Oqdaryo ijodkorlari kutubxonamiz mehmoni

50    Яқинда Миёнқолда бўлиб қайтдим. Ҳазрати Махдуми Аъзам ва бошқа улуғлар хобгоҳларини зиёрат қилдим. Оқдарё тумани газетасининг 90 йиллик тадбирларида, “Навниҳол” ижодкор ёшлар клуби машғулотида иштирок этдим. Болалик хотираларим қайта уйғонди…

ОҚҚАН ДАРЁ ОҚАДИ
Орзиқул Эргаш


Қучоғингга бошимни қўйдим,
Сен чеккан ғам, ҳасратда куйдим.
Суйдим сенинг Оқдарёнгни мен
Ҳамда Қорадарёнгни суйдим,
Эй, қалбимнинг онаси, Ватан!..

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг ушбу сатрларини қалбимга жуда яқин оламан. Сабаби, Зарафшоннинг икки ирмоғи – Оқдарё ва Қорадарё оралиғида – Миёнқолда туғилиб ўсганман. Биз миёнқолликлар ўз юртимизни Аму ва Сир ўртасидаги улкан Ватанимизга қиёсан кичик Мовароуннаҳр дея фахрланиб юрамиз. Хуршид аканинг ҳам Миёнқолга алоҳида муҳаббатли муносабати ҳам бежиз эмас, деб биламан. Чунки бу замин унинг маънавий пири, қолаверса бобокалони, нақшбандия пири муршидларидан бири Махдуми Аъзам Даҳбедий мангу қўним топган, шунингдек, буюк мутасаввуф шоир Сўфи Оллоёр, Миёнқол Гомери дея эътироф этилган, Бухоро амири адолатсизлигига қарши кўтарилган “Буюк Миёнқол қўзғолони”нинг маънавий раҳбари Хожа Вола, Чор ҳукуматини талвасага туширган Намоз Примқулдай қасоскор ва яна кўплаб Ўзбекнинг улуғлари яшаб ўтган табаррук маскандир…
79Яқинда Миёнқолда бўлиб қайтдим. Ҳазрати Махдуми Аъзам ва бошқа улуғлар хобгоҳларини зиёрат қилдим. Оқдарё тумани газетасининг 90 йиллик тадбирларида, “Навниҳол” ижодкор ёшлар клуби машғулотида иштирок этдим. Болалик хотираларим қайта уйғонди: бир пайтлар саккиз қатор шеъримнининг тўрт қаторини ўз обзор мақоласида келтириб, умидли ёшлар сафига қўшиб кетган раҳматли Рустам Аминов, “Атиргул” номли ҳикоямни чоп этиб, менга “сюрприз” қилган Эркин Азаматов каби илк устозларимни бир-бир эсладим. Ва яна пойтахтга йўл олганимда қўлтиғимда беш-ўнта ҳикоям, шеърларим босилган бир дастагина туман газетасидан бўлак ҳеч вақом бўлмаганини ҳам…

***

“Навниҳол” ижодкор ёшлар клуби бундан қирқ беш йиллар муқаддам “Оқдарё овози” (собиқ “Ленинизм йўлидан”) газетаси қошида ташкил этилганидан хабарим бор. Бугунги кунда Республикамиз газета-журналлари, телевидение ва радиосида самарали фаолият юритаётган Тоҳир Долиев, Дилдора Мардиева, Нурилла Нарзуллаев, Кубарро Баҳромова сингари ижодкорлар, шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди Оқдарё туман муассасасининг раиси, бир қанча насрий, шеърий асарлар муаллифи Ойгул Маматова, “Оқдарё овози” газетаси муҳаррири, таниқли публицист Йўлчи Муҳаммадиев, умумтаълим мактабларида она тили ва адабиёти фанидан ёшларга сабоқ бериб келаётган Эркиной Қаршиева, Аслиддин Файзиев, Озода Файзиева, Гулсара Тинибекова, Саодат Аҳмедова, Нигора Шукурова, Хадича Қобилова, Меҳрибон Ҳақбердиева, Саъдулла Қўшоқовлар ҳам бир пайтлар ана шу клуб аъзолари эди.

***

Таниқли адиба Ойгул Маматова бош-қош бўлиб турган клуб фаолияти кейинги йилларда янада жонланибди. Талабалар, ўқувчилар, ўқитувчилар ва бошқа турли касб эгалари ҳисобланмиш ижодкорлар асарларини жамлаб, саралаб ҳар уч йилда “Оқдарё баёзи” альманахи чоп этиб бориларкан. “Оқдарё ижодкорлари” телеграм канали тўгарак аъзоларининг янги асарларидан ташқари, Республикамиз ва Хориж адабий ҳаётига оид янгиликларни ҳам мунтазам ёритиб бораётгани таҳсинга лойиқ. Шу йилнинг апрелидан бошлаб тумандаги 57 та умумтаълим мактабига, айнан, “Навниҳол” ижодий клуби аъзолари ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи сифатида ишга олинибди. Бу эса ёш авлодни адабиётнинг сеҳрли оламига яқинлаштириш, иқтидорларни қўллаб-қувватлаш учун ғоятда қулай имконият дегани.
Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ва Республика Ёш ижодкорлар кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилаётган ижодий “Дуэл” лойиҳасини биринчи бўлиб оқдарёлик ёшлар бошлаб беришибди. Наврўз Ҳасанов, Фарҳод Рўзиев, Гулҳаё Анорова, Баҳодир Искандаров, Дониёр Тешаев, Озода Ўроқова, Чарос Қурбонова, Шаҳноза Расуловалар нафақат туман, балки вилоят ҳамда республика миқёсида ўтказилаётган турли адабий-маърифий лойиҳалар, тадбирлар (масалан, “Дуэл”, “Хиёбон оқшомлари”) да фаол қатнашиб, сезиларли натижаларга эришиб келишаётган экан…
Энди клуб мутасаддиси, адиба Ойгул Маматова хусусида тўхталсам: у бундан бир неча йил муқаддам “Менинг Тож-Маҳалим” номли тарихий-тадқиқий рисола эълон қилиб, унда машҳур “Тоҳир ва Зуҳра” достони ва унинг тарихий илдизларига оид турли мунозарали баҳсларга жавоб бўларли етарлича маълумотлар, илмий далиллар келтирган ва тумандаги Қоработир қишлоғи ёнидаги қадимий “Тоҳир-Зуҳра” қабристонини обод этиш, бу ерда “Муҳаббат саройи”ни барпо этиб, ёшлар, севишганлар зиёратгоҳига айлантириш ғоясини илгари сурган эди. Бундан ташқари унинг шу мавзуда вақтли нашрларда, телерадиодаги чиқишлари республикамизнинг бир қанча тарихчилари, адабиётчилари ва расмий доиралари эътиборини тортиб, ҳозир бу манзилда ободонлаштириш ишлари бошланиб кетибди. Мазкур илҳомбахш ташаббус сабаб бўлиб, кейинги уч йил ичида “Тоҳир ва Зуҳра” туркумидаги ўзбек халқ достонлари қаторига иккита янги достон қўшилади. Достонлардан бири фарғоналик шоира Муқаддасхон Аҳмаджонова қаламига мансуб бўлиб, иккинчисини нурободлик бахши шоир Шавкат Бобомурод яратади. Булардан ташқари, Ойгул Маматова ва “Навниҳол” клуби ёшлари саъй-ҳаракати билан туман бахшичилик санъати тарихи ўрганилиб, Эргаш Жуманбулбулнинг сафдоши Парда шоир Дўсёр ўғлининг ҳаёти ҳақида бир қатор маълумотлар матбуот саҳифаларида эълон қилинади. Туман ҳокимлиги ҳомийлигида “Тоҳир ва Зуҳра” зиёратгоҳи қошида самарқандлик бахши Шавкат Бобомуроднинг “Тоҳир ва Зуҳра” достони бўйича “Бахшилар ижроси кўрик-танлови”ни ўтказиш режалаштирилади. Ўзбек халқ бахшиларининг буюк устозлари ва машҳур достонлар юрти бўлган Самарқандда, айнан, Миёнқол заминида бошланган бу хайрли иш – “Тоҳир ва Зуҳра” достонининг бахшилар ижросида илк бор янграши – ўзбек бахшичилик санъатининг қайта уйғониш даврини бошлаб берса ажабмас…
Хуллас, сафар давомида Миёнқолда, хусусан, Оқдарёда ана шундай ижодий уйғониш руҳини ҳис этдим, ҳайратландим, қувондим. Ва донишманд халқимизнинг “оққан дарё оқади” деган некбин ақидаси ҳақлигига яна бир карра имон келтирдим.

ОҚДАРЁ ИЖОДКОРЛАРИ  КУТУБХОНАМИЗ МЕҲМОНИ


44Ойгул МАМАТОВА

1955 йил Оқдарё туманининг “Чавка” қишлоғида туғилган. Самарқанд Давлат Университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетида таҳсил олган.
У 1990 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутатлигига сайланди ва 1996 йилга қадар Парламентнинг Маданият, маориф ҳамда ошкоралик доимий қўмиталарида ишлади. Шундан сўнг бир қанча йиллар Самарқанд Давлат Университетининг тил ва адабиёт факултети қошидаги журналистика бўлимида ўқитувчилик қилди. Ҳозирда Ўзбекистон Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди Оқдарё туман муассасасининг раиси сифатида фаолият юритади.
Ойгул Маматова Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг аъзоси, “Жаннат қуши”, “Дарвеш аёл”, “Ўлик шоҳ”, “Садоқат”, “Менинг Тож-маҳалим” насрий, шеърий ҳамда публицистик асарлар муаллифидир.

ДАРВЕШ АЁЛ

Йўл узунми, тун узун?
Дарвеш ашуласи узун.
(Хуршид Даврон шеъридан)

Ўтиб минг асрлар, минглаб асрлар,
Бу дунё дарвешлардан соқит бўлмади.
Гадойнинг ҳовучи донга тўлса ҳам,
Шоҳларнинг ғазнаси қонга тўлмади.
Дунёни уйғотди дарвешлар доди
Подшолар қиличин йиқди асолар.
Халтасига диёнат ризқини солиб,
“Ҳақ дўст!” дея дунёдан ўтди боболар.
Ушбу шоҳ, гадо тенг асрга келиб,
Халтасига дон тўлди дарвешнинг,
Асолари қолиб кетди бир сарқит бўлиб,
Қайси бир бурчида фалак гардишнинг.
Қорни тўқ, додламай қўйди дарвешлар,
Кўчаларга мавҳум сукунат чўкди.
Шоҳларга таёқ олиб югурган қўллар,
Таъзимга ўрганди , тизини букди.
Аммо,
Аёллар зотига тан бердим алҳол,
Йигирма аср сабрнинг чокин ситмади.
Эрин гадой халтасидан ушоқ ютса ҳам,
Аёллар зотидан дарвеш чиқмади.
Танлари асодек қуриб битса ҳам,
Жон сўраб турса ҳам бўғзида йўқлик,
Чидади, соч ёйиб, йўлга чиқмади,
Иффатин кафан қилиб, йиқилди шўрлик.
Ҳайҳот, бугунчи?!
Халтасиз гадойлар йўлларда нозир,
Қўшиқсиз девоналар шилар элимни.
Аёллар кўнглида йўқдир қаноат,
Тирик етимчалар излар қўлимни.
Тил бошқа, дил бошқа сўзласа юрак,
Суянган бир тоғим кетса бўлиниб,
“ДОД!!!” дея кўчага чиққим келади.
Аёллар зотидан илк дарвеш бўлиб.
Йўқ,
Мен шоир бўлмайман, ёзмайман китоб,
Чидаб туролмайман шеърим чиққунча.
Мен дарвеш бўламан, йўлга тушаман,
Ва ортга қайтмайман куним битгунча.
Ялангоёқ, Самарқанддан то ОРОЛ қадар,
Асоларим юрагимга санчиб бораман,
Ҳовучимга йиғаман мен элим кўз ёшин,
Елкамга бор топганимни ортиб бораман.
Оёғим қумларда куйиб йиғлайман,
Бисотда бор йўғим тўкиб йиғлайман.
Ғариб тўлқинларга термулиб, чанқоқ,
Олти болам йиғлар менга қўшилиб,
Денгизимни йўқлаб, йўқлаб йиғласам,
Фарёдларимдан,
Сув илонлар ўлади ипдай эшилиб.
Шўр тупроқла юрагимни тузлаб йиғлайман.
Кўр илонларнинг қўйнида музлаб йиғлайман.
Э…Воҳ!
Дарвеш бўлмоғимга оз қолди менинг,
Қайтаринг, одамлар, мени қайтаринг!!!
Аёллар зотидан дарвеш чиқса, гар,
Салтанат силкинар… Орият ўлар…
Гўдаклар фарёди тутгай дунёни,
Ҳассаси теккан жой номусдан қулар!..
Оҳ! Она Халқим,
Токим…
“Халтасиз гадой”лар йўқолмас экан,
Дарвешнинг кунидан туни узундир!
“Ҳақ дўст!” қўшиғини айтмасанг, халқим!
Мендек дарвеш қизингнинг йўли узундир!!!

СУКУНАТ ДАҲШАТИ

Бўрилар “у-у-влайди”
Одамлар чувлайди,
Фалак
Ҳеч биридан қўрқмайди.
Пастдагилар бир-бирин
Ғажиб, ютса ҳам
Осмон пинагини бузмайди.
Осмоним,
Ойинг бор, қуёшинг бор,
Этагингда бир ботмон
Тошинг бор.
Тошингни ташлавор,
Бу ғалва тинсин,
Наҳотки,
Она ерда қасдинг бор?
Бўрилар изғийди,
Одамлар тўзғийди,
Осмон, осмон-да,
Хотиржам мизғийди…

БИР АЁЛ УМРИНИ ЯШАДИМ

Бир аёл умрини яшадим чиндан,
Орзулар сеҳрини қалбимга солиб.
“Чарчадим” деган бир сўзни айтмадим,
Кафтимга дунёнинг дардини олиб.

Ағёрлар ёнимдан айланиб ўтди,
Ғанимлар қасдимда шайланиб ўтди.
Мени асраб қолди поклик маъбуди,
Умрим унинг пойига боғланиб ўтди.

Тоғларга урилдим, сой бўлиб қайтдим,
Тупроққа кўмилдим гул бўлиб қайтдим.
Шоҳлик даъво қилса ҳам бошимда толе,
Мен ҳақнинг кулбасига қул бўлиб қайтдим.

Олтмиш қутубини кездим оламнинг,
Олти паҳлавонни карвонга қўшдим.
Халқимдан, рўзғоримдан ортган жонимни,
Шеъриятдек буюк туғёнга қўшдим.

Бир аёл умрини яшадим чиндан,
Олға кетаётир юкли карвоним.
Тупроғингдан ором топдим, Оқдарём,
Юрагимда йўқдир зарра армоним.

Бир аёл умрини яшдим чиндан!

22Наврўз ҲАСАНОВ

1987 йил Самарқанд вилояти, Оқдарё тумани, Янгиқўрғон қишлоғида туғилган. Тошкент Фармацевтика институти доришунослик факультетида таҳсил олган.
Ҳозирги вақтда мутахассислиги бўйича фаолиятини давом эттириш билан бирга 5-умумтаълим мактабида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимида ҳам хизмат қилади.
Наврўзнинг “Чорлаб туринг мени юлдузлар”, “Туйғулар қўзғалони”, “Сени соғиниб”, “Кузатиш асоратлари”, “Биз кутган кунлар” номли шеърий тўпламлари нашр этилган.

***

Хаёлимнинг суяклари қарс- қарс синар,
Дарз-дарз кетар, сумбатидан хаёлотим.
Сен кетасан, титроқларим учиб қўнар,
Ва ортингдан қанот қоқар ҳаёл-отим.

Учираман, кабутардек қўлларимдан,
Зотан, сенинг парвозингда некбинлик бор.
Бутун танам ўприлади тенг ярмидан,
Сенда на ўт, изтиробда на тенглик бор.

Куйиб-куйиб йўл ёритсин бир томоним,
Ботинимда неки бор, сен тараф бўлсин!
Эй, сен менинг яхши кўрган энг ёмоним,
Шараф бўлсин, азобингга, шараф бўлсин!

Шафқатларинг қатл этди авфларимни,
Сачраб кетдим, йўлларингга ишқ қон бўлиб.
Ҳалол этдим изтиробда сарфларимни,
Қийноқ бердим вужудимга, душмон бўлиб.

Тиланаман, тунларингга хайр сўраб,
Тилинаман, йўқлигингнинг ханжарига.
Руҳ дарбадар, сенсизликда дайрсираб,
Ва йиқилур сени топмай тан жарига.

Ўлдиргандек сенсизликлар мени тунда,
Тез ўлдирар капалакни ялдо тунлар.
Умр берар, тушларимга фақат энди
Сен мен билан бахтли бўлган ўша кунлар!

***

Ишқ мени дунёга келтирди,
Қутлади ташрифни фазолар.
Исмимни илк бора билдирди,
Қулоғим остида азонлар.
Исмим-о, исмим-о, исмим-о!

Ишқ менинг ҳолимга сабабчи,
Куйди-ей, кўнгилнинг ҳудуди,
Берилди қаддимга зўр қамчи,
Ловланиб кетмоқда вужудим.
Жисмим-о, жисмим-о, жисмим-о!

Исмингни нақш этдим юракка,
Осийман, бир қулман сен учун.
Мен қачон етаман истакка,
Жамолинг истакдир мен учун.
Кўнглим-о, кўнглим-о, кўнглим-о!

Ботиним ўралган пардада,
Занжирбанд ҳаттоки қўлим ҳам.
Қийналдим висолинг дардидан ,
Ишқингдан қутқармас ўлим ҳам .
Ўлим-о,ўлим-о, ўлим-о!

Сен менинг зикримни рад этма,
Кўз ёшим келтирур ашкларим.
Ўзимни, ўзимга панд этма,
Сенингсиз айланмас кўшкларим.
Кўшким-о,кўшким-о,кўким-о!

Амолим гуноҳдан қатма- қат,
Исёним кўксимни йиртади.
Лек, сенга бўлган бу муҳаббат,
Руҳимни ўзингга элтади.
Ишқим-о, ишқим-о, ишқим-о!

Кел энди, ўзинг қил ҳидоят,
Ўзингга эгилтир қаддимни.
Зоҳид қил, топайки кифоят,
Билдиргин ҳар лаҳза ҳаддимни.
Ҳаддим-о, ҳаддим-о,ҳаддим-о!

Истиғфор сўрарман, бер жазо,
Гуноҳ- тош, гуноҳ- ўт, гуноҳ- ўқ!
Шаҳодат этурман, то қазо,
Ўзингдан бошқа бир илоҳ йўқ!
Раббим-о! Раббим-о! Раббим-о!!!

* * *

Ўнгга юз буриб келдим, чапларим ҳайронадур,
Сўзга сўз қуриб келдим, гапларим ҳайронадур,
Гуноҳга тортилмаган тапларим ҳайронадур,
Ҳайронлигим — олов бор тупроқтанамда мудом.

Изн бер, яратиққа юзни бурмоқ керакдир,
Лаиннинг ўзи келур, сенга бормоқ керакдир,
Кўзёш учун кўзгача қалбдан ирмоқ керакдир,
Ибодатим риёдир магар қилмасам нидо.

Ўзинг бердинг ризқларни, сарсонликларга қара,
Такаббурдан чим кийган арзонликларга қара,
Сўнг пойингда йиғлаган ларзонликларга қара,
Қаноатпўш русмидан кийгиз эгнимга ридо.

Бу қандай хомушликдир, бу не сиру синоат?!
Ўзимдан бошқасига қилмадим ҳеч хиёнат,
Жамолингга умиддир билсам асли қиёмат,
Ки кўп севдим, севгили васлингдан этма жудо

Бахтларга чироқ тутдим, йўлимдан келгунича,
Дўстларга имдод этдим, қўлимдан келганича,
Ўзимга қўлим етмас, то маҳшар, ўлгунимча,
Қўлидан келгувчи сен, ўзинг қўлла эй Худо!

ИЗТИРОБ РАНГЛАРИ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Китобларни вароғладим,
умрим каби,
— Нега ҳарфлар туғилурлар
қора рангда?
Ранг топмадим,
сени чизар, буёқ на бир,
Рангсизландим,
тунда осмон қараганда.

Ранг изладим,
Кечаларда, тонглар отмас,
Кунлар ботмас,
шафақларни қонга бўяб,
Сен қолдирган хотиралар
занглар тутмас,
Рангсиз,
сени мольбертларга
кетдим суяб.

Сўнг чорладим,
дарахтларни мадад истаб,
Ер ушлади,
дарахтларнинг оёғини.
Юрдим излаб,
ва ломакон ҳудуд истаб,
Сурьат истаб
юрган рангнинг саёғини.

Ерда ўтлар танимади
бир бирларин,
Ёмғирларда
рангсиради камалаклар.
Рангсиз- рангсиз
гуллар ичди атирларин,
Ҳид изламай,
ранг излади капалаклар.

Ногаҳонда шитирлади
Осмонсоя,
Сен уйғониб,
юз кўрсатдинг кунотарда.
Буёқларга изн бериб
ва ниҳоят,
Ранг юбординг,
кўкка учган қанотларда.

Оч денгизлар шовуллади,
Иқболингга,
Имдод истар, бир хил рангда,
барча ранглар.
Кўз ташладинг мурувваткор, шунда,
Менга,
Сен қолдирган хотиралар кетди,
Занглаб.

Оёқ чайди, ишқкемалар,
туфлаб эшкак,
Мен шўнғидим ботинимни
Ранглагани.
Соҳилларда сарсон юрдим
Ишқий фалак,
Вужуд тутдим нуринг қадар,
Англагани.

Англаганим – энди қиблам
тўртта томон.
Томонсанки,
ниҳоянгга етиб бўлмас.
Мен яшарман оташингда
куйганнамо
Фақат сенга…
фақат сенга етиб бўлмас!

…Дард юбординг кўкка учган қанотларда!…

***

Бахтиёрман,
бу дунёда борлигингдан,
Бебахтманми?
Сенга фақат бахтни тилаб,
Авайлайман капалакдек сени,
қўнган,
Сени севган,
юрагимни силаб-силаб.

Изтироблар
из топарми юрагингга,
Осмон доя тушларимда
Туғилурсан.
Ишқим менинг беҳад сенга,
ишқинг сенинг бефарқ менга,
Юрагимнинг илгичига
чўғ илурсан.

Яхшиямки, бир ҳаводан
Ҳаволайман,
Туюласан, аслиятда,
йўқсан гўё.
Бу дардимни энди
қандай даволайман?
Эҳтиром эт, сўқир этиб,
қилиб гунг ё.

Титраюрман,
Талвасалар – хонумоним,
Кичраюрман,
оний қадар, йўқлик томон.
О, бунчалар саросарда
митти жоним.
О, бунчалар сени яхши кўрдим
ёмон.

…Яхшиямки, бир ҳавода ҳаволаймиз…

***

Байрамни кутганча қувонар шаҳар,
Кўчалар чироқлар кўтариб хурсанд.
Чангиган ишқдай оқ тутайди саҳар,
Кўча бўғизимда йиғилар тирбанд.

Изғирин чизади туҳфаномалар,
Қор сотмас дўконлар пешойнасига.
Юзини тўсади қаҳвахоналар,
Қўлини қўйганча пешонасига.

Шалоббо кўчалар осмонга кўзгу,
Чуқурроқ фош этар осмонни кўлмак.
Томчи қаламларда чизганча чизги,
Ёмғир, ойналарни қилади эрмак.

Мен эса кираман қаҳвахонага,
Кутаман, кутади “Latte”ҳам ҳатто.
Қадамлар юкини олар панага,
Бир қўшиқ бошланар”L’appuntamento”!

Қаҳвалар кўпириб босилар, ҳарчи
Кулдонга тўкилар тутаб ишқмаки.
Ишқўйин ўйнаймиз келсанг,
Келсангчи…
Фақат, бир-биридан энди кечмаки.

Кўчанинг бошини силайман- юриб,
Ташаккур қиламан, ва оқлик учун.
Бораман,тамсираб йўлларни буриб
Ширин тушларингга кирмоқлик учун.

Байрамни кутганча қувонар шаҳар,

***

Елкадошим, елкамга қўл иста бош қўй,
Лоақал, сен кўз чиқармай битта қош қўй,
Амал эмас, тамал деган Ватантош қўй —
Ёнғинга сув сепган битта қумурсқадай.

Ингичкалар ўзларини узиб ётар,
Йўғонлар ҳам бир-бирини чўзиб ётар,
Биз идишмиз, мантиғимиз сизиб ётар,
Қаричлар ҳам бир-бир узун, бир қисқадай.

Кун келгайму, сўрар давр, ўйлар давр,
Топганни кўр, қашшоқ қаҳр, бойлар қадр,
Исрофил ҳам куй чалгандир қайлардадир,
Балки бизга эшитилган сибизғадай.

Бир-бирини ёқар ҳатто гугуртчалар,
Бизлар эса тутунчилар ё дудчилар,
Бургутинда тухум ёрар бургутчалар,
Бизчи худда майна босган юмуртқадай.

— Яша! Давра ёшмас буюк иш кўтарсин,
Англамоқ гул чечакларинг тош кўтарсин,
Эмаклаган Ватан ғоят бош кўтарсин!
Бирлашайлик токи бизлар умуртқадай!

24Баҳодир ИСКАНДАРОВ

1992 йил 24 майда Оқдарё тумани, Янгиқўрғон қишлоғида туғилган.
Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетида таҳсил олган. Ҳозирда Японияда ўқишини давом эттирмоқда.
Шеърлари туман, Вилоят, Республика газеталарида, қўшни Қозоғистон Республикаси нашрларида чоп этилган.

***

Токио алдади, мафтункор,
Қулайлик энг сўнгги даража
Бўлмасин қанчалик бетакрор,
Соғинч ҳам ўшанга яраша.

Ҳашамат босмайди хуморим,
Бинолар ҳайратим оширмас,
Ювмоққа соғинчинг ғуборин,
Қишлоғим, ҳовлимиз бўлса бас.

Қўнғироқ қилганда, онам-ай,
Соғиниб қилсалар кўз ёши,
Татимай қолади, татимай,
Отнинг калласидек маоши.

Бу ерда умр тез ўтади,
Ё менга шундайин туюлар,
«Японлар иш учун ўлади,
Ёки, ишлаш учун туғилар».

Мўъжиза юрти бу шубҳасиз,
Одамлар киради юз ёшга,
Бу ерда ҳар нени топасиз,
Меҳрдан бошқа…

Японлар берилмас ҳисларга,
Роботдек яшайди кўрганман,
Ўхшаб қолмасайдим уларга,
Йўқ, ахир меҳрда ўсганман.

Ўз юртинг бошқача барибир,
Меҳрга меҳр-ла жавоб бор,
Эътибор қилмассан,хаттоки,
Салом-аликда ҳам савоб бор.

Кетаман дейману, ва дарҳол,
Ҳаёлим оламан тўғирлаб,
Кунчиқар юрти бу – ҳийлакор,
Сеҳрлаб олади, сеҳрлаб…

***

Онангизга
ёлғон гапиринг,
Бетоб бўлиб ётган,
дамда ҳам,
Соғ-омонман ,
саломатман денг,
Ёлғонингиз
бўлади малҳам.

Кулиб айтинг,
хушчақчақ айтинг,
Дардингизни
асло сездирмай,
Сиздан кўпроқ
куяди,қайтинг
Юзларига
ажин чиздирмай.

Алдасангиз
онам деб илло,
Ёлғонингиз
ростга ўтади,
Сиз-у бизни
ўстиргунча то,
Шунча куйиб
ёнган, етади.

Майли, омад
чопмасин бахтда,
Дард синовлар
кетма-кет келсин,
Бари яхши,она,
денг шартта,
Болам бахтли
дея суюнсин.

Ёлғончидир
асли оналар,
Мудом бизга
ёлғон сўзлаган,
Ҳатто, бетоб
ётиб қолсалар,
Болам, соғман
дея алдаган.

Хоҳи бетоб,
хоҳ соғ чоғингиз,
Хизматида ёнинг,
барқ уринг,
Пойи жаннат,
қиблагоҳингиз,
Онангизга
ёлғон гапиринг.

***

Ғамлар энди менга
қилманг қўнғироқ,
Мен ҳозир баҳт билан
суҳбат қурябман,
Менимча бу суҳбат
давоми узоқ,
Баҳтнинг қулоғига
лағмон илябман.

Ташвишлар ҳеч қилманг,
оввора бўлиб,
Барибир босмайман
яшил тугмани,
Шодлигим тошябди
фаввора бўлиб,
Сизга ажратувчи
вақтим йўқ, мани.

Дардлар ўқимайман
қолдирманг хабар,
Ҳозир омад билан
хабарлашябман,
Ишқ мени соғинч-ла
интизор кутар,
Мен ҳам соғинганман,
уйга шошябман.

Синовлар ҳуш келинг,
қоқаверинг сим,
Худо қўллаб турса
сиздан ўтаман,
Сабрим яқин дўстим,
шукр қаллиғим,
Иймонни қўлидан
маҳкам тутаман.

Оввора бўласиз
жаноби ситам,
Мени синдиролмай
берворасиз тан,
Мени дуо қилар уйда
волидам,
Билсанг омад менинг
туғишган акам.

Қани муаммолар
қочинг йўлимдан,
Кулиб ўлдираман
бардошингизни,
Ўзга ишончим кўп,
келар қўлимдан,
Сузиб ўтишга ҳам
Япон денгизин.
Фақат Аллоҳ мени
қўллаб турса бас,
Волидам дуолар
йўллаб турса бас.

Ҳуллас ёмонликлар
юринг узоқроқ,
Тоқатим йўқ сира,
иғво-ғийбатга,
Қилсангиз агарда
яна қўнғироқ,
Барчангиз тиқаман қора рўйхатга!..

***

Кимдир йўлга қўйибди Марсга
Йўловчилар билан учмоқни,
Бизда ҳамма шошади баҳсга,
Қаттиқ Х ми ёки юмшоқми?

Нобель олди бирдан беш япон,
Ечиб илму фанда жумбоқни,
Биздаги баҳс этмоқда давом,
Қаттиқ Х ми ёки юмшоқми?

Машиналар чириган ғарбда,
Бошлар ҳаво билан юрмоқни,
Лек тенг келмас бизларга баҳсда,
Қаттиқ Х ми ёки юмшоқми?

Технология асрида яшаб,
Ўйлаб юрсак газни, чироқни,
Дерлар гапир одамга ўхшаб,
Қаттиқ Х ми ёки юмшоқми?

Зиёлиман деган биттаси,
Гапирябди калта пайпоқни,
Биздаги баҳс, қизғин нуқтаси,
Қаттиқ Х ми ёки юмшоқми?

Аттанг, бирлашолмай қолдик-а?
Дея диндор, динсиз, кўк-оқми?
Бўлинволиб тўқсон олтига:
Қаттиқ Х ми ёки юмшоқми?

Ҳовузим деб суяр бақалар,
Коррупцияга ботган ботқоқни,
Коррупциямас мавзу, акалар,
Қаттиқ Х ми ёки юмшоқми?

Мақтанамиз боболаримиз,
Қара Темур, Бобур, Широқни,
Бугун баҳсда болаларимиз,
Қаттиқ Х ми ёки юмшоқми?

Ўттиз йилда ҳам ёқолмасак,
Навоийлар ёққан чироқни,
Бизни кечир эй Ўзбек тилим,
Қаттиқ Х ми ёки юмшоқми?

Халқ бўл энди, халқ бўл жон элим,
Бири икки бўлмас тарқоқни,
Бизни фақат қутқарар илм,
Қаттиқ Х ми ёки юмшоқми?

Илмимизга баҳсимиз лойиқ,
Ишлатмаймиз калла-қовоқни,
Ҳандалакда айтинг, халойиқ,
Қаттиқ Х ми ёки юмшоқми?

31Фарҳод РЎЗИЕВ

1994 йил 1 январда Оқдарё тумани Янгиқўрғон қишлоғида туғилган.
Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг француз филологияси факультетида таҳсил олган. Ҳозирда Оқдарё туман халқ таълими бўлими методисти вазифасида фаолият юритади. Шеърлари туман, вилоят, республика газета ва журналларида чоп этилган.

ОТАМГА

Ота, ишқнинг кўзлари юмуқ,
Билдим: ҳаёт – оқ, қора ранглар.
Ота, ойнинг ўн беши ёруғ,
Ахир тунни енгади тонглар.

Ота қачон ҳавас қилдингиз,
Юзларида ажин борларга.
Бахтимизни сотиб олдингиз,
Сочингизга ёққан қорларга.

Мен қишлоқдан кўнгил узаман,
Сиз мен учун ботасиз терга.
Оёқ чўзиб шеърлар ёзаман,
Сиз кетмонни урасиз ерга.

Қачон яхши ўғил бўларман,
Тўлдираман бахтга қўйнини?
Мен билмайман қандай тўларман,
Қабарган бу қўллар хунини.

Кел, демоққа сиз ийманасиз,
Айтолмайсиз сўзингиз билан.
Мен бораман…
Сиз жилмаясиз,
Ажин тўла юзингиз билан.

ТОНГНИ КУТИБ

Хаёлнинг пинжида саналади кун,
Бир кунга кечикди дийдорнинг саси.
Тасалли бераман “Ўтмай қолмас тун”,
Тўлмоқда сабрнинг синиқ косаси.

Дунёни унутдим сени эсласам,
Қуёш уйғонмади, тонглар отмади.
Тун бўйи юлдузлар ичади қасам,
Дийдор яқинлигин ҳеч ким айтмади.

Бўғзимга тиқилар соғинчнинг заҳри,
Сафлари кенгайди ҳоли тангларнинг.
Тунлар мени ютиб юборди ахир,
Тун бўйи қарғадим отмас тонгларни

Алдадим,юпатдим ўзим ўзимни,
Кўзларим уйқуни бу тун унутди.
Eринмай чайнадим “соғинч” сўзини,
Фақат сен ҳақдаги тушлар овутди.

… юпқалашиб борар туннинг кўрпаси,
Илинж кутавердим мен шамоллардан.
Қара, кўринмоқда тонгнинг шарпаси,
Дийдор иси келар сен томонлардан.

***
…га

Унга маскан бўлмоқлик учун,
Дунё ҳали покланиши шарт.
Кўнгли эмас иймони бутун,
Унга келса бахтли бўлар бахт.
(Аъзам Ўктам)

Юрагида олов, кўзи чаросим,
Йилларнинг қаридан топган хазинам,
Бўйлари, ўйлари ўзимга мосим,
Кўзлари, сўзлари менинг ўзгинам.

Денгизлар қалқиди нурсиз кўзимда,
Кутилмаган бахтдан бошим айланди.
Чимматдек тунларим кундуз бир зумда,
Гадо эдим зумда шоҳга айландим.

Ёмғирлардан қочиб, топдим шудрингни,
Оловинга бордим, ўзим хоҳладим.
Оловранг атиргул, сенинг қадрингни,
Ҳатто ҳаётимдан қиммат нархладим.

Ўйларим қисқарди, бўйларим ўсди,
Муҳаббат кечворди гуноҳларимдан.
Ғамларим сочинга ўзини осди,
Орзулар туғилди нигоҳларингдан.

Энди қайтаролмам кўнгилнинг ройин,
Ҳар нафасим оташ, ҳар сўзим ўлан.
Умринга қўшиқлар олиб кирайин,
Жоним, ярқираган пешонам билан.

Сенсиз тунларимга етмайди кучим,
Маҳкамроқ ушлагин, тутгин қўлимни.
Эй Худо, мен учун, фақат мен учун,
Асрагин оловранг атиргулимни.

* * *

Намланади кўзларинг мунчоқ,
Куйдиради азоблар чўғдай.
Ёлворасан ортимдан узоқ,
Мендан бошқа ҳеч киминг йўқдай.
Жон қайрайсан менинг қасдимга,
Ҳаққинг йўқдай бахт кутолмайсан.
Қаролмайман мен ҳам ортимга,
Сен ҳам мени қарғаёлмайсан.
Гуноҳкордек чекасан фарёд,
Чарчамайсан миллион йил кутиб.
Хўп ёқамдан олади ҳаёт,
Муҳаббатнинг уволи тутиб.
Билдим сенсиз бахти қораман,
Ишқинг дилга ботади тиғдай.
Қучоғинга кириб бораман,
Сендан бошқа ҳеч кимим йўқдай.

Сендан бошқа ҳеч кимим йўқдай…

АРМОН ҚЎШИҒИ

Тўй. Олқишлар ёғилар
Икки ёшга ёр-ёр.
Ҳамма хурсанд, ҳамма шод
Мендан бошқа ёр-ёр.
Гул отайми, тош отай
Ўланчига ёр-ёр.
Бахтлар тилашар тинмай
Ёлғончига ёр-ёр.
Бизни айирди тақдир
Кимда гуноҳ ёр-ёр.
Севгимизга бутун бир
Қишлоқ гувоҳ ёр-ёр.
Бу тўйхона мен учун
Бир майхона ёр-ёр.
Наҳот энди иккимиз
Беш бегона ёр-ёр.
Энди менга бир армон
Мангу сирсан ёр-ёр.
Бахтингни ҳам кўрарман
Ўлмай турсам ёр-ёр.

ҚАЙТИШ

Талабалигим тугар,
Бинолар бошин эгар.
Хайр, онажон шаҳар,
Қишлоғимга кетяпман.

Узун-узун ўйларим,
Хайр, равон йўлларим.
Бугун ўша қўллари,
Қадоғимга кетяпман.

Ёшлик қолар ортимда,
Олифта костюм-шимда,
Тўнлари нимта-нимта,
Ямоғимга кетяпман.

Соғинганман изларин,
Мени кутар кўзлари.
Нон ёпганда юзлари
Ёноғимга кетяпман.

Борсам кўнгли байрамнинг,
Кутиб кўзлари намнинг,
Бир муштипар онамнинг
Қучоғига кетяпман.

Тақдир айирар бизни,
Кўзда ёш курсдош қизнинг.
Қишлоқи қаро кўзнинг,
«Тузоғи»га кетяпман.

Майсаларда ётганим,
Булоқларин тотганим,
Ўша, сенга айтганим,
Узоооғимга кетяпман.

ИСТАК

Мажнунтолнинг сочларига
Ғамларимни осгим келди,
Лолаларнинг қон бағрига
Юзларимни босгим келди.
Бир беғам чинор мисоли
Осмонларга ўсгим келди,
Ўсиб-ўсиб бошгинам-ай
Юлдузларга етсин мени.

Ҳой, Оймомо осмонингга
Чақир мени кечалари.
Товономдан паст бўпқолсин
Осмоннинг шу бўйчалари.
Соғиндим-ай болаликнинг
Чангли-чангли кўчаларин,
Шўх шамоллар қўлларимдан
Тутиб олиб кетсин мени.

Болаликка қайтиш эди
Ушалмади бу орзуйим,
Ишқдан яра юрагимда
Хотиралар уюм-уюм.
Олисларда бир қиз мени
Соғинармиш йиғлаб юм-юм,
«Кўз ёшлари дарё бўлиб,
балиқлари ютсин» мени.

Нега ҳукм чиқармайди
Муҳаббатнинг қозилари,
Ана, чапак чалаяпти
Андуҳимга розилари.
Етолмаган, кўролмаган,
Ушалмаган орзуларим
Бир кун ерга кирар бўлсам,
Қулоғимдан тутсин мени.

71Гулҳаё АНОРОВА

1998 йил Оқдарё тумани Янгиқўрғон қишлоғида туғилган.
«Ватан мадҳи», «Юртим боғлари» номли шеърий тўпламлари чоп этилган. «Ўзбекистон баҳори II» ижодий фестивали ғолиби. «Самарқанд шеър оқшомлари» туркий тилли ёшлар анжумани ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган «Зомин» семинар иштирокчиси. Ҳозирда Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат тил ва адабиёт университети талабаси.

***

Дарахт япроқлардан қайтмиш сўнгги бор
Алданиб шамолнинг алқовларига.
Хазонрез елвагай қўнар боғларнинг
Селгиб улгурмаган ҳалқобларига.

Пешонамдан ўтган узун йўлларнинг
Кафтим-ла сидирдим ёмғирларини.
О, кимга ишонсин нураган дунё
Мангу дарахтларнинг томирларини?

Ситилиб бормоқда руҳим қатидан
Илдизин йўқотган зангори олам.
Ёдингни ўртарми бир ишққа ташна
Кўнгил тарафларда тентиган одам?

Ҳа, менман. Ўзанин билмаган мавжман —
Кетмоққа имкон йўқ, қайтмоққа ҳожат.
Сенмидинг кўзларим қирғоқларидан
Қачондир сирғалиб кетган муножот.

Дарахт япроқлардан қайтмиш сўнгги бор…

***

Тобора руҳингни ишғол этар тун,
Тобора мойилдир гуноҳга жисминг.
Ой ва нигоҳ аро зарра ғубор йўқ,
Тобора ҳайвонга дўнар бир қисминг.

Ёзга кириб борган кечаларингда
Қўрқув лаззатидан бўлурсан карахт.
Ва сенга эргашар исми ноаён
Бинолар эгнидан ёғилган фараҳ.

Қай битта Худодан тўкилдинг бегард,
Қай Тангри тинглади беғараз додинг?
Кўҳна сувлар оққан кўҳна қирғоққа
Кўланкадек сингиб борар фарёдинг.

Ва шамол илоҳи излайди маскан
Недандир ғазабнок, недан норизо.
Ёки ном ахтарар ўлик лаҳзага
Беҳудуд осмоннинг жимлиги аро.

Эй, қуёш тафтини интизор кутган,
Шу кеча парвозинг этгин тасаввур.
Ва қайта англарсан тупроқ эканинг
Юкли шафақларнинг бўйида масрур.

Тобора руҳингни ишғол этар тун,
Тобора мойилдир гуноҳга жисминг…

***

Чирик хазонларнинг остидан боқар
Ниш отмиш чечакнинг зангор шарпаси.
Нигоҳим симирган гуноҳдай туннинг
Бир висол истайди ҳарир кўрпаси.

Отам қўлларидек сахий заминнинг
Кафтида қаварди тоғлар, қоялар.
Бодом шохларида арғимчоқ учсам,
Бошимга тўкилди оппоқ соялар.

Мен асрай олмадим, ота, кечиргин,
Кўзимнинг бепоён, пок даштларини.
Райингга қаролмай ўтган йилларнинг
Ким бутлай олади шикастларини?

Қишловдан қайтмаган қушдай бадарман,
Соғинч тўкдим дарахт ўйиқларига.
Қачондир қайтаман бу олис йўлни
Беркитиб товоним ёриқларига.

Чирик хазонларнинг остидан боқар
Ниш отмиш чечакнинг зангор шарпаси…

* * *

1

Яна уйғонаман
ҳеч кимга —
На сувга,
На одамзодга
ошкор этиб бўлмас тушлар ичра маст.
Йўқ, сира ўйламам сувнинг титрашин
Ёки бирор кимнинг ваҳм шарпасин.
Шунчаки, забоним рўёлар аро
саргардон руҳимни ошкор этолмас.

Тушимда ғийқиллаб турган эшикнинг
Устида турардим,
Оёқларим шол.
Пастга тушай, десам
ер жуда узоқ.
Шифтга чиқай, десам
куйдирар чироқ.
Эшик эса тинмай қимирлар беҳол,
Шундан ҳадик мени этмакда ишғол.

Билмайман,
Эшикдан нарида не сир.
Билмайман,
Ортимда нелар ошкора.
Эшикни ёпайин, десам шалвираб
осилган оёғим деворга бориб
қисилиб қолишдан қўрқдим тобора.

Сўнг дамда уйғондим,
Томонларимни
қуршаган аросат мени маҳв этди.
Қучоғи асрорга тўлган кечанинг
рангсиз тушлари-ла пойига етдим.

II

Яна уйғонаман
ҳеч кимга —
На сувга,
На одамзодга
ошкор этиб бўлмас тушлар ичра маст.
Йўқ, сира ўйламам сувнинг титрашин
Ёки бирор кимнинг ваҳм шарпасин.
Шунчаки, забоним рўёлар аро
саргардон руҳимни ошкор этолмас.

Гўдаклар куй чалар эди саҳнада,
Эгнида йўқ эди ҳеч қандай либос.
Фақат елкасига сикрипка таққан
қизчанинг этаги кўринди нохос.

О, шу дам бастакор бўлсайдим агар,
Балки яраларди янги бир оҳанг.
Залдаги ягона томошабин — мен.
Томирим увишган, ҳисларим таранг.

Қизнинг кўйлагида оқарди наво
Ва куйга жўр бўлар гўдаклар рақси.
Мен эса умиднинг бандаргоҳидан
«Туғилгин, онангман», деёлдим аста.

Сўнг дамда уйғондим,
Руҳимда сокин
кезинган оҳанглар мени маҳв этди.
Қучоғи асрорга тўлган кечанинг
Ёруғ тушлари-ла пойига етдим.

МАДИНАГА

Нилий осмон ёруғ кўзини
Уфқ ортига қилади дафн.
Баҳоргача аллалар дарахт
Йўргакка ўралган куртагин.
Хуш келсин.

Тушларимда ухлаган ранглар
Кўзларимга пуркайди ҳовур.
Кутмоқ оғир, кутмоқлигим бахт,
Қондан қўрқмас қилични ёвқур.
Хуш келсин.

Қутқу солар денгиз гурунги,
О, нақадар зангори қудрат.
Тинглагандим балиқлар оҳин:
«Мутелигим худога фақат
Хуш келсин».

***

Титраган дудоқлар — беҳаловат қуш,
Бўғзимда қайнаган ҳовурлар — самум.
Сен сурат чизасан, тўкилар ҳониш,
Янчилган япроқлар йиғлайди юм- юм.

Туннинг оҳорлари кетиб борадир,
Мавжланган руҳимда қолмишдир қуроқ.
Ичимда бир исён занглаган охир,
Сенинг суратингда яшилман, бироқ.

Сен сурат чизасан, тинглайсан: сим- сим,
Юракни чайқатар самовий лаззат.
Кўзимни куйдирар ранглари тилсим
Қаламдан тўкилиб турган сафоҳат.

Сен сурат чизасан лабларинг билан…

АКАМГА ХАТ

Ака, соғинасанми сен ҳам
қишлоқнинг қиши,
совуқдан қочган тафтларнинг
сандал атрофига йиғилиши,
дадамнинг сомон ҳиди анқиган болиши?
Фақат, фақат дадам ётар эди ўз жойида —
ўз кравотида.
Балки совқотмаган,
балки ўт ўйнаган ҳароратида.

Ака, соғинасанми яна
айвондаги мусичанинг товшин,
Аямнинг ёмғир сувига кир ювишин?
Қанча чумолини кўмар эдик
остона тупроқларини ўйиб.
Устига гуллар қадаб қўярдик.
Опам чарчамасди бизларни койиб.

Бугун тарқаб кетдик, тўзғиб кетдик.
Қарашлар, қаричлар ўзгарди анча.
Юзларни ёруғ, юзларни оқ қилиш
учун йўлга чиққанмиз.
Фақат, фақат ўйлайман ўша
ёмғир ювган лойқа деворни,
шам қорайтган уйнинг бурчини
қачон охлаб қўямиз, ака,
Қачон оқлаб қўямиз, ака?!

Сен билмайсан кузатганимни
йиғлаганинг пана- панада.
Мушт урса муштчалик чиқмаган,
мовий ҳисларини йиқмаган
юрагимиз қайси танада.

***

Елкамга қўнади ёмғир овози,
Тонг каби мусаффо, тонг каби содда.
Тиллари ишқ дея тутилган маъво,
Ташна илдизларим симирсин бода.

Томнинг сўлаклари оқсин тарновдан.
Кўкракдек депсиниб турсин Она ер.
Тупроқ қатларини ёрган майсадек,
Исёндан, туғёндан ёрилсин бағир.

О, мен севар эдим, шарқироқ ёмғир,
Сендек куйлолмадим, бермадим садо.
Қарорсиз томчилар оғушидаги
У бир Ватан энди. Мен — Ватангадо.

Елкамга қўнади ёмғир овози…

***

Мен жим кузатаман онам умрини,
Бир ёдгорлик каби турар мунғайиб.
Лавҳига қиртишлаб битилган ёзиқ
Рангсиз фаслларда бўлдилар ғойиб.

Мен жим кузатаман онам умрини.
Уйқуси адашган қушлардай беҳол
Кўзлари киртайган,
Ранги униққан
Гуллардек ифорин билмас эҳтимол.

Мен онам умрини кузатаман жим…
Ёмғирга жом бўлар чумоли ини.
Ҳар оқшом бокира ўрмон қўйнидан
Кўзларинг излади қандай афсунни?

Мен жим кузатаман онам умрини,
Анҳордай шовуллар оломон бесар.
Сенинг-чи, кўксингда ураётир бонг
Инсон англаши ман этилган ҳислар.

Мен жим кузатаман онам умрини.
Болангман юпанчга журъат этмаган.
Рўмолинг четидан сирғалган ғариб
Сочларинг ўтмишдир қўлим етмаган.

Мен жим кузатаман онам умрини…

***

Оқ автобус, оппоқ автобус,
Оқ бағрингга мени ютиб ол.
Оппоқ йўллар, оппоқ манзиллар,
Оппоқ дарё, мени кутиб ол.

Тўлқин бўлиб қалққин ва чайқал.
Ё тулпордай кетавер йўртиб.
Тез одимла, сўрайман сендан
Юзларимга дуолар тортиб.

Мен соғиниб кетдим уйимни,
О, тегирмон ўкиришлари.
Шошилмоққа ундар негадир
Оппоқ тутнинг тўкилишлари.

Туннинг оппоқ ой шуъласида
Қанча- қанча айтилган аҳдлар.
Йўлларимга чиқинг, боряпман,
Оппоқ пайпоқ кийган дарахтлар.

Оқ автобус, оппоқ автобус,
Ғилдираклар қўйсин нозини.
Манзилига эртароқ элтгин
Оқдарёнинг оппоқ қизини.

82Озодахон ЎРОҚОВА

1999 йили Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида туғилган. Навоий давлат педагогика институти талабаси. 2019 йил Ўзбекистон республикаси мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган» Буюк юрт учун» республика кўрик танловида вилоят ғолиби. 2021-йил Навоий вилоятида ўтказилган «Мен муаллифман» танловида наср йўналишида вилоят биринчилиги совриндори. Вилоятлараро ўтказилган «Ижод мактаби» ҳудудий саралаши иштирокчиси

У К А
Қисса

— Мен нима дедим!
Дилоро бир сесканиб тушди, овози тинди. Фақат қўлидаги костюмни узатаётиб эшик олдида турган эрига мунғайибгина қараб қўйди. Ишга кетаётган Акмал хотини билан доимгидай хайрлашиб, эшикни очди, нимадир эсига тушиб орқасига ўгирилди.
— Айтганча, болаларни боғчага қўйгач ойимларникига боринг, кеча қўнғироқ қилганди.
Дилоро индамади. Ҳозир у эридан, ўзидан, ҳамма ҳаммадан хафа бўлиб борарди. Акмалнинг Дилородан ёши катта, сенсираб гапиради, ҳозиргиси эса бегоналарга хос, кесатиқ эди. Уйга киргабида хонаси ёнида турган ўғлини кўрди.
— Ие, Саиджон уйғондингми болам. Болакай момиқ қўлчалари билан кўзларини уқалаганча ойиси томон келди.
— Ойи, мен турдим
— Ойи, йиғламанг, дадам урдими, келсалар сизам «ҳаттт» этасиз, мен ўзим ушлаб тураман, хўп.
Болакай катталар томонидан ўзига айтиладиган гапларни ойисига қайтариб айтарди. Дилоронинг юзига табассум югурди, боласини ердан кўтариб ҳали ювилмаган юзларидан ўпди.
— Қани, полвон, энди опасини уйғотамиз, кейин нонушта қилиб боғчага борамиз. Болакай ойисининг бўйнидан маҳкам қучди.
— Ойи, бугун ҳам тоғамларникига олиб боринг, тоғам бу гал келишингга самолёт олиб қўяман деганди.
— Йўқ, ўғлим, кеча келдик ўзи, даданг рухсат бермайди, боғча опанг ҳам сени соғиниб қолгандир.
— Ҳммм, кеча оқшом дадамдан сўрадингизми, дадам шунга уришдими сизни.
Саиджон бир янгилик топган одамдек тикилиб қараб турди-да:
— «Унда бормаймиз, боғчага бораман, фақат хафа бўлманг ойи, еттита ухлаб турсам кейин борамиз, майли», деди.
Нонушта вақти ҳали уйқуси очилмаган Азиза хархаша қила бошлади, ёнидаги кашасини емайман, фақат шакарчой ичаман деб йиғлади. Дилоро қизининг инжиқлигига бу гал бардош қилолмади.
— Кашангни е деяпман сенга, гапга тушунасанми?
Азиза йиғлашни бошлади
— Опамни уришманггг. Столнинг бу тарафидаги Саиджон югуриб опасининг ёнига келди. Ўғлининг ҳаркатига қараб турган Дилоронинг кўзлари намланди.
Болаларни боғчага қўйиб қайтаётиб қайнонасиникига бориши кераклигини эслади. Лекин шу дамда унинг юрагига қил ҳам сиғмас,боргани билан қайнонасининг нима дейиши маʼлум. Ўтган куни ойисининг туғилган кунида укаси Акмал умидвор бўлиб юрган фирмани поччасига беролмаслигини айтганидаёқ қайнонасининг афт-ангорида ўзгариш сезганди. Бугун чақирганда нима дейди, укангга айт, фирмани берсин дейди, «марҳум акажоним бўлганидами» деб дадасини эслатиб таъна қилади-да. Шу ўйлар билан йлак бўйлаб кетаётиб укасига қўнғироқ қилди.
— Алло, Бобур. Телефондан, шошиб гапирди шекилки, тез-тез овоз келди.
— Салом опа, яхшимисан, ҳозир йиғилиш бошланади, ишдан чиқиб уйларингга ўтаман. Алоқа узилди. Дилоронинг бир ёш кичик укаси уни опа дерди-ю, лекин»сиз»ламасди. Бобур ҳамиша шошиб юради,лекин оиласи учун чинакам жонкуяр,айниқса, отасининг вафотидан кейин Дилоро укасига роса суяниб қолганди.
Баҳор ҳавоси. Шаҳар ям-яшил либосга бурканган,енгил шабада эсади, дарахтларда янги барглар ниш урмоқда. Қизиқ, дарахт умри нечта бўларкан, у ҳар фаслда янгидан туғиладими? Ёки ўтган кузнинг армонларини унутиб ҳаётини яшиллик сари, яхшилик сари ўзгартирадими? Одамзот-чи? Одам ҳам хотиралардан, аламлардан халос бўлиб янгитдан, янги туғилгандек бўлиб яшаши мумкинми? Йқ, унда ҳаётнинг нима қизиғи қоларди. Ахир офамни одам қилган шу ташвишлар, яхшию ёмон кунлар эмасми. Дарахт танасида айлана бўлиб кўринган умр чизиқлари одамзод юзидаги ажинлар, синган ҳам шох йқотган яқинларимиз, вақтимиз, қоқилган михлар, ёпиштирилган эʼлонлар, талайдиган қурт-қумурсқалар тақдир отган тошлар эмасми…
Шундай ўйлар гирдобида борар экан, ҳаётнинг бутун ташвишларини унутгиси, укаси билан худди бир вақтлардагидек дилдан суҳбатлашгиси келди. Бзоорга тушиб ҳар хил кўкатлар харид қилди. Ошхонада ажойиб куй, унга монанд хушни ҳидлар таралди. Дилоро мантига уннади. Худди бир вақтлардагидек бугун ҳам укасининг келишига ёқтирган таомини йлтайёрлаб бермоқчи. Ташқарида қушлар виж-виж сайрайди. Дилоро оғир, узун хаёлларга чўмди.

***

Китоб билан ухлаб китоб билан уйғонадиган одамлар ҳақида эшитганмиз? Улар бутун ҳаётини илм билан боғлаган, гўё ер юзида китоб бўлмаса яшаш мазмунсиз бўлиб қолади улар учун. Дилоро ҳам шундайлардан эди, ёшлигидан орзуси ўқисам, катта одам бўлсам дерди, мактаб даврида ҳам укаси иккови нима тўгарак бўлса ҳаммасига бирга қатнаб юрарди. Бир куни дадасининг ойисига шундай гаплар айтаётганини эшитиб қолди: Дилоронинг орзуларини, олийгоҳ сари қадамларини, келажакка бўлган ёруғ умидларини — бошини боғлашмоқчи эди, ўшанда у коллежда иккинчи курсда ўқирди.
— Билмадим, онаси, билмадим… Нодир фермернинг бизга кўп яхшилиги бор. Ўзинг биласан, қишлоққа энди келган вақтларимизни эсла. Оғзига кучи етмаганлар ўтирган деди, еган деди, мана шу Нодир одам деб ер берди, трактор берди. Энди қизинг ундай деса, сен бундай десанг.
— Бобур ишдан келсинчи дадаси, кейин сиз Нодир фермернинг кенжасини танийсизми, мен эслолмадим. Бирда Туркияда, бирда Россияда ишлаб юради дейишади, мусофирчиликни кўргани яхши, юрт қадрини билади, лекин….27га кираркан, Дилоро ҳали энди 18га ўтди.
— Ана, кўрдингми, уйим, оилам деб юрибди-да у ҳам, тўғрими? Уйидаги тўртта товуғини эплолмай юрганлар қанча, у бўлса шунча йилдан бери кўчанинг нонини еб юрибди. Кўчанинг нони ширин бўлса ҳам қаттиқ бўлади, кўчанинг пули чиқимли бўлади, баракасиз бўлади. Шундан орттириб йиғиб теролган рўзғорим дейдиган бўлади, уйим, бола-чақам дейдиган бўлади, тўғрими?
— Тўғри…
Она таслим бўла бошлади, бошини қуйи солиб хонтахтадаги гулларни санаган бўлди. Вазият оғир. Суҳбат ҳозир бузилмаса ота-она бир нимани бошлаши аниқ. Чойнак….чойнак қаерда эди.
Эшик очилди. Дилоро қўлида чой олиб кирди, суҳбат узилди. Шу билан бошланиб қолган футбол қизнинг жонига ора кирди, онаси газета кўтариб нариги хонага ўтиб кетди, Дилоро ҳам ўз хонасига. Ўзи шундай бўлади, ёмон кўрганинг ҳам баʼзан яхшилик келтиради, худди футболга ўхшаб. Хонага кирганда стол устида тахланган китобларга кўзи тушди, кўнгли бузилди. Бугун бўлмаса эртага уларнинг ҳаммасини ташлаб кетадими, ҳаммаси ўтмиш бўладими, ҳали топширмасдан йиқиладими ўқишдан. Столдаги китобларни улоқтирди, китоблар ҳар тарафга сочилди, яна тахлади, жой жойига жойлади. Жавондан китоб олди, » Алкимёгар» бўлди.
«Ўз орзуси учун курашаётган инсон ҳамиша бошқаларга нисбатан кўпроқ азоб чекади».

….Бомдод намозини ўқиб бўлган Ойша опа қизининг деразасидан мўралади. Дилоро столда, бошини китоб устига қўйганча ухлаб қолганди, ичкари кириб қизини уйғотмоқчи ҳам бўлди, лекин кирмади.
Бобур келганда кичкина Дилноза кўча супураётган эди. Қишлоққа кеч кириб қолган бўлса-да, ёз ёзлигини қилади, ҳаво дим, асфалт йлдан тушда иссиқ ҳили ўйнайди, кечда буғ кўтарилади.
— Ойи, акам келди. Дилноза ҳовлига югуриб кирди. Отаси кексайиб қолгани учун Бобур мактабни битирар- битирмас дарсдан кейин, баʼзи кунлари дарсга бормайин ҳам ишлашга мажбур эди. Супа ёнига райҳонлар экилган, кўллатиб сув сепилган, тандирхонадан нон иси таралади — бутун ҳовлини жаннат бўйлари тутган. Бобур ҳовлига кирганда Ойша опа супада сабзи тўғраётган эди, ўғлини кўриб ҳовлига тушди, қучоқ очиб боласини бағрига олди.
— Дадам кўринмайди, Дилоро қани?
— Даданг ҳали дўконга чиқувди, Дилоро (она бир хўрсиниб қўйди) нон ёпяпти. Бобур супадан сакраб тушиб тандирхонага борди.
— Ие, опа,ҳорма энди, менгаям нон берасанми?
—Яхши келдингми, укасининг қўлига энди узилган нонлардан бирини тутқазди.
— Ол укам, фақат барини сувга солиб ема, ошқозонга зиёни бор. Иссиқ нонни қўлларида ўйнатиб синдираётган укасига қараб турди, олдида йиғлаб юбормаслик учун тандир томонга ўгирилди-да,
—Бор, ойимни ёнида е, орқамда турма,нон тушади, — деди.

Нон пишди, ош сузилди, кечки овқатдан кейин қизлар ўз хонасига ўтди, ҳовлида ота-она ва ўғил қолди.
— Энди ўғлим, Акрам ака узун бир ҳамёза тортиб олди, Бобурнинг димоғига ароқ ҳиди урилди, сенга бир яхшилик маслаҳат бор. Бобур онасига қаради, она ўғлидан нигоҳини олиб қочди, гиламдаги нон ушоқларини терган бўлди.
— Тинчликми? Тағин отасига юзланди
—Шу десанг, тўй бошласакми деб турибмиз. Орага бир нафаслик жимлик чўкди. Фақат пашшахона ташқарисидаги ҳашаротларнинг оқ докага урилиб вағиллаши эшитилади, ҳар ҳар замонда қурбақалар вақ-вақ қилиб қўяди.
— Қандай тўй, кимга?
— Нодир фермерни ўғлини биласанми, Дилорони шунга унашсакми деб турибмиз, отаси яхши одам, оиласи ҳам бамаъни.
— Лекин ўқиши нима бўлади, ахир коллеж қишки олимпиадани Дилорога ишониб топширган.
— Ўқиганда дунё берармиди, мени Зарифбойдек қўша-қўша машиналарим бормиди-ки, контракт тўлайдиган. Ўқиб мен нима топдим, ана онанг нима топди, тинглаб ўтирган она бошини эгди.

АКРАМ ОЛИМОВИЧ

Акрам ака ўз даврида катта юрист бўлган, айтгани айтган, дегани деганлардан эди.
Ўн йил бундай қалтис соҳада ҳалол-покиза ишлашни ўзи бўлмайди албатта, лекин гадонинг ҳам душмани бўлган бу дунёда неча- неча замон «катталарининг» тақдири қўлида турган бундай амалдорнинг ҳам қадамини пойлаганлар, тагига сув қуймоқчи бўлганлар кўп бўлган албатта.
Ўша кун ҳеч эсидан чиқмайди. Бир киши Акрам Олимовични сўраб келибди.
— Кирсин, деди котиба қизга.Букрироқ,қорачаданкелган, тепакал бир одам хонага кириб келди.
— Ассалому алайкуууум, Акрамхон!
— Келинг, ака, хизмат.
—Ука, мени тўғри тушунинг, мен бир майда одамман.
— Тушунмадим.
— Буни сизга бериб қўйинг деб бериб юборишди.
Қария конверт узатди.
— Нима бу, хатми? Акрам Олимович конвертни очди, ичидагини тортди, иккита юз сўмлик сирғалиб чиқди, миясига яшин тезлигида етиб борган сигнал конвертни столга улоқтирди, қўллари титрар, худди чўғни ушлаб олгандек қизиб борарди. Кейинчи? Кейин нималар бўлди? Хонага кимлар кириб келди, ким эди унга кишан солган, буни эслолмайди. Онгида фақат бир ўй айланади — ТУҲМАТ..

Эшикдан чиаётиб қарияга қаради, нигоҳлар тўқнашди. «Нима учун?» Акрам Олимовичнинг кўзлари қарияга шу савол билан тикилди, қариянинг нигоҳи ерга қадалди.
«Нима учун?» Аллоҳ шу саволнинг жавобини топиш учун унга етти йил берди. Қамоқда ётганда ҳам қариянинг ўша гапини кўп эслади.
«—Ука,менитўғритушунинг,менбирмайдаодамман.»
Шуларни ўйларди-ю,боши ғовлаб кетарди. У майда одам, унда ким, ким бор уни орқасида, кимга керак эди мени бу ерда ётишим.
Тугунлар секинлик билан ечила борди, олти ойдан сўнг бир хат келди. Бир вақтлар» сизсиз яшолмайман» деган рафиқаси энди «сиз билан яшолмайман» деб хат юборибди, хат билан ажрим қоғози ҳам бор эди.
Хўўўш… Юрист Акрам Олимович қоғоздаги ажралиш сабаблари бандига кўз ташлади. Ёлғон ҳаёт, нуттасил стреслар, фарзандсизлик…
Э, воҳ деб юборди бирдан. У ўн йил бир бор, ҳатто алаҳлаб ҳам, ҳатто маст бўлиб ҳам айтмаган гапни, улуғ номни, дилининг энг катта ярасини— фарзандни, чидаб бўлмас ёлғонлар қаторига қўшиб ёзишибди-я. Нигоҳимдан сезиб сиқилмасин деб, бола ҳақида ўйлаганда хотинидан кўз қирини олиб қочадиган «яширин» мавзуни бутун элга достон қилишибди-я. Қоғоздаги «фарзандсизлик» сўзининг остига чизиқ тортди, бу ердаги «ягона ҳақиқат фақат шу» деб ёзиб имзо чекди. Балки ўшанда у биргина никоҳидан эмас, бутун ҳаётидан, қизиқиш ва интилишларидан воз кечгандир.
Акрам Олимович қамоқ дарвозасидан Акрам бўлиб чиқди. Бу шунчаки исм эмас, собиқ юрист, судланган, «порахўр» Акрам бўлиб. Атрофда кўп нарса ўзгарибди. Шаҳар, кўчалар, одамлар — умуман бошқа жойга тушиб қолгандек. Онаси вафот қилибди, ўрнига курсдош дўсти Дониёр тайинланибди. » Шунинг учун бирор марта қамоқхонага кўргани бормабди-да, йôğей, балки уялгандир. Лекин унда нега менинг ишимни қайта кўрмади?»
Вилоят Суд биноси пештоқига нигоҳини қадаб ўй суриб турган Акрамнинг хаёлини келиб тўхтаган қора «Волга» нинг овози бўлиб юборди. Машина ичидан Дониёр ва, не кўз билан кўрсинки, бир вақтлар умрининг жавоҳири бўлган рафиқаси — Эъзоза тушиб келарди.
Туҳмат юрагини шилиб ўтганди;
Ажрим бошини эгди;
Энди бу нимаси, ичидан нимадир узилгандек бўлди. Уни кўрган Дониёрнинг ранги докадек оқариб кетди, Подручка қилиб олган Эъзозанинг қўлини итариб ташлади. Аёл тушунмаданидан аввал ёнидаги эркакка, сўнг атрофга қаради-ю, бир зум кўзлар тўқнашди, тезлик билан кўзини олиб қочди.
Акрам ўриндиқдан рюкзагини кўтариб улар томон борди. Эъзоза титраган қўллари билан машина эшигини ушлади, уларнинг ёнидан ўтар экан, Дониёрга эʼтибор бермагандек аёлга яқинлашди, ҳавода учиб ўйнаётган шарфини кўкарган бўйнига тўғрилаб ёпди
— Сизга юристнинг рафиқаси бўлиш кўпроқ ярашарди, хоним. Юристга ўйнаш бўлишни танладингизми, ярашмабди, — деди.
— Сен эса қўрқма, ўгирилиб Дониёрга қаради, тоғанг омон экан узоққа борасан, захарханда кулги билан қўшиб қўйди: Эсимда, айтардинг-ку, «Сенда билим зўр-у, орқа етишмайди «,— деб. Нимаям дейман, ҳар ҳолда мени ҳеч ким » кўтариб» турмаган. Аввалгидек қўли билан елкасига қоқиб қўймоқчи бўлди-ю, қўлини тортди. Кўчада мурдадек тек кетган Акрам етти йил деганда илк марта кечаси билан ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Тўрт ёшда отадан етим қолди, ўн йил тирноққа зор ўтди, онасини, отасиз катта қилган, ўқитган онасини одам ўрнида кўрмаган вақтлари бўлди, ўғил бўлиб хизматида бўлмади, кенг уйига сиғдирмади,хотинининг гапига кириб қишлоққа, опасиникига олиб бориб ташлади. Энди у ким, энди кими бор унинг, қаёққа боради? Дониёр кўп такрорлайдиган шеърни эслади:

Ботир кўкрагидан ўқ еди бир кун,
Во, орқам! — дедию тортди чўнг наъра.
Ёв тараф сўради: — Орқам, деб нечун
Оҳ чекдинг, кўксингдан очдик-ку яра.

Ботир шивирлади: Мен — ёлғиз аскар,
Йўқса, устимга от сололмасдингиз.
Орқамда дўстларим бўлганда агар
Кўксимни нишонга ололмасдингиз.

ОЙША

Аниқ қўйилган мақсад кучли масъулиятни талаб қилади. Масъулият кучли бўлган жойда эса фақат бир мақсад сари интилиш бўлади, қолган ташвишлар, оддий, иккинчи даражали бўлиб қолади. Кўзлаган чўққинг томон кетаверасан-кетаверасан, йлингдан чиққан барча сен учун ғов, тўсиқ, сени мақсадингдан қайтармоқчи, «ҳаётинг мазмуни»дан айирмоқчидек туюлади,қайта қайта қоқиласан. Бироқ буларнинг ҳаммаси, оддий бир синов, енгиб ôтаман, чўққига етаман дейсан, йлингда учраганлар минг йиллик душман бўлиб кўринади кўзингга.
Бир кун…
Ўша чўққига етасан ҳам, қийналиб-қийналиб етасан, ёлғиз бошинг кўрмаган бало қолмай етасан. Ногаҳон бошингга капалак келиб қўнади. Жаҳлинг чиқади, мен умримни бағишланган, шунчасидан воз кечиб эришганимга капалак бир кунда етишса-я. Айтмоқчи, дейсан ўзингга ўзинг. Мен қанча вақтда топдим, ёки, қанча вақт йқотдим, дейсан. Шунда илк марта чўққидан пастга қарайсан: одамлар бахтиёр, энди уларнинг сен билан иши ҳам, сенга «ғов» бўлишга вақти ҳам йқ. Юқорига кўтарилаётган тенгдошларингни кўрасан. Тўғри, сен улардан анча баланддасан, аммо ёлғизсан. Алам қилади, лекин тан олишга мажбур бўлган ҳақиқатларингдан ортиқ кўз юмиб кетолмайсан. Улар сендан анча бой — қўлловчи дўстлари, оиласи, фарзандлари бор, юксаклик бўрони уларга зиён келтиролмайди. Ана шунда ҳувиллаган, совуққотган юрагинг тан олгиси келмаган азалий ҳақиқатни англаб етасан:

ҒОЛИБЛИК ШУНЧАКИ ЮҚОРИЛАШ ЭМАС, ҲАР БИР ҚАДАМИНГДА НИМАГАДИР ЭРИША ОЛИШДИР…

Ойша мактабни битирганда ўн олти ёшда эди, шифокор бўламан дерди. Лекин кетма кет беш йил ўқишдан йиқилди. Отаси ўн бир ёшида вафот этиб кетган, акалари унинг кўнглини оғритмаслик учун ҳар нега тайёр эдилар. Баʼзан баʼзан янгалари турмуш қуриши ҳақида сўз очиб қолишса, Ойшанинг жаҳли чиқиб кетар, » шунча йиллик меҳнатларимни кўмаманми, кейин сизларга ўхшаб тўрт деворнинг бекаси бўламанми»,- деб заҳар гаплари билан «сийлаб» юборарди. Ниҳоят,олти йил деганда Ойша Умирова Тиббиёт Академиясига ўқишга қабул қилинди. Янги шаҳар, янгича ҳаёт, талабалар орасида ҳам ўз билимдонлиги билан ажралиб турарди. Эндиги мақсад— ўз соҳасининг мукаммал устаси бўлиш. Институтининг энг кучли профессори уни шогирд қилиб олди. Ўқишни тамомлаб кардиология соҳасида ишлай бошлади. Ҳали-ҳали эслайди: » Юрак-ешимик касалликлари бўлган беморларда қандли диабетнинг асоратлари» мавзусида Москвада диссертация ёқлаганди. Бутун зални лол қолдирганди ўшанда. Сочлари орқадан турмакланган, кўзлари чақнаб турган ўзбек қизининг фаразлари дунё тиббиётига умуман бошқача назарияни олиб кирарди. Шунда тўлачадан келган, шопмўйлов, оқ-сариқ киши ўрнидан турди.
— Қандли диабетга чалинган бемор бундай мураккаб жарроҳлик амалиётига бардош қилолмайди. Операция маваффақиятли ўтган тақдирда ҳам қандли диебети бор беморларнинг танаси ўз ўзини даволаш тизимини бажаролмаслиги сабабли ички чоклар битиб кетмайди. Қолаверса, қандли диебетда тромбоцитлар иши секинлашади, бемор ташқи ёки ички қон кетишидан ҳалок бўлиши мумкин, хуллас бу назария амалиётда ўзини оқламайди.Юнусовнинг мана бу «арзандаси» эса жаҳон тиббиётида шуҳрат топмоқчи холос. Бу одам Укариналик профессор Тухаченов эди. Одамзотнинг феʼли қизиқ: Бир нарсани арзирли томонини топиб олсалар, ҳаммалари бирваракайига мақташга тушиб кетади. Мабодо ораларидан кимдир (донгдорроқ, обрўлироқ шахс) ундаги кичик бир нуқсонни айтиб қолса борми, шу қадар ҳамфикрлик билан қора чаплайдилар-ки, «Бир соат аввал ўзларингиз маʼқуллаб турувдиларингиз-ку», — десангиз Қуёшнинг Ер атрофида айланиш назариясини ҳақ десалар дейди-ки, буни тан олмайдилар. Тухаченов нафақат Украина, балки бутун СССРда машҳур бўлиб, беш йил муқаддам Юнусов унинг унинг диссертациясини худди шу ерда илмий асослар билан «чил-парчин» қилиб ташлаганди. Ўшандан буён шарманда бўлгани алами Тухаченовнинг кўнглидан чиқмайди Келаётган «тирмизак» Юнусовнинг шогирди эканлигини билгач, бу диссертацияни шармандали мағлуб қилишни кўнглига тугиб келганди. Ёнидагиларнинг бу қадар тез ўзгариб қолганлиги тажрибасиз Ойшани эсанкиратиб қўйди. Тухаченовнинг кўзларига тик қаради.
— Бундай бўлмайди. Агар препаратлар аниқ ва ўз вақтида ишлаб турса, инъексиялар ўз вақтида бериб борилса…
— Бас. Бақириқ овози эшитилди. Тухаченов шолғомдек қизариб кетганди. Хўп, яхши. Вазиятга номуносиб мулойимлик билан давом этди у. Менинг Москвадаги клиникамда худди шу ҳолатдаги бемор бор. Менинг ташхисларимга кўра уни операция қилиш мингтадан биттасидагина соврини бўлган лоторея билетини сотиб олиш билан тенг.
— Ундай бўлса нима қилмоқчисиз? Тухаченовнинг бир одам ҳаёти ҳақида бу қадар бемалоллик билан гапириши Ойшанинг жаҳлини чиқарди. — Беморнинг пулс секинлашуви жадвалини тузмоқчимисиз, ёки охирги юрак уриши қайси вақтга тўғри келишини башорат қилмоқчимисиз, у сўнгги нафасини қачон олишини, сиз эса қачон палатангиз бўшашини кутмоқчимисиз?
Ҳамманинг нигоҳи Тухаченовда эди. У эса вазминлик билан давом этди.
— Очиғи, мен ҳам иккиланиб қолдим. Азизлар, мен ўша беморни Умировага тоширдим. Маʼқул топсаларингиз агар бемор тузалиб кеца, мени ҳам виждон азобидан қутқарасиз, бу иш сиздан номзодлик эмас, вафқулодда докторлик иши бўлади. Шахсий клиникамни эса шундай ажойиб шогирдни тарбиялаб бергани учун дўстим Юнусовга топшираман. Беморнинг ҳолати айнан сиз айтган назарияга мос келади, Тиббиёт эса амалиёт билан тирик. Хўш, профессор Юнусовнинг шогирди, уддалайсизми? Ёки, қўрқяпсизми?
Зал жим. Ҳамманинг нигоҳи Ойшага қадалган. Агар у «Хўш, Ойша Умирова, уддалайсизми?»,— деб савол берганида, балки ўйлаб кўрарди. Лекин Тухаченов — айёр қария нишонни аниқ олди, эндиги жавоб эса устози номини ё шарафлайди, ёки қўрқоққа чиқаради.
— Уддалайман!

***

Бемор ҳақиқатдан ҳам Ойшанинг назариясига жуда мос келарди. Шунга ўхшаш операцияларни устози билан Тошкентда икки марта қилиб кўрган, лекин ёлғиз ўзи, қолаверса, бошқа юртда бундай ҳолга тушишини тасаввур ҳам қилмаганди. Операциядан аввалроқ унинг ёнига Тухаченов келди.
— Омадингизни берсин, қизим. Биз қариялар тўрт кунлик дунёда яшаб қолсин деб, кўп операцияларни бекор қилиб ўрганиб қолганмиз, сиз ёшларнинг эса ичингизда ғайрат қайнайди. Бог поможет (Худо ёр бўлсин).
Устозининг далдасига муҳтож вақтида айтилган бу сўзлар Ойшага анчайин таскин берди. Бу одам ҳақида нотўғри ўйлаган эканман деб ҳам ўйлаб қўйди.
— Ёдимдан чиқаёзибди. Тухаченов стол устига ёзувли қоғоз ташлади. — Тилхат, яқинларидан. Ҳар эҳтимолга қарши имзо чекинг. Гаров ҳам тугалланмаган-а?. Чолнинг ҳозиргина кулиб турган авзойи бирдан совуқ тус олди. — Агар уддалай олмасанг,— Тухаченов бир зум сукут сақлаб эшикка қараб олди, ҳаддан ортиқ яқин келди, Ойшанинг қулоғига шивирлади, — қайтиб тиғ ишламайсан.
Қиз тезлик билан, орқага тисарилиб қўлини кўксига босди. Юраги така-пука бўлиб урарди. Тухаченов тилхатни у томон сурди, заҳархандалик билан ҳоҳолади, хўш, розимисан, Юнусовнинг шогирди.
Энди ҳеч нимани ўйлаб бўлмас, бемор операцияга тайёр, барча врачни кутарди. Ойша ҳам совуқ, зўраки жилмайиб қўйди, розиман! Қоғозга имзо чекди.

***

Операция олти ярим соат давом этди. Аввал клапин деворидаги қотиб қолган қонларни тозалаб олиб ташлади, кейин махсус мосламани ўрнатди, эҳтиёткорлик билан авайлаб тикди, нафас олиш ҳолатини текширди — меъёрий. Лекин… Бемор уйғонмади.
Тухаченов ва Москва илмий текшириш институти профессорлари қўйган ташхис натижасида ўлим сабаби ички қон кетиши деб топилди. Диссертация табиийки, ҳалокатга учради. Тухаченов ҳам «енгилгина» дакки эшитди. Ойша эса «бундай бўлиши мумкин эмас» — дея олди холос. Уни беморга яқин йўлатишмади ҳатто.
— Агар мен ҳам сендек аҳмоқлик қилганимда, агар тилхат бўлмаганда, ҳозир иккимиз ҳам қамалиб кетардик. Беморнинг яқинлари дафн этиш учун Петербургга олиб кетишди. Сен эса кет, экспертиза натижаларини ўзим кейин Тошкентга юбораман. Лекин, Тухаченов яна ўша фалокат келтирувчи совуқ нигоҳи билан, секинлик билан гапини давом эттирди,— асл ҳақиқатни билмоқ учун аввал ваъдангни бажаришинг керак, ўзбечка.
Ойшанинг қўлида биринчи марта бемор ўлди, у нафақат юртига, балки бутун дунёга ҳам шарманда бўлди-ку. Тухаченов айтмаганда ҳам бошқа тиғ тутишни тасаввур қилолмасди. Энди бу ерда уни эшитадиган одам қолмади, тезроқ юртига қайтиб устози ёнига бориши, ундан узр сўраши керак. Тухаченовнинг кабинетидан чиқаётганда мурдадек оқариб кетган,ес-ҳуши ўзида эмасди. Ичкарида, стол устида эса Тошкент Тиббиёт Академиясининг қизил рангдаги дипломи турарди.

***

Аеропортдан тушган заҳоти академияга йл олди.
—Қизим, ҳой, қизим
— А, нима, кечирасиз хаёл олиб қочибди, кекса ҳайдовчига узр айтди.
— Шошилмаяпсизми, саккизинчи мактаб йли билан кетамиз, бу кишиларнинг йли ўша тарафга экан.
Ойша ойна ташқарисига қаради. Қорачадан келган, ориққина аёл икки ёнида икки болани маҳкам ушлаб олган, шафёрга қарайди, шунда унинг нигоҳи Ойша томон қадалди.
— Ие, Умирова! Аёл шафёрдан жавоб кутмасданоқ машинага ўтирди,—Омонмисан, бормисан.
—Санаммисан? Ичини дард кемириб турган Ойшанинг юзига табассум югурди. — Бу ёқлада нима қилиб юрибсан
— Поччангнинг иши юзасидан шаҳарга кўчиб келдик, аввал Қишлоқ врачлик пунктида ишлардим, сени учратганим яхши бўлди, клиник ординатурани ўқисамми деб турибман, маслаҳатинг керак. Сен орамизда илмга содиқ қолдинг, диссертация ёқлаяпсан деб эшитдим. Манзил яқин қолганиданми Санам тез, шошиб гапирарди. Такси мактаб рўпарасида тўхтади. Жингалак сочли, кўзлари чаросдек оппоққина қизалоқ унга жилмайиб қараб ўтирарди.
—Қизингми? Қизалоқ исминг нима?
— Дилоро. Улар Ойша билан хайрлашиб тушиб кетишди.

***

Атрофга ёмғирдан кейинги муаттар намхуш ифор тарқалган, ўрик гуллабди. Кетаётганимда гулламаганди, ўйлади институтнинг узун йлагидан юриб борар экан. Қандай чиройли-я? Беғубор, оппоқ. Лекин тез кунда тўкилиб кетади бу гуллар. Ҳар қандай гўзаллик ҳам абадий эмас. Умуман, бутун йил бўйи гуллаб туриши ҳеч кимга керак ҳам эмас. Ахир у гул эмас, дарахт-ку. Вазифаси эса мева бериш. Ана шу мевалар унинг қаддини букади, ана шу мевалар дастидан танасига тошлар отилар, шохлари синар. Ёдида, ўзи ҳам бир вақтлар курсдошлари билан ётоқхона боғига довучча тергани борган. Жаҳонгир дарахтга чиқиб шохни силкир, қизлар идишга теришарди. Жаҳонгир…
Лекин нега ўшанда тушунмаган. Дарахт ҳар нима бўлмасин ўз қонунига содиқ, ҳар йили гуллайверади. Шу мевалари бор учун ҳам унинг номи элда азиз.
Институт дарвозасига яқинлашганда дарвоза тепасидаги тиббиёт рамзи — илонга кўзи тушди, ҳар гал шунга қараганда Жаҳонгирни эслайди. » Нима учун айнан илон, биласанми?,— деганди у. — Шифо ҳам худди илонга ўхшайди. Биргина муолажа инсон ҳаётини ҳал қилишга қодир. Танага кирган биргина шиприст ё Хизр суви бўлиши, ёки умр уммонидан томган сўнгги томчи бўлиши мумкин». Ўқишни тугатгач Жаҳонгир қишлоққа, қари онасининг олдига қайтди, Ойша эса «магистратурам нақд турибди, мен қишлоқда яшолмайман» деб туриб олди, шундан кейин уни қайтиб кўргани йқ, уйланибдидебешитди, курсдошлар йиғилганда ҳам келмади. Фақат ҳар гал шу рамзни кўрганда энг бахтли ўша дамларини ички дард, афсус билан ёдга олади.
Иккинчи қаватнинг охирига борди. Эшик ёнида узоқ турди. Профессор ким биландир телефонда гаплашаётган эди. Қўнғироқ якунланди ҳамки хонага киришга юраги дов бермайди:» Нима дейман, нима қилиб қўйдим, балки устоз аллақачонлар эшитгандир ҳам. Унда кўзига қандай қарайман», шу тахлит хаёллар билан мажолсизгина эшикни тақиллатди, ичкаридан «киринг» дейилгач хонага кирди. Саломига совуққина алик олган Профессор «ўтир» ишорасини қилди.
— Москвадан жўнатма олдим.
Ойша жим, бошини хам қилди, эгилиб келган қомати яна бир поғона чўкди.
— Мени кечирманг, устоз
— Ундай қилолмайман-да
Ойша ёш жилваланган кўзлари билан устозига қаради
— Унда сен ҳам мени кечирмайсан-да, сени бунақанги … Юнусов столни муштлади, уларнинг қурбони қилганим учун. Сени айбинг йқ.
— Устоз, ахир одам ўлди, мен, мен, мени қўлимда…
—Нимага «мен»лайсан, ўлдирганлар жавоб берсин бунга. Юнусов ўрнидан туриб деразадан ташқарига қаради. Танаффус вақтида талабалар ҳовлини тўлдириб туришибди.
— Манави оқ халатдагиларнинг ҳаммаси яхши одам деб ўйлайсанми? Кимлардир қалби каби беғубор асрайди уни. Бошқа ким учундир ниқоб у, ниқоб — энг чиркин, энг ифлос ниятларини, кирланган, ҳасад-у ғараз билан тўлган юракларини, нафс қуми тўлдирган кўзларини яширадиган ниқоб. Шуни кийсам гўё ҳамма мени нияти пок, яхши одам деб ўйлайди дейдилар. Кимгадир саломатлик улашиб қолса ҳам борми, қўлларини халатининг чўнтагига киритади — чиқаради, чиқаради- киритади «қара, ҳалиям бўш» дегандек. Керагини олиб бўлгач тағин нима дейди биласанми, ҳаромга тўла оғзиларидан қандай сўзлар чиқади, биласанми? Уялмай, «Бу бизнинг бурчимиз»,- дейди. У фосиқлар бурч нималигини ҳеч қачон англаб етмайди. Тухаченов хат юборибди, сени мақтабди,ўлим сабабчисини ҳам. Юнусов стол тортмасини очди, кичик ампулани олиб Ойшага узатди.
— Наркоз-ку? Лекин бу…
— Ғирром, ўч. Яна нимани кутгандинг ундан. Ҳамма оқ халати борларни фаришта деб ўйлаганмидинг. Операция тугагач бемор норкоздан чиққанини ҳамма билади, лекин кейин яна умрбодга ухлатиб ташлашгани ҳеч кимнинг хаёлига келмайди, ҳамма операция хато қилинган деб ўйлайди, Тухаченов айёр тулки, бу эса менинг номимни қоралаш учун қилинган кичкинагина ўйин холос.
— Ахир одам ўлди-ку. Иккиси ҳам бир муддат жим бўлиб қолишди.
— Мен қишлоққа кетмоқчиман.
— Майли, борақол, ўзингга келиб ол.
— Устоз, мен бутунлайга кетмоқчиман.
Юнусов бир муддат кўзларини юмганча ўйга толди.
— Майли, бор.
Ойша эшик олдига етганда устози тўхтатди.
— Айтганча, сен қиз қачон хаёлингни жойига қўясан. Дипломниям унутиб қолдирадими? Юнусов гўё ҳеч нарсадан хабари йқ одамдек дипломни узатди, — сен ишлаган ҳудуддан бирорта одам касалман деб олдимга келса қаттиқ хафа бўламан.
— Лекин… Мен…
— Нима кетмон чопгани кетяпсанми, у ерда ҳам одам яшайди, иссиқ жон, иситмаси бор. Сен яхши шифокорсан, Тухаченов қайтиб бермаган тақдирда ҳам ўзим сенга диплом олиб берардим, қани -қани бор, бор энди, бошимни қотирма.
Ойша томоғига тиқилган ёшини зўрға ютиб гапирди.
— Раҳмат, устоз.
Профессор хайрлашаркан, унинг пешонасидан ўпиб қўйди
— Бор, она қизим, бахтингни берсин.

***

Кечқурун аммасининг уйига келди, икковлашиб ош дамлашди. Бозорчининг ҳангомаси нарх-наводан деганларидек, аммаси ҳам беморининг аҳволи ҳақида Ойшага маслаҳат солди.
— Касаллик варақасини бир ўқиб кўрсанг бўларди, хонада сумкамда турибди.
Хонага кириб аммасининг сумкасидан қалин папкани олди. Шунда ерга бир сурат тушди. Қиррабурун, қора қош, қора кўзли бир киши. Бирор бемор бўлса керак деб ўйлади. Ошхона столига папкани, унинг устига суратни ташлади.
— Касаллик варақасига ёпиштириб қўяйми буни, ўлчами каттароқ шекилли?
— Қайсини? Аммаси қозонга қопқоғини қўйиб унинг ёнига келди.
— Ҳа, буми, бу касалмас.
Ойша суратни папка устидан олди-ю, қўйишга жой тополмагандек қўлида ушлаб қолди.
— Мунаввар ўртоғимни танирмидинг, окулист Мунаввар холанг бор-ку, шунинг жияни. Шаҳар прокуратурасида ишлаган экан, кейин туҳматга учраб қамалган. Синглимдан қолган ёдгорим, жуда яхши, ҳалол йигит дейди. Нима дейишингни билганим учун индамай қўя қолгандим.
Ойша суратнинг букланган жойини текислаб қўйди.
— Туҳматга учраган, денг…

ДИЛОРО

Хуллас, тўй бўлмади. Бобур онасининг изидан кетиб ТОШМИга ҳужжат топширди, Дилоро тил адабиётга қизиқди. Дилоро тил адабиётга қизиқди. Имтиҳон жавоблари чиқадиган кун иккаласи икки томонга кетишди. Бобур уйга қайтганда дадаси асабий ҳолда ойисига гапираётган экан:
— Ўқимайди, ўқитмайман, тамом. Нима қизингдан бошқа ташвишим йқми. Нафақам зўрға рўзғорни ўтказса. Бобурнинг топгани икковини репетиторидан ортмаса. Опамни ўзим ўқитаман деб туриб олди, ана, нима бўлди.
Дилоро йиғлаганча хонасига кириб кетди, Бобурдан эса ҳеч ким нима бўлди, қандай бўлди деб сўрамади ҳам.
— Бунча аза очмасанг, муҳими ўқишга кирибсан-ку, сиқилма опа, ўқийсан.
Дилоро ёш тўла кўзлари билан укасига қаради.
— Лекин, дадам
— Мен нима дедим, ўқийсан дедимми? Ўқийсан!
Укасини қучоқлаб баттар йиғлади. Лекин бу ҳозиргина ўтган йиғидан бошқача, севинч кўз ёшлари эди. Дам йиғлар, дам кулар, «Ростданми, ростдан а» дерди.
— Мен сени қачон алдаганман. Қани, битта ош дамла-чи, студент.
— Ўзинг жавобларни кўрдингми, столдаги қоғозларга ишора қилди Дилоро.
Бобур бироз ўйланиб турди-да:
— Мен билан тиббиёт бир-биримизни безовта қилмасликка келишиб олдик, — деди.
Дилоро жим туриб қолди.
— Нимага бунақа мўлтираб тикиласан? Нима сенга ўхшаб йиғлашим керакми? Сен-ку ўқидинг, мен бўлсам уч кун ишда, икки кун дарсда бўлган одам бўлсам.

***

Ўқиш бошланди. Октабр охирида Дилоро уйига қайтди. Дарвозага газета қўйиб кетишибди. Почтачи келибди-да, ўйлади у. Дадамга газета, хурсанд бўлади. Акрам ака кўп газета ўқирди, почтачи бир икки кун кечикса роса уришиб берарди. Телевизорда-ку, эсини танитган «Ахборот» ҳали ҳануз кўрилади.
Бир ҳафта бўлди, Бобур Москвага учди. Иши тайин, қариндошлари ёнига кетган бўлса ҳам Дилоро ота-онаси олдида хижолат чекади. Ахир ягона ўғил уни деб узоқларда юрибди-да. Дарвоза илгагидан газетани тортди, орасидан бир конверт ерга тушди. «Олимов Бобур Акрам ўғлига ТОШМИ ректоратидан». Конвертни очди:
«Ўз вақтида шартнома тузилмаганлиги, тўлов-контракт тўланмаганлиги учун ўқишдан четлатилади «.
Дилоро мурдадек оқариб кетган, уйга қачон кирди, қандай кирди билмайди. Кечқурун ота-онаси Бобур билан гаплашиб бўлгач, телефонни олиб ҳовлига чиқди.
— Укам… деди-ю, томоғига нимадир тиқилди, гапиролмай қолди. Бобурнинг овози тинмасди, ўқишини сўради, омад тилади.
— Укам…Бир ютуниб олди, кўз ёшини артди.— Сен ёлғончисан, биласанми шуни, сени алдамайман дегандинг-а?
— Қаёқдан билақолдинг, қўй опа, йиғлама, битта умрга битта ёлғон зарар қилмас дегандим-да, лекин қойилман сени алдаб бўлмайди.
— Зўраки кулма менга, нимага ундай қилдинг.
— Эй, опа қўйсанг-чи энди шу гапни. Ҳали кўрасан, мен зўр-зўр одам бўлиб кетаман. Фақат ойим билан дадамга айтма.

***

Шундан бери бу сирни ҳеч ким эсламайди. Бобур ҳам айтганидек ўзига тўқ, бадавлат одам бўлди. Россиядан қайтгач савдо фирмасини очди, тиришқоқлик билан иш юргизди, эл орасида обрў эʼтибор топди. Фақат ҳар гал уйига келганда, укасининг хонасидаги шкафга кўзи тушганда, у ерда ойисининг оппоқ бош кийимини кўрганда ичидан нимадир узилгандай бўлади. Бобурнинг сўзларини эслайди. Шунда йиллар қаʼридан яна бир ёлғон чиқиб келади. «Сен тиббиёт билан келишиб олмагансан, у сени ҳалиям безовта қилади-ку», — дегиси келади, лекин айтолмайди.

***

Эшик жиринглади, Дилоронинг хаёли бўлинди, остонада Бобур турарди, хурсанд, қўлида икки килоча музқаймоқ, яна алланималар кўтариб олган. Эшик очилиши билан Музқаймоқни кўтариб кўрсатди.
— Музқаймоқ ейсанми опам.
Килолик ўрамда Дилоро яхши кўрадиган қулупнайлик музқаймоқ бор эди. Дилоро тасдиқ ишораси билан бош тебратди.
— Борингга шукр, укам…

17Машҳура ВОРИСОВА

1985 йил Оқдарё тумани Ўзбекистон маҳалласи, Човка қишлоғида туғилган.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети роман-герман филологияси факультетида, Ўзбекистон миллий университети журналистика факультетида таҳсил олган. 2014-2020 йилларда “Оқдарё овози” газетасида мухбир лавозимида ишлаган. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди муассислигидаги “Одил судлов” – “Правосудие” журналида катта муҳаррир сифатида фаолият юритади. Немис, инглиз, турк ва рус тилларидан таржима қилади. Шеър, ҳикоя ва таржималари “Шарқ юлдузи”, “Ўзбекистон матбуоти”, “Китоб дунёси”, “Оила ва жамият” ва бошқа газета-журналларда чоп қилинган.

РАЖО*

Саратон… дейишди. У эси оғиб қолгандек бир нуқтага термулиб ўтирди, ўтирди. Касалхонанинг сим кароватига тикилди. Қолган бир ҳовучгина умри ҳам шундай хоналарда, касалхонама-касалхона, докторма-доктор сарсон бўлиб, азобу оғриқлар ичида ўтишини, кун ўтган сайин заҳа еб, ингичкалашиб бораётган ипдек умидларини узолмай у ёқдан бу ёққа зир югурадиган ота-онасию яқинларини, охирида қўлидаги қушини учириб юбориб умидсиз қолган овчидек куюк кўнгил билан қолишларини ўйлади. Ортидан куйиб-куйиб, касал орттириб олган онаси, отаси қанча яшашини ўйлади. Яшай олишармикин ўзи, деб ўйлади. Ака-укалари неча йилдир куюнишар, эслаганда кўзларига ёш тўлар, аммо қачондир унинг вафоти оғриқ бермай қўяди, ҳаммалари ўз оилалари, фарзандлари, рўзғор ташвишлари билан бўлиб кетишади албатта, лекин ота-онаси… Қатор туриб, кўзларида ёш билан ҳақига дуо қилаётган ака-укаларини тасаввур қилиб, томоғига нимадир тиқилиб қолгандек бўлди. Болалигида кўп касал бўлган экан. Шунча ташвиш келтирганим каммиди, барибир ўлиб кетарканман ўшандаёқ кетганимда яхши эди, деб ўйлаб ўтириб тўсатдан сезиб қолдики, ўзининг ўлишига, ҳаммаси шундай тугашига заррача ишонмаётган экан. Даҳшатли нарсани ҳис қилаётган эди-ю, аммо ич-ичидан ўлимни бўйнига ололмасди.
Эндигина ўқишни тугатганди. “Контракт” бўлса ҳам ўқийман, деб тўполон қилганларини, шунча йил қийналиб, тунда уйқусидан кечиб ўқиганларини, уйдагилари юборган пулларига кийим-кечак олмай тежаб, қўшимча ўқитувчи ёллаб тил ўрганганларини эслади. Бекорга қанча пул тўлатибди-я.
Судраб юриладиган юкхонаси бор сумка олишни роса хоҳлаганди, ҳали оларман деб шуниям пулини тежаганди. Корейсча пальто-чи, ўшаям жуда ярашганди ўзига. Курсдошлари ресторанда янги йилни байрам қилишганда пули камлиги учун уни-буни баҳона қилиб бормаганини эслади. Вилоятлар бўйлаб ҳамма курсдошлари саёҳатга чиқишгандаям уйига кетиб қолганди… Тўйлар-чи? 3-4-курсларда бир нечта дугоналарининг тўйлари бўлганда ҳам, узоқ, имтихонлар вақти деб баҳоналар қилганди. Ҳали ўқишни тугатиб ишласам, хоҳлаган нарсамни олавераман, уйдагиларимгаям олиб бераман, хоҳлаган жойимга бораман, ҳозир ўқишим керак деб ҳамма нарсани ўзига чеклаган экан-а. Мана энди шу ишни бутун умр қилмаганман, шу нарсани татиб кўрмабман, шу кийимни киймай ўтдим-а деб армон қиладиган вақти ҳам келиб қолибди… Бирор йил ишлаб шунча ўқиганларини қўллаб ҳам кўрмади бир, ота-онасига ойлигидан совғалар олиб бориб, шунча қийналиб ўқитганларинг учун раҳмат, дейиш ҳам насиб қилмаган экан. Дунёнинг камларини тўлдириш қўлидан келадигандек у ёқдан бу ёққа югурганлари арзимаган нарса, бир тийин экан.
Эшик қаттиқ овоз чиқариб очилди. Онаси. Кўзларида ҳадик, қўрқув, имконсизлик, даҳшат, яна тушунтириб бўлмайдиган алланарсалар акс этган она унга шундай назар билан қарадики, гўё фарзандини кўзларига жойлаб олмоқчидек, шундай қилиб уни асраб қолмоқчидек.
– Тузукмисан?.. – онаси шундай дедими, ёки бўғзидан йиғига ўхшаш қандайдир овоз чиқдими, у англолмади.
Жавоб беролмади. Мингта сабаб бор эди бунга, аммо сўз сиғмади.
“Бир умр дадамни кўнглига қарагани камдек, энди ўлгунимча мени кўнглимга қарайди шўрлик онам, — дея ўйлади у, — худди ўзини кўнгли йўқдек. Оналарда кўнгил нима қилсин?.. Бизга ўхшаган нотовонларнинг кўнглига қараб-қараб, охири шу даражага етадики, ўз кўнгиллари борлигидан ҳам ҳижолат бўлишади гўё.
Бунақа нарсалар фақат сериалларда, корейс фильмларида бўладигандек, унинг атрофида бундай бало юз бериши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмаган эди. Энди эса… Ҳозир ўзини қувноқ, ҳеч нарсани ўйламаётган одам қилиб кўрсатиши мумкин эканини тасаввур қилди-ю, бу худи рўдапо кўйлакка зар ямоқдек ярашмаган нарса бўлишини, бунақа «маҳорат»ни амаллаб эпласа ҳам бунинг ҳеч кимга керак эмаслигини ўйлаб индамади. Онаси аҳмоқмидики, болам тиржайиб турибди экан деб кўнгли хотиржам тортса. Ўзи шундоғам кўп нарсаларга ўзини мажбурлаб яшагани аниқку, энди умри охирлаганда ҳам мунофиқлик қилиб ўзини азоблаши керакми?
– Ҳаа, яхшиман. Ҳеч қаерим оғримаяпти, – касалхонанинг йўл-йўлли матрасидан кўз узмай гапирди у, – ўйлайверманг ойи. Овқат-повқат еб олинг, «Худонинг айтгани бўлади, минг ўйлаб ўзингизни қийнаганингиз билан пешонадагини сидириб олиб ташлаб бўлмайди» – бу гапларни ичида айтди. Бундай гаплар худди тегса қонаб кетадиган жароҳатдек, умуман айтилмайдиган, яқинига йўланмайдиган бир вазиятда яшаётганди у.
Ёстиғини, кўрпасини қандайдир ишончсизлик билан тўғрилаб қўяётган онасига қараб бўғзига тиқилган муштдек оғриқни тўхтатолмайди қолди. «Ухламоқчиман». Ёлғиз қолишни назарда тутиб айтилган бу гапни зўрға айтди, онаси чиқиб кетишга улгурмасдан йиғлаб юбормаслик учун муштумини лабларига босди. «Мен нима қилиб яшадим?» – яна ўйлаб кетди у. Болаликданоқ салгина бўлса-да ножўя ҳисобланган ишларни қилишдан «Отанг уришади!» деган қайтариқ остида қайтарилган, худди китобларда ёзилгандек фақат яхши ҳисобланган амаллар, ишларни қилишга, яхши китобларни ўқиб намунали болалардек яшашга одатланган инсон ҳам шундай жимгина вафот этиб кетавериши ҳеч гап эмас эканда. У секин юриб дераза ёнига келди. «Ёмғир ёғсайди…». Бу тилак ортида ёмғирни яна кўрармикинман деган ўкинч ҳам бордек эди. Дарахтларга қарар экан, ногоҳ дарахт тагидаги ўриндиқ томон нигоҳлари югурди. «Оббо… Бекор..». Қўлларига таяниб ўтирган йигитнинг кўзига ташланмаслик учун ўзини орқага олди. Неча кунлардан буён илк марта жилмайди: «Жинни!». Бундан икки ойча олдин дунёда шундай дардлар борлигини ўйламаганди ҳам у…
…Баҳор чиқмай туриб куннинг тафти яхшигина сезилиб қолгани ҳақидаги Эсон момонинг ҳасратларини эшитиб келаётган қиз берухсатгина суҳбатга қўшилган «студент»га қараб қўйди. Ёқинқирамаганини сезган «студент» кулиб қўйиб момо билан сўрашишда давом этгани қизнинг энсасини қотирди. Гапга аралашмай жимгина эшитиб келаётган қиз гап мавзуси кактусларга бурилгач, қандай қўшилиб кетганини ўзи ҳам сезмай қолди.
– Шу кактус ўлгур гулламайди шекилли барибир, — ҳовлисининг ҳа қадамида гул ундирадиган Эсон момо лаб бурди, — Йигирма йиллар бўлгандир шуни ўстирганимга, ям-яшил бўлиб тураверади. Ҳеч гуллай демайди. Беш йил бурун Норойникига келган, истудент болаларга гул ўстиришданми дарс берадиган чиройли меҳмон хотин шу очилади, очилчаям жудаа чиройли очилади деб кетувди. Ўшандан бери кўз тикаман, ё бу бепуштимикин а?
– Йўғе, гулниям бепушти бўларканми момо, – кулгидан зўрға тинган бола ёшланган кўзларини артиб жавоб берди, – Бизникида очилибди-ку. Кеча ўқишдан келсам ойим хурсанд ўтирган экан, кактусим очилди деб. Чиройли экан чиндан. Қўшнилар ҳам келиб томоша қилиб кетишяпти.
– Вой, чинданми?! – момо ва қиз бараварига унга қарашди, — Очилдими?!
– Ҳа очилиб турибди, иккита.
– Бориб кўрайлик? – қизнинг тўсатдан айтган таклифидан йигит бироз довдирагандек бўлди, ҳали ўйига етмай туриб Эсон момонинг розилик тарзидан айтган сўзидан баттар талмовсираганини сезган қизнинг доим тайёр ғурури бош кўтарди: — Бормайман.
– Нега? – ўзига келган йигит жилмайди, — қизиқ экансан, бир дақиқани ичида икки хил гап айтасанми?
– Юрақол, бир кўриб ўтамиз-да шу мўъжизани ҳам. Сал ичкарига юрсак ҳеч нарса қилмас, уйингга шошиб нима қиласан.
Кампирнинг гапидан кейин қиз ҳам бўйин эга қолди. Тўғрисини айтганда у очилиб турган кактусни кўришга жуда қизиқаётган, шу бир ҳовуч «тиканак» чиндан ҳам шундай гўзаллик ярата олишини ўз кўзи билан кўргиси келаётган эди. Аммо уч кўча нарида яшайдиган узоқроқ маҳалладошининг уйига Эсон момо билан бирровга кириб чиқишни ният қилган қизнинг режаси бузилди. Манзилга етдик деганда момонинг «алмисоқдан қолган» эски «нокиа»си жиринглаб ҳам эмас, салкам даранглаб кетди. «Ҳаа? Нима?! Қайси амманг? Ҳозир етиб қолай дедим мана, боряпман!» шундай деган кампир буларга бораверинглар, ҳаммаси жойида дегандек қўл силтади-ю бир зумда ортига қайтиб нариги кўчада кўздан йўқолди. Қиз бироз саросимада қолди, йигит ҳам.
– Киравер, – деди йигит бир дам ўтиб, – Нега турибсан? Даҳлизда турибди.
– Ғалати бўлдику, — қиз иккиланиб қолганди. Кирмай деса дарвозага беш-ўн қадам қолган, кирай деса…
– Ҳечқиси йўқ, иши зарурдирда. Ойим уйдадир, киравер.
Бир зумлик мулоҳазадан сўнг қиз ичкарига қадам қўйди. Бахтга қарши уйда унинг на онаси, на опа-синглиси бор экан. Ҳовлида ўйнаб юрган кичикроқ болакайнинг айтишича, «бувиси билам ойиси» бозорга кетишибди. Қиз унинг рўзғори бузилган синглиси борлигини эслади. «Баттар бўл, — деди ўзига ўзи истеҳзо билан, — киришга кириб бўлдинг, энди тезроқ кўргин-да қорангни ўчирақол». У йигит ҳам бироз ноқулай аҳволда қолганини кўриб турарди. Шунинг учун ҳеч нарса бўлмагандай ўзини қувноқ тутиб ичкарига қадам босди. Эҳҳе…. Бу гулларни…. Уй эмас нақ усти ёпиқ гулзорнинг ўзику! Бунча гуллар орасидан гуллаган кактусни қидириб топиш учун ҳам кўзлари билан бироз овора бўлди у. Чиндан ҳам кактус гули жуда чиройли бўларкан. Нақ мўъжизанинг ўзи, қўл билан тегиб бўлмайдиган кўримсизгина бир сиқим тикон-у, ундан гул очилиб турганининг ўзи соатлаб томоша қилишга арзийди. Қизнинг кўзлари ёнди: Вооой!..
Дарвоза очилди. Ҳовли кимсасиз, бояги болакай ҳам қаергадир кетган шекилли, ҳаммаёқ жим-жит эди. Ҳовли адоғидан, дарвоза тарафдан икки аёлнинг суҳбатлашиб келаётгани эшитилди, йигит ва қиз хижолатликда бир-бирларига қарашди: нотўғри тушунишмасмикин? Қиз анчайин шаддод, жа сал нарсага уяладиганлардан эмасди, аммо йигит негадир жиддий талмовсиради. Қизга қаради:
– Сенга яхшимас. Уй ичига кириб турақол, бирпасдан кейин чиқиб кетасан, – қизнинг ҳайрат билан қарашини кўриб, ўзининг гапидан ўзи хижолат бўлгандек қўшиб қўйди, – Улар… Менга фарқи йўқ, сенга яхшимасда… — у тезда кўзларини олиб қочиб, қизни ичкарига киритиб юборди. Ичкари хонага киргач, қизнинг тўсатдан жаҳли чиқиб, юзига қон тепди: «Нима мен енгилтаклик қилдимми, худди жазмани билан қўлга тушган хотиндек бекинаман?! Бор-йўғи гул кўргани келдимку, бошқа қўшнилариям келиб туришган эканку!»
– Нега бекиниш керак?! – қиз йигитнинг ортидан эшиккатомон қадам босди-ю, кечикканини англади, йигитнинг онаси ва синглиси ташқари эшиккача келиб қолишган, қиз эса ҳали ичкари уй эшигида эди. Гуллар ёнида турганида ҳам тушуниш мумкин-у, энди уй ичидан чиқиб келаётганини нима билан изоҳлайди? Шу ерда тўхтади, на у ёққа, на буёққа ўтолмай икки хона ўртасидаги эшик пардаси ортида туриб қолди. «Баттар бўл! – яна ўзининг ҳолидан кулиб бояги гапини қатъийроқ такрорлади у, – гул кўришга бало бормиди бегона ҳовлида, емаган сомсангга пул тўлаб шарманда бўлмасанг эди ҳали..». Қиз кимдир бу хонага кириш учун шартта пардани кўтарса қандай аҳволга тушишини тасаввур қилиб, кулиб юборай деди: «Ёмон хотинлар нима қилишаркина?». Нечадир дақиқа турганини билмайди, ўзаро суҳбатлашиб турган оила аъзоларининг гап-сўзларидан тасодифан гап ўзи ҳақида кетаётганини сезиб қолди у.
– Ҳа, бир нарса десам айтдимку дейсан ерга қараб, топган гапинг шу. Бошқа қиз қуриганми? Шаддод у, биров бир гап айтса шартта юзига қайтаради, – она ўзининг кўрсатган сабаблари унчалик ҳам ҳақиқат эмаслиги ва жиддий сабаб деб бўлмаслигини сезгандек овозини пастлатди ва қатъий қўшиб қўйди: – Хуллас уни келин қилмайман.
– Нимаси яхши шу қизни? Онамни норози қилиб мен нима бўлдим ака? Менку майли, чиқиб кетадиган одам эдим, сиз бир умр бирга яшашингиз керак-ку онам билан, онам ўзи хоҳлаган қизни келин қилсин, бола боқиб кўргани шуми? – синглисининг ҳам қўшилгани тешиб ўтди қизни.
«Нима?! – қизнинг юзига ҳайрат, ғазаб ва хижолатдан қон тепди, — ким тегаркан шу….!» – аламдан тишлари ғичирлаб, сал қолса уларнинг олдига чиқиб, ичидагиларни гапириб ташлай деди. Ҳали у, ҳали бу совчининг камини топиб, кўз солмай юрган онаси бу гапларни эшитгандами! «Нималар деяпсиз, қайдан чиқди бу гап?! Онам эшигим тагига шу ўғлингиз, қизингиз билан бирга қўшилиб бориб ётиб олсангизам бермайди мени, берса ҳам ўзим тегмайман!!!» — у аламдан тилига қуйилиб келган сўзларни зўрға ичига ютди. Тўғри-да, ҳозир шу ердан чиқса борми, шунчалик осмондаги ой экансан, менинг уйимда, ҳеч ким йўқ маҳал ўғридай бекиниб ўтириб нима қиляпсан ўзинг демайдими аёл? У нима бўлганда ҳам сабр қилишга қарор қилди, бу ердан шарманда бўлмай чиқиб олсин, кейин ўзи билади нима қилишни!
– Хаёлимда бор эканми шу мени?! Тавбаа, мен нима қилдим буларга?? – жаҳл ва аламдан кўзларига ёш қуйилди қизнинг, — Шу лапашанг ўғли менга бир оғиз айтибдими, ё мен бирон нима деб розилик билдирибманми бунга, нега бегуноҳ одамни ўзларича хўрлаб маза қилишаркин-а.., — у ҳамон тинмаётган гапларни эшитмаслик учун қулоқларини бекитиб олди. Аммо…
– Ойи, — йигитнинг товушини англаган қиз қўлларини пастга тушириб, нафасини ичига ютди: «Қани нима деркин бу валломат!», — Майли, унга уйланмайман. Номини тилимга ҳам олмайман хоҳласангиз! Керак эмас. Мен сиз хоҳлаганингизга уйланаман, истаганингизни айтаверинг.
«Оо….». Ҳаммаси бир бўлди-ю, бу гап бир тараф бўлди. Қизнинг жони томоғига келди гўё. «Менда нима аламингиз бор эдики, устимдан шунча гапни айттирасиз-у, бир оғиз оқлаш учун сўз айтмайсиз?..»
— … лекин… Сизни ундан бошқага ишонмайман… Сени ҳам. Фақат шу билан эртага қандай яшашимизга жавоб бера оламан, ишга кетиб кун бўйи онам ўз хизматини ўзи қилмаяптимикин, синглимни кўнглини оғритадиган гап айтишмадимикин, жияним уйимга сиғмай қолмадимикин, уйим тинчмикин деб ўйламай юра оламан, ҳали болаларим бўлса эсли-тарбияли бўлишармикин, Худони танишармикин, ёлғончи бўлишмасмикин деб хавотир олмай яшайман дегандим. Мен сиз хоҳлаган қизга уйланаман, майли у ҳам яхши чиқар, сиз танлайсиз, ишонасизку. Ўзингиз танласангиз ўзингиз келишиб яшайсиз албатта, майли мен аралашмайман…
Бир зум жим қолган аёлнинг нимадир деб тўнғиллагани, қизининг эса ўз тақдиридан куйинибми пиқиллаб йиғлагани эшитилди. Қиз секин уй тўрига юрди, шу ёқдаги очилмайдигандек туюлган деразани овоз чиқармай очишни эплади-ю оёқяланг юриб кетди. Йўл бўйи хаёлида сўзлар жаранглади. Кейинроқ қиз англадики, унинг уйига келиш фикрини эшитиб талмовсирагани, онаси келиб қолганида бекинишга ундагани ҳам бежизга эмас, уни онасига ёмон кўрсатишни истамаганидан экан.
… «Энди онасини кимга ишонаркин?..» қизнинг томоғига тиқилган «нарса» яна хуруж қилди, тавба, кўзёш билан томоқнинг нима алоқаси бор экан-а?
Ҳаммаси жойида эди, бундан икки ойча олдин. Ҳамма бахтли, ҳамма хурсанд. Аммо қиз энди сезадики, шу бахтли ва хурсанд эканлигини ҳеч ким билмасди унинг уйида, атрофида. Худди бошқача бўлиши мумкин эмасдек, ҳаммаси қоидаси билан, жой-жойида кечишига кафолат олгандек хотиржам яшашарди. Қиз ҳам ўзича ақлли, ҳамма нарсани билиши ва тушунишига ич-ичидан ишонар, ҳар кунлик ишларини бажариб, ибодатларини ҳам қилгани куйи бундан қандайдир мағрурланар экан энди билса. Чин дилдан, ўша айтилагнидек ихлосни ҳис қилиб қилмас экан, чунки унда ҳамма нарса яхши эди-да. Токи ўша оддий томоқ оғриғининг тезда тузалмаётганидан шикоят қилиб борган шифокори уларга даҳшатли ташхисни айтмагунича…
У орадан ўтган бир ярим ой муддат ичида ўзи билан гаплашавериб, йиғлайвериб, тушкунликка тушавериб руҳий зарбаларнинг энг охирги босқичига келди назарида. Бундан пастроқда тушкунликка тушиш учун ҳам жой бўлмаса керак. Боя онасининг аҳволига тузукроқ қараб ўйлаган ўйи скамейкада ўтирган болани кўргач яна эсига тушди. Балки бир оз ўзгариш керакдир? Ўлаётган бўлса, ҳаммани ўзи билан ўлдириш шарт эмаску? Бундай бир бурчакда ғужанак бўлиб эмас, сал ибратлироқ ўлим топса ҳам бўладику? Ҳали ҳеч қаери оғримаётган бўлса. Ахир ўлим ҳам фақат бир марта берилади одамга, уни ҳам муносиб кутиб олиш жоиздир балки? Жуда унақа шарафли ўлим топмаса-да, одамга ўхшаб хотиржам, яқинларини омонат билиб, кўнглидагиларни эплаганча бажариш, улгуришга ҳаракат қилган яхшироқ эмасми? У бир фикрга келиб, ўрнидан турди. Ҳадеб ётаверганидан ўрнидан турса боши ҳам айланадиган бўлиб қолибди. Ё бу касаллик аломатлариданмикин? Хаёлига келган фикрни қувиб, ювиниш хонаси томон йўл олди. Йўлда учраган турли ҳолдаги, шундай касаллик билан оғриган беморларнинг юзига қарамасликка уринди. Ювиниб, бироз енгил тортиб қайтиб келганида онаси хавотирда оёққа турғизишига сал қолган экан.
– Вой болам-е, қаерда эдинг, нега менга айтмадинг, бирга борар эдимку??
– Мен тузукман ойи. Ҳеч қаерим оғримаяпти, — ҳар кун ўн марталаб такрорлайдиган гапини айтди у, — жойнамозим билан рўмолим қани?
Шу куни кечки пайтдан бошлаб у дафтарча келтириб, алланималарни ёза бошлади. Эски хаёллари хуруж қилганда ҳаммасини отиб юборгиси келар, бироз вақт ўтиб яна ўзини босиб олар эди. Бирон жойи оғриса эканки, дод вой қилса, ёки шикоят қилса. Ҳозирча кўнглидан бошқа жойи оғримаяпти. Ярамас ажал, индамайгина олиб кетиб қолмоқчимисан дейман, розилик ҳам сўролмай қоламанми деб яниб қўяди хаёлда баъзан, ҳозир сўраса ҳам бўлади-ю бунга тили борманди. Ҳадди сиғмайди аниқроғи, қандай қилиб ота-онасига шундай дейди?! Билади, улар барибир рози. Шундай бўлса-да… У куни акасига айтиб кўрмоқчи бўлди бир. Аммо унинг неча кундан бери уйқу кўрмай қизариб кетган кўзларига қараб, нафасига ичига тушиб кетди, тили айланмади. Майли, сўрамай қўя қолади. Шундоқ ҳам норози бўлишмаса керак, хафа қилган бўлсаям унутиб юборишди шу охирги ойларда… Дафтарчасига ёзган ёзувларига қараб баъзан ўзининг ҳам кулгиси қистайди. Нарсалари, кийимлари, ўзи ёқтириб олган севимли буюмларини яқинларига тақсимлаб чиқди, тўйингиз бўлса унингизни менга берасиз, бунингизни менга берасиз деб талашиб юрган қариндош қизларга «ҳеч қайсингга бермайман» деган нарсаларини ҳам «бериб юборди». Уйдагиларига айтган, қанақа касал эканини ҳеч кимга айтишмайди. Яна кўнгиллари хижил бўлиб юрмасин, нарсаларидан ҳам ирим қилиб… У вафотидан кейин ҳам ўзидан узоқроқ бўлишга уринишлари, жирканишларини сира ҳазм қила олмаётганди. Бир умр шундай тоза-покиза, эгнига гард юқса бош-оёқ кийим алмаштирадиган, битта чивин қўниб ўтган пиёлани обдон тозаламасдан чой ичмайдиган қизга шундай балойи азим дард қаердан ёпишди экан-а??.. У яна дафтарига қаради. Ҳеч кимга қўл теккиздирмайдиган, зўрға пул йиғиб олган ноутбукини укасига, бирор ким қаттиқроқ шарақлатиб очса жони бўғзига келадиган севимли китобларини китобхон жиянига қолдирди. Уларни ўз уйида қолдириб бўлмайди, ахир ҳаммасига исмини ёзиб чиққан, варақлар орасига ҳам ўзига ёққан иборалар, ёки сўзлар ёзиб, қалам билан белгилаб чиққан. Дадаси уйда турган китобни барибир ўқийди, ҳар гал кўзи тушганда яраси янгиланиши шартми… Ўлим олди айтиладиган иймон калимасини ҳар кун юз мартадан ёзиб чиқяпти, у вақт қандай бўлишини билмайдику, бехос унутиб қўйса.. Қила олиши мумкин бўлган ишлари, қила олмаганлари, кечирим сўраш лозим бўлганлари, кўнглидаги айта олмай қолган, ҳали ҳам айта олмаётганлари икки оғиз гаплари… Ҳаммасини бир-бир ёдлаб, ёзиб қўяркан, дафтарини ҳадди сиғадиган кимгадир қолдириш ҳақида ўйлади. У номаълумликдан чўчиётган эди, нима у, қаер у… Яхши бўлиб кетар, билмаганимга қўрқяпман-да дея ўзини овутишга уринарди гоҳи. Ҳамма ёнингда, ҳамма энг яқин, ҳамма тушунаётган бўлса ҳам одам доим ёлғиз, дардини жонининг ичидаги одамга ҳам айта олмас, айтганда ҳам ҳеч ким дардига малҳам бўлса олмас, бундан дард кўпайса кўпаярки, камаймас экан. «Умрим тўкилай деганда файласуф бўпкетяпманми» жилмайди у, «Эсиз, шунча ақл билан ўлиш ҳайф-да», маҳзунгина ҳазил қилиб қўйди ўзича. Сўнгги кунларда хаёлида фақат битта истак айланади, бу «Эй Худо, мени бошқаттан туғилтириб қўй» дегандек амалга ошмас бемантиқ истак бўлса-да, буни хоҳлашдан сира ўзини тия олмайди: худди илгари бўлмагандек йўқолиб кетса-ю, ер юзида жасади ҳам қолмаса. Ота-онаси унинг илгари бор бўлганини ҳам унутиб, доимгидек тинч-хотиржам яшайверишса… Жанозада жон узилгудек «болам»лашмаса, тобутининг бир четидан кўтаришмаса… Ҳар тонг қабри устида дуо ўқиб, тупроқ силашмаса… Эҳҳ, ҳаммаси бирам қийин, бирам азоблидекки… Қачон ўтиб кетаркин… Сал нарса бўлса олдиндан тушларига кириб аён берадиган рўёлар гўё уни тарк этгандек, умуман тушлар ҳам кўрмай қўйди-я. Уч кун аввал бошқа шаҳарга таҳлил учун жўнатишганидан буён туши билан ўнгининг фарқига ҳам бормай қолди. Ўзи шусиз ҳам уйқудан бегонасираб қолган кўзлари жой синабми, умуман ухлолмай ҳам қолди. У сўнгги кунларда тушларида нариги оламидан озгина бўлса-да хабар берилиб, кўнгли таскин топишини жуда истаётган эди, диний китоблар орқали анча-мунча нарсадан хабардор бўлса ҳам айни пайтда ўзини манзилни аниқ билмай йўлга чиқишга жазм қилган йўловчидек ҳис этарди.
— Акангиз ташқарида битта врачни бўғиб ташладила, — онасининг қўлига суянганча ҳовлида айланиб келган, қаттиқ озганидан кўзлари ҳаддан ортиқ катта кўринадиган ҳамхонасининг илк марта жонлангандек эшитилган овози унинг хаёлларини тўзғитиб юборди.
— Мени акамми?! Нега? – дераза ёнига югурди у, — ўхшатгандирсиз.
— Йўқ, сизни акангиз! Дадангиз, бошқа дўхтирлар зўрға қутқариб қолишди, йиғлаяптила акангиз.
«Охири чидолмапти-да» бошини чангаллаб ўрнига ўтирди у. Эшик тарақлаб очилди. Отилиб кирган онаси у йиғлаганча уни қучоқлаб олди. «Ҳаа?..», «Оз қоптими?» унинг хаёлига яшин тезлигида шу фикр келди негадир. Тинимсиз йиғлаётган онаси фақат бир жумла айта олди:
— Касал эмас экансан..
— ..?!

***

Оғриқ йўқлиги туфайли бу ерга қайта текшириш учун юборилган қизнинг ташхис натижаларидан ҳайратга тушган шифокорлар у илк бор текширилган шифохонага мурожаат қилиб, вазиятни аниқлаштиришга ҳаракат қиладилар. Оқибатда у ўз шаҳридаги онкологик касалликлар шифохонасида унга берилган ташхис натижалари врачнинг эътиборсизлиги оқибатида бошқа беморнинг ташхис натижалари билан адашиб кетганлиги маълум бўлгунига қадар, салкам икки ой давомида гўёки икки дунё орасида яшабди.. Ота-онасини қаритган икки ой… Ака-укаларининг кўзларидаги ёшини қуритган, ухлатмаган, яқинларини бир-бирига янада яқин қилган икки ой.. Ноёб, қимматбаҳо ва кераксиз дори-дармонларга кўмилган икки ой… Даволаниши керак бўлган бошқа бир бемор хотиржам яшаган икки ой… У Худога энг яқинлашган икки ой…
Ўз хатосидан ўзи ҳам саросимада қолган ёш шифокор қиз даволанаётган шифохонага келиб ҳам бу оқибати даҳшатли бўлиши мумкин бўлган айбининг ёпиқ қолишига эриша олмади. Қайтага неча вақтлардан бери хотиржам уйқу нималигини билмаган, асаблари узилар даражага келган акасининг муштларидан татиб қолди. Жигаргўшасининг омон қолганини Худонинг бир ҳадяси, буларнинг барчасини Унинг синови деб билан ота ўғилларига шифокорни судга беришларига рухсат бермади. Фақат бир шарт билан: «Ишидан кетсин! Бошқаларнинг боласини ҳам мени боламдек сарсон қилмасин». Албатта ёш шифокор жон-жон деб рози бўлди бунга.
…Эҳ, шартта уйга қайтиб кетишмаса бўларди-да! Шунақа чиройли шаҳардан-а! Ҳали яна бир сидра кийим қилиши керак, баҳорга кийим олмадиям, манави ташвишларни деб. Сумкасиям модадан қолибди. Ҳали уйдагиларни пулиям қолмагандир, яна бир маош айлангунча кутиб туради шекилли. Энди шу неча кундан бери касални кийимидек кўриниб қолган кўйлаги билан қайтиб кетадими эҳ.. У шу хаёл билан ўрнини апил-тапил йиғиштираркан, кўм-кўк осмон ранги акс этган дафтар оёқлари остига тушди. У эгилиб дафтарни олди. Варақларкан, нималар қилмоқчи бўлгани, нималарини кимларга бермоқчи бўлгани ёдига тушиб, кўзларига ёш қуйилди.
«Ҳооо, бермайман!..» ҳазил аралаш жилмайиб пичирларкан, кўзёшларни тийишга ҳаракат ҳам қилмади.

* Ражо-умид ва ундаги ширк! بسم الله الرحمن الرحيم Ражо (умидворлик) қалбга тааллуқли ибодат бўлиб, орзу қилинган нарсага эришишни исташ, рағбат ва умид қилиш

24 Yaqinda Miyonqolda bo’lib qaytdim. Hazrati Maxdumi A’zam va boshqa ulug’lar xobgohlarini ziyorat qildim. Oqdaryo tumani gazetasining 90 yillik tadbirlarida, “Navnihol” ijodkor yoshlar klubi mashg’ulotida ishtirok etdim. Bolalik xotiralarim qayta uyg’ondi…

OQQAN DARYO OQADI
Orziqul Ergash


Quchog’ingga boshimni qo’ydim,
Sen chekkan g’am, hasratda kuydim.
Suydim sening Oqdaryongni men
Hamda Qoradaryongni suydim,
Ey, qalbimning onasi, Vatan!..

O’zbekiston xalq shoiri Xurshid Davronning ushbu satrlarini qalbimga juda yaqin olaman. Sababi, Zarafshonning ikki irmog’i – Oqdaryo va Qoradaryo oralig’ida – Miyonqolda tug’ilib o’sganman. Biz miyonqolliklar o’z yurtimizni Amu va Sir o’rtasidagi ulkan Vatanimizga qiyosan kichik Movarounnahr deya faxrlanib yuramiz. Xurshid akaning ham Miyonqolga alohida muhabbatli munosabati ham bejiz emas, deb bilaman. Chunki bu zamin uning ma’naviy piri, qolaversa bobokaloni, naqshbandiya piri murshidlaridan biri Maxdumi A’zam Dahbediy mangu qo’nim topgan, shuningdek, buyuk mutasavvuf shoir So’fi Olloyor, Miyonqol Gomeri deya e’tirof etilgan, Buxoro amiri adolatsizligiga qarshi ko’tarilgan “Buyuk Miyonqol qo’zg’oloni”ning ma’naviy rahbari Xoja Vola, Chor hukumatini talvasaga tushirgan Namoz Primqulday qasoskor va yana ko’plab O’zbekning ulug’lari yashab o’tgan tabarruk maskandir…
045Yaqinda Miyonqolda bo’lib qaytdim. Hazrati Maxdumi A’zam va boshqa ulug’lar xobgohlarini ziyorat qildim. Oqdaryo tumani gazetasining 90 yillik tadbirlarida, “Navnihol” ijodkor yoshlar klubi mashg’ulotida ishtirok etdim. Bolalik xotiralarim qayta uyg’ondi: bir paytlar sakkiz qator she’rimnining to’rt qatorini o’z obzor maqolasida keltirib, umidli yoshlar safiga qo’shib ketgan rahmatli Rustam Aminov, “Atirgul” nomli hikoyamni chop etib, menga “syurpriz” qilgan Erkin Azamatov kabi ilk ustozlarimni bir-bir esladim. Va yana poytaxtga yo’l olganimda qo’ltig’imda besh-o’nta hikoyam, she’rlarim bosilgan bir dastagina tuman gazetasidan bo’lak hech vaqom bo’lmaganini ham…

***

“Navnihol” ijodkor yoshlar klubi bundan qirq besh yillar muqaddam “Oqdaryo ovozi” (sobiq “Leninizm yo’lidan”) gazetasi qoshida tashkil etilganidan xabarim bor. Bugungi kunda Respublikamiz gazeta-jurnallari, televideniye va radiosida samarali faoliyat yuritayotgan Tohir Doliyev, Dildora Mardiyeva, Nurilla Narzullayev, Kubarro Bahromova singari ijodkorlar, shuningdek, O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi, O’zbekiston Xalqaro “Oltin meros” xayriya jamoat fondi Oqdaryo tuman muassasasining raisi, bir qancha nasriy, she’riy asarlar muallifi Oygul Mamatova, “Oqdaryo ovozi” gazetasi muharriri, taniqli publitsist Yo’lchi Muhammadiyev, umumta’lim maktablarida ona tili va adabiyoti fanidan yoshlarga saboq berib kelayotgan Erkinoy Qarshiyeva, Asliddin Fayziyev, Ozoda Fayziyeva, Gulsara Tinibekova, Saodat Ahmedova, Nigora Shukurova, Xadicha Qobilova, Mehribon Haqberdiyeva, Sa’dulla Qo’shoqovlar ham bir paytlar ana shu klub a’zolari edi.

***

Taniqli adiba Oygul Mamatova bosh-qosh bo’lib turgan klub faoliyati keyingi yillarda yanada jonlanibdi. Talabalar, o’quvchilar, o’qituvchilar va boshqa turli kasb egalari hisoblanmish ijodkorlar asarlarini jamlab, saralab har uch yilda “Oqdaryo bayozi” alьmanaxi chop etib borilarkan. “Oqdaryo ijodkorlari” telegram kanali to’garak a’zolarining yangi asarlaridan tashqari, Respublikamiz va Xorij adabiy hayotiga oid yangiliklarni ham muntazam yoritib borayotgani tahsinga loyiq. Shu yilning aprelidan boshlab tumandagi 57 ta umumta’lim maktabiga, aynan, “Navnihol” ijodiy klubi a’zolari ijodiy-madaniy masalalar bo’yicha targ’ibotchi sifatida ishga olinibdi. Bu esa yosh avlodni adabiyotning sehrli olamiga yaqinlashtirish, iqtidorlarni qo’llab-quvvatlash uchun g’oyatda qulay imkoniyat degani.
O’zbekiston Yoshlar ishlari agentligi va Respublika Yosh ijodkorlar kengashi hamkorligida tashkil etilayotgan ijodiy “Duel” loyihasini birinchi bo’lib oqdaryolik yoshlar boshlab berishibdi. Navro’z Hasanov, Farhod Ro’ziyev, Gulhayo Anorova, Bahodir Iskandarov, Doniyor Teshayev, Ozoda O’roqova, Charos Qurbonova, Shahnoza Rasulovalar nafaqat tuman, balki viloyat hamda respublika miqyosida o’tkazilayotgan turli adabiy-ma’rifiy loyihalar, tadbirlar (masalan, “Duel”, “Xiyobon oqshomlari”) da faol qatnashib, sezilarli natijalarga erishib kelishayotgan ekan…
Endi klub mutasaddisi, adiba Oygul Mamatova xususida to’xtalsam: u bundan bir necha yil muqaddam “Mening Toj-Mahalim” nomli tarixiy-tadqiqiy risola e’lon qilib, unda mashhur “Tohir va Zuhra” dostoni va uning tarixiy ildizlariga oid turli munozarali bahslarga javob bo’larli yetarlicha ma’lumotlar, ilmiy dalillar keltirgan va tumandagi Qorabotir qishlog’i yonidagi qadimiy “Tohir-Zuhra” qabristonini obod etish, bu yerda “Muhabbat saroyi”ni barpo etib, yoshlar, sevishganlar ziyoratgohiga aylantirish g’oyasini ilgari surgan edi. Bundan tashqari uning shu mavzuda vaqtli nashrlarda, teleradiodagi chiqishlari respublikamizning bir qancha tarixchilari, adabiyotchilari va rasmiy doiralari e’tiborini tortib, hozir bu manzilda obodonlashtirish ishlari boshlanib ketibdi. Mazkur ilhombaxsh tashabbus sabab bo’lib, keyingi uch yil ichida “Tohir va Zuhra” turkumidagi o’zbek xalq dostonlari qatoriga ikkita yangi doston qo’shiladi. Dostonlardan biri farg’onalik shoira Muqaddasxon Ahmadjonova qalamiga mansub bo’lib, ikkinchisini nurobodlik baxshi shoir Shavkat Bobomurod yaratadi. Bulardan tashqari, Oygul Mamatova va “Navnihol” klubi yoshlari sa’y-harakati bilan tuman baxshichilik san’ati tarixi o’rganilib, Ergash Jumanbulbulning safdoshi Parda shoir Do’syor o’g’lining hayoti haqida bir qator ma’lumotlar matbuot sahifalarida e’lon qilinadi. Tuman hokimligi homiyligida “Tohir va Zuhra” ziyoratgohi qoshida samarqandlik baxshi Shavkat Bobomurodning “Tohir va Zuhra” dostoni bo’yicha “Baxshilar ijrosi ko’rik-tanlovi”ni o’tkazish rejalashtiriladi. O’zbek xalq baxshilarining buyuk ustozlari va mashhur dostonlar yurti bo’lgan Samarqandda, aynan, Miyonqol zaminida boshlangan bu xayrli ish – “Tohir va Zuhra” dostonining baxshilar ijrosida ilk bor yangrashi – o’zbek baxshichilik san’atining qayta uyg’onish davrini boshlab bersa ajabmas…
Xullas, safar davomida Miyonqolda, xususan, Oqdaryoda ana shunday ijodiy uyg’onish ruhini his etdim, hayratlandim, quvondim. Va donishmand xalqimizning “oqqan daryo oqadi” degan nekbin aqidasi haqligiga yana bir karra imon keltirdim.

OQDARYO IJODKORLARI KUTUBXONAMIZ MEHMONI


09Oygul MAMATOVA

1955 yil Oqdaryo tumanining “Chavka” qishlog’ida tug’ilgan. Samarqand Davlat Universitetining o’zbek tili va adabiyoti fakulьtetida tahsil olgan.
U 1990 yilda O’zbekiston Respublikasi Oliy Kengashi deputatligiga saylandi va 1996 yilga qadar Parlamentning Madaniyat, maorif hamda oshkoralik doimiy qo’mitalarida ishladi. Shundan so’ng bir qancha yillar Samarqand Davlat Universitetining til va adabiyot fakulteti qoshidagi jurnalistika bo’limida o’qituvchilik qildi. Hozirda O’zbekiston Xalqaro “Oltin meros” xayriya jamoat fondi Oqdaryo tuman muassasasining raisi sifatida faoliyat yuritadi.
Oygul Mamatova O’zbekiston Yozuvchilar Uyushmasining a’zosi, “Jannat qushi”, “Darvesh ayol”, “O’lik shoh”, “Sadoqat”, “Mening Toj-mahalim” nasriy, she’riy hamda publitsistik asarlar muallifidir.

DARVESH AYOL

Yo’l uzunmi, tun uzun?
Darvesh ashulasi uzun.
(Xurshid Davron she’ridan)

O’tib ming asrlar, minglab asrlar,
Bu dunyo darveshlardan soqit bo’lmadi.
Gadoyning hovuchi donga to’lsa ham,
Shohlarning g’aznasi qonga to’lmadi.
Dunyoni uyg’otdi darveshlar dodi
Podsholar qilichin yiqdi asolar.
Xaltasiga diyonat rizqini solib,
“Haq do’st!” deya dunyodan o’tdi bobolar.
Ushbu shoh, gado teng asrga kelib,
Xaltasiga don to’ldi darveshning,
Asolari qolib ketdi bir sarqit bo’lib,
Qaysi bir burchida falak gardishning.
Qorni to’q, dodlamay qo’ydi darveshlar,
Ko’chalarga mavhum sukunat cho’kdi.
Shohlarga tayoq olib yugurgan qo’llar,
Ta’zimga o’rgandi , tizini bukdi.
Ammo,
Ayollar zotiga tan berdim alhol,
Yigirma asr sabrning chokin sitmadi.
Erin gadoy xaltasidan ushoq yutsa ham,
Ayollar zotidan darvesh chiqmadi.
Tanlari asodek qurib bitsa ham,
Jon so’rab tursa ham bo’g’zida yo’qlik,
Chidadi, soch yoyib, yo’lga chiqmadi,
Iffatin kafan qilib, yiqildi sho’rlik.
Hayhot, bugunchi?!
Xaltasiz gadoylar yo’llarda nozir,
Qo’shiqsiz devonalar shilar elimni.
Ayollar ko’nglida yo’qdir qanoat,
Tirik yetimchalar izlar qo’limni.
Til boshqa, dil boshqa so’zlasa yurak,
Suyangan bir tog’im ketsa bo’linib,
“DOD!!!” deya ko’chaga chiqqim keladi.
Ayollar zotidan ilk darvesh bo’lib.
Yo’q,
Men shoir bo’lmayman, yozmayman kitob,
Chidab turolmayman she’rim chiqquncha.
Men darvesh bo’laman, yo’lga tushaman,
Va ortga qaytmayman kunim bitguncha.
Yalangoyoq, Samarqanddan to OROL qadar,
Asolarim yuragimga sanchib boraman,
Hovuchimga yig’aman men elim ko’z yoshin,
Yelkamga bor topganimni ortib boraman.
Oyog’im qumlarda kuyib yig’layman,
Bisotda bor yo’g’im to’kib yig’layman.
G’arib to’lqinlarga termulib, chanqoq,
Olti bolam yig’lar menga qo’shilib,
Dengizimni yo’qlab, yo’qlab yig’lasam,
Faryodlarimdan,
Suv ilonlar o’ladi ipday eshilib.
Sho’r tuproqla yuragimni tuzlab yig’layman.
Ko’r ilonlarning qo’ynida muzlab yig’layman.
E…Voh!
Darvesh bo’lmog’imga oz qoldi mening,
Qaytaring, odamlar, meni qaytaring!!!
Ayollar zotidan darvesh chiqsa, gar,
Saltanat silkinar… Oriyat o’lar…
Go’daklar faryodi tutgay dunyoni,
Hassasi tekkan joy nomusdan qular!..
Oh! Ona Xalqim,
Tokim…
“Xaltasiz gadoy”lar yo’qolmas ekan,
Darveshning kunidan tuni uzundir!
“Haq do’st!” qo’shig’ini aytmasang, xalqim!
Mendek darvesh qizingning yo’li uzundir!!!

SUKUNAT DAHShATI

Bo’rilar “u-u-vlaydi”
Odamlar chuvlaydi,
Falak
Hech biridan qo’rqmaydi.
Pastdagilar bir-birin
G’ajib, yutsa ham
Osmon pinagini buzmaydi.
Osmonim,
Oying bor, quyoshing bor,
Etagingda bir botmon
Toshing bor.
Toshingni tashlavor,
Bu g’alva tinsin,
Nahotki,
Ona yerda qasding bor?
Bo’rilar izg’iydi,
Odamlar to’zg’iydi,
Osmon, osmon-da,
Xotirjam mizg’iydi…

BIR AYoL UMRINI YaShADIM

Bir ayol umrini yashadim chindan,
Orzular sehrini qalbimga solib.
“Charchadim” degan bir so’zni aytmadim,
Kaftimga dunyoning dardini olib.

Ag’yorlar yonimdan aylanib o’tdi,
G’animlar qasdimda shaylanib o’tdi.
Meni asrab qoldi poklik ma’budi,
Umrim uning poyiga bog’lanib o’tdi.

Tog’larga urildim, soy bo’lib qaytdim,
Tuproqqa ko’mildim gul bo’lib qaytdim.
Shohlik da’vo qilsa ham boshimda tole,
Men haqning kulbasiga qul bo’lib qaytdim.

Oltmish qutubini kezdim olamning,
Olti pahlavonni karvonga qo’shdim.
Xalqimdan, ro’zg’orimdan ortgan jonimni,
She’riyatdek buyuk tug’yonga qo’shdim.

Bir ayol umrini yashadim chindan,
Olg’a ketayotir yukli karvonim.
Tuprog’ingdan orom topdim, Oqdaryom,
Yuragimda yo’qdir zarra armonim.

Bir ayol umrini yashdim chindan!

09Navro’z HASANOV

1987 yil Samarqand viloyati, Oqdaryo tumani, Yangiqo’rg’on qishlog’ida tug’ilgan. Toshkent Farmatsevtika instituti dorishunoslik fakulьtetida tahsil olgan.
Hozirgi vaqtda mutaxassisligi bo’yicha faoliyatini davom ettirish bilan birga 5-umumta’lim maktabida ijodiy-madaniy masalalar bo’yicha targ’ibotchi lavozimida ham xizmat qiladi.
Navro’zning “Chorlab turing meni yulduzlar”, “Tuyg’ular qo’zg’aloni”, “Seni sog’inib”, “Kuzatish asoratlari”, “Biz kutgan kunlar” nomli she’riy to’plamlari nashr etilgan.

***

Xayolimning suyaklari qars- qars sinar,
Darz-darz ketar, sumbatidan xayolotim.
Sen ketasan, titroqlarim uchib qo’nar,
Va ortingdan qanot qoqar hayol-otim.

Uchiraman, kabutardek qo’llarimdan,
Zotan, sening parvozingda nekbinlik bor.
Butun tanam o’priladi teng yarmidan,
Senda na o’t, iztirobda na tenglik bor.

Kuyib-kuyib yo’l yoritsin bir tomonim,
Botinimda neki bor, sen taraf bo’lsin!
Ey, sen mening yaxshi ko’rgan eng yomonim,
Sharaf bo’lsin, azobingga, sharaf bo’lsin!

Shafqatlaring qatl etdi avflarimni,
Sachrab ketdim, yo’llaringga ishq qon bo’lib.
Halol etdim iztirobda sarflarimni,
Qiynoq berdim vujudimga, dushmon bo’lib.

Tilanaman, tunlaringga xayr so’rab,
Tilinaman, yo’qligingning xanjariga.
Ruh darbadar, sensizlikda dayrsirab,
Va yiqilur seni topmay tan jariga.

O’ldirgandek sensizliklar meni tunda,
Tez o’ldirar kapalakni yaldo tunlar.
Umr berar, tushlarimga faqat endi
Sen men bilan baxtli bo’lgan o’sha kunlar!

***

Ishq meni dunyoga keltirdi,
Qutladi tashrifni fazolar.
Ismimni ilk bora bildirdi,
Qulog’im ostida azonlar.
Ismim-o, ismim-o, ismim-o!

Ishq mening holimga sababchi,
Kuydi-ey, ko’ngilning hududi,
Berildi qaddimga zo’r qamchi,
Lovlanib ketmoqda vujudim.
Jismim-o, jismim-o, jismim-o!

Ismingni naqsh etdim yurakka,
Osiyman, bir qulman sen uchun.
Men qachon yetaman istakka,
Jamoling istakdir men uchun.
Ko’nglim-o, ko’nglim-o, ko’nglim-o!

Botinim o’ralgan pardada,
Zanjirband hattoki qo’lim ham.
Qiynaldim visoling dardidan ,
Ishqingdan qutqarmas o’lim ham .
O’lim-o,o’lim-o, o’lim-o!

Sen mening zikrimni rad etma,
Ko’z yoshim keltirur ashklarim.
O’zimni, o’zimga pand etma,
Seningsiz aylanmas ko’shklarim.
Ko’shkim-o,ko’shkim-o,ko’kim-o!

Amolim gunohdan qatma- qat,
Isyonim ko’ksimni yirtadi.
Lek, senga bo’lgan bu muhabbat,
Ruhimni o’zingga eltadi.
Ishqim-o, ishqim-o, ishqim-o!

Kel endi, o’zing qil hidoyat,
O’zingga egiltir qaddimni.
Zohid qil, topayki kifoyat,
Bildirgin har lahza haddimni.
Haddim-o, haddim-o,haddim-o!

Istig’for so’rarman, ber jazo,
Gunoh- tosh, gunoh- o’t, gunoh- o’q!
Shahodat eturman, to qazo,
O’zingdan boshqa bir iloh yo’q!
Rabbim-o! Rabbim-o! Rabbim-o!!!

* * *

O’ngga yuz burib keldim, chaplarim hayronadur,
So’zga so’z qurib keldim, gaplarim hayronadur,
Gunohga tortilmagan taplarim hayronadur,
Hayronligim — olov bor tuproqtanamda mudom.

Izn ber, yaratiqqa yuzni burmoq kerakdir,
Lainning o’zi kelur, senga bormoq kerakdir,
Ko’zyosh uchun ko’zgacha qalbdan irmoq kerakdir,
Ibodatim riyodir magar qilmasam nido.

O’zing berding rizqlarni, sarsonliklarga qara,
Takabburdan chim kiygan arzonliklarga qara,
So’ng poyingda yig’lagan larzonliklarga qara,
Qanoatpo’sh rusmidan kiygiz egnimga rido.

Bu qanday xomushlikdir, bu ne siru sinoat?!
O’zimdan boshqasiga qilmadim hech xiyonat,
Jamolingga umiddir bilsam asli qiyomat,
Ki ko’p sevdim, sevgili vaslingdan etma judo

Baxtlarga chiroq tutdim, yo’limdan kelgunicha,
Do’stlarga imdod etdim, qo’limdan kelganicha,
O’zimga qo’lim yetmas, to mahshar, o’lgunimcha,
Qo’lidan kelguvchi sen, o’zing qo’lla ey Xudo!

IZTIROB RANGLARI HAQIDA BALLADA

Kitoblarni varog’ladim,
umrim kabi,
— Nega harflar tug’ilurlar
qora rangda?
Rang topmadim,
seni chizar, buyoq na bir,
Rangsizlandim,
tunda osmon qaraganda.

Rang izladim,
Kechalarda, tonglar otmas,
Kunlar botmas,
shafaqlarni qonga bo’yab,
Sen qoldirgan xotiralar
zanglar tutmas,
Rangsiz,
seni molьbertlarga
ketdim suyab.

So’ng chorladim,
daraxtlarni madad istab,
Yer ushladi,
daraxtlarning oyog’ini.
Yurdim izlab,
va lomakon hudud istab,
Surьat istab
yurgan rangning sayog’ini.

Yerda o’tlar tanimadi
bir birlarin,
Yomg’irlarda
rangsiradi kamalaklar.
Rangsiz- rangsiz
gullar ichdi atirlarin,
Hid izlamay,
rang izladi kapalaklar.

Nogahonda shitirladi
Osmonsoya,
Sen uyg’onib,
yuz ko’rsatding kunotarda.
Buyoqlarga izn berib
va nihoyat,
Rang yubording,
ko’kka uchgan qanotlarda.

Och dengizlar shovulladi,
Iqbolingga,
Imdod istar, bir xil rangda,
barcha ranglar.
Ko’z tashlading muruvvatkor, shunda,
Menga,
Sen qoldirgan xotiralar ketdi,
Zanglab.

Oyoq chaydi, ishqkemalar,
tuflab eshkak,
Men sho’ng’idim botinimni
Ranglagani.
Sohillarda sarson yurdim
Ishqiy falak,
Vujud tutdim nuring qadar,
Anglagani.

Anglaganim – endi qiblam
to’rtta tomon.
Tomonsanki,
nihoyangga yetib bo’lmas.
Men yasharman otashingda
kuygannamo
Faqat senga…
faqat senga yetib bo’lmas!

…Dard yubording ko’kka uchgan qanotlarda!…

***

Baxtiyorman,
bu dunyoda borligingdan,
Bebaxtmanmi?
Senga faqat baxtni tilab,
Avaylayman kapalakdek seni,
qo’ngan,
Seni sevgan,
yuragimni silab-silab.

Iztiroblar
iz toparmi yuragingga,
Osmon doya tushlarimda
Tug’ilursan.
Ishqim mening behad senga,
ishqing sening befarq menga,
Yuragimning ilgichiga
cho’g’ ilursan.

Yaxshiyamki, bir havodan
Havolayman,
Tuyulasan, asliyatda,
yo’qsan go’yo.
Bu dardimni endi
qanday davolayman?
Ehtirom et, so’qir etib,
qilib gung yo.

Titrayurman,
Talvasalar – xonumonim,
Kichrayurman,
oniy qadar, yo’qlik tomon.
O, bunchalar sarosarda
mitti jonim.
O, bunchalar seni yaxshi ko’rdim
yomon.

…Yaxshiyamki, bir havoda havolaymiz…

***

Bayramni kutgancha quvonar shahar,
Ko’chalar chiroqlar ko’tarib xursand.
Changigan ishqday oq tutaydi sahar,
Ko’cha bo’g’izimda yig’ilar tirband.

Izg’irin chizadi tuhfanomalar,
Qor sotmas do’konlar peshoynasiga.
Yuzini to’sadi qahvaxonalar,
Qo’lini qo’ygancha peshonasiga.

Shalobbo ko’chalar osmonga ko’zgu,
Chuqurroq fosh etar osmonni ko’lmak.
Tomchi qalamlarda chizgancha chizgi,
Yomg’ir, oynalarni qiladi ermak.

Men esa kiraman qahvaxonaga,
Kutaman, kutadi “Latte”ham hatto.
Qadamlar yukini olar panaga,
Bir qo’shiq boshlanar”L’appuntamento”!

Qahvalar ko’pirib bosilar, harchi
Kuldonga to’kilar tutab ishqmaki.
Ishqo’yin o’ynaymiz kelsang,
Kelsangchi…
Faqat, bir-biridan endi kechmaki.

Ko’chaning boshini silayman- yurib,
Tashakkur qilaman, va oqlik uchun.
Boraman,tamsirab yo’llarni burib
Shirin tushlaringga kirmoqlik uchun.

Bayramni kutgancha quvonar shahar,

***

Yelkadoshim, yelkamga qo’l ista bosh qo’y,
Loaqal, sen ko’z chiqarmay bitta qosh qo’y,
Amal emas, tamal degan Vatantosh qo’y —
Yong’inga suv sepgan bitta qumursqaday.

Ingichkalar o’zlarini uzib yotar,
Yo’g’onlar ham bir-birini cho’zib yotar,
Biz idishmiz, mantig’imiz sizib yotar,
Qarichlar ham bir-bir uzun, bir qisqaday.

Kun kelgaymu, so’rar davr, o’ylar davr,
Topganni ko’r, qashshoq qahr, boylar qadr,
Isrofil ham kuy chalgandir qaylardadir,
Balki bizga eshitilgan sibizg’aday.

Bir-birini yoqar hatto gugurtchalar,
Bizlar esa tutunchilar yo dudchilar,
Burgutinda tuxum yorar burgutchalar,
Bizchi xudda mayna bosgan yumurtqaday.

— Yasha! Davra yoshmas buyuk ish ko’tarsin,
Anglamoq gul chechaklaring tosh ko’tarsin,
Emaklagan Vatan g’oyat bosh ko’tarsin!
Birlashaylik toki bizlar umurtqaday!

09Bahodir ISKANDAROV

1992 yil 24 mayda Oqdaryo tumani, Yangiqo’rg’on qishlog’ida tug’ilgan.
O’zbekiston Davlat Jahon tillari universitetida tahsil olgan. Hozirda Yaponiyada o’qishini davom ettirmoqda.
She’rlari tuman, Viloyat, Respublika gazetalarida, qo’shni Qozog’iston Respublikasi nashrlarida chop etilgan.

***

Tokio aldadi, maftunkor,
Qulaylik eng so’nggi daraja
Bo’lmasin qanchalik betakror,
Sog’inch ham o’shanga yarasha.

Hashamat bosmaydi xumorim,
Binolar hayratim oshirmas,
Yuvmoqqa sog’inching g’uborin,
Qishlog’im, hovlimiz bo’lsa bas.

Qo’ng’iroq qilganda, onam-ay,
Sog’inib qilsalar ko’z yoshi,
Tatimay qoladi, tatimay,
Otning kallasidek maoshi.

Bu yerda umr tez o’tadi,
Yo menga shundayin tuyular,
«Yaponlar ish uchun o’ladi,
Yoki, ishlash uchun tug’ilar».

Mo»jiza yurti bu shubhasiz,
Odamlar kiradi yuz yoshga,
Bu yerda har neni topasiz,
Mehrdan boshqa…

Yaponlar berilmas hislarga,
Robotdek yashaydi ko’rganman,
O’xshab qolmasaydim ularga,
Yo’q, axir mehrda o’sganman.

O’z yurting boshqacha baribir,
Mehrga mehr-la javob bor,
E’tibor qilmassan,xattoki,
Salom-alikda ham savob bor.

Ketaman deymanu, va darhol,
Hayolim olaman to’g’irlab,
Kunchiqar yurti bu – hiylakor,
Sehrlab oladi, sehrlab…

***

Onangizga
yolg’on gapiring,
Betob bo’lib yotgan,
damda ham,
Sog’-omonman ,
salomatman deng,
Yolg’oningiz
bo’ladi malham.

Kulib ayting,
xushchaqchaq ayting,
Dardingizni
aslo sezdirmay,
Sizdan ko’proq
kuyadi,qayting
Yuzlariga
ajin chizdirmay.

Aldasangiz
onam deb illo,
Yolg’oningiz
rostga o’tadi,
Siz-u bizni
o’stirguncha to,
Shuncha kuyib
yongan, yetadi.

Mayli, omad
chopmasin baxtda,
Dard sinovlar
ketma-ket kelsin,
Bari yaxshi,ona,
deng shartta,
Bolam baxtli
deya suyunsin.

Yolg’onchidir
asli onalar,
Mudom bizga
yolg’on so’zlagan,
Hatto, betob
yotib qolsalar,
Bolam, sog’man
deya aldagan.

Xohi betob,
xoh sog’ chog’ingiz,
Xizmatida yoning,
barq uring,
Poyi jannat,
qiblagohingiz,
Onangizga
yolg’on gapiring.

***

G’amlar endi menga
qilmang qo’ng’iroq,
Men hozir baht bilan
suhbat quryabman,
Menimcha bu suhbat
davomi uzoq,
Bahtning qulog’iga
lag’mon ilyabman.

Tashvishlar hech qilmang,
ovvora bo’lib,
Baribir bosmayman
yashil tugmani,
Shodligim toshyabdi
favvora bo’lib,
Sizga ajratuvchi
vaqtim yo’q, mani.

Dardlar o’qimayman
qoldirmang xabar,
Hozir omad bilan
xabarlashyabman,
Ishq meni sog’inch-la
intizor kutar,
Men ham sog’inganman,
uyga shoshyabman.

Sinovlar hush keling,
qoqavering sim,
Xudo qo’llab tursa
sizdan o’taman,
Sabrim yaqin do’stim,
shukr qallig’im,
Iymonni qo’lidan
mahkam tutaman.

Ovvora bo’lasiz
janobi sitam,
Meni sindirolmay
bervorasiz tan,
Meni duo qilar uyda
volidam,
Bilsang omad mening
tug’ishgan akam.

Qani muammolar
qoching yo’limdan,
Kulib o’ldiraman
bardoshingizni,
O’zga ishonchim ko’p,
kelar qo’limdan,
Suzib o’tishga ham
Yapon dengizin.
Faqat Alloh meni
qo’llab tursa bas,
Volidam duolar
yo’llab tursa bas.

Hullas yomonliklar
yuring uzoqroq,
Toqatim yo’q sira,
ig’vo-g’iybatga,
Qilsangiz agarda
yana qo’ng’iroq,
Barchangiz tiqaman qora ro’yxatga!..

***

Kimdir yo’lga qo’yibdi Marsga
Yo’lovchilar bilan uchmoqni,
Bizda hamma shoshadi bahsga,
Qattiq X mi yoki yumshoqmi?

Nobelь oldi birdan besh yapon,
Yechib ilmu fanda jumboqni,
Bizdagi bahs etmoqda davom,
Qattiq X mi yoki yumshoqmi?

Mashinalar chirigan g’arbda,
Boshlar havo bilan yurmoqni,
Lek teng kelmas bizlarga bahsda,
Qattiq X mi yoki yumshoqmi?

Texnologiya asrida yashab,
O’ylab yursak gazni, chiroqni,
Derlar gapir odamga o’xshab,
Qattiq X mi yoki yumshoqmi?

Ziyoliman degan bittasi,
Gapiryabdi kalta paypoqni,
Bizdagi bahs, qizg’in nuqtasi,
Qattiq X mi yoki yumshoqmi?

Attang, birlasholmay qoldik-a?
Deya dindor, dinsiz, ko’k-oqmi?
Bo’linvolib to’qson oltiga:
Qattiq X mi yoki yumshoqmi?

Hovuzim deb suyar baqalar,
Korruptsiyaga botgan botqoqni,
Korruptsiyamas mavzu, akalar,
Qattiq X mi yoki yumshoqmi?

Maqtanamiz bobolarimiz,
Qara Temur, Bobur, Shiroqni,
Bugun bahsda bolalarimiz,
Qattiq X mi yoki yumshoqmi?

O’ttiz yilda ham yoqolmasak,
Navoiylar yoqqan chiroqni,
Bizni kechir ey O’zbek tilim,
Qattiq X mi yoki yumshoqmi?

Xalq bo’l endi, xalq bo’l jon elim,
Biri ikki bo’lmas tarqoqni,
Bizni faqat qutqarar ilm,
Qattiq X mi yoki yumshoqmi?

Ilmimizga bahsimiz loyiq,
Ishlatmaymiz kalla-qovoqni,
Handalakda ayting, xaloyiq,
Qattiq X mi yoki yumshoqmi?

09Farhod RO’ZIEV

1994 yil 1 yanvarda Oqdaryo tumani Yangiqo’rg’on qishlog’ida tug’ilgan.
O’zbekiston Davlat jahon tillari universitetining frantsuz filologiyasi fakulьtetida tahsil olgan. Hozirda Oqdaryo tuman xalq ta’limi bo’limi metodisti vazifasida faoliyat yuritadi. She’rlari tuman, viloyat, respublika gazeta va jurnallarida chop etilgan.

OTAMGA

Ota, ishqning ko’zlari yumuq,
Bildim: hayot – oq, qora ranglar.
Ota, oyning o’n beshi yorug’,
Axir tunni yengadi tonglar.

Ota qachon havas qildingiz,
Yuzlarida ajin borlarga.
Baxtimizni sotib oldingiz,
Sochingizga yoqqan qorlarga.

Men qishloqdan ko’ngil uzaman,
Siz men uchun botasiz terga.
Oyoq cho’zib she’rlar yozaman,
Siz ketmonni urasiz yerga.

Qachon yaxshi o’g’il bo’larman,
To’ldiraman baxtga qo’ynini?
Men bilmayman qanday to’larman,
Qabargan bu qo’llar xunini.

Kel, demoqqa siz iymanasiz,
Aytolmaysiz so’zingiz bilan.
Men boraman…
Siz jilmayasiz,
Ajin to’la yuzingiz bilan.

TONGNI KUTIB

Xayolning pinjida sanaladi kun,
Bir kunga kechikdi diydorning sasi.
Tasalli beraman “O’tmay qolmas tun”,
To’lmoqda sabrning siniq kosasi.

Dunyoni unutdim seni eslasam,
Quyosh uyg’onmadi, tonglar otmadi.
Tun bo’yi yulduzlar ichadi qasam,
Diydor yaqinligin hech kim aytmadi.

Bo’g’zimga tiqilar sog’inchning zahri,
Saflari kengaydi holi tanglarning.
Tunlar meni yutib yubordi axir,
Tun bo’yi qarg’adim otmas tonglarni

Aldadim,yupatdim o’zim o’zimni,
Ko’zlarim uyquni bu tun unutdi.
Erinmay chaynadim “sog’inch” so’zini,
Faqat sen haqdagi tushlar ovutdi.

… yupqalashib borar tunning ko’rpasi,
Ilinj kutaverdim men shamollardan.
Qara, ko’rinmoqda tongning sharpasi,
Diydor isi kelar sen tomonlardan.

***
…ga

Unga maskan bo’lmoqlik uchun,
Dunyo hali poklanishi shart.
Ko’ngli emas iymoni butun,
Unga kelsa baxtli bo’lar baxt.
(A’zam O’ktam)

Yuragida olov, ko’zi charosim,
Yillarning qaridan topgan xazinam,
Bo’ylari, o’ylari o’zimga mosim,
Ko’zlari, so’zlari mening o’zginam.

Dengizlar qalqidi nursiz ko’zimda,
Kutilmagan baxtdan boshim aylandi.
Chimmatdek tunlarim kunduz bir zumda,
Gado edim zumda shohga aylandim.

Yomg’irlardan qochib, topdim shudringni,
Olovinga bordim, o’zim xohladim.
Olovrang atirgul, sening qadringni,
Hatto hayotimdan qimmat narxladim.

O’ylarim qisqardi, bo’ylarim o’sdi,
Muhabbat kechvordi gunohlarimdan.
G’amlarim sochinga o’zini osdi,
Orzular tug’ildi nigohlaringdan.

Endi qaytarolmam ko’ngilning royin,
Har nafasim otash, har so’zim o’lan.
Umringa qo’shiqlar olib kirayin,
Jonim, yarqiragan peshonam bilan.

Sensiz tunlarimga yetmaydi kuchim,
Mahkamroq ushlagin, tutgin qo’limni.
Ey Xudo, men uchun, faqat men uchun,
Asragin olovrang atirgulimni.

* * *

Namlanadi ko’zlaring munchoq,
Kuydiradi azoblar cho’g’day.
Yolvorasan ortimdan uzoq,
Mendan boshqa hech kiming yo’qday.
Jon qayraysan mening qasdimga,
Haqqing yo’qday baxt kutolmaysan.
Qarolmayman men ham ortimga,
Sen ham meni qarg’ayolmaysan.
Gunohkordek chekasan faryod,
Charchamaysan million yil kutib.
Xo’p yoqamdan oladi hayot,
Muhabbatning uvoli tutib.
Bildim sensiz baxti qoraman,
Ishqing dilga botadi tig’day.
Quchog’inga kirib boraman,
Sendan boshqa hech kimim yo’qday.

Sendan boshqa hech kimim yo’qday…

ARMON QO’ShIG’I

To’y. Olqishlar yog’ilar
Ikki yoshga yor-yor.
Hamma xursand, hamma shod
Mendan boshqa yor-yor.
Gul otaymi, tosh otay
O’lanchiga yor-yor.
Baxtlar tilashar tinmay
Yolg’onchiga yor-yor.
Bizni ayirdi taqdir
Kimda gunoh yor-yor.
Sevgimizga butun bir
Qishloq guvoh yor-yor.
Bu to’yxona men uchun
Bir mayxona yor-yor.
Nahot endi ikkimiz
Besh begona yor-yor.
Endi menga bir armon
Mangu sirsan yor-yor.
Baxtingni ham ko’rarman
O’lmay tursam yor-yor.

QAYTISh

Talabaligim tugar,
Binolar boshin egar.
Xayr, onajon shahar,
Qishlog’imga ketyapman.

Uzun-uzun o’ylarim,
Xayr, ravon yo’llarim.
Bugun o’sha qo’llari,
Qadog’imga ketyapman.

Yoshlik qolar ortimda,
Olifta kostyum-shimda,
To’nlari nimta-nimta,
Yamog’imga ketyapman.

Sog’inganman izlarin,
Meni kutar ko’zlari.
Non yopganda yuzlari
Yonog’imga ketyapman.

Borsam ko’ngli bayramning,
Kutib ko’zlari namning,
Bir mushtipar onamning
Quchog’iga ketyapman.

Taqdir ayirar bizni,
Ko’zda yosh kursdosh qizning.
Qishloqi qaro ko’zning,
«Tuzog’i»ga ketyapman.

Maysalarda yotganim,
Buloqlarin totganim,
O’sha, senga aytganim,
Uzooog’imga ketyapman.

ISTAK

Majnuntolning sochlariga
G’amlarimni osgim keldi,
Lolalarning qon bag’riga
Yuzlarimni bosgim keldi.
Bir beg’am chinor misoli
Osmonlarga o’sgim keldi,
O’sib-o’sib boshginam-ay
Yulduzlarga yetsin meni.

Hoy, Oymomo osmoningga
Chaqir meni kechalari.
Tovonomdan past bo’pqolsin
Osmonning shu bo’ychalari.
Sog’indim-ay bolalikning
Changli-changli ko’chalarin,
Sho’x shamollar qo’llarimdan
Tutib olib ketsin meni.

Bolalikka qaytish edi
Ushalmadi bu orzuyim,
Ishqdan yara yuragimda
Xotiralar uyum-uyum.
Olislarda bir qiz meni
Sog’inarmish yig’lab yum-yum,
«Ko’z yoshlari daryo bo’lib,
baliqlari yutsin» meni.

Nega hukm chiqarmaydi
Muhabbatning qozilari,
Ana, chapak chalayapti
Anduhimga rozilari.
Yetolmagan, ko’rolmagan,
Ushalmagan orzularim
Bir kun yerga kirar bo’lsam,
Qulog’imdan tutsin meni.

09Gulhayo ANOROVA

1998 yil Oqdaryo tumani Yangiqo’rg’on qishlog’ida tug’ilgan.
«Vatan madhi», «Yurtim bog’lari» nomli she’riy to’plamlari chop etilgan. «O’zbekiston bahori II» ijodiy festivali g’olibi. «Samarqand she’r oqshomlari» turkiy tilli yoshlar anjumani va O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi tomonidan o’tkazilgan «Zomin» seminar ishtirokchisi. Hozirda Alisher Navoiy nomidagi Toshkent Davlat til va adabiyot universiteti talabasi.

***

Daraxt yaproqlardan qaytmish so’nggi bor
Aldanib shamolning alqovlariga.
Xazonrez yelvagay qo’nar bog’larning
Selgib ulgurmagan halqoblariga.

Peshonamdan o’tgan uzun yo’llarning
Kaftim-la sidirdim yomg’irlarini.
O, kimga ishonsin nuragan dunyo
Mangu daraxtlarning tomirlarini?

Sitilib bormoqda ruhim qatidan
Ildizin yo’qotgan zangori olam.
Yodingni o’rtarmi bir ishqqa tashna
Ko’ngil taraflarda tentigan odam?

Ha, menman. O’zanin bilmagan mavjman —
Ketmoqqa imkon yo’q, qaytmoqqa hojat.
Senmiding ko’zlarim qirg’oqlaridan
Qachondir sirg’alib ketgan munojot.

Daraxt yaproqlardan qaytmish so’nggi bor…

***

Tobora ruhingni ishg’ol etar tun,
Tobora moyildir gunohga jisming.
Oy va nigoh aro zarra g’ubor yo’q,
Tobora hayvonga do’nar bir qisming.

Yozga kirib borgan kechalaringda
Qo’rquv lazzatidan bo’lursan karaxt.
Va senga ergashar ismi noayon
Binolar egnidan yog’ilgan farah.

Qay bitta Xudodan to’kilding begard,
Qay Tangri tingladi beg’araz doding?
Ko’hna suvlar oqqan ko’hna qirg’oqqa
Ko’lankadek singib borar faryoding.

Va shamol ilohi izlaydi maskan
Nedandir g’azabnok, nedan norizo.
Yoki nom axtarar o’lik lahzaga
Behudud osmonning jimligi aro.

Ey, quyosh taftini intizor kutgan,
Shu kecha parvozing etgin tasavvur.
Va qayta anglarsan tuproq ekaning
Yukli shafaqlarning bo’yida masrur.

Tobora ruhingni ishg’ol etar tun,
Tobora moyildir gunohga jisming…

***

Chirik xazonlarning ostidan boqar
Nish otmish chechakning zangor sharpasi.
Nigohim simirgan gunohday tunning
Bir visol istaydi harir ko’rpasi.

Otam qo’llaridek saxiy zaminning
Kaftida qavardi tog’lar, qoyalar.
Bodom shoxlarida arg’imchoq uchsam,
Boshimga to’kildi oppoq soyalar.

Men asray olmadim, ota, kechirgin,
Ko’zimning bepoyon, pok dashtlarini.
Rayingga qarolmay o’tgan yillarning
Kim butlay oladi shikastlarini?

Qishlovdan qaytmagan qushday badarman,
Sog’inch to’kdim daraxt o’yiqlariga.
Qachondir qaytaman bu olis yo’lni
Berkitib tovonim yoriqlariga.

Chirik xazonlarning ostidan boqar
Nish otmish chechakning zangor sharpasi…

* * *

1

Yana uyg’onaman
hech kimga —
Na suvga,
Na odamzodga
oshkor etib bo’lmas tushlar ichra mast.
Yo’q, sira o’ylamam suvning titrashin
Yoki biror kimning vahm sharpasin.
Shunchaki, zabonim ro’yolar aro
sargardon ruhimni oshkor etolmas.

Tushimda g’iyqillab turgan eshikning
Ustida turardim,
Oyoqlarim shol.
Pastga tushay, desam
yer juda uzoq.
Shiftga chiqay, desam
kuydirar chiroq.
Eshik esa tinmay qimirlar behol,
Shundan hadik meni etmakda ishg’ol.

Bilmayman,
Eshikdan narida ne sir.
Bilmayman,
Ortimda nelar oshkora.
Eshikni yopayin, desam shalvirab
osilgan oyog’im devorga borib
qisilib qolishdan qo’rqdim tobora.

So’ng damda uyg’ondim,
Tomonlarimni
qurshagan arosat meni mahv etdi.
Quchog’i asrorga to’lgan kechaning
rangsiz tushlari-la poyiga yetdim.

II

Yana uyg’onaman
hech kimga —
Na suvga,
Na odamzodga
oshkor etib bo’lmas tushlar ichra mast.
Yo’q, sira o’ylamam suvning titrashin
Yoki biror kimning vahm sharpasin.
Shunchaki, zabonim ro’yolar aro
sargardon ruhimni oshkor etolmas.

Go’daklar kuy chalar edi sahnada,
Egnida yo’q edi hech qanday libos.
Faqat yelkasiga sikripka taqqan
qizchaning etagi ko’rindi noxos.

O, shu dam bastakor bo’lsaydim agar,
Balki yaralardi yangi bir ohang.
Zaldagi yagona tomoshabin — men.
Tomirim uvishgan, hislarim tarang.

Qizning ko’ylagida oqardi navo
Va kuyga jo’r bo’lar go’daklar raqsi.
Men esa umidning bandargohidan
«Tug’ilgin, onangman», deyoldim asta.

So’ng damda uyg’ondim,
Ruhimda sokin
kezingan ohanglar meni mahv etdi.
Quchog’i asrorga to’lgan kechaning
Yorug’ tushlari-la poyiga yetdim.

MADINAGA

Niliy osmon yorug’ ko’zini
Ufq ortiga qiladi dafn.
Bahorgacha allalar daraxt
Yo’rgakka o’ralgan kurtagin.
Xush kelsin.

Tushlarimda uxlagan ranglar
Ko’zlarimga purkaydi hovur.
Kutmoq og’ir, kutmoqligim baxt,
Qondan qo’rqmas qilichni yovqur.
Xush kelsin.

Qutqu solar dengiz gurungi,
O, naqadar zangori qudrat.
Tinglagandim baliqlar ohin:
«Muteligim xudoga faqat
Xush kelsin».

***

Titragan dudoqlar — behalovat qush,
Bo’g’zimda qaynagan hovurlar — samum.
Sen surat chizasan, to’kilar honish,
Yanchilgan yaproqlar yig’laydi yum- yum.

Tunning ohorlari ketib boradir,
Mavjlangan ruhimda qolmishdir quroq.
Ichimda bir isyon zanglagan oxir,
Sening suratingda yashilman, biroq.

Sen surat chizasan, tinglaysan: sim- sim,
Yurakni chayqatar samoviy lazzat.
Ko’zimni kuydirar ranglari tilsim
Qalamdan to’kilib turgan safohat.

Sen surat chizasan lablaring bilan…

AKAMGA XAT

Aka, sog’inasanmi sen ham
qishloqning qishi,
sovuqdan qochgan taftlarning
sandal atrofiga yig’ilishi,
dadamning somon hidi anqigan bolishi?
Faqat, faqat dadam yotar edi o’z joyida —
o’z kravotida.
Balki sovqotmagan,
balki o’t o’ynagan haroratida.

Aka, sog’inasanmi yana
ayvondagi musichaning tovshin,
Ayamning yomg’ir suviga kir yuvishin?
Qancha chumolini ko’mar edik
ostona tuproqlarini o’yib.
Ustiga gullar qadab qo’yardik.
Opam charchamasdi bizlarni koyib.

Bugun tarqab ketdik, to’zg’ib ketdik.
Qarashlar, qarichlar o’zgardi ancha.
Yuzlarni yorug’, yuzlarni oq qilish
uchun yo’lga chiqqanmiz.
Faqat, faqat o’ylayman o’sha
yomg’ir yuvgan loyqa devorni,
sham qoraytgan uyning burchini
qachon oxlab qo’yamiz, aka,
Qachon oqlab qo’yamiz, aka?!

Sen bilmaysan kuzatganimni
yig’laganing pana- panada.
Musht ursa mushtchalik chiqmagan,
moviy hislarini yiqmagan
yuragimiz qaysi tanada.

***

Yelkamga qo’nadi yomg’ir ovozi,
Tong kabi musaffo, tong kabi sodda.
Tillari ishq deya tutilgan ma’vo,
Tashna ildizlarim simirsin boda.

Tomning so’laklari oqsin tarnovdan.
Ko’krakdek depsinib tursin Ona yer.
Tuproq qatlarini yorgan maysadek,
Isyondan, tug’yondan yorilsin bag’ir.

O, men sevar edim, sharqiroq yomg’ir,
Sendek kuylolmadim, bermadim sado.
Qarorsiz tomchilar og’ushidagi
U bir Vatan endi. Men — Vatangado.

Yelkamga qo’nadi yomg’ir ovozi…

***

Men jim kuzataman onam umrini,
Bir yodgorlik kabi turar mung’ayib.
Lavhiga qirtishlab bitilgan yoziq
Rangsiz fasllarda bo’ldilar g’oyib.

Men jim kuzataman onam umrini.
Uyqusi adashgan qushlarday behol
Ko’zlari kirtaygan,
Rangi uniqqan
Gullardek iforin bilmas ehtimol.

Men onam umrini kuzataman jim…
Yomg’irga jom bo’lar chumoli ini.
Har oqshom bokira o’rmon qo’ynidan
Ko’zlaring izladi qanday afsunni?

Men jim kuzataman onam umrini,
Anhorday shovullar olomon besar.
Sening-chi, ko’ksingda urayotir bong
Inson anglashi man etilgan hislar.

Men jim kuzataman onam umrini.
Bolangman yupanchga jur’at etmagan.
Ro’moling chetidan sirg’algan g’arib
Sochlaring o’tmishdir qo’lim yetmagan.

Men jim kuzataman onam umrini…

***

Oq avtobus, oppoq avtobus,
Oq bag’ringga meni yutib ol.
Oppoq yo’llar, oppoq manzillar,
Oppoq daryo, meni kutib ol.

To’lqin bo’lib qalqqin va chayqal.
Yo tulporday ketaver yo’rtib.
Tez odimla, so’rayman sendan
Yuzlarimga duolar tortib.

Men sog’inib ketdim uyimni,
O, tegirmon o’kirishlari.
Shoshilmoqqa undar negadir
Oppoq tutning to’kilishlari.

Tunning oppoq oy shu’lasida
Qancha- qancha aytilgan ahdlar.
Yo’llarimga chiqing, boryapman,
Oppoq paypoq kiygan daraxtlar.

Oq avtobus, oppoq avtobus,
G’ildiraklar qo’ysin nozini.
Manziliga ertaroq eltgin
Oqdaryoning oppoq qizini.

09Ozodaxon O’ROQOVA

1999 yili Samarqand viloyatining Oqdaryo tumanida tug’ilgan. Navoiy davlat pedagogika instituti talabasi. 2019 yil O’zbekiston respublikasi mustaqilligining 28 yilligiga bag’ishlangan» Buyuk yurt uchun» respublika ko’rik tanlovida viloyat g’olibi. 2021-yil Navoiy viloyatida o’tkazilgan «Men muallifman» tanlovida nasr yo’nalishida viloyat birinchiligi sovrindori. Viloyatlararo o’tkazilgan «Ijod maktabi» hududiy saralashi ishtirokchisi

U K A
Qissa

— Men nima dedim!
Diloro bir seskanib tushdi, ovozi tindi. Faqat qo’lidagi kostyumni uzatayotib eshik oldida turgan eriga mung’ayibgina qarab qo’ydi. Ishga ketayotgan Akmal xotini bilan doimgiday xayrlashib, eshikni ochdi, nimadir esiga tushib orqasiga o’girildi.
— Aytgancha, bolalarni bog’chaga qo’ygach oyimlarnikiga boring, kecha qo’ng’iroq qilgandi.
Diloro indamadi. Hozir u eridan, o’zidan, hamma hammadan xafa bo’lib borardi. Akmalning Dilorodan yoshi katta, sensirab gapiradi, hozirgisi esa begonalarga xos, kesatiq edi. Uyga kirgabida xonasi yonida turgan o’g’lini ko’rdi.
— Ie, Saidjon uyg’ondingmi bolam. Bolakay momiq qo’lchalari bilan ko’zlarini uqalagancha oyisi tomon keldi.
— Oyi, men turdim
— Oyi, yig’lamang, dadam urdimi, kelsalar sizam «hattt» etasiz, men o’zim ushlab turaman, xo’p.
Bolakay kattalar tomonidan o’ziga aytiladigan gaplarni oyisiga qaytarib aytardi. Diloroning yuziga tabassum yugurdi, bolasini yerdan ko’tarib hali yuvilmagan yuzlaridan o’pdi.
— Qani, polvon, endi opasini uyg’otamiz, keyin nonushta qilib bog’chaga boramiz. Bolakay oyisining bo’ynidan mahkam quchdi.
— Oyi, bugun ham tog’amlarnikiga olib boring, tog’am bu gal kelishingga samolyot olib qo’yaman degandi.
— Yo’q, o’g’lim, kecha keldik o’zi, dadang ruxsat bermaydi, bog’cha opang ham seni sog’inib qolgandir.
— Hmmm, kecha oqshom dadamdan so’radingizmi, dadam shunga urishdimi sizni.
Saidjon bir yangilik topgan odamdek tikilib qarab turdi-da:
— «Unda bormaymiz, bog’chaga boraman, faqat xafa bo’lmang oyi, yettita uxlab tursam keyin boramiz, mayli», dedi.
Nonushta vaqti hali uyqusi ochilmagan Aziza xarxasha qila boshladi, yonidagi kashasini yemayman, faqat shakarchoy ichaman deb yig’ladi. Diloro qizining injiqligiga bu gal bardosh qilolmadi.
— Kashangni ye deyapman senga, gapga tushunasanmi?
Aziza yig’lashni boshladi
— Opamni urishmanggg. Stolning bu tarafidagi Saidjon yugurib opasining yoniga keldi. O’g’lining harkatiga qarab turgan Diloroning ko’zlari namlandi.
Bolalarni bog’chaga qo’yib qaytayotib qaynonasinikiga borishi kerakligini esladi. Lekin shu damda uning yuragiga qil ham sig’mas,borgani bilan qaynonasining nima deyishi maʼlum. O’tgan kuni oyisining tug’ilgan kunida ukasi Akmal umidvor bo’lib yurgan firmani pochchasiga berolmasligini aytganidayoq qaynonasining aft-angorida o’zgarish sezgandi. Bugun chaqirganda nima deydi, ukangga ayt, firmani bersin deydi, «marhum akajonim bo’lganidami» deb dadasini eslatib ta’na qiladi-da. Shu o’ylar bilan ylak bo’ylab ketayotib ukasiga qo’ng’iroq qildi.
— Allo, Bobur. Telefondan, shoshib gapirdi shekilki, tez-tez ovoz keldi.
— Salom opa, yaxshimisan, hozir yig’ilish boshlanadi, ishdan chiqib uylaringga o’taman. Aloqa uzildi. Diloroning bir yosh kichik ukasi uni opa derdi-yu, lekin»siz»lamasdi. Bobur hamisha shoshib yuradi,lekin oilasi uchun chinakam jonkuyar,ayniqsa, otasining vafotidan keyin Diloro ukasiga rosa suyanib qolgandi.
Bahor havosi. Shahar yam-yashil libosga burkangan,engil shabada esadi, daraxtlarda yangi barglar nish urmoqda. Qiziq, daraxt umri nechta bo’larkan, u har faslda yangidan tug’iladimi? Yoki o’tgan kuzning armonlarini unutib hayotini yashillik sari, yaxshilik sari o’zgartiradimi? Odamzot-chi? Odam ham xotiralardan, alamlardan xalos bo’lib yangitdan, yangi tug’ilgandek bo’lib yashashi mumkinmi? Yq, unda hayotning nima qizig’i qolardi. Axir ofamni odam qilgan shu tashvishlar, yaxshiyu yomon kunlar emasmi. Daraxt tanasida aylana bo’lib ko’ringan umr chiziqlari odamzod yuzidagi ajinlar, singan ham shox yqotgan yaqinlarimiz, vaqtimiz, qoqilgan mixlar, yopishtirilgan eʼlonlar, talaydigan qurt-qumursqalar taqdir otgan toshlar emasmi…
Shunday o’ylar girdobida borar ekan, hayotning butun tashvishlarini unutgisi, ukasi bilan xuddi bir vaqtlardagidek dildan suhbatlashgisi keldi. Bzoorga tushib har xil ko’katlar xarid qildi. Oshxonada ajoyib kuy, unga monand xushni hidlar taraldi. Diloro mantiga unnadi. Xuddi bir vaqtlardagidek bugun ham ukasining kelishiga yoqtirgan taomini yltayyorlab bermoqchi. Tashqarida qushlar vij-vij sayraydi. Diloro og’ir, uzun xayollarga cho’mdi.

***

Kitob bilan uxlab kitob bilan uyg’onadigan odamlar haqida eshitganmiz? Ular butun hayotini ilm bilan bog’lagan, go’yo yer yuzida kitob bo’lmasa yashash mazmunsiz bo’lib qoladi ular uchun. Diloro ham shundaylardan edi, yoshligidan orzusi o’qisam, katta odam bo’lsam derdi, maktab davrida ham ukasi ikkovi nima to’garak bo’lsa hammasiga birga qatnab yurardi. Bir kuni dadasining oyisiga shunday gaplar aytayotganini eshitib qoldi: Diloroning orzularini, oliygoh sari qadamlarini, kelajakka bo’lgan yorug’ umidlarini — boshini bog’lashmoqchi edi, o’shanda u kollejda ikkinchi kursda o’qirdi.
— Bilmadim, onasi, bilmadim… Nodir fermerning bizga ko’p yaxshiligi bor. O’zing bilasan, qishloqqa endi kelgan vaqtlarimizni esla. Og’ziga kuchi yetmaganlar o’tirgan dedi, yegan dedi, mana shu Nodir odam deb yer berdi, traktor berdi. Endi qizing unday desa, sen bunday desang.
— Bobur ishdan kelsinchi dadasi, keyin siz Nodir fermerning kenjasini taniysizmi, men eslolmadim. Birda Turkiyada, birda Rossiyada ishlab yuradi deyishadi, musofirchilikni ko’rgani yaxshi, yurt qadrini biladi, lekin….27ga kirarkan, Diloro hali endi 18ga o’tdi.
— Ana, ko’rdingmi, uyim, oilam deb yuribdi-da u ham, to’g’rimi? Uyidagi to’rtta tovug’ini eplolmay yurganlar qancha, u bo’lsa shuncha yildan beri ko’chaning nonini yeb yuribdi. Ko’chaning noni shirin bo’lsa ham qattiq bo’ladi, ko’chaning puli chiqimli bo’ladi, barakasiz bo’ladi. Shundan orttirib yig’ib terolgan ro’zg’orim deydigan bo’ladi, uyim, bola-chaqam deydigan bo’ladi, to’g’rimi?
— To’g’ri…
Ona taslim bo’la boshladi, boshini quyi solib xontaxtadagi gullarni sanagan bo’ldi. Vaziyat og’ir. Suhbat hozir buzilmasa ota-ona bir nimani boshlashi aniq. Choynak….choynak qayerda edi.
Eshik ochildi. Diloro qo’lida choy olib kirdi, suhbat uzildi. Shu bilan boshlanib qolgan futbol qizning joniga ora kirdi, onasi gazeta ko’tarib narigi xonaga o’tib ketdi, Diloro ham o’z xonasiga. O’zi shunday bo’ladi, yomon ko’rganing ham baʼzan yaxshilik keltiradi, xuddi futbolga o’xshab. Xonaga kirganda stol ustida taxlangan kitoblarga ko’zi tushdi, ko’ngli buzildi. Bugun bo’lmasa ertaga ularning hammasini tashlab ketadimi, hammasi o’tmish bo’ladimi, hali topshirmasdan yiqiladimi o’qishdan. Stoldagi kitoblarni uloqtirdi, kitoblar har tarafga sochildi, yana taxladi, joy joyiga joyladi. Javondan kitob oldi, » Alkimyogar» bo’ldi.
«O’z orzusi uchun kurashayotgan inson hamisha boshqalarga nisbatan ko’proq azob chekadi».

….Bomdod namozini o’qib bo’lgan Oysha opa qizining derazasidan mo’raladi. Diloro stolda, boshini kitob ustiga qo’ygancha uxlab qolgandi, ichkari kirib qizini uyg’otmoqchi ham bo’ldi, lekin kirmadi.
Bobur kelganda kichkina Dilnoza ko’cha supurayotgan edi. Qishloqqa kech kirib qolgan bo’lsa-da, yoz yozligini qiladi, havo dim, asfalt yldan tushda issiq hili o’ynaydi, kechda bug’ ko’tariladi.
— Oyi, akam keldi. Dilnoza hovliga yugurib kirdi. Otasi keksayib qolgani uchun Bobur maktabni bitirar- bitirmas darsdan keyin, baʼzi kunlari darsga bormayin ham ishlashga majbur edi. Supa yoniga rayhonlar ekilgan, ko’llatib suv sepilgan, tandirxonadan non isi taraladi — butun hovlini jannat bo’ylari tutgan. Bobur hovliga kirganda Oysha opa supada sabzi to’g’rayotgan edi, o’g’lini ko’rib hovliga tushdi, quchoq ochib bolasini bag’riga oldi.
— Dadam ko’rinmaydi, Diloro qani?
— Dadang hali do’konga chiquvdi, Diloro (ona bir xo’rsinib qo’ydi) non yopyapti. Bobur supadan sakrab tushib tandirxonaga bordi.
— Ie, opa,horma endi, mengayam non berasanmi?
—Yaxshi keldingmi, ukasining qo’liga endi uzilgan nonlardan birini tutqazdi.
— Ol ukam, faqat barini suvga solib yema, oshqozonga ziyoni bor. Issiq nonni qo’llarida o’ynatib sindirayotgan ukasiga qarab turdi, oldida yig’lab yubormaslik uchun tandir tomonga o’girildi-da,
—Bor, oyimni yonida ye, orqamda turma,non tushadi, — dedi.

Non pishdi, osh suzildi, kechki ovqatdan keyin qizlar o’z xonasiga o’tdi, hovlida ota-ona va o’g’il qoldi.
— Endi o’g’lim, Akram aka uzun bir hamyoza tortib oldi, Boburning dimog’iga aroq hidi urildi, senga bir yaxshilik maslahat bor. Bobur onasiga qaradi, ona o’g’lidan nigohini olib qochdi, gilamdagi non ushoqlarini tergan bo’ldi.
— Tinchlikmi? Tag’in otasiga yuzlandi
—Shu desang, to’y boshlasakmi deb turibmiz. Oraga bir nafaslik jimlik cho’kdi. Faqat pashshaxona tashqarisidagi hasharotlarning oq dokaga urilib vag’illashi eshitiladi, har har zamonda qurbaqalar vaq-vaq qilib qo’yadi.
— Qanday to’y, kimga?
— Nodir fermerni o’g’lini bilasanmi, Diloroni shunga unashsakmi deb turibmiz, otasi yaxshi odam, oilasi ham bama’ni.
— Lekin o’qishi nima bo’ladi, axir kollej qishki olimpiadani Diloroga ishonib topshirgan.
— O’qiganda dunyo berarmidi, meni Zarifboydek qo’sha-qo’sha mashinalarim bormidi-ki, kontrakt to’laydigan. O’qib men nima topdim, ana onang nima topdi, tinglab o’tirgan ona boshini egdi.

AKRAM OLIMOVICh

Akram aka o’z davrida katta yurist bo’lgan, aytgani aytgan, degani deganlardan edi.
O’n yil bunday qaltis sohada halol-pokiza ishlashni o’zi bo’lmaydi albatta, lekin gadoning ham dushmani bo’lgan bu dunyoda necha- necha zamon «kattalarining» taqdiri qo’lida turgan bunday amaldorning ham qadamini poylaganlar, tagiga suv quymoqchi bo’lganlar ko’p bo’lgan albatta.
O’sha kun hech esidan chiqmaydi. Bir kishi Akram Olimovichni so’rab kelibdi.
— Kirsin, dedi kotiba qizga.Bukriroq,qorachadankelgan, tepakal bir odam xonaga kirib keldi.
— Assalomu alaykuuuum, Akramxon!
— Keling, aka, xizmat.
—Uka, meni to’g’ri tushuning, men bir mayda odamman.
— Tushunmadim.
— Buni sizga berib qo’ying deb berib yuborishdi.
Qariya konvert uzatdi.
— Nima bu, xatmi? Akram Olimovich konvertni ochdi, ichidagini tortdi, ikkita yuz so’mlik sirg’alib chiqdi, miyasiga yashin tezligida yetib borgan signal konvertni stolga uloqtirdi, qo’llari titrar, xuddi cho’g’ni ushlab olgandek qizib borardi. Keyinchi? Keyin nimalar bo’ldi? Xonaga kimlar kirib keldi, kim edi unga kishan solgan, buni eslolmaydi. Ongida faqat bir o’y aylanadi — TUHMAT..

Eshikdan chiayotib qariyaga qaradi, nigohlar to’qnashdi. «Nima uchun?» Akram Olimovichning ko’zlari qariyaga shu savol bilan tikildi, qariyaning nigohi yerga qadaldi.
«Nima uchun?» Alloh shu savolning javobini topish uchun unga yetti yil berdi. Qamoqda yotganda ham qariyaning o’sha gapini ko’p esladi.
«—Uka,menito’g’ritushuning,menbirmaydaodamman.»
Shularni o’ylardi-yu,boshi g’ovlab ketardi. U mayda odam, unda kim, kim bor uni orqasida, kimga kerak edi meni bu yerda yotishim.
Tugunlar sekinlik bilan yechila bordi, olti oydan so’ng bir xat keldi. Bir vaqtlar» sizsiz yasholmayman» degan rafiqasi endi «siz bilan yasholmayman» deb xat yuboribdi, xat bilan ajrim qog’ozi ham bor edi.
Xo’o’o’sh… Yurist Akram Olimovich qog’ozdagi ajralish sabablari bandiga ko’z tashladi. Yolg’on hayot, nuttasil streslar, farzandsizlik…
E, voh deb yubordi birdan. U o’n yil bir bor, hatto alahlab ham, hatto mast bo’lib ham aytmagan gapni, ulug’ nomni, dilining eng katta yarasini— farzandni, chidab bo’lmas yolg’onlar qatoriga qo’shib yozishibdi-ya. Nigohimdan sezib siqilmasin deb, bola haqida o’ylaganda xotinidan ko’z qirini olib qochadigan «yashirin» mavzuni butun elga doston qilishibdi-ya. Qog’ozdagi «farzandsizlik» so’zining ostiga chiziq tortdi, bu yerdagi «yagona haqiqat faqat shu» deb yozib imzo chekdi. Balki o’shanda u birgina nikohidan emas, butun hayotidan, qiziqish va intilishlaridan voz kechgandir.
Akram Olimovich qamoq darvozasidan Akram bo’lib chiqdi. Bu shunchaki ism emas, sobiq yurist, sudlangan, «poraxo’r» Akram bo’lib. Atrofda ko’p narsa o’zgaribdi. Shahar, ko’chalar, odamlar — umuman boshqa joyga tushib qolgandek. Onasi vafot qilibdi, o’rniga kursdosh do’sti Doniyor tayinlanibdi. » Shuning uchun biror marta qamoqxonaga ko’rgani bormabdi-da, yôğey, balki uyalgandir. Lekin unda nega mening ishimni qayta ko’rmadi?»
Viloyat Sud binosi peshtoqiga nigohini qadab o’y surib turgan Akramning xayolini kelib to’xtagan qora «Volga» ning ovozi bo’lib yubordi. Mashina ichidan Doniyor va, ne ko’z bilan ko’rsinki, bir vaqtlar umrining javohiri bo’lgan rafiqasi — E’zoza tushib kelardi.
Tuhmat yuragini shilib o’tgandi;
Ajrim boshini egdi;
Endi bu nimasi, ichidan nimadir uzilgandek bo’ldi. Uni ko’rgan Doniyorning rangi dokadek oqarib ketdi, Podruchka qilib olgan E’zozaning qo’lini itarib tashladi. Ayol tushunmadanidan avval yonidagi erkakka, so’ng atrofga qaradi-yu, bir zum ko’zlar to’qnashdi, tezlik bilan ko’zini olib qochdi.
Akram o’rindiqdan ryukzagini ko’tarib ular tomon bordi. E’zoza titragan qo’llari bilan mashina eshigini ushladi, ularning yonidan o’tar ekan, Doniyorga eʼtibor bermagandek ayolga yaqinlashdi, havoda uchib o’ynayotgan sharfini ko’kargan bo’yniga to’g’rilab yopdi
— Sizga yuristning rafiqasi bo’lish ko’proq yarashardi, xonim. Yuristga o’ynash bo’lishni tanladingizmi, yarashmabdi, — dedi.
— Sen esa qo’rqma, o’girilib Doniyorga qaradi, tog’ang omon ekan uzoqqa borasan, zaxarxanda kulgi bilan qo’shib qo’ydi: Esimda, aytarding-ku, «Senda bilim zo’r-u, orqa yetishmaydi «,— deb. Nimayam deyman, har holda meni hech kim » ko’tarib» turmagan. Avvalgidek qo’li bilan yelkasiga qoqib qo’ymoqchi bo’ldi-yu, qo’lini tortdi. Ko’chada murdadek tek ketgan Akram yetti yil deganda ilk marta kechasi bilan ho’ng-ho’ng yig’ladi. To’rt yoshda otadan yetim qoldi, o’n yil tirnoqqa zor o’tdi, onasini, otasiz katta qilgan, o’qitgan onasini odam o’rnida ko’rmagan vaqtlari bo’ldi, o’g’il bo’lib xizmatida bo’lmadi, keng uyiga sig’dirmadi,xotinining gapiga kirib qishloqqa, opasinikiga olib borib tashladi. Endi u kim, endi kimi bor uning, qayoqqa boradi? Doniyor ko’p takrorlaydigan she’rni esladi:

Botir ko’kragidan o’q yedi bir kun,
Vo, orqam! — dediyu tortdi cho’ng na’ra.
Yov taraf so’radi: — Orqam, deb nechun
Oh chekding, ko’ksingdan ochdik-ku yara.

Botir shivirladi: Men — yolg’iz askar,
Yo’qsa, ustimga ot sololmasdingiz.
Orqamda do’stlarim bo’lganda agar
Ko’ksimni nishonga ololmasdingiz.

OYShA

Aniq qo’yilgan maqsad kuchli mas’uliyatni talab qiladi. Mas’uliyat kuchli bo’lgan joyda esa faqat bir maqsad sari intilish bo’ladi, qolgan tashvishlar, oddiy, ikkinchi darajali bo’lib qoladi. Ko’zlagan cho’qqing tomon ketaverasan-ketaverasan, ylingdan chiqqan barcha sen uchun g’ov, to’siq, seni maqsadingdan qaytarmoqchi, «hayoting mazmuni»dan ayirmoqchidek tuyuladi,qayta qayta qoqilasan. Biroq bularning hammasi, oddiy bir sinov, yengib ôtaman, cho’qqiga yetaman deysan, ylingda uchraganlar ming yillik dushman bo’lib ko’rinadi ko’zingga.
Bir kun…
O’sha cho’qqiga yetasan ham, qiynalib-qiynalib yetasan, yolg’iz boshing ko’rmagan balo qolmay yetasan. Nogahon boshingga kapalak kelib qo’nadi. Jahling chiqadi, men umrimni bag’ishlangan, shunchasidan voz kechib erishganimga kapalak bir kunda yetishsa-ya. Aytmoqchi, deysan o’zingga o’zing. Men qancha vaqtda topdim, yoki, qancha vaqt yqotdim, deysan. Shunda ilk marta cho’qqidan pastga qaraysan: odamlar baxtiyor, endi ularning sen bilan ishi ham, senga «g’ov» bo’lishga vaqti ham yq. Yuqoriga ko’tarilayotgan tengdoshlaringni ko’rasan. To’g’ri, sen ulardan ancha balanddasan, ammo yolg’izsan. Alam qiladi, lekin tan olishga majbur bo’lgan haqiqatlaringdan ortiq ko’z yumib ketolmaysan. Ular sendan ancha boy — qo’llovchi do’stlari, oilasi, farzandlari bor, yuksaklik bo’roni ularga ziyon keltirolmaydi. Ana shunda huvillagan, sovuqqotgan yuraging tan olgisi kelmagan azaliy haqiqatni anglab yetasan:

G’OLIBLIK ShUNChAKI YuQORILASh EMAS, HAR BIR QADAMINGDA NIMAGADIR ERIShA OLIShDIR…

Oysha maktabni bitirganda o’n olti yoshda edi, shifokor bo’laman derdi. Lekin ketma ket besh yil o’qishdan yiqildi. Otasi o’n bir yoshida vafot etib ketgan, akalari uning ko’nglini og’ritmaslik uchun har nega tayyor edilar. Baʼzan baʼzan yangalari turmush qurishi haqida so’z ochib qolishsa, Oyshaning jahli chiqib ketar, » shuncha yillik mehnatlarimni ko’mamanmi, keyin sizlarga o’xshab to’rt devorning bekasi bo’lamanmi»,- deb zahar gaplari bilan «siylab» yuborardi. Nihoyat,olti yil deganda Oysha Umirova Tibbiyot Akademiyasiga o’qishga qabul qilindi. Yangi shahar, yangicha hayot, talabalar orasida ham o’z bilimdonligi bilan ajralib turardi. Endigi maqsad— o’z sohasining mukammal ustasi bo’lish. Institutining eng kuchli professori uni shogird qilib oldi. O’qishni tamomlab kardiologiya sohasida ishlay boshladi. Hali-hali eslaydi: » Yurak-eshimik kasalliklari bo’lgan bemorlarda qandli diabetning asoratlari» mavzusida Moskvada dissertatsiya yoqlagandi. Butun zalni lol qoldirgandi o’shanda. Sochlari orqadan turmaklangan, ko’zlari chaqnab turgan o’zbek qizining farazlari dunyo tibbiyotiga umuman boshqacha nazariyani olib kirardi. Shunda to’lachadan kelgan, shopmo’ylov, oq-sariq kishi o’rnidan turdi.
— Qandli diabetga chalingan bemor bunday murakkab jarrohlik amaliyotiga bardosh qilolmaydi. Operatsiya mavaffaqiyatli o’tgan taqdirda ham qandli diyebeti bor bemorlarning tanasi o’z o’zini davolash tizimini bajarolmasligi sababli ichki choklar bitib ketmaydi. Qolaversa, qandli diyebetda trombotsitlar ishi sekinlashadi, bemor tashqi yoki ichki qon ketishidan halok bo’lishi mumkin, xullas bu nazariya amaliyotda o’zini oqlamaydi.Yunusovning mana bu «arzandasi» esa jahon tibbiyotida shuhrat topmoqchi xolos. Bu odam Ukarinalik professor Tuxachenov edi. Odamzotning feʼli qiziq: Bir narsani arzirli tomonini topib olsalar, hammalari birvarakayiga maqtashga tushib ketadi. Mabodo oralaridan kimdir (dongdorroq, obro’liroq shaxs) undagi kichik bir nuqsonni aytib qolsa bormi, shu qadar hamfikrlik bilan qora chaplaydilar-ki, «Bir soat avval o’zlaringiz maʼqullab turuvdilaringiz-ku», — desangiz Quyoshning Yer atrofida aylanish nazariyasini haq desalar deydi-ki, buni tan olmaydilar. Tuxachenov nafaqat Ukraina, balki butun SSSRda mashhur bo’lib, besh yil muqaddam Yunusov uning uning dissertatsiyasini xuddi shu yerda ilmiy asoslar bilan «chil-parchin» qilib tashlagandi. O’shandan buyon sharmanda bo’lgani alami Tuxachenovning ko’nglidan chiqmaydi Kelayotgan «tirmizak» Yunusovning shogirdi ekanligini bilgach, bu dissertatsiyani sharmandali mag’lub qilishni ko’ngliga tugib kelgandi. Yonidagilarning bu qadar tez o’zgarib qolganligi tajribasiz Oyshani esankiratib qo’ydi. Tuxachenovning ko’zlariga tik qaradi.
— Bunday bo’lmaydi. Agar preparatlar aniq va o’z vaqtida ishlab tursa, in’eksiyalar o’z vaqtida berib borilsa…
— Bas. Baqiriq ovozi eshitildi. Tuxachenov sholg’omdek qizarib ketgandi. Xo’p, yaxshi. Vaziyatga nomunosib muloyimlik bilan davom etdi u. Mening Moskvadagi klinikamda xuddi shu holatdagi bemor bor. Mening tashxislarimga ko’ra uni operatsiya qilish mingtadan bittasidagina sovrini bo’lgan lotoreya biletini sotib olish bilan teng.
— Unday bo’lsa nima qilmoqchisiz? Tuxachenovning bir odam hayoti haqida bu qadar bemalollik bilan gapirishi Oyshaning jahlini chiqardi. — Bemorning puls sekinlashuvi jadvalini tuzmoqchimisiz, yoki oxirgi yurak urishi qaysi vaqtga to’g’ri kelishini bashorat qilmoqchimisiz, u so’nggi nafasini qachon olishini, siz esa qachon palatangiz bo’shashini kutmoqchimisiz?
Hammaning nigohi Tuxachenovda edi. U esa vazminlik bilan davom etdi.
— Ochig’i, men ham ikkilanib qoldim. Azizlar, men o’sha bemorni Umirovaga toshirdim. Maʼqul topsalaringiz agar bemor tuzalib ketsa, meni ham vijdon azobidan qutqarasiz, bu ish sizdan nomzodlik emas, vafqulodda doktorlik ishi bo’ladi. Shaxsiy klinikamni esa shunday ajoyib shogirdni tarbiyalab bergani uchun do’stim Yunusovga topshiraman. Bemorning holati aynan siz aytgan nazariyaga mos keladi, Tibbiyot esa amaliyot bilan tirik. Xo’sh, professor Yunusovning shogirdi, uddalaysizmi? Yoki, qo’rqyapsizmi?
Zal jim. Hammaning nigohi Oyshaga qadalgan. Agar u «Xo’sh, Oysha Umirova, uddalaysizmi?»,— deb savol berganida, balki o’ylab ko’rardi. Lekin Tuxachenov — ayyor qariya nishonni aniq oldi, endigi javob esa ustozi nomini yo sharaflaydi, yoki qo’rqoqqa chiqaradi.
— Uddalayman!

***

Bemor haqiqatdan ham Oyshaning nazariyasiga juda mos kelardi. Shunga o’xshash operatsiyalarni ustozi bilan Toshkentda ikki marta qilib ko’rgan, lekin yolg’iz o’zi, qolaversa, boshqa yurtda bunday holga tushishini tasavvur ham qilmagandi. Operatsiyadan avvalroq uning yoniga Tuxachenov keldi.
— Omadingizni bersin, qizim. Biz qariyalar to’rt kunlik dunyoda yashab qolsin deb, ko’p operatsiyalarni bekor qilib o’rganib qolganmiz, siz yoshlarning esa ichingizda g’ayrat qaynaydi. Bog pomojet (Xudo yor bo’lsin).
Ustozining daldasiga muhtoj vaqtida aytilgan bu so’zlar Oyshaga anchayin taskin berdi. Bu odam haqida noto’g’ri o’ylagan ekanman deb ham o’ylab qo’ydi.
— Yodimdan chiqayozibdi. Tuxachenov stol ustiga yozuvli qog’oz tashladi. — Tilxat, yaqinlaridan. Har ehtimolga qarshi imzo cheking. Garov ham tugallanmagan-a?. Cholning hozirgina kulib turgan avzoyi birdan sovuq tus oldi. — Agar uddalay olmasang,— Tuxachenov bir zum sukut saqlab eshikka qarab oldi, haddan ortiq yaqin keldi, Oyshaning qulog’iga shivirladi, — qaytib tig’ ishlamaysan.
Qiz tezlik bilan, orqaga tisarilib qo’lini ko’ksiga bosdi. Yuragi taka-puka bo’lib urardi. Tuxachenov tilxatni u tomon surdi, zaharxandalik bilan hoholadi, xo’sh, rozimisan, Yunusovning shogirdi.
Endi hech nimani o’ylab bo’lmas, bemor operatsiyaga tayyor, barcha vrachni kutardi. Oysha ham sovuq, zo’raki jilmayib qo’ydi, roziman! Qog’ozga imzo chekdi.

***

Operatsiya olti yarim soat davom etdi. Avval klapin devoridagi qotib qolgan qonlarni tozalab olib tashladi, keyin maxsus moslamani o’rnatdi, ehtiyotkorlik bilan avaylab tikdi, nafas olish holatini tekshirdi — me’yoriy. Lekin… Bemor uyg’onmadi.
Tuxachenov va Moskva ilmiy tekshirish instituti professorlari qo’ygan tashxis natijasida o’lim sababi ichki qon ketishi deb topildi. Dissertatsiya tabiiyki, halokatga uchradi. Tuxachenov ham «engilgina» dakki eshitdi. Oysha esa «bunday bo’lishi mumkin emas» — deya oldi xolos. Uni bemorga yaqin yo’latishmadi hatto.
— Agar men ham sendek ahmoqlik qilganimda, agar tilxat bo’lmaganda, hozir ikkimiz ham qamalib ketardik. Bemorning yaqinlari dafn etish uchun Peterburgga olib ketishdi. Sen esa ket, ekspertiza natijalarini o’zim keyin Toshkentga yuboraman. Lekin, Tuxachenov yana o’sha falokat keltiruvchi sovuq nigohi bilan, sekinlik bilan gapini davom ettirdi,— asl haqiqatni bilmoq uchun avval va’dangni bajarishing kerak, o’zbechka.
Oyshaning qo’lida birinchi marta bemor o’ldi, u nafaqat yurtiga, balki butun dunyoga ham sharmanda bo’ldi-ku. Tuxachenov aytmaganda ham boshqa tig’ tutishni tasavvur qilolmasdi. Endi bu yerda uni eshitadigan odam qolmadi, tezroq yurtiga qaytib ustozi yoniga borishi, undan uzr so’rashi kerak. Tuxachenovning kabinetidan chiqayotganda murdadek oqarib ketgan,es-hushi o’zida emasdi. Ichkarida, stol ustida esa Toshkent Tibbiyot Akademiyasining qizil rangdagi diplomi turardi.

***

Aeroportdan tushgan zahoti akademiyaga yl oldi.
—Qizim, hoy, qizim
— A, nima, kechirasiz xayol olib qochibdi, keksa haydovchiga uzr aytdi.
— Shoshilmayapsizmi, sakkizinchi maktab yli bilan ketamiz, bu kishilarning yli o’sha tarafga ekan.
Oysha oyna tashqarisiga qaradi. Qorachadan kelgan, oriqqina ayol ikki yonida ikki bolani mahkam ushlab olgan, shafyorga qaraydi, shunda uning nigohi Oysha tomon qadaldi.
— Ie, Umirova! Ayol shafyordan javob kutmasdanoq mashinaga o’tirdi,—Omonmisan, bormisan.
—Sanammisan? Ichini dard kemirib turgan Oyshaning yuziga tabassum yugurdi. — Bu yoqlada nima qilib yuribsan
— Pochchangning ishi yuzasidan shaharga ko’chib keldik, avval Qishloq vrachlik punktida ishlardim, seni uchratganim yaxshi bo’ldi, klinik ordinaturani o’qisammi deb turibman, maslahating kerak. Sen oramizda ilmga sodiq qolding, dissertatsiya yoqlayapsan deb eshitdim. Manzil yaqin qolganidanmi Sanam tez, shoshib gapirardi. Taksi maktab ro’parasida to’xtadi. Jingalak sochli, ko’zlari charosdek oppoqqina qizaloq unga jilmayib qarab o’tirardi.
—Qizingmi? Qizaloq isming nima?
— Diloro. Ular Oysha bilan xayrlashib tushib ketishdi.

***

Atrofga yomg’irdan keyingi muattar namxush ifor tarqalgan, o’rik gullabdi. Ketayotganimda gullamagandi, o’yladi institutning uzun ylagidan yurib borar ekan. Qanday chiroyli-ya? Beg’ubor, oppoq. Lekin tez kunda to’kilib ketadi bu gullar. Har qanday go’zallik ham abadiy emas. Umuman, butun yil bo’yi gullab turishi hech kimga kerak ham emas. Axir u gul emas, daraxt-ku. Vazifasi esa meva berish. Ana shu mevalar uning qaddini bukadi, ana shu mevalar dastidan tanasiga toshlar otilar, shoxlari sinar. Yodida, o’zi ham bir vaqtlar kursdoshlari bilan yotoqxona bog’iga dovuchcha tergani borgan. Jahongir daraxtga chiqib shoxni silkir, qizlar idishga terishardi. Jahongir…
Lekin nega o’shanda tushunmagan. Daraxt har nima bo’lmasin o’z qonuniga sodiq, har yili gullayveradi. Shu mevalari bor uchun ham uning nomi elda aziz.
Institut darvozasiga yaqinlashganda darvoza tepasidagi tibbiyot ramzi — ilonga ko’zi tushdi, har gal shunga qaraganda Jahongirni eslaydi. » Nima uchun aynan ilon, bilasanmi?,— degandi u. — Shifo ham xuddi ilonga o’xshaydi. Birgina muolaja inson hayotini hal qilishga qodir. Tanaga kirgan birgina shiprist yo Xizr suvi bo’lishi, yoki umr ummonidan tomgan so’nggi tomchi bo’lishi mumkin». O’qishni tugatgach Jahongir qishloqqa, qari onasining oldiga qaytdi, Oysha esa «magistraturam naqd turibdi, men qishloqda yasholmayman» deb turib oldi, shundan keyin uni qaytib ko’rgani yq, uylanibdidebeshitdi, kursdoshlar yig’ilganda ham kelmadi. Faqat har gal shu ramzni ko’rganda eng baxtli o’sha damlarini ichki dard, afsus bilan yodga oladi.
Ikkinchi qavatning oxiriga bordi. Eshik yonida uzoq turdi. Professor kim bilandir telefonda gaplashayotgan edi. Qo’ng’iroq yakunlandi hamki xonaga kirishga yuragi dov bermaydi:» Nima deyman, nima qilib qo’ydim, balki ustoz allaqachonlar eshitgandir ham. Unda ko’ziga qanday qarayman», shu taxlit xayollar bilan majolsizgina eshikni taqillatdi, ichkaridan «kiring» deyilgach xonaga kirdi. Salomiga sovuqqina alik olgan Professor «o’tir» ishorasini qildi.
— Moskvadan jo’natma oldim.
Oysha jim, boshini xam qildi, egilib kelgan qomati yana bir pog’ona cho’kdi.
— Meni kechirmang, ustoz
— Unday qilolmayman-da
Oysha yosh jilvalangan ko’zlari bilan ustoziga qaradi
— Unda sen ham meni kechirmaysan-da, seni bunaqangi … Yunusov stolni mushtladi, ularning qurboni qilganim uchun. Seni aybing yq.
— Ustoz, axir odam o’ldi, men, men, meni qo’limda…
—Nimaga «men»laysan, o’ldirganlar javob bersin bunga. Yunusov o’rnidan turib derazadan tashqariga qaradi. Tanaffus vaqtida talabalar hovlini to’ldirib turishibdi.
— Manavi oq xalatdagilarning hammasi yaxshi odam deb o’ylaysanmi? Kimlardir qalbi kabi beg’ubor asraydi uni. Boshqa kim uchundir niqob u, niqob — eng chirkin, eng iflos niyatlarini, kirlangan, hasad-u g’araz bilan to’lgan yuraklarini, nafs qumi to’ldirgan ko’zlarini yashiradigan niqob. Shuni kiysam go’yo hamma meni niyati pok, yaxshi odam deb o’ylaydi deydilar. Kimgadir salomatlik ulashib qolsa ham bormi, qo’llarini xalatining cho’ntagiga kiritadi — chiqaradi, chiqaradi- kiritadi «qara, haliyam bo’sh» degandek. Keragini olib bo’lgach tag’in nima deydi bilasanmi, haromga to’la og’zilaridan qanday so’zlar chiqadi, bilasanmi? Uyalmay, «Bu bizning burchimiz»,- deydi. U fosiqlar burch nimaligini hech qachon anglab yetmaydi. Tuxachenov xat yuboribdi, seni maqtabdi,o’lim sababchisini ham. Yunusov stol tortmasini ochdi, kichik ampulani olib Oyshaga uzatdi.
— Narkoz-ku? Lekin bu…
— G’irrom, o’ch. Yana nimani kutganding undan. Hamma oq xalati borlarni farishta deb o’ylaganmiding. Operatsiya tugagach bemor norkozdan chiqqanini hamma biladi, lekin keyin yana umrbodga uxlatib tashlashgani hech kimning xayoliga kelmaydi, hamma operatsiya xato qilingan deb o’ylaydi, Tuxachenov ayyor tulki, bu esa mening nomimni qoralash uchun qilingan kichkinagina o’yin xolos.
— Axir odam o’ldi-ku. Ikkisi ham bir muddat jim bo’lib qolishdi.
— Men qishloqqa ketmoqchiman.
— Mayli, boraqol, o’zingga kelib ol.
— Ustoz, men butunlayga ketmoqchiman.
Yunusov bir muddat ko’zlarini yumgancha o’yga toldi.
— Mayli, bor.
Oysha eshik oldiga yetganda ustozi to’xtatdi.
— Aytgancha, sen qiz qachon xayolingni joyiga qo’yasan. Diplomniyam unutib qoldiradimi? Yunusov go’yo hech narsadan xabari yq odamdek diplomni uzatdi, — sen ishlagan hududdan birorta odam kasalman deb oldimga kelsa qattiq xafa bo’laman.
— Lekin… Men…
— Nima ketmon chopgani ketyapsanmi, u yerda ham odam yashaydi, issiq jon, isitmasi bor. Sen yaxshi shifokorsan, Tuxachenov qaytib bermagan taqdirda ham o’zim senga diplom olib berardim, qani -qani bor, bor endi, boshimni qotirma.
Oysha tomog’iga tiqilgan yoshini zo’rg’a yutib gapirdi.
— Rahmat, ustoz.
Professor xayrlasharkan, uning peshonasidan o’pib qo’ydi
— Bor, ona qizim, baxtingni bersin.

***

Kechqurun ammasining uyiga keldi, ikkovlashib osh damlashdi. Bozorchining hangomasi narx-navodan deganlaridek, ammasi ham bemorining ahvoli haqida Oyshaga maslahat soldi.
— Kasallik varaqasini bir o’qib ko’rsang bo’lardi, xonada sumkamda turibdi.
Xonaga kirib ammasining sumkasidan qalin papkani oldi. Shunda yerga bir surat tushdi. Qirraburun, qora qosh, qora ko’zli bir kishi. Biror bemor bo’lsa kerak deb o’yladi. Oshxona stoliga papkani, uning ustiga suratni tashladi.
— Kasallik varaqasiga yopishtirib qo’yaymi buni, o’lchami kattaroq shekilli?
— Qaysini? Ammasi qozonga qopqog’ini qo’yib uning yoniga keldi.
— Ha, bumi, bu kasalmas.
Oysha suratni papka ustidan oldi-yu, qo’yishga joy topolmagandek qo’lida ushlab qoldi.
— Munavvar o’rtog’imni tanirmiding, okulist Munavvar xolang bor-ku, shuning jiyani. Shahar prokuraturasida ishlagan ekan, keyin tuhmatga uchrab qamalgan. Singlimdan qolgan yodgorim, juda yaxshi, halol yigit deydi. Nima deyishingni bilganim uchun indamay qo’ya qolgandim.
Oysha suratning buklangan joyini tekislab qo’ydi.
— Tuhmatga uchragan, deng…

DILORO

Xullas, to’y bo’lmadi. Bobur onasining izidan ketib TOShMIga hujjat topshirdi, Diloro til adabiyotga qiziqdi. Diloro til adabiyotga qiziqdi. Imtihon javoblari chiqadigan kun ikkalasi ikki tomonga ketishdi. Bobur uyga qaytganda dadasi asabiy holda oyisiga gapirayotgan ekan:
— O’qimaydi, o’qitmayman, tamom. Nima qizingdan boshqa tashvishim yqmi. Nafaqam zo’rg’a ro’zg’orni o’tkazsa. Boburning topgani ikkovini repetitoridan ortmasa. Opamni o’zim o’qitaman deb turib oldi, ana, nima bo’ldi.
Diloro yig’lagancha xonasiga kirib ketdi, Boburdan esa hech kim nima bo’ldi, qanday bo’ldi deb so’ramadi ham.
— Buncha aza ochmasang, muhimi o’qishga kiribsan-ku, siqilma opa, o’qiysan.
Diloro yosh to’la ko’zlari bilan ukasiga qaradi.
— Lekin, dadam
— Men nima dedim, o’qiysan dedimmi? O’qiysan!
Ukasini quchoqlab battar yig’ladi. Lekin bu hozirgina o’tgan yig’idan boshqacha, sevinch ko’z yoshlari edi. Dam yig’lar, dam kular, «Rostdanmi, rostdan a» derdi.
— Men seni qachon aldaganman. Qani, bitta osh damla-chi, student.
— O’zing javoblarni ko’rdingmi, stoldagi qog’ozlarga ishora qildi Diloro.
Bobur biroz o’ylanib turdi-da:
— Men bilan tibbiyot bir-birimizni bezovta qilmaslikka kelishib oldik, — dedi.
Diloro jim turib qoldi.
— Nimaga bunaqa mo’ltirab tikilasan? Nima senga o’xshab yig’lashim kerakmi? Sen-ku o’qiding, men bo’lsam uch kun ishda, ikki kun darsda bo’lgan odam bo’lsam.

***

O’qish boshlandi. Oktabr oxirida Diloro uyiga qaytdi. Darvozaga gazeta qo’yib ketishibdi. Pochtachi kelibdi-da, o’yladi u. Dadamga gazeta, xursand bo’ladi. Akram aka ko’p gazeta o’qirdi, pochtachi bir ikki kun kechiksa rosa urishib berardi. Televizorda-ku, esini tanitgan «Axborot» hali hanuz ko’riladi.
Bir hafta bo’ldi, Bobur Moskvaga uchdi. Ishi tayin, qarindoshlari yoniga ketgan bo’lsa ham Diloro ota-onasi oldida xijolat chekadi. Axir yagona o’g’il uni deb uzoqlarda yuribdi-da. Darvoza ilgagidan gazetani tortdi, orasidan bir konvert yerga tushdi. «Olimov Bobur Akram o’g’liga TOShMI rektoratidan». Konvertni ochdi:
«O’z vaqtida shartnoma tuzilmaganligi, to’lov-kontrakt to’lanmaganligi uchun o’qishdan chetlatiladi «.
Diloro murdadek oqarib ketgan, uyga qachon kirdi, qanday kirdi bilmaydi. Kechqurun ota-onasi Bobur bilan gaplashib bo’lgach, telefonni olib hovliga chiqdi.
— Ukam… dedi-yu, tomog’iga nimadir tiqildi, gapirolmay qoldi. Boburning ovozi tinmasdi, o’qishini so’radi, omad tiladi.
— Ukam…Bir yutunib oldi, ko’z yoshini artdi.— Sen yolg’onchisan, bilasanmi shuni, seni aldamayman deganding-a?
— Qayoqdan bilaqolding, qo’y opa, yig’lama, bitta umrga bitta yolg’on zarar qilmas degandim-da, lekin qoyilman seni aldab bo’lmaydi.
— Zo’raki kulma menga, nimaga unday qilding.
— Ey, opa qo’ysang-chi endi shu gapni. Hali ko’rasan, men zo’r-zo’r odam bo’lib ketaman. Faqat oyim bilan dadamga aytma.

***

Shundan beri bu sirni hech kim eslamaydi. Bobur ham aytganidek o’ziga to’q, badavlat odam bo’ldi. Rossiyadan qaytgach savdo firmasini ochdi, tirishqoqlik bilan ish yurgizdi, el orasida obro’ eʼtibor topdi. Faqat har gal uyiga kelganda, ukasining xonasidagi shkafga ko’zi tushganda, u yerda oyisining oppoq bosh kiyimini ko’rganda ichidan nimadir uzilganday bo’ladi. Boburning so’zlarini eslaydi. Shunda yillar qaʼridan yana bir yolg’on chiqib keladi. «Sen tibbiyot bilan kelishib olmagansan, u seni haliyam bezovta qiladi-ku», — degisi keladi, lekin aytolmaydi.

***

Eshik jiringladi, Diloroning xayoli bo’lindi, ostonada Bobur turardi, xursand, qo’lida ikki kilocha muzqaymoq, yana allanimalar ko’tarib olgan. Eshik ochilishi bilan Muzqaymoqni ko’tarib ko’rsatdi.
— Muzqaymoq yeysanmi opam.
Kilolik o’ramda Diloro yaxshi ko’radigan qulupnaylik muzqaymoq bor edi. Diloro tasdiq ishorasi bilan bosh tebratdi.
— Boringga shukr, ukam…

09Mashhura VORISOVA

1985 yil Oqdaryo tumani O’zbekiston mahallasi, Chovka qishlog’ida tug’ilgan.
O’zbekiston davlat jahon tillari universiteti roman-german filologiyasi fakulьtetida, O’zbekiston milliy universiteti jurnalistika fakulьtetida tahsil olgan. 2014-2020 yillarda “Oqdaryo ovozi” gazetasida muxbir lavozimida ishlagan. Hozirda O’zbekiston Respublikasi Oliy sudi muassisligidagi “Odil sudlov” – “Pravosudiye” jurnalida katta muharrir sifatida faoliyat yuritadi. Nemis, ingliz, turk va rus tillaridan tarjima qiladi. She’r, hikoya va tarjimalari “Sharq yulduzi”, “O’zbekiston matbuoti”, “Kitob dunyosi”, “Oila va jamiyat” va boshqa gazeta-jurnallarda chop qilingan.

RAJO*

Saraton… deyishdi. U esi og’ib qolgandek bir nuqtaga termulib o’tirdi, o’tirdi. Kasalxonaning sim karovatiga tikildi. Qolgan bir hovuchgina umri ham shunday xonalarda, kasalxonama-kasalxona, doktorma-doktor sarson bo’lib, azobu og’riqlar ichida o’tishini, kun o’tgan sayin zaha yeb, ingichkalashib borayotgan ipdek umidlarini uzolmay u yoqdan bu yoqqa zir yuguradigan ota-onasiyu yaqinlarini, oxirida qo’lidagi qushini uchirib yuborib umidsiz qolgan ovchidek kuyuk ko’ngil bilan qolishlarini o’yladi. Ortidan kuyib-kuyib, kasal orttirib olgan onasi, otasi qancha yashashini o’yladi. Yashay olisharmikin o’zi, deb o’yladi. Aka-ukalari necha yildir kuyunishar, eslaganda ko’zlariga yosh to’lar, ammo qachondir uning vafoti og’riq bermay qo’yadi, hammalari o’z oilalari, farzandlari, ro’zg’or tashvishlari bilan bo’lib ketishadi albatta, lekin ota-onasi… Qator turib, ko’zlarida yosh bilan haqiga duo qilayotgan aka-ukalarini tasavvur qilib, tomog’iga nimadir tiqilib qolgandek bo’ldi. Bolaligida ko’p kasal bo’lgan ekan. Shuncha tashvish keltirganim kammidi, baribir o’lib ketarkanman o’shandayoq ketganimda yaxshi edi, deb o’ylab o’tirib to’satdan sezib qoldiki, o’zining o’lishiga, hammasi shunday tugashiga zarracha ishonmayotgan ekan. Dahshatli narsani his qilayotgan edi-yu, ammo ich-ichidan o’limni bo’yniga ololmasdi.
Endigina o’qishni tugatgandi. “Kontrakt” bo’lsa ham o’qiyman, deb to’polon qilganlarini, shuncha yil qiynalib, tunda uyqusidan kechib o’qiganlarini, uydagilari yuborgan pullariga kiyim-kechak olmay tejab, qo’shimcha o’qituvchi yollab til o’rganganlarini esladi. Bekorga qancha pul to’latibdi-ya.
Sudrab yuriladigan yukxonasi bor sumka olishni rosa xohlagandi, hali olarman deb shuniyam pulini tejagandi. Koreyscha palьto-chi, o’shayam juda yarashgandi o’ziga. Kursdoshlari restoranda yangi yilni bayram qilishganda puli kamligi uchun uni-buni bahona qilib bormaganini esladi. Viloyatlar bo’ylab hamma kursdoshlari sayohatga chiqishgandayam uyiga ketib qolgandi… To’ylar-chi? 3-4-kurslarda bir nechta dugonalarining to’ylari bo’lganda ham, uzoq, imtixonlar vaqti deb bahonalar qilgandi. Hali o’qishni tugatib ishlasam, xohlagan narsamni olaveraman, uydagilarimgayam olib beraman, xohlagan joyimga boraman, hozir o’qishim kerak deb hamma narsani o’ziga cheklagan ekan-a. Mana endi shu ishni butun umr qilmaganman, shu narsani tatib ko’rmabman, shu kiyimni kiymay o’tdim-a deb armon qiladigan vaqti ham kelib qolibdi… Biror yil ishlab shuncha o’qiganlarini qo’llab ham ko’rmadi bir, ota-onasiga oyligidan sovg’alar olib borib, shuncha qiynalib o’qitganlaring uchun rahmat, deyish ham nasib qilmagan ekan. Dunyoning kamlarini to’ldirish qo’lidan keladigandek u yoqdan bu yoqqa yugurganlari arzimagan narsa, bir tiyin ekan.
Eshik qattiq ovoz chiqarib ochildi. Onasi. Ko’zlarida hadik, qo’rquv, imkonsizlik, dahshat, yana tushuntirib bo’lmaydigan allanarsalar aks etgan ona unga shunday nazar bilan qaradiki, go’yo farzandini ko’zlariga joylab olmoqchidek, shunday qilib uni asrab qolmoqchidek.
– Tuzukmisan?.. – onasi shunday dedimi, yoki bo’g’zidan yig’iga o’xshash qandaydir ovoz chiqdimi, u anglolmadi.
Javob berolmadi. Mingta sabab bor edi bunga, ammo so’z sig’madi.
“Bir umr dadamni ko’ngliga qaragani kamdek, endi o’lgunimcha meni ko’nglimga qaraydi sho’rlik onam, — deya o’yladi u, — xuddi o’zini ko’ngli yo’qdek. Onalarda ko’ngil nima qilsin?.. Bizga o’xshagan notovonlarning ko’ngliga qarab-qarab, oxiri shu darajaga yetadiki, o’z ko’ngillari borligidan ham hijolat bo’lishadi go’yo.
Bunaqa narsalar faqat seriallarda, koreys filьmlarida bo’ladigandek, uning atrofida bunday balo yuz berishi mumkinligini tasavvur ham qilmagan edi. Endi esa… Hozir o’zini quvnoq, hech narsani o’ylamayotgan odam qilib ko’rsatishi mumkin ekanini tasavvur qildi-yu, bu xudi ro’dapo ko’ylakka zar yamoqdek yarashmagan narsa bo’lishini, bunaqa «mahorat»ni amallab eplasa ham buning hech kimga kerak emasligini o’ylab indamadi. Onasi ahmoqmidiki, bolam tirjayib turibdi ekan deb ko’ngli xotirjam tortsa. O’zi shundog’am ko’p narsalarga o’zini majburlab yashagani aniqku, endi umri oxirlaganda ham munofiqlik qilib o’zini azoblashi kerakmi?
– Haa, yaxshiman. Hech qayerim og’rimayapti, – kasalxonaning yo’l-yo’lli matrasidan ko’z uzmay gapirdi u, – o’ylayvermang oyi. Ovqat-povqat yeb oling, «Xudoning aytgani bo’ladi, ming o’ylab o’zingizni qiynaganingiz bilan peshonadagini sidirib olib tashlab bo’lmaydi» – bu gaplarni ichida aytdi. Bunday gaplar xuddi tegsa qonab ketadigan jarohatdek, umuman aytilmaydigan, yaqiniga yo’lanmaydigan bir vaziyatda yashayotgandi u.
Yostig’ini, ko’rpasini qandaydir ishonchsizlik bilan to’g’rilab qo’yayotgan onasiga qarab bo’g’ziga tiqilgan mushtdek og’riqni to’xtatolmaydi qoldi. «Uxlamoqchiman». Yolg’iz qolishni nazarda tutib aytilgan bu gapni zo’rg’a aytdi, onasi chiqib ketishga ulgurmasdan yig’lab yubormaslik uchun mushtumini lablariga bosdi. «Men nima qilib yashadim?» – yana o’ylab ketdi u. Bolalikdanoq salgina bo’lsa-da nojo’ya hisoblangan ishlarni qilishdan «Otang urishadi!» degan qaytariq ostida qaytarilgan, xuddi kitoblarda yozilgandek faqat yaxshi hisoblangan amallar, ishlarni qilishga, yaxshi kitoblarni o’qib namunali bolalardek yashashga odatlangan inson ham shunday jimgina vafot etib ketaverishi hech gap emas ekanda. U sekin yurib deraza yoniga keldi. «Yomg’ir yog’saydi…». Bu tilak ortida yomg’irni yana ko’rarmikinman degan o’kinch ham bordek edi. Daraxtlarga qarar ekan, nogoh daraxt tagidagi o’rindiq tomon nigohlari yugurdi. «Obbo… Bekor..». Qo’llariga tayanib o’tirgan yigitning ko’ziga tashlanmaslik uchun o’zini orqaga oldi. Necha kunlardan buyon ilk marta jilmaydi: «Jinni!». Bundan ikki oycha oldin dunyoda shunday dardlar borligini o’ylamagandi ham u…
…Bahor chiqmay turib kunning tafti yaxshigina sezilib qolgani haqidagi Eson momoning hasratlarini eshitib kelayotgan qiz beruxsatgina suhbatga qo’shilgan «student»ga qarab qo’ydi. Yoqinqiramaganini sezgan «student» kulib qo’yib momo bilan so’rashishda davom etgani qizning ensasini qotirdi. Gapga aralashmay jimgina eshitib kelayotgan qiz gap mavzusi kaktuslarga burilgach, qanday qo’shilib ketganini o’zi ham sezmay qoldi.
– Shu kaktus o’lgur gullamaydi shekilli baribir, — hovlisining ha qadamida gul undiradigan Eson momo lab burdi, — Yigirma yillar bo’lgandir shuni o’stirganimga, yam-yashil bo’lib turaveradi. Hech gullay demaydi. Besh yil burun Noroynikiga kelgan, istudent bolalarga gul o’stirishdanmi dars beradigan chiroyli mehmon xotin shu ochiladi, ochilchayam judaa chiroyli ochiladi deb ketuvdi. O’shandan beri ko’z tikaman, yo bu bepushtimikin a?
– Yo’g’e, gulniyam bepushti bo’larkanmi momo, – kulgidan zo’rg’a tingan bola yoshlangan ko’zlarini artib javob berdi, – Biznikida ochilibdi-ku. Kecha o’qishdan kelsam oyim xursand o’tirgan ekan, kaktusim ochildi deb. Chiroyli ekan chindan. Qo’shnilar ham kelib tomosha qilib ketishyapti.
– Voy, chindanmi?! – momo va qiz baravariga unga qarashdi, — Ochildimi?!
– Ha ochilib turibdi, ikkita.
– Borib ko’raylik? – qizning to’satdan aytgan taklifidan yigit biroz dovdiragandek bo’ldi, hali o’yiga yetmay turib Eson momoning rozilik tarzidan aytgan so’zidan battar talmovsiraganini sezgan qizning doim tayyor g’ururi bosh ko’tardi: — Bormayman.
– Nega? – o’ziga kelgan yigit jilmaydi, — qiziq ekansan, bir daqiqani ichida ikki xil gap aytasanmi?
– Yuraqol, bir ko’rib o’tamiz-da shu mo»jizani ham. Sal ichkariga yursak hech narsa qilmas, uyingga shoshib nima qilasan.
Kampirning gapidan keyin qiz ham bo’yin ega qoldi. To’g’risini aytganda u ochilib turgan kaktusni ko’rishga juda qiziqayotgan, shu bir hovuch «tikanak» chindan ham shunday go’zallik yarata olishini o’z ko’zi bilan ko’rgisi kelayotgan edi. Ammo uch ko’cha narida yashaydigan uzoqroq mahalladoshining uyiga Eson momo bilan birrovga kirib chiqishni niyat qilgan qizning rejasi buzildi. Manzilga yetdik deganda momoning «almisoqdan qolgan» eski «nokia»si jiringlab ham emas, salkam daranglab ketdi. «Haa? Nima?! Qaysi ammang? Hozir yetib qolay dedim mana, boryapman!» shunday degan kampir bularga boraveringlar, hammasi joyida degandek qo’l siltadi-yu bir zumda ortiga qaytib narigi ko’chada ko’zdan yo’qoldi. Qiz biroz sarosimada qoldi, yigit ham.
– Kiraver, – dedi yigit bir dam o’tib, – Nega turibsan? Dahlizda turibdi.
– G’alati bo’ldiku, — qiz ikkilanib qolgandi. Kirmay desa darvozaga besh-o’n qadam qolgan, kiray desa…
– Hechqisi yo’q, ishi zarurdirda. Oyim uydadir, kiraver.
Bir zumlik mulohazadan so’ng qiz ichkariga qadam qo’ydi. Baxtga qarshi uyda uning na onasi, na opa-singlisi bor ekan. Hovlida o’ynab yurgan kichikroq bolakayning aytishicha, «buvisi bilam oyisi» bozorga ketishibdi. Qiz uning ro’zg’ori buzilgan singlisi borligini esladi. «Battar bo’l, — dedi o’ziga o’zi istehzo bilan, — kirishga kirib bo’lding, endi tezroq ko’rgin-da qorangni o’chiraqol». U yigit ham biroz noqulay ahvolda qolganini ko’rib turardi. Shuning uchun hech narsa bo’lmaganday o’zini quvnoq tutib ichkariga qadam bosdi. Ehhe…. Bu gullarni…. Uy emas naq usti yopiq gulzorning o’ziku! Buncha gullar orasidan gullagan kaktusni qidirib topish uchun ham ko’zlari bilan biroz ovora bo’ldi u. Chindan ham kaktus guli juda chiroyli bo’larkan. Naq mo»jizaning o’zi, qo’l bilan tegib bo’lmaydigan ko’rimsizgina bir siqim tikon-u, undan gul ochilib turganining o’zi soatlab tomosha qilishga arziydi. Qizning ko’zlari yondi: Voooy!..
Darvoza ochildi. Hovli kimsasiz, boyagi bolakay ham qayergadir ketgan shekilli, hammayoq jim-jit edi. Hovli adog’idan, darvoza tarafdan ikki ayolning suhbatlashib kelayotgani eshitildi, yigit va qiz xijolatlikda bir-birlariga qarashdi: noto’g’ri tushunishmasmikin? Qiz anchayin shaddod, ja sal narsaga uyaladiganlardan emasdi, ammo yigit negadir jiddiy talmovsiradi. Qizga qaradi:
– Senga yaxshimas. Uy ichiga kirib turaqol, birpasdan keyin chiqib ketasan, – qizning hayrat bilan qarashini ko’rib, o’zining gapidan o’zi xijolat bo’lgandek qo’shib qo’ydi, – Ular… Menga farqi yo’q, senga yaxshimasda… — u tezda ko’zlarini olib qochib, qizni ichkariga kiritib yubordi. Ichkari xonaga kirgach, qizning to’satdan jahli chiqib, yuziga qon tepdi: «Nima men yengiltaklik qildimmi, xuddi jazmani bilan qo’lga tushgan xotindek bekinaman?! Bor-yo’g’i gul ko’rgani keldimku, boshqa qo’shnilariyam kelib turishgan ekanku!»
– Nega bekinish kerak?! – qiz yigitning ortidan eshikkatomon qadam bosdi-yu, kechikkanini angladi, yigitning onasi va singlisi tashqari eshikkacha kelib qolishgan, qiz esa hali ichkari uy eshigida edi. Gullar yonida turganida ham tushunish mumkin-u, endi uy ichidan chiqib kelayotganini nima bilan izohlaydi? Shu yerda to’xtadi, na u yoqqa, na buyoqqa o’tolmay ikki xona o’rtasidagi eshik pardasi ortida turib qoldi. «Battar bo’l! – yana o’zining holidan kulib boyagi gapini qat’iyroq takrorladi u, – gul ko’rishga balo bormidi begona hovlida, yemagan somsangga pul to’lab sharmanda bo’lmasang edi hali..». Qiz kimdir bu xonaga kirish uchun shartta pardani ko’tarsa qanday ahvolga tushishini tasavvur qilib, kulib yuboray dedi: «Yomon xotinlar nima qilisharkina?». Nechadir daqiqa turganini bilmaydi, o’zaro suhbatlashib turgan oila a’zolarining gap-so’zlaridan tasodifan gap o’zi haqida ketayotganini sezib qoldi u.
– Ha, bir narsa desam aytdimku deysan yerga qarab, topgan gaping shu. Boshqa qiz quriganmi? Shaddod u, birov bir gap aytsa shartta yuziga qaytaradi, – ona o’zining ko’rsatgan sabablari unchalik ham haqiqat emasligi va jiddiy sabab deb bo’lmasligini sezgandek ovozini pastlatdi va qat’iy qo’shib qo’ydi: – Xullas uni kelin qilmayman.
– Nimasi yaxshi shu qizni? Onamni norozi qilib men nima bo’ldim aka? Menku mayli, chiqib ketadigan odam edim, siz bir umr birga yashashingiz kerak-ku onam bilan, onam o’zi xohlagan qizni kelin qilsin, bola boqib ko’rgani shumi? – singlisining ham qo’shilgani teshib o’tdi qizni.
«Nima?! – qizning yuziga hayrat, g’azab va xijolatdan qon tepdi, — kim tegarkan shu….!» – alamdan tishlari g’ichirlab, sal qolsa ularning oldiga chiqib, ichidagilarni gapirib tashlay dedi. Hali u, hali bu sovchining kamini topib, ko’z solmay yurgan onasi bu gaplarni eshitgandami! «Nimalar deyapsiz, qaydan chiqdi bu gap?! Onam eshigim tagiga shu o’g’lingiz, qizingiz bilan birga qo’shilib borib yotib olsangizam bermaydi meni, bersa ham o’zim tegmayman!!!» — u alamdan tiliga quyilib kelgan so’zlarni zo’rg’a ichiga yutdi. To’g’ri-da, hozir shu yerdan chiqsa bormi, shunchalik osmondagi oy ekansan, mening uyimda, hech kim yo’q mahal o’g’riday bekinib o’tirib nima qilyapsan o’zing demaydimi ayol? U nima bo’lganda ham sabr qilishga qaror qildi, bu yerdan sharmanda bo’lmay chiqib olsin, keyin o’zi biladi nima qilishni!
– Xayolimda bor ekanmi shu meni?! Tavbaa, men nima qildim bularga?? – jahl va alamdan ko’zlariga yosh quyildi qizning, — Shu lapashang o’g’li menga bir og’iz aytibdimi, yo men biron nima deb rozilik bildiribmanmi bunga, nega begunoh odamni o’zlaricha xo’rlab maza qilisharkin-a.., — u hamon tinmayotgan gaplarni eshitmaslik uchun quloqlarini bekitib oldi. Ammo…
– Oyi, — yigitning tovushini anglagan qiz qo’llarini pastga tushirib, nafasini ichiga yutdi: «Qani nima derkin bu vallomat!», — Mayli, unga uylanmayman. Nomini tilimga ham olmayman xohlasangiz! Kerak emas. Men siz xohlaganingizga uylanaman, istaganingizni aytavering.
«Oo….». Hammasi bir bo’ldi-yu, bu gap bir taraf bo’ldi. Qizning joni tomog’iga keldi go’yo. «Menda nima alamingiz bor ediki, ustimdan shuncha gapni ayttirasiz-u, bir og’iz oqlash uchun so’z aytmaysiz?..»
— … lekin… Sizni undan boshqaga ishonmayman… Seni ham. Faqat shu bilan ertaga qanday yashashimizga javob bera olaman, ishga ketib kun bo’yi onam o’z xizmatini o’zi qilmayaptimikin, singlimni ko’nglini og’ritadigan gap aytishmadimikin, jiyanim uyimga sig’may qolmadimikin, uyim tinchmikin deb o’ylamay yura olaman, hali bolalarim bo’lsa esli-tarbiyali bo’lisharmikin, Xudoni tanisharmikin, yolg’onchi bo’lishmasmikin deb xavotir olmay yashayman degandim. Men siz xohlagan qizga uylanaman, mayli u ham yaxshi chiqar, siz tanlaysiz, ishonasizku. O’zingiz tanlasangiz o’zingiz kelishib yashaysiz albatta, mayli men aralashmayman…
Bir zum jim qolgan ayolning nimadir deb to’ng’illagani, qizining esa o’z taqdiridan kuyinibmi piqillab yig’lagani eshitildi. Qiz sekin uy to’riga yurdi, shu yoqdagi ochilmaydigandek tuyulgan derazani ovoz chiqarmay ochishni epladi-yu oyoqyalang yurib ketdi. Yo’l bo’yi xayolida so’zlar jarangladi. Keyinroq qiz angladiki, uning uyiga kelish fikrini eshitib talmovsiragani, onasi kelib qolganida bekinishga undagani ham bejizga emas, uni onasiga yomon ko’rsatishni istamaganidan ekan.
… «Endi onasini kimga ishonarkin?..» qizning tomog’iga tiqilgan «narsa» yana xuruj qildi, tavba, ko’zyosh bilan tomoqning nima aloqasi bor ekan-a?
Hammasi joyida edi, bundan ikki oycha oldin. Hamma baxtli, hamma xursand. Ammo qiz endi sezadiki, shu baxtli va xursand ekanligini hech kim bilmasdi uning uyida, atrofida. Xuddi boshqacha bo’lishi mumkin emasdek, hammasi qoidasi bilan, joy-joyida kechishiga kafolat olgandek xotirjam yashashardi. Qiz ham o’zicha aqlli, hamma narsani bilishi va tushunishiga ich-ichidan ishonar, har kunlik ishlarini bajarib, ibodatlarini ham qilgani kuyi bundan qandaydir mag’rurlanar ekan endi bilsa. Chin dildan, o’sha aytilagnidek ixlosni his qilib qilmas ekan, chunki unda hamma narsa yaxshi edi-da. Toki o’sha oddiy tomoq og’rig’ining tezda tuzalmayotganidan shikoyat qilib borgan shifokori ularga dahshatli tashxisni aytmagunicha…
U oradan o’tgan bir yarim oy muddat ichida o’zi bilan gaplashaverib, yig’layverib, tushkunlikka tushaverib ruhiy zarbalarning eng oxirgi bosqichiga keldi nazarida. Bundan pastroqda tushkunlikka tushish uchun ham joy bo’lmasa kerak. Boya onasining ahvoliga tuzukroq qarab o’ylagan o’yi skameykada o’tirgan bolani ko’rgach yana esiga tushdi. Balki bir oz o’zgarish kerakdir? O’layotgan bo’lsa, hammani o’zi bilan o’ldirish shart emasku? Bunday bir burchakda g’ujanak bo’lib emas, sal ibratliroq o’lim topsa ham bo’ladiku? Hali hech qayeri og’rimayotgan bo’lsa. Axir o’lim ham faqat bir marta beriladi odamga, uni ham munosib kutib olish joizdir balki? Juda unaqa sharafli o’lim topmasa-da, odamga o’xshab xotirjam, yaqinlarini omonat bilib, ko’nglidagilarni eplagancha bajarish, ulgurishga harakat qilgan yaxshiroq emasmi? U bir fikrga kelib, o’rnidan turdi. Hadeb yotaverganidan o’rnidan tursa boshi ham aylanadigan bo’lib qolibdi. Yo bu kasallik alomatlaridanmikin? Xayoliga kelgan fikrni quvib, yuvinish xonasi tomon yo’l oldi. Yo’lda uchragan turli holdagi, shunday kasallik bilan og’rigan bemorlarning yuziga qaramaslikka urindi. Yuvinib, biroz yengil tortib qaytib kelganida onasi xavotirda oyoqqa turg’izishiga sal qolgan ekan.
– Voy bolam-e, qayerda eding, nega menga aytmading, birga borar edimku??
– Men tuzukman oyi. Hech qayerim og’rimayapti, — har kun o’n martalab takrorlaydigan gapini aytdi u, — joynamozim bilan ro’molim qani?
Shu kuni kechki paytdan boshlab u daftarcha keltirib, allanimalarni yoza boshladi. Eski xayollari xuruj qilganda hammasini otib yuborgisi kelar, biroz vaqt o’tib yana o’zini bosib olar edi. Biron joyi og’risa ekanki, dod voy qilsa, yoki shikoyat qilsa. Hozircha ko’nglidan boshqa joyi og’rimayapti. Yaramas ajal, indamaygina olib ketib qolmoqchimisan deyman, rozilik ham so’rolmay qolamanmi deb yanib qo’yadi xayolda ba’zan, hozir so’rasa ham bo’ladi-yu bunga tili bormandi. Haddi sig’maydi aniqrog’i, qanday qilib ota-onasiga shunday deydi?! Biladi, ular baribir rozi. Shunday bo’lsa-da… U kuni akasiga aytib ko’rmoqchi bo’ldi bir. Ammo uning necha kundan beri uyqu ko’rmay qizarib ketgan ko’zlariga qarab, nafasiga ichiga tushib ketdi, tili aylanmadi. Mayli, so’ramay qo’ya qoladi. Shundoq ham norozi bo’lishmasa kerak, xafa qilgan bo’lsayam unutib yuborishdi shu oxirgi oylarda… Daftarchasiga yozgan yozuvlariga qarab ba’zan o’zining ham kulgisi qistaydi. Narsalari, kiyimlari, o’zi yoqtirib olgan sevimli buyumlarini yaqinlariga taqsimlab chiqdi, to’yingiz bo’lsa uningizni menga berasiz, buningizni menga berasiz deb talashib yurgan qarindosh qizlarga «hech qaysingga bermayman» degan narsalarini ham «berib yubordi». Uydagilariga aytgan, qanaqa kasal ekanini hech kimga aytishmaydi. Yana ko’ngillari xijil bo’lib yurmasin, narsalaridan ham irim qilib… U vafotidan keyin ham o’zidan uzoqroq bo’lishga urinishlari, jirkanishlarini sira hazm qila olmayotgandi. Bir umr shunday toza-pokiza, egniga gard yuqsa bosh-oyoq kiyim almashtiradigan, bitta chivin qo’nib o’tgan piyolani obdon tozalamasdan choy ichmaydigan qizga shunday baloyi azim dard qayerdan yopishdi ekan-a??.. U yana daftariga qaradi. Hech kimga qo’l tekkizdirmaydigan, zo’rg’a pul yig’ib olgan noutbukini ukasiga, biror kim qattiqroq sharaqlatib ochsa joni bo’g’ziga keladigan sevimli kitoblarini kitobxon jiyaniga qoldirdi. Ularni o’z uyida qoldirib bo’lmaydi, axir hammasiga ismini yozib chiqqan, varaqlar orasiga ham o’ziga yoqqan iboralar, yoki so’zlar yozib, qalam bilan belgilab chiqqan. Dadasi uyda turgan kitobni baribir o’qiydi, har gal ko’zi tushganda yarasi yangilanishi shartmi… O’lim oldi aytiladigan iymon kalimasini har kun yuz martadan yozib chiqyapti, u vaqt qanday bo’lishini bilmaydiku, bexos unutib qo’ysa.. Qila olishi mumkin bo’lgan ishlari, qila olmaganlari, kechirim so’rash lozim bo’lganlari, ko’nglidagi ayta olmay qolgan, hali ham ayta olmayotganlari ikki og’iz gaplari… Hammasini bir-bir yodlab, yozib qo’yarkan, daftarini haddi sig’adigan kimgadir qoldirish haqida o’yladi. U noma’lumlikdan cho’chiyotgan edi, nima u, qayer u… Yaxshi bo’lib ketar, bilmaganimga qo’rqyapman-da deya o’zini ovutishga urinardi gohi. Hamma yoningda, hamma eng yaqin, hamma tushunayotgan bo’lsa ham odam doim yolg’iz, dardini jonining ichidagi odamga ham ayta olmas, aytganda ham hech kim dardiga malham bo’lsa olmas, bundan dard ko’paysa ko’payarki, kamaymas ekan. «Umrim to’kilay deganda faylasuf bo’pketyapmanmi» jilmaydi u, «Esiz, shuncha aql bilan o’lish hayf-da», mahzungina hazil qilib qo’ydi o’zicha. So’nggi kunlarda xayolida faqat bitta istak aylanadi, bu «Ey Xudo, meni boshqattan tug’iltirib qo’y» degandek amalga oshmas bemantiq istak bo’lsa-da, buni xohlashdan sira o’zini tiya olmaydi: xuddi ilgari bo’lmagandek yo’qolib ketsa-yu, yer yuzida jasadi ham qolmasa. Ota-onasi uning ilgari bor bo’lganini ham unutib, doimgidek tinch-xotirjam yashayverishsa… Janozada jon uzilgudek «bolam»lashmasa, tobutining bir chetidan ko’tarishmasa… Har tong qabri ustida duo o’qib, tuproq silashmasa… Ehh, hammasi biram qiyin, biram azoblidekki… Qachon o’tib ketarkin… Sal narsa bo’lsa oldindan tushlariga kirib ayon beradigan ro’yolar go’yo uni tark etgandek, umuman tushlar ham ko’rmay qo’ydi-ya. Uch kun avval boshqa shaharga tahlil uchun jo’natishganidan buyon tushi bilan o’ngining farqiga ham bormay qoldi. O’zi shusiz ham uyqudan begonasirab qolgan ko’zlari joy sinabmi, umuman uxlolmay ham qoldi. U so’nggi kunlarda tushlarida narigi olamidan ozgina bo’lsa-da xabar berilib, ko’ngli taskin topishini juda istayotgan edi, diniy kitoblar orqali ancha-muncha narsadan xabardor bo’lsa ham ayni paytda o’zini manzilni aniq bilmay yo’lga chiqishga jazm qilgan yo’lovchidek his etardi.
— Akangiz tashqarida bitta vrachni bo’g’ib tashladila, — onasining qo’liga suyangancha hovlida aylanib kelgan, qattiq ozganidan ko’zlari haddan ortiq katta ko’rinadigan hamxonasining ilk marta jonlangandek eshitilgan ovozi uning xayollarini to’zg’itib yubordi.
— Meni akammi?! Nega? – deraza yoniga yugurdi u, — o’xshatgandirsiz.
— Yo’q, sizni akangiz! Dadangiz, boshqa do’xtirlar zo’rg’a qutqarib qolishdi, yig’layaptila akangiz.
«Oxiri chidolmapti-da» boshini changallab o’rniga o’tirdi u. Eshik taraqlab ochildi. Otilib kirgan onasi u yig’lagancha uni quchoqlab oldi. «Haa?..», «Oz qoptimi?» uning xayoliga yashin tezligida shu fikr keldi negadir. Tinimsiz yig’layotgan onasi faqat bir jumla ayta oldi:
— Kasal emas ekansan..
— ..?!

***

Og’riq yo’qligi tufayli bu yerga qayta tekshirish uchun yuborilgan qizning tashxis natijalaridan hayratga tushgan shifokorlar u ilk bor tekshirilgan shifoxonaga murojaat qilib, vaziyatni aniqlashtirishga harakat qiladilar. Oqibatda u o’z shahridagi onkologik kasalliklar shifoxonasida unga berilgan tashxis natijalari vrachning e’tiborsizligi oqibatida boshqa bemorning tashxis natijalari bilan adashib ketganligi ma’lum bo’lguniga qadar, salkam ikki oy davomida go’yoki ikki dunyo orasida yashabdi.. Ota-onasini qaritgan ikki oy… Aka-ukalarining ko’zlaridagi yoshini quritgan, uxlatmagan, yaqinlarini bir-biriga yanada yaqin qilgan ikki oy.. Noyob, qimmatbaho va keraksiz dori-darmonlarga ko’milgan ikki oy… Davolanishi kerak bo’lgan boshqa bir bemor xotirjam yashagan ikki oy… U Xudoga eng yaqinlashgan ikki oy…
O’z xatosidan o’zi ham sarosimada qolgan yosh shifokor qiz davolanayotgan shifoxonaga kelib ham bu oqibati dahshatli bo’lishi mumkin bo’lgan aybining yopiq qolishiga erisha olmadi. Qaytaga necha vaqtlardan beri xotirjam uyqu nimaligini bilmagan, asablari uzilar darajaga kelgan akasining mushtlaridan tatib qoldi. Jigargo’shasining omon qolganini Xudoning bir hadyasi, bularning barchasini Uning sinovi deb bilan ota o’g’illariga shifokorni sudga berishlariga ruxsat bermadi. Faqat bir shart bilan: «Ishidan ketsin! Boshqalarning bolasini ham meni bolamdek sarson qilmasin». Albatta yosh shifokor jon-jon deb rozi bo’ldi bunga.
…Eh, shartta uyga qaytib ketishmasa bo’lardi-da! Shunaqa chiroyli shahardan-a! Hali yana bir sidra kiyim qilishi kerak, bahorga kiyim olmadiyam, manavi tashvishlarni deb. Sumkasiyam modadan qolibdi. Hali uydagilarni puliyam qolmagandir, yana bir maosh aylanguncha kutib turadi shekilli. Endi shu necha kundan beri kasalni kiyimidek ko’rinib qolgan ko’ylagi bilan qaytib ketadimi eh.. U shu xayol bilan o’rnini apil-tapil yig’ishtirarkan, ko’m-ko’k osmon rangi aks etgan daftar oyoqlari ostiga tushdi. U egilib daftarni oldi. Varaqlarkan, nimalar qilmoqchi bo’lgani, nimalarini kimlarga bermoqchi bo’lgani yodiga tushib, ko’zlariga yosh quyildi.
«Hooo, bermayman!..» hazil aralash jilmayib pichirlarkan, ko’zyoshlarni tiyishga harakat ham qilmadi.

* Rajo-umid va undagi shirk! بسم الله الرحمن الرحيم Rajo (umidvorlik) qalbga taalluqli ibodat bo’lib, orzu qilingan narsaga erishishni istash, rag’bat va umid qilish

07

(Tashriflar: umumiy 514, bugungi 1)

Izoh qoldiring