадик бахт келган маҳал,
Мумкинмиди уни бировга сўйлаш?
Энди ўша бахтни топишдан аввал
Сизни ўйлаш керак, ўйлаш ва ўйлаш…
Инсон ўз тақдирин ўзи бошқарар…
Бу ёлғон, ҳамманинг тақдири чалкаш.
Мени-ку тугатиб бўлди бошқалар,
Сизни асраш керак, асраш ва асраш…
Балки бисотимда қолмаган нажот,
Балки эришганим барчаси эриш.
Барибир ўзимга пичирлайман бот:
“Сизни севиш керак, севиш ва севиш!..”

Қ Ў Р Қ У В

Мен қўрқаман одам бўлишдан…
Ахир, бўлиб қоламан ўсал –
Пайти келиб бирорта махлуқ
Мендан фарқинг не деб сўраса.
Мен қўрқаман ошиқ бўлишдан…
Ё дийдору ё висол куни
Ёрим менга вафо қил, деса,
Қайси гўрдан топаман уни!
Мен қўрқаман ота бўлишдан…
Болам тунлар қулоқни еса;
Унга қандай жавоб қиламан
Алпомишни топиб бер деса…

* * *

Мен бугун дунёдан кечишим керак,
Ёки ниқобимни ечишим керак.
Ўрнимни белгилаб қўймаса ҳаёт,
Сенинг юрагингга кўчишим керак.
Мен бугун кўксимни ёришим керак,
Ё сенинг олдингга боришим керак.

Ҳайдама, кўзингни соғиниб келдим,
Соғиндим кўзингдай чиройли ҳисни.
Иккимизни ғамга кўмиб қўйган ким,
Ким ахир айириб ташлади бизни?
Ҳайдама, шу ерда бўлишим керак,
Ёки тонг отгунча ўлишим керак.

Давом этаверар менсиз ҳам ҳаёт,
Ҳиссизлар йўлида кетаверар тинч.
Фақат юрагингнинг тубида бот-бот
Қимирлаб қўяди қандайдир ўкинч.
Ўшанда мен сени кўришим керак,
Ё уйинг олдида юришим керак.

Дунё сукунатни тан олмаган зум,
Дунё муҳаббат-ла поклангани пайт,
Ҳеч бўлмаса менинг маънисиз умрим
Кўксингни титратиб қўймайдими, айт?!
Мен бугун барини англашим керак,
Ё фақат сени жим тинглашим керак.

МЕН ЎЛСАМ…

Мен ўлсам…
Одамдек ўлмайман:
Мен учиб кетаман қушга айланиб,
Дунёнинг энг гўзал, оппоқ қушига!..

Мен ўлсам…
Одамдек ўлмайман:
Охирги япроғи бўламан кузнинг,
Ҳеч ким пайқамайди узилганимни.

Мен ўлсам…
Одамдек ўлмайман:
Яшайман энг ширин тушга айланиб.
Хунук қизлар йиғлар…
Онамдан кейин…

К У З

Табиатнинг ўзгарди ранги,
Теваракда қолмади бир қуш.
Шамол тўзғиб юборди чангни,
Бошлангандек дунёвий уруш.
Нимадандир чўчиб, бағрига
Яширди-ю эрка ҳилолин,
Кўк қанотли фарзандларига
Силкиб қолди оппоқ рўмолин.
Борлиқ узра сукунат қотган,
Мудранади боғлар ҳам карахт.
Минглаб ўғлин жангга кузатган
Оналарга ўхшайди дарахт.

О З Г И Н А

Озгина тушунинг,
Озгина севинг,
Бир сафар озгина жилмайиб қаранг.
Нечун лабларингиз бунчалар ҳам жим,
Асабингиз нега озгина таранг?

Озгина ўйланинг,
Озгина ўйланг,
Озгина ишонинг муҳаббатимга.
Наҳот туйғуларнинг ҳаммаси ўлган,
Наҳотки айланган севги етимга?!

Билсангиз, юрагим озгина оғрир,
Оғритиб қўйгудек бутун оламни.
Наҳотки, тушуниш шунчалар оғир
Озгина ҳаёти қолган одамни…

* * *

Телбалигимга тун ўйнайди гаров,
Ҳаттоки юлдузин, ойин тикади.
Ҳали-ку кимлигим билмайди биров,
Мендан чиқар бўлса, ҳеч ким чиқади.

Севгилим, дидингга қойил эмасман,
Қандай хуш ёқади силкиган қўлим?
Мени қарғаб бўлди ҳар битта душман,
Дўстим, энди сен ҳам тилайвер ўлим.

Кўнглим кўр қисматга кўникди, кўнди,
Сафарга ҳозирлик кўраётир руҳ.
Опа, кўз ёшингни йиғиштир энди,
Онажон, сен энди Қодирийлар туғ!..

* * *

Чойнак пиёлага эгилар,
Эгилади қадаҳга шиша.
Япроқлар ҳам ерга тўкилар,
На хижолат, на-да андиша.

Эгилмаган бошларни кесиб,
Кўп қиличлар бўялди қонга.
Менинг бобом етмиш икки йил
Эгилиб яшади… кетмонга.

ЯШАБ ЮРАВЕРСАНГ…

Яшаб юраверсанг олисда ойлаб,
Омад деганлари жилмайиб боқса.
Онанг эса сенинг йўлингни пойлаб,
Тўзғиган кўйлакда кўчага чиқса.
Яшаб юраверсанг омонга қараб,
Бировлар гул тутса,
Биров пул тутса.
Бошини қаварган кафтига тираб,
Отанг келишингни интизор кутса.
Ҳар оқшом кийиниб отлансанг йўлга,
Бир кунда соғинган қизингни излаб.
Ярим кеча қалам тутганча қўлга,
Сингилчанг хат ёзса соғинчдан йиғлаб.
Ширакайф улфатлар қадаҳ кўтариб,
Энг гўзал сўзларни сен учун айтса…
Уйга келганингга умидми қилиб,
Уканг мактабидан эртароқ қайтса.
Яшасанг кунлардан марварид териб,
Гўзал туйғуларга алвидо айтсанг.
Муштипар онангга таскинлар бериб,
Ўзи ич-ичидан эзилса опанг.
Ёруғлик тарқамас ҳар бир зиёдан,
Ўқий бошлаганда ҳаёт китобин,
Идрок эта олсанг эди, дунёдан
Битта дўст тополмай кетмоқ азобин…

КУНГАБОҚАР

Болаликдан менга аён эди бу –
Кунгабоқар севар эмиш қуёшни.
Тушгача машриққа боқар эмиш-у,
Тушдан сўнг ғарб томон бураркан бошни.

Балки шу сабабли қомати расо,
Самога интилар чўзганича пай.
Мен осмон орзусин қилмадим, аммо
Ҳақиқат, қайдасан?
Қаёққа қарай?

МЕН ЎШАМАН

Мен ўша-ўшаман: тўпори, содда,
Бисотида ширин сўзи қолмаган.
Сиздан бошқасига алданмаган ва
Сиздан бошқасини алдай олмаган.
Мен ўша-ўшаман: камгап, камсуқум,
Минг ўлиб, жонини ширин демаган.
Сиздан бошқасига қилмаган зуғум,
Сиздан бошқасидан дакки емаган.
Мен ўша-ўшаман: бетайин, бебош,
Шароб ютиб, алам заҳрин ютмаган.
Сиздан бошқасин деб тўкмаган кўз ёш,
Сиздан бошқасидан кўз ёш кутмаган.
Мен ўша-ўшаман: телба-тескари
Ҳаётдан ўз ўрнин топа билмаган.
Мингларга бўлинган битта жонини
Сиздан бошқасига фидо қилмаган.
Мен ўша… ўшаман.

М А С Л А Ҳ А Т

Бежилов тўлқиндай қалқийди кўксим,
Қароғимга уя қўя бошлар мунг.
Оҳиста пичирлаб қўяди дўстим:
“Кўзлари чиройли Назарованинг…”
Бошланса сукутнинг эрка эртаги,
Қулоқ сола бошлар икки дунё жим.
Очилади яна унинг чакаги:
“Киприги бошқача Назарованинг…”
Балки мен чақмоқдан кескинроқ ўсдим,
Жонимни жойладим қайноқ товага.
Оҳиста пичирлаб қўяди дўстим:
“Мен совчи юбордим Назаровага…”

С И Р

Ўқигандим китобда,
Ўлмас эмиш юраклар.
Анна Ахматова

У дамлар сен гўзал эмасдинг,
Гўзалликни айламасдинг ёд.
Аммо кичик кўзларингда жим
Улғаярди улкан бир ҳаёт.

У пайтлар мен шоир эмасдим,
Туйғулардан йўқ эди нишон.
Аммо кичик кўзларингга жим
Термулишни истардим, ишон.

Билмам бунинг сири нимада,
Бахти бутун дилга нима кам.
Гўёки мен катта кемада
Сузаётган мақсадсиз одам.

Тунд кечалар бошим қашлайман
Топайин деб шу сир тагини.
Ва ногаҳон англай бошлайман
Юракларнинг ўлмаслигини!

ОТАМ ҲАҚИДА

Дунё ишларига чидаб бердим жим,
Йўлларим боғлади телба ақида.
Мен куйлаб яшадим муҳаббатни, чин,
Бироқ шеър ёзмадим отам ҳақида.

Гоҳ жоним аядим, ширин жон дедим,
Интиқом шавқида қонга қон дедим.
Бошимга ғам тушса “онажон!” дедим,
Бироқ шеър ёзмадим отам ҳақида.

Елкам эзаётган тошлар минг ботмон,
Тошлар менга, мен ҳам тошларга ётман.
Бир куни бўғзимдан олади кетмон,
Чунки шеър ёзмадим отам ҳақида.

Кимнингдир қалбига қаладим қайғу,
Кимнингдир висолин айладим орзу.
Кимнингдир жонига оро кирдим-у,
Лекин шеър ёзмадим отам ҳақида.

Мени жаҳаннамга етаклар гуноҳ,
Кўр қилмишларимга қисматим гувоҳ.
Бу ҳукм боисин айтади Оллоҳ:
“Нечук шеър ёзмадинг отанг ҳақида?”

С И З Н И . . .

Сизни севиш мумкин ҳаммадан ортиқ,
Ҳар кун пойлаш мумкин йўлларингизни.
Арзимайди жондан ўзга бир тортиқ,
Ўпиш ҳам жиноят қўлларингизни.

Сизни асраш мумкин қорачиқ мисол,
Шамол не, бўроннинг йўлини тўсиб.
Ҳаётдан бахт топиш мумкин бемалол
Товонингиз узра майсадай ўсиб.

Сизни кутиш мумкин йиллаб эринмай,
Йиртиб ташлаганча солномаларни.
Пойингизга ташлаб қўйиш лозимдай
Бу Ер деб аталган кичкина шарни.

* * *

Унга атаб айтмадим ҳеч гап,
Сиғдирмади бағрига юрак.
Мен ҳали муҳаббат ҳақида
Жуда кўп, жуда кўп ёзишим керак.
Мени авайланглар, одамлар!..


Jo’rabek Ramazonov — 1983 yil Surxondaryo viloyatining Boysun shahrida tug’ilgan. Tumandagi 1-maktabda tahsil olgan»… Bizning maktabda o’qigan ekan! «Bizning» deganimning sababi shuki, Shukur aka Xolmirzaev, Erkin A’zam va kaminayu kamtarin ham shu maktabni bitirganmiz (Usmon Azimning «Jo’rabek» maqolasidan. Uni to’liq holda mana bu sahifada o’qing)

Jo’rabek RAMAZON
SHE’RLAR
034

Jo’rabek Ramazon ((1983-2014) ning barcha she’lari “Sevaman” degan bitta co’zga qurilgandek.Uning, gohida oqchorloqlar erinibgina suv sathida qiyalab uchgan vaqtdagi ummon sokinligini,gohida esa to’lqinlarni vahimaga solib,esgan shamollar tug’yonini yodga soluvchi she’rlarining barida borliqqa,tabiatga,odamlarga eng muhimi-Hayotga muhabbat bor. Tiriklik karvonidan bevaqt uzilib qolishini sezgandek,qisqa umr yo’li mobaynida o’zidan salmoqli she’rlar qoldirgan hayotsevar shoirning “Tavallo”(2003),”Bugun”(2008) hamda “Yur,qochib ketamiz”(2011) to’plamlarida e’lon qilingan ijod namunalaridan sizga ajoyib guldasta taqdim etish bilan Parvardiordan ajoyib shoir va pokiza insonni rahmatiga olishini so’raymiz.

034

* * *
031
Ketdim…
Sog’insangiz, stol ustida
She’rlarim yozilgan daftar turadi.
Qaytsangiz, varaqlab ko’ring ohista,
Satrlar siz bilan suhbat quradi.

Istasangiz oting uni olovga,
Gulxan mavjlaridan boqib turar ko’z…
Men ravo ko’rmadim boshqa birovga,
Bor she’rim “SEVAMAN” degan bitta so’z.

A L I F B O.
«Qizimga darslar» turkumidan

“A” harfini o’rganish-chun avvalambor
“Assalom”ni takrorlashing zarur, qizim.
Bu dars emas, nasihat ham emas zinhor,
Bu e’tiqod, bu tarbiya, g’urur, qizim!

Bir mahallar o’sha harfni o’rgansin deb
Qo’limizga ayiq rasmin tutqazganlar.
Inson emas, maxluq bilan yuzlashtirib,
Tarbiyada bir nimadan yutqazganlar.

Kun keladi – chetga chiqib hoyu havas,
Hammasini ezgulikka yo’yadilar;
Alifboning avvalida ayiq emas,
Alla aytgan ayol rasmin qo’yadilar.

Shunda sevinch birla kulib ko’z-qarog’im,
Havolarga hayf bo’lmadi nolam, deyman.
Alpomishga “A” ketadi, qizalog’im,
Barchinoyga “B” ketadi, bolam, deyman!

I L T I J O

Ko’ksimdan sidirib tashladim muzni,
Yolg’iz yashamoqqa yaratdim imkon.
Bag’ringga yashirib qo’ydim bir qizni,
Sen uni hech kimga berma, dunyojon.

Unamadim yolg’on rastang sayliga,
Yurmadim, quvmadim omad izidan.
Shu oqshom bo’g’ilib o’lsam mayliga
Tundan o’g’irlangan sochlar isidan

Asra uni, dunyo, ro’yolaringdan,
Ko’ksini har kimga ochiq qoldirma.
Mening hayotimni kul aylasang ham,
Uning orzusini o’tda yondirma.

Men-ku har yurakka g’am bo’lib kirgan,
Har qadamda gunoh bo’lib cho’kkanman.
Nursiz dil yonida soyadek yurgan,
Hissiz dil qoshida ko’z yosh to’kkanman.

Sen uni avayla, umrning g’ami
Og’irlik qilmasin kipriklariga.
Yo’lini to’sgin-u, qo’yma borgani
Hayotning qaltis qil ko’priklariga.

Mayli o’z zayliga tortsa ham zamon,
Savdosin namoyish etsa ham falak.
Sen uni hech kimga berma, dunyojon,
Toki yaralguncha munosib yurak.

Manglayimga hayot qora dog’ chizdi,
Nafasim bo’g’ilib ketyapti bu on.
Bag’ringga yashirib qo’ydim bir qizni,
Uni o’zimga ham berma, dunyojon!

* * *

Mana bugun koinotda to’y,
Osmon olib ketmoqda sizni.
Unutolmay ovora bu o’y
Yengi kalta ko’ylagingizni.

Meni ado qilayotir dard,
Qog’ozlarga yozib bo’lmaydi.
Yoki bir to’p bulutga bog’lab,
Oymomoga osib bo’lmaydi.

Sultoningiz shunchalar baland,
Tan olaman, arziydi sizga;
Ko’z qamashar sitoralardan
Sirg’a taqar qulog’ingizga.

Mana bugun munavvar dunyo,
G’olib osmon sochadi tanga.
To’g’ri-da, siz boqmaysiz qiyo
Oyni olib berolmaganga.

IKKI KUN

Men ikki kun yashashim kerak,
Xohi tirik, xohida bejon.
So’qir sevgi qirq sakkiz soat
Yuragimni qilar imtihon.

O’tgan kunlar ko’zlarida yosh,
Sanalarda sirqirar ozor.
Ikki kunlik hasratga bardosh
Bo’lolmaydi besh kunlik diydor.

Sen sog’inchni shu kundan so’ra,
Ko’tarsa bas beshta oq ustun.
Bu ikki kun ko’zingday qora,
Bu ikki kun sochingday uzun.

Shanba kuni boshlangan kadar
Dushanbada tugar begumon.
Shu ikki kun yashay olsam gar,
Keyin sira o’lmayman, ishon!..

D A R Z

Ketdi…
Katta ko’ksingda bexos
Bo’shab qoldi kichkina bir joy.
Yo’llaridan uzmaysanu ko’z,
Qo’llaridan icholmaysan choy.

Sevgi o’lsa urilmas sadr,
Ammo bu ham motam baribir.
Unutmoqqa yetmaydi qurbing,
Najot bordek shisha uchida.
Ko’plar havas qilgudek umring
Eziladi kuldon ichida.
Deysan: o’zi bu telba dunyo
Hech kimsaga qilmagan vafo.

Qaytdi…
Katta ko’ksingda bexos
To’lib qoldi kichkina bir joy.
Porlamaydi muhabbatdan ko’z,
Mehr bilan uzatsa ham choy.
Baxtga takror yetganing bilan
Aytilmaydi qaytadan o’lan.

* * *

Dard meni o’zgartib tashladi butkul,
Boshlab bo’larmikan barin boshidan?
Haqoratdan tilim charchamas nuqul,
Og’rimas yuragim ko’zlar yoshidan.

Nogoh eshitilib qolsa biror sas,
Lahzada buzilib ketar asabim.
Qiynalib yetganda o’pkamga nafas,
Sog’lom odamlarga kelar hasadim.

Sevgilim bor edi boshqalar kabi,
Yashadi yonimda qo’limdan tutib.
Dilozorlik meni toliqtirmadi,
Charchadi u barin ichiga yutib.

Na unga beroldim bironta orzu,
Na undan bema’ni orzum yashirdim.
U meni kaftidan tushirmadi-yu,
Men uning yuziga kaftim tushirdim.

Bir o’y kemiradi dilni erta-kech:
Nahotki topilmas dardimga davo?!
Xudodan mol-dunyo tilamadim hech,
So’raganim faqat bir hovuch havo.

Hali ham yetsa gar yuragim dodi,
Nimaga hayotdan mahrum etyapsan?
Erkam, nafasingda havo bor edi,
Sen uni kimlarga olib ketyapsan?

VATAN

Ne sinoat mujassam
Tarixing tomirida;
YO Osiyo tegrasi,
YO uning Pomirida.
Necha ming yillik qo’shiq
Bor nolang zamirida.
Qulamasdan turibdi
Hanuz ko’hna qo’rg’oning.
Alining Zulfiqorin
O’tkir dami biz edik,
Necha Zulqarnaynning
O’yi, g’ami biz edik,
Jami o’tgan shohlarning
Qariyb yarmi biz edik,
Bugun shahzodalarga
O’xshaydimi o’g’loning?
Vatan dedim, bo’g’zimni
Achchiq alam to’ldirdi;
Kimdir Bibixonimni
Zahar berib o’ldirdi,
Bir nomard Ulug’bekning
Yulduzini so’ndirdi,
Quladimi osmonga
Tik qo’yilgan narvoning?
Ulfat bo’lib uch kishi
Suhbat qurish mumkinmas,
Bobongdan qolgan bog’da
Xayol surish mumkinmas,
Daladan bo’lak yerda
Javlon urish mumkinmas,
Tuzing ichib, tuzluqqa
Tupurdimi mehmoning?
Ko’z olaytdi ko’rkingga
Shoqolmi u, tozimi,
O’zing qolib, erkingga
Allakimlar qozimi?
O’g’lonlaring, qizlaring
Buguningdan rozimi,
Ertang-chun kurashmoqqa
Yaraydimi qalqoning?
Sen Kubroning shiori,
Qodiriyning armoni,
Boburning Andijonga
Yetolmagan karvoni.
Endi bo’lar husningga
Ular ruhi kayvoni,
Porlagay osmoningda
Son-sanoqsiz Cho’lponing!

 

MEROS

Oz-oz bo’laklanib tugadi ko’ksim,
Yuraksiz yashashga ko’ndim nihoyat.
Nechun ko’rinmaysiz dunyoda, do’stim,
Charchatib qo’ydimi sizni xiyonat?

Men gunoh to’pladim – shunchalar halol,
Sevgi – iforini yo’qotgan yalpiz.
Ey, meni milyon yil xo’rlagan ayol,
Sizmi qovurg’amdan yaratilgan qiz?

Menga ko’p merosin qoldirdi tarix,
Mana, ko’z oldimda bugun bari taxt:
Yusufdan tubsiz choh, Isodan chormix,
Zikriyodan esa bitta pok daraxt.

Hammasi o’zimga munosib meros,
Hammasini qabul qildim tavakkal.
Kimgadir qo’ymadim zarracha ixlos,
Kim uchun qalbimda o’rnatdim haykal.

Har kuni ko’zimda har turli uyqu,
Har kuni so’zimda har turli ovoz.
O’zim yangi odam bo’lolmadim-ku,
Yangicha bo’lmaydi menda inqiroz.

Bag’rini yo’qotib bo’lgan dunyoda
Tushunmaydi hech kim onamdan bo’lak.
So’ngida tavakkal qilolmam sira:
Men qaysi merosni tanlashim kerak?

* * *

Ajin qoplab oldi-yu yuzni,
Lablarimdan tushmadi tutun.
Yuz bor o’ldim, bir go’zal qizni
“O’laman” deb ishontirmoq-chun.

Men tomonga qo’ydi-yu qadam,
Diydorimdan bezgandek beti:
“Har kun buncha chekuvchi odam
Osonlikcha o’lmaydi”, dedi.

Ko’zim tortib qoladi xira,
Holsizlikdan qaltiraydi tiz.
Jilmayadi keksa hamshira:
“Ko’tarilgan qon bosimingiz”.

Tortayotgan tilimni tishlab,
Yurak sig’may ketar tanaga.
Jon holatda ko’ksimni ushlab,
Yuguraman dorixonaga.

Shuncha bilan yorib sukunni,
Qilolaman ko’zlarini nam.
Vaqt topaman har lahza uni
Boshqalardan qizg’anishga ham.

Bilmayman ne jin urdi bizni,
Biz hammadan baxtlimiz… Lekin
Ming bor o’ldim, bir go’zal qizni
“O’lmayman” deb ishontirmoq-chun.

* * *

Qiblaga aylanib qolgan to’rt tomon,
So’roqlaydi qismat bo’g’zimdan tutib.
Men bugun kimnidir sog’indim yomon,
Men bugun kimnidir qo’ydim unutib.

O’zingga o’limni o’rgatasan bot,
Yuragingga sig’may turganida qil.
Chunonam bema’ni tuyular hayot
Telbalar yurtiga aylansa ko’ngil.

Men edim betashvish, beg’am begumon,
Endi u xotirjam kunlar qayoqda.
Ey, o’zin nomini unutgan vijdon,
Qanday yashayapsan qo’ltiqtayoqda?..

* * *

Agar bobodehqoning
Yerga xiyonat qilsa,
Ishongan pokdomoning
Erga xiyonat qilsa,
Ulus suygan shoiring
She’rga xiyonat qilsa,
Sen to’lgan yuragingni
Kimga ochasan, og’a?
Yaxshim deganing seni
Yomonga sotib ketsa,
Sovuq urgan qalbingda
Qo’rg’oshin qotib ketsa,
Suyganlaring ta’nasi
Ko’ksingga botib ketsa,
Bu razolat shahridan
Qayga qochasan, og’a?
Muhabbatga xayru xo’sh,
Tuyg’uga alla aytding,
Haqiqatga alvido,
Bo’htonga yalla aytding,
Bu dunyoda hech kimim
Yo’q, deb baralla aytding,
Endi qaysi qabrga
Tuproq sochasan, og’a?

G’ALABA BAYRAMI

Dahshat suronlari tutar olamni,
Qora tutunlarga to’ladi osmon.
– Sevgilim, qaytaman, asra bolamni,
Sevgilim, men omon qaytaman, ishon!

Granat ilmog’i tortilsa birdan,
Ko’ksingdagi temir sovut behuda…
– Bolajon, sen baxtli yashaysan o’ktam!
– Otajon, yig’lagim kelyapti juda!

– Ko’plar qurbon bo’ldi, degandi otam.
– Qo’y endi, yigitlar g’amini yema.
– Men seni kutaman ming yil bo’lsa ham!
– Kutaver, qaytaman, boshqani dema!

Tanklar zalvoriday og’ir yuraklar,
Zambarak o’qiday kuchli muhabbat.
Tutunlar ichida qolgan tilaklar,
Quritgan ko’zlarning yoshin qora xat.

Qora bo’yoqlarga ko’mib turmushni,
Oqadi shahidlar qop-qora qoni…
– Bobojon, gapirib bering urushni.
– Bolajon, eslatma, qurisin nomi!

Hamon quloqlarni og’ritar sasi;
Otadan, o’g’ildan, yordan judolar…
G’alaba bayrami shunday bayramki,
Qatnashmaydi bunda joni fidolar.

* * *

Men ertadan kutaman najot,
Men bugunning jabrdiydasi.
Ikkimizni qiynadi hayot,
Uzrning ham yo’qdir foydasi.

Men ertadan umid qilaman,
Siz ertaga aniq kelasiz.
Siz hammadan yaxshi, bilaman,
Men hammadan yomon, bilasiz.

O’rtanaman, yuragim xira,
Nima qilay sog’ingan bo’lsam?
Og’rinmasmi ko’nglingiz sira
Ertagacha bexosdan o’lsam.

Bilmam qancha asrlar kerak
Yana bir bor quyosh chiqquncha.
Ko’rguligin qo’ymaydi falak
Birimizni yerga tiqquncha.

Men o’limdan qo’rqmayman, axir,
Har qadamim tahlika, urush.
Biroq mingta o’limdan og’ir
Sizni boshqa birovga berish.

G’OLIB

O’z-o’zimcha bo’laman behol,
Tomog’imga tiqiladi jon.
Jon-jonimda birgina savol:
Qolamanmi bu kecha omon?

Termulaman mushfiq onamga,
Tomirlarim titraydi dir-dir.
Lekin har kun o’lgan odamga
O’lim uncha qilmaydi ta’sir.

Men hamma deb yashadim har kun,
Men hamma deb har kuni o’ldim.
Yodga tushib ketadi birdan
Har kun men deb o’lgan sevgilim.

Goho yurak to’xtadi taqqa,
Ammoki biz tinmay yugurdik.
Men, u, onam – uchalamiz-da
Keragicha o’lib ulgurdik.

Haligacha men tomon zafar,
Garchi juda qayg’uli bu his.
Bizlar uchta odammiz, axir,
O’lim esa abadiy yolg’iz…

O’ZINGIZ BILASIZ…

Men sizga ta’nalar qilmayman sira,
Va ro’kach qilmayman bedorligimni.
O’zingiz bilasiz, ishq bir xotira,
O’zingiz bilasiz bemorligimni.

Ehtimolki farqim yo’qdir go’dakdan,
Yanglishganman sizga berib ko’nglimni.
Men-ku muhabbatni sevdim yurakdan,
Muhabbat ne bois sevdi o’limni?

Mahshar kuni misol dilimda shovqin,
Bu sevgi qismati o’xshar Hamzaga.
Biroq kemtik qalbning lahzalik shavqin
Sig’dirib bo’lmaydi mingta Xamsaga.

Men sizga ta’nalar qilmayman sira,
Va ro’kach qilmayman pok muhabbatim.
O’zingiz bilasiz – ishq bir xotira,
O’zingiz bilasiz… Men endi ketdim!

* * *

Bugun nimagadir noumid bo’lding,
Deding: sevgimizni tugatish kerak.
Shusiz ham ko’zlarni bosib ketdi mung,
Nahot senga yana bir mishmish kerak?!
Shusiz ham bo’g’ildik g’iybatlar aro,
Hissizlar tiliga qulf osolmadi.
Bu ozod Vatanda biron fuqaro
Ozod muhabbatga yon bosolmadi.
Ko’ksingga botadi birov ta’nasi,
Qo’ymoqchi bo’ladi qalbingga qadam.
Ularni qo’yaver, ular hammasi
O’zini sevishdan ortmagan odam.
Biz esa dillardan ayricha dilmiz,
Bir tilda tillashgan ikkita tilmiz,
Uchrashtirgan bo’lsa foniy dunyoda,
Olloh huzurida shunday qabulmiz.

YO M O N Q I Z

Qorayib yo’qolar shafaqning yuzi,
Tunning quchog’ida bedor yuraman.
Bir qiz bor – dunyoning eng yomon qizi,
Men shu yomon qizni yaxshi ko’raman.
Yoniga boraman, yurib boraman,
Dunyoni chekkaga surib boraman,
Yomonligin bilib turib boraman,
Men shu yomon qizni yaxshi ko’raman.
O’zi ham qarshimda qotadi har kun,
Mendan kechib, menga qaytadi har kun,
Hatto yomonligin aytadi har kun,
Men shu yomon qizni yaxshi ko’raman.
Ertaga biz ayri ketamiz, deydi,
So’ng erta bo’lmasa netamiz, deydi,
Bugunning tugashin kutamiz, deydi,
Men shu yomon qizni yaxshi ko’raman.
Ovoza qilay deb baxshilar bilsin,
Tish-tirnog’i bilan qarshilar bilsin,
Menga nima, hamma yaxshilar bilsin,
Men shu yomon qizni yaxshi ko’raman.

SIZNI SEVISH KERAK…

Esimda lahzalik baxtiyor hayot
Va bizni baxtiyor qilolmagan qish.
Baribir o’zimga pichirlayman bot:
“Sizni kutish kerak, kutish va kutish!..”
Tutib turolmadik baxt kelgan mahal,
Mumkinmidi uni birovga so’ylash?
Endi o’sha baxtni topishdan avval
Sizni o’ylash kerak, o’ylash va o’ylash…
Inson o’z taqdirin o’zi boshqarar…
Bu yolg’on, hammaning taqdiri chalkash.
Meni-ku tugatib bo’ldi boshqalar,
Sizni asrash kerak, asrash va asrash…
Balki bisotimda qolmagan najot,
Balki erishganim barchasi erish.
Baribir o’zimga pichirlayman bot:
“Sizni sevish kerak, sevish va sevish!..”

Q O’ R Q U V

Men qo’rqaman odam bo’lishdan…
Axir, bo’lib qolaman o’sal –
Payti kelib birorta maxluq
Mendan farqing ne deb so’rasa.
Men qo’rqaman oshiq bo’lishdan…
YO diydoru yo visol kuni
Yorim menga vafo qil, desa,
Qaysi go’rdan topaman uni!
Men qo’rqaman ota bo’lishdan…
Bolam tunlar quloqni yesa;
Unga qanday javob qilaman
Alpomishni topib ber desa…

* * *

Men bugun dunyodan kechishim kerak,
Yoki niqobimni yechishim kerak.
O’rnimni belgilab qo’ymasa hayot,
Sening yuragingga ko’chishim kerak.
Men bugun ko’ksimni yorishim kerak,
YO sening oldingga borishim kerak.

Haydama, ko’zingni sog’inib keldim,
Sog’indim ko’zingday chiroyli hisni.
Ikkimizni g’amga ko’mib qo’ygan kim,
Kim axir ayirib tashladi bizni?
Haydama, shu yerda bo’lishim kerak,
Yoki tong otguncha o’lishim kerak.

Davom etaverar mensiz ham hayot,
Hissizlar yo’lida ketaverar tinch.
Faqat yuragingning tubida bot-bot
Qimirlab qo’yadi qandaydir o’kinch.
O’shanda men seni ko’rishim kerak,
YO uying oldida yurishim kerak.

Dunyo sukunatni tan olmagan zum,
Dunyo muhabbat-la poklangani payt,
Hech bo’lmasa mening ma’nisiz umrim
Ko’ksingni titratib qo’ymaydimi, ayt?!
Men bugun barini anglashim kerak,
YO faqat seni jim tinglashim kerak.

MEN O’LSAM…

Men o’lsam…
Odamdek o’lmayman:
Men uchib ketaman qushga aylanib,
Dunyoning eng go’zal, oppoq qushiga!..

Men o’lsam…
Odamdek o’lmayman:
Oxirgi yaprog’i bo’laman kuzning,
Hech kim payqamaydi uzilganimni.

Men o’lsam…
Odamdek o’lmayman:
Yashayman eng shirin tushga aylanib.
Xunuk qizlar yig’lar…
Onamdan keyin…

K U Z

Tabiatning o’zgardi rangi,
Tevarakda qolmadi bir qush.
Shamol to’zg’ib yubordi changni,
Boshlangandek dunyoviy urush.
Nimadandir cho’chib, bag’riga
Yashirdi-yu erka hilolin,
Ko’k qanotli farzandlariga
Silkib qoldi oppoq ro’molin.
Borliq uzra sukunat qotgan,
Mudranadi bog’lar ham karaxt.
Minglab o’g’lin jangga kuzatgan
Onalarga o’xshaydi daraxt.

O Z G I N A

Ozgina tushuning,
Ozgina seving,
Bir safar ozgina jilmayib qarang.
Nechun lablaringiz bunchalar ham jim,
Asabingiz nega ozgina tarang?

Ozgina o’ylaning,
Ozgina o’ylang,
Ozgina ishoning muhabbatimga.
Nahot tuyg’ularning hammasi o’lgan,
Nahotki aylangan sevgi yetimga?!

Bilsangiz, yuragim ozgina og’rir,
Og’ritib qo’ygudek butun olamni.
Nahotki, tushunish shunchalar og’ir
Ozgina hayoti qolgan odamni…

* * *

Telbaligimga tun o’ynaydi garov,
Hattoki yulduzin, oyin tikadi.
Hali-ku kimligim bilmaydi birov,
Mendan chiqar bo’lsa, hech kim chiqadi.

Sevgilim, didingga qoyil emasman,
Qanday xush yoqadi silkigan qo’lim?
Meni qarg’ab bo’ldi har bitta dushman,
Do’stim, endi sen ham tilayver o’lim.

Ko’nglim ko’r qismatga ko’nikdi, ko’ndi,
Safarga hozirlik ko’rayotir ruh.
Opa, ko’z yoshingni yig’ishtir endi,
Onajon, sen endi Qodiriylar tug’!..

* * *

Choynak piyolaga egilar,
Egiladi qadahga shisha.
Yaproqlar ham yerga to’kilar,
Na xijolat, na-da andisha.

Egilmagan boshlarni kesib,
Ko’p qilichlar bo’yaldi qonga.
Mening bobom yetmish ikki yil
Egilib yashadi… ketmonga.

YASHAB YURAVERSANG…

Yashab yuraversang olisda oylab,
Omad deganlari jilmayib boqsa.
Onang esa sening yo’lingni poylab,
To’zg’igan ko’ylakda ko’chaga chiqsa.
Yashab yuraversang omonga qarab,
Birovlar gul tutsa,
Birov pul tutsa.
Boshini qavargan kaftiga tirab,
Otang kelishingni intizor kutsa.
Har oqshom kiyinib otlansang yo’lga,
Bir kunda sog’ingan qizingni izlab.
Yarim kecha qalam tutgancha qo’lga,
Singilchang xat yozsa sog’inchdan yig’lab.
Shirakayf ulfatlar qadah ko’tarib,
Eng go’zal so’zlarni sen uchun aytsa…
Uyga kelganingga umidmi qilib,
Ukang maktabidan ertaroq qaytsa.
Yashasang kunlardan marvarid terib,
Go’zal tuyg’ularga alvido aytsang.
Mushtipar onangga taskinlar berib,
O’zi ich-ichidan ezilsa opang.
Yorug’lik tarqamas har bir ziyodan,
O’qiy boshlaganda hayot kitobin,
Idrok eta olsang edi, dunyodan
Bitta do’st topolmay ketmoq azobin…

KUNGABOQAR

Bolalikdan menga ayon edi bu –
Kungaboqar sevar emish quyoshni.
Tushgacha mashriqqa boqar emish-u,
Tushdan so’ng g’arb tomon burarkan boshni.

Balki shu sababli qomati raso,
Samoga intilar cho’zganicha pay.
Men osmon orzusin qilmadim, ammo
Haqiqat, qaydasan?
Qayoqqa qaray?

MEN O’SHAMAN

Men o’sha-o’shaman: to’pori, sodda,
Bisotida shirin so’zi qolmagan.
Sizdan boshqasiga aldanmagan va
Sizdan boshqasini alday olmagan.
Men o’sha-o’shaman: kamgap, kamsuqum,
Ming o’lib, jonini shirin demagan.
Sizdan boshqasiga qilmagan zug’um,
Sizdan boshqasidan dakki yemagan.
Men o’sha-o’shaman: betayin, bebosh,
Sharob yutib, alam zahrin yutmagan.
Sizdan boshqasin deb to’kmagan ko’z yosh,
Sizdan boshqasidan ko’z yosh kutmagan.
Men o’sha-o’shaman: telba-teskari
Hayotdan o’z o’rnin topa bilmagan.
Minglarga bo’lingan bitta jonini
Sizdan boshqasiga fido qilmagan.
Men o’sha… o’shaman.

M A S L A H A T

Bejilov to’lqinday qalqiydi ko’ksim,
Qarog’imga uya qo’ya boshlar mung.
Ohista pichirlab qo’yadi do’stim:
“Ko’zlari chiroyli Nazarovaning…”
Boshlansa sukutning erka ertagi,
Quloq sola boshlar ikki dunyo jim.
Ochiladi yana uning chakagi:
“Kiprigi boshqacha Nazarovaning…”
Balki men chaqmoqdan keskinroq o’sdim,
Jonimni joyladim qaynoq tovaga.
Ohista pichirlab qo’yadi do’stim:
“Men sovchi yubordim Nazarovaga…”

S I R

O’qigandim kitobda,
O’lmas emish yuraklar.
Anna Axmatova

U damlar sen go’zal emasding,
Go’zallikni aylamasding yod.
Ammo kichik ko’zlaringda jim
Ulg’ayardi ulkan bir hayot.

U paytlar men shoir emasdim,
Tuyg’ulardan yo’q edi nishon.
Ammo kichik ko’zlaringga jim
Termulishni istardim, ishon.

Bilmam buning siri nimada,
Baxti butun dilga nima kam.
Go’yoki men katta kemada
Suzayotgan maqsadsiz odam.

Tund kechalar boshim qashlayman
Topayin deb shu sir tagini.
Va nogahon anglay boshlayman
Yuraklarning o’lmasligini!

OTAM HAQIDA

Dunyo ishlariga chidab berdim jim,
Yo’llarim bog’ladi telba aqida.
Men kuylab yashadim muhabbatni, chin,
Biroq she’r yozmadim otam haqida.

Goh jonim ayadim, shirin jon dedim,
Intiqom shavqida qonga qon dedim.
Boshimga g’am tushsa “onajon!” dedim,
Biroq she’r yozmadim otam haqida.

Yelkam ezayotgan toshlar ming botmon,
Toshlar menga, men ham toshlarga yotman.
Bir kuni bo’g’zimdan oladi ketmon,
Chunki she’r yozmadim otam haqida.

Kimningdir qalbiga qaladim qayg’u,
Kimningdir visolin ayladim orzu.
Kimningdir joniga oro kirdim-u,
Lekin she’r yozmadim otam haqida.

Meni jahannamga yetaklar gunoh,
Ko’r qilmishlarimga qismatim guvoh.
Bu hukm boisin aytadi Olloh:
“Nechuk she’r yozmading otang haqida?”

S I Z N I . . .

Sizni sevish mumkin hammadan ortiq,
Har kun poylash mumkin yo’llaringizni.
Arzimaydi jondan o’zga bir tortiq,
O’pish ham jinoyat qo’llaringizni.

Sizni asrash mumkin qorachiq misol,
Shamol ne, bo’ronning yo’lini to’sib.
Hayotdan baxt topish mumkin bemalol
Tovoningiz uzra maysaday o’sib.

Sizni kutish mumkin yillab erinmay,
Yirtib tashlagancha solnomalarni.
Poyingizga tashlab qo’yish lozimday
Bu Yer deb atalgan kichkina sharni.

* * *

Unga atab aytmadim hech gap,
Sig’dirmadi bag’riga yurak.
Men hali muhabbat haqida
Juda ko’p, juda ko’p yozishim kerak.
Meni avaylanglar, odamlar!..


041

(Tashriflar: umumiy 4 710, bugungi 1)

2 izoh

  1. Худо раҳматига олган бўлсин шундай истеъдодли, покиза қалбли инсонни.

  2. Alloh rahmatiga olgan boʻlsin
    sheʼrlari juda maʼnoli soʻz sehri bor
    sheʼrlari uchun va meni koʻnglimdan joy olgan bir sheʼri uchun minnatdorchilik bildirish qiyomatga qolgan ekan essiz…
    Allohni irodasi yaratganni oʻzi rahmatiga olsin
    Jalilova Oygul Musinjonovna.

Izoh qoldiring